Тилла соат (ҳикоя) [Abduqayum Yoʻldosh]

Тилла соат (ҳикоя) [Abduqayum Yoʻldosh]
Тилла соат (ҳикоя) [Abduqayum Yoʻldosh]
I
...Ҳаммаси оддийгина ҳазилдан бошланди.
Эҳтимол, унчалик оддий ҳам эмасдир. Зеро, оддий ҳазилнинг тагида зили бўлмайди.
Хуллас, ёмғир шаррос ёғиб турган кеч баҳор кунларидан бири эди.
Заводда штат қисқаришига учрагач, бир йилдан бери ижарага олган «Нексия»сида киракашлик қилаётган Содиқ одатдагидек номозшом палла ҳориб-чарчаб уйига қайтмоқда.
Бир кунда Тошкентга бориб қайтишнинг ўзи бўлмайди. Камида 700 километр йўл юриш лозим. Бунинг устига йўловчиларнинг инжиқлиги, олатаёқ кўтарган миршабларнинг безбетлиги асабларни ишдан чиқаради.
Айниқса ёмғир бу даражада шаррос ёғиб турган кезлари ҳайдовчи баттар чарчайди — деярли ўн икки-ўн уч соат мобайнида йўлга диққат билан, кўзларни йириб очганча термулиб юришнинг ўзи бўладими!
Йўлнинг ҳар қаричи ёд бўлиб кетган. Аммо бугунги мижоз шаҳарнинг нариги чеккасидаги уйига олиб бориб қўйишни сўради, юкини важ қилиб кўрсатди, бунинг устига яна минг сўм қўшишини билдирди. Ҳар қанча чарчаб турган бўлмасин, Содиқ кўнишга мажбур бўлди — минг сўм кўчада ётмайди ахир. Мана энди кўпдан бери юрмаган кўчалардан қийналиб уйга қайтмоқда.
Ниҳоят «Нексия» шаҳар марказидаги хиёбондан ўтгачгина Содиқ енгил нафас олди, бундан бу ёғи — таниш кўчалар. Мана шу туйғу таъсирида қаддини сал ростлаб, кўкрагини рулдан узоқлаштирган Содиқ машина тезлигини оширди. Агар сал лофи билан айтиладиган бўлса, энди у кўзини юмиб ҳам кета оларди. Шундай экан, ёмғирдан зада бўлишга ҳам ортиқча ҳожат қолмади.
Мана, чапдаги биринчи кўчага қайрилиши керак. Бу кўчада ошнаси Исомиддин туради. Исомиддинни эслаган Содиқ мийиғида илжайиб қўйди. Илло, бировнинг дарди — барибир бировнинг дарди-да.
Дарвоқе, Исомиддин хусусида. Жуда улфат йигит, чойхона, ош деса ўзини томдан ташлайдиганлардан. Ичимлик борасида-ку, умуман суяги йўқ. Ўзиям ароқнинг исини бир чақирим наридан илғайди. Ўқилғи қуйиш шахобчасида оператор, биродарлар уни «заправкачи» деб аташади. Ишига яраша топадиям. Айтишларича, бир сутка ишлаб, икки сутка дам оладиган бу йигит навбатчилигининг ўзидаёқ чўнтагига камида эллик минг олиб қоларкан.
Содиқ баъзан ғайирлик қилади: тонг саҳарда кетиб, ярим кечаси ҳориб-чарчаб, бўйин томирлари, елкалари қотиб-увишиб, бурни ерга теккудай бўлиб қайтиб келади-ю, қўлида ўн минг сўмдан ортиқ даромад қолмайди. Исомиддинга ўхшаганлар эса бир сутка ялпайиб ўтиргани эвазига шунча топса-я...
Бунинг устига, омад бир келса устма-уст келаверади, деганлари рост шекилли ё бошқа келар жойи ҳам борми, ишқилиб, Исомиддин эркак боши билан тиллага кўмилиб юради. Олтин соат, олтин узук, бўйнида тилла занжир, оғзи тўла тилла тиш... Мана шу туриш-турмушига унинг яна бўкиб қолгунча, таъбир жоиз бўлса молдай ичиши қизиқ.
Маст Исомиддинни уйга олиб бориб қўйиш деса улфатларнинг юраги безилларди. Айтишларича, унинг хотини оёққа зўрға турган эрини суяб келган одамга қараб бобиллаб бераркан. Исомиддиннинг мана шундай тили заҳаргина хотинини баъзан жонидан ортиқ кўриши эса яна-да ғалати эди. Буни Содиқнинг ўзи ҳам неча марта кўрган: алжиб, тили зўрға айланаётган, вужуди эса бешиктерватардай тебранаётган бўлса-да, Исомиддин меҳмондорчилик якунида «бу хотинимга» дея ғўлдираганча чўнтагига ширинлик солиб қўйишни унутмасди. Дастурхонда ширинлик бўлмаган тақдирда чойхона ҳовлисига чиқиб, гул қидириб қоларди. Қиш кунлари эса, ҳар қанча «ғишт» бўлиб қолса ҳам Исомиддин йўлда ўзини олиб келаётган машинани тўхтатиб, дўкондан ширинлик оларкан.
Таниш дарвозага яқинлашаркан, Содиқ шуларни ўйлаб мийиғида илжайиб қўйди. Шу лаҳзада машина чироқлари дарвозани ёритди ва Содиқ шундоқ йўлакда мук тушиб ётган одамни кўрди. Беихтиёр тормозни босди. Машина дарвозадан уч-тўрт қадам нарига ўтиб тўхтади.
Бир зум иккиланиб тургандан кейин Содиқ қўл тормозини тортди ва эшикни очди. Ёмғир шаррос қуймоқда эди. Содиқ қунишибгина ташқарига чиқди-да, истар-истамай дарвоза томон юрди.
Содиқ шундай ёмғир тагида икки букилиб, бир ёнбошида ётган гавдани ўзига қаратди. Ҳа, бу Исомиддин эди.
Исомиддин норози бўлгандай бир нималар деб тўнғиллади. Афтидан, чекига буни олиб келиш тушган улфат Исомиддинни дарвозага суягану, қўнғироқни босасола ура қочган. Ичкаридан ҳеч ким чиқавермагач эса маст йиқилиб тушган, сўнг кўлмак устида парқу кўрпа оғушида ётгандай маза қилиб ухлайверган.
Содиқ Исомиддинни бир амаллаб кўтариб олиб, дарвозага суяди ва уни бир қўли билан ушлаганча қўнғироқни кетма-кет босди. Жимлик. Демак, уйда ҳеч ким йўқ. Содиқ дарвоза тирқишидан мўралади. Ҳовли қоп-қоронғи эди.
Шу пайт Исомиддин нимадир деб ғўлдиради. Содиқ шу томонга ўгирилди ва унинг қўйнидан бир дона эзилган атиргулни чиқаришга уринаётганини кўрди.
Содиқнинг жаҳли чиқди. Бир ками шу эди. Xотиним чиқди, деб тусмол қилди шекилли.
— Оғримаган қулоғимга олтин исирға бўлдинг-ку, дардисар!
Содиқ бу дашномни беихтиёр айтди. Кўнглида ҳеч бир нияти ҳам йўқ эди. Аммо жумладаги «олтин» сўзи негадир уни ҳушёр торттирди.
«Бир ҳазиллашай, — дея ўзини ишонтиришга урина бошлади Содиқ. — Ана ундан кейин маст бўлиб, кўчада юмалаб юрмайди... Бир ҳазиллашай...»
Содиқ Исомиддинни суяб ерга ўтқазди ва шоша-пиша қўлидаги тилла соатни ечиб олди. Олтин занжир ҳам осонлик билан ечила қолди. Лекин номсиз бармоқдаги узук сал қийнади — тиқилиб турган экан.
Негадир иссиғи чиқиб, бўғриқиб кетаётган Содиқ ўрнидан туриб, атрофга аланглаб, ҳеч зоғ йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, нарсаларни ошиғич тарзда шимининг чўнтагига жойлади. Кейин, қайтадан энгашиб, Исомиддинни ётқизиб қўяркан, қандайдир номаълум қутқу измида унинг чўнтакларини кавлади. Костюмнинг ички киссасидан бир даста пул чиқди. Содиқ уларни санаб ўтирмасдан чўнтагига солди.
Исомиддин ёмғирга ҳам парво қилмасдан пишиллаб ухламоқда эди. Содиқ бир муддат уни кузатиб турди, кейин, атрофга яна бир бор аланглаб олгач, шошилибгина машинаси томон юрди.
Содиқ илиққина машина кабинасига ўтираркан, яна бир бор ўзини ишонтирмоқчидай:
— Боплаб бир ҳазиллашай, — деди.
«Нексия» жойидан силтаниб қўзғалди.

II
Режа ўта жўн эди. Содиқ эрта-индин Исомиддин ишлаётган АЁҚШга боради, уни бироз қўрқитади-да, сўнг:
— Мана! — дея олган нарсаларини қайтариб беради.
Шўрлик Исомиддин тентак бўлиб қолса керак ўзиям.
Аммо АЁҚШга ўтишга эртасигаям, индинигаям вақти бўлмади. Ниҳоят учинчи куни рулни шу томонга бурган Содиқ қовоқ-тумшуғи осилиб кетган, соқол олишни ҳам унутган Исомиддинни бир чеккада шумшайиб ўтирган ҳолда кўрди.
Исомиддин Содиқнинг саломига руҳсизгина алик олди. Сўнг:
— Тинчликми, ошна?
— Тинчлик... — дея базўр, истар-истамас жавоб қайтарди Исомиддин.
— Ҳар хил гаплар эшитаяпман...
Исомиддин ялт этиб унга қаради-да, оғир уф тортди:
— Нарсаларимни шимо қилиб кетишибди.
— Нима қилиб кетишибди.
Исомиддин бу сафар зардалироқ тарзда деди:
— Ўғирлаб кетишибди...
Содиқнинг назарида, шу сўздан кейин у баралла кулиб юбориши ва чўнтакларида баданини куйдириб юборгудай бўлиб турган тилла буюмларни ҳамда ўттиз беш минг сўмни чиқариб бериши керак эди.
Аммо нимадир ҳалақит берарди. Баайни «сичқон-мушук» ўйини тез тугаб қолаётгандай, у етарли даражада ҳузур ололмаётгандай.
— Нимангни олишибди?
Исомиддин бу сафар Содиққа очиқдан-очиқ ғазаб билан қаради.
— Нима, айцам топиб берармидинг?
Худо шоҳид, Содиқ шу ерда ўйинни тугатмоқчи эди, аммо бунинг ўрнига тилига бошқа сўзлар келди:
— Мен-ку, топиб беролмасман, лекин шунақа ишлар билан шуғулланиб юрадиган йигитлар бор. Агар хизмат ҳақига кўнсанг, гаплашиб бераман.
Содиқнинг хаёлида бу гаплари ҳам ҳазилнинг давоми эди, холос. Бироқ чўкаётган одам хасга ёпишар экан. Исомиддин ҳам сакраб ўрнидан туриб кетди.
— Оғзига сиққанини сўрасин, бераман!
Шундай вазиятда ҳам Исомиддиннинг катталик қилишга уриниши Содиқнинг иззат-нафсига тегди. Энди ўзини нафсонияти топталган одам ҳис қила бошлаган Содиқ ўйинни давом эттира бошлади.
— Ўзи арзийдиган нарсами?
— Арзиганда-чи... — алам билан уф тортди Исомиддин. — Xотиним совға қилган соат. Ёзуви бор эди. Шу топилсаям майлийди. Сепочка билан узукни ўзим олгандим... Xотинимнинг кўзига кўринмай деб ишга ҳар куни чиқаяпман... Сўрамаган одамим қолмади... Сен гаплаш. Xизмат ҳақидан ўйланма. Агар соат топилса, ўзингниям қуруқ қўймайман — бир ой текин бензин бераман.
Содиқ мийиғида илжайди.
— Ҳар куни Тошкентга қатнайман-а...
— Менга деса Москвага қатнамайсанми!
Энди, шунча гапдан кейин, нарсаларни бирдан чиқариб бериш жуда ноқулай туюлди Содиққа.
— Мелисага айтмадингми? — дея сўради у.
Исомиддин қўл силтади.
— Мелисага нима дейман? Ичибман, лойда ётиб қолибман, шунда мени шилиб кетишибди, дейманми...
— Майли бўлмаса, — овозида недир улуғворлик пайдо бўлган Содиқ хайрлаша бошлади. — Бориб суриштириб кўрай-чи.
Исомиддиннинг кўзлари умидвор йилтиради.
— Бир ёрдам бер, жўра. Xизматингни қиламан... Ҳеч бўлмаса соат...
Содиқ АЁҚШдан бамисоли шаҳарнинг ўғрибошисидай салобат ва виқор билан узоқлашди...

III
Тонгда мижоз учун талашиб-тортишишлар, ҳар бир йўловчини сарғайиб кутишлар, ана шундан кейин кира ҳақи устида бўладиган мунозара ва ниҳоят йўл азоби — буларнинг бариси ҳоритди шекилли, эрталабки ҳузур-ҳаловатдан асар ҳам қолмаган Содиқ намозшомга яқин автобекатга шалвираб кириб келди-ю, майдон адоғида қаққайиб турган Исомиддинни кўриб ҳайрон қолди. Бу орада машинани таниган «заправкачи» чопқиллаб етиб келди-да, ойнадан бошини чиқариб турган Содиққа қарата — на салом бор, на алик, — қичқирди:
— Бўлдими, гаплашдингми?
Содиқ гарангсиб қолди. Исомиддинни четга имлади ва:
— Шу гап ҳамманинг олдида айтиладиган гапми? Яхши бор, ёмон бор,- деди худди бир нимадан хавотирланаётгандай. Кейин аста шивирлади:
— Бу дунёда битмайдиган иш борми... Гаплашдим. Ҳаракат бошланган. Кутиб тур... Лекин йигирма беш фоизи уларники.
— Бемалол, — жон ҳолатда иккала қўлини силтади Исомиддин. — Учаласи бир миллионга яқин туради. Мен уч юз минг бераман. Олдиндан. Соатнинг ўзи бўлсаям майли...
Содиқнинг кўзлари тиниб кетди-ёв. Уч юз минг-а! Бир ой эшшакдек ишлаб уч юз минг топади, бунинг ҳам ярмини машина эгасига беради. Демак, икки ойда топганини...
Содиққа бу фикр ўринли туюлди. Исомиддин шундай аҳволдаки, хотини совға қилган соатни топиш учун охирги иштонини сотишга ҳам тайёр. Яна ичи қизиб, юзи бўғриқа бошлаган Содиқ шоша-пиша машинасига ўтирди.
— Ҳай, бориб гаплашиб кўрай-чи.
— Жон жўра, — дея ёлворишга ўтди Исомиддин, — Уйга боришга бетим чидамаяпти...
— Йигитлар билан учрашаман, вазиятни тушунтираман, — дея Содиқ машина калитини буради.
Уч юз... Яна ўттиз беш... Ёмон эмас... Йиққанига қўшса бир эскироқ «Жигули»га етиб қолади. Ўзингни машинанг — ўзингники-да. Бировнинг қош-қовоғига қарамайсан, ишқилиб бузилиб қолмасин-да дея юрагинг пўкиллаб турмайди.
Содиқ ўзининг топқирлигидан ўзи мамнун бўлди. Шундай олиб бориб беради-да, «Йигитлар сен билан учрашиб ўтирмоқчи эмас, атаганингни ўзимга беравер, олиб бориб бераман», дейди, томом-вассалом. Исомиддин жон-жон деб рози бўлади, бу ҳақда гап бўлиши мумкин эмас.
Аммо-лекин Содиқ боплади, бир ўқ билан икки қуённи урди...

IV
Туни билан турли хаёлларга бориб, ухлай олмай, тўлғониб чиққан Содиқ тонг саҳарда боши ғувиллаб ўрнидан турди.
Уч юз ўттиз минг... Яхши. Лекин... мабодо... бир миллионнинг ўзи бўлсами... Янгироқ «Жигули» олса бўларди. Эскини ямаб эсинг кетгунча... Ўзи бензинни уриб қолиш эвазига келган бўлса... Ўтники ўтга, сувники сувга, қолди қатиқнинг пули... Яна топади, олади... Бундан ҳам зўрини...
Содиқ отаси берган нарсани йўқотиб қўйган ёш боладай жовдираб турган Исомиддинни эсладию, беихтиёр шоша-пиша соатни олиб, ундаги ёзувга қаради. Оддийгина ёзув экан. Бор-йўғи: «Турмуш ўртоғим Исомиддин акага. Туғилган кунингиз билан. Xотинингиз» деб ёзилган, кейин сана кўрсатилган экан, холос. Xудо билади, «турмуш ўртоғим» деган сўзни устанинг ўзи қўшгандир.
Шунга шунчами...
Ўзининг йўлига кўз тикиб турган Исомиддинни кўриб Содиқнинг энсаси қотди. Нима, у авлиёмидики, йўқолган нарсаларни топиб берса. Кетган нарса кетди-да. Бош омон бўлсин... Нима, ўлар жойдамидинг... Совға бўлса бўпти-да. Пул бўлса — чангалда шўрва, бунақанги совғалардан юзлаб қилса бўлади...
Исомиддин Xизрни кўргандай ҳаяжонланиб, атрофида гирдикапалак бўлаётганини ижирғаниброқ кузатиб турган Содиқ дағалроқ тарзда деди:
— Йигитлар ҳаракатда... Лекин агар шу бугуннинг ўзида топилмаса бошқа изламаймиз, дейишаяпти.
Ранги оқариб, кўзларининг пахтаси чиқиб кетган Исомиддин яна ёлворди:
— Бир иложини қил, жўра...
Содиқ автобекатда Тошкентга йўловчи излаб изғиб юрган чоғи заргарлик буюмлари дўконига бирров кириб чиқди. Яхши, тилла нархи яна ошибди. Яхши... Соатдаги ёзувни эса Тошкентда ўчириб келсаям бўлади...
Омади келган кун эканми, мижозлар ҳам тезда топила қолди.
Тошкент йўлидаги «Жаҳон бозори»га кириб, сигарета сотиб олган Содиқ шошиб машинаси томон юраётган маҳал дарвоза ёнида турган тиланчилардан бири уни тирсагидан тутиб, ўзига қаратди. Бу қозондай қоп-қора, бадбашара, фақат кўзининг оқи йилтираб турган, сочи оқариб кетган бошига катта рўмол ўраган, чамаси олтмиш ёшлардан ошган аёл эди.
— Юз сўм бер, ўғлим, — деди кампир қаҳр билан. — Дуо қиламан, йўлинг очилади.
Содиқ жаҳл билан қўлини тортиб олди.
— Пул йўқ.
Тиланчи энди Содиқнинг йўлини тўсди.
— Бировнинг ҳақи ёмон бўлади, болам. Юз сўм садақа қил, йўлинг очилади.
— Бор-е!..
Содиқ кампирни айланиб ўтди-да, шошиб йўлида давом этди. Ортидан кампирнинг норози тарзда писанда қилганини эшитди:
— Бекор қилдинг, болам...
Содиққа Тошкент йўли ёд бўлиб кетган. Машинани ҳам ҳар бир мурватига қадар ҳис қилиб туради. Аммо Сирдарёга етишган маҳал кутилмаганда олдинги баллон ёрилиб қолди. Xайрият, запас баллон бор эди, бир пасда алмаштириб олди. Энди юришда давом этиб, тезликни юзга етказган маҳал уни қувиб ўтган улкан «КамАЗ» орқа баллонидан отилган тош «Нексия»нинг олд ойнасини чатнатиб юборди. Ўргимчак тўридай из қолган ойнага қараркан, Содиқ аламдан «дод» деб юборай деди ва беихтиёр тиланчи аёлнинг қўрқинчли чеҳрасини эслади...
Ишқилиб, йўлнинг бу ёғи тинч кечди.
Олисга қатнайдиган киракаш ҳайдовчиларнинг бир одати бор: улар иложи борича тўрт кишилик гуруҳни машинасига олмасликка ҳаракат қилишади. Ахир билиб бўладими... Йўловчиларнинг бир-бирларини танимаганлари маъқул. Мабодо улар ичида аёл киши бўлса янада яхши...
Эрталабдан буён Исомиддинга айтадиган гапларини хаёлида пишитаётган, ҳаяжон зўридан тузукроқ тушлик ҳам қилолмаган Содиқ аввал иккита эркак мижоз топди, сўнг иккита йигитчани. Эркакларнинг совуқроқ башараси ўзига ёқмаган бўлса-да, уларни олди-ю, йўлга чиқди.
Содиқ шошарди. Тезроқ шаҳарга етиб борса-ю, Исомиддинни топиб, шундай-шундай деса... Кейин... ҳаммаси, ҳаммаси ўзига қолса... Кейинги ҳафталар оппоққина «06» олса...
Содиқ беихтиёр илжайиб қўйди...
Машина Пахтакор шаҳри қайрилишидан ўтиб, очиқ майдонга чиққан маҳал Содиқ бўйнига арқон ташланганини сезди. У ажабланиб ёнбошига қаради. Арқонни орқада ўтирган йигитчалардан бири ташлаганди, ёнбошда ўтирган турқи совуқ эркак пичоқ яланғочлаб турарди. Содиқ ҳатто қўрқишга ҳам улгуролмади — муздай тиғ биқинига «порт» этиб санчилди...
Йўл бўйидаги ариққа ташлаб кетилган, сувда шишиб кетган мурда уч кундан кейин топилди...
Терговчилар марҳум кийган жинси шимнинг орқа чўнтагидан тилла соат топишди. Қолган чўнтаклар бўм-бўш эди. Соат орқасида ёзув бор эди, шу сабабли унинг эгаси тезда топила қолди.
Исомиддин кўп эзилди. Миршабларга «Содиқ дўстим мени деб ўлиб кетди!» деб йиғлаб борди, дўст-биродарларига кўзда ёш билан Содиқнинг мардлиги, тантилиги, айниқса ўзининг ўғирлаб кетилган нарсаларини топиш учун астойдил ҳаракат қилганини, эҳтимолки шунинг учун жонини қурбон қилганини айтиб чарчамасди.Бу эътироф Исомиддинга сал қимматга ҳам тушди: Содиқнинг хеш-уруғлари чуввос солиб унга ёпишдилар; эркаклар «қотил» деб сўкдилар, аёллар мунғайиб турган «заправкачи»нинг юзини тирнаб ташладилар...
Исомиддин дўст-биродарлари билан Содиқнинг маъракалари ўтказилишига бош-қош бўлиб турди. Сўнг «Қарзим бор эди», дея уч юз минг сўм ташлаб кетди. Аммо марҳумнинг хеш-уруғи бу миқдордан қониқмаган, яна шунча талаб қилган...

Исомиддинни бир неча бор Содиқнинг қабри ёнида кўзда ёш билан тиловат қилиб ўтирган ҳолда кўрганлар «Энг яқин, энг содиқ дўстидан ажралиб қолди-да, бечора», дея афсусланиб бош чайқаб қўйишарди. Аммо «Ахир, ёшгина Содиқ шуни деб ўлиб кетди. Виждони қийналаётган-да», дегувчилар кўпроқ эди...
Mualifning boshqa asaralari
1 Alvido, goʻzallik… (hikoya) [Abduqayum Yoʻldosh] 1489
2 Алвидо, гўзаллик... (ҳикоя) [Abduqayum Yoʻldosh] 682
3 Endi nima qilaman? (hikoya) [Abduqayum Yoʻldosh] 0
4 Энди нима қиламан? (ҳикоя) [Abduqayum Yoʻldosh] 0
5 Hayot endi boshlanadi (hikoya) [Abduqayum Yoʻldosh] 945
6 Hayot shafqatsiz... (hikoya) [Abduqayum Yoʻldosh] 893
7 Ҳаёт шафқатсиз... (ҳикоя) [Abduqayum Yoʻldosh] 691
8 Ҳаёт энди бошланади (ҳикоя) [Abduqayum Yoʻldosh] 697
9 Javobi bor... (hikoya) [Abduqayum Yoʻldosh] 917
10 Жавоби бор... (ҳикоя) [Abduqayum Yoʻldosh] 679
11 Katta odamning kichkina tanishi ... [Abduqayum Yoʻldosh] 972
12 Катта одамнинг кичкина таниши (ҳ... [Abduqayum Yoʻldosh] 712
13 «Meni sindirishdi...» (hikoya) [Abduqayum Yoʻldosh] 763
14 «Мени синдиришди...» (ҳикоя) [Abduqayum Yoʻldosh] 687
15 Otasining qizi (hikoya) [Abduqayum Yoʻldosh] 1272
16 Отасининг қизи (ҳикоя) [Abduqayum Yoʻldosh] 644
17 Qaydasan, moʻjiza… (hikoya) [Abduqayum Yoʻldosh] 1120
18 Qizil tilla, qip-qizil tilla (hi... [Abduqayum Yoʻldosh] 994
19 Қайдасан, мўжиза… (ҳикоя) [Abduqayum Yoʻldosh] 985
20 Қизил тилла, қип-қизил тилла (ҳикоя) [Abduqayum Yoʻldosh] 688
21 Tilla soat (hikoya) [Abduqayum Yoʻldosh] 835
22 Toʻy (qissa) [Abduqayum Yoʻldosh] 1414
23 Тўй (қисса) [Abduqayum Yoʻldosh] 659
24 Yolgʻon va haqiqat (hikoya) [Abduqayum Yoʻldosh] 1213
25 Ёлғон ва ҳақиқат (ҳикоя) [Abduqayum Yoʻldosh] 703
26 Юлдузнинг йўли (қисса) [Abduqayum Yoʻldosh] 680
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика