Жудолик диёри (3-китоб 3-қисм) [Murod Mansur] |
Учинчи Бўлим - Жудолик Зори (Ёхуд Дийдор Қиёматга Қолгайми?) Таваккалчини Xудо асрар Мен ҳеч ерга сиғмасдим. Ўтган икки кун икки йилга чўзилдиёв! Учинчи кун шанба эди. Демак, эрта ўтиб, индинга тақдирим ҳал бўлади: ё кетаман, ё бирон паст ишга сурворишади. Ҳарқалай, аяб ўтиришмайди. Қарангки, мен қилмишимдан пушмонга тушиш ўрнига туриб-туриб аллақандай ғурур туйиб кетмоқда эдим: «Заб қилибманми, қайтариб бериб?!» Мен кимга тортдим, ойимларгами ё... Султон акамга— ўзим тушуниб етолмасдим. Ҳарқалай мендан Тўрам тақсир ёки акамга ўхшаган ҳукуматларга ҳам бўй бермайдиган бир одам чиқмаса-да, сўзимда тура олаётганим, Ватанини соғинган бир ватанжудога қайишиб, уни ҳамма қатори сўкиб-нетиб, «ўлгани» устига тепмаётганим ўзимга ёқиб тушмоқда эди. Мана шу ғурур бўлса керак. Демак, ғуруримга қарши бир иш қилгим келмапти. Бундан хурсанд бўлиш керак-ку, ахир! Аммо шу тобнинг ўзида менга алам қилаётган жойи ҳам йўқ эмасди. Мен ўртамиёна бир мирзо бўлсам — бошқа гап эди. Бошқа соҳадан келиб ҳам, топшириқларни ўринлатиб адо этиб юрибман-ку. Бировдан тилим қисиқ жойи йўқ. Шундаки биз мирзоларнинг қадри шу бўлса, ким эканмиз биз? Бузоқнинг югургани сомонхонагача деганларидек ниҳояти югурдак мирзо эканмизми биз?.. Туриб-туриб энди менга наша қилмоқда эди! Нега ўша гап чиққан куниёқ ариза ёзиб, киритиб юбора қолмадим? Нимага умид тутдим? Бирон инсофли одам чиқиб, ёнимга тушишигами? Ҳимоя этишигами? Қачон Xудога таваккал қилишни ўрганамиз?! Пешонамдан кўрдим, тақдирнинг ёзмишидан ортиқ нима бўларди, дея олсам-ку — олам гулистон эди! Қутулардим шу машмашалардан! Ўша куни бош муҳаррир олдида андеша сақлаб жим тураверганим келиб-келиб энди ўзимга таъсир қилмоқда эди. Нега бундай қилдим? Ростини айтиб, қаҳрига йўлиққим келмадими ё? Ишқилиб хокисор бир қиёфада жим ер чизиб турганим ёдимга тушиб, ўз-ўзимдан ғижиниб бормоқда эдим. Менинг ўрнимда акам нима қиларди?! Узр сўраб ё ялиниб ўтирармиди? Ҳеч қачон! Мен эсам, имилладим. Шарт кесолмадим! Менга мана шу мезон, акамни ўз ўрнимга қўйиб кўришим — қарангки, ёқиб тушмоқда, бундан ўзгача бир ғурур туйиб кетмоқда эдим. Уйга сиғмай дўконнинг қоровулхонасига чиқиб борсам, шахматчиларнинг зўрлари Расулбек аканикига тўй келиши муносабати билан йиғилишиб қолишган экан. Бирин-сирин «Ассалому алайкум»лаб чиқиб кела бошлашди. Жанг тоза қизиди, лекин ҳеч ким мени ўтирган жойимдан силжита олмасди. — Бу кимнинг аламини биздан оляпти? Ҳаммани писта пўчоқдек чақиб ташлади-ку, а? Бирортанг Шукруллони чақириб чиқсаларинг-чи! — деб қолишди. — Шу туришимда Фишерни опкелсангизам қоқиб ташлайман! Мирзоликни ташлаб, ўзимни шу ўйинга бағишласамми, деб турибман-ку, — дедим ярим ҳазил, ярим чини билан. — Тағин Горкий боғига танда қўйиб юрмагин, бор бисотингни шилиб олишади-я, — деди кимдир. — Қимордан Xудо асрасин, — деб секин тура бошладим. — Иззатим борида ўзим жой бўшата қолай. Қўл бир келиб қолди-да, акалар, — деб сипоришладим. Аслида ишхонадаги анув машмаша яна ёдимга тушиб, кайфиятим бузила бошлаган, ўзим бу ердан ҳам жилишга баҳона излар эдим. Қоровулхона ҳужрасида шунча қолиб кетибман, қайтиб келсам, вақт пешиндан оғиб, ҳовлида кир ювиб ўтирган кеннойимдан бўлак ҳеч ким кўринмас, ҳаммаёқ ер ютгандек жимжит эди. Қорин ҳам пиёзни пўсти бўлиб кетган экан, сич-қонни инида қолган қаттиқ нон ҳам ширин кўриниб, у уйдан бунисига чиқиб юрсам, кеннойим ошхонадан устига талинка ёпиб, сочиққа ўралган коса кўтариб кела бошладилар. — Овқатиз бу ёқда эду, Мақсудхон. Келавурмадиз-келавурмадиз, сочиққа ўраб қўюп эдум, келунг, — дедилар дастурхон ёзиб. — Раҳмат, булар қани? — дедим ичкарига ишора этиб. Кеннойим нимагадир айтишга истиҳола қилиб, ерга қарадилар: — Кутуп-кутуп, кетишду. — Қаёққа кетишади? Ҳеч гап йўқ эди-ку, боя? — дея олдим. — Сизну орқангизданоқ одам келуб эду. — Одам?.. Нега келади? — дедим ҳайрон қолиб. Кеннойим ямландилар: — Ўша ўзиз била ишлайдукан анув кунгу одам, меҳмонларну бошлаб келган-чу... — Дароз бўйлик, шапкалими? Нима дейди? — дедим ичим ғурмишлаб келиб: «Ким юборибди у кишини?» Кеннойим «Ўша-ўша», деб тасдиқладилар-у, у ёғини айтишга тиллари бормай, ошхонага ошиқдилар. Менинг иштаҳам ўлиб бўлган эди, у кишини ярим йўлдан қайтаришга тушдим: — Шошманг, нима дейди? Ахир мен ўлгани кетган эмасман-ку, бирпас кутмайдими? Қолаверса, чақирса овоз етадиган жойда — ҳужрада эдим-ку. — Билмасам, Мақсудхон, гапуни эшитуб, «мену оборчи-обор»лаб қолдулар кичигоюм. — Йўғ-е... — «Худо олсин уларни, Фарғонасига жўнатарда керак бўлувди, энди Тошканга сиғмай қоптими»лаб отланавердилар. «Сен обормасанг, ана, келинум оборади» деб қайтмадулар. — Ўзиям биргалашиб кетдими? — дедим бўшашиб. — Xудону зоруни қилду, «Сиз борманг, ўғлуз хафа бўладу»лаб. Эшитубам қўймадулар. — У қилишибди-бу қилишибди, ишни бузишибди-ку! — дедим энсам қотиб. — Унақа деманг, Мақсудхўжа, қайтуга кичигоюм ишиззу тўрулаб келадула, қараб турасиз, — деб кеннойим ошхона томонга юравердилар. Феълим айниб, кайфиятим бузилиб бўлган эди, ўтираримни ҳам, ойимнинг орқаларидан етиб бораримни ҳам билмасдим: Жўра акамга ҳам Xудо бўй бериб, ақл бермаган экан-ку! Ўша гапни ойимларга достон қилиб кўтариб кептими?! Кошки бошлиқлар ундан кўришса! Ўзи қилғиликни қилиб қўйиб, ойисини жўнатибди, деб бир карра айтишади. Битадиган ишни ҳам битиришмайди. Лекин ойим уларни кўп мулзам қилган бўлсалар керак. Қайси шўри қуриган у кишига рўбарў бўлди экан? Сирасини айтганда, ойимнинг боришлари менинг шаънимга яхши бўлмаган эди. Аввал аяб, ён беришса ҳам, энди аяшмайди! Энди қолиб бўлмайди! «Ойисини юборибди, зўр хотин экан, адвокатлар ҳам ип эшолмайди у кишининг олдида», деган гап менга керак эмасди. Нима бўлса бўлди, Xудонинг хоҳлаши шу экан деб, ўтириб «нон-палов»ни тушира бошладим. У шунақа хушхўр эдики, тавба, бунақаси камдан кам бўларди. Ё косада ўроғлиқ туриб, шунақа иликдек бўлиб кетган, ё ўзим ўлгудек очқагандим. Иккисидан бири. Кеннойим чой кўтариб келиб, уни қайтара бошладилар. Мен боягидан анча тушганимни кўриб, у киши тиззаларини сал ёнга букиб, бир чиройли ҳам омонатгина ўтирдилар. Шошмай чой қуйиб узатиб, мендан ҳол сўрамоқчидек, маврид кутиб қараб қўйдилар. Мен у кишига сир бой бергим йўқ эди, (куймагани битта мен қолиб эдим!) лекин шу маҳал у киши ярим хўрсиниқ ила тин олдилар. Менга ачиниб-куйишларини истамай улардан илгарироқ отни қамчилаб, гапни тамом бошқа ёққа бурдим: — Ёдгор қани, бир ерга ўтиб келардик. — Чиқиб эду, узоқуб кетмагандур, чақирайму? — дедилар у киши тараддудланиб. — Мен ўзим шахматга алаҳсиб кетибман. Олим акамнинг томонларига, балиқ овига ўтмоқчи эдик. Кеннойим шу тобда кўнглимга шунақа нарсалар сиққанига ҳайрон қолдилар. Бундан ўзим ҳам хижолатга тушиб, сипоришладим: — Мен унга ёлғончи бўлиб қолмай, дейман-да... Кеннойим тушуниб, бош силкидилар. У киши Тўрам тақсирникига бориб келганимиздан бери, дам уриб берган замзам сувларини ичибми, чиройлари ҳийла очилиб, камгапликлари қола бошлаган эди. Аммо ҳозир кўзларини ердан узмай, тиззаларини силаб ўтирар, нимадандир истиҳолада эдилар. Ниҳоят: — Тинчликму, Мақсудхўжа, ишингизда бир нима ўтдуму? — деб юзимга термулдилар. У киши ўзларини илгаригидай яқин олиб, кўнгил сўрашларидан бошимга довур бир жимирлов югуриб, ғалати тортиб кетдим. Xўрликми, нимадир босиб кела бошлаб, саросималандим: — Йўқ-йўқ, шунчаки бир арзимас гаплар. Ваҳима қиладиган ери йўқ, — деб ёлғонлашга тушдим-у, ўзимнинг ёлғонимдан ўзим уялиблар кетдим. Энди билдим, ҳаммадан яширсам ҳам, бу кишидан яширолмас эканман. — Ё анув келганлар туфайлу... бир гаплар бўлдиму? — Кеннойим нимадандир хавотирда эдилару очиқ-ёриқ айта олмас эдилар. — Қайси?.. — дея ялт этиб бетларига қарадим. — Анув занжуларну айтаман-да. Осмондан тушгандай келуб кетганлар-чу?.. Мен кўнглим бузилиб кела бошлаб: — Шунга яқинроқ, — дея олдим. — Қанақасига? — у киши ташвишга тушиб қолган, ҳатто бир қадар менга ўгирилиб олган эдилар.— Рухсацуз келишган эканму? — Сизга қандай тушунтирсам?.. — дея чайналдим, — асли гап уларда ҳам эмас. — Бўлмаса, нимудан вағз ахтаришадур? Энди очиқроқ айтавермасам бўлмасди. Мендан бегона эмас, бу гапларни тушунадиган, мусофирлик нималигини билган киши сўрамоқда эди. — Бир ватангадо... шаҳрига яшириқча, сайёҳ қиёфасида келган экан. Орқасидан билиб қолишиб...— дедим. — Вой, ўлмасам, ушлаб олушибдиму? Шуни ёзасиз дейишдиму Сизга? — Кеннойимнинг юзлари оппоқ оқариб кетган эди, кўриб қўрқиб кетдим. — Йўқ-йўқ, аллақачон чегарадан ўтиб кетибди. Кеннойим енгил тин олиб, кўксиларига «туф- туф»лаб қўйдилар: — Ҳайрият, Xудо асрабду. — Асрайман деганни тикан ҳам киргизмай асрайди экан, — дедим. — Илоҳумнинг ўзи ғамхўр,— деб турган кеннойим яна хавотир аралаш қараб қўйдилар. — Анувлар-чу, уларам эсон-омон ўтуб олушибдиму? Мен бу гапдан эсим оғинқираб, у кишининг бетларига термулдим: — Нега ундай деяяпсиз, кеннойи? У киши жавоб ўрнига ҳам кўзларимга тикилиб қолган, сирли бир нарсани сўрамоқчидек ё бўлмаса, мен ҳам ўша сирдан воқифлигимни билмоқчидек кўзларини узмас эдилар. Мен эсам бунга сари ўша ҳақиқатни англаб бораётгандек бошим гир-гир айлана бошлаган, ичимдан бир ҳаприқиш қайнаб чиқмоқда эди. Ахийри у киши аллатовур ёшланиб, киприк қоқсаёқ, дувиллаб тўкилиб беришга тайёр кўзёшларини яширишга уриниб, этакларини силашга андармон бўлдилар. Андармон эканлар, аллақандай тўлиб-тўлиқиб ёрилдилар: — Сизга ёлғон, Xудога чин, Мақсудхўжа, ўша кундан беру мижжа қоқолмайман. Қоқдум дегунча акайиз кўрунаверадулар. Билмасам, нимудан? — Қандай, кеннойижон?.. Бирон нарса сезгандайми эдиз? — Йўқ-йўқ, ўша вақутда ҳеч нарса хаёлумга келгану йўқ, сезганум ҳам йўқ, — деб у киши бош тўлғаб эдилар, қароқларида илиниб турган ёш билаклари аралаш хонтахта устига дув тўкилиб берди-да, қайбирлари оқ дастурхонни, қайбирлари енгини хўл этиб, яна қайбирлари кафти ортини ўпиб қолдилар. Сезмаган бўлсалар, нега йиғлайдилар, кўзёшларини тўхтата олмайдилар? Балки бирон нарсадан?.. — Ё бирон нарсадан шубҳаланган жойиз борми? Шундан бери тинчиз йўқми? — Ундай ҳам... бўлгану йўқ, — деб ерга қарадилару этакларини силаб, кўрпача устидан ушоқларними, бир нарсаларни териндилар. Ишқилиб кўзимга қарай олмас, қарасалароқ ўпкалари тўлиб кетаётгандек эди. Сезиб турибман, ниманидир айтолмаяптилар. Истиҳола қиляптиларми?.. Мендан тортинсалар, кимга айтадилар? — Айтаверсангиз бўларди... — Ниману, Мақсудхўжа? — У киши ялт этиб бетимга қарадилару, гинамни тушуниб, нигоҳларини олиб қочдилар. — Ўшандан беру тинчумну йўқотганумни айтасизму? — Ўзидан ўзи... шундай бўлмас... Кеннойим қайнарбулоқ кўзидек қароқларини кафт¬ларила артиб, ийманибгина қараб қўйдилар. — Биласизму, — дедилар ахийри ўксик бир оҳанг-да, — Ўша куну биров сезуб, биров сезмаган бир синоат ўтганудай бўлиб эду... — Синоат?.. — дея азза-базза ўнгланиб олдим мен. — Шунга яқунроқ, — деб у киши яна қайта хаёлланиб қолдилар. Қисташга тушдим: — Менга айтмасангиз, кимга айтасиз?! Сиз яширманг, кеннойи. Кеннойим норининг қизили юзларига ёйилиб, уялибгина қараб қўйдилар. — Балку мен адашаётгандурман. Менга шундай туюлгандур. Асли ундай ҳам эмасдур... — Ўша Сизга қандай туюлганини айтинг, яширманг, — деб ўтина бошладим. Ёдимдан эса, Жўра акамнинг: «Мақсуд, у хабаш бўлса ҳам биздан тузукроқ экан», деганию Теракли ота олдидан ўтаётиб кишибилмас юзига фотиҳа тортгани кетмаётган эди. Шунга ўхшаш ҳаракатларидан бирон нарса сезиб қолдимиканлар, кеннойим ҳам?.. — Ростуни айцам, Мақсудхўжа, ўшалардан биттасу жуда ғалату эду. Эсласам, ҳалугача юракум титрайдур... — Қайси биттаси? Тушунтириброқ айтаверинг сиз... Кеннойим иккиланибгина юзимга қараб қўйгандилар, мен яна қистадим: — Сиз яширманг-да... Шундагина у киши титраниб тин олдилар: — Ўша бошига туяқуш патудан тожму-ниму тақуб олгану... айланаду келуб бизну сувратга олар, айланаду келуб аппаратунинг кўзидан тикулар эду... — Сизлар ким? Ёдгор билан Сизними? — дедим ютоқиб. — Ҳа-да, ўзи маржон-маржон терга тушуб кетупту. Раҳмум келуб, Ёдгорумдан бир пиёлагина чой беруб юборсам, гунг-соқов одам — қўлуни кўксига қўюп... ғалату қараб турупту... Ўша қараш...дан, Мақсудхўжа, этларум симиллаб кеца денг! Кеюнгиси ундан ўтуб тушган эду. — Ўтиб тушган эди?.. Қандай? — Мен лолу беҳол қолган эдим. — Кеюн шошуб қолуб, кафтуни кафтуга жуфтлаб ҳиндулардек таъзум эца, акангизнинг бир одатлару ёдумга тушуб — эсум оғуб қолаёзду. У киши шундай хайрлашур эдулар... Ана, холос! У қора-қуралар бизни томонларда нима қилиб юрибди — эскию янги ҳовли-жойларимизгача бориб, деб ўтирибман! Папауслар йўлбошчиси қиёфасида келгани — акам бўлса агар — ҳаммани тоза доғда қолдириб кетибди-ку!.. — Кейин-чи, кейин? Кетаётганида-чи?— дедим юракларим ҳаприқишга тушиб. Кеннойим ночор жилмайиб, ер чиздилар: — Шунча кутдум, зора қайтарсалар деб, аммо сир бермадулар. Балки менга шундай туйилгандур. Улар ҳам эмас, чин ҳабашлардур. Яна Аллоҳ биладу. — Албатта, Аллоҳ билади, унга маълумроқ. — дедим туриб-туриб. — Лекин биласизми, мен унинг ўрнида... бошқа иш қилган бўлардим! — Қандай?! — дедилар кеннойим ҳайрон қолиб. Мен у кишини ҳайрон қолдирганимдан ғурурланибми, ўзимда йўқ қувониб, хонтахта устига шаппаладим: — Шундан шу ёққа шунча берк сарҳадлардан ўтиб келибам ўзини танитмаган одам... қўриқчиларнинг кўзини шамғалат қилиб, бир кечага келиб кетолмасдими?! Мен унинг ўрнида таваккали алаллоҳ, келардим! Кеннойим кўзлари чақнаб, бетимга қарадилару шу заҳоти икки юзлари лов ёниб, ер сузиб қолдилар. Лабларининг чети жилмайинқираб қўшдилар: — Сизам, Мақсудхўжа, қараб туруб кимга ўхшаб кетопсиз?! Тупроқлариз бир ерданми, тавба... — Қани эди, у кишининг тирноғига ўхшасак... — дея олдим. — Иншааллоҳ, денг ундан кўра, — дедилар кеннойим. — Айтаман ҳам!.. — дедим. Чиндан ғалати эди! Учқур отлар, Барзан сингари қанотли, довруқли отлар узоқдан — ҳали бир-бирларини кўрмай туриб, ҳид олган заҳотлари сой-қирларни жангиллатиб кишнаб юборганлари сингари эди менинг ҳам бу ҳолатим!.. «Қани эди, қани эди», дердим. Нима бу? Нимадан белги? Ҳид олган бўз отлар каби қайдан ичимга бир турлук ғалаёнлар тушиб, ўзимни таниб қолдим? Кишнаб юбордим?!. Дарвоқе, бўз отлар нега кишнайдилар? Жудо бўлган диёрларними, нимани соғиниб кишнайдилар? Учқур шерикларини қаён чорлайдилар?.. Ўзим тушунолмасдим. Осмон йироқ, ер қаттиқ бир кунда Мен чиндан ҳеч ерга сиғмасдим. Ойим қайтишларини кутиб, кўчага неча бор чиқиб келдим: кун асрга қараб кетяпти, улардан дарак йўқ. Ёдгор ҳам қаёққадир тўпсурарга жўнаб юборипти. Қайцаёқ «полковникларнинг собиқ боғи»га ўтиб келармидик. Шу баҳона Олим акамга кўриниб, ёрилгим бор. Қолаверса, у Тўрамнинг илтимослари билан қаёққадир кетган. Салт-свой одам ўзига ҳар хил юришлар топиб олавераркан-да! Бу ёқда қанча воқеалар ўтиб кетибди, у кишимнинг юришлари бундай. Илгари юрагим бунақа тор эмасди. Орқага ташлай билардим. Энди манави машмашалар туфайлими, на уйга, на кўчага сиғардим. Ниҳоят, кўча эшик олдига машина келиб тўхтаб, улар тушишди. Мен «суюнчи»лаб чопган болакайдек югуриб чиқишни ўзимга эп кўрмай, ҳовлида «куйманиб юрган» эдим, дарвозахонада ойимларни қўлтиқлаган аёлим кўринди. Ойим хориб-чарчаганлари устига жуда ҳам тунд кўринар эдилар. Ана холос, ҳеч иш чиқаролмай қайтишибди-ку!.. Бундан ўз иззатларида туриб, бормаганлари маъқул эмасмиди! Лекин буни шу тобда у кишига қандай айта оласан?! У киши менинг узоқдан берган саломимга алик олиб-олмайин (олсалар ҳам дамлари ичларида) ичкари кириб кетдилару ўлан кўрпачаларига чўзила қолиб: — Вой, мошин бўлмай ордона қолсин, шалдироқ араванинг ўзи экан-ку. Сийлагани шу бўлса... — дедилар. «Сийлайди-я, сийлайди! Қутулиш учун берган! Шуниям тушунмадизми», дегим келдию, қани оғиз оча олсам... Мен ич-ичимдан у кишидан хафа эдим. Бир оғиз сўрасалар-ку, айтаман-а! Иш пишган, ялинишга арзимайди деб! Энди нима бўлди? У кишининг юзидан ўтолмай кичикроқ бир ишда қолдиришганда ҳам минг йилгача кўзимни очиришмайди-ку. «Во-оҳ, бунинг зўр ойиси бор эканми? Адвокатлар ҳам ип эшолмаскан» деган қочириқлари кимга керак?! Бир кун эмас, бир кун бўшаб кетишим тайин. Шу тоб айвон қошида аёлим кўринди: — Адаси, шофер сўравотувди, кўриниб қўясизми? — Бир ками шу қолувди. Мен тўнғиллай-тўнғиллай чиқиб борсам, ўзимизни «жужурка» шоферларидан экан. Яқин олиб, кўнгил сўрай кетди: — Э, сиззи ойизлами? Зўр эканлар!.. Ана, айтмовдимми?!. Ҳалитдан бошланди! Мен уятдан ерга киргудек зўрға минғирладим: — Менга айтмайинам кетворишипти: булар борадиган ишамасди... — Шундай дейсизу... бир ҳисобда яхши бўлди! Бўлмаса, қулоғиззи ушлаб кетувдиз. Мен унинг бетига тик қарадим: — Ўша кетганим яхши эди бундан. Шофер сергак тортди: — Ўх-ў, ғуруринг зўр-ку?! — деди у сенсираб ҳам яқин олиб. — Бировдан қарз оладиган жойим йўқ, — дедим камига. — Нима, оёқларини ўпиб, кечирим сўрайдиган иш қипманми?!. Мен азза-базза қайтиб кириб кетишга ҳозирланган жойимда у орқамдан келиб, елкамдан қучди. Кейин ўзига қаратиб: — Шу ғурурингни маҳкам тут, ҳали яна ўсиб чиқасан, кўп мақолаларингни ўқиймиз, омон бўл, — деди. Ичимда «Бу бошқа гап», дедим-у, аммо ўзим сир бергим келмасди. Кейин у кетди, мен ўз иззатимда қола билганимдан хурсанд эдим. Ҳатто ойим уларни қандай синдириб келганларини... сўраб ўтирмадим. Сўрайдиганим ичкарида эди, ўша ичкарига кириб боравердим. Саида аллақачон кўчалигини уйликка алмаштириб бўлган экан, киришимдан бўйнимга осилиб олиб, йиғини бошлаб берса, довдираб қопман. — Ҳа, нима бўла қолди, ойим осмондалар-ку? — дедим уни бағримдан уза олмай. — У кишини авраб юборишди. Асли зиғирча раҳм қилишгани йўқ, адаси, — деб у хўрлигини ютолмай баттарроқ бағримга ёпишди. — Энди нима қиласиз, жўжавирдай жон билан кўчада қолавурасизми? Ёрилолмай турган эдим, шу бир оғиз сўз кифоя бўлиб, уни деворга суяб қўя қолдим: — Ҳов, кўчада қолишимни билган! — дердим икки елкасидан силкилаб, — сенга ким айтди ўшаларга ялиниб борсин деб?! Ким айтди, ойимларни бошлаб борсин деб?! Улар ҳамиятни биладими! Аёлим айбини сезиб, бўшашиб тушди: — Ойим... қўйдиларми, адаси. — Сен кимга теккансан? Менгами, у кишига? Мендан берухсат шу уйдан бир қадам жилишга нима ҳаққинг бор?.. Нариги уйдан ойимнинг зардали овозлари келди: — Ҳой, Мақсудхўжа?! Ноилож паст тушиб, чиқиб бордим: — Нима эди, ойи? У киши жаҳлдан тушмаган эканлар, бирваракайига эшитиб олдим: — Дард эди! Исанинг аламини Мусадан олгунча, мана, мендан сўрамайсанми? Қилғилиқни қип қўйиб, кимга заҳарингни сочяпсан! — Нима қилғилиқ, ойи? Мен хоҳламадим, холос. Айбим шуми? — Мошин юбориб, чақиртириб олишар балки?! Шуни кутаётгандирсан? Бу гап суяк-суягимдан ўтиб, тўнғилладим: — Кўчада қолмасман... — Қолиб бўлганакансиз! Тағинам инсоф қилишди. — Инсоф? — Мен ялт этиб юзларига қарадим. Буни қандай тушунишни билмасдим. — Ана, хотинингдан сўра. Аллақайси бир жўрналгами, нимага юборадиган бўлишди, — дедилар ғолиблардек қўл тўлғаб. Ичим шув этди! Назаримда кўксимда бир нарса узилиб тушган эди! «Ана, холос! «ЎзТАГ»1га ҳам арзитмабдилар-ку?!» У ўлса ўлиги ортиқ, ҳамма «урилган зўр»лар, қалами ўткирлар жўнатиладиган жой эди. Унга ҳамма ҳам етишолмасди. Ўшани ҳам раво кўришмаган бўлса, қай гўрга жўнатишмоқчи экан? Мен ялт этиб, айвонда қолган хотинимга қарадим. У ёшли кўзларини четга олиб, ер сузганча титраниб турар эди. — Айтавур, — дедим яниб, ҳам аяма деган каби,— тилга олишга ҳам уятли эмасдир. Унинг бўғзидан бир оғизгина сўз учди: — Кошкийди... Мен шундагина нима гаплигини англагандек бўл-дим. — Шошма-шошма, «Бир сафда»гами? Кўзи ожизлар журналига-я?— деб юбордим ичим сидирила-ёзиб. У ёш тўла кўзларини кўтариб, им қоқиб эди, улар дувиллаб оқа кетдилар! Менинг эса, бошимга довур бир жимирлов югурган эди, сесканиб ўзимга келдиму: — Шуми марҳаматлари, ойи? Бундан кўчада қолганим... афзал-ку, — дея бош эгиб чиқиб бора бошладим. Ойим дафъатан гангиб қолган эдилар: — Вой, нега ундай дейсан, Мақсудхўжа? Xудо қарғаган бир жой эмаскан-ку, — дедилар негадир. — Қаери кам? — дедим мен остонада тўхтаб. — Қўй, унақа дема. Улар ҳам Xудонинг суйган бандаси. Қайтага бу ёқда топмаган савобни ўша ердан топасан, — дедилар ойим ўзларини ўнглаб олиб. — Ҳар сўзинг бир қоронғи кўксга нур бўлиб кирса, ёмонми? Буям Xудонинг марҳамати, болам. «Сув йўғида таяммум! Шундайми?», дегим келдию айтмай чиқиб боравердим. Менга алам қиларди. Ана сенга, «мардуми фарғоналик!» Четдан келмасам, икки дунёда хорлашмасди. Энди-чи? Биринчи қоқилганимдаёқ мункитиб юборишди! Турмайдиган қилиб, тепиб юборишди-я! — Йўқ, бу хўрликка чидаб бўлмайди! Ундан кўра, ўз ишимга кетаман! Лойиҳачилигимни қиламан! — дедим айвонга чиқиб олиб. — Тўғри қиласан, ана, ҳаммаёқ қурилиш бўп кетти. Аллада азиз инженер бўб юрганингга нима ецин! Бо Xудо, очдан ўлмасмиз. Ёзувчи бўлмасанг-бўлмассан. «Воҳ, шу ойимларми?» — Ялт ўгирилиб қарасам, беҳазил айтяптилар. Оғзим очилиб қопти! У киши ҳолимни кўриб, таънали илжайдилар: — Ҳа, кўзинг қиймаяптими? Қиймаса, ҳар сўзни ўйлаб гапириш керак. Яхши гапга ҳам, ёмон гапга ҳам фаришталар омин деб туради. Унутдингми, шуни?.. — Кечирасиз... — Мен бўшашиб тушган эдим. — Аввало, Оллоҳнинг ёзмишидан ортиғи бўлмаган, бўлмайди ҳам, — дедилар ойим камига. — Қолаверса, одам жиндек сабрли, шукрли бўлиши керак. Ундан берига ишинг ўнгланишига ишонма. Шу эсингда бўлсин. Бор, бу ёғини Ўзига ташлаю у ёғидан ҳам бехабар қолма... «Қариси бор уйнинг париси бор», деганлари шу бўлса керак. Мен хотиржам тортиб қолган эдим. Шу пайт кўча эшик олдига пат-патдан ҳароб, «кўксов» бир машина келиб тўхтадию ўша ёққа қараб юрдим. Чиқсам, алмисоқдан қолган машинадан (йўқдан кўра миниб юрибман девди, ҳали ҳам алиштирмабди!) Олим акам тушиб келяпти. Тилла топган одамдек оғзи қулоғида. Камига соқол-мурти юзини қоплаб, ўзи аллақандек қорайиб кетипти. Шаҳар одамидан кўра, қўними йўқ сафар кишисига ўхшайди. — Ассалому алайкум. Жаҳонгашта машинангиз биззи кўчаларни ҳам топиб келаркан-ку! Шу келишизда қаерлардан сўраймиз? — дедим кўргандан баҳри-дилим очила бориб. — Э, нимасини айтасан, ука. Елдим-югурдим, уйқу нима, тиним нима — билмадим: ахийри излаганларимни топиб, ижозатини олиб келяпман, — у қучоқ очиб кўришгани кела туриб, дафъатан аланглаб тўхтади. — Дарвоқе, Ёдгорнинг ўзи қани? Мени жигаргўшам қани? Чақир, самантойнинг ўзини. Ва ниҳоят, ижозат теккани билан қутлаб қўяй уни! — Ижозат? Қанақа ижозат? — дедим мен анг-танг қолиб. Бунгача Олим акам етиб келиб, мени девдек бағрига тортиб улгурди. Ва пишиллаб қучганича куракларимни силар экан: — Қандай ижозат бўларди, ўн саккиз йиллик армонларни ушатиб юборадиган бир ижозат! Адажонисини кўрарга, рухсорига тўярга ижозат! Ва ниҳоят, Олтинхон тўрам фарзандлари билан бирга жўнарга, бу ҳам падарибузрукворини кўриб келарига рухсат! Шундай қоғоз олиб берадиган бўлишди, Мақсуд. Муфтий домлам билан Тўрам аралашмасалар бу сафарни икки дунёда ҳам ихтиёр этиб бўлмасди. Эшитяпсанми, Мақсуд, иқбол юз кўрсатиб, рўшнолик эшиклари очилмоқда. Суюнчилик муборак бўлсин! Мен ҳам унга маҳкамроқ ёпишдим: — Ўзларига ҳам муборак бўлсин яхши хабарлар,— дея юзимни юзларига ишқарканман, қулоқ юмшоғидан ўпгудек бўлиб, шивирламоққа тушдим. — Дарвоқе, сиз ҳали ҳеч нарсадан хабарингиз йўқ; акам кеб кетиптимиш... — Ким, Султон акам-а? — деди у бирдан мени мушук боласидек ғижимлаб ва ўзидан нари итариб. Аммо қўйиб юбора қолмасди. — Бу ҳали сир, — дедим шивирлаб, — Ҳукумат билмайди. Олим акам бўшашди. Мени чангалидан қўйиб, кўзларини чирт юмганча, бир муддат туриб қолди. У афтидан бу хабарни кутмаган, ҳозир эса, тасаввур эта олмай турар эди. Мен уни хушига келтирмоққа уриниб, баттар қовун туширдим: — Сиз буларга гапириб юрманг, тагига етолмай ўтиришибди ўзлари... Олим акам «шунақами ҳали» дея рапидадек кафтини елкамга ташлаб эди, оғиб кетаримга бир баҳя қолди. Камига: — Мен кимнинг ғамида чопиб юрибман, у келиб кетибдими-а? — деди. — Биласиз-ку уни. Кишибилмас шунақа одатлари бор... — дедим. У ҳорғин бош тўлғади: — Шуниси чакки бўпти. Ўзининг йўлига ўзи... ғов ташлаб кетипти. Мен шошиб қолдим: — Нега энди? — дедим шипшиганча, — бу ахир, сир-ку. Биров билиб, биров билмаган. Ҳукумат қаёқдан ис олади? У қўл силтади: — Сен билганни улар билмасканми? Ерни тагида илон қимирласа билар. Ўзига ўзи қипти. Энди ижозат бериб бўптилар. Юрагим хунук тортиб, шиғ-ғ этди: — Ҳали текшириб келиб... элак-елак қилишади денг? У бош тўлғади: — Унгача боришмаса ҳам... барча ҳаракатларим зое кетипти. — Ижозат тегди, деяётгандек эдингиз-ку? — дедим ичим тушиб. Олим акам энди эшик тагида туришни ўзига эп кўрмай, йўл бошлайверди: — Ижозат Олтинхон тўрамнинг томирларига теккан. Буни унга ҳамсоя этиб қўшмоқчи эдилар. Энди ўйлашиб рухсат берадилар... Бу қизил қор ёғиб, туянинг думи ерга тегса агар, дегани билан баробар эди. Садағанг кетай қариялар (Бир учи ёлғиз муаллифга аён тарихлардан) Эрталабдан уларнинг бошида шу ният айлангандан айланар эди: «Жавр-жавр — қалами ўткиргина ўша болага бўпти. Файзуллахонни инсофга чақириб, Xолбекка учраш керакмиди? Савоб ҳам керак-ку одамга! Бундай тили ширин мирзони қайтиб қачон онаси туғадию, қачон бизга ишга келади?! Инсоф ҳам керак одамга». Қаердан шу фикр-шу ният уч қариянинг кўнглига тушди, ҳамма уйига сиғганда улар сиғмай қолган, элдан бурун ишга отланган эдилар. Жамалаксоч қизалоқлигида шу даргоҳга келганича нечта машинкани «сайратиб-қаритган» Гулсум опой шу ният-ла саркотибгами, кимга учрарини мўл келар эди. Ҳаммадан бурун келиб олган ишхонанинг «минг йиллик кутубхоначи»си (қариб, пакана тортиб — митти кампирга айланаёзган) Осиё хола эса, эшик-деразаларни очиб, кутубхонани шамоллатиб ўтирар, йўлакда тиқ этган товушга бир мўралаб, кимнидир йўлини пойлар эди. Гулсум опой ёғ томса ялагудек ярқираган йўлакка кириб келганида котибнинг эшиги ҳар қачонгидек очиқ турар, опой ниятига етгандек эди. Сумкачасини иш жойига ташлаб чиқсаёқ, бас. «Опой-опой»лаб бир ерга етадиган котиб илтимосига йўқ демас. Жиндек инсоф қилса — қилибди болага. Аммо опой эшик рўпарасидан шипиллаб ўта туриб қабулга кечикканини кўрди. Ҳамиша хушчақчақ котибнинг рўпарасида баланд бўйли, салобатдан Xудо қисмаган адиб Ҳабиб Нўъмон (ўша «Ёшликда берган кўнгил»ни ёзган киши) юзидан нур ёғилиб ўтирар эди. Бу нур бежизмас, Ҳабиб ака ўн ёшида Қуръон кўтарган — «булбул қори» номини олган экан. Буни ҳозир биров билиб, биров билмайди. Шу одам бугун эрталабдан бу хонага қўр тўкиб, котибни қадим бир ривоят билан сийлар, у ҳам жон қулоғини бериб тинглар эди. — Шунақа, Файзуллахон. У туякаш йигитнинг ҳеч бир туясидан нолийдиган жойи йўқ экан. Ҳаммаси чўк деса, чўкар, тур деса, тураркан. Бурундуғидан ип ўтказиб, Шомга қадар бориб келади экан. Кунларнинг бирида ўша туяларидан биттасига жин тегиб, бировнинг боғига суриб кетибди. Суриб кетгани майли, йигитга бўй бермай бутун боғни пайҳон этиб ташлабди. — Ҳабиб ака сўзни бировдан қарзга оладиган одам эмасди. Шу боис котиб эшикни беркитишни ҳам унутиб уни тинглар, иккиси ҳам ривоятга берилиб кетган эдилар. Ҳабиб ака эса, ҳатто ўрнидан туриб олиб, папиросни улаб чекканича ҳикояни давом эттирар эди. — Шунаққиб, Файзуллахон, қутурган туя арзимаган вақт ичида бировнинг гулдек боғини ер билан битта қилибди. Эгаси чиқса, ҳалиги аҳвол. Йигит туясини қувиб юрганмиш, туя эса, у томондан бу томонга ҳалоплаб чопармиш. Боғбоннинг фиғони чиқиб, туякашни бўралаб сўка кетибди: — Ҳе, эпласанг етакла-да туянгни! Ўргилдим сендек туякашдан! Ол, қутурган туянгни, Xудо безори,— деб камига орқасидан тош отган экан, йигитнинг тўпиғига бориб тегибди. Йигит ҳам жон аччиғида ўша тошни ола боғбоннинг ўзига итқица — Xудонинг ёзмишини кў¬ринг— тош қариянинг бошига тегиб, у шилқ этиб қулабдию омонатини топшириб қўя қолибди. Шовқин-суронга қўрғондан югуриб чиққан ўғиллар кўришсаки, ҳалиги аҳвол: боғ пайҳон қилиб ташланган, камига оталари ерда жон таслим қилиб ётибди. Ўғиллар, албатта, буни туякашдан кўриб, аввал уни тутиб, тоза дўппослашибди. Ахийри эса, қонга қон даъво қилиб, қозига бошлаб кептилар. Қози нима қилсин, туяни жазога тортолмайди, туякашни ўлимга ҳукм қипти. Шунда Файзуллахон, ҳалиги мусофир сўз сўраб, қозига мурожаат этибди: — Қози жаноблари, на илож, осмон йироқ, ер қаттиқ, мен ҳукмизга розиман. Фақат менга уч кунгина муҳлат берсангиз. Фалон шаҳарда ёлғиз онаму аҳли аёлим қолган. Қолаверса, одамлардан олган омонатим бор. Рухсат этинг, уни қайтаришга, токим ор¬қамда қарзим қолмасин. Бориш-келишга икки кун кетади. Бир кун уларни кўриб, қарзларимни қайтаришга етар, — дебди. — Яхши, ким кафилликка ўтади? — дебди қози. Ҳамма жим эмиш. — Xалойиқ, мен йигитга ижозат беролмайман. Кимдир кафилликка ўтиши керак, — дебди қози. Шунда Файзуллахон, оппоқ кийинган бир қария ўртага чиқиб келибди: — Мана, мен ўтдим, унга жавоб берингиз: бўйнидаги қарзларини узиб кела қолсин, — дебди у. Ҳукм кучга кириб, йигитни озод этиб ўрнига қариянинг билакларига кишан урибдилар... — Ажабо, қария нимага ишониб кафилликка ўтибди? Йигитни қаердан танийди экан? — деди котиб. — Сиз охирини эшитинг, Файзуллахон,— деди адиб. — Ҳали охири ҳам борми? — Бўлганда-чи! — деди Ҳабиб ака папиросни бош бармоғи бирла ўрта бармоғининг орасига олиб, учини кулдонга эзғиларкан. — Айтилган муддат ўтиб, кафил дор тагига опчиқиб қўйилганмиш-у, йигитдан дарак йўқмиш. Қози ҳайрон: остириб юборай деса, қария увол. Тангрининг олдига борганда нима деб жавоб беради? Даъвогарлар ҳайрон: қотил кетиб, бир оппоқ — тақводор қария дор тагида икки ракат намозини ўқиб ўтирганмиш. Халойиқ ҳайрон: ёш кетиб, дор тагида қария қолганига. Бунинг ҳикмати не — ҳеч ким тагига етолмасмиш. Кафил турма, кафансиз кетасан деганлари балки шудир? Шунда узоқдан бир қора кўринибди. Тикилиб, интиқиб қарашса, жавоб сўраб кетган мусофир ҳаллослаб чопиб келаётибдимиш. Яна ҳамма ҳайрону ҳайратда қопти: недурки ўлимдан қутулиб кетган туякаш дор тагига қайтиб келяптимиш. Келганда ҳам кеч қолмадимми деб, ҳаллослаб чопиб келяптимиш. У етиб кепти ҳам: — Воҳ, Xудойимга шукр, улгуриб келдим-а, жилла қурса, сизнинг ҳам хунингизга қолар эдим, — деб қариянинг оёқлари остига ўзини ташлабди. Шунда қози кафилни озод этишларини буюриб, йигитга савол назари билан қарабди: — Xўш, ўғлим, дордан қутулишга-ку қутулиб кетувдинг. Яна нечун ҳаллослаб югуриб келдинг, ўлимга шунчалар ташнамисан? — дебди. Йигит ўрнидан туриб, жавоб қилибди: — Ўлимга ташна эмасман, лекин бу кишига сўз қилиб кетган эдим, мусулмонлар лафзида тура билмасакан демасинлар деб, қайтиб келдим, — дебди у. Қози кафил турган қарияга ўгирилибди: — Сиз-чи, қария? Бу йигитни танирмидингиз? — Йўқ, танимасдим, — дебди у. — Унда нимага ишониб кафилликка ўтдингиз? — дебди қози. — Лафзига ишониб. Қолаверса, бу шаҳарда бир мусофирни кафилликка оладиган мусулмон қолмабди, демасинлар деб ўтдим, — дебди қария. Шунда боғбоннинг даъвогар ўғиллари ўртага югуриб чиқиб, туякаш йигитни қучоқлаб олибдилар: — Шошманг, қози жаноблари. Бу йигитни биз гуноҳидан ўтдик, Аллоҳ рози бўлсин сизлардан, — деб туриб олишибди. Тақдир шундай нарса, Файзуллахон. Мен ҳам олдингизга шу оқ бошим билан бир иш юзасидан кириб ўтирибман, нимагалигини тушунгандирсиз? Келинг, Сиз ҳам ўша мирзо боланинг гуноҳидан ўтинг. Ҳамият қиладиган одам қолмабди, демасинлар бу ишхонада. Ўзи узоққа борадиган бола, абгор қилмайлик уни... Гап айланиб нимага тақалганини англаб етган котиб, ўрнидан турдию бош эгди: — Мен рози, қори ака, — деди у ўзи ҳам аллақандай енгил тортиб. — Фақат Xолбек аканинг олдиларидан бир оғиз ўцангиз бўлармиди... — Ўтаман-ўтаман, — деди қария ҳам тура бошлаб, — Сизга раҳмат, Файзуллахон, мен қариянинг сўзини икки қилмаганингиз учун. Xудо хоҳласа, бунинг ажрини ҳам кўргайсиз, — дедию чиқди. Ҳафтанинг боши ҳеч ким кутмаганда ана шундай хайрли бошланган эди. Дарвоқе, садағанг кетай қария-лардан бундай гўзал валломатликни кутиш кимнинг хаёлига келибди?! Юсуфбекхожининг чеварасидан кўрилган мурувват Мен «ишдан ҳайдалиб бўлган одам»... ҳафтанинг бошида элдан бурун ишхонага етиб келганимга ўзим ҳайрон эдим. Қўлтиғимда бир даста топшириладиган китоблар, қаватимизга кўтарилолмай (худди кўрган одам: ўл кепсан-ку, дейдигандек!) зина тагида қисиниб турарканман, элбурутдан келиб олганимга ўзим пушмон эдим. «Камчатка»даги кутубхонага ўтиб олсам бас эди-ку, лекин қаватимизга чиқиб, йўлакдан ўтишга юрагим безиллаб турар, бирон киши билан кўришиб қолишдан қочиб, зина тагидан чиқолмас эдим. Бирдан каллам ишлаб қолди: ахир, паст қаватдан борсам, охирида зина бор-ку. Ундан чиқиб, кутубхонага кириб олиш мумкин-ку. Қолаверса, ўша ерда жон сақлаб, бирон соат ўтиргач, кутубхоначи Осиё опадан азмойиш олиб, буйруқ чиққан-чиқмаганини билмоқчи эдим. Бу ният ўзимга ҳам маъқул тушиб, пастки қават билан шипиллаб бориб, йўлак охиридаги зинадан шундай кўтарилсам, бахтимни қарангки, кутубхона эшиклари ланг очиғ-у, тиқ этган жон кўринмайди. Осиё опа хонани шамоллатай деб, эшик-деразаларни очгану ўзи пўчта олганими, нимага кетиб, қайтмаган эди. Жоним кириб, кутубхонага ўзимни урдиму китоб жавонлари ортидаги қай бир деразанинг раҳига ўтириб олиб, кўриб улгурилмаган китобни варақлашга тушиб кетдим. Ҳали топшириб юборадиган бўлиб қолсам, қайтиб кўра оламанми-йўқми, деб ўқишга берилдим. Қолаверса, бирон ерда вақт ўтказмоқ ҳам керак-ку. Бир маҳал Осиё опа билан бошлашиб, кутубхонага кимдир кела бошлади. Улар йўлакай ҳол-аҳвол сўрашиб келардилар: — Шунақа денг-а, Осиёхон, қараб туриб момо бўпқопсиз-да, муборак бўлсин, муборак бўлсин. Xудо умри билан берган бўлсин. — Овоз жуда таниш эди, мен уларни кўрмасам-да, бошлашиб келаётган одамни таниб бўлган эдим: у муҳаррир муовини Xолбек ака эди. — Бир эрийдиган бўпсиз-да, Осиёхон. Қачон энди чақирмоқчисиз? — Xолбек ака ичкари кира оромкурсилардан бирига ястаниб ола қолди. Менга жуда ноқулай туйилиб кетди: чиқай десам, чиқиб кетолмайман, қолай десам, қололмайман. Деразадан тушиб гум бўлиш ҳам маҳол. Қамалиб қолган ўғридек қисиниб олдим. — Кейинги ҳафталарга, — деди Осиё опа унинг қаршисига чўкиб, — яна ўзиз билан маслаҳатлашиб кунини аниқ қиларбиз. — Бу бошқа гап. Сизникидан ҳам ва ниҳоят ис чиқадиган бўпти, Осиёхон. Табриклаймиз-табриклаймиз, тортинмай айтаверинг, нима ёрдам керак, — деди Xолбек ака эшилиб. — Борсангизлар бўлди, — деди Осиё опа, — бошим кўкка етади. — Йўқ, ундаймас. Қутлуғ даргоҳ деган номимиз бор. Тортинмай айтаверинг, нима камчилигиз бор: гиламми, телевизорми? Бизданам бирон эсдалик кирсин ўша кулбага. — Эй Xолбек ака, қўйинг ундай нарсаларни, — деди кутилмаганда қўл силкиб Осиё опа. — Сиздан кўп яхшиликлар кўрганмиз. Ортиғи ортиқ. Фақат... — Нима фақат? — деди Xолбек ака қаддини сал кўтариб. У мен томонга қарасаёқ бу ерда ким ўтирганини кўрар-у, лекин қарамас, бутун фикри-зикри кутубхоначида эди. — Бизга қиладиган яхшилигизни бир одамга қилсангиз хўб савобга қолар эдингиз, — деди Осиё опа ўтининқираб. — Кимга экан, мен танийманми, ўзи? — деди Xолбек ака бу дабдуруст гапдан ҳайрон қолиб. — Танийсиз, — деди Осиё опа. — Ўзи-чи, тил-забони йўқми ўзининг? Сизни ўртага қўймаса? — деди Xолбек ака негадир қиқирлаб кулиб. (Биров ёрдам сўраб кирса, у кишининг шунақа эшилиб кетадиган одати бор эди.) Ҳозир ҳам оромкурсида талтайинқираб ўтирганича оёқларини чўзиб, икки қўлини икки ёнга ташлаб юборган эди. — Биров ўртага туш деган жойи йўқ, Xолбек ака. Ўзимча сўраяпман, — деди Осиё опа стол устини кафти ила сидирибми, артибми. — Ўзимча? Ий, ғалати-ку, ўзиз қолиб, бировга сўраб юрсангиз, — Xолбек ака кўзларини юмиб, бошларини сарак-сарак қилганча таъсирланиб-таъсирланиб кула бошлади. — Анойимисиз, нима бало?! — Эшитинг-да, Xолбек ака, — деди кутилмаганда опа зардалироқ қилиб. — Сиздай одам бор жойда ноҳақлик бўлса, яхшимас-да. Тўғрими? — Ий, қизиқ-ку. Қанақа ноҳақлик? Қолаверса, мен ким бўпман? — деди Xолбек ака қизишиброқ. У гап ўзани бу ёққа бурилишини кутмаган шекилли «Вой, Осиё хоним-ей. Шунақа денг-а? Мен ким бўпман?» деб қўяр эди. — Сизми, Юсуфбекхожининг чеварасисиз. Xожининг эса кимлигини яхши биласиз, — деди кутилмаганда опа. Бирдан Xолбек ака анг-танг қолганча, қотиб қолди. Кўриб турибман, унинг юзи қорайиб, қўнғиртоб тусга кирганча қолган, ўзи Осиё опани энди кўраётгандек тикилганча тош қотган эди. Бу тарихни эшитаётган ўзим-чи, ундан кам лол эмасдим: Қаранг-а, кимларнинг зурриётию авлоди билан ишлаётган эканмиз, дердим.1 Аммо у: — Сиз нима деяётганингизни биласизми ўзи? — деди анчадан кейин овоз битиб. Ўзи эса туриб кетарини ҳам, қоларини ҳам билиб бўлмасди. Мен Xолбек акани бу ҳолатда биринчи марта кўриб туришим эди, қаршисида Осиё опадан бўлак одам бўлса, нима деярини ўзи биладигандек эди. — Нега билмайин, Xолбек ака. Сиз ўшаларга тортиб бораётганингиз билан биз фахрланиб юрамиз-ку,— деди у. — Шундан ҳаддим сиғиб, шу гапни сизга айтаяпман-да. Етимларга сиз мурувват қилмасангиз, ким қилади, Xолбек ака? — Xў-ўв, Осиёхон-Осиёхон. Сен мени жон-жойимдан олдинг-ку, жон-жойимдан, — деди Xолбек ака кутилмаганда уни сенсираб ва бош чайқаб-чайқаб. — Ҳамма менга осон туцаям, сен тутма, Осиё. Менга қолса, биласанми, Осиё, нима қилардим: ҳеч кимнинг кўзёшини оқизишга қўймасдим. Қўйдирмасдим! На иложки, ихтиёр мендамас. Қолаверса, биз сен айтган, номларини тилга олган буваларимизнинг тирноғига арзимаймиз! Нима қилибмизки, Xолбек номини кўтариб юрибмиз?! Ёдгор ўғли номида юрибмиз?! Сен менинг хасрат қутимни, шон қутимни, ҳаммадан сир тутган асрор қутимни эрталабдан очиб юбординг, Осиё. Мен истамайманми, қутидору Юсуфбекхожидек бува-калоналаримизга ўхшаб мурувватпеша бўлиб яшашни? Аммо унга қани имкон, қани шароит? На қилайликки, Осиё, толеимиз шундай паст яралмиш?! Балки мен адашаётгандирман, издан чиқиб кетгандирман. Лекин иложим қанча, қаҳри қаттиқ, хўмрайган бир зот, ўзини кулиб енгган, нафс бандаси қилиб кўрсатган қиёфада яшашга мажбурман, Осиё. Ҳамма тушунмаса ҳам сен тушунарсан, деб ўйлайман... Ҳа, дарвоқе, кимга мурувват қилмоқ кераклигини айтмоқчи эдинг? Кўнглим мумдек эриган чоғда айтиб қол. Кейин кеч бўлмасин. — Ўша қалами ўткур мирзони, сизнинг юртингизга бориб ишлаб келган йигитни айтаман, — деди опа кутилмаганда менинг номимни тилга олиб, ўнғайсизликдан туриб кетаримни ҳам, қаёққа қочаримни ҳам билмасдим мен. — Ҳа, унгами, ичидаги аламини сездириб қўйган анув мирзогами? — деди Xолбек ака эслаб. — Унинг айби битта — бизга ўхшамайди, — дедию у тура бошлади. — Нима қилсин, кирсинми? — деди Осиё опа ҳам қўзғолиб. У киши ярим йўлга бориб ўгирилди: — Майли, — деди бўғиқ бир товушда, — аммо айтиб қўй, қадамини билиб боссин. Бунақада қаламини синдириб қўяди. Қалам эса, ҳар кимга ҳам берилвермайди. — Xўп, Xолбек акажон, айтаман, тайинлаб-тайинлаб айтаман. Илоҳим, дунё тургунча туринг, — деб азза-базза ортидан дуо қила бошлади опа. У киши эшикка етганда яна тўхтади: — Шу гап шу ерда қолди. Қолаверса, бояги гапларам 1? — деди ўтингандек. — Бўлмаса-чи, Xолбек ака. Сиз мени энди кўраётганингиз йўқ-ку, — деди опа. — Деворни ҳам қулоғи бор дейман-да, — деб у киши чиқди. Мен — деворнинг қулоғи эса, чиқар тугул, қимирлашга мадорим етмай турганимча турар эдим. Аммо юзларимдан оқиб тушаётган шашқатор ёшларни на тўхтата олардим, на адоғи кўринарди. Аллоҳдан чеварроқ ким бор, қори ака?! «Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Вас солату вассаламу ала расулиллаҳ. Аммо баъд. Хатингизни олдим, қори ака. Диёрга сафарни ҳатто сафардошлардан сир тутмоқ лозим бўлди. Кўз тегмасин, Баҳриддин етилибди. У ҳатто ёллаб жўнатган кишиларига-да менинг кимлигимни айтмабди. Шу гунг қулимизни ола кетинг, биз учун азиз диёрни сувратга тушириб келсин. Мана бу, харита, биз яшаган жой-манзиллар, мумкин бўлса, излаб кўрарсиз, дебди. Шу сабабга кўра, Сизга-да маълум этолмадик. Маъзур тутгайсиз. Диёрга борарингизни билсам, ёлғиз томиримга дуо-лар йўллагай эдим, дебсиз. Ўзимнинг ҳам Андижон томонларга ўтиш ниятим бор эди, афсус, йўл тушмади. Сизнинг ёлғиз Ёдгорингиз бўй-бастини кўрмоқ, сизни хурсанд қиларлик бир хабарлар келтирмоқ иложини топмадим, узр. Қолаверса, мен бировнинг қора қули, Аллоҳнинг бир «гунг-соқов» бандаси қиёфасида эдим. Изн-ихтиёрим ўзимда бўлганида, балки қайтмасми эдим, умрбодга қоларми эдим ватанда! Аммо диёрда қолиб бўлмади! Жондан азиз яқинларимга жабр қилиб қўймоғим мумкин эди. Тақдирнинг турфа ўйинларини кўрингки, қори ака, Ватан жамолига етишдим деганда унга сиғмай турардим, бегонадек ҳис қилардим ўзимни. Қандоқ қурилган экан бу дунё?! Аллоҳнинг кўрсатганига шукр этиб, жим-жим қайтмоқдан ўзга илож йўқ эди. Ҳайратланарли бирон нарса кўрдингму, деб сўрабсиз. Оҳ, қай бирини айтай?! Ватаннинг ҳар қаричи— мисоли бир жаннат эди! Уни бир бора кўрмоқ учун жон нисор эца арзигай эди! Умрбод сарсон-саргардон юрганларинг, бегона юртларда дарбадар кезганларингга рози кетмоқ мумкин эди! Диёрда қори ака, ҳар қадамда жаннат исларини туймоқ мумкин эди. Ҳар сонияда бир йиғлаб, бўшанмоқ мумкин эди. Бу йиғига, у кўзёшларига ҳеч нарсани тенглаштириб бўлмасди. Фақат бир афсус, бир армон юракни ўртайди: фарзанд бўлиб туғилиб, бу диёрга нима қилиб беролдик? Рўшнолик чироғини ёқмоқчи эдик — ёқолдикми, Аллоҳ рози бўладирган бир ишлар қилмоқчи эдик — қилолдикми, мана шулар тинчлик бермасди, ўртаб қўймасди. Яхшиям «гунг-соқов» бўлиб кетганим, дамим ичимда, аламимни кўзёшларимдан олардим, холос. Яна бир гап. Биз ҳам ўзимизни мужоҳид санаб юрибмиз экан, қори ака. Биласизми, борганимдан келгунимча болаликда кўрганим бир воқеа ҳеч кўз ўнгимдан кетма¬-са-я!.. Ўша болалигимизда қишлоқнинг энг чеккасида ёлғиз бир хонадон бўлгучи эди: атрофи уч пахса девор билан ўралгани камдек, ўнгиб кетган дарвозаси ҳамиша берк — қулфлоғлиқ турар эди. Унинг қулфи занг-лаб, қорайиб кетган, қачон очилганини ҳам ҳеч ким эслай олмасди. Калити сойга ташлаб юборилган дейишарди катталар. Нега, биз ҳеч тушуниб етмасдик. Ўша тупроқтомли, пастак уйга одам зоти кириб-чиқмас, бизни ҳам яқин йўлатишмас эди. «Боракўрма, ўласан! У ерда яккамоховлар яшашади! Нима, сенам яккамохов бўлиб қолмоқчимисан?» деб сўкиб ҳайдашгани-ҳайдашган эди. Лекин бизга қизиқ эди. Бу ёқдан ҳайдашса, у ёқдан айланиб бориб, томоша қилардик. Ўша ясси томига орқа томондан чиқиб ётиб олардик-да, яккамохов — эр-хотиннинг уйдан чиқишларини кутардик. Бир маҳал юз-кўзларигача ўраниб олган ажинадек бир аёл чиқардию бизни кўра деразаларига латта-лутта тутиб ташланган уйига уриб кетарди яна! Кейин соч-соқоли ўсиб, патак боғлаб кетган барзанги эри чиқиб, қўлига илинган нарсани томга отганича, бизни бўралаб сўкиб ҳайдашга тушар эди. Қочмай кўр-чи! Биз қай биримиз томдан ташлаб, қай биримиз қоринларимиз тилиниб, бўғотга осилиб қолар эдик. — Йўқолларинг, отиб ташлайман! Жонингда умидинг борми, аҳмоқлар! — деб бақирарди ортимиз-дан у. Қайда, сал нари бориб, биқиниб туриб, уни ўчиши ила яна қайта томга тирмашардик. Қизиқ-да: экмаса, тикмаса, сойга сувга чиқмаса. Бировлар наҳрага қўйиб кетган нонми, сут билан кун кўрса. Яшаб бўлади эканми шундай?! Эри тоғдан тушиб келган, соппа-соғ эди. «Босмачи»лар орасида юриб-юриб келсаки, хотини бундай дардга йўлиқиб, ҳеч кимга аралашолмай қопти. У шу қолганча қолиб кетди, ирганмай ҳам яшаяпти эди. Қаранг-а, мохов билан ҳам яшаш мумкин экан! Қирқма милтиғини елкасига осиб кетворса — тоғдаги шерикларига қўшилиб кеца, ким нима дерди?! Кетмади! Шу кетмагани қизиқ эди бизга! Ясси томга ётволиб, унинг ҳовлида хотинига, ўзига дори тайёрлашига термулганимиз-термулган эди. У эса, ҳовлидаги ёлғиз сариқ анжир соясида ўтирволиб, табибчилигини бошларди. Яъни биз аввалги кунлари эски деворлар таг-кавакларидан териб келган бош бармоқдек-бош бармоқдек чаёнларни шиша бонкадан битталаб тушириб, қўлига оларди-да, (қўрқмагани унинг! Чақиб оладиям демасди!) бошини бошмалдоғи билан ўрта бармоғи орасига олиб, эза бошларди. Шунда денг, чаён думини гажак қилиб, нишини урарга жой излаб қоларди. У эса, чапдастлик билан сутли косанинг четини тутарди. Шунда чаён коса четига нишини уриб, заҳарини тўкар, кейин ўша сутни аввал хотини, сўнг ўзи симириб ича бошлар эдилар! Воҳ, қандай даҳшат! Чаён заҳрини ичсалар-а! Биз ётган еримиздан тура қоча бошлардик. Ана ўша мохов хотинидан кечиб кетолмаган қора соқолли одам, унинг сутга заҳар солиб дори тайёрлашлари бутун сафар давомида кўз олдимдан кетмаса-я, қори ака! Болаликда унча англаб етмаган эканмиз. Шунча йиллар кечиб, энди унинг кимлиги менга маълум бўлиб бораётгандек эди! Ўзингиз айтинг, қори ака, аҳли аёлининг бошига ўшандек қора кун тушган чоғда ҳам уни ташлаб кетмаган, ундан ирганмаган, охиригача бир том остида яшашга кўнган киши олдида биз киммиз, ким бўбмиз?! Ана уни мужоҳид деса бўлар! Балки шунинг учун бутун сафар давомида кўз ўнгимдан кетмагандир. Нима бўлганда ҳам Аллоҳнинг ҳикматига тушуниб етмоқ душвор эди, қори ака. Қолаверса, бу хатни ёзмоғимдан мурод — ўша сафар чоғида яна бир одам учрадики, уни сизга айтмасам бўлмас. Чунки уни сиз биздан яхшироқ биласиз. Ҳа-ҳа, ўша сизнинг ҳалоскорингиз, Миёнкўлдаги қатли омда шунча қори ичидан сизни қутқариб қолган нобакор шогирдингиз эди у. Келиб-келиб нега у менга йўлиқди, ўзим ҳайронман. Ё бу ҳам Аллоҳнинг чеварлиги, хос ҳикматларини бир-бир маълум қилмоғи эдими? Биласизми, мен уни қаерда учратдим? Тошкентнинг қоқ марказида, ўша Пиёнбозор ўрнида қурилмиш машҳур меҳмонхона олдида учратдим, қори ака. Оқшом эди. Кўчанинг у бетидаги театр майдонида одамлар солланиб кезишар, фаввора шовваси тиним билмай тепага отилиб ётар, фарахли бир паллада ўша азиз манзаралардан кўз узолмай ўтирарканман, эски газеталар тахламини орқалаган бир бедаво кўчани кесиб ўта бошлади. Унинг эгнида ранги унниқиб кетган бир кўк мовут кител-шим, белида қўша-қўша яғири чиққан белбоғлар, пешонасини ҳам ўшандай бир латта билан танғиган, оёғига эса кимлардан қолган кўн этикни кийиб олганча келмоқда эди. Куни билан биз томонга ҳеч кимни йўлатмаган мелиса йигитлар ҳам чарчашган шекилли, унга орқа ўгириб, ўзларини кўрмаганга солиб туришар, бедаво эса тўғри биз томонга келмоқда эди. Елкасидаги камдек, катта бир газета боғламини билагига илганча (у ҳар қадамда тиззасига урилиб чир айланса ҳам парво қилмас), ўзи бир нарсадан қуруқ қоладигандек шу томонга ер сузиб келар эди. У шу атрофнинг санғи — девонаси шекилли, биров қайрилиб боқмас эди. Менинг эса, (танимабман аввалига!) ичим ачиб боряпти. Шу атрофда газет чиқарадиган газетхоналар бор, шу даргоҳларнинг тузини ялаб ўтган мирзо эканми, қариганида хор бўпти-ку, дейман. Аммо кител-шимидан бўлак тоифага ўхшайди. Ким бўлса экан, бояқиш? Бу орада у мен ўтирган жойга етиб келиб қолди. Орада нечтадир зина бор, шу келишида юкини ерга қўймаса, мен ўтирган ўриндиқ олдига келиб тўхташи, юкини қўйиб, нафас ростлаши тайин эди. Ўзи ҳам қора терга тушиб кетипти. Нима зарил экан, шунча тахлам нарсани кўтариб юриш?! Йўқ, девона биринчи зинадаёқ юкига қоқилиб, чўккалаб қолди. Орқасидаги юки эса, бошидан ошиб тушиб, чизимчасими, нимаси чўрт узилиб кетдию ўзи сочилиб, ер билан битта бўлди! Ана шунда у ортидан ит қувган девонадек ҳовлиқиб матоҳларини тера кетдию мен уни яқиндан кўриб, ҳанг-манг қолдим. У ўзимизнинг бақироқ Акмал ўрисимиз, отдан тушсаям, эгардан тушмайдиган чулчутимиз эди, қори ака. Боя бир томонга силтаниб юриб, сал оқсаб келаётганди, шундан ҳам танимабман. Ҳозир қариб, яна ҳам хароб тортган, мен уни маймундан баттар хунук юзидан таниб қолган эдим. «Ҳа, Акмал ака? Бу ерларда нима қилиб юрибсиз?» деб юборишимга бир баҳя қолган эди. Сўнгги дамда тилимни тишлаб, дамим ичимда жим қола қолдим. Мен киночиларга ёлланиб келган кимнинг қора қули (занжидан баттар одам) уни танишим мумкин эмасди! Бунинг устига «гунг»ман! Бориб-келиб уни учратган еримни қаранг! Яхшиям у эси кирарли-чиқарли бир одам, мени танимади. Таниб қолгандами, кўрардингиз томошани! Ялаб-юлқаб ўпа кецами, қучоқлаб олсами — бадном қиларди одамни. Шунча тоат-ибодатларимни бир пул қиларди! Йўқ, Xудога минг қатла шукрки, танимади. Матоҳларини ҳовлиқа-ҳовлиқа териб-боғларкан, иргангандек бир қараб қўйдию, яна уни елкасига ортмоқлаб, сўкиниб-нетганча босмахона томонга кета бошлади. Мен ҳайрон эдим: у бу ерларда нима қилиб, тентираб юрибди? Нима излайди? Ё қачондир шу атрофдаги бирон идорага боғлангану энди уни излаб тополмайдими? Елкасидаги газетлари нимаси? Нега уни ҳеч кимга ишонмай ортмоқлаб юрибди? Шунда Сиз сарҳаддан нарида айтиб берган тарих ялт этиб ёдимга тушса-я! Миёнкўл фожиаси, қанча қорию қурроларни, Қуръонни ёд олиб, кўксига жойлаган кишиларни ўзимизни чулчутлар сўйгани ёдимга тушиб кеца-я! Бу ахир ўша шогирдиз эди, қориларнинг бўйнига тиғ тортиб, дудама билан уларни шаҳидлик мақомига етказган киши!.. Сопи ўзидан чиқарилган бир жаллод ўшандай кунда Сизни таниб қолиб: — Ие, устоз, Сиз бу ерда маъқиб юрибсиз? Йўқ, бу киши булардан эмас! Мен кафилман, кафилликка ўтаман, — деб Сизни чиқариб юбориши, нақд ўлимдан олиб қолувини қандай тушунмоқ керак, қори ака? Ё бу ҳам Аллоҳнинг хос ҳикматларидан бирими? Бандаси англаб етолмайдиган?.. Балки. Ахир айтадилар-ку қирқ йил қирғин бўлса, ажали етган ўлади деб. Акмал ўриснинг бундай ҳолга тушиб юруви-чи? Бу ҳам бежиз эмасдир? Ўша қўйдек бўғизланган қориларнинг қони тутмаса, киши бу ҳолга тушмаса керак эди?! Ё шу атрофда бир вақтлар ўша ишга ундаган бир маҳкама бўлганмики, у ўшани излаб саргардон тентираган девонага ҳам ўхшар эди. Балки мен янглишаётгандирман, бошқа бир газет жиннисини Акмал ўрисга ўхшатиб юборгандирман. Лекин маймундек хунук, тас¬қара башараси ҳеч кўз ўнгимдан кетмасди. Аллоҳ ҳар бандани шу куйга тушмоқдан Ўзи асрасин! Охиратда кўрадиганларининг учқунини бу дунёдаёқ кўрсатиб қўйганга ўхшар эди, тавба. Шом тушиб келар, шаҳар ўртасида қайдандир аччиқ куйинди ҳиди анқиб-анқиб келар эди. Диёрга бундай бўйларни раво кўрмаган бир қули — мен аламимни ичимга қулт-қулт ютиб ўлтирар эдим. Аллоҳ ҳаммамизга Ўзи тўзим берсин, қори ака. Назаримда, диёрга қайтмоқ фаслига ҳали эрта шекилли. Балки мен адашаётгандирман. Илоҳим, адашган бўлай. Аддойи Султонмуродингиз Жидда». Астробод этилмиш улуғлардан бири Қурт даҳага киргандек ҳаммамиз ўз столимизга мук тушиб, ишга киришиб кетган эканмиз, қитир-қитир билан ёзувимизни ёзиб ёцак, қўнғироқ жиринглаб қолди. Мудиримиз телефон қулоғини истар-истамас олиб, жиндек фироқ, жиндек зарда ила: — Лаб-бай? — деди. Кейин эшитиб туриб-туриб: — Бор, бор, — дедию гўшакни ўзидан четга олиб,— кўзи учиб турибди ўзиям,— деганича менга қаради,— Акайиз... Бошимга довур жимирлов югуриб, тахта бўлиб қолаёздим! Қанақасига акам бўлсин?! Яна кептими?! Xаёлим Султонмурод акамга кетибди! Довдираб турганимни кўриб, мудирим юмшади: — Олим акайизмуш. Шунақа акангиз ҳам борми? — Шундай демайсизми! Эсимни чиқариб юбордингиз-ку, — дедим ўрнимдан тура бошлаб. — Ҳа-а, хаёлиз анув акайизга... кетибдими? — деди у менга ачининқираб. Ҳамма гапни буларга айтиб бўлармиди! Айниқса, анув «фелетон воқеаси»дан кейин. Тушунган ундай дейди, тушунмаган бундай. Устига-устак акамга ўхшаб четда қолиб кетганларга қайишиб-ку, ўзим бадарға бўлиб кетишимга бир баҳя қолди. Кимлар ўртага тушиб, кимлар кафил туриб, жойимда зўрға илиниб қолдим. Яна хаёлим қочганини қаранг. Бунақада бир кунмас бир кун панд еб қолишим тайин. Олим акам ҳам қизиқ, шу ёққа қўнғироқ қилиб юрмай, уйга ўта қолса бўлади-ку! Нима гапи боракан? Ҳайиқибгина телефон қулоғини қўлимга олдим: — Лаббай? — Э, Мақсуд, бормисан? Суюнчини чиқаравер, биз кетяпмиз, — деди Олим акам томдан тараша тушгандек қилиб. Ўлай агар, бирон нима тушунган бўлсам! — Қаёққа-қаёққа? У шарақлаб кулиб юборди: — Э, пакана пари, пакана пари — хаёлимдан кетмайди нари! Унутдингми, анув кунги гапларни? Ижозат тегди. Ўзим олиб кетяпман Тўрамнинг ўғилларини... — Шошманг, шошманг, Ёдгор-чи, кеннойим-чи?— дедим нафасим ичимга тушиб. Ҳозиргина ваҳимаси оламни бузай деб турган Олим акам ямланиб қолганди: — Айтувдим-ку... Ўша айтганимдек бўлди. Рухсат тегмади. Лекин мен бошқа йўлини топдим. Акамнинг боши бир кўкка ецин! Асли шунга қўнғироқ қиляпман. Ёрдаминг керак, — деди бояги-бояги ҳовлиқиб. — Мен-а? Мени қўлимдан нима келади экан? — дедим ниятига тушунолмай. Олим акам энди ўзини босиб, дона-дона тушунтира кетди: — Сизларда Пенсон, Глауберзон деган сувратчилар бор-а? — Бор. Униси ўтиб кетган бўлса ҳам, буниси бор. Жуда яхши танийман. — Ўшани опкела оласанми? — Қаёққа? Сизникигами? — Нега, ўзингларникига. Таклиф қилсанг келар? — Келарди, лекин нимага? — дедим ўша-ўша ҳайрон қолиб. — Бир донагина, зўр сувратлари керак. Қотириб олиб берсин. — Кимни... олиб беради? — Эй ғалча, — деди кулиб Олим акам, — нега тушунмайсан! Ўзларини олиб кетолмаганим-кетолмаган, жилла қурса, сувратларини олиб кетай! Ахир олдига шунча жойдан шўппайиб бормайман-ку! Жилла қурса, рухсорига тўйсин, хотиржам торцин!.. Қалай?!. Мен бўшашиб тушган эдим: — Яхши, мен сўраб кўрай... — Сен яхшилаб илтимос қил. Xорижга кетаётган одам бор, олиб кетиши керак де. Дийдор қиёматга қолиб кетмаслиги учун ҳам керак де. Улар тушунади. Мен адо бўлган эдим: акам шунчалар омадсиз эканми? Ўғринча бир келиб... (ўзининг йўлини ўзи тўсгани камдек!..) жигарларини хорижга чиқишдан ҳам мосуво этиб кетибдими? Бу қанақа жамият эканки, отани боладан, аҳли аёлидан айириб ташласалар, топишишга қўймасалар? Ўзини кечирмаганлари кечирмаган, буларни уни кўрмоқдан ҳам маҳрум этганмилар?! Шу билан осмон узилиб тушади эканми? Муфтий домланинг ҳам сўзи кесмабди-да? — Бўлдими, бугун-ерта опкеласанми? Ишондим-а ўзингга? — деб телефонда шанғиллашини қўймасди акам. — Яхши, кетгунингизча бир амаллармиз, — дедиму телефон қулоғини секин жойига қўя қолдим. — Тинчликми? — деди мудирим руҳим тушиб кетганини кўриб. Мен тинчлик-тинчлик, дедиму жойимга бориб чўк¬дим. Аммо бирон сатр ёзолмай, ўтириб-ўтириб, ахийри хонадан сирғалиб чиқдим. Глауберзоннинг хонаси «Камчатка»да, кутубхона рўпарасида эди. Илтимос қилсам, йўқ демаслигини биламан. У шунақа кичиккўнгил, юмшоқзабон одам. Қолаверса, ўзига яқин олиб, сувратларига икки-уч оғиз сўз ёздириб юради. Сенинг тилинг ширин, кейин суврат руҳига кира оласан, деб қўяди. Ўзи кекса одаму негадир биз ёшларни яхши кўради. Ўша «Камчатка»га боряпсам, аппаратини елкасига илиб, тақир бошига юмшоқ бир кунградор нарсани илганча ўзи келяпти. — Салом, узоққа борадирган кичкина ёзувчи. Йўл бўлсин? — деди. Мен тўғрисига кўчиб қўя қолдим: — Ҳизрни йўқласам бўларкан, Сизга эди. — Нечук, — деди у тўхтаб, — Қайтамизми? — Шарт эмас, ўзизни кўрдим-ку, — дедим. — Унда нима қилишимиз керак? Ўзимга келганда бировдан бир нарса сўролмасдим. Шу одатимни ташлолмадим-ташлолмадим. Ҳозир ҳам чайналибгина дедим: — Бир одамга бир суврат керак экан. Xорижга ола кетишига. Шуни олиб бера оласизми?.. — Қачон, қаерда? — деди у. — Бугун бўлса, бугун, бўлмаса, эртага. — Яхши, — деди у елкамга қоқиб, — ҳозир вақтинг қанақа? Бўш бўлсанг, ярим соатга менга кераксан. Рости, зўр бир янгилик бор. Кимга илинаримни билмай турувдим. Яхши учрадинг. Борамизми? — Сиз юр дейсизу бормайми? Нима экан? — дедим. У елкамдан қучиб, қулоғимга шипшиди. — Кайдаловни биласан-а? — Зўр рассом, — дедим мен, — қотириб чизади, ўшами? — Ўша, — деди овозини кўтармай, — минг йилларга қоладиган бир расм ишлаб қўйганмиш. Бир одамдан нусха кўчириб. Билдинг? — Йўғ-е, қаерда? — дедим ютақиб. — Юравер, кўрасан. Мир Алишердан бир туки кам эмасмиш. — Шунақаси ҳам бўлади эканми? — дедим азбаройи ҳайратланиб. — Бўлади экан-да, — деди у кўз қисиб. — Ким экан, айтақолинг, — дедим ичим қурий бошлаб. Менинг мухбирлигим тутиб кетган, энди мени ҳеч нарса ундан узолмас эди. — Ўзиям юз йилда бир чиқадиган улуғлардан эмиш,— деб шипшиди у, кўзи эса, аланг-жаланг, йўлакда биров йўқми, деб, аланглар эди. — Қолаверса, Астробод этилмишлардан эмиш. Володянинг гапи-да. — Қайси Володя? — дедим тушуна олмай. — Қайси бўларди, ўша Кайдалов-да. — Ҳа-а, у бир нарсани билмаса айтмайди, — дедим мен ҳам. — Кетдикми? — Кетдик, бўлимингга тайинлаб қўй, излаб юришмасин, — деди у. — Яхши, — дея йўлак бўйлаб илгариладим. Қаёққа кетаётганимизни айтиб, пастга тушиб борганимда Исоқ ака ошнасининг алмисоқдан қолган «Победа»сига жойлашиб, икковлашиб мени кутишар эди. Жилдик. Менинг савол халтам очилиб кетган, ёл-ғиз ўзим орқа ўриндиқ ўртасига ўтирволиб, ижикилашга тушган эдим. — Володянинг ўзи қаерда? Ҳозир устахонасига борамизми? — дедим ичим қуриб. — Уми, бир ҳафтадан бери ўша кишиникида ётволиб ишлаяпти-ку, — деб жавоб қилди Исоқ аканинг ўрнига ҳам шериги. Жуда-жуда тушунарсиз эди: — Ётволиб?.. Ҳеч соғ юрмайдиган одам-а? Қандай боғланиб қопти? Исоқ ака бошини буриб, кулимсираб қараб қўйди: — Ишонасанми, шу расмни деб, ичишниям ташлабди. — Ташлабди?.. — Осмон узилиб тушибди деса, ишонардим, лекин Володянинг ташлашига ишониб бўлмасди, — Йўғ-е, — дедим баралла. — Саша, айт, ўзини гапи-а? — деди Исоқ ака шеригига. — Бир қултум ҳам олмаяпти, ўшаққа борадиган куни. — Чидаяпти эканми? — «Ранжиб қолса, расм чиқмайди. Ўзининг ҳурматидан, динининг ҳурматидан шундай қиляпман. Шунда бир сир кўрдим», дейди. — Тавба, — дедим ҳайратга тушиб, — Ўша Володя шунақа нарсаларни биладиканми? — Уни ким деб ўйлаяпсан, — деди Глауберзон кўрсаткич бармоғини нуқиб. — Ҳали боргин, кўрасан. Ҳеч ким Навоийни бундоқ чизолмаган! Бу орада Эски Жувадан ўтиб, Себзорга қараб кета бошладик. — Ўзи қаёққа кетяпмиз? Ўша айтган одамиз шу тарафда турадиканми? — дедим мен. Исоқ ака бош ирғаб қўйди: — Борсак, кўрасан. Ҳайратларга ботиб юрасан, шунақа давлатманд одам билан бир замонда яшаяпганимизга. Сироткин машинасини ғиж-ғиж одам чиққан троллейбус ортидан солиб эди, кутилмаганда унинг шоҳи чиқиб кетиб, таққа тўхтадию машинамиз бориб урилишига бир баҳя қолди. Силтаниб тўхтарканмиз, Исоқ аканинг шериги: — Ана, кўравур, қай замонда яшаяпмиз, — деб кулди. Кейин Тахтапулга етмай ўнгга бурилиб, таниш маҳалла ичига кириб борарканмиз, ичим ғурмишлаб, секин Исоқ аканинг елкасига қоқдим: — Менга қаранг, анув машҳур табиб — Тўрам тақсирникига кетяпган бўлмайлик тағин? — Қайси, Тибет табиблари ҳам олдига тушолмайдиган кишими? — деди у. — Ҳа-да, қанча йил уй қамоғида ўтириб, энди-енди эшигига одам келяпти-да. — Э, балли, Володя қатта экан, ўшатта-да... Чорак соатлардан кейин биз таниш дарвоза олдида тўхтаб, унинг болачасидан энгашиб ўтиб, ичкари кириб борарканмиз, офтобшувоқдаги ёғоч каравотда қўша-қўша лўла болишлар орасида, олдида давот-қалам, қўлида эскича насталиқда битилган ғазалми, мактуботми, ушлаган серсавлат қарияни кўриб, донг қотиб қопмиз. Қаршимизда ростдан ҳам асрлар қаъридан лаббай, дея чиқиб келган мунаввар зотлардек бир мўйсафид ўлтирар, унинг наинки оппоқ салласию ўзига ярашган қизил чакмонидан, балки бодом қабоқларидан ҳам нур ёғилар, рассом уни шундоққина чизиб олмоғи мумкин эди... У киши мен билган Тўрам тақсир эдилар. Қамчингизга салламно, қози жаноблари «Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аввало, азимушшон Тангри таолога бу дунёда юргизиб, тургизиб, ўзига итоатда қилиб қўйган бандалари адади қадар ҳамду санолар бўлсин. Маҳбуб Пайғамбаримизга бўлган муҳаббатимиз сабабию у кишининг хулқлари билан хулқланишга интилишларимиз қадар У зотга саловату дурудлар бўлсин. Шундан сўнг, қози почча жаноблари, бизга кўрсатган карамингиз важидан ўзларига салламно айтаримизга ижозат берсангиз. Аввало, ўзимни танитай: мен ўша сизга бўй эгиб, таъзим этмакдан бош тортган, буни ўзига ор билиб, ғурури қўймаган муҳожирдирман. Қанча яхшилар ўртага тушганда ҳам узрингизни қабул этмаб эдим. Елкага тушмиш бир қамчи туфайли у диёрларни тарк этган эдик. Эслагандирсиз? Ўша аччиқ қамчи бежиз ва ҳам беҳикмат эмас экан. Бугун мен ўша таъзир қамчиси туфайли эришган шарофатларни айтаверсам, ишонмассиз ҳам. Лекин нима чин — шу чиндир. Ўша таъзир бизга улуғ шарофатлар келтирганини билсангиз эди!.. Шуни сизга камоли эҳтиром билан маълум қилмоққа рухсат этгайсиз, қози почча жаноблари. Ўша қамчи бўлмаса, (яширмоқ нега?!) биз Xудо хоҳлаганча у диёрда қолмоқ, фозиллар жамияти ишини юргизиб, адолат уруғларини сепмоқ ниятини дилга жо этган эдик. Ҳар қанча машаққатлар чексак-да, бу ишдан қайтиш ниятимиз йўқ эди. Диёрдан қувилган кишилар — ватандошларимизни ўз ҳимоямизга олмоқ, имконият юз очди дегунча диёрга қайтармоқ режаларини тузмоқда эдик. Қамчи бусиз ҳам ўксик қалбимизни ёмон яралаб, ниятларимизни пучга чиқаргандек эди, биз у диёрни ташлаб чиқмоққа мажбур бўлгандик. Узр, қози почча. Муҳожирларни ансорлар каби бағрига олган бир юрт нечук таъзир қамчисига муҳтож бўлиб қолибди, деб хафаланибмиз-у, отдан тушиб узр айтмоққа ҳозирланган сиз жанобларини тушунмабмиз. Жаҳл келганда ақл қочибди. Аммо кейин билсак, бизнинг айтганимизмас, Аллоҳнинг хоҳлаши устун келмоқда экан. Мен буни Маккага етиб, тавоф майдонига тушганимда, Аллоҳнинг уйини икки айланиб келиб, тавоф чизиғига етган жойимда, кўк чизиқ устида тўхтаб, Ҳажарул асвад томон дуога қўл очган кезимда англаб қолдим. Уятлу ва ширин бир ҳис қамраб келиб денг, жону жаҳонимни ўртамоққа бошлаган эди... Ўша аччиқ қамчи бўлмаса, бу хат қайда эдию биз қаерда эдик?! Шу ерларга ета билармидик ҳеч замонда? Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога салламнолар бўлсинки, бир қамчи ила иқбол эшигини очиб, бизни бу ёқларга йўллаб қўйибди. Умрбод Ўзига тақво қилиб ўтаётган зотлар қолиб, биз Аллоҳ уйига етиб келиб турсак, миннатдорчилигимизни қай тил ила изҳор этайлик сизга, қози почча жаноблари? Негаки, ўша куни ўша соат, ўша ҳолатда сизга рўбарў келмасак, бу ҳаж қаёқда эдию, бу тавоф қаёқда эди! Ич-ичимдан бир йиғи, бир ўксик босиб келиб, ўзимни тутолмай қолган эдим ўша паллада... Қайси хизматларимиз Аллоҳга хуш келибдию У Ўз уйи — Каъбатуллоҳга чорлаб чақирибди. Сизсиз бу шарафга етишмоқ душвор эди, қози почча. Таъзир қамчингизга салламнолар бўлсин! Тасаннолар бўлсин! Усиз ҳидоят йўли қайда эдию, иқбол эшиги қайда эди?! Ижозат этинг, Иброҳим мақомига ўтиб, ўтган устозлариз, волидаю волидлариз ҳаққига дуода бўлсам. Шу табаррук майдонда Қуръон хатм этиб, азизларингиз ҳаққига бағишласам. Мен ўша узрингизни қабул этдим. Агар баногоҳ ёнингизда бўлиб қолсам, қамчи ҳаққини талаб қилган ва Пайғамбаримиз алайҳиссалом муҳри нубувватларини ўпакетган саҳоба сингари юзларингизга юзларимни босиб, бир хумордан чиққан бўлар эдим. Сизга-да бизнинг йўлимизни бериб, бу ёқларга чақирсин. Ўзи азиз кўриб, хорликлардан, хўрликлардан асрасин. Кимни у азиз этибдир — бутун дунё бирлашса-да, хор этолмас. Кимни у хор кўрибдир — барча инсон у тараф бўлсин — бахтли этолмас. Умидим бор диёрда қолган азизларим билан шу соғинч диёрида кўришмоққа, топишмоққа. Қай бир ҳислар шундан дарак бергандек бўларлар. Илоҳим, рост чиқсин. Сизга барча иззат-икром эгаси Аллоҳимдан ҳар икки дунё саодатини тилаб қоламан, қози почча жаноблари. Дуогўйингиз Султонмуроддан деб билгайсиз. Маккаи мукаррама». Дунё тургунча турадирган бир иш «Аёллар салтанати»да эдим. Биз машбюрони ҳам баъзан шу ном билан атаймиз. У ерда нуқул машинкачи қиз-жувонлар ишлашади ва кўпинча биз нумерга тушадиган қисталанг ишларни айтиб туриб ёздиргани бу салтанатга кирамиз. Ишимни Гулсум опага ёздираётган эдим, телефонга яқин ўтирган жувон: — Ҳой, мирзо йигит, астароқ айтаверинг, кўз тегади. Барибир сизни шаҳар телефонига чақиришяпти экан, — деб қолди. Ишни белига тепишганидан оғриндим-у, лекин буни қилча сездирмай ўрнимдан турдим. Йўлакай Гулсум опага узр, жувонга раҳмат айтиб чиқдим. Борсам аёлим: — Адаси, ассалому алайкум, узр, менман, — деб турибди телефонда. У ҳуда-беҳудага қўнғироқ қилавермасди. — Нима гап, тинчликми? — дедим алик олишни ҳам унутиб. — Ойимла ўзини чақиринг деяптила. Келиб кетмасангиз бўлмайди шекилли, адаси. — Йўғ-е, шунча қисталанг ишларим туриб-а? — дедим қандай жавоб сўрашни хаёлимга ҳам келтира олмай: ахир теришга тушадиган нарсаларни топширмай қаёққа бораман?! — Нимага экан ўзи? — дедим тубига ета олмай. Аёлим бу пайтда ялинишга тушган эди: — Жон, адаси, барака топгур, адаси, жиндек вақтиззи аяманг... — Вей инсон, мен ишдаман, тушунасизми? Бирдан у жим бўлиб қолди. Тушунди десам, миқ этиб овоз бериб қўймайди. — Мени ишим — ўйинчоқ, ойдинда оёғим билан ёзиб ташлайдиган нарсалар, деб ўйлайсизлар шекилли?— дедим камига. — Вой, адаси, ким шунақа деяпти? Ким осон тутяпти сизга? — Осон тутмасангиз тушунинглар-да. — Яхши, — деди у муросаи мадорага кўчиб, — Ойимлага нима дей? Келолмасаканла дейми? У мени нозик жойимдан ушлаган эди. Ҳамма-ҳамма билан мен ойимларнинг гапларини иккита қила олмасдим. Xотиним ҳам шуни билиб туриб сўрамоқда, мен паст тушишга мажбур эдим. Қолаверса, ичим ғурмишлашга бошлаган эди: — Xўп, нимага чақиряпсизлар ўзи? Айца бўладими? — Ким бекордан-бекорга чақиради, адаси. У томондан меҳмонла келиб ўтиришибди, ахир. — Қанақа-қанақа? У томониз нимаси? — дедим тасаввур этолмай. — Кеннойиззи юртларидан, Ёдгормуроддиззи тоғалари... Сўраб-сўраб, топиб келишибди, ахир. — Қаёқдан-қаёқдан? Ҳов ўша ёқдан-а? Энди-я? — деб юбордим. Рости, эсим тескари бўлиб кетаёзган эди. — Ҳа, адаси. Тангритоғ дейсизларми, ўша ёқдан келиб, обкетамиз деб ўтиришибди. Поччаям шу ердалар. — Почча? У киши нима қилиб бу ишга аралашиб юрибдилар? — Қўярда-қўймай олиб келишибди. Хушим бошимдан учиб уришиб бердим: — Эси жойидами ўша тоғаларининг?! Қандай опкетишаркан? Ким рози бўлади экан? — Ўшанинг учун сизни сўрашяпти-да, адаси. Рости, бирпас нима деяриму нима қиларимни билмай қолдим. Нега энди келиб-келиб мен «жавобларини» беришим керак? Эсимни еб қўйибманми мен бу ишга аралашиб? Қолаверса, акамнинг дараги чиқиб, элчилар келиб турганда-я? Шунақа пайтда жавоб бериб юбориб бўларканми?! Йўқ! Овора бўладилар. Мен узил-кесил кесиб гапирдим: — Кеннойимларга айтинг, шунча ўтирган — эндиям қум-тошдек ўтириб турсинлар. Акамнинг розилигисиз ҳеч ким ҳеч ёққа кетолмайди! — Вой, адаси, келиб шу гапиззи ўзиз айтинг-да. — Айтаман ҳам!.. Мен ишларимни ташлаб, «учиб-елиб» борганимда улар пешайвонда бир айвон бўлиб ўтиришар, эндигина ош сузиб келтирилган эди. Салом бериб, кириб бордим: — Уни қаранг, уни қаранг. Ҳизрни йўқласак бўларкан-а. Қайнонанг хўб суйган эканми сени! Кел, жиян, кел. Қани, омонлашиб қўяйлик, — деб почча ўтирган жойларидан қучоқ очиб қўлларини чўздилар. Сўнг ўзларидан мушк-анбар исларини таратиб бағирларига тортдилар. — Оҳ-оҳ, бўйларингдан сенинг. Мирзоларнинг мирзоси бўб кетганмишсан. Катта даргоҳларда иззатинг ўзингга етарлувмиш. Туф-туф, кўз тегмасин. Аллоҳим ўзи бунданам азизу мукаррам эцин, бошқаларга ҳам сенинг йўлингни берсин. Бунга сари мен ўнғайсизланиб кетяпман, бағирларидан қандай чиқиш, қандай узилишни билмайман. Нега бундай алқай кетдилар, бу мақтовлар нега керак — ҳеч тушуна олмаяпман. Балки анави узоқ юртдан келган қудалар олдида, Ёдгорнинг тоғлари олдида атай ошириб-тошираётгандирлар, шундан сўрайсизлар жавобни демоқчидирлар. Кечагида кимларнинг қўллови, кафиллиги билан зўрға ўз вазифасида илиниб қолган мендек бир мирзодан ким ясамоқчилар — ҳеч тушуниб етолмайман... Ахийри меҳмонлар билан бирма-бир сўрашиб чиқиб, Ёдгорнинг ёнига чўкдим. Почча дуо қилиб, ошга қистадилар: — Қани-қани, меҳмонлар, таомни маҳтал қилмайлик, мана мен бошладим, — деб бошлаб бердилар. Аёллар ичкарига кириб кетишган, нимагадир сербардан сербар оқ шойи рўмолларини ўраб, учини елкаларидан ошириб ташлаган кеннойим учиб-қўниб хизмат қилиб юрар, ҳали қатиқ, ҳали аччиқ-чучук олиб кирар, пиёлаларга чой қуйиб узатар-да, яна чиқар эдилар. Ёдгор эса, умрида энди кўраётган тоғаларидан кўз узолмас, нималарнидир ижикилаб сўрагиси келар-у, журъат этолмас, ўзи ҳам бўйи чўзилиб, товши раста бўла бошлаганидан аллақандай тортинчоқ бўлиб қолган эди. Мен эсам ошга қисташ баҳонасида рўпарамда ўтирган меҳмонларнинг (улар икки киши эдилар, бири соқол-муртига «қиров иниб», сочлари ҳам чаккасидан оқариб кела бошлаган, аммо юзлари тоғ шамолларида қоратўри тортган, бақувват, иккинчиси мен тенги, озғин, аммо чайир бир йигит эдилар) ўша улуғроғига разм солиб-разм солиб қарарканман, кеннойимга хешлигининг белгиларини излар эдим. Улар кеннойимга ўхшаб камгап-камсуқум, тортинчоқдан-тортинчоқ эдилар. Қолаверса, мусофирчиликнинг иссиқ-совуғини хўб тотган одамларга ўхшаб, босиқ-вазмин тортиб ўлтиришар, ўн қистаганда лаганга бир қўл узатиб қўйишар эди. — Ҳой, барака топкурлар, сизларнинг шарофатингиз билан ёзилган бу дастурхон. Олишиб ўтиринглар-да бундай. Неча йилнинг бадалида бир кепқопсизлар,— деб ора-чора қистаб қўядилар почча ҳам. — Нима, жиянни топганинглардан хурсанд эмасмисизлар?! — Нега, олвутмиз-олвутмиз. Қараб ўтируппиз, хурсандмуз, — дейишадию яна хижолатларга ботиб бир-бирларига қараб қўйишади. — Қараб ўтириш кам, катта-катта олиш керак бу ошни. Уни ўз номи билан: ош — кўтарма бош, деганлар, — деб ҳаммани кулдирадилар почча. Шундай гангур-гунгур билан ош еб битирилиб, лаган олинар маҳал дастурхонга фотиҳа қилинди. Сўнг ҳазми таомга қовун сўйиб киритишди. Почча унинг ҳам мақтовини келтирдилар: — Воҳ-во-оҳ, асал тортиб кетипти-ку! Бай-бай-бай, қай кунгай ерда битган экан? Экканга ҳам балли, тикканга ҳам балли. — Буни шунча қовунлар ичидан танлаб топганга-чи, шундан шу ёққа кўтариб келганга-чи, почча? — деб ҳазиллашдим мен. — Олганга ҳам балли, сотганга ҳам балли, — деб кулдирдилар у киши. Шундан сўнг пўчоқ тўла лаганни кўтариб, Ёдгор чиқди ҳам; почча бир четдаги пиёлаларини олиб, черт-ганча менга узатдилар: — Ана энди Мақсудхўжам, чойдан босиб-босиб қуясан. Таомил шундай: ширин қовундан кейин иссиқ-иссиқ чой, деганлар. Меҳмонларга ҳам қуй, йўлга чиқишади экан, вақт-бемаҳал безовта этиб юрмасин. — Келишмасдан қаёққа боришади, бугун бизникида қолаверишади, — дедим мен. — Меъмандарчилук учун раҳмат. Едук-ичдук. Энду бизга жувоб берусизлар. Етуб олувимиз керак, — де-ди соқол-муртига оқ оралаб, ёши бир қорага бориб қолган меҳмон, дам поччага, дам менга илтижо-ла боқиб. Мени эса ваҳм босиб келарди: нима бало, менсиз ҳам ишни пишитиб, буларни рози қилиб қўйишибди эканми?! Ҳамма уволию чуволини ким бўйнига опти?.. Булар мендан ижозациз қаёққа боришади деб ўтирибман. Ич-ичимдан бир норозилик уйғониб келмоқда эди. Лекин иложи борича юмшоқлик ила меҳмонларга қарадим: — Уй эгалари — катталар бор. Улар турганда биз қандай жавоб бера оламиз, жилла қурса, олдиларидан ўтайлик? Ёдгорнинг катта тоғаси томоқ қирди: — Албатта, улар кўпрук. Уларсиз битмас. Лекин биз сиз келгунча хўб гапирушдик. Улар сиза ташлашду. — У илтижоли боқиб ўтинди. — Сизлара минг раҳмат, шунча йил шунча замон қаватунгизда олуб ўтирубсиз. Гард юқтурмабсиз. Зоруқтирмабсиз. Лекин ҳар нарсанинг ҳам чеки, чегарасу бор. Биз ҳам Аллоҳнинг олдида юзшувитликдан қўрқармиз. Мени эса ич-ичимдан бир олов — норозилик олови ёндириб-куйдириб келар эди: эндими?! Шунча йил ўтибми? Бунгача қаерда эдингиз? Аммо уларнинг меҳмон деган номлари бор, уйимизда ўтиришибди. Дастурхонимиздан туз ичиб, нон тотинган жойлари бор. Ўзларига яраша гап қилмоқ лозим. Ўзимни босиб, иссиқ-иссиқ чой хўплашга тушган эдим, қулфи-дилим ҳам очила қолди: — Албатта, сизларнинг бу ўтирувингиз, уларни дараклай-дараклай топиб келувингиз — катта гап, Аллоҳ рози бўладирган иш. Ҳар ким ҳам сарҳад ошиб, бу ишга журъат эцин-чи! Дунё тургунча эсдан чиқмайдиган иш қилибсизлар оқибат кўрсатиб, — дедим, кетидан; — Лекин тоғажонлар, сизлар ҳам бизни тушунинг, — деб уладим, — Биз кимнидир эмас, жондан азиз акажонимизнинг омонати, аҳли аёлини асраб ўтирибмиз. Бизниям Аллоҳдан умидимиз бор. Кутиб ётибмиз яхши бир кунда унинг кириб келишини, — дедим. Почча пишиллаб бетимга қараб қўйдилар. Афтидан, менинг оғзимдан бунақа гаплар чиқишини ё кутмаганлар, ё таъсирланиб ҳайратга тушиб қолган эдилар. — Қануйди, қануйди, — деб қўйди меҳмонимиз ҳам. — Аммо умр кетяпту. Ҳа-ҳув деб шунча йил ўтуб кетипту. Ана, у кишудан қолган тирноқ — жиян ҳам эр етубду. Албатта, ҳар нарса Аллоҳдан, Тангрумнинг хоҳлашу билан. Лекин сарҳад ўша-ўша берк, очилувидан дарак йўқ. Ўзумиз ҳам Олма-ота тарафдин бир амаллаб ўтуб келдук. Мен ичим ёришиб, у кишига қарадим: — Аммо сиз бу ёқдаги гаплардан хабар топганингиздами! — Келиб, овора бўлиб юрмасдингиз, демоқчи бўлдим. Камига: — Акам, унинг дўстлари тинч ўтиришгани йўқ, — деб қўшдим. Меҳмонлар бир-бирларига маъноли қараб олишган, почча эса, пиёладаги чойни бир хўплашда бўшатиб, хонтахтага бағирларини берган эдилар: — Субҳаналлоҳ! Ўша гапларда жон бор дегин ҳали? — дедилар у киши. — Бу тахмин бўлганда ҳам у томондан одам келгани, мени топиб, буларни суриштириб кетгани аниқ. Ҳатто мен акамга хат битиб бердим, — дедим чинига кўчиб. — Вой, сени, ичдан пишган ҳуварини боласи! Шунча гаплар ўтиб, миқ этиб қўймадингми бизга?! Ой сени, вой сени! — Қўлларини ёйиб, чайқалганча мутаассирландилар почча. — Шугинамас, — дедим мен қулфи-дилим очилиб.— Олим акам Олтинхон тўрамнинг ўғилларини топиб, куни кечагина Туркияга кетдилар, Ёдгорни ҳам ола кетмоқчи эдилар-у, рухсат қоғозлар битмай қолди... — Ана бу — зўр иш бўпти! Ўшанақаси Султонмуродни ҳам кўриб келади, ришталарни улаб келади. — Шу ҳолда меҳмонларга юзландилар. —Сизлар буларни ҳазил фаҳмламанг, ҳали ҳаммаси яхши бўлиб кетади. Топишиб-қовушиб, туп қўйиб, палак ёзиб кетишади. Меҳмонлар тинчлари ўғирланиб жойларида ўтиролмай қолишган, Ёдгорнинг катта тоғаси дам у, дам бу қулоғини ишқаб-уқалаб менга термулар: — Шошуманг, мирзо, шу ростму, куявимизну дараги чиққану ростму, — деб ижикилар, — бу ёқда шунча гаплар бор экан-ку, биз не ташвушлара тушуб юрубмиз?! Оғзузга бол, оғзузга бол, — дер эди. Шу тоб эшик қия очилиб, Ёдгорнинг қораси кўзга чалингандек бўлди. Қарасам, ростдан ҳам ўзи — бир қадам четга тисарилиб турибди. Кўзим тушиши-ла: «Амақу, бу ёққа қараворинг», дегандек имлади. — Менми? — дедим қўлимни кўксимга нуқиб. У бош силкиб шивирлади: — Сизну сўрашопту... Шу топда (сизга ёлғон, Xудога чин!) юрагим шув этди: ким сўрайди, кеннойимми?.. Бўшашиб тушдим: чинданам нега у кишининг олдидан бир оғиз ўтмай, буларга жавоб қиляпмиз? Нима ҳаққимиз бор? Балки у киши юртига учиб-қўниб тургандир? Бир кун ҳам қолгиси йўқдир бу ёқларда?! Мен нимани ҳам билардим?! Шу ҳолда меҳмонлардан узр сўраб, чиқа бошларканман, на у кишидан, на ойимлардан сўрамаганимдан пушмонда эдим. Аслини олганда мен кимман? Зиммага олишга нима ҳаққим бор?! Уйни каттаси бўлмасам, қози бўлмасам? Қолаверса, бу ҳолда шариат нимани буюради — биз қайдан биламиз?! Чиқа эшикни зичлаб беркитдим. — Ким? Аянгларми? — дедим юрагим така-пука бўлганча. Ёдгор тили, чиройи билан кеннойимга тортган бўлса ҳам (Аллоҳ уни чиройдан қисмай, қиз бола бўлиб туғилишига бир баҳя қолган эди!), зийракликда акамдан қолишмас эди. У қулоғизни беринг, деган каби елкамга ёпишиб келиб, шипшиди: — Аям... ҳужрамизга беркиниб олуб ўтирибдулар. Йиғлайверуб шишуб кетубдилар. Мен шошиб қолдим: — Чоп, — деб қистадим унга, — бориб айт, ўзлари нима десалар шу. Биз у кишини номидан ҳал қилолмаймиз. Ихтиёр ўзларида. Шундай экан де! Ёдгор хижолатланиб тисарилди. — Йўқ, амақу, мен бунинг учун чақурмадум. Эшикка хатчу кепту. Сиззи сўропту. — Нима? — дедим ҳайрон қолиб. — Қўл қўюб оладурган нарсамуш. Мен кеннойимнинг ҳолидан адо бўлган эдим, қўл қўйиб олинадиган нарсани эшитиб, хушим учди: — Шу тобда шу кам эди! — деб ҳовлига тушавердим. Зинадан тушиб, дарвозахонага чиқиб борсам, қалам ҳақи олиб келиб юрадиган хат ташувчи. Мен ким экан, нима экан, деб юрибман! — Келинг, опой. Оқсариқдан келган юмшоқзабон татар хотин кумушбандли кўзойнагини тақиб, аллақандай узун хат-ғилофни айлантириб, орқа-олдини кўрмоқда эди. Мени кўриб, шошиб қолди: — Ий, авара эттум. Буни куринг, Сиза кичирасиз, имасми? Узун ҳам чиройли, худди кеча босмахонадан чиққандек оқ-оппоқ хатғилофнинг безалишидан тортиб, рамзларигача бир бўлакча эди. Рамзки, бир чеккасида ҳилол, бир чеккасида аллақандай ҳашаматли бино қуббаси кўринади. Чизиқларию босма ҳарфлари — бир назокатли. Қайси имлода экан, ўқолмадим. — Қаердан билдиз?— дедим опойнинг сариқмайиз-дек тиниқ юзига қараб. Опой кўзойнагини қўлига олиб, жилмайди: — Булай хатлар булак кимга-да килар, жубарган игаларина қаранг. Шундагина устига қараб, хушим бошимдан учди. У чиндан менинг номимгаю фақат манзил саноғида адашган эди. — Уни қаранг-а, менга экан, — дедим довдиран¬қираб, — Яхши олиб келибсиз, қаерларда қолиб кетарди, раҳмат. — Юқ, бу заказнуй... Ҳалу қўл қуюп бирасиз. — Э, шунақами? — деб бир қоғозга қўл ҳам қўйиб бердим. Лекин хаёлим хатга қочиб, унинг орқа-олдини ўгириб кўрардим-у, кимданлигини билолмай саранг эдим. Қарангки, ундан бирорта таниш ном ё белги тополмасдим. Кимдан бўлиши мумкин? Опой хайрлашиб ҳам кетди, лекин биз ғаройиб хатғилофнинг орқа-ўнгини томоша қилишдан ўзимизни тия олмасдик. — Қаттун экан, амақу? — Билолмадим, — дедим ростига кўчиб. — Ма, сен кўр-чи, балки сенинг тишинг ўтар ҳарфларига. У кўриб туриб, бир диконглаб қўйди: — Ие, амақу, Туркиядан-ку. Катта амақум, Олим амақумдан эмасму? — Қаердан била қолдинг? — деб хатни унинг қўлидан тортиб олдим. Бу гапдан ўзим ҳам бир ҳаприқиб тушган эдим. — Ана, Тўпқопу. Ўшанинг рамзу. У Туркиядан бўлак қаерда экан? — Ақлинг бало! — дедим уни қучиб ҳам суюб, кейин елкасига қоқиб, — Шуники билибсан, туф-туф кўз тегмасин, бизданам узоққа борасан, — дедим сидқидил. Негадир мен уни шу тобда акамга менгзаб юборган эдим. Шунданми, кўзларимга жиндек ёш ҳам кела қолди, буни яширган киши бўлиб, куракларини силадим. — Сен ҳақсан, Олим акамдан бўлак ким ҳам бизга у ёқдан ёзарди. Ўзим эса, хатни очаримни ҳам, очмасимни ҳам билмайман. Очай десам, у ёқда почча, меҳмонлар ўтиришибди. Очмай десам, ичим ғурмишлаб ётипти: «У етиб бордимикан, акамни кўрдимикан? Кўрган бўлса, қачон қайтади экан?» Билгим келадики, нар-ёғи йўқ. Балки опкириб, меҳмонларга кўрсатиш керакдир? Суюнчи олиш керакдир?! Уларга бундан ортиқ яна қандай хабар керак?! Шу тобда каллам ўқдек ишлаб кета қолган эди: — Сен кир-да, аянгдан, ойимлардан суюнчи ол! Мен меҳмонларга айтай, — деб Ёдгорнинг кифтига қоқдим. — Олим акам бекорга хат битадиганлардан эмас! Адангни топганки, ёзган. Чоп! — дедим кароматгўйлигим тутиб. Ўзим эса, шундай эканига заррача шубҳа қилмасдим. Қиёматга қолмаган дийдор ёхуд Аллоҳ рози бўладирган бир зиёрат Мақсуд, менинг жондан азиз холаваччам, она ўрнида оналик қилиб, бошимизни силаган бир кишининг ёлғиз чироғию ишонган боғи. Ёлғиз сен менинг ҳозирги ҳолимни тушунишинг мумкин, англашинг мумкин. Шу боис ўзингга ёрилгим келди, тўкилгим келди. Ёлғиз сенгина буни тушунасан. Бошқалар мингдан бирини англамасликлари, тасаввур эта олмасликлари мумкин. Шунинг учун қайтиб боргунимизга қадар сабрим чидамади. Қолавурса, биз бу ерда жиндек ушланиб турадиганга ўхшаймиз. Бу дийдорлашувни ташкил этиб, уюштирган туркиялик биродарларимиз — диё-нат ишлари вақфининг ходимлари ҳар икки томон учун азиз кишиларнинг бир-бирларига тўйиб олмоқлари учун бу диёрда яна бирон ҳафта туриб қолувимизга имкон бермоқдалар. Бунақа меҳмондўстликни, ота юртдан келиб қолишибди, деб азизлашларини, бошга кўтаргудек бўлишларини мен шунча дунё кезиб, ҳеч ерда кўрган эмасман. Булар ҳаммаси балки Олтинхон тўрам шарофатлари туфайлидандир. У кишини бу тарафларда пир даражасида кўриб, азизлашар экан. Қараки, дин Арабистоннинг қақроқ ерларига тушибдию у бизнинг диёрларда ушланиб қолган экан: ўз диёрига сиғмаган Олтинхон тўрамдек бир мударрис бу диёрларда шунчалар иззат-икром топиб пир даражасига етибдилар. Ақл бовар қилмайди. Лекин биз, Мақсуд, чин ҳақиқатни кўриб турардик. Чиндан барча иззат-икром Аллоҳ ҳузурида эканки, унинг йўлини маҳкам ушлаган дарбадар бир ватанжудо қулини ўзининг диёридан яхши бир диёр билан тақдирлаб, илгариги иззатидан баланд иззатлар билан мукаррам этибди. Юзларидан нур ёғилган у кишини кўриб, ростини айцам, Мақсуд, кўксим тўлиб, бағрим узилиб-узилиб йиғлагиларим келди. Наҳот шундай одамлар бизнинг диёрларга сиғмаса?!. Узр, Мақсуд, муддаодан жиндек илгарилаб кетдим. Мен сенга аввало, Туркиянинг Одана шаҳрига қандай етиб келганимиз, бу ердаги диёнат ишлари вақфи ходимлари бизни қандай кутиб олиб, Саудиядан етиб келиб, сабрсизлик ила кутиб ётган Тўрамдек азизларимиз билан қандай учраштириб-кўриштирганларини ёзмоғим керак эди. Ўшанда барча-барчаси тушунарли бўларди, ойдинроқ тасаввур этардинг. Ростини айцам, дунё дунё бўлиб, бунақасини кўрмагандир. Қолаверса, Мақсуд, қиёматда амаллар тарозига қўйиладирган паллада тош босадиган ёлғиз амалим шу бўлса керак. Эсингда бўлса, бу — ҳов анави Умаржон аканинг тепаси ёнида, ҳамма кўчиб-кўчиб кетиб, ёлғиз ўзи қолган, бузилаётган уйлардан нодир китобларни териб келиб, бир болохона китоб йиғиб қўйган Сутчининг ишига ўхшаб кетяпти. У ҳам умрида ёлғиз битта тош босадиган иш қилган — отамизни сургун еридан бемалол тоат-ибодат қилиш мумкин бўлган бир диёрга ўтказиб қўйган эди. Мен у даражада жон ҳовучламаган бўлсам-да, бу ишга савоб умидида бош қўшганимдан ўзим теримга сикмай кетаётирман. Зора Аллоҳ шу ниятимни ўша кунда ҳисобига олса! Ният ота билан ўғилни топиштириш эди, топиштирдик, Мақсуд. Бунақаси кам бўлади. Барча тингчилару «қулоқ»ларни доғда қолдириб, бунақа учрашувни ташкил этиш ҳамманинг ҳам қўлидан келсин-чи! Келмайди. Келиши учун Аллоҳ ирода этиб, паноҳида сақламоғи керак. Шундай қилиб десанг, мезбонларимиз борган кунимизнинг эртасига: — Узр, ота юртдан келмиш азизлар, бу кун сизни баҳавороқ отелга кўчиргаймиз. Маъзур тутгайсизлар бир йўла олиб бормаганимизга,— деб қолишди. Бордик. Улар олдида Оврупоси ип эшолмай қопти. Шунақа ораста, шунақа осудаки, Мақсуд, биз камида бир аср орқада қолиб кетгандекмиз. Бунақа шароитли иморатлар қуришимиз учун диёр ўзимизга қолиши, биз дунёга чиқишимиз, дунёда тенглар ичида тенг саналишимиз керак. Унгача биров қайғурмайди бизга. Хоналарга жойлашиб, ювиниб-тараниб бўлиб эдик ҳамки, бир пиёла чойга дея қуш сутидан бўлак ҳамма нарса муҳайё этилган стол ёнига нонуштага таклиф этишди. Мен-ку бунақасини кўп кўрганман. Аммо эсини таниб қишлоғидан нарини кўрмаган, даладан бери келмаган ҳамроҳим довдирар, ҳеч қовуша олмас эди. Бизда бир пиёла чойни ҳам иложи бўлса, ўтириб-хотиржам ичадилар. Бу ерда кўнгил тортган нарсани ўзи олиб ейиш, еганда ҳам тик туриб тановул қилиш керак эди. Ўттиздан энди ошиб-ошмаган ҳамроҳим — Тўрам диёрдан ҳижрат этганларида онасининг қорнида қолган фарзандлари бу таомилларга кўниколмай, оғзига ушоқ солишдан ҳам тортиниб турар, боя айтганимдек, ҳеч қовушолмас, ўзининг бу ҳолидан хижолатларга тушиб борар эди. Шунча қисташимга қарамай, у чой ичмади, чой уни ичдиёв. Шу орада мезбонлардан бири келиб, ҳамроҳимга сездирмай, қулоғимга шивирлай кетди: — Энди ул зотнинг зиёратларига киргаймиз, тайёрмисизлар? Мен дабдурустдан англамабман. Ҳовлиқиб қолиб: — Кимнинг ҳузурига? — дедим. — Пир тўрамни. У киши сизларни интизор-интизор кутадирлар, — деди у. Шундагина ўзимга келган эдим: — Ундай бўлса, мозорбосди совға-саломларимизни олволайлик. — Яхши-яхши, ола келишамиз, — деб бизга эргашдилар. Йўлакай ҳамроҳимга шипшидим. — Ватандан эсдалик деб берворишган нарсаларни олволар эканмиз. У келаётган ерида бир чўчиб тушди. Ҳатто тўхтаб қолди, десам тўғрироқ бўлар. — Нима, улар шетта эканларми? — деди ҳайратга тушиб. Учрашув жойи шу деб кутмаган экан, довдираб қолган эди. — Зиёратларига чақиришаяпти, бардам бўлаверинг. У киши сизнинг падари бузрукворингиз бўладилар, — дедим елкасига қоқиб. — Сиз... сиз илгаридан биласизми? — деди у юзларимга термулиб. Нега илгарироқ айтмадингиз демоқчи бўлар эди у. Мен уни суйиб, секин бағримга тортиб қўйдим: — Йўқ, оғайни, — дедим яна ҳам яқин олиб, — довруқларини кўп эшитганмиз, — орқасидан қўшиб қўйдим. — У кишининг зиёратларига етолмаганлар қанча, ошиққанлар қанча. Аммо бугун у киши сизни интизор-интизор кутадирлар. Ахир туғилганингиздан бери кўрмаганлар, тўғрими? — Қараб турсам, бу гаплардан унинг кўзлари ёшланиб-йилтираб бор-япти. Елкасидан қучиб хонага бошлай қолдим. — Юринг, юрақолинг, ундай зотларни маҳтал қилмоқ мумкин эмас. Мозорбостига Арслонбобнинг асалию Қуванинг аноридан, яна «чурукчопон» деб аталмиш қовунлар олволгандик. Тўну саруполаримиз бор эди. Барчасини кўтариб, бизни даҳлиз аталмиш, лекин хоннинг саломхонасидан қолишмайдиган бир хонага олиб кирдилар. Совғаларимизни қўйиб, юракларимиз потраганча кутиб турибмиз, ичкарига хабар қилгани кириб кетган диёнат ишлари вақфининг ходими эса қайтиб чиқа қолмайди. Дунёда яна шундай орзиқиб кутилган бир бошқа зиёрат бўлганини эслай олмайман, Мақсуд. Аммо биз қай биримиз олдин, қай биримиз кейин кирарканмиз деб, ичимиз тушиб турарканмиз, ҳалиги турк биродаримиз остонада кўриниб, имлаб чақирди: — Афандим, сиз киринг, ҳарна ҳазратим ҳоврдан тушсалар. Дилбандларини тўсиндан рўбарў этмайлук, — деди у шивирлаб. Мен эсам ул зотнинг ҳузурларига қандай мужда билан келганимни билсам-да, қандай сарупо ёхуд диёрдан эсдалик кўтариб кираримни билмасдим. Шошиб қолганимдан қўлимга илинган нарсани олволибман. Таништиргувчи турк биродаримиз худди хоннинг худайчисидек эшикдан ўтибоқ, таъзимга эгилди: — Ҳазратим, диёрдан муждалар ила киши келмиш. Муфтий жаноблари ҳам Тўрам тақсирнинг элчилари киришга изн сўрарлар... Ва мен қўлимда бир шиша бол ила кириб бордиму хона ўртасига ҳам етмай тўхтаб қолдим. Ажаб синоат. Тахт мисоли ишланган (балки менга шундай кўрингандир) юмшоқ диванда лўла болишу пар ёстиқлар ичига кўмилганча Ҳизрдек нуроний бир қа-рия — узун юз, чўққи соқолли мўйсафид ёнларига энгашган кишининг тушунтиришларига соме бир ҳолда ўлтирар, юзларидан ёғилаётган нур ўша чиройли кузалган оппоқ чўққи соқолларидан чиқарми ва ё бошларидаги симобий оппоқ салладан тараларми, ажратиб бўлмас эди. Киши чеҳрасидан шунчалар тиниқ, шунчалар ойдин нур ёғилишига — ақл бовар қилмас эди. Ул зот ёнларидаги кишининг тушунтириши билан қўлларидаги ҳассага таяниб тура бошладилар ҳам, мен ўзим сезмаган ҳолда ошиқиб бориб, тиз букмоққа ва барларини ўпмоққа интилдим. Салом берганим ҳам эсимда. Ул зот чиройли алик олиб (ҳозир ҳам қулоқларим остида турибди у калом: ва алайкум ассалому ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳи ва солаватуллоҳи алайҳ. Янглишмасам шундай эди), ўзлари чап қўллари билан қўлтиғимдан олиб, турмоққа ишора этардилар. Қўллари бирам юмшоқ, бирам ҳароратли, узмасалар дердим. Охирги марта Тангритоғда шундай қўл, шундай кафтга йўлиққан эдим. У ҳам бўлса, йўқотиб топганимиз эшон дадамизники эди. Мана ҳозир шунга ўхшаб, қаршимда гўё раҳматли дадамиз тургандек эдилар. — Туринг, ўғлон, юкунмоқ нечун, биз ҳам банда. Бўйларингиздан ўргилай, сиздан юрт бўйлари уфурадир. Рухсат этинг, бағримга босиб тўяй, ўшал бўйлара. Мен қўлимдаги асалдонни ҳамсояларигами, кимга тутқизиб улгуриб, ўзимни ул зотнинг ихтиёрларига топширдиму аллақандай юмшоқ ҳам ёқимли бағирга сингиб бора бошладим. Фақат одам ўзини хирмонда, офтоб нурларини эмиб ётган момиқ пахталар ичига ташлабгина, ё бўлмаса, онаизор бағрига ёпишибгина шундай ҳисларни туймоғи, осмонларда пардек учиб юрмоғи мумкин эди, Мақсуд. Мен шу ҳолда эдим. У киши, ул зот эса бўйниларимдан искаланиб, Аллоҳга ҳамдлар айтардилар: — Аллоҳим, ўзингга беадад шукрлар бўлсин. Ўзинг яратган оламлар қадар ҳамду санолар бўлсин, мени бу бўйлара еткардинг, ватаним исларини ола келган ўғлонга еткардинг, Ўзингга санолар бўлсин. Бу тан, бу жон Ўзингга фидолар бўлсин. Етмасам нима қилардим?! Кўзларим очиқ кетарми деб саҳарларда Ўзингга йиғлардим, мана, еткардинг, ижобат этдинг Ўзинг,— деб бўзлардилар, бўзлаб туриб, тасанно айтардилар Xудованди каримга. Мен эсам у кишининг бағирларида бир ёқдан эриб бормоқдаман, бир ёқдан эса, ажаб ташвиш босиб келмоқда. Қаричилик — мени ким деб ўйладилар, дилбандлари деб билдиларми — ҳой, худайчи, қайдасиз, дегим келадию қани уни изҳор этарга тил айланса. Яхшиям талвасага тушиб улгурмадим. Ул зот бирдан икки кифтимдан тутиб, юзларимга боққанча қолдилару ўзларига келиб, сўраб исташга тушдилар: — Сўзланг, ўғлон, бизга қандай саломлар, муждалар келтирдиз? Аҳлларимиз, дилбандларимиздан не хабарлар бор? Ҳайрият, адашувдан қутулган эдим, ўзимни бир енгил ҳис этдимки, бу турувимиздан фақат фароғат туймоқда эдим. Энди Аллоҳ изни ила тил ҳам бита қолган эди. — Аввало, муфтий жаноблари билан Тўрам тақсир ҳақингизга дуода бўлиб, кўпдан-кўп саломлар йўллаб қолишди, — дедим. — Шундайму? Аллоҳ умрларини зиёда эцун. Раиятнинг толеига, ватанни толеига ул зотларни саломат эцун. Фақат фаромушлик қурсин, Тўрам тақсирни тузукроқ таницангиз?.. — Тангритоғдан қайтмиш Ҳозиқ тўрам... она томондан ўзларига томир эканлар, — дея олдим мен яна қандай тушунтираримни билмай. — Ҳай-ҳай-ҳай, ул зотму? Ўшал диёрда дориломон бир юрт қурмоқ бўлган Тўрамму? Ниятларига етдим деганда, яна аждаҳо комига тушган маршалимизми? Юрти сарбонидан айрилиб бўзлаб қолган, тенги йўқ мужоҳидимизданму? Аллоҳ саломат эцун, таскин-тасаллулар берсун Ўзи ул зотга. Қайтиб чиққаймикан яна улардек бир зот?! Ҳолимизни Ўзи ўнгласин, илоҳум! Гап ватан озодлигига бориб тақалса, ул зотни тўхтатиб бўлмас, бир хўрликми, нима босиб келиб, қалтираб қоладилар экан. Ҳозир ҳам, сезиб-кўриб турардим, ул зотнинг овозлари титраб, ўзлари бир ҳолга тушиб бораётиб эдилар. Ҳамсоялари шошиб-ла қолишди. Тирсакларидан тутиб, қўлтиқларига кирмоққа уринар, жойларига ўтказмоққами, ниманингдир ҳаракатига тушиб қолган эдилар. Мен эсам нима қиларимни-да билмай, хижолатларга тушиб борар эдим. Ҳайтовур, у киши ўтирган жойларида хирқаларининг енг учини мижжаларига боса-боса, жиндек хотиржамланиб, яна бетимга саволомуз қарадилар. Овозлари ҳам боягиндан ҳийла қотган эди: — Ул зотларнинг сўзларини ерга ташламай келган сизга-да Аллоҳимнинг чексиз марҳаматлари бўлсун. Кўп мутаассир этдингиз. Айтинг, ўғлон, яна нелар келтирдингиз камина ҳузурига? Фақат яхшиликдан, эзгуликдан сўзланг биз ватанжудо бечораларга. Эсим қурсин, у киши нима сўрардилар-у, менинг эсимга нима тушиб, тилимга нима келибди! — Тақсир, ватанни, унинг бўйларини эслацин деб сизга Арслонбоб асалидан келтирувдик, — деб бояги асалдонни ола тиз буканча қўшқўллаб тутдим. — Воҳ, шундайму?! Қандай гўзал иш бўпту! Оҳ, Ватан бўйларидан ўзим ўргилсам! — деб у киши асалдонни қўлларига олдилар-да, очиб бўйлаганча туриб қолдилар. Қарасам, ич-ичидан илоҳий бир нур балқиган ўшал юз-кўзларда ғалати бир жимирлов пайдо бўлиб, мижжаларида шудрингдек икки томчи ёш кўриндию ҳеч қанча илиниб туролмай думалаб тушиб, ўшал оппоқ чўққи соқолларига сингиб кета қолди. Мендан бўлак биров кўриб-кўрмайин ҳам қолди. Оҳ, Ватан бўйлари шундоқ ҳам азиз нарса эканми?! Ичимда бир нарса узилиб тушдими деб ўйладим, Мақсуд! Кўзларим тиниб-ла кетди. Кўз очганимда ул зот болга ботирилган ўрта бармоқларини ангишвонадеккина оғизларига олиб бормоқда эдилар. Xонани эса, бол ҳиди тутиб кетган эди. — Оҳ! Бол, деганча борсан ўзинг. Дунёнинг яна қай бир чеккасинда бундайин асал? Ёлғиз жаннатда топилса мумкин, — дедилар ул зот. Кейин асалдонни ҳамсояларига тутдилар, — Олинг сизлар ҳам, Ватандан бол келибдир. Болга қўшиб,— ул зот яна менга ўгирилдилар, — яна нималар келтирмишсиз? — Рухсат этинг, ола кирсам, — дедим мен ўрнимдан дик туриб. — Шошмангиз, — деб имо бердилар ул зот, — Сиз бир бошдан айтинг, улар опкиргайлар. Мен валакисаланг, бул зотга манзур бўларли, яна бир нарсадан бошлашни истардиму қайсинисидан бошлашни билмасдим. — Айтовуринг, бизга у диёрнинг азизмас нарсасининг ўзи йўқдир? — Энг азиз нарсалардан... яъниким, Марғилон беҳиси, — дедим ҳамон ўзимга келолмай. Олиб кирдилар, сариғ олтиндек сарғарган, пиёладек-пиёладек беҳилар шодасини. Ул зот ўтирган жойларида нурга ботиб жилмайдилар: — Салламно бўлсин, Аллоҳгаким, фақат бизнинг диёрларда ўстириб-битдириб қўймиш бундай неъматларини. Яна, — дедилар у киши, — бунданам бўйдорроқ, хушбўйроқ нима келтирмишсиз? — Диёрнинг машҳуризамон «чурукчопон»и... Олиб кирдилар сариқ-кўкиш оловдек товлантириб, ўтдан тўқилган жилдбоғида осилтириб. — Салламно, салламно. Номига-да, киштикорига-да, етиштирган эгаларига-да. Қабул-қабул, — деб туриб, яна боягидек интиқлик-ла сўрадилар. — Яна-чи, яна?! Яна бизнинг бошимизни қандай кўкка еткурмакчисиз? Шунда Мақсуд, вужудимга уят олови югуриб, юзларига зўрға боқдиму: — Маъзур тутгайсиз, биз фаромушхотирлар- ни, — дедим ўзимда журъат топиб, — Болдан тотлув, ҳар нарсадан азиз дилбандингиз туриб, биз нималарни киритиб ўлтирибмиз?! Ул тақсирлар сиз учун бу оламда ҳар недан азиз оилангиз, аҳли аёлингиз, томирларингиз дарагини топиб, дилбандингизни юбормишлар. Қараб турсам, ул зот эшик томон аллақандай интиқиб ҳам жавдираб тикилиб қолибдилар. Интизорлик шунчаки, ул дилбанднинг қораси кўринсаю ўрниларидан туриб кета қолсалар. Қанот чиқариб учишга-да тайёрлар. Ахир ким учун шунча йўл босиб келибдирлар?! — Воҳ! Лайса камислиҳи шай!1 Чиндан Ўзинг хува ъала кулли шайин қодирсан! — деб туриб кетдилар бир маҳал. — Диёрда бизнинг шундай қарчиғайдек ўғлимиз бор экан-ку! Шуларнинг муҳаббатини кўнглимга солиб қўйиб, фироқида ёндираяпти эдими Ўзи?!. Ўгирилиб қарасам, сафардош ҳамсоям довдир-сов-дир кириб келяпти. Падарибузруквори ҳузурига йўллаб юборишгани эсидами-йўқми, хуши бошидан учиб, бу девонхонага йиғилганларга бир-бир термулиб илгарилаб келаркан, ҳассаларини билакларига солиб, қучоқ очганча пешвоз чиқаётган зотга кўзи тушиб, хушёр тортдию фарзандлик меҳри жўшиб, шу томон интилди. — Дада!.. Шу бир оғиз сўздан бутун девонхона, унда ҳозир бўлганлар ларзага келиб, бўғизларига қайноқ бир нима тиқилганча турарканлар, кўзларига тирқираб ёш чиққан эди. Айрилиқнинг аримоғи ана шундай бўлади экан, Мақсуд! Фироқнинг сўнгги лаҳзасида киши шу ҳол, шу алпозга тушадир экан, Мақсуд! Аллоҳ суйган бандаларини ана шундай айрилиқ-жудоликлар билан синайди экан, имтиҳонидан ўтказиб, ўзига яқин қилади экан, Мақсуд! Мен Аллоҳнинг ҳамма бало-синовларига дош бериб, чидаб, ўзига шукр қилиб келган бир инсонни — пири комилни кўриб турардим, Мақсуд! Ул зот шу паллада ўша сабрлари эвазига ҳам Аллоҳнинг яна бир инъомига мушарраф бўлиб турар, ўттиз йил бурун она қорнида қолган дилбандлари бу кун қарчиғайдек йигит етиб, эр етиб, ота бағрида искаланар эди. Бу оламда мавжуд ўт-ўланлар, дов-дарахтлар барглари адади қадар ҳамду санолар бўлсин Яратганга! Бу зиёратга гувоҳ бўлиб турган киши борки, барчамизнинг кўзларимиз намлик, юракларимиз титрар эди. Ваҳоланки, бу қиёматга қолмаган дийдор ёшлари эди, Мақсуд! Шу тоб ўзимда йўқ даражада мутаассирланиб, атрофга алангларканман, Мақсуд, кимни кўриб қолдим дегин?! Қибла томондаги эшикдан икки-уч нафар одам кириб келиб туриб қолишган, улар ораси-да — ким деб ўйлайсан, Мақсуд, осмондан тушгандек Султонмурод акам пайдо бўлиб, мендан кўз узолмай қолган эди. Ё қодир Аллоҳ! Қанчалар чеварсан Ўзинг! Қай амалимиз хуш келиб, бу кунга мушарраф этдинг?! Биз жигаргўшаларни ҳам топиштирмоқни шу кунга, шу соатга ирода этганмидинг?! Ўзингга бу дунёда олган, оладиган нафасларимиз адади қадар ҳамду санолар бўлсин! — Ака!!. Юрагим ёрилиб кетмаганига ҳайронман, Мақсуд! Овозимдан девонхона ойналари жангиллаб кетган, ҳамма — биз томон ўгирилган эди. Биз икки жабрдийда — тирик туриб йўли айро тушганлар бир-биримиз томон югура кетгандик. Аллоҳ барча ватанжудоларга-да ана шундай дийдор кунини раво кўриб, топишмоқни насиб эцин, илоҳим. Албатта, Олтинхон тўрамга-да, акамга-да атаб олиб борган совға-саломларимизни бериб, тўнларимизни кийдириб қучоқлашганча тоза йиғлаб-сиқташдик. Диёрни эслаб, қавм-қариндошларни сўраб-исташиб, эй ёзилишдик. Дунёда биздан бахтиёр, Аллоҳ мукаррам этган кимса йўқ эди. Мен бу ташрифни иссиғида, ичимга сиғдиролмай, сенга илиниб ёздим. Кўпам ичинг тушмасин, боргунимча шулар етар. Дарвоқе, акамдан сизларга мужда! Жондан азиз холамларга, Ёдгорга, аясига айтиб қўйишинг мумкин. Ўшал қора-қура занжи киночиларга қўшилиб борган гунг тасвирчи — ўзи экан! Журъатига балли, ўша ерга бориб, ўзиникиларни кўрибам миқ этмай қайтибди! Танитмабди! Мендек одам чидолмасдим, Мақсуд! Яна: акамнинг Ёдгорга, унинг онасига, сизларга аталган муждалари бор. Уни бу хатга қўшмадим. Кўз қорачўғидек асраб ўзим билан олиб боргайман. Биздан барча сўраганларга дуои саломларимизни етказиб қўйгайсан. Холамларга, поччага айт, намозларида дуолар-ла сўраб турсинлар, токи илоҳим, бизни сиз азизларнинг бағрингизга эсон-омон қайтарсин. Бу уланган ришталарни эса бир умрли қилсин. Омин. Кўришгунча хайр деб, Олим аканг. Турк диёри, Одана шаҳри». Осмондан тушган марварид ёҳуд омонат эгаси Уни қаранг-а! Ана кузу мана куз!.. Мен ишга отланаётиб эдим, ташқарига кўзим тушиб, беихтиёр дераза тавақаларини очиб юборибман! Йўқ, адашмаган эдим. Кўчадаги ўригимиз усиз ҳам кузги келинлик либосини кийиб улгурган, кунгай барг-лари ял-ял товланиб, тонгги шабадада бир чиройли парпирар эдилар. Гўё бу кеча сон-минг сарғиш капалаклар ёпирилиб келиб, шу ўригимизга қўна қолишгану мана энди кун юз кўрсатиши билан жон битиб, нозик-адо қанотларини юмиб-ёйганча ўзларини офтобга солишар эди. Кейин ишга жўнаб кетиб, уни тамоми унутган эдим. Кечга яқин қайцам... воҳ, ўша жонивор «капалаклар»!.. Ҳаммаси ер билан битта — гилам бўлиб ётибди! Ана сизга кузу мана куз!.. Ялт этиб тепамга қарасам, валлоҳ-валлоҳ, қолгани ҳам бир олам — ҳеч камаймагандек эди! Қайтага қир учлари қизариб ўрик жонивор ботаётган офтоб нурида бошига заррўмол ташлаган жувонгами, кимга ўхшаб қолибди. Субҳаналлоҳ! Ёлғиз Xудованди каримнинг ишимасми бу? Мана шуни айтадилар-да, хоҳласа, яшнатади, хоҳласа, ер билан битта этади деб!.. Битталаб териб олиб, ўпгудек нозик-адо барглар гиламини айланиб ўтаётиб, тўхтаб қолдим. Қўшни қизми, кимдир ўша ер билан битта суқсурдек баргларни бир чеккадан супира бошлабдию яна нимани ўйлаб, супургисини ташлаб кетган эди... Туриб-туриб ичарига юравердим. Аммо ҳамиша юзига ёпиқ турадиган эшигимиз нимагадир бугун ичкаридан берк эди. Тавба, уйдагилар қаёққа кетишибди? Эшикнинг киши билмас сири бор эди: тепа панжарадан қўл суқиб, дарвозахона фанерининг гул-тахтаси сал кўтарилсаёқ, у ўз-ўзидан очилиб кетар эди. Чақириб ўтирмаса ҳам бўлаверарди. Мен ҳам ўшандай қилиб, очиб кириб бораверсам... қай кўз билан кўрайки, пастки айвон остонасида биров — нега биров бўлсин! — кеннойим юзларини билакларига босганча хун-хун йиғлаб ўтирибдилар. Тиззаларида бир нарса оқаришиб кўринади. Ичим шиғ-ғ этди: хатми?! Шунгамикан, беркиниб олиб, кўз ёшларига эрк берганлари?.. Қайдан кела қолибди у бир парча хат? Мен қайтиб чиқиб кетаримни ҳам, кириб бораверишимни ҳам билмасдим. Қаердан ҳам бемаҳал кириб қолибман?!. — Вой, Мақсудхўжа, сизму? У киши ёноқларини апил-тапил артганча ўрниларидан қўзғолар эканлар, тиззаларидаги ҳалиги нарса — иккига ажраб, бири сирғалиб, бири оқ укпардек учиб туша бошладию кеннойим шошиб қолдилар. Кейин бир ҳаракат билан икковиниям тутиб олиб, енгларига яширмоққа уринар эканлар, мен бир нарсаларни англагандек бўлар эдим. Назаримда у кимдандир келган муждахатми, нимадир эдию кеннойим уни еру кўкка ишонмай яширадир эдилар... Йиғлатгани учун яширадирларми, уялганлариданми, ажрата олмас эдим. Қолаверса, у бояқишгинани бунчалар йиғлатган нарса кимдан экану нима ҳақда экан? Фақат бояги ўтирнишлари — юзларини билакларига босганча хун-хун йиғлашлари... ҳеч кўз олдимдан кетмасди. — Нима бўлди, нима бўла қолди, кеннойижон?!— деб югургилаб бораётган жойимда у киши менга бир олам хижолат устига... шундай суюнч, шундай илтижо билан боқдиларки, тўхтаб қолаёздим. Уни қаранг-а! Ҳали булар ҳаммаси севинч ёшлари эканми, одам суюнчдан ҳам ўзини шунчалар йўқотиб қўймоғи, хун-хун йиғламоғи мумкин эканми?!. У қандай хат хабар эдики, одамни бундай йиғлаца? Мен қолиб, энди у кишининг ўзлари талпиниб кела бошлаган эдилар. — Оҳ, билсангиз эду, Мақсудхўжа, кимдан қандаюн хабарлар етганун?! У кишининг ўзлару ниму ишлар қилуб кетганларун?!. — дея она оққушдек талпиниб келиб, икки кифтимдан тутганча елкамга ёпишиб олсалар, эсхонам чиқаёзипти. — Ким-ким, акамми, ўзларини айтасизми? Яна-ми? — дердиму охиригача англаб етолмасдим. У киши, у мушфиққа бўлса, ўксиларини тутолмай, тўлиқиб тўлиқиб йиғлар, камига елкамга осилиб, қайноқ кўзёшлари билан кифтимни хўл этиб борар, ора-орада тил-забон битиб: — Оҳ, Мақсудхўжа, ўзлару эканлар-а! Бир оғуз сездируб қўймабдулар-а... Менман демабдулар-а, — дердилару йиғидан чиқолмасдилар. Мен эсам охиригача тушуниб етолмаяпман. Xурсандликлариниям, армонда қолганлариниям билолмаяпман. Ҳадеб: — Ким-ким? Кимни айтмоқдасиз? — деб қайтариб-қайтариб сўрайману: — Яна қаёқдан кун чиқиб, кела қочтилар? — дейман. Ахийри кеннойим бир титраниб, кифтимдан бошларини уздилару: — Оҳ, Мақсудхўжа-Мақсудхўжа, қаёқдан чиқар эду, биз кутган тарафдан чиқду! Аллоҳ азиз қилган тарафлардан чиқду! — дедилар тўлиқиб, Биласизму, ким ола келду, Олум акангиз ола келдулар даракларину... — Ие, у кишими?!. Мени хаёлим кимларга кетибди! Ўзлари қанилар, ойимгилар,булар қани? — деб суриштира кетдим. Қаранг-а, Тўрамнинг илтимослари билан кетган одам Олтинхон тўрамни зурриётлари билан дийдорлаштириб, камига яна қандай хабарлар билан келибди! Шундан ўзларига келолмаяптилар, тўлиқиб боряптилар эканми кеннойим?!. Шу давада менинг гина халтам очилиб кета қолган эди: — Битта қўнғироқ одамни ўлдирибдими? Билдириб қўймайдиларми, учиб келардим... Аммо у киши бу гинамни гина санамай Олим акани ёқлай кетдилар: — Йўқ-йўқ, у киши сизни кўп сўраб-истадилар. Кейин кичигойимларну, буларну олиб кетдулар. Таюн-лаб-таюнлаб кетишду, борар экансиз. Шу гаплардан кейин ҳам қани ҳовримдан туша олсам!.. — Элбурутдан уйларига чопмасалар... борардилар ўша «полковниклардан қолган жойлари»га. Xолаю тоғаларимизни шу ерда ҳам кута олардик. Оҳ, кеннойим-а, сабрлари тоғча бор, кеннойим-а! Шунча гиналардан кейин ҳам Олим акамнинг тарафини олгандек, рўмолларининг учини мижжаларига боса-боса... менга жилмайинқираб қараб турар эдилар. — Йўқ, Мақсудхўжа, у киши бир нимуларну ўйлаб шундай қилдулар шекиллу. Дамини чиқармайлук дедуларму... — Балки, — дедим мен ҳам бу фикрга қўшилиб. Биз Султон акамизнинг дараги чиққанини ҳали байрам қила олмаймиз. Юртга ош бериб, кейин жавобини ҳам бериб юролмаймиз. Қанча гаплар очилиб кетиши, суриштир-суриштирлар бошланиб қолиши мумкин. Олим акамнинг ҳам билгани-билган... Кейин жавр-жавр — кимга жавр бўлади?! Шу кеннойимгами?! Ундан кўра, бу нарсани сал нари қилгани маъқул-ку. Аслида ҳам Олим акам кимнинг илтимоси билан кетибди? У сафарнинг ўзи ҳам сал ими-жимидароқ эмасмиди, ахир? — Ўзингиз-чи, ўзингиз нега бора қолмадингиз? Ёлғиздан-ёлғиз ўлтирибсиз, шундай кунда? — дегандек қарадим. Бу орада ўзларини ҳийла тутиб олган кеннойим енгларининг ичидаги нарсага энди ийманиб хижолат аралаш қараб қўйдилар: — Биз бояқишларга шу ҳам етарлу... Оламну олуб берганлару ила баробар. — Шунинг ўзига кўниб қолавердингизми? — Шунча ердан мозор босиб келган одам шугина билан келибдиларми, демоқчи бўлардим. Кеннойим ҳам шу бир оғиз сўздан ўзларига келиб, шошиб қолдилар: — Чиндан ҳам... Сиз шошуманг, мен ҳозир, — деганча пастдаги уйларига қараб боравердилар. Ё шу баҳонада ҳалиги бировга кўрсатиб бўлмайдиган — ўзларини эса, йиғлатган хатни ташлаб чиқмоқчи бўлардилар, ё менга аталган бирор нарсани эслаб қолгандилар. Мен эса, ҳамма нарсадан ҳам бурун, ўша енг ичидаги хатга интиқ эдим. Акамдан бўлак кимдан ҳам бўлиши мумкин?! Мен ҳозир ундан айрилиб қолаётгандек, қайтиб сўраб ҳам ололмайдигандек эдим, назаримда. Бу ҳам бўлса, акамнинг анув сарҳад ошиб келган (Чаман акам топиб, бериб юборган) хатларини ҳалига довур кўрсатмаганимнинг жазоси, қайтими- дек эди. Ўзимга ҳам жиндек алам қилаётгани шундан эди. Бу орада кеннойим негадир пахта гулли чойнак-пиёла кўтариб чиқа бошладилару пиёлада топ-тоза булоқ сувини кўриб, ҳайрон қолдим. У нима бўлса экан? Ҳамиша синиқ жилмаядиган кеннойим бу гал тамоми бошқача эдилар. — Мана, Мақсудхўжа, ўша мозор босуб келган нарусаларнинг биттасу. Оллоҳ азиз қилган ўша диёрну суви. Ният қилуб ичулгайкан, — дедилар у киши мени таажжубларда қолдириб. Мен ҳам уни энди эслаган эдим: — Ия, бу ўша Тўрам тақсир буюрганларими? У киши атай ола кептиларми? — дея олдим. — Йўқ, акангуз... беруб юборубдилар... Бу хабардан мен чиндан ҳам лол қолган эдим: — Қандай, қаердан била қоптилар? — деб юборибман, ўзимга келганимда кеч бўлган эди: дилимга келгани тилимдан учиб чиқиб кетган, эндиги пушмонимдан ер ёрилмасди... Кеннойим ерга қараб синиқ жилмайдилар. Лекин бу жилмайишнинг тагида ғамдан кўра қувонч кўпроққа ўхшар, кўзлари ҳам чақнар эди: — Шифо сўраб ичсун, иншааллоҳ, кўрмагандай бўлуб кетгай, деганмушлар... Валлоҳ-валлоҳ, шундай деганмишми, атай бериб юборганмишми?!. Ана сенга Султон аканг, мужоҳид аканг! — дерди ичимдаги митти чол тилга кириб. — Келиб кетгани, кўриб кетгани рост эканми? Кўрмаса, замзам бериб юборармиди?! Шифо сўраб ич, дермиди?! Келганки, кўрганки, у дардлари арийқолсин деб, бериб юборган. Ана, улар қандоқ ҳам бир-бирларига меҳрибонлар, еру кўкка ишонмаслар, дерди. Мен бу сўз-бу ҳислардан ичим аллақандай тошиб йиғласим келиб борар, ўзимни қўярга жой тополмасдим. Вужудимга ҳам титроқ кирганми, қўлимдаги пиёла омонатга ўхшаб, ичидаги сув мавжлангандан-мавжланиб чайқалаётгандек, ҳозир ўзимни тутмасам, бир ёнга оғиб тўкила кетадигандек эди. Кеннойим эса қистар эдилар: — Олунг, Мақсудхўжа, фақат ният қилуб ичинг. Ўша Xожар онамиз булоқларига бизларнуда ўзи етказсун. Мен: — Илоҳим, илоҳим, айтганиз келсин, — дедиму ичиб юбора қолдим. Оҳ, сув ҳам ютуми шунчалар юмшоқ, ўзи томоққа текканданоқ чанқоқни оладиган бўладими экан?! Ўзимизнинг Иззани булоқ сувларига ўхшаб, ичган саринг ичгинг келаверарди, тавба. Ер остидан чиққан сув бунчалар ютумли, юмшоқ бўлмаса?! Одам боласига аталгани, Оллоҳнинг марҳамати экани, Ўзи чиқариб қўйгани учун ҳам шундаймикан?.. Мен биринчи марта шундай хаёлларга бормоқда эдим. Назаримда бу марҳаматнинг ҳикматини ҳам топгандек эдим. Кеннойим эса, юзимга қараб, илтифот қилардилар: — Яна бир пиёлагина ичинг, Мақсудхўжа? — Раҳмат, — дедим-у... ўзим яна бўлса йўқ демасдим. Аммо тортиндим, ахир акам нима учун бериб юборган?.. Шунга ҳам шерик бўламизми?.. Ростини айцам, шу бир пиёла, сув болалигимиз билан бирга йўқликка кўчган у Изза булоқларини, акам билан бу диёрда кечган кунларимизни ёдга солиб, соғинчимни янгилаб юборган, ўша кунларни қўмсатишга тушган эди! Қолаверса, Олим акам у тарафдан ола келган ҳар битта нарса менга азиз кўриниб кетмоқда, ичим қуриб бормоқда эди-ю, сўрай олмасдим. Айниқса, боя-ги кўрганим мактубга — акамнинг қўллари теккан, ҳар сўзидан унинг нафаси уфуриб тургувчи хатига шунчалар муштоқманки, қани энди сўрай олсам, етиша қолсам... Кейин кимсасиз бир уйга кириб олиб, биқиниб ўқий кецам.. Аммо уни бу мушфиқадан қандай сўрайман? Қолаверса, замзам баҳонасида ичкаригами, қаерга ташлаб чиққан бўлсалар?. У киши пиёлани қайтариб олар эканлар, юзимданми, кўзимданми, бир нарсаларни сезгандайин бир қараб қўйдилару қайрила туриб, тўхтадилар: — Мақсудхўжа, айтумоқчи анув наруса... эсунгиздами? — дедилар яна минг бир истиҳола ила. — Қайси? — дедим гарангсиб. — Кўрпача қатудан чиққан-чу? Э-ҳа, у марваридни айтяптиларни, уни унитиб бў-лар эканми?! Бир куни ишдан келсам, ойим чақиряптилар: — Ҳой, Мақсудхўжа, одам деган ҳам шунақа иш қиладими? Кўрпача қатига нима қўйгансан? — деб турибдилар. Нима қўйибман, ҳеч эслай олмасдим. Кейин эшицам, йиғиб қўйилган кўрпачаларни қоқиб-суқишаёца, ичидан шилдираб бир шода марварид тушиб келаётганмиш. Шодаки, иплари зар, боғичлари тиллодан, кўрган одамнинг оғзи очилиб қолади эмиш. Кўриб ўзим ҳам ҳайрону лол қолдим. Қаердан келиши, ким қўйиши мумкин, ақл бовар қилмасди. Қанча бош қотириб ҳам тагига етолмагандик. Кейин ахир бир кун иси чиқиб қолар-ку деб мен уни ҳеч ким тополмайдиган бир ерга — анув парда ортидаги биров билиб, биров билмас токча-тортмачамиз тагига яшириб қўя қолган эдим. Шу вақтгача миқ этмай юрган кеннойим ҳозир ўша осмондан тушгандай пайдо бўлиб қолган марварид ҳақида оғиз очмоқда эдилар. Уни қаранг-а!.. — Xўш-хўш? — дедим ич-ичимдан бир ҳаприқиш босиб келиб. — Ўшану ҳам... бу киши қолдурган эканлар. — Йўғ-е... — Бу энди ақлга сиғдириб бўлмайдиган нарса эди. — Қанақасига? — Шунақасуга... — дедилар кеннойим турган жойларида тўлиқа бошлаб, бояқишгинанинг қароқларига яна ёш қуйилиб келиб, овози титрай бошлаган эди, — ўша занжулар билан келганларуда... — Ўша қора-қуралар билан-а?! — Менинг бошимдан олов чиқиб кетгандек эди, кўксимга ҳавоми нимадир етмасди. — Ўша гап, ўша миш-мишлар рост экан денг-а?! Шу давада мен икки қадам ташлаб, ушлаб қолдимми ё у киши қўлларида чойнак-пиёла, бўшашиб елкамга ўзларини ташладиларми, ўзимга келганимда юзларини елкамга босиб, айтиб-айтиб сиқтар эдилар: — Рост экан, Мақсудхўжа! Биз бояқишлар ҳеч нарусанинг фарқуга бормабмуз!.. Фаҳмуга етмабмуз... У кишу сувратларга тушуриб кетубдилар. Тўюб-тўюб кўриб кетубдилар. Биз ҳеч нарусану билмабмуз. Бир ишора, бир белгу беруб қўймабдулар ҳатто, — дердилар. Мен эсам, у мушфиқани қандай юпатиб, қандай тинчлантираримни билмайман, ичимдан эса бир олам нарсалар ўтиб бормоқда: «Белги дейсиз, мана шу марварид-чи, у қайси белгидан кам?!» дегим келяпти-ку тушов тушган тилим ечила қолмайди, ўзимга овоз бита қолмайди. Аммо бу воқеа рост чиққанидан бошим осмонда: воҳ, мана буни акам деса бўлади! Ҳаммасини доғда қолдириб кетибди, ҳатто сайёҳ қиёфасида келган анув ватанжудодан ўтиб тушибди! Чинакам Ботур деб шуни айтадилар-да, дердим. Дердиму миқ этолмасдим. Негаки яқин олиб, ўзиники ҳисоблаб елкамга бош урганча бўзлаётган кеннойим мендан ўтиб тушмоқда эдилар: — Эшитяпсизму, Мақсудхўжа,— дердилар куйиб-пишиб, — ўша «меҳмон» ўзлару эканлар. Келубам билдурмабдулар. Бизну аяб миқ этмабдулар. Аллоҳ розу бўлсун, — деб бир ерга етардилар. Мен эсам: — «Дуою илтижолариз Xудога етгани шу, кеннойижон. Ҳали қараб турасиз, ҳаммаси яхши бўлиб кетади! Йўллар очилиб, кўрмагандек бўлиб кетасизлар. Шукр қилинг, Аллоҳ даракларини чиқарганига. Олим акам бориб кўриб келганига. Мана бундай муждалар келтирганига, — деб таскин-тасаллулар бергим келади-ю, ич-ичимдан босиб келаётган севинч, хўрлик, соғинч аралаш бир ҳисларни жиловлай олмайман: — Ҳадемай Аллоҳнинг ўзи чегараларни очворса, борди-келдилар мумкин бўлиб қолса, нима дейсиз?! Акам ўғринча эмас, аллақандай қора-қуралар билан эмас, рўй-рост кириб келса, нима дейсиз?! Ахир Аллоҳга осон экан-ку», — дея хонамга югуриб киргим, пардаларни очиб ташлаб, ўша биров билиб, биров билмас жойдаги омонатни олиб чиққим келади-ю, жойимдан жилолмайман, қўзғололмайман. Фақат бир нарсага ҳайронман! У кишининг ўзи-чи, нега таниб туриб ҳам... билиб туриб ҳам неча миқ этмабдилар, ҳокисорлик шунчалик бўларми? Шу давада: — Шошманг, мен ҳозир, — дея бир қадам чекилиб, уйимиз томон бурилмоқчи бўлган жойимда у киши бош тўлғаб ўтинишга: — Йўқ-йўқ, Мақсудхўжа, қўйинг, тура турсун. Кичигоюм келгунларича турсун, овоза қилмай турайлук... — деб илтижо қилишга туша кетдилар — Xат-чи, замзам-чи, уларни ҳамми? Энди бу нарсаларни яшириб бўлади эканми? — дедим ҳайронлар қолиб. — Яшируб-ку бўлмас, лекин овоза қилиш ҳам хайр¬лумикан? — дедилар у киши. Дарвоқе, нима ҳайрли — ўша Аллоҳ рози бўладиган нарсадир. Чиндан ҳам, ҳозир сабрдан яхшироқ, хайрлироқ нарса йўқдек эди. Шу тоб... ҳали жойимдан жилмай туриб... эшикка енгил машина келиб тўхтаб, ажабтовур мусиқачалиб, чақира бошлади. Бунақаси Олим акамнинг «Волва»сида ҳам йўқ эди. Тавба, ким бўлди экан, деб чиқиб борсам, қай кўз билан кўрайки, таниш яшил «Жигули»дан... бошида оқ кепка, эгнида оқ ҳошиялари бирам чиройли, бирам ярашган зангори спортчилар кийимида... Чаман акам тушиб келяпти: — Xелло, Мақсуд мирзо! Ҳалиям шўттамисан? Олим кепти-ку, зиёратга ўтмаймизми, ахир? — Ассалому алайкум. Нега ўтмас эканмиз! Ўтамиз. Акамни зиёрат қилиб келган одамни зиёрат қилмаслик мумкинми?! — дедим мен қучоқ очиб бора бошлаб. — Уни қара-я! — деди Чаман акам ўша-ўша ҳазилкашлиги тутиб, — Султонга кимлар интиқ-интизор, кимларнинг кўзи тешилиб ётибди, Олим аканг кўриб кепти! Дунёнинг тескарилигини кўр! — Насиб-да, насиб! — дедим мен. — Энди бориб ермиз хасип, — деди у. Кулишиб, қучоқлаша кетдик. Орқадан чиқиб кела бошлаган кеннойим қай аҳволга тушдилар, мен кўролмасдим. Бир кунда шунча хурсандчилик, шунча мужда! Бу яхши бир замон, масрур кунлар келаётганидан, анави бояқишлар кўкрагига ҳам офтобу шамол тегажагидан яхши бир дарак эмасмикан? Қолаверса, акамнинг манави жаҳонгашта дўсти яна қандай хабарлар билан келди экан? Бекорга қадам ранжида этмагандир?! Шу тобда мен ундан бир нарсани жуда-жуда сўрагим, билгим келиб кетаётир эди. Секин қулоғига шивирладим: — Айтинг-чи, акажонимиз қўним топган диёрга бормоқ осонми, у ердан келмоқми?.. Бу шунчалар сирли эдики, Чаман акам афтимга «Ҳа, қув», дегандек қарадию у ҳам секин бағрига тортиб, қулоғимга пичирлади: — Xудо хоҳласа, ҳар иккиси ҳам осон. Ахир аканг кеб кетипти-ку. Энди кимнинг гали экан? Навбат сизларга-да. — Йўғ-е, ростдан-а? Беҳазил гапизми? — дея афтига тикилиб қолибман. Шу темирқўрғондан бирон ёққа чиқиб бўларканми, демоқчи бўлардим. У ҳам бир қарашда мени тушуна қолди. Тушуна туриб, дабдурустдан елкамга қоқиб, сал ўзига тортганча жилмайди: — Аканг йўлини топганда сен тополмайсанми? Сенга осонроқ-ку? — деди атай менинг жиғимгами-ғуруримгами тегмоқчи бўлиб. Ростдан ҳам бу гап нафсониятимга тегиб кетган, ўзим тўмсая бошлаган жойимда унинг бу гапи ҳазил эканини фаҳмлаб қолиб, бўшашдим: — Ҳамма ҳам акам бўлаверибдими! Ундай бўлолсак, жон-жон дердик-ку. Чаман акамга бу гап наша қилиб, бехос бағрига тортдию, қуя қулоғимга яна боягидан кетди: — Эҳ, пакана пари, пакана пари. Газетда ишлайвериб, тўнгиб қопсан. Кўзингни оч, сен ишонган толлар аллақачон кесилишга кепқолган, ич-ичидан чириб ётибди... Йўғ-е, наҳотки, дегандек афтига ялт этиб қарасам, ҳар балога ақли етадиган Чаман акам... ўша-ўша су-йиб, жилмайиб турибди. — Бир кун эрталаб туриб қарасакки, у қари толлар йўқ, ...шундайми? — Йўқ, — деди у маъноли боқиб, — ортидан эса, чиройли бир тонг отиб келяпти — боқиб тўймайсан. Тушундинг?! — дедию шоширишга тушди. — Кетдик, кетдик, акангдек одамни кўрган сафарчи келадию биз оёқни қўлга олиб етиб бормаймизми, уят бўлар, ахир. Бордир бизга ҳам аталганлари... Шунча қистасак-да, кеннойим унмадилар. Уйни ёлғиз қолдиришга кўзлари қиймади: — Борарман кейинроқ, менга боягилар ҳам етади,— дедилар мунгли жилмайиб. Чиндан ҳам, энди нима ҳам акам бериб юборган нарсалардан ўта оларди?! Алқисса, ўша Бўзсув бўйидаги «полковниклардан қолган боғ»га етиб, таниш ҳовли-жойга кирар эканмиз, пешвоз чиққан сафарчини кўриб, гангиб қолган эдик. Қай кўз билан кўрайликки, қаршимизда Султон акамиздек жуссадор, кўз қарашларию бўй-басти билан, ҳатто юришлари билан акамга тортиб кетган бир одам — Олим акам қучоқ очиб келар эди. Валлоҳ, валлоҳ, Султон акамнинг ўзини кўргандек қучоқлашиб, ялашиб-юлқашиб кетдик. Xурсандликда бизга етадиган одам йўқ эди. Ундан акамнинг ҳиди, бўйларини туйиб, бир ерларга етар эдик. Аммо ҳаммасидан Олим акам қўйин чўнтагидан чиқариб, менга узатган «мозорбосди ҳадя» ўтиб тушди. У ҳов бир вақтлар — болалигимда тоғам ҳадя қилган нарсага жуда-жуда ўхшаб кетмоқда эди. Бу ҳам ўшанга ўхшаб, тиғи жимжилоқдек, ўзи бир қаричча келадиган — садаф бандли пичоқча эди. Балки ўшанинг ўзидир, ўша пичоқчадир, деган хаёлларга-да бормоқда эдим. Фарқи — бунинг мўъжазгина қинчаси, йилтироқ қора кўндан тикилган ғилофчасию бежиримдан-бежирим шокилачаси ҳам бор эди. Қинмисан-қин. Ёнга тақадиган белбоғчасини айтмайсизми, ўшани-да унутишмаган эди. Фил суягиданми, нимадан қилинган оппоқ садаф банди эса, ўша қиндан чиқиб турибди. Воҳ, нима бу? Қандай мўъжиза? Йўқолган нарсалар осмондан тушгандек пайдо бўлиб турса? Ё акам бериб юбордимикан?! Кўзларим ўйнаб кетганини кўрган Олим акам майин жилмайиб, елкамга қоқди: — Сен аввал ичини оч, қиндан чиқар. Кимданлигини бил. Қўлим титранқираб қиндан чиқарсам, учига қадар шилдироқ қоғозга ўралган жажжи пичоқча. — Оч, оч, — деди Олим акам қистаб. Қоғозини олсам, пичоқмисан пичоқча. Нақ, ўша, ҳов болалигимизда тушиб қолмасин деб, китоб муқоваси ортига яшириб юрадиганимдек, садаф бандли митти пичоқча. Фақат бир юзига уч кунлик нозик ҳилолу бир юлдуз зарб этилиб, тепасидан зарҳал билан нимадир ёздирилган эди. Унақасига ҳам, бунақасига ҳам ўқий олмадим. — Ие, «Анвар мирзо», ўзларини ҳам тишлари ўтмадими? Унда кўфий хатга ҳам тиши ўтадиганларга беринг. Ана, Чаман акангизга беринг, — деди Олим акам тегишиб. Шундагина чумоли изидек бу майда ёзув арабий имлода, устига устак, зер-забарсиз эканини англаб, қимтинганча қолдим. Чаман акам ўқиди. Қарангки, битик араб имлосида бўлса ҳам, ўзи туркий тилда эди: «Ҳаммамиза суюклув, ҳаммамиздан ўзгуклув 1 пакана парига». Танидим! У Султон акамдан эди! Ундан бўлак ҳеч ким бундоқ ёзмасди ҳам, эркаламасди ҳам!.. Танидиму вужудимга ширин бир туйғу — бир жимирлов югуриб, кўзларимдан тирқираб ёш чиқиб кетди! Ростини айцам, бундоқ ёш, бундай ҳислар кўпдан меҳмон бўлмаган эдилар. У яна узоқроқ давом этаверса, тўхтамаса, дердим. Соғинч ёшлари шунчалар ширин бўладими экан?!. Мен пичоқ юзига термулар эканман, акам атай ёздириб юборган ҳалиги икки оғиз сўз тилимдан тушмас, гўё дилимга муҳрланиб қолгандек эди: «Ҳаммамиза суюклув, ҳаммамиздан ўзгуклув...» Ўзиш тугул, укаси деган номга муносиб бўлолсак-чи аввал!.. Шу билан бирга, яна аллақандай ширин ҳислар қамраб келиб, бу сўзлардан тотли бир ғурур ҳам туймоқда эдимки... ўзим билан ўзим бўлиб, ҳамроҳларимдан ортда қолиб кетибман. Бир маҳал қарасам, улар ҳийла нарида тўхтаб турибдилар. Тўхтаганлари майли, туришлари ғалати эди, қўрққулик эди!.. Валлоҳ-валлоҳ, ўрталарида қандай гап ўтибдики, Чаман акам сафарчини икки кифтидан тутиб, ўзига қаратганча... юзларидан кўз узмасди. Ҳеч кимга бўй бермайдиган, қолаверса, дуркун тортиб кетган Олим акам эса, шу ҳолига акажонисининг минг йиллик ошнаси олдида бўйин эгиб, ер сузиб қопти. Бир қур бўлса-да, унинг кўзларига қараб қўймайди. Тўғрироғи, қарай олмаётир. Юрагим шиғ-ғ этди: «Нима рўй бера қоптики, бундай туришибди? Мендан нимани яширишган экан?!.» Менга қолса, югуриб бориб, ижикилаб суриштиришдан ҳам тоймасдим, аммо улгурмадим. Олим акам бир нима дедию Чаман акам бўшашиб, туша қолган эди. У нимани қистаб қўймаган эдию нимадан бундай бўшашиб туша қолди? Қолаверса, акамдан бўлак кимни ҳам суриштирарди?! Бу ўйдан юрагим тўкилгудек бир ҳолга тушиб, секин боравердим. Чаман акам сўрарди: — Xабарчилари-чи улардан ҳам дарак бўлмадими? — Икки хафта кутдик,— деди Олим акам, дарак тугул, жавоб келмади... Ана холос! Нега ундай бўлибди? Умрида лафзининг устидан чиқмай қолмайдиган акамга нима бўлибди? Бу ўйдан курагимда бошимга довур бир жимирлов югуриб, пешонамдан муздек тер чиқиб кетган эди. Худди шу лаҳзада нима бўлиб, Чаман акамнинг нигоҳи менга тушдию бирдан ўзгарди-қолди. Кутилмаганда Олим акамни ярим қучганича ичкари бошлайверди. Ғалати ҳол эди: мезбон киму меҳмон ким, ажратолмай қолган эдим. Камига Чаман акам овозини баралла қўтиб, унга таскин берарди: — Шунга шунча ташвишми? Муҳими, ўзини кўрибсан, дийдорига тўйибсан, совғаю, саломларини ола кепсан. Ортиқ нима керак? Қайта кўришолмаган бўл-сангиз, эпини қилолмагандир-да. Мухожир одамга осон тутма. Қайтага узулган ришталарни улаб кепсан, қай ўлка, қай диёрлардан сўраримизни билиб кепсан! Шунга ҳам шукр, дўппини осмонга оцанг-чи! — дерди шанталлаб. Қаранг-а, бир ўгирилиб кимга айланиб улгурган эди у. Аммо улар мендан ниманидир яширишаётганга ҳам ўхшар эдилар. У нима экан, суюклув ҳам ўзгунлув укалари — мен ҳеч нарса билмасдим. Uchinchi Kitob Bitdi Жиндек Изоҳ Ва ниҳоят, ўн саккиз йиллик айрилиқдан сўнг ота ўз фарзанди-аржуманди рухсорига етишиб, мушфиқ онаизорнинг келинлик сепи тариқасидаги тақинчоғи — омонат ҳам ўз эгасини топган ва шариат заммата юкламаси вазифаларни ўташга уриниб қилинган сирли сафар уддаланиб, ватан соғинчи, яқин жигарлар соғинчи жиндек қондирилган бир паллада «Жудолик диёри»нинг учала китобига нуқта қўймоқ ҳам мумкин эди. Аммо Олтинхон Тўрам фарзандларини ота дийдорига етказиш асносида жигаргўшаси билан кўришишга муяссар бўлган Султонмуроднинг кетгунингча яна кўтаришгаймиз деб «лафзининг устидан чиқолмагани — ҳикоячига ҳам, китобхонга ҳам қоронғу қолаётгани боис бу тарихни аниқлаштиришга тўғри келди. Азиз китобхон. Дастлабки уринишларимиздан шу нарса маълум бўлдики, жудолик тарихи ҳали поёнига етмаган кўринади. Шу боис Султонмурод тақдирига доир ҳозирча муаллифга аён тарихлардан бир қисмини тўртинчи китобнинг илк боби сифатида тақдим этишга журъат қилдик. Аллоҳ хайрли қилсин. Узр, дийдор навбатдаги китобга қолди. Муаллиф. Соғинч Диёри 4-Китобдан Илк Боб Садағанг кетай Қора дарвеш ёхуд бемаврид чақирилган азон (Ёлғиз муаллифга аён тарихлардан) Кун тиғга келган, ўша лағчага айланган куннинг ўзи ҳам осмон тоқига михланиб қолгандек эди. Унинг заволга оғиши, олов тафтининг қайтишидан бир белги, бир сас бериб, бирон нарса қилт эца-чи қани!.. Ҳатто вақт тўхтаб қолгандек. Соялар-ку кичрайиб бориб, дов-дарахтларнинг, қўрғонларнинг ортига яшириниб олгандек, тош-кесаклар тагига кириб кетгандек. Гўё олам Маҳшаргоҳга айланиб, қуёш ҳам пасая бошлагандек бир паллада бу муаззам шаҳар аҳли барча юмушларини ташлаб, ким соя-салқин қўрғонларига, ким қоронғилатилган ичкари уйларига кириб кетганлару бутун шаҳар кимсасиз Мадина-кентга айланиб қолгандек эди. Яхши ҳам Оллоҳ қайлулани чиқарган, шаҳар аҳли неча замонлардан бери куннинг мана шу палласида боягидек салқин жойларига кириб кетиб, бир муддат мизғий кетадилару яна асрга яқин «тирилиб чиқиб», ўз тоат-ибодатларигаю тирикчиликларига киришадилар. Аср намози ана ўша қайлула шукронасига ўхшаб кетади. Ана шундан кейингина Мадина кўчаларида баҳри дилни очадиган шабадалар юриб қолади... Унгача ҳали пича бор. Бизга аввалги китоблардан таниш, қолаверса, шу асарларнинг битилишига маълум маънода сабабчи бўлган Баҳриддин биродаримиз ҳам ҳозир тижорат ишларини бир четга суриб, ичкари уйда қайлулага берилган, шу топда тонг-саҳарлардагидек тиниқдан-тиниқ туш кўриб ётар, қарангки, яна ўша ўксик болалигию иқбол этагидан тутдим деганда ажраб қолган диёрининг далаю қирларида кезиб юрар эди. Кезиш нимаси, ўша диёр шамолларига, қушларига қўшилиб, шаббохун урар эди. Умрининг сўнгги куни, сўнгги нафасига қадар тушларига кираверса керак ўша диёр, ўша ўнгида етиб бўлмас гўша. Балки сўнгги нафаслари билан бирга у бу вужудни, бу қувғинди кўнгилнинг қаърини тарк эца, жон қуши билан қўшилиб чиқиб кеца ҳам эҳтимол... Унгача меҳмон бўлиб келаверса, ўртайверса, жон қушини ўша азиз гўшаларга етаклайвериб қўймаса, не ажаб? Тилимиз нега ёлғонлаб келадир, уни жудолик диёри деб атаб? У ахир дил қаърида ётмаса, жон қуши ила бирга бўлмаса, нега мизғиди дегунча кўринаверади, ўша гўша, ўша диёрга етаклайверади?! Балки адоқсиз сирларидан воқиф қилмак лозим бўлган чоқларида у яна тушларига оралаб кириб келавериб, уни яна нималардандир огоҳ этмоқчи бўлаверар?.. Ишқилиб у ўшал азиз диёрнинг кўм-кўк бедапояю қир-сойларида югургилаб юрар, гоҳ қайбир тепаларда, гоҳ қайбир адирларда юрагини ҳовучлаб туриб қолар эди. Бу ёқда эса, бир гала от овловчи чавандозлар ҳар бирларининг қўлларида биттадан арқон-сиртмоқ, ҳаммалари бир кўркамдан-кўркам, учқур отни, ҳали ҳеч минилмаган салт бир отни ҳар тарафдан ўраб келишарди. Пайт пойлаб туриб, ҳуркак отнинг бўйнига сирт-моқ отиб илинтириб олишсаю кейин қўйиб юборишмаса. Аммо иш ҳали бунга етганича йўқ. Яқинлашдилар деганда у шарт қайриладию узун, кўҳликдан-кўҳлик бўйнини бир ёнга эгиб, ёлларини ҳилпиратганча чап бериб, қочиб қолади. Кейин биронтаси унга ета олсин-чи, чангида қолиб кетадилар! У эса, нариги қирга ўтиб бориб, секинлайдию атроф-жавонибни жангиллатиб — шундай кишнаб берадики, бу кишновдан юраклар симиллаб оқишга тушади. Симиллаган сари ғурурми, нимадир қанотга айланиб, икки куракдан ўсиб чиқа бошлайдию у отни яна қувсалар борми, унга қўшилишиб учгиси, тутқич бермагиси келаверади. От ҳам отмисан от эди ўзи! Қирга етиб олиб, тепада туришини кўрсангиз! Бунақаси илгари ҳам туғилганмикан ҳеч? Гўзаллигию кўркамлигини кўринг. Тўрттала оёқлари тиззасига довур оқ-оппоқ, пешонасида юлдуз-қашқаси бор бундай от ҳар юз йилда битта туғилса ҳам, мингтадан битта чиқса ҳам ажабмас. У чиндан ҳам мингта от ўртасига тушса, ажралиб турадиган отлардан эди, тануқлидан тануқли, кўҳликдан кўҳлик жийронқашқа эди. От ўғриларими, ишқибозларими, ишқилиб сиртмоқ тутган абжир чавандозлар галаси шунчалар ҳарислик билан уни қувар, ўровга олар, сиртмоқ ташлар эдиларки, бири бўлмаса, бири муддаосига етиб қоладигандек, Баҳриддиннинг нафаси ичларига тушиб-тушиб кетарди. Аммо ҳар гал «ўлди!» дея ичлари зимиллаб, кўзларини чирт юмиб олган маҳал... яна очсаки, жийрон-қашқа Оллоҳнинг қайбир инояти билан «қув-қув»лардан қутилиб чиқиб, кетаётган бўлар эди!.. Валлоҳ-валлоҳ! Бу не ҳол, бу не синоат? Қачонга довур бўй бермай, қочиб юра олади экан?! Бу «қув-қув»ларда не ҳикмат яширин ўзи?.. Сўнгги дамда... биров худди Каъбатуллоҳдагидек тиниқдан тиниқ, чўзиқдан чўзиқ азон чақириб юбордию... Баҳриддин («Ия, аср бўлиб кетибдими» дея!) сапчиб туриб кетди. Кейин ўша ичкарида, ўзларининг алоҳида таҳоратхоналарида таҳорат олиб, ювиниб-тараниб, биратўла намозга отланиб, хожи кўйлакларини кийиб чиқиб келдию аёлининг ҳали ҳам тикув машинаси ёнидан турмай, ўша бир вақтлар диёрдан кийиб келган қарғашойи атлас кўйлагининг этагини сўкиб-чоклаб ўтирганин кўриб... ҳайратланди: — Ҳа, онаси, мунча ихтимат қўйиб йўрмамасанг? Қизларингга бошқа жуфтини тополмай ўтирмайлик, ҳали? Марғубону эрига ширин жилмайди: — Улариз ўзлари аввалдан танлаб бўлишган. Бу Фотимамизга. Зуҳрангиз сариқ атлас кияди эмиш. — Унда ишим осон экан. Мен бунақа кўҳна атласни яна қаердан топарканмиз, деб юрибман, — деб кетидан қўшди. — Яна битта эгизак туққанингда борми, онаси, биздан бадавлати бўлмасди бу Мадинаи мунавварада. — Олинг-а, — деди аёли ёноқлари келин пайтидагидек дув қизариб. — Шу давлатиз камми, адаси? Xудога шукр, ҳеч кимдан кам эмасмиз. Баҳриддин бадавлат номингиз бор. — Шукр, шукр, мингдан-минг шукр, гап келганда айтдим-да. Қизларинг анув янги каравотимизга жой қила қолишсин, — деб юра бошлаган жойида аёли шошқич ўрнидан туриб, этакларига илашган қийқимларни қоқишга тутинган куйи уни тўхтатди. — Шошманг, адаси, элбурутдан қаёққа отланиб олдингиз? Асрга эрта-ку ҳали? — Эрта?.. — деб ҳайратланди Баҳриддин. «Унда... азонни қаердан эшитдим? Ўша ховфимда эканми у ҳам?..» — Эрта-ерта. Ана, соатга ҳам қаранг, — деди аёли. Чиндан ҳам девордаги зарҳал кафтгири тўхтовсиз бориб-келаётган соат миллари аср вақтига етишига анча бор, бу муддат ичида бир ухлаб турса ёки дунёни ишини адо этиб улгурса бўларди. Баҳриддин ҳеч нарсага тушунмай каловланди: «Уни қара-я... Унда бемаҳал янграган азон — нимадан имдод экан? Шайтоний деса, ҳарамдагидек жаранглади: бу калималардан шайтоннинг ўзи тирқираб қочмоғи лозим эди. Ҳовфида — ўша кўркам жийронқашқа югуриб юрган қир-адирларда янгради эканми? Унда хатарданми, нимадан дарак бермоқда?.. Ғалати, тушунуксиз ҳол эди. Баҳриддин қайтарини ҳам, чиқаверишини ҳам билмай тўхтаган бир кезда аёли ниманидир эслаб, токча томон юрди: — Дарвоқе, адаси, Жиддаданми, қаердан дилиграм келган эди. Уйғотишга кўзимиз қиймай, олиб кирмаган эдик, кўринг, — деб хабарномани олиб узатар экан, қистади, — бирпасгина ўтира туринг, жиндек толмачой тайёрлай, майлими? Шошқич азон-ла турғазилув, ундан аввал мана бу телеграмманинг келиши... Қолаверса, дунёда энг тануқли, кўркам бир отнинг ҳеч кимга тутқич бермай қирдан қирга ошиб юриши... Буларнинг ҳаммаси нимадандир имдод берару Баҳриддин уларни қандай таъбир қилмоқни билмас эди? Ғалати, жуда ҳам ғалати эди. У бир четдаги оромкурсига бориб ўтиришга сабри етмай, турган жойида телеграммага кўз ташлади. «Баҳриддин бадавлат биродаримизга: Мозийдаги «Буюк муҳожир»дан зўрроқ бир қаҳрамон топгандекман. Ёлғиз ўзингга бир олам гапларим бор. Анув хизматкоринг — биз билан юртга бориб қайтган гунг муробитни топтириб қўйсанг. Осмонимизга зиғирча булут оралашини раво кўрмасман. Кордовадан қайтган биродаринг. Қора дарвеш». — Ана холос, — деб юборди Баҳриддин. Қизиқ. У Султонмуроднинг кимлигини билмасди-ку? Жўнаб кетгач қаердан хабар топибди? Нега, қаердан муробит деб атамоқда? Яна топдириб қўй дегани қизиқ!.. Ёлғиз ўзингга бир олам гапларим бор, дегани-чи? Xавотирли бир гап ўтмаган бўлса, телеграмма бериб юрмай — тўғри келаверса бўларди-ку?! Демак, ўртада бир гап бор! Беҳуда чопиб келаётгани йўқ. Уни ростакам ваҳм босиб келиб, турган ерида «қул аъузу»ни такрорлаб, Оллоҳдан паноҳ сўраган бўлдию телеграммани дераза ёнида қолдириб, телефон дафтарчасига ёпишди. Унда Султонмурод холаваччасининг хос телефонларидан тортиб, барча шаҳарлардаги жамият телефонларигача бўлиши керак. Аввал ўзига уланиб кўришга ҳаракат этдию бир ваҳимасига ўн ваҳима орттириб олди. Ҳар гал станциядан бир хил жавоб бўлар эди: «жаноб телефон рақамларини ўчириб қўйганлар, ё чегарадан ташқарида бўлишлари мумкин». — Қаерда бўлиши мумкин? — Баҳриддин у билан бир ҳафта олдин гаплашганини, ундан кейин ҳеч уланмаганини эслади. Ўшанда «Олимни кўрдим. Тўрамнинг зурриётларини дийдорлаштиргани ола кепти. Сенга, хонадон аҳлларингга хешу ақраболаримиздан бир олам салом келтирибди. Қайтишда албатта, кириб ўтаман. Унгача ичикиб қолма, деб сим қоқдим. Аллоҳ кўриштиргунча», деб эди. Мана энди уланмай ўтирса... Балки бирон шошқич иши чиқиб, жўнаб кетдими, дея Бомбейдаги идорасига уланди. — Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокотуҳу, — деб саломлашди котиб жаноб. Баҳриддин алик олиб, ўзини таништирдию биродарини сўради: — Мумкин бўлса, улаб юборсангиз, — деди умидла. Аммо котиб боягидан ҳам тавозу билан: — Жаноб ўша тарафларда сафардалар. Биз сизга осон уланиш рақамини айта оламиз. Марҳамат, ёзиб олинг, — дедию Баҳриддин биладиган рақамни қайтарди. Бу ўша — қўл телефони эди. Баҳриддин бир кўнгли уланмаётганини айтмоқчи бўлди-ю, ҳали йўқ нарсага уларни ҳам хавотирга қўйгиси келмади. Энди ёлғиз умид — Олтинхон тўрамдан эди. Ҳеч ким билмаган тақдирда ҳам у киши Султонмурод қаердалигини билишлари керак. Улар сафарда кўришган бўлишлари керак. Баҳриддин шу умидда Тўрамнинг мадрасадаги олий даргоҳларига сим қоқдию у зот сафардан қайта туриб, қаричилик — жиндек уриниб қолганларини эшитиб, ўзларига уланишга журъат этмади. Энди ёлғиз йўл — Тўрамни зиёратларига ўтиш қолган эди. Шу баҳона сўраш мумкин, ундан берига безовта этиш адаб доирасига сиғмаса ҳам керак?! Баҳриддиннинг қувваи ҳофизаси ҳам, ақли ҳам ўқдек ишласа-да, бундан тўғрироқ йўл кўрмас эди. Ахийри ичкарида ўтира олмай ташқарига чиқиб кетди. У хурмозор оралаб кезинар экан, Қора дарвешни ўйлаб: — Келса, кела қолмайдими? Жиддадан чиққан одам аллақачон Мадинага кириб келиши керак эди-ку, — деб ташвишланиб борар, бунақа вақтда зикрга берилиш лозимлиги ёдига кела қолмас эди. Шу асно Зуҳра қизи: — Адажон, аяжоним чойга чақиряптилар, — деб чиқиб қолдию у қизларини тошканчасига «оҳ, мўмоч қизларим, пўпоч қизларим, барака топинглар, она қизларим», дея эркалаб кириб бораверди, аммо ичида ғурмишлаган нарсани ҳеч унутолмасди, ҳатто каравотга қилинган бир чиройли жойлар ҳам, шакароб бериб сув сепилган, салқин уфураётган ичкари ҳовлининг ўзи ҳам унинг кўзига кўринмаётган эди... Ҳайрият, бир пиёла чой ичар-ичмасларидан хабар кирди: — Xожам, хабашистонлик биродариз ҳузурингизга киришга изн сўрайдир. Ўша боши муштдек, ўзи гунгурсдек одам... — Дарвоқе, Қора дарвеш... — деб ўрнидан тура бошлади Баҳриддин бадавлат, — ёлғиз ўзи бўлса, шу ёққа ола қолинглар, — деб изн берган жойида «йўқ, улар икки киши» деган жавобни эшитиб, фикридан қайтди. — Майли, мен чиқиб боряпман. Азиз биродаримизни ўша меҳмонсупага чорлай қолинглар. Йўл босиб келишган, муздек сувлар тутинглар, — деб туриб, аёлига ўгирилди, — Балки толмачойнинг маставасини ҳам ўша ерга чиқарарсизлар. Қаранглар-а, кимларнинг насибасини қўшган экан, — деб алқаб қўйди. У ташқари ҳовлига чиқиб борганида меҳмонларнинг чувакроғи қўш хурмо тагидаги меҳмонсупага чўккан, Қора дарвеш эса, ҳурмо тагида турибоқ ютоққан қоранордек сувга ёпишган, музлатгичдан чиққан сувни идиши билан кўтариб, ичмоқда эди. У Баҳриддинни кўриб қолиб, сув идишни-да ташлаб, икки оёқда турган улкан миттибош динозаврдек қучоғини очиб лапанглаб кела бошладию, хизматчилар турган жойларида анг-танг қолдилар. Баҳриддин эса: «О, бизни жонажон юртни тавоф этиб келган азиз биродаримиз-ку!» дея талпиндию бир-бирларининг бағриларига сингиб кетдилар. Тўғрироғи, Баҳриддин Қора дарвешдек, «она сутига тўймай қолган динозавр» бағрида оқ бўтадек бўлиб қолган эди. Улар шу кўйи бир муддат бир-бирларини искаланиб, бўйларига тўймай туриб қолишгач, Қора дарвешга забон битди: — Оҳ, мени Xотамтой биродарим, эҳсонлари, сочганлари Абдураҳмон Авфча бор ошнагинам, кўрар кун бор экан-ку, — дея чин мўминлардек ҳали у елкасига, ҳали бу елкасига бош қўйиб, кўришаркан, бу ҳам унинг куракларини силаб, алқашини қўймас эди: — Соғинтириб қўйган Оллоҳимга шукр, кўрмаса туролмайдиган этиб қўйган ёлғиз Тангри субҳонаҳу ва таолога шукр, — дерди. Ниҳоят қўшилишиб келган ҳамсояси билан-да кўришиб, супанинг уч тарафини эгалладилар-да: — Қадам етди, бало етмасин, Оллоҳ ўзи раҳматидан бенасиб этмасин, — қавлида дуолар қилишиб, сўрашиб-исташга тушдилар. Бу орада олма гулли чойнакларда чой чиқиб, толмачойнинг маставаси ҳам кела қолди. Аёли барака топсин, қизларига бош бўлиб, шу қисқа вақтда хуш-хўргина мастава тайёрлаб улгурибди. Яна устига жиндек қатиқ, жиндек мурч, қуруқ райхонлар билан чиқаришибди. Алқаб-алқаб ичиб олишдию шу тафтбосдидан сўнг икки биродар бир-бирларига ўзлари тушунадиган тилда нигоҳ ташлаб қолдилар. «Нечук, зарур ишларингни ҳам ташлаб, биз томон чопиб қопсан? Тинчликми, ишқилиб», дерди Баҳриддин. «Биласан-ку, биродарларимга тегишли гап чиқса, ичимга сиғдиролмай қоламан. Айниқса, сизларга! Телеграммани олгандирсан?» демоқчи бўларди у. «Олдим», деди Баҳриддин бош силкиб. Қора дарвеш эса, пиёладаги чойини бир хўплашдаёқ бўшатиб, тураверди. Сўнгра гап-сўзсиз унинг тарафига ўтиб, қўлтиғидан олдию елкасидан қучганча хурмозор томон бошлади, хурмолар тагига етишганда қўйиб юбориб, ўзи фил оёғидан-да йўғон бир дарахт танасига суянди: — Соғинч ўз йўлига. Лекин мен атай сизларни деб, уни деб келдим, — деди қорасидан оқи кўпроқ митти кўзларини бунинг юзига қадаб: — Тополдингми ўзини? Шу соат, шу дақиқада кўрса бўладими? — деди баттар ҳайратда қолдириб. — Йўқ. мана бир хафтадирки, ҳеч ерда йўқмиш,— деди Баҳриддин ростига кўчиб. — Телеграммани олганимдан бери уринаман, қани изини топсам. Ҳеч ким ҳеч нарса билмайди. Бомбейга ҳам қайтмаган... — Қайтмаган?!. — Кутилмаганда у Баҳриддиннинг елкаларига човут солгандек қўл ташлаб силкишга тушса... Баҳриддин демаганларнинг суяклари шиқирлаб ўзи бориб-келармиди ё рўпарасидаги хурмолар чайқалармиди, ажрата олмай қолган, қолаверса, бу Қора динозаврнинг чангалидан қандай қутулишни билмас эди. — Сен ўзингни менинг ўрнимга қўйиб кўр. Биласанми, мен кимга айланаман? Оллоҳнинг олдида субуциз одамга айланаман-ку. Тушунасанми шуни? — деди у аввалгисидан ҳам қаттиқроқ силкилаб. — Тушунганим билан... илож қанча? — деди Баҳриддин. — Йўқ, сен айт. Уни шу бугуноқ, шу соатдаёқ топа оламизми? Баҳриддин энди ўзини тортиб, ўйланиб қолди: — Шошма, тушуниброқ айт. Сен у ҳақда ҳеч нарса билмасдинг-ку? Қаердан эшита қолдинг? Ким айтди, сенга уни муробит деб? — деди дилидагини ташига чиқариб. Қора дарвешнинг митти кўзлари оқ золдирдек айланди: — Ким эмас, ўша сафардан хабар топган идора йўқлади, тушундинг? Уларга етказишган кўринади. Мен эсам... — У юз буриб олиб ғудранди, — ҳеч вақо билмайман! — Демак, Сен биздан қаттиқ хафасан. Ранжигансан. Шундайми? — деди Баҳриддин, ичи аллақандай хувиллаб қолиб. «Наҳотки шундай одам синиб ўтирса?» — Xафа? — кутилмаганда у тирилиб, боягидек икки кифтидан силкилади. — Мен-а? — деди хансираб. Сўнг қаҳ-қаҳ уриб юборди. — Вой, сени қара-ю!.. Қайтага у гунг-соқовинг кимлигини билиб, қай ҳолга тушганимни сўрасанг-чи! Биласанми у ким?! — Ким? — деди Баҳриддин ҳам уни жазавасидан ҳайратга тушиб. — Унинг олдида ўша Андалусияга қочиб борган «Буюк мужоҳид» ким бўпти?! Ёнимда шундай одам туриб, ватанини деб, аҳли аёли, жигарпораларини деб, зиммасидаги шаръий бурчи — омонатини деб гунг-соқов бўлиб бўлса-да, қора юкчи бўлиб бўлса-да, ватанга боришга журъат этган мужоҳид туриб, мен кимни кино қилмоқчи бўлиб юрибман?! У чинакамига диёридан, аҳли-ёридан, хешу ақраболаридан жудо бўлган одам-ку! Унинг диёрга сафари — зулм салтанати чоклари муваққат, ўзи муваққат эканидан далолат-ку. Оллоҳ хоҳласа, ёлғиз мужоҳидига қандай нусратлар ато эта олишидан бир нишона-ку бу сафар! Тушунмадингми шуни?! Мен ўша идорадаёқ тушунганман. Унинг кимлигини эшитганимдаёқ тушунганман. Мен наинки эркин фикрли, ҳар нарсага Оллоҳ нурила нигоҳ ташлай оладиган бир мўмин, бир одамман, ахир, ижодкорман, ахир! Шу биродарингни ёқтирдимми, шуни оламан! Сен буни тушун-да, уни топишга ёрдам бер. У ёғини ўзимга қўйиб бер. Кўндириш менинг ишим. Сен топишга ёрдам берсанг, бас. Мен уни таниб қолдим! Кимлигини билиб қолдим! Оналар бунақа мужоҳидни юз йилда битта туғадилармикан, валлоҳ аълам. Ростингни айт, топамизми уни? — деди нечанчидир марта уни силкилаб. Рости, Баҳриддин унга нима деярини ҳам, қандай тушунтирарини ҳам билмай қолган, аммо ҳақига кўчмаса ҳам бўлмас эди. Чиқмаган ;ондан умид. — Xўп десанг, асрдан кейиноқ Маккага, Олтинхон тўрамнинг ҳузурларига жўнаймиз. Бундан бошқа йўл кўрмаяпман, — деди ахийри. — Яхши. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам масжиддарида намозни ўқиймизу ўшанақаси жўнаймиз,— деди Қора дарвеш ҳам бу фикрга қўшилиб... Улар супага қайтишаркан, ўша улуғ масжид томондан асрга чақириб, азон янграй кетдию Баҳриддин беихтиёр кундузги туши, қир-адирлар оша дўпир-дўпир чопишган чавандозлару жийронқашқани эслаб, беҳол тортди: «Астағфируллоҳил аъзим, ховфида янграган азон шулардан бир дарак эканми?» деб ўйлади. Чиндан ҳам илгарилари ҳам шундай бўлмасмиди? Намозга туролмай қолган кезлари... ҳовлида ё жом тушиб, жангиллаб кетар, ё шошқич биров деразани тақиллатиб қолар эди-ку. Ҳатто бир гал Султонмурод аниқ-таниқ чақириб келган эди. Чиқса, ҳеч ким йўқ, фақат бомдодга кетаётганларнинг қоралари кўринади, холос. Демак, овоз берган ҳам ўша, намозга уйғотувчи фаришта эканми? Қолаверса, илгари замонда кишилар зулм устидан чиқиб, ёрдамга ожиз қолсалар, азон чақириб бўлса-да, мазлумни қутқарар эканлар. Бу ҳам ўшанга ўхшабди-да... Йўлда тушини Қора дарвешга айтиб эди, у ҳам: — Ана-ана, бундан ортиқ яна қандай белги берсин?! Қани эди ҳозир ҳам ўша тартиб амалда бўлса,— деб қўшди. — Яхши-ку, лекин у азонни ким эшитиб, ким адолат қиларди? — деди Баҳриддин. Ана шунда Қора дарвеш уни елкасидан қучиб: — Эҳ, бадавлат, бадавлат! Ҳеч ким эшитмаса ҳам жилла қурса Оллоҳ эшитади-ку! Оллоҳ эшитгани камми? — деди юзлари ёришиб. — Дарвоқе-дарвоқе, чиндан ҳам унинг адолати олдида бу дунёнинг адолати нима бўлибди?! Аввало, ўша адолатдан ҳеч ким бенасиб қолмасин! Шу жумладан, Султонмурод ҳам... Ўзи уни паноҳида асрасин! — дея олди Баҳриддин биродарининг самимиятигаю сўзларига таъзим қилиб. * * * Улар ярим тунда Маккаи мукаррамадан Тўрам зиё-ратларидан қайтишар экан, орқаларидан биринчи хабар етиб келди. У зотнинг Туркиядаги муридлари телефонда хабар қилишар эди: «Тўрт кун муқаддам жаноб жамиятнинг шўъбасига қайтиб келганлар. Юртдан келган сайёҳлар ила кўришишлари лозим бўлган. Шу орада икки занжи меҳмон шўъбага ташриф буюриб, жаноб уларни ҳавокентга кузатиб чиққанлар. Охирги кўрганимиз шудир. Жаноб шўъбага ҳам қайтиб келмадилар. Юртдан келиб, кутиб ётган сайёҳлар билан учрашувга-да бормаганлар. Барча излашларимиз бесамар кетмакда. Аллоҳ ўзи ҳифзу ҳимоясида асраган бўлсин. Сўнгги маълумотни қўшамиз: ўша кунги меҳмонлар Найробига учганлар. Самолётда бирорта ҳам оқ танли бўлмаган...» Баҳриддин баралла овоздаги телефонаграммадан сўнгоқ, ялт этиб ҳамроҳига қаради. Бу хабардан тош ҳайкалдек қотган Қора дарвешга ниҳоят жон битиб, митти юзларини буриб қарадию, таскинга муҳтож биродарига эланиб тикилди: — Узр, жиндек кечикибмиз. Биз ўнгарилгунча улар буюк муҳожирни ўмариб кетибдилар. Аммо қотирибдилар, тушмагурлар! — деди тиззасига шаппалаб. — Уларинг ким? — дея олди Баҳриддин. — Бу ёғи сир, ошна, — деди у кутилмаганда тилини тоқиллатиб. Кетидан эса қўшди: — Агар улардан бошқа биров бу ишга журъат этган бўлса, билиб қўй, ернинг тагидан бўлса-да, муҳожирни топдираман, сен бехавотир бўл, — дедию ўриндиққа тоғ ағларган одамдек ястанди. Нимқоронғи йўлда унинг кўзлари оқ ёғдудек ярқираб-ярқираб кетар эди. Баҳриддин беихтиёр кундузги тушини эслаб, нечанчидир марта ҳайратга тушди. Қарангки, ўша жийронқашқани қувиб юрган чавандозлар ичида биронта ҳам қора танли чавандоз йўқ эди. Улар қайдан пайдо бўлиб қолдилар? Тушуниксиз эди. Тақдирнинг Аччиқ Синовлари («Жудолик Диёри»нинг Аввалги Икки Китобига Чизгилар.) Истиқлол даври ўзбек насрида, айниқса, роман жанрининг уфқлари кенгайди. Нисбатан қисқа муддатда ўнлаб романлар яратилди. Уларнинг аксарияти ўзбек халқининг ўтган XX асрдаги ҳаёти манзараларини тасвирлашга бағишланган. Ёзувчи Мурод Мансур «Жудолик диёри» трилогиясининг биринчи (1998) ва иккинчи (2003) китобларини («Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси Бош таҳририятида) нашр этди. Роман адабий жамоатчилик ва китобхонлар томонидан илиқ кутиб олинди. «Жудолик диёри» — рамзий ном. Ўзбек халқининг XX асрдаги ҳаётида, айниқса, асрнинг биринчи ярмида айрилиқлару жудоликлар кўп бўлди. Минглаб хонадонларнинг баъзи аъзолари Ватанда қолган бўлсалар, баъзилари ғурбатда ғариб бўлдилар. Ҳатто Ватанда қолганлар ҳам қамоқ, сургун, қатл, уруш каби мусибатлар туфайли такрор-такрор яқинларидан айрилдилар. «Жудолик диёри»да халқимиз бошига тушган ана шу оғир синовларнинг кенг манзараси чизилган. Асарда ўзбек халқининг буюк бардоши, энг оғир даврларда ҳам номига муносиб тарзда ўзлигини сақлаб қола олгани, йўқотишу айрилиқлардан янада тобланиб чиққани бадиий маҳорат билан акс эттирилган. «Жудолик диёри»нинг биринчи китоби воқеалари ёш бола Мақсудхўжа тилидан ҳикоя қилинади. Шоирона қалб эгаси эканлиги, табиатни, ҳаётни, одамларнинг турфа хислатларини теран англаши ва ёрқин бўёқларда тасвирлашидан ҳикоячи бола муаллифнинг ўзи эканлиги сезилади. Адиб аждодлари кечмишини, ўзи кўрган-ешитган воқеаларни қаламга олган, туғилиб ўсган, болалиги кечган манзил-маконларни тасвирлаган. Шунинг учун ҳам асар жонли, табиий ва самимий чиққан. Лекин бу самимият қатида қанча дард, қанча алам бор. Айниқса, поймол этилган қадриятлар, ғорат қилинган табиат манзаралари айрича бир ўртаниш, чексиз алам-изтироб ва иложсиз соғинч билан тасвирланади: «Киндик қонимиз тўкилган, неча пушт оталаримиз ўтган у диёрдан ҳеч вақо қолмади. Тупроқ ўша-ўша, макон ўша эди-ю, лекин энди диёр йўқ эди. Уни ёдга соладиган бир ўр ё қир, бир сой ё жилға, бир қўрғон ё ҳовли қолмаганди». Дастлабки боблар мутолааси пайтида ўқувчи китоб Мақсудхўжанинг болалигига бағишланган ва у воқеалар марказида туради, деган хаёлга ҳам боради. Аммо бобдан-бобга ўтгани сайин асарнинг бош қаҳрамони Султонмурод экани англашила боради. Муаллиф бош қаҳрамонни кўпам таъриф-тавсиф қилмайди. Уни бошқалардан ажратиб турадиган айрим хислатлари Султонмуроднинг хатти-ҳаракатлари ва бошқа персонажларнинг у ҳақдаги гап-сўзлари воситасида ёритилади. Унинг ўз насл-насабини унутмагани, қувғинга учраган аждодларини ҳам фахр билан эслаб юришидан манқуртлик авж олган бир даврда Султонмуроддек одамлар туфайли халқнинг тарихий хотираси бутунлай емирилмай, давр бўронларидан кўп нарсани омон сақлаб қололганига амин бўламиз. Романнинг фақат бир ўрнидагина Султонмуроднинг Оқсарой ва Гўри Амирни зиёрат қилгани, Олой маликаси Қурбонжон Додхоҳ тарихи билан қизиққанига ишора бор. Бундан кўринадики, Султонмурод фақат ўз насл-насабидангина эмас, балки жонажон халқи тарихидан ҳам яхши хабардордир ва унинг баъзи кескин, ҳатто зоҳирий жиҳатдан ўша давр сиёсати жиноят деб баҳолайдиган хатти-ҳаракатлари шунчаки аламзадалик оқибатида, кўр-кўрона бўлмай, балки мустаҳкам маънавий асосга, чуқур мазмун-моҳиятга эгадир. Ёзувчи Раҳимжон Отаев «Ўтаётган кунлар нафаси» мақоласида: «Султонмурод, назаримда, «Устюрт воқеаси» қиссасидаги Отамуроддан кейин Мурод Мансур яратган энг жозибали қаҳрамон», деб тўғри таъкид-лайди. Султонмурод ва унинг йигитлари ҳақидаги ҳи-коялар ҳақиқатан ўз вақтида шундай бир гуруҳ бўл-ган-бўлмаганидан қатъи назар, ишонтирарли, реал заминдан сира узилган эмас. Бу гуруҳ амалга оширган тадбирлар ўша даврдаги мустабид тузумга қарши умумхалқ норозилигининг натижаси сифатида намоён бўлади. Октябр тўнтаришидан кейин бир қанча йиллар давом этган Туркистондаги миллий-озодлик ҳаракати, гарчанд бостирилган бўлса-да, истиқлол ғояси халқнинг энг яхши фарзандлари қалбини ҳеч қачон тарк этмаган. Мустабид ҳокимият зулми энг авж олган давр-ларда унга турли воситалар билан қаршилик кўрсатиш, ҳатто қуролли кураш бошлаш каби режалар фикру хаёлини банд этган одамлар бўлган, албатта. «Жудолик диёри» романининг фазилатларидан бири— унда қаҳрамонларнинг мақсад-интилишлари ўзбек халқининг миллий қадриятлари ва Ислом дини нуқтаи назаридан ёритилганидир. Ҳатто ёвузликка қаршилик кўрсатилганда ҳам адолат мезонлари бузилмасин, бирор кимса ноҳақ жабр кўрмасин, деган ғоя илгари сурилади. Бу ҳол, айниқса, оғир-вазмин, мулоҳазакор ва тақводор Нусратилла почча билан дов-юрак, жувонмард, аммо қизиққон ва аламзада Султонмурод ўртасидаги мунозарада яққол кўринади. Нусратилла почча зулмкор тузумни ёқламайди, билъакс, ундан нафратланади. Аммо зулм ва адолацизликка қарши курашга азм қилганлар ҳам ҳар бир тадбири Оллоҳга қанчалик хуш келишини мулоҳаза этишлари, салла ўрнига каллани олмасликлари лозим, деб билади. Султонмурод ва Нусратилла почча мунозараси асарнинг энг таъсирчан саҳифаларидандир... Ёзувчи романда бир қанча ўзбекона образлар яратади. Нусратилла почча, Ҳайбат, Соли, Акмал, Чаман, Саломхон, Марғуба — ҳар бири ўз қиёфасига эга. Оқила, мулоҳазакор, қаноатли, меҳрибон Саломхон фалакнинг гардиши билан тариқдек сочилиб кетган Улуғхўжабой авлодларининг омон қолган вакиллари бир-бирлари билан аҳил бўлишлари, аждодларига хос диёнат, инсонийлик, ғурур каби фазилатларни сақлаб қолишларида катта ўрин тутади. Йўқотишлару жудоликлар унинг қалбида ўчмас жароҳатлар қолдирса-да, аёлнинг мустаҳкам иродасини синдиролмайди. «Инсон ҳар йўқотганига аза очаверса, бир умр азадор ўтиб кетади-ку», дея у яқинларини сабр-тоқатга, бор нарсаларни асраб-авайлашга чақиради. Шунинг баробарида, Саломхон ёвузлик ва адолацизлик қаршисида бош эгиб туриш тарафдори эмас. У Султонмуроднинг муайян хавф-хатарлар билан боғлиқ ишларига хайрихоҳ. Бошига мушкул иш тушиб, кайвони сифатида ундан далда ва чора истаб келганлардан ширин сўзи, жўяли маслаҳатлари, қўлдан келган ёрдамини дариғ тутмайдиган аёл пайти келганда нобакор кимсаларга нисбатан ғоят муросасиз бўла олади. Саломхон ўзбек оналарининг Ўзбек ойим даражасидаги ёрқин адабий образларидан бири десак, муболаға бўлмаса керак. «Ҳамманинг яшагиси келади» («Устюрт воқеаси») каби тилга тушган саргузашт қиссанинг муаллифи бўлган Муроджон ака «Жудолик диёри»да ҳам саргузашт унсурларини қўллагани асарнинг янада қизиқарли ва ўқишли бўлишини таъминлаган. Саргузашт воқеаларнинг бир туркуми соҳибжамол Марғубанинг ачинарли тақдири билан боғлиқ тарзда кечади. Никоҳ кечаси Марғуба бахту висол эвазига мусибат оғусини татийди. Куёв Баҳриддин гўшангага киришга улгурмасдан, таъқибчилардан қочади. Кийимларини алмаштирганлари туфайли, унинг ўрнига жўрасини ўлдиришади, аммо қотиллар жасадни танимай «Баҳриддин» деб кўмиб юборишади. Ўзи никоҳида бўлган одамнинг тириклигидан бехабар Марғуба муайян вақт ўтгач, Султонмуродга кўнгил қўяди. Ошиқи беқарор Султонмурод ҳам висол хаёли билан масрур. Таъқиблар кучайгач, у иккинчи бор ўз ихтиёрига қарши Ҳайбатга узатилаётган Марғубани олиб қочиб, Ватанни тарк этади. Xорижда бўлса-да, улар бир-бирларига етишиб, бахтли турмуш қурсалар керак, деб ўйлаган китобхоннинг хаёлларини биринчи китоб охирида Мақсудхўжага чет элдан етган хабарлар остин-устун қилиб юборади. «Султонмурод Марғубани биринчи никоҳидаги кишига етказишга жазм этибди ва Оллоҳ бу ишни ўзига тақдир қилганига шукроналар айтибди»... «Жудолик диёри»нинг иккинчи китоби ҳажми каттароқ ва мутолааси ҳам бир мунча мураккаб. Биринчи китобда воқеаларни асосан ровий Мақсудхўжа ҳикоя қилса, иккинчида — айрим боблар муаллиф нутқи воситаси, битик, мактуб ва кундаликлар тариқасида баён этилади. Замон ҳам ўзгариб, тасвир жуғрофияси анча кенгаяди. Яна бир ўзгариш шуки, асарнинг бош қаҳрамони Султонмурод воқеаларда кам қатнашади. Замон тақозосига кўра, у яқинларидан узоқда яшириниб юришга маҳкум. Аммо муаллиф маҳоратига таҳсин айтиш лозимки, Султонмуроднинг бош қаҳрамонлигига зарра шикаст етмаган. Зоҳиран у кам кўринса-да, ботинан Султонмурод номи асарни ўз атрофида айлантирувчи ўқдир. Асар воқеалари бош қаҳрамон тақдирига чамбарчас боғлиқ ҳолда кечади. Унинг номи ва довруғига ҳеч ким бефарқ эмас. Бу ном одамларда ҳаяжон, соғинч, изтироб, ифтихор, ғурур, ҳайрат, муҳаббат, меҳр, умид, баъзи кимсаларда эса, хавотир, қўрқув, ваҳима каби хилма-хил ҳис-туйғулар уйғотади. Унинг қаердалиги ҳеч кимга маълум эмас, аммо пайдо бўлиб қолишини интиқлик билан кутадилар ва бу ҳиссиёт китобхонга ҳам юқади. Нуроний Ҳозиқ тўранинг «Қадрдонимиз, бизнинг Ботур», дея эслаши Султонмуродга берилган юксак баҳодир. Китобхон учун кутилмаган, таъбир жоиз бўлса, уни «ранжитадиган» ҳоллардан бири шуки, биринчи ки-тобда беқиёс меҳр-муҳаббат билан тасвирланган Мар-ғуба (суюкли Марғу кеннойи) китобда деярли кўринмайди. Унга икки томчи сувдек ўхшаш Султонмуроднинг иккинчи вафодор ёри Маҳфуза сиймоси китобхон учун бу «йўқотиш»нинг ўрнини босади. Xуллас, Мар-ғуба образи биринчи китобга чуқур лиризм бағишлаган бўлса, иккинчи китобнинг маликаси Маҳфузадир. Саргузашт унсурлари романнинг навбатдаги китобида ҳам етарли. Ёдгорнинг ўрнига Акбаралининг ўғирланиши, Тангритоғ диёридаги кечмишлар, Султонмурод ва йигитларининг Ҳозиқ тўрани олиб кетиш учун чегара оша келишлари шулар жумласидандир. Асарга янги олиб кирилган Ҳозиқ тўра образи унинг салмоғи, тарихий ва фалсафий жиҳатларини чандон оширган. Муаллиф ўзининг тасвир услубига содиқ қолиб, мўътабар инсон Ҳозиқ тўранинг ўтмиши ҳақида батафсил маълумотлар келтирмайди. Аммо баъзи ишоралар, масалан, бир персонажнинг уни Имом Шомилга менгзашидан, Ҳозиқ тўранинг прототипи Алихон Тўра Соғуний эканлиги китобхонга аён бўлади. Муаллиф китобхон Соғунийнинг ҳаёт йўли ва асарларидан хабардорлигини ҳисобга олган. Муаллиф қаҳрамонларнинг йирик тарихий воқеалардаги иштирокини батафсил тасвирлашни мақсад қилиб қўймайди. Кўпроқ уларнинг руҳияти таҳлили, тарихий воқеаларнинг улар хотирасида қолдирган ўчмас излари, онгида ясаган ўзгаришларга эътибор қаратади. Бу, албатта, адабиётимизда инсоннинг ички дунёси тасвири бирламчи аҳамият касб этаётгани билан боғлиқдир. Романнинг энг изтиробли саҳифаларидан бири Ҳозиқ тўранинг «хумдек боши устарада қирилган нор-ғул» раҳбар билан суҳбатидир. Норғул раҳбар ўзининг мустабид тузумга садоқатли хизматини оқлашга уринади: «Биз Унинг олдида киммиз? Xоҳласа, чивиндай эзғилаб ташлайди, хоҳласа, кафтида кўтаради. Иложимиз, қанча?». «Сен кичкина одамман десанг, мен кимманки десам, қачон одам бўламиз ўзи?» — дейди унга жавобан Ҳозиқ тўра қалби сидирилиб оқиб.— Борми ўзи бу юртда эл учун бошини тика оладиган бир инсон?!». Асарнинг асосий фалсафий ғояларидан бири шуки, ҳар бир киши яратилишидан эзгуликка мойил. Одамлар орасида адашганлари бор, аммо инсонлик қиёфасини бутунлай йўқотган тузалмас нобакорлар бўлиши мумкин эмас. Оллоҳнинг изни билан бундайларнинг ҳам мудроқ виждонлари уйғонмоғи, улар тавба-тазарруъ қилиб, эзгулик томон юзланиб, яхши амаллари билан ўзларининг аввалги гуноҳларини, қисман бўлса-да ювмоқлари мумкин ва лозим. Инсоннинг залолатдан халос топишга интилиши ва, алал-оқибат, бунга эришиши «Жудолик диёри»да бир неча киши тақдири орқали кўрсатилган. Машҳур ўғрибоши Парпи тўғрибошига айланиб, бир пайтлар ўзини шармандали жазога маҳкум этган Султонмурод изидан кетади ва шу туфайли элу юртнинг дуосини олади. «Ўғри қариса сўфи бўлади» тарзида хўжакўрсинга эмас, балки чин дилдан тавба қилиб, имон келтириб қилади бу ишларни. Асардаги бу хил руҳий эврилишлар кам учрайдиган ҳодиса бўлиб туюлиши мумкин. Аммо мутлақо имконсиз ҳам эмас. Бошқача шароитда ҳеч кимга озор бермай рисоладагидек ҳаёт кечириши мумкин бўлган киши, тақдир тақозосига кўра, беихтиёр равишда ёвуз тузум хизматига тортилиб, гуноҳсиз одамларга жабр қилиши, ҳатто қўли қонга бўялиши мумкин... Шарқона қадриятлар — қариндош-уруғлар ўртасидаги меҳру оқибат, расм-русумлар, урф-одатлар, анъаналар асарда жуда гўзал ифодаланган. Меҳмон кутиш ва дийдор кўришгандаги сўрашишу мулозаматлар маромига етказиб тасвирланган: «Уйимизни тўлдириб ўтирибсизлар», «Бирам ярашиб ўтирибсизлар» ёки узоқ вақт кўрмаган жияни билан учрашган аёл: «Бормисан, болам?! Бир ярашиб турибсан, қара, ота юртларга. Кўкқарғани кўриб, одам бунчалар қувонмайди, келганинг рост бўлсин, илоҳим, болам. Шу азиз ерларда униб-ўсгин. Руҳлар шод бўлсин. Кел, болам, кел, — деб бағрига тортиб, куракларини силаб кўриша кетди». Романнинг тили мароқли, оҳорли тасвир-ташбеҳларга бой, услуби равон, содда. Тошкент шеваси бойликлари, халқ тили ва болалар нутқидан самарали фойдаланилган. Адиб ҳамма нарсани ўзига мос сифат, ўзига хос образлар орқали тасвирлайди. Унинг ташбеҳли тасвирида олмазорлар ўсмаранг-у, ёнғоқзорлар сурмаранг; беҳилар букри кампирни эсга солади; қийғос гуллаган шафтоли бошига гулли рўмол ташлаб, саломга чиққан келинчакка ўхшайди... Адабиёцҳунос олим Наим Каримов Ойбекнинг «Болалик» қиссасига ёзган сўнгсўзида: «Биз ва, айниқса, кейинги авлодлар XX асрнинг 10-йилларидаги Тошкентни ва, умуман, ўзбек халқининг ҳаётини бундан кейин Ойбек хотиралари орқали кўз олдимизга келтирамиз», деб ёзади. «Жудолик диёри» романида эса, зилзиладан олдинги Тошкентнинг Яккабоғ, Қатортол, Новза, Чўпонота, Изза сойи, Аччи қирлари каби сўлим гўшаларининг ёрқин тасвирлари берилган. Асарда кўп ҳикматли сўзларга ҳам дуч келамиз. Бу ҳикматларнинг баъзисини муаллиф халқдан олган бўлса, баъзиларини ўзи кашф этган. Булар муаллифнинг ҳаётни, одамларни кўп йиллар давомида кузатиши натижасида келган хулосалари, умумлашма фикрлари: «Кекдан ҳеч ким кўкармаган», «Мадор йиғаман деган киши муроса қилади», «Ўзи эмас, тақдири кўҳлик бўлсин», «Урган қўл эмас, силаган қўл кучли дунёда», «Юртда токи битта йигит ор-номус учун курашар экан, демак, ҳали юрт бой берилмаган»... Табиийки, роман баъзи қусурлар, мавҳумотлардан ҳам холи эмас. Биринчи китоб воқеалари асосан уруш пайтида кечган бўлса-да, ўша давр машаққатлари, бевосита уруш билан боғлиқ тарзда халқ кечирган фожиалар тасвирига етарли ўрин ажратилмаган. Эҳтимол, бу ҳолнинг сабабини воқеалар ёш Мақсудхўжа тилидан ҳикоя қилиниши билан изоҳлаш мумкиндир. Чунки ҳар бир киши ўз болалик пайтларини эслар экан, ундаги ёрқин, жозибали томонлар кўпроқ хо-тирада қайта жонланади, ўша пайтда бошдан ўтган қийинчиликлар бир қадар унутилган бўлади. Асарда пайҳон қилинган боғу бўстонлар, болалик билан боғлиқ табиат гўшалари тасвирларида баъзи қайтариқлар ҳам мавжуд. Ўзбекликка хос қадриятларни тасвирлашда баъзан меъёр унутилиб, идеаллаштириш даражасига борилган, назаримизда. Муаллиф наздида, ўзбекнинг маиший ҳаёти ҳам ер юзида энг зўр бўлиб, қиёсини фақат жаннатдан топиш мумкин: «Яхшиям ўзбекнинг тўй-ҳашами, ақиқаю эҳсони бор... шу баҳона йиғиладилар, дийдор кўришадилар, ҳол-аҳвол сўрашадилар. Келолмаган қарияларнинг омонат саломлари, дуою тилакларини етказадилар. Чиндан шу халққа мансублигингдан, оқибатни, қариндош-уруғдан хабар олишни унутиб қўймаганингдан ичингдан бир ғурур туйиб кетасан. Оллоҳ сени шу тоифадан этганига (анув ота-онасини ташлаб, бегона юртларга тентираб кетавурадиганлар тоифасидан қилмаганига!) шукроналар айтасан»... Айрим жузъий камчиликлардан қатъи назар, «Жудолик диёри» бир неча қисса ва романлар муаллифи Мурод Мансурнинг бош асари ва мустақиллик даври ўзбек адабиётининг салмоқли ютуқларидан биридир, деб айтишга ҳақлимиз. Романда мустамлака даврида ҳам озодлик ғояси халқ дилида яшагани, садафда дур етилганидек, халқ бағридан муқаррар равишда шижоатли, имонли, ватанпарвар, мустақил одамлар етишиб чиқиши бадиий тарзда акс эттирилган. Романнинг икки китоби нашр этилган бўлса-да, у ҳали тугалланган асар эмас. Икки китоб мутолааси жараёнида амин бўлдикки, «Жудолик диёри» таъсирчан мулоқотлар ҳаяжонли ва унутилмас учрашувлардан холи эмас. Энг гўзал дийдорлар, соғинчли суҳбатлар айни учинчи китобда бўлса ажаб эмас! Ғулом Карим. AvvalgiIII- qism Keyingi |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62429 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57898 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40505 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36644 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23312 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23180 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21834 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19542 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18663 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14485 |