Тўй (қисса) [Abduqayum Yoʻldosh] |
Файзулланинг болалиги Мирзачўлнинг қоқ киндигида жойлашган қишлоқда, таъбир жоиз бўлса пахта ичида ўтди. Кўклам ягана, ёз бўйи чопиқ, куздан эса деярли Янги йилгача давом этадиган терим. Авваллари қишда сал нафас ростлаб оларди, аммо ёши катта бўлгач акаси Сайдуллага қўшилиб яхоб суви қўйишга чиқа бошлади. Шунча иш ёш бошида бўлишига қарамасдан Файзулла ҳаётда техникага, мактабда эса аниқ фанларга қизиқиб ўсди. Балки шу сабаблидир мактабни битирган йилиёқ политехника институтига ўз кучи билан кириб кетди. Ўқишни тугатгач, йўлланма билан шаҳардаги катта бир заводга ишга борди. Инженер бўлиб ишлади. Ёш мутахассис сифатида тўрт йилдан кейин унга бир хонали уй беришди. Уйланди. Аввал ўғилли бўлди. Икки йилдан кейин қизли. Аммо... Фалокат оёқ остида деганлари рост экан. Энди чопқиллай бошлаган икки ярим яшар қизчаси «дом» қаршисидаги болалар майдончасида ўйнаб юриб, бетон ариқчадан сакраб ўтаман деганда оёғи ариққа тушиб кетган. Мувозанатини йўқотган қизалоқ бир айланиб орқаси билан бетон ариқчанинг қиррасига урилган. Ана шунда қизалоқнинг ҳали нозик умуртқа поғонаси қаттиқ лат еган экан. Дўхтирлар аввалига буни пайқашмаган. Пайқашганида эса кеч бўлган экан. Ҳабиба аввалига оқсоқлана бошлади. Дилноза қизалоғининг оёғига қўй думбасидан сурди, массаж қилди. Ҳабиба бора-бора юрмай ҳам қўйди. Эр-хотиннинг обормаган дўхтирлари қолмади. Ҳатто эскича ҳам қилиб кўришди. Бефойда. Ҳабиба тўрт ёшга тўлган кунини ногиронлар аравачасида кутиб олди. Дилнозанинг бўлари бўлди. Лўмбиллаган жувон бирдан озиб кетди, кўзлари киртайди. Файзулланинг аҳволи хотинидан баттар бўлса баттар эдики, яхши эмасди. Дўхтирларнинг қайта-қайта берган тавсияларига қарамасдан, эр-хотин Ҳабибани ногирон болалар уйига беришмади. Ахир, кўзлари мўлтираб турган ширингина қизалоқдан қандай қилиб ажралишсин... Тили бийрон, ўзи оқила... Дилноза мактабдаги ишини ташлади ҳисоб. Файзулла ҳам ишини тугатар-тугатмас уйга чопади. Қизалоқ ногиронлиги боис уйдан кўчага чиқолмасди. Фақат аравада. Файзулла қизчасига табиатни кўрсатмоқчи бўлди. Шу мақсадда икки йилча қаттиқ ишлаб, етмаганига қарз-ҳавола қилиб бўлса ҳам сал эскироқ, лекин ишончли «Дамас» сотиб олди. Шу машинада Ҳабибани тоғларга олиб чиқишди, Самарқанд-Бухорога олиб боришди, муқаддас жойларни биргаликда зиёрат қилишди. «Ҳабиба бир куни тузалиб кетади!» Эр-хотин мўъжизага ишониб яшашди. Эр-хотин мўъжизани кутиб яшашди. Шу алфозда ўн йилдан кўпроқ вақт ўтди. Эр-хотиннинг бахтига Азимжон эсли-ҳушли бола бўлиб ўсди. Кўп вақтини уйда ўтказади. Мактабдан келди дегунча синглисининг ёнига ошиқади. Унга турли-туман китоблар ўқиб беради. Натижада ака-сингил ашаддий китобхон бўлиб қолишди. Азим эса, синглисига ўқиб бергани етмагандай, кечалари ҳам хонасига қамалиб олиб бир асарларни эринмасдан қайта-қайта мутолаа қиладиган бўлди. Сезгир Ҳабибанинг айтишига қараганда, Азим кейинги пайтлари шеър ҳам ёзаётганмиш. Дилноза шу ҳақда айтганида Файзулла ишонмади. Аввал кулиб қўя қолди, кейин жиддий тарзда ўз фикрини билдирди: – Қарқуноқдан булбул чиқмайди, аяси. Келиб-келиб бир инженер билан бир математика ўқитувчисининг боласи шоир бўладими? Бу бир ҳавас бўлса керак-да. Балки биронтасини севиб қолгандир. Дилноза норози тарзда қошларини чимирди: – Нима, сизам шу ёшингизда бировни севиб қолиб, шеър ёзганмисиз? Файзулла аниқ жавобдан ўзини олиб қочди: – Э, мен шунчалик кўп қизларни севиб қолганманки, достон ёзсам ҳам барибир етмасди. Шунинг учун ҳеч нарса ёзмай қўя қолганман. Шу билан Азимнинг шоирлиги масаласи очиқ қолди. Боласига андармон бўлибми, Файзулла қишлоққа кам борадиган, тўй-маъракаларга камроқ аралашадиган бўлди. Мабодо бирон қиёлмайдиган хеш-уруғиникига бориб қолса ҳам уйга қайтгунча шошарди. Юраги ҳаприқиб кетаверар, худди уйда бирон нима юз бергандек бўлаверарди. Қишлоқдошлар, қариндошлар ҳам унинг аҳволини тушинишган шекилли, бу борада унчалик кўп безовта қилишавермасди. Лекин бу оила бошига тушадиган ғам-аламлар, айрилиқлар, қайғули кўргиликлар бир чеккада ўз фурсатини кутиб ётган экан. * * * Август охирлари. Цехда иш қизғин кетаётган эди. Томи баланд бинода тинмай ишлаётган дастгоҳларнинг шовқин-сурони оламни тутган. Кўзойнак таққан ишчилар дастгоҳлар чархини айлантириб, металлни қирққанида узлуксиз учқунлар оқими кўкка ўрлайди. Файзулла бино четидаги темир зина билан чиқиладиган, эшигига «Цех бошлиғи» деб ёзиб қўйилган кабинетида навбатдаги буюртма детал чизмасини уста Миркарим билан ўрганиб ўтирган эди. Хайриятки, эшик зич бекитилса бу ерга шовқин унчалик келмайди. Шу сабабли у ўзининг қўл телефони жиринглаганини бемалол эшитди. Файзулла чизмадан кўз узмаган кўйи шошилмасдан стол тортмасида турган қўл телефонини олди. – Эшитаман. Файзулла аппаратни қулоғига қаттиқроқ босди ва акаси Сайдулланинг бақирган овозини эшитди. Сўнг улар орасида шундай суҳбат бўлиб ўтди. – Файзулла, ўзингмисан... ўзингмисан? – Ҳа, менман. Сайдулла ака? – Менман, ука, менман. – Ассалому алайкум, ака. Тинчмисиз, уйдагилар... – Яхши, яхши. Қисқаси, эртага Мардоннинг тўққизини олиб бораяпмиз. Кечи билан ўн бирга етиб келмасанг бўлмайди, ука. Ўн иккида жўнаймиз. Бу хабарни эшитган Файзулла қувониб кетди. – Муборак бўлсин, ака, муборак бўлсин. Айтгандай, Мардонжон ҳали ёш эмасми? Азимжондан беш ёш катта эди шекилли. – Э, ёши қоптими! Йигирмага кираяпти, йигирмага! Нима, ҳамма сенга ўхшаб ўттизга кирганда уйланиши керакми? – Ўттиз эмас, йигирма етти. Ҳа, майли, энг муҳими – икки ёш бахтли бўлсин... – Етиб келасан-а. Атай сени деб шанбага тўғриладик. Хафа бўлмагин-у, бошқа кунни айтсак ишни баҳона қилишинг тайин-да, ука. Бу гапни эшитган Файзулал беихтиёр кулимсираб қўйди: – Эртагаям иш куни, ака. – Шаҳарда шанба куниям иш бўларканма? – Ойнинг охири, ака, ойнинг охири. Жаҳли чиқиб кетди шекилли, Сайдулла ака сал иддао билан гапиришга ўтди: – Охир-похирини билмайман. Қайтиб бўлсаям етиб келасан, тамом-вассалом! Ахир сенинггам ёшинг элликка яқинлашиб қолди, ука. Бундай бир элга қўшил-да. Билиб қўй: эртан тўйингда, маъракангда бегоналар эмас, шу ёмон жигарларинг кунингга ярайди. – Хўп, ака, хўп. Албатта етиб бораман, – шошиб гапирди Файзулла. – Шундай бўлсин, ука, – энди сал мамнун тарзда гапирди Сайдулла ака. – Келин билан болаларниям олиб кел. – Улар энди катта тўйда боришар, ака, – аниқ бир гап айтишга ийманди Файзулла. – Айтгандай, сотка ўзингизникими, ака. Номерини сақлаб қўяй дегандим. – Э, тўй қилаётган одамда сотка нима қилсин?! Бу артист болларники. Қайси кунлари бўшлигини билай деб келгандим... Майли, ука, бунинг чиқиллатиб пул уриб ётибди. – Хўп, ака, хўп. Албатта етиб бораман. Биздан нима хизмат, ака? – Келавер қани, хизмат бўлса қочиб кетмас... Қўл телефонидан қисқа-қиска гудоклар эшитилди. Файзулла девордаги календарга қараб, ўйланиб қолди. Дарҳақиқат, ойнинг охири. Режани бажариш учун цех ишлаши керак. Аммо тўйга бормасаям бўлмайди – акасининг кўнгли оғрийди. – Тўйми дейман, Файзулла ака? – деди уста Миркарим чизмадан бошини кўтариб. – Ҳа, – деди аппаратни яна тортмага солган Файзулла. – Акам ўғлини уйлантираяпти. Эртага тўққиз жўнатишар экан. Уста Миркарим қўл силтади: – Сиз бемалол бориб, хизматларни қилиб келаверинг, хўжайин. Бошимдан ўтган, яхши биламан. Эртан-бир кун ўзингизнинг тўй-маъракангизда бегоналар эмас, шу жигарларингиз кунингизга ярайди. Бегона ейди-ичади, кетади, хизматни жони ачийдиган яқинларингиз қилади. Ўзбекнинг тўй-маъракаси маълум. Файзулла бошини қашлади: – Қани, аввал манави детал масаласини ҳал қилиб олайлик-чи... Икковлон яна чизма устига энгашишди. * * * Барибир бормаса бўлмас экан. Ахир бир қориндан талашиб тушган акаси. Одам деб чақириб тургандан кейин. Файзулла тонгда йўлга тушди. Ёз оёқлаётганига қарамасдан кун иссиқ эди. Бу ҳол а鬬ниқса қишлоқ яқинлашган сайин яққол сезила бошлади. Терлаб-пишиб кетган, бўйнига оқ рўмол ташлаб олган Файзулла эски «Дамас»ида ўнқир-чўнқир йўлда роса қийналди. Машинанинг гоҳ у баллони, гоҳ бу баллони чуқурга тушиб кетади. Баъзан бирдан иккала олдинги баллон ҳам чуқурликка «қарс» этиб тушади, шунда жойидан учиб кетган Файзулла бошини кабина тепасига уриб олади. Бунақа маҳаллари Файзулла алам билан бошини қашлайди: – Ўҳ-ҳ!.. Йўлмисан йўл бўлибди-да ўзиям! Ниҳоят қадрдон қишлоқнинг пастак уйлари кўзга ташланди. «Дамас» бироз юргач, ўнгга, тупроқ йўлга қайрилди. Шу заҳоти машина қуюқ чангга кўмилди. Димоғига чанг кирган Файзулла йўтала-йўтала машинасини томи қизил шиферли, атрофи пахса девор билан ўралган уй олдига олиб келиб тўхтатди. Девор ёнида капоти устига бўғчалар тахланган эски «Москвич». Машина ёнида бетоқатлик билан шу томонга қараб турган эллик беш ёшлардаги, аммо ёшига нисбатан қаримсиқ кўринадиган Сайдулла ака билан унинг қирқ йиллик ўртоғи Худойберди ака. Эркаклардан сал нарида Сайдулла аканинг хотини, озғин Замира янга билан унинг синглиси Раҳима хола ҳам кўринди. «Дамас» бир олам қуюқ чангга кўмилиб тўхтади ва ундан ҳамон йўталаётган Файзулла тушиб келди. Сайдулла ака укасига пешвоз чиқди. Ака-ука қучоқлашиб кўришишди. – Бормисан, ука? Йўлингга сарғайиб қарайвериб эзилиб кетдик-ку. – Ассалому алайкум. Тўйлар муборак, ака. – Раҳмат, ука, раҳмат. Орага Худойберди ака аралашди: – Ҳар кимни тўйга етказсин. Яхши етиб келдингми, ука! Файзулла Худойберди ака билан ҳам қучоқлашиб кўришди, сўнг ортда турган аёлларга салом берди: – Ассалому алайкум, яхшимисиз, чеча... Сиз яхшимисиз, опа! Замира янга қувониб бош ирғади: – Ўзингиз яхшими, келин, болалар... «Дамас»га танқидий кўз ташлаган Худойберди бир нимани маъқуллагандай бош ирғаб қўйди. – Тузук, тузук... Бўлмаса гап бундай, ука. Сўрашиб ўтиришга вақт йўқ. Ҳўкиз-пўкиз ортилган грузовойни эрталаб ўзим жўнатиб юборганман. Кеча хабар олгани борганимда Аширмат кўрнинг авзойи бузуқроқ эди. Эртароқ бормасак бўлмайди. Кўр жанжал қилиб турган бўлса, болалар нима қилишини билмай гаранг бўлиб ўтиргандир. Тузукми? – Қайси Аширмат ака? – ҳайрон бўлиб сўради Файзулла. Худойберди ака аламини олишга фурсат келгандай бирдан тутаб кетди: – Э, қуданинг бир доғули тоғаси бор. Худоям билиб туриб бир кўзини кўр қилиб қўйган-да. Текинини олаётганда кап-катта ҳўкиз кўзига тиррақи бузоқ бўлиб кўринадиганлардан. Борайлик, ўзинг кўрасан. Ҳангомани бориб келгандан кейин, кечқурун уйда бемалол ёнбошлаб олиб қилаверамиз, ука. Тузукми? Ҳозир шошилмасак бўлмайди. – Шунақами? Майли, майли... – дарров рози бўлди Файзулла. Сўнг чўнтагидан икки даста минг сўмлик чиқарди: – Айтгандай, ака, атаган тўёнамиз. Оз бўлсаям кўп ўрнида кўрасиз энди, ака. Сайдулла ака мамнун бўлиб пулни олди ва юзини бармоқларига сийпади. – Барака топ, ука. Илоё тўйларингда қайтсин. Бошқалар ҳам фотиҳага қўшилишди. Шундан сўнг Худойберди ака ишчанлик билан кафтларини бир-бирига ишқалади. – Ука, қани, бу бўлка нонингнинг орқасини оч-чи. Би-ир нарсаларни ревизия қилиб олайлик-чи. – Худойберди ака чўнтагидан рўйхат ёзилган қоғоз чиқариб, белгилай бошлади: – Тузукми? Хўш, ҳўкиз, икки қоп ун, бир қоп гуруч, мой, гўшт, ўттизта сув – буларнинг грузовойда кетди. Бизга қолади... Ҳой, келин, орт нарсаларингни. Файзулла шошиб «Дамас»нинг орт эшигини очди, Замира янга билан Раҳима хола бўғчаларни кўтариб кела бошлашди. Худойберди ака рўйхатни текшириб турди. – Тўққиз кийимлик тоза материал. Борми? Замира янга бир бўғчани кўрсатди: – Мана. – Тузук. Ортавер, – деди Худойберди ака. – Тўққизта рўмол. Раҳима хола бошқа бўғчани кўрсатди: – Бу ерда. – Тузук. Тўққизта лозимлик. – Ўзига савол назари билан қараган Худойберди акага Замира янга қўлидаги бўғчани кўрсатади. – Демак, бор. Ортавер. Тузук, тузук. Худойберди ака ўйхатни кўзига яқин олиб бориб ўқиди: – Тўққиз пар туфли. – Туфлидан уч пар олдик, – деди Замира янга алланечук шошиб. – Ҳозир размерга ишониб бўлмаса... Қолганини ёшлар ўзлари тўйдан кейин олишар, жезда. Худойберди ака бепарво тарзда елка қисди: – Мен билмайман. Буни ими-жимида қудағай билан ўзинг келишиб олсанг яхши бўларди... Ҳай, майли, борайлик-чи, тоза қўймаса олти парининг пулини берармиз. Тузукми?.. Хўш, буларнинг барисининг устига битта тилла узукми, сирғами қўйиш керак экан. Тайёрми? Буни эшитган Раҳима хола бирдан тутақиб кетди: – Жезда, қудаларда инсоф борми ўзи? Элдан бурун бунча талайди бизни? Ўзи ЗАГС узугиниям биз олган бўлсак! Худойберди ака яна елка қисди: – Мен билмайман. Тоза тўполон қилишса бу хотинларнинг иши, ўзлари келишиб олади деб туриб оламан. – Тўполон қиладиганини менга қўйиб бераверинг, жезда! – дея Раҳима хола худди ҳозирнинг ўзида уришадигандай важоҳатда енгини шимарди. Буни кўрган Худойберди ака дарров насиҳат оҳангига ўтди: – Уйтиб тўйдан бурун элга шарманда бўлиб юрма, бекач. Тузукми? Гаплашсанг кейин... анави жунбошни уйга олиб келганингдан кейин, аста ўмровидан чимчилаб ўйиб олиб... – Ҳали уйга олиб келиб олайлик у ер юткурни! – Асабий тарзда титраб-қақшаётган, бурун катаклари керилган Раҳима хола бўш келмади: – Орқасини ер искаттирмай ишлатаман! Аёлларни текширишни тугатган Худойберди ака энди «Москвич» баллонларини кўздан кечираётган Сайдулла акага ўгирилди: – Қалиндан икки юз минг қолганди, олдингми? Саломдан бурун шуни бермасанг Аширмат кўр олдига солиб ҳайдашдан ҳам тоймайди! Тузукми? Сайдулла ака турган жойида ўйланиб қолди. Сўнг журъатсизлик билан сўради: – Юзга кўнмасмикан? – Кўнмайди у энағар кўр! – Худойберди ака кескин бош чайқади. – «Бир сўм кам обкелсанг тўйни бузаман!» деб мени қасамга таяган у! – Қани, бораверайлик-чи... – Йўқ, жўра, бунақаси кетмайди, – оёқ тираб туриб олди Худойберди ака. – Сенга индамасаям, бари «Сен совчи бўлгансан, нон синдиргансан» деб менга гувлаб ёпишиб қолиб, кўз очирмай қўяди. Аширмат кўрга-ку, худо бас келмаса, бандаси бас келолмайди. Эчкиэмардай ёпишиб олади энағар... Сайдулла аканики ҳам тутиб қолди: – Тоза жонингни олибди-ку, бу Аширмат деганлари. Нима деса «хўп» деявермасдан мундай бир бизнинг ёнимизни олиб талаш-тортиш, тушунтир-да, жўра. – Э, тушунтиравериб чарчадим, томоқларим хириллаб қолди. «Расм-русумимиз» шу деб без бўлиб тураверишади, – куюниб гапирди Худойберди ака. – Нима, биз пулни супуриб олаётган эканмизми? – тўнғиллади Сайдулла ака. Худойберди ака елка қисиб қўйди-да, кўкрак чўнтагидан занжирли соатини чиқариб қарагач: – Мен айтдим... қўйдим, – деди. – Қолганини ўзинг биласан... Қани, кетдикми? – Кетдик, – деди юқори лаби пир-пир уча бошлаган Сайдулла ака. – Аёллар «Дамас»га минади, – буйруқ берди Худойберди ака. – Биз Сайдулла билан ўзимизнинг «тап-тап»да. Тузукми? – Тузук, – деди Файзулла кулимсираб. Аёллар «Дамас»га ўтиришди. Сайдулла ака билан Худойберди ака «Москвич»га. Рулда Худойберди аканинг ўзи экан. Олдинда «Москвич» чанг кўтариб йўлга тушди. Унга «Дамас» эргашди. Орқада қовоғидан қор ёғиб ўтирган аёлларга қараб қўяркан, Файзулла иложи борича кўтаринки кайфиятда гапиришга уринди: – Айтгандай, чеча, етти-саккиз яшарлигимда тоққа, Хўшбоқ тоғамникига тўққиз олиб боргандик. Ўшанда «Қудалар келди» деб роса устимизга ун сочишганди, бир-иккита аёллар оғзимизгаям ун тиқишганди. Ишқилиб, бугун унга беланиб қолмаймизми? Биров билан уришгани бораётгандай тумтайиб олган Замира янга йўлдан кўз узмаган кўйи уф тортди. Кейин: – Э, у урфлар ўзгариб кетган, – деди. – Энди бир-икки кило «Рачки» кампитидан олиб чиқиб, ё бошимиздан сочишади, ё бир ҳовучдан тарқатиб чиқишади. – Буни қаранг-а... – Файзулла ҳайрон бўлиб бош чайқаб қўйди. * * * Қудаларнинг уйи қўшни тумандаги хўжаликда экан. Бир соатча юришди. «Москвич» билан «Дамас» пахса деворли оддийгина уй ёнида олдинма-кейин тўхтади. Файзулла сал нарироқда турган усти очиқ «Газ-51» юк машинасини кўрди. Машина устида ҳўкиз пишқириб турарди. Машиналаридан тушишган Сайдулла ака, Худойберди ака, Замира янга, Раҳима хола, Файзулла тақа-тақ берк дарвоза ёнида тўпланишди. – Биров кел деб кутиб олмаяпти-я, – деди Файзулла ҳайрон бўлиб. – Эчкига жон қайғуси, ука, – мийиғида илжайди Худойберди ака. – Лозим одамларга уч-тўрт сўм тарқатмагунча дарвоза ҳатлаб ўтолмаймиз. Урфимиз шу. Тузукми? Шу пайт уларнинг ёнига юк машинаси тарафдан белига оқ белбоғ боғлаган, дўппи кийган йигирма ёшлардаги Элдор чопиб келди. Элдор жавдираб Сайдулла акага қаради: – Қип-қизил жинни экан-ку катта қудангиз! Буқани энди тушираман деб тепалик излаётсам кела солиб «Йўқот бу тиррақи бузоқни! Мени элга шарманда қиладиган бунақанги қуда-андалар керак эмас!» деб бўкириб берди. Худойберди ака ўртоғига таънали боқди: – Айтгандим-ку, жўра. Бу ҳали бошланиши. Хўш, яна нима деди? – Э, кўп гапни айтиб ташлади! – куйиниб тушунтиришга тушди Элдор. – Чўнтагидан чопқи чиқариб, унқопни тешиб кўрди. «Эккинчи сорт экан! Бизга висший сорт керак!» деб бўкирди. Гуручни кўриб «Бу оқшоқни бошимга ураманми!» деди. Мойни кам деди. «Сувнинг энг арзонидан олибсизлар! Буни дастурхонга қўйишгаям уяламан!» деди. Ишқилиб, роса сасиди! – Кўр ушлаганини қўймайди, деганлари шу-да, – бош ир¬ғади Худойберди ака. – Ҳай, охири мева-чевани олдими? – Тўнғиллай-тўнғиллай, юз минг сўм қўшиб бериш шарти билан олди. Лекин ҳўкизни қайтариб олиб кетинглар, ё бўлмаса ёнига битта бўрдоқи қўчқор қўшинглар, деган шарт қўйди. Кейин… «Эл олдида уялиб қолмаслик учун ўзимнинг катта қўчқоримни сўяман», деди. «Айтганларимни қилмасаларинг орқага қайтиб кетаверинглар, сизларга берадиган кўчада қолган қизимиз йўқ» деди. – Уйга борсин ҳали бу келин, уйга борсин ҳали! – муштларини бир-бирига урди Раҳима хола. – Шундай ўйнатайки... – Шунисигаям шукр, – деди Худойберди ака кутилмаган хуш кайфиятда. – Демак гапга кўнишга майли бор. Қани, жўра, юз минг бер-чи. Бир ичкарига кириб тиррақи бузоқни буқага айлантириб чиқай. Агар кўнса бу кўр. Сайдулла ака норози тарзда бир даста минг сўмлик берди. Худойберди ака дарвозага туташ кичкина эшикни ғийқиллатиб очди ва зипиллаб ичкарига кириб кетди. Файзулла хавотирланиб сўради: – Ишқилиб, кўнармикан бу Аширмат деганлари? – Кўнади, – деди Сайдулла ака ишонч билан. – Кўнмай қаёққаям борарди? Энди, ука, унинг ҳам ўзига яраша мақсади бор-да: буқани сўйдирмай, эконом қилиб қолиш. Ҳам буқа эконом бўлса, ҳам юз минг ёнларига қолса. Бу кимга ёқмайди? – Э-ҳа, гап бу ёқда денг. Мен бўлса боядан бери тушунмай турибман. – Э, ука, сен тушунмайдиган нарсалар ҳали кўп бу ерда. Шаҳарлик бўлиб, урф-одатларимиздан узоқлашиб кетгансан-да. Ҳечқиси йўқ, уч-тўрт марта шунақанги тўққизларга, тўйларга борсанг анча пишиб қоласан. Шу маҳал ичкаридан Худойберди аканинг баланд овози эшитилди: «Ҳа, қани, рози бўлинг энди, тоғаси! Рози бўлинг! Нима камчилик бўлса, биздан ўтибди, ўтиниб сўрайман, шу сафар кечириб туринг энди! Тузукми?..» Бунга жавобан Аширмат тоғанинг жаҳлдор овози янгради: «Мақсадларинг бизни эл-юрт олдида шарманда қилишми, а? Ё бизда қасдларинг борми?» Яна Худойберди аканинг Аширмат тоғани аврашга уриниши эшитилди: «Мана, яна ўн қўшдим, жами юз бўлди, Аширмат тоға! Рози бўлинг энди. Қудаларингизам кутиб қолишди. Ахир, қудачилик – минг йилчилик, дейдилар...» Аширмат тоғанинг жеркиб бериши: «Э, сизлар билан қуда бўлганимизга ҳам минг пушаймон едик. На тутуриқларинг бор...» Худойберди аканинг ялинчоқ овози: «Рози бўлинг энди. Ҳали яна берамиз, катта қуда». Аширмат тоға ишонқирамай сўраяпти: «Қачон? Аниқми?» Худойберди аканинг овози: «Оббо, сиз ҳам энди икки оёқни бир этикка тиқманг-да. Берамиз дедикми, берамиз!» Аширмат тоғанинг пўписага тўла овози: «Агар тўйгача қолган юзни бермасаларинг ёмон хапа қиламан лекин». Худойберди ака қуюқ ваъда берди: «Берамиз, қуда. Ўртада мен турибман-ку! Ишонаверинг!» Аширмат тоға яна пўписа қилди: «Аниқ ишондим-а!..» Ниҳоят эшик кенг очилди ва ял-ял яшнаб турган Худойберди ака қучоғидаги Аширмат тоға меҳмонларга қараб илжайди: – Хуш кўрдик, меҳмонлар. – Ассалому алайкум, қуда, – мулозамат билан салом берди Сайдулла ака. – Хушвақт бўлинг. – Ассалому алайкум, – деди Файзулла. Аширмат тоға ака-ука билан қучоқлашиб кўришди. Кейин ичкарига қараб бақирди: – Ҳой, хизматдагилар, қаранглар қўноқларга. Шу заҳоти ҳовлидан қумғон, сочиқ кўтарган йигитлар илдам юриб чиқиб келишди ва қўллари кўксиларига қўйиб салом беришгач, эркак меҳмонлар қўлига сув қуя бошлашди. Аширмат тоға яна ичкарига қараб овоз берди: – Аёлларга қаранглар! Шу каломни кутиб тургандай, ҳовлидан уч-тўртта аёл чиқиб келди. Олдинда келаётган аёлнинг қўлидаги патнисда турли-туман конфет-шоколадлар. Аёл патнисдаги ширинликларни меҳмонлар устидан сочқи қилиб сочди. Шу атрофда юрган болакайлар югуриб келиб шоша-пиша ширинликларни териб олишга киришишди. – Хуш келибсизлар, қудалар, – деди аёл қўлини кўксига қўйиб. – Ассалому алайкум, қудажонлар, – деди Раҳима хола эшилиб. – Арзимаган совға-саломларимиз бор эди... Мезбон аёлнинг ишораси билан икки-учта жувон «Дамас» ёнига келишди ва Замира янга узатиб турган бўғ¬чаларни кўтариб, ичкарига олиб кириб кета бошлашди. Бу орада қўлларини ювган учала эркак ва Элдор Аширмат тоға бошчилигидаги каттагина қозон қайнаётган, самовар шақиллаб қайнаб турган, чорпояда жой қилинган ҳовлидан ўтиб, ичкари хонага киришди. Хонада келиннинг 50-55 ёшлардаги отаси Амир ака, маҳалла оқсоқоли – чопон кийган, оппоқ соқоли ўзига ярашиб турган 65-70 ёшлардаги Ҳожи бобо ўтиришарди. Мезбонлар ўринларидан турдилар ва меҳмонлар билан қучоқлашиб кўришганларидан сўнг бир-бирларини тўрга ўтказишга ҳаракат қила-қила, қуюқ илтифотлар ила ахийри жойлашдилар. Ҳожи бобо қўлларини фотиҳага очди: – Илоё омин, икки ёш бахтли бўлишсин. Сизларнинг топган-тутганларингиз яхши тўйларга буюрсин. Омин. Ҳамма фотиҳа қилди.»Хуш кўрдик... Хушвақт бўлин㻬лардан сўнг ўзаро ҳол-аҳвол сўрашиб ҳам чиқилди. Аширмат тоға нон синдирди. Пиёлаларга чой қуйиб узатди. Мезбонлар тарафидан меҳмонларга қарата «Олинглар-олинглар» тарзида мулозаматлар бўлди. – Андакина кечикиб қолдирингизми, қуда? Энди хавотир ола бошлаган эдик, – деди Амир ака. Сайдулла ака укасига ишора қилди: – Тошкенти азимдан укам етиб келишини кутиб қолдик-да, қуда. Амир ака Файзуллага эҳтиром билан мурожаат қилди: – Яхши етиб келдингизми, шаҳарлар тинчми, қуда? – Раҳмат, тинч, – қўлини кўксига қўйди Файзулла. Бир пиёла чойдан кейин хизматдаги йигитлар ярим косадан шўрва олиб киришди. – Қани, таомга марҳамат, – деди Ҳожи бобо. – Йўлдан толиқиб, очқаб келгандирсизлар. Худойберди ака гапни илиб кетди: – Чарчаш қаёқда, Ҳожи бобо. Сизларни тезроқ кўрайлик деб қанот боғлаб учиб келдик... Ҳожи бобо мамнун тарзда бош ирғаб қўйди. – Қани, қудалар, дастурхонга қаранглар, – дея Аширмат тоға ҳам мулозамат кўрсатди. Бу пайтда эса... * * * Деворига турли сўзаналар, палаклар осилган каттагина хонада қудағайларни кутиб олган аёл, келиннинг холаси Вазира бошчилигидаги ўн бешга яқин аёл ўтиришибди. Ўртага дастурхон ёзилган. Нимагадир норози қиёфадаги ва ўз норозилигини кўз-кўзлашга ҳаракат қилаётган Вазира хола ҳол-аҳвол сўрашишлар ва бир пиёла чойдан сўнг куёв тарафдан келган бўғчаларни бирма-бир очиб, ичидагиларни аёлларга кўрсата бошлади. Вазира хола бармоқлари учида бир кийимлик матони ушлаб намойиш қиларкан, беписандроқ оҳангда маълум қилди: – «Сўнгги қиролича» деганлари шу бўлади, айланайлар. Аёллар вағир-вуғир қилиб юборишди: – Вуй, бунча зўр!.. Товланишини!.. Бундай муносабатдан хурсанд бўлиб кетган Раҳима хола мақтанишдан ўзини тийиб туролмади: – Атай ўзим бориб бозордан олиб келдим-да, қудағайлар! Вазира хола бу матони ёнига қўйиб, кейинги матоларни намойиш қилишга ўтди. – Помбарқут... Вой! – кейинги бир кийимлик материал худди қўлини куйдиргандай Вазира хола материални кўрпача устига ташлаб юборди. – Гирбишинми? Вой савил-ей... Қудағай, одамни номусларда ўлдирманг! Дарров қайтиб олинг буни. Ўрнига тузукроқ нарса қўйинг. – Вой, қудағай, қўйинг, унақа деманг, яхшилаб қаранг, бу асл мато, – ўзиникини маъқуллашга ҳаракат қилиб қолди Раҳима хола. – Метри қанча туришини биласизми ўзи? Қаранг, яхшилаб қаранг. Ғазабдан ранги ўчиб кетган Вазира хола қудағайига чақчайиб қаради: – Ҳали биз яхши материални ёмонидан ажрата олмайдиган сўқир бўлиб қолдикми? Қовун туширганини англаган Раҳима хола типирчилаб қолди: – Вой, мен унақа демоқчи эмасдим... – Айтадиганингизни айтиб бўлдингиз, – кейинги зарбани берди Вазира хола. – Лекин билиб қўйинг, мен бу масалада синглимни хафа қилдириб қўймайман. Сиз бу ердан қари қизни ё етим-есирни эмас, суқсурдай қизни келиб қилиб олиб кетаяпсиз. Шуни биласизми ўзи? – Вой, қудағай... – дея юмшоқ гап билан айбини ювишга урина бошлади Раҳима хола. Аммо Вазира хола уни гапиргани қўймай, жеркиб берди: – Қудағай деманг мени! Гулдай келинчакнинг қадри шу бўлдими? Олинг бу «қимат» матоҳингизни! – Шундай дея аёл бир кийимлик матони Раҳима холанинг олдига отиб юборди. – Бир кунингизга яраб қолар. Ўрнига дарров нармалний бир нарса қўймасангиз, бўғчангизни қўлингизга қайтариб тутқазиб юбораман! Раҳима холанинг ҳам ранги сал ўчинқиради, қўллари титрай бошлади. – Лекин қудағай... – Шу пайт унинг ёнида ёнида ўтирган Замира янга синглисининг сонидан чимчилади ва лабини тишлаб, бош чайқади. Бу ишорани тушунган Раҳима хола дарров ўзгариб, илжайганча юмшоқ оҳангга ўтди: – Бўлди, қудағай, бўлди. Тўққизни ўтказиб олайлик, кечиминан эртага абитгача бир кийим тоза материал биздан! Вазира хола меҳмонларга ишонқирамай қаради. – Эртага келиб текшириб кетаман-а... Хўш... – Навбатдаги бўғча очилди. – Туфлилар... Ие, бор-йўғи уч парами? Бу нима деган гап? Нима, сизлар бизни мазах қилаяпсизларми? – Қудағайжон, тўққиз жуфт олмоқчийдик, – шоша-пиша изоҳ беришга уринди Раҳима хола. – Лекин келинимизга қандай фасон ёқишини билмаганимиздан қолганини тўйдан кейин ўзига олдирмоқчи бўлдик. Куёвингиз айтган экан, бу гап келингаям маъқул бўлибди. Бу гапдан қониқиш ҳосил қилмаган, энг асосийси – ишонмаган Вазира хола синглиси Холида холага саволомуз қаради. Холида хола шоша-пиша бош ирғади. – Майли, – деб қўйди Вазира хола. – Бу номерларинг ўтди ҳисоб. Лекин кейин ўзим буниям текшириб кўраман. Агар алдасаларинг... Ие, ие... пальто қани? Кашмири пальто қани, қудағай? Бу хитобни эшитган Замира янга синглиси Раҳимага мўлтираб қаради, гўёки «Ўзинг қутқар!» демоқчи бўлди. Раҳима хола яна отни қамчилади: – Ҳозир ёз бўлса, қудағай... Чуқур нафас олган Вазира хола гапни пичингдан бошлади: – Нима, бу йил куз-қиш келмасмишми? – Келади, албатта келади, – бидирлаб кетди Раҳима хола. – Лекин унга довур модалар ўзгариб кетса фалон сўмлик пальто шифонерда туриб қолмасин деб... Худо хоҳласа, тўй ўтсин, келинимиз ишласин, ана ундан кейин, қишга яқин келин-куёв қўлтиқлашиб бозорга бориб, ўзларига мосини танлаб олса ярашади... Вазира хола ногоҳ қаддини ростлади, бўлғуси қудаларига адоқсиз нафрат ва ғазаб билан қаради. Аввал ўнг қўлини белига тиради, кечин чапини. Шундан кейингина гулдураган овозда бобиллаб берди: – Ҳо, гулдай қизимизни сизларга ишлаш учун бераяпмизми? Бекорларнинг бештасини епсизлар! Сизларга текин хизматкор керак бўлса, бошқа ерга боринглар! Нозима ишламайди, ўтиради кенг уйнинг келини бўлиб! Керак бўлса эри боқади! – Ҳалиям, қудағай, ҳалиям, – иккинчи марта қовун туширганини англаган Раҳима хола роса ўсал бўлди. Вазира хола синглиси, келиннинг онаси Холидага саволомуз қаради. Холида хола яна бош ирғаб қўйди. Энди ҳужумни кучайтирмоқчи бўлган Вазира хола бирдан ўзини тўхтатди ва куёв тарафдан келган нарсаларни ғазаб билан кўздан кечиришда давом этди. Бирдан аёл чинқириб юборди: – Вой, тилла қани? Гап нимадалигини англаган Раҳима хола титраб-қақшаб тушунтиришга уринди: – Айтдик-ку, келинимизни эсон-омон уйга обориб олганимиздан кейин... Энди Вазира холани тўхтатиб қоладиган куч йўқ эди. – Бас! Бунақа чўпчакларингизни айтишга бошқа овсарларни топинг! Биз патир ушатилгандаёқ айтиб қўйганмиз: буюмларнинг устига ё тилла зирак, ё тилла сепочка қўйиб келасизлар деб. Қани? Кўрмаяпман. Ё яна кўзим хиралашиб қолдими? – Бу бошқа гап... Энди, қудағайжон, стенка масаласини гаплашиб олсак. Даврадаги аёллардан бири Раҳима холага мурожаат қилди: – Рост-да, айланай. Тилла кўринмаяпти-ку. Ана, ўтган ҳафта Ўроқ тегирмончининг қизига тўққиз келди. Бордик. Куёв томон тўққизта коробка устига нархи бир ярим миллион сўмлик сепочка қўйиб келибди. Ана уни ҳурмат деса бўлади, ана уни иззат қилиш деса бўлади. Сал ўзига келиб улгурган Раҳима хола бўлғуси қудағайларни гап билан ўхшатиб чақиб олиш фурсати етди деб ўйлади шекилли, ҳозиргина гапирган аёл томон энгашиб, уйида тайёрлаб келган хабарини тўкиб солди: – Бизнинг қишлоқдаям биттаси келинининг тўққизига икки миллион сўмлик бриллиант кўзли сирға қўшиб берганди. Кейин нима бўлди денг? Бир йилга етмай ажрашиб кетишди. Холажон, муҳими икки ёш бахтли бўлсин. Тилла топилади... Аммо Вазира хола бунақа маҳаллари ўз талабида қоядай қаттиқ туриб оладиган аёллардан эди. Ҳозир ҳам ҳеч қандай эътирозга ўрин қолдирмайдиган оҳангда буйруқ берди: – Марҳамат қилиб ўша топиладиган тиллани ҳозироқ манави бўғчангиз устига қўймасангиз, қудағайжон, сиз билан хайрлашишимизга тўғри келади. Мен ҳазиллашмаяпман... Э, одамнинг ҳар нарса бўлгани яхши. Қудаларим индамас бечоралар экан деб босиб, топтаб, янчиб ўтиб кетаверасизларми? Шуми одамгарчилик? Гап шу: ҳозироқ тиллани қўймасангиз ашқол-дашқолингизни кўтариб қайтиб кетаверинглар. Менинг кўчада қолган жияним йўқ! Инсоф ҳам керак-да ахир! Туфлини майли дедик, пальтогаям кўндик. Лекин тилла масаласида бизни аҳмоқ қила олмайсизлар! Раҳима хола энди ростакамига ялинишга ўтди: – Қудағай, айтдик-ку... – Бўлди, бас, мен айтадиганимни айтдим! Бошқа гапнинг кераги йўқ! Вазира холанинг тўнини тескари кийиб олганини кўрган Раҳима хола жовдираб опасига қаради. Замира янга бир зум эсанкираб қолди, сўнг шоша-пиша қулоғидан балдоқли сирғасини ечиб олиб, бўғча устига қўйди. – Тоза олтин бу, қудағайжон, – деди Замира янга товуши титраб. Вазира хола сирғаларни қўлига олиб, диққат билан кўздан кечирди. Сўнг гўё пробасини кўраётгандай чироқ томон юқори кўтариб, ички қисмларини ҳам текшириб чиқди. Сал чиройи очилган Вазира холанинг юзида табассум шарпаси кўринди. – Бу бошқа гап... Энди, қудағайжон, стенка масаласини гаплашиб олсак. Ҳайратдан Раҳима холанинг оғзи очилиб қолди: – Стенка? Даврада ўтирган бояги аёл қўшимча қилди: – Ҳа, ўргилай, ҳозир ҳамма жойда стенкани куёв тараф олиб бераяпти... Бу пайтда эса... * * * Эркаклар хонасида гурунг қизиган. Гоҳ об-ҳаво, гоҳ бу йилги ғалла, гоҳ нарх-наво. Ишқилиб, гап топилади-да. Ниҳоят косалар олингандан сўнггина, ҳўриллатиб чой ичиш асносида жойлашиброқ ёнбошлаб олган Аширмат тоға мақсадга ўтди. – Энди гап бундай. Биласизлар, қишлоғимиз катта. Икки минг хўжалик яшайди. Ҳар бир хўжаликдан бир одам келиб-кетсаям шу ернинг ўзидан икки мингта қўноқ нақд дегани. Олис-яқиндан келадиган қўноқлар ҳам шунга яраша. Майли, сизларни кўп қийнамаймиз. Қиз вечерига бир каттароқ, тўрт-беш яшар буқа, иккита қўй берсаларинг бўлади. Шунга яраша ўн яшик тоза ароқ, бешта коньяк, ўнта шампан, бешта вино, сув сизлардан. Артист билан видео ўз-ўзидан куёв тарафнинг бўйнида. Буни айтиб ҳам ўтирмайлик. Хўш, нон-пишириққа деб яна уч-тўрт қоп висший сорт ун ташлаб кетсаларинг... Ана шунда сизлар айтган икки ҳафталик муддатда тўй қилсак бўлади. Ундаям ҳали хотинлардан сўраб кўриш керак, уларнинг тикиш-бичишлари битай деб қолганми ё ҳали чалами? Сайдулла ака ўтирган жойида безовталаниб бир тўлғаниб қўйди ва Худойберди акага қаради. Худойберди ака узоқ муддатли урушга шайланган жангчидай чўк тушиб ўтириб олди. – Аёллар тикиш-чатишини битирмаган бўлса, икки ҳафта ичида битиришади, қуда. Лекин, қуда, битта қиз вечерига шунча дов-дастак кўплик қилмасмикан? – Камлик қилса қилади, лекин кўплик қилмайди. Ҳалиям сизларни аяб, кўп нарса айтиб ўтирмадик. Бу гапларни эшитиб ўтирган Ҳожи бобо безовталаниб йўталиб қўйди. Аширмат тоға унга саволомуз қаради: – Бир нарса демоқчимисиз, Ҳожи бобо? – Демоқчиман. Ўтган ҳафта мачитда қишлоқнинг беш-олти оқсоқоли йиғилишгандик, – дея гап бошлади бир йўталиб олган Ҳожи бобо. – Шу... тўйларда тартиб ўрнатайлик. Ахир кейинги пайтлари тўй қилаётган ҳамқишлоқларимиз жуда қийналиб қолиб қарзга ботишаяпти, бунинг устига уриш-жанжаллар сабабли тўй эгаларининг юзи шувит бўлиб қолаяпти... Ишни «Қизлар мажлиси»ни тартиб солишдан бошлайлик, деган қарорга келгандик. Ўзи бу ерга шу гапни айтиш учун келгандим, Амирбой. – Ҳожи бобо нима учундир ўзини тўй раиси санаб юрган Аширмат тоғага эмас, келиннинг отасига қараб гапирарди. – Қўл учида амал-тақал кун кўраётган хонадон учун сарф-харажати каттагина бир тўйдан ҳам ошиб кетгувчи «қиз мажлиси»ни ўтказиш осон эмас... Гап қаёққа қараб кетаётганини сезган Аширмат тоға бирдан орага қўшилди: – Беш-олтита чол шунақа висир-висир гап қилиб юрганини эшитгандик, Ҳожи бобо. Лекин, келиб-келиб ишбузуқиликни биздан бошлайсиз деб кутмагандим. Биласиз, ҳар ота-онанинг ўз орзу-ҳаваси бўлади. Қолаверса, қизнинг ҳам. – Ҳеч ким орзу-ҳавасга қарши эмас, Амиржон. – Ҳожи бобо ҳамон қатъий ўжарлик билан келиннинг отасига мурожаат қиларди. – Албатта, бир парча этни едириб-ичириб, кийинтириб, ўқитиб, то одам қилгунча ота-онанинг бўлари бўлади. Ана энди шу қизнинг «Мен бошқалардан камманми?» дея данғилама тўй ҳам қилиб беришларини талаб қилиб туриб олиши инсофданмикин? Энди ўн саккизга кирган қиз ўзи мустақил пул ишлаб, бир каттакон тўйга етарли пул ишлаб топдими? Қаёқда! Дейлик, қизингизнинг ишонгани – ота-онаси. Бечора ота-она кимларга эгилиб қарз сўраб боради, кимларнинг қошида сарғайиб туради – бу уни қизиқтирмайди... Амиржон, қиз мажлиси деганинг билан стол тўрига келин-куёвни ўтқазасан. Шундайми? Шундай. Эл қатори. Ваҳоланки, эртаси куни кечқурун худди қизинг энди куёв тарафдаги тўйда ҳам худди шу либосида дастурхон бошида ўтиради. Нима, қизинг икки маротаба турмушга чиқадими?.. Бунинг устига... Мусулмонмиз. Ахир тўй бўлиб ўтгунга қадар куёв бўлмиш қайнота-қайнона кўзидан сал панароқда юриши, бўлғуси қайнотаси ёки қайнонаси бор жойга қадам босмаслиги жоиз. Сизнинг комсомолча қиз мажлисингиздаги тўкин дастурхонингиз бошида эса ҳали никоҳдан ҳам, расмий қайддан ҳам ўтмаган куёв бемалол бўлғуси қайнота-қайнонаси билан ўтиради. Ўтириш ҳам гапми, ейди-ичади, ўйнайди-кулади! Ароқ сипқоради! Инсофданми шу, иймонданми? – Ҳожи бобо, нима, сиз бу ерга пишиб турган ошни тўкиб ташлагани, тўйни бузгани келганмисиз? – қаҳр билан бақириб юборди Аширмат тоға. – Нега ўзингиздан ўзингиз бир нарсалар деб валдираб ётибсиз? Ё укамнинг бошқалардан кам жойи борми? Ҳожи бобо бу сафар ҳам нимагадир Аширматга эмас, келиннинг отаси Амирга мурожаат қилди. Гўё Ҳожи бобо учун хонада Аширмат деган дам йўқдек эди: – Шунча харажат... Ортиқча чиқим... Пулни осмонга сочиш билан баробар-ку бу... Бизнинг сизга ўхшаганларга раҳмимиз келганидан, сизларга ачинганимиздан бунақанги тўйларга бормасликка қарор қилдик, Амирбой... Қудангиз ўзингизга ўхшаган тракторчи эканлар... Майли, агар жуда ошиб-тошиб кетаётган экансиз, ёш келин-куёвни саёҳатга жўнатинг, ўқитинг, уларга уй олиб беринг, тадбиркорлик қилишлари учун шароит яратиб беринг... Ахир қизингиз Туркистон ёинки Иссиқкўл уёқда турсин, Бухоро ёки Хивани кўрмагани чин-ку! Дунё кўришсин фарзандларимиз! Ўқишсин фарзандларимиз! Ота-онасининг бўйнидаги отнинг калласидай қарзни ўйлаб, эзилиб юришмасин фарзандларимиз... – Э, намунча «қарз-қарз»лаб қолдингиз, Ҳожи бобо?! – Ёмон аччиғи чиққан Аширмат тоғанинг юзи қип-қизариб кетди. – Менинг укам ўладиган жойда эмас! Тўғрими, ука? Амир ака бир Ҳожи бобога, бир акасига иккиланиб қараркан, ноаниқроқ тарзда ғўлдиради: – Тўғрику-я... Қизимизнинг ҳам ўз орзу-ҳаваси бор... Дугоналарининг қиз мажлисларига борган, кўрган... Мендан хафа бўлиб қолмасмикан... – Тўй бизники, Ҳожи бобо, сизники эмас! – Соғ кўзи чақчайиб кетган Аширмат тоға яна қаттиқ-қаттиқ гапиришга ўтди. – Агар тўйимиз эл қатори ўтмас экан, қишлоққа ўт қўяман! Нима, бошқалардан кам жойимиз борми? Чўлоқмизми, инвалидмизми? Ё айбимиз менинг битта кўзимнинг йўқлигими? Худога шукр, кал бўлсак ҳам кўнглимиз нозик. Камбағал бўлсак ҳам ўзимга яраша орзу-ҳавасимиз бор! Бировлар келиб-келиб бизнинг тўйимига бурунларини тиқиб юришдан аввал ўзларининг қизларини, невараларини ўйласин! Бизнинг оғирлигимиз бировларга тушмай қўя қолсин! Қийналиб қолсак, қариндош-уруғларимиз бор. Худога шукр, вақтида барига эл қатори тўёнасини бериб, ўтказиб қўйганмиз. Оладиган тўёнамизнинг ўзигаям иккита данғиллама тўй қилишга қурбимиз етади!.. Қиламизам! Ка-атта тўй қиламиз! Артистнинг ҳам ка-аттасидан опкелтирамиз! Опкелмай ҳам кўришсин-чи! Кўролмаганларни куйдириб бўлсаям ка-атта тўй қиламиз!.. Ўзи камбағалга кун йўқ экан, Ҳожи бобо. Нима, Ҳаким фермер билан Сувон бензин олдиндан сиз чолларнинг оғизларингизни мойлаб қўйган-да, қиз вечерини қандай хоҳласа, шундай ўтказсаям миқ этмагандиларингиз... – Бундан юз йил бурун Беҳбудий «бизни инқирозга ва таҳликага ва жаҳаннамга юмалататўрғон тўй, азо исмидаги икки қаттол душман» деб айтган, иним, – дея насиҳатомуз оҳангда узоқдан гап бошлади Ҳожи бобо. – Эллик йил бурун Абдулла Қаҳҳор... Аммо Аширмат тоға уни гапиргани қўймади. – Менга қаранг, Ҳожи бобо, менинг аниқ бир саволимга аниқ жавоб беринг: шу Беҳбудларингизу анави, нима эди, Абдулламиди, ўшаларингиз, нима, элдан ажралиб, бошқача тўй қилишганми? Билмайсиз-а? Сиз билмасангиз, мен аниқ биламан: қилишмаган! Эл қатори қилишган! Элдан ажралиб қолмаган! Бу шунчаки оғиздаги гап, сиёсат. Аниқ! Ҳожи бобо Аширмат тоғанинг кўзларига тик боқди: – Қилишган! Шунинг учун ҳам уларнинг номлари Беҳбудий, Абдулла Қаҳҳор бўлиб тарихда қолган. Аширмат тоға бўш келмади: – Мен учун, Ҳожи бобо, тарихда номим қолганидан кўра қишлоқда бошимни кўтариб юриш авлороқ. – Ҳа, нодон-а, – Ҳожи бобо афсус билан бош чайқади. – Майли, улуғларни қўйиб турайлик. Лекин мен қилдим-ку шундай тўйни. Ўғлимни уйлантирганимда столга ароқ қўймадим-ку! Аширмат тоға ногаҳон қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди. – Э, гапирманг, Ҳожи бобо, гапирманг! У тўй бўлмади. Одамлар аниқ ноиложликдан ўлик чиққан уйдай музлаб ётган уйингизга ўлганларининг кунларидан бир кириб-чиқишди, холос. Шундаям ҳожилигингиз ҳурматига. Маъюс тортиб қолган Ҳожи бобо бош эгди. Сўнг яна барибир Амир акага тик қараб, аста шивирлади: – Мен сизга яхши бўлсин дегандим, Амирбой... Аширмат тоға қаҳр билан бўкириб юборди: – Э, бировнинг ғамини егандан кўра, аммо-лекин Ҳожи бова... Бу очиқдан-очиқ ҳақорат эди. Ҳожи бобо ҳансираб нафас олганча, ғазаб билан Аширматга қаради: – Э, тўйинг ҳам бошингдан қолсин!.. Кетдим-э! Эчки гўштинг совуқлигимни ошириб юборди! Шундай дея Ҳожи бобо ўрнидан учиб турди ва шоша-пиша хонадан чиқиб кетди. Амир ака унинг ортидан интилди, аммо Аширмат тоға бир ғазабли боқишда уни жойига ўтқазиб қўйди. – Кетса кетаверсин! – Оғзидан тупук сачратиб гапирди Аширмат тоға. – Ўзи келган ёр-ёр, ўзи кетган ёр-ёр! Бу ерда аниқ унга ҳеч кимнинг кўзи учиб тургани йўқ эди. Бунинг устига чақирилмаган жойга фақат аҳмоқ одам келади. Яна бу кишим ҳожимишлар! Настроенияни тузишдан боқасига ярамайди! Ичи қора-да, ичи қора! Ўзи мактабдаям «тарих, тарих» деявериб ҳаммамизнинг миянгхато қилиб қилиб ташлаганди. Пенсияга чиққанидан кейин қутуламизми десак, мана, энди Ҳожи бобо бўлиб олиб кариллагани-кариллаган. Бемаҳал қичқирган хўроз!.. Бўлди. Гап тамом! Аниқ ишга ўтамиз! Демак, гап бундай. Ўша гапим – гап! Айтганимизни қилсаларинг тўй бўлади, бўлмаса, ана, катта кўча!.. * * * Эркаклар музокараси бир соатдан ортиқроқ давом этди. Аширмат тоға барибир айтганида туриб олди. Куёв тарафдан келганлар қийинчилик билан бўлса ҳам аста-секин ён бера бошлашди. Аширмат тоға олдиндан бериб қўйган рўйхатига яна нималарнидир қўшса қўшдики, асло камайтирмади. Ахийри бир битимга келингач, меҳмонларга жавоб берилди. «Дамас» ёнига чиққанлари маҳал Файзулла букчайиб турган акасига ачиниб қаради. Бу пайтда Худойберди ака юк машинасининг ортга қайрилиб олишига йўл кўрсатаётганди. – Даҳшат-ку бу, ака. – Бу гап беихтиёр Файзулланинг оғзидан чиқиб кетди. – Бунақада Эргаш Каримовга ўхшаб жинни бўлиб қолиш ҳеч гап эмас. Сайдулла ака бу гапга жавобан кулимсираб қўйди: – Битта «қиз вечер»га жинни бўлиб қолсанг... Айтдим-ку, шаҳарликсан, пўконингдан ел ўтмаган деб. Шу пайтгача ота ўрнига ота бўлиб бунақанги расм-русумларга сени аралаштирмай юргандим-да, Мана энди вақти келди. Тўй кўпчилик билан. Кўриб турибсан, икки юз минглар урвоқ ҳам бўлмайди. Файзулла қизариб кетди: – Тушундим, ака. Мен ҳаракат қиламан. Лекин, биласиз, биз ойликка яшаймиз... – Бизда ўша ойлик ҳам йўқ, – истеҳзоли илжайди Сайдулла ака. – Ҳалиям мол бор, шу бизни боқади. Тракторимниям сотиб юбордим. – Йўғ-э? – Беш ярим миллионга кетди, – деди Сайдулла ака фахр билан. – Ўзиям битталаб териб чиққандим-да. Учиб кетарди ўзиям. Худойбердининг дулдулидан ўтса ўтардики, қолишмасди. Шундай дея Сайдулла ака «Москвич»га ишора қилди. Сайдулла ака бош чайқади: – Камида яна шунча керак, ука... Сен ҳали нонни «нанна» деб юрибсан-да. Хуллас, бир-бир ярим миллион демайман, беш юз мингча бериб тур. Қарзга. Яхши кунларингда қайтараман. – Хўп... хўп... – дея олди бунақа бўлишини кутмаган Файзулла. – Цехингда ортиқча станок-птанок йўқми, олиб чиқиб сотиб юбор. Ана пул! Файзулла чўчиб кетди: – Йўғ-э, бунинг сира иложи йўқ! – Қўрқма, – деди Сайдулла ака. – Айтдим-қўйдим-да... Хайрият, аёлларга ҳам жавоб тегганга ўхшайди. Дарҳақиқат, кенг очилган дарвоза ёнида аёллар қуршовида чиқиб келаётган Замира янга билан Раҳима хола кўринишди. Сайдулла ака кафтларини бир-бирига ишқади. – Сен аёлларни олиб тўғри уйга ҳайдайвер. Орқангдан етиб борамиз. Замира янга билан Раҳима хола мезбон аёллар билан қуюқ, қудағайлари Вазира хола, Холида холалар билан қучоқлашиб, ўпишиб хайрлашишди. Аёллар оғзидан бири-иккиинчидан ширин эшитилаётган «Боринглар-а... Яхши етиб боринглар... Соғинтириб қўймасдан тез-тез келиб туринглар... Куёвимизга салом айтиб қўйинг» қабилидаги хитоблар янграрди. Шундан сўнг Замира янга билан Раҳима хола «Дамас»га чиқишди. Файзулла қўлини кўксига қўйган кўйи аёллар билан хайрлашиб, эшикни ёпди. Машина мотори ўт олган заҳоти Раҳима хола ғазаб билан вишиллади: – Қизларингни олиб борай, ана ундан кейин мендан кўрадиганини кўради! Бир аламимдан чиқай, бир аламимдан чиқай! Эрмакка йиғлатаман!.. Замира янга синглисига қараб лаб тишлади, бош чайқаб қўйди. Машина қуюқ чанг кўтариб олдинга юрди. * * * Файзулла туман марказидан бўлғуси куёв йигит, йигирма ёшлардаги Мардон билан «Дамас»га бир амаллаб икки той пахта ортиб келди. Юкни тушириб, ҳовлига олиб киришди. Шундан кейин кийимларига ёпишган пахталарни териб олаётган Файзулла чеккароққа ўтиб, офтобада қўлларини ювгач, акасининг ёнига борди. – Ака, энди мен қайтсам. Эртага иш. Айтгандим-ку, ойнинг охири. Менга нима хизмат бўлса бемалол айтаверасиз, тўйдан бир-икки кун олдин келиб, хизматда бўламан. Сайдулла ака бир муддат мулоҳаза юритгандай лабларини сассиз қимирлатиб турди. Сўнг мақсадга кўчди:. – Хизмат дегин... Ука, менга қара. Тракторниям пуллаб юбордим. Тўй олдидан мингта ташвиш. Барибир бир транспорт керак бўлади. Шунга тўй ўтганча машинангни ташлаб кетсанг. Нима дейсан? Ўзим авайлаб миниб турардим. Узоқроқ ўйланиб қолса акаси хафа бўлишини англаган Файзулла дарҳол рози бўлди: – Хўп бўлади, ака. Сайдулла ака мамнун кулимсиради: – Ундай бўлса, тез кийиниб чиқ. Сени райсентрга обориб қўяман. Тўғри Тошкентга қатнайдиган маршруткалар бор. Йўл-йўлакай Сафар аканикига ҳам кириб ўтамиз. Кеча оқшом бечоранинг хотини қазо қилиб қолибди. Бугун чиқаришган. Файзулла юзига фотиҳа тортаркан, исми айтилган одамни кўз олдига келтиришга уринди, аммо буни уддалай олмади. – Қайси Сафар ака? – Э, сенинг эсингдан ҳам чиқиб кетган бўлсанг керак. Она томондан узоқроқ қариндошимиз бўлади. Кўп йил катта-кичик амалларга илашиб юрди. Уч йилдан бери сельхозтехникада зам. Тракторни хусусийлаштириб олишимга ёрдами тегганди. Фотиҳа қилиб чиқсак, кейин чойга чақиришимга ҳам осон бўлади. – Чойга? – ҳайратланиб сўради Файзулла. – Агар эсимдан чиқмаган бўлса, бир пайтлар армиядан келганлар чойга чақириларди. Сайдулла ака укасига ачиниб қаради: – Эл-юртга қўшилмаганингдан кейин шу-да. Ахир Сафар аканинг хотини ўлди, шундайми? – Хўш, хўш? – Файзулла ўзига шу пайтгача номаълум зўр бир янгилик эшитадигандай акасига диққат ва камоли эҳтиром билан қаради. – Мен бўлса тўй қилаяпман. Шундайми? – Сайдулла ака яна ҳам салмоқланиб гапира бошлади. – Хўш, хўш? – Хўш-хўшламай тур. Мен сенга сигирманми... Хуллас, мен Сафар акани ҳам тўйга чақиришим керак. Шундайми? – Шундай. – У киши азали-ку. Демак бизнинг тўйга келиши олдидан у кишини чойга чақириб, бир қўй сўйишим керак. Кейин шундай-шундай, тўй қилаяпман, дейман. Ана ундан кейин Сафар ака тўйга келаверади. Барибир ҳеч нарсани тушунмаган Файзулла ҳайрон бўлиб қолди: – Нега? – Ахир мен у кишини чойга чақириб, қўй сўйдим, овқат қилдим, – ҳижжалаб тушунтиришга ўтди Сайдулла ака. Файзулла елка қисди: – Агар... қўй-пўй сўйиб, чақириб ўтирмасдан, тўғри бориб тўйга чақираверсангиз-чи? – Бу ўтакетган одобсизлик бўлади, – дея кескин бош чайқади Сайдулла ака. – Аввал чойга чақираман, кейин тўйга. Файзулла нималарнидир мулоҳаза қилган кўйи бир муддат ўйланиб туриб қолди, кейин тилга кирди: – Сафар ака деганларининг қариндош-уруғлари кўпдир? – Ҳа, кўп. Ўзимизнинг уруғдан-да. Бунинг устига кичкина бўлсаям амали бор. – Унда бирон йигирма-ўттиз киши чойга чақирар у кишини. – Бемалол камида эллик деявер. – Демак, – Файзулла акасига ажабланиб қаради, – Сафар ака камида эллик кун меҳмондорчиликка бориб, қўй еб келаркан-да. Сайдулла ёш болага ақл ўртагаётгандай оҳангда укасига гап уқтиришга тушди: – Меҳмондорчилик эмас бу, чойга чақириш, дедим-ку. Файзулла бўш келмади: – Бунинг фарқи борми? – Бор. – Қанақа? – Ҳм... меҳмондорчиликда анави бўйни йўғондан қўйилади, чойга чақиришда эса йўқ. – Катта фарқи бор экан, – дея Файзулла кулиб юборди. – Майли, мен тез чиқаман. Сайдулла шошиб уйга кириб кетаётган укасининг ортидан ачиниш билан қараб қоларкан, афсуслангандай бош чайқади: – Шунақанги оддий нарсаларниям билмайсан-а, ука... * * * Сафар аканинг уйида туман марказида экан. Икки қаватли, дабдаба билан қурилган ҳовли бошқа уйлар орасида ажралиб турарди. Кун жуда иссиқ бўлишига қарамасдан каттагина ҳовлига палаткалар ўрнатилибди. Ҳовлининг нақшинкор дарвозаси ёнида басавлат, галстук таққан Сафар ака бошчилигидаги бир гуруҳ чопон кийган эркаклар таъзияга келувчиларни қарши олишаяпти. «Дамас»ни чеккароққа, кун тиғига қўйган Сайдулла ака таъзияни қабул қилаёганлар ёнига Файзуллани бошлаб келди ва Сафар ака билан қучоқлашиб кўришди. Файзулла ҳам шундай қиларкан, «Бандалик» деб қўйди. Ака-ука азадорлар қаршисидаги ўриндиқа ўтиришди. Мулла Қуръондан сура ўқиди. Фотиҳадан кейин ака-укани жизғинаги чиқиб ётган палатка ичига таклиф қилишди. Палатка ичидаги катта жойга икки қатор қилиб кўрпачалар тўшалган. Ўртада тўкин дастурхон: мева-чева, қанд-қурс, тарвуз-қовун. Ака-ука иссиқда терлаб-пишиб овқатланаётган одамлар ёнига бориб ўтиришди. Сайдулла ака ёнига келтириб қўйилган чойнакдаги чойни қайтариб, укасига бир пиёла чой узатди.Дарҳол катта-катта косаларда сергўшт шўрва олиб келишди. Юзидан ёғилаётган терни артаётган Файзулла юзасида ёғи сузиб юрган овқатга қараб қолди. – Овқатни қолдирмай еб қўйиш керак, ука, – деди Сайдулла ака насиҳат оҳангида. – Савоб бўлади. – Шундай иссиқда... – чайналиб қолди Файзулла. – Қўй гўшти давленияни кўтариб юборади. – Ўзи эрталаб келсак бўларкан, – деди аллақачон овқат тановул қилишга киришган Сайдулла ака. – Сафар ака ҳар бир келган одамга уч мингдан тарқатибди. Чолларга пулдан ташқари белбоғ, калиш берибди. Файзулла баттар ҳайрон бўлди: – Пул тарқатиш ҳам расм-русумларимизга кирадими? – Албатта, – оддий ҳақиқатни гапираётгандай пинак бузмай жавоб қайтарди Сайдулла ака. – Одамлар хурсанд бўлади, ўлганнинг ҳақига дуо қилади. Ўтган ой отаси ўлиб қолганида Аббос заправкачи келганларнинг ҳар бирига беш мингдан тарқатган. Буям кам кўринганми, келганларга тобут кўтарилмасдан бурун овқат берган. – Ўзи янга нимадан вафот этибди, – қизиқсинди Файзулла. – Касалмиди? – Йўқ, соппа-соғ эди. Ухлагану уйғонмаган дейишаяпти. Шундай иссиқда... Файзулла бир қошиқ ёғли шўрвани оғзига олган маҳали бу гапни эшитиб қалқиб кетди. – Юракмикан? – Ким билади дейсан? Лекин Сафар аканинг чиройли хотинларга суяги йўқлигиям бор гап. Биронтаси келиб тўполон қилган бўлишиям мумкин. Лекин ўлганга қийин, тирик қолган кунини кўраверади... Шоша-пиша қошиқни дастурхонга ташлаган Файзулла сесканиб атрофга аланглади. Терлаб-пишиб овқат еяётган одамлар. Тўй дастурхони каби безатилган дастурхон. Файзулла сал энгашиб ташқарига қаради. Юзи ёғдан йилтираб кетган Сафар ака навбатдаги таъзияга келган одам билан қучоқлашар экан, билинар-билинмас эснаб қўйди... Буни кўрган Файзулла учиб ўрнидан туриб кетди. – Нима бўлди, ука? – ҳайрон бўлиб сўради Сайдулла ака. Файзулла аранг гапира олди: – Мен ташқарида бўламан. – Йўлга чиқасан-ку, ука, қорнингни тўқлаб ол. Аммо Файзулла акасининг гапини эшитмагандай шоша-пиша ташқарига чиқиб кетди. Сайдулла ака укасининг ортидан бош чайқаб қолди: – Одамгарчилик йўқ сен болада, одамгарчилик... Ошиғич тарзда машинаси ёнига борган Файзулла эса бир амаллаб «Дамас» ортига ўтди-ю, шу заҳоти ўқчиб юборди... * * * Ҳаш-паш дегунча орадан икки ҳафта ўтиб, тўй куни ҳам яқинлашиб қолди. Одмигина безатилган уч хонали уйнинг ошхонасида ушбу масала оила аъзолари томонидан кўтаринки кайфиятда муҳокама қилинди. Аммо ундан олдин ногиронлар аравачасида ўтирган Ҳабиба тўсатдан кўрпачаси тагидан олган қалингина бир газетадаги шеърни ифодали ўқишга тушиб кетди: – ...Ва гарчанд некбинлик йўлдошим бешак, Баъзан бир саволга йўлдошдир туним: Мени кутаётир қандай келажак, Қандайин кечажак эртанги куним. Шеър муаллифи Азимжон Файзулла ўғли, – дея тантанали тарзда эълон қилди Ҳабиба уялинқираб турган, юзи қип-қизил тус олган акасига ишора қиларкан. – Шахсан ўзлари. Ҳаяжонланиб кетган Дилноза қарсак чалиб юборди. Унга шодон Файзулла қўшилди. – Қани, асалим, менга бер-чи. – Файзулла газетани қўлига олди, қизи бармоғи билан кўрсатиб турган исм-фамилияни ҳижжалаб ўқиди. – «А-зим-жон Фай-зул-ла ўғли». – Ғурур билан такрорлади: – «Файзулла ўғли...» Яшавор, ота ўғил! – Ўғлини қучоқлаб олган Файзулла хотинига қараб жилмайди: – Олма ўз дарахтидан узоққа ҳам тўкиларкан-да. Инженер билан математика ўқитувчисининг боласи ҳам шоир бўларкан. – Аввал сал бошқача гапиргандилар шекилли, – кулимсиради Дилноза. Азим ўнғайсизланди: – Ада, бу машқ, холос. – Камтарлик қилма, болам, – деди Дилноза. – Оддий машқ бўлса газетада босишармиди, яна исм-фамилиянгни катта-катта қилиб, қоп-қора ҳарфларда ёзиб қўйишармиди, болам! – Ўғлим, бунақанги машқлардан яна борми? – қизиқди Файзулла. Азим баттар хижолат чекиб, гапиролмай қолди. Ҳабиба билағонлик қилди: – Адажон, ойижон, акам ўз хоналарига қамалиб олиб, саккизта обший дафтарни шеърга тўлдириб ташлаганлар. Азим жон ҳолатда синглисига пўписа қилиб, муштини дўлайтирди: – Ҳабий! Ҳабиба қиқирлаб кулиб юборди: – Уларнинг ичида севги ҳақида ёзилганлари ҳам бор. – Вой қақажон-ей, – кулди Дилноза ҳам. – Сиз буларни қаердан биласиз? – Барини битта қолдирмай ўқиб чиққанимдан кейин биламан-да, ойижон, – мақтанди Ҳабиба. – Агар истасангиз ўғлингизнинг муҳаббат ҳақида ёзганларидан биттасини ёддан ўқиб бераман. Бир ўқишда ёдлаб олганман. Азим типирчилаб қолди: – Ҳабий деяпман! Бунга сайин Ҳабиба баттар пиқирлаб кулади. Лавлагиси чиқиб кетган Азим стол ортидан унга мушт ўқталди. – Ада, – Азим адасининг қўлидаги газетани олиб қўйди, – бошқа гаплардан гаплашайлик. – Майли, ўғлим. Аммо-лекин бугун бизни жуда хурсанд қилдинг-да. Чин гап, бошим осмонга етди. Ахир менга ўхшаган одамни бир йил бир хонага қамаб қўйсанг ҳам икки қатор шеър ёзолмаслиги аниқ. – Шеър ёзиш – худо берган истеъдод, ўғлим, – эрининг гапини давом эттирди Дилноза. – Бу билан фахрланишинг керак. Азим онасига ёлвориб қаради: – Ойижон... Дилноза кулиб қўйди: – Хўп, хўп. – Айтгандай, ўғилтой, ана сизга бошқа мавзу, – дея Файзулла хотинига мурожаат қилди: – Шундай қилиб, тўй масаласи нима бўлди? Дилнозанинг юзи бирдан жиддий тус олди. – Уйдан икки юзча чиқадиганга ўхшаб турибди. Лекин шундан кейин ўн-ўн беш кун қозонни сувга солиб қўядиганга ўхшаб турибмиз – Яхши, – хаёлида нималарнидир хомчўт қилиб кўрди Файзулла. – Демак уч юз қарз олиб турамиз. Отпуска пулини олсам, қутулиб кетамиз. Баҳонада акамнинг хурсанд бўлгани қолади. Тўёна – қарздай гап-да, хотин ака. Тўққиз-ўн йилдан кейин Азимтой ҳам уйланаман деб қолса... – Тўққиз-ўн йилдан кейин эмиш, – норозилигини билдиришга шошди Дилноза. – Ёлғиз ўғил бўлса. Инс¬титутга кирган йили уйлантириб қўямиз. – Тўй биз ўйлагандай осон иш эмас экан, хотин ака, – хўрсинди Файзулла. – Эҳ-ҳе... Азим аввал ўқисин, битирсин, ишласин, оёққа турсин... – Пенсияга чиқсин! – киноя қилди Дилноза. – Майли, бу масалани кейинги оилавий кенгашда муҳокама қиламиз. Ҳозир ошиғич турган масалага ўтамиз. Демак, шанба куни эрталаб Азимжон икковимиз йўлга тушамиз. – Ишқилиб, эҳтиёт бўлинг-да, дадаси, – деди Дилноза шоша-пиша. – Азимжон бунақанги шовқинли тадбирларга аралашиб юрмаган. – Қачондир бошлаши ҳам керак-ку. Ўзингнинг айтишингга қараганда, эр етиб қолган бўлса. Қишлоқ тўйларини кўрсин, қариндош-уруғлар билан танишсин. Мен ҳам шундай шоир ўғлим борлигидан фахрланиб, уни ҳаммага кўз-кўзлай. Дилноза ўғлига хавотирланиб қаради: – Кўз тегиб қолади. Яхшиси тумор тақиб қўяман. – Тақ. Битта бўлмаса, иккита тақ! – деди Файзулла. – Лекин барибир доим ёнингизда бўлсин. Ўзин¬гиздан узоқлаштирманг. – Хўп, хоним, хўп, – Файзулла қўлини кўксига қўйди. – Иложи бўлса йўргаклаб, елкамга ортмоқлаб оламан. Ҳабиба чапак чалиб юборди: – Вуй, мен ҳам жон деб борган бўлардим қиш¬лоққа. Қизининг гапини эшитган, кўзлари ғилтиллаб кетган Дилноза ноқулай аҳволда қолганини бидирмасликка уриниб, ўғлига қаради: – Азимжон, болам, ўзи қишлоққа нимага бораётганингни биласанми? – Албатта, ойижон, – ўктам жавоб қайтарди Азим. – Шанба куни – қизлар мажлиси, якшанба куни Мардон акамнинг никоҳ тўйи. – Гапларинг анча силлиқлашиб қолибди, – жилмайди Дилноза. – Даданг неча кундан бери «қиз вечер» деб бошимни қотириб ётганди. Сен адабий қилиб «қизлар мажлиси» дединг. Ўзи «қизлар мажлиси» нима эканлигини биласанми? – Албатта, ойижон. Ҳозир, бир дақиқага. – Азим шошиб кириб, дарсхонадаги столи устидан бир қалин китоб олиб чиқди. – Мана, қаранглар, адажон, ойижон, «Ўткан кунлар»да «Қизлар мажлиси» деган алоҳида боб бор. – Азим кўзойнагини тўғрилаб олгач, ифодали ўқий бошлади: – «Қизлар мажлиси – гуллар, лолалар, тўтилар, қумрилар мажлиси! Бу уйда – Кумушбиби тоғасининг уйида қизлар мажлиси, гуллар мажлиси!.. Бу уйга ўттуз-қирқ чамалиқ қизлар йиғилганлар, йиғилишдан мақсад: қизлар ўзларининг энг латиф, энг гўзал бир аъзоларини букун хотинлиқ оламига узатмоқчидирлар. Бу узатиш мажлисини жонлик, руҳлик ўтказмак учун барча қизлар ўзларининг энг асил, энг нафис кийимларини кийиб, фавқулодда ясаниб, ҳусн оламини яна бир қайта бежабдирлар... Мажлиснинг шоиралари, ўйинчилари, чилдирма ва дуторчилари – барчаси ҳам ҳозир...» Азим жим бўлиб қолди. Ёқимли хотиралар оғушида қолган Дилноза ширин жилмайди. – Худди шундай... Уйда қиз мажлисига ўтказишга уялиб, тоғамникида ўтказгандик. Дадаси, ёдингиздами? – У кунларни унутиб бўлармиди, – оғзининг таноби қочиб жавоб қайтарди Файзулла. – Аниқ эсимда қолгани шуки, қиз мажлиси кимнинг уйида бўлаётгани ҳақидаги маълумот ҳам мутлақо махфий ҳисобланарди. Шунинг учун адресни аниқлайман деб бекорга уч соат овора бўлганим қолган. Унга довур мажлис тугаб кетибди... Лекин, хотин ака, замон ўзгариб кетибди. Энди «қиз вечер»лар бошқача ўтадиган бўлибди. Қандай ўтаркан? – Буни... келгандан кейин Азимжон билан иккаламиз тўлиб-тошиб айтиб берамиз. Ё бўлмаса ўғлинг ёзиб беради-қўяди. Ҳабиба орага қўшилди: – Менга кўрганларингизни шеър қилиб ёзиб берасиз, а, ака? Азим синглисининг овозини ўчириб туриш учунми, дарҳол рози бўлди: – Ёзиб бераман, Ҳабий, ёзиб бераман. Азим китобни хонасига олиб кириб кетди. Ҳабиба қувониб чапак чалди. Сўнг ўз-ўзига гапиргандай деди: – Оппоқ кийинган келинчак маза қилиб рақсга тушса керак, а?.. Файзулла ялт этиб хотинига қаради, кўзлари жиққа ёшга тўлган Дилноза шоша-пиша энгашиб, пиёлага чой қуя бошлади. – Шукр қил, аяси, шукр қил. – Файзулла газетани қўлига олиб, ўғлининг исми ёзилган саҳифани меҳр билан силади. – Шу кунларга етказганига шукр. Ҳали Азимжонимиз шундай йигит бўлсинки, шундай йигит бўлсинки... * * * Намозшом маҳали. Томи қизил шиферли, атрофи пахса девор билан ўралган уй ҳовлисида одам гавжум. Эртага тўй! Бугун эса келин тарафда «қиз мажлиси». Ўртача катталикдаги, иккита чорпоя қўйилган ҳовлида ўндан ортиқ киши елиб-югуриб хизмат қилаяпти. Тўй раиси – 65-70 ёшлардаги маҳалла оқсоқоли Халил ака мезбонларга ҳам, хизматдаги ёш-яланг, қиз-жувонларга ҳам кўрсатма бериб чарчамайди. Азим ҳам оёғи олти, қўли етти бўлиб чопиб юрибди. Беш-олтита йигит ҳовли дарвозаси ёнида турган тележкадан темир оёқли стол ва ўриндиқларни ташияпти. Халил аканинг овози шунча шовқинни босиб янгроқ эшитилади: – Сабзини чорпояга олиб келинглар... Ҳой, сен бола, ўтинни кўпроқ ғамла. Самоварга қара, самоварга... Келин, артилмаган товоқ қолмасин. Ҳой бола, кўзингга қара!.. Ҳовли ўртасидаги чорпояда Худойберди ака, Сайдулла ака, Файзулла ёнбошлаб ўтиришибди. Ўртада дастурхон. Ярми ичилган ароқ шишаси. Худойберди ака билан Сайдулла аканинг озгина кайфи борлиги сезилгандай бўлаяпти. Худойберди ака Халил акага ишора қилиб гапирди: – Оқсоқол маладес. Бунақа ишларни кўзини юмиб туриб бажартириб ташлайди. – Ўрган, устудент, ўрган, – деб қолди Сайдулла ака укасига қараб. – Билиб қўй, ука, агар сен битиб кетган миллионер, миллиардер бўлсанг ҳам бир ўзинг тўй қилолмайсан. – Тўппа-тўғри, ака, – деди Файзулла ихлос билан. – Тўй қариндош-уруғларсиз, дўст-биродарларсиз ўтмайди. Худойберди ака қийқириб кулиб юборди: – Тўёнасиз ҳам! Тузукми? Сайдулла ака эса ўртоғининг қочиримини эшитмагандай укасига насиҳат қилишда давом этди: – Шунинг учун ҳеч қачон оқибатни унутма. Тагингда машинанг бўлса. Қишлоқда тўйми, маъраками, эшитган заҳотинг айтилган вақтга етиб келишинг керак. Файзулла қўлини кўксига қўйди: – Хўп, ака, хўп... Энди мен турсам, хизмат-пизмат бўлса бироз қарашсам. – Э, ука, хизмат ёшлардан ортмайди, – дея бепарво қўл силтаб қўйди Худойберди ака. – Бизу сизга ўхшаган ёши улуғлар шундай ёнбошлаб ётиб, кўрсатма бериб турсак бас... Гап келганда отангни аяма дейилар, Файзуллабой. Тузукми? Биз ҳам энди уч-тўрт кўйлакни ортиқ йиртган ака сифатида сизга бир насиҳат қилиб қўйсак. – Бемалол, ака. – Ҳеч қачон чақирилмаган жойга борманг, лекин чақирилган жойдан ҳам қолманг. Тузукми? Ваҳоланки, сиз чақирилган жойларга ҳам келмаяпсиз. Ҳолбуки, ҳаммамиз бир қишлоқнинг одамимиз, бир-биримизга қон-қариндошмиз. Тўй-маъракамиз, яхши-ёмон кунларимиз – ҳаммаси бирга. Эрта-бир кун тобуткашингиз ҳам шу қишлоқдошларингиз бўлади. – Гапларингиз тўғри, Худойберди ака, – самимий оҳангда гапирди Файзулла. – Мен қишлоқдошларимни жуда ҳурмат қиламан, улар учун қўлимдан келадиган нима хизмат бўлса айтинг, бажонидил бажараман. Аммо ҳар ҳафта-ўн кунда келиб уйма-уй юришга вақт йўқ – иш кўп. – Э, ука, бизгача ишлашган, биз ишлаймиз, биздан кейин ҳам ишлашади. Тузукми? Қўнғизга арпа баҳона деганлари шу-да! – шу гапдан кейин Худойберди ака пих-пихлаб кулди ва ароқ тўла пиёласини кўтариб Сайдулла акага мурожаат қилди: – Қани, жўра, кетдик. Икковлон ичиб юборишди. – Лекин, ука, бу сафар сендан хурсандман, – деди ёшланган кўзларини артаётган Сайдулла ака. – Беш юз кайфиятингни кўтариб юборгандир-да, жўра, – аския қилган бўлди Худойберди ака. – Йўқ, гап пулда эмас, жўра. Гап укамнинг ўғлини тўйимга олиб келганида. Қара, – Сайдулла ака ҳовлида беш-олтита лаган кўтариб кетаётган Азимга ишора қилади, – боласи киришимлигина экан, елиб-югуриб хизмат қилиб юрибди. Шундан менинг бошим осмонда. Чорпояга жиддий қиёфадаги Халил оқсоқол яқинлашди. – Кеч тушиб қолаяпти, Сайдулла. Куёвни жўна¬тадиган вақт бўлиб қолди-ёв. Борса бориб, ўтириб келишсин бир-икки соат. – Сиз вақт бўлди дедингизми, оқсоқол, демак вақт бўлган! – дея Сайдулла ака Худойберди акага ўгирилди: – Қани, жўра, куёвжўраларни шайла. – Ҳаммаси ўқланган милтиқдай шай бўлиб туришибди. – Нечта машина бор, неча киши боради, ҳаммаси келишилганми? – текшириб кўра бошлади Халил оқсо¬қол. – Ҳаммаси келишилган, оқсоқол, келишилган. – Худойберди ака ҳовлига қараб бақирди: – Мардон, ҳов Мардон! Ичкаридан Мардоннинг овози эшитилди: – Ҳа? – Жўраларингни йиғ, – бақирди Худойберди ака. – Ҳозир жўнайсизлар. Тузукми? Нечта машина йиғилди? – Учта. Иккита «Нексия», битта «Жигули». – Бўлади. Аёлларни «Дамас»га оламиз, – қониқиш билан тин олган Худойберди ака Файзуллага ўгирилди. – Укажон, шундоқ бирга борасиз-у, буларга бош бўлиб, бир-икки соат ўтириб қайтасиз, тузукми? – Қаёққа? – ҳайрон бўлиб сўради Файзулла. – Қиз вечерга, – тушунтирди Худойберди ака. – Ўзим жон деб борардим-у, манави зормандадан озгина отиб қўйдим. Бу томонда ГАИ-ПАИ йўғ-у, лекин ичсам қўлим қалтирайдиган бўлиб қолган. – Бир оғиз гапингиз, ака. Бу ерга хизмат қиламиз деб келганмиз. – Одатга кўра, куёвжўраларга қўшилиб уч-тўртта аёл ҳам бориши керак. Шуларни машингизга оласиз. Бўлди. Тузукми? Файзулла илжайди: – Тузук. – Етиб боргандан соатга қарайсиз, – ўргата бошлади Худойберди ака. – Ёшлар ўйнаб-кулишсин. Бир ярим-икки соатдан кейин тўй оқсоқолидан рухсат сўрайсиз. Шу билан ҳаммани йиғиштириб қайтаверасиз. Биронтаси «Тўйни давом эттирамиз» деб тихирлик қилса мени айтинг, дарров попуги пасаяди-қолади. – Хўп, ака. Мен машинага қарай бўлмаса. – Файзулла сузилибгина ўтирган акасига қаради: – Ака, калит... – Нима? Калит?.. Ма... – Сайдулла ака шимининг чўнтагидан машина калитини чиқариб берди. – Орқасини салгина туртиб олганман. Лекин яхшилаб қарамасанг билинмайди, ука, билинмайди. – Майли, ака, майли... Файзулла ҳовлидан ўтиб бораётган маҳал ёнига ўғли Азим чопқиллаб келди. – Ада, йўл бўлсин? – Куёвни «қиз вечер»га олиб бориб келишим керак экан. – Қизлар мажлисигами? – Азим ҳовлига аланглади. – Бошқа иш йўққа ўхшайди. Ман ҳам сиз билан бирга борсам майлими, адажон? – Майли, юрақол, ўғлим. Ота-бола ҳовлидан бирга чиқиб кетишди. * * * Бу оқшом қишлоқда Аширмат тоғанинг уйида тўй: Нозима «қиз мажлиси»ни ўтказмоқда. Ҳовлига «П» шаклида столлар қўйилган. Тўрда келин-куёв учун жой ажратилган. Улар ўтирадиган жой ортига осилган гиламда бир жуфт никоҳ узуги ҳамда «Мардонжон», «Нозимахон» исмлари пахта билан ёзилган. Бу столга турфа ичимликлар билан бир қаторда каттагина гулдаста ва торт ҳам қўйилган. Пастроқдаги чорпоя артистлар учун. Унда ҳофиз Рашид бошчилигидаги артистлар гуруҳи. Гуруҳ диск алмаштириб турувчи йигит, овозни созлаб турувчи эркакдан ҳамда асли исми Гулмира, бироқ нимагадир ҳамма Гулбадан деб атайдиган раққосадан иборат. Чорпоя ўртасига хонтахта қўйилиб, безатилган. Катта-катта овоз кучайтиргич карнайлар уч-тўрт жойга қўйилган. Эндигина бошланган тўйни қишлоқда маҳма¬до¬на¬лиги билан тилга тушган Роҳила олиб бораяпти. Одатдагидек, тўйда меҳмондан томошабин кўп. Улар сафида ёш-яланглар, хотин-халаж билан бир қаторда лабини ялаб турган йигитлар, эркаклар ҳам анчагина. Столда ҳам ёш-яланглар қатори катта ёшли эркаклар, аёллар ҳам ўтиришибди. Ҳовли чеккароғидаги катта қозонда овқат қайнаяпти. Унинг атрофини ошпаз билан бирга беш-олтита эркак ўраб олган. Қозон ёнидаги молхонанинг бир хонаси омбор қилинган. У ерда турли катталикдаги ликопча ва тақсимчаларда газаклар, пишириқлар захирага олиб қўйилган. Эллик ёшлардаги бадқовоқ, чўтир юзли хона қўриқчиси Абдусамаднинг ёнида, фуфайка тагида ароқ шишалари. Ҳофиз оғирроқ қўшиқ айтмоқда: «Бугун қўшни қишлоққа, келин тушди, ёр-ёр, Боролмайман у ёққа, ор қиламан, ор-ор...» Шу пайт узлуксиз машина сигналлари овози эшитилди, ҳовли ёнини ўткир машина чироқлари нурлари ёритди. Роҳила шошиб бориб микрофонни Ҳофизнинг қўлидан олди. етиб келди. Бугун Амир ака билан Холида холанинг нурли хонадонида ҳақиқий айём бошланмоқда. Дугонам Нозимахоннинг бахт ва висол оқшомига хуш келибсиз!.. Ушбу кечамизни янада мароқли ўтказиш учун ташриф буюрган вилоятимизнинг таниқли ҳофизи Рашид Нуралиев бошчилигидаги санъаткорлар гуруҳи сизнинг хизматингизда. Бетимсол Гулбаданхоним эса ажойиб рақслари билан ҳаммамизни хушнуд этиши шубҳасиз! Марҳамат, санъаткорлар! Баланд овозда «Тўйлар муборак» қўшиғи янгради. Машинадан тушиб келган куёв ва куёвжўраларни кутиб олган янгалар уларни дарҳол столга бошлашди. Файзулланинг «Дамас»ида ўтирган Мардоннинг икки синглиси ва янгаси Маҳфират чеча ҳам машинадан тушасола стол томон юришди. Файзулла машинани чеккароққа олди. Тушиб, эшикларни қулфлагандан кейингина атрофни ҳайратланиб кузатаётган ўғли билан бирга тўйхона томон юрди. Ота-болага келган меҳмонлар билан «ўн грамм-ўн грамм» ичавериб, аллақачон маст бўлиб олган Амир ака қучоқ очганча пешвоз чиқди. – Келсинлар, қудалар, келсинлар, – ғўлдиради Амир ака. – Қадамларига ҳасанот. Амир ака аввал Файзуллани, кейин Азимни қучоқлаб, бағрига босди. Дарвозадан қучоғини кенг очган, анча кайфи бор Аширмат тоға чиқиб келди. Умуман ўзи бу одамни ҳушёр юрган ҳолда тасаввур этишнинг ўзи мушкул эди. – Кутдириб қўйдиларинг-ку, қуда, – дея гапни ўпкалашдан бошлади Аширмат тоға. – Яна беш минут келмаганларингда, ашқол-дашқолларингни кўчага олиб чиқиб отмоқчийдим лекин. Воҳ-ҳоҳ-ҳо! Қани, ичкарига марҳамат. Файзулла қўлини кўксига қўйди: – Узр, қуда. Аширмат тоға билан Амир ака ота-болани ичкарига, столларга бошлаб боришди. Хизматда юрган йигитлар ўтирганларни сура-сура ота-болага бир амаллаб столнинг чеккароғидан, келин-куёвга яқин жойдан ўрин топиб беришди. Аммо худди шундай бўлиши керакдай, Аширмат тоға билан Амир ака бунга парво ҳам қилишмади. Ўтирганларидан сўнг Файзулла кафтларини бир-бирига жуфтлади: – Омин, икки ёш бахтли бўлсин. – Бўлсин... – Аширмат тоға бир кафтини юзига сийпаган бўлди. Тўсатдан ўз-ўзидан унинг иккинчи қўлида ароқ шишаси пайдо бўлди. – Биз томонларда, қуда, бутилкани бундай очадилар. Аширмат тоға шишанинг тагига кафти билан бир урганди, шишанинг пўкаги отилиб кетиб, озгина ароқ Файзулланинг устига тўкилди. Бироқ Аширмат тоға бунга эътибор ҳам бермади. – Қудаларга штрафной, ака, – ғўлдиради Амир ака. – Гап бўлиши мумкин эмас. – Аширмат тоға иккита каттагина, кичикроқ косадай келадиган пиёлага ароқни лим-лим қилиб қуйди ва бўшаган шишани стол тагига ташлаб юборди. – Марҳамат, қудалар. Икки ёшнинг бахти учун «оқ» қилиб ташлайсизлар энди. Ана шундан кейин сизларни кечириш-кечирмасликни ўйлаб кўрамиз. Аширмат тоға бир пиёлани Файзуллага, иккинчисини Азимга тутди. Буни кўрган Азимнинг ҳайратдан оғзи очилиб қолди, лекин пиёлани олмади. – Раҳмат, қуда, – яна қўлини кўксига қўйди Файзулла. – Лекин мен рулдаман. – Нима? – деди Амир ака Файзулла томон энгашиб. – Рулдаман. – Файзулла қўли билан ўзини рул чамабарагини айлантираётгандай қилиб кўрсатди. Аширмат тоға: – Нима қипти шунга? – деб сўради ҳайрон бўлиб. Файзулла гарангсиб қолди: – Ахир... йўлда... – Бу территорияга мана мен жавоб бераман! – кўкрагини керди Аширмат тоға. – Любой ГАИ ушласа, «Аширмат аканинг одамиман» денг, честь бериб кузатиб қолмаса олдимга қайтиб келинг, отимни бошқа қўяман! – Раҳмат, қуда, лекин ўзимам ичкиликни унча хушламайман. Аширмат тоға Амир акага ўгирилди: – Бунинг нима деяпти, ука? Эси жойидами ўзи? – Ҳа, энди, ака, қуда дегани бироз ўзини тарозига солади-да, – бепарво қўл силтади Амир ака. – Бу киши шаҳар кўрганлардан бўлса. Жаҳли чиққан Аширмат тоғанинг лаблари пир-пир уча бошлади. – Шаҳар-паҳарингни билмайман. Бу ернинг ўз қонун-қоидалари бор, ука! Шуни ичмайсанми, демак бизни ҳурмат қилмайсан! Шуни ичмайсанми, демак келин-куёвнинг бахтли бўлишини хоҳламайсан. Шуни ичмайсанми, демак биз қишлоқиларни писанд қилмайсан. Шуни ичмайсанми, демак аканг тўйга самоделка арзон, сассиқ ароқдан юборганини биласан, шунинг учун ичгинг келмай турибди. Демак, бизга ўхшаганларга бўлаверар экан-у, сенга ўхшаганларга тўғри келмас экан-да бу, а? Шундайми? Файзулла шошиб қолди: – Қуда бова, унақа деманг, мен чин кўнгилдан... – Демак, сенда бор кўнгил бизда йўқ экан-да! Шундайми? – Қуда бова... – Бўлмаса мана бу йигитчага берайлик! – дея Аширмат тоға Азимни кўрсатди. – Йўқ, йўқ! – деди Файзулла шошиб. – Бу ҳали гўдак-ку. Бу менинг ўғлим. Энди ўн олтига кираяпти. – Мен бу ёшимда пақирлаб ичардим, – деб қўйди Амир ака. – Гап ичишда эмас, ука. Гап ҳурматда, – сал ётиғи билан гапиришга уринди Аширмат тоға. – Раз шундан-шунга келибсизми, тўй эгаларининг ҳурматига деб юз граммгина ичиб юборсангиз нима қилади! Ё бизни ўзингизга тенг кўрмаяпсизми? – Нега энди, қуда. Аксинча, чин, самимий ҳурмат... – Файзулла сал довдираб қолди. – Мен ўйловдимки, ҳурмат фақат ичиш билан белгиланмайди. Бунинг устига бўлғуси куёвингизнинг сингилларини, чечасини қишлоққа эсон-омон олиб бориш масъулияти... Нимагадир жаҳд қилганлиги юзидан билиниб турган Аширмат тоға Файзуллага қаттиқ тикилиб, ароқ лим-лим пиёлани тутди: – Агар... агар шуни «оқ» қилиб ташламасанг, ука, ҳозир, шу ернинг ўзига хотинимни чақираман-да, «уч талоқ» қиламан. Ана шундан кейин бутун гуноҳи сенинг бўйнингга тушади Бу гапни эшитган Файзулла лол бўлиб қолди. – Бу айтганини қилади, қуда, – деди Амир ака. – Хотинини талоқ қилиш ҳам гапми, тутиб қолса тўйни ҳам бузади. – Бузаман ҳам! – нимагадир ўпкаси тўлиб кетган Аширмат тоғанинг товуши титради. – Бизни мирламайдиган одамлар билан қуда бўлгандан кўра... Бўлаётган воқеалар туш эмаслигига, ўзини гоҳ «сен»¬лаб, гоҳ «сиз»лаётган бу одам мастлик устида айтганини қилиб юборишига иқрор бўлган Файзулла ҳамон лол-ка¬рахт бўлса-да, бир амаллаб ўзини қўлга олишга уринди. – Агар ҳаммаси шу... шунга боғлиқ бўлса... бе¬ринг-э... – Файзулла кўзларини чирт юмганча пиёладаги ароқни ичиб юборди. Унинг афти буришди, кўзларидан дувиллаб ёш оқди. Файзулла амаллаб кўзларини очди ва Амир ака ним эгилинқираб тутиб турган газак – қай¬натилган мол ўпкасининг бир бўлакчасини олиб, оғзига солди. – Бўлдими? Аширмат тоға мамнун тарзда Файзуллани қучоқлаб, юзидан ўпди. – Ҳа, бу бошқа гап. Билгандим ўзимиздан эканлигингизни, қуда. Шу сал ноз қилдингиз-да. Сизлар ўтириб турингизлар. Биз ичкаридаги нозик меҳмонларда хабар олайлик, ҳали яна келамиз. Аширмат тоға билан Амир ака кетишди. Шу заҳоти уларнинг ўрнига иккита ёш йигит ўтириб олди. Файзулла ўғлига айбдорона қаради. Азим отаси томон энгашиб гапираркан, негадир дудуқланди: – Жуда... ғалати одамлар экан. – Тўйда шунақасиям бўп туради, – ўғлидан кўра кўпроқ ўзини ишонтиришга уринди Файзулла. – Хўш, ўғлим, қалай, қиз мажлиси ёқаяптими? Азим елка қисди: – Ҳозирча Қодирий тасвирлаган гуллар, лолалар, тўтилар, қумрилар мажлисини эмас, – у келин-куёвнинг столида турган турфа спиртли ичимликларга ишора қилди, – ароқлар, коньяклар, винолар мажлисини кўраяпман. – Буям замоннинг зайлидир-да... – деб қўйди Файзулла. – Адажон, ҳеч нарса емадингиз-а? – деди Азим. – Қорним тўқ. Яхшиси, ўғлим, бундай қилайлик. Анавилар бало-қазодай бўлиб яна бостириб келмасидан бурун чеккароққа ўтиб олайлик. Тўйни одамлар орасида тик туриб томоша қилармиз. Болалардан хабар олиб туришимиз ҳам осон бўлар. Ҳар қалай, жойимиз бўш қоладиганга ўхшамайди. – Хўп бўлади, адажон. Файзулла аста ўрнидан турди. Азим унга эргашди. Дарҳақиқат, улар ўринларидан турар-турмас орқада зич бўлиб турган томошабинлар орасидан икки киши зудликда сирғалиб чиқиб, ота-боланинг ўрнини эгаллашди ва жон-жаҳдлари билан ароқ шишасига ёпишишди. Файзулла билан Азим аста ортга чекиниб, томошабинлар сафидан жой олишди. Ота-бола даврани кузатиб туришди. Куёв тарафдан келган меҳмонлар учун келиннинг чап тарафидан жой ажратилган. Меҳмондорчилик қуюқ. Хизматдаги йигитлар куёвжўраларга мулозамат қилиб туришибди. Уларнинг ўзлари ҳам бемалол пиёлаларга ароқ, коньяк, вино қуйиб олишаяпти. Куёвжўралардан бири Маҳфират чечага коньяк қуйиб узатаяпти. Яна бир куёв жўра қизларни ароқ билан меҳмон қилишга уринаяпти. Буни кўриб жаҳли чиққан Файзулла тез-тез юриб, томошабинлар ортидан ўтди ва куёвжўралар ёнига бориб, Маҳфират чечага коньяк узатиб турган йигит – куёвжўра Набига мурожаат қилди. – Меҳмондамиз, ука. Сал камтарроқ бўлинглар. Шунча одам сизларга қараб турибди. Жуда ичкиларинг келса, уйга борганларингдан кейин ўзим топиб бераман. – Тўй тўйдай бўлсин-да, Файзулла ака, – қизғинлик билан гапирди Наби. – Бу ерга бир битимиз тўкилиб яйрайлик деб келганмиз. Бунинг устига бу ер шаҳар эмас, қишлоқ. Қишлоқда эса одам фақат тўйда дам олади, ака. Файзулла индамай ортга қайтди ва яна ўғлининг ёнига келиб, томошабинлар сафидан жой олди. Навбатдаги қўшиқ тугади. Ўртакаш қиз илдам келиб, ҳофизнинг қўлидан микрофонни олди. – Катта раҳмат, санъаткорлар. Санъатларингга санъат қўшилаверсин. – Роҳила қўлидаги бир парча қоғозга қараб олди. – Ана энди табрик учун сўз навбатини келиннинг тоғаларидан бўлмиш фермер Ибодулла акага берамиз. Марҳамат, Ибодулла ака! Даврага анчайин абгор кийимдаги, эҳтимол тўғри даладан келган, шу сабабли ўзини ноқулай ҳис қилаётган эллик ёшлардаги дўппили киши чиқиб келди. У микрофонни қўлига олди, аммо гапиришга қийналаётгани сезилиб турарди. – Сўз берганингиз учун... раҳмат, раис бова, – дея хирқираган овозда гап бошлади Ибодулла фермер. Ўтирганлардан бир-иккитаси пиқирлаб кулиб юборди. Ибодулла аканинг ёнида турган ўртакаш қиз жилмайиб қўйди ва микрофон томонга энгашди. – Мен раис бова эмасман, Ибодулла ака, – деди у истеҳзо билан. Фермер баттар ўнғайсизланади. Шу пайт фермернинг ёнига катта пиёла тўла ароқ кўтарган Аширмат тоға яқин келди ва пиёлани унга тутди. Дарҳол пиёлани қўлига олган фермер энди сал силлиқроқ гапиришга ўтди: – Мен худодан жиянимнинг бахтли бўлишини сўраб қоламан... Қани, олдик. Ҳаммаларингдан... олдиларингдаги қадаҳларни «оқ» қилиб беришларингни сўраб қоламан. Енгил чапак эшитилди. – Биласиз-а, бизда шахсий ибрат деган нарса бор, Ибодулла ака, – деди Роҳила. Ибодулла фермер пиёлани бир кўтаришда «оқ» қилиб ичиб берди ва шундай ичганини исботлаётгандай пиёлани тўнтариб кўрсатди. Сўнг Аширмат тоғани маҳкам қучоқлаб олди. Икковлон ўпишишди. Шуни кутиб тургандай, Роҳиланинг ишораси билан санъаткорлар шўх ва баланд овоздаги мусиқани қўйиб юборишди. Ибодулла аканинг жойи томон кетаётганини кўрган Роҳила унинг йўлини тўсди. – Йўқ, йўқ, Ибодулла ака. Энди ўйнаб бермасдан туриб даврани тарк этмайсиз. Шўх мусиқа кучайди. Ҳофиз қўшиғини бошлади. Ўртага йўрғалаб раққоса Гулбадан чиқиб келди ва фермернинг йўлини тўсиб, унинг қаршисида ғамза билан ўйнай бошлади. Бир-икки ўхшовсиз тарзда қўлини кўтариб қўйган Ибодулла ака ниҳоят чўнтагидан бир даста пул чиқариб берганидан сўнггина Гулбадан унинг кетишига изн бергандай йўлни бўшатди. Аширмат тоғанинг ишораси билан келин тараф қариндошлари гуриллаб ўринларидан туришди ва саф бўлиб келиб раққоса билан ҳофизга пул қистиришга тушишди. Роҳила ҳофизнинг ёнига келиб, микрофонга қичқирди: – Келин томон жўш, куёв томон бўш! Буни эшитган Маҳфират чеча асабийлашиб, ёнида ўтирган йигитларга ишора қилди. Энди куёв тарафдан келган меҳмонлар бирваракайига ўринларидан туришди ва қаторлашиб келиб раққоса билан ҳофизга пул қистира бошлашди. Файзулла шоша-пиша уларга етиб олди ва навбатда туриб, ҳофиз билан раққосага пул улашди. Терлаб кетган Файзулла жойига, томошабинлар орасида турган ўғлининг ёнига қайтиб келгач, билагидаги соатга қаради ва оғир уф тортиб қўйди: – Энди ярим соат ўтибди-я... Азим кулимсиради: – Бунақа маҳаллари вақт ўтиши қийин бўлиб қолади, адажон. Вақт нисбий деганлари шу-да... * * * Нисбийми, нисбий эмасми, ҳар тугул вақт аста секинлик билан бўлса ҳам ўтаверди. Тўй давраси эса тобора қизиб борарди. Йигирмадан ошиқ йигит-қиз, эркак-аёл даврани чангитиб рақсга тушиб ётишибди. Раққоса отарчи Гулбадан стол оралаб, иложи борича кўпроқ пул йиғишга уринган. У ора-сира бирон ўзига орқа ўгириб ўтирган меҳмоннинг ортидан бориб, кўкраги билан унинг елкасидан туртади. Меҳмон ноилож пул чиқариб берган. Маст меҳмонлар – уларнинг аксарияти ёш йигитлар – эса зўр бериб Гулбаданни қучоқлаб олишга, унинг кўкраклари орасига пул қистиришга ҳаракат қилишган. Гулбадан ноз-фироқ билан улардан қочишга интилади, аммо бунга астойдил уринмаётганлиги сезилиб туради. Бунга сайин унинг ишқибозлари сони орта боради. Ҳатто эллик-олтмиш ёшли эркаклар ҳам оғизларидан сўлаклари оққудай аҳволда Гулбаданга қараб қолишган. Томошабин аёллар орасидан эса қарғишлар эшитилиб қолади: «Яшшамагур уятсиз!.. Орқасини ликиллатишини!.. Илоё шуйтиб топган пулинг ўлимлигингга буюрсин!.. Обид, бор отангни чақир!.. Вой шарманда! Бундан кўра шир-яланғоч бўлиб ола қол эди!..» Ўғлининг бу ғалати издиҳомга ажабланиб термулиб қолганини кўрган Файзулла аста томошабинлар орасидан сирғалиб чиқди ва ҳовлининг очиқ томонига юрди. Ҳовлидаги дарахт ёнида бир маст эркак хотинига зуғум қилмоқда эди. – Тез уйга бориб эллик минг олиб кел деяпман сенга! – дея талаб қилди эркак. – Бормайман ҳам, опкелмайман ҳам! – йиғлам¬сиради аёл. – Биламан пул нега керак бўлиб қолганини! Анави ойимчага қистирмоқчисиз! – Бор деяпман! – Бормайман! Болаларингизнинг ризқини бир жалаб хотинга сочиб юборишингизга йўл қўймайман! – Бор деяпман! – Бормайман! – Мана бормасанг! Тарсаки овози эшитилди, хотин изиллаб йиғлади. Файзулла сесканиб кетиб аввал шу томонга юрди, аммо аёлнинг юзини ушлаганча зипиллаб ҳовлидан чиқиб кетаётганини кўргач, чап томонга қайрилди. Омбор ёнида турган уч-тўрт йигит эса зўр бериб бир нимани муҳокама қилишарди. – Шундай бориб, сўлқиллаган билагидан маҳкам чангаллагандим, ўзиям эриб кетди, – дея мақтанди биринчи йигит. – Бирга ўйнаётган пайтимизда уч-тўрт марта кўкрагини кўкрагимга текизиб-текизиб олди. Атай қилди, билиб турибман, – бўш келмади икинчиси. – Бир пиёла ароқ тутиб, «Тўйдан кейин кўришсак бўладими, жонон қиз Гулбаданхон?» дегандим, «Майли, жонон йигит» деди қичиқ қилиб, – оғзининг суви қочиб гапирди учинчи йигит. Тўртинчи йигит гурунгга хотима ясади: – Бўлмаса бундай валақлашиб ўтираверманглар-да, конкрет бориб гаплашинглар. Бир кечага қанчага кўнаркан? Лекин нархини жа осмон қилиб юбормасин. Машина, жой мендан. – Э, қанча сўрасаям майли деяверамиз, – пачақ кўкрагини керди биринчи йигит. – Оборадиган жойимизга обориб олайлик, кейин пул сўрашгаям ҳоли қолмайдиган қилиб ташлаймиз. – Запчасть қилиб сочиб ташлайман уни! – учинчи йигитнинг оғзидан кўпик сачради. – Эмаклаб кетолсаям раҳмат десин. – Бўпти, мен машинага кетдим, – деди тўртинчи йигит ишбилармонлик билан. – Боринглар, гаплашинглар. Йигитлар қоронғулик бағрига сингиб кетишди. Кўнгли ғаш тортган Файзулла елка қисиб қўйди. Аммо шаҳарлик меҳмон дуч келадиган вазиятлар шу билангина якун топмаган экан. Омбор ёнидаги йўлакда ўттиз беш ёшлардаги эркак етмиш ёшлардаги, қадди букчайган, қасаба рўмол ўраган кекса онахонга ёлворарди: – Энажон, жон энажон, ўн минггина бериб туринг! Жон эна! Ўртоқларимнинг олдида шарманда қилманг. – Энанг ўлиб энасиз қолгур, ахир боягина бор пенсиямни қоқлаб олдинг-ку, – деди кампир фиғони чиқиб. – Йиғиб қўйганингиз бор-ку, эна, ўшандан ўн минггина бериб туринг. Энажон, жон эна… Ҳамма ўртоқларим қистираяпти. Битта мен шумшайиб ўтирибман... – Болам-а, шўрлик болам-а... – Онахон қасаба рўмолини еча бошлади. Омбор ёнидаги устунга суяниб қолган анча кайфи бор Исмат исмли йигит юлдузлар бодроқдек сочилган осмонга тикилиб қолганди. Унинг кўзларида ёш милтирайди. Шу пайт Исматнинг ёнига чойнак кўтарган ўртоғи Хайрулла келиб қолди. – Ҳа, Исматвой, жа осмонга турмулиб қопсан. Тинчликми? – Э, Хайрулла, қара, шундай қизни қўлдан чиқариб ўтирибман-а, – деди Исмат афсус-надомат билан. – Нозиманинг очилиб кетганини кўрдингми? – Ҳа, келин кўйлак жуда чиройли қилиб юборибди Нозимани, – тан олди Хайрулла. – Лекин ҳеч шу қизда кўнглинг борлигини билмаган эканман. – Ўзимам ҳозир билдим. Эслаб кўрсам, ўн бирда ўқиб юрганимизда у менга бир-икки марта умидвор-умидвор қараб қўйган эди. Мен тентак бўлса Асалнинг орқасидан чопиб юраверибман. – Уям кетди-борди. Буни нега эслаб қолдинг? – Ўзимам билмайман. Лекин ҳозир бориб анави жинқарча куёв боланинг башарасига солиб-солиб юборгим келаяпти. – Ўзингни бос, жўра. Қариндошимиз-а. Тўйни келиб-келиб сен бузсанг уят бўлади. Мен ҳозир, чой сўраш¬ганди. Хайрулла шошиб йўлида давом этди. Исмат эса бир нарсани ҳал қила олмаётган одамдай ўйчан ҳолда ўзига ўзи гапирди: – Ундай қилсаммикан, бундай қилсаммикан... * * * Бунақа томошалардан кайфияти тушиб кетган Файзулла дарров ўғлининг ёнига қайтди. Азим ҳамон ўша жойида турар ва даврадан кўз узмасди. Файзулла билагидаги соатига қараб қўйди: – Келганимизга тўппа-тўғри бир ярим соат бўлди. Энди кетишга тайёргарлик кўраверсак ҳам бўлар. – Яхши бўларди, – деб қўйди Азим. – Мен бирон оқсоқолни топай. Файзулла оқсоқол излаб кетди. Даврада ер тепиниб, терлаб-пишиб рақс тушаётган Набини кутилмаганда Гулбаданнинг қаршисида ўйнаётган мезбон йигитлардан бири бўлган Исмат туртиб юборди. – Ҳа, жўра, кенг жойга сиғмай қолдингми? – деди Наби йигитга ўгирилиб. Исмат бирдан дўқ уришга ўтди: – Ўйнасанг қисиб ўйна! Набининг жаҳли чиқиб кетди: – Бу нима деганинг. Оғзингга қараб гапир! Исмат яна баланддан келди: – Ҳозир ўзингнинг оғзингни айириб ташлардим-у... – Қўлингдан келганини қил-чи! – қўлларини мушт қилиб тугди Наби. – Менам қараб турмасман! – Қараб турмаганингда нима қилардинг? – Башарангни бежаб ташлайман! – Э, онангни... Исмат Наби томонга ҳезланди. Шу пайт уларнинг ёнида пайдо бўлган Хайрулла Исматни қучоқлаб олиб, нарига судради. – Исмат, ҳозиргина сенга нима дегандим! – дея ўртоғини уришиб берди Хайрулла. Исмат Набига мушт ўқталди: – Қараб тур ҳали, тўйдан кейин уйингга етолмайдиган қилиб қўяман! Хайрулла Исматни даврадан олиб чиқиб кетди. Наби ўйинга тушишда давом этаверди. Ҳовлига ўтишгач, Хайрулланинг қучоғидан силтаниб чиққан Исмат бир чеккага ўтди ва яқин-атрофда юрган йигитларни жанговар қиёфада бир-бир чақира бошлади: – Зойир. Чақир Рустамни. Зокирам эсдан чиқмасин. Ҳой, Олим. Тез Илҳомни топ. – Тинчликми, Исмат? – деб сўради Зойир. – Куёвжўралардан биттаси менга қуруқлик қил¬ди, – тушунтирди Исмат. – Тўйдан кейин кунини кўр¬сатамиз! Зойир хурсанд бўлиб кафтларини бир-бирига ишқади: – Э, ҳозир ҳаммани топаман. Сен искаладдан бир-иккита ароқ олиб тур. Қизишиб олиш учун. – Сен ароқдан ғам ема! Иккита бўлмаса тўртта оламан. Қариндошман, ахир... * * * Даврада ер тепиниб рақсга тушаётган оломон сафи тобора кенгаяверди, кенгаяверди. Келин-куёв ўрнидан туриб, ўйнаётганларга пул узатиши урф бўлган экан, Мардон билан Нозима буниям адо этишди. Бу орада Файзулла оқсоқол излаб чарчади. У ёши каттароқ кўринган одамни кўрса бас, ёнига чопиб боради, аммо уларнинг аксарияти маст. Маст эмаслари эса елка унинг саволига елка қисиб жавоб беришади, холос. Ниҳоят Файзулла бадрафхона томонга алпонг-талпонг қадам ташлаб кетаётган Амир акани кўриб қолдию, дарров қудасининг йўлини кесиб чиқди. – Амир ака, энди бизга рухсат берсангиз. Вақт ҳам алламаҳал бўлиб қолди. Амир ака Файзуллага ажабланиб қаради: – Рухсат? Қанақа рухсат? Бугун тўй эрталабгача давом этади. Эркатой қизимнинг тўйи тўймисан тўй бўлиши керак! Тўғрими, қудам? – Тўғри, Амир ака, – дарров қудасининг фикрини маъқуллади Файзулла. – Лекин куёв бола уйига бориб озроқ дам олиши ҳам керак. Эртага катта тўй. Тўй ташвишлари қандай бўлишини ўзингиз яхши биласиз. – Ундай бўлса... – Амир ака ўйланиб қолди. – Ундай бўлса аввал «йўлочар»га юзта-юзта оламиз, ана ундан кейин қачон жавоб беришни гаплашамиз. Мен ҳозир... Амир ака ҳожатхона томон чайқалиб юриб кетди. «Уҳ» тортиб қўйган Файзулла қозон юваётган ошпазнинг ёнига борди. – Ака, кечирасиз, Ҳожи бобо кўринмадиларми? Ошпаз бош чайқади. – Ҳожи бобо – покиза инсон. У киши бунақанги жойларга келишдан ор қиладилар. Буни қаранг, – ошпаз уюлиб ётган нон бўлакларига ишора қилди. – Буниси-чи? – Ошпаз иккита катта кир тоғорага солинган овқат қолдиқларини кўрсатди. – Увол эмасми? Тўқликка шўхликнинг ҳам чегараси бўлиши керак-ку ахир. Бир ойдан бери қишлоқда ҳар куни икки-уч уйда тўй. Ҳар куни шу аҳвол. Гапиравериб Ҳожи бобонинг оғзи чарчади. Охири гапирмай ҳам, келмай ҳам қўйди. – Э, шунақа денг... Афсус. – Тинчликмиди, ака? – Даврани ёпиб, дуо берадиган бир кексароқ отахон, иложи бўлса оқсоқоллардан бирини қидириб юргандим. – Бунақанги давраларда «бўйни узун мўйсафид»дан бошқа оқсоқол тополмассиз-ов, ака, – куйиниб деди ошпаз. – Шундай бўлсаям бир уриниб кўринг. Файзулла яна даврага яқинлашди. Ўртада Аширмат тоға уч-тўрт тенгдоши билан ўйнаяпти. Файзулла атрофга аланглади. Худди шу пайт унинг ёнидан Амир ака зипиллаб ўтиб кетди ва тўғри ўйнаётганлар даврасига бориб қўшилди. Сўнг Амир ака Аширмат тоғани қучоқлаб олди. Ака-ука шу ҳолларида келин-куёв ўтирган жойга яқинлашдилар ва пиёлаларга ароқ қуйиб, улар билан чўқиштириб ичдилар. Буни кўриб турган отарчи ҳофиз қўшиқ айтаётган жойида ўртакаш қизга қараб кўз қисиб қўйди. Роҳила илдам келиб микрофонни қўлига олди ва тантанали тарзда эълон қилди: – Мана энди, азизлар, келинчагимизнинг жондан азиз падари бузруквори Амир акамизнинг илтимосига кўра келин ва куёв иштирокида шўх бир рақсни томоша қилами-из! Совға-саломини беришга улгуролмай қолганлар учун ажойиб имконият! Марҳамат, санъаткорлар! Шўх қўшиқ янгради. Келин билан куёв даврага чиқиб келишди ва рақс туша бошлашди. Давра иккига ажралди. Келин-куёв рақсига Амир ака қўшилди! Пул дегани ёмғирдай ёғилди келин-куёв ва Амир ака устига! Раққоса Гулбадан уларни териб олишгаям улгуролмай қолди. Қўшиқ яримламай туриб бу рақсга Аширмат тоға ҳам қўшилиб кетди. Кейин бошқалар. Даврадан яна чанг кўкка кўтарилди. Маст Амир ака келинчак Нозимани маҳкам қучоқлаб олганча ҳўнграб йиғлаб юборди. Қайдандир пайдо бўлган Холида хола қизининг ортидан келиб, унинг елкасига бош қўйганча эрига қўшилишиб пиқиллаб йиғлай бошлади. Аммо оломон жазава билан рақс тушмоқда. Ер тепиниб, терлаб-пишиб, чангга кўмилиб ўйнаётганлар фақат шўх мусиқани ва ўйноқи ашулани эшитишади, улар фақат рақс тушаётганларни кўришади. Ўйнаётган эркаклар аёлларни, чунончи отарчи Гулбаданни кўришмоқда, холос. Гулбадан фақат пулни. Қиз-жувонлар эркакларни... Ҳар қалай, кимнингдир фаҳми етди чоғи, келин-куёвни бир амаллаб жойига ўтқазиб қўйишди. Қўшиқ суръати сал сусайгандай бўлди. Маза қилиб рақс тушаётган, кўзлари қонга тўлган, терлаб кетган Исмат қўшиқ айтаётган ҳофизнинг ёнига борди. – Тўхтамай айтаверинг, ака! – дея Исмат қўшиқ айтаётган ҳофизнинг қулоғи тагига келиб бақирди. – Бу ёғига ўзим жавоб бераман! Ҳофиз бош ишораси билан «хўп» деб қўйди. Қўшиқ кучайди. Бояги уч йигит энди Гулбаданни ўртага олишди. Ҳадеб баданларини отарчи раққосанинг баданига теккизишга уринаётган йигитлардан бири шартта Гулбаданнинг билагидан тутди. – Бу оқшом шу ерда қоласиз, жонидан, – деди у раққосага ҳирс билан тикиларкан. Йигитнинг қўлидан чиқиб кетиб, рақс тушишда давом этаётган Гулбадан ишва билан «йўқ» ишорасини қилди. Буни кўриб баттар қони қизиб кетган иккинчи йигит дангалига кўчди: – Юз минг! Гулбадан яна «йўқ» ишорасини қилди. – Ҳар биримиздан! – дея ваъдани катта бериб юборди учинчи йигит. Гулбадан яна «йўқ» ишорасини қилди ва чаққонлик билан йигитлар орасидан сирғалиб ўтиб, қўлидаги пулларни чорпояда ўтирган эркак ёнида турган тор ғилофи ичига обориб ташлади. – Ноз қилаяпти, қанжиқ! – тишларини ғижирлатди иккинчи йигит. – Ўзи лекин ўлиб турибди! – гапни илиб кетди биринчи йигит. – Қани, эгаси билан яхшиликча гаплашиб кўрайлик, агар кўнмаса... ўзидан кўрсин, – деган қарорини эълон қилди учинчи йигит. Йигитлар фонограммада қўшиқ куйлаётган ҳофиз ёнига боришди. – Менга қаранг, – деди биринчи йигит сира ҳам яхшилик ваъда қилмайдиган оҳангда, – сиз ҳам йигитсиз, биз ҳам. Ўйинчингизни бир кечага қолдириб кетасиз, биз ҳозирнинг ўзида нақд юз минг берамиз. Бу яхшиликча битадиган савдо. Иккинчи йигит уриб юборгудай важоҳатда гапни давом эттирди: – Акс ҳолда... шу қишлоқдан иккаланг ҳам тирик чиқиб кетолмайсан. Ранги оқариб кетган ҳофиз йигитларга мўлтираб қаради: – Йигитлар, мен бунақанги ишлар билан шуғулланмайман. Мен уни уч соатга ёллаб келганман. Кап-катта хотин. Ўз ҳаётига ўзи хўжайин. Қоламан деса, марҳамат. Қолмайман деса зўрлай олмайман. Ҳофизнинг қўрққанини сезгани боис ҳаволаниб кетган иккинчи йигит беписанд оҳангда гапирди: – Сен зўрламасанг, биз зўрлаймиз. Унга қўшиб сениям. – Йигитлар, бу ҳақда сал кейинроқ гаплашайлик, – деди вақтдан ютишга аҳд қилган ҳофиз. – Ҳозир қўшиқ айтишим керак. Учала йигит мамнун ишшайганларича даврага қайтиб бориб, ғалати қилиқлар билан ўйинга тушишда, Гулбаданни ўртага олишда давом этишди. Маст Амир акадан умид йўқлигини англаган Файзулла оқсоқол излашда давом этди. Ниҳоят бу ишдан наф йўқлигини англагач, ичкарида ўтирган «нозик меҳмонлар»дан хабар олиб қайтаётган Аширмат тоғага рўпарў бўлди. Шундан кейин улар орасида қуйидаги суҳбат бўлиб ўтди. – Қуда, энди бизга жавоб берсангиз, – дангалига кўчди Файзулла. – Тўй энди қизияпти-ку, қуда. – Борайлик. Анча ўтирдик. Бу ернинг оқсоқоли ўзингизга ўхшайсиз. – Оқсоқоли ҳам, қорасоқоли ҳам ўзимиз, қуда. – Бизга жавоб берсангиз, қуда бова. Анча йўл... – Майли, ҳозир бориб артистларга бир жуфт зўридан заказ қиламиз, юзтадан отамиз, кейин ўртага чиқиб бир ўйнаймиз... Ана ундан кейин сизларга жавоб. – Оминни ким айтади? Аширмат тоға шу савол оғирлик қилгандай чайқалган ҳолида бироз ўйланиб қолди. – Эртага сизникида келган жойидан давом эттирадиган бўлганимиздан кейин, овмин қилиб ўтириш шартми, а, қуда? – деди у ниҳоят зўр бир кашфиёт қилгандай қувониб. – Шуни эртароқ айтмайсизми, қуда, мен ярим соатдан бери даврани ёпиб берадиган оқсоқол қидириб юрибман. Файзулла ноилож Аширмат тоғага эргашди. Аширмат тоға алпонг-талпонг қадам ташлаб, Роҳиланинг ёнига борди. – Қизим, артистларингга айт, бир жуфт зўридан бўлсин, – деди у. – Кейин куёв болага жавоб берамиз. – Хўп бўлади, тоға. Файзулла илдам бориб даврада рақс тушаётган Маҳфират чечага учрашди. – Чеча, бўлди, болаларга айтинг, иккита қўшиқдан кейин кетамиз. Маҳфират чеча иккиланиб қолди: – Ҳали анча эрта-ёв... – Анча кеч! Жаҳлини босиб туролмаган Файзулла қаттиқроқ гапириб юборди. Роҳила микрофонни қўлига олди. – Ҳар нарсанинг боши бўлганидай, охири ҳам бор. Мана, жуда чиройли ўтган тўйимиз ҳам якунига етай деб қолди. – Даврадан ҳуштак, норозилик хитоблари эшитилди. – Йўқ, йўқ, даврамиз ҳали-бери тугамайди. Биз бир жуфт шўх қўшиқ ва худди шундай шўх рақсдан кейин фақат куёвтўра ва у киши бирга гўзал ошёнимизга қадам ранжида қилган азиз меҳмонларга жавоб берамиз, холос. Даврамиз эса давом этади. Қани, марҳамат, санъаткорлар! Шўх қўшиқ янгради. Ҳар нарсанинг охири ширин дейишади. Давра ҳам рақс тушиш истагида бўлганларга тўлди. Файзулла даврага кириб, кетиш вақти бўлганини куёвжўраларга бир-бир тайинлаб чиқа бошлади. Сўнг Азимни эргаштириб чиқиб, «Дамас» моторини ёқди ва машинани дарвозага яқин келтириб қўйди. Ниҳоят Маҳфират чеча куёвбола Мардоннинг иккита синглисини эргаштириб чиқиб келди. Улар ортида алпонг-талпонг қадам ташлаб келаётган куёвжўралар. Файзулла бориб йигитларнинг ҳаммаларининг ўз машиналарига чиқишларини назорат қилиб турди. Машиналар карвони йўлга тушди. * * * Қишлоқдан чиққан машиналар катта йўлдан бир чақирим юрар-юрмас зулмат бағридаги дарахтлар орасидан Исмат бошлиқ йигирматача йигит йўлга чиқди ва кўчани тўсиб олди. Олдинда кетаётган «Нексия» кескин тормоз бериб тўхтади. Унинг ортидан кейингиси. Энг орқада келаётган «Дамас»ни бошқариб келаётган Файзулла ҳайрон бўлиб олдинроққа ўтди ва йўлни тўсиб турган, сўйил, арматура, тошлар билан қуролланган йигирматача йигитни кўрди. Уларнинг жимгина совуққон туришида недир бир ваҳм, ваҳшат мужассам эди. – Э, қиз вечерлариниям!.. – деб юборди Файзулла жаҳл билан. Маҳфират чеча эса: – Вой ўлай, ҳали бунақасиям бормиди! – деди ваҳима билан. Файзулла отилиб машинадан тушди. Гўё «Дамас» эшигининг очилиб-ёпилиши сигнал вазифасини ўтагандай бирдан йўлтўсар йигитлар ваҳшиёна қичқирганларича машиналар томон отилишди. Машиналар устига тош-кесаклар даранглаб ёғилди. Жон-жаҳди билан куёв ўтирган «Нексия» ёнига югуриб етиб олган Файзулла эшикка ёпишаётган безори йигитлардан бирини тепиб юбораркан, «Нексия» капотига кафти билан даранглатиб урди. – Бос! Бос! – дея қичқирди Файзулла жон ҳолатда. Шундан сўнг Файзулла машина чироқлари ёруғида йўлни тўсиб турган икки йигитни кўрди ва улар томон отилди. Файзулла иккала йигитни икки томонга итариб юборди. Мотори ўчмай турган «Нексия» чийиллаб олдинга интилди. «Нексия»нинг қизил орт чироғи тобора узоқлашиб кетаверди. Қолган машиналар эшиклари қарсиллаб очилиб-ёпилди. Куёвжўралар Файзуллага ёрдамга ошиқишди. Улар орасида титраб-қалтираб турган, монтировка ушлаб олган Азим ҳам кўринди. Йўлтўсарлар Файзулла бошлиқ куёвжўраларни аста ҳалқа шаклида ўраб олишди. Қўлидаги узун арматурани кафтига уриб-уриб қўяётган Исмат ёвузона илжайганча куёвжўралар орасидан зўр бериб Набини қидирарди. Иккала гуруҳ бир-бирига яқинлашиб кела бошлади... Худди шу маҳал қишлоқдан чиқишдаги қайрилишда яна бир машинанинг бурилгани кўринди. Ўткир нурлар кўзга ташланди. Боя раққоса Гулбаданга тегажаклиқ қилган уч йигит Исматнинг ёнига келишди. – Исмат, бизнинг ўлжа ҳам келиб қолди. Биз уни олиб кетайлик, кейин бу ерда ўзларинг бемалол разбор қилаверасизлар, – деди биринчи йигит. Бу орада жуда тез келаётган «Нексия» яқин келиб қолди ва кескин тормоз бериб, нарироқда тўхтади. Машина эшиги очилди, ҳофиз Рашиднинг қалтираган овози эшитилди: – Йигитлар, мен тўйларингда хизмат қилган артистман. Мени ўтказиб юборинглар. – Орқада ўтирган Гулбаданни ташлаб кетсанггина ўтасан. Бўлмаса йўқ! – дея дўқ урди улкан сўйилини намойишкорона тарзда кўз-кўзлаётган иккинчи йигит. Ҳофиз энгашиб ким биландир пичирлаб гаплашди. – Раққосам сизларга қоламан деб ваъда бермаган экан, – деди ахийри ҳофиз бошини кўтариб. – Берган, ваъда берган! – деди учинчи йигит ишонч билан. – Сен ташлаб кетавер, биз ўзимиз бу масалани ҳал қилиб оламиз. Бўл тез! Ё ўзингнинг ҳам, машинангнинг ҳам тит-питини чиқариб ташлайликми? Ҳофиз яна энгашиб орқада ўтирган Гулбадан билан ниманидир пичирлашди. – Йигитлар, илтимос, бу масалани эртага, ичмаган пайтларинг гаплашайлик. – Э, онангни!.. – Ёмон сўкинди учинчи йигит. – Ташла дегандан кейин яхшиликча ташла-кет-да! Нима қиласан гапни чўзиб! – Йигитлар... ахир меҳмонларингмиз... – аянчли овозда ялинишга ўтди ҳофиз. – Энди ўзингдан кўр! ташланишди. Жон алпозда қайтиб машинасига ўтирган ҳофиз машинасига газ берди. Машина чийиллаб олдинга интилди. Ҳофиз жон-жаҳди билан сигнал чалганча шиддат билан йўлтўсарларга яқинлашиб келаверди. Ўзларига ишонган йигитлар йўлни бўшатишмади. «Нексия» шиддат билан учиб келди ва йигитларга яқинлашган маҳал сал чапга қайрилиб, уларни айланиб ўтиб кетишга уриниш асносида чеккадаги йигитни уриб юборди. Йигит йўл чеккасига коптокдек отилиб кетди. Буни кўрган унинг ёнидаги йигит дод солиб юборди. Ҳофизнинг машинаси шиддат билан узоқлашиб кетаверди. Машина уриб кетган йигитнинг қонга ботган гавдаси йўл четида тўлғаниб, типирчиларди. Буни кўрган маст йигитлар ҳам бирдан ҳушёр тортишгандек бўлишди. Худди шу маҳал ер гурсиллагандай бўлади. Чироқ-фонарлар кўтариб олганча шу томонга чопиб келаётган ўн беш-йигирма чоғли одам қораси кўринди. Машиналар фараси ёруғида уларнинг олдида ҳарсиллаб турган Хайрулла кўринди. – Исмат, бу сенинг ишингми? – деди Хайрулла жаҳл билан. –Уялмайсанми, бегонанинг эмас, ўзингнинг қариндошингнинг тўйида шунақа қилишга?! – Хайрулла бирдан йўл четида тўлғаниб ётган гавдани кўриб қолди. – Нима бўлди? Биринчи бўлиб ўзига келган Файзулла машина уриб кетган йигит томон отилди. Йигитнинг оғзидан қон келган, вужуди ожизона титраб-қалтираб қўймоқда эди, худди ҳаёт билан аста-секин видолашаётгандай. Файзулла ёнига келган Хайруллага қаради. Исматнинг ёнида турган йўлтўсар йигитлардан беш-олтитаси аста-секин қоронғуликка чекиниб, кейин шаталоқ отиб қочиб қолдилар. – Буни тез балнисага обориш керак, – деди Файзулла. – Кўтар. Хайрулла энгашиб йигитни кўтариб олди. Файзулла чопиб бориб «Дамас»ини шу ерга олиб келди. Сўнг бақа бўлиб қотиб қолган Маҳфират чечага қаради. – Чеча, сиз қизларни олиб бир амаллаб нариги машиналарда етиб оларсизлар. Биз буни, – Файзулла Хайрулланинг қўлидаги гавдага ишора қилди, – балнисага оборамиз. – Хўп, – деди Маҳфират чеча қўрқа-писа. Маҳфират чеча ва иккита қизни амаллаб икки «Нексия» билан битта «Жигули»га жойлашишди. Улар йўлга тушишди. Хайрулла машина уриб юборган йигитни Файзулланинг машинасига жойлади, ўзи унинг ёнига ўтирди. Шундан кейингина «Дамас»га ўтирган Файзулла қалт-қалт титраётган Азим ёнидаги ўриндиққа келиб жойлашгач, Хайруллога ўгирилди. – Қаёққа ҳайдай? – Бу ердан облбалнисагача ўттиз километр, – тушунтирди Хайрулла. – Аввал тўғрига, кейин... – Кетдик, – деди Файзулла. «Дамас» олдинга интилди. Чироқ-фонарлар кўтариб Хайруллога эргашиб келганлардан бири, қирқ ёшлардаги эркак жаҳл билан ерга тупурди: – Ўйиндан ўт чиқди ахийри. Бир куни шундай бўлиши аниқ эди... Келганлар аста-секин ўгирилиб, қишлоқ томон йўлга тушишди. Йўл ўртасида ҳамон қўлида арматура тутиб турган Исматнинг ёлғиз ўзи қолди. * * * Файзулла, Азим ва Хайрулла вилоят марказий шифохонасининг реанимация бўлими биноси ёнида тонг оттиришди. Файзулла дўхтирларга, ҳамшираларга қанчалик ялиниб-ёлвормасин, фойда бермади – уни ичкарига қўйишмади. Ярим кечаси улар ёнига ҳофиз Рашиднинг ваҳимага тушган акаси, эллик ёшлардаги Нурилла ака қўшилди. Икки қаватли сарғимтир бино қаршисида кичкинагина ошхона бор. Ошхона ёнида тўртта сўри. Унда беморларнинг яқинлари жойлашиб олишган. Жой етмаганлар шундай ерга шолча тўшаб ўтиришибди. Уфқда қуёшнинг илк нурлари кўзга ташлана бошлади. Кун анча салқин, одамнинг этини жунжиктиради. – Узр, Файзулла ака, – деб қолди бир маҳал Хайрулла. – Кеча хатолик мендан ўтди. Ўзим сизларни қишлоқдан чиқариб қўйишим керак эди. Чалғиб қопман. Файзулла беруҳ қўл силтади. – Хайрулла ака, – қизиқиб сўради Азим. – Сизларда ҳамма тўйнинг охири уриш-жанжал билан тугайдими дейман? – Ароқ бор жойда ғурбат бор, жанжал бор, – хўрсинди Хайрулла. – Шунинг учун оқсоқолларимиз энди тўйларни кундузи ўтказамиз деб ҳаракат қилиб ётишибди. Лекин ҳозирча буниг иложи бўлмаяпти. Ёшларнинг ўзи бунга кўнмаяпти. Қайгадир йўқ бўлиб қолган Нурилла ака қўл қовуш¬тирган кўйи уларга яқинлашди. – Дўхтирлар билан гаплашдим. Сўраганини бердим. Ишқилиб, ёрдам қиламиз дейишди. Битта сўри олиб қўйдим, – деди у қандайдир мақтанаётгандай оҳангда. – Қанақа сўри? – ҳайрон бўлиб сўради Файзулла. Нурилла ака бино қаршисидаги ўртасидаги хонтахтасига ноз-неъматлар қўйилган, хонтахта атрофига кўрпачалар тўшалган чорпоялардан бирини кўрсатди: – Ҳов анави, энг биринчисини. Яхшилаб безаб, мева-чевагача тайёрлатиб қўйдим. Ошпазлар билан гаплашдим. Кунига уч маҳал иссиқ овқат қилиб бериб туришади. Камига ўзим тандир, жиз-пиз опкелиб тураман. – Қанақа тандир? Кимга? – баттар ажабланди Файзулла. – Кимга бўларди, беморимизнинг яқинларига-да. Улар ерда ўтиришмасин, деб олдиндан заказ қилиб қўйдим сўрини. Бир ҳафтами, ўн кунми – қанча керак бўлса шунчасига туриб бераман, – ғурур ила кўкрагини керди Нурилла ака. – Бу ерда шунақа одат бор, – тушунтиришга уринди Хайрулла. – Айбдор томон жабрланган томоннинг жойини, овқатини кўтаради. Файзулла тутақиб кетди: овқат ўтадими? Тандир ўтадими? Ё сўрида, юмшоқ кўрпачалар устида ёнбошлаб ётишадими? – Фалокат бу, ука, фалокат, – дарҳол вазияни юмшатишга уринди Нурилла ака. – Ахир ҳеч ким атай бундай бўлсин демаган-ку. Тўғрими? – Энди шундай қилса қариндошлари унчалик даъво қилишмайди-да, – яна тушунтириш берди Хайрулла. – Агарда ҳаммаси бирлашиб «Ўзи боланинг кўзи яхши кўрмасди» ё «Шабкўр эди» дейишсами... – Тушунарли... – хўрсиниб қўйди Файзулла. – Хўп, бўлмаса биз кетдик. Сиз қолаверинг... сўри-пўрию, тандирларингиз билан, ака. Файзулланинг гап оҳангидаги кесатиқни англамаган Нурилла ака кўкрак керди: – Албатта. Қанча керак бўлса, шунча хизмат қила¬миз. Файзулла жаҳл билан дарвоза томон юрди. Унга Азим билан Хайрулла эргашди. – Хўш, энди нима иш қолди бизга? – Хайруллага ўгирилиб сўради Файзулла. – Бугун соат ўн бир-ўн иккиларда келиб келинни олиб кетасизлар. «Тўққиз товоқ», «тўш» деган кичкинагина маросимлармиз бор. Йўлда келин-куёв, келиндугона, куёвжўралар бирон кафега кириб, шашлик-пашлик, морожний ейишади. Кейин бўлди, уйга. Файзулла енгил нафас олди: – Хайрият... * * * Бирон соатларда қишлоққа етиб келишди. Файзулла олдига чопиб чиққан акасига вазиятни тушунтирди. Машина уриб кетган боланинг ҳаёти хавф остида эмаслиги эшитган Сайдулла ака анча енгил тортди. Бир пиёла чойдан кейин Азим дарвоза ёнида «Дамас» ини ювишга тутинди. – Ҳорманг, ҳорманг, – дея келиб қолди унинг ёнига тўй раиси Халил оқсоқол. – Яхши бориб келдиларингми, ука. – У ер қишлоқ эмас, арининг уяси экан-ку, Халил ака, – деди Файзулла ўпкалаган оҳангда. Халил оқсоқол пинак бузмади: – Ҳаммасини эшитдим, ука. Эътибор бериб ўтиришга арзимайди. Файзулланинг оғзи очилиб қолди: – Чиндан-а? – Сен бола телевизор кўриб турасанми? – саволга савол билан жавоб қайтарди Халил оқсоқол. – Ҳа, – деди Файзулла ажабланиб. – Нимайди? – Телевизор кўрсанг, анави кинода бир чол нима дейди? Эсингга тушдими? «Уриш-жанжал бўлмаган тўй тўйми?» дейди. Ҳа, энди сен ҳам акамнинг тўйида шуйтиб хизмат қибидим, деб эслаб юрарсан. – Лекин... – Лекин-пекинини қўйиб тур, ука. Буни тўй деб қўйибдилар. Ҳозир дарров бориб келинни олиб келишга бош-қош бўл. Хайр қилсанг бутун қил, дейдилар. Бир ишни бошладингми, охирига етказ, чала ташлаб кетма. Файзулла иккиланиб қолди: – Кечаги машиналар борармикан? Бир-иккитасининг томи қийшайган, иккитасининг ойнаси синган, биттасининг капоти пачақ бўлган дейишди. Халил оқсоқол бепарво қўл силтади: – Кечаги бўлмаса, бошқаси топилар. Тўйчиликда ҳар нарса бўлади. Барисига қовоқ-тумшуқ қилиб кетавериш керак эмас. Хўпми? – Хўп, оқсоқол, – Файзулла қўлини кўксига қўйди. – Хавотир олма, ука, – Файзуллани юпатган бўлди Халил оқсоқол. – Шайтон суви кучини фақат қоронғи тушгандан кейин кўрсатади. Кундуз бемалол бориб, келинни олиб келаверасизлар. – Хўп, оқсоқол. Мен машинани бир кўздан кечириб қўяй бўлмаса. – Майли. Акангнинг тўйида бир хизмат қилсанг қип¬сан-да. * * * Куёвжўралар тайёр бўлгунча бир соатча вақт ўтди. Кейин Сайдулла ака билан Халил оқсоқол келинни олиб келишга машина излаб кетишди. Ниҳоят яна бир соатлардан сўнг иккита «Нексия», иккита «Жигули», битта «РАФ» микроавтобуси ва «Дамас»дан иборат машиналар карвони сигналларини чалганча йўлга чиқишди. Машиналар келиннинг уйига етиб келганида соат ўн иккидан ошиб қолганди. Куёв ва куёвжўралар, «Дамас»даги Маҳфират чеча ва битта жувон ҳовлига кириб кетишди. Файзулла машинасини чеккароққа олиб ўтгач, Азимни олиб, ҳовлига кирди. Шу заҳоти уларни тўрт-беш эркак қуршаб олди. – Бош қуда сиз экансиз, – деди эркаклардан бири иддао билан. – Қани, аввал ароқ пулини чўзиб қўйинг-чи! Файзулла ҳайрон бўлди: – Қанақа ароқ пули? – Биз сизларни кутиб ўтириб тўртта ароқ ичдик, – тушунтирди лабини ялаб турган бошқа эркак. – Демак, ўн минг беришларинг керак. – Урф-одатларимиз шуни талаб қилади, ука, – орага қўшилди яна бири. Файзулла ноилож ўн минг сўм чиқариб берди. Эркаклар уларни ўтқазиб юборишди. Энди ота-бола ёнига соқолига оқ оралаган бир мўйсафид яқинлашди. – Қуда, келиннинг тоғаси учун зудликда ўн беш минг сўм бераркансиз, – деди мўйсафид эҳтиром билан. Файзулла индамай ўн беш минг сўм санаб берди. – Ўтин ёрувчилар учун бор-йўғи олти минг, қуда, – ёддан биладиган рўйхатини ўқишда давом этди мўйсафид. – Ошпазга тўққиз минг. Жами яна ўн беш минг. – Яна кимга қанча беришим керак, ҳаммасини бирдан айта қолинг. – Никоҳ қиядиган муллага ўттиз, муллани олиб келиб-олиб бориб қўядиган машинага ўн... хуллас, жами яна эллик мингча берсангиз етиб қолар. Аччиқ нарса егандай афти буришиб кетган Файзулла мўйсафидга чўтагидан бир даста беш юз сўмлик чиқариб берди. Қарзини ундиргандай хотиржам мўйсафид нари кетган маҳал Азим шивирлади: – Ўҳ-ҳў, ман тўйга келдик десам, «бер-бер»га келибмиз-ку. – Урф-одатлармиз шу, ўғлим, – қўлларини икки ёнга ёйди Файзулла. – Нима, бу билан қадимда ҳам ароқ пули бўлган демоқчимисиз, адажон? – ажабланиб сўради Азим. Бу орада қайтиб келган меҳмон уларни ичкарига бошлади: – Марҳамат қилсинлар, азизлар. Ота-бола яна ичкарига юришди. Аммо кечаги тун тажрибасидан ўзича хулоса чиқарган Файзулланинг ичкарига кириб олиб, бемалол ўтиргиси келмади. – Сиз бемалол, отахон, биз бир куёвжўралардан хабар олайлик-чи. Файзулла ўғли билан айвондан ўтиб, ичкари хонага мўралади. Куёвжўраликка боравериб тажрибаси ошиб қолган йигитлар оёқ кийимларини ечмасдан хонага бостириб кириб олишганди. – Уйга, янги кўрпалар устига туфлида киришнинг нима сири бор, адажон? – яна ҳайрон бўлиб сўради Азим. Файзулла бу урфни биларди. Шу сабабли дарҳол жавоб берди: – Шундай қилмаса, янгалар туфлиларни ўғирлаб қўйишади. Кейин ўз туфлингни ўзинг сотиб олишинг керак. – Ҳа-а... Иккита янга куёвжўралар дастурхонига иккита улкан товоқ олиб киришди. – Бу товоқлар фақат беш юзталик, минг сўмлик билан тўлиши шарт! – эълон қилди янгалардан бири. – Юз сўмлик, икки юз сўмликлар қабул қилинмайди! Куёвжўралар ҳуштак чалиб юборишди. – Менда ҳаммаси юз сўмлик, эллик сўмлик! – бақирди Наби. – Олсангиз шу, олмасангиз катта кўча! – Агар битта икки юзлик қўшилиб қолса ҳам келинни сизларга бермаймиз! – пўписа қилди яна ўша янга. – Унда келин қариқиз бўлиб ўтираверади! Тортишиш, даҳанаки жанг авжга чиқди. Хуллас, бир амаллаб товоқлар тўлдирилди. Товоқдан кейин янгалар ликопчалар, чойнаклар олиб киришди. – Буларнинг ҳаммаси пул билан тўлиши керак, – яна эълон қилди гапдон янга. – Шарт ўша-ўша: фақат мингталик, ҳеч бўлмаса беш юзталик ташлаш шарт! Шу пайт кимдир Файзулланинг енгидан тортди. Файзулла ўгирилди. Унинг қаршисида бояги мўйсафид мулойимгина бўлиб турарди. – Узр, қуда, боя шошилинчда эсимдан чиқиб қолибди. Кўрпа кўтариб чиққанга, келиннинг укасига, момосига атаб озгинагина чиқим қилишингизга тўғри келади... Файзулла чўнтагини кавлади: – Қанча?.. Файзулла пул чиқариб улгурмасидан бурун орқадан етиб келган Аширмат тоға Файзуллани маҳкам қучоқлаб олди. – Э, қуда, бормисиз! – У ичкарига ишора қилди. – Кечагидан кейин бошим ёрилиб кетай деяпти. Юринг, юзта-юзта қилиб олайлик. – Сиз бемалол, қуда. Мен рулдаман, – деди Файзулла шошиб. – Э, айтдим-ку, бу территорияда «Аширмат тоғага тегишли одамман» десангиз бўлди, любой ГАИ честь бериб қолади! Гапимга жавоб бераман, қуда! Файзулла яна бир бор қўлини кўксига қўйди: – Сиз баҳузур. Биз бориб машинадан хабар олайлик. – Ўзингиз биласиз. Зоримиз бор, зўримиз йўқ. – Қудасининг ортидан норози тарзда қараб қўйган Аширмат тоға ичкарига кириб кетди. * * * Орадан бир соатча вақт ўтди. Файзулла иссиқда терлаб-пишиб кетсаям, ўғли билан «Дамас» ёнида тураверди. – Бир соатдан ошди, – деди соатига қараб қўй¬ган Файзулла. – Тўшни еб бўлишгандир. Бир хабар олай-чи. Шу пайт ичкаридан шовқин-сурон билан куёв¬жўралар чиқиб келишди. Келин-куёв «Нексия»га ўти¬ришди. Келиндугоналар қолган машиналарга ва «РАФ»га. Уч-тўртта кексароқ аёл ва Маҳфират янга, унинг ҳамроҳи «Дамас»га чиқишди. Амир ака Файзулланинг ёнига гандираклаб келди: – Кечқурун кўришамиз, худо хоҳласа, қуда. – Албатта, қуда, албатта. – Соат ровно еттига бир катта заказной автобусда қавм-қариндошлар бир бўлиб етиб борамиз. – Кутамиз. – Оқ йўл сизларга. Омин, оллоҳу акбар. Уй эгасига қўшилишиб чиққанлар юзларига фотиҳа тортишди. Машиналар карвони энди йўлга тушган маҳали бирдан таққа тўхтади: кейинги кўчада беш-олти йигитча арқон тортиб турарди. Файзулла машина ойнасидан бошини чиқариб олдиндагиларга бақирди: – Рўмолча-пўмолча бўлса бериб юборинглар. «Дамас»да ўтирган кексароқ аёл бош чайқади: – Э, ука, булар рўмолчага кўнмайди. У замонлар ўтиб кетган. Берсангиз иккита ароққа етарли пул беринг ё ароқнинг ўзини. Файзулла ҳайратдан ҳуштак чалиб юборди: – Ё қудратингдан! – Сўнг дарров чўнтагини кавлади. – Эй бола! Бу ёққа кел. Мана икки ароқнинг пули! Бир йигитча чопиб келиб пулни олгач, унинг шериклари арқонни туширишди. Машиналар карвони сигналларни ду-дутлатганча яна йўлга тушди. Аммо катта йўлга бурилаётган маҳал карвон яна тўхташга мажбур бўлди. Бу сафар эллик ёшлардаги бир тепакал, баланд бўйли одам йўлга чиқиб, – арқон тополмаган шекилли – қулочини кенг ёйиб олганди. «Дамас»даги аёл кулди: – Ўлсин, бу ўзимизнинг Турсунбой алкаш. Бунга битта винонинг пулиям етади. Шу билан кечгача хурсанд бўлиб юради. – Турсунбой акажон, – деб чақирди эркакни Файзулла ойнадан бошини чиқариб, – барака топкур, келинг, олинг, мана солиғингиз. Турсунбой ака деганлари хурсанд бўлганча лапанглаб чопиб келиб пулни олди. Машиналар карвони яна йўлга тушди. * * * Барча ташвишлар, елиб-югуришлар, асаббузарликлар ортда қолгандай. Сайдулла аканинг ҳовлисида ўтаётган қасира-қусур тўй ҳам якунланай деб қолди. Қўшиқ авжида. Ўртада иккита катта-катта гуруҳ рақсга тушаяпти. Ҳар гуруҳда биттадан раққоса аёл.Улар меҳмонларга қистирилган пулларни чаққонлик билан териб олишмоқда. Даврада қизил бўйинбоғ тақиб олган Сафар ака ҳам қўллари кенг ёйганча ўйнаяпти. Маст Амир ака ўзидан ҳам маст Сайдулла акани қучоқлаб олган. – Энди сийиғимиз битди, қуда. Қайтмасак бўлмайди. – Амир аканинг тили аранг айланарди. – Тўй энди қизияпти, қуда, – рози бўлмади Сайдулла ака. – Эрталабагача ўтирмасак ҳисобмас. Бир маза қилайлик. – Эртага қизимизнинг орқасидан келамиз, қуда. Ўшанда ҳар қанча ўтирсак ўтирамиз. Аммо-лекин ҳозир қайтишимиз керак. Бу маросимни ўтказиш ҳам зиммасида турган қарз эканлигини эслаб қолган Сайдулла ака атрофга безовталаниб аланглади. Унинг ёнига рўй раиси Халил оқсоқол чопқиллаб кетиб келди. – Халил ака, булар кетамиз дейишаяпти, – деди Сайдулла ака. – Аёллариям шу гапни айттириб юборишган экан. Энди буларга жавоб берайлик. Эртага барибир келишади-ку. – Ундай бўлса майли, оқсоқол. Халил оқсоқол Файзуллани чақирди: – Ука. Буларни кузатиб қўй. – Хўп, Халил ака. Файзулла аранг қадам ташлаётган Амир акани қўлтиғидан ушлаб даврадан олиб чиқди. Амир акага у билан бирга келган қариндош-уруғлар, эркак ва аёллар эргашишди. Ҳовлидан юз қадамча берироқда баҳайбат «Лаз» автобуси турарди. Автобус ёнидаги устунга ўрнатилган чироқ «Лаз» ичини сутдай ёритиб турибди.Унга ичида келин тарафдан келганлар меҳмонларнинг бир қисми, жумладан болали аёллар чиқиб олишганди. Файзулла маст-аласт эркак меҳмонларнинг автобусга чиқишини сабр билан, қўлини кўксига қўйган ҳолда кутиб тураркан, ора-сира: – Хуш кўрдик... хуш кўрдик... – деб қўярди. Меҳмонларнинг деярли ҳаммаси автобусга чиқди. Ҳайдовчи моторни ўт олдирди. Енгил тортган Файзулла уй қадам бир неча қадам юрган чоғида тўсатдан таққа тўхтади. Уни эллик қадамча наридаги электр трансформатори ёнида тўпланиб турган йигитларнинг ўзларини тутишлари шубҳалантирганди. Файзулла диққат билан разм солди ва ён-атрофда ароқ, вино шишалари сочилиб ётганини, йигитларга куёвжўра Наби нималарнидир ўргатаётганини кўрди. Файзулла олдинги юришини ҳам, юрмаслигини ҳам билмай иккиланиб қолди. Бу орада автобус йўлга тушди. Шу пайт дарвозадан Азим чиқиб келди. – Ада, меҳмонлар кетишдими? – деб сўради у. – Ҳа, ўғлим, кетишяпти. – Адажон, – дея Азим тўйхона ишора қилди, – жой тўрт юз кишилик экан. Нима, амаким шунақа боймилар? Бундай тўй ўказишга шунча пулни қаердан оладилар? Фатҳулла кулимсираб қўйди: – Қарз, ўғлим, қарз... Бунақа тўйдан кейин қозон тўрт-беш йил сувга ташлаб қўйилади – Роса чарчадингиз-а, ада. – Энг муҳими тўй тинч ўтяпти... Худди шу маҳал, Файзулла шу сўзларини айтаётган чоғда баҳайбат «Лаз» автобуси чайқалиб трансформатор ёнига етди. Бирдан чироқ ўчди. Зулмат сукунатини нималарнингдир тунука, ойнага қарсиллаб урилиши бузди. Кимдир, афтидан аёл киши жон аччиғида чинқириб юборди. Файзулла жон ҳалпида автобус томонга отилди. Чироқ ёнди ва йигирма яқин йигитча меҳмонлар ўтирган автобусни тош, темир парчалари билан тошбўрон қилаётгани кўринди! Аёлларнинг, болаларнинг чинқириғи оламни тутди. Файзулла шу томонга чопиб бораётиб аниқ кўрди: ойнага қапишиб қолган қирқ ёшлардаги, рўмол ўраган жувон жон-жаҳди билан уч-тўрт ёшлар чамасидаги боласини бағрига босиб, эгилиб олганча уни нимадандир ҳимоя қилишга уринаяпти. Айнан шу аёл қаршисидаги ойнани синдириб ичкарига ўтган тош тўғри аёлнинг бошига тегди. Синган ойна бўлаклари эса аёлнинг елкасига, қўлларига санчилди. Файзулла қичқириб юборди: – Бас қилинглар! Тўхтанглар! Аммо ичкилик таъсирида қутуриб кетган йигитлар автобусни тошбўрон қилишда давом этаверишди. Ёрилган бошидан қон оқаётган ҳайдовчи гурсиллаб рулга йиқилди. Автобус ортга қараб юрди ва йўл четида турган Файзулланинг «Дамас»ини ғижирлатиб босибгина тўхтади. Файзулла автобусга етиб келди, гавдаси билан ойналарни тўсди. Шу маҳал улкан темир бўлаги Файзулланинг ортидаги ойнага келиб тегди. Синган катта ойна бўлаги қўпорилиб пастга туша бошлади. Аммо Файзулла тескари ўгирилиб, тошбўрон қилаётганлардан автобусда ўтирган меҳмонларни ҳимоя қилаётгани учун буни кўрмади. Учлари ўткир, қиррали ойна бўлаги тўғри Файзулланинг бошига тушмоқда эди. Худди шу сонияда Азимнинг «Адажо-он!» деган ҳайқириғи эшитилди. Азим учиб келиб дадасини нарига итариб юборди. Файзулла йиқилиб тушди. Қўпорилиб тушаётган ойна ўткир учи билан «ғарч» этиб Азимнинг бўйнига санчилди. Йигитчанинг бўйнидан қон фаввора бўлиб отилди. Буни кўрган Файзулла жон аччиғида ўрнидан тураркан, ўкириб юборди: – Бола-ам, Азимжон!.. Азим «шилқ» этиб автобус ёнига, сертупроқ ерга қулади... Атрофга чанг кўтарилди... * * * Саҳар палла. Бир кечада сочи оппоқ оқариб кетган Файзулла вилоят марказий шифохонасининг реанимация бўлими биноси эшиги ёнида чўк тушганча, бошини чангаллаб ўтирибди. Унинг ёнига басавлат, қизил бўйинбоғ таққан Сафар ака аста яқинлашди ва йўталиб қўйди. Файзулла бошини кўтарди. Йиғлайверганидан унинг кўзлари қуриб қолган. Бу кўзларда мислсиз алам ва оғриқ акс этарди. – Укажон, бемалол ўтиб ўтираверинг, – шундай дея Сафар ака ўртадаги хонтахтасига турли ноз-неъматлар қўйилган чопояга ишора қилди, – сўрини заказ қилиб қўйдим. Ошпазларга тайинладим. Ўзим ҳам хизматингизда бўламан. Эшитдим, келин ҳам келаётган эмиш. Ҳар қалай, шароит бўлса яхши-да. Файзулла шунча уринса ҳам, гап нима ҳақида кетаётганлигини тушунмади: – Сўри? Қанақа сўри? Нега? – Энди, укажон, бир жиян бор, – Сафар ака ёлғондан хи-хилаб кулди. – Ўта шўх. Ерга урсанг кўкка сапчийди. Мактабни битирганига энди бир йилдан ошди. Тузукроқ бир иш топиб берамиз деб турибмиз. Бир-икки марта шўхлик қилган экан, ишқилиб, бир жойига гард юқтирмай қутқариб олдик. Буни қаранг, кечаги тўполончилар орасида шуям бор экан. Милиса олиб кетибди. Онаси зор йиғлаб ўтирибди. Ҳар қалай, бир юртнинг одамимиз. Акангизга кўп хизматларимиз сингган. Шу жиянчани дейман-да... ёшлик қилиб қўйибди... Лекин ўзи хўб пушаймон... Бунинг устига у фақат номига бир-иккита кесак отган экан... Шуни дейман-да, милиса билан гаплашиб қўйдим, прокурорминан гаплашдим, энди ўзлари бир оғизгина «Шу болага даъвойим йўқ» деб қўйсангиз... ўла-ўлгунча хизматингизда бўлардик... Сайдулла ҳам бир янги трактор сўрагандай бўлаётганди... Амаллаймиз... Сизга ўхшаш ака-укалар бор... Хи-хи... Ниҳоят гап нимадалигини англаган Файзулла аста ўрнидан турди. Унинг рангида ранг қолмаганди. – Қотил! – Файзулла тўсатдан Сафар аканинг ёқасига чанг солди. – Қотил! Сен қотилсан! Жиянинг ҳам қотил! Бўғилиб қолган Сафар ака жон алпозда бақириб юборди: – Ёрдам беринглар! Ким бор! Ичкаридан чопиб чиққан оқ халатли шифокорлар бир амаллаб Файзулланинг чангак бўлиб қотиб қолган қўлларини Сафар аканинг ёқасидан бўшатиб олишди ва энди бутун вужуди қалт-қалт титраётган, оғзидан кўпик сачраётган, ора-сира «Қотил! Қотил!» деб қичқираётган Файзуллани ичкарига кўтариб олиб кириб кетишди. – Мен буни одам деб сўри заказ қилиб ўтирибман-а! – Ёқасини, қизил галстугини тўғрилаётган Сафар ака Файзулланинг орқасидан бақирди. – Қип-қизил жинни экан-ку! Жиннининг жойи эса жиннихонада бўлиши керак! Буни ташкиллаштирамиз! Шундай дея Сафар ака шоша-пиша хонтахтаси безатилган сўри томон юрди. * * * Сафар ака «ташкиллаштирди». Асаблари чатнаб турган Файзуллани асаб касалликлари бўлимига ётқизишди. Эртаси куни пешинга яқин шаҳардан Дилноза билан Ҳабиба ҳам бир амаллаб етиб келишди. Каттагина палатадаги каравотда бемор халати кийдирилган, букчайиб қолган Файзулла ўтирибди. Дилноза каравот қаршисидаги одми табуреткада. Дераза ёнидаги ногиронлар аравачасида Ҳабиба. Хонада ўлик сукунат. Ногаҳон палата эшиги ғийқиллаб очилди ва оқ халатли шифокор кириб келди. Ғамгин шифокор нимагадир Файзуллага эмас, Дилнозага мурожаат қилди: – Кеннойи, умид бор... Лекин... бир умр... Ў, бу сўзларнинг мудҳиш маъносини эр-хотин тушунишмаса экан! – Нима?.. – Дилноза додлаб юборди, ўзини каравотга отиб сочларини юла бошлади. – Болам! Болажоним! Бола-ам! Букчайиб ўтирган ҳолида елкалари титрай бошлаган Файзулла тўсатдан оппоқ сочларини маҳкам чангаллаганча шифтга боқди ва ўкириб юборди: – Азимжоним!.. Шоиргина болажоним! Ота-онасига анграйиб қараётган Ҳабиба ниҳоят гап нимадалигини тушуниб етдию, изиллаб йиғлаб юборди: – Акажон! Акажонгинам!.. Бу уч шўрлик банданинг дардли оҳ-ноласи бутун олами тутгандек... Йўқ, ана, қайдандир бу шикаста фарёдларга қандайдир мусиқа оҳанглари қўшилаётгандек. Ҳа, бу карнай-сурнайнинг олис-олислардан келаётган садосига ўхшайди. Сўнг эса «Тўйлар муборак!» қўшиғи янграётгандек. Аммо бу уч шўрлик банда дарду алам, бахтсизлик ва ғурбат, армон ва ғуссанинг тубсиз уммонига ғарқ бўлганларича аччиқ кўз ёшларини тўкмоқдалар, сочларини юлмоқдалар, ёқаларини йиртмоқдалар... Зотан, уларга кўз ёшидан ўзга нима қолди? Уларда армондан ўзга яна не ҳис қолди? Уларга изтиробдан бўлак яна не туйғу қолди? Уларнинг бундан кейинги ҳаётлари ҳаётми?.. Йиғла, эй дил, йиғла... 2009 йил |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62295 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 56242 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40387 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36130 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23148 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23071 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 20676 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19385 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18502 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14379 |