Юлдузнинг йўли (қисса) [Abduqayum Yoʻldosh] |
— ...Мен ҳали машҳур артист бўлиб кетаман! Юлдуз бўлиб кетаман! Ҳа, у худди шундай деди. Гўё икки карра икки тўртлиги қанчалар ҳақиқат бўлса, унинг машҳур хонандага айланиши ҳам худди шундай исбот талаб қилмайдиган аксиомадек. Талаба йигитлардан бир-иккитаси истеҳзо билан кулиб қўйишди, толиба қизлардан уч-тўрттаси лаб буришди. Семиз Комила эса пичинг қилишдан ўзини тийиб туролмади: — Вой ўлиб қоламан... — Сўнг нафрат билан қўшиб қўйди: — Жинқарча! Ваҳоланки, келажак манзарасини айтаётган маҳал йигирма ёшлардаги қотма йигитнинг кирпи сочларими, қирра бурними, шахд билан қимтилган юпқа лабларими, қорачиқларида ёнаётган лахча чўғми — нимасидир парвозга шайланаётган лочинни эслатарди. Афтидан, йигит кўп бор давраларда ўзининг бу даъвосини айтган ва мазахларга, ошкора беписанд муносабатларга хўб дуч келавериб ё ўрганиб қолган, ё териси қаттиқлашган, шекилли, Комиланинг ҳақоратини қулоқлари тагидан ўтказиб юборди-да, ҳеч нарса бўлмагандай яна торини қўлга олди ва берилиб шўх бир мусиқани чала кетди. Мусиқа шўх эди, қўшиқ ҳам шунга яраша бўлди. Аммо... Аммо давра бошқача эди. Шаҳарнинг ҳадисини олиб улгуришган талабалар аллақачон «замонавий» қўшиқларга ўтиб олишган эди. Қизлар DVD дискини қўйишиб, экранда Бьянка деганининг кўкрак ўйинларини мириқиб томоша қилишни хуш кўришарди. Йигитлар эса «ВиаГРА»деган ансамблнинг ярим яланғоч жувонларининг думба ўйинларига ишқибоз. Яна қанчадан-қанча одамнинг ҳаттоки тили келишмайдиган рэп-пэплару, поп-хоплар уларнинг хизматида эди. Бу издиҳомда эса йигирма ёшлардаги йигитчанинг тор тинғирлатиб, биттагина доира жўрлигида қўшиқ айтаётгани давра иштирокчиларига эриш туюлаётганди. Бунинг устига... давра аллақачон «қизиб» улгурганди. Майи нобдан нўш этиб олган талабалар энди-энди рақс тушишни, айримлари эса рақс баҳона бир-бирларининг пинжиларига кириб, қон кўпчиган баданларини бир-бирларига ишқашни ҳам ўринлатишган эди. Шундай маҳал қайдандир пайдо бўлиб қолган ҳофизнинг чираниб, бўйин томирлари ўқлоғдай бўртган ҳолда «жонли» қўшиқ ижро этиши эҳтирослари жўшиб, кўзлари лаззатдан юмила бошлаган меҳмонларнинг устидан совуқ сув қуйиб юборгандай ёқимсиз таъсир кўрсатган эди. Ва ниҳоят ҳофизнинг давра томонидан ошкора тарзда совуққина ва ҳаттоки душманлик кайфияти билан кутиб олинишининг учинчи сабаби шунда эдики, туғилган куни нишонланаётган, аммо аллақачон ғирт маст бўлиб олган, шу сабабли энди хонадагиларга кўзларини аранг очиб, меровланиб қараётган Самад тўсатдан бостириб келган бу икки меҳмонни тузук-қуруқ таништира олмади ҳам; бунинг ўрнига тушуниксиз бир нималарни ғўлдираб қўйди, холос. Шунда ташаббусни ўз қўлига олган ҳофиз асло хижолат чекмаган ҳолда ғилофдан торини олиш асносида эълон қилди: — Мен Самаднинг синфдоши бўламан. Маданиятда ўқийман. Жўрам туғилган кунига таклиф қилиб, бир-иккита ашула айтиб беришимни илтимос қилганди. Мана, биз келдик, хизматингиздамиз. На исмини айтган, на ўзи тенги доирачини таништирган ҳофиз шундан кейин ўзига қўл силкишга уринаётган Самадга қараб илжайиб қўйди-да, оғир бир ашулани айтишга тутинди. Бошқалар ҳали ўзига келиб улгурмасидан бурун тили заҳаргина Комила энгашиб, қўлини қўлига теккизиб турган йигитга шивирлади: — Наҳорги ошга келдим деб ўйлаяптилар шекилли. Ҳофиз бўлса берилиб мақом куйлашда давом этарди. Энсаси қотган меҳмонларнинг бир қисми бир-бирига норози тарзда, қўшиқнинг авжига чиққан маҳал бўйин томирлари ўқлоғдай бўртиб чиққан ҳофизга эса ғазаб билан қараб-қараб қўйишарди. Ахийри қўшиқ тугади. Ҳофизнинг кейинги ашулага чоғланаётгани кўрган Комила нишини суқиб олишдан ўзини тийиб туролмади: — Қўшиқ айтишни яқинда ўргандингизми, ука? Кимдир «пиқ» этиб кулиб юборди. Илло, қизи тушмагур қандайдир қилиғи ёки гап-сўзи билан ўзига ёқмаган йигитларга ҳақоратомуз тарзда «ука» деб мурожаат қиларди. Бироқ ҳофиз довдираб қолмади. Торини тинғирлатиб созлашда давом этиш асносида гўё олдиндан бунақа саволларга тайёрланиб келгандай, Комиланинг истеҳ¬золи гапини ёқасидан олиб енгига ёпиштирди: — Мен болалигимдан бери қўшиқ айтиб келаман, опа. Ўтган йили республика миқёсида ўтказилган иккита конкурсда ғолиб бўлдим. Лекин Комила учун бунақанги тезкор жавоблар нима бўлибди! Ахир ҳатто энг гапга чечан йигитлар ҳам «Комилага гапир-у, қоч! Бўлмаса у гап билан тириклайин терингни шилиб олади!» нақлига амал қилишарди-да. Қиз бу сафар ҳам «терини шилиб олишнинг» устаси эканлигини намойиш этишдан ўзини тийиб туролмади чоғи, атай баланд овозда яна ёнида туриб олган ва тинмай қўлини қўлига теккизишга уринаётган йигитга мурожаат қилди: — Нимагадир бу башарага кўзим тушмаган экан... Шубҳасиз, Комила меҳмонни чақиб оладиган гапларни вагон-вагон қилиб қалаштириб ташларди. Бироқ... ҳофизнинг ўзи бунга имкон бермади: — Тез орада бу башарага ҳамма ерда кўзингиз тушадиган бўлади, опа! — деди йигит ғурур аралаш ишонч билан. — Чунки... Мен ҳали машҳур артист бўлиб кетаман! Юлдуз бўлиб кетаман! Ҳатто даҳанаки жангнинг роса ҳадисини олган Комила ҳам аввалига довдираб қолди. Ахир юлдузлик даъвосини ҳар куни эшитавермайсан-ку! Бундан фойдаланган ҳофиз шўх қўшиққа ўтди... Барибир алами ичида қолган экан шекилли, Комила ниҳоят ниятига етиб, ўзининг қўлини маҳкам чангаллаб олган гуруҳдош йигитга қараб тўнғиллади: — Битта мини-диски йўғ-у, юлдуз бўламан дейди... Туя ҳаммомни орзу қилган экан. Бунга ўхшаганлар тиқилиб ётибди... Гап десанг қоп-қоп-у... Гуруҳдош йигит жон-жаҳди билан бош ирғаб, ўзи тузук-қуруқ эшитмаган, маъносини ҳам илғамаган гапни: — Тўппа-тўғри... — дея маъқулларкан, энди зўр бериб қўлини Комиланинг гумбаздай бели томон юборишни мўлжаллашга тушди. Шўх қўшиқ якунланай деб ҳам қолдики, бирон киши даврага чиқиб рақс тушмади. Бошида бир-икки маротаба қизларга қараб «Рақсга» ишорасини қилиб кўрган доирачи даъватига жавобан ҳеч кимда хоҳиш уйғонмаганини кўргач, баттар қовоғини осиб, тумтайиб олди. Ахийри қўшиқ тугади. Ҳофиз енгил таъзим қилиб қўйди. Доирачи эса ўшшайиб тураверди. Хонага бир лаҳзалик сукунат чўкди. Шунда кутилмаганда бир чеккада, кўпчиликка қўшилмайгина турган Нафиса қарсак чалиб юборди. Кўпчилик қиз томонга «ялт» этиб қаради. — Яхши айтаркансиз, — деди баногоҳ бунчалик эътиборга тушиб қолганидан ҳам хижолат тортган, ҳам ҳаяжонланган Нафиса. Сўнг қўшиб қўйди: — Маза қилиб эшитдик. Ўйнаб кетишимга сал қолди. Табиийки, қиз бу гапни азбаройи лутф юзасидан айтди. Бироқ шу мақтовнинг ўзига ҳам кўзлари чақнаб кетган ҳофиз яна бир бор ним эгилди ва эҳтиром билан деди: — Миннатдорман, синглим. Бемалол рақс тушсангиз яхши бўларди. Сиздақанги ҳақиқий мухлислар ҳақиқий санъаткорни илҳомлантиради. Албатта, ҳофизнинг асли тенгдош қизлардан бирини «опа», иккинчисини «синглим» деб аташи, бунинг устига аллақандай китобийроқ ва чучмалроқ тилда гапираётгани ғалати эди. Бироқ Нафиса ҳозир бу ҳақда ўйлаб ўтирадиган аҳволда эмасди. Ўзидан икки ёш катта Самад билан бир вилоятдан эканликлари сабабли, ўзини бу ерда деярли мезбон ҳис қилаётган қиз дарҳол меҳмонларни дастурхонга таклиф қилди: — Марҳамат, марҳамат. Ҳофиз ортиқча мулозамат кутиб ўтирмасдан дарров кўрсатилган жойига бориб ўтирди. Унга гўё «Сенлар бизнинг санъатимизнинг қадрига етмадиларинг» деяётгандек ҳамон қовоғидан қор ёғаётган доирачиси эргашди. Ҳофизнинг бояги гапига ўхшатиб жавоб қайтаришга улгурмагани учун алами ичида турган Комила энди ўзининг белидан қучиб олган йигитга қараб вишиллади: — Бемаза қовуннинг уруғи кўп. Артист дегани босиб кетган ҳамма ёқни. Дарахтни тепсанг, тўрттаси тўкилади. Чақирсанг-чақирмасанг ҳам ҳеч бўлмаса қорнимиз тўяди-ку, деб келишаверади узун-қисқа бўлишиб. Эҳтимол, қиз бу гапни шивирлаб айтмоқчи бўлгандир. Аммо шу қадар қаттиқ шивирладики... деярли ҳамма эшитди. Нафиса музлаб кетди. Стол ёнига етиб борган маҳал ҳофиз таққа тўхтаб қолди, сўнг аста ортига ўгирилди ва ранги қув ўчган ҳолда, бироқ иложи борича хотиржамлик билан, ҳаттоки енгил жилмайиб қўйишга уринган кўйи садо берди: — Мен тез орада юлдуз бўлиб кетаман, опа. Ўшанда дўстим Самадга қўшиб ҳаммаларингни аввал концертимга, кейин шаҳардаги энг қиммат ресторанга таклиф қиламан... — Сичқон сиғмас инига... Хайрият, йигитлардан бири магнитофон тугмачасини босиб юборган экан, хонани шовқинли чет эл мусиқаси босиб кетдию, Комиланинг кейинги гаплари эшитилмай қолди. Зеро, бир боқишдаёқ бир-бирларини мутлақо ёқтирмай қолган бу қиз-йигитнинг даҳанаки жангги узоқ давом этиши аниқ эди. Ўзларига ёқадиган шунақанги жазавали мусиқани кутиб турган йигит-қизлардан бир гуруҳи ликиллаб ўртага чиқиб келишди. Нафиса стулга ўтиришни ҳам, ўтирмасликни ҳам билмай иккиланиб туриб қолган меҳмонни яна бир бор таклиф қилди: — Марҳамат. Ҳофиз ноилож ўтирди, унинг ёнидан бадқовоқ доирачи жой олди. — Марҳамат, дастурхонга қаранглар, — деди уларнинг қаршисидан жой олган Нафиса. Аввал-бошдан талабаларга хос камхаржлик билан безатилган дастурхоннинг аллақачон ранги ўчиб бўлган эди. Айниқса ликопчадаги газак қолдиқлари бу ер кимнингдир жойи эканлигини кўрсатиб турарди. Ҳофиз кичкина нон бўлагини ушатиб, оғзига солди, Нафиса узатган бир пиёла чойдан ҳўплади. Сўнг, ҳамон тўрда, гўё ўзининг бу ерда нима қилиб ўтирганига ҳайрон бўлаётгандай атрофга ажабланиб аланглаётган Самадга бир қараб қўйгач, ундан бир ёруғлик чиқмаслигига ишончи ҳосил бўлди шекилли, торини ғилофга сола бошлади. Буни кўрган доирачи йигит ҳам чилдирмаси ғилофини очди. — Олинглар, олинглар, ҳозир овқат олиб келаман, — мулозаматни давом эттирди Нафиса. Ҳофиз бу таклифга ишонқирамагандай сал жилмайиб қўйди, сўнг қўлини кўксига қўйган ҳолда жавоб сўради: — Энди бизга рухсат, синглим. — Йўғ-э, бу нима деганингиз? — шошиб қолди Нафиса. — Бир пас ўтиринглар. Ҳеч бўлмаса овқатланиб олинглар. Ҳофиз оппоқ тишларини намойиш қилаётгандай яна бир бор илжайиб қўяркан, анчайин беписанд оҳангда гапириб юборди: — Раҳмат, синглим. Асло овора бўлманг. Ҳали борадиган жойларимиз кўп... — Бирровга анча-мунча заказ тушганми? Қулоғи тагида янграган бу истеҳзоли овоздан ҳофиз сесканиб тушди. Зеро бу саволни қаёқдандир пайдо бўлиб қолиб, тепасида гумбаздай бўлиб турган Комила берганди. Аммо ҳофизнинг «маданият»да ўқиши, гапга чечанлиги рост шекилли, шу заҳоти ўзини ўнглаб олди ва иложи борича бамайлихотирлик билан, аммо қизга еб қўйгудай тикилиб турган кўйи жавоб қайтарди: — «Бирров»ларга, опажон, машҳур бўлганимда бораман. Ўшанда мухлисларим менга навбатда туришади... Ҳозирча холис хизмат қилиб юрибмиз. — Ўлар жойда эмасмиз, — бўш келмасди яна ўзига суйкала бошлаган бояги йигитни силтаб ташлаган Комила, — хизматингиз ҳақини тўлашга қурбимиз етади. — Афсуски, мен ўзимга ўхшаган студентлардан пул олмайман. — Студент бўлсак ҳам, тушиб кетган рўмолимизни пул тўлаб олдиришга қурбимиз етади. Шундай экан, битта артистдан тилимиз қисиқ бўлиб қолмайди... — Мени бу ерга бошида рўмоли борлар таклиф қилмаган. Тасаввур қилинг, келсам, собиқ синфдошимни ҳурмат қилиб келдим бу ерга. — Ўша ҳурматингизни нархлаб айтинг-чи... — Унга тўлашга пулингиз етмайди. — Ўзингиз ҳали маҳаллангиздан нари чиқмай туриб, осмондан келасиз-а... — Чунки мен бўлғуси юлдузман-да... Комила пиқиллаб кулиб юборди. Жанжал авж олаётганини кўрган Нафиса жон ҳолатда ўртага тушиб, Комилани жеркиб ташлади: — Боринг, ўйнанг! Тилингиз қичиётган бўлса жанжаллашишга бошқа одам топинг! Нима, ҳофиздан бошқа эрмагингиз йўқми? Комила дугонасига олайиб қаради: — Ҳа, бунча «ҳофиз»лаб қолдинг? Жигарингдан урдими, нима бало? Қип-қизариб кетган Нафиса жаҳл билан қўл силтади: — Э, боринг-е! — Ё бунинг музикасига ўйнагинг келиб қолдими? — Бас қилинг... Фурсатдан фойдаланган ҳофиз шоша-пиша фотиҳа қилган бўлди ва ўрнидан туриб Нафисага мурожаат қилди: — Энди бизга рухсат, синглим. — Вой, ўтирибсизлар-да... — Айтдим-ку, борадиган жойларимиз кўп. Бўлмаса-ку, — шундай дея ҳофиз тепасида гумбаздай қад ростлаб турган Комилага ишора қилди, — Самад баҳона опаларнинг хизматини қилиб, бир дуоларини олсак бўларди-я... Ҳофиз «опа» сўзини алланечук мамнун бўлиб, заҳархандалик билан тилга олар, буни ҳис қилган сайин ўзининг йирик гавдасидан ва ёшига нисбатан каттароқ кўринишидан уялиб юрадиган Комила жиғибийрон бўларди. — Худога шукр, опаларнинг сендай укаларга куни қолмаган... Аммо Нафиса дугонасини бошқа гапиртиргани қўймади. Мусиқа яна баландлашгани сабабли у ҳофизга қараб овозини кучайтирди: — Майли, ундай бўлса, ака. Сизларга катта раҳмат. Алоҳида, ўтирадиган бўлиб келингизлар... — Албатта, албатта... Ҳофиз билан доирачи ўринларидан туришди. Ўзига ёвқараш қилиб қараб турган Комила томонга кўз ташламасликка уринаётган ҳофиз қўлини кўксига қўйиб, хайрлашган бўлгач, зўр бериб сакраб ўйинга тушаётган талабалар орасидан ўтиб эшик томонга юрди. «Миқ» этиб овоз чиқармаган доирачи унга эргашди. Нафиса дарров меҳмонларнинг ортидан йўлакка чиқди. — Обшитамизнинг олдидаги остановкадан маршрутка юради... — дея йўлни тушунтиришга уринди ҳамон дугонаси учун, умуман холис хизмат қилишга келган йигитларга нисбатан бўлган бугунги совуқроқ қабул учун хижолат чекаётган Нафиса. Бироқ ҳофиз уни гапиргани қўймади: — Йўлни биламиз, — деди у яна илжайиб. — Ҳозир нима кўп — такси кўп. Пулини келишсангиз бўлди, истаган маҳал истаган жойингизга обориб қўяди. Шунинг учун сиз биздан хавотир олманг-да, меҳмонлар олдига киринг. Самадгаям ўзингиз қараб турарсиз. Анча тайёр бўлиб қолибди... — Майли. — Хайр. — Яхши етиб борингизлар. Раҳмат. Энди кетиш учун бурилган ҳофиз тўсатдан тўхтади ва қизга қаради: — Айтгандай, исмингиз нима эди? — Нафиса. — Меники Садриддин. Садриддин Меҳриддинов. Эшитганмисиз шунақа исмни? Нафиса довдираб қолди, сўнг ёлғон гапирди: — Эшитганман. Ўша сизмисиз? — Ҳа, менман, — ғурур билан кўкрак керди ҳофиз. — Лекин эшитмаган бўлсангиз ҳам кўп афсус чекманг. Чунки тез орада бу исмни албатта эшитасиз. Чунки мен тез орада машҳур бўлиб кетаман! — Насиб, насиб... — беихтиёр ғудранди қиз. — Сиз билан, анави семиз опа билан ўшанда гаплашамиз... Лекин сиз билан ундан олдинроқ ҳам учрашиб қолсак керак... Майли, ҳозирча хайр. — Хайр. Садриддин исмли бу ҳофиз шахдам қадам ташлаб кетди. Нафиса унинг ортидан ажабланиб қараб қолди. Беихтиёр кўнглидан «Одам ҳам ўзига шунчалик ишонадими? — деган ўй ўтди. Сўнг дарров ҳофизни ёқлай кетди: — Талантига ишонса керакки, шунақа катта гапираяпти. Ахир Худоям сўраганингни беради, дейишади-ку. Ажаб эмас, катта артист бўлиб кетса! Биз шундай одам билан танишлигимиздан фахрланиб юрсак!..» Нафиса ғала-ғовур янада кучайган хонага қайтди. — Келдингми? — истеҳзо билан кутиб олди эшик ёнида ўшшайиб турган Комила. — Мен сени анави жинқарча олифтанинг аврашларига учиб, бирга кетиб қолдингми деб ўйлабман. — Сўнг шикоят қила кетди: — Кўрдингми, тўртта қўшиқни чала-чулпа биладими-йўқми, осмондан келади. Индамасанг, ўзини «Халқ артисти» деб эълон қилибам юборади. — Ким билади, балки ростданам «Халқ артисти» бўлиб кетар, — кулимсиради Нафиса. Комила дугонасига ўқрайиб қаради: — Гўр бўлади! Мозор бўлади! Илжайиб қўйган Нафиса Самаддан хабар олгани шошди. * * * Ким билади, ўша оқшом бўлғуси юлдуз ҳофиз Садриддин Меҳриддиновнинг гапига фаришталар «омин» деб юборишган эканми, ишқилиб, орадан икки ҳафта ўтар-ўтмас Нафиса у билан яна учрашадиган бўлди. Тўғрироғи, шахсан ҳофизнинг ўзи билан эмас, у иштирок этадиган концертда. Чиптани Самад берди. — Садирнинг шахсан ўзи шахсан сенга бериб қўйишимни тайинлади, — деди у. — Қайси Садир? — ҳайрон бўлди қиз. — Анави куни туғилган кунимга келган экан-ку, — тушунтиришга уринди Самад. — Синфдошим. Ўчиб қолган эканман, билмапманам. Одам жа хижолат чекди кейин. — Э, ҳофизми? — кулиб юборишдан ўзини тийиб туролмади ўша оқшомги воқеаларни эслаган Нафиса. — Ўша, — енгил тортди Самад. — Хайрият, эсингда экан. — Бўлғуси юлдуз денг... Энди Самад ҳам кулиб юборди: — Э, у фанат! Неча йилдан бери юлдуз бўлмасам қўймайман деб юрибди. Бўлмаса мактабда ўзимиз қатори туппа-тузуккина юрарди эски бир рубобини тинғирлатиб. Институтга кирдию, айниди-қолди. Ўнгидаям юлдузлик дарди, тушидаям... — Йигит бирдан собиқ синфдошини танқид қилаётганини сезиб қолдию, баттар хижолат тортиб, уни мақташга тушди: — Лекин ўзининг балодеккина овози бор... Хуллас, билет сенга, жавоб бизга. Шошиб тургандим. Бу кичикроқ концерт залида Наврўз байрамига бағишлаб ёш хонандалар иштирокида ўтказиладиган концерт чиптаси эди. Қиз ётоқхона эшигига ёпиштириб қўйилган концерт афишасини кўрганини эслаб қолди. Энг қизиғи, афишани диққат билан ўқиб чиққан Комила лаб бўёғини олиб, афиша устига «х» шаклида чизиқ тортган, сўнг катта-катта ҳарфларда «no star», яъни «юлдуз йўқ» деб ёзиб қўйганди... Ваҳоланки, ўшанда Нафиса дугонаси нима учун бундай қилганига эътибор ҳам бериб ўтирмаган. Демак, «опа» ўзини қаттиқ хафа қилган ҳофизнинг исм-фамилиясини кейинроқ Самаддан сўраб билиб олган... Ўйлай-ўйлай, ахийри Нафиса концертга боришга қарор қилди. Ўша куни ҳар эҳтимолга қарши битта каттароқ гулдаста ҳам сотиб олди. Ахир чипта текин бўлгандан кейин, гулга пул сарфлашга ҳаттоки толиба ҳам оғринмайди-да... Зал ҳақиқатан ҳам кичкинагина экан. Шундаям у ер-бу ерда бўш ўринлар олақуроқ бўлиб кўзга ташланиб турибди. Нафиса ёнида ўтирган, дамо-дам қўл телефонларига ёпишаётган қизларнинг беписанд гап-сўзларидан уларга чипта мажбурлаб тарқатилганини тушуниб қолди. Концерт бошланди. Уч-тўртта ёш хонанда бирин-кетин саҳнага чиқиб ашула айтишди. Чапаклар ҳам унчалик жонли чиқмади, номига ва жуда сийрак бўлди. Нафиса яна ёнида ўтирган билағон, олифта қизларнинг беписанд ва ҳақоратомуз тарзда «фанера» деб қўйишларидан хонандаларнинг жонли эмас, фонограммада қўшиқ айтишаётганини тушунди. Қўшиқлар орасида катак шапка кийган, қоп-қора, семиз киши ҳарсиллаб саҳнага чиқарди-да, «Мен шоколадли қуёнман» қабилидаги бачкана гаплару анчайин пардасиз латифалар билан томошабинларни кулдиришга уриниб қоларди. Аммо пули куйган талаба томошабинлар унчалик кулишмас, жуда нари борса тиш оқини кўрсатиб қўйиш билан кифояланишарди. Ниҳоят дастур ўрталарида саҳнага Садриддин Меҳридиновни таклиф этишди. Ялтироқ костюм-шим, сариқ кўйлак кийган, энли қизил бўйинбоғ таққан, орқага силлиқ таралган сочига нимагадир ялтироқ кукун сепиб олган Садриддин торини кўтарганча микрофон қошига салобат билан юриб келишга уринаётганида яна Нафисанинг ёнида ўтирган қизлардан бир-икккитаси пиқирлаб кулиб юборишди. Сўнг улардан бири мазах оҳангида хитоб қилди: — Масхарабоз! Бу орада микрофон ёнига етиб келган Садриддин томошабинларга икки бора ним эгилиб таъзим қилди ва торини қўлига олди. Бу шўх қўшиқ эди. Нафиса шундагина қўшни қизлар нима учун беписанд лаб буриб, бир-бирларига маънодор тарзда «фанера» деб қўяётганини тушунди: Садриддиннинг якка ўзи битта тор билан қўшиқ айтаётгани ҳолда мусиқада ғижжагу доирадан тортиб дутору найга қадар бўлган асбобларнинг чалинаётгани эшитиларди. Бунинг устига, фонограммадан фойдаланаётган бўлса-да, бечора Садриддиннинг бўйин томирлари ўқлоғдай бўртиб кучанаётгани ғалати кўринарди. Томошабинларнинг деярли ҳаммасини ташкил этган талабаларнинг аксарияти қўшиқни эшитишмади ҳам ҳисоб. Буни кўриб-билиб, сезиб турган Нафиса яна эзилиб кетди: ахир ҳофиз концертга қанчалик тайёрланган, ҳаяжонланган. Ахир концерт ҳофиз учун имтиҳон топшириш билан баробар-да. Булар бўлса... Ўзбек қўшиқларининг яхши бир томони борки, авждан кейин аста-секин сусайиш бошланади. Бу эса тезда қўшиқ тугашидан далолат ҳам беради. Ана шу сусайиш бошланганини англаган заҳоти Нафиса гулдастанинг шилдироқ қоғозини эҳтиётлик билан ушлаб кўтариб олди ва чеккадаги йўлакчадан аста-секин саҳнага яқинлаша бошлади. Мана, қўшиқ тугади. Афтидан, гулдурос қарсаклар ва ҳайқириқлар кутган Садриддин залга жовдираб қаради. Аммо енгил қарсак эшитилди, холос. Катта гулдаста кўтарган Нафиса дарҳол саҳнага кўтарилди ва илдам борганча гулни ҳофизга тутди. Ҳаяжондан Садриддиннинг кўзларидан ёш чиқиб кетди. Мудраб ўтирган томошабинлар ҳам бирдан саҳнада катта гулдаста кўтарган чиройли қиз пайдо бўлиб қолишганини кўришгач, «Зўр бир нарса ижро этилди шекилли» деган ўйда жонланиб қолишди. Ана шунда... ана шунда ўзини чиндан ҳам ортидан даста-даста гул кўтарган лак-лак мухлисалари эргашиб юрадиган катта ҳофиз ҳис қилиб юбордими, ҳар тугул Садриддин энгашиб, гул тутиб турган қизнинг ёноғидан ўпиб олди. Томошабинлар ёшлар эмасми, буни кўриб қийқириғу ҳуштакбозлик аралаш қарсакка зўр беришди. Айниқса йигитларга Худо бериб қолди. Концерт бошланганидан бери залда биринчи маротаба гулдурос қарсак янгради. Бундан ажабланган концерт ташкилотчилари ҳам саҳна ортидан мўралаб, зални ҳайратланиб кузатишга тушишди. Ишқилиб, Садриддининг обрўйи бирдан ошди-қолди. Буни ўзи ҳам сезди чоғи, ял-ял яшнаб кетган йигит гулдастани қабул қилиб олаётган маҳал Нафисага шипшишга улгурди: — Концертдан кейин кетиб қолманг, илтимос. Ногаҳоний ўпични кутмагани боис қип-қизариб кетган қиз ноилож бош ирғади. * * * Орадан ярим соатлар ўтганидан сўнг концерт тугади. Томошабинлар издиҳомига қўшилиб ташқарига чиқиб олган Нафиса соф кўклам ҳавосидан тўйиб-тўйиб нафас олди-да, сўнг ҳофизга берган ваъдаси эсига тушиб қолиб, кириш эшигидан нарироққа, зинапоя ёнига бориб турди. «Балки Самадга бирон гапи бордир, — деган ўйга борди Нафиса. Кейин ўзича қарор қилди: — Профессорни ўн беш минут кутамиз. Майли, бу кишини ўн минут кутаман. Келмаса — кетаман-бораман. Кеч бўлиб қолди, ҳали автобус юрадими-йўқми... Такси фалон пул сўраса керак...» Бетоқат тарзда соатига дамо-дам қараб қўяётган қизнинг аниқ эсида: энди кутишнинг ўнинчи дақиқаси бошланган, сўнгги томошабинлар ҳам зални тарк этган ва Нафиса елкасига осиб олган бежирим сумкачасини тўғрилаб, бекат томон юрмоқчи бўлаётган эди. Худди шу маҳал кулранг костюм-шим кийиб олган, бир қўлида ғилофга солинган тор, иккинчисида каттагина сумка ва Нафиса тақдим этган гулдастани кўтарган Садриддин залнинг ён томонидаги зинадан ошиғич тарзда чиқиб келди. — Кўрдингиз-а? Ўзингиз кўрдингиз-а? — деди кўзлари чақнаётган йигит ҳовлиқиб. — Ўз кўзларингиз билан кўрдингиз-а? Дабдурустдан гап нима ҳақида кетаётганини англамаган қиз ноаниқроқ тарзда бир нима деб ғўлдираган бўлди. Аммо етти қабат осмон устида, булутлар бағрида сузиб юрган йигит мухлисасининг ҳолатига ёинки ўзини тутишига эътибор берадиган даражада эмасди. — Буни бориб Самадга айтиб берасиз, анави семиз опага айтиб берасиз... Улар билиб қўйишсин халқ ўз талантини қандай қадрлашини! Гулдурос қарсак нақ беш минут тинмади-я! Администратор ҳайрон. «Бунақа овация фақат юлдузларга насиб этарди. Э, сенга гап йўқ!» деб юборди. Директор ўз оғзи билан «Беш кетдим!» деди. Анавиларнинг бўлса барисининг кети куйиб кетди. Барисининг қовоғи солиниб кетди. Биттаси бўлса уялмай-нетмай «Буни ўзинг уюштирдингми?» дейди. Ярамас! Ҳаммани ўзига ўхшатади-да. Тўрттасига текин билет берган экан, ҳаммаси қуруқ қўл билан келибди. Шунинг аламини мендан олмоқчи бўлди-да. Лекин менам бўш келмадим. Шартта «Бу қизни умримда биринчи кўриб туришим эди!» деб юбордим. Ичиқоралигидан рангиям қорайиб кетди аблаҳнинг. «Агар танишинг бўлмаса нега унинг қулоғига бир нарса деб шивирладинг?» дейди пасткаш. Дарров гапини ёқасидан олиб енгига ёпиштирдим: «Учрашувга таклиф қилдим, концертдан кейин кўришмоқчимиз!» дедим. Бўлди, ўчди шу билан. Лекин, биламан, гапимга ишонмай ортимдан пойлоқчилиб қилиб чиқади. Ҳа, ана, қаранг, кўзи йилтираб турибди аблаҳ... Нафиса беихтиёр йигит ишора қилган тарафга кўз ташлади. Дарҳақиқат, Садриддин ҳозиргина чиқиб келган тарафдаги қоронғулик бағридан бир жуфт йилтираб турган кўз кўрингандай бўлди. — Ишонмайди, орқамдан пойлайди... — зорланишга ўтди ҳофиз. — Ўзингиз айтинг, шунақалар билан бирга ишлаб бўладими, Нафисахон? Албатта, қизнинг йигитга раҳми келди, шунақалар билан бирга ишлашга мажбур бўлгани учун ачинди ҳам. Аммо вақт ўтиб борарди. Ётоқхона эса олисда... — Садриддин ака... — дея ниҳоят йигитнинг гапини бўлишга уринди Нафиса. Лекин ҳофиз уни эшитадиган аҳволда эмасди. Шикоятга зўр берган йигит баногоҳ гулдастани қизга тутди ва уқувсизлик билан сумка ҳамда торни бир қўлига оларкан: — Менинг қўлтиғимдан олинг, — деб шипшиди. Гарангсиб қолган Нафиса беихтиёр шивирлаб сўради: — Нега? — Анави аблаҳ орқамдан пойлаяпти, — ерга қараб, янада паст овозда изоҳ берди йигит. — Ҳозир кетиб қолсангиз, уч ой менга кун бермай, мазахлаб юради. Кўролмайди-да, кўролмайди. Талантимни тортиб ололмагандан кейин сассиқ гап қилиб асабимни ўйнатиш ҳаракатига тушиб қолади... Тўғриси, Нафиса ҳофизнинг ким ҳақида гапираётганини, нима демоқчи бўлаётганини унчалик тушунмади. Тушунгани шу бўлдики, қандайдир ҳамкасабаси Садриддиннинг ортидан чиққан ва ҳозир уни қоронғуликда кўзлари йилтирабгина пойлаб турибди. Энди унинг шубҳасини тарқатиб юбориш учун қиз ҳофиз билан қўлтиқлашиб кетиши керак... «Гадонинг душмани гадо бўларкан-да доим», деган ўйга борган қиз ноилож ҳофизнинг билагидан тутди. Икковлон биргаликда бекат томон юришди. Нафиса нимадир демоқчи бўлиб оғиз жуфтлади, лекин ҳофиз аста пичирлаб, уни гапиртиргани қўймади: — Тс-с... Орқамдан келаяпти, аблаҳ... Буниси энди ҳаддан ортиқ эди. Ким келаяпти, нимага келаяпти, умуман олганда эса, келса нима?.. Нафиса бозордаги томошақовоқ эмаски, кимнингдир олдида ҳофизнинг обрўси тушиб қолмасин дея унинг қўлтиғига кириб юрса... Концерт зали ёнидаги катта кўчада эса таксилар қаторлашиб турарди. Машиналарни кўрган заҳоти қаддини тик тутиб, атрофга янада виқор билан боқа бошлаган Садриддин энг олдинда турган «Жигули»га эмас, ўртароқда турган оппоқ «Нексия»га яқинлашди. — Пул кетса кетсин, обрў кетмасин. «Нексия»га минганимни кўриб, кечаси билан ухламай чиқадиган бўлди, аблаҳ... — шивирлаб тушунтириш берди ҳофиз. Ҳа, йигит «минганимни» деди, яъни бирликда гапирди, инчунун гапининг авзойига қараганда қиз билан шу ерда хайрлашадигандек эди. Нафиса бўлғуси юлдузнинг ўша кўринмас ичиқора душмани билан бугунги жангги шу ерда якун топишини ўйлаб сал енгил тортгандек бўлди. Бироқ... ўрта ёшлардаги ҳайдовчи мулозамат билан орқа эшикни очиб турарди. Энди ўзини юлдузларга хос озгина паришонхотиру мудом ижод ташвиши билан банд одамдай тутаётган ҳофиз эса худди шундай бўлиши керакдай аввал шошилмасдан нарсаларини орқа ўриндиққа жойлади, сўнг қизни таклиф қилди: — Марҳамат. Иккиланиб турган қиз ҳатто эътироз билдириб улгурмасидан Садриддин яна гўёки чуқур хаёл оғушига ботганча олдинги эшикни очиб, ичкарига кириб ўтириб олди. Нафиса типирчилаб қолди. Бир кўнгли ҳофиз билан шу ерда хайрлашмоқчи бўлди. Ахир у ўз оғзи билан «машинага минганимни» деб гапирди-ку. Кейин бирдан хаёлига «Балки аввал мени ташлаб ўтмоқчидир» деган ўйда ноилож орқанги ўриндиққа чиқди. Машина оҳиста ўрнидан қўзғалди. — Тамом бўлди! — дея тантанали равишда эълон қилди машина катта йўлга чиққан маҳали ортига ўгирилиб, оппоқ тишларини яна бир бор намойиш этмоқчидай илжайиб қўйган Садриддин. «Буларнинг ишиям қийин экан», деб қўйди ўзича Нафиса барибир шунча саъй-ҳаракат нимага қаратилганини унчалик англамаган ҳолда. Ҳофиз таксичига... ўз манзилини айтди. Лекин қиз яна эътироз билдиришга улгуролмай қолди. — Бугун катта иш қилдим! — ғурур ила яна дийдиёсини бошлади ҳофиз бу орада. — Ўзингиз кўрдингиз, халқ мени таниди. Халқ мени олқишлади. Кўрасиз, шу қўшиғим хит бўлади. Кўпи билан ҳафта-ўн кун деганда кассеталарда, дискларда пайдо бўлади. Аввал радиоларда айлантираман. Кейин бироз пул топиб, клип қилдираман-да, телевидениега бераман. «Марказ» билан «Ёшлар»нинг ўзи етади. Бир ой ичида ўз кучим билан рейтингнинг кучли учлигидан жой олишим аниқ. Майли, қолган иккитаси сотилган бўлсин. Ўрта ёшлардаги ҳайдовчи йўловчига ҳурмат-эҳиром билан қараб қўйди ва сўради: — Кечирасиз... сиз ҳалиги... қўшиқчимисиз? Бундай иззатни пулга сотиб олишга тайёр ҳофиз қайрилиб ўтирган жойида ғурур билан кўкрак керди ва қиёссиз фахр билан садо берди: — Ҳа, мен хонандаман! Беш минути кам юлдузман! Таксичи тирик артистни биринчи марта кўриб тургандай унга янада эҳтиром билан қараб қўйди ва навбатдаги саволини берди: — Бугун концерт бердингизми? Ҳузурдан эриб кетаётган ҳофиз кўзларини юмди ва энг оддий ҳақиқатни тан олишга мажбур бўлаётгандай бош ирғади: — Шундай қилдик, ака. Ё ҳайдовчи аслида шумгина одам эди, ё чинданам соддалиги бор, ишқилиб кейинги саволни беришдан ўзини тийиб туролмади: — Афишада ўнтача фамилия кўргандай бўлувдим... Ҳофиз бепарво қўл силтади: — Э, уларга ит ҳам қарамади. Мен саҳнага чиққанимда зални қарсак босиб кетди. Ҳамма ҳайрон қолди. — Сўнг ҳофиз худди ҳайдовчи ўзининг гапига ишонмай қоладигандай, шоша-пиша қизга ишора қилди: — Мана, Нафисахон шахсан гувоҳ. Тўғрими, Нафисахон? Илжайиб қўйган ҳайдовчи қаршисидаги кўзгучадан қизга кўз ташлади. Хижолатдан қизариб-бўзариб кетган, ғужанак бўлиб олган қиз шоша-пиша бош ирғаган бўлди. Аслида эса, Нафисанинг ичини ит таталаётгандай эди. Ким билади, эҳтимол бўлғуси юлдузлар ёки артистларнинг ҳаммаси ўзларини шундай тутиб, сал ошириб, кўпиртириб гапиришар, «халқ, мухлисларим...» деган сўзларни ўйламай қалаштириб ташлайверишар. Бироқ, масалан, мутлақо нотаниш ҳайдовчининг олдида ҳам мақтаниб қўйишдан не наф? Ё артистлар шу йўл билан мухлислари сонини орттиришармикан? Бироқ авзойига қараганда, таксичи «Лўлининг эшагини суғор, пулини ол» қабилида иш юритадиган ўта айёр, устомон одамга ўхшайди. Гўё қизнинг фикрини тасдиқлагандай, ҳайдовчи: — Халқ албатта сизга ўхшаган талантларнинг қадрига етади, ука, — деб қўйди алланечук носамимий тарзда, ҳаттоки мазах қилаётгандай. Ҳофиз эса отасидан хўрозқанд олган ёш боладай баттар талтайиб кетди. — Ижодимни янада кучайтираман, — дея Садриддин яна қизга ўзининг оламшумул режаларини тўкиб сола бошлади. — Аввал бир-иккита юлдузлар билан дуэт куйлайман. Бу тезроқ танилиб олишим учун-да. Тузукроқ аранжировкачи топаман. Бир таниш шоир акахоним бор. Ўшани ишга соламан. Ана ундан кейин дарров ўзимнинг дискимни чиқараман... — Плакат чиқаринг, плакат, — орага қўшилди илжайиб қўйган ҳайдовчи. — Расмингизни катта қилиб, календарниям қўшиб. — Буям тўғри, — дарҳол рози бўлди ҳофиз. — Фақат... йилнинг уч ойи ўтай деб қолди-ку. Халқ қабул қилармикан? — Ўзимизнинг янги йил энди кираяпти-ку, — бўш келмади ҳайдовчи. — Сиз наврўздан бу ёғини календар қилинг. Асосийси — ўзингизнинг катта, рангли суратингиз. Сизнинг расмингизни кўргач халқ талаб олиб кетади. — Буям идея, ўйлаб кўриш керак... — ҳайдовчи томонга миннатдорона боқди ҳофиз. Барибир, Нафисанинг назарида бу ерда нимадир нотўғри бўлаётгандек эди. Дейлик, манави айёр ҳайдовчининг ҳам, ҳаттоки ҳофизнинг ҳам бўлар-бўлмасга ўртага халқни қўшавериши, унинг номидан гапиравериши ўринсиздай эди. Тўғри, ҳар иккалови ҳам халқнинг вакили, аммо уларнинг халқ номидан гапиришга маънавий ҳуқуқлари, ваколатлари бормикан... Бунинг устига... бунинг устига боя концерт залида юз-икки юзта талаба йигит-қизнинг ҳуштак чалиб, қарсакка зўр бергани ҳали ҳофизнинг халқ томонидан эътироф этилганини билдирмайди шекилли... Албатта, қиз ҳозир бу мулоҳазаларини тилга олиб бўлмаслигини ҳис этиб турарди. Балки кейинчалик Самад билан гаплашар. Ҳар не бўлганда ҳам ҳофиз ҳар иккаловининг юртдоши, Самаднинг жон синфдоши... Такси кўп қаватли уйлардан бирининг ёнига келиб тўхтади. Нафиса таксичини бежиз айёр одам деб ўйламаган экан. Зеро у ҳофизнинг: — Қанча бўлади, ака? — деган саволига боплаб жавоб берди. — Сиздек одамдан пул олишнинг ўзи ноқулайку-я, лекин, майли, сизники табаррук, кейин, юлдуз бўлиб кетганингизда ҳаммага мақтаниб юраман, шу акамнинг хизматини қилганман деб, шунча берақолинг... Нафиса Садриддиннинг ранги ўчиб кетганиданоқ таксичи камида уч баробар кўп пул сўраганини тушунди. Аммо ўзи айтганидай ҳофиз «Пул кетса кетсин, обрў кетмасин» дейдиганлар тоифасидан эди. Худди тишини суғуриб олаётгандай ёнидан айтилган пулни чиқариб бераркан, шу ердаям катталик қилиб қўйишдан ўзини тийиб туролмади: — Кейинги концертимдаям хизматда бўларсиз, ака. Ҳайдовчи илжайди: — Албатта, ука. Агар унгача «Мерс»ми, «Ласетти»ми сотиб олиб қўймасангиз... Мана шу кичкинагина мақтов аралаш хушомад ҳам шўрлик ҳофизнинг кайфиятини осмон қадар кўтариб юборди. Аввалига Нафиса шу таксида ётоқхонасига қадар етиб олмоқчи эди. Бироқ ҳайдовчининг қув кўзлари ўзига ёқмагани учун «Садриддин акага айтсам, шопири кексароқ такси ушлаб берар», деган қарорга келди. Ҳофиз яна тори ва сумкасини қўлига олди, гулдастани қизга тутди. Индамаса, йигитнинг уй томон юрмоқчи бўлаётганини кўрган Нафиса дарҳол: — Энди мен қайтайин, Садриддин ака, — деди. Ҳофиз қизга ҳайрон бўлиб қаради. — Қаёққа? — Ётоқхонага. — Шу маҳалда-я? — Нима қипти, — кулимсиради қиз. — Ҳозир нима кўп — такси кўп. Пулини келишсангиз... Айтмоқчийдимки, менга такси тўхтатишга ёрдамлашиб юборинг. Ҳайдовчиси кексароқ одам бўлса бехавотир кетардим. Ҳофиз кўзларини катта-катта очди: — Байрам-чи? Ҳайрон бўлиш навбати қизга келди: — Қанақа байрам? — Биринчи концертимни, катта муваффақиятимни нишонламаймизми? — йиғлагудай бўлди ҳофиз. Қизнинг назарида, яна қандайдир тушунмовчилик содир бўлаётгандай эди. Ҳар қалай, оғизни тўлдириб «Биринчи концерт... катта муваффақият» дейишга ҳали эрта-ёв. Айни пайтда Нафисанинг қаршисида мўлтираб турган йигитга раҳми келди. Беихтиёр Самаднинг бир гапини эслади: «Э, у фанат! Неча йилдан бери юлдуз бўлмасам қўймайман деб юрибди...» Афтидан, ҳофиз учун дунёда қўшиқдану машҳур бўлишдан бошқа ташвиш йўқ шекилли. — Самадниям чақирганман, — деб қолди бир маҳал Садриддин. — Земляклар бир ўтирсак ўтирибмиз-да. — Самад акаям келадими? — бирдан жонланиб сўради Нафиса. — Аллақачон келибам ўтиргандир. Битта калитни бериб қўйганман унга. Концертингга боролмайман, лекин зиёфатингга бораман, деганди. Қани, юринг-чи. Сал енгил тортган Нафиса ҳофизга эргашди. * * * Йўқ, Нафиса адашган экан. Ҳофизни бу дунёда қўшиғу машҳур бўлишдан бошқа нарсалар ҳам қизиқтираркан... Тўққиз қаватли уйнинг еттинчи қаватидаги бир хоналик квартира. Ҳам ётоқхона, ҳам ижодхона, ҳам меҳмонхона вазифасини ўтайдиган ягона хона камбағаллик ва ғарибликнинг тимсолидай эди. Полда арзон палос, деворларда ранги ўчган, баъзи жойлари кўчиб ҳам қолган гулқоғозлар... Ўртада хонтахта. Чеккада шалоғи чиқиб кетган телевизор. Чап деворга тақаб қўйилган шифонер. Каталакдеккина ошхона. Доғ босган газ плитаси. Крандан совуқ сув шилдирабгина оқиб турибди. Кичкина балкон. Бурчакда худди балконнинг ўлчамларига мослаштирилганга ўхшаш, одамнинг тиззасидан келадиган холодильник. Самад ҳали келмаган экан. Бўлғуси юлдузнинг шоша-пиша хонтахта устини йиғиштираётганини кўрган Нафиса: — Мен ўзим, — дея ҳофизнинг қўлидан ишларни олди. Одмигина дастурхон ёзилди, икки ликопча майиз, қовурилган ерёнғоқ қўйилди. Балконга чиқиб, ўзига ярашиб турган спорт кийимини кийиб келган Садриддин сумкасидан саҳна либосларига қўшиб алоҳида салафан халтачага солинган иккита нон, шоколад, яримта колбаса ва битта коньяк чиқарди. Ичимликни кўрган қиз безовталаниб қолди. Бу орада ҳамон оғзи тинмаётган ва, табиийки, фақат бугунги муваффақияти ҳақида тўлиб-тошиб гапираётган ҳофиз Нафисани ўтиришга таклиф қилди. Қиз ноилож ўтирди. Йигит фотиҳа қилган бўлди ва шу ерда ҳам ўзини қўшиб кетди: — ...Машҳур бўлиб кетганимда сиз билан катта-катта ресторанларда ўтирайлик. Омин. Қиз илжайиб қўйди. У илдам бориб, қора чой дамлаб келганида Садриддин аллақачон коньякни очган ва икки пиёлага яримлатиб қуйишга ҳам улгурган эди. — Менинг бугунги муваффақиятимни ювмасак бўлмайди, Нафисахон, — деди у ялингудек бўлиб коньяк қуйилган пиёлани узатаркан. Қиз ўзига ярим пиёла чой қуйиб олди: — Менга манави бўлади. Бу Самад акага туриб турсин. — Самаднинг насибаси бўлак, — оёқ тираб туриб олди ҳофиз. — Шундай кунда менинг қувончимга шерик бўлмасангиз бўлмайди. — Мен ўзи умуман ичмайман. — Мен ҳам! Лекин шундай кунда... — Ҳозир Самад ака келиб қолса ноқулай бўлади... Қўйинг. Мен чой ичиб қўя қолай. — Самад ўзимнинг жўрам. Бугунги муваффақиятимни эшитса, битта коньякни бир ўзи ичиб қўйиши аниқ. — Лекин мен ростданам ичмайман. — Мен ҳам, дедим-ку! Лекин наҳотки... — ҳофизнинг кўзлари ғилтиллади, — менинг биринчи концертимни, биринчи муваффақиятимни, халқнинг олқишини кўриб туриб... Садриддининг кўнгли бўшашиб, ўпкаси тўлиб бораётганини кўрган Нафиса ноилож пиёлани қўлига олди. — Қани, менинг муваффақиятим учун! — қадаҳ сўзи айтди йигит. — Тезроқ юлдуз бўлишингиз учун, — кулимсираб тилак билдирди қиз. — Энди бу тарафдан проблема йўқ! — ишонч билан таъкидлади ҳофиз. — Лекин агар ниятингиз чин бўлса, пиёлани «оқ» қилиб берасиз. Шунда ишонаман. — Йўқ, Садриддин ака, мен ҳечам ичмаганман. — Ахир... шундай кунда... халқ олдидаги биринчи имтиҳонимдан кейин... ўзингиз кўрдингиз-ку... Йигит кишининг ялиниб туришини эшитиш, томоша қилиб туриш ғалати бўларкан. Ноилож қолган Нафиса коньякдан бир ҳўплади. — Йўқ! Йўқ! — туриб олди ҳофиз. — Наҳотки истакларингиз самимий бўлмаса! Шуни ичиб беринг. Бўлди. Кейин Самадни кутамиз. Сўнгги дастак сабаб бўлдию, Нафиса кўзларини чирт юмганча аччиқ коньякни охиригача ичиб юборди... Ичини, ичакларини ўткир бир нима тилиб ўтган, кўзларидан дувиллаб ёш қуйилган қизга ҳофизнинг ўзи газак учун шоколад тутиб турарди... Нафисанинг аниқ эсида: ҳофиз учинчи сафар ҳам йиғлагудай бўлиб ялинди, ёлворди: «Ахир менинг халқ олдидаги биринчи муваффақиятим учун... Илтимос... Қолганини Самад келганидан кейин...» Коньяк оч қоринга тез таъсир кўрсатаркан. Шундан кейин Нафиса ҳофизнинг эҳтирос билан, титраб-қақшаганча: — Мен сизни... ўша биринчи кўрганимдаёқ жон-дилимдан севиб қолганман... Сизсиз яшай олмайман... Тасаввур қилинг, мен машҳур бўлиб кетганимда ҳам бирга бўламиз... — деб шивирлаётганини эшитди. Ҳофизнинг ўзи туман орасида қолгандай эди, сўзлари олисдан эшитиларди. Ногоҳ Садриддин қизнинг кафтини синдириб юборгудай даражада маҳкам чангаллади ва: — Сизни яхши кўраман, жоним! — дея хитоб қилди. — Ўзимни, бутун ижодимни сизга бағишлайман. Фақат сиз учун яшайман, фақат сиз учун қўшиқ айтаман!.. Номингизни абадий қиламан... Кўрасиз, мен ҳали машҳур бўлиб кетаман... Сўнг... боши айланаётган, нимагадир дармони қуриб, наинки сакраб туриб кетишга, балки қўлларини кўтаришга ҳам кучи етмаётган Нафиса қулоғи тагида йигитнинг ўтли нафасини сезди. «Ҳозир... Самад ака келиб қолса нима бўлади?» деган даҳшатли ўй миясига чақмоқдек урилган қиз жон-жаҳди билан ўзини орқага олди. Аммо мувозанатини йўқотиб, энсиз кўрпачага чалқанча йиқилди. Тийиқсиз ҳирс измида қолган ҳофиз буни бошқача тушунди шекилли, ўзини қизнинг устига отди... * * * Ҳофиз Садриддин Меҳриддинов-ку, иши битгач, пишиллаб ухлаб қолди. Оғир бўлгандан Нафисага оғир бўлди. Тонгга қадар овоз чиқармасликка уринганча, ёстиқ жилдини маҳкам тишлаган кўйи эзилиб йиғлаб чиқди қиз бечора. Зеро, у ҳеч мана шундай тангу тор, исқирт бир хонада, тўйсиз, чимилдиқсиз бир тарзда, маст ҳофизнинг чангалида, ўзи ҳам кайф ҳолида иффатини йўқотишини тасаввур ҳам этмаганди. Бўлар иш эса бўлганди. Эндиги пушаймондан не наф... Аммо... Нафиса адойи тамом бўлди. Унинг кўзига дунё қоронғу кўриниб кетди. Ҳатто еттинчи қаватдан ўзини ташлаб юборишни ҳам режалаштириб кўрди. Бироқ ўзи ҳам сезиб турардики, бу амалга ошириб бўлмайдиган хом хаёл эди. Энди... биргина йўл қолган эди: тезроқ тўй қилиш, не-не умидлар билан шаҳарга ўқишга юборган ота-онасининг, дугоналарининг олдида юзини ёруғ қилиб олиш... Аммо барибир коньяк ўз кучини кўрсата бошлади. Саҳарга яқин, энди атроф ёриша бошлаган палла кўз ёшларига ғарқ Нафиса қандай ухлаб қолганини ўзиям сезмади. Бир маҳал Нафиса ўзини кимдир турткилаётганидан сесканиб уйғониб кетди. У кўзларини катта-катта очди ва шу заҳоти бари бўлиб ўтган уятли воқеа хотирасида жонланиб, нафаси ичига тушиб кетди. Қизни туртаётган ҳофиз эди. — Уни қаранг! — дерди Садриддин жон ҳолатда бир чеккада турган, шалоғи чиқиб кетган, оқ-қора кўрсатадиган телевизорга ишора қиларкан. — Уни қаранг! Кўрдингизми? Шундагина Нафиса телевизор қўйилганини кўрди. Хирагина экранда бир тўлагина йигитнинг ашула айтаётгани намойиш қилинмоқда эди шекилли. Ҳофизнинг гап оҳангидаги мислсиз нафрат ва бадхоҳликни ҳис этиб, нимагадир ваҳимага тушган Нафиса қўрқа-писа кўрпани бурнига қадар кўтарди. — Шу ҳам овозми? — қичқириб юборди Садриддин қўлини палахса қилганча. — Эчкининг маърашидан фарқи йўқ-ку! Тўртинчи синф боласиям бундан яхшироқ айтади. Тўғрими? Гап нима ҳақида кетаётганини англамаган бўлса-да, киприклари пирпираётган Нафиса ҳар эҳтимолга қарши бош ирғаб қўйди ва телевизорга сал диққат билан разм солди. Дарҳақиқат, йигит хириллаган, ёқимсиз овозда ашула айтмоқда эди. — Телевизордагиларнинг оғзини мойлаган-да, аблаҳ! — нафрат билан вишиллади ҳамон ўзига келолмаётган ҳофиз. — Биламиз бунақа талантсиз бойваччалар қанақа йўллар топишини. Ё тепароқда ўтирган бирон акахонига қўнғироқ қилдирган. Ишқилиб, иложини қилган-да бу туллак. Кейин уч-тўрт сўм узатиб, овозини компьютерда тўғрилаган... — Кўзларига қон тўлган Садриддин ногоҳ қиз томонга ўгирилди: — Тасаввур қилинг-а, Нафисахон, бу аблаҳ ҳатто гапирганидаям нима деганини тушунмайсиз. Димоғида бир нарсаларни минғирлайди. Мен бўлганимда умуман уни санъат остонасига қадам қўйдиртирмаган бўлардим! Бунақалар менга ўхшаган ҳақиқий санъаткорларнинг ҳам обрўйини бир пул қилади! Хайрият, бу орада қўшиқ тугади-ю, экранда ҳофизни шунча ғазабга солган йигитнинг ўрнига диктор қиз пайдо бўлди. Аммо диктор ҳам хириллаган овозда гапирарди. Афтидан, бу телевизорнинг ўзига теккан касал. Нимагадир тобора ғазаби қайнаб бораётган Садриддин охири ўрнидан сакраб турди ва кичкина хона ичида уёқдан-буёққа бориб келаркан, балки Нафисани, балки ўзини ишонтириш учунми, айни пайтда билағонлигини ҳам намойиш этиб қўйиш учунми, баланд овозда гапида давом этди: — Лекин мен машҳур бўлганимдан кейин бу эчкига ўхшаб телевизорга саҳардан чиқиб ўтирмайман. Мен фақат кечқурунлари, ҳамма телевизор томоша қилаётган пайти чиқаман! Мен «Ёшлар»нинг, «Марказ»нинг прайм-тайм вақтларида чиқаман. Шунда мени ҳамма кўради! Аввалига қанча керак бўлса, шунча тўлайман! Кейин-кейин ўзлари ялиниб келадиган бўлишади... Ана ўшанда билишади улар менинг кимлигимни. Ана ўшанда манави эчкичалар аслида менинг шалтоғимга арзимаслигини тан олишади... Уят, номус, изтироб ва пушаймонлик аралашган тушуниксиз бир ҳолат шўрлик Нафисанинг юрак-бағрини ўртамоқда эди... Ҳамон карахт аҳволда, ўринда чўзилиб ётган қиз туришиниям, турмаслигиниям билмас, айни пайтда бундан олти-етти соатми бурун ўзини эркалаган, бир дунё ширин сўзларни айтиб ташлаган ҳофизнинг чақчайган кўзларига, бўғриққан, балки шу сабабдандир ухламаган одамники сингари хунуклашиб кетган юзига қўрқув ва ваҳима билан қарашда давом этарди. Хайрият, ўзи ўзига ёрқин бўёқларда тасвирлаган келажак манзаралари кўнглини илитиб, сал ҳовуридан туширди чоғи, ҳофиз бироз ўзини босиб олгандай бўлди ва Нафисага илжайиб қаради: — Чарчабсиз-да, жоним. Бир соат бўлди менинг туриб, ювиниб олганимга. Душга тушасизми? Қип-қизариб кетган қиз сарғайиб кетган чойшабга ўралган кўйи бир амаллаб ўрнидан турди ва кийимларини кўтарганча ювиниш хонасига ошиқди. Одамнинг нафасини сиқиб юборадиган даражада торгина хонача. Деворда кафтдай кўзгу. Ичи сарғайиб-қорайиб кетган кичкина ванна. Четидаги стаканда соқол оладиган асбоб, тиш пастаси, чўтка. Эшикнинг ичкари томонидан қоқилган михда иккита нам сочиқ. Шундоқ оёқ остида... қип-қизил чойшаб... Шу ерда аранг ювиниб олган Нафиса бировнинг сочиғига артинишга кўнгли чопмагани учун кийимларини ҳўл бадани устидан кийиб олди. Бу орада ҳофиз жойни йиғиштирибди, бир чойнак чой дамлаб келибди. Қизнинг ҳуркибгина турганини, ўзига синовчан кўз ташлаб қўяётганини сездими, Садриддин учиб ўрнидан турди ва Нафисани елкасидан қучиб ёнига ўтқазди. — Ҳали ҳаммаси яхши бўлиб кетади, жоним, — деди у одатдагидай ишонч ва қатъият билан. — Ҳали биз нафақат тушлик ёки кечки овқат, балки нонушта қилиш учун ҳам энг қиммат ресторанларга борамиз. Буларнинг бари, — шундай дея йигит хонага ишора қилди, — вақтинчалик, холос. Ҳали биз саройларда яшаймиз. Зўр-зўр саройларда. Одамнинг кўзини қамаштириб юборадиган саройларда... Қани, ўтиринг-чи, жоним. Нафиса ўтирди. Садриддин илҳом билан гапида давом этди: — Анов куни телевизорда ...нинг уйини кўрсатишди. Дабдаба! Лекин вкуси йўқ экан. Хоналарини жуда расво қилиб безабди. Мен дарров уйининг проектини чизиб олдим. Лекин бизнинг уй бошқачароқ бўлади. Уники икки қават эди. Бизники уч қават. Ҳозир... чизиб қўйганман... ҳозир... Аммо бир чеккада, тор ғилофи ёнида аралаш-қуралаш бўлиб ётган қоғозлар ичидан лойиҳани топиш осон эмасди. Бир-икки уннагандан кейин, буни ўзиям тушунди шекилли, ҳофиз қўл силтади: — Ҳа, майли, кейин кўрсатаман. Яхшиси, ҳозир айтиб бераман. Сиз тасаввур қилинг. Уйни фасаддан бошлайман... Японларнинг уйларини кўрганмисиз?.. Аммо Нафисанинг бунақанги тафсилотларни эшитиб ўтиришга тоқати етмади. Ҳамон юраги пўкиллаб турган қиз беихтиёр дилидагини тилига чиқарди: — Нима қилиб қўйдик, Садриддин ака? Бирдан гапдан тўхтаган ҳофиз аввал Нафисага ажабланиб қаради, кейин шу оҳангда сўради: — Нима қилибмиз? Бу қадар бепарволикдан лол қолган қиз: — Ахир... ахир... — дея пиқиллаб йиғлаб юборди. — Тинчликми, жоним? Нафиса ювиниш хонаси томон ишора қилди: — Ахир... Кечаси... Бирдан ҳаммасини тушуниб, енгил нафас олган ҳофиз сира шубҳага ўрин қолдирмайдиган оҳангда қизни юпатди: — Бўладиган ишнинг эртароқ бўлгани яхши, жоним. Мен сизни севаман. Сиз мени севасиз. Яна нима керак? Ҳозирги вақтинчалик оғир кунларимда мени маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб турганингизнинг ўзи катта гап. Ҳали бунинг роҳатини кўрасиз. Ҳали менга раҳматлар айтасиз. Шунча уринса-да, Нафиса барибир нима учун ҳали ҳофизга раҳматлар айтишини тушунмади. Шу сабабли бетини сидириб ташлаб бўлса ҳам очиғига кўчди: — Энди... тўй қилмасак бўлмайди... — Тўй? — Йўқ, Садриддинни гап билан довдиратиб ёки мот қилиб бўлмасди. Ҳозир ҳам ҳофиз бир туки қилт этмасдан, гўё бироздан кейин осмонга қуёш чиқиб келиши ҳақида гапираётгандай ишонч билан деди: — Албатта, жоним! Ўзиям тўймисан тўй бўлади! Тасаввур қилинг: улкан ресторан. Ўзбекистоннинг энг машҳур артистлари табриклаш учун навбатда туришибди. Бу ёқда телевидение, радио, газит-пазитларнинг аппарат кўтарган мухбирлари... Табриклар, интервьюлар... Нимагадир Нафиса бу манзарани тасаввур қилолмади. Шу сабабли яна бир бор дилидагини тилига чиқаришга мажбур бўлди: — Қачон? — Оз қолди, жоним, жуда оз. Ўзингиз кўрдингиз, биринчи синовдан «беш» баҳога ўтдим. Энди бир мартагина телевизорда кўриниш берсам бўлди, у ёғи ўз-ўзидан юришиб кетади. Ишонаверинг, халқ ўзининг ҳақиқий талантларини қадрлайди. Ана ўшандан кейин... ўшандан кейин... Лаззатдан кўзлари сузилиб кетган ҳофиз бошини мағрур кўтарди ва гўёки кўринмас душманига таъкидлаётгандай, баландпарвоз оҳангда хитоб қилди: — Ана ўшанда Садриддин Меҳриддинов ўн кунлаб «Халқлар Дўстлиги» саройида концерт беради! Ана ўшанда Садриддин Меҳриддиновни тўйга, ҳеч бўлмаса «бирров»га таклиф қилиш учун одамлар навбатда туради. Ана ўшанда Садриддин Меҳриддиновни бугун менсимай юрган душманлари куйиб кул бўлади. Ана ўшанда Садриддин Меҳриддиновга пул сувдай оқиб келади. Шунчалик кўп пул бўладики, сиз ҳатто уларни қаерга жойлашни ҳам билмай қоласиз... Ҳар қалай, ёш боладай тез орзуга берилувчан ҳофиз келажак манзараларига Нафисани ҳам қўшмоқда эди. Шунга қарамасдан, барибир кўнглидаги хавотири тарқамаётган Нафиса навбатдаги саволни берди: — Кеча Самад аканиям келади дегандингиз... Ҳамон орзулар қанотида, етти қабат осмонда сайр қилиб юрган ҳофиз пинак бузмади: — Келаман, деганди. Келмади, аблаҳ... Шу қилганига уни куёвжўраликка қўшмай, бир ялинтирай... Нафиса ноилож ўрнидан туришга чоғлана бошлади: — Дарсдан кечикиб қолмай. Ажабки, бу таклифга Садриддин ҳеч иккиланмасдан рози бўла қолди. — Майли. Мен ҳам, — ҳофиз шундай дея тори томон ишора қилди, — бироз ижод қилишим керак. Кейин институтга ўтаман. Кечқурун шу ерга келаверинг. — Нега? Бу савол беихтиёр оғзидан чиқиб кетган шўрлик Нафисанинг юзи лавлагидай қизариб кетди. — Оқшом гаплаши-иб ўтирамиз, — шу заҳоти жавоб қайтарди ҳофиз. Нафисанинг эса Садриддин билан «гаплаши-иб ўтиргиси» келмаётганди. Зеро, қизнинг юраги нимадандир ғаш бўлмоқда эди. Гўё ўзи тузатиб бўлмас бир хатоликка йўл қўйдию, тез орада бунинг жабрини тотадигандек... Аммо айни пайтда буларнинг ҳаммасини таҳлил қилиб ўтиришга фурсат йўқ эди. Қиз чиндан ҳам дарсга кечикиб қолиши мумкин эди. Шу сабабли Нафиса аста ўрнидан турди ва эшик ёнида ётган сумкачасини қўлига олди. Бирдан меҳрибон бўлиб қолган Садриддин қизни бекатгача кузатиб қўяркан, унинг ўқиш жойига қайси автобуслар боришини тушунтирди. * * * Институт биносининг ойнаванд эшиги ёнида ранги ўчиб, лаблари гезариб кетган Нафисани семиз Комила кутиб турарди. — Агар ўша жинқарчанинг олдидан келаётган бўлсанг, — деди салом-аликни ҳам насия қилган Комила вишиллаб, — бундан кейин мен сен билан умуман гаплашмайман. Ранги баттар оқариб кетган Нафиса ўзини оқлашга уринди: — Биринчи концерти экан... Ўшани нишонлади... — Одам кўп бўлдими? — дугонасига синовчан тикилди Комила. — Кўп... — Қулоққа лағмон осма! — ўшқириб берди Комила. — Жондай жўраси Самадни чақирмаган жойда сен бегонага пишириб қўйибдими? — Самад акани чақирган экан... — жон-жаҳди билан тушунтиришга урина бошлади Нафиса. Комила нафрат билан юз бурди: — Бу эртагингни энангга айт! Самаднинг хонасига саккиз марта чиқиб келдим. Ўтирибди, ҳеч гапдан хабари йўқ... Жинқарчанинг қаерда туришиниям билмас экан. Бўлмаса-ку, бостириб бориб бўлсаям адабингни берардим-а!.. Нима, базм эрталабгача давом этдими? — Эрталабгача... — аранг шивирлади нафаси ичига тушиб кетган Нафиса. — Кейин дастурхонни йиғиштиришгансан, шундайми? — Шундай, — базўр овози чиқди Нафисанинг. — Ҳой қиз, — дўқ урди баҳайбат Комила баҳайбат муштини дўлайтириб. — Бунақа бурни танқайган жинқарчалар учун қизлар бир пас ўйнаб, сўнг ташлаб кетиладиган ўйинчоқ, холос. Тўртта ашулани биладими-йўқми... Сен кўзингга қараб юр! Бир нарсани сезсам, оёғингни уриб синдираман лекин! — Хўп... Қизлар дарсга шошилишди. * * * Шу куни кечқурун Нафиса ҳофизнинг уйига бормади. Нимагадир оёғи тортмади. Бунинг устига ўзига тез-тез шубҳаланиб қараб қўяётган Комиланинг важоҳати ҳам ёмон эди. Тўғри, қиз кўнглининг тубида бир истак бор эди. Садриддин уни кута-кута чарчаса-ю, сўнг бир катта гулдаста кўтариб, ётоқхонага ўзи кириб келса. Ҳар қалай, бу бошқача бўларди-да... Аммо ҳофиз келмади. Нафиса дами чиққан пуфакдай шалвираб қолди. У эртаси куни дарсга аранг судралиб борди. Нафисанинг назарида, қандайдир адолатсизлик, балки тушунмовчилик содир бўлаётгандай эди. Ҳар қалай, «Ўзимни, бутун ижодимни сизга бағишлайман. Фақат сиз учун яшайман, фақат сиз учун қўшиқ айтаман!..» дея ваъдаларни қалаштириб ташлаган ҳофиз суюклисидан бир хабар олиши керак эди. Ахир бу ер катта шаҳар бўлса. Ҳар қадамда минглаб тасодифлар кутиб турган бўлса... Майли, душман кўнгилнинг қутқуларига учмади ҳам дейлик. Аммо «Сизни яхши кўраман, жоним!» деган эътироф қориндан чиқмагандир. Ҳеч бўлмаса шу юрак измида бир келиб, хабар олиб кетмайдими... Соғинмайдими... Ўйлайвериб, Нафисанинг боши оғриб кетди. Сўнг қасдма-қасдига бугун ҳам ҳофизникига бормасликка қарор қилди. Қани, кўрайлик-чи, ўзи келармикан ёки... ёки... Комила айтганидай, бунақалар қизларни эрмак ўрнида кўрармикан, холос... Аммо... Нафиса ногоҳ даҳшатга тушди. Келмаса-чи?.. Бутунлай... гўё ораларида ҳеч нарса бўлмагандай... ҳеч нарса... Унда нима қилади?.. Кимга дод деб боради? Кимга ишонади?.. Кимдан ёрдам сўрайди?.. Шармандаи шармисор бўлмайдими? Буни эшитса, Комила балки оёғини уриб синдирмас, лекин ундан баттар кўйга солиши аниқ... Юраги ҳаприқиб кетаётган Нафиса дарсдан кейин ётоққа келгач, хонасига кирди, чиқди, яна кирди, яна чиқди. Кейин эса... Кейин эса ҳамон ўзига ҳамон ора-сира ўқрайиб қараб қўяётган Комиланинг кўзини шамғалат қилдию, кўчага отилди. * * * Таниш бекат, таниш уй. Еттинчи қават. Юраги дукирлаб ураётган Нафиса эшик қўнғироғини босди. Бироқ қўнғироқ ишламас экан шекилли, ичкаридан тиқ этган сас эшитилмади. Нафиса қулоғини эшикка босиб, тугмани яна бир-икки марта босди. Яна жимлик. Қиз ноилож эшикни тақиллатди. Аввал астароқ, кейин, бироз кутиб тургач, қаттиқроқ. Ана шундан кейингина ичкаридан қадам товушлари эшитилгандай бўлди. Калит буралиб, эшик очилди. Худди ўша концерт кунидагига ўхшаб ялтироқ костюм-шим, сариқ кўйлак кийган, энли қизил бўйинбоғ таққан, бироқ бу сафар сочига ялтироқ кукун сепмаган Садриддин қизни кўрдию, яшнаб кетди. — Буни қаранг! — қўлларини кенг ёйганча хитоб қилди ҳофиз. — Худо бор-да, Худо бор! Энди олдингизга бормоқчи бўлиб тургандим. Юрагингиз юрагимни сезган-да, жоним, сезган! Буни қаранг! Шундай дея Садриддин Нафисани шундоқ йўлакда қучиб олди. Уялиб кетган қиз ўзини ичкарига олишга шошди. — Ишқилиб, кеча келиб, овора бўлиб кетмадингизми? — бирдан хавотирга тушиб сўради ҳофиз. — Йўқ. Нимайди? — Хайрият, — енгил нафас олди Садриддин. — Кеча бир заказ тушиб қолди. Бир каттароқ одам учинчи марта уйланяпти экан. Шунга бир кафеда жой қилишибди. Уч-тўрт киши бориб хизмат қилиб келдик... Қани, ичкарига киринг, сизга айтадиган зўр янгилигим бор! «Зўр янгилик» хабарини эшитиб, кўнглидаги хавотирлар ўрнини илиқ ҳиссиёт эгаллай бошлаган Нафиса ичкарига ошиқди. Ўша ягона хонага киришгач, ҳали ўтирмасларидан буруноқ қиздан баттар ҳовлиқиб кетаётган ҳофиз янгиликни эълон қилишга шошди: — Мени табрикланг! Мени тўйга чақиришди! Қиз бақа бўлиб қолди. Ҳар нечук, у янгилик ҳофиз иккаловининг шахсий муносабатларида дахлдор деб ишониб турганди-да. Бундан бехабар Садриддин ҳамон оғиз кўпиртирарди: — Айтдим-ку, халқ ўз талантларининг қадрига етади деб. Концертдан кейин бирдан рейтингим ошиб кетди. Мана, катта тўйга чақиришди. Ҳозирча «бирров»га бўлсаям... Лекин кейин зўр бўлиб кетади. Қўшиғимни бир эшитганларнинг ўзлари орқамдан югуриб қолишади! — Шуни... айтгани бораётганмидингиз? — ниҳоят садо берди бирдан мадори қуриб, чарчаб кетган шўрлик Нафиса ҳафсаласи пир бўлганини яширишга уриниб. — Албатта! — завқ-шавқ билан эълон қилди ҳофиз. — Шундай кунда ёнимда бўлмасангиз... Ўзингиз кўрдингиз, пойқадамингиз ёқди, биринчи концертим зўр ўтди. «Ўлсин ўша концерт ҳам!» — беихтиёр ичида қарғаниб қўйди Нафиса. — ...Биринчи имтиҳондан «беш» олдим. Энди навбат иккинчи имтиҳонга. Агар шундан ҳам зўр ўтсам, кўрасиз, ишларим ўз-ўзидан «беш» бўлиб кетаверади. Пул ҳам ўз-ўзидан оқиб келаверади. Афтидан, ҳофиз қизнинг нечукдир бўшашиб қолганини сезди, аммо бунга ортиқча эътибор бериб ўтирмасдан, ўзи ҳам кутмаган ҳолда Нафисанинг нозик кўнгил нуқтасига таъсир қиладиган гапни айтиб юборди: — Ана ўшанда тўйни бошлаб юбораверсак ҳам бўларди, жоним! Барибир қиз бола — ширин сўзнинг гадоси бўлади-да. Айниқса Нафиса шу аҳволида... Қизнинг юзи ёришганини кўрган ҳофиз асосий гапни ўртага ташлади: — Сизга бир илтимос билан бораётгандим, жоним. Нафиса сергак тортди: — Нима гап, Садриддин ака, айтаверинг. — Телевидениега одам топдим. Уч юзга уч марта чиқарадиган бўлди. Айтдим-ку, бир марта чиқсам етади деб. Шов-шув бўлиб кетаман. Лекин ҳар эҳтимолга қарши уч марта чиқиб қўйсин, дейишибди у ердагилар. Ҳар қалай, кўпроқ одам томоша қилади-да. Шунга сизнинг олдингизга бораётгандим. Яхшиям ўзингиз келиб қолдингиз. Юрагингиз сезган-да, юрагингиз. Барибир гап нимадалигини англамаган Нафиса ҳофизга ҳайрон бўлиб қаради. — «Бирров»га юз тўлашади, жоним, — ҳижжалаб тушунтира бошлади Садриддин. — Лекин бизга уч юз керак. Шу гапни айтгач, ҳофиз қизга диққат билан тикилиб тураверди. Нафиса ноилож елка қисиб, тан олишга мажбур бўлди: — Тушунмадим. — Телевидениега уч юз беришим керак, — яна гапни бошидан бошлади ҳофиз. — «Бирров»га юз беришади. Демак бизга яна икки юз керак. Шунга, тўйларга бориб юрган бир-иккитасидан маслаҳат сўрагандим. «Қистир-қистир» яхши бўлсин учун камида иккита ўйинчинг бўлсин, деб маслаҳат беришди. Бу гапларнинг ўзига нима алоқаси борлигини ҳамон тушунмаётган Нафиса индамай қўя қолди. — Битта ўйинчи топдим, — ахийри мақсадга яқинлашди ҳофиз. — Аранг қирққа рози қилдим. Кийимлариям бор экан... Энди биз иккаламиз битта одаммиз. Яхши кунларда ҳам, ёмон кунларда ҳам. Яна бир марта қўллаб юборсангиз бўлди, у ёғини ўзим олиб кетаман. Ана шунга... Ниҳоят ҳофизнинг дудмол гаплари замиридаги мақсадни илғагандай бўлган Нафиса чўчиб кетди: — Сиз... сиз менга отарчи бўл демоқчимисиз? — Қанақанги отарчи? — хафа бўлиб лабларини бурди ҳофиз. — Мен сизга санъаткор бўлинг демоқчиман. Санъаткор! Кўпи билан ярим соатга. — Йў-ўқ, — беихтиёр ортга тисарилди ҳамон тик турган Нафиса. — Ҳеч тўйда ўйнамаганман. — Дугоналарингиз тўйидаямми? Қариндошларингиз тўйидаямми? — У бошқа... — Ҳечам бошқа эмас! — шартта қизнинг гапини бўлди Садриддин. — Аслида ҳаммаси бир хил. Ундаям ўйнагансиз, бундаям ўйнайсиз. Ундаям пул қистиришган, бундаям... — Пул қистиришса ўйинчи хотинга берардик... — Ҳа, ана! — мамнун хитоб қилдди ҳофиз. — Кичкина фарқи шуки, энди қистирилган пулни менга берасиз! Тамом-вассалом! Бошқа ҳеч қанақанги фарқи йўқ. Топган раққосамнинг бўйи сизга тенг, кийимлариям мос келади. — Йўқ, — ваҳимага тушиб, ранги қув ўчди Нафисанинг. — Сира тўйда отарчилик қилмаганман... — Айтдим-ку, отарчилик эмас, санъат бу, санъат! — жаҳл аралаш таъкидлади ҳофиз. — Санъат бу! Юксак санъат! Бу ҳамманинг қўлидан келавермайди. Анов куни, Самаднинг туғилган куни ўйнаб кетгим келди, дедингиз-ку. Тасаввур қилинг: Самаднинг туғилган кунида ўтирибсиз, мен қўшиқ айтаяпман, сиз ўйнаяпсиз. — Лекин... — Лекин-пекини йўқ, — қизнинг гапини яна бир бор шарт кесди ҳофиз. Сўнг зорланиш оҳангига ўтди: — Жоним, дунё шафқатсиз. Ҳамманинг ҳам яхши яшагиси келади. Яхши яшаш учун эса курашиш керак. Жон-жаҳди билан! Бўлмаса бир умр итнинг кейинги оёғи бўлиб ўтиб кетади одам. Тасаввур қилинг. Америкада бир принцип бор: «Ярим соат уятни енггинг ва бой одамга айланинг!». Эшитганмисиз, Моника Левински дегани президент билан яқин бўлганини айтиб, катта пул ишлаб олган... — Лекин бу ер Америка эмас... — Мен ҳам сизга қон юқи чойшабни сотинг деяётганим йўқ! Мен сиздан ёрдам сўраяпман. Бор-йўғи ярим соат ўйнаб беринг. Мен биламан, сиз туғма раққосасиз. Юришларингиз, ўзингизни тутишингиз, қоматингиз — ҳамма-ҳаммаси ҳақиқий профессионал раққосаникидек... Катта тўй. Қистир-қистир яхши бўлади. Уч юз ишласам бўлди, эртагаёқ ўртада турган одамга обориб бераман. Индинга телевизорга чиқаман. Қарабсизки, нари-бериси билан бир ой ичида машҳур бўлиб кетаман! Юлдуз бўлиб кетаман! Кейин пулнинг ўзи бизга оқиб кела бошлайди. Бошқа биронта тўйга қадам босмайсиз! Йигит сўзим! Бир марта қўллаб юборинг... Худди шу сонияда ҳофиз тўй ҳақида гапиргани маҳал қизнинг юзи ёришиб кетганини эслаб қолди чоғи, яна ўша мавзуда гап очиб, қизни аврашга зўр берди: — Ана шундан кейин, жоним, катта тўй қиламиз. Кейин бу кунларни кулиб эслаб юрамиз... Мен ота-онангизнинг ёнига камбағал студент бўлиб боришни истамайман. Мен таниқли юлдуз бўлиб боришни истайман. Мен пули кўп куёв бўлиб боришни истайман. Токи улар ҳам мен билан фахрланишсин! Қизнинг ҳамон иккиланаётганини кўрган Садриддин энди ошкора ялинишга ўтди: — Ярим соат, жоним. Бор-йўғи ярим соат. Ва бир умрлик роҳат-ҳаловат. Чўкаётган одам хасга ёпишади. Зўр бериб баҳона ёки сабаб қидираётган Нафиса охири калта сочига ишора қилди: — Ҳеч замонда шунақа сочли ўйинчи ҳам бўлганми? — Ҳечқиси йўқ! — пинак бузмади ҳофиз. — Керак бўлса улама соч қўйдирамиз... Умуман олганда эса, — бирдан кўзлари чақнаб кетди Садриддиннинг, — умуман олганда калта соч билан борганингиз ҳам маъқул. Тасаввур қилинг, катта тўйда узун сочли ўйинчи билан бирга калта сочли ўйинчиям рақсга тушаяпти. Бу одамларнинг эътиборини тортади. Бу одамларнинг эсида қолади. Биз эса уларнинг эсида қолишимиз шарт. Бизга шундан бошқа йўл йўқ. Эътибор берган одам пулини аямайди... Хўпми, жоним? Айтдим-ку, ҳали юлдуз бўлиб кетганимдан кейин бу кунларни кулиб эслаб юрамиз деб... Нафиса ҳамон иккиланарди... Ана шунда... ана шунда кўзлари жиққа ёшга тўлган Садриддин тиз чўкди: — Севгимиз ҳаққи! Ёрқин келажагимиз ҳаққи! Туғилажак фарзандларимиз ҳаққи, жоним!.. Кўрасиз, мен тез орада юлдуз бўлиб кетаман. Бунинг учун энг охирги туртки керак. Шу турткига эришишим сизнинг қўлингизда. Ҳаёт-мамотим сизнинг қўлингизда, жоним!.. Бир марта, биринчи ва охирги марта қўллаб юборинг, жоним! Шундан кейин сизни безовта қилсам, майли, бетимга тупуринг!.. — ... — Раҳмат, жоним, билардим мени қўллашингизни. Билардим мени чин юракдан севишингизни... Шу гаплардан кейин ҳам рад жавобини бериш Нафисага ноқулай туюлди... — Қўлимдан келармикан... Ўрнидан учиб турган ҳофиз эса миннатдорчилиги ифодаси сифатида уни ўпичларга кўмиб ташлади. * * * Садриддин топган раққоса қирқ бешларга борган, ёшини яшириш учунми, юзига упа-эликни чаплаб ташлаган, жинси шим-камзул кийган, тўлагина, истараси иссиқ аёл экан. Сармоядоргина аёлга ўхшайди: бекатга ўзининг оппоқ «Матиз»ини ҳайдаб келди. — Лобархон, танишинг, бу киши шогирдингиз Нафисахон бўлади, — дея қизни таништирди машинага ўтирганлари заҳоти типирчилаб, ўйинчига хушомад қилишга ўтган Садриддин. Қаршисидаги кўзгуча орқали ҳуркибгина ўтирган қизга бир кўз ташлаб қўйган Лобархон ачиниш оҳангида деди: — Ҳали гўдак экан-ку шогирдимиз... — Унақа деманг, — беўхшов хи-хилади ҳофиз. — Нафисахон гўдак эмас, агар керак бўлса янги гўдакларни дунёга келтирадиган ёшда. Лобархон «Ўзларинг биласизлар» дегандай елка қисиб қўйди ва истеҳзосини давом эттирди: — Ҳа, сизга ўхшаган эркаклар бунақа ишни боплайсизлар. Кейин изларингни топиб бўлмай қолади... Садриддин яна хи-хилади: — Худо хоҳласа, ишларимиз юришиб кетса, ҳамкорликни давом эттирамиз, опажон. — Мен сизга опажон эмасман! — чўрт кесди раққоса. — Мен тўйгаям азбаройи пул учун эмас, уйда ўтириб зерикканимдан бораман, тушундингизми? — Албатта, албатта. Қонларни юриштириб дегандай, а?.. Аммо Лобархон ҳофизнинг бу саволига жавоб бермай, машина тезлигини оширди. * * * Шаҳар чеккароғидаги ўртача катталикдаги ресторанда бўлаётган экан тўй. «Бирров»га келган артистларни алоҳида хонага олиб киришди. Ўртада безатилган стол. Унинг атрофида яна бир кичик гуруҳ аъзолари хўмрайиб ўтиришибди. Залдан ола-ғовур, чинқириқ ашула овози эшитилади. — Буларни қаранг, — энгашиб, Нафисанинг қулоғига шивирлади Лобархон, — худди бизлар еб, улар қуруқ қолишгандек. Бўлмаса улар биздан олдин чиқишади. Гадонинг душмани гадо бўлади деганлари шу-да. Бу ҳақда бошқача фикрда бўлган, яъни санъаткорларни табиат берган ноёб истеъдод соҳиблари деб биладиган, уларни ғойибона ҳам ҳурмат қиладиган Нафиса нима дейишини билмай, елка қисиб қўя қолди. Бунақа давраларни кўравериб, эти ўлиб қолган шекилли, Лобархон ўзларини бошлаб келган хизматдаги йигитга ўгирилди: — Бизга кийиниб олиш учун алоҳида хона керак. — Ҳозир. Чеккадаги бир кичикроқ, аммо каттагина тошойнаси бор хона айнан шунақа мақсадлар учун мўлжалланганга ўхшарди. Лобархон катта сумкасини очиб, ичидан бир дунё кийимларни олиб ташлади. Ўзига ялтироқ қизил кўйлагини танлади, бўйнига, қўлларига турли тақинчоқлар таққач, бир четда бегонадай бу жараёнга қовушмай турган Нафисага ўгирилди: — Қайси кўйлагим ёқди? Нафиса эса аёлнинг тўпиғига тушадиган сочини кўриб қолиб, ҳайрон бўлган эди. — Ўзингизникими? — ниҳоят сўради у. — Ўзимники! — ғурур билан жавоб берди Лобархон. — Умрим бино бўлиб, шу пайтгача бирон марта улама соч ишлатмаганман. Аммо... — шу ерга келганда аёл хўрсиниб қўйди, — вақтида юраверганмиз «Соч эмас, бу шаршара» деб мақтаниб. Шаршара бўлса оқаркан-кетаркан. Ҳеч нимани ушлаб қололмабмиз... — Бирдан секаниб кетган аёл Нафисадан қайтариб сўради: — Қайси кўйлагим ёқди? Танлаб олаверинг. Нафиса елка қисди. — Биринчи чиқишингизми? — ўсмоқчилаб сўради аёл. Қиз бош эгди. — Ҳа... Биринчиси ва... охиргиси. Садриддин акамнинг илтимосига йўқ деёлмадим. Лобархон шубҳаланиб бош чайқади: — Бунга ишониш қийин-ов... Ҳай, майли, бўлмаса манави атласни кияқолинг, сал камтарроқ кўрсатади. Маст-аластлар ҳам ёпишавермайди. Унақа ҳўкизларга қизил ранг бўлса бас, қутуриб кетишади... Нафиса аёл ўзининг устдаги қизил либосга ишора қилаётганини кўриб, жилмайиб қўйди. Нафиса атлас кўйлакни кийди. Барибир, Лобархон сал тўлалиги боис, кўйлак осилиб қолди. — Косметикани меъёрида қиламиз, — ўргата бошлади бу борада тажрибаси катта раққоса. — Биринчи бор ўртага чиқаётганингизни ҳисобга олиб, албатта... Иложи бўлса ўзингизни чеккароққа тортинг. Бир-иккитаси маст-аласт бостириб келиб қолса, менга қўйиб беринг. Меҳмонлар иложи бўлса сизни келин тарафнингми, куёв тарафнингми яқинларидан бири деб ўйлашсин. Ана шунда унча хиралик қилишмайди. Нафисани ҳайрон қолдиргани шу бўлдики, бу раққоса аёл уни нимадандир ҳимоя қилишга уринаётгандек эди. Хонадан чиқаётганлари маҳал Лобархон сўнгги маслаҳатини берди: — Ҳеч қачон, ҳеч қаерда, ҳаттоки юз долларлик бўлсаям анави жойингизга... ҳа, ҳа, кўкракларингиз орасига қистиришларига йўл қўйманг. Ҳеч қачон! Бир марта шундай қилсангиз бас, улар сизни пулга сотиладиган арзон фоҳиша деб ўйлашади-да, билганларини қилишга ўтишади. Кейин уларни тўхтатиб қололмайсиз. Ўзингизни олиб қочинг, уришинг, сўкинг, керак бўлса шапалоқ солинг, буям таъсир қилмаса ўша безбет меҳмоннинг чоти орасига ўхшатиб бир тепинг. Ўша жойини чангаллаб гуппа йиқилиб тушсаям майли. Аммо пулни бу жойингизга солиб қўйишларига йўл қўйманг. Ҳатто... ҳатто Садриддин акангиз имо-ишора қилиб, «Қўявер» деб турганида ҳам. Тушундингизми? Бир кўнгил бўшлик қилибсиз, бошқа қилманг. Тушундингизми? — Ҳа. — Агар тушунган бўлсангиз, шунга амал қилинг. Йўқса ҳали ақл-ҳушингизни йиғиштириб олмасингиздан буруноқ қўлма-қўл бўлиб кетасиз. Улар катта хонага қайтиб кирганларида стол атрофида бояги гуруҳ йўқ эди. Тўрда сезиларли даражада асабийлашаётган Садриддиннинг ўзи қўр тўкиб ўтирарди. — Бизгаям навбат келиб қолибди-ку, сариқ кўйлакли йигит, — деди Лобархон қувноқ оҳангда унга мурожаат этиб. — Мардлик учун эликта-элликта оламизми? — Албатта, — оғзининг таноби қочиб илжайди ҳофиз. Сўнг қадаҳларга коньяк қуяётган жойида бирдан тўхтаб қолди: — Лекин сиз рулдасиз-ку. — Эллик граммга рухсат бор, — бўш келмади раққоса. — Тушунарли, тушунарли, — илжайди ҳофиз. — Қонларни юриштириб дегандай, а?.. Энсаси қотган Лобархон ингичка қошларини чимирди: — Юриштирадиган бошқа нарса қолмагандан кейин бошқа иложимиз ҳам йўқ-да... — Сўнг титрабгина турган Нафисага ўгирилди. — Шогирд, сизгаям озгина қуяйликми? — Йўқ, йўқ, — деди қиз шоша-пиша. Раққоса жилмайди: — Ҳали тажрибангиз йўқлиги шундай кўриниб турибди. Иш бошлаган кезларим бу менга анча ёрдам берган. Ҳеч бўлмаса уятни унутиб турасиз... — Қани, хонимлар, — аёлларни дастурхонга таклиф қилди ҳофиз, — саҳнага чиқиш олдидан қоринларни тўқлаб олайлик. Барибир бу ердан бир нарса олиб кетиб бўлмагандан кейин ҳеч бўлмаса еб-еб олайлик. — Сиз бемалол, — деди дастурхонга танқидий нигоҳ ташлаган Лобархон. — Сиздай ҳофизларга еб олганлари фойда. Ахир овозларингиз қоринларингиздан чиқади-да. Аммо биз тўқ қорин билан ўйнай олмаймиз... Эҳ-ҳе, ҳаммаёқ гўшт-ку... Айтинг, ширинлик-пиринлик олиб келишсин. Жуда бўлмаса, иккаламизга биттадан пирожний келтиришсин. Айтинг, ўзларида бўлмаса магазиндан бўлсаям олиб келишсин. Қўрқиб ўтиришмасин, пулини бераман. — Хўп, хоним, хўп. Ишқилиб, шогирдингиз билан тажрибаларингизни ўртоқлашдингизми? — Меҳмонларнинг пулини шилиб олиш бўйича тажрибамними? Албатта. Лекин бугун шогирдни аяймиз. – Лорбархон кўкрагига шаппатилади: – Балонинг ўқига мана биз жафокаш кўксимизни тутиб берамиз. — Хўп, хоним, хўп. * * * Ширинлик олиб келишди. Эллик грамм коньяк ичиб олган Лобархон Нафисани ҳам ширинликдан ейишга ундади. Аммо қизнинг иштаҳаси ғиппа бўғилган эди. Садриддин эса оч бўридай дастурхонга ташланаркан, ўзини оқлаган бўлди: — Ҳаяжонлансам, иштаҳам очилиб кетади. Лобархон дарров гап билан уни чақиб олди: — Сизга ўхшаган ҳофизлар ҳар тўйга борганларида нимагадир ҳаяжонланаверадилар... Кўриниб турибди, Лобархон нимагадир ҳофизни унчалик менсимасди, айниқса «гўдак шогирд»ини кўргандан кейин бу муносабати янада кучайгандек эди. Садриддин эса ўзини атайин ҳеч нарсани сезмаётгандек тутарди. Ниҳоят уларнинг навбати келди. Аввал Садриддин чиқиб кетди. Лобархон шогирдига ўргата бошлади: — Ҳеч қачон саҳнага ёки тўйга ҳофиз билан бирга чиқиш керак эмас. Аввал музика чалинсин. Ҳатто қўшиқ бошланишини ҳам кутиб туриш керак. Ана шунда одамлар ёки томошабинлар атрофга аланглай бошлашади: қани ўйинчи?.. Ана шунда бир чеккадан оҳиста, гўёки сузиб чиқиб келишинг керакки, томошабин бирдан сени кўриб қолиб, «дод» деб юборсин. Қизиғи ана шундан кейин бўлади. Аммо ҳаяжон ва қўрқувдан қулоғи том битган, бунинг устига кенг атлас кўйлакда ўзини ноқулай ҳис қилаётган Нафиса устозининг сўзларини яхши англамас, шунга қарамасдан нимагадир зўр бериб бош ирғарди. — Бўлди! — баногоҳ эълон қилиб қолди Лобархон. Ана шунда... ана шунда Нафиса қаршисида отарчиликни ўзига касб қилиб олган ўйинчини эмас, ҳақиқий раққоса турганини кўрди. Зеро бирдан тез-тез нафас ола бошлаган, баланд кўкраклари сезиларли даражада кўтарилиб-тушаётган, кўзлари сурур ила чақнай бошлаётган Лобархон йўрғалаб, йўқ, йўқ, йўрғалаб эмас, бамисоли сузиб олдинга ўтди ва қўлларини ажиб бир шаклда кўтарган кўйи... ҳа, ҳа, айнан шу ҳолида ресторан зали томон сузиб кетди... Анграйиб қолган Нафиса аранг унга эргашди. Тўй аллақачон қизиб улгурганди. Карнайлардан кучаниб, хириллаб ашула айтаётган Садриддининг овози келарди. Нафиса кўриб турди: бирдан ўзгариб, чиройли ва ёш бўлиб кетган Лобархон сузиб бориб меҳмонлар қаторлашиб ўтирган столлардан бири ёнида тўхтади ва мусиқа оҳангига мос хиром эта бошлади. Ў, бу ҳақиқий рақс эди! Бу ҳақиқий мўъжиза эди! Қирқ ёшдан ошган Лобархон туйқусдан суяксиз ўн саккиз яшар қиз каби берилиб, эшилиб рақсга тушарди. Сузилган кўзларни оҳиста тўсган узун киприклар, қип-қизил лаблардаги сирли табассум, озгина хижолатдан лов-лов ёнган ёноқлар, ҳайрат ила чимирилган ингичка қошлар, сўнггсиз чироқлар нурида товланаётган тиллақош, тўлғанаётган икки ўрим соч... Нафисанинг нафаси ичига тушиб кетди. Зеро, у ўзининг ҳеч қачон, ҳатто якка ўзи алоҳида бир хонада ўзи учунгина рақсга тушганида ҳам бу қадар маҳорат билан ўйнай олмаслигини яхши билиб турарди. Баъзи меҳмонлар Лобархоннинг мўъжизавий санъатига эътибор бера бошлашди. Ана шунда... Нафиса кимдир ўзига ўқдай қадалиб турганини сезгандай бўлди ва чўчиб шу томона қаради. Бурчакда, микрофон ёнида туриб олганча тор чертиб, бўйин томирлари ўқлоғдай бўртганча ашула айтаётган Садриддин унга ишора қилмоқда эди: «Ўйнанг! Ўйнанг!..» Ва қиз турган жойида ноилож қўлларини юқорига кўтарди... Пул... Лобархонга ёғилиб кетди. Тўғри, Нафиса ҳам қуруқ қолмади. Аммо уникининг чўғи анча паст эди. Лобархон дам сайин қўлида йиғилиб қолаётган пулларни йўрғалаб рақс тушиб борганча Садриддининг чўнтакларига солиб келишни ҳам бопларди. Нафиса ҳам шундай қилди. У энгашиб, пулни ҳофизнинг шимининг чўнтагига тиқди. Шунда Садриддин аста ёнбошига бошини қийшайтирди ва Нафисанинг қулоғига шивирлади: — Кулиб ўйнанг, кулиб... Одамларнинг кўзига ишва билан, лекин тик қаранг. Кўзингизни опқочманг... Кулинг... Нафисанинг иссиғи чиқиб кетди. Аммо индамади. Нима ҳам дерди? «Рўдапога ўхшаб кенг кўйлакда, калта сочда ўйнасам-у, яна меҳмонларга ишва қилсам... бу... бу тентаклик эмасми?» десинми... Хуллас, Нафиса учун турган-битгани азоб бўлган ярим соатлик томоша тугади. У ҳамон энди рақс тушишни бошлагандай бардам, ғайратли, ҳамон оққуш мисоли сузиб юрган Лобархоннинг ортидан бояги хонага отилиб кирди. — Қалай, бопладимми? Бу саволни берган маҳали Лобархонинг кўзлари бахт ва шодликдан, илоҳий нурдан чақнарди гўё. — Қойил! — деб юборди беихтиёр ҳарсиллаб нафас олаётган, чарчаб қолган Нафиса. — Тўғриси, бунақа ўйнашингизни билмагандим... Лобархон илжайиб қўйди: — Сиз ҳали кўп нарсаларни билмайсиз. Мен рақс тушсам ҳузур қиламан, дам оламан... — Кўриниб турибди. Сизга ҳавасим келди. Сўнгги жумлани Нафиса чин дилдан айтди. Аммо кутилмаганда бирдан Лобархоннинг ранги ўчди, юзидаги шодлик ифодаси ҳам сўнди. Жиддий тортган аёл ҳазин оҳангда гапирди: — Менга ҳавас қилманг. Кераги йўқ... Аксинча... Шу маҳал хонага оғзи қулоғида Садриддин кириб келди. — Бопладиларинг, хонимлар, — деди у пишиллаб. — Аммо-лекин сизга беш кетдим, Лобархон опа! Қайси тўйда кўрсам, ҳаммани лол қиласиз. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Лекин шогирдингизни сал уришиб қўйинг. Унчалик киришиб кетолмади. Тасаввур қилинг... — Шогирдимга шу хизмати учун ҳам катта раҳмат, — одатига кўра ҳофизнинг гапини чўрт кесди Лобархон. — Бунақа давралар бу синглимга тўғри келмайди. Ўзингиз ҳам фақат бир мартага рухсат олгансиз шекилли, йигит? — Албатта, албатта, — ғўлдираб қолди ҳофиз. — Ундай бўлса, бу синглимни танқид қилгандан кўра аввал берган ваъдангизни бажаришни ўйланг. — Албатта, албатта... — Биз кийимларимизни алмаштириб олайлик. Сиз бизни кўчада кутиб туринг. — Албатта, албатта. Лекин, яхшиси, сизлар чиққунча мен у-бу нарса еб тураман. — Яна ҳаяжонлана бошлаган бўлсангиз, марҳамат, укам... * * * Машинага чиққанларидан кейин Лобархон ортига ўгирилди: — Хўш? — Мана, ваъдалашганимизга кўра қирқ, опажон, — дея ҳофиз аллақачон ажратиб қўйган бир даста пулни раққосага узатди. — Чўғи яхши бўлдими, ишқилиб? Телевизоргами, бир жойга чиқаман деяётгандингиз, қолгани етадими? — Етмаганини бир амаллаб ўзим тўғрилайман. — Қанча етмайди? — Ўттизтача. Лекин... — Унда гап бундай, укам. Биласиз, мен пул учун тўйга чиқмайман. Худога шукр, йиққаним ўзимга етади. Болам йиғлаб сут сўраяптимики... Хуллас, шуниям олинг. Бу менинг қўшганим бўлсин. Фақат энди бу шогирдимизни безовта қилиб, бунақанги давраларга судраб юрмасангиз бўлди. — Албатта, албатта. Айтдим-ку, ўзи бор-йўғи бир мартага деб илтимос қилганман. Телевизорга чиқиб олай. Кўрасиз, кўпи билан бир ойда юлдуз бўлиб кетаман. — Юлдуз бўласизми-бўлмайсизми, бунинг аҳамияти йўқ. Аммо яхшилаб эшитиб олинг: шогирдимни бошқа тўйга олиб чиқмасангиз, шу пул сизники. — Албатта... — Йигит сўзи-я? — Йигит сўзим. — Бўпти, келишдик. Нимагадир кайфияти тушиб кетган Лобархон қайтишда машинани тез ҳайдади. Радио овози баланд қилиб қўйилгани учун учаласи ҳам миқ этмай келишди. — Опанинг ҳеч кими йўқ, — дея ўзича изоҳлади, Садриддин раққоса машинаси кўздан ғойиб бўлганидан кейин Нафисанинг унсиз саволига жавобан. — Бир ўзи туради. Тўғри-да, унга пул нима керак? Пул бизга ўхшаган талантларга керак. То юлдуз бўлиб олгунимизча... Опа вақтида роса йиғиб олган. На эр бор, на фарзанд. Шундай бўлсаям сезон пайтида артистларнинг ўзлари келиб, бир тўйга беш юзга олиб кетишади, деб эшитганман. Боради. Бормай нима ҳам қиларди? Беш юз кўчада ётмайди... Лекин ёшлигида зўр раққоса бўлган дейишади... Кейин нимадир бўлгану, саҳнани ташлаб, тўйларга юра бошлаган... * * * Кейинги жума куни, кечга яқин ниҳоят Садриддин Меҳриддинов ижросидаги ашула телевизор орқали намойиш этилди. Абжағи чиқиб кетган оқ-қора телевизорнинг ичига кириб кетгудай бўлиб ўтириб олган йигит билан қиз ҳофизнинг хириллаган овозда айтаётган қўшиғини роҳатланиб эшитишди. Қўшиқ якунланган маҳал Садридддин пиқиллаб йиғлаб юборди. Буни кўриб, меҳри ийиб кетган Нафиса уни маҳкам қучиб олди. Тун бўйи титраб-қалтираб, оламшумул режаларни қайта-қайта баён қилиб чиққан, сеҳргарнинг бир таёғи силкингани каби, телевизорга чиққанидан кейин уларнинг бариси тўла-тўкис амалга ошиб қолишига мутаассибларча ишонадиган ҳофиз гапириб чарчамади, Нафиса уларни эшитиб... Айниқса Ўзбекистоннинг барча юлдузлари иштирок этадиган улкан тўй ҳақидаги режалар қизнинг қулоғига жуда-жуда ёқарди. Тонг отди. Бир юмалаб юлдузга айланиб қоламан, энди мени таниган ҳам танийди, танимаган ҳам, ҳамма соямга салом беради деб ишониб турган Садриддин Меҳриддинов тушга яқин, Нафиса ўқишига кетгандан сўнг ғўддайиб кўчага чиқди. Кўча ўша-ўша эди, одамлар ўша-ўша. Ҳатто қуёш ҳам ҳамишагидек нур сочарди. Ҳайрон бўлган ҳофиз ўқиш жойига шошди. Бир-икки талаба тил учида табриклаган бўлди. Аммо бу қисир табриклар ҳофизни қаноатлантирмади. Домлаларининг оғзига тикилди. Афсуски, улар телевизор кўришмаган экан. Ғазабдан тишлари ғижирлаб кетган ҳофиз дарҳол уйга қайтди ва бор аламини... ичкиликдан олди. Кечга яқин хонага кириб келган Нафиса ҳофизнинг ғирт маст ҳолда думалаб ётганини кўрди. — Улар... мени кўролмайдилар... Мен талантман... мен юлдузман... Ғаламислар... — дея ғўлдирарди Садриддин. — Мен юлдузман... Буни кўрган Нафиса изиллаб йиғлаб юборди. * * * Ҳофизнинг қўшиғини яна икки марта такрорлаб кўрсатишди. Аммо қатъий ишонч билан кутилган мўъжиза юз бермади. Садриддин бир оқшомнинг ўзида у ёқда турсин, ҳаттоки уч оқшомдан кейин ҳам юлдузга айлана олмади. Маслаҳат сўраб борган экан, кимлардир ҳофизга шундай дейишибди: — Ҳозир ким кўп — қўшиқчи кўп. Камида ярми компьютерда овозини тўғрилаб олаётган бўлса!.. Қўшиғингни телевизорда, радиода камида бир ой айлантир. Натижа ана шундан кейин бўлади. Бир ой қўшиқ «айлантириш» учун эса катта пул керак эди. Тўйлар мавсуми бошланиб, аллақачон Лобархон¬нинг бозори чаққон бўлиб қолган. Бош уриб борган билан фойда йўқ. Энди у қирққа бормайди, энди у беш юзга боради... Пул керак, пул... Хуллас, Садриддин яна ялинди-ёлворди, йиғлади-сиқтади, бутун Ўзбекистоннинг тилга тушган юлдузлари иштирок этадиган тўй ваъда қилди ва охир-оқибат... Нафисани яна ўзи билан бирга тўйга чиқишга кўндирди... — Ахир бошқалар юлдуз бўлиб кетаяпти-ку! — деди ишонч билан ҳофиз. — Улардан қаерим кам! Талантим уларникидан ортиқ бўлса! Мана кўрасиз, яна бир-икки марта телевизорда кўринсам, уч-тўрт марта радиода чиқсам бўлди, халқнинг ўзи мени таниб олади. Мана кўрасиз, мен албатта юлдуз бўламан... Тасаввур қилинг, ҳали катта-катта қасрларда яшаймиз, зўр-зўр машина¬ларда юрамиз, чет элларга борамиз. Ҳали пулнинг ўзи бизнинг қўлимизга оқиб кела бошлайди... * * * Орадан бир йилга яқин вақт ўтди. Бу орада... Бир-икки тўйда Нафиса биринчи устози Лобархон билан кўришиб қолди. Аммо Лобархон ўзини «шогирд軬ни танимаётгандек тутди, Садриддиндан эса очиқ-ошкор нафрат билан юз ўгирди. Бу орада... Яккахон хонандаликда омади чопмаётган Садриддин отилиб чиқаётган янги «юлдуз»лардан биронтаси билан дуэт куйламоқчи бўлди. Шу мақсадда Нозимахоним исмли янги «юлдуз» ўз қўшиқларини ёзаётган ҳашаматли студияга ўн беш кунга яқин зир қатнади. Аввалига Садриддинга иқтисодий асоси йўқ бу режанинг хом эканлигини яхши гап билан тушунтиришга уринишди, ҳатто куёв йигитнинг ўта рашкчи эканлигини ҳам писанда қилиб ўтишди. Аммо йигит қайта-қайта сарғайиб келавергач, охири бу қадар безбетликдан ғазабга минган тансоқчилар уни ҳайдаб солишди, бунга ҳам кўнмагач, ўхшатиб калтаклашди. Лунжи шишган, бир кўзи кўкарган Садриддин уч-тўрт кун тишларини ғижирлатганча «Ҳали ўзлари ялиниб келишади», деб юрди. Аммо нимагадир улардан дарак бўлавермади. Бу орада... Нафиса... биринчи ҳомиласидан айрилди. Ўз ихтиёри билан. Садриддин оёқ тираб туриб олди: «Ҳали ёшмиз. Мен ўсишим керак, юлдуз бўлишим керак. Бола оёғимга тушов бўлади. Олдириб ташланг... Мен ҳали машҳур бўлиб кетаман. Ўшанда... » Нафиса... бўйсунди... Ўқишни ҳам ташлади... Ҳатто баҳайбат Комиланинг мушт дўлайтиришлари ҳам наф бермади... Бу орада... «қонни юрдириб олиш учун» дея, «уялмаслик учун» дея тўйларга борган маҳали оз-оздан ича бошлаган Нафиса коньякка ҳам анча-мунча ўрганиб қолди. Ва ниҳоят... Энг ёмони... Телевизорга уч эмас, тўрт эмас, нақ тўққиз марта пул тўлаб чиқиб ҳамки юлдузга айлана олмаган Садриддин Меҳридиновнинг асаблари дош беролмади... Шундай оғир кунларнинг бирида ўзининг истеъдоди тан олинмаётганини ўйлаб куйиб кетаётган ҳофиз тонгга қадар ичди ва қуёш нурлари энди уфқда бўй кўрсатаётган маҳал йўлакка қип-яланғоч ҳолида чиқиб олганча бўкира бошлади: — Мен юлдузман!.. Мен талантман!.. Мен машҳур қўшиқчиман!.. Нафиса минг тавалло қилмасин, ялиниб-ёлвормасин, ҳофиз хонага қайтиб кирмади. Қўшнилардан кимдир қўнғироқ қилган экан, етиб келган «Тез ёрдам» шифокорлари бечора ҳофизни тўғри руҳий хасталиклар шифохонасига олиб бориб ташлашди. Мана, орадан икки ойга яқин вақт ўтди. Нафиса кунда-кунора шифохонага боради. Ора-сира «Мен юлдузман!.. Мен талантман!» деб қичқириб қоладиган Садриддиннинг каравоти ёнида ўтириб юм-юм йиғлайди... Сўнг аста ўрнидан туради ва оёқларини аранг судраб босганча ҳофиз ижарада турган уйга йўл олади... Аммо у ерда ҳам узоқ ўтиролмайди. Бадқовоқ хўжайин уч ойлик ижара пулини сўраб келиб турган бўлади. Шўрлик Нафиса зор-зор йиғлаб яна ортига, телба ҳофиз ёнига қайтади... 2008 йил |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62295 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 56242 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40387 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36130 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23148 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23071 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 20676 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19385 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18502 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14379 |