Жудолик диёри (1-китоб 2-қисм) [Murod Mansur] |
Иккинчи бўлим (давоми) Милтиқли Одамларнинг Ризқи Боғ деразанинг тагида ётган эдим, биров елкамга туртади-турткилайди, чақиради шивирлаб: — Ҳей, Мақсуд! Мақсуд дейман! Қовоғимни йириб-йиртиб, кўзимни очсам, деразага осилиб Соли турибди. Каллаи саҳарлаб чиққани ёқмай, тўнғилладим: — Нима дейсан? У бояги-бояги алпозда сўради: — Келдими уларинг?.. — Ким? — Аканг-да. Тегирмондаги воқеа эсимга тушиб, туриб ўтирволдим. — Ётибди шекилли... — Шекиллинг нимаси?! Қара! — шоширди у. Секин бориб, катта уйнинг эшиги тирқишидан мўраласам, деразаларни валонгор очиб ташлаб, ётибди ёстиқ қучоқлаб. Тахмондан битта ёстиқ олгану кўрпани ёзишга ҳам сабри чидамай, уйнинг ўртасига чўзила қолган. Ечинмабдиям. Ростдан, етти хуфтонгача тентираб юрган одамга ўрин ҳам ҳайф. — Кептими? — деб сўради яна Соли ичи ғурмишлаб. — Ётибди, — дедим ярим пичирлаб. — Анув шериги-чи? — Бир ўзи. У бизникига одам опкелмайди. — Жўнатворибдида унда. — Соли боғ деразанинг токчасига чиқиб, чўнқайиб ўтириб олди. — Лекин, оиласанми, ҳеч ерда ҳеч гап йўқ — жимжитлик. Қозоқи дўқ қилишган экан-де. — Қаёқдан биласан, балки иккаласиниям тинчитиб... Соли бармоғини кўксига нукди. — Ҳе, йўқ, ўзим бориб ангшағлаб келдим-ку. — Қаерга? — дедим унинг тинчимаслигига ҳайрон қолиб. — Қаерга бўларди — Парпи бебахтникига-да. Сув куйгандек. Тинчитиб кетишганида... онаси тек ўтирармиди! — Нима қиларди? — Ҳалигача етти маҳаллани бошига йиғиб, сочини юларди. — Акмал ўрисни ҳам... қўйворишган дейсанми? — Балки, — деб туриб, бирдан қистаб қолди: — Хоҳласанг юр, уйини айғоқлаб келамиз. Гулобисига иккита кесак отсак, югуриб чиқади. — Отамиз, — дедим мен. — Кетдик. — Шошма, юзимни чайиб олай, — дедим мен. — Тез чиқ, — дедию Соли ўзини пастга отди. Катта боғ ёқалаб, қовунполиз билан ўртадаги дала сўқмоқдан олдинма-кетин Бўзсув томонга югургиладик. Ўрикзорни кесиб ўтиб, қайнаманинг олдидан чиқдик. Акмал ўриснинг чорбоғи Бўзсувнинг бўйида иккита тепаликнинг ўртасидаги каттакон чакалаксимон боғ экан. Тагига тангадек офтоб тушмайдиган бир чакалакки, булбуллар чаҳ-чаҳлаб сайраб ётибди. Гир айланасига икки пахсали девор (учинчи пахсаси сар-хокига қўшилиб аллақачон емирилиб бўлган), бир ён деворга тиралиб ўсган беҳилар — сариқ юнг коптокдай ғуж-ғуж ҳосил тутиб ётибди. Бир ёғида, Соли айтгандай, сариқ, сиёҳранг гулобилар. Яна бир ёғи Бўзсувга тушгунча толзору теракзор, таги эса, маймунжонли чакалакзор. Пастини — Бўзсув томонини, билмадим, нима экан. Аммо дарвозаси ғаройиб. Иккала тавақасини баравар очса, иккита арава бемалол бири кириб, бири чиқиб кета олади. Шунақа катта, бирон сабзавот омбориникини ўмариб келганми, нима бало? Ҳовлида бир гала чипор товукдар, бабақхўрозлар солланиб юришибди. Дарвозанинг олдидаги ёнғоқнинг тагида битта говмиш билан иккита ғунажин кавш қайтариб ётибди. Гулоби томонга ўтмасимиздан узун симга боғлоқлик апчарка ит акиллаб югуриб келиб, деворга иккала оёғини қўйганча ириллашга тушди. Соли ҳам қитмир. Энгашиб туриб, ердан битта кесак олди-да... унга шунчаки пўписа қилади, десам, мўлжаллаб туриб жағига тушириб қолса бўладими. Ит ангиллаганча думини қисиб қочди. Занжири симда анча ергача судралиб борди. — Ана энди ўмариб кетсанг ҳам индамайди, — деди Соли ишшайиб кулиб. — Ёлғондакам дўқ қилиб қўйсангам, сичқоннинг инини минг тангага олиб кетади. — Мол эгасига тортган экан-да, — дедим. — Э, йўқ, бу ёмон ҳайвон. Эгаси билан келиб қопмагунча, кек сақлаб юраверади. — Сенам опқочдинг-ку гапни! Оламизми олхўридан? — Нега олмасканмиз! Балки нарироқ борсак, зўр-зўр яна бир нарсалари бордир. — Зўрини хоҳлаб қолдингми? — дея кулдим мен.— Тағин калтаги насиб қилиб қолмасин. — Э, тутиб бўпти. Шу маҳал (бизни кўрмаган, шекилли) ҳовлида эркак кишининг бўралаб сўкингани эшитилди: — Хўв, галварслар, эшшакдай ётавурасанларми? Кетингни кесиб кетса ҳам, билмаларинг, даюслар! — Ўзи! — деди шивирлаб Соли, шу баробар пусиниб чўнқайди. — Тирик экан, кечагининг аламини укаларидан овотти. — Кетдикми? — дедим ҳадеб ўғридай пусиниб ўтиргим келмай. — Нега? Ўмармаймизми бирон нарса? — Э, қўй, шунинг нарсасини едикми?! — Шунча жойдан келиб-а?.. — Биладиганимизни билдик-ку... — Ҳа, дарвоқе, — Соли катталардек бош силкиди. Лекин барибир қуруқ қайтгиси келмадими, енгимдан тортқилади. — Шошма, бу ёққа кирмайдиган бўлсак, кетдик. — У девор ёқалаб пастга бошлади. — Қаёққа борамиз? — Сен юравер. Тепанинг тагидаги ёлғиз сўқмоқдан олдинма-кетин югургилашиб боряпмиз, боряпмиз. Бўзсувнинг бўйига яқинлашганимиз сари сойлик кенгайиб, тепалик осмони хафтимга кўтариляпти. Соли бу ерларда сигир боқавериб, чўмилишга келавериб, йўли ёд бўлиб кетган шекилли, бамисоли учиб боряпти. Етиб оламан дейман, қани етолсам. Пастдан катта сувнинг намхуш ели юзга урилади. Ёввойи ялпиз ҳидими, балчиқ ҳидими, ишқилиб катта сувнинг нимтатир бир ҳидини димоғим яққол туя бошлади. Булоқ бўйига ётволиб ичмоқчи бўлганингизда гуркираб келадиган ифордай бир ҳид. Айтмоқчи, балиқданам шундай намхуш ҳид уфуриб туради-ку. — Қаёққа боряпмиз? — дедим ахийри Бўзсув бўйидаги чимзорда унга етиб олиб. Соли чим устида қотган сигир тезагини сувга тепиб юбориб, ишшайди: — Бир кепқопсан, топганимиз сеники. — Нима топганимиз? Атрофда ҳеч ким йўқ бўлса-да, у калламни эгиб, қулоғимга шивирлади: — Саватларни қараб чиқамиз. Бахтингдан кўр: тушгани сеники. Бўптими? — Қанақа... сават? — Бақирмасанг-чи. Овсармисан, нима бало?! — Кейин ётиғи билан тушунтирди: — Бу сувнинг бўйида секин гапировур. Овозинг жангиллаб кетишини сез-маяпсанми? — Нима қипти? — Сават эгалари тутиб олақолсин, бўлмаса. — Ҳа-а. — Ҳа-а! — деди у ҳам овсарлигимдан кулиб, кейин қўл силкаб йўл бошлади. — Юр, кетимдан. Шундай сувнинг бўйидаги ёлғизоёқ йўлдан қамишзор ёқалаб, ўпирилган тепалар ёнбағирлаб бора бошладик. Салгина елданам қамишлар шовуллайди. Ўпирилган тепанинг ёнбағрига минг хил қушлар ин қўйиб ташлабди, ҳалитдан чирқиллашиб бозор қилиб ётишибди. Овозидан қулоқ батанг бўлгудек. Ҳар замонда ёввойи кўк каптарлар сувнинг тепасида қанот қоқиб-ўйин кўрсатиб қоладию ҳаммаёқ шапир-шупур товушларга тўлиб кетади. Бу ерда тиқ этган товуш ҳам етти газ наридан эшитилади. Ҳатто оёғимизга урилаётган ўтлардан шитирлаб эмас, шовуллаб овоз чиқаётгандай. Ниҳоят, сув қўлтиқ бўлиб кирган ерга етдик. Минглаб майда балиқчалар гала бўлиб сув тагига қочдилар-да, ўтиб кетишимиз билан яна қайтиб чиқа бошладилар. Соли қирғоқ туртиб чиққан ерда тўктаб чўнқайди-да, сув четидаги ўтлар ичидан бир нарсани пайпаслаб излай кетди. Ахийри топиб, икки қўллаб торта бошлади. Қарасам, эски занжир. Нима экан, деб анқайиб турибман. Бир маҳал сув юзида аввал тол саватнинг катта гардиши, кейин саватнинг ўзи кўринди. Ичида бир нарса кумушдек ярқираб потирлайди. Соли қанча чиранмасин, шундай сув юзида турган саватни қирғоққа суролмас, сал бўшашса, сават сувга ботиб кетаверар эди. У менга илкис қаради: — Нима қип қаққайиб турибсан? Торт кет томонидан! Қирғоққа тиззалаб сув юзида қалқиб турган саватнинг думидан зўрға ушладим. Соли далда берди: — Ҳа, қани, олдик. Баравар тортган эдик, сават сувдан узилиб чиқиб, оёғимизнинг тагига думалаб келди. Ичидаги сув шовуллаб тўкилиб, иккита билакдек-билакдек балиқ кўринди. Вой, уни қаранг-а! Балиқлар потирлаб, юрагим ҳам дукурлаб кетди. Шу маҳал биттаси думи билан саватни ўхшатиб урган эди, қўлимдан чиқиб, сувга тушиб кетишига сал қолди. — Жонинг борми? Ушласанг-чи! Саватни чаққон ушлаб қолдим. Соли шоша-пиша унинг қорнидаги эшикчасини оча бошлади. Сўнг билагигача ичига тиқиб, ҳалигача ўйноқлаб ётган балиқлардан бирига чанг солди. Саватдан чиқариб олди-да, боши баравар кўтариб, ёруққа тутди. Қат-қат тангалари кумушдек ялтираб ётган балиқ оғзини каппа-каппа очганча билонглар, ҳар билонглаганда тангачалари ораси очилиб йилтирар, «ғийқ-ғийқ» деган овоз чиқарар эди. — Ў, зўракан. Бахтинг боракан, Мақсуд. Энди буларни сенинг ҳовузчангда боқиб турамиз, — деди соли балиқни менга тутқазиб, — Ма, ушлаб тур. — Оборгунимизча, ўлиб бўлмайдими? — дедим ҳайрон қолиб. — Лаллайма! Ҳали тушириб юбориб, бир иш чиқариб ўтирма тағин! Ҳазир бўл, булар бир соатдан кейин ҳам ўхшатиб тепиб қолиши мумкин, «Вой юзим»лаб юрасан кейин. — У ишшайганча, саватдан иккинчи балиқни чиқариб олишга тутинди. Шу пайт тепадан бировнинг: — Ҳой, қизиталоқлар! Нима қивотсанлар! — деб бақиргани жаранглаб кетди. Овоз нариги қирғоқдан келган эди. Қарасам, ҳеч зоғ йўқ. Ё тавба, ким бўлдийкин? Шу пайт овоз эгаси яна: — Мен кимга айтвотман? — деб бақирди. Худди қаршимизда тургандай, лекин ҳеч ким йўқ. Бундай ўгирилиб, тепамга қарасам, ҳов жарнинг устида бир митти одам турибди. Елкасида қирқма милтиғиям борми, нима бало! Шунча тепадаги одамнинг овози бу томондан келиб, нақ қулоғимизнинг тагида жаранглар эди. — Пус. Пусинсанг-чи, — деб шивирлади Соли, — ҳали кўргани йўқ бизни. Овозимизни эшитди, холос. — Улдими кўрмай. Ундан кўра, қочиб қолайлик, — дедим. Соли ўқрайиб қўйди. — Юракданам берганакан! Ҳали тепадан тушиб келдию, тутиб олдию... унгача биз қаерда бўларканмиз. Гап ораси сават ичидан балиқни одди. Саватни эса, ўтирган ерида тепиб, сувга думалатиб юборди. Сув шалоп этиб, уни бирпасда ютди-кетди. Қирғокдаги ўтларнинг эзилиб, ҳўл бўлганини демаса, биров бу ерни ссшат кўрибди демасди. Соли иккинчи балиқни бағрига босганча, пусиниб йўлга ҳозирланаркан: — Қуридик, лекин орқамдан қолма! — деди ва ўзи келган изимиздан уриб кетди. Мен ҳам худди ҳозир қўлга тушиб қоладигандек, ўлар-тириларимга қарамай унинг орқасидан чопдим. Назаримда, узун бир қўл ҳув ўша тепанинг устидан туриб, гарданимдан кўтариб оладигандек бўларди. Бунга сари тобора ерга қапишиб чопяпман. Қамишу қиёқлар юз-қулоқларим, бўйинларимни тилиб ачиштиради. Оёғим балчиқларга ботиб кетади. Ўзим сувга мункиб кетай дейман-у, лекин қўлимдан балиқни қўймайман. Эрталабки насибани ташлаб кетиб бўладими, ахир! Каттабоғга етгандагина Соли оёғини қўлдан қўйди. Балиқни арикдаги жичча сувга ташлаб, ўтнинг устига ётиб олди-да, менга қараб думалаб-думалаб кула кетди. — Вой, вой, уни қара! Бетини қара! Ўламан ҳозир! Шу аҳволингни аммам бир кўрсаларми! — Нима қипти? — дедим менам балиқни сувга қўйиб. У ўзини зўрға кулгидан тийиб, туриб ўтирди: — Юв башарангни, ювиб олэ! Қаерда шунча балчиққа бота қолдинг? Ажинаданам чиройли бўп кетибсан. Мен ариққа чўнқаярканман, уст-бошим, тиззаларимни кўриб, ўзим ҳам ҳайрон қолдим. Битта балиқни деб балчиққа шундай бўялибманки, уч кун оқизоқ қилиб қўйилсамам тоза бўлмайдиган даражада эдим. Рости, Солини сўкишимни ҳам, қўшилишиб кулишимни ҳам билмасдим. — Қозонга яқин юрсанг шуда, — дедим ахийри тўнғиллаб ва секин, ҳафсаласизлик билан ювинишга тушдим. — Нима-а?! Солига таъсир қилди, шекилли, секин турди-да, худди уриб аламини олмоқчидек тепамга келди. Мен парво ҳам қилмай юз-бетимни чаявердим. — Ҳўв, овсар, — деди у ҳезланиб, — ҳали биз қозон бўлиб қолдикми, қора бўлиб қолдикми?! — Бўлмаса, эрталабдан ўғриликка бошлайсанми? — дедим мен ҳам бўш келмай. — Тағинам эгаси миянгдан дарча очиб қўймади. Милтиғини кўрдингми ўзи-нг?.. Солининг ранги оқариб кетди: — Милтиғи... бормиди? — Кейин ёнимга чўнқайиб, ижикилай кетди: — Ростдан кўрдингми? — Бордай эди-да. Тўғри келган одамнинг нарсасини ўмариб кетаверадими одам? — Ўндай бўлса, — деди у ўйланиб, — анув гаплар тўғри экан. Биз қочиб юрганларнинг овига тегиб қўйибмиз. — Ана, айтдим-ку, тағинам отиб ташламабди. — Ўлибди-да. Ўзимизникилар-ку. Иккинчи келмасин деб бир қозоқи дўқ қилиб қўйган-да. Ундан кейин кундузи ўқ чиқаришолмайди. — Нега? — Бекорга ўзларини билдириб қўйишсинми? — деди у билағонлик қилиб. — Қароргоҳлари қаерда экан-а? — дедим мен енгларимга чала-чулпа артиниб. — Қайси бир тепанинг тагидаги жарда эмиш. Ер-тўла қип олишибди. Облочи босса, ўша ёққа қочиб... — Облочи топиб бора олмасканми? — Топади, топмай нима! Лекин юраклари дов бериб бўпти Парпи бебахтнинг йигитларига учрашга! У ёмон! — Ўзлари қочиб юрган одамлар экан, балиқларини қайтариб берсак бўлармиди, — дедим ичиб ачиб. Ариқдаги балиқлар ҳамон онда-сонда билонглаб қўярди. Думидан юзимга жичча сув ҳам сачради бир гал. — Борамизми? — деди Соли қизиқувчанлиги тутиб. — Қанийди. Аммо билакдек-билакдек баликдарга қараб, бирдан айниди: — Йўлатишармикан? — Нима ишлари бор? — Жойлари очилиб қолишини исташармиди. сўраб ўтирмай пақ-пуқ отиб қўйишса... Э, йўқ, бекорга ўлиб кетадиган аҳмоқ йўқ, — деди бош чайқаб. — Берироқдан чақириб кўрармиз. Келишар? Ундан кейин биз катта одамлармасмиз-ку. Соли оёқ тиради: — Э, йўқ, борсанг, ўзинг боравур. — Қўрқоқ экансан, билдингми? — дедим жоним чиқиб. — Ўзинг пишириб е, ўғирлик матоҳингни! Шарт бурилиб, Каттабоғни ёқалаб кетвордим: оғайнимиш, қариндошмиш яна! У ғиқ этмади. Иккита балиқ ўзига қолади-ку, индармиди!.. Тунги Отлиқлар Кечқурун ойим сигир соғаётган эдилар. Бўйнини қашлашиб-қарашиб турсам, орада ҳеч гап ўтмагандек Соли чақириб келиб қолди: — Ҳей, Мақсуд, бу ёққа қаравор, — деди дарвозадан ўтолмай. Ойим, борақол, дегандай сигирнинг тагидан турдилар. Мен югуриб чиқиб бордим. (Биз шунақамиз, ури-шиб қолишимизгаям, ярашиб кетишимизгаям тараф йўқ. Той тепкисини той кўтаради-да.) Қарасам, ён қўш-нимиз Саидумар ака билан анҳор бўйида туришибди, ишшайиб. Балиқтўрни елкага ташлаб, отланиб олишган. — Йўлпўстак шу маҳалда? — дедим. — Юр, тўсат га кетяпмиз, — деди Соли мақтаниб.— Саидумар ака балиқнинг конини биладилар. Қўллариям енгил. — Юринг қўшни, — деди у киши сизсираб, — ҳамроҳ бўласиз. Олов ёқиб картошка кўмиб, бир маза қиламиз. Ов деса жонини берадиган бу одам сигирлари қантариғлиқ қолиб, ўзи ҳали бедана овига, ҳали балиқ тутишга, ҳали балиқ саватга тол хивич кесишга тентираб кетиб қолар, биз билан қўшилишиб чўмилишларга, узум ўмаришларга бораверар эди. Бир куни шу Солининг гапига кириб, бангидевонанинг уруғини уқалаб, (у кўкнори донига ўхшаган майда бўлади) ким кўп кап отиш ўйнашибди. Ўшандан кейин салга кўп куладиган бўп қолишдию бу ёғига Худо бир асради. Аммо софдил, соддадил одам, биз янги қўшниларни сизсирашларидан билавуринг. Боргим келиб турганини кўриб у киши: — Туз эсимиздан чиқибди. Озгина олволинг, — дедилар. — Яхши, — дея югуриб кириб кетдим ва тузни олиб. — Ойи, биз Солиларникидамиз, — дея қоча қолдим. Ойим дераза токчасига сут тоғорачиларни тера туриб: — Ҳай, бир балоларни бошлаб юрмаларинг. Тез қайтгин, — деганларича қолавердилар. (Айтиб бўладими Иззага тўсатга кетвотмиз деб!) Қаюмбек амакининг кўчасидан гап сотишиб кетавердик. Ҳўв ўша — кўч ортиб келаётганимизда арава ағдарилиб, тоқилар оқиб кетган жойгача. Ойдан ҳали дарак йўқ. Бир-бирига мингашиб кетган тепалар шом қоронғисида ўзидан ҳам каттароқ бўлиб кўринарди. Оёқ остидаги чимлар ҳалитдан нам тортиб, сойдан салқин уфуриб турибди. Сувнинг ўзи кўринмаса ҳам, пастдан бўғиқ шовқини эшитилади. Ҳавода бодроқ ҳидига ўхшаш тоза ҳид кезинади. Искаб тўймайсан. Мен тепада тусмоллаб шох-шабба териб юрибман. Улар бўлса, сой бўйида тўсатга жой танлашяпти. Ғўнғир-ғўнғир овозлари баралла келиб турибдию ўзларини кўриб бўлмайди. Қоронғиликка сингиб кетишган. Фақат, тусмоллаб топиб бориш мумкин. Ярим қучоқ шох-шабба йиғиб, Йўлбарстепанинг устида (ўзини офтобга солиб ётган «Йўлбарс»нинг нақ бошига чиқволиб) ўтирибман. Пастимда қирғоқлари элас-элас ажралиб турган сойлик. Ичига бир дунё қоронғиликни қамаб, живирлаб ётибди. Олмазордан тушиб келган, ҳозир сезилар-сезилмас оқаришиб турган сшув арава йўлдан, у келиб туташган Жимиттепадан кўз узолмайман. У йўл, у Жимиттепа, Жийдалитепа ва эшигимиз рўпарасидаги нокзоргача чўзилиб борган манави бедапоялар беихтиёр хотираларимни қўзғаб юборди. Дарвоқе, бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас. Ахир, кўч ортиб келаётганимизда мана шу кўприкда содир бўлган воқеани — сой сувини тоширгудек бўлиб чўмилаётган қизлар устидан чиқиб қолганимизни, улар биздан ҳуркиб, қаёққа қочарларини билмай, ўзларини ҳар ён урганларини... унутиб бўладими? Тўнтарилган аравани ўнглаб олгунимизча ҳам улар сувдан чиқишолмай туришгани, саф-саф оқиб бораётган тоқиларни тутиб, қирғоққа отиб беришгани, ҳаммасидан ҳам, аравадан учиб кетиб, булоққа юзтубан тушиб, чиқолмай ётганимда тортиб олган Марғу кеннойим — бу кечмишлар ҳаммаси шундай кўз олдимда турибди. Кейин анави тепалик устига, чангал ичига ўтирволиб унинг йўлини пойлаганларим, Султонмурод акам йўлдан уриб аравасига солиб кетганида аламимми ичимга ютиб қолганларим... эсимга тушиб кетди. Эҳ-ҳе... Эски тегирмонда кўрганимиз воқеадан кейин бу ишларни Марғу кеннойимни дебгина эмас, унинг биринчи никоҳини бузиб, Баҳриддин акамни беному нишон йўқотганларни излаб топиш учун ҳам қилаётганини билгач эса, акамга меҳрим бўлакча ортиб кетди. У, биз ўйлаганчалик, ёмон йўлларга кириб кетган эмаскан, мардларнинг марди экан ҳатто. Кеча Марғу кеннойимнинг унга кулиб, интиқиб қарашларидан аччиғим чиқиб юрган бўлсам, бугун энди холаларимнинг ҳукмидан норозиман. Марғу кеннойимга ҳам, акамга ҳам ачиниб кетяпман. У шу кунларда жудаям камгап, бир ерга сиғмайдиган бўлиб қолган. Қовоғини уйиб олса, шунақа жаҳлдор кўринадики, бир нарса сўрагани ҳам юрак бетламайди. Ўзиям эрта туриб кетганча, алламаҳалда келса-келади, келмаса, қаёқларгадир гум бўлиб кетади. Ойимнинг сўроқларигаям калта-култа жавоб қилиб қутулади. Сезиб-билиб турибмиз: ростини айтаётгани йўқ, тегирмонда Акмал ўрисга кўрсатган томошасидан маълум, у ҳазилакам ўйинни бошламаган. Ўзича Баҳриддин акамнинг қотилларини топмоқчи... Юракданам худо берган экан: ҳеч ким мушугини пишт дея олмайдиган одамларни зир титратиб турибди. — Ҳей Мақсуд, қаёққа йўқ бўлиб кетдинг? Опкелмайсанми опкеладиганингни... Мен эсам сувнинг салқин эпкинию бир маромда шовуллаши ёқиб, тепадаги чарақлаган юлдузларга термулиб ўтираверсам, дейман. Ҳали-замон бир чети учган ярим палла қовоқдай ой кўтарилади. Ана шунда бу олам чирилдоқлар овозига тўлиб, ой нурлари бу сойликка тўкилади. Эҳ... ўша нурларга хаёлингда арғимчоқлар солиб учсангми! Соли пастдан чақиришини қўймасди: — Мақсуд, дейман! — Кейин ўзича тўнғиллагани эшитилди: — Қаёққа йўқолди бу овсар?.. Сал ўтиб, Саидумар акамнинг овозини эшитдим: — Гугурт олмабмиз-ку, Солихўжа. Оғайнинг билан уйга ўтиб кела қолинглар. — Хўп, — деди Соли ва аста-секин қоронғиликдан қорайиб чиқиб кела бошлади. Ўрнимдан турдим. — Чопдикми? — Чопдик! Ва биз тупроқ йўлдан уйга қараб чопиб кетдик. Ёнғоқзорга етиб борганимизда тоғамнинг муюлишларидан шопдай бўлиб иккита отлиқ чиқиб келди. Қўрқиб кетганимиздан тахта бўлиб қолибмиз. — Ким у, бемаҳалда тентираган? — деди олдинги отлиқ. Овоз оҳангидан, худди ҳозир қочсак, отиб ташлайдигандек эди. Дабдурустдан нима деб овоз бераримизни билмай, кичкина тортиб кетдик. Тунда, яна унинг устига, бунақа хилват жойда бегона отлиқларга дуч келиш... одам қўрқаркан. Балқи қароқчилардир, балки облочилардир? Бир чеккада қисиниб турувдик, отлиқлардан бири яқин келиб: — Ҳа-а, сизларми, йигитчалар? — деб қолди. — Биз, биз, — дедик қалтирашиб. — Анув, янги кўчиб келган қўшниларинг бор-ку, Султонмуродми, оти нимайди, ўшаники шу ердами, қаерда туради? Мен энди оғиз жуфтламоқчи эдим, биқинимга мушт тушиб, нафасимни ютдим. Ўрнимга Соли жавоб қилди: — Қанақа янги қўшни? Бетта унақа одам йўқ, — деди талмовсираб. — Тепадан ўтгандан кейин биринчи қайрилишда, деб тушунтиришган эди-ку, — деди иккинчи отлиқ ишонқирамай. Соли бир қадам олдинга чиқиб, бидиллади: — Анув ёқдан, тепа кўчадан тушиб келдингларми? — Ҳа-да. Ўша тепани айтяпмиз-да. — Унда, анҳор қайрилган жойда ўнгга кетган йўлни кўрмадингларми? Ўша кўчани айтишган бўлса керак. Бетта ҳаммаси эски қўшнилар. Биз биламиз-ку.— Соли ёлғон тўқир, тўқиганда ҳам, дудуқланмай тўқир эди. — Шунақа денглар, — деди биринчи отлиқ. — Алдамаяпсизларми ? — Ҳе, алдаб бизга нима, амаки, — дедик бараварига. — Кетдикми, нима қиддик, Тўлаган? — дея маслаҳат солди кейинги отлиқ. Унинг оти бош силкиб, пишқириб-пишқириб қўяр, олдингисиники тўхтамай сўлиғини чайнар эди. — Бориб кўрайлик, майли, — деди у. Сўнг отининг бошини бураркан, Солига пўписа қилди: — Ёмон бижилдоқ экансан, сен бола. Билиб қўй, аммо-лекин гел қилаётган бўлсанг, терингни шилиб оламиз. Соли дами ичига тушиб турибди-ю, ўлганининг кунидан: — Майли-майли, — деб валдирайди. Улар отларига қамчи уриб, йўрттириб кетишлари билан у яна биқинимга туртди: — Тез чоп, Мақсуд! Аканг қочадиган ерига қочсин. Нима бало, хуштакчилар ғафлатда қолганми бугун. Мен оёғимни қўлимга олиб, югуриб кетдим. Юрагим потирлаб, чопиб боряпман-у, мана, Акмал ўрисни қўйворганларининг оқибати, у тавба қилармиди, сотган, сотиб аламидан чиқмоқчи бўлган, дейман. Қўлдош тоғамларнинг қўрғонларини айланиб ўтиб, опамларникидан уйга кириб борсам, ойим ёлғиз ўзлари чироқ ёруғида машина тикиб ўтирибдилар. — Султонмурод акам қани? — дедим ҳовлиққанча. Ойим кўзойнакларини кўтариб: — Нима эди, Мақсудхўжа, у бетавфиқ ҳали келгани йўқ, — дедилар. — Худога шукр-э, — деганча остонага чўкарканман, унинг йўқлигидан бир енгил тортдимки... ишқилиб, ёмон кўзлардан ўзи асраётган бўлсин. (Аммо мен қўрғонимизни алламаҳалгача облочининг аскар болалари ўраб, акамни пойлаб ётганини кейин эшитаман.) Ойим ишга уннаган бўлдилар-да, яна кўнгиллари тинчимай, юзимга тикилдилар: — Тинчликми, рангингда ранг қолмабди, Мақсудхўжа? Ҳали айтиб улгурмаган эдим, отхона томондан шип-шип оёқ товуши ва аёл кишининг пиқ-пиқ йиғиси эшитилди. Илкис ўгирилиб қарадим. Жийда тагида биров ўпкасини тутолмай йиғлаб келар, лекин опамга ўхшамас эди. Ойим ҳам йиғи товушини эшитдилар, шекилли: — Ким? — дедилар сергак тортиб. Шарпа зинага етиб келибоқ, овозини баралла қўйиб юборди: — Вой, опов, энди нима қилдиг-ов? Укагинайиззи қамаб қўйишибдиёв... Овозларидан танидим: Қумри кеннойим. Остонадан ўтибоқ ёпинчиқларини юлқиб олдилару ўзларини ойимнинг бағриларига ташладилар. — Шу шўришларам бораканми-ёв бошкинамизда, жон опаёв?.. Ўзлари муштдек бўлиб ойимнинг бағриларига сингиб кетдилар-у, нолаю фиғонлари уйга сиғмас эди: —Худо-о, қуруқ туҳматлардан ўзинг асрагин-ов!.. Мунис, муштипаргина кеннойимнинг айтиб-айтиб йиғлашларига чидаёлмай, секингина ҳовлига тушиб кетдим. Йиғи овозини эшитиб, опамгилар, қўшнилар чиқа бошлашди. Ишкомда беғам-беташвиш чирилдоқлар аллақачон чириллашини бошлаб юборган эди. Ёнғоқзор ортидан пачоқ баркашдай кемтик ой кўтарилиб келарди. Негадир унинг юзи жудаям заъфарон эди. Нималар бўляпти, қандай кунларга қоляпмиз? Мужда Ёхуд Отинг Нима, Қизча? Тарғилимни соялатиб, энди анҳор бўйига келган эдим, сал беридаги тақирга арқонланган битта ғунажин кавш қайтариб ётган еридан сакраб туриб, думини хода қилганича, қозиғи атрофида гир айланиб чопа бошлади. Сўна шекилли. Югуриб бориб, қозиқни суғурвордим. Бўшанган ғунажин бир ҳатлашда катта анҳордан сакраб ўтиб, шаталоқ отганча, эгасининг ҳовлисига уриб кетди. Мен анҳор бўйига, сувга оёғимни солиб, ўтириб олдим. Бир пайт кўзим ҳув пастроқдаги кўк нокка тушиб, кўнглим суст кетди. Шартта ўрнимдан турдиму аиҳордан ҳатладим. Анавинда акам билан шу нокнинг таърифини қилган эдик-да. Ўзи кўм-кўк, пишмагандай тураверади, аммо қоқсанг, ерга чалп этиб тушиб, эзилиблар кетади. Есанг, оғзингда асалдай эрийди. Дарахтга чиқиб, биттасини бундай тишлаб кўрсам... оҳ, оҳ, оҳ, нок ҳам шунақа мазали бўладими! Худонинг қудратини кўрингки, туриши бир тийинга қиммат, аммо еб роҳатланасиз! Бу дунёнинг ноки эмас, чин гапим... Тишлаганимни паққос тушириб, қўйнимга ҳам териб олдим. Сўнг шоша-пиша тушаётсам, оёғим тойиб кетса бўладими! Жон-жаҳдим билан дарахтга ёпишганимни биламан, аллақанча жойгача сирғалиб кетдим. Билакларим ҳам, сонларим ҳам шилинди. Ҳаммаданам, қўйнимдаги нокларнинг расвоси чиқди: шилтаси этимга чип-чип ёпишар эди. Анҳор бўйига чиқдим. Қўйнимдан қолган-қутган покларни чиқариб, баданимга ёпишганларини юва бошладим. Шилинган жойларим сув текканда сал ором олгандай бўлади, лекин нам кетиши билан яна ловуллайди. Ахийри бўлмади, кўйлакни шартта ечиб, тўлиб оқаётган анҳорга ўзимни ташладим. Бир-икки шўнғиб олиб, ҳеч гап бўлмагандек, яна анҳор бўйига ўтириб, омон қолган нокларни ея бошладим. Асалдай нок бир ёқдан ажаб ҳузурлар берса, иккинчи ёқдан билакларим, сонларим биров гармдори сургандек лов-лов ачишади-ёнади. Қани бир малҳам бўлса. Шу маҳал орқамда биров бордек туйилди. Ўгирилиб кўрсам, ойимлар айтмоқчи, қош-кўзи попукдек, сочлари майда ўрилиб, ўзи бўйсира тортиб қолган қизча... ийманиб, нима деб чақирарини билмай турибди. Қараганим унга айни муддао бўлди, шекилли, тилга кира қолди: — Сиз... Сиз Салом опоқимлани ўғилларимисиз? Орқамга қандай келиб қолганиниям билмай қолибман. — Ҳа, — дедим ҳайратланиб. — Янги кўчиб келгансизлар-а бу ёққа? — Ҳа, қизча. Ўзинг ким бўласан? — дедим бошидан-оёқ қайта қараб. — Танимайсиз, — деди у ер чизиб, — биз сал нарида — Тепанинг у ёғида турамиз. Ўтираверишга ўнғайсизланиб, иккита нокни чайиб узатдим. — Ма, ол. У майда ўрилган сочларини силкитиб, бир чиройли бош чайқади: — Йўқ, раҳмат. Мен сизни бошқа иш билан қидириб келдим. — Кўклигига, пишмаган деб ўйлаяпсанми? Аввал битта тишлаб кўргин — биласан, — деб қистай бошладим мен. — Ўз-ўзингларникиданми? — деб қолди қизча кутилмаганда. Нима деб жавоб қиларимни билмай ёмон ўсал бўлдим. Кейин ростига кўчиб қўя қолдим: — Йўқ. Ҳов анави нокдан ҳозир олиб тушдим. Сен олавер, эгаси қўли очиқ одам. — Ундай бўлса, оламан, — дея нозик қўлини узатиб, аввал биттасини, кейин иккинчисини олди-да, ҳидлаб кўриб, ширин жилмайди. — Айтганингизча бора-кан, бол ҳиди гуркираяпти. Ўртада бир яқинлик пайдо бўлгандай бўлди. — Сен битга тишлаб кўр аввал, — дедим уни қойил қолдиришни истаб. У ийманиб, ерга қуш қараш қилиб олди: — Ейман. Лекин битта шарти билан. — Нима? — Шарти шуки, ҳозир менинг орқамдан юрасиз. — Олавур-а!.. Қаёққа юраман? — Бизникига. — Сизларникида нима қиламан? — У ерда сизни бир одам чақиряпти. — Мени?.. Ким экан у? — Ҳозир айтолмайман. Боринг, ўшатта кўрасиз. Энди юрасизми? — деди у боягидай ширин ва сирли жилмайиб. — Хўп, — дедим нима қиларимни билмай, — лекин сен ҳали нокни емадинг-ку. Емасанг, мен ҳам... Қизча бирдан аразлади: — Бормасангиз, нокингиз ўзингизга сийлов!.. — У азза-базза чўнқайиб, нокларни жойига қўйди. — Ие, жуда ғалати экансан-ку, сен қизча. У ердан кўзини узиб, бир қараб қўйди-ю, аммо қовоғини очмади. Ўша-ўша жиддий турганича, гапни калта қилди: — Юрасизми? — Майли, бошлайқол унда, — дедим ноилож. У бошини чиройли эгиб, қайрилган эди, майда ўрилган сочлари орқаси билан битта бўлиб тўлғониб кетди. Мен унга маҳлиё бўлиб эргашарканман, нок эсимга тушиб, уни чаққон олвола қолдим. Хийла индамай бордик. Аммо нуқул гапга солгим, ширин жилмайиб қўйи-шини яна кўргим келаверади. Ахийри, чидамадим: — Нокинг қопкетибди, қизча, — дедим эркаловчи товуш билан. Қиз тўхтаб, қўлимда бояги нокларни кўриб, аввалига ҳайрон бўлди, кейин мен кутган жилмайишини қилди. — Назаринг илмади, а? — дедим ҳазилакамига. — Унақамас, — деди у астойдил. Кўзлари нокда-ю, аммо негадир олмас эди. — Унақа бўлмаса, ма, ол, насибанг сенинг. У биров кўриб қолмасин деяётгандек ҳуркиб, нокни шартта олдию «Раҳмат»! дея қадамини тезлатди. Сал бориб, орқасига ўгрилди: — Юрмайсизми, кутишяпти, ахир. Мен етиб олишга шошилдим. — Ким чақирган ўзи, айта қолмайсанми? У қайрилиб ҳам қўймади. Биз аллакимнинг боғдевори ёқалаб, ариқ бўйидан борардик. Тол тагида сув шарқираб оқиб ётибди. Ариқ четини ёввойи ялпиз босиб, шохлаб кетган, кулранг танаси тиззага урилганда ҳиди гуркираб-гуркираб кетади. Айни гуллаб, уруғ боғлаётган пайти. Яна аллақандай чорбоғларни кесиб ўтдик, ёнғоқзорларни оралаб, ҳовуз бўйидан чиқдик. Икки томони кета-кетгунча пахса девор бўлган тупроқ кўчадан оёқларим куйиб, аллақанча юрдик. Ниҳоят, салқин бир кўчага тушиб, дарвозасининг олдига кўллатиб сув сепилган жойга етганда, қизча қайрилди: — Сиз шатта тура туринг, хўпми? — дея дарвозанинг болачасидан — кичкина эшикчадан ичкари кириб кетди. Қаёққа келиб қолдик? Бу ёққа мени ким, нега чақиртиради? Акмал ўрис ё Парпи бебахт бўлса-я? Балки бу қизча одам эмас, ажина-пажинадир? Шундай хаёлларга бориб, тирсакларимни чимчилаб кўраман. Кўчанинг ўртасида қаққайиб турганча, ён-атрофга аланглайман: жинлар дунёсига кириб қолмадимми мабодо? Йўқ, сув сепилган кўчанинг бир четида икки мусича ғув-ғувлашиб, беозор қувалашиб юришибди. Ариқ лабига келиб қўнган попишак «ҳу-ку-пиш-ш»лаганча менга бир қараб қўйдию пилдираб дон излаб кетди. Ариқдаги сув ҳам таниш қўшиғини айтиб, шалдираб ётибди. Ҳеч қанақа ажиналар диёрига ўхшамайди. Бир вақт бояги кичкина тавақа очилиб, қизчанинг боши кўринди. Бу гал у қўли билан имлаб, шипшиди: — Келавураркансиз. Оёғим тортиб-тортинқирамай, лекин ҳайратим баттар ортиб, секин эргашдим. Балки кирмаслигим керакмиди?.. Аммо қизиқиш ёмон нарса экан дунёда. Сирли нарсага учрадингми, ўзингни тўхтата олмай, домига тортилиб боравурасан, боравурасан. Аждаҳолар маконига кириб кетаётган бўлсанг ҳам, балки ҳозир аждаҳо йўкдир, қўриқчи девлари етти кечаю етти кундузлик уйқуга кетишгандир, ичкарига кириб бориб, маликани бир кўриб олсам бўлди, дейсан. Ич-ичингдан дағ-дағ титраб турсанг-да, битта тукинг қилт этмаётгандай тутмоқчи бўласан ўзингни. Маликага қизиқиш шу қадар кучли... Ҳозир ҳам жин жамалаксоч қизча қиёфасида мени ўрдасига бошлаб кетаётгандай, салқинда узала тушиб, оёғини узатганча пинакка кетган анави арслонни авраб қўйгандай кўринади. Биз оёқ учида итни айланиб ўтиб, сўри тагидан одди очиқ айвонга бурилдик. Рўпарада бўйрадеккина ҳовли, яна шундан кичикроқ тупроқ супа, супанинг гир атрофи райҳону жамбилу қўқонгуллар билан қуршалган. Яна орасида ироқи дўппининг ҳошиясидек гулибеорлару мен умримда кўрмаган нозик-ниҳол чечаклар очилиб ётибди. Фақат бир тараф гувалак деворга туташиб борган. Шу супага хонтахта қўйилиб, дастурхон ёзилган. Яна чор тарафига яланг қават кўрпачалар солинган, лекин ҳеч ким йўқ. Қизча мени негадир ичкаригамас, гулзор ўртасидаги ўша супага бошлади. Кейин ўзи: — Келинг, ўтириб туринг, — деб айвон ёнидаги эшикдан ичкари кириб кетди. Мен эсам, бу кимсасиз ҳовлида анграйиб ўтирибман. Бир кўнглим, эсим борида жуфтакни ростлаб қолсаммикан, Парпи бебахт деганларининг уйи шу бўлса-чи, дейман. Лекин хавфнинг ўзидан дарак йўқ. «Аждаҳо» қайси дераза ё эшикдан чиқиб келишини билолмай гарангман. Яна, ҳар эҳтимолга қарши, ёнимдаги гувалак деворга, унга қапишиброқ ўсган бир туп олмага (агар қочиш лозим бўлиб қолса, қандай тарма-ишшни мўлжаллаб) қараб-қараб қўяман. Девор тагидаги четини бинафша туплари тутиб кетган ариққа хаёлим қочган экан, бир маҳал қайсидир эшик ғийтиллаб очилгандай бўлди. Ялт ўгирилиб, айвондан тушиб келаётган мен учун фариштадай бир одамга кўзим тушиб, қотиб қолдим. Бақириб, сакраб кетгудек аҳволдаман-ку, қани энди суюнчдан овозим чик,а қолса. Қаттиқ севинчу соғинч қўшилиб кетса, шу аҳволга тушиб қолиш мумкин эканми, тавба. У эса узоқ касалдан энди турган, ҳали мадорга кириб-кирмаган, лекин соғайишдан дарак бериб турган юзига оилинар-билинмас қизиллик, кўзига нур югурган каби қиёфада битта-битта босиб, белидан ярим қучиб олган бояги қизалоққа суянганча келар, мендан кўзларини узмас эди. Келганим учун ҳалитдан нигоҳи пилан раҳматлар айтиб, овора қилгани учун узрлар сўрарди гўё. — Яхшимисиз, эшон бола? — деди у гулзор ўртасидаги йўлакка етиб. — Сизмидингиз... чақиртирган? — дедим мен овоз битиб. — Ўйламовдингизми? — Ҳеч. Сиз бўлиб чиқишингизни билсам, учиб-ла кслардим, — дедим ростидан тонмай. — Раҳмат. — деди куйлагандай. Мен ўрнимдан туриш энди эсимга келиб, жой бўшатишга шошилдим. — Сиз ўтиравуринг... ўшандоқ. Мен мана бундай, сизнинг қаршингизда, сизга қараб бирпас ўтирай. Кўрмаганимга ҳам қанча бўлди. Майлими, эшон бола? Ичимда жон-жон деб, майлингиз-майлингиз деб турибман-у, унинг кўнглига ёқиб тушадиган бирон сўзни ташимга чиқаролмайман. У супа четига енгилгина (омонатгина) ўтириб, қизчага жавоб берди: — Майли, сен борақол, Саида. Бизнинг эшон бола билан озгина гапларимиз бор, — дея уни елкасидан қучиб, жамалак сочларидан силаб қўйди. — Ўзимнинг ақлли сингилгинамдан ўргилай. Ана холос, мен уни ким экан, деб юрибман! Қизча супа четидан супурги билан хокандозни олиб, бу воқеаларнинг унга дахли йўқдек, итоат билан нари кетди. Чиройини йўқотмаса-да, ўзи сурати рамз бўлиб қолган опаси, менинг азиз Марғу кеннойим эса, дуога қўл очди: — Илоҳим, сизнинг енгил қадамларингиз билан бу хонадонлар устига тушган юкларни ўзи кўтариб, файз-баракотлар ато этсин, — деди ва ширин тиловат билан Қуръондан бир оят ўқиди: — «Авалам йарол-инсану анна холақнаҳу мин-нутфатин фа иза ҳува хосимум-мубийн» . Илоҳим, ўзинг шифои комиллар ато этгин,— дея қўлларини юзига тортди. Сўнг очиқ юз, енгил таха билан қараб, ўша-ўша оппоқ, лекин сал сарғайинқираган қўлини тавозе билан кўксига қўйди: — Хуш келибсиз. Бунақа вақтда биз қаторилар нима дейиши лозимлигини билолмай, ёмонам ўнғайсизландим: — Хушвақт бўлинг бизларнинг бахтимизга, — дедим қисиниб. Унинг кўзлари чақнаб, юзлари ёришиб кетди: — Раҳмат, эшон бола. Мен сизни... — У киприкларини тушириб, дастурхон четини ўйнади, — сизларни бир кўргим келди-бир кўргим келди. Айбга буюрмайсизда овора қилганим учун. — Овораси бораканми, бир оғиз айттирсангиз, учиб келавураман. Нима хизмат бўлса, мана, мен турибман. — Минг раҳмат, шу ширин гапларийиз учун! — У сал чўзилиб, дастурхондаги патнис устидан сочиқни олди. — Қани, дастурхонга қаранг, эшон бола. Бизнинг боғни узумлариданам татиб кўринг. Манави анжиримиздан олинг. Аям, юртимизнинг мевасиданам бўлсин боғимизда, деб... атай Қўқоннинг тагидаги она қишлоқларидан опкелиб ўтқазганлар буни, — дея бир тақсимча сап-сариқ олтиндай анжирларни олдимга суриб қўйди. Бундай меҳмондорчиликни кутмаган эдим. Уялганимдан, нима деяримни, нима еяримни билмайман. Бу орада жамалаксоч қизалоқ чой дамлаб, чойнакни жажжи тақсимчада кўтариб келиб, ташлаб кетди. Чой қуйилди. Бир шингил узумдан олдим. У анжирга қистаб, ўзи бир донасини одди-да: — Бу таомилда мана бундай ейилади, эшон бола, — доя уни иккига бўлиб, асали оқиб ётган жойини бир-бирига ишқади ва биттасини синглисиникидан ҳам бежиримроқ оғзига солди. Мен ўхшата олмаган эдим, беозоргина кулди ва кўшиб қўйди: — Тез-тез келиб турсангиз, ўрганишиб кетасиз. Шу сўзнинг ўзиданоқ ўртадаги ўнғайсизликлар кўтарилиб, мен ҳам сидқидиддан кулдим: — Машқ бўлади, денг?.. — Топдийиз, эшон бола. Баҳонада менам бирпас ёзиламан, — деди у худди ҳозирданоқ илтимос қилаётгандай. Сўрамоқчи бўлган бир саволим бор эди, ўрни келиб қолди. — Нима, далага чиқмай қўйдингизми?.. — дедим. Албатта, бу билан, акамни кўрмаётирсизми, демоқчи эдим. Марғу кеннойим тушунди. Тушуниб, киприк к,оқди. Шунақа бўп қолди, дегандайин. Кейин дастурхон четини ўйчан ҳимарганча: — Ўзинглар... яхши ўтирибсизларми? — деди. Асосий гапи бошқа-ю, аммо нимадан бошлашни билмай турганга ўхшарди. — Сиз холаларимнинг гапига парво қилманг, — дедим томдан тараша тушгандай қилиб. — Ҳаммасини акам ҳал қилади. Унинг дегани бўлади, қараб туринг! Уни биласиз-ку, тўғрими? Кеннойим тўлиб турганакан, ё асаблари шунақа бўшашиб кетганми, ўзини тутолмай қолди, қўллари титраб, босиб келган хўрликними, йиғиними, яширишга уринди. Лекин эплай олмади. — Биламан, биламан, лекин бу ёқда аямгиларни кўндиролмасам, инонтиролмасам... нима қилай? — деб юборди ҳиқиллаб. — Нима қилай, эшон болажон, пешонам шунақа шўр бўлса?.. Айтинг, айтинг ўзингиз, эшон болажон, мен шунақа бўлсин дебманми? Облочи боссин, гўшангаларда ёлғиз қолай, дебманми? У киши беному нишон кетсин, мен шундай кунларга қолай, дебманми? Энди бу акангизни учратган бўлсам, менда нима айб, нима гуноҳ, эшон болажон? Менам ҳаммага ўхшаган бир инсонман-ку, нега шумқадам аташади? Ҳамма гуноҳларни менга ағдаришади, жон эшон болажон?.. У кўзёшлари шашқатор оқиб, «жон эшон болажон»лар, чой чойда, анжир анжирда қолиб, менам унга қўшилишиб жимгина йиғлар эдим. Шунча ўзимни тутаман, ўпкамни босаман, дейман, қани босолсам, тутолсам: ёш оқиб келаверади, оқиб келаверади. Уни на яшира оламан, на енгларимга артиб тутата оламан. Қўшилишиб йиғласам, у енгил тортадигандай... ҳиқиллаб-ҳиқиллаб, унга қараб қўяман. Бечора кеннойигинам, энди шу шўришлар ҳам бораканми сизга! Нега ҳеч ким сизни тушунмайди? Англамайди? Англагиси келмайди? Султонмурод акам ўзи қаерларда юрибди сизни шу кунларга қолдириб? Менинг ўрнимда ўзи ўтирса бўлмасмиди ҳозир? Нега келмайди, хабар олмайди? Марғу кеннойим ҳиқиллай-ҳиқиллай, ахийри тинчиб, гандираклаб секин ўрнидан турди. Йиқилиб кетмаса эди ҳозир, деб жон ҳовучлаб ўтирибман. Ўрнимдан тура солиб тирсагидан тутишга ийманаман. Жамалаксоч қизалоқ ҳам кўрина қолмайди. У бўлса, бир амаллаб ариқ бўйига ўтди-да, юзларини пишиб-пишиб чайганча ўша ерда пича ўтириб қолди. Кейин ўрнидан турди, синиқ жилмайди. — Ҳартугул бир оз енгил тортдим, — деди. — Аммо сиз хижолат бўлманг, эшон бола, мен ўзим эркалигим тутиб, бир бўшаниб олай дедим-да. Майлими? Жойига қайтиб, ҳозиргина бўлиб ўтган воқеаларни унутгандай қиёфада менга қаради. — Олинг, олиб ўтиринг, эшон бола. Менинг дардим билан бўлиб, ҳеч нарса емадингиз ҳам, қарамадингиз ҳам дастурхонга. — Нега, олдим, едим. Раҳмат. У раҳматимни бошқача тушунди, кетишга рухсат сўраяпти, деб ўйлади шекилли, шошиб қолди. Мен эсам, мени чақиртирганидан, ўзига тенг ва яқин олиб дардлашиб ўтирганидан бошим осмонда эди. — Сиздан илтимос, жон эшон болажон, — деди Марғу кеннойим кўзларимга жавдираб, — айтинг у кишига: бир мартагина кўриниш берсинлар жилла қурса. Бир оғизгина бир нарса деб кетсинлар ўзлари. Кейин, майли, майли кейин келмасалар ҳам. Майли кейин булар билганларини қилсалар ҳам... — Овози қалтираб, бошқа ҳеч нарса дея олмай қолди. Фақат ёшга ғарқ бўлган кўзларини мендан узолмас, шу туришим билан ҳам мендан гўё «Майлин, майлин?» деб илтижо қилаётгандай эди. — Айтаман, — дедим ўпкам тўлиб. Шу пайт ҳовлида жамалаксоч қизалоқ кўринди. — Опа, кўча бошида аям келяптилар, — деди чопа кслиб. Мен тараддудланиб қолдим. Аммо кеннойим шошилмас эди. Юзимга ўша-ўша илтижо билан тикилиб: — Шу омонатни сизга ишондим, эшон бола. Сизни Худойимнинг ўзи қўлласин. Энди бора қолинг, — деди. Сўнг анча юмшаб, хотиржам тортиб, ширин жилмайди: — Эшикдан келиб, тирқишдан кетаётганингизга айб қилмайсиз-да? Мана бу ёқдан, ўзингиз билган олмадан девол оша қолинг. Мен шундагина деворга қапишиб ўсган сурх олмани танидим. У ўша — биз бир марта ўғриликка тушган қизил тарам олма эди. Фақат унда биз нариги томондан келган бўлсак, бу гал эгачаси билан бу ёғида турардик... Жар Тепасидаги Дор — Ҳой, Мақсудхўжа, қарагин, ўртоқларинг қаёқдан йўқлаб келишибди. Биз девор ортида ўрикнинг соясига ўтирволиб, балиқсават ямаётган эдик. Кўча айланиб ўтишга сабрим чидамай, девор наҳрасидан ошиб, дарвозамиздан чиқиб бордим. Э-ҳе, кимни кўряпман?! Анҳор ёқасидаги тепачада қалдирғочдай тизилишиб... яккабоғлик ўртоқларим ўтиришарди. Мени кўриб қучоқларини очганча югургилашиб тура бошлашди. Алиакбар, Аброл, Боқи, Саттор... болаликда тепалашиб катта бўлган ўртоқларим. — Эй, оғайничалиш — бир пой калиш, қаёқларга йўқолдинг?! Мен бу ёқдан чопдим: — Эй, бормисизлар?! Ва тупроқ кўчанинг ўртасида бир-биримизнинг бағримизга отилишиб, қучоқлаша кетдик. Худди тойлар гир айланиб чопишгани, кишнашгани, ялаб-юлқашгани каби! Худди қўзичоқлар дикир-дикир сакрашиб, ўйноқлашгани каби! Юзга юзларни суйкаб... бўйинларни искашиб... таниш бўйларга тўйиб-тўйиб... Сўнг анҳорнинг икки ёқасига тизилишиб, ўзимизнинг пичир-пичирларимизга тушиб кетдик: қаерда шакарпалаклар тарс-тарс ёрила бошлаганию қаерда ноклар сарғайишга тушгани ҳақида. Эгаси қай маҳал йўқ бўлишию қай маҳал қоровуллаши ҳақида. Ва ҳоказо, ва ҳоказо. Сўнг бу янгиликлар ҳам тугаб, навбат воҳма гапларга келди: эй, сен эшитдингми, фалончини облочи босди. Фалончиларникига ўғри оралаб, фалончидан қора хат келди... — Эй, ёмон бўпти-ку. Сариқ Зоир энди етим қолдими? Ҳамма жимгина бош силкиди. Орага хиёл лаҳза сукунат чўкди. Сўнгра Алиакбар, бирдан бир нарса эсига кепқолгандай, чалпаги чиққан дўпписини кафтига қоқди-да: — Айтгандай, Мақсуд, сен бизни Бўзсувга бошла,— деди. — Бўзсувга? У ерда нима боракан? — Бир одамни осиб қўйиб, тоза бақиртиришаётганмиш-ку, ахир. — Шуни айт, шуни, — деб жовуллашди болалар. — Ҳар қийнашганда кўзлари косасидан отилиб чиқиб кетармиш-а, вей. — Облочисиниям, мелисасиниям йўлатишмаётганмиш. — Шунақа қийноқни ўйлаб топишганмишки, тегмасданам бақирворармиш. Бунақа гапларни мен, рости, энди эшитишим эди, серрайиб қолдим: ким бўлиши мумкин? Шу пайт ишшайиб, остонасида тоғаваччам кўринди. — Ҳов, Соли, бу ёққа қаравор, — деб чақирдим мен. У келиб кўришгач, яна қирғоққа тизилишдик. Анҳорда сув чип-чип тўлиб оқяпти. Биз оёқларимизни осилтириб, сувга солволганмиз. Бунақа ҳузур ҳеч ерда йўқ! Пешин живир-живирига тўла Изза томондан ураётган димни ҳам мана шу салқингина юта олади. — Бўзсувда нима бўляпти, Соли? — дедим унинг биқинига туртиб. Бунақа ҳангомалардан энг аввал у хабар топарди. Лекин ҳозир ўзини билмаганга солиб, ясама анқайди: — Нима бўляптиймиш? Бир одамни жарга осиб қўйишибди-ку, — деб эслатди Боқи. Шундан кейингина Соли ишшайди: — Э, уми? Манавининг акасининг иши-ку! — деди елкамга бир тушириб. — Ўзи айтиб берсин. — Қанақа акам? — деб ҳайрон бўлдим мен. — Султонмурод аканг-да! воой! — деди у шуниям билмайсанми, дегандай. — Аммо-лекин боплабди аканг! Парпи бебахт демаганлар... .....— Опқочма фақат, — дедим унчаям ишонмай. — Ўлай агар, шунақа сўроқ қилаётганмиш, шунақа сўроқ қилаётганмиш... — Шошма-шошма, қайси жарда? — Ойпошша аммамларникидан тушаверишда, ўзимизнинг чўмиладиган жойимиз бор-ку, ахир. — Бор... — Ўшатдан сал пастдаги тик жарни кўрганмисан? — Кўрганман, — дедим икки терак бўйи келадиган, ўпирилган тепани эслаб. — Тепасида қуриган ўрикми, нимаям бор, ўшами? — Ана ўшатта, қўлтиғига арқон солиб, жарнинг ярпм белига ташлаб қўйишганмиш нақ жазирамага. — Ола, кўзинг билан кўрмагансан-ку, опқочишингни қара, — дедим кулиб. — Кўрмаган бўлсак — кўрамиз, тўғрими, болалар? — деди у шерик излаб. — Ҳозир айни опчиқишадиган пайти... — Кетдик, — деди Алиакбар ичи қуриб. — Уйга кирмасдан-а? — дедим хижолат-ла мен. — Уйни қўй, кейин. Қоринни десанг, йўлда бирон полиз-молиз бордир, ахир, — деди Боқи кулиб. Солининг жони кирди: — Шуни айт. Аввал қовун сайли, кейин... дор тагида томоша! Сурдикми? — Сурдик! — дея ҳаммамиз сакраб турдик. Султонмурод акам нимага қорасини кўрсатмай қолди, десам, энди бу томошани ўйлаб топибди-да. Анув куни биттасини гадой топмас тегирмонга обориб сўроқ қилган эди, бугун бунисини тутибди. Худо кўрсатмасин, қамалиб кетса, ким ачинади, ким қутқарволади?.. Қоқ пешин вақти. Қилт этган шабада йўқ. Олам саратон живир-живирига тўлиб, чигирткаю қушларгача сояга уриб кетган пайт. Фақат, тиниб-тинчимас биз ялангоёқлар пайкал ёқалаб, лўкиллаб боряпмиз. Худди овга чиққан бўри галасидек. Олдинда Соли, орқасида биз. Овга етаклаган она бўридан фарқи — шу кетишида ҳам гап сотиб кетяпти. Ойпошша холамгиларнинг боғларига етмасимиздан қовунполиз бошланди. Боғ этагида чайла, аммо чайлада зоғ кўринмайди. Ҳеч ерда йўқ шабада бирдан ўша тарафдан ғир-ғир эсиб қолди. Ора-чора қовунқоқи ҳиди гуркираб кетади. Чайла томида кимдир узала тушиб ётганга ўхшайди. — Нима қиламиз, оралаб кетавурамизми, ё?.. — деди Аброл тўрлаб ётган қовунлардан кўзини узолмай. — Ҳаммаси шакарпалак экан. Босволди бўлгандами, оҳ! — деди Боқи оғзининг суви қочиб. — Тоза анойи экансанлар-да, — деб кулди Алиакбар. — Сенларга қолса, тепкилаб кетавурсаларинг. — Барибир чайлада одам кўринмаяпти-ку... — деди Соли ҳовлиқиб. Мен унамадим: — Боравурайлик, сўраган яхши-да. Жилдик. — Сўраган яхши-ку, — деб қизиқчиликка жилпанглади Соли, — аммо кўзини шамғалат қилиб, ўмариб чиққанга нима етсин! — Ўзингам ўмарилганига мазахўрак бўп қопсан? Болалар хахолаб кулишди. Шу маҳал чайла чайқалиб, тепасида биров туриб ўтирди. Кейин кети билан сурилиб, томидан оёғини осилтириб олди. Шундагина юзини кўриб, танибмиз. У «Қора Ғани — бошинг қани» экан. Бизни кўриб, чапак чалиб юборди: — Ул-ле, ман қутуллим... Қора Ғанини танимайдиган ошналарим анграйиб қолишди. Ростданам кап-катта одам... думбул боладек қилиқ қила бошласа, ким анқаймайди. Ҳозиргина чапак чалиб турган девона бир ҳиринглаб қўйиб, ялинишга тушди: — Жон болла, навонни қўйбелила. Мен Солининг биқинига туртдим: — Нима дейди? Соли ишшайганча девонага яқинлашди: — Ғани ака, нарвон оқиб кетибди-ку? — Қайтта? Қани? — Полиз қоровули ҳайиқиб-аланглаган эди, чайла лопиллай бошлади, жон ҳалпида ходага ёпишди. Бунга сари чайла томи бориб-келиб, Соли кулди: — Энди ўшатта қопсиз, Ғани ака. «Қора Ғани — бошинг қани»нинг юзлари бужмайиб кетди: — Жон болла, тушинийла, — деди бутини қисиб, ҳам йиғламсираб. Соли тегажоғлиғини қўймай: — Чоптирворувринг ўшатдан! Кимдан уяласиз? — деди. Ҳаммамиз пиқир-пиқирга тушдик. Бунга сари Қора Ғани кети билан сурилиб, қўлини силталади: — Йўқол-йўқол! Жинни эшак! Текин томоша, хахолаб кулдик. Девонанинг юзлари қорайиб, бир хунук бўлиб кетди. Мен ачиниб, солининг тирсагидан тортдим: — Қарғишига қолиб кетмайлик, ҳўв... — Ҳазиллашувдим, Ғани ака, — деди Соли бирпасда тусланиб. Сўнгра сўради: — Агар нарвонни куиберсам, нечта қовун оберасиз? — Бешта, — деди девона қувониб кетганидан ўнтала панжасини кўрсатиб. — Келишдиг-а? — Келиштик. — Айниб қолсангиз-чи? Қора Ғани бош чайқашдан қўрқиб, қўлини томонига қўйди: — Ўлай агар... Соли ўт босган ариқдан нарвонни тортиб, ўнгларкан, шивирлади: — Ҳозир кўрасизлар, тушадию қочади. — Нега, бирон ерга ўтақолмайдими? — деди Аброл. — Йўқ, уйига чопади, ўла қолса бошқа жойга ўтирмайди. — Ҳамма сенлардақами? — деб қўйдим мен. Ғани ака нарвоннинг пойидан қалтираб-салтираб тушаркан, Соли ўзича масхаралаган бўлди: — Уялади, овсар. — Сенам уял, — дедим мен. Соли шаддодларча кулди: — Ҳу-ҳув, уялмиш... Шу тоб Қора Ғани охирги поғонадан оёғини олдию қаддини тиклар-тикламас, қилтонглаганча урра қочиб берди-ку! Вой, афанди-ей, қовунполизни бизга ташлаб қочяптими? Қочиб бораркан, ҳиринг-ҳиринг кулиб, «мана сенга» дея думбасига шаппалаб қўяр эди. — Ҳов, Ғани ака, қовун-чи, обериб кетмайсизми? — деб Соли ёлғондакам оёқларини тапиллатди. Ғани ака баттар ҳиринглаб, девор ёқалаб қочишга тушди. Биз қорнимизни ушлаб, қотиб қолибмиз. — Бўлди-да, вей, қисталоқлар, — деди Алиакбар.— Бутун қовунполизни ташлаб кетсаям қўймаларинг. Чайланинг соясига жойлашгунимизча Соли иккита қовунни қучоқлаб, учинчисига энгагини тираб, чиқиб келди. — Олларинг, — деди ишшайиб (завқи келганда шунақа кулиши бор), — ким қанақасидан хоҳласа. Сариқ тўнли босволдига қўшиб, кўкча билан хунук бўрикалланиям топиб чиқибди у ўлармон. — Аралашиб кетса, ҳеч нарса қилмайдими? — деб Аброл тегишди. — Қорнинг чидаб берса, яна опчиқади, — деди Боқи. — Аммо қочолмай қолсанг, бизданмас. — Унда устидан калтак ҳам евораркан-де? — деб тоза кулишдик. — Уни-буни қўйларинг, пўчоғини нима қиламиз? Шундай ташлаб кетавурамизми? — дедим мен. — Сен бунинг ғамини емай қўяқол, мен ўйлаб қўйганман. Қани, олдик. — Соли кўкчани бир уриб ёриб, қўлида бўлаклашга тушди. Мишиллаб тушира кетдик. Босволдиям ёрилди. Бўрикаллаям бўлакланди. Чўнқайиб ўтириб олганмиз. Қорин мешдай шишиб боряпти. Иккита қовоғари ғўнғиллаб устимизда айланади. У ёқдан ҳайдаса, бу ёқдан келади, бу ёқдан ҳайдаса, у ёқдан. Яна аччиғи чиқиб, таламоқчиям бўлади. Аммо биз бўлди қила қолмаймиз. Ширин-да. Ширин ҳам гапми, асалга айланиб кетипти. Бир маҳал Соли орқасига қайрилиб қаради-ю, ўгирилар-ўгирилмас сапчиб туриб, қолган қовуннинг устидан сакради: — Атанда! Қочдик, боллар! Ҳаммамиз гурра қўзғалиб, оёқни қўлга олдик. Пастга қараб қочиб боряпмиз, қочиб боряпмиз. Полиз орқада қолди, икки тепалик ўртасидаги жўхоризор ҳам. Сойма-сой ошиб боряпмиз, тўхтай демайди. Бир маҳал чимзорга етиб секинлади. Ахийрида ўпкаси томоғига тиқилиб, Аброл ҳам етиб келдию ўзини ерга отди: — Қовун емай мен ўлай, вуҳ!.. Ўлдирдиларинг-ку, — деди ўпкаси томоғига тиқилиб. — Узи ким кевотувди? Ҳеч кимнинг қораси кўринмовди шекилли? — деди Боқи ҳам ўтиришга жой излаб. Соли ҳиринглади. — Йўлини қилувдим! Пўчоқни кўтариб юрдикми? — Ҳе, ўл! — Мен унинг курагига мушт туширдим. Камига бир тепмоқчи эдим, диконглаб қочди. Шу маҳал... Бўзсувнинг нариги ёғидан хунук додлаган бир овоз келиб, биз ҳаммамиз қотдик-қолдик. — Вой, ким боор? Тортсаларинг-чи бундо-оқ! — деб бақирарди у овоз. Соли айтган иш шумикан? Овоз чинданам нариги бетдан келаётган эди. Соли ўша томонга қулоқ тутиб, бош силкиди: — Тик жардан кевотти. Кетдик, — деди бирдан Йўл бошлаб, — рўпарасидан кўрамиз. Сой ошиб, давангирдай бир тепаликка тармаша кетдик. Энкайиб, мол изи сўқмоқдан чангал-тиконларга таланиб кўтарилиб боряпмиз, боряпмиз, қани қир учига втиб чиқсак. Энкайиб бораверганимиздан бир ёқда тиззалар қотиб қоляпти, бир ёқда ҳозир бўкиб еган қовунимиз бўғизларимизга келади. Аброл демаганлар ярим йўлда қолиб кетди. Ахийри сўнгги чангалдан ўтиб, лоп этиб, тепанинг устига — сайхонликка чиқиб қолдик. Бу ердан Бўзсувнинг нариги бети худди ўртада сув йўкдек, тўғридан-тўғри туташиб кетгандек яққол кўриниб турар, ўша ёқдан ҳилпинди шабада эсар эди. Бояги овоз ҳам баралла келиб турибди. — Ҳой, бир мусулмон бормэ-э, қутқарсаларинг-чэ! Тортиб ола қолсаларинг-чэ! Соли ўзини таппа ерга ташлади: — Ётларинт, бу ёғига эмаклаб борамиз, — деди. Тепанинг усти қуриб қовжираган янтоқ экан, тирсакларимгача тилиниб кетди. Норозиланиб қарадим: — Шундай боравурсак-чи? У кўзини ола-кула қилиб: — И-и-и, ўлгинг кевоттими? Мелисаларам яқинлашолмотти-ку, — деди. Ноилож эмаклай кетдик. Тирсакка чўплар ботади, тезаклар илашадими-ей. Бармоқларга тиконлар кириб, жоним ачийди. Лекин нариги бетдаги жарга оёғидан осиб ташлаб қўйилган (балки бошқачадир), ҳозир жазирамада бақириб ётган одамни кўришга иштиёқ ҳар нарсадан кучли эди. У додлашини қўймайди, биз эмак-лаб боришимизни. — Вой, каттабоғлилэ-эр, ман силарга нима ёмонлик қилувдэ-эм? Нима қила қолувдэ-эм? Чақирсаларингчэ ўша номарднэ-э. Тушунарли. Оёғидан остирганам, жазирага ташлаб қўйганам у! Акмал ўрисни қўйвориб, буни бунча қийнаб қопти? Нимани тан олдирмоқчи! Ё кўриб қўйинг: қотилнинг жазоси шу, демоқчими? Акамнинг ниятини тушуниб бўлмас эди. Бу орада биз тепанинг чеккасига етиб қолдик. Энди ҳов пастда ёйилиб оқаётган сув ҳам, рўпарадаги жар ҳам яққол кўриниб турар, Бўзсувдан катта сув ҳиди анқиб, салқини бетга ожиз урилар эди. Нариги бетда тақир тепанинг устида эса, ёлғиз қуриган дарахт, ундан уч қадам беридан жар тикка ўпирилгану ўртада ёлғиз томдай бўлиб бир бўлаги осилиб қопти. Икки чеккаси Бўзсувгача сидирилиб тушган. Тагида қамишзор шовуллаб ётибди. Сув ютиб кетганми, ботқоқ тортиб кетганми шунча тупроқни — ақл бовар қилмайди. Дод солаётган одамни ҳам кўрдик. Уни ик-ки қўлтиғидан арқон солиб, ҳалиги тепачага ташлаб қўйишибди. Дўппидек жойда ўзини ерга отиб-отиб, бошини тик жарнинг деворларига уриб-уриб дод соляпти. Қани энди доди бу оралиқ жарлиқлардан чиқиб, катта дунёга етиб борса!.. — Онэ-э, шунинг учун туққанми эди-из?! Бу кунимдан ўлганим яхши эдэ-э! Қиличда қиймалагани туз-зув эдэ-э! Отэ-э-э, шунинг учун катта қилганми эдэ-эз? Тегирмонни дўлига ташлаворинг эдэ-э! — деб ҳўнг-ҳўнг йиғлайди. Овози жардан-жарга урилиб, ваҳимали гулдирайди. Акс-садосидан жар қушларию кўк каптарлар тўзиб, пориллаганча осмонга кўтариладилар. — Мунча тошбағирсанлэ-эр! Эшитсаларинг-чэ, аб-лаҳлар!.. Аммо жавоб йўқ. Ҳеч ким яқинига йўлабам қўймайди, тортиб ҳам олмайди. Хўрликка чидаёлмай, ўзини сувга отишга интилади. Аммо бу ниятига белидаги арқон моне бўлади. Бир учи тепадаги қуриган дарахтга чирмаб ташланган. На ўзини сувга ота олади, на қутула олади. Соли ётган ерида имо қилди: — Устидагини кўрвотсанми? Қопми, нима? Боя эътибор бермаган эканман, чинданам унга сириб бирнима кийдирилган, қоп деса қопга, нимча деса иимчага ўхшамасди. Лекин икки қўли, икки оёғи чиқиб турибди. Офтобда ялт-юлт товланади. Нима экан, ақлим етмаяпти. — Мунча дод солади, эркакми ўзи? — деди Алиакбар. — Сениям қултум сув бермай жазирага ташлаб қўйсин, нима қиларкансан! — деди Аброл ачиниб. — Сўккани билан бўшатарканми, ўзига-ўзи қивотти, — деди Боқи. Шу пайт устимизга шопдай бўлиб, соқол-мўйлаби юзини тутиб кетган бир одам келиб қолди. Қўшоғизини ўқталганча бошини хунук сермади: — Ҳов! Қани, бир туёғингни шиқиллатиб қолларинг-чи! Ҳе, топган томошангдан!.. Тура қочдик. У ким эди, осмондан тушдими, ердан чиқдими — билмай ҳам қолдик. Оёғимизни қўлга олиб, чумда ҳар чеккага тирқираб кетдик. Орқадан эса, ҳамон Парпи бебахтнинг бақириқ-чақириғи келарди: — Қарасаларинг-чэ, аблаҳлэ-эр, тан олиб турибман-ку, ахир. Отган менман девотман-ку, ахир, яна мима истайсанлэ-эр?! Овози Бўзсув бўйларида жангиллаб, у тепадан бу тепага урилади, акс-садоси ҳурккан қушларнинг потирлаган овозларига қўшилиб, бир ваҳима, бир қиёмат қўпганки, ё алҳазар, ундан икки оёқни қўлга олиб қочибгина қутулиш мумкиндай. Мен эсам, бир жиҳатдан, ҳайратланаман, бошқа жиҳатдан ғурурланаман: шу дор, шу қийноқлар бари Султонмурод акамнинг ишими? Тўғриси, озгина қўрқув ҳам йўқ эмасди: бу кетишда охири нима бўлади? Шу Гуноҳи Камми Эрингизнинг? Бўш қолдим дегунча, бирон овлоққами, тепагами уриб кетаман. Айниқса, кун чиқаётган ё ботаётган пайтлари. Томгами, тепагами чиқволиб, тиззамни қучоқлаб ўтирволсам, тўп отиб ҳам тушира олмайсиз. Лна шундай ўтиравурсаму хаёлнинг учқур отларига миниб, болалигимнинг жинкўчаларига, хилват боғларига кириб чиқаверсам, кириб чиқаверсам. Мана, ҳозир ҳам даҳлиздаги орқага қараган кичкина деразамизнинг токчасига чиқволиб(!), Бўзсув тепаликларидан кўз узмай ўтирибман. Деразадан ғир-ғир ураётган укпарданам майин шабададан бир яйрасам, кеча биз шаббохун урган полизу Бўзсув бўйларидан кўз узолмай икки энтикаман. У ерлар офтобнинг кунботардан сирғалиб таралаётган нурларида (у нур селининг ўзими ё офтоб кун бўйи тўқиган сариқ атласларини энди йиғиштириб-тортиб оляптими, ажратолмайман) бир гўзал бўлиб ётибди. Ана, биз Қора Ғанини қочириб юбориб, ўзимиз қовун ёриб еган чайла. Ана, шум Солининг «Атанда!»сига ишониб, биз уриб кетган жўхоризор. Ана, устидан эмаклаб бориб, Парпи бебахтни томоша қилганимиз — тепалик. У ёғини кўришга шунча уринаман, лекин ҳеч нимани илғаб бўлмайди. На тақир тепаликни, на қуриган дарахтни, на жарнинг ўпирилган жойини. Лекин қўлга тушган қароқчининг овози ҳалиям қулоқларим остида жаранглаб турибди: «Қарасаларинг-чэ, аблаҳлар! Тан олиб турибман-ку, ахир! Отган менман девотман-ку ахир!..» Қараб турасиз, билакузук ўғрисиниям, Баҳриддинни гум қилганларниям топмай қўймайман, деб қасам ичган эди. Топибди-да? Тавбасига таянтиришни... бош-лабди-да? Лекин ўзи қаерда? Нега қорасини кўрсатмайди? Ана келар-мана келар билан неча кун ўтди, ахир? Бу ёқда Марғу кеннойимнинг илтимоси турибди. Бугун ҳам келмаса... Ҳовлидан ойимнинг овозлари эшитилди: — Мақсудхўжа, қарагин-чи, ким чақиряпти? Токчадан сакраб тушиб, кўча эшикка чопдим: акамнинг олдидан эмасмикан? Чиқсам... ўша жамалак соч, пучуқ қизча, мунғайибгина турибди. Мени кўриб, кўзларини олиб қочди ва митти оёқлари билан ер чизди. — Сенмидинг, Саи?! Кир, киравермайсанми? У ўша-ўша, ердан нигоҳини узмай, секин бош чайқади. Лабини буриб, бир нима демоқчи бўлди-ю, бир қур бетимга қараб қўйди. Унинг нимага келганини эслаб, хижил тортдим. — Марғу кеннойим... мени кечирсинлар, илтимосларини етказа олмадим... — дедим уятдан қулоқларим тагигача ловуллаб. У тин олиб хўрсинди. Сўнгра шатир-шутур гапира кетдим: — Биласанми, ишонасанми, у келмаяпти! Акам келмай қўйди уйимизга! Нима бўлган, қаёқларда юрибди — ҳеч нарса билмаймиз. Агар ишонтира олсанг, тайинлаб айт. Соли иккимиз излаб кўрмоқчимиз бугун. Топсак, айтаман. Назаримда, унинг мижжаларида икки томчи ёш йилтиради. Кейин билагини кўзларига босиб шарт бурилдию, чопиб кета бошлади. — Саи, Саида?! — деганимча қолавурдим мен. Ичим чироқ ёқса ёримайдиган ҳолга келиб, анҳор бўйига чўкдим секин. Марғу кеннойимга нима бўпти экан? Нега йиғлайди? Мени одам деб чақиртиришса-ю, мен ҳалигача айтолмасам... Уят. Тура, орқасидан чопдим. Аммо қизча ерда ҳам, кўкда ҳам йўқ эди энди. Кетиб бўлган эди. Эшикларига боришга бетим чидамади. Бўшашиб қайтиб келсам, паранжи ёпинган бир аёл эшигимизда бола кўтариб турибди. Пиқ-пиқ йиғлайди-ю, овоз бериб чақиролмай, ҳар замонда ҳалқани уриб-уриб қўяди. Дўмбоққина боласи унинг сим-сим йиғлашига бирпасгина ҳайрон қараб туриб, яна шўхлигини бошлайди; аёлнинг бошидан чачвонини тортқилаб қия очади-да, «Ажи», дея ширин мўралайди. Унинг ўйини ёқмай, аёл бошини бир ёнига ташлаб, юзини оуради. Бола қиқирлаб, баттар чачвонни тортқилайди. Мен томоқ қирдим. Аёл ҳуркиб қарадию, шоша-пиша чачвонини тўғрилади. Ич-ичимдан фахрланиб кўйдим: ҳе-ҳей, биз ҳам йигит бўпқопмизми?.. Аёл йиғисини ютиб, андиша ила тортиниб сўради: — Оповси, Салом кеннойининг ўғилларимасмисиз? Мен бош силкидим: — Ҳа, келинг. — Ўзлари, бормилар? — Борлар, келинг-кираверинг, — деб мен олдинга ўтдим. Аёл бошини бир ёнига ташлаб, боласини бошқа қўлига олди. — Бир оғизгина гапим бор эди, чақирвора қолинг. — Киравуринг, ўзларидан бўлак ҳеч ким йўқ... сиз қочадиган, — дедим. Ҳозиргина йиғлаб турган аёл, назаримда, жилмайгандай бўлди. Эшикни очишга шошилдим. — Келинг... — Майли, ҳеч қўймадингиз... — деб у эргашди. Дўмбоқ ўғли қуртдек билонғлаб, типирчилар экан, аёл остонадан ўтибоқ уни ерга қўйди ва жажжи қўлчасидан етаклаб олди. — Юра қол, ана, мўттигинам... Бола талпанглаб, фақат ўнг оёғини ташлай-ташлай, бир чиройли юриб борарди, бирдан қиқирлаб онасининг этагига ёпишди ва гулдор дўпписи ерга тушиб, кокили очилиб қолди. Мен дўппини олиб, бошига кийгизарканман, жувон: «Раҳмат, тоғажониси», деб қўйди менга ва боласини кўтариб олди. Ойим жувонни танимайгина, лекин мулозимат билан кутиб олдидар: — Келинг, пошша келин, супага чиқинг. Тепароқ, чиқавуринг. У ўғлини супага қўйиб, бошидан паранжисини кўтарди-да, чачвонига қўшиб бағазга илди. У ниҳоятда кўҳлик эди. Сариқ атлас устидан кийган духоба нимчасими чиройини янада очиб турарди. Ойим «пошша келин» деб атаганларича бор экан. Энгиллари анча урингани билан, жуда ярашиб турар эди ўзига. Пошша келин, ойим қистаганларига қарамай, пойгаҳга — ҳамиша мен ўтирадиган жойга қимтинибгина чўкди, тиззасини букиб, атлас лозимли оёқларини бир чиройли йиғганча ўтирди. Дуо қилиб улгурмасларидан болакай хонтахтага тармашиб, қийқира кетди: ҳали тапиллатиб уради, ҳали атрофида гир айланиб ўйноқлайди, меҳмонга келганидан боши осмонда гўё. Мен ишком ичида гўё ишим билан (узумга кирган эдим, хомтокка «тушиб кетдим») бандман, аммо улардан кўз уза олмайман. — Яхши ўтирибсизларми, мен сизларни безовта қилиб қўймадимми, холамойи? — деди Пошша келин.— Аибга буюрмайсиз бевақт келганимизга. — Йўқ, нега, одам бор ерга одам киради. Безовтаси борми, хуш келибсиз, — дедилар ойим. — Хушвақт бўлинг. — Меҳмон рўмолини тўғрилаб, арзи ҳолга чоғланди. Хокисор қиёфада йиғламсиради:— Мени келганим... ўзингиздан қолар гап йўқ, холамойижон, манаши жужуғимизнинг адаси... — Кўнгли тўлиқиб, гапиролмай қолди, қуруқ ютиниб ерга қаради, титроқ қўллари билан кўрпача қатини тўғрилашга тутинди. — Сиз тортинманг, — деб далда бердилар ойим. Мен ишком ичидан кўриб турибман. У баъзи аёлларга ўхшаб ёлғон йиғи билан аврамас, чинданам дардини айтолмай тўлиқиб ўтирар, гапиролмас эди ҳеч. — Шу жужуғимизнинг адасини... ўзингиз балки илитгандирсизам... Ахир танимаган, эшитмаган одам колмади... Иснодларга ўлар бўлсак ўлиб бўлдик... Бош кўтариб эшикларга чиқарга, маҳаллада юрарга юз ҳам қолмади, холамойижон. Лекин биз нима қилайлик, бошқа пуштипаноҳимиз бўлмаса? Ёмон бўлса ҳам, хонадонимиз чироғи, суянчиғимиз эдилар. Нима қиласиз, осмон узоқ, ер қаттиқ, давр — манавинақа... Раҳм қилсинлар, жон холамойижон, балки шу охиргисидир, қайтарлар тамом. Гуноҳларини сўраб беринг шу галча, манави жужуқлари ҳаққи. Йиғлай-йиғлай сўқир бўлиб қолган оналари ҳаққи. Сўраб бера қолинг. Сиздан оўлак ўртага тушадиган топмадик, холамойижон... Аёл кафтларини кўзларига босиб-босиб йиғлар, хўрликдан боласини ҳам унутган, у бўлса, парвойи палак, хонтахта атрофида қиқирлаб айланар, тапирлатиб, қип-қизил милкларини кўрсатиб, бир чиройли кулар эди. Аёлнинг кимлигини, кимнинг гуноҳини сўраб келишини фаҳмлагандай бўлдим. Наҳот бу ўша... қароқчининг хотини? Парпи бебахт деганларининг шундай хотини, ўғли бор эканми?! Нима деркинлар деб нуқул ойимнинг оғизларига тикиламан. Ахийри ойим юз-хотирлик билан: — Эрингиз оддий от ўғриси бўлса, бўлак гап эди, келинпошша, — дедилар. — Унинг гуноҳи оғирроқми, деб қўрқаман. Султонмурод унақа-бунақага тўнини тескари киймайди. — Сиз бир кўрсангиз эди, холамойижон, дардида йиғлай-йиғлай, кўзлари хира тортган қайнонамни! Эшикларга эмаклаб чиқиб, остоналарда ўтирволиб, ўкилларини чақиришларини кўрсангиз! Юракларни тўкиб юборяптилар. Мен бу кўргиликларга қандай чидай, холамойижон, қандай?.. Ойим ўша-ўша бош кўтармай ўтирганча, хўрсинибми, бурунларини тортиб қўйдилар. Сўнг илкис қараб: — Сизам эшитсангиз эди, кўрсангиз эди Асол опам туни билан Иззанинг тепаларида тентираб чиқишларини, ёлғиз ўғиллари Баҳриддинни чақириб юришларини, — дедилар алам билан. — Сўқирлик нима?! Кап-катта одам ўғлининг дардида куйиб, адойи тамом бўлди! Эсдан айрилиб, «Баҳриддиним»лаб устун қучоқлаб ўтирибдилар, билсангиз. У кутилмаганда йиғидан тўхтаб, ойимга тикилганча қотди. — Наҳот шу гаплар... рост? — деди ниҳоят лабларига жон битиб. (У ҳатто бўйнига ёпишиб-тармашган боласига қараб қўймас эди.) — Қандай қилайликки, рост, ҳаммаси рост. Бир бўй етган йигит гўшангаларга куёв бўлолмайин кетти. Бир келин чимилдикда туриб... бева қолаверди. Бир она ўғлининг фироқида, мана, ярим йилки, эси оғиб, сочини юлиб ўтирибди. Шу гуноҳи камми эрингизнинг? Келин не деб жавоб қиларини билмай, бир муддат тош қотиб, ўтириб қолди. Ойимнинг кўзларига қарай олмас, ер ёрилса, киргудек ҳолда эди. — Кечирасиз, холамойи, — деди ҳазин товушда ахийри, — биз бебахтларнинг кўргилигимиз шу экан. Ва оғир қўзғалди. Шу индамаганича, индамайин ўрнидан туриб, индамайин боласини қўлига олди, индамайин бағаз ёнига борди ва ундан паранжисини олиб, билагига ташлаганча, эшик томон юриб кетди. Яқиндан жуда яхши кўрдимки, кўзларида томчи ёш йўқ, гўё у сўқир кўздек қотиб қолган, айланмас ҳам, киприклари қилт этмас ҳам эди. Йўлини қандай топиб боряпти — ақлим бовар қилмасди. Беихтиёр Марғу кеннойимни эсладим. Кўз олдим хиралашиб келиб, гўё бир туман қоплаб олдию... лабларимнинг четидан шўртанг томчилар сизиб кира бошладилар. Жинқарча У кетди. Мен ишком ичидан секин чиқиб, супанинг бир четига чўкдим. Ойим кўзойнаклари устидан бир қараб қўйиб, ямоқларида давом этавердилар. Мен ўтириб-ўтириб, секин томоқ қирдим: — Ойи, у энди қайтмайдими бизникига? — Ким? — дедилар дафъатан англамай. — Султонмурод акам-да. — Нега, чақирсак келаверади. Фақат облочи безовта қилмасин, деб келмаётгандир-да. Нима эди? Мен айтолмай, минғирладим. — Йўқ, ўзим... Шу маҳал эшик қия очилиб, биров кўринди: — Мумкинми, ким бор? Дафъатан танимабман, Олим акам экан. У аланглаб кириб кела бошлади. — Ие, ойи, қаранг, ким кевотти?! — Мен ўрнимдан тура, югурдим. Асранди акам кичкинагина кўкиш жомадончасини демаса, қуруқ кириб келар, ҳатто мелиса кийимини беришмаган эди унга. — Мен қайтгунча, кўчворибсизларда бу ёққа?.. — деди у елка тутиб. Ойим уни пешонасидан ўпиб, айланиб-ўргилиб, тагларига кўрпачалар ёзиб, тепага қистадилар. — Кела қол, айланай, юқорироқ чиқавер. У жомадончасини еру кўкка ишонмай тўрга ўтди ва ёнига қўйиб, чўкди: — У ёққа борсам, денг, том очиқ, ҳаммаёқ хароба, ҳовли ютаман дейди. Анқайиб қопман. Яхшиям қўшнилариз боракан, айтиб қолишди, — деди у. — Эй, нимасини айтайин, — деб ойим кўзларига ёш олдилар. — Тоғанг бояқиш, мана, нимага шошган экан, бизни қўярда-қўймай кўчириб келувди. Энди ўзи қандай зах хоналарда ётибди экан? — Ким? Қўлдош тоғамларми? — деди у ўз қулоқларига ишонмай. — Ҳа-да, сени ҳам ўша ўқишга жойлагунча бир ерга етган эди. Мана, энди ўзидан хабар оладиган бир марди Худо йўқ. — Ойим куйиб кетганларидан фотиҳа қилишни ҳам унутиб, бош эгганча жим қолдилар. — Йўғ-э, қанақа чақув бўла қолибди? Ишларидан ишкал топишибдими? — деди Олим акам ҳовлиқиб. — Қочиб юрибди, деб кимдир хат ташлаганмиш. Кенжа тоғанг кетди, Ислом тоғанг кетди. Акром тоғанг кетди, Усмон тоғангни қарчиғайдай икки ўғли жўнади, Қўлдош тоғанг қочадими? Нима бўлса, дўст-душмандан бўлди, болам. Ишга деб кетиб, қамоққа тўшиб ўтирибди тоғанг. — Ойим этакларини мижжаларига босдилар. — Тангрим ўзи буюк, ўзи қодир. Истаса қаҳр этади, истаса мушкулларни осон қилади. Илоҳи, биз мўминларни ҳифзу ҳимоятингга ол, қасд к,илганлар паст бўлсин... Ойим энди унинг юзига очиқ қарадилар: — Ўзинг яхшимисан? Яхши қутулиб келдингми? Олим акам негадир кўзини олиб қочди: — Ўқишини... ташлаб келдим. — Ташлаб? Тоғанг эшитса, хафа бўлади-ку. У ямланиб чайналди: — Менга... тўғри келмади... ўша ўқишлари. Ойим шубҳаланиб, кўзига қарадилар: — Нимаси... тўғри келмаскан? — Бунақа ўқиш, бунақа ишлар... бизга ярашмасакан, хола. — Яхши бўлмабди, — дедилар ойим. У жим қолди. Ўртага ҳеч гап сиғмас, ўзи ҳам бир нима дейишга журъат эта олмас эди. Ниҳоят ойим чой тайёрлагани қўзғалдилар: — Ҳалиям бўлса, тоғангнинг олдидан ўт, — дедилар фикрларидан қайтмай. — Баҳонада кўриб ҳам келасан. Мен икки бош узум узиб, анҳорда чайиб келгунимча, ойим чой дамлаб, нон синдирдилар. Энди бир пиёладан ичибмидик-йўқми, зағизғон сайраб учиб ўтди. Яна келмаган ким қолган экан, дегандай, ойим эшикка қарадилар. Тавба, шу тоб эшигимиз ғийтиллаб очилиб, аввал гавдали одамнинг сояси, сўнг ҳассаси кўринди — ҳарсиллаб-лорсиллаб Нусратилла почча кириб кела бошладилар. — Э-э, кимни кўряпман-кимни кўряпман! — У киши узокдан ширин манзиратлар қилиб, бирдан ҳовлимизга файз киритиб юбордилар: — Ҳай-ҳай-ҳай, Олиммисан? Кўз тегмасин, эр етиб қопсан-ку, а? Бўй тортиб қопсан-ку, а? — Акам салом бериб, бўйин эгиб борган эди, бағриларига босиб, куракларини силаб, алқай кетдилар: — Уни қара-я, томиримнинг томири, Абдураҳим эшон поччанинг ёдгорлари! Кўриниб тургинда бундай. Ўқишга кирдим деб йўқолиб кетдинг... Ҳай-ҳай-ҳай, умрнинг ўтишини қаранг. Мен ҳам салом бериб, чопиб бордим. Мени ҳам бағриларига босиб, мушк-анбар ҳидларини гуркиратиб, пешонамдан ўпиб қўйдилар. — Оҳ, тойчоқларим-тойчоқларим, эртага от бўлиб, орқамизда қоладиган кишноқларим. Худойим бизларга иймон, сизларга умр берсин. — Кейин ҳарсиллаб-лорсиллаб тўрга ўтиб, дуои фотиҳа қилдилар-да, яна Олим акамни гапга тута кетдилар: — Шунақа дегин-а, ўқивотман дегин-а? Бизданам битта ўкуматти ишонган тоғи чиқаркан-да, а? Бунга сари Олим акам қисинади, қизариниб ер чизади! — Унчаликмас, почча. — Сен хўп деявер! Тоғанг сени бу қизталоқнинг ўқишига зўрға жойлаганидан билавур. У баттар ўнғайсизланди: — Битирганимиздаям ким бўлардик?! — «Ким бўлардик» нимаси! Бошингда шапка, қўлтиқда папка — кирмай кўрсин-чи гапка!.. — деб кулдилар, — ўкумат онасини неча қўрғондан кўрсатаркин?!. Қараб турсам, почча Олим акамни пичоқсиз сўйиб, жон жойидан олаётган эканлар. Шунинг учун у ўтиролмай қолган экан. Ахийри, чўккалаб: — Шунинг учунам... ташлаб келдим ўқишларини, почча! — деди, хурсандмисиз энди, дегандай зўрма-зўраки илжайди. — Йўғ-э... — Ҳа-да... — Бутунлайин-а? — Бутунлай. — Хайр-хўшсиз-а? — Хайр-хўшсиз. — Балки қидириб кеп қолишар? — Келмайди. — Анойи эканда улар?.. — Бўлмаганда нима? Истамадим. — Уни қара! жиим қўйворвурибди-да? — Қўйвормаганда нима?! Қулманми мен? — Балки қувворгандир ўзлари... — Қувади? — Ҳа-да. Ҳаммани қўйиб халқ душманининг боласини ўқити-иб қўядими ўкуматликка? — Почча бурунларини бир чиройли жийириб, соқолларини силаб кўйдилар ва кўзлари қувноқ чақнаб, кулдилар. — Қўлдошхўжа шохида юрса, улар баргида чопқиллайди. Сен иима девотувдинг. Қизталоқнинг китопини ўқимапсан х.али. Олим акам поччанинг бу сўзларига қулоқ осиб туриб: — Топдиз-а, почча, — деди кулиб кутилмаганда, — паттамни қўлимга тутқизворишди. — Йўғ-э? — Почча бу гапнинг тагида бир нимани сезиб, қувлик билан кўзларини қисиб қарадилар. — Ҳаммани қўйиб сени аябди-да? — Аямаганда нима? Мен ким бўпман? — Жинқарча! — Ҳа-да. Почча ўша-ўша қувлик билан кулиб туриб, бош чайқадилар. — Лекин буларга уруғиям бир, аймоғиям бир. Душманнинг катта-кичиги йўқ уларга. Сени осонликча кўйвормаса керак эди. — Даҳмаза деб билгандир-да, — деди Олим акам бепарвогина. Аммо юзида аллақандай хавотир бир балқиб, йўқолди. — Ҳазир бўл, ёшинг етиб турибди. Акангдан аввал зинғиллатиб қолмасин тағин. Олим акам хонтахта қиррасини ҳардамхаёл сийпалади. Дами ичига тушиб кетди. Ошхона билан супа орасида куймаланиб юрган ойим бу гапни эшитиб, беозор койиб бердилар: — Нафасингизни ел олсин, почча, Султонмуроднинг қадамини ўлчаб ётишгани камми? — Қорасини кўрсатмай қўйгани шунданми ҳали? — Почча қайрилиб қарадилар. — Бугун келиши ҳам даргумон денг, Саломхон? Олим акам ялт ўгирилди: — Акам келадими? — Келади, нима эди? У талмовсиради: — Орқамдан битта-яримтаси эргашиб келган бўлса, касримга қолмасалар эди, — деди гапини андавалаб. Почча мийиғларида кулдилар. Соқол-мўйлабларини тутамлаб-силаб, ўзларини тузатган бўлдилар. — Сен ундан хавотирланмай қўяқол. Унинг пойлоқ-чию эшитар қулоқлари сон минг. Облочинг Чўлпон-отанинг гузаридан ўтмай хабари бунга етади. Кейин уч-тўртта мелисаю аскари чўт эмас унга! Йигитлари Бўзсувни қароргоҳ тутиб ётибди. Сенинг отишмалардан хабаринг йўқ-да. — Почча бу гапларни синамоққа айтдиларми — билолмадим, лекин қошларининг тагидан зингил ташлаб қўйганларини кўриб қолдим. Олим акам эса, қўлидан пиёлани қўймай, аста-аста чой ҳўплаб, ўзини бепарво тутиб ўтирса ҳам, аслида, бу гапларни жон-қулоғи билан тинглар эди. Ойим елиб-югуриб бирпасда пипшрган қовурма шўрваларини ярим косадан қуйиб келдилар. Тепа масжиддан азон товуши эшитилиб, ўтирган еримизда жим қолдик. Почча хумдек бошларини солинтириб, ора-сира пичирлаб қўяр эдилар: соллалоҳу алайҳи васаллам... Ла ҳавла вала қуввата илла биллоҳил алийил азийм... мошаоллоҳ, мошаоллоҳ... Сўнг узоқ дуо ўқидилар-да, косани сал суриб, ўринларидан қўзғалдилар: — Мен мачитга чиқиб келақолай, овқатни кейин ичарман, — деб ташқари йўналдилар. Ойим бир иш билан ичкари кирдилар. Даҳлиздан ўтмасларидан акам менга ўгирилди. — Ростданам акамнинг йигитлари борми? — Бор, — дедим-у, томошага борганимиздаги қорасоқолни айтмадим. — Бир талайми? Елка қисдим: — Билмасам. Кунботардаги шафақлар ҳам ўчиб, ҳаммаёқ бирдан бўзариб туриб қолди. Қишда бўлса, дарров шом қоронғилиги чўка қолар ва пана-пастқамларда, дарахт тагларида «аскар тўплаб», мўр-малахдай тошиб чиқа бошлар эди. Ҳозир салқин тортган очиқ ҳавода ўтириш бир гаштли бўлган, енгил эпкинданам райҳон ислари гуркираб кетарди. У елкамга секин туртди: — Қуроллариям бордир? Айтгим келмади: — Мен кўрганим йўқ. — Унда... почча нега воҳма қиляптилар? Қуруқ аравани опқочяптиларми ё? — Ким билади — уларми, облочиларми? — дея мужмал жавоб қилдим. — Отишган мелисалар бўлиши ҳам мумкин-ку? — Мумкин. У ёғоч қошиқни косага солиб, овқатни айлантирганча узоқ жим қолди ва ахийри: — Агар мениям тинч қўйишмаса, уларга қўшилиб котаман, — деди. Нега бундай деди — билолмадим. Эмизилмай қолган бузоқнинг зорланиб-зорланиб маърашлари ҳам ўчди. Қўноғини йўқотган қўшни тоиуқнинг қақоғлаб зир югуришлари ҳам битди, қайбир сўри ёғочига патиллаб учиб чиқиб, у ҳам тинди. Ишком ичидан тошиб чиққан шом қоронғилиги райҳонзордан ўтиб, атрофимизни қамрай бошлади. Ёз кечасининг нағмачи чирилдоқлари уйғониб, нағмаларини бошладилар. Почча ҳам қайтиб келдилар. Ойим остонадан тушиб келиб, қўлларидаги чироқми хонтахта устига қўйган эдилар, бирпасда атрофида парвона ҳам айлана қолди. Кейин оёғими, қанотими мхтигина куйиб, ағдарилиб тушди. Ёнбошлаб ётган кўйи бир қанотини ожиз типирчилата-типирчилата, тинчиди-қолди. Олдиларида чой, тасбеҳ ўгириб ўтирган почча пишиллаб қўзғалиб, кулдилар: — Оббо баччағар-эй, бир кунлик умри борми-йўқми, шуям ўзини ўтга-чўққа уради-я! Охири нима бўлди? Вой бўлди. Ҳукумат ҳам шу чирокдай гап, ўйнашиб бўлмайди! Нимага менгзаяптилар, десам, ака-укага теккизиб айтаётган эканлар. — Аламзадалик яхшиликка олиб келмайди. Отамизни йўқотворган бу ҳукуматга бўйин эгмаймиз, деб кек сакдаб юрган ўзига зулм қилган бўлади. Аждаҳо-ку бу, истаса, ному нишонсиз ютворадиган. Мўмин одам вазиятни тўғри баҳолай оладиган бўлиши керак эмасмиди? — Ким ҳақида гапиряпсиз? — деди Олим ака худди англамагандай. — Аканг ҳақида-да, ким ҳақида бўларди, — дедилар почча. — Ўзингиз чақириб гапириб қўйсангиз бўларди, бу кетиши яхшиликка обормайди, почча, — дедилар ойим хавотирли бир оҳангда. — Бугун бир от ўғрисининг жазосини бериб, юртнинг олқишини олар. Эртага облочига югурдак бўлиб юрганларнинг адабини берар. Индинига-чи? Катталарга ўтадими? Каттабоғни улардан айириб ололмайди-ку. — Ҳў-ўй, — дея ғалати хўрсиндилар почча, — секинроқ айтасизми, Саломхон, секинроқ айтасизми?! Менам нимага чақирибман у бетовфиқни? Ўзини ўйламаса, бошқалар-чи? Бутун уруғимизни кўчирмага солиб, бу ерлардан бадарға этворсалар яхшими? Мана шундан қўрқаман, касрига қолмасалар эди деб қўрқаман... Тоғам Ўрнига Тоғдай Ҳимоячи — Қолмайдилар, почча, қўрқманг! Улар ҳайиқсинлар! Улар ҳисоблашсинлар, биз эмас! Қачонгача қалтираб яшаймиз бу итлардан?! Ишком ичидан баҳайбат жин чиқиб келаётгандек чўчиб тушдик. Қалтираблар кетдим. Султонмурод акам райҳон ариғидан ҳатлаб, чироқ ёруғига чиқди ва бирдан укасини таниб, унга қараб юрди. — Ия, Олим, бормисан, жигар? Сени кўрар кун ҳам бор экан-ку! У довдираб қолган экан, алпон-талпон тура, ўзини акасининг қучоғига отди. — Акажон! Отам ўрнида отажоним! — деди овози қалтираб ва ўксиғини тутолмай, йиғлаб юборди. Ҳаммамиз бир ҳолатда туриб қолдик. Ойим енгларини кўзларига босиб, четга қарадилар. Почча зўр бериб юз-бурунларини ишқар, соқолларини силар, ўзларини алаҳситар эдилар. Буларнинг шу бир-бирларига сингиб кетгудек туришлари, укасининг бояги ўксиб айтган гапи кўп нарсаларни ёдга солиб юборган, ич-ичимиздан йиғими, аламми, ҳеч кимнинг бошига солмасин, деган бир ачинишми, шунга ўхшаш нарсаларни тошириб чиқарар эди. — Кел, бўтам, ўтиринглар, ўртамиз тўлсин, арвоҳлар шод, Худо мададкор бўлсин. Яхши келдинглар икковинг, — деб қистадилар почча. Кўришиб, ўтирдик. Почча яна қўл очиб, дуо қилдилар. Ойим елиб-югуриб топган-тутганларини олиб кела бошладилар. Мен қозондаги устига ликопча ёпилган косани Султонмурод акамнинг олдига келтириб қўйган эдим, у хижолат тортиб, ойимларга қаради. Ойим уришдилар. — Ҳар куни олиб қўяман, келмайсан. Қаёқларда юрасан насибангни ташлаб? Поччанинг олдиларида айтиб олай. — Яхшимас, бўтам, буларни хавотирга қолдириб, ўзинг тентираб... — дея тергаган бўлдилар почча. Султонмурод акам илжайди: — Вой, хола, қизиқсиз-а, ҳа мен қатта эканман? Кўл узатса, етадиган, ҳув деса, эшитадиган жойдаман-ку. Чақириб қўймайсизми? Сизни асалдай овқатизни гопиб бўладими?! — деб мақтай-мақтай ича кетди. Мен унинг Бўзсув шамолларида қорайиб, анча дағал тортган юз-кўзларига қараб ўтириб, янаям ваҳмим ортиб боряпти. У хонтахтанинг бир ёнини эгаллаб, кўксини бериб ўтиргани учунми, ё аслида ҳам шундайми, елкалари катталашиб, қадди-басти тўлишгандай, ўзи анча салобатли кўринарди. Ростини айтсам, Чилла чиқиши билан кечалари салқин тушиб, Қўлдош Тоғамнинг носранг кител-шимини кийиб олганидан, устига-устак, оёғидаги этик уни ҳарбийларгами, кимгадир ўхшатиб қўйган. У овқатни хўриллатиб ичиб, косани ялаб қўйди. — Ҳа, бу бошқа гап, ҳамма савоби шу косанинг тагида, кам бўлмайсан, — деб мақтаб қўйдилар почча. Кейин сўрадилар: — Уйга мўралаб ўтмадингми, холанг эшик тиқ этса, илҳақ бўлиб ўтирган эди? — Йўғ-а, шу ёққа сўратганакансиз, деб келавердим, — деди акам сергак тортиб. — Тинчликми? Почча оғир қўзғалиб, чуқур тин олганча, «Ҳў-ўй» дго кўйдилар. Қай бириниям айтай, сенга?! Қўлдошхўжа борида унга орқа қиларканмиз ҳаммамиз. Мана, энди билиняпти. — Ҳаммасидан хабарим бор, — деди у қўл силтаб.— Тоғамдай одамни йўлдан олдириб ташлаб, ҳаммамизни бир элакдан ўтказмоқчи бўлганлариданам... ким пишанг берганиданам... ким туҳмат хатини битганиданам... Сиз хотиржам бўлаверинг. Менинг ҳисоб-китобларим бор улар билан! — Акам оғирлигини бир ёнга ташлаб, тирсаги билан ястанган эди, хонтахта ғижирлаб кетди. Почча гапининг охирини ё эшитдилар, ё эшитмадилар. «Ҳў-ўй, ёмон бўлди, кутганимиз бошга келди»лаб туриб, кўзларини юмиб, хумдай бошларини сараклатишга тушдилар: — Секинроқ айтасанми, секинроқ... Билмасаканмиз, Қўлдошхўжа тоғдай ҳимоячимиз экан, чиноримиз экан, қайирдилар уни... Ҳов, биз эсипастлар, биз гумроҳлар билмасканмиз. У бор эди, ҳеч ким теголмасди! Йўлай олмасди қўрғонимизга бўрилар! Уни қамашдию бало-қазодай ёпирилишди. Барча тоғаларингни битта-битта босиб, олишди-кетишди. Ҳувиллаблар қолди қўрғонларимиз. Ҳов, энди нима қиларканмиз-нима қиларканмиз? Пушти паноҳимизни қандай қутқарарканмиз?!. Почча сўзлармидилар, бўзлармидилар, томоғимизга иссиқ бир нарса қадалиб, тўлиқиб ўтирар, пиқ этган товуш чиқса, қўшилиб кетадиган алпозда эдик. Аммо акамнинг мушти хонтахта устига гурс этиб тушиб, чироқ бир қалқиб кетди: — Эй почча! Биз ерда ётган хас эмасмизки, ҳар битта ўтган-кетган — итам-битам тепкилаб-тепалаб ўтаверса. Биз Улуғхўжабойнинг авлодларимиз! Ўша ўрис бостириб келгандаям жим турмай, ёнига мерган ўғилларини олиб жангга чиққан, пана-пастқамда қолиб кетишдан шаҳидликни маъқул кўрган одамнинг невараларимиз! Қараб турмасмиз, ахир! — Ў-ў-ў! Нимасини айтасан! Забунликдан шаҳидликни авло кўрган буваларимизнинг руҳини Тангрим ўзи шод айласин. Олгин-у, олдирмагин! Босгин-у, бостирмагин! Тоғаларингнинг ўрнигаям ўзинг ҳимоячимиз бўлиб юргин, илоҳим. Аммо, бўтам, жигаргўшам, мен сенга кўнгилдаги бир гапни айтиб қўяй: аламзаданинг ишини қила кўрма зинҳор. Бировга ёмонлик соғинмагин ҳеч. Зулм — ўз оти билан зулм. Шундай қилки, кейин бировларнинг кўзёши тутмасин сени! Қарғай олмасин, Худога солмасин, бўтам. — Почча? Шошманг! Менга қаранг! Кутилмаганда Султонмурод акамнинг авзойи бузилиб, юзи қорайиб кетди. Бетоқатланиб, ҳатто чўккалаб олди. — Мен гапингизни эшитдим, сиз ҳам эшитинг! — деди илкис-илкис бош чайқаб, — Алҳамдулиллоҳ, мусулмонмиз. Ҳаммамиз ҳам Худога хуш келмайдиган иш қилиб қўймайлик деб юрибмиз. Лекин сиз менга айтинг. Дунёнинг ич-ичини яна ёмонлик, яна зўравонлик, фаҳш, одамни қумурсқача ҳам кўрмайдиган бир адолатсизлик эгаллаб олаверса-ю, биз мўминмиз деб жим тураверсак? Сиз нимага чақиряпсиз ўзи? Яиа ўша забунлик, зулмга розилик, золимга мутеликними? Жонингизга тегмадими бунақа муроса, бунақа мўминлик? — Сен адашяпсан, болам, — дедилар почча бошларини кўтармай, бўғиқ овозда. — Қизиққонлик яхшилик келтирмаган ҳеч маҳал. — Хўп, сиз ўша адашган жойимни кўрсатинг, ишонтиринг. Бош эгмасам, айтинг кейин. — Ҳисоб-китобни сену биз эмас, Оллоҳ қилади. — Қачон, биз ўтиб кетгачми? — Кимга шу дунёдаёқ, кимга қиёматда кўрсатади. Сен билан бизга Унинг ҳадларидан чиқмай яшаш буюрилган. — Лекин бу хўрлаш-хўрланишлар-чи? — Имтиҳон бу... — Тегма у каззобларга, динини-диёнатини ютганларга, дейсиз-да? — Унчаликмас-у, лекин... қадамингни билиб боссанг ёмон бўлмасди, — дедилар почча секин зингил ташлаб. — Мен нима қипман, нима қилиб улгурибман ҳали? — Сен қизишма. Қизишадиган бўлсанг, эшитмаёқ қуяқол. Қайтиб-ла кетавер. — Поччанинг қошлари учиб, жаҳллари чиққани энди билинди. У киши шунақа чўрткесар бўлиб қоларканлар Қўлдош тоғамга ўхшаб. — Хўп, ана, қизишмадим, — деб ҳовридан тушди акам. Ойим эркакларнинг гапига аралашмай қумтошдек жим ўтирибдилар, биз эса, кичкина тортиб кетганмиз-у, қулоқларимиз динг. — Сенинг бу тарз ишларинг... Худойимнинг ҳадига тўғри келмайдими деб қўрқаман, Султонмурод. Жабрнинг жавоби бор, ахир! — дедилар почча бояги-бояги шаштларида. Султонмурод акам илкис қаради, кўкраги бир кўтарилиб тушди. Аммо ўзини босиб: — Ҳар қанча насиҳатингизни жон деб эшитай, почча. Сиз менга ёмонлик соғинмайсиз, биламан. Аммо буларнинг орасига тушманг. Мен онт ичиб қўйганман, — деди қатъий. — Онт?! Сен ўзингга бунақа эрк берма, бола! — Почча, сиз у ярамаснинг ишларидан юздан бирини эшитсангиз эди!.. — Барибир, барибир! — У киши хумдай бошларини сараклатиб, эшитишни ҳам истамадилар. — Қайси замонда, қандай қонунлар остида яшаётганимизни унутма сен. Уруғимизни қуритиб юборади-ку булар. Ким билан қасдлашаётганингизни биласанми ўзинг?! — Ундан чиқди, ундан чиқди... — дедию у ёғига гапира олмай қолди акам. Томоғига бир нима тиқилгандай, ғўлдиради. Почча хийла жахдларидан тушдилар: — Менинг билганим шу қадарки, биз мазлум ҳукмидамиз, сабрдан ўзга чорамиз йўқ. Султонмурод акам бош чайқади: — Сабр дейлик, мазлум ҳукмидамиз, дейлик, оллоҳга ташлайлик, — деди кесатиб. — Шариатга шак келтирма, болам. — Шак келтирмасам, ахир шу шариатимиз қасосни ҳалол қилмаганми? Зулмни кесишнинг энг адолатли йўли қасос деб кўрсатмаганми? Ўлимга — ўлим, жабрга — ўзига тенг миқёсда жабр, дегандек... — Ў-ў, жуда чуқур кетдинг-ку, болам. Қасос ҳукмини бир ўзинг чиқаришга... ҳаққинг бормикан? — дедилар почча пешона остидан қараб. — Ҳаққим бўлмаса, қани ўша қози?! Сизни тинглаб, қасосга фатво берадиган? Борми? Ўртага жимлик чўкди. Почча хаёлга толиб қолдилар. Султонмурод акам эса кутяпти. Синовчан-синовчан қараб қўяди. Чироқ пилиги сўхта тортиб, чирсиллади. Қулоғим остидан ғинғиллаб учиб ўтаётган чивинки, худди мувозанатимдан чиқариб юборадигандай жон ҳалпида ҳайдаб солдим. Мен бу тортишувнинг кўп жиҳатларига тушунмаётган бўлсам ҳам, унинг ниҳоясига қизиқиб ўтирибман. Қолаверса, акамга қойилман: у шунақа ботир эканми, ҳукуматидан ҳам қўрқмайдиган!.. Султонмурод акам вазмин тортиб, қаддини кўтарди: — Қози йўқ. Сўрайдиган, суриштирадиган йўқ. Иймонини ютган бу жиловсизлар билган билдоқларини қилиб юраверсинлар, шундайми?! Юрт оёқ ости, адолат бир пул, бу муттаҳамларнинг айтгани айтган, дегани деган, шундайми?! Одамлар хўрлансин, келинлар эр кўрмасдан тул қолсин, қандайдир қаланғилар ифлос оёқлари билан бировнинг чимилдиғигача бостириб кираверсин, шундайми?! Йўқ, почча, халқимиз ҳали ҳамиятини еб битиргани йўқ! Юртда токи битта йигит ор-номус учун курашар экан, демак, ҳали юрт бой берилмаган. Сиз, шунда ҳам тек ўтир, дейсизми? Баҳонада Султонмурод акам ичида борини айтиб оларди. Ойим қулоқларига ишонмай, шу ўзимизнинг Султонмуродми, деган каби ҳайратда ўтирибдилар. Олим акам эса, ер чизиб қолган: ғинг демайди, нигоҳини ҳам кўтармайди. Почча пишиллаб, чуқур тин олдилар ва эски одатларича «Ҳо-ов дариғ»лаб қўйдилар, кейин аччиқ кулиб, дедилар: — Буни дунёи қўтир деб қўйибдилар, Султонмурод! Ҳар денгизнинг тимсоҳи, ҳар ўнгирнинг бўриси, ҳар чакалакнинг йўлбарси бўлганидек, ҳар маҳалладан ҳам бирда-бир шунақа газандаси чиқиб туради. Сен орага тушмасанг ҳам, ўз оёғидан йитиб, бошини еб кетаверади булар. Султонмурод акам наша қилиб, хандон ташлаб кулди: — Оббо почча-ей, оббо опоқдода-ей! Жуда ғалатисиз-да. Ўн даҳадаям топилмайдиган одамсизда — Кейин сипориш тортиб, поччага меҳри товланиб қаради: — Сизга қолса, шуларнинг ҳам бошини силайсиз. — Урган қўл эмас, силаган қўл кучли дунёда... — Силашга арзимайдиганларни қамчи ўнглайди, почча, мен қамчиндор бўлмоқчиман. — Демак, қайтмайсан?.. Ҳов, дариғ! Шунчаликка борасан деб ўйламаган эдим ҳеч. «Опоқдода-опоқдода» десанг, мағрурланиб, кўкрагимни кўтариб юраверибман... — Опоқдода! Опоқдодажон! — Акам шошиб қолди.— У қотил, ахир! Баҳриддиннинг қотили! — Қотил? Қаердан топдинг бу гапни? — Аниқладим, опоқдодажон. — Янглишма тағин. — Йўқ, опоқдода. Бағриддинни отиб, бу хонадонни тўзғиган, яна тап тортмайин ўша уйга тушиб, холамларни чирқиратиб кетган муттаҳам шу бўлади! — Бўлса бордир, бўлса бордир. Лекин мен уни дебмас, сени деб аралашдим ишингга, болам. Олов бўлиб ёняпсан-у, бўлак нарсани кўрмаяпсан. Аламзадалик кўзингга парда ташлаб, ўчдан бошқани кўрсатмай қўйибди. — Ҳатто отанг учун ҳам ачинма... дейсиз-да, — деди акам оғир хўрсиниб. — Шаҳидлик мартабасига, билсанг, ҳамма ҳам етавермайди. Худойим ўзи суйган бандаларига беради бу неъматни, — дедилар почча юзлари аллақандай ёришиб келиб. — Абдураҳим эшон поччадай одам шу неъматга лойиқ кўрилганини қани энди ҳамма англаб етолса... Шу тоб кўчада ҳуштак янграб, ҳаммамиз жимиб қолдик. Фақат ҳеч нарсадан хабари йўқ Олим акам афтимизга анграяди-тикилади, тушунолмайди. Чўлпон-отанинг гузарига облочининг қадами етиши билан бу ёққа ўзига хос «чопар-ҳуштак» кетишини, бу ҳуштакни ҳар бурчакда ўйнаб юрган пойлоқчи болалар илиб олиб, бошқасига ошириб юборишини у қайдан билсин. Акам жилишга тараддудланди: — Шунақа, опоқдодажон, мен унинг айбини бўйнига қўйиб қўйганман, шу жазога мустаҳақ у! Хафа бўлмайсиз, биз уни туяқопга тиқиб ташлаганмиз! Ажратибам бўлмайди. Шу кафанда кетади энди. Халқни зир титратиб юрганларнинг жазоси шу! — деди у бошқа эътирозга ўрин қолдирмай ва ўрнидан турди. — Ҳай, мен борай... — Вой, қизиқ бўлди-ку, бошқа келасанми? Шунақа кириб турасанми? — деб ўтиндилар ойим. — Келаман, бафуржа ўтирадиган бўлиб келаман, — деб ваъда килди ва жила бошлади. Мен шошиб қолдим: айтадиганимни айтиб қолишим керак-ку, ахир! Оёғининг тагида ўралашиб бориб, қўшни деворнинг пастак жойига етганида, тирсагига тармашдим: — Ака, сизга гапим борийди, бировнинг гапи, — дедим ярим шивирлаб. У мени бағрига тортди. Эгнидан тер билан ертўлаларда бўладиган бир ҳид гуркираб келар эди. — Ҳа, пакана пари? Нима гап экан, айта қол? — деди у эркалаб. Мен унинг бўйнига осилиб, қулоғига шипшидим: — Марғу кеннойим... — Хўш-хўш? — деди у аллақандай гарангсиб. — Одам юбордилар. Икки мартадан. — Нима бўбди? Тинчликмикан? — Билмасам, сўратиб ётибдилар. — Совчилар дейдими ё тўй? — деди у қийналиб. — Совчилар, шекилли. — Хўп. — У елкамга қоқиб, бир ҳатлашдаёқ денордан ошиб ўтди. Шу маҳал Олим акам югуриб келиб, орқасидан у х,ам деворга тармашди: — Ака! Қўшнининг ишкомига етиб улгурган Султонмурод ҳам қайрилиб тўхтади: — Нима дейсан, Олим? — Акажон! — деди у тўлиқиб. Акам ишком ичидан қайтиб чиқди: — Сен қўрқма, сенга тегмайдилар. Тегинсалар, этларини битталаб шилиб оламан... — Акажон!.. — деди у яна қандайдир илтижо билан. — Нима дейсан, айта қол тез. — Ола кетинг мени ҳам, — деди у ҳеч кутилмаганда. — Айтдим-ку, жигарим. — Жон ака, — деб ялинди Олим акам деворга қапишиб. Султонмурод акам биз томон икки қадам юриб, довор қаршисига келди ва қўлини чўзиб, унинг бошини силади. — Хўп, жигарим, хўп, — Сўнг шошиб шивирлади:— Ҳозир бўлиб тур, ола кетишади. Фақат, эслаб қол: ўронимиз — ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Олим акам тушунмади чоғи, яна талпинди: — Ким келади? Ким дедингиз? — Йигитларим. Сен тайёр тур. Султонмурод акам бурилиб, ишком ичига кириб кетдиям тепа томондан отлар дупури кўтарилиб, тупроқ кўча билан биз томон шитоб яқинлашиб кела оошладилар. Во ажаб! Кўча пастлаб қайрилган жойда туёқ овозлари ҳам сусайиб, йўқ бўлиб кетар, хиёл ўтмай, бу бурилишдан гумбирлаб чиқиб келар эди. Узоғи билан беш ё олтита отлиқ. Аммо ваҳимаси оламни бузади, қирқ-эллик от дупир-дупир, дупир-дупир билан келаётгандек. Бунинг шовқинига итлар ҳам қўшилиб, акиллаб юбордилару бутун Каттабоғ ваҳима ичида қолди. Кимнинг шўрини қуритиб, биз томонга облочи босиб келяпти экан? Ё акамни сотганмилар? Сотаётганлар борми? Мен бу хаёлдан қўрқиб, титраб кетдим. Аммо кичкина акам, Олим акам жойидан жилмай, деворга қапишиб турса-да, қулоғи кўчада эди. Ким булар, Мақсуд, деб сўраб қўймасди... Учинчи бўлим (Муқаддима Давомига) Биз ҳам турналарга ўхшаб, юртимизга ҳар ёз учиб келиб, ҳар куз кўчиб кетиб юрган кезларимиз... Бутунлай қолишга бошпанамиз йўқ: эскиси бузилиб, янгисини битира олмаганмиз. Қолаверса, ишхонадан таътилга зўрға рухсат теккан. Қишлаб қололмаймиз, кузга бориб, иссиқ ўлкаларни кўзлаган ўшал қушлар мисоли Фарғонадаги муваққат гўшамизга учиб кетиб юрган кунларимиз... Бир тутам қиш кунлари иш билан, югур-югур, идора юмушлари билан ўтади-кетади. Аммо узун қиш кечаларининг ўтиши қийин. Кечалари иморатни қандай битириб оларимни, қачон кўчиб бораримизни ўйлаб, уйқуларим қочиб кетади. Ёлғизқўллик қурсин... Узоқнинг иши қийин экан. Қолаверса, чумчуқнинг ҳам ини бузилмасин, ҳеч кимнинг бошига ватан қайғуси тушмасин экан. Мен-ку кундузи иш билан алахсиб кетаман. Ойим-чи, ойим? Кун санаб, ҳафта санаб ўтирадилар. Қиш чиқа қолсаю тезроқ таътилимними, рухсатимни олиб, жўнаб юборақолсак. «Бориб олсак, йиғлаб-сиқтаб битириб олардинг. Эшик-ромини ўрнатиб, қора сувокдан чиқариб олсанг, турса бўлар, Мақсудхўжа», деб эслатганлари-эслатган. Қистаганлари-қистаган. Эртаминанги чойда ҳам шу гап, кечқурунги овқат устида ҳам шу гап. Мавзу айланиб шунга тақалиб келаверади. Биламан, ўз юртимизга ўхшатолмаяптилар. Бўлмаса, Шоҳимардонларни кўрдилар, Ўшоталарга опчиқдим, Бобур мирзонинг юртларига бориб келдилар. Қўқонни, Чудоёрхон саройини кўрсатдик. Мирзакарим қутидор, Офтоб ойим, Кумушларнинг юрти Марғилонни зиёрат килдилар неча бор. Нодирабегим қиссасини, Олой маликаси — Қурбонжон Додхо тарихини фарғоналикларнинг ўз оғизларидан эшитдилар. Уларнинг машрабхонлик, хазинийхонликларида бўлдилар. Келин узатиб тўйларига чиқдилар. Барибир ҳеч бирини ўзимизнинг Яккабоғу Каттабоғга ўхшата олмасдилар. Ўша ёққа интиққанлари-интиққан эди. Билмадим, холаларимни сокннармидилар, тоғаларим кўз олдиларидан кетмасмиди. Ишқилиб, баҳор келиб, кунлар илиб кетишини кутганлари-кутган. Сўнг, қачон билет опкеласан, деб сўраганлари-сўраган. Поездда юришни ёқтирмайдилар. «Ҳо-ов, қачон тонг отадию қачон етамиз! Ундан кўра анув самолўтингга билет опкелақо. Зув этадию етади», дейдилар. Осмонда миқ этмай борсалар ҳам ўша туззук уларга. Тезроқ етказармиш соғинган гўшаларига... Шундан ҳам биламанки, турналарга маза! Улар баҳор насимлари ғув-ғув эсиб, тол новдаларию мирзатерак учларига осилиб ҳалинчак уча бошлашлари билан суйган диёрлари томон отланиб қоладилар. Уларни ҳеч ким, ҳеч нарса тўхтата олмайди. На момақалдироқ, на бевақт жала тўсиқ бўлади, на қорли тоғлар. Вақти-соати етиши билан арғамчиларини солиб, эмин-эркин учиб кетаверадилар. Биз-чи, бизга рухсат керак. Биз қушлардек эркин эмасмиз. Тепамизда идорамиз, фирқамиз, бошлиқларимиз бор. Уларнинг изнисиз қаёққа ҳам борардик! Шу чор тарафи тоғлар-ла ўралган водий ичидагина эркинмиз. Ундан у ёғига бир қадам жилолмаймиз. Жилсак, Тошкентдан қидириб қолишлари бор. Мен эсам, интизомни бузолмайман. Ойимнинг кўнгилларига қараб кетворолмайман. Нима қила оласиз, хизматчилик... Ниҳоят, Тошкентдан рухсат тегиб, чиптага чопаман. Ўша куни Фарғонадаги муваққат қўноғимизда байрам бўлиб кетади. «Кетарканмиз, юртимизга борарканмиз», деб бошлари — бир ерларга етади. «Ҳай, яхши бўлди-да. Шу гал боришингда сувоқдан чиқариб, полини эплаштириб олсанг, қолаверармидик. Сен бошлиқларингдан сўрашга иймансанг, ўзим бораман. Менга йўқ дейишолмас. Хўп деявер, Мақсудхўжа. Сенам қийналиб кетдинг», деб ёнимга тушмоқчи бўладилар. Ишқилиб, ўзларига қолса, бу ёқларда бир кун ҳам тургилари йўқ. Биз тўғри Пошша опамларникига бориб тушамиз. Ярим кечага довур гангур-гунгур, келди-кетди, эсла-шув давом этади. Во-оҳ, дийдор шунақа ширин бўларканми?! Соғинчи шунақа туганмас эканми?! Самовар неча қайта қайнатиб келинар ҳам, дастурхон неча бор янгиланар ҳам — гапимиз адо бўлмайди. Ниҳоят одамлар неча уйқуни олиб, олди хўрозлар қичқира бошлаганида чироқни ўчириб ётамиз. Ётамиз-у, кўзга қани уйқу илинса, аста-секин яна гапга тушиб кетамиз. Эски ҳовли-жойларимиз, жаннатдек боғларимиздаги ҳар биттаси пиёладек оқ шафтолилару кузга бориб асал тортиб кетадиган кади нокларимиз ҳақида эслаб кетамиз. Энди улар биз учун эртакка айланиб бўлган. Энди дўппидек участкамизда унақа боғлар яратишимиз даргумон... Гап у боғлардагина эмас. Қани эди бир умр шу дийдор соғинчини йўқотиб қўймасак. Шу азиз ҳислардан ҳам жудо бўлиб қолмасак. Афсуски... булар барчаси бир кечалик экан. Иморатга уннаб кетгач, ҳаммаси ширин хотирага айланди-қолди. Ўтириб, икки оғиз гаплашиш қаёқда! Бари ташвиш менинг бошимда: лой қор, сомон топ, устани айтиб кел, қарашиб юбор... Қора сувоқ дегани шунақа бемаза ишлигини шунда кўрдим! Эртадан кечгача лойдан чиқмай ийлайсан, яна «бу ғўрашага нима бор?» деб уста лойни устингга отиб қолади ўдағайлаб, Ниҳоят, чала-ярим қора сувокдан чиққан айвонга енгил-елпи кўчиб кирдик. Ҳали тузукроқ зинамиз ҳам йўқ. «Дўқи-дўқи»лаб — тили чиқиб, юриб кетган Зилоламиз остонадан осилиб тушиб, бурганзор орасидан қўшниникига пилдираб қолади-да, ҳеч қанча ўтмай қўлида бир вош узумми, нокми кўтариб чиқади. Биз йўлини топиб чуғурлаб юрганидан хурсандмиз, у Рихси опоқига салом қилиб, ширинкома ундирганидан... Еб битирса, биз «уят бўлади»лаганимиз билан, қиқир-қиқир кулганича яна ўша ёққа қочиб қолади. Ишқилиб, шунақа лой-тупроққа қоришиб ётган кезимиз. Сомон сувоқнинг ачимсиқ ҳидидан кўнгилларим озиб, қочиб кетгиларим келади. Бундан ҳовлига чироқ ўрнатиб, ярим кечагача замбилғалтакда ойимнинг уйларига тупроқ ташиганим афзал эди. Аммо лой тугамай қаёққа бораман! Ниҳоят, сувоқчини ҳам жўнатиб, тупроқдан ҳам қутулиб, чиптага ўтиб келсам, айвонда бир хонтахта бўлиб меҳмонлар ўтиришибди. Уй муборакка қўшнилар чиқишибдими десам, поччаю тоғаларим экан. сўрашиб, қаватларига ўтдим. — Ҳорма, жиян, иш деган бундоқ бўпти. Буюрсин, чиройли уйлар чиқибди, — дедилар Кенжа тоғам тиззаларидаги катта китобнинг бетини ёпмай. — Сиз қайнотаси Абдушукурхўжанинг кўзи билан кўринг, — дедилар Нусрат почча ярим ҳазил, ярим чинга олиб, — «Куявимиз бир иморат солибди, бир иморат солибди — кўкракдор қилиб, пештоқли қилиб! Бекорга фарғоналик усталарни топмаган экан. Худоёрхоннинг саройидан андоза олганми», деб мақташларини эшитсангиз... Ойим, тоғаларим кулишди. Мен уялиб, ер суздим. Лекин ич-ичимдан бир ғурур туйяпман. Қолаверса, кечаги келганларида пастдаги темир каравотга жой қилган эдик. Ўша ерда ўтириб, иморатимизнинг пештоқларига, равоқларига суқланиб-суқланиб тикилаётган эдилар. — Шу ерда туп қўйиб, палак ёйсин. Биздан кейин чироғимизни ёқиб ўтирсин, илоҳим, — дедилар ойим. Сездим: токай шаҳарма-шаҳар тентирайди, демоқчилар. Ичимдан қиринди ўтди. Чипта олиб келганимни энди қандай айтаман? «Мени ташлаб, ўзинг боравур», деб қолсалар нима қиламан, ахир? Ҳозирча индамай қўяқолдим. Лекин яна шу ҳақда гап очиб қолмасалар эди, деб безиллаб турибман. Шунда Нусрат почча жонимга ора кирдилар: — Ўқинг, Кенжахўжа, қўлингиздаги хазинадан озгина баҳраманд бўлиб қолайлик, — деб қолдилар. — Бояги гап-чи! — дедилар Кенжа тоғам. — Гап қочмайди, жиян шўтта-ку. Тушундим: ўртада бир нарсани муҳокама қилиб ўтиришган-у, мен келиб, тўхтата қолишган. Аммо Қўлдош тоғам кутилмаганда: — Жон почча, Худо хайрингизни берсин, шу ишга жиянни аралаштирманг! — деб қолдилар. — Ҳа, ана, аралаштирмасам-аралаштирмадим... Хўп, дедик-ку, тоғалари... Почча шунча юмшоқ гапирганлари, қўллари кўксиларида, қайта-қайта бош силкиганлари билан, оғринганларини барибир яширолмаган эдилар. Ҳаммаси ўша бир оғиз «тоғалари» деган сўзда сезилиб қолди. Билдимки, почча унча-мунча гап билан келмагандир. Тоғам эса негадир мени аяяптилар. Кенжа тоғам хонтахта устидаги очиқ китобни ўзларига яқин тортдилар, кўзларига тушмади шекилли, яна боягидай тиззаларига олиб, тагидан қўшқўллаб кўтардилар-да, энди ҳеч кимдан изн кутмай ўқишга тутиндилар: — «... Маҳшари ажойиб бўлмиш бу Ерни оддий бир ҳайвон каби ўлдириб, яна тирилтираётган ва уни инсону ҳайвонга ёқимли бир бешик, гўзал бир кема қилган, Қуёшни уларга шу меҳмонхонада ёруғлик берувчи ва иситувчи бир чироқ этган, сайёраларни малакларига тайёра қилган Зотнинг...» — Ҳо-ов, тасанно! — деб юбордилар почча. Бояги дилхиралик ўртадан кўтарилди-кетди. — Етказиб айтибди аммо. Ўқинг, Кенжахўжа, давом этинг. Кенжа тоғам ширин кулиб, яна китоб устига энгашдилар: — «... Шундай зотнинг бу даража муаззам ҳокимияти, албатта, фақат бундай ўткинчи, давомсиз ва бебақо дунё ишлари устидагина қурилмас ва турмас. Демак, унга шойиста доимий, безавол бир бошқа диёр бор. Бошқа боқий бир мамлакат бор...» — Бор, бор. Доимий бир сайргоҳи, сайронгоҳи бор! Мукофотгоҳи бор. Жаннати наъимлари, зиндони жоҳиймлари бор. Оллоҳимнинг ваъдаси ҳақ, — деб юбордилар почча боягидай таъсирланиб. Бутун ҳаяжонлари тилларидан юзларига қалқиб чиқди, чўнтакларини кавлаб рўмолча излаб қолдилар. Қўлдош тоғам секин энгашиб сўрадилар: — Тафсирми, Кенжа?.. — Тафсир, тафсир. Хашр тафсири. Ойимнинг кўзлари намланди. — Ўшал жаннатларининг соясига арзимас бу дунёга маҳлиё қолган бўлсак, йўқотдик деб ачинган, топдик деб қувонган бўлсак, ўзи кечирсин, — деб дуо қилдилар. Шунақа. Ойим Кенжа укаларини бекорга йўқлатмайдилар. Баъзан-баъзан у кишидан китоб ўқитиб эшитгилари келиб қолади. Шунда букчайганча кафтларининг устини силаб ўтиришларини кўрсангиз: «қулоқлари бу ёқда, хаёллари бошқа оламда. Эртани, охиратни, охиратда ато этиладиган жойни... ўйлаб кетгандайлар... Тоғам эса, иссиқлари чиқиб ётиб қолмасалар, оёқлари орасидан шамол ўтиб турса, бас, масжиддан бери колмайдилар. Намоздан қайтаётиб эса, «Опа, яхши ўтирибсизми?!» деб кунда, кунора бош суқиб ўтишлари бор. Баъзан шунчаки гаплашиб ўтириб кетадилар, кўпинча китоб ўқиб бериб, шу ердан яна масжидга жўнайдилар. Уста боғбонликларини айтмайсизми. У киши кесган-парваришлаган токлар шиғил шўралаб бераверади. Ноклари ҳосилдан қолмай, шафтолилари асалга сшланиб, кузгача оғизга тегади. (Шу тоғамиз қариб-чуриб, гандираклаб қолгунларича ҳам масжиддан бери келмадилар. Оёққа туриб олсалар, бас, кўчанинг ўртасига тушволиб, жамоатга жўнаб қоладилар. Баъзан неча ерда тўхтаб, нафас ростлаб етиб борадилар. Баъзан эса, бировлар қўлтиқлаб, олиб бориб қўяди. Шунақа, намозга полвон эдилар. Яна шу ҳолларига гандираклаб-сандираклаб ойимни кўргани чиқадилар. «Опа, яхши ўтирибсизми?» деган овозларини эшитганимдаёқ мен чопиб бориб, дарвозахонадан еталаб келаман. Ўзлари зўрға туриб-ўтирадилар-у, ойимга ўтирган ҳолда намоз ўқиш тартибини тушунтирадилар. «Шунақа қилинг, опа. Сизни-ку оёғингиз ёзилмаётган экан, ҳар одамлар борки, қимирлаёлмайди, ўнгарилолмайди. Аммо ўшаларга ҳам намоз шарт. Намоз шунақа улуғ нарса», деб қўядилар. Шу тоғам бир кечаси ғалати туш кўрибдилар. Шундан кейин оғизларига ушоқ олмай қўяқолдилар. «Ҳа, тоға?» десак, «Тушимда бир йўла иккита нон еб қўйдим», дедилар. «Нима бўпти, тушга нималар кирмайди?», деб Қўлдош тоғам койидилар. Аммо у киши: «Иўқ, мен ризқимни еб битирибман», деб шу ётганча пламдан ўтдилар. Энди билсак, у киши биз билмаган кўп нарсаларни аён кўрадиган авлиё эканлар. Худо ҳаммаларини чиройли этиб, раҳматига олган бўлсин, илоҳим.) Тоғам китобни ёпдилар-да, токчага олиб қўярканлар, менга маъноли қарадилар. — Сен чарчаган одамсан, жиян. Иморат иши осонмас. Энди поччанинг дардларини эшит-да, биз турнйлик,— дедилар муддаога кўчиб, — Тўғрими, почча? Почча каловланиб бир менга, бир тоғамга қарадилар. — Кенжахўжа, жуда ғалати одамсиз-да, — дедилар ниҳоят пишиллаб, — боя нима девотувдингиз? — Ҳалиям айтаман, Худонинг хоҳлагани бўлади, Асрайман десаям, ўзи билади, хор қиламан десаям... Билсангиз, оламнинг етти қавати мозор. Дуд чалинган кунда Худойимнинг қудрати билан ҳар қарич ердан лак-лак одам бош кўтариб чиқиб келавуради Маҳшаргоҳга... — Кўриб туриб, оёқости қилиб, топтатиб қўйдирмайди-ку одам! — дедилар почча қизишиброқ, — Ўлди-йитди дегани эмас-ку, ахир. — Шунақа, лекин замонлар кечиб мозорлар текисланиб, одам етти қават тупроққа аралашиб кетганида ҳам йўқолмайди. Инсоннинг чуримайдиган жойи бор. Ўша думғазасидан тирилтириб олади, билсангиз. Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) шунақа ҳадислари ҳам бор-ку, ахир . — Мен ҳам шак келтираётганим йўқ бунга. Лекин сизлар ўйлангиз ўзингиз. Шундай жаннати жойларимизни, боғларимизни тортиб олдилар, индамадик. Ҳа, керак экан, дедик. Ўзимизни ҳар ёққа сочиб юбордилар, индамадик. Энди мозорларимизни оёқости қиладиларми? Кўзимиз очиқлигида шунчалик, кейин нималар бўлмайди?! Бу гапни эшитиб, менинг ҳам сочим тикка бўла бошлади. — Нима қиляптилар экан? — дедим нафасим бўғзимга тиқилиб. Юрагим гурс-гурс уришга тушган эди. — Ҳа, йўқ, бир-иккита мозор йўлга тушган экан,— дедилар Қўлдош тоғам мени ҳовуримдан туширишга уриниб, — Ҳукуматти катта пилони бўлади. Ўша пилонисиз бир иш битмайди. Кўча очилаётган бўлса... Почча чидаб туролмадилар: — Ҳой, Қўлдошхўжа, сиз ҳам ўшаларнинг ашуласини айтяпсизми? Ҳамма-ҳамма, сизга нима жин урди? — Менам тарафларини олаётганим йўқ. Мақсудхўжага тушунтиряпман, — дедилар Қўлдош тоғам. — Не умидларминан ўша ерга ишга кирган. Қолавурса, бунинг газетида чиқаришмайди унақа нарсаларни, чалғитманг болани. — Менам газетага ёзсин девотганим йўқ. Икки вароққина хат битиб берар, деб келганим... Қарасам, почча азза-базза хафа бўлиб қоляптилар. Аввало пиёлани четга суриб қўйдилар. Ўзлари эса, дастурхондан сурилиб, деворга суянганча, тумтайиб олдилар. Ҳеч кимнинг бетига қарагилари йўқ. Ойим ҳам бош эгиб, кафтларини силаб ўтирибдилар. Бу нозув масалага аралашгилари йўқ. Поччани десалар, мен борман, мени десалар, у киши... Кенжа тоғам эса, илжайиб чой ҳўплайдилар. Гўё қачон бандасининг айтгани бўлибди, Худо нимани хоҳлайди, ким биларди, демоқчидек... — Хат десангиз — хат, газетга десангиз — газетга озиб берай. Лекин тушунтириб айтинг, ўзи нима гап? — дедим ахийри. Поччанинг юзлари ёришиб келиб, соқолларини тутамлаб-силадилар. — Ҳа, бу мардона гап бўлди. Ўлдирсаям, мард ўлдирсинда одамни. Қачонгача соямиздан ҳам қўрқамиз? Дунёда битта қўрққулик зот бор. У ҳам бўлса, Оллоҳ. Қолгани уч пул, тўғрими, Кенжахўжа? — дедилар энди кўксиларини тўлдириб нафас олган одамдай. — Нима тўғри — ўша тўғри. Лекин Худодан қўрқмагандан қўрқ, деган гап ҳам бор, почча, — дедилар Қўлдош тоғам сўзларидан қолмай. — Энди униси синов. Бошга тушганини кўз кўради. — Чиройли сабр қилган бандамминанман, деган Оллоҳ. Оқимдан ҳам ўзмаслик керак, — деб гап қўшдилар кичкина тоғам. Почча ўша томонга норозиланиб бир қараб қўйдилар-у, лекин бусиз ҳам қизиб турган оловга мой қуйгилари келмадими, пишиллаб менга ўгирилдилар. — Хўш, десанг, гап бундай. У Яккабоғу Каттабоғларда манави кўч-кўчлар, сур-сурлар билан сен билан бизга таниш ҳеч нарса қолмаяпти. На бир ўр, на бир қир дегандай. На бир сой, на бир боғ дегандай. У очиқ китобнинг икки бетидек кунгай ерлардан-ку «дўм»лар қўзиқориндай бодраб чиқиб бўлди. У кўчалар қайси бир уйлар орасида қолиб кетди. Кенжахўжа айтгандай, майли, бу ҳаммаси Худонинг хоҳлаши, қай бир гуноҳларимиз учун Оллоҳ ўрнимизга бошқа қавмни келтиряпти, дейлик. Лекин бу дегани индамай қараб ўтиравериш керак, дегани эмас-ку. Ахир ўтганларда нима гуноҳ, мозорларини ўраб қўйиш ўрнига, сақлаш ўрнига, йўлга тушириб ётишибди... Одамларнинг қўлларига халта бериб, мозор очдиришяпти, гўрларини кўчиртиришяпти. Бир ками арвоҳларни безовта этишлари қолибдими? Қандай жим қараб туриб бўлади бу ишга, жиян? Иймонлилар бир чеккага чиқиб туравер-син эмиш. Ҳамма ишни иймонсизларга топшириб-а? Сенам шундай ўйлайсанми? Ич-ичимдан бир қалтироқ турди. — Қайси мозорни бузишяпти, Чўлпонотаними? — деб сўрадим. — Йўқ. Чўлпонота-ку тинч ҳозирча. Билсанг, Беш-оғоч даҳасининг бу томонида ўнтача улуғ мозорат бор. Шулардан еттитаси етти авлиё — етти оғайни номи билан аталади. Тераклиота, Сўгаллиота, Илонлиота, Бўзлоқота дегандай. Мана шулар ҳаммаси ё йўл остида қоляпти, ё мошинапарк, трамвайпарк ичида қоляпти. Қўйиб берса, одам қўйдирмай бузиб юборишади. Сен ўша бош пилонларини бир қара. Минор ҳам йўл остида ётибди, Қозиробот ҳам... Битта Қатортол кўчаси тагига нечта қабристон тушириб қўйибдилар. Ҳой, дейдиган одам борми бундоқ? Ё у жойларни номи-нишони, мозорати билан тугатвор, деган топшириқ олганмилар Худодан қўрқмаган бу лойиҳачиларинг? Икки энлик хат битиб бер, борадурган жойимгача борай. Опчиқиб отдириб юборишмас, ахир. Мен Нусрат поччанинг шунақа куйиб-пишиб, ўтирган жойларида ўтиролмай, ҳеч кимнинг бетига қара-маганча, қўлларини пахса қилиб, силкий-силкий гапирганларини кўрмаган эдим. Қараб туриб, суйиб кетдим. Оғир-вазмин одам бир ловуллаб ёндилар, лекин тезда ўчдилар ҳам. Босиб-босиб икки пиёла чойни ичвордилару яна аввалги ҳолларига қайтдилар-қўйдилар. Гўё бошингни қотирворган бўлсам, кечирасан, деган каби тикилиб: — Мана, шунақа гаплар, жиян, — дедилар. — Биз қолмаймиз, аммо шу қабристонлар қолиши керак. Не-гаки, ўша ерда бобокалонларимизнинг хоки-туроби ётипти. Ўзлари ётипти гўрлари жаннат боғчаларига очилган дарчадай бўлиб! Ҳатто, ҳатто ўша тилсиз турпалар ҳам ҳар кўклам узоқ юртлардан учиб келату-риб, бу мозорлар устидан шунчаки ўтишмайди. Ҳар биттасини тавоф қилиб, айланиб-айланиб ўтиб келишади. Турналарки тавоф қилганида, биз буздириб, қараб туришимиз қайси шариатга сиғади?! — Югурганингиз билан... ким қулоқ солади? Икки ўртада жиянга жабр қилиб қўймасангиз. Ҳалиям бўлса, бу шаштингиздан қайтинг, мутавалли. Қўлдош тоғамнинг ҳам баъзан қайсарликлари тутиб қолади. Битта гапдан тийилсалар бўлади-ку, қаёқда. Сут билан кирган нарса шу экан-да. Яна ўзлари: «Бизни адо қилган қонимиздаги шу қайсар жоҳиллик, бўлмаса, кўп айтувли одамлар чиққан», деб насиҳат қилиб ҳам қўядилар. Нусрат почча бағрикенглик билан тоғамга кулимсираб қарадилар. — Ҳисобчи халқига айби йўқ: қатиқни ҳам пуфлаб ичади улар. Лекин жиянга ўргатмасангиз бўларди, Қўлдошхўжа, шу ҳунарни. Ниятларимиз катта ундан. Султонмуродларнинг ўрнини босса деймиз... Ҳо-ов, қаёқдаги гапни айтадилар! Султонмурод акам бўла олармиканмиз биз?! Ундай бўлиш учун неча қовун пишиғи керак экан? Балки биздан умуман ундай одам чиқмас. У бир келдию кетди. Унингдек мард энди қайда! Шу гапнинг таъсиридами, бирдан поччага: — Хат Сиздан айлансин, нега ёзиб бермас эканман! — деб юбордим. — Баракалла, отаўғил! Почча ўша куни елкамга қоқиб, бағирларига тортиб, пешонамдан ўпиб хайрлашиб кетдилару индинига ундан ҳам ҳайратланиб келиб қолдилар: — воой, Мақсудхўжа, сен бўлмадинг-да. Ўз кўзинг билан кўрмадинг-да. Кенжа тоғанг авлиё экан. Худо асрайман деса, ҳеч гап эмаскан! — деб туриб, бир чеккадан тушунтира кетдилар. — Бўзлоқотага бордик. Эгаларига халта бериб қабристонга чиқаришган экан. Гўрларни олиб, кўчани очишмоқчи бўлиб, ўнтача гўрковни ҳам опкелиб қўйишибди. Битта ҳам кетмон ура олишмади. — Нима бўлди? — Сен аввал эшит. Худо бир ҳарбий одамни етказиб, дегин, у гап билан катталарни шундай тузлай кетди, тузлай кетди. Кўз очирмай қўйди ҳаммасини, сал қолса, митингга айлантирворай деди йиғинни. Ахийри, қочиб қутулишди. Мен умримда катталарни гап билан енгган одамни кўрмаган эдим, ўша ерда кўрдим. Худо қўлласа, осон экан: шерлар тулкига айла-ниб, қўйлар шер бўлиб кетаркан! Кенжа тоғанг ҳақ бўлиб чиқди. Бўзлоқота ўраб қўйиладиган бўляпти. Фақат биздан хат керак экан. Оллоҳнинг қўллашинию дунёнинг ишларини кўр, жиян... Мушкулларни осон қиладирган Ўзи экан-ку! Қўлдош тоғам эшитсалар бўлар,ди бу хабарни: аралаштирманг-чи, аралаштирманг, жиянни иши нозув, деб юрибдилар... — Хат бўлса, хат-да, — дедим мен ҳаяжонимни босолмай. Кўз олдимдан қадим боболаримиз мозорларини тавоф этиб-айланиб учиб ўтаётган турналар кечди. Нимагадир ичим тўлиб, кўзим ёшланиб-ёшланиб кела бошлади. Кечикиб Очилган Жаноза Бу узу-ун ҳам баланд иморатни узоқдан кўрганимдаёқ ич-этимдан хўрликми, нимадир босиб келавуради, келавуради. Кўча девори нурай-нурай, адои тамом бўлаёзган. Санқи итлар ҳам бемалол ошиб юрадилар ундан. Ҳаммасидан — очса ёпилмайдиган, ёпса очилмайдиган дарвозаси бирам ҳайҳотдекки, бу дарвоза нимага керак дейдиган одам йўқ. Болохонасида шамоллару ажиналар тунаса керак, шунақа валангор. Қачондир у Яккабоғда энг олди, айтувли иморат бўлган, дейишади. Ўшандан бери биронта одам бунчалик уй солиб, томига тунука қоқтиролмаган, Мукаррамхўжа почча ўша оқпошшонинг давридаёқ солган эканлар буни. — Сен у кишини эс-эс ҳам билмайсан. Гуриллаб келган давлат шунақа бехосият бўларкан. Мана шу саройдек уй, анави катта боғ на ўзларига буюрди, на Баҳриддингинага. Ҳувиллаб қолаверди. Опам бояқиш эса, бу аҳвол, — деб қўядилар ойим. У кишига нима бўлганини мен яхши билмайман. Кўчирма қилинганмилар, бадарға этилганмилар, мозорлари ўша ёқларда қолиб, булар қайтиб келишганми— айтишмайди. Фақат, поччанинг номларини оғиздан қўйишмайди. Раҳматли кўп яхши одам эди-ю, битта айби — қаттиқ эдилар, деб эслашади. Узун кечалари Асол холамларни кўргани борганимизда ойим у кишининг руҳи покларига атаб, албатта, Қуръон тиловат қилиб қўярдилар. — Раҳматли шу боғни қизғонмай бериб қутулсалар, ҳеч гап йўқ эди. Қайсарликлари бошларига етди, — дердилар ойим ачиниб. Ўша кишидан қолган иморат бугун тунукалари занглаб, ичлари ҳувиллаб ётибди. Кўча томонга — катта ариқ бўйига экилган толлар неча йиллардан буён кесилмаганидан осмони ҳафтимга бўйлаб кетганда, тунука томга ётиб қолган. Унинг хазонларини супириб тушадиган мард қани, белимдек келадиган баъзи шохлари аллақачон қуриб, бошқалари толбулдуруқ боғлаб ётибди. Катталар буюриб туришибди, биз елиб-югуриб жой ҳозирлаяпмиз. Ҳовлини ярим-ёрти тозалаб улгурдик, Ҳаммаёқдан, ҳатто кийимларимиздан гуркираб бурган ҳиди анқияпти. Ўзиям роса уруғ боғлайдиган нарса экан; катта боғнинг ишкомигача — аллақанча ерни тутиб кетгани етмаганидай, ҳовлигача ҳам чиқиб борибди. Яна бирор йил ҳеч ким қарамаса, остонага етиб оларкан. Тўдалаб-тўдалаб кўздан нарига — девор тагига обориб ташладик. Ёқай десак, қуримаган, шиғил-шиғил уруғ боғлаб ётибди. Бу уруғлардан минг-миллион бурган униб чиқса, ажабмас. — Шунақа, қайси хонадонни Худо урса, бурган босади, — дейдилар ойим. Деразасига адёл тутуғлик келиннинг уйини ҳам очтириб, жой солиб юборишди. Яқинидан ўтсангиз, ичкаридан ҳувиллаб, зах аралаш моғор ҳиди уряпти. бўлмаса, Марғу кеннойим кўчини ортиб кетганига қанча бўла қолибди? Ҳошиясига оқ ипакдан икки қават сув юргизиб, бежиримгина гул солинган носранг қийиқни белларига боғлаб, дарвозанинг ёнида, иморатдан чиққан узун чўсин устига ташланган кўрпачада Нусратилла почча ўтирибдилар. У киши ҳадеганда ўринларидан туриб, ҳовлини бир айланиб келадилар. Ўзлари бетоқат кешнганларини сездирмай, бизни алқаб-алқаб қўядилар: — Ҳа, баракалла, той йигитлар. Қўлингиз дард кўрмасин. Бинойи дастёрларимиз бор экан, билмаганаканмиз. Ҳали-замон келиб қолишмасдан, бўлақолинглар, — дейдилар ва яна нечанчидир марта чарм тиқини шокила-шокила қилиб қирқилган носқовоқларини кўлга оладилар. Анвархўжа тоға билан поччанинг куёвлари Ҳожихўжа ака ҳам шу ерда бел боғлаб туришибди. Ростини айтсам, икки юмшоқ бир бўлиб, ҳалиги тўсиннинг бир четини эгаллашганча, паст-ярим товушда бир-бирларига гап беришяпти. Букчайиб ўтирволишган. Ҳожихўжа почча тинмай бирини бирига улаб чекяптилар. У киши гап берганда бу кишим бошларини ликиллатиб турадилар. Бу киши гапирганда у кишим... Иккита ҳалим роса топишган пайти. Тағинам Нусрат поччадан истиҳола қилиб туришибди. Бўлмаса, бир чойнак чойни дамлаб, бирон уйга кириб кетишсами, ярим хуфтонда — чироқ ёқиш лозим бўлгач, чиқиб келишади. Унгача жаноза ҳам ўтиб кетиши турган гап. Бизга иш буюриб, ҳали масжиддан тахта, ҳали чойнак-пиёла ташитаётган давангирдай Ҳайбат ака жаҳли тез, қўпол кўринса ҳам, одамроқ экан. Бирпасда аралашиб, югур-югурга тушиб кетди. Биз ҳам ҳайбатидан ҳайиқиб, айтганини қилиб турибмиз. Самоварлар қўйилиб, жойлар қилиб бўлинди. Ўриндиқларнинг қайбирига кўрпача, қайбирига йўл-йўл шолча ёйиб чиқдик. Кўчаю йўлкаларга сув сепилди. Офтоб пешиндан оғиб, соялар узайиб боряпти. Нусрат почча занжирли соатларининг қопқоғини очиб, қараганлари — қараган. — Ҳаяллади-ку булар, а, ҳаяллади-ку? — деб безовталанадилар. Паранжи ёпинган аёллар ўтишувди, ичкари ҳовлида (Ҳайбат акам битта хода кўмиб, оқ туттирди-да, у ёқни тўсиб берди) «Вой жигарим»лаб бошланган йиғи айтиб йиғлашга уланиб кетди. Жуда ғалати эди бу: ким ўринлатиб айтса, ўзи қолиб бошқалар ора-орада қўшилишиб, йиғлар эдилар. Ҳозир эса, овози Анвар кеннойиникига ўхшаб кетадиган аёл хўб келтириб, айтиб-айтиб йиғлар эди: Уйлар қуриб, ҳузурини сурмаган, Тўйлар қилиб, гўшангалар кўрмаган Жигаргинам, вой, Баҳриддин-ов... Унга холаларим қўшилиб, жўр бўлардилар: Вой томирим, вой бўтам-ов, Вой ҳотамим, вой ботирим-ой... Анвар кеннойи бундан куч олиб, яна баландроқ, яна куйиниброқ айта бошлади: Не умидман — атовдингиз қароғим, ёқарми деб, чироғим — ўйловдингиз, опажон. Тирноқ кўрмай ўтдими, вой, Баҳриддин-ов... Холаларим яна қўшилиб, жўр бўлишди: Вой томирим, вой бўтам-ов, Вой ҳотамим, вой нодирим-ой... Кўзларимга ёш қуйилиб, ёнимда (биз ариқ бўйига тизилишганмиз) ўтирган Алиакбарни тирсагим билан секин туртдим: — Асол холам қай аҳволга тушдилар экан? — Шуни айт, шуни. Эзворишди ўзлари ҳам. Лекин шу маҳал ичкаридан бир ғалати хирилдоқ овоз янграб, чўчиб тушдим. Айтиб йиғлаётганлар ҳам жимиб қолишди. — Ҳой, балогинага йўлиққур, Анвархон, ҳу тилгинанг кесилсин сани! Мен тўйга деб чақирсам, сен нима деб жаврайсан? Кўчага қара, қудаларим келяпти-ку, Баҳриддингинамга келин келяпти, яшшамагур... Ҳовлида баттар қий-чув бўлиб кетди. Айтиб йиғлаганлардан ҳам ўтиб тушди Асол холамнинг бу гаплари. Йиғламаган ҳам йиғлади лекин. — Ким қўйибди унга, бировнинг уйида аза очишни? Ҳамма қолиб, ман шўрликкинанинг тўйини азага айлантирасанларми?!. — Холам ўзлари ҳам бирдан изиллаб йиғлаб юбордилар: — Ив-в, шўргинам қурсин, шўргинам мени... Биз турасолиб, ичкарига отилдик ва ҳовлида ғалати манзаранинг устидан чиқдик. Анвар кеннойи ҳовли уртасида тахта бўлиб турар, ойиму холаларим Асол холамни қучоқлаб ичкарига тортқилашар, аммо у киши ҳеч кимга бўй бермай юлқинар эдилар. — Келингинамни кутволишга ҳам қўймаларинг! Қамаб ташлаларинг! Йўлатмаларинг мен бечорани! — деб силтанадилар ҳадеб. Рўмоллари оёқостига тушиб, оппоқ сочлари бир хунук тўзғиб кетибди, юзлари аянчдан бужмайиб... Йўқ, мен чидаб туролмай, кўчага отилиб чиқиб кетдим. Холам ҳеч кимга бўй бермай баралла нола қилар эдилар: — Баҳриддингинам-ов-в, қайдасан-ов-в! Кел, болагинам-ов! Куёвлик саруполарингда бошгинангдан бир ўпайин-ов-в. Бир ўпай, болагинам-ов-в... Кўчага чиқсам, бир гала кишилар Муржумон томондан тобут кўтариб келишяпти. Олдида қўқонаравасиям бор. Ё тавба! Бу қанақаси?.. Улар яқинлашишган сари маълум бўлдики, аравада кимдир букчайиб ўтирарди. Ҳолатидан одамга унча ўхшамайди, аммо маймун бўлиб маймун эмас, айиқ бўлиб айиқ! Йўқ, одам экан, аммо-лекин тасқарадай бир одам. Хумдек калласи чоти орасида бир хунук чайқалиб келяпти. Ё худо! Бу жазони ким ўйлаб топибди?.. Жанозага тўпланганлар гурра туриб кетишди, — Олиб келишяпти, олиб келишяпти. — Анавиниси нима, аравадагиси?.. Кўча ўртасига чиқиб борган Ҳайбат акам аравакашга қўл силтади. — Йўқот манавингни! Тиззаларини кериб эгарда ўтирган Акром аравакаш ярим ўгирилиб орқасига қаради. Кимга қараяпти десам, Султонмурод акамга экан. Танимабман: соқоллари ўсиб, ўзгариб кетибди! Бир ҳафта бурунги акам эмас, улғайиб, улуғ тортиб кетгандай. У олдинга ўтиб боратуриб Ҳайбат акамга нимадир деган эди, у ранги қув ўчиб, яниган одамдай акамга бир қараб қўйди-ю, лом-мим демай, тобут кўтаришиб келаётганларга қўшилди. Арава эса, акамнинг имоси билан олдинга ўтиб тўхтади. Тобут кўтарган одамлар ҳовли томон бурилдилар. Кўплари акамга ўхшаб юзлари қорайиб, соқоллари ўсиб кетган кишилар эди. Ҳаммалари юпқа кўк тўн кийиб олишибди. Ораларида Олим акам ҳам кўриняпти. Хаёлимга, отнинг қашқасидек танилиб туришибди-ку ҳаммалари, деган ўй келдию юрагим ўйнаб кетди. Облочилар билиб қолишса, нима қилишади? Ё қўйниларида қуроллари бормикан? Ичкаридан югургилаб чиққан ошналарим буларни кўриб, қўрқиб кетишди ва шоша-пиша ўзларини четга ола бошлашди. Нусратилла почча ўринларидан бемажолгина туриб, оҳ тортдилар: — Ў, дунёи қўтир... — дедилар-да, кейин йўлакай Султонмурод акамнинг елкасидан қучиб, ҳамдардлик билдирган бўлдилар. — Жудаям ичкарига опкирманглар. Иримини қилиб, ҳовлида бирпас тўхтасанглар бўлди. Хайр-хўшдан кейиноқ кўтариб чиқаверасизлар. Бўлмаса, хотинлар қий-чув қилиб юборишади. Хўпми, чироғим? Акам киприк учириб, бош силкиди ва ичкарига шошилди. Мен дамим ичимда, оёқ тагида ўралашмай, илгари сурилдим. Одамлар бу орада ҳовлининг ўртасига етиб бориб, тобутни парданинг нариги ёғига қўйдилар ва шу заҳоти аёлларнинг оҳ-воҳи ўрлади. — Оҳ жигарим-ов! Олти ой деганда ўзгинанг келдингми-ёв?! Ким сангинани шу ҳолларга солди-ёв?.. Миям чатнагудек титраб кетди: «Ёпирай! Аравадаги — шунинг қотилимидикан?!» Мен унинг башарасини тузукроқ кўрмаган эдим, шошилиб қайтиб чиқиб бора бошладим. Ҳамма кириб келяпти, мен эсам одамларнинг орасини ёриб, кимгадир туртиниб, кимнидир айланиб ўтиб, ташқарига талпинаман. Калламда бир ўй айланади: «Қотил шу ерда! Шу ерда! Наҳот Парпи бебахтни акам кечирибди? Сазойи қилиш эвазига туя-қопдан чиқарибдими?!» У ўша-ўша букчайиб, қилт этмай ўтирар, оёкдарини қучоқлаганча, даҳанини тиззаллрига тираб олган эди. Соқол босиб, патак боғлаб кетган юзларию ич-ичига тушиб кетган юмуқ кўзларида жон асари кўринмайди. Ҳаммадан ҳам даҳшатлиси, кичкина тортиб кетган бу одамнинг боши гўё ўзиники эмасдек. жимитдек танада хумдек бош. Жуда хунук кўринаркан. Бунинг устига, сочи оппоқ. Соқол-мўйловига жин ҳам урмай сочининг бундай оқариши даҳшатнинг ўзгинаси эди. Алвасти ўтирибди, дейсиз, аравада. Ўша жардаги жазирама тепачага бақиртириб ташлаб қўйишганида, нима бўлса бўлган унга. Аммо ўзи қилт этмайди. Қани энди қилиб қўйган ишидан даҳшатга тушиб, ўкириб-ўкириб йиғласа! Шу одамлар олдида ўзини ерга отиб-отиб тавбалар қилса! Кечирворишармиди балки. Аммо бу... қилт этмайди. Кўзини очиб қараб қўймайди ҳам. Йўқ, ана, у шапкўр кўзларини зўрға очиб, менга ҳиссиз тикилиб қолди ва кутилмаганда бесунақай қўллари билан юзини тўсиб, ҳўнграб юборди: — Жилла қурса, сен кечир, ука! Худо уриб қўйган менингдай бандани-и... Ё тавба! Баттар даҳшатга тушиб, тисарилиб кетдим! Мен ким эдимки, уни кечирсам? Умуман, уни кечирадиган топилармикан? Ва шу мақал. ичкарида аёлларнинг дод-фарёди осмону фалакка ўрлаб, одамлар шоша-пиша тобутни кўтариб чиқиб кела бошладилар. Акрам аравакаш чу дея отининг бошини катта йўлга бурди. Тобут кўтарганлар эса, унга эргашдилар. Мен ҳам ақлимни йиғиб олиб, тобутни бирон қадам кўтаришиб юборай деб ёнига ёпишиб бордим. У шунчалик енгил эдики... устихонларинигина олиб келишганини мен билмасдим. Аммо унинг олдидаги арава бунданам ғалати эди. Назаримда, уни ҳам бекорга олиб келишмагандек. Акам уни қўйиб юбориши қийин. Акам бўлади-ю, қўйиб юборадими! Лекин қўйиб юборганда нима? Одам сиёғи қолмабди-ку. Аммо нарироқ бориб, арава тупроқ йўлнинг бир чеккасига чиқиб тўхтади. Аравакаш тобут кўтарганларга етволишга шошилди. Бу ёқда тасқаранинг ёлғиз ўзи қолиб кетди. Бола-бақраларга текин томоша бўлиб... Қуёш пастлагандан пастлаб боряпти. Кўча охирида, Теракли ота қабристонидан ҳам нарида ёниб-яллиғланиб турса ҳам, кечаги жаҳди йўқ. Юзимга оқ мезонлар илашиб, хаёлим қочади: куз ҳам кеп қолибтими дарров?! Бизни ҳеч ким қайтаргани ҳам, қистагани ҳам йўқ. Бўйимиз чўзилиб қолганига андармон, акамнинг қаватида келган кўк тўнлиларга эргашиб, мозорбошига кетяпмиз. Бир чеккаси қизиқиб (бунақа воқеа ҳар куни бўлаверибдими!..) Мен Султонмурод акамдан кўз уза олмайман. қараб тўймаяпман. Қаватига чақира қолсаю чопиб борсам... Кўзимга оловдек кўринади нуқул, Ҳайбат акамдан ҳам ҳайбатли тортиб кетибди. Ё тўнининг ичидан қурол тақиб олганмикан? Йигитлари бўлса, сирли жангчилардек жим. Шу маҳал кўзим икки қадам нарида бораётган Олим акамга тушди. Ҳамма қатори оёғи остидан кўз узмай, тупроқ кечиб боряпти-ю, ўзини тамом унутган. Баҳриддин акагинамизнинг тақдирини ўйлаб кетганми, десам, милт этиб кўзида ёш, юзида хафалик кўринса-чи. Ёқтирмаган ўқишидан қайтиб, акамнинг қаватига қўшилиб кетди. Облочидан хавфсирайдиган жойи қолмади. Очилиб-сочилиб юравермайдими? Қачон қарасанг, ич-этини егани-еган. Ана, бир нарсадан ғашланиб, мен томонга қаради, кўриб турибам мени танимади. Ростданам унга бир нарса бўлгандек эди. Бу орада торгина толзор кўчага кириб бордик. Толларнинг тагига шира ёғиб, ари талаб ётибди. Кўча кичкиналигидан толлар тепада ишкомдай туташиб кетган. Тобут тол навдаларига тегай-тегай деб ўша ишком таккинасида лопиллаб боряпти. Ҳеч қанча юрмай, яна ўшандай толзор кўчага бурилиб, булоқ сувидан ҳам тиниқ анҳор ёқалаб кета бошладик. Ўн қадам юрмасимиздан, барглари кумушдай ярқираб, қабристон тераклари кўзга ташланди. Қатор тераклар тагидаги дўппидек масжид ҳовлисида сафланиб, жаноза намози ўқилди. Кейин яна тобутни кўтариб қабр тепасига олиб кетилди. Биз чекка-чеккага ўтиб, уни ерга қўйишларини кута бошладик. Баҳриддин акамнинг устихонлари ўралган кафанликни қабрга тушириб устига тупроқ тортишга киришдилар. Қабр дўмпайиб улгурар-улгурмас домла тиловатни бошлаб юборди. Ҳамма ўтирди. Шу пайт атрофимда бурган ҳиди гуркираб кетди, кимдир келиб чўнқайди. Угирилиб қарасам... осмондан тушдими, ердан чиқдими, оқ шапка Чарли пайдо бўлиб қолган эди. Мен энди салом бераман деб оғиз жуфтласам, у атрофга олазарак аланглаб, бармоғини лабига босди: — Қимирлама, жим. У девор ошиб келган одамдай ҳансирар, нафасини ростлай олмас эди. Ниҳоят чуқур тин олиб, нафасини бўшатди: — Ҳуҳ! Ўзимам ит қувлагандай югурибман, — деди шивирлаб. — Намунча жа?.. У иссиқ жилмайиб, кўз қисди: — Етиб келмасам, бўлмасди. — У яна кўз қисди. — Қалайсан, пакана пари? — Ёмонамас, ўзингиз-чи? — Сўрама, — деб шивирлади у, — қани энди сендек бўлиб қолсам. — Нега? — «Қочиб-қувиб юришлар жонга тегдими?» демоқчи бўлдим-у, айтолмадим. У елкамга қоқиб, ўзига яқин тортди: — Кейин, кейин айтиб бераман. Ҳозир сендан илтимос, акангга менинг хабаримни етказ. Фалончи акам зўрға девор ошиб кепти, катта кўча тўла итлар эмиш, десанг, бас. Унутмайсан-а? — Йўқ, нега? У яна елкамга қоқди: — Унда, бўла қол, пакана пари, вақт ғанимат. Билдимки, зарур. Секин туриб, одамлар орасидан зимдан акамни излай бошладим. У қуриб ёлғиз шохга айланган қора ўрик остида аллақандай зийрак тортиб ўтирар-у, бизни кўрмас эди. Бориб, ёнига чўккаларканман, у ўгирилди. Мен шипшидим: — Анув шаҳарлик дўстингиз бор-ку... — Ким? — Акам ер остидан хавотир аралаш қараб қўйди. — Чаман ака. — Хўш-хўш? — Шўтта. — Шўт-та? — Зўрға девор ошиб кепти. Кўча тўла... (тавба, итларга бало бораканми?) итлармиш. Акам бош кўтармайин, секин қайтариб сўради: — Қайси кўча? Катта кўчами ё? — Катта кўча, — дедим адаштириб юборганимдан хижолатга тушиб. — Шундай дегин-да. Нима гаплигига акдим етмаётган бўлса-да, ўғринча унинг юзига тикиламан. У Қуръон тиловатига бўйин қўйиб ўтирган эди, бирдан сергак тортди. Тўғрида чўнқайган кўк тўнли одам билан кўз уриштириб, киши билмас бармоқларини чирмаштирди... ва бошмалдоқларини аста айлантиришга тушди. Кўк тўнли ҳам бар-моқларини чирмаштирди ва нарироқдаги бошқа бир тўнлига (ўғринча) қараб, худди акамга ўхшатиб бошмалдоғини айлантира кетди. Сўнг нарироқдагиси... Тиловат тугаб, қўллар дуога очилди. Офтоб хонақоҳ олдидаги тераклар устидан тушиб, икки терак оралиғида қонли баркашдай қизариб туриб қолди ва қабрлар устига қирмизи бир тур алвон ёпди. Одамлар юзларига фотиҳа тортиб, ўринларидан тура бошладилар. Мўмин тоға ўртага чиқиб, қўлларини кўтардилар: — Халойиқ, Баҳриддингина қандай йигит эди?.. — Ҳур келиб, ҳур кетди, раҳматли. Илоҳим, ҳур қизлардан буюрсин, — деди аллаким катта ёнғоқ тагидан. — Худо раҳматига олсин, илоҳо, — деди ҳамма ва одамлар қабристондан чиқа бошладилар. Мен уларга эргашиб, ярим йўлгача борган еримда бирдан акам эсимга тушиб, орқага ўгирилдим. На ўзини, на шерикларини — бирорталарини кўрмадим. Қабристон ичи билан қаёққадир уриб кетишган шекилли. Э, гап бу ёқда экан-ку! Ноилож ташқарига қараб юрдим. Масжиднинг эски дарвозасидан ўтиб, толзор кўчага чиқиб борарканман, анҳор ёқасида турган кўк тўнли одам кўзимга оловдай кўриниб, шошиб қолдим. Илдамлаб борсам, Олим акам. Орқадан чиқиб келаётганлар ичидан кимнидир кутиб, типирчилаб турибди. Кўзи тўрт, аланглагани-аланглаган. Бирдан мени кўриб, ҳовлиққанича шу томонга юрди. — Акамгилар қани? Қаёқда қолишди? — деди узоқданоқ. Мен елка қисдим: — Билмасам... — Билмасаминг нимаси? Ҳозир ёнида ўтирувдинг-ку? — деди асабийлашиб. Мен ҳам тўнг жавоб қилдим: — Ўтирувдим, лекин ҳозир қарасам... — Бари йўқми? — деди у ранги қув ўчиб. — Йўқ. — Мен унга бошдан-оёқ қараб, ҳайрон қолдим: мунча титраб-қақшайди? Питраб турибди? Кутилмаганда у мени йўлдан итариб, ўзи ошиғич қабристон томон юрди. Тавба, ғалати-ку. Ё ишорани нотўғри тушуниб... қолиб кетдимикан? Бу орада у ич-каридан чиқаётган охирги одамлардан ҳам ўтиб, икки-уч қадам лўкиллаб борди-ю, кейин ёв қувгандек... чопиб кетди. Ана холос! Нималар рўй беряпти ўзи? Бу ёқда кимдир мени чақирди. — Мақсуд, юрмайсанми? Қарасам, ошналарим. Қайрилишда кутиб туришибди. Чопдим. Жанозага келганлар тўп-тўп бўлиб, гангур-гангур билан қайтиб чиқишмоқда. Ҳамма энди ҳалиги аравада қолган тасқаранинг ғийбатига тушиб кетишган. Беихтиёр қадамимни секинлатдим. — Ё алҳазар! Шу ўзимизнинг машҳур Парпи ўғрими, а? Одам сиёғи қолмабди-ку. — Қозоқни туяқопига тушмабсан, бу дунёнинг дўзахини кўрмабсан, дегани шуда... — Нега қозоқи бўлсин? Зино қилганларни илгари ўзимизда нимага ўраб, тикиб ташлашарди? — Уни қара-я... Хуллас, ҳар турли гаплар... Бу ёқда Алиакбар шошириб қўймайди: — Мунча имиллайсан? Илдамроқ бориб турмаймизми? Жилдик. Кўча ёқалаб, толлар тагидан (шилдираган хазонларни босиб-янчиб, тол чивиқлардан энгашиб ўтиб), лўкиллаб борарканмиз, Соли бизни аврашга тушди. — Парпи бебахт-чи? Кўрмай-ла кетаверамизми? Бунақа зўр қароқчини ҳар куни тутиб юришибдими? Бўзсувга борибам, тузукроқ кўролмовдик. — Шуни айт. Туяқопи ёмон бўларкан-ку, а, болалар? Давангирдай одам мушук боласидай бўпқопти-я, тавба.— Аброл шундай дедию бошланди Парпи бебахтнинг ғийбати. Шошмай ҳам қўйдик йўлнинг у ёғига. — Энди уни нима қилишаркин? Ҳукуматга топширишармикан? — Ҳукумат нима қилади, турмасига тиқадими? — деди Алиакбар, бошига урадими, дегандек. — Қўйворишармикан-а? — деди Аброл. — Қўйвормаганда қанча кун яшарди? Кўрдинг-ку. — Ҳе, нима девотсан?! Буларнинг жони қаттиқ бўлади, — деди Тоҳир. Хаммасидан Солининг гапи ўтиб тушди: — Ҳали қараб турасанлар, яна обориб сазойи қилиб, ўтқазиб қўйишармиди, фотиҳахонликка келганлар бетига тупуриб ўтсин, деб. — ола, опқоч-а! — дедим мен. Аммо ўша обориб ўтқазиб қўядиганларнинг ўзлари ҳозир қаерда эканини айтиб бўладими буларга. Гап билан бўлиб, Тўлавой амакининг қўрғонидан ўтиб, катта ариқнинг кўпригига яқинлашганимизни биламан, ҳали арикдан ҳатлаб улгурмаган эдик, боқчанинг ичидан беш-олти чоғли аскар югургилашиб чиқдию олдиндагиларнинг йўлини тўса бошлади. Худди шунча аскар кўчанинг бу бетидан, пастак боғ деволидан ошиб тушиб келди. Одамлар гувраниб юборишди. Биз ҳам жой-жойимизда серрайиб қопмиз. Ёдимга Чарли «самариска»нинг гапи тушиб, миям чатнади: э, уни қара, гап бу ёқда экан-ку! Йўл тўсиб чиққанларнинг каттаси ҳаммани битталаб тўхтатиб, ниманидир сўрар, одамлар елка қисиб, атрофга аланглаганча четга чиқар, қизил шапкали асабий ҳолатда кейингисини сўроққа тутар эди. Дарров англадим: уларни излашмоқда. Шу ерда қўлга олмоқчи бўлиб келишган экан-у, булар усталик қилиб қопти. «Оббо Чарлиси тушмагур-э, қаердан хабар топибди экан?» — Жиддик, боллар, боқчанинг орқасиминан, — деди Алиакбар. — Шошма, кўрайлик. Тирик аскарни ҳар куни кўриб юрибсанми? — деб ишшайди Соли. — Орзумандамисан? Ушлаб кетса, кўрасан кўрадиганингни! Кетдик, — деб қистади Алиакбар. — Булардан яхшилик кутма, сурдик, — дедим мен ҳам. Аммо жойимдан жилиб улгурмадим, чангакдек бир қўл тирсагим тепасидан тутиб, қаттиқ сиқди. — Қаёққа сурасиз, йигитча?! Қарасам, Акмал ўрис! Ўша мовут шапка! Лоп этиб, беданавоз амакининг гапи кепти ёдимга: «Акмалчахон, Акмалча, омонмилар думингиз?» Кулгим қистаб четга қарадим. Юрган экан биздеклигида орқасидан дум битиб, ҳеч кимга қўшилолмай, энди кунлари туғиб қопти-да! — Қўйворинг қўлимни. Мен сизга нима қилдим?! — дедим силтаниб. Қаёқда! Баттар қисиб, хунук иржайди. — Ҳа, ушладимми! Ҳамма билмасаям, сен биласан, қани улар? Қаёққа уриб кетди? — Мен қаёқдан билай? Қўйворинг. — Билмайсан-а, билмайсан? Боя ёнгинасида ўтирган ким эди? Қўрқиб кетдим. Лекин бўш келсам, ушлаб кетишдан ҳам тоймайдиган. Шерикларим ким қочиб, ким тисарилди. Мен оёқ тираб оддим. Алиакбар эса, эланиб-ялиняпти. — Ҳўв амаки, жон амаки, шунча одам билмаган, биз биламизми? Бу менинг қўлимни қўйиб юбормай, қаёққадир сургаяпти. — Айтмасаларинг, овора бўласанлар. Шундай-ла бериб юбораман. — Хўп, айтаман, — дедим мен ҳам бирдан қувлигим тутиб, — фақат қўлимни қўйворинг. — Айт, ана. — Йўқ, сиз аввал қўйворинг қўлимни. — Ҳо-о, анойи экансан-ку! У боягидан маҳкамроқ чангаллаб эди, жоним ҳалқумимга келиб, вой-войлаб юборай дедим. Ва алам-аччиқ ичида қандай куч пайдо бўлди, билмайман: — Қўйвор-э, ... фуруш! — дея бир силтанган эдим, қўлим бўшалиб чиқди. Аммо қайрилиб қочишга улгурмадим. Унгача билагимдан тутиб олди. — Ана энди... ўзингдан кўр! — деди ҳансираб ва сургаклай бошлади. Бутун баданимдан дув-в олов чиқиб, осмонга сапчигудекман, лекин қани унинг чангак қўлидан қутулолсам... Аммо шу пайт қаёқдандир ҳарсиллаб-лорсиллаб (бахтимдан айнанай!) «ҳўв бетовфиқ»лаб Нусратилла почча етиб келдилар. — Қўйвор болани, падарқусур. Мана, мен бораман ўрнига. Кучинг шуларга етдими сен ялоқни? Ҳе, баччағар! У қўлимни қўйвориб, ғўлдираганча тисариларкан, Солига туртиниб кетиб, оёғини босиб олди. Соли вой-войлаганча оёғини чангаллаб ўтирибди-ю, қўйнига алланимани тузукроқ яшириш билан овора. Тўппончасини ўмарибдими, деб қўрқиб кетдим. Ҳали балога қолмасак эди... Почча эса, бўшатмай оляптилар: — Сенга шулар керак — сотавер. Шулар ош-нон беради! Кунингга ярайди! Ўлсанг, тепкилаб кўмади!.. Ҳе, бетовфиқ! Қора одам яна ҳам қорайиб кетганини шу ерда кўрдим. У ғинг дея олмай бурилиб кетаркан, почча бизни уришиб қувдилар. — Қуриларинг тез, топибсанлар жуда, текин томошани! Облочилар ҳеч кимни тутолмай, музтар бўлиб қайтишганини кейин эшитдик. Парпи бебахт ҳам йўқ бўлиб қопти. Аравага қўшилган от бўш аравани судраганича, кўчанинг четида ўт чимдиб юрар эди. Ҳамма фотиҳага келди. Аммо Султонмурод акаму кўк тўнлиларнинг қайтиб қорасини кўрмадик. Ой чиққанида ойимлар билан уйга қайтдик. Ҳаммаёқ сутдек ойдинга чўмилиб ётар, олам сокин бўлиб қолган, бир кунда шунча воқеалар кечганига сира-сира ишонмасдим, ишонолмасдим. Кўнгил Бўзлайди-Ю, Малҳами Жон Йўқ Хирмонтепага мактабга қатнаяпмиз. Менга яна Худо берди: қиз ўртоқларим Алиакбарлар билан топишиб олдим. Мактабдан чиқдик дегандан болаликдан таниш нокзорлару ёнғоқзорларга оралаб кетамиз. Бизнинг дастимиздан Мирҳомид амакининг кади ноклари ҳам, Донбек кўчадагиларнинг қизилмағиз ёнғоқлари ҳам қолмайди. Хирмонтепадан кела-келгунча қўйинлар тўлиб, чийдухоба жилдлар қаппайиб кетади. Ҳамма териб-қоққанларимизни Алиакбарларнинг тандирхонасидаги хумга яшириб, бу ёғига ҳеч нарса кўрмагандек, Иззага тушиб борган толзор ёқалаб, уйга жўнайман. Кошки тинч кета қолсам. Иззадан ўтишим билан Сиддиқ арракашнинг боғига бош суқиб, энг пастда — токрўдалар тагида қолган олтиндек шингил-шапоқлардан тотиниб, номига тутилган шоҳдевордан ошиб чиқиб кетаман. У ёғига Қаюмбек амакининг тепасига ёнбағирлаб экилган қатор жийдалар бошланади. Ҳозир у айни қоқиб олинадиган маҳали — жийдаси маржон бўлиб қизариб ётибди. Ҳар биттаси бошмалдоғимдан ҳам катта нон жийдалар олдида беҳисоб кумушранг барглари майда тортиб кетган, йўқдек. Соли иккимиз жилдни бир четга отиб, жийдага ўрлаб кетганмиз. Териб қўйинга урганимиз сари бир ажойиб ҳид гиркираб кела бошлайди биздан. У жийда ҳиди. Гулини десанг, мевасидан ҳам келади-я, ўшанга ўхшаган асал ҳид. Балки бу асал дарахтдир, адашиб жийда атаб юборишгандир! Лекин Қаюмбек амаки кўриб қолсами: тепанинг устида турволиб, бўралаб сўкиши бор. Дарҳақиқат, тепадан гулдирос овоз келиб қолди: — Хўв зумрашалар! Борсам каллангни пўла қиламан! Йўқолларинг ҳозир! Етиб келгунча биз чуғурчукдек жуфтакни ростлаб қолишимизни билади. Билгани учун ҳам ўша ёқданоқ қозоқи дўқини қилиб, лапанглаб кела бошлади. Тушяпмиз-у: — Олсак, сиззикини овотмизми? — деб бидиллади Соли. Қаюмбек амаки ўт-олов бўлиб, ён-атрофидан кесак излай кетди-ку! — Бор-бор-эй! Кучала еган жойингга бориб тириш-эй! Узидан-ўзи ўсиб қопти-да! Ҳей, сендақа ақллидан ўргилдим!.. Мен жилдимни ола, тепанинг таги билан уриб кетдим. Соли бедапоянинг ичи билан қочди. Жийдага етиб қолган амаки бояги-бояги шанғиллаб сўкинар эди: — На ҳаромни билади, на харишни... худобехабарлар! Беихтиёр оёғим секинлади. Ич-ичимдан уятми, бирнима ғимирлаб келиб, бир кўнглим қўйнимдаги жийдаларни шу ерга тўкиб кетгим келди-ю, яна кўзим қиймади. Еганча еб, қўйин-қўнжимизни тўлатиб ўтирмасдан кета қолсак бўларди-ку, ўзимиз ҳам очопатмизми, нима бало? Сойликдаги ёнғоқзордан бўшашибгина анҳор бўйига чиқиб борсам, Сайнаби домланинг боғи ёнидаги ёлғизоёқ йўлдан... ким келяпти денг... ўша жамалаксоч қизча — Марғу кеннойимнинг синглиси келяпти. Кўриб юрагим шунақа дукирлаб ура бошладики, худди ичимда бир қуш қамалиб қолгандай ва потраб-потраб бўғзимга тиқилаётгандай. У ҳам кўриб тўхтади ва бирдан суюниб чопиб кела бошлади. — Вой, Хизрни йўқласам бўларкан, мен сизни излаб келаётган эдим, — деди қўнғироқдай овози жангиллаб, — яхши учрадингиз. Ундаги эркинлик менга ҳам юқиб, анҳордан ҳатладим. Қўйнимдаги жийдалар бўйнимгача селпиниб, аллақанчаси тупроқ кўча билан битта бўлиб, сочилиб кетди. — Вуй, жийдами? — деди у кўзлари ўйнаб, — увол қилдиз, қаранг, — деди ачиниб. — Биз томонда бунақа бўлиқ бўлмайди. — Биз томонда шунақа битади, — дедим мен мағрурланиб. — Ма, ол, опангларга обборасан. — Мен оқ сепкил ташлаб, бир чиройли қизарган жийдаларни қўйнимдан чангаллаб-чангаллаб олиб, этакчасига сола бошладим. У «Вой, бўлди»лаб, этагини олиб қочади, мен эсам, «Мана шуниям ол, таги кўп», деб қистайман. Ахийри, қўйнимдаги ҳамма жийдани унинг этагига солиб, жийда ҳиди гуркираб ётган қўлимни қоқдим: — Ўзи сизларга насиб қилган экан. У бир чиройли бош силкиб, раҳмат айтди ва этагини паст ушлаганча кетишга тараддудланди. — Энди мен борай. — Борарсан, ўзи энди келдинг-ку. У бир дона ҳақиқдай жийдани тишлари орасига олиб, бош чайқади ва одатдагидек димоғида «и-им!» деб қўйди. Мен унинг шу «и-им»лашига борман! Қани яна қайтарса, деб қистадим: — Ҳозир кўрмаганингда барибир қидириб борармидинг? — Борардим. — Чиққунимча кутармидинг? — Кутардим. — Гапингни айтгунча турармидинг? — Турардим. — Ҳозир ҳам... турақол. У яна бош чайқади. — И-им! Боришим керак. Билсалар, аям ўлдиради-ла. — Нега ўлдирадилар? Мен билан турганинггами? — Йўқ, — деди у бош чайқаб, — уларга билдирмай колганман бу ёққа. Опам сизга манавини бериб юбордилар. Иложини қилсангиз, эгасига етказаркансиз. Мен игу вақтгача эътибор бермаган эканман. У чап кўлида тумордек қилиб букланган учбурчак бир хатчани ушлаб турарди. Шуни узатди. — Мана, иложини қиласизми? Мен Марғу кеннойим ҳақида ниҳоят бир хабар эшитганимдан, уларни бир-бирларига боғлаб турган хатчилар биз ўзимиз эканимиздан бошим осмонга етиб: — Кеннойим учун... жоним билан! — деб юбордим.— Ўзлари яхшимилар ишқилиб? — Ўзлари... — У бирдан ўзгарди ва жавоб қилолмай тўлиқди. — Нима бўлди, яширмай айтавур! — Йўқ, тузуклар. Фақат... — У кўзларини олиб к,очди. — Уч ёқдан келиб турибди, ахир. Бу ёқда аям... Мен кўчада бундай туришимиздан ўнғайсизланиб, четга тортқиладим: — Юр, мен сени нарироққача кузатиб қўяман. У ёлғизоёқ йўлга ўтиб-ўтмаёқ тўхтади: — Йўқ, бу ёғига ўзим. — Нима ўзинг? — Мен азза-базза хафа бўлдим. — Ўзим кетаман. — Мен-чи? — Қолаверинг. Анавини тезроқ... — Хўп! — дедим тирсагини қўйиб юбориб. — Опам шўрликдан бир хабар олсалар эди, — деди Саида кўзларига ёш олиб. — Шу бир ойда адойи тамом бўлдилар. Ўша борганимдаёқ аллақандай бўлиб, сувратларигина қолганини эслаб, ғалати бўлиб кетдим. Ва зўр бериб унга уқтиришга тушдим: — Сен ишон, акам унақалардан эмас. Ўлса ўладики, сўзида туради. Баҳриддин ўртоғимнинг қотилини барибир топаман, деган эди. Топдими? Топди. Ўзим ҳаммасининг адабини бераман, деган эди. Бердими? Берди. Нимага ишонмайсизлар? — Энди мен борай, — деди у четланиб. Мен эътироз билдира олмадим: — Майли... — Сўраб қўй кеннойимларни демоқчиман-у, айтолмай турибман. У уч қадам юриб тўхта-ди:— Айтмоқчи, жавобини эртадан кечиктирмас эканлар. — Хўп. — Мен бўшашиб қайта бошладим-у, бирдан ўйланиб, тўхтадим: «Нега эртадан кечиктирмай?» Ўгирилсам, у кетиб бўбди: ҳов нарида этагидан жийда олиб еб боряпти. Қайтдим. Тип-тиниқ осмонда куркинаклар ўйнаб-қувнашади. Кунботар ёқдан куз мезонлари қулочларини ёйиб учиб келадилар-да, анҳор бўйидаги дўнгда қийғос очилиб-уруғ боғлаб ётган сариқ бошоғриқ гулларни ачомлаб, «ҳалок» бўладилар. Сайнаби домланинг ишкомларини босган чуғурчуқлар тартаракдан чўчиб, гурра парвоз этиб, — булутдай кўчиб бориб, шу кетганча Каттабоғнинг устида пастлайдилар. Кимдир тепа томонда хода билан қарс-қурс уриб, ёнғоқ қоқмоқда. Шундай беозор кунларда Марғу кеннойимнинг қон-қон йиғлаб, уйга қамалиб ўтириши, акамга хатлар битиб, жавобини интизор-интизор кутиши — жуда ғалати ҳам ачинарли эди. Ич-ичимдан бир хўрлик босиб келиб, секин юриб кетдим. Уйга келсам, ойим боғчамизда бир қўшиқни хиргойи қилиб картишка теряптилар: Ғуссаи дил, қиссаи мушкулга қолдим ою йил, Оби гил ичра хижил қолғон тану жоним менинг . Кечалари мошин тикиб ўтириб ҳам бирдан шунақа хиргойилари келиб қоларди. Ё «Алҳамдулиллоҳ»ни, ё «Менингдек интизору йўлда ҳайронинг»ни бошлаб юборардилар. Ҳозир ҳам менга бир қараб қўйдилар-у, хиргойиларини узмай, ишда давом этавердилар. Ажаб, картишка палагини ким чиройли ўриб, ерини лўппа-лўппа кавлаб кетибди экан? Беҳи тагида чойнак-пиёла, берироқда кетмон. Пушталарда давангирдай-давангирдай этик излари. Ким келибдикан? Китоб-дафтарларимни супага ташлаб, олдиларига чопдим. — Мен ўзим териб ташлайман, ойи. Сиз ишлариззи қилавуринг. Ойим менга бир қараб қўйдилар-у, индамадилар. Ўзлари шунақалар: тергаш ўрнига ҳам бир ёмон қараб қўйсалар, етарли бўлади. Ў ёғини тушиниб олавераман. Ҳозир ҳам тўлган челакни тўкиб келиб, ишга ёпиша кетдим. Аммо ичим қизиб боряпти. Ким келганини сўрай олмай, қош-қовоқларига қараб-қараб қўяман. Ахийри сабрим чидамади: — Ойи, ойи, шунча нарсани бир ўзингиз... кавладингизми? Ойим анқовсираганимниям, ичим ғурмишлаб ётганиниям сезиб, иссиқ жилмайдилар: — Ҳе, болам-а, менинг илгариги вақтимми? Аканг келган эди. Мен ачиниблар кетдим: — Боядан бери айтмайсизми! — У опангникидан чиқдиям, сен бу ёқдан... — Шунақа демайсизми! — Қўлимдаги челак даранглаб тушганча, ўша ерда қолаверди, ишком ичи билан опамларникига югурдим. — Ҳай, қайт, етолмайсан, барибир. Борма, у ёқларга! — Ойим ҳай-ҳайлаб ўрта йўлга келгунларича, мен опамнинг дарвозаларидан чиқиб, тутзорнинг ичига кириб бўлдим. Кейин Усмон тоғамнинг боғлари ёқалаб, пастга зинғиллаб қолдим-ку. Экиннинг ўртасидаги ёлғизоёқ йўлдан чопиб кетяпман-чопиб кетяпман. Оёқларим остидаги, ариқнинг икки ёқасидаги тизза бўйи ўтлар ичидан беданалар пориллаб-чуриллаб кўтарилади, уруғ боғлаган ўтларнинг «дон»лари шилдираб сочилади, ёввойи ялпиз ҳиди гуркираблар кетади. Бошмолдоғимдек чигирткалар бўйим баравар сакраб, қизил қанотларини ёйганича солланиб учадилар, қани иарво қилсам, тўхтасам. Менга акам керак. Чийдухоба шимимнинг соат чўнтагида унга аталган нарса бор. Кеннойимнинг омонати бор. Шуни етказишим керак. Ўчига беришим керак. Эртага кеч бўлади! Кечирилмайдиган иш бўлади! Аммо қани олдинда бир зоғ кўринса. Сўрайдиган бир одам учраса. Пушталарда қовун-тарвузлар тўйган қўзилардек дўмпайиб ётибди. Палаклари қовжираб ерга сингиб бўпти-ю, ўзи узилмагандек. Худди шудринг еб, шира тортсин, деб ташлаб қўйишгандек. Оёғим толиқиб, қадамимни секинлатдим. Шундагина арикдаги тиниқ тортиб, шалдираб ётган сувнинг овозию Каттабоғни босиб, устида ғужғон ўйнаган чуғурчуқларнинг чағир-чуғури қулоғимга кирибди. Шийпон томонда Ҳайдар амаки «ҳай-ҳуйув, халалай-ҳаш-гу-тугув!» деганча тартарагини тариллатиб қўяди, чуғурчуқлар парвосига ҳам илмайди. Ҳамонки пастга — Бўзсувга қараб кетган йў.лда акамиинг қораси кўринмаётган экан, шийпонга ўтмадимикан, деган ўйга бориб, тепадан тушиб келган ўқ-ариқ билан ўша ёққа бурила қолдим. Негадир менга у шийпонга бурилиб, Ҳайдар амаки, ё бўлмаса, Саъдулла дўкай билан суҳбатни чортанг қуриб ўтирганга ўхшар эди. Боғ ичи билан кесиб чиқиб борсам... Ё тавба! Кўча томонига оқ суруп тортилган, қолган уч томони очиқ баланд шийпонда у биргад билан отамлашиб ўтирибди. Мен излаб бораётганимни аллақачон кўрган шекилли, тўхташим билан қўл сермаб чақирди: — Келавер, пакана пари, мен шўттаман! У озгина мусаллас тотинганми, кайфи чоғ, бир гапириб ўн кулар, ҳали ёнбошлаб, ҳали шийпоннинг панжарасига суяниб, қўлларини ёзиб юборар, ўрта-ўртада тиззасига уриб, силкиниб қўяр эди. Мен ғашим келиб, ёмон кўриб кетдим: у ёқда Марғу кеннойим қай аҳволда-ку, бу ёқда бу кишим нима билан машғул?! Бормайлаёқ ариқ бўйига ўтириб олдим. У аччиғим келганини сезди, шекилли, бошини орқага ташлаб-ташлаб, хахолаб кулишдан тўхтаб, атрофга аланглашга, қаддини кўтариб, мени излашга тушди. Ахийри кўриб, ёнбошлаб ётган Саъдулла дўкайга алланарса дея, ўрнидан қўзғалди. У тоғамнинг носранг-кўкиш кител-шимида, кителнинг тугмаларини ечиб-яйраб ўтирган экан, туриши билан кўкракдор ва боши шифтга етгудек бўлиб (ёки ўзи шунақа салобатли тортиб кетганмиди) кўриниб кетди. У шийпондан тушиб, этигини кўлантаёқ кия, тўғри мен томон юрди. Салобати босиб, ўрнимдан қўзғалдим. Бояги гиналарим ҳам қаёққадир йўқолди. Фақат, сал тўлиқиб турибман. — Акажон! Яхшиям шу ерда экансиз! — дедим унга талпиниб. — Нима гап, нима бўлди? — У ҳам бир нарса сезгандек елкамдан қучиб, бағрига тортди. — Айтавур, ким юборди? Ахир, мен ҳозиргина... — Ҳеч ким, ҳеч ким, — дейман-у, у ёғини айтолмайман. Марғу кеннойимнинг номини тилга оламан десам, ололмайман. Уч ёқдан келаётганини-ку, айтолмасам ҳам керак. — Сен яширмай айтавур, мен бунақа кўргиликларга ўрганиб қолдим, Мақсуд. Дийдам қотиб кетди, — деди бошимни силаганча. Сўнг чўнқайиб, ёш тўла кўзларимга қадалиб тикилди. — Нима гап, яна у садпоранинг бошини... боғлаётган эмишларми?.. Қаерга? Як-кабоғгами ё бошқа томонларга? — деди овози алла-қандай қалтираб. Ундан мусаллас ҳиди анқир, сал кайфи ҳам бор эди. — Билмасам, акажон, билмасам. Лекин уч ёқдан совчи келиб турган эмиш. Эртага, эртага манавининг жавобиии айтмасангиз, кеч бўлармиш. Тушуняпсизми, кеч бўлармиш! — Мен хатчани олиб, унинг каттакон кафтига қўйдим. Тумордек қилиб қайрилган хат унинг кафтида капалакдек титраб турарди. Акам қимир этмай, қимирласа, хатча чинданам капалакка айланиб учиб кетадигандек, қотиб турди-турди-да, уни журъатсизгина, бармоқлари беўхшов титраганча, оча бошлади. Ёзуғи икки энликкина эди. Қараб турибман, шу тўрт қаторгина байтними, илтижоними ўқиб битиргунча юзлари сомондек сарғайиб, қош-кўзларига бир мунг-хафалик иниб улгурди. Тош кртиб, алламаҳалгача киприк қоқмай турди ва... — Борақол энди. Чоп. Иложини қилсам, ўтаман ҳали, — деди маҳзун оҳангда ва тез қайрилиб кета бошлади. Мен унинг кўзларига қараб улгурмадим. Билагимга томган қайноқ ёш уникимиди, ўзимникими — билолмай қолдим... У маишат қилиб ўтирган бояги ерига етиб, ярим ёнбошладиям, қани мен жилолсам жойимдан! «Топдим, айтдим, келаркан ҳали!» деб чопсам, арзийди ваҳоланки. Лекин нимадир тўхтатиб турарди. Ё ўзини унутар даражада кимлар биландир ичиб ўтиришими ёқмади?.. Бир бало қилиб юрдим ҳам, тепа ёқдан Ҳайдар имакининг ширали овози боғ бўйлаб оҳиста тарала бошлади: Малаксан ё башар ё ҳуру ғилмонсан... Шийпон томондан ишкомлар устилаб учиб келаётган бу овоз таърифлаб бўлмас даражада гўзал ҳам ёқимли, ичдан бир ғалати ҳисларни тошдириб чиқарадиган эдики, бунақасини энди эшитиб турар эдим. Беихтиёр қайрилиб қарадим. Ҳайдар амаки шийпонда акамнинг рўпарасига чўккалаб олиб, қўлидаги ликопчани бир ажиб селпиб-чертганча, эшилиб хониш қилмоқда эди. Малаксан ё башар ё ҳуру ғилмонсан — билиб бўлма-ас... Чордона қурволган акам ҳалитдан сел бўлиб, чайқалишга тушган. Кайфи ошиб қолганми ва ё хонишнинг шу жойи ёқиб кетганми, ҳадеб қўл силкиб, гўё қайтадан бошлашга ундайди, улаб кетишга қўймайди. Ҳайдар амаки ҳам унинг кўнглига қараб, қайта бошдан бошлайди: Малаксан ё башар ё ҳуру ғилмонсан — билиб бўлмас, Бу лутфу назокат бирла сендан айрилиб бўлмас. У акамнинг дардиними куйга солиб айтяпти ё ўзининг дардини куйлаяптими, ҳарҳолда, у ёқда иккаласи ҳам сел бўлиб оқаётган эди. Бу ёқда мен ҳам бўларим бўлган. Ажиб бераҳм дилбарсан... ажаб шўхи ситамгарсан, Чароғи ҳусни рўйингдан, бу кўнгилни узиб бўлмас... Саломхон Қози Мен ҳуштагим оҳангидан маст, ўйноқлаб-сакраб, ёлғизоёқ йўллардан боғ ошиб, тутзор оралаб келар эканман, акамни топиб, хатчани элтганимдан, яна жавобини ҳам етказиб қайтаётганимдан бошим осмонда эди. Бунгача кун қайтиб, қушлар важир-вужурларини бошлаб улгурибдилар. Ҳатто боғ этагидаги маймунжон қоплаб ётган хилватгоҳдан учиб чиққан қоп-қора майна қушлар овлоқ ҳовуз бўйларига бир ярашиб турибдилар. Улар бирдан «шақ-шақ»лаб қувалаша кетдилару ўша қоронғи жойларга ҳам жон киритиб юбордилар. Оқ олманинг тагига етганда катта ариқдан сакраб ўтиб, тутзор ичи билан йўл солдим. Бурганлар тизза бўйи бўлиб ётган экан. Ҳаммаёқни какра ҳиди тутиб кетди. Аксириб-ла юбордим. Лекин қайтиш қаёқда! Тутзорни кесиб чиқиб кетмоқчиман. Ола қанотларини ёйиб, думини эшкак қилганча, устимдан зағизғон учиб ўтди. Эргашхўжа амакининг ўригига ўрлаб кетган аймоқи токка чуғурчукдар чунон ёпирилишибдики, мактаб очиб, бир-бирларига ғужум ютишдан дарс бериб ётишибди. Фақат куркинаклар кўкдан пастламай, бир чиройли қувлашмачоқ ўйнамоқдалар. Мен тутзорни кесиб ўтиб, кўча ёқасидаги ёнғоқзордан чиқиб бордим. Кайфим чоғ, ҳеч қандай меванинг бетига қарамай, ҳатто янгигина учиб тушган зарғалдоқ хазонлар устида юзидан тўри кўчиб, пўчоқларидан ажраб ётган ёнғоқларгаям парво қилмай, гоҳ у оёғимда, гоҳ бу оёғимда ўйноқлаб келяпман. (Қўлтиғимга бўй бези келиб, аллақачон раста бўла бошлаган эсам-да, болалигим қолгани йўқ.) Мен ўйноқламай ким ўйноқласин: акамни топдим, омонатни топшириб, жавоб-хабарини ҳам кеннойимнинг сингилчасига айтиб ксляпман. — Вой, суюнчилик хабар-ку. Мен опачамларга айта қолай, — деб чопқиллаб кириб кетганида суриб юбора қолдим. Қайтиб чиқиб, бир ҳайрон қолсин: ерга кирдимми, осмонга учдимми, билолмасин. Опачаси — менинг азиз Марғу кеннойимни ҳам тасаввур этиб турибман. Синиққан юзлари бирдан ичидан нурланиб келиб, тўлин ой тусини ола бошлайди-да, салга ёш ҳалқаланиб кетаверадиган кўзлари жавдираб бўйсира сингилчасини бағрига тортади. Кейин сутга чайилгандек нимжон қўллари билан пешонасини силаб, «Ўзимнинг попугим, беминнат хабарчимдан айланай...» деб пичирлайди. Шунда сингилчаси мени айтади. «Сиз мени эмас, Салом аммамнинг ўғилларини алқанг. Суюнчиликни ўшалар келтирдилар», деб бидирлайди. Кеннойижоним им қоқади: «Мен учун шунча елиб-югурган қайнижонимдан ўргилай. Илоҳим, от босмаган жойларни той босиб, яхши жойлардан ато қилсин. Аллоҳимдан кечаю кундуз сўраганим бўлсин», дейди яна кўзларида ёш ҳалқаланиб кела бошлаб... Менга шу дуосининг ўзи кифоя. Бахтимга соғ-омон бўлсин; соғайиблар кетса, бошига ёғилган манави шўришлар ариб, чиройи очилса, акам билан топишиб кетса, бас. Ахир, келин бўлиб тушса, қаёққа боради? Менинг чинакам азиз кеннойижоним бўлиб, шу уйимизга келади-ку. Хонадонимизнинг бир сафсар гулига айланади-ку. Мен шундайин ўйлар билан кўча эшигимиздан кириб борсам, ойим супанинг четида мук тушиб, сим-сим йиғлаб ўтирибдилар. Мендан баттар қўрқиб кетди. Қумри кеннойим тепаларида типирчилаб турибдилар. — Вой, ҳай, опа, унақамасдир? Сиз ўйлаганчамасдир? Вой, ҳовлиқмай мангина ўлай. Қаёқданам шу хабарни кўтариб чиқдим? «Ойи»лаб менам чопиб бордим: — Ойижон, сизга нима бўлди? Ойим бағирларига босиб, ўкраб юбордилар: — Бўйларинг чўзила қолсаям майли эди, йигит ета қолсанг ҳам майли эди. Юзларига юзимни босиб, елкаларини силкилашга тушдим, шундай қилсам, балки ҳушларига келарлар, нима гаплигини айтарлар. — Айта қолсангиз-чи, ойижон! — Тоғанг бояқиш... — деб қаттиқроқ қучдилар ойим,— ёлғиз меҳрибонимиз, сояи давлатимиз... ҳаммага куйиб, ҳаммага югуриб-елиб, ўзига югургувчи топилмаган жигаргинам!.. Ҳеч нарсага тушуна олмай елкам оша Қумри кеннойимларга қарадим. Тоғамга бир нима бўлса, нега бу киши қолиб, ойим ҳуни-бийрон йиғламоқдалар?.. Нега у киши сочларини юлиб, ўкраб-ўкраб йиғлаш ўрнига, ойимни юпатиб ётибдилар? Шу вақт кеннойим: — Ҳай, опа, ман анави қирилгур адокатига оборадиганимни обориб, учраб-ла келдим. Чиқармай қаёққа боради?! — деб эдилар, ойим шаҳд-ла бошларини кўтариб, урушиб ташладилар: — Унда нимага «опов»лаб чиқдиз? Укагинайиз қамоқдан армияларни афзал билибдилар, деб? Сизмидиз ўша?.. — Ман, опа, ман. Ман бефаросатгинани кечиринг! Чиқарган хатларини ўшатта биттасига ўқита қолувдим. — Қумри кеннойим азза-базза чўк тушиб қўлларини кўксиларига босдилар. — Ўша ярим-ёрти ўқиб, шундайкан деса, ман ўлгур чопиб келавурибман, опов! Юраклариз тўкилиб кетди, опажон, кечиринг. Ана Мақсудхўжайиз келди, ўқитиб кўринг ўзиз!.. Ойим бўшашдилар. Бошларидан сирғалиб тушган рўмолларини олиб, ёшларини артдилар-да: — Қани, ўша ордона?.. Беринг бунга, — деб буюрдилар. — Мана, опажон, мана. — Қумри кеннойим унниқиб кетган духоба нимчаларининг чўнтакларини (ҳали унисини, ҳали бунисини) кавлаштира-кавлаштира, қат-қатланган хатни топдилар. — Тўтиёдек авайлаб оп-қўйибман, опа, мана. — Ол, ўғлим, ўқиб бер ўзинг. Тоғанг бояқиш нелар добди кетар пайти, — дедилар ойим дийдалари яна юмшаб. Хат ҳозирги имлода, икки энликкина экан. Аммо ажи-бужилигидан қийналиблар кетдим бошлаб олгунча. Лекин ойимгилар чидаб, тишларини-тишларига богиб ўтирибдилар. Босиб ўтирибдилар-у, юзларидан дувва-дувва ёш думалайди. «Аббос, ўзингни бос (деб бошланган эди хат). Мен кетадурган бўлиб қолдим. Судлашиб юргунча, шу маъқул кўринди. Кечир, сизларни ёлғизлатмоқчи эмасдим. Оллоҳнинг хоҳлагани шу бўлди. Юз йил излашганда қилча қинғирлик топишолмасди ишимдан. Майли, шуларнинг ҳам сазаси ўлмасин! Кетсам, кетақолай. Умрим тергов бериб ўтгандан, шуям афзал. Фақат ранжима мендан, саҳарларда дуога қўшишни унутма. Жўнашимни ўзи хоҳлабди, ўзи қўллагай. Бизларни уруғигача қуритворамиз, деганлар кўп чиққан... Аббос, болалар ўксимасин. Биламан, сен тилла хотинсан! Чайирнинг чайирисан. Тош келса кемириб, сув келса симира оласан. Жужуқларни ўзингга ишондим, сени эса, ёлғиз Оллоҳимизга. Ундан сабр тиланглар. Салом опамдан ўрган қаноатни. Филдек бардошни. Уларга суян. Анув озгина сармояни эса, беҳуда сарфлаб юрма буларга. Қайтага болаларни ўқит. Эрта бириси кун ақлини таниб қолса, хор бўлмайсизлар. Роббим ўзи тўзим берсин сизларга. Отангиз Қўлдошхўжадан деб билурсизлар». Ойим пиқиллаб йиғлаб бердилар: — Бояқиш укагинам. Ғурури йўл бермаган жигаргинам. Ўшаларнинг ҳам сазаси ўлмасин, деб кетаверибди. Унинг ўрнида бошқаси тупурарди ўша сазасига! Бу... бу... бу... Ойимга Қумри кеннойим қўшилдилар сим-сим йиғлаб... Мен эсам, ич-ичимдан алам уйғониб, (уруғимизгача қуритвормоқчи бўлган ким экан, шу Акмал ўрисларми дейман-у), иккалаларини юпатишга бир оғиз сўз тополмайман. Шу маҳал ойим кўзёшларини этакларига артганча, оирдан чаппа жаҳллари тутиб, Қумри кеннойимга ўгирилдилар: — Ҳой, Қумрихон, мен сизга нима девдим? Қани, топган одамийиз қайси тоғни қайириб берди? — Вой, опов, нимасини айтасиз-ов? Кимга айтаман додимни-ёв? — Қумри кеннойим тўлиб турган эканлар, тиззаларига муштлаб «ёв-ёв»лаб қолдилар-ку. — Чув туширганда-туширдики, балогиналарга қоврулгур-ов. — Ҳой деганга қарамай, ташмалайвердингиз-ташмалайвердингиз. Инг деса оборавердингиз, қўлини уриб қўймабди-ку! Ишқилиб бировдан қарз-қурз кўтарган эмасмидиз? Қумри кеннойим бўзлай туриб, ойимнинг елкаларидан қучиб оддилар: — Ман гўлгинани кечиринг, опажон! Сизга қулоқ оссам, шу кунлар йўқ эди, шу шўришлар йўқ эди. Ўлганни устига чиқиб тепишларини мен қайдан билайин, опажо-он! Бу замонда куйганни талайдиганлар чиқиб кетганини билмабман-ов! — «Опажон»ламай кетинг, — деб жеркиб бердилар ойим, — тушунганроқ одамдан олганмисиз, ё?.. Кеннойим хиқиллаб, юз-кўзларини артдилар. — Ҳакимбек акаларидан сўрай қолувдим... — Ҳайтовур-ҳайтовур, — дея ойим рўмолларини тўғрилаб, ўринларидан тура бошладилар. Ҳовурларидан тушмай яна койидилар: — Бошқа одам бўлса, кунда сўраб келавурса, битиззи сотиб берармидийиз, Қумрихон? — Йўғ-э, — дедилар кеннойим ишонмай. — Ҳа-ҳа, энди олиб бўбсиз! — дедилар ойим. — Вой, ўлай, ҳали сўраб-ла бораманми? Битмагач, қайтариб бермайдими, опа? — дедилар у киши. — Қайтаради, олиб кели-иб, узрлар айти-иб ташлаб кетади. Сана-аб оласиз! — дедилар ойим ва шаҳд обдастани олиб, нари кетдилар. Кеннойим дамлари ичларига тушиб, ўтириб қолавурдилар, ойим юз-кўзларини чайиб, ошхонага қайтдилар. Ўқрайиб ўтиб кетиб, ўчоқбошидан овоз бердилар. — Поччанинг куёвлари раний бўлиб қайтганмиш. Катта ишларда юрадигани-чи? Ўшанга борасиз. — Онамни Новзадаги куёвларини айтасиз-да? — Қумри кеннойимга жон битиб, ошхонага пилдирадилар. — Раҳматиллахонмиди? — Нажот ўшандан. Бир сиёсат қилса, қайтарибам беради, қарзданам қутуласиз. Ҳозир замон-замон — отлиқнинг замони. — Вой, опа-ей, яхшиям сиз боракансиз, бўлмаса кимларга сарғаярдим? Илоҳо, дунё тургунча туринг. Кеннойим алқаб-алқаб чиқиб кетдилар. Мен эсам, Иззага отландим. Иссиғида сигиримга ўт ғамлаб қўймасам, сут қаёқдаю қаймоқ қаёқда. Ойим далага чиқмай, кўчиб келганимиздан бери мошиначилик қилиб, кийим тикяптилар. Тоғам катталар билан гаплашиб, даладан озод қилдириб қўйганлар. Улар ҳам ўша ёқдан урушга кетган бўлсалар, энди ҳолимиз нима кечаркан — билмайман. Мўйловларининг тагидан жим-сассизгина, иссиқ илжайиб қўйишлари шундай кўз олдимда турибди. Ҳафтада бир отларининг бошини буриб, кириб боришлари, опа, қандай ўтирибсизлар, қачон кўчириб кетай, деб ҳол-аҳвол сўраб қўйишлари бор эди. Тоғам ҳам катта давлатимиз эканлар... Ғумайни арқон қилиб ўриб, ўтни боғладим-да, орқалаб чиқиб, Иззанинг бу бетидаги толнинг тагига — ҳов ўша Мимит бува билан суҳбат қурган жойимизга чўзилдим. Вақтнинг ўтишини қаранг-а, яқинда мен Иззанинг нариги ёғилик, меҳмон бола эдим. Энди бериги ёғидаман. Бува ҳар кўрганларида: — Қалайсиз, эшон бола, буваларингизнинг юртига келиб олиб, Яккабоғни соғинмаяпсизми? — деб илжайиб қўядилар. Соғинмай бўларканми! Соғинганимда чимга мана шундай чалқанча ётиб оламан-да, эслай кетаман. Шундай кезлар жуда маза-да, ниҳояти кўзингни юмиб, атрофдан келаётган товушларга маҳлиё бўлиб ётсанг ҳам, ҳар битта товуш бир олам бўлиб, кўз олдингга гавдаланиб келаверади, келаверади... Пастдан шип-шип қадам товуши кела бошлаб, сергак тортдим. Сургалиброқ юришидан қиз боланики қам эмас, биз тенгиларникиям, шундай чимзорда гур-силлаброқ оёқ ташлашидан катта одам шекилли? бошимни даст кўтарган эдим, келаётган одам: «Вой-ҳой, кимсан-нимасан?» дея шайтонлаб қолаёзди. Кейин кўксига туф-туфлаб яқинлашди: — Наузамбиллоҳ, наузамбиллоҳ, чучкирибам қўймайсан-а, қизиталоқ, юракни чиқардинг-ку? — деди таниб. Мирҳомид амаки сўмкасини ўт устига ташлаб, оёғини узатганча, ёнимга ўтираркан, қитмирлиги тутиб, гегишди: — Сендан бўлаги бўлса, «тини-мини, жулдур-жуп!» дердиму қиз бола қилиб қўярдим. Кетимдан йиғлаб юрардинг кейин. — Ҳечам-де, — деб нарироқ сурилдим. — Ишонмайсанми? — У азза-базза чўккалаб, кафтини кафтига ишқади. Мен ўтакам ёрилиб... ҳам кулгим қистаб, яна нарироқ жилдим: — Ишондим-ишондим-ишондим. У иссиқ жилмайиб, боягидек оёғини узатиб ўтириб олди: — Ҳа, майли, сен ўзимизникисан... Мен азза-базза қизиқиб, яқинроқ келдим: — Ростиззи айтинг, шунақа қилиб қўя оласизми? Мирҳомид амаки яна қув нигоҳини ўша еримга ташлай бошлаган эди, юрагимга ғулғула тушиб, нариги ёнимга ўнгарила, туриб кетдим: — Йўқ-йўқ, беҳазил-да — У кулди: — Ҳа, ана, беҳазил бўлса, беҳазил. — У ўтиравур дегандек имо қилиб, энди носқовоғини олиб, бамайлихотир кафтига нос тўка бошлади. Кейин тилининг тагига ташлаб, лабининг четида илжайди: — Ишташанг шу ўтиришингда етти қават ошмонга опшиқиб-оптушаман... Қўқмийшанми? Мен чўккалаб олиб, амакининг бошдан-оёғига ишонқирамай тикилдим. — У оғзидаги носи сув очиб, лабини чўччайтириб, боягидек илжайди: — Йўқ, шен шордана қуриб... ўтирвол-да. Мен унинг ҳазилини тушуниб қолиб, кулдим. — Балки таҳорат қилиб оларман? — Ҳа, дарвоқе, — дея у оғзидаги носни пастқамликка «отиб», менга ўгирилди, — таҳорат лозим. Сенгаям, менгаям. Мен довдираб қолдим: ҳазил десам, чиндан мўъжиза кўрсатмоқчими бу одам. Рости, юрагим чопмай: — Унда, унда бошқа бир гал экан-де, — дедим сир бой бермай. — Бошқа гал бўса бошқа гал-да, пакана пари. Сен бошқачасан. Сендан бўлакка бунақа қудратимнинг урвоғиниям кўрсатмасман. Ёпирай! Қаршимда чинданам илми симиёдан хабари бор одам ўтирибдими ё у мени калака қиляптими? Шошма-чи, дея қитмирлигим тутиб кетди. — Унла анув шапалоқдай китобни кўрган экансиз-де? — Кўрганда қандоқ! — Демак, ўқигансиз, шундайми? — Мен ижикилашга тушдим. — Ҳе-э, қаёқда! Бизнинг тишимиз ўтмайди! — деди у қўл силтаб. — Унда, унда қандай осмонга опчиқиб... оптушмоқчисиз? У қув кўзларини қисиб, илжайди: — Бир опчиқиб, оптушгим келди-да, пакана пари. — Ҳазилингизни қарангу... — дедим кулиб. — Хафа бўлмайсан, мен ҳаддим сиғиб-да, пакана пари, — деб қўйди у ва офтоб урганда қайнатиб, сувига чўмилинадиган кўкиштоб ўтни юлиб, бинафшаранг гулига ҳардамхаёл тикилиб турди-да, ўтни ташлаб, энгаҳини силади. — Дарвоқе, уйда ким бор? — Ойим борлар, нима эди? — Тур, кетдик. Менга далда бўлиб турасан. — У нима деганингиз? У тиззалари қисирлаб ўрнидан турди-да, сумкасими олаётиб ночор илжайди: — Олдиларига солиб қуввормасинлар тағин. Мен ҳеч нарса тушунмадим: — Нега қувадилар? — Юравур-чи, — дея жиддий бош ирғади пўчтачи амаки ва ўтни ғумай-арқоғидан кўтаришиб, елкамга олишиб юборди-да, ўзи изимдан эргашди. Тавба! Нега қувиб соларканлар ойим? Ё ўзи шунақа хабар билан кетвоттими? Эски ўйма гулли, ёлғиз тавақали эшигимизга етиб, ўтни ёнғоқнинг тагига итқитдим ва «келинг», деб ўгирилсам, Мирҳомид амаки остонадан ўтолмай, ийманиб турибди. — Ҳа, киравурмайсизми? — дедим қистаб. — Бормиканлар? — деди у ҳамон аланглаб. Мен ичкарига қараб, чақириб боравердим: — Ойи, қайтдасиз, меҳмон опкевотман. Ойим этакларида жийда, ишком ортидан чиқиб кел-дилар: — Сенмисан, болам, опкиравур, меҳмондан айланай. Зинанинг олдига келиб, пўчтачига кўзлари тушдию капалаклари учиб, тўхтаб қолдилар. Қарасам, Мирҳомид амаки бир хатни... (кўриб, мени юрагим ҳам орқасига тортиб кетди: тоғамга бир нарса бўбдими деб), билагига уриб, нима қиларини билмай турибди. них,оят, пўчтачига тил битди. — Опа, мани кечирас, бошқаларнинг ташвишиниям сизга кўтариб келдим, — деди. — Ташвиш?.. — дедилар ойим эслари оғиб. — Бу ўзи Асол опамларга тегишли. Лекин нима дебам оборай? — Нима дедийиз? — Ойим ҳушларини йиғишга уриниб, бир қадам босдилар. — Манави дардисарни-да. — Тушунмадим, нима у? — Ойим этакларидаги жийдани зинанинг шундай биқинидаги челакка солишни хаёлларига келтирмас эдилар. — Жанозадан кейин қора хат кеб турса, нима деярингниям... — деб минғирлади амаки. — Вой ўлмасам, Баҳриддингинаданми? — Ойим юзларини қўшқўллаб чангалладилар, этакларидаги жийда ер билан битта бўлиб кетди. Шу баробар кўча эшик қаттиқ-қаттиқ тақиллади: — Ҳов, Саломпа?! Ким бор? — Ҳаммадан ҳам мен чўчиб тушдим. Чақиргани майли, зардаси оламни бузарди. Ойим овоз берарга ҳам ҳоллари келмай, ўша алпозда эслари оғиб турарканлар, Мирҳомид амаки эшикни каттароқ очиб қаради: — Нима дейсиз, киравуринг-да. Эшигимизнинг турумини бузгудек тақиллатаётган ким экан, деб қўрқа-писа ўша ёққа юрдим. Қарасам, остонада... ўша мени Қанғлида ушлаб олиб, саллотларга бервормоқчи бўлган мовут шапка — Акмал ўрис турибди. Юзлари бўғриқиб, қора қизил бўлиб кетибди. Қўлида қамчисиям бор. Мен уни ўшандан бери энди кўришим эди, таққа тўхтаб қолибман. У ҳам мени кўриб, таниди. Эсладиям, лекин парвосига илмай, тўғри ҳовлига кириб кела бошлади. Нимагадир шаҳди бузуқ. Нима бало, кўрми, ярим йўдданоқ ойимларга дағдағага тушса бўладими: — Қани бу — анув зўрингиз? Индамаса, жа ҳаддидан ошавураркан-да? Ойим энди ўзларига келиб, ерда чўғдек сочилиб ётган жийдаларни босиб оладигандек тисарилдилар ва айланиб ўтиб, Акмал ўрисга қараб юрдилар. Ҳозир боплайдилар, деб турибман ичимда. Лекин у қани сез-са, тобора баланддан келяпти. — Шунақа бебошвоқ қўйворганмисиз ҳали? Ойим унинг рўпарасига бориб тўхтадилар ва: — Ким? — дедилар гўё англамагандек. Акмал ўрис мосовсираб қолди. Ойимнинг важоҳатларидан чўчиб, бир қадам тисарилди. Лекин паст тушгиси келмай тўнғиллади: — Ким бўларди! Ўша муттаҳам асрандиларингиз-да. Ҳукуматнинг юз-хотирини биладими ўзи? — Менинг нечта асрандим боракан ва ҳукуматти қайси арпасини хом ўрибди? — дедилар ойим кўзларини ўкдай қадаб. Акмал ўрис қўл силкилади: — Менга бундай қараманг!.. Ундай қарагунча... — Йўқ, сен айт, менинг нечта асрандим боракан ва... — деб гапларидан қолмадилар ойим. — Султонмуродингизда ўша... — деб жавоб қилишга мажбур бўлди у. — Хўш? — дедилар ойим. — Кўрмайсизми ўзини! Кўчирвораман дейди! Уч соат муҳлат қўйиб кетипти! Нима, Каттабоғни ҳокими у эканми, муҳлат қўяди? Ҳукм чиқаради? Ким бўпти?! Нари борса, бир от ўғриси, қочоқ — дизиртир-да. — Ҳой, шанғи! — дедилар ойим кесиб. — Сен ўзи кимнинг уйига кирволиб шанғиллаяпсан? Сени ким чақирди? Муҳлат берган киму кимнинг олдида туриб-сан? Эркак бўлсанг, бор, ана, ўзининг олдига! Бу ерда нима бор? — Ойим зўр эканлар, иккита гап билан попугини пасайтириб ташладилар. У тисарила бориб, ахийри ялиниб-ялпоғланишга тушди. — Ҳой-ҳой, ҳой опа! Жон опа, аввал эшитинг. Қизишиб кетган бўлсам, кечиринг. Ойим силтаб ташладилар: — Опа дема-е! — Хўп, Саломпа. — Номимни тилга олма! — Хўп, мендан ўтибди, мен беноват. — У ночор-иоилож қўлини кўксига қўйди. Ойим ундан юз ўгира туриб, сал юмшагандай бўлдилар. — Нима дейсан? — Шу... шу укамизга айтсангиз, — дея у ҳайиқиб, ҳам эланиброқ тикилди, — бу шаҳдидан қайтса. Олтмишга кирган онамиз зор қақшаб остонада ўтирибдилар. Ойим кампирни эшитиб, бўшашдилар. — Нимага остонада ўтирадилар? — Айтдим-ку, Султонмуродиз муҳлат қўйиб кетибди. Кўчса — кўчди, кўчмаса, мендан кўрмасин деб. Ўзингиз ўйланг, опа, бир ерга кўч орқалаб... борадурган замонми? — Унақа замонмас, — дедилар ойим ва яна айни-дилар: — Мен кимманки, ўрталарингга тушсам? — Биламан, ҳамма сизга келади, сиз одил хотинсиз. Сиззи гапиззи иккита қилолмайди ҳеч ким. Ойим аччиқ кулдилар: — Шунақами? Одил эканманми? Акмал ўрис бир нарса сезгандай товсилланиб қолди. Ойим эса, дона-дона қилиб, қайтардилар: — Одил бўлсам, агар қозилик менга қолса, биласанми, нима ҳукм чиқарардим? — Нима? — У уч соат муҳлат берибди-ку, мен бир соатга қолдирмасдим... Сен бизга эл бўладиган одам экансанми? Сен одамларнинг ичида битган қорамуғсан, хасмолсан-ку! Сен ўтирган ерни қириб, куйдириб таш-лаш керак! Ана, эшитиб ол баҳойингни! — дедилар қўл сермаб-сермаб. — Э, қўйинг-э! Сизни одам деб келиб юрган мен аҳмоқ! Уни бузганам ўзиз экансиз-ку! — Акмал ўрис қамчисини этигининг сохтига шарт-шурт уриб чиқиб кета бошлади. — Кўраман ўзининг бошига шу кунлар қайтиб келмаганини! Чиранмасин, ҳукуматни қўли Каттабоғга етмаскан, деб! Ҳали шундай шўришларни бошларингга солсинки, хўжа бўлганларингга етти пушмонлар еларинг! У эшикни тарақлатиб ёпиб, чиқиб кетди. — Ҳар не келса, Худодан кўрдик. Тепада улуғ ҳакам — Ўзи бор, — дедилар ойим кутилмаганда мўмин тортиб ва супанинг бир чеккасига жим чўка қолдилар. Тавба. Кечаги воқеалардан ер ёрилиб, осмон қулаб тушиши керак эди. Тушмади. Жанозаям ўтди, саллотлари ҳам кетти. Ҳаммаси тинчиди, деб ўтирсак, бугун Мирҳомид амаки қора хат кўтариб кептурибди. Қай бирига ишонасан? Хатгами, жанозагами? Бу ёқда яна анув Акмал ўриснинг машмашаси. Акам унга муҳлат қўйиб кетганмиш. Нималар бўляпти ўзи? Бу орада ойим сал ўзларига келиб, сочларини тузатган бўлдилар-да, рўмолларини қайта ўраб, ўринларидан турдилар. На кетарини, на кетмасини билмай турган Мирҳомид амакига юзланиб: — Майли, ташлаб кета қолинг ўша дардисарни, — дедилар қулт ютиниб. — Султонмурод келса, кўрсатарман. — Кейин олиб, уй томон юрган жойларида бир нимани эслаб, яна қайрилдилар: — Фақат, шу гап шу ерда қолсин. Асол опам билмаганлари, яралари янгиланмагани маъқул. Баҳриддингинаям ётган жойида тинч ётсин. Мақсудхўжа, сенам эшитдинг-а? Мен бош силкиб улгурмай, у киши ичкарига қараб юрдилар. Биз эса, ташқарига. «Ўронни Айт, Жонингда Умидинг Бўлса» Ойим икки косагина шўрва қилибдилар, қовоғини алоҳида, шўрвасини алоҳида сузиб келдилар. Мен даҳлизга жой сола қолган эдим, чироқни ёқиб, эшикни сптириб қўйдилар: — Қараб туриб, салқин тушиб қопти-ку, болам. Бояқиш аканглар нима қилишяпти экан? Мен Бўзсувни қароргоҳ тутиб ётган акаларимни эслаб, ачиниб кетдим: бу ерда шунчалик хуриллатиб уряпти, у ёқда қандай экан?.. Хаёлим қочди, чор тарафга жимжитлик, шомдан кейинги бир ғаройиб хуфтонолди сокинлиги ёғган. Ҳатто чироқ пилиги қилт этмайди, тинч ёнмоқда. Фақат узокда, балки Тувакнинг охирида — Қўшилишдадир — ёлғиз лайча ит жонини жабборга бериб акиллаяптики, шу ҳам сокин кечага ярашиб турибди. Ойим қозонни ювиб келдилар, мошиналарини токчадан олиб, хонтахтанинг бир ёнига ўринлашдилар. Мсн ҳамон хаёлим қочиб, Жамшидшоҳнинг жомига тикилгандай, деразамиз кўзига қадалиб ўтирибман: ойимнинг жим-жим, ишларини билиб қилишларига маҳлиёман. Ҳеч зерикмаганлари-чи. Чарчамайдилар гўё, ордона қолсин, ётдим, ит ҳам, қуш ҳам тинди, мен-чи, демайдилар. Ишни энди қўлга олдилар, ҳали ҳов қачонгача ўтирадилар. Мошина қулоғи гувва-гувва айланаверади, ойим шиғиллатиб кийим тикаверадилар. Мен тиззамда китоб, ойнадаги аксимиздан кўз узмайман. Ўтирибман хаёлга толиб. Ниҳоят, мошина шириллашидан зерикдилар шекилли, ойим ипни узиб, кийимни тиззаларига олдилар ва чокини йўрмаларканлар, секин хиргойи бошладилар. Тўти қушнинг, Тўти қушнинг боласидек, Сен унда зор, Мен бунда зор. Сарпосига... Сарпосига ўт тушсун-э, Сен унда зор, Мен бунда зор... Ойим бош кўтармай айтяптилар-у, менинг хаёлимдан Султонмурод акам билан Марғу кеннойимнинг савдолари ўтаверади, ўтаверади. Бир куни ойим кечки овқатга ўтираётганимизда (у вақтда Султонмурод акам арава минар, Марғу кеннойимнинг йўлини пойлаб юрган кезлари эди) тергаб қолдилар: — Ҳай, Султонмурод, сан эсингни йиғиб ол. Кўпам бу кашмириларнинг қизига айланишаверма. Баҳриддин нима бўлди? Бир марта тилимиз куйгани етар... Акам хахолаб кулди, кулиб енгмоқчи бўлди. — Вой, хола-ей! Жуда ажойибсиз-да. Ҳар битта бегона кашмири бўлавурса, соғи ким қолади?! — Сен кулма. Булар шундай устаки, кўзингга қараб туриб, авраб қўйганини билмай қоласан. Акам яна кулди. Унинг кайфи чоғ эди. — Кўзингга қараб туриб денг, а?! — Ҳа, қараб туриб, дуосини ўқиб қўйса — тамомсан. Ойисининг парилари борлигини, чилдирма билан одам ўқишини билмайсанми? — Биламан, — деди акам ўша-ўша кулиб. — Билсанг, нимага куляпсан? Акам гапини ялпизлашга тушди: — Ё ростданам-де, хола. Ҳамма қатори бир қиз-ку. — Ҳо-о, — дедилар ойим чўзиб, — ҳамма қатори эканми, вой товва-ей. — Боринг, ана, сал кўхдирокдир. — Яна-чи? — Сал... сал, нима десам экан, — деб ямланди акам ва кулди. — Ўзингиз мендан яхши биласиз-ку. — Ҳа, бу бошқа гап. Кўзингни шамғалат қилиб, нимадир ичириб қўйган-у, яна тан олгинг келмайди. — Вой хола-ей, менинг кўзимни шамғалат қила олармиди? — Раҳмат, келинг, ичкари киринг. — Ойим меҳмонга йўл бериб, четландилар. У ҳам тисарилди. — Раҳмат, мен бирровгина келганман. Султонмурод акамиз бу укачасини ола келсанг деб... Мен юрагим гупиллаб уриб, «Қароргоҳгами?» деворгим келди. Ойим рози бўлақолсалару бу одамнинг отига мингаша қолсам. Шунақа учиб-қўниб турибман. Аммо ойимнинг юзлари тунддашиб, аллатовур норозилик қош-киприклари томон босиб келди. — Нимага керак бўлиб қолибди? — дедилар энсалари қотиб. — Зарур экан, шекилли. — Зарур гапи бор одам ўзи келавурмайдими? Мен бир нима дея олмай турибман. — Гапимас, иши бор, — деди хабарчи. — Иши бўлсаям!.. Элчи каловланди: — Ишонмаяпсизми, холамойи? Ўзим обориб, ўзим обкелиб қўяман. Аммо ойимнинг юзларида қани ўзгариш кўринса, унамай турибдилар. Менинг эса, ичим тушиб боряпти. Ҳайтовур, элчи хатосини фаҳмлаб қолди: — Айтмоқчи, бир хат бораканми? — деди менга.— Шуни олиб борарканмиз. Ойим менга ўгирилдилар: — Қанақа хат? — Анув пўчтачи келтирган хатдир-да, — дедим ҳовлиқиб. — Ҳа, уми? — Ойим бир оз юмшаб, чопарга қарадилар. — Шунақа демайсизми? — Кечирасиз, тушунтира олмабман, — деди у. — Чоп, олиб чиқақол. Токчада, анор гулли бўка чойнакнинг ичида турибди. Мен қайрила, ичкарига учдим. Бир ёқда ичим қизиб, юрагим тошиб боряпти: ҳазилакам гапми, қароргоҳга борарканмиз! Ва ниҳоят ҳар хил ўғри-каззобларни, қочган-қувган қароқчию йўлтўсарларнинг адабини бериб Каттабоққа йўлатмаётган йигитларни, уларнинг қўрбошисини қароргоҳларида кўраман! Ростданам уни шундай аташармикан? Ё қўмондир дейишармикан? Отга мингашдим. Ойим эшик тагида, қўлда чироқ: — Ҳай, мен кутиб, ухламай ўтираман-а, — деб тайинлаб-тайинлаб қолдилар. Кетяпмиз. Акром тоғамгиларнинг эшигидан бурилган боғкўча билан. Боғкўчаки, дарахтлар ўрмондай ўраб кетган, тепасида туташиб, ишком бўлиб ётибди. На осмон кўринади, на юлдузлар. Ҳар ер-ҳар еридаги якка тавақали пастак эшиклар ғира-шира ғор оғзига ўхшайди... От жуда йўрға экан. Қоронғи кўчада ҳам ҳуркимай, йўлини топиб боряпти. Туёқ товуши тупроқда сусайиб, зарангга борганда жаранглайди. Ҳатто «тарақа-тарақ»лаб кетади. Бу кўчада учта холам туришади. Бошланишида Мубор холамларники бор. Катта иш-комзор боғларидан кейин Ҳидой холамларники бошланади. Кейин охирида — Бўзсув тепаларига яқин жойда Ойпошша холамларники. Уларнинг боғи ҳалиги «Ғани — бошинг қани» қоровул бўлиб турган қовунполизга бориб туташади. Мен бу ерларга кўп келганман, холаваччаларим билан бу боғларнинг бир ярим пахсали деворларидан кўп ошиб, унисидан бунисига ўтиб юрганмиз. Кўзимизни боғлаб қўйса, чиллакию даройи битадиган ишкомларни топиб бора оламиз. Лекин ҳозир кўча бир ғаройиб, эртаклардагидек сирли ва жим-жит эди. Худди бошқа бир оламга, бошқа бир мамлакатга тушиб қолганга ўхшаймиз. Ниҳоят, Аллон отанинг эшигидан ўтганимизда, олдинда ғорнинг оғзидек оқаришиб, кўчанинг охири кўринди. Шу вақт чопар от жиловини бехос тортдию у жонивор дабдурустдан тўхтай олмай қайрилиб, гир айланди. Ва мен устидан учиб кетдим. — Э-э, читтон укам, қанисан? Қаёққа учдинг? — деди отлиқ мени йўқотиб қўйиб. Аммо у тушгунча, мен сапчиб туриб, уст-бошим, тиззаларимни қоқа бошладим. — Эй, хайрият-хайрият, — деди у елкамдан қучиб,— ёмон тушмадингми? Мен тирсагим жизиллаб ачишаётган бўлса-да: — Йўқ-йўқ, ҳечқиси йўқ, — дер, қаёққадир учиб кетган дўппимни излаб тополмас эдим. Бу ер ҳайбатли азим ёнғоқларнинг таги бўлгани учунми, жуда қорон-ғи эди. Дўппимни пайпаслай-пайпаслай зўрға топдик. — Энди бундай қиламиз, — деди у ниҳоят хижолат аралаш, — сен отга миниб оласан, мен етаклайман. — Йўқ-йўқ, мен орқангиздан чопиб боравураман,— дедим унамай. У кўнмади. — Таомил шундай, — деди, — қароргоҳимизга ҳеч ким кириши мумкинмас. Кирсаям, кўзини боғлаб олиб кириб, олиб чиқамиз. Хафа бўлмайсан сен ҳам. — У белидан битта қийиғини ечиб, от жиловини билагига солди. Белбоғни икки-уч айлантириб, кўзимни сириб боғлади-да, устидан пайпаслаб қўйди. — Қаттиқ тортвормадимми? Сал бўшаттиргим келиб турса-да, айтгани уяддим. — Энди оёқни узангига қўйиб... — У мени отнинг онига олиб бориб, товонимдан аста кўтарди. — ... ҳа, мана шундай қўйиб, эгарни ушлайсану... даст кўтарилиб, бунисини эгардан оширасан. Қани, миндик. От жонивор пишқириб, типирчилаб турибди. Устимга қайси бегона миняпти экан, деяптими?.. Ҳали олдинга, ҳали орқага бориб келади. Мен эсам, ёруғ кунда от минмаган одам, узангига оёғимни қўйиб силтаниб, чапини оширдиму қулинг ўргилсин эгарга қўндоқдай жойлашиб олдим. — Ҳа, барракалла. Ана энди эгарнинг қошини маҳкам ушлаб, иккала оёғингни ҳам айилга тиқиб ол. Қўрқма, мен ёнингдаман, — дея от жиловини силкилади: — Чу, жонивор. Мен қалқиб, эгар қошини маҳкам чангалладим. Оёғим осмондан бўлиб, эгардан учиб кетишимга бир баҳя қолди. Сал ўтмай, отнинг лўкир-лўкири ҳеч гап бўлмай анча эгарга ўрганиб қолдим. Кетяпмиз-кетяпмиз, баланд чиқиб, паст тушиб, яна айланма, баҳаво йўллардан ўтиб, қани менинг тасаввуримдаги манзилга етсак. Аллақачон Бўзсув бўйига бориб, отдан тушиб, ёлғиз-оёқ йўллар билан сув ёқалаб, қамишзорлар оралаб кетган бўлишимиз, жилла қурса, ёввойи ялпиз ҳидлари аралаш анув катта сувнинг ҳиди димоққа урилиши керак эди. Йўқ, аллақандай сўқмоқдан ҳамон кўтарилиб боряпмиз. Йўллару қайрилишларда неча тунқоровуллардан ўтдик. Улар аллақайси ўр ёки қирдан: — Кимсан, тўхта! Ас-саломинг қани? Ўронни айт! — деб чиқишади. Хабарчи-чопар ҳаммасига бир хил: — Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва баракотуҳ, — деб боряпти. Улар: — Мақсудинг нима? — деб сўрайдилар. — Ал-қасосу мин ал-ҳақ, — дегачгина: — Ўт, — деб рухсат берадилар. Ахийри учинчи тунқоровули тепамиздан тушиб келди: — Қайт, отиласан! От ҳуркиб, сўқмоқдан тойилиб, орқа оёғи аллақандай ариққа тушиб кетди. Суву лой чалоплаб, от қуруқ ерга чиқишга унналди. Мен эсам эгарга ёпишдим. — Менман, Худойназар, —— деди чопар от билан овора экан. — Сен-пенингни танимайман. Ўронни айт, жонингдан умидинг бўлса! — Хўп, ана: «Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва баракотуҳ». Кўнглинг тўлдими? — «Ана»нг нимаси? Мақсудингни айт! — Бир кунда неча марта сўрайсан, хумпар? Соқчи кўнмади: — Қоидали қилиб айт. — Ал-қасосу мин ал-ҳақ. Кўрмаяпсанми, одам олиб келяпман?! Ўтағасининг топшириғи билан. — Менга деса, тилла обкелмайсанми! «Ассалом»инг бўлмаса, пешонангдан дарча очиб юборавераман. Ўт, — деди у «хон»лигидан тушмай. — Сенам шошмай тур, қўлимга тушарсан, — деди бу ҳам кулиб, — хап саломинг бўлмаса, икки ямлаб бир ютай. Кимдир шипиллаб келиб, отнинг жиловини олди. — Бунингнинг сумакдай бурничаси-чи? Халақит қилмайдими? — деб «қиҳ-қиҳ»лаб кулди. — Э, дарвоқе-я, — деди Тойир ака. — Кейин бунақа бурунни қаердан топамиз!.. — Ҳов, ўт-ўт, кўп маҳмадана бўлма, қулоғингни чиноқ қилиб қўймасимдан. Қикир-қикир билан элчи тирсагимдан ушлаб тортди: — Тушақолинг, жаноблари, етиб келдик. Мен чап оёғимни айил орасидан чиқардиму олдимдан ошириб ўтказмоқчи эдим, эплай олмадим. Элчи кулди. — Ия, чавандоз, кўзни чирт юмиб, минворган эдингиз-ку. Айтмоқчи, бундай эди-я! Оғирлигимни бир оёққа солганча, ёлғиз узангида даст кўтарилдим-у, эгарни кўйиб юбормай, бу оёғимни от устидан оширдим. У эса, қўлтиғимдан ушлаб, енгил тушириб оларкан: — Ҳа, баракалла, бу бошқа гап, — деб қўйди ва олдинга ўтди. — Энди менинг қийиғимни қўйвормай, орқамдан юрасиз. Унинг этигига қоқила-қоқила бориб, зиналардан туша бошладик. Пастдан нам тупроқ иси гуркираб келар эди. Нари борса, бир ҳафта бурун қазилган-ов. Текис жойга тушганимизда биров панғ овозда: — Ҳа, олачипор, сенмисан?! Ечақол кўзини, қийнаб қўйибсан-ку, болапақирни, — деди. Ундан мохорка ҳиди анқир, ҳозир ҳам чекаётганга ўхшар эди. — Буми, бу зўр! Ғинг дегани йўқ гяунча жойдан бери, Ғулом акаси, — дея чопар кўзимдаги белбоғни бир тортворган эди, шундай қаттиқ боғланган нарса, сирғалиб чечилиб кетди. Ҳеч нарса кўрмай ҳам, ажратолмай ҳам қолдим. Сруққа қарасам, кўз оддим қамашиб кетаётибди, жон қолатда бош чайқаб, кўзимни олиб қочдим. Мохорка х,иди гуркираб келаётган ҳалиги одам елкамга қоқди: — Қўрқма, пакана пари. Бу Тойир закун шунақа, сштилгандай бажармаса, хотини талоқ бўлади. Хийла вақтдан кейин бошимни кўтарсам, адёл осилган пастак эшик ёнидаги камгакда тақа мўйловли бир одам тиззасига милтиғини қўйиб ўтирибди. У кўзимни очганимни кўриб, қошию мўйловини ўйнатиб, илжайиб қўйиб, чопарга: — Опкиравур, закун, нима, сенгаям алоҳида такаллуф зарурми? — деб кудди. Тойир закун тўнининг барларини тортиб, белбоғини тўғрилаган бўлди ва аскарлардай қаддини ғоз тутиб: — Ёлғизларми? — деди адёлни кўтаришга юраги дов беринқирамай. — Биров бўлса, мен сени қўярмидим, овсар, — деди амаки чаккасига бармоғини нуқуб кулганича. — Ҳа, энди хўжайиннинг феълларини биласиз-ку. — Биламан-биламан. Ўзи сенларга шунақа биттаси керак. Бўлмаса, ўзинг хон, кўланканг майдон бўп кетасанлар. Бор, киравур, мен рухсат бердим. — Ҳай, кирсак кирдик, — деб у адёл-эшикни шарт очиб, бир қадам босди. Аммо: — Мумкинми, Катта ака? — дегунча бўлмай, адёл тушиб, ўзи нариги ёқда қолди. Мен токчадаги осмачироқ олдида тик турганча алланимани ёруғга солиб тозалаётган акамни (унинг орқасига илашган сояси ертўланинг ярмини эгаллаб, ваҳиманинг ўзи бўлиб қолган эди) кўриб, юрагим бир орзиқиб тушди. Томоғимга бир нима тиқилиб келди. Адёл орқасидан унинг бўғиқ овози эшитидди: — Опкелдингми? — Опкелдим, хўжайин. — Опкир. — Хўп, хўжайин! У боягидек шахт билан адёлни кўтариб, бош ирғади: — Кир, оғайничалиш. Мен ичкарига бир қадам босиб, тўхтадим. Акам қўлидаги тозалаётган тўппончани токчага, латта устига қўйиб ўтирилди, аммо бетимга қараб ҳам қўймади. — Сенга жавоб, Тойир. Фақат, узоқ кетма, — деди чопарга. — Хўп, хўжайин, — дея Тойир чопар қайрилиб чиқиб кетди. Мен акамни қанчалар соғиниб, кўришга ўлиб-интиқиб келсам-у, у ҳушсизгина кутиб олса... Алам қилди. — Сиздан бир нарсани сўрасам... — Сўрайверинг, жоним билан. — Сиз Парпининг сўроғида... бормидингиз? — Бўлмаса-чи! — Амаки чувак юзи ёришиб, эмин-эркин кулимсиради ва акам қолиб, менга тушунтира кетди: — Ўнг томонидаги қўриқчилари ким экан — аканг қарағай эдим-ку... Акам томоқ қирди: — Ўшанда... ўшанда Баҳриддиннинг куёвлик кийимларини нима қилганмиз девди? Сотганми ё?.. — Ҳе-ҳ, Парпи бўладию зарбоф тўни билан кўмворадими, ўтағаси? Ўз қўли билан ўша икки хуфтондаёқ ўликдан чечиб олган бу гўрсўхта! .. — дея сўкинди Ғулом ака ва яна ижирғаниб, алламбалолар дея ўзича минғирлади. — Йо-оқ, Ғулом ака, сиз шахсан ўзи нима деганини айтинг менга! Эслай оласизми? — Нега эсламай, шундай ёнида, бир қадамгина орқасида турибман-ку, эшитмай бўладими?.. Акам бетоқатланди: — Эшитган бўлсангиз, у ярамаснинг ўзи, ўз оғзи билан нима деган? — Ўз оғзи билан, ўз оғзи билан... — Ғулом ака иягини қашлай туриб, шахт-ла милтиғини кўтарди. — Эсладим! «Эски Жуванинг бозорида лойлаб, Жанггоҳда ичворганмиз», деган эди. Ятим мол тешиб чиққур... Акамнинг юзи ёришиб кетди: — Эсладим-эсладим. Бозорга олиб тушганмиз, деб эди. Жанггоҳгаям кирган эканми? Ғулом ака қўл силтаб, менга юз бурди (Унинг шуиақа одати бор экан, биров қолиб, бировга гап тушунтирадиган): — Кирган-кирган. Ўлгудек бўкиб ичган. Ҳазарни биладими бу гўрсўхта. Ҳукуматни қўлига тушса, отув берарди, тағинам... — Ҳукуматнинг йўриғи бошқа, бизники бошқа, — деди акам жойига қайтиб. — Мен «қиз ўртоғим»нинг ўлигини топиб, жойи ростонига қўйишим керак эди, кўйдим. Адолат қилишим керак эди, қилдим. Дўстимнинг руҳи шод бўлса, бас, — деди ҳуши оғиброқ. — Худо раҳматига олган бўлсин, бировнинг асрандиси эди, сендан рози кетди, — деди Ғулом ака юзига фотиҳа тортиб. Сўнг акамга жавдираб боқди: — Мен бораверайинми, ўтағаси? — Ҳа, дарвоқе, — акам ҳуши жойига келиб, буюрди: — Тойирни чақиринг. Буни элтиб қўйсин, ҳаяллаб кетди. — Хўб бўлади, ўтағаси. Ғулом ака бурилиб чиқиб, адёл силкинганча қолди. Акам ўрнидан туриб келиб, мени сўзсиз бағрига тортди ва акалик меҳри ила куракларимни силади: — Уларга салом айт мендан, хўп? — деди аллақандай тўлиқиб. — Кўрарсан, ахир? Бу салом кимга тегишли эканини англаб, ўрталаридаги бу савдоларга мен ҳам алоқадордек, кўнглим бузилди. Четга қарадим. Кўз ёшларим ортидан... ҳурилардай, парилардай бўлиб Марғу кеннойим гавдаланиб келар эди... Яна кўзларимни боғлаб, ўша ҳуркак отга миндиришди. Яна ўша Тойир закун баланд-паст, айланма йўллар билан отни етаклаб кетди. Аммо бу гал ҳеч ким салом сўраб, иўлимизни тўсиб чиқмади. Яна ўша Аллон отанинг эшигига етиб, азим ёнғоқлар тагида тўхтадик. — Кўзингни ечиб ол, бўлди, — деди Тойир закун ва ийманиб қўшиб қўйди: — Хафа бўлмайсан-да, оғайничалиш, тартиб шундай! Мен қўшқўллаб қийиқни бошимдан чиқариб олдим-у, лекин зим-зиё қоронғиликдан бўлак ҳеч нарсани кўрмадим. Қайтага кўзим боғлиқлигида бир нар-саларни тасаввур қилиб-кўриб бораётиб эдим. Чопар тиззамга шапатилади: — Энди оёғингни узангидан чиқариб, орқага сурил. Шундагина унинг қоп-қора, баҳайбат эканини (шу туришда у елкамдан келар эди) кўриб, чўчиб тушдим. Кейин билсам, бояги тўнини ечиб, кенг-дағал бир чакмонга ўралиб опти. Шу ерда қола қолай деб энди тушишга уннаган эдим, у белимдан кўтариб, отнинг орқасига ўтқазиб қўйди. — Бу ёғи ҳеч қанча қолмади-ку! Етиб олавераман ўзим, — дедим. У тиззамга уриб, бош чайпади: — Ҳеч қанақа «етиб оламан-петиб оламан»и йўқ. Мен нима деб ваъда берганман! Сурил, тушиб қолмайсан. — Сўнг бир ҳаракат билан оёғини отнинг устидан ошириб, эгарга миниб олди. Қочиб бораётган отга томдан сакраб миниб оладиган, эгар устида ўйин кўрсатиб, от қорнига ёпишиб чопадиган чапдастлар ҳақида кўп эшитган эдим-у, биронтасини кўрмаган эдим. Назаримда Тойир закун ўшалардан қолишмас, мен унга мингашиб бораётганимдан бошим осмонда эди. — Ҳа, ана шундай, белимдан ушлаб ол. Қўрқма, йиқилмайсан, — деди у. Аммо ўзи отнинг биқинига қаттиқроқ ниқтаган эди, жонивор силтаниб, суриб кетди. Мен отнинг белидан бир селпиниб, яна қайтиб жиқ этиб жойимга тушдим. Кўмирчагим синди-ёв! Кўзимдан олов чиқиб кетди. Чопар эса, эгарга қапишиб, жиловга ёпишганча, отга эланарди: — Др-р, жонивор, др-р... Аммо-лекин от ёмон ҳуркак экан. Бошини тикка тутганча, бўй бермай, суриб боряпти. Шовқинига хонадонларнинг тозию арслонлари акиллаб-вовуллаб, девору омбор ошиб кўчага отиддилар ва от орқасидан тушдилар. Боғкўча бирпасда акиддоқ итга тўлди. Отни секинлатишдан энди маъно қолмаган эди. Тойир закун ҳам жиловни қўйворди ва от шамолдай ела бошлади. Итлар чангимизда қоп кетди. Яхшики, қайрилишда чаққонлик қилиб буриб қолди, бўлмаса, тўғри анҳордан сакраб ўтиб, аллакимнинг боғига кириб кетармиди ё бизни устидан улоқтириб, қайрилармиди. От сўлиғини чайнаб ҳансирар, боши бир ёнга қайрилганча, уйноқлаб борар эди. Терлаб кетган бутларим зўр бериб ачиша бошлади. Шу ерда тушиб қолишгаям рози эдим. — Эсонмисан, оғайничалиш? — Тойир закун бошини буриб, кулиб қўйди. — Бу шанақа асов. Аканг-ии ҳам бир марта опқочган, ҳа. Бировга миндирмайдиган хилидан. — Ўзиникиям зўрдир? — дедим беихтиёр. — И-и, қаёқда? Ёлғиз акангқарағайда бор. Уям мана шу. — Кейин отини кўчанинг ўртасидан гижинглатиб бораркан, оғзини тўлдириб кулди: — Жоноралиям ўзим, чопариям ўзим. Бу орада Қўлдош тоғамларнинг қайрилишларига етиб қолдик. Манзилга яқинлашганимиз сари уни гапга солишга ошиқардим. — Яна уч-тўртта отларинг бўлсами, ҳеч кимга бўй бермасдинглар, тўғрими? — И-и, сенам ўзимиздан экансан-ку: ҳавойинг баланд. Лекин билсанг, биз отлиқ лашкар эмасмиз, у ёқдан-бу ёққа от қўйиб юрсак. — Кейин қайрилиб, маъноли шивирлади: — Мен сени кўрмадим, сен қароргоҳда бўлмадинг, уқдингми?! Мен уқдим деб бош силкидим. Тойир закун олдига қараб олиб, аввалги оҳангда давом этди: — Умуман, биз ҳеч киммиз. — Қанақасига? — Шунақасига, вассалом. — Ўрага сичқон тушди — гулдур-гуп, шунақами? Ўтирган ерида ўнг қўли билан тиззамга шапатилаб, кулди у: — Балосан, бало, пакана паримисан, нима бало?!. — Худди ўзи-да! — Отим нимага бунча ҳуркяпти девдим-а, — деди у ўгирилиб ва кулиб юборди. Тузоқ Бир тоғорача сутнинг бетига — қаймоғига нон тўғраб қўйиб, энди битта олган эдим, ҳовлида Солининг қораси кўринди. У дераза тавақасини очиб, имлади. (Ичкарида ойим борлар деб ўйлади шекилли). Яна қанақа шумликни ўйлаб чиқибди деб, яқин сурилдим. — Кечаги айтганингга... ўтиб кела қолайлик. Кулдим. — Уйқунгам келмабди-да? Менам Саидумар акадан эшитиб эдим. — Ўша пиёзпайкалда эканми, ишқилиб? Юравер, мен биламан, — деб шоширди у. — Ол, битта, суқинг кирмасин тағин, — дедим тоғарачани тутиб. Ў қўлини қайчи қилиб тоғарачанинг ичига суқаркан: — Қаймоқ мияни бутун қилармиш-а? Қани бизнинг ҳам сигиримиз бўлса. Сенга маза, — деб қўйди ва одатдагидек ишшайиб бетимга қаради. — олол, оқизмай ол, кейин ишшаяверасан, — дедим мен ҳам тегишиб. — Зора сенгаям ақл битса. — Ақл?.. — У енгил қалқиб, оғзидагини ютгиси келмай ютинди. — Бедана турганда ақлнинг нима кераги бор! — Битта бедана деб уйқунг келмапти-ку... — Ҳа-да. Жилдикми? — Бошқа кун борармиз, — дедим мен ҳузуримни бузгим келмай. У ялинди: — Вой-бў, ерсан шу қаймоғингни қайтиб келибам... — Мактаб-чи, — дедим атай эзмаланиб, — кеч қолмаймизми ? У ўрикзор орқасидан чарақлаб, усиз ҳам сарғайган ўрик баргларини нурга белаб чиқиб келаётган офтобга қараб қўйди. — Улгурамиз. Мен битта тўрва олволдим. — У қўйнидан оғзи бўғиқ, тизгинчали мошхалта олиб кўрсатди. — Оббо сен-эй, тайёргарлигинг зўр-ку, кўрволсанг ҳар куни қоқмалаб келаркансан-да, а? У шумлик билан кўз қисди: — Бедана кабоб емабсан — бу дунёга келмабсан! Учдикми? — Учдик. Мен тоғарачани хонтахта устига суриб, апил-тапил юзимга фотиҳа тортдим. Жилд ҳам, чой ҳам, нон ҳам жой-жойида қолиб, ҳовлига отилдим. Ўртадаги йўлдан огтамларникига, ундан ташқарига ёв қувгандек югургилашиб чиқиб кетдик. Ким кўриб, ким кўрмай қолди. Уидан тутзорнинг ичи билан тутнинг шу йил янги чиқарган сурх навдаларидаги шапалоқдек-шапалоқдек чаъфар баргларини шатир-шутур тўкканча, юз-кўзларимизни аяб-энгашиб, новдаларга чап берганча, чакалакзор кўчага кесиб чиқиб бордик. Ўшанақаси толларнинг таги билан Каттабоғга урдик ўзимизни. У олдинда, мен орқада. Изма-из югургилашиб бормоқдамиз. Ахийри, Усмон тоғамнинг шохдевор билан ўралган боғлари тугаб, кенг яланглик очилди. Ялангликки, пасти қовунполиз, тепаси одам бўйи ўту ғумай, бурган-у яна алламбалолар ичида қолган пиёз пайкал. Қанчаси тўр дўппидек-тўр дўппидек уруғ боғлаб, тўкилиб-сочилиб ётибди. Биз Каттабоғ ишкомлари билан шу дала ўртасидаги ариқ ёқалаб лўкиллаб боряпмиз. Уруғ боғлаб, ерга салом бериб ётган тизза бўйи ўтлар оёкларимизга чирс-чирс урилиб, ҳар томонга шир-шир «дон» сочади. Каттабоғ томондан янги қовурилган бодроқ ҳидидек бир ажабтовур ҳид анқиб-анқиб келаётир. Кимдир шинни соляпти шекилли. Офтоб барглари хол-хол қизариб улгурган ишкомлар устига текис ёйилиб, нури етмаган орқа бетлари ариқ-ариқ бўлиб, ажралиб турибди. Ўртароққа етганимизда Соли аланглаб тўхтади: — Шу ерни айтганмидилар, Умар акам? — деди шивирлаб. — Шу ер эди шекилли, — дедим мен ҳам аланглаб. Соли ариқдан сакраб ғумайзорга бошлади. Киришимиз-ла, бургану ғумай уруғлари шувва тўкилиб, ҳаммаёқни какра ҳид тутиб кетди. Аксириб юбордим. — Ҳов секинроқ-да, — дея у норозиланди. — Одамни тутиб берақол. — Сен бўласану қўлга тушасанми?! Сен нимаю илон балиқ нима! — деб кулдим мен. — Ҳавасинг келса, сенам бўл. — Ўзингга буюрсин. Бу орада уч ариқ ичкари кириб эдик, у бирдан ўзини ерга отиб, чўккалаб олди. Қўрқиб кетибмап. Бир нима жон ҳалпида потирлаб, қанотлари унинг бетларига урилар, Соли, ҳе, жонингдан, деб кулар эди Чопиб бориб қарасам, бедана! Соли уни тузоқдан чиқариб оляпти. — Кўрдинг биққилигини?! — деб мақтанди у. Бедананинг мошдек кўзлари косасидан ўйнаб чиққудек питраб турибди. — Жонивор, учиб кетолмаган экан-да, — дедим ачиниб. — Шунча дон туриб қаёққа учиб кетади? Яна бизга насиб қилиб турган бўлса, очопат... Тўрвани олвор қўйнимдан. Мен қўйнидан халтани олгунимча бедана неча бор чулдираб, потирлади қўлида. Зўр берса, учибам кетарди-ю, қўлидан чиқолмади. Ниҳоят, Соли уни тўрвага солиб, оғзини бўғди-да, менга тутқазди: — Буни ушла-да, сен у арикдан, мен бу арикдан тушдик, жур. Шундагина пиёзнинг ариғи қиртишланиб, кета-кетгунча биров тузоқ қўйиб чиққанини кўрдим. — Вой, эгаси кўрса, ўлдиради-ку! — деб юбордим. Соли афтини буриштирди. — Эгаси қараб ўтирибдими, сенам қизиқ экансан,— деди ғумайларни шитирлатиб, илгариларкан. — Келдикми, териб кетамиз. Мен ич-ичимдан афсусланиб, тўрт қадам юрганимни биламан, боягидек бир бедана пориллаб кўтарилди ва шу заҳоти тўп этиб тушди. Чопа, ўзимни устига отдим. Бўйнида муштдек тузоқ. Пиёз пояларини эзиб-янчиб, Соли ҳам чопиб келди: — Тўрвадагисини ўлдирасан-ку, овсар! Мен тўрвани ташлаб, қаддимни кўтардим. Қўлимдан бедана юраги шунақа тез уряптики, шу арзимас қушчанинг шунақа зўр юраги бораканми, деб ёқа ушлийман. Ердаги тўрвага жон битиб, ичидаги жонивор порт-порт урилади. Соли тузоқни чиқариб, жойига қўяркан: — Сендақа одам бедана терсин экан, ҳаром ўлдирардинг-а, — деди тўнғиллаб. — Сен-чи, ҳалол ўлдирасанми? — деб ҳазиллашдим. Мен топган бедананинг бўйин патлари хол-хол экан. Қулимда тинмай уринади, чулдирайди. Мунчокдек кўзлари бир бежоки, ачиниблар кетасан бечорага. Аммо биз келибоқ иккита бедана топганимиздан бошимиз осмонда, бошқа ҳамма нарсани унутганмиз. Буниям тўрвага тиқиб, ҳар ким ўз ариғидан илгарилай кетдик. Шундай — оламни унутиб, «вой, ана-ана, уни кўр»лаб югуришиб-чопиб юрсак, бир маҳал биров тепамизда шифтдек бўлиб, чеки-иб турибди. Бўшашиб кетдим. Соли пусиниб, тисарила бошлаган эди: — Ҳўв, қаёққа? — деди у шопдек мўйлови кўтарилиб-тушиб. — Қани, бир олдимга тушворларинг-чи! Ҳе, сенларни қараю! Тур ўрнингдан! Секин турдим. Аммо бетига қараёлмайман. Аксига олиб, тўрвадаги беданалар пайдар-пай типирчилаб силкинишади. Ер ёрилсаю ерга кириб кетсам. Қаёқданам уни кўтариб ола қолган эканман? — Жур-жур! Нимага анграясан? Қилғиликни қилиб қўйиб?.. — Шопмўйлов жаҳлдор экан, болохонадор қилиб сўкиб берди. Менга айтаяптими ё Солигами деб ўйлаб, секин орқамга қарасам, у ҳам касал жўжадек шумшайиб турибди. Ё ўзини хокисор қилиб кўрсатмоқчи, ё раҳмини келтириб... аврамоқчи. Эсимга ўзини ўлганга соли-иб ётиб, балиқчининг чанасига «чиқиб олган» тулки ҳақидаги эртак келиб, иир кулгим қистади, бир кулгим қистади. Соли ҳам ҳозир ўша тулкининг ишини қилмоқчи бўлиб, ўзини касал жўжа қиёфасига солаётган эди. Мен бўлар иш бўлди, деб тепага қараб юрдим. Соли эса, шошиб... эланишга тушди: — Амакижон, жо-он, амаки, бир галча кечира қолинг. Биз билмай кириб қопмиз. Иккинчи қилмаймиз. Жо-он амаки! — Йиғиштир амаки-памакингни! Эрталабдан бир тўрва қип тервопти-да, яна «амакижон»лайди! Туш олдимга жаҳлимни чиқармасдан! Мен ҳайронман: шунақа жангари овозни илгари қаердан эшитган эканман? Сўкиниши ҳам таниш: ўчир, йиғиштир, йўқол, тўхта!.. Шошма, бу анави «Ассаломинг бўлмаса», эмасми? Тойир элчининг пешонасидаи дарча очиб қўймоқчи бўлган? Овози нақ ўша-ку! Упдай десам, қароргоҳнинг одами бу ерда нима қилиб юрибди? Турқини илгари кўрган бўлсам ҳам, майли экан... Бу орада Соли ҳам ноилож елкасини қисиб, унинг олдига тушди-да, қадамини сал тезлатиб эди, белбоғини елкасига ташлаб, орқамиздан келаётган шопмўйлов уришиб берди: — Ҳўв, қаёққа? Қочишни ўйлаган заҳотинг пешо-нангдан дарча очаман. Тўғри юр! Тавба, бу ўша шекилли? Унда нега боғнинг ўртасидаги йўлдан шийпон томонга олиб кетяпти? Секин ўгирилиб қарамоқчи эдим, мени ҳам сўкиб берди: — Жур-жур! Анқаясан, мосовсирайсан, пишириб қўйибдими орқада? Икки ёнимиз қатор-қатор ишкомлар. Биз ночор-ноилож унинг олдига тушиб, тақдирга тан бериб боряпмиз. Юрагим ғашланиб, потирлагандан потирлайди. Нимагаям шу сувюқмаснинг гапига кира қолдим? Ўзимни-ўзим сўкаман ичимда. У ёқда ойим ҳам бозордан қайтгандирлар. Қарасалар, уй очиқ-чочиқ. Китоб-дафтар бир чеккада ётибди. Сигир отхонадан опчиқилмаган. Мен йўқман. Тоза хуноб бўлаётгандирлар?.. Бу ёқда қўлимдаги тўрва силкиниб-силкиниб, ичида беданалар питирлайди. Уни олиб, ўзимизни қўйвора қолса ҳам майли эди. Нолам Худога етдими, билмайман, бир маҳал шопмўйлов ўдағайлаб, чақириб қолди: — Ҳўв, тўрвани баққа узат! Мен жон-жон деб ўгирилаётган эдим, Соли елкаси билан туртиб ўтиб: — Қоч, Мақсуд! — дея ўзини ишком ичига урди. Мен гангиб қолдим: қочишимни ҳам, қочмасимни ҳам билмайман. Қочай десам, у ўрончини таниб тургандайман... Шопмўйлов эса, Солининг кетидан югураркан, елкасидаги бояги белбоғи лайлак қанотидай бир ҳаволаб учдию сўнг шалвираб туша бошлади. Соли жон-жаҳди билан чопиб боряптию менга қоч, қочсанг-чи, деб қўл силкилайди. Шу пайт бирдан эсим жойига келиб, миям ишлаб кетди: воҳ, бу тузоқ акамнинг йигитлари қўйган тузоқ бўлса-чи?:. Ҳа-ҳа, анави шопмўйлов (ҳозир Солининг уч қадамини битта қилиб, орқасидан қувиб боряпган одам) «Қайт, отиласан!»нинг ўзгинаси-ку! Бунақа баджаҳл одам дунёда иккита бўлса, биттаси шу! Тойир элчини ҳам тан олмади-ку кеча. Улар қувалашиб ишкомнинг ичига кириб кетишди. Соли эчкидай тутқич бермай, ўзини ишкомнинг у бетидан-бу бетига ташлаб, қочиб боряпти. Шопмўйлов эса, тутишга жаҳд қилиб, орқасидан қолмайди. Аммо етиб, қўлини чўзган маҳал у читтонлик қилиб, илондай бир буриладию чап бериб кетади. Шопмўйлов мункиб йиқилай дейди ва ўзини ўнглаб олгунча, Соли аллақанча жойга етиб олади. Ахийри бўлмади: — Сен қўлимга тушгин, миянгни пўла қилмасам, отимни бошқа қўяман! Эшитиб ол! — деди сўкиниб. Сўнг ўзи ишком ичидан этигини судраб, чиқа бошладн. Ва бирдан мен бояги жойда қимир этмай турганимни кўриб... Менинг қочмай туришим унга наша қилибми, тиззасига уриб кулди-да, қўл силкиди: — Ҳўв, қилтириқ! — деди ярим пўписа билан, — сен нима қип аммамни бузоғидай серрайиб турибсан? Қани, бир сурвор-чи, етиб бормасимдан. Марш! Мен қўлимдаги тўрвани кўринарли ерга секингина қўйдиму битта-битта юриб кета бошладим. Сал нари бориб, негадир қайрилиб қарадим. Шопмўйлов ишком ўртасида қотиб турарди. Кўз-кўзга тушиб, астойдил қўл силкиди, чақира бошлади: — Ҳўв, ғунан тойчоқ! Шошма, ахир, ҳеч қурса биттасини ола кет. Мен бош чайқаб, юравердим. — Ахир, тўрва-чи, тўрвангни ол, жилла қурса, — деб қистади у орқамдан юриб. Мен ўзимча минғирлар эдим: «Бу сўрамай кирганимизнинг жазоси!» Сўнгра: — Ош бўлсин, — дедиму чопиб кетдим. Тутзорни кесиб ўтиб, опамларнинг эшикларига чиқиб борсам, Соли кўмир ўранинг ёнидаги ёнғоқ тўнкаси устида кутиб ўтирибди. Мени кўриб, сакраб тушди: — Вей, галварс экансан-ку, тайёр ўлжани ташлаб кеп ўтирибсан! Сенга ақл битадими ҳеч? — дея бидирлай кетди. — Ўзинг галварссан! — дедим бетига тик қараб. — Галварс бўлмасанг, қароргоҳда ётганларнинг тузоғига бошлаб борасанми? Сан... сан ўзи бировнинг нарсасини ўмармасанг, уйқунг келмайди! Без тер-э, ундан кўра! — дедиму бурилиб кетвордим. Аммо ўзим ҳам оппоқ эмасман. Умар акамнинг гапини ҳовлиқиб бунга етказмасам, шу юзи қоралик қаерда эди?! Ҳали дарсдан ҳам кеч қолган бўлмасам эди. Чинданам офтоб нури қўшнининг ўриги устидан ошиб томимизга, ундан наридаги жийдаларнинг белигача тушиб қопти. Ҳали таёқ тегмаган жийдалар бир кечада қизариб чиққандай, ғуж-ғуж чўғланиб ётибди офтобда. Шунча юриб, кўзим тушмаган экан, баргидан меваси кўп. Ҳали вақтлироқ келиб, қоқиб берсам тузук экан. Апил-тапил китоб-дафтарларимни йиғиштириб, ҳовлига чопдим, сут идишлар турибди-ю, ойим кўринмасдилар. Шунда ҳам: — Ойи, мен кетдим, — дея овоз бериб, эшикка қараб югурган эдим: — Ҳали ҳам шўтта юрибсанми, кунни пешин қилиб? Сени нима жин урди? — деб олдимдан чиқиб келдилар. Қўлларида челак, анҳордан сув олиб кираётган эканлар. Ёлғонлаб бўлмайди, айтибам бўлмайди. — Кетвотман, етиб оламан, ойи, — дея ёнларидан ўта зинғиллаб қолдим. Қўйин Дафтардаги Ишоратлар Тушга яқин қайтсам, биров мендан олдин жийда қоқишни бошлаб юборибди. Айри шохда ўтириб олиб, ҳар урганида жийдалар чодирга дув-дув тўкилаётир! Пастда аёллар (мен уларнинг кимлигини кўрмайман, фақат овозларини эшитяпман) қийқиришиб кулишади: — Ҳай-ҳув, чодирни кўтаринглар-ув... Китоб-дафтарларимни деразадан итқитиб югургилаб борсам, жийданинг айри шоҳида Олим акам ўти-рибди. Қаёқдан офтоб чиқиб, қарашгани кела қолибди? Пастда Пошша опаму кеннойиларим, — тоғаларимнинг суюкли хотинлари — уч овсинлар чодир тутиб, қий-чув билан тоғорага бўшатиб туришибди. Катта қўшқулоқ мис тоғорамиз чип-чип жийдага тўлиб, таёқ зарбидан четга учганлари ер билан битта бўлиб қизариб ётибди. Ҳовлида бир ажойиб ҳид — жийда ҳиди анқийди. Сиз умрингизда жийда қоплашиб юборганмисиз? Кафтларингазга ўтириб қолиб, бир-икки кунгача кетмайдиган ўшанақа муаттар бўй анқиб турибди атрофдан. Акам мени кўриб, чақирди: — Ия, читтон, кепсан-ку! Чиқасанми ўзинг? Ичимда жон-жон деб турибман-у, ён-веримга аланглайман: ойим уришиб бермасмиканлар? Лекин ойим кўринмасдилар. Қаёққа кетдиларкин? Қумри кеннойи ўйимни сездилар шекилли, елкамга қоқиб кўришиб, қулоғимга шивирладилар: — Опам совчиликка кетдилар. Ҳали-замон хушхабари кеп қолади. — Йўғ-э, — дедим севинчимни яширолмай, — ўша ёққа-я? — Ўша ёққа-ўша ёққа, — дедилар кеннойи юмшоқ бош силкиб. Мен пинжиларига киргудек эриб, ўша ерданоқ сакраб, пахса деворга, ундан жийдага чиқиб кетдим: — Қир учларини мен қоқайин-да! — Сенга кўпам иш қолгани йўқ, — деди Олим акам нимагадир бетимга тикилиброқ қараб. Сездим, унинг менда гапи ё юмуши бор. Чинданам ёнига чиқиб, қўлидан таёқни оларканман: — Тезроқ бўлсанг, гап бор. Хўп? — деди маъноли қилиб. — Хўп, шу шохни қоқиб берай. Наригисини кейин... — дедим мен. Опам эшитиб турган эканлар, пастдан жаврадилар: — Келмасингдан ишни яримта қиляпсанми? Сени қара-ю. — «Ҳай-ҳув, ҳалалай хаштутув»гайам қолсин девотган-да, Пошшахон, — деб кулдилар Анвар кеннойим. Чинданам, чуғурчуқ эрталабдан мўр-малахдай ёпирилиб, бозор қилиб ётганига нима етсин. Кўзингни очиб уйғонганингда ташқарида бир олам қушлар бири олиб, бири қўйиб, чағур-чуғурлашиб, минг бир турда сайраб ётмаса, дала далами? Ҳовли ҳовлими? Читтак чирт-чиртлаб, қарқуноқ қив-қивламаса, чуғурчуқ ҳиқ-ҳиқ кулиб, қорашақшақ шақиллаб шох тагидан учиб чиқмаса, уни ким эрта тонг дейди? «Буларниям Худойим яратиб қўйибди ўз ризқ-насибаси билан, — дердилар ўша жанггоҳга кетган Кенжа тоғам. — бировнинг насибасини биров еб кетолмаганидек, буларга буюрганини ким қоқмалаб қўя оларди? Бизга аталганини биз оламиз, буюрмагани тепасида қолавуради»... Ҳали мен иккита шохнинг жийдасини қоқиб тугатмай, опамнинг дарвозалари инграниб очилди. Жийда тепасидан яққол кўриниб тураркан. Сидирға паранжилиси — ойимлар эди. Ёнларида оқ дастурхонга ўроғлиқ тоғорани у қўлдан бунисига олиб, паранжи-чачвонларини билакларига солволган Ҳидой холам. Опам чодирни пасайтириб, менга тикилдилар. — Ким келди, Мақсудхўжа? — Ойимлар келишяпти. — Ия, қайтишибдими? — дедилар Сапура кеннойи таҳликага тушиб. — Бунча тез? — Ўлдими, икки бирдай одам, битириб келишаётгандир, — дедилар Қумри кеннойим. Анвар кеннойи чодирни ташлаб, уларнинг истиқболига чопдилар: — Опам бўладилар-у, битирмай келадиларми? Ҳидой холам Усмон тоғамларга ўхшаб юмшоқ — худди куйлагандек сўзлардилар. Уришганлари ҳам эркалагандек эшитилади одамга. — Ўзимиззи уруғда попувдек-попувдек қизлар туриб, бориб юрган жойимиззи қаранг, Саломхон, — дедилар холам паранжиларини югургилаб борган Анвар кеннойига тутқазиб. — Келгинди келгинди-да. Оҳ, чатоқ бўпти-ку! Мен тиззам бўшашиб, йиқилиб тушишимга бир баҳя қолди. Айри шохга миниб олиб, ғадир-будур танасини маҳкам қучоқладим. Қўлларимни қумурсқа талай бошлади. У ёқда изма-из югургилашиб борган учала овсин катталарга гиргиттон бўлишиб, ким опамнинг айвонида кўрпача ёяр, ким қўлга сув қуяр, ким паранжи-сачвонларини ток бағазига илар эди. — Вой, опа-е, шунақа ноумид қивордими-а? — дедилар куйиб кетиб Қумри кеннойим. Ойим тўғрисўз бўлиб, авлиёсини ҳам аямасдилар. — Ҳамма айб ўзимизда. Келгинди деб кўрдик. Шумқадам дедик, бир марта келин қилиб, нима топдик, деб юрдик. Биз кенгашиб боргунча Ҳайбатилла илиб кетипти. Ажаб қипти! — дедилар айвонга кўтарила туриб, Ҳайбат акам?!. Кўзим тиниб, тагимдаги жийда тупи бир айланиб кетди гўё. Унинг шохига маҳкам ёпишиб опман. Наҳот Марғу кеннойим ўша баджаҳлни акамга алмашиб юборди? Алам-аччиғими, нима бу?.. Шўрлик акам! Ови юрса ҳам, дови юрмаган Султонмурод акам? Буни эшитиб, қайси деворларга бошини ураркин?!. Пастда кимдир отимни атаб чақирди. Қайрилиб, отхона рўпарасида тарвақайлаб ўсиб ётган анжиримиз гагида Олим акамни кўрдим. Анув кунги қировда анжир баргларини тўкиб, ярим яланғоч бўлиб қолган, ҳали қорайиб улгурмаган дувараклари сўгал каби бўртиб ётар эди. — Тушсанг тушақол, вақтим зиқ, — деди имлаб. Хунук гапдан хабар топмай қўяқолсин, деб тушиб бордим. Олим акам мени қўлтиқлаб, барглари оловнинг тилларидай қизариб ётган ёлғиз туп гилосимиз томон етаклади. Унинг икки юзи ҳам ўша гилос баргидай сарғайиб-қизаргандай эди. — Сендан бир нарса сўрамоқчийдим. Аммо холамларга айтиб ўтирмайсан, — деди аллақандай хижолатга тушиб. — Келишдикми? Мен елка учирдим: ойим билмасликлари керак бўлган гап нима экан? — Бўптими? — деди у қулокдарининг тагидаги нори қизариб. Тағин қўлтиғимдан олган қўли билан билагимни секин сиқиб қўйди. — Майлин... — дедим кўнглига қараб. — Биласанми, анув кечагида ўлигини топиб кўмиб келишди-ку... Асол холамизнинг ўғиллари?.. — Баҳриддин акамми? — Ўша тўғрида янги гап чиққанмишми? — Нима гап чиқаркан? — Орқасидан хатми, нимадир кепти-ку? — Ҳа-а, қора хатни айтяпсизми? — деб юбориб, шу заҳоти тилимни тишладим. Ичимдан қиринди ўтиб кетди: нимагаям айтдим? — Қора хат? — У таққа тўхтаб, гўё энди эшитаётгандек анграйди. — Чинакамига пўчтачи опкелдими? Бўлар иш бўлган эди: — Ҳа, Мирҳомид амаки опкелди, — дедим юзларига тикилиб. У кўзларини опқочиб, оғир хўрсинди: — Акамга ёмон бўпти-ку. — Нимага ёмон бўлади? — Йўқ, тушунмадинг: ҳукумат томонданмас, ўзига қийин бўпти. — Қандай қийин бўлади? — Эшитса, ич-этини еб қўяди, дейман-да. Ахир, осонми, бир одамни қотилга чиқариб, ўликни топтирганида, орқасидан бундай хат келиб турса. — Лекин тан опти-ку, ўша Парпи бебахтнинг ўзи. Отганиниям, куёвлик тўнларини чечиб олганиниям?.. — Ҳукумат-чи? — деди у дабдурустдан. — Йўқ одамга «қаҳрамонларча ҳалок бўлди», деб қора хат битмаса керак? Тўғрими? Мен ёмғирда қолган товуқдай қунишиб, бўшашдим: — Тўғри... — Дегин-дегин, акам эшитмасин. — Нега эшитмайди, хат унда... — Мен яна қандай айтиб қўйганимни билмай қолдим. (Бугун мени қандайдир жин айлантиряпти!) — Ун-да? — Олим акам ғалати кулди. — Оббо пандавақилар-эй! Дарров етказа қолишибдими?!. Тавба, унинг хурсандлигини ҳам, жаҳли чиққанини ҳам билиб бўлмасди. Шайтонлик қиляптими ё? — Хабар топган экан, сўратиб олди, — дедим тўғрисига кўчиб. Аммо Олим акамнинг юзида қилт этган ўзгариш кўринмади. Қайтага бошини сарак-сарак қилиб: — Чатоқ бўпти, чатоқ. Билдирмаган маъқул эди. Қизиққон одам, билиб бўладими, — деди афтимга тик қараб. — Энди нима қилармиш? Мен ичимда кулдим: — Нима қилишини сиз қолиб менга айтадими? У уялиб, қулоқларининг тагидаги нори боягиндай қизилланиб кетди. — Ҳарқалай, ҳарқалай исини чиқармай қўяқолган маъқулмиди? — деб ямланиб туриб, бирдан хайр-хўшга тушиб қолди. — Ҳай! Омон бўл. Мен боришим керак. Бизда интизом қаттиқ, — дея эшикка қараб юрди. — Ойим келсинлар, — дедим мен атай. — Шошмасдан, борарсиз. — Ичимда эса тезроқ даф бўла қолса эди, деб турибман. («Совчилар қуруқ қайтиб келишганини эшитмай қўя қолсин!») — Майли, шошиб турганакан, бошқа келаркан, де. У тилла топган одамдай оёғининг тагига қарамай, жўнаб юбораркан, бирдан ҳамма нарсадан хабардордай кўриниб кетиб... серрайиб қолдим. Нима бало, акамдан тезроқ «суюнчи» олмоқчими? Ё биладиганини билиб... Тавба, шунақа устаси фаранг эканми у?! Бўшашиб қайтдим. Даҳлизни йиғиштириб қўя қолай, деб уйга кирсам, оёқостида бир нарса ётибди. Худди намат рангида. Босиб олмасам, билмас эканман ҳам. Олсам, жажжи қўйин дафтар. Муқоваси оч жигарранг. Ўзи ойнадек силлиқ. Четига хўб оро бериб нақш босилган. Бунақасини умримда кўрган эмасдим. Ичини айтмайсизми! Ҳар варағининг ҳошияси қирқилиб, тепасига қизил ҳарф териб тушилган. «А» дан «Я»гача. Яна шундай оро бериб, бўлакларга бўлинганки, булар ҳаммаси қандай тайёрланганига дафъатан ақл бовар қилмайди. Шунақа дафтарчанг бўлса, ўзинг ёқтирган шеърларни ёзиб юрсанг. Бу кимники экану қаердан келиб қолибди? Албатта, Олим акамники бўлса керак. У тушириб қўймаса, ўзидан-ўзи пайдо бўлиб қолмайди-ку. Тавба, уларнинг ўқишида шунақа зўр дафтарчалар берар эканми? Шундай ўқишни ташлаб келиб юрибдими?.. Мен дафтарчага тўймай, суқланиб варақлар экан-ман, у йиққан шеърларга кўзим тушиб, беихтиёр токчамизга суяниб қолдим. Ўқигим келди. Шеърлар сиёҳранг қалам билан ёзилган эди: «У ахийри кўрсатди, Баҳриддин ака қабрини... Очишди. Шундай тепанинг ёнбағрига...» Ия, шеърмас, бошқа нарса шекилли! Унда нега шеърга ўхшатиб ёзибди? Тушунмадим. Аммо давомини ўқишдан ўзимни тия олмадим. «... устки кийимларисиз кўмилган экан. Эти чириб, суягининг ўзи қолибди. Қотил уни Баҳриддин деб тан олди. Куёвлик кийими — зарбоф тўнини чечиб олиб сотганлар. Пулига Жанггоҳга тушиб, маишат қилишган. Қотилни туяқопдан чиқариб аравага солишди. У олдинда, орқасидан тобутни кўтариб жўнашди. Даҳшат... Қора хат етиб келгани йўқ...» Ажаб, у қора хатни қаердан билади? Билса, нега ҳозир суриштириб юрибди мендан? Умуман, бу воқеалар унга нимага керак? Тушунарсиз. Яна ўқий бошладим: «Акмал ўрис ҳам жазосини олди. Облочиларга йўл кўрсатиб юргани, ёрдам бергани учун. Унга бир суткалик муҳлат қўйилди. Шунгача Каттабоғдан кўчиб кетмаса, миллат хоини сифатида отувга берилади. У чиқиб кетиши ва шом тушиши билан уйи ёқиб юборилиши керак...» Ё алҳазар! Бу кимнинг ҳукми? Азза-базза деворга суяниб ўтириб қопман. Кейин охирги ёзувларни ютоқиб ўқий бошладим: «Эртага аср намозидан кейиноқ катта машварат. Ҳамма урушдан қочиб юрганлар қароргоҳга чақирилган. У ҳаммага қарата сўз айтмоқчи. Бу ёғи ўзларига ҳавола...» Қизиқ, булар ҳаммаси ғалати-ку. Нимага қароргоҳдаги воқеаларни бундай ёзиб юрибди? Зарурми унга? Унда дафтарчасини нега унутиб қолдирди? Тушириб қўйганми? Ҳали қидириб келиб қолар? Мен уни токчадаги китобларим орасига апил-тапил беркитиб, опамларникига чиқиб бордим. Ойимгилар ҳаммалари хонтахтанинг атрофини тўлдириб ўтиришган экан. Ойим мени кўриб: — Мақсудхўжа, тарғилингга қарадингми? Айлантириб кела қол! — дедилар. Мен истар-истамас чиқдим. Сигирингга қарайқол десалар, Иззага учиб-қўниб турадиган одам бугун ойимгилардан нари жилгим келмас, Марғу кеннойим ҳақида бирон нарса эгпитиб қолишга илҳақ эдим. Аммо... Шомга яқин ўрикларнинг бир чиройли учиб тушаётган баргларига маҳлиё бўлганча тарғилимни олдимга солиб, Иззадан қайтарканман, кимдир анҳор ёқасидан туриб зўр бериб чақираётганига кўзим тушди. У тўхтовсиз қўл силкиб, уч, учсанг-чи, деб қистарди. Қарасам — Соли! Нима бўпти экан, деб ўтакам ёрилиб, сигиримни (арқони-ла) қамчилаб қолдим-ку. Боргунимча чумчуқларнинг чирқиллашлари ҳам тинди. Анҳор беткайларию дарахт тагларида шом живир-живири кучайиб, ёнғоқларга мўр-малахдек тармаша кетди. Соли анҳор ёқасидаги тепачаларнинг энг баландида турволиб, шоширар эди: — Уни қара, уни кўр, Мақсуд! Ўша ёққа қарадиму... ваҳм босди. Ҳали шом ўз домига тортиб улгурмаган осмонга кўмирдан ҳам қора бир тутун бурқсиб ўрлар, аллақандай зўр аланганинг тнллари унинг тагини ялаб, оловлантириб-оловлантириб қўяр эди. Баъзан учқунлар ярмигача етади. — Қайнама томонда шекилли? — дедим ҳовлиқиб. Хаёлимга бир нарсалар келаётгандай, аммо нималигини ҳеч англаб етолмайман. (Ичимда, нимадир чоп, деб турибди!) — Йўқ, берирокда-ёв, — деди у. — Борамизми? Учдикми? — дедим мен. — Сигирингни ташлаб чиқсанг-чи аввал, — деди у. Мен тарғилни яна арқон билан қамчилаб, чоптириб олиб кириб кетдим. Жийданинг тагига боғлаб, уйга қарасам, ойим даҳлизда шом ўқияптилар. Қўлларини боғлаб қиёмда турганларидан ҳали-вери тугатадиган эмаслар. Менинг ичим эса тошиб кетяпти. Рухсат сўраёлмай, типирчилаб турибман деразанинг тагида. Наҳот, тутун ўша жойдан, Акмал ўрисникидан чиқяпти? Унда дафтарчадаги гаплар рост чиқади-ку? Олим акам шунча нарсани қаердан билади? Унда... унда дафтарчасини қидириб келиши керак эди-ку? Балки қидирибам келгандир йўғимда. Китобларимнинг тит-питисини чиқариб... топиб кетгандир ҳам? Ичкарига учиб киргим келиб турибди-ю, ойимнинг памозларини бузишдан ҳайиқиб, йўлай олмаётирман. У ёқда Акмал ўриснинг уйи ёниб битди, десанг-чи. Лхийри, сабрим чидамай кўчага чопдим ва Соли билан қўшилишиб, Қайнама томонга зинғиллай кетдик. Муллатош амакининг нокзоридан ўтиб ёнғоқзорга чиқишимиз билан атрофни кундузгидек ёритиб ёнаётган ёлғиз хонадон яққол кўринди. Ростдан ҳам ўша боғ ва чакалакзорлари Бўзсувга туташиб кетган, кунботарга қаратиб солинган Акмал ўриснинг уйию бостирмалари қайнаб-тошиб ёнар эди. Аллақанча одам икки от-арава бемалол сиғиб кетадиган каттакон дарвозани очиб юборишга уринар эди. Одамтанимас ити бурчакка сиқилиб олиб ғингшиб ётган экан, ечиб юборишлари билан пастак девордан оша ангиллаганича Бўзсув томонга уриб кетди. Ўтакаси чиқиб кетган экан ўзиям. — Бошқа ҳеч нарса йўқ эканми? Бостирмаларни қарадингларми?! — деб одамлар бир-бирларига бақириб-чақиришар эди. Шу пайт: — Қоч, Усмон, болохона қулаяпти! — деб қолди кимдир. Ким ишкомнинг ичига қочди, ким дарвозанинг олдига. Аллавақтдан бери олов туташиб ёнаётган устунлар оғиб келиб, қасир-қусур қилганча, болохона ёппа ҳовлига қулади. Чанг аралаш тутун уй устига чимматдек ёпирилди-қолди. «Қоч-қоч!», «Сенларга нима бор? Йўқолларинг?!» деган бақириқлар янгради. Ёнимизда кимдир: «Астағфируллоҳ-астағфируллоҳ», дея калима келтирди. Бошқа бирови Акмал ўрисга ачиниб; — Жимгина кўчиб кетувди-ку, кимга керак экан уйини ёқиб юбориш? Буям Султонмуроднинг ишими? — деди. Дарвоза олдида ҳай-ҳайлаб, катта-кичикни оловга яқинлаштирмай турган норғул йигит бу гапни эшитиб, уни сўкиб берди: — Сиз нимани била қолдингиз? Валдирайсиз, Султонмурод, деб?! Кеча облочини бошлаб юрганида балогинага йўлиқсин, деб қарғаб ўтирганидингиз! Энди ачиниб қолдингизми унга? Ҳалиги одам дами ичига тушиб, минғирлаганча нари кетди. — Бопладинг, Аҳад. Буларга қолса, фалончилар ёқворди, деб ҳукуматга сотишданам тоймайди, — деди сап-сариқ, шанғи одам қўл силкилаб. — Садқаи одам кетгурлар! Ҳаммангни тинчингни қўриқлаб ётган ўша-ку! Мен Солининг биқинига секин туртиб қўйдим: — Эшитдингми? — Мақтанма, ҳали ҳаммасини акангни бўйнига ағдаришганида биласан. — Ағдартири-иб қўяркан-де. — Кўрасан, дедим-ку. — Кўрамиз! Шу орада катталар ўртасида шивир-шивир юриб қолди: — Шапкалилар кепти, шапкалилар... — Ким хабар бера қопти дарров? — Гувоҳ бўпқомасдан жилвор... Ҳалиги дарвоза олдида иш буюриб турган калласи хумдек норғул одам оловнинг ёруғидан юзини (мен унинг лаби четида кинояли кулиб қўйганини кўрибгина қолдим) ўгириб: — Шапкалиги кеган бўлса, эси борларга жувоб, — деди. У шу туришида сояси ўзига тушиб, баҳайбат ҳабаш одамга ўхшаб кетган эди. Шундан сўнг катталарнинг «Тарқал-чи, тарқалиш бошланди. Улар ўзлари қолиб, бизни ҳайдашар, биз ҳам бу ёқдан кетиб, нариги ёқдан айланиб келар эдик. Оловнинг забти боягидан анча тушган-у, лекин чор-тарафдан сиқиб келган қоронғилик ҳам унга кучи етмай, аллақанча жой ҳалиям тўйхонадек ёп-ёруғ эди. Одамларнинг соялари аввалгидан ҳам узун. Соли қулоғимга шивирлаб, қўлимдан тортқилади: — Юр, шапкалиларига яқинроқ борамиз. — Ўзларига яқинлаштиришарканми? — Нимага келишибди, билайлик, — деди у қисташини қўймай. Қоронғиликда олдинма-кетин ўша ёққа жилдик. Улар уч отлиқ экан. Бирови жиловдор бўлиб қолиб, иккитаси осмафонар ёруғида ким биландир савол-жавоб қиляпти. Отлар сўлиқ чайнаб, пишқириб-пишқириб қўяди. (Қайси бири янги тезаклаган шекилли, ҳиди ўша ёқданоқ гуркираб келяпти.) Йўл ёқасида фонар тутган шапкалининг бармоқлари қон юқидай қип-қизариб турибди. Гунгурсдай шериги нуқул гарданини қашлаб, олдидаги одамни пойинтар-сойинтар саволга тутади: — Ҳеч кимии кўрмадим денг? — Кўрсам айтаман-да, оковси. — Балки анув Бўзсувга қочиб ётганлар пастдан келиб?.. — Уларга нима зарил, ўзи қочиб юрган бўлса?.. — Балки муҳлат бериб кетганларнинг ўзлари кўчсанг-кўчмасанг деб... Шундай ҳам бўлиши мумкин-ку, тўғрими? — Ҳа-йўқ, улар бунчалик ноинсофмас, оковси. — «Ҳа»ми, «йўқ»ми — сиз биттасини айтинг. — Ҳа-йўқ... — Ана холос!... Улардан бўлак ит ёқарканми? — Ўлибди-да! Эсини еб қўйибди-да?! Тергов қилаётган одам бирдан хуноби ошиб, қўл силкилади: — Э, ғалати одам экансиз-ку! Ҳа-йўқ, ҳа-йўқ!.. Улар нари кетиб, бошқа одамни саволга тута бошларканлар, бирдан Олим акамнинг дафтарчаси эсимга тушиб, сурворгим келиб қолди. Ростдан, шом тушиши билан ёқворилсин, дейилганмиди ё бўлакча эдими? Юрагим ҳаприқиб, Солини тортқиладим: — Сурдик, булардан яхшилик кутма. У бўлса, кўзиям, қулоғиям ўшаларда, «шошма, кўрайлик»дан нари ўтмаяпти. Ахийри, тоқатим тугаб қўл силтадиму, мен кетдим, дея жўнаб юбордим. Кела солиб, даҳлизнинг чуқур токчасига тармашиб, китобларим орасидан ўша кафтдек дафтарчани қидириб ётсам... ойим кириб қолдилар: — Қидириб овора бўлма, — дедилар жеркигандай,— аканг икки соат титкилаб, топиб олиб кетди. — Нимани? — дедим анграйиб. — Нимани йўқотган бўлса, ўшани. — Йўғ-э?.. — дедим бўшашиб ва бирдан эсимни йиғиб, қайтариб сўрадим: — Шошманг, қайси акам? — Қайсиниси бўларди, кичкинаси. — Ана холос! — Мен ичим узилгандай бўлиб, ток-ча тагига ўтириб қолдим. Қароргоҳ Ойимнинг кечалари мошина тикиб ўтириб бошлаб қоладиган хиргойилари қулоқларим остида бир мунгли-мунгли сасланади. Ёрил-ёрил, ёрилтош-а, Мен опамни кўрайин-а... (Ойим буни нима хаёлда куйлашларини билмайман. Балки Зумрад холамизни эслаб айтарлар. У киши роҳат кўрмай ўтганларини, чироқларини ёқиб ўтиргувчи ўғиллари бу хил чиққанини ўйлаб кетарлар... Яккабоғдаги қўрғонлар ҳали-ҳамон харобалигича ётганини, унинг ёнига яна биттаси — ўзимизники қўшилганини айтмоқчи бўларлар. Яна ким билади). Мен анҳор ёқасига, тепачамизга чиқволиб, тиззамни қучганча, қанчадан бери ўтирибман. Ўша мунгли оҳанг ичимдан тошиб чиқяптими, хаёлимда айланиб юрибдими — билмайман, лекин ҳеч қулоқларим остидан кетмаяпти. Ўша кафтдек дафтарча йўқолганидан бери, ундаги гаплар рост чиқиб, ҳали Акмал ўриснинг хонадони ёниб тушганидан бери шундай. Бу ишларни кимга айтаримни билмайман. Ойимларни аяяпман шекилли. Ичимни ит таталаб ётипти-ю, қаерга бораримни, акамни қандай топаримни билмайман. Атрофда зоғ ҳам йўқ. Фақат анҳор тўла чилп-чилп қора сув оқиб ётипти. Чилпиллаган товушинигина эшитаман, холос. Юлдузлари узоқларга қочиб кетган осмонимиздан аҳён-аҳёнда аллақандай адашган қушчалар чулдираб ўтиб қоладилар. Енгил ел эсиб, ёнғоқ баргларини шатир-шутур тўкиб ўтади. Бўзсув тепаларидами ё унинг иариги бетидами, чиябўри увлаб-увлаб йиғлайди. Мен эсам ойимнинг хиргойиларига монанд тебрани-иб ўтирибман: Ёрил-ёрил, ёрилтош-а, Мен окамни кўрайин-а, Дийдорига тўяйин-а, Айтадиганим айтайин-а, Ёрил-ёрил, ёрилтош-а, Сен йўлларимни очақол-а... Қўшиқ тилимдан тилсимдай қуйилиб келаркан, дафъатан... калламнинг бир четидаги зангори туман ортида ярқ этиб, Каттабоғнинг тепасидаги шийпону ишкомлар оралаб кетган йўл кўзимга кўриниб кетди. Довдираб қолдим! Ёпирай! У тонг саҳарлардагидек зангори рангга чулғаниб ётар ва қўл узатса етгудек эди. Нима бу? Сидқидил сўраганимнинг жавобими ё ёрилтош ёрилиб, белги бераётирми? Таваккал ўша йўл билан борсам-чи? Қандай журъат пайдо бўлганини билмайман, тура-солиб, хуфтон демай, қоронғи демай, чопиб кетдим. Сайднаби домланинг боғи ёқалаб, ариқ бўйидан тушган йўлга етиб олдиму Каттабоғга томон зинғилладим. Бошқа пайтда бу ёлғизоёқ йўлдан ўтишга юрак қани? Яна ўртада бир талай толлар ила қуршалган хилват ҳовуз бор. Кечаси-ку зимистон шу ерда болалайди. Балки жин-алвастиларнинг ини ҳам шу ердадир. Ҳозир хаёлимда ёлғиз ўша йўл. Ўша йўлдан пшйпонга чиқиб бормоқчиман. Калламга бошқа ҳеч иарса кирмайди. Назаримда улар: «Тўхта, кимсан?!» деб йўлимни тўсиб чиқишаётгандай, ғира-шира йўлдан тусмол билан елиб бормоқдаман. Балки омадимдан бўлиб, уларга дуч келарман. Балки... жин айлантириб, олиб кетаётгандир? Юрагимда қўрқув туриб, шарт бурилиб изимга қайтмоқчи ҳам бўламан-у, Попоч амманинг олмазорида кетаётганим, у ёғи ҳеч қанча қолмаганини эслаб, яна давом этаман. Умид яхши нарса экан. У билан қўрқувни ҳам енгса бўларкан. У билан қўл етмасдек туюлган ишларга ҳам жазм этса бўларкан. Бўлмаса, ўтирувдимда шалпайи-иб... Югургилаб кетмоқдаман кўзимга кўринган ўша йўлдан. Олдинда — ҳув ўн қулочча нарида — бўйим баравар баландликда муштдай бир кўкчироқ пориллаб турибди. Юрсам юради, тўхтасам тўхтаб, чопсам, чопқиллайди. Ғаройиб. Нима экан бу? Ростдан ҳам жинлар мени авраб, ақлдан оздириб, етаклаб кетаётган бўлса-чи, деб секин орқага қайтмоқчи бўлсам, кўкчироқ ҳам шартта тўхтади, Қанча узокдашдим, у эса жойидан жилмай турибди. Эргашмаяпти. Демак, қайтишимни истамаяпти. Ёмон жин бўлса, лип этиб бу томонимга ўтиб олмасми эди? Яхшиси бораверай, пешонамдан кўрдим, деб яна бурилдим. Бояги жойимга етишим билан у ҳам ликиллаб, яна олдимга тушганча, жилиб қолди. Худди, юр, юравер, ёмонлик кўрмайсан, дегандай, ўзига эргаштириб, тўғри шийпонга бошлаб боряпти. Қаёққа боришимни билмайман. Ҳарқалай, шийпондан у ёғига юрагим дов бермаса керак. Ундан у ёғига жин чалиши, манави нарсалар унинг иши бўлиб чиқиши тайин. Ёдимга бунақа ёнғоқзорларда одамлар ҳар замонда кўриб қоладиган жинлар базми тушиб, юрагим баттар орқага тортиб-тортиб кетяпти. Бир куни кечаси Жаҳонгир ака ўқишдан қайтяпсалар, шунақа ёнғоқзорда базм авжидамиш. Ия, Саъдуллахўжа акам уйланяптилар эканми, мен шаҳарда юриб эшитмай қолибман-да, деб бурилишлари билан: «Э, келинг, Жаҳонгирхон, келинг-келинг»лаб тўрга бошлаб қолишибди. Қалин кўрпачаларга ўтқазиб, олдиларига нонлар ушатиб, майизлару ширинликлар сочиб, «олинг-олинг»лаб, мулозимат қилишармиш. Югуриб-елиб хизмат қилаётганлар бир кўпмиш, ўртада ўйнаб ётганлар бир кўп-миш. «Қани, бисмиллаҳир роҳманир роҳийм», деб икки дона майиз олар-олмасларидан ҳаммаси ғойи-иб бўлиб қолибди. Ўзлари ёнғоқ тагида ўтирганмишлар... Ўшанга ўхшаб, бу ҳам жинларнинг иши бўлмаса эди! Шошиб калима келтирдим: «Ла илаҳа иллалоҳу, Оллоҳу акбар». Аммо нур турган ерида турибди. Юрсам, юради, тўхтасам, тўхтайди. Таваккал кетяпман. Йўл тиклай бошлади. Демак, шийпонга чиқиб боряпмиз. Бутун атроф зим-зиё бир қоронғилик қўйнига чўмган. Сирлики, қўяверасиз, анави кунги совуқлар кетиб, кунлар илиб, чирилдоқ чигирткалар яна нағмаларини бошлаб юборишган. Ўзларича нималар дейишяпти — ёлғиз Худо билади. Ахир, бекордан-бекорга сайрашмайди-ку. «Балки манави пориллаб турган нур ҳам биз ақлимиз етмайдиган, бизни қўллайдиган бир нарсадир». Шундай деяр-демас ичим ёришиб, қадамларим ҳам тетик тортиб қолдим. Қўрқувларим қаёққадир йўқолиб, дадил шийпон ёнидан ўтиб бора бошладим. Аммо етти қадам юрдимми-йўқми, ҳалиги нур бирдан ғойиб бўлиб қолди. Қачон йўқолди, осмонга учдими, ерга кирдими — билмай-ла қолдим. Ва олдимда шифтдек биров пайдо бўлиб: — Кимсан, тўхта! — деб овоз берди. Сакраб тушдим. Назаримда, юрагим товонимгача тушиб кетди гўё. — Менман, — дея олдим зўрға. — Сен билан неча пуллик ишим бор! Ўронни биласанми? — деди у. Ўзимга келиб, ўйлаб кўрсам, қаердадир эшитганман бу овозни, бу талабни. Танидим ҳам. У анави шопмўйловнинг ўзгинаси эди. Ва шу заҳоти жавоб ҳам ёдимга туша қолди: — Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ, — дедим шошиб. — Шу холосми, мақсудинг-чи? — деди у сал юмшаб. Ўша, кўзимни боғлаб олиб келишганда эслаб қолганидим: — Ал-қасосу мин ал-ҳақ, — деб айтдим дадил. — Минал ҳақ, минал ҳақ, — деб қайтарди-ю, барибир ишонқирамади, шекилли. — Бемаҳалда мақиб юрибсан? — деб сўради. — Акамнинг оддига келаётибман, — дедим шошиб. — Аканг ким? — Султонмурод акам-да, билмайсизми? — Э, сен Олиммисан? — Йўқ, мен Мақсудман. — Ҳа-а, шундай демайсанми, Салом кеннойининг ўғли! Ким юборди, ойингларми? — Йўқ, ўзим. Зарур ишим бор. — Ўзинг келган бўлсанг, биров юбормаган бўлса, яна яхши. Унда бери кел, — деди ва Тойир закун каби битта белбоғини ечиб, юзимни ўгирди-да, кўзимни боғлай туриб, кимгадир овоз берди: — Ҳов Ғулом акалари, мен бу элчи болани обориб келайин-а? Бу ёғига ўзингиз қараб турасиз-да, майлими? — Рухсат-рухсат, ака мулло. Фақат зериктириб қўймангда бизни, кўп қолиб кетиб? — деб қиҳ-қиҳлаб кулди у киши. — Пича сабр кунет, ако, — деди бу ҳам. Ғулом ака яқин жойда ҳиринглаб кулди: — Битта-яримта сўзини демаса, ўзимиз қаторисиз-ку, ака мулло? — Худо хоҳласа, уруш кусар бўлсин, оппон-соппонлар ўтсин, ўзим биир Ўратепаларга ўйнатиб келай, ўшанда кўрасиз, ака муллонинг қанча сўз били-шини... — Қанийди... Ўзимам Тувакдан чиқмаганимга қанча бўлди. — Бу, дейман, тувагизам жуда чуқур экан-де, Ғулом ако? — деб кулди шопмўйлов. — Эй, сиз сумагимизне кўринг, сумагимизне! Кўзим бойлоғ, менам кулиб юбордим. — Юр, юрақол, — деб шопмўйлов курагимга секин туртди. — Ғулом акангга Юеуф қизиқлар бас келмаса, биз писта пўчоқ. — Қаёққа юраримни билмай, меровсираб турган эдим: — Қани, қўлингни бера қол, — деб ўзи йўл бошлади. — Ҳа, мана шундай. Ҳов, Ғулом акалари, биз кетдик. — Аҳмоққа Тўйтепа бир қадам... — Интизомми — интизом-да, ака, — деди шопмўйлов. Мен эсам, туртиниб-суртиниб, боргим келмай боряпман. Белбоғини қўйиб юборай десам, кўзим бойлоқ, қўймасам — қадами катта, пилдираб қоляпман. Қадамимни ҳеч мослай олмай, ҳали унга, ҳали бунга қоқи-наман. Ахийри ёрилдим: — Шу ёқларга бормасак нима?.. — И-и, нега энди? — У тўхтади. — Барибир... қайтиб келамиз-ку? — «Қайтиб келамиз?!» Бу нима деганинг? — Мени обораётган ерингизни биламан. — Қайси ерни? — деди у дудуқланиб. — Акам ўтирган ўша жойни-да. Қароргоҳ дейсизларми? Чиндан ҳам калламнинг бир четида ертўлага тушиладиган жой аниқ-таниқ кўриниб турар, аммо шоп-мўйлов ҳозир мени тамом тескари томонга бошлаб бораётган эди. Балки айлантириб-айлантириб, қайтиб келиб, ўзича бу ҳеч нарса билмади, деб ўйлар. — Йўғ-э, — деди у ҳайратланиб. — Ростдан кўриб турибман. Ишонмайсизми? — Қўйиб юборсам... топиб бора оласанми? — Топганда-чи! — Хўп, унда айт-чи, шу туришингда у қайси томонда? — деди синагиси келиб. — Уми, орқамизда қолди. Сиз мени бошқа ёққа бошлаб боряпсиз. — Зўрсан-ку, сен бола! Хўп, менга айт-чи, тушадиган жойни кўряпсанми ёким бошқа нарсани? — Униям, ертўланиям. — Ё тавбангдан! Ғалати-ку! — деди у тан бера бошлаб. — Мен сени русумига тўғрилаб, адаштираман десам... қойил! — У кифтимга қоқиб, кўзимга боғланган қийиқни чечиб юборди ва энгашиб, қулоғимга шивирлади: — Аммо-лекин акангга айтиб ўтирмайсан. Бизни худди энамизни Учқўрғондан кўрсатади-я. — Хўп, — дедим бош ирғаб, — айтмасам айтмадим. — Қани, бошла, бўлмаса. Мен қайтиб, боя кўк нур йўқолган жойдан қайрилиб, тўғри пастга ина бошладим. Етти қадам юрмасимдан ишком орасида оёғим зинага туртиниб, тўхтадим. Пастдан бедана шўрванинг ҳиди гуркираб келар, эшикнинг тепа зиҳида ипдек ёруғ кўринар эди. Бу ўша адёл эшик эди. Тўхтаб, тушаверайинми, дегандай рухсат кутиб, ўгирилдим. — Астағфируллоҳ, қойилман сенга, пакана пари, қойилман. Киравер. Улар бир нарса деса, мана, мен борман. Мен калламминан жувоб бераман, — деди шопмўйлов азбаройи тўлқинланиб кетганидан кўксига нуқиб. Ичкаридан, ўра тубидан келаётгандай, панғ овоз чиқди: — Ҳов, нима шовқин, ака мулло? — Йўқ, биз, — дедим мен ва шипиллаб тушиб бора бошладим. Ғулом ака ўзининг камгак-қоровулхонасида овқатланаётган экан, белбоғига лаб-лунжини артиб, чиқиб келди ва таниб: — Ҳа-а, сенми, эшон бола, — деди хотиржам тортиб, — кир, кира қол. Акангнинг хабари бор. Адёлнинг бир четини кўтариб, остонада қотиб қолдим... Чаман Ертўладаги пастак ёғоч каравотда акам билан... ким денг, ҳов қачондан бери қорасини кўрсатмай кетган оқ шапкали Чарли шўрва ичиб ўтиришар, ўрталаридаги ҳали қўл урилмаган босмадан енгил ҳовур кўтарилар эди. — Э-э, кел-кел, Чарли билан икковинг қайнанаси суйган йигитлар экансизлар. Озиб-ёзиб бедана босма қилсак, насиба ҳайдаб келиб турибсизлар, баракалла,— деб акам косани қўйиб, ўтирган еридан қўзғалди:— Қани, бери кел-чи. Мен ичкари кириб, қўлимни кўксимга қўйдим: — Ассалому алайкум. — Ва алайкум, — деди оқ шапка овозини ўзгартириб ва сўридан туша оч бўридай бўйнини чўзиб, алпанг-талпанг юрди. — Ҳап саломинг бўлмаса, икки ямлаб, — хуҳ! — бир ютардим, — дея қучоқлаб олди мени. Бағрига босиб, куракларимни силаркан: — Об-бо, пакана пари-ей, топиб келдингми-а? Ўзинг-а? Ўша тепадаги остонада ётган мўйловдор шерни авраб-а? Зўрсан, зўр, — деб алқай кетди. Акам ҳам кўришиб, икковлашиб дастурхонга қистадилар. — Чиқ, тепага чиқ. Сенбоп жой ўзи. Мен ҳижолатда оёқ тирадим. — Э, биз рози бўлгандан кейин чиқавур-да. Мен жойлашиб улгурмай, Ғулом ака ёғоч косада шўрва олиб кирди. — Ўзи бир чўмичгина қолган экан, насиба-да, эшон бола, — деди мулозимат билан. — Ол, — деди акам ҳам жилмайиб, — эшитдим, бу сенга она сутидан ҳалол экан. Ана холос! Аммо ўзимни билмаганга солдим. Акамнинг кайфи чоғ эди, хахолаб кулди: — Ҳа, тўрвани ташлаб кетмасанг, бу бедана шўрвайу босмалар қаёқда эди! Уялиб кетдим. Қулоқларимнинг таги ловуллай бошлади: — Биз билмасдан кириб қопмиз... Гангир-гунгур билан бедананинг суягини мужиб-мужиб маза қиларканмиз, мен нимага келганимни тамоман унутган, бир майнавозчиликка тушса, одамнинг пчагини узиб, думалатиб қўядиган оқ шапканинг гапию қилиқларига маҳлиё бўлиб ўтирар эдим. Ахийри, чой кириб, бир пиёладан ичилгач, кутилмаганда Чарли кўлини киркига ўхшатиб чалиб туриб, бирдан: «виғ-виқ, виғ-виқ, пат-палоқ, пат-палоқ»лаб сайраб юборди. Ва менга кўз қисиб қўйди: — Нима бало булар зўр сайратманиям қўшиб, босмага босворганми? Шуларга бедана ташлаб кетиб ўтирибсанми, эҳ, сен пакана пари, — деб илжайди. Унинг қилиғига акам ҳам ёйилиб кулди. — Яхшиям товуқ сўйиб босмаганимиз, Чаман? бўлмаса, тухум қўйишга жой тополмай неча кун оламни бузаркансан. — Шуни айт, шуни айт, — деб туриб, оқ шапка хонтахтани тапиллатди. — Йўқ, беҳазил, охирги пайтда менга бир бало бўлган. Қази еб қолсам, отдек кишнайман. Новвос гўштидан бўлган норин халпанага қўшилишиб қолсам, шу, мўрагим келаверади, келаверади. — Бўлмаса, келаси гал улоқ сўйдириб бир нарса гайёрлатиб қўяй, — деди акам тиззасига шапатилаб. — Ана, дўстингдан топ, дегани шуда, шуда, — деди Чарли (қаранг, Чаман деган чиройли оти боракан-ку, қаёқдаги Чарлига кўниб юрибди) ҳазилларига нуқта қўйгандай бўлиб, мижжаларини рўмолчаси билан артди, кейин менга кўзининг қири билан зингил ташлаб: — Хў-ўш, пакана пари, бир яйрашдикми? — деди ва бир нимага шама қилиб, қўшиб қўйди: — Агар сизларда янгиликлар бўлмаса, менга жавоб. Вақт ҳам... Мен нимага келганим эсимга тушиб, ялт этиб, бир унга, бир акамга қарадим. — Хўш, — деди акам қўлидаги чойни охиригача хўплаб. Сўнгра пиёланинг кети билан тиззасини эзғилашга тушди. Чарли эса, маъноли кўз ташлаб: — Ўша гап бўлса керак-да, — деди. Ғашим келди, мени назарларига илмаётгандай туюлди. Шунинг учун ўзимнинг ҳам, бу келишимнинг ҳам аҳамиятини кўрсатиб қўйиш мақсадида катта одамлардек салмоқ ила: — Сизларга тегишли бир гап эшитдим... — дедим ўзимни гўё бепарво тутиб. Мўлжалим тўғри чиқди, иккаласи ҳам «қани-қани»лаб қолишди. Вақтни атай чўзиб, шундан сўнггина гап бошладим. Анув қўйин дафтар, ундаги сирли ёзувлар... ёнғин тўғрисида... Ора-орада Чарлига қараб хижолат бўлиб қолсам, акам: «Айтавер, Чаман ўзимизники-ку», деб қўяди. Аммо ҳеч Олим акамнинг исмини тилга ололмасдим. Лекин акам барибир сезди. Сездию юзи тундлашиб, жим бўлиб қолди. Бунинг устига оғайнисининг: «Вот, кўрдинг!» деган писандаси ошиб тушди. — Қани, у нарса? — деди у ниҳоят. Овози қалтираб чиқди. — Ўша... айтвотганинг?.. — Биласизми... ишонасизми... — Айтишга ҳеч тилим бормай... кўзларига жавдирадим. Акам тушунди. Тушунган бўлса-да, ишонолмай, аллақандай қийналиб: — Сен яширма, Мақсуд, — деди, — айтавур борини. Чаман ўзимизники. Мен барибир айтолмадим, айтишни эп кўрмадим: — Ишонинг. Ростдан ҳам у... йўқолиб қолди, — дедим ўзимни айбдордай ҳис этиб. — Бўлмаса, олиб келмасмидим. У юзимга бир алпозда термулди. Мен ҳам унинг бетига қараб туриб, ачиниб кетдим. Ўртага ҳеч гап сиғмас эди. Акам узоқ жим қолди. Шу ўтиришида у энг яқин кишисини кўмиб келиб, тиловат пайти жим қолган одамга ўхшар эди. Ҳалигина тиззасини эзиб ўтирган анор гулли пиёла ҳозир оёқлари орасида тўнкариғлиқ ётар эди. Унинг раъйига қараб, ҳатто шундай сўзамол Чарли ҳам тек қотган, кўз остидан ора-чора қараб-қараб қўяди, лекин бир нарса демайди. Ахийри Султонмурод акам пишиллаб, чуқур тин олди. Ўрнашиб ўтиришга уринган эди, тагимиздаги кат ғирчиллаблар кетди. Бизга қарамай юзларини ишқаб, бош чайқаб қўйди. Сўнг ўкинч ила: — Йигитлар шунча гап келтирганида ҳам, сезмаганга олиб кетар эдим, — деди эзилиб. — Калламнинг бир чеккасида хасмолдай турар эди-ю, ўлдими, бир ота, бир онанинг фарзандлари шунчаликка борсак деб... ўзимгаю унга инсоф тилардим Худодан ҳар гал. Ахир, ундан бўлак кимим бор менинг, Чаман, бу ёруғ жаҳонда? Яна кимим қоптики?.. — У тўлиқиб ўрнидан туриб кетди ва дарҳол ўгирилди. — Қўрғонимизни кўргансан: бурган босиб, бир харобазор бўлиб ётибди. Бойқушларга ватан бўлиб, юмронқозиқларга ин бўлиб! — У қуруқ ютинди.— Ахир, бир вақтлар кимсан Абдураҳим эшон почча деса, Тошкентнинг ярми танир эди. Отамиздан маслаҳат сўраб, фатво истаб келадиганлар қанча эди. Қаънғлию Чўлпонотанинг дуогўй қариялари, зўр-зўр муллалари йиғиладиган шундай табаррук жойни нима қилдилар?! Аллақандай бир олача тўнли «озодлик куйчиси»ни мутаассиблар йўқ қилди, деб бир кечада миллатнинг гулини териб кетмадиларми, Чаман?! Қизил вагонга босиб, совуқ ўлкаларга олиб кетилган ўша гуруҳ-гуруҳ чолларимиз ўша куйчини танирми эдилар? Юртдан иймонни кўтариш учун ўйлаб топганларини ҳеч ким билмаса ҳам, сен биласан, Чаман. Ўзлари йўқотиб, «эшонлар, муллолар тошбўрон қилди» деб оламга жар солдилар. Ҳолбуки, булар юртимизнинг иймон таянчлари эди. Иймонимиздан жудо қилмоқчи бўлишди бизни. Шундан кейин хонадонимиз тўзиб, ўзимиз бировларнинг эшигида қолдик. Худога минг қатла шукр, бошимизни силайдиган қўл, қорнимизни тўқлаб, очдан ўлдирмайдиган одамлар бор экан. Аммо мана бу кўксимиздаги кемтикни ким ҳам тўлдира оларди? Кечалари босиб келадиган у ўксикни ким кеткиза оларди? Эҳ, Чаман, Чаман, айтишга осон, тағинам фил эканмиз, тишни тишга босиб, миқ этмай келаётирмиз. Ўшаларингга қарши битта ўқ отганим борми? Нафратимни сочганим борми? Бор-йўғи юртимнинг тинчини аллақандай олчоғу ўғри-қароқчилардан, шапкали зулуклардан қўриқламоқчи бўлсам, мени ўзига душман санайдими ҳукуматинг? Тирноғининг остидаги мендай бир зирапчадан, ҳали хасмолга айланмаган ярачадан шунчалар қўрқадими буларинг?! У иккала тиззасини қўшиб қучоқлаб, миқ этмай ўтирган дўстининг қошига савол ёғдириб келар, ўзини қўярга жой тополмай, яна ортига қайтар эди. Торгина ертўлада бориб-келиб алам ва нафратларини бизга «сочар» эди: — Нима, мен Мадаминбек эдиммики, Намозми эдиммики, эрта-бириси кун йигит йиғиб, қилич кўтариб чиқади, деб чўчисалар?! Ниҳояти ўзимизнинг орамизда ўзимиз тартиб ўрнатолмасак, унда биз киммиз? Забунликка шунчалар маҳкуммизми? Ошнаси бошини кўтарди, аммо тик қараёлмади: — Уруш пайти, сенам тушун, — деди секин. Шу бир оғиз сўз камлик қилиб турган экан, акам шарт қайрилди: — Ҳа-ҳа, тағинам уруш пайти, бўлмаса, икки кунда ушлаб кетиб, тиқиб ташларди тиқадиган жойига. Беному нишон кетардик ҳам. Ҳа, деявер! — Ҳозир ҳам аямасалар керак, — деди ошнаси ўша-ўша мулоҳазали оҳангда. Акам бирдан завқи тошиб, тиззасига уриб қўйди. — Хеҳ тавбангдан! Мени ким деб фаҳмлайди буларинг?! Мен Шайбонийхон ё Пўлатхон эдиммики, хонлик тузсам, салтанат сўрасам! Балки мендан янги Темур чиқар? Хеҳ, дўстларим-эй, дўстларим-эй! — У икки ёнига шапатилаб-шапатилаб куларкан, Чарли ўқрайди: — Жинни бўлма, деворнинг ҳам қулоғи бор! Акам беписанд қўл силкиди: — Қўрқиб бўлдим ўша қулоқларию елпатакларидан! Менам, менам, билсанг, ўз юртимда одамга ўхшаб яшагим келади. Яйрагим келади, эй Чаман! — деб кўксига нуқа-нуқа унга қараб юрди. — Менинг устимда аллақандай ювиндихўрлар, ялтоқилар, элию эла-тини хорлатиб қўйганлар эмас, иймони бутунлар турса, дейман. Менам ҳамма қатори оталарим ўтган жойни ватан тутиб, бола-чақа қилсам, кунимни кўрсам, орқамда чироғимни ёқиб қоладиганим бўлса, дейман. Пушти-сулоламиз узилиб битмаса, дейман. Ахир, салтанат эмас, киндик қоним тўкилган жойда бир парча ватан тиклашга ҳаққим бордир менинг ҳам?! — Бор, — деди ошнаси ночор-ноилож. — Бор бўлса, қўйсинларда ҳолимга. Тушунсинларда мениям. Падари бузрукворимизни аямаган, бизни тўзитиб, мана бундай тентиратиб қўйган кимсалар билан мен қандай элакишиб кетай, ош-қатиқ бўлай? Ўзлари бўрига айлантириб, қўйдек юввошликни кутадиларми мендан? Икки дунёда ҳам адо бўлмайди бу юрагимдаги зардоблар. Мен қандай кечириб кетай? Орқамга ташлай? Мўмин дегани забун деганимас-ку! У қайрилиб нари кетди ва ўша бурчакда қўллари беўхшов қалтираб, тамаки ўрашга тушди. Чироқнинг олов тили ҳам бир чайқалиб, яна қотди, оғир ёна бошлади. Катнинг тагидаги аллақайси бурчақда чигиртка чириллаб, бу кузнинг сўнгги қўшиғини тўқишга киришди. Эрта бириси кун совуқлар тушиши билан у ҳам бир кунжакка ўзини уриб, қиш уйқусига кетади. Ҳозирча... Чаман ошнаси ҳам оёғини катдан тушириб, чўнтагидан попирис чиқарди ва менга қараб қув кўзини қисиб қўйди: — Эй, пакана пари, беданаларингни ичида биттаси ёмон зўр эканми? — деди нимагадир шама қилиб. Мен елка қисдим. — Йўқ, сен елка қисма. Келиб-келиб ўшаниси акангга тушибди. Булиқтирганини кўрдингми? Акам турган ерида бошини буриб, ёмон қараб қўйди ва ўзини босиб: — Сен ҳазилга бурма, Чаман, — деди, — майнавозчиликнинг ҳам вақти бор. Чарли попирисини чироқ шишасининг устига тутиб, қаттиқ-қаттиқ тортиб оловлантирди-да, қаддини ростлади. — Ҳар нарсанинг вақти бўлса, сенам машваратни қолдир, вақти эмас ҳозир. Кўп одамнинг касрига қоласан, — деди бирдан жиддий тортиб. — Иложи йўқ, — деди акам қайсарлик-ла бош чайқаб, — менинг йигитларга айтар сўзим бор. У ким эди ўзи, деб юрмасинлар умрбод. Мени деб, менга эргашиб қароқчи аталмасинлар! Бир умрли тавқи лаънатга учраб, қора рўйхатга тиркалмасинлар. Ундан кўра, шу сохта ватаннинг ҳимоясига кетганлари афзал. Жилла қурса, қаҳрамон аталиб ўладилар-ку. Номлари тарихда қолади-ку. Менга эргашиб нима топадилар? Ғурурними? Ғурурнинг қадри сариқ чақага тенг замонда у кимгаям керак?! — Султонмурод! — Кутилмаганда Чаман попирисини ертўланинг бир четига итқитиб юборди. Учқунлари деворга урилиб, митти мушакдай ҳар томон сочилди. — Бас! Эртага мен сенга ҳеч қандай ёрдам қилолмайман. Одамни ночор қолдирма. Менинг вақтим битди. — Хўп, — деди акам қайрилиб қўлини узатганча,— сени Оқтепагача обориб қўйишади. Кўришмасак... — Шошма. Қизишиб ҳеч ким ҳеч нарсага эришган эмас. Бизни шу қизиққонлигимиз бошимизга бало бўлган ҳамиша. Ўзибилармонлигимиз адо қилган, билсанг, не-не салтанатларни. Акам қўл силтаб, нари кетди: — Қўй, бу гапларни, Чаман. Мен салтанат даъвосида юрган одам эмасман. Хонлар сулоласидан ҳам эмасман. Катта охурдан ем еб ўрганганлар бошқа. Буни сен яхши билишинг керак. — Мен-ку биламан. Лекин улар... мендан ҳам яхшироқ билишади, қўйиб берса, сендан ким чиқишини. — Мендан? Хеҳ, тавба! Қадамини ўлчаб, хатлаб юришга мендан бўлак одам топишолмабдими? — деди акам аллақандай завқланиб ва ҳазилга буриб. — Топишолмабди-да, — деди дўсти. — Сен Оқсарою Гўри Амирга бориб кимни тавоф этиб юрганларингни, Олой маликаси Қурбонжон Додҳо тарихи билан қизиқиб, қаерларда қолиб кетганингни ҳеч ким билмайди деб ўйлайсан-да. Уларни ким деб ўйлаяпсан? Керак бўлса, сен ҳозир нима билан нафас олиб турганинггача билишади. Чучварани хом санама, ошна. — Афтидан, Чаман ҳали кетадиган эмас, энди унинг кўзини мошдек очиб, сўнг жўнамоқчи эди. Акам гарданига шапатилаб, аччиқ кулди: — Хеҳ, улар ҳали ўзларича янги Худоёрхон ясаб қўйғонлар, десанг-чи... — Худоёрхон бўлсанг жон дердилар ва бурнингдан булоқи ўтказиб, айшларини сураверар эдилар. Сен хавфлироқсан. — Хавфли? Мен-а? Ё тавбангдан! — У наша қилиб, яйраб кулди. — Айлантирма гапни, ўзинг яхши билатуриб! Сенинг ёшингда сендай ҳур фикрлилар нималар қилмаган?! — Нималар қилибди? — Ёқуббеклар Қашқарга ҳоким бўлган. — Ҳоким эмас, амир, — деди акам. — Ҳа-а, биларкансан-ку. Улар билмайдилар деб ўйлайсанми, бу халқнинг ўзига қўйиб берса, қандай салтанатлар қуриб олишини. Сен менинг тилимни қичитма-да, айтганимни қил. Каллангни обдан совутиб олиб, танангга ўйлаб кўр. Бизга сен кераксан. Жувонмарг бўлиб кетишингга йўл қўя олмайман, аҳволни тушун!.. Чаман бир нарсасини йўқотган одам каби каловланиб туриб, чўнтагидан янги попирис олди, лекин чекиш фикридан қайтиб, уни кўкрак чўнтагига тикди-да, кетишга ҳозирланиб, акамга қайрилди. — Энди менга рухсат бер, яхши кунларда кўришайлик, — деди аллақандай тўлиқиб. — Майли, яхши бор, — деди акам ҳам қуруққина ва хайр-хўшлашган каби орқасидан юрди. Кейин: — Дарвоқе, Чаман, — деб шошиб чақирди. — Анув ошнамизни суриштирдингми? Чаман ака адёлни кўтарган жойида тўхтади. — Қайси? — Турғун чачол-чи, қоратошлик? Қаёққа йўқолибди? — Ҳа-а, уми? Аниқладим-аниқладим. Сўрамасанг, паққос унутибман. Биласанми, нима қипти? Ҳаммасининг олдига бир қоп похол ташлаб... сурворибди! қотирибди лекин! — Йўғ-э?.. Тузалар-тузалмас-а? — Тузалишини кутса, икки дунёда ҳам қутулмасди.— Чаман ака айтишга айтиб, тилини тишлади. — Ишқилиб қутулгани рост бўлсин. — Ҳозир... қаерда экан? — Биласанми, — деди энди чайналиброқ ва акамнинг тирсагидан ушлади. — Ошнанг сендан қолишмаскан из қолдирмасликда. Яна суриштираман, сен хотиржам бўл. — Майли, суриштир, — деди акам. — Бизни деб... жабр тортиб ётмасин бир жойларда. — Ётмайди. Ётқизибам қўймаймиз, Худо хоҳласа. Майли, сен чиқма. Тойир билан етиб оламиз. Сени Яратганга топширдим. Яхши қол, сен ҳам, кичкина полвон. — У менга кўз қисиб қўйиб, бош эгди ва ертўладан чиқди. Тангри Инояти Ҳеч бу хилда уйғонган эмасман: ичим тўхтовсиз ҳаприқиб, ғашланиб ётибди. Нимага шундай, нима қилсам ёзилади, билмайман. Бунақа бўлмаган ҳеч. Саҳарга яқин туш кўрибман. Тушимда офтоб бу ёқ қолиб, нариги ёқдан, ботадиган томондан чиқиб келаётганмиш. Қип-қизариб, худди бир тандир лахча чўғдай. Ботса кераг-ов десам, уфкдан узилиб, бир ғалати ҳаволаниб боряпти. Ойимнинг олдиларига югурдим. «Ойи-ойи, уни қаранг, қуёшни қаранг». Ойим намоздан тураётган эканлар, қайтариб сўрадилар: «Нима дединг?» «Ҳеч маҳал тескари ёқдан чиқадими кун?» дедим мен. «Наузамбиллоҳ, наузамбиллоҳ, нима деяётганингни биласанми ўзинг? — деб ойимнинг юзлари оқариб кетди ва умрларида биринчи марта мени жеркиб ташладилар: — Эсингни ебсан! Қиёматда шунақа бўлади! Нари бор!» Тавба. Мен айланиб келиб, яна сўрармишман. Шундан бери кўнглим ғаш, чироқ ёқса ёримайди. Устига-устак, ҳаприққани-ҳаприққан. Мактабимга боргим йўқ, сигиримга қарагим йўқ. Кираман-чиқаман, чиқаман-кираман, қўлимни тайинли бир ишга урол-майман. Қўрқа-писа кунга қараб қўяман. Бетида бирон ўзгариш ахтараман. Йўқ, ўша-ўша нурини аямай сочиб ётибди. Эрталаб туссизгина бўлиб кўринган эди, энди терак бўйи кўтарилиб олиб, ёздан қолган ками бўлса, мана, деб чарақлаб турибди. Мовийдан-мовий, тиниқдан-тиниқ осмонда зарра ўзгариш, ғубор йўқ. Қайтангга бошдан-оёқ бир текис сарғайган ўрик баргларига қараб, кўз тўймайди. Уларнинг ўзи ҳам ҳар биттаси бир офтоб бўлиб, сап-сариқ нурга ботиб ётибди. Худди кўзга кўринмас бир зўр рассом кечаси билан бу ўрик баргларини битта қўймай ёмбирангга бўяб чиққандек. Ерда ҳам у барглар гилам бўлиб тўшалиб ётибди. Аҳён-аҳёнда икки жуфтгинаси тепадан қувалашиб учиб тушиб, ўша сариқ гиламда қўним топишини айтмаса, кечаги кунлардан фарқи йўқ. Аммо ёдимга кечаги кун, йўқолган жажжи дафтар-а ва ундаги ёзувлар, мени шийпон тагига етаклаб борган сирли кўкиштоб нур... тушадию яна ичим орзиқиб кела бошлайди. Нимадандир ҳаприқаверади. Кимгадир ёрилгим, қаёқларгадир қочиб кетгим, кимларнидир кўргим, тикилиб-тикилиб тўйиб олгим келаверади. Яна тушимдан қўрқиб-қўрқиб қўяман. Худонинг ўзи асрасин ишқилиб. Балки бугун Бўзсувда қиёмат қўпмас?.. Акам машваратни қолдиргандир? Танасига ўйлаб кўргандир? Илоҳим, Худо кўнглига солган бўлсин. Қирғиннинг олдини олган бўлсин Ўзи... Ойимнинг қистовлари билан мактабга бориб қайтдим. Келсам, ойим ток қирқаётган эканлар. Аёл бошлари билан бир ишкомни очиб қўйибдилар. Келаси йилга қолдирилган қўнғиртоб новдалару ток занглари ҳали устидан туширилмаган бўлса ҳам, ишком аллақандай ғариб тортиб қопти. Қаранг-а, токларни кўмадиган пайт ҳам кепти. Китоб-дафтарларимни супага итқитиб, олдиларига югуриб бордим. — Қўйинг, ойи, мен турганда шу сизнинг ишингизми? — дедим жаҳлим чиқиб. — Токқайчини менга беринг. Ойим ийиб кетиб, майин жилмайдилар. — Буниям кесишда кесиш бор-да, ўғлим. Сен танлаб билармикансан? — Билмасам, кўрсатиб турасиз-да, ойижон. — Унда, ма. Илоҳим, эр етиб, қўлимдан ишларимни олганинг рост бўлсин! — дея токқайчини узатиб, дуо қиддилар. Мен калта бўғинли, қизариб пишган новдаларни ойим кесганлари каби ярим қулочча қолдириб, қирқиб тушира бошладим. Ойим бирпас буни қолдир, буни олиб ташла, деб туриб, кўнгиллари жойига тушди шекилли, юз-қўлларини чайгани кетдилар ва ҳеч қанча ўтмай бошқа рўмолларини бошларига ташлаб чиқдилар. Бош-оёқ кийиниб олибдилар. Қаёққадир отландилар, шекилли. Ҳайрон қараган эдим: — Қўлдош тоғангдан хат келганмиш, мен Қумри кеннойингдан бирров кўнгил сўраб чиқай, — деб ўрта йўлга қараб юрдилар. — Майлин, — дедим мен ёлғиз қолиш ўзимга ҳам ёқиб. Мен ўзи шунақароқман. Ёлғизликни ёқтираман. Иш қилсам ҳам, биров аралашмаса. Тепамда турмаса, ўз хаёлимга қўйиб берса. Истасам, анҳор бўйига чиқиб, дўнгда Яккабоғ томонларга тикилганча соатлаб ўтираверсам. Истасам, томга чиқиб кетсам, Бўзсувнинг икки беткайидаги юки билан чўкиб ётган нортуялар мисоли тепаликларда, қамишлари сарғайиб, пўпанай чиқариб ётган жарларда бирон жон асари кўриниб қолишини илҳақ кутиб... хаёл сураверсам. Нариги бетда элас-элас билиниб турган ертўлалардан кўзни узмасам... Бугун кечга яқин «чўккан туя карвонлари» устида ё қиёмат қўпиб, олатасир бошланади, ё ҳаммаси эски ҳолича жим-жим қолаверади. Ё анув хабар ҳақ бўлиб чиқади, ё... Акам нима қарорга келди экан? — Кичикойи, ҳо, кичикойи?.. Хаёл билан бўлиб аввалига эшитмабман, эшигимизда биров чақириб турган экан. Ким кўп, ойимларга иш кўтариб келадиганлар кўп. Турган еримдан жавоб қила қолдим: — Ойим чиқиб кетувдилар. Эшик ғийтиллаб очилиб, қизил духоба паранжи ёпинган биров кўринди. У чимматни кўтармаган ҳолида ҳовли саҳнига қараб турарди. Кўзни оловдай олгувчи бундай паранжини қаерда кўрган эдим-а? бирон тўй ё маъракадамикан? — Сизга ким керак, опоқи? — дедим ҳайратланиб. Қизиқ, сачвонини ё кўтармайди, ё овоз бериб қўя қолмайди? Ток рўдаларини босиб ўтиб, олчаларимиз орқасидан очиқ жойга чиқиб бордим: — Ишингиз зарил бўлса, чақириб бера қолай. У бош эгганча, сачвони ичида қўли энгаҳига бориб келди: — Мен, келинойизман, эшон бола, — деди кўнгли бузилгандек бўлиб. — Ий-й, сизми эдингиз?.. — Оловдай паранжини бирдан эсладим. Мен уни илк бор Баҳриддин акамнинг тўйи кечаси, келинни жим-жим гўшангага киритиб юборишаётганида кўрган эдим. — Менман... мен ўша бахтиқаро, қайнижоним, — деди у титраб-қақшаб. Мен унинг истиқболига чопдим. У чимматини кўтариб бошига ташлади. Кўзидан тинимсиз ёш оқар эди. Кўнглим бузилди. — Йиғламанг, кеннойижон! Сиз йиғласангиз, биз қандай чидаймиз? Унга нима бўлди экан? Қиз бола боши билан излаб келибдими? Ё ойимларга кийим тиктиргани келган-у, мени кўриб, акам, бу хонадонга келин бўлолмаганлари... эсига тушиб, ўзини тутолмай қолдими? У ёқда акам узил-кесил ҳал этмайди. Ўша қароргоҳ, ўша машваратлари шу кеннойимдан афзал эканми?! Кеннойим нимчасининг чўнтагидан рўмолча олиб, кўзига босди. Кафтдеккина рўмолчаси ажинагулли читдан, одми эди, лекин гир айлана ҳошиясига тўқилган гажими, пистонли ялтир-юлтир шокиласи бир ажойиб. Марғу кеннойим кутилмаганда ўзини тутиб, ёмғирдан кейинги офтобдай очилиб қаради. — Кечирасиз, қайнижоним, мен асли кичикойимларга келган эдим. Бормилар? — Киринг, кираверинг, ҳозир чақириб келаман. Узоқ кетмаганлар, — дея қистай бошладим. — Майли, кирсам-кирай, бу янги уйларингизга ҳеч келмаган эдим, — деб ҳовлимизга қадам қўйди. Бошидан паранжисини олган эди, келинчаклардек бўлди-қолди. Мен унга қараб туриб, ич-ичимдан зил кетдим: фотиҳалар бўлиб, тақдирга тан берибдида шўрлик келинойим! На Баҳриддин акамга, на Султонмурод акамга буюрмади-я. Эҳ, ака-ака, нималар қилиб қўйдингиз? У янги келинчаклардай бир оз солланиб ёнгинамда келаркан, шамол эсибми, этакларидан эпкин кўтарилибми бирдан келинлик ифорлари гуркираб кетиб бошим айланаёзди. Узимни аллақандай сархуш, енгил сездим. Назаримда олам қайтадан баҳорга кириб бораётгандай эди. Кўз олдимдан эса қийғос гуллаган шафтолизорлар саф-саф ўтарми, тепамда қумрилар сайрарми эдилар. Томимиз усти, бўғотларида қизғаддоқлар очилиб, чучмомалар салом бериб ётгандай гўё... Мен ҳам сал дарвешроқман шекилли, меҳмонга кўрпача солиш ўрнига қаёқдаги хаёлларга берилиб кетибман. — Юринг, келаверинг, — дея уни супамизга қистадим. Кеннойим ҳали супа зинасига етмаган эди, бирдан қичқириб юборди: — Вой, шўрим! Мен ўгирилиб, ҳайратда қолдим: боғ этагидаги йўлакда Султонмурод акам кириб келар, ҳали бизни кўрмаган, кеннойим эса, қўлларини юзига босганча, нима қиларини, қаёққа қочарини билмай довдираб турар эди. Паранжисини ёпай деса, супа четига ташлаб улгурган... Акам эса ташвиши ўзига етарли эдими, ҳалиги қичқириқни ҳам англамай, жийда тагидан ошиқиб келяпти, ҳатто бу ёққа қараб қўймайди. Марғу кеннойим шоша-пиша паранжисини юлқиб қўлига олдию айлантириб бошига солди, аммо сачвони оёқлари тагига отилиб тушди. Энкайиб, олишга олди, аммо ёпиниб улгурмай; ярим ўгирилган ҳолича туриб қолди. Қўлга тушган қушчадайин дир-дир титрай бошлади. Акам ҳам ниҳоят уй бурчагидаги барглари гармдоридек қизариб, тўкилишга юз тутган шафтоли тагидан ўтиб бизни кўрдию кўзларига ишонмагандай ҳайратда тўхтаб қолди. Секин супадан тушдиму ўзимни ўнг келган жойга — ошхонага урдим. Ҳовлида оғир-вазмин оёқ товушлари яқинлашиб келиб, ниҳоят, у райҳон уватида тўхтади. — Марғу, ростдан ўзингизми? — деди акам. Кеннойимдан садо чиқмади. — Нега индамайсиз, Марғу? Хафамисиз мендан? Акамнинг ҳолини билмайман, лекин олди очиқ ошхонадан кеннойимни кўриб турибман: у ҳамон паранжисининг бир четини юзига парда этиб, қийрихон қараб турибди. Лекин негадир ҳеч жавоб қилмасди. Акам бетоқатланиб, яқинроқ юрди. — Марғугинам, тушунинг, ахир, — деди ўтинч-ла.— Келарга бир илож топсам, келмасмидим. Не қилайки, ихтиёр этганим билан... Кеннойим жим, аммо ангоридан ўкраб юборай деб турибди. Нимага ҳам боя биратўла кўчага чиқиб кета қолмадим? Буларни бу алпозда кўрмас ҳам эдим, ноқулайлик сезмас ҳам эдим. Ҳозир эса, ихтиёримдан ташқари уларнинг учрашувларига шоҳид бўлиб қолаётган эдим. — Мен ўзимни оқламоқчи эмасман ҳеч. Лекин Худойимнинг хоҳиши шундай бўлди шекил, Марғу. Кеннойим аччиқланиб акамнинг юзига илкис қарадию яна шартта юзини ўгириб олди. Беихтиёр қўлидаги сачвонни эзиб-ғижимлар, ғижиб-эзғилар эди. Акам унинг бу ҳолини сезмайми, давом этди. — Иложимиз қанча, Марғу, балки рўзи азалда пешонамизга битилгани... Кўриб турибман: кеннойимнинг кўзлари ёниб-ёлқинланиб кетди. Унга ёмон қарадию яна аразлаб, юз бурди. Акам кутилмаганда уни сенсирашга кўчди: — Ўзинг оқила қизсан — тушун. Менинг аҳволим, бизнинг бошимиздаги манави шўришларни Ўзи кўриб-билиб турибди. Қолаверса, Марғу, бизнинг айтганимизмас, истаганимизмас, Унинг ёзгани бўлгай. Унинг хоҳлагани шу экан,.. нега бўйин эгмайлик?! Шунисигада шукр, Марғу. Мени деб бу азиз бошингга сотиб олма балоларни, қўй. Энди биз дуоларимизда яшагаймиз. Номимни дуоларингдан қўймасанг, бас. — Султонмурод ака! — Кеннойим бирдан паранжию сачвонини итқитиб, унга ўгирилди. — Илтижо қиламан сиздан, ундай деманг. Мени тириклайин ўлдирманг! Шунча чеккан азобларим, заҳар-заққумларим етмасмиди, каммиди, ахир? — Ва ҳўнграб юборди-да, орқасини ўгириб, супа четига ўтириб қолди. Бошини оғир-оғир чайқаб туриб, елкалари силкиниб-силкиниб, сим-сим йиғлай бошлади. Акам кеннойимнинг тепасига келди. Елкасидан тутиб юпатишга тараддудланди-ю, ниманидир ўйлаб, қўлини тортди. Сўнгра тик турганча: — Марғу, — деди босиқ бир товушда, — майли, менинг ўша сўзим сўз. Сен учун шу гуноҳни ҳам бўйнимга олай, фақат, бўзлама бунақа. — Негадир белбоғини ечиб, артиб ол кўзёшларингни, дедими, бошингни беркит, дедими, кеннойимнинг елкасига ташлади. — Энди мен борай, кутиб қолишди. Булар билан хайрлашгани кирган эдим. Худойимнинг иноятини қараки, бизни шу ерда, шу соатда кўриштирди. Учраштирмаса, нима қила олардик?! Хайр энди, яхши қол. У бурилиб бир одим босди. Кеннойим сапчиб ўрнидан туриб кетди: — Султонмурод ака! Жо-он, Мурод ака! Акам тўхтади. — Нима дейсан? — деди ярим ўгирилиб. — Ахир, бу ёғи тўй... менгаям осон тутманг! — Сўзим сўз, дедим-ку, Марғу! Сен мени биласан! — деди акам дона-дона қилиб. — Биламан, лекин... жилла қурса, Худо хоҳласа, денг! Ишонтириб кетинг! — Ўзи шоҳид шу туришимизга. Инша Оллоҳ, ўзи кўллагай. — Қўлласин, илоҳим, мен ишондим, — деди кеннойим йиғламсираб ва юзларига фотиҳа тортди. Акам бурилиб кета туриб бирдан аланглаб қолди: — Мақсуд, қаердасан? Холам қанилар? Ошхонадан югуриб чиқиб бордим: — Мен шўттаман, Ойим... У гапиргани кўймай, елкамга кафтини ташлади ва енгил силкиди. — Катта йигит бўп қолдинг, ўзинг тушунтириб қўй. Кўришолмай қолсак, рози бўлсинлар... берган тузларига. — Унақа деманг, ака, бизни ташлаб қаёққа борасиз? — дедим ўксиниб. У пешонамдан ўпди— Бир томчи иссиқ ёш юзимга томиб, титраб кетдим. Акам бошимни силаб эркалади: — От босмаган жойларни той босган ҳамиша. Сен қўрқма, пакана пари, узоққа борасан ҳали, — деб мени эргаштириб юра бошлади. Қизғиш хол-хол ташлаб, янги тўкилган шафтоли баргларини босиб, ўртадаги йўлакка етдик. У акаларча қучиб: — Яхши қол, — дедию бирдан жадаллаб кетди. Мен шу тобда уии қўйиб юбормай тармашиб олгим келди-ю, негадир журъат эта олмадим. Ва бирдан бугун машварат куни экани ёдимга тушиб, жон ҳолатда орқасидан югурдим. — Ака, машварат нима бўлди, қолдими ё?.. У суйиб жилмайди ва аста энгашиб, қулоғимга шивирлади: — Ўтказиб тарқаляпмиз. Аммо сен ўша вақт томга чиқиб бир қара Бўзсув тепасига — кўрасан қиёматни... — Шунақами? — дедим ҳам қувониб, ҳам қўрқиб. У маъноли бош силкиб, опамнинг ҳовлиларидан чиқишга шошилди. Қайтиб кирганимда, Марғу кеннойим супа четида қуриган райҳонзоримизга қараб, жимгина ўтирар эди. Ранги-рўйи бир аҳвол... Осмондан Оёғини Узатиб Тушганлар Ойим чақиришларини қўймайдилар, мен эсам оёғи куйган товуқдай томда юрибман. Овоз ҳам беролмайман, тушгим ҳам йўқ. Бу ёқда айтилган вақт келяпти. Қиёматни кўрасан, деган эди акам. Ё бир ажойиб томоша тайёрлашдимикан?! Ҳозирча жимжитлик. Жимжитликки, портлайман дейди. Қуёш ботиш арафасида. Ниҳояти қизариб тушган тандирнинг оғзидай бўб турибди. Уфкдан оч туманми ва ё кеч кузнинг тез тушадиган шомими тошиб чиқмоқда. Ўша ёқдан Бўзсув устига сурмаранг бир туман ўрлаб келаётгандай. Шу маҳал тепа томонда тартарак тариллаб, бир болакайнинг: — Ҳай-ҳайув, халалай-ҳашту-тугув, — деган овози келди. Сайнаби домланинг боғидан унга бошқаси жўр бўлиб, илиб кетди: — Қув-қув-ув, ушла-юв... Кейин учинчиси... Бирпасда ҳаммаёқ тартарак овозларига тўлиб, чуғурчуқлар гала-гала ҳавога кўтарила бошлади. Улар тиниқ осмонда гоҳ баландлаб, йўқ бўлиб кетадилар, гоҳ пастлаб-қорайиб кўриниб, ўйнаб-қоладилар. Шу холос бўлса, майли эди; бирдан аллақайдан занг товуши эшитилиб, кимдир Қўшилиш томонда жом чала кетди. Оёғи куйган товукдай, жойимда ўтиролмай қолдим. Аммо ўзим бояги хабарчиларни ичимда қалаштириб сўкяпман. — Вой ҳафтафаҳмлар, вой галварслар! Нима қиляпсизлар? Облочи келса, келиб ўлмайдими?! Одамларни у ёққа ҳайдаб, ахир тутиб берасиз-ку. Буларнинг нияти шуку ўзи! Мана, ҳозир қочган-қувган ҳамма тўнини елкасига ташлаб Бўзсувга чопадигандек, йўлларга тикиламан. Ҳар битта қора кўзимга одам бўлиб кўриняпти. Қайси шўрпешона экан, деб ичимдан ачиниб кетяпман. Лекин менинг қўлимдан нима ҳам келарди? Бутун Каттабоғни тутиб бораётган тартарагу жому занг овозларини қандай ўчира оламан? Ёки Бўзсувга югурсаммикан? Қайтинглар, тузоқ бу, деб жар солсамми? Чопдим! Аммо катта томдан отхона томига сакраб тушган жойимда тегирмон томондан ғариллаб бир ниманинг овози кела бошлади. Орқамга ўгирилиб, тепада айропланни кўрдим. У еру кўкни ларзага солганча, жуда пастлаб, қанотлари дарахтларнинг учига теккудек бўлиб, учиб келар, айроплан эмас, ваҳиманинг ини (!) эди. Шовқинидан шайтонлаб қолиш ҳам ҳеч гап эмас. Мен умримда бунақа ер бўйлаб учган айропланни кўрмаган эдим. Ўтган баҳор мойи тугаб қолиб, қўнадиган жой тополмай, тегирмоннинг тепасидаги бедапояга тушган (қаёқда тушаркан, тушаман деб тумшуғи билан урилиб, тўмпарилиб кетган) айропланни тамоша қилгани борганларимиз эсимда. (Уни ўн кун деганда бўлаклаб-бўлаклаб, мошинага ортиб кетишувди). Буям ўшанга ўхшаб, пастлагандан пастлаб, худди учувчиси қўнишга бир эпақали жой тополмай гангиб қолгандек, тўғри устимга бостириб келар эди. Ўзимни томдан ташларимни ҳам, шундай ётиб оларимни ҳам билмай, гангиганча туравердим. Хайрият, айроплан нокзор устига келганда, анҳор ёқасидаги азим ёнғоқларга урилиб кетишдан ҳайиққандек, бир силтаниб ҳаволаниб кетди. (Мен унинг қанотларидаги оқ юлдузларни ҳам, учувчисининг кўзойнакли қалпоғини ҳам кўриб қолдим). У тўғри Бўзсув томон учиб борарди. Акам айтган қиёмат ёдимга келди. Ажабо, булар нима қилишмоқчи? қароргоҳнинг кулини кўкка совурмоқчиларми? Ё битта-битта тутиб... Мен эс-ҳушимни йиғиб олгунча айроплан Бўзсув устига етиб бориб, кутилмаганда бир қанотини пастлатганча катта айлана ясаб, қайрила бошлади. Қўшни томларда ҳам болаларнинг қораси кўриниб, улар қувнаб-сакрашга тушдилар: — Ана-ана, буриляпти. — Ур-ре, қайтяпти! — Даф бўлсин-е! Паст ҳовлида Анвар кеннойим: — Ҳой, Солихўжа, қаёққа?! Қайт! Қайт дейман сенга! — деб қичқирадилар жонсараклик билан. Афтидан, Соли бир нарсани сезгану девор ошиб, Бўзсув томонга учиб кетган-ов. Мен ҳам отхона томидан сакраб, унга етиб олмоқчи эдим, орқага тисарилган жойимда айропландан отилиб тушаётган қора нарсаларни кўриб, тўхтаб қолдим. Ўлди-ку, Бўзсув!.. Бирининг орқасидан бири, бирининг орқасидан бири тушиб келяпти. Ва бирдан олдинма-кетин кўк-қизил парашутлар очилиб, бирпасда Бўзсув усти лолақизғалдоқ бўлиб кетди. Энди уларнинг ипларига осилиб олган одамлари аниқ-таниқ кўриниб турар эди. Беихтиёр Олим акамни эслаб, ўзимни қўярга жой тополмай қолдим. Оббо қўнқавой-ей! Шулар ўшанинг ишими-я? Биздан ҳам битта ҳукуматти одами чиқсин эмиш! Чиқибди, мана! Айроплан келган томонига қайтиб учиб кетдию Бўзсув томондан тартаракнинг қисқа тариллашига ўхшаш овозлар гоҳ кучайиб, гоҳ сусайиб кела бошлади. Нима бало, кўпотарларини ишга солиб юбордиларми? Учраганни қириб ташламасалар гўрга эди. Аммо акам ҳам анойилардан эмас, қачон келиб бизни қириб ташла-шаркан, деб кутиб ўтирмагандир? Одамларини ҳам олиб чиқиб кетгандир? Унда осмондан оёқ узатиб тушганлар кимни босиб, кимни ўровга олмоқдалар? «Тартарак»ларнинг сонини ҳам билолмай қолдим. Бири тўхтамай иккинчиси улаб кетади. Худди Бўзсувнинг у бетию бу бетига тартаракчи болалар йиғилиб олгану ким ўзарга ўйнаб, бир жойга тўпланишиб келишаётгандай. Бўзсувнинг ўзида — тиқ этган товуш акс-садо берворадиган сув бўйида қандай қиёмат қўпди экан?! Облочидан қочиб борган бояқишлар нима қилдилар экан? Ноғоранинг дақа-думидан қаён қочарини билмай қолган йўлбарснинг кўйига тушдилармикан, ё? Борганим бўлсин! Ўз кўзим билан кўрганим бўлсин! Бўзсувга тушиладиган жойга етиб борсам, менга ўхшаб текин томошага томдан ташлайдиганлар йиғилиб қопти. Сўқмоқ йўлнинг ўртасига туриб олган Нусратилла почча қўлларида гаврон, қилт этган болани сийлаб турибдилар. Ора-чора пўписа қилиб ҳам қўядилар: — Ҳе, қизталоқлар! Булар томоша кўрармиш. Аяб ўтирарканми сен жулдурвоқиларни у отабехабар кам-номуслар! Қайт, оёқларингни синдирмасимдан!.. Болалар орасида Соли кўринмасди. Отни илгарироқ қамчилаган экан-да! Ҳозир қайси бир пана жойда биқинволиб, у қиёматни яқиндан кўриб ётгандир. Орқама-орқа чопвормаганимга ачиниблар кетдим. Бўзсувнинг авра-астарини ағдариб қилинаётган бу тинтув, бу тўс-тўс Худога ҳам хуш келмади шекилли, жуда тез шом тушиб кела бошлади. Аллақандай ўсмаранг қуюн Аччи қирлари томондан Бўзсув усти билан шу ёққа тумандай, бир мўрмалахдай ўрлаб келяпти. Қуёш ҳам қонга беланиб, ўша туманлик ортига чўкиб кетди. Лекин унинг қип-қизил юзи кўз олдимдан кетмай турибди ҳеч. Бу ўсмаранг туман қароргоҳга ҳам етиб қолганини сув бўйига тушиб кетган «тартаракчи»лар ҳали пайқашганича йўқ, жарларнинг титиғини чиқариб отиб ётибдилар. Шу пайт Бўзсувнинг нариги бетидаги тор тупроқ йўлдан иккита юк мошина пастга қараб, (йўл ёмон шекилли) қилтонг-қилтонг чайқала-чайқала тушиб келаверди. Олдиндагиси усти очиқ, лекин ишкомли эди, кейингиси тамомила берк. Тик жар тепасига келиб, қайрилиб тўхтадилар. Ичидан ҳали ҳеч ким тушмаёқ, бир тўп одам ўша ёққа қараб жадал юрди. Энг қизиғи, бир киши неча кишининг қўлларини орқага қилдириб, олдига солиб олган эди. Шунақадан икки гуруҳини ҳайдаб бориб, ҳалиги берк мошинага қамадилар. Бунгача туман улар устидан ошиб ўтиб, ўзлариям, мошиналариям кўринмай қолди. Ўша ёқдан аллақандай бақир-чақирлар, баъзан «тартарак» овозлари келиб турибди-ю, лекин бирон нарсани илғаб бўлмайди. Фақат энг баланд тепаларнинг устиларигина сув тагидан чиқиб қолгандай ғира-шира кўзга чалинади. — Боринглар энди, боринглар. Томоша тамом: кўрган кўрди, кўрмаган қолди, — деб Нусратилла почча худди қўй подасини ҳайдаган каби қўлларини баравар силкишга тушдилар. — Тарқалинглар, чироғларим. Томоша деса ўзини томдан ташлайдиган дўстларим уч-тўрт қадам тисарилиб, яна қайтишди. Худди бир нарсадан қуруқ қоладигандек, жилиб юборгилари келмайди, поччанинг кўзларини шамғалат қилишни мўл-жаллаб туришибди. Бирдан бола кўтарган аёллару катта хотинлар ҳам чағир-чуғурлашиб қолишди. — Ҳай, Муаззамхон, ёғиз нима бўлдийкин, боринг, ёниб, бир балони бошламанг. — Вой-й, яхши эсимга солдиз, мен чопдим. — Сиз-чи, Ҳикойхон, кимга ачинасиз? Эрчангиз Бўзсув пронти очилмасдан бурун кетворган бўлсалар? — Султонмуроднинг товкасидагиларга-да, эгачи, кимга бўларди? Сатта кўкрагида ёли бор йигитларни, кўрдиз, қанақақип опкетишди. — Нимасини айтасиз, оповси, ордоналар қолсин урушлариям... Бир кўнглим: бу санноқи хотинлар нимани биларди, акам йигитлари билан аллақачон маконига етиб олгандир, дейман-у, яна тинчий олмайман. Унда анави қўлини гарданига қилиб, ҳайдаб чиқилганлар кимлар?.. Ниҳоят, Нусратилла поччанинг дағдағалари иш бериб, ошналарим ноилож чекка-чеккага тарқай бошлашди. Мен эсам, каллам ишлаб қолиб, ўзларининг уйларига, ундан боғларига уриб кетдим. Деворга миниб олиб, бояги жойни яна кузата бошладим. Вой-бў, Бўзсувни таниб бўлмайди. Етти қават туман унинг тепаларини ҳам кўмиб, улкан сувдай ёйилиб ётипти. Бояги мошиналар туман ичида олов кўзли, икки бошли аждаҳодай билонғлаб ўрнидан қўзғаляпти. Кимса кўринмайди, аммо аллакимларнинг бақир-чақирлари яққол эшитилиб турибди: — Ҳамма жойидами? — Жойида! — Ҳеч ким қолмадими? — Қолмади! — Кетдикми? — Кетдик! Мошина кучаниб ғариллади. Оловли кўзларидаи заиф нур сачраб, йўл пайпаслаб боряпти. Орқасидан бошқаси эргашди. Шўрлик қочоқлар! Облочининг тинтувидан қочиб, жаҳаннам ўтига рўбару келган бечоралар! Ёмғирдан қочиб, қорга тутулдилар-а. Ишқилиб... Ич-ичимдан бир таҳлика босиб келаверади: — Ишқилиб, ораларида акам бўлмасин! Жанг қанақа бўлишини уларга кўрсатиб қўяйлик, деб қароргоҳга қайтмаган бўлсин. Шу пайт, ё тавба, кунботар қирлари томондан бир олам чағир-чуғур билан тумонат зағчалар учиб кела бошлади. Осмоннинг оч сурмаранг туманлиги орасида қиёматдан дарак берувчи аллақандай кулранг махлуқларга ўхшар эди улар. Мўрималахдай бостириб келяпти ўзиям. Ойимнинг бир гапларини эсладим: «Шу қора қарғалар ҳам кунда икки бора Яратганга тасбеҳ айтадилар: Янги кунга етказганига шукроналар билан эрта-саҳарда дала-даштга йўл олганларида, сўнгра ризқ-рўз берганига шукрлар айтиб кеч-шом ётоқларига қайтганларида. Шунинг учун ҳам Оллоҳ уларга уч юз йил умр бериб қўйибди...» Шуни эслаб, ҳалигина босиб келган ваҳмаю қўрқувларим сал тарқагандай бўлди. Девордан сакраб тушиб, боғ этагидаги ёлғизоёқ йўлга қараб юрдим. Ўша ерда бир оз кутсам, зора Соли келиб қолса. Шундан бўлак қайси йўл билан келар эди. Қайрилишда тўхтадим. «Қора Ғани — бошинг қапи»нинг валангор чайласиданми, аллақаердан қовунқоқи ҳиди анқимоқда. (Кимдир бир вақт чайланинг устига қоқи ёйгану кейин унутиб, зағчалар тоза итирқинини чиқарганлар, аллақайси гўрда қолгани анқимоқда шекилли). Яхшиям, кутганим. Бир маҳал Ҳалокунинг итидай ҳаллослаб, пастдан биров чопиб кела бошлади. Шом қоронғулигида юзини кўриб бўлмайди-ю, лекин қотмалигидан, читтон болалар каби югуришидан Солидан бўлак ҳеч киммас. — Соли, ўзингмисан? — деб овоз бердим. У мени ҳали пайқамаган экан: — Ия, Мақсуд, сенмисан? Бўтта мақиб турибсан? — деди ҳайратланиб. — Сени кутиб-да, хумпар. Чақирмасданам кетворибсанда ўзинг? У етиб кела чайла устунига ёпишиб, бир айландию деворга суяниб олди. — Хуҳ, — деди ўпкасини босишга уриниб. Кейин яна сакраб турди-да, шоширди: — Кетдик, етиб олайлик, ҳаммасини айтиб бераман, ҳаммасини... Ҳозир сўрама. Даҳшатнинг ўзи, — дея олдинга тушиб, чопа кетди. Аммо уйгача бормадик. Садир олакўзнинг боғи эта-гига етганда ўзиям ичи қизиб, шундоқ ариқ бўйига, қуриб-қовжираган ўтлар устига ўтириб ола қолди. — Вой, Мақсу-уд, бунақасини кўрмаганса-ан. Анув чангал тепанинг орқасига ётиб олганман, булар қароргоҳни ҳалқадай ўраб, кўринган қорани, қилт этган иарсани кўпотарларидан ўққа тутиб, қисиб боришяпти. Ўр ҳам, жар ҳам қолмаяпти. Ертўлаларни-ку тити-питисини чиқариб, бўмба ташлаб, портлатворишди. Бир гуруҳи у бетдан сиқиб келяпти, бир гуруҳи бу бетдан. Ахийри, битта-битта қўл кўтариб, чиқиб кела бошлашди... — Ким? — дедим юрагим ёрилиб кетгудек бўлиб. — Ким бўларди, галварс. Акаларинг-да! — Шошма! Ким дединг? Соли тўнғиллади: — Аканг... — Бекор айтибсан! Сен ўзини кўрмагансан, валдирама! Ҳақиқий қароргоҳ ўттамас! У ер сохта қароргоҳ. Улар ўшани босдилар. Биларкансан-ку жуда! Соли бўшашди: — Унисини сен биласан, аммо асирлардан биттасининг юзини аниқ кўрдим, уям бўлса, аканг эди... У бидирлаб, нималарнидир тушунтира бошлади, лекин қани қулоғимга кирса. Ҳар нарса бўлишига рози эдим, бироқ Солининг айтганини асло кутмаган эдим. Ишонмасликка эса, асосим йўқ. Ниҳоят, бояги карахтлик бир оз ўтиб, қулоқларим чинғиллаб очилди гўё. Қарасам, Соли ҳамон сўзланиб ётибди: — ... шир яланғочийди. Биласанми, товонидан пешонасигача қоп-қора. Тирноқча жойи бўялмай қолган бўлса, ўлсин агар. Буям камдай, қўли орқасига боғ-лоқлиқ. Аскарлар атрофида хахолаб кулишадими-ей, «булбули»ни кўпотар милтиқларининг учи билан ўйнаб, мазах қилишадими-ей. У бўлса, мўндидай миқ этмай турибди. — Ким «у»?! — Ҳалидан буён қулоғингга танбур чертяпманми? Олим акангни айтяпман-да. Худди Олим акам акам эмасдай, бирдан қувониб кетдим: — Эй аҳмоқ! Илгарироқ айтмайсанми шуни! Адойи-тамом қилдинг-ку одамни!.. — дедим. Кейин бирдан ёдимга тушиб қолди: —— Нега қоп-қора, нега мўндидек бўларкан? Олим акам-а?.. — Ҳа-да, кимдир қип-яланғоч ечинтириб, балчиқ суркаб, толга боғлаб кетган экан. Устига булар келиб, чечиб олишди. — Астағфируллоҳ! Ўша ҳолида бошқаларга қўшиб олиб кетишдими? — Ҳа-да. Уларга одам сиёҳи бўлса баскан, одамми, алвастими, суриштириб ўтиришмаскан! — Ҳе-ҳей, боплашибди-боплашибди! Ёмон туширишибди! — дея мен янги эсар бўлган жиннидек ўтирган еримдан сакраб туриб кетдим. «Ажаб бўпти! Ўзидан кўрсин! Ўзидан кўрсин!»лаб югуриб боряпман-у, ичим тўлиб, аллақайдан йиғи босиб келяпти: кўзларимдан тирқираб оққудек ёш... Нима қилганда ҳам, холаваччам эди, акам эди, Султонмурод акамнинг ёлғиз жигаргўшасийди. Ёмон бўпти, ёмон... Ҳуш Қол Энди, Пакана Пари Кечаги қирғин-қиёматнинг хабари бир кечада одамларнинг тилига тушиб, бу ёғи Чўлпонотаю Новза, бу ёғи Қатортолу Хирмонтепа, у ёғи Яккабоғу Қанғли бўйлаб учиб, Чалаю Қонқусгача етиб борибди. Учраган одам: «Ҳа-а, ёмон бўпти-ю! Каттабоғлилар облочининг ғазабига учрабди-ю! Худонинг ўзи асрасин», дермиш ва секин атрофга аланглаб, шивирлаб сўрармиш. «Ўзи нимадан чиқибдийкин, кўрган борми?» «Хайриплондан тўп ташлашганмиш! Кулини кўкка совуришди, десангиз-чи Каттабоғни?!» «Осмондан саллот тушганмишми-я?» «Ҳа-да». «Бўзсувга ўт қўйиб, кўринганни тутиб кетишганмиш?» «Каттабоғда биттаям эркак зоти қолмаганмиш». «Анув Султонмурод қароқчини тутиб, устидан қорамой қуйворганмиш-да...» «...ёқиб юборганмиш...» Ҳаммаёкда ана шунақа гаплар. Қўйиб берсангиз, «Уйма-уй юриб отибди!» дебам юбораверишади. Эрталабдан йўл тўхтатиб, икки-учтаси ойимдан кўнгил ҳам сўрабди: — Саломкеннойи, сизга қийин бўпти-ку, энди ўзизга маҳкам бўлавуринг. Ҳали текшир-текширлари бор, сўраб-суриштиришлари бор. Шўтта турганакан, асраб олганакансиз, деб. Билиб бўладими буларни. Сир берманг. Анча бўлган чиқиб кетганига, деб тураверинг. Нима қилган бўлса, ўзи жавоб берсин. Қариндошим деб жадига қолиб ўтирманг тағин... Худди ойим гап билмайдигандек. Сўнг ҳарсиллаб-лорсиллаб Нусрат почча етиб келдилар. Кетларидан сал оқсоқланиб, Усмон тоғам кирдилар. Маъюс тортиб Ойпошша холам, «Ҳу, худо олсин, ўша саллотларини!» деб қарғаниб Ҳабира холам, фариштадеккина бўлиб Ҳидой холам, мўмингина бўлиб, оқ тушган кўзлари ёшланиб Мубор холам, дарозгина Жўра холамлар кириб келишди. Ҳаммаларига гиргиттон бўлиб, айланиб-ўргилиб Қумри кеннойим кутиб оляптилар. Анвар кеннойим жағлари тинмаса ҳам, пилдираб хизмат қилиб юрибдилар. Сипогина Сапура кеннойим чой узатиб турибдилар. Дакана рўмолни тан-ғиб, сочларини чамбарак қилиб олган Пошша опам қозон тепасида меҳмонларга ярим чўмич-ярим чўмичдан ширчой сузяптилар. Мен косаларни патнисга қўйиб, ташиб турибман. Ахийри, мени кўрса ҳазил қоплари очилиб кетадиган Норхўжа почча билан бошлашиб, мулойимгина Ориф почча кириб келишиб, катта уй қариндошлар билан тўлди-қўйди. Нусрат почча келганларидаёқ ойим қўлимга битта пешонабоғ тутқазиб, нонга югуртирмоқчи бўлиб турган эдилар, холаларим — ким қўлтиғида иккита зоғора, ким тўртта кулча, ким дока рўмолга ўраб уч бўлак чурак кўтариб келиб, гирдобга қўйдилару дастурхон тўлди-қўйди. Почча мени бир қадам ҳам жилдирмадилар. — Ўтир-ўтир, ҳаммасиям бир нон, биз Саломхоннинг чойини ичганимас, кўнгил сўрагани келганмиз, мана — насиба, ширчой боракан, икки тўғрамдан тўғ-расак; кечга қадар тўқ тутади бу ширчой деганлари. Ўтир. Қолаверса, дийдор ғанимат, гаплашадиган гаплар бор, — дедилар. Ширчойдан кейин самовар чойнинг пиёласи икки айланмай Анвар кеннойим бир нима деган эдилар, Ҳабира холамдан эшитадиганларини эшитиб олдилар: — Важилламай ўтиринг сиз, Анвархон. Бетта сиздан ўнта кўйлакни кўпроқ йиртганлар ўтирибди. Сиз келинсиз. Келинлик иззатизда туринг. — Хўп, кичикойи, хўп, — деб зўрға қутулдилар. — Ўзи шуни айтганига юриб бўлсаям бошини иккита, оёғини тўртта қилиб қўйиш керагийди. Санғи-масдиям, атрофига йигит йиғиб, ҳали ўтта-ҳали бўтта қўр тўкиб юрмасдиям ҳукуматти ғашига тегиб. Энди нима бўлди? Отаси тушган «Тоштурма»ни буларам кў-радими? Шунгача қўйиб бердинглар-а, Нусратхўжа? — дедилар Ҳидой холам ҳам ачиниб, ҳам гина билан. Шунақа. Холаларим опа-сингил бўлсалар-да, феъл-ҳўйлари ҳар хил. Бирлари тез-шартаки, бошқалари вазмин-мулойим. Аммо ичларини кемириб ётган нарсани ҳеч бирлари дарров айта қолмайдилар. Айниқса, ойим бировнинг олдида ўлақолса сир бермайдилар. Ҳозир ҳам нуқул гапни бошқа ёққа буриб ётибдилар: — Ҳой, опа, олишиб-олишиб ўтиринглар, нонга қаранглар. Энди бизники бўлди-ку, олмайсизларми? — Олавуз-олавуз, олмай нима қилавуз, — дедилар Ҳидой холам, ойимнинг кўнгиллари учун дастурхонга қўл чўзиб. — Лекин сен ҳам, Саломхон, орқага ташлайвермай, бор гапни айтақол; бола бояқишдан дарак борми? — Чиқибам қолар, — дедилар ойим дастурхон попугини ўйнаб, ўзларига таскин беряптиларми, холаларимгами эканини билиб бўлмас, аллақандай тўлиқиб ўтирар эдилар. Кейин бирдан ёрилиб: — Ҳаммаси Қўлдошхўжанинг йўқлиги, опа! У бўлса, шу кунларга қолармидик, қолдирармиди бизни?! — дедилар овозлари ўзгариб. Ҳаммалари жимиб қолишди. Айниқса, поччалар ўнғайсизланиб, ким ерга қаради, ким қизаринди. Ойим буни сезиб сипоришладилар: — Майли, ёмон бўлсаям, ўзимизнинг томир, биздан бўлак ёнига ким кирарди, деб жонларингиз ачиб кепсизлар, шунгаям раҳмат. Ишқилиб, Худойимнинг ўзи ўнглаган бўлсин ишини. Дуодан бўлак нима келарди қўлимиздан... — Тўғри-ку-я, аммо қўл қовуштириб ўтиришдан фойда йўқ. Бекорга жувонмарг бўлиб кетса, жабри кимгаю маломати кимга? — дедилар Усмон тоғам куйлагандек юмшоқ овозда. Почча ўринларидан қўзғалиб қўйиб: — Султонмуродми? — дедилар. — Тегирмонга тушса, бутун чиқади, Худо хоҳласа. — Шундай-ку, фаромуш қолибам бўлмайди, — дедилар яна Усмон тоғам. — Эртага элак-элак қилгани келмайди, деб ким айта олади. — Ана ўшанда сир бермасак, марра бизники. кейин, Худо хоҳласа, болага жабр қилдириб қўймасмиз,— дедилар почча. Мен ичим қизиб, даҳлиздаги ковшандознинг четида ўтирибман. Гўё мактабга кетадигандек, китоб-дафтаримни жойлаяпман. Акамдан бехавотир бўлаверинглар, деворгим келяпти-ю, яна, бу катталар бир нарсани билса керак-да, деб тилимни тишлаяпман. — Яхшиси, билдим дедим — тутулдим, билмадим дедим — қутулдим. Биз бехабармиз, Нусратхўжадан сўрайверинглар, деб тураверсак-чи? — дедилар Норхўжа почча. Ўзлари дароз, бу ҳам етмагандек, чўккалаб олганлар. Почча ийманибгина кулдилар: — Майли, майли. Бусизам топган-тутганимни шилиб олишади. Кетганнинг кетидан кетибди-да, қизиғар, қўлни киридай нарса... — Дўкондан бўшаб олсангиз-чи?.. — дедилар Усмон тоғам. — Нима бўлса, пешонадан кўрдик. Шу бола учун опчиқиб отмаслар, ахир. Қолаверса, умид Оллоҳдан. Ўзи паноҳига олсин аввало. — Ҳукуматдан олдин пишанг кўтариб чиқадиганлардан асрасин бирламчи. Худойим ўшаларга ўзи инсоф берсин, — дедилар Ҳидой холам. — Ҳа, бу ёқда Султонмуроддан жавр кўрганлар турибди. Парпи дегандай, Акмал ўрис дегандай... — Усмон тоғам оғриқ тиззаларини уқалаб-силаб қўйдилар. — Парпи ўзи ким экан? Ҳукуматти қайси тоғини қайириб берган эканки, энди ўшанинг сўзи сўз бўп қолган бўлса?! — дедилар ойим кутилмаганда ловуллаб. Нусрат почча пишиллаб, тин олдилар: — Уникини тингламагандаям, Акмал ўрисникини инобатга оладилар бир карра. Кўрасиз: у ҳали қайтибам келади, ёниб кетган уйининг даъвосини қилиб, кў-ўп уринтирадиям бизни. — Султонмурод ёқибдими унинг уйини?! Ёқса, ҳайдамай ҳам ёқар эди у, — дедилар ойим. — Қаёқданам шу чулчутга тегина қолди? — дедилар Ойпошша холам эслари кетиб. Холаларим ичида Ҳабира холам хунуккина, паканагина, аммо жаҳллари бурунларининг учида туради, бобиллаб бердилар: — Ҳаммаси анув кашмирини деб бўлди! Шуни қизи бошини айлантирмаса, юрувди ти-инч. Акмал ўрис олса, олиб ўлсин эди! Мана, барибир Ҳайбатилла илиб кетаркан! Мен ич-ичимдан ҳайратланиб ўтирибман. Тавба, шу ўша холамларми, а? Ойимлар билан қачон борсак, устимизда гиргиттон бўлиб қоладиган, куракларимни силаб, кичкина эшондан ўргилай, деб олдимга минг хил нарсаларни — туршагу бодомларни, парвардаю ялпиз қандларни тўкиб ташлайдиган? Ойимлардан бекитиқча чўнтакларимга ҳалим ноклар солиб қўярдилар. Хунуккина, қорагина, муштдеккина холам ойимлардек азиз кўриниб кетар эдилар шунда. Ана шу ҳеч нарсадан хабари йўқ холам ҳозир Марғу кеннойимни кашмиридан олиб, кашмирига солар эдилар. — Худо олсин, ўша Акмал ўрисниям, бошқасиниям, — дедилар ойим қўл сермаб, — Нимадан қўрқдик?! Ҳукуматни ёқламаётган жойимиз бораканми? Бошқалар сичқоннинг инини минг тангага олиб қочганда, бизникилар ўша Олмонни нафасини ўчиргани кетиб бўлди-ку. Исломхўжаям кетди, Кенжахўжаям кетди. Акромхўжа ғинг демай жўнади. Ҳатто Қўлдошхўжани олдилар урушга. Ана, кеннойимни икки бирдай девдай-девдай ўғиллари қаерда юрибди? Ниғматхўжани-ку ўша Масковдаги ўқишидан олиб бориб, урушга солдилар. Шундаям ғинг деган жойимиз борми? Агар шуниям билмаса, ҳукумати кўр бўлади. Сезмай қолибмиз, Мубор холам этакларини кўзларига босиб, бирдан пиқ-пиқ йиғлаб юбордилар. Ҳамма кўзини олиб қочди. Ойим ўша шаҳд, ўша ғазаб билан давом этдилар: — Шу облочисининг дастидан, ана, Исроил бедарак кетди. Баҳриддннгинамиз гўшангаларга куёв бўлолмади. Биров бир нарса даъво қилиб чиққани борми? Энди Султонмурод унинг қотилини топиб, айбини бўйнига қўйиб, жазосини берса, ким ёмон — биз ёмон бўлиб қолдикми? — Шу Султонмуроднинг бориям бир давлатимиз, — дедилар Жўра холам, ойимни қувватлаб, — чулчутдан ошнанг бўлса-бўлсин-у, ёнингда ойболтанг юрсин, дердилар дадам раҳматли. — Ҳа, буям Улуғхўжа бувасига тортди. У кишига ўхшаб юракли. Ишқилиб, умри ўхшамасин, пешонаси ўхшамасин, — деб туриб, ойим Нусрат поччага қарадилар: — Худо хайрингизни берсин, почча, Асадхўжаларнинг роҳатини кўриб юринг, энди ҳамма умид ўзингиздан. Холаларим чор-атрофдан илтимосга тушишди: — Абдураҳим эшон поччанинг руҳи поклари ҳаққи, яна бир гал ҳомийлик қилинг. Йўқ деманг. Почча қаншарларини силадилар: — Ҳай, билмадим-да, билмадим! Бу иш нима билан тугайди? Мен Раҳматилла билан маслаҳатлашиб боқай-чи. Айтинг-айтинг, қўлга тушмаган бўлсин. — Умрингиздан барака топинг. Қанча балоларнинг оғзидан қайтариб олгансиз ўзингиз. — Шундай дерканлар, ойимнинг кўзлари менга тушди. Гап пойлаб ўтирганимни сезибми, ўринларидан тура бошладилар. Мен ҳам обрўйим борида жилдимни олиб, секин сурвордим. Бунақа кайфиятда охирги дарсгача сабр қилиб ўтириб бўлмасди. Соли билан келишдик-да, иккинчи дарсдан чиқибоқ мезананинг таги билан қароргоҳ сари йўл олдик. Китоб-дафтарларни йўлакай Солиларнинг ошхонаси томига итқитиб, ўзимиз ўқариқ билан тўғри Бўзсувга қараб тушиб кетдик. Кеча қандай қиёмат қўпган экан, кўзимиз билан кўрмоқчи эдик. Ана, Парпи бебахтни туяқопга солиб, осиб қўйишган жар, тепасидаги ёлғиз дарахт қуриб устихони қопти, холос. Биз ҳов бирдаги ясси тепада турибмиз. Пастда Бўзсув, қилт этмайди. Мунгга тўлиб қолгандай. Кеча худди шу тепанинг ёнбағрида томоша кўрсатишган. Ёнидаги ертўлаларни қароргоҳ фаҳмлаб, битталаб «элак»дан ўтказишган. Қайбирининг ичига портлатувчи нарсалар ташлаб, қайбирини «тартарак»лардан ўққа тутиб, роса воҳма кўтаришган. — Уни қара, вой-бў-ў, ўқни ҳечам аяшмабди-ку,— дедим ҳамма ёқда ялтираб ётган жезларни кўриб. Чиндан ҳам, тепанинг устларию ёнбағирларини ғалвир қилиб ташлашибди. Ертўлалар босиб, вайрон бўлиб ётибди. Баъзи жойларда бир нималар портлаганми, тупроғи ўйилиб, ҳовузлар ҳосил бўлган. Ичида чақиртиканакнинг илдизи ўлган илондай оқариб кўриниб, этни жунжиктиради. Баъзи ертўлалардан эгалари ҳозиргина чиқиб кетгандай: идиш-товоғу қора чироқлари жой-жойида турибди. Пўстак-кўрпачалар ўртасига ёзилган кирчимол дастурхондаги ҳўқачага қўл тегмай ҳам қолаверибди. Ертўладан ачиган мошхўрда ҳиди гуркираяптики, у ёғи йўқ. — Қорнинг қалай? — деб Соли ишшайганча тугунни еча бошлади. — Анавилар бир нарса ташлаб кетган бўлса, ўлмагин. Эгасига буюрмаган, сену менга овқатлик қилармиди? Соли ҳам қўрқиб, қайта қолди. Лекин чиқа туриб, токчадан бир нарсани қоқмалаб, киши билмас липпасига қистирди. Мен эсам, сўқмоқдан пастга туша туриб, икки қулочча ипак арқон топиб олдим. Чамаси кимнингдир қўлини боғлагани қирқишган-у, ортиғини унутишган. — Жур, нариги бетга ўтамиз, ўша ёқда балиқсаватлари бор, — деди Соли ва пастга зинғиллаб, тол тагига етганда қайридди: — Чопмайсанми? Менинг ҳам қувлигим тутди, липпамни ушлаб, сойликка бурилдим: — Сен боравур, мен ҳозир, — деб Каттабоққа сурвордим. Тополмай, бир ўтакаси ёрилсин деб эмас, йўқ. Биламан, унга жин ҳам урмайди. Ўзимнинг ичим қизиб, ҳақиқий қароргоҳга нима бўлганини билгим келиб турибди. Сойлик билан чопдим ўша ёққа. Чиқиб борсам, ток қирқиб, қўндоқлаётганлар тепа ишкомларни очиб қўйиб, Усмон тоғамнинг боғлари этагида (ерга намат ёйиб) тушлик қилишяпти. Мен боғнинг этагидаги ўрикзордан, таги билан битта бўлиб ётган сап-сариқ баргларни (шунақа янги, шунақа чиройлики, босгани ийманасан) ўйнаб-тўзитиб, шийпонга қараб юрдим. Ариқ ёқалаб, икки боғ ўртасидаги йўлдан боряпман-у, йўл кўтарила бошлаган жойдаги қатор букри тутлардан кўзимни узолмайман. Ҳар кўклам каллаклаб кетиладиган бечора тутлар ҳозир ҳам кавш қайтариб ётган туялардек, қанқайган бошларини ғоз тутиб, мисоли жавдирар эдилар. Унданам ажойиби — ўша тутлар шу йилги сурх навдаларидан тамоми баргларини тўкиб юборганлару бир ғалати тождор туяларга ўхшаб қолганлар. Анув гал кўкиш нурга эргашиб, келганимда худди ўша ерда «Ассаломингни айт»га учраган эдим, шекилли? Кейин қанча пастга тушган эканман? Ўтсам, иккинчи ишкомнинг тагигача ўтгандирман-да? Ўша ерга етганда бурилдим. Аммо... на ёлғизоёқ сўқмоқ ва на ертўлага тушиш жойи бор эди. Гўё ўша кеча жинлар мени айлантириб, бошқа ерга олиб боришгану ақли-ҳушимни олиб, кўзимга акам билан дўстини кўрсатишгандек... Унда анави бедана босма-чи? Гуркираб турган ҳиди-чи? Ассаломимни сўраган шоп-мўйлову остонага танда қўйиб ўтирган хос қоровул-чи? Улар ҳам жинми эди?.. Умуман, ўшанда «Бисмиллоҳ» деганмидим? Эслай олмадим. Қизиқ, шунча айланиб, қароргоҳдан нишон тополмасам! Осмонга учганми, ерга кирганми, билолмасдим. Балки, улар қачондир қайтиб келишларини ўйлаб, изларини йўқотиб, ҳеч ким топа олмайдиган қилиб кетишгандир ?.. Одамлар тушликдан туриб, ким ток қирқишга, ким қўндоқлашга тушдилар. Ўқишни ташлаб, ишга чиқиб кетган ўзим тенги қизлар токрўда боғламларини ший-пон тагига опчиқиб босишаркан, пичир-пичир билан мен томонга қиё-қиё қараб қўйишар, сўнг яна юмушларига тутинишар эди. Шу пайт шийпон томондан ҳов бир галгидек таниш хониш аста тарала бошлади: Малаксан, ё башар, ё хуру ғилмонсан, билиб бўлмас. Бу лутфу назокат бирла сендан айрулиб бўлмас... Танидим. Бу ўша — боғ қоровули Ҳайдар ака эди, унинг овози эди. У ўшандагидан ҳам ўтказиб хониш этар, аммо на ўзи, на тингловчилари кўринар эди. Беихтиёр кўзим ёшланиб келди: айрулиб бўлмас... айрулиб бўлмас. Барчаси бекор! Аллақачон айуриб ташлаб бўлдилар-ку. Унисини у ёққа, бунисини бу ёққа... Улардан нима қолди ўзи? Нима қолмоқда ўзи? Кўз ёшлари, холосми?.. Жондан азиз кеннойим узатилиб кетмасдан, жилла қурса, бир қур кўриб қолсам кошки эди... Ўзим сезмаган ҳолда Боғкўча томон бурилдим ва эсим оғиб ўша томонга кета бошладим. Кўз олдимда кеннойимнинг ўша бизнинг супада қизил паранжисини қучоқлаб, паришон ўтирган ҳолати. Қулоғим остида эса, бир қўл силкишда сачвонини отиб-итқитиб, айтган гаплари янграйди: «Султонмурод ака! Ундай деманг. Мени тириклайин ўлдириб, бу дунёнинг дўзахига ташлаб кетманг...» Аммо акам... ҳамон бедарак! Қаёққа бош олиб кетди экан? AvvalgiII- qism Keyingi |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62429 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57898 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40505 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36644 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23312 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23180 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21834 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19542 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18663 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14485 |