Жудолик диёри (2-китоб 3-қисм) [Murod Mansur]

Жудолик диёри (2-китоб 3-қисм) [Murod Mansur]
Жудолик диёри (2-китоб 3-қисм) [Murod Mansur]
Учинчи Бўлим - Жазо, Рижо ва Ҳидоят
Ажиб Саодат (ёхуд бир кечалик меҳмон)
Маҳфуз хатлар давомига. Жиндек қиссагўй изоҳи ила.
Қай вақт бўлиб кетган эди, билмайман. Алламаҳалда ишдан келиб, диванда хаёлпаришон ўтириб эдим. Кейин секин узаниб, ёнбошлаганим эсимда. Шу ҳолда ширин бир туйғу қамраб келиб, парқу қанотларига индирдию аллалай бошлади. Афтидан, уйқу элитиб, кўзим илинган эди шекилли, ажойиб туш кўра бошладим. Бунақаси илгари, болалик кезларим содир бўларди: кўзимни юмардиму ажабтовур — худди эртакнамо тушлар кўра бошлардим. Ҳозир ҳам ўшандай тиниқдан тиниқ, сирлидан сирли, аммо қай бир ерлари ўзимга таниш диёрда кезиб юрар эдим. Чор тараф, бутун атроф-жавониб оппоқ ойдинмиш-да, ўзим эски уйларимиз томонда юрганмишман. Ойнинг ердаги олачалпоқ нурларидан маълумки, эшигимизнинг рўпарасидаги анҳор бўйида, ёнғоқзорда туриб, ой нурига чўмиб ётган тупроқ томли уйларимиздан, ишкомли боғларимиздан кўз узолмайман. Улар бағазларни аллатовур бир кумушрангга бўяб-жилвалантириб, лойсувоқ томларимизга оқ жужун матоли ярқироқ бир нарсалар ёйиб, тарновларнию девор сархокларини қиров қўнгандай оқартириб-ярқиратиб, ерга, бўғотлар остига ажабтовур ўсма-соялар тортиб, бутун ҳовлимизни сир-синоатларга кўмиб ташлаганки, у ҳов бир вақтлар — акам Бўзсув бўйларини қароргоҳ тутиб юрган кезлардагига ўхшаб кетганди. Мен уни соғинган кезларим, ярим кечалари туриб, ана шундай анҳор бўйларига чиқиб олар, йўлларини пойлаб ўтириб қолар эдим. Назаримда, тоғамгиларнинг ҳов муюлишидан мана ҳозир сўлиғини шўлқиллатиб, бир оту отлиқ чиқиб келаётгандек бўлаверар эди...
Ҳозир эса (тушга ҳеч тараф йўқ) ичкаридаги зинамизда ёлғиздан ёлғиз, аллақачон азим ёнғоқлардан ошиб ўтиб, бир кенгликка чиқиб олган ва ҳамма ёққа беармон ёғду сочиб ётган тўлиндан тўлин ойга, унинг гоҳ думалоқ кўзгудек, гоҳ осмоннинг у ёғига очилган оқ бир даричадек кўринишига маҳлиё бўлиб ўтирарканман, унинг сатҳи-кўзгусида кўринаётган бир нарсалар хаёлимни ўғирлаган эди. Чиндан ҳам осмонда сузиб юрган тўлин ой — ой эмас, афсонавий бир оина ёхуд Жамшиднинг оппоқ жомию унинг юзида шу вақт-шу соатнинг ўзида қай бир ерда кечиб турган воқеа(!) аксланиб турган каби эди.
Ой юзига яхшилаб тикилган киши уни кўрмай иложи йўқ эди!
Ана, Ойнинг сутга чайилгандай тип-тиниқ юзи — сатҳида бизнинг Тегирмондан то Қўшилишга қадар чўзилган Иззаю унинг икки беткайига ястанган ерлар худди очиқ улуғ китобнинг икки бетига ўхшаб, аллақандай кумушранг нуқра сепилгандай ярқираб кўринардилар. Унданам ажабланарли жойи ўша суврат- да иззалик — сойлик, яъниким улуғ китобнинг ўрта-си Ойни қоқ иккига бўлиб турибди. Гўё ойим бир вақт айтганларидек, яъниким у пайғамбаримиз за- монларидан қолган эмиш. У кишидан мўъжиза кўрсатишни сўрашганида Ойни қоқ иккига бўлиб юборган эканлар. Бу доғ — у қора чизиқ ўшандан қолганмиш.
Ҳозир эса худди ўша чизиқ ёқалаб гўё бир отлиқ қир ошиб-ошиқиб келар, бу нимадан белги — ақлим етмас, етмаса-да, бу гўзал кечанинг сирли оинасида аксланган нарсага сеҳрланиб қолгандим.
У нима, чиндан тушми ё ўнг? Туш бўлса, бунчалар аниқ-таниқ? Ўнгим десам, нега сархушман? Гўё ақлим тўнгиб қолгандай, қаердалигимни тўла англай олма-ётирман?
Ундай десам, нега юрагим аллақандай ҳаприқиб бор-япти, гўё ичимга бир гала қуш қамалиб қолгандек? Улар гурра-гурра учиб кўтарилганлари сари нимадир бўғзимга тиқилиб-тиқилиб келади! Шу билан бир вақт-да мен турган зинанинг ўнг ёғидаги ярим очиқ деразанинг ортидан (катта уйда шекилли) биров, нега биров бўлсин, аёл киши пиқ-пиқ йиғлаб, кўрпаними, нимани устига тортиб, хўрлигини ютишга уринади, ҳиқиллайди. Аммо овози ё қудратингдан, шунчалар танишки... отини атаб чақиргудекман. Кеннойи, деворгудекман...
Уйғониб кетиб, ёнбошлаган жойимдан қаддимни кўтарсам, хонтахтанинг у бошида биров шишасига қоғоз кийдирилган лампачироқ ёруғида ҳиқ-ҳиқ йиғлаб ўтирибди. Тиззасида ўша унниққан сариқ дафтар, дам-бадам бурнини тортиб, кўзёшларини артиб қўяди. Қора духоба нимчасидан танидим. Xотиним. Мени ухлатиб қўйиб, ўзи давомини ўқиётган эканми?
— Саида, ўзизми? — дедим ҳайратланиб, — ўқиркансиз, уйғотмайсизми?
— Бирпас мизғий қолинг, деб ўқий қолсам... бунақа экан.
— Қанақа?..
Саида ичдан чуқур тин олди:
— Аёл кишини нуқул мусибатга яратган экан: бечора кеннойингиз!..
— Нима бўлган экан? — дедим юрагим тошиб келиб. Энди туриб ўтириб олган эдим.
— Ўқий қолайми? — деди у.
— Майли, ўқинг, — дедим интиқиб.
У бошлади.
«...Кичигоюмлар вақт алламаҳал бўп кетибди деб ичкару уйга киритиб юборган эдилар, шу қўлимдагуни тепчуб қўяй деб ўтириб қолубман.
Бир маҳал лампачироқ ўз-ўзидан ёришиб кетиб, олов тили ичига тушиб бора бошладу. Нима бўпту, деб пилигини кўтаруб кўрдум, қирқиб кўрдум — қани жо-йига келса. Мойи тугаб битган экан, ахийри ўчду-қолду. На илож, ишпечларимни токчага олиб қўйиб, ўгирилсам денг... деразадан шундай бир нур тўкилуб турибду! Шунақа оппоқ, шунақа шаффофки, ўн тўрт кунлук ойнинг ҳам энг ярим кечадагиси, энг тиккага келгану. Уйқуларим ҳам қочуб, ёш боладай дераза тагига келволибман.
Чинданам ташқару сутдай ойдин эду. Ҳовлуда игна тушса кўринар, ишкомлар ҳарир говрапўш ёпулган бешиклардай нурга белануб ётар, боғдаги дарахтлар қийғос гуллаб юборганга ўхшардулар.
Юлдузлари хира тортиб кетган кўк тоқида эса ёлғуз ой янги тушган келинчакдек жилмайиб турар, унинг юзуга қараб тўюб бўлмасду. Гўё чироғингни мойи тугамаса — қарамайсанми, ўтир бирпас, ҳолу қолайлук, дардлашайлук, демоқчи бўладу. Гиналар қилиб, жилмаяду. Имолар қиладу ҳар турлу. Ишвалару ҳам ўзига ярашган.
Тавба, бу не ҳол? Ҳеч маҳал ой ҳам ишвалар қиладуму одамга? Турланиб-тусланадиму? Ҳозиргуна чимилдиқдан чиққан келинчакдек иболу-иболу боқмоқда эду. Энди ўша келинчакнинг кунгира кўзгусига айлануб қопту. Унинг ичида бўлса, аломат-аломат нарсалар ой нурига чўмуб ётубдулар. У кумуш далалар, сойлар нимаси биландур жуда таниш. Қолаверса, бир отлуқ ўша сой ёқалаб, илдамлаб келаётгандек. Тавба, бу қанақаси? Ой ҳам ҳеч маҳал кўзгуга айланадуми? Ердаги нарсаларни акслантирадиму?
Манум эсум оғуб боряпту. Гўё жинми, фаришталар ақлумни олиб қўйгандеклар. Аммо ажабтовур нарсалардан (ой бўлиб ой эмас, кўзгу бўлиб кўзгу, тавба) кўзимни узолмайман. Унда кўринган нарсага сеҳрлануб қолубман...»
— Шошманг-шошманг, — мен қулоқларимга ишонмай у ўқиётган нарсанинг устига кафтимни ташладим.— Нима дейди? Нима кўринди дейдилар?
Саида чўчиб тушган эди:
— Ўзизми, адаси? Нимаси тушунарсиз?
— Отлуқ кўринди дейдиларму? — Мен ҳайратимни яширолмасдим.
— Шунақа ёзибдилар, нимасига... ишонмайсиз?
— Биласизми, ўша отлуқ, ўша ойда кўринган нарсалар, менинг тушимга кириб юрибди. Ҳали-ҳозир, энди эса, сиз ўқиб турибсиз.
— Субҳоналлоҳ, — деди Саида ва кўксига туф-туфлади. — Шунақаси ҳам... бўлади эканми?
— Бўлар экан-ку, ўқийверинг-чи, — дедим давомига интиқиб.
Саида кимга ишонарини билмай, дафтарни ўзига яқинроқ сурди.
«...Хаёлумда ўзиз. Чегарадан ўтолмай қаёқларда қолдиз экан? Тангритоғда инқилоб бўғилган, сарбони ўғурлаб кетилиб, лашкар тарқатуб юборилган, халқ етум бўтадай бўзлаб қолган бўлса. Ботурлар тоғларга тўзиб, ҳар ким ўз жонину асрашга тушган бўлса. Сиз мусофирлар қайга бош уриб бордингиз, қай диёрларни ошиён тутдингиз экан?
Озодлик нашъу намоси шунчалар қисқа, Оллоҳимнинг инояти муваққат эканмики, Тангритоғ томонлардан хабар келмайин қўйди. Қочган қочди, тўзган тўзди, ҳатто Сиз Ботурлардан бир мужда йўқ. Қай ўнгир, қай қояларда, қай довон, қай қўл етмас музликларда қолдиз экан? Ё ҳали озод бўлмаган вилоятларда юрибсизларму? Нега бирон хабар йўқ, мужда юбормассиз? Ахир шу умидда бу диёрларга жўнатубму эдунгиз? Ризолук берган, Оллоҳнинг омонатини то абад сақлагайман деб, аҳлу аёлумни, шариатумни ҳар нарсадан устун тутгайман деб онтлар ичган ким эду? Қайларда қолдиз, Ботурмуродум? Мен истамасман сиз қасамхўр бўлиб қолувингизни. Оллоҳимнинг олдида гуноҳкор бўлиб турувингизни.
Ана шу топда, Ой нури узала тушган ўрнумга ўтириб улгурмаб эдумки, дераза чертилуб, қия очилган тавақасидан Ойнинг ўзи кириб-ла келмоққа бошладу. Ё Аршул азим, бу неси? Шу мўралаб турган Ойнинг-да ишиму, бошқанинг?
қ
Нафасум ичимга тушуб қалтираблар кеттум!.. Не ҳол юз бермоқда, англаб олмоққа ожуз эдум. Жонум, унга қўшилиб жон қушум бўғзумда турар эду. Қўрқиб кетганум шунчалик!..
Шунда... деразанинг иккинчи тавақаси-да очилуб, мен соғинган, орзуқиб кутган кимсанинг ўзи кўринуб (азбаройи Xудо, ҳалиги қўрқув, титроқ қаёққа кетту?!) юракум дукурлаб берса денг — бўғзумга иссиқ бир нарса тиқилуп, кўзларимга аччиқ ёш қуйилуб келибду. Ўзум «у киши, у киши-ку!» дейман-у, сира овоз битмайду.
Ниҳоят, Сиз-ўзиз:
— Маҳфуз, мен келдум. Онтимни устидан чиққали келдум, — дедингизу бир хатлаб деразадан ошуб ўта қолдингиз.
Оймўмада юрган отлиқ, кўзгуда кўринган киши — ўзингиз кириб келган эдингиз!
Ё, Қодир Оллоҳ! Ўзинг меҳрибонларнинг меҳрибонисан. Карамингга ҳам, синовларингга ҳам тараф йўқ! Бояги белгулар чин экан. Чин чиқди, эй Оллоҳим! Бу ҳам бўлса, сенинг иноятинг, карамингдир. Мен Оллоҳ етказган кишимнинг қучоғида ўзимни унутуб, йўқотуб йиғлардум. Шунча сабрларумнинг мевасига етишуб турардум.
Қачон дераза тавақаларину ёпуб қўйдук, мен мусофиргинанинг юпқа ўрнуда қанча сўйлашуб-гиналашуб ўтирдук, аразларимузни тўкишдук, таскинлар олдук, билмайман, кейин шунча жудоликдан сўнг топишган шаръан никоҳдаги кишиларга пайғамбаримиз буюрганларидек қанча суҳбат қурдик, ёлғиз Ой гувоҳ эду. Ке-йин у ҳам ҳаё қилиб, мағрибгами — қаёққа оғуб кетди, мўраламай қўйди. Фақат аёқ тамонумизда, деразанинг таккинасида намат устида қизил тулки терусидай бир нарса чўзала тушган эду, холос.
Кейин билсам, бизнинг ишумиздан хижолатларга тушуб, аллақандай қизаруб ботаётган ой экан. Ўзи учраштируб, ўзу хижолатларга тушса-я...
Уни кўриб, Сиз шошиб қолдингиз.
— Сувингни олиб кела қол, вақтим битибди, — деб шивирлардунгиз.
Бу гапдан менинг хушум оғаёзди:
— Қанақа вақт, Султонмурод ака? Қаёққа боргайсиз эндиям?
— Ака демагил, бундай буюрилмаган, — дедингиз Сиз ирим қилиб. — Яхши ният қил, адаси, адажониси демоқ лозим, — деб шивирладунгиз қулоғимга. Мену юпатармудингиз, аврармудингиз — билолмасдум. Лекин гаплариз мойдек ёқиб тушмоқдайди.
Бўйнунгизга осилуб эркаландум:
— Қаён боргайсиз, қўюб юбормасман бу гал. Эндиям алдаб кетолмассиз. Айтасиз, қанақа вақт?
— Муҳлатим битадур, Маҳфуз, тушун, — дедиз сочларумни силаб.
— Қанақа муҳлат? Ким қўядур уну? Кўруб-билуб туриб?.. — Мен хўрлигум тутуб йиғламоққа бошладум. Бўйнунгизга баттарроқ осилуб олганмидум, юзларимни кўксингизга босуб қўйвормасмидум Сизну — ўзум билмасдум.
Шунда қулоғимга иссиқ нафасингиз урулиб, шивирладунгиз:
— Ҳой, Маҳфуз — аяси, шундай туравергаймизми, фаришталардан уялмай? Тонг отиб боряпти.
Қўлларим ўз-ўзидан бўшашдулар. Сиз ҳақ эдунгиз. Бу туришимиз Оллоҳга ҳам хуш келмас эду...
— Мен ҳозир. Фақат Сиз миқ этмай тургайсиз. Xўп, — дедим-да, деразадан енгил тушуб, оёқ учуда ошхонага юриндум. Сув челак, тоғоралар ўша ёқдайди...
Ювинуб-тарангунимизча Ой ҳам бўзариб боғ пастидаги катта тут ортига ўтуб турди. Олди хўрозлар қичқуруб, чақирмоққа бошладулар. Анҳор ёқалаб кетган кўчамуздан олди бозорчи араванинг қитирлаб ўтувига оз қолмоқдайду. Кўк тоқидан юмалаб бориб ҳалиги тут тагида кўринган Ой томлару фақат дарахт тепаларига ўз укпарларини қадар, ҳали кўринмай турган юлдузлар энди бараварига чарақлаб, кўпайишиб кетган эдулар. Балки менинг ўзумга шундай кўринмоқдадур, туюлмоқдадур. Сиз борлигингизданму, негадур қушдай енгилман. Атрофингизда учуб-қўнуб, гиргиттон бўлиб-да юрибман. Агар кетадургон бўлсангизам ортингиздан қолмасам керак. Фариштадай учуб кецам-да мумкун. Бу ерда қолмаслигингизни ҳеч-ҳеч тушунолмайман. Тушунгим-да келмайду. Ахир қанча вақтда — энди етишдум. Етишганда айрилиш...
— Энди менга жавоб берасан, Маҳфуз. Шошмасам бўлмайди, шерикларимни ортиқ куттиролмайман хатарга қолдириб. Тушун, — дедиз.
Қани тилим айланса, термуламан, холос. Бўй-бастларингизни, ўша туришингизни кўз қорачиқларимга муҳр-лаб-жойлаб олмоқчи бўламан. Тикиламану миқ этолмайман. Ич-ичимдан бир нималар тошиб келутти, биламан, туғён, аччиқ тақдиримизга қарши исён, лекин бу ёзуғимиз Оллоҳдан экануни, бу бизга синов экануни англаб турганум учун ҳам унга шак келтируб қўюшдан ўзумни тиймоқдаман. Лабларимни маҳкам қимтиб олганман, тишлаб олганман. Ўкраб юборишга қўйма-ётурман. Агар бир оғиз юпатишга бошласангизму қутулолмасдингиз, мени йиғидан тўхтатолмасдингиз.
Шу тоб кўчамуздан ғирчиллаб биринчи бозорчи арава ўта бошладию бедапоя томонда аллақандай сергак от уни сезиб, кишнаб юборду. Ва сиз шошилишга тушдингиз:
— Фақат сендан илтимос, мен келганимни ичингга ютасан. Xўп?!
— Xўп, — дедим мен йиғимни-да, ичимга ютуб.
— Xоламгиларга-да, айтмагайсан. Тушундинг?
— Тушун-дум, — деб бош силкиган эдум, кўз ёшларум билагумга дув тўкилдулар.
— Бизни эсон-омон етиб олсин десанг — ичингга ютасан, кейин йиғлаб эмас, кулиб кузат мени. Қайтишум осон бўлгай, — дедиз қулоғимга шивирлаб. Елкамдан қучганча дераза олдига қадар бағрингизда олиб бордингиз. Ўзингиз шошиб турибсиз-у, яна бир нималарну тайинламоқчи бўласиз.
— Эшитдинг-а, бу диёрларга қайтишимни истасанг, йиғламай кузатасан. Бўзламайсан фақат. — Ке-юн шошуб тайинлай бошладингиз. — Узоқни иши қи-йин, агар бир гап бўлиб, узоқиб кецам, қийналиб кецанг, эслаб қол, бу диёрларда ёлғиз қиёматли бир дўстим бор. Ўшани топиб бор. Xасти Имомдан ўтганда Калковуз суви бор. Ўша тарафдан сўроқлайсан. «Ойтўра бувининг ўғли Чаман аканики қайда?» дегайсан, кўрсатиб беришади. Оғир кунга қолсанг, ўшани топ.— Сиз шошганданму, менинг йиғлаб бериб, ҳамману уйғотуб юборарумдан қўрққанданму, деразага оёқ қўйиб олгандингиз. Бир ҳатлашда ҳовлига тушиб олгудек эдунгиз.
Мен эсам, Сизнинг ўз диёрингиздан бундай ўғрунча чиқиб борувингизни истамасдум. Ботурларнинг аёлудай отингизни ёнуда узангунгизни ушлаб, кузатуб борарумни, буни бутун Каттабоғ, барча-барча қариндошларингиз кўриб турувини истардум. Аммо на қилай, ихтиёр менда эмасду, Xудонинг хоҳлаши шундай бўлмоқдайди, чидардум.
Сиз ҳовлига енгил сакрамоққа шайланган кезда бир нимани эслаб, енгил қайрилдингиз:
— Ҳа, дарвоқе. Оллоҳ бугунги кечамизни хуш кўриб, илтижоларимизни эшитиб, ўғилми-нима ато этган бўлса... отини ўзинг билиб, Ёдгормурод қўйгайсан.
— Султонмурод ака, нега ундай демоқдасиз? — дедим ўкраб юборишдан ўзумни зўрға тийиб. — Ҳали-вери...
Қани у ёғини айта олсам, сўрай олсам. Оловдай куйдирмоқлайди у сўз юрак-бағрумни. Айтаман десамам айта олмасдум.
— Билмадум, Маҳфуз. Ҳаммаси Оллоҳдан. У дилимга солди — айтдим, қолганини ҳам ўзи ўнглагай истаса. Сен дуодан қолма.
— Қолмагайман, қолмагайман... Яхши боринг фақат.
— Яхши қол, — дедизу мен Сизни йўқотуб, ҳувиллаганча қолавердум. Энди ўзумни қарғайманки, у ёғи йўқ: топганумда нега қўйиб юбордум, деб!
Нега ўкраб йиғлаб, кичигойимгиларнию ҳаммани уйғотиб юбормадум!
Нега жилла қурса, иншааллоҳ демадум!
Шундай десам, бу кунларга, бу маломатларга қолмасмидум. Ҳамма келадигани ортда экан. Сиз кетдизу мен ҳеч ерга сиғмай қолдум.
Икки ойгина яйраб юрганларум, ўша кечани эслаб бир ерга етганларум ҳаммаси бурнумдан булоқ бўлиб чиқа бошладу. Касални яширсанг, исистмаси ошкор қилганидай, Сизнинг у ташрифингизни бўйимда бўл-ган нарса ошкор этиб борарду. Уни сириб ҳам, ҳалфиллаган кенг кўйлаклар кийибам яширолмасдум. Зингилли кўзлар, синовчан нигоҳлардан қочуб қутулолмасдум.
Ахийри остона ҳатлаб чиқолмай қолдум, Каттабоғга гап тарқаб кетупти: анув кўҳлик келин бўйида бўп қопти, деб! Қани, тушунтириб бўлса Сиз келганингизни... бу ишлар шаръан эканини. Ҳатто кичиг-оюмларга айтмагандум, энди қандай оғиз очаман? Қолаверса, Сизга ваъдам бор, берган сўзим бор. Энди қайси тил билан очаман у ташрифингизни? Нега бу ёғини ўйламаган эканмуз?
Бошимга қопму — нима кийдирилган одамга ўхшайман. Дунё шунчалар зимистон, эртам шунчалар қорон-ғу. Оллоҳ ўзи йўл кўрсатмаса, билмам, ундан қандай қутуларман? Нажот кўринмайду ҳеч. Ё ўзингиз келиб қутқариб қоласиз, ё нолам Оллоҳга етуб, Ўзи ку- шойиш бергай — бошқа йўл йўқ!
Фақат эсумни еб қўйиб, Оллоҳ изн бермаган ишларга қўл уриб, раҳмимда кўтариб юрганум — Ёдгормуродингизнинг онасимас, қотиласи бўлиб қолувимдан қўрқаман. Кейин нима қиламан? Оллоҳнинг қошида нима деб жавоб бергайман?! Унинг қошида хижолат бўлгандан бу дунёнинг ҳар нечук азоблари афзал! Шу андишами — нима, мену бу дунёда тутиб турибду, ушлаб турибду. Қолган барчаси — кечиб юборгулик! У маломатлар олдида ўтиб юборгулик! Бу ёғу нима бўладу, билмайман. Мисоли улкан чоҳ — сўнгсиз қоронғулик бир жар рўпарасидаман. Мени унинг ёқасидан ким ҳам қутқаргай? Кимга оғиз оча олгайман? Ахир, ўзингиз тайинлагансиз. Йўл кўрсатинг, бир имдод беринг, Султонмурод ака? Маҳфузам омон бўлсун, Ёдгормуродим тирик қолсун десангиз — жилла қурса, Оллоҳга илтижолар этинг. Ўзи йўл кўрсацун, кушойиш берсун. Бош-қа кимдан мадад тилай?! Излай, қидирай?..
Эй, Парвардигорим! Ўзингга иймон келтирганман. Ўзинг ёрлақа ва бир йўл кўрсатгил. Ўзинг сабру жамиил ато эт ё шу мусулмонлик ҳолумда бу омонатингни ол. Ўзинг қўлла»...

* * *
Эндиям ишонмайинми, Султонмурод аканг кепти, деган гапларга? У тушларимгача бундайин кириб юрса?
... У нимадан белги, имдод беряпти? Энди қайтишиданми? Қачон қайтади экан? Чаман акам биланми? Буни ҳам билмасдим...
Кутамиз, интиқиб-интиқиб кутаверамиз.


Илон Қачон Пўст Ташлайди (ёхуд «Кўк Тўнли» нимадан огоҳ этмоқчи?)
Яна ҳикоячига маълум тарихлар давомига.
Каттабоғимизда бошим бориб-оёғим келганча сандироқлаб юрган кезларим эди.
Мен сойма-сой кезиб, бедапояма-бедапоя ошиб, Эргаш чўлоққами, бошқагами тўр судрашиб юрсам ҳам, болалар билан кечгача Иззада қолиб кетиб, балиқ туцам ҳам ҳеч ким ҳеч нарса демасди. Чунки биз — пакана пари Мақсудхўжа жанобларига Ҳожи дўхтирдан шунақа рухсат теккан: тепаларда варрак учириб, қўзиқорин териб, Бўзсувларда ёввойи каптарларнинг потирлаб учишига маҳлиё бўлиб, жарма-жар, тепама-тепа ошиб, қамишзорлардан ўрдагу мошак-қушларни қувиб юриб, бош оғриғимни ўша жару журларга, қамишзорларга ташлаб келишим керак.
Лекин бугун уйда қолган, супамизнинг тепасидаги катта қари толга чиқволиб, тоққайчи билан истак тераётиб эдим. Гоҳо-гоҳо ёнгинамдаги қўшнининг деворидан ошиб ўтиб, қизил маржондек бўртиган ўрик шохларига, унинг энди, онда-сонда лаб очган оқ-пушти гуллари устида парвона бўлиб ғувиллаётган асал-ариларга маҳлиё бўлиб қоламан-да, яна истар-истамас истак теришга тушаман.
Бугун ойимлар билан токларни кўтариб боғламоқчимиз. Тол устига чиқиб ўтирмай Иззадан шунақа ток боғлайдиган ўт (у ботқоқда ўсади, совуқ ҳам урмайди, фақат моллардан омон қолганми-йўқми?) ўшани ўриб келсам ҳам бўларди, эриндим. Тол хивич-истакда боғлашни ойим қотирадилар, баҳонада ўзим ҳам қараб туриб, ўрганиб оламан.
Қолаверса, тол очилиб кучини ходаларига берса, келаси йил ишкомга ҳам, бағазларга ҳам ярайди. Шу боис супа юзи тол чивиқларга тўлиб кетган бўлса-да, мен тушишни ўйламай истак тераётиб эдим, шу вақт эшигимизга бир отлиқ келиб, эгардан туша бошлади. Мен унинг қизил шапкасини кўрганимдаёқ этим жимирлаб, дамим ичимга тушиб кетди. Тол устига беркиниш мумкиндек, секин пусиб ўтириб қопман. Унинг юзи жуда таниш кўринар-у, эслай олмасдим. Милиса бекорга ташриф буюрмаслигини билсам-да, (балки билганим учундир!) хавотирга тушиб, ич-ичимдан қириндими — нима ўтиб борар, зўр бериб, «Нимага кепти экан, бу гўрсўхта?» деяр эдим.
Бу орада у отини деворга ёнбошлаб ўсган букри жийдамизга боғлаб, бу қишдан хийла тоб ташлаб чиққан якка тавақали эшигимизни итарди. Эшик чиндан анча оғирлашиб қолган шекилли, ғижирлаб зўрға очилди. Келган одам унга сиғмай яна итариб эди, эшик кесакисига қўшилиб, усти лопиллади. Бу ҳам етмагандек, шувиллаб сархоки тўкилган эди, у елкасини қисиб, ярим қадам чекинди ва остонада туриб, зулфинни қоқди:
— Ҳой, ким бор? — Гўё қочадиган ҳеч ким йўқми дегандек у томоқ қириб, йўталиб қўйди.
Мен анг-танг қопман: милисанинг бунақасини энди кўриб турардим! Анув шаҳарликка ўхшатиб адашибман шекилли! Тавба, бировнинг ичкарисига кўз қирини ташлашдан тийилиб-тортинадиган одам... қандоқ бу фўрмани кийиб опти?
Аммо қай кўз билан кўрайки, у ижозациз остона ҳатлай олмай турар эди. Мен ўтирган еримдан қаддимни кўтариб, овоз беришга шайланган жойимда... отхона ортидаги жийда тагида ойимнинг қоралари кўринди. У киши пахсани бузиб опамларникига очилган йўлдан чиқиб келар эдилар.
— Ҳозир-ҳозир... — Ойим шундай деб овоз берганча, орқаларидаги Маҳфуз кеннойимга «кетинг-кетинг»лаб жийда тагидан ҳовлига чиқиб келдилар.
Остонадаги одам ойимнинг қўл силкишларию ўрта йўлкадаги кеннойимни кўрдими-йўқми, билмайман, ойимнинг овозларини эшитиб, қайтди. Ўша ёқда туриб, жавоб-муомала қиладиган одамдек эшикни ўзига тортиб эди, у боягидек ғижирлаб яна сархоки тўкилди.
Ойим супадан ўтиб, рўмолларининг бир учини тишлаганча ярим ўгирилиб тўхтадилар.
— Айтавурнинг, нима ишингиз бор эди, кимсиз?
Ойим танишларнинг олдига чиқиб бораверар эдилар, қочмасдилар, бунинг овозидан бегонасирадиларми — ярим йўлда — овоз эшитиладиган жойда тўхтаган эдилар.
— Xоламойи, менман, Зокиржон участковойиз: танийсиз. Гапим бор эди, Султон ошнамизга тегишли.
Ойимлардан олдин менинг тепа сочим тикка бўлди: бу доғули нималар деяпти? Ойимларни авраб, нимани билиб кетмоқчи?
— Ойи, — дедим ўтирган жойимдан шипшиб.
Аммо ойим акамнинг номнии эшитгандаёқ ўзларини йўқотиб, кўча эшикка чиқиб бора бошладилар:
— Вой, шунақами? Киравуринг, нимага қараб турибсиз? Шундан шу ёққа келасиз-у, кирмай кетасизми?
Ҳай-й, эсиз, ўзим чиқиб бормайманми, дарвозадан қайтариб юбормайманми!.. Ойим ҳам қизиқлар, кеннойимни опамларникига чиқариб юборганлари нимаю, буни «киринг»лаб қисташлари нимаси? Милиса зотига ишониб бўларканми! Аммо энди кеч эди. У ичкарига кириб бўлган, энгашиб — ойимларга елкасини тутиб турар эди. Сўнг қаддини кўтариб, камига шан-ғиллади:
— Танидизми, холамойи. Мен ўша Зокирман, ҳозир бу ёққа ўтганман. Шу ёқлар ҳаммаси менга қарайди, тинчлигини мендан сўрашади. Шундай-шундай. Анув куниям келган эдим. Қўшнизникига келганларни опкетгани...
О-ла, мақтанчоқ! Аҳад акалар тутиб, хабар бергунча қаерда эдингиз? Тайёрига келдингиз-ку!
Мен ғашим келиб, азбаройи четга қараб, чирт тупурдим: худди ўзи кўргандек оғзини тўлдириб мақтанганига ўласизми?
— Умригинангиздан барака топинглар, яхшиям сизлар боракансиз, бўлмаса, қўшнигинамни нақ туёқлай деб турган сигирини гум қилиб кетишар экан, — дедилар ойим алқаб.
— Сигир ҳам гапми?!— деди меҳмон сирли қилиб,— уларнинг ниятини ҳеч ким билмайди, ҳа.
— Шунақами?— дедилар ойим уни ичкари бошлаб.
— Ҳа-да. Аммо-лекин бировга айтадиган гапмас! Йўлига шундай келиб, текшир-текшир қилиб ўтиришган. Амакини суриштирган киши бўлиб, меҳмондорчиликни қуюқ қилиб... мақсадлари эса бошқа...
— Вой, киши кўзига эканми?
Ойим тезроқ бориб, зинадаги сув челагу жомни йўлдан ола бошладилар. Мен эсам, бу изқувар ипи-рисқига (холамларникида суриштиравериб энсаларимни қотиргани ҳали ёдимда турибди!) кўрингим йўқ, тол тепасида миқ этмай ўтирибман. Кўзи тушмай ўтиб кецаю — қутила қолсам...
Аммо ҳамманинг кўзини шамғалат қилиш мумкиндир-у, милисанинг назаридан қутулиш қийин. Супаю ҳовли юзи билан битта бўлиб ётган чивиқларга кўзи тушган замониёқ менга қаради ва эски қочқоқ «дўсти»ни кўриб ишшайди:
— Ия, истудент, бугунги дарс нима бўлди, тол тепасига чиқиб опсиз?
Мен тушунтириш бергим келмайинқираб, толдан деворга ўтиш ҳаракатига тушабошлаган эдим, ойим зинадан жавоб қилдилар.
— Бу дамда, акажониси.
— Дам? — Милиса шубҳаланиб, бир менга, бир ойимларга қаради, — ҳамма болалар ўқиб ётибди-ку?
Мен ҳамон жавоб беришни ўзимга эп кўрмай тушишга имиллардим.
— Бир йилга чиқди, акажониси, Ҳожи дўхтир қоғоз қилиб берди, — дедилар ойим.
У ҳам роса қовоқ-миялардан экан:
— Қоғоз? Қанақа қоғоз? — деди ойимнинг орқаларидан эргашиб.
Менинг ғижиним келиб турибди. Ҳожи дўхтир дегандан кейин ҳаммаси тушунарли-ку! Ижикилашига бало борми?!
Ойимлар-ку, менга нима бўлганини айтиб, унинг раҳмини келтириш билан оворалар:
— Вой, Xудо бир қайтиб берди-ку. Шамоллаб денг, кўзини очмай эсхонамизни чиқарворди-ку...
— Шунақами? Мен билмапман, узр-узр.
У менга ачиниб қараган маҳал опамларнинг йўлаги томондан отилиб чиққан Бўйноғимиз ўқдек учиб кела бошлади. Милиса чиндан ҳушёр экан, Бўйноқ ириллаш у ёқда турсин, дамини ҳам чиқармай учиб кела-ётган, шу келишида унинг тўпиғидан олиши тайин эди. Аммо Зокир милиса қай кўзи билан кўриб, қай сезгиси билан билди, кучук зинага етмай ўгирилиб, кесак олаётган каби ерга энгашиб улгурди:
— Ёт, эси йўқ! — деб пўписа қилди камига.
Бунинг устига ойим кўриб қолдилар:
— Қайт, Бўйноқ!
Ит ириллаганича тўхтадию, аммо ойимнинг раъйларидан ўтолмай ғазабини ичига ютиб, ночор орқасига қайрилди.
Бир талаб, ўтакасини ёрса, тоза хурсанд бўлар, ўша тирғалганларнинг армонидан чиқар эдим-ку, афсус, ит итлигини қилмаган эди.
Зокир милиса ранги ўзига келиб, зўрма-зўраки илжайди:
— Итинг ёмон-ку, а?
Ёмонга ёмон дегим келди-ю, ойимлардан ҳайиқдим.
У шунда ҳам итдан кўзини ўзмай (чалғисаёқ оёғига ташланиб қолишидан ҳайиқиб) зинага кўтарилди. Сўнг иккала оёғини баравар тапиллатиб эди, қайтиб кета-ётган ит ириллаб ташланмоққа ҳезланди.
— Бўйноқ, қайт! Эсингни едингми?! — деб уришиб бердим.
Зокир милиса гуржи кучугимизга ишшайиб қа-ради.
— Ўзи зиғирдек экан-ку, бунда эс нима қилади?!
— Шу гапиз эсингизда турсин, қайтишда кўрасиз,— дедим.
— Ие, шунақами? Узр-узр, мен ёмонламоқчи эмасдим, — деб у ҳам кулди.
Бўйноқ бунга жавобан ириллаб, тишини кўрсатиб қўйди-ю, ноилож нари кетди.
Мен ошхона устунидан сирғалиб тушиб, зинада кутиб турган «ески танишим» билан йўлига кўришиб қўйиб, ишимга қайтавердим. Уйга одам келганда шунча истак ҳовли билан битта бўлиб ёца, яхшимасдир? Ойим кўрпача ёзиб бўлдилар шекилли:
— Келинг, оповси, кираверинг, тортинманг, — деб чақирдилар.
Улар ўтириб, дуои фотиҳа қилишган, ҳол-аҳвол сўрашган бўлишди. Ойим ҳамма қолиб, шаҳардаги опаларини, поччани, уларникидагиларни сўраб-суриштирар эдилар. Xудди бу у ерга ҳар куни кирадигандек.
Ўрик бўртиқчаларини бўрттириб, ғунчачаларини анор доначаларидек қизартириб юборган кўклам офтоби асалариларга ҳам жон бахш этиб юборган, улар чор-атрофни тутиб, — ғувиллаб-визиллашар, шоҳдан шоҳга қўниб, кўз ёра бошлаган ғунчалар устида намоз ўқишар, ўрик гулларини жойнамоз этмоқчи бўлишар эди. Биз ҳам бугун уйнинг қиши билан ўтириб қолган заҳлари, моғору кўмир ҳидлари кўтарилсин деб эшик-деразаларни очворган эдик. Шунинг учун даҳлиздаги барча гап-сўзлар менга жангиллаб эшитилиб турар, кирмаганимдан пушмонда эмасдим. Нимага кепти экан бу гўрсўхта, деб ичим қизиб турган бўлса-да, қўлим ишда — ўзим истак териш билан бандман-у, қулоғим динг, ўша ёқда эди. Ҳеч бир гапни қолдирмай сувдек симириб турибман. Зокир милиса бўладию бекорга келадими, у қув!
Аммо ойим шундан шу ёққа келган меҳмонни бир пиёла чою қаймоқ билан сийламай жўнатгилари йўқ эди. Танчадаги чой, чамбаракдаги қаймоқ билан қониқмай ичкари уйнинг тўсинидан чўпга илиб узум олиб чиқдилар, пақирдаги сувда чайиб олдига қўйдилар. Уни ҳам кам билиб, ёнғоқ чақиб опкирдилар. Сўнг чуррак нон ушатиб, катта токчадан дурда олиб қўйдилар.
— Олинг, қишлоқнинг неъматлари. Насибангиз қўшилганакан, тортинманг.
Ойим унинг қайси бир сўзига ийиб кетақолдилар, ҳеч ақлим етмай турибди. Милиса зотини кўрсалар тепа сочлари тикка бўладиган одам буни опаларининг ўғлидек кўриб, айланиб-ўргилар эдилар. Султонга тегишли деган бир оғиз сўзига шунчалик эриб, ийиб кетибдиларми, тавба. Ё юз-кўзидан бир нарсани сезиб сипоришлаяптиларми? Буларга ишониб бўларканми? Ҳеч бировни аяганми булар? Авраса мумкин, лекин ўла қолса, сир бермас.
— Олинг, айланай, қаердан келгансиз! Ҳар қанча нонуштангиз бўлса, ярим йўлда тушиб қолган. Олинг, оповси, ош бўлсин, — деб ора-чира қистаб, чой узатардилар ойим.
У эса Xудо бериб, аввал қаймоқни паққос туширди. Кейин дурда билан узумни.
— Вой, холамойи-ей, аммо-лекин дурдани қотирибсиз. Манман деганларам бунақа дурда қилолмайди! Маска бўп кетипти, маска! Ҳов-в, сигир кўп яхши нарса-да! — дерди у. Ниҳоят, у кекириб орқасига ястанди. Шу ястанган куйи чой ҳўплайтуриб, мен томонга кўз қирини ташлаб қўйди. Мени супада истак териш билан овора эканимни қўриб, ўзича хотиржам тортиб, узоқдан гап бошлади:
— Xўш, Каттабоғда нима гаплар, холамойи?
— Нима гап бўларди, тинчлик, — унинг муддаосини англамайинқираб жавоб қилдилар ойим. Зокир-қув гапни миш-мишларга бурди:
— Султон қайтипти, яна анувларнинг хўб адабини беряптимиш, деган гаплар-чи? Шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламас?
Ойим, қўл силкидилар:
— Ҳаммаси бекорчи гаплар! Келадию қорасини кўрсатмайдими? Шунга ишониб ўтирибсизларми?
— Бўлмаса, ким... ўғриларнинг додини бераётган? Бир эмас, қанчаси адабини еб, пусиб кетди-ку, ахир. Ё нотўғрими? — деди у. Синаяптими-ростдан сўраяптими, билиб бўлмасди.
— Йўқ, — дедилар ойим қатъий қилиб, — Султон бўлса, қўрқиб-нетиб ўтирмасди, кирарди.
— Демак, унинг номидан биров... шундайми? — деди милиса.
— Шундан бўлагамас. Уни бу ёқлардан излаб овора бўлмай қўя қолинглар. У сизлардан қўрқмасди, биласизлар-ку.
— Биламиз, лекин... — Зокир милиса овозини паст-латди, мен қўлтиғим тагидан унинг ойим томонга энгашиб бир нималар деяётганини қўрдим, — лекин Сиз кечагилар бекорга келган деб ўйламанг.
— Уларни атай... юборишганми?.. — дедилар ойим.
— Буям... киши кўзига, — деди у овозини яна ҳам пастлатиб.
— Вой, тузоқмиди?
— Ҳа-да.
— Вой, ўлмасам, — Ойим юзларини чангалладилар,— Ҳали шунаққибам тутадиларми?
— Тутадилар, — деди у.
— Бояқиш жигаримиз. Ўз юртига қайтишга ҳам рухсат йўқми?
— Сиз нима деб ўйловдингиз, гуноҳлари кечирилганмас, — деди у ўша-ўша паст овозда нимадандир ҳадиксираган куйи. Ора-чира ҳовлига кўз ташлаб қўяди. Менданми, кимдан ҳадиксираяпти.
— Вой, худойим, туцалароқ қамайдиларми? — дедилар ойим ўтакалари ёрилиб.
— Қамаш ҳам гапми, омонлик йўқ унга. Шунинг учун, — деди у яна овозини боягидек пастлатиб, — эси борида...
Ойим ҳайрон қолдилар:
— Нима, эси борида?... Ўзи йўқ одам қандай этагини ёпади? Унга биз қандай етказар эканмиз бу гапни? — деб тикилдилар.Ҳатто мен бир қучоқ истак қўлтиғимда ерга чўккалаганимча қолган эдим: наҳот унинг келгани рост? Биз билмаган нарсани булар қайдан билақолибди?!
Милиса томоқ қириб, мен томонга аланглаб олди. Бунга сари мен ҳеч нарсадан хабари йўқ одамдек ишга машғулман.
У боягидек шипшиди:
— Сиз менга ишонинг. У чегарадан ўтди деган гаплар бор. Бўлак одам бўлса келиб юрмасдим, ичим ҳам ачимасди. Шунча мардликлар қилиб юрган одам... бекорга тузоққа тушиб юрмасин. Билиб олинг: бу гапни мендан эшитмадиз! Умуман, мен бу ерга келганимам-кирганимам йўқ. Қорамни ҳам кўрмадиз. Xўп? Анув ўғилчангиз ҳам... эшитдиз-а?`
Ойим аллақандай гарангсиб, шошқич бош силкидилар:
— Xўп, оповси, хўп. Шу гап шу ерда қолди.
— Xўп бўлмаса, мен турдим. Меҳмондорчилигингиз учун раҳмат.Қаймоғу дурдаларингиз эсдан чиқмайди. Соғинсам келавераман, майлими?
— Вой, майлиси нимаси? Қаймоқ сиздан айлансин, эшигимиз ҳамиша очиқ.
У аллақандай ошиқиб, ойимнинг дуои фотиҳала-рига ҳам қарамай ўрнидан тура бошлади.
— Раҳмат, энди орқамдан чиқиб юрманг, — деди у бошқа гапга ўрин қолдирмай. — Мен текширгани келган одамман. Ҳар ким ҳар хил тушуниб юрмасин.
Ойим ночор даҳлиз ўртасидаёқ тўхтадилар.
— Xайр, Оллоҳнинг паноҳига, — дедилар хижолатланиб.
— Xайр, — деб у зинамизга чиқиб келди. Тўхтаб ўша ердан кенг ҳовлимизга, очиб қўйилган-у, токлари кўтарилмаган ишкомларимизга, девор билан бўй талашиб ўсган беҳиларимизу яна бу ёқда бўртиб ётган эртанги гилосимизу говмиччадек қизариб, ғунчалаб келаётган ўрикка суқланиб-ҳавасланиб қолди. Негадир кўзини юмиб, (ҳузурланибдир балки) юзини ишқаб қўйди.
Ва мен — қучоғимда бир даста истак, уни кўксимга босганча ҳайратланиб турганимни кўриб, иссиқ жилмайди. Ва шу иссиқ жилмайишида ўзимга жудаям таниш-бошқа бировга ўхшаб кетиб, мени яна ҳам ҳайратда қолдирди. Субҳаналлоҳ! Кўз олдимда тамомила бошқа биров — бизга яхшилик соғиниб келган кўк тўнли, бўйдор одам турар, у акамнинг қай бир йигитларидан бирига жуда-жуда ўхшаб кетар эди. Бундай ҳушқад, истараси иссиқ кишини қачон, қаерда кўрган эканман?
Эсладим.
У нимаси биландир раҳматли Ҳайбат акамга жуда-жуда ўхшаб кетган эди. Тавба. Қандай қариндошчилиги бор экан уларнинг? Балки ҳамма мард, танти йигитлар ҳам вақти келиб, шундай кўркам, хушқад тортиб кетармиканлар? Юзидан нур ёғилишини кўринг буни. Ким айтади уни Зокир милиса деб, ҳеч кимга эл бўлмайди, деб? Боя келгандагисини кўрингу ҳозиргисини кўринг. Ўзи нима воқеа юз бера қолди?
Ҳушим ўзимга кела қолмасди.
Ва шунда бирдан кўзимга нима кўриниб кетди денг?!.
Мол боққани тушганимизда тепаларнинг ёнбағирларида, эски чалдеворлар кавакларининг шундай таккинасида пиёз пўстидан ҳам юпқа, лекин бор бўйича ярқироқ этини ташлаб кетган — илон пўстини кўриб, «воҳ, буни қара»лаб юборар эдик. Ҳозир шу кўз олдимга келиб кеца-я, тавба. Нега, тушунолмасдим: илон-ку пўст ташлаши мумкин, лекин одам ҳам... ўзгариб қола олар эканми?

Сабру Жамиил (маҳфуз хатлар давомига)
Кунларнинг сувдек оқуб ўтушини кўрунг. Кеча Мақсудхўжа қайнум илиниб, бир ҳовуч оқ ўрикнинг ғўрасину териб кептилар. Жонивор думбул бўлиб қолипту денг. Вой, қаюттан топдийз, қаютта оқарибту, — деб қувонуб кеттим. Xалутдан бир ажойиб оқара бошлаб, данак қорайтубди. Кичигоюмлар билан омонлуқ-сомонлуқ қилдук. Кеюн ҳовлудагу гилосну уздук. Ҳузурини қуш кўргунча биравларнинг оғзига тегсун, дедилар. Ўзи иккинчи йил гуллаши экан-у, муш-мушакон қипту, баргидан мевасу кўп. Оллоҳ баракасину ёғдурса, шунақа бўлармуш, Кичигоюм айцалар, оғзум очилуб қолупту. Мақсудхўжа эринмай гилосниям, баргиниям санаб эдулар — кўп чиқду. Еганимуз, қўшнига чиқарганимуздан ташқару яна бир пақур бозорлуқ чиқду. Бир чиройлу ўтириб эдук, қаердан келди бало эрталабдан?...
Улар бозорга кетишган, мен ҳовлу супурар эдум. Ҳали кун ёйилуб, ҳовлуни ўпмай туриб, ким кўчадан чақируб келаверду:
— Ҳов, Саломпа?! Ким вар?! Бир жан варму?!
Биров эшик зулфуну узгудек тақуллаца, жонум товонумга тушуб кетупту. Овозидан дала қоровули — анув чулчутга ўхшарду. (Уватга яқинлашган молну думини кесуб, ўзини отхонага ҳайдаб кетадурган). Xохолму, чунчутму, ишқилуб Xудонинг бошлу-кўзлу бир балоси. Нега келибду, зўр беруб кичигоюмларни чақируб ётибду? Ақлум етмасду...
— Варму жавап, йўқму жавап?! — Эшикну итарса денг, сархоклари дув тўкилду-тушду. — Қани у ишга чиқадуган келун?
Вой, ҳалу шунга эканму, деб қалтураб кеттум.
— Апкеттум малину!
Оёқ-қўлим бўшашуб ток тагига ўтируб қопман. Қалт-қалт титрайман фақат. Мену деб буларга шунча зуғум! Қаёқданам келдум?
Ҳой, тўхтанг, деб орқасудан чопгум бору... қани овозум чиқа қолса, ўрнумдан тура олсам!..
Худонинг ғазаби экан-ку, булариз. Ҳажжожи золум нимаю булар нима!
— Шошуманг, опкетуманг, — деб чопган жойимда... қўшни девор раҳнасидан Рихси опоқи кўринуб, жовуллаб бердилар:
— Ҳой, ноинсоф, ҳой, яшшамагур! Молга тегма, эгаси келмасдан тегма! Бир муштипарга кучинг етдими санларни! Торт, ҳаром қўлингни! Ҳой, Умар, қаранг анави чулчутга. Етаклаб кетяпти, яшшамагур.
«Вой, ману деб опкетяптиму, нимага опкетаду»лаб югургилаб чиқсам, у ёқдан Ислом амаку, бу ёқдан бош-қа қўшнилар етуб келишибду. Қўрқмаскан-а! Молну ташлаб, кетишуниям, кетмасуниям билмайду! Шунинг устига паст кўчанинг қайрилишидан бошқа бир отлуқ чиқуб кела бошладу. Уну эгарда қийшуқ ўтиришидан тануб (У ўша қораялоқ — чўлоқ одам эду!) ичум сидирилуб, бир хил бўлуб кетубман! Сизга ёлғон, Xудога чин, назарумда у мана бу чулчутни юбориб қўйиб, орқасудан ўзи келмоқдайди. Ичум шувуллаблар кетду. Ўлубмиз, сигирдан ажрабмуз, мену деб олиб кетишаду, уларни шу кунга қолдиришаду дейман-у, нима қиларимну, нима деяримну билмайман. Бир қалтироқ босуб, кичкина тортуб кетяпман.
Йўқ, у етиб келдию... (вой, нега осмон узулиб туша қолмаду, нега ер ёрулуб, ерга кируб кета қолмадум! Кўрмасдумам, куймасдумам!) шунча одамнинг ичида уятларга қолдируб, бизни ҳимоямизга ўзи юборган чулчутни сўка кеца денг! Сўкканда ҳам бўралаб сўкар, ҳаммадан уятлуси — атрофдагилар, қўни-қўшнулар уни нимага сўкаётганини англаб, ҳеч нарса билмагандек жим-жим, бурилуб кетмоқдайдилар, тарқаб кетмоқдайдилар.
У эса, қораялоқ эса:
— Ҳов, ит чулчут! Сенга ким буюрди, бир бева, бир бояқишни зор қақшат, молини етаклаб кет деб?! Ҳаром бурнингни суқмаган шуларники қолувдими! — деб устига от солиб, қамчулаб кетгудек бўлар эду.
Чулчут бўлса, хуши учуб серраюб қопту. Қани тили айланса, ким буюрганину айта олса. Ўзи буюриб ўзи сўкарини қайдан билсин. Ахийри бир нималар деб ғўлдираб эду.
— Э, «вар»ламай кет! Йўқол! — деб сўкуб ташладу.
Қўшнулар олдида нима деган одам бўлдум? Мену деб, ўзича нималарну ўйлаб, шу ергача кепту? Ўртага тушиб юрупту. Кўрганлар энду нима дейду? Кичи- гоюм нима деб ўйлайдулар? Келсангиз кела қолмайсизму, Султонмурод акажон? Қандай кунларга қолдум?! Шуларнуям пардаи исматдаги қизу, келину бормукан? Юзини сидируб ташлаб келаверадуму?
Қандай шармисорлик?! Жияну орқали сўратгани камдай, ўзину хомий кўрсатуб, орага тушуб кепту. Ер қандай кўтараду бундайларну?
Ичкару кириб кетуб, йиғладум-сиқтадум, ўзумдан ўтгануни ўзим билдум. Қани бош уруб борадурган бир ерим, бир суянчуқларум бўлса, бир кун ҳам турмасдум бу ёқларда. Иложсизман, бенаво-беватанман, қаерга ҳам борардум? Ёки Оллоҳ шундай синаяптиму?
Оюм айтардилар, чиройлу сабр этганларга чиройлу ажр бор, деб. Иложум қанча! Сизга етишмоқнинг бошқа йўлини тополмаютурман. Тишумни тишумга босуб, сабр эцамгина Сиз кируб келадигандексиз. Унгача барчаси имтиҳонга, менинг сабрум, номус-орумни синашга ўхшайду. Ҳаммасини Оллоҳ кўриб-билиб тургандур. Поклигумниям, содиқлигумниям, барча хўрликларга миқ этмаюн, чидаб ўтирганумниям.
Кичигоюмгилар кун ёйилганда келишди. Йўлда бир учини эшитибдиларму:
— Нима бўлди, нимага кепти, Оллоҳнинг қаҳригинасига йўлиққур? — дедилар.
Тўлиб турган эдум, қучоқлаб олуб, шу йиғлаб бердум, шу йиғлаб бердум. Негалигину айтолмай: «Менга жавоб бера қолинг, кичигоюжон, кета қолай, қорамни ўчира қолай шуларнинг кўзидан. Сизларам тинчигайсиз, менам» дердум. «Жон кичигоюжон, шаҳаргаму, бир ёқларга жўнатинг. Касрум урмасун, жадумга қолмангиз», деб уввало ялинардум, ўтинардум.
Аммо у киши мену силтаб ташлаб, уришиб бердилар:
— Қанақа касриз, қанақа жадиз?! Сизда каср нима қилсин, келинпошша? Қаёқдаги гапларни гапиряпсиз? Мен сизни хўрлатиб қўярканманми! Яна бир марта оёғини боссин шу ёқларга, ўзини қаерда кўраркин! Султонмурод кетиб, босар-тусарини билмай қоптими! Шошмай турсин ҳали.
— Қўйинг, кичигоюжон, ўшаларга тенг келманг. Ўчакишманг. Жавр сотуб олуб, жадумга қолманг, — деб ялинардум мен.
— Қанақа жавр?! — дедилар у киши, — ҳеч ёққа кетмайсиз. Султонмурод келгунча қум-тошдек ўтирасиз шу уйда. Даласига ҳам чиқмайсиз, ишигаям бормайсиз! Ордоналар қолсин даласи! Келса, мана мен турибман, менга учрасин. Боринг, уйизга киринг. Беҳуда хаёлларни бошиздан чиқариб ташланг. Битта келинимни асраб ўтиролмасам, мен кимман?
Тилла холангуз бораканлар. Ақлу ҳушимни жоюга келтируб қўйдулар. Ростданам шуларга учрамаганумда ҳолим нима кечарду экан?
— Келинг, чой ичовуз. Мақсудхўжам билан зўр чуррак нонлар опкелганвуз. Унутинг ҳаммасини. Орқага ташламаса, бу дунёда яшаб бўларканми, — дея қўярда-қўймай чойга олиб чиқдулар-да, чойдан кейин эса Мақсудхўжага бир иш буюруб, холи олуб қолдулар.
— Айтмоқчи, анув намоз нима бўляпти? Туряпсизми? — деб сўраб қолдилар.
— Қайсу? — дедум дабдурустдан англаб етмай.
— Ярим тундаги-чи?..
— Униму, қодир қилганча... ўқияпман, — дедим уялуб.
— Йўқ, сиз узмай, бўлмай ўқинг. Ҳар кеча ўқинг. Сизга эрингиз керакми — ўқийсиз! Йиғлаб сўрайсиз Ўзидан. Бир кеча эмас, ўн кечамас, қирқ кеча туриб сўрайсиз. Ўз оёғи билан кириб келмаса — айтинг! Оллоҳ бўлади-ю, йиғлаб сўрайсиз-у, етказмайдими?!.
Шу гаплару билан ўша намозга турадурган бўлдум. Ярим кечадан ўтганда таҳоратлар қилуб, ўзумну тайёрлаб, саккиз ракъат намоз ўқийман-да, жойнамоз устуда Оллоҳумга муножотлар қила кетаман. Қаерда бўлсангиз ҳам ҳифзу ҳимоясига олишуную кўнглингизга юрт соғинчиную бизларнинг соғинчимузну солуб, бу ёқларга отлантиришину, азиз бошингизни тошдан этуб, омон-есон етказишину сўрай бошлайману йиғи ҳам ич-ичумдан тошуб келавураду, тошуб келавураду. Тепамасжиддан азон чақиргунларуча шу ўтиришум — ўтириш. Шу йиғум — йиғи.
Кейин туриб, юз-кўзларумни чаюб, қайта таҳорат олуб, кичигоюмлар билан бомдод ўқиймиз.
Шундай кунларнинг бирида яна эрталаб, яна улар бозорга кетушган маҳал эшигумизну бир паранжули хотин чақируб келду. Ичкари кириб бошидан паранжусину олуб эду, жудаям кўҳлик, келишган жувон экан. Биздан улуғроғ-у, лекин ясан-тусани жойида, айнуқса, духоба нимчаси қарғашойи кўйлаги билан йиғлаб кўришган эду.
— Келунг, опажон, — дедум.
— Яхшимисуз, оповси, — деди у ҳам елкамга қоқиб-кўришуб, — сиз адашмасам, Салом холамларни келинлари бўласиз, шундайми?
— Шундай, — дедим ийманиб-тортинуб.
— Табибчиликдан хабариз боракан, — деди у ўша-ўша тусмоллаб.
— Бироз... Лекин мен бу ишну бўйнумга олган эмасман, опажон, — дедим ростига кўчуб.
— Майли-да, келинпошша, сўрадим-да, — деди таскинми-тасаллуми бериб, сўнг яна қайтаруб. — Айбга буюрмайсиз, қаердан бўласиз, — деду.
Мен айтуб эдум, тўғри топиб кепман, рост айтишган экан, деб қўйду. Нимага бундай деяпту, ким юборган, сўрашга тил қану, лекин ичум тошуб кетмоқда. Назарумда, биз учун бир суюнчилуғ хабарлар, чиройлу муждалар олуб келгандай.
— Адашмасам. Иқбор отинникига Марғу қизининг сувратида борган ҳам ўзиз, шундайми? — деди у ҳамон ширин жилмайишину қўймай.
— Илтимос қилишуб эду. Мен бу ишлардан бехабар боруб қолубман, — дедум.
— Қайтага савобга қопсиз, келинпошша, — деду ўзину яқун олуб.
— Келунг, — дедум ниятуни билгум келуб. У боягудек ширин жилмайду.
— Сизга бир юмуш чиқиб қолди, келинпошша, — деду ҳалигудан ҳам ўзину яқун олуб. Иложуни топса, қулоғумга айца. Мен ҳам уни ёқтируб қолган эдум:
— Зарур бўлса, жонум била, — дедум.
— Борасизу қайтасиз.
— Қаерга, узоқму, — дедум.
— Йўқ, шу ерда, шу тепанинг орқасида. Ҳовлимизга ўтавузаю ўзим опкеб қўяман.
Тавба, нимагадур ичум тушиб, боргум келуб турибду.
Чиндан ўзиз чақиртирган бўлсангуз-чи? Ё чопар юборубсизмукан? Қани, сўрай олсам?!
Олдинма-кетин бораяпмиз икки паранжилув. Жувон олдинда, мен эргашуб. Кўчада зоғ йўқ. У сочвонини бир чиройлув орқага ташлаб олган. Ўзи ҳам юзи очиққина, жилмайсаёқ кулгичлари ўйнаб бир чиройлув тортуб кетадикан. Бир кўргандаёқ ёқтируб қолубман, ҳам ишонуб эргашуб бораётганумни айтинг. Мен унга мафтун, у менга мафтун. Ҳар қадамда ўгирилиб:
— Келяпсизми, келинпошша? — деб қўяду, бу ҳам етмагандай ширин жилмаюб, тасаллулар бераду, — ҳозир етовуз. Боравузаю қайтовуз. Ўзим опкеб қўяман.
Айтгандай, Тепамасжиддан ошуб, пастга кетган ёнғоқзор кўчага бурулдук. Қачон экилган экан, ҳар ён-ғоқларки, осмону ҳафтумда ишкомдай туташуб кетган. Бу ёнғоқларни қандай қоқиб олишаду — ақл бовар қилмайду. Уларнинг устида зарғалдоқлар бир чиройлув биёв-биёвлаб сайрашуб ётишибду. Боғ ҳовлуларнинг этагидаму, қайсибир чакалакда булбул чаҳ-чаҳлаб қўяду. Қушлар шунақа эмин-еркин, боғлар шунақа соя-салқин. Жаннатму бу ер, дейсиз.
— Етдук, келақолинг, — деб йўл бошловчум якка тавақали пастак эшик остонасида бошидан паранжусини олду.
Юракум бир орзиқдию яна ўзумни босиб олдум: нимага юзини очяпту, сизлардан қочмайдуму? Ким бўлса экан у Сизга? Xаёл қурғур ҳар ёқларга олиб қочаду. Ахир Сизга тегишлув бўлмаслиги ҳам мумкин-ку. Бу кўҳлук жувон мену авраб олуб келутган жин бўлуви ҳам мумкун-ку. Мен лақма лаққа тушуб келуб ўтирубманму?
Юракум така-пука бўлуб, яна бир қадам боссам бўйра ташланган чоҳга тушуб кетадугандекман. Ор-қага қочуб-қочолмайман, учуб-учуб кетолмайман.
— Вой, ўз уйиздай киравуринг, қўрқманг. Сиздан икки оғизгина гап сўрашади, холос. Кейин ўзим обориб қўяман, тортинманг, — деб қистарди жувон.
Мен эсам, ким сўрайду, нима сўрайду, билсам ўлай, бошум ғовлаб, эсум оғуб боряпту. Бир ками сўроқ берушим қолган эканму! Кимга, нега — билсам ўлақолсун агар.
— Келавуринг, тортинманг ҳеч, — деб тасаллулар бериб, жувонгина мени айвонга бошлаб кетёпту. Куракларумни силаб, елкамга қоқуб қўяду, далдалар бераду, — юзизни очмасангиз ҳам майлига. Шундай, эшик олдида турсангиз, бас. У киши ичкарида, парда ортидалар. Юзизниям, ўзизниям кўрмайдилар. Фақат икки оғиз ўзингиздан эшитмоқчилар. Журақолинг.
Ниҳоят зинадан кўтарилуб, айтулган эшик олдида тўхтадук. Мен паранжуга ўрануб, сачвонумну тушуриб олганман. Биров кўриб, тануб қоладигандек бандагимну тортуб, жуфтлаганум-жуфтлаган.
Жувон эшикну қия очуб, остонада турганча ичкарига овоз берду. Мен шифт баробар тортилган оқ сурпдан бўлак ҳеч нарса кўрмасдум. Парда ортида ким бор — уни ҳам билмасдум.
— Адаси, биз келдук. Сўрайдиганиззи сўрай қолинг.
Бу гапни эшитуб ҳушим учди: Кимнинг аёли экан бу жувон? Ҳали эрининг топшируғи билан борган эканму?
Ичкарудан қироатлу овоз келду:
— Яхшимисиз, янга? Узр, безовта этуб қўйдук.
Бегона эркак овозидан капалагум учуб, сапчуб тушдум. Xудди у киши мену кўриб тургандек эду, эшикдан нари тисарилубам кеттум.
Жувон далда бўлсин дебму, мен томонга чиқуб келаркан:
— Вой, адаси, келинимиз ҳали ёш, попувдек эканлар, келинпошша деяверинг,— деб тушунтириш берган бўлду.
— Узр-узр, минг бор узр. Сўранг-чи, Султонмурод ошнамиздан қандай хабарлар бор экан? Билганларини айцунлар, хотиржам тортайлук, — деди у.
Мен Сиз ҳақингизда бирон мужда эшитарманму ё бирон чопариз бораканму деб ўпкамну қўлтуқлаб келуб эдум. Бу киши мендан сўраётгануни эшитуб, тарвузум қўлтуғумдан тушду. Ва шу заҳоту унинг гапларидан бошқа ҳикмат, бошқа таскин топгандай бўлдум. Ошнамиз деяпти, бегона эмаскан-ку. Оқибати борки, ҳамият қилуб чақирубду. Одам юборибду. Шунисига-да, шукр.
— Айтинг, айтаверинг. Сизни кўп ушламайдилар. Эски танишликлари ҳаққи сўраяптилар, — деб тушунтирар, шивирлар эду аёли.
— Нимаям дей? Келушлари керак эду — сарҳадлар беркилуб ўтолмай қолдуларму, — дея олдум.
— Оллоҳ ҳар кишининг мушкулини ўзи осон эцин. Ошнамизнинг йўлларини ҳам очсин, илоҳим, — деб дуо қилди аввалига. Дуосидан жуда мутаассирландум. Сўнг деди: — Келин, Сиз кўпам ғам еманг, у тегирмонга тушса бутун чиқадиганлар хилидан, худо хоҳласа, келибам қолади.
Кўпдан ҳеч кимдан бундай ширин сўз эшитмаган эдум, кўнглум бўшашуб:
— Раҳмат, мулла ака. Фаришталар омин деган бўлсунлар, илоҳим, — дедум.
Ўртадаги бегоналик кўтарилуб, қаёққадур чекилган эду. У киши оталарча меҳрибонлик кўрсатуб бир нималарну сўрар, мен баҳолу қудрат жавоб қилар эдум. Назарумда парда ортида оқ соқолли, юзларидан нур ёғилган бир мўйсафид ўтиргандек эди. Фақат тушунмасдум: нега мени бошлаб келган бу кўҳлик жувон адаси демоқда, чолга тушган эканму дейман. Балки отасидур чалкаш эшитгандурман. Яна иштибоҳга тушаман: Унда нега ошнамуз демоқда Сизну? Ҳеч тушунуксиз. Парда ортида қай ҳолатда ўтирубду ё турибду — унисиниям билолмайман. Фақат қироатлув овозидан ўша сувратда — мўйсафид сувратида кўз олдумда турибду.
— Саломхон холаникида экансиз. Ишончли жойда. Қалай ўтирибсизлар? Xола бардаммилар, ҳалиям машиначилик қиляптиларми? — деди у.
— Қиляптилар. Ўтирибмуз бир нави, — дедум. Ниману сўраркан — ҳеч ақлум етмайду.
— Оллоҳнинг паноҳига. У кишининг қаватига келиб, яхши қипсиз. Фақат, — деди у томоқ қириб, сўз қидириниб, — фақат, қулоғимизга чалинаётган баъзи узунқулоқ гаплар... айбга буюрмайсиз, келин, ўзингиздан сўраб-суриштирмоққа, аниқлаштирмоққа мажбур этаётир. Бизга Xудони ўртага қўйиб, лиллоҳ сўзни айтаверинг, келин. Нималар бўляпти? Ким Сизни, сизларни хафа қилмоқда?
Шунча воқеалар кечуб, ҳечкум бундай ўртага тушмаган, сўраб-суриштирмаган, ҳолинг не кечяпти демаган эду. Билмайман, тўлуб турган эканману, ё қайсибир сўзи юракумнинг ингичка ерларига тегуб кетганмиду бир хўрлук босуб келуб, ўзумни тутолмай қолдум.
Назарумда парда ортида бошқа биров эмасу, дадам ўтиргандек эдулар. У диёрдан етуб келишга келуб, топуб келишга келуб, фақат юраккинасину ёрвор- майин дебму парда ортида бошқа киши номидан ҳол сураб турар эдулар. Энди топдум. Қироатлув овозлари ҳам жуда-жуда ўхшаб кетар эду.
— «Дадажон, ўзиз-ку. Бу мен Маҳфузангизман, бахтиқароингузман», — деб ўшаёққа отилгум келар-у, отилолмасдум.
Фақат, йиғумни тутолмадум. Босолмасдум. Ич-ичумдан бир титроқ билан, қалтироқ билан бир хўрлик босуб келдию чақуруб борган жувонни қучоқлаб олуб, бир йиғлаб бердум, бир йиғлаб бердум.
«...Дадажон, шунинг учун мену бу ёқларга жўнатуб эдизму? Шу кўргиликларнуям-да кўр, пешонангга ёзилгани шу, девдингизму? Кўнглингиз бўлмай энди ўзиз қидируб келдизму? Шунча ердан топуб келдузму? Олуб кетинг, бу ёғига чидолмайман. Ўз диёрумизга олуб кетинг. Бир кунам туролмайман бу ёқларда!» — деб бўзлардум. Овозум чиқяптиму, ё нуқул йиғи битганму, у ёғини билмасдум. Жувонга ёпушиб олгандум.
У эса:
— Ҳой, келинпошша, ўзиззи тутинг, ўзиззи босинг. Уят бўладу. Сўраганларини ҳаммасини айтмасангзам бир оғиз тасдиқласангиз бўлди, у ёғи буларнинг иши. Сиз у ёғини ўйламанг,— деб овутармуди, юпатармуди, елкаларумни, бошларумни силаб, бағрига босармуди — мен ўзумга келолмасдум.
Шунинг орасида ҳалиги одам бир ғалату овозини кўтаруб:
— Бону, Бону дейман! — деб қолду.
— Лаббай, адаси, ҳозир, — деб мен билан ҳаяллади жувон, — мана, ҳозир.
Қистама, ўзига қўйиб бер, дейдиму деб ўйлаб эдум. Аммо парда ортидан унинг шошқич ҳам ҳолсиз овози келарду:
— Бўла қол, Бону. Бир пиёлагина...
У сувми, нимадир сўрар эду.
— Кетяпман, — жувон эрининг ҳолини ўзи билади шекилли, ичкарига чопду ва шу асно оқ пардани юлқиб очуб, пақирдаги сувдан косалаб оларкан, кўзум ўзум ҳозиргина гаплашган одамга тушуб, тош қоттум. Парда тушуб бўлган, жувон эрига сув тутар, «Мана, адаси, ича қолинг», деб жонсарак бўлар-у, менинг кўз олдумдан танча ёнида ёстуқларга кўмилуб ўтирган жажи десамму, жажмон десамму, яримта одам кетмасду!
Ишонасизму, ўзи жимитдек, аммо соч-соқоли оппоқ одам... (бу қандай ҳол?) хумдек бошини тиззалари орасига солунтируб ўлтирар эду. Тиззалари, қўллари росмана, тавба.
Мен кимну кўрдум, ниману кўрдум, у жинмиду, инсмиду, ҳалу-ҳануз ажратолмасдум.
Кўрганум — кўраётганум, мен турган бу айвонлар, пастдаги ҳовлию анув азим тут — барчасу бир рўё десам, ичкарудаги ўша оқ парда ортудан жувоннинг таниш-жонсарак овозу келуб турар эду:
— Ичинг адаси, ичинг, ғубориззи олади муздек сув. Бу тарновни суви — Оллоҳнинг раҳмати, — дерди у.
— Ичдим, Бону. Ўтди, ўтиб кетди шекилли, Бону. Яхшиям сен боракансан. Кўкнинг, булоқнинг сувларидан опкеб қўйганакансан. Xудди замзам ичгандек бўлдим. Дардларим ариди-ей. Буям бўлса, Xудонинг ғамхўрлиги. Йўғингда туца, нима қилар эдим.
— Тутмайди, адаси, Оллоҳ ҳафиз — бардам бўлинг.
— Иншааллоҳ де.
— Иншааллоҳ. Бирдан-бир сўраганим шу-ку, адаси. Шунчалик умр бериб қўйибди, ўзининг зикри, шукри, ибодатига машғул қилиб қўйибди, бу ёғига ҳам ўзи асрайди, адаси.
— Бу дунёнинг ишларига аралашиб, манавиндай қозивозликлар қилиб ўлтиришим баъзан...
— Ундай деманг, қаҳри келгай Оллоҳнинг. Бундай чиройли амални ҳамма ҳам топсин-чи, қилсин-чи! Қўйинг, тилингизга олманг қайтиб, Xудо билсин — ўзингиз билинг...
— Аввалги гуноҳларимнинг каффоротига ўца, бас, менга шуни ўзи кифоя, Бону, кечирса, бас.
— Шуни билсангиз — қайтманг. Оллоҳнинг шари-атини баланд тутиш Сизнинг зиммангизга тушган экан, қайтманг.
Улар мени-да унутуб, бир-бирларига таскин беришар, ўзунинг шу аҳволи-шу алпозига адолатчи бўлиб ўртага тушганига мен ҳайрону лол эдум, ўзуни зўрға эплаб ўтирган одам қандай ўртага тушяпти, ҳеч ақлум бовар қилмасду. У ким ўзу, ўзуга енг бўлгунча бировга эн бўлишга жазм этган? Бу ишларни кимга ишонуб қилмоқда?
Ёлғиз Оллоҳгаму?..»

Ўтағасининг Ўрдаси (ёхуд қиссагўйга номаълум, муаллифга аён тарихлардан яна бири)
— «Алҳамдулиллаҳи лакал ҳамд, алҳамдулиллаҳи лакал шукр, алҳамдулиллаҳи неъмати фаҳма дин». Ўзингга беадад шукрлар, — деб шивирларди у муштдек бўлиб, болишларга кўмилиб ўтирганича.
Яна бир тун чекилиб, кеча кундуз билан алмашинмоқда эди. Алмашинмаса, нима қила олар эди инсон? Ҳоли не кечар эди? Тун қоронғулигида сургалиб-тентираб ўтказармиди умр? Xайриятки, Зоти аввал — Ҳайюл Қойюм раҳм этди: кеча ўз ўрнини тонгга бўшатди.
У чилла пардалари кўтарилиб, шифтга тортиб қўйилган уйда ҳар кунгидек танча тўрида қиблага юзланганча бир амаллаб ўтирар экан, ўша ёлғиз ишонга- ни — суянганига тонгги ҳамд айтмоқда эди. У ҳамд айтмай ким айцин! Қайси гуноҳлари эвазига оёқларидан жону мадорни олиб, ўзини бир бурда — яримта жонга айлантирган Оллоҳ унинг ўрнига тўрт мучаси соғ ҳар одамлар етишолмайдиган бир ҳидоятга, бир нури таскин — кўнгил ёруғлигига мушарраф этиб қўйибди, ахир.
— Алҳамдулиллаҳи неъмати ислом, — деб шивирларкан, ташқаридан ҳам тонг шовурлари кела бошлаган эди.
Энг аввалига бўғот остидан бир жуфт қушча париллаб учиб чиқди. Сўнг боғ адоғиданми, қай ердан қорашақшақ овози келди. Сўнг ғуррак ғуриллаб, чумчуқлар чирқиллашга тушдилар. Сўнг ҳар кунгидек ҳовлидаги ёлғиз тутнинг устида саъва чив-чивламоққа, қўшни томондами — ундан нарида қарқуноқ қив-қивламоққа бошладию қай қуш қаерда сайраётганини ҳам ажратиб бўлмай қолди. Олам уларнинг чуғур-чуғури, тасбеҳотларига тўлиб бормоқда эди. Фақат ора-орада жаннат қушларининг овози каби бир сайроқ — ҳаққу, ҳаққу, ҳаққу овозлари эшитилиб қоларди.
Ўзи-ку, ярим жон — ўтириб қолган одам. Бу ёқ умри сўнгги нафасига довур фойдага қолган. Лекин ҳар битта шовур, ҳар битта овоз минг ҳикматга бурканиб, қулоқларига етиб келаверади. Ўзи эса бу дунё ҳаётидан боқий дунё аломатларини қидирмоққа, топмоққа, шундан таскин-тасаллулар олмоққа маҳкум. Бу ерда ўтириб хаёли олам кезади, шу ўрдасидан чиқмай Каттабоғу Яккабоғда, ундан нари — Қаънғлию Чалада кечган-кечаётган воқеаларни элакдан ўтказади. Ўша мавзелардан келган ҳар битта хабарни ютоқиб эшитиб, шу элакка ташлайди. Бу «елак» эса ҳар битта ситамгарга қандай жазо тайинлашу жабрдийдани қай тариқа рағбатлантиришни ҳам унутмайди. Бу ишни ёлғиз Оллоҳ ризолиги учун қилаётганини яширмаса-да, ўзини танитгиси йўқ. Барча-барчаси риёга айланиб кетувидан қўрқади. Илло, унинг нияти ҳам охират сандуқларини савоб ила тўлатиб олиш. Жон эса омонат. Эгаси қачон ҳузурига чорласа, лаббайка ва саъдайка айтиб, борувга ҳозир.Унга довур ҳарқалай чиройли амаллар қилиб қолмоқ мумкин.
Тақир гилам устига бир ҳовуч нур тушиб, Бону киргани билинди. Ўша нур шуъласида минг-миллиард зарралар ғужғон ўйнаб, тилла гардлар гоҳ тўзонланиб, гоҳ ҳолсизланиб ҳалланар эдилар.
— Асслому алайкум, адаси. Санолариз тугаган бўлса, нонуштани ҳозирлайверсам, девдим? — Аёли бир четдаги жойнамозини олиб, қозиққа ила бошлади.
— Вазири аъламдан дарак йўқ. Ҳаялладими бу-гун?
— Кун ёйилгунча келиб қолар, чойни нима қилай?
У аёлининг юзига узрхоҳ термулди:
— Қаёққа ҳам шошаман, Бону. Жиндек кутайлик.
— Толиқиб қолманг.
— Сен опкирарсан ҳам, лекин усиз чой ичимга тушармикан? — деди у жилмайишга уриниб.
— Тинчликдир, адаси. Бўлмаса, аллақачон етиб келишарди-ку.
— Гапинг тўғри-ю, тун қандай кечганини бил- магунча еган-ичганим ичимга тушмайдиган бўп қолибди.
— Майли, ўзизга қаранг, — Бону уй юзини йиғиштириб чиқди ҳам, бояги ҳалланиб ғужғон ўйнаган тўзон ҳам сўнди-қолди. Ортидан эшик беркилган эди.
Шу маҳал атроф-жавонибни жангиллатиб, ўрикзор ичида от кишнади. Токчалардаги патнислару ханик четидаги жомга қадар жаранглаб кетган эди. Таниди. Бу ўша-ўзларининг саман тойи. Ҳўб отмисан — от чиқяпти-да. Шунинг учун ҳам вазирга бериб қўйибди. Xолис, сидқидил хизмати учун. Қолаверса, ўзи от минармиди. От миниш, улоқ чопиш муҳаббатларидан бир йўла мосуво бўлган, кечган. Яхшиям, шундай бўлган экан. Оллоҳ дунё муҳаббатини олиб, ўрнига бошқасини берди. Бермаса, ўша кўйи қолдириб юборса, нима қиларди? Xудди Фиръавнга дард бермаганидек.
Ҳозир-чи? Оёқ бараварига кетган. Баъзан жиндек увишиб, жимирлаб қўйишини айтмаса, сонидан пастлари йўқ ҳисоб. Қўл билан тортиб олмагунча ҳам ўнгарилиш амри маҳол. Жусса бу аҳвол. Жимит торта-торта шу аҳволга келди. Тағинам Оллоҳ ҳафиз-ақлини олгани йўқ. Фаросатини олиб қўя қолса, нима қиларди? Яна ўзига шукр, кўкси бутун, кўксида ўша ҳидоятини дариғ тутмаган зотга чексиз, андуҳсиз муҳаббати бор. Балки уни бу дунёда тутиб турган ҳам ўша муҳаббатдур. Унинг қошига, ҳузурига қуруқ қўл биланмас, охират сандуқларини хуш амаллар билан тўлатиб боришга орзумандлик, ошиқиш, шошиш тутиб тургандур. Бўлмаса, шу ҳолига илгариги товкасидагиларни ёнига йиғиш, ўшалар билан Оллоҳга хуш келадургон бир нималар қилишга уриниб ётиш — кимга зарур эди?
Шу маҳал боғ эшик ортида ёғоч кўприк дўпирлаб, от пишқирди. Сўнг от боғлангунча вақт кечиб, эшик зулфини шиқирлади ва:
— Ҳой, пўшт, биз келяпмиз, — деганча кутган одами ҳовлига кириб кела бошлади. Туни билан изғиган одамнинг бир қоп ёнғоқ каби шалдур-шулдурлигию вағирлаб келиши қизиқ эди. Тавба, қачон мизғиб улгуради бу одам, ё қуш уйқусига эгардагиси ҳам етарлими — ҳеч билиб бўлмасди.
Болажонликда вазирга тараф йўқ. Мана, ҳозир ҳам у қучоқни кенг очиб, чўққайганича Кокилтойни чақирмоққа тушган эди:
— Қани, қани, той бола, тойчоқ бола, кела қолсинла. Ваалайкум, ваалайкум. Катто йигит бўлинг, мулло йигит бўлинг, тўйлариззи гули ўзим бўлай. Ўрталарни ўзим қизитай. Қани, қани, бир ачомлашуп қўйяйлик. Куракларни силашуп қўяйлик. Ҳа-а, ана шундай. Ана энди бўйнумни бир сиқиб ташласинлар-чи, синдириб ташласинлар-чи. Ҳай-ҳай-ҳай, зўраюб кетганакансиз-ку, билмаганаканмиз-ку. Нафасни ичга туширвордиз-ку. Балли, балли. Ие, қўлиздаги нима? Тузоқни ипи? Воҳ, зўр-ку! Ҳали саъва тутопсизми? Ваҳ-ваҳ-ваҳ, элакни зўрини топибсиз-ку. Ҳар куни ўнта саъва туца мумкин-ку, фақат чўпни калтароқ, ипни узунроқ қилинг-да, той бола. Дон чўқилаб кириши-ла тортасиз, саъва сизники. Билдиз?
Унинг бундай тиллашишидан саъва тугул, барча қушлар кирадиган жойига кириб кетиб бўлса-да, тунқотарлар вазири Кокилтойни эркалашдан тўхтамас, бу манзиратлар йўлига, қочадиганлар қочиб, йўлни очиб қўйишлари учунгина эканини ҳамма тушуниб турар, илгари уччига чиққан ўғрининг бу тарз юришларига ҳайрон қолмай мумкин эмас эди.
Шу асно у кафтига йўтала-йўтала тойни эргаштириб, ҳузурига саломга келаркан, боягидан сал пастроқ тушиб, ижикилар эди:
— Адангиз — ҳазратим қалайлар? Яхши ётиб-турдиларми? Биз жанобларини хутбага солганлари йўқми? Агар лозим бўлиб қолса, гуноҳимиззи ўзиз сўраб оласиз-да, а, той бола?
Бу орада улар айвон четига етдилар. Ва шунда бирдан болакайдан нос сўрамагани эсига тушиб, ия, дея азза-базза чўнқая бошлади:
— Гапга чалғиб, хуморбостидан сўрамабмиз-ку, — деб Кокилтойдан «насибасини» қистай кетди. — Қани, қани, қўлни қайтармай, носдан жиндек узатворинг-чи, саломдан олдин бир хапшириб ташлайлик-чи!
Кокилтой қиқирлаб кулиб, қочди. Бунга сари у оёғини тапиллатиб, «Ушла-чи, ушла»лаб кетидан югурган, тиззасига шаппалаган бўлди, кетидан аразлабам қўйди:
— Вой-бў, ялинибам қоларсиз, хандалаклар чиқиб қолсин...
Бу ҳам ўтирган жойида болажон вазирининг қилиқларидан ҳузурланиб кулди. Қани, ўзининг ҳам тўрт мучаси соғ бўлса, ундан қолишмай тегишган, бир олам ҳузур олган бўларди. У фақат ёнига чақириб олиб, шунда ҳам бағрига ярим-ёрти тортиб, бошинию кокилини силашга ярайди қўли. Ундан у ёғини Xудойим кўп кўрган: ҳамма қатори на тиззасига ола билади, на елкасига миндириб от бўла олади. Ўша бошини силай олганига ҳам шукр, силай олмаса, нима қиларди? Ўксик фарзанд қолдирармиди орқасида?
— Мумкинми, ўтағаси?.. — Эшикнинг битта тавақаси очилиб, валломатнинг аввал бир елкаси, сўнг ўзи кўринди. У давангирдай одам эшикдан қиямалаб зўрға кирдию ковшандозга тушибоқ қўл қовуштирди:
— Ассалому алайкум, хўжайин, кечирас, ўтағаси.
Қўл қовуштиргани майли, лекин ковшандоз- дан ўтмаёқ тақир гиламга тиз букиб, чўккалаши нимаси?
— Ваалайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокотуҳ, — деди атай. Зора, қаерда ўтиргани, қайси товкага мансублиги ёдига тушса.
Қори «барокотуҳ, барокотуҳ» дея қизил этигининг ковушини ечдию энкайиб келиб, унинг қўлини олди.
— Яхши ётиб турдизми, ўтағаси? Бир қошиқ қонимиздан кечасиз бугун, ҳаяллаб қолдик.
— Оллоҳга шукр, тупроқдан ташқари, — деди у, сўнг жой кўрсатиб қўшди. — Ўзларида ҳеч ўзгариш йўқ-ку, қорим?
— Қандай ўзгариш, хўжайин? — деди валломат вазир рўбарўсидаги кўрпачага сурилиб. Муддаога тушунолмаган эди у.
— Ўша-ўша «ўтағаси», ўша-ўша «хўжайин»...
— Ҳа-а, узр, узр, хўжайин, азбаройи ўрганиш... Ўрганиш-да, ўтағаси. — У қўлини кўксига қўйиб, сал эгилди.
— Ахир, айтиб эдим-ку, жоҳилиятдаги одатларни ташлайсиз, бу ёғи тамом: бошқа ҳаёт, бошқа товка, деб...
У қисиниб тасдиқлади:
— Айтгансиз, айтгансиз.
— Қолаверса, ўртада қасам бор... Қуръон бор, тўғрими?
— Бўлганда-чи... Шунга биноан вазир этиб сайланганмиз.— У қўл қовуштириб, бош эгди.— Чизган чизиғингиз бизга қонун. Фақат бугун бир қошиқ қондан кечасиз, хўжайин. Жиндек эркалик қип қўйдик.
Ўтағаси сергак тортди: кўнгли беҳуда ғашланмаган экан! Қўша-қўша ёстиқлар орасидан қаддини сал кўтариб, қайтариб сўради:
— Яна қандай эркалик?
— Тунги воқеани айтаман-да, ўтағаси.
— Тушунмадим, ҳеч қандай хабар...
— Ҳа, биратўла ситамгарни аниқлаб келмоқчи эдик.
— Xўш?
— Аниқлагунча сахар бўп кетди. Ўзиям, ўтағаси, етти ухлаб тушга кирмайдиган нарса.
— Нарса нимаси? Ё кимни ким тунаб кетибдими?
— Қай бошидан айтишниям билмайсан киши, — деди тунқоровуллар вазири лабини йиғиштиролмай.— Бунақасини умризда эшитмагансиз. Сазонинг ҳам антиқаси чиқибди!
— Жазоми, сазоми? — деб қайтариб сўради ўтағаси. — Маҳобациз айтавуринг, қори.
Вазир яна ерга қараб кулди.
— Маҳобациз айцам, қотириб кетибди.
— Ким? Оти борми ўша илвирснинг?! — Ўтағаси ёстиқни қўлтиғига тортиб, қаддини тиклаган бўлди.
Вазир боягиндек лабининг четида кулди:
— Илвирс бўлса, жон дердиз, қасоскорнинг антиқаси!
— Қасоскор?.. Шу ўз даҳамиздан-а? Ким?
— Кимдан бурун кимни денг?!
— Xўш, кимни?.. — деди унинг раъйига қараб.
— Гап шундаки, — деб вазир бир бошдан тушунтиришга ўтди, — етти хуфтонга яқин Тепамасжид олдидан ўтиб бораяпсак, ичкаридан увлаб йиғлагандек бир овоз келяпти, бир овоз келяпти: одам бўлиб одам эмас, бўри бўлиб бўри. Тавба, қанаққиб кириб қопти, энди чиқиб кетолмай увлаяптимикан, деб яқин бор-сак — одам! Дилдирабу, ҳувлаб шу йиғлаяптики, қўяверасиз. Эшикларни очиб, кириб борсак, кўринг томошани. Биров бир одамни қув ечинтириб, ғассол тахтага тортиб кетибди! Тишлари такиллаб, шу қалтирайдики, қўяверасиз. Чироқни ёқсак, ким денг?..
— Ким экан?
Вазир ёйилиб ишшайди:
— Анув мўнди!
— Қайси?
— Шу... ўзимизнинг янги бўлган маймоқ-чи, анув отинг қурғур-чи!
— Ана шунақасиз-да, қорим. Биров ўламан деса, сиз куласиз.
— Йўқ, устод. Сиз ўзингиз кўрганингизда эди. «Ўл, бу кунингдан баттар бўл, қотирибди» дер эдиз. Тоза жазосини берибди, шоввоз,— деб ҳовлиқиб-кўпирди вазир.
— Xўш, ким экан ўша баттар бўлгур?
— Ким бўларди, айтиб турибман-ку, Акмал чўлоқ деб.
— Ие, ўшами? Акмал ўрис-а?
Вазир қўл силтади:
— Ўша, илгариям чулчут эди, оёқдан ажрабам одам бўлгани йўқ.
— Xўш, шоввоз-чи? — деди устод юзи тундлашиб келиб. — Ким экан?
Вазир бу ёғини яшириб ўтирмади:
— Шу... гумонимиз биттасидан-у, учратолмай доғда қолдик.
— Олинг-а, қорим. Кўпиришингиз оламни бузади, гумондан нари ўтмабсиз-ку.
— Изидан етиб боргунимизча шаҳарга сурворибди, қаранг, — деб афсусланди вазир. Кетидан кўпириб ҳам қўйди: — Қараб турасиз, бу ўша аскар боланинг иши. Ундан бўлак эмас!
— У ким, кимнинг ҳимоячиси?— «Биз таниймизми», демоқчи бўлди ўтағаси жонсиз оёқларини уқалаб.
— Танийсиз. Анув япон урушини ҳам кусар қилиб келган йигит-чи! Самурайидан қўрқмаган, Акмал дўкайидан ҳайиқадими! — деб тушунтирган бўлди вазир, кейин қўшди: — Эсингизда бўлса, никоҳ куни Султонмурод олиб қочган келин бор эди-ку.
—Хўш-хўш?!
— Ана ўшанинг акаси. Ҳали унгаям кўрсатаман, деб юрганмиш.
Ўтағаси ичида «воҳ!», деб қўйди-ю, ташига чиқармади:
— Султонмуроднинг қароргоҳини суриштираётган ҳам ўша чиқмасин?
— Ҳали шундай хабарларам борми, устод?
— Бор-бор.
— Қуда томон суриштиряптими, десам, у эканми?— деди вазир шалдур-шулдурлигига бориб.
— Ҳар иккиси ҳам, — деди устод, — лекин биз сир бермаслигимиз керак. Йигитлар оғизларига маҳкам бўлишсин. Бир нарса бўлса, ҳамма ўз чиллахонасига кириб кетгай, тушундингиз-а?
— Тушундим.
— Энди тунги воқеага келсак, — деди у сариқ ипак нусхи ура бошлаган нозик қўлини хонтахта устига қўйиб, — у нобакорнинг ўзини бу кеча ҳузуримизга олиб келасиз. Сўрайдиганларимиз бор.
Вазир бироз тушунмай ҳайратланди:
— Ситамгар аскарни айтасизми, ўтағаси?
У бош чайқади:
— Йўқ, катта ситамгарни. Ёлғизлик қиламан десангиз, аскар болани ёнингизга олинг.
Бу вазирнинг ҳамиятига тегиб, сапчиб тушди:
— Э, хўжайин, аскарсизниям диконглатиб келишга қурбимиз етади.
— Шундай денг-да, бўлмаса, — деди устод енгил кулимсираб.
Шу топ эшик қитирлаб, аввал Кокилтойнинг укпару кўзмунчоқларга бой дўппили боши, сўнг офтобаю обдаста кўтарган ўзи кўринди. Аёли эрталабки нонуштага ҳозирлик кўриб қўйганини билдириб, ўғлини киритмоқда эди.
— Э, той бола, келсинлар-келсинлар, ҳали қўл ҳам чаямизми? Оҳ-оҳ-оҳ, сувдек сероб бўлсинлар, гўшангаларга куёв бўлсинлар, — валломат алқаган сари той бола уялиб-қисинар, адажонисидан ҳайиқиб, обдастани ташлаб кетолмасди.
Ниҳоят, устод ҳам қўлларини чайиб, у офтобани олиб чиқиб кетдию дам ўтмай патнис кўтариб кира бошлади. Патнисда иккита ёпган нону косада қаймоқ, пиёлада мураббо бор эди. Қиягина очиқ эшик тирқишида ёлғиз қўл кўриниб, текисроқ жойга чойнак, орқасидан каллакқанд солинган тақсимча қўйилди. Валломат ҳовлиқди.
— Ҳов, кунимиз туғибди-ку, жуда!
— Xабарга яраша-да, қорим, — деди устод, у алқаган кезлари шундай атаб қўяр, валломат бу номни ёлғиз «Ихлос» сурасини ёд олиб, ундан у ёғига ўтолмаганига шама эди.
— Унда Акмал маймоқ демаганлар ҳар куни ғассолнинг тахтасига тортилсин-а! — деб хандон ташлаб кулди у.
Сўнг устод-шогирд олинг-олинг ила бир чиройли манзиратлар билан қаймоқхўрликка киришдилар. Ўтағаси қайсию чопари қайси — ажратиш энди мушкул эмасди.

Сазойи Жон (яна ўша муаллифга аён тарихлардан)
От туёқлари гоҳ илдамлаб, гоҳ атак-чечакка тушиб қолар эди. Улар қаерда кетишяпти экан, гоҳ тепага чиқиб, гоҳ пастга тушиб бораётганга ўхшар эдилар. Мана, ҳозир ҳам от жонивор олдинги оёқларини битталаб авайлаб босиб, пастликка энар эди. Қайси сойликка тушиб боришяпти экан? Ундай деса, на Иззанинг шовуллаши, на чимзорлардаги чирилдоқларнинг жўр овози эшитилади. Остиларидаги от текис юра кетиб, орқада бир нима пўп-пўп тушиб, тезак ҳиди анқиб кетди. Шунчалар сокин, зим-зиё кеча эди.
Аллақаерда сув шалдирайди: анҳор шекилли. Неча тун қоровулларидан ўтишди. Ўрда деганига етилгани йўқ. Қаёққа обкетяпти бу валдирвос тушмагур. Ўзи кимсану, қўл-оёғини куллаклаб, кўзигача ўраб-чирмаб ташлагани қизиқ. Кеча шарманда бўлишдан қутқаргани нимасию бугун отга ўнгариб олиб кетаётгани нимаси? Кечагисини мурувват дейлик, бугунгиси-чи? У бир хилда — боши боғлиқ, қўллари тўлғаниб бораркан, терга туша бошлаган отнинг сағрисидан анқиётган ачимсиқ ҳиддан кўнгли ағдарилиб-ағдарилиб келар эди. Устига-устак, боя ичган мусалласи ичида шўлқиллаб, бўғзига қайтиб-қайтиб келмоқда. Қаёқданам ича қолган экан. Алам бости энди ўзини олиб бориб, олиб келмоқда эди. Ташласа қутулармиди. Ўлганининг кунидан восвосга эланишга тушди:
— Вой, ҳой, инсон, ўнгариб олиб бормасанг, ўрнига ўтмайдими?
— Ўтмайди. Эшитмаганмисан, бераҳм буванинг невараси эканимиззи? — деб кикиллаб кулди валломат. Камига отини қистади. — Чу, жонивор, акамизанинг кўнгиллари ағдарилаётган эмиш.
Акмал чўлоқ гардани қотиб тўнғиллади:
— Биров ўламан, деса, булар куламан, дейди, сенам шошмай тур...
Унинг яниши валломатга хуш ёқиб, ҳиринглади:
— Ўзи кимнинг чангалида-ю, янишингга ўлайми? Аввал омон чиқ.
— Чиқмаганда нима?! Осиб юборармидиларинг, жа?
Вазир чиқарилгувчи ҳукмни ўзича тасаввур этди:
— Осишга осмасмиз-у, лекин осгандан баттар қилсалар ҳам керак.
Акмалнинг ёдига анув Султонмурод демаганларнинг Парпи бебахтга қилган муомаласи тушиб, ичига титроқ югурди:
— Нима, сизларам?..
— Нима, бизларам?.. — деди отини этигининг пош-наси ила нуқиб, қисташга тушган валломат.
— Парпи бебахтга ўхшатиб... туяқопга тиқмоқчимисизлар?
Валломат вазир унинг ғирт омилигидан кулди. Оми бўлмаса, кимнинг қўлига тушганини ўйлаб боқмайдими? Бу ҳам Султонмурод қайтибди, деган гапларга паққос ишониб юрибди, шекилли.
— Мунча қалтирамасанг, эркакмисан?! — деди энсаси қотиб. — Қўйни ҳам, эчкини ҳам ўз оёғидан осадилар — борсанг кўрасан.
Акмал чўлоқ ғудранди:
— Нафасингни ел олсин. Сен совуққа куним қолишини билсам...
Иложи қанча, бошини кўтариб кўтаролмайди, қўл-оёқлар чирмаб ташланган, устига-устак куллакланган қўйдек отга ўнгариб опти. Ўғриниям чапдасти экан-е!
Вазир қамчисининг учи ила биқинига нуқиб қўйди:
— Кеча мойдек ёқувди шекилли, ғассолнинг тахтасидан ечиб олганим? Энди ғудраниб қоптила?!
Акмал чўлоқ бу валдирвос билан ўчакишиш бефойдалигини англаб, анча тушган эди, гиналанди.
— Тўғриликча борсак ҳам бўлаверарди.
Валломат «Вой, тавба-ей, анойини кўринг», дегандек кулди:
— Ўша... бўлмасди-да.
— Нега? — деди куллакланган кимса бошини ўнгариб қарашга унналиб.
— Қоидада йўқ, — деди отлиқ калта қилиб.
— Нима йўқ?
— Бизнинг ўрдага ҳар ким тўғриликча кириб боравурмайди.
— Эргашиб ҳамми?
— Эргаштириб ҳам.
— Албатта, кўзини боғлаб, отга ўнгариш шарт де-йилганми?
— Шундай. Уни бегона кўз кўриши мумкинмас. Ҳайдаламиз нақ.
— Унда... ўронсизам ўтиб бўлмаскан-да?
— Ўронсизлар тушини сувга айцин. Ҳўв, хомтамалар-ей!
— Ҳеч ким хомтамалик қиляпгани йўқ. Сўрадим-да.
— Сўрамаям! Яхшиси, унингни ют. Пўстга яқин-лашаяпмиз. Устингдан кулиб юришмасин, — вазир шундай деди-да, кўча бошида ҳайхотдек бўлиб қаққайган қора дарвоза томон отни қистади.
От дўпир-дўпир билан аллақандай кўприкдан ўта бошлади. Шу баробар йўл четидан кимдир томоқ қирди:
— Тўхта. Сўроқсиз-истоқсиз қаёққа борасан?
— Усмон? Ўзингмисан? — деди отлиқ овоз бериб.
— Усмон бўлганимда сенга нима? Ўронни айт. Саломни қоидали қил, — деди овоз берган кимса.
— «Ла ҳавла вала қуввата»... Чўчитвординг-ку, жуда. Сал эви билан-да.
— Салом-чи? Қанақа бесалом қашқатаёқсан ўзинг?— деб туриб бирдан овозидан таниб қолиб бўшашди қоровул. — Ие, ассалому алайкум, вазир жаноблари, ўзлари шекилли, бир бошга бир ўлим, деб юрган?
— Ваалайкум салом тунқатор1 жаноблари. Узр, узр, ўзлари пўстда эканлар, — деб тегишди у.
— Ҳа, бу бўлак гап. Қайси эси кирарли-чиқарли ё кеккайиб кетган, дебман. Ўзиз топшириқни қотириб келяпсиз шекилли?!
— Мендек топшириқни қотириб юрсанг, жон-жон дердинг. Топдинг, ўринлатганимдан мастман.
— Ўлжангизам зўр шекилли, тилингиз бир қарич?
— Кўрмаяпсанми, ўнгариғлиқ нарсани? Кўзингга ҳол тушганми, нима бало?!
— Молми, нима у? — деди тунқоровул, — отизам бўлари бўпти, қора терга тушиб?
Вазир қиҳ-қиҳлаб кулди:
— Адо бўпсан, одамни молдан ажратолмасанг, Усмон! Ҳар ўнгарилган нарса мол бўлаверибдими?
— Мустаҳиқлардан денг?
— Оч дарвозангни. Кейин эшитиб олаверасан.
— Кейин бўлса, кейин-да, ака. Билдик, омадлари чопган экан, — деб улкан дарвозани ғийтиллатиб ланг оча бошлади тунқоровул.
Пишқириб, бош силкиб турган от эҳтиёткорлик билан дарвоза остонасидан ошиб ўта бошларкан, тақаси остона темиригами — нимага тегиб, шарақлаган овоз тун сокинлигига қараб учди. От ҳуркиб, буларни кўтариб ташлашига бир баҳя қолди. Акмал чўлоқнинг ичидаги бўғзига тиқилиб, сўкиб бергиси келди-ю, яна жаҳлини қулт ютди: Бир ками тунқоровулга кулги бўлиши қолувди.
Орқасидан дарвоза оғир ғижирлаб ёпила бошлади.
«Қай кўчанинг боши экан бу ер? Ёки манави валдирвос айтмоқчи, у билмайдиган ўрданинг дарвозасими?» Кўзи боғлоқ Акмал чўлоқ тасаввур қилишга уринарди. Кўчабоши дарвозаси деса, бунақаси ёлғиз Абдулла тегирмончининг қўрғони рўпарасидагина омон қолган. Бошқалари ҳар ёққа кўчириб кетилиб бўлди. Ўзиникидаги ҳам ўшалардан биттаси-да. Бу-чи, қаер бўлди экан? Кўприкдан ўтилдию кирилди. Поцовнийга кираверишдагимикан? Ҳали булар шу ерни ўрда тутган эканларми? Акмал чўлоқ бу жойларни таниб-таний олмас, тасаввур этиб — этолмасди. Тушдагидек бир ғалати жойлардан ўтиб борар эдилар. Султонмуроднинг қароргоҳидан ҳам ўтиб тушди буларники. Униси — Бўзсув бўйида, тепаларнинг бағрида дейишарди. Буларники кимнинг ташқисида экан, ҳеч англаб бўлмасди.
Шу тоб қай тарафдандир ит ҳуриб чиқиб, от ҳуркиганча ўзини бир ёнга ташлади. Чўлоқ бир қоп ундек оғабошлаб, жон ҳолатда отнинг сағрисига ёпишди. Агар шу кетишда валдирвоснинг тиззасидан ошиб кетганида борми, калласи билан тушарди! Ҳайтовур, сўнгги дақиқада у орқа ёқасидан чангаллаб, жиловни тортиб қолди. Сўнг отини эркалаб, кулиб қўйди:
— Сенгамас-ку, жонивор, жонинг чиқмаса. Олапар манави ўлжамиздан бегонасираяпти, холос.
Чўлоқнинг ғижини келди: «Ўлжа, дейдими, тоза чув туширган экан-да, бу! Анув ҳазилкашларингни топдик, деб». Ичидан қиринди ўтди. Бекорга қўл-оёғини боғлаб, куллакламаган экан-да?
Кимдир наридан итни чақирди:
— Олапар, ёт. Вазир жанобларини танимасанг, қанақа ицан! Эшакдай ҳайбатинг билан тариқдай фаросатинг йўғ-а, — деб кулиб қўйди.
Ит бурилиб кетиб, от пишқирганча сўлиқ чайнади.
Отлиқ ҳалиги овоз берган кишини ёрдамга чақирди:
— Жудаям ерга урворманг униззи, Азлар. У менгамас, бегонага қиляпти итлигини. Кела қолинг.
— Шунақами ҳали? Кечирадилар, олапарвой, биз адашибмиз, — деб итига гапириниб кела бошлади ҳалиги одам. Кейин биргалашиб «ўлжа»ни тушириб олдилар-да, тикка қилдилар. Оёқ қурғур (бутуни ҳам) ёғоч бўлиб қолган экан, ҳадеганда жон кира қолмас, суяб турмаса, бир боғ жўхорипоядек оғиб бораверар эди.
— Ия, куллаклаб ташлабсан-ку, буни? Нима, шу ҳолида опкирмоқчимисан? Жилла қурса, тиззасидагини еч, ўз оёғида кирсин ҳазратнинг олдига, — деди у тўхтамай гапириниб. Бу орада валдирвос вазир отини қай бир дарахтга боғлаб қайтди.
— Ечинг-у, лекин қўли билан кўзини бўшата кўрманг. Бу инсоф-пинсофни билмайдиган хилидан. Ҳазир бўласиз, Азлар.
«Ол-а, жуда опқочди-ку, бу восвос. Шошмай тур, доғули!» Акмал чўлоқ тишини тишига босди. Қариянинг олдида паст кетиб, танилиб қолишга ор қилди. Оёғини бўшатганига ҳам шукр: бўлмаса, ғўла нима, у нима эди!
Исмоил вазир валенеъматига хабар бергани кетди шекилли, уни ҳам, қадам товуши ҳам ўчиб, Азлар чол деганлари чўнқайиб, унинг оёғидаги тизимчани ечаркан, худди ўзи жабр кўргандай, унга ачиниб, жавранар, ҳатто оёқларидаги арқон изларини сийпаб қўяр эди. Бунга сари унинг кўзларига ўз-ўзидан ёш қалқиб, ўкси юмшаб бормоқда эди.
Акмал чўлоқ ҳайрон қолди: ўкси шунчалар бўш эканми? Ҳаммага ҳайқириб, бақириб юрган одам... чинакам бандилигини сезгач, (ўша восвоснинг макрига учиб ўтирибди-я! Шошмай турсин ҳали!) қай бир қилмиши учун сўроқ бергани олиб келинганинию бу каззобларнинг қўлидан осонлиқча қутулиб чиқа олмаслигини элас-елас англаб олаётгандек эди.
Азлар дегани шопдай найнов одам экан, ўрнидан туриб, кутилмаганда елкасига қоқиб, курагини силай бошладию кутилмаганда қулоғига шипшиб-шивирлашга тушди. (Ундан гуркираб келаётган тамакининг ачимсиқ ҳидига чидаш амри маҳол эди, шунақа кашандаси экан!).
— Укам, бу қийғирнинг чангалига қандай тушиб ўтирибсан? Бўкиб ичганмидинг, нима бало? Отига ўнгаргунчаям билмабсан? — сўнг елкаларини ушлаб кўриб, тусмоллади. — Бегонамас, ўзимизнинг тарафни одамисан шекилли. Айтовур, Азлар тоғангга, уй-пуйдагиларга етказиб қўядиган гап-папинг бўлса. Қисинма.
Акмални чинакам ваҳима босди: Қўлию кўзини ечтирмаётганидан маълум. Ҳали неча кун қамаб қўядилар, десанг-чи.
Шу давада эланиб пайпасланди. Қўли боғлиғу Азлар тоғанинг тирсакларини топиб, тутмоқ бўларди:
— Нима, авахтага тиқишадими ҳали? — деди ютоқиб-ҳовлиқиб.
— Ия, Акмал, ўзингмисан? — деди тоға овозини биров эшитиб қолади ҳам демай.
Бунга сари Акмал боғлоқ қўллари билан бунинг елкаларини силаб, эланишга уринди:
— Жон тоға, улар мени нима қилишмоқчи? Нега опкелишди?
— Билганингда нима қила олардинг. Ерга кирсанг, бошингдан, осмонга учсанг, оёғингдан тортиб олишади. Топшириқ шунақа.
Акмалнинг ичини бир нима тиғдай тирнаб, ўтдай куйдириб ўтди.
— Йўғ-е? — деди эси оғиб.
— Xудо уриб қўйибди-ку, сени, жиян. Эсинг қаерда эди? Гуноҳингни биласанми? — деди боягидек шипшиб. Ўзи ҳам бир қадам тисарилган эди гўё ундан ҳазар қилгандек.
Акмал чўлоқ бир нарсанинг хунук оқибатини сезгандек, ёмон бўлиб кетди:
— Ўлимдан хабарим бор, ундай ишдан... хабарсизман. Нима ўзи?
— Опкиришганда эшитасан энди, жиян. Биз кичкина одаммиз бу ерда. Келдингми, ўзингни эркакдай тут. Етти қолиб, бир туғишганимиз бўлганингда ҳам ёрдам қилолмаймиз. Сени сўроққа опкелишдими, Оллоҳ ҳукмидан нариси бўлмайди. Ундан кўра, одамга ўхшаб кир олдиларига.
Бу гаплар аввалига Акмал чўлоқнинг қулоғига ўқдай қуйилиб, қўрғошиндай жойлашиб бораётган бўлса-да, сўнгги лаҳзада бир жунжиктирувчи титроқ югурди-да, бутун вужуди қизиб келди. Шу баробар ич-ичидан аллақандай таҳликали қиринди ўтиб, хуши учди. Калласига бир маъноли фикр кела қолмасди.
— Кимлар дейсиз?— деди уни англаб-англамай.— Анув ўғрибошиларизнинг ўзимасми?
Азлар тоға жавоб ўрнига биқинига бир нуқиб, қулоғига шипшиди.
— Эсингни йиғ. Қанақа ўғрибоши? Одамнинг тилласи-ку! Ўзинг харом тукига арзирмикансан?! Замондан орқада қопсан. — Кейин қўшимчасига юз буриб, тўнғиллаб қўйди. — От миндим, деб кариллаб юраверибсан-да.
— Нима қилмоқчилар?
— Албатта, куёв қилиб, тўн ёпмайдилар устингга. Қолаверса, Қурбон ҳожим билан қори домлани чақиртириб қўйибди. Шунгаям шукр қил, ёлғиз ўзи ҳукм чиқарворса, додингни кимга айтардинг?
— Йўғ-е...
— Йўғамас, жуда-да. Нима, сен Исмоилнинг ташрифини ҳазил фаҳмловдингми?
— Шошмай турсин, у илвирс, — деди ичи ёниб бораётганини яширолмай.
Азлар тоға нимадир наша қилиб, (албатта, унинг ҳолига-да!) енг ичида ҳиринглаб кулди:
— Ҳали кўп яниб юрасан. Xўб гел қилиб, отига ўнгариб кепти. Устаси фаранг эканини билмасмидинг?
— Нимаси фаранг?— деди Акмал чўлоқ тушунолмай.
— Аканг қарағайни-да. У кимнинг шогирди экан?— Тоға йигитлардек қиқирлаб кулди. — Эплаб келмасинам-чи эди, нақ ўзим борардим. — У шундай дея қоронғида валломатларча елкасига қоқиб қўйди. — Қўрқма жуда, Xудонинг ёзганидан ортиқ нима бўларди! Йигит киши гуноҳ қилдими, гуноҳини мардона тан олиб, тавба қилса — эр саналади. Xоҳласанг, қўлингни бўшатиб қўйишим мумкин. Бўшатайми?
Акмал чўлоқнинг ори келди.
— Мен сиздан буни сўраётганим йўқ, — деди тўрсайиб. — Лекин одамни... одамга ўхшатиб, кўзини очиб қўйинглар-да.
Азлар тоға шунча ҳалим-юмшоқлигига қоидани бузолмасди. Жавобига елкасини силаб қўяқолди:
— Сабр қил. Чақирадиган вақтлари ҳам бўпқолди. Саломхона остонасига етишингдан ечадилар. Уларнинг ҳузурига бундай опкирмайдилар ҳеч.
Акмал чўлоқ ўзи не ҳолдаю ғижини келди. Xоннинг ўрдасимидики, қоидали опкирмасалар. Ўзига эса, ачитиб гапирди:
— Нима, қароргоҳингизни таниб қолади, деб... ечмайсизларми?
Тоға боягидек кифтига қоқиб, курагини силади.
— Бир сенгамас, барчага шундай. Дўст ким, душман ким — ажратиб бўлмайдиган замонда шуям маъқул. Фақат сен ўзингни бундай тутакўрма. Отдан тушсаям эгардан тушмайдиганларнинг ҳукми оғирроқ бўлади. Билиб қўй.
— Ҳукми? — Акмал чўлоқ шунгача ҳам бу ташрифини англаб етмаган эди. Энди хуши учди. — Ҳали сўд этишадими?
Азлар тоға бамайлихотир орқа ўгириб, тамаки ўрай бошладими, нима қила бошлади, жавобига жим қолди. Афтидан, жавобидан ҳам бурун буни чақириб қолишларини кутаётгандек эди. У ёқда Исмоил гум бўлганча кетиб боряпти, на тиқ этган товуш, на бир нарсанинг тайёргарлиги эшитилади у ёқдан. Кўз олдида эса, қани милт этган нур кўринса, қаердалигини илғаб бўлса. Шунақа сириб боғлаб ташлаган экан у номард. Лекин назарида ўзини поцовний1нинг ҳовлисида, боғ ортига ўтаверишдаги анув оқ бино рўбарўсида тургандек ҳис этяптики, нега шундай, тушунмасди. Бу ерга бир эмас, бир неча бор кирган. Фақат чиндан ўша жой бўлса дарвозадан кираверишда тепадан:
— Тўхта, қаёққа борасан! Қимирласанг, отиласан,—деган товуш келгувчи эди. Сўнг ўша очиқ — баланд миноранинг темир зинасидан этигининг нағали тақ-тақ-тақ этганча милтиқ ушлаган солдат тушиб келар эди. Нимага тушмади? Ё булар уларни ҳам ўз йигитларига алмаштириб ташлаганми? Тушунарсиз.
Шу пайт кимдир тахта зинадан тапир-тупур тушиб кела бошлади. Фақат унинг этиги нағалсиз, ҳам ўзи шошганидан оёқ учида тушиб келарди. Камига йўлакай овоз берди:
— Тоға, қаердасиз? Бошлай қолинг, меҳмонни. Кутишяпти тақсирлар.
— Мана, ҳозир, тоғанг айлансин. — Ўзи эса бу ёққа ўгирилиб ҳамсояси Акмал бандига унинг устидан минғирлаган бўлди. — Булар шунақа: чеккани ҳам қўймайди. — Сўнг увол кетмасин, деб уни туф-туфлаб ўчиришга тутинди-да, тамаки ҳидини гуркиратиб келиб, тирсагидан етаклади: — Юрақолинг, меҳмон жаноблари, сизни сўроқлаётганмишлар.
Ечса ечвора қолмайдими бу дардисарини!
Унинг билагини билагига матаб ташлаган тизимча энсасини бир қотирса, шу қўллари билан кўзидаги нарсани олиб ташлай олмаётгани баттар аламини қистатар эди.
Чақирса — аввал манави матохини олмайдими кўзидан, деб тайсаллаётган ҳам эдики, ҳалиги чақирган йигитнинг ўзи келиб, бу тирсагидан тутди.
— Бўла қолинг, илдам-илдам юра қолинглар, — деб шоширди.
Зинага етиб-етмай норозиланиб тўхтади:
— Ия, тоға, боятдан бери нима қилаётувдингиз? Ечиб-нетмабсиз-ку акамни. Тақсирларнинг олдига шу аҳволда... опкирамизми?
— Мана, ҳозир-да, жиянлари. Жазаси битта тиғ-да, — деб энгашдию этиги қўнжидан бир нима олиб, учини билаги ўртасига тўғрилаб эди, тиғнинг бир бети билагига тегиб, Акмал демаганлар жунжикиб кетди. Тиғ-тиғ-да, ток ургандек сескантириб юборганди.
Ва шу тоб у бир силтовдаёқ тизимчани узиб тушиб, бўшалди-қолди.
— Шуми? — деди Азлар тоға ўзининг чапдастлигидан ўзи фахрланиб. — Энди пешонасидагиними?
Худди биров пешонасига тиғ олиб бораётгандек... Акмал чўлоқ демаганлар тисарилиб кетди.
— Ҳай, ҳай, эсинг жойидами? — Тоға қиқирлаб кулди: — Жон бордир биздаям. Қолаверса, шариатимизда йўқ бу иш. Тиғ ўқталиш. Қўрқма.
Шу тоб бир қўлиминан калласи ортидаги боғични туртибми-нетиб юбориб эди, сирилиб ётган боғич бўшалса-кеца!
Воҳ! Шу қоронғу кечада улар ҳайбатли бир айвон тагида унга чиқиб бориладиган кенг тахта зина рўба-рўсида туришар, тепада — ҳалиги икки ёни очиқ кенг айвоннинг меҳробсимон токчасида эса ёлғиз шам ёниб турар, унинг сирли нурию токча деворларининг соя-сида айвон шифтию тўсинларию тоқилари унданам сирли кўринар, бу ёқда зинадан чиқаверишда ковшандоз, ковшандознинг қибла томонида эса икки тавақали ўймакорим эшик кўзга ташланар, у нимочиққа ўхшарди.
Акмал гарангсиб қолган эди. Ичида ҳадеб:
— «Ўрда дейди, қайси бойнинг ташқиси... шекилли?», — дерди бояги тасаввуридаги жойга ҳеч ўхшатолмай. Балки кўзи ёруғга ўрганолмай — адашаётгандир? Ундай деса...
— Қадамиззи дадилроқ ташлайверинг, бу зина, — деди ўнг тирсагидан тутган навкар йигит. Акмал чўлоқ уларни навкар дейишни ҳам, мулозим дейишни ҳам билмасди. Ҳаммаси намат чакмон кийиб, йўғон қайиш камарми, наганми, яна бир балолар тақиб олишибди. Лекин бошларида дўппию устидан шоҳи қийиқ танғиб олганлар. Касби бойўғлидек тунда изғиш-у, пешоналарини шоҳи қийиқ билан танғиганларига ўласизми! Бу орада у қаерга келиб қолишганини фаҳмлаб олгунча, зина тепасига чиқиб боришди. Сўнг чапдаги ҳалиги қўш тавақали эшик очилиб, унга йўл беришди:
— Қани, кира қолсинлар, жаноблари. Келдиз.
Не-не идораларнинг эшигини оёғининг учи билан тепиб кириб юрган одам... шу эски гулчин эшик олдида товсиллаб қолган эди.
Уни нимага бу ерга опкелишди экан? Опкелганда ҳам оёғини ерга теккизмай... авраб келтиришди. Демак, бекоргамас. Булар Султонмуроддан ҳам ўтадилар шекилли? Ё унинг ўзи шўттамикан?
Жон ширин экан, юраги дафъатан ўйнаб кетди: гўё юраги ўрнида бир қуш бору у жон қуши потирлаб-потирлаб, пориллаб-пориллаб халқумига келар, шунда ҳаво ҳам етмай қола бошлар эди. Калласига эса бир-биридан хунук хаёллар ёпирилиб келмоқда...
«Қайтгани... рост шекилли?.. Аввалги гал Каттабоғдан қувиб солган одам энди омон қолдирармикан?! Ҳаммасиданам анув гапи қулоғига чалинган бўлсами, ўлдим деявер!»
Оёғининг остидан ер қочгандек, кўз олди тиниб кетди. Ҳайтовур, икки ёнида тирсагидан тутган тунқоровуллар бор, бўлмаса, гуппа қулаб, ё жон аччиғида орқасига уриб кетиб... қутуларми эди.
Қутулгани, бу сўроқхонага кирмай қўя қолгани авлороқ эди. Лекин... бирон нарса наша қилганда Азлар тоғанинг ўзига ўзи гапиринадиган одати бор экан:
— Кир, киравер, Султонмурод жонингни олгур, мунча тайсалладинг? Номи-дарагидан шунча титрайсан, ўзини кўрсанг, нима қиларкансан?! — дегани... хушини учирган эди.
Тоға иршайиб, шеригига тушунтирарди:
— Бу кишим шу ҳолига унинг ожизасига ишқибозлик қиптилар. Кўнглиззи кўчасига қўтир жомашшов!..
Ана, холос! Гап бу ёқда экан-ку! Нимага чақиришибди, деб ўтирибди!
Остона ошдилар.
Кенг, қўш дераза, қўш тахмонли, токчалари баланд-баланд тоқили уйнинг тўрида дор, ўртасида эса қучоқ етмас тўсинга осиғлиқ фонар чироқ, чироқнинг чор-атрофида эса кўтариб қўйилган оқ бир нима — пашшахона деса, пашшахона эмас, ўтов деса, ўтовмас, ишқилиб, оқ сурп мато кўзга чалинар, унинг ўртасидан тушиб келган фонар-чироқ таккинасида хонтахтанинг уч ёнини ёлғиз-ёлғиз эгаллаган саллали-салласиз кишилар ўтиришар, чироқ уларнинг сояларини ерга қапиштириб, ўзларини нурга чулғаб ташлаган, бунга сари юз-бошлари нурлидан нурли кўринар эди. Тақсирлар дейишганича бор эди. Саллаларию, мурсакларию, савлат тўкиб ўтиришларидан кирган одамни сир босмай илож йўқ, фақат тўрдаги жун чакмонга ўралган анув қилтириққина хумбош одам... (ким экан) кафтдеккина юзларидан ажабтовур, сариқ ипак рангидан ҳам сариқроқ бир нур ёғилади. Унинг олдида бу мўйсафидлар рангпарроқ, оддийроқ, деса бўлар.
Уни кўриб ҳаммалари ялт этиб қарашди.
Кўз-кўзга тушиб, Акмал чўлоқ бу икки саллалини аниқ-таниқ таниди: дин пешволари-ку. Бири шу одамнинг кетида намоз ўқидимми, гуноҳга ботиб... деб масжидга ҳам чиқмай, кулбасида ёлғиз тоат-ибодат қилиб ётадиган анув мумсик Қурбон ҳожим бўлса, иккинчиси — у илмсиз деб атагувчи имомнинг ўзгинаси эди. Оддий кунда бир-бирини кўролмайдиган икки одам ҳозир рўпарама-рўпара ўтириб, унга ҳазар қилгандек қараб туришар эди.
Фақат униси — жун чакмонлиси ким бўлди? Xум бошими, қошими — аллақаери таниш-у, лекин жуссаси, нега бунчалар кичик, йўқдек? Нима бўлган бу одамга? Юзидан одам сиёҳи бор-у, жуссасидан жуда ғалати... Қолаверса, анув шифтга кўтариб қўйилган нарса нима?..
Азлар тоғами, ким, биқинига секин нуқиди.
— Қарз саломингни еб қўйганмисан, нима бало?
У эса кўзи ила бошқа одамни излар, қилғилиқни қилиб, уни авраб отига ўнгариб келган валдирвоснинг ўзи тугул, қораси кўринмасди. Яна қандай топшириқ олиб, даб бўлган?
— Мана, тақсирим, опкелишди... оёғини ерга теккизмай, — Ўнг ёнидаги навкар йигит ўтирганлардан кимгадир мурожаат этиб, зўр бериб тўнининг енгидан тортар ва шивирларди: — Тиз бук, жонингдан умидинг бўлса...
Акмал чўлоқ қаерга опкирилгани ва қандай жавоб берарини тўла англаб етмаган эди, довдиради, шу довдирагани кўйи ковшандоз қиррасига тиз бука бошлади. Аммо шу тоб у кутган одам тўрдаги парда ортидан чиқиб келмайин ҳам... токча тагида чакмонга ўралиб, камига қўша-қўша болишу ёстиқларга кўмилганча муштдек бўлиб ўтирган (яримта бўлиб яримта эмас, бола бўлиб бола) одам (балки қариб, бола тортиб қолгандир?) ажаб ғимирлади:
— Қўй, Саъдулла, расмиятчиликни. Бу ер тиз чўкиб, гуноҳлар сўраб олинадиган жой эмас. Бунинг учун чақирган эмасбиз.
Астаъфируллоҳ! Овози танишми? Ким бўлса экан? Лекин талаффузими — нимаси, мулойимдан мулойим, худди ҳалим чолларники каби эди. Шуларнинг катта-си — шу эканми? Шу, тўридан гўри яқин одам-а? Унда нега ҳамма қолиб, бу яримта одам бошламасига гап қўшмоқда? У бўлса, Султонмуродними — кимни кутмоқда эди. Балки кейин... кириб келар?
Танчанинг икки ёнини эгаллаган манави оқ салла, кўк дўппили тақводорлар-чи? Нимага ўтиришибди? Киши кўзигами? Кимнинг юзини қилиб, фатво беришларини кошки ҳеч ким билмаса, ғарт оғмачи- лар — шулар-ку.
Шу маҳал, қироати зўр-у, аммо ўзи бидирлаброқ гапирадиган, гапирганда ҳар ким ҳам тушунавермайдиган араб башара одам — Чўлпон ота масжидининг имоми тунқоровулларга бир нарсалар деб валдиради. Унинг қўлу юз ҳаракатларидан бир нарса уқмаса, сўзидан англаш амри-маҳол эди.
Аммо унга Азлар тоғанинг ихлоси зўр экан, лабига қараб туриб нима деяётганини уқиб олди ва:
— Ҳозир-да, тақсир. Бажо қиламиз-да, тақсир, — деб шундай ковшандоз лабига ялангқават кўрпача ёзиб юборди.
Чўкдилар. Қурбон ҳожим фотиҳа қилди.
— Қани, омин, қадам етди, бало етмасин,— яна кимгадир теккизиб қўшиб қўйди, — ҳеч бандани ўзи адаштирмасин. Аллоҳу акбар.
Юзга фотиҳа тортдилар ва тепадаги (бояқиш бў-либ бояқиш эмас,) яримта одамдан изн кутиб қарадилар.
Бояги сиру саловат босишлардан ҳийла ўзига келиб қолган Акмал чўлоқ унинг юзига тикилиб туриб, бу мажруҳ одамнинг шу қадар хотиржамлигидан ҳайрон қолди. У булар кирмасдан олдин қай ҳолатда бўлса, ҳозир ҳам ўшандек эди.
— Тақсирлар, биз сизни бу ерга чорлашимиздан мурод, узр, бемаҳалда безовта этдик, бир бандаи мўъминанинг шаънига алоқадор гап ўтган. Гапки, уни ўз номи ила атасак, бировнинг пардаи исматдаги аёлига нисбатан шул вақтга қадар кўз кўриб, қулоқ эшитмаган бир туҳмат, яъни ул покиза аёлга етишолмаслик орқасида ожизага маломат, маломатки, суюқоёқликда айблов содир бўлган. Ожиза бул гап-сўзларга чидолмай, турган гўшасини тарк этиб, Яккабоғимиздан бош олиб чиқиб кетган. Биз суриштириб бошлаб эдик, поёнига етгунимизга қадар ўзи бундай қилиб кетибди, сизларни шунинг ҳукмига чорлатганмиз. Токи, Аллоҳ номидан, унинг Китоби ила иш кўрарканмиз — шариат сўзи устивор бўлсин, дея сизларни сўратдук. Ана, бир ожизага нисбатан маломат чоҳини кавлаб, туҳмат оловини ёққан киши қаршингизда ўтирибди. Биз эса ул ожиза номидан даъвогармиз. Сиз нима ҳукм қилгайсиз — жазоси ўша бўлгай.
Тавба, овози ўша-ўша эдию, яримта бўлиб кўрпачаю чакмонга сингишиб ўтириши ғалати эди. Наҳотки бу ўша — бир вақтларги ўғрибоши бўлса? Акмал чўлоқнинг ақли лол, ўзи карахт эди. Ҳозир ўша жабрдийданинг оғзидан тамомила бошқа сўзлар чиқмоқда, сўкса-неца, пасткашдан олиб, пасткашга солса, чапаничасига ҳақоратлар ёғдирса, чидаса мумкин эди, аммо мана бу босиқ-хотиржам сўзларига чидаб бўлмас эди. Нима рост — шу рост. Саломхон кеннойникида пайдо бўлган анави келинчакка иқи тушгани, суйкалиб боргани, жиянининг қаватига тортиб, унга етишмоқ па-йида юрганлари, кечасилари уйқуси қочиб кетиб, ўша хонадон атрофида гирдикапалак бўлганлари — барча-барчаси рост. Аммо у Султонмуродга тегишли эканини билган бўлса ўлсин агар. Билганида, кеч бўлган эди. Бўйида бўпқопти, деган гап чиқиб кетиб бўлган эди.
Қурбон ҳожи қон талашгандек ўнг бетидаги норини қашлаб, томоқ қирди (у ғайри табиий, қора соқол остидан ажабтовур кўринар эди).
— Кимнинг ожизаси, дедингиз?
Даъвогар дабдурустдан айтолмай, айлантириб айтди:
— Танийсиз, тақсирим. Тепанинг пастида туришади. Ҳакимбек амакининг нокзори қаршисида. Янги қўшнилар.
Ҳожи рўпарасидаги имомга қаради:
— Ким? Сайнаб домламдан ўтгандами?
— Бор-бор, ўтганда янги хонадонлар бор. Xудойига борганимиз бор. Нусрат хўжакаларга қарашли, — деди қотма имом қайта қўндоқдек чўккалаб.
— Ўшаларга тегишли келин, — деди ўзини даъвогар санаётган яримта одам — буларнинг валенеъмати.
Қурбон ҳожи — юзини соқол босган (ўзи ҳам нақ кўксига тушар), устига-устак суяги йўғон басавлат одам эмасми, чордана қуриб, ҳурпайиб ўтирар, ўсиб, елкасига тушган сочларидан ҳам бурун чақчайган укки кўзларидан қўрққулик эди. Акмал чўлоқ тожик домла деб ном чиқарган бу хонанишин одамни айни туш қизиғида бир-икки Изза йўлида туйқус учратиб, отию ўзи бир хуркканича бор. Узун оқ кўйлагу иштонини халвиратиб, бир девдай одам келаверса, эс-песи чиқиб кетибди. Оти ҳам тисарилиб, кишнаб юбориб эди. Бу эса, унинг бетига қараб ҳам қўймай ўтиб кетаверди. Шу-шу номини эшица, этига титроқ киради. Келиб-келиб иши шунга тушибди. Яна бундай аҳволда!..
Сочли домла томоқ қирди. Овози ҳам аллақандай гулдираган, қироатлув эди:
— Эл-юрт бунинг кимлигини билади-ку, ҳукм чикора?! — деди у.
— Чикора-чикора, — деб тасдиқлади бидирлаган имом ҳам.
Бир бурда одам хумдай бошини тўлғади:
— Азизлар, азизлар. Уни биз ҳам биламиз. Биз сиздан шариат ҳукмини сўраётирмиз. Токи гуноҳига яраша одил жазосини олсин ва биз ҳам эртага тонгла маҳшарда Тангри таоло ҳузурида зулмкор сувратида туриб қолмайлик. Маймун1 қиёфасида тирилмайлик. Усиз ҳам гуноҳларимиз кўп.
— Ҳукм, — деди ўша-ўша бесўнақай кафтига йўталиб, томоқ қириб,сочли домла, — шариат ҳукми маълум бу тоифага. Айниқса, бировнинг пардаи исматдаги қизи ёхуд аёлига туҳмат этган кишига саксон дарра урилгай, кам ҳам эмас, кўп ҳам.
— Шундай, шундай. Шариат буюргани шу. Тақсирим, адашмадилар, — деб бидирлади имом ва Қуръондан оят ўқиди.
— Демак, бу кишимга ҳам?.. — деди қаддини зўр-базўр кўтариб яримта одам. У бировнинг ёрдамисиз ўрнидан туролмаса ҳам керак эди. Ҳарқалай, шундай таассурот қолдирарди. Аммо унинг ҳукм юритиши, қуввайи ҳофизаси ҳайрон қоларли тиниқ ҳам аниқ эди, тавба.
Сочли домланинг елкаси билан битта сочлари тўл-ғанди:
— Бу шариатнинг ўзгармас ҳукми. Қиёматга довур кетадиган. Аммо у кучга кирмоғи учун даъвогар керак, жабрланувчини эшитмоқ лозим. Усиз ҳукм — ҳукм эмас, — деди у кесиб-кесиб.
Акмал чўлоққа жон битиб, иқи суйиб, домлага кўз ташлади: ажабки, унинг юзи нурлигина, ўзи бинойидек одам эди. Xаёлидан кечди: бошига қилич келса-да, тўғрисини сўзлагувчи эмиш.
Яримта одамнинг аёлларникидек нозик ҳам оқ қўли хонтахта устида кўринди.
— Ўзизга маълум сабабларга кўра, жабрланувчи Яккабоғдан бош олиб чиқиб кетиб улгурибди. Лекин биз бир марта суриштирган жойимиз бор. Шу боис даъвогарликни зиммамизга олиб турибмиз. Қолаверса, Саломпа борлар. биз у кишини биламиз-ишонамиз ва улар тарафдан даъвогар бўлиб турибмиз.
Елкани қоплаган соч, норози тўлғанди:
— Биз эшитмадук. Эшитмаган одам бир нима демоғи қийин.
— Шундай-шундай. Биз боримизда чақирмоғингиз лозим эди, — деди имом ҳам.
— Бемаҳалда аёл кишини чақириб келтириш — ўнғайсиз. Тушунарсизлар, деб ўйлайман,— деди тўр-даги одам.— Ўзидан сўрасангиз, инкор этолса — эцин.
Шу баробар биров унинг биқинига нуқиди. Қараса, Азлар тоға. Камига қулоғига шипшир эди:
— Одамни уят-маломатларга қолдирмай гапир. Сени деб... бўлгани ростми шу гаплар?
— Зўрламанг, тоға. Белда белбоғи бўлса, айтади ростини, қистамасангиз ҳам, — деди кутилмаганда буларнинг валенеъмати, ўша шарти кетиб, парти қолган одам. Яна унинг хонтахлит сўроқларига ўласанми!..
— Ўз оғзи билан айцин, гуноҳини бўйнига олиб,— бидирлади имом бунинг бетига қарашни ҳам ўзига ор билиб. Ана, покдомонлик! Ҳаммалари алағда — у нима деркин деб. Ёлғиз сочли домла ҳурпайиб ўтирибди. Ҳамон ўз фикрида собит. Ҳатто кўз қирини ҳам ташлаб қўймайди. Унга осмондан тушган анув китобнинг айтгани муҳим, ўша — қонун. Сўзи сўзига, шарти шартига тўғри келиши керак. Ликилламайди мана бунисига ўхшаб. Ўлдирса ҳам шундай бир сўзлилар ўл-диргани...
Акмал чўлоқни бирдан ваҳм босди. Гуноҳи аниқ, суйкалиб боргани рост. Лекин бунчалик оғир гуноҳга бош суқаётгани тушига ҳам кирмаган бўлса-чи, жазолайверадиларми? Билиб туриб қилган билан, билмай қилганнинг фарқи бордир, ахир? Булар билмаса, Xудо бор-ку, билади-ку. Ўзи асрар манави жоҳил, мута-ассиб бандаларидан?
— Нима қилиб қўйганини ўзи билмайди шекил, бу Xудо бехабар, — деди имом кўк дўпписини бошида айлантириб қўйиб ва ҳам билағонлик қилиб.
— Нега билмайди, балони билади бу энағар, — деб сўз қўшди Азлар тоға иршайиб: унинг дўст-душманлигини ажратиб бўлмай қолган эди.
— Билса, аллақачон ер ўпиб, кечирим сўраши керагийди-ку, — деди имом.
Сочли домла имомга ўтли нигоҳини ташлаб, норозилик билдирди:
— Бизга унинг тавбаси нега керак? Тавбани Аллоҳга қилади. Кечиргувчи ҳам Ўзи, жазо бергувчи ҳам Ўзи. Биз ким бўпмиз?! — деди овози гулдираб.
Акмал чўлоқнинг назарида аллақаёқдан кун чиқиб келаётгандек, ҳозир унга жавоб бергизиб юборишадигандек эди: зўр экан-ку, бу сочли домла деганлари! Қолаверса, нега ҳамма унга ёпишиб қолди? Кеча униси, бугун булар? Агар ҳаммалари адолат тараф бўлсалар нега ундан сўрамаяптилар? Кеча сени ким ҳафа қилди, ғассолни тахтасига тортиб кетди деб? Қозилик шуларга қолган бўлса, нега у нобакорни топиб келтирмайдилар? Мана бу ерда тикка қилмайдилар?
Шу асно баланд келмоқчи бўлди:
— Оламни бузган карнайчию балога қолган сурнайчими? Менга кечагиси ҳам етиб ортади, — деди тўрсайиб, камига қўшди, — сен бояқишни ким ўша алпозга солди, демаяпсизлар-ку. Қози бўлсанглар, баравар одил бўлинглар-да.
— Нима гап, дарвоқе? Нега биз бехабармиз? — деб шерикларига аланглади сочли домла.
Кулишни ҳам, кулмасини ҳам билмай, кечаги воқеани тушунтирган бўлишди.
— Қотириб кетибди-ку, азамат. Ҳеч кимнинг тушига кирмайдиган тарзда. Э, жиян, ўлганларимиз яхши бу кунимиздан, — деб чистонга олиб, ярасига туз сепди Азлар тоға.
— У шоввозниям чақиртирмабсизлар-да шу ерга. Тоза бўларди ҳангома! — деб кулди навкар йигит, ўша Саъдулла деганлари.
— Керак бўлса чақиртирамиз ҳам, — деди буларнинг валенеъмати, — аммо бу кишининг фойдаларига бўлмайдими, деб қўрқаман. Қолаверса, шунақа бежо ҳаракатлариззи эвазига олгансиз сазою жазони.
— Мен эътироз билдираман, — деди кутилмаганида Акмал чўлоқ «сомон парчаси»га ёпишиб, — сизким, адолатли қози бўлсангиз, айтинг: киши гуноҳига неча қайта жазоланмоғи мумкин? Шариатда борми шу?
— Йўқ, — деди сочли домла турқини бузмай, — бир жиноят ёлғиз жазони тақозо этади, ортиғи ортиқ.
— Менга ҳам кечагиси бир умрга етади, — деди Акмал чўлоқ. У назарида адолат тарозусини ўз тарафига оғдиролгандек эди.
Уй ичида бирдан ғовур қўпиб, ким ҳайратини, ким нафратини яширолмай қолди. Шу асно валенеъмат аталмиш ҳалиги одам хонтахтага шаппалаб:
— Шошманг, тақсирлар, — деди ва шу бир оғиз сўзи ила ҳаммани тинчлантира олди. — Бизнинг бу кишига саволимиз бор: марҳамат этиб айцинлар. Ё беҳуда чақирилган, деб ўйлаётирларми?
Акмал чўлоқ ноилож қолди:
— Йўқ.
У яна ажаб бир бамайлихотирлик билан давом этди:
— Демак, ўзингизни оқ-оппоқ деб ҳам билмагайсиз?
— Йўқ.
— Яхши. Энди бизга айтинг-чи, — деди у яна, — ўз қизингиз ё жуфти ҳалолингизни ўша мушфиқанинг ўрнига қўйиб кўрганмисиз ҳеч?
У бўлак жавоб топа олмади:
— Йўқ.
— Унинг отаси ёхуд жуфти ҳалоли ўрнига-чи? — деди у.
Акмал чўлоқнинг боши тағин-да, тушиб кетди.
— Xўп, майли, адашибсиз,— деди у ўша-ўша сокин хотиржамлик ила,— билмай, гуноҳ кўчасига кирибсиз. Лекин шулар учун бир кун келиб сўралишингизни, Бош қозига рўбарў бўлишингизни билмайсизми?
— Кимга?! — деди Акмал чўлоқ тушунолмай.
Яримта одамнинг юпқа лабию офтоб кўрмаган юзида ачиниш аломатлари зоҳир бўлди:
— Демак... демак, Бош қози мавжудлигидан тамом бехабарсиз?
— У ким, қаерда?
Чўккалаб олган имомнинг ҳам юзлари аллақандай қорайиб кетган, сочли домланинг эса бошлари тушиб кетган эди. Ўртага чўккан совуқ жимликни ўша яримта одамнинг ўзи бузди:
— Тақсирлар, кечирасизлар, бу жавобдан кейин менинг йиғлагисим келадир. Ўзини ҳойнаҳой мусулмон санаб юрган бир одам эрта бириси кун ўларини, шу ўлганча номаи аъмоли беркилиб, қиёматда тириларини, Маҳшаргоҳда эса ҳамма қатори Бош қозига рўбарў бўларини унутган. Барча қилмишлари учун жавоб берадиган кун борлигини ҳеч ким эсига солмаган. Биз қандай қилиб уни ҳукм эта оламиз? Уни Оллоҳнинг ўзига ҳавола этмакдан бўлак қандай чорамиз бор?
— Бор, — деди кутилмаганда овози гулдираб сочли домла, — Оллоҳнинг Китоби ила ҳукм этамиз. Покиза бир мўъминага туҳмат қилгани учун саксон дарра урмоқ жоиз. Ана шунда Оллоҳни танийди, — деди у.
— Шариат устиворлиги учун ҳам жоиз, — деб бидирлади имом.
— Исботи-чи? — деб юборди жон аччиғида Акмал чўлоқ туриб кетгудек бўлиб. Назарида, ҳозироқ опчиқиб, дарра остига ётқизишадигандек эди.
— Юзлаштирилур, — деди имом.
— Топиб келсинлар, ўша даъвогарни, — деб юл-қинди Акмал чўлоқ. У энди эсини ҳам йўқотаёзган эди.
— Яхши, — деди кутилмаганда тўрдаги ҳалиги чакмонга ўралиб, ёстиқларга кўмилиб ўтирган бедаво кимса, кафтини хонтахтадан тушириб. Тиззасига олдими деса, тиззаси чакмон барлари остида билиниб-билинмас эди. Шунақа кичкина тортиб кетибди, — Тан олмаса, олмай турсин. Ҳеч ким зўрлаб тан олдирмоқчи эмас. Лекин гуноҳини, ҳукмини билдириб қўймоқдамиз. Тўғри юрса — юрди, бўлмаса, қалтис қадам босган куни оёғини ерга теккизмай бир карра тутиб келтирмоғимиз ва шу кунги ҳукмни ижро этмоғимиз та-йин. Қолаверса, ул ожизанинг хасми, пушти паноҳи Султонмурод қайтмоқда деган гаплар бор. Жазони ўзига қолдирамиз.
Акмал чўлоқнинг бошидан олов чиқиб кетди.
— Султон? Қачон, қаердан? — деб юборди ўзи билмаган ҳолда.
У тиз чўкиб ўтирган жойидан сапчиб кетганмиди, бошқами, вужудини бир ёмон, тўхтатиб бўлмас титроқ босиб келмоқда эди.
Унга ҳеч ким жавоб бермади.

Мошааллоҳ!
— Шошманг, шу ерда тўхтанг, Саида,— дедим саб-рим чидамай. Мен бир нарсаларни англагандек, ўша Адолатпешанию унинг Бонусини танигандек эдим; бу анув кўҳлик жувон — эрининг гуноҳини сўраб келган пошша келин эмасми ахир? Ва шоша-пиша ўрнимдан тура бошладим:
— Ойим ётиб қолмадилармикан?
— Вой, адаси, алламаҳал бўлиб кетди-ку. — деди хотиним
— Шунча воқеалар ўтиб, ойим билмайдиларми! Билишлари керак. Сўраб борган у жувонни ҳам, эрини ҳам! — деб уйдан чиқавердим.
Чиқсам... ойимнинг уйларида чироқлари ёнуқ. Баъзан шунақа ярим кечаларда туриб кўзойнакни қийшиқроқ таққанча, отинойиларидан қолган Қуръонни ҳиж ўтиргувчи эдилар. Ҳозир ҳам... бориб қарасам, ўша китобга чиппа ёпишиб ўтирибдилар. Мен эсам, эшикни очаримни ҳам, қайтиб кетаримни ҳам билмасдим. Очай десам, чалғитишдан хижолатдаман, очмай десам, ичим ғурмишлаб ётибди. Наҳот ўша яримта одам ўзи қолиб — бировларнинг ташвиши билан яшай олса? Бунинг устига Султонмурод акамнинг номидан иш кўраётган бўлса?! Муддаоси нима? Жилла қурса, ойим билсалар керак бу тарихларни?
Ногоҳ қайрилатуриб, оёғим остонадаги жомга тегиб кетди. У эса даранглаб зинага, ундан ҳовлига тушиб, думалаб кетдию бир ерга етганда ўнгланиб, лапанглай-лапанглай тинди. Тингани ҳам бор бўлсин, шовқини етти маҳаллани тутган эди.
Ичкаридан ойимнинг овозлари чиқди:
— Ким, келинпошша?
— Мен, ойи, — деб овоз бериб кириб бордим. — Ётганиз йўқмиди?
— Кел, тинчликми? — деб у киши кўзойнакларини олиб, китоб бетини ёпдилар.
Мен кўрпача устига тиз букдим.
— Эсингиздами, ойи, Султонмурод қайтибди, фалончини ундай қипти, пистончини бундай қипти, деган гаплар чиққан-у, аммо ўзи қорасини ҳам кўрсатмаб эди? — дедим.
Ойим китобни жилдига сола туриб, илкис қарадилар, қўллари жилд ичида қотди:
— Нима, чиндан ўзи эканми?
— Қаёқда! Тамоми бошқа биров, айцам ишонмайсиз, — дедим ҳамон ҳайратимни ичимга сиғдиролмай.
— Қўй-е, шунга ишониб ўтирибсанми? Ким юрак ютиб у ишларга бош қўшаркан, — дея ўтирган жойларидан узалиб, жилдни токчага қўйдилар.
— Эсингиздами, бир кўҳлик жувон эрининг гуноҳини сўраб келиб эди, эски уйимизда?
— Қачон? — Ойим хотирлай олмай, юзимга тикилдилар.
— Акам шу ердалигида. Баҳриддин ошнасининг қотилларини топиб, жазосини бериб юрган кезлари.
— Парпини айтасанми? Унинг хотинидан бўлак ким кепти?
— Ўша-ўша, отнинг қашқасидай таниш ўғри. Топдиз, ойи.
— Йўғ-е, яримта ҳолига-я? Аканг уни қай ҳолга солиб, Баҳриддиннинг жанозасига олиб борганини кўрмаганмисан?
— Кўрганман, — дедим мен.
— Қайтиб, қандай одам бўпқопти? Астаъфируллоҳил азим, қаёқдаги гапни гапирасан? — Ойим кўксиларига туф-туфлаб қўйдилар.
— Шуни айтинг, ҳамма Султонмурод қайтибди, деб ўтирса, у экан...
— Сен қайдан била қолдинг? Уйга кириб ўтириб қолган, деб эшитардик-ку уни.
— Яна нима деб эшитар эдингиз, ойи? Қаерда туришарди? — Мен сандалга кўксимни бериб, қистай бошладим. Кейин кириб келган Саида ҳам бу гаплардан эси оғиброқ бир чеккага чўкди.
— Қаерда бўларди, ўша тепанинг ортидаги кўча ичида-да. Ўрикзорга етмасдан эдимикан. Лекин биров ўшандан бери остона ҳатлаб, кўчага чиққанини кўрган эмас, болам. Ҳатто муштипар онаси қазо қилганда ҳам бел боғлаб туролмаган, ҳоли маълум-ку. Фақат эшик-деразаларига парда тортиғлиқ бир чиллахонага ўхшаган уйда китоб кўриб ўтиради эмуш.
— Қанақа китоб, балки Қуръондир? — дедим тусмолларим тўғри чиқаётганидан ҳовлиқиб.
— Балким. Шайхим қори ака келиб, ибодатга тушириб кетипти, савобга қопти, деган гапни ҳам эшитганмиз. Қийин-қийин — ўша кўҳлик хотинига қийин бўлган. Аёл боши билан ўша яримта эрни шунча йил оқ ювиб-оқ тараб келяпти.
— Кейин-чи, ойи, кейин нима бўлган?
— Нима кейин?
— Зилзиладан кейин-да, қаёққа кўчишган?
— Қурбақаободга бўлса керак, — ойим яхши эслай олмай юзларини сийпаб қўйдилар, кейин хотирлаб қолиб, тушунтирдилар, — Ҳа, дарвоқе, кўчишга қудрати етмай дўмга чиққанакан, эски ошналари эшитиб, участкасини битириб беришганмуш. Кўчганми-кўчмаганми, билолмадим.
— Кўчган бўлса, қаерда бўладию, кўчмаган бўлса қаерда, ойи? — дедим ичим ёришиб келиб. Мен унинг изини топгандек, топаётгандек эдим.
— Билмадим, болам. Ўтириб қолган одам эртасини ўйласа, участкага кеца керак. Дўм ёқиб қолмагандур. Сен яхшиси поччадан сўра, билишлари керак. Ҳаммалари ўша томонга кўчишди-ку.
— Яхши айтдиз, суриштириб кўраман, — дедим-у, бошқа янгиликни — ўша яримта одам Маҳфуз кеннойимни чақиртириб, баъзи нарсаларни суриштирганию акамнинг аёлини ўз ҳимоясига олмоқчи бўлганларини айтолмай турибман. Ё ўзлари билармиканлар?
Тепамиздаги чироқ ҳамма ётиб бўлган бир кечада яна ҳам ёруғ тортиб, оппоқ нурини аямай сочар, жимжит кечада нур ўлчагичми, нимадир шиғиллаб айланар эди. Ташқарида эса, уйқу билмас кўклам шамоли ҳувиллаб, бўғотларга урилар, ҳовлидаги яланғоч шотутлару гилос тупларини чайқатиб, ўпиб ўтар эди.
— У киши бир сира бизга-да ҳамият қилмоқчи бўлган экан, Маҳфуз кеннойим шу ердалигида, эшитганмисиз?
Ойим бош тўлғадилар:
— Xабарим йўқ. Лекин анув балогинага йўлиққур Акмал чўлоқ тирғалиб юрган кезлари шунга ўхшаш бир воқеалар бўлганмидикан?
— Эсланг, ойи, эсланг, ўша қандай воқеа эди? — дедим қистаб.
— Кимдирми, кимлардирми жувоннимаргнинг ўзини Тепамасжиднинг товутхонасига қамаб кетганди. Мен акангни йигитларими, деб ўтирардим. Шунча воқеалар ўтиб бизга миқ этиб қўймаган кеннойинг ўша кезда... шаҳарга тушиб чиқаман, деб йўқ бўлиб қолиб эди-да, болам.
Ойим шу гапларни айтаяптилар-у, мен ичим тошиб ўтирганча гоҳ Саидага им қоқиб, гоҳ айтавурайми, деб шивирлайман. У бўлса, бир менга, бир ойимларга қараб, елка қисади.
Ахийри ўзлари сезиб қолдилар:
— Ҳа, Мақсудхўжам, нима гап? Нимани айтолмай турибсизлар?
— Рост, айтолмай ўтирибман, — дедим ёрилиб, — суюнчи беринг, ўша келиниз топилди!
— Мошааллоҳ! Қаерда экан? — дедилар ойим бир ерга етиб. — Отасининг юртига ўтиб кетган эканми?
— Йўқ, ойи, шу ерда, қўл узаца етгудек жойда экан! Ишонасизми?
— Қандай? Кимни қора тортиб бориб қолибди?
— Акамнинг ҳов бир ошнаси бўларди, поччаникида турганда топишган, Чаман деган...
— Анавинда сенга хат ташлаб кетганми?
— Ҳа, ўша. Ўшаникига бориб, туриб қолган экан.
— Уни қайдан билибди? Қандай топиб борибди?
— Билмасам, — дедим ҳаммасини айтиб, юракларини ёриб юборгим келмай, — Қолаверса, анув кунги болакай — ширинтой унинг ўғли эди.
— Вой, ўлмасам! — дедилар ойим юзларини кафтлари орасига олиб. — Ўғли дейсанми?
— Ҳа, ойи, уларникида болохонада туришади экан.
— Аканг Султонмурод... биладими шуларни?
— Билмадим, ойи, билмадим, — дедим у хўрликми, нима, менга ҳам юқа бошлаб.
— Ошнаси-чи? — дедилар анчадан кейин ўзларини ҳийла босиб олиб, — хатида нима дебди экан?
— Акамнинг дарагини топганмиш, шунга жўнаб кетибди экан, — дедим бўшашиброқ.
— Вой, қанча бўлди-ку?! Келмадими ҳалиям?
Мен ерга қарадим: ичимда нимагаям айтдим, деб афсус чекардим:
— Ўша кетганча кетиб боряпти.
— Илоҳим, яхши хабарлар билан келсин бу ёқда Маҳфуз келинувзанинг дараги чиққан бир кезда. Ило-ой, Ўзинг шуларга ҳам хотиржамлик ато эта қолгин. Туп қўйиб, палак ёзишларига имкон бера қолгин.
У киши дуо қиляптилар-у, мен кафт очганча игнанинг устида ўтирибман. Дуо яхши. Лекин у ёғини сўраб қолсалар-чи, нима дейман?
Ниҳоят, турдик. Улар ҳам мамнун эдилар, биз ҳам.
Яхшиям у киши ўзи қаерда, деб сўраб қолмадилар.
Яхшиям: шошма, жужуғи-чи, жужуғи қаерда, нега сен олиб келган жойда яна олиб кетишди, демадилар.
Яхшиям Олим ўзи нимага кепти, у қаердан пайдо бўлиб қолди? Акаси Султонмуроднинг қаердалигинию мана бу тўзиб қолган оиласини билмайдими, деб қолмадилар.
Яхшиям сен ўзинг қанақа жигарсан, шундай газеталарда ишлаб Тангритоғдек бир юртларга чиқолмасанг, акагинангнинг дарагини ўзинг изламасанг, сени ким айтади Улуғхўжабойлар авлодидан деб, паст-баландни тушунган деб! Ўзингга эн бўлолмайсану бош-қага қандай енг бўласан, деб қолмадилар.
Шундай деганларида, миқ этиб оғиз оча олармидим?
Яхшиям бу гапларни кейинга қолдирдилар.

Ошиёнидан Айрилган Қушлар
I
Ўз уйинг — ўлан тўшагинг. Саҳарга яқин ётиб ҳам бир мизғиб олсанг олам-жаҳон ором топиб, тиниқиб турасан. Саъваларми, сариқ ёхуд қизилбош жимит қушчаларми, бири олиб, бири қўйиб, деразамиз ортидаги кўксултон тепасида (балки ўрикдадир) чив-чивлаб чулдиришар, мен тепамга кўчиб келган қушлар бозоридан уйғониб кетган эдим.
Воҳ, кўклам нафаси бу митти қушчаларнинг барини маст этиб, дарахтларнинг офтоб инган шохчала- ри — қир учига ўтказиб улгурибдими! Улар қорин ғамини тамом унутиб, бир-бирларига роз айтишармиди, сайраб-қувнашармиди ёхуд кўкламга етказган Аллоҳга ўз тилларида тасбеҳоту ҳамд айтишармиди, ажратиб бўлмасди. (Балки ҳар иккиси ҳамдир). Олам шунчалар мунаввар, чаҳ-чаҳларга тўла эдики, дафъатан қай ошёндамиз — эски ҳовлимиздами, янгисидами, англай олмай қолган эдим.
Туриб, азза-базза кўчага боқдим. Янгисида эканмиз. Офтоб кўксултоннинг ярмига қадар тушиб қолганига қарамай ҳали болакайлар уй-уйларидан чиқиб, ғўра қоқишга тушишмаган эди. Тушишсами, бу жимит қушчалар қайга ҳам қочишар экан?! Унгача яйраб олмоқда эдилар. Фақат дарвозамиз тагида йилт янги— қора олхўридан ҳам қорароқ бир машина турибди. Мен унинг орқа ярминигина кўрдим холос. Олам шундай гўзал ва шодумон, руҳим ҳам шундай тиниқ ва енгил эдики, қанот чиқариб учиб кецам-да мумкин эди. Ҳатто машина кимники эканини ўйлаб қўйиш хаёлимга келмасди.
Ювиниб-тараниб келиб, салом бергани ойимларнинг олдиларига кирсам, воҳ, ким ўтирибди денг?! Бир вақтлар акамнинг Бўзсувдаги қароргоҳига осмондан оёғини узатиб тушганлар алам-аччиқ устида ушлаб кетган кичкина акам — Олим акам ўтирибди!
— Ие, ўзизми? Вой, сизни, — дея бир кўриниб йўқолиб қолган холаваччамни қучоқлаб олдим. — Xабар бермаганиззи қаранг!
Эшикнинг тагидаги йилт янги ғиротни кўриб ҳам(!) пайқамаганимни қаранг!
— Эй, мирзо, сени ҳам тутар кун, топар вақт бор экан-ку! — деб Олим акам ҳам куракларимни силар, қучоғидан қўйиб юбормас эди. Сўзлари бир самимий, ичининг туб-тубидан отилиб чиқмоқда эди. Тавба, у ҳам самимий бўла олар экан-а! Жигарларнинг қадри энди билинибдими?! Қолаверса, мен унинг қучоғида ўзимни жимит болакайдек ҳис этар, йўқ бўлиб кетгандек эдим. У бўлса, ўша қилтириқ Олим акам бўлса, йиллар ўтиб, Султонмурод акамдек норғул тортиб кетган, катта киши нусхи уриб тоғаларимизга ўхшаб қолган, ҳаммадан ҳам бурун ундан бир турлик — энг яқин жигарларнинг ҳиди уфуриб, мен довдираб қолган эдим.
— Нечук-нечук, қаранг, қандай ярашиб турибди.
— Мана, излай-излай, суриштира-суриштира... топиб келдим — деди у ҳам тўлиқиб.
— Шунақа, зилзилалар «шарофати» билан сочилиб кетдик ҳар ёқларга.
— Тағинам тариқдай сочвормабди, дўмларга чиқарворса, нима қилардингиз? Бизга ўхшаганлар қайси тошқўрғоннинг қайси каталагидан топарди?! Бир парча бўлса ҳам ҳовли-жой насиб этибди-ку. Узоққа тушмабсизлар-ку туғилиб ўсган диёрларимиздан.
Ич-ичимдан ҳайратга тушаман: шу Олим акамми, а? Ўша жигаримизми, а? Одам шунчалар ўзгариб кета олар эканми? Ё булар ҳаммаси вақтинча, синашта бўлиб кетгунчами? Ундай десам, ойим ҳам чиппа-чин ишониб, мутаассирланиб ўтириптилар. Рўмолларининг учини дамба-дам мижжаларига босиб, бизга қараб-қараб қўяяптилар. Камига шивирлаб дуолар қиляптилар: Илой, ҳеч кимни бизчалик узилиштирмагин деб.
Ўтирдик. Ойим дуо қилдилар.
— Илоҳим, от айланиб қозиғини топгани рост бўлақолсин. Акагинанг ҳам қайтиб, бағирларинг тўлақолсин, ўз диёрларингда оталарингни чироғини ёқиб ўтирадирган кунлар ҳам келақолсин. Қандай одамларнинг фарзанди эдингиз — Оллоҳ Сизларга ҳам бир қўним берақолсин. Ўзи тўзим ато эцин. Омин.
— Оллоҳу акбар, — дея юзларимизга фотиҳа тортдик. Назаримизда ойимнинг дуоларига ҳамма холалариму тоғаларим қўшилишиб тургандек эдилар. Ўзимни бир енгил ҳис этардим, бир енгил ҳис этардим...
Суҳбатимизга ўз-ўзидан файз кириб, меҳрларимиз ийиб келмоқда эди.
— Ўшандан бери қўнғироғингни кутаман, дарагинг йўқ, мирзо,— деди Олим акам гина қилиб, гинаси са-мимий ҳам беғубор эди.— Ахийри ўзим келавердим.
— Ундан гина йўқ, акаси, ишига тузукроқ жойлашиб олсин, бормай қаёққа боради. Борса-келса, оқибат уланади-да, — деб жонимга оро кирдилар ойим.
— Узр, чиндан алаҳсиб кетибман, хизматчилик, — деб узримни қалаштирдим. Аммо кейинги воқеалардан (кеннойимнинг топилишию Ёдгорни бехавотирроқ жойга олиб кетишлари, Чаман акамнинг омонати, ҳали у ёққа ўтишим зарурлигидан) оғиз очмадим. (Очганимда ҳам нима дердим, унга айтадиган гапларми?!)
Олим акам сипоришлади:
— Ёлғизлик Аллоҳга ярашади, бу дунёда ҳамма бир-бирига суяниб яшайди, дердилар адам раҳматли, энди билиняпти, — Олим акамнинг овозида аллақандай маҳзунлик бор эди. (Айтмоқчи, у ўшанда ёлғизман, девди).
Мен чой узатиб, дастурхонга қистадим. Ойим эса ҳеч нарсадан хабарлари йўқ, астойдил гинахонлик қилар эдилар:
— Бир йўла келинни, болаларни опкелавурмабсан-да, танишиб олишарди. Сизлар келардинглар, булар боришарди. Бу дунёнинг зийнати шу-да.
Олим акамнинг томоғига ўксуққа ўхшаш бир нарса келиб-тиқилиб, чуқур тин олди:
— Эй, хола-я! Менинг бу юришим, бу савлатларимга ишонманг, — деди чапаниларча қўл силкиб, — хизматчилик деб юраверибмиз юртма-юрт, буюрган мамлакатига кўчиб. Кўч ҳам нима — иккита жомадону сариқ хотиннинг сариқ-суруқ болалари! Ҳаммасини самолётга ўтказиб, чиққан шаҳрига жўнатворганман, хола. У бефотиҳа, беникоҳ орттирганларимни. Юрганаканмиз бизам мусулмонмиз деб...
Ойим юзларини ушлаганча, тилларини тишлаб қолдилар, ўртага ҳеч гап сиғмайдиган бир жимлик чўккан эди. Ахийри ўзлари юмшатдилар:
— Вой, холанг айлансин, шундай экан, ҳа, келавурмайсанми? Сиғмаган жойингми?
Олим акам хижолатомуз жилмайди:
— Унчалик деб тушунманг, хола. Жудаям кўчада қолганим йўқ. Ишхонам, оғайнилар бир хонали уй тўғрилатиб беришди. Ўшатдаман.
Ойим кўнмадилар:
— Барибир-да. Эркак кишининг ётари бор, турари бор. Қолаверса, сочингга оқ оралаганда салти-свой юришинг яхшими! Ҳалиям бўлса, кел. Қанча уйлар ҳувиллаб ётибди.
— Ҳимматизга раҳмат, холажон. Ҳали ҳамма нарсадан воз кечиб, тарки дунё қилиб қўйганимча йўқ. Ниятларим катта, — деди у гапни ярим ҳазил-ярим чинга буриб.
— Ҳа-а, ана энди эсинг кирибди, — дедилар ойим аяб ўтирмай. — Шариатни нимага чиқарган?! Кўчадан топган-хотун бўлмас, хотун бўлсаям-зотун билмас, деганлар. Тағин сен кимларнинг фарзандисан-а! Вақтида қутулибсан. Ҳай-ҳай, фалокатинг арибди. Ҳалиям кечамас. Топилар ўзингга ярашаси. Оллоҳ рози бўладирган турмуш қайдаю ҳалол-ҳаромни ажратмайдигани қайда! Ўзим бош бўлиб топганим бўлсин.
Олим акам хижолатларга ботиб қизаринди, тўлғонди, ахийри «ҳай-ҳай»лашга тушди.
— Ҳай-ҳай, холажон. Индамасам, тўйни ҳам бошлаб юборасиз шекилли, — деди ҳазилга йўйиб.
Ойим бўш келмадилар:
— Ўзинг пушмондамасмисан, ишқилиб?
— Нимадан, хола?
— Ўша сариғ-мошагингни жўнатворганингга-да.
— Ҳе-ҳе! Елкамни чуқури кўрсин. Умрнинг эговини...
— Шугинами? — дедилар ойим.
— Ўз динингда бўлмагандан кейин... маҳлиқоси ҳам татимаскан.
— Ҳа-а, ана бу гапинг дода гап бўлди! Қайси қавм-га яқин юрсанг, ўша қавмдан бўлиб кетасан, деб бекорга айтмаганлар. Болларинг-чи, улар ҳам онасига тортганмиди?
Олим акамнинг боши солиниб кетди:
— Секинроқ айтасизми?..
Ойим ёмон тўғрисўзлар-да: аяб ўтирмасдилар, меҳмон-ку демасдилар:
— Ўзингниям кўзинг қаёқдайди, ақлинг қаёқдайди? Шайтон тузоғига илинибам сезмадингми? Ўсасан десалар, қилаверибсан-да буюрганларини? Қошдан қовоқ қайтармай?
Олим акам қорайиб қора-қизил тортиб кетди, ойимнинг бетларига қарай олмасди. У ҳурпайиб олган, назаримда мана ҳозир портлар, портлаб: «Ўзлариз ме- ни қаерга жойлаб қўйиб эдингиз? Ким қилмоқчи эдинглар?!» деб юборадигандек эди-ю, ёрила қолмасди. Ахийри ҳам... ёрилмади. Ичига ютиб, мардлик қил-ди.
— Нима бўлса-бўлди, бўёғи йитди, хола, — деди бўғиқ овозда.— Кўргулик экан — кўрдик, ками бўлса... чидаймиз.
Қарангки, мен уни... шу туриши, шу гапи учун... яхши кўриб кетдим. Уни шундай деб... айбларини мардона тан ола билади, деб (!)... ҳеч ўйламаган эканман. Шу ҳурпайиб ўтиришида ҳаммадан кўра кўпроқ Султонмурод акамга ўхшаб кетган эди. Балки мен адашаётгандирман, навбатдаги устамонлиги, ҳийласи, артистлигидир бу. Лекин менга боягидай туюлиб, ёқиб қола бошлаганди. Балки бу акамни жудаям соғинганимдан, унга ҳеч кимни ўхшата олмай юрганимдандир. Ҳозир унинг анув гапларини (хатида тайинлаганларини!) ҳалига қадар бунга айтмаганимни эслаб, очиғи, бир ғалати тортдим. У омонат гаплар хусусида чинданам оғиз очиш мавриди энди келган, келаётган эди. Аммо Xудонинг хоҳлашини қарангки, бунга ҳожат қолмаганини кўриб турардим, кўрганим-сезганим сари енгил тортиб борардим. Илоҳим, ҳожат қолмагани рост бўлсин!
Олим акам эса, ич-ичида ойимнинг ҳукмлариними, нимани кутар, у кишига зимдан қараб-қараб қўяр (чиндан-да, маслаҳат солиб, қора тортиб келадиган яна кими бор?! Қўлдош тоғамларнинг тергашларидан безганми, у кишини унча ҳушламайди, ҳарқалай борганини эшитганим йўқ), жим эди.
Ойим сезгир эдилар, уни алқаб курагини силаб қўйдилар:
— Умрингдан барака топ, тўғри қиласан. Бунақа вақтда сабрдан чиройлиси йўқ. Сабр Оллоҳга ҳам хуш келади. Лекин сен энди маслаҳатга ҳам қулоқ сол. Бундай юртма-юрт юришларингни қўй. Қаватимизга қайт. Уй қилсанг, жой қилсанг, бир мўминага уйлантириб қўйсак, оталарингни чироғини ёқиб ўтирсанг қандай яхши!
Олим акам «ҳов, менинг эски дардларимни, яраларимни қўзғаб нима қиласиз, ҳамма сиз ўйлаганча бўлса, қани эди!» дегандек ойимларга қараб қолган эди. Сўнг совуб қолган, қаҳрабодек чойни бир сипқориб, пиёлани кафтида тутганча ўзи сезмаган ҳолда тиззасини эзғилашга тушди.
— Уни демасанг, ана, нариги кўчаларда нечта жой бўш турибди, шаҳарга чиқсанг беришар. Шунча жойларингизни тортиб олган ҳукумат бир парча ер берса берибди, ҳақи кетмас. Бутун олам — ўрисам, чулчутам Тошкандга келиб ётганда, нима, сизларга мумкинамасми? Ҳақсиз деган жойи борми ё?
Рости, ойимлардан қози чиқсами, олам-гулистон бўлиб кетар эди. Олим акамнинг юзига нур югуриб, ўзингиз зўрсиз-да, холажон, дегандай суйиб тикилди.
— Бўлмаса, ҳаракат қил. Нимадан уялиб қисинасан? Улар уялиб қисинсин, ким-ким — Сизларни унутиб қолдирганига. Жой ажратмаганига, — дедилар ойим ҳовурларидан тушмай. — Энди Xудодан қўрқмайдиганларнинг замони бўпқоптими? Шошмай турсин, Оллоҳ ҳам кўрсатиб қўяр. Ё Оллоҳга қийин эканми, уларнинг ўрнига бошқасини келтириб қўйиш?!.
Олим акам у кишини юмшатишга уриниб узанди, кифтларига қоқиб «холажон»лаган бўлди. Ўзи эса, ойимнинг бу ҳолларидан ич-ичидан завқланиб ора-орада менга ҳимо қилиб қўяр, «қара, қандай холам, ойинг борлар» демоқчи бўлар эди.
— Сиз нима десангиз — шу, холажон, — деб юборди ахийри ийиб кетиб. — Ўзимам одамларга ўхшаб қўним топиб, уруғим деб, аймоғим деб, борди-келдилар қилиб, яшашни соғинганман. Етар, шунча тентираганларим. Шунча топиб-топиб — нима кўрдим? Қолгани ўша кўчадаги мошинми? Соцам, етиб қолар бир бошпана қилиб оларга?
— Машинангни қўй, — деб уришиб бердилар ойим.— У ҳам бу дунёни зийнати. Сен бир уй тиклайман, ватан тутаман дейсан-у, қариндошлар қараб турарканми! Ҳашар биланам тиклаб беришади. Ана, Усмон тоғанг, бинойи ўтирибдилар. Ўзларига қолса, бир ғишт қўя олармидилар! Ундан кўра, сен кириб, дуоларини олиб чиқ. Кейин ҳамма ишинг ўнгидан келиб, юришиб кетаверади. Дуода гап кўп.
Олим акам у кишининг танбеҳларини олиб, бош силкиган бўлди, сўнг қўлини очиб, изн сўраганча қаради:
— Энди дуо қилинг, хола. Мен Мақсудхўжангизни бир етга опкетгани келганман. Буниз вақти зиқ одам, ҳали ишга бораманга тушиб қолади.
— Мана шунақа-да, келмасларингдан кетаманга тушиб қоласанлар, — ойим азза-базза хафа бўлиб, терс қарадилар.— Ҳа, келин битта овқат солсин, тузук-қуруқ дастурхон ёзсин...
— Кеча жужур эдим, шошадиган жойим йўқ, — дедим мен манзират учун бўлса-да. Аслида борадиган ерларим қалашиб турибди!
Олим акам қўлини туширмасди:
— Қайтага яхши. Қайтиб келамиз. Ош дам егунча қайтишга ҳаракат қиламиз, — деб қистади.
— Келасан-а, келмай қолмайсизлар-а?.. — у киши обдан ишонгач, жавоб бериб, дуо қилишга тушдилар. Ундан кўра қаёққа борасанлар деб тергасалар-чи, сўрасалар-чи, менга шу авлороқ эди. Негаки, мен вақтимни қизғаниб, ичим ҳалак, лекин мезбонлик номим бор — андеша сақлаб, индай олмаётирман. Ҳали қаёқдаги сайру саёҳатга ё бўлмаса архивгами, суриштир-суриштиргами, бошламаса эди. Ўзим борадиган ерларим камдай. Қани айтолсам...

II
Хайрлашиб чиқиб, Оврупонинг учқур, аммо бизнинг кўчаларга хайф «Волва»сига ўтирдик ҳам, (тавба, улар бу номни биздан кўчирганми ё биз улардан? Ўхшашлигини! Волва-Волга! Эгизак-ку!) кўчамиз болакайларининг кўзини ўйнатиб ғувиллатиб кетдик ҳам Олим акам қаёққа отланганимиз ҳақда оғиз очиб қўймасди. Ичимни тоза пиширмоқчими, туширмоқчими, билиб бўлмайди. Бунинг касби-да, ўзиям шунақа ичимдагини топ хилидан. Бошқа одам аллазамон сир бериб, гуллаб қўярди.
Мен ҳам атай сўрамаяпман. У қани парво қилса, қора қирғийини таърифини келтириш билан овора:
— Ҳў, ўша ёқнинг кафтдек йўлларида бу ўқдик учсин-да. Юз саксондаям қилт этмайди!
— Сув текинга олмагандирсиз, ахир? Бизнинг кўчаларни била туриб? — дедим.
У оғзини бир ажойиб тўлдириб, тилини «тоқил»латди.
— Қаёқда! У ёқда сув текин. Ҳамма қимматчилик бизда. Қолаверса, шундан бошқа нима қопти менга? Ҳаммасини шипириб кетди-ку анув юхо.
— Нечук бунга индамади, тиши ўтмадими? — дедим кулиб.
Олим акам чекаётган бир ажойиб сигаретини чапаничасига назокат билан (жимжилоғи учи ила) ойнадан чертиб юборди.
— Қаёқда! Пайқамай қолди олганимни! Орқамдан етиб келарини билса, ямламай ютарди-ку.
— Сизними, машинаними? — дедим ҳазил аралаш.
Акамга бу хуш ёқиб ўтирган ерида ирғишлаб қўйди:
— Топдинг, мирзо, нақ иккимизниям ютиб ортидан чиқаворарди.
— Тирик юхо экан-да, унда?
Олим акам қош учирди:
— Ҳа, баракалла. Олим акангга ҳам осон тутма сен. Ана ўшанақа жодугарларининг қўлидан омон чиқиб келиб турибди. Билдинг.
Сўнг... бир ажойиб ўйинқароқлик ила (гўё барча ўша нохушликларни) «Волва» ойнасидан чирт этказиб тупуриб ташлаб, қўшиб қўйди:
— Бу ғироту қолган умр — фойдага қолиб турибди-ку.
— Буюрсин, — дедим.
— Раҳмат, — деб миннатдор қараб қўйди у. — Ле-кин ростини айцам, кўзлари куйиб ортимда ҳиқиллаб юрган кўзирчалар ҳам аллақанча. Билмайдики...
— Сотинг дебми?..
— Ҳа-да, дарди харина дегандай...
— Чиндан кўз қиймайдиган хили экан, — дедим.
— Қиймаганда нима, бир темир-да, — деди мени ҳайрон қолдириб.
— Унда, нега «лойлаб» юбора қолмайсиз?
Олим акам қувлик ила кулиб қўйди:
— Менам анойилардан бўлиб қолмоқчимасман.
— Тушунмадим.
У энди шарақлаб кулди:
— Ҳозирча бозорга соляпман! Кўз-кўз қилиб, таранг қилиб юриппан. Обдан кўзлари куйиб, ўпкалари шишсин, ана ундан кейин... пул топиб, ақл топмаган бир лақмасига ўтказвораман.
— Ие, ҳозир нима девотувдиз? Шундан бошқа нимам бор деб... — Мен ҳалитдан ичим ачиб, машинанинг момиқдан-момиқ ўриндиқларига, йилт янги (улар чиндан бу оламники эмасдай эди!) анжомларига қараб қўйдим. Ўзиям пошшои машина экан, юрган сари бир лаззат топасиз. Бизнинг шу алмисоқ йўллардаки бир товус, бир эрка кийикдай сузиб боряптими, у ёғини қўяверинг!...
Акам хўрсинди:
— Очиғи, холам ҳақлар. Дунёга келиб, бир ошиён тикламаган, бошига бир бошпана қуриб, бир ерни ватан тутмаган одам — одамми! Мен ҳов илгариёқ ният қилиб қўйганман, эсон-омон қайцам, Яккабоғдаги қўрғонимиздек бир қўрғон солай, жой қилай, деб. Номимиз қолмасаям, нишонимиз қолсин, авлодларимиз қолсин! Қолаверса, отам раҳматли юртга қайтинглар, юртни ватан тутинглар, жигарлардан ажраманглар деб... васият этганлар.
Иккимиз ҳам жим қолдик.
Машина катта тупроқ йўлда ортидан бир олам оқ тўзон қолдириб, ўзи ўша тўзондан қочганча ғизиллаб бораркан, акамни билмайман-у, менинг кўзларим ёшланиб келиб, ичим остин-устун бўлиб кетди. Кўз олдимда эса, ўша ўзим билган, болаликдан таниш вайро- на — холамгиларнинг Яккабоғдаги валонгор қўрғонлари — томлари очиқ, деворлари қор-ёмғирларда нураб-емирилиб тугаёзган ўша уйлар турардилар. Бу улар ташлаб кетган ошиён эди...
Очиғи, сабрим етмади.
— Қаёққа боряпмиз, ўзи? — деб юборганимни сезмай қолдим.
Олим акам ўгирилиб қараб, жилмайиб қўйди. Лекин жавобга ошиқмасди. Топ-чи, тополмадингми, шаҳар берасанми, деб ҳазиллашадиган бир алпозда эди.
Мен эсам, ичим қизиб, шаҳар беришга-да, тайёр эдим.
У тушунди:
— Аввал анув — кўчага тушган қайрағочли ёлғиз мозорга, сўнг сутчиникига ўтамиз. Зўр янгиликлар бормиш.
— Қайси, боғларингиз пастидаги ўша қайрағочзоргами? — дедим юрагим бир орзиқиб, — шунча жой туриб... ўша йўлга тушибдими?!.
— Кимдан хафа бўласан, дуди-фиғонинг чиқиб? Бало келса ҳўлу қуруқ баробар ёнгай, бу ер мозор, бу ер бозор деб ўтирмагай ҳеч ким. Xудонинг хоҳлаши. Қолаверса, дунё кўрсанг — биласан, бу ернинг мозор ўтмаган бирор жойи қоптими? — деди у.
Мен уни тушунгим келмай қизишдим:
— Қандай халқ эдик? Ким бўлиб боряпмиз?! Оталаримиз нон ушоқ тушган ерни ўраб, мозорот этиб, оёқ бостирмаган халқнинг болалари... бугун ким бўлиб ўтирибмиз! Томошабинга ўхшаб?..
Олим акам ўгирилиб, юзимга синчков боқди:
— Тузуксану, — деди, — газетангга ҳам шундай деб ёзавурасанми, ўтказишадими?
— Биламан, ўтказишмайди, — дедим тўнғиллаб, лекин тилимнинг учидагини юта олмадим, — Индамас экан деб... топтайверадиларми... азиз жойларни?
— Нимасини айтасан, бу ернинг етти қаватигача азиз-ку, тегиниб бўлмас жойлар-ку, — деди у ҳам.
— Улар эса, хор қилиб кавлаб ётиптилар, кимларгадир шаҳар қуриб...
У йўлдан кўзини узмай аллатовур хўрсинди:
— Адам раҳматлининг ҳар гаплари бир ҳикмат экан. Бу ерга келиб, манави алғов-далғов қурилишларни кўриб, тушунгандай бўляпман. Авлиё эканлар.
— Шу ҳақдаям... гапириб эдиларми?
— Башорат қилган эканлар, тавба, — деди у ҳамон менга қарамай.
— Нимани? Шу зилзила, бузилиш-кўчишларни-я?
— Ҳа-да. Оллоҳдан қўрқиш керак, қўрқмай қўйганларнинг ўрнига бутунлай бошқа қавмни келтириб қўйиши ҳеч гапмас. Бизнинг ҳам тўзиб кетганимиз бежизмас, ўғлим, дер эдилар, тавба...
Бўлади-ку шундай маҳал: ўртага ҳеч гап-сўз, юракка эса қил сиғмайдиган кезлар — ҳозир шундай бир ҳолга тушган эдик.
Аллавақт жим қолдик. Бу орада машинамиз кўча ёқасида омон қолган катта бир садақайрағоч (ниманинг касофати урган — у қуриб қолган, чангалдарахт каби турарди) тагига келиб, секинладию ўз тўзонида қолиб кетди. Бу оппоқ тўзон худди қиёмат белгисидай бирпасда бизни кулранг сояси билан ўраб, бир мав-ҳумот оламида қолдирган, ҳатто қуёш юзини тўсиб қўйган эди. Ол-а, йилт янги машинаси ўлди десангиз-чи! Ўн кун ювганда ўз ҳолига келмас. Яна уни сотармиш. Бу йўллардан уч марта ўцин, кейин кимга сотаркин!..
Тўзон тарқаб, қулранг соя ҳам устимиздан кўтарилди.
Бор экан-ку ёруғ олам!..
— Сен ўтириб тур, мен ҳозир, — деганча Олим акам машинасидан тушиб, қайрағоч тагида баққолсупа қуриб олган одам томонга кета бошлади. Сигарети тугабдими деб ўйлаб, мен тушмай қўя қолдим. Кўриб турибман, у ҳеч нарса олгани йўқ, лекин икки оғизгина бир нарса сўради ёхуд илтимос этди. Чол ҳам кўна қолди. Қайрағоч тагидаги ариқдан ҳатлаб ўти-боқ қайбир янги уйнинг ҳандағи ёқасига бориб чўн-қайишди. Баққол юзига фотиҳа тортди-да, нимадир ўқий бошлади: билдимки, тиловат қиляпти. Этларим ўз-ўзидан жимирлашиб кела бошладилар! Олим акам ўз қўрғонлари ўрнини босиб ўтиб кетолмай... оталари ҳаққига бир калима Қуръон тилоат қилдирмоқда эди. Шунчалик эслаганига шукр, инсоф берганига шукр, ёдга олиб қўймайдиганлар қанча-ку...
Кейин чолга қўярда-қўймай қоғозга ўралган бир нарса тутқазиб қайтаркан, у Олим акамни алқаб дуо қилиб қолди. «Эшонпоччамнинг арвоҳлари қўлласин... Сен сийлабсан, Аллоҳ сийласин сени» дегани ярим-ёрти эшитилди.
У эшикни кенг очиб, жойига енгил ўтирди ва машинасига калит солатуриб:
— Танидингми? — деди аллақандай камгап тортиб.
— Шўтми? — дедим мен ҳам юрагим жиғ этиб.
— Шўт, — деди у қўпориб, ҳандақлардан бир четга суриб ташланганча на арралаб олинган, на кесиб жойланган дарахтлар мозоротига ўкинчла қараб (Қоралари ўрик, кумушранглари баҳайбат ёнғоқ туплари экани шу ерданоқ билиниб турар эди!).
— Эсиз ёнғоқзорлар, — деди кейин, — биз болалигимизда шундоқ эди, экилганига қанча бўлган экан?
Мен бу ёнғоқзор оралаб ўтган анҳор ёқаларидан қўзиқорин терганларимни эслаб, ғалати бўлиб кетдим: ҳаммаси кўз ўнгимизда йўқликка кўчиб бормоқда эдилар.
— Қўрғонларизниям... суриб ташлаб бўптиларми?— ёдга соладиган ҳеч нарса қолибмадими, демоқчи бўлдим.
У сассиз-несиз бош силкиди, лекин ўзи ўша ёқдан кўз узолмасди (ахир кўз очиб кўрган-таниган ватанининг сувратини киши кўз ўнги — хотирасидан ўчириб ташлаб бўларканми! Бир туман ортида бўлса-да, туравергай-ку ўзига чорлаб!)
— Ҳатто анҳорни ҳам-а? Кўмиб юборишибдими?— дедим мен азза-базза тушишга интилиб.
— Етти авлиёнинг еттита мозоридан биттаси қолмабди-ку, — деди у.
— Шошманг, — дедим мен унинг елкасидан силкилаб, — ўша боғингиз пастидаги ёлғиз мозор, қайрағочли мозор етти авлиёнинг бириники эдими? Унда китоблар-чи, эшон бувамнинг китоблари-чи? Чиқмабдими? Анув гаплар... бекор эканми?
Олим акам менинг соддалигимдан кулди. Машинасига ўт олдириб:
— Мен сени нимага опкетяпман?! Ўша хазинани кўрсатгани-да! Қолаверса, Този тоға чақирганлар, — деди илжайиб.
— Қандай тоға? — дедим тушунолмай.
— Тозиларнинг тозиси, ўзинг билган сутчи, — деди у «Волва»сини жилдириб.
Менинг каллам айланиб, эсим тескари бўлаёзди: қандай тозиларнинг тозисию қандай сутчи? Кимни айтяпти у? Анқовсираб қолибман.
У хатосини фаҳмлаб, шошиб сипоришлади:
— Ҳе, биз тоғани шундай атаймиз. Азбаройи суйиб! Xизматларига беш кетиб!.. У кишига етадигани йўқ бизда. Ҳозир пенсага чиқиб, пақир киши панада деганларидек сутчилик қилиб юрибдилар-да.
— Ўша одам-а? Илҳом сутчи-я? — дедим тасаввур эта олмай.
Олим акам очилиб кулди:
— Сен у одамнинг одамовилигию кигиз шинелига ишонма. Бировларга тарки дунё қилиб, оқлиқдан топганига яшаб юрган дарвеш бўлиб кўринар. Лекин у асли — зўр одам. Олим одам. Шу миқ этмай ғимирлаб юришида ҳам қилган ишларини кўрсанг эди. Ҳеч кимнинг хаёлига келмаган, ҳатто олимларнинг тушига кирмаган ишни қилиб, бир уй китоб йиғиб қўйибди.
— Китоб? — Китоб менинг жоним-ку, ҳайратланиб қарадим.
— Ҳа-да. Ҳар бири гавҳарга тонг нодиру ноёб китоблар... Тиллага алишмайдиган хиллари.
— Йўғ-е, китобфурушлик ҳам қиладилар эканми?— дедим хаёлим қочиб.
— Айтдим-ку, бу одам бутун бир институт олимлари қиладиган ишни адо этиб қўйибди. Шу кўч-кўчларда чиққан эски китобларни сўраб олиб, сотиб олиб, қидириб топиб, бир ерга йиғибди. Тирноқлаб де-гандай... Ишонасанми, бир уй гавҳар йиғиб қўйибди!
Энди менинг ичим ғурмишлаб кела бошлади:
— «Қув-қув», «беркит-беркит»да девор ичию тоқилар устига яширворилган, кигизга ўраб кўмиб ташланган китобларни-я? Унда... унда Сизларнинг китоб-ларингиз-чи? — дедим вужудимга тушунуксиз бир титроқ тушиб. Назаримда шунинг дараги билан келгандай кўринарди Олим акам.
— Бўлмаса-чи! Ўшаларам Қанғлидан топилган-да. Китоб тўла сандиқ чиққанини хабар қилишгандаёқ бориб сотиб опти. Сандиқларимизни кўрдим, китоб-ларимизниям. Қилт этмабди. Бир қават намати тўкилиб тушибди-ю, ўзига жин ҳам урмабди.
— Қаердан чиқибди? Ўша ёлғиз мозоротданми?
— Ҳа-да, Оллоҳ шунча йил ўша мозоротда сақлаган экан. Гард юқтирмай.
Шу тоб Султонмурод акамнинг хўв анув хати, менга тайинлаган гапи беихтиёр ёдимга тушиб, ғалати тортиб кетдим: э, воҳ, тоза ғафлат босган экан-ку бизни! Ахир кўмилган китоблар қаердалигини ёзган эди-ку акам. Мен билардим-ку! Уйлар бузилиб, ҳамма кўча бошлагач, ўрнига дўмлар туша бошлагач ҳам нега ғулғулага тушмадим? Тамом унутдим? Нима бўлди менга? Нима чалғитди? Қайси шайтон ёзғирди мени? Омонатлар бир ёқда қолиб, қай ўткинчи ишлар, ҳою ҳаваслар кетида чопиб юрибман? Аслида уни топиш мендан лозим эмасмиди? Им-м...
Менга алам қиларди. Йўқ, уни қаёқдаги бир сутчи чол, ишига пухта чол топгани эмас, қараб туриб, бурнимнинг тагидаги нарсани олдириб юборганим, у хазина бировларнинг қўлига тушиб кетгани, ўзим масъулияциз одам бўлиб чиққаним алам қилар эди.
Тағинам Xудо асрабди. Иймонли бир одамнинг қўлига тушибди. Бизнинг иймонимиз шунчалар суст эканми?
— Унданам бурун сен зўр янгиликни эшит. У киши шажара қоғозимизни топиб қўйганмиш. Етти пуштимиз битилган нарсани, — деб у қалай, мирзо укам, дегандай қараб қўйди.
— Тоғам айтганларича бораканми, — деб юбордим мен, — йўқолиб битмаган, бировларга ўтиб кетмаган эканми?
— Яна келсангиз кўрасиз, кўп нарсаларни аниқлаб қўйдим деяяпти. Шунга кетяпмиз, — деди Олим акам мақтаниб. Чиндан у ғурурланса, мақтанса арзирди. Мен уни хушламай юрибман, эски қилмишларини эслаб, неча вақт йўқ бўлиб кетганидан ҳадиксираб... У бўлса, тоза омади чопган чиқиб қолди-ку!
— Сўрадизми, у бизнинг ўша Улуғхўжа бувамиздан қолиб келаётган шажара эканми? Қозилар муҳрлари босилган, ҳужжат ўрнига ўтадигани эканми? Ёки?.. — дедим ижикилаб.
Олим акам бир нарсадан шодумон бўлган кезлари йўлга қарамай қўядиган, ҳали ёнидаги одамнинг елкасига қўлини ташлаб, ҳали машинасининг ғир-ғир шабада уриб ётган ойнасига ястаниб олиб, гап сотишга тушадиган одати бор экан, ҳозир ҳам шу ҳолга тушиб борар эди.
У тилини бир ажойиб тоқиллатди:
— Ёқ, сўрамадим. Борсагоқ кўрамиз. Балки ўшадир, балки бошқа. Лекин шажара қоғозлармиш, бир-бирига уланавериб, ёпиштирилавериб сарғайиб кетган.
— Қайтариб беради эканми? — дедим ичим қуриб.
Олим акамнинг юзига бир нима соя ташлаб, сўникиб қолди. Ўзи чуқур тин олиб:
— Ҳе, — деди аллақандай ўксик тарзда, қолаверса, ўз устидан кулгандай. — Кошки биз ўша нарсаларнинг чин қадрини билсак. Бугун қувониб, эртага унутиб юбормасак. Тайин ошиёни йўқ мендай одамнинг қўлида йўқолиб-нетиб кетганидан ўшанақа фидойилар қўлида бўлгани ҳам тузук. Нима дединг?
— Нега, оборсак ойим еру кўкка ишонмай асраб берар эдилар, — дедим излаганимиз топилганда қўлдан чиқиб бораётганига юрагим ачиб.
— Ҳа, дарвоқе, бу гапинг ҳам тўғри, бораверайлик-чи. Лекин чол осонликча бера қолмас. У шунақа кўҳна нарсаларнинг жинниси бўпқопти пенсага чиқиб, — деди у нимагадир хаёли қочинқираб.
Бу орада илгариги файзининг урвоғи ҳам қолмаган Чўлпон ота гузарига етиб борган эдик. Мастуба опанинг дўкони очиқ, тол тагидагию анҳор бўйидаги чойхоналар, бозор жойида, баққолу атторликлар ёпилмаган, фақат ҳеч зоғ кўринмасди. Кимсасизликдан ҳатто соялар мудрарди. Фақат дарахтлар узра ғувлаб учган асалариларга ташлаб кетилгандек эди бу гузар. На эгасиз бир ит, на адашган бир кимсани учратардик. Расталар остида ёлғиз мусичаларгина (гўл бўлиб!) ризқ излаб юришибди. Ҳатто бир вақтги бозоргоҳга ўрганган гала чумчуқлару сўфитўрғайлар ҳам гузарни ташлаб кетган эдилар.
— Ие, — деди Олим акам хуши бирдан жойига келиб, — мен ошнинг харажатини шу ердан оламан деб юрибман, бу ерда гузар ўлиб бўлган-ку.
Эсиз, илгариги гузар деб ўйлаган-да. Чиндан ҳам илгари бу ерда учта чойхона бўлиб, учаласига уч тоифа одамлар йиғилишар эди. Миртўхта амакиникига қариялар кириб, қаймоқхўрлик, нахоцҳўракхўрлик қилиб, гаплашиб ўтириб кетишса, анҳор бўйидаги чойхонага сатта зиёлилар, шаҳардан чиққан меҳмон-изломлар киришарди. Қодир бойваччанинг чойхонасига эса тамоми ошхўрлар, норинхўрлару хасипхўрлар тўпланиб, эртадан кечгача анув шайтон сувини хуш кўргувчилар аримасди. Ўша шайтон сувларнинг касофати урдими ё бошқа воқеа содир бўлганми (аниғини ҳеч ким билмайди!) бир кеча шу чойхонада хизмат қилиб юрган югурдак бола девдай одам — чойхоначи Қодир полвонни ухлаб ётган жойида чопиб ташлаб, ўзи гум бўпти. Нима олган, нима қайси бўлган — ҳеч ким билмайди. Жинқарча ўспирин шундай ишга қандай дов этган, қайси юрак билан жазм этган — ақл бовар қилмайди. Лекин эрталаб келишса, полвон чопиқлиқ, болта ҳам ўша ерда ётганмиш. Шу-шу чойхонадан файз кетувди. Энди бу аҳвол...
— Ғизза Новзага ўтиб кела қолайлук? — дедим.
— Юр, ўцак ўтиб келайлук, икки бирдек одам шўппайиб кириб боормайлук қарияникига, — деди у ҳам.
Кетдик. Энди унинг бир қариянинг кўнглини оламан деб ошнинг масаллиғини излаб юриши, ҳамма ташвишларини (ёлғизлигини ҳам, беватан-беошиён эканини ҳам) унутиб, ўтганларнинг шажарасини излаб қолгани мени ажаблантирмоқда эди: Тавба, тириклар туриб, нечук бу ўтган аждодлари билан қизиқиб қопти? У қоғоз унга нимага керакки, вақтини ҳам, йилт янги «Волва»сини ҳам аямай манави ўйдим-чуқур йўлларга солиб юрибди? Ундан кўра, ёлғиз жига- ринг — акангни суриштир! Ошналари, товкасидагиларини топ! Кими бор, кими йўқ, жилла қурса, мендан сўра! Юзинг куюк, тилинг боғлиқ бўлса ҳам... Чиндан-да, нега ғиқ этмайди у ҳақда? Сўраб қўймайди?
Менинг эса, қандай гап очарни билмай — ичим тошиб боряпти, гупириб боряпти. Гапнинг мавриди ҳам, қалови ҳам кела қолмайдики, ўзим сўз очсам... Калламда нуқул бир сўз, бир ҳикмат айлангани айланган (қаердан келди билмайман): шажарангни улуғлигидан ғурурлангунча, уларга нима бўлган — билсанг-чи, ким қолди, ким йитти — суриштирсанг-чи, уласанг-чи ришталарингни!
Мен баъзан ўзим ҳайрон қоламан, ёши бир ерга етган қарияларга ўхшаб, (худди Нусрат поччадек!) мушоҳада қила бошлайман. Гўё ичимда оқ-оппоқ, митти бир мўйсафид ўтиргандек, воқеаларга у ҳукм чиқараётгандек. Ҳушим жойига келиб, баъзан этларим жимирлаб кетади: наҳот руҳим шунчалар қари?..

III
Этни олдик, ўша темир мезанали тепанинг орқасидаги ёлғиз хонадонга етиб бордик ҳам мен бу ҳақда сўз очолмасдим. Рости, андишадан ҳам бурун номус кучлилик қилмоқда: бу-шундай акангизга хиёнат қилиб, ўзингиз қаёқларда юриб эдингиз, деган билан баробардек туюлар эди. Кошки ўша тарихларни билмасам!
Сутчи жигарларини кўргандек, боши бир ерга етиб (!) азбаройи тўлқинланганидан каловланиб қолди.
— Эй-й эшон болалар, хуш кепсизлар, хуш кепсизлар, бизнинг кулбаи вайронамизга, — деб қучоқ очди, сўнг бизни қўйиб, ойимларни сўрай кетди. — О, у Яккабоғу Каттабоғнинг хонадонлари. Ҳамма ҳар ёқларга кўчиб, Чўлпон отанинг сут бозорлари ўлуб, мен не эски мижозларимни йўқоттум! Ким қаёққа тушти — қаерда ошиён тутти — билмасман! Бизни бозор бирлаштириб турган экан, оқлик ришта бўлиб турган экан! Далалар ўлди, сойлар кўмилдию не-не говмушлар сотилиб, сўйилиб ришталар узилди, оқибат кетди, водариғ! Шу сут, шу отлиқ қанча халқни боғлаб туриб эди-я. Ўртага қаердан шу зилзила тушди, қай гуноҳларимизга Оллоҳ у кунларни кўп кўрди, хотиржамликни ўртадан кўтарди? Шунинг ўзи бўлса кошки эди: ўрнимизга кимларни опкелмоқда, қандай қавм келмоқда? Ўз еримизда ўзимиз бегона бўлиб қолмасак эди!
Қария (ёки менинг кўзимга шундай кўринмоқдадир) илгаригидан хийла чўккандай, чўккан сари хушрўй тортиб, нурли бўлиб қолгандек эди. Аммо қани унинг илгариги даврлари — жун чакмону жун қалпоқда, елкада обкаш, обкашнинг икки илги тўла қўша-қўша сут бонкалар, уларни кўрдим демай юрганлари! Йиллар у ҳайбат, у салобатни олиб, ўрнига оқ яктакли хушрўй бир қарияни қолдириб кетгандек эди. Умр шунақа эканми?
У дуои фотиҳадан ҳам бурун тўрдаги қозиқда Қуръон жилди билан осиғлиқ турган аллақандай йўл-йўл матога кийдирилган найсимон бир нарсани (сурнай десам, текис теша дастадек, бошқа нарса десам, бир томони пучқоқ) курси устига олиб қўйди-да, биз қистаб қўймагач, ўз ўрнига чўкди. Дуоси ҳам қадам етди, бало етмасин қавлида, қисқа бўлди. Сўнг:
— Яхши, келдингларми? Йўллар очилиб қопти-ми?— деди ҳол-аҳвол сўраб.
— Очишибди-очишибди, бу гал тепадан ўтиб яланг-да қолдирдим, ҳеч ким тегмайдиган жойда, — деди Олим акам.
Қария тинчиб, маъқуллаган бўлди.
— Ҳайтовур-ҳайтовур, қандай ўтасизлар, қандай кетасизлар, деб хавотирда эдим. — Сўнг ҳалиги олган нарсасининг сиқма боғичини бўшата бошлади. — Танияпсизми, эшон бола, мана бу мато, мана бу табаррук нарсани?.. Кўзингизга иссиқ кўринмаяптими? — деди Олим акамга қув нигоҳ ташлаб.
Олим акам кўзи чақнаб (шу эканми, дегандек), ичи ҳаприқиб қараб турибди-ю, бир нима дея олмаяпти.
— Эслай... олмадим,— деди ниҳоят хижолат чекиб.
— Балким-балким...— деди қария таскин бериб, — у пайтлари ёш бўлгансиз.
Олим акам ютинди:
— У киши раҳматлини олиб кетишганда... мен ойимларнинг қўлларида эканман. Бу нарсаларни... ўша воқеадан бир кун олдин кўмиб келишган экан.
— Оллоҳ ҳафиз-да, дунё неча айланиб, қанча жойлар текисланиб битди. Ўзи сақлайман деган нарсаси қилт этмай турибди! Ваъдаси ҳақ-да Оллоҳнинг. Қуръон китоблару тафсирларнинг орасига қўйворилган экан, бир чеккаси сал эзилганини демаса... мана, тортинг Мақсудхўжам.
Мен бир бошидан тортиб боряпман, узун уйнинг тахмонига етди ҳам (ўртадаги шалдироқ қоғоз ҳар вароғи бир-бирига шунақа текис уланган, шунақа нозик сирачланган эдики, санаб адоғига етолмасдим) туганмас, ҳали ярми сутчининг қўлида найга ўхшаб турарди. У кўрдики, бу билан иш битмайди.
— Ё раббим, — дея ўрнидан туриб, Олим акамга буюрди, — энди сиз бу ёққа қараб тортинг, ҳовлига тушаверинг-чи.
Акам эшикни очиб юбориб, ҳовлига тушиб борди ва улкан қуроқ варраклардан қолишмайдиган, лекин бир-бирига туташ, ҳаммаси икки ён бошидан тушган чизиқлару гир айланачалар билан, жимжима ёзувлар ила тўлган нарсани оча кетди. Улар орасида бўш ҳалқалар ҳам, тугамаган чизиқлар ҳам кўринар, бу нимаси — ақлимиз етмасди биз гумроҳларнинг.
Сутчи эса ковшандоз тепасида ўнг қўли белида, ўзи ярим букчайганча Олим акамга:
— Ҳа, тортинг, эҳтиёт бўлиб тортинг. Қуруқшаган нарса бу, йиртилиб-нетмасин, ҳийла кўтаринг, — деб буюриб турарди.
Ниҳоят шажаранинг боши ҳам чиқди. Унинг аввали акамнинг қўлида, адоғи менда эди. Олим акам ҳовли ўртасида, барра пиёзми, бир нарса сепилган гулхонанинг бир чеккасида мажҳул алпозда турибди. Ҳайратининг адоғи йўқ. Мен эсам, икки тахмон ўртасидаги токчага тиралиб, қўлимизда салқи матодек лопиллаб турган нарсага, унинг бир-бирига уланиб кетган ҳалқаларию битикларига қадалганча қолганман. Қараб туриб, ваҳм босиб келяпти: шулар бари — пуштимиздан ўтганлар эканми? Келиб-келиб энди бизга қадалибдими? Биз ҳам шулардек йўқликка қараб кетгувчилар, ўтиб битгувчилармизми?
Шажаранинг адоғидаги бўш қоғозни ушлаб турган қўлларимдан бир ғалати жимирлов-титроқ туриб келяпти: шу йўқликка кетиш учун чопиб-улоқиб... елиб-югуриб юрибмизми? Бу дунёга келишмиздан мурод нима эдию нималарга бино қўйиб юрибмиз? Мақсад шу шажарани тўлдириш — ҳалқани давом эттириш холосми ё ўтганларга тенглашиш, бир қарич-тўрт энлик бўлса-да улардан илгарилаш, бу ҳаёти дунёга келиб-кетувнинг маъносини англашми? Нега келиб-кет- моқдамиз — шуни англаб етмоқми? Ўзи ўтганларнинг тирноғига арзирмиканмиз? Ногоҳон шу саволдан — титраблар кетдим. Қулоғим ҳам том битган экан, очилиб — атроф-жавониб, дунёнинг турфа овозларидан шанғиллаб кетди!
— Ҳой, Мақсудхўжам — Саломпамнинг ёлғиз тойлари, эсингиз оғмасин. Ваҳм ҳам босмасин, — дерди сутчи қўлини сермаб, мени имлаб. — Бу сизларнинг шажарамас, неча пуштингиз ҳам эмас. Бу ёққа келинг, мен тушунтирай, наматнинг устига ташлаб ке-лаверинг, — дерди у ўзи ковшандоздаги кавшини илиб, остонадан бир амаллаб, шажара қоғозга тегинмай ўтишга чоғланаркан, менга ниманидир илинмоқдайди.
«Тавба, — дейман ўзимдан ўзим хавфсираб, — бу бизнинг шажара қоғозимиз бўлмаса, у бизни нимага чақиртирди? Олим акамни нимага ҳовлиқтирди? Нимага келиб ўтирибмиз?»
Мен бориб қариянинг қўлтиғидан олгунимча, ўзи остонадан ўтиб, зинага тушиб борди. Кейин акамнинг олдига қараб юрдик. Чол ўзида йўқ даражада очилиб кетган, кафтлари-ла сарғайинқираган, ширачу моғору қадим китоблар ҳиди ўтириб қолган қоғозни текислаб, уни ўпиб-тавоф қилгудек бир ҳолатда акам томон ошиқаркан, ҳаммадан бурун унинг қўлидаги — бош қоғоздаги нарсани тушунтирмоққа шошарди. Сандиқдаги улуғ китоблар орасидан чиққан бу нарса — Эшон почча, у кишининг муридлари ёмон кўзлардан асраб, кигизларга ўраб беркитган нарса — бизнинг шажарамиз бўлмаса, нима экан? Нимага азизлаб яширишди экан? Сўрагим келиб, тилимнинг учида турибди, лекин чолнинг ҳайбатими, нимаси босиб, ташимга чиқара олмаётирман. Унинг мана шу ўнгдан чапга қараб ўқиладиган, очқичи ҳаммага ҳам насиб этавермайдиган ётиқ ҳарфларни ҳам ўқий олишидан, эскичага катта олим эканидан ҳайиқибми, тортиниб турибман. Унинг олдида мендай мухбир одамнинг ҳам тили тушовланиб қолган эди. Аммо акам мендан олдинроқ ўзига келиб улгурган экан:
— Ажаб гапни айтдиз-ку, тақсир? — деди энди у ҳам қариянинг шунчаки таржимон эмас, катта олим эканини тан ола бошлаб.
— Ажабланманг, бўтам. Бу ундан улуғроқ нарса, — деди чол қош қоқиб. Унинг қошлари ўсиб диккая борганини ва унга-да оқ оралаганини яққол кўрдим.
— Узр, биз ўзимизга тегишли деб... — деди Олим акам у ёғини айта олмай.
— Балки нариги сандиқдан у ҳам чиқиб қолар. Лекин бу... унданам улуғ нарса: силсилаи шариф! — деди чол ўрта бармоғини кўкка аллатовур нуқиб. — Тушундиз?!.
Олим акам елка қисиб, бош тўлғади ва хижолатга ботиб деди:
— Биз омилар нима — шариф, нима — улуғ — қайдан билайлик! Сиздан эшитиб турибмиз.
— Эшитиб, кўриб турганиз — шунинг ўзи катта давлат. Билмай ўтаётганлар қанча, ғофил юрганлар қанча. Шукр қилинглар Оллоҳгаки, кўрсатибди, билдирибди. Балки Сизу бизни тўзитиб қўйгани, ўрнимизга тамоми бошқа қавм келиб ватан тутаётгани, ёлғиз мозоротларимиз устидан-да йўллар тушиб, унда-бунда мана бундай хазиналар, ҳикмат китоблари чиқиб қолаётгани бежизмасдир. Ўзига яраша ҳикмати бордир буларнинг ҳам, — деди чол ва хаёли бир ёқларга қочиб бораётганидан ўзи ҳам таъсирланиб, бош тўлғаб қўйди-да, мақсадга кўчди. — Ҳа, дарвоқе, мана бу улуғ ҳалқада ким турганини билармисиз? Албатта, билмагайсиз. Яқинроқ келинглар, — деб у менинг тирсагимдан тутиб, ўзи томон тортиб қўйди. Чиндан силсилаи шариф деб аталмиш нарсанинг бошланиши ажойиб эди: ўртада катта ҳалқа, ундан тўрт ёққа тўрт чизиқ чиқиб, тўрт ҳалқага бориб туташган, гўё ўртадаги тенгсиз қуёшу чор тарафида тўрт тўлин ой ундан нур олиб тургандек эди. Усиз булар ҳечдек, у билан тирикдек эди. Ана шу икки чеккадаги ҳалқалардан икки ёнга қараб, чизиқлару ҳалқалар тушиб борган ва беҳисоб ҳалқаларга уланиб кетган эди. Бу нимаси, ёлғиз сутчи билмаса, биз анграйиб турар- дик. Xудди гунг-соқовдек, Оллоҳнинг оми бандаларидек...
— Ҳаммаси мана шу зотдан бошланади. У Оллоҳнинг сўнгги расули ва элчиси, бизнинг пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдурлар. Булар чорёрлари, буниси Ҳазрат Али куёвлари, буниси Абу Бакр қайноталаридир. Бу тарафдагилар у кишидан тарқаган зоти шарифлар, буниси эса Ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳу зурёдларидан чиққан уламои шарифлар, авлиёлардир. Шу боис силсилаи шариф аталгай. Ўша асри саодатдан буён шу улуғ шажарадан ўтган кубро зотлар, валийлар, карамли шарифлар киритилган экан бу силсилага. Не бахтки, унда мен ўзим кўрган бир зотнинг табаррук номларини ҳам топдим, ўқидим. У киши бу силсиланинг сўнгги ҳалқаларини тўлдириб турибдилар, валлоҳи аълам. У зот Сизнинг падари бузрукворингиз Абдураҳим эшон поччам эрурлар, укам, — деди у овози аллатовур ўзгариб келиб, ҳам кўзлари бир ғалати тусга кириб. Афтидан сутчининг кўзларида ёш ҳалқаланиб борар, қийиқ кўзи ёхуд киприклари қилт эцаёқ у томчига айланиб, дув тўкилгудек эди.
— Ё раббий, — деди акам ўзини тамом унутиб, — шундай эканми?! Бор эканларми?! Қани, қаерида, бир кўрсатинг, устоз. Биз гумроҳлар-да кўриб қўяйлик, билиб қўяйлик, — дея илтижо этишга тушди, ўзи ихтиёрсиз равишда шажара қоғозни-да ўрашга, чолга қўшилиб ўша ҳалқани топишга ошиқарди.
Чол ҳам мутаассир бир ҳолда:
— Ҳа, ўранг. Ўраганда ҳам эҳтиётлаб ўранг: бунақаси ҳар куни топилавермайди, — деб тайинлар, бизга ўхшаб шошиб қолган эди. — Балки олимларда-да йўқдир бундай тўлиғи, барча валийлар териб киритилгани. Ҳа, ҳа, у киши қуйи томонда, сўнгги қоғоз, сўнгги ҳалқаларда битилганлар. Мақсудхўжам, сиз ҳам қарашиб юбора қолинг, эшикками, бир нарсаларга, илашиб-нетмай қўя қолсин. Аяган кўзга чўп тушгандай, шунча асралган нарса йиртилиб-нетмасин.
Ниҳоят ўраб-ўраб, ўша ҳалқага етдилар. Сутчи (хотираси зўр экан) айтган ҳалқани бир қарашдаёқ таниб, «мана, у кишим» деб ушлаб олди ва қарангки, ҳалқа ичидаги ёзувни бинойи ўқий кетди:
— Абдураҳим хўжа қози Абдураззоқ эшон ўғиллари, минг икки юз етмиш саккиз ҳижрийда таваллуд топмишлар, мударрис, қозикалон, Бешоғоч даҳаси.
Олим акам ҳам, мен ҳам сутчига ялт этиб қарадик. Ном ўша, нисб ўша эди-ю, мавзе ўзгача эди!
— Бешоғоч? — деди акам қаддини шажара қоғоздан кўтариб. — Қанақасига?
— Шунақасига, — деди қария ҳам мийиғида сирли кулиб, кейин ҳужжатнинг қолганини ҳам ўрашни буюриб, хонтахта ёнига — боя ўтириб енгил фотиҳа қилган жойига қараб юрди. — Ўзингга шукр, кўрсатган кунларингга, билдирган ҳикматларингга шукр, — деганча оёқларини ёзиб ўтиргачгина жавобга оғиз жуфтлади:
— Ҳайрон қолувингиз табиий. Сиз асли таги — келиб чиқувингиз Қоратошдан эканини, замоннинг зайли билан Яккабоғга чиқиб қолганингизни қаердан биласиз. Сиз кўз очиб ўша қўрғонни қўргансиз, ўша ерда туғилгансизлар. Ғариб эса, бу тарихнинг бир чеккасини эшон поччамни Сибириядан ола келатурганимда, Тангритоғга ўтказиб қўймасимиздан бурунроқ ўзларидан эшитганман. Умрларининг сўнггида санга у кишини кўриш, жилла қурса, хизматларини қилиш насиб этган бўлса, айтмабдилар-да? — деди кутилмаганда у акамни сенсирашга тушиб ва унинг тош қотиб турувиданми, нимадан шубҳага бориб.
Чиндан ҳайрон қоларли эди: оёғидан ўт чақнаб, белида куч қайнаган кезлари қай даргоҳларда ишлаб, не мамлакатларни кезиб чиққан, пайдар-пай топшириқларни кўрдим демаган, керак бўлса, ўлимларга тикка борган, сарҳадлардан не номларда, не қиёфаларда ўтиб юрган одам... қариб пенсага чиққач, тил ўгиргувчиликни ҳам қўйиб бизнинг томонларга келиб қолиши, бировнинг ташқарисида туриб, сутчилик қилиб юриши, ҳалол пешона тери — оқликдан қолгани билан умргузаронлик қилиши, буларга ўхшаб уруғ-аймоқларини излаб қолмаслиги ғалати эди. Мана энди билса, китоб жинниси экан. Сутчиликни ҳам қўйиб, бузилаётган қўрғонлардан (кимнинг томидан, кимнинг уриб юборилган токчаси орасидан) чиққан қадим китобларни йиғиб юрган экан. Шунаққиб бир уй китоб йиғиб қўйибди. Устига устак йўлга тушган қайрағочли ёлғиз мозордан чиққан сандиқлар дарагини эшитиб, қурувчиларни енг учида хурсанд этиб, ҳаммасини ўз уйига ташитиб олибди. Мана энди битталаб саралаб, рўйхатга олиб ўтирибди. Яна унинг орасидан чиққан мана бундай нарсаларни шарҳлаб ўтириши, эгаларини топиб хабар бериши қизиқ эди. У ким? Олимми, дарвешми ё эсини еган чол? Шунчаки умр ўткараргами бу ишлари ё жиддий? Ҳамма эшон почча кабиларнинг номини аташдан ҳайиқиб юрган маҳалда у нима қилибди? Сибириядан олиб келиб, Тангритоғга ўтказиб қўйганмиш. Қай юрак билан у шу ишни қилдию қайси журъат билан мана бу силсилаи шарифларни топиб, йиғиб юрибди? Жони нечта бу чолнинг — билолмасдим. Олим акамдай одамга қандай ишониб бу гапларни айтмоқда? У ахир сотиб қўйиши ҳам мумкин-ку?..
Ё мен ўлгудек ваҳимачиман, ё лақмаман.
Сутчи чол бизга қараб мийиғида кулимсираб ўтирар, Олим акам эса, эси оғиб, силсилаи шарифнинг бояги ҳалқасига тикилиб қолган эди. Мен унинг кўзларида ёш кўрсамгина унинг софлигига, поклигига, илгариги йўллардан қайтганига ишонмоқчидай унга тикилардим-у, нимагадир ўша ёшни, ҳалқа-ҳалқа ёш босган кўзни кўра олмасдим, тавба.
Бу қўтир дунё, бу серғалва, ҳеч нарсага арзимас ҳаёт уни шунчалар сўқир қилиб қўйган эканми?!. Ё мен, ё у — иккимиздан биримиз адашувда эдик. Чол эса, гўё кекса ҳакам эди.

Ҳожим Нимага Интиқ? (ёхуд муаллифга аён тарихлар давоми)
Енглари тирсакка қадар шимарилиб, ариқ бўйига чўнқайган Мирзахўжа ҳожимнинг хаёли қирғоқдаги майсалару самбитгулларнинг оқиш-ипилтириқ илдизчаларини ўпиб ўйноқлаган сув ҳам қолиб, тамоми бўлак нарсага қочган эди.
Сувдан ҳам тоғ-тошлардаги муз-қорларнингми, қуюн-изғиринларнингми заҳри келиб тургандек, уфурмоқдадек. Лекин ҳожим буни сезмасди. Қолаверса, қачондан буён офтобда турган жўмраги турна бўйнидан-да узун обдастасини ҳам унутган. Томлару нокзорни ошиб ўтиб, боғ адоғидаги девор сархокига мингашганча қолган ғариб қуёшдан... (ғариб ҳам дейиш маҳол, ниятига-да етганидан ял-ял ёнмоқда балки!) кўз узолмайди. Бунга сари кўзлари ёшланиб-ёшланиб келади, қуёш ҳам чаплашиб, минг бўлакка бўлиниб кетаётир.
Ҳатто осмонда қанот қоққан қушлар-да кўзлаган манзилларига ета олгайлар: сарҳад оша билгайлар. (Албатта, Оллоҳнинг изни билан). Ҳатто тоғларда сув ичган булутлар-да, пастга эниб водийларга суза билгайлар: сарҳад оша олгайлар. (Албатта, Оллоҳнинг изни билан: шамолга буюрилмаса, шамол ҳайдамаса, қаёққа ҳам бора олгайлар?!)
Ҳатто ўша кўҳна қуёш-да ўз низомидан чиқмай сарҳад оша билади, у диёрларга ета олади. Албатта, Оллоҳнинг изни билан...
«Бизда аср вақти тугаб, шом тушмоқда. Уларда-чи? Чошгоҳдан ўтиб, пешинга етгандир?.. Бир вақтнинг ўзида улар ҳам, биз ҳам кундан вақтнинг ҳисобини олмоқдамиз. Лекин қани дарду ҳасратларимизни айтолсак, билдиролсак. Биз уларга, улар бизга. У ёқлар тинчроқдир деб қаерданам жўнатдилар уни? Ўзимизнинг мусофирлигимиз етмасмиди? Қизимизни-да, оталар юртида мусофир қилмасак? Ҳоли нима кечди экан?...»
Қариянинг ичи сидирилиб, ўксиғи бўғзига келди. Кўксининг аллақаери ачишар эди.
Ногаҳон кафти обдастанинг илиқ бандига тегиб, ариқ бўйига нима учун чўнқайгани ёдига тушдию ўзидан ўзи уялиб хижолатланди: дарвоқе, ношукр-лик нечун? Ҳаммасини Ўзи кўриб-билиб турибди-ку. Ҳаммаси имтиҳон-ку? Бандасининг сабрини синамоқ-ку!
Ҳар галгидек шаҳид халифанинг фарзанди аржумандларига васияти ёдига тушди: «...Таҳоратни чиройлув-чиройлув қилиб, камолига етказинг. зеро, намоз таҳоратда». Шундай кезда нималарга чалғиганидан уялди (Уялганда ҳам ўзининг ҳолини кўриб-билиб турган зотдан уялди). Ва шу хижолатпазликдан қутулмоқ қасдида ҳам бисмиллоҳ ила кафтига сув олди. Ўзидан ҳам кўҳнароқ (муштдек қоринчасига ярим коса сув кетиб-кетмайдиган, бўйнидан жўмраги узунроқ) обдастадан офтоб тафтини эмган жонбахш сув тушиб, вужудига тасвирлаб бўлмас бир ҳузурми, нимадир югурди! Беихтиёр:
— Ўзингга шукр, шу кун, шу соатларга етказганингга, юргизиб-тургизиб, ўзингга бўйин қўйдириб қўйганингга, шуларнинг барчасининг фаҳмига етказиб, керакли амалларингга андармон этиб қўйганингга шукр, — дея тили дуо-шукронада экан, таҳорат амалларини камолига етказиб адо этишдан ўзи ҳузур ола бошлади.
Чиндан ажойиб. Бунча ҳузур қайдан? Ихтимат ила кафтига олган сувданми ва ё унинг билаги бўйлаб чопқиллашидан? Балки офтоб тафтини эмган ажойиб сув кўкиштоб томирларию тагиданоқ сарғимтил тус ола бошлаган этларини ўпишидан келмоқдадур?
Ростдан ҳам ўша билакларини ўпиб-поклаб келатурган сув... тирсагига етганда яна баҳоли-қудрат жамланиб сўнг ариқдаги ўйноқи сувга сакрамоқда эди. Гўё гуноҳлари ҳам ўша томчилар янглиғ оқуб кетмоқда эканлар, у қушдай енгил тортиб бормоқда эди.
— Ғақ! — Ташқи ҳовлидан учиб чиққан ола ҳакка ўртадаги деворга қўнар-қўнмас шувиллаб сархок тўкилдию у ўтакаси ёрилиб, боққами-қаёққа учиб кета бошлади. Унинг узун қайчи думию чиройли ола қанотлариданам бурун бўйнидаги тўтиёга мойил қора бархат «ҳалқаси» ажойиб эди. Кечки қуёш нурида гавҳардайинми, аллақандай товланар эди. У шу ҳуркиб учиб кетувида ҳам нимадандир имдод бериб, сайраб борар эди.
Ҳожимнинг назарида ҳатто шу шақилдоқ олаҳакка ҳам ўзи зағизғон аталмиш юртларни эсга солиб, келмоқ бор-у, кетмоқ йўқми, кетганлардан ким хабар олгай, демоқчи бўлар эди. Чиндан унга нимадир бўлмоқда: ё Ёдгормурод неварасининг дарагини эшитгандан бери ўзида йўқ ичикиб бормоқда, ё бўлмаса, бу нимадандир имдод-белги. Ишқилиб, моҳпора-Маҳфузагинаси соғ-омон бўлсин.
У юз-қўлларини артиб, белбоғини елкасига ташларкан, ўшал юртдан довон ошиб келиб, ҳозирда оёқёзди тариқасида жиндек мизғиб кетган азиз меҳмонларини эслади. Ахир ҳазилми, кимсан неварагинасининг акачаси, бир ҳовлида ўйнаб катта бўлайтурган той бола — Акбаралини ола келишибди! Бағрига босиб, бошларини силай-силай, бўйларини ҳидлай-ҳидлай эси кетди. Данагидан мағзи ширин дегандек томирининг томирчаси — неварасининг ҳидларини туйгандек бир ерларга етди! Энди ўзини бир ров кўрса, кўриб ўлса, армони йўқ эди. Ахир ўзлари жудо бўлган диёр — ота юртда улардан ҳам бир уруғ пайдо бўпти-ку! Илой, туп қўйиб, палак ёзсин! Ўзларидан кўпайиб, у диёрларда ҳам чироқларини ёқиб ўтиришсин.Илой, то қиёматга қадар шажараларини бардавом этдиришсин. Бир калима-бир калима бўлса-да, Қуръон ўқиб, ор-қаларидан савоб юбориб туришсин.
Ишқилиб Оллоҳ моҳпорасини қўшгани билан қўша қарицин. Ботур куёвининг ҳам у диёрга йўлларини оча қолсин, мушкулларини осон эта қолсин.
Зағизғон беҳуда сайраб ўтмаган экан, боғ деворига мингашган кун унинг ортига чўкиб улгармай (унинг бир чеккаси қон талашган кўздек қизариб турар эди, тавба!) ташқи дарвозада биров чақирди.
— Бой бува? Ҳой, ким бор?
Ҳожимнинг юраги бир орзиқиб тушди. Назарида келгувчи бежиз эшик қоқмаётгандек, бир мужда ила дарвоза тагида тургандек эди. Ё унинг феъли шундай нозук, ё ботин кўзи бор: баъзи нарсалар олдиндан белги бериб қолгай. Мана ҳозир ҳам дарвоза тагида турган одам... ўша ботин кўзига аввало отлиқ бўлиб, қолаверса, тоғ-тош ошиб келган сафар кишиси бў-либ кўринмоқда эди. Нега — ўзи тушунтириб беролмасди.
— Лаббай-ёв, мана, боратурмизов, — деб ташқарига шошилган эшик оғаси ҳечқанча ўтмай қайтиб, қаршисида қўл қовуштирди.
— Дуои-салом экан, ҳожи буво, — элликни қоралаб, ёши бир ерга етганда шу ташқарида уй-жой, бола-чақа қилиб, рўшнолик топган бу одам садоқатда тенгги йўқ эди. Сидқидилликда ҳеч ким унинг олдига тушолмасди.
— Xушвақт бўлғай, кимдан дединг? — Мирзахўжа бойнинг хаёли салом эгасига қочди: ким бўлуви мумкин?
Қай пуштидадир қозоқлар билан туташиб, яна ажрашиб кетган эшик оға икки гапнинг бирида «ҳов-ҳов»лаб, баъзан «ой-бай»лаб қўярди. У сўрашни-да унутганидан азза-базза хижолат чекиб, эгилди. Кепчик юзи чечак тошган каби қизариб-бўзарди ва ростига кўчди:
— Фаромуш этибманғўй...
— Меҳмон-чи? — деди бой ҳушёр тортиб, — Опкирмадингми? Нон-чой қилардинглар, қутлуғ уйдан қуруқ қайтмасди.
— Унамадиғўй, тақсир. Шошиб турган эканғўй.
— Эсиз, — деди қариган сари кичкина тортиб, чуваклашиб боратурган бой, бошини сараклатиб, — аввало насиба қўшмаган, лекин Алимат ука, бизнинг эшикка келган одам... эсингда бўлсин, қуруқ қайтмаслиги керак, барокат кўтарилгай, билдинг.
Алимат икки букилди:
— Xўп бўлғай, ўтағаси.
— Кейин келган одам яхши суриштирилғай: ким, қаёқдан, қай томон борадир.
Алимат бош кўтармай ўша сўзини-да қайтарди:
— Xўп бўлғай, ўтағаси.
— Сизларга унамаса, тушунарли бировни чақирмак лозим.
— Кечирғайсиз, бой буво. Қайтарилмағай, Сиз айт-ғанча бўлғай.
— Xўш, нима экан дединг? — Мирзахўжа ҳожи энди унинг эгилган сари кўксидан қорнига тушиб борган қўлларига қаради, ўша қорнида чирмашган қўлларида бир нарсанинг сўрғичланган учию шокилали ипи кўринарди.
— Мана, ўтағаси.
У оч жигарранг кепак қоғозга жойланиб, сўрғичланган мактуб экан. Албатта, шўролар қўлида қолган ота юртдан. Бошқа ёқники бўлса, охонжомасию қопчиқлари зўр бўлгич эди, йилт янги бўлиб, йилтирагич эди. Бу кепак қоғозда эди.
Лекин кепак қоғозда бўлса-да, ҳожининг кўзларига оловдек кўринди. Қоғозидан тортиб, сўрғич устига урилган муҳру бошлама крилл ёзувларига довур... Ҳар куни келавурибдими бундай мактублар?!. Кимдан экан?
Ялт этиб, шу қиш бошида Аҳмадбек ҳожимникида берилган зиёфат, шу зиёфатда таништиришган қиличдек адлу райҳондек хушрўй йигит ёдига тушди. Сафедхонада таржумон экан. Тилининг ширинлиги, муомаласининг гўзаллигини айтинг. Ўзининг кўркамлиги-чи, қиз бола бўлиб туғулувига-да бир баҳя қолгандек. Шу йигит Аҳмадбек ҳожимнинг авлоди бўлиб, баланд доирадаги ҳар турли қабулу кузатувларда қатнашар, баъзи хориж сафарларига-да олиб кетишар экан. Унинг бировга айтолмайдиган дардидан хабардор Аҳмадбек ҳожим четга чорлаб, қулоғига шипшиб қўйди:
— Шу жиянчамиз яқинда ота юртингизга сафаргами, бир нимага боргай. Бироз тургай ҳам. Агар ўнғай хизматлар бўлса, йўқ демас...
Воҳ! Бу нима? Тонг-саҳарларги нолаи илтижолари натижасими?! Оллоҳ ўзи кушойишкор, кушойишини беришими?! Қани эди, Маҳфузасининг дарагини билиб берса? Ёлғиз ўзи нима қилди, қай ерларга бордию қайдан паноҳ топди?
Кейин мавридини топиб ўшал суқсурдек йигит — таржумон жиянчага Аҳмадбек ҳожим икковлари илтимос этишган, ризолигини олиб, дуолар қилишган эди.
Хайралашар маҳал эса:
— Топсангиз бергайсиз манавини, кам-кўстига ярацин, — деб бир ҳамёнча тутқазди. Бўлагини эса: — мана бу — харажатлар учун. Узоқнинг иши, бусиз бўлмагай. Қайтишингизла маълум этинг. Албатта, ширинкомаси ҳам бўлғай, ўғлим, — деди.
Йигит «қайдам, қайдам»лаб зўрға олувди. Ўшанданмикан? Мирзахўжа ҳожи ширин умидла мактубнинг юзига қараб қўйди.
Хатга кўзи ўтмай (қарангки, у битиклар мактуб юзасига тушиб қолган қора қумурсқалардек ғимирлар-у, жилиб кетолмас эди, тавба) юзига яқинроқ олиб келибгина таниди. У араб имлосида эди. Шунда-да, барибир улаб кетолмади. Жуда майда эди ёзуви.
Шундагина эшик оғаси ариқнинг у бетида ярим эгилиб, изн кутиб турганини кўрди ва:
— Эй Алимат, неча қайта айтаман, қаддингни ғоз тут. Мўмин мўминга ҳеч маҳал юкинмагай, сиғинмагай.
— Эшитдим, бой буво. Узр, бой буво, — деб у тисарилганича яна букилиб борар эди.
Мирзахўжа ҳожи унинг содда ҳам самимийлигидан жилмайди ва шу жилмайиб, бир бурда юзига нур ёғилган куйи буюрди:
— Қизинггами, ичкаридагиларгами айт. Мени кўзойнагимни ола чиқсинлар.
— Ҳозир-да, ўтағаси. Ҳозир-да, бой буво, — дея ташқи ҳовли томон йўрғалади, сўнг остонадан ўтмайлаёқ ўшақда укасини ерга қўйиб, ўзлари сакронғич ўйнайтурган қизларини чақирди, — Ой-бай, ҳай Xатчаёв, чопчи бунда! — Кейин буюрди. — Ичкарига югур, Эшонотангни теразаларини олачиқ!
Хол олиб, қизара бошлаган қора гилос тагидаги ёғоч каравотни ҳоли билиб, ўша томон юра бошлаган Мирзахўжа ҳожим Алимат қозоқнинг кейинги гапидан жилмайиб қўйиб, отасининг бетига анграйганча қолган қизалоққа далда берган бўлди:
— Отин бувингга айт, қизим, хат кўрар эканлар де, билиб обберади.
— Билдим-билдим, айнагиз, — деб қизалоқ ичкарига чопқиллади.
Хижолатга ботган Алимат қозоқ эса, бўйнини ичига тортиб елка қисди:
— Мен нима депманғўй?! Кўзни теразаси бўлмай не эканғўй?
Неча муддатдан сўнг Мирзахўжа ҳожим кунградор каравотнинг тўр томонида, неча қават кўрпачалар устида ёлғиз ўзи устозини кутган муллаваччадек хатга тикилган куйи қолган эди.
У биринчи сўзданоқ мутаассирланиб, бўғзига иссиқ бир нарса қадалган, кўнгли бузилиб кетган эди. Пешонасига довур жимирлайтурган бир мутаассирликни зўр-базўр енгиб, кўзлари сўзлар кетидан чопишда давом этар эдилар:
«Ҳурматлув ва иззатлув Мирзахўжа ҳожи отамизга етуб маълум бўлсунким, камина қандайдир бир ширинкомалар илинжуда эмас, билъакс, Ҳожи тоғамизникида берган лафзимиз устидан чиқмоқ қасдида илтимосингизни уддаламоқ ва у жигарпорангиз Маҳфуза бонуни излаб топмоқ, жилла қурса, дарагини билмоқ учун кў-ўп уриндум. Бу ерга бизнинг диёр Тангритоғдан кўчиб келмиш кишиларнинг маҳаллаларига ўтиб, хабарлар юбориб, кў-ўп тонуқли кишилар орқали ул мусофиргинани излатиб кўрдум. Дараги учун харажатни аямадум. Топилса, ширинкомалар борлигини-да эълон эттум.
Ҳожи бува, маъзур тутгайсиз. Сизни жудаям қувонтурадиган хабарлар топилмади. Аввалисига бир умидлу излар топгандай бўлиб эдум. Сарҳаддан ўтолмай қолган куявингизнинг меҳрибондан меҳрибон холалари бор экан. Аввал ўшаларникига тушиб, ўшатларда турган экан. Сўнг у ердан ҳам бош олиб чиқиб кетганча қайтмабди. Ҳануз изини топишолмайдур.
Лекин улар топишолмаган Маҳфуза келинни (Сизнинг жигарпорангизми-бошқами, аниқлаганимча йўқ!) изини мен топгандайман. Шундай отлиқ мусофир келинчак эски шаҳарда турар экан, шифохонага тушиб қолган деган хабарлар топдик ахийри. Аммо бориб суриштирилса, бўлак одам бўлиб чиқду. Бир оёғи оқма бўлиб ётган, уни-да кесмакка ҳозирлай турган экан-лар — қўймадилар олдига. Номи ҳам бўлак — Маз-лумами, Марғубами экан. Ноумид шайтон. Яна суриштирмоқдалар. Қайтгунимча бирон хабар топсам, албатта, омонатингизнию дуои саломларингизни жигарпорангизга етказгайман, иншааллоҳ. Тополмасам, маъзур кўргайсиз, Ҳожи буважон. Менинг қайтар вақтимга оз қолмоқда.
Жигарпорангизни Аллоҳ ўзи ҳифзу ҳимоясида асрасин ва Сиз ила бу дунядаяқ кўриштирмоқни насиб этган бўлсин, илоҳим.
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокотуҳ.

Аддои Ёқуббегингиз.
1968 йил, наврўзи. Тошканди азим».
— Насиб эцин, илоҳум, қиёматга қолдирмасун. — У шивирлаб илтижо қиларкан, киртайган кўзларидан шашқатор ёш думалаб, қувалашганча қай бири мўйлаби тагидан сизиб лаблари орасида йўқолар-да — қолар, қай бирлари чувак юзининг бўртиғидан тўғридан-тўғри оқ соқолига сакраб, ундан нимчаси олдига юмалар, уни нам этиб бормакда эди.
Унинг яраси янгиланган, мана, нечанчидир марта ич-ичидан туганмас бир ўксик босиб келиб, ўкрамакка яқин қолган, аммо ўкрай олмас (ахир у ўкраса — бошқалар нима қилади, бўзлайдими?! Бўзламакка йўл очсинми?!), бунга сари юм-юм йиғлар, йиғлайвериб шишиб борар, шишиб боргани сари ўзи кичкина тортиб кетмакда эди.
Чунки у ўзидан ўтганини ўзи биларди. Бу ишда ёлғиз ўзи айбдор эди.
Ҳа-ҳа, ўзидан ўтди. Бир ҳафталик келинчакни эрига топшириб қўя қолмай элдан бурун бир ишончлув кишига қўшиб, ота юртга жўнатмакка шошди. Бу нотинч диёрда бир кор-ҳол бўлишидан кўра ўша ёқни авло кўрди, тинчроқ билди. Куяви ўтолмай қолуви тушига кириш тугул, ўйлаб ҳам кўрмаган эди. Ўша ўйламагани олдига келиб турибди. Энди додини кимга айцин?! Нолаи афғонини ким эшицун?! Қаердан ҳам ўша Ботур уларнинг қўрғонини қора тортиб келди? Шул ертўлада жон сақлади? Кирмаса, сақламаса, шу кўргиликлар йўқмиди? Не қилсин, Аллоҳнинг хоҳлаши, ёзмиши шу бўлса? Пешонаси шу қадар шўр экан- му?
Ўзинг кечир, эй буюк эгам. Ҳаммасини Ўзинг кўриб-билиб турибсан. Не ҳол рўй берган бўлса, Ўзинг воқифсан. Биз гумроҳлар нени ҳам билгаймиз? Ҳикматинг не — қайдан англаб етайлук! Фақат қизимизга-да яхшилик соғинуб топган гуноҳларимизни мағфират эцанг, бас, кечирсанг, бас. Уни-да шаръий никоҳидаги бандангга етказиб, қовуштирсанг, хотиржамликлар ато эцанг, бас. Бизга бундан ортиқ иноятларинг на керак, караминг на керак!
У бирдан бир лаҳза, бир сония ичида вужудида аллақандай тинч-сокинликка монанд хотиржамлик ту-йиб, хушёр тортиб қолди.
— Дарвоқе, Мазлума дедими, Марғуба дедими? У шифохонага тушган мусофиргинани? Бировнинг заифаси, яқин-юқунларининг йўлини кутиб ётган мушфиқани? Анув меҳмон бола — довон ошиб келган тойчоқ билса керак, таниса керак ахир уни? Касалвандлиги, шифохоналарда ётишиними, нимани гапираётиб эди-ку?
Чақиртирмакка сабри чидамай каравотдан тушиб, ташқи ҳовлига, ундан йўлакай овоз бериб меҳмонхонага довур етиб борди:
— Ҳой, той бола, меҳмон болам, қайдасан, менга қара?
— Шу ердаман, бой бува, — деб кемшиктой — Акбарали чопқиллаб тушиб кела бошлади.
— Шошма, эҳтиёт бўл. Қоқилиб-нетиб юрма. Сенга гапим бор, холос.
— Мана, келдим, — деди болакай қучоғига ийманиб кириб.
— Айт-чи, бўтам, — деди боланинг куракларини силаб-сийпалаб, — сен билган Ёдгортойнинг аяси... қаерда деб эдинг? Нима билан оғриган, деб эдинг?
Саритой уни бир оғиз гапиданоқ тушунди:
— Анув оқ машинада баннисага олиб кетишган эди.
— Нега оқ мошин? У қандай мошина?— деди қария аллақандай ваҳима босиб кела бошлаб. Қай бир сезгилари у ўша бўлса-чи, моҳпорамиз бўлса-чи, дерди.
— Ғизиллаган машинами, ўзи касал олиб кетадиган-да, — деди Саритой.
— Чақиришиб эдими? — деди қария уни сал тушуна бошлаб.
— Тоғам чақиртириб эдилар.
— Шунақа оғирмиди касали? Нима бўлган эди? — Қариянинг ўзи титрай бошлаган эди. Лекин титраган қўллари билан-да боланинг куракларини силашдан тўхтамасди.
Бола бўйнини қисди:
— Билмасам...
Ҳали хориждан келган мужда хат таъсиридан қутулмаган қария тусмоллашга тушган эди:
— Анча бўлиб эдими, кўпдан ётармиди?
— Кўпдан эди, — деди меҳмон бола бирдан унга қўшилиб. — Ёдгор соғиниблар кетганди.
Қариянинг ожиз юрагими — нима, титрамоққа бошлаган эди:
— Оёққинасига-чи, нима бўлиб эди, бўтам?
— Кимни?— деб дурустдан тушунолмади Саритой.
— Ўша опоқингни-да. Ёдгорни аясини? — деди қария калаванинг учини топгандек бўлиб.
Бола кўзини юмиб эслашга уринди ва сакраб-ўйноқлади:
— Тўғри-тўғри, бир яра чиққан экан. Опоқбувим кўзяра деб эдилар. Кейин оқади эканми?
— Субҳаналлоҳ, — деб шивирлади қария кўзларини юмганча, яхшиям меҳмон болани қучоғидан қўймай тургани, орқасига кеца, нима тутиб қоларди. Сўнг ўзини ўнглаб, ўрнидан турди. Эшик кесакисига орқа қилиб, уни ўзига тортди:
— Оти-чи, оти, нима эди? Эслай биласанми, бўтам?
— Кимни... оти? — англай олмади болакай. — Кимни айтасиз?
— Ўша... Ёдгортойни аясини-да? Марғубамиди, Маҳфуза эдими? — дея олди қария.
Бола чиндан билмасмиди, боягидек елка қисиб, жим қолган, билмаганидан ўзи хижолатга туша бошлаган эди.
Қария тин олиб, нафас ростлади: саволни бу гал бошқачароқ қилди:
— Эсла, болам, уни қандай чорлашур эди? Масалан, ўша опоқбувинг? — дея яна куракларини силай бошлади.
У эслади:
— Ҳа, кунпошшаму, ойпошшам дердилар.
— Яна? Яна-чи, қандай атардилар?
— Яна Марғу келиним — мангу келиниб дердилар. Нима эди, бува?
Эшик кесакисига суяниб турган бува эса бу вақт ҳолсизлана-ҳолсизлана пастлаб бормоқда, бўйи болакайнинг бўйига тенглашиб келмоқда эди.
Сўнггида у эшик кесакисига суянганча ўтириб қола қолди...
Эртасига Мирзахўжа ҳожи улар билан жўнарини эълон этди.

Силсиладаги Оқ Ҳалқа (ёхуд доруссалом)
Биз шажара қоғозни яна ўзидай этиб, (мен текислаб турар, акам ўзига тортиб — най этиб) ўрар эканмиз, (унинг ғилофидан чиқиб қолган бир энликкина қисми — офтоб ургандек сарғариб кетган эди) ана шундан менинг ваҳмим келиб, вужудимни тушунуксиз бир мажҳул кайфият ўраб келар эди: нима бу — ўтмиш қаърига кетган замон нусхими ё ҳавонинг иши? Ахир нур тушган эмас-ку унга, офтоб урган-да десак? Очиқ қолган қисмигагина етган. Демак, биз истаймизми-йўқми, ҳамма нарса сарғариб, унниқиб, чириб-тўкилиб, емирилиб боравуради. Титилиб, тўкилиб тушаверади. Боқий қоладиган нарса йўқ. Нарса борки, зах тортиб қурийди. Қуриб қовжирайди, қовжираб сарғаради, сарғариб юпқалашади, юпқалашиб тўкилади. Ва йўқликка кетади. Xудди уйдан чакка ўтганидек, қадрли-қимматли нарсаларга нам тепчиб, зах уриб, моғор босиб, алоҳал чириб тушгани каби, куни битгани каби... Бу оламда боқий нима бор? Ҳатто шажара қоғоздан аллатовур бир ҳид уфурмоқда эди. Xудди қипиқ ҳидига ўхшаш... Булар ҳам замонлар кечиши билан қипиққа, қипиқдан бўлган нарса яна қипиққа айланиб бораётгандек...
Мени ана шунақа мубҳам кайфият босиб келмоқдайди, ундан ўзимни олиб қочолмасдим, чалғитолмасдим. Нимага — тушуна олмасдим. Афтидан ё хаёлларимни замон қаърига олиб қочган мана бу шажара қоғоз, ё анави эшиги қия очиқ ҳужрадан уфуриб чиқаётган моғор аралаш эски китоблар ҳиди мени бу ҳолга солмоқдайди. Неча йил тупроқ остида ётган китобларми ва ё унинг эгаларининг тақдирими хаёлимни ўғирлаб, банд этган эдилар.
Сутчи (дарвоқе, у ҳамма кўчиб, гузардан путур кетиб, обкаш елкалашни бас қила бошлаган, энди уни сутчи деб эмас, китоб жинниси деб аташ тўғрироқ эди), ишқилиб чол:
— Мен ҳозир, — деганича ўша ҳеч ерга ишонмайдиган китоблари тахланган ҳужрага кириб кетдию, яна нимани излаб қолди — билмадим, чиқа қолмас эди. Мендан ҳам камгап бўлиб қолган Олим акам эса, ўрайдиганини тезроқ ўрай қолмас, худди шажара қоғоздаги ёзувлардан бир нарса тушунадигандек ора-орадаги бир жойларига тикилиб туриб қолмоқдайди. Xат танийди шекилли деб... зеҳн солсам, йўқ, нуқул бўш — оқ ҳалқаларини санамоқда.
Дарвоқе, у нимаси? Нега бўш қолдирилган? Сутчидан нега сўрамадик? Сўрасак бўлармиди...
Атай ўрамни бўшатдим, у туби ила тақир наматни ўпиб, узала тушди. Акам сезиб юзимга қаради. Менга ҳам шу керак эди:
— Нимасини санаяпсиз? — дедим.
Олим акам (жиян тоғага тортади дегани ҳақ рост экан!) Қўлдош тоғамларга ўхшаб, лабини ёйиб, сассиз кулди. Уни «оббо сен-ей, шуниям назардан қочирмадингми, узоққа борасан сен, узоққа» дегандай ҳам, «ақлинг етмаган нарсага бурнингни тиқмасанг кимни кўнгли қолувди» деб ҳам тушуниш мумкин эди. Аммо тоғам ҳеч майнаомуз кулмасдилар. Буникида ҳам... йўқдай, ишқилиб тикилиб туриб ҳам сезмадим.
— Қизиқ, — деди у елка қисиб ҳам овозини бир қадар пастлатиб, — булар ҳаммаси ўтган замоннинг ўтиб кетган улуғлари бўлса, ўзи ҳам бундан эллик йил бурун тўлдирилган бўлса, ёнидаги бўш ўринлар нимага экан? Шуниси ғалати.
— Нимани айтасиз, анув очиқ ҳалқаларними? — дедим мен ҳам ютоқиб Ажаб, фикримиз бир ердан чиқаётиб эди? Нима, улар — унутиб қолдирилган зотларми ё келажакда чиқадиганлари?.. Шу тоб ҳовлининг этагидами ва ё ундан ҳам наридами (нариси — деворнинг орти анҳор, анҳорнинг ортида чивиғига ҳам биров тегмаган лагер бор эди!) ҳаққуқуш сайраб, унга бошқаси бошқа томондан — Қозоқмозор деб аталувчи қайрағочзордан жавоб қила бошлади. Куппа-кундузи қуюқ дарахтларнинг қай бир шохидадир (албатта, ин қўйиб, уя қурган жойларига яқин бир ерда ўтирволиб) роз айтишлари, бир-бирларини чақириб-чорлашлари ғалати эди. Одатда улар кечалари алламаҳалга довур чорлаб, кечанинг сирига сир қўшгувчи эдилар. Булар эса, вақт ҳисобини адаштириб қўйгандек куппа-кундузи қўшилув-кўпаюв оятини тиловат этишар эди. Балки ҳамду санолари, тасбеҳотлари шундайдир. Ҳарқалай ҳозир буларнинг бир-бирларини қўмсаб чақирувлари, чорлаб-зорланишлари, «сен қайда, мен бунда»лашлари, куппа-кундузи қаро тунда адашган жигаргўшалар сингари овоз беришлари менга ёқиб тушмоқда эди.
Аммо, манави диёридан адашган акаларим нега бир-бирларини изламайдилар, чорлаб чақирмайдилар? Шу забонсиз қушларки, бир-бирларисиз туролмай ўз тилларида зори-нола қилганда нега улар жим, дунёни остин-устун қилиб бўлса-да, бир-бирини зор-интизор изламайдилар? Ё бунинг юзи шувит, кечирилмас гуноҳлари бормики?... Балки биз билмайдиган нарсаларни ҳам билар — шунинг учун жимдир?..
— Сен нима деб ўйлайсан?
— Нимани? — дедим дафъатан англаб етмай.
У энди тоғамларга ўхшаб беозор, (нега беозор, мени худди эркалагандек) мийиғида кулди:
— Маши бўш қолган жойларни-да?
— Кейин чиқадиган зотларга атаб қолдирилган, дейсизми?
Олим акамнинг кўзлари чақнаб кетди:
— Воҳ, балосан-ку! — деб юборди. — Топдинг-а! Менинг назаримда ҳам шундай! Атай қолдиришганов.
Юрагим дукурлаб кетди, ўзимнинг фикримдан ўзим қўрқиб кетган эдим:
— Башорат қилиб-а?
Эсим тескари бўлиб бораётир эди. Чиндан ҳам ундай зотлар отилиб-нетиб, бадарғаю сургун қилиниб бўлган кезда қай бир тупканинг тагидан анқонинг уруғини топса мумкиндир-у, буларни топиш амри маҳол кунда — бу ғалати эди! Ақл бовар қилмас гап оғзимнинг бир четидан чиқиб кетган, энди ўзимнинг ваҳмим келиб, пешонамни совуқ тер босиб бормоқда эди! Уларнинг ўзи қандай тўзиб юрибди-ку, мен башорат қилиб қаёқдаги гапни гапиряпман?.. Балки манави эски туриш-турмуши, бола-чақасидан кечиб, якка-ёлғиз яшаётган, ҳукуматга ўтказиб қўйган хизматлари ҳам қолиб, обкаш кўтариб, сутчилик қилиб юрган, ўзини ибодатгаю эски китобларга урган кишидан сўраб боқиш керакдир. У киши билар ҳақиқатини?..
— Менам шундайми, деб ўйлайман. Илгаригилар кўп нарса билишган. «Башорат» китобларини ўқишган. Биз нима биламиз, — деди Олим акам тан бериб ва аста бояги ишида давом этиб. Қўлимиздаги қоғоз шилдираб ўралар ва шу баробар димоғимизга моғор аралаш мозий ҳиди уфураётгандек бўлаверарди.
— Ҳарқалай сўраб боқиш керак, — дедим мен бояги билағонлигимдан хижолат чекиб.
— Устозданми? — деди у.
Мен сергак тортдим: бу одам унга қанақасига устоз бўлсин? Ё илгаридан биладимикан?
Мен бир қарорга келиб улгурмай ҳужрадан сутчининг ўзи чиқиб кела бошлади. Унинг қўлида найча қилиб ўралиб, икки томонидан қисқич қоғоз билан ўраб-чирмалган бир нарса бор эди.
— Узр, сизларни куттириб қўйдим. Қаерга қўйганимни фаромуш этиб, эй изловдим тунов куниям. Турган экан, Бобур ҳазратларининг ортларида, у кишининг «Воқеотномалари»га эш бўлиб, — деди сутчи, у «олтин сопли пичоғи»ни топганидан оғзи қулоғида эди.
Буниси чинакам шажарамиз эканми?! Чиндан менинг ичим тушиб бораркан, Олим акам энтикди:
— Бу ҳам ўша сандиқданми, устоз?
Сутчи мулойим бош чайқади:
— Йўқ, буни манави мирзом, Мақсудхўжага илиндим. У султонлар кечмишию салтанатлар тарихига қизиқади. Бир кун келиб Қодирийга ўхшаб, бирор китоб-митоб ёзиб қолса, асқотар, деб олиб қўйиб эдим. Шунақа сиёқи ҳам бор бунинг, — деб мени хижолатларга қолдирди: азбаройи икки юзиму қулоқларим лов-лов ёнарди. Лекин бу гап шу тобнинг ўзида бир чеккаси менга мойдек ёқиб турибди. Ростини айцам, чоли тушмагур топди «касалим»ни. Бошқача айцам, мендек «гап ўғриси»ни ўғирлик устида тутган эди у. Икки юзим чўғ бўлиб ёниши шундан эди.
— Биз эса, бу ёқда Сиздан бир нарса сўрашга илҳақ бўлиб ўтирибмиз, — деди Олим акам ҳайратланиб.
— Шунақами? Билсам жоним билан, жону жаҳоним ила, — деганича у биз томон юраверди, — шу бурҳон қоғозданми? Қозию қуззотлар муҳри босилган нарсадан-а?..
Мен тилим лол, аммо унисиниям, бунисиниям билгим келиб ичим тушиб турибди, лекин қани оғиз оча олсам. Тағинам Олим акам дадил экан:
— Манаши оқ ҳалқаларни айтамиз? Нега бўш қолдирилган? Эгаларини аниқлай олишмаганми ёким?..— деди тусмоллаб.
— Ҳа-а, буми? — деди қария, сўнг жиддий тортиб қўшди, — Бунда ортиқча нарсанинг ўзи йўқ. Ҳатто кемтиги бор, деб ўйлашга қўрқади одам. Ўшал бўш жойлар-да бехосият эмас. Менинг назаримда қиёматгача чиқадиган авлиё зотлар учун қолдирилган. Ҳатто мана, қаранг, Эшон поччамдан кейин ҳам битта бўш ўрин турибди. Демак, сизларнинг қай бир пуштингиздан яна бир улуғ зот чиққай. У ким бўлади, ёлғиз Аллоҳ билгай.
Қария шажара қоғозни сийпаб, кўзига суртгудек бўлиб гапиряптию назаримда у биз билган оддий сутчи эмас, жандага ўхшаш жун чакмонга ўралволган дарвеш ҳам эмас, жуда кўп нарсаларни билгич олим каби ҳайбатими, салобатими ортиб борар, «мана, нега бу одам ҳалимдан ҳалим, нурлидан нурли!» дердим ичимда. Ҳатто шу нарсаларни билди-я! Бу атрофда унга тенг келадирган ким бор?
Бунга сари савол халтам очилай-очилиб кетай деб боряпти. Ўзимни зўрға тийиб турибман.
Ахийри чидай олмай сўрадим:
— Бундай авлиёлар... ҳар юз йилда бир чиққайми?
Қария ажабланганини яширмай мен томон ўгирилди:
— Нимага асосланиб... айтаяпсиз, эшон бола?
Мен ғудраниб қолдим:
— Шундай гаплар юради-ку, ахир.
— Юради-юради, — деди у бош силкиб. — Қолаверса, Аллоҳнинг ваъдаси бор: вақти-вақти билан ўз динини янгулаб, қувватлантириб тургувчи кишилар юбориб турилгай. Ҳар қавмнинг ўз ичидан.
— Пайғамбарларми? — дедим мен ҳайрон қолиб. Негаки...
Қария юмшоқ жилмайди:
— Биласиз экан. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин пайғамбар келиши тўхтаган бўл- са-да, валийлар силсиласи то қиёматга қадар узулмагай.
— Қандай? — дедим ақлимга сиғдиролмай, — ахир борлари ҳам...
— Ҳа, борлари ҳам отиб битирилди, бадарға этиб йўқотилди, лекин, — деб секин ўз ўрнига — бояги фотиҳа қилган жойига қараб юраверди, — лекин бу асрдагина шундай бўлди, балонинг қаттиғи ўшаларга тушди. Бу ҳам Аллоҳнинг хоҳлаши, имтиҳони. Лекин бу улар қирилиб битди, орқаси кесак дегани эмас. Пошшолик пошшосиз қолмаганидек, бу силсила ҳам бардавом этавергай.
— Қандай? — Мен ҳамон тушуниб етолмасдим.
— Жуда осон, — деди сутчи ўз ўрнига чўкиб.
— Аллоҳ Муҳаммад алайҳиссаломнинг руҳи- поклари билан барча умматларини таништирганида кимнинг кўзи ул зотнинг муборак кўкракларига тушган бўлса, олим, уламо, кимнинг кўзи бошларига тушган бўлса, салтанатдор — подшо бўлган, — қария майиндан-майин ҳам мулойим жилмайди, — мана, сизнинг кўзингиз ул зоти шарифнинг ўнг қўл бармоқларига тушганки, котиб-мирзо, қалам эгаси бўлиб турибсиз. Шунга ўхшаб, ҳамма ҳам бир нарсага эга бўлган ўша тақдирул азалда. Авлиёлар сираси ҳам узулмаслиги шундан.
Мен ниҳоятда ҳайратда эдим. Сўрамоқчи бўлган нарсамни чеки-чегараси йўқ, аммо ўзим лолман. Бўлмаса, сўрасам яна сўрагудекман: нега ҳамма муборак бошларию кўкракларига қарамаган? Бетавфиқ ўғри-каззоблар-чи? Уларнинг руҳи қаёққа қараган? Осонгина диндан қайтгувчи мунофиқлар-чи? Қотиллар-чи, жаллодлар-чи? У зотга қарамаганми? Билгим келадики, у ёғи йўқ.
Бу орада акам силсилаи шарифни ўраб, жилдига ҳам жойлаб улгурган, биз ўз-ўзидан илгариги жойимизни эгаллаб, қариянинг оғзига тикилган эдик. Ҳаммадан ҳам мен унинг ҳорғин, бироз қони қочган, аммо таг-тагидан ёқимтой бир нур тепчиб турган бетидан, ўзига ярашиқли майда ажинлар босган қабоқларию қисиқ кўзларидан нигоҳимни уза олмасдим.
— Шунинг учун ҳам ҳар ким пошшо бўлавермас, ҳар куни авлиё туғилавермас, бўтам, — деди у қўлидаги қоғозни дераза токчасининг бир четига қўйиб. Демак, ҳали-бери бериш нияти йўқ. Қанча писандаю насиҳатлар билан тутқазса керак қайтаётганимизда. Ҳозироқ бера қолса нима қипти, ичимни туширмай? Аммо меҳмонмиз, ўз иззатимизни билишимиз керак. Мен Олим акам бўлсамки, тилёғламаликлар билан бўлса-да, ичим қуриган нарсани сўраб олсам. Мен унақамасман, тортинчоқнинг тортинчоғиман. Мендан мухбир чиқиши ҳам даргумон, яна ким билади. Ахир Лавҳул-Маҳфузда битилгани бўлади эмиш-ку.
Қолаверса, мен Олим акамнинг қозон-товоққа уннагани чиқишини кутиб ётибман. Ёлғиз қолсам, ўзим билардим, сутчи амакидан нималарни сўрашни: Сиз бу акамни қайдан биласиз? Фақат оталари — Эшон бувани танирмидингиз ёким илгаридан салом-алигингиз борми? Нега устоз деяпти? Бир идорада ишлаганмисизлар? У бир қанча йил бедарак кетиб, қанча мамлакатларда «ўйнаб келгани»ни, ҳозир чулчут хотинидан қочиб, сўққабош яшаб юрганини-чи, биласизми? Ўзиз-чи, ўзиз? Шунча илмингиз, хизматларингиз билан нега ҳамма қатори юрибсиз? Нега қариганингизда бировнинг ташқисида туриб, сутчилик қиляпсиз? Тарки дунё қилган одамлардек? Ахир иссиғингиз бор, совуғингиз, (иссиқ жон!) ётиб-нетиб қолишингиз бор?
Сўрайверсам — сўрайдиганларим адоқсиз. Лекин Олим акамнинг олдида тилим тушовлиқ — миқ этиб оғиз очолмаяпман. Ундан истиҳола қилганимданмас, йўқ, баъзан унга ишонмай, шубҳаларга тушиб кетаман: кўзимга илгариги Олим акамдан ҳам қувроқ, ундан ўн чандон ўтадиганроқ бўлиб кўриниб кетади. Нега шунақа — ўзим тушунолмайман. Яна бир қарасанг биб-бинойи — ҳамманинг устида ўлиб-қутиладиган одам бўлиб қолади. Мана, ҳозир ҳам:
— Айтмоқчи, устоз, ошни харажатини қип келгандик, гўштни ари таламасидан қозонга олов ёқвора қолай-а? Паловхонтўрадан кейин суҳбатиззи олармиз, майлими? — деб қолди.
— Ия, ҳали шунақами? Сизларнинг шарофатингиз билан қора қўчқорнинг ёғида бўлган палов ерканмиз-да? Насиб-насиб. Савзи-тахтаю пичоқларни олишворай унда, — деди сутчи ўрнидан туришга унналиб.
— Йўқ-йўқ, сиз уринманг, ўзим топиб оламан. Фақат мухбир-мирзонгиз оловига қарашворса, бас, — деди акам бежирим туфлигини кия-кия.
Мен ноилож қўзғола бошлаб эдим, қария билагим устига юмшоқ кафтини қўйиб, «Сиз бошлай туринг, ҳозир чиқади мирзом», деб қутқариб қолди. Бошим осмонда, қайтиб чўкдим. Акам эса, «яхши-яхши»лаб чиқди.
Сутчи ҳали билагимни қўйиб юбормаган, мен эсам у момиқдайин нарсанинг хуш тафтидан болакайдай эриб борар эдим. Қария ўзини яна ҳам яқин олиб, билагимни аста-аста силаркан, кўзларимга тикилиб қолган эди. Ниҳоят, акамни узоқлатиб:
— Ўбба, Мақсудхўжа мирзом-ей, шунаққиб Фар-ғоналардан кўчиб келиб олдингларми, — деб қолди. — Бир чиройли иш бўпти, ўз ютларизга қайтиб олганиз. Саломпам бардам-бақувватгинамилар? Уйларни битириб, жойлашиб кетдингларми? Қизчаларимиз, келин қалайлар?
Мен жавоб бериб улгурмасдим:
— Тўнғичимизнинг тили чиқиб, кейингиси юриб кетди. Ойим ўшаларминан андармонлар. Ўтирибмиз: бошимизда бошпанамиз бор, қора қозонимиз қайнаб турибди, шукр.
— Баракалла, обкаш кўтариб, сутчилик қилиб, оқлиқни орқасидан ўқитган эдилар. Илоҳим, ўша заҳматларнинг роҳатини ҳам кўрсинлар. Туп қўйиб, палак ёйингу шу мирзоликда қоқилмай-суқилмай Аллоҳнинг розилигини топинг, — деб дуо қила кетди, сўнг ҳеч кутилмаганда:
— Айтмоқчи, сўрайман дейман, сўрай олмайман,— деб қолди, — бунинг акасидан — анув ёқларда қолган қариндошингиз — ким эди, ўшандан дарак борми?
Ҳа-а, мана, нимага олиб қолган экан?! Юрагим дукирлаб:
— Султонмурод акамни... айтасизми? — дедим вужудимга бир титроқ тушиб.
Қария им қоқди:
— У шўттамиш деган гаплар юрибди?
— Юрибди, лекин ўзимас. Қуруқ миш-мишларга ўхшайди, — дедим бош чайқаб. Аммо Чаман акам уни излаб кетганича бадар кетиб бораётганини айтиб бў-лармиди!
— Кетганлар келиб бўлди-ку?
— Чегарадан ўтолмаган. Ўтолса, кеннойимни ташлаб қўймасди бундай, — дедим. Ўзим ҳам ҳайронман. Мулоҳазаларим ўқдай-ўқдай эди, қариядан ёцирамай айтиб юбораётган эдим.
Аммо кафтининг устидаги кўк ипакдек томирларини сийпаб, хаёлга берилиб кетган сутчи шошмас, мақсадини оча қолмас, бунга сари менинг гумону тахминларим тошиб борар, унинг дилидагини ўзим суғуриб олгим келаверарди.
— Нимага эди, амаки?
Қария ўзига келиб, ийманибгина қаради:
— Ҳарна қилса, эшон бувани кўриб қолганмиз, суҳбатларини олганмиз. Шундай одамнинг болалари тўзиб юрса, ачинади-да, киши.
— Нимасини айтасиз.
— Улар тўзигани тўзиган, булар қўним топа қолса бўларди. Арвоҳларини шод этиб.
— Қўйишармикан шунга?
Сутчи тушуниб, юзимга қараб қўйди:
— Лекин бу дунёда киши ўзини ўтга-чўққа уриб юравериши ҳам яхши эмас. Муросаи мадора ҳам лозим.
Мен ток ургандек бир сапчиб тушдим: акам бўлади-ку, шу гапга кўнарканми?! Нусрат поччанинг гапларини олмаган, бу гапни оларканми?!
Бироқ тилим ҳеч айлана қолмасди. Бундай қараса, ҳамма гаплари тўғри. Лекин акам — акам-да! Ҳамма у бўла олсин-чи!
— Мен уни биламан-ку, — дедим.
Қария хотиржам орқасига суянди. Кўзларимга ўша-ўша насиҳатомуз (худди мен — мен эмас, акамдай! Мени акам ўрнига қўйиб!) мулойим боқди: гўё мен кўнсам, у ҳам кўниб қоладигандек:
— Менам буларга азбаройи яхшилик соғинганимдан айтаётибман. Аввало, ўзи билади, лекин қачон Аллоҳнинг хоҳлаганимас, бандасининг айтгани бўлибди? Унинг китобига суянмаган одам ҳамиша доғда қолаверган.
— Қандай? — деб юборибман.
— Ҳамма нарса унинг китобида битиғлиқ, — деди қария маъноли жилмайиб. — Дўпписини олиб қўйиб ўйласин танасига. Дунё — дунё бўлгандан бери қанча фиръавнлар ўтди, Искандару Нуширавонлар кетди. Нега ҳеч ким адолатли давлат қуролмади? Xалифаликлар ўтди, Андалусияда Абдурраҳмонлар давр сурди, дорулмамлакат қурдик, деб. Лекин нега ҳеч бири асри саодатга ўхшаб келмади? Борми одил ҳукумат қуриб, даврон сурган бирон кимса, бу жаҳон айвонида? Ўйлаб боқмайдими, дарбадар кезгунча, мамлакатма-мамлакат ошгунча? Ҳижрат узилган-ку. Қўним топса бўларди, ёши ҳам ўттизни қоралаб бораётгандир, ахир?
— Шундай, — дедим мен Сутчининг (сутчи десам, олим экан-ку!) кўзларига қарай олмай.
— Гап шу, мирзом, — деди у бошқа эътирозу гап-сўзларга ўрин қолдирмай. — Аёли шўтта бўлса, дарагиям чиқиб қолар. Бир бош суқмай иложи йўқ. Эшон поччамнинг тегирмонга тушса бутун чиқадиган ўша ўғилларига илинган бир нарсам бор, — деб дераза токчасидаги бояги найча қилиб ўралган қоғозни ола бошлади. — Дараги чиқиши билан мана шуни етказасиз. Бу менинг сўзлариммас. Давлат қурган, қургандаям қотириб қурган одам — Ҳозиқ тўрамнинг «васи-ят»лари. Xоҳласин, насиҳат деб қабул қилсин, хоҳласин, ўзидан уч-тўрт кўйлак кўп йиртган одамнинг хулосаи умури мужоҳид деб билсин. Мана, кўчириб олинг-да, етказарсиз вақти билан.
— Кўчириб олиб? — мен ҳайрону лол қолган эдим. (Бояги гаплари — киши кўзига экан-да! Олим акамнинг олдида айтолмаган экан-да?) Лекин нега ўзини бера қолмаяпти — мана шуниси тушунарсиз эди. Журъат этиб-етмай сўрадим: — Ўзи-чи, мумкин эмасми?
Сутчи им қоқди:
— Шуниси маъқул. — Кейин қўшиб қўйди. — Қолаверса, буни ёлғиз ўзизга ишондим. Биров билмагани маъқул.
— Xўп, хўп. Омонатдек экан.
— Бўлмаса, мен турдим, унга қарашиб юбора қолай. Сиз кўчириб бўлиб чиқарсиз. — Сутчи сандалга суяниб турди-да, ковшандозга тушиб, оёғига бир нима ила бошлади, сўнг Ҳизр нусхи урган чоллар каби ма-йин жилмайиб қўйиб, қўлининг орқасини белига ташлаб, энкайганча остонага қараб юраверди. Мен эсам титраб-қақшаб найчахатни очишга унналардим. Не умидла очсам... қай кўз билан кўрайки (мана, нечанчидир марта!) ўша ўнгдан чапга бошланадиган алиф, лом, мимли хат. Заммаю касраю фатхаларидан, думалоқ сукунларидан кўзим тиниб кетди. Бу белгиларни таниганим билан мен бояқиш кошки ўша белгиларни ҳаракатлантиролсам, очқичини тополсам.
Мана, нечанчидир марта ичим сидирилиб, ўзимдан ўтганини ўзим билиб турибман. Ўша нарса ичимдаги неча йиллик армонларни қўзғаб, уни аламгами, алам қоришиқ йиғигами айлантириб, томоғимни ғип бўғганича бўғзимга қадалиб олган эди. На қайтиб кетади, на тошиб, отилиб чиқа олади. Чиқса, енгил тортармидим. Тағин мен зиёлиман! Олди мирзо, мақтовли битикчиман! Ҳолим эса бу! Оталаримиз хатини ўқий олмасам! Нечанчидир марта таржимон излашга мажбур бўлсам. Айтишга-да, уяласан. Ўрнимдан тураримни ҳам, сутчига айтаримни ҳам билмасдим. Шундай нарса қўлга тушганда бундай ўтиришим... аламли, ҳам аянчли эди. Ўзимни ночордан ночор ҳис этиб кетдим. Ва шу тоб... бир нима қитирлаб, деразанинг бир тавақаси очила бошладию Сутчи кўринди:
— Айтмоқчи, мирзом, токчада қоғоз бор, — деган жойда юзимга кўзи тушиб, ҳолу аҳволимни бир кўргандаёқ фаҳмлаб қайта бошлади. — Ие, ие, узр-узр, мирзом. Мен қарияни маъзур тутасиз. Xат эски ёзувимизда-ку. Мендан ўтибди. Фаромушхотирлик қурсин. Айтиб турсам ҳам бўлади-ку.
У мени бир чеккаси хижолатларга қолдириб, бир чеккаси бошимни осмонга етказиб кириб келдию бояги жойига чўкиб буйира кетди:
— Анави токчада қоғоз ҳам, қалам ҳам бор. Олаверинг, тортинманг. Қўй берсанг, арқони билан бер, деганлар. Савоби тўлиқроқ бўлади, — деб кулди. Ўзи эса найча қилиб ўралган қоғозни қўлига ола бошлаган эди. Уни қаранг, шу муомалалардан кейин бояги алам- армон, хижолатпазликлардан ҳеч нима қолмаган, ҳаммаси кўтарилиб битган эди. Мен дикка туриб, айтилган нарсаларни олиб келдим-да, бошладик.
Мана шу Илҳом домла айтиб туриб, мен ҳовлиқибу юракларим ҳаприқиб кўчириб олган ўгирма. Асли у кишида қолди. Ўзи эса, Ҳозиқ тўрамнинг қаламларига мансубмиш. Сутчи Масков учун ўгириб бера туриб, ўзи учун шунигина атай, ёмон кўзлардан яшириб, минг андишаю истиҳола ила кўчириб олган экан. Вақти келиб, Султонмурод акамга илинибди. Xудонинг хоҳишини қаранг. Гўёки, Ҳозиқ тўрам Масков терговчилари учун эмас, Султонмурод акам учун ёзгандеклар. Ўқинг-а, Сиз ҳам...
«Эй бор Xудоё, энди бу сатрларни ёзғувчи ғариб қулингни кечиргайсан. Раҳмон ва раҳим сифатинг-ла мендан ўтган айбу гуноҳларни ўчиргайсан. Мажбурлик орқасида неки имонимга зид бир иш қиларга тўғри келган бўлса, ўзинг шоҳиду хабардорсан, ҳаммасини диним учун, уни кафтимда лахча чўғдек тутиб асрамоқ учун қилиб эрдим. Сенинг розилигингни топдимми-йўқми, ёлғиз ўзингга маълум. Мендан сўраб-иста-ётган нарсаларини чин-рост ҳолида ёзишга мажбурман. Улар Ернинг темир ўқлари бўлмиш тоғлар оралиғидаги бу мамлакатда биз қандай инқилоб қилганимизни, шариатга асосланган ва ҳам замонавий мўминлар давлатини қурганимизни, унинг тарихини миридан сиригача ёзиб бермакни қистамоқдалар.
Мен уни дақиқ-дақиқига қадар, бирон нарса қолдирмай, ҳатто бизни янчиб ташлаш учун тоғ ортига келиб тушган ўн минг чоғли ёғий лашкарини қандай енгганимизгача ёзиб бердим. Албатта, нусрат сен томондан эди. Аммо улар буни қайдан ҳам билсин- лар, қайдан тушунсинлар! Бўлмаса, бола-бақраси, аёлу заифалари билан тоққа кўтарилган халқ ҳар бири биттадан гулхан ёққан тақдирда ҳам агар бир овоздан такбир айтиб, сендан нусрат истамаса, жонидан кечиб ёғий томон талпинмаса, душман қочармиди! Мужоҳидлар қалбига нусрат иштиёқини солиб, душман юрагига ғулғула юборган ўзингсан-ку, Оллоҳим. Бу қудратни булар қайдан ҳам билсинлар, онглаб ецинлар!
Шундай дейман-у, бу тарихни чинлигича ёзиб бериб, гуноҳим устига гуноҳ сотиб олмаётирманми деган-да ўйларга ҳам бораман. Бир тур шубҳаларга тушиб кетаман. Лекин на қилай: куйган кўксим шуни тилаб1-да турган бўлса?!
Яна чин гаплардан келар бўлсам, бу куйган ўтлуғ кўксумдаги армонларимни тўкар бўлсам, бу мунглуғ кўнглумдан қўзғолган қайғуларим қайнар сувдек бўлиб икки кўзимдан оққани турган эсалар-да, энди ҳақ сўзни айтар пайтим келди. Биз орзулардик. Мўминларга саодат асридагидек бир жамият қурсак, Оллоҳ ризолигини топиб яшасак, ибодатлар эцак деб. Бировга оғирлигимиз тушмаса дердик. Биз қўшниларга тегмасак, улар ҳам бизга тегмасалар, уруш-сўқишларга аралашмасак, зулмни, забт этувларни эсдан чиқарсак, унуцак дердик. Чиройли амаллар билан, садақотлар қилиб, савоблар топиб ўцак, ҳаммани сенинг қайтарганингдан қайтиб, буюрганингни адо этиб яшашга рози қилолсак дердик.
Аммо калта ўйлаган эканмиз. (Довон ошмагимда учраган у маҳлуқинг бежиз эмасканми, унинг ҳикматига энди тушуниб етмоқдамизми, эвоҳ!). Ерда жаннат яратмоқчи бўлибмиз. Энди билсак, маозоаллоҳ, бандалигимизни, ниҳояти илми чекланган қулларинг эканимизни унутибмиз. Бизнинг мағлубиятимиз табиийдир.1 Мўмин банда амирликка етганда ҳам мўминлигича қололмаслигидандир бу. Ўзига кў-ўп бино қўйворишидандир бу.
Қурдобадаги Абдурраҳмоннинг халифалиги, машҳур Доруссалом таназзули, не-не салтанатларнинг емирилуви ниманинг оқибати? Искандар қаён кетти, Нуширавон нимага эришди? Маъмун нима бўлдию Нодиршоҳ ниманинг қулига айланди?
Ҳаммаси Оллоҳ қонунини унутганлик оқибатидир. Инсон қусурли яратилганини, илми чекланганини унутиб қўймоғи оқибатидур. Оллоҳ яратган ва халифа этиб Ерга туширган кишилари учун у зот тарафидан берилган шариат қайдаю илми чекланган кишиларнинг тузган қонуни, қурган жамияти қайда! Ўзига ўхшаб чекланган ва қусурли бўлгай. Ундан ўтиб қайга боргай! Биз Оллоҳнинг шариатига асосланиб, жамият қурамиз, яшаймиз демак-да бўлганларга ҳам менинг жавобим битта: Ахир Сиз ўзингизни кимга менгзамоқдасиз ва ким деб билмоқдасиз? У қонунларни ҳаётга татбиқ этарда адашиб кецангиз-чи? Адашмасликка кафолатингиз борми? Жамий замонларда ўтган ва келадиган башар ичида энг маҳбуби ва энг комили Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлсалар, ул зотга тенглик даъвосини ким қила олгай?.. Ҳеч ким!
Демак, Оллоҳнинг қонунидан ташқарида одил жамият қурмоқ мумкин эмасдур. Ҳаммаси қусурли бўлгай. Негаким бутун дунёнинг олий даражали зўр олимлари, ҳуқуқшунос доно билгичлари йиғилсалар-да, бирор бир мамлакат халқининг ҳожатларини қондиргудек тўкис бир қонуннома ишлаб чиқишга-да ожиздурлар.
Инсонники қусурли, Оллоҳники беқусур бўлиб қолавергай.
Шундан айтаманки, алоҳида бир мамлакатда дорул салтанат қурмоқ мумкиндир, аммо доруссалом яратмоқ мумкин эмас, Оллоҳ бу ихтилофларимизга ўзи қиёматда ажри азим чиқаргай. Кимни жаннатига йўллаб, кимни абадий азобига ташлаб. Ана шу буюк адолатдур. Бандаси бир умр, то қиёматга қадар интилган нарсага у бир оғиз «кун» деган каломи ила эриштиргай. Доруссалом — ўшал жаннатдур. Ундан берига овора бўламиз.
Эй бор Xудоё, бу сатрларни ёзғувчи қулингни но-умид қўймагайсан.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «мендан ке-йин бир замон келур... чин олим сўзини олмагайлар, улуғ одамлардан уялмагайлар, дин сўзига қулоқ осмагайлар. Мана шундоғ бўлиб, дин-дунё ишларига қаттиқчилик келган кунларда ҳар қанча қийналса ҳам ўз динидан ажрамай юриб ўлган бир мусулмон юз шаҳиднинг савобини топгай. Қиёматгача бир тоифа умматим ҳақ йўлидан адашмагай», деган сўзлари бор эрди. Эй бор Xудоё, шу сатрларни битмакда бўлган ғариб қулингни-да, уни ўқиган, таъсирланиб кўзига ёш олган мўъмин бандаларингни-да ҳабибинг Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаққи-ҳурматлари Ҳақ йўлидан тоймаган, ислом динида жон берган ўшал тоифадан қилгайсан. Омин!»

Амирнинг Оқ Рўмолчаси (ёхуд шол аравача эгаси)
— Энди қаён бурай, ғиротни? Буюр, пакана пари, қай тупкага десанг олиб боришга тайёрман, — деди Олим акам Чўлпон ота гузарига чиқиб борарканмиз. У қулинг ўргилсин, ош дамлаб Илҳом сутчидек бир хокисор одамнинг кўнглини олганидан хурсандми ё у киши буларнинг хазинасини топиб, асраб-авайлаб ўтирганиданми — ажратиб бўлмас эди. Ва ё ўзлари ўртасидаги муштараклик, иккалалари ҳам бир соҳанинг одами, иккиси ҳам дунё кўрган, минг чиғириқдан ўтган, энди эса иккиси ҳам сўққабош эканликлариданми, бир оғиз сўз, бир қиё боқиш, бир нигоҳ ташлашдан бир-бирларини тушунишар ва шунданми, бир-бирларига суяниб қолган кишиларга ўхшаб кетар эдилар. Бу уни топганидан, у бунинг йўқлаб келганидан бошлари кўкка етган, ҳеч ерга ишонмас эдилар. Қай ердаги узоқ тарихларни эслашиб, ёдлашиб тўймас эдилар. Мен эсам, Олим акамнинг бу йўқлови, чолни кўргани борувидан чин муддаосининг тагига ҳали ҳам етолмай ўтирибман. Китоблар орасидан чиққан шажара қоғоз — силсилаи шарифнинг топилувими десам, у бу ҳақда кўпам суриштиргани, ижикилаб, чолни жон-ҳолига қўймай бир нималарни сўрай кетгани йўқ. Лекин ўша табаррук қоғозда, унинг шажара ҳалқалари аро дадаси — Абдураҳим эшон бувамнинг номларини кўрганда кўзлари ғилт ёшга тўлиб, ўзи бир ғалати бўлиб кетди, мутаассирланганидан қоқ наматга тиз чўкканча (худди кимдир улуғ Қуръон оятларидан тиловат бошлаб юборгану у тиз букканча соме қолган каби) узоқ жим қолди. Ким билсин, қай воқеаю қай даврларга хаёли қочди? Балки эшон бувамнинг васиятлари ёдига тушиб кетгандир...
— Тортинма, қайга десанг қайтиш йўқ, бугун мен сенинг ихтиёрингдаман, — деди у қайтариб.
— Чиндан-а? — дедим ичим яна ҳам ёришиб.
— Бўлмаса-чи! Ғирт бўшман. Салти-савойман устига устак. Ким мени суриштирсин! — деди у рулга шапатилаб қўйиб. — Ғиротни бўлса, мойи етарли. Xоҳла, Қўшилишга суриб кетамиз, хоҳла Аччи қирларига. Фозилтепага десанг — Фозилтепага чиқамиз. Ҳали у омонмиш-ку, — деб қўшиб қўйди у. — Кўриб қолайлик, ота диёрни — Иззаю Бўзсувларимизни, сурилиб-нетиб кетмасидан.
— Қани эди, лекин мен, — дедим истиҳола аралаш.
— Лекини борми, истиҳоласи борми?! Айтавур, мўлжаллаган ерингни. Мен бегона бўлсамки, хижолат торцанг. Қани, қаёққа? — деб азза-базза у елкамга қоқиб қўйди. Эндиям айтмай кўр-чи? Тоза хафа бўлади.
Мен эрталабоқ дилимга туккан ниятларим бор эди, ўшандан оғиз очдим.
— Бугун поччанинг томонларига ўтмоқчи, шаҳарга тушиб, бир ерларга кириб чиқмоқчи эдим...
— Қайси почча? Ўзимизнинг мутавалли поччани айтасанми? Шаҳардаги?
— Ҳа, йўқ. Асад акамларникига, бу ёққа?..
У ҳали орқамдан қўлини олмаган эди, ўнг елкамга бир тушириб қолди:
— Менам кимни айтаётирман, пакана пари! Ўша Нусрат поччаникигами, ахир?
— Ўша-ўша. Лекин улар аллақачон бу ёққа жой қилиб келишган, — дедим кулиб.
— Бу ёғинг — қаёқ? Шаҳар ҳовли-чи? Ўшоқларам бузилиб битди дегин?
Мен бош чайқадим:
— У ҳовлиларни Муҳаббат кеннойига ташлаб, ўз-лари бу ёқдан — Бешқайрағочдан жой қилиб келишган.
— Қурбақаободдан-а?
— Ҳа, ўша, ўзимиз билган — Бўзсувнинг нариги бетидаги жойдан, — дедим эслармикин дегандек юзига тикилиб (Ахир ўзи қаердан йўқолиб эди?! Ўша Бўзсувнинг нариги ёғидаги усти ёпиқ мошинга босиб олиб кетилганча — қаёққа ғойиб бўлибди?!) Устига-устак анув Солининг гапи ёдимда: кимдир қип-ялан-ғоч қилиб чечинтириб, камига қора балчиққа бўяб, толга боғлаб кетибдимиш. Осмондан тушган саллотлар эса, чечиб...
Қараб турибман: Олим акамнинг юзига бир нима жиндек соя ташлаб, жим қолди. Афтидан ўзининг ҳам ёдига ўшал шом, Аччи томонданми, қай гўрдан қиёмат аломати каби тошиб келган кўкимтир бир туман, уч қадам нарини ҳам кўриб бўлмас бир ҳол, поччанинг боғлари пастларидаги жойлар... тушиб, ғалати тортиб кетгандек эди.
— Борамиз, бораверамиз, — деди у ўзига келиб, — Ойпошша холамизни, у кишини кўрмаганимга ҳам ҳо-ов, қанча бўлди: бошлари осмонга етади, ахир.
Қани энди у кишини қора қилиб, кимни суриштириб бораётганимни айта олсам!.. Сўз ўз-ўзидан акамга бориб тақалган, шунча вақтдан бери сўрай олмаётган нарсаларимни сўрагим келардики... Акамнинг сўнгги хатидаги гаплардан оғиз очгим бор. Аммо... у бунга имкон ҳам бермас, ўзи бу мавзуга яқин ҳам келмасди. Четлаб қочарди нимагадир...
Ростдан ҳам у Султонмурод акамнинг эски ҳарифи, жазолашга жазолаб қўйиб, кейин узрини айтолмаган кишиси — Парпи бебахтни тирик кўрса, топиб борсак, қай аҳволга тушадикан? Унинг кейинги ишларини билса-чи, акамнинг аёли Маҳфуз кеннойимни деб Акмал ўрисга, унинг анув эркакшода жияни — бир сира кўтар-кўтар қилиниб довруғи чиққан сохта қаҳрамонга қилган ҳукмларини эшица-чи? Ақлига сиғдира олармикан: дунё шундай қурилганию Оллоҳ кимни ҳидоят этиб, кимни адашувда қолдириб юборишини?
— Оқтепадан айланиб борармиз, ҳойнаҳой? Кўпрук тушмагандур?
— Ўшоқдан-ўшоқдан. Бу ёқдан энди мўлжаллашяпти, — дедим мен. — Осма кўприклар расмдан чиқяпти энди.
— Семон чиқиб, бу ёғи осон бўб қолди-да, — деди у.
— Беш сўмга бир мошин бетон беради. Ҳар ёғочлар — сув текин.
— Шундай бўлмаса, бу қоракўз ўзбек қандай ҳовли-жой қила оларди, ҳарқалай ҳукумат ғамхўрлик қипти. Эски боғлари ўрнигаям.
Менинг эса, ич-ичимдан бир норозилик, унга қўшилиб бир ғашлик босиб келарди: жа олиҳимматлик қилиб юборишибди-да? Берган жойлари — биз йўқотган нарсаларнинг урвоғига тенг келармикан? Тонготарларда Изза чимзорларига тушиб, бир шаббохун уриб чиқишимга алишмасдим менга қолса! Қолаверса, тунда тўсатга тушишларимиз, бошқа вақт Бўзсувдан сават қараб юришларимиз-чи, тўйгунча чўмилишларимиз, у тепалардан бери келмасларимиз-чи? Қай бирини энди топа оламиз? Санай берса, адоғи борми у йўқотишларимизнинг? Қайси гуноҳимизга Xудо уни кўп кўрди десам, тўғрироқ бўларди...
Мен дарди-дунёмни акамга тўкмай қўя қолдим. У Султонмурод акаммидики, тушунса! Нима қилса ҳам шу ҳукуматга бўлишган — ўшаларнинг ёнини олади-да. Аравасига тушган қўшиғини айтмай нима қиларди? Биз эса, аламларимизни баъзан «рухсат этиладиган» танқидий чиқишларимизда олволамиз. Ундан берига мўмин-қобил бўлиб юришдан ўзга нима чорамиз бор? Давлат бамисли улкан осмон устуни: унга қараб (киши билмас) чирт эткизиб туфлаш мумкин, холос. Шунда ҳам бир четга... Ундан нарисига... қия бўлиб кетганингни ўзинг сезмай қоласан.
— Фақат сен йўлни айтиб, буриладиган жойларимизни кўрсатиб тур. Йўқса, адашиб кетамиз. Мен бу кўчаларга энди киришим, — деди Олим акам ахийри оқ уй — ола боргоҳ бўла бошлаган участка — ҳовлилардан, уларнинг кенг-кенг, машина сиғадиган дарбозаларию кўчага қараган пештоқларидан кўз узмай. — Орзу-ҳаваслари ёмонмас-ку, а?
— Ёмон эмас. Ўзбек ҳовли-жой билан тирик-да, дўмга алишармиди танчасини, — дедим кулиб.
— Қараб турасан, эллик йилга бориб дўмам мўдадан қолади. Биззи диёрларда тупроқ томли пахса уйлардан ўтаверсин. Ёзда салқин — қишда жон роҳати. Мен дунё кўриб келдим-ку, ҳеч бири бизнинг ота уйларга етмайди, — деди у қўл силкиб ва машина ойнасидан чапаниларча чирт этказиб тупуринди.
— Сизнинг гапингиз поччаникидан қолишмайди!— деб кулдим мен.— Ўзимиз нимадан бино бўпмиз — ҳадеб пахсали, сомон сувоқли, тупроқ томлардан қочамиз, дейдилар у киши ҳам.
— Зўр айтибдилар. Ўзлари ҳам шундай қурдиларми?
— Бўлмаса-чи.
— Қотирибдилар. Юз йил қилт этмай туради эски уйларига ўхшаб.
— Э, у шаҳардаги уйларми, Бобур замонидан қолган дейдилар-ку.
— Ана, мен нима дедим?! Оталаримиз бир нарсани билганларки, шундай қурганлар. Қари билганини пари билмас, деган гап кимдан қопти?
— Менам салга поччанинг олдиларига югураман, тоғам қолиб, — деб юбордиму тилимни тишладим. Сал қолса сирни очай депман.
— Нимага улар бу ёққа тушиб қолишди? Қаънғлига бораверишса, бўларди-ку? Ҳамма-ҳамма билан, почча тўпдан ажраганлари қизиқ бўпти.
— Олишга олиб, қуришга қуриб қўйиб, энди афсусланиб юришибди. Қолаверса, битта уларми? Ҳамма тўзиб кетди-ку зилзила туфайли.
— Тағинам Оллоҳ аябди, — деди Олим акам узоқдан келиб.
Мен унга ялт этиб қарадим. У сезди, лекин ўша-ўша йўлдан кўз узмай борарди.
— Нега ундай деяпсиз?
— Етти кечаю саккиз кундуз бўрон юборса, ёким остин-устун қилиб ташласа бу ерни... ким нима қила оларди? Ҳўв — бир даврлардагидек, Самуд, Од қавмлари устига келган балодек?... — деди мени ҳайратда қолдириб.
— Қайси... қандай гуноҳларимиз учун?
— Кейин тушунасан, ан-ча ўтиб, — деди Олим акам ўша-ўша — турқи ҳеч ўзгармай. Ўзи бир тушкун десам тушкун эмас, аллақандай камгап бир ҳолга тушиб. Мен уни ҳеч бу алпоз кўрмаган эдим. Тавба, ҳаёт уни шунчалар ўзгартириб ташлабдими? Кўравериб, у қозондан бу қозонга тушавериб, ким бўлиб қолибди? Ким айтади уни ҳукуматнинг одами, ишонган тоғи деб?
Бу орада янги тушган трамвайлар айланиб қайта-ётган жой — Бешқайрағоч деб аталмиш мавзега етиб бориб, гузардан ўтдик. Олим акам менга талмовсираб қаради:
— Шўтми? Қаёққа бурай?
— Юраверинг. Битта кўча ўтамиз, кейингисида.
Қайрилишдан ўтиб, Олчазор кўча билан сўритокли дарвоза олдига етиб борсак денг, Ҳизрни истасак бўларкан, эшикдан ҳассаларини қўлтиқларига қисганча, қўлларини арта-арта, почча чиқиб келаётирлар. Оёқларида ўша-ўша жун маҳси-калиш (почча заҳга йўқлар, салга ушлаб қолади «бой касаллари»), эгниларида кўк мовут чакмон, бошларида мош дўппи — қаёққадир отланганлар чоғи, мунисдан мунис, ҳалимдан ҳалим холам кузатиб чиқяптилар экан. Мени кўриб:
— Ана, айтмовдимми, Санобар. Ўнг кўзим учяпти деб. Қаранг, ким келяпти?! — деб ўша ёқданоқ қучоқларини очиб кела бошладилар. — Вой, холанг айлансун, нечук-нечук, қаёқдан кун чиқиб? Сизларниям кўрадиган кун боракан-ку.
Мен салом бериб, елкамни тутиб бордим.
— Орқангдаги ким, Мақсудхўжа? Кимни бошлаб келяпсан? Қош-кўзидан — ўзимизни уруғдан шекилли? Олимми? Эшонпоччамни кенжаларими, адашмасам? — дедилар почча мен билан ҳали сўрашишга улгурмай.
Олим акам қўшқўллаб тавоф қилгудек тезлаб келди-да, қўлларини олди:
— Мен-мен, почча. Олимман, танидиз-а, тавба.
— Самбитдай эдинг, чинордек тўлишиб, оқ теракдек бўй чўзибсан. Нега танимай, кўзинг айтиб турибди. Одамнинг ҳаммаёғи ўзгарса-да, кўзи ўзгармайди, валлоҳи аълам, — дедилар у киши. Кейин қўл олишга қониқмай бағриларига тортдилар, — Оҳ-оҳ, бўйларингдан, бўйларингам ўз жигаримиз эканингни айтиб турибди. Бормисан? Акангга ўхшаб сенам соғинтириб, бедарак кетдинг? Келаркансан-ку. Зора қадамларинг қутлуғ келиб, Султонмуродни йўллари ҳам очила қолса, — деб алқай кетдилар.
Бу ёқда холам шошиб қолдилар:
— Вой, айтибам қўймабсан, Мақсудхўжа. Кимни кўряпман! «Раҳматли опамнинг ёдгоргиналари-ку! Кенжа тойлоққиналари! Ислом тоғасининг ўзгинаси бўпти-ку. Кел, болам, чинордек бўйларингдан ўзим ўргилай. Чироқ ёқувчи бўлиб келганинг рост бўлсин, худой, — деб ялаб-юлқай кетдилар.
Почча ҳассани бир-бир ташлаб, қайта бошладилар.
— Қани, кела қолинглар. Ҳой, келинпошша, ўша анжирни тагига жой қила қолинг, жиянлар кепқопти, бизни йўқлагувчилар кепқопти, — деб шу ерданоқ ичкарига овоз бердилар.
Биз у кишини йўлдан қайтарганимиздан хижолат бўлиб, тайсаллашга, бу аҳддан қайтаришга тушдик:
— Почча, бизнинг иш шошқичмас, майли. Сиз йўлдан қолманг, биз кутатурамиз. — Биз у кишини масжидга чиқаётган фаҳмлаган эдик.
Аммо у киши уришиб бердилар:
— Майлиси нимаси? Фариштаси бор жойга меҳмон келади. Ҳамманикига ҳам келсин-чи! Юр-юр. Андишаларингни йиғиштир.
Олим акам ўртага тушди:
— Машинали жой бўлса, оббориб кела қолай.
— Гапни калта қил-да, юравер. Жилла қурса, фотиҳа қилайлик. Арвоҳлар ҳаққига тиловот этиб, савоб йўллайлик. Бориш қочмайди.
У кишига холам қўшилдилар.
— Поччангни энди қайтаролмайсизлар, кираверинг-лар.
Анжир таги деганлари ҳовли бўлиб, шапалоқдек-шапалоқдек барг ёзган анжирлари энди бўй чўзиб келаётган, уйнинг сояси ҳам ўша ерга етиб қолган, пастак ёғоч каравот қўйилган сариштагина жой экан. Уч ёғига калта-калта кўрпачалар ёзилган, ўртада бир қулочгина хонтахта турибди. Бирам саришта, файзлики, бунақасини бошқа бирон ердан топиш амри маҳол. Биз жойлашишимиз ила оқ дастурхон ёзилиб, яп-янги сочиқлар қўйилди. Почча дуога қул очдилар. У киши кўзларини юмиб олиб, ўтганларни хотирлаб, дуо қиляптилару қайдандир аллақандай ифорли ҳид таралиб, менинг ақлу ҳушимни ўғирлаб боряпти. Йўқ, оҳорли дастурхон ҳидимас. У боя — ёзилган чоғидаёқ гуркираган эди. Бу бўлакча, бўлади-ку, нимтатир бир муаттар ҳид — ўшанақа эди. Xудди чопиб-улоқиб боратуриб, анжир тагидан энгашиб ўтиб кетгандагидақа, унинг баргларига урилсангизоқ ўша ерингиздан неча вақтгача гуркираб келиб турадиган ҳид. Ойим уни жаннат иси дейдилар. Ўзи ҳам жаннатдан тушган дарахтмиш-да.
Ўртада бир пиёла чой айланиб-айланмай (унга- ча почча бир дунёнинг нарсасини сўраб ташладилар, сўнг чўзиб), хў-ўш деганча гапнинг индаллосига кўчдилар.
— Xў-ўш, очиғини айцам, мен буларга бир нарсани илиниб турибман, Санобар, — дедилар у киши.
Биз тушуниб-тушунмай бир-биримизга алангладик.
— Гапни жа узоқдан бошлайсиз-да, Санобар. Опкирдизми, энди хап ўтиринг. Келин қозонга уннаяп-ти. Буларам ҳар куни кеб юрибдими? Борасиз-да ўша... — дедилар холам қўл силкиб.
Энди биз гап нимадалигини тушуниб қолиб, поччанинг ёнларига кириб, от қўшишдик:
— Биздан ҳеч хижолат чекманг, ўз уйимиздек гап. Обориб қўйиш бўлса, ташлабам келамиз.
Почча унамадилар:
— Йўқ-йўқ, гапимга чучунмандинглар. Мен ўша жойга Сизларнинг ҳам насибангиз қўшилганмикан, деб турибман. Кейин: заб борибмизми, Xудо етказибди-да, деб юрасизлар.
— Унда, кетдик, нимага қараб турибмиз? — деди Олим акам қўзғола бошлаб.
— Бошланг, ҳамонки, илинибсиз, — дедим мен қўлимни очиб.
У киши дастурхонга енгил фотиҳа қиларканлар, холам бай-байлаб қолдилар:
— Фақат, борасизлару қайтасизлар. Ўшанақаси жавоб берворсангиз кўрасиз-а, Санобар?
— Ўлибман-да жуда!— дедилар у киши қўзғола-ётиб.
— Қайтамиз-қайтамиз. Қайтмай қаёққа борамиз,— деб ваъда бердик биз.
Почча менга жилмайиб, сирли-сирли қараб қўярдилар-у, қаёққа боряпмиз, нимани илиндилар — айта қолмасдилар. Ё бўлмаса, акамдан яширсалар, менга шипшиб қўймасдилар. У кишининг шунақа ичдан пишган қувликлари бор. Охири хурсанд бўладиган беозор шумлик десаям бўлавуради. Ҳозир бизни ана шундай «авраб» бир ёққа бошлаб кетаётган эдилар. Қаёққа — топиб ол!
Борадиган еримиз узоқдамаскан, трамвай йўлидан ўтиб, иккита кўча нарига бурилдикми-йўқми, етибмиз.
Дарвозахонасининг олдига том баравар қилиб, темир ишком ясатган, ишком бағазларию белбоғларини бир хил кумушрангга бўятган (аммо токи ҳали ўтказиб улгурилмаган) оқ уй — ола боргоҳ участка олдида устол-устул, кутиб олувчилар кўринарди. Бола-бақра йўқлигидан тўй эмас, эҳсон шекилли.
— Ана шўтга мукаллифмиз, Xудо хоҳласа, — дедилар почча ва (қаердан шамол тегибди?!) кафтлари билан қайтармоқчидек тўсиб, чучкириб қўйдилар — «Ярҳакамуллоҳ» — дея тушишга урина бошлаб эдилар, мен ғирот эшигини очиб, қўлтиқларидан олишга шошилдим.
У киши суяклари йўғон, илгариги замоннинг одамларидек басавлат эдилар. Кўк мовут чакмонлари сал мўлроқ тикилганми, у кишини унданам савлатли кўрсатарди.
Мен-ку тирсакларидан тутиб бораяпман, нотаниш жой — Олим акам қовушолмай орқада қола бошлаб эди, почча танбеҳнамо қараб қистадилар:
— Юр, юр, нега имиллайсан? Уялма, сени куёв қилмайдилар. У ёшдан ўтгансан.— Сўнг у ёқдагиларга эшитдирмай тайинладилар. — Мени қора тортиб, кириб боравуринглар, кейин хурсанд бўласизлар.— Икки қадам юриб, яна қўшиб қўйдилар.— Агар мени ичкарига қистаб қолишса, бирон ерга жойлашишни кўзлайверинглар. Бегонасираб юрманглар. Қаерга кеб қолганларингизни ҳали биласизлар. Бир ҳайрон қолинг-лар.
Ана, холос. Ҳаммадан куцам ҳам поччадан кутмовдим, қандай қувлик ё шумликни бошлабдилар экан, ҳеч тагига етолмасдим. Аксига юриб, биронта таниш одам кўринмайди. Тўғрироғи, ҳаммасининг истараси иссиқ, юзи таниш-ку, фалончи, деб айтолмаяпман.
Бу орада улар тавозела «келинг-келинг»лаб қолишди. Ким салом берди. Ким йўл бошлади. Йўлакдаги хизматчилар гурра қўзғолишиб, ассаломга шошилишди. Бу ҳаммаси поччанинг ҳурматларига эди. Мен эса кўпчиликнинг салобати босиб, бирорталарининг юзига тайинли қаролмайман. Олим акам ҳам қўли кўксида, «айтилмаган жойга — йўнилмаган таёқдек» ҳеч қовушолмай, туртиниб-суртиниб кириб келяпти. Ҳаммага бир салом бериб, тавозе қилаётгандек-у, таниса ўлсин агар.
— Эй-й, келсинлар, мутавалли, келсинлар. Айвонга олинглар, айвонга, — деб қолишди одам олиб турган ишбошилар.
Бирпасда кимлардир келиб, икки қўлтиқларига кириб, у кишини калишлар расамади билан тўғрилаб-терилган зинапоядан олди ойнаванд пешайвонга олиб кириб кетдилар. Улар кириб боришган сари бу ёқдагилар истиқболларига туриб жой бўшатишар, қўлтиқларидан олган кишилар эса, қўярда-қўймай тўрга — саллалию рангоранг чакмонли қариялар ўтирган жойга етаклашар эди. Бунга сари почча:
— Ҳой, азизлар, ҳой-ҳой-ҳой, бу нима қилганлариз? Ҳаммани безовта этиб? Ҳамма жой — бир жой-да, — деб оёқ тирардилар, хижолат тортардилар. У ёқдагилар ҳам чақириб қўйишмас:
— Опкелинг мутаваллини, жойларини билиб ўтирсинлар, — деб кулишарди.
Сўнг ўтириб, дуо қилиб тинчишди ва тавозула секин-секин сўраша кетишди. Ёғ тушса ялагудек ҳовлидаги сўрилар тагига ҳам жой қилиб юборишган экан, бизни ҳам ўша тўпга қўшиб ўтказишди. Мен-ку ҳали ҳеч кимни таниб улгурганимча йўқ, фақат зинанинг тагидаги антиқа шол аравачадан кўзимни узолмай турибман. Эгасини қаерга жойлаштиришибди, у бўм-бўш эди. Бу орада рўпарамизда ўтирган — бир кўзига оқ тушган, чечак юзли одам кутилмаганда Олим акамни таниб:
— Ия, Осмон, ўзингмисан? Вой тикка ташлар-е, боракансан-ку! — деб қолди.
Буям таниди:
— Исроил, санмисан? Шатда турасизларми? Уни қа-ра-я, — деб иккалалари ўтирган ерларида кафтларини қўшқўллаб чангаллаб, кўриша кетдилар. Ўрниларидан туриб қучоқлаша кетишга истиҳола қилиб, бир-бирларининг қўлларини қўйиб юборишмас, пешоналарини пешоналарига тирагудек мункайиб олган эдилар.
— Кўришган жойимизни қара-я, — деди чакич юз ҳайратланиб. У ўзича овозини пастлатган-у, лекин шанғиллаб кетаётганидан, яқин-атрофдагилар лаганда уюб-уюб тарқатилаётган пармуда сомсаларни ўзларига олиб, бошқаларга узатишганча, буларга аланглар эдилар.
— Минг йил бўлди-ёв? — деди Олим акам ҳам, унинг ҳайрати бунга ҳам юққан-қўйган эди. — Вой, сени-ей, ғирром-ей, —дерди овозини пастлатиб, аллақайси воқеаларга шама қилиб.
— Ўзинг-чи, қаёққа гум бўлиб кетувдинг? Қамалиб-самалиб кетмовмидинг? Узоқ кетдинг жуда?
Акам эса:
— Кўриб турибсан-ку, бус-бутунман. Ўтирган одамга ўхшайманми?— деб куларди.
Чакич юз (мен уни танимайроқ туриб эдим, эсладим: сутчиларни олиб, Бешоғочга қатнайдиган юк машина шофёри эди). «Вой, сан-ей, вой, хувариларнинг боши-ей», деб туриб, бошини яна ҳам пастлатганча акамга шивирлаб қолди:
— Сен уларни, анув чопиб хизмат қиб юрганларни танивоцанми? Қўй оғзидан чўп олмаган «покиза»ларни? Яхшилаб қара-я.
Олим акам ким чой ташиб, ким пармуда сомса тарқатиб юрган бир хилда хушбичим мовут чакмонли кишиларга — ёшлари ҳам қирққа бориб-бормаган йигитларнинг юзларига бир-бир тикиларкан, ажабланганини яширолмади.
— Чинданам «покиза»лар-ку.
— Ҳа, ҳа, Парпи бебахтнинг йигитлари. Энди сўфи бўлиб қолишганини кўрсанг. Xудди эртаклардагидек, бир думалаб беозор мусичага айланиб қолишибди, қара. Биззи окаям ўшаларда вазир.
— Тушунмадим, — деди акам кўзларини пирпиратиб. — Қанақа вазир?
Менинг эса ичим қуриб, гумириб боряпти: наҳотки, бу ўша бебахтнинг иши? Унинг хонадони, дейман. Кўзимни зинанинг тагидаги шоларавачадан узолмайман. Ўзи қаерда экан? Аланглаб тополмайман.
— Ўнг қўл вазир — ишбоши-да, нимасини тушунмайсан, — деди у.
— Ҳов, Исроил, деворниям қулоғи бор-а, нақ товбангга таянибам қутулолмайсан кейин, — деб орқадан кимдир шипшиди.
— Менам кечаги гапдан гапиряпман, бугун демаяпман-ку, — деди чечакюз оёғи остига тупуриниб.
Орқа қатордан яна кимдир гап қўшди:
— Кечаги гап — кечаги. Исломда жоҳилиятдаги гаплар эсланилмайди.
Исроил ака лабини жийириб, кинояли бош ирғади:
— Сеники «маъқул», опқочоғич. — Сўнг тўнғиллаб қўйди, — бир гапдан қолсам, ўламанми!
Унинг бегидирлигига ҳам, чапани-шанғилигига ҳам тараф йўқ эди. Ҳозир бор-йўғи акамни учратиб қолганидану унга қай товкада ўтирганини тушунтириб қўяётганидан боши осмонда эди, холос.
Бизнинг қатордагиларга ҳам пармуда сомса тортилиб, ҳамма нафси билан овора бўлиб қолди. Чиндан у таъми оғизда қоладиган қилиб, думба-ёғ солиб ёпилган, зира-мурчи тобида эди. Мен уни Марғилонда тайёрлаб, нозик меҳмонларга тортишларини кўрган эдим. Бизда ҳам расм бўпти.
Сўнг қўлма-қўл пешайвондагиларга косада бир нима тортила бошланди. Кейин билсам, косанинг тагида ярим чўмичгина нуқул важудан иборат манпар экан. Умрим бино бўлиб, шунча мухбирликларда юриб, бунақа шоҳона зиёфатга энди тушишим эди. Жиндек-жиндек, лекин ичиб кўрсанг бу дунёнинг таомимас, асал бўп кетган. Ошпазларнинг ҳам зўрини чақиртиришган экан-да.
Ким буларнинг расамадини тузган, ким бошқариб турибди, ҳеч тагига етолмасдим.
Ниҳоят косалар олиниб, жой-ростонига етказилиб, пешайвондаги деразанинг бир тавақаси очиб қўйилди. Чоллар иссиқлаб, ҳаво етмай қолдими, деб ўйловдим, йўқ, микрофон қиртиллаб ичкаридаги қарияларнинг ғовур-ғувури бизга-да эшитила бошлади.
— Тўрамдан икки оғиз эшитайлиг-а, соғиниб қолдик-ку, нимага йиғилганмиз,— деган такаллуф сўзлар бўлиб ўтиб, кимдир юмшоқ йўталиб, бошқаси томоқ қирди.
Атрофдан:
— Жим. Тинғлайлуқ, биродарлар, — деган сўзлар юриниб қолди. Одамлар бир-бировларини тартибга чорлар эдилар.
Бир хилда майсаранг мовут чакмон кийган хизматчилар-да кўринмай қолдилар. Афтидан улар ҳам қай бир чеккага ўтиб, бояги неъматлардан татинар эдилар. Ё маърузани тинглагани ўтирдилармикан — билолмадим.
— Муҳтарам жамоа! Узоқ-яқинидан бу қутлуғ хонадон эгасини иззатлаб, қадам ранжида қилган азизлар! Ўзбекнинг нимаси кўп — тўйи-тўйчиғи, меҳмон кутиши кўп. Локин шулар ичида улуғи эҳсондур, савоб умидида дастурхон ёзмоқдур. Бу хонадон султони ҳам шул умидда бизни чорлабдурлар, олдимизга дастурхон ёзиб, тансуқ-тансуқ неъматлар ҳозирлабдурлар. Ҳидоятга тушиб, унинг шукронасини унутмаган мўминнинг одати шундай: фарзанд кўрса, шукронасига ақиқа қилгай. Янги ҳовлига кўчиб кирса, шукронасига эҳсон дастурхони ёзгай. Муҳими ният, сабаблар топилавергай. Мана бугун ҳам биз эски диёрларию ота ҳовлиларини ташлаб келолмай ўтирган биродаримизнинг ниҳоят янги диёрга розилик беришлари ила янги хонадон эшиги очилиши шарафига бу ерга йиғилиб турибмиз.
Мен бу ерга келатуриб ўтмиш замондошларимиз ичида ўтган энг буюкларидан икки инсон билан бўлган икки воқеани хотирладим. Бири пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан кечмишдур, яна бири улуғ амиримиз Амир Темур жаноблари билан кечмишдур. Мен шу икки ибратлуғ ҳодисани сизларга илингум келди.
Сўзлагувчи ичкаридайди. Пешайвон ойнаванд бўл-са-да, ромларга бўлинган, ўртасидаги устунлар тўрдагиларни кўришга қўймас, қолаверса, қаёқ тўр, қаёқ паст ажратиб бўлмас, биз сал узоқроққа тушиб қолган эдик. Аммо ширин лафзи қай бир ёқлиларникига ўхшаб кетиб қолишидан мен бу кишининг нутқини қачондир эшитгандек бўлаверар эдим. Қулоғимгами, юрагимгами таниш эди, қисқаси.
Шу тоб Олим акам энгашиб, қулоғимга шивирлади:
— Маршал ҳазратлари-ку. Танидингми, пакана пари?
— Ким? — Мен ҳайратланиб, ялт этиб қарадим.
— Тўрам ҳазратлари-да. У ёқда номларини эшицалароқ тикка турадилар, — деди у бош ирғаб.
— Қаёқда-қаёқда?— дедим дабдурустдан англамай.
— Қаёқда бўларди, — деди у мен томон энгашиб ва шивирлаб, — Оталаримиз қолган, ўзимиз қанча вақт юрган ёқда-да.
— Тушундим, — дедим ичим, юрагимнинг нозик бир, ингичка ерлари титраб кела бошлаб.
— Ҳой, йигитлар, эшитинглар, — деб бир киши қараб қўйди.
Мен узр дея қўлимни кўксимга босдим. Ўзим эса, ҳайратдаман: воҳ, уни қара-я, почча шуни илинган эканларми, сир тутган эканларми?! Биз томонларда Ҳозиқ тўрам деб шуҳрат топган киши давом этар, мен Маҳфуз кеннойимга туркона дори истаб борганларим ёдимга тушиб кетган эди.
— Расулуллоҳ соллаллоҳи алайҳи вассаллам Маккани фатҳ этиб кириб келишларида тўққиз кишини кўрган ва тутган ерда ўлдиришга буюрган эдилар. Улар илгари Расулуллоҳга энг қаттиқ душман бўлиб чиққан ва озорлар берган дин душманлари эди. Шуларнинг энг қаттоли Абу Жаҳл эди. У Бадр жангида ўлдирилгач, ўғли Икрима ислом қонини ичишга қасам ичган эди. Шунинг учун «уни қаерда кўрсангиз ўлдиринг» деб буйруқ берган эдилар...
Ҳозиқ тўра чиройли ҳикоя бошлаган эдилар, ҳамма нафас ютмай у кишини тинглар, сўларининг мағзини ҳар ким тушунганича чақиб олмоқда эди. Мен эсам, нимага бу ҳикоятдан тушдилар — англай олмай турибман. Нимага менгзаётирлар — тушунгандайман-у, уқиб олишим қийин бўляпти.
— Локин Маккани фатҳ этиб, ҳарамга кириб, Оллоҳнинг уйида икки ракат намоз ўқиб чиққач, у зот ўзгариб қолдилар. Зотан бутун оламларга раҳмат олиб келаётган зот душманларига ҳам илтифот кўрсатадурган бир ҳолга тушган эдилар. Ана шунда у зотнинг олдиларига Икриманинг хотини Умму Ҳаким келиб:
— Ё Расулуллоҳ, сиздан яхшилик сўраб келган бирорта одамни қуруқ қайтармадингиз. Мени ҳам қуруқ қайтармаслигингизга ишониб, эримга омонлик сўраб келдим. Яна қочиб юриб, ўзини ҳалок қилиб қўймасин, ё Расулуллоҳ, — деди.
Анда ул зот:
— Агар уни қайтариб келар бўлсанг, яхшилик қилурмиз, — дедилар. Соллалоҳу алайҳи васаллам.
У кишининг шу сўзларига ишониб, Умму Ҳаким эрини Яманга жўнаётган кемадан қайтариб келди. Абу Қубайс тоғи ўрнидан кўчса кўчарки, Муҳаммад сўзидан қайтмас, деб қайтариб келди.
Чиндан ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам узрини қабул қилиб, ридоларини оёғи остига ёздилар ва:
— Эй бор Xудоё, Икриманинг душманчилик билан қилган ишларини, мени ҳақимда айтган сўзларининг гуноҳларини кечиргил, — деб дуо қилдилар. Соллаллоҳу алайҳи васаллам. Дарҳол у шаҳодат айтиб, иймонга мушарраф бўлди.
Ажабки, илгари уруш майдонида Икрима бир саҳобани ўлдириб қўйган, буни кўриб Расулуллоҳ кулган эдилар ва:
— Бу икковининг жаннатда бир ўринда ўлтирганларини кўрдим. Бу ерда эрса, бир-бирларини ўлдирмоқдалар — шундан кулдим, — деб башорат берган эрдилар. Қарангки, Абу Бакр Сиддиқ халифалик замонларида шу башорат юзага чиқди. Ҳазрат Икрима Шом ғазотига чиқиб, шаҳодат топдилар. Розияллоҳу анҳу.
Худди шунга ўхшашроқ воқеа Амир Темур замонларида ҳам содир бўлмиш экан. Бир куни Озарбойжонда ҳукмронлик қилаётган Мироншоҳнинг хотини Суюнчбека қайнотаси ҳузурига эридан шикоят этиб, кўзёш қилиб келадир. Яъниким у киши давлат ва раийят ишларини унутиб, кайфи сафо, базми жамшидларга берилиб кетмиш. Бундан ортиқ даражада ғазабланган соҳибқирон лашкар тортиб сафарга чиқади. Уни эшитган Мироншоҳ надиму улфатлари билан Табризга қочиб яширинади. Лекин амир уларни тутиб келтириб, ўғлини халқ ўртасида эллик дарра урдиради ва йўлдан оздирган тўрт кишини ўлимга маҳкум этади.
Уч айбдор — мавлоно Кўҳистоний, Қутбиддин Коший ва ҳам Абдулмўмин Гўяндийлар ўша куниёқ Қазвин дарвозасида дорга осиладилар.
Аммо ҳофиз Абдулқодир Мароғий Бағдодга қочиб улгуради. Соҳибқирон уни борган еридан тутиб келтиришга буюрадилар ва Бағдодга қўшин кириб боради. Ҳофиз эса у ердан Мисрга қочади. Аммо осмон узоқ, ер қаттиқ, уни ўша Мисрдан-да тутиб келтирадилар. Кўксарой олдидаги майдонга дор тикилиб, ҳукм ижро этилишга киришилади.
Гуноҳкор ҳофиз ўлими олдидан икки ракат намоз ўтаб бўлгач, вакиллар орқали буюк амирдан Қуръон ҳурмати бир пора Қуръон тиловат этишга рухсат сўрайди. Темур осий банданинг бу тилагига ҳам розилик беради.
Ва меҳрибон ҳамда раҳмли Оллоҳ номи билан Таборак сурасини тўлғониб тиловат эта бошлайди. Ҳо-физ қори эди. Аёнки, ўлими олдидан сўнгги бора таборакни ёд ўқимоқда, бундан сўнг унга Оллоҳга мурожату муножот этмак насиб қилмас, шундан-да, тўлиб, йиғлаб ўқимакда эди. Гўё сўнгги нафаслари Оллоҳнинг каломи ила қоришиб, учиб кетмагига ишонган куйи ўқир эди. Бунинг-да чеки-чегараси борлигини гўё унутгандай эди. Руҳи ўша калом оҳангларига қўшилиб эриб, учиб кета қолса яхшироқ эди унга. Бу унинг тавбаси эди.
Аммо ҳар нарсанинг туганчи — тугамоғи бор. Калом «би маим-маъин»да узулди. Сўнг «субҳона раббика роббил иззати амма ясифун ва саломун алал мурсалин, валҳамдулиллоҳи роббил аламин» билан тугади. Ҳамма юзига фотиҳа тортди ва табиийки, бутун ёшлиғ кўзлар амирга тикилган эдилар. Соҳибқирон-да эриб битган, унинг-да кўзлари ёшлиғ эди. Кўнглидаги ўтлиғ қаҳрдан эса асар қолмаган — бир улуғ қўл уни сидириб олиб ташлагандек эди.
Ногоҳ у ўрнидан туриб, пастга — қатлгоҳ томон юрди. Ва маҳбус тепасинга келиб, тиз чўкканча ўлтирган ҳофизнинг қўлтиғидан кўтардию бағрига босди. Сўнг титроқ қўлларила ёнидан оқ рўмолча олиб силкиркан, жаллодга кетинг ишорасини берди.
Шундан сўнг бизнинг диёрларда тавбадан сўнг мўминнинг ўтмиш-кечмиш гуноҳлардан тил очмак, юзига солмак — урфдан чиқиб, ҳидоятдан сўзлаш — суннат бўлди. Розияллоҳу анху...
Бундай қарасам, ҳовли чеккаси билан битта бўлиб, бояги мовут чакмонли хизматчи йигитлар бир сафга тизилишган, худди Ҳозиқ тўрамнинг охирги сўзлари гўё уларга тегишлидай ўзлари ним таъзимда турар эдилар.
Сўнг кимнингдир ишораси билан улар қўзғолишиб, чойлар янгиланиб, пахта гулли косаларда икки донагинадан (устида жиндек қатиғи, мурчи, кўкати билан) манти тортила бошланди. Эҳсон-зиёфат давом этарди. Сўнг тиловат билан ҳамма тура бошлади. Ана шундагина шоларавачанинг эгасини кўрдим. Уни икки йигит тагидан қўл ўтказишиб, тўй боладек ичкаридан кўтариб чиқиб келишар эди. Қарангки, бу ўша — ўзим билган ва вақт ўтиб муштдек бўлиб қолган Парпи эди. У ҳам бошқа йигитлари каби оқ иштон-оқ кўйлакдаю устидан мўъжаз кўк мовут чакмон кийдирилган, ўсмир боланикидек бир бурда юзидан оқ-сарғиш бир нур, бир оқлик таралар эди.
Борлиқ-йўқлиқ асносида турарканман, қулоғим остида биров ҳайратланиб шивирлади:
— Акамни номидан иш кўриб келаётган шуми экан, пакана пари?
Мен чўчиб ўгирилиб, Олим акамни кўрдим. Ва маъноли қилиб:
— Кўриб турибсиз-ку, — дедим.

Жазо, Рижо Ва Ҳидоят
Биз ичкаридагилардан илгарироқ чиқиб, дарвоза тагида қўл қовуштириб турар эдик. Бундай йиғинларнинг ҳам ўз одобию ҳикмати бор экан. Қолаверса, ўзбек шу мулозимати, узоқ-яқиндан келганлар билан кўришиб-омонлашиши, икки оғиз ҳол-аҳвол сўрашиб, бир-бирига самимиятини изҳор этиши билан ҳам ўзбек экан. Xудди шунақа пайтда жиянлар тоғаларини тавоф этиб, сиҳат-саломатликларини сўрайдилар. Амакиваччалар, холаваччалар юз кўришадилар, яқинларини суриштирадилар. Кичиклар ўз ҳурматларини изҳор эцалар, қариялар дуо қилишади. Шу он, шу дақиқада бутун тириклик, дунёнинг зийнати шундан иборатдек кўриниб кетади одамга. Яхшиям ўзбекнинг тўй-хашами, ақиқаю эҳсони бор. Дунё ташвишларидан ортмай юрганлар, манави зилзила муносабати билан узоқ-яқинга жой қилиб кўчиб кетганлар, шу баҳона йиғиладилар, дийдор кўришадилар, ҳол-аҳвол сўрашадилар. Келолмаган қарияларнинг омонат саломлари, дуою тилакларини етказадилар. Чиндан шу халққа мансублигингдан, оқибатни, қариндош-уруғдан хабар олишни унутиб қўймаганингдан (албатта, силаи раҳм қилиб турганга, вақтида келиб, қарияларнинг дуосини олганга нима ецин!) ичингда бир ғурур ту-йиб кетасан. Оллоҳ сени шу тоифадан этганига (анув ота-онасини ташлаб, бегона юртларга тентираб кетавурадиганлар тоифасидан қилмаганига!) шукроналар айтасан.
Ҳаммаси шунақа пайтда — таниш-билишлар учрашиб, кўз кўзга тушиб, меҳр жилва қилганда билинаркан. Биз ҳозир ана шу ҳолатда ичкаридан чиқаётганларга интиқиб турардик. Акам ҳам, мен ҳам.
Бизга бу йиғин-машваратни илинган Нусрат поччанинг ўзлари ҳали кўринмасдилар. Афтидан, у киши айвондаги домла-имомлар билан сўрашиб, бир-бирларини зиёрат қилишаётир, унгача бу ёқдагилар тизилишиб, ичкаридан чиқадиган азизларни кутиб туришар, ҳеч ким жилишни ўйламас эди. Бояги амри-маъруфнинг таърифини тилдан қўймай, ўша суҳандон киши — Ҳозиқ тўрамни иштиёқмандлик ила кутишмоқда эди.
Мен Олим акамга зимдан назар ташлаб-ташлаб қўймоқдаман. Уни ҳали Исроил таксачидан бўлак биров таниб улгурганича йўқ. (Ахир у шаҳарга милиса ўқишига кириб, уни битирар-битирмас даб бўлиб кетганича, ҳамма ҳар қаёққа кўчиб, қанча сувлар оқиб ўтиб кетди!) Таниб қолишса — бирпасда шовур-шувур қўпиб, ким Эшон буванинг ҳурматлари, ким Султонмурод акамни иззати ҳаққи келиб кўриша кетар эди-ку. Фақат танимай туришибди. Ўзи эса, ҳар битта таниш чеҳрага — яккабоғлигу каттабоғликка ютоқиб-интиқиб, бир олам хотиротларга берилиб тикилади-ю, фақат бориб сўрашишга, ўзини танитишга ийманиб турибди. Ёнидаги чапанисифат, япасқи юз Исроил ака эса оғзида носи, ғўлдираганча унга аллакимларни таништириб, алланималарни эсига солмоққа тушган эди. Акам уни англайвермагач, ахийри носини ташлаб, қулоғига ёпишиб борди-да, тушунтирмоққа бошлади.
— Кўряпсанми, товкасидагиларни? Мулла бўп олишибди. Сатта том тешаману бўхча ўғирлайманлар. Яна тўн ярашганини кўр, — дерди у.
— Xудо инсоф бераман деса шу-да, — деди акам.
— Қатта! — деди Исроил ака қўл силтаб, — ўзларига қолса эртагаёқ ўша кўчага бурилиб кетишади. Фақат бу қўймай турибди-да.
— Ўша ўзимизнинг Парпи-я? Товка боши-я?
— Ҳў, сен уни нима деяпсан? Яримталигига ишонма! Ўнта бутунни қочиради. Албатта сўз билан, илми билан. Биз уни ўтириб қолди, десак, ўзини илмга урган экан. Шайхим қори акага ўхшаган ҳов анувнақа домлалар билан улфат бўлволиб. Эшитдинг-ку, бугун биттасини. Қалай, ёқдими?
— Ёққанда-чи!
— Булар шунаққиб эгиб олди-да, сатта қашқата-ёқларни, қамоқ ҳам тузатолмасларни. Энди сўзидан чиқсин-чи!..
Ва шу маҳал дарвозахонада «Сиз ўтинг-сиз ўтинг»-лаб домлалар кўринишди. Улар нурли қариб, кичкина тортган ва ҳам сал мункиллаб асо тутган, устига устак ўзига хўб ярашиб ўтиришган майсаранг мовут чакмон кийган киши ортидан эргашиб келар эдилар. Мен у кишини текис бодом қовоқларидану юмшоқ мулойим назарларидан бир қарашдаёқ таниган эдим. Кенно-йимга табиб излаб бориб... кимни кўрибман?! Шу киши эди-да! Фақат унда сал тикроқ, дадилроқ кўриниб эдилар. Қолаверса, Тангритоғдан келган табиб деб таништиришиб эди. Xудди шу одам берган бир ўрам туркана дори Маҳфуз кеннойимга малҳам бўлган, ўша билан оёғи кесилмай қолган эди. Бугун эса мен тамомила бўлак манзаранинг шоҳиди бўлаётган эдим. У кишини катта уламо сифатида кутиб олиб, кузатишмоқда эди. Бу орада улар дарвоза тагига чиқиб қолишган, у кишининг ҳурматларига ҳамма тизилиб қўл қовуштирган эди. Ҳамма у кишини тавоф этиб кўришиб қолгиси келади-ю, лекин ҳеч ким бориб қўлларини олишга ботина олмасди.
Ва ниҳоят у киши жамоатнинг бу истаги, бу хоҳишини сезиб қолдиларми, ўзлари ўша икки ёнда тизилишганларга таъзим қилиб, гўё салом бериб, алик олиб кела бошладилар-у, сўнгги дақиқада эшик тагида чўлоқ- аравачаси ила кузатувчилар қаторидан жой олган уй эгасини кўриб, ўша томон юрдилар ва бориб ўша мовут чакмонда нур тўкиб ўтирган яримта одам — Парпи бебахтни авайлаб қучиб, юзларини юзларига суйкаб, куракларини силай бошладилар. Ўзлари эса бисотларидаги энг ширин-шакар сўзлар ила уни алқар, алқаб дуо қилар, чиройли умру чиройли охират тилар эдилар.
Сўнг ўша атрофдаги яқинлар билан кўришарканлар, эргашганлардан кимдир у кишини уринтиргиси келмайми, қўлини очиб:
— Тақсир ҳазратлари, жамоат ҳақига, янги хонадон соҳиби бўлмиш укамиз ҳақига дуо қилинг, — деб қолди.
Ҳамма шовуллаб қўл очди. У киши ҳам турган ерларида тўхтаб, асоларини билакларига солганча, дуога қўл очдилар.
— Эй, бор Xудоё, илоҳа иловандо мўминларга ана шундай сабру жамиил бергин, то тирик эканмиз, ватанларидан бошқа жудо қилмагил, оғир, машаққатли синовларингга ташламагил. Доим раҳм-шафқат қилгил, ўз илму раббонийингдан бенасиб этмагил. Қўзғотмагил, тўзғитмагил, сарсон-саргардон этмагил бу умматингни. Ўзингга тоатда, ибодатда қилгил. Чиройли, ўзингга хуш келадурган амалларга мушарраф этгил. Ҳидоятингга бошлабсан, қайтиб ўзингдан бегона қилмагил. Адаштирмагил ҳеч. Шу жамоатда қўл очиб турганларни ўзларию зурриёдларию улардан кейин келадургонларни ҳам ўзингга суюкли умматдан қилгил. Ўзингдан ўзгани демайдиганлардан қилгил. Бу хонадон соҳибини ҳам ҳидоятингга олибсан, чиройлув амалларини бардавом этувига эриштиргил. Ҳасбияллоҳу ва неъмал вакил деган бу бандангни ўзинг қўллаб, унга қатишиб келган ҳар бир инсонни азизу мукаррам этгайсан. Уларни Ўзингнинг адлу адолатингга топширдик, ҳамиша қўлларини баланд этгайсан. «Роббана атина, фид дуня хасана ва фил охирати хасана ва қина аъзабан нар».
Юзга фотиҳа тортилиб, одамлар бир-бирлари билан қайта кўришиб, хайр-хўшга туша бошладилар. Ҳаммадан Исроил ака мутаассирланган, икки гапининг бирида Олим акамнинг елкасига туртиб:
— Уни кўр, зўр-ку. Охунд домладан ўтаркан-ку, а? Бир муфтийча илми бор экан-ку, — деркан, жойида туролмас, ўша ёққа интилиб, у кишини тавоф этиб қолмоқ пайига тушган эди.
Шу тоб Олим акам у қолиб, мен томонга ўгирилдию ҳайрат аралаш шивирлай бошлади:
— Мақсуд, бу киши уй қамоғида эмасми? Рухсат берилганми бундай юришларга? Xалқ орасига киришларига? — дерди у. Мен анг-танг қолган эдим.
— Қандай уй қамоғи? Қанақа рухсат? — дедим ўзимга келолмай. — У ёқдан келган табиб-ку.
— У ёғинг — қаёқ? — деди акам.
— Акам кетган ёқдан-да, қаёқдан бўларди!
Олим акам қотиб қолди:
— Акам кетган ёқ?
— Ҳа-да, — дедим уни тушуниб етмай. — Уйларига излаб борганман бир гал, кеннойим ётиб қолганларида. Агар ўша одам бўлса.
— Ким ётиб қолганда?
— Ким бўларди кеннойим, акамнинг ўша ёқли аёли, — дедим энди яшириб ўтирмай.
У ўзига келолмай юзини ишқади. Афтидан, бу хабардан эси тескари бўлаёзган эди.
— Акам ҳали ўша ёқда, аёли бу ёқдами?
— Билмайсизми, — дедим мен ичим дукур-дукурга туша бошлаб. — Шунча ўша ёқларда юриб-а?
У беҳол тортиб, кўзини юмди, ўзига келиб-келмай:
— Кейин, кейин тушунтириб бераман. Мавриди билан, — дедию одамлар орасидан Ҳозиқ тўрамними, кимни излашга тушди. У аллақандай ҳовлиқиб, излаган кишисини йўқотиб қўйса, қайтиб тополмай қоладигандек аланглар эди. Улар эса бу пайт, ҳар хил духоба гажимлару шокилалар билан ичидан бежалган (қандай асрашибди, тавба!) эски «Победа»га жойлашиб улгуришган, кузатиб ўша ергача борганлар у киши билан хўшлашар эдилар.
Олим акам азза-базза афсусланиб қолди:
— Кетарканлар, ўзим обориб қўярдим. Эҳ, афсус, нега илгарироқ отни қамчиламадик? Энди қачон кўрамизу учратамиз?
— Қачон десангиз, оборавераман. Уйларини биламан, — дедим, — агар ўша табиб бўлса.
— Ўша одам! Қанчаларнинг дуосига қолиб, қанчаларнинг тинчини олган! Қандай эркин қўйишибди экан?— дедию жим қолди.
У киши жўнаб кетиб, ҳамма тарқай бошлади. Фақат биз Нусрат поччани кутиб, бир чеккада қаққайиб қолаётган эдик. Буни кўриб, почча ҳам хонадон соҳиблари билан хўшлаша бошладилару кутилмаганда бизга ўгирилиб:
— Ҳой, Мақсудхўжам, қанисизлар, бери келинглар, — деб чақириб қолдилар. — Арвоҳлар шод бўлсин, сўрашиб-танишиб қўйинглар. Ҳарқалай бир жойнинг одамларисиз, бир ариқдан сув ичгансизлар.
Мен ич-ичимдан жон-жон деб турибман-у, лекин шоларавачадаги одамнинг сирими, нимаси босиб, ийманиб-тортиниб бора бошладим. Қолаверса, акам туфайли яримта бўлиб қолган одамни (яна қанча вақтдан сўнг!) яқиндан кўргим, сўрашгим бор (ахир, у илгариги ишларини ташлаб, наинки ўзи, бутун товкасидагилар билан қай йўлга кирибди!) Мен уни аллақачон қидириб топишим, акамнинг омонатини етказишим керак эди. Келиб-келиб мавриди шу кунга тўғри келибди! Шуни эслаганда нақ вужудимга енгил титроқ кира бошлаган эди. Қизиқ, акамнинг номини эшица, қай аҳволга тушади экан — тасаввур эта олмасдим.
— Ассалому алайкум.
— Ва алайкум, келинг, эшон бола.
Биринчи бўлиб мен унинг юмшоқ, қарияларникидан ҳам нозик қўлини олдиму ғалати бўлиб кетдим. Бу қўллар духобадайин майин, ҳам илиқ, унданми ё соҳибининг энгил-бошиданми, одамнинг жону жаҳонини элитгудек бир ифор таралар эди. Одам динига қайца, шундай ёқимли бўлиб қолар эканми, тавба?
Мен у ифор ҳидларини ҳидлаб тўймасдим.
— Танийсиз-а, тақсир, бу Саломхоннинг кенжаси. Ўқиб катта йигит бўлди, улуғ даргоҳларда ишлаяпти,— деб таништира бошладилар почча.
— Нечук танимай, Султонмуроднинг холаваччаси, ўзимизнинг яккабоғлик, — деди у билагимдан ушлаганча қўлларимни силаб. — Ойингиз омонмилар, бардам-бақувватгина ўтирибдиларми? Биздан дуо айтасиз. Бизга қанча яхшиликлар соғинган, яхшиликлар қилган жойлари бор.
Воҳ, ич-ичимдан бир турли ҳислар тошиб келарди, одам шунчалар мулойимлашуви, ҳалим тортиб кетуви мумкин эканми? Бу ниманинг аломати? Ёлғиз ҳидоятингними?
Ва шу баробар акамнинг бир пайтдаги омонат хати, ундаги рижолари яна ёдимга тушиб кела бошлаган, уни манави ҳолда бу одамга қандай айтаримни билолмасдим. Ҳаммасиданам укаси — Олим акамнинг олдида не деб айтаримни билмасдим. Қолаверса, бундан кейин бунақа маврид келадими, йўқми? Бу орада почча менинг ҳолимдан бехабар Олим акамни таништирмоққа бошлаган эдилар:
— Бунисини-чи, бунисини? Аллоҳ чиндан ҳафиз, асрайман деса ўзига тараф йўқ; минг чиғириқлардан ҳам гард юқтирмай осон чиқаради экан. Мана, ниҳоят юртини қора тортиб кепти Султонмуроднинг жигари, Эшон бувамнинг кенжалари, у кишининг чироқларини ёқиб ўтиргани. Олим деганлари шу бўлади, тақсир.
— Ваҳ, вақтнинг кетувини, умрнинг ўтувини кўринг. Шу ўзимизнинг Олимми? Эр етиб, сочига оқ оралаб улгурибди-ку. Уни қаранг-а. Кел, биродар, кел. Муқим қайтганинг рост бўлсин. Омонмисан, дўстимнинг жигаргўшаси? — деб шоларавачада ўтирган одам базўр «қучоқ очди», сўнг қучоғига «олган бўлиб», овози бир тур ўзгарди. — Уни қара-я, сендан кимларнинг иси келмоқда-я. Илой, акагинангнинг ҳам бошини тошдан этган бўлсин Ўзи. Шундай кўриштирмоқни насиб эцин.
Нима бало, бу илтижо, бу рижо қалбларимиздаги ёш булоқларининг калити эдими ва ё бир тилсим сўзларми, кўнглим аллатовур бўшашиб, кўзларимга тирқираб ёш қуйилиб келар, шунча ёш қаерда турган экан — ўзимни тута олмасдим.
Енгимни босиб, атрофга қарасам, бу гапдан мутаассир бўлган ҳамма — акам ҳам, ўзи ҳам, почча ҳам бир ҳолатда турибдилар. Почча ўзларини босмоқ бўлиб, дам-бадам ияк қоқадилар, ўзларини чалғитмоққа уриниб, унинг дуосини такрорлайдилар:
— Илой, ўша кунларга Ўзинг етказ.
Бу орада уй соҳиби ўзини тутиб, ичкарига қистамоққа, бизнинг суҳбатимизни олмоқ ҳаракатига тушиб қолган эди:
— Қани, почча, бошланг. Сизларга жавоб йўқ. Бир келиб қолишибди, ичкарига бошланг буларни. Отамлашайлук. Ҳой, Азлар тоға, нега қараб турибсиз? Меҳмонларни олиб киринг. Уларга жавоб йўқ.
— Бу ёғи қандоқ бўлди? — деб почча менга қарадилар. — У ёқда холанг кутяпти. Бу ёқда кирмасанг...
— Нега кирмас эканмиз, кирамиз. Қолаверса, бу кишига айтадиган омонатлар бор, акамнинг омонати,— дедим мен мавриди келиб қолганидан фойдаланиб.
— Кимдан дедиз? — уй соҳиби азбаройи ҳайратланганидан шоларавачаси турган еридан жилгудек ғижирламоққа тушган эди. — Султонмуродданми?
— У кишидан бир хат келтиришган эди. Ўшанда... Сизга тегишли гаплар бор экан. Узр, вақтида етказолмагандик.
— Уни қаранг-а, шундай эдими? — Мен ҳеч кутмаганда уй соҳиби бу хабардан боши кўкка етиб, шошиб қолган, «Шундайми, дарагини чиқарган Оллоҳимдан ўргилай-а, кирингиз», деб қистамоққа тушган эди.
Кирдик. Ҳовлидаги жойлардан бирига ўтира қолдик. Почча дуо қилдилар. Чой келди. Шундан кейингина уй соҳиби яна интиқиб менга қарадию:
— Бу қачонги гап, эшон бола? Айтинг, тортинмай айтаверинг, — деб яна қўлларимни силамоққа, боладек ялинмоққа тутинди.
— Яхши гаплар, хурсандчилик гаплар!— дедим мен у кишини тинчлантиришга уриниб. Сўнг:— Баҳриддин акамни танир эдингизми?— дедим ётиғи билан.
— Қайси Баҳриддин? Яккабоғлик Баҳриддинни айтасизми? — деди бир ҳушёр тортиб. Кутмаган экан, аллақандай хижолатланди:
— Ҳа, ҳа, Асол холамнинг ўғиллари, — дедим.
— Xўш-хўш? — деди ўзига келиб.
— У киши тирик эканлар. Маккага ўтиб кетишган экан. Марғу кеннойимни унга етказибдилар. Ўша никоҳ қайта тикланибди, — дедим юзларидан кўз узмай. — Сизда гуноҳ йўқ экан. Акам, Султонмурод акам ҳамма ўтган ишлар учун Сиздан узр сўрайди. Кечиролсан-гиз — кечириб қўяр экансиз.
— Субҳоноллоҳ! Шундайми экан?..
Унинг юзи (кўриб турибман!) оқаришиб келиб, кутилмаганда илгаригидан ҳам нурланиб кетди, тавба, у сариқ ипак сингари ичдан бир ажойиб нурланиб балқир, шу билан баробар бу юзга хотиржамлик ёйилиб келар эди. У кўзларини кўтариб, менга миннатдор тикилди.
— Оллоҳга шукр, Ўзига ҳамду санолар бўлсин! Оллоҳдан яширмаганимни энди сизларга ҳам очай. Бу нарса кўксимни тегирмон тошдек эзиб ётар эди. Қаранг-а, Xудо ўзи кушойиш бериб асраган эканми Баҳриддинни? — дея олди.
— Асраган экан, гуноҳсиз экансиз, — дедим мен. У мени қучиб олиб, тоза йиғлаб берса керак, деб ўйлаб эдим. Аммо у тобора хаёлчанлашиб, шол оёқлари устидаги мовут чакмоннинг бир четини силаб кетган, бош кўтара қолмас эди:
— Шундоқ бўлса-да, у ким экан — биз отиб қўйган, бояқиш? Куёвнавкар, анув етимча бўлиб чиққайми? — деди бизни тамоми ҳайратда қолдириб. Ва кўзларини юмиб, Оллоҳга илтижо этди. — Ўзинг кечиргайсан, Тангрим. Ундан кам бўлмаган гуноҳимиз бор экан. Бир етимнинг гуноҳи, — дедию жим қолди.
Унинг мижжаларида икки томчи биллурдай ёш қалқиб турар, менинг кўз ўнгимдан эса бир хил кийинган кўк тўнли йигитлар Миржумон кўчасидан кўтариб келаётган тобут ва унинг олдидаги Қўқон арава кетмасди. Қўқон аравада эса хумдек калласини осилтириб мана шу одам ўтирар ва ҳеч қаёққа қараб қўймас эди.
Тобутдаги устихон эса ўшал бояқиш куёвнавкарники эканми?

Учинчи Боғ (ёхуд эй сокин жон)
Муаллифгагина аён тарихлар давомига
У остонада тўхтаб, ичкарига овоз берди:
— Онаси-ёв, қайдасиз? Биз отлануб бўлдук, дуо бермагайсизму?
Ичкаридан ҳадеганда жавоб бўлмас, унинг ўрнига ҳам пиқ-пиқ йиғи товушига ўхшаш бир ҳиқиллаш эшитилар эди.
Ахийри бўлмади. Мўйсафид кавушини кавшандозга ечиб, махсичан кириб бораркан, энди тўнғичининг номини атаб чақирди:
— Норпошшам, қай ердасиз? Сафарга отланган кишини шундай кузатарларми?
Ўзидан хийла ёш хотиннинг нози шу-да. Қолаверса, олди қизларини узатиб, ўғил уйлаган хотиннинг ёшлиги қолдими? Нимқоронғи уйга кириб олиб, тахмон кўрпаларига юз босганча қолган аёлининг қорасини илғаб, ғалати бўлиб кетди қария.
Ичи сидирилдими ё ачишиб, кўкрагини бир нима тилиб ўтдими, нохушлик сезди. Шунда кутилмаган ҳол юз берди.
Қулоғига яна ўша кечаги нохуш овоз эшитилиб кетиб, бутун вужудини бир титроқ-жимирлов босиб келдию пешонасини муздек тер қоплади. Шу баробар бир бадбўй ҳид — худди бир вақтлар болалигида қари ёнғоқ ғовагига қўл тиққанидагидек ёмон ҳид анқиб кетди. Унга шундай туюлдими, ё ростдан қаёқдандир анқиб кетдими, ажратолмади. Лекин аниқ эслади, у ҳов ўшандагидек — ёнғоқ ғовагида қўлини чўқиб олган укки боласиникидек бадбўй эди. Ўшанда қўлидаги пихиллаб потирлаётган (темирқанотдан ўтиб, ҳали учирма бўлиб улгурмаган) уккичани улоқтириш ўрнига юзини буриб, бир амаллаб ёнғоқдан тушиб олган эди. Кейин катталардан кимдир келиб қолиб:
— Қўлинг акашак бўлиб, ўлинг кевоттими, йўқот, жойига опчиқиб ташла, — деб сўккачгина инига ташлаб тушган, шу-шу қайтиб укки инига йўламай қўйган эди. Шунга ҳам, ҳов ўша — Муржумондаги воқеага ҳам етмиш йил кечдимикан? Лекин келиб-келиб энди ёдга тушуви, оламнинг манави чеккасига топиб келиб, хунук сайраши қизиқ эди. Бу ниманинг аломати экан?
Тунги уккининг анави тошнокдами ё унинг ортидаги бир ён шохи қурий бошлаган қари қашқар гилосдами ўтириб олиб ҳар замон:
— Ҳуқ, ҳуқ, ҳуқ,— деб қўйиши, орадан етмиш йил кечиб чақириши, сайраши, топиб келиши ғалати эди.
Ўшанда нима бўлиб эди ўзи? Ҳа, дарвоқе, ўшанда ёнғоқ устидан тушаётиб, оёғи сирпаниб кетди-ю, жон ҳолатда дарахтга ёпишди. Шунда қўлидаги укки боласини ёмонроқ эзиб қўйдими, у чағиллаб юбордию боя инидан потирлаб учиб чиқиб кетган уккилар қаердандир пайдо бўлиб, устидан пихиллаб учиб ўтдилар. Қўйиб берса, бошига тепиб, таламоқчи эдилар-ку, талаб улгурмадилар, у ерга сакраб тушиб олган эди. Сўнг ҳалиги катта одамнинг — у сувчимиди, йўловчимиди (балки Ҳизрдир) — қистови билан уккичани инига ташлаб тушди.
Лекин унинг бадбўй ҳиди қўлидан неча кунгача кетмагани аниқ.
Яхшиям ўша Ҳизрнинг учрагани — етмиш йилгача уни унутиб яшади. Бугун эса... у индамай турганигами, ҳалигача бориб таскин бермаганигами, аёли бирдан ўзини тутолмай ўкраб юбордию ўгрилиб келиб, елкасига осилди:
— Мени десангиз шу сафарингизни қолдиринг, отажониси!
Жаҳлини ютиб ўрганган одам (унингдек ҳалим, ҳокисор киши ҳамма қаҳр, жаҳл, аччиқларини Аллоҳга таслим этдим деб юрган бир пайтда) шайтонга ҳай беролмади.
— Қайдан топдинг бу гапни?! — деди сенсираб. — Кеча қаерда эдинг?!
Ойпошша қаршисида оқ рўмолининг учини кўзларига босганча ҳамон тўлиб турар, унга бир сўз демак ортиқча эди.
Мирзаҳожим калта соқолини тутамлаб, ичига кириб олиб васваса солишдан тоймаётган касни ҳайдамоққа урунди:
— «Ла илаҳа иллаллоҳ. Астаъфируллоҳи азими ва атувби илайҳи. Билиб-билмай қилган гуноҳларимни ўзинг мағфират эт»,— деб калима келтирдию ўзи ичида ўша бундан етмиш йил илгариги жон ҳолатда чағиллаган уккичани ўйларди: нима бало, ўша нарса қайтиб ўнгланмаган эканми?
Нариги уйдаги осма соат тонгги сокинликни бузиб, бамисоли тунгги укки мисол:
— Ҳуқ-ҳуқ-ҳуқ...— деб чиқиллар эди.
Чол бу овоздан эти жунжикиб, қўлига илимилиқ бир нарса ёпишган каби уни силтаб ташлади:
— Мендан нима истайсан?!
У бу гапни хотинига айтдими, ё ўша тунги совуқ бойқушгами — ўзи ажратолмади. Кўзига у бойқушдан ҳам хунук кўриниб кетиб, жаҳолат ичида:
— Ҳа, юртимга кетяпман! Xилхонамга етиб олишимгаям қўймаларинг! — деб бердию, шарт ўгирилиб махсичан чиқиб кета бошлади.
Қайтиб кавушини оёғига илгани кирганда ичкари жимжит, гўё ҳеч ким йўқдек бўлиб, қулоқлари беаёв шанғиллар эди.
Яхши бўлмади. Неча йиллик умр йўлдоши эди. Шунча йил кўнглига қараб келиб, кетар вақтда дилини оғритди. Таҳорати синган эканми, шайтон қайдан илашиб, қандай ёзғирди? Бориб-келиб кучи шу муштипарга, болаларининг онасига етдими? Xотин-бола-чақасини ташлаб, бу диёрларга қочиб ўтганида ким жонига ора кириб эди? Йўқчиликлар заҳрини биргалашиб ким тортиб эди?
Шунинг отаси берган жиндек сармоя туфайли шакарпазлик билан ўзини ўнглаб олган, сўнг бойиб кетган эмасмиди? Сенинг қадаминг бу уйга қутли келди, нимага эришган бўлсам сен туфайли деб юрмабмиди? Энди ўша ҳисобсиз бойлигиям, бола-чақасиям, ичкари-ташқарили бу ҳовлилар ҳам, кимсан — Мирзаҳожибой — айтувли бой экани ҳам нега кўзига кўринмай қолди? Ҳаммаси кўзининг оқу қораси ўша Маҳфузаси туфайлими?
Агар унинг дараги чиқмаса, ёлғиз, аёл бошига тушган кўргиликлари етмагандай оғир дардга чалиниб касалхоналарда ётмаса, ётганини анув болакайдан эшитмаса, Оллоҳнинг паноҳига ташлаб жим юраверган бўлмасмиди? Балки. Дил яраси янгиланмаса, шайтонга бўй берарми эди?!. Бермасди. Ҳаммасидан тўғрироғи шу. Чинроғи шу.
У бу диёрда барча йўқотганларининг ўрнига ўрин бир мўъмин-мусулмон учун лозим бўлган нарсаларнинг ҳаммасига эришди, топди. Суқсурдек бир мўъминага уйланди, бола-чақа қилди. Бойиб ичкари-ташқарили ҳовлилар солди. Ҳажга қодир кишилар қатори Аллоҳ уйини зиёрат этди, Пайғамбар йўлларидан юриб, Миноларга борди, Арофатга чиқди, Муздалифада бир кеча ётди. Қиёмат маҳшаргоҳини кўргандек бўлди. Видо тавофини адо этиб, муваққат ватан тутган диёрига ҳожи бўлиб қайтди.
Оталар юртига зора йўл очилса деб, садақалар сочди, закотлар берди. Xўб савоблар топди. Кечалари таҳажжуд намозлари ўқиб, дуоларида сўрарди ота юрти Муржумонни, ундаги Олмазор боғини кўрмоқни. Ғир-ғир шамолларга кўкрагини тутган ўша жаннатдай жойда бир лаҳзагина ўтирмоқни, Изза булоқлари сувидан бир пиёлагина ичмоқни, асал бўйли босволдиларидан бир тилимгина тотмоқни орзуларди. Орзулаганда ичлари оташ бўлиб ёнардики, қўяверасиз. У соғинчмиди, дарду ўкинчмиди, етиб бўлмас қувончмиди, бир оғиз сўзла айтиб, тушунтириб бўлмасди. Кундан кунга, йилдан йилга, умр ўтган сари ловулласа ловуллардики, пасаймасди. Таскин билмасди.
Ахийри шаҳар чеккасидан баланд бир жой топди: қарангки, бу ерда ҳам қир шамоли тинмас — ғир-ғир эсиб ётар, сув олиб чиқолса, ўша биринчи боғидан қолишмайдиган жой қилиш мумкин эди. Ўша кўксидаги армонни босиш учун кўзига на дунё кўринди, на уйқу. Ахийри бу қирга ҳам худди ўша Муржумондагидек бир анҳор сув чиқариб, улкан ҳовузу атрофидаги супаларни ҳалқадек ўраб оққан анҳор қаздирди. Ўртани олмазор боғ этиб, икки ённи ўрикзору ёнғоқзор қилдирди. Ўн йил деганда ўша биринчи боғидан қолишмайдиган жаннат гўша пайдо бўлдики, уни ҳам Мирзахўжа ҳожимнинг Олмазори деб аташди. Ўзи армонбоғ деб атаб, унда чиройли зиёфатлар, илм мажлислари қурар, Қуръон тиловатлар этиб, бу мўъжизани яратмоқни кўнгилга солган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога беадад ҳамду санолар айтар эди.
Инсон ана шунаққиб йўқ ердан ўзига бир таскин топиб оларкан-у, бир кун келиб, у ҳам эскиб, бу қалб қурғурга эм бўлмай қола бошлар экан. Қадим Ватан соғинчини ҳеч нарса боса олмас экан. У уйғонмасин, уйғониб ўрташга тушмасин экан, атрофда малҳам бўлгулик бир нарса топилмай қолади экан!
Ота юртга жўнатган қизи ила ҳали ўзи кўрмаган, бир қур эркалаб, тиззасига олиб армондан чиқмаган неварасидан муждалар бериб, манави меҳмонлар довон ошиб келишдию, анави тилмоч йигитдан икки энликкина хат ҳам қўшилиб, кўксидаги армон болалади-кетди! Ўшандан бери юраккинаси ҳаприқади-тошади. У жаннатмакон маъвони кўргилари келиб, ичи куйиб ўртанади, ўртаниб яна куяди. Буларни деб қариганда йўлга чиқмай қўя қолай деса, дунё кўзига тор кўриниб боряпти, торайиб боряпти. У ҳам эшитди кечаси ўша савил қолгур овозни. — Ҳақ, ҳақ... — деса ҳам бир баҳарнав эди, жуфтини чорлаган ҳаққуш демоқ мумкин эди. У эса, совуқдан совуқ қилиб:
— Ҳуқ, ҳуқ, ҳуқ, — этиб ётар эди!
Алҳазар, шунча йил бойқуш қўнмаган ошиёнига у кетар маҳалда, жўнар кечада келадими у? Xудди бир нарсадан имдод бергандай, тескари башорат этгандай?!
Турибоқ таҳорат янгилаб келиб, (исломда ирим йўқ эса-да) «Ҳасбияллоҳу лаа илаҳа иллаллоҳу алай-ҳи таваккалуту...» дуосини етти карра айтиб, Аллоҳ-дан ғам-кулфатлардан нари қилишни сўрадию қайтиб ётди.
Шунда бойўғли ҳам бу дуонинг кучига дош беролмайин қив-қивлаганча даб бўлиб кетдию боғ тинчиб, у хотиржам тортиб қолиб эди. Мана энди туриб-туриб, сафар олдидан анави бефаросат ёдига солиб ўтирибди. Қиёматли кампиридан топгани шу бўлса, бу дунёда одам боласига суянмоқ чикора? Ҳаммасига этак силкиб, ёлғиз Ўзига таваккул этмоқдан ва таваккал жўнамоқдан ўзга нима қолди?
— Xайр, — деди у дераза токчасига кет қўйган жойидан туриб ва ниятини хайрли ишларга йўйиб. — Ўтган гапларга саловот, — деди негадир кампири томон юриб ва маъзурнамо гапларга кўчиб. — Онаси, мен сендан яхшилик кўрсам кўрдимки, ёмонлик кўрмадим. Мен сендан розиман. Сен ҳам мендан рози бўлиб қўй. Билиб-билмай ёхуд шайтон ёзғириб дилингни ранжитган эсам, кечириб қўй. Тонгла маҳшарга қолиб юрмасин. Нафақаи аҳли аёлга тааллуқли бурчларимни-да унутган жойим бўлса, аввало сен, қолавурса, Аллоҳим кечирсин. Қолган дунём сеники, болаларингники. Расамади ила ишлацанглар ҳали кўпга етгай. Мен бир умр орзу қилган сафаримга отланган жо-йим, қарши туриб, дилимниям сиёҳ этма, ўзингни ҳам гуноҳга қолдирма. Жон онаси, тушун. Ёзмишда борини кўргаймиз. Агар қайтиб кўришмоқ насиб этмаган бўлса, мендан рози бўлиб қўй. У ёқда тентираб қолган қизим, томиримнинг томири — жужуқ неварамни бир кўргим бор. Ўз кўзларимла кўриб, хотиржам кетгим бор. Сен ҳам мени тушун. Оталарим, оналарим ўтган юрт, ўзим туғилиб ўсган маъво, таниш-билишлар тушларимдан кетмай қолди. Ҳамма-ҳаммаси чақиряпти, чорлаяпти. Ҳозир бормасам, шу мавриди келганда ўтиб олмасам, кейин боролмайман. Ҳолим ҳам, мадорим ҳам етмагай кейин. Мени бир умрли армонга қолдирма. Қўлингни оч, онаси. Дуо қил. Зора сенинг дуоларинг ижобат бўлиб, кўзлаган манзилимга етиб олсам.
У эса, ожиза эмасми, дуо ўрнига ҳам, таскин-тасалли ўрнига ҳам бунинг елкасига осилиб, кифтларини силар, энгил-мурсакларини ўпиб йиғларди, холос. Тилига жўяли бир сўз келмасди.
Ташқарида жўнашга ҳамма нарса тахт — арава қўшилган, йўл тадориги кўрилиб, фойтун аравага неча қават кўрпачалар тўшалган, йўлда ҳожим уриниб қолмасинлар деб, неча духобаю пар ёстиқлар олиб чиқилган эди. Юртдан келган меҳмонлар ҳам аллақачон отларини эгарлаб, абзал-қайишларини тортиб, дуо берилишини кутиб туришибди. «Бувасини кўргани келган» меҳмон бола — кемшиктой эса, фойтун арава атрофида гирдикапалак. Бой ота чиқа қолсаю унинг қаватига жойлаша қолса. У довонга қадар у кишига ҳамроҳ, сўнг отга мингашади. Арава довон тагидан қайтади, у ёғига ҳожим фойтун ортига боғлоғлиқ қари саманда (ҳар қалай босиқ, уринтирмайдиган от) кетадилар. Рўзимуҳаммад фойтунга қўшган от ҳам ёш кўрингани билан фойтунда бир текис юришнинг хўб ҳаддини олган, бўлар-бўлмасга ҳуркиб кетавермайди. Ишқилиб, ҳожимни уринтирмай-нетмай довонга етказиб, сарҳаддан ўтказворишса, бас. У ёғига Xудо халлоқ, қолаверса, сарҳад ошиб келган манави меҳмонлар бор, амаллаб етиб олишар.
Ниҳоят қария елкасига бош уриб тинчий олмаётган аёлига:
— Бўлар энди, онаси, йўлга чиқмайтуриб... мени толиқтирмагил, — дедию у азиз бошни ўзидан хиёлгина узоқлаштириб, елкасига сирғалиб тушган оқ рў-молни тўғрилаганча икки кафтила икки чаккасидан тутиб, у юзни ўзига қаратди. — Аллоҳ шоҳид, мен сендан розиман, сен ҳам рози бўл, — деб ажин оралаб улгурган ва сажданинг ранги билан рангинланган пешонасидан ўпдию қайрилди.
Ниҳоят оқ фотиҳа берилиб, отларнинг жилови бўш қўйилди. Тупроқ кўча от туёқларини ўпиб, алвидо саломини айтишга ва оҳидан чанги ҳавога ўрлаб, тупроқ ҳиди анқишга бошлади. Олдинда у юртдан меҳмон бўлиб келган кишилар йўл бошлаб, орқаларидан фойтун эргашган эди. У от туёғига монанд ҳар чайқалганда таг юмшатгичими, силкингичиданми, қилт-қилт этган аллалагувчи бир овоз чиқиб борар, ҳожи ота билан болакай шоҳона дилижонга чиқиб қолгандек эдилар.
— Xайр, хуш қолингиз.
— Аллоҳнинг паноҳига. Эсон борингиз.
— Илоҳим, ой бориб, омон қайтингиз! — Уларнинг ортидан шундай дуолар учар, ким юзига фотиҳа тортиб, ким рўмолининг учини мижжаларига босган эди.
Ҳаводан тупроқ ҳидига қўшилиб, янги тезаклаган от тезагининг ҳиди гуркирар эди. Қир учларидан ранг олиб, думбул бўла бошлаган ва олди ёзни ҳалитдан кутиб олаётган ўрикларнинг қай шоҳидадир (албатта, ғир-ғир шабадаларга жиндек юз очиб, жиндек соясига беркинган) сариқ бошли жимит қушлар — саъвалар фойтун араваю отлардан ҳам ҳуркмай, гўё бу оламда розу тасбеҳ айтгувчилари ёлғиз биттадек, қолгани ўткинчидек — «чит-чит-чит-ов»лаб сайраб ётар, ҳеч нарсага парво қилмас эдилар. Фақат ора-чира қаердадир — қўрғон ортидаги ёнғоқзорда шекилли зарғалдоққуш (ҳар йили ўша азим ёнғоқлардан бирининг энг тепа шоҳига ин қуради) «қиёв-қиёв-тиш-ш»лаб чақириб қўярди.
Фойтунга (қўша-қўша духобаю парёстиқлар орасига) жимитдек бўлиб чўккан чолнинг кўзлари йўлдаю вужуди гўё қулоққа айланган эди. Орқада қолиб бораётган қўрғон томондан келаётган ҳар битта овозни (гўё энди қайтиб эшитмаслиги мумкиндек, хотирасида олиб қолмоқчи бўлиб!) ичига ютуб ётипти!
Аллакимнинг боғи ёқалаб ўта бошлашди. Роса кунгай, офтобга кўкрагини тутган жой эканми, ғир-ғир эсган шабадасининг ўзи жаннатнинг исларини олиб келар, бу фароғат маконида қолақол деб жилва қилар эди. Ўзининг Олмазор боғига ўхшаб кетаркан. У ҳам шундай ғир-ғир шабадалар маконида эди. Қадами етган одам борки, кетолмай қоларди. Лекин мана, вақти-соати келиб уни-да, барчасини-да ташлаб кетмоқда. Ота макондан бўлак ҳеч нарса кўзга кўринмай қолди. Буни қандоқ тушунмоқ керагийкан? Умри поёнига етганигами, жудолик қўшиғини айтиш вақти келганигами? Балки, кечасиги овоз — укки сайроғи ҳам бежизмасдир?.. Ишқилиб довондан ўтиб олсалар, бас. Қўрқадигани ўша.
Фойтун лўкиллаб, уни аллалар, ҳамиша хуш ёқадиган бу аллалаш узоқ юрилганими, нима учундир ҳозир хуш туюлмаётган, кўксининг алла қаерида ғашлик болалаб, кўкраги торайиб, нафаси сиқиб келаётганга ўхшар эди. Тавба, унга нима бўляпти? Ҳоли шунчалик эканми? Рўзимуҳаммад одамини топиб, Ёлғиздарадан ўтказиб юбориш тадоригини кўриб қўйгани билан у ўғри сўқмоқлардан юриш ўзи бўлмас? Ҳали фойтунни ташлаб, орқадаги отга миниш, ёлғизоёқ сўқмоқлардан жон ҳовучлаб ўтиб бориш керакдур? Унда ҳоли нима кечади? Буларга ортиқча юк бўлмаса кошки эди!
У икки дунёда ҳам дўст бўлмайдиган ғаним қавмларга бўй бермаган имом Шомилнинг сўнгги тақдирини эслади. Ўшандай одам ҳам умрининг сўнггида ҳажни ихтиёр этиб, Оллоҳнинг уйини тавоф қилган, Пайғамбар масжидларида Аллоҳдан ёлғиз бир нарсани — ҳоки туробини тангри азиз қилган шу жойларда қолдиришни сўраб уч кун ибодат қилган экан. Учинчи куни беҳол тортган қарияни туяга ортаётган чоғларида туя бехос туриб кетиб, имом унинг устидан қулаб тушади ва қилган дуолари ижобат бўлиб, уни Бақо қабристонига қўядилар. Бундай ўлим топмоқ қандай ҳам хайрли. Лекин манавиндай... бегона юртларда... ўғринча сарҳад ошиб бораётиб... ота диёрга етдим деганда етолмайин кетиш... қанчаларам армонли!
Қариянинг муштдек юраккинаси хазон янглиғ титрамоққа бошлади ва ичи сидирилиб келиб, кўзлари жиққа ёшга тўлди. «Ҳасбияллоҳу лаа илаҳа иллаҳу алайҳи таваккалту»ни такрорламоққа бошлади. У бу дуони мана неча йилдирки, ҳар тонг, ҳар оқшом етти қайтадан ўқиб, Яратгандан ғам-кулфату мусибатлардан нари қилишни сўрайди. Уни муборак сафарга борганида Олтинхонтўрамдан эшитган ва шундан бери канда қилмасди. Аллоҳ чиндан иннака антат-таввабур роҳийм, чиндан, иннака антас-самиул алим, чиндан иннака антал азизул ҳакийм. Унинг тавбаю дуоларини қабул этиб, ўз ҳифзу ҳимоясида асраб келди. Мусофир юртларда азизу мукаррам этди. Бу илтижосини-да ижобат этгай, иншааллоҳ. Ота юрт ҳавосидан нафас олмоққа мушарраф қилгай, зора. Жилла қурса, ўшал тупроқдан икки газ ер насиб этмасми, валлоҳи аълам?! Бегона юртларда қолдирмас-ку суйган қулининг ҳокини...
— Шомни ўтаб оласизми, бой ота? Таҳорат янгилаяпмиз.
Қараса, булбуллар чаҳ-чаҳлаб, қумрилар сайраган сойлик бир мазгилда тўхтаб туришибди. Пастда тўпиқдан ошмайдиган сой шарқираб ётибди. Намхуш тоғ ҳавоси кўксига мойдек ёқиб тушмоқда, қуёш тоғ ортига ўтиб кетгану сойлик ҳамон чароғон эди.
Чақирган Рўзимуҳаммад экан.
— Ё уриниб қоладиган бўлсангиз... яна ўзингизга қаранг,— ўша ерда ўқиб ола қолинг, демоқчи бўлди у.
Ҳолига қараб... ўқисаям бўлади-ю, лекин жамоатнинг савобига нима ецин? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бетобликларида ҳам сўнгги кунгача намозга чиққанлар-ку. Намоздан улуғроқ нимамиз бор, шунга ҳам ярамасак?
— Тушаман, майли. Жойни ҳозирлай қолинглар.
Ўтиравериб, оёқнинг ҳам оёқлиги қолмаган экан, Рўзимуҳаммад бир муддат силаб-уқалаб ўзига келтиргандек бўлдию, шунда ҳам фойтундан ёш боладек кўтариб олиб қўйди.
Шарқираб оққан сув бўйига жойнамоз ёзилган экан, вақт киргач, Рўзимуҳаммад такбир айтди, Xудойбердининг ҳамсоясидан бўлак ҳаммалари (ҳатто зиёратга келган Кемшиктой болакай-да) иқтидо қилиб, намозга туришди. Ўзи шарқираб, Яратганга тасбеҳ айтиб ётган сойдан жонбахш бир насим эсар, унинг устига тоғ ҳавоси, шом салқини, яна намоз ҳаловати қўшилиб, шунақа бир енгиллик пайдо бўлган эдики, қария кўпдан бундай ҳаловат туймаган, хузу ичра ибордат этмаган эди. Балки умри давомида ўқиган намозлари ичида энг тўкиси шу деса бўлмас (ахир, банда қусурли, тўкисга йўл бўлсин!) — ҳаловат туйиб, эриб ўқигани мана шу эди. Ёлғиз шу намоз учунгина ҳам умрдан рози кеца арзирди.
Ота юртда ҳам ана шундай намозлар ўқишга мушарраф этгил, ё халлоқи олам деб дуо қилмоқчи эди, тездан тушиб қолган шом қоронғилигида отлар нимадандир ҳуркиб, кишнаб юбордилару уни чалғитдилар, у дуони қисқа қилиб қўя қолди. Балки Xудонинг хоҳлагани шудир, шугина бўлгандир. Ахир банда қодир қилганча ўқийди, насиб этганча сўрайди.
Турдилар. Сойдан ошиб бироз юришгач, ўчоғида олов, кулбасида чироғ милтираган аллақандай бир чорбоғга етдилар. У шундай тоғ ёнбағридаги арчазор таккинасида экан, тоғ эса улкан қора қўтосдек қиблани тўсиб ётар, боши, сағрилари, бели осмони ҳафтимга етиб, устида юлдузлар инжудек ялтирар эдилар.
— Шу ерда жиндек тўхтаб, тамадди қилиб оласиз, бой ота. Айтиб қўйилган, — деди Рўзимуҳаммад ва шох тутилган девор томон чақириб бора бошлади. — Имин оғаёв?!
Чорбоғдан бузоқдек ит ҳуриб чиқиб, четан деворга олд оёқларини қўйганча бор овозила вовуллай кетди. Овоз ҳам бор эди, унинг «ҳовф-ҳовф»идан отлар-да тисарилмоққа тушган эдилар.
— Арстан, жат!
Итнинг уни ўчиб, оёғини туширди ва ўзи қайрилиб кета бошлади.
Эгаси отлару фойтунни кўргандаёқ меҳмонларни таниди шекилли ўша ёқданоқ елкаси кўтарилиб-тушиб кела бошлади.
— Рўзимуҳаммад қардаш, сизларму? Начук качик-диз?
— Ассалому алайкум. Узр, куттириб қўйдик. Отларимизнинг юриши шу, — деб сипоришлади Рўзимуҳаммад. Аслида отларни нимага қисташмаганини бу ёқдагилар тушуниб туришар, унга айтолмас эди.
— Ва алайкум, туша берингиз. Емак-ичмаклар мунтазир. Кечиквотирмиз. Отларга-да қарасинлар, емласинлар, — деб туриб, четан эшикни очиб чиқди ва отлиқларга қараб норозиланди: — Ий, буйтиб кўпсиз, Рўзимуҳаммад? Шулар ҳамуси довон ошгайларму?
Рўзимуҳаммад яна сипоришлади:
— Сизга қўша кўринмасун, оғай, айтган меҳмонларимизу бой отанинг ўзлари. Булар тоғ ошиб юрган довқур йўлдошларимиз. Сиз бой отани узатиб қўйсангиз бўлди.
— Эшон бувамизга.. еца молумиз, етмаса жонумиз нисор. Қанулар, ҳазратумни тавоф этуб қўялук, ахур, — деб мезбон оқсоқланиб фойтун томон юраберди, — Аллоҳумди Каъбасину тавоф этган ҳазратумни кўрамуз-да екан.
— Шошманг, мен ҳозир, — Рўзимуҳаммад олдинга ўтиб илгарилади ва аввал болани, сўнг бой отани кўтариб олиб, ерга қўйди.
Мезбон болани кўриб, ҳайратланди:
— Иий, жужуқлара варму? Буйтиб даван ашарларму, Рўзимуҳаммад?
Рўзимуҳаммад жавоб қилиб улгурмади. Болакай уч қулоч наридаги нарсани зўрға илғаш мумкин бўлган бу кечада елкаси кўтарилиб-тушиб келаётган одамни овозию юришидан таниган эди, турган еридан ирғишлабоқ унга отилди:
— Бу биз-ку, табиб амаки! Анув кунги меҳмонлариз!..
Уч ёнини баҳайбат тоғлар ўраб барча қоронғиликни шу ерга қамагандай, теппасида жиндек юлдузларгина жимирлаб кўринаётган бу тоғ тагида боланинг овози жаранглаб кетди. Тоғ ҳавоси-да. Унинг овози жомга урилгандай жангиллаб чиққан эди.
— Ий, сен ким? Қайсу меъмонлар? — деб ҳайратланди чорбоғ эгаси.
— Мен-мен, оёғи чиққан... бола-чи!
— Ҳа-а, юрабилмий қайтамизлаб ятган саритай, сенму? — Тоғ қоровул болакайни, унинг ҳамроҳларини эслаб бир ерга етди ва энгашиб пешонасидан ўп-ди,— Кетватурсизму энду?
— Қайвотмиз-қайтвотмиз.
Халоскорини топиб олган болакай унинг бағрига сингиб кетгудек бўлиб ёпишаркан, тоғ қоравулининг энгилларидан ўшандагидек бир ажойиб ва аллатовур ислар гуркирар, улар тоғ арчалари ҳидими, унга қўшилиб кетган от сағрисининг терларими, ажратиб бўлмас эди. Отда тоғма-тоғ ошиб юргувчи бир оқсоқ одамдан бундан бўлак яна қандай ҳидлар гуркирасин! Устига устак тоғ гулларидан дорулар қиладиган табиб бўлса.
— Уни қарангиз-а, Ҳожи бувамнинг меъмонлари екансиз-ку, ўзимизга тегисли екансиз-ку, — деб у энди алпанг-талпанг юрганча бой бува томон ошиқди ва борибоқ этакларига ёпишди. — Xуш келупсиз, Эшон бува, хизматизга жонтар садақа.
Ўзини тоғ оралигида кўриб, ўрага тушиб қолгандек довдираб ва қунишиб турган бой отанинг ичига бир илинж-илиқлик югургандек бўлди: «Аллоҳга шукр, Рузимуҳаммад ёмон одам топмаган кўринади. Бир чеккаси табиб, қолаверса, иймонлув экан. Ихлосиям чексиз. Оқчага ёлланганлар бундай бўлмагай. Ўзига шукр, ўтиб олишимиз осон кечаркан. Уриниб-нетиб қолмасканбиз».
Жиндек умид ҳам қарияни тетиклантирар, жиндек нохушлик эса, уни чоҳдан чоҳга солмоқда, бор ҳолини ҳам суғириб олмоқда эди. Дум берган қовун шу-да. Сафар кишилари шу-да. Жон қуши қачон пуф этиб учиб чиқиб кетади, инсон ўзи-да билмай қолуви мумкин. Айниқса, у тенгилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар-ку, бу ёнимга салом бериб туриб, у ёнимга салом бериб улгураманми-йўқми деб. Лекин унинг Аллоҳ таборак таолодан ёлғиз ўтинчи ота юрт сарҳадига етиб олмоқ — ватан рухсорига етмоқ. Ўшал маъво ҳавосидан эмин-еркин бир қур нафас олса, ҳаловат туйса, қани эди! Бир оёғини у заминга қўйиб, бир оёғини олиб улгурмаса ҳам рози эди! Ўша қадамини қўйиб улгурармикан?..
— Юра қолигиз, эшон поччам, сафар олдидан ярим чўмиш, ярим чўмиш бир нима тамадди этигиз. Бизнинг кулбага-да Ҳизр қадаму ецун. Техим дуо бергайсиз.
— Яхши. Сиз бизни сийлабсиз, Аллоҳ сизни сийласун.
Кирдилар. Ўшал пастак, ёлғиз деразаси боланинг бўйидан ошмаган, эшигидан ҳам энгашиб кириб борилган қора чироқли кулбада ўтириб, заранг товоқда мезбон айтгандек, ярим чўмичдан эт-шўрвага нон тўғраб ичдилар. У чиндан ўша ҳовлидаги тош ўчоққа осилган декчада пишганмиди ё бўлак жойда — таъми оғизда қоладиган, ўзи бу дунёнинг таоми бўлмаган эди. Эти қай жониворникию суви қай булоқники экан, меҳмонлар дунёга келиб бундай мазали ёвғон ичмаган эдилар. Алқай десалар қайтариб сўраганга ўхшаб кетар, алқамасалар заранг косани ялагулари келаверар эди.
Дастурхонга фотиҳа ўқилиб, бу кулбада ҳам мусулмон дунёсининг ҳар чеккасидагидек, ер-жой эгалари, ўтган-кетганлар ҳаққи, дуо умидида бўлган арвоҳлар ҳаққи икки калима қуръон тиловат қилинди. Аллоҳ ўз паноҳию ҳифзу ҳимоясида сақлашини сўраб, турдилар.
Рўзимуҳаммад шу ерга етгунча ҳам келишув ҳақда оғиз очмаган эди, отларга қайта эгар урдираётиб ёрилди:
— Бой ота, рози бўлинг. Мен Сизларни шу одамга, у кишини эса Аллоҳга топширдим. Оғам бутун умри шу тоғда кечган. Довоннинг ҳар битта ўру қири, ёл-ғизоёқ сўқмоқлари, ҳатто архар юргич ерлари маълум бу кишига. Қолаверса, довондан биринчи одам олиб ўтишларимас. Сизга ихлосларини эса, кўрдиз. Азонга қадар довонга етиб чиқолсангиз, у ёғи бир қадам — бомдодни ватан тупроғида ўқигайсизлар, — деди у.
— Қани эди, — деди Ака почча.
— Айтганингиз келсин, — деди Xудойберди.
— Қандай яхши, — деди болакай шу қоронғи кечада ирғишлаб.
— Раҳмат, Рўзимуҳаммад, — деб қаролини, қароли эмас, гўё фарзандини қучиб, кўзларига ёш олди Мирзаҳожи.
Бироқ ҳеч кимнинг хаёлига иншааллоҳ деган сўз келмасди.

* * *
Улар тўрт отлиқ олдинма-кетин сел йўли билан бир-бирларига эргашиб, баҳоли қудрат тепага ўрлаб боришар, олдинда тоғ қоровулининг хачир оти, ундан кейин тизгини йўл бошловчининг ўнг тирсагидан бир дақиқа ҳам бўшалмай келаётган энг бақувват тўриқ от — унинг эгарига юмшоқ ёстиқ боғланиб, бой ота ўтказилган, ўзлари белларию корсонларидан ўша оту эгарга чирмаб ташланган ҳолларича эгар қошини маҳкам чангаллаб борар, ёнларида отини етаклаганча ҳар эҳтиёт шарт тиззаларидан ушлаб, Xудойберди келар, энг орқада Саритойни мингаштириб (ҳар замон кетига шапатилаб қўяди, ухлаб қолма деб) олган ҳамсояси эди.
Пастда ўрик сарғайгани билан бу ерларни ҳали баҳор ўз ҳукмига олиб улгурмаган, аямажуз шамоллари ҳувиллаб ётар, кундузи салгина эриб жилдираган қор сувлари қайтадан тийғончиқ музга айланиб, от оёқлари остида гоҳ қирсиллаб синиб, майда-майда бўлиб кетар, гоҳ отни ҳам тийғонтириб, мункитай дер эди.
Совуқ юзни ялаб, бармоқларга сўзак киритиб борар, улар ҳеч нарсани сезмас бир ҳолга келган эдилар. Оғиздан чиқаётган ҳовур-ку ҳеч қанча ўтмай соқол-муртларда оқ қировга айланиб қоляпти. Гўё ҳамманинг соқоли бир кечада оқариб чиққандек. Булар шунчалик, Ҳожи буванинг ҳоли не кечдийкин?..
Чиндан тўн устидан чакмонга ўралиб олган Ҳожибуванинг оёқ-қўлларидан аллақачон муз ўтиб, чивиндек жони танининг қай буржига қочишни билмас, бутун вужуди титраб-қалтирмоққа тушган эди.
Довонга қанча қолган, отлар туёғи остида шиғирлаган бу ях-муз, бу қум-тош қачон тугайди, қачонгача бу отлар кучаниб-пишқириб ўрлайди? Юзни кесиб, тескари қилиб юборгудек бу изғирин қачон тўхтаб тинади, қачон бир панароқ жойга тушилади? Қачон жонни қўшиб ялаб кетгудек бу совуқ, бу яланглик тугайди, қачон пастлай бошлашади, билиб бўлса, ўлсин агар. Ҳар шамол ҳувиллаб ўтганда бир ғалати, таниш овоз янграб кетади: улардан ҳуркиб «қив-қив-қив»лаган бир қуш учиб кетадию яна қаергадир қўниб олиб, чақирмоққа бошлайди: ҳуқ, ҳуқ, ҳуқ... Xудди анави кунгидек, ўз қўрғонида эшитганидек. Шу совуқ кечада унга нима бор экан? У-ку юртига, ота тупроғига етиб олиш учун чидаб боряпти, уккига нима зарур? Ёки аслида ҳеч нарса йўғу унга шундай туюлмоқдами? Xаёлига шундай ўрнашиб қолиб, таъқиб этиб бораётирми? Нега? Шайтонни қувиб солмоқ мумкин — дуо-си бор. Дуосини ўқисангиз орқасидан ел чиқариб қирқ газ нари қочгай. Ғам-мусибатни қайтармоқ мумкин. «Ҳасбияллоҳу»ни ўқигайсиз. Лекин бу бойқушни, изма-из таъқиб этиб келаётган тун қушини қандай ҳайдамоқ мумкин? Шунга келганда... эшитмаган экан. Эшитган бўлса ҳам... ёдига тушмаяпти ҳеч. Ҳар нарсага етган илми шунга келганда оқсамоқда. Бунга сари ич-ичидан бир қалтироқ туриб, сўнг ўша қалтироқ- қа қўшилиб, вужуд-вужудини хунук бир ғашлик кемириб бормоқдаки, ўзи аёзда қолган баргдек, ха- зон янглиғ титрайди. Тўнгиб қолган қўллари эгар қошидами ё тагидаги от ногоҳ мункиб кецаёқ ўмбалоқ ошиб кетадими, билолмай ҳалак. Назарида нуқул омонат бир нарсага ўхшаб кетяпти. Балки Xудойбердининг отини атаб чақирмоқ лозимдир? Нега унинг тиззасидан тутиб келаётган қўл... йўқолиб-йўқолиб қолмоқда?
Ғуж-ғаж, ғаж-ғуж, чирс-мирс, мирс-чирс — отлар гоҳ қордан, гоҳ муздан бормоқдалар.
Гуп, гуп, гуп — муштдек юраги бўғзига тиқилиб келади негадир.
Ҳуқ, ҳуқ, ҳуқ — сайрашини қўймайди ўша тунги қуш. У гоҳ орқада қолиб кетади. Гоҳ бу ёнга, гоҳ у ёнга ўтиб олади. Ҳуқ, ҳуқ, ҳуқ... Мана ҳозир ўнг ёнидан келмоқда бу савил овоз.
Эргашгани-ку майли, лекин олдиларига ўтиб олмаса бўлгани. Сарҳаддан ўтиб, ота тупроққа етиб олгунларича қўйиб берса бўлгани. Қўйиб берармикан?
Нима керак унга? Нимани чақириб қўймаяпти? Кўксида потирлаб, бўғзига тиқилаётган нарсаними? Жон қушини-я?
Аллоҳ асрасин. Тонг оқармай, Аллоҳнинг фарзини адо этмай туриб, қадами ота тупроққа тегмай туриб берадими жон... қушини? Етдим деганда йиқиладими? Юрт нафаси келмай туриб, нима бўляпти? Жилла қурса, жилла қурса, тонг ёришсин. Азон айтилсин. Бомдод вақти кирсин. Сўнгги намозни ўтаб туриб, ота тупроққа ўнг ёни билан йиқилса ҳам майли. «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни айтиб улгириб. Шунгача қўйиб бер, эй карамли Аллоҳим. Ўзингдан муҳлат сўрайман. Жилла қурса, етиб борай сарҳадга, ўшал муқаддас тупроққа. Унинг бўйларига, насимларига. Жилла қурса, шовурини эшитай у диёрнинг. Туяй бўйларини. Бомдодга қадар қўйиб бер Ўзинг.
Дор тагидагиларга-да икки ракат намоз ўтамоққа рухсат этгайлар. Икки калима Қуръон тиловат қилмоққа изн бергайлар. Ҳатто подшоҳлар ҳам. Сен икки олам моликисан, подшоҳларнинг подшоҳи. Карами кенг зоцан. Бомдоднинг икки ракат фарзини адо этмоққа, сўнгги бор ўзингга сажда этмоққа изн бер. Мажол бер, мадор бер, муҳлат, куч-қувват бер, эй меҳрибонларнинг меҳрибонроғи. Қувғинди қулингни гуноҳларини афв эт, кўз очиб кўрган юрт тупроғига бош қўймоққа ижозат эт. Жилла қурса, баландроқ ердан насиб эт: ўзимиз етолмаганимиз етолмаган, юрт насимлари мозоримиз узра эсиб турсин, етиб турсин ватан бўйлари...
Кейин Маҳфузасини чақирибми, бедарак кетган куёвини чақирибми, алаҳлай бошлади:
— Куёвтўра, мен Сизга ишониб эдим. Ботурлар аҳли аёлларини, ватанларини деб яшамасларми?
Ҳолдан тойган Xудойберди сергак тортди. Ҳожи отанинг оёқларига ёпишиб-етиб юришга ошиқди.
— Ҳожи ота, оз қолди, сабр этинг, — деб далда бермоққа уринди. — Мен ёнингиздаман, шу ерда- ман.
Тун қуши энди чап ёнига ўтиб олган, овози олдинроқдан келмоқда эди негадир:
— Ҳуқ, ҳуқ, ҳуқ...
Туёқ овозлари ҳам айқашиб-уйқашиб кетаётир: «чирс-мирс, мирс-чирс, ғаж-ғуж»...
Нималар бўляпти? Кўз олдига кимлар келиб оляпти? Энг яқинлари, жигарлари-ку. Соғиниб йўқотганлари, йўқотиб топмаганлари-ку! Маҳфузаси-ку!
— Она қизим, опоқ қизим, мени кечириб қўй. Сенга жавр эттим.
Худойберди қўрқиб кетди. Жон ҳолатда бой буванинг оёқларига ёпишиб, тиззаларига шаппалади:
— Ҳожи бува! Бой ота! Сизга не бўлди? Қўрқитманг бундай! Ё тўхтайлукми?
Унинг шовқинига тоғ қоровули от тизгинини тортиб, орқасига ўгирилди:
— Не бўлду?
Бошқа отлар ҳам пишқириб-пишқириб тўхтадилар. Афтидан улар ҳам ҳолдан тойган, бурун устлари оқариб кўринар эди.
— Тақсиримнинг тоблари қочди шекилли, алаҳлаяптилар, — У нима қиламиз, дегандек тикилди.
— Аёқ-қўлдарину уқалаб бақунгчу, зора беру қарасалар... Етуб қолдук.
— Қаранглар, уфқлар ҳам ёришиб келяпти. Ўлмаган қулни тонгга етказар, — деди орқадаги ҳамсоялари. Тиззасидаги бола энди унинг кўксига бош қўйиб, донг қотган, уйқу совуқни ҳам енгган эди.
Худойберди отнинг ҳали у томонига, ҳали бу томонига ўтиб, бошсиз чавандоздек ўтирган қарияни (ортидан шундай кўринар, боши олдга тушиб кетган эди) ҳали қўлларини, ҳали оёқларини жон ҳолатда уқалаб қаро терга тушган, уни ўзига келтиролмас эди.
Бир муддат ўтиб қарияга жон битиб, у йўқлик-борлик орасидан бу дунёга қайтгандек, бошини базўр кўтарди. Биринчи сўзи:
— «Аллоҳга шукр, бомдодга ҳам етибмиз», — бўлди. Сўнг атрофига аланглаб кимнидир излади. Топиб сўради:
— Xудойберди, азон чақирдингизми?
Худойберди борлик-йўқлик орасига тушиб каловланди, сўнг ростига кўча қолди:
— Йўқ, бой бува, худо хоҳласа, энди чақирамиз. Пича бор, саҳар киришига.
— Шундайми? — деди чол.
— Бу ҳалу ёлғон субҳ, чин субҳ — субҳи содуққа жичча бор. Бироз юра турайлукмиди, — деди тоғ қоровул ҳам.
— Ихтиёр Сизда, — деди қария, — лекин йўл деб... бизни намоздан жудо этмагайсиз?
Тоғ қоровули умрида биринчи марта ғалати тортиб кетди. Ўзини бу авлиёдек одамнинг олдида ҳақирдан-ҳақир туйиб, қимирлашга-да, йўл бошлашга-да ожиз сезди.
Сўнг узрини билдириб:
— Жиндек юрсак, сарҳаддан ўтиб ўқирдик, — деди.
— Сарҳад?!.
Эшон буванинг оғзидан учган сўнгги сўз шу бўлди. Унинг ватан илинжида адо бўлган юраги хушхабарни кўтаролмаган эди. Жон қуши ўша сўз ила қўшилиб, чиқиб кетиб бўлган, боши кўксига шилқ этиб тушган эди.
Бойқуш ҳам чақирмас, отлар ҳам жим эдилар.
Сарҳад томондан ёлғиз азон товши эшитилар эди.
Ҳожимни шоша-пиша эгардан ечиб олиб, текис бир жойга оёғини қиблага қаратиб ётқиздилар. Ва нима қилмоқ ҳақида маслаҳатга ўтирган жойларида қибла тарафдан аниқ тиловат овози кела бошлади. Ҳаммалари ҳайратда қотиб қолдилар.
Кўринмас қори Фажр сурасини якунлаб ўқир эди:
— Яа айятуханнафсул мутумаиннах! Иружии илаа роббики розиятаммарузиях. Фад хулии фии ибаадии вад хулии жаннатии. Маъноси бундай эди: «Эй қарор ва ором топган жон. Қайтгил Парвардигоринг тарафига рози бўлган ва рози бўлинган ҳолда. Ва доҳил бўл бандаларим ораларига ва доҳил бўл жаннатимга».
Уни фаришталар ўқирмидилар, инсларми — ҳеч ким билолмади.

Ҳожи Бувадан Ёдгор Совғалар
Ҳикоячимизга маълум қиссанинг давомига
Руҳим жудаям енгил, қушдай учиб кецам-да, мумкин эди. Ахир, ҳазилми! Мен одам сиёқидан чиқариб қўйган Парпи бебахтни (яна қай аҳволда!) топган, акамнинг омонатини етказган ва ниҳоят Яккабоғда охирги вақтларда акамнинг номидан иш кўриб юрган сирли кишиларни бугун ўз кўзим ила (мен эҳсон берилган хонадонда мовут чакмон кийиб хизмат этган кишиларни айтмоқдаман) кўрган эдим.
Насибни қаранг. Бу воқеага менгина эмас, Олим акам ҳам шоҳид бўлиб қолган, унинг-да ҳайрати чексиз эди. Почча айтмоқчи, Оллоҳ чиндан ҳам чевар, қудратлув зот. Бўлмаса, ким ишонади Парпи бебахтнинг бир вақтги йигитлари ҳали ҳам унинг хизматида экан деган гапга?! Яна қандай хизматки, эшитган фақат ҳавас қилмоғи мумкин. Xайр-хўшлашиб қайтаяпмиз-ку ҳали-ҳозиргина кўрган-ешитганларимиз кўз олдимиздан кетмас, унинг таассуротидан чиқолмас эдик.
— Воҳ, бизга шуни илинган эдингизми?! Раҳмат Сизга! — дедим олд ўриндиқда ўтирган поччага.
Ҳамон бурниларинию унга қўшиб соқолларини мамнун-мамнун силаб-сийпаб қўяётган почча хумдек бошларини орқага ташлаб, кўзлари қирила менга қараб қўйиб, жилмайдилар:
— Ҳидоят дегани шу, бўтам. Агар кўр ҳидоят топса, ўн саккиз минг оламни кўра бошлайди. Кар раҳмат топса-чи, жами мавжудотнинг тасбеҳотини тинглай бошлайди. Булар бош-кўзи бутун одамлар-ку.
— Ҳарқалай, ғалати-да, — деди Олим акам йўлдан кўзини узмай ва мени қувватлаб. Сўнг қўшди. — Ҳаммасидан анув одамнинг буларни иззатлаб келгани-чи. Бошқалар оёғининг тагига қўй сўйса бормас.
— Ҳа-а, Ҳозиқ тўрамни айтасанми? Маърузаларига тўймай қолдик-да, тўймай. Бир ерга шошиб турган эканлар. Узрларини эшитиб, жавоб бердик тағинам.
— Узрлари? — дедим мен ҳайрон қолиб.
Нусрат почча тушунтирдилар:
— Бир мусофиргина шифохонага тушиб қолган экан, шунга жавоб тегадирган экан.
Юрагим шиғ этди. Ялт этиб қарадим у кишига:
— Мусофирми, мусофиргинами? — деб қайтариб сўрадим.
— Келин экан, шекилли, жужуғи ҳам бормиш. Олиб бормасам бўлмас, дедилар.
Воҳ! Пешонамдан муздек тер чиқиб кетди. Ана, холос! Ўша бўлса, биз нима деган одам бўлдик?! Икки бирдек қайниси туриб, у киши борсалар — уят- ку! Наҳот хабарсиз қолдик? Балки биз чиқиб кетгач, орқамиздан қўнғироқ бўлгандир. Топиша олмаётгандир?
Бирпасда не хаёлларга бориб келдим. Лекин ёнимдагиларга чурқ этиб, оғиз очолмасдим.
Балки умасдир, Кеннойим мен қолиб, у кишига айтмаса керак эди? Яна ким билади, дейсиз.
Бу орада машина ғиз этиб, поччаникига етиб борган эдик. Туша бошладик. Мен айтолмайман, почча қисташларини қўймайдилар. Ичимни эса ит таталаб боряпти.
— Шўтга келиб кирмасанг, холанг нима дейди? Xафа бўлади-ку.
Хафа бўлишлари аниқ. Лекин...
— Едик-ичдик. Ўзларини кўрдик, — дедим, қани жавоб бера қолсалар.
Ахийри:
— Ҳой, Санобар, буларинг билан ўзинг гаплаш, — деб ичкари қараб юравердилар. У киши ҳассаларини зардалироқ ташлаб борардилар. Қарасак, чиндан хафа бўляптилар, ноилож эргашдик.
— Йўқ-йўқ, мана, келяпмиз...
— Ҳа, бу бошқа гап. Қутлуғ уйдан бир пиёла чойсиз кетиб бўладими? Қолаверса, биз ҳам ғанимат.
Қарасам, тушунтириб бўлмайдиган:
— Ундай бўлса, мен уйга битта қўнғироқ қилиб олай. Ҳарқалай-да, қидириб ётган бўлишмасин, — дедим.
— Яхши-яхши. Ана, деразада турибди, беминнат,— дедилар у киши.
Ўша гапни эшитганимдан бери юрагим ҳаприқади. Назаримда қидириб топишолмаётгандек. Ахийри нумеримизга тушдим, уни аёлим кўтарди.
— Саида, мен...
— Вой, адаси-ей, қаерларда юрасиз-ей.
Худди юрагим сезганидек эди, тавба.
— Тинчликми? Айцанг-айтақолмайсанми? — дедим ичим ғурмишлаб.
— Ахир кеннойиз чиқишлари керак экан-ку бугун. Сиз бўлсангиз...
— Ким айтди? Қачон айтишди?
— Сизлардан кейиноқ, кетишларингиз билан...
У ёғини эшитиб ўтирмаёқ жавоб қилдим:
— Яхши, биз жўнаяпмиз. Унасалар оббораман, бўлмаса, кутма, — дедиму гўшакни ташлаб қайрил- дим.
Улар анжирнинг тагидаги пастак ёғоч супага ўтириб, фотиҳа қилишаётган экан. Бориб мен ҳам қўшилдим.
— Ҳа, тинчликми? — дедилар холам юзларига фотиҳа тортиб бўлибоқ.
— У ёқдан келган келиниз, — дедим мен.
— Қайси? Акангга тегишли анув мусофиргинами? Дараги чиқдими, қаердан чиқа қолди? — деб бир ерга етиб сўрай кетдилар.
— Шифохонага тушиб қолган экан, бугун чиқади экан, айбга буюрмайсизлар, — дедим мен ўрнимдан қўзғола бошлаб.
— Вой, уми? Ўша мушфиқа келинувза-я? Келавурмайдими бу ёққа? Бошувзага кўтаровза-ку.
— Бор, болам. Бора қолинглар. Кўнгли яримтанинг кўнглини олақолинглар. Унаса, олиб келинглар. Акагинангнинг аҳли аёли, — деб поччанинг ўзлари дуо қилиб, тура бошладилар.
Фақат Олим акам ўзига кела олмас эди: ҳозиргина ичкарига қистаб қўймаётган одамлар кеннойимнинг дарагини эшитибоқ, бундоқ ўзгариб қолишлари чинданам ғалати ва тушунарсиз эди унга.
— Юрақолинг, «Волва»нгиз шу бугун асқотмаса, қачон асқотади? Қолаверса, кеннойим бизни кўриб, акамни кўргандек бўлади, — дедим мен.
Жўнадик. Шундан кейингина Олим акамнинг савол қутиси очилиб кетди. Унгача поччаникида ийманиб турган экан.
Мен ҳамма-ҳаммасини — бизнинг юртга қандай келиб қолганию аввал поччанинг шаҳар ҳовлиларида, сўнг бизникида турганидан тортиб, Акмал чўлоқнинг далага чиқасан, деб қилган қийин-қистоқлари, чиққач одам қўйиб ўзига илинтирмоқчи бўлганларигача, унамагач туҳмат йўлига ўтганларигача ва бу туҳмат, гап-сўзларга чидолмаган кеннойижоним (мен буни кейин билдим-ку) бир тонг шаҳарга тушиб чиқаман деб кетганча бадар кетганларини, биз ҳеч ердан тополмаганимизни айтиб бердим. Орадан неча йил ўтиб, Фар-ғоналарда ишлаб келгач, бир ажойиб кунда, ҳеч ҳам кутмаганимда, уни шифохонадан топиб олганимни, ҳозир бир ширин фарзанди борлигини айтдим. Аммо Чаман акам, акамнинг ўша қиёматли дўсти ҳақида эса, оғиз очмадим. Қандай тушунади деб айтмадим. Қолаверса, бу тарих ҳақида Чаман акамнинг омонат гапидан бўлак ниманиям биламан?!
Олим акам ҳийла жим қолди. Шунақа сўникиб кетганки, назаримда ҳали-вери оғиз очиб бир нима дея-оладиган ҳолда эмасди. Чеккаларига оқ оралаб, ўзи сал тўлишиб, пешонасига бевақт ажинлар туша бошлаган бу холаваччам йўлдан кўзини узмай кетаётган бўлса-да, хаёли аллақаёқларда кезар эди.
Тўзиб кетган хонадонларини ўйлаяптими, шу вақтга қадар бир бошпана, бир қурғон қуриб, одамлардек ватан тутолмаганларини, бошларини қовуштирадиган, қайишадиган бир марди худо топилмаганини ўйлаб кетганми, билмайман. У ёғи менга қоронғи. Балки ўз оиласи, тақдирини, билагида кучи, томирида шижоат бор пайтда, мўмай-мўмай топиб юрган кезларида керак қилиб, энди рўшнолик кўрармиз деган маҳалида ташлаб кетган сариқсоч хотинини, болаларини эслаб кетгандир! Ўзингники — ўзагинг дейдилар, ким бегонадан оқибат топибдики, у топсин. Ачинишга арзимайди-ю, лекин шу ёшда сўққабош қолиб, ҳаммасини қайта бошдан бошлаш ҳам осонмас-да. Қолаверса, суянадиган кими бор? Ёлғиз жигарининг аҳволи бу. Аёлини юртга жўнатган жойда ўзи ўтолмай қолиб кетган. Кимга ҳам суянгай, кимга ҳам дарди-юрагини очгай? Ичга ютишдан бўлак қандай иложи бор?
Аммо ичга ютила-ютила зардобга айланган у аламлар бир кун портламасми? Портлаб адои тамом этмасми у юракни?
Мен унинг мижжаларида нам кўрадигандек... бетига қарай олмасдим. Шунчалик бир аҳволдаман. Оғиз очгали, очиб — дардини янгилаб қўйгали қўрқиб турибман.
У оғир хўрсиниб, томоқ қирди:
— Эшитдим, акам бу ёққа ўтолмаслигиниям, ўтиб келган куниёқ олиб бориб, тиқиб қўйишлариниям. Лекин ожизаси — аёлида нима гуноҳ? У бояқишнинг бошига шундай кунларни солдиларми ҳали? Билиб туриб-а? Шошмай турсин, ўша Акмал чўлоғинг!..
— Боя кўрганиз — мовут чакмонлиларнинг каттаси унга ҳукм чиқариб қўйганмиш, — дедим мен.
Олим акам ялт этиб ўгирилди ва бунга ҳам қониқмай машинасини йўл четига чиқариб тўхтатди:
— Ким?! Ўша Парпи-я?.. Нима деб?
— Шариат бўйича ҳукм қилиб, ижросини акамга қолдирганмиш. Ўзи келиб, ўзи ижро этади деганмиш.
Акам ёқа ушлади.
— Келишини... қаердан эшитибди? Қаердан биларкан? — деди ҳайрати ичига сиғмай.
Мен елка қисдим:
— Билмасам. Бир нарсани билса керакки... маълум бўлса керакки...
У оғир-оғир бош тўлғади:
— Қани эди келолса, келолмайди.
Энди менинг ичим тошди:
— Нега? Нега ундай деяпсиз? Акамга нима бўлган?
У бўшашиб қўл силтади, бетимга қарамай бош чайқади.
— Сўрама. Сўрамаям, қуйдирмаям, — деди овози ўзгариб.
Мен ёш боладек елкасига ёпишдим:
— Ростингизни айтинг, Олим ака. Унга нима бўлган? Ўзи бирон нарса биласизми?
— Йигитлари билан қўл етмас музтоғга чиқиб кетган эканмиш. Олти ой деганда уч киши қайтиб тушибди. Бошқа ҳеч қандай маълумот йўқ.
— Ўша уч киши-чи, ким экан?
— Уларни ҳам хорижга — Пешоваргами, қаёққа — ўтказиб юборишган. изини тополмабдилар.
Ичимни бир нарса таталаб, ғурмишлаб ётибди, лекин сўрай олмайман. Чаман акам-чи, у кимни қидириб кетган? Ахир акангни дараги чиқди, деб кетган эди-ку... дея олмайман. Ўзи у ҳақда айтмагунча оғиз очолмаяпман.
Ҳаммани қўйиб акам, Султонмурод акам таслим бўлмаслигини, жони ширин кўриниб тоғдан тушиб келмаслигини билсам-да, бир нарса дея олмай турибман. Шу алпозда Сиздан лозим эмасмиди, жигарингизни қутқариш, унинг учун авф сўраш дегим бор-у, тилим айланмаяпти.
— Нима, у ҳалиям қидирувдами? Гуноҳи шунчалик кечирилмасми?— дедим ахийри бўғзимга бир нималар тиқилиб келиб. Афтидан қайноқ йиғи аввал бўғ-зимга тиқилиб, сўнг кўзларимдан тошиб чиқмоқда эди.
— Гуноҳики, — деди акам афтимга қарай олмай. Ўзи мендан баттарроқ бир аҳволда шекилли, — улар одам боласи журъат этмайдиган бир ишга жазм этиб, чегарадан ўтиб келганлар ва Тўрамни ўғирлаб кетишга ҳаракат қилганлар. Тағинам бахтига бу киши рози бўлмаган, ғишт қолипдан кўчиб бўлди деб...
— Э-ҳа, — дедим мен тамоми ўзгариб ва акамгиларнинг журъатига беш кетиб. — Режасининг зўрлигини кўринг. Одам боласининг тушига кирмайдиган иш-ку!
— Шуни айтаман-да. Шернинг оғзига қўл тиқиб, барака топиб буларканми?! Тағинам Xудо бир асрабди, — деди у. — Давлат билан ўйнашиб бўларканми!..
— Булар-чи? — дедим мен ғашим келиб.
— Нима булар? — деди у англаб-англамай.
— Булар бутун бошли бир лашкарни бошсиз қилиб, у кишини ўғирлаб келишганда... уларни ҳам тушунса бўлар?
Олим акам шу мен билган Саломхоламнинг ўғлими, дегандек бошдан-оёғимга анграйиб қаради, аммо тили на калимага, на гапга келарди.
— Сен билишимча, туппа-тузук идорада ишлайсан. Аммо тилингни бунақа қўйиб юбораверма. Бирдамас- бирда куйиб қолмагин, тағин, — деди хотиржам тортиб.
Ичим шув этди, юрагим бежо тепарди. Одамига учрабман-ку тоза, деб ўйладим.
У машинасини қўзғотиб, йўлга солди. Орага гап сиғмай жим бора бошладик. Қаёқдан ҳам гап очдим деб пушмонда эдим. Аммо ўзи анча жим бориб, сўнг насиҳатга тушди:
— Сен мени тўғри тушун. Акам, жигарим учун менинг жоним ачимайдими?!— деди у. — Ачийди, лекин бир менинг қўлимдан нима келади? У ўзини тошқин бир дарёга отган одам. Ундан ё ғолиб, ё мағлуб бўлиб чиқишгина мумкин, холос. Бўлак йўл йўқ. Мен эсам, ёлғизман. Унинг устига бу борада ночор-нотавон бир кимсаман. Жилла қурса, дадамизнинг дуоларини олиб қолдим, у кишининг васиятларини адо этиб улгурсам ҳам. Акамга етиш... ундай бўлиш... менга йўл бўлсин!
— Нималар деяпсиз? — Мен азбаройи шу томонга ўгирилиб олган эдим,— Адангизни топиб, у кишининг хизматларини қилиб қолишдан ҳайиқмаган одам — шу гапларни сиз айтаяпсизми? Акангизга келганда шундайми?!— деб юборибман.
У ночордан-ночор, хижолатларга ботиб бетимга қаради:
— Нима десам, сенга қандай тушунтирсам? Отамиз учун мен нима ҳам қилибман?! Асли у кишининг дуоларига бошқа биров лойиқроқ, билсанг. Ҳов Чўлпон отада биз кўргани борган одам бор-ку — ўша! У отамизга ҳеч ким қилмайдиган бир яхшиликни қилиб қўйган одам. Билмаган бир китоб жинниси, сутчи одам-да дейди. Лекин аслида топадиганини топиб қўйган — охирати гўзал одам. Савоб топаман деган киши ҳамма ерда топса бўларкан. Ўша киши туфайли отамиз умрларининг охирида ўша тоғлар ортидаги мамлакатда жиндек рўшнолик кўриб, тоат-ибодатда ўтиб кетдилар. Тақдир экан, мен бироз хизматларини қилиб қолдим, холос.
— «Бу ёқдагилар билишармиди», — деб сўрагим бор-у, бояги гапдан кейин... тилим куйиб айланмаяпти. Аммо у қарашимданми, туришимданми сезиб, ўзи деди:
— Минг шукр, билишса-да, билмаганга олишди. Қолаверса, бизда ҳам инсонлар ишлайди, инсонгарчиликни биладиганлар ишлайди. Барчаси садоқат деб виждонию имонини ютиб юборганмас. Уларнинг ҳам томирида темир эмас, қон оқади, укам!
Мен тилимни тишлаб қолган эдим. Аммо дилимдан:
— «Ишқилиб, арқонни узун ташлаб қўйишган эмасми?» — деган иштибоҳ ўтаверар эди. Ахийри айтдим:
— Йўқ, — деди у қатъий қилиб, — умрини яшаб бўлган бир одам учун унчаликка бормайдилар. Тегсалар ўша янгилигида тегар эдилар. Энди бу эски нарса, — деди у.
— Акангиз учун-чи,— дедим энди ҳар қандай истиҳолаларини йиғиштириб қўйиб. — Агар у киши учун жавоб бериш керак бўлиб қолса-чи? Нима қиласиз?
У менга қараб туриб, ноиложликдан десам тўғри бўлмас, алам-аччиғини ютолган одамдек... кулиб юборди:
— Ўсибсан, Мақсуд, ўсибсан. Сенга гап йўқ. Шу туришингда акамга тортибсан. Илоҳим, умринг ўхшамасин, — деди ва мунғайиб қолди. Мен унга ачиниблар кетдим.
Шу маҳал қаршидан келаётган бир машинанинг ичидан сочлари шамолда патила-патила тўзғиган бир болакайнинг:
— Ая, уну қаранг — додамошина! — деб қичқиргани эшитилди ва шу баробар иккимиз ҳам ғувиллаб ўтиб кетдик. Овоз таниш эди — юрагимни ўртаб ўтдию ялт этиб қарасам, болакай ҳам биздан кўзини узмай жажжи қўллари-ла машинани тапиллатиб — тўхтатинглаб боряпти.
Ўтиб кетган шофёр нима экан деб машинасини четга ола бошлади. Шундагина уни танибман! У ўша таниш эски «Победа» эди. Мен ҳам Олим акамга «тўхтанг-тўхтанг»га тушиб, орқага тислантириб борсак, қай кўз билан кўрайликки, бояги машинадан ир-ғишлагудек бўлиб Ёдгормурод тушиб келяпти.
— Кичкина ада! Мақсуд амақу! — У чопа келиб, ўзини қучоғимга отди. — Мен сизну қанча куттум — бормадуз-ку?..
Мен аввалига серрайиб қолган эдим, сўнг ғалати бўлиб кетдим. Чиндан хабар ололмадим. Лекин «кичкина адаси» нимаси? Буни қаердан топди? Ким ўргата қолди?
Чўнқайдим. Митти пешонасини, унга осилиб тушган қўнғироқ сочларини силай бошладим:
— Шунақа соғиниб кеттингми?
— Жудаям.
— Қайси кўзларинг ила? — дедим фақат ўзимизга хос тилда яна ўша ўзимизнинг сўз ўйинимизни бошлаб. Негадир ҳозир мен шуни истаб қолган, ўзимни шундай чалғитмоқда эдим.
У қиз боланикидек узун-узун киприкларини юмиб:
— Ҳар иккаласула. Энду ундай қилмайсуз-а?— деди.
Мен йўқ демоқчидек киприк учирдим. У эса бўйнимга ёпишган кўйи бир ирғишлади ва шу тоб машинага кўзи тушиб, чалғиди.
— Сизларнукиму бу додамашина? — деди ҳайратини ичига сиғдиролмай. — Сизну обюрадиму?
Шу пайт бошқалар ҳам туша бошлаб, мен бош чайқадим.
— Сен таниб ол, бу машина мана бу амақингники,— дедим қулоғига шивирлаб.
— Вуй. — У бир ирғишлаб қўйди ва Олим акамга ёцираброқ қаради-ю, лекин саломини унутмади, — Ассалому алайкум.
Олим акам демаганлар олдинги машинадан туша бошлаган икки аёлдан қайбири кеннойимиз эканини билолмай турармиди, аликка довдиради.
— Ва алайкум...
Бунга сари Ёдгормурод жажжи муштчалари билан биқинимга туртар, бир нарсаларни сўрамоқчи бўларди. Энгашиб қулоғимни тутдим:
— Нима дейсан?
— Милисада ишлуттиму бу одам? — деб шивирлади у.
Боланинг зеҳнига қотиб қопман!
Лекин ростини айтиб бўлармиди унга:
— Йўқ, сен қўрқма. Ўзимизнинг одам, — дедим ва яна энгашиб қулоғига шивирладим. — Ундан кўра, чоп, аянгдан суюнчи ол. Ўшақдан қайтибдилар де.
У биз билан келинойимиз ўртасидаги таржумондек бир чиройли югургилади. У шунақа ширинтой бўлган, гаплашиб тўймасди одам. Ва бориб, аясининг этагига ёпишди. Кеннойим — ўша мен билган Марғу кенно-йимдан зиғирча ҳам фарқ қилмайдиган (на бўй-бастда, на чиройда — Xудо қисмаган, аксинча, бир томчи сувдек қилиб яратган) шу кеннойим анча тўлишган, сулув келинлик давридан ўтиб, сулув келинойилар қаторига ўтган эди. Тавбаки, юзларидаги жиндек шифохона нусхини демаса, биров уни қанча ётиб, дард тортган демасди. Мен Олим акамга секин ҳимо қилдим: кўришмайсизми?
У ҳам бош силкиди: бошлай қол дея ва қўшиб қўйди:
— Олдинда ким, тўрам ўтирибдиларми?
— Ҳа, дарвоқе... — Шундагина ҳижолатдан ўзимни қўярга жой тополмай қолдим. Кеннойимнинг олдига биринчи бўлиб елка тутиб бора бошладим.
— Ассалому алайкум, узр, чиқишингиздан хабарсиз қопмиз.
— Айтишду-айтишду, чиқиб кетган экансиз. Ҳеч қису йўқ, ҳеч қису.
Мен дадилландим:
— Танишиб қўйинг: бу киши Олим акам... Акамнинг укалари. Кўргани бораётувдик...
У келинлардек лов қизарди:
— Вой, шунақаму?.. — Қулоғининг юмшоғи таккинасидаги ўша нори юзларига дув тарқадими, ё юзи ўша рангга кирдими — билолмай ҳам қолдим. Ахир у келин бўлиб, мулла акасини энди кўрмоқдайди, кўриниш бермоқдайди. Буни кўрмоқ ўзи бир нашъали эди ва ҳам чин ўзбекона эдики, у гўзал удумларимизни эсга солмоқда эди. Одатда бундай пайтда келиннинг келинсаломию уни кўрганнинг кўрманаси лозим бўлгучи эди. Биз эса, катта кўчанинг бир чеккасида на унисини, на бунисини уддалай олмаган шўр пешоналардек бир ғалати алпозда турардик.
Йўқ, биринчи бўлиб кеннойим ўзини тутиб олди ва шу вақтда расм бўлган оқ рўмолини пешонасидан сал тушириб, икки учидан тутганча таъзим ила саломга эгилди.
Бундан мутаассир бўлган ва довдираб қолган акам, бир қадам тисарилиб, унга монанд хиёл бош эгди-ю:
— Кўп яшанг, — дея олди.
Бу орада Тўра бува туша бошладилар. Мен югуриб бориб қўлтиқларидан олдим:
— Ассалому алайкум, Ҳозиқ бува. Биз сизни уринтириб қўйибмиз-ку. Билсак, ола келарканмиз, — деб узримни айта бошлаб эдим, у киши таниб:
— Ие, Сизми, хабарчи, болам? Ёдгортойимизнинг акажонисию, буларнинг ҳомийси. Ва алайкум, ва алайкум. Номизни ҳеч тилидан қўймаса-я. Ичикиб қоладими деб бир ерга еттук.
Мен эсам бу мақтовлардан ўзим бир ерга етиб, ичим эса ғурурларга тўлмоқда эди. Чиндан Оллоҳ карами кенг зот — акамнинг ёдгорини ана қаерда асрамоқда экан. Ва шу баробар ўз вазифамни унутганим йўқ: ахир, Олим акамни у кишига таницам, эшитиб қай аҳволга тушадилар экан? Ахир ким-ким лашкари сафида от сурмоқни ният қилиб сарҳад ошиб борган Ботурининг жигари...
Бу вақт Олим акам у кишининг ҳузурларида саломга оғиз жуфтлаб, қўлларини олишга ҳозирланганча турар экан, Ҳозиқ тўра:
— Ваалайкум, келинг, — дедилару бу ким дегандек менга қарадилар.
— Xолаваччамиз... Ўзингиз билган Султонмурод акамнинг туғишган укалари, — дедим мавриди ўзи келаётганидан мутаассирланиб.
— Ҳай-ҳай, шундайми? Бик яхши-бик яхши, — улар қайтиб кўришдилар ва Олим акамнинг елкасига қоқиб, курагини силаб қўйдилар. — Бизнинг Ботурнинг шундай жигари бор экан-ку, шу вақтга қадар билмабмиз? — Сўнг азза-базза кафт очиб, дуо қилдилар. — Эй Тангри таоло насл-насабли, томирида мусулмон қони оққан бу мужоҳиду мужовид бандаларингни иймонини комил этиб, ҳамиша ўз ҳифзу ҳимоянгда асрагин. Дўстга зор, душманга хор этмагил, илоҳо бир-бирларига мурувватли этгил, у дунёю бу дунё жудоликка учратмагил.
Омин дея биз ҳам Оллоҳдан ижобат сўраб, юзларга фотиҳа тортдик. Ўтган ҳам, кетган ҳам бизга қарар, ҳавасланар эди. Ҳавасланса арзигулик бир палла эди. Унинг яна узоқроқ чўзилишини истаб, бир-биримиз ила сўрашиб-исташардик.
— Қаранг, шунча яқин, танишу жигарлариз бор экан, келин, ёлғизман дейсиз. Аллоҳ ўзи бандасини ёлғиз қолдирмагай ҳеч. Фақат тоатидан бегона қил-масин. Қани, жилдикми? Ҳар ким ўз жойигами?— дедилар Ҳозиқ тўра ва тобора менинг пинжимга кириб бораётган Ёдгормуродни кўриб, қўшиб қўйди- лар. — Сенинг ичинг тушмасин, майли, додамошинга чиқақол.
Олдинма-кетин жўнадик. Олд ўриндиқда турволган Ёдгорнинг ҳали менга, ҳали Олим акамга ёпишиб, алланималарни сўраб-суриштиришини, қувончи ичига сиғмай кетаётганини кўрсангиз эди.
Тўра буванинг дала ҳовлиларидаги қўзичоқларию унга печак юлиб берганлари борми, Кўктеракка борганлари, бедапояларда тўр судраб, матраб ташлаб, бедана овлаганлари борми, бари-барини айтиб адо қилолмасди. Тоза яйрабди ўзиям, онасини, бизни соғиниб, ичикиб қолмасин деб тоза кўнглига қарабдилар. Мен у кишини китобдан бош кўтармайдиган олим ҳисоблаб эдим, тоза болажон эканлар. Яна онасини шифохонадан олиб чиқишга етказиб борганларини айтинг. Ёки одам яхши қариса, шунақа закий, силаи раҳмга ўч бўлиб қолади эканми?
Эски Жўвадан ўтиб, пастликдаги тор Қорасарой кўчасига бурилганимизда Олим акам мен томонга зингил ташлаб, саволчан қаради:
— Қаёққа кетяпмиз, бозор-ўчар қилиб олсак бўлармиди? Шўппайиб... кириб бормайлик.
Ёдгормурод бийрон жовуллади.
— Опоқбувам эрталабоқ олдуриб қўйган эканлар-ку. Қаерга кирувсиз?
Воҳ, бу масалада ҳам ортда қолибмиз-ку! Меҳмонлардек кириб борарканмиз-да яна? Эсиз. Ҳамиша эсимиз кеч кириб юради. Биз бир-биримизга қарашдик. Xижолатдамизки, нарёғи йўқ.
Қумлоққа етиб, Калковуз кўпригидан ўтиб қайрилдик. Олим акам рўпарасидаги митти кўзгудан ажаб-ланиб қаради. У айтақолсанг-чи, қаёққа боряпмиз демоқчи бўларди.
Мен гапни узоқдан бошлаб:
— Эсласангиз, акамнинг Чарли деган бир шаҳарлик ошнаси бўлар эди, — дедим.
Акам ҳайратининг зўридан, оёғини тормозгами, нимага босиб қўйиб, тортиб олди: «Волва» енгил селпиниб, яна оқар сувдек жилди.
— Воҳ, булар ўшаларникидан паноҳ топган эканми? Чаман аканикидан-а?
Унинг ҳайратининг чеки йўқ эди.
— Ҳа-да, — дедим мен, — қиёматли ошналар яна қандай бўлуви керак, сизнингча?!
У киноямни тушунди, аммо жавоб бера оладиган ҳолда эмасди шекилли, миқ этмади. Шу орада яна Калковузни кесиб чиқа бошладик. Олдиндаги Тўра буванинг машиналари Калковуз ёқасидаги кичкина Толзор кўчага бурила бошлади. Ёдгормурод яна ўрнидан туриб олиб, ирғишлашга ва ўзининг қандай зўр машинада келаётганини орқамиздан чопган ўртоқларига кўз-кўз қилувга тушди:
— Ур-ре, опоқбувимларникига келяпмуз.
Мен патила-патила сочларини силаб тегишдим:
— Қаер яхши? Қаънғлими, опоқбувангларнинг далаларими, бу ерми?
У оқ гурунчдек тишларини кўрсатиб, жилмайди:
— Ҳамусиям.
Мен бўш келмадим:
— Йўқ, сен биттасини айтгин-да. Ҳаммасидан яхшироғини...
У ўйланиб қолиб, бош тўлғади:
— Йўқ, ҳамусиям яхшу. Кейин соғуниб қолсам, майлуми?
Қўшилишиб кулдик. Бу орада бор бўйича куйиб тушиб, шўппайиб қолган дарахт кўзга ташланиб, ўша бир тавақали, остонасига харсанг тош ётқизилган эшик олдида тўхтадик. Мен бехос Олим акамга кўзим тушиб, қўрқиб кетдим. У машинасини тўхтатишга тўхтатган-у, лекин туришни ўйламай... ўша куйган дарахтга қадалиб қараб қолган, ранги қув ўчиб борар эди.
— Ҳа, ака?— дедим болани тушириб юборибоқ.
У ўзига келди:
— Яшин тушган шунақа дарахтни хўв ўша мамлакатдаям бир кўриб эдим. Бу ерда ҳам кўриб... ғалати бўлиб кетдим. Буниям... яшин қилганми? — деди у.
Мен бош чайқадим:
— Йўқ, буни одамлар ёқиб юборишган.
— Ҳа-а, — деди у зўрға ўзига келиб. Нимага менгзади, тушуна олмадим.
Туша бошладик. Бунгача олдинги машинадагилар тушиб бўлишган:
— Қани-қани, той бола, ичкарига хабар қилиб, суюнчига чопинг, бир йўла шунча меҳмонни кўриб, ҳайрон қолишмасин, — деб туришар, бунга сари кеннойим хижолатланиб, ичкарига қистар эдилар:
— Вой, шунчаси борму, юравуринглар, келсангуз кимну деб кепсуз?..
Аммо шу вақт ёлғиз тавақа эшик шитоб очилиб, остонада икки ҳовлуққан болакай — ичкаридан чиқаётганию кираётгани — тўқиниб кетай деганча ачомлашиб қолдилар.
Оқ ёқали оҳорли кўйлак-шим кийиб, жажжигина йигитча бўлиб олиб, (бу албатта, Тўра буванинг ишлари шекилли!) аясини опчиқишга борган ва олиб келаётган Ёдгор-ку ўзини қўярга жой тополмай ичкарига чопган эди. Аммо машина овозини эшитиб ташқарига югурган болакайнинг ҳайратию ясан-тусани бундан зўр, бир қарашда уни тўй болами демоқ мумкин эди!
Унинг бошидаги укпарли дўпписию, устидаги зар тўни, ҳатто оёқчаларидаги этикчалари бу диёрники эмас, ҳов бизнинг болалик йилларимиздаги каби роса ихтимат-ла тикилган, пўримдан пўрим, зар тўни- нинг уқаларию пистонлари ундан-да ялтираб ёнар эдилар.
— Ий, Ёдгор, вой қочқоқ! Бормисан?! — деди униси — тўй бола.
— Ўзуз қочқоқ! Келаркансиз-ку?! — деди буни- си — той бола.
Той билан тўй бола ачомлашиб чирмашиб кетишган, укпарли тикроғи бунисини азза-базза кўтариб олиб, чир айлантирар, ерга оёғини қўяр-қўймас, яна қайтадан қучиб, юзларини юзларига суйкар эди. Бу ёқда биз мутаассир:
— Ана, қандай соғунишиб қолишибду!
— Ичикканлари рост бўлсин, топишганлари рост бўлсин.
— Бирпас қўйиб беринглар ўзларига, — деймиз, куламиз. Куламиз-у, кўзларимизда ёш айланиб, бир ғалати тортиб боряпмиз.
Улар эса, биз катталарни, наинки бизни, бутун дунёни унутиб, ялашиб-юлқашади, алланималарни сўрашиб тўйишмайди. Тойчоғу қўзичоқлардек сакраб-ирғишлашади:
— Росттан қайттузму? — дер эди Ёдгор, ўзи унинг бўйнига осилиб олиб.
— Келдум-келдум, — деб ишонтирмоққа уринарди буниси.
— Бутунлай-а?
— Бутунлай!
— Ур-ре, чопдик, опоқбувимларга. Аямам келуттилар! — деб енгидан тортқилай туриб, бирдан Ёдгор тўхтаб қолди. Унинг бошидаги укпарли дўпписию зар тўнини энди кўраётгандек, бир қадам тисарилиб томоша қилмоққа, енгининг уқаларини ушлаб силамоққа бошлади. Сўнг бошидаги укпардан кўз узолмай:
— Зўр-ку, — деди, у ёғини эса сўрай олмасди, балки хаёлига ҳам келмасдир. Тўй бола ирғишлади:
— Биласанми, буни қаерда кийдиришди? Ўша ёқда кийдиришди! Сенинг чин буванг, у ёқдаги буванг кийдирдилар. — Сўнг сал бўшашиб, ирғишлашдан тийилиб, Ёдгорнинг билакларини ушлаб силкилади. — Сенга-да опкелаётган эдилар. Бундан-да зўрини. Биласанми, ўзлари кийдирмоқчи эдилар. Аммо... етиб келолмадилар... Довон оғир экан.
Чап курагимнинг тагида бир нима жиз ачишиб, тилиб ўтди.
Мен болани таниб улгурган, гап нима ҳақда бора-ётганини ҳам элас-елас англаётгандек эдим. У, адашмасам, ўша Саритой, Асал опанинг йўқолган асрандиси эди.
Ўғирлаб олиб кетишган бўлса, уни Ёдгормурод деб ўйлашган бўлса, қандай қайтди, ким билан қайтди — калламга сиғдиролмасдим. Бу ёқда эса...
Бу ёқда бизни ичкарига қистай-қистай остонага бориб қолган кеннойим негадир бирдан қалқиб-тисарилиб кетди. Ранги қув ўчиб бора бошлаганини кўриб, ўқдай отилдим. У рангида ранг қолмаган, хуши бошидан учиб, қўллари нимагадир талпинганча ҳавода бир таянч топмай, ўзи оғиб бормоқда эди.
Кимдир «Вой, ушланг!», деб қичқириб юборди. Менга қаердан шунча куч кириб кетди, бунча жойни қандай икки ҳатлашда ўтиб, кеннойижонимни тутиб қолдим — ўзим билмайман. Xудо асрайман деса шу экан. У боши билагимда-ю, аста қаддини кўтариб оляпман-у, ёшли кўзларини очмай мунглиғдин-мунглиғ шивирлар эди:
— Дадажонум, дадажонум, шунинг учун тушларумдан кетмай қолубму эдиз? Дийдор қиёматга қолибму эду?..
Шу куни чип-чип оби ҳаёт элтиб оқиб ётган ўша Калковуз бўйидаги таниш хонадонда келинойимнинг ўз диёрига етиб келолмаган падари бузрукворларига аза очилиб, қўни-қўшни, таниш-билишлар фотиҳага кела бошладилар.
Тўра бува қуёш оғиб, уфққа бош қўйгунга қадар Қуръон тиловат қилиб бериб ўтирдилар.
У киши гоҳ «Ёсин»дан, гоҳ «Таборак»дан ўқиб ўтирган бўлсалар-да, ахийрида савоби улуғ дебми, бошқа сабабданми, «Моида» сурасининг охирги ўн оятини йиғлаб-йиғлаб ўқидилар1 ва узоқ дуо қилдилар. Нега, биз бунинг сирини ҳеч тушуниб етмасдик. Тушуниб етишимизга неча қовун пишиғи ва қанча синоатлар бор, буни-да, билмасдик.
Иккинчи китоб битди.

Рушди Ҳидоят
Учинчи китобдан илк боб

Омонат (ёхуд тангритоғдан паноҳ топган мужоҳиддан муждалар)
Калковуздан — катта сув бўйларида бўладигандек, намхуш ел эсар, булоқ ҳидларига монанд муанбар ҳидлар, сув ўтларининг таниш ислари гуркираб-гуркираб кетар эди. Ана шу елларга қўшилиб, тол сояси шунақанги хуш ёқмоқда эдики, ўрнимдан жилгим келмасди.
Мен, акам, шу кўчалик бир неча қўшнилар фотиҳахонликда ҳассакаш бўлиб турибмиз. Улар орасида ўнг бетидаги нозик норию қош-кўзлари ўзига ярашган Чаман акам тенги бир йигит ҳам ўтирибди. У Чаман акамнинг қиз ўртоғи, машҳур шоир эмиш.
Аллоҳнинг хоҳлашию чеварлигини кўрингки, бир кунда шунча воқеаларнинг шоҳиди бўлиб турибмиз. Бўлмаса, ким ўйлабди, биз бу хонадонга хурсандчилик олиб кела туриб, бундай аламли хабар устидан чиқамиз деб?! Қолаверса, кеннойимнинг тузалиб чиқуви, унинг жужуғи Ёдгортойнинг боши осмонга етиб қайтуви, шунинг устига Акбарнинг осмондан тушгандек кириб келуви — қай хурсандчиликдан кам эди! Тўйхонага айланиб кеца керак бу хонадон девдим. Лекин қаердадир кўз тегиб улгурган экан. Балки, ўша ярим йўлда учрашиб қолиб, кўришиб турганимиздаёқ кўз тегиб, хурсандчилигимиз поёнига етиб қолган, бу хонадонга Саритойнинг қайтув шодлиги билан бирга кеннойимга тегишли шум хабар ҳам етиб улгурган эканми! Чиндан бу ҳаёт қувонч ва ғамдан, шаккар ва заққумдан, ҳаёт ва мамотдан иборат, қоришиқ шекилли. Бўлмаса, довон ошганлар шундай кунда етиб келадиларми? Кеннойимнинг азиз падари, уни бир кўрай, неварамни бағримга босиб армондан чиқай деб кела-ётган Мирзаҳожи бува етдим деганда йиқиладими? Ватанларини ташлаб, диёрларидан чиқарилганларнинг ўз диёрларига қайтмоғу етмоқлари шунчалар душвору мушкул эканми? Ёхуд Аллоҳ ўз раҳматига шу тариқа дохил этгай эканми?
Тағинам инсон боши тошдан, ўзи тамоми бардошдан яралган экан.
Остонада той ва тўй болалар кўринишди. Энди Ёдгормурод ҳам Саритойга ўхшаб ясаниб олган, акасидан бир қадам жилмас эди. Ҳожи буванинг ота юртдаги неварасига атаб олволган кўрмана совғаларини аввалига ирим қилиб кийдиришмай туриб эдилар. Кейин Ҳозиқ бува уришиб бердилар. Исломда ирим йўқ, ниятни чиройлув қилиб кийдираверинглар, бувасидан ёдгор, ўша кишининг ёшларига етиб юрсин, илоҳим, дедилар.
Аёллар Ёдгорни кийинтиришга кийинтириб, ўзлари йиғлаб олишди: зар тўн ҳам, дўппию этикчалар ҳам — барча-барчаси қуйиб қўйгандек эди, ният холис экан-у, фақат кўриш — ўзларига насиб этмабди. (Маҳфуз кеннойим эса, ўзига аталган нарсаларни кўриш у ёқда турсун, тугунни ечолмаётган эмиш. Кўрди дегунча ўзини тутолмай йиғига бериларди).
Болалар ҳам табаррук деб ясантириб қўйишгани билан боягидан анча сипо тортиб қолишган, ҳеч бир-бирларидан ажралмай ичкари билан элчилик қилиб туришарди. Мана, ҳозир ҳам Ёдгор билан Акбар ўтирган жойимизга келиб, бир нарса демоқчидек ёнимга ёпишиб, елкамга суйкалди.
— Xўш? — дедим мен қулоғимни тутиб, Акбар қолиб, Ёдгормурод шивирлади:
— Сизну чақиришопту.
— Ичкаридами? — дедим юрагим жиз этиб. — Ким, аянгларми?
— Йўқ, опоқбувум.
— Кўриниб кетаркансиз, — деди Акбар-саритой катталардек.
Тушундим. Ҳалидан бери сўролмаётган нарсамни айцалар керак. Қолаверса, ўзим ҳам кетолмасдим. Кеннойим тузалиб чиқиб, болалар топилгани билан ҳали бу уйга хотиржамлик инди, ҳамма мурод-мақсудига етди дегани эмасди. Ойтўра бувининг кўнгиллари ҳамон алағдаю, фақат буни бировга сездирмагандай ўша ўз уйларида, оқ пошшонинг давридан қолган оқ руҳ каравотларида (унинг қуббалари ҳамон ярқирар, асллигидан сира қилт этмаган эди, тавба) ўша-ўша, оқ-оппоқ бўлиб ўтирар эдилар. Ичлари маҳзун-у, ташларидан билинтиргилари, бировга малол келтиргилари йўқ. Менга шундай туюлаяпти. Балки мен у кишининг дардидан жиндек хабардор эканлигимдандир бу.
— Яхши, — дедим той болаларга жавоб бериб, аммо ўзим ичим қуриб ёца-да, ўрнимдан тура олмасдим. Ҳарқалай таъзияли жой, ошиқмаган, ҳовлиқмаган маъқул. Яна сўриток тагида ўтиришган қариялар олдидан ўтиб бориш лозим. Айниқса, Ҳозиқ тўрамнинг салобатлари босади одамни. Чой янгилаш баҳонасида кириб бордим, алоҳал. Буви интиқ, йўлимга кўз тикиб ўтирган эканлар, каравотларини ғижирлатиб, жиндек қўзғолмоққа, тавозеланмоққа ҳаракат этиб эдилар, хижолатларга ботиб кетдим:
— Уринманг-уринманг. Мен мана шу ерга чўка қолдим. Ўз уйимдек бўлиб қолди-ку, ахир, — деб дераза тагидаги кўрпачага чўккаладим.
Аммо у киши қўймадилар:
— Ўтинг-ўтинг, одам ўз қадрини билмоғи керак. Айниқса, эркак киши, — деб қистай-қистай тўрга сурилтирдилар. Сўнггина дуога қўл очдилар:
— Илоҳо омин, оғир кунда мазлумлару ёлғизларга эш бўлган экансиз, сизни Оллоҳ ўзи қўлласин. Яхшиям Сиз боракансиз. Акагинангизнинг ҳурматидан бизга шунча қайишдиз. Сиз туфайли мана, бағримиз тўлиб қолди. Кеннойингиз тузалиб чиқиб, бағримизга қайтди. Саритойим келди.
Мен баттар хижолатланиб, ер суздим, тиззаларимни уқалаб, хуш ёқаётган мақтовдан ўзимни чалғитмоққа уриндим.
— Аввало Оллоҳнинг хоҳлаши.
— Ўзига шукр, ҳазор-минг шукр. Шунчалик раҳм этти. Ишқилиб бу ёғини ҳам, қолган мушкулларимизни ҳам осон эцин. Чаманим қайтиб, сизнинг акагинангизнинг йўллари ҳам очила қолсин, илоҳим.
Оҳ, қанийди, дейман ич-ичимдан бир ғурур туйиб ва ҳам бир мунглиғ ҳислар уйғониб, кўзларим эса, намланиб кела бошлайди. Юзларига тўйиб-тўйиб термулгим бор-у, (ахир ёлғиз ўғиллари кимнинг ғами билан юрибди ўша узоқ юртларда?!) аммо қарай олмаётирман кўзларига.
— Ўша кунларга етказсин, — дедим.
— Илоҳим,— дедилар у киши, — эртаю кеч Ўзидан сураганимиз шу. Аммо бандамиз — иссиқ жон — қачон омонатини олади, билмаймиз. Бу ёқда эса, ундан дарак йўқ. Айтган ҳамма муддату муҳлатлари ўтиб битди.
— Узоқнинг иши, кўпам қайғураверманг, — дедим таскин бериб.
— Шундай-ку, бу ёқда айтган гапию қолдирган омонати бор, болам.
— Омонатки, хатларми?— дедим ичим ғурмишлаб. Чунки аввалги гал бир чеккасини очгандай бўлиб эдилар.
— Шунга ўхшашроқ... Ўғлим бояқиш унга кўрсатолмай Сизга қолдирган нарсалар шекилли. — Буви маҳзун тортиб, енгларини мижжаларига босдилар ва шу ўтирган куйлари сал қайрилиб ёстиқлари қатидан рўмолчага ўроғлиқ бир нарса олдилар. — Мана, ўша нарса, ўқисангиз биларсиз. Фақат бояқишгинага билдирмай турақолинг. Ўзининг ғами ўзига етарли.
— Бўлмаса-чи, секинроқ айтасизми, — дея олдим мен шошиб. Аммо ўзим, ич-ичимдан бир қалтироқ туриб, аёзда қолган одамдай титраб боряпман: нима бало, акамнинг кеннойимга аталган мактублари эканми, дейман нуқул. Омонатни ҳам қўлим титраб, зўрға олдим. Қандай туриб, қандай чиқдим, нималар деб у кишига тасалли бердим, ёдимда йўқ. Эс-ҳушим акамдаю сочми, мушк исими ўтириб қолган қўлимдаги нарсада эди. Уни киссамга солиб-да, Олим акамгаю бошқаларга хотиржам кўринишга уринсам-да, ўзимга келолмасдим. Минг уринмай хаёлим у омонат хатларга қочиб-қочиб кетаверар, бедарак акамную манави мусофир кеннойимнинг тақдири кўз олдимга айланиб-айланиб келаверар эди.
Уйга келибоқ, хазина топган одамдек ичкарига кириб олиб, омонатни очсам... чиндан ичим қуриганича!.. Улар — Чаман акамнинг икки оғиз илтимосию Султонмурод акамнинг Маҳфуз кеннойимга аталган хати бўлиб чиқди.
— Ҳаҳ, — дедим ичим ёниб, — бу омонатнинг эгаси шундай ёнгинасида яшаб туриб, нечук ўзига беролмабди? Аяганми ва ё азбаройи ачинганидан бермай қўя қолганми? Нимага лозим кўрмабди? Ютоқиб ўқий бошладим. Чаман акам ўша бир энликкина хатида ёзарди:
«Мақсуд, ўзинг кўп фаросатли йигицан. Бу омонат хатларни аввал бошдаёқ ўзингга ташлаб кетавермаганимни тушуниб оларсан. Ҳар нарсанинг давоси вақт. Шу жумладан, айрилиқнинг ҳам. Яна Оллоҳ билади, буларнинг тақдирини рўзи азалда қандай битганини. Лекин барибир, хатни мушфиқа кеннойингга беролмадим. Мавриди эмас, ўз дарди ўзига етади, деб ўйладим. Тузалиб олгунича ярасини янгиламаганимиз маъқул. Агар сафарим чўзилиб кеца, бу нарса ўзингда туратурсинми, деб ўйладим. Балки омадим чопиб, аканг-нинг изини топсам (янги маълумотлар ҳам йўқ эмас) у хатни кўрсатиш керак ҳам бўлмай қолар.
Оллоҳдан умидим кўп, шояд яхши хабарлар билан қайцам.
Чаман аканг»
«Айтмоқчи, акангнинг ёлғиз ёдгорига кўз-қулоқ бўлиб тур. Доғда қола кўрма. Уларни сенга, сени Xудога топширдим».
Оқ-оппоқ (ён дафтарми, тақвимми, ишқилиб тўрт томон ҳошиясига ислимий нақш урилган, ҳарқалай хорижники — бизникимас) қоғозга таниш имлода битилган хатни ўқимоққа интиқман-у, аммо етишганимда андеша устун келиб, (ҳарқалай бировга аталган!) журъат этолмай турибман. Бош-кетини ўгириб, ҳар варақнинг бошламасидаги жадвалу ўнгдан чапга битилган бежирим босма ёзуву рақамларни томоша қиляпман-у, тишим ўца ўлсин агар. Ҳарқалай ҳар бетнинг бошламасига шунақа жадвалу ёзувлар урилган, бисмиллоси шундай. Лекин буларнинг ҳаммаси ҳам мени хатдан чалғитаётгани йўқ, қайтага ичимни ғурмишлатгандан ғурмишлатяптики, у ёғи йўқ.
Ўртада андиша бўлмаса, аллақачон уни бир чеккадан ютоқиб ўқий кетардим. Аммо ўзимни тутиб, кўзимни юмиб ўтирибман. Ўз-ўзимдан сўрайман:
— Ҳаққим борми бу битикларни ўқимоққа?
— Ижозациз бировнинг хатини ўқимоқ — гуноҳи азим, — дейди ичимда ўтириб олган ва мен тасаввур этиб-етолмаётган митти болакай. Кўзимни юмиб, роса тикилсам — ўзим, фақат Ёдгордекми, Саритойдек пайтим! (Жудаям луқмон эканман-ку!)
Унга эътироз билдирмоқчидек сўрайман:
— Кеннойим, ўша Маҳфуз кеннойим акамга аталган битикларини менга ишонганда — ўз акам, Султонмурод акам ишонмайдими? Нима, мен бегонаманми? Бу тарихлардан бехабар бўлсам эканки?..
Митти болакай ўрта бармоғини нуқиб пўписанамо қарайди:
— Ҳа, шум! Ҳа, қув! Ўзингизча, йўл (фатво) қи-диряпсизми? Кетмайди шумлигинг!
— Бўлмаса, нима қилай? Ичим қуришиб ўтиравурайми шундай?
— Элчи-Чаман ака нима депти? Ўқиб боқ. Ижозат эца, бошқа гап.
Ютақиб Чаман аканинг хатига ёпишаман ва деганларини қайта бошдан ўқий бошлайман.
Воҳ, яна қанақа рухсат керак?! Чаман акамнинг ўзи ўқиб бўлган экан-ку. Ўқимаса кўрсата кўрма, дермиди?
Иккаласи иккимизгаям бирдай азиз-ку?! Керак бўлса, жонимизни беришга тайёрмиз-ку! Нега бу тарихнинг миридан-сиригача билмаслигимиз керак?!
Шууримдаги митти болакай энди бош чайқаб-чайқаб кула бошлаганди. Гўё қувсан десам, фаросатинг ҳам бало-ку, демоқчи бўларди. Шундан сўнггина акамнинг битикларини ютақиб ўқимоққа бошладим. У ёзар эди:
«Менинг Каъбам — диёрим томон юзланиб, буваларининг юртида кўҳлик келин бўлиб ўтирган жамилам Маҳфузага. Бу мен. Сизнинг чин орқадошу тақдирдошингиз Султонмуродман. Мени қон ва олов жанг-гоҳидан ортмоқлаб бенажот ва беҳуш бир аҳволда олиб чиқишган кезда Сиз ва сизникидагилар нажот фариштасидек тепамда пайдо бўлиб, қирқ кун дуои-жонимни қилиб ўтирган эдингизлар. Энди эса, менинг диёримда ўчмас чироғим бўлиб ўтирибсиз экан. Кўриб кўнглим жойига тушди. Шукрки, етиб борибсиз. Оллоҳнинг ўзи қўллабдики, дадангиз айтган одамлар қолиб, бизнинг ишончлув орқадошларимиз — холажонларимникига бориб тушибсиз. Йиғламанг ҳам, сиқтаманг ҳам. Ўзингизни ёлғиз-нотавон ҳис этманг ҳам. Улар менинг онам ўрнида онажонларимдур. Сизни ҳеч қачон ёлғизлатиб қўймаслар.
Тўғри, Тангритоғда адажонисининг эрка ва ойдин қизи билиб юрган Сиздай оғача хоним, бор-йўғи бир хафталик келинпошшага бошқа ерда бошқа ватан тутмоқ, мусофиргинага айланиб қолмоқ осон эмас. Лекин сиз қай юртга келин бўлиб тушганингизни унутманг. Сиз у диёрга бегона ҳам, мусофир ҳам эмассиз. Ўз ота-буваларингиз юрти у. У юрт, у диёрга етолмаётганлар қанча, тушларида кўришга зор-интизор ватанжудолар қанча! Шукр қилинг худованди каримга, қолган дуоларингизни ҳам ижобат эцин.
Мен эсам, мен эсам бу олис юртга — Сиз туғилиб, оталарингиз паноҳ топган диёрга шон ёхуд шавкат излаб келмаганман. Ўз элимдан топмаган эрку адолатни шу ердан топарманми деб, жилла қурса, шу тоғлар оралиғида, динимиз душманларининг қўли етмас бир жой — бир диёрда одамга одамдек эмин-еркин, ўз ҳақ-ҳуқуқини таниб, Оллоҳ ризолигини топиб яшаш имконини бергувчи бир жамият қура олармизми деб келганман. Шу ниятда Ҳозиқ тўрам жанобларининг лашкарларига бу томондан қўшилишга уриниб ётган эдик. Аммо қай бир ҳаракат ва феълимиз Оллоҳга хуш келмадики, ўша қўли калта деб ўйлаган баттол душманларимиз у кишини бир кечада ўғирлаб кетиб, биз кўз тиккан лашкар ҳамда озод Ватан кишиларини етим қилиб кетдилар.
Бир хонадон ўз эгасини йўқоца, оилани отадан жудо эцалар қанча одам алам-армонда қолади-ку, бу ерда халқ, лашкар ўз сарбонини йўқотиб қўйган эди. Улар шунаққиб озодликнинг юрагига ханжар урдилар. Унга қўшиб иймонимизни суғириб олмоқчи бўлдилар.
Ва биз ҳам бир кеча етти отлиқ — етти ботур Оллоҳга таваккул айлаб, довон ошмоққа ва сарҳаддан ўтмоққа жазм этдик. Ниятимиз ёлғиз Оллоҳгаю ўзимизга аён эди.
Кўзи боғланиб, отга ўнгарилган асиримиз эса ўзи қаерга олиб кетилаётганини билмас, типирчилаб шовқин кўтарай деса, қўл-оёғи чандиб ташланган, оғзида латта эди.
Уни тоғ оралиғидаги ўрмонлиққа қадар шу алпозда олиб бориб, сўнг булоқ сувидан ичмоққаю таҳорат олмоққа рухсат этдик. Асир титраб-қақшар, гўё биз ҳукмни ижро этгани келганмиз-ку, дор олдидан унга икки ракат намоз ўтамоққа ижозат этиладигандек. Ўзига келсин деб имконият бердик:
— Ҳозир пешинни ўқигаймиз, Сиз ҳам бизнинг имомга иқтидо қилиб намозга ўтгайсиз. Сизга зулм қилмоқчи эмасмиз, — дедик. Шундагина унинг юзига қон югурди.
Намоздан сўнг тамадди қилиб олиб, яна йўл тадоригини кўра бошладик. Ва шу асно бандимизга ниятни маълум этдик.
— Танланг, — дедим мен шарт қўйиб, — ё биз билан кетиб, шартимизга кўниб, тирик қоласиз, ё алвидо айтиб, лошингиз шу ўрмонда қолгай! Иккисидан бири. Қайбири маъқул?
Асиримиз муқаддам тўрамнинг хос табиблари эди, у жанобга бир томчи сувдек ўхшаб, баъзан у киши бетоб пайтларида қўшшоқ — ўриндошлик вазифасини ўтар, билмаганлар тўрам деб қулоқ тутаверар эканлар. Бизга худди шуниси керак эди. У ёғи сир эди.
— Ўлгунча эсдан чиқмайдиган бир иш қилайлик. Шунга сиз кўниб берсангиз, бас. Бир одамнинг ўрнига бир кеча-кундуз уй қамоғида туриб берасиз. Кейин орқамиздан етиб оласиз, — дедик.
Ғурури ўзига етгунча экан:
— Миллатим учун, у киши учун лозим бўлса, жоним фидо бўлсин. Ахийригача ҳам туриб бергум. Жиҳод-ку бу! — деди.
Биз десак, биздан ёвқурроқ чиқиб қолди у. Ҳа, Маҳфузам, ҳар иш ниятга боғлиқдир. Бўй-бастда, сувратда, шакл-шамойилда Маршал тўрамдан бир туки кам бўлмаган ўша одам ёлғиз шу сўзи ила Оллоҳ розилигини топган, жаннат боғчаларидан ўзига жой ҳозирлаб қўя олган эди. Унга ҳавас қилмоқ мумкин эди. Негаки жиҳодни сидқ ила ният этмоқнинг ўзи — илоҳий жаннатга кирмоқ ҳуқуқини бергай. Рафиқам, биз ҳам ана шундай жиҳодга — тоғлар оралиғида сарбонидан айрилиб етим қолган мамлакатни асрамоққа, сарбони билан бирга ўғирланган эрки-имонини қайтариб олмоққа отланган эдик. Маҳфузам, ҳаётда шундай онлар бўладики, ҳамма нарса — умр, мол-мулк, дунё ҳою ҳаваслари барчаси ўткинчи экани, фоний экани аниқ-равшан кўриниб қолгай. Ёлғиз бир нарсагина яшашга арзирли эканини англаб қолгайсан, билиб қолгайсан, киши. У ҳам бўлса жиҳоддир — Оллоҳ ризолигини топиб яшамоқдир. Шунинг учун ҳам биз аждаҳо комига қўрқмай кириб бормоққа жазм этгандик ва бунда ёлғиз Оллоҳга таваккул қилиб, сарҳад ошиб боргандик.
Тўрттамиз сарҳадда қолиб, тўрттамиз (биз энди саккиз киши эдик, асримиз-да, бизнинг сафимизга қўшилган эди!) манзилга — тўрамнинг зиёратлари- га — у кишини уй қамоғига жойлаштиришган жойга қараб бормоқда эдик. Тун-кечалаб отлиқ юриб, тонг-саҳар Қибрайга кириб бордик ва отларимизни ишончлув жойда қолдириб, у ёғига бозорга тушган анжанлик деҳқонлар сиёқида — ҳаммамизнинг қиёфамиз бир хил — қора лас чопону чуқур «анжан» нусха дўппида ва ҳам белбоғ — чорсида эдик. Яна узоқдан касал кўргани келаётган одамлардек бир олам бозор-ўчар қилиб олганмиз.
Қўймасликлари ҳам мумкин экан. Лекин тўрамнинг анжанлик хешларига мурувват қилишди. Ҳарқалай узоқдан келибсизлар деб. Албатта, эшик оғаси — қоровул амакининг олдига мозорбосди нарсалар тўкиб ташлангач, у ҳам ийиб кета қолди.
Шундай қилиб, Оллоҳ мушкулларимизни осон этиб, тўрамнинг олдиларига кириб борсак, у жаноб ниятимизни эшитиб, ўз сояи-чеҳрадошларини таниб («ие, ҳозиқ тўрам, мен-ку ноилож қолдим, Сизга нима бор бу диёрда?!» деб) қучоқ очиб кўришдилар-у, аммо таклифга келганда... кўнмадилар.
— Мен ўзим кимманки, асл муршидликни даъво эцам?! Ҳақиқий ҳазратни кўрмоқчимисиз, юринг, — деб мени ичкари бир бўлмага бошладилар ва бир оқ-оппоқ хона эшигини қия очдилар.
Во ажабки, хонанинг ўртасига жойнамоз ташланган ва ўшал гиламча устида оқ-оппоқ бўлиб, тўрамдан бир туки кам бўлмаган бир одам — ҳазратнинг ўзлари нур тўкиб (тасбеҳ ўгириб) ўтирар эдилар.
— Ана, асл бошчи, биз ҳам хос табиб... қўшшоқмиз, сувратмиз, холос,— дедилар.
Ана шундай, ҳабибам! Не ниятда келиб, қуруқ қўл ила қайтмоққа мажбур қолгандик.
Алоҳал чор-ночор хайрлашиб чиқдик. Йигит кишининг аввало сазаси ўлмасин, сазаси ўлсаям, ўйлаган иши пучга чиқмасин. Ҳолимизни тасвирлашга тилим ожиз. Ҳаммамиз бир оғиздан шунча журъат топиб келганда наҳот бўш қайтамиз, дердик. Ахийри субҳи содиқда отларимизни қолдирган ерда учрашмоққа аҳдлашиб тарқалишдик. Ким такя-чойхонага вақт ўлдиришга, ким тўйиб ухлаб — куч йиғмоққа кетди. Мен эсам, отимнинг бошини аввал Калковуз томон, сўнг она диёр Каттабоғ томон бурдим. Ҳар нарсадан воқиф менинг қиёматли ошнам — Чаман (ҳа, ўша мен Сизга қийин кунда қидириб бормоқни лозим кўрган ошнам!) Сиз қай гўшада эканингиз хабарини берди. Ва мен ўша сутдек ойдин кечада ойдан тушгандек ҳузурингизга кириб бордим. Буни ўша кеча шунча сўраганингизда ҳам айтмагандим. Энди айтмоқдаман. Негаки, ўша кечаги ташрифимдан ҳеч ким воқиф эмаслигига ва бундан кейин ҳам воқиф бўлмаслигига ишонтирмоқ эдими, ҳозир ўзим ҳам яхши билмайман. Балки Сизга эркалик қилгим келгандир, ялинтирмоқчи, шу билан ёдингизда кўпроқ қолмоқчи бўлгандирман. Ўшанда... ўзим Сиз биланман-у, арши аълодаман-ку, ора-чира туриб-туриб ич-ичимдан аламми, бир нарса қайнаб кела бошларди. Бир чеккаси шундан-шу ёққа беҳуда келмаган эканмиз, деб, Сизни топганимдан Оллоҳга шукроналар айцам, бир чеккаси алам ғашлиги ўртарди. Не ниятда келиб, бўш қўл ила қайтажагимиз эсимга тушиб, ўзимни ўзим ёмон кўриблар кета бошлардим. Маҳфуз, мени тушунинг: Биз ёлғиз Оллоҳ розилигини истаб, шу ишга жаҳд этгандик. Шу йўлда қурбон бўлиб кетишга ҳам тайёр эдик. Лекин на қурбон бўлдик, на бир нарсага эришдик! Бундан бошдан-да айрилганимиз авло эди! Негаки, у ҳолда ҳам, бу ҳолда ҳам ниятга етардик. У ҳолда шаҳид кетиб, бу ҳолда эса, эрку иймонни қайтариб олиб! Ҳозир-чи, нимага эга бўлмоқда эдик?!
Ўша субҳи содиқда — Сиз билан пинҳон хайрлашган чоғда тилим Сиз учун ширин сўзлар маржонини термакда бўлса-да, дилим аламдан сим-сим ачишар ва қон йиғлар эди. Биз Тангритоғга қай юз билан боришни билмасдик. Бизнинг ниятимиздан ҳеч ким воқиф бўлмаса-да, у Оллоҳга аён эди-ку. Жиҳодни тилга олиб, нега унинг учун жонни жабборга бериб бўлса-да, уни поёнига етказмадик?! Мана шугина — Оллоҳ ризолигини топадиган ишни уддаламай қайтаётганимиз юрак-бағримизни ўртаб бормоқда эди.
Ой «Ака дийдор қиёматга қолди, мен Маккага ўтиб кетгайман» деб кетганча дараги ҳам, хабари ҳам келмаган Ислом тоғамнинг болохоналари устида осмоннинг ёлғиз кўзидек кумуш нуқраларини беармон сочиб ётар, жиндек кечиксам, бозорчилар ҳам уйғониб қолишар, мен эсам, келишилган мазгилимга етиб боролмасдим. Аммо ой нурларига чўмиб ётган Изза сойларию унинг икки ёқ бетларидан, Каттабоғнинг бир сирли мудраган олачалпоқ боғлари — нокзору ёнғоқзорларидан, анҳор ёқалаб кетган тупроқ кўчасидан, сизлар қолаётган ҳовлининг тупроқ томларидан кўз узолмасдим. Кетмасам бўлмасди. Юрагимнинг бир чеккаси узилиб қолаётгандек эди. Яна қачон қайтаман? Умуман, қайтиш насиб этадими-йўқми, ёлғиз Оллоҳ билади.
Мендан бўлак одам бўлса, балки кетишдан ҳам кўра қолишни афзал кўриб қолармиди. Лекин мен... кетмасам бўлмасди! Жиҳод деб сарҳад ошиб келган шерикларим бор, субҳи-содиқда кўришгаймиз деган ваъдамиз бор, сўзим бор эди! Етиб бормаслигим мумкин эмасди! У ёқда эса, Тангритоғда эса, бизга кўз тикканлар қанча эди. Биз ботурларки, тинчимизни кўзлаб ҳар ён тарқаб-тарқаб кетаверсак, эрнинг эрлиги қолгайми? Бизки ўз ҳузури-жонимизни ўйлаб кета бошласак, элнинг ҳоли не кечгай?
Бу ниятимиз Оллоҳга хуш келмаган эса, бошқаси хуш келгай! Мақсад Оллоҳ ризолигини топмоқ экан, нега қайта бошдан ўзига таваккул қилмайлик. Бирон йўл — нажот йўлини ўзи кўрсатар, ахир?!
Етиб борсам, шеригим типирчилаб турибди.
— Қани бошқалар?
— Кетишди, отингни қиста, омад чопди, — дейди.
— Қандай омад?! — дедим бир ўртаниб.
(Маҳфуз, эшитяпсизми, бизга омад кулиб боқибди!)
Шеригим отини қистаб, калта жавоб қилди:
— Улар қилган ишни биз қилолмаймизми? Тўрамни ўғирлаб чиқдик. Элчин ботур у кишини олиб, жўнаб кетди! — дейди.
— Табиб-чи, Тўрамнинг ялакатлари? — дедим ичим шиғ-ғ сидирилиб.
— Қолди, эрта-индин орқамиздан етиб боргай.
Мен пандавақи шу гапга ишониб ўтирибман! Улар мен йўлдалигимдаёқ бошқа режани тузиб қўйишган экан!
Тўрамнинг ялакатларини «сен тўрамдан қаеринг кам, ўзинг лашкарга бош бўласан, қолган вилоятларни ҳам озод этамиз, ана шу йўл билан Оллоҳ ризолигини топамиз», деб ишонтириб қўйган эканлар.
Э, воҳки, менга буни жуда кейин, ғишт қолипдан кўчгандан сўнггина айтишди.
Ёлғон — ёлғон-да, қачон ростнинг ўрнига ўтибди!
Соя — соя-да, асл асл-да! Ҳамма ҳам тўрам бўлаверибдими!
Мана бугун ёғийдан зарба еб, тўзиганча тўзиб, етти дўст — етти ботур аранг Музтоққа бош олиб чиқиб кетмоқдамиз. Ялакат «тўрам»-да биз билан...
Маҳфузам, Сиз менинг йўқотиб топганимсиз. Нажот фариштамсиз. Тирик қолсам, Оллоҳнинг ёлғиз Сизга раҳмат-марҳамати туфайлигина омон қолмоғим мумкин бу машаққатли довон — Музтоғдан ошиб ўтмакда. Ҳар не бўлганда ҳам саҳарларда ёлғиз Ўзидан сў-рангки, бизни ора йўлда қолдирмасин. Ё ғолиб эцин, ё шаҳид!.. Биз диёрларидан қувилганлар ё ғолиб бўлиб, динимизни, шариатимизни бу тоғларда лахча чўғдек асраб қолайлик, ё шаҳидлик шаробини тотиб кетгайлук-да, жаноби Ҳақнинг ризолигига эришайлук.
Маҳфузам, ёлғиз ўтинчим, ўғил кўрсангиз ўшал ваъдангизга биноан, исмини — Ёдгормурод қўйгайсиз. Яна бир рижом: ёлғиз қолганда Каломуллоҳнинг бизга аталган оятларини (Оли Имрон-195) ўқиб тургайсиз. У сизга юпанч ва мадад бергай, иншааллоҳ!»

* * *
Мактуб мана шу варақда узилган эди.
Чаман акамнинг топгани ва ҳеч кимга кўрсатмай келаётган нарсаси шугинамиди ёки яна борми — буни билмасдим.
У акамнинг хасмини ёмон кўз-ёмон сўзлардан, туҳматчию маломатчиларнинг маломатларидан асраб, Ойтўра бувининг бағрида олиб ўтирганининг ўзи ҳар қанча таҳсинга лойиқдир. Оғир кунда дардига малҳам бўлаётгани камдек яна ошнамнинг дарагини топдим деб излаб кетгани-чи? Биз ҳам юрган эканмиз-да. Жигаримизнинг тақдирига ачинишдан нарига ўтмай! Ахир мендан лозим эмасмиди, ишхонамдан ўша юртларга рухсатнома олиш, Султонмурод акагинамнинг дарагини излаб кўриш?!
Бошига не кўргиликлар тушганда ҳам тош келса кемириб, сув келса симириб, миқ этмайин ҳамон уни кутиб ўтирган кеннойим ҳаққи-ҳурмати, Ёдгормуродимиз — томиримизнинг томири ўша той бола учун ҳам мен сафарга отланмоғим керак эмасми?!
Чаман акачалик ҳамиятим, ғурурим йўқми?
Олим акам-чи, у нега жим?
Қачон одам бўламиз?..
Умуман, биз бечораларга хорижга йўл борми? Ёки ҳаж йўли сингари у ҳам беркми?..
Мурод дорам — умидим бор Султонмурод акамдан дарак топмоққа, ўзини кўрмоққа. Оллоҳдан ёлғиз сўраганим шу.
Шояд, барояд ё раб, жавоби берилса...

5 ўктабир, 2002 йил.

AvvalgiIII- qism Keyingi
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика