Жудолик диёри (2-китоб 1-қисм) [Murod Mansur] |
АРМОНЛАР ДИЁРИ Жудолик диёри... Армонлар диёри... Соғинчлар диёри... Ватандаги ватансизларнинг унсиз фарёдлари. Ардоқли адибимиз Мурод Мансурнинг янги асарларини шундай сифатласак ҳам бўлар. Мазкур асарнинг биринчи китоби билан адибиёт муҳиблари танишлар. Адибнинг кўп йиллик меҳнатлари самара бериб, иккинчи китоб ҳам ёзилди. Xалқимизнинг яқин ўтмишдаги армонлари, унсиз фарёдлари ёзувчининг қалбини ларзага солиб, сўнг қоғозга кўчди. Умид шулки, бу унсиз фарёдлар сиз — муҳтарам китобхонни ҳам бефарқ қолдирмас. Ёзувчининг юрагини титратган воқеалар катта авлод хотираларини уйғотиши табиий. Ёш авлодга эса тарихимизнинг бу саҳифалари эртак каби туюлса ажаб эмас. Xалқ бошига шунчалар ташвишлар тушиши мумкинлигини улар ҳали ҳис этолмасалар керак. ... Олий ўқув юрти талабалари билан бўлган учрашувдан сўнг бир қиз яқинлашиб, савол берди: «Сиз истиқлолнинг буюк неъматлигини айтдингиз, лекин айрим катталар «аввалги замон яхши эди», дейишади. Кимнинг гапи тўғри? Қайси гапларга ишонишимиз керак?» Толиба ва унинг тенгдошлари биз — катта авлодга шундай савол беришга ҳақли. Чунки ўтмишни қўмсаб қоладиган қорин бандаларининг бундай гапларини баъзи-баъзида биз ҳам эшитиб қоламиз. Ажабланамиз: «Кечаги куннинг нимаси яхши бўлган экан? Тўғри, ўша ўтмиш — бизники. Уни қоралаш, лой чапиш онгсизлик белгиси. Лекин аввалги жамиятнинг қора кунларидан кўз юммоқлик ҳам адолатдан эмас. Бегуноҳ отилганларнинг, совуқ сибириянинг ўрмонларида жасадлари қолиб кетган аждодларнинг, Ватан соғинчида кўз ёшлари эмас, қон ёшлари тўкиб, армон-ла вафот топганларнинг руҳлари олдида нима деб жавоб берамиз? Кечаги ўтмишни «тўқлик замони» деб ҳисобловчилар очарчилик йилларида бир бурда нонга зор равишда кўчаларда ўлиб қолганларнинг руҳи олдида нима деб жавоб берар эканлар?..» Учрашувларда кўп қатори бизга ана шундай турли саволлар беришади. Дам жиддий, дам ҳазил оҳангида жавоб қайтарамиз ва бу саволларнинг аксари ёддан кўтарилади. Лекин бу қизнинг саволи эса унутиладиган хилидан эмасди. Бироқ, Муроджон аканинг асарларини ўқиш жараёнида ҳам бу савол бот-бот қулоғим остида жаранглади ва ўша талабчан синглимизга шу китоб орқали хаёлан жавоб бергандай бўлавердим. Фасллардан бирига «олтин куз» деб таъриф берамиз. 1991 йилнинг кузи ватанимиз тарихидаги олтин даврни бошлаб берди, десак янглишмаймиз. Мен ўша ойлари ота юрт тупроғини ўпишни энг улуғ саодат деб билиб, Xудога шукрлар қилган ватандошларимиз кўзларидаги ёшни унута олмайман. Шулардан бири айтган эди: «Дадам жон берар вақтларида дедиларки: «Болам, мен сенга бойлик мерос қолдирмаяпман, мен сенга Ватан соғинчини, ҳижронни мерос қолдиряпман. Юрт озод бўлган дақиқадаёқ қанот чиқариб уч, агар узоқда эсанг-да, икки уммонни сузиб ўцанг-да, бор-да, мен учун ҳам Ватан туфроғини ўп, мен учун ҳам бу муқаддас туфроқни кўзларингга сурт...» «Арининг заҳрини чекмаган болнинг қадрини на билсин», деганларича бор... Истиқлол берган неъматлардан яна бири — ана ўша армонлар китобларга кўчди. «Жудолик диёри» ўша армонларнинг бир қисми, лаҳзаси халос. Ёзувчи 1966 йилги Тошкент зилзиласи баҳонасида бузилган уйларни, хароб қилинган боғларни, лойқаланган ан-ҳорни бежиз тасвирламайди. Одамларни серфайз боғлардан кўчирилиши баёнида рамзий маъно бор. Совет мафкураси бу ҳолатни «Ленинча халқлар дўстлиги тантанаси», деб таърифлагани билан аслида бу ҳам йигирманчи-ўттизинчи йиллардаги зулмнинг бошқа либосда кўриниши, мантиқий давоми эди. Ёзувчининг кечинмалари фақат ўзига хос эмас, бу — халқнинг тилга кўчмаган изтиробларидир. Султонмурод ва Маҳфузанинг тақдири — айрилиқларнинг сиёҳ билан эмас, кўз ёшлари билан битилган баёни. Ёдгор — уларнинг фарзандлари — келажакка бўлган умид. Илҳом сут- чи — бу дунё ҳою ҳавасларидан юз ўгирган одам. У курашчи эмас, у умид ҳам эмас, лекин ундаги пок-ликка ҳавас қилмоқ мумкин. Ҳозиқ тўра — ёруғ келажак умидига ишонч. Парпи бебахт — гуноҳлар учун ажрнинг нақдлиги. Унинг тузалиши зулмнинг абадий эмаслигига ишора. Асардаги бу каби рамзий маънолар ўқувчини фикр-лашга даъват этади. Китобхонлар ёзувчилар билан учрашганларида «асарингиздаги фалон қаҳрамон ҳаётда бўлганми?» деб сўрашади. «Жудолик диёри»ни ўқиганларда ҳам, шубҳасиз, шу савол уйғонар. Мактабдаги адабиёт дарсларида «прототип» деган тушунча ҳақида кўп гапирилгани учун ҳам бундай саволлар туғилади. Аслида ёзувчи ҳеч бир қаҳрамонини ҳаётдан тўлалигача кўчириб олмайди. Адабиётда «прототип» билан бирга «умумлаштириш» деган тушунча ҳам бор. Айтайлик, мазкур асардаги Парпи бебахтнинг қароқчилиги бир одамдан олинса, унинг тўғри йўлга ўтиши бошқа бир одамнинг фазилатидан олинган бўлади. Ҳозиқ тўра ҳам кечаги тарихимизда ўтган улуғлардан бирини эслатар, лекин у ҳам ҳаётда ўтган биргина одамнинг тўла тасвири эмас. Бир неча яхшиларнинг фазилатлари ёзувчи таҳлилидан ўтиб, хаёлоти чашмасидан баҳраманд бўлгач, юзага келган қаҳрамонлардан бири. Айрим олимларимиз буларни «тўқима образ» ҳам дейишади. Бу атамани «Жудолик диёри»га тўла тадбиқ эта олмаймиз. Шундай десак, асарнинг ишонтириш қувватига путур етказган бўламиз. Ро-ман — ҳаётий воқеаларнинг умумлаштирилган баёнидир, дейилса ҳақиқатга мувофиқдир. Мазкур асар гарчи, кечаги кунимиз ҳақида бўлса-да, у бугунги кунимиз учун хизмат қилади. Ўтмиш замонни қўмсаганлар бу китобни ўқисалар, фикрларини ўзгартирарлар. Менга савол берган синглимиз эса жавобни шу китобдан олсалар ажаб эмас. Тоҳир Малик Изн Истаб... Аввало: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм Сўнгра: Жудолик диёрида кечган бу тарихнинг давоми ва уни Аллоҳ қодир этганича ёзганимиз хусусида. Умидим бор, шояд Аллоҳ чиройли эца. «Қиссаларнинг гўзали Қуръон қиссаларидир», то абад тилдан тушмагай. Қолганлари унутилиб, алал-оқибат йўқолишга, ўчишга маҳкум. Улар қусурли банданинг қусурли сўзи, битиги, холос. Фақат... фақат шулар орасида Аллоҳ таборак ва таоло Ўзи изн бериб, жиндек юқтирганлари, Ўзи хуш кўриб, ихлос тўнини ёпган ва қабул безаклари ила безаб, кам-кўстини тўлдирганлари ҳам борки, ана ўшалар яшаб қолуви, ўқиганларга ҳар гал чиройли кўринуви ва то қиёматга қадар мўминларнинг қўлидан тушмаслиги мумкин. Демак, Аллоҳ азза ва жаллага хуш келадурган бир нималар битмак мумкин?.. Ахир, меҳр-мурувват, силаи раҳм, етимларнинг бошини силамоқ сингари чиройли амаллар, шаҳидлик шаробини тотмоғу ҳидоят топмоққа ўхшаш гўзал ажрлар ҳали тугаб битмаган. Бу ҳақида қанча гўзал ривояту қиссаю тарихлар мавжуд. Нафас ютмай эшитганмиз уларни. Қолаверса, энг мушкул дамларда динию иймонини кафтида лахча чўғдай тутиб, тоғ-тошларга чиқиб кетган, ўз диёрларидан ҳижрат этганларнинг Аллоҳ субҳонаҳу ва таолога ҳам хуш келгувчи жудолик тарихлари-чи?!. Билмам, нотавон кўнглимга қачон, қайдан илашди бу ҳавас, жудолик диёри тарихининг илк китобини ёзиб тугатиб ҳам таскин топмадим. Битганларим айрилиқ қўшиғининг дебочаси, холос эди гўё. Ҳали олдинда зўр имтиҳонлар, сарагу пучакка ажралишлар тургандек эди. Кимга жаҳон аҳли аёллари ҳавас эца арзигулик сабри жамиил, кимга шаҳидлик мартабаси ато этилуви мумкиндек, кеча жаҳолат ва разолат дунё-сида зўр саналиб юрганлар эса ниҳояти бир қоқилув ила адолат тарафга юз беруви, ҳидоят топмоғи мумкиндек эди, валлоҳи аълам. Шундан бери ўзимни бу юмушга чоғлар эдим. Тунги дуолариму тонгги илтижоларимда сўрардим. Ҳафталаб, ойлаб «тирноқ»лаб бир нималар топган-жамлагандек бўлардиму... ўшал қайғули қисса тасаввуримда мунглиғ эртакдек жонланиб келиб, уни бировдан қизғонгандек, худди уч-кетини йўқотиб қўядигандек шошиб-ентикиб ёза кетардим. Аммо надоматлар бўлсинким, бу ҳол бир ой ва ё ундан ортиққа чўзилмай яна аро йўлга кириб, қаён борарини билмаган мусофирдек туриб қолардим. Ич-ичимдан сезиб турибман, нимадир монелик қиляпти. Нима қилсам, тизгинни қўлга оламан? Яна ўша самимият, ўша ёниқ ҳислар, ширин бир титроқ қайта меҳмон бўлиб келади — билмасдим, билолмасдим. Ахийри топдим! Ёлғиз Ўзидан сўрамоқ лозим экан. Мурод дорам — умидим бор, деб илтижо эцанг, албатта, барояд, ё раб — илоё, етгин, жавоби берилгуси экан! Биласиз, «Жудолик диёри»нинг биринчи китобида чин кўкламни соғинган боғлар мисоли алдамчи насимларга учиб қолган қавмим жудоликларидан ҳикоя этган эдим, энди эса, унинг нажоти учун бош тикиб чиққан бир ҳовуч кишилар — ботир акаларимизнинг аламли қиссаларини давом эттирмоққа йўл излаб, изн истардим. Акаларимизни жиндек бўлса-да, танийсиз. Эшитгансиз улар ҳақда. Улар ўз юртларига сиғмаб эдилар. Улар иймонларини қутқармоқ-чун энг аямли нарсалари — моли, ҳоли, жигарларидан айрилиб, ватанларидан жудо бўлиб, бўлак диёрларга бош олиб кетмиш эдилар. Ана ўшал ҳижрат юрти — Тангритоғ томонларда Дориламон бир диёр қуриб, уни маскан тутмоқ-чун курашган ўша ботурлар қиссаси мана, неча йилдирки, оғиздан-оғизга, наслдан наслга эртакдай кўчиб келмоқда. Забт этилмаган иймон қалъасию ҳаловат диёри мисол, ҳижрон қўшиғи каби!.. Ё, қодир Аллоҳ! Ўзинг изн бер, шул қўшиқнинг давомини ёзмоғимга, Ижозат эт, Ватанию динини деб тоғларга чиқиб кетган, иймонини асраб қололган биродарларим қиссасини бу ёқда қолганларга етказмагимга. Самимиятлар ато этиб, илҳому кушойишлар бер, аввало Ўзингга, қолаверса, жумла мўминга манзур бўларли бир нима битмагимга. Уни Ўзинг мумтоз эт. Суюкли қил. То қиёмат қадар яшаб қолгувчи асарлар жумласига қўш. Ҳасбияллоҳу ва неъмал вакил — Ўзингга таваккул айлаб, раҳмат ойи — Моҳи рамазон ичи бошладим ва бу тарихни ўқиган наслларга сенинг ҳидоятингни соғиниб, китобнинг бу қисмини «Нажот фариштаси» деб атаб, ёзилажак учинчи китобини «Рушди ҳидоят» деб белгиладим. Илоҳо, ниҳоясига адашмай осон етмагимга Ўзинг мушаррафлар айлагайсан. Омин я Роббил оламийн. Муаллиф Рамазони шарифнинг бешинчи кунлари. Тошкент, фазилатли «Қозигузар» маҳалласи Жиндек Изоҳ: Асарнинг аввалини ўқиб, давомини кутмоқда бўлган азиз ўқувчиларимга маълум бўлсинким, Султонмурод ва Маҳфуза тарихининг жудолик юртига тегишли қисмини аввалгидек Мақсуд ҳикоя қилиб, ўртадаги во-қеаларни Аллоҳ изн берганича ўзим тўлдириб бормоқни ихтиёр этдим. Аллоҳ ўзи бу муробитларни ҳаммамизга суюкли этиб, ўқиганлар қалбига рушди ҳидоятини солсин. Уни битмагимга илҳом берган ва шоштирган нарсани ҳам айтиб қўя қолай. Бу Алихонтўрам Соғуний жанобларининг бир оғиз каломлари — «Эй бор Xудоё, агар менга жаннатингдан насиб этган бўлсанг, ботурларимсиз киргизмагил», деган дуолари бўлди. Фаришталар омин деган бўлсин. Омин я Роббил оламийн. Мурод Мансур, 1 март, 1999 йил Биринчи Бўлим - Ўша Биравнинг Маҳфузаси Кимнинг Эркасисиз, Ёдгормурод? Мезбонқоғоз жимитдеккина-ю, жуда бежирим эди. Ёзувлари ҳам бир бошқача, ишқилиб менинг тишим ўтмайдурган бир имлода эди. Мен бунақасини умрим бино бўлиб, энди кўриб турардим. Тавба, Чаман ака шунақа зўр одам бўлиб кетган эканми — хорижларга чиқадурган, чет элликлар билан борди-келдилар қиладурган?! Узоқ-узоқ йўқ бўлиб кетиши... шунданмикан? Аммо ташриф қоғозини ўнгариб, қувониб кетдим. Бу ёғи — ўзбекона эди: Жаноб Чаман Убайдуллоҳ ўғли. Манзил-мавоземиз: Тошканди азим, Қумлоқ мавзе, 17-Зарқайнар кўча (Калковуз ёқалаб ўтгайсиз), 58. Телефунумиз... ва ҳоказо. Ол-а! Кўзимни боғлаб қўйсалар, топиб борарман! Талабалик йилларим қаерда турибман?! Кечалари дарс қилиб ўтириб, уйқу босиб келганида Калковузга шўнғиб-шўнғиб олишларимиз ёдимга тушиб кетган эди. Ўша ерда туриб, Чаман акани учратмаган эканманми? Эртасига ишга ўтибоқ сим қоқишга тушдим. Аммо мен кўзга тўтиё этиб, тераётган рақамларим ҳеч уланмасди. Ахийри ишга уннаб, чалғиб кетибман. Индинига бир қисталанг топшириқ билан Андижонга жўнатиб юборишдию шу билан ёддан кўтарилибди. Чаман ака шу ҳафтанинг ичи қидириб топсин, деб тайинлагани ҳам бир бўпти, менинг алаҳсиганим ҳам... Шанба куни ҳамма юмушларни йиғиштириб, излашга тушдим. Бу сафар қўнғироғим улана қолиб, телефонни ширинтойгина болакай кўтарди; — Алуё, Сиз ким бўлуциз? — дерди у ширин бир тилда жовурлаб. — Сен танимайсан, — дедим. У болаларча ижикилади: — Нега танумасканман? — Чунки кўрмагансан-да, — дедим. У гаплашган саринг гаплашгинг келадиган — ёқимтой эди. — Ҳич келмаганмусиз? — деди у эркаланиб. — Йўқ, оковси, бормаганман. — Унда қаердан билуциз телуфунимизну? — Биламан-да... — Ҳа-а, алдоқчи, биларкансиз-ку... — Унда нима дейиш керак? — Ундаму?.. Xассалому алайкум, — деди у қарз саломини эслаб. — Валлайкум ассалом! Кат-то йигит бўлинг, — дедим мен эриб. — Отингиз нима эди, той бола? — Маниму? — деди у тенг кўриб гаплашаётганимдан тантиқланиб. — Ману отум... — Xўш? — Отум о-от, — деди кутилмаганда тегажоғланиб. — Йилингиз тойчоқ! — дедим мен ҳам. У қиқирлаб кулди ва гаплашгични тушириб юбориб, бир нималар тарақлаб кетди. Бола уни ола, «фуф-фуф»лади: — Алуё, кечирас, тушуб кетту. Эшитопсизму? — Синмадими, ишқилиб? — Йўқ, синмапту. — Xайрият. Эҳтиёт бўлинг-да, той бола. — Xўп бўладу, — деди у одоб билан. Нимагадир у баъзан-баъзан «бўладу-келаду»лаб қолар эди1. Мен сўрашимни қўймасдим: — Отингизни айтмадингиз-ку, той бола? — Манму? — Ҳа-да. — Ману отум, — деди у дона-дона қилиб, — Ёд-гор-муро-од. (У эркаланиб, бошини бир чиройли буриб қўйганини... яққол тасаввур этдим.) — Ў-ҳў, зўр-ку, Чиройлийкан! — дедим беш кетиб. — Сизнуки-чи? — деди у қизиқиб. — Меники Мақсуд. — Сизнукиям чиройлуйкан, — деди ҳаваси ке- либ. — Сиз бизнукига ҳичам келмаганмусиз? Борганман, дея қолсаму... ана, келганакансиз-келганакансиз, деб сакраб-қувнай кеца! Бўлади-ку, шунақа болалар: бирпасда элакишиб, сирачдек ёпишиб оладиган... — Йўқ, оғайни. Xудо хоҳласа, энди бораман, — дедим уни севинтиргим келиб. — Боравурайми? — Келунг-келунг-келунг! — деб ўйноқлади у. — Ким бор? Ёлғиз ўзинг зерики-иб ўтирибсанми? — Бувижон борлар, опоқум борлар. Чақирайму опоқумларни? — у шошиб қолганидан гаплашгични ташлаб, ташқарига чопди. — Опоқу! Асал опоқу! Амақум чақироптула. Ана, холос! Ҳалитдан амаки ҳам бўлиб қолдим! Мен мийиғимда кулиб, уни ўйлардим: ким экан, бу ширинтой? Чаман аканинг ўғли десам, «опоқу»лаб турипти? Ё нумерда адашдиммикан? Бу орада кимдир келиб, гаплашгични кўтарди: — Лаб-бай?! — деди аёл киши чарс овозда, гўё бошимдан қайноқ сув қуйгандек қилиб. Унинг бир оғиз сўзи шундай заҳар-заққум аралаш эдики, ҳушим учиб, калаванинг учини йўқотиб ҳам қўйдим. — Гапиринг! — деди у боягидан ҳам терсроқ қилиб. Адашиб тушибман шекилли, деб ўйлаб: — Чаман аканинг уйлари...масми? — деёлдим зўрға. — Уйлари!.. — деди аёл «Нимайди?!» деган каби. Тавба, аёл киши ҳам шунақа чарс бўларканми! Иложи борича юмшоқ сўрашга унналдим: — Кечирасиз, опой. — Мен уни бошқа миллатдан деб ўйлаб, қовун туширибман. — «Опой»изга бало борми?! Гапиравуринг гапиззи?! — деб жеркиб берди у. — Кечирас, — Дамим ичимга тушиб кетган, тезроқ кимлигимни айтмасам, гаплашмай қўяқолиши ҳам мумкин эди. — Чаман ака тунов куни сўраб борганаканлар. Мен Мақсудман, оғайниларининг укаси, — дедим. Аммо аёл юмшаш тугул, вой, шунақами, деб қўймасди. Бунга сари юрагим пўкиллаб, дедим: — Эшитяпсизми, мен... — Эшитяпман, — деди у «кар эмасман!», деган каби. — Топиб келаласизми? — Бороламан. Аммо ўзлари, қатталар? Аёл гапни калта қилди: — Келсангиз — биласиз. Во-оҳ, ана сизга опоқу!.. У гаплашгични илди-қўйди. Фақат болакайнинг «Ким, опоқу? Адамлани ўртоқлариму?», дегани чала-ярим эшитилиб қолди. Бечора, ҳар битта қўнғироққа чопиб бораётгани, «алуё, кимсуз»лаб ижикилаётгани... шунданми экан? Адажонисини ичикиб кутаётган у тойчоқ — кимнинг эркаси экан?.. Калковуз ёқасидаги қатор толлар қийғос сочпопук чиқариб юборган эдилар. Шамол бу ерда ҳам улар устида қувлашмачоқ ўйнаб чарчамас, ҳали новдаларига осилиб ҳалинчак учар, ҳали аллақаёқларга изғиб кетар эди. Жаладан кейингидек бўтана сув қирғоқларгаю толларнинг йўғон қора илдизларига бош уриб ҳалопларди. Шаҳарнинг ичида, яна жинкўчалару томи-томига туташиб кетган маҳаллалар оралаб шундай катта сув оқиб ётганига ақлим бовар қилмай анҳор ёқалаб, айтилган жойни излаб борардим. Ёнгинамдан тандирдан янги узилган нон ҳидини анқитиб, велосипедли болакай ўтиб кетди. Олдида нон савати — бозорлигию кўзи томда, варрак соғаётган болакайларда. Ўзи эса шувиллаб боряпти. Қойил! Осмони-ҳафтимдан дардараклари дариллаб варрак овози келади, аммо ўзини илғаб бўпсиз! Болакайлар оламни унутиб, қийқиришарди: Шамо-ол, бағринг камо-ол, Варрагимни осмонингга о-ол. Яшавор! Булар ипни бўшатгани сари осмон варракни ютиб боряпти... Кўча охирлаб, Калковуз аллақандай ташландиқ боғ-майдонга кириб борадиган жойда эса... астаъфируллоҳ, уни қаранг! Чақмоқ урибми, ёнибми, батамом ку-йиб тушган, баҳайбат ёлғиз дарахт кўринар, у ёнғоқ десам ёнғоққа, қайрағоч десам, қайрағочга ўхшамасди. Шунақа абгорки, куйиб кўмир бўпқопти. Мен қаерга келганимни билолмай гарангсиб турарканман, якка тавақали эшик ортидан аёл кишининг ўқдай овози янграб қолди: — Акбар-ув, балогинага йўлиққур-ув?!. — Кетвотман. — Тол тагида кўринган бола челагини кўтаролмай инқиллаб, икки эгилиб келарди. — Ҳу, қирилибгина кеткур! Ман нимага юборувдим, отгинанг ўчгур? — Аёлнинг ўзи кўринмаса ҳам қарғиши қия очиқ эшикдан ўқдай чиқар эди. — Мана, опкевотман. — Ҳу, опкемай кет. Самовар эриб битди-ку. Бола сув тўла пақирни у қўлидан бу қўлига олган сари ўша томонга обкашдек эгилар, ҳар қадамида пақир тўпиғига урилиб, сув чайқалар, чайқалгани майли, иштонининг ёни шалаббо бўлиб борарди. Қадамимни тезлатдим: — Қани, менга беринг-чи, саритой. Юзларига сепкил тошиб, шу сепкили ўзига ярашиб тушган болакай қаддини ростлаб, афтимга тикилди. Кемшик тиши уни яна ҳам беғубор қилиб кўрсатарди. — Бизаникига кевоцизми? — деди қизиқсиниб. — Шунақага ўхшайдими? — дедим жилмайиб. — Ростиззи айтинг. — Кемшиктой энди бу томонимдан айланиб ўтди. Мен челакни олиб, унга эргашавердим: — Яхшиси, ўзингдан сўраб қўяқолай: сен Чаман амакини танийсанми? — Нега амаки бўларканлар?!. Тоғамла-ку!.. Ҳе-ҳей, Сизни қаранг-у! — У олдимга тушиб ўйноқлади. — Тоғанг? — Мен ҳайратланиб қарадим унга. Боланинг сап-сариқ юзида қилча ҳам ўхшашлик... кўринмасди. — Ростингни айт? У боягидек ирғишлади: — Бизаникига кевотганакансиз-ку... — Сўнг ҳалиги якка тавақали эшикка қараб чопди. — Ойи, бизаникига келишвотти, бизаникига... Бу орада мен остонасига катта харсангтош ётқизилган эшикка етиб қолган эдим. Қия очиқ эшик ортида эса, бир қўли тиззасида, бир қўли билан ҳовли супураётган қора нимчали, рангпар жувон кўринарди. У ҳам кўзи менга тушиб, чимирилиб қаддини ростладию супургини йўлга ташлаб, бурилиб кета бошлади. Юпқа лаблари хунук қимтилиб кетдими-ей. «Кўзим учиб турувди ўзимам» дегандек. Мен тўхтаб қолган жойимда... ноилож болага эргашдим. Эшик алмисоқдан қолган, офтобда ўнгиб-оқариб кетгани билан ҳовли жуда катта, юқоридаги болохонали узун уйга боргунча ишком тагилаб аллақанча юриш керак эди. Ҳали токи очилмаган ишкомлар неча қатор бўлиб, бир ёни ҳалиги ташландиқ майдонга туташиб кетган. Тепада гир атрофини қари қора толлар ўраган овлоқ ҳовуз ҳам кўриняпти. Тагида қорашақшақлар учиб-қўниб, ора-чира бир чиройли шақиллаб-сайраб қўядилар. — Энди бера қолинг, — деди болакай остонадан ўтишимиз ила пақирнинг бандидан тутиб. — Сен шошма, — дедим мен уни аяб. Биз поядан кўтарилган сўри таги билан пастак ошхона томон юрдик. У ерда иккита ғишт устида қўнқайган самовар бурқсиб, ўтхонаси жизиллар эди. Кемшиктой чопиб бориб, самовар карнайини олиб ташлади-ю, қопқоғини оча туриб, қўли куйиб «отиб» юборди. — Ҳазир бўл. — Мен сувни солиб, қопқоғини ёпиб бердим. Шунгача ҳам бояги чимирилган аёл кўрина қолмасди. У тепадаги уйга кириб кетганча... кетиб борарди. Элакишиб бўлган бола қўлимдан тортқилаб, қистай бошлади: — Сиз юравуринг, у ёқда опоқбувимла борла. Кирмасайиз хафа бўладила. — Ким дединг? — Ойтўра бувимла... — Шунақами? — дедим ичим ёришиб келиб. — Шошма, сенинг отинг... Акбармиди? У ажабланиб тикилди: — Қаёқдан биласиз? — Ёдгормурод-чи, у қаерда? — дедим баттар ҳайратга солиб. — Ҳе, сизни — алдоқчи, бизаникига кевотганакансиз-ку, ҳаммовзани биларкансиз-ку, — деб у беғубор илжайди, сўнг яна қисташга тушди. — У ўшатта, опоқбувимлага қараб ўтирибди. — Оббо, той болалар-ей, катта йигит бўлиб, қараб ўтирибди дегин? — Мен уларни алқаб қўйиб, ўсмоқчиладим: — У сени укачангми ё?.. — Ўзим эса бу аёлга қолган болаларнинг шўри қурсин, деб ўйлардим. Танимаган одамга шунча димоғ-фироқ, буларни нима қилмаскан? Чаённинг ўзи-ку? Ҳовлининг ўртасига бориб қолганимизда катта уйнинг эшиги очилиб, ҳалиги жувон кўринди. У ковшандозда калишини кияркан, елкасидан қора илондек сирғалаб тушаверган сочини зарда ила орқасига отиб, менга қараб юрди. Қўлида бир парча қоғоз. Мен беизн кириб келаётганимдан хижолатга тушиб, тўхтаб қолдим: тўхтамасам, чақиб олиши ҳам тайиндек эди. Аммо у чимирилиб келиб, қаршимда тўхтади-ю, томдан тараша тушгандек қилиб: — Мана, шунга келганмисиз? — деди қўлидагини узатиб. Мен тахта бўлиб қолгандим. Қоғозни қандай олганимни ҳам билмайман. — У ёғини ўзингиз биларкансиз! — Жувон менсимагандай бурнини бир жийириб қўйиб, боя супургисини ташлаб келган жойга қараб юраверди. Ол-а, хўп одамига учрабман-ку! На салом бор, на алик, на мулозамат... Мен хатчани ўқишимни ҳам, кетишимни ҳам билмай анг-шанг қолган эдим. Кўз олдимдан эса, бояги қоп-қора дарахт кетмасди, тавба. Бир маҳал қарасам, Кемшиктой тирсагимдан тортқилаб, қулоғимга шивирлаяпти: — Сиз юравуринг, опоқбувимланинг олдиларига киравуринг. — У кўз қисиб, нимадир демоқчи бў-ларди. Ноилож эргашдим. Шундаям ҳалиги аёлдан хавфсираб турибман. Назаримда, ҳозир ундан эшитадиганимни эшитиб оладигандекман. Ниҳоят, болохонага чиқиладиган ёғоч зинанинг ёнгинасидаги каталакдай бир уйга бурилдик. Унинг ковшандози ҳам ичкарисида эди. Мен холамгиларникида туриб, ўқиб юрган кезларим шу атрофдаги кўп уйларга кирганман. Бош суқ-ганингизданоқ гуп этиб, минг йиллик зах тупроқ ҳиди димоғингизга урилаверади. Неча қайта тезлаб ҳам ундан қутулиша олмайди. Ковшандоз четига қирраси билан териб чиқилган мусулмон ғиштлар ҳам бу уй қадимдан қолганидан дарак бериб турар, аммо ундан таниш зах ҳидига қўшилиб, яна аллақандай мушк-анбар ҳидлари ҳам уфурарди. Мен мўъжаз хонага кирибоқ унинг тўридаги хонлар замонидан қолган қуббали руҳ каравотда оппоқ чойшаблар ўртасида ўтирган ҳалимдеккина кампиршога ҳайратланиб тикилиб қолибман. У қиблага қараб тасбеҳ ўгириб ўтирар эди. Қўлим ўз-ўзидан кўксимга қараб кетиб: — Ассалому алайкум, холамойи, — дедим. Мен ўзимни яқин олганимча бор эди: ажинлариям бир ажабтовур нур билан тўлган кампиршо чиндан ҳам холаларимгами, кимгадир ўхшаб кетар эди. У киши тасбеҳ ўгиришдан тўхтаб, бош силкидилар: — Ваалайкум, келинг, болам. Ўта қолинг. Деразага яқин ердаги сандалнинг кўрпаю говра-пўшлари ҳали йиғилмаган, ўртадаги бўйрадеккина намат устида бир болакай даханини муштчасига тираб ётволганча, расмли китоб варақлаб, оёқчаларини ўйнатиб қўяр эди. У бизни кўра сакраб турдию менга осмондан тушган одамга тикилгандай тикилди-қолди. У юз-кўзлари жудаям таниш, ҳатто шу индамай туришидаям аллақандай ёқимтой эди. — Вой, келдизму? — деди у чапак чалиб. Танидим, у мен билан симда гаплашган болакайнинг ўзгинаси эди. Овозиям, ўзиям — ширин болалар бўлади-ку, ўшанақа эди. У жилмайиб, қўлчасини узатди. — Ман Ёдгорман. Сиз.... Сиз телефунда чақируб эдиза? Топдимму? — деди у сакраб-қувнаб. — Топдинг, — дедим унинг қўлчасини кафтларим орасига олиб, кейин ўзини бағримга тортдим-да, пешонасидан ўпиб қўйдим. — Чиндан асалтой экансан. — Йўқ, мен Ёдгортойман. Аям қўйганлар, — деди у мақтаниб. — Аянг чиройли от топган эканлар, — дедим мен. — Нега той бўларкансан? Ёдгормуродсан, — деди мени бошлаб кирган кемшиктой. — Ҳа-ҳа, у Саритой. Мен эсам, Ёдгормуродман! — тан олиб қучоғимда ўйноқлади бола. — Яна ҳам яхши,— деб бошию елкаларини силадим. — Чиқиб ўтиринг. Чақирмайсанми, бўтам, — деди кампир тасбеҳини йиғиштириб, ёнига қўяркан. Лекин ўзи оқ чойшаб ичидаги оёқларини (йиғолмасми) ўша-ўша узатиб ўтирар, аллақандай ўнгарилолмас эди. Каравотнинг бош томонида улуғ китоб солинган жилд билан йўл-йўл матодан тикилган найсимон бир нарса осиғлик. Униси тушунарли, лекин ёнидагиси нима экан, билолмай, танча ёнига чўккаладим. Буви ўша ўтирган кўйи момиқдай оппоқ қўлларини дуога очдилар: — Илоҳо омин, сийлаб кепсиз, сизни Оллоҳимнинг ўзи сийласин. Ғанимат дунёда оқибатлилар қаторида қилсин, Оллоҳу акбар. Кампир оппоғойимларни эсга солиб, кўнглим ийиб келди. Беихтиёр буларнинг дуоларини олиб қолиш катта давлат эканини ўйлаб, у кишининг юзларига тикилдим. Тикилардиму ўйлардим. Юзларидан таралаётган бу тароватли нур қаердан чиқиб, ҳеч адо бўлмаяпти? Бу жойларнинг қадим зах ҳидларини ҳам унуттириб, уни мушк-анбар бўйларига тўлатиб ўтирган ҳам балки шу оқ-оппоқ кампиршонинг ўзидир? — Яхши келдизми, ўғлим? Уй ичилариз билан яхшимисизлар? Ойиз, келиним омонмилар? — Кампир худди қариндошлардек яқин олиб, тавозе ила ҳол-аҳвол сўрар эди. Мен эсам ҳамон ийиб бораётирман бу мулозамат, бу сўрашишлардан. Бир лаззат олаётирманки, қўяверасиз. — Раҳмат, ўзиз бардам-бақувватгинамисиз? — Ўзига минг қатла шукр. Кўрсатганига шукр. Туролмасам ҳам, мана, ўтирибман-ку: эплаганча ибодатларимни адо этиб... намозларимни ўқиб... Ҳар одамлар бор-бошини бир кўтаришга зор, қўлини қимирлатишга, ўнгарилишга интиқ. Ўшандан асрасин. Ҳеч бандани ибодатдан қўймасин. Сўнгги нафасигача чиройли амалларга ҳамроҳ эцин, илоҳим. — Нима, оёғизми?.. — дея олдим мен. — Буми, бир ёғи қаричилик, қолаверса, кўргилик экан: кўп бўлди ўтириб қолганимга. Савил, иккаласи ҳам кетган, жонсиз, — деди буви чойшаб устидан ўша жонсиз нарсани сийпаб қўйиб. — Шунисигаям шукр. Қўл-оёғимни бирдан олганида нима қилардим? Буям бўлса, Xудойимнинг марҳамати. Манави жужуқларнинг бахтигами, бошқагами — мени тирик ушлаб турибди. Бўлмаса, булар кимнинг қўлида қолардию ким буларнинг бошини силарди! Билмадим, мендан кейин буларнинг ҳоли нима кечади? Чаманнинг юриши ундай, Асалнинг феъли бундай... Онаси бояқишнинг-ку, пешонаси шўрдан-шўр экан. Менга суяниб қолишди булар. Ўзим эса ёлғиз Оллоҳга суянгулиман. — Буви овози ўзгариб, кўзларида ёш айланди. Сўнг шишин-қираган бармоқларини ўпиб, учаётган кўзларига суртаркан, Ойтўра буви ҳамд айтиб шивирлади: — Ал-ҳамдулиллоҳ, алҳамдулиллоҳ: ишқилиб, яхшиликка бўл-син. Мен эсам дардим бошқа ёқда: Чаман акамни сўрай олмай доғдаман. Қачон қайтадилар дегим бор-у, кампирнинг дардини янгилаб қўйишдан истиҳола этиб турибман. Ниҳоят, у киши қайрилиб сўрадилар: — Асал опчиқиб бердими Чаманимнинг омонатини? Ё гаплашгиси ҳам келмай... — Бердилар, — дедим бояги қоғоз ёдимга тушиб. — Нима дебди, кўрдингизми? — Йўқ, ҳали, — мен чўнтагимни кавлаштирдим. — Ўқунг-ўқунг, — деб қистаб, ўтирган еримда елкаларимга суйкалди Ёдгормурод, — Опоқбувимам эшицунла. — Сен тинч ўтир, Ёдгор. Уят бўлади: меҳмонга шундай ёпишадиларми? — деди танбеҳ бериб у киши. — Ҳечқиси йўқ, укачамдай гап, — дедим мен. Лекин Ёдгормурод бир оғиз сўздан: — Xўп, опоқбувижон, хўп, — деб ёнимга қўндоқдек бўлиб ўтириб олган эди. Мен хатчани топиб, қатини ёздим. У икки энликкина эди-ю, ичи тўла жумбоқ эди. Xудди Чаман аканинг ўзидек: «Мақсуд, кутдим-кутдим, келмадинг, — деб ёзган эди у. — Бир рижойим: ойимларга учрамай кетма! Xудонинг хоҳлаши шундай экан, кўришолмадик. Но-умид бўлма, ғафлатдаям қолма. Кеннойингни сенга, сени Xудога топширдим. Қолган гапларни айтишади. Чаман аканг». «Қанақа кеннойим? Кимни айтяпти?...» Нима гаплигига ақлим етмай бошимни кўтарсам, буви ярим қайрилганча юзимга тикилиб турибдилар: — Сиз Султонмурод ошнасининг кими бўласиз?— Афтидан, акамга ўхшатолмай турар эдилар. — Xолаваччамиз... — дедим тўғрисига кўчиб. — Ҳа-а... — деб бош силкидилар-да, Ёдгормуродга юзландилар: — Айтмоқчи, анув кунги хатни нима қилдинг? Эҳтиётлаб қўйганмисан? — Қайсу? Анув берганизму? Турибду мимит чойнукда, — деди бола пилдираб ковшандозга тушаркан. — Оптушақол, болам. Шошма, — деб тўхтатдилар-да, менга қарадилар. — Ўзингиз бирга чиқа қолинг. Болага иш буюр, кетидан ўзинг югур бўлмасин. — Яхши, — мен туриб Ёдгорга эргашдим-у, аммо ўзимнинг ичим қуриб боряпти. Чаман ака ҳам қизиқ: айтадиганини мана шу хатда айтиб қўя қолмайдими! Кимдан яширади? Анув чирсиллаган заққумойданми? Бу орада биз ташқари чиқиб, алмисоқдан қолган ёғоч зина билан кўтарила бошладик. Опоқбувининг ширин невараси — Ёдгормурод зинани тўпиллатиб чиқиб бораётиб, дам-бадам орқасига қайрилиб, мени қистайди: — Юравуринг, фақат эҳтиёт бўлунг, бошиззи урволас... Мен унинг ширинлигидан ҳам бурун ақлига беш кетиб бораётибман: мана, кимни пакана пари деса бўлади! Қолаверса, юзи бунча иссиқ, бунча таниш? Ўғил бола ҳам шунчалик кўҳлик бўларканми? Ҳар гапига бир тегишгим келарди. — Урволсам-чи? — дедим атай. — Ғурра бўладу, — деди у қайрилиб, сўнг ўша ғуррани тасаввур этиб, қиқирлаб кулди. — Ғурра ҳам кўрк, — дедим ҳазиллашиб. — Бўлмаса, урвола қолунг, — яна қиқир-қиқир кулганча зинани тўпиллатиб чиқиб кета бошлади. Ростдан бошимни уриб оладигандек энгашарканман, сўрадим: — Сизлар шу болохонада турасизларми? Ёдгор қайрилиб тўхтади: — Сиз билмайсиз-де. Зўр бу ер! — Йўғ-е... — Кўрмагансиз-де, Калковузнинг оқишину... боғларимизну... Бу ёқдан кўрсангизму!.. — Томга чиқволиб, дегин? — Ҳа-де. Сиз чиқунг аввал, — у эшикни очиб, калишчасини чечиб қолдирди, — келунг-келавуринг. Мен пастак эшикдан энгашиб ўтиб, мўъжазгина хонага оёқ қўйдиму ҳовлига қараган дераза пастида у айтганидан ҳам фарахли бир манзарага кўзим тушиб, «воҳ», деб юбордим: чиндан зўр-ку!.. Ростдан болохонамисан, болохона эди. Бу ердан ҳовли бир ажойиб кўринарди! Зеболаниб десамми, кафтда тургандек десамми, ишқилиб, таърифласа, таърифлагудек эди. Ҳали токлари кўтарилмаган яланғоч ишкомлару бояги кўчадаги сочпопук чиқариб юбориб энди барг ёзиб келаётган қатор толлару унинг тагида сариғ илондек тўлғониб оққан Калковузгача — бари-бари ажойиб, бир жонли сувратга ўхшар эди. Уларнинг барига соатлаб тикилиб ўтирмоқ мумкин эди. Бу ердан ҳатто анув куйган дарахт ҳам бор бўйи-ла кўриниб турса-да, лекин ажабки, боягидек ёмон таассурот қолдирмас эди. Нега, тушуна олмадим. — Жойни хўб топган экансизлар-ку! — Ёқдиму сизга? — Ёққанда-чи! — Шундай деб ўгирилдиму ногаҳон кўзим уйнинг тўридаги деворга тушиб, қотиб қолдим. У ерда ҳозир кўрганларимдан юз чандон чиройлироқ нарса осиғлиқ турар эди. — Ия, Марғу кеннойим-ку!.. — деб юборибман. Мен йўқотиб қўйган кишисини учратган одамдек гангиб қолган эдим. — Ким дейсуз? — У киши-ку! Кеннойимлар-ку! Бу сувратни... қаердан олгансизлар? — дедим ҳеч нарсага тушунолмай. Ўша ой деса, ой дегудек, сулув деса сулувлардан ўтгудек, ким малак деб атаган, ким парилар мамлакатидан деб таърифлаб эси кетган... хусну жамол эгаси... Каттабоғ гўзали, менинг азиз кеннойимнинг суврати бу ерда нима қилиб турибди? Қандай келиб қолибди буларникига? Ҳеч ақлим бовар қилмасди. — Ману аямлар-ку бу... — деди Ёдгор илжайиб. — Сенинг аянг? — Менинг эсим жойига кела бошлагандек эди. — Бўлмаса, ким эканлар, менинг аям бўлмай? — Чинингни айт? — дедим дарвоқе дейиш ўрнига. — Сиз яхшилаб қаранг... — деди у. Сўнг болаларча қиқирлаб кула бошлади. Унинг кулгуси шундай беғубор эдики, тавба, мен тан берсамоқ у сакраб-қувнаб кетадигандек эди. Ё Оллоҳ, яна адашганимни қаранг. Мен сувратга қайта қараб, ичим жизиллаб кетди. Чинданам унинг қулоқ юмшоғи остида тирноқ юзидек, нозикдан-нозик нори бор эди: — Дарвоқе, бу кеннойимиз-ку! — деб юбордим. Қаранг-а, у бизникида бирозгина туриб, кейин изсиз йўқолган Маҳфуз кеннойимнинг катта қилиб олдирилган суврати эди! Ойим ҳали-ҳали куйинадилар: қаерларга сиғди экан, ё ватанига қайтиб кетдимикан, деб. У бўлса... Мен худди шундай жажжи юзни яна қаердадир кўрганимни эслаб, ялт этиб болага қарадиму ҳамма нарса оп-ойдин бўла қолди! Мен оми нега бу боланинг ҳусни бунчалар ўткир, деб ўтирибман! Гап бу ёқда экан-ку! — Сен... сен ҳали? — дедим дилимдагини тилимга чиқара олмай ва аста бориб чўккалаганимча икки тирсагидан тутиб, бағримга тортдим. — Сиз ростданам... танийсизму аяжонимларну? — деди у шодланиб. — Ҳў-ҳў, таниганда қандоқ! — дедим унинг елкасига қоқиб ҳам эркалаб. Ва девордаги ўша аяжонисига қараб, баттар тонг қолдим. Ё тавба! Тушимми-ўнгимми? Бояги суврат ўрнида энди... тамомила бўлак сиймо юз очган эди. Сувратдан... Ажаб ҳол! Ҳатто кўзларимни ишқаб қўйдим. Йўқ, ўша-ўша: девордаги ойнаванд гардиш ичидан («ё субҳоноллоҳ, қандай мўъжиза бу?») мен соғиниб, ичикиш даражасига борган одам — Султонмурод акам (!) қараб турарди. Нима бу, саробми, жоду? Эсим оғиб, болага қарадим. У иссиқ жилмайди: — Сиз ҳайрон қолманг, бу ўзу шунақа! Шунақа ишлунган!.. — Қанақа... иш-ланган? — Мен ҳеч нарса тушунмаётган эдим, ҳатто бошимни тўлғаб-тўлғаб қўяр эдим. — Шунақа-шунақа, — деди у сакраб-қувнаб, мен тушунолмаётганимдан қиқирлаб кулиб, — бир қарасангиз аям, бир қарасангиз у кишу, яна бир қарасангиз амақум кўринадулар. — Қайси амакинг? — Вой, Сизну қаранг-ув. Туринг-туринг. Бу ёқдан қаранг,— деб у қисташга, тирсагимдан тортқилаб, уйнинг бу чеккасига бошлашга тушди. — Сиз ўзиз кўрунг. Мен у айтган томонга ўтиб (ё қудратингдан!) сувратда тамомила бошқа одам — Чаман акани кўриб, баттар ҳайратда қолдим: бир сувратгардиш ичидан уч киши уч ҳолатда кўринар эдилар! Тағин ҳеч беками-кўст! Бир-бирига қуралашиб ҳам кетмаган! Xалақит ҳам этмайди! Дафъатан, ажиналарнинг иши эмасми, деган хаёлларга бориб қоласан киши. Аммо бу «ўзи шунақа ишланган»миш! Тавба, ким ишлатади? Чаман аками ё Маҳфуз кеннойимнинг ўзи? Унда... унда бунинг оти нега Ёдгормурод? Кимдан ёдгор? Наҳот ўша... ивир-сивир гаплар ҳаммаси рост? — Аянг?.. — дедим-у, у ёғини сўрашга ҳолим ҳам, мажолим ҳам келмай, аммо ич-ичимдан бир титроқми, нимадир туриб, боланинг кўзларига тикилдим. Аянг қаердалар дейишга қани тилим айлана қолса! Айланмасди. Аммо у тушунди. Тушуниб, кўзларини олдию, мунғайиб билагини силай бошлади. — Ётуб қолдула, — деди овози ўзгариб, — Ману... Ману юборишмаяпту. — Қаерда, шу Тошкентдамилар, ахир? У кўнгли тўлиб, четга қаради: — Ҳм... — Вой сению, боядан бери айтмайсанми?!— Секин қаршисига чўккалаб боягидек елкаю тирсакларини силадим. — Қаерда эканликларини биласанми ўзинг? Ёдгормурод бош тўлғаб тисарилди ва қўлимдан бир алпозда сирғалиб чиқди-да, тўғри токча томон бориб боя ўзи айтган олма гулли жимит чойнак ичини тимирскилашга тушди. Ундан икки буклоғлиқ бир қоғоз олди. — Мана, кўрунг. — Ҳаммаси шунда айтилганми? — Билмасам... — Ҳа, дарвоқе, бу бувинг айтган омонатлари-я?..— дедим ўзимга келиб. Сўнг шошиб қоғоз қатини ёздим. «Мақсуд, менинг сендан бўлак ишонганим йўқ, — деб битилган эди хатда. — Акангнинг дарагини эшитиб, жўнаб кетяпман. Ўзинг тушунасан-ку, унинг менга кимлигини! Сен бизнинг бошимизга тушган кўргуликларни билмай эшикдан қайтиб кетмагин, деб (Асал опамга қолса, шундай қилишдан ҳам тоймайди!), ойимларга учрагин, деб тайинлаб эдим. Маҳфуздан кўнглим тинч эмас. У оғир дардга чалиниб қолди. Зўрға стационарга жойладим. Лекин у ёққа бормасам ҳам бўлмайди. Тўғриси, ҳозир бормасам, бир умр армонда қолишим мумкин. Акангнинг дараги чиқиб қолди. Аммо сен унга зинҳор билдира кўрма! Юраги чиқиб, кўтара олмай қолмасин. Асал опамга-ку, исини ҳам сездирма. Сезса, ишни бузади у жодугар. Сендан ўтиниб-ўтиниб-ўтиниб сўрайман! Маҳфуз кеннойингни ёлғиз қўйма. Ёнидан жилма. Ва буни, (кеннойинг бизникида эканини ҳам) ҳеч кимга айта кўрма! Мен қайтгунимча поччадан ҳам, ойинглардан ҳам яшириб тур. Шундай қилиш керак! Қайтгач ҳаммасини ўзим тушунтириб бераман. Акангнинг унга (Маҳфузга) аталган мактублари бор, кўрсатаман. Ўшанда сенга ҳамма нарса аён бўлгай. Ёлғиз ўзингга ишондим. Мендан бемаслаҳат ёхуд берухсат бирон ишга қўл ура кўрма. Ёдгор онасини соғиниб, жуда-жуда ичиккан. Xархаша қилса, яна кўрсатгани олиб бориб юрма.Ундан кўра, ўзингларникига — далага олиб кет. Шу яхшироқ: ҳам овунади, ҳам бехавотир. (Ойимларга тайинлаганман, биладилар.) Ишқилиб, уларни сенга, сени Xудога топширдим. Менинг йўқлигимни билинтирма. Иложи борича тез қайтишга ҳаракат этаман. Чаманг аканг». Ана, холос! Ёлғиз ўзимга шунча омонат! Фақат бир нарсага ҳеч ақлим етмасди. Бу суқсурдай болакайни нимага аясининг олдига олиб бормаслик керак? Аҳволи оғирлиги учунми ё бошқа сабабданми? Агар кеннойимнинг ўзи сўраб қўймаса-чи? Ўшандаямми? Ҳаммасидан «ўтиниб-ўтиниб-ўтиниб сўраши» қизиқ эди. Нега бунчалик қаттиқ тайинлаяпти? Ниманинг ошкор бўлиб қолишидан чўчийди? Боланими ё Маҳфуз кеннойимни? Ҳеч тушунуксиз. Xудди сир ошкор бўлиб қолса, фалокат устига фалокат ёғиладигандек, улардан ажраб қоладигандек... ёзибди хатни. Секин кўз қиримни ташласам, болакай интиқиб тикилиб турибди. Бир оғиз сўзимдан сакраб-ўйноқ-лабам кетиши, йиғлабам юбориши мумкиндек. Чин-данам аяжонисини ичикар даражада соғинибди. Бир оғиз сўзимга муштоқ. Юр десам, чопиб кетгудек! Аммо Чаман акадан берухсат нима ҳам қила олардим?! — Нима дептулар, амақум? — Сени далага, бизникига олиб кетарканман. — Ур-ре, талага кетарканмуз! Ўйнагани борарканмуз!— Ёдгормурод бир ажиб қувнаб, қўзичоқдай сакраб ўйноқлай кетди. Шодлиги шунчалик: гир айланиб чопадими-ей, икки ёнига шатта уриб, шаталоқлар отадими-ей. — Ҳе-ҳей, талаларга чиқарканмуз, чучмўмалар терарканмуз... Кейин тиззамни қучиб, қўлларимдан тортқилаб, бир нималарни ижикилашга тушиб кетди-ку... — Сиз талада турасизму? Сизларда ҳам варраклар борму? — Бизда учиришсин-да! Ка-атта-кон қуроқлар кечасиминан дариллаб чиқсин-да! — Ву-уй, кечасуман денг? — Унинг киприклари узун-узун, кўзлари жавдираб ёнарди. — Кечасиминан. — Ипиниям узмайдиму? — Узмайди. — Биров тегмайдиямму? — Тегмайдиям. — Қандай яхшу, — деди у чапак уриб. — Бир учиришганча уч кунлаб учиб ётади, — дедим мен. У ақлига сиғдира олмай афтимга термулди: — Уч кунлаб?.. Ву-уй... — Ҳа-да, у шунчаки варрак эмас-да, — мен қулочимни ёйдим. — Мана бундай келар-ов. Уни тушириб олиш ўзимас. — У афтимга термулганча қолган эди. — Ипини узган қуроқларни ҳўв қаёқлардан топиб келишади. — Қаердан топиб келишаду? — қайтариб сўради у. — Қайсинисини сойнинг нариги ёғидан, қайсинисини ёнғоқзордан. Нималарга илиниб-урилиб, дабдаласи чиқиб кетган бўлади. Қайтадан ясашади. — Зўр экан, — деди у беш кетиб, ҳам чиройли бош силкиб. Кейин яна боягидай тирсагимга тармашиб, шоширди. — Отлар-чи, отларам борму? — Бор, — деди мен унинг кўнглига қараб. — Минишадиму болалар? — Минишади. Истасанг сени ҳам миндиришади. Бедапояларга опчиқишади. Сойларга оптушишади. — Яна нималар бор, айтинг, айта қолинг, — деб қистарди у. — Ариқ бўйларидан ялпизлар, бинафшалар терадилар. Тепалардан эса қўзиқоринлар. — Қўзиқорун? Нима у? — Ҳў, уни ўтга тоблаб емабсан, бу дунёга келмабсан. Борсанг, кўрасан. — Борганум бўлсун, борганум бўлсун, — деб ўйноқлади у. Сўнг пастга ошиқа туриб, қайрилди: — Ҳозур-ла кетамузму? — Кетамуз, — дедим мен унинг ширин тилига менг-заб, — фақат опоқбувинглардан сўрайлук. — Сўраймуз, сўраймуз, — деди у ошиқиб. Мен эсам, бу сирли гўша — болохонадан тушиш лозимлигини, бу хонадоннинг дуогўйи бўлиб ўтирган анаву оқ-оппоқ кампиршодан ижозату дуолар олиб кетишимиз лозимлигини билиб турсам-да, қўзғола олмас, тўғрироғи, девордаги бояги антиқа сувратдан кўз узолмас эдим. Сувратдан эса ўн тўрт кунлик ойдай балқиб, Xудо ҳуснидан қисмай бахтдан қисган кичик кеннойим қараб турар, негадир кўзлари ёшланиб-ёшланиб келаётгандек туюлаверар эди менга. — Журинг, сўраймуз, — Ёдгормурод қайтиб, қўлларимдан тортқиламоққа тушди-ю, мен унга эргашарканман, кеннойимнинг рухсори лип этиб кўз ўнгимдан ғойиб бўлиб, шу заҳоти унинг ўрнида бошқа азиз қиёфа — мен қачонлардан бери йўқотиб қўйган Султонмурод акам сувратда юз очиб, жилолмайин ҳам қолдим: яна бир қадам боссам, у ҳам йўқолиб, Чаман акам чиқиши тайин эди. Мен эсам, бу ажиб сувратда фақат акаму Маҳфуз кеннойим кўринишларини истардим. Аммо шу тоб бояги кирган жойимиздан аёл кишининг қаттиқ-қаттиқ овозлари келиб, тўхтаб қола қолдик. Асал опа уйни бошига кўтариб, шанғиллар эди: — Итниям, битниям қўяверинг. Нима, бу карвонсаройми сизга?! Ана, биттаси шунча туриб, нима каромат кўрсатди? Етимини ташлаб кетади ҳали! Итдан бўлган қурвонлиққа ярамас... — Ҳай, секинроқ, уялгин, ахир, — ўтинарди кампир. — Нимадан уяламан? Нега уяламан? Ўз уйимда ҳам уялайми?! — Ҳой, Xудодан қўрқмаган, ҳой, одам иси ёқмаган! Чаман эшица, нима дейди?! Жилла қурса, мендан уял. Ўз онангдан уял. — Нима, Чаманиз? Бировнинг хотинини ўз уйига обкеб ўтирган у киши покдомон-у, мен қора бўлдимми? Мен ёмон бўлдимми? — Ўчир, — деди она, — ҳаммани ўлдириб, сил қилиб, бездириб, ўзинг сўппайиб қолмоқчимисан бу уйларда? Xудодан қўрқ! Шу феълинг билан-ку, ҳеч ерга сиғмадинг. Тирноққа зор ўтиб боряпсан. Яна одам исини ёқтирмай қаерга сиғмоқчисан? Қачон одам бўласан? — Бўлмайман! — деди Асал, остона хатлаб улгурмаган асрандисининг кетига тарсаки тушириб. — Бўлмасанг, бўлмай ўт! Титраб кетдим. Ва беихтиёр болакайни бағримга тортдим. Шунчалик бўлиб кетган эканми у жодугар? Ўшандай хокисор онанинг юзига тик қараган инсон... буларнинг бошига нима кунларни солмаяпти экан? Қандай сиғдилар экан бояқишлар бу уйга? Опкетганим бўлсин бу дўзахдан! Қутқарганим бўлсин бу азоб «фариштаси»дан! Ва ўзим ёқа ушладим: Бу қандай гўшаки, манзил-мавозеки, бир ёнда оқ-оппоқ бўлиб, юзларидан нур, сўзларидан дуо ёғилиб, раҳмат фариштасидай оқ кампир ўтирса-ю, бир ёқда ҳар сўзидан чак-чак заҳар томиб, чирсиллаб анави «фаришта» ҳукмини ўтказиб юрса! Яхшиям, кампир бор, ширин сўзи, дуолари бор! Ундан кейин нима бўлади бу хонадон? Булар топган манави бошпана? Тўзиб битадими? Бекорга касалхонага тушмаган экан Маҳфуз кенно-йим! Бечора, қандай чидади экан бу эговга, Xудонинг бу бошли-кўзли балосига? Унинг заҳар-заққум сўзларига? Чаёндек чақишларига? Ўзининг ёзуқлари, бошига тушган мусибатлар кам эканми? Кўзим ёшланиб келиб, ҳамма нарса чаплашиб кетди. Бола ҳам, пастга кетган зина ҳам, оёқларим ости ҳам... Фақат кўз олдимда бўйи баравар куйиб кетган анув қора дарахт турар эди!.. Биз не алпозда, ҳатто миқ этмайин зинадан бир-бир тушиб бордик. Минг истиҳолаю андишага ботиб ўтирган кампир бизни кўра жонланиб, шошиб қолдилар: — Вой, тушдингизларми, болам. Тополдингизми омонатини? Сизниям ташвишга қўйдик, — дердилар иккала кафтларини ўша жонсиз тиззаларидан узмай. — Ташвиши борми, мана, оптушдик. Энди жавоб берсангиз... — деб ямландим мен. — Киринг, ўтиринг, бир пиёлагина чой олиб келсин. Шундайин кетасизми, болам, — деб Ёдгорга юзландилар у киши. — Сен нима қилиб жим турибсан, опкир акангни... Бола ҳам бирдан жонланди: — Опоқбуви-чи, опоқбуви! Биласизму, биз қаерга кетяпмуз! — деб ўзини бувининг тиззаларига отиб бижирлай кетди. — Талага кетмоқчимуз. Ростакам варраклар учиришадуган ерларга. Биласизму, ким айтуб кетибду? — Биламан, болагинам, биламан, — деди буви унинг куракларини силаб-еркалаб. — Амакинг тайинлаган. Сен зерикиб қолмагин деган-да. — Нега айтмадуз? Яшуруб экансуз, — аразлашга, сакраб каравотни лопиллатишга тушди болакай. — Алдаб экансуз!.. Буви унинг курагига қоқиб, пешонасидан ўпди. — Ҳар нарсанинг мавруди бор, болам. Вақти билан чиқасизлар ҳам. — Болакай мунғайиб қолган, нажот кутиб, афтимга термуларди. — Аввал аянгдан хабар олсинлар. Кейин опкетгани келадилар. Тузукми, тойчоғим? Бу гапдан мен ҳам, Ёдгормурод ҳам индай олмай қолгандик. Ҳатто мен жиндек мулзам тортиб: — Тўғри айтадилар. Сен отланиб тур. Эртага ўтиб, индинга опкетгани келаман, — дедим юпатиб. — Бўп-тими? Ёдгормурод мўмин экан, аразини ташлаб, очила қолди: — Индинигаму? — Индинга, — деб мен ҳам қайтиш тараддудига туша бошладим. Буни кўриб, буви ўтирган жойларида жонсарак алангладилар: — Борадурган бўлсангиз... бирон нима бериб юборсам бўларди? Шошманг, — у киши ўгирилиб, ёнларидаги токчадан эски чийдухоба жилдни олдилар-да, унинг ёнчиғини кавлаштириб, бир нима излай бошладилар. — Мана, жилла қурса, шуни ола кетинг, вақти-вақти билан ҳидлаб турса ҳам руҳи енгил тортади. Нима экан, десам, у кишининг оппоқ кафтларида бир ажойиб бўй таратиб қалампирмунчоқ шодаси турабди. Уни оларканман, бўйидан ўзим ҳам ғалати бўлиб кетдим. Мен гўё болалик даврларимга қайтиб, қалампирмунчоқ бўйининг сирли оламига тушиб қолгандек эдим. Шундай енгил эдимки, курагимдан қанот ўсиб чиқаётгандек эди... Кейин Ойтўра кампир билан қандай хайрлашдим, яланғоч ишкому сўрилар тагидан ўтиб, хайҳотдек ҳовлидан қандай чиқиб бордим, якка тавақали эшикдан қандай ўтиб, Калковуз бўйидаги кўчага тушдим — билмайман. Xаёлим жойида эмасди гўё. Фақат оқ кампирнинг истиҳола билан «Келиб туринг, болам, йўқ бўлиб кетманг, Ёдгормуродимни ўкситиб», дегани айланиб-айланиб келишини айтмасам, бошқа ҳеч нимани эслай олмасдим. Анча нари бориб, ўгирилиб қарасам, мени болохонага бошлаб чиққан ўша ширин, ўксик болакай якка тавақали эшик остонасида оёғини саланглатиб ўтирар, тўхтаб қайрилишимни кутар, жиндак имо қилсамоқ, учиб келадигандек, мен билан кетворадигандек эди. Шамол ҳам энди толлар устидан тушиб, уни олиб кет, олиб кет, деган каби нуқул ҳувиллаб юзларимга уриларди, юргани қўймасди. Менинг эса ич-ичимдан бир йиғи босиб келяпти. Нима бало, эр етиб, бўй тортиб ҳам бундан қутулолмасам?! Етимларнинг кўнгли ўзи шунақа ўксик бўладими, ўша булоқнинг кўзлари сал нарсага очилаверадими, ўзимни тутолмасдим. Қаерданам Чаман акани бу хонадонга излаб келдим? Ёдгормуродни, Ойтўра бувини кўрдим? Болохонага чиқдим? Маҳфуза кеннойим — (ўша Каттабоғдаги ҳовлимизда ярим йилгина туриб, кейин дом-дараксиз кетган, биз изини ҳам тополмаган ўша тангритоғлик келин) сўнгги пайтда паноҳ топган жойга кира қолдим? Машъум тақдиридан хабар топдим? Девордаги у ажиб сувратга кўзим тушди? У нима эди? Нега уч ёндан уч киши кўриниб турарди?.. У рўёмиди ё Маҳфуз кеннойимнинг ўзи ишлатганмиди атай? Ҳеч ақлим етмасди. Чин десам чинга, рўё десам рўёга ўхшамасди бу тарих, бу тақдир. Яқинроқ келинг, мен бу фироқ қиссасини, тақдир аталмиш буюк имтиҳон тоғидан тоймай, тий-ғончиқ йўлларига кирмай ўтиб борайтурган акаларим, кеннойиларим тарихини Сизга илиндим. Оллоҳ уларни не мушкул-мушкулотларга солди ва олтиндай тоблантириб чиқарди — ўзингиз бир кўринг. Шояд ибрат олсак, ўшалардек яшай билсак... Айрилиқ Кунларидан Ёдгор Битиклар (ёхуд «Вой, сизму, қайнужонум?») Майиндан-майин — укпар шамоллар уфуриб келиб, юзларимни ўпиб қочар эдилар... «Мошааллоҳ! Кўклам ҳам кепқопти-я!», деб эдилар кеча ойим... Далаларнинг эрка еллари бугун шаҳаргача етиб келиб, жин кўчаларни-да, тавоф этиб, ифор сочиб юрар эдилар... Ё менинг кайфим чоғ, ё бугунги муждалардан бошим осмонда! (Ҳазилми, ахир! Мен кимнинг дарагини топдим! Азиз кеннойижонимнинг қаердаликларини билиб турибман-ку!) Атроф-жавонибдаги зиғирдек ўзгариш, йилт этган нур ҳам манави эпкинлардек хуш ёқиб турибди менга. Ифордек ҳидлагим, булоқ сувларидек симиргим келади барча-барчасини! Омонлиқ-сомонлиққа ўхшайди бу кўклам насимлари ҳам!... Ўзи ҳам ажиб бодроқ исларини таратиб ўтаётир. Ич-ичимдан бир баҳорий ҳислар тошиб келмоқдаки... Ва мен сизга айцам, миямнинг энг олис, энг овлоқ қопқаларигача «жинг-жинг» очилгандан очилиб, ичим ёришгандан ёришиб, Xасти Имомдан Эски Жўвага тушиб келмоқдаман. Оламда мендан хушнуд кимса йўқ. Ҳамма нарса, ҳатто йўлка бўйлаб (олдимга тушволиб), пилдираб борайтурган анув ликилдоқ қушча-читтак ҳам бирам зебо, бирам ёқимтойки, яқин орада бундай хушҳол бўлмаганман. Ҳаммаси ўша болохонага чиқишимиздан, олмагулли жажжи чойнакдаги омонатни олишимиздан, девордаги анув сувратни кўришимдан бошланмадими?! Ўшандан бери уларни ёдга туширувчи ҳар битта нарса мени ларзага соляпти, ютоқиб ёпишяпман. Xудди неча йил бурун йўқотган азизларимни топиб олгандекман. Ҳа-ҳа, эртак китобини ёхуд жажжи қаламтарошини топиб олган болакай ҳам менчалик ҳолга тушмас. Чиндан ҳам акамни сўнгги марта кўрган, у ҳақда бир олам ғаройиб нарсаларни айтиб бера олгувчи кишини қайта топиб олганимдан, уни кўргани кетаётганимдан ўзимда йўқман. Ҳазилми, ахир! Султон акам қиблагоҳим ўрнида қиблагоҳ эди. Ёлғиз унгагина суянардим! Унингдек бўлишни, эр етишни ўйлаб, кечалари тўлғониб чиқардим. Кейин ҳам унингдек мард, танти инсонни учратмадим! Учрацам ҳам унга ўхшата олмасдим! Энди қавмимизни ҳимоя эта оладиган киши қолмагандек эди. Ҳатто Қўлдош тоғамнинг ҳам энди илгаригидек шаҳдлари йўқ. Почча-ку, қариб, хассага суяниб қолдилар. Уларнинг ўрнини босадиган ким бор? Шунинг учун ҳам зилзила баҳона жаннатдек жойларимизни тортиб олишди! (Миқ этолмадик!)... Боғларимизни пайҳон этиб, биз кўз очиб кўрган у маъводан ҳеч вақо қолдирмай бузиб ётишибди! (Дамимиз ичимизда!)... Ўзимизни эса кўчириб юборишди (Ҳеч ким ғинг дея олмади. Кўрсатган жойларига қараб кетавердик). Акам, акажоним бўл-ганида қараб турармиди! Бузгани қўярмиди! Ана шундай. (Эл учун бошини тикадиган, қайғурадиган одамлар тугаб битган экан, ҳижрат этиб бўлган экан ундайлар!) Қайғурадиган бир жон, бир мард қолмаса-я! Ана шу Тангритоғ томонларга бош олиб кетганлар ичидан акажонимни сўнгги бор кўрган (бир бўлса Чаман ака), бир бўлса, Маҳфуз кеннойим эди. Уни ҳам йўқотиб қўйиб, қалбим бир ғалати ҳувиллаб қолган эди. Мана энди устма-уст муждалар чиқиб, шошиб қолгандекман. Зораки, уни топиб, бор ҳақиқатни билолсам: нега хеш-ақраболари ёлғиздан-ёлғиз ёш бир келинчакни кимгадир қўшиб, ота юртга жўнатиб юбордилар-у, ўзлари хабар олмадилар? Қайлиғи — акам-чи?! Нега ўтиб келолмади?! Бошига қандай мушкул ишлар тушиб, ўша ёқларда қолиб кетди? Ўзи омонмикан ишқилиб?.. Мен бу тарихнинг бир чеккасинигина чала-ярим эшитганим бор. Оғир яраланиб, жанг майдонида йиқилиб қолган акамни биродарларидан кимдир шу яқин орадаги бир қўрғонга ортмоқлаб олиб борганмиш. Қўрғон эгалари эса ола-ғовур йиллари ўша ёққа қочиб, Тангритоғ томонлардан паноҳ топган кишилар экан. Улар ертўлаларига яшириб, қарай бошлашибди. Аммо... ўша акамни ортмоқлаб борган биродарининг ўзи жуда кўп қон йўқотган экан, хушига келиб-келмай қазо қилибдимиш. Унга аза очиб, дафн этибдилару элда Султон Ботур шаҳид бўпти, деган хабар тарқаб кетибди. Қўрғон эгалари балки бу яхшиликкадир, деб дамлари ичида, дим-дим қолаверишибди. Лекин кўзимизнинг оқу қораси — кенжа қизимиз бетоб, деб кунора табиб чақиришар, ўша табиб ҳар борганида бостирмага тушиб, бир йўла мусофирни ҳам кўриб қўяр экан-у, бировга миқ этишмас экан. Кунлар ўтиб қиз «соғайиб»ди. Табибникига ўзи қатнайдиган бўлибди. Шу боришида у табибдан мусофирга ҳам малҳам олиб келар, унинг яраларига боғлашар экан. Шундай қилиб, «ўлди»га чиқарилган Ботур қирқ кун деганда бостирма остонасидан оёқ босиб чиқибди. Уларнинг ўрталарида нима ўтган, қандай яқинлик пайдо бўлган — мен билмайман. Лекин қўрғон эгалари Ботур кимнинг зурёди эканини эшитиб, унинг устида айланиб-ўргилиб қолишибди. Тоза соғаймагунча қўрғондан жилдирмай, ўртоқларига ҳам дарагини билдирмай олиб ўлтиришибди. Кейин нима бўлган, ичкуёв қилишганми, жой қилиб беришганми, билмайман. Тангритоғда инқилоб енгилиб, суриштир-суриштир, қоч-қоч бошлангач эса, кеннойимни ишончли одамга қўшиб, бу ёққа жўнатишибди. Акам чегарадан ўзим ўтиб бораман, деган экан. Нимага келолмади ё бир оғизгина хабар бердирмади, ҳеч тушунуксиз. Ишқилиб, тинчлик бўлсин. Маҳфуз кеннойимдан чала-чулпа эшитганимиз шулар. Ойим ҳам кеннойимга таскин берганлари-берган эди: «Қараб туринг, бир кун эмас, бир кун ўзи кириб келади. У бўлади-ю, сизни бу ёққа ташлаб қўядими?! Ҳар қандоқ бўлганда ҳам бир бош суқиб кетади», дердилар. Xудди айтганларидек, қишнинг охирлари, кўкламнинг бошларида, айни ой кечикиб чиқиб, тонгга яқин бўзариб-қизариб ботадиган кезлари Каттабоғда гап тарқади: нима дейсан, Султонмуродлар қайтиб кептимиш, налогчилару ўғри-каззобларнинг адабчасини бераётган эмиш. Бағримизга шамол тегадиган бўпти, уруш тугабам тинчимовдик, Xудойимнинг ўзи ғамхўр, уни етказибди, дейишарди одамлар. Бир гал ўзимам шунақа воқеанинг устидан чиқиб қолдим! Шарифа кеннойининг эшигида тумонат одам. Эшак аравада эса, сўйиб қўйилган, лекин калла-почага ажратиб улгурилмаган тарғил сигир ётар, чаккаси мўматалоқ ўғрибашара бир одам Xудонинг зорини қилиб, мол эгаларидан узр сўрарди. Кейин билсак: «Эгасини рози қилсанг-қилдинг, бўлмаса, ўн бош тўлайсан! Бўйин товлаб кўр — молинг талонда, ўзинг бадарға!..» деб шарт қўйишибди. Шартнинг қаттиқлигидан акамнинг иси келарди. Ўпкамни қўлтиқлаб уйга чопдим. Қаёқда!.. Келмабдиям, кирмабдиям. Ойим эшитиб: — Йўқ, умас, болам. Султонмурод келади-ю, кирмайдими? Шундан шу ёққа келган одам ўз уйига бош суқмайдими! Яна билмадим, кеннойингдан сўраб кўр,— дедилар. Кеннойим ичкарида экан. Супадан ўтиб, қия очиқ деразадан кўрсам, даҳлиздаги танча четида қатим тортиб, дўппи тепчиб ўтирибди. Аммо хаёли аллақаёқларга қочган, кўзлари ҳам бир ғалати ғилтиллайди, шу ҳолига нимани кўриб, қандай тепчияпти — тушунолмайсиз. Акам келса, шундай ўтирадими?! Ачинганимдан оғиз ҳам оча олмадим. Бекор айтмаган эканман. Айцам, умидини узмай ўтира турармиди... Бу орада далада ишлар қизиб, уни чопиққа чақириб кетишди. Тегирмон тепасидаги ерда лавлаги чопиқда юрган одам кутилмаганда бир ҳафта-ўн кун уйда ўтириб қолди-ю, кейин кунлардан бирида: — Мен шаҳарга, опоғоюмларникуга тушиб чиқай, бир йўла дўппуларни ташлаб, янги иш опкеламан, — деб кетганча... бизни доғда қолдириб кетди. Ойпошша холамларникига суриштириб бориб ҳам на изини, на дарагини топдик. Борганида холам йўқ эканлар, дўппию тепчиқ1ларни Муҳаббат кеннойида қолдириб: — Дўппу бозорга тушуб чиқай,— дебдию шу кетганча қайтиб кирмабди. Ойим икки кеча холамларникида туриб қолдилар. — Одам игна эмаски, юриб туриб йўқолиб қолса! Суриштириб кўринг, почча. Султонмуроддан уятга қолмайлук, — дердилар ойим. Почча — таниқли, айтувли одам, ёнларига мени олиб, бормаган-кирмаган жойлари қолмади. Бозорга тушиб, шанғиллаган бозор қоровулларию супуруқчилар олдигача бориб келдилар. Ҳар эҳтимолга қарши уйғур маҳаллага ҳам ўтдилар. Каллахонадан суриштирдилар. На дўппидўз, на ипакфурушлар биларди. Ахийри, милисахонага кирмоқчи бўлдилар-у, ўша Зокир бадбахтга учрагилари келмадими: — Сен анг-шанглаб сўра-чи, Тангритоғдан ўтгансан деб ушлаб, қамаб қўймадимикан, бадбахтлар? — деб бир танишларини киритдилар. — Балки уларни ушлаш ҳақда кўрсатма-пўрсатма бордир... Ҳалиги одам ярим соатларда чиқди. Биз эса бўларимиз бўлиб, турибмиз: кетиб кетолмаймиз, умидимизни узиб узолмаймиз. Йўқ, унақа кўрсатмаям йўқмиш, бу кеча ҳеч кимни ушлабам қолишмабди. Почча «ҳайтовур-ҳайтовур»лаб орқага қайтдилар. — Милисага тушмабди, жин урмайди. Ҳали-замон эшикдан ўзи кириб келиб қолади. Бозор шунақа жой. Тоғ-тоғ билан учрашмайди, одам одам билан топишади. Биронта қариндоши учраган. Иншааллоҳ, дараги ҳам чиқиб қолгай, — деб бизларни тинчитмоқчи бўлдилар. Лекин на ўша куни, на эртасига эшикдан биров кириб келди. Ноилож, ойимлар билан Каттабоққа қайтиб кетдик. Биз биров ташлаб кетган омонатни олдириб қўйиб, эгасига нима деб жавоб қиларини билмаган одамларга ўхшаб қолгандик. Эгаси эса, кошки бегона бўлса! Жондан азиз акажоним эди... Мана, шунча йил ўтиб қаерда экан! Акамнинг жонажон ошнасиникидан дараги чиқиб турибди! Бу орада шириндан-ширин фарзандли бўпти, оғир дардга чалиниб, касалхонага тушибди. Лекин миқ этмагани, бурнимизнинг теккинасида, холамларникидан қўл узаца етгудек жойда яшаб туриб, бир оғиз билдириб қўймагани ғалати эди. Нимадан уялди, истиҳола этди экан? Турмуш қуриб (қурганмикан ўзи?), фарзанд кўрганиданми? Кўрган бўлса, нега унга Ёдгормурод деб от қўйди-ю, у жужуғи Чаман акамни «амақу» деяпти? (Бу ерда бир сир бор-у, мен ҳеч тагига етолмасдим. Ўзидан сўрамагунча етолмасам ҳам керак!) Ўзига ўзи шунча ташвиш сотиб олган эканми? Қолаверса, ўзини шунчалар гуноҳкор санайдими? Мен унинг олдига қуруқдан-қуруқ, ўпкамни қўлтиқлаб бора олмасдим. Эски Жўванинг иликузилдида ҳам сархил мевалар аримайдиган (Оллоҳ барака ёғдирган) бозорига тушиб, кеннойим хуш кўрадиган тансиқ нарсалардан: озгина қовунқоқи, бир қисмгина шўрданак, жиндек Мадина хурмоси харид қилдим. Бир ширинзабон кампиршо турган сари сарғайиб, асал бойлаб кетган Тошканни тошнокидан ярим халтача опчиққан экан. Шундан тўрт донагина олдим. Алқаб-алқаб халтамга солиб берди: — Ўлук еса, тирилтиради, жон болам. Жаннатни меваси-я, бу, — дея бошимни кўкка етказди. Жону жаҳоним ёришиб кетди. Чиндан жаннатнинг иси келадирган бундай нарсалар кимни хушҳол этмабди! Зора шу нарсалар, менинг йўқлаб боришим сабаб бўлиб, оёққа туриб кеца, мусофиргина. Xудодан бўлиб — Xудойим мени сабабчи этиб, шифои комиллар берсаю яхши бир кунда уни ўша шифохонадан етаклаб олиб чиқсаму, «Ойи, мана, қочқоқ келинийиз», деб уйимизга бошлаб борсам... Ўлай агар, ниятим холис эди. Акамдан ажраганимиз ажраган, кеннойимнинг бедарак йўқолиши бизга бир армон бўлиб қолиб эди. Бир кунмас бир кун акам эшигимиздан қириб келсаю, қани у Тангритоғлик келинийиз, деб қолса, нима деймиз? (Султонмурод акам бўладию кириб келмайдими! Тегирмонга тушса бутун чиқадиган одам-а! Қайтиб келишига ишонамиз биз!) Нима деган одам бўламиз ўшанда?! Кун қайтиб қолганига ҳам қарамай, жаҳд қилиб қидириб келаётганим шундан эди. Яхшиям жаҳд қилганим, шом тушмасидан (кун ҳали уфқда янги тушган тандирдек қизариб турарди) шифохонага етиб бордим. У Қибрай томонда — баҳаво жойларга яқин ерда экан. Илгари қайси бир каттанинг боғи бўлган шекилли, ҳозир ҳам шинам, ёғ тушса ялагудек эди. Балки ҳукуматга қарашлидир ҳали ҳам. Ўйлаганимча бор экан, киравериш — қоровулхонадаги муомаладаноқ билинди: — Келинг, оповси. Кимни сўраб келувдиз? — деб кўк халатли хуршрўйгина аёл пешвоз чиқди олдимга. Мен номларини айтдим: — Шу ерга тушиб қолган эканлар, келинойимиз... У ойна тагидаги рўйхатни икки сидра қараб чиқибам мен айтган исмни тополмай бошини кўтарди. — Балки фамилияларини биларсиз? — деди умидвор этиб. — Фамилиялари... — Акамнинг фамилиясини эслаб айтдим, — Абдураҳимова бўлса керак. Лекин рўйхатда бундай фамилияли одам ҳам йўқ эди. Бирдан Чаман аканинг омонат хати ёдимга тушиб, киссамдан уни излаб қолдим. — Шошманг-чи, мана бу ерда ёзган бўлишлари керак. Хат-қоғозни олиб, ўзим ҳайратда қолдим. Чаман ака унинг бир чеккасига, тўғрироғи, хатнинг ортига (Ёдгормурод олиб берган кезда нимага кўрмадим экан?) ёзган эди: «Дарвоқе, уни Марғуба Убайдуллоҳ қизи деб сўраб боргил. Бўлмаса, топиб беролмагайлар!» «Марғуба? Нима бу? Шунчаки тасодифми ё ўша биринчи кеннойимга менгзаб, ўшандай бахтини топсин деб... қўйганми, Чаман акам? Унда нега Убайдуллоҳ қизи? Ўзининг фамилиясига олибдими?! Қандай олади бировнинг хасмини?! Яна жонажон ошнасининг қайлиғини?! Эси жойидами?! Маҳфуз кеннойим-чи?! Акам учун ҳамма абру балоларга, жабру жафоларга рози бўлиб, бу ёқларда тентираб юрган кеннойим-чи? Қандай рози бўла қолибди бу ишга, бировнинг номига ўтказишларига?! (Балки никоҳига ўтказиб ҳам олгандир?!) Xаёлимга урилган ана шу ўйдан ўзимга келолмай турарканман, дарбон аёл (ҳолимга ачинибми?) атрофимда гиргиттон бўлиб қолган эди: — Ўтиринг, вой, оповси. Бирпас нафасиззи ростланг. Ҳеч қиси йўқ, шундан шу ёққа келганингизда — хижолат бўлманг, топилади, топилмайдиган нарса борми? Манави чойдан бир ҳўпланг, зора эслаб қолсангиз... — Йўқ, топдим, — дедим ўзимни тутиб олиб. — Мана, Марғуба Убайдуллоҳ қизи экан. Қарамаган эканман. — Ие, анув тили бир ширин, кўҳлик аёл бўлмасин тағин. Сўзлари сал кетиб-кетиб қолаятувди. Оғача келинми? — Ҳалиям юзининг жоноқи олмадек қизиллиги қолмаган аёл рўйхат устига энгашаркан, юрагим орзиқиб тушди. — Шундай бўлиши керак, Тангритоғ томонлардан тушишган, — дедим. — Келин бўлиб-а? — деди аёл бир қиё қараб қўйиб. Мен (юрагим увушиб!) нима деяримнию қандай тушунтираримни билмай... (Кошки бу тарихни очиб бўлса ҳаммага!) ноилож, бош ирғадим. — Бизам шундайми, деб ўйловдик бояқишгинани,— деб туриб, қувониб кетди. — Ҳа, мана — айтган одамиз, Убайдуллоҳ қизи. Ҳаммага қанчалаб одамлар келганда бу аёлни ҳеч ким йўқламасди. Савоб ҳам керак деб йўқлаб чиқардук. Яхши кепсиз, оповси. — Аёл бир нозик гапи бор одамдек ичкаридан айланиб, чиқиб келди. — Кечирасиз, сўраганнинг айби йўқ, кимлари бўласиз? — Қайнилари, — дедим у ўзини яқин олиб бир нарса демоқчилигини англагандек бўлиб. — Нима эди? — Ундай бўлса, сизга холис бир гап-да, — дея азза-базза қўлтиғимдан олиб, бир четга бошлади, — бояқиш мусофиргина экан, қолаверса, қиз боладек нарса: жарроҳлар қўлига ташлаб қўйманглар бундай. Рухсат берманглар. — Нимага рухсат, қандай рухсат? — дедим нима гаплигини англаб-англамай. Аёл кўзларимга илтижоли боқди: — Тушунинг сиз, жарроҳларга нима! Кесадилар — қутуладилар-да. Лекин жабр-жабр кимга бўлади — унга бўлади. Аёл нарсага. Розилик берманг. «Жойиданам» бўлади баъзан бунақа нарсалар... Иримини қилса, сан кўр-ман кўр бўлиб, оёққа туриб кетар-миди... Мен юрагим ҳаприқди: — Оёқларига нима бўлган?.. — Айтмоқчи, ҳали Сиз билмайсиз-а. Бояқиш таҳорат янгилайман деб ваннахонага кирган экан: тийғониб тиззасини уриб олибди. Ўша — дўнгалакдек шишиб кетиб, юролмай ҳам, туролмай ҳам қолса денг. Бўлмаса, намозини ўқиб, бир чиройли юрувди. Ранглари ҳам яхши бўп қолувди. Мен қайтариб сўрадим: — «Бир чиройли юрувди?» — Назаримда, бошқа биров билан чалғитаётгандек эди. — Ҳа, оповси, ташқарига ҳам секин-аста чиқаётган эди. Фақат манави фалокат — оёғи остидан чиқиб, ёмон бўлди. Шунинг учунам касали «жойи»данмикан, дейман. Эскичадан хабари бор Ҳозиқ табибга кўрсатиш керакмиди. У киши хориждан келганлар, шу шаҳ-римиздалар. Биров бировга сабабчи бўлади-да, оповси. Бошда хушрўйгинаю ийманчоққина кўринган қишлоқ аёлининг бирпасда шунча гапни гапириб ташлаганигами ё кеннойим ҳақида ҳеч нарса билмай юриб, бирдан шунча нарсадан хабар топганимгами, бошим айланиблар кетган эди: — Маслаҳатингиз-чун раҳмат. Кўриб чиқай-чи, аввал, — деб мен қўзғолиб, ичкари ўтишга чоғлан-дим. — Қайси хонадан... сўрайман? — Илой, Xудойим Сизни ўзи етказган бўлсин, — эшикбон опа олдимга тушиб, гиргиттон бўлиб йўл кўрсата бошлади. — Мана, шу тераклар таги билан бориб, ҳув, анави олди пешайвонли бинога ўтасиз. Деразаси шу ёққа қараган кунжакдаги хона. Ҳамширалардан сўраб, кириб боравурасиз. — Раҳмат. — Фақат бояги гапни унутманг-а? — Яхши, опажон, — мен ташаккур айтиб, ёғ тушса ялагудек йўлкадан азамат тераклар таги билан юра кетдим. Улар ҳали қув яланғоч бўлсалар-да, бир гўзал саф тортган эдилар. Кечки офтобда учлари ёниб кетгудек зарҳалланиб турар, аммо менинг бутун фикри-зикрим шу йўлка адоғидаги пешайвонли бинода эди. Кўзларимни унинг шу ёққа қараган энг чекка деразасидан узолмасдим. Нимага ичим қуриб, ҳаприқаётир, десам, кеннойим бу аҳволда ётган эканлар-да. Бизни бир кўришга илҳақ бўлиб? Шу кунларга тушиб? Чаман акам бежиз тайинламаган экан. Оёғини қачон уриб олибди, у кетгунчами ё ундан кейин? Бечора кенно-йим, шу кўргиликлари ҳам бор эканми мусофирлиги устига? Ҳузурига кириб боряпману ичим ёниб, бўғзимга золдирдек қайноқ бир нарса тиқилиб келяпти. Юрагимни бир нима тимдалайди. Ундан нимталаб ташлагани маъқул эди. Енгил тортармидим... Қайни бўлиб, биздан нима кўрди? Шу ҳолга тушгунчаям қидириб топмабмиз! Ҳолидан хабар олмабмиз! Акамнинг, акажонимнинг ҳурмати шуми эди?! Қалбимнинг энг чуқур, энг ингичка ерларида тушунуксиз, (ўз-ўзимдан шекилли!) бир норозилик ул-ғайиб, бир ҳайқириқ қайнаб келаётир. Уят! Қандай уятли ҳол!... Кўксим худди мижмарга, ҳа-ҳа, ўт туташган кўксга ўхшаб куймоқда гўё, дуди ичимга сиғмай кетаётир. Димоғимга бир ғалати ҳид ва дудлар урилади. Гўё биров шу яқин атрофда мижмар аталмиш идишда мушк-анбар тутатаётган каби. У шу атрофдан гупуриб келяптими, ич-ичимданми — ўзим билмайман: Мана, сизга оқибат! Тағин биз жигармишмиз! Жигаримизнинг жигарига жигар бўлолмабмиз-ку! Акам келганда олдига қайси юз билан «Вой жигарим»лаб борамиз? Бағрига ўзимизни ташлаймиз? Уят, хижолатпазлик, шунча вақтдан бери ҳолидан хабар ололмаганимиз — барча-барчаси қўшилиб, бир тарафдан ичимни тирнаб бораётган бўлса, бошқа тарафдан ниҳоят дарагини топиб, энг мушкул кунда олдига етиб келаётганимдан, мана ҳозир мени кўриб қай алпозга тушувидан яна бир ҳаяжондаман. Xуши учиб, эси оғиб қолмаса кошки эди! Балки аввал хабар бериб, кейин кириб боришим лозиммиди? Қибрайнинг оқ юз, тим қора кўзли қишлоқ қизлари ҳамшира бўлиб ишлашар экан. — Келинг, кимга келиб эдийиз? — деб хаёлигина ийманиб, ўрниларидан қўзғолишди. Мен айтдим-у, шу ондаёқ юзларида ғалати жиддийлик кўриб, қўрқиб кетдим: — Ўзлари... яхшимилар ишқилиб? Ҳамширалардан бири худди «Сиз сўрагандан бери!» демоқчидек юз буриб, ишга чалғиди. Ва шу асно шеригига буюрди: — Ўзинг бошлаб кира қол, Дил! Унинг бу муомаласи менга айил ботди: «Садқаи қариндош кетинг», деб юзимга солгандек эди. Кўксимда бир нима симиллаб, тилиб ўтди. Шу асно иккинчи шериги ўсма қўйгандек қора қоши бир чимирилиб, олдимга тушди: — Юринг. Жавоби ҳам зардаликкина эди унинг. Юрагим шув этди: чиндан оғирлашиб қоптиларми, кеннойим? Қадамимни тезлатиб, ҳамширага етиб олишга шошилдим. (Унинг икки ўрим сочи узунлигидан тақимини ўпай-ўпай дер, ўзи оқ халат устида қўш илондек тўлғонар эди, тавба.) — Ҳой, синглим, — дедим юрак ютиб, ҳам шивирлаб, — нима бўлган у кишига? Биз энди хабар топиб келяпбиз, — мен ўзимни оқлашга уринармидим ё аҳволини билишга ошиқармидим, ажрата олмасдим. Ҳарқа-лай иккиси ҳам бўлса керак. У ўгирилиб, танбеҳнамо боқди: — Шовқинласангиз, киритмайин қўяқолишади, — деди секин, — билмайсизми, бизда қандай нозув касаллар ётишини? — Биламан, биламан, — дедим шивирлаб, ҳам нафасим ичимга тушиб. Ахир шундан шу ёққа топиб келганимда киритмай қўйсалар, кимга зарар! — Ўша чеккадаги хонадаларми? — дедим ялинганнамо. — Ўша, фақат кўп қолиб, толиқтириб қўймайсиз. Куни билан мижжа қоқмадалар, — деди у кеннойимга ачиниб. — Қўлингиздан келса, яхши сўзлар билан кўнгилларини кўтаринг. Балки Сизнинг қадамингиз шарофати билан... операциага розилик бериб қоларлар. Хайрият! Ҳали розилик бермаган эканлар-ку! Юрагим гурс-гурс уриб, бўғзимга бир нималар тиқилади. Гўё кўксим тўла каптарлар потир-потур учиб ётибдилар. Ўзим эса нуқул титраб-қақшайман. Ҳатто эшикни қоқишга... ҳолим йўқ. Ниҳоят... зўрға, секин қоқдим. Ўзимга овоз битганига ўзим ҳайронман: — Мумкинми? Каравотнинг таг сими инграниб-ғижирлади, аммо ичкаридан ҳеч овоз чиқмасди. Ҳамон юрагим потирлаб, халқумимга тиқилиб келяпти. Наҳот топдим деганда, кечикдим? Балки кўзи илиниб, эшитмаган чиқар? Эшикни қия очсам, тўрдаги каравотда бир бурдадек бўлиб, юзи бўздек оқарган биров кўзлари жавдираб ётибди. Ҳайҳот, бу кўзлар жуда таниш, фақат уни мунг аралаш ёлқинидангина таниб олмоқ мумкин эди! — Ие, кеннойижон! Нима бўлди? — Мен отилиб кириб бориб, ёнларига чўкмоққа чоғландим. — Ким? — у жавдираб туриб, овозимданми, нимадан таниб қолди. — Вой, Мақсудхон, сизмусиз? — дея тирсакларига тиралиб бош кўтарган жойида... қай бир еридаги оғриқнинг зўридан лабларини қимтиб жим қолдию... — кечирасиз, — дея бенажот бошини қайта ёстиққа ташлади. — Уринманг, қимирламанг сиз, кеннойижон. Менман, Мақсудман. Мана, топиб келдим. Энди ҳаммаси яхши бўлиб кетади, кўрмагандай бўлиб кетасиз. Ўзим унга таскин беряпман-у, киприклари остидан сизиб чиқаётган, нозик-адо ажинларини ювиб туша бошлаган кўзёшларини нима қиларимни билмай... (артиб қўярга эса журъатим етмай) пиқирлаб қоляпман. Бўғзимга нимадир тиқилиб келиб, шўртанг бир нималар лабларим четидан сизиб кираётгандай. Кўз олдим туманланиб, ҳеч нарса илғай олмаётирман. Кўролмаяпман-у, кеннойимнинг пинқиллаган овозидан ҳўнграб юборгудекман. Лекин ўзимни босмасам бўладими, босдим: — Мен Сизга зўр хабарлар олиб келганман, кеннойижон. Зўр табиблар, хориждан келган табибларни топиб қўйганман, — деб тасаллилар бера кетдим. — Ҳали отдай бўлиб кетасиз... кўрмагандай бўлиб кетасиз. Мен Сизни бу ерларда ётқизиб қўймайман, ўз оёғиз билан юргизиб олиб чиқиб кетаман, — дердим, ваъдалар берардим. Остонада биров тургандек туюлиб, ўгирилиб қарасам, бояги ҳамшира: лаблари учиб-учиб турган экан, эшикни секин ёпди. Мен уялганимдан ўзимни тутиб, туриб ўтирдим-да, гўё ҳеч гап ўтмагандек, яна янгиликларга тушдим: — Сизга Ойтўра буви салом айтдилар. Ёдгормуродиз сўраб-сўраб қолди: «Аяжонумни соғундум, ҳар иккала кўзларим ила соғундум», дейди. Во ажаб! Оғриқнинг зўридан инграб ётган одам кўзлари ярақлаб очилиб кеца бўладими! Юзларига ичдан бир ажойиб оқ-қирмизи (бошқача ўхшата олмадим!) ранг югурди. — Ёдгортоюм-а? Мену муродум-а? — деди тўлиққан бир товушда. — Ўзу қандай? Ичикиб қолмабдиму? Қиюн бўлду болам бояқишга. Қиюн бўлгандан ўшанга бўлду. — Йўқ, ундай деманг. Бир ақлли, бир мўминтой бола бўлибди Ёдгормуродингиз. У мени Сизлар турган болохоналарга опчиқди. Олмагулли жимит чойнаклариз ичидан амақусининг омонатларини олиб берди, — дедим кеннойижонимнинг чиройини очай, ўзини хурсанд этай, деб. — Шунақаму? Катта йигит бўлиб-а? — Бўлганда-чи! Ҳали қараб турасиз! Анвар мир-зодай бир йигит бўлсинки, келинликка Раъно қизларни излаб юринг! — деб юборибман. Ўзимнинг гапимдан ўзимни оловим чиқиб кетди. Аммо бу гап кенно-йимга ёққан, маҳзун жилмайганча қўлини дуога очган эди. — Ўша кунларга етказсун, илоҳум, — деди юзига қўл учларини суртиб. Сўнг менинг олдимда чўзилиб ётишга ўнғайсизланибми, бошини кўтариб, жилла қурса, туриб ўтиришга унналди. Аммо ўша оёғими, нимадир қаддини кўтаришга қўймас, у лабини тишлаганча қолган эди. Мен шошиб: — Қимирламанг, уринманг Сиз, — деб елкасидан босиб, ёстиқларини тўғрилаган бўлдим. Кеннойим шу йиллар ичида ўзини анча олдирган, юз-кўзларидаги ўша маъсумликни демаса, оғир дардга чалинган бошқа бировга ўхшатиб, танимаслик ҳам мумкин эди дафъатан. Лекин товши, сўзлари, уни кўксидан чиқариб, Тангритоғ томонлиларга ўхшаб, бир чиройли талаффуз этиши ўша-ўша эди, боқишлари ўша-ўша мулойим, ўзгармаган эди. Фақат кўз қарашларида маҳзунликми, мунис синиқликми кўпайгандек. Балки манави дард ҳам, ёлғизлик ҳам енгиб қўйгандир, қийнаб, бенажот қолдиргандир. Ахир мусофирлик осонми, ёлғиз аёл бошига?. — Бахай, кеннойижон, бу ерларга тушиб қолибсиз? Нима бўлди? Нима лозим? Айтинг, табиб десангиз табибларга олиб борай. Дўхтир десангиз дўхтирларга. Фақат бундай йиғламанг. Эсингиздами, сиз мени нақд ўлимдан олиб қолган эдингиз. Шундай кунда энди мен ярамасам, қачон ярайман! — деб ер тиззалаб олган, гўё пойларига бош уриб турар эдим. У эса кўзларида ёш, бир оғиз бир нарса дея олмай, йиғисини қулт-қулт ютганча ётибди. Фақат кўзларини узмайди, ора-сира кафтлари ила мижжаларини артиб, ўша қўллари-ла бошимни силайди, сочларимни тўғрилаган бўлади. Кўзларидан олам-жаҳон миннатдорчилик, раҳматлар ўқийман. Шугина менга таскин бериб турибди. Бўлмаса, ўзимни тутолмаслигим аниқ. Ахир мен кеннойижонимни шу алпозда топаман, деб ўйлабми эдим?! Қани у гўзал хилқат? Оллоҳ акам учун яратиб, пардаи исматида асраган фариштаси? Марғубанинг ўрнига берган маҳбубаси? Шундай имтиҳонларига рўбарў этибдими бу суйган бандасини?.. — Раҳмат, қайнужонум. Мана, кепсиз, шунинг ўзи етади менга, — деди у тўлиқиб. — Бошим осмонга етди. Шу кеча тушларимга Ҳизрдек оппоқ бир қария, нурлудан нурлу бир мўйсафид кириб юрибду. Китоб-ларда кўрганумиз, шеърларини ёд олганумиз ўша ҳазрат Навоийгами, кимга ўхшаб кетаду, тавба. «Қизим, кўпам қайғурманг, дардингизнинг давоси бор, иншааллоҳ, Сизни йўқлаб келишгай. Мени қидириб топсинлар», дейду. Эрталабдан бери ҳайрон эдум нима экан деб. Мана, нажот фариштасудек ўзиз кириб келдунгиз. Энди қўрқмайман. Сизни Xудойимнинг ўзи етказду, — деб қўлларимни тавоф этиб, бармоқларимнинг учини ўпиб қўяр, ҳов бир вақтдагидек маъсум-маъсум жилмаяр эди. Унинг бу ишидан жону жаҳоним ёришиб, ўрнимдан туриб олгим, бозорлиқларимни очиб, ўша илинган нарсаларимдан жилла қурса, икки донагина нокнию Ойтўра буви бериб юборган қалампирмунчоқни қўлларига тутқазгим келарди. Ахийри олиб: — Мана, мен Сизга нималар олиб келдим, қаранг,— дедим. — Вой, ҳалим нокму? — кеннойим азза-базза бошини кўтариб, тирсагига тиралди. — Ҳидину қаранг, асал тортуб кетипти-ку!.. Дарҳақиқат, ундан асал ҳиди гуркираб, ўзи сариқ ипакдек жилваланар эди. — Бир кампиршодан олдим бу жаннатнинг мевасини. Дуо қилиб еяр экансиз. — Раҳмат, — деди у чиройли киприк қоқиб. (Афтидан мутаассирланиб, оғриқларию қайғуларини бир зумгина унутган эди.) — Бунису қалампирмунчоқ-ку. Раҳмат. Шундан шу ёққа илинуб... кўтаруб юрубсиз,— деди у. — Уни буви бериб юбордилар. Ҳидлаб тураркансиз, ғуборингизни оларкан. — Вой, шундайму? Барака топсунлар. Менга яхшилик соғинганларну Аллоҳ қўлласун, ўзи азиз қилсун, — деди у яна ҳам таъсирланиб. Кўзлари чақнаб, ёшми — нима йилтиллади. — Қани эду, тушларум ўнгудан кела қолса. — Иншааллоҳ, ўшал кўринган одамни-да, топгаймиз. Бекорга белги бермаган,— дедим эшикбон аёлнинг гаплари рост келаётганидан ўзим ҳам ҳайратланиб. — Валлоҳ, фаришталар омин деб турган бўлсун. — У мижжаларига қалқиб чиққан ёшларни артиб, боягидек миннатдор тикилди. — Ўша-ўшасуз-а, қайнужонум, кичикоюмларнинг, каттабоғликларнинг ҳидину туйдум, раҳмат. — Шошмай туринг, яна ўшоқларга опчиқиб кетаман. Ахир Сиз қанғлиликсиз, — дедим мен. — Қанийду, Каттабоғну қайтуб бир кўрсам, Сизларнукуга чиқсам. Анув Олмазоримизну бир айлан-сам — армоним йўқ эду. Падарибузрукворимизну, волидаи мукаррама онамизну кўргандек бўлар эдум. Улар етишолмаган жойга мен етар эдум, — деди тўлиқиб ва яна кўзлари қайта намланиб кела бошлади. — Улгурамиз-улгурамиз. Ҳали ҳаммасини бузиб, қўпориб битиришганича йўқ. Олмазор шундай турибди, эгасиз боғдай, — дедим. — Қандай? Ҳали у томонларну ҳам бузишяптиму? Шаҳарга қўшиб юборишяптиму? — деди у ташвишланиб. — Қўшиб бўлишди ҳисоб. Ҳеч вақо қолмади Каттабоғимиздан. — Сизларнукуни ҳамму? Ўшал қўрғон, ўшал уйларну-я? Бир нишон қолдурмайин-а? — деди у саросимага тушиб. Ўзи азза-базза туришга унналди-ю, аммо туролмади. Мен унинг устида гиргиттон бўлиб, тасалли беришга уринардим: — Йўқ-йўқ, боғимиз турибди. Фақат томни очиб, кўчиб кетдик, холос. Суриб юборишганича йўқ ҳали. У кўзларини юмиб, бир муддат жим қолди, сўнг «Ўзингга шукр, Аллоҳум, шармисор этмабсан», дея шивирлади... Ниҳоят, хасрат тўла кўзларини очиб: — Ишқилуб... ўшал биз турган пахсалу уй... омонму? — деди аллақандай термулиб. Шу топда бир оғиз бемаврид сўз билан унинг кўнглини чил-чил қилиб қўйишим мумкин эди: тилим зўрға айланди: — Омонлиги шуки, томи очуқ, ёлғиз деворлари қолган... Кеннойим енгил тин олди: — Шунисигаям шукр. Суриб ташлашса нима қилардум?! — деди у. Кейин менга термулиб, ўтина кет- ди: — Яхшиям келубсиз. Энди сиздан илтимос, қайнужонум. Тез боргайсиз, суриб юбормасларидан боргайсиз. Ўшал уйда — биласиз-ку, мен турган уйни — ўша катта уйда бир нарса қолдуриб эдум. Акангизга аталган нарсалар... Тушуняпсизму, омонат эду. Қачондан бери ич-етимну еяр эдум. Ўшану олмоқ лозум. У нима ўзи, қандай омонат? Турибдими, йўқми ҳали? Қаерида эди? Сўрагим келиб кетяпти-ю, қани тилим айланса! Айланмаяпти, танглайимга ёпишиб қолган. Ўзидан кўз узолмай ютоқаман нуқул: нима у, айта қолса-чи?! — Ўртадаги токчану биласиз-а?.. Ўша ерда эду. — Токчадами? — дедим ҳеч нимага ақлим етмай: токчада нарса қоптими? Шип-шийдонини чиқариб кўчганмиз-ку?.. — Йўқ, тушунмадуз: тагину уриб кўринг, пўкиллайду. Ўша еруда. Очсангуз оласиз у битикларну. — Битиклар? — дедим ҳайратга тушиб. Аммо дафтарми, нима, деб сўролмасдим. Ичим тошиб бормоқдайди. — Ҳа, қайнужонум, — деди у. — Одамлар нима деб ўйласалар-ўйласунлар, лекин мен Аллоҳ шоҳид, акангиз олдуларида покман. Уятлу эмасман ҳеч. Жилла қурса, мана шу битиклар — бизнинг қиссамиз гувоҳ бўлсун! Жон қайнум, мумкин бўлса, олиб қўйинг. Шу қоғоз, шу дафтарларну! У кишини қайтуб кўриш... насиб этмаса... — У ичи тўлиб келиб, азза-базза юзини буриб олди,— берарсиз бир кун.— Аммо кўриб турибман: кўзларидан дувиллаб оққан ёшлар... юзларини ювишдан уялган каби пастга чопқиллаб ёстиққа ошиқар ва унга сингиб йўқолар эдилар. У қанча, неча дафтар — сўрагим-билгим бор-у, сўрай олмасдим. Дарвоқе, уларнинг айрилиқ қиссалари қанчалар узун — нимадан бошланиб, нима билан тугайди, мен қаердан ҳам билардим... Кимлар Кирар Мушфиқанинг Тушига?.. Ниҳоят, мен турар бўлдим. Оқшом чўкиб, қайтар маҳалим яқинлашгани сайин ичим ғурмишлаб бормоқда эди: Нима қилсам экан? Аввал қаёққа ўцам? Эски ҳовлимизгами ё анави «Оповси» опа айтган жойга? Қай бирига улгураман? Опа айтган, Маҳфуз кеннойимнинг тушларига кириб, белги бераётган табибни десам, эски уйимиз қоляпти, уни десам буниси. Бири-биридан зарур — муҳим. Айниқса, анави битикларга ичим тушиб боряпти. (Ҳозир ўцам, ҳозир топиб оладигандекман, у «маҳфуз» хатларни! Аммо кейинга қолдирсам... бир умрга йўқотиб, ажраб қолсам-чи? Ахир хароба жойни ким тутиб турарди?! Бугун бор, эртага суриб ташламасликларига ким кафолат бера олади?! Кейин қайси тупроқ остидан излайсан?!) Мен эски уйимизга ўтиб, мактубни излаб юрсам-у, бу ёқда жарроҳлар кеннойимнинг оёғини кесишга қарор қилиб қўйсалар-чи? Йўқ, шунча ётган қоғозлар ёта туради, табиб зарурроқ! «Тушларимга Ҳизрдек оппоқ бир қария, нурлудан нурлу бир мўйсафид кириб юрибду» дейди. Бежизмас шекилли. Нимадан белги бераётибди экан у?.. Кун кетиб борар, аммо ўзим қай бирига улгураримни билмасдим. Ахийри қўзғолдим. — Xўп кеннойижон, мен энди борақолай, — дедим рухсат сўраб. Аммо ўзим ҳеч кетгим йўқ. Ҳатто туришга кўнглим бўлмай... имиллагандан имиллаяп- ман. — Ўша белги бераётган табибни... суриштириб кўрайин-чи? Бечора кеннойигинам!.. Мен унинг кўнглига қараб тепасидан жилолмаётганимдан бир мутаассирланса (кўриб турибман: қора олудек кўзлари ёшланиб-ёшланиб келмоқда, лекин мижжаларидан оқиб тушишига ҳаёсими — нимасидир қўймаяпти), тушларига киргучи табибдан оғиз очиб мени ташвишга қўйганидан минг хижолатда... — Ўзингизга қаранг, тушга нималар кирмайду, ахир... — Анави Опа ҳам айтаяптилар: «жой»дан бўлса, армон бўлиб қолмасин деб. У киши қаерда туришини биладиканлар. Бораверай, зора нафи тегса. Кеннойим ич-ичидан рози-ю, ўзи ўша табибга умид тутиб ётибди-ку... сездиргиси, мени ташвишга қўйгиси келмасди. Чалғитибми, ҳадеб бўлак нарсалардан оғиз очарди: — Дарвоқе, у ёқда кичигоюм қалайлар? Келинпошша-чи? Дуоларини олуб ўтирибдуларму? Салом айтуб, сўраб қўясиз. Биз уятлуларни... кечиролсалар кечирсунлар, кичигойим. Xудоюмнинг хоҳлашу экан, шунақа ишлар бўлуб кетту. Мен ўзим туриб олганман-у, яна таскин-тасалли бераман: — Ҳечқиси йўқ. Мана, дараклариз чиқиб, ўзизни топдик-ку. Ҳали эшитиб, бир ерга етадилар. Балки қистаб қўймасалар, олиб ҳам келарман. Кеннойим ётган ерида бир ғалати — илтижоли тикилди. — Унда... унда айтмай тура қолунг, жон Мақсудхўжам... Мену бу аҳволда кўруб, куймасунлар. Сал ўзумга келуб олай, хўп? — Майли-майли, — дедим ич-ичимдан босиб келаётган хўрликларни ютиб. Унга бирон нарса деяй дейман-у, бўғзимдан ҳеч сўз чиқмаётир. Аммо ўзим тепасига келиб, ёнгинасига тиз чўкиб олганман. Мижжаларининг четидан дувиллаб оқиб бораётган, нори устидан чопқиллаб ўтиб, қулоқ юмшоғи тагига, ундан ёстиққа сингиб кетаётган ёшларни кафтим ила сидириб тўхтатиб қолмоқчи, артмоқчи бўламан-у, қани эплай олсам, журъат этолсам. Йиғламанг, кеннойижон, у кишига айтиш қочмайди, аввал тузалиб олинг демоқчиман-у, айтолмаяпман. Бўғзимдаги ўша нарса, ўша хўрликлар бир бўлиб, қўймаяпти. Бояқиш, кеннойигинам. Акамни деб келиб, шунча ташвишларга қолган эканми? Аламми — нима, шунча хўрликларни қулт этиб ютиб юборишга қўймас, имкон бермас эди, ниҳоят бир ютуниб — енгил тортдиму: — Xўп, кеннойижон, хўп, — дедим. — Сиз айтганча бўлсин. Аммо ишонинг, сизни бу аҳволда ташлаб қўймаймиз. Албатта, тузатиб олиб чиқиб кетамиз. Қараб туринг, ўз оёқлариз билан юриб чиқиб кетасиз. Опчиқиб, янги жойларимизга олиб бораман. Яна ўзимиз билан турасиз. Xудди илгариги вақтлардагидек. Бу ёқдан Ёдгортойни опчиқамиз. Одамлар кўриб қўйишсин, буларнинг қандай жужуғи боракан деб... Воҳ!.. Шу ерга келганда тилимни тишлаб қолдим: мен овсар, мен ҳафтафаҳм, нималар деб валдираяпман, ўзим билмай қаёқларга ўтлаб кетяпман?! Кошки бир нимани билақолсам!.. Ҳайтовур, кеннойим англамай қолди. Фаҳмлаб қолсами, билмадим, қай алпозга тушар эдим. У бўлса, мижжаларию кўз ёшларини артиб, жилмайишга уринар, мутаассир бир ҳолатда: — Иншааллоҳ денг, Мақсудхўжа, фаришталар ҳам омин десунлар... — деб шивирлару ўзига келолмасди. — Иншааллоҳ, иншааллоҳ, — дердим мен қайта ва қайта, — йўқ ердан дарагингизни чиқарган Оллоҳим бу ёғини ҳам ўнглайди. Қўллайди. Сиз маҳкам бўлаверинг фақат, — деб далдалар берардим. Сўнг хайрлаша бошладик. Қайтиш тараддудига тушганимни кўриб, у бирдан ўзгариб қолди. Кўзлари жавдираб, бир нималар демоқчи бўлади-ю, айтолмайди. Истиҳолага тушиб, дардини ичига ютяпти. Қайтдим. Келиб, журъат этиб-етмайгина ёстиқларини тўғрилашга тутиндим. Аммо ўзимнинг ич-ичимдан ҳам бир турлик хўрликми — нима босиб келяптики, қўлларим, бармоқларим титраб боряптилар. — Яна бирон гапингиз бўлса, тортинманг, — дедим зўрға, — эртага келишимда... Унинг мижжаларига икки томчи ёш қалқиб чиқди. — Эртага мену... мену тополмай қоласизму деб... қўрқамен. Мен шошиб қолдим. Ичимдан ўт чиқиб кетди! — Нега унақа деяпсиз, кеннойижон? Ахир, келишдик-ку, мен табиб топиб келадиган бўлдим-ку. — Мен яна унинг ёнига чўкиб олган эдим: — Унақа хаёлларни... бошингиздан чиқариб ташланг... Кеннойим сочларимни силаб, маҳзун ютинди: — Сарсон бўлиб қолманг деб... айтаётирман. — Сарсониз нимаси? — Гап шундаки... Эртага кўчиришмоқчу... бошқа бир ёққа. — Нега, бу ер-чи? У боягидек тўлиқиб ютинди: — Кесмасалар бўлмас эмуш... Бирон бошқа касалхонада. — Сиз... Сиз розилик бердингизми? — дедим титраб. — Ахир тушингизга кирган, кириб юрган одам-чи? Бекорга белги бераётирми? Кеннойим мунглигина мунғайди: — Розилик бермаганумда... у кишину топишну айтинг. Ким сўроқлайди-ю, ким топиб келаду? — Мана, мен-чи? — дедим сидқидилдан, — сизни топиб келганда, уни тополмайманми? Унинг кўзлари ёниб, юзлари ёришиб келди: — Сиз... Сиз нимага ишонуб, бундай деяпсиз? Мен дарвозадаги хушрўй аёл — «Оповси» опани эслатдим. — Ўша аёл ҳам касалингизни «жой»идан деяпти. Сиз бир-икки кун розилик бермай туринг. — Вой, у киши айтдуларми? Танийман-таний- ман, — деди кеннойим жонланиб. — Кун ора кириб, сўраб-суриштируб, тансуқ-тансуқ нарсалар кўтариб келуб, одамни бир ҳижолатларга қўядулар. — Xўп десангиз, ўша опа айтаётган табибни излаб кўрамиз. Ё ойимларга айтайми? — Қайдам... яна Сизни ташвишга қўйиб-а? Тушга нималар кирмайду, ахир. Энди мен унамадим: — Бу ёғини менга қўйиб беринг. Топиб келаман дедимми, топаман! Назаримда мен изласамоқ, бас эди, Xудойим ўзи қўллайдигандек, ўша табибни йўлиқтирадигандек эди. Нимадан бу — ўзим билмайман. Балки келинойимга азбаройи бир яхшилик қилгим келиб кетаётганидандир, у ёғини ўзим билмасдим. — Xўп, мен қайтдим, — дедим ахийри эшик томон юриб, — Сиз дуо қилиб ётинг. — Майлу, яхшу боринг. Яхшу дараклар ила қайтунг, илоҳум, — деди у. Кеннойим мен кетаётганимни кўриб, жилла қур-са, тирсагига тиралиб турмоққа, туриб хайрлашмоқ-қа чоғланди-ю... шу чоғ нимадир бўлиб, дафъатан инграб юборди. Ва «их» деганча лабларини тишлаб қолди. Югуриб бордим: — Сизга нима бўлди, нима қилди, кеннойижон? Айтақолинг, — деб ўтинардим. Қўрқиб кетганим шунчалик! У сал узаниб ингранди, ўшал алпозда тиззасини силашгами, уқалашга тутинди. Мен нима қиларимни, устини очиб ташлаб, оёқларига қарашни ҳам, ёрдамлашиб юборишни ҳам билмасдим. Ўзлариданми, кимдан изн кутиб жавдирардим. Кеннойим эса, ранги қум ўчиб, мижжаларининг тагидан тирқираб ёш чиққанча қолган эди. Ниҳоят, қимтилган лабларига жон битиб: — Айтинг, қараб юборишсин... — деди. Шундагина ҳамшира чақириш хаёлимга кепти. Ўпкамни қўлтиқлаб, йўлакка чопдим: — Ҳой, қизлар, қаердасиз?.. Менинг шовқинимга ўртадаги хонадан оқ халатли қизлар югуриб чиқишди: — Нима гап, нима бўлди? — Қарай қолинглар, илтимос. — Улар киришдиям, мен ўзимга келолмасдим, ҳатто кириб боролмасдим: Бечора, шундай дард чекиб ётган эканми ҳали? Бошига тушган шунча кўргиликлар кам эканми? Қизлардан бири қайтиб чиқиб, жонсараклик ила жому бинт кўтариб ҳатто кириб кетди. Нимага экан, ҳеч ақлим етмасди. Ўзим остонадан ўтолмай турибман. Кириб боришга юзим чидамаяпти. Устиларини очиб қўйишган бўлса, нима деб ҳам кирдим? Қолаверса, вужудим қулоққа айланган. Ичкарида тиқ этган товушга илҳақ турибман. Фақат кеннойижоним сал енгил торцалар, бас, ўзларига келганларини билсам, бас. Ҳамшира қизлар қанақа эпақасиз эканлар, ҳамон каловланиб бир-бирларини шоширишар, «бўл, опке, кўтар»дан нари ўтишолмасди. Ахийри бир нима жўмракдан оққандек жомга шовуллаб туша бошладию кеннойим инграб юборди. Ҳамширалар эса устида айланиб-ўргилиб, таскин берардилар: — Ҳозир, опажон, оқиб битадию ором оласиз, қутиласиз. Ҳаммаси шу патосники, шунинг оғриғи... Мен эсам ҳеч вақога ақлим етмай, бир ярадан шунча патос чиқарканми деб, тасаввур эта олмай ичим сидирилиб боряпти: жўмракдан оққандек патос — қандай зардоб эканки, бир яра тагига шунчаси йиғилақолса? Дўхтирлар уни кесамиз деб ваҳима қилишганча бор шекилли?.. Бу орада сочини иккита қилиб ўриб, орқасига ташлаб олган бояги ҳамшира югургилаб чиқиб, менга урилиб кетай деди. Норозиланиб қарадию яна аяди: — Илтимос, четроқ туринг. Мен узр айтиб, ортидан эргашдим. — Ўзлари яхшимилар, яхши бўп қоладиларми?.. У ойнаванд жавонни очиб бинту малҳам изларкан, тавба, қанақа ҳафтафаҳм одамсиз, дегандек қарадию, ўз ишидан қолмасди. Мени баттар ваҳм босиб: — Ҳар куни шу аҳволми? Қайтмаяптими? У кишига нима бўлган? Айта қолинг, жон синглим, — деб ялинишга тушган эдим. У энди афтимга қарамайин ҳам ошиғич қайта бошлади. Мен унга боғланиб қолгандай эргашиб борардим. Палатага етмасдан яна ўтиндим: — Жон синглим... У ичкарига кириб бораётган жойида — остонада тўхтадию инсоф қилиб қайтди. Келиб қулоғимга шивирлади: — Жарроҳлар кесишмоқчи, ўша оёқларини, билдиз?! — У менгами, кеннойимгами ачинган каби афтимга тикилиб туриб, бурилиб палатага кириб кетди. Оёқларини кесишади? Ғалати-ку! Мен аҳмоқ, мен пандавақи яраларини кесишади, очиб тозалашади,деб ўтирибман! Булар ана нима қарорга келиб қўйишибди! Йўқ-йўқ! Ҳечам розилик бериб бўлмайди! Бошқа иложини топсинлар! Зўр бўлсалар кесмай тузацинлар! Нега кесарканлар? Ахир шунча сарсон-саргардонликлари етмай, оёғидан ҳам ажрайдими? Бирор яқинидан ризолик олмай туриб, қандай кесишади? Бунга ким розилик бераркан? Ҳатто Чаман аканинг ҳам ҳаққи йўқдир. Ёки у акамнинг ризолигини олгани... қидириб кетганми? Ё алҳазар, ёнгинамизда шунча воқеалар кечиб, биз бехабар қолсак. Кеннойим бу аҳволда ётиб, акам у аҳволда — бу диёрларга қадам босолмай юрсаю, биз ёрдам қўлимизни чўзолмасак. Қай кунларга қолганмиз? Ё дунё ўзи шундай қурилганми? Сарсонлик-саргардонликларнинг ниҳояси, чеки йўқ этиб тузилганми?.. — Сизга рухсат экан, эрта билан вақтлироқ келаркансиз. Ўзимга келиб қарасам — бояги ҳамшира. Гўё у нажот фариштасидек: — Илтимос, айтиб қўйсангиз: кесишга розилик бермай турсинлар! — дедим титраб-қақшаб. — Яхши, — деди у ҳам менга хайрихоҳлик билан. Сўнг бурилиб кета туриб яна тўхтади. — Айтмоқчи, табибни ахтариб кўраркансиз. Тушундизми?.. Ичимдан бир қуёш чиққандек бўлиб кетдим: ҳайрият, умид тутаётган жойлари бор экан-ку! Ошиғич ташқарига қараб юрдим. Бу хабардан ичим ёришиб, қушдек енгил тортган, ҳовли сутдек ойдин бўлса-да, кўз олдимдан кеннойимнинг бўздек оқарган юзи, ҳамшираларнинг чопиб юришлари кетмас, қароқларим остида қайноқ ёш айланар эди. Ажаб дунё: одамлар йўқотган азиз кишиларини топганда қандоқ қувонадилар! Мен эсам, ёш боладек бўзлаб қайтар эдим. «Ҳасбияллоҳу Ва Неъмал Вакил» Эски Жўвада шунча туриб, Тахтапул томонларга ўтиб қўймаган эканман, эсиз. Опа жон куйдириб тушунтирар эдилар: — Тахтапулнинг сувидан шундоқ ўтасизу тушасиз! Тушасиз-да, пастга қараб боравурасиз-боравурасиз. Ярим чақирим юрмасиздан кичкина жин кўча келади. Бурилибоқ Тангритоғлик табибни сўрайсиз, вассалом. Мен эсам, қани тасаввур қила олсам, ўша жойларни. Биттасиниям кўз олдимга келтиролмаяпман. Буни кўриб, Опа (ўша «оповси» опа-да, қоровулхона бе-каси): — Унда Севзордан чиқиб келақолинг. Севзорни биласизми? — деб қолдилар. — Билганда қандоқ! — Мен ичим ёришиб сакраб кетаёздим. — Боядан бери шундоқ демайсизми! Дарвоқе, ҳоламгиларникида туриб ўқиган кезларим ораси икки қадам Севзордан (биз тошкентликлар суйиб шундай атаймиз, асли Себзор) бери келмасдим. Жангобда танишган дўстларим билан қўшилиб ҳали Лабзакка, ҳали Бешоғоч кўлидаги шахматхонага тентираганимиз-тентираган эди. Ютиб қайтган кунларимиз ўша танти-чапани дўстларим қўярда-қўймай (борасан-да ўша холангларникига деб!) уйларига олиб кетишгани-кетишган эди... Айтган жойлари — Севзорнинг шундоқ биқинида экан. Тангритоғдан келган табиб ўша ерга қўнганмиш. Тўғрироғи, ҳукумат унга ўша ердаги Боқчада туришга рухсат этибди. Азбаройи сийлаганидан. Мен шундай деб тушундим. Аммо бу гап ғалати ҳам сирлироқ эди. Шу ҳукумат бўлади-ю, бир табибга шунчалик иззат-икром кўрсатадими? Яна келгинди-муҳожир бўлса? Тушуниш қийин. Аммо «Оповси» опа у тоғлиқ мусофирни бир ерга етиб таърифлар эдилар: — Вой, у кишини кўрмабсиз, суҳбатларига етмабсиз — сўзларидан бол томиб, юзларидан нур ёғилади! Бунақа ҳалим одамни учратмагансиз. Нафаслари бир ўткир, шунақа ўқиб, дам соладиларки... кеннойингизни кўрсацангиз биласиз. Албатта, боринг, шу боғни айцангиз — йўқ демайдилар. Туз-насиба экан, қанча вақт турганлар бу ерда. «Оповси» опа азбаройи кеннойим учун қайишиб мени қисташини қўймасди: — Борасиз-а, албатта, ўтасиз-а?.. ... Мана, кетяпман, ўша (оналаримиз кўпам ихлос қўйиб, бир ерга етишадиган) азайимхон табибни излаб... Сўраб-сўраб Маккани топганларидек, мен ҳам учраган қорадан ўша табибни сўроқлаб борар эдим. Ахийри қайрилишдаги дўкон қоровули — юзи кепчикдай, бужур одам (у қоровулхонасидан дарча очиб, қурут, писта сотиб ўтирар эди) қозоқнинг тўққиз пулидек қилиб, тушунтириб берди: — Ҳўв анов жин кўчага буриласиз. Кириб боравурасиз-боравурасиз, бир оқ бинога етасиз. Ўша — Боқча. Ўшаттан сўрайсиз, табиб тўрамни. Ҳа, айтмоқчи, бугун эҳсон ҳам бор, чамамда. Одамлар чиқишаётиб эди, тўп-тўп бўлиб... тортинмай боравуринг. Қадамим енгил тортиб, жадалладим: ишқилиб, унасин-да кўриб қўйишга. Айтилган кўчага бурилиб ҳам эдимки, олдинда пўрим кийинган бир одам кўринди. У қўлтиғидаги бозорчиқни авайлагандан авайлаб, у қўлидан бунисига олиб-еринмас эди. Негадир унга етиб олгим келиб, (назаримда у ҳам ўша табибни йўқлаб бораётгандек), яна жадалладим. Борсам, Султонмурод акамлар тенги бир йигит, лекин дўкондорлардек охорли кийинган. Бошида Тошканни кўк дўпписи. (Кўрибоқ сездим: ё пулдор, ё савдогар, иккисидан бири, ахир, ҳамма ҳам чин-мочинда тикилган бунақанги қора костюм-шимга етишавурибдими!) Аммо ўзи очиққина экан, саломимга такаллуф-ла алик олди: — Ваалайкум ассалом, оковси, келинг. Манзирати ҳам бир самимий эди. Ийиб кетиб, юкини кўтаришиб олгим келди: — Менга бера қолинг. — Йўғ-е, оғирмас, оковси, одамни ҳижолатга қўйманг. — Бераверинг, — дедим яқин олиб. — Ундай бўлса, майлин. — У яп-янги, шиқирлаб турган қоғоз қопчиқни авайлаб узатди. — Фақат эҳтиёт бўласиз, нозувроқ нарса эди. — Нозувроқ жойгами? — дедим тусмоллаб. — Топдиз, айтувли бир одамнинг зиёратига. Кўпдан отланардим-у, мавридини топиб келолмасдим. Бугун бозор тушсам денг, отлиққа ҳам топилмайдиган бир нок турибди! Шу... бу дунёникимас-да! Жонивор олтиндай сарғайиб, бол тортиб кетибди. Ҳидини айтмайсизми! Гуркирайди! Шуни илина қолувдим тўрамга. Битта-битта юриб гаплашиб бораётиб эдик, кечаги бозоримни эслаб, ялт этиб юзига қарадим: — Шу ўзимизнинг Эски Жўвадан-а? — Ҳа-да. Бор-йўғи тўрт килогина экан. Насиб-да, насиб, — деди у оғзининг таноби қочиб. Мен бош силкидим: тахминим тўғри чиқмоқда эди. — Демак, ҳар куни бир халта-бир халта оптушади. Рўзғорга ярагулик қилиб... — Ким? — деб ҳайратланди ҳамроҳим. — Ким бўларди, ўша кампиршо-да, — дедим жилмайиб. — Ҳа-а, — у тушуниб қолиб, хандон ташлаб кул-ди, — демак, сиз ҳам нокига харидор бўлгансиз-да, шундайми? — Мен беш кетиб, касал кўргани олиб эдим, — дедим ростига кўчиб. — Чакки эмас, дидингиз, — деди у бошдан-оёғимга разм солиб. — Сизникиям... — дедим мен ҳам бунақа нокнинг қадрига ҳамма ҳам етавурибдими деган каби. — Ўзиям жаннатнинг иси кеп турибди-да, — деди у тушуниб. — Ҳидлаб боқинг-а. Менинг кафтларимдан гуркираб келяпгандай ҳалигача, — деб қўлини искаб қўйди. Мен унинг кўнгли учунгина эмас, аллақандай соғиниб, бозорчиқни димоғимга яқинлаштирдим. Ё қудратингдан! Қопчиқ ичидан бол ҳидидан ҳам ўткирроқ бир ҳид гуркираб келар эди. Фақат эртаги ҳандалаклар шундай бўй таратиши мумкин. Лекин бу қиши билан димлаб қўйилган Тошкентнинг тош ноки эди! Кимга опкелаётган экан? Мен эсам, қуруқдан қуруқ келаверибман-да?.. Хижолат чекиб қолганимни сезиб, у жилмайди: — Айбга буюрмайсиз, дидимиз бир десам, йўлимиз ҳам битта шекилли? Кимникига бораётибсиз? Бу гапдан ичим ёришиб, менам лутф қилгим келди: — Ким табиб тақсирникига, ким — тўрам тақсирникига шекилли? У ўзига ярашадиган тарзда хандон ташлаб кулди: — Ким илм истаб, ким шифо истаб деяқолинг! — Ким назри билан, ким беназир, — дедим мен. — Қабул ҳам шунга яраша бўлмасайди! У ҳазилим ёқиб, елкамга қоқди: — Ғам еманг, назир энди ўртада бўла қолди. Кўтаришиб кетяпсиз-ку, ахир. — Шуни айтинг. — Қолаверса, тўрам қўлга қарамасканлар. Бўлади-ку: назари тўқ одамлар — ўша тоифадан эмишлар, — деди у қош учириб. Ҳар қандайи ҳам аввалига шундай бўлиб, кейин қилиқ чиқаради, демоқчи эдим, тилим бормади. Қуруқ туҳмат қилиб қўйишдан қўрқдим. Балки чиндан мақташганича бор, художўйдир. Бу орада гап билан бўлиб анча жойга бориб қолибмиз. Ҳов олдинда бужур қоровул айтгандек, оқ би- но — Боқча кўзга ташланар эди. Унга ёпишиб тушган дарвоза олдида эса, уч-тўрт одам кўриняпти. Уларнинг ҳам қулоғи ичкарида. — Бемаҳал кепмиз шекилли, жигар? — деди шеригим ҳам кўзи уларга тушиб. У шу бойваччалигига менга ўхшаб тортинчоқ экан, бориш-бормасликни ўйлаб, тараддудланди. Бужур қоровулдан эшитганим ёдимга тушиб, уни қистадим. (Қолавурса, мен табибни кўрмай қайтиб кетолмайман!): — Насибамиз улуғ экан, эҳсонга илинамиз шекилли, юраверинг. — Тўрамники табаррук деб-а? — Ҳа-да. Шу тоб дарвоза олдидагилардан биттасининг кўзи тушиб, бизни кечиккан меҳмонлар фаҳмлади шекилли, пешвоз чиқиб, мулозиматла эгилди: марҳамат, келавурсинлар, қадамларига ҳасанот... Иложсиз юрдик. Лекин яқин бориб, ичкарига кўзим тушдию аллақандай енгил тортиб, қушдай бўлиб қолдим: Бу нимадан, ўзим англаб ета олмас эдим. Ҳовлида меҳмонлар учун тузалган жойлар аллақачон бўшаб қолган, энди дастурхон йиғиштириб олинмоқда эди. Фақат каттакон тут тагидаги ёғоч каравотда беш-тўрт қария «суҳбати чор — анда маза бор», қабилида оҳиста гурунглашиб ўтиришибди. Заб пайтида келибмиз! Қўлимиздаги бозорчиқни айвон четига қўйиб ҳам эдикки, оёқлари калта, аммо ниҳоятда серҳаракат бир киши (у ажойиб тарзда елка ташлаб юрар эди) бизни каравотга яқин жойга бошлади: — Келунг, мемонлар. Насиба еталаб кепту. Эҳсонимизнинг савобига шерук бўлувсизлар. Чой чақириб, ўзи бир чинни лаганда ош келтирди. Биз енгил таъзим ила каравотдаги қарияларга салом бериб улгурган бўлсак-да, уларнинг ширин суҳбатларига ҳалал бермадикми, деб хижолатда эдик. Аммо улар ҳали-вери турадиганмас, гаплари гапларига қовушиб бир ширин суҳбат қуришяпти. эди. Афтидан бу дунёни ҳам унутиб, ўша тўрдаги одамнинг нуроний юзидан (ё қудратингдан, ўқиш китобларимизда расмини кўравериб, сингишиб кетган ўша одам — сал бодомқовоқ, мулойим кулча юзли хазрат тирилиб келиб, қаршимизда ўтиргандай эдилар) кўз узмасдилар. У зот ҳам ўшандай оқ саллада, сариқ йўл-йўл — зар-ғалдоқ тўнда ўтирибдилар. Оқ оралаган мош-биринч соқоллари худди ўшандай кузалган, кўзлари ҳам жиндек бодомқовоқ эди. Тавба, одам одамга шунчалар ўхшар эканми? Табиб бува шу кишимиканлар ё бош-қа бировлари? Мен ошга қўл узата туриб, секин зингил ташлаётганимни кўриб, ҳамроҳим қулоғимга шипшиди: — Сиз тингланг. Тўрам тақсир шу одам. Мен қайтариб сўрадим: — Табиб тўрамми ё Тўрам тақсирмилар?.. У бош силкиди: — Ҳар иккиси ҳам. Мен енгил тин олдим: ҳайрият, ўзлари экан! Сўнг уларга қулоқ осдим. Тўрам тақсир билан жиндек чой ичиб, суҳбатларини олишга қолган мўйсафидлар бир нарсани қистар эдилар: — Ўша воқеани айтинг, тақсир, ўша воқеани. Рост-дан рўбарў келганмисиз? Ўша томонларда ҳалиям бор эканми? Мен қўлим ошдаю қулоғим динг эди. Аксига олиб тескарироқ ўтириб қопман. Ўгирилиб қарашга бўлмаяпти. Алоҳал тақсир қимтиниб тин олдилар: — Ҳа, энди бир йўлиққан-да, — дедилар негадир у воқеани эслагилари келмай. Қариялар ҳар чеккадан яна қисташди: — Ўзиздан эшитган бошқа-да, тақсир. — Аллоҳ қандай асраганини айтинг, жилла қурса. Ўгирилиб, тўрам деб аташаётган табибга қарадим: қизиқ эди айтиси келинқирамаётгани. У киши тиззаларини силаб, бу гапга жилмайиб қўйдилар: афтидан, унга қўшилмаган эдилар. — Бежиз-беҳикмат рўбарў этмагандир денг, — дедилар секин. Қариялар ҳайратланиб бир-бирларига қарашди: — Субҳаналлоҳ! — деди рўбарўларидаги киши. — Йўғ-е! — деди бошқаси.— Ўзи рўбарў этиб, Ўзи асрайдиму? — Ҳамма гап шунда-да, — дедилар у киши. — Мошааллоҳ! Шунақаси ҳам бўлади эканми? — Бўладикан, — дедилар тўрам. Улар бир муддат жим қолиб, яна қистамоққа бошладилар. — Шунинг учун ҳам... ўзингиздан эшитайлук, тақсирим. Ҳатто биз ҳам оғзимиздагини чайнашдан тўхтаган эдик, ўша нарса бизни-да соме этиб, қизиқтириб қўйган эди. Ахийри у киши минг истиҳола ила бошладилар (балки менга шундай туюлгандир.) — Тангритоққа йўл бошловчисиз — ёлғиз боришим эди. Довонга кўтарилгунча бир-бирига ўхшаган сўқмоқлару дараларга кириб-чиқавериб, адашиб кетдимми, билмайман, валлоҳи аълам. Шарқироқ сой бўйига чиққанимда бирдан шом туша бошлаганини пайқаб қолдим. Отни ҳар қанча қистаганимда ҳам кўриниб турган довонга ета олмасдим. Бир ёқда шом қазо бўляпти, бир ёқда кўзлаган манзилимга етолмайдиганман. Алоҳал отдан тушиб, таҳорат тадоригини кўра бошладим. Сўнг от тизгинини бир бутага илиб, харсанг тошлар орасидан жойнамоз сиғгудек бир жой топиб, намозга берилдим. — Табиб ҳикоясининг шу ерига келганда тин олиб, жим қолди. У барча-барчасини айтишга ҳамон истиҳола этармиди ё эслаб кетганми- ди, билиб бўлмасди. Ўгирилиб қарашга эса ботина олмасдим. Кимдир йўталиб, кимдир бетоқатлик ила қўзғолиб қўйди. Табиб энди аллақандай ўкинчли овозда: — Яхшиям тўхтаганим, — деди. — Шомнинг фарзинию суннатини ўқигунимча дарага қоронғулик чўкиб бўпти. Беш қадам нарини илғаб бўлмасди. Нега шундай кечди, ярим йўлда қолиб кетдим, мендан қандай хатолик ўтдики, деб жойнамоздан турмаёқ «Астаъфируллоҳ, аллази-маллази, ла илаҳа илла ҳувал ҳайюл қайюму ва атувби илайҳи», деб ўзига истиғфор айтиб, саждага бош қўйдиму тавалло эта кетдим: «Я Роб-бим — Аллоҳ, ҳаммасидан ўзинг воқифсан, Ўзинг кўриб-билиб турибсан: зиммамга қандай юмушлар юкланмиш. Розилик бериб тўғри қилдими, адашдимми, ҳикматини билгувчи ёлғиз Ўзингсан. Агар яхшиликка йўйсанг — йўлимни оч, мушкулимни осон эт. Агар нафсимнинг сўзларига кириб адашган бўлсам, бандаман, Ўзинг кечир. Кечир-да, бало-қазолардан, ёмонликлардан Ўзинг асра. Ҳидоятингни дариғ тутма, ожиз бандангман. Не қилай қайтар йўлларим беркилган. Ўзинг нажот бер», деб йиғлаб-таваллолар қилаёцам... бирдан орқадаги от ҳуркиб кетганча кишнаб юбордию тизгинни узиб қочмоққами, нимага тушди. Этиму вужудим вижирлаблар кетди. Саждадан бош кўтарсам, қай кўз ила кўрайки, қаршимда гунгурсдек бўлиб, бир махлуқ турибди. Олов кўзларини узмай. Бўйнида ёлими — нима хурпайган: айиқ бўлиб айиқмас, ит бўлиб ит. Аммо аввалига танимай турган эканман, таниб қолиб, этларим тикка бўлиб кетди. Бутун жоним оёғимдан ерга ўтиб кетгандек эди. Беихтиёр пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи вассаламни, куёвлари у кишини ҳақорат этганда: «Я Аллоҳим, бунга итларингни юбор, ўша бас келсин», деб дуо қилганларини эслабман. (Кейин уни Шомда арслон еб кетган эди.) Яхшиям, қўзғолмаганим, қўзғолганида тилка-пора қилиб ташлармиди. Яхшиям, Аллоҳга тавбалар қилиб, истиғфорлар айтиб турган пайтим экан. Яхшиям, намозда эканман. Орқаю олдимиздан ҳимоялаб турадирган фаришталар туфайлиданми, у тўхтаб қолганди, даф эта олмай турарди. Шу хаёлдан ўзимга келибоқ Тангри таолога ёлвора кетдим: — Уни тўхтатган ҳам, омонсиз ҳужумидан асраб турган ҳам бир бўлса, Ўзингсан, я Аллоҳ, уни даф этгувчи ҳам, йўлимни очиб бергувчи ҳам Ўзингсан. Ўзингга сиғинаман, Ўзингдан сўрайман. Қутқар бу итингдан. Умрим бўйи айтганингдан чиқмайин, — дердим. — Ла илаҳа иллаллоҳ, ҳасбияллоҳу ва неъмал вакил — Ўзингни вакил қилдим, — дердим. Сизларга ёлғон, менга чин. Шу дуони ўқишим-ла махлуқ бир нарсадан ҳайиққан каби ириллаб тиса-рилавердию сўнг ўгирилиб, думини қисганча пастга тушиб кета бошлади. Пастда эса сой шарқирагандан шарқираб ётар, ора-чира намхуш эпкини ўйноқлаб келиб қолар эди, холос... Ўша воқеанинг таъсиридами, ҳаммалари бир муддат жимиб қолдилар. Ахийри бир қария шу жимликни бузишга журъат этиб: — Ҳикмати не эди, тақсир? Энди айта оларсиз? — деди. Табиб ҳов боягиндек, истиҳолали жилмайди: савол ноўринлигини шундан-да пайқаш мумкин эди. Аммо табиб қарияни хижолатда қолдиргиси келмади: — Аллоҳ билгучироқ, қори ака, биз ниманиям билардик, — деди юмшоқ табассум ила. Бу гапга ҳамма қўшилган эди. Шу тариқа гап ўзани поёнига етиб, улар дастурхонга фотиҳа ўқиб, ўрниларидан тура бошладилар. Биз шунча шошганимиз билан қўл артиб, лаганни бериб улгурдик, холос. Қариялар ҳовли саҳнига тушиб ҳам узоқ хўшлаша бошладилар. Уларнинг бу хайр-хўшлари ҳам ўзларига ярашиқли эди. Айниқса, бир-бирларига мулозамату манзиратлари, эртага кўришмай қоладиган одамдек (дунё ахир омонат, билиб бўладими, бугун бор одам эртага йўқ) омонлик тилашлари, қучоқлашиб хайрлашувлари — ҳам ғалати, ҳам таъсирли эди. Бир сўз билан улар бир-бирларидан ажрашолмай хайрлашар, шу баҳона ҳам бир-бирларига бирон ширин сўз айтиб қолишга, бағриларига тортиб, бўйларига тўйиб олишга тиришар эканлар, шу сўрашиб-исташувларини ҳам ғанимат билиб, кетишга шошилмас эдилар. Қолаверса, бу ҳеч кимга эриш туюлмас, қайтага биз бир чеккада қўл қовуштириб, ҳавасла кузатиб турар эдик. Фақат мен бир нарсадан таажжубдаман: бу хориждан келган фириштадай одам асли ким? Табибми ё авлиё? Қачон шунча ёр-биродар, мурид орттириб улгурибди? Мусофир одам шунча тез сингишиб кетуви мумкин эканми? Бу орада мўйсафидлар дарвозахонадан хўшлашиб чиқиб улгуришди. Биз кузатишиб чиқишимизни ҳам, жойимизда тураверишимизни ҳам билмас эдик. Аммо шу пайт бояги оқсоқ танишимиз қаёқдандир пайдо бўлиб: — Қану мемонлар, марҳамат қилусизлар, — деб ичкари қистаб қолди. Шундагина мен хайрлашувчилар билан бўлиб, табибни кўздан қочирганимизни англадим. У таҳорат янгилагани ўтганми, ҳеч ерда кўринмас эди. Бизни ёлғиз деразали чоғроқ бир уйга бошлаб киришди. У ҳужра бўлиб ҳужра эмас, ярмичасини ковшандоз эгаллаган, тепада эса сандал ҳам бор эди. Танчага вақт-бемаҳал олов солиб турилса керакки, устига ялангқават бир нарса ташлаб қўйилибди. Эшикбон мулозим биз киргунча қизил йўл-йўл дастурхон ёзиб, каттакон гирдим патнис қўйди. Кўрпачалар йиғиб улгурилмаган экан, чўкиб фотиҳа қилдик. Деворнинг бир ёғини тўқ жигарранг гилам эгаллаган, бир ёғидаги сомон сувоқли токчаларда қалин муқовали, жилдли китоблару сопол кўзачалар ва ҳам оғзи танобли жажжи халтачалар, зарқоғозга ўралган бир нарсалар кўринарди. Чой кириб: — Ичишуп ўтирувсизлар-да, мемонлар, — дея оқсоқ танишимиз чиқди. Менинг ичим қуришиб боряпти. Яна ўзимга таскин бераман: «Мен игнани устида ўтирганимни булар қаёқдан билсин!» Ҳамроҳим буни сезибми, жилмайди: — Сиқилманг, келдикми, кутамиз. Тўрамнинг шунақа одатлари бор: таҳорат янгиламай бемор кўрмайдилар. — Шунақами? — Қолавурса, Сиз билан мен нима мақсадда келганимизни кирганимиздаёқ билганлар, шунақа одам, — деди у камига. — Йўғ-е?! — Xўп деяверинг. Ҳар соққанда бир пақирдан сут берадиган сигиримиз бўларди. Бир кун адам уни етаклаб чиқиб кетиб, шуларга ташлаб кептилар. Улар мусофир, соғиб ичиб туришса, савоб бўлади, дедилар. Кейин, — у боягидек беғубор жилмайди, — кейин бир кун ажабтовур гап топиб келдилар. «Ҳой, Тўхтабой, бизга қанақа сигир бердингиз? Сутини эплаб бўлмаяпти. Ҳар соққанда икки челакдан сут беряпти», дермишлар. Ана, тақсиримнинг кароматлари, — деб туриб, тирсагимга туртиб қўйди.— Бу ёғини эшитинг. Бир кун борсалар, тўрам «Ҳой, Тўхтабой, сиз синчи одам, бизга бир сигир обермасангиз бўлмайди, сутга ўрганиб қолган эканмиз», дермишлар. У сигир-чи, дебдилар адам. «Эй, уни Усмон девона опкетиб қолди: ёқтириб қопти. Майли, жўжабирдай жон. Бизга бошқасиям бўлавуради», дермишлар. Адам ҳай, деб бо-зорга тушиб кетиптилар. Борсалар бир шопмўйлов одам гижинглаган отда йўлларини тўсиб турганмиш. «Ҳов, бойвачча, шу отни қанчага оласиз?» дер эмиш нуқул сағрисига шаппалаб. «Йўқ, мен сигирга тушган одамман, отни нима қиламан», десалар, «Ҳай, унда баҳосини чиқаринг» дер эмиш. Кейин даллол чақириб баҳолатибди-да, ўша ердаёқ бировга сотиб, қўлларига отнинг пулини тутқазибди. «Манг, бойвачча, бу пул сигирингизнинг сутидан ҳам ҳалол» дер эмиш. Адам ўша пулга бозорнинг олди сигирини олиб чиқибдилар. Унинг битта айби уч эмчакли экан. Кейин тўрам тақсирникига борсалар, «Ҳой, Тўхтабой, бизга қандай ҳосиятли сигир олиб чиққансиз? Соғсак нуқул қаймоқ беряпти... Олинг, татиб кўринг-а», дермишлар. — Йўғ-е, — дедим мен ҳайратланиб. Ва шу маҳал остонада оёқ товши эшитилиб, зар-ғалдоқ тўннинг бари1 кўриндию биз шоша-пиша у кишининг истиқболларига туриб, қўл қовуштирдик. — Ўтирингиз-ўтирингиз, ўғлонларим. Сизни ҳам кутдирию қўйдик, узр. Бугун шунақа кун экан: узоқ-яқиндан биродарлар йиғилишиб, кулбамизни кўп мунаввар этишди, — деб маъзурландилар. Биз четланиб, йўл бўшатдик. Аммо ўртадан паст бўйли, салобатлари ўзларига етарли киши тўғри тўрга ўтиб кета қолмай (ажаб, тўнлариданми, ўзлариданми, бир ажиб мушк-анбар ҳидлар тараляптики) қаршимизда тўхтадилар-да, ҳамроҳимга очиқ юзла юзланиб, майин жилмайдилар: — Мен Сизни қаерда кўрган эканман: юзингиз бунча иссиқ? — дедилар. — Балким-балким, — ҳамроҳим қизаринқираб ўзини танитди, — мен Тўхтабойвачча аканинг ўртанчалари. — Эй-й, Синчибойни-я?! — деб қўлини қўйиб, яна ҳам яқин келдилар-да, икки бетидан кафтлари ила тутиб, пешонасидан ўпиб қўйдилар. — У киши олиб берган сигирларни, бизларга қилган яхшиликларни унутиб бўладиканми?! Ўзлари омонмилар, уй ичилари билан?.. Билмасаканман, Аллоҳ шундай келишган-келишган фарзандлар ила сийлаб-қувватлантириб қўйган экан Синчибой ошнамизни... Бугун кўринмадиларми, бахай? — Сайрамга кетишиб эди икки-уч ошналари билан, — деб жавоб қилди ҳамроҳим. — Унда узрли, узрли. Синчибой ошнам айтилмай қолибдиларми, деб болаларни тергаб бир ерга етиб туриб эдим: яхши, насиба қўшган экан, мана, Xудо сизни етказибди. Эсон қайтишсин, — деб бир қадам ташлаб, менинг кафтимдан тутдилар. Кафтлари бир юмшоқ, бир майин эди, тавба. — Сиз бўтам, хуш кепсиз даргоҳимизга, қийналмай топиб келдингизму? Ичимдан бир олов чиқиб, пешонамга довур жимирлаб кетди: «Қаёқдан била қолди, бу одам?» дея ҳайрат-ла боқдим. У киши бизга ўтиришга изн бериб, ўзлари дераза тагига — тўрга чўккаладилар-да, фотиҳага қўл очдилар: — Илоҳо омин, дардмандларга ўзинг даво бериб, илм толибларига ўзинг илму раббонийингдан етказгил... Мен-ку, мен, ҳамроҳимга қарасам, ҳайратдан тахта бўлиб ўтирибди. Табибнинг тасбеҳ тутган қўлларидан кўз узолмайди. — Xўш, бойвачча, ёки адангиз бирон юмуш буюрибми эдилар, бизга тегишли?— дедилар ниҳоят зангори духоба ёстиққа суялибгина ва маъноли жил- майиб. Бойвачча жавобга ошиқиб, одобли муллаваччалардек чўккалади: — Йўқ-йўқ, тўра почча, буюрмаб эдилар. Мен ўзим... Сизни бир зиёрат этгим келиб... — дея ямланиб ерга қарадию беҳожат тиззаларини силашга тутинди. Тўра почча (бойвачча каловлаб қолгани билан топиб айтган эди: бу ном у кишига ярашиб тушганди) мийиғларининг тагида жилмайиб, тутамга келиб-келмайдиган, бир чиройли кузалган мош-биринчдан оқроқ соқолларини (у қулоқларининг юмшоғи тагига қа- дар чўзилиб борганди) енгил тутамлаб-силаб қўйдилар. Бу жилмайишдан юзлари яна ҳам нурланиб кетган эди. — Зиёрат талабиндами ва ё илм талабинда? Тортинмай айтаверинг, бойвачча? Ҳамроҳим бу гапдан чўчиб тушиб, дув қизарган эди. Xижолатга ботиб, деди: — Тўғриси, кўпдан ҳузурингизга келмоқни ихтиёр этардим. Бугун юрак ютиб... — Юрак ютганингиз яхши бўпти, бойвачча. Биз ҳам Сизни кўпдан орзилаб кутардик. Бойвачча у кишига ялт этиб қаради: — Кутардингиз? — Аллоҳ шоҳид, — дедилар тўра почча бош силкиб, — ташна қалблар ўзи аён бергай. — Демак, ҳужрангиз эшиги... — Очиқ. Келгувси ҳафтадан келаверишингиз мумкин. — Раҳмат, тўра почча, — Бойвачча юкунгудек бўлиб энгашди ва у зотнинг тўнлари этагини ошиғич юзларига суртди. Аммо тўра поччанинг юзларига бир нима соя ташлаб, юкингувчининг елкаларига оҳиста қўл юбордилар: — Туринг, бўтам, шусиз ҳам олгайман Сизни. Қолаверса, банда бандага эмас, Аллоҳга юкунгай. Шу ярашади бизга... — Узр, азбаройи мен мутаассирланиб... — бойвачча қаддини кўтариб, қўлларини кўксига босди. У хижолатдан кичкина тортиб, ерга сингиб кетишга ҳам тайёр эди. Мен эсам... Мен эса, бир чеккаси ҳайрат бармоғимни тишлаб, бир чеккаси қаерга келиб қолдим деб ҳайрону лол ўтирибман. Табиб дейишган эди, ким бўлиб чиқяпти? Бу орада у киши менинг ҳолатимни сезган каби бир қур назар ташлаб, ташқарига овоз бердилар: — Рўзиохун?.. — Лаббай, тақсирим, — остонада елкасига чорси ташлаган бояги оқсоқ одам кўринди. — Эртаминанги... тайинлу жойдами? — Таюнлу жойда, тақсур. Олайинму? — Олинг. Рўзиохун ковшандозга ечиниб, махсичан икки ёнга елка ташлаганча токчага яқинлашиб, унинг ўрта қаватига узанди-да, қийналибгина кўза ичидан бир нима ола бошлади. Унга ёрдамлашгани турган жойимда у зар қоғозга ўралган бир нимани олиб улгуриб, ўгирилди. — Раҳмат, жиян, безовта эттум сизнуям... Тўра почча уни гирдим патнис устига қўйиб, охунга жавоб бердилар. Мен жойимга чўкдим. Шундан ке-йингина у киши Рўзиохунни узоқлатиб, менга очиқ, юз-ла қарадилар: — Сиз адашмасам, узоқдан келяпсиз? — Ҳа, узоқдан, Қанғли тарафдан, — дедим мен гапнинг бу тарз кўчишига ҳайрон қолиб: ҳали, мухбирсиз, газетда ишлайсиз деб қолмасайди. — Шу ўзимизнинг Катта Қанғлиданми? Чўлпон отадан ўтиб, Аччига кетавуришдаги? — кутилмаганда у киши ҳайратланаб, қўзғолиб қўйди. — Кўп қадим мавзе, тарихи узун жойлар-ку... — Сиз у томонларни биласизми? — деб юборибман. — Нега билмай? Ота юртларнинг исини ёдга туширдиз. Атай орзилаб борганман. Қанғли Боласоғун, Тарозилардан қадим бўлмаса ҳам ўшаларга яқинлашиб боради, бўтам. Тарихда ўтган Қанғли давлатидан бир хотира бўлиб, яшаб қопти. Шунга-да, шукр. — Тўғриси, мен бунданам узоқдан, ўша Сизнинг диёрлардан келиб қолиб, оғир дардга йўлиққан бир муштипар-мусофирни деб... келиб ўтирибман. Сиздан нажот истаб келганмиз, — дедим. — Кимингиз бўладир у киши? — дедилар яна ҳам синчковлик ила. — Кеннойи бўладилар бизга. — Ҳозир қаерда у мушфиқа? — У киши яна ҳам мутаассирлана бошлаган эдилар. — Ўша ўзингиз билган боғдаги шифохонада, — дедим мен томоғимга бир нарсалар тиқилиб кела бошлаб, — тезроқ бир иложини қилмасангиз, оёқларини кесишмоқчи экан. Тўра почча (ажаб, бу гапдан енгил тин олиб) духоба ёстиққа суялдилар: — Xайрият, — дея пичирлагандай туюлдилар менга. Нега, ҳеч ақлим ета қолмасди. Ахийри ўша суянган кўйи, кўзлари юмуқ ҳолда: — Ўша, ундан бўлак эмас, — деб шивирлар эканлар, мен ёқа ушладим: қаердан танимоқдалар? Кўрмай-билмай туриб, танимоқ мумкинми экан? Мен ўзимга келгунча у киши қаддиларини ростладилар: — Кеча ховфимда аён бериб эди, тиззасига сув йиғилган аёл. Ўшами? Мен тахта бўлиб қолган эдим: бу қандай синоат, бир вақтнинг ўзида ҳам кеннойимнниг ховфида, ҳам бу кишининг ховфида белги бериб турса? Мен жавоб беришга мажолим кела қолмас, келсаёқ «топдингиз, ўша!» — деб юборишга тайёр бир ҳолга тушган эдим. У киши бўлса, бояги гирдим ус-тидаги зарқоғозга ўроғлиқ нарсани олиб узатганча, бир нималар деб тайинлаяптилар-у, қани қулоғимга кирса, ўлсин агар эшицам! Шунақа меровланиб қопман. Бир маҳал қулоғим шанғиллаб келиб, очилдию унинг сўзлари оқиб кира бошлади: — ... Шуни қайнатиб, ҳар тўрт соатда бир пиёладан ичсинлар, уч кунда тақа-тақ тўхтайдир ва оёқ босиб кетадирлар. Кесишга зинҳор-базинҳор рухсат этмангиз... Бу қандай кароматгўй экан, деманг, Xудо хоҳласа, биз бир сабабчимиз, холос. У ёғига «Ҳас-бияллоҳу ва неъмал вакил» — Аллоҳни вакил қилганмиз! Ўзи ўнглагай, иншааллоҳ. Мен хурсандликданми, ё ҳозирги кўрган-кечирганларимданми ўзимга келолмасдим. Ваҳолангки, кенно-йимнинг олдига қанот чиқариб учсам кам эди. Сирли Ташриф (ёхуд ҳикоячига қоронғу, бизга маълум ташриф ва тарихлар) Рўзиохун ҳали барг ёзиб улгурмаган балх тут тагидаги ёғоч каравот зинасида кўкламги офтоб хуш ёқиб мудрар, қўшни боқча ҳовлисидан келаётган бола-бақраларнинг овозлари ҳам гўё тушдагидек аллалаб борарди. Шу ўтиришида қай бир ёқдандир бодроқ исини олиб келаётган ғир-ғир эпкинлар ипак рўмолда-йин юзини сийпаб ўтиб, ўзи туғилиб ўсган томонларнинг тинмағур шаббодаларига ўхшаб кетар эди. Бу яқин-атрофда ҳам ўшанақа тоғ ёхуд сой бормикан деб, эсламоққа тиришар-у, ҳеч эслай олмасди. Аммо тепадаги тутда бир гала чмчуқлар учиб-қўниб, тоза бозор қилишяпти. Ҳали тут энди кўкзирак тақди, меваси оқ марвариддай оқармай туриб шунчалик, тут пишиғида Xудо тўзим берсин экан бу чирқилдоқлардан. Шу маҳал чумчуқлар гурра кўтарилишиб эшик тақилладию ҳаммаёқ сув қуйгандек жимиди-қолди. Ҳатто болалар боқчасидан миқ этган товуш чиқмас-ди. Сал ўтиб, дарвоза зулфини ошиғич шиқирлади: — Ҳой, ким вар? Ҳозиқ тўрам шатта турувми- лар? — Турувлар-турувлар. «Буларнинг келуви кўп экан, сўрови кўп экан, жилла қурса, шу бугун тинчирман десам»... — У оқ чорасисини излай-излай каравот панжарасидан топди-да, елкасига ташлаб, тўнғиллай-сўнғиллай дарвоза томон жилди. Елкаси паст-баланд тушиб, гўё икки томонга салом бериб бораркан, бу хизмат унга осонмаслиги шундоқ ҳам аён бўлиб, чақирган одам ҳам хижолатда қолар эди. Аммо бу гал тамом бошқача чиқди. Занжир шиқирлаб тушиб, дарвозанинг болача эшиги ланг очилдию шундоқ унинг қаршисида қўлларию оёқлари узун-узун, ўзи найновдан найнов, сап-сариқ (ҳатто қош-киприкларига довур оқ-сариқ, бурнию пешонаси, икки юзи қонталаш-қизил) айиқдек одам пайдо бўлиб, лапанглаб, қучоқ очиб кириб кела бошлади: — Иби, ахун, ҳай-ҳай, тапушган жаюмиззи кўрунг. Ҳазиқ тўрамнинг астанасини қўриқдаб ятиюр экансиз-да?.. Рўзиохун бу тасқарани (чиндан ҳам дарвеш бўлиб дарвеш эмас, гадо бўлиб гадонинг бир ғаройиб кийиниб, бу тарз келиши қай ақлга сиғади? Эси бор одам шу кўкламдан пешонасини танғиб, оқ яктак устидан илган жун шинелини белига бар уриб оладими?! Яна оёғида қизил этик!) дафъатан танимади. Қаерда бир кўргандек-ку, ҳеч эслай олмаяпти. Аммо ош-қатиқ бўлмагани аниқ. Қўлидан бир пиёла чой ичганда ҳам... эслармиди. Бир кўнгли пешвоз юравериб, йўлини тўсмоқчи бўлди-ю (ҳар битта қаланғи-қасанғини ичкари қўяверса, табибнинг табиблиги, ичкарининг ичкарилиги қоладими!), аммо улгурмади. Қайси даштдан тушган экан бу Давонгир дев дарвоза болачасини энлаб, бесўнақай оёғини ичкари ташлаб улгурган эди. Дарвоза эса лопиллаб бориб-келяпти. — Ҳай-ҳай-ҳай, мунча қамалуп олмасангуз, ахун? Баракалда-баракалда! Рўзиохун ноилож четланиб, қўл қовуштирди: келинг демаса, қаёққа борарди?! Девнинг рапидадай кафтлари орасида унинг қўллари йўқ бўлиб кетди. (Яхшиям қучоғига олмагани, эзиб-нетиб қўюви ҳам мумкин эди, бу бесўнақай. Исириқчи чолларга ўхшаб, эгнидан исириқ ҳиди бир гуркирайдики, тавба). — Танимуциз-а, ахун? Аммо ман бир кўрувдаяқ тануп-билдум. Тўрам тақсурнинг хос хизматчиларини ашундай тасвирлашуп эду. Рўзиохун сергакланди: ғирт бегона экан-ку, яна ялтоқланишига ўласанми! Манзиратидан қўрққулик... — Келинг, Сизга табуб керакму? — деди, ҳа десаёқ қайтаришга оғиз жуфтлаб. — Тўрам тақсур тангрутоқликларнинг қипласу- дай гап. Ҳама қочган-қувган қаерга борсун, шу кишига баш уруп келур-да, — деди у ниятини айтиб қўя қолмай. — Қипласу деп ким айтту? — деди Рўзихун қаёқдаги гапни айтасиз маъносида. — Тақсур бир табуб, халас. Адамлар шуфо излап келаду. Сариқ девнинг тилига тушов тушиб, бир дам тек қотди. Ўқ мўлжалга теккан эди. У сўз танобини йўқотиб, зўраки илжайди: — Пирни пир, авлияни авлия деймиз-да, ўтағаси,— деди ихлоси жўш урган каби, — қолавурса, у кишим ўшақнинг имом Шомилидай адам. Рўзиохун бу ялтоқи шанғини ичкари опкирмаса, опкириб миясини жойига тушириб қўймаса (ҳар нарсану валдирайверадиму одам!) бўлмаслигини англаб, тут тагига қараб юраверди. Каравотга опчиқмаган тақдирда ҳам ўшатдаги курсига ўтқазиб, ўшатдан нари жўнатади. Жўнатганда ҳам иккинчи келмайдиган қилиб, жўнатади. Лекин бу дев ғалати эди: анқов десанг анқов эмас, ичдан пишган — қув десанг, қув эмас. Ўзини гўлликка солиб, нуқул бир нарсаларни анг-шанглайди. Рўзиохун уни ўзи мўлжаллаган жойга омонатгина ўтқазиб, қалпоқ остидаги чойнакдан чой қуйди. Гапни калта қилиш мақсадида бояги мулозиматидан нари ўтмади: — Эшитунг, мемон? Агар тақсуримга кеган бўсангиз, у кишим бу ҳафта бўлмайлар, сафар кетганлар,— деди атай, ичида эса, ёлғон сўзи учун истиғфор айтар эди. Меҳмон ишонқирамай элт этиб қаради, сўнг илжайиб (балки ялтоқланиб деса тўғри бўлар), бунинг кўзларига тикилди: — Балким, Сиз билан-да, ишумиз путаверар? Ахур, келди-кетду, жавап-муомалалар Сизсиз путмас? — у ҳовлига аланглаб олиб, овозини пастлатди, — қолавурса, у кишимга юкинуп келгувчиларну ким ҳам сизча билсун?!. — Xўш? — деди Рўзиохун унинг ниятини фаҳмлаб. Бунга сари ичида бир ғашлик уйғониб бўлган эди: «Айтувдим-а, нега бунинг турқи хунук деп?.. Ишқилуп осон қутулай»!.. Меҳмон қўлидаги чойни бир ҳўплашдаёқ тугатиб, юзини кафти-ла ишқалади. Пиёла тагила тиззасини эзғилаб, унга тикилди. — Биз бир адамнинг ажизасун излаюрмиз... — Тушунмадум, — деди Рўзиохун, бунинг бизга қандай дахли бор, деган каби елка учириб. Чиндан ҳам қизиқ-ку бунинг гапи! — Биласизму, ахун, ўша қач-қач, чап-чап-да... — Қайсу қач-қач?.. — деб анқовсиради у балодай тушуниб турган бўлса-да... — Қайси бўлурду, инқилап тўс-тўси-чу? Ҳама баш алип қаёққа қачипту! Батурнинг ажизасуни айтватурман. — Қайсу батур? Қандай батурни айтасуз? — Тақсирум биларканлар. Янларига чақиртируп ҳам алмақчи эканлар-ку, ахур. — Мен билмасам... — Рўзиохун бош чайқади, — Xуда шаҳид, биз кичкина адам, бу хил гаплардан бехабармиз. Шу гапи наша қилиб, сариқ дев қўлларини ёзиб, ўзи «ҳув-ҳув»лаб кулди. — Олинг-а! У тарихларну ким вилмаскан! У Батурларну ким танумагай! Қайси вўлурду. Шу яқлардан-ўтуп варганчи... — Xўш? — деди Рўзиохун ноилож. — Ўшанинг аҳлу аёлуни излаюрлар. — Кейин азза-базза қулоғи ортига энгашиб, шивирлади. — Тапганга чўнг мукопат вар, ҳа! Рўзиохуннинг кўнгли ағдарилди. Сариқ дев умрида оғзини чаймаган, бетаҳорат одаммиди — нафасидан думоғи ёрилай деди. — Батурнинг кўзи қаяқда экан? Ахир қанча йил кечту! — деди ўзини нари тортиб. — Кечту-кечту, лекин... у яғини ким вилсун, энди излап қолишипту, — деб елка қисди. — Ким? Батурми ё?. — Рўзиохун атай «дўстларими?» демади, шунга урғу бериб. Аммо сирли ташриф билан келган меҳмоннинг юз-кўзларида қилча довдираш ёки ваҳмни кўрмай ҳайрон қолди. — Излашопту-да ишқилуп. Балки аёлнинг хешларидур, — деди у. — Лекин суюнчису... ўзингиз тугул икки пуштунгизга етгули, ахун, — дедию отдек пиш-қириб, аксириб берди. Орқасидан «ҳаққас раст» деб қўйди. Кўриниб турибди, мусулмончиликдан чиқиб, нафсининг орқасига тушиб кетган бир одам; на ал-ҳамдулиллоҳи бор, на шукри. Шундай ҳам бўлуви мумкин. Лекин уни-ўзини меровликка солиб, ўсмоқчилаб юрган тингчилармас, деб ким айта олади? Қариндошлари изласа, шунчаки сўроқлатиб қўя қолмасмиди, орага аллақандай мукофотлар тиқмай? Бунда бир сир бор. — Улар шу қадар сийму зарга бай эканларму? — Вилмасам-вилмасам, — деб бош чайқади Сариқ дев узундан-узун қўлларини ёйиб. — Лекин суюнчису таюн — ишанчлув, ахун. — Яхши, хаварлашиб турувмиз, — деди Рўзиохун елкасига ташлаган чорсуни олиб, чир айлантирганча белига боғлашга тутиниб. Шу билан у меҳмонга қайтишга ижозат берган каби бир ҳаракатга тушган эди. Сариқ дев ҳам гап тугаганини англаб, ҳалигача кафтидан қўймаган пиёлани каравот панжарасидан ошириб, самовар пантисга қўйишга чоғланаркан, шу баҳона ҳовли саҳнига, ундан тепа томондаги уйларга разм солди. Буни кўриб, охуннинг ичи шиғ этди: «Нима бала, шу ерда панаҳ тапган деб ўйлайду шекилли бу тасқара? Яхшиям тўрам вар пайтлари келмаду». Ва шу баробар тезроқ даб бўла қолсин деб, беодоблик бўлса-да, юзига фотиҳа тортди. Дев ҳам мажбур қўзғолди. Улар мулозамат-ла хўшлашиб чиқишаркан, дарвозага етганда Давонгир дев мишиллаб бесўнақай қайрилди-да, Рўзиохуннинг тирсагидан тутганча киссасига бир нима тиқишга уринди: — Энди, ахун, ўзунгиздан қалур гап йўқ, хаварлашуп турувмиз. Мени Каллаханадан сўриюрсиз, гўшт вазардан. Дал саруқ десангиз алам танийду. Дол сариқлигини билгани яхши бўлди, аммо бу тиқиштираётгани нимаси экан? Рўзиохун киссасига қўл солуб эди, бармоғига зиракми-тақинчоққа ўхшаш бир имиқ нарса илиниб, ғалати бўлиб кетди. У силлиқ нарса бармоқларига бир муддат хуш ёқиб туриб, эси оғиб бораётганини ўзи ҳам сезди-ю, чўчиб сергак тортди: «нима бала, ҳалутдан авраб сатуп алуттиму?!». Шу баробар киссасидаги ҳалиги силлиқ нарса — думи гажак бир нимарсага айлана бориб, жон ҳолатда уни чангаллаб олдию эгасининг рапидадай кафтларига тиқиштиришга уринди. — Вирадар, иттимос, шусиз гаплашайлук, — деди титраб-қақшаб. Дол Сариқ бир оёғи ташқарида, бир оёғи ичкариди экан, унга тушуниксиз тикилди: — Вуниси фийсабиллаҳ, ҳамур учудан патур, ахун. Аммо Рўзиохун (қандай банда экан!) бош тўлғаганча уни елкаларидан итариб, чиқишга қистар, бирров юз-кўзига қараб қўймас эди. Дувананинг Қилган Иши (ёхуд йўқолган сиғинди) Ҳалигина бошим осмонда, мендан хурсанд, мендан оммадли одам йўқ эди оламда. Агар ўша тобда кўк юзини тутиб, мағрибдан машриққа кўчиб юрган девдек-девдек булутлар айқашиб-уйқашиб, тоғ дара- ларидек гулдираб, чақинлар чақиб, олатасир жала қуйиб берсалар, парвойимга илмасдим, қочиб қўймасдим. Игнадек қуруқ жойим қолмаса-да, худди янги бўлган жиннидек, ялангоёқ-ялангбош кўча ўртасидан сув кечиб, димоғимда бир ажойиб куйлар куйлаб келаверишим мумкин эди. Аммо кўкламнинг ҳувиллаб-изғиган шамоллари ўша девдек-девдек қора булутларни ҳам Тангритоғ томонларгами — қайга қувиб, ташлаб келдилар. На қалдираб-гулдиради, на айқашиб-уйқашиб, кўзёш тўкди: қайтага шишадек бир тиниқ, ложувард осмон юз очди. Қуёш чарақлаб, заррин нурларини сочиб, янги ниш урган майсалардан куртакларга қадар — барчасидан ўпич ола кетди. Зарҳал ўпичлар... бу ўпичлардан ҳар биттаси яйраб-яшнар, қувват оларди. Ҳатто қушлар ҳам шаҳар мошиналарининг ғув-ғувларию одамларнинг кезинишларига парво қилмай, чаҳ-чаҳлар, ўз тилларида бижирлаб-чулдирашдан чарчамасдилар. Шаҳар кўчалари демай (балки далага яқинлигидандир...) йўлкаларда Сулаймон пайғамбар элчилари — худхуд қушлар кўринар, осмони фалакдами — жуда тепада тўрғайқуш худди қирлардагидек тиним билмай чулдирар, кўклам қуёшидан маст, унинг нурларида арғамчи учарди. Баъзан қувалашиб думи эшкак олақанотлар, қар-қуноқлар учиб ўтиб қолишади. Уларни кўриб, Каттабоғни соғиниб кетдим. Ўтмаганимга қанча бўлди, ҳаммасини суриб битиришмагандир, топталиб кетмагандир-ку ҳаммаси? У ерга ҳам қушлар тавофга келишгандир? Турналар бўзлаб-бўзлаб, гир айланиб учишмоқдадир? Таний олмай у сойларни, овлоқларни?.. Ҳаммасидан бурун мен эски ҳовлимизга ўтишим, уйларимизни суриб ташламасларидан анув нарсани топиб қўйишим керак. «Насиб эца, бир кун қайтарарсиз, этмаса...» деб кўзлари ғилтиллаб, илтижо қилишидан... акамдан умидини узмаган. Ахир бир кун топиб келишига ё олдириб кетишига ишонади. Аммо мен бир нарсага ҳайронман: шунчалик экан, нега бизникидан бош олиб кетди? Акамни кутмади? Ахир, бир чиройли ўтирувди-ку? Нима рўй бера қолди? Нима уни мажбур этди бу сарсон-саргардонликларга? Номусми ё ор? Ёзгандир-ку, ахир. Қолаверса, томлари очиб ташланган у вайронадаги хатлар ўзи турибдимикан? Ҳалигача тасаввур эта олмаяпман: ўрта токча таккинасидаги у пахса девор ичига қачон ари ин қўйиб улгурган экан? Қиши билан қор-ёмғирларда нима бўлдикан? Ивиб-битмадимикан? Ёлғиз нажот Оллоҳдан! Кўнгли яримта бир мусофирнинг оҳу зори битилган хатларни у асрамаса, ким асрайди? Умид Ўзидан. Қолаверса, бугун омадим чопиб, ҳамма ишларим ўнгидан келиб турибди: Севзор томонга ўтиб, Оповси опа айтган тангритоғлик табибни (кеннойимнинг тушларига кириб юрган ўша Ҳизр назар қилган қарияни) топдим. Берган дорусини етказиб бориб, бир чойнакка дамлаб, ичириб ҳам келдим. Кеннойимдан бурун Оповси опанинг алқаб бир ерга етганини кўрсангиз. «Барака топинг. Савобга қолдиз. Оллоҳим, яхшилик қилсанг, бир мазлумга қил, бир мусофирга қил, бир бемор-мушфиққа қил, деган. Сиз бир йўла ҳаммасининг савобини олдингиз», дер эди. Мен эсам, хижолатларга ботиб кетяпман. Қилсам, кимга қилибман? Жондан азиз кеннойижоним-ку. Оповси опа шунақа тинмагур гиргиттон аёл экан. Бўлмаса, кенннойим ким унга? Устида шундай ўлиб-қутиляптики... — Вой, мен нима девдим, Маҳфузахон? Мана шу Xудоимнинг ёрлақаши! Намозларни қўймай ўқиганингиз шарофати! Xудо хоҳласа, ҳали ҳеч нарса кўрмагандай бўлиб кетасиз. Жужуғингизнинг тўйларини кўрасиз. Келинлар туширасиз. Қайнона бўли-иб ўтирасиз. Xўб денг... Унинг нияти, тилаклари ўзига ўхшаб бир ажойиб эди: ёришмаган кўнгилни ҳам ёриштириб юборар эди. — Айтганлариз кела қолсун, илоҳум, — деб шивирларди кеннойим, яна камига жилмайиб, киши билмас мижжаларини кафти ила артиб қўярди. Сўнг менга жавоб беришди: — Энди борақолунг, қайнужонум. Ману деб, шунча қолуб кетдингиз, Кичикоюм хавотир қилуб ўтиргандурлар, — деди у. — Ойим ўрганиб қолганлар, ишим шунақа-ку... — дедим. — Шундай бўлса ҳам... — деди у кўп хурсанд бўлиб. — Мана, опа борлар, дорунгиз бор. Иншааллоҳ, ичуб турсам, оёққа туруб кетгайман. Дорумас, малҳам ичкандай бўлдум. Ёқду, ишонинг... — Эм бўлсин, — дедим. — Агар малол олмасангуз, бу ёққа бир кириб ўцангуз. Икки кундурки, уйдан тинч эмасман. Ёдгорим кўз олдумдан кетмайду, — деди Оповси опа чиққанидан фойдаланиб. — Ўтаман. Ўтмай қаёққа бораман! Қолаверса, унга ваъдам бор. — Ваъдангиз?.. — Ҳа-да. Мен уни даламизга опкетмоқчи, варраклар ясаб бериб, ўйнатиб келмоқчи эдим. — Вой, шунақаму? — деб у тирсагига тиралиб туриб ўтираркан, оғриқларини ҳам унутиб, бир ғалати тикилган эди. — Ҳалу... ака-ука тутинуб олдук, денг? — Бўлмаса-чи! — Унда майлу... Суриб ташламасларудан олиб чиқинг, кўриб қўйсун, билуб қўйсун у ёқларну! Кўриб олсун буваларину юртину. Олмазорларну... Султонмурод акангизнинг тилларидан тушмас ўша Яккабоғу Муржумонларну, қароқларига жойлаб олсун. Ажаб, бу хабарни эшитиб, у қувониб кетади, десам... товши ҳам, ўзи ҳам бир ғалати ўзгариб бормоқда эди: қалтирайди нуқул. Кўзларида эса, жиққа ёш айлана бошлаган. Айлана бошлаган-у, сездиргиси йўқ. Аммо киприклари қилт эцаёқ, сўлғин шафтоли гулидай юзларидан дувиллаб чопқиллай кетадигандек эди. — Истасангиз... ҳозироқ ўтиб ола кетаман! Бувининг розиликларини ҳам олиб қўйганман, — дедим бир қадам яқин бориб. — Шуни истайсизми?.. — Анув уламасоч тўқолдан ҳар нарсану кутгу- лук... — кеннойим бировнинг ғийбатига тили айланганидан хижолатларга ботиб қаради. Асал уни сиғдирмай қандоқ куткилаганларини тасаввур этиб, ичим ачиди. — Кўрдим-кўрдим, ўша... қоқшоқни, — дедим шошиб. — Аммо хотиржам бўлинг, Ёдгормуродни унга ташлаб қўймаймиз. — Xудо хайрингизну берсун. Ёдгорумни Сизга, Сизни Xудога топшурдум, — деб алқади у. — Xайр, яхши қолинг, — дедим ҳеч кетгим келмай. — Яхши боринг, — деди у ширин им қоқиб... Мен шифохонадан ана шундай енгил тортиб чиққан, энди уларнинг Калковуз бўйидаги ўша паноҳ топган жойларига ошиқиб борар эдим. Кун пешиндан оғиб қолибди. Ҳали бу ердан Ёдгорни олиб, Каттабоғга ўтиб боришим, эски ҳовлимизга киришим керак. Қолаверса, токча тагидаги анув омонатни топишимиз, сўнг Ёдгортойга Каттабоғнию Олмазорларни — буваларининг юртини кўрсатишим керак. Кеннойим шуни орзулаган эканлар — бемор одамнинг рижосини ерга ташлаб бўладими? Остонасининг тагига харсангтош ётқизилган ўша якка тавақали эшикни мўл бораёцам, воажаб, кўча адоғидаги анув дарахт бир ғалати сўппайиб турибди. Қандай десам экан: қайтага кўклай бошлаган бошқа дарахтлар олдида аллақандай айрилиб, мохов тортиб қолгандек эди. Xудди бошқа оламдан келиб ўтқазиб кетиишган-у, бир қора воқеаларнинг шоҳи-ди — аломатидек бўлиб турибди, тавба. Уни кўргандаёқ ичим хунук шув этди. Ўзим эса тўхтаб қолаёздим. Нега, ҳеч тушуна олмасдим. нима рўй бера қолиб-дики?.. Ичимга оралаб улгурган ғулғулани зўр билан босиб, эшикка қараб юравердим. Тош зинага кўтарилиб, итарсам... ҳамиша очиқ турадиган эшик берк. Юрагим баттар тошди: нега беркитиб олишибди экан?! Энди чақиришни айтинг! Қандай эшитишадию ким чиқади?! Яна ўша Заққумой — чимирилган қоқшоқ очадими?!... Мен уни кўриш тугул, рўбарў келишни истамасдим. Юрагим аллақандай безилларди, тавба. Нима қиларимни билмай аланглаб турсам, эшикнинг тепа белдамчасига қистириғлиқ бир нарса турибди. Биров кўриб-кўрмайдиган жойда. Олсам, эски ботинка ипига боғлоғлиқ чўп. Демак, зулфин яқинида киши билмас тирқишчаси ҳам бўлиши керак. Ақлимдан айланай! Зулфнинг михи қайрилган жойда чўп сиғадиган худди шундай тешик бор эди. Қувониб кетганимдан шошиб қолибман. Тиққан заҳотим занжир шалдираб тушиб, эшик очилиб берса, бир қадам тисарилиб кетибман. Мен бировнинг эшгини сўроқсиз-истоқсиз очиб қўйган одамга ўхшаб қолган эдим. Энди остона ҳатлаш тугул чақиришга мажолим етмас эди. Бахтимга шу тоб тепа ҳовлида Ёдгорми, ким кўриндию менга кўзи тушиб, бир зум тош қотди. Сўнг тўғри менга қараб болаларча парпарон чопиб кела бошлади. Мен уни аввалига Кемшиктойга ўхшатиб эдим. Ишкомнинг ярмига етганида кўрсам — Ёдгор экан, бир қарич бўлиб, калишчаси оёғидан учиб кетганига-да қарамай... бир ғаллати чопиб келмоқда эди. Унинг келувини кўриб, кўнглим бузилиб кетди. (Шунчалар соғинибдими, а?!) Бояги хижолатда туришларим қаёққа кетди, ўзим билмайман. Беихтиёр остона ҳатлаб болакайга қучоғимни очдиму ўша ернинг ўзига чўка қолдим. — Қани, қани, той бола, — деганимни биламан, у ўша югуриб келишида ўзини қучоғимга отиб, бўйнимдан қучиб олдию шу чирмашганча қолди. У юзчасини юзимга босганча қолган, қилт этмас, фақат юракчаси қўлга тушган қўзичоқ юрагидек дукурлаб тинмас эди. Нима бўпти, ўзимдан айириб, кўзларига қарай олмасдим. — Ҳа, тойчоқ, мана, ваъдамга кўра келдим-ку, — дедим ахийри. У бунга жавобан бўйнимга қаттиқроқ чирмашиб, аллақандай ҳиқиллади. Мен унинг нима деганини англаб-англамай шошиб қолган эдим. Юрагимда бир қўрқув туриб улгурган, нимадир содир бўлгани тайин эди. — Нима бўлди, ким ҳафа қилди сизларни? — дедим унинг куракларини силаб. Аммо мен юпатганим сари у маҳкамроқ чирмашиб, қаттиқроқ ҳиқиллар, азбаройи нима деяётганию нима демоқчилигини илғаб бўлмас эди. — Ким ўзи, айтавер. Мен уни бир кўрай, — дедим ростдан ҳам жаҳлим чиқа бошлаб. У мени қўйиб юбориб, бош тўлғади. (Аммо қани очиқ-ёруғ бир нима айтолса, ўксиғ босгани шунчалик!) — Ё анув... Заҳар опоқиму? — дедим яниб. Негадир ҳамон ўша фикрдан қайтолмасдим. У боягидек бош тўлғади. Аммо кўзлари жиққа ёш, ўзи тўлиб турарди. — Билмадиз, — деди ҳиқиллаб. — Акбар акамну... йўқотуб қўйдук. — Йўқотиб?! Қандай? — Менинг ичим сидирилиб тушган, эсим эса оғиб бормоқда эди. Акбар экан-ку, нимани ижикилаб ётибман! — Қачон, қаерда? — дедим ахийри ўзимга келиб ва уни росмана кўтариб олиб. — Йўқ, лўлулар ўғирлаб кетишду, — деди у кўзини кўзларимдан узмай. — Лўлилар? Қанақа лўлилар? — Мен бу хабардан донг қотган эдим. — Бир дувона алдаб опкетуб... — Девона? Ёдгормурод энди қўлимдан тушишга интилди, сўнг тушиб, азза-базза қўлларини ёйиб тушунтиришга уринди: — Кўчамузга мана мундай гадой келуб эду. — Гадойми, девонами? — «Ҳақ дўст, ё Оллоҳ»ни айтиб келду. Тиланчу десак, одамлар дувона дейишопту. Томдай келаду, — у энди анча ўзига келиб қолган, ўксуғлари ҳам анча ариган эди. — Бўйими? — дедим тушунолмай. — Ҳа-да. Опоқбувим айтуб берадуган девларудай... узу-ун, сап-саруқ... Балки болаларну тутиб ер... — Тутиб ер?... Қаердан олдинг бу гапни? — Мен унинг гапидан кулиб-кулолмас, йиғлаб-йиғлолмас эдим. — Опоқум топмай қайтдулар-ку... Биз қўрқуб, эшикларну занжурлаб ўтурупмиз, — деди у бўйнини ичига тортиб, жимитдек бўлиб. — Ия, ёмон бўпти-ку, — дедим ич-ичимдан зил кетиб. — Энди бувинг жавоб ҳам бермаслар? — Нега? — деди у ҳайрон қолиб. — Аканг йўқ бўлса, сени опкецам... ким билан қолишади?... — Э, йўқ,— деб сакраб-ўйноқлади у.— Амақунг кела қолмаду, сену опкетақолмаду, деб ўтирибдилар-ку. Юринг — киринг,— деб қисташга, қўлларимдан тортқилашга тушди. Кетгиси келгани, кутгани шунчалик! Унга эргашиб ичкари юрдим. Ишком тагидаги йўл билан тепа ҳовлига чиқиб бордик. Ойтўра буви ўша-ўша оқ-оппоқ бўлиб, муштдек бўлиб, каравотларида қиблага қараб тасбеҳ ўгириб ўтирар эдилар. Шу ўтирган кўйлари намоз ўқияптиларми, деб... остонада тараддудланиб тўхтаган эдим, у киши тасбеҳларини шилдиратиб, юзларига фотиҳа тортдилар-да: — Келинг, кираверинг, ўғлим, — деб изн бердилар. Мен салом бериб, ичкари кириб бордим. Ёдгор энди ёнимдан бир қадам ҳам жилмасди. — Ваалайкум, мирзо ўғлим. Келдингизми, ўтинг, ўта қолинг, — деб манзиратлар қилган, дуолар ўқиган бўлдилар. Сўнг кеннойимни сўрай кетдилар. — Тойчоғимнинг аяжониси қалай? Xудойим шифогина бера қолибдими? — Иншааллоҳ-иншааллоҳ, — дедим тинчлантириб.— Табиб топиб, доруларини элтиб бериб келяпман. Сизларга дуои саломлар айтдилар. — Оллоҳ саломат қилсин. Яхшиям Xудо Сизни етказди. Чаманим келгунча кўнглимиз ҳалак эди. Бир хонадонга бир эркак лозимлиги шу-да. Оллоҳим ҳам ўшанинг шарофатидан бало-қазолардан асрайди. Аёл кишининг қўли қаергача ҳам етарди. Менинг ўтиришим манавиндай бўлса... Ёдгорнинг гапи ёдимда эди, ҳол-аҳвол сўраш нав-бати менга етиб, секин сўрадим: — Ёдгор бир нималар деб чуғурлайди, тинчликми?— Мен устига енгил якандоз ташланган сандал четига чўка қолдим. — Анув дуванану айтутман, опоқбуви... Ақамну опкетуб қолган тиланчу-чи? — деб чуғурлаб Ёдгор каравотга ёпишиб борди. У бувининг оёқларига осилиб, бир нарсаларни тушунтиришга уринарди. — Дувана дема, болам, гуноҳ бўлади. Тиланчи аканг-ни нима қилади. Қўй, қаёқдаги гапни гапирма. Гумон имонни кетказади, — деб Ойтўра буви унинг бошини силаб, менга ўгирилдилар. — Болаларга эргашиб кетган экан, ҳалигача дараги йўқ. Боши оғиб Эски Жўванинг бозорида адашганми, Жангобда қолганми, Асал икки қидириб келди... — Болалар билишар, ахир? — дедим ичим ҳаприқиб. — Биронтаси тайинли гап айца, қани! Юрак-бағримиз эзилиб битди, — дедилар энди ҳақ-ростига кўчиб. — Зора шунинг қадами қутлуғ келиб, Оллоҳим бунга ҳам тирноқ бера қолса, турмуши тинчиб кеца, деб асраб олувдик, — деб тушунтирдилар. — Қаёқда?! Асалимни биласиз, туриш-турмуши шу, заҳар. Ҳозирам уйига кириб қамалиб ётибди. Қидириб оёғида оёқ қолмаганмиш. Қаёқда! Xасти Имомдан нари ўтмаган. Бо Xудо, ўша сиғиндини деган. Қайдан ёпишди бу бало — бола иси ёқмаслик унга? Ақлим етмайди ҳеч. На ота уруғида бор, на она уруғида. Шу асрандиси билан андармон бўла қолса, бемалол оёқ-қўлимни узатиб кетармидим... — Ойтўра буви овозлари ўзгариб, мижжаларига енгларини босдилар. — Xудойимдан айланай, шундай синаркан-да бандасини... Ишқилиб, кўрсатадиганини шу дунёдаёқ кўрсацин-у, у дунёга қолдирмасин... қийноғу жазоларини... Тавба, нима бўляпти? Ташвиш устига ташвиш. Биридан қутулмай, бошқаси оёқ остидан чиқиб келяпти. Энди йўқолган болакай топилмай туриб мен буни қандай олиб кетарканман?! Қолаверса, қандай оғиз очиб бўлади? Тўғри далага сурвормайманми боя, бу ёққа бурилиб юрмай. Энди омонат нима бўлди-ю, бунга берган ваъдам нима бўлди? Бир ёқда йўқолган сепкилтойга (ўша келганимда бирпасда элакишиб кета қолувди) ачиниб турибман. Балки анув заҳар-заққумнинг тергашлари, турткилашларидан тўйиб шундай қилдимикан? Аммо етим боши билан қаёққа ҳам борарди? — Жангобга тушиб, суриштириб чиқайми? Милисахоналарга кир, десангиз, кириб боқай, — дедим астойдил отланиб. Мен юзлари ёришиб, алқай кетадилар, ўзлари бир ерларга етадилар, деб ўйлаб эдим. Қайтага Ойтўра буви ўтинч ила боқдилар: — Ундан кўра, мана бу жужуғимизни ола кетинг. Неча кундан бери ичикиб, бир ерга етди. Борса борсин: бирон ҳафта туриб келар. Унгача Чаманим ҳам қайтиб қолса, зора. — Дарвоқе, аяси ҳам айтиб эди. — Нимани? — Буваларининг юртини кўриб қўйсин, деб... Буни эшитган Ёдгормуродни кўрсангиз! У наматнинг чангини чиқариб, сакраб ўйноқлар, уй ичида гир айланиб чопарди! — Бўлду-бўлду, борамуз. Опкетасуз энду, опкетасуз. Аям розулар, опоқбувум розулар. — Гир айланиб келиб, ёпишади, устиларимга тармашади: — Борамуз, талаларга борамуз. Қўзиқоринлар терамуз. — Ана, кўрдиз, — дедилар у киши ҳам. — Майли, олакет, десангиз — олиб кетавераман. Шу тоб у қувончини ичига сиғдиролмай ўзини шартта устимга отдию бўйнимдан қучиб ола қолди. У ҳали-бери қўйиб юборадиган эмас эди ва мен ҳам бағримдан қўймай бувига дедим: — Бўлмаса, дуо қилинг. Ойтўра буви ҳалим тортиб дуо қиляптилар, у кишининг овозлари, овозларидан ҳам бурун дуолари менга мойдек ёқяпти, аммо кўнглимнинг бир чеккаси хижилга ўхшаб, ҳеч ёришмайди, ғаш. Акбарга ачиняпман. У қайда қолди экан? Ростданам ўзи тиланчига эргашиб кетдимикан ё лўлилар ўғирлаб, бировларга ошириб юборишди? Олам тўла етим бўлса-ю, у кимга керак бўлиб қолибди? Ҳеч тушуна олмаяпман, ақлим бовар қилмайди: ҳали ҳам бола ўғрилари бор эканми?.. Ёдимга эса, болалигимизда катталардан эшитганларим — опқочиб кетилган болакайларнинг аянчли тақдирлари тушиб-тушиб кетяпти. Улар бизни қўрқитишгани-қўрқитишган эди: — Авраса лаққа тушма. Шаҳарга оббораман, шаҳар ундай, шаҳар бундай, кинолар бор, катайса-конкилари бор, «чайнамайшим»лари бор деса, ишонма,— деб тергашгани-тергашган эди. — Опкетиб олдими, ертўласига қамаб қўяди-да, бир кун кечаси супра ёзиб, сани устига қўйиб юборади. Ўзлари қўлларида бигиз, гир айлана қуриб, ўтириб олишади. Ойимга кетаман, деб йиғлаб, қайси томонга юрсанг, ўша томондан этинг-га бигиз санчишади. Сен қочиб, ўзингни бошқа томонга урасан. У ёқдан улар бигиз санчадилар. Шунаққиб сени ҳам, супрадаги унни ҳам қора қонингга белаб, кейин нон ёпиб ейдилар. Улар шунақа қавм — уларга рўпара бўла кўрма, — деб қўрқитардилар. Шу-шу хуржун кўтарган тиланчию девонани кўрдик, дегунча оёқни қўлга олиб қочаверардик. Акбарга айтиб қўйишмаган эканми, ертўласи бор — бола ўғриларини? Ҳали у тушларимга кириб чиқиши аниқ. Яна нечанчидир марта ертўлама-ертўла қиличимни кўтариб, изғисам керак. Ҳар гал бола ўғриларининг адабларини бериб, йўқолган болакайларни қутқармоқчи бўламан-у, ертўлага бостириб кирган жойимда уйғониб кетаман. Нега шундай — ҳеч тушуна олмайман. Бу гал-чи, Акбарни қутқара олармиканман? Харобада Тушиб Қолган Оҳанрабо Бизнинг томонларга Бешоғочдан ёлғиз биттагина автобус қатнар эди. Илинган илинарди, илинмаган пиёда — яёв кетарди. Омадимизни қаранг, тиқилишиб бўлса-да, ўша кичкинагина «хаптобус»га чиқиб олдик. Кетяпмиз, кетяпмиз, қани бирон жон тушиб, сал енгиллашсак. Мен-ку, чидаяпман, лекин Ёдгормуродни эзиб қўйишмаса эди, деб жоним халак. Ахийри уни дераза томонда ўтирган сутчи опоқининг тиззасига жойлаштириб тинчидим. Аммо ўзим тиқилинчдан ҳеч нарсани кўролаётганим йўқ. Қаерга етганимизни тахминлабам билиб бўлмаётир. Алоҳал,Чўлпонотанинг гузарига қайрилишда ярим одам тушиб, сал енгиллашдик. Бу ёғига автобус Боғободнинг пасти билан Бўзсув ёқалаб, айланма йўлга тушиб олдию юзга таниш Бўзсув насимлари урилиб, энтикиб кетдим. Ҳавонинг тозалигини айтинг! Бу томонларда ҳали-ҳозиргина ёмғир шивалаб ўтган-у, ана энди бодроқ ҳиди анқиб ётар эди. Кейин унга қўшилиб денг, шу тепаю жарлар оралаб оқиб ётган Бўзсувнинг нимтатир ҳиди, ёввойи ялпизу ботқоғу булоқ сувларининг бўйлари қўшилиб омухта бўлиб кетган бир ажойиб ҳид келяптики, искаб-искаланиб тўймайсан, киши. Яна аллақаерда (балки шу кўча ёқасидаги полковниклар боғидадир) шафтолилар қийғос гуллаб юборган-у, ўша насимлар шафтоли гули бўйларини «ўғирлаб» олиб келаётгандек!.. Полковникларнинг ҳам билгани-билган! Бўзсув ёқасидан йигирма сотихлаб жой олиб, боғ қилиб, остидан сувлар оқадиган жаннатдек соя-салқин жойларда яшашяпти. Оллоҳ уларга бу дунёсини берган. Ҳаммаёқ итирқини чиқиб, бузилиб бўлди, лекин уларнинг битта чивиғига ҳам тегишгани йўқ. Ҳамма қочган булбуллар шу ерда чах-чахлаб ётипти! Бу орада биз Боғободдан ўтиб, Қайнамага чиқиб бордигу ҳўв олдинда Бўзсув Қўшилишдан ўтиб, Аччи қирларига қараб оқиб кетадиган томонда (нақ Аччи қирлари устида) ялт-ялт нур сочиб, ўша ёқни нур селига кўмиб ташлаган офтоб кўриндию юрагим қинидан чиққудек ҳаприқиб кетди. Ёпирай! Ҳеч ўзгармабди-ку! Ўша-ўша-ку! Бир вақтлар шийпонда — Каттабоғнинг устида туриб кўрганимдан аъло-ку! Мен энгашиб Ёдгорнинг қулоғига секин шипшидим: — Тушдик, той бола. Етиб кепмиз. Ёдгормурод гангиб, каловланиб қолган, ҳали атрофга, ҳали афтимга аланглаб боқар эди: — Нима, шу ерму? Келдукму? — Келдук, келдук, — дея олдинга интилдим. — Ҳўв, биродар, бизни шўтта ташлаб кетинг. Қайнамада қолдиринг. — Қаёққа борасиз ўзи? Бу ерда бирон тирик жон қолмаган-ку, — деди кимдир орқадан. — Кўрмаяпсизми, ҳаммаёқнинг итирқинини чиқариб ётишибди. Мен парвоимга илмай, укачамни етаклаб, олдинга ўтавердим: — Биз шу ерда тушамиз, шунақаси пиёда кетамиз. Шофёр кепчикдай юзида мошдек-мошдек чечак излари қолган яғриндор одам экан. — Ўзингиз биласиз, — деб машинасини четроққа бурди. — Чакки қилдиз-да, оповси, — дерди ҳалитдан ку-йиниб сутчи аёл, — бола билан уриниб қоласиз-ку. — Уриниш нимаси, ўзимизнинг жойлар, ўйнаб кетамиз, — дедим тушаётган жойимда. — Кўриб қолсин-да, буям... бу ёқларни... — Вой, шунақами? Бугун бор, эртага йўқ табаррук жойларимизни-я? — деди у орқамдан. Овози ҳам аллақандай яйраб-товланиб чиққан, у ичимнинг чуқур бир ингичка ерларига тегиб, этларим жимирлашиб кетган эдилар. Мен жавоб берарга ҳам ҳолим келмай Ёдгорни қўлтиқлаб олдиму пастга туша бошладим. Яхшиям у бор экан, унга алаҳсидим. Ҳеч қанча ўтмай машина жилиб, биз кўча ёқасида ёлғиз қолган эдик. Укачам бирпасгина бегонасираб, атрофга аланглаб турди-ю, кейин болалигига бориб, бирдан олдинга чопа кетди. Нима кўра қолибди, десам, қайнама дўнгига чиқиб бориб, қўрқа-писа ичига мўраламоққа бошлади. — Қоч, ажинанинг инидан! — деб бақириб эдим, қайнаманинг ичидан бир нима отилиб чиқадигандек у ортига ўгирила қочди. — Нима у, амақу? Ростан иниму? — деди кела солиб оёғимга ёпишиб. — Йўқ, қайнама, — дедим уни қўрқитиб юборганимдан ўзим уялиб. — Нима қайнамайду? — деди кўзларимга жавдираб у. — Қайнамайдумас, қайнайду, — дедим кулиб. — Xўп, нима қайнайду? — деди у ҳеч тасаввур эта олмай. Мен унинг бошини силадим: — Оддий сув, кўрмадингми? У бош чайқади: — I-им... Ҳеч нима қайнамопти-ку. Мен яна унинг бошини силаб, кўчанинг нариги бетидаги дўнгга ишора қилдим: — Ҳув анави ҳовузчани кўряпсанми? — Қанақа ховучча? Дўнг-ку, — деди у. — Ана ўша дўнгни ичида ҳовузчаси бор. Сув ўша ердан тушиб, бу ёқдан қайнаб чиқади, билдинг. У кўзларимга қадалиб туриб, чапак чалиб юборди: — Зўр-ку! Ўша ердан шўнғуб... бу ердан чиқадиму? — Ҳа, баракалла, топдинг! Шуни қайнама дейдилар. — Ҳар ёқларга тошибам ётмайду? — деди у таъсирланиб. — Ётмайду, — дедим мен ҳам суйиб. — Сизибам кетмайду!.. — деди у. — Кетмайду, — дедим мен. — Қандай яхши! — Ёдгор боягидай бир ўйноқлаб қўйиб, билагимга ёпишди. — Зўр экан сизну томонлар... — Сен мана бу ёқни кўр, офтобнинг ётоғини кўр,— дедим Бўзсув тепалари оша Аччи қирларини кўрсатиб. У офтобнинг минг-миллиард қияма нурлари селига ботиб атласланиб ётарди. Ёдгормурод қарадию кўзлари қамашиб кетиб, пинжимга юзини яширди. Сўнг оёқларимни паналаб ҳавасланиб тикилди. — Ву-уй, мунча чиройлу?! — Шунақа: офтоб ботолмай-ботолмай ботади бизни томонларда, — дедим ўзим ҳам ўша ёқлардан кўз узолмай. — Сен уни бу ёқдан чиқаётганда кўрсангму, оҳ, — дедим камига. — Кўрсатасизму? Опкеласизму? — деди у ўйноқлаб, қўлларимдан тортқилаб. — Опкел, десанг опкелавураман. — Боғларизну-чи, қачон кўрсатасуз?... — Кўрсатинг десанг, ҳозирам кўрсатавураман, — дедим-у, ичимда эса ишқилиб суриб ташлашмаган бўлсин-да, деб турибман. У бўлса, сакраб-қувнайди, ўйноқлаб тинмайди: — Кўрамуз-кўрамуз. Варрак учурадугон томларизнуям кўрамузму? — Йўқ, — дедим овозим ўзгариб келиб. (Мен уни қандай алдай оламан!) — Томларимизни бузиб кетганмиз. Аллақачон. — Уйларизну-я? — деб ҳайратланиб тикилди у. — Ҳа-ҳа, — дедим зўрға ютиниб. Томоғимга бир нарсалар тиқилиб келмоқда, у ғиппа бўғилиб, гапиролмай қоладигандек эдим. — Унда... унда биз қаёққа боратурмуз? — деди жавдираб. Кўзлари толиқиб кетмагани унинг. Пастдан тикилавериб, жавдирайвериб! Киприклари худди қиз боланикидай узун-узун, бир чиройли эди, ҳеч қилт этмасди, тавба. — Бизникига, — дедим қулт ютиниб, — томлари очиқ, эшик-деразалари — валонгор, ўзи қор-ёмғирларда ивиб тушган... бўлсаям боравурасан... кўравурасанми? — дедим негадир. — Боравурамуз-боравурамуз, — деб тортқиларди у, қистарди у. Ишқилиб омон турган бўлсин-да: тахмонларимизу токчаларимиз. Ўша мадфун хатлар... Мен уларни бунга, манави жужуқтойга — кеннойимнинг тойчоққинасига қандай айтай? Қандай тушунтирай? Аслида нима учун, не ниятда келаётганимизни қани, айтиб бўлса! Оғиз очиб бўлса! Мен уни қўлчасидан етаклаб олганман. У чим босиб кетган ташлама ариққа тушиб кетай-кетай деб, қуриб-қовжираб, қор-ёмғирларда қолиб ҳам адо бўлмаган ўтларга, ёввойи ялпизларга туртуниб-суртуниб келяпти-ю, атрофга аланглаб чарчамайди. Баъзан у ер-бу ерда омон қолган азим ёнғоқлару ўрикларга ҳайратланиб тўхтаб қолади. Улар ҳали қип-яланғоч: ҳалигина шивалаб ўтган ёмғирданми, ўрик шохлари ивиб-қорайиб қолган бўлса, ёнғоқ танаси тамоми шохларигача кумушдай ялтирайди. Лекин кундаков қилиб улгурилмаган боғлар, ишкомлар бир ғалати мунғайиб кўринадилар. Даланинг ҳам далалиги қолмапти. Ҳаммаёқ кавлаб ташланган, ҳар ёқда чала иморатлар: бир ерда энди пойдевор қуйила бошлаган бўлса, бошқасининг ҳавозалари кўтарилиб, ғишт теришга тушилган. Ундан наридагисида осмони-ҳафтимга бўй чўзган (худди бир оёқда турган улкан турнадай) ёлғиз кран қаққайиб туради. Қилт этган жон кўринмайди. Яхшиям бугун дам, бўлмаса, анув турган жойида қолган сургич трактору мошинларнинг (кучаниб-чиранган) овозлари, қурувчиларнинг турфа тилда сўкиниб, бақириб-чақиришларидан қулоқлар қоматга келар-миди? Ҳаммадан бурун манави Ёдгор қаерга келиб қолдик, деб ўтакаси ёрилган бўларди. Ҳозир ҳам анави баҳайбат темир турналардан чўчиб, миқ этмай келяпти. Гоҳ-гоҳ устимизга ағанаб тушмаяптими, дегандек, қўрқа-пуса тепага қараб-қараб қўяди. Қараб қўяпти-ю, боя Аччи қирларига кўзи тушиб, вуйлаб юборган болакай энди жимиб қолган, дами ичига тушиб кетган каби эди. Қўлчаси ила икки бармоғимни (бошмалдоғимга қўшиб) маҳкам ушлаб олган-у, ўзи етиб юролмай, галдираб қоляпти. — Чарчадингми, тойчоқ? — дедим қайрилиб-тўх-таб. — Кўтариб ола қолай? — I-им! — У ширин бош тўлғаб, одатдагидек димоғида жавоб қилди-ю, кутилмаганда олдимга тушиб чопқиллаб кетди. — Етуб олингчу! Етолмуйсиз! Иймаганни ҳам ийдириб олади, деганлари шу бўлса керак! Унинг овози кимсасиз даламизда қўнғироқдек жаранглар, ўзи эса ташлама ариқ ёқалаб, орқасига аланглай-аланглай қиқирлаб чопиб борарди. Беихтиёр, менинг ҳам болалигим тутиб, қувалашиб-ҳазиллашгим келиб кетди. — Шошма-чи, сен — тойчоқ, — деб орқасидан чопдим. У эса тутқич бермай қочиб бораркан, ҳозир мен тутиб оладигандек, қиқир-қиқир кулар, яна камига елкаси оша хавотирланиб қараб-қараб қўярди. Қўлларимни ёйиб алпонг-талпонг қадам ташлашимдан, етай деганда «мункиб кетишимдан» бир яйрардики... Аммо ўзи қочиб-кулавериб галдираб қопти, чимгами, нимага қоқилиб умбалоқ ошиб кетай, йиқилиб тушай деяпти. Чопиб бориб икки қўлтиғидан даст кўтариб олдиму қийқиратиб... елкамга миндириб қўйдим. — Ҳа-а, тутқазмас экансан-а! Xўш, қалайсан энди? Ҳозиргина ҳансираб-қиқирлаб турган болакай... юракчаси қўлга тушган қушчанинг юрагидай потирлаб ётипти-ю, ўзи миқ этмайди. Қошим оша қарасам, Усмон тоғамнинг ташлаб кетилган боғларига боққанича... қотиб қопти! — Ҳа, тойчоқ? Нима экан, нима кўра қолдинг? — дедим секин силкиб. — Амақу, уну қаранг! Амақу!.. Қаранг Сиз уни, — елкамга олволган укачам бирдан қўшқўллаб бошимга шаппалай кеца, капалагим учиб кетибди. — Нима-нима? Нима экан? — Мен боққа аланглаб ётибман, аммо ўлай агар, ҳайратга арзирли бирон нарса кўрсам! Итирқини чиқиб, ишкомлари оғиб, шох деворлари қулаб ётган боғда болакай нима кўра қолиб-ди — ҳеч ақлим етмас, ўша нарсага кўзим туша қолмасди. У эса ҳамон бошимга шаппалайди: — У ёққамас, бу ёққа қаранг Сиз!.. Шундагина илғаб, қотиб қопман: — Ия, вой, уми?!. Зўр-ку! — дедим тан бериб. У шунча нарса ичидан ўшани кўрган эди! Гап шундаки, тоғамнинг боғлари пастига туша бошлаган катта иморатнинг ҳов бир чеккасида... бетондан қўнқайиб чиққан улкан чакич-арматуралар ортида ёлғиз туп шафтоли... напармон гуллаб юборган, у кечки офтоб нурларида зарҳалга беланиб ярқирар, гулбаргларининг тозалиги, нозик адо пушти гулларининг кўплигидан юрак ҳаприқиб кетар эди! — Қойил! Кўзинг ўткур экан-ку, сенинг, — деб юбордим. — Чиройлу-а? — деди у ҳам. — Чиройлик ҳам гапми! Гўзал! Сендан зўр рассом чиқади, — дедим мақтаб-еркалаб. У эса парво ҳам қилмай атрофга ютақиб аланглар, юринг, юраверинг, шундай зўр экан, томоша қилишлу экан, деб қистар эди. Мен жилдим. Аммо ҳеч қанча ўтмай у яна боягидек бошимга шаппалашга тушди: — Қаранг, уни қаранг! — дерди нималаргадир ачиниб. — Яна нима? Нима топа қолдинг? — дедим тўхтаб. У бўлса: — Шундай нарсану... шундай нарсану...— дейди-ю, у ёғини айтолмайди. — Нима бўлибди, нима қилишибди? — Синдиришибду қаранг... — Қани, нимани? — Ўша зардолуни-да... Шундагина кўзим тушибди: бояги шафтолини.. кранми, нима босиб-янчиб ўтгану... бир шохи танасидан айрилиб тушиб, лойга қоришиб ётар ва ўша ётишида ҳам чаман бўлиб гуллаб берган эди! Ажаб ҳол: шафтолининг бир шоҳи шамолларга бағрини очиб, гўё кўклам офтобига шода-шода гул тутар, ял-ял пушти нур сочар эди. Ердагиси эса унинг сувдаги аксига ўхшаб у ҳам кўзни ўйнатарди. Валлоҳ, шунақаси ҳам бўларканми?.. Кўриб кўнглим бузилиб кетган, ўзимга келолмасдим. Наҳот бир тирик жон топилмабди уни кўтариб қўйишга? Шеригига матаб, боғлаб қўйишга?.. Шундай барқ уриб гуллаган нарса... наҳот эртага яна оёқ остида қолиб кетавуради? — Зардолумас у — шафтолу, — дедим елкамдаги тойчоққа. Билмадим, ўзимни оғир, мунгли хаёллардан чалғитармидим ё болакайними? Ишқилиб, ҳеч ўзимга келолмасдим. Аммо Ёдгор бошқа нарсага чалғиб улгурган экан, бирдан жонланиб, қаерда ўтирганини ҳам унутиб, ликонглай кетди: — Ву-уй, амақу, анувларни ҳам кўрунг... — Яна нималарни кўра қолдинг? — Кўплигину... вуй!.. — Шафтолиларми яна? — Ҳа-да, кўчуб кетишгануминан, ташлаб кетишгануминан... гуллайверибду, гуллайверибду... — Вақти келгач, шу-да, гуллайди-да, тойчоқ. Ҳеч ким тўхтата олмайди буни,— дедим у кўрсатган томон-га қайрилиб. Ва шу баробар чалдеворлар орқасидан, харобаю вайроналар ичидан келинчакдай мўралаб турган гўзал хилқатларга кўзим тушиб, тўхтаб қопман!.. Во дариғ, бу қанақаси? Мен бунақасини ҳов, илгариям, ўсмирлик чоғларим — Султонмурод акам биз томонларга келмасдан бурун ҳам кўрганман-ку! Уларнинг ташлаб кетилган хароба қўрғонлари чеккасида ҳар баҳор бир туп шафтоли ана шундай қийғос гуллаб чиқмасмиди? Биз уни бошига заррўмол ташлаган келинчакками — нимага ўхшатмасмидик?! Ҳа-ҳа, биз уни ҳожасини кутган келинчакка ўхшатганимиз-ўхшатган эди. Энди-чи, энди? Мана булар-чи, қаердан пайдо бўлиб, ташлаб кетилган қўрғонлару боғлар этагидан юз очмоқда? Қаёққа қарасам, ўша ёқдан кўриняпти? Нима бу, саробми ё ҳақиқат?. Шунаққиб биз қўрғонларимизни битта-битта бой бера-ётирмизми? Шунаққиб Яккабоғдан, сўнг Каттабоғдан айрилиб қолдикми? Шунаққиб Иззаю Олмазорларимизни тортиб олишаётирми? Қачон қайтарканмиз бу қўрғон, бу боғларга, анави «келинчак»лар олдига? Умуман, саломларига алик олгувчилар, қайтгувчилар топилармикан? Султонму- род акамга ўхшаб уларнинг ҳимоясига чиқа олармикан? Шунақа, кўнглимнинг кўчасига нималар келмасди! Ниҳоят, ташлама ариқ (ҳа-ҳа, ўша чим босган, Бўзсувга қадар тушиб боргувчи ташлама ариқ) Усмон тоғамнинг шоҳ-деворлари ёни билан чиқиб, тутзор тагидаги йўлга туташди. Бу ёғи осон: дала ўртасидан тушиб келаётган катта йўлдан ўцагоқ етамиз. (У йўл опамнинг уйлари тагига келиб тўхтаган, уни бузишсаёқ, гал бизникига эди.) Уйимизнинг орқа деворию қатор жийдаларимизга (улар бўртиб қолганга ўх- шар-у, қув яланғоч эди) кўзим тушиб қувониб кетдим. Ичимга бир илиқлиқ, умид югурди. Ҳайрият. Xудо асрабди. Тегиб улгуришмабди. Зора, кеннойижоним айтган, тайинлаган нарсалар ҳам жо-йида бўлса! Турган бўлса! Мен ўша жойни топсамоқ, бас... Юрагим... қинидан чиқиб кетгудек, кўксимни ёрворгудек дукирлаб, бўғзимга бир нималар тиқилиб-тиқилиб келадир. Ва, ниҳоят, биладиган бўлдим! Акам билан ўрталаридаги тарихни!.. Қандай топишиб, қандай айрилганларинию нима бўлиб, жудоликда қолганларини! Нимага шунча туриб, шунча кутиб, бизникидан чиқиб кетди, бош олиб кетди экан? Ёзгандир ахир? Узру илтижоларини? Таваллою надоматларини? — Амақу, амақужон, нега юрмутмиз?— дерди укачам қистаб, қулоқларимдан тортқилаб.— Ё келдукми?.. — Келдук, келдук, — дея қўлтиқларига қўл юбориб, бошимдан даст кўтариб олдим. — Энди ўзинг юр. Бизнинг боғу уйларни кўр, — дедим ерга қўйиб. — Шу жойлар... шу уйларму? — деди у кўзлари пирпираб. — Бизлар ташлаб кетганда... бузилиб ётганда кўряпсан-да, сен, — дедим мен. — Ҳў-ў, аянг турганларида кўрсангми эди!.. Жаннат эди! — Вой, аям шатну айтармудилар? — деди у сакраб-қувнаб. — Шатну, — дедим мен ҳам унга менгзаб ва бошини силаб, — яна нималар дердилар? — Яна йиғлардулар, — деди у бирдан маъюс тортиб. Мен титраб кетдим. Қаршисига чўк тушиб, тирсакларидан тутиб олдим: — Менга қара, нима деб йиғлардилар? Нега йиғлардилар? Айтармидилар ҳеч? У бош силкиди: — Ҳм... Тузалуб кецам, олиб бораман, ётуб келамуз, дердулар. — Яна-чи?.. — Яна, буванглар юртину кўрасан. Олмазорларга ўтамуз, дердулар. Опкелолмадулар, — деди ўксиб. — Мана, келяпмиз-ку, — деб уни қучиб, митти юзларини юзимга суйкадим, — ҳали у ёқларга ҳам ўтамиз. Иззаларни, Фозилтепаларни кўрсатаман. — Шунақаму? Бу ердан кейин-а? — Унинг кўзлари чақнаб кетишига ҳам, ёшланиб маъюс тортиб қолишига ҳам тараф йўқ эди. Ҳозир эса, бўйнимга осилиб олган эди. — Йўлимиз-ку, ахир, нега кўрсатмайин, — дея қистадим. — Юрақол энди. Кирамизу кетамиз. Етаклашиб, опамларнинг ҳовлиларидан ўтиб бордик. Ҳовлики, ўралган деворини айтмаса, ҳовли сиёғи йўқ. Кузда моллар, қишда қарғаю зағчалар хўб итирқинини чиқаришган. Томи очиқ — валонгор уйлар одамнинг хўрлигини қўзғотади. Неча уй бузиб, кўчиб кўрган одам — мен ҳам эски жойларимизни кўрганда, ўзимни тутолмаяпман. Ҳар қарич, ҳар қадами азиз бўлиб кетган жойларни қайтиб кўриш, бу аҳволда кўриш... шунчалар оғир эканми? Лекин Ёдгор мендан ҳам синчков экан. У олдимга тушиб чопқиллаб кетдию жийдамиз тагидаги йўлкадан ўтибоқ таққа тўхтаб қолди. Мен нима бўпти экан, деб икки ҳатлашда етиб борсам... ирғишлаб — сакрай кетди: — Вой, амаку, қаранг буну! Танудум, танудум!.. — Нимани танидинг? — Мен азбаройи ҳайрон қолган эдим. — Ҳовлуну танудум... Ё тавба!.. У нима дейдир? Қандай танийдир?... Мен гарангсиб қолаёзган эдим. — Қанақасига... танийсан? Энди келишинг-ку? У қайрилиб тиззаларимни қучиб олди: — Кўзумну юмуб айтуб берайму? Xудду аям айтганларудай экан. Танудум. — Шунақами? — дедим суйиб-еркалаб. Мен энди ўзимга кела бошлаган эдим. — Қани, бир бошдан эсла-чи. Нималар бор, деб эдилар? — Узу-ун уйлар... — У кўзларини чирт юмиб, камига кафтлари ила беркитган эди. — Тўғри. Узу-ун кўчага қараган, кунгай уйлар, — дедим мен. — Яна-чи? — Яна, ка-аттакон тол тагуда супасу... — Бор-бор. Ундан кейин-чи?.. — Мен уни яна ҳам суйиб, яхши кўриб кета бошлаган эдим. У эса ўша ҳовлига орқа ўгириб турганча, бунинг устига кўзини чирт юмиб, кафтлари билан беркитиб олганча... тошга ўйилгандек ёдида қолган эртак ҳовлини — бизнинг ҳовлимизни бирма-бир тасвирлаб берар эди. — Ундан кеюн зина бор, дахлуз бор, — деди энтикиб. — Дахлизда-чи? — дедим мен у кўриб тургандай айтаётганидан, топаётганидан баттар ҳаяжонланиб. — Даҳлиздаму?.. Тахмон бор, баланд токча, токча оруқасида ўшоққа очуладурган даруча... Ич-ичимдан бир тўлқин қўзғолиб, саросимага тушиб қолдим. Ёпирай, нималар деяпти бу? Чиндан топ-япти-ку?! Беихтиёр, уни яна ҳам суйиб, қучоқлаб олдим. — Яна нимани эслайсан? Нималарни айтиб берганлар? — Эсладум, эсладум, — деб қўлини кўзларидан олиб ўйноқлади у. — Яна танучангуз бор, тануча! Топдимму? — Бор, бор, — деб юбордим ўзим сезмай. — Ўттан-чи, ўттан қаёққа ўтилади? — Ўттан, — Ёдгор бирпас жим қолиб, бир қўлчаси ила чаккасини қашлаб ҳам олди. — Эсладум, эсладум, катта уйга ўтиладу, аямну уйларига. — Баракалла! Зўр эслаб қолган экансан, — деб қистай кетдим, — Айт, жоним, битталаб айт! Ҳеч бирини қолдирмай айт! — деб ўтинмоққа тушдим. — Эшигимизда, кўчамизда-чи? Нимани эслайман, — дердим мен болакайни қийнаб қўяётганимни ҳам унутиб. — У ердаму? — деди у эслашга тиришиб, ҳам лабларини бир чиройли қимтаб. — Кўча бор, кўчанинг у ёғида... — Анҳор-чи? Нокзор-чи? — дедим қувончимни ичимга сиғдиролмай. — Бор-бор, анҳорам бор, нокзорлар, бедапояларам... Мен уни боягидан ҳам маҳкамроқ қучиб олган ва ўзимни унутиб такрорлар эдим: — Топдинг, тойчоқ. Барчасини биларкансан. Эслаб қолганакансан. Кечир, ишонмай ўтирибман. Умрида кўрмаган, деб ўтирибман. Сен эса... Кейин ўзимга келиб, ич-ичимдан босиб келаётган ҳаяжонми, ўксукми — нималаримни ютиб, унинг елкасидан тутганча юзларига бир алпоз термулдим: — Ростингни айт, шуларнинг барини аянг айтиб берганмилар? Узун кечаларда? — Ҳм, — деди у енгил бош ирғаб. — Кейин тушларингда?.. — Йўқ, — деди у бош чайқаб. — Ўнгимда кўргандайман худду. Болага ишонмаслик мумкин эмас эди. Лекин қандай кўрди, эслаб қолди экан кўрмаган жойларини? Шунисига ақлим бовар қилмас эди. Бошим гир айланиб, ўрнимдан турдим-да, отхона бурчагидаги шафтолига суянганча қолдим. Болага эса: — Яна ўзинг қараб боқ-чи, сен танийдурган нима қопти экан, — дедим секин. У «яхшу!» дея юқорига чопиб кетдию мен эсам бу мўъжизага — умрида бу ёқларга қадам босмаган болакайнинг ҳар битта нарсани — аниқ-тиниқ айтиб бераётганига ҳайрону лол қолиб, қотиб турардим. Болада бир сир бор, дердим-у, нималигига ақлим етақолмасди ҳеч! Бу нима бўлса экан? Ё у ҳам шу уйнинг фарзандими? Билмасдим. Бир вақт нимага келганимиз ёдимга тушиб, шошиб қолдим. Дарвоқе, кун ботмаган, унинг қизғиш шуъласи қолган-қутган дарахтларнинг қир учларию янги тушган иморатларнинг теппаларида ўйнар, вақт ўтаётиб эди, шошмоқ лозим эди. Кеннойим айтган омонатга хаёлим қочиб, ичкари юрдим. Бу маҳал унинг Ёдгоргинаси, шириндан-шакар болакай ўйинга берилиб, ўзи билан ўзи бўлиб кетган, мени-да унутиб, ҳовлимизда у ёқдан-бу ёққа чопиб, югургилаб юрарди. Ҳали ишкомларимиз ичига кириб кетар, ҳали супамиз томон, ҳали зинамиз томон чопарди. Ҳали отхонамизга мўралаб, ҳали даҳлизимизга югуриб чиқади. Остоналарни от қилиб миниб, дераза токчалари устига, тахмонларга чиқиб, сакрагани сакраган. Баъзан шифциз деворларга, осмонга анқайиб қолади-да, яна ўйинга берилиб кетади. Мен эсам, ичкари уйда ўзим билан ўзим овораман. Зўр бериб ўрта токчанинг (пахса устидан терилган) хом ғиштларини кўчириб ётибман. (Эсимда бор, тоғам товчаси паст бўпқопти, деб икки-уч қатор ғишт тердирган, кейин суваб юборилган эди.) Ари қаерига ин қўя қолган экан? Орқасидан кириб келиб, жой топгандир-да? Кўчирган жойимданми, хом ғиштларданми, ачимсиқ сомон ҳиди аралаш тупроқ бўйи анқирди. Ниҳоят ғишт тугаб, пахса кўринди. Ғўраша тупроқларни сидириб тушириб ташладим. Лекин на ари ини, на ғовак кўринарди. Қаерда экан? Ё мен бошқа токчани кўчириб ётибманми? Юрагим ғурмишлаб, ичим қизиб кетяпти. Каллам қотиб, қовоққа айланиб қолгандек... Жўяли бир фикр кела қолмайди: қаерда бўлиши мумкин? Бу ёқда кун кетяпти. Ҳали-замон қуёш ботвориши мумкин. Ахийри унинг бир гапини эсладим: «Токчанинг ёнину уриб кўрсангиз, биласиз». Дарвоқе, пўкиллайди-ку. Ўрта бармоғим орқаси-ла аста-аста уриб кўр-сам — бир жойлари пўкиллаб, қолгани такирлаяпти. Шошиб қолиб, тиззалаб опман. Ўша ерни секин эзсам, сувоғи эзилаётир, ҳовлиқиб қаттиқроқ босиб эдим, қўлим билагимга қадар кириб кетди. Ўтакам ёрилиб тортиб опман. Билиб бўладими, нима кириб олган. Сувоқларини кўчириб, секин қарасам... ари ини қуруқшаб муштдек бўпқопти. Балки бу бир бўлагидир. Қолганини кеннойим ўша вақтдаёқ тозалаб ташлагандир. Кейин битикларини яшириб, суваб ташлаган бўлса ҳам эҳтимол. Лекин унда битиклар нимага кўринмайди? Қаерда қолиши мумкин? Аста қўлимни тиқиб, пайпаслаб кўрсам... бир нима — қуруқшаган нарса шилдирайдир. Чангаллаб тортвола қолдим. Қарасам, чанг босган сариқ дафтарнинг муқоваси... Ғижимланиб чиқибди! Демак, бир нарсалар бор, қолгани ҳам бор. Ютоқиб, сувоқни кўчиришга, тешикни катталаштиришга тушиб кетдим. Ари инига ёруғ тушиб, катак дафтарнинг қолгани ҳам кўринди. Олсам, тагида яна биттаси. Очиб ҳайрону лол қолдим. Xат бир ажаб имлода... жимжимадор араб ёзувида эди. Бўшашиб, ўтириб қопман! Кошки унинг зер-забарларига тишим ўца, ҳиж-да ўқий олсам. Ўзимни шундай ночор-нотавон ҳис этдимки... Яна мен ўз даврининг зиёлиси, институтларни битирган, энг катта газеталарда ишлайдирган, ҳар куни қулоч-қулоч мақолалари чиқиб турган мухбир эмишман! Ниҳояти отин ойида (ўша ҳам ўзининг ойиси экан) ўқиган бир аёлчалик бўлмасам. Ўшалар билган нарсани мен билмасам! Роса бошқа томонга ўтлаб кетган эканмизми?.. Кеннойимнинг акамга аталган мактубларига етишганимда унга тишим ўтмай ўтиришимни кўринг! Ана сизга натижа! Ҳатто уни бировга кўрсатишга, кўрсатиш тугул айтишга ҳаққим йўқ. Бу сирдан кимни ҳам воқиф эта олардим?! Изн берилмаган: кеннойим изн бермасалар, мен уни кимга ҳам ўқита олардим? Бир маҳал қарасам, топган бўйрачўпларидан кемами, аравачами ясаб, даҳлизда ўтирган болакай, менинг меҳмоним — Ёдгормурод шу томонга тикилиб қопти. Кўз кўзга тушиб, у ширин жилмайди ва шу жилмайишида юз-кўзларига бир тиниқ нур югуриб, кимгадир жуда-жуда ўхшаб кетди; Эсладим, у ўша болохонада кўрганим — сувратдаги кўҳлик аёлга ўхшаб, ним жилмайиб турар, узун-узун киприклари қора кўзларига бир ярашган, танимаган одам уни ўғил бола демасди. Пешонасидами, ёноғидами, ўша Юсуф гўзаллигидан бир чимдимгина бор эди. Бир чимдим бўлса ҳам оламга татигули эди, тавба. У менинг хаёлим ёришганини кўриб боягидек ширин жилмайди: — Нима излаёпсуз, амақу? — Топдим, — дедим ноилож. — Қаний, қаний?! — у тура чопқиллаб келди-ю, елкамга осилди, — битта кўрсатунг. — Мана, эски хатлар экан. Кўрганинг билан се-ниям, мениям тишимиз ўтмайди, — дедим юзига тутиб. — Ҳа-я, — деди у бош силкиб. — аям бўлсалар ўқий олардилар. Иннайкейин опоқбувим ҳам ўқий оладулар, — деди у мақтангиси келиб. — Қандай яхши, — деяпман-у, ичим эзилиб бор-япти: кошки опоқбувига айтиб, бировларга кўрсатиб бўлса бу нарсани? Уни кимга ҳам ўқита олардим?... Яна поччага олиб бораманми? Вой, ҳой, Савобар, бу ёққа қара, келинимизнинг дараги чиқибди, деб қолсалар нима бўлади?.. Бу ёқда Чаман акам, у ёқда ўзи тайинлашган: айтмай тур, деб... Мен ўз ёғимга ўзим қоврулиб ётибман-ку, Ёдгор ҳали тиззамга, ҳали елкамга шаппалаб, бир нарсалар дейди. — Амақу, қаранг, қарай қолунг? — Нима дейсан? Қарасам, қўлида носранг бир халтача. Боғичидан тутиб опти. Кўк духобаданми-ей, латтаданми-ей, чанг босиб, таниб бўлмай кетипти. — Нима у? I-и, ташла! — дедим бирон нарса илашган бўлса, чақиб олмасин, деб. — Вуй!.. У жонҳолатда итқитиб юбориб эди, тахмонга шиқирлаб бориб тушди ва чанги тўзиб кетди. — Ий!— деб юбордим мен ҳам.— Қаттан топдинг? — Мана, шўттан... Ҳайрон қолдим. Ҳозир манави дафтарларни олганимда ҳеч нарса йўқ эди-ку. Қай бурчагида ётган экан? — Ичиданми? — Ҳа-да. Қаранг, яна бир нарсалар кўринадур, — деди ҳаммадан олдин ўзи ари инига мўралагудек бўлиб. — Қаний... Қарасам, эски ари ини бўлаклари. Азбаройи чанг босганидан кулранг нарса пахса рангига кириб кетипти. Арзирли бир нарса топмай ўрнимдан турдим. Бо-лакайнинг хат беркитилган жойдан халтача топиши ғалати эди. Ундан ҳам бурун унинг тахмонга шиқир-лаб бориб тушуви ғаройиб эди. Ичидаги нима бўлса экан? Бориб қўлимга олсам, росмана духоба халтача. Нозик қилиб, оғзи сириб, бўғиладиган қилиб тикилган. Бир вақтдаги тилла халтачаларга менгзаб кетади. Юрагим гурс-гурс уриб кетяпти: ичидаги нарса қуриб, ғози ҳам қолмаган кўринар эди. Бармоғимни тиқиб оча бошлаб эдим, Ёдгормурод югургилаб келди: — Нимукан, амақу?.. Ёруққа солиб қарасам, бир ниманинг уруғи. Гурунч бўлиб гурунч эмас, буғдой бўлиб буғдой... Қўқон жўхоридан ҳам майдароқ бир нарса. Ҳидлаб боқсам, бир ажойиб муаттар ҳид, элас-елас келяпти. Xудди халтача бир вақт мушк халта бўлгану... унга уриб қолгандек. Ҳайратга тушмай иложингиз йўқ. Бунга сари Ёдгормурод «нимукан»лаб этагимга осиляпти. — Шошма, ҳозир... — деб кафтимга ағдарсам... бир кафт (нима денг!!) оҳанрабо! Ўша гурунчни терганда ичидан чиқадиган оҳанрабо дони! Биз уни топганда ёруққа солиб атай томоша қилар ва ҳайратга тушар эдик. Негаки, унга яхшилаб разм солсангиз, одамнинг афти — қошу кўзлари кўриниб кетаверади. Шундай аниқ-таниқки, ҳайрон қоласиз. Эсладим! Кеннойим бизникида турганларида гурунчни патнисимизга ёйиб, оҳанрабосини териб ўтирар эдилар. Топсалар: — Мақсудхўжа, буну қаранг, — деб бир ерга етар, тополмасалар бир ҳазин ўйларга берилиб кетар эдилар. Ўшаларни йиғиб юрган эканларми? — Нимукан? Мен уни суйиб, қўлтиғимга тортдим: — Зўр нарса топибсан. Буни оҳанрабо дейдилар. Иқболи бор одам топаду буну. — Берунг-берунг. Кўрай? — Ма, фақат йўқотма. Аянгни кўргани борганимизда олиб борамиз. Xўп? — Бўпту-бўпту!.. — деб ирғишлади у. Шу тоб ташқарига кўзим тушиб, бояги дарахт учларию битмаган иморатлар тепасида ёлқин кўрмай шошиб қолдим. Осмон ҳам шом олдидан ферузадек бир тиниқ тортиб борар эди. — Жур энди, қайтдик. Бўлмаса кеч қоламиз. — Аям айтган жойларига ўтамизму энду? Олмазорга ўтамизму? — деб атрофимда гир айланарди у. — Ўтамиз-ўтамиз. ўшанқаси кетамиз, — дедим-у, ичимдан қиринди ўтяпти, туролмаяпман: буваларининг юрти-қўрғонидан, Олмазорларидан нима қолдикан? Бу ерда ҳалитдан шунчалик, у ёқларни таниб бўлармикан? Аяси нимага қистади? Кўриб қолсин дебми ё — армон қилиб юрмасин дебми?.. Мақсади нима? Бир нияти бордег-у, бекорга илтимос қилмагандег-у, ҳеч англай олмаётирман. Калламда эса, анув гапи — «бувасининг Олмазорларину, Султонмурод акангизнинг Яккабоғу Каттабоғларину кўриб қўйсун» — деганлари. Буваси — тушунарли, аммо акамга нима дахли бор бу ширинтойнинг? — Энди нима қиламуз, кетамузми? — дерди у бўйнимга осилиб эркаланиб. — Кетамиз, — дедим эркалаб. — Аввал анҳор бўйига чиқамиз. Бинафшалар очилган бўлса, терасан. Ке-йин Олмазорга ўтамиз, ўшанақаси... — Ур-ре, бунафшалар терамуз, Олмазорга ўтамуз!..— деб сакраб қувнаганча олдинга тушди ва ҳо- ли-жонимга қўймай қистай бошлади. — Журинг-да, энду... — Ҳай, кецак-кетдик, — дея турдим. аммо кўнглим бир тур — қўлимдаги манави битикларни, кеннойимнинг хатларини ўқишга шундай суст кетяптики... Уларни қачон, кимга ўқитаман, ўзим билмайман. Роса қизиқ бўлди-ку, бу ёғи... Уларнинг тарихига етишдим деганда... Хат гўё қулф-калитланиб қолгандек эди. Балки бошдаёқ атай шундай афсунлаб қўйилгандир? Унинг калитини топмоқ учун қандай дуолар ўқисам экан? Билсам эди!.. Оллоҳ изн бермаса, ҳеч нарсага эришиб бўлмаслигини эса, ҳали мен билмас эдим... Буважонисини Соғинган Болакай (ёхуд кўпларга қоронғу яширин бир сафар) Ўртада олов чирсиллар эди. Унинг қирмизи тиллари гоҳ бир-бири билан ачомлашиб-ўпишиб кетар, гоҳ ҳар ён шох ташлаб, рақсга тушаётган лоларанг кўйлакли уйғур қизларидек жамланиб қоларди-да, яна оловранг қилич кўтариб жиҳодга чиққан отлиқлардек «урҳо» соларди. Гулхан шунақа гуриллаб ёнмоқда, арча шохлари бир ажиб бўй таратмоқда эди. Қай бир ҳўлроқ шохнинг бир чеккаси жизиллар, ҳамма нам ўша ерга тепчиб қайнамоқда эди. Баъзан алангга жунбушга келиб, олов ичига тиқиб қўйилган қора қумғонга ёпишиб, дасталаригача қучмоқчи, орасидан ўтиб, ичларига довур мўраламоқчи бўлади. Шунда қумғон сояси кичрайиб, пўстинга ўралиб ғужанак бўлиб ётган боланинг сепкил тошган юзларию дўнг пешонаси кўриниб кетади. У иккала кафтини жуфтлаб, устига юзини қўйганча пишиллаб ухлайди. Ухлайди-ю, шайтони тезроқми, тушида ҳам жим ётмай, бир ғалати жилмайиб қўяётир. Xудди бировни мазах қилгансимон... Юзлари ёйилиб, лаблари қимтилгудек шу жилмайишида бехос қиқирлаб кулиб юборадигандек... Унинг ёнгинасида, гулханга яқин жойда улкан ёнғоқ тўнкасидек бўлиб, елкасига пўстинини ташлаган бир одам, қаршисида эса эски қора чопонли, найнов, устига-устак узун сапча бош кимса қўлидаги чўп ила олов титкилаб ўтирипти. Унисининг қоп-қора сояси харобанинг ярим тош деворию шифтига довур эгаллаган бўлса, бунисидан теракникидай узун соя тушиб, деворга етганда бир, шифтда бир синиб, сўнг чўрт узилган. Улар қўнган ер эски карвонсарой шекилли, тепа шифти гумбазсимон кўринади. Ўша ёқдан баъзан кўршапалакларнинг шарпасими — нимаси келгандай бўлади. Бошқа тиқ этган товуш йўқ. Ҳали чирилдоқлар уйғонишмаган: кириб кетган ковакларида тўнг қотиб ётишипти. Лекин тун қароқчиси бойўғли сергак экан, гулхан ёқилгандаёқ учиб кетиб эди. Шундан бери хароба атрофида айланиб ҳалак. Ҳали у ёнидан, ҳали бу ёнидан учиб ўтиб, бир ерларга қўнади-да, хунукдан-хунук, совуқдан-совуқ сайраб қўяди. Ҳозир ҳам ўпирилиб тушган эшикка яқин жойда сайраб юбордию кираверишдаги отлар ҳуркиб кетиб, қай бири ўзини орқага ташлаб, қай бири пишқириб, тизгинни узгудек бўлди. Иккаласи ҳам қулоқларини динг қилиб, ем халталарини бошларига илиб, қочгудек ҳолга тушган эдилар. — Др-р, жониворлар, ўтакангиз ёрилмасин, — деб ўрнидан турди дароз одам. — Унинг сояси ўзидан узун, шифт ўртасига етгудек эди. — Бир кечалик меҳмонмиз, денглар — тинчийди, — деб уларни тинчлан-тиришга уринди. Сал ўтмай улар емтўрваларига андармон бўлиб, яна кусур-кусур дон чайнашга тушдилар. — Ҳа, бу бошқа гап. Бир кечага шунча айюҳанносми? — деб қайтарди у. Бу орада қумғон шақирлаб чиқиб, ўз ашуласини бошлади. Тўкилган сув жизиллади. — Кийик ўтингдан борми? — деди «улкан тўнка»га овоз битиб. У қумғонни бандидан ушлаб, оловдан четга сурмоқчи эди, қўли куйиб, илкис силкиди: — Ҳўв, занғар, чиппа олди-я! — деб сўкинди. Пўстини елкасидан сирғалиб тушиб, орқасидаги баҳайбат соя ҳам «қулади». Боланинг ғужанак оёқларига довур кўринди. У ҳийла бўйчангина эди, роса чарчаган шекилли, қилт этмай пишиллаб ухлаяпти. Қўли куйган кимса пўстинсиз ҳам ҳайбатли, елкалари кенг-кенг, яғриндор эди. У жон аччиғида қўлига туф-туфлаб эди: — Ҳа, ўлманг, энди топдиз, ака почча, куйганнинг давоси туфук. Яхшилаб туфуклай беринг, — деди шериги унинг жонига ора кирмоқчи бўлиб. — Кўп маҳмаданалик қилмай, айтганни бил! Чойни дамлаб, дастурхонни ёзсанг-чи, — деди жеркиб, ака почча деганлари. — Қорин пиёзди пўсти бўп ётиб- ди-ю, бойўғлидек сайрашингни қара. — Xўп, дедик-ку, ака почча, бир оғиз сўзиз. — Найнов чаққон туриб, хуржундан бир нималар ола бошлади. Сўнг белбоғи билан қумғонни ушлаб, оловдан сурди. Ҳамон шақирлаши тинмаган сувга бир чимдим кийик ўти ташлаб: — Ана, ака почча, чой ҳам гатоп. Энди очилдастурхонди ёзиб юборсак, қази-қарталарни кесиб ташласак, Сиз Xудоёрхон — биз Пусулмонқул-да, — деб хуржунни титкиламоққа унналди. — Пусулмонқулингга бало борми? Ким ўзи? — деди ҳайбатлув кимса куйган қўлини ҳали этигининг қўнжига, ҳали енгига суйкаб. — Ия, ака почча, Сизни ким ўратепали дейди, Пусулмонқулни билмасангиз. Кимни юртидан ўтиб боратурган эканмиз? У шу қипчоқ элатидан-да. Xўб туллагу бир довюрак одам. Куёвининг номидан қанча вақт юрт сўраган, — деди дароз шериги ёруғ ерга дастурхон ёза бошлаб. — Қамчисидан қон томиб, қиличидан... — Ҳар қанча қиличи қонсираган бўлсин, бир қипчоққа бериб қўядими тахтни? Ғурур қани, хон деган номи қани?! Ким экан у қўғирчоқ хон? — Тахтни топшириб қўймагандир-у, лекин қайнота қайнота-да, ака почча. — Xонга бошқа қиз қуриган эканми? Юрт тўла қизлар сочини тараб ўтирсаю бу кишим аллақандай қипчоққа... — Куйган қўлнинг алами тарқамасдими, ҳеч ҳовридан тушолмасди у. — Вой, ака почча-ей, хўб ғалати гапларни айтасиз-да... Xудоёрхонни ким хон кўтарибди?!. Бола ёшида ўзи кўтарган-ку. Кейин қизини бериб, қайнота ҳам бўлиб олган-да, у маккор. Кейин эса ҳаддидан ошиб, адабчасини ҳам еган. — Ана, мен нима дедим. Ебди-ку, адабчасини! — деди ҳайбатлув кимса тушиб кетган пўстинни ўтирган кўйи қайта елкасига тортиб. — Xўп, нима бўп тумшуғидан илинибди? — Бу тарихга энди у қизиқа бошлаган эди. — Ўрис билан тил топишиб қўйган экан, хон айтганига юрмайвергач... — Тахт ўлсин-а, ширин бўлмай. Xудо урмаса, кофирга қучоқ очадими? Адаштирса шу-да. Xўш, ке-йин-чи? — Кейин нима бўларди?! Xон ҳам сассиқ чолдан қутулолмай турган экан, тарафдорлар топиб қипчоқ-қирғиз қирғинига фатво берворган-да, тутганни сўйишган, — деди у бўйнига қўлини тортиб кўрсатиб. — Оқибатда қанча бегуноҳ... — Пусулмонқулинг-чи, қочиб юборолмабдими? — Нега қочмаскан?! Сичқонни инини минг тангага олиб қочган-у, бўлмаган-да. Тутиб келиб темир қафасга солиб, ўрда олдига осиб қўйибдилар. Ўша ўтиришида ҳам, — деди у чойни шопириб-шопириб қайтариб, — томошага келган халқ «Ҳа, холинг қалай, чўлоқ?», деса, паст тушмай «Алҳамдулиллоҳ, ҳали ҳам сизлардан юқори бир ерда ўлтирибман», деб кулар эмиш. — Xўб ажаб чапани экан-ку? — деди ҳайбатлув ҳайратга тушиб. — Дор тагида туриб-а? Юракданми берган экан. — Чойга қаранг, — деди шериги чой узатиб. — Илож қанча! Омон қўймасликларини билгач, киши ботир бўлиб кеца керак-да. От пишқирди, сўнг тезаклаб, думини силкиб-силкиб қўйди, ўша ёқдан изғирин эсиб, гулхан гуриллади ва шу баробар янги тезак ҳидини анқитиб ўтди. — Жазоси ҳам гуноҳига яраша бўлгандир? — деди ҳайбатлув лочира нонни кусурлатиб. — Ўша тил бириктирган оғзига қўрғошин қуйган эканлар. — Ҳов-в, — деди ҳайбатлув кимса, — шунақа жазолариям бор эканми? — Ўша пайтда-да, ака почча. Бола уйқусираб тамшанди. Совуқсираб, оёғини йиғиб, ғужанак бўлиб олди. Елкасига пўстин ташлаган ҳайбатлув кимса унга ўгирилиб қараб қўйди. — Ҳозирам... аямасалар керак?... Дароз шериги илкис қараб, тек қотди: дамлаётганчойи чойда, пиёласи қўлида қолди: — Нимани... айтасиз? — Бу тарз юришларимизни-да. — Қандай? Тушунмадим. — Xудо асрасин-у, қўлга тушсак дейман-да. Қанча беришаркин, Xудойберди? — Ҳайбатлув киши дастурхондан яна бир бурда лочира ушатиб олиб, оғзига солди. Лочира кусирлар эди. Чойпаз ўзига келиб-келолмай қўлидаги чойни қумғонга қайтарди. — Нафасиззи ел олсин, ака почча. Бу ўша тарз ишлардан эканми?.. — Фарқи нима? — Маҳоват қилдиз-да, тоза. — Шошма сен. Бу ҳам тил бириктирувми? — Бириктирув. — Жиндек таъма аралашган жойлари ҳам бор-а? Дароз шериги эътироз билдирмоқчи эди, ҳайбатлув уни кесди: — Xўп, деявер! — Ҳай, жиндек ширикомаю ваъдалар бор дейлик. Дараги топилган хешлар учун... — Бу юришимиз-чи, ҳуфия йўллар излаб? Довону сарҳад ошамиз деб? У елка учирди: — Ҳа, шусиз у диёрга ўтиб бўлмаса, сўзни устидан чиқиб бўлмаса... — Яна нима дейсан? — Лекин ният-чи, ака почча? Ниятга қарамайсизми? Айтдим-ку: замонни зайли билан ўша кишимнинг бир ишлари тушиб қопти. Тирноқларини излашаётган экан... Ётардингиз-да, ўша Жангобнинг чойхонасида чилимни қулдиратиб! — Ётардим, гаштига нима ецин эди. Мана бундай мажҳул ишларга аралашиб юрмай. — Ишши битириб, яна ётаверасиз, — деб кулди йўлдоши. Сўнг чой қуйиб узатди. — Фарқи нима? — тўнғиллади у. — Фарқи... ҳар куни ош, қази-қарта, норин... Кўнгил тусаганини буюрасиз. Ўзингиз хон — кўланкангиз майдон. Яна нима керак Сизга? Қолаверса, сўзимни ерга ташламай келяпсиз. — Ҳа, баракалла, биларкансан-ку. Сендан бўлакка ўлсам кўнмасдим. — Қадрдонлик шу-да, ака. У дунё-бу дунё унутмайман. — Бахайр. Ишқилиб, шу жинқарчани эсон-омон бувасига етказиб борсак бўлганими? — Ака почча чойни бир четга қўйиб, қазидан тотинди. — Аммо-лекин манавинг бу дунёнинг қазиси бўлмапти! Им-м... чайнаган саринг элитади-ку, одамни! — Тойники-да, ака почча. Олаверинг, ош бўлсин. Таги кўп, ғамлаганман жуда,— деди у мақтовдан эшилиб. Бола қунишиб қимирлади. Кейин гулханга ўги- рилиб ётиб олди. Ака почча унга елкаси оша қараб қўйди: — Бирон нарса... тамадди қилиб олса бўларди бунинг?.. — Сал тиниқиб олсин. Очқаса, ўзи уйғонади, — деди Xудойберди. — Йўл қоққан-да. Қай бир от оёғини кериб, вошиллатиб бўшаниб юборди. Наригиси пишқириб, бетоқатланди. Узоқда ҳаққу сайрамоққа бошлади. Ва яна тинчлик чўкди. Ёлғиз гулхангина беҳол ёниб, унинг тиллари ҳам мудраб-мудраб кетарди. Бола яна тамшанди. — «Очликни ёстиқ кўтаради»мас-да. Уйғоцанг бўларди, — деди кўнгли бўлмай ҳайбатлув. — Савол халтаси очилиб кеца, уришиб юрмайсизми? Кўрдингиз-ку, куни билан, — деди шериги тамаддига қўшилиб. — Ўлай агар, «Ўзи бир қарич, соқоли қирқ қарич»лардан қати кам?! — Охирзамоннинг зумрашалари-да, — деб ишшайиб қўйди ака почча. — Руҳи қари буларнинг. — Йўқ, зуваласида бир нима бор. Буваси бекорга қидирмайди. — Юзида нур кўргандай кўпирасан-а, Xудойберди. Сал пастроқ туш, сепкилини кўр. — Сепкил кўтарилиб кетадиган нарса, ака почча. Қолаверса, бунинг буваси зўр одам, унақа ҳимматли кишини сиз учратмагансиз. — Кўрармиз ҳимматини ҳам. Чойдан қуй, бу дунёники бўлмапти. — Қумғонда пишган-да, ака почча. Ҳар куни ичиб юрибсизми? — Қолса, шу қолади хотира бўлиб, бу юришлар-дан. — Гулханни, мана бу ўтиришларимиз, тоғу тош ошиб юришларимизни айтасиз-да!— деди бешикчи узун эснаб. Яна ҳаққу уйғонди, шеригини чорлаб нола қилди. Сойнинг нариги бетидами, тоғдами — бошқаси садо берди. Иккаласи галма-гал «қув-қув»лай бошладилар. Бола ётган жойида тамшаниб туриб, уйқусираганча, аниқ-таниқ гапириб юборди: — Чаман тоғам келсинла — кўрасан! — Ол-а! — деди бешикчи, мудраб бораётган жойи-да бир сакраб тушиб. — Эшитдинг-а? — деб қўйди ака почча ҳам у томонга бош ирғаб. — Алаҳсираяпти-да, амакиси, — деди у пинак бузмоқчимасдек. Лекин ўзи жумбоқ ичида қолган эди: «Чаман дегани ким экан?..» — Танийсанми? — деди ака почча ҳузурланиб чой ҳўплаб. — Биринчи эшитишим, — деди бешикчи. От бош тўлғай-тўлғай пишқирди. Ака почча ўша ёққа хаёли қочиб, деди: — Бошидан тўрвасини чиқариб қўйсанг бўларди. Кусар этибам даъво қилаверади. Шериги туриб отлар томон юрди. Унинг узун соя-си хароба деворига қапишиб бориб, ўша томоннинг живир-живирига қўшилиб кетди. «Тис-тис»лаб сўкингани, сўнг отнинг сағрисига шапатилаб, эркалагани эшитилди. Аллақанча вақт отлар биланми, яна нималар билан андармон бўлиб, йўқ бўлиб кетди. Қайтиб келиб, бир чеккада қўлини чайди-да, тик турганча белбоғига артина бошлади. — Шунаққиб, эшитмаганман, дегин? У тилини «тоқиллатиб» эди, тунги жимжитликда жангиллаб кетди. Бола бошини ўнглаб ётиб олди-ю, уйғонмади. — Ё биз хато эшитдикми? Бешикчи боя ўзи ўтирган тош устига чўкиб, чой қуя бошлади: — Бола бир уйқусиради-қўйди-да... Амакиси бўл-ганда нима, бўлмаганда нима?.. — Сен айтасан-да. Мен бир маҳал ўша Жангобда эшитгандайман. Отасиниям танимайдиган безорилар даврасида. Ҳеч нарсадан тоймасди улар. Кейин йўқ бўп кетди бир сира, қамалиб кетдими, отилиб кетдими — билмадим. Бешикчи чой ҳўплаб туриб, қалқиб кетди. Сўнг ўзини базўр босиб, кулди: — Xўб, ваҳима қилдизми, ака почча? Ака почча деганлари норозиланиб қаради. Гулханга чўп ташлаб, деди: — Сен нимани биласан! Бу машру ўғриларнинг қонуни ёмон! Ҳазиллашиб бўлмайди. — Нима, биз уларга тегишли нарсага қўл чўзибмизмики, чўчиймиз? Биз савоб учун боряпмиз. Мирзаҳожи бувани деб. Болапақирни авраб опқочганлар жавобини беравурсин. Ҳақларини қурутдай санаб олишган. Ака почча «от тиш»ларини кўрсатиб сассиз кулди: — У томонларга қайтиб бормайдигандек гапирасан-а. — Қаёққа-қаёққа? — Эски Жўвага-да. — Қайцак нима бўпти? — англамагандай қаради бешикчи. — Коса косага тўғри келганда ҳам шу қўшиғингни айтармикансан? — Нафасингизни ел олсин. Кўп совуқ нафас қилдингиз-да, бугун, — деб у қўзғолиб қўйди. Чойнинг тагини сепиб ташлаб, бунга қаради, — қўяйми ўзларига? — Қуй, жуда ютимли бўпти. Нима бало, кўзни шамғалат қилиб кўкноридан зиғирча ташлаворганмисан? — Кўкнор отлиққа йўқ-ку, ака почча, кийик ўт шунақа бўлади. Ичган сари чанқатвуради. Ҳеч ким кутмаганида бола бошини кўтариб, туриб ўтирди. Юз-кўзларини ишқаб, эснади-да, лахча чўғ бўлиб тушган оловнинг ҳолсиз-ҳолсиз алангаланиб қўйишига эси оғиб тикилди. Сўнг бир жунжикиб, тиззаларини қучиб олди. Қўйиб берса, яна ётиб ухлайдиган. — Калла пишдими, — деди ака почча ўгирилиб. — Ётақол бўлмаса, Ёдгортой, — деди бешикчи меҳрибончилиги тутиб, — биратўла тиниқиб оласан. — Қорни-чи, бунинг? Ё болани нафси йўқми? Ғалати экансан-ку, сен!.. — Уни жеркиб бериб, боланинг бошини силади ака почча деганлари. — Тура қол, тойбола. Юзингни чайиб келсанг, тамадди қилиб оласан. Очқаб кетгандирсан, ахир! Бола жавоб ўрнига ҳам узун эснади. — Ҳа, ана, қулдираб-чулдираётган ичакларингдан маълум. Дастурхонни кўриб, ноғора чаляпти. Тур, боланинг қўлига сув бер, — деди у чап елкасидан сирғалиб тушиб бораётган пўстинни ўнглаб. — Сувми? Ёдгортойгами? У юзини юваман дейдию биз қараб турамизми? — деди бешикчи қошдан қовоқ қайтармай. Бола ювиниб, узун амакининг белбоғига артиниб, жойига қайтди. Унгача ака почча унинг жойини оловга яқин суриб, гулханга ўтин ташлаган бўлди. Келгач, дастурхонни яқин сурди. — Ол, манави қазилардан. Нонга қўшиб олавер. Униси чой қуйиб тиқиштирди: — Ичиб боқинг-чи, той бола, совуб қолмабдими? Йўқ десангиз, қайтадан оловга қўйворамиз. Бола ҳамон ярим уйқусираб кавшанар, ака почча унга раҳми келиб тикиларди. Нималар хаёлидан кечади, ўзига аён, лекин шеригига яниброқ қараб қўярди. — Болапақирни йўл қоқиб қўйибди. Сенга айтувдим-а, эгарга бир нима тўшатиб ол, деб. — Девдингиз-девдингиз. Шошганда саломга алик топилмай... сурворибмиз-да. — Қазини унутмабсан-ку? Яна «Ёдгортой»лаганинг-га ўлайми! — Узр, биздан ўтибди, ака почча. — У қўлини кўксига қўйди. — Менданмас, бундан сўра... — Сўрайман ҳам... — деди у ўша-ўша таъзимда, — укам кечиради. — Кечирасанми? — деди ака почча азза-базза куракларини силаб. Бола кавшанишдан тўхтаб, бешикчининг бетига ижирғаниброқ тикилди. Сўнг қўлини чойга узатди: — Бу киши аввал ростуни айцинла... — Ниманинг ростини? Мен нимани яширибман? Вой, ҳуварининг боласи-ей, одамни тоза хижолатга қўйдинг-ку. — Бешикчи чиндан ўзини қўярга жой тополмай қолганди. — Бўмаса, қаёққа опкетаётибсила? — чойни ичмай ҳам, аразлагандек қараб қўйди у. — Сотганими? Томдан тараша тушгандек бу гапдан ҳамроҳлар бир-бировларига қараб олишди. — Сен қаттан олдинг бу гапни? — деди бешикчи, ахийри тилига забон битиб. — Дувана ҳам силаминан шерикми, ахир? — деди бола ҳамон аразидан тушмай. — Қанақа дувана, Xудойберди? Кимни айтопти бу? — деди «ака почча» деганлари анг-танг қолиб. Бешикчи тушунтиришга ўнғайсизланиб, ўрнашиброқ ўтиришга уринди. — Ҳали мендан яширган гапларинг ҳам бормиди?— деди «ака почча» азза-базза хафа бўлиб. У жаҳл устида пиёла тагида қолган чойни сепиб эди, у гулхан четига юмалаган чўғга тушиб, вошиллади, ундан писта кўмир ҳиди анқиб кетди. Бешикчи хокисор термулди: — Ўлибман-да, ака почча, намозхон одам... — Унда бу гап қаерда чиқопти? Дуванаси ким? Бешикчи — содда-тўпори одам, боланинг олдида минг хижолатларга ботиб, (очмаса бўлмайди, очса — бола бор) ўнғайсизлана-ўнғайсизлана сирни очишга мажбур бўлди: — Танийсиз Сиз ҳам... Анув Каллахонага танда қўйган сариқ мошак бор-ку, Давангир девона?.. — Тиланчими?.. Унинг бу ишга нима дахли бор? Ғирт савдойи-ку, — деди энсаси қотиб у. — Шунақа, бир қарасангиз савдойи, бир қарасангиз дуогўй. Тингчими, тўғри одамми — биров билса ўлсин агар, — деди бешикчи, — биз таниганимиздан бери шу юриши. — Биларкансан, нима қилиб ош-қатиқ бўлиб юрибсан? — Қайдаги гапларни гапирасиз, ака почча? Мен уни кейин билдим-ку, — деди бешикчи ҳам ўз навбатида гинахонликка тушиб. — Шерик деб турибди-ку, бу? — Ака почча ўз гинасидан қолмасди. — Мен Туроб махсумни биламан. Бу ўша кишимни илтимослари. Сиз Мирзаҳожимдан кўп яхшилик кўрган одамсиз, Xудойберди, шу хатминан манави омонатни у кишимга етказсангиз, дедилар. Мен Сизга ишондим, энди йўл биладиган одам топинг, дедилар. Мен Сизга учрадим. Бу ёқларга киши билмас қатнаганингизни эшитиб, ака почча. — Давангир-чи? Ўртада у нима қилиб юрипти? — Ака почча деганлари ҳамон бўшашмасди. Бешикчи елка қисди: — У болани қайдан топган, қайдан эргаштирган, қанчага келишган — ўзи билади. Ўғирлаб-мўғирлаган бўлса, гуноҳи ўзига. Мен фийсабиллоҳ, азбаройи Мирзаҳожим учун, рози бўлганман. Мени биласиз-ку, ака почча, бир умр ҳаром луқмадан ҳазар қилиб юрган одам, наҳот шу ишга кўнсам? Учини сезсам, айтмасмидим. Ака почча тагидаги эгарга ўрнашиброқ ўтириб, тиззаларини уқалади. Япасқи юзидан жаҳл сояси аригандай эди. — Эшиттинг? — деди болага қийғоч ҳам эркалаганнамо қараб. — Биз девона билан офтобда қатиқ ялашган жойимиз йўқ. Биз пийсабилло бувангни юртига кетаётирмиз. Ширинкома учун ҳаммас. Шунчаки, ман манави бешикчи тоғангга қайишиб, у бувангни танигани ҳурматидан. Қолаверса, буванг замонни зайли билан бу ёқларга кўчиб келиб қолган. Асли таги ўша ўзимиззи томондан, ҳа. Чўлпон отаданми, қаердан эди, Xудойберди? — Йўқ, ака почча, Қанғли деган жойдан. Яқин-яқингача ҳам у кишидан қолган Олмазор боғ дала шийпони қилиб қўйилиб эди. Жаннатнинг бир бўла-ги эди, бамисоли. Агар манави ер қимирлашдан ке-йин бузилиб кетмаган бўлса... — деди бешикчи ширин хотирага берилиб. — Вой, унинг ғир-ғир шабада- лари... — Шунақа, ўғлим, сен бизни ким деб ўтирибсан. Қароқчиларга менгзамай қўяқол. Уларга рўпараям бўлма, ишинг ҳам тушмасин. Ундан кўра, қоринни михла. Қазидан ол. Оч қориндан пуч ўйлар чиқаверади, ол. — Бўмаса, кимсила? — деб тўнғиллади бола чойни жойига қўйиб. У оғзидагини кавшангиси ҳам келмай қолган эди. Икки ҳамроҳ бу гапдан бараварига хаҳолаб кулиб юбордилар. Тарашадек озғин, аммо бўйдан Xудо берган бешикчи унинг гапидан таъсирланиб, тиззасига шапатиларди: — Аввалбошда нима дедим? Буванг соғинибдилар. Сенам соғиндингми, дедимми? — Дедиз... — Борасанми, дедимми? — Дедиз... — Яна нима дейсан? Қаёққа опкетяпган эканмиз?— деди кулиб. — Бекордан-бекоргами?.. — Бола ўқрайиб қараб қўйди. — У нима деганинг? Сен бизни хафа қиляпсан. — У кераги бўлмаса-да, олдидаги қумғонни нари сурди.— Шунақа гапларинг боракан, жўнамасимиздан айт-майсанми? Оббориб ташлардик уйингга! — Жа-де... — Бола ё ёмон туш кўриб турган, ё чапақай жаҳли чиққан эди, ҳеч очила қолмасди. — Ҳа, хўп. Буванг қуруқ қўймас. Неча йил бедарак кетган қизининг дарагини эшитиб, тирноғини кўриб, эшилиб кетар, бош-оёқ сарупо-суруқлар қилар, ширинкомалар берар. Бу дегани биз ўшанинг дардида ўлиб турибмиз, деганимасдир? Ўйлама, биз таъма деб юрган одамлармасмиз. Xолис яхшилик учун чиққанмиз йўлга. Бунақа қилаверсанг, ҳай деймизу орқага қайтвора қоламиз. — Тик турганча мудраётган от хўрсинган каби пишқириб, бош силкиди. Лахча чўғга айланиб бўлган ғўлача синиб тушиб, чаласи тутай бошлади. Ака почча чалани ичкарироқ сурди: — Кўнглим чопмовди-я, аввалбошда. Жангобда ошхўрлигимни қили-иб ётмийманми... — деб қўйди уларнинг бетига қарамай. — Йўқ, рост, ҳалиям кеч эмас, — деди бешикчи болакайга. Камига хўп деса ҳозироқ қайтадигандек қилиб қараб қўйди. — Сен энди жичча сабр эт. Шу довондан ошволсак етдик ҳисоб. Бовангникида қолишни истамасанг, қайтаверасан бизминан. Шунга ҳам ота гўри қозихонами?— деди шериги юмшаб. — Ҳа-да, ака почча билмаган-кўрмаган, ошмаган довон йўқ. Бу ёққа ҳам Xудо билсин, неча қайта келиб-кетганлар. — Неча қайтамас, ишқилиб ўтганмиз-да, — де- ди у. — Шу-да. Шунинг учун Сизни қора тортиб келяппиз-да. Билиб қўйсин бу ҳам, — деди бешикчи таскин бериб. — Билдинг-а, Ёдгортой? Ёдгор деганлари бешикчига қизаринқираб қараб қўйди: — Ёдгормас, Ёдгормурод. Бўлмаса, танишмайди, — деди негадир кўзларини олиб қочиб. — Ия, шунақамиди ҳали?! Чиройлувдан чиройлув отинг боракан-у, биз билмай юрибмиз. Вой, санию. Айтмайсанми шуни! Оббо, той бола-ей. Опке пиё-лангни, чойингни янгилаб берай. Қайноқ-қайноқ ичсанг, уйқунг қочади. Ҳадемай, тонг ҳам ёришади, сўнг жўнаймиз. Олақол, — деди бешикчи кафтини кафтига ишқаб, уни эркалаб. — Ҳа, амакинг таҳорат олиб, намоз ўқиб бўлиши-ла жўнаймиз. Кун кўрингунча, сарҳаддан ўтиб олишимиз керак, — дея оғир қўзғолиб, «ака почча» деганлари тура бошлади. — Ҳа, хўп. Буванг қуруқ қўймас. Неча йил бедарак кетган қизининг дарагини эшитиб, тирноғини кўриб, эшилиб кетар, бош-оёқ сарупо-суруқлар қилар, ширинкомалар берар. Бу дегани биз ўшанинг дардида ўлиб турибмиз, деганимасдир? Ўйлама, биз таъма деб юрган одамлармасмиз. Xолис яхшилик учун чиққанмиз йўлга. Бунақа қилаверсанг, ҳай деймизу орқага қайтвора қоламиз. — Тик турганча мудраётган от хўрсинган каби пишқириб, бош силкиди. Лахча чўғга айланиб бўлган ғўлача синиб тушиб, чаласи тутай бошлади. Ака почча чалани ичкарироқ сурди: — Кўнглим чопмовди-я, аввалбошда. Жангобда ошхўрлигимни қили-иб ётмийманми... — деб қўйди уларнинг бетига қарамай. — Йўқ, рост, ҳалиям кеч эмас, — деди бешикчи болакайга. Камига хўп деса ҳозироқ қайтадигандек қилиб қараб қўйди. — Сен энди жичча сабр эт. Шу довондан ошволсак етдик ҳисоб. Бовангникида қолишни истамасанг, қайтаверасан бизминан. Шунга ҳам ота гўри қозихонами?— деди шериги юмшаб. — Ҳа-да, ака почча билмаган-кўрмаган, ошмаган довон йўқ. Бу ёққа ҳам Xудо билсин, неча қайта келиб-кетганлар. — Неча қайтамас, ишқилиб ўтганмиз-да, — де- ди у. — Шу-да. Шунинг учун Сизни қора тортиб келяппиз-да. Билиб қўйсин бу ҳам, — деди бешикчи таскин бериб. — Билдинг-а, Ёдгортой? Ёдгор деганлари бешикчига қизаринқираб қараб қўйди: — Ёдгормас, Ёдгормурод. Бўлмаса, танишмайди, — деди негадир кўзларини олиб қочиб. — Ия, шунақамиди ҳали?! Чиройлувдан чиройлув отинг боракан-у, биз билмай юрибмиз. Вой, санию. Айтмайсанми шуни! Оббо, той бола-ей. Опке пиё-лангни, чойингни янгилаб берай. Қайноқ-қайноқ ичсанг, уйқунг қочади. Ҳадемай, тонг ҳам ёришади, сўнг жўнаймиз. Олақол, — деди бешикчи кафтини кафтига ишқаб, уни эркалаб. — Ҳа, амакинг таҳорат олиб, намоз ўқиб бўлиши-ла жўнаймиз. Кун кўрингунча, сарҳаддан ўтиб олишимиз керак, — дея оғир қўзғолиб, «ака почча» деганлари тура бошлади. У шунақа давангирдай эдими ёки елкасидаги бе-сўнақай пўстин шунақа кўрсатяптимиди, ишқилиб соя-сига қўшилиб, у жуда ҳайбатлув кўринар эди. Гулхан эса бир тоғора лахча чўғга айланиб алангаланар, аланга беролмаганлари бир четдан бошига кул тортиб, пинакка кетмоқда эдилар. Тун ўз ишини қилган, гулхан атрофидагиларни қора чодирига ўраб бўл-ган, ўша чодир тобора кичкина тортиб, энди унга уч кишининг ўзи ҳам сиғмай қола бошлаган эди. Ҳаққу ҳам, отлар ҳам мизғир эдилар, чамаси. Тиқ этган товуш эшитилмасди, фақат гоҳ-гоҳ анув ўпирилган жойдан кирган изғирин ел шу чодирдагиларга урилиб, яна қочиб қолар эди. Худонинг Суйган Бандаси (ёхуд ҳикоячимизга номаълум бир калаванинг учи) — Ҳов, тасқара, ҳов сариқ мошак! Кимни гел қилмоқчисан? Кимни сариқ илондек авраяпсан?.. — У секин туриб белидаги қайиш камарини билагига ўрай бошлаб эди, эланиб турган девдай одам... туйқус ўзини ерга отиб, оёқлари остига гуноҳкор шердай эмаклаб кела бошласа, Зокир демаганларнинг жон-пони чиқиб кетди. Жон ҳолатда тисарилиб, устолига қисилиб опти. У эса: — Жон болам, садағанг кетай болам, урма пақат, тепма пақат, ҳаммасини ўзим айтуб берум... — деб ўтинар, титрар эди. Во дариғ, титраяпган ким-у, ўтакаси ёрилган ким?! — Тур-е, исқирт! Аяганга раҳматинг шуми?! — Зокирнинг пешонасидан муздек тер чиқиб, тирноқларига довур жимирлаб кетган эди. Хайрият, «дев» чекилди. Ўлган арслоннинг ўлигидан ҳам қўрқ, деб шуни айтарканлар-да?.. Улар бугун шубҳаланиб тутиб келишган одам — девдай тиланчи чекилишга чекилди-ю, ҳеч кутилмаганда ўша зах ерга ўтирволиб, тиззаларини қучоқлаб, бир ғалати гувраниб, ҳўнг-ҳўнг йиғламоққа тушиб берди-ку. Ажаб одам экан, бу Давонгир девона деганлари. Нима бало, чини билан бегуноҳми ё ёлғондакам йиғи билан буларнинг кўзини боғлаяптими? Мумкин. Бу бозор одамларидан, тиланчилардан ҳар балони куца бўлади. У «дев» шу ҳолига қайси аскар ёки асирдан қолган рўдапо шинелининг енгини юз-кўзларига босганча улкан жигарранг бешиктерватдек чайқалиб: — Шул шўришлар-да, вар эканму, эй қудай? — дея бош тўлғаб-тўлғаб, мишиғ-тупугига беланиб борар эди. «Нима бало, адашибдиларми? Бу эмасканми?» Зокир камарини устол устига намойишкорона итқитиб, тиланчига киши билмас зингил ташлади. Унинг назарида девонанинг қулоғи динг, кўзи тўрт, бунинг алахсишини кутаётгандек, кутиб туриб ташланиб қоладигандек (!) эди. Ташланса ҳам унақа-бунақа одамнинг кекирдагини узиб олса эҳтимол?.. Оч девнинг ўзи-ку! Бу ваҳима қайдан илашди, Зокирнинг калласидан ҳеч нари кетмасди. Шериги ҳам қайца қайта қолмади. Ҳарна қора эди. — Туринг, захда нима бор, «ешак»ка ўтиб ўтиринг,— деб буюриб, муросага кўчганини билдирди-да. ўзи ҳам жойига чўка қолди. Зора яхши гапга илон инидан чиқса. Шунақа илинж ҳам йўқ эмасди унда. Девона унга қараб ҳам қўймай, қўлига тиралиб туришга унналди. Суяклари шиқирлаб (ўзиям бир қоп суяк экан-ей!) бир амаллаб турди-да, кетини қоқиб, индамай бориб, девор тагидаги тахтага ўтирди. Боя икки кишилашиб уриб, ертўлага тиққанларида узилиб-учиб битганми, қўсқи шинелининг биттаям тугмаси қолмаган, сурмаранг ёлғиз белбоғи демаса, кўкси валонгор, ўзи бир алпозда эди. — Xўш, ростига кўчамизми ё яна келган жойидан давом эттирамизми? — деди Зокир қайиш камарни нари суриб. Ўзи ургиси йўғ-у, қозоқи дўқ иш берадими, деб ўйлар эди. — Ҳуҳ-ҳ, — деди девона ичидан дуди чиқиб: у чиқаётган дуд одам зотиники эмасди, тавба. — Xўш, айтасизми? — деди Зокир кўксини ус-толга бериб. У Xудонинг яратилганча қолган бу бандасига ачина бошлаган, ачинаётганига ўзи ҳам ҳайрон эди: «Нимадан қўрқди? Девонанинг қарғишига учраб қолишданми? Балки». Девона ўша-ўша, бирон ножўя сўз айтиб қўйиб, ғазабига учраб қолишдан қўрққандек, афтига безиллаб тикилар эди. — Нену истаб, нену қистаюрсиз — вилмасам, — деди ахийри тилига сўз битиб, — ўлумдан хаварим вар, ўғирлува — вилмасам, гуноҳларимуз етарлу... Зокир қаддини бироз кўтариб, оёқларини чалиштирди. Бу билан у девонани яна ҳам хотиржам этиш ниятида эди. Ўзи ҳам ҳеч кутмаганда сўроқни хотиржам бошлагиси келди. — Биз Сизни бугун кўраётганимиз йўқ. Эсимизни танибмизки, шу Каллахонадасиз, тўғрими? Девона унинг самимийлигига ишониб-ишонмай қаради. — Туври, — деди кўзини олиб қочиб. — Тилингиздан Оллоҳнинг номи тушмайди ё тушганми ҳеч? — Юв-юв, — деди баттар ҳайратланиб девона. — Оллоҳни ўртага қўйиб, кун кўриб юрган одамсиз. — Шу-шу, — дея олди у. — Энди менга ростиззи айтинг. Оллоҳдан умидингиз борми? — деди Зокир бошдаги шапкасини бир четга олиб қўйиб. — Мўминга ўхшаб гаплашайлик бир... — Вар, балам, вар, — деди девона ўнғайсиз ғимирсиб. — Намоз ҳам ўқирсиз? — Ўқувмиз, балам, ўқувмиз. Ўқумай бўлами, — деди у оқ-қўнғир қошлари тагидан қараб қўйиб, — аввал сўраладуғану шу-ю. — Демак, мусулмонсиз, мусулмонликка даъво қиласиз? — Алҳамдулиллаҳ-чу. — Оллоҳдан ҳам қўрқасиз, шундайми? Девона гап нимага келиб тақалаётганини англаб қолиб, қоқсуяк тиззаларига тикилиб қолди. — Нега индамайсиз? Қўрқмайсизми ё? — Зокир унинг жон жойидан ушлагандек, устолга кўкрагини берди. — Гапиринг. — Қўрқмайдурган жан... варму? Ғимирлаган жан қудай дейду, — деди у тамоман руҳи тушиб. Зокир қаддини кўтарди: — Қимирлаган жон Оллоҳ деса, нечук сиз бу ишларга аралашиб юрибсиз? Охиратиз куйиб кета- ди-ку. Девона рўбарўсидаги одамга анграйиб тикилди, шу боя ўзини бозордан тутиб, сургаб-нетиб келган, уриб-суриб ертўлага тиққанлардан битасими? У қизариб-нетиб кетган шилпиқ кўзларини юмиб-очди. Йўқ, ўша эди, ўшалардан биттаси эди. Қайиш камари ҳам устол устида ётарди. Қара-я, қайиш камарни кўрган заҳоти ўнг елкаси, бояги тўқа излари ачиша бошлади. Шуми, бошқасими, ишқилиб урганлари аниқ. Урмасалар бунақа ачишмас эди. Тавба, ўша одам энди тамоми сипо тортиб, Оллоҳни, охиратни ёдига соляптими? Аммо жон жойидан ушлади. Ким Яратганнинг ғазабидан қўрқмас экан?! Тонгла маҳшарда фаришталари унинг амри-ла пешона сочидан чангаллаб, жаҳаннамга судраб кетишларидан қўрқмай бўларканми? Ҳали ўзи билиб-билмай гуноҳ ишларга аралашиб қолибдими? Кўзи қаёқда экан? — Xўш, гуноҳизга иқрормисиз? — деди терговчи унинг хаёлидан кечиб боратурган нарсаларни уқиб олгандек. Нима бало, буларни шунақа ўқишларга ўқитади эканми? — Энди-и, ниму туври, шу туври, — деди бўшашиб, — иттимас қилишуб эду. — Ҳа-а, ана бу бошқа гап, — деди терговчи жонланиб. У кафтларини ишқаб ўрнидан туриб олгиси келди-ю, яна ўзини босди. Байрам қилишга ҳали эрта эди. — Ким экан ўша илтимосчилар? Ўшалардан келинг, — деди девонани чўчитиб юборишдан анча ти-йилиб. — Сизни хизматиз нимадан иборат эди? Давонгир девона милиса зотидан бундай юмшоқ муомалани кутмаган эди, жавобга иккиланиб қолди: ҳали сиз-сизлаб туриб, ҳамма гапни суғуриб олгач, қилиғини кўрсатмаса эди! Ишини судга чиқариб юбориб? Ишониб бўладими буларга! — Xўш, нимани ўйланиб қодингиз? Бизга ўша иш буюрганлар керак. Сизга ўхшаб алданганлар эмас, — деди ётиғи билан. — Илданган? — деди девона ҳайрон қолиб. — Ҳа-да. Сизни чоҳга юборишаётганини билмагансиз-ку, тўғрими? — Нима, мен бикар варибманму? — деди девона. — Тушунмадим. Жавобдан жавобга боши тушиб, терговчининг бетига қарай олмаётган девона кўз қирини ташлаб қўй-ди: — Несига чучунмайсуз?! Нарса ваъда қилишту, вардим. Мену ўрнумда ким вармасду! Зокирнинг юраги ҳаприқиб, ўша нарсани билишга ўпкаси тушаёзди. Аммо энди шу девонанинг кўз ўнгида тубан кетиб бўлмасди. Ўпкасини босди: — Маълум гап. Аввал бир нарса тикишади, кейин одам ёллашади. Шунда Сиз учрагансиз, тўғрими? — Юв, ўзлару иттимас қилишту. Шу-шу жайдан балану иргаштируп версангуз, деп. — Шошманг-шошманг, аниқроқ қилиб айтинг. — Зокир ўрнидан туриб, яқин бориб олганини билмай қолди-ю, девонани ҳуркитиб юборишдан чўчиб, яна жойига қайтди. Девона хитланиб бўлган, лекин очиб қўйган гапини айтмай иложи ҳам йўқ эди: — Вузр, нафс ҳакалак атуп кўниппан-қўйиппан. — От билан туя эмасдир, ахир? — деди Зокир унга бўлишиб. — Қайда? — Xўш?! — Бир ҳавуч келар-да. — Нима? Тиллами? — деди Зокир қулоқларига ишонмай. — Ҳе, юв, марварид эду. Шадаси вилан. — Қизиқ, — деди терговчи эси оға бошлаб, калласидан эса девона ҳам анойи эмаскан-ку, деган хаёл кечмоқда эди.— Xўш, ваъданинг устидан чиқишдими? — Чиқишту, — деди девона энди деворга хотиржам суяниб. — Демак, Сиз болани авраб олиб келиб бергансиз, улар... — Аврап имас, иргаштируп, — деб тўғрилади у. — Яхши, қаергача эргаштириб келдингиз? — Шу, Жуванинг вазаругача. — Келишув шундай эдими? — Шундай эду. — Кейин-чи, нима бўлди? — Ниму вўларду, биттаси манаву ҳамянумга бир ниму ташлап кетту. Ушлап кўрсам бир кафт вўлуп шиғирлопту. — Бола-чи? — Қайтуб қараганумда сепкилтай юв эду. — Сепкилтойму. Ёдгортойму? — деди Зокирнинг юраги гурс-гурс ура кетиб. Девона елка қисиб қаради: — Сиз ўзи кимни излаюрсиз? Мен сепкилли балану билаюрман. — Қўрқманг, — деди ўрнидан туриб юринганча Зокир, — биз ҳам ўшани суриштирмоқдамиз. Фақат, яхши эслаб айтинг-чи, отини нима деб атаб эдилар? — Ниму деп? Айттингиз-ку, ўзингиз... — деди девона ғаши келиб. Зокир негадир илтифоциз қўл силкиди: — Ҳай, майли, ўшандай ҳам бўлақолсин. Ле- кин болани олиб кетганларни айтарсиз? Кўрибсиз-ку, ахир? — Қандай? — Боягидек елка қисиб, хум бошини ичига тортди девона. — Айтуп туруппан-ку, қайтуп қараганумда у юв эду. Зокир тўхтаб, уни таний олмай тикилди: — Бошқаси-чи? Чўнтаккинангизга нарса ташлаб кетгани-чи? Униям танимассиз? — деди кесатиб. — Танумайман. Менданам найнов, тараша бир адам эду. Ўлай агар қайтуп кўрган вўлсам. Зокирнинг энсаси қотиб, бир нарса дув тошган каби гардани қичишди. Ўзи асабийлашиб: — Марварид ёқибди-ю, ўзи эсиздан чиқибди-да?— деди. — Ваъдалашган одам-чи? Униям йўқолдига чиқарарсиз? — Ўлуппан-да, — деди девона азза-базза ҳафа бўлиб. — Ўшандан келинг, бўлмаса, — деб Зокир қисталанг қила бошлаб эди, девона боягидек тўрсайиб олди: — Аноюни топубсиз жа. — Ҳа, нима бўлди? Тўнингизни тескари кияяпсиз? — Жавобу-чи? Шариат-чи?.. — Шариатни нима дахли бор бунга? — ҳайрон қолди терговчи. — Бизга келганда ниму даҳли варму? — Тушунмадим. — Нимусини чучунмайсуз? Пусулмонмусиз, ахир?— Девона иршайди. — Алҳамдулиллоҳ, — деди терговчи ўнғайсизланиб, ҳам муддаосига тушуниб-тушунмай. — Нима эди? Девона ўзиникидан қолмасди: — Қудайданам қўрқувсиз, бизга ўхшап?.. — Албатта. Ким қўрқмаскан? — деди тилидан тутила-тутила. Девона иккала тиззасига шаппалаб иршайди: — Унда биз қулудан нимуну талап этувсиз? Сотуп қияматга қолувниму? Зокирнинг бошидан олов чиқиб кетди. Пешонасини майда тер босди. Девона уни ёмон туширган эди. — Айтолмасайиз... айтманг, мен қистамадум, — деди ғудраниб. Давангир девона бало экан, уни ўзининг усули билан шариат арқоғига тортаётган эди. — Сизам биз қулуни кечуруп қўювсиз. Сотолмаймуз ваъдасида турган биродаримузни. — Давангир девона хумдек бошини сарак-сарак қилиб, хоҳласангиз шу, дегандек елка учирди. — Ўртада сўз вар, ширинкама вар. Қудайну номину тилга олганмуз. Зокирнинг тилига калима келмай қолган эди, ортига қайтаётиб: — Ҳалолидан бўлсин, нима деймиз, — деди бўшашиб, сўнг жойига ўтириб, қўшиб қўйди. — Бизга қи-йин қипсиз-да. Девона лаб бурди: — Ниму қиюн? — Боланинг изини топганимизда... ўртада қасам бор деб... ишни бузиб ўтирибсиз-ку. Девона ногоҳ сакраб турди ва ўзидан бир нимани даф этаётгандай қўлларини силкий кетди: — Юв-юв, овора бўлувсиз, қистамангам, сўрамангам қайтуп. Ўша гап-гап. — Яхши, — деди терговчи хотиржам этишга уриниб, — ўша гап бўлса, ўша гап. Келишдик-ку, ахир. Фақат... Девона тахта-ешакка қайтиб чўкаётиб, энгашган кўйи термулди: — Ниму пақат? — Ўтиринг, ўтиринг, шунчаки бир гап, — деди терговчи бир шумликни ўйламаётганини билдирмоқчи бўлиб. — Билгим келди-да. Девона омонат чўқди, лекин хавотири тарқамаган эди, сўради: — Нену, дейсуз? — Шу... марваридни-да. Сиз нима қиласиз дейман-да. Уй-жойингиз, бола-чақангиз бўлмаса, — деди Зокир узоқдан айлантириб. Девона ер остидан қараб, ишшайди: — Бизам шундай ўтмасмиз, балам. — Ё кўз остига олиб қўйганиз... борми? — деди у ҳазилга йўйиб. — Бўлса-чу... Зокир қараб туриб ҳайрон қолди. Давангирдай одам... уйлантирадирган ўспириндек қизариб борарди. — Демак, биронта бевани... топиб қўйибсиз. Ўшанга атадингизми? Девона четга қараб иршайди. Сўнг ўгирилиб: — Аташ несу, асраб денг, — деди. — Тушунмадим, асраб нима қиласиз? — Никоҳ куну-чи? Маҳруга ниму верумиз? — Э, ҳа-а, — деб юборди терговчи. — Ниятиз зўр-ку. — Ҳе-ҳе, — деди девона уни мазах этиб. — Ниму деб ўйловдиз бизну. Зокирнинг тегажоғлиги тутди: — Тўйга айтасизми? Куёв ошидан бехабар қолмайлик. Девона елка учирди: — Мелиса удайига варса вўлувму? — Формада бормаймиз-да, ака. — Одам қатори вўлса, айтмай ниму — айтамуз, айтамуз. — Раҳмат-е, илтифотингиз учун. Фақат, — деб энсини қашлади у. — Яна пақатига бала варму? — қутулдим деганда девона яна сапчиб тушди. Зокирнинг қитмирлиги тутиб келмоқда эди, атай елка қисиб, ҳайрон қотди-да: — Ҳа, марваридиз делога тушиб бўлди-ку уни қандай қиламиз? — деди. Девона гарангсиди: — Қандай тушаду, у менинг қўйнумда-ку, — деб азза-базза шинелини очиб, белини пайпаслади. — Турибди эканми? — деди терговчи сир бермай. — Турганда-чу. Ўғри баллар ўн кун излаганда кесолмайду. — Кесолмагани яхши. Лекин... дело очсак, ўз қўлиз билан гаровга ташлаб кетасиз-да. — Қандай? Мен-а? — Девона ақли бутун экан, соғ одамдек, кўксига нуқиб сўрамоқда эди. — Авара вўлувсиз. У ҳам бўш келмади: — Унда... эгасини айтасиз-да. Ё марваридни денг, ё эгасини. Девона боягидек тиззасига шаппалади: — Ҳич-да. Марваридну уруб-уруб, тартуб олувсиз, майлу. Игасига авара вўлувсиз. Уни айтадуган жинни юв. Вассалам... Зокир, э, балли, дейишини ҳам, ҳой, Бадир, опчиқ буни, деб бақиришини ҳам билмасди. Ўша Биравнинг Маҳфузаси —Тангритоғлик Келин Аччи қирларига бош қўйган кун ҳам ахийри Каттабоғ ила видолашиб, ботиб кетди. Уфқлар ўсма тортиб, шом туша бошлади. Фақат қип-яланғоч боғлардаги ёлғиз шафтолиларгина шом ивир-живирига ҳам бўй бермай яшнаб турардилар. Xудди кун бўйи эмган нурлари чамандай нафармон гулларига кўчгандек, қайта аксланиб ётгандек. Бу ҳам кам. Менинг назаримда бошига шафтоли гулли узу-ун симрўмол ташлаган келинчаклар ҳар ёқдан — гоҳ у, гоҳ бу ташландиқ (кимсасиз) боғлардан биз қайнижонларини соғиниб чиқиб келаётгандек, чиқиб келатуриб келинсаломга ҳозирланиб тўхтагандек, қай бирлари эгилиб ҳам улгургандек.. туюлаверади. Шунақа ажиб паллада, ажиб ҳисларга тўлиб бормоқдаман. Бугина эмас: чор тарафимни тўлдирган «темир ялмоғиз»ларни ҳам унутганимча йўқ. Улар жой-жойларида тош қотганлар. Гўё қиёмат-қоим олдидан пайдо бўлгувчи Дуббатул-арз1лар мисоли бир хунук қорайиб кўринадилар. Оллоҳга шукр. Шунисига-да, шукр. Улгурмасам нима қилардим? Уйимизни остин-устун қилиб, суриб ташласалар қайга борардим? Бу битикларни қай тупроқ остидан излар эдим? Чиндан-да Оллоҳ асрабди! Бу «темир ялмоғизлар»ни тўхтатиб, диёримизнинг умрини бир кунгина суриб-узайтириб қўйибди! Гўё биз етиб келиб, омонатни топиб кетгунча бу сур-сурларни, Каттабоғ устига тушган қиёматни тўхтатиб тургандек... Эртага эрталабдан эса кун мағрибдан қайтиб чиқиб, бу Дуббатул-арзларга жон битадигандек ва бу диёрнинг боғу сойлари, тепаю қирлари остин-устин қила кетилиб... Оллоҳнинг «биз истасак, ўрнингизга тамомила бўлак қавмни келтириб қўюрмиз» ояти каримаси рўёбга чиқажакдек... Ҳозирча... елкамда Ёдгормурод (у қўлчаси ила пешонамдан маҳкам қучиб олган), аллақанча тепаю чимзорлари суриб, булоқлари кўмиб юборилган Иззадан ўтиб, «темир ялмоғиз»лар ҳали етиб улгурмаган ўша қадим Олмазор ёқалаб, Қанғлига чиқиб бормоқдамиз. Бу ёқда думи Иззага қадар чўзилиб-тушиб борган аждартепалар — Фозилтепаю унинг катта-кичик дум-тепачалари кўринади. Улар ҳали омон, тиғ тегмаган, шом қоронғусида янаям маҳобатли, афсонавий кўринмоқдалар. Қўйнимда эса, у омонат битиклар, ари инида қанча қуруқшаб ётган қоғозлар — кеннойимнинг маҳфуз хатлари майин-майин шилдираб (хазонга ўхшайди гўё) хаёлимни ўғирлайди. Беихтиёр ойимлар билан етаклашиб, Эски Жўвага — холамгиларнинг шаҳар ҳовлиларига тушиб борганимиз, у ерда биринчи дафъа шу хат эгаси — Тангритоғ томонлардан келган келинчакни кўрганим ёдимга тушаверади. Елкамда Ёдгормурод-у, мен ўша сафаримизни эслаб бормоқдаман. Ўшанда далаю боғларни зағчалар босиб, изғиринли кунлар бошланган, кўчадиган кўчиб, қоладиган қолиб бўлган кезлар эди. Мен шундан шу ёққа — овлоқдан овлоқ Каттабоғимиздан шаҳарнинг Дархон деган мавзесига қатнаб ўқирдим. Биринчи дарсга етиб бориш учун саҳарлаб, ҳали сўфи азон айтмай туриб йўлга тушар, бозорчилардан ҳам аввал Чўлпонота гузарига чиқиб, энг олдинги автобусда Бешоғочга етиб олар, ундан трамвайга осилиб, Дархонга кетар эдим. Шунаққиб ўқиб юрган кезларим, бир дам олиш куни ойим: — Отлан, Мақсудхўжа, шаҳарга — холангларникига тушиб чиқамиз, — деб қолдилар. Шаҳар деса, жоним киради. Кичкиналигимда ойим бир марта Қоратошга оптушганлар. Шу-шу шаҳар десалар учиб-қўниб тураман. Ойим бекорга оптушмайдилар. Ўшанда Қоратошдаги қариндошларникига олиб борган, Ҳожиакбар ака деганларникида янги йил кутиб ўтириб, ундан Ғозихон амакиникига чиққан, ке-йин пастки Қоратошдаги Ҳури амманикига тушган эдик. Ўшанда ойим: «Биз ким эканмиз?! Ҳаммамиз бир уруғмиз: Улуғхўжабой авлодлари... Замон мана бунақа бўлиб, узоқлашиб кетдик-да. Бўлмаса, бу ҳам ўз уйимиз: Улуғ бобонгдан қолган уйлар...», деган эдилар. (Қаранг-а, ойим ота-буваларимиз ўтган ерни кўрсатиб қўймоқчи эканлар-ку! Мен анқов қаерга келиб қолдик, деб юрибман.) Бу гал-чи, бу гал? Нимани илиндилар экан?.. Йўлга чиққанимизда роса туман эди. Гўё оламнинг етти қаватини туман қоплаб, томлару дарахтларнинг учларига қадар кўринмай кетган, уч қадам нарини илғаб бўлмасди. Бунча туман қаёқдан қаёққа кўчиб боряпти, қаерга кетиб йўқолади, англаб бўлмас, одамни ваҳм босар эди. Йўловчилар ҳам дафъатан туман ичидан чиқиб қолишса, бирдан чўчиб тушар эдик. Йўқ, Тепамасжиддан ўтмасимиздан шунча туман бирдан кўтарилиб тарқади-кетди, қаёққа сингиб, қаёққа йўқолди, билмайин ҳам қолдик. Сўнг кун бир кулгандай бўлдию яна тунд булутлар остига кириб йўқолди. Шаҳарга боргунимизча ҳам бирон марта мўралаб қўймади. Бу ҳам камдай изғирин туриб, кун ботганиям, қош қорайганиям билинмай қолди. Эски шаҳарда нима кўп — узундан-узун жин кўчалару боши берк — тувак кўчалар кўп экан. Биз шундай кўчалардан бирига бурилиб ҳам эдик, ичкаридан хайр-хўшлашиб чиқаётган ясан-тусанли икки аёлга дуч келдик. (Улар меҳмондан ҳам бурун «совчи хо-тин»ларга кўпроқ ўхшаб кетишарди.) Ҳарқалай, улардан бири — сувсар ёқали палто кийгани таманноланиб кела туриб, ойимнинг паранжиларига ижирғанганнамо қараб эди... жоним халқумимга тиқилиб келди. Аммо шу пайт ҳалиги кузатиб чиққанлар орасидан биров: — Вой, Саломхон, ўзингмисан? — дея бизни таниб, қучоқ очиб кела бошлади-ю мен юмшадим. — Вой, қаёқдан кун чиқди десам, бояги кўринган сизларнинг офтобингиз эдими? Қарасам, Ойпошша холам, ўша майин-мулойим, жилмайсалароқ юзлари офтобдай ёришиб кетадиган холам... Ойим ҳам қўлларини азот кўтариб, бошларидан паранжиларини олдилару билакларига сола, тезлаб бориб, қучоқлаша кетдилар. Улар бир-бирларининг куракларини силаб-сийпашиб, бағирларига сингиб кетгудек бўлишиб, ҳали у — ҳали бу елкаларига бош қўйиб, бўйларини искашиб «омон-есон»лашишаркан, кўрсатганига шукроналар айтишар эди. — Вой, Саломхон-ей, нечук? Уйларингни ташлабам келавурдингми, а? Вой, қара, келганинг қандай ярашиб турипти. — Бу ёғи узун қиш кечалари, бир гаплашиб ётиб кетай дедим, опа, соғиндим сизларни... — дедилар ойим. Холам мени суйиб, бағриларига тортганча, ширин алқай кетдилар: — Вой, мани кичкина Маҳмудхўжам! Бизларни йўқлаб келадиган бўп қоптию... Ило-ой, етимларни ўзинг қўллагин! Сўрашиб-исташиб, чор тарафи тупроқ томли уйлар билан ўралган ҳовлига кириб бордик. Ҳовли узун кетган, бу бошида бир туп туту нариги бошида бир туп нок қорайиб кўринар эди. Чор тарафда бир-бирига туташиб кетган уйлар, деразасини санабам адашиб кетиш мумкин эди. Айниқса, айвоннинг қизғиш устуну тўсинлари, тоқилари вақт ўтиши билан қорамтир тусга кириб кетган эдилар. Тепадаги токчали уйга киришимиз-ла ковшандознинг ёниданоқ танча очилган, тепада дор кўринар, дорда шода-шода беҳию ноклар осиғлиқ эди. Келганимизни эшитиб, қайси бир ҳужрадан почча чиқиб келдилар. — Эй Саломхон, қайси шамолар учирди? Заб кебсизлар-да, заб кебсизлар. Маҳмудхўжанинг чироғини хўп обкебсиз-да, хўб обкебсиз, — деб елкамга қоқиб, суйиб кўришдилар. Нусрат почча ҳийла қариб, ҳассага ўтиб қоптилар. Лекин ширинсуханликлари — ўша-ўша, ҳалимликлари, юзларидан нур ёғилиши ўша-ўша. У киши жигарранг тусдаги силлиқ асоларини ковшандоз четига қўйиб, ўзлари танчанинг тўрига ўтдилар. — Қани, Саломхон, сиз бу ёққа чиқинг. Мақсудхўжам менинг ёнимга келади, — дедилар у киши. Биз меҳмонга солиниб, ҳали йиғиштирилмаган кўрпачаларга ўтириб улгурмасимиздан эшик очилиб, қўлида оқ дастурхон кўтариб, ё астаъфируллоҳ (биз аллавақтдан бери йўқотиб қўйган!) Марғуба кеннойим кириб кела бошлади. Мен туриб кетай депман. Аммо у менга эътибор ҳам қилмай, ойимлар билан кўришгани елка тутиб бора бошлади. Ойим ҳам дабдурустдан шошиб қолдилар: — Ия, Марғубахон?!. Вой, опоғойиз ўргилсин. Эсонмисиз-омонмисиз? — Ойим ўтирган ерларидан кўтарилишга унналиб, қўлларини чўздилар. — Ҳали Сиз.. шу ёқлардамидиз?.. Кеннойим ғалати хижолат ичида... дув қизарди-ю, ерга боқиб, бош эгди. Холам юзлари ёришиб, кўзлари қисилиб, кулиндилар: — Ҳой, Саломхон, манам эдим санингдек, санам бўлдинг манингдек: қарибмиз-қарибмиз... — Йўғ-е, опа, нега ундай дейсиз? — дедилар ойим аланглаб. — Ҳа, танимадинг-ку, келинингни, — дедилар холам ўша-ўша кулиб. — Нега танимай? Марғубахон ким экан — ўша ўзимизнинг ой деса ой, кун деса кун дегудек келинимиз-да! — дедилар ойим дастурхон ёза бошлаган кеннойимга қараб. Ойимнинг бу гапларидан ҳаммалари кулишди. Нусрат почча соқолларини тутамлаб-силаб, таъсирланиб бош тўлғадилар: — Шунақа-де, шунақа! Шундан кейин ҳам Xу-дойимнинг қудратига таҳсин айтмаймизми?! Холам сирни тушунтиришга чоғландилар: — Тўғри, Саломхон, буям ўзимизнинг келин. Лекин буниси бошқа, — Бошқа?! — Ойим ҳам, мен ҳам гангиб қолдик.— Қанақасига бошқа бўлсин?! Ўша-ку?.. — Бир дастурхон тузаётган кеннойимга қараймиз, бир атрофдагиларга аланглаймиз. Аммо ҳеч нарса англай олмаётирмиз. Ўшал кеннойим эса ўнғайсизланиб, юзлари лоладек қизариб боряпти: қизарган сайин қизил гулдек кўҳлик тортяпти. Балки ўша никоҳ кечаси йўқолиб қолганидан уялиб... бир нарса дея олмаётгандир? У ана шу хижолатдан қутулиш учун чойнак кўтариб чиқа бошларкан, ковшандозга тушган жойида... юрагимни ўйнатиб, менга бир қараб қўйди-ю, бат-тар қимтиниб, бурилиб чиқа бошлади. Ё тавба, бош-қа пайтда «вой, эшон бола, бормисиз»лаб, устимда ўлиб-қутуладиган одам... энди мени танимаётгани ғалати эди. Холам уни узоқлатиб, жавобга оғиз жуфтладилар: — Бу келинимизнинг оти — Маҳфуза. Таниб олгин, Саломхон. Адашма. — Қанақасига... Махфуза бўлсин? — дедилар ойим. — Оллоҳнинг қудрати илоҳиясига салламно, Саломхон, салламно! — дедилар Нусрат почча бош тебратиб, таҳсин айтиб. — Эй-й, биз гумроҳлар, ниманиям биламиз — ниманиям? Султонмурод қаёққа гум бўб кетди, деб юрибмиз-да. — Ҳа-я, бировни хасмини опқочиб кетди деб юрибмиз, — дедилар Муҳаббат кеннойим, — у ёқда Мар-ғубага ўхшаган бир бошқасини пардаи исматида асраб қўйган экан-ку, Ўзи. — Тушунмадим, Султонмурод қайтдими? Буни ўша ёқдан ола келибдими? — дедилар ойим рўмолларини тузатиб ўрашга тушиб. — Қаёқда! У тинчимагандан ҳалигача дарак йўқ, — дедилар холам бунинг тарихи узун, кошки бир оғиз сўз билан тушунтириб бўлса, деган каби. Мен ҳаммадан бурун ҳалиги тарихни оча қолишса-чи, дейман. Марғуба кеннойим қаёққа йўқолган экан? Султонмурод акам-чи? Нега ўзи келмабди? Шуларни билгим келадики, у ёғи йўқ... Бу орада (айтишга ҳам ғалати) янги кеннойим (тавба, одам одамга шунчалар ўхшарканми!) қўли кўксида, чой кўтариб кирди ва: — Xуш келупсизлар, — дея ширин такаллум ила (чиндан тили бир ёқлиларникига ўхшар эди!) ўзи паст томондаги ялангқават кўрпача устига тиз букди. Ойим ўзларига келиб-келмай «Хушвақт бўлинг», деб қўйдилар-да, узатилган чойни олиб: — Келинпошшам, Сизни қайси томонлардан сўрийвуза? Бизани йўқотиб қўйган жиянувза-чи, омонми? У ёқда аянгиз, адангиз яхши юришибдими? — деб сўраша кетдилар. Янги кеннойим лов қизариб, ер сузди. Қизарганда яна ҳам кўҳлик тортиб кетаркан. Айниқса, қулоғи юмшоғининг таккинаси анордайин ёнарди. — Юришибду-юришибду... Ўшу Тангрутоғ томонларда... — деди узун-узун, оппоқ бармоқларини эзиб-езғилаб. У ич-ичидан турган бир қалтироқни шун- дай босармиди ё ўзими — билиб бўлмасди. Лекин овози ҳазиндан-ҳазин бўлиб, аллақандай тўлиқиб чиқар эди. — Султонмуроднинг ўзи билла келавурмабди-да,— дедилар ойим. — Келубла қолурлар... — у баттар қисиниб, қизариб кетган эди. Ўзини қўярга жой тополмас, бу тарз саволлардан қочиб, тураргами, чиқаргами маврид излар эди. Алоҳал чойларни узатиб бўлиб, ковшандоздаги оёқ кийимларни саришталар экан, холамларга маъноли қаради: — Ошнунг гуручину... нима қилай, солавурайму, опоғою?.. — Майли, болам. Фақат сал ивитиб солинг. Сув кўтарадиган экан бу гурунчимиз. Тирик бўп қолмасин,— дедилар поччага қараб қўйиб. — Ҳа, баракалла, шавладан тирикроқ, ошдан юмшоқроқ... Унинг отини нима дейдилар — «мўйсафид палов», — деб кулдилар почча. Ҳаммамиз у кишига қўшилиб, жовур-жувур қилишиб, бирпасда ўртадан бояги ўнғайсизликлар ҳам кўтарила қолди. «Олинг-олинг» билан дастурхонга қарадик. Бир ёқдан танчанинг иссиғи, бир ёқдан чой қўшилиб, ичга иссиқ кира бошладию бир фароғат туйиб, атрофга алангладим. Самоварнинг беозор жиғиллаган ашуласими ёки танчанинг атрофида ўтирган қариндошларимизнинг бир ширин мулозиматларими, «олинг, Саломхон, дастурхонга қараб ўтиринг», деб қисташларими, «Ҳой, Санобар, қаламтарошингиз бор, нокни арчиб қўйинг», деб холамнинг поччага иш буюришларими — нимадир менга хуш ёқиб, эриб ўтирибман. Унданам бурун Марғу кеннойимга ўхшаш бир ширин, бир кўҳлик янги кеннойилик бўлиб қолганим, акам ҳакда ажиб бир муждалар эшитишим мумкинлиги мени маст қилиб бормоқда. Ичим қизиб-қизиб келяпти. Нега ойим жим қолдилар? Чойни ича қолсалару шундан сўз оча қолсалар: акам бу кеннойимни юборишга юбориб, ўзи нега келмабди? Ҳозир қаерларда экан? Қачон келар экан? Билгим келяптики, у ёғи йўқ... Ойим ҳамон ўша ҳолатларидан, уни Иқбор отиннинг қизи ҳисоблаб, ғафлатда қолганларидан таъсирланиб ўтирган эканлар: — Оллоҳ-Оллоҳ. Иқбор отин кўрмасин. Нақ ўшанинг қизи-я! Одам одамга шунчалик ўхшар эканми, тавба? — дердилар туриб-туриб. — Ҳў-ўй, буям бўлса, Xудойимнинг марҳамати, Лавҳул Маҳфузга битилган тақдири азали, — дедилар почча одатдагидек бир тебраниб-таъсирланиб олиб. — Қолавурса, яна қандай ҳикматлари бор — ниманиям билардик биз? Барчаси ўзига маълум, ўзига аён. — Ишқилиб, етимларни ўзи ёрлақасин, — деб қўйдилар холам. — Ҳеч бандани қийнамасин жудоликка солиб... — Унда.. унда бояқиш Марғугина келинимиз қаёқда қолибди? Султонмурод опкетмаган бўлса?— дедилар ойим ҳамон унутолмай. — Қаерларда экан, қизгина? — Xудойимнинг даргоҳи кенг, дарагиям чиқиб қолар бир кун, — дедилар холам поччага қиё қараб, худди у киши бир нарса биладигандек. Аммо почча ўз хаёллари билан банд, қўлларида бир донагина узум, ўшанинг ҳам пўсти устида кўз ёшидай йилтираб турган томчидан нигоҳларини узмай қолгандилар. Бармоқлари орасига олиб бир силасалароқ у томчи, у «ёш» адо бўладиган, лекин унда нима кўриб турибдилар экан, силамайдиларам, артмайдиларам. Шунақа ўйга толиб кетибдилар. — Қийин-қийин, бояқишгинанинг онасига қийин бўлди, — дедилар ойим аллақандай чуқур тин олиб.— Ҳаммани ўқиб, дам солиб юрган хотин, ўзи ётди- қолди... — Куйиб кетган экан-де? — дедилар холам. — Секин айтасизми?!. Бир ўғлининг номини атаб чақирармиш, бир қизининг... — Ўғлига хабар қилишмабдими ҳалиям? — дедилар почча сесканиб, ўзларига келиб. — Ким бош қўшади, дейсиз, бунақа пайтда, — дедилар ойим. — Шуни айтинг, Саломхон, аскардан чақирволиш осон эканми? — дедилар холам ачиниб. — Унда мушт-дек қизчаси билан қоб кетибди-да, мусофиргина? — Яхшиям ўша қизи, қўшнилар бор экан, иссиқ-совуғига... Мен бу гаплардан хабарим йўқ эди, титраб кетдим. Кўз олдимдан ўша қизил тарам олмали ҳовли, ўша супа, ўша райҳонзору Марғу кеннойим билан боғлиқ воқеалар кечиб, аллақандай бетоқатландим! Кичкина Саидадан ҳам жаҳлим чиқди, ҳам ачиндим. Бир оғиз айтмабди-я.. Почча пишиллаб хўрсиндилар: — Катталарнинг олдига чиқиб борадиган, ўғлини чақиртириб берадиган бир мард топилмабдими?! — дедилар жаҳллари чиқиб. — Топилмабди-да, ўша... — дедилар ойим маъюс тортиб. — Эсиз... — дедилар холам ачиниб. Ўртага ҳеч гап сиғмайдиган жимлик чўкди. Менинг эса ичим ачишиб боряпти, қаеримдир куйиб кетяпти. Ҳаёт шунчалар бешафқат эканми? — Ким ўйлабди, келинимиз — унинг қизгинаси бедарак кетиб, бу эшигимизни сўроқлаб келади, деб. — Ҳаммаси Xудойимнинг хоҳлаши, синови Ўзи- нинг-ку, лекин... — ойим чой ичатуриб, бирдан қал-қиб кетдилар. — Ҳаллоқ де, Ҳаллоқ де, Саломхон, — дея холам у кишининг куракларига қоқдилар. Ойим ўша бир оғиз сўзни айтишлари билан тинчий қолдилар. Сўнг кўзларидан тирқираб чиққан ёшни артиб, поччага қарадилар: — Йўқ, мени бошқа нарса қалқитди: ростдан... ўзи сўроқлаб келдими? — Ҳа, шундай бўлди, Оллоҳнинг қудрати билан шундай бўлди, — дедилар почча, — ўзинг айт, Санобар... — Уч ҳафта бўлдимикан, даладан энди кўчиб тушган эдик, — дедилар холам ёруққа орқа ўгириб, ойимга қараб. Кечалари ҳадеб дўппи тепчийверганларидан холам ёруққа қарай олмас эдилар. Шунинг учун ҳозир кўзларини ёруғдан қочириб сўзлар эдилар. — Охунгузарлими, қаерли бир одам поччангни сўраб келди. Энди аср намозига такбир тушираяпган эдилар. Эшик орқасида туриб айцам, унда манам қазо қилмай ўқиб ола қолай, кеннойи, деди. Кира қолинг, тепадаги уйдалар, деб четга ўтиб турдим. Шошиб бориб, қаватларига кириб намоз ўтади. Сўнг салом бериб туришгач, ўзини танитибди. — Ҳа-ҳа, барака топкур, кўп иймонли одам экан,— деб тасдиқладилар почча. — Ўша ёқдан қўшворишганча қизим, деб чегарадан ўтказиб кепти, айтилган одамларни тоза излаб, сўроқлапти. Тополмагач, дараклаб бизникига келган жойи экан. Уят бўлсаям, келдим, маъзур тутасиз, дейди. — Ким қўшиб юборибди? Султонмуродми ё буни оталари? — дедилар ойим сабрлари етмай. — Йўқ, муникидагилар, — дедилар холам, — тўс-тўсда шу ёққи қочира қолишибди. Ҳарна қилса, Тошкан тинч, деб. — Қанақа тўс-тўс? Урушми? — дедилар ойим. — Уруш ҳам гапми, қирғин, Саломхон, қирғин, — дедилар почча қўл тўлғаб. — Уларнинг бошига тушганини Xудойим ҳеч кимга кўрсатмасин. — Почча учли гилам дўппиларини олиб, устарада қирдиришга кеп-қолган сочларини силашга тушдилар-да, яна бош тўлғаб қўйдилар. — Биз-ку, бир кунимизни кўриб, Xудо-обло деб ўтирибмиз. Аммо у томонларда ёмон бўбди, ёмон! Аввалига рўшнолик бериб, кейинига қонга ботиришибди. — Йўғ-е, у ёқда ҳам инқилоп бўлган эканми? — дедилар ойим ҳайратга тушиб. — Шунга яқинроқ, шунга яқинроқ, — дедилар почча, у ёғига гапни чўзгилари келмай ёхуд бизни чалғитиб. — Ҳай, Муҳаббатхон, анув мани ҳужрамдан бир дамламгина қорачой опчиқинг. Бу чоймас, турган-битгани хашак экан-ку, — дедилар. Лекин ойим ҳам, холам ҳам чалғимадилар, қайтанга бир-бирларига маъноли қараб олишди: — Бу ёқлардан бош олиб... ўша талатўпга кетганаканми, Султонмурод? — дедилар холам ачиниб. — Ман бошқачароқ эшитувдим шекилли, — дедилар ойим, — мўминларнинг боши қовушганмиш, давлат тузишганмиш, деб ким ҳам айтиб эди, Рустамхўжамиди, Иноғомхўжамиди?.. — Унисиям тўғри, бунисиям... — почча каттакон кафтларини курси четига босдилар. — Ким нима ниятда борган бўлса — боргандир, кўтарилган бўлса — кўтарилгандир. Аммо охири яхши чиқмабди. Ҳозир ини бузилган чумолидай тўзиб, ҳар ким ўз бошини асраш билан оворамиш. Ким бизни юртга, ким қозоқлар паноҳига ўтиб, ким Ҳиндистон тарафларга қочиб қутилаётганмиш. — Султонмурод жигаримиз-чи? Нима қилибди экан? Қайси ўр, қайси қирга урибди экан ўзини? Бояқишни шу насиба қувиб борган эканми у ёқлар- га? — дедилар ойим. — Қайтиб ўтолмай саранг, десангиз-чи, ҳали? — Ҳов-в, дариғ, — дедилар энди почча тўлиқиб. Шундай катта, басавлат одам куйинганда ҳатто ҳаво етмай «ҳов дариғ»лаб қолар эдилар. — Xудойим шу боланинг кўнглига қанақа ўтлар солган экан, қанақа уруғлар сочган экан, шу ёшга кирибам ўзини ўйламаса, тинчиб — туп қўйиб, палак ёйишни хаёлига келтирмаса! Кимлар ҳақида қўйғуриб, кимлар учундир бошини тикиб юраверса?! Кошки ўша эл билса! Вақти келиб, қаватига кирса. Кирмайди! Булар дорга тортилиб кетаверарам, улар томошабин бўлиб тураве-рарам. Машойихлар айтмишлар: «Жонни бергин — жонни жонга суққанга, жонни тиккин — жонни жонга қоққанга», деб. Бу-чи, адолатпешалик билан ҳеч ерга сиғмайди. Сиғса, ўтирмасмиди ти-инч бағри- мизда? Мен поччанинг оғизларига тикилиб қопман. Тўғри, у киши азбаройи куйиниб кетганларидан, акамга ачинганларидан гапиряптилар. Ўша жанггоҳларда бирон дайди ўққа учиб, беному иншон қолиб кетмасин, деб койиняптилар. У йўллардан қайтариб қололмаганларидан юрак-бағрилари эзилиб кетяпти. Мен буни сезиб турибман. Аммо шу билан бирга ҳов бир оқшом — акам Бўзсув бўйларини қароргоҳ тутиб юрган кезлари почча билан супамизда кўришиб, тортишиб қолганлари, ахийри ўзлари бир нима дея олмаганлари ёдимга тушиб-тушиб кетяпти, айланиб-айланиб келяпти. Акам ўзини ноҳақ деб билса, ўшандаёқ қайтмасмиди? Бошини шунча ғавғоларга қўйиб юргунча? Неча ўлиб, неча тирилгунча? Бир нарсани биладики, нафрати беададки... Фақат бир нарсага ҳеч ақлим етмаяпти! Акам, ўша жондан азиз акажоним, Оллоҳнинг марҳамати билан шундай суқсурдай бир парига йўлиққан экан, унга уйланган экан, нега энди келавермай... ёлғиз ўзини жўнатиб юборибди? Ўзи қаёқларда қолди экан? Xудди Марғу кеннойимдан ўша машваратларини, қароргоҳларини аъло кўргани каби! Каттабоғнинг тинчлигини деб, кимларни ундан қувиб чиқариб юргани каби! У-ку, майли, Каттабоғ эди. Ўз юрти эди. У ёқда-чи, Тангритоғ томонлардан нима излаб, нима топмоқчи? Шон-шавкатми ё бу ердан тополмаган адолатними? Ё қайтиш йўлини тополмай... ночору ноилож қолдими? Балки қўлга тушиб... Бошимга ўралашиб келаётган бу каби хаёллардан ич-етим музлаб, ўзим худди чуқур жарга қулаб бораётгандек бир ҳолга тушдиму секин ўрнимдан туриб, ташқарига йўл ола қолдим. Қулоғимга ҳеч нарса кирмас, бутун ўй-хаёлим ташқарида, ўша янги кеннойимда эди. Унга кўрина қолсаму секин ижикилаб бўлса-да, бир нарсаларни сўраб-суриштирсам. Акам қаерда, нимага бирга-бирга қайтмади — била қолсам... Ниятим ошхона олдидан ўтиб, янги кеннойимга бир кўриниш бериш. Кўриниш берсам, сўрашар-ку... Кунботардаги булутлар ҳийла сийраклашиб, офтоб ўшаларнинг ортидан мана ҳозир юз кўрсатиб қоладиганга ўхшар-у, кўрсата олмас, лекин бу оқлик оламни сал бўлса-да, очворгандай эди. Чиқсам, кунгай йўлкада (шундай биз ўтирган уй деразасининг тагида) ёлғиз сўфитўрғай турган экан, у мени кўриб пилдираб нари борди, тождор бошини эгиб, мунчоқ кўзларини бир ажиб тикиб, ажабсиниб қараб қўйди-да, яна ўз юмушига андармон бўла кетди. У йўлка бўйлаб ушоқми, нимадир излаб борар, ҳар замон алланималарни чўқилаб, яна пилдираб кета бошлар эди. Мен унинг орқасидан юрдим, у ҳам менга қарай-қарай пилдираб бораверди. Мен уни учирворгим йўқ, шу билан бирга янги кеннойимни ҳам кўр-гим кептурибди. Кеннойим эса, ўша ёқда — ошхо-нада. Назаримда, мана ҳозир чиқиб, тор йўлкада рўпара келиб қолса, кўзларим тиниб кетадигандек, кўзларига қарай олмай, ҳеч нарса сўролмай қоладигандекман. Қадамимни тезлатиб эдим, сўфитўрғай ҳам пилдирашини жадаллатди. Лекин ҳамон йўлкадан нарса териб, чўқилашини қўймасди. Бир кўзи мендаю бир кўзи ерда. Ризқини териб боряпти. Раҳмим келиб, тўхтаб эдим, у ҳам тўхтаб, ҳатто орқасига қайтиб, қолиб кетган бир нимани чўқилади-да, яна ошхона томон пилдираб кета бошлади. Етиб, ўша ерда айланди ва ичкаридаги биравдан чўчиб-ҳадиксираб, қадамини тезлатди. Ва шу вақт очиқ эшикдан икки юзи анордай қизариб, бир ҳокандоз олов кўтариб, ўша бирав — янги кеннойим чиқиб келди. Олов лахча чўғ бўлиб ёнар, унинг тафтию шуъласида бунинг юзи бўртиб, янаям гўзал бўлиб кетган эди. Шунда кўрдим, у қуйиб қўйгандек Марғу кенно-йимга ўхшар, фақат ўнг юзининг бир чеккаси — қулоқ юмшоғининг ёнгинасида тангадай бир нарса лахча чўғдек қизариб турар, гажаги сурилиб, очилиб қолган эди. Шу қўш нори билан у кеннойимдан ажралмаса — ажратиб бўлмас эди ҳеч. Бу орада унинг кўзи менга тушиб, бир дақиқа саросималанди-ю, йўл бера бошлаганимни кўриб, ширин жилмайди. — Узоқуб кетманг, ошну ёпдум, — деди аллақандай яқин олиб. Мен унинг қўлидаги оловданам бурун ана шу яқин олганидан, лов қизариб, қолаверса, нимага чиққанимни сезиб қолганидан уялиб, ерга қарадим ва шошиб қолиб: — Йўқ, узоқмийман, шўттаман, — дея олдим. Ва «қовун туширганим»дан қулоқларимнинг тагигача ёниб кетди. Назаримда, унинг қўлидаги ҳокандоздан уриб турган тафт ўн чандон ортиб кетгандай эди. — Шундайму? — деди у бир ширин қилиб. Xудди. «Вой, ману зериктируб қўймайин деган қайнужонумдан», деган каби эди. У йўлидан қолмай юра бошлаб эди, қўлидагини олишим кераклигини эслаб: — Менга бера қолинг. Мен турганда Сиз... опкирасизми? — деб эргашдим. — Йўғ-ий... қўлиз куяду, — деди у тараддудланиб. — Бераверинг сиз... — дедим қистаб. — Шунақаму? — у бир қадам чекилди-да, — шошуманг-шошуманг, — деб ҳокандозни ғишт-йўлкага қўйиб, тисланди. Йўлка яхлаган экан, ҳокандоз таги вишиллаб-жизиллади. Мен уни илкис кўтарибоқ ойимгилар ўтирган уйга юрдим. Почча оловни кўриб: — Ҳай, баракалла-баракалла, жиян нимага чиқди десам, оловга чиққан экан-ку, танчамизни бозиллатиб, дуо олмоқчи экан-ку, ҳай, баракалла, — деб алқай кетдилар, сўнг: — Ҳой, Санобар, танчани очвора қол, жиянни қўли куймасин, — деб холамни шоширдилар. Холам ўзлари ўтирган томонни очиб, сандалнинг оёқ қўядиганини кўтардилар. Мен оловни танчанинг чўғхонасига тўкдиму у ланғиллаб, кулхонани ҳам чўғхонага айлантирди-қўйди. — Ҳай-ҳай, сандал ёниб кетмасин, озгина кул торт устига, кул торт, — дедилар холам. Аммо почча унамадилар: — Қўй-қўй, олов солганимиз нима-ю, кул тортганинг нимаси?! Қишнинг зийнати-ку, бу. Қўй, бирпас танларимиз яйрасин. Бу оловни ёқиб чўғ туширганларнинг, опкелган мана бу жиянимизнинг дуои жонини қилиб ўтирайлик бирпас. Оғача кеннойингни чақир, ўзиям исиниб олсин, — дедилар. Кеннойим турп арчаётган экан, ҳокандозни қўйи- боқ, айтдим: — Ўзингизам кираркансиз, қутулиб қолган бўлсангиз. У қараб, чиройли бош силкиди: — Сал дам есун, хўп? — Xўп, — дедим-у, нима деяримни, нима қиларимни билмай йўлкага чиқдим. Тавба, ўзим нега чиқдим-у, энди бир нарса дея олмаяпман? Ахир, акамни сўраб-нетишга бундан қулай, бундан зўр маврид бўлиши мумкинми?! Юрагим гуп-гуп урганча ошхона олдида боряпман-келяпман, аммо қани забон бица, журъат тополсам. Бари бир сўрай олмадим, журъатим етмади. Афтидан, мен янги кеннойижонимни аярдим, уялтиргим келмасди... Уйга кирсам: ойимгилар у ҳақда гапириб, қулоғини қиздиришаётган экан, секин жо-йимга чўка қолдим. Аммо танча бир роҳатижон бўпти-бир роҳатижон бўпти (оёқдан борган иссиқ одамни домига тортиб, элитяпти!) Катталарнинг бу ёқдаги суҳбати ундан-да ажойиб эди. — Чегарадан ўраб-чирмаб, бир амаллаб олиб ўтибди-ю, бу ёққа келгач, боши роса қотибди-да, бечоранинг,— дердилар почча нимагадир тушунтириш бериб. Билдимки, гап кеннойим ҳақида кетаяпти. — Қора тортиб келган одамлари аллақачон кўчиб кетган, қаёқ-қа — ҳеч зоғ билмаскан. Нима қиларимизни билмай сарсон бўлиб қолдик, дейди бечора. — Барака топсин, омонат нималигини билган одам экан, — дедилар ойим ўзларича алқаб. — Қаёқдаги амакиваччаларига ишониб жўнатворишганини қаранг-а, — дедилар Муҳаббат кеннойи.— Бу ёғи катта шаҳар бўлса... — Энди уларам бу ёқни тинчроқ деб ўйлаган-да. Билишмайдики, — дедилар почча танча кўрпани тиззаларидан пастроқ тушириб ҳам оёқларини махсиларининг устидан силаб. — Билишмайдики, бу ёқда балиқ бошидан ириб ётипти. Дориламон замон қайда экан! Мен бу гапга тушунмай анграйиб қолганимни... ўзим сезиб, олдимдаги чойга алаҳсидим. Аммо қулоғим динг: ойим нима деркинлар, деб оғизларига қараб-қараб қўяр эдим. — Ишқилиб, суриштир-суриштирлардан тинчмисизлар? Биров билиб, биров билмай турса — яхши-я,— дедилар ойим. — Қаёқда? — дея холам қўл силтадилар, — қаердан ис олган, анаву ордона, айланади-келади, айланишади-келади, қурибгина кетгур. — Ким, Зокир бадбахтми? — дедилар почча. — Нима дейди? — Нима дерди, анг-шанглайди нуқул, сизларникида пропискасиз биров боракан, деб, кўрсатасиз, деб. — Кўрдими? — дедилар ойим оғизларидаги оғизларида, бўғизларидаги бўғизларида қолиб. — Қаёқда?! Кўрсатиб бўладими у исковучга. Xудонинг нақ бошли-кўзли балоси-ку,— дедилар Санобар опам. — Эшик тақиллаганининг ўзидаёқ ўрага яшириб қўювдим. Уч гал келган бўлса, учаласида ҳам тополмай кетди. — Шундан бери дарвозани занжирлаб ўтирибмиз,— дедилар холам. — Ким чақибдикин-а, кичикойи? Кўча юзини кўргани йўғу, бояқиш? — дедилар Муҳаббат кеннойи. — Қўни-қўшнидан бўлак ким сотади? Xудодан қўрқмаган бандасидан ҳар нарсани куца бўлади. Тўғрими, Саломхон? — дедилар холам. — Эрта кунда чўғ сўраб чиқадиганлар-чи? — дедилар Санобар опа нимагадир шаъма қилиб. Почча пишиллаб, орқаларидаги ёстиқни тортиб олдилару тиззаларига босиб, унга бағирларини берганча жим қолдилар. Сўнг бош чайқаб: — Гумон яхшимас, — дедилар қўшилмай. — Гумон бор ердан иймон қочади. Бунақа ҳусннинг довруғи тинганмас. Агар етти қават сандиқда сақлаганингда ҳам ахир бир кун чиқади. Ҳамма замонлардаям бўлган шунақаси. Шайх Санъонни динидан кечтирган, Маъдалихонни калласидан жудо қилдирган нима экан? Шу хусн-да. Темур замонида Шодимулк деган бир шунақаси чиқиб, бутун салтанатнинг инқирозига сабаб бўлган. Султонмуродинг ҳам чаккимас. Мана, унга ҳам шунақа биттаси — пошшоларнинг ҳам кўзини тиндирадигани учрабди. Билмадим, бу шўрими, бахтими боланинг?.. — Нафасиззи ел олсин, ҳой, Санобар. Бу нима деганиз? — деб холам товушларини пастлатдилар. — Ҳалитдан Сиз шунақа деб турсайиз... Почча соқолларини тутамлаб-силаб, қиқирлаб кулишга, холамни кулиб енгишга тушдилар: — Xўп-хўп. Xўп, ана, илоҳим қўша қарисин. Ўзи келиб, бизни бу ташвишлардан қутқарсин! Энди қутулдимми? — Демай ҳам кўринг-чи, асрамай ҳам кўринг-чи. Ҳаммалари холамнинг пўписаларидан кулишиб туришган эди, бир талинкада қирилган туруп, бир косада суви билан кертилганини кўтариб кеннойим кириб келди. Мен шундагина ялт этиб юзига қараб, бамисоли осмондан узилиб тушган ой сузиб кириб келаётгандек кўзларим тиниб кетди. Унинг ҳусни почча айтганларича бор, ўзи ўша Марғу кеннойимга ўхшар-у, лекин ундан ўн чандон гўзалроқ эди. Xудди ўша Мар-ғу кеннойим бир илоҳий кавсар сувдан ичиб қўйгану жаннатнинг ҳур қизларига ўхшаб қолгандай эди. У қўлидагиларни дастурхон устига қўйиб, холамларга жавдираб қаради: — Битта чиннуга... сузиб келавераюнму, опоғоюв?.. — Майли, пошша келин, қўлингиз дард кўрмасин, илоҳим, — деб алқаб изн бердилар холам. У дастурхондаги ортиқча талинкаларни олиб, ош сузгали чиқдиям, ойим холамга қарадилар ҳам: — Ҳалиги... биз келганда чиқиб кетаётганларам шуни дарагини эшитиб келишбидими? Ё Миноварга эдими? — Қаёқда! — дедилар холам ичаётган чойларидан қалқиб. — Минаварга бўлса жон дердим-да. Ўзини кўрибам ўсмоқчилашади нуқул: бошқа қизизам борми, деб?.. — Зумрад билан Қиммат бўпти-да, опа? — деб кулдилар ойим. — Ҳа, шуни айтгин... Кейин ош келди, ҳов бирдагидек — холам билан почча бизникига боришгандагидек зўр палов бўлган экан, бармоқлар орасидан ёғини оқизиб, мақтаб-мақтаб ея бошладик. Янги кеннойим жудаям тортинчоқ экан. Ўнта қистаганларида битта қўл чўзар, шунда ҳам тўртта гуруч олиб-олмасди. Лекин кўзи ойимгиларнинг пиёласида, бўшади дегунча чой қуйиб турибди. Узатгандаям ҳар гал ўрнидан туриб, тавозе-ла, чимилдиқдан энди чиққан келинлардек пиёлани уч бармоғи устига қўндириб, узатиб турибди. Бунга сари почча: — Ҳой, ойим, ҳой келинпошша, тўлдириб-тўлдириб, қуяверинг, энди ўзимизникисиз, — деб қўядилар. — Бунақа қилсангиз, бугундан чой қуйдирмаймиз. Ана, Минаварнинг ўзи қуяверади. Ошгаям қаранг, — деб қистайдилар холам. Тангритоғлик кеннойим: — Xўп, опоғойў, олуппан-олуппан, — дейди-ю, яна бўшаган пиёлаларга алаҳсиб, буларни чалғитади. Мен эсам, тергаш навбати ўзимга кепқолмасидан ҳайиқиб, ора-чира лаганга қўл узатиб турибман. Аммо-лекин мана бундай танча атрофида жам бўлиб ўтиришимиз, айниқса, ой деса ой, кун деса кундек гўзал кеннойимнинг чой қуйиб бериб, бедарак кетган акамдан бир ёруғ мужда бўлиб қаршимизда ўтириши менга шунақа ёқяпти эдики... Мен ундан жуда кўп нарсаларни сўрагим, билгим, акамнинг дарагини эшитгим келар-у, журъат ҳам, маврид ҳам топа олмасдим. Қачон бир мавриди келади экан, буни ҳам билолмасдим. Ниҳоят, ошга фотиҳа ўқилиб, лаган олинди. Ким қозон ювгани, ким идиш-товоқларни бир ёқли қилгани чиқди. Муҳаббат кеннойим ўз уйларидан хабар олгани, Санобар опа поччага жой солгани турдилар. Танча атрофида холаму ойиму почча қолдилар. Ошдан кейинги чой хуш ёқиб, самоварнинг ора-чира «тирилиб қолиб» жиғиллашига қулоқ бериб-бермай у ёқ-бу ёқлардан гаплашиб ўтиришаркан, кутилмаганда почча жонланиб: — Ҳой, Саломхон, айтмоқчи, қутлуғ бўлсин! Бу жиян катта йигит бўлиб, довон ошганмиш, инистуларга кирганмиш! Кечагида Гулчеҳра айца, «Салом опоқини ўғиллари биза билан ўқивотти», деса бир қувонибман-бир қувонибман. Зўр иш бўпти-ку, — деб қолдилар. — Ўзи кириб келди, почча, биров орқасидан борибам юргани йўқ, — дедилар ойим ич-ичларидан фахр-ланиб, — кўзувуз тиригида ўқиб қолсин. — Кўп яхши бўпти-да, — дедилар у киши. — Беш йил нима — кўз очиб юмгунча ўтади-кетади. Ана, Асатулланики ҳам яримлаб қолди. — Ило-ой, ёлғизларни ўзи қўллаб, ойинг роҳатинг-ни кўри-иб юрсин, — деб холам куракларимни силаб қўйдилар. — Озгина қийинчиликни ўзингга олсанг...— битириб оласан. Балки... даладан қатнашга қийналаётгандирсан? — Етиб келяпман, — дедим мен ийманибгина. — Ойим бомдодга турганларида уйғотиб қўядилар. — Олди сутчилар билан кетади, — дедилар ойим. — Жуда эрта экан-е, эрта. Устига-устак ҳар куни қатнашни айт, — дедилар почча мен учун қайғуриб. Кейин ойимга ўгирилиб сўрадилар: — Ҳой, Саломхон, шўтта қолавурса-чи? Ана, қанча уй ҳангиллаб ётибди. Ётиб ўқийверсин! Ойим танча кўрпанинг қавиғини текислаб — хаёлланиб қолдилар. Мен эсам, бир чеккаси қандай яхши бўларди, деб учиб-қўниб турибман-у, бир чеккаси ойимларга ачиняпман: унда ёлғиз қоладиларми, Асол холамларга ўхшаб? Йўқ, қийналсамам... Ойим бошларини кўтардилар. Юзлари ёришиб бир у кишига, бир холамга миннатдор қарадилар: — Майли, почча, қолдирсам-қолдирай. Фақат сиз ҳам янги келинпошшани менга қўшворасиз. Мен ҳам ёлғиз қолмай-да, ахир. Ҳаммалари ялт этиб, бир-бирларига қарашди. — Ҳо-ов, балли. Балли, Саломхон. Xў-ўп, савобга қолардингиз-да, — дедилар почча ойимнинг топқирликларига беш кетиб, ҳам рапидадай кафтларини тиззаларига ура-ура. У киши бу гапни айтолмай ўтирган эканлар-у, ойим, ойижоним буни қайдан сеза қоптилар?! Уяммас, буяммас, мен бу ерда қолиб, ўрнимга янги кеннойим кетаётганидан ҳайратда эдим: қа- ранг-а, Марғу кеннойимга буюрмаган уйлар... унга буюрмоқда эди. Нима бу — ё тақдир деганлари шумикан?.. Навбат Ёдгормуродга Етибдими? Биз ҳикматига етолмайдиган воқеа-ҳодисалар қанча-я, тавба. Қуроқлар ҳам узиб кетолмайдиган ип қидириб, иш орасида дўконга чиқиб қайтаёцам, кўкдан таниш садолар келяпти. Тўхтаб қолаёзибман. Қулоқ тутиб, зингил солсам, шаҳар устилаб роса ҳориб-толган, қўнарга бир макон тополмаган турналар зўрға-зўрға қанот қоқиб, бир ипга тизилишиб келишмоқда. Аҳён-аҳёнда «етиб қолдик-етиб қолдик» дегандек бир-бирларига далда бериб қўйишади, бояқишлар. Беихтиёр кечаги воқеа ёдимга тушиб кетибди. Томда қуроқ учираётган эдик. Ипини охиригача бўшатиб, сўри ёғочига боғлаб ташлаганмиз: ўзини осмон ютиб, кафтдек бўлиб қолган-у, дариллаши баралла эшитилиб турибди. Бу ёқда шом тушиб, ивир-живири дарахтларнинг теппасигача ўрлаб чиқиб борган, лекин қани Ёдгортойни томдан туширолсам. — Шошуманг, бирпас турайлук. Юлдузлар ёнсун, кўрайлук, — дейди нуқул. Мен унинг кўнглига қараб: — Майли, ёнса-ёнсин, — дедим. Ниҳоят, кўкнинг қора барқут духобасида бирин-сирин инжулар пайдо бўлиб, мен яна қистадим: — Бўлди, тушдик. Ойим уришиб берадилар: қоронғуда томда юрилмайди. Бу ёғига жинларнинг куни туғади. Ўзини эса кўтариб ола қолдиму нарвондан битта-битта туша бошладим. У жинданми, нимадан чўчиб, бўйнимдан маҳкам қучиб олган, миқ этмасди. Лекин ерга қўйишим билан савол халтаси очилди-кетди: атрофимда гир айланиб, ҳали у, ҳали бу билагимга осилади, енгимдан тортқилайди: — Ўша жинлар қуроққача ета оладуларму, амақу?! — Ета оладилар,— дедим, нима деяримни билмай. — Ундан нару-чи, ўта оладуларму? — Йўқ, юлдузлардан қўрқадилар. — Қуроқимуз-чи? — Тураверади. Биз боғлаб қўйдик-ку, ахир. Аммо у тинчий олмасди: — Амақу, амақу... узуб кеца-чу? — Узса, янгисини ясаб бераман, — дедим. — Янгуси бунақа чиқмайду-да. — Унда... тушириб ола қолайлук, — дедим кўнглига қараб. — Йўқ-йўқ, учавурсин-учавурсин, — деб ўйноқлади у. — Бўлмаса, кирдик. Ўзи орқамдан эргашиб келяпти-ю, саволини қўй-майди: — Амақу-амақу, кечаси анувлар келса-чу. — Яна нималар? — деб қайрилиб тўхтадим. — Анув «қурув-қурув»лар-чу. — Турналарми? — Ҳа-да. — Келса, нима қипти? — Урулуб кеца-чу?.. Мен баралла кулиб юбориб, елкасига қоқдим. — Ҳў-ҳў, уларни билмаскансан! — Нега? — деб сўниқди у. — Улар сезгир! Арғамчисининг бошию учида ҳар қўриқчилари борки... — Қанақа қўриқчу? — У азза-базза йўлимни тўсиб туриб олган эди. — Сен уларни нима деб ўтирибсан! — дедим тушунтиришга уриниб. — Бирор ерга қўниб, нафас ростламоқчи бўлишса ҳам ўша қўриқчилари мижжа қоқмай бир оёқда туриб чиқишади, билдинг. — Нега бир оёқда, амақу? — Бўлмаса, ухлаб қолишади. — Ҳа-а, зўр экан!.. Эрталаб турсак қуроқ ипини узиб кетибди. Ҳов, бедапоянинг ўртасидан топиб келдик. Мен унақа-бунақа қуроқ узолмайдиган ип олиб келишга ваъда қилганман. Ҳозир ичи тушиб кутиб ўтирибди. Хонамга кириб борсам: — Э, баракалла, қаёқда юрасиз? Уйиздан неча қайта сўрашди, — дея эсхонамни чиқаришди. Ичимдан оловим чиқиб: — Нега экан? — дедим. Булар сўрашмабди, улар айтмабди. Ичим тушиб, ҳеч ерга сиғмай ўтирсам, ҳайтовур, яна чақириб қолишди. Чопиб борсам, аёлим... — Адаси, ўзизми? — Мен-мен, нима гап? — дедим юрагим бўғзимга тиқилиб. — Ишдан келсам.. шаҳардан одам чиқиб, Ёдгоризни... — Ким чиқиб?! — деб юборибман. — Одам, — деди у. — Қанақа одам? Қаёққа опкетади? Ойимлар-чи? — Қандай бермайдилар? Катта буваси сўратиб турса, — деди у. — Қанақа буваси? Бува нима қилади унда?! — деб бақириб бердим. — Мен билмасам, адаси... — Xўп: бувасининг номидан келган... қандай одам экан? Суриштирмай бериб юбораверадими? — Машинада опкетган одамларни айтяпсизми? — Кимни бўларди?! Жилла қурса, машинасини эслаб қоптиларми? — Эс-ки «Победа»муш. — Ичидагилар-чи? — Бинойи кийинган, сипо йигит дейдилар. — Ёлғиз ўзи эканми? — дедим тасаввур эта ол-май. — Йўқ, қўшниларнинг айтишича, машина орқасида бир милиса ҳам ўтирганаканмуш. — Э, баракалла сизларга! — дедим заҳримни кимга сочаримни билмай.— Бўпти, мен ўшанақаси ўтиб бораман, — деб телефон-қулоқни жойига ташладим... Нега ўшанақаси дедим, ўшанақаси деганда нега Ёдгормуродларникини назарда тутдим — ўзим билмасдим. Назаримда, уларни авраб, болани олиб кетган кимса, албатта, Чаман акаларникига кирган, Ёдгорни суриштириб билгандек эди. Аммо ўзи ким, Кемшиктойни ўғирлаганларга қандай даҳли бор — ҳеч тасаввур эта олмасдим. Бувиси ҳам эмас, буваси эмиш! Ол-а, шоввозлар! Роса буларнинг кўзини шамғалат қилиб кетворибдими?! Чаман акам келган тақдирда ҳам бундай қилдирмасди-ку. Бу ерда бошқа гап бор. Бошқа биров келган. Қолаверса, кеча кечаси қуроқнинг ипини узиб кетиши, мен янги, маҳкамроқ ип қидириб юришим, шу пайтда ҳориб-толган турналарнинг шаҳар устилаб ўтуви — буларнинг ҳаммасида бир сир бордек, ҳаммаси бир-бирига боғлиқдек кўринар, миямдан Ёдгорнинг анув гапи, булар қуроқимизга урилиб кетмайдими, дегани кетмасди. Мана, энди ип топганимда ўзини олиб кетишганмиш. Тавба, Қумлоққа сўроқлаб боришдан бошқа йўл кўролмасдим. Бошқа қаердан ҳам излардим уни? Ўзи нималар бўляпти? Кемшиктойнинг йўқолиши, Сариқ мошак бир девонага эргашиб кетиши — тушунарли. Тушунса бўлади. Анави сувилондан азбаройи безганидан кеца кетворгандир. Лекин Ёдгормуроднинг йўқолиши... — далага топиб бориб, олиб кетишлари-чи? Ғаройибдан ғаройиб эди. Негадир ўзимни доғда қолгандек сезиб кетяпман. Эртага Чаман акага нима дейман? Онаси — кеннойимнинг олдига қай юз би-лан бораман? Ким, қайси номард журъат этибди бу ишга? Ўша Калковуз бўйидаги таниш хонадонга борсам, ҳаммаёқ сув қуйгандек жимжит. На чимирилган «сув-илон» кўринади, на юзини сепкил босган Кемшиктой. Якка тавақа эшикни очиб, ичкарига кириб борибман ҳам, ошхона олдига ўтиб чақириб турибман ҳам, қани биров овоз берса. Ниҳоят, уйнинг орқасидаги ҳовуз томондан уч-тўртта эски бағаз кўтариб, пешонасини қийиқ билан танғиган одам чиқиб келди. У мени эшитди, десам, курси устига чиқиб, бағаз боғлашга уннай кетди. Ноилож, чақириб боравердим. Боғ қоровулининг роса «том битгани»га учраган эканман. Унинг қулоғи ёнидаги зирак-аппарати «ўлиб қолган»ми, ёнига борганимдагина кўрибди. У соч-соқолига оқ оралаб, қошлари тикрайиб ўса бошлаган оғиркарвон одам экан, саломимга алик олиб, пастга тушди. — Келинг, жиянми? — деди зирагини тўғрилаб. — Биттаси ҳар вақтдагидек йўлга кетган. Токлар ҳам қаровсиз қопти, — деди ишкомларга ишора этиб. — Бошқалар-чи? — дедим. — Бошқаси — идорама-идора юрибди! — деди ачиниб, — лекин аёл — аёл-да. Аёл кишининг қўли қаерга етарди. Нима дедингиз? «Сувилон»ни айтаяпти. Ахийри қулоғига чўзиниб дедим: — Идорама-идора болаларни суриштирибми? — Азага борган хотин ўз дардини айтиб йиғлаганидек, мен ҳам «ўз дардим»дан келар эдим. — Кечирасиз, тушунмадим, — деди боғбон қўлини қулоғига тутиб. — Болаларни айтяпман, қай бирини қидириб кетдилар? Оғиркарвон одам елка учирди: — Билмасам, жияннинг саннашидан асрандиси шекилли, — деб туриб, қўшиб қўйди. — Ҳа, айтмоқчи, анув ширинтой ҳам кўринмайди. Ижарада турган келиннинг жужуғи. Сўрамабман ҳам. Сал енгил тортган жойимда ичимга қайта оғир тош чўкди. «Уни булар сўратмаган экан-ку, сўраца шу ерда бўлмасмиди?!» — Ичкарида ким бор, буви бормилар? — Борлар-борлар, ўтирибдилар шуларнинг дуои-жонини қилиб. Кираверинг. Оғиркарвон боғбон (буларга тоға бўлса керак) зирак-аппаратини ўчириб, курсига чиқди-да, кўтарилган ток новдаларини боғлашга тутинди. Мен ўзим билган уй томон юравердим. Ё қудратингдан, бу мўъжазгина, саранжом-саришта уйда аттор қутисими, нима бор эди, кирмасиздан аллатовур ифор ҳидларга қўшилиб, бир ажиб бўй — қалампирмунчоқ1 ҳиди гуркираб келар эди. Афтидан, Ойтўра буви менинг қорамни кўрибоқ кўнгиллари бўшаб, бир ерга етганлару яна кўзёшларини апил-тапил артишга уриниб, қўллари билан калампирмунчоқ шодасини ушлаб қўйгандек эдилар. Мен шунинг устига салом бериб кириб бордим. У киши (киприклари ўша-ўша нам, ўзлари ийманган ҳолларича) мени қаршиларканлар, юзларига нур иниб бормоқда эди. — Келинг, айланай. Ваалайкум ассалом, мирзо йигит. Xолангиз ўргилсин, бормисиз? — у киши тасбеҳларини тиззаларидаги оч қўнғирранг тивит адёл устига ташлаб, қўлларини чўзиб эдилар, мен энгашиб елкамни тутиб бордим. Ва шунда дўланаранг тасбеҳ учида қалампирмунчоқ шодачаси борлигини кўрдим. Ҳа, мана, гап қаерда эди! Буви елкамга қоқиб, пешонамдан ўпганлари камдай, қаншаримни силаб қўйдилар. Бир роҳат сездим, бир роҳат сездим. У киши қўл очиб, дуо қилар эканлар, ҳатто нима ташвишда келганимни-да, унутаёзган эдим. — Яхшиям сиз, сиздай хабар олгувчимиз бор экан. Xудойимнинг ўзи меҳрибон-да, Чаманимнинг ўрнигаям сизни етказиб турибди... Оҳ, кошки ўзим келган бўлсам! Мен бош эгиб, ер чизиб қолган эдим. Аммо сир бой бериб бўлмасди. Шу заҳоти ўзимни ўнглаб: — Ҳалиям қайтмадими у ўйинқароқ? Биз ҳувиллатиб кетибмиз-да, уйларингизни? — дедим, аммо қани Ёдгор ҳақида айта олсам. Тилим тугиғлик, дардим ичимда эди. — Асалим шунча жойларга югурибам ҳеч иш чиқаролмади. Осмон узоқ, ер қаттиқ. Аёл киши — аёл экан. Мана, ўзиям билди, бояқиш. Мавриди келган эди, сўрай қолдим: — Милиса-чи, келмадими? Ҳамма нима ғамда, мен ўз дардим билан эдим! — Келди-келди, бу ёққа кирмади-ю, лекин тепагача чиқди, — дедилар буви. — Тепада — болохонада мақиб юрибди? Акбартойнинг масаласида келган бўлса? — Билмасам, — дедилар у киши ҳам ҳайрон қо-либ.— Аввал Асал билан бир нималарни гаплашди, кейин чиқди. — У кишини эргаштирибми? — дедим ичим ғурмишлаб. Мен изқуварнинг дарди нима экан, билолмасдим. Ёки Асалнинг ўзи оғзидан гуллаб қўйдимикан, Чаман акам йўғида? Ҳаммасидан шуниси мени талвасага солиб қўйган эди. Буви бош тўлғадилар: — Йўқ, тушавермагач, чиқди шекил. Шундан ке-йин, хўп, опахон, хўп, бехавотир бўлаверинг, дараги чиқиши ила хабар қиламиз, деб чиқиб кетди. — Қизиқ, нима излаб келибди? — Болаларнинг суратини сўрабдимиш. — Иккаласиникими? — Асални гапи-да... Мен балки хато эшитгандирман. Менга шунинг ўзи кифоя эди. Бекорга болохонага чиқмаган, суратини сўрамаган. Кўриниб турибди, бизникига Ёдгорни излаб борганам, бу ерга сурат сўраб келганам — шулар. Аммо у ким, қандай нобакор? Милиса формасини кийиб олиб, ҳаммани лақиллатиб юрган изқувар? Буви афт-башарасини кўрмадилармикан? Шунча ташвишлар билан ҳам у кишининг юзларидан анави ғаройиб нур камаймаган, бу нур юзларининг руҳиданми, ич-ичиданми силқиб турар эди. У кишининг дилларини оғритиб қўймасликка тиришиб, сўрадим: — Ойнадан бўлса ҳам кўрдингизми ўзини? — Кимни? Ўша милисаними? — Ҳа-да. — Ўтганда-ку, яхши илғамовдим, лекин қайтганда кўрдим. — Юзиними? — Ҳа, илгариям бир келган шекилли, Чаманимни сўроқлаб... Анча йил бурун. — Демак, эски ўртоқлари... Шундайми? Буви бош чайқадилар: — Унисини билмадим. Лекин ғумалоқ юзли, қозоқбашара йигит эди. Ҳозир ҳам кўз олдимда турибди. Қизил шапкаси ҳам тусини ўзгартирмаганди. — Э, уми? Xудонинг ҳўл балоси! — деб юборибман. Ўзимнинг гапимдан ўзим уялиблар кетдим. — Йўғ-е, сипо кўринди-ку, — буви кишини бунчалик ёмонлаш жоиз эмас, демоқчи бўлардилар. Мен гапимни сипоришладим: — Чаман акамдан ҳайиққан-да. Агар ўша Эски Жўванинг милисалигидан ҳайдалиб, бизнинг ёққа ўтказилган одам бўлса, мен уни биламан, — дедим. — Қайтаришибдимикан яна? — Танисангиз, суриштириб кўринг. Ўзи кўнгли ўксик эди, қаерларда қолдийкин, болам бояқиш, сиғинди бўлиб?.. Мен ҳалиги гапдаёқ адо бўлган эдим. Бошим гир айланиб, кўзим тиниб-тиниб келармиди, ё туришга интилармидим, ишқилиб тезроқ кета қолсам, деб қолгандим. Ахир: ҳувиллаблар қолдик, Ёдгортойни қачон опкеласиз, деб қолсалар, нима дейман? Қайси тил билан мен — ўзим уни излаб юрибман, дея оламан? Ундан кўра... — Менга жавоб берсангиз, — дея олдим ахийри тил-забон битиб. Яна: дуо қилинг, деган каби қўлимни очдим. — Илоҳо омин, оғир кунларда бизга бўлишибсиз, Сизга ҳам қайишадиганлар кўп учрасин. Биздан қайтмаса, Оллоҳдан қайцин. Қайси яхшилигимни айтадилар? Ҳали билмайдилар-да, куппа-кундузи болани олдириб қўйганимизни билсалар, нима дердилар экан?!. Тезроқ кетиш керак! Кимнинг гапи — топшириғи билан қилди экан? Бу ёққа келгани етмагандай, бизникигача қаердан топиб бордикан? Яна шунчалик қисталанг опкетгани-чи? Нимага шошган, ошиққан? Турдим. Мингта Қўқон манзиратлар билан хўшлашиб, чиқа бошладим. (Бу манзиратлардан ичим сидирилиб боряпти). — Кеп туринг-а, йўқ бўлиб кетманг-а? Чаман акангиз ҳам тайинлаган-а? — Xўп-хўп. Эсимда. Кемай қаёққа бораман?! Анави ток тараётган «зиракли» тоға билан ҳам хайр-лашиб жилаяпман-у, ичкарида бир нимасини унутган одамдек, галдирардим. Кўзим ҳадеб анави болохонали уй деразасига кетиб-кетиб қоляпти. Назаримда, ўша дераза тавақалари бирдан ланг очилиб, ўша той бо- ла — Ёдгормурод: — Амақужон! — деб чақириб қоладигандек, қайрилиб қараганим-қараган. Аммо қани, чақирса! Чақирмасди! Энди у уйга киришга, уч ёғидан уч хил одам кўринадиган у сувратни кўришга йўл бўлсин! Назаримда, ўша азизларим «Нима бўлди? Бизни Ёдгормуродимизни, ширинтойимизни нима қилиб қўйдинг? Нимага асрай олмадинг?», деб туришгандек, таъна этишаётгандек. Мен эсам, қўлимда турмадан тортиб, энг олий идораларгача кириб боришга қодир ҳужжат туриб, қаерга боришни, кимга учрашни билмасдим: Бизни ким чув тушириб кетди экан? Ўша бинойи, сипо йигитнинг ўзи ким? Уни ким бошлаб борибди? Ўша қозоқ башарами ё бу уними? Ажратиб ол-чи? Мен Калковуз бўйида худди иссиқлаб кетган одамдек юзимни пишиб-пишиб чайганча, ўтириб қолган эдим. Наҳот ўша суллоҳ уни эргаштириб бориб, болани олиб кетган бўлса? Мен уни кошки билмасам... Xоламларникида турганимда неча марталаб суриштириб борган. Мениям, кеннойимниям... Бир куни ўқишдан қайцам, дарвоза олдида қоққан қозиқдек турибди. Мени кўриб: — Ия, жанобларининг ўзлари-ку! — деди ирша-йиб, — ҳалиям шўттамисан? Жариманинг каттасини солмагунимча туравурасан шекилли. Уйда ким бор? — деди мишиллаб. — Билмасам, кўриб турибсиз, энди келяпман, — дедим дарвозани очишга шошилмай. Ётганидаям ки-йимини ечмай ётадими, формасини ёғ босиб, ёқаю тирсаклари, тиззалари ялтиллаб кетган эди. Кейин ундан ачимсиқ махорка ҳиди анқиб ётарди. — Почча қаердалар? — деди ичкарига ишора этиб. — Таҳорат оляпгандирлар-да, — дедим сир бермай. — Xола-чи? — деди суриштиришини қўймай. — Билмасам, — деб елка қисдим. — Меҳмон-чи? — деди у дабдурустдан. — Қанақа меҳмон? — дедим анграйиб. — Ўзимми? — Сен — отни қашқасини билмасканманми? Анув келинни айтаяпман. Чегарадан ўтиб келган-чи! Кимни гел қиляпсан? — деб ўдағайлади. Дамим ичимга тушиб кетди. Лекин бу ипирисқига айтиб бўладими! — Мен... унақа меҳмонни кўрганим йўқ, — дедим кўзимни лўқ қилиб. Xудди у ишонадигандек яна қўшиб қўйдим, — бошқаси билан адаштираётгандирсиз. У мазах қилгандай иршайди: — Ҳе, қишлоқи!.. Кимни лақиллатмоқчисан?! Аввал мишиғингни эплаб ол, — деди-да, ипга осиғлиқ чўпни тешикка тиқиб эди, занжир тушиб, эшик очила қолди. — Бошлайдиларми ё ўзим кириб бораверайми? — деди мени масхаралаб кулиб, сўнг қорни ғарч-ғурч босганча тепа уйга қараб чақириб бораверди: — Ҳов, ким бор? Қараворасизларми бундоқ! Почча намозни бошлаб қўйганлар шекилли, ёлғиз нокнинг рўпарасидаги ойнаванд равоннинг эшиги очилиб, зинада Муҳаббат кеннойи кўриндилар. У киши адл қоматли, хонзодаларга ўхшаб қаддиларини ғоз тутиб, бир чиройли юрар эдилар. Шу юришда виқор тўкиб кела бошладилар. Милиса уларни кўриб, қадами товсиллаб, ошхона эшигида тўхтади. — Кеннойижон, узр, — деди ялтоқланишга тушиб,— хизматчилик. Сизларникида... — Нима, бизларникида?.. — дедилар Муҳаббат кеннойи пинакларини бузмай. — Бепрописка одам... турипти экан. Шунақа хабар тушиб... — Ким экан ўша... хабаргир? Қаний?.. — деб у киши қўл чўздилар. Мен ортда — ўз дарсхонам эшиги кесакисига суяниб турардим, оқибати нима билан тугаркин деб. Участковой ҳали у, ҳали бу чўнтагини кавлаб, талмовсиради: — Ие, қопти-ку. Кечирас, идорага ташлаб келавурибман. Муҳаббат кеннойи пинак бузмадилар: — Қолган бўлса, опкелинг. Мен бир кўрай, ўша туҳматчини! — Энди, кеннойижон, — деди милиса, — опкелганимдаям беролмайман сизга. Қонунда йўқ. — Шунақами? Xатни текширишга қонун бор, кўрсатишга йўқми? Кимни лақиллатаяпсиз? Қани, бир туёғингизни шиқиллатворинг-чи?! — деб у киши қўлларининг орти билан товуқ қўригандек ҳайдашга тушган эдилар, у қизариб-бўғриқиб кетди. — Мен билан ўчакишманг, кеннойи. Охири яхши чиқмайди, — деди пўписага кўчиб. — Биламан, сизлар хориждан ўтиб келган одамни... яшириб ўтирибсизлар. Биронтанглар қамалиб кецанглар... — Вой-вой-вой, қўрқитиб юбординг-ку, жуда. Аввал топ-да, кейин гапир!— дедилар Муҳаббат кеннойи. — Қўймаяпсиз-ку, ахир, — деди у. — Бор, ана, топиб олақол. — Муҳаббат кеннойи йўл бериб, четланган ҳам эдиларки, почча тўрдаги уйдан чиқиб келдилар. Кейин новвотранг хассаларини тиззаларига олганча, деразанинг пастак тахтасига чўкдилар. (Бир вақтлар расм бўлган шекилли, ўша тўрдаги уйнинг иккала деразасига ҳам ўрнатилган арча қопқалар ўнгиб кетган эди). У киши кафтларини қошларига тутиб, унга зингил ташладилар: — Зокир, ўзингмисан, қизиғар? Нима бало, бетта биз туришимизни... унутиб қўйдингми? — дедилар нимагадир шама қилиб. — Ассалому алайкум, почча, ўзингиз шўттайкансиз-ку, — деди у ҳайтовур саломини унутмай. — Ваалайкум, ваалайкум... Ҳа, сени нима жин урди, Раҳматулла аканг қаерда ишлашини билардинг шекилли? — дедилар у киши. (Раҳматулла ака Муҳаббат кеннойининг эрлари, аллақайси катта идорада ишлайдилар). — Биламан, почча, биламан, — деди у анча ҳовридан тушиб. Сўнг беш қадам наридан тавозеланиб бора бошлади. — Лекин хизматчилик экан, илож қанча? Ҳужранинг қия очиқ эшигидан Минавар опам мўралаб, айвонда қора духоба пахталикда холам кўриндилар. Почча эса, милисанинг киприк қоқмай ёлғонлаши наша қилиб, қиқирлаб кулдилар. Балки жаҳллари келиб, кулги билан енгаётгандирлар... — Xизматчилик, дегин? Қизиталоқ, бу сенга хизмат топиб берадиганларам кўпайиб қопти-да, а, Зокир? — деб тегишдилар. Сўнг қўлини олиб, афтига ҳам қарамай бош чайқарканлар, дабдурустдан сўрадилар. — Агар тополмасанг-чи, нима бўлади? Жазолашадими? Зокир қўлини бўшатолмагани устига нима деярини билмай гангиган эди. — Жазо-ку... беришмас, лекин гап тегиши мумкин,— деди. — Шунақадан икки-уч марта бўлиб қолса-чи? Бўшатвормайдими, қизиталоқлар? Бу гапдан у баттар довдираб, елка қисди. Почча қўлини қўйиб юбориб, хумдек бошларини сараклатдилар: — Чатоқ, чатоқ, Вазифанг оғир экан, Зокир, — дедилар. Ва кутилмаганда: — Ана, бор, қирақол. Xоҳлаган жойингни титиб чиқа қол, — дедилар. Зокир буни кутмаган экан, тинтувни қайси уйдан бошлашни билмай каловланиб қолди. Муҳаббат кеннойининг зинаси томон юра туриб, бирдан айниди. (Ё Муҳаббат кеннойининг бояги шахтидан чўчиди, ё Раҳматулла аканинг қаерда ишлашини хотирлаб қолди). Қайта туриб, поччага ялтоқланди: — Сиздақа тушунган одамнинг садағаси кецанг арзийди, почча. Анув раисингиз бор-ку — Маматохун! Шундоқ қора бўлиб туришга унамади-я. Шошмай турсин. — Айвон ёнбошидаги ҳужра томон юра туриб, ўз кўнглида изн сўради. — Шу бир чеккадан бошлайверай-а? Қани, опоқи, ўзиз бошлай қоласизми? Холам пахталикларининг тугмасини ечиб-қадар-канлар, поччага яқин бориб, қулоқларига бир нима дедилар. Почча бояги-бояги бош сараклатиб, қи- қирлаб куларканлар, соқолларини тутамлаб-силаб туриб: — Қўявер, санга нима, тинтадиган у экан. Манга деса, кир ўрага тушиб чиқмайдими?! — дедилар. Зокир милиса айвонга ўтган жойида тўхтади. — Милисани мазах қиляпсиз, шекилли, почча? — деди у кишининг қиқирлаб кулишларидан чинданам оғриниб. Билмайдики, почча бир нарсадан жаҳллари чиқа бошласа, ўзларини кулиб енгадилар. — Бор деганда боравурмайсанми, тепчилмаган дўппиларинг билан кимни нима иши бор?! Унга бош-қа бирав керак. Xориждан келиб, яшириниб ётган одам керак. Қаттан биласан, балки у катта қўпорувчидир. Душманни яшириб ётгандирбиз?! — дедилар овозларини кўтариб. Поччани ҳеч бу алпозда кўрмагандим: у киши хассаларининг учини қатқалоққа уриб-уриб сўзлар эдилар. — Мен бир нарса дедимми, Санобар, ана кўрганча кўриб, қидирганча қидирсин, йўқ нарсани, — деб холам ҳужрага бошладилар. Зокир поччанинг авзойлари нимага айниганини анг-лаб турган бўлса ҳам иккилана-иккилана холамларга эргашди. Мен бу машмашанинг нима билан тугашига ҳеч ақлим етмасди. Тавба, почча нега бундай қиляптилар? Айтиб қўя қолсалар бўлади-ку! Сен қидирган одам йўқ, овора бўласан, жўнаб кетиб бўлган десалар, олам гулистон-ку. Атай калака қиляптиларми?.. Мен оёғимдан совуқ ўтиб бораётган бўлса ҳам, кириб кета олмасдим. Ўн кун излаганда кеннойимни тополмаслигини биламан, лекин бу машмаша нима билан тугаши қизиқ. У ҳужрадан тортиб, барча уйларга, ҳатто Муҳаббат кеннойининг равонигача бош суқиб чиқди. Бостирмани айланиб кўрди. Бурчакдаги минг хил эски-тускилар сақланадиган жойга кириб, қанча йўқ бўлиб кетди. Кейин билсам, бўш сандиқлару мени бўйимдек-бўйимдек хумлар ичигача бош суқиб кўрибди. Ахийри, қўлининг чангини қоқиб, ҳовлида гарданини қашлаганча туриб қолди. У қаердандир елкаларига неча йиллик исларни илаштириб чиққан, лекин ўзи сезмас эди. — Xўш, кўнглинг жойига тушдими? Ё том тагларигаям чиқиб боқасанми? — дедилар почча ўша-ўша дераза раҳида жилмайиб ўтирганча. Кейин ҳозир чучкириб юборадиган одамдек лабу лунжларини бир ғалати бужмайтирдилар. Кутилмаганда бу унга тегиб (ё чинданам баҳона тополмай турган эканми), бирдан чўчонглай кетди: — Кулинг-а, кулинг! Сизга одамни устидан кулиш бўлса! Ҳали йиғлайдиган вақтлар ҳам келади! Шошмай туринг. — У зарда билан қўл силтаб, жўнай бошлаган эди (кўриб турибман, холамнинг юзлари оқариб кетди, Минавар опам «ада-ада»лаб қолдилар, Муҳаббат кеннойи эса, милисани инсофга чақиришга тараддудланиб, қадам босдилар), почча уни хотиржам чақирдилар: — Менга қара, — дедилар муҳим гаплари бордек. Зокир ҳам бунга ишониб, ўгирилди. У киши аста имладилар. — Бу ёққа кел. Кел, келавер. У ҳам ишониб қайтиб борди. — Қулоғингни бер, — дедилар ўтирган ерларида қўлларини чўзиб. У энгашди. Ҳаммамиз ҳайрон бўлиб турибмиз. Нима гаплари бор экан, деб. Почча унинг бошини ўзларига яқин тортиб, қулоғига бир нима дедилар. — Йўғ-е!.. — деди у кўзлари ола-кула бўлиб. — Эшитганим йўқ-ешитганим йўқ. Чинингиз билан-а?— деди ишонолмай. — Чин, чин. Чиндан, — дедилар почча турқларини қилча ўзгартирмай. — Бизда... бизда унақа маълумот йўқ-ку, — деди Зокир тамоми гангиб. Почча кулдилар: — Ҳе, сен бу ёғини эшит, — деб яна қўлларини чўздилар. У энгашди. Ва яна почча бир нима дедилар. — Бир карвон? Шаъм? — деди. Зокир боягидан ҳам гарангсиб. — Нима қиларкан шунча шаъмни? Почча қулоғингни бер, беравер, деган каби яна қўлларини чўздилар. У яна энгашган эди, яна бир нима деб, кулиб юбордилар. Зокир турган ерида сачраб, боягидек чўчонглаб кетди: — Эй боринг-е! Эй қўйинг-е! Мен сизни туппа-тузук одам десам... — У чўрт бурилиб, шатиллаб чиқиб кета бошлади. У киши нима дея қолдиларки, Зокир милиса чаён чаққандек бу хонадондан чиқиб бораркан, йўлакай орқасига ўгирилиб: — Ҳали шошмай туринг. Шаъм қанақалигини кўрсатиб қўяман! Милиса билан олишишни кўрасиз ҳали!— деб жавраб-саннар эди. Почча эса, қани парво қилсалар! Қайтага хумдек бошларини чайқаб-чайқаб, кўзёшларини арта-арта кулардилар. Ўзларини тўхтатолмай: «Вой, Зокири тушмагур, вой, Зокири тушмагур, ҳолинг шу экан-ку», деб қўярдилар. Қараб туриб, мен у кишини суюб кетдим. Қара-я: шу суллоҳгаям бас келадиган одам бор экан-а! У остонадан ўтдиям, орқасидан дарвоза шарақлаб ёпилиб, занжиру халқалари ўйнаб кетди. Унинг ваҳимасидан ҳаммамиз чўчиб тушибмиз. Аммо почча тирқираб чиққан кўзёшларини кафтларига арта-арта ҳамон «вой қизиталоқнинг югурдаги-ей», деб кулар эдилар. Ахийри холамларга забон битди: — Ҳай, Санобар, шу одатиз қолмади-қолмади-да. Ахир кетвотувди-ку, итдек бўлиб?... Зарилмиди жиғига тегиш? — дедилар важиллаб ва юзларини буриб уйга қараб юрдилар. — Нима дея қолувдиз, опоқта? — деб кулимсирадилар Муҳаббат кеннойим. Мунаввар опа эса ҳиринглаб ҳужрага кириб кетдилар. Почча қўл силкиб, бош чайқадилар: — Кейин-кейин. Бир кун келиб, айтиб бераман, кулиб юрасизлар. — Ҳозир айцангиз-чи? — дедим мен. — Қизиғи қолмайди, жиян. Аммо-лекин бир туширдимми, қизиғарни боласини?! — деб таъсирланиб қўйдилар. Аммо холам остонага етмай тўхтадилар, ичларига сиғдира олмай: — Умрбодли душманам орттириб олманг-да, Санобар. Кошки ичига ютиб кеца. Xудонинг ҳўл балоси-ку, — дедилар жиғиллаб. Почча бир қўллари билан орқа — белларини ушлаганча хассага таяниб туриб, секин ўринларидан қўзғолдилар: — Сен кўпам ғам ема, Санобар. Xудойим Ўзи ғамхўр. Шу ҳўл балоси билан ҳам синамоқчи экан, синайверади. Ҳаммаси Ўзининг қўлида. Ёрлақаш ҳам, қийнаб-қийнаб иймонни чархлаш ҳам. Мен ёлғиз Ўзига таваккал қилган одамман. Бўлагидан қўрқмийман. Биласан-ку, ўзинг, — деб у кишининг кетидан танчали уйга юрдилар. Ва бора туриб, менга «Юр, Мақсудхўжа, оёғингни иситвол. Омон бўлсанг, бунақа томошаларнинг кўпини кўрасан», деб қўйдилар. Чинданам бу бир башорат экан. Мана, энди бу хонадонларгача келиб юрибди. Улар турадиган болохоналаргача чиқиб борибди. Болалар эса дом-дараксиз. Бу ишда у иблиснинг қўли йўқмикан? Ҳукуматга хизмат қиляптими ё бошқа бировларга? Арқоннинг бир учи шу ерда экан, нега соғиб-соғиб олдигача бормай? Мен ичимда бир жаҳд уйғониб, ўрнимдан турдим. Ернинг тагидан бўлса ҳам топишим керак. Ёдгормурод ҳаққи, кеннойим ҳаққи нима гаплигини билишим керак! Шу жаҳд билан Эски Жўвага қараб юра туриб, каллам бирдан тиниқ ишлай кетди: уйга бормай туриб, ойимлардан аниғини билмай туриб, мен кимни излаб юрибман? Ахир, сипо йигит бунимас, бошқасини бошлаб борган бўлиши ҳам мумкин-ку. Унда «машинанинг орқасида ўтирган формали одам» ким? Аввал ўшани аниқлаш лозиммасми?.. Мен жаҳд билан уйимизга қайта қолдим. Ахир унинг изи қаерда йўқолибдики, мен қайтмасам?.. (Алҳамдулиллоҳ ало тавфиқиҳи. Китобнинг аввали ана шу жойда эътимомига етди). AvvalgiI- qism Keyingi |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62429 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57898 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40505 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36644 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23312 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23180 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21834 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19542 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18663 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14485 |