Жавоби бор... (ҳикоя) [Abduqayum Yoʻldosh]

Жавоби бор... (ҳикоя) [Abduqayum Yoʻldosh]
Жавоби бор... (ҳикоя) [Abduqayum Yoʻldosh]
Каримжон кабинети ўртасида уёқдан-буёққа бориб келаркан, стол ёнидаги курсида ўзига ўқрайиб тикилиб турган Наримонга аллақандай норозилик аралаш ўтинч билан қараб-қараб қўярди.
Агар жаҳлдан бўзариб кетган Наримон сал синчковлик билан разм солганида эди, эҳтимолки тоғасининг нигоҳидаги ботиний илтижони ҳам пайқаб олган бўларди.
Аммо жиян бир нарсани сезадиган, ҳис қиладиган аҳволда эмасди. У аллақачон тоғасининг бу ишдан ўзини олиб қочаётгани сабабини тахмин қилган ва ўз нуқтаи назарига — гарчанд у хато бўлса ҳам — маҳкам ёпишиб оладиган ўжар йигит сифатида муайян хулосага ҳам келиб қўйган, шу боисдан кабинет эгасига очиқ-ошкора тарздаги важоҳатли беписандлик билан муносабатда бўлишга интиларди.
— Тушун, ахир, жиян, — деди ниҳоят Каримжон куйиниб. — Мен одам ўлдириш учун эмас, одамнинг жонини сақлаб қолиш учун танлаганман бу касбни. Касбим этикаси шуни талаб қилади. Қасам ичганман...
Наримон лабларини асабий қимтиган кўйи тоғасинининг гапини бўлди:
— Биров сиздан одам ўлдир, киллерлик қил деб сўраяптими, тоға? Нега боядан бери бунча ваҳима қиласиз?
Каримжон юраётган жойида таққа тўхтади ва жиянига чақчайиб қаради:
— Бунинг одам ўлдиришдан нима фарқи бор? Аслини олганда бу... катта одамни ўлдиришдан ҳам баттар. Катта одам-ку, ўзини ҳимоя қилади. Ҳеч бўлмаса дунёга келиб, шунча йил яшаган, ўзидан бир из қолдирган бўлади, деб ўзингни юпатарсан. Бу-чи? — Шундай дея тоға стол устида турган қоғозга ишора қилди: — Буни ким ҳимоя қилади? Ўзини ўзи ҳимоя қилолмас экан деб... Увол-ку, увол...
Томоғига муштдай бир нима келиб тиқилгандай, ортиқ гапиролмай қолган жаррроҳ бир муддат сукут сақлаб турди-да, энди илтимос оҳангида гапиришга ўтди:
— Бу йўлдан қайт, жиян... Келингаям тушунтир... Ҳозир кўзларингга катта муаммо бўлиб кўринаётган ташвишлар туғиладиган зурёдинг олдида аслида бир пулга қиммат нарсалар эканлигини кейин биласан. Аммо унда кеч бўлади...
— Қўрқитманг, тоға, — яна ўқрайди Наримон. — Ёш бола эмасман...
Каримжон оғир уф тортди.
— Ҳа, ёш бола эмассан. Ёш бола бўлганингда бунақа бемазагарчилик қилиб юрмасдинг...
Наримон жаҳлдан бўғриққанча, шартта ўрнидан туриб кетди.
— Бўлди-да, энди, тоға. Лектсия ўқимаган бир сиз қолувдингиз!.. Шуни билиб қўйинг, биз ҳам ҳамма томонни ўйлаб, мулоҳаза қилиб, кейин шу қарорга келганмиз.
Жарроҳ мийиғида илжайди:
— Ҳали бир-биримизни яхши кўрамиз ҳам дерсан.
Наримон мағрур кўкрак керди:
— Албатта-да. У мени деса ўлиб қолади...
Каримжон яна куйиб-пишиб гапиришга ўтди:
— Мен бу воқеадан кейин мана шу муҳаббат нафратга айланиб қолмасин дейман, жиян. Майли, келин сени деб ўлишга тайёр турсин. Лекин иккаловинг биргалашиб ўзларинг вужудга келтирган норасиданинг қотилига айланиб қолманглар-да. Кейинчалик бунинг азоби, изтироби ҳар қандай муҳаббатни ювиб кетиши мумкин. Ҳатто эҳтиросни ҳам...
— Менга қаранг, — Наримон столдаги қоғозларга қўл чўзди. — Очиғини айтинг, қилмайсизми бу ишни?
Каримжон кескин бош чайқади.
— Нафақат қилмайман, балки сизларга ҳам бу қарорларингдан қайтишни маслаҳат бераман. Қўрқманглар, керак бўлса ҳар иккалаларингнинг ота-оналаринг билан гаплашаман, керак бўлса ўзим совчиликка бораман. Ишқилиб, ҳомила омон қолиши учун нима қилиш керак бўлса, шуни қиламан...
— Нега тушунмайсиз, тоға, — жиғибийрони чиқди Наримоннинг. — Бу ахир... нима дейди, ҳалиги... нежелателнўй, яъни ҳозирча керак бўлмаган бола. Биз ҳали ўқишни битиришимиз керак, диплом олишимиз керак. Мен тузукроқ жойга ишга кириб, оёққа туриб олишим керак. Иккинчи курсдан эр-хотин бўлиб олсак, қачон ўқиймиз, қачон... ҳалиги... нимайди... қачон камолга етамиз, тоға?
Каримжон жиянига ачиниб қаради:
— Буни аввал ўйлаш керак эди. Раз бўлар иш бўлдими, энди бу ёғи рисоладагидай, ҳеч қанақанги қотилликсиз кечишини ўйлаш керак. Унутма, сен отасан, келин эса она. Ҳомила — иккалангнинг зурёдинг...
Наримон «дод» деб юборишдан ўзини базўр тийиб турган одамдек тишларини тишларига қаттиқ босди.
— Бўлди, тоға, бўлди. Агар қонун йўл берса иккаламизни оттириб юбориб, болани асраб қоладиганга ўхшайсиз.
Жарроҳ маъюс кулимсиради:
— Мен учалангизнинг ҳам соғ-саломат, бахтиёр ҳаёт кечиришларингиз тарафдориман.
— Нега тушунмайсиз-а, тоға! Ахир ўзларингизда ҳам «Оилани режалаштириш» деган гаплар бор-ку. Ўзларингиз ҳам аёлларга кетма-кет туғиб ташлайвермасликни маслаҳат берасизлар, маслаҳат бериш ҳам гапми, баъзида талаб ҳам қиласизлар.
Каримжон жиянига ачиниб қаради:
— Ҳа, бу соҳада кўп нарсаларни билар экансан. Лекин оилани режалаштириш дегани ҳали тўйи бўлмаган қизнинг биринчи ҳомиласини олиб ташлаш дегани эмас. Чунки биринчи боласини олдириб ташлаган аёлда кейин бола пайдо бўлиши қийин...
— Бекор гап! — яна ўз билганидан қолмади Наримон. — Мен газетада ўн саккиз марта аборт қилдирган хотин ҳақида ўқиганман.
— Газета ёзаверади-да, — луқма ташлади жарроҳ.
— Дўхтирлар ўзи ваҳимачи бўлади, — бўш келмади Наримон ҳам. — Фақат ёмон томонни ҳисобга олишади.
— Бу ҳар эҳтимолга қарши...
— Ҳа, яшанг! — мамнун илжайди Наримон. — Бу ҳар эҳтимолга қарши, холос. Асида эса бир марта аборт қилгандан кейин ҳам бола пайдо бўлавераркан...
Бош солинтирганча нималарнидан ўйлаб, ғуссага чўкиб ўтирган Каримжон тўсатдан устидан муздек сув сепиб юборилгандек ҳушёр тортди ва жиянига ялт этиб қаради.
— Сен... сен буни қаердан биласан?
Қизиқ устида ортиқча гап айтиб юборганини англаган Наримон эсанкираб қолди.
Жарроҳ унга ўқдай нигоҳини тикди.
— Демак... демак аввал ҳам бўлган...
Наримон ноилож тан олди:
— Шунақа бўп қолганди, тоға...
— Унда ким?..
Саволнинг давоми айтилмаса-да, унинг мазмунини тушунган Наримон ўнғайсизланиб жавоб қайтарди:
— Ҳа, биттаси... гинеколог...
— Бизданми? — шошиб сўради Каримжон.
Наримон кўзларини олиб қочди.
— Йўқ, тоға, бошқа балнисадан. Роддомдан...
— Ҳа... Бизда бунақанги аҳмоқлар йўқ!.. Бу қачон бўлганди?
— Ҳа, энди... — чайналиб қолди Наримон.
— Қачон деяпман?
— Шу... саккиз ойча бўлиб қолди-ёв...
— Менга қара, жиян, — шоша-пиша, ҳаттоки ҳовлиқиб гапира бошлади Каримжон жарроҳ. — Худо сизларни қўллабди, яна фарзанд берибди. Энди келинни тиғ тагига ётқизма. Бир умр пушаймон бўлиб ўтасан...
— Энди, тоға... — довдираб қолган Наримон чўкаётган одам хасга ёпишган мисол иш тутди, — ўзи ўшандан кейин бас қиламиз дегандик... Уч ойча бўлиб қолди... Ётоқхонада туғилган кунини қилгандик. Икковимиз... Сал маст бўлиб қолибмиз... Шунга... — жиян тоғасига иложи борича тикроқ қарашга уринди: — Болаям мастликда бўлган... Ақли заифроқ туғилиб қолмасин деган хавотирда... Ўзингиз Акромни яхши биласиз...
— Бу... бу... — нафратдан кўзларига қон тўлган Каримжон жарроҳ жиянининг устига бостириб келди. — Бу энди баҳонадан бошқа нарса эмас... Қилар ишни қилиб қўйгандан кейин... Қўнғизга арпа баҳонада-да... Укангниям бу ерга қўшма... Унинг ақли заиф туғилганлигига ароқ сабаб бўлмаган.
— Энам ўша пайтлари отамни кўп ичарди, деб айтганди... — ўзини оқлашга уринди Наримон минғирлаб.
— Мен сенга айтаяпман, — таъкидлаб гапирди Каримжон ҳамон ғазабдан қалт-қалт титраганча. — Укангнинг ақли заифлигига ароқни сабаб қилиб кўрсатма... — Шундан кейин жарроҳ стол устида турган қоғозларни Наримоннинг қўли тагидан тортиб олди-да, қалт-қалт титраган кўйи шоша-пиша уларга қараб чиқди, ултра-товушли ташхис хулосасини эса кўзларига яқин келтириб, диққат билан ўқиди. — Сен бола уч ой бўлмади деб менинг бошимни қотирасан. Мана, УЗИ ёзиб қўйибди-ку ўн беш ҳафталик деб. Бўлди! Тамом! — Каримжон жаҳл билан ўнг қўлини юқорига кўтарди. — Уч ойликдан ошган болани аборт қилиб, онасини ярим жон қилиб қўядиган аҳмоқ дўхтир йўқ! Бўлмайдиям! Келинга ҳаммасини яхшилаб тушунтир! Ўйламасдан иш қилмасин! Айтдим-ку, ҳаммасини ўзим тўғрилайман деб!.. Катта тўй қиламиз!..
Наримон энди нафрат аралаш ачиниш билан Каримжон жарроҳга қаради:
— Сизни қариндошим, мени тушунар деб келгандим. Адашган эканман, тоға...

Bunga javoban jarroh qogʻozlarni Narimonning burni tagiga olib keldi.

— Мана, жиянбой, оқ қоғозга қора ҳарфларда ҳомила ўн беш ҳафталик деб ёзиб қўйилибди. Бу сафар кечикдинг, жиян... Бекорга дўхтирларнинг бошини қотириб юрма-да, тўй тайёргарлини кўравер. Айтган кунинг уйингга бораман...
Наримоннинг бурун катаклари керилди, кўзларида ғазаб ўти ёлқинланди.
— Сиз китобларингизни ўқиб юраверинг, тоға. Атрофга қаранг! Замондан орқада қолиб кетгансиз! Ўн беш ҳафталик деб ваҳима қиласиз! Менга деса йигирма ҳафталик бўлмайдими! Олдирамиз дедимми, олдирамиз! Сизга қолса, болани туғдириб, мени унга энага қилиб қўйсангиз!.. Атрофга қаранг, тоға! Қўйинг китобларингизни!.. Сизни бекорга ёмон кўришмас экан. Ўзи бўларингиз бўлиб қўйган экан. Ростданам ишдан бошқа нарсани билмас экансиз... Уялмасдан бизда бунақанги аҳмоқлар йўқ, деб мақтаниб қўясиз. Ростини айтсам, ўтган сафар худди шу балнисангиздан биттаси пулини қуртдек санаб олгач, қилиб ташлаганди абортни. Бу гал пул бегона бўлмасин дегандим. Ҳозир коридорга чиқиб, ўша сиз «аҳмоқ» деган врачлардан биттасини топаман-да, келишаман-қўяман. Пулини олгандан кейин қилмай ҳам кўрсин-чи. Нари борса «Вақтидан ўтиб кетибди» деб сал кўпроқ олар. — Шу ерга келганда Наримон нафрат билан пишқирди. — Худди ўтган сафаргидай... Тилларинг бирми дейман-да...
Ўз қулоқларига ишонмаётгандай жиянига бақрайиб қараб қолган Каримжон ахийри қоғозларни шоша-пиша стол устига қўйди-да, стол тақвими ёнида ётган ручкани қўлига олди.
— Айт, айт, ким экан у мараз? Исмни биларсан ҳеч бўлмаса... Мен уни ишдан ҳайдаттираман!..
Наримон энди ғолибона тиржайди:
— Айтдим ҳам дейлик, ҳайдаттирдингиз ҳам дейлик. Шу билан нима ўзгаради? Ҳамманинг кўзига ёмон кўринганингиз қолади-да. Эртага эса Али дўхтирнинг ўрнига Вали дўхтир келади. Бўлди. Тамом-вассалом!
— Айт деяпман! — ўшқирди Каримжон жаррроҳ. — Гинекологмиди, хирургмиди?..
— Одам эди! — шартта тоғасининг гапини кесди Наримон. — Одамнинг дардини тушунадиган, баҳонада уч-тўрт сўм ишлаб олишдан ҳам қочмайдиган одам эди!.. Сизга ўхшаб «Ўзиям емас, бировгаям бермас» бўлиб ўтирмайдиган!..
Сўнгги жумлаги очиқ-ошкор заҳарли оҳанг Каримжон жарроҳнинг миясига ўқ каби санчилди ва у беихтиёр довдираб, бир неча лаҳзага ўз устидан назоратни йўқотгандай бўлди. Бундан фойдаланган Наримон яна стол устига ташланган қоғозларни тезликда йиғиштириб олди-да, шундай тезликда эшик томон юраркан, остонага етган маҳал ортига ўгирилди ва қаҳр-ғазаб аралашган мазах оҳангида хитоб қилди:
— Аввал ўзингиз ҳеч бўлмаса битта бола ясаб, туғдириб кўринг, тоға. Кейин оғзингизни тўлдириб гапирсангиз ярашади. Увол эмиш! Сиз уволни билиб қолдингизми энди? Сочингиз оқаргандаям битта хотин ололмай ўтаётганингизнинг ўзи увол эмасми... Э, сиздай ўқимишли тоғадан ўргилдим!..
Ҳа, бу жиян томонидан берилган даҳшатли зарба бўлди.
Бирдан ранги қорайиб кетган, миясида лўқиллаган оғриқ пайдо бўлган Каримжон аввалига нимадир дея эътироз билдирмоққа чоғлангандай оғиз жуфтлади, сўнг, қуруқшаб кетган лабларини яларкан, битта сўз ҳам айтолмаслигини англади чоғи, кўзларини чирт юмиб олган кўйи дармон қочган оёқлари титраганча жойига амаллаб чўкди. Жарроҳнинг бутун вужудини қоп-қора тер босди. Мана шу азоб, оғриқ аро ногаҳон олис-олислардан нимадир зувиллаб, чийиллаб учиб кела бошлади. Бу товуш шу қадар шиддат билан ва тобора кучайиб яқинлашарди. Каримжон кўзларини очишга уринди. Ва худди шу аснода янада чийиллаши кучайган товуш шиддат билан келиб жарроҳнинг миясига урилди!
Каримжон даҳшат ичида «оҳ» тортиб юборди ва курсиси ёнига жонсиз тана мисоли гурсиллаб қулади.
Жарроҳ ҳушидан кетганди...

* * *
Хайрият, ҳамшира қиз Шоҳида бор экан. Гурсиллаган товушни эшитиб қолиб, чопиб киргану, полда ҳушсиз ётган дўхтирни кўриб қолган...
Оддий бемордан кўра шифокорнинг хасталиги оғирроқ кечиши чин экан. Зеро, врач вужудида, руҳиятида юз бераётган ҳар бир ўзгаришни илғаб, сезиб, ўзича баҳолаб, хулосалар чиқариб туради.
Каримжон «Стресс ҳолати, зўриқиш» каби умумийроқ ташхислар остида ҳамкасбларининг зўри билан ўзи ишлаётган шифохонада уч кунча ётиб даволанган бўлди.
— Ётмасангиз, даволанмасангиз ишга чиқишингизга рухсат бермайман! — деб туриб олди бош врачнинг ўзи. — Сиз бизга ҳали кўп керак бўласиз!
Тан олиш керак, тўққиз йилдан бери таътилга ҳам чиқмай тинмай ишлаётганлиги танасини ҳоритган эканми, Каримжон шифо баҳона анча-мунча дам олгандай бўлди. Натижада рангсиз юзига қон югурди, ич-ичига ботган кўзларига яна ўт ёлқинлана бошлади.
Агар муолажа амаллари яна икки-уч кун давом этса, Каримжон жарроҳ бутунлай тузалиб ҳам кетган бўларди, эҳтимол.
Аммо...
Каримжон аниқ билади. Бир кишилик палатага ётқизилганининг учинчи куни эди.
Намозшом палла эди.
Очиқ деразадан шифохона ҳовлисига кўз ташлаб турган Каримжон жарроҳ гинекология бўлими эшиги ёнидаги ўриндиқда қачондан бери ялпайиб ўтириб олганча, ора-сира сигарета тутатиб қўяётган йигитга диққат қилди.
Зеро, йигитнинг нимасидир жарроҳга таниш туюлганди. Ҳа, ҳа, адашиши мумкин эмасди. Бу — Наримон эди.
Наҳотки...
Каримжон кўзларини йириб шу тарафга қаради.
Қоронғулик аста-секин қуюқлашиб бормоқда эди.
Шу маҳал гинекология бўлими эшиги очилди. Худди шуни кутиб тургандай, эшик тепасидаги чироқ ҳам ёнди.
Дарҳақиқат, Наримон шошмасдан, виқор билан ўрнидан турди ва эшикдан ҳамшира етовида, оёқларини аранг босганча чиқиб келган, одмигина кийинган бир жувонни қарши олди. Бошини ерга эгиб олган жувоннинг юзи кўринмасди.
Ҳамшира қайтиб кетди.
Наримон жувонни аста белидан қучиб олди. Икковлон дарвоза томон бир-бир босиб юриб кетишди.
Жувон... аранг қадам босарди.
Каримжон жарроҳ сифатида дарҳол барисини тушунди: жувон аборт оператсиясидан чиқиб келмоқдайди... Инсофсизлар ҳеч бўлмаса бир кеча ётиб, дам олишига ҳам рухсат беришмабди шўрликка... Агар ҳозир қон кетсами...
Бирдан Каримжон сесканиб кетди. Илло жарроҳ жияни Наримон ўз ниятига етганини, яъни «суйган қизи»ни иккинчи бор аборт учун столга ётқизганини пайқаганди...
Мияси лўқиллаб оғриб, бутун вужуди мисдай қизиб кетган Каримжон энгашиб, бу жуфтлик ортидан нимадир демоқчи бўлди, аммо томоғидан хирқирашга ўхшаш овоз чиқди, холос...
Таранг тортилган асаблар бу сафар ҳам дош беролмади — жарроҳ шу алфозда, тобора ўзидан узоқлашиб, дарвозага яқинлашаётган жуфтлик томон қўлларини чўзган кўйи, бир оғиз ҳам сўз айтолмасдан, умуртқа поғонасида пайдо бўлган бемисл кучли оғриқ тобора юқорига ўрлаётганини ҳис қилган ҳолда ҳушсиз қулаб тушди...

* * *
Орадан не фурсат ўтиб, ўзига келган Каримжон жарроҳ шу алфозда, оёқларида шиппак билан аста ҳовлига чиқди, ундан кўчага.
Шифохонадан уйигача унчалик узоқ эмас, пиёда борилса ўн дақиқалик йўл.
Жарроҳ мана шу йўлни чуқур хаёл оғушида қандай босиб ўтганини билмайди.
Ниҳоят аранг иккинчи қаватга кўтарилиб, эшикни очди.
Ичкарида... уни сақичсимон қуюқ зулмат кутиб турарди.
Бўм-бўш йўлак... бўм-бўш хоналар...
Каримжоннинг юраги чидаб бўлмайдиган даражада сиқиларди. Гўё оғир, азобли бир туйғу юрагини то қоп-қора қони силқиб чиққунга қадар эзиб, қийнамоқда эди...
Ёлғизлик...
Жарроҳ тўққиз йилдан бери шу уйда ёлғиз ўзи яшайди.
Одамни ютиб юборадиган даражада ҳувиллаган хоналар.
Одамнинг ақлдан оздирар даражадаги ёлғизлик...
Каримжон жарроҳ ҳеч бир нарсага қоқилмасдан, тўппа-тўғри айвонга ўтди. Хайрият, деразадан қорамтир кўкда онда-сонда пайдо бўлаётган юлдузлар кўринди.
Худди шу маҳал...
Eшик оҳиста, назокат билан тақиллади.
Ҳа, ҳа, айнан назокат билан...
Жарроҳнинг юраги увишиб кетди.
Каримжон бу гал ўзига ҳар қаричига довур ёд бўлиб кетган хоналардаги нарсаларга қоқилиб-суринганча эшикка чопди.
У эшик ёнида ўзини аранг тўхтатди ва ҳарсиллаб нафас олганча, бир амаллаб садо берди:
— Ким?
Eшик ортидан қиз боланинг этни жимирлатиб юборар даражада майин, сеҳрли овози эшитилди:
— Мен...
Наҳотки...
Наҳотки У келган бўлса...
Ҳа, бу Ўша эди...
Ҳатто ҳайратланишга улгуролмаган Каримжон жарроҳ шоша-пиша эшикни очди.
Гарчанд йўлак қоронғи бўлса-да, жарроҳ эшик олдида бош эгиб турган қизнинг уялаётганлигини, ҳаттоки лабларини қимтиб олганини, юзи эса оловдай ёнаётганини кўришдан кўра кўпроқ ҳис этди...
— Марҳамат, Назокат... — беихтиёр ортга тисарилди жарроҳ.
— Юринг, Каримжон ака... — оҳиста шивирлади жувон.
Шу сўзни айтгач, қиз аста ўгирилди ва зиналардан сассиз қадам ташлаганча пастга тушиб кета бошлади.
Карим жарроҳ ипсиз боғланган бандадай унинг ортидан юрди...

* * *
Воқеалар тизими салгина тушунарлироқ бўлмоғи учун, йигирма йил ортга қайтишимизга тўғри келади.
Ўшанда Каримжон ўн беш яшар ўспирин эди.
Фасли ёз эди.
Хўжаликдан ўттиз чақиримча олисда жойлашган, кўп йиллар ҳарбий қисм жангчилари танклар билан машғулотлар ўтказгани сабабли аҳоли орасида «танкодром» номи билан машҳур уч юз гектардан ошиқроқ улкан ҳудуд ўзлаштириладиган бўлди.
Ҳарбий қисм бошқа вилоятга кўчиб кетгач, бу ерга тикилган уч-тўрт чайланинг биттасида Каримжон тенгдошлари билан истиқомат қиларди. Улар бу ерга мактаблик кийимлари ва дарсликлар учун уч-тўрт сўм пул ишлаш илинжида келишган эди. Уларнинг вазифаси ҳайдалган ерни текислаш, ўтларни чопиш, юзага чиқиб қолган темир-терсакларни териб, бир чеккага йиғиш эди.
Ўсмирларга Акмал исмли қирқларга бориб қолган, шу ёшида безорилиги учун икки марта «ўтириб чиқишга» ҳам улгурган, баданига турли расмларни чизиб ташлаган зўравон баттол нақ эшакдай келадиган «Барон» лақабли кучуги билан бригадирлик қиларди. Афтидан, хўжалик раиси ҳам безори Акмалнинг узоқроқ юришини истаб шу ёқларга сургун қилганди...
Ў, бу Акмал деганларининг хурмача қилиқлари!
Акмал бригадир Олия исмли индамас хотини ва ўн тўрт яшар қизи Назокат билан «танкодром»нинг нариги чеккасидаги чайлада яшарди.
Туни билан ароқ ичиб, бўралатиб сўкиниб, уйидагиларни ухлатмай зит титратиб чиқадиган бу ҳирсдай бақувват, бунинг устига тўрва соқол қўйиб, жундор яланғоч кўкрагинию баданидаги беҳаё расмларни намойиш қилгандай фақат майкада юрадиган, айниқса бутун юзини кесиб ўтган тиртиғи янада ваҳимали кўрсатадиган дароз Акмал ака одамга тешиб юборгудек тик қараб тураверар, мабодо ўзига нисбатан бирон эътирозни эшитиб қолгудек бўлса, дарров залворли муштини ишга солиб қоларди.
Одатда, ичиб олган Акмал дароз (дарвоқе, болалар уни орқаворатдан «Ажал» деб чақиришарди) тонг саҳарда, ҳали қуёш уфқда юз кўрсатмасдан келиб болаларни уйғотарди. Тўғрироғи, у болаларни уйғотиб ўтирмас, балки катта пақирда атай кўтариб келган муздай сувни уларнинг устига сепарди... Ана шундан кейин бир-иккита ортга қолганларни Баронига «ол-киш»латиб ўтирарди.
Масхара шу билангина тугаб қолмасди. Акмал дароз эринмасдан болаларнинг ишини назорат қилиб юрар, биронтаси сал дангасалик қилиб қолса, бало-қазодай унинг устига бостириб борарди-да, қўлидаги қуроли — ер ҳайдаш пайти «танкодром»дан топиб олган одам болдир суягини азот кўтарганча:
— Сени ўлдириб, шу ерга кўмиб кетаман. Орадан эллик йилдан кейин манавинга ўхшаб ҳар жой-ҳар жойдан суякларинг чиқади! — деб бўкирарди. — Ё бўлмаса ҳозир ўлдириб, гўштингни Баронга едираман!
Шундай лаҳзалари унинг чақчайган, қон тўлган кўзларига қараб туриб ҳам Акмал дароз бу ваъдасининг устидан чиқишига ишонса бўларди.
Бригадирнинг яна бир ёмон одати бор эди: у одатда ўзига ва кучугига алоҳида қозонда, серсуяк овқат қилдирарди. Акмал дароздан қолган гўшт ва ярим қозон суякнинг ҳузурини Барон кўрарди.
Хуллас, Акмал дароз болаларни бир ой мобайнида қулдек эзиб ишлатди...
Вазият шу даражага бориб етдики, охири болалар кучуги ҳамроҳлигидаги Акмални кўришса бас, қалтирайдиган бўлиб қолишди. Уларнинг чекка-чеккадаги қўрқа-писа шивир-шивирларига қараганда, Ажал ҳатто одамхўрликдан ҳам қайтмас эмиш. Буни у қамоқхонада ўрганган эмиш...
Дарозга эса худди шу керак эди.
У баттар қутуриб кетди...
Фалакнинг ғаройиб, қовушмаган ишларини қаранг! Мана шу бадбашара Акмал дароз ва умри калтак ейишда ўтаётган муштипаргина хотини Олия опанинг фарзанди Назокат... эртаклардаги пари мисоли сулув эди.
Оппоқ юз, киприклари узун-узун, чарос кўзли, силлиқ, ялтироқ сочлари тақимини ўпадиган Назокат ёввойи далага адашиб тушиб қолган атиргул ёинки энди очилиб келаётган ғунча мисоли ажралиб турарди...
Аблаҳ Акмал дароз ҳатто шу қизига ҳам қўл кўтарарди.
Ў, Каримжоннинг ўзи неча маротабалаб кўрган мушфиқ қизнинг чекка-чеккада юм-юм йиғлаб ўтирганларини...
Каримжон қизга чин дилдан ачинар эди.
Аммо қўлидан ачинишдан бошқа нима ҳам келарди.
Акмал дароз ҳамманинг жонини олиб қўйган бўлса...
Каримжон қаторасига уч кеча шу қизни тушида кўриб чиқди. Шўрлик зор-зор йиғлаб, нуқул «Қутқаринг...» деб ёлворармиш.
Каримжоннинг бўлари бўлди.
У олисдан бир неча бор кузатди: қиз мунғайибгина юрарди... Буни кўриб йигитчанинг юраги баттар ўртаниб кетди.
Каримжон Назокатни севиб қолганди...
Ўша оқшом яна қизни тушида кўрди. Лола япроғидай муниса ҳамон зор-зор йиғлар ва Каримжонга «Қутқаринг... қутқаринг...» дея илтижо қиларди...
Ўша куни Каримжоннинг қилаётган иши унчалик ёқинқирамади шекилли, Акмал дароз унинг бошида болдир суягини ўйнатганча дўқ ура кетди:
— Керак бўлса мен сенга ўхшаган Салимжон-нимжонларни бир уриб, ернинг тагига киритиб юбораман!
— Менинг отим Каримжон, Салимжон эмас... — титроқ овозда изоҳ берди йигитча.
— Нима дединг?
Кўзлари олайиб кетган дарозни жумланинг маъноси эмас, йигитчанинг гап қайтаришга журъат этганлиги қутуртириб юборди. У болдир суягини азот кўтардию, Каримжоннинг орқасига, умуртқа поғонасига куч билан туширди. Йигит «иҳ» дедию, гурсиллаб ерга йиқилди.
Қилган ишидан мамнун дароз болдир суягини ўйнатганча кучугини бошлаб чайласига қараб кетди.
Зарба ёмон бўлган экан, Каримжон бир соатга яқин ўзини билмай ётди.
Болалар чувиллаб уёққа чопишди, буёққа чопишди.
Аммо уларнинг қўлидан нима ҳам келарди.
Ниҳоят Каримжон кўзларини очди.
Кимдир чайлада қайдандир пайдо бўлиб олган «аптечка»дан битта термометр топиб келган экан, ўшани дарров йигитчанинг қўлтиғига қўйишди.
Ишқилиб, Каримжон бир амаллаб ўзига келди.
У қўлтиғида муздайгина бўлиб турган термометрни олиб, унга ҳайрон бўлиб қараб турди-да, сўнг чўнтагига солиб қўйди.
Барибир шу куни у ишлай олмади. Сал ҳаракат қилса бас, елкасида, аниқроғи умуртқа поғонасида пайдо бўлган кучли оғриқдан додлаб юборгудай бўларди.
Сас чиқармасликка уринаётган Каримжон тишлайвериб лабларини қонатиб юборди.
Шу оқшом чайлада ухлашга ётишаётган маҳал ҳамхона йигитлардан бири ваҳимали тарзда шивирлади:
— Эшитишимга қараганда, Ажал ака бир марта балоғатга етмаган қизни зўрлаб қўйиб ҳам қамалган экан. Бу одамдан эҳтиёт бўлиш керак. Ўз кўзим билан кўрдим: ичиб олган маҳаллари қизига қарашлари жуда ёмон... Ҳайвондан фарқи йўқ бунақа одамларнинг қўлидан ҳар бало келади...
Каримжон... ўртаниб кетди.
Онг-шуурини қоплаган ғазаб, алам, чорасизлик туйғуларини босиб-янчган кўйи тўсатдан Каримжоннинг миясига бир фикр ўқдай ўрилди: «Ўлдираман уни!..»
Каримжон кўп китоб ўқирди. Бир асарда Гамлетнинг отаси қулоғига симоб қуйилиб ўлдирилганини ўқиганди. Яна бир китобда Бухоро амирининг бош хотини кундошидан қизғаниб, эрининг қулоғига симоб қуйгани ҳақидаги лавҳага ҳам кўзи тушгандай бўлувди.
Охир-оқибат қалбини ҳам забт этган нафрат унга «Ўлдир! Ўлдир!» дерди. Қурол ҳам ўз-ўзидан қўлига тушиб қолганди.
Аммо бу ниятнинг қарор бўлиб шаклланишига сўнгги томчи етмай турганди чамаси. Ва бу воқеа кейинги куни содир бўлди.
Болалар узоқдан бўлса ҳам кўриб туришди: кечаси билан ичиб чиққан Акмал дароз тонгга яқин қўлидан қўймайдиган болдир суягини азот кўтарганча хотинини чайласидан қувиб чиққач, зипиллаб қочаётган шўрлик рафиқасига бир муддат тикилиб турдию, тўсатдан тўхтади-да, саллона-саллона қадам ташлаганча чайласига қайтиб кириб кетди.
Каримжоннинг юраги орқасига тортиб кетди.
Зеро, чайлада Назокатнинг ёлғиз ўзи қолганди...
Йигитчанинг қўллари мушт бўлиб тугилди, кўз олди қоронғилашди. «Ўлдираман!» дея пичирлади у ўзига ўзи...
Eртаси куни тушга Каримжон тўғри дароз Ажал оиласи истиқомат қиладиган чайла томон юрди.
Одатдагидек, чайла ёнидаги қозонда бригадир ва унинг севимли кучаги Барон учун алоҳида қозонда сергўшт шўрва тайёрланаётганди.
Каримжон узоқдан бир муддат кузатиб турди.
Афтидан, дароз ебтўймас Барони билан қайгадир айланишга кетганга ўхшайди.
Демак, чайла ичида она билан бола қолган, холос.
Шошилиш керак эди.
Наинки қўллари, оёқлари ҳам дир-дир титраётган Каримжон бир амаллаб қозон ёнига келди.
Ўчоқда ўт ёнарди. Қозонда билқ-билқ қайнаётган ёғли шўрва. Саратон офтобида атрофнинг, одамнинг жизғинаги чиқиб, мияси қайнаб ётибдию, дарознинг егани мой...
Каримжон ўзини ўзи баттар асабийлаштиришга уринган кўйи дароз ҳақида нафрат билан ўйлашга ҳаракат қилганча қозон устига энгашди ва чўнтагидан термометрни чиқарди.
Каримжон икки-уч марта термометрнинг кумуш қопланган қуйи қисмини синдиришга уриниб кўрди, аммо бунинг эвини қилолмади.
Eнди ўзидан жаҳли чиқа бошлаган йигитча қандайдир ғайри табиий тарзда термометрни қайнаб турган қозонга тиқди...
Нимадир «тирс» этиб сингандай бўлди.
Каримжон термометрни кўтарди.
Дарҳақиқат, унинг қуйи қисми синган эди.
Худди шу лаҳзада, йигитча ҳали ўзидан ўзи мамнун бўлиб улгурмасидан ҳам бурун ортидан кимдир қараб турганини ҳис қилди.
Каримжон шошиб ўгирилди.
Чайладан чиқиб келган Назокат кўзларини катта-катта очганча унга ажабланиш аралаш қўрқув билан тикилиб қолган эди...
Каримжон қўлидаги қуйи қисми синган термометрни қандай қилиб шимининг чўнтагига солганини билмайди.
Қизнинг ўткир нигоҳига дош беролмаган йигитча бирдан бошини эгиб олган кўйи тенгдошлари кун тиғида ишлаётган дала томон тез-тез юриб кетди...
Шу оқшом Каримжон мижжа қоқмай чиқди. Унинг кўз олдидан Назокатнинг ажабланиш аралаш қўрқув акс этган нигоҳи кетмасди...
Бригадир эса...
Бир ҳафта ўтар-ўтмас бригадирнинг машқи тўсатдан пасайди: у энди камроқ юриб, кўпроқ дам оладиган бўлди. Сўнг унинг тишлари туша бошлади... Кейин соч тўкилиши... Болалар қатори Каримжон ҳам Бароннинг туйқусдан озиб, қорни ич-ичига ботиб кетганини, овқатга қарамай ҳам қўйганини кузатиб тураркан, юрагига босиб келган ваҳима туйғусидан қутулиш учун ўзи иш билан чалғитишга жон-жаҳди билан уринарди...
Аввал Барон кетди. Бу... ўша машъум воқеадан кейин бир ойлар ўтиб содир бўлди.
Тобора дармонсизланиб бораётган бригадир суюкли кучугига кўп аза тутиб ўтирмади. Зеро энди унинг ўзи ваҳима, азоб комида қолганди...
Акмал дароз кучуги вафотидан кейин қирқ кундан кўпроқ яшади. Бу пайтга келиб далада иш тугамаган бўлса-да, таътил якунланганлиги сабабли болалар мактабга қайтишганди...
Хўжалик болаларга яхшигина пул тўлади.
Бригадирга ҳам.
Аммо... Акмал дароз энди пулга қизиқадиган, пулни кўриб қувонадиган аҳволда эмасди...

Yaxshiyam milsiz qoʻrquv va vahima ichida oʻtgan bir necha oy ichida Karimjon biron marta Nazokat bilan yuzma-yuz boʻlmadi...

Бунинг устига, эрининг вафотидан сўнг Олия хола қизини олиб тезликда ота-онасининг қишлоғига кўчиб кетди...
Бу орада Каримжон мактабни битирди. Умуртқа поғонасидаги жароҳат ҳар замонда ўзидан дарак бериб, бутун вужудини бир неча кунлар мобайнида мислсиз азобларга солса-да, йигит тишини тишига қўйиб чидар эди. Аммо... кўнгил азобига чидаш мушкул экан...
Каримжон кўп ўйланди... Кўп пушаймонлар қилди...
Аммо энди қўлидан нима ҳам келарди.
Каримжон медитсина институтига ўқишга кирди. Уни имтиёзли диплом билан битиргач (зеро, энди у оромни фақат тинмай ўқиш ва ишлашдан оларди, токи ҳориб-чарчаб, оқшом кўрпасига қуласину ухлаб қолсин, ана шундагина ўтмиш хотиралари уни безовта қилолмайди, азобдан симиллаб турган кўксига янги пушаймон қозиғини қоқолмайди), жарроҳлик билан шуғуллана бошлади. Тез орада «қўли енгил жаророҳ» деган ном орттирди.
У тинмай ишларди.
Ишга боши билан шўнғиб кетгани боисми, уйланишга ҳам фурсат топмади чоғи. Ота-онаси ёки яқинлари, қариндош-уруғлари уйланишдан гап очишса бас, нимагадир Каримжоннинг кўз олдида ўзига шаҳло кўзларини катта-катта очганча ажабланиш аралаш қўрқув билан қараб турган Назокат сиймоси пайдо бўларди ва жарроҳ ҳамсуҳбатларидан асабий ўжарлик ҳамда қатъийлик билан бу мавзуда асло гап очмасликларини талаб қиларди...
Ниҳоят...
Ниҳоят Каримжон жарроҳ мутлақо кутмаганда Назокатнинг ўзи унинг хонадонига ташриф буюрди...

* * *
Бу не бахт!
Бу не саодат!
Юраги тўлиқиб кетган Каримжон жарроҳ Назокатга недир яхши гаплар айтгиси, унинг ҳол-аҳволини, турмушини сўраб-суриштиргиси келди. Аммо қизнинг индамай кетаётганини кўриб, нимагадир бунга журъат этолмади.
Назокат эса тўғри Каримжон жарроҳнинг машинаси турадиган гараж ёнига борди ва ортига ўгирилиб, сирли табассум ила жарроҳга мурожаат этди:
— Бир айланиб келайлик, Каримжон ака...
— Хўп бўлади... жуда яхши-да...
Ҳовлиқиб қолган жарроҳ шоша-пиша гараж эшини очди ва машинани ташқарига олиб чиқди. Назокат унинг ёнига ўтирди.
«Нексия» тун зулматини ёрган кўйи олдинга интилди.
— Қаёққа ҳайдай? — сўради Каримжон Назокат томон ўгирилиб.
Олдиндан кўз узмай кетаётган Назокат кулимсираб қўйди-да:
— Ўзимизнинг қишлоққа, — деди.
Ажабки, жарроҳ дарҳол гап қайси қишлоқ хусусида кетаётганини тушунди.
Ҳаяжондан томоғи қуруқшаб кетган Каримжон савол бермоқчи бўлиб бир неча маротаба оғиз жуфтлади, аммо ҳар гал бунга журъат этолмади. Ахийри унинг аҳволини сезди шекилли, латофат ила кулимсираб қўйган Назокат оҳиста пичирлади:
— Саволлар кейин, Каримжон ака...
Қизнинг амрига бўйсунмасликнинг иложи йўқдай эди...
Қишлоқ унчалик олисда эмасди. Нари борса бир соатлик йўл.
Тўлиқиб кетаётган, қувончли ҳаяжондан дир-дир титраётган жарроҳ тезликни оширди.
Улар туман марказидан чапга қайрилишган маҳал йўл четида турган йўл-патрул хизмати инспектори кўчага чопиб чиқиб, қоронғида ёниб турган қизил таёғини кўтарди.
— Оббо...
Шундагина машина ҳужжатлари уйда қолганини эслаган Каримжон жарроҳнинг афти буришди. Аммо тўхтамасликнинг ҳам иложи йўқ эди.
Инспектор қайрилиш чироғини ёққанча йўл четига ўтиб тўхтаган машина ёнига ҳайдовчи томондан яқинлашди ва:
— Вилоят йўл-патрул хизмати инспектори катта сержант Набиев, — дея ўзини чест бериб таништирди. — Марҳамат қилиб ҳужжатларингизни кўрсатсангиз.
Оғир уф тортиб қўйган Каримжон жарроҳ вазиятни тушунтиришга уриниб кўрмоқчи бўлиб катта сержант томон ўгирилди.
Шу маҳалгача қовоғидан қор ёғиб турган катта сержантнинг бирдан юзи ёришди:
— Э, э, Каримжон ака, ўзингизмисиз?
Сал енгил тортган жарроҳ дарров бош ирғади.
— Биронтаси оғирлашиб қолибдими дейман, жуда тез келаяпсиз? — деди катта сержант ҳамдардлик билан.
Жарроҳ ноилож яна бир бош бош ирғади.
— Унда йўлдан қолманг, — деди катта сержант шоша-пиша. — Фақат эҳтиёт бўлиб юринг. Иложи бўлса авария чироқларини ёқиб олинг. Бунақа пайти врачларга мумкин. Қайтишда эса албатта тўхтаб ўтинг. Ўзи сизга қачон чой бераман деб интиқ бўлиб юргандим.
Шундан кейин катта сержант жарроҳнинг ўзига саволомуз боққанига жавобан изоҳ берди:
— Сиз отамни оператсия қилиб, ўлимдан қутқариб қолгансиз... Лекин сиз ҳозир кетаверинг. Қайтишингизда бафуржа ҳангома қиламиз...
— Хўп...
Дарров газни босган Каримжон жарроҳнинг хаёлига «Бу далли-ғулли катта сержант Назокатга эътибор ҳам бермади-я. Худди кўрмагандек», деган ўй келди ва беихтиёр:
— Осон қутулдик, — деб қўйди.
Бунга жавобан Назокат сирли кулимсираб қўйди.
Машина тобора қоронғуликка, зулмат қучоғига кириб борарди.

* * *
«Нексия» қишлоққа кириб келди.
Каримжон жарроҳ энди жиддий қиёфада ўтирган Назокатга ўгирилди:
— Қаёққа ҳайдай?
Қиз йўлдан кўз узмай жавоб қайтарди:
— Ўша ёққа...
Ажабки, жарроҳ бу сафар ҳам қиз қай манзилни назарда тутаётганини шу бир оғиз сўзданоқ англаб олди...
Машина собиқ «танкодром», энди эса бир текис ғўза ва буғдойлар ўсиб ётган, дов-дарахтларга бурканган далага кириб келди.
Қоронғуликда бирон нимани илғаш мушкул эди. Айниқса машина чироқлари ёруғида улкан дарахтларнинг янада катталашиб кетган соялари афсонавий девлар мисоли чайқалиб, йўлни баттар чалкаштириб ташлаётишгандек эди. Бироқ Каримжон жарроҳ... ўша воқеа юз берган жойни, чайла ўрнини адашмай топиб борди.
Ниҳоят «Нексия» тўхтади.
Икковлон машинадан тушишди.
Осмон бағрини юлдузлар бодроқдек тўлдирган. Ҳов олисда эса олтин сирға мисоли ҳилол юз кўрсатди...
Енгил кийиниб олган бўлса-да, Каримжон жарроҳ даланинг нам ҳавосини туйганига қарамасдан, совқотганини сезмади. Шундай бўлса ҳам, у хавотирланиб ҳамроҳига қаради. Ҳарир либосларга чулғанган сулув Назокат диққат билан ҳов ўшал чайла ўрнига қараб турарди. Афтидан, қиз ҳам совуқни сезмаганди.
Нимагадир салқин шабада эсиб ўтгандай жарроҳнинг бадани сесканди, сўнг эса юраги увишиб кетганини туйди... Ногоҳ жарроҳ ўша, умуртқа поғонасида қолган жароҳат ўрнида яна милсиз оғриқ қўзғалиб, жисми-жонига азоб бера бошлаганини ҳис этди...
— Мана бу ерда ўчоқ бор эди. Унда олов ёниб турганди... — баногоҳ шивирлаб қолди Назокат. — Қозонда овқат пишаётганди. Сиз...
Карим жарроҳ гап нима ҳақида кетаётганини дарҳол тушунди.
— Ҳа, — деди жарроҳ хўрсиниб. — Мен овқатга симоб солдим...
— Шу билан отамнинг қотилига айландингиз, — ҳамон ўчоқ жойидан кўз узмаган кўйи жиддият ила таъкидлади Назокат.
— Лекин мен... — шоша-пиша ўзини оқлашга уринди Каримжон.
Бироқ шу заҳоти бу ортиқча эканлигини ҳис қилди ва жим туриб қолди.
— У бировнинг отаси эди, — оҳиста шивирлади Назокат. — Бировнинг эри... Бировнинг қариндоши... У ҳам инсон эди...
Каримжон жарроҳнинг мижжаларига аччиқ кўз ёши қуйилди...
У ҳаммасини тушунганди... «Наҳот... наҳот ажр деганлари шу бўлса...» деган фикр ўтди жарроҳнинг вайрона қалбидан.
— Ҳа, — дея пичирлади ҳамон ўчоқ жойидан кўз узмаётган қиз, — ҳаммасининг жавоби бор... Ҳаммасининг...
Каримжон жарроҳ сўнгги бор эътироз билдирмоққа уринди:
— Ахир урушлар... қанчадан-қанча бегуноҳлар... ҳомилани олиб ташлашлар...
Назокат шивирлаб жавоб қайтарди:
— Ҳаммасининг... ҳаммасининг жавоби бор... Вақт-соати келади... Жавобдан қочиб қутулиб бўлмайди...

Karimjon jarroh asta tiz choʻkdi va qaynoq koʻz yoshlariga koʻmilgan koʻyi qizga iltijo qildi:

— Мени кечиринг...
Қиз лабларини аста қимирлатди ва:
— Бу ёғи Яратганга ҳавола, — деган жумла балки садо бўлиб қулоқларидан кирдими ёинки ҳукм янглиғ юрагига ёзилдими — буни Каримжон жарроҳ англолмай қолди...
Назокат аста-секин, сассиз қадам ташлаган кўйи машъум қотиллик юз берган жойдан узоқлашиб, қоронғулик қаърига сингиб кета бошлади.
Каримжон жарроҳ эса ҳамон тиз чўккан жойида кўз ёшларига ғарқ бўлиб илтижолар қилар, кимлардандир кечирим сўрар, тавба-тазаррулар этар, аммо бир мутлоқ ҳақиқатни — Ҳукми Олийни ўзгартириб бўлмаслигини юрак-юрагидан ҳис этарди...

* * *
Тонгга яқин ўз далаларига келган деҳқонлар улкан дарахтлар бағридаги оддийгина чайла ёнида эшиклари ланг очиқ турган «Нексия» машинасини кўришди. Машинадан уч-тўрт қадам узоқда эса ўттиз-ўтиз бешларга борган, кўринишидан зиёли, аммо оёқларига шиппак илиб олган бир йигит ерни қучоқлаганча ўлиб қолганди.
Бу Каримжон жарроҳ эди...

Ажабланарли томони шунда эдики, марҳумдан қўл узатса етгулик масофада қандайдир кўҳна болдир суяги тупроққа қоришиб ётарди...
Mualifning boshqa asaralari
1 Alvido, goʻzallik… (hikoya) [Abduqayum Yoʻldosh] 1489
2 Алвидо, гўзаллик... (ҳикоя) [Abduqayum Yoʻldosh] 682
3 Endi nima qilaman? (hikoya) [Abduqayum Yoʻldosh] 0
4 Энди нима қиламан? (ҳикоя) [Abduqayum Yoʻldosh] 0
5 Hayot endi boshlanadi (hikoya) [Abduqayum Yoʻldosh] 945
6 Hayot shafqatsiz... (hikoya) [Abduqayum Yoʻldosh] 893
7 Ҳаёт шафқатсиз... (ҳикоя) [Abduqayum Yoʻldosh] 691
8 Ҳаёт энди бошланади (ҳикоя) [Abduqayum Yoʻldosh] 697
9 Javobi bor... (hikoya) [Abduqayum Yoʻldosh] 917
10 Katta odamning kichkina tanishi ... [Abduqayum Yoʻldosh] 972
11 Катта одамнинг кичкина таниши (ҳ... [Abduqayum Yoʻldosh] 712
12 «Meni sindirishdi...» (hikoya) [Abduqayum Yoʻldosh] 763
13 «Мени синдиришди...» (ҳикоя) [Abduqayum Yoʻldosh] 687
14 Otasining qizi (hikoya) [Abduqayum Yoʻldosh] 1272
15 Отасининг қизи (ҳикоя) [Abduqayum Yoʻldosh] 644
16 Qaydasan, moʻjiza… (hikoya) [Abduqayum Yoʻldosh] 1120
17 Qizil tilla, qip-qizil tilla (hi... [Abduqayum Yoʻldosh] 994
18 Қайдасан, мўжиза… (ҳикоя) [Abduqayum Yoʻldosh] 985
19 Қизил тилла, қип-қизил тилла (ҳикоя) [Abduqayum Yoʻldosh] 688
20 Tilla soat (hikoya) [Abduqayum Yoʻldosh] 835
21 Toʻy (qissa) [Abduqayum Yoʻldosh] 1414
22 Тилла соат (ҳикоя) [Abduqayum Yoʻldosh] 659
23 Тўй (қисса) [Abduqayum Yoʻldosh] 659
24 Yolgʻon va haqiqat (hikoya) [Abduqayum Yoʻldosh] 1213
25 Ёлғон ва ҳақиқат (ҳикоя) [Abduqayum Yoʻldosh] 703
26 Юлдузнинг йўли (қисса) [Abduqayum Yoʻldosh] 680
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика