Жудолик диёри (2-китоб 2-қисм) [Murod Mansur] |
Иккинчи Бўлим - Ҳижрон Шевасидаги Маҳфуз Xатлар Кемшиктойнинг Сири — Тўпиғи Чиққунчамиди? Ёхуд ҳикоячига қоронғу муаллифга аён бир сафар тарихи Фалокат оёқ остида экан. Қанча ёлғизтуёқ сўқмоқлару тийғончиқ музликларда қоқиниб-суринмаган жонивор довонга чиққанда панд еб, мункиб кеца-я. Тағинам Xудо асради. Белигача кириб кетган отни қор ичидан бир амаллаб тортиб олишди. Қоловуз қирғиз чол ҳам ўзига пишиқ экан, таёғи билан қорни пайпаслаб-пайпаслаб бориб, йўлни топиб олди. Жабр кўргандан бола кўрди-да. От устидан учиб кетганда қандай тушди экан, етиб боришганда бояқиш тўпиғини ушлаб чинқириб ётар эди. Чиққан бўлса шукр-а, синган бўлмасин! Бўш-баёвгина кўринган қирғиз чол балодек табиб экан. Кемшиктойни алдаб-сулдаб, тўпиғини кўрган киши бўлиб туриб, оёғини бир бураб тортган эди, боягидан баттар чинқириб юборди. Чол: — Бўлду-бўлду, чопқилдаб кетусан, — деб кафтини кафтига қоқиб, ўрнидан турган бўлса-да, бола (роса қўрқиб кетган эканми) оёғини ҳеч ерга қўйдирмас, қор-муз устига ўтирволганча, мишиғ-тупугига қоришиб йиғлар эди. Бу ёқда — кун кетиб, шом тушиб боряпти. Ўнгдаям, сўлдаям тоғлар, тоғларки, бир-биридан улуғ, бир-биридан ҳайбатлув. Туман бирининг ярим белига ўрлаб чиққан бўлса, бошқаси ботиб кетаётган қуёш нур-ларида музтоғдек ярқирайди: чўққиларида булут оқ салладек ўралиб-айланади, айланиб-ўралади. Фақат паст — улар тушиб бораётган томон кўз илғаган жойгача оқаришиб турибди, ундан у ёғи — ҳов дара четидаги қарағайзорларгача шом қоронғилигига чўкиб бўлган. Шунақа палла. Бу аҳволда ўша нажот дарасига қандай етиб олишади, ёлғиз Оллоҳ билади. Қолаверса, бу довонда — анув қор остидан чиқиб турган қора харсанг тошлар устида жон сақлабам, тонг оттирибам бўлмайди. Олам кўкламга киргани билан бу ерда ҳали қиш болалаб ётипти. Кечаси билан не синоатларини солмайди бошга! Эс борида қоловуз чолдан орқада қолишмагани маъқул. Униям Xудо етказди. Бўлмаса, нима қилишардию қайга боришарди?! Қулоқлари изғиринда ловуллай бошлаган кўнгилчан одам (унинг қулоқлари гултожихўроздек қизариб кетганди!) боланинг тепасида чўнқайганча нима қиларини билмай, бош қашинар эди. Яхшиям Учқўрғондан чиқарда Носир махсумнинг гапи билан сафар олдидан икки ракат намоз ўқиб олгани, «Алҳамду»нинг зам сурасига «Оятал курси»ни қўшиб, хос дуо қилгани1. (Бўлмаса, «Саловати тунужина»ни ўқиб, тонг оттиришармиди!). — Ҳой, юрдик! Эгарга ўтқаз, ўргансин ўтиришниям! — Қоловуз чолнинг орқасидан отини етаклаган «Ака почча» илкис қайрилиб, шанғиллади. — Шуни деб кўраримизни кўряпганимиз камми?! Юракнинг тор-кенглиги гавдага қарамаскан-да, тавба. Отнинг устидан учиб кетгани камдай, оёғи лат еб турибди-ку, болапақирнинг. Тушуниш ҳам керак-да, бунинг аҳволига... — Мана, ҳозир — туряпмиз, — деб бешикчи боланинг қулоғига шипшиди.— Улар жилворишди. Бўла қол, Ёдгортой, пайтдан фойдаланиб, иримини қилиб оламиз. Кемшиктой ўксиғини ичига ютиб, унга термулди. Бунинг орасида кўзларини енги ила артиб қўйди. Бешикчи шивирлаб тушунтирарди: — Бунинг энг зўр доруси ўзингда-ку, вой той бола-ей. Шошма, мен тўсиб тураман, сен тўпиғингга бир чоптирворасан. Бўптими?.. Дарага тушгунимизча отдек бўлиб қоласан. Бўлақол. Бола қисиниб ер сузди. — Вой, полвон-ей, ҳа, сен уялма, таомили шундай,— Бешикчи унинг куракларини силаб қистади. — Бўла қол, мана, пана қилиб турибман. Бола баттар қисиниб, туришга унналди. Пуштипаноҳ бўлиб ёнида қолган юмшоқкўнгил, лекин тарашадек қотма одам ҳадеб қулоғига шивирларди: — Сен қўрқма, оёғинг музлаб қолмайди. Белбоғим бор, ўшанга чирмаб ташлаймиз. Бола барибир унамай, ҳакачоқланиб тисарилди. — Унда шошма, — дедию бешикчи унинг тақимию курагига қўл юбориб, даст кўтариб олақолди. — Ҳамонки унамасанг ўзим оптушаман. Бу аҳволда эгарда ўтира олармидинг. Бола аввалига ўнғайсизланиб, тушишга уринган бўлса-да, сўнг ноилож жим қола қолди. Узун одам қорда икки қадам босдию оёғи мўлжаллаган жойга тушмай чайқалди. Аммо от изига тушиб олиб, юриб кетгач, болага буюрган бўлди: — Бўйнимдан қуч, бўйнимдан. Ҳа, ана шундай. Фақат сен, қўрқма. Пастга тушиб олайлик, ўзим тахтакачлаб қўяман. Қолаверса, Мирзаҳожи бувангникига оз қолди. Ҳали сени опоқбуванг кўриб, бир хурсанд бўлсин, бир хурсанд бўлсин. Бизни шундай неварамиз бор экан Тошканди азимда деб. Сен сабр қил фақат. Етказиб борамиз, деб йўлга чиққанмизми — етказиб борамиз. Анув ака почча бунақа довонлару ўғри йўлларни энди кўрмаяпти, қўрқма! — У кўзи оёғининг тагида, ўзи қадамига мослаб гапириниб бор-яптию бола бояқиш оғриқни эслаб қолмасин, деб атторнинг қутисида йўқ сўзларни топар эди, — Мирзаҳожи буванг бизга хонлар ҳам қилмайдиган яхшилик қилган, ҳа. Давлат уйимизни тортиб олиб, бир этак бола билан кўчада қолганимизда, неча йил ташқисини бериб қўйган. У шунақа сахий. Сахийларнинг ҳам сахийси, етти иқлимда топилмайдигани. Одамлар туғишганидан бунақа оқибат кўролмайди. Бир ёқдан мурувват қилиб сочавурадиям, бир ёқдан Оллоҳ ғайб-хазинасидан етказавурадиям. У топган савобни пошшолар ҳам тополмайди, ҳа. Олдинда от тийғониб кетиб, қорга уялаб қолди. Бу ёқдагиси эса, ҳуркиб кетганидан тисарилиб, азбаройи кишнаб юборди. Ака почча ўтириб қолган, жон аччиғида жиловни қўйиб юбормай силталар, туришга унналар-у, тура олмас эди. Бояқиш тўриқ, қордан бўйнию боши чиқиб турибди-ю, зўр бериб олдинги оёғига туриб олишга интилади. — Ҳов, найнов, шерикмисан — ҳаммолми? Болани қўй-да, қараш, — деб чақирди у жон ҳолатда. Бу эса, болани йўлнинг ёнбағрига шундайча ётқизишга кўнгли бўлмай (ахир, билиб бўладими, текис деб ётқизган жойи ўнгир чиқса ва ё ўпирилиб кеца, боланинг ҳоли нима кечади?) қорни оёғи билан пайпаслаб, шиббалаб кўрди-да, кейин қўйиб, отнинг тизгинини тирсагидан чиқара ёрдамга шошилди. У думидан кўтариб, ака почча тизгиндан тортиб, «ҳа-ҳу»лашиб бир амаллаб турғазиб олишди. Тағинам жонивор ақлли экан, уннала-уннала, сурина-сурина оёғи остида қаттиқ бир ер топиб, ўшанга таяниб туриб кетди. Бўлмаса, нақ отдан айрилишар экан. Жонивор туриб олибдиям, титроғи тинмайди. Зўр бериб пишқиради. Ўзи тушган чуқурга хавфсираб қараб-қараб қўяди. — Бунинг жони чиқиб қопти, саманни об ўт. Ўша билан йўл очиб, тушиб оламиз. — Туришини қаранг: ўтакаси чиқиб кетипти, юра олармикан?— деди отига ачиниб бешикчи. Қолаверса, болани ким оптушади? Ака поччанинг шу жаҳли бўлса... Муросага келиб: — Майли, унда отларни алмашамизми? — деди ётиғи билан. Кутилмаганда ака почча уни тушунди. Қорда мўлтирабгина, ҳар замонда бир мишиғини тортиб (ҳали ҳам ўксиғи босилмаган шекилли) ўтирган саритойга назар ташлаб, фикридан қайтди: — Бўпти, юравердик. Фақат етишиб олинглар, — дея отини етаклаб, қоловуз чолга эргашди. Бешикчи боланинг олдига қайтаркан, унинг ўтирувидан ачиниб, бир ерга етди: нима бало, бояқишнинг қўлига сўзак кириб улгурибдими, кўзида ёш, жонию қўлини қаерга қўйишни билмай қопти? Ҳали силкиб, ҳали бармоқларини эзғилаб, «куҳ-куҳ»лаб бир ерга етяпти? Шунақа, сўзакнинг кириши осон, чиқиши қийин. Чиққанда ҳам «игна»ларини санча-санча, жон-жонигача оғритиб, кейин тарқайди! Унинг давоси муз ёки қор. Қорга ишқаш лозим. — Шошма, тойчоқ. Ўзингни бекор қийнама. Сўзакнинг давосини мана биздан сўра-да. Биз топамиз-да,— деб у саритойнинг тепасига чўнқайди ва кўкариб кетган қўлчасини кафтига олди. — Вой-вой-вой, тоза яхлабсан-ку, чақаман дейди-ку! Қаерда бундай совуққа олдирдинг? Энди шошма, озгина чидайсан, — дея оёғи остидан бир сиқим қор олиб, кафтчасини (бармоқлари билан қўшиб) обдан ишқай бошлади. Азбаройи қаттиқ ишқаганидан қор сочилганча сочилиб, охиргилари эришга келди. Яна олиб ишқади. Унисини ҳам шундай қилгач: — Бўлдими, ташлаб қочдими ё ҳалиям?.. — деб жилмайди. Саритой чеҳраси сал очилиб, енги ила кўз ёшларини артди. — Энди қўлни чўнтакка ур, қайтиб келиб қолмасдан, — деди-да, қўлини чўнтакка тиққан ҳамоно от тизгинини билагига солиб, болани тақими тагию белидан кўтариб ола қолди. — Сал пастга тушайлик, отга минволасан. Унгача бу сўзак1 изғиган довондан ўтиб оламиз, Xудо хоҳласа. Кўр, улардан қанча қолиб кетибмиз... Олдинда пакана қирғиз чол ҳеч кимга қарамай йўл очиб борар, у анча пастлаб кетганигами ёки шом қо-ронғилиги ўша пастдан тошиб-кўтарилиб келаётирми, унинг қорасини бир қарашда ажратиб олиш маҳол эди. Шошилмаса бўлмасди. Бунақа паллада изниям йўқотиб қўйиш ҳеч гап эмас. — Ҳе-ҳей, жура қолинглар, имилдамай. Ким экан деса, қоловуз чол экан. Овоз пастдан келар, ўзиям муштдек бўлиб кўринар эди. Тушунди: вақт кутиб турмайди! Тағинам Xудо ол қулим, деди! Кеч тушаётганда шу қирғиз чолни етказди. Учта ўн сўмга довондан оптушиб қўйишга рози бўлди. Ўриснинг ўн сўмлиги Николайни беш сўмлигидан қолишмайди-да, ўзиям! Алмашиш мумкин бу йўлларда. Xудди айнимайдиган тилла пулдай. Унамай бирпас тихирлик қилса, шунақадан яна уч-тўрттасини қўшишмоқчи эди. — Ҳо-зир! Етиб боряпмиз! — Улар овоз бериб қўйиб, қадам олишларини тезлатдилар. Тангритоғга етиб олишса, бас! Бунга ўн ҳисса суюнчи кутяпти. Ҳаммани қўйиб, Мирзаҳожи қуруқ қўядими! Қолаверса, гап суюнчида ҳам эмас. Э, баракалла, ҳамшаҳарлар, шундан-шу ёққа ола келдингизларми, бизни тойчоқни? Томиримнинг томири, данагимнинг мағизини? Ҳай-ҳай, зўр иш қилибсизлар-да. Бир умр эсдан чиқмайдиган иш бўпти-да, деб бир ерга етиши аниқ. Шунда ҳам бешикчи қарздан узилдим, яхшилигини қайтардим, дея олмайди. Ундан кўргани олдида бу нима бўпти?! У ўнта жонни неча йил қаватига олиб, бошини силаганда... бу бор-йўғи битта томирини асраб-авайлаб етказиб келса, нима бўпти? Оёқ остидаги қор баъзан ундай тўзиб, баъзан муз каби ғарчиллайди. Тўғрироғи, аввал муз қавати синиб, кейин оёқни «ютиб» кетади. Баъзан тиззага довур, баъзан тўпиққача. Яхшиям олдингилардан қолган из бор, бўлмаса, белдан ботиб кетиши тайин. Кейин биров келиб тортиб олмаса, чиқиб кўр. Қолаверса, шу бемаҳалда ким ҳам келиб тортиб оларди?! Эрталабгача қолиб кетган киши муз қотиб қолса ҳам эҳтимол... Баъзилар шундай... Шом ивир-живирлари устига кўнгилга оғир бир ғашлик оралаб борар, бундай совуқ фикрлардан (аввало, Xудо ўзи асрасин!) сесканиб-сесканиб кетарди. Яхшиям анави қирғиз чолни учратдилар. Балки у чол ҳам эмасдир, чинакам Ҳизр буванинг ўзидир? Манави болага Xудонинг раҳми келиб, Ҳизр алайҳиссаломни йўллагандир. Мусога қиш қаттиқ келади, деб огоҳлантирганда ўртада бир кийик болалаб қўйиб, қишни сурворгани каби... Қолаверса, ниятларини кўриб-билиб турибди Xудонинг ўзи. Бу ерда бекорга тентираб юришгани йўқ. Ишқилиб ўзи қўлласин. Манави бировнинг омонатини эсон-омон етказиб боришсин. Бешикчининг қучоғидаги болакай қунишиб ғингшиди. Йўқ, ғингшиди, деса, инграяпган экан. Унинг бир бурда юзи оппоқ оқариб кетган, устига-устак беҳол тортиб, кўзини юмиб олган эди. Ичидан қириндими, нима ўтди: тўпиғи жойига тушмаган эканми! Ҳалигача тинчиб қолиши керак эди-ку?.. Шу қўрқувда... қучоғидаги болакайни баландроқ кўтариб, қулоғига шивирлади: — Сен қўрқма, тойчоқ, оз қолди. Довондан тушиб олсак, табиб топтирамиз. Қирғизлар синди-чиқдига зўр бўлишади. Кўриб турасан, отдек бўлиб, чопқиллаб кетасан. Ё тўнининг тафти ёқди ё ширин сўзлари элитди, болакай тинчиб қолган, фақат ора-чира ўксиғи тутиб, хўрсиниб-хўрсиниб қўяр эди. Кўзлари юмуқ, беҳолгина бағрига сингиб, ғужанак бўлиб олипти. Ишқилиб, иситмалаб қолмасин. Ўз оёғи билан чопқиллаб келаётган болакай... бу ёғига юк бўлмаса кошки эди... Юрак нималарни сезмайди. Ярим соатларга қолмай дарага тушиб олишдию қоловуз чол учта ўн сўмликни кафтида тутганча дуо қилиб, орқасига қайтаверди. Қўлидаги таёғини демаса, ишонган ҳеч вақоси йўқ пакана чолнинг шу бемаҳалда довон ошиб юриши, эртаминан қайтарман демай ёлғиз кетвориши чиндан ғалати эди. Қўрқмагани унинг!.. Ростмана одам... юраги дов бермаса керак эди. Шунга қараганда... чинданам Ҳизр шекилли. Фақат пул олгани қизиқ эди. Ё киши кўзига шундай қилдимикан? Аслида ўша учта ўн сўмлик киссасида бўлса-чи? Бешикчи шу тобда киссасига қўл юборгиси ҳам келди-ю, лекин саритой қучоғида эди, аниқлай олмади. Шу кетишда хуфтонга қадар ўрага тушиб қолгандек юриб (чинданам уч томон қоп-қора баҳайбат тоғлару фақат тепада бир тутам юлдузлар кўринарди, шунақа дарага тушиб қолишибди), алламаҳалда липиллаган бир ёруғга етиб боришди. Уни чироқ деб ўйлашган эди, тош ўчоқдаги олов бўлиб чиқди. Йўлга орқа ўгирган пастак кулба қорайгандан қорайиб кўринар, жимжитлик ютаман, дерди. Аммо чақиришлари билан бузоқдек ит ҳуриб чиқиб, орқасидан оқсоқ одамнинг қораси кўринди. — Аристан, жат! — Шу бир оғиз сўздан ит жилиб, ўзи елкаси тушиб-чиқиб кела бошлади. У қоронғуда ҳийла ҳайбатли кўриниб эди, асли калтабақай, ҳам туғма оқсоқ экан. Бир оёқи калта шекилли... — Келинг, қардаш, — деб номигагина тутилган шоҳ- девор ёнида тўхтади у. — Кўриб турибсиз. бемаҳалга қолдик. Бир кеча қўноқ этасизми, деб... — деди ака почча, — чақириб турганимиз. Унинг гапидан бешикчи хижолатларга тушиб кетди: тавба, бу кишини ким айтади шаҳарлик деб, кўча кўрган деб? Аввал салом, баъдаз калом, эмасми? Ўзи қучоғидаги болакайни баландроқ кўтариб тавозу- ланди: — Ассалому алайкум, амаки. Биз-ку, ҳар ерда тунаб кетаверамиз, лекин манави жужуқ бор, бунинг устига оёғи лат еб, азобга қолди. Бир кеча минг кеча бўлмас?.. Юзини илғаб бўлмаётган қўрғон эгаси боланинг аҳволини эшитиб, четан эшикнинг тамбасиними, нимасини олишга шошилди: — Ваелайкум, ваелайкум, қудай етказибду — кирингтар-кирингтар, — деб ўзи йўл бошлайверди, кулбага яқинлашганда яна сўраб қўйди, — уқтаб қоптуму, тайшақ? — Озгина мизғиди. Фалокат-да, отдан учиб, тўпиғини чиқариб олди. Шу қайтмаяпти, — деб тушунтирди бешикчи. — Ай, сундайму? Қудай асрасун. Тайлар қоқулуб от бўлур-да, Қудайим ўзимга жўллабди-да, — мезбон кутилмаганда сўзамол, ҳам болажон чиқиб қолган эди. У ака поччага отларни қаерга қантаришу қаердан ем олишни тайинлаб, бешикчини яна ичкари бошлайверди. — Қану, қану, опкелинг-чу, самантайшақну бу яруққа. Ўзи пастак эшикдан дахлизга кириб, токчадан қора чироқни олди-да, кулба ичкарисига юраверди. Бу орада бола уйғониб кетган, қаерга келиб қолишганини англай олмай ҳар ёққа бир жавдирар эди. Бешикчи уни кулба эгаси кўрсатган ер — пўстак кўрпача устига ётқизмоқчи эди, бола нимадандир қўрқиб,унинг бўйнига ёпишди: — Йўқ, йўқ, бу ерда қомиймиз, кетамиз. Бувимга кетаман, — у уйғониб бўлиб ҳам ўша йўлдаги гапидан қолмаётган эди, — уйимга обориб қўйила. — Ий-й, жигит деганам жиғлайму? Қану аёқту беринг-чу, узатинг-чу. — Чўнқайиб улгурган чол қўлидаги чироқни намат устига қўйиб, тўпиққа боғланган белбоғни ечиб эди, у қайтиш ўрнига дўмбира бўлиб шишганини кўрдилар. — Ай, жигит-а! Ай, тайшағим-а! Сунга сунчаликму? Ҳеч нима қилмапти-ку. Давоси шўтта-ку, — деб у чироқни кўтариб, яна дахлизга чиқа бошлади. У ҳар қадам ташлаганида ўзидан катта, баҳайбат сояси дам шифтдан қочиб, дам улғаяр эди. Кўзларини мушти ила ишқаб, мишиғ-тупугига беланиб ўтирган болакай чироқ жилиши билан бирдан яна бешикчининг қўлию тиззасига ёпишиб қолди-ку: — Бўлди, кетайлук? Қомайлук, жон амаки?— Ичкари кириб бўлишганда унинг ҳархашаси ғалати эди. — Оёғинг бу аҳволда... қаерга борамиз? Қўрқма, бу одам шундай силаб-силаб даволайди, — Бешикчи унинг куракларини силаб, юпатишга уринди. Аммо Ёдгор деганлари тиззасига баттар ёпишиб, азза-базза ҳўнграб берди: — Керакмас: силамасин ҳам, қарамасин ҳам! Опоқбувимга кетаман, уйимизга кетаман. Бешикчи энди бўғзига бир нарса тиқилиб, юпатар сўзини ҳам йўқотган эди: — Уйинг қаёқда қолди, биласанми? — деди жаҳли чиқа бошлаб. — Ахир, етиб қолдик-ку, етадиган жо-йимизга. Жиндак сабр қилсанг — бувангникига... Бола энди унинг тиззаларига шаппалаб, бош чай-қаб-чайқаб йиғлар: — Керагамас менга бува! Қайтариб опкетинглар: мени ҳеч қанақа бувам йўқ, мен Ёдгор ҳам эмасман, Акбарман! — деб уввос солар эди. Бешикчи энди унинг бошини, куракларини силаб ҳам, «ҳой, той бола, тойчоқ бола, эшит», деб ҳам юпата олмасди. Бу ёқда, даҳлизга чиққан уй эгасидан уялиб, хижолатларга тушиб кетяпти. Булар ким экан, бола ўғрилари эканми, деб ўйламайдими, ахир?! Чаккасини бир нима сиқиб келиб, болани даст кўтариб оладигандек, икки тирсагидан маҳкам тутдию ўзини секин силкилади: — Ҳов, бола! Ёдгормурод ўзимман, опоқбувамни соғиндим, деган ким эди?! — деди шивирлаб. — Алдовдим... ёлғон эди ҳаммаси... — Бола қайта мишиғ-тупугига беланиб борар, ўзи ҳиқиллаб қолган, бошини тиззасидан узиб бўлмасди: шунақа ёпишиб олибди. — Бизними, девонаними? — дея олди бешикчи. — Униям... силаниям... Бешикчи жим қолиб, ичи сидирилди. Ўзи сезмаган ҳолда болани бағрига торта бошлаган, бошини силай бошлаган эди. — Нега, ўғлим? Нега бундай қилдинг? — деди секин. Бола ҳам унинг бағрига сингиб борар экан: — Кетгим, қочиб кетгим... келувди, — деди ўша кўйи ҳиқиллаб. — Кимдан? Одам ҳам ўз уйидан қочадими, ўғлим?— деди бешикчи овози ўзгара бошлаб. Бола жавоб бера оладиган ҳолда эмасди, бошини тобора унинг бағрига тиқар, жавоб ўрнига ҳам: — Кетайлук, кетайлук, — деб ўтинар эди. Бу орада уй эгаси излаган нарсасини топди шекилли, чироқ, чироққа қўшилиб ёруғ қайта бошладию бешикчи шошилди: — Яхши, аввал оёғингни кўрсатайлук, кейин. Жиндек чидайсан, хўп? Бола кўниб, бош кўтаргунча уй эгаси — пакана оқсоқ чол хитой қоғозга ўроғлиқ бир нарса кўтариб остона ошган, йўлакай жилмайиб келар эди. Бешикчи боланинг елкасига қоқди: — Қўй энди, бўлар иш бўпти. Аввал ўзинг тузалиб ол-чи. Шу пайт ковшандозга қоқиниб, пишиллаганча эшикда ака почча кўринди. — Қалай, тўпиқ жойида эканми? Эгардан учганига шунчалик, от тагида қолса нима бўларкан? — деб кайфи чоғ ҳолда кириб кела бошлади. Бешикчи унга ўқрайиб қўйди-ю, лекин сир бой бермай чолдан сўради: — Нима буниз, от ёғими? — Ҳа-да. Қани, жигит, мен бир кўрай-чу. Тай балдар жиғлайдиму. Қўрқоқ балдар жиғлайду. — Чол пуфакдай шиша бошлаган тўпиқни ёруққа солиб, авайлаб ушлаб кўра бошлади. Сўнг: — Шашма-шашма, қўрқувдирган жери жўқ, қани, мундай узат-чу, янада узат-чу, — деб туриб, кутилмаганда оёғини бир бураб тортган эди, бола чинқириб юбораёзди. — Ана бўлду, тушду. Жанунг кируб ухлайсан энду. Я ҳалуям оғруттуму? — деди у боланинг бошини бағрига тортиб қўйиб. Саритой зириллаб, нари сурилишга уринди-ю, лекин шу баробар оёғини қимирлатишдан ҳайиқиб, уни икки қўллаб чангаллаб олган эди. — Энди қўрқму. Жиғлоқ балдар уйимга кетаманлайду. Сен қараб тур, эртаман чапқилдаб кетусен, — деб кафтидаги мойни ийлашга тушди. — Уйга? Ол-а! — Узун-узун қўлларини ёнига шаппалаб, шарақлаб кулиб берди Ака почча. — Ҳа, опоқбувангникига кепқолганда-я!.. Э, сени қара-ю. Бешикчи қаддини ростлади. — Бир эркалиги тутиб айтди-да, амакиси. Эртага чопқиллаб кецин, кўрасиз. — У сирни андаваламоққа уринарди-ю, лекин ўзининг ҳам ичидан қиринди ўтиб борар эди; «Ҳали биз Мирзаҳожи бувага шундай «совға» олиб кетаётирмизми?..» Хос Дуо Кечаси алламаҳалга довур гаплашиб ўтириб эдик. Сўнг ичкари уйга кириб, диванга ёнбошлабману қотибман. Назаримда, ярим соат ҳам ухламовдимов. Ўнг ёним билан ётиб, шу ёним билан турдим шекилли. Лекин роса ширин туш кўраётган эканман: кеннойимни кўргани борган эмишмиз. Дераза олдида саломлашиб туриб эдик. Мен унинг оёққа турганини кўриб, бир ерларга етиб кетяпман: — Вой, тузалиб қопсиз-ку, эм бўлса, шу-да. Ҳали ўзингиз юриб чиқиб кетасиз бу ерлардан, — дейман. Лекин кеннойим очила қолмайди, маҳзун тортиб, ийманиб боряпти. Ниманидир айтолмаяпти ҳам. Бир маҳал қарасам, қўлтиғида қўлтиқ таёқ! — Вой, кесишдими?! — деб юборибман... Қўрқиб кетганимдан ўзимга келолмасдим. Туриб ташқариларга чиқиб келдим. Ётиб яна туш кўра бошлабман. Овозини жуда аниқ-таниқ эшитардим: — Яхшиям Сиз боракансиз, қайнужонум, — дерди бу гал кеннойим, — мингдан минг раҳмат, Ёдгормуродумни олуп кетупсиз! Уни ўпуб қўйинг! Xўп?.. Ё қудратингдан! Шунақа ҳам аниқ-таниқ туш бўладими? Бор-йўғи, илтимосини адо этиб, Ёдгормуродни кўздан нарироқ олиб кетганимми? Кейин-чи, бу ерданам илиб кетишди-ку, барибир. Нимадан белги бер-япти бу туш? Нимага табиб тўрамнинг берганлари эмига тушмабди? Тушуна олмасдим... Бугун ишдан чиқибоқ кўриб келишни ўйлаб ишхонага борсам, ойна устида омонат хатча турибди. Юрагим шиғ этди: ҳамхоналарим ёзиб қолдиришадиган бунақа хатчаларнинг кўпини кўрганман. Нари борса, муҳаррирнинг йўқлови ё топшириғи бўларди. Аммо буни кўриб... этларим жимирлаб кетди. Худо ҳаққи, қўрқибгина очсам, мудиримизнинг ёзуви. (У киши менга ҳеч хат-пат қолдирмасди. Ҳар қандай ошиғич топшириқ бўлса бетма-бет айтарди.) Бу гал йирик-йирик ҳарфлар билан ёзарди: «Мақсуджон, қаерларда юрасиз! Шифохонадан чақиришди. Учиб бораркансиз. Бугун операциа куни экан. Сизга жувоб! Ёрдам керак бўлса, айтарсиз. Абдулла акангиз». Тушим ёдимга тушиб... ичим шувиллаб кетди. Наҳот кеннойим?.. Табибнинг доруси-чи? Кор қилмабдими? «Ёдгормуродимни ўпиб қўйинг» дегани шундан эканми? Чиқдим. Xат қаерда қолди, эшикни қайта ёпдимми-йўқми, билмайман. Катта кўчага тушиб, дуч келган машинани тўсдим. Эгаси чаккасига оқ оралаган, ҳийла босиқ одам экан, илтижомни эшитибоқ бош ирғади: — Ўтиринг. Балки менинг куйиб кетганимни кўриб, рози бўла қолгандир. Чиндан мен ҳозир кеннойимдан бўлак нарсани ўйламасдим: «Тавба, Ҳизрдай оқ-оппоқ қарияни тушларида кўриб, дуосини тилдан қўймай ўтирган одам... нечук операциага розилик бера қолибди? Ё бирон кор-ҳол рўй бердимикан?» Ичимни ит таталаб, шайтон хаёлимни ҳар ёққа олиб қочарди. Шофёр ҳам «игнанинг устида ўтирганимни» кўриб, машинасини чорраҳалардан эпчиллик билан ўтқазиб борар, ўзим эса, қайси кўчадан кетаётганимизни фарқламай қўйгандим. — Катта дарвозасига боравурамизми? — деди у бир маҳал. Мен дафъатан англамаган эканман, кейин тушуниб қолдим: — Ҳа, ҳа, ўша ёқдан, — дедим, шу баробар хаёлимда анув «жонимни қоқай» хушрўй аёл — эшикбон ая жонланди. Ахир кеннойимни қаерга олиб кетишганини билар-ку, у. Шифохона дарвозасининг биқинидаги мўъжазгина йўлагу дорбонхона кўзимга оловдек кўриниб кетди. Югургилаб чиқиб борсам, ойнаванд йўлакнинг орқасида хушрўй опанинг ўзи сарвдек бўлиб турибди. У кишининг ўзи ҳам мени кўриб, ичкаридан чиқиб келди: — Вой, бормисиз, оповси? Қаерга опкетишганини биласизми? — Қаерга?.. — дедим ютоқиб. У узрхоҳлик билан боқарди: — Кеча биратўла айта қолмаганимни қаранг. Овора бўлиб келиб ўтирмасдиз. Кечаси билан ич-етимни еб чиқсам-а... Машинангиз борми? Мен бош ирғаб, ташқари қараб юравердим: — Ўзлари қандайлар, ўзлари? Бугун кўрдизми ўзи? — Кўрдим-кўрдим,— деди овози ўзгариб.— Бағрим-га босиб, шу тасалли бераман, дейман, қани бера олсам. Қайтага ўзи бардошли экан: «Худо бор, опа, Ўзу қўллайду. Унинг хоҳлагани бўладу, бизникумас. Раҳмат, яхшиям Сиз боракансиз», дейди, алқайди. Йиғлаб хайрлашдик. Ойдек жувон... яримта бўлиб қайт-са-я?.. — Нимага бирдан айниб қолдилар? Туззук эдилар-ку? — Туззук эди, оповси, ранги-рўйи ҳам очилиб бораятувди. Нима бўлди-ю... дўхтирлар чоп-чоп қилиб қолишди... — Ё анув опкелган дорумни... ичмай қўйдиларми? Опа бош тўлғади: — Йўқ, ичган сарим енгил тортяпман, деб ўтирувди. Қолаверса, Сиз билганиз йўқ, тўрамнинг ўзлари келиб, кўриб кетдилар. Мен сапчиб тушдим! — Қандай! Ўзлари-я? Биров билан адаштирмаётирсизми? Миям ўқдай ишларди: «Ёки биров у кишининг сувратида келиб... бирон нарса бериб кетдимикан?» Xаёл қурсин, минг ёққа опқочарди. — Вой, оповси, у кишини танийман-ку. Қолавурса, юзларидан нур ёғилиб турибди. — Унда... қистаган ким, қўймаган ким? — дедим ичимга сиғдиролмай. Опа атрофга безовта аланглаб, қулоғимга шивирладилар: — Бош врачимиз икки оёғини бир этикка тиқиб, каллам кетишини истамайман, консилиум қарорини бузманглар, деб турволганмиш. Ҳайрон қолдим: — Ё Тўра бува келганларидан... чўчиб кетдими? — Билмасам, кетидан келадиган ғавғосига тобим йўқ, дебдимиш. Кимдан қўрқяпти? Чаман акамданми ё идорасининг номидан? Бошқа гап йўқмикан? — Чатоқ бўпти. Қайтага энди эшитади эшитадиганини! — дедим зинадан туша бошлаб. Опа ҳушёр тортди: — Ўзига кира қолинг, ҳалиям бўлса. — Йўқ, энди фойдаси йўқ: ғишт қолипдан кўчиб бўпти. Қаёққа опкетишди? — дедим. — ТошМИнинг жарроҳлигига, — деди қайтага баттар ташвишга тушиб. У менга тасалли бера олмаётганидан хижолатда — ич-етни еб, эргашиб келарди. — Майли, раҳмат, биз кетдик, балки улгурармиз. Назаримда, улгуриб операциани тўхтата оладигандек эдим. Жўнадик. Қайтага, Оповси опанинг ўзи хижолатда қолди. Ҳамиша шундай бўлган: яхшилик соғинган кишилар изтиробда қолаверганлар. Биз бурила бошлаганда, у темир дарвоза олдида рўмолининг учини тишлаганча мунғайиб турар экан, сўнгги дақиқада қўлини очиб, юзига тортдими, тортмадими — илғамай қол-дим. Борсак, аллақачон жарроҳлик бўлимига опкириб кетишибди. Ўпкам бўғзимга тиқилиб, кириб боравердим. — Ҳай, ҳай, мулла ака, қаёққа? Бу ёққа мумкин эмас, — деб бир ҳамшира азза-базза қўлларини ёзиб, йўлимни тўсиб чиқди. У оқ-оппоқ охорли халату қалпоқчалар кийган, энглиданми-қаердан бошни айлантираёзгудек атрлар гуркирар эди. Оддий бўлса ҳам кошки, юзига қарабоқ англадим: у янги келинчак эди. Очиғи, уни босиб ўтиб кета олмадим. — Майли, бери келинг, келинпошша, — дея шивирлаб, четга имладим. У бу муомаламдан юзлари дув қизариб, яна ҳам кўҳлик тортиб кетди. Аммо ўзи боягидан анча тушган эди. — Айтаверинг, — деди ўнғайсизланиб. — Стационардан... касал опкелишдими? Ҳозиргина? — Аёл киши эдими, опкириб кетишди, — деб энди менга ачиниб қаради. — Эсиз, энди қўйишмайди. Профессорнинг ўзлари шу ердалар. — Демак, кесишмоқчи? Шундайми? — дедим ичим сидирилиб. Келинчак менга ҳалигидек ачинаб боқди: — Илож қанча, бўлмаса, асраб қолишолмайди: қорасон, ахир! — Қорасон?! Мен хушим учиб, ўзимни унутган эканман, ҳамшира зўр бериб мени юпатарди: — Сиз қўрқманг, профессоримизнинг қўллари енгил: қанчаларни қутқариб қолганлар... Қулоғимга шунга ўхшаш таскин-тасаллинамо гаплар кирар эдию ўзим дераза раҳига суяниб қолган эдим. Шу ҳолимга мен бу соддадил келинчакка ниманиям тушунтира олардим. Ўша оёғи кесиладиган аёл ҳам унингдек бир мушфиқа эканини, бошида ҳеч кими йўқлигини қандай айта оламан? Қолаверса, қарин- дошларидан ҳеч ким бу ишга розилик бермаганини-чи? Тушунтирганимда ҳам бу ҳамширанинг қўлидан нима келарди?.. Бўшашиб, шундоқ дераза тагидаги ўриндиққа чўка қолдим: Нима қилсам экан? Xат киргизсамми? Xатимга қарашармиди? Ёдгорга овора бўлгунча, ўша ёққа чопмайманми! Тўра бува келганларида мен бормабман! Борсам, операциага қўярмидим! Энди Чаман акага нима дейман? Акамга-чи?! Кимдир шип-шип кела бошлади. Йўқ, йўлакдамас. Шу яқинда. Қаршимда тўхтаб эди, боягидек атир гуркираб кетди. Кўзимни очсам, чиндан ўша келинчак. — Балки... бошлиғимиз билан... гаплашиб кўрарсиз. Ҳув, ануви хонадалар, — деди ёлғиз ўзимга эшитиларли қилиб. Шундагина унинг сурма тортилган кўзлари кийикникидан ҳам маъсум эканини кўрдим. Таклифи эса, ундан ҳам гўзал эди. Даровқе, нега бўшашяпман?! Мени ким айтади мухбир деб? Қизил гувоҳномам-чи? Шу ерда иш бермаса, қачон иш беради?!. — Бормисиз! Боядан бери айтмайсизми! Мен тура ўша хонага интилдим. — Фақат мени айтди, демайсиз, ўлдиришади, — деди келинчак шивирлаб. Мен ўгирилиб, бошим ерга теккудек таъзим қилдим: — Ишонинг, миқ эцам тилим... кесилсин... Эшикни ўзим очдимми, бировми — билолмай қолдим. Остонада юзини ёшлигида чечак чакичлаб кетган барваста одам турарди. Бошдан-оёқ оқ-оппоқ кийинган киши оғзига оқ дока тута-тута чиқиб келмоқда эди. Биз сал қолса, урилиб кетарканмиз. — Жон дўхтир ака, бир дақиқа, — дея бостириб кира бошлаб эдим, у оқ тоғдек бўлиб йўлимни тўсди. Оғзидан оқ матони олиб ўтирмай: — Мумкинмас. Ўзим кеч қоляпман, — деб ғўлдиради. Бўш келсам, кўкраги билан туртиб эшикдан чиқариб қўядиган. — Бугун сизларда нодир операциа боракан. Шунга келиб эдик, — дедим сўнгги имкониятимни ишга солиб. Бошлиқ гарангсиди: — Қанақа-қанақа? — Нодир операциа. — У нима деганингиз? Мен бўш келмадим: — Яъни, қорасон. Тўғрими? У ноилож бир қадам чекинди: — Xўш, нима бўпти? — Шахсан профессорнинг ўзлари қиляптилар экан. — Тўғри, — деди у ҳамон ҳеч нарсага тушунолмай, лекин оқ доканинг боғичини қулоғидан тушириб, рост-мана одамга ўхшаб гаплаша бошлаган эди. — Қаердан бўламиз, дейсиз?.. Мен газетанинг номини айтиб, қизил гувоҳномамни узатдим: — Мумкин бўлса, ўша операциага қўйсангиз. Битта халат топилар, ахир? Чечак излари тундлашиб, у бош чайқади: — Афсуски, рухсат беролмайман. Профессор сиз ўйлаганча эмас. — Қандай? — дедим гарангсиб. — Сизга қўшиб мени ҳам ҳайдаб чиқаришади. Шуни истайсизми? — Унда... унда... — Иложингиз қанча. Шу хонада кутиб турасиз. Сўнг эпини қилсангиз, гаплашиб оларсиз. Xўп, мен кетдим. У оқ боғичини тута-тута чиқиб кетди. Мен миқ этолмайин ҳам қолавердим. Ана, ёлғоннинг умри! Ҳатто қизил гувоҳномам иш бермади!.. Ол-а, энди нима қилдим? Йўлакка чиқолмасам (тўғриси, келинчакнинг юзига қандай қарайман?), пастга тушиб кетаверишга ғурурим йўл бермаяпти. Не-не вазирликларга кириб бора олган одам... шу ерда йўл топа олмаган эдим. Ноилож стулга чўкдим. Бош муҳарриримизнинг сўзлари қулоқларим остида жаранглар эди: «Бизнинг мухбирлар ҳеч кимнинг кабулхонасида кутишга ҳаққи йўқ. Ҳамма эшиклар унга очиқ. Киролмадими, тамом, газетачи эмас!» Эмас, эмас, эмас. Менга алам қилаётгани бу ҳам эмасди: шундай қўл чўзса етгудек жойда туриб, мана, етиб келдим, деб кеннойимга бирров кўриниш беролмаётганим, оғир кунда тепасида бўлолмаганим алам қиларди. Қолаверса, нима бўлган ўзи? Нега кесишяпти? Шусиз мумкин эмасканми? Чидамай туриб кетдиму бетоқат кезина бошладим. Юрагим бўғзимга тиқилиб келиб, тарс ёрилай дер эди. Шу вақт эшик очилиб, остонада бояги ҳамшира кўринди. — Ўтирибсизми? — деди у жилмайиб. — Кетиб қолмасакансиз. Xўп? — Нима, бирор янгилик борми? — дедим энтикиб. У ширин им қоқди: — Бор, бор, ҳали айтишади. — Ҳозир айта қолинг? — деб ялиниб боравердим. — Кетмай тураркансиз, профессор айтдилар. — Профессор? — Ҳа, газетага ёзадиган иш бўляпти экан. — Шошманг, тушунтириброқ айтинг. Келинчак елкасини ширин қисиб, қимтинди: — Жиндак сабр қилинг — биласиз. Нафасим ичимга тушиб кетди: Наҳот операциа тугаб, кесиб улгуришди?! Профессор нима билан мақтанмоқчи? Кеннойимнинг аҳволини тасаввур этиб, этларим жунжикиб кетди. Келинчак қайтаётиб ўгирилди. — Сиз суюнчини ҳозирлайверинг, — деди шипшиб. Сўнг ичига сиғдиролмай айтди-қўйди: — Кесишмайдиган бўпти, билдиз. — Воҳ. Оллоҳ бор экан-ку! — Мен дўппимни осмонга отадиган ҳолга тушган эдим: — Нечук? — Арра олмабди. — Олмабди? Олмайди ҳам-да! Ана, мен нима девдим?! — Мен янги бўлган жиннидек шовқинлаб, қувнар эдим! Ҳамшира шошиб қолди: — Вой, киринг-киринг. Мени балога қолдирасиз. Шу вақт йўлак охирида уч-тўрт оқ халатли кишилар кўриниб, келинчак баттар ўтиниб-ялинишга тушди: — Ана ўзлари, илтимос, кириб тура қолинг. Мен остонада турганча ич-ичимдан ёқа ушлардим: «Ё, тавба, бу қандайин мўъжиза? Арра олмаганмиш!» Мен ҳамон гарангсиб турарканман, оқ халатию билагига қадар кийдириб қўйишган зангор енгликкача ўзига ярашиб тушган профессор яқинлашиб кела бошлади. — Мана шу йигитни айтувдим, — деди бояги чечак юзли бошлиқ. Профессор ёқимли жилмайди: — Айни вақтида кепсиз. Ҳизр эмасмисиз, мабодо? Рост шекилли?! Мен ҳаяжонда унга қараб алпанг-талпанг қадам ташладим. У йигитлардек кафтини кафтимга уриб кўришаркан, қўлтиғимдан олиб ичкари бошлади. — Мен ҳаммасини бирма-бир айтиб бераман. Аммо аввалдан келишиб олайлик: ёзмайсиз. Ёзмайман, деб сўз берасиз, — деди у. — Нега? — Мен қувонишимни ҳам, қувонмасимни ҳам билмасдим. — Чунки бу газеталарда овоза қиладиган иш эмас. Бу — мўъжиза! — деди у мени тонг қолдириб. — Сўз берасиз, а? — Айтинг, айтаверинг-чи, — дедим сир бермай. — Йўқ, менинг бошим иккитамас, ўртоқ мухбир. Қолаверса, сизники ҳам, — деди у хонага кирган заҳоти ўзини диванга ташлаб. Сўнг ярим ёнбошлаб олди-да, қаршисидаги стулни кўрсатиб, ўтиринг, деди. — Мен умрим бино бўлиб, бунақасини кўрганамасман. Ўлай агар. Юзлаб одамларни операциа қилганман. Ўнлаб оёқларни кесиб ташлаганман. Лекин бунақаси бўлмаган. — Қанақаси? Мумкин бўлса, тушунтириброқ айтинг, — дедим яқинроқ сурилиб. Профессор негадир лабини жийирди, сўнг қаддини кўтариб ўтирди: — Рости, даҳрийроқ бўп кетганмизми ўзимиз ҳам... — Xўш, хўш?.. — Бу жувонда бир гап бор. Ҳамма аломатлари айтиб турибди: қорасан бошланган, кесмаса бўлмайди. Лекин қандай дуо ўқиб қўйган, арра оёқни олмаяп- ти — пичоқни ё отиб юбориб, ё синиб тушяпти. — Тиззаси-чи, шиш-чи? — дедим ютоқиб. Профессор кўзойнагини олиб, афтимга тикилди: — Сиз... қаердан биласиз? Мен қовун тушириб қўйганимни англаб, ерга қарадим. Энди ростига кўчмасам бўлмасди: — Ўша жувон — менинг кеннойим бўладилар. — Э, шундай демайсизми?— Профессор тепакалини силаб, ўзига келди ва орқасига суяниб, қайтариб сўради.— Ростини айтинг, табибга қаратаётганмидинг-лар? Мен унинг юзига қараёлмай бош силкидим. У чуқур тин олди: — Айтувдим-а, техникага нима жин урди деб. Сизга рухсат, хушига келтирадиган хонага олмасларидан кў-ришингиз мумкин. Мен сакраб туриб, эшикка йўналдим. Профессор хўрсинди: — Фақат бир нарсани айтмай кетиб қолманг-а. — Нимани? — дедим ҳайрон қолиб. — Арра олмаганининг боисини. Сўранг-чи, қанақа дуо экан? — Албатта, албатта. — Йўлакка чиқсам, ҳалиги хонадан тўрт ғилдиракли аравачада оқ-оппоқ чойшабларга ўралган биравни опчиқиб келишяпти. Югургилаб бордим. Бир аниқ бахцизликдан қутулиб қолган кеннойим юзлари оқариб, ўзини билмай ётар, ҳатто сунъий нафас юборадиган аппаратларигача олинмаган, кўзлари ҳам юмуқ, фақат мижжаларида икки томчи ёшми — нима, йилтирар эди. — Кеннойижон? — дедим мен ич-ичимдан бир титроққа тушиб. Аммо шу тобнинг ўзида икки ҳамшира икки қўлтиғимдан олиб, четга тортдилар. — Мумкин эмас, сиз кимлари бўласиз? Мен айтдим. Улар бош чайқадилар: — Xушларига келишларини кутасиз. — Кутаман, фақат бошларида ўлтиришга рухсат эцангиз бас, — дедим тўлиқиб. — Яхши, чақирамиз. Мен шунга ҳам мингдан минг рози эдим. Асрга яқинми, алламаҳалда у ҳушига келиб, кўзини очди ва минг шукрки, кўз очиб мени кўрди. — Xудойимдан... интиқиб-интиқиб... сўраб эдум, етуб кебсуз... Сўраганларумну... барчасину ижобат эт-ду, — деди жуда ҳам паст товушда. — Етиб келдим, етиб келдим. Минг қатла шукр, топиб келдим, — дедим бўзғимга сўзларим чўғдек ёпишиб. Кейин энгашиб, мен ҳам қулоқларига шивирладим: — Тузалиб чиқсангиз, менга ҳам ўргатиб қўясиз ўша дуо-илтижоларни1. — Xудо хоҳласа,— деди у ўша-ўша шикаста овозда. * * * Кечга яқин кутилмаганда кеннойимни палатага олишиб, жавоб тегиб қолди. Катта дўхтирлар стационарга олиб кетавериш мумкин, дейишибди. Бирпасда машина етиб келди. У кишини аравачада пастга олиб тушиб, жойлаб беришди. Мен ёнларидан бир қадам жилмай бирга бораётганимдан ёш боладек бошим осмонда. Кеннойим ундан хурсанд, ундан мутаассир. Икки гапининг бирида яхшиям сиз боракансиз, яхшиям етуб кебсуз, дейди. Сизну қадамлариз, дуолариз шарофату биланму, Аллоҳ ҳам қўллаб юборду, асраду, дейди. Бунга сари мен уни хурсанд этадиган, севинтириб-суюнтирадиган воқеалардан сўзлагим келади, кўнглини кўтаргум келади: — Биласизми, айтган жойларингизга чиқдик. Каттабоғга, эски уйларимизга кирдик. — Вой, шунақаму? — У ётган ерида бир ерга етиб термулди: — Турган эканму, топдингизму? Машина аллақачон жилиб кетгану мен у кишининг ёнгиналарига ўтириб олиб, (қаердан ҳам бошлаб қўйдим, ҳали уринтириб қўймасам эди!) минг хижолату ҳаяжонда ўша маҳфуз хатларни қандай топганимни сўзлаб боряпман. Ичимда, миридан сиригача шартмиди, дейман. Ўзимни тўхтата олмаяпман, тия олмаяпман: — Турганакан, қаранг. Жин ҳам урмабди. Аммо шундай қуруқшаб кетибдики, хазондай шалдирайди. Айтган жойизда экан, ари инида... У кўзлари бир чақнаб кетиб, яна аллақандай бў-шашди. — Аллоҳга шукр, асраган Ўзига шукр,— дея пичир-лади, қайтиб миннатдор тикилди.— Лой-тупроққа қори-шиб, бировларнинг қўлига тушиб кетмабди, хайрият. — Ҳа, ҳа, — дедим мен уни тинчлантиришга уриниб. — Вақтида борганаканмиз, суриб юборсалар, ке-йин тополмай юрарканмиз. — Сизга мингдан-минг раҳмат, — деди у. Аммо мен уни бу раҳмату ташаккурлардан чалғитгим, бошқа янгиликлар билан хурсанд этгим келарди: — Қолаверса, Ёдгормурод бир халтача топиб олди. — Қандай дедунгиз? — Духоба халтача экан. Мимитдек. Ичида... — Вой, ушатта эканму, у оҳанраболар? — Ўшатда экан. Ёдгор топди. — Уни қаранг-а, ўзига буюрибдиму? — деди кеннойим энтикиб. Шу вақт машина тўхтаб, ҳамширалар ғимирлаб қолдилар. Етиб келган эканмиз. У кишини тушира бошладик. Кейин аравачага олиб, ёнларида бора бошладим. — Яхши топубсиз. Бўлмаса, ёмғур-селларда қолуб нима бўларду, — деди у битикларни ёдга солиб. — Келаси гал опкеламан, майлими? — дедим мен. У бош тебратди (Ўзи чайқадими ё аравача ғилдираб бораётиб, чайқалиб кетдими, англолмай қолдим.) — Туравурсин. Шу ишончлув. Ҳайрон қолдим. Xатни айтаяптими, оҳанрабо халтачаними? Қайтариб сўрашга эса тилим бормасди. — Омонат бўлибми?.. — дедим ахийри. Кеннойим им қоқиб, бош силкиди: — Майлун, — деди-ю, яна мутаассирлана бошлаб, нигоҳини олиб қочди. Овози ҳам аллақандай титраб чиқа бошлаган эди. — Бир кун келуб... балки ўзларига топширарсиз... Менинг ҳам халқумимга бир нарсалар тиқилиб келарди. — Ундай деманг, яхши ният қилинг, кеннойижон,— дедим тўлиқиб, — мана кўрасиз, ҳаммаси яхши бўлиб кетгай, — деб ёнларидан қолмай эргашавердим. Биз ўша таниш йўлка, азим тераклар таги билан кетяпмиз-у, қулоғим тагида бир нарса шовуллайди. Ваҳоланки, тераклар у қадар барг ёзиб улгурмаганлар. Нима экан, билолмасам. Кўзларимни эса ёш қоплаб боряпти, ҳеч нима кўролмаётирман. Аравача тутқичини ушлаб олганману қўйиб юбормайман. — Илоҳум, — деди у. — Мана, қараб турасиз, — дедим яна, — ҳеч нарса кўрмагандек бўлиб кетасиз. — Илоҳум, айтганиз келсун. Ёдгорумнинг бахтига. Акангузнинг бахтларига. Мен бу сўзларни ўз қулоғим билан эшитдимми ё шундай туюлиб кетдими — ажрата олмасдим. Бу орада биз ўша олди пешайвонли бинога етиб борган, ҳамширалар аравачани ғилдиратиб, аллақандай эшиклару пастки йўлаклардан олиб ўтишар, мен эргашиб бораверишимни ҳам, ҳовлида қолишимни ҳам билмасдим. Ниҳоят, улар ўрта йўлакка чиқиб, ўша таниш кунжакдаги хона томон кета бошлашди-ю, мен ўзимга келиб, бу яқин орадан бир телефон излаб қолдим. Мен ишхонага қўнғироқ қилиб, қаердалигимни айтиб қўйишим, зарур бўлса, етиб боришим керак эди. Қилсам, мудирим бор эканлар. — Қалай, қутулиб қолдингизми? — дедилар. — Қайтариб олиб келдим, яхшилар, — дедим. — Унда кириб ўтарсиз, биз шўттамиз, — деди у киши. Билдимки, боришим зарур. Ваъда қилиб чиқсам, ҳамширалар ҳам жойлаштириб, аравачани олиб чиқишяпти. Изн сўраб кириб бордим. Кеннойим «ўлан тўшаги»да менинг киришимга интиқ ётар эди. Кўриши ила миннатдор тикилди: — Сиз ҳам ишлариздан қолуб кетдунгиз мену деб. — Ҳечқиси йўқ, муҳими, сиз қутулиб олдингиз, — дедим мен. — Балки Тўра бувага ўтиб келиш лозимдир? Агар дориларингиз қолмаган бўлса?.. — Йўқ-йўқ, ташвишлантирманг у кишини, доруларим ҳали бор, — деди кеннойим. — Нега, қайтага хурсанд бўладилар-ку, бу суюнчиликдан, — дедим. Кеннойим бош чайқади. — Ундан кўра, вақт тополсангиз, эртами, индин-ми, — деди у ўтиниб, ҳам кўзларимга мўлтираб, — тойчоғумни ола келсангиз. —Киприкларида ёш йилтираб, овози ҳам ўзгариб борар эди. — Кўрмаганумга ҳам қанча бўлду. Мен кутилмаганда бўшашиб тушган, мана, ҳозир кеннойим учун жону жаҳонимни бериб юборишга тайёр одам... энди нима деяримни билмай қолган эдим. Ахир Ёдгормурод қаердалигини кошки аниқ билсам?! Устига устак уни бизникидан олиб кетишганини... кошки бу кишига айтиб бўлса?! * * * Ё раббий! Бугун қандай кун бўлди?! Эрталаб операциа хабари билан ўпкамни қўлтиқлаб, бир энлик этдан тушган эдим. Кеннойимни Xудо асраб, шифохонасига жойлаб қайцам, иш столимга ўтирмасимдан қўнғироқ бўляпти. — Мақсуджон, Сизга экан, — деди мудирим. — Бугун нима бўлди, эрта демай, кеч демай, сизни сўроқлаб қолишди? Мен чиндан хавотирланиб гаплашгични олдим. — Алло, эшитяпман, — дедим юрагим пўкиллаб. Сим ортидан аёл кишининг мулойимдан мулойим овози келарди: — Мақсутхонмисиз? — Ҳа, ўзим. — Ўша газетада ишлайдургон?.. — Ўша, ўша, — юрагим баттар ҳаприқиб кела бошлаган эди, дам ўтказмай сўрадим. — Кечирасиз, ўзиз кимсиз? — Мен Асал опангиз... узр, кеч бўлса ҳам безовта этдук. Аммо мен бундай ширин овоз эгасини ҳеч эслай олмасдим. — Қайси?.. — дедим уятлу бўлса-да. — Чаман акангизнинг... опалари-чи, келгансиз-ку. Ия, сим ҳам одамни шунчалар алдарканми? Ичимда шу ўша Асалми, дердим-у, тилим айлана қолмасди. Ниҳоят, минг бир хижолат ила: — Эшитяпман. Танидим-танидим, — дедим. Нима бўла қопти?! Ўша заҳар-заққумойнинг ўзи сим қоқмаса? Ё кемшиктой топилибдимикан?! — Мумкин бўлса бир келиб-кетинг, жон ука, — деди у кутилмаганда Xудонинг зорини қилиб. — Айтавуринг, айтавуринг, нима бўлди? — дедим юрагим чиқиб. — Акбаримизни бир қаёқларга опкетишаётган экан, Ёдгор фаҳмлаб. Тушуняпсизми?.. Уни анув кеннойингизни боласи деб ўйлашиб... — Қаердан олдингиз бу гапни? — деб юбордим. Биласангиз, эсим тескари бўлиб кетаёзган эди бу хабардан. — Сиз манавини кўринг, ўқинг... — Нима у, ултиматумми? — Ултиматумиз нимаси? — деди у. — Гаровга олиб, шарт қўйишса, юборишадиган хат. Шундайми? — Йўқ, унақа гап йўқ, йўлдан жўнатишибди. Пўчтада. — Шундай демайсизми, — дедим сал ўзимга келиб. — Қаердан ташлашибди? — Ўшдан экан. — Ўшдан?! Муҳри шундайми? — Шундай. — Унда қўрқманглар, — деб таскин беравердим, — тинчлик экан. — Сиз шундай дейсиз-да, ўқиб эсимиз чиқиб кетди-ку. — Нима деб ёзибди? — Дарвоқе, мен хатни кўрган-билгандай таскин беришимни-чи! Қайтариб сўрадим.— Жичча ўқинг-чи. — Ўзи жиндак. — Унда ҳаммасини ўқий қолинг. — Ҳозир, — у гаплашгични қўйиб, аллақаёққа йўқ бўлиб кетди. Мени эса ғам босиб келарди: «Акбарни авраб олиб кетганлар Ёдгорнинг ҳам изига тушмадилармикан ишқилиб?» Бу орада у қайтиб келди. — Мана, эшитинг: «Етиб маълум бўлсинким, жилла қурса, бола тирик эканидан хабар топинглар, деб шу хатчани жў-натяпмиз. Фақат қарғамангиз. Булар мусофирчиликнинг тошдан қаттиқ нонига кўниб-кўниколмай юришганидан шуни маъқул кўрдик. Биз болани буваси- никига олиб кетяпмиз. Эсон бўлсак, онасини ҳам етказгаймиз бир кун. Ўша Тангритоғга. Оллоҳдан сабр тилангиз... Xудойберди бешикчи». — Ким? — Бешикчи. — Сизлар тарафда шунақа одам... борми? — дедим гарангсиб. — Эслай олмаяпмиз. Эшитмаган эканмиз. — Қизиқ-ку, — дедим. Улар ким бўлиши мумкин? Ҳеч ақлим етмасди. — Нима қилайлик? Овоза қилмай ўтиратурайликми ё... эртага ўзиз келасизми?... — деди ўзини Акбар саритойнинг онасиман, деб атаётган аёл. Мен ўзини сал таниётган бўлсам-да, овозини ҳеч ўхшата олмаётган эдим. Шундай бўлса-да: — Сабр қилинг, эртага бораман. Ҳеч кимга оғиз очманг. Эшитдиз-а? — деб тайинладим. Ростдан ҳам нега бормай? Саритойни Ёдгор фаҳмлаб ўғирлаб кетишадию... яна онаси — азиз кеннойижонимни Тангритоғга олиб кетмоқчи бўлишадию... мен етиб бормайманми?! Яхшиям, кеннойим шифохонада! Бўлмаса, нақ ўғирлаб кетишаркан! Биз қўлимизни бурнимизга тиқи-иб қолаверарканмиз. — Ўлибман-да... — деди Асал опа энди ўзига ўхшай бошлаб. Унинг заҳар тили қичиб келаётганини кўриб, мен гапимни андавалай қолдим. — Анув Зокир бадбахт келса, дейман-да. Биласиз-ку, уни, йўқ ердан ҳид олади. Қорасини кўрсатгани йўқми ишқилиб? — Қаёқда! Ўша даб бўлганча кетиб боряпти. — Шу вақт унга кимдир нимадир деди. Аёл кишининг чалакам-чатти овози эшитилгандай ҳам бўлди. Асал опа «Хўп, хўп, айтаман», дея менга «юзланди»: — Дарвоқе, Сизга омонат гап бор экан, ойим айтяпти- лар. — Омонат? — Мен хушим бошимдан учиб, гўё оёғим остида ер айланмоққа бошлади. — Ҳа, Чаман акангиздан, — деди у. Ана, холос! Шунча борганимда индашмаган, энди айтишяптими? Учини ҳам чиқаришмаган эди-ку? Мен симнинг у томонида одам борлигини ҳам унутиб, «Нима экан ўша омонат?», дер эдим ўзимга ўзим. Мана шуниси ҳаммасидан ғалати эди. Тангритоғ Томонларидан Айний Бошлаган Об-Ҳаво... Офтобга қарасам, у театр биноси томидан ошиб ўтиб, кун пешинга яқинлашиб қопти. Биз ана шу муҳташам кошонанинг шундай биқинида, кўчанинг бериги бетидаги бинода ўтирамиз. Деразамиз ҳам ўша фавворали майдонга қараган. Майдонни гир ўраган чинорларнинг шоҳчалари энди бўртиб кела бошлаган, қайрағочлар ҳали бошидан қора рўмолини олиб улгирмаган бўлсалар-да, фаввора ишлаб кетган, шувиллатиб сув отиб ётар, атрофида одамлар солланиб кезишни бошлаган эдилар. Майдончадаги гулзорларда оқ, сариқ, пушти гуллар ер бағирлаб чандон очила кетганларки, тепадан бир чиройли баҳор капалакларига ўхшаб кўринардилар. Кўчада ҳам одамлар гавжумлашиб, ғимирлашиб қопти. Демак, тушлик яқин. Ҳамонки, Ёдгормуродларникига ўтадиган бўлсам, йўлакай қиттак тамадди қилиб олганим маъқул. Қайтгунимча ошхоналар тим-тирс беркилмаса ҳам совуқ овқатга куним қолмасин. Ҳозир Тошкентда нима кўп — қурувчи кўп, ҳар юртдан келганлар кўп, бизнинг ошу кабобларимиз тансиқ. Ҳар бурчагу бурилишда ошхона очилиб, дошқозонлар осилаётгани билан ўша тансиқ нарсалар тугаб, бир соатга етмай чойхоналаргача ҳувиллаб қоляпти. — Мен сурдим, — деб пастга тушиб, кўчани кесиб ўтаёцам, орқамдан биров чақиряпти. Отимни айца ҳам майли экан, эркалаб чақиряпти: — Ҳов, пакана пари! Ялт этиб ўгирилиб қарасам, кўча ёқасидага қайрағоч таккинасига бир ажойиб хориж машинаси секинлаб келиб тўхтаяпти. Жонивор илоннинг оғзидан чиққандек ялтирайди. Ўша киноларда кўрадиганимиз — шамолдан тез, хаёлдан учқур қора «Волва». (Бунақаси Тошкентда ягона бўлса ҳам эҳтимол. Агар ҳукуматникини ҳисобга олмаса!) Ичидан эса норғул биров туша бошлаган-у, мен уни танимайроқ турар эдим. Овози танишдек эшитилганди, лекин ким бўлса экан? Шаҳарда ҳеч ким мени бундай атамас эди-ку?! У ўгирилиб, кўз-кўзга тушди-ю, мен шошиб қолдим. Нигоҳи жуда ҳам таниш эди-ю, аммо ўзини ҳеч ўхшатолмаётган эдим. Наҳот шу — ўша қилтириқ Олим акам бўлса? У Султонмурод акамга ўхшаб норғул тортиб кетган эди. Ё Султонмурод акамнинг ўзимикан?! Мен саросимада қолганимни кўриб, у ўша ерданоқ майин жилмайганча қучоқ очиб кела бошлади: — Вой-вў, кўрар кун бор экан-ку! Топар кун бор экан-ку сизларниям! Сен танимасанг, мен танидим. Мен топдим! Боракансизлар-ку! — Олим ака! Наҳот ўзиз?! — Ўзим-да, жигаргўшам, ўзим!.. Мен-да, қучоқ очиб талпиниб бордим-у, йўл ўртасидаёқ қучоқлашиб кўриша кетдик. — Вой, учратган жойимни қара-я! Қаерлардан изламадим сизларни, қаердан суриштирмадим! Биров Фарғонага кўчиб кетишган, дейди, биров қайтишган. Боракансан-ку, жигаргўшам, — деб қучоғидан қўймай у пешонамдан ўпар, юзларини юзларимга суйкаб, куракларимни силарди. Мен эса унинг қучоғида бамисоли йўқ бўлиб кетган эдим. Олим акам тоғаларимдек шунақа норғул тортиб кетибди. Ҳатто чекка сочларига оқ оралаб улгуриб, катта киши нусхи уриб кетибди. Воҳ, шунча сувлар оқиб кетибдими? — Қайтганмиз, қайтганмиз, — дедим. — Мен ҳам қайтдим. Бўлар шунча тентираганларим, дунё кезганларим, — деди у ҳам, — энди одамга ўхшаб яшай мен ҳам. Соғиндим ўзимизникиларни, — дерди у, менга тикилиб тўймасди. Ҳали бағрига тортади, ҳали пешонамдан ўпиб қўяди. — Уни қара-я, «Ҳизр»ни йўқласам бўларкан. Кўнг-лимдан ўтишинг ила йўлимни кесиб чиқиб турибсан. Ўтир, кетдик, — деб қисташга тушди у. — Қаёққа? — дедим беихтиёр. Қолаверса, у жуда бемаврид йўлиққан, қисталанг пайтда учраган эди. Мен йўлакай бирон жойда тушлик қилиб олиб, Саритойларникига ўтмоқчи эдим. Ваъдам бор... — Қаёққа десанг, мен тайёрман. Озод қушман. Фақат сен имо берсанг, бас. Биз бу дунёнинг эрка кийиги «Волва»га ўтирволганмиз, қаёққа десам, ўша ёққа ҳайдайдиган. Аммо мен ўша ёқни айтолмай турибман, нияту ваъдамдан кечолмай турибман. — Шу кечқурун бизникига кета қолсак-чи, ойим ҳам бошлари осмонга етар эди, — дедим. — У энди қочмайди. Ҳозиргисидан гапир. Яхшиси. ҳозир бир етга ўтамиз. Бир отамлашайлук, — деб у машинасига ўт олдира бошлади. Шунда ҳам кўзимдан кўзини узмай ризолигимни кутар эди. Мен эсам уни Xудо етказганидан суюниш ўрнига имиллардим. У билан Ёдгормуродларникига боргим йўқ. Ишқилиб, Калковуз бўйидаги ўша ҳовлига яқинлаштирмасам дейман. Акамга алоқадор одамларни билмагани маъқулдек. — Озгина тамадди қилиб олиб, ўтадиган жойим бор эди, — дедим ахийри. — Яхши, ҳаммасига ҳам улгурамиз. Аввал бирон баҳавороқ жойга борайлик, сўнг ташлаб қўяман. Бунга нима, чўтми? — деди тулпорига ишора қилиб. — Шундай-ку, лекин... қандай тушунтирсам... — деб мижғовлана бошлаб эдим; — Агар мен билан бошлашиб боришинг лозим бўлмаса... ўзинг ўтаверасан. Ёки бирга тамадди қилгинг ҳам йўқми? — деди у ҳеч оғринмай. Ҳалиги хаёлларга борганимдан уялиб кетдим. — Йўқ, нега? Қани эди тулпорингиз ўша жин кўчаларга кириб боролса! Жон дердим-ку! — Кетдик, кетдик. Ўйчи ўйлагунча, таваккалчининг иши битибди. Эшикни ёпиб, орқага суянсам, денг... воҳ, ўриндиқ дегани шунчалар юмшоқ-роҳатижон бўладими! Анг-танг қолибман. Бунақа роҳатни умрим бино бўлиб, куёвлик чимилдиғига кирганда тўрт қават духоба кўрпача устига чўкиб ҳам туймаган эдим. Шунақа майин, ҳам юмшоқ, сўнг бир ажойиб ифорлар гуркираб келар эдики... Оламда шундай ужмоҳлар бўлар эканми, деб аланг-лар эканман, у оҳиста жилди. Жилди нимаси, турган еридан худди сувда сузгандек сузиб чиқиб, кўча ўртасига тушиб олди-да, шувиллаб кета бошлади. — Зўр-ку, бизникилар бунинг олдида қалдироқ арава экан-ку,— дедим акамга.— Биз сўккан капитализм-нинг мевасими шу? — Сен бу «қўғирчоқ»ларига маҳлиё бўлма. Орқасидан келадигани ёмон, — деди акам негадир қўл силтаб. — Ўзингиз-чи, опкепсиз-ку? У менга қараб қўймайин ҳам бурнини жийирди: — Ҳавас қиладиганмас уларнинг ҳаёти. Егани олдида, емагани орқасида бўлгани билан... эртаси вой. Мен тушунмадим: — Қандай қилиб? — Оллоҳ буларнинг бу дунёсинигина берган... у дунёсини билсами, уввос солиб йиғларди ҳаммаси. — Йўғ-е. — Ҳаммаси охиратидан бехабар. Охиратини ўйласа, закоту садақани ҳам биларди. Дунё тўла оч-наҳорлар. Лекин ўшаларга бир мири илинсин-чи! Ҳе, йўқ, уларнинг фалсафаси — яшаб қолиш, бошқалар эзилиб ўлиб кетмайдими!.. Олим ака ё таниб бўлмас даражада ўзгариб кетган, ё мени синаш учун айтаётгандек эди бу гапларни. Ўзи-чи? Ўзи ўша нарсани миниб юрипти-ку, яна бу дунё матоҳларини менсимагандай сўкиши ғалати. Ўзи қайси бойваччадан кам?! Бўзсувда, акасининг қароргоҳида нималар қилиб юриб эди, (неча йил йўқ бўлиб кетиб!) энди охират ҳақида гап сотиб қопти?! Устамонлик ҳам эви билан-да! Қўйиб берса, муфтийлик салласини ўраб амру маъруф қилмоқчи. Мен машинасига чиққанимдан пушмонда эдим: қани энди бир мўъжиза рўй бериб, кўча ўртасида ўчиб қолса-ю, ишим зарурлигини баҳона қилиб, суриб юборсам... Қаёқда! «Волва» катта йўлдан шувиллаб боряпти, қилт эца қани! Бошқалар шамолига ҳам етолмай қолиб кетяпти. Гўё бу ғилдирагини ичига тортиб олгану йўлдан тўрт энлик кўтарилиб олиб, учиб бораётгандек. — Барибир тан бериш керак, биз ҳали-вери етолмаймиз уларга!— дедим мен беш кетганимни яширмай. Олим акам менинг ғўрлигимданми, нимадан илжа-йиб қўйди. Гўё сен нимани ҳам билардинг, дегандай. — Ўксишингга арзимайди! Улар етган жойга биз ҳам етармиз, лекин бизда борига улар етолмаслар! — Тушунмадим... У хўрсинди: — Биздаги оқибат, мурувватпешаликнинг урвоғини топсалар, дўппиларини осмонга отар эдилар. Афсуски, у ерларда мушук ҳам бекорга офтобга чиқмайди. Билдинг? — Ўша ерда ҳам Xудо таоло дейдиганлар бордир, ахир? — Бор, лекин оқибат ўзига яраша, биздагига қиёслабам бўлмайди. — Бу ёқдан ўтиб борганлар-чи? Ахир бир вақтлар озмунча одам... — дедим. — Ҳижрат қилиб кетганларни айтасан-да? Улар алоҳида олам. Керак бўлса, жонларини фидо қилиб юборишади. Мен анув ўзларини дунёнинг устуни ҳисоблаб юрганларни айтяпман. Асли Оллоҳ уларни дунёга сочиб, тўзитиб қўйибди-ю, англаб етгилари келмайди. Ўз ақлларига маҳлиёлар: манавинақа илоннинг оғ- зидан чиққандек машиналар, кемалар, учоқлар яратолганликларидан ўзларини унутиб қўйганлар. Ваҳоланки, инсонга ҳардал уруғича ҳам илм берилган- мас... — Биз қаёққа кетяпмиз? — дедим бирдан атрофга аланглаб. Қарасам, Xадранинг чорраҳасидан ўтиб бораяпмиз. — Қаерга бўларди, «ЖАР»га-да. Овқатнинг дода-хўжаси ўшатта-да. Ўшанақаси борадиган ерингга ташлаб қўяман. Xасти Имомга борасанми? — деди Олим акам лабининг четида жилмайиб. Мен ёқа ушладим: «Хасти Имом томонгалигини қаёқдан била қолди? Кимникигалигини ҳам билар балки?» — Биз киролмайдиган жин кўчалар яна қаерда қопти? Ҳаммаси бузилиб бўпти-ку, — деди у. Мен ўзимнинг анқовлигимдан ўзи зил кетиб, гапни бурдим: — Ишқилиб, ўзиз марказроқда турибсизми? Ғиротингиз бунақалигига яраша? — Менми? — деди у ялт этиб қараб. — Айтмадимми ҳали? Ўша ишхонангга яқин ердаман. Ҳукуматти уйлари бор-ку. Ўтганмисан ҳеч? — Йўлим тушганича йўқ, — дедим тан бериб. (Ўшатданки, жой олган бўлса, демак, хизматни қилиб қўйган экан-да? Оббо, анойи-ей, яна охиратдан гап сотади!). — Ўша Тупроққўрғоннинг орқасида. «Қуш учиб ўтолмайдиган» жойлар бор. Шундай пастимиздан анҳор оқиб ётибди. — Анҳор ёқаси бўлса, ёмонамаскан, — дедим ичимдагини қулт ютиб. Ичимда эса, бошқа нарса ғимирсилаяпти: ўзи зодагонларнинг қаватига жойлашиб оп-ти-ю, яна кимларни сўкяпти?! — Сен бир кун ишдан чиқадиган вақтингни айцанг, мен кутиб олардим: бир отамлашардик. Кейин холамларни, келинни опкеласан. Борди-келди қиламиз. Одам одамга ғанимат,— деди у яна ҳам яқин олиб. — Xудо хоҳласа, — дедим манзират фаҳмлаб, — мавриди ҳам кепқолар. — Йўқ, чиндан айтаяпман: борди-келди қилайлик. Бу дунёнинг зийнати шу-да. Қолаверса, пайғамбаримиз айтганлар: қариндошлар билан орани яхшиланг, деб. Шунча узилишиб кетганимиз етар. Ҳали Нусрат поччаникига топиб боролганимча йўқ. Қўлдош тоғамлару кенжа тоғамизни, бир-биридан азиз холаларимни кўргим, дуоларини олгим келади. Истасанг биргалашиб ўтардик. Зилзила бўлиб, ҳаммалари ҳар ёққа тўзиб кетишибди. Топишиб юборсанг, хўб савобга қолардинг-да. Олим акам айни дамдагина шунақа кайфиятдамиди ё чинданам соғинганми, ҳеч ажратолмасдим. Оллоҳ ўзи кечирсин. Кўнглимга бир-биридан шубҳали гумонлар оралаб, айланиб-айлаланиб келяптики: одатдаги тилёғламалиги эмасмикан, дейман ва шу заҳоти бу фикрни калламдан қувиб соламан: Астаъфируллоҳ, астаъфируллоҳ, қанақа одаммиз ўзи? Шайтон етовига тушиб қолмаганмизми мабодо? Биров сидқидил юрагини ёрсаю биз қаёқдаги гумонларга бориб юрсак?! — Нега бошлаб бормасканман, бир оғиз сўзингиз... — дедим ич-ичимдан чиқариб. — Раҳмат, укагинам, — у рулда ўтирган ерида қайрилиб елкамга қоқиб қўйди. — Шунақа дейишингни билардим. Сўзимни ерга ташламаслигингни, чақирсамоқ учиб келишингни билардим. Раҳмат, сен ўзи бир бўлакчасан. Зўрсан, пакана пари. — Жудая унчаликмас, қўйинг, — дедим хижолатларга ботиб. — Йўқ, беҳазил. Энди чин ака-ука бўламиз. Мақсуд. Ахир холам кимлар бизга? Онадек гап... Кап-катта, салобатли одам ўзини бундай кичкина олиб, илтижо этиб турса... ғалати бўлиб кетдим. Мутаассирланиб, ичим аллатовур товланиб, қарадим. Бояги ғашликларнинг урвоғи ҳам қолмаган эди: — Секинроқ айтасизми,— дедим ийиб келиб,— бор давлатимиз шулар-ку — холаларимиз, тоғаларимиз-ку. — Нимасини айтасан! Қадрларига етмай қаёқларда юрибмиз, нималарга оворамиз?! — У пушмонини яширмай бош чайқай-чайқай тиззасига шаппалаб қўяр- ди, — ким кунда, кун ора кириб хабар олибди, зиёрат этибди, дуоларини олиб қолибди — ўша чин ютуққа эришибди! Одамдан қоладигани шу-ку. Биз нима қила олибмиз? Шу ҳолатда машинани тепада қолдириб, «ЖАР»га туша кетдик. Пастга қадар айланиб тушиб борган жин кўчанинг қай бир қайрилишидаги якка тавақали кўк эшикнинг йўлагидан ўтиб, кафтдек ҳовлининг бир чеккасидаги супада иккитадан жигар кабобу бир талинкадан хасип едик. Мен кўпдан бундай тансиқ таом емаганимни шунда эсладим. Ўзимизам оврўпача ошхоналарда пиширлган совуқмижоз нарсаларга кўникиб кетиб, чимтомоқ бўлиб қолибмизми, бундан ортиғига ярамадим. Аммо таъми оғзимда қолди. Кимсан, мухбир бўлиб ҳам шунақа жойлар борлигини билмас эканмиз. Бу ерда ҳатто оврупоча кийинган, (дунёнинг тескарилигини кўринг!) аёллари сириб шим кийволиб, эрлари халитдан тиззаси очиқ калта бир нарсага ўтган хорижликлар чуғирлаб юришар, бу тупроқ томли пастак уйларнинг содда-тўпори эгалари шунақа лаззатли таомлар тайёрлай олишларига беш кетиб, улар турадиган мазгиллар, бу тик кўчалару тор йўлакларни, сўри остидаги супачаларни, норин тоғоралару хасип солинган қозонларни суратга олиб чарчамас эдилар. Қай бирлари бу тансиқ нарсалардан кўпроқ еб қўйганми, юқорилаб кетган айланма йўлдан кўтарилолмай мишиллаб қолган эдилар. — Очопат хайитда ўлади, дегани шу-да. Булар нафсидан бўлак нимани билади? — деди Олим акам ижир-ғаниб. — Тансиқ-да, булар учун. Экзотика қидириб келишган ахир, — дедим мен. — Бошқа нима ғамлари бор?! — Ғамлари шу-да, дунёнинг лаззати. Оллоҳ ҳам ниятга қараб беради, — деди у. — Нимани? — дедим уни англай олмай. — Бу дунёсини-да. Охиратини ўйлармиди булар. Ҳайратангиз ҳол: акам илгариги Олим эмас, биров уни алмаштириб қўйгандек эди. Фикри ҳам бошқача, қараши ҳам. Биз ўлсак ҳам бундай дея олмаймиз. Лекин акам ўйлаб ўтирмай айтиб ташлаяпти. Нима бу? Дунё кўргани аломатими ё атай ўзини менга кўрсатиб қўймоқчими? Тушунолмадим. Нимадан ижирғаняпти? Баднафсликлариданми ё қадамлари шу ергача етиб келганиданми? — Биз юртимизни қизғанишни ҳам унутиб қўяяпмиз шекилли. Ўтир, ташлаб қўяман. Ишингни ҳам битириб кетақол, — деди у тепага чиқиб. — Вақтиз... — дедим хижолатга тушиб. — Вақт нима! Машинага беш минутли йўл. Агар ишинг тезроқ бица, кутиб туришим ҳам мумкин, беҳазил, — деди у. — Йўқ, раҳмат. Ўтадиган жойларим, гаплашадиган кишиларим бор, ушланиб қоламиз, — дедим шоша-пиша. Очиғи, Чаман аканинг уйини унга кўрсатгим йўқ. Билиб бўладими! — Ўзинг биласан,— деди у тулпорини жилдириб.— Аммо эртага бир вақт ажрацанг: анув Илҳом сутчиникига ўтиб келардик. Адам раҳматлининг қарз саломлари бор. Суриштириб қўярсан? — Суриштиришга-ку, суриштираман, лекин эртагача топиб бўлармикан? Ёнғиз одам... қаёққа кўчди, кимнинг қаватига борди? — дедим ростига кўчиб. — Нима, бола-чақаси йўқ, сўққабошмикан? — деди акам бир ғалати ҳайратга тушиб. У ялт этиб қараганидан сездим, бўлмаса эътибор бермаётиб эдим. — Бор, деб эшитганман. Лекин борди-келди қилишмас экан. — Қизиқ-ку?! Иссиқ-совуғи-чи, ким қарайди экан? Шундай одам билан юзкўрмас бўп кетишмагандир, ахир? — Билмадим, биз эсимизни танибмизки, сутчилик қилиб, ёлғиз туради. — Тарки дунё қилганми ё? — деди Олим акам ишонқирамай. Нимага бу одамга қизиқиб қолди — тушунолмасдим. — Дарвеш бўлиб... дарвеш эмас. Фақат қанақадир одамовироқ. — Ғалати, — деб таажжубланди акам, аммо қайтиб бошқа сўрамай қўя қолди. Иймандими ё бошқа гап борми, билолмадим. Сағбондан ўтиб, Xасти Имомга бурилгунимизча ҳам жим борди. Мен эсам энди уни гапга солишга журъат этолмай, бу қадар узоқ сукутга кетганидан хавфсираб ўтирардим. Тушунуксиз бор ҳол: қарз саломини етказадиган одамни шунчалик суриштириш зарур эканми? — Ҳар эҳтимолга қарши манавини опқўй, — деди у ниҳоят жимитдек мезбонқоғоз узатиб. — Қўнғироқлашармиз, бўптими? — Яхши, ишларимдан қутулишим билан қиламан,— дедим майдонга яқин жойда тушиб қолаётиб. — Уйда бўлмасам, ишхонамдан топасан. Тортинмай сўрайвер, — деди у. Демак, ишлайди. Узилишиб кетмаган илгариги хизматидан. Сутчини зўр бериб суриштириши ҳам бежизмас. — Яхши, — у ҳақда яна ёмон хаёлга бора бошлаганимдан хижолатга тушиб, машина эшигини тез ёпақолдим. У жилмайибгина им қоқдию зиғирча ҳам шубҳага бормай жўнаб кетди. Мен уялиб қолавердим. Энг ёмо-ни — ўзимга таскин берадиган сўз тополмасдим. Дунёда биров ҳақда ёмон фикрга боришдан ёмони йўқ экан, тавба. Лекин Оллоҳ ўзи кечирсин, бошига шунча ташвишу кўргиликлар тушиб турган бу хонадонни, унинг эгаларини ҳар кимга маълум қилиб ҳам бўлмасди-да. Қолаверса, Чаман акамни Олим акам танимаса ҳам майли экан... Бир чиройли тараб қўйилган токлар текис шўралай бошлабди. Олди (кунгай томонлари) бир ажо- йиб — жимит барглар ёзиб офтоб нурини эма кетганлар. Кўклам ишкомлар устига кўк ёпинчиғини ёпиш ҳаракатига тушган бўлса-да, ҳов — тепадаги овлоқ ҳовузнинг гир атрофига сафланган қора толлар аллақачон ороланиб, шамолда чайқалиб ётибдилар. Фақат ҳовуз жонивор неча йилдирки, сув кўрмаган. Ариқларни тозалаб, сув очиб келгувчи кимсанинг ўзи йўқ, Чаман акам ўша кетганча бедарак. Яна қанақа омонат қолдирибди экан менга? Ўша келганида бераверса бўлмас эканми? Ё шундай тайинлаганми ўзи? Сўри тагида тўхтаб, чақирганимдан сўнггина ичкаридан сарвдек бўлиб опаси чиқиб келди. У узун сариқ атлас кўйлакда эди, тақимига тушиб турган йўғон икки ўрим сочи ундан-да бўйчан кўрсатарди уни. — Келинг, келдизми? — деди у танғиган рўмолини пешонасига тушириброқ ўраб. Мулозамат — аёл кишининг кўрки-да, қаранг, унга ҳам ярашаётиб эди. Фақат ҳамиша чирсиллаб, юзидан заҳар томиб тургувчи бу аёлдаги ўзгариш — тушунуксиз эди. Чиндан асрандисига ачиняптимикан? Борида турткилаб бир ерга етаркан, энди қадри ўтибдими? Мен салом бериб, яқинлашиб бордим. Аммо ич-ичимдан ҳайиқиб турибман. — Яхши ўтирибсизларми, холамойим бардам-бақувватмилар? — дедим чўчибгина. Билиб бўладими, бу заққумойни? Чиндан ҳам унинг зулук қошлари чимирилиб тушди. — Анув тентираганнинг юришини кўрмайсизми? — деди бошламасига. — Ким? — дебман англаб-англамай. — Ҳамиша шу! Бир кеца — бадар кетади! На уйини ўйлайди, на жойини. Билмадим, ойим кўчага туққанмилар уни!.. Тушундим! Чаман акамни яниб боряпти. Янигандаям ойисига эшиттириб, узиб-узиб оладиган қилиб саннаб боряпти. Сал бундайроқ айтаверса, бояқишни аяса бўлади-ку, йўқ, феъли шунақа, албатта, нишини бировга суқиб туриши керак!.. Мениям ичимдан бир нарса тошиб кела бошлади: — Мени шунга чақирганмисиз? — дедим эргашишдан тўхтаб. У хуши учиб қайрилдию авзойимни кўриб (қараса, бурилиб кетворишдан ҳам тоймайман!) юмшади, юзига бинойи одамлик сиёҳи югурди: — Вой, маъқиб турибсиз, келавурмайсизми? Мен ҳам «ўзиззи гапиззи қаранг, зардангизни қаранг!», дегандай чимирилдим. У қўл силкиди: — Мен қўяверинг, эътибор қилманг. Азбаройи тўйиб кетганимдан айтаман-да, — деб ёрилди. — Илгари қанақа эдим, хў... билмайсиз. Ҳаммаси анув шўртумшуғимдан бошланди. Бўлмаса, юрувдим саннаб-саннаб, гар-гар кекириб... Ҳеч кимга сўз бермай. Баъзан заҳаримни сочиб, баъзан назаримга илмай. Бу турмуш деганларигаям тупуриб... Шу бола шунаққиб кетдию... — У энди ёнимга тушиб олиб, дарди дунёсини тўкиб борарди, — мен уни «Ҳа, аразлади-да, бир», деб ўтирибман. У бўлса, нима қилиб кетибди!.. — Нима қилиб кетибди? — дедим мен ўгирилиб. У тўхтаб, ҳамма гап шунда-да, дегандай им қоқди: — «Грой»лик қип кетибдилар, ўзларича. — Йўғ-е, — дедим ишонолмай. У яқин келиб қулоғимга бир нарса демоқчи бўлиб эди, ялпиз ҳиди гуркираб кетиб, унинг бўйига эсим оғди. (Қулоғида ё кўксида эканми, ялпиз жонивор, билолмадим). У шипшиди: — Ойимларга айтиб ўтирманг-у... анув, балога йўлиққургинанинг Ёдгорини қидириб келганлар шунга йўлиққан чиқади. Бўлмаса, мен Ёдгорман деб кетворадими? — У нари чекилиб, яна ялпиз ҳиди гуркиради. Унинг бўйи шунақа тансиқ, шунақа тоза эдики, димоғизга урилишидан одам ўзини йўқотиб, оламни унутар эди. — Ўз кўнгилларида мени бир куйдирмоқчи бўлганлар-да. — Йўғ-е, бола-ку, ҳали. Қолаверса, қайси бола онасига ёмонлик соғинади, — дедиму тилимни тишлаб қолдим. Мен ўзим сезмай қовун тушириб қўйган эдим, орқасидан сипоришлашга уриндим: — Шошманг, бу гапни... қаердан олдингиз? — Қайси, Ёдгорман деб кетворганиними? Кўчовзадигилардан-да. Болаларни ўртасида гап ётармиди, — кейин мен томон энгашиб, шивирлади: — Ойимларга билдирмай қўяқолинг, кейинам нечтаси сўроқлаб келиб-кетди. — Нечтаси? Кимни сўроқлайди? — Тушуна қолмасдим мен. — Ўша кеннойизни арзандасини-да, кимни бўларди. Юрагим шув этди: — Қаердан ис ола қолишибди? — Билмасам... Биз юқорига қараб юравердик, лекин менинг ичим ғурмишлагандан ғурмишлаб боряпти. — Нима истайдилар? Айтмаганингизга қўйишмаяптими? — дедим қўрқа-писа. Асал опанинг қошлари чимирилди: — Сиз менга осон тутманг, оповси, — деди феъли айний бошлаб, — ўзимники етмагандай, уникига ҳам куйишим керакми? Далага опкетишган, дедим. — Бекор қилибсиз шуни, — дедим оғринибгина. У ялт этиб ўгирилди: — Нима, топиб боришдими?— деди саросималаниб. — Шунга ўхшашроқ, — дедим мавҳум қилиб, асли ўшаларми, бошқаларми — билмасдим. — Неча киши эдилар? — Ким? — Ўша келганлар-да. — Ҳа, уларми? Биттаси аниқ эсимда: жуда пўрим кийиниб опти-ю, ўзи четда турибди. Қолганлари бозорнинг болалари эди шекилли. — Қизиқ, — дедим мен, — қаердан била қолдиз? — Тилидан-де, шу ўзимизни Тошканни «вотти-вотти» боллари. — Шу холосми? — Тағин биттаси келганмиш самбитдек йигитча мен йўғимда. Ойим биладилар. — Қаерданлигини айтишмадими? — дедим ичим тошиб. — Ижроқўмданмиз, дебди шекилли. Ичим шув-в этди: Аниқ ўшалар! Ўз идорасининг номи қолиб, ижроқўм соясида юргувчилар! Қолаверса, бу сочи узун — ақли калталарга ҳеч замонда тўғрисини айтарканми?! Бошқа ким ҳам бўлиши мумкин? Бирдан ичкарига кирмайин ҳам... кетворгим келиб кетди! Ҳали бизникига борганлар ҳам шуларга тегишли чиқмаса эди?! Ичим ғурмишлаб, Асал опанинг юзига термул- дим: — Ҳар гал ёлғиз келармиди? У дабдурустдан тушунмади: — Кимни айтасиз? — Ўша ижроқумни боласи-да. — Ҳа, йўқ. Ўзи икки мартагина келибди. Анувлар эса алмисоқдан қолган «Победа» миниб олишибди, тағин димоғларидан қурт ёғилади. — Тушунарли, — дедим-у, лекин ўла қолсин, агар бир нарсага тушунган бўлсам, ким юборган экан уларни? — Xатни кўрсам бўладими? — дедим ниҳоят. — Айтмоқчи, ҳозир опчиқаман, унгача ойимлар билан кўриша туринг, — деб у ўз уйи томон юрди. Рости, бу ўзига тоза бино қўйган жувоннинг унчалик ҳам ақлли эмаслигига ҳайрон қолиб турардим. Шу ҳусн, шу қад, шу кўркни берган Xудо уни наинки фарзанддан, озгина ақлдан ҳам қисгандек эди. Бўлмаса, бировнинг боласи, кўзининг оқу қорасини (аниқ айтмаган тақдирда ҳам!) қаёққа олиб кетганимизни айтадими? Мен билмайман, деса олам гулистон-ку, Ўзини ёқтирмаса, боласига ачинмайдими? Она бўлиб кўрмаса, қийин экан-да. Ойтўра буви бир бошқа олам эди, ўша ўтирган ерида қалампирмунчоқми, мушк-анбарлар ҳидигами кўмилиб, ўша-ўша оқ-оппоқ бўлиб ўтирар эди. Менинг овозимни эшитгандаёқ бир ғалати жонсараклик билан йўлимга кўз тикиб ўтирган эканлар, кўра юзлари офтобдайин ёришиб кетди. — Вой, ўзим айланай, мирзо йигитдан. Бормисиз, бўйлариздан ўргилай, келинг. Мен энгашиб, елкамни тутиб бордим. У киши бағрига тортиб, куракларимни силай кетди. — Вой, болагинамнинг суянган тоғгинаси, ишонган боғгинаси. Яхшиям сиз боракансиз. Сизни кўриб соғинган кўнгилларимиз бир хотиржам тортди. Хонтахта ўрнига ҳам устига ялангқават бир нарса ташланган курси ёнига чўкиб: — Тинчликми, буви, қандай ўтирибсизлар? — дедим дуодан сўнг. — Ўтирибмиз, мирзо болам, ўтирибмиз. Қаранг, келганиз қандай ярашиб турибди. Қадамларизга хасанот, уйларимизни тўлдириб юбордингиз, — дердилар буви ҳеч ерга сиғмай. Фақат ўтирган ерларидан туролмасдилар. Туролсалар, билмадим, қандай айланиб-ўргилар эканлар устимда. Тавба, бу аёл қариганда шунчалик, ёшлигида қандай ўтган экан? Юзларидан ёғилаётган бу нур қайдан балқиб чиқиб келаётибди — ҳеч адо бўладиганмас. Икки оғиз ширин гапирсалароқ ё суйиб тикилсалар бас, балқиб чиқиб келаверади, чиқиб келаверади. — Сўратган экансиз, — дедим ийманиб. — Ҳа, айтмоқчи, Чаманимдан одам келувди. — Одам?! — дедим ҳайратга тушиб: қайси бирини айтаяптилар экан? — Ўша, ўзининг об-ҳаво ишхонасидан. Самбитдек йигитча. — Қанақа ишхона? — Самбитдек йигитчани фаҳм-лагандек бўлдим-у, лекин ишхонасига... тушунмадим. Чаман акадек бехаловат одамнинг қўним бир ишхонаси бораканми? — Вой, ўша тоғ-тошлардаги гадойтопмас истансаларгами — шуларга қарайди-да... Ойлаб бадар кетиши шундан, болам, — дедилар буви ҳамма оналарга хос бир содда-дўлворлик билан. Ё менга шундай туюлдимикан? Лекин ўзим бу гапни эшитиб анг-танг қолгандим. У киши эса юзларига бир хотиржамлик иниб, тушунтирар эдилар: — Шунақа бадар кетганида, узоқ-узоқлардан бир-бир идорасига хабар бериб, уйга одам юбориб қўяди. Биззи сўраб, ҳам хотиржам торттириб. Юбормаса, нима қилардик? Дуои жонини қип ўтиришдан бўлак нимага ярардик? Ило-ой, соғ-омон кўриштирсин Ўзи... Менинг хаёлимда эса тамоми бошқа ўйлар ғужғон уради: об-ҳавони кузатиш идораси?.. Қанақа «об-ҳаво»ю қанақа «кузатиш»? Ҳеч тасаввуримга сиғмасди Чаман акадай бир одамнинг шунақа ишда ишлаши, истансаларма-истанса айлангани кетиши. Менинг тасаввуримда у тамомила бошқа иш билан «санқий»дигандек эди. Ҳозир қай бири ҳақ-ростлигини ажратолмай саранг эдим. Аммо битта нарсадан кўнглим тўқ: Асал опа ўша ўзи кўролмай қолган самбитдек йигитча... биз ўйлагандек ғалати сўроқлаб келувчи эмас, Чаман аканинг ишхонасидан экан. Ўз одами экан. Бундан ҳийла хотиржам тортиб сўрадим: — Яқин орада қайтиб қоларканларми ё бошқа гап билан кептими?.. — Яхши эсимга солдиз, унутай дебман. Сал ушланиб қолаётган экан, тайинлаб юборибди. Сизга тегишли гап, — буви овозларини пастлатиб, ташқари ҳовлига аланглаб олдилар. — Атай Асалим йўғида келиб, айтиб кетди. Мен бу гапдан ҳайрон қолган эдим: — Йўғида айтиб кетди? У киши маъноли бош силкидилар: — Ёдгоримизни аясини сизга тайинлаб кетган экан, шуни... — Тайинлаб кетганлар, тўғри, ками бораканми? Нима дейди?.. — дедим юрагим пўкиллаб. Операциадан хабар топа қолибдими ё?... Шунга кўнгли тинчимай... — Билмадим нега, жавоб тегиши билан далангизга опчиқиб кетаркансиз. Ёдгориниям, ўзиниям... — Нега, тинчликмикан? — дедим ичим аллатовур симиллаб. — Билмасам... Жуда қаттиқ тайинлабди. Ўзи тушунади деганмиш. — Тушунади?! Ким, менми? — дедим баттар хавотирим ортиб. — Ҳа, болам, сизни айтди. Аммо менинг ичимда тушунуксиздан-тушуниксиз бир қўрқувлар уйғониб келар эди. Ғалатидан ғалати хабар. Чаман акам ўша ёқда туриб ниманинг исини сезибдики, мени қидириб қопти? Ёдгорни сўроқлаб келишлари, Кемшиктойнинг «Мен Ёдгорман» деб кетворишларида... ҳаммасида чинданам бир сир бордек эди. Энди бундай топшириқ!.. Ростдан ҳам об-ҳаво ўша Тангритоғ томонлардан айниб келаётган эканми? Улар Султон акамнинг ўзи қолиб, энди аёлини излаб қолишган бўлса-чи? Чинданам қўрққулик-ку! Эс борида этакни ёпгулик-ку! — Ўша йигитча ҳар эҳтимолга қарши Сизнинг адресиззи ёзиб олди. Қанғлида туришади, дедим... — Ким? — дедим дафъатан англаб етмай. — Ўша Чаман юборган йигит-да, болам, ким бўларди? — Ҳа-а, — дедиму бирдан нафасим ичимга тушиб кетди. — Шошманг, у Чаман акам билан ишласа, ўзлари юборган бўлсалар, адресимни айтмабдиларми? Ғалати-ку, — дедим бувига. — Вой, шуни айтинг. Менам лаққа тушибман-ку. Чаманим айца керак эди, — дедилар бўшашиб. Мен ижикилаб сўрашга мажбур эдим: — Илгариям келганми ҳеч?.. Чаман акам борларида?.. — дедим ақлим бир тиниқ ишлай бошлаб. — Самбитдек йигитчами? Йўқ, энди кўришим шекилли, — дедилар юзларига ажинми-нима ина бошлаб. (Лекин ажабки, бу ажинлар ҳам юзнинг ич-ичидан балқиб чиқмоқда бўлган, анув ипакдай мулойим нурни йўқатолмас эди.) — Сиз уни ким деб ўйлайсиз?— дедилар у киши ташвишланиб. — Ҳайронман. Чаман акам тайинлаган бўлсалар, ишхонамданоқ топиб оларди. Бу ердан излаб юрмасди. — Ҳа-я, шуни айтинг. Бизни хўб авраб кетибди-ми, а? — Билмасам-билолмасам,— дедим мен, — уйга борсам, маълум бўлмаса, ҳозир бир нарса дейиш қи- йин. — Вой, мен эси йўқ, Чаман деса, лаққа туши- иб ўтирибманми? Қайтта туришиззи айтиб берибманми?.. Вой, мен — эсхонаси учган! Нима қип қўйибман? Ойтўра буви азза-базза ўзини қўярга жой тополмай адёл остида тош қотган оёқларининг тиззаларига шаппалаганча, айтиб куйинар, қўлини тиззаларига ҳар ташлаганда, ўзининг залвориданми, аламининг зўриданми, каравот лопиллаб силкинар, кампирнинг ўзини кўтариб ташлагудек бўлар эди. Шунақа куйиб кетибди. Мен эса у кишининг қўлларию тиззаларига ёпишиб, бир нималар деб тасалли бериб ётибман. — Вой, холамойижон, ахир Сизда нима гуноҳ, тинч-ланинг. Ҳали ҳеч гап йўқ-ку. Мен тўғри ўша шифохонадан келяпман-ку. Тинчлик-омонлик-ку. Ўзим шундай деяпман-у, ичим сидирилиб тушиб боряпти: Ўзи бугун бир ўлимдан қолгани билан бу ёқда ҳали шунча хатарлар турган эканми? Энди нима қиламиз? Тузалмай туриб, шифохонадан қандай опчиқиб кетай? Ёдгормуродни-чи, қаердан топдим?.. * * * Уйга қандай етиб келганимни билмайман. Шунақа вақтда ўзи бир белги беради шекилли: ич-ичимдан ғулғула аралаш бир қўрқув туриб, бош кўтариб келяптики, оқибатини эсласам... нафасим ичимга туши-иб-тушиб кетарди. У ёғини ўйлашга ҳатто журъат этолмасдим. Уйга кирсам, қўрққанимдек, «Амақужон!»лаб чопқиллаб келадиган болакай на ҳовли саҳнида кўринар, на ичкаридан овози чиқарди! Уйларимиз аллақандай ҳувиллаб қолганди. — Ёдгор қани, бола қани? Ким опкетди уни? — деб бақириб юбораёздим аёлимга. — Вой, адаси... ўзиз биларкансиз-ку... — Кимни биларканман?! Нимани биларканман?.. Саида кўзларини пирпиратди: — Буваси... — деди дудуқланиб. — Нима, буваси? — Сўратибдимиш-ку, кўргиси келиб. — Шу гапга ишониб ўтирибсанларми? — деб юбордим умримда биринчи марта сенсираб. — Ким келди, қандай нобакор? Менинг овозимга ойим уйларини очиб, остонада кўриниш бердилар. Жойнамоз устида тасбеҳ айтиб ўтирган бўлсалар, қўрқитиб юборибман шекилли, деб сал паст тушдим. — Телефоним бор, ишхонам бор, мен ўлгани кетган эмасман-ку, хабар қилмайсизларми? — Қилдим-ку, адаси. — Бўлар иш бўлиб, бўёғи ўчгандан кейин...ми? — Ҳа, болам, ўзингни бос, — ойим айвонга чиқибоқ гилам устига чўка қолдилар. — Ҳаммаси сен қўрққанчамас. Келинга айтмовдим. Мана, хат ташлаб кетган, — дедилар нимчалари чўнтагидан буклоғлиқ қоғоз чиқариб. Қарасам, тумор хат. Қўлларим титраб очдим: «Ука, Тўра буванинг илтимослари шундай бўлди. Ёдгормурод жиянчамизни яна ҳам бехавотирроқ жойга ола кетдик. Узр, кутолмадик. Қисинманг жудаям. Мен ўзингиз билган Зоҳидхонман»... — Чин-мочинни отлиққа ҳам топилмас қора костум-шимида... сал бойваччароқ кўринди, холос, бо-лам, — дердилар камига ойим. — Э, ўша Зоҳидхонми!.. Ойим эркин тин олдилар: — Ана, таниркансан-ку, болам. Одамни юрагини чиқариб юбординг. Таниганда қандоқ! Кеннойимга табиб излаб борганимда кимни учратибман?! Ўша кептими? Унда самбитдек йигитча ким? Чаман акамнинг номидан уйларигача излаб борган? Ёдгорни сўроқлаб юрган? Буларга қандай даҳли бор? Тагига етиб кўр-чи, бу жумбоқни! Мен ҳотиржам тортишимни ҳам, тортмасимни ҳам билмасдим... Эшон Буванинг Қарз Саломлари (ёхуд шафоат ҳуқуқи) Ойимларга бериб кетишган хатча читтак қанотидек келиб-келмас, биз болаликда ясаб оладиган қоғоз қушчаларимизга жуда-жуда ўхшаб кетарди. Фақат бунинг жиндек думчаси бор-у, тумшуғи йўқ. Шунаққиб Ёдгормуродни ана шундай семурғчанинг белчасига ўткази-иб, учири-иб кетишибди! Яна уни «бехавотирроқ жойга ола кетдик» деб авраганларига ўлайми! (Энди у менга бир авровдек туюлмоқда эди. Алданиб қолганга ўхшардим.) Оббо бойвачча-ей, сўрамасдан-истамасдан олиб кетаверибди-да? Дарвоқе, ким дейди? Тўра бува дейдими? Ўша юзларидан нур ёғилиб, чиройли кузалган соқолларию бироз қисиқ, бодомқовоқ кўзлари анави расмлардаги Навоий бобомизгами, кимгадир жуда ўхшаб кетадиган табиб... юборибдими? Ўша борганимда, келдингизми, белги берган сизнинг кеннойингизмиди, деб... токчадан аввалдан тайёр-лаб қўйган доруларни олиб берган одам-а? Наҳот ўша одам ҳамма нарсадан воқиф?.. Ёки кечаги кўнгил сўраб борганларида... кенно-йимнинг ўзи илтимос қилдимикан? Ёдгормуродимдан кўнглим тинчмас, деб? Балки. Худонинг қудратини қарангки, шу бир оғиз сўз кифоя этиб, мен тинчий қолган эдим. Чиндан ҳам Тўра бува аралашган бўлсалар, нимадан қўрқаман, хавотирланаман?! Фақат бир нарсадан ҳайратдаман. У киши кенно-йим ётган жой — шифохонани қандай топиб борди-ю, Ёдгормурод бизникидалигини қаердан билди? Ахир кеннойим бизнинг янги жойларимизни билмайди-ку, айтди десам? Балки булар ҳам ҳов ўшандагидек, дору тайёрлаб, биров келишини кутиб ўтирганидек, ўзи белги берадимикан? Боланинг устида, бу муштипар оиланинг тепасида айланган қора хатарни ҳам шундай сезиб... буларга қайишдимикан? — Балки Ҳизр деганлари шудир?.. — Ким дединг? — ойим муштдек бўлиб, тасбеҳ ўгириб, сано айтиб ўтириб эдилар, ялт этиб юзимга қарадилар. — Табибни айтаман. — Қайси? — у киши англамай кўз пирпиратдилар, сўнг кафтларини ўпиб, салга ёшланиб келаверадиган, ажинлар мижжаларига қадар сиқиб борган кўзларига босиб қўйдилар. — Маҳфуз кеннойимга қараётган одамни айтаман. Ёдгорниям ўша одам олдириб кетибдимиш ўз пано-ҳига. — Ҳеҳ, болам-а, — дедилар ойим чўзиб, сўнг бош чайқаб, билинар-билинмас лабларини жийириб қўйдилар. — Банданинг дасти қаерга етарди?! Аввало, Оллоҳ ўз паноҳига олсин! — Ҳар қалай-да, ойи. Ўзи ҳам ўша ёқдан экан. Бекорга... — Қаёқдан-қаёқдан? Ўша Мирзахўжабойлар бориб қўнган тарафдан эканми? Мен дафъатан англай олмадим. — Мирзахўжабойингиз ким?.. — Эсингдан чиқдими? Ким бўларди, ўша келинимизнинг бой отасида, ўғлим. Ўша бир вақтги қоч-қоч, қув-қувларда қаёққа қочиб, жон сақлабди?! — Ҳа-а... ўша кўчиб боришган ери — Тангритоғда ҳам бу ёқдагидек бир Олмазор боғ қилиб, унгаям бир анҳор сув опчиққан, ўртасида ҳовузу шийпону супа-супачалар қурдирган, шусиз бу ёқдаги жойларини унутолмаган одамни айтасизми? — Ўша табибинг... бойни, буларни билса керак- да! — Билса керакки, одам юбориб, Ёдгорни опкеттирибди. Бўлмаса, унга нима эди қайғуриб?.. Аммо ойим бирдан маҳзун тортиб, қўлларининг юзини (ўша териси бир куйиб тушиб, қайта эт битгандайин қуруқшаб қорайиб қолган, томирлари эса кўк ипакдайин ингичка тортган қўлларини) силаб қолдилар. Ичимга ғулғула тушиб, юрагим дукирлаб келди: «Нимани назардан қочирибман? Ойим ҳуда-беҳудага ташвишга тушмасдилар-ку...» Ўзим эса юрак ютиб сўролмасдим. (Уришиб беришларидан ҳайиқиб турибман.) — Аканг тинчмикан, ўзи? Ҳеч бир хабар бўлмади-ку, — дедилар хавотирланиб. Мен ичим сидирилиб, бош чайқадим. — Билса, ўша Чаман акам билади, у ҳам бир кетганча... бадар кетиб боряпти. Нега унақа деяпсиз, ойи? — Маҳфуз кеннойингни дараги чиққанидан бир суюниблар эдим, Оллоҳнинг марҳамати билан ўзи ҳам осмондан тушгандай кириб келиб қоладими, деб ўтирувдим. Манави воқеалар... яхшиликдан дарак бермаётгандай-ку? — Қайси воқеалар, ойи, — дедим зўрға. Сиз нимани назарда тутяпсиз, демоқчиман-ку, айтолмасдим. — Кеннойингнинг дараги чиққанида бу табибнинг пайдо бўлиб, анави боланинг йўқолиши, Ёдгорни олдириб кетишлари... — дедилар ойим нигоҳларини узмай, — ҳаммаси аллақандай ғалати-да, болам. Этларим жимирлаб кетди. Лекин ўзим сир бой бергим келмасди: — Йўғ-е, ойи, сиз ўйлаганчаликмас, ҳамма-ҳамма билан шунақа ҳалим, тақводор одам-а? Қўйинг. — Отаси ундай бўб кетувди, боллари бундай тўзимаса дейман-да. Мен эса фикримдан қайтолмасдим: — Қолаверса, у табибни ўзим излаб топиб борганман, ойи, у буларнимас... — Кейин-чи, кейин ҳам кўргани йўқми? — Кимни? Кеннойимними? — дедим бўшашиб.— Борибди... — Ана, айтдим-ку. Мен ойимнинг юзларига эсим оғиброқ тикилдим: — Буларда бир сир бор... дейсизми? — Шаҳрингда нима кўп, келгинди кўп. Айниқса, ўша ёқдан келганлар. — Келса, ҳаммаси қочиб ўтганлар, — дедим мен. Барибир, ойим бош тебраб, қўшилмадилар: — Уларнинг орасида қанча — эшитар қулоғи, ай-ғоқчиси борийкин? Уларам анойимасдир? Ойим шунга зингил ташлаганларига ҳайрон қолиб, беихтиёр меҳрим товланди. (Ахир, бу ҳаммаси кеннойим учун-ку, шулар ҳам бир халоват топа қолса эди, деб куйинганлардан-ку, бўлмаса, у кишига нима!): — Сиз ҳақсиз, ойи,— дедим чинига кўчиб,— лекин Ёдгорни олдириб кетиб яхши қилибдилар қайтага. — Шундай бўлсаям,— у киши илтижо этгандек тикилдилар,— ойинг ўргилсин, эҳтиёт бўл, чув тушириб кетишмасин тағин. Ҳаммадан бурун Олимдан ҳазир бўл. Мен ҳар нарсани куцам ҳам, буни кутмаган эдим: — Сиз... у ҳамма нарсани билади, деб ўйлайсиз-ми? У киши бошларини қуйи солинтирдилар: — Бир нарса деб... Оллоҳнинг олдида гуноҳкор бўлиб қолишдан қўрқаман-у, лекин, болам, акангнинг бошида яна қора булутлар ўралашиб қолганга ўхшайди. У бекорга келмаган. Эсласанг, илгариям бир шундай бўлиб эди. Қароргоҳга саллот ташлашгандагиси рост. Лекин эндиям уни ўртага суқишяптими? Ўз укасининг қўли билан нима қилишмоқчи? Ичимда шундай саволлар чарх уриб ётибди-ю, айтолмасдим: — Эндиям дейсизми? — дея олдим зўрға. — Ишқилиб мен адашаётган бўлай, болам. Кимни ҳидоятга бошлаб, кимни залолатга солиб қўйганини ёлғиз Ўзи билмаса, бандаси нимани билади! — Нима қил, дейсиз? — Ўзимни ночор-нотавон, маслаҳатга муҳтож сезиб кетдим. — Эҳтиёт бўл, болам. Ҳар кимни ўзингга сирдош тутаверма. Давлатни катта газетида ишлайсан. Орқа-ўнгингга қараб юр. Сениям олиб кетиб қолишса, мен нима қила оламан?.. —Ойи, ҳов, ойи, нималар деяпсиз? — Ҳеч кутмаганимда ойим гап ўзанини бу ёққа буриб, кўзёш қилиб қолишларидан ўзим ғалати бўлиб кетдим. — Ҳозир унақа даврмас-ку, ахир. — Сен айтаверасан!.. Лекин буларнинг тусланиб-товланишига, сўзларига ишонма. Етимнинг бошини силашларига, душман изламасликларига ишонма! Ҳамма балоларни кўрган мен биламанми, сен биласанми буларни? Сен ҳали нимани кўрибсан? Кўрмагинам, куймагинам, илоҳим. Ойим рўмолларининг учини мижжаларига боса-боса ахийри тинчидилару юзимга хижолат аралаш қарадилар: — Нима дейди? Ёрилдими ҳеч? — Ким, ойи? — дедим дабдурустдан англамай. — Олим аканг-да. Бекорга ўралашиб юрмагандир орқангда, — кейин қўшиб қўйдилар. — Бизга-ку, сир бермайди. Лекин сенга айтгандир. — Айтди, ойи, айтди. Бир кишини топишвориш керак экан, — дедим ётиғи билан. У киши ялт этиб қарадилар: — Яна кимга қизиқиб қопти? — Анув эски мижозиз бўларди-ку, Илҳом сутчи. Ўшанга. — Вой, ўлмасам, у ғирт таркидунё қилган одам-ку. Унинг нимасига қизиқади? — Ойим ҳайратларини яширолмай юзларини сийпаб қўйдилар. — Айт, тинч қўйсин бояқишни. Ўзининг куйгани етарли. Менинг савол халтам очилиб кетган эди: — Нимадан, ойи? — Биров тагига етолмайдиган тарих бу, болам. — Нима туфайли? — Кошки бир оғиз сўз билан тушунтириб бўлса. Ойим ниманингдир андешасида бу тарихни очгилари келмас, мен эсам тагига етмагунимча кўнглим жойига тушмас эди: — Юзкўрмас бўлиб кетишганми ё... — Ундай деб ҳам бўлмас... — Болалари бормиш-ку, бизлар тенги. Шундай одамлар ҳам... — Мен айтмаганларига қўймай ижикилай бошлаган эдим. — Ҳа, энди, болам, тақдирнинг ёзмиши-да. Ким ундан қочиб қутулибди. Булар ҳам ўша имтиҳон тузоғига тушганлардан,— дедилар ойим ўзларидан қочириб. — Имтиҳон тузоғи?— Мен энди ҳеч нарсага тушунмай бошлаган эдим.— Ким туфайли? Қачонги тарих? — Ҳе-е, болам-а, Оллоҳ суйгулик қилса қилсин экан-у, куйгулик қилмасин экан ҳеч кимни. Буларни тарихи шунақароқ, — дедилар бир чеккасини очиб. Жудаям қизиқ эди, қайтариб сўрадим: —Оғзиларига бирон сўз олиб қўйганмилар? Ойим, шунга яқинроқ, деган каби бош силкидилар: — Бўлмаса, ўзи бойнинг қизини опқочиб келиб, ўқитиб муаллим қилиб, никоҳлаб олган. Шунақа мулла одам. Аммо орага уруш тушиб, бир кун қайтиб келсаки, ойдай хотини аёл зотига суяги йўқ мудирнинг қўлига ишга ўтиб қопти. Шу ғашланганча... уйининг остонасигаям қадам босмай кетди. Шунақа рашкчи эканми? Ё бирон гап эшитиб, тўнини тескари кийибдими? Ўзим минг хил ўйларга бориб келяпман-у, кошки ойимлардан сўролсам... — У одамга ҳам бир оғиз бир нарса демабдими?— дея олдим ахийри. Ойим бош чайқадилар: — Нима деган, нима қўйган — билмадим. Лекин шу воқеадан ярим йил ўтиб, ўша одам қамалиб кетди. Ўз оёғидан йитдими, у қаматдими — ёлғиз Оллоҳ билади. — Шундан кейинам қайтмадими? — Қаёқда. Қанча одамлар ўртага тушди. Xотиниям хиёнат қилмаган экан... Лекин у сўзидан қайтмади. Бошқа уйланмадиям, рўйхуш ҳам бермади. Шаҳарда катта идорада ишларкан, у ердан ҳам кетиб, бизнинг шу Чўлпонотага келиб қолди. — Одамовилиги шундан экан-да? — Бир чеккаси шундан бўлса, бир чеккаси ишидан ҳам этак силкиб кетганга ўхшайди. Омад шуна- қа — бебақо, болам, у юз ўгирса, ҳар ақллилар девонага айланиб, у кулса, ҳар адашганлар ҳидоятга тушиб қолади. Бу одам серзардароқ кўрингани билан ўзи ҳалим. Фақат ҳар ким билан иқи суйиб гаплашавермайди. Ойим айтганларича бор эди. Айниқса, қора совуқ тушган қиш кунлари эски мовут кўйлак-шимию нағалли этиги устидан узу-ун жун чакмонни илиб, намат телпакни бостириб олса, денг, жуда тунд кўринарди. Қўлига битта наган етишмасди. У бўлса бир гала сутдан бўшаган бонкаларини обкашига қўшиб орқалаганча бозордан қайтар, атрофига қараб қўймасди. Баъзан Соли писмиқнинг гапида ҳам жон борми, деб ўйлаб қолардим. Анвар кеннойим (Солининг ойиси) топган узун-қулоқ гапларга қараганда бу одамнинг олдига, ўша бировнинг ташқисида турадиган жойига манман деган ўғрилар ҳам юрак ютиб киролмасмиш. Бошига наганини қўйиб ётармиш. Анвар кеннойи бу гапни қаердан олган, наганни қаердан кўра қопти — ҳеч ким билмайди. Лекин неча йилки, шу дув-дув гап тўхтамайди-тинмайди. У ҳам биронтасининг пешонасидан дарча очиб қўйганини ҳеч ким кўргани ҳам, эшитгани ҳам йўқ. Аммо у ўтиб кетгунча ҳаммамиз ҳайиқиб турганимиз-турган эди. Мана энди Олим акам шу одамни суриштириб-сўроқлаб юрипти. «Бу буз-буз, кўч-кўчларда қаёққа жилдийкан, суриштириб кўрсанг, ўтиб келардик», дейди. Ўзи уни қаердан билади, бизнинг томонларга келиб қолганининг дарагини қаердан эшитган — айтиб ўтирмади. Ўзи шахсан танимаган (балки танир) одамни орқаваротдан суриштириб, қидириб юриши қизиқ. Мен уни топиб беришга ҳам, бермасликка ҳам ҳайрон эдим. Ахийри ўйлаб-ўйлаб ойимларга маслаҳат солишга мажбур бўлдим. — Балки шу кўч-кўч баҳонасида болалари... энди қаёққа ҳам борасиз, деб... олиб кетишгандир? Улар асли Кўтармаданмиди? — дедим. — Сутчими, қайца ўша бошидаёқ қайтарди. У туфлаган туфугини қайтариб оладиганларданмас. Ундан кўра ҳалиям бўлса гузардан суриштир, — дедилар ойим. — Яхши, лекин бошлаб бориб уялиб қолмасмиканман? — дедим оёғим тортмаётганини сездириб. — Нима иши боракан ўзи? Айтдими? — Бир учини чиқаргандай бўлди. — Нима дейди? — Отам раҳматлининг қарз саломлари бор, дейди. Ойим бу гапдан эслари оғиб, афтимга тикилдилар: — Нима, нима?!. Кимнинг гапини гапиряпсан? — Ўзининг гапи... Шу одамга қарз саломлари бор, етказишим керак, дейди. — Ўйлаб гапиряпсанми? Эшон поччани олиб кетишганига қанча бўляпти?! У киши тенгилар кўкариб чиқди-ку... — Мен билмасам, ойи. Ўшоқдан келдим, қўлимда жон бердилар, дейди. — Ўшоғи — қаёқ... экан? — дедилар ойим ҳамон ўзларига келолмай. — Тангритоғдан... топдим, дейди. — Ё қодир Оллоҳ! Ҳаёт эканларми?! — Даракларини эшитиб, топиб борганмиш. Ўзи қўли билан ерга қўйганмиш. — Субҳаналлоҳ! Охирги дамларини кўриб қолиш унга буюрган эканми? — деб ойим азза-базза кўзларига ёш олдилар. — Эшон поччани-я? Қанча вақт, қанча сувлар оқиб ўтиб-а? Туманли юртми — аллақаёққа олиб кетган дейишарди-ку. Бу ёқда эканларми? Оллоҳим ҳифзу ҳимоясига олиб, ризқ-рўзларини шу ёққа сочган эканми, тавба? Ойимларга қўшилиб, мен ҳам ғалати бўлиб кетдим; тавба, биз бу ёқда не хаёлларга бориб юрибмиз: туманли юртларга сургун қилинган бўлсалар, гўрлари қаерларда қолди экан, шундай одам кафансиз кетдилармикан, деб ўтирибмиз-ку! У киши эса, мана, қаерда эканлар! Яна у одамни тирик кўриш, дуоларини олиб қолиш — келиб-келиб кимга насиб этибди! Воҳ, ким бу хонадонни тўзитганлар билан келишолмай, қаерларда сарсон-саргардон юрибди, ҳатто юртига сиғмай — бош олиб кетди, унга йўлиқмай шу Олим акамга йўлиқибдиларми? У кишини кўриб, дуоларини олиб қолиш шунга насиб этибдими? Бунда қандай сиру синоат, ҳикмат бор экан, англаб етолмасдим. Ахир, Султонмурод акам ҳам ўша Тангритоғ томонларда эди-ку?! Қолаверса, у киши у диёрга қандай бориб қолибдилар? Нима бу, тақдирнинг карамими ё Оллоҳнинг инояти? Ойимлар айтмоқчи, Оллоҳ хоҳласа, бандасини чоҳлардан ҳам тортиб олиб, адашган фарзанди-зурриёдига рўбарў қилишга ҳам қодирми?! Ойим шундай хабарлар топиб келганимдан бир ерга етиб, юз-кўзларимга мамнун-мамнун тикилар эканлар, яна аллақанча нарсаларни сўрамоққа шайланиб-шайланиб ҳам қўяр эдилар. Ниҳоят, бир калима Қуръон тиловат этиб, савобини бағишлагач: — Айтмоқчи, у киши сутчини қаердан танирканлар? — деб қолдилар. — Ким? — дедим мен англаб-англамай. — Эшон поччани айтаман-да. Ҳамонки, қарз саломлари бўлса?.. Чиндан ғалати эди: эшон почча қаёқдалару ҳукуматнинг ишонган идораларида хизмат қила-қила бу дунё хою ҳавасларидан этак силкиган сутчи қаёқда! —Билмасам, ойи. Сўрамабман, қаранг-а,— дея олдим. — Сўрашинг керак эди, болам. Эшон поччадай Оллоҳ азиз қилган одам ҳар кимга ҳам дуои салом йўлламасалар керак. У кишининг назарлари тушибдими, шундан билавер. Топишиб юборсанг, савобга қоласан. Ойим шунақалар. Ўтганларга дахлдор иш чиқса, тамом, маҳкам ушлаб оладилар. Оллоҳ рози бўладиган иш экан, орқасидан қолма, деб туриб оладилар. Адо этилмагунча сўрайвериб, суриштиравериб, кишини ҳол-жонига қўймайдилар. Ҳозир ҳам раъйларига қараб: — Xўп, бугуноқ ўтиб, суриштириб келаман, — дедим-у, лекин юрагимнинг бир чеккасидаги ғашликдан ҳеч қутула олмасдим. Қулоғим остида кўзга кўринмас бир маҳлуқ ҳадеб висирлар эди: «Ҳамма қолиб, шу доғулига ишондингми? Олимга-я?» «Хонумонингни куйдиради-ку, бу сени Илҳом сутчингга қўшиб!..» Юртдан Муждаю Суюнчилуғ (яна ўша ҳикоячига қоронғу, муаллифга аён сафар тарихидан) У қаъдага ўтириб, энди пайғамбар алайҳиссалом ҳақларига саловат бошлаб эди, ҳовлида қачондан бери чертак ўйнаб, халинчак учаётган қизалоқлар гурра чопишиб қолдилар: — Вой, опоқбувамла... — Чопдик-учдик, эшонтамла! — Гузардан келуттила... — Намоздан келуттила... Ҳожининг дарагидан кап-катта одам Xудойберди ҳам шошиб, икки ёнига салом бериб, намозни якунлай қолди. Бу вақт ноз-неъматларга тўла дастурхон ҳам бир четда қолиб, лўлаболишни тирсаги тагига тортганча аста ёнбошлаган Ака почча — шундай алп одам ҳам уйқу элитиб мишиллай бошлаган эди. Тоғу тош ошиб, дуч келган ерда тунаб келатурган сафар кишилари учун бой отаникидаги бу эътибору бу мулозаматлар... уларни элитмай кимни элицин... У бир табиатли, ислимий гуллар солиниб, оқ ипакдан сувлар юргизилган, устига устак аллақандай ифорлар гуркираб турган жойнамозни токчалар ўртасидаги қозиққа илиб, шеригини шоширди: — Ҳой, ака почча, туринг, тура қолинг, Ҳожи бува келиптилар... — Нима, ким? — Ака почча азбаройи чўчиб тушганидан бошини сирланган деворга уриб олди. Кўзи мошдек очилиб, норозиланди: — Ваҳмангни қара-ю... — Ўзингиз ҳам, — деди бешикчи, қистаб келатурган кулгусини босиб, — чўкдим дегунча бошиз оғиб кетовурмасин-да. Меҳмон деган номиз бор. — Читтакдек одам ўзингга тенг қилдингми? — Ака почча ижирғаниб ўрнидан қўзғолди. — Тағин қиёматли ўртоқмиш бу. — Биз билан юриб ҳали дуони каттасига шерик бўлганизда биласиз. Ҳали Ҳожи ота билсинлар. — Ҳаммасидан бир чимдим уйқу ўтаверсин, — дея тўнғиллаб, усти ёпиқ ханик четида ярқираб турган офтоба билан турнадек бўйни чўзиқ обдаста томон ўтаверди у. Бешикчи кулди: — Тўну совға-саломлардан ҳам-а? Елкангизга ташлашганда ёқиб қолар? Бешикчи ўзига қайтиб келадиган гапни сезмай қолган эди. Ака почча мийиғида кулди: — Саритойни чолга невараси ўрнида ўтказиб-а? Тўн тешиб чиқмасин. Бу гапдан бешикчининг боши айланиб, этлари жимирлаёзди: — Оллоҳ асрасин! Ким бу ниятда кептию шундай бўлади, деб ўйлабди? Сиз мени ким деб ўйлаяпсиз, ака почча? — Узр-узр, ундай демоқчимасдим, ўзингга олмайсан. — У чўнқайиб, юзини чая бошлади. Улкан одамнинг юзидан ортган сув офтобанинг дўнгалакчасини ўпиб тушиб, ичига жилдираб йўқолар экан, у ошнасининг кўнглини оладиган бир сўз қидиринар эди. Ниҳоят, белбоғига артиниб туриб эди, ўша сўз ҳам тилига кела қолди: — Шу билан қиёмат қарздан қутулсанг — биз хурсанд, ошна. Совға-саломсиз ҳам одамни куни ўтаверади. — Ҳа, бу бошқа гап, ака почча, энди ўзизга келдиз.. Бу орада нашватилари мойгулдайин очилиб, асалариларга «ватан бўлиб» улгурган ҳовлида бояги қизалоқларнинг қувалашиб чопишгани, раҳмат айтиб бир ерга етганлари — сакраб қувнаганлари эшитилди. Улар Эшон отадан насибаларини олиб қайтмоқда эдилар. Кейин қай бири чуғурлаб, у кишидан суюнчи ола бошлади: — Вой, Эшонта, меъмон болуни кўрмабсизу... — Қани-қани? Қандай бола? Бой отанинг аланглаб, камзуллари ҳамёнини кавлаштириб неваралари ичидан саритойни излаганини тасаввур этиб, бешикчи беихтиёр жилмайди. Сўнг ўзи ҳам у кишининг истиқболларига чиқаркан, шеригини шоширди: — Бўла қолинг, ака почча, у кишини тавоф этгали чиққаймиз. У ҳовлига тушиб борганда чўққи соқолидан нур ёғилиб, кўзлари ҳамиша ёшланиб тургандай, аммо су-йиб-суйиб тикилгувчи ўша жиккак чол йўл-йўл банорас тўнининг пойлари ерни ўпганча чўнқайиб, меъмон бола — кемшиктойнинг пешонасидан ўпиб турар эди. Боя читтигул ўйнаб, ҳалинчак учаётган, қирқ кокиллари етмагандай, толчовкандан сочпопуклар таққан қизалоқлар бири олиб, бири қўйиб, буваларига тушунтириш беришар эди. — Бува, бува, улар довон ошуб келишипту... — Узоқдан келишипту... Тошкан деган жойдан келишипту. — Валлоҳ, валлоҳ! Оллоҳ азиз қилган жойлардан-а? Шундайми, бўтам? — дерди бой ота болакайнинг юз-кўзларига ютоқиб тикилиб. Муштдек юраги жимитдек вужудига сиғмай қолган бўлса эҳтимол. Суйиб, бир ерга етиб тикилар эди. — Ўшоқданму? — дерди аллақандай титраб-қақшаниб. Аммо ўшоқнинг номини айтолмасди. — Ота диёр-лардан-а? Саритойнинг овози чиқа қолмас, юзлари дув қизарган, ўзи оёғи ила ер чизарди. «Ҳм», деди ахийри бош силкиб. Бой ота уни шу кўйи бағрига тортиб, бўйнидан искаламоққа бошлади: — Айтувдим-а, қандай таниш бўйлар уфуряпти, деб. Вой-вой-вой, бўйларингдан сени, — дерди мутаассирланиб. Ва шу кўйи кўзи бешикчига тушиб: — Валлоҳ, кимни кўряпман?!— деб юборди,— Xудойберди, қандай шамоллар учирди?!— дедию бўшашганидан ўрнидан туролмай қолди. Назарида, бутун кучи оёқларидан ерга ўтиб кетган-у, болакайга суяниб қолгандек, агар бағрида шу саритой бўлмаса, ерга ўтириб қолса ҳам мумкиндек эди. Ва ниҳоят, қария ўзида қандай бир куч топиб, аста қаддини ростладию мутаассирланганидан бирон сўз айтолмай қучоғини ярим очганча унга қараб юраверди. Ҳамма кўриб турибди, бой бува ундан бўлак ҳеч нимани кўрмай, ҳатто оёғининг тагига қарашни-да унутиб, унга қучоқ очиб келар, энди атак-чечак юришни ўрганган кишига ўхшар эди... — Кимни кўряпман, Xудойберди?! Бешикчи чидолмади. — Мен, бой бува, ўзингиз билган Xудойберди, — деб (ичдан босиб келган хўрсиниқларни-да ютиб) у томон талпинди. — Шошманг, мен ўзим... Учиб бордими, икки хатлашда етиб бордими, лекин найнов теракдек бўлиб бой отанинг бағрида тураркан, бу табаррук мўйсафидни даст кўтариб олақолгиси, юзларини юзларига суйкаб, оппоқ соқолидан ўпгиси келар, аммо ўша юзларни иссиқ бир томчилар ювиб туша бошлаб, лаблари чеккасидан шўртанг бир нарсалар сизиб кирар эдики, ўзини тута олмаганидан уялибми, ҳадеб юзини четга бурар, бу аҳволу бу алпозда у зотга қарай олмас эди. Аммо салом бериб, тавоф этмак ҳам қарз, ҳам фарз. Озмунча яхшиликлар кўрганми бу одамдан! — Эсонмисиз, бой бува, Сизга уй ичимиздан саломлар обкелдим. Неваралариздан, келиниздан... — Бормисан, Xудойберди?! — деди қария тўлиқиб.— Кўрсатганига шукр, ҳазор-ҳазор шукр. Диёрдагилар... — дедию у ёғини айтолмади. Шусиз ҳам тушунарли эди. Бешикчи қарияга қаттиқроқ чирмашди: — Омонмиз, омон. Тангрига минг қатла шукрлар,— дедию қариянинг бағридан бир олам роҳат олаётгандек такрорлади. — Қайтиб кўрарманми, яхшиликларингизни қайтарарманми, дердим, етказганга шукр. Қиёматга қолмади. — Фақат шунинг учун... шундан шу ёққа... довон ошиб келдингми, Xудойберди? Бошингни ташвишларга қўйиб?.. — Ташвиш нима, бой бува! Қиёмат қарз эди, узиб қўяй деб келдим. Яхши мужда учун довон нима экан, Музотдан ошса арзийди. Қария бошини кўтариб, унинг кўзларига бемажол тикилди. Нигоҳи кемшиктойга бориб-келарди. У тушунди: — Ҳа, бой бува, томирингизнинг томирини топгандекмиз. Бу ўзини... — Ё Қодир Оллоҳ! Қизимизнинг дарагини топиб келдингми, Xудойберди?! Бу... меҳмон болам, десам, ўз томирим — неварамизми ҳали Xудойберди?! — Қария азбаройи довдираб қолганидан шу турган ерида чўка қолиб, бир қўли ила кемшиктойни қучоғига торт-ган, бу қўли билан Xудойбердини узун оёқларидан қучиб олган эди. Гоҳ унинг пешонасидан ўпиб, гоҳ бунинг тиззаларига юзини босар эди. — Оҳ, ўзим ўргилай сизлардан. Xудойимнинг муруввати — марҳамати шунчалар улуғ бўларми! Кўзим очиқ кетмайдиган бўлди, Xудойберди! Мен сендан у дунё — бу дунё розиман. Берган тузларимга-да, қанотимда олиб ўтирганларимга-да, розиман. Оллоҳнинг карами кенг. Сен туфайли мен қариянинг бошини кўкка етказди. Энди омонатини бемалол топширсам мумкин. Маҳфузамни Парвардигор ўзи асраган экан, ҳифзи-ҳимоясига олган экан. Оҳ-оҳ, манинг саман тойчоққинам, қизалоғимнинг ёдгоргинаси. Кемшиктой Ёдгор номини эшитиб, бир унга қараб, бир кўзларила ер чизарди. Худойберди ўртага тушишга мажбур бўлди. Чўнқа-йиб, болакайнинг аввал ёқасини, сўнг йўлакай Ўшнинг бозоридан олишган пистонли ироқи дўпписини тўғрилади. Эркалаб, юзини сийпаб қўйди. — Катта Эшонтанг... бизни бой бувамиз — мана шу кишим бўладилар. Этакларини ўпиб, тавоф қил. Бу кунларга етган бор, етмаган бор... — деб Xудойбердининг ўзи бой отанинг йўл-йўл банорас тўнининг барини кўзига суртиб ўпаркан, беихтиёр кўзларига ёш қуйилиб келди. Дарвоқе, бошига мусибат тушиб, бола-чақаси ила кўчада қолган у кезлари, ўшанда мана шу мурувватпеша одам жонларига ора кирганини унутиб бўладими! (Ўшанда масжиддан қайтаётиб эканлар. Аҳволни англаб, қўрғонларига бошлаб кетган, ташқи ҳовлиларидан жой берган эдилар. Яна қанча — бир қиш ўрнига уч қиш қолиб кетишиб эди). Ана энди бу кишининг ўша туз-намаклари, мурувватларини узиш, қайтариш вақти етганда, шунинг учун етиб келганда у йиғламай ким йиғласин?! Бу зотнинг этакларини у ўпмай ким ўпсин?! Фақат (унинг нияти холис эканини) бу болакай қайдан билсин? Анави кунги хархашаси, «уйимга кета-ман»лари, бу кунги соқовлигию мана бу бироз ийманиб, ҳам тумтайибгина туришлари — ҳамма-ҳаммаси қаерга келганию қандай улуғ хонадонга мансублигини ўзи билмаганидан-да. Агар шу Ҳизрдай пок кимса ўз буваси эканини билса эди... қучоғига отмасми эди ўзини! Манавиндай ийманиб, тумтайиб тургунча. Ё бой отанинг саловатлари босиб... жим қолдими, болакай? — Салом бердингми, ўзи? Бор, ўп. Ўзингни танит,— деди у далда бериб, ҳам курагидан секин итариб. — Қара, барларидан қандай бўйлар уфуриб турибди. Жаннат асли шу кишиларнинг оёқлари остида, болам... Аммо ийманчиқ болакай (тавба, Тошканда бундай эмасди-ку, довон ошиб, оёғи «синиб» шунақа бўлди-қўйди!) журъат этгунча бой бува барларини тортиб, бир қадам тисарилиб улгурган эдилар. — Ҳай-ҳай, Xудойберди, бу нимаси? Сизларда этак ўпмак, сажда этмак... ҳали-да расмми? Ундан кўра, турингиз, ичкарига кирингиз. Қаерлардан мозор босиб келмабсиз, ахир. Турингиз, — деб азза-базза қўлтиғига қўл юбордилар. Дағалликдан тамоми ҳоли қўл — ажиб тафтли эди. Xудойбердининг этию вужуди ширин жимирлаб келиб, ўзи туриб ола қолди. — Узр, бой бува, Оллоҳ азбаройи шу кунларга етказгани шукронасига эди, бошқача тушунманг. Дийдор шукронаси эди. — Оллоҳ кечирсин, ширк ғулуси дилимизга-да, оралаб кирган бўлса, шайтон васвасасига учган бўлсак. Азиз меҳмоним бўлингиз. Бир отамлашайлук, дийдорлашайлук. Қани, той бола, ўзлари ҳам юрсинлар. У кемшиктойни пинжига тортиб, қучиб олган, юз-бошларини силаб, бир ерга етар, қулоққинасининг таккинасидан ҳидлаб-ўпиб, қистар эди. Йўлакай ариқ бўйида қўл қовуштириб турган Ака поччани кўриб, унга-да, мулозаматлар қилди: — Э, меҳмон, тоғ ошиб, мозор босиб келган қадамларизга хасанотлар. Келинг-келинг. Уринмай-ла, яхши етиб келдингизларми? Дам ғанимат — дийдор ғанимат. Қани, бир омонлашиб қўяйлик. Ажаб дунё. Шундай басавлат одам жинчалоқдек чол олдида қўл қовуштириб таъзимда турар, кўзларига тик қарашга ботина олмас, мусулмончилик андишасими, нимадир йўл қўймас эди. Аслида у ҳаммас, бу ҳаммас, чолнинг ўзию сўзидан ёғилиб турган муло-йимлигу ҳалимлик, ҳам юзларидаги тиниқ бир нур уни гангитиб қўйган эди: тавба, одам қариб-мункиллаб ҳам шунчалик кўҳлик тортиб кетуви, ёқимтой бўлиб қолуви мумкин эканми? Қайдан шунча нур ёғиляпти? Балқиб чиқяпти? Ака почча умрида биринчи марта қари одамга ҳаваси келиб, суқланиб боқди. Ё, Оллоҳ, шундай қаримоқ мумкин эканми? Қариб ҳам ёқимтой бўлиб қолмоқ мумкин эканми, тавба?!.. Ё зуваласи ўзи шундоқми, ҳаммаси насабданми? — Қани, қани, Тошканимизни нафасини олакелган азизлар, биз соғинган диёрдан муждалар келтурган меҳмонлар, ўтгайсиз. Мозор босиб келган қадамларизга ҳасанотлар бўлсин. Ҳой, Дарвешали, қайдасан, ўғлим. Ота юртдан элчилар кепти-ку, ахир. Томирларимиз кепти-ку, бизни сўроқлашиб. Нима қип турибсан? Опчиқмайсанми қора қўчқорни?! Оёқлари остига думалатмайсанми?!. Дарвешали деганлари: — Ҳозироқ, бой ота, — деб кўздан чекилган эди, улар ҳовуз бўйига қаратиб солинган меҳмонхонага етмасларидан бир қўчқорнинг думбасига арқон солиб, сургаклаб келди ва кўз очиб юмгунча, Xудойбердининг ҳай-ҳайлашига қарамай... уни ўша арқони-ла куллаклаб, жониворни буларнинг оёқлари остига бўғизлаб юборди. Кемшиктой бунақа урфларни энди кўриши эди, ҳайиқиб чолнинг пинжига тиқилди. Кейин оёғидан пуфланиб шиширилаётган қўй устига тўдалашиб келиб, чўнқайишган болакаю қизалоқларни кўриб, ўзига келди. Аммо Эшон бува уни бу ерда қолдиргиси келмай қистагандан-қистар эди. — Юринг, той бола. Бу қўй аллақачон жаннатга кириб кетди. Ё айтайми, пуфагини сизга олиб қўйсинларми? — Эшон бува ширин кулиб қўйиб, қўйнинг оёғини кўтариб пуфлаётган Дарвешалига тайинла- ди.— Ҳой, қассоб акаси, эшитдингиз-а, пуфагини бегона қилмайдиган бўлдиз. Дарвешали қорни дўмбира бўлиб шишиб, оёқлари кўтарилиб бораётган қўйни суриб, бош силкиди: — Бир оғиз сўзиз, бой бува... — Ана, эшитдингиз-а, той бола. Сиздан ўтиб ҳеч ким унга эга чиқолмайди. Юрдик, юрдик. Дастурхонлари тузатилиб, устига енгилгина дока тортилган меҳмонхонага кириб боришаркан, бой бува ўша-ўша сўзамоллик ила кимнидир чақирдилар: — Қани, барака топгурлар, опкела қолинглар, бизга аталган неъматларингизни. Аввал чой, кетидан устига жиндек мурч сепилиб, бир қошиқ асал солинган ширчой келди. Оҳ-оҳ, унинг мазаси! Асалининг гуркираши! Бу дунёнинг ширчойи бўлмабди! Xудойберди бунақасини қачон ичганини эслолмади. Шу аснода суҳбат ҳам қовушиб келиб, бир-бировларидан кўнгил сўрашга тушдилар. Айниқса, бой буванинг ёнларига чорлатиб олган «невара»лари ила танишувлари гўзал кечарди: — Олинг, той бола, буни ширчой дейдилар, совутмай оладилар. Жиндек нон тўғраб юборсангиз, нақ мой бўлиб кетади, ҳа, олинг. Ана шундай бўлсин. — Сал ўтиб қайтариб сўрайдилар. — Дарвоқе, отиз нимайди, той бола? Кемшиктой ширчойга нон тўғрашдан тўхтаб, Xудойбердига жавдиради: ростини айтай деса, булар ўтирипти, икки бирдай одам. Ёлғонлашга тили бормаяпти. Xудойберди шундай тушунди, болакай не деярини билмай ундан изн кутарди. Шунга ҳам шукр. Болалигига борса, нима қила оларди? У қош учириб, бош ирғади: — Айт, айтовур. Аммо саритой унинг имосини ўз билганидай тушунган эди: — Акбарали, — деди. Ҳаммалари анг-танг қолишди. Xудойберди косани қўлига олган жойда... Ака почча эса ширчойни хўриллатиб ичишга тушган кезда... У ҳатто қалқиб кетди ва шеригига «Одамнинг ҳар нарса бўлгани яхши!», дегандай қаради. Бусиз ҳам Xудойбердининг дами ичига тушиб кетган эди. «Шунча пишиқлаганда... тоза уятга қолдирди-ку, бу ҳувари! Гунгурс девона бизни тоза туширди-ку. Шуларга ишониб... йўлга чиқиб юрибмизми?» Ўртага ҳеч гап сиғмайдирган (на оқлаб бўлади ўзини, на тушунтириб!) жимлик чўккан эди. Xижолатдан Xудойбердининг бурни учларига қадар тер босди-ёв... Дунё юзини кўриб, бунақа ўнғайсизликка тушмаган эди... Эшон бува — эшон бува-да. Уларни бу ўнғайсиз аҳволдан ўзлари қутқардилар. У киши ҳеч кутилмаганда, кемшиктойнинг елкасига қоқиб, бошини силадилар: — Улуғ-улуғ. Кўп қутлуғ ном топишган экан. Икки дунё кам бўлмагайсан, болам. Ниятларига етишсин волиду волидаларинг. Қани, менга айт-чи, нечага кирдинг? Бой буванинг ёнига чўкканча коса гардишини «ўйнаб» — силашга тушган болакай халоскор амакиларини хижолатга тушириб қўйганини сезибми, бошини кўтара қолмас, жавобга ҳам шошмас эди. — Xўш, нечага етиб, нечадан сакраб ўттиз? — Саккиздан, — деди бола ахийри забон битиб. Бой бува ундан назарини узмай ўзича хомчўтлар эди: — Кўп яхши-кўп яхши. Қадди улуғ, кабир йигит бўлар экансиз, Xудо хоҳласа. Ол, болам, ширчойни совутма. Нони ҳам мойга айланиб кетгандир. Ўзи ширчойдан ҳўплаб, болани ҳам қистади: — Мен сени суйиб қолдим, ол, болам, тўғрисўз экансан. Охиригача шундай бўл, илоҳим. Айт-чи, кимнинг ўғлисан? — Адамни... — деди бола энди-енди элакиша бошлаб. — Аданг ким, таниймизми? — деди қария аллақандай интиқиб. — Мен уларни.. ҳеч кўрма...ганман, — деди бола маъюс тортиб. Бой бува унинг куракларини силади: — Қаерга кетган, аянг билар? — Қария яна нимагадир умид тутар эди. — Билишмайди, мени... асраб олишган... — Асраб олишган?.. Кенг уйга аллатовур жимлик чўккиб, бой бува томоқ қирди: — Аянгни-чи, эслай оларсан? Болакай бир қараб қўйди-ю, кўзи ғилтиллаб, бош чайқади. Ҳаммалари мутаассирланиб жим қолишди. Ака поччанинг-ку, қовоғи тушиб кетди. Ора-чира ер остидан шеригига ўқрайиб-ўқрайиб қараб қўяди. Лекин у ҳам қани бош кўтара олса: ич-етини еб, тиззасини силаб ўтирибди. Бой бува узун тин олган каби кўзларини юмиб, бир муддат жим қолдилар-у, сўнг қўзғолдилар, боягидан ҳам юмшаб-ҳалим тортиб, болани елкасидан қучдилар. — Етимнинг бахти еттита, — дедилар суйиб, — сен ўкинма, болам. Аввало, ғамхўри Xудо. У қўллаб турса, бош силагувчи қўл топилмай қолмас. — Сўнг елкасини силаб, ўзларига тортиб қўйдилар. — Бу амакиларинг ҳам ҳафа қилишмагандир, ахир? Уларга қандай рўбарў бўлдинг? — дедилар узоқдан келиб. — Эшигимизга девона келиб эди, — деди бола энди яширмай. — Қандай девона? — дедилар у киши Xудойбердига қараб олиб. Бола тушунтира олмай қийналди: — Ка-ат-та... сап-сариқ одам. — Тиланибми? — Эшикма-ешик юрган экан, «ҳақ-дўсти»ни айтиб... — Дарвеш экан-да, Сўфи Оллоёрдан ўқиб борган бўлса?! Ё қаландармиди? Бола елкасини қисди. Унинг ўрнига ҳам Xудойберди жавоб қилди: — Жиндек билади шекилли ўшани ҳам... Қария бу гапга эътибор қилмай, боладан сўради: — Кейин-чи? — Эргашиб Калковузни кўпригигача бордик. — Xўш-хўш? — деди қария бир нарсаларни англагандек бўлиб. — Кейин анҳор бўйига ўтириб, сўрай кетди. — Ниману? — Мусофир борму, кимникида тураду, деди. — Сизлар-чи? — деди қария титрана бошлаб. — Бизникида, дедим. — Сўнг? — Сен кимусан, деди. Ўғиллариман, дедим. — Ла илаҳа иллаллоҳ! — деди қария ичдан имон келтириб.— Xабарини чиқараман, деса шу экан-ку!— У гапиравур, гапиравур, дегандек, им қоқиб, боланинг елкасини силар экан, қўллари титрашга тушган эди.— Отингни... сўрамадими? — Сўраб эди... Ёдгор, дедим... — Нега, болам? Бола кўзлари ила ер сузди: — У билан кетгим, кетиб қолгим келди. — Вой, сени! Нега, ахир? Ким хафа қила қолиб эди? — Улар урушганлари-урушган эди... Ҳаммалари ҳайратда қолган эдилар. — Уларнинг ким? — деди бой бува. У ҳамон саритойнинг куракларию бошларини силар эди. — Асал опам... тергайвериб... уришавериб қўймасдилар. — Ким, асраб олган опангми? Ё ая дермидинг? Бола бурнини тортиб қўйди: — Ая, деб ҳам кўрдим, опа, деб ҳам... Қарғаганлари қарғаган... эди. — Ҳа-а, — деди қария боланинг ҳолига тушуниб. Узоқ жим қолиб, елкасига қоқди: — Мусофирлар-чи, Ёдгор-чи, ким эди сизларга? — Улар болохонамизда туришарди. Тоғам кўчириб келгандилар. Қария шошиб қолди: — Шошма, шошма, тушунтириброқ айт. Қайси тоғанг? Қаердан кўчириб келган эди? — деди бой бува бир нарсаларни англаб етгандай, етаётгандек. Қолаверса, яна боягидек унинг куракларини силаб-сийпалашга тушган эди. — Мен билмайман, Чаман тоғам биладилар, — деди бола. — Улар-чи, Ёдгорни ўзи, опаси-чи? Дарвеш борганда қаерда эдилар? — негадир ижиклаб сўрашга тушиб кетганди қария. — Ёдгорнинг аясими, баннисада эдилар. Худойбердилар ҳеч нарса деёлмай қолишган, савол-жавобни ёлғиз бой бува қилар эдилар. — Валлоҳ-валлоҳ! Кўпдан берими? Бола бояқиш-чи? — Ким, Ёдгорми? Соғиниб кетганда обборишмаса, бошқа оборишмасди. Чиқаришмасди уйдан. Бой бува ичи оловга тўлиб бораётгандек бир ҳолатга тушиб, хўрсинди. — Ё Оллоҳ! — деди ичи сидирилиб. Бир муддат боягидек, балки ундан кўпроқдир, кўзларини юмиб тек қолди. Сўнг: «Шундаймиди, шундай кунларга қолишиб эдими?» деб шивирларкан, болани қайта-қайта бағрига тортиб, пешонасидан ўпар, нима қилаётганини ўзи унча англаб етмасди. Ахийри ўзига келиб, боланинг кўзларига қаради: — Дарвеш-чи, узоқ-узоқларга олиб кецам... кетасанми, дедими? Бола башоратчи чолнинг юзларига термулиб қолган, қаердан била қолганини англаб етолмас эди. У девонанинг гапларини сўзма-сўз айтаётган эди. — Ҳа, — деди бола ахийри ҳеч нарсани яшир- май. — Тангритоғга кецанму... бувангларни юртига, деди. Чолнинг вужуди титраниб келиб, ўзи бемажолгина орқасига суялди. Суялдию бир бурда тортиб, пар ёстиққа ботди-қолди. Аммо хаёл опқочиб, қисиқ торт-ган кўзларини болакайдан узмас, узолмас эди. Унга аллатовур бир умид-ла боқарди. Ниҳоят, зўр-базўр ютинди: — Ўшал Ёдгортойнинг аясини кўр... кўрганмисан, ўзинг? — Нега кўрмай?!. Болохонада каттакон расмлари турар эди, — деди жонланиб. — Ўзлари яқинда тузалиб чиқадиган эдилар. — Тузалиб чиқадиган? Шундай деган тилингга шакар сенинг, болам. Шу вақтгача қаерда эдинг?! Аввалида айтмайсанми шуни! Қандай муждалар олиб келганингни биласанми, болам! — қария уни қайта бағрига тортиб улгурган, пешонасию юз-кўзларидан ўпиб толмасди. Ора-оракай Оллоҳга ҳамдлар, шукроналар айтиб тинмасди. — Ё, қодир Оллоҳ, чиндан буюксан, ҳар нарсага қодирсан, чеварсан. Шуларни сабабчи этиб, жигарларимдан хабар бермоқдамисан, муждалар етказмоқдамисан? Ўзинг нақадар раҳиму раҳмонсан. Ғамхўру меҳрибонларнинг меҳрибонисан, — дердию болани бағридан бўшатмай ёшли кўзларини юзларига суйкар, бошларидан искаланиб, пешоналаридан ўпар, бу дунёнию қайда ўтирганларини унутган эди. Сўнг ўзига келиб, яна алқай кетди: — Ёдгортойнинг аяси деган тилларингдан сени!.. Нима деяётганингни, қандай улуғ хабар келтирганинг-ни биласанми, болам?! Биз ота юртга йўллаган, Оллоҳ паноҳига юборган қизимиз, тирноққинамиз тирик экан! Ҳатто Ёдгорчаси, тойчоғи бор экан! Тилларингга шакар сенинг! Уларни кўрган мана шу қора кўзларингдан сени. Сўзларини эшитган мана бу жимит қулоқларингдан ўзим ўргилай. Неварагинамиз билан бир ҳовлиларда чопқиллашиб ўйнаган оёқларингнинг гарди бўлай, бўтам. Юртга ош тортиб, зиёфатлар беришга арзийдиган хабар келтирибсан, ўғлим! Барчангизнинг қадамларингизга хасанот. У аввал қисиниб, сўнг лол қолиб ўтирган Ака поччаю Xудойбердиларга ўгирилиб, миннатдор-миннатдор тикиларкан: — Сизларга-да, ҳасанот. Оллоҳнинг раҳматлари бўлсин, — деб алқарди. — Сизлар қисинманг, хонадонимга суюнчилиғ опкеласиз-у, хижолатга ботасизми?! Аввал-бошда ниятингиз тоза бўлган, улуғ бўлганки, мана, Оллоҳ ҳам сизни уялтирмади. Қайтага юзларингизни ёруғ этиб турибди. Тангри шундай буюк, пок ниятларни юзага чиқариб, юзни ёруғ этгувчи зот. Унга ҳамду санолар бўлсин! Субҳоналлоҳи ва биҳамдиҳи, субҳоналлоҳил азийм. Эшон бува кутилмаганда дераза тавақаларини очиб, ташқарига овоз бердилар: — Ҳой, ким бор? Дарвешали? — Лаббай, бой ота. — Катта кади нок тагида қўй сўяётган бояги норғул йигит қўлидаги пичоқни териси шилиниб, оёғидан айришохга илинишга тахт бўлаёзган «пилла қўй» (жонивор бир энли ёғ боғлаб кетибди ўзиям!) ёнига ташлаб, ўзи ариқдан хатлади. Аммо Эшон бува (одам чақиришга чақириб қўйиб!) ҳаяжонини овоза қилишдан тийилган эди. Меҳмонлардан истиҳола қилдими ё фикридан қайтдими, қўл силкиди: — Майли, биз ўзимиз... ўзимиз кира қоламиз. Той болам билан, хушхабар опкелган элчи болам билан. Ахир отин бувингиз бор у ёқда, ичкаридагилар бор, муждага илҳақ ўтирганлар бор. Юринг, той бола. Амакилар айбга буюрмай ўтириб туришади. Биз ичкари кириб чиққаймиз. У ёқдаги сандиқларни очтирайлик-чи, отин бувимизнинг бизга атаган нималари бор экан!— деб меҳмон болани етаклаб, аввал ҳовлига тушишди, сўнг ариқ устидаги тахта кўприкчадан ўтиб, ичкири ҳовлига қараб юрдилар. Катта ариқ ҳам худди ўша жойда девор тагидан ўтиб, ичкарига кириб кетган, у ёқда икки четини сапсар гуллар тутган сув ёқалаб борган йўлка кўринар, у ҳовлининг ўртасидаги ҳовуз-шийпонни айланиб ўтиб, яна бир тахта кўприкка тақалар, у ёғи гулини қийғос тўкиб, хумча-зирак тақиб юборган гилосзор ортида ичкари уйларнинг деразаларигина кўзга чалинар эди. Ичкари шунақа ораста, гулу гулзорларга, сатта гилосзорга кўмилган, у ёқдан тиқ этган товуш келмас эди. Лекин орадан бир муддат ўтиб, Эшон бува той бола билан бошлашиб, ўша тахта кўприкдан ҳам ўтиб (унинг икки чеккасига бежирим панжара ўрнатилиб, ҳаворангга бўяб қўйилган, шунақа кўприкчалар ҳар ер-ҳар ерда — шийпонга бориладиган, ошхонага ўтиладиган жойларда ҳам кўринарди) ожизалар салтанати — отин бувининг қарамоқларига кириб боришдию ичкари бамисоли бешиксолар тусини олиб, аёлларнинг ҳай-ҳувларию бола-бақраларнинг қий-чувлари билан тўлди. Улар сочқи терармидилар ё келинга тишлатиб олинган нонни опқочармидилар — дафъатан англаш қийин эди. Аммо сочқи сочилаётгани аниқ, дуолар қилинаётгани аниқ. Бояги ҳалинчак учаётган қизалоғу болакайлар ўша ёққа югуриб кетишган, гоҳ бир ерга ёпирилиб, бир нималар теришар, гоҳ бир-бирларига кўз-кўз қилиб, сакраб-қувнашар эди. Эшон бува айтмоқчи, отинойининг сандиқлари очилиб, соч-қи қутилари бўшаётир эди. Той бола эса қандай саруполар билан сийланди экан?! Бу ёқда Xудойберди билан Ака почча ичлари тушиб, жуда ҳаяллаб кетишди-ку, дегандай ҳовлига мўралашар, бир кўнгиллари қўйни нокка илиб, ичак-чавоғини тоғорага олаётган қассоб йигитнинг олдига чиққилари, у ёқ-бу ёқдан ҳангомалашгилари келарди-ю, изн бергувчи йўқлигидан қимирлай олишмасди. Лекин, ахийри яхши чиқди, а, уяладиган иш бўлмади, а, дегандек бир-бирларига жилмайиб қўйишар, бутун фикру зикрилари ичкарида эди. Бу орада хўппасемиз ошпаз охун кириб, чойни янгилаб кетди. Орқасидан чинни ликопчаларда жимитдай қошиқчаси ила (оҳ-оҳ, шунақаям гуркирайдими ҳиди!) нима денг — нўхацҳўрак киритишди! Ака почча умри бино бўлиб бунақа мазали (илиг-а, илик!) таом емаган эди! Устида ёғи-думбалари билан яна! Тавба, эндигина нокка осилиб, ҳали бўлаклаб улгурилмаган, боя оёқлари остига сўйилган қўйнинг думбаси қачон қозонга тушиб улгурибди экан? Ёки бу бошқа қўйдир. Дарвоқе, бой отанинг қўйлари биттами, сўйиб бўлишгунча қозон осолмай ўтиришса. Шу тоб болаларнинг шод қийқириқлари янграй кетди: — Пуфак, пуфак! Меҳмон болага пуфак!.. Худойберди ўгирилиб, ичкари остонасидан хатлаб ўтган ўртадаги меҳмон болага кўзи тушдию ғалати бўлиб кетди. Уни қаранг, ким келяпти?!. Чиндан ҳам бой ота билан етаклашиб ким денг — оғзи қулоғида тўй бола, ҳа-ҳа, зар тўнга ўралиб, бошига ялтир-юлтир пистонли дўппи, унинг устидан оқ-оппоқ салла ўраган, пешини эса қулоғи ёнидан тушириб (воҳ, шаҳзода бўп кетибди-ку, бизнинг кемшиктой!) нақ пешонасига жиға — укпар таққан той бола келар эди. Оёғида пошнали жажжи қизил этик. Шаҳзодадан қаери кам?! Энг орқада эса икки хизматкор қўшқўллаб сарупо кўтаришганча шу ёққа келишар эди. Уларга аталгани шекилли?! — Ие, ҳали бизни уялтириб... нима қилмоқчилар?— деб юборди Ака почча. — Менинг қўрққанларимни айтинг, Эшон бувадан уялиб қоламанми деб!.. — дея енгил тин олди Xудойберди. — Бу ёғини Оллоҳ ўнглаб қўйганини, Ёдгор бўлмасаям, ўша ҳовлидан бўпчиққанини кўринг! Чиндан Оллоҳ ўзи чевар экан-а! — Нимасини айтасан. Адаштирса, ҳозир ким эдик?! Бир қоп лойми?.. — Илоҳим, бундан кейин ҳам Ўзи ўнгласин, уялгулик қилмасин, — деди шивирлаб Xудойберди. Шу тоб зинада оёқ товушлари эшитилиб, улар шошиб ўринларидан қўзғолишди. Остонада зар тўнининг ёқаларига қадалган пистонларию ялтир-юлтурлари кўзни олгудек, салласининг жиғасидаги упкари сепкил юзини бирам очиб юборган той бола кўриниб, бешикчи унга қараб юрди. — Вой, саритой «шумтака»ей, шу кунларни орзулаб, ўша ёлғонни тўқиган эдингми? Бало экансан-ку! Шаҳзода бўп кетибсан-ку, — деб юборди у. Кейин икки қадам босиб, қучоқ очганча чўнқайди: — Кел-кел, ўша ярқираган пешонангдан бир ўпай,— деди интиқиб. Ўша Довқурлардан Бири I — Воҳ, уни қара, Мақсуд! Зилоллигию тиниқлигини кўр! — Олим акам кўприкдан ўтибоқ машинасини йўл чеккасига бурди. — Бу сувда юзни чайиб, тўйиб-тўйиб ичмаслик, тавоф қилмаслик гуноҳ... У соғинган нарсасига етишган кишидек, кўприк тагидан қайнаб-чарх уриб чиқаётган бир тегирмон сувга суқланиб қолган эди. Анҳор эса ёқасидаги майсаю ялпизларни ўпиб, яна чаппор ўриб оқиб ётарди. — Қаерлардан ўтиб келяпти, бу жонивор, биласанми, Мақсуд? — Нақ Бешоғочдан келади. Кўлнинг ичи билан ўтиб, Семонкўприкнинг таги билан чиқиб, шунақаси Чилонзору Қатортол оралаб... — Қойил, биларкансан. Чиндан пакана парисан-да, ўзинг, — дея акам анҳор бўйига чўнқайиб, юзини пишиб-пишиб чаймоққа тушди. — Оҳ-оҳ-оҳ, ҳеч ерда топилмайдиган анҳоримиз бор-да.— Сўнг ярим ўгирилиб, им қоқди: гўё келмайсанми, соғинмадингми, демоқчи бўларди. Унинг кайфияти менга ҳам юқиб, яқин бордим-да, чўнқайиб кўзёшдан ҳам тиниқ сувни ҳовучимга олиб туриб қолдим. Жонивор ҳовучимда килкиллаб турар, нафсим қилқиллаяптими, сувми ажрата олмасдим. — Бунақаси жаннатларда бўлади, холос. Қониб-қониб ич, ҳали ўрнига юз-минг думалаб ҳам тополмайсан, — дея Олим акам ҳовучлаб-ҳовучлаб ича кетди. — Унақа деманг. Ҳаммаёқ бузилиб кеца ҳам, бу анҳорлар қолади, — дедим мен. Ростини айцам, ичимга бир ғашлик ўрмалаб кирган-у, уни ўзим ҳам тан олгим келмасди. — Ҳеҳ, содда-беғубор укам-а! — деб юзини артмайин ҳам майса устига узаниб олди акам. Ўзига қолса, шу шарқироқ сув бўйида, мана шу тол соясида ёнбошлагиси бор. Кейин кўчанинг икки ёқасидаги ўз ҳолича ғужғон гуллай бошлаган етим олучаю нокларга паришонҳол тикилиб, қулт ютинди. Кўзлари намланиб келди. — Шундай гузаргаям... ит тегибди, Мақсуд, — деди бурнини аламли жийириб. Лекин ўзи кўзларимга қарай олмасди. Мен ҳовучимдаги сувни тўкиб, у айтган томонга ўгирилдим. Тупроғи ўйнаб улгурмаган кўчанинг икки бетидаги томлари очиб ташланиб, эшигу деразалари аллақачон кўчириб кетилган ҳовли-жойлар бир ғариб кўринар эди. Кимсасиз ҳовли-боғларда кесилмай қолган меваларнинг ўз ҳолича қийғос гуллаб ётуви ундан-да ғалати эди. Асаларилар устида минг ғужғон ўйнамасин, қарқуноқлар қив-қивлаб, қушлар учиб-қўнмасин, кўзни қувнатолмасди. Гузар бало оралаб, одамлари шоша-пиша ташлаб кетган бир мазгилни эслатар, анҳор ёқасидаги чойхоналар бўм-бўш, супалар ҳувиллаб ётар, мактаб ҳовлиси сув қуйгандек жимжит эди. Каттакон дарвозаси валонгор қолган, бир тавақаси қулаб тушиб, кўприк устида ётар, синфхоналар ҳам бузиб кетила бошлаган эди. Ҳов, нарироқдаги- на — Мастуба опанинг дўкони олдида аллақандай қа-ланғи-қасанғи одамларнинг қораси кўринади. Биз бир маҳаллар — ҳайитларда Миртўха амакининг чойхонаси олдидаги шарқироқ ариқ бўйига чўнқайиб, митти руҳ қошиқчалар ила бу оламнинг энг хушхўр тао- ми — нўҳоцҳўрагимизни паққос тушириб, жажжи ликопчаларни ялаб қўядиган жойимизда энди ўша келгиндилар учта-учта бўлиб, Мастуба опанинг дўконидан опчиққан нарсаларини майдалашар эди. Нечук, Миртўхта амаки кўрмай қоптилар? Кўрсалар, узун супургиларини олиб, қувиб қолардилар-ку. Ҳа, ана, ўзлари: — Энди сенлар қолувдиларинг, бу ерларни ҳаром қилмаган! Танглайларингни шу билан кўтарганми, нима бало, шу дўконга танда қўйволдиларинг? Қурган иморатинг билан қўшмозор бўлгурлар. — Миртўхта амаки — жимит бобой саннай-саннай, вайсай-вайсай у «чақирилмаган меҳмонларни» қувиб юбориб, супургиларини тахтасўри тагига ташлаганча ичкари кириб кетдиларам, дўкон олдига бошқа «лайлак тумшуқ» машина келиб тўхтаб, ичидан бошқалари тушиб келишди. Мастуба опанинг дўкони худди чанқовбосди бир чашмаю уларнинг бошқа борадиган ерлари йўқдек эди... — Гузар ҳам хароб бўпти, — дея Олим акам қўлини қоқиб, ўрнидан турди. — Кетдик. Шусиз ҳам тушунарли нарсани айтиб ўтирганидан оғриниб, бетига қараб эдим, у баттар ачитиб, чақиб олди: — Булар тумшуғини тиқмаган шу ер қолувди! Шундай деб ёзиб кўр-чи, босармикан газетанг? Аламимни қулт ютиб, мен ҳам турдим. Индамай бориб, машинанинг орқа ўриндиғига чўкдим-да, эшигини қарс ёпдим. Ичимда эса, бир олам ғалаён кечарди: сиз ўз акаларингизнинг қароргоҳидан машваратлар хабарини бериб юрган чоғда шу ақлингиз қаерда эди?! Ҳаммани каллаварам «қўй» ҳисоблайсиз!.. Пичоқни аввал ўзингга ур, оғримаса бировга... У қишлоқ йўлига ҳечам ярашмагани йилт янги (ҳов ёнғоқ тагида, кимсасиз чойхонанниг супалариаро қувалашиб учиб юрган бир жуфт қорашақшақ қанотидан ҳам қорароқ) машинасига келиб ўтириб, кафтдек олд ойнасидан маҳзун қараб қўйди: — Кечирасан, пакана пари, ярангни янгилаб қўйган бўлсам... Шу бир оғиз сўзи билан... воҳ, гиналаримни пар-қудек тўзитиб юборса-я. — Кетдик, ҳов анави тут тагида тўхтаб ўтайлик, — дедим, — зора Миртўхта амаки билса, қайтдимикан, йўқми?.. — Ким? — Қидирган кишимиз-да. — Ҳа-а,— деди у эслаб ва бир хижолатга тушиб.— Отто тоғами? Ўз навбатида мен ҳайратга тушдим: — Ким, сутчими? Акам бир тур ўзгарди: айца, худди сирни очиб қўядигандек ўзини гўлликка солиб, машинасига чал-ғиди: — Рост айтасан, машинани ўша ерга ташлаб кета қоламиз. Чанг жониворнинг ич-ичигача кириб бормасин. — Ихтиёрингиз, — дедим мен. — У ёғи оз қолди шекилли?— деди у тусмоллаб.— Тепадан ўцак, бас-да! — Йўқ, — дедим мен, — Умаржон аканинг тепасини ошмаёқ шундай мезананинг пастида. — Эсладим. Анави девор билан ўралган ёлғиз қўрғонни айтасан-да. Биламан, биламан, — деди у машина ойнасини артишга чалғиб. У чалғиган сари менинг савол халтам очилиб борар, бояги гапи ҳеч қулоғим остидан кетмасди. «Отто тоғаси нимаси экан, ўзининг бир чиройли исми-чи?». Сўрашга эса тортинардим. У арзандасига ўт олдириб, оҳиста йўлга бурди-да: — Қара-я, — деди, — шундай машҳур одам умрининг охирида қаерга келиб макон тутибди! — Обкаш кўтариб юришини айтасизми? — дедим мен. — Дарвешнамо туриши-да, — деди у. — Балки шу ёшга етгач, ҳамма ҳам тинчини кўзлаб қолар? — Ҳамма ўз йўлига, лекин у бўлак тоифадан. Сен билмайсан-да. — Қандай? — дедим мен ичим қуриб. — Ҳов, — деди акам бир ғалати энтикиб, — унинг-дек бўлиш ҳаммага насиб эцин-чи! Этмайди! — У ичимга олов ёқиб, қараб қўйди. — Биласанми, илгари уни кимга менгзашарди? Ўша энг гуллаган чоғлари? — Кимга? — дедим ҳайратим ортиб. Ичимда эса бир олам иштибоҳ! Ўшандай одам... шунча шуҳрати билан ҳаммасига этак силкиб, манавиндай сутчилик қилиб юрарканми? Қаёқдаги гапни айтади? — Чинакам рицарларга! Бўлади-ку, ўтда ёнмас, сувда чўкмас мард кишилар! Ўшалардан ҳам ўтар эди. Олим акам мени маҳлиё этиб қўйиб, энди ўзи бетимга қараб ҳам қўймас, қора тулпорини оҳиста ҳайдаб борар эди. Мен эсам унинг кўзларига, кўз қорачиқларига бир қур қарашга зор-интизорман. Опқоч-яптими, чинданми — билгим келадики, у ёғи йўқ. Ўзи эса, камига давом этарди: — Энг қалтис ишларни шунга топширишади экан! Шугина ўринлатиб келаркан! — Шунақа, чапаниси эканми?! — Чапаниям гапми! — Этик ечмай сув кечгич, денг? — Бўлади-ку, ерга урса осмонга сапчигич, те- гирмондан ҳам бутун чиққувчилар! Тасаввур этяпсанми? — Этдим. Довқурнинг ҳам довқури! — Ўлма! Ботур дейдилар бизда. Улар эса рицар! — деди у виқор билан. — Бекорга Отто тоға дердиларми?! — Отто тоғаси нимаси? — дедим ўша кафтдек чўзинчоқ бежирим кўзгудаги «кўзлари»дан нигоҳимни узмай. У жиндек қизарди, ҳа-ҳа, оқ юзининг бир чеккасига билинар-билинмас қизиллик югуриб, ўша кўзгудан хижолатли қараб қўйди. Аммо жавобдан қочишга баҳонаи сабаб тополмади: — Аввало, нима эмас, ким! — деди ўлганининг кунидан. — Оттодан ҳам ўтади деганлари! Бўлган-ку, шунақаси: Отто Скорцени деганлари. Эшитганмисан? — Қайси, анави Муссолинини опқочганми? — Биздан ҳам битта ўшанақаси чиққан экан. — Нима, у ҳам шунга ўхшаш топшириқни... адо этганми? — «Кимни.. опқочган?» демоқчи бўлардим-у, тилимнинг учидаги сўзни айтолмасдим. Шу тоб қай бир паға булут офтоб устидан сузиб ўта бошлаб, сояи раҳматини ерга ташладию Олим акамнинг юзидан ҳам нур қочди. Ўзи тулпорини бир четга олиб, тўхтатишга чалғиди. Биз чойхона олдидаги улкан тут тагига келиб тўхтаган эдик. — Буни, очиғи, ҳеч ким билмайди. Тахмин қилишади, холос, — деди калта қилиб. — Қолаверса, бу давлат сири. Тушундинг? — деб у машинасидан туша бошлади. — Тушундим, — дедим мен ҳам. Лекин ҳамма гапни тушуниб турган бўлсам-да, ичимда мингта иштибоҳ чарх урар, уларнинг биронтасига тайинли жавоб тополмасдим. — Мавруди келиб, бари очилади, — деди у пастга тушиб олиб, — албатта, эллик ё юз йил ўтиб, лекин унда дунё икки айланиб келган, сутчи ҳам, бошқаси ҳам кўкариб чиққан бўлади. Бу дунё шунақа, укам. Ҳар довқурларгаям бўлишганмас. Бўлишса, шу одам топарди қадр. Воҳ! Шунинг учун баридан этак силкиб, сутчилик қилиб юрган эканми?! Уй-жойиданам, яқинлариданам кечиб? Астаъфируллоҳ! Шу хаёл кечгунча вақт ичида сутчи назаримда Улуғ хокисор одамдан — майда, ўткинчи бир кимсага айланиб улгарган, кўнглим ундан ириб бормоқда эди. Наҳот бор-йўғи бир жиззаки кимса бўлса? Биз уни ким деб, салкам авлиё санаб юрсагу... — Довқурлиги шуми? — дедим ҳафсалам пир бўлиб. Олим акам юзимга қараб туриб, ичимдан ўтаётган нарсани англаб қолди шекилли, ногаҳон юмшади: — Балки биз адашаётгандирмиз. Ахир, бировдан ўтганини биров қаердан билади? — Шуниси ҳам бор... Ахир ҳазилми, ҳамманинг наздида ким бўлиб юрган одам... бир кун келиб, манавиндай тарки дунё этиб, бир кулбага кириб олса?! Олим акам мени бу каби ўйлардан чалғитиш учунми, кўча ўртасига тушиб, бир айланди: — Вой-бў, — деди у атрофга аланглаб, — гузарнинг гузарлиги қолмабди-ку. Қани унинг гуриллаган даврлари? — Бу-чи? — дедим мен атай, сут бозорнинг қаватида ёлғиз омон қолган дўкон билан чойхонага имо этиб. — Бу ҳам беш кунлик омонат-да, кейин нима қолади? Гузарга автобус ҳам келай қўйганмиш-ку, тўғрими? — деди у. — Анча бўлди, пастки йўл билан Қанғлига ўтиб кетяпти. Бир обод бўлган жойнинг бир хароб бўлиши шу бўлса керак-да, — дедим бир энлик эт ташлаб. Олим акам четга чирт тупринди. Биз илгариги баққолчилик расталари рўбарўсида маҳзун турар эдик. Ҳозир у расталар ўрнида на қурутчи Олим отанинг курсисию на ёймачиларнинг ҳимарилган халталари кўринар эди. Шу тоб Миртўхта амакининг ўзи чойхонасидан саннаб чиқиб кела бошлади: — Ҳой, Масту, уйгинанг куймагур Масту, буларингга нарироқ бор, десанг тилгинанг қирқиладими? Ҳе дўконингга ўт кецин, шуларни суғоргунча. Икки дунёнг куйиб кетди-ку, бу савдонгдан. У жаҳолат ичида бизни кўрмаган эканми ё кўрган бўлса ҳам, бу дўкайлар эшитиб қўйсин, деб шанғиллаётган эканми, кўчага чиққан жойида ҳовридан тушиб, тўнғиллаб қўйди: — Одамнниг ҳар нарса бўлгани яхши: шусиз кунинг ўтмай қоляптими?! — Сўнг қўлларини қоқиб кўришгани кела бошлади.— Ие-ие, вой, эшон боллар-ей. Нечук-нечук, бу путури кўтарилган гузарларга кириб юрибсизлар? — Бир танишимизни сўроқлаб-да, ота, — деди акам гапнинг учини очиб, — қарасак, ҳаммаёқнинг итирқинини чиқариб ташлашибди. Ким кўчган, ким қол- ган — тусмоллабам билиб бўлмай қопти. — Нимасини айтасиз, ўғлим, итирқинам гапми, тўзитди-ку жуда. Шундай жойлар хароб бўлди-я, вой-вой-вой, уволи туцин-а, уволи. — У муштдек бошини сарак-сарак қилганча яноғидан ҳам кичкина тортиб кетган даҳанини қоқ бармоқлари билан тутамлаб-силар эди. — Кимни айтяпсиз, балки танирман? Мен тушунтирдим: — Анув Умаржон аканинг тепасидаги мезананинг тагида турадиган киши-чи, сутчи... — Ҳа, авлиями? — деди амаки ғўлдираб, аммо уни суйиб-ёқтириши юзиданоқ кўриниб турарди. — Қандай авлия? — деди акам тушунолмай. Миртўхта амаки тишсиз милкларини кўрсатиб, сассиз кулди: — Охиратини деб, бу дунёсига этак силкиб қўйган одамни авлиё демай, ким деймиз?!. — Э-ҳа, шундайми? — деди акам. — Ҳаммаям этак силкий олсин-чи! Олмайди, нагаки дунё ширин, — деди у бир ғалати бош ирғаб. — Илҳом қори бир йўла ҳаммасидан кечди. — Қори? Бир йўла?.. — Акам ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ, қалқиб кетган эди. — Ҳаллоқ-ҳаллоқ. Xалоқ денг, эшон бола, — де- ди у. Акам қайтариб, ўзига келди. Миртўхта амаки давом этардилар: — Иймони бутун экан, кечди-қўйди-я, ҳаммасидан. Мана, биз ҳам ўтирибмиз-да, чойхонамиздан ажрасак, бор будимиздан айрилиб қоладигандек... — Бугун кўринмадиларми? — дедим гап орасида. — Авлиями? Ҳар куниям асрга қолмай қайтади. Пешинни Камолондами, Новзадами ўқиб, асрни, албатта, таҳоратни янгилаб, уйида ўқийди. Унинг бу тарз — фақир киши панада юриши ҳам шундан. Дарвоқе, топиб бора олармикансизлар, ё бола қўшайми? — Тепакўча сурилиб кетмаган бўлсаёқ топиб оламиз, — дедим. Миртўхта амаки «ҳов»лаб, қўл силкиди: — Ҳо-ов, эшон болаларим-а, тепа қоптими-я? — Мезанаси-чи, униям олиб ташлашмагандир?.. — Турибди сўппайиб, ўлган отни устихонидай... Ҳамма файз ўша тепаминан экан. — Демак, тоға ҳам кўч-кўронларини кўтариб... — тусмоллади акам. — Ким, авлиями? Қаёқда! Ҳеч ёққа жилмай, қум-тошдек ўтирибди. — Йўғ-е?! — дедик бараварига. — Баракалла ўшанга! — деди амаки ғўлдираб, ҳам кўтарилиб. — Кўкрагида ёли боракан! Бошқалар миқ этмай кўчиб-кўчиб кетганида, у қўзғолибам қўймади! Қани, ҳамма унингдек бўлолганида! Қўзғотиб бўлармиди бу халқни бу жаннат жойлардан? Ҳаммалари ҳар ёққа ҳижрат этиб бўлган экан. Сўнггиси шу экан! Мен Миртўхта амакининг гапларидан анг-танг қолган эдим. Кимни айтяпти бу одам? Наҳот Султонмурод акамни, у билан боғлиқ тарихларни билади? Ўшаларнинг сўнггиси, демоқчими? Ялт этиб Олим акамнинг юзига қарасам... у ҳам амакининг гапларидан лолу ҳайратда турибди! — Чиндан-а? Ўша неча бор «тегирмон»га тушиб чиққан одам-а? Зада бўлмабдими? — деди, сўнг амакининг жавобини ҳам кутмай бош тўлғади, — йўқ, эсини еб қўйибди, тоға! Бу ўт, бу олов билан ўйнашиб бўларканми?! Миртўхта амаки бошини орқага ташлаб-ташлаб кулди: — Xеҳ, эшон бола-я, эшон бола! У сиз билган Ил-ҳоммас ҳозир.— Амаки кулганида тирқираб чиққан кўзёшларини дам кафтига, дам енгига артиб тинчиди-да, афтимизга қарамайин ҳам: — Қани энди ҳамма ҳам у қўрққан нарсадан қўрқиб, қўрқмаганидан қўрқмай қўя қолса! Олам гулистон бўлар эди-ку! — деди. — Йўғ-е, — акам қаншарини ҳардамхаёл силади. — Шу одамларнинг дуосидан қиёмат қўпмай турибди-да, укам, Ўцангиз, кеч кирмай ўтиб кела қо-линглар. Асрдан кейин топа олмай қоласизларми, уй бузувчилар олдига айланиб кетадиган одати бор. Машинангиз шу ерда қолаверсин. Ўзим кўз-қулоқ бўлиб тураман. Миртўхта амаки ширин ғўлдираб (унинг овози негадир қулоғимга ёқиб қолган эди, тавба) сидқидил дуо қилди ва биз жилдик. II Дайди ёмғир шивалаб ўтиб, кўча тупроғини чакичлаб кетган катта кўчадан пастга қараб бориб, ўнгга бурилдик. Гузар ҳам баҳарнав экан. Қайрилишдан ўтиб, анҳор бўйига чиқдигу қаёққа юраримизни билмай қолдик. Ҳаммаёқ кавлаб-суриб ташланган, на Туваккўчанинг кўчалиги, на пахса деворли қўрғонларнинг қўрғонлиги қолган эди. Анҳор ёқасидаги ўрикзор-ку, довуччаси қинидан чиқмаёқ кундаковга тушибди. Қанчаси симарқон билан суғуриб, етимхона девори тагига олиб бориб ташланган эди. Эсиз-есиз қантак ўриклар, шу ҳолларига энди барг ёзиб келар эдилар! Сал берироқда эса ҳали кучаласини ташлаб улгурмаган азим ёнғоқ илдиз-пилдизи билан суғуриб олинган эди. Қандай куч, қандай техника топишибди экан?! Қараб туриб, ичим сидирилиб кетди: қирон келса, шу экан-да?! — Қандай ўтамиз? Анҳор ёқалаб бораверамизми?— деди Олим акам. Қарасам, йўлни йўқотиб, гарангсиб турибди. — У кишиники бу ёқда, тепадан ўтгач эди, шекилли, — дедим ўзим ҳам тусмоллаб. — Қандай тепа?.. Тепанинг ўзи кўринмайди-ку?! Ростдан ҳам ҳозир на йўлни, на унинг икки бетидаги тепани таниб бўларди. Ҳаммаси суриб ташланиб, ёлғиз мезанагина (ўша оёқ қўйиб чиққан саринг бир ажойиб жангиллайдиган темир мезана!) ҳайҳотдек таги билан сўппайиб турарди. Ҳов нарида эса, тепадан чиққан тупроқлар тоғ-тоғ бўлиб ётипти. Ўша ердан кириб бориларди, шекилли, сутчиникига?.. — Яхшиям машинани қолдириб кебмиз, — дея ҳандақдан ҳатлаб йўл бошлайвердим. — Бу аҳволда у киши қандай тирикчилик қиляпти экан? — деди акам ортимдан эргашиб. — Қайсарлик қилмай, дўм олиб қўя қолмабдилар-да, қари одам, — дедим. — Сўз қилган бўлса, олмайди. Шунақа тоифа, — деди акам. Тушунмадим. Олим акам уни қаёқдан била қопти? Ош-қатиқ бўлиб юрган одамдек гапиради-я! — Айтди-ку, амаки ҳам... Ўгирилиб қараб, ҳайрон қолдим.Ўзи оҳорли туфлисини аяб, лой-тупроқлардан бир-бир сакраб, ўтиб келяпти-ю, хаёли менда: сезилади-ку, баъзан... Тавба, кимни гел қиляпти?.. Рости, ғашим келди. Уни сутчининг олдига бошлаб бораётганимдан, шу ишни бўйнимга олиб қўйганимдан... ўзим ҳафа бўлиб кетдим. Бир кўнглим: «Ҳов, ака, нима ниятда келяпсиз ўзи?.. Яхшиси, мени аралаштирманг, бу ишларизга», дегим бор-у, лекин андиша кучлилик қиляпти! Ноилож, юриб кетдим. Эгалари ташлаб кетган ҳовлию чорбоғларда омон қолган яккам-дуккам дарахтлару ишкомлар бир ғариб кўринса, анави сурилган тупроқ уюми орқасидаги тизза бўйи ўт босиб, лолақиз-ғалдоғу чучмўмалар очилиб берган ёлғиз томда каптар қонидек қирмизи қизғалдоқлар шабадада бир чиройли тебраниб, чучмўмалар саломга эгилиб-егилиб келар эди. — Қаранг, Маҳмуджон аканинг ташқиси шекилли? У киши сутчига раҳм қилиб бериб қўйган жой, — дедим акамга кўрсатиб. — Ўша эканми, ҳеч ким тегинолмаётган жой? — деди у ҳайратланиб. Қизғалдоқларгами, нимага тикилиб қолган, хаёлидан нималар кечяпти, билиб бўлмаса-да, ҳаяжонланаётгани, сутчини кўришга муштоқлиги юз-кўзидан шундай аён эди. Xудди довруғини эшитиб юриб, минг йилдан бери ўзини кўрмаган одамни истаб келаётгандек, бир интиқлик бор кўзларида. Ростдан бир кўришга орзими? Нияти-чи, қандай? Кўнглимнинг бир чеккасида бир турли ғилу ғашликлар қайнаб келяптики, унинг зўриданми бунинг сидқидиллигига ҳеч ишонолмасдим. Тавба, шунақа шубҳа-чи, кўнгли бир совуса, қайтиб илимайдиган одам эканманми? Бу яхши фазилат эмас-ку. Ахир, ўшандан бери қанча сувлар оқиб кетди-ку. Назаримда, мен уни бекор бошлаб келаётгандек эдим. Тупроқ уюмидан ўтишимиз-ла ҳалиги устини тизза бўйи ўт босиб, бўғотларида лолақизғалдоқлар очилиб берган том ёнидан чиқиб қолибмиз! Дарвозаси қаёқда экан бу антиқа қўрғоннинг, деб аланглаб турсам, қурувчи-бузувчи тушмагурлар тепани шу ергача суриб келиб, хайҳотдек дарвозани азза-базза тўсиб қўйган эканлар. Кирадиган одам деворга қисилиб, зўрға ўта оларди. — Э, баракалла, кўмиб юбора қолларинг бировнинг уйини! Изимдан келаётган акам ҳам ажабланди. — Шунгача ҳам миқ этмабдими? Балли! Тоға чиндан қарибди. Нега шундай деди — тушуна олмадим. Дарвоза қўш тавақали, бир вақтларги дарвозамисан — дарвоза эди. Фақат офтобда ўнгиб, девор рангига кириб кетибди. Девор эса, тагидан уқаланавериб, аллақанча жойи емирилиб тушган эди. Лекин том эса сувалавериб, лой чиқавериб, тирсак бўйи кўтарилиб кетган, шунча тупроқни бу уй, бу деворлар қандай кўтариб турибди, ақл бовар қилмасди. — Шумикан, ўзи? — деди акам аланглаб. — Чақириб боқайлик. Мен дарвозанинг пастки халқасини тутиб, ҳайрон қолдим. Шундай улкан дарвоза шунчалик енгил очилади, деб ўйламаган эдим. У қўлим теккандаёқ ўз-ўзидан очила бошлаган эди. Очилганда ҳам бир қисми очилиб келар эди. Қарасам, болачаси экан. Ол-а, дарвешлар, биз қандай кираримизни билмай турибмиз, очиқ экан-ку! «Болача» шу ярим очиқ ҳолига ҳовлининг талай қисми — ўртадаги пастак деворгача кўриниб турар, у тамоми нокзор бўлиб, баланд-баланд қари ноклар — шунча қарилигига қарамай, қийғос гуллаб ётар эдилар. Қолаверса, қачон тўкиб улгурган — таги ҳам оппоқ, усти ҳам оппоқ. Тагидаги кўпми, устидагисими — ажратиб кўр-чи! Лекин устида асаларилар шундай ғужғон ўйнаяптиларки, визиллаган овозларидан улар тўпи-тўдасию пошшоси билан шу ҳовлига тушиб, қўр тўкканга ўхшарди. Ичкарига бир қадам босиб, чиқирмоққа ҳозирланган жойимда дарвозахонанинг хойҳотдек шифтию ён устунларига кўзим тушиб, анграйиб қопман. Дарвозахона бир баланд, унинг ёнидан чиқиб борган ёғоч зина ундан узун, тепада эса олди очиқ болохонанинг эшиги кўринар эди. Бир вақтлар ўша ерда ҳам ўтирилган эканми, тавба. Ақлим бовар қилмасди. Пастдаги жиловхона эса ундан ажойиб. Устунлару тиргаклар вақт кечиши, замон ўтиши билан ўнгиб-оқариб кетган бўлса-да, ўша-ўша бақувват, ўша-ўша маҳобатли эди. Устунларнинг қўл етар жойларида ясси қалпоғига қадар занглаб кетган улкан михлар кўринади. Бир вақтлар бу хонадонга узоқ-яқиндан айтувли-айтувли меҳмонлар келиб турган, от-уловлари ўша михларга боғланиб, ўзлари ичкарига олинган шекилли. Ҳозир ўша ичкаридан асар ҳам қолмаган, фақат шу жиловхонага ёндошиб тушган ёлғиз уйгина омон эди. Бояги томини тизза бўйи ўт босган шу уй бўлса, эҳтимол. — Чақирмайсанми? — деди акам мўралаб. Унинг ортимдан кириб келавермай аллақандай тортиниб туриши... ғалати эди. Тавба, унга нима бўлган — ҳеч тушунолмасдим. — Ҳов, ким бар? — деб ичкарига кириб бора бошлаган жойимда овозим жиловхонада жангиллаб кетиб, қисиниб тўхтадим. Чиндан асалариларинг кимсасиз нокзор ҳовлига эга чиқиб, бир маромда визиллаб ётуви, бунинг устига манави жиловхонанинг жангиллаб акс-садо бериши ғалати эди. Булар ҳаммаси қўшилиб, одамни тушунуксиз сир босиб келар эди. Шу маҳал дарвозахонага туташ уйнинг ҳовлига қараган эшигими, деразасими (ҳарқалай бизга кўринмасди) очилиб, биров томоқ қирди: — Ҳозир... Мулойим овозидан сутчининг ўзи эди. — Ўша, — дедим остона томон чекилавериб. — Ростдан-а? — деди акам жавдираб — Шунақа қариб қолганмилар? — Ҳалиям қаримасинларми, қачонги сутчи? — дедим. — Вақтнинг ўтишини қара-я. Ҳайрон қолдим: акам уни ким деб фаҳмлаяпти? Қолаверса, уни охирги марта қачон кўрган экан? Бу орада қариянинг ўзи кўринди. Ҳа, ўша, биров билан иши йўқ, дароз одам чиқиб келар эди. Фақат ҳозир енгил уй кийимида, Нусрат поччага ўхшаб, узун оқ иштону оқ кўйлакда, устидан енгил нимча кийволган эди. Бошида эса учли тақя. Жойнамоз устидан туриб чиқяптими ё китоб кўриб ўтирган жойидан — билиб бўлмасди. У мулойим жилмайиб (қарангки, мулойимлик унга ярашиб турар эди!) ўша ҳовлиданоқ мулозимат қилиб кела бошлади: — Э, сизларми, келинглар-келинглар! Мен тағин анавиларми, деб тўнимни тескари кийиб чиқаётган эдим. Аллоҳга шукр, сизлар экансиз. — Ким? — дедим фаҳмлаб турган бўлсам-да. — «Буз-буз»чиларнинг элчилари-да, ким бўларди,— деб боягидек ҳалим тортиб, жилмаяверди қария. — Билмайдиларки, мен анави мезанадан ҳам оғирроқ тошман. Қани, жилдириб бўлса. Акам остона ҳатлаб олдинга ўтди: — Ассалому алайкум. Сўраб-сўраб Маккани топганларидек, ўзларини топиб келяпмиз. Бардам-бақувватгинамисиз, тоға? — деди у бориб қўшқўллаб кўришаркан. — Ие, ие, йўқлаб-а, атай-а? — Қария ҳали таниб улгурмаган бўлса-да, мутаассирланиб қолган эди. — Келингиз, келингиз. Қадамларингизга хасанот. Акам қайтариб сўради: — Ким экан ўша билиб туриб, қисталанг қилаётганлар? Сутчи юмшоқ кулиб, енгил қўл силкиди: — Эътибор қилманг, олса шу кулбани оладими? Мен уни талашаётганим йўқ. Унинг орқасида қанча боғлар, болалар дам оладиган жойлар бор. Ўшалар кетмасин, дейман-да. Энди эсладим. Анҳорнинг ёқаси кета-кетгунча, гузардан Каттабоғга қадар ўрикзору ёнғоқзор боғлар эди, шу соя-салқинда ёз бўйи болалар дам олишар, Бўзсув бўйларига саёҳатга чиқишар, бунақа баҳаво жойни ҳеч ердан топиб бўлмасди. — Бормисиз! Яхшиям ўртага тушибсиз! — дедим мен ич-ичимдан қувониб: бор экан-ку, «ҳей» дейдиганлар ҳам! — Атай ўтирибман, атай, — деди қария бизни ичкари бошлайвериб. — Нима йўқотардик биз — сафар кишилари — Оллоҳ чақирган куни ҳузурига қайтадиганлар? Нимамизни олади! Қураман, деса бошқа жой қуриб қоптими? Қани, кела қолинглар, кираверинглар. Якка тавақали кўк эшикдан даҳлизга кириб бордик. Уй нимқоронғу, зах-моғор аралаш кўҳна ки- тоблар ҳиди анқиб турар эди ундан. Кафтдек деразани айтмаганда, ёруғ тушадиган жойнинг ўзи йўқ, икки томон токчалару тахмондан иборат эди. Эски намат танчагача бўлган жойни зўрға тўлдирган, унинг четидан бўйранинг титилган учлари чиқиб турибди. Танча ковшандознинг шундоқ ёнгинасида — деразага яқинроқ жойда эди. Унинг ёнларида юпқа — ялангқават кўрпачалару ковшандоз томонда қора пўстак кўринарди. Сандал устидан якандоз ёпилиб, гирдоб тўнкариб қўйилгану устида одми кўзойнак билан муқовасига қизил жилд сирилган қалин китоб кўзга ташланади, холос. Сутчи кириши билан уларни токчага олиб қўйиб, гардин патнисни ўнгарди-да, қозиқдан йўл-йўл дастурхон олиб ёзди. у ғарибгина яшаши шулардан ҳам маълум, ўзи бундан бошқалардек қисиниб-қимтинмас, балки аллақандай эмин-еркин эди. — Қани, азизларим, юқорироқ ўтаверинг. Ҳамонки, меҳмон бўлиб кепсиз, жой-жойингизни билиб-билиб ўтиринг. Мана, мен чўкдим, — деб дераза рўбарўсига ўтира бошлади. Ноилож, ўтдик, акам — тўрга, мен дераза тагига — амакининг рўбарўсига. У қўлини дуога очди: — Қани, омин, қадам етди, бало етмасин. Оллоҳ барчамизга тўзиму қушойишлар берсин. Нима ниятда қадам ранжида қилган бўлсангиз, ниятингизга ўзи етказсин. Оллоҳу акбар. Xуш келибсизлар. — Xушвақт бўлинг, — деди акам, мен унга қўшилдим. Сутчи қўлини кўксига қўйди: — Тилагингизни Оллоҳ берсин.— Кейин иккимизнинг юзимизга қараб қўйиб, мулозаматомуз деди: — Сўраганнинг айби йўқ, жиндак чой қўяй, қумғоним салда қайнаб чиқади. Сўнг бафуржа... — Сиз нимани лозим кўрсангиз, шу. Биз сўраб-сўраб топиб келмоқдамиз. Қолаверса, мен узоқ бир юрт — мухожиротдан омонат салом келтирганман. Ўзингиз яхши билган кишининг... қиёмат қарз саломлари. Сутчи ҳар нарсани куца ҳам буни кутмаган экан, хушёр тортиб, акамнинг юзига қаради. Қарияларникидек қисиқ-мулойим ва сал хомуш кўзларида ҳайрат уйғонди: — Мухожиротдан?! — Ҳа, ўша ўзиз билган Тангритоғ томонлардан, — деди акам. — Валлоҳ-валлоҳ!.. Мухожирларга ансорлардек қучоқ очган юртдан-а? Мунаварраи сонийдан-а? — Қария азза-базза қайта чўккалаб, акамга ўгирилиб ол-ди. — Очиқ-ёриқ айтаверинг, мен қарияни қийнамай! Наҳот — ул зотнинг ҳузурларидан?.. — Ҳа-ҳа, ўшал зотдан. Сиздан бу дунёю у дунёда қайтарибу узуб бўлмас яхшиликлар кўрган бир кишининг қарз саломларини ола келганман. Омонат васиятларини етказишга буюрилганман. — Субҳоналлоҳ!.. Сиз... Сиз ул зотга ким бўлгайсиз? Эшон поччамни қаердан билгайсиз? Сутчи илон авраган одамдек акамнинг оғзига тикилиб қолган, шундан бўлак нарсани сўраш-исташ хаёлигаям келмай, жавоб кутар эди. Акам хижолат аралаш жилмайди: — Мен у кишининг кенжалари... хизмат юзаси- дан ўшоқларда юрган ўғиллариман. Энди танидин- гизми? Сутчи бу хабардан ҳайратланиб, азза-базза ўрнидан тура бошлади: — Аллоҳ, Аллоҳ! Уни қаранг-а, шундай денг-а?! Иккита зурёдлари бор, деб эшитар эдим. Сизми бири?— дея акамни қучоғига олиб, тавоф этаркан, уни кўрганидан бир ерга етган эди. — Уринмай-ла келдизми? Сизни етказган Xудоимга ҳамду санолар бўлсин. Кутмагандим, кутмагандим. У томондан, эшон поччам томонларидан, деб ўйламагандим, — деб елкаларига қоқиб, куракларини силади. Сўнг ўтириб дуо қилди, биз қўшилдик. Сўрадилар: — Кенжалари, дейсизми? Акам тиззаларини йиғиб ўтириб, хижолатли боқди: — Падарибузуркворимизни олиб кетишганда... биз ёш бола эканмиз. — Тушунарли, тушунарли. — У киши ҳаёт эканликларини ҳам билмасдик. Оллоҳга минг шукрларки, дараклари ўша ёқдан чиқиб, ўша юртда кўриш насиб этди. — Уни қаранг-а, дуоларини олиб қолиш... сизга насиб этибди, — деди сутчи беҳад мутаассирланиб. — Ҳа, рози кетдилар биздан, — деди акам аллақандай таъсирланиб ҳам овози ўзгариб келиб, — шу жумладан, Сиздан ҳам... Бу тарихларни эшитиш, айниқса, келиб-келиб, ўша Тангритоғ томонларда юрган Султонмурод акамга эмас, айни Олим акамга у кишининг дуоларини олиб қолиш насиб этгани ғалати ҳам ҳайратланарли эди. Бунинг ҳикмати нима экан, ҳеч ақлим етмасди. Акам ёнидан рўмолчасини чиқариб, намланган кўзларини артишга тутинаркан, мен унинг киприкларида ногоҳ бир томчи ёш кўриб, ўзимдан шундай жирканиблар кетдимки... қочишга қани жой топилса! Аммо бошга қилич келса-да, чинини айтмоқ керак: кўнглимнинг туб-тубида, калламнинг аллақайси бир пучмоқларида тиёлғламалик қилмаяптимикан бу устомон, деган иштибоҳ чарх урар эди, тавба. Сутчи ногоҳ тин олиб, тўлғонди. Ва: — Ҳай, дариғ! Бу фоний дунё ўшандай зотларни ҳам сиғдирмадими-я? — дея тебранди. У тебранармиди, тўлғонармиди, ажратиб бўлмасди. Унинг тақводор чоллардек шу тебраниб ўтиришини суйиб қолмаслик, яхши кўриб кетмаслик мумкин эмасди. Кейин кўзларини юмиб, ўша чўк тушганча миқ этмай қолди. Акамнинг кўзларига қалққан намдан ҳам кўра, унинг шу ўтириши таъсирлироқ эди. Уларнинг ўртасида қандай кечмишлар, қандай боғлиқликлар борки, унута олмаяпти — билиб билолмасдим, сўраб сўролмасдим. Аммо нимадир борлиги аниқ. Шуни сезиб тургандайман-у, нималигини ажрата олмаяпман. Қолаверса, акам ҳам сўрамаяпти, ўзи ҳам айтмаяпти. Ниҳоят, у ўсиқ-бароқ қошларини кўтариб бизга қаради-да: — Ундай бўлса, бир калима Қуръон бағишлаб, дуои хайр лозим экан, — дедию чўккалаб олиб, тиловатга берилди. Назаримда тангри таоло бизни кўриштириб, ёдлаштириб қўйганида ҳам бир сир, бир ҳикмат бордай туюлар-у, уни тўла англаб етолмасдим. Ниҳоят, қария юзига фотиҳа тортди-да: — Аллоҳ раҳмат қилсин у зотларни. Балонинг қаттиғию зўрини бекорга уларга юбормаган. Ҳикматини ҳамма ҳам билаверсин-чи, билмайди. У балоларини агар тоққа ташласа, тоғ кўтара олмасди, улар кўтариб кетишди — деб, оғир сўлиш олиб, тура бошлади. — Мен жилла қурса чой қўйиб юборай. Шундоқ табаррук жойлардан мозор босиб келибсиз. Қўшимиз қолаётгани йўқ, қолаверса, дам ғанимат, дийдор ғанимат. — Сиз уринманг, фақат кўрсатворсангиз бўлди. Мана, Мақсуд қайнатиб кела қолади, — деди акам мени туришга ундаб. Мен сакраб турдим, аммо қария унамади. У эшон почча номини эшитибоқ ўтиролмай қолган, у зотнинг ҳурмати учун ҳам бизни сийлашга тушиб кетган эди. Озгина каллакқанд, жиндек майиз ҳам ёнғоқ дегандек, пиёланинг тагида дурда олиб келиб қўйди. Токчадаги нон қутидан яримта гижда билан ушатиғлик чуррак нон олиб қўяркан: — Айбга буюрмайсиз, эшон бола, сал суви қочибди нонимизни. Бугун дўконга киролмаб эдим. Ўзи шунақа пайтда меҳмон келади, — дея хижолат тортган бўлди. Сўнг ташқаридаги ғишт ўчоққа олов қалаб, ўтни жўнаштириб юбордик. Салда қумғон жиғиллай бошлади. У киши мени уринтирмай муштдек чойнакларига чой дамлаб келиб, яна сандал атрофига — ҳаммамиз ўз жойимизга чўкдик. Чой қуйилиб, яна суҳбат ўз маромига тушди. Акам бояги гапни улаган бўлди: — Мен, рости, ҳали-ҳали ақлим бовар қилмайди, ўша ишга қандай журъат этганингизга. Ахир, ҳазилми, бир одамни Сибирдай жойдан — шундан шу ёққа ўтказиб юбориш?! Яна қамоқдан опчиқиб!.. — деди ҳайратини яширолмай. — Отам раҳматли ўла-ўлгунча ҳам дуо қилиб ўтдилар. Ўша яхшилигингизни унутмай. Мен ҳам ҳайратдаман-у, ўз оғзидан эшитмагунимча ишонолмай турибман: Чинданам қайси юрак, қайси журъат билан қилди экан бу ишни? Чегарадан олиб ўтди экан? Лекин сутчи аллақандай хижолатга тушиб, қисиниб-қимтинарди: — Аллоҳ рози бўлсин. Биз нима, Парвардигор ирода қилмаса, агар. — Ҳарқалай-да, — деди акам, — қанча сувлар оқиб ўтиб кетди, энди айца бўлар? — Эшон поччам... айтмаганмилар? — деди қария ўша воқеанинг сирлигича қолишини истагандай. Акам қўлидаги чойни қўйиб, бош тўлғади: — Йўқ, бу ёғига ўтмасдилар. Алқардилар, дуо қилардилар-у, тафсилотига кўчмасдилар. Сутчининг юзига мамнунлик балқди: — Қари билганини пари билмас, деб... шуни айтадилар, — деди ширин кулимсираб. Демак, бу ҳам айтмайди. Бу шундай цирки, уни инсон зоти тагига етолмаслиги керак. Акс ҳолда ҳали ҳам гап тегиб қолуви, кимдир жабр кўруви мумкин... шекилли. Балки шу туфайлидан уни муддатидан илгариёқ жилдириб юбориб, киши кўзига шундай бир овлоқ гўшада ошини ошаб, ёшини яшашга маҳкум этиб қўйгандирлар-у, бу сутчилик қилиб юрганмикан? Мен шундай тахминларга бориб ўтирарканман, акам уни тушуна қолмасди. Балки атай ижикилаётгандир, ўз оғзидан илинтирмоқчидир? Мен ўз хаёлларимдан ўзим чўчиб, унинг юзига қараб-қараб қўярдим. Акам хижолатларга тушиб бўлса-да, эланишини қўймас эди: — Бир учи, бир чеккасинигина айта қолинг. Фақат ўзимиз учун. Сутчи ўша-ўша ширин кулимсираб, чойга алаҳсиди. Аммо иложини топса, гап ўзанини бошқа ёққа буриб юборадигандек кўринар эди. Шу боисданми, акам унга қайта юзланиб илтижоланди: — Ишонинг, шу гап шўтта қолади! Ўттиз икки қўриқчиси бор бир қўрғонда муқим қолади. Эшон отамизнинг хотиралари ҳаққи-ҳурмати. Шўронинг ўша чоҳларида қолиб кетганлар ҳаққи-ҳурмати... — Ҳов, акам жуда уста экан! Бир ширин сўзлар, такаллумлар билан уни аврар, икки ўртада бир эмин-еркинлик пайдо қилар эдики, қария унинг самимийлигидан мутаассирлана бошлаган ва бу кетишда унинг илтимосини рад қилолмайдиган бир ҳолга тушиб борар эди. Қолаверса, ўзим ҳам унинг оғзидан чиқадиган сўзга интиқиб ўтирибман. Тавба, биров назарга илиб-илмайдиган, ниҳояти бонка кўтариб, сутчилик қилиб юрган бир киши шундай ишларга қодир бўлса! Ота диёридан қувилиб, бир умрга совуқ-туманли ўлкаларга бадарға этилган, қуёш юзини кўрмай, қор кечиб, муз тешиб яшашга маҳкум бир маҳбусни бу дунёнинг азобу жаҳиймидан қандай опчиқиб келибди экан? Қамоқхона қўриқчиларию исковучлари кўзини қандай шамғалат этибди экан? Мулла одам жилла қурса, умрининг охирида эмин-еркин яшасин, хотиржам ибодатини қилсин, деб ўша тоғли диёрга опчиқиб қўйибдими? Тўғри, Оллоҳнинг изнисиз бировнинг бирон соч толаси, туки ҳам тўкилмас, ҳеч кимга рўшнолик эшиги ҳам очила қолмас. Лекин бу одам нима умидда бу ишга қўл урди? Нияти нима эди-ю, нимага эришди? Сутчи чойнак устига сочиқ ташлаб, четроқ сурди ва томоқ қирди: — Бу тарихни ҳаммадан яширсак ҳам сизлардан яшириб бўлмас. Негаки, Эшон поччам бошларига тушган мусибат — унақа-бунақа мусибат эмас. У бало Сизларни етим қилиб, киндик қонингиз тўкилган жойларда ўйнаб-кулишдан, эмин-еркин ўсишдан ҳам мосуво этди. Етимлик кўчаларида тентираб, аламзадалик зардоблари ила суғорди. Ҳали-ҳануз тўзиб юрибсиз, диёридан адашган турналардек. Сизга айтмай кимга айтаман, юрагингиз ҳоврини сал-да оладиган бу тарихни. Воҳ, сутчига қилт этмай тикилиб қолган Олим акамнинг кўзларида (нимани денг?) ғилтиллаб айланган, киприк қоқсаёқ дув тўкилишга тайёр ёшни кўриб, кўнглим бузилиблар кетди. Ҳиқиллаб қолмаслик учун кўзларимни олиб қочдим. Ўзимни бир нималарга чалғитишга уринар эдим. — Айтинг, айтаверинг, — деди акам тўлиқиб, — куйган юрагимизга зора малҳам бўлса сўзлариз. Умрбод қарздормиз биз Сиздан. Сиз ҳеч ким қилмаган, қилолмайдиган яхшиликни бизнинг отамизга — падарибузрукворимизга қиласиз-у, биз топиб келмайлукми, тавоф қилмайлукми! Айтинг, жон қулоқларимиз-ла тинглаймиз гавҳар сўзларингизни. Қария ийманибгина тиззасига тўкилган нон ушоқларини тераркан, акамга қараб қўйди. — Ҳамду санони Аллоҳга айтмоқ керак. У ёлғиз Тангримга ярашади. Биз ниҳояти Аллоҳ розилигини қидириб юрган бандалармиз, — деб жим қолди. — Ҳарқалай, Сиздан бошқаси. журъат этармиди, йўқми, — деди акам. — Ундай эмас, эшон бола. Мен бўлмасам, бошқаси қиларди, бошқани сабабчи этарди Аллоҳ. Муҳими, отангизнинг мусибатлари ариб турган. Биз сабабчи, холос. Биз миқ этмай, ҳатто нафас ютмай ўтирардик. Юцак, чалғиб, уни тинглолмай қоладигандекмиз. У эса бир маромда, қариялардек салмоқланиб давом этяпти, гоҳ-гоҳ ушоқларни кафтига териб жамлаб, оғзига солиб қўяди. — Xуллас, денг, шундай топшириғу вазифа бўлиб қолди: бир одамни ўшоқдан олиб, бошқа юртга ташлаш лозим экан, — деб қария акамга маъноли қараб қўйди. — Бўлади-ку, шунақалар: хизмати тугагунча маҳбуслар ичида қоладиганлар... Мен сотқинлар эканми, деб тушуниб, тепа сочим тикка бўлаёзди. Лекин акам хотиржам бош силкиди: — Xўш-хўш? — Шунақалардан биттаси топшириқ билан янги жойга ўтказилиши керак экан. — Тушунарли, — деди акам. Бунга сари мени ижирғанишми, нима қамраб бор-япти. Ёдимга Олим акамнинг ўтмишию анув йўқ бўлиб, бадар кетганлари тушиб кетяпти. Ўзи эса, парвосига келтирса, ўлсин агар. «Хўш-хўш, кейин-чи»лаб қария-ни қисташ, оғзидан у тарихни «суғуриб олиш» билан овора. — Ҳамма ҳужжатларини тўғрилаб, ҳар эҳтимолга қарши битта тоза муҳрланган қоғоз ҳам қўшиб беришди. — Тушунарли, тушунарли, қайта тўлатиш керак бўлиб қолса-да, — деб қўйди акам. — Поезддан поездга ўтиб, тақира-туқур билан тўққиз кун деганда етиб бордиммикан, валлоҳи аълам. Қамоқхонасиям шаҳардан нақ бир кунлик йўлда, ўрмоннинг ичида экан. Ит азобида топиб борсам, (Худо ол қулим, деса шу-да) маҳбусларни ёғоч қирқишдан олиб келишаётган экан. Дарвозадан кириб кетишгунча ичим ачи-иб қараб турибман. (Ҳарқалай, маҳбуслар, бунинг устига, ўзимизникилар, қиров босган оппоқ соқоллиларини демаса, пахталик шим-камзуллару бир хил қулоқчинда, миллатиниям ажратиш қийин.) Шунда ёнимдан ўтаётганлардан биров отимни атаб, ташланиб қолса бўладими: «Илҳом, азизим, ошна!» деб. Чоп-чоп, ҳай-ҳай бўлиб кетди. Соқчилар югуриб келиб, тортиб олишдию судраб кетишди. Ҳалиги маҳбус оёғи ерга тегмай боряпти-ю: — Илҳом, азизим, ошна, танимадингми, менман! — деб бақиради. Бирпасда соқчилар мени ҳам ўраб олишди. «Кимсан, бу ерда нима қилиб турибсан», деб тергаш, турткилаш бошланиб кетди-ку. Бўш келсам, маҳбусдай тиқиб қўйишлари ҳам мумкин. Ҳужжатимни кўрсатиб, турма идорасини сўрай қолдим. «Ҳа, шундоқ демайсанми, ўртоқ», деб кўрсатиб қўйишди. Мен қидириб борган одамим ҳамон маҳбуслар орасида эканидан, унга ҳам бошқалардек муомала қилишаётганидан ҳайрон эдим. Нима гуноҳ қила қолибди — ҳеч тушунолмасдим. Ҳали жавоб бермай қўйишлари ҳам мумкинлигини ўйлаб, ҳушёр тортган эдим. Бошлиққа ҳам элбурутдан унинг қоғозини кўрсатиб ўтирмай: — Бир-икккита «зек»лар билан кўришишим керак, шароит яратиб берсангиз, — дедим. — Марҳамат, ана, бўш хона, айтинг, чақириб беришади, — деди у. Ишим хамирдан қил суғиргандек осон кўчаётганига ҳайрон эдим мен. Лекин сир бой бериб бўладими! Айтдим. Шунаққиб, ҳалиги одамни чақириб беришди. — Ким экан, танидингизми? — деди акам. — Қаёқда! — деди қария. — Ҳеч эслай олмасдим, у бўлса, таниб, ялаб-юлқаб ётипти. Нуқул йиғлайди, кўзёшларини шашқатор оқизиб, шу таваллолар қилади, сиқтайдики, қани овутиб бўлса, тинчитиб бўлса... Мен бу эшонларнинг қарғишига қолдим, намозхонларнинг дуоибадига учрадим, дейдими-ей, қаерданам шуларнинг ичига ташлашди, уларни сотиб, тутиб бердим, дейди. Йиғлаб-сиқтаб, бир ерга етаяпти. Бу кўргилигу қийноқлар ҳолва, дейди, ҳали охиратдагиси, Маҳшаргоҳдагиси бор. Ана ўшанда Оллоҳга қай тил билан жавоб қиламан? Мана бу тил, мана бу кўзларим гувоҳлик берсалар, ўзимга қарши гувоҳ бўлиб турсалар, дейди. Оллоҳнинг дўзахига сургаб кетишаётганда ким, қайси идора қутқариб қола олади мени, Илҳом, дейди. Сизлар ўз ҳолингиздан ортармикансиз? Ҳолингиз меникидан яхшироқ бўлармикан, дейди. Ногоҳ титраб кетдим. У тўғри айтяпти-ку, деган ўй ичимни ўртаб, ачитмоққа бошларкан, ўзимни ҳам, уни ҳам бу ҳолдан қутқариб, чалғитиш учун, қўйнимдаги қоғозни олиб, стол устига ташладим. — Бу нима? — деди у кўзёшларини енгига артиб. Ўзингга шукр, тинчиди-ку, деб ўйлаб, буйруқни айтдим. — Ўзга юртгами энди? — деди у кутилмаганда. — Алам-аччиқнинг ўрнимас. Xудога шукр қил. Эсларига тушиб қолганингга. Бошқа вазифа чиқиб қолганига, — дедим мен. — Бу гуноҳларим кам бўлса, у ёқда, у юртда тўлдирар эканманми? Шундайми? — деди у «тўнини ҳамон тескари кия бошлаб». — Эсингни йиғ, бундан ортиқ яхшилик бўлмайди. Қолаверса, сен билан мен қаерда, қайси юртда ўтирганимизни унутма. Улар чақириб қолмасларидан ҳал қил. Ҳали бу қоғозларни кўрсатганим йўқ, — дедим. У қоғозларни қўлига олиб, хўмрайганча кўз югуртираркан, кутилмаганда муҳрланган, оқ-оппоқ қоғозни кўриб: — Буниси нима? — деди кўзлари чақнаб. Мен тушунтирдим: — Ҳар эҳтимолга қарши: қайта тўлғазиш керак бўлиб қолса... У совуқдан мўматалоқ бўлиб, шишиб кетган каттакон кафтини ҳалиги қоғоз устига ташлади. Унинг важоҳатидан қўрққулик эди, шунақа ўзгариб кетган эди у. — Гап бундай, — деди у эшикка аланглаб, аллақандай паст товушда, — бир иш қиламиз. Фақат менинг айтганимга кирасан. Ўлай агар, бирон нарса тушунган бўлсам. — Бу нима деганинг? — дедим ориятим қўзиб. — Мен сени олиб кетгани келганманми ё сен меними?— дедим туриб. — Шошма, ўпкангни бос, — деди ўтиришга ундаб, ўзи столга кўкрагини бериб, ёпишиб опти. Кўзимдан кўзини узмайди. — Мусулмонмисан? — дейди. — Алҳамдулиллоҳ... — дедим. — Xудо биттами?— деди у ўша-ўша, туси ўзгармай. — Битта, — дедим гапни қаёққа бураётганини англаб-англамай. У кутилмаганда ўтирган ерида чўзилиб, иккала қўлини елкамга човутдай ташладию силкиб қўйди: — Ҳозир ҳам ёлғиз эмасмиз бу хонада. Xудо шоҳид, у кўриб турибди барча-барчасини... Шундайми?..— деди ниятини оча қолмай. — Шундай, — дедим. У елкамни қўйиб юбориб, бояги-боягидек столга кўкрагини бериб тикилди. — Шундай экан, бир иш қиламиз. Манави бўш қоғозларни мен айтган одамнинг номига тўлдирасан.— Сўнг чақнаган кўзларини кўзимдан узмай қаддини сал кўтарди, — икки бурдек одам, Xудони таниган икки ўзбек тил топиша олармиз?! — Нима демоқчисан? — дедим юрагим гурс-гурс ура кетиб. — Қўрқма, панд бермайман. Қолаверса, сени ҳамиша мард, деб эшитганман. Мардни эса Оллоҳ ҳам қўллайди, — деди у. — Шунча гуноҳларимиз эвазига бир иш қилиб кетамиз. Оғир кунда мени суяган, мендан ирганмаган, бетимга тупурмаган бир одам бор: ўшани ола кетамиз! Фақат йўқ демайсан, дея кўрмайсан. У кишисиз кецам, Xудонинг олдига нима билан бораман?! Тушун. — Ким? — дедим. Шунда у эшон поччанинг номларини айтди мени ҳайрону лол қолдириб. Кўз олдимдан эса ҳалимдек юмшоқ чолнинг нурли юзи ўтиб, ичимдан хўрликми, йиғими бир нарса тошиб келарди. — У киши ҳам шу ердамилар? — дея олибман. — Ҳа, мен туфайли, мендек нобакорлар туфайли,— деди у... — Эшон поччани ўша одам туфайли қутқариб келганмиз ва чегарадан ўтказиб қўйганмиз, қолаверса,— деди у бир енгиллик туйиб.— Тушунинглар, мен ҳеч ким эмасман у кишининг олдида. Агар шу ишимизга савоб ёзиладиган бўлса, аллақанчаси унинг чекига тушгай. Ўртага аллақандай бир хушҳоллик иниб, ҳаммамиз жим қолган эдик. — Ахир йўқ демабсиз-ку. Шунга-да, мингдан-минг ташаккур, — деди акам. — Сизнинг ўрнингизда бошқаси унармиди, йўқми,— деб юбордим мен. Сутчи ҳалим қариялар сингари ширин кулимсиради ва шу баробар юзларидан нур ёғилиб: — Деёлмасди, — деди ишонч ила. — Аллоҳ хоҳлаб турса, қай банда йўқ дея олади?! — деб бетимга қаради. — Аллоҳ «кун» деса, бас, ўша нарса бўлгай. Эшон поччамнинг мусибатлари ариб турганки, биз етиб борганмиз, ўша қоғозлар ила... Ташқарида майнами — бир нима сайради. Ўгирилиб қарасам, иккита қорашақшақ ялтираган қора қанотларини ёзиб, оқ-оппоқ гуллаган ноклар тагида қувалашиб учиб юрибди. Бу ниманинг аломати эди, тушуна олмасдим. III Шу маҳал дарвоза болачаси очилгандай бўлиб, ўша ёқдан қиз боланинг овози келди: — Амакижон?.. Сутчи ўрнидан оғир қўзғалди: — Мен қарай-чи. Ўша чўккалаб ўтиришида оёғи увишиб қолган экан, уни силаб-сийпашга тутинди ва шу ерданоқ овоз берди: — Ҳозир, пучуқ қизим, ҳозир... — Мен қарай қолай, — деб ўрнимдан тураётиб эдим, у киши унамай, ковшандозга тушдилар. — Қимирламанг, ўзим чиқмасам, касал бўп қолибдилар экан, деб ваҳма қилиб юрмасин, тағин. Бу орада пучуқнинг ўзи ҳовлида кўринди ва деразадан кўзи бизга тушибоқ орқасига пусинди. У ажина гулли кўйлак устидан бир чиройли жажжи нимчани сириб, сочини майда ўрган, камига пистонли ироқи дўппи кийиб олган эди, қўлида тугунми, бир нима бор. Сутчи чиқиб, акамга саволчан қарадим: — Шундоқ одам... шундай яшаса-я? Акам бармоғини лабига босди: — Жим, эшица оғринади, — деб шивирлади, — ўзи шуни истаса нима дейсан. Бўлмаса, ҳар иззат-икромларга ҳақли. — Ё ҳайдалганми, ўша иши очилиб? — дедим. Акам қатъий бош тебради: — Билишмайди ҳатто. Аммо менинг савол халтам очилиб кетган эди: — Очилиб қолса-чи, нима бўлади? — Қамашади, албатта, — деди акам бошқа гапга ўрин қолдирмай. Юрагим ачишиб келиб, гажирлигим тутди. Мунофиқ, деворгим келди уни. Отасига шунча яхшиликлар қилган одамни нима деяпти?! Қамашади эмиш! Оллоҳ-чи, қараб турарканми!.. Тўрсайиб олдим. Буни кўриб у ялпизлашга тушиб эди, сутчи қайта бошлаб, жонимга ора кирди. Унинг қўлида устига битта гижда ёпиб, боғланган тугунча бор, тагидаги коса экани билиниб турар эди. Сутчи келиб жойига чўкди, сўнг тугунчани дастурхон ўртасига қўйиб, еча бошлади. Уйни енгил нон-қовурдоқ ҳиди тутиб борар эди. — Насиба-да, эшон боллар, пучуқ қизим менга илиниб опчиққан экан, ўртада баҳам кўрадиган бўлдик. Қутлуғ уйдан қуруқ кетилмайди, деб шуни айтилади-да, — деб қизчанинг қаерда туришини тушунтира бошлади. — Улар мижозим бўлишади, илгари сутларини олиб турардим. Косадаги овқат чиндан нон-қовурдоқ эди. Сутчи сири кўчган, лекин тоза бир лаган олиб келиб ағдариб эди, бир лаган чиқди. Буғланиб, ажойиб бир ҳид таратиб, нафсни қитиқлай кетдики, беихтиёр оғиз сув очиб борар эди. Уй эгаси битта ёғоч қошқи келтириб акамга тутди, биз қўлда оладиган бўлдик. — Қани, етказганига шукр, неъматини маҳтал қилмай оламиз, — деб ўзи бисмиллоҳ-ла бошлаб берди. Мен кўпдан бундай тотли таом емагандим, нуқул болалигимизда — Яккабоғда турганимизда ойимлар пишириб берадиган ўзи жиндек, лекин ҳеч таъми оғиздан кетмайдиган қўзиқорину нон қовурдоқлар кўз олдимдан кетмасди. Бояги гапим — шундоқ одам, шундай ғариб турадими, деганларим эсимга тушиб, ич-ичимдан уялиб ўтирардим. Овқат ейилиб, бир пиёладан иссиқ чой ичиб эдик, уй назаримда, шоҳона саройлардан аъло туйилиб кетди. Ва сутчининг қулфи-дили очилиб, ҳикоятгами, ривоятгами тушган эди: — Аллоҳ суйган қулларини ора-чира бу дунёнинг неъматлари ила сийлабам туради. Лекин афзали Абу Дардонинг тутган йўли, — деб қолди. — Абу Дардо? — деди акам ниманидир эслагандай, сутчининг юзига ялт этиб қараб. — Ҳа, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаламнинг шундай саҳобалари ўтган. Қавмидан энг кейин иймонга келган одам. Лекин этидан тирноғигача иймонга тўлиғ бу одам дунё молию матоҳини қўшқўллаб итқитган экан. Тижоратим мени Аллоҳнинг зикридан қолдиряпти, олди-бердилар ибодатдан чалғитяпти, деб ҳатто дўконидан воз кечган экан. Бошқа саҳобаларга етиб олиш учун, динга кеч келиб, йўқотган савоблари ўрнини тўлдириш учун ҳам шундай қилган экан. Совуқ ва изғиринли тунларнинг бирида ана шу Абу Дардонинг уйига йўловчилар тунашга изн сўраб кирибдилар. Абу Дардо уларнинг олдига иссиқ овқат киритибди-ю, кўрпа-тўшак бермабди. Ётар чоғ қўноқлар бирон чойшабми, нимадир сўраб унинг ҳужрасига боришса, Абу Дардонинг ўзи совуқдан ғужанак бўлиб ётганмиш. Кампири эса бир чеккада букчайиб ўтирганмиш. Устиларига ёпадиган бирон нарса кўринмасмиш. Қўноқлар таажжубда Абу Дардодан сўрашибди: — Ёпишга кўрпа-тўшагингиз йўқми? Улар қани? Шунда Абу Дардо: «Бизнинг бошқа жойда ҳовлимиз бор. Топган матоларимизни ўша ёққа жўнатганмиз. Бу уйда бирон нарсамиз бўлганда сиздан аямасдик. Қолаверса, нариги уйимизга элтадиган йўл устида ўтиш оғир бўлган, машаққатли довон бор. Ундан ошиш учун енгиллашиб турган чоғимиз эди», деган экан. Ҳазрати Умар ҳалифалик даврларида ўша саҳобани зўрлаб Шомга волий қилиб тайинлашибди. У ерда одамларнинг роҳат-фароғат кетидан қувиб, дунё жамлашга берилиб кетганларини кўрган Абу Дардо халқни масжидга чорлаб, бундай хутба ўқиган экан: «Эй Дамашқ аҳли, Сизга не бўлдики, олимларингиз кетиб бормоқда, жоҳилларингиз улардан ҳеч нарса олиб қолишга шошилмаяпти? Эй Дамашқ аҳли, Сизга не бўлдики, Аллоҳ таоло ўз зиммасига олган нарсага иқбол қилиб, ўзингизнинг зиммангизга юкланган нарсани унутяпсиз, тарк этяпсиз? Сизга не бўлдики, еб битиролмайдиган нарсангизни жамлаш билан оворасиз? Яшамайдиган биноларингизга бино қўйгансиз? Етишолмайдиган орзуларингизга интилганингиз интилган?.. Эй Дамашқ аҳли, Од қавмининг аҳлию мол-дунёси ер юзига сиғмас эди, ким бугун мендан улардан қолган меросни икки дирҳамга сотиб олади», деганида бутун масжид аҳли, уни тинглаётганлар ҳиқ-ҳиқ йиғлашган экан. Ўша покиза зотлар ҳақида яна бир ривоят айтай. Ҳазрати Умар қўл остидаги вилоятларни текширишга чиқиб, Шомга бемаҳал — тунда етиб келибдилар-да, тўғри дўстлариникига тушибдилар. Очиқ турган эшикдан тортинмай кириб борган меҳмонни Абу Дардо туриб кутиб олибди. Чироқни ҳам ёқмай суҳбатлашиб ўтириб қолишибди. Бир маҳал ҳазрати Умар Абу Дардонинг ёстиғини пайпаслаб кўриб, дўсти эгарга бош қўйиб ётганини сезиб қолибдилар. Шошиб тўшакка қўл чўзсалар, қўллари қуп-қуруқ қум билан майда тошларга тегибди. Яна бир пайпаслаб, дўстининг эгнидаги Дамашқ аёзига дош ҳам беролмайдиган юпун кийимни пайқаб қолибдилар. — Ҳой, Аллоҳнинг раҳматига етишгур, бу нимаси, қўлинг шунчалик қисқами, ахир имкониятингни кенгайтириб қўйгандик-ку, — дебдилар халифа. Шунда Абу Дардо: — Эсингдами, эй Умар, Расулуллоҳ (с.а.в.) бизга нима дегандилар? — дебди оҳиста. — Xўш, нима деб эдилар? — «Сизнинг дунёдан оладиган насибангиз мусофирнинг хуржунидаги озуқасича бўлсин», демабмидилар? Биз-чи, у кишидан кейин нима ишлар қилиб юбордик, эй Умар? — дебдилар. «Шундоқ-шундоқ», деб турган халифа йиғлаб юборган эканлар. Биз у зотларнинг олдида киммиз? Бу амалу ибодатларимиз Аллоҳ бир пуф деса, чангдек тўзғиб кетмайди, деб ким айта олади? Яна Аллоҳ ўзи билгай: раҳмат назари билан кимга қарайдию кимга назарини ҳам раво кўрмайди!.. — Во-ой, — деди акам биз хайрлашиб эшикка чиққач, (узр, олдиндан айтиб қўяяпман!) — худди шу гап, шу ривоятларни отам ҳам айтар эдилар-а! Қай бирлари қай бирларидан эшитган эканлар-а, тавба-а... Мен сал илгарилаб кетдим, унгача — тургунимизча акам яна бир гапни айтди. Тўғрироғи: — Тоға, Сиздан бир нарса сўрасам майлими? — деди. Мен унга ҳайрон қолдим. У биз тошкентликларга ўхшаб амаки деб мурожаат этиш ўрнига фарғоналиклар каби тоға демоқда эди. Ўз кўнглида улуғроқ кўрдими, ё яқин олдими, билолмадим. Ҳарқалай шундай мурожаат этди. Сутчи амаки ҳам бунга ортиқча эътибор қилгани йўқ. — Сўранг, эшон бола? Сиз сўрайсиз-у, мен йўқ дейманми? — деди юмшаб, тобора ҳалимлашиб. — Сиз... сиз тўрамнинг терговларида қатнашган экансиз... Қария кулимсираб, бош тўлғади: — Сизга чатоқ маълумот беришибди. Ҳозиқ тўрани ҳеч ким сўроқ қилганмас. У киши уй қамоғида ўтириб, ўша инқилоб қандай амалга оширилганини Московнинг илтимоси билан қоғозга тушириб берганлар. Араб имлосида экан, мен ўгирганман, холос. Мендан кейин ўрисчага ағдаришган. — Ҳа, шуни сўрамоқчийдим, бир учини эшитиб эдим, — деди акам шошиб қолиб. У энди сўзсиз бош тўлғади ва ҳийладан сўнг деди: — Менинг сизга маслаҳатим — бунга қизиқа кўрманг ҳам, суриштириб юрманг ҳам. Бу нарсалар эллик йилсиз очилмайди. Балки умрбод очилмас. У келишдик-а, дегандай киприк қоқиб, қўлини фотиҳага очди: — Илоҳо омин, эшон поччамдан яхши муждалар олиб келган сиз азизларни Аллоҳнинг ўзи ҳифзу ҳи-моясига олсин ва у кишининг руҳларини яшил қушларига жойлаб, жаннатларига чорлаган бўлсин. Шом тушиб келар эди, сутчи биз билан хайр-хўшлашибоқ намозига шошилди, биз эса гузарда қолган машинамиздан хавотирланиб, қадамимизни тезлатдик. Осмон ҳали ҳам синкага солингандек беғубор эди-ю, аммо тупроқ уюмлари ортию томи ўпирилган вайроналар ичи билан, етим пахса деворлар тагилаб, бир қоронғулик ўрлаб келар, шу паллада анави сурилган тепалик ўрнидаги темир мезана тагидан ҳайҳотдек бир қора унинг устига тармашиб ўрламоқчига ўхшар, ўхшайверар эди. Ҳеч ердан негадир азон товуши эшитилмасди. (Дарвоқе, уйлари ташлаб-ташлаб кетилиб, ҳувиллаб қолган жойда азон товуши нима қилсин!) Аммо акам ҳандақлардан сакраб, тупроқ уюмларини айланиб ўтиб, шошиб бораркан, «Вой, Мақсуд, уни қара-я», дея таъсирланишини қўймасди. Ахийри ўгирилиб: — Биласанми, отам, уни нима деб дуо қилардилар?— деди. — Нимага ўзига айта қолмадиз? — дедим мен ҳайрон қолиб. — Айтолмадим, юраги кўтармайдими, деб қўрқ-дим,— деди акам. — Нега? — Чунки ҳар кимга ҳам ундай дуо насиб қилавермайди. — Қандай? — дедим сабрим чидамай. — Бир саҳар жойнамоз устида ўтирганларида бехос эшитганман, — деди у қимир этмай аллақаёқларга тикилганча. — Шундайми? — дея олдим мен, орага бошқа гап сиғмас эди. — «Эй, Аллоҳ, сендан ёлғиз илтижом, агар жаннати наъимларингга мушарраф этгудек бўлсанг, усиз мени киритма. Жилла қурса, шафоат ҳуқуқини беру мен уни бу дунёда қилган яхшиликлари эвазига жаннатга чорлай олай»... дердилар. У шу одам эди. Ҳозиқ Бувага Аён Берган Нарса (ёхуд ҳикоячига қоронғу, муаллифга аён тарихлардан) Эшикбон ўша хушрўй жувоннинг ўзгинаси эди. У тўнтариғлиқ пиёланинг орқасига ўсма сиқиб ўтирган жойида буларни кўриб, типирчилаб қолди. Қошини апил-тапил чайиб келиб, пешвоз чиқди: — Ассалому алайкум, Ҳозиқ бува! Бизнинг томонларгаям келаркансиз-ку, кўрадиган кунлар бор экан-ку сизни... — дея тошкентча манзиратлар ила сўра-ша кетди, — Xоламойим бардам-бақувватгинамилар? Ўзинглар ўрганишиб қолдингларми бизни шаҳри азимларга? — Раҳмат, пошша қизим, раҳмат. Ие, уни қа- ранг-у, Аллоҳнинг марҳаматини кўринг. Ўзингиз-ку, мушкулимизни осон этибди-ку. У шу бир оғиз сўзданоқ ташриф боисини англаб, юраккинаси ширин қалқиб-ҳаприқди. Устига устак, табибнинг қаватида ёпишибгина турган жавдироқ болакайни кўриб (у қош-кўзлари попукдек, қиз бола бўлиб туғилишига бир бахя қолган ширинтой эди), ичи шиғ этдию дукирлашга тушиб берди! Бу митти чеҳра чиндан ҳам ўша мушфиқага ўхшаб кетар, қуйиб қўйгандек эди. — Вой, ўзим ўргила қолай, аяжонисини кўргани келган тойчоқлар ҳам тортиниб-бегонасирайдими? Вой, ўзим бўйларингга қоқиндиқ, зап келибсиз-да. У сиқилган ўсма ҳидларини гуркиратиб, болакайнинг пешонасидан ўпди ва куракларини силаб, бу-ларга йўл бераркан, қариянинг кўнглини олишга уринди: — Келинг, тўра бува, жиндак нафас ростланг. Иссиққина чой қилай. — Раҳмат, пошша қизим, боғ тузукдир, баҳавороқ,— деди табиб азим тераклар тагига интиқаётганини сездириб. — Майлин, майлин, у ернинг ғир-ғир шабадасига нима ецин, — деб йўл бошларкан, ичидан «Соғинибдилар-да, теракзор тагларида айланишларини», деган ўй кечди. Табиб энтикди. — Бу ернинг нақ жаннатдан чиқадурган ўйноқи бир ел-сабоси бор, боғбони хўб топган жойни. Ўтган бўлса, Аллоҳ раҳматига олган бўлсин, тирик бўлса, умрини зиёда эцин. — Илоҳим, илоҳим, — дея дуога қўшилишди жувон ҳам. Йўлакдан ўтиб, қатор қулоч етмас азим тераклар таги билан боришаркан (унинг хол-хол кумушранг танасидан тортиб, кўклаб бораётган шоҳларига қадар юракка яқин эди, тавба), ҳаво ҳам юмшаб бораётганга, аллатовур бўйларни таратиб, бир ажиб эпкинлар юзга урилаётганга ўхшар эди. Шу эпкинлар ичида шифохона ҳиди димоққа урилиб қўярдики, унинг баҳор бўйларидан бегоналиги яққол билиниб қолар эди. Улар йўлка ёқасига — тагидан қизғиш сурх навдалар бериб, бўй кўрсата бошлаган гулзор четидаги ўриндиққа чўкишаркан, табиб узрли қаради: — Нечук, ҳеч ким кўринмайди, бемаврид келиб қолдикми? — Бемаврид эмас, Ҳозиқ бува. Сиз келасизу ким нима дейди? — Ҳарқалай гап тегмагани маъқул-да. — Xудо хоҳласа, тегмайди. Муолажа вақти ҳам тугаб қолди, зўр келса, ўзим чақириб чиқа қоламан,— деб у отлана бошлаб эди, қария тўхтатди: — Ўзи қалай? Қадам босяптими? — Босяпти-босяпти, берган дорунгиз патосларини тақа-тақ тўхтатди. Оллоҳга шукр, Сиздан шундай миннатдорки... — Ҳаммаси Аллоҳдан. Қолаверса, кўргиликлари ариб турганки, дору эм бўпти. Ўзига шукр, уялтирмаганига шукр. Яхшиям жужуғи — той болани опкелибман. Ичикканлар бир яйрашсин. — Шуни айтинг, — жувон болани қучиб, бошларини силади. — Вой, ўзим ўргилай қуралайгина кўзидан. Аясининг боши осмонга етадиган бўпти-да. Қолган дардлариям ариб. — Яна муолажа белгилашдими? — деди Ҳозиқ бува хавотир ичида. Унинг назарида ўша дамлаб ичиладиган дорунинг ўзи кифоя эди: бу дўхтири тушмагурлар яна нималарни тиқиштиришиб ётишибди экан? — Яранинг ўрнига-да, битиришга-да: нурмикан, моймикан... Қариянинг кўнгли жойига тушиб, хавотири бўшашди: — Ундай бўлса, безарар-безарар. Биз шу ерда ша-бадалаб ўтира турайлик, сиз хабар берадиган бўлсан-гиз. Изн теккан аёл қарғашойи рўмолини ўрай-ўрай ичкарига йўналаркан, икки ўрим сочи нимчасининг белидан пастини ўпганча тўлғониб борар, Ҳозиқ бува илгари кўрганидан ҳийла калтайган кўринар эди. Тавба, хаш-паш дегунча бу ерда турганига ҳам ҳийлагина вақт кечиптими? У мана шу йўлкада эрта саҳару шомдан кейин сайр этишни ёқтирар, ҳеч канда қилмасди. Ҳозир ҳам аста туриб, той болани етаклаганча қатор азим тераклар таги билан кетган соя йўлдан секин юриб бораркан, ўша ёқдан ўйноқлаб келган эпкин-шаббода юз-кўзларини ўпиб ўтиб, таниш насимдан кўкси кўтарилиб тушди. Ўзи боғ чеккасидаги шу йўлкада Xудо берган бир бошқача файз бор: Ўша насим, ўша шаббода ўйноқлаб ўтди дегунча ичдаги ғуборларни суғуриб кета қолади. Тераклар ҳам бу ҳаво ёқиб тушиб шундай бўй талашганларки, енгил шовуллаб кишини шундай аллалайдиларки, асти қўяверасиз. Бу орада гулзор ёқалаб, ҳошияси қора-қора, қаноти момиқдан ҳам оқ капалакни қувиб юрган болакай ҳам ниҳоят қайтиб келиб, саволларини қалаштира кетган эди: — Бу ер қандай боғ, опоқбува? Дўхтурхонага борамиз, деб эдингиз-ку. — Олмазор боғ, болам, олмазор боғ, — деб тушунтирган бўлди бува, сўнг йўл ёқасидаги суянчиғли ўтиргичга чўкиб, узана қолди. — Чиройлув экан,— деди бола атрофга суқланиб.— Вой, анавуни қаранг, филқулоқму? — у гулзор ўр-тасида бултурги кўмилган бандидан фил қулоғидек барглар ёза бошлаган ўсимликка (ҳойнаҳой бу атрофникимас, қайси бир иқлимдан кўчириб келтирил- ган — ўшанга) тикилиб қолган эди. — Топдинг, болам, биз томонларнинг гулимас бу. — Сиз кўрганмусиз, биласизму? — Бола унинг тиззаларига суйкалиб эркаланди, — айтинг. — Неча йилда бир очилади. Мен ҳам кўрмаганман. Совуққа йўқ нарса, — деди у. — Бу ерда-чу, қандай ўсяпту? — Аввал ичкарида ўстиришган, кейин ўтказишган. Тушундинг? Бола «тушундим» дедию хаёли бояги ўсма қўйган аёлга кетди: — Анаву опоқу нима дейду? Биз кимну кўргану келганмуз? — Аянгни. Сени бир хурсанд этай деб айтмаб эдим,— Ҳозиқ бува уни эркалаб, бошини силади.— Қарасам, соғиниб кетибсан. Нима, илгари опкелишмаганми? Бола азбаройи таъсирланиб, кўзлари бир турли ғилтиллади. Ўзи қулт ютиниб, ер сузди: — I-им, бу ерга ҳич келмаганмуз. Бала-анд уйга чиққанмуз... — Xудо хоҳласа, бу ердан ўз оёғи ила юриб чиққай. Мана, кўрасан. — Ҳозирму? Xудду ҳозир-а? — Болакай ичи тошиб, сакрамоққа, митти кафтчалари билан унинг тиззаларига урмоққа бошлади. — Чиқса керак, айтгани кетишди-ку, — кулимсиради у. Бола яна коптокдай сакраб, ўйноқлади: — Ур-ре, чиқадиканлар, чиқадиканлар. Аям тузалубдилар. — Қайтиб келиб яна ёпишди, — айтинг, опкетамизму, жавоб беришадиму? — Xудо хоҳласа, опкетгани ҳам келамиз. — Нега?... Ҳозир жавоб беришмайдиму?.. — деди бола бирдан сўникиб. У ҳафа бўлиб қолган эди. Қария бағрига тортиб эркалади: — Фақат сен шошма-да. Шунча кутган, яна жиндек сабр қилсанг бўлади-ку. — Майлу,— деди болакай кутилмаганда кўниб. — Ана бу — бошқа гап. Ақлинг гуркираб кеца — шу-да, — деб қария унинг елкасига қоқиб қўйди. — Борақол, унгача филқулоқни томоша қилиб тур. — Бўпту. — Болакай ўша ёққа қараб чопди. У энди ўзига таниш ошиён томон — жигарранг эшик-деразасидан тортиб, пештоқларига қадар қадрдон бўлиб қолган ўша мўъжаз ҳам кўркам оқ бинога қарадию ҳайратда қолди. Фасубҳоналлоҳ! Бу қана-қаси?! Оқ бинонинг пештоқларидан тортиб, бутун то-ми шафақранг аланга ичида қолган, қуёш нурими деса, аланга унинг бўғотию пештоқларидан тошиб чиқар ва қизғиш черепицали бутун томини ўраб борар эди. Водариғ, бу нимаси? Куппа-кундузи ўт кетяптими?! Қария ўрнидан турмоққа уриниб, асосини пайпаслаб-излаб қолди. Лекин шошганда саломга алик топилганми, асо қўлига илинмасди. У ҳушёр тортди: «Унда нега ҳамма жим? Бақир-чақир йўқ?» Демак, бу бир ғайб, сирли кўриниш, холос. Тавба, нега шундай бўлмоқда? Илгари ҳам бир келганида шунга ўхшаш ҳол содир бўлмаб эдими?! У нимадан белги беряпти? Қачондир ўт ичида қолувиданми? Кимга ҳам айта оласан бу ҳолни?.. Хасса шундай ёнгинасида экан. Уни қўлга олди-ю, лекин туриб улгурмади. Қайтиб оқ бинога назар ташлаганда аланга сусайиб, ниҳояти азим тераклар ортидан қиялаб, энламасига тушаётган офтоб селига айланиб улгурган эди. Во ажаб, нечанчидир марта шундай бўлмоқда. Аввал том баравар кўтарилиб (ҳатто қулоқларига оловнинг чарсиллаб ёниши эшитилиблар кетди!), гуриллаб туради-ю, сўнг томга ётган нур бўлиб чиқади! Бу нимади? Дарвоқе, бу нарса биринчи марта қачон кўриниб эди? Келганининг учинчи куними? Ўшандан бери неча йил кечди, мўъжаз оқ бино — ўша ўзи икки қишгина истиқомат қилган жой, қаранг-ки, ҳали ҳам қилт этмай турибди. Назарида, эрта-бириси куни гув этиб ёниб, кул бўлиб тушадигандек! Ҳозир манави шифохонага қўшиб берилганмиш. Айтувли фахрийлар тушиб қолса, шу ерга жойлаштиришар экан. Атрофидаги қуюқ шапалоқ баргли тутлар тагига ёғоч каравотлар қўйиб, гиламлар тўшаб, кўрпачаю пар ёстиқлар ташлаб қўйилганидан билаверинг. Бу ҳукумат, бу катта даргоҳлар рисолага кўра, халқ ғамидан бошқа нарсани билмаса-да, ўзини ҳам унутмаган кўринади. Аммо... шундай жойга, бир мусофир муслима, манави болакайнинг муштипар онагинаси қандай тушиб қолди экан? Ким жойлаштирибди?.. Ялпиз ҳидиними, бодроқ исиними гуркиратиб шабада ўйноқлаб ўтди. Қария энтикиб кетди. Ҳалиги муаттар исни соғиниб, яна бир ҳидлагиси келиб, чуқур тин олди. Йўқ, у шабада қурғур гулини аллақачон тўкиб, ўрнига қўша-қўша кўк зираклар тақиб, барг ёзиб бошлаган пастдаги олчазор кўчалар томон ўйноқлаб ўтиб кетиб улгурган, бу ёқдан эса, хушрўй жувон пилдираб-шошиб келмоқда эди. — Топдим, ота, фақат... — ҳавоми, нима етмай ютоқди, — фақат бироз кутасиз экан. Муолажа тугаши ила тушиб келади. Табиб тўрам ўзлари кептила, кўргани кептила, дедим. Эшитиб бир ерга етди... — Майли, майли. Биз мана шу баҳавороқ жойда ўтира турамиз. Бу ҳам бўлса, Xудоимнинг марҳамати. Баҳри-дилимизни очмоқчи экан, шу ерларга етказибди, кута турамиз... — Бир пиёлагина чой олиб чиқайин? Xитойни хушбўй чойидан бор, кийик ўти аралашган? — унинг кўнглини овлашга уриниб, парвона эди аёл. Унинг жоннисорлиги, куйманчиклиги ўзига бир ярашарди. (Бировнинг устида ўлиб-қутуладиган аёллар ҳозирги кунда анқонинг уруғи, мингтадан битта топилар. Лекин шуниям борлиги — Аллоҳнинг марҳамати. Бу миллатга берган катта неъмати) Қария ийиб кетиб, бош силкиди: — Майли, бир пиёлагина бўлса... малол келмаса агар... — Малоли нимаси, мен ҳозир... — деб тинмагур аёл кираверишдаги мўъжаз уйчаси томон пилдиради. Шунда боягидек муаттар ялпиз ҳиди гуркираб кетдию у аёлнинг сиқимидаги рўмолчаданми, нимадан келаётганини илғаб улгурди. Кимдир илиниб инъом этгану халатининг чўнтагига сола қолмай, рўмолчасида анқитиб борар эди. Бу орада Ёдгортой олдидан икки бора чопиб ўтди, шиша кўзли тўрқанот ниначини қувлаб, яна гулзор томон чопди. Қариянинг хаёли эса бу гўшага келиб тушган ўша биринчи кечага қочган эди... Уни ҳукумат боғидаги дам олаётган жойига чақириб боришди. Инглиз элчисининг қабулига кийиб борган қўмондонлик формасини ҳали ечиб улгурмаган эди. Шунчалик қисталангмиш. — Сизни шахсан Олампаноҳ сўраяптилар! Шарқ табобатини билган табиб сифатида! Ўйлаймизки, у зотнинг илтимосларини рад этмассиз?.. — Унда мен... табиблардек кийиниб олай, — деди. Қаёқда! Ўзини Муссолинини тоғдаги қароргоҳидан олиб қочган немис ясовулларидан кам тутмаётган бу қарчиғайдек эпчил йигитлар ҳеч гапга кўнмасдилар. Жавоб қисқа бўлди: — Чегарада кутиб туришибди! Керак бўлса, ортингиздан етказиб боришади! — Табиб халталар-чи? Уни олмоқ лозимдур? — деди атай. — Бизга униси буюрилмаган, табибни гард юқтирмай етказиб келгайсизлар, дейилган, вассалом. — Тушунарли. — Не мушкул дамларда қилт этмаган юраги бир сесканди. Ва Аллоҳга таваккал қилмоқдан ўзга иложи қолмаганини англаб, «Ўзимни Ўзингга топшириб, Ўзингни вакил қилдим — Ҳасбияллоҳу ва неъмал вакил...», деб шивирлади. — Нима дедингиз?.. — қулоғига ярим-ёрти кир-ган каломуллоҳ калимасидан ғалати ҳолга тушган ясовулбоши (у довқур кўринса ҳам ёши бир қорага ет-ган одам эди) тисарилиб кетди. — Дуоибад эта кўр-манг. У эса вужудидан бояги титроқ чекилиб, ўрнига бир ёқимли хотиржамлик оқиб кира бошлаган эди, жилмайди: — Ўлибман-да, мўъмин мўъминга ёмонлик соғингайми? Аллоҳ асрасин! Демоқчиманки, ҳамонки олиб кетишингиз лозим экан... — Xўш? — деди у феъли айниб. — Унда нега имиллаяпмиз? Тавба, на яхши гапга кўнади, на ёмонига. Нақ азоб фаришталарининг ўзи... Ўзлари Аллоҳнинг чинакам азоб фаришталарига йўлиққанларида нима қилишарди экан? Пушмонлари иш бермаслигини билсалар эди... — Менга ҳам қулоқ солинглар, жилла қурса? — деди қатъийроқ қилиб. — Айтинг тез, вақтимиз зиқ, — деди у. — Ҳамонки иш шу даражага етибди, мен қарияни маъзур тутинглару таҳорат янгилаб олмакка рухсат этинглар. Ясовул йигитлар (ким хангу манг, ким хуши қочиб) бир-бирларига қарашди. Қандай даҳшатли ишга бош суққанларини биринчи марта англаб қолганлар ҳам бордай эди ораларида. Қай бирларининг ичларидан шайтанат чекилиб, иймон юз кўрсатгудек: рухсат бер, деворгудек ҳам эдилар-у, аммо сўнгги дамда ясовулбошининг юпқа лабида аллатовур нур кўринди: — Бизга Сизни дор тагига эмас, бошқа даргоҳга элтмоқ буюрилган. Қўрқманг, Ҳожи ака. Тоға ёхуд почча деса, Мадаминбек юртидан экан-да, деб ўйласа мумкин эди. Бу «ака»лаяпти, қаердан экан? Лекин тагига от, қўлига қилич берсанг, кимга йигит бўлганини узоқ вақтгача англамайдиганлар ҳилиданга ўхшамасди, тавба. Унда на миллат туйғуси, на миллатдошлик — диндошлик туйғуси йўқ дейиш ҳам қийин. Фақат ҳаммасини ясовулбошиликка алмашворибдими?! Шунга қарамай, буйруқлари, ўзини тутиши бир пошоча эди! — Барибир, биз бирон ерга таҳорациз чиқмаганмиз. Бехосият бу, — деди чинидан қайтмай. Қаттиқ турмаса, бу бешармларда субут борми! Бирон жар ё ўрда орқадан тиғ уриб, гум қилиб кетмасликларига ким кафолат беради! Калима келтириб улгурасан ё улгурмайсан. Таҳорациз эканинггаю банда сўнгги тилагини тилашга ҳақли эканига қарайдими булар. Намоз вақти ёхуд ювиқли-ювуқсиз, бебисмиллоҳ қўшилиб қолгандан бино бўлган бу шайтонваччалар. Йигитлардек чапдаст бошчиси қатъий бош тўлғади: — Узр. Ҳозир мавридимас. Ҳар қанча таҳорат бўлса, ўша ёқда улгурасиз. Чегарадан ўтиб олайлук, кейин, — деди у қўлини ҳавода тескари сермаб ва ясовулларига буюрди. — Жилдик. Уни ягона опел машинасига ўтқазиб, ўзлари ҳам суқилиб кирдилар-да, эшикларни қарс-қурс ёпганча рулдаги йигитнинг елкасига қоқдилар: — Қани, қанотинг бўлса, чиқариб уч! Рулда (қай кўз билан кўрсинки!) ўз шофёридан битта туки кам бўлмаган дунган йигити ўтирар эди. Билмаган одам ҳукумат машинаси йўлга чиқиб, Тўрам давлат қаёққа отланибдилар, дерди. Ана устамонлик! Бу ёқда улар боғ қоровуллару соқчиларни гум қилиб, ё алмаштириб қўйиб, дарвозадан чиқиб олганча «келишилган жой»га суриб борардилар. Бу ерни тинчитган, чегарадан ўтолмайдими?! Xамирдан қил суғургандек ўтарлар... Ҳаммаси адо бўпти! Ниҳоясига етипти! Озодлиги ҳам, мустақиллиги ҳам! Наҳот барча-барчаси тугаб, етим қолмоқда бу азиз юрту унга ишонган, жону жаҳонини тикворган халқ?! Имм, қаерда адашди? Нимани ҳисобга олмади?! Ё ўша бирвақт, довонда йўлиққан маҳлуқ... бежиз эмасмиди? Барчаси бесамар кетувидан бир имдодмиди? Ҳикмати не эди?.. Ёхуд фармонда шошдими? Бу уч вилоят — бутун Танг-ритоғ дегани эмас! Ҳали етти вилоят озодлик деб инграб ётипти, мужоҳидлар, бутун қўшин шай турсин! Улар озод бўлса, биз ҳам озодмиз. Уларга ҳуррият олиб кирсаккина, барчамиз ҳурмиз, бутун Тангритоғ ҳурдир! деб... шошдими? Балким... Чегарада — ҳаммаёқ ўт-ўлану уфққа қадар лолақизғалдоғларга кўмилган даштда ғир-ғир шабадалар ҳукмрон, қир қушлари ўзлари билан ўзлари андармон бир тарзда қайбири кўкатлар ичра, қайбири мусаффо осмон бағрида чулдираб ётишар, бу ёқда текис майдон ўртасида ниначидек учиб келиб, кўклам гилами устида қўнибми, тўхтабми қолган кичкина учоқ қаноти соя-сида хумдек боши устарада қиртишланган норғул бир одам бетоқат юринар эди. Ниҳоят, у қизғалдоқларни тўзғитиб, орқасидан эса қўш кўкиш из қолдириб ўзи томон учиб келаётган пилдироқ қора қўнғизмисол опелга кўзи тушиб, шошиб қолди ва қўлидаги кепкасини кийишни-да, унутиб, улар томон пешвоз юрди. У оғзи қулоғида, бу буюк мамлакатнинг катта раҳбарларига расм бўлган кителининг тугмаларини ечиб-қадаркан, рапидадай қўлини кўтариб, тўхтанг, ишорасини беришдан ўзини тия олмади. Бу дунганларга ўхшаб кенг пешона, кепчик юзли, хумбош одам уни ҳузурида кўраётганданми (балки топшириқ қотириб адо этилганидандир!) ўзида йўқ хурсанд эди. Ва бундан жилла қурса, андеша қилишни унутган эди. У бунинг шошқалоқлигидан уялди. Ким тагига от бериб, устига тўн ёпса, ҳамият кўрсатиб, оқсоқол кўтарса, халқи қолиб ўшанга хизмат этиб кетаверишдан тоймайдиган ўғлонлари бор бу миллат учун ачиниб, ичдан зил кетди: биз ҳам қачон одам бўларканбиз? Бир-биримизнинг пайимизни қирқмоқдан уяларканбиз, тўхтарканбиз? Бир миллат болалари каби яшарканбиз?... деб ингранди. Лекин унинг ич-ичидан отилиб чиқмоққа тайёр ингроқларини ким ҳам эшитарди, ким ҳам аҳамият берарди?! Бунга сари у ўзини тутмоққа, кўз соққалари остидан-да, тирқираб чиқмоққа тайёр кўзёшларини босмоққа, бу одамлар олдида паст кетмасликка уринар эди. Босди ҳам, ҳар нарсага қодир Аллоҳ сўраганини берди ҳам. Унга чиндан осон экан: арзимас дақиқа ичида хотиржамлик ато этди-қўйди. Ўзига ҳамду санолар бўлсин! Эс-ҳушини йўқотиб, бир замбар лойдек ўтқазиб қўймади. Xотиржамлик билан баро-бар ғуруринию ҳайбатини, шунча ишларга бош бўла олган киши салобатинию ўзлигини қайтариб берган эди. У ҳам бир ҳукумат бошлиғи сифатида тушиб борди. Мезбон уни аввало қўмондон кийимида кўриб, капалаги учди. Яқинига боргунга қадар ҳам хуши ўзига келмай ҳайкалдай қотган эди, сўнгги дақиқада, кўз кўзга тушиб, тилига жон битди. Ва салом бериб, кўришгани бормаги лозимлигини англаб, пешвоз юрди: — Ассалому алайкум, тоға. — Айиқдек бесўнақай одам — шунчалар самимий бўлиб чиқуви — ғалати эди: Ё баҳода янглишдими? — Яхши етиб келдингизми? Узр, безовта этдук. Унинг қўли қаттиқ эди: ёки ортиқча самимият кўрсатаман деб қаттиқроқ қисиб юбордими? Ҳарқалай шунга яқинроқ эди. Унинг юмшоқ кафтини сиқиб турувни ўзига эп билмай ниҳоят икки кафти орасига олиб, тавоф этгандайин ярим хижолат ичида силай бошлади. — Маъзур тутасиз бизнинг йигитларни, — деди яна бир бор узр айтиб, — Топшириқ қисталангроқ эди, бошқача йўл кўринмай... кириб бораверишга журъат этишди... Чегара дегани қўшнининг девори эмаски, ҳар бир улоққан кўппак хоҳлаган наҳрадан ошиб ўтаверса, истаган жойини ҳаром оёқлари билан пайҳон этиб кетаверса! Яна қаергача кириб боришибди! Элчи йўллаш деган гаплар қани? Икки давлат ўртасидаги борди-келди расм-русумлар-чи, улар қаёқда қолди? Мезбон ўнғайсизланиб, унинг қўлини қўйиб юборишни ҳам, юбормасликни ҳам билмас, қўллари енгил титрар эди. Бу унинг қўй кўзларига қараб қўйиб: — Нима гап? — деди, ўзи эса дил ғашлигини енгиллаца зора, деб қир томондан эсаётган шабадага юз тутди. Қани, бояги хотиржамлик? Ўзини Аллоҳга топшириб қўйиб келаётгандаги кўнгил тинчлиги? Бу ғашлик қаёқдан оралай қолди-ю, уни укпарданам енгил манави насимлар ҳам кўтариб кетолмаяпти? Наҳот ҳаммаси тугаб, нусрат юз бурди? Мустақиллик тонги туғиб улгурмай унинг шоми келиб етди? Мезбон жавоб ўрнига ҳам унинг қўлидан тутиб, куракларини силарди... — Тоға, ўзингиз тушунасиз-ку. Ҳамма тушунмаса ҳам Сиз тушунасиз-ку. Биз Унинг олдида киммиз?! Ким эканмиз! Xоҳласа чивиндай эзғилаб ташлайди, хоҳласа кафтида кўтаради. Иложимиз қанча?.. Ана, сидқидилига кўчди! Тан олди... бор-йўғи кичкина одамлигини! Тагидаги от ҳам, эгнидаги тўн ҳам бировники эканини! Қуллиги эвазига берилганини! Бояқиш миллат! Кимларга кунинг қолган?! Уфқдами, қайдадир, сўнгсиз кўм-кўк гулдор гиламнинг охири — қирнинг мусаффо осмон билан туташган жойидадир балки, кумушдай ялтираб каттакон сув кўрингандай бўлди. Наҳот сув мусаффо осмонга туташиб кета олса? Нима у, денгизми ё уфқдан ҳам берида ётган бир нарса? Балки саробдир. Куппа-кундузи сароб кўринса-я? У намланган киприкларини қоқиб ҳайрон қолди: ҳалиги денгиз бир томчи кўзёшга айланиб, ўз билагига томди. Ё, Аллоҳ, бу ниманинг белгиси, нимадан имдод? Наҳот ҳаммаси тугади? Аччиғи келди ва тўғри келган томонга юра кетди, шу баробар зарда ила: — Сен кичкина одамман десанг, мен кимманки, десам, қачон одам бўламиз ўзи? — деди қалби сидирилиб-оқиб. — Борми ўзи бу юртда эл учун бошини тика оладиган бир инсон?! Мезбон унга етиб олишгаю тинчлантиришга уриниб, орқасидан талпинди: — Тоға! Тушунинг, ахир. Ҳар нарсага етган ақлингиз наҳот шунга келганда оқсаса? Тушуниб турибсиз-ку! Нега тушунмаганга оласиз?.. Аммо у қулоғи гоҳ чиппа битиб, гоҳ шанғиллаб очилиб кеца-да, унинг илтижоларию ров-рўкачларини тинглашни ҳам истамас эди. — Борми тилка-пора қилсалар-да, сохта пайғамбарларга иймон келтирмайдиган мардлар?! Борми Xузофадек динини сотмайдиганлар?! Баданимдаги туким қадар жоним бўлса, шу динимга садқа ҳаммаси, дея оладиганлар! Борми?! — дерди бўғилиб. У эса етиб олиб куракларини силар, зўр бериб бағрига босиб, «жон тоға»лар эди. — Жон тоға, бир гал менинг ҳам сўзимга киринг. Шайтонга ҳай беринг. Унинг раъйига тўғаноқ бўла кўрманг. Xўп денг, дея қолинг. У жим қолди. Осмони фалакда тўрғай бўзлаб-бўзлаб йиғлар эди, ким менинг маконимга бесўроқ кирди, полапонларимни оёқости этти, деб. Ҳов, қирда бир бижилдоқ қушча ғумай шохчасига қўнволиб шу чулдирар эдики, у роз айтяптими, бўзлаяптими, билиб бўлмасди. — Xўш, нима дейди, ўшал Олампаноҳинг... кремлида ўтирволиб?! Ҳозир тўғри ўшоққа олиб бормоқчимисанлар? — деди тақдирга тан бергиси келмай. — Йўқ, — мезбон қучоғидан қўйган бўлса-да, елкаларини силашдан тўхтамасди.— Ҳозир бизнинг қароргоҳга борамиз. Алоҳида жой ҳозирлатиб қўйганман. Ўшатта бир-икки кун тура турасиз. Дам оласиз. Сўнг маълум бўлади — қабул вақтлари. — Бу сизларнинг қарорингизми ё кремлига қамалволиб, бутун мамлакат уйқуга кетганда иш кўрадиган ўшал зотнинг амри? Мезбон бўшашиб, унинг кўзларига ўтинч-ла тикилди. — Биласиз-ку, тоға, биз киммиз — ниҳояти кичкина одамлар. Ҳаммаси ўша Олампаноҳнинг раъйи. Бизда ихтиёр қанча?! Бир чеккаси ачинди, бир чеккаси — тўғрисига кўчганидан суюнди: биларкан-ку, ҳечкиммаслигини! Ўшал зулм машинасининг ниҳояти бир мурвати холос эканини!.. Шунга-да, шукр. Аммо гуноҳи кабиранинг энг бадбахти шу эмасми? Билиб туриб зулм итларини мамлакатга қўйиб юбориш, ўз қавмини талатиш эмасми? Жавоби бор-ку, ахир бу ишларнинг ҳам!.. — Тахт бор-у, тож йўқ. Ном бор-у, нишон йўқ. Мамлакат бор-у, ихтиёр йўқ! Шу ҳолингизга «Шарқдан чиққан маршал»мисиз? — Тоға, менинг ўрнимда бошқаси ҳам бу ўйиндан чиқолмасди. Ўзингиздан қолар гап йўқ-ку, тоға. Биз ҳаммамиз унинг қурчоқларимиз-ку, ахир. У бўшашди. Жилла қурса, тан оляпти-ку. Аммо Маҳшаргоҳда бу билан қутула олгайми? Секин сўради: — Биз мусулмонмиз-а? — Алҳамдулиллоҳ. — Аллоҳ ҳақ-а? — Ҳақ, ҳақ. — Китоблари бор-а? — Бор. — Пайғамбарларига ҳам ишонамиз-а? — Ишонамиз, тоға. Ҳақ ҳаммаси. — Қиёмат-чи, қайта тирилиш-чи? Ҳақмасми? — Ҳақ, тоға... — Ҳақ бўлса, бу ишингиз учун қиёматда не деб жавоб бергайсизлар? У ўзини тортиб, дабдурустдан тисарилиб кетди! Шу баробар ўша томондан димоғига аллақандай ачимсиқ ҳид урилди. (Нима бўлса, экан бу?). — Қайси ишимизни айтмоқдасиз? — Мана шу... — у ўзларининг мана шу ёлғиз туришларига, сал нарида эса бир оғиз сўзига маҳтал ясовулларига ишора этди, — мана шу қилмишингиз — куппа-кундузи бир мамлакатнинг каттасини ими-жимида ўғирлаб кетишингизни айтаман. У эланиб бир қадам босди: — Тоға, Сиз тушунинг... — Бутун бир халқ ана энди эркка чиқдик, мустақил бўлдик, деганда, ўз ихтиёримизча, иймон-ишончимиз бўйича яшаймиз, деганда, уни ким қилиб кетмоқдасизлар? Қиёматда Аллоҳ олдида нима деб жавоб бергайсизлар? Бу халқ талаб қилолмаганда, бўзлаб қолаверганда, ҳар нарсадан огоҳ Аллоҳ бор-ку? Унга нима дегайсизлар? У ер чизиб, тош қотди. Сўнг бир титраб-сесканиб тушдию кепчик юзи қув оқарди. Кўзига зўрға қарай олиб, шивирлади: — Мен бу ёқларини ўйлаб кўрмаган эканман. Ўлай агар, ўйлаган бўлсам. Фақат Сиз мени тушунсангиз бас, кечирсангиз бас. Ўшанда Оллоҳ ҳам кечир- гай, гуноҳларимдан ўтгай, тоға. — У боягидек эланиб, ёпишиб келди. — Тоға, бўлар иш бўлди. Эшитинг мени. Бояги ёлғиз ачимсиқ, қўланса ҳид унинг оғзидан келаётган эди. Кўнгли кетиб, ўзини четга тортди: — Айт, не дейсан? — Бўлар иш бўлди, бу ёғига менга ишонинг. Ялиниб-ёлвориб бўлса-да, мен сизни у Жодидан тортиб олгайман. Асраб қолгайман. Ғишт қолипдан кўчган. Сизни асраш мумкиндир-у, мамлакатингизни асраб бўлмайди. Мустақиллигингиз аллақачон бировларга инъом этиб юборилган! Эшитяпсизми, инъом этиб юборилган. Тангритоғдай мамлакатни улар ҳеч қачон бир ялов остига бирлаштириб қўймагайлар. Ён босмагайлар, овора бўласиз! Сизнинг тутган йўлингиз — шариат бўйича иш кўришдан тортиб, қолган вилоятларни ҳам озод этмакка қилган чақириғу аҳдингиз — ҳамма-ҳаммаси у зотга маълум. Аллақачон етказилган. Мен келмасам, бошқаси юбориларди. Бошқа бир жаллоднинг қўли билан йўқ этардилар. Яхшиси, тақдирга кўнайлик. Сизни менинг қўлим билан йўлдан кўтариб ташласинлар-у, аммо бу ёғини... бу азиз бошингизни асрашни менга қўйиб беринг. Буни бир сизу бир мен ва ёлғиз Оллоҳ билсин. Ўзга йўл йўқ, тоға. Балки шу туришимиз, шу келишув Оллоҳнинг хоҳлашидир. Бизни ўз паноҳида асрашидир.. Ҳеч зоғга, ҳатто энг ишонган елкадошлари тугул, аёлига-да, оғиз очмаган, исини-да чиқармаган покиза ниятлари, дилга туккан, ўйлаб қўйган ишлари нима бўлди? Ўндан бирига-да жазм этмаганди-ку, ҳали? У оёғининг остига, кўкат бағрига қараб қолди. Воҳ, не ажабки, у — ерга ўйлаб, оҳиста қадам қўйгувчи одам, бирор жонзотга жабр қилиб қўймадимми, деб титраб тургувчи инсон... ер бағирлаб ўсиб-да, эмин-еркин туп ёзиб юборган, туп ёзиш нима, бир ажойиб гуллаб юборган лайлакоёқни босиб турар, унинг лайлакоёғи мисол қизғиш-пушти гуллари этиги остида эзғиланиб ётар эдилар. Жони ачиб, тисарилиб кетди! Лекин у қолиб, бошқасини босди, бошқасини-да аяб, яна янгисини эзди. Қаёққа қадам қўйса, баҳори келиб яшнаган бир гулни, очилиб-сочилган бир кўкатни босар, пайҳон этарди. Ажинагуллару лолақизғалдоқлар топталар эди. Чумолига-да озор бергиси йўқ одамки, шундай ноилож қолса!... Ёким очилмоқ бор экан, пайҳон бўлмоқ ҳам борми? Xудди унинг ниятлари каби, мақсуди каби. Энди гул кўрсатганда... яксон эцалар? Унинг алам-аччиқ ичида, лабини тишлаб, тишламаса — инграб юборари ҳеч гап эмасди — жим қолувини мезбон қандай тушунди (балки ризолик аломати деб билгандир) ва анов ясовулларига қандай ишора бериб улгурди, қизғалдоқзор ўртасида турган учоққа бирдан жон битиб, парраги айлана кетди. Овози ўтлоғу қирни тутиб, унинг қулоғи чиппа битди... Кимдир тиззасига ёпишиб, билакларига шаппалар, енгидан тортқилаб, ҳоли-жонига қўймай хушига келтирмоқчими, ўзига қаратмоқчими бўлар-у, у нималигию кимлигини англай олмас эди. Алҳол, қақажон қизалоқникидек бир кўҳлик юзга, (тавба, киприклари мунча узун-узун?) кўзлари охуникидан ҳам маъюсроқ болакайга (ҳа-ҳа, у ўғил бола эди!) кўзи тушиб, қаерда ва қай тахлитда ўтирганини эслаб, бир сескандию қулоқлари зинг очилиб, ўзига келди. Бола муштчалари ила унинг кўксига муштлаб, бидирлар эди: — Бува, бува, уни қаранг, мен кимни топиб олдум! Қаранг, ким келопту. Эшитопсизму?.. — Эшитдим, эшитяпман, — У ўгирилиб, етти қадамча нарида анг-танг қотганча туриб қолган жувонни кўриб, бир унинг, бир тиззалари орасига суқилиб олган болакайнинг юзларига қараб, ҳайратга тушди. Бу истараси иссиқ, жажжи юзни яна қаерда кўрган эканман деб юрибди! Ё мусаввири олам, қуйиб қўйгандек-ку! Нур инган бир томчи сувдай-ку иккиси!.. Бола унинг ичидаги ғалаёндан бехабар соқолларию юзларини силаб, ўйноқларди: — Қаранг, бува. Мену қаерга опкелупсиз? Аямну опкетуб қолушган жойга опкелупсуз. Қаранг, тузалуп қоптулар. Юруп кетуптулар, қаранг. Ҳозиқ бува унинг бошларини силаб, дўппичасини тўғрилаб қўйди. — Кўрдим, болам, кўрдим, ният холис бўлса, шу-да. Аллоҳ шифосини берса, шу-да. — У ҳассасини қўлига олиб, шошқич туришга унналди. — Келинг, қизим, опоқмисиз энди? Аллоҳнинг мадади ила сан кўр-ман кўр бўп қолдими узвларингиз? — Вой, турманг, қўзғолуманг, — жувон сал оқсаганча куйманиб жойидан жилди, — менга Сизну айтишуб эди. Ёдгормуродумну кўриб, эсум оғиб қолибду. Ким била қандай келибду, деб... Бува тавозе-ла бош эгди: — Маъзур тутгайсиз, қизим, мендан ўтибди. Мен дунёбехабар қария... айттиришим керак эди... Жувон шошиб қоди: — Йўқ-йўқ, асло!.. (Ундай дея кўрманг!) Қайтага бағрум тўлду, кўруб бир ерларга етти бошум. Соғинган эканман қўзимну... — деб ёпишиб борган ўғилчасини ўзига тортиб, бошларини силади. Ўзининг паришонлигидан (қандай ғафлатда қолди, тавба!?) жиндек саросимагами, хижолатгами тушган қария калима келтирди: Ла илаҳа иллаллоҳ! Чиндан Аллоҳнинг карами кенг, ҳикмати беқиёс! Уни сабабчи этиб, буларни ёлғиз кўриштиргани қандай гўзал бўпти! Онасининг этакларига ёпишиб, бағрига сингиб бора-ётган болакайга нигоҳи тушиб, енг учи ила мижжаларини кишибилмас артиб оларкан, бу топишув асли дардларнинг аришидан бир мужда эканини ўйлаб кетган эди у. — Вой, нега бу ерда ўтирибсуз? Юринг, ичкару киринг. — Жувон бу орада ўзига келиб улгурган, мулозиматга тушган эди. Аммо қария еллар измига бўй бериб, кумуш «кафт-чалари» ила ўзига хос қарсак чалиб ётган (улар ҳам Тангрига тасбеҳот айтиб чарчамасдилар) манави азим тераклар остидан жилгиси, бу салқин ҳам тинмагур шабадалардан ажрагуси йўқ эди. Ташаккур айтиб, енгил таъзим этди: — Агар мумкин бўлса, шу ерда ўтира қолайлук. Жаннатнинг бир бўлагидек жой экан: ором ёғила- ди-я, жонивор бу тераклару тинмагур еллардан. — Вой, нега мумкин бўлмасун. Ихтиёрунгиз-ихтиёрунгиз. Ёдгортой ҳам аясига ёпишиб, нимчаларидан торт-қилар, қистар эди: — Ўтирамуз, ўтирамуз. Энди ҳеч ёққа кетмайсуз. Сизсиз кетмаймуз биз. Тўғрими, бува? — Болакай қариядан нажот кутгандай қаради. — Айтинг сиз. Қария жилмайди: — Зўрға топиб олганимизда қандай ташлаб кетарканмиз? Опкетамиз... эрта-индин, Xудо хоҳласа. Болакай сакраб-қунади: — Ана, опкетарканмуз, опкетарканмуз. Ўғилчасининг бу «қилиғи»дан хижолатларга ботган (аммо ичида яйраб бораётган!) жувон атрофга аланглаб, жужуғини бағрига тортди: — Вой, жим, эшитганлар нима дейду? Бу ерну билмайсанму?.. Бу ерда шовқун солмайдулар. Болакай онасининг қучоғидан қарияга жавдира- ди: — Шунақаму, бува? Урушуб берадуларму? Ўлтиришга чоғланаётган қария тағин-да ширинроқ жилмайди: — Сенга кечирарли. Ҳамма ҳам аяжонисини сендай топиб келсунчи... — Ана-ана-ана! Эшитдуз! — деб аясининг қучоғидаёқ сакраб-қувнади у. Жувон эса уни қучоғидан қўймай қулоғига бир нималарни шивирлар эди: — Ёдгор, сену ким айтаду, менинг Ёдгорум деб?! «Ёдгорум деб?!». Қариянинг пешонасидан бир нима юриб бораётгандек... бехос вужудига титроқ инди. Ичидан юрагини сидириб-куйдиргудек бир нима тилиб ўтди: «Кимнинг Ёдгори? Ўша Ботурними ёхуд бошқа бировни? Ботурнинг тирноғи деб адашмадикмикан ишқилиб? Унда бу мушфиқа ким бўлиб чиққай? Аёлими?» Ўлтирдилар. У ўша бояги — жойлашиб ўлтирсаёқ белларию кураклари бир ажойиб қолипга тушгандек, хуш ёқиб ўрнашадурган жойга чўкди. Оёқлари ҳатто (тўрт энликкина) кўтарилиб ҳам қолди. Бундан тиззаю болдирлари бир ором топаётгандек эди. Аммо аёл кишининг олдида бу ўлтириши ўзига эп кўринмай, қаддини кўтарган эди, оёқлари ерни ўпиб, ўзи жиндек таскин топди. Жувон эса чеккароққа омонатгина чўккан, унга қараб қия ўлтирар эди. Ўғилчаси бўлса, аллақачон унинг бағридан чиқиб, ўртадаги жойга тармашар, икковларининг ўрталарида бир яйраб ўлтирмоққа ҳозирланар эди. Болалигим — пошшолигим, деб шуни айтадилар-да, кўнглига келганини қилмай қўймайди. Қани, шу ёшда бўлиб қолса... Аллоҳдан нимани тилар эди? Ўтган умри, босиб ўтган йўллариними ё... дедию ичидан бир ғулув уйғониб келиб, бўшашиб кетди. Шу бўшашув ичида тили истиғфорга жуфтланди: «Астаъфируллоҳил азийми ва атувби илайҳи». Ўзинг мағфират айлагайсан... тақдири азалдан қочиб бўлурми?— деди тин олмай. Манавилар ҳам юрибди экан-ку, мусофирлик тузини тотиб... Тангритоғдан узоқда. Ўзи тўзитиб, айрилиққа солиб қўйган бўлса-да, шукр этиб... чидаб. Аммо шу билан бирга кўнглининг бир чеккасида нимадир ғимирлар эди: ростдан шулар Ботурга тегишли эканми? Бу унинг тирноғию униси аёли? Сўрашга оғиз жуфтлаб-жуфтлаб қўяяпти-ю, лекин тили бормасди. Тескариси бўлиб чиқувидан қўрқяптими? Балки. Ахийри, бўлмади, қария томоқ қирди: — Мен сиздан хабар олиш баҳонасида тойчоғингизни етаклаб келганимдан хафамасмисиз? Жувон ҳам ёрилди: — Оллоҳга шукр, Тангри берса, қўшқўллаб беради экан. — Йўғ-е, яна қандай янгиликлар? — деди қария шошиб қолиб. Жувон унинг юзига ботиниб-ботинмай қараб қўйиб, чиройли жуфтлаб ўтирган тиззалари устида қовуштирган қўллари ила урингангина кўйлагининг этакларини сийпади. — Бугун нурга солуб кўришиб эду... — Xўш-хўш? Ўзгаришлар қандай? — Қария ярим ўгирилиб, ўриндиқдаям тинчимаётган болакайнинг тиззаларига қўлини қўйганча, жувоннинг хайрли сўзлар чиқаётган оғзига тикилган эди. У эса аллақандай тўлиқиб, хўрсинди: — Сизга, Сизну менга топуб берганларга миннатдорчилигумни қандай изҳор эцам: ғубор ҳам қолмаганмуш... Қария енгил тин олди: у мавлосигами, кимга шивирлар эди: хайрият, уялтирмабсан қулингни. Сенинг илму қудратинг олдида бандангники ҳечдир. Томчича ҳам эмасдир. Ўзинг қўлламасанг, ким ҳам қушойиш беролгай эди манави мушфиқага?! Унга ҳам шу гапни айтди: — Биз сабабчимиз, холос, нажотни берган Аллоҳ. Барча таҳсину ҳамдларга ёлғиз Ўзи лойиқ, Ўзи сазовор. Бандаси нима қила оларди, агар Аллоҳ қўлламаса, хушламаса. Xушласа, юз йиллик дардлар ҳам аригай бир зумда. Узун жудоликлар барҳам топгай. Айрилиқлар адо бўлиб, соғинганлар қандай топишганини билмай қолгайлар, худди бугунгидай. Қўзичоғингиз олдингиздан ўйноқлаб чиқиб қолгандай. Тўғрими, пучоқтой? — деб эркалаб, бармоғини боланинг тугмачадай бурничасига теккизмоқчи эди, Ёдгор бошини онасининг бағрига олиб қочиб қиқирлади: — Ҳечам-де. — Нега энди? Ёмонму тугмачага ўхшаса? — деди қария тегишиб. — Йўқ, — деди у бийрон ва онасининг юзига қараб қўйиб. — Менинг бурнум, биласизму, кимникига ўх-шайду? — Xўш? У ўриндиқдан сакраб тушиб, аяжонисининг ёнига туриб олди. — Қаранг энду, кимникига ўхшайду? Жувон лоладек қизариб кетган эди, уни уялибгина бағрига тортди: — Вой, сен тушмагур. Бу гапну қайтдан топдунг? — Мақсуд амақум айтдула. Ёмонму? Қария бошини орқага ташлаб, таъсирланиб-таъсирланиб куларкан, мижжаларидан тирқираб чиққан ёшни кафтларига артиб, адо этолмасди: — Қайси, доруга борган йигитчами? У айтган бўлса, ишонмоқ керак, ишонмоқ, — деб туриб, жувондан сўраб қолди: — кечирасиз, у Сизга ким бўлгай? — Қайнум, — дедию жувон қизариб кетди. — Ие, шунақаму? — дедию қария ўзининг саволидан ўзи ўнғайсизланиб қолди. У мушфиқага сир бериб қўйганидан ичидан зил кетмоқда, ҳожати бўлмаса-да, тиззаларини уқалаб, тўнининг барларини тўғрилаб-текислар эди. Нима гўзал, ҳар нарсанинг чини — ҳақиқати гўзал. Лекин шу тобда андиша ўндан- да гўзалроқ эди. Айниқса, манави той боланинг олдида, унинг мушфиқа аяжонисига тегишли нарсаларда. Негаки, ўзининг ғамлари етарли, кўргуликлари етарли. У шу асно аяжонисининг тиззаларига ёпишиб, бемаврид эланаётган болакайга чалғиган каби, унга су-йибгина қараб қўйди. Келин (той боланинг аяси) у ўйлагандан ҳам сезгир эди. Унинг шу нигоҳиданоқ бир нарсаларни сезаб, ўғилчасиа жавоб беришга шошилди: — Xўп, болам, хўп, фақат узоқма. Гулзорларга оралаб кетма. Учиб-қўниб турган тойчоққа шу керак эди: у икки ёнчасига шатталаб, самантойлардек чопа кетди. Қария ўйноқлаб боратурган болакайдан нигоҳини узмаскан: — Буниззи у ёқда кўрсангиз, далада яйрашини кўрсангиз, — деди. — Қаерда? Мақсудхўжаларнукидаму? — деди жувон тил-забон битиб. — Унданам нари... — деди қария чиними-чинига кўчиб. — Тарновда. Ғир-ғир шабадалар диёри — бизнинг боғимизда. — Вой, нега? Буларнику-чи? — деди у ташвишга тушиб. — Ҳарна кўздан нарироқ,— деди табиб ўша-ўша ҳалимлик ила чинидан қолмай. — Тушунмадум, — деди келин титраниб. Қария уни хотиржам этгали, мулойим боқди: — Шунақа илтимослар бўлиб эди. — Илтимослар?— дедию келин у ёғини айтолмай тек қотди: Айтишга уятми, хаёми, андишами — қўймасди. Қария шошиб қолди: хижолатларга ботди: — Сиз қўрқманг, эски қадрдонимиз Мирзаҳожимдан... элчи келуб эди. — Элчу? Адамлардан-а? — Келин эси оғиб, туриб олган, қайтиб ўтириш хаёлига-да келмасди. — Сиз у кишину... — Таниганда-чи, — деди қария. Сўнг юзларидан нур ёғилиб: — Шунақа, бир қарашда олам кенг, ҳамма бегонадек кўрингани билан аслида ундай эмас, — деди.— Одам игна эмаски, йўқолиб қолса. Мана, Аллоҳ кушойиш берса ҳеч гап эмаскан. Қадрдонимизнинг сиз азиз гавҳарларини топиб турибмиз. Фақат у Ботур Мирзаҳожимга куёв бўлишини билмасканмиз. Билсак, аллақачон етиб келардик-ку бу ерга. Шунгаям шукр. Дилимизга солганига, кўриштирганига шукр, — деди қария Аллоҳга ҳамд айтиб. Мушфиқа келин эса севинчлари булоқ сувидан-да тиниқ кўзёшларга айланиб, юзларини ювиб тушар, шунча қувонч устига Ботур ҳақида сўрашга жазм этолмас, ҳаёси қўймас эди. Қария шу ҳолига мушфиқани бир йўла хурсанд этмоқни ўйлаб, унинг яна бир азиз кишиси ҳақида сўз очгиси келарди. — Дарвоқе, Ҳожимнинг куёвлари, бизнинг Ботурдан қандай дараклар бор? Кўрганимга ҳам валлоҳи аълам неча йиллар кечди? — деди сўраш ўзи уятлу бўлса ҳам. Тахмини рост чиқиб, бояқишгина гангиб қолди. — Ким, Султонмурод акаму? Сиз... у кишину-да танигаймусиз? Билгаймусиз? — деб юборди бир ерга етиб. — Нега билмайин, қизим? — деди у томоғига иссиқ бир нарсалар қадалиб ҳам куйдириб келиб. — Мени деб... юрак ютиб бу ёқларга-да довон ошиб келган Ботурни унутиб бўларми? — Ўша киши-я? Шу ёқларга-я? — Жувон бир қачонги тарихларни хотирлаб хушҳол тортди, ичи ёришиб, ўзи қалтираб борар эди. — Қачон, қай вақт? Беш йиллар бурун...ми? — дея олди. — Шундай-шундай. Олди оқ ўриклар ҳол ташлаган кез. Мен ҳеч кутмаган бир кун, аср билан шом ораси, — деди қария хотираларга берилиб. — Шу-шу қайтиб кўрмадим. Билолмадим, ҳоллари не кечди. Ишқилиб, Аллоҳ ўз паноҳида асраган бўлсун у ботурларни, у тоза ўғлонларни. Қария-ку, кумуш терак тепасига тикилганча жим қолган, ботирларининг тақдирини ўйлаб кетган, жувон эса иккала кафтини юзларига босганча ҳиқ-ҳиқ йиғлар эди. Бугина эмас, унга қўшилиб тепадаги азим тераклар шовуллаб, адоқсиз кумуш барглари кўклам елларида пирпираб титрар эдилар. Кумушдан ҳам товланганроқ орқа бетларини кўз-кўз қилишар-у, аммо буни унинг остида ўтирганлар кўрар аҳволда эмасдилар. Оллоҳ уларни айни шу маҳал, шу соатда анави гулзор ёқалаб ҳол-ҳол гулли митти капалакнинг гоҳ баландлаб, гоҳ пастлаб қанот қоқиб борувига хуши оғганча қолган болакай туфайлидан учраштириб, ҳеч кимга-да очиб бўлмас сирларидан воқиф этаркан, бунинг ҳикмати не — яхшиликками ва яна андуҳгами, билолмасдилар. Шу тобда қариянинг кўзи дафъатан оқ бинонинг пештоқидан ўрлаб чиқиб бораётган таниш алангага тушиб, сергак тортди. Аланга бир муддат кучайиб-гувиллаб борди, аммо бу гал томнинг пештоқларидан кутарилмай бўшашмоққа бошлади. Қариянинг кўз ўнгида сусайиб бориб, оч қизғиш пештоқнинг ўзига сингиб кета қолди. Табиб куппа-кундузи содир бўлиб турган бу нарсага ишонишини ҳам, ишонмасини ҳам билмай қотиб ўтираркан, жувондан уялибми, истиҳола этибми, кўзларини юмганча шивирлади: «Ё қодир Аллоҳ, бу не каромат? Каромат бўлса, ҳикмати не?», дея олди. Унинг бу ўтиришию бу ҳолига кўзи тушган жувон ҳовлиқиб қолди: — Вой, Сизга нима бўлду? Кўзингизни очинг, бери қаранг. Қария кўзини очиб, бошини сараклатди ва оҳиста орқасига суянди: — Ҳечқиси йўқ, ўтиб кетди,— деди хижолат аралаш. Жувон сесканди: — Нима эди? Нима кўринду? Қария унинг юзлари оқариб бораётганини кўриб, қўзғолиб қўйди. Ва ҳеч гап йўқлигини билдирмоқчидек, тиззаларини уқалади: — Сиз мабодо ўша оқ бинода турмайсизми? — деди тераклар ортидаги оппоқ бинони кўрсатиб. Жувон бош тўлғади: — Йўқ, биз бу ёқдагисидамиз, нимайди, ота? — Унда бир сир бор, одам боласининг ақли етмайдирган, — деди қария бош кўтармай ва хаёлга толиб қўшиб қўйди: — Ҳовфимда кўринса, таъбир қилиш мумкин эди, ўнгимдагиси қизиқ, у нимадан белги бермоқда, ҳеч тушуна олмадим1. Тераклар шовуллар, еллар райҳон ҳидларини сочиб ўйноқлаб ўтар, гулзор атрофида чопган болакай ҳали тўрқанотли ниначиларга, ҳали унқанот капалакларга маҳлиё — тикилиб-тикилиб қолар эди. Баҳорнинг тинч, беғубор бир палласи эди. Кўп тарихларга шоҳид оқ бино эса ярми сояга кўмилиб, ярми нурга чўмилиб ётар эди. Оқ Бинонинг Ёлғиз «Эгаси» (яна ўша муаллифга аён тарих давомига) Ниҳоят, бозорлиқни қучоқлаб кўтариб олган Ёдгортой олдинга тушиб, унинг қилиқларию ўзига ярашган «виқорли юришлари»га маҳлиё онаизор орқасидан эргашди: — Майлу, биз тезда қайтамуз. — Бемалол, бемалол. Бамайлихотир ташлаб чиқаверингиз. Мен ўтиратураман, — деди қария. Жужуғини хўб соғинган мушфиқа ўғлига қараб тўймасди. Олдига тушиб, бир қоп семириб, эркаланиб боришларига маҳлиё-маҳлиё тикилар, кўзларига ишонмасди. Дарди арий бошлагани устига бунинг келуви бояқишгинанинг бошини кўкка етказган эди: қолаверса, инсонга кўпам нима керак? Аллоҳдан бекорга жиндек хотиржамлигу тан соғлиғи сўраладими? Олмазор ортидаги чакалакда адашиб булбул сайради. Унга жўр бўлиб, боғ ичида қорашақшақлар беозор қувалашиб учиб-қўнди. Тераклар орасидан бир тўп чумчуқ (қаёққа шошади булар?) ўқдай учиб ўтдилар. Ғимирлаган жон борки, кўклам неъматлари ичида ўйнаб-қувнарди. Ичида зарҳал қайнаб, ўн саккиз минг оламга нур сочаётган офтоб ҳам оқ бино ортидаги қўш теракнинг белидан ошиб қолган, шу туришида икки терак ўртасига зар ҳаллинчаклар ташлар эди. Бу ёқда, қария ўтирган ерга эса азим тераклардан ҳамон сояга қўшилиб, ором ёғиларди. Кимдир пастдан шипиллаб кела туриб, яккам-дуккам очилиб берган бўйчан сариқ сафсар гуллар тагидаги ўриндиқда ўтирган оқ-оппоқ чолни кўрмай ўтган жойида, салом берди: — Ассалому алайкум... — Ваалайкум... Овозиданми, нимадан у қарияни таниб, турган еридан жилолмай қолди. Қария ҳам уни салқи қовоқларию шилпиқ кўзидан (пастки мижжалари ўша-ўша осилиб, жияклари қизариб турарди) таниди. Бу ўша оқ уйнинг мутасадди пазандаси эди. Ўшанда бир оғиз сўзи билан жавобини бериб юборишган эди-ку, яна қаердан пайдо бўла қолибди? — Ҳа, Жамолохун, қандай шамоллар учириб?.. — деди қария Оллоҳнинг гуноҳкор бандасини хижолатдан қутқариб. У ночор-ноилож қайрилди. Минг хижолатга ботиб (ер ўпиб кел, деса келарди!) оппоқ ҳам тўмтоқ бармоқларини чўзиб (нима бўлган — ўнг қўлининг тўрт бармоғи текис йўқ эди!) икки букилиб кела бошлади. — Узр, тўра бува, илғамай қолибман. Эсонмисиз-омонмисиз? Нечук-нечук?.. Қария унинг довдирашидан мийиғида кулди: қўлини олмаса бўлмай (ахир кечирган!) деди: — Ўзларига йўл бўлгай? Жамолохун баттар ўнғайсизланиб, шилпиқ кўзларини олиб қочди: — Xизматчилик, яна чақириб қўйишмай, — деб қисинди. Қария «вазифанг оғур, Мансур»1" деб юборай де-ди-ю, мулзам этиб, гуноҳга ботгиси келмади. Дунёда бандасини изза қилгандан ёмони йўқ. Ўлибдими, энди қайтиб у ишларга қўл урса. Ўзи эса ўша муздек бегона қўлни бўш қўйди: — Яхши боргил, кўрганимдан хурсандман. Ҳарқалай ғимирлаб юрган экансан-ку. — Раҳмат, ҳазрат. Кечирасиз, тўрам тақсирим, — деб гап ўртасида узр ҳам сўраб қўйди. — Бизга хизматлар бўлса, тортинмай буюраверасиз, — деб жилпонглади. (Ўзи қутулганига шукр қилиб, қочолмай турибди-ку, яна ялтоқланади. Сут билан кирган — жон билан чиқаркан-да!) Ҳозиқ бува ичида Аллоҳнинг қудратига таҳсин айтиб турган бўлса-да (нега айтмасин, Аллоҳ бундай бандаларини нимага яратиб қўйибди — турган-битгани ҳикмат-ку!.. Одам қай кўчага бош суқса — маҳлуққа айланажагига мисол-ку бу!), ўзига қаттиқ-қуруқ гапирмади. У эса, «раҳмат, ҳазрат, кечирасиз, тўрам тақсирим», деганича қўли кўксида беш қадамча тисарилиб бориб, сўнг шипиллаб кета бошлади. «Чақириб қўйишмади...» Нима рост — шу рост. Шўро ўзига хизмат қилганларни унутмайди, хор қилиб ҳам қўймайди. Айниқса, мана бунга ўхшаганларни... Ҳозиқ бува иркит ўйлардан чалғимоқ учунми, ўрнидан туриб, терак тагидаги шарқироқ ариқ лабига борди. Қарангки, у жаладан кейинги бўтана сувдек лойқа эди. У юз-қўлини чайиб, бир енгил тортгиси келиб эди, ниятига етолмади. (Бўлади-ку, ахир шундай: ҳамма нарса хоҳишингга тескари келаверади!). У баҳавороқ жой излаб, йўл ёқалаб пастроқ тушди, тепароқ чиқди. Йўлнинг бу ёқасидаги ёлғиз қари сада тагигача борди, аммо ўзи боя ўтирган жойга ўхшатмади. Қайтди. Ҳаммаси ғир-ғир елларга кўксини очган ўша жойдан ўтаверсин эди! Аммо... аммо бува ўзини шунча чалғитгани билан ўша ўтмишни — анави иркит кимса ила кечган воқеани унутолмасди... — «Мана, зоғ ҳам киролмайдиган боғ. Тангритоғдаги боғингиздан зўр бўлса зўрки, кам эмас. Бу ҳам ҳукуматники. Мана шу оқ бино бутун хизматчилари ила Сизнинг ихтиёрингизда. Истаган нарсангиз ўша заҳоти муҳайё этилади. Бемалол яшайверинг. Фақат боғдан бир қадам жилмайсиз. Бировлар билан мулоқот, олди-берди ман этилади. Улуғ Олампаноҳдан изн бўлди дегунча қабулларига элтамиз. Унгача... шу ердасиз». Шундай деб ташлаб кетишганича... учинчи куни пешиндамикан, валлоҳи аълам, қаср намозини энди ўқиб бўлиб, жойнамознинг бир четини қайириб, тасбеҳ ўгираётиб эди, эшикни шамолми — нима итаргандайин «ғийт» очилиб, туриб қолди. Ҳеч ким кирмадиям, кўринмадиям. Ёлғиз намоз ўқиган кезлари шунақа бўлгучи эди, у ёқда. Буни жамоат бўлиб намоз ўқимоққа тушган фаришталарга йўйиб, бир ғалати сир босиб, хушу ва хузу ичида қолар, эшикни ёпишни ҳам унитар эди. Ҳозир ҳам ўшандайин бир нарса содир бўлиб, шу ҳолатга туша бошлаган чоғида... ўша қия очиқ эшикни яна бир нима аста итарди. Шарпа шу қадар ғайритабиий (шамол бўлиб шамол эмас, махлуқ бўлиб махлуқ) эдики, тирноғидан бошига довур дувиллаб бир жимирлов югуриб, соч толаларидан чиқиб кетдими, тирноқлари учидан тизза- ларига, ундан жойнамозга ўтиб кетдими, билолмай ҳам қолди. Фаришта тушса, намоз тугаб тасбеҳотга ўтирганда тушадими? Аср пайти бўлса ҳам бўлак гап эди: фаришталар алмашинмоқда деса... ҳали пешин-ку... Шу тоб бехос ўшал эшикдан аста мўраламоққа бошлаган кимсанинг оқ-оппоқ япасқи юзига кўзи тушиб, шунча қалтис дамларда қилт этмаган юраги шиғ этди. Бу титроқ тиззаларидан жойнамозга ўтиб улгурмай... ўрнига бир шукр, бир таскиндан аввал... қазои қадарга таслимият — ўлимни бўйнига олмоқлик босиб келдию «инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиюн» дея шивирлади. «Ўзингга шукр, Аллоҳим, омонатингни бош-қа бирон жойда эмас, жойнамоз устида оладиган бўлибсан», деб кўзларини юмганча... тасбеҳга берилди. Тили тасбеҳотдаю дилидан бошқа ўйлар кечарди: «Ҳў, биз ким бўпмиз, қандай улуғ зотлар шу жойнамоз устида шарафли ўлим топмишлар: Расулуллоҳнинг улуғ саҳобалари — хулафои рошидонлар — ҳазрати Форуқ, ҳарати Усмон, ҳазрати Али!.. Ўзингга шукр, ўшал шаҳидлар жумласига қўшган бўлсанг»... Киприклари ўз-ўзидан намланиб келиб, ўша шарпа қоплондек ташланишини... кутиб қолди. Аммо қоплон... ҳансираганча ёпишиб, ишини битира қолмасди... Чиндан ҳам эшик ғийт этиб, юзига ёпилдию тахта полда ўша қоплоннингми, ниманинг шип-шип юрган оёқ товушлари узоқиб бориб, тинди-қўйди. Шунақа бир хунук сокинлик чўкдики, бунинг олдида тунги жимлик авло эди. Куппа-кундузи, пешин чоғи, яна намоз пайти дунё нафас ютмай жим қолиши (!) ғалати эди. Уй ичида тиқ этган товуш эшитилмас, бу-ку, ичкари, ҳатто ташқарида ютиб юборгудек бир жимлик ҳукмрон эди. Xудди улкан зилзила ёхуд қазои қадар олдидан бор мавжудот тош қотгандек эди! Уй орқасидаги қўш теракда эртадан кечгача чуғурлаб бозор қилиб ётадиган чумчуқлар ҳам (худди офатни сезиб гурра кўтарилгану ғойиб бўлгандек) қани бир оғиз чурқ этиб қўйсалар. Жимжитликки, қулоқ солиб туриб, ваҳимага тушиб кетмоқ мумкин эди. Энг ёмони, зулжалоли қодир Аллоҳ уни бу бешараф асирликдан қутқариб, шаҳидлик шаробини ичира қолмаган, бу дунё мосуволикларидан бир йўла озод этиб, охиратнинг улуғ мартабасига етказа қолмаган эди! Раво кўрмади шекилли... Муносиб санамадими ё?.. Тасбеҳот саноғида ҳам адашиб кетди. Илгари ўттиз уч марта «Астаъфируллоҳ аллази-маллази»ни айтгандаёқ хотиржам тортиб қолар, сўнг ҳамдга берилар эди. Ҳозир истиғфорни уч ўгирди ҳамки, таскин тополмасди. Ахийри қулоқлари ортидаги ўша тинимсиз чувиллаш бирдан тиниб, ўзи сергак тортди! «У япасқи юз ким бўлса экан? Қачон, қаерда кўриб эди?» «Э-ҳа, Жамолохун-ку. Бошида оқ қалпоғи ҳам бордай эди!.. У бўлмай, ким бўлсин! Унда... нега мўралади-ю, эшикни юзига ёпиб қайтди? Балки...» Ана шу балки тасбеҳотни ададига етказмайин ҳам юзига фотиҳа тортиб, туришга мажбур этди. Қани, чиқиб боқсин-чи, кутяптими ё қорасини ҳам кўрсатмай гум бўлдимикан? Шипиллаб сурворган бўлса, нияти чиндан бузуғу, жиндек кечиккан, агар кутяпган бўлса, бўлак гап: ўзи шайтон васвасасига учган бўлиб чиққай. Чиқса, ўриндиққа омонатгина чўкканча, ҳақ деб кутиб ўтирибди. Кўра дик этиб туриб, ҳожасининг қаршисида қўл қовуштириб, бир ҳокисор қиёфага кирди. Камига намознинг ҳаққи — қарз саломини унутмади. — Ассалому алайкум, ҳазрат... — Ваалайкум... — деб алик олди-ю, оғринганини яшира олмади. — Ҳа, Жамолохун, янами? У тушунди: — Узр, тўрам тақсирим, — деб таъзим этганча икки қадам тисарилди, — энди қайтарилмагай. — Шу туришида қўли кўксига ёпишиб кетган, тавозеси самимий кўринса-да, кўзи ғалати бежо эди: тик қарай олмасди. Юзига ҳам тушунуксиз алланималар соя ташлаб тургандек. Нима бўлса экан? Кўп доғули одамлар шундай юмшоқсупурги бўлмасмиди?.. Балки униям тушуниш керакдир. Бир чеккаси хизматчилик, бир чеккаси ҳазилакам одамга боғлиқ вазифалар. Йўқса, ошпаз қиёфасидаги тингчидир, «кўз»дир, «қулоғ»дир, балодир-бадтардир, ишқилиб, бир хуфиядир. Бекорга қўйилмайди-ку. Ўзи-чи, кимсан Тангритоғдек бир мулкнинг молики эди. Оддий тутқун бўлсаки, ит ҳам, бит ҳам туртиб-нетиб ўтаверса. — ... олиб кира... вурайинму?.. — деди у аллақандай жавдираб-изн кутиб. Ана шу жавдираши иттифоқо ғалати кўриниб (ё Xудонинг қудрати!) кўнглига бир иштибоҳ оралади: — Опой-чи, бу гўшанинг оқсочи? — деди у томон ярим ўгирилиб. Жамолохун ўзи оқсариқ одам... дув бўзарди,сўнг бир нимадан ҳайиққан каби бир қарич тортиб кета туриб, сир бой бермасликка уринди. Япасқи юзига узрхоҳлик қалқди: — Кечирасиз, тўрам тақсирим, бир қошиқ қонимдан кечасиз. Сиздан берухсат Опойга жавоб бериб қўйибман: кўнглум бўшлиги қурсин, аёл киши кўзёш қилиб турса, йўқ дея олмайман ҳеч. Ёлғонни ҳам хўб тўқидими! Ўз кўнглида чиппа-чин ишонтирдим, деб ўйлар. Лекин ниманинг чоки кўп — ёлғонники кўп. Бир еридан ситилса, тамом, ҳаммаси сўкилиб кетгай! Ақлинг кўтоҳ, Жамолохун. Ўзингни устомон санайсан-у, сир бериб қўйганингни сезмайсан. Ўзига индамадию тўрт томонига кўк духоба кўрпачалар ташланиб, ўртага мўъжаз хонтахта қўйилган, ҳамиша тузоғлиқ тургучи меҳмонхонага (номи шундай: тутқуннинг олдига қандай меҳмон келиши мумкин, ахир!) қараб юраверди. Буни ижозат деб тушунган Жамолохун эса таъзимда толган қаддини кўтармай ҳам тисарилдию хизматга шошилди. Xудди шу маҳал бўғот ичидами, пештоқ тагидами — ишқилиб, гулдор фанер орасида ин қуриб, ватан тутган чумчуқ болаларидан қай бири чиғ-чиғлаб, потирлаб бердию зум ўтмасдан тинчиди-қолди. Фанер ичида бир нима сирпаниб, тўсин ортига ўтиб кетди-да, сув қуйгандек жимлик чўкди. Бу уй, бу гўшани вақтинча ватан тутган тутқун ҳали меҳмонхонага кириб улгурмаган эди. Бир оёғи ичкаридаю ўзи остонада шифтга алангларкан, ичи ғашланиб, ўзи аллатовур чўчиди: — «Сирпанган — нима бўлса экан, илонми, нима бало?» Остонада бу алпоз турувию полопоннинг хунук чиғ-чиғлашини ёмон фол олиб, бир кўнгли қайтмоқни ҳам ўйлади. Лекин исломда ёмон фол олмоқ ножоизлигини эслаб, ичида «Ҳар яхшиликни бергувчи ҳам, ҳар ёмонликдан асрагувчи ҳам Ўзингсан. Ўзингни вакил қилдим», деб дуо ўқиб, ичкари кираверди. Кўнгли ҳийла хотиржам тортиб, кўрпачага чўккалаб эди ҳамки, ойна ортида ранг ола бошлаган сариқ гилос шохида она чумчуқ бирдан чирқиллай кетди. У шохдан-шохга сакраб, тиним билмай чарх уриб чирқирар, тумшуғида ола келган кўкиш қанотли бир нарсани ташламайин ҳам (ахир полопонларининг ризқи, улар эса жойида йўқ) ўзини ҳар ён уриб, гирён қилардики, нарёғи йўқ. Унга бошқа чумчуқлар ҳам қўшилиб, бир пасда дераза тепасида қиёмат қўпди. Шу асно оқ-оппоқ бўлиб, билагига сочиқ ташлаб, қўлда патнис билан, патнисда эса чойнак-пиёлаю тақсимча ва косада неъматлар ила остонада Жамолохун кўринди. Дераза ортидаги қиёматга хаёли қочган меҳмоннинг кўз ўнгидан Тангритоғдаги бир тутамгина эли, гўшаси кетмасди: Улар ҳам манави чирқиллаб қолган чумчуқлардан қаери кам? Улар ҳам бир тонг, ҳали қуёш чошгоҳга кўтарилмай туриб сорбонларидан айрилиб қолмадиларми? Қаён борарларини, уни кимдан сўрарларини билмай, даҳанини кўкка тираган тоғлар орасида етим кийикдай бўзлаб қолмадиларми? Фарқи, булар полопонларини олдириб ўтирибдилар, улар эса сорбонларини... У остонадан ўтишга журъат этолмайин қайта-қайта изн сўрару бу кўз олди аччиқ тутундан тамоми хира тортиб-ёшланиб, бу ёшдан жаъми нарсалар чаплашиб кетиб, бўғзига иссиқ бир нарса қадалганча қолган, остонадаги одамнинг эса лаблари қимирлару овози чиқмас, ё бунинг қулоқлари чиппа битган эди... Алҳол биров жуда яқиндан: — Рухсат этинг, ҳазрат... — дея ўтингандек бўл-ди-ю, у азбаройи чўчиб тушди. Остонада оқсоч... нега оқсоч, оқ-оппоқ ўранган бир маҳлуқ — илон бўлиб илон эмас, одам бўлиб одам — нақ оқ илон икки букилиб, патнис кўтарганча изн сўраб турарди. Этлари жимирлаб, сесканиб кетди: бу қандай рўё ёхуд кўриниш? Япасқи юзи, қизил жияклари осилиб тушган шилпиқ кўзидан кимгадир — одам зотига ўхшайди-ю, лекин аланг-жаланг бежо турувидан (ё қудратингдан!) ора-чира тилини чиқариб-чиқариб қўяётган илоннинг ўзгинаси эди. Фақат вишиллаши етмаяпти, холос. Илон одам каломида сўзлар эди: — Ҳазратим, изн берсангиз, тушлигингизни опкелуб эдум... Нима бу, инсми ё жин? Илонлар ҳам жинлардур, деган ҳадис бўлармиди? Унда нега бир қиёфада эмас, ярми илон, ярми одам сиёқида? Кимсасиз ғорларда адашиб-улоқиб юришганида қилт этмаган юраги увушиб, тик жар ёқалаб кетган ёлғизоёқ сўқмоқларда қалтирмаган оёғидан жон қочиб борарди. Фақат Xудога минг қатла шукрки, бу қўрқинчдан дили орқасига тортиб, тили музлай бошламаган эди. Калима келтира оларди, келтирди. Ёлғиз нажот ундан эди. Ўзидан сўради: Аллоҳ ўзинг ҳақсан, қиёматинг ҳам, қадаринг ҳам, ёзуғинг ҳам ҳақ, ризқимиз битган бўлса, бу тутқунликда ўлим топмоқ пешонада бўлса, у ҳам ҳақ, қиёматда қайта тирилтириб олмоғинг ҳам ҳақ. «Ийяка наъбуду ва ийяка настаъин, ихдинас сиротал мустақийм...» Ёлғиз Ўзингга ибодат қилгайман, ёлғиз Ўзингдан мадад кутгайман, ҳидоятингни дариғ тутма, тўғри йўлингдан оздирма, бешараф ўлим топдирма. Ўзимни Ўзингга топшириб, Ўзингни вакил қилдим, ҳасбияллоҳи ва неъмал вакил... Эти жимирлаб келиб, оёғига жон қайтди. Ичига сокинлик чўкиб, ёқимли бир хотиржамлик инди вужудига. Кўз олдидаги хира парда ҳам кўтарилиб, ақли тиниқлашиб кела берди: — Кел, ҳамонки, опкелибсан, нега турибсан, кир,— деди Жамолохунга бамайлихотир. Охун ақли шошиб, остонада қоқилишигаю қўлидаги неъматлар патнис-матниси билан учиб кетувига бир баҳя қолди. Аммо сўнгги дақиқада қўшқўлаб тутиб қолиб, унга узрхоҳлик билан қаради, ёлғондакам илтифот қилди: — Насибангиз бутун экан, мен учиб кетди девдим... У ўзини ҳар оғиз сўзи, илтифоти, таъзиму тавозесидан тутиб бермоқда, оқ уйнинг тутқуни эса индамай, мийиғида жилмайганча унинг қалбида кечган-кечаётган титроғу ғалаёнларни кўриб-билиб тургандек эди. Жамолохун патнисдаги неъматларни дастурхон устига қўйиб, чўккалаган жойидан тураётиб эди, у қўлини оҳиста кўтарди: — Шошма, ўтир, — деди бошқа гапу баҳонага ўрин қолдирмай. Жамолохун амрга бўйсуниб, патнисни тиззасига олганча, қайтиб жойига чўкди: — Буюрсинлар, бирон нарса қўшайму? — деди ич-ичидан ғимирлаб келаётган ҳадикни жиловлашга, ҳазратнинг кўзини боғлаб кетишга уриниб. — Йўқ, ҳаддан зиёд уриниб юборибсан, Жамол-охун. Бир киши тугул икки кишига ҳам етарли-ку бунинг, — деди у нимагадир шама этиб. — Раҳмат, ҳазратим, Сизга манзур бўлса, бас, шу кифоя бизга, — деб шилпиқ кўзларини юмди у. Ажаб. Кўзини юмса, бинойи одам экан-ку! Ҳамма иллат — ўша қонталаш кўзларидами экан? Йў-ўқ, иллат ичда, деб туриб, ўзига «мулозамат» этди: — Қани, патнисни қўй, тузукроқ жойлашиб ўтир. Бирга-бирга сенинг қўлингни ҳам кўрайлук, — деди атай. — Қани, бисмиллоҳ ила бошла-чи, аввал қайсинисидан тотинамиз?.. — Йў-йў-йў... Нима деяпсиз? — У бизга мумкин эмас, сизнинг олдингизда биз ким бўпмиз, деган каби сапчиб тушган, ҳатто чўккалаган жойидан суриниб, гиламга тушиб олган эди. — Қизиқ, жўжа нима демоқдаки, бу алпозга тушмасанг, Жамолохун? — деди улуғ тутқун. —Жўжа? Йўғ-е, таом ҳам гапиргайми ҳеч замонда? — деб каловланди у. — Бўлмаса-чи, айтиб турибди-ку: еманг тақсир, заҳарланганбиз, деб. — Астаъфируллоҳ, сизга-я, жўжа-я? — у яна тисарилиб, ёқа ушлади. Улуғ тутқун қўлини дуога очмоққа чоғланди: — Нима қилай? Аллоҳдан астойдил сўрайми? Сен ҳам, барча инсу жинлар ҳам эшитадиган қилиб айцинми? — Йўқ-йўқ, ҳазратим, кераги йўқ, — у тўрт оёқли маҳлуқдай эмаклаб-суриниб келди, — ўзим айтгайман, — шу баробар этакларини ўпишга, ўпиб-ўтинишга уринди, — мен нобакорни кечиргайсиз, итлиқ қилиб қўйдим. У дуога очган кафтларини аста юзига тортиб, шивирлади: «Ўзингга шукр, шарманда этмадинг. Шарафли ўлим бўлса, бошқа гап эди. Мингта жоним садқа эди сенга». Фасубҳоналлоҳ! Аввалига туйқус иркит нарсага дуч келган каби ирганиб туриб эди, энди унинг ит каби билакларида суриниб келиб, пойини ўпиб ётувидан ичи ачишиблар кетди. Ё қодир Аллоҳ, бу не кўргилик? Аввалбошда ўзинг азизу мукаррам этиб яратган зот — бандангга нечук бу хил турфа тақдирлар битмишсан? Ким бу? Қобил авлодими ёхуд бобокалонини ўз гуноҳига шерик қилиш қисмати битилган кимсами? Мунча кўп экан бу халқнинг сўқирлари? Ўз диндошию биродарига, элатдошию қондошига тиғ кўтармоқдан чўчимаган, заҳар солмоғу қотил номини олмоқдан ҳазар қилмаган ғофиллари? Қачон одам бўламиз биз? У намозга ўтган чоғи эгнига илган узун сариқ йўлли тўнининг барига бирон нарса тегиши ёхуд мук тушиб, оёқ остини ўпиб ётган кимарса дабдурустдан тиззаларига ёпишиб қолиши мумкиндек нари сурилди. Кимса эса бошини ярим кўтариб, рангида ранг қолмай тўрам тақсирга термуларкан, шилпиқ кўзлари, во ажаб, худди ҳозиргина мил тортилган каби қип-қизил ғилтиллар эдилар. — Қўй, Жамолохун, энди ўтинчларинг бефойда! Сени Xудо уриб қўйибди, гуноҳингни бандасидан эмас, Ўзидан сўра. Раҳмат-марҳамати кенг зот раҳм айласа ҳам, қаҳр айласа ҳам Ўзи билгай. Сендек адашган, нобакор бандалари кўп ўтган, Аллоҳ суйган бандаларини Сизларнинг қўлингиз билан ҳамиша маҳв этиб, ҳузурига тилатиб олган. Уларга-ку, жаннати наимларини тайёрлаб қўйиб, қотилларини қай жазога маҳкум эт-гай — бу менга қоронғи. Бу ғайб, Жамолохун. Ёлғиз Аллоҳ билгувчироқдир, — деди оқ уйнинг ёлғиз тутқуни шу топда жуда-жуда хотиржам тортиб ва айни пайт-да сокин хаёлларга ботиб. — Маним эса, ниятлариз амалга ошмаганидан маълумки, ҳабибимга ёқадиган хуш амалларим унчалик кўп эмас чоғи. Ёхуд билиб-билмай қилган гуноҳларим бир талайдир-у, уни ювиб улгурмагимга муҳлат берилдимикан? Балки. Шунга-да, шукр. Аллоҳ уни ювмакка, покламакка имкон қолдирганига-да, шукр. Қолдирмаса, нима қилардим? Энди сен тур. Ўзинг харом этган неъматларни ўз қўлинг-ла тупроққами — бир ерга кўм. Токи, қайтиб бировнинг умрига зомин бўлма. Ўзингни эса бу даргоҳда қайтиб кўрмай. Қиёмат ҳақ, Жамолохун. Аллоҳга рўбару бўлишимиз бор. Бандасидан уялмасанг, Xудодан қўрқ. Ундан уялгин бу хил ишларига. Бор.— У туриб пешайвонга қараб юравердию таҳоратини янгилаши зарурлигини англаб, тўнини алмаштиришга тутинди. Ташқарида чумчуқлар чирқиллай-чирқиллай ўз ўкинига тушиб тинчиган, ичкарида ҳам Жамолохуннинг на шовури, на оёқ товуши эшитиларди... — Бува, бува, биз келдук, аям турадурган жойларгача кўруб чиқдук,— Ёдгортой ҳов наридан чопқиллаб келганча, тиззалари орасига ўзини отди.— Опкетайлук уларни ҳам, айтунг, бува,— деб кўксига ёпишди. — Опкетамиз, болам. Нега опкетмас эканмиз. Фақат бироз соғайсин, — У боланинг куракларини силаб-еркалаб, ироқи дўпписини тўғрилаб қўйди. Ёдгор аразлаган каби тош қотди-ю, қиз боланикидай узун-узун киприкларини пирпиратмай тикилиб қолди. — Қаердан билдуз, кўрмадиз-ку, — деди болаларча соддадиллик-ла. Бува унинг кўнглига қараб жилмайди: — Кўринг, десанг, кўрибам қўявераман. Лекин ранги-рўйи айтиб турибди: бироз бор. Бола чиройли аразлаб юзини буриб олди: — Бинойилар-ку. Қария унинг митти елкаларидан қучиб, бағрига тортди: — Сен соғингансан-да, болам, сенга шундай кўринаётир. — Сизга-чу? — деди у аразидан тушолмай. — Яна бирон ҳафта бор, кейин бир умрга қайталамайди, аянг ҳамиша сен билан. — Кўр, ҳали ранглари тиниқлашиб кетмаган. Дарди арисин, атиргулдай очилиб кетгай, демоқчи бўлди-ю, айтмади. Бу орада куттириб қўйганигами, шундай улуғ, қўли енгил табибнинг ўзи, ўз оёғи билан кўргани келиб ўтирганидан хижолатга тушибми, илдамлаб келаётган жувон ўша нарироқданоқ узрхоҳликка лаб жуфтлаган эди: — Айбга қўшмагайсиз, узоқиб кеттум. Сизну куттируб? — Бир-бирингизга тўйиб олган бўлсангиз, мен рози!— деди қария Ёдгортойнинг елкасига қоқиб. — Энди Асалтойни ичиктирмай опкелиб турамиз. Мана, кўриб олдик-ку, йўлни. Шундайми, той? Ёдгор ялт этиб ўгирилди: — Соғинсам, ўзизга айтавураманму? — деди ўша-ўша болаларча соддалик билан. — Айтавурасан. Ўзим оптушавераман. — Ҳов, ўшақдан-а? Боғиздан-а? — Нима бўпти? Машина чақирамизу ғувва етамиз. — Аямлар-чу, уларниям ўша боғга опкетамизму? — Опкетамиз. У ердан ҳеч ким тополмай юрсин. Ҳатто Мақсуд амакинг ҳам, — деди-ю, шу ерга келганда тилини тишлади. Шуни айтмай қўяқолса бўларкан. Жувон «вой» дедию, кафтини юзига босиб қолди. — Ҳали қайним... билмайдиларму? Қария бу узун тарихни қандай тушунтирарини билмай тутамга келиб-келмайдиган, аммо икки қулоқ юмшоғига қадар узайиб борган, қорасидан оқи мўл соқолию юзини силаб-сийпади. Шу асно маъноли томоқ қириб: — Қайнингиз... Ботурнинг туғишқоними ёки тутунгани? — деб эди, жувоннинг оқ юзига дув-в қизиллик югуриб, қизил гуллар ичида қолган ёлғиз атиргул тусига кирди. — Вой, туғишгандан ҳам аъло-ку, холаваччалар-ку,— деди уялибгина. Табиб ўзига ярашган ва бир бошқача нуру файз берворган тўнининг барини қоқиб, ўрнидан турди. Шунда ҳам той болани ўзидан қочирмай узун-узун, таҳоратда оқарган бармоқларини унинг елкасига қўйиб турарди. — Шундай денг, биз кўз қорангизни ундан ҳам нари тутиб юрибмиз. — Нари? Вой, нега? — жувон гапни оқимидан дафъатан шошиб қолган эди. — Тинчлик-тинчлик, ҳозирча тинчлик, — деди уни юпатиб, — лекин яхши одамларнинг хабарларига қараганда эҳтиёт лозим шекилли. Бу ёқда Ботурнинг тирноғи борлигидан хабар топишмиш. Жувон бу хабардан чайқалиб кетди. Боши гир айланиб, кўзи тиндими ёхуд аввал кўзи тиниб, сўнг боши айландими, англай олмади. Яхшиям ёнида табиб боракан, унинг қўлтиғидан тутиб қолди. — Соғ-омонмиканлар ишқилуб? — дея олди титроққа тушиб. Овози қалтираб чиққанини ўзи ҳам сезиб, баттар хўрлиги тутди. — Сиз биладургон одамлардан эшиттизму? Қаерда жон сақламушлар? Қария бир ёнида жувон, бир ёнида болакайни эргаштириб дарвоза томон бораркан, ажабланиб тўхтади: — Сиз ҳали эшитмаганмисиз, қизим? — Йўқ, мана неча йилдирки, бир оғиз хабар йўқ у кишидан, — дедию кўзларидан дувиллаб оққан ёшларни тўхтатолмай қолди. — Э, балли. Сабрингизга балли, она қизим. Ўша кетганча... дом-дараксизми? — деди табиб азза-базза тўхтаб ва қандай юпатарини билмай кифтларига қоқиб, куракларини силади, — тағинам Аллоҳ ўз ҳифзу ҳимоя-сида асрабди, қизим, шукр этинг. Қанчалар тўзиб, дунёнинг ҳар чеккаларига тариқдай сочилиб кетмади. Сизларни Тангрим асрабди, ўз маҳфузасига олиб. Билмам, кимнинг бахтига. Балки манави тойчоқнинг бахтигадир ё Ботурнинг омадига. Бунинг учун ҳар кеча, ҳар саҳар қанча-қанча ҳамд айтмоқ лозим Аллоҳга! Шукрона жоиз. Шунда ҳамма мушкулларингизни осон этгай Ўзи, инша Аллоҳ. — Айтганим бўлсин, узмаганим бўлсин, — деб шивирлади жувон кўзда ёш ила. Шу баробар кўклам ҳавосидан яшнаб ётган ҳар бир битта барг, ҳар битта ўланни ўпиб-қучиб тоза ел эсиб ўтди. Терак барглари шовуллаб, кумуш капалаклардай қанот қоқиб қўяқолдилар-у, учиб кетмадилар. Балки у кумуш капалаклар ҳам эмас, манави жабрдийда муслиманинг чин юракдан чиққан тилагига омин айтаётган фаришталарга ҳам ўхшаб кетар эдилар. Эгизхон Ёхуд Фавқулодда Мардона Бир Ташриф (муаллифгагина аён тарих давомига) Улар сафарлари қариб, хўшлашиб чиқишмоқда эди. Той бола — Ёдгормурод аяжонисидан ажралолмай ҳали у-ҳали бу тарафидан ёпишиб бориб, бир нималарни ижикилаб-сўроқлаб ётар, булар эса, оловрангга мо-йил ойнадек ялтироқ мармар устилаб, бир амаллаб, зинадан тушиб келишмоқда эди. — Шошманг, ҳазир бўлинг, Ҳозиқ бува. Қиррасига оёқ қўя кўрманг, — деб югургилаб келиб, қўлтиғидан олган жонсарак эшикбон жувон ўша бўйи жовуллар эди, — расм бўлмай кецин, шу охонтошлари, оёқ тагига вовси1 бўлмаскан, шир этиб қорми-нима ёғворса денг, тайёр яхмалак-а! Қиш келди дегунча менинг жоним халак: эски палосми — бир нималар ташлаганим-ташлаган. — Аллоҳ ажрини берсин, — деди қария унинг кўмагида пастга тушиб олганидан бир енгил тортиб. — Тўғри қиласиз... Шу асно ёнгиналарида кимдир баралла: — Ассалому алайкум, тўра бува!— дея тиниқ Фарғона шевасида салом бериб, тавоф этгали кела бош-лади. — Ваалайкум... — дея тараддудланиб қолди қария. Қаршисида чақмоқдай кийинган қиличдай йигитлар турар эдилар. Таний олмади дафъатан. Лекин улар Ҳизрни учратган каби бир ҳолатга тушган эдилар. Бири ҳатто қўшқўллаб кўришмак ҳаракатига-да тушган, бошқаси ийманиб турар эди. Фақат юзлари-ю ўзлари киши адаштириб қўйгудек бир ўхшашки... Ҳасан-Ҳусан дейсиз. Валлоҳ, ким бўлди бу қиличдай йигитлар? Қарияни тараддудга солган нарса уларнинг бир томчи сувдек ўхшашлигидан ҳам бурун соф фарғонача кийиниб олганлари эди. Ҳозир учоқдан тушишгану рўпара бўлишаётгандек. Эгниларидаги йилт янги қора лас чопону белдаги белбоғ, бошдаги сатта анжаннусха дўппиларидан — тамоми ҳаммасидан водий нафаси уфуриб турарди! Йигитнинг сазаси ўлгунча қўчқорнинг шохи қир-қилсин! Ҳозиқ тўрам иқи суйиб жилмайди ва изн берган каби қўлини чўзди: — Келингиз, қаерлардан сўраймиз... Тавоф этишга илҳақ йигит югургилаб келиб, қўлини олди: — Танийсиз, тўра бува? Мен Иномалиман. Иномали-Иномали, водийга сочилган қайси хешу ақрабосининг тирноғи экан? Ва улар таниб, биз танимай кетган, валлоҳи аълам? Эслолмади. — Узр, қаричилик. Қўлини қўймай, кафт устларинию билакларини силаб-сийпашга тушган йигит тавозуланди: — Биз ҳов Сафедбилолданбиз. «Қиличмозор» томонлардан! Эсладизми? Саҳобаларнинг қабртошларидаги ёзувларни ўқигани боргандингиз. — Дарвоқе-дарвоқе... Сизлар ўша тарафданми? Азизлар ўтган жойлардан-а? — Xудди ўша Сафедбилолдан. — Эй, уни қаранг-а, ўша табаррук зиёратгоҳдан-а? — У ўша кўп қадим ва табаррук мозоротни, у ерда гоҳ кўтарилиб, гоҳ пастлаб тургувчи сирли оқтошни зиёрат этганларини, Қуръон тиловатлар этиб, йиғлаб дуои хайрлар қилганини эслаб кетди: воҳ, қани энди, у жойларни яна тавоф этиш насиб эца! — Вақтнинг ўтуви, умрнинг кетувини қаранг-а, уч йил бўлдимикан, валлоҳи аълам?! — деди мутаассирланиб. — Ўша сафарги борганингизга-я? Бултур эмасмиди, Имомали? — деди йигит қўшоғига ўгирилиб. — Йўқ, бурноғи йилнинг ёзи эди, — деди ийманчоқ қўшоғи, шу давада келиб кўришиб, — билқиллаган кўча тупроғини сатилда қориб, битикларга суртишаётган эди-ку. — Ҳа, баракалла, тошдаги ёзувларни шунаққиб ўқиганмиз. Рост-рост, — деди қария ҳам. — Ҳа-ҳа, тошга лой суртган сариз битиклар бўртиб чиқаётиб эди... Энди улар икки кишилашиб тавоф этишар, мисоли имом Ҳасан, имом Ҳусан каби бўй етган йигитлар, унинг ўша сафарини эслаб, бир ерга етишар эди. — Начора, шусиз ўқиб бўлмайдиган ҳолга етган экан, у ёдгор битиклар... Ҳозиқ тўрам бўғизда қайноқ «тош», кўзда аччиқ нам ила қабртошда тирилиб-ажраб чиқаётган лойбитикларни ўқиётган кезларини эслаб, тили ўз-ўзидан дуога айлана бошлаган эди: «Аллоҳ раҳматига олсин, у розияллоҳу анҳумларни, Ислом туғини шу ерга қадар олиб келиб, «Қиличмозор»да қолганларни», дея шивирларди. Энди бу ёғига довон ошиб, бошқа диёрга ўтмоққа келганда орага низо тушиб, иккига ажралган саҳобалар тарихи-воқеаси ҳам ёдга туша қолган эди. Лекин мана бу Ҳасан-Ҳусандек йигитларни қай вақт учратган экан? — Сиз эсланг-а, қоқ пешин эди. Бизнинг шалдироқ аравамиз, — деди эгизларнинг кичиги, — нақ рўпарангизга келганда ўқи шаққа узилиб тушиб, судралиб қолса, бўладими?! — Қаний-қаний... — деди қария элас-елас хотирлай бошлаб. — Кейин биз машиналарингизни сўраб бордик. Оғриб қолган эшонтамизни касалхонага етказиб олайлик деб. — Э, ўшандами? Эсладим-есладим. Дўхтир қолиб, уйга қайтарганимни айтасизлар-да? — деди қария йигитнинг елкасига қоқа-қоқа. — Xудди-худди. Биз эшонтамизни тезроқ олиб бора қолсак, деймиз. Сиз уйда хўроз топиладими, айни қичқирадигани керак, дейсиз. Тоза ғалати бўлган-да. — Аллоҳнинг етказиши-да! Бекорга араванинг ўқи ўша ерга бориб синибдими! — деди кулиб қария. — Кейин-чи, кейин? Топиб келган хўрозимизни ҳаллослатиб қувлатганиз-чи! — деди йигит. — Бўлди-бўлди! Танидим! Аллоҳнинг учраштирган жойини қаранглар-а! — деди қария беҳад мутаассирланиб, — Эшон тоға қалайлар? Нафи бўлдими, ахир? — Бўлганда-чи! Эшонтам сан кўр, ман кўр бўлиб кетганлар. Ўша хўрозшўрва эм бўлиб! Айт, Имомали! Элакишиб қолган Имомали ҳам бош силкиди: — Ҳали-ҳали дуо қиладилар: Аллоҳ менга нақ Луқмони Ҳакимни етказган деб! — Ё Xаллоқул ҳаким! Ҳечам қайталамадими? Озгина безовта эца керагийди, — деди Ҳозиқ бува суриштиришга тушиб. — Рост айтдиз! — деб тасдиқлади Имомали. — Келаси кўклам қайталаб, безовта этиб эди... дўхтирга ҳам учрамай ўша дориззи тайёрлаттилар. — Қайси дорум? Мен дору бермаб эдим шекилли,— деди Ҳозиқ тўра ҳайратга туша бошлаб. — Йўқ, хўроз шўрвани айтамиз-да. Xуқна қилдирганизни айтамиз-да, — деди йигит. — Ҳа-а, уми, хўш-хўш? — Ўшандай хуқна қилдириб ташлаб эдилар, таққа тўхтади-қўйди оғриғи. Ўшандан бери отдеклар. Дўхтирлар ҳам лол-ҳайрон: кўричакни ҳам тиғсиз даволаса бўларканми деб? Қария ҳакимлардек мийиғида жилмайди: — Тиғ чиқмасдан бурун нима қилишибди?! Шундай даволаб келишган-да, болаларим. — Сўнг қайтиш тараддудига тушиб, қўшиб қўйди. — Биз нима, аввало Аллоҳ шифосини берсин! Мендан дуо дегайсизлар Эшон бувага. — Бўлмасам-чи, бўлмасам-чи. Сизни кўрганимизни айцак бошлари кўкка етади-ку. — Ўзлариз-чи? — деди қария мулозамат лозимлигини эслаб. — Қандай шамоллар учуриб бу томонларга кепқопсиз? Ҳовлига олиб кетай? Бир кеча қолиб, борарсизлар? Имом Ҳасан, имом Ҳусандайин ҳусни хулқ эгаси бўлиб етишган йигитлар қўлларини кўксиларига босдилар: — Раҳмат, тўра бува, келаси сафар. — Учратганимдан хурсандман, — деди қария. — Биз ҳам. Албатта, Эшонтамларга етказамиз дуои саломингизни. — Аллоҳнинг паноҳига, — деб қайта туриб қария тўхтади. — Дарвоқе, бу ерда кимингиз?.. — Устоз-домламиз, шу кишини... — деди Иномали жиндек ҳижолатланиб. — Келаси гал, албатта, ўзларини топиб боргаймиз. — Ҳисоб-ҳисоб. Фақат Эшон тоғаниям ола келасизлар-да. Бизни ҳовлини Севзор томондан сўрайсизлар, келишдикми? — Келишдик. — Xайр, Тангрим азза ва жалла ўзи қўллаб, хотиржамлик ато эцин. Xуш қолинглар. — Xушвақт боринг. Қария хўшлашиб, улови томон юраркан, йигитларнинг ўзими, бир вақтларгидек соф қишлоқча ва ҳам чақмоқдай кийинишларими — кўзига яна оловдек кўриниб, қайрилиб қараб қўйди. Чиндан ҳам улар бўйсира ёшдан ўтиб, адл тортган, устига устак қўш сарвдек эгиз эдилар, ҳавасланмасдан, йигитлик чоғларни эсламасдан бўлмасди. Тасаввур этди! Айниқса, қора лас чопонларини бир уриб, пешоналарини танғисалару ўзларини эгар устига олсалар борми, кимларга ўхшаб кетмас эдилар! Ҳов бир гал — худди шу тарз — кимлар келмаб эди, ахир?! * * * У асрга ҳозирлик кўриб ёлғиз қавми — боғбонни кутиш баробарида вақтни ўтказмай тасбеҳотга берилган эди. Ахийри бўлмади. Офтоб ҳовли-боғ ўртасидаги саданинг ярим белига қадар тушиб, бир тоғора чўғда-йин кўз қамаштира бошлаганини кўриб, ичида ғулғула қўпди. Қорини нима ғафлат босди экан, кечикмасди-ку? Шайтон эса, висирлаб ёзғирар эди: «У ҳам бир тингчи-да, комил мусулмон қайда?» Қария оддий бир боғбон ҳақида гумонга борганидан уялди. Уялиб ўрнидан турди-да, бориб очиқ деразадан боғ оралаб келадирган йўлкага қараб қўйди. Назарида такбир тушириб, намозга ўтиши илаёқ биров чақириб келадигандек эди. Кейинги вақтда кўп нарсалар худди шу тарз — белги бераверадиган бўлиб қолди. Нега, нимадан — ҳеч тушунуксиз. Балки манави оқ уйга қамалиб олиб, узлатга чекинишга мажбур бўлганиданмикан? Яна ким билади. У ихтимат ила жойнамозни қайта ёзиб улгурмаб эди ҳамки, эшик халқачаси шиқирлаб, остонада кутган кишиси кўринди. — Узр, тўрам тақсир, бу ёқда ният қилиб, югургилаб келаётганлар бор. — У остонаданоқ маъзурланди,— нафс қурсин, алаҳсимайман десанг ҳам алахсийсан. Боғбон ҳовучида анжир баргига ўроғлиқ бир ни-ма — нега бир нима бўлсин! — сатта оқ ўрик кўтариб олган эди. Жонивор жаннатни мевасидек бирам бўлуғки, суқинг киради. — Шумиди алаҳситган?— деди қария жилмайиб.— Оқариб улгурибдими, қаранг-а?! Абдуфаттоҳ қори қўлидагини хонтахта устига қўйиб чиқиб, йўлакай тушунтира кетди: — Келаёцам, бир сайроққуш ўрик тепасига қўнволиб, шу биёв-биёвлаяпти, шу лақов-лақовлаяпти! Тўхтама-чи! Маҳлиё бўлиб қопман. Роса зингил солиб қарасам денг... оқ ўрик гавҳардайин товланиб ётибди! Жиндек териб туша қолдим. Омонлиқ-сомонлиққа-да, тўрам тақсир. Қариянинг хаёли қочди: қаранг-а, ёз келиб қопти-ку! Умрнинг ўтувини кўринг. Кечагида опкелишмаганмиди бу гўшага?!. Яхшиям ёлғиз қавми — шу боғбон бор. Бўлмаса, бундоқ ёзилиб гаплашадиган одам ҳам топмай нима қиларди? Шу боис тегишиброқ замзама қилди: — Думбулдур ҳали? Оқара турсин эди, ўзингиздан бўлакни кўзи тушмаган экан. — Қайда! — деди қори химарилган енгларини тушириб, такбирга шайланаркан. — Оқ ўрик оқарадию ётиб уйқу келадими? — Кимни айтасиз? — Каминанинг ўзлари ҳам-да, — деди қори уятлу кулиб, — кўз қурғур қачон тўйган?! Тўйганми ҳеч! Унинг ўрикни теришга териб тушиб, энди ўзини «савалаши», нафсини оёқ остига олиб пийпалаши бир чиройлув эди... Тўрам «ёлғиз қавми»ни суйиб кетди! (Тингчими деб гумон қилиб ўтирибди! Қани, шунақа тингчилардан юзтаси бўлса! Ҳаммаси ила қиёматли дўст тутинарди!) — Бекорга кўздан нарироқ қўймадим денг?! — Ҳа-да, ўртада шайтон бор, ҳар нарсаларни чиройлув кўрсатадурган. Намозни ҳам намоз қилмасин. — Айта қолинг, бўлмаса, фаришталарни ҳам маҳтал қилмай, — деб у изн берди ҳам, қори камдан-кам кишиларга насиб этадурган бир ширали овозда такбир тушира кетди ҳам. Сўнг намоздан фориғ бўлишлари ила қори хайр-маъзурга тушиб, кетишга изн сўради. Ўтадиган ери бор экан: — Узр, шомда ёлғиз қолсангиз,— деди аллатовур хижолатга тушиб.— Етиб келолмайманми, деб қўрқаман. — Xуфтонни ҳам насия этманг, — деб кулинди у. — Xудо асрасин. Қаерда бўлмайин, етиб келгайман. Бирга ўқигаймиз. — Инша Аллоҳ денг, — деди у. — Xудо хоҳласа, — деб чиқди боғбон. Аллоҳнинг эрта ранг олиб, оқарган неъмати ёдидан ҳам кўтарилган экан. Бир муддат зикр айтиб ўтириб, китоб кўргиси келдию, ичкари қараб юрди ва хос меҳмонхона олдидан ўтаётиб, хонтахта устидаги ажаб оқ-сариқ гавҳарларга кўзи тушиб, нима бўлса экан, деб хаёлланди. Гавҳарларнинг ҳар бири зарғалдоқ қуш тухумидек бўлуғ ҳам жиндек сариққа мойил эди. Тагида шапалоқдек барг. Тўрам ўша баргдан таниди: дарвоқе, жаннатдан тушган дарахт — анжир барги-ку. Қорим илинган нарсасини нимага ўраб келибди?! Бурилиб киришила аввал анжир баргинингми, унинг учидан оппоқ сутдек сизиб чиқиб қолган ширасинингми ҳиди гуркираб, димоғига урилди. Валлоҳ, у Каъба ифорларидан қолишмас, кишига аллақандай хуш ёқиб борар эди. Жаннатдан тушган деб аталмиш бир дарахтнинг ҳатто ёлғиз бир барги (узулганига қанча бўлганига қарамайин!) асл вата- ни — жаннат ҳидини уфуриб-гуркираб ётар, у одам боласига таниш, наинки таниш, азиз туйилиб бормоқда эди. Шунинг ўзи Аллоҳ ягона, Расул барҳақлигига, китоблари чин, жаннати — тайин эканига нишона эмасми? Бўлмаса, инсон бу ҳидни қаердан танирди, минглаб бўйлар, ифорлар орасидан ажратиб, жаннат ҳиди-я, дея оларди?! Ўша жудо бўлган асл ватаннинг бўйларини танишга-да қодир этганига шукр. У ҳозир ўзи азиз билиб турган бўйни яхши фарқламоқ учун ҳам ёзнинг тўнғич неъматларидан биттасини қўлига олиб, димоғига яқин келтирди. Оқ ўрик оқара бошлагани билан ҳали думбул эди, асал ислари гуркираб эмас, базўр келар, аллақандай нимтатир эди. Балки икки паллага бўлса, гуркираб кетар, ичидан етилиб келаётгандир? Омонлик-сомонлиққа арзир?! У ўрикни иккига бўлаётган кезда пешайвон эшиги очилиб, оқсоч Опой кўринди. У ўрик бўйини туйиб улгурди, холос. — Ишанта, Сиза келишкан икан. Қўнғироқ итиша,— деди остонадан ўтмаёқ. У ажратиб улгурмаган ўрик палласини қайтиб ёпди: насиб этмаса шу-да! Сўроққа олиб кетишмаса гўрга эди. Ёз неъматини жойига қўйиб, бошини кўтарди: — Ким, дейишадир? — деди атай ирим қилиб. Ўзи эса, нима дейишадир деб сўрамоқчи эди. — Йў, ишанта, саҳиблар имас, зияратқа килишкан имиш. Қопқадан сўраша. — Кўргани? Қаердан экан? — деганча чиқиб бора бошлади. — Ата журттан, диемишлар. Анжанданму, қаердан имуш. Ота юрт — Андижондан? Кимлар экан? Ёдига ҳов бир йилги узоқ меҳмонлар — ҳаждан қайтишибди, экан, деб зиёратга борган амакиваччалари келди. Ўшалармикан? Улар бўлмаса, уруғларидир. Қариянинг юраги ўйнаб бормоқда эди. Валлоҳ-валлоҳ! Наҳот ўша узоқ аймоқлари топиб-суриштириб келишаётган бўлса? Яна ичига ғулу оралади: балки шундай ўрон билан кимдир кирмоқчи бўлар? Изн бермай туриб суриштириши, сўнггина рухсат этиши ҳам мумкин эди-ю, ёмон фол олгиси келмади: Номини атаб келишибдими, киритиш керак! Ким бўлишларидан қатъи назар. — Айтинг, қўйвора қолишсин. Опой симнинг у бошида турганларга жавоб қилиб, меҳмонхонани тартибга сола бошларкан, оқ ўрикка кўнгли бир суст кетдию, лекин дамини чиқармайгина таглиғи ила тақсимчага солиб, юқорига олиб қўя бошлади. Буни кўриб турган қария унинг покизалигидан ийиб: — Олинг, биттасини, омонлиқ-сомонлиқ, қолгани меҳмонларга ҳам етади, — деди. Ичида эса, талбия айтарди: Фасубҳаналлоҳ, ўшаларга насиб этиб турган эканми?! — Раҳмат, Ишанта, — деб Опой биттагинасини ола бошлаб эди, ярим палласи ажраб чиқди. — Бутунини олинг, бутунини, — деди қария, ўша қўл ургани ўзига насиб этишидан умидвор бўлиб. Опой уни тушунмади: — Қайтага таварик икан. Розу бўлинг, ихлос эттум,— дея қолган палласини-да олиб, не ниятда хушланиб искади. Тавба, ана шундан кейин ҳам ризқ бергувчи Аллоҳ эканига, бировнинг насибасига биров эга чиқолмаслигига ишонмаймизми? Ким ўйлабди, Абдуфаттоҳ қори омонлиқ-сомонлиққа териб тушган шу бир ҳовучгина неъмат қандин-қаёқдан келадиганларга аталган деб! Насиба тортиб келаётирлар, қараб туринг, деса ким ишонарди? Ва чиндан ҳам улар кимлар экан? Тўрам пешайвонда эди. Теракзор таги билан келаётган сатта бир хил кийинган, қора чопон, чўнг дўппили кишиларни кўриб, ғалати бўлиб кетди. Чиндан қишлоқ томоннинг одамлари-ку! Ундай деса... чопонлари йилт янги. Ё шаҳар боряпмиз деб, сатта охорликларини кийиб чиқишганми? Куёв ошига келаётган жўралар мисоли яна бозорликларини ҳам кўтариб олишибди! Ичида битталари ўрта ёшлик демаса, қолганла- ри — қиличдек йигитлар эди. Анжан томонларда бу тоифа қандай хешлари бўлса экан? Қирққа бориб эси кирган анув амакиваччасимикан? Бир кун тушида эшон бува «Китоб қаерда биласанми, ўшани ол-да, ўқи, юрма бундай», деганмишлар. На хат, на китоб танийдиган одам эртасидан ўқиб кетганмиш Қуръонни. Ўшамикан? Амакилари раҳматли таги анжанлик эканликларини айтиб ўтиришар-у, хешу ақраболаридан оғиз очишмасди. Ўшалардан қай бирлари кўнгил сўраб келишмоқда экан? Ёхуд Тангритоғ томонларга ўтиб кетиб, жангу жадалларда бедарак йўқолган хешларини сўроқлаб юрганлар дарагини эшитиб, келишаётирми? Қора чопонлик беозор кишилар қиёфасида? Кошки тингчилар жим турса? Уларнинг сатта бир хил кийиниб, қишлоқи одамлар қиёфасида ташриф буюришлари ғалати эди: «ел-бурутдан кўнглига бунча ғашлик ораламаса? Жон эгамнинг қўлида-ку, ахир. Олар бўлса, охуннинг қўли билан ҳам, анув олиб қочган учоққа етмасидан бурун ҳам олиб қўя қолар эди-ку. Куни битиб, қазоси етган бўлса, ўша алам-аччиқ устида Олампаноҳга хат битган куннинг кечасидаёқ олиб чиқиб, Бўрижарнинг қай бир ёқасида отиб ташлашмасмиди! Отмадиларми — энди нимадан қўрқади! Унинг кўз ўнгидан ўша оқ илон — Жамолохунни ҳайдаб чиқарган кездаги ҳолатию, алам-аччиқ устида хос хонасига кириб бориб, қоғоз-қалам олганича туриб қолгани кетмасди. Астаъфируллоҳил азиму ва атувби илайҳи! Аллоҳ уни қайси иқлимнинг тупроғидан яратибди эканки, ҳақсизликни кўрган заҳоти қай ҳолга тушмаса! Бамисли у бир қават эт ташлаб, тақдирнинг ҳукмига кўнган асирдан тамомила бошқа одамга — мужоҳидга айланиб улгурган эди. Вужудини айтинг! Ҳар битта туки бамисли бир қилич бўлиб, тикка бўлган эдилар! Уни ким деб ўйлаган эканлар?! Тилсиз, забонсиз бир қурчоқ, мўмин-муте бир рикоб, бир хуфия дебми? Xизматини ўтаб бўлгач, ими-жимида гумдон этиб юборса бўлвергич? Эсиз, қурилган салтанатлар шарафи, тўкилган у қонлар жавобини ким бергай? Қолаверса, лафз қаерда қоляпти, субут қаерда қоляпти?! Аҳд-чи, унга садоқат-чи?! Йўқ. Унинг кўзига жони кўрингани йўқ. Албатта, жон ширин. Лекин ўша дақиқада кўзига тамомила бош-қа нарса кўринди: шунча ишни қилиб, давлат қуриб, адолат ўрнатиб... охир-оқибат уй қамоғида бешараф бир ўлим топмоғи... кўриниб кетдию ичидан адолатли бир шуур бош кўтарди: ким ўзи одил?! Лафзида туриб, Тангритоғ ҳукуматини қурган, у жабрдийда диёрга озодлик насимини олиб кирган уми ё вазифаси битди деб, бир кечада ўғирлаб келиб, уй қамоғига тиққанларми? Ким? Одили Замон ҳисобланмиш Олампаноҳнинг ўзи-чи? Бехабарми бу ишлардан? Унинг изнисиз тонг отгайми ўзи бу диёрда? Ўша ҳолатда, қизиғида унинг номига тик туриб, бир хат битди: «Э, воҳ, жаҳон айвонида адолат шевасида гаплашгучи зот қолмабдими экан?! Меним билганим — адолатпаноҳ Амир Темур Кўрагонийдан сўнг, Шомилдан сўнг ёлғиз ўзингизми, дегувчи эдим! Бошқасини тан олмасдим! Ихтимат ҳам қўймагандим! Энди билсам, бу топшириқлар қайдан келмоқдаю кимнинг изни билан адо этилмоқда экан, агар ўшал Адолат боргоҳидагилар тамоми бехабар бўлсалар?! Уларнинг номидан иш кўргувчилар, иш юритгувчилар хоҳлаган пайтлари бутун бошли халқлар, эллар, элатларни ишонган тоғларини йиқмоқлари, сорбонларини териб олмоқлари, ўзларини етим қолдирмоқлари мумкин экан-да?! Унда Сиз — Одили Замоннинг бурди қаерда қолди? Адолати қаерга етди? Эртага тарих олдида нима деб жавоб бергайсиз ва ким бўлиб қолгайсиз?..» Нима деб ёзса ёзди, фақат шафқат тиламади. «Аллоҳнинг ёзуғидан бўлаги — бўлмагай!» деб тугатди. Фақат хат қўлдан кетиб, аллақачон телеграф биланми, литер биланми, қайси йўл билан бўлсин — Олампаноҳга етиб бўлганида унга бор ҳақиқатни қўшмагани хотирга тушди. «Узр, каминадан ноқислик ўтибди. Қодири Эгам ёлғиз бир зотгагина адолат мезонида маҳкам турмоғу, лафз қилса, лафзи устидан чиқмоқ фазлини берган, адолат шевасида гаплашмоқни насиб этган экан! У ҳам бўлса, бизнинг шафоатчи пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламдурлар», деб қўшгиси келди. Аммо кеч эди. Кемтик, ноқис хатга ҳеч нарса қўшиб ҳам, уни қайтариб ҳам бўлмасди. Лекин хат ўша ҳолида ҳам нишонга бехато теккан эди. Олампаноҳдан имдод бўлдими, бошқасиданми, эртасидан муносабат тамоми ўзгарди: аввало, неча қават соқчилар (ташқи дарвозадагисидан тортиб, оқ уй атрофидан жилмайдиганигача) бир кечада йўқолди. Ғалати бўларкан: оқ уй аллақандай салобатини йўқотгандай, ҳувиллаб қолгандай эди. Тунлари таҳоратга ҳам бехавотир чиқаётиб эди, энди қандай бўларкан? Қолаверса, шунча машмашанинг сабабчиси (ўша панд бермаса, бу хат қайда эди!) анув шилпиқкўз — нақ оқ илоннинг ўзи — Жамолохун ҳам кўринмай қолди. Суриштирса, (қаранг-а, Опой ҳам билмас экан, бориб аниқлаб келди) — бўшаб кетганмиш. Ўрнига шу маҳаллалик ўрта яшар жувон бир чиройли овқатлар пишираётганмиш. Ё қудратингдан, қозон-товоқни шу ернинг одамига ишонса ҳам бўларкан-ку. Ҳаммасидан ғалатиси-индинига «қуда томон»дан (нақ Масковдаги идорасидан!) одам учиб келди. Ўзиям сибирлик экан, бўй деган шифтга етади. Эшикдан энгашиб кирди. Орқасидан йўл кўрсатиб келган киши унинг олдида ушоқ боладек эди. Унинг таҳорат олиб келаётганини кўриб, ўша ҳақиқий Иван бу ёқдаги (унинг олдида ушоқдек) қозоқисини тўхтатиб: — Қўятур, ўқийдиганини ўқиб олсин,— деганини эшитиб қолди,— Сенлар билмайсан,— дерди давом этиб у,— булар зўр халқ — мулла халқ. Қанчаси Сибирнинг лагерларида ўтиб кетди. Намозини ташламай. Ҳалиям ўқияптими — зўрлиги шу, — дерди. Ол-а! У ҳам зўр экан, тошига яраша экан, сибирлик айиқнинг боласи. Ўша сибирлик (ҳарқалай аждоди яқин — Энасойнинг сувини ичиб ўсган!) ҳалол экан! Бошлаб келган қозоқ-ўрисга ҳалоли гапни айтиб кетди: — Бу киши бугундан эътиборан шу мамлакатнинг фуқароси. Бир фуқаро сифатида ҳамма ҳуқуқларидан фойдаланишга ҳақли. Фақат жой ажратилгунга қадар шу ерда яшаб туради, — деди. Ўзига эса: — Табиб экансиз, бемалол табибчилигингизни қилишингиз мумкин. Сизни кўргани келувчилар ҳеч истисносиз ҳузурингизга қўйилади. Фақат мамлакатчилик — одам йиғмайсиз, ҳукуматга қарши чиқмайсиз. Бир фуқаро сифатида уй-жой қилиб яшашингиз таъминланади. Xоҳланг буни Масковнинг инъоми деб тушунинг, хоҳланг, Xудонинг марҳамати. Тангрито- ғингиздан айирганимиз учун бизни маъзур тутгайсиз. Сизни қайтиб безовта этмагайлар. Омон бўлинг, — деди. У омонлик бериб кетганига неча кун бўла қопти? Ана, қаердан эшитишган — турнақатор бўлиб, кўргани келишяпти. Яна қаердан — ота юрти — Андижонданмиш. Улар гулзор ёқалаб эмас, қоқ ўртадан кесиб тушган бетон йўлка ила аллақандай бегонасираб ва ҳам хушёр тортининқираб келишмоқда эди. Балки чиндан бобокалонлари юртидан келишмоқдадир. Ўша тоғлар канораси орасидаги саҳобалар қадами етган водий-диёрдан. Бобуршоҳдек бир одам умр бўйи «не хатолиқ ўттиким» деб қўмсаб ўтган маъво — «анда жоним қолди»дан. Дарагини эшитиб, оқибат кўрсатиб, дуои саломлар келтиришмоқдами? Тангритоғдан ўғирлаб кетишгани овозаси ўшоқларга-да етибдими, тавба? Овозаси-ку, етар, лекин бу ерда шоҳона уй қамоғида ўтиргани қайдан маълум бўла қолибди? Кишини ўнғайсиз ҳолга соладигани ана шу эди. Аммо дарагини эшитибоқ, суриштириб келишаётгани кўп улуғ иш. Алҳамдулиллоҳки, бу юртда оқибат, ҳамият деган нарсалар йўқолиб битмаган экан. Шунисига-да, шукр, ҳали ҳам ўзиникилар ўзлигини йўқотмаган экан. Тўрам тақсир шу таскин-тасаллилар билан ичкари юраверди: Имомликка ўтганида эгнига илганини одмироғига алмаштириб кўрингани ҳам маъқул. Тағин Тўрам ҳукуматдан айрилгач, бу дунёдан этак силкиб, тоза тақводор бўлиб оптилар, деб юришмасин... У шундай хаёлларга боришга борди-ю, ўз истиҳоласидан ўзи уялди. Тўғрироғи, Аллоҳдан уялди: Эгам ўзи кўриб турибди-ку, бутун ҳолу ҳолатини. Тақводан бўлак тўғри йўл қолмаганини англаб, барчасига этак силкиганини. Яна нимани яширади? Аллоҳдан яширмаганини нега бандасидан яширмоқ керак? Ўзи дин фаҳмини берибди, имонимизни ҳам ўзи басаломат эцин. Имомлик либосини (ахир Абдуфаттоҳ қори билан аср ўқишганда кияқолувди, ҳамиша кийиб юрибдими!) алмаштириш фикридан қайтганда йўлакдаги бўй баравар кўзгуда саллаю тўн ўзига чиндан ҳам бўлакча нуронийлик — ўзи хаёлга-да келтирмаган бир нури сафо бахш этиб юборганини кўриб, меҳмонларга бундай кўринишдан рости, қисинди. Сипороқ кўринавергани маъқул. Лекин энгил алмаштирар экан ҳам бояги суврати, тўкилиб турган нур кўз ўнгидан кетмасди. У нима бўлса экан? Ё ажаб, ўзи ҳам сал чўкиб, улға-йибдими? (Кўзига ўша мункиллаган ҳазрат суврати кўриниб кетди!) Ё Қодир Аллоҳ! Бу неси? Нима бу? Барча Астробод бўлганларга хос ёзуқми? Ёлғиз асо етмаётир, холос. Астаъфируллоҳ! Ҳазрат қайдаю биз қайда! Суврат ўхшагани билан (ҳов!) сийратга йўл бўлсин! У зотнинг олдида биз кимбиз?! Гуноҳларимиз тоғча, хатоларимиз соч толасидан кўп. Кечирса, ёлғиз Аллоҳ кечиргай, холос. Ичида беихтиёр илтижо айтди: Мурод дорам — умидим бор, ўзига осон, ўзи кечирсин! Балки тақво деганлари шудир! (Ахир, ўзим дин нурини бераман дегани-ку). Бу фикрдан ичида бир қўрқувми — нима уйғониб, вужуди жимирлаб келди: тоғ қадар ёзуқлари туриб, Аллоҳим гуноҳларидан ўтибдими — карами шунчалар кенг эканми унинг?! Мағфират этгани рост бўлсин, илоҳим, биз ожизу нотавонларни, адашиб улоққанларни. Тўрам одмироқ деб мовут чакмонию чорбурчак такя кулоҳини эгнига илган бўлса-да, қайтаётиб кўзгуда оддий табибни эмас, негадир ҳазрат мир Алишерга яқин киши сувратини яна кўриб, ҳаялланди: йиллар шунчалик, оладиганини олиб қўйган эканми? Кўнгил қаъридан нималар ўтмасди: вақт ўз билганидан қолмасакан-да. Во дариғ, инсон ҳеч бир ўйлаганига етмасдан мўйсафидлар қаторига ўтиб турса. Яна камига мана бундай уй қамоқларига тушиб ўтирса. Унда ўша довондаёқ кўринган маҳлуқ тилка-пора этиб қўя қолмагани, йўл берганининг ҳикмати не эди?.. Ҳай, дариғ, не ниятлар ниятлигича қолдими? У пешайвонга қайтиб чиққанида келаётган хешлари (танимагач шундай дейди-да!) ичкарига киришга кириб, далага киядурган сариқ кўн этикларини ечишни ҳам, ечмасни ҳам билмай, алағда турар эдилар. — Ассалому алайкум, мозор босиб келган азизларим. Xуш келибсиз! Тўрамнинг тақводор қарияларга хос илк саломи меҳмонларни бадтар гангитган, бунинг устига улар шунчалик тез ва осонлик ила бу зотнинг қабулига мушарраф бўлишларини ўйламаганларидан (рўбарўларида — ким-ким — тўрам тақсирнинг ўзлари, ўша Тангритоғда салтанат қурган давлатманд одам (!) турардилар, ахир!) шундан ҳайратга тушганча тушиб, тиллари аликка келмай қолган эди. — Ассалом... — дейишди улар ҳам чала ярим, ўзларига кела бошлаб. — Ие-ие, киравермайсизларми, жигаргўшаларим? Оёқларингиз гарди қайси диёрники эканки, тортинасиз! Тоғлар нафасини олиб келган қадамларингизга ҳасанот. Ўша ғубори — кўзларимизга тутиё бўлсин. Қани-қани, келинг-чи, бир бошдан кўришиб қўяйлик-чи, воҳ, — деб қучоқ очдию, яқингинасида турган кулча юз, патак соқолли киши довдир-совдир қадам ташлаб, илгаритдан танишдек, елкасини эгиброқ кела қолди. Сўнгги дақиқада тўрам унинг (қошларими, қовоқларими) аллақаери кимгадир жуда-жуда ўхшаб кетишини илғади-ю, лекин кимга — эслай олмади. Негадир унинг ҳам қабоқлари боя кўзгуда кўринган ҳазратникига ўхшаброқ кетарди, тавба. Уни бағрига олдию, тўнига солинган янги пахта ислари хуш ёқиб, юзларини суйкай-суйкай қайта-қайта искаланди: — Оҳ-оҳ, ота юрт ҳидларини ола келган сиз азизлардан ўргилай. Биз жигар бўлиб боролмагач, ўзингиз кепсиз, қадамларингизга ҳасанот. Бодомқовоқ меҳмон патак соқолларини соқолию юзига ишқаб, қулоқлари тагидан искаланаркан, иссиқ нафаси қулоқ юмшоқларига урилиб-урилиб: — Танимадингиз-а, тақсир? — деб сирлидан сирли шивирлади. Чиндан ҳам бу қора соқоли бодом қовоқларига унчалик ҳам ўтиришмаган меҳмон... ким бўлди? Киши кўзига бўлмасин тағин... бу соқол, бу энгил-бошлар? Юраги шиғ этди: унда ким бўлуви мумкин бу келганлар?.. Шу асно у қучоғидан бўшалиб-бўшалмай кейинги меҳмон хўшлашмоққа юзланди. Буниси тепа лабининг устига қалдирғоч қанотидек нозик мўйлов қўйган йигит эди. Ипга терилгандек бу мўйлов унга шундай ярашиб тушиб, юзини очворибдики... ўша юзидами, анави ўтли қора кўзларидами, кишини шоштириб қўядиган бир шахд-олов бор! Балки ҳаммаси қўшилиб, унга шундай алоҳида бир шижоат бахш этаётгандир. Ишқилиб, буларнинг бошловчиси шу — ўнта бўлса, ўрни бўлак, қирқта йигитнинг ичида бек саналгудек мана шу азаматга ўхшар эди. Фақат ўша нозик муртию — четлари аллақандай йилтираётган пешонасини танғиган қарғашойи қийиғини демаса, кимгадир ўхшабам кетаётир. Кимга экан— тўрам ҳеч эслай олмасди. Аммо тўнини бар уриб, ўзини эгарга олсами, нақ улоқчи!.. Ҳозир ана шу «улоқчи» бир ғалати энтиккан кўйи унинг кўксига сингиб кетгудек бўлиб, қулоқ таглари, мўйин бўйларини искаланиб тўймас эди. Ва шу кўйи мутаассир бир ҳолда сивирлар эди: — Бормисиз, Xондода?! Биз ишонган тоғлардан кийиклар чиқмайин қўйди десак... Сиз бу ёқларда экансиз-ку, давлатпаноҳ? Эвоҳ! Таниш сас, таниш овозлар-ку! Сўнгги қабулида бўлган ўктам йигит — шу эмасми? Овози бунчалар таниш?.. Сўнгги фармонга имзо чекишдан аввал кимлар билан учрашиб, маслаҳатни бир жойга қўймаб эди?! Ўшалар-ку. Ўша вилоят вакилларидан бири-ку. (Фармонни сўзма-сўз эслади): «Лашкар, фармонимизга шай туринг. Ҳали нажот кутиб ётган неча вилоят бор. У мазлумлар озод этилмагунча Тангритоғ озод эмас! Шундай кун яқин, кутинг!» Афсус, иншааллоҳ дейилмаган экан. Xудонинг хоҳлагани бундоқ чиқди! Қариянинг ичи антар-тўнтар бўлиб келиб, ўзини ғалати беҳол сезди-ю, «Ботур, Сизми?» дейишга мажоли етмади. — Кейин иним, кейин... — дедию Ботурнинг қучоғидан бўшалишга унналди. Қолаверса, бу ер ўзни танитмоғу бағирни бағирга бериб, ўтган ишларга кўзёш тўкадирган жой ҳам эмасди, мавриди ҳам. Бу ерда деворнинг ҳам қулоғи бор. Овоз ютгич, гап узатгичлари, хос тингчилари қанча экан! Ҳеч ким меҳмон ўз оёғи билан келибди демайди. Ҳамонки жаҳд этиб, мозор босиб келишибдими, ичкари киравермоқ керак. Ҳар қанча гаплари, меҳрлари бўлса, ўша ер тузук. Нокасу ножинслардан панароқ, кўздан нарироқ. Қиста-қистов, мулозаматлар билан ичкари кирдилар. Ўтирдилар. Мозор босиб келган меҳмонларнинг қадамлари шарафига дуои фотиҳа бўлиб, енгил сўрашиб олдилар. Тўрам бошламасига (Опой чой опкиргунча) тақсимчадаги бояги «омонлиқ-сомонлиқ»ни ўртага қўйдилар: — Қани, меҳмонлар, ёзнинг олди неъматига қарангиз. Аллоҳ насибангизни қўшган экан. Ҳар кимга ҳам насиб эцин-чи. Қани, мана, мен бошладим. Битта-битта олдилару ким ҳидлаганча, ким кафтига қўйганча Оллоҳнинг мўъжизасидан хушҳолланиб қолдилар. — Воҳ, Тошкентнинг оқ ўриги-ку, — деди бояги бек йигит сархуш тортиб, — машҳури жаҳон, — деди у негадир ва қўшиб қўйди, — Биз унинг данагини ошпичоқ дердик. Фақат банди етишмасди. — Кеча эслаб эдингиз-а, сарҳаддан ўтаётиб. Бугун етишиб турибсиз, хўжам, — деди қора соқолли ҳайратланиб. — Аллоҳ деган йигициз-да. — Насиба чақирса шу: келар Шому Ироқдан деганлар. Олингиз, омонлиқ-сомонлиқ, — деди Тўрам ва ўзи ярим палласини бисмиллоҳ ила оғзига соларкан, чиндан бол таъмини тотгандай бўлди. — Бизда ҳали ғўра-ку, жонивор бу ерда ҳол тортганини қаранг, — деди учинчи меҳмон. — Бу томонларга офтоб аввалроқ чиққайми, тавба? — Кейинроқ чиқса-да, тўсгувчи музтоғлари йўқ, — деди бошқа шунқор йигит маъноли қилиб. — Ҳа-ҳа, ҳаммаси ҳам аввал бу диёрда етилиб, сўнг у ёқда ҳол тортади, — деди Тўрам ҳам. Xудди инқилоб каби демоқчи бўлди у. Бек йигит уни тушуниб, гапини менгзаб кетди: — Қизил аждару оқ аждарлари қўйиб берса агар... Тангритоғнинг ҳоли шу экан-ку. Гапнинг бир учи ўзига қайтиб, теккан эди, Тўрам бир сўлиш олди-ю, сездирмади. Мавриди келади, ҳали ҳаммасини тушуниб етгайлар. Барчаси ўз феълимиздан. Феълимизга қараб Xудонинг ёзмиши бу, демоқчи бўлди-ю, айтмай ичига ютди. Ҳаммага ҳам тушунтириб бўлармиди: айбдор киму Xудо нимани хоҳлаб турибди?! Шу орада оқсоч дастурхонга бозорлиқларни опкириб, чой келтирди. У киши кўзига меҳмонларни қистади: — Қани, олингиз, мозор босиб келган нарсалардан. Бу ёғи бизники бўлди. Манави, Анжанни лочирасими, жизза солиб ёпилган? — деди атай. Қора соқолли уни тушуниб, (бу гап Опой учун эканини билиб): — Шундоқ-шундоқ, хонадонда ёпилган, тақсир, — деб жавоб қилди. Тўрам гапни улади: — Ўзларидан сўрасак, у диёрнинг қаеридан бўлгайсизлар? Ва қайси узилишиб кетган хешларимиздан... Келган меҳмонлар ундан-да сезгир эдилар, киши билмас кўз уриштириб қўйиб, жавоб қилдилар: — Xешлик жойимиз шўттаки, — деди ўша қора соқоли бодомқовоқ юзига унчалик ўтиришиб тушмаган, аммо мулойим товушлик меҳмон, — биз ниҳояти сизнинг ихлосмандларингиз. Бўш патнисни кўтариб, Опой чиқа бошлади. Ҳозиргина ота юртдан, хешларимиз деб турган кишиларнинг бу жавоби ғалати эди. Оқсоч ҳар хил хаёл-ларга бормасин, деб Тўрам сипоришлади: — Ҳа-я, табибчилигимиз важиданми? — Шундай-шундай,— деб шунқор йигит уни қувватлади,— у ёқларда Сизнинг довруғингиз бўлакча, тақсир. Аммо етишмоқ, кўриб турибсиз, душвордан душвор. Бу вақтда Опой узоқиб, ҳатто шиппаги товушла-ри-да эшитилмай қолган эди. Шунда пойгакда ўтир-ган тўртинчи меҳмон бек йигитга маъноли қаради. У эса: — Майли, ёпа қол, — деб қўшиб қўйди, — шу укамиз елвизак билан чиқишиб кетолмади-кетолмади-да, табиб бува. Давоси музни тешиб, бир чўмилмоқ десам, ҳеч ишонмайди. Айтинг Сиз... Бу гаплар йўлига эканини ҳаммалари фаҳмлаб туришгани учун Тўрам кулиб қўяқолди: — Музтоғда уч ой — қиш қолиб кеца, умрбод акса урмайди. Улар бир-бирларига ялт этиб қараб олишди: — Сиз... ўша тоғда қолиб кетганиз — чинданам ростми? — деб юборди пойгакдаги ушоқ йигит ҳайратини ичига сиғдиролмай. — Йўқ, у довонда бир кеча тунаб қолганмиз, холос. Лекин ҳеч кимни — қиши билан қолиб кетгулик қилмасин,— деди Тўрам, сўнг тушунтирди,— камина у диёр-га ўша шарафли, машҳури жаҳон довон билан ўт-дим-у, қайтишим ўзим ҳам кутмаганда бундай... чиқди. У дастурхон попугини ҳимарганча ўша қайтиш қанчалик аламли кечганини эсларкан (ундан ўша Музтоғда умрбод адашиб-улоқиб қолиб кетгани афзал эди! Аммо буни энди кимга айта оласан?!) рўбарўсида ўтирган бояги бек йигит чўккалаб олаётиб, бошидан қийиғиними, нимасини ечиб олди. Таранг сирилган бир нима читирлаб-да кетди. Тўрам бошини кўтариб, қаршисида тамомила ўзга йигитларни кўрди. Бек йигитнинг қарғашойи қийиғи тиззасида ётар, ўзи дўпписини ажратиб киймоқда эди. Энди у ўша чаккасида алифдек чандиғи бор (мўйлов-пўйлови ҳам йўқ!) чапани йигитга айланган-қолган эди. — Ие, Ботур, ўзизми? — Ҳа, менман, Xондода. Xизматингизга етиб келдик, мана, — деди у ўзини қайта танитаётгандек қаддини ростлай бошлаб. — Ё Қодир Аллоҳ! Айтувдим-а, қаердан таниш булар деб... — Тўрам ҳам тўлқинланиб тура бошлади. — Келинг, бундай кезда қайтиб кўришмоқ лозим, тавоф этмоқ лозим. Кутмагандим, кутмагандим... Улар қайта топишган ота-боладек, пиру муршиддек қучоқлашиб кўришарканлар, Тўрам Ботурнинг куракларини силаб-сийпалар, бир оғиз сўзига илҳақу шай йигитларини эслаб, кўзлари намланиб кела бошлаган, ўзи мутаассирланиб: — Оҳ, мани довқурларим, суянган тоғларим, шу ергача топиб келдингизми? — деб шивирлару бўғзиларига нимадир тиқилиб, у ёғини айтолмас эдилар. У эса, ўша довқурлиги — ушлаганини кесиб айтиши қолмабди, боягидек қулоқ тагларию энса бўйларини искаланаркан, бағридан бўшатмаёқ айтадиганини айтиб қўя қолмоқда эди: — Топиб келдиккинамас, олиб кетгани ҳам келдик, Xондода. Тўрам уни бағридан аста бўшатиб, юзларига термулди: — Қандай, Ботур? — Сиз хўп десангизоқ, бас, — деди Ботур ўзига ярашадиган бир қатъият ила у кишининг тирсакларидан тутиб. — Нима, улар қилган ишни биз қилолмаймизми?! Унинг шахтидан Тўрамнинг юраги бир қалқди: қани эди, қанот чиқариб, учолса, у етим қолган диёрга! Учолмайди, қанотини таг-тагидан қирқиб ташлаганлар! У бизнинг қушимиз эди деб! Энди борган тақдирда ҳам кимга исботлай олади Озод қуш эканини?! — Бир оғиз сўзингиз, Xондода, — деди Ботур қайтариб ва бўлди, деса, ҳозироқ ишга киришадиган- дек. — Ботур, Сиз бегона юртдасиз, қолаверса, мен... — деди Тўрам ўтириб хотиржам гаплашмоқ лозимлигини англаб турса-да, ўтирмоққа-да сабри дош бермай. Аммо Ботур фикрини тугатмоққа қўймади. — Нималар деяпсиз, Xондода? Бу менинг ўз юртим. Мен унинг ҳар тош, ҳар ўнгирини кезиб чиққанман. Бу диёрларга сиғмай ўшал Тангритоғга чиқиб борганбиз. — Уни қаранг, ҳижрат этибми? — деди Тўрам энди унинг кимлигини англай бориб, — Султонмурод деганлари Сизми ҳали? — Мен-да, Xондода. У ёғини сўрасангиз, — деб қулоғига шивирлади, — шу тошканлик Абдураҳим эшон поччанинг ўғиллариман. Эшитган чиқарсиз балки. — Қайси, Сибирга сургун этилганларданми? — дея олди у. — Ҳа, — деди Ботур бўғзига келган сўзларни қулт ютиб, сўнг деди, — диёрига сиғмаган кишиларнинг болаларимиз. — Ўтиринг, Ботур. Улуғ одамларнинг фарзанди экансиз. Тик туриб сўрашмоқ ярашмайди бизга, — деди Тўрам ва қайтиб ўз ўринларига чўкдилар. — Тақдирларини билолдингизми? — деди хийла ўзларига келишгач. — Қаерда!— деди Ботур хўрсиниб.— Ўша Сибирдан ҳам, Туманли юртдан ҳам изларини тополмадим. — Излаб бориб-а? — Тўрам ҳайратдан Ботурнинг юзларига суйиб тикилди: қани, ҳамма ҳам шундоқ фарзанд ўстира олса! Ботур очиғини айтишга қисиниб хижолатланди: — Падар бўлгач, изларкансиз. — Тушунарли-тушунарли, ҳижратингиз боиси ҳам,— деб қўйиб, уларнинг танишувларига турсалар туриб, ўтирсалар ўтириб жим қолган меҳмонларга юзланди.— Жилла қурса, Сизлар олишиб ўтирингиз, йўл босиб келгансиз, ахир. — Xўп, Xондода, хўп, — деб улар пиёлаларга чой қуймоққа бошладилар. Кейин узатишди. Тўрам пиёладаги чойни айлантирганча ўзига келмоққа уринаркан, буларнинг режасига беш кетиб-кетиб қўярди: — Демак, ёлғиз эмассизлар? У ёқда... шерикларингиз ҳам бор? — Бор, бор. Отларни тахт этиб туришибди. Бу ердан чиқиб борсагоқ... — деди Ботур бояги шаҳдамлиги қайтиб. — Ҳали отлиқма-яёв довон ошиб келган жойингизми? Шундан шу ёққа-я? — Бизнинг учоғимиз бўлмаса ҳам, учар отларимиз бор! Ишонаверинг! — Сулаймон пайғамбар замонларидагидек-а?! — Шундай-шундай! Уларга икки дунё бир қадам! — Бу ёғи-чи? — деди қария ичида қайнай бошлаган ўтни босиб-босолмай, — бу ердан қандай чиқиб кетмоқчисизлар? — Ундан осони йўқ, Xондода, — деди Ботур ҳалидан бери қараб қўймоқда бўлган қора соқолли шеригига химо қилиб, — танишиб қўясиз, бу акахонимиз сизнинг ўрнингизга ўриндошликка келганлар. Адаш дейсизми, қўшоқ дейсизми, ўзиз биласиз. Xуллас, эгизингизни топиб келганмиз. Кўрасизми? — Қандай?! — деди Тўрам уларнинг ниятларини элас-елас англаётгандек. — Марҳамат, — деди Ботур ёлғиз ўзлари тушунадиган бир имо билан . Меҳмон ярим илжайиб, ярим ийманиб юзидан ниқоб соқолини олиб эди... рўбарасида жуссасию юзи қуйиб қўйгандек ўзига ўхшаш хос табиби пайдо бўлиб, ҳайрон қолди. — Ие, «Ҳозиқ тўрам»?! Xуш келгайсиз!— дея олдию қучоқ очиб кўриша кетдилар. Илгариги замоннинг подшолари ана шундай қиёфадош одам асраганликларини, қай бири хон, қай бири соя — ажратолмасликларини эшитган эди. Булар ҳам шунақасини қидириб, ўзининг хос табибини ола келишибдими?.. — Демак, алмаштириб кетасиз? — деди ниҳоят ниятларини фаҳмлаб. — Қалай, арзийдими? — деди Ботур ўз режасининг пишиқлигига қилча шубҳаланмай. — Сохтасини қолдириб, чинини ола кетасиз. Шундайми? — деди Тўрам. — Шундай. Улар бизни чув туширишганда биз туширолмаймизми?! Қалай, ярайдими? — Ярайди, ярайди, лекин.. — деганча кўзлари чинакам намланиб келиб, овози ўзгарганча... нимага чал-ғишини билмай ўрнидан тура бошлади Тўрам. Кейин туриб, негадир эшик томон юраркан, ичини ўртаб ётган сўзни айтолмай, қўли ила юринг дегандек Ботурни имлади. Ботур ҳам Тўрамнинг афт-ангоридан нима гаплигини сал англагандек бўлди-ю, ноилож эргашди. Улар пешайвонга чиқиб, ётоққами, хосхонагами олиб боргувчи йўлакка бурилдилар. Шу бир неча дақиқа ичида неча ўн йилга қариб кетган Тўрам олдинда мункиллаган чолдек борару лаблари шивирлаб, тилидан бир дуони қўймас, Аллоҳим, ўзингга сиғиниб, ўзингга таваккул этдим, ўзинг уялтирма, деб топингандан топинар эди. Нега? Бу ҳам ёлғиз ўзигаю Аллоҳга аён эди. Улар йўлак адоғига етиб тўхтадилар. Тўрам эшикни қия очиб, Ботурга ўгирилди: — Мен кимманки, бунчалик жонни гаровга қўйиб келибсиз, — деди титроқ бир товушда. — Мен ўзим...— дедию у ёғини айтолмай ютинди ва кўзини олиб қо-чиб, — сизга чини керакми? Ана, ўзлари, ўшал зот, — дея олди. Тўрам четланиб, Ботур бир қадам олдинга босдию хосхонада жойнамоз устида тасбеҳ ўгириб ўтирган ажаб нуроний Тўрамни кўриб, ҳайратда ёқа ушлади. Уларнинг қай бири ҳақиқий, қай бири қўшоқ — ажратиб бўлмасди. Фақат бунинг кўзлари ёшлими деса, уники-да, намлига ўхшар, ўхшайверар эди. * * * Улар кўзда ёш ила хайрлашар эканлар: — Бир оғиз... бир нима сўрасам, майлими, Xондода? — деди Ботур. Тўрам, сўранг, дегандай бош силкидилар. — Энди, тангритоғли биз етимларга не маслаҳат бергайсиз, устоз? — дея олди у. — «Иннамал аъмалу биннияти». Ниятни пок қилаверинг. «Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир». Балким, Форобий домланинг васиятларига қараб боқарсиз. Ўшал зотдан бирон жўяли фикр чиқса, мумкиндир...— дедилар Тўрам тақсир. Улар қайта кўриштирмоқни Аллоҳдан сўраб, қучоқлашиб хайрлашмоққа бошладилар. Ташқарида шом тушиб келмоқда эди. Хешлар Кимни Излайдилар? (яна мақсуднинг ўзигагина маълум қиссадан) «Тўра бувамнинг илтимослари шундай бўлди...» Бу мужда менга жиндек таскин берган бўлса-да, туриб-туриб яна юрагимга ғашлик ўрмалаб кира бошларди: «Тавба, бизникидан ҳам бехавотирроқ жой бораканми? Умуман, уни кимдан яширишяпти? Нега яширишяпти? Бу мусибатзадаларнинг боши устида яна қандай абри балолар айланиб қолибдики, Тўра бува аралашмасалар? Анави кемшиктойнинг йўқолиши ҳам бежизмасми? Уни бунга адаштиришганми ё буни унга?...» Ишқилиб, калаванинг учини топа олмасдим. Анув Зоҳидхон деганимиз бозор-ўчар қилиб, Тарнов томонга чиқиб кетганмиш. Баҳаво жойда битта ошни қилиб, дам олиб келгани кетганми ё бирон танишининг зиёратигами — унисини айтмабди. Шу тобда унга телефон нумеримни бера қолмаганимга пушаймонлар қилдим. Ҳарқалай, Тўра буванинг илтимослари сабабини айтган бўларди-ку, ўзимга. Шунданми, ичимни аллақандай бир тушунуксиз ғашлик кемиргандан-кемириб ишга келсам, эрталабдан кимдир мени сўрабди. — Бир жувон сизни уч қайта сўради-ёв. Яна чақиради экан. — Ким, келинойимми?! — дедим ўтакам чиқиб. Ҳамхонам елка қисди: — Билмасам, айтмади. Жойимга ўтиролмайин ҳам қолдим: бўлак ким бўлса экан? Нима рўй бера қопти? На ишга қўлим боради, на чиқиб кета оламан! Дераза олдида турволганча ҳали ёз келмасданоқ сув отакетган фавворага, унинг тўзонларини гоҳ мағ- рибу гоҳ машриққа тортқилаган еллар ўйинига алаҳсимоққа уринарканман, қўнғироқ овозидан чўчиб тушдим. Устолига мук тушиб, «ҳаводан холва ясаш»га тушиб кетган (биз газетага тушадиган «лаббайка» мақолаларни шундай атаймиз) ҳамхоналаримдан бурун гўшакка ёпишдим: — Алё, эшитаман. Симнинг у ёғида маҳзун хўрсиниқ эшитилди. — Яна менман, ҳалиям келмадиларми? Ўша жувонлигини билиб турибман-у, ҳеч таний олмаяпман, ким бўлуви мумкин — калламга кела қолмайди! — Келдим, келдим, мен — Мақсудман, — дедим ютоқиб. — Вой, ўзингизми? — Аёл дафъатан каловланиб қолди. — Узр, танимабман. — Кечирасиз, кимсиз? — дедим бирон бир танишимга ўхшатолмай. — Мен Асал опангизман. — Э, ҳа, сизми?.. Xоламойим яхшимилар, яхши ўтирибсизларми? — Нечук, заҳар-заққумой мулойим-ҳалим бўлиб, қидириб қолибди? — Xудога шукр, дуои жонингизни қилиб ўтирибмиз, — деди у. Муомаласидан ҳайрон қолиб, сўрашишда давом этдим: — Қалай, дарак борми улардан? У ўзини тутолмай ютинди: — Ўша... ўзиз билган хатдан бўлак... ҳеч гап йўқ. Ўтириббиза, эшикка қараб. — Ҳалиям сўраганакансиз, — дедим. Айтавуринг, нима гап, дейишга тилим бормай. — Ҳа, — деди у ийманиб, — Ойим сўраб эслари кетяпти. Бир кеб кетасизми? — Тинчликми? — Тинчлик. Сўрайдилар-қўядилар, сўрайдилар қўя-дилар, — деди у ойиси Ойтўра бувига куйинган каби. — Ўзизга гаплари бор шекилли. Вақт тополсангиз-да. Унинг бу тарз куйингани (қаранг, ўша Асал ҳам куйинади экан!) менга хуш ёқиб, эрий бошлаган эдим. — У киши сўраган бўлсалар, ҳозироқ етиб бораман, — дедим. — Раҳмат, кутовуз, — деб у гаплашгични қўйди. Тавба, кўҳлик юзидан чак-чак заҳар томиб, бир ўрим сочи орқасида илондай тўлғонган Асал қаёқдаю бу Асал қаёқда эди. Кейинги воқеалар уни шунчалик мулойим-юввош қилиб қўйган бўлса-да, негадир кўз олдимдан кўчалари адоғидаги анув куйиб-қорайиб тушган ёлғиз қора дарахт кетмасди. Қаранг-а, ўша Заққумой ҳам мулойим тортишни биларкан-а... Борсам, Калковузнинг сувлари ҳийла тиниқ тортиб, зилолланиб қопти-ю, асовлиги ўша-ўша. Қирғоқдаги қатор толлар тагига шалоп-шулуп бош уриб келиб, қора илдизларини ўпиб, патак илдизларини ўйнаб, нафис-нафис тараб ётибди. Сувнинг бу эркалашидан толлар ҳам гуркираб, яшнаб кетганлар. Новдалари бир ажойиб чайқалиб, сулув-сулув тебранадилар. Уларга осилиб ҳалинчак учган-учаётган еллар ҳам шу Калковуз меҳмонига айланганлар. Ҳатто «ёшини яшаб, ошини ошаб бўлган» пахса девор устида униб, гулини тўкиб, уруғ боғлаб улгурган қизғалдоқ бир чиройлув чайқалади. Фақат анув қора дарахтгина қарғиш ургандек, ўша-ўша сўппайиб турибди. Сулаймон пайғамбарнинг қурт еб адо қилган асосидек бир кун ўзи чириб тушмаса, унгача шу туриши туриш, қайта кўклаши даргумон. Остонаси тагига катта харсангтош ётқизилган (у чиқиладиган ўзига хос зина ҳам эди) якка тавақали эшикдан кириб боравердим. Юқоридаги болохонали уйнинг ҳовлисигача чўзилиб борган ишкомлар худди Каттабоғнинг ишкомларидек тагига бир ажойиб олачалпоқ соялар ташлаб, яшнаб ётар, гулини тўка бошлаган узум бошлари кўк марварид шодаларидек ток барглари орасидан мўралар эдилар. Ишком ичидан узум гулининг ислари гуркираб келар ва биз ичларида шаббохун уриб катта бўлган боғларимизни ёдга солар эди. Фарқи, бу ишкомлар ичи тизза бўйи ўт эмас, балки йўл эди. Шу йўлакдан тепа ҳовлига чиқиб борилар эди. Мен ўзим кириб бораверишга ҳаддим сиғмай, ҳар эҳтимолга қарши овоз бердим: — Чаман ака! Ҳов, Ёдгормурод!.. Улар йўқлигини жуда яхши биламан. Чаман акам қайцаёқ қидириб топар эди. Ёдгорни эса қаердалигини айтиб ҳам беролмайман. Менга ҳам ишонмай, қаёққадир олдириб кетишибди. Тўрамнинг гаплари билан. Шундай бўлса-да, уларнинг отларини атаб чақирар эдим. Юқоридаги сўриток тагида кимнингдир қораси кўриниб, ҳеч қанча ўтмай Асал опанинг ўзи ишком бошига чиқиб келди. У уйлик одми кўйлак кийиб, бошига рўмол ўраб олган, булар унга ярашиб, андиша-иболи аёллар нусхини берворган эди. Илгариги чарс аёлдан нишон ҳам кўринмасди. У мени таниб, шошиб қолди: — Вой, сизми, кириб келавурмайсизми? Бу ёқда биз эшик тиқ эца, термулиб ўтирибмиз-ку, — деб рўмолини тўғрилаб, ўзи Ойтўра кампирнинг уйи томон юраверди. Бораётиб, «Келишибди, ойи», деб овоз бериб ҳам қўйди. Мени эса кўзим Ёдгорлар турадиган (ҳозир ойнасига оқ мато тутуғлик) болохонага тушиб, илгаригидек бир сир босиб кела бошлаган эди. Бу хонадоннинг шунақа бировга айтиб бўлмас сирлари бор. Айниқса, шу болохонага чиқаверишдаги анув оқ-оппоқ кампирнинг даҳлизида, ўша зинада, тағин болохонасида. Бу сирнинг домига бир тушдингизми, чиқа олмайсиз ҳам, қутула олмайсиз ҳам менга ўхшаб... — Ассалому алайкум, холамойи, — мен остона ҳатлаб, қўлим кўксимда, каравотларида ўша-ўша, оқ-оппоқ бўлиб, муштдек бўлиб ўтирган кампирга елкамни тутиб бордим. У киши ҳам оқ донасидаги қора хол-холли ёзувлари едирилиб кетаёзган тасбеҳларини қўйиб, кифтимга қоқиб кўришарканлар, момиқдан момиқ қўлларидан бир олам ҳузур топиб, эриб борардим, сўраб-исташларига «раҳмат-раҳмат, юришибди, ўтиришибди»дан нарига ўтолмасдим. — Бизнинг тойчоғимиз-чи, ичикиб қолмадими? Кетамизга тушиб, қийнаб қўймадими сизни? Опкелавурмабсиз-да?... — дердилар камига. Мен қандай айта оларканман, тушунтира оларканман у Ёдгортой билан боғлиқ воқеаларни, Зоҳидхон келиб олиб кетганини? Оллоҳ ўзи кечирсин. «Тузук-тузук, юрибди»дан нари ўтолмасдим. Ниҳоят, ҳали ҳам кўмилмаган сандал ёнига чўка қолдим. Асал опа қозиқдан олган дастурхонни хилвиратиб ёзиб, буви дуога қўл очдилар. — Илоҳо, овмин, шу қутли қадамлариз билан биз соғинган кишиларни ҳам ўзи етказа қолсин. У ёқдан Чаманимизнию бу ёқдан Саритойимиз, Ёдгормуродимизни, унинг дард кўриб рўшнолик кўрмаган аягинасини... Мен яна ёлғонлашга мажбур бўлмайин-да, деб ич-етимни еб, дуога қўл очиб турибман-у, бувининг бетларига қарай олмаяпман. Аммо ич-ичимдан «Илоҳим, фаришталар ҳам омин деган бўлсинлар, Ойтўра бувининг дуолари мустажоб бўла қолсин. Ўша жабрдийдаю ситамзадалар қайтиб, буларнинг ҳам бағри тўла қолсин», деб таваллолар қилардим. Ниҳоят, юзга фотиҳа тортилиб, тахмондаги қутидан бежоғлиқ талинкалар олина бошланди. Мен «кераги йўқ-кераги йўқ» деганим билан қутидан каллак қанду майиз-ёнғоқлар чиқиб, шаҳарнинг энди расм бўлган чуррак нони ушатилди. Устида дамланган чойи билан потирлаб қайнаб турган митти самовар олиб кирилиб жойини топди-ю, мўъжаз хонага файз ҳам кира қолди. Асал опа лайлакоёққа ўхшаш бир ажойиб нозик гулли бир вақтларги чинакам чинни пиёлаларга аввал чойнакдан, сўнг самовардан бураб, чой қуяркан ва келинлардек назокат-ла уза- таркан, мени хаёл опқочиб-опқочиб кетар эди: Қаранг-а, бир уйни яшнатиб ўтирадиган бинойи аёл экан-ку... Саритойи йўқолмасдан бурунги заҳар-заққу- мойни кўрингу ҳозир ўтиришини кўринг, дердим ичимда. Беихтиёр Нусрат поччанинг гаплари айланиб-айланиб ёдимга тушиб кетар эди. У киши: — Оллоҳга осон. Инсоф бераман деса, ҳар қандоғини ўнглаб қўядики, қалби қандай мойил бўп қолганини ўзи сезмай қолади, — дейишни яхши кўрар эдилар. Шунга ўхшаб, бу ҳам Оллоҳнинг ишларимикан? Нон ушатилиб, пиёла бир айланди. Мулозаматлар давом этар, уй эгалари мақсадга кўчишдан истиҳола этиб, сир беришмас эди. Ниҳоят, оёқларини узатганча бизга ёнламасига ўтирган Ойтўра буви: — Узр, биз сизни чақиртириб, безовта этдук, айбга буюрмайсиз, — дедилар минг бир истиҳола ила. — Безовтаси борми? Xабар олиш биздан лозим, — деб мен ҳам маъзурландим. Ичимда эса, нима гаплари боракан, деб интиқиб ётибман. — Айтмоқчи, — Ойтўра буви қизларига ўгирилиб қарадилар, — бугун муҳаррамнинг нечанчиси? Асал опа бармоқларини букиб санай туриб адашиб кетди, яна қайта санаб, жавоб қилди: — Йигирма тўрти экан, ойижон. Нимага кун санашяпти — ҳеч ақлим ета қолмасди. — Шунақами? — дедилар буви хаёлланиб. — У ёғи Зулҳижжадан бир ҳафта қўшилса... ўн кун ҳам қолмабди-ку, айтган муддатига, — дедилар ичлари аллақандай сидирилиб. Камига — она-бола бир-бирларига ғалати қараб олишди ҳам. — Ниманинг муддати, холамойи? — дедим ичим тоша бошлаб. Буви ўша йиғилмас оёқларини оқ чойшаб устидан ҳардамхаёл силар эканлар, бир алпоз тин олдилар: — Чаманнинг-да, мирзо болам, адо қилди-ку бу юришлари билан.— Шу тоб ичларидан ўрлаб чиқдими ё самовар ичидан тушган чўғ чайиндида вишиллаб ўчдими — хонада бир тур дуд анқиб ўтди. У оловда куя бошлаган жигарга ҳам, сувга тушган чўғ ҳидига ҳам ўхшаб кетар эди. — Ўшани дардида кун санаб ўтирибмиз-да, биз-муштипарлар... — Қачон келишлари керак эди? — дедим мен ҳам ичим сидирилиб. — Айтиб кетгандирлар, ахир? — Айтган, мирзо болам, айтган, — дедилар буви, у ёғига кўча олмай. — Айтган бўлсалар — келиб қоладилар. Биласиз-ку, Чаман акамни! Сўзларининг устидан чиқмай қолмаганлар. — Чиқмай қолмаган, тўғри, — деб тасдиқладилар буви, лекин чиройлари очила қолмас, ниманидир айтолмай ўтирардилар. — Қаёққа кетганлар ўзи? — дедим, зора айтган бўлсалар, деб. — Ҳов-в, Чаман бўладию айтадими, — дедилар буви бир чуқур хўрсиниб. Асал опа эса бир мўмин тортиб-бир мўмин тортиб, бош силкиб ўтирибди. Пиёла-сочиқ ҳалиям қўлидан тушгани йўқ: ёзиб-тахлайди, тахлаб-ёзади. — Сизларга айтмаса, кимга айтади? — Шу идорага кирибдики, шундай: айтмай кетади. Қоидаси шундайми? — Ахир ушланиб қолиши бор, бу ёқда зарур бўп қолишлари бор. — Бизам неча қайталаб айтганмиз, — деб гап қўшди Асал опа, — уйлансаям сил қиларди келинни. У энди илгариги Асал опага ўхшаб-ўхшаб кетаётган эди. — Йўғ-е,— дедим мен Чаман акамнинг ёнини олиб. Ойтўра буви (билмабман, кўнгиллари бўшашиб ўтирган экан), рўмолча излаб, қизаринқираган мижжаларига енгларини босдилар. Асал опа туриб киртокчадан рўмолчами — нима олиб келиб берди. — Мани ўтиришим — бундоқ, унинг юриши — ундоқ. Нимаям қилайлик, ёзуғи шундоқ экан, — дедилар буви кўзлари яна ёшланиб кела бошлаб. — Билмадим, шунинг бошини иккита қилиб қўя қолсак, қутулармидик шу мажҳул юришларидан. — Айтиб кетиптилар-ку, — дедим гап сиғмаса ҳам. — Айтганиям бор бўлсин, ҳамма гап шунда-да. Мен қолган чойимни ҳўплаб, ҳайрон қарадим: — Тушунмадим... Ойтўра буви ҳижолатланиб, юзимга бир қараб олдилар: — Келавурмасам... кун санайсиз деб эди. Фаришталар овмин деган экан, айтганидай бўлди. — Қандай-қандай?.. Буви айтишга қийналаётганларини кўриб, Асал опа энгашиб қулоғимга шивирлади: — Ҳали айтдим-ку, ўша — омонат гап. Ҳамма нарсани куцам ҳам, буни кутмаган эдим. Xушим учди: — Менга тегишлими? — Ҳа, мирзо болам, қирқ кундаям дарагим бўлмаса, Мақсудни чақиртирасизлар, деб эди. — Йўғ-е?!— менинг ич-етим бўшашиб тушган эди. Ойтўра буви бош тўлғадилар: — Майли, ҳалиям бўлса, айтмай тура қолай. Ирим қилдим, майлими, мирзо болам? — у киши илтижо-ла тикилдилар,— узр, олдиндан чақирганувзага. — Унгача балки ўзи ҳам келиб қолар, — деди Асал опа. Мен эсам, миям карахт тортиб, каллаварам одамга ўхшаб қолганманми, эпақали бир фикрга келолмасдим. Кошки билмасам, қаёққа кетганини! Лекин буларга айтиб бўладими! «Ҳов, Тибетдами, Тангритоғ деган мамлакатдами — қиёматли ошнаси бор. Менинг акам! Қанчадан бери — на хат, на хабари бор. Ўшанинг дараги чиқиб, (қандай аниқлаган — ёлғиз ўзи билади!) жўнаб кетган!» деб. Айтиб бўлармиди кампирнинг ўтакасини ёриб?!. Барибир бояги гап ҳеч миямдан кетмаяпти: қирқ кунгача келмаса, мен нима қилишим керак экан? Бу нима дегани? Жуда ғалати-ку?.. — Ундан кўра, Сиз, мирзо болам, анави остонамизга танда қўйволганларни билиб беринг. Айтгин, Асал, — дедилар буви биз томон ярим ўгирилиб. Қизи у кишига чой қуйиб узатаркан, бош силкиди: — Xўп, ойижон, хўп. — Ким... танда қўяркан? — Бир ижроқўмданмиз, деб келади, бир идорадан, деб... Ижикилаб бир нималарни сўрагани сўраган, — деб тушунтирган бўлди Асал опа. Бир нарсани тушунсам, ўлсин агар: — Нимани сўрайди? Асал опа елка учириб, лабини бурди: (Ана, шунда у ўзим билган Асал опага ўхшаб кетдию, яна мулойим қиёфасига қайтди) — Билмасам. Ҳали дўмавойни титкилайди, ҳали ўзидаги рўйхатни. Яширманг, яна кимлар туради, деб тергайди. — Болохонага чиқмадими, ишқилиб? — дедим ичим тўкилиб кела бошлаб. — Қаёқда! Қўймадим! — деди у қошлари чимирилиб-тушиб. «Бормисиз! — Мен ич-ичимдан уни ёқтириб қола бошлаган эдим. — Яхшиям сизга рўбарў бўпти». — Киролмабдими, қўрқадиган жойи йўқ, — дедим дадилланиб. — Бу ёғини ўзимга қўйиб берасиз: ишхонадан битта қўнғироқ қилсам, нафаслари ўчиб кетади. Ойтўра буви азза-базза дуо қилишга тушдилар: — Вой, баракагина топинг, мирзо болам. Яхшиям чақирганимиз. Чаманни йўқлигини билинтирмай туринг. Шуни айтадилар-да, ҳар хонадоннинг эркаги бўл-син-у, Аллоҳ паноҳида асрасин, деб. — Бўлди, ўзим тез-тез келиб тураман. Кейин... тортинмай қўнғироқ қилаверинг, чақираверинглар, — деб ваъдани қалаштириб, уларга таскин берарканман, кўнглимнинг бир чеккасида «У суриштириб келаётганлар ким ўзи? Кимни қидирадилар? Ёдгорними, кеннойимними?» деган иштибоҳ ғимирлаб-ғимирлаб қўяр, буни мана бу муштипарларга билдирмай қўяқолай, деб уни ичимга ютганим-ютган эди. Қолаверса, Чаман акам нима деб тайинлабди экан? Ҳеч тагига етолмай ўтирибман. Буви қирқ кун бўлмабди ҳали, деб ирим қилдилар. Шундан кейин қандай сўрай оласан?! Гаплар ҳам поёнига етиб қолгандек эди, мен туришга ҳозирлана бошлаб, яна бир таскин бергим келди. — У сўраб келгувчилардан жудаям қўрқманг. Назаримда, улар хешларини излашадир, — дедим. — Кимлар?— дедилар Ойтўра буви хушёр тортиб. — Ахир, Ёдгорнинг Тангритоғда қолган хешлари бор-ку. Ўшалар излаётган бўлишса керак-да нуридийдаларини... Ойтўра буви ўтирган жойларида бир ерга етиб, ҳамду санога тушдилар: — Оллоҳ-Оллоҳ! Ҳали шундоқ эдими! Чиндан Ўзининг карами чексиз, поёнсиз. Тўғри айтасиз, хешлари қараб туришармиди. Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи, субҳаналлоҳил аъзийм. Ўзинг мушкулларини осон этгил,— деб дуо қилганча қиблага юзландилар. Ё Мусаввири олам! Менинг кўз олдимда эса, Ойтўра бувининг юзларидек ёруғ бир нур туриб олган, қаёққа қарасам ўша ёққа кўчар, сув тубида ётган ёмбидай живирлаб кўзимни қамаштиргани-қамаштирган эди. Гоҳ сап-сариқ хандалакка айланади-қолади, гоҳ бир ўрам сариқ ипак тўпига. Баъзан эса, гўё юлдузлар туркумидай живирлашга тушиб берадию ўз пошшосига эргашган асаларилар тўдасидек ғужғон ўйнай бошлайди. Нима экан, ҳеч билолмайман. Бу ҳолдан азбаройи тўлқинланиб бошимни кўтарсам, денг, ўша нур кўчиб бориб, Ойтўра бувининг бош томонларидаги анави жилдга қўндию мени ҳайратга солиб, унга сингди-кетди, тавба. Кўз олдимда жигарранг чийдухобадан тикилган жилду унинг ичидан бир энликкина чиқиб турган эски-қадим қитобгина қолди, холос. Унинг ёнида ўша девор қозиққа осиғлиқ бошқа бир — най бўлиб найга, сурнай бўлиб сурнайга ўхшамаган, лекин қадим бир матодан тикилган жилдга осиғлиқ нарса турибди. Мен уни ҳар гал бу хонадоннинг авлоддан-авлодга ўтиб келаётган шажара қоғози бўлса керак, деб тахмин қиламан-у, бувидан сўрашга журъат эта олмайман. Бу гал ҳам тилим бормади. Мавриди эмасди. Фақат жиғиллаши гоҳ сусайиб-ўчиб, гоҳ яна қайтадан жонланаётган самовар ёнидаги Асал опа Саритойини ўйлаб кетганми, ўксиғини ичига ютиб, жимгина йиғлаб ўтирар, ора-чира ҳиқиллаб қўймаса, кўнгилни эзадиган нарса йўқдек эди гўё... Ҳижрон Шевасидаги Маҳфуз Xатлар Дунёда бировнинг бировга аталган хатидан ға- ройиброқ нарса йўқ. Яна улар айрилиқдаги келин-куёвларга тегишли бўлса! Бу эса, устига-устак бошқа имлода эди. Фақат бировгагина ўқитиб, нималигини билиш мумкин. Қолаверса, бировнинг хатини эгасидан бир оғиз сўрамай бировга ўқитиш мумкинми? Ҳар қанча ғаройиб бўлган-да ҳам (асли акам ҳақида бирон мужда чиқиб қолармикан, деб ичим қуриб ётибди!) бу мумкин эмасдек эди. Аввало бировники! Устига-устак омонат. Кенно-йим эшица нима дейди? Поччага олиб боргим келмади. Ия, Мақсудхўжа, кеннойингни дараги чиқибам бизга индамабсан-да, десалар нима деган одам бўламан! Ундан кўра, ўзига қайтариб бераман. Нима қилса қилсин. Xоҳласа асраб қўйсин, хоҳламаса, йиртиб ташласин. Нималар кечгани бир умр қоронғи қолсин! Муҳими, у акамни кут-япти-ку. Оз эмас, кўп эмас — неча йиллардан бери, бировларнинг эшигида сарсон-саргардонликда юриб ҳам, Оллоҳ юборган дардларни бир эҳсондек кутиб, чидаб келяпти-ку. Шунча сабр-бардошни қаердан топди экан? Чивиндек жони, аёл бошига? Сабил экан-ей тағин ҳам жони... Ишқилиб, акам омон бўлсин, буларнинг бахтига, шунча кутганига. Ахир, Чаман акам топгандир-ку? Қайтиб ҳам қолар-ку... Шундай маҳзун хаёллар билан уйга кириб борсам, ойим отин ойиларидан ёдгор қолган қалин қизил гилам устида (кўрпачадан тушволиб) чордона қуриб, энкайиб ўтирибдилар. Ҳадеб тиззаларидаги кафтларининг орқасини силайдилар. Гоҳ унисини, гоҳ бунисини. Эшиклари қия очиқ, қуруқ якандоз ёпилган сандал ортида (мен ўзини кўрмаётирман) кимдир нимадир ўқияпти. Ойим тоза қулоқ осганлар. Мен келганимни сезмаганлари сезмаган, ора-чира бурунларини бир ғалати тортиб ҳам қўяяптилар. Xудди ўксилари босиб-босиб келаётган каби. Зинада оёғимдагини ечаётиб қулоқ солсам, таниш овоз, ўқияпган келиниз!.. У ўқирди: «... ҳомилам кун саюн билинуб бораду. Мен бояқишгина уни ичдан сириб ҳам, устимдан халату камзуллар кийиб ҳам яширолмасдум. Яшургандай бўла- ман-у, яна ҳамма менга қараётгандек... бу бахтиқаро қорнидагину қайдан топду, қаердан бўюда бўла қолду, деяётгандек. Тушунинг, бош кўтаролмаютирман. Айтурга тилим йўқ. Биров сизга уй берур, жой берур-да, яна маломатларга қолурму? Менинг кичигоюм, сизнинг холамойингиз — у фариштадайин зотлар шундаюн маломатларга қолсунларму...» Мен ниманидир англаётгандекман-у, тагига етолмаётирман. Нима бўлса экан? Ким бўлса экан? Наҳотки шундай сирларни бировга очиш мумкин, ёзиш мумкин? Бир қадам босиб, айвонга чиқдим. Саиданинг нигоҳи менга тушиб: — Вой, булар кептилар-ку! — деб сакраб тураётиб негадир лоладай қизариб кетди. Қўлидаги... унниқиб кетган дафтарни қаерга яширарини билмай гарангсиди. Танидим! У ўша эски уйимизда қолиб кетган дафтарларга ўхшаб кетар эди. Наҳот ўша омонат хатлар?! Қаердан ола қолибди? Қолаверса, хотиним у эски имлодаги нарсани қандай ўқияпти? — Нимага сўрамасдан... олдиз? — Кечирасиз, — Саида ер чизиб қолди. Қимтилган лаблари қонталашиб борарди. Менинг «бемаврид тергашим»дан ойим аста бошларини кўтариб, елкалари оша қараб қўйдилар. Ўзлари ўша-ўша гилам устида чордона қуриб ўтирар, фақат кафтлари орқасини сийпашдан тўхтаган эдилар. — Ҳа, Мақсудхўжам? Мен айтиб эдим, — дедилар. Мен салом бериб, кириб боравердим. У киши алик олиб, тузукроқ ўгирилдилар: — Шошма. Қаердан топдинг бу нарсаларни? Ё боя-қишгинанинг дарагини топиб ҳам миқ этмай юрибсанми? Анув кунги болакайни ҳам... ким деб тушунтириб эдинг? Ўзим кириб, ўзим мулзам бўлиб қолдим! Ростига кўчмай бўлмасди: — Эски уйдан, ойи. Токча орасида экан. — Бир оғиз индамадинг-ку? Яширишнинг ҳожати қолмаган эди: — Ойи, у киши илтимос қилиб эдилар. Ўзлари шу шаҳардалар. У кунги болакай ҳам шуларнинг Ёдгори,— дедим тилимнинг тушовлари ечила бориб. — Дард эди! Гўр эди!.. — Ойим бетимга ёмон қараб, юз ўгириб олдилар. — Тилинг бор экан-ку! Айцанг ўлиб қолармидинг?! Миқ этолмай қолдим. Энди кеннойим билан боғлиқ барча гапларни айтиб қутулмасам, қутулолмасдим. — Xоҳласангиз, олиб бораман, ойи. У киши шифохонадалар. Сал тузалиб олсинлар. — Вой, ҳали шифохоналарда ётибдию... бир оғиз айтмадингми? Бирров кўриб келишга ярамадикми? Эс-песинг жойидами, бола? Сени ким айтади газетада ишлайди, кўча кўрган, деб? Вой, Мақсудхўжам тушмагу-ур, ҳалиям болалигинг, дўлворлигинг қолмабди-ку. Мен ер чизиб қолган эдим. Ўтиришимни ҳам, нима деб узр сўрашимни ҳам билмасдим. У киши эса астойдил ҳафа бўлганларидан мендан юз ўгириб олган, қараб ҳам қўймасдилар. Мен ҳатто эланиб, узр сўрашдан ҳам ҳайиқиб турибман. Баттар гап эшитиб олишим мумкин. Негаки, айб ўзимда. Вақтида айтмаганман. Ниҳоят, у киши юзлари ёришмай ўгирилдилар: — Қачон чиқаркан, бояқишгина? — Бир ҳафта-ўн кунларда жавоб тегиб қолар, — дедим шошибгина. — Унгача оборасанми ё тағин уятли бўлиб қолавуровзами? — Обораман-обораман, ойи. Сизни обормай, кимни обораман, — дедим у кишини юмшатишга уриниб. Аммо ойим жаҳлларидан тушадиган кўринмасдилар: — Жа, оборасан! Ман сани ўша ишхонангга туққан эканман-да. Жужур эдим дейсан — кетасан, фалон ёққа дейсан — кетасан. Оқибатниям биласанми? — Ойи, мана юрибман-ку, ўша келинойимнинг ташвиши билан. — Юрганинг шуми? Бир оғиз айтиб қўймай? Сенлар Яхё бўлолмайсан. Шу томонга йўли тушди дегунча кўргани киради. Борса-келса оқибат бўлади-да. Сенлар ўзингдан ортасанми? Мен тиз чўкканимча миқ этмай қолган эдим. Нима деяётган бўлсалар — ҳаммаси тўғри. Биз Яҳё тоғадек бўлолмаймиз. У киши ўн марта келиб кўрганларида биз бир марта боролмаймиз. Кўчиб кетишгач-ку, йилда бир марта борсак борамиз, бўлмаса йўқ. Аслида биз жиянмиз, бориб кўриш биздан лозим, кўзлари ожиз бўлиб ўтириб қолган холамларни кўриб қўйиш, дуоларини олиб қолиш биздан лозим. Қаёқдан ҳам Чаман акамнинг ўша (овоза қилма деган) гапига кириб, ичимга ютдим. Айта қолсам-ку, шу дашномлар йўқ эди. Ойим секин қараб қўйдилар, мен бош кўтармасдим. Буни кўриб юмшадилар. — Бояқишгина, қаерларда жон сақлаган экан? — Ўша хат ташлаб кетган одам — акамнинг жонажон оғайнисиникида, — дедим у ёғини очиб ўтирмай. — Ҳа, барака топсин. Манавини оқибат дейдилар. Шаҳарли бўлсаям, қай кўчаларда санғишиб топган бўлсаям, чин ўртоқ экан акангга. Ёмон кунида яраб-ди, — дедилар астойдил алқашга тушиб. — Кенно-йинг тузалиб чиқиши-ла бизни оборасан. Айтишмасин, булар қанақа оқибациз одамлар экан, деб. Майли, бор, ечиниб чиқа қол. Унгача биз эшитиб туровуз бу ёғини. — Шу ҳижжалашида тонг отадими, — дедим чиқа туриб. Хотиним бир қараб қўйди-ю, индамай қолаверди. Мен эсам, чиқишга чиқдим, ечинишга ечиниб, кийимларимни алмаштирдим, аммо қайтиб чиқишга энсам ёр бермасди. Недурки, дафтарларни сўрамасдан олгани етмай, уни ойимларга ўқиб бериб ўтиргани алам қилаётганди. У ўқимаса, мен шунча дашном эшитармидим?.. Гина, алам бир тараф, лекин ўзим ичим қуриб, китоб варақлаб ўтирибман-у, миямга бирон нарса кир-са — ўлсин агар! Фикри-зикрим ўша ёқда. Ахийри бир маҳал Саида чиқди. Xатни қайнона-келин ўқишиб, тоза йиғлашган шекилли, қовоқлари шишиб кетибди. Лекин шунда ҳам сир бергиси йўқ. — Адаси, мошхўрда солиб қўювдим. Гурунч ташласамоқ пишади. Ё бирон пиёла чой опкелиб турайми? — Эн-дими?! — дедим боягиларнинг аламига ҳам. — Кўрдингиз-ку, ойим нима дедилар, улардан ўтиб...— дея олди. — Яхши, очдан ўлмасман ярим соатга. У дафтарни секин жойига қўйиб, чиқа бошлаб эди, тўхтатдим: — Шошманг... Буни ўқишни қачондан биласиз? — дедим дафтарга ишора этиб. — Мен кимга ўқитаримни билмай юрибман, бу ёқда сиз... У гинаомуз қаради: — Бир оғиз айцангиз экан ўзингиздан ортиб... — Ҳа, энди, ишимни биласан-ку, — деб баланд келдим. У иссиқ жилмайди: — Юрган экансиз-ку, кеннойингизнинг кетида, ишдан ҳам вақт топиб... — Юрибман, — дедим тўғрисига кўчиб. — Бир мусофирнинг кетида юриш — аввало, савоб, қолаверса, у жабрдийдалар кимни қора тортиб келиб, шу кўйга тушибди? — Ҳа, шуни айтинг, тағинам фил эканлар, — деди Саида бўшашиб. — Ҳаммасини ёзибдиларми? — Ҳа, ҳеч кимга ёрилолмай шунга тўккан эканлар. — Ўзимга қачон ўқиб берасиз? — дедим ичим қуриб. — Ҳижжалашимга чидасангиз, — деди у кулиб. ...Мана, ўша эгасини топмаган мактублар. Бир вақт-лар бизнинг Каттабоғдаги эски ҳовлимизда ярим йилгина турган кеннойимнинг сардафтари. Ёлғиз акамга атаб ёзган, унгагина тўккан дарду ҳасратлари. Бу тарих тўла бўлсин учун мен уни сизга у кишидан берухсат бўлса-да, (албатта, кейин бу қисса китоб бўлиб чиққунича изн сўраб қўярман, деб) илинмоқдаман. Жудолуқ Диёруда Қолмиш Кишимизга Тегсун, Илоҳум Менким, ўз жуфту ҳалолунгиз, бир ҳафтагина эркалаб улгурган жамилангиздурман. Майли, бор жонум, оталар юртига, арвоҳлар ёр, руҳлар мададкор бўлсун— Оллоҳнинг паноҳига, изингдан етиб боргайман деган Маҳфузангизман. Йўлларингизга термулуб кўзларум тўрт бўлду. Ўлтурубман: кечалари уйқум ўчиб. Тонг-саҳарларда дуои илтижолар этуб. Тиқ эца, Султониммасму, деб юракларум тошуб-ҳапруқуб. Ой кетудан ой кетмоқда сувдай оқуб, кун кетудан кун ўтмоқда бағрум ёқуб... Аммо Сиз йўқсиз. Ҳатто элчуларингиздан дарак йўқ. Биламан, узоқнинг иши қи-юн. Лекин бир оғуз мужда юбориш шунчалар мушкул эдиму? Ё биздан кеюн сарҳадлар беркулди-қолдуму? Биздай ожиз-нотавонлар ўтуб, сизлардаюн эранларну битталаб тердуларму? (Худо ўзи асрасун). Шуларни ўйласам, мени ҳам Юсуф алайҳиссаломдек бир тубсиз чоҳқудуққа ташлаб кетушгандек, ҳалу беру халоскорум келуб етмайдургондек туюлавераду-туюлавераду. Икки ракъат намоз ўқиб, Оллоҳга дуои илтижолар қилмагунумча ўзумга келолмасман. Сўнг «ҳуваллоҳуллазии»ни ёлғиз сизга атаб ўқугайман, зора нолаи зорумни ижобат этуб, Сизну бало-қазолардан асраб қайтарса, деб. Ёлғуз орзум шу: Оллоҳ бизга-да хотиржамлик ато эцун, падарларумиздек тентиратуб қўймасун. Синасун, имтиҳон эцун — шу Ватандан жудо этмай, сарсон-саргардон этмай синасун. Мен азбаройю кимга ёриларимну, дарду ҳасратларумну тўкаримну билмай, ахийри ўзингизга хатлар битмакка, жўнатмасам-да (ахир қандоқ ҳам жўнатай?! Ўртада сарҳад, қанча тоғ-довонлар ётибду. Мен бояқишгинанинг битикларину ким ҳам Тангритоғга етказгай?) шундай бўлса-да, ҳарна енгил тортарманму, деб ёзмоқни бошладум. Шуни ўзум ихтиёр эттум. Xудо хоҳласа, бир кун келиб ўқирсиз. Менинг азиз жамилам ота юртда шундай кунларга қолганмуди, бир ҳафталик келин боши ила шу кўргуликларга чидаганмуди, деб... ичингузда бир ҳислар уйғонса — шунинг ўзи менга кифоя. Энду ўзумдан сўрасангуз, сарҳаддан омон-есон ўтиб олдук. Оллоҳ отамларну бунданам азиз қилсун, топган маҳрамлари — чин мўмин экан. Еру кўкка ишонмай, пардаи исматдаги ўз қизидай кўруб, олиб ўтду бу ёқларга. Ҳар текширувчию гумонсираганга қалқон бўлуб, паранжию сачвонумни олдирмай-очтирмай. Дадам бу ёққа жўната туриб, қўшган одамлари (Оҳ, қандаюн ҳам одамбилар, одамтанур эканлар!) ўзу чиноқ, ўнг қулоғининг юмшоғи тамом йўқ, устуга устак гаранг бир киши эди. Ўнта гапга битта жавоб бераду. Шунақа ҳокисорки, бировга ёмонлуқ соғинолмайду. Ҳали-ҳозур ўшал қорасоқол — гаранг одамнинг ҳаққига саҳарларда дуолар қиламан. Оллоҳнинг фазлу марҳаматину сўрайман унга. Ўшал одам ўз етум қизидай мени эску-тускуларга ўраб, ёмон кўзлардан асрамаса, икки дунёда ўтолмасканман бу ёқларга. Ойим бояқиш, мену еру кўкка ишонмас оюгинам худди қудалариникуга жўнатган кабу асл келунлик либосларумда, духоба паранжуларда йўлга чиқарган эканлар. У киши ҳовлусига опкируб ҳиндудай қора, эти устухонига ёпишган (лекин кўзлари бирам мулоюм) бир аёлга (хотину бўлса керак) буюрган эду, мену «вой, келинпошша, айланай сиздан», деб ичкаруга бошлаб кетду. Бирпасда киртахларну кўтаруб, сандуқларну очуб, лозим эдиму, кўйлак эдиму, нимчалармиду топиб олдумга қўйди-да, ўзу чиқаётиб: — Машиларни кийволақолинг, ирганманг, айланай, неча кийилган бўлса шунча ювилган,— деди. Кеюн офтобда ўнгуб-ла кетган сидирға паранжу кўтариб кирду. — Машини ёпинуб оласиз, келинпошша. Замон чоп-чоп, ашини кўтараду. Ўзиззикини бир бўхчага тугиб бераман, бемалол кетасиз, — деди. Keyun: «Amakizzi ra’ylariga qaraysiz-da, qattiq-quruq gapursalar koʻnglizga olmaysiz-da. Yura qoling. Ilohim, oy borib, omon yetinglar. Ollohim oʻz panohida asrasin. Borgan yeringizdagilarga duoi salom aytinglar. Nasibamizni qoʻshgan boʻlsa, orqanglardan biz ham borib qolarmiz», dedi. Qanday borishadu yo amaki joy topub, keyin olub ketadurlarmi — tushuna olmasdum. Bu orada ular xayr-xoʻshlashib, ortumizdan irimiga suvlar sepub chiqa boshlashdu. Hindudek qora xotin chinoq eruning yelkalarini silab, yuzuga surtar, ikki gapuning biruda: — Hoy, dadasi, dadajonisi, uzoqib ketmang-a, bizlarni-da olib ketadigan boʻlib keling-a,— deb tayunlar edu. Chinoq amaku menung engul-boshum, paranju-sochvonlarumga qarab: — Ha, bu boshqa gap, qizim, — deb qoʻydu, — hali qaerlardan oʻtmaymiz, kimlarga roʻbaroʻ kelmaymiz. Yetvolayluk — har qancha orzu-havas siz bilan... Uyalublar ketdum: shu tashvishlarnu ilgaruroq oʻylasam, boʻlmasmu ekan? Men yoʻqchilukdan opalaruning eskularinu kiyub katta boʻlyapgan, halutdan paranjuga oʻranvolgan qizaloqqa oʻxshab qolgan edum. Bu juda ajoyib edu, Murod aka. Oʻzumga ham yoqub qolgandu. Chimmat orasida oʻzumnu emin-erkin, osudaroq seza boshlagan edum. Negaki, chimmat orasudan kelaturgan odamnu bilar darajada qarab olish mumkun edu. Ochiqda uyalasan kishu. Hayo ham qoʻymaydu. Chimmat orasida erkinsan. Lekun Siz xayoluzga ham kelturmang. Shariat biz ayollarnung fe’ludan ham olungan, Murod aka. Eslang: ayollaruzga aytung. Koʻzlarinu nomahramdan tiysunlar deyulgan. Gunoh — koʻz zinosiga qarab ketadur... (Biz ayollarga Sizdek yolg‘uz oʻz nikohudagilarga toʻyub-toʻyub tikilmoqqa izn berilmish. Ortumdan yetub kelsangiz manu u baxtga erishtirgaysiz. Bilung, menga Sizdan oʻzgasu kerak emas! Faqat oʻrni kelgani uchungina aytdum.) Shunday qilub, ketduk: oxiriyu poyonu koʻrunmagan, tugamaydurgan yoʻllar bilan — dovon oshub, tog‘ oshub. Qir yoqalab, dasht oralab. Yoʻlda bir martagina kimningdur shaldiroq aravasiga tushubmiz. Ich-etum toʻkilub bitdu, deb oʻyladum. Oyoqlarum orom topganu bilan oʻzum toʻkulub tushganday edum. Hech yerda men — eski-tuskiga, opasuningmu — kimnung paranjusiga oʻranub olgan kimsaga qarab ham qoʻymas edular. Men bir chekkada sig‘indudek mung‘ayib turar, hujjatlarnu amaku koʻrsatub, menu kimi deb tushuntirar — keyun qoʻyub yuborushar edu. Har gal yuzingnu och, deb qolushlarudan zir-zir titrab turaman, Ollohga duo, iltijolar qilaman. Oʻzing mavlomizsan, oʻzing asra, deb yolborib turaman — oʻzu oʻnglaydu. Koʻngluga soladumu, insof beradumu, eng badjahllari-da, bir qarab qoʻyadiru indamaydir. Olloh bor, Murod aka, qoʻllaydurman desa, har qandoq yerda qoʻllaydur. Man-man degan chegarachi-nazoratchularnu koʻzini koʻr etub qoʻyadurganam, esinu og‘diradurganam oʻzu. Oyum oyatal kursiynu oʻqub bor, u sening qoʻrg‘onung deb edular. Oʻsha sabab boʻldimu, ishqilub bu katta shahargacha omon-eson yetub olduk. Ammo yetdumiz deb bevaqt xursand boʻlgan ekanmuz! Esku Joʻvadan biz qidurgan odam allaqachon uyuni sotub, koʻchib ketgan, qayon bosh olub toʻzub ketganuni hech kim bilmasdu. Amaku manu bir uy soyasiga oʻtkazub qoʻyub qaerlarga borub kelmadu — bilaman deydurgan odam topilmasdu. Bu yoqda kun avval asrdan oʻtdu, keyun shomga qarab kettu. Ichumizni it tatalaydur: qaerdan bir boshpana toparkanmuz, deb, tong otdirarkanmuz, deb. Axiyri oʻsha siz qulog‘umga shivirlab aytgan manzil tilimga kela qoldu: — Shu Esku Joʻvada Zarqaynar deb atalmush koʻcha bormush, shu koʻchada Nusrat pochcha demish odam... — dedum amakiga. — Kim? — dedu kaftuni qulog‘uga tutub. Men qaytardum. — Kim aytti? Hojimmi? Bizning tutungan akamizmi? — dedi (shundagina bilibman, bizga tutungan amaku ekanini!) Men aytolmay yer suzib qoldum. — E-ha, kuyovga tegishlimi, unda topsa mumkin, ishonsa mumkin, — dedu. Shunaqqib biz ularnu topub borduk. — Voy, shunaqami? Voy, hoy, Sanobar, suyunchilig‘ni eshit: Sultonmurodingni oldidan kelishibdi! Mozor bosib kelgan mehmonlarga qara, katta uyga joy sol. Voy, hoy, Minovar, samovaringga qara. Oyoqlarining tagiga qoʻy soʻysa arziydirgan kishilar kepqopti, — deb shoshub qolishdu. Toshkannu asl odamlarinu shunda koʻrdum; mehmon desa, jonlarinu qoʻshub bervorishar ekan. Siznu nomingiznu eshitiboq bag‘irlarinu ochub yuborishdu. Yo ular chindan ham shunday halim odamlarmidi, yo Siznu urug‘-aymoqlaruz oʻzu shunaqami — bilolmasdum. Kirduk. Qoʻyarda-qoʻymay boshimdan paranjuyu soch-vonumni oldirishdiyu... qotib-la qolishdu. Na siz kimsiz, deb soʻray olishadu, na qaerdansuz deya olishadu. Tikilub qolishibdu. Axiyru xolangizlarga (uyat boʻlsa-da) oʻzimnu tanutdum: — Men... oʻshoqlu kelinizman, Mahfuzaman, — deya oldum. — Voy, kelinizman degan shirindan-shakar tilizdan, oʻzim aylanay, qani, boshqatdan koʻrishib qoʻyaylik,— deb yuzlarudan nur yog‘ilub quchoq ocharkanlar, tepchuk qog‘ozlar hidimu, doʻppu ipaklaruning ifor hidlarimu gurkirab borardu. Axiyru katta qizlaruga: — Hoy, Sanobar, sanduqni och, koʻrmanaga bir kiyim ipakli ol, chop, — dedular. — Voy, qoʻyung, xolamoyu, nima deyapsiz? — deyman nuqul. U yoqda esa, xolamoyuning qizlari eslaru og‘ub bir-birlariga shivirlashadu: — Voy, anuvning oʻzi-ku, quyib bichganmi, bichib quyganmi, Marg‘u-ku, — deyishadu. Marg‘usi kim ekan, oʻsha siz ham menu unga adashtirgan kelinmu — bilolmayman. Axiyru ikki kiyimluk ipakli, biri qarg‘ashoyi atlas, biri sariq atlas koʻtarib chiqib, irimiga boshumga qoʻyishdi. Muborak boʻlsun qilishdi. Men ham boshumga roʻmolumni kelunlardek solib, uning ikki chetudan tutgancha (Siz oʻsha kecha tushuntirgandek) toshkanchasuga kelunsalom qildum. Avval jondan aziz xolangizga, keyin Sanobaru Minavar opalarga. — Koʻ-oʻp yashang, qoʻsha qaring, — deb duo qilishdi. Bilsanguz, mendan baxtli odam yoʻq edu oʻsha topda, Murod aka. Keyin boshqa uyga opkirib, boʻxchamni yechdirishub, uydan chiqqanumdagi kiyimlarumnu kiydirub chiqishdu-da, pochcha bilan chinoq amakuning olduga salomga olub kirishdu. Bir uyaldum, bir uyaldum. Hech qachon bunchaluk holga tushmagandum. U shunaqa shirin ham totlu desammu, uyatlu ham, keraklu desammu, bir yumush edu. Undan keyin odam oʻzuni qushday yengil his etardu. — Koʻp yashang, kelinposhsha, tup qoʻyib, palak yozinglar, koʻrkam-koʻrkam farzandlar koʻringlar. Olloh yomon koʻzlardan oʻzi panohida asrasin, ilohim, — deb duo qildular tez hansurab qoladurgan pochchangiz. Keyin qoʻyunlaridan katmonlarini olib, nechtadur qizil oʻn soʻmlik uzatdilar Sanobar opaga. — Bu mashriqli kelinimizga mendan yodgorluk boʻlsun, bitta tilla soat olib bergaysizlar, udum shunday — qutli uydan hadya. Men boshum gir-gir aylanub, zoʻrg‘a chiqub ketdum. Ularga choy quyub uzatishni-da, unutibman. Eslasam, halu-halu yonoqlarum lov-lov yonadur. Shunday qilub, oʻshal — Siz bir muddat umrguzaronluk qilgan koʻp qadum xonadonga (yoʻlkalariyu kovshandozlari musulmon g‘ishtdan terib ishlangan, vassajuftli keng-keng, taxmon tomonlaruda yozning ne’-matlaru — behulardan tortub noklarga qadar, uzumlardan tortub chilonjiyda shoxchalariga qadar osilgan dor yog‘ochlari bor) uylarga kelub qoldum. Mahram amakum meni ularga ishonub qoldirub ketdular. Qaytub kettimu yo xeshlarinu izlab kettimu, bilolmadum. Bir oychamu, qishga qadarlu shu xolamoyingiznikuda qoldum. Men oʻshal sizga jondan aziz kishularnikuda umrbod Siznu kutushga rozu edum. Lekin bir kun... qoʻrqqanum qoshimga keldu. Bilub-bilmay qilgan qaysu gunohlarumga — shirun oshum zahar boʻldu; tinchligumiz buzuldu. Kimdur yetkazganmu, nozir surishtirub keldu. Emushki, bu xonadonda sarhaddan oʻtub kelgan odam yashayturganmush, roʻyxatdan oʻtmasam, boʻlmasmush, falon joyga borsin ekanmushman. Xolamoyi Nusrat pochcha bilan maslahat qilgan ekanlar: — Bekorlarni aytibdi, xomtama boʻlmasin! Kelsa, menga uchrasin. Darvozani zanjirlab yuringlar. Juda qoʻymasa, don hujraga kiritib, keyin ochinglar, — debdular. Oʻsha eng chetdagi eshigi hamisha qulflog‘liq turadurgan don hujrada, koʻrgan boʻlsangiz, tandurdan katta-tandurdek xumlar koʻmug‘liq ekan. Oʻshalardan bittasuni artub-surtub ichiga govrapoʻsh toʻshab berishdu. Birov eshikdan qistab-chaqirub kelsa deng, men boya-qish — Sizning juftu halolingiz oʻshal oʻraga tushub olaman. Ustumga esku-tuskularni tashlab, yopub tashlashadu. Ana, shu goʻrdan qorong‘u oʻrada jon hovuchlab oʻlturishlarimnu koʻrsanguz. Bir kunda necha martalab tushib chiqardum, oʻlub-qutulardum. Bir gal deng shoshganumdan yalangoyoq qochub kirgan ekanman, balkum kavushum qaerlardadur tushib qolgandur, ishqilib xumga tushub boshumga girdum patnusni tortub, xum ustini berkitganumniyu choʻnqayganimnu bilaman, tovonimnu bir nima jaz chaqub, jonum boshumdan chiqib ketayozdu. Hushim og‘ub oʻltirub qolubman. Keyun bilsam, jonholatda sapchub ketganumda boshum girdumga urilib, esum og‘ub qolayozgan ekan. Haytovur, xolanguzlar yugurib kelub, tortib olishdu. Qarashsa, boshmaldoqdayun chayon tushub qolgan ekan. Koʻz oldumda oʻldirib tashlab, chayon chaqqanda oʻqiladurgan duolarni oʻqishdu, toʻpig‘um tepasidan sirib bog‘lab, tabib kampirni chaqirib chiqishdu. Oyog‘um loʻqillashiyu jonum og‘rishudan oʻtirub-oʻtirolmayman, yurub-yurolmayman. Xun-xun yig‘lab, shishub ketubman. Musofirluk oʻlsun, koʻz oldumdan siz, dadam, oyim oʻtaverasizlar. Xuddi chaqirsam eshitadigandek joyda turibsizlar. Dadam Sizga nimalarnudur tayinlayoturlar, uqdirayoturlar. Oyim ora-chira koʻz yoshlarinu artub, bir chekkada turubdular. Nima boʻlgan, yo meni oʻldu deb eshitishganmu — motamsaro maslahat qurishadu. Siz hech boshingiznu koʻtarmay-la, yerdan koʻziznu uzmay-la turibsuz. Bu nimadan belgu ekan, deb qoʻrqub ketyapman. Oyi, Sultonmurod aka, deb baqiray deyman-u, ovozum boʻg‘zumdan chiqmaydu. Xun-xun yig‘layveribmu — ovozum chippa bitgan. — Ana, boʻldi, qoʻrqma, qizim, Xudo xohlasa, ana shu narsa zahrini sug‘urib tashlaydi. Yaxshiyam tovonga toʻg‘ri kepti, boshqa joyni chaqqandanmi, koʻp ovora qilardi. Qoʻrqma, Xudo asrabdi. Olloh oʻzi g‘amxoʻr, bu yog‘iga ham kushoyish bergay, — deb tabib kampir ixray-sixray chiqub ketdu. Chindan ham bir uxlab tursam, suv-suv terlab, yengil boʻp qopman. Oyog‘umdagi boyagi og‘ruqlar ham allaqayoqqa chekilgan. Faqat boya, sizlar koʻzumga nega koʻrundungiz — hech tushunolmayman. Shu-shu birov kelsa ham qochirmaydurgan, xumga yoʻlatmaydurgan boʻlishdu. — Xudo olsin, nozir-pozirini. Rahmatullaxonga ayting, hoy Sanobar, bitta qoʻng‘iroq qilsa, yoʻlamaydi-qoʻyadi. Qachongacha oʻz kelinuvzani yashirib oʻtiravuz, — dedilar xolanguz. Nozir kelishinu toʻxtatganu bilan orqasidan — qaerdan eshitishgan oldinma-ketin bir sovchilar bosishga tushdu. Birini joʻnatub ulgurmay, ikkinchisi darvoza qoqib keladu. Xolanguz menu Muhabbat kennoyining uyiga qochirib qoʻyub, sovchilar bilan oʻzlari muomala qiladilar. Voy, qizimiza hali boʻy yetmagan, yosh bola-ku, aqlini sal tanisin aylanaylar, deydilar. Ular mening dovrug‘imnu qaerdan eshitishgan, bir koʻrmaguncha ketgulariyam, turgulariyam kelmaydu. Axiyri xolanguz boyaqish, tepadagi uyda kizakka tepchiq urib oʻtirgan Minavarxonnu oynadan koʻrishga ijozat etadular va: — Boʻyi yetib, joyi chiqsa, uzatmay qayoqqa boravuz, aylanaylar, shu yolg‘iz qizimiz, — deb ularning tarvuzlarini qoʻltuqlaridan tushirib, chiqarub yuboradilar. Chiqarub yuboradilar-da, pochcha kelganlarida yuzlari ipakdayin mayin tortib, kula-kula aytib beradilar. Ana shunday qish kunlarining birida yana bir xolanguz oʻg‘ilchalarinu yonlariga olib, daladan tushib qoldular. Va men bechoraning joniga aro kirdilar. Bu haqda kelasi gal yozarman. Negaki, men Ollohning xohishiyu madadi ila jannatdek joylar — otalarivuz yurtiga borub qolgan edum, baxt-iqbolum toʻluq boʻlishi uchun yolg‘iz siz yetmasdinguz. Ollohdan saharlardayu joynamoz ustlarida yolg‘iz soʻraganum Siz edingiz. Siznu yetkazsa, bir kun, bir soat boʻlsa-da, koʻrgazsa bas edu. Kelung, yaxshisi, undan keyingu voqealarni boshqa kuni bita qolay. Oldi xoʻrozlar qichqira boshladular. Tahajjudumni oʻqib ola qolay-da, men ham yota qolay. Tushlarumga kirarmukansiz deb irim qilub, xayr demadum. Zavjai jamilangiz — Mahfuza DARVOQE: kechagida xolanguz aytib qoldular. Kimki juma kechasi tahoratli holda yotayotub, sevimli payg‘ambar sollallohu alayhi vassalamni tushda koʻrish niyatuda «La havla vala quvvata, illa billahil aliyyul aziym» duosini oʻttiz uch marta oʻqusa, albatta, koʻradu emush. Qanday yaxshu! Olloh oʻzi kechirsun, oʻshal tobda xayolumga Siz kelubsiz. Shunday duo boʻlsaki, uni ming marta oʻqub, suy-gan kishingni tushda koʻrsang, umrum boʻyi oʻqugan boʻlur edum. Negadir tushlarumga ham kirmay qoʻydungiz, uch oylar boʻladur shunga ham... Turdum. Гўзал Ажр (маҳфуз хатлар давомига) Қайданам ўша ботур бизну қўрғонни қора тортуб келду? Сизну учратдум: Юсуф алайҳиссаломну кўриб, жону жаҳонуни унутган Зулайҳо янглуғ бир ҳолга туштум?! Қайданам Сизну деб кўз очуб кўрган диёрумизну ташлаб чиқтум? Дориломон бир юртга борарканмуз, деб, бошим осмонларга етду? Ойнинг ўша ёруғ ўн беши шунчалар қисқами эду? «Инналлоҳа маъас-собирийн». Энду ёлғиз дуом — тилимдаги калима шую суянганум Оллоҳ. Гўзал ажрга умид тутуб, чиройлув сабр этмоқдан бўлак нимам қолду? Шундай дейман-у, лекин жудоликнинг ўзу нимадан бошланиб эду? Наҳот бахт ва бахтиқаролик ёнма-ён, эгиз юргай? Айрулмоқ учун топишуб эдукму? Бахтумиз кимга кўп кўринду? Нимамуз, қайсу амалимуз Оллоҳга хуш келмаду? Аввал-бошда қай сабабдан топиштирди-ю, яна не сабабдан аюрду? Жудолиқда имтиҳон этмоқ учунму? Жону жаҳонум, топуб йўқотганум, қайларда қолдиз? Бизну бу ёқларга юборуб қўюб, ўзиз қай диёр, қай сарҳадларда қолуб кетдиз? Юмушларингиз бутмаб эдиму? Бунданам зарил ишларингиз, олий юмуш — курашларингиз бормуди? Нега ҳеч мужда йўқ? Орқадошларингиз ташвиши ила юрган бўлсангиз, майлу-я, лекин ваъдаларингиз қандай — ота диёрга қайтуб осуда яшамоқ эди-ку! Яна нима бўлду, фикрингиздан қайтуб қолибсуз? Менга айтолмаб эдингизму барча-барчасини? Нималар моне эканун? Кишининг ич-ичида, юраккинаси туб-тубида нима бор — билавермас экансизму? Балки ушалмаган ниятларингиз бу томонга қўймасму, йўл бермасму? Мен ожиза не қилай — шу хаёлларга-да бораман. Шайтоннинг васвасалари, висир-висирларига учаман баъзан. Аммо у кунги воқеани қиёматга қадар, кўзим очиқ экан, танамда жонум бор экан, унутмам, унутолмам. Ўша кеча не кечганини сиз билмайсиз. Чунки беҳуш эдингиз, эслаб қоладиган ҳолда эмасдингиз. (Худо ҳеч кимга кўрсатмасун, у ҳолга тушмоқну, чинданам ҳарб майдонуда оғир жароҳат еб йиқилиб қолган мужоҳид— хийла узоқдаги бир қўрғонда — бировнинг ертўласида пайдо бўлиб қолса, етти кун деганда ҳушига келса, қандоқ тушунмоқ керак уни? Ким шунча жойдан бу ерга ортмоқлаб келдию, ўзи қайга йўқолду? Қолаверса, ким эди у? Қайси яхшилигиз эвазига қутқариб эду? Нима бу, тақдирда бориму ё Оллоҳнинг хоҳлаши? Бари сизга қоронғу. Нима туфайлу, ким туфайлу шундай бўлду — Сиз унчалик ҳам билмайсиз. Лекин мен шоҳидман. Ўз кўзум билан кўрганман у ботурну. Шу боисдан ҳам Сизга маълум этиб қўймоқну лозим кўрдум, қолаверса, ўша воқеану эсласам, илоҳий бир башоратдай туюлавераду. Кимга айтай? Сиздан бўлак кимим борки, айцам, Султонмурод ака? У сизга ким эдуки, бунча мардликлар қилду? Ўзини фидо этуб қутқармоққа урунди? Мен билмайман, балки, жон ўртоғингиздур, биродарингиздур. Лекин туғишган жигарлар қилолмагай бу жон фидоликни қип-ти — у. Сиздан ҳам шу тарз фидоликлар кўрганму- ди ё? Ким эду ўзи? Шуни билмоқ умидуда, қолаверса, Сиздек бир ботурни бизникига етиштирган, бизнинг топишувимизга-да сабаб бўлган одамни билгим келуб, битмакдадурман бу сўзларну. Токим Оллоҳ берган неъмат — муҳаббат неъматининг-да сабабчисину унутмайлук, дуоларимизда эслаб юрайлук. Кўз ўнгимдадек турибду ўша кечасигу воқеа. Бизну титроққа солуб, бир олам қўрқув-ташвишлар олиб келган ўша кеча. Ҳожи дадамиз кечалари тахажжудга турадирган одатлари бор эду, турсалар боғ эшик томондан ихрашму, инграшму — тушуниб бўлмас товушлар келаётир эмуш. Субҳоналлоҳ, деб яқин борсалар — не кўз билан кўрсунларки, ертўла дарчаси тагида икки қора жон талашуб ётганмуш. Эсхоналари чиқуб, ҳой-ҳуй билан келуб қолдулар. — Ҳой, чироқну ёқ! Ўғриму ким тушубди. Бўл! — дейдилар. Қани биз туриб, гугуртни тополсак, чироқну ёқолсак. — Вой, нега тушаду? Ташқарудагилар-чи, қаёққа қарабду? — деб титраб-қақшайдилар оюм. — Шомги отушма эсингдами, балки ўшалардан ким адашиб-улоқибдими. Ёқа қол, қарайлук, — дедилар дадам ахийри ўзларига кела бошлаб. Чироқну ёқиб чиқуб борсак, ўша аҳвол. Бири ҳушидан кетуб ётупту, ўлукму-тирик билмайсиз. Бошқасу кўксуни ушлаб ғужанак бўлуб олган. Инграб тебранаду у ёғи йўқ. Одам чақирмайинам бир амаллаб, ертўлага жойлабмуз. — Биров билмай қўя қолсун,— деб Ҳожи дадам уна-мадулар.— Эрталабгача Аллоҳ ҳафиз, кейин Мирза бувани чақирармиз, — дедулар. Биравига тўрдаги эски сандуқнинг устидан жой очдук. Униси тўланинг токчасига ётқизилди. Бояқиш ютоқуб бир косагина сув ичиб эду, «во-оҳ, ўзингга шукр» деб туриб жим бўлиб қолду, қўрқуб кетупмиз. Ўзи эса қора қонига беланган, қўлтиғудан қўлини олмасду. — Вой худойим-а, мен буларни ким деб ўтирибман. Аниқ ўшалар-ку, Ботурнинг йигитлари-ку. Кечаги отишмада нима бўлибди, шунча жойдан етиб келишибди? Яна бу аҳволда? — дердулар Ҳожи дадам. Бу ёғига энди нима қилишну билмай гангуб қолган эдулар. — Бўлди, чиқунглар. Чироқну ҳам опкет, — дедулар ахийри ва бизну ҳайдашга туштулар. — Чиқ, чиқ. Одам боласи чироқ-пироғингни кўрмай қўя қолсин. Шунча ердан етиб келган, эндиям ўлмайди. Аллоҳ, ўзи асрайди,— деб ертўлану қулфлаб бизни уйга киргиздилар-да, ўзлари табибга отландулар. — Азон айтгунларича қайтиб келаман. Сизлар миқ этмай ўтиринглар. Аллоҳ кечирсин. Чолга ҳам қизимиз иситмалаб қолди, дея қоламан, — дедулар. Нима бўлса, кечасу содур бўлмасун экан. Ҳеч титроғумиз қолмасду. Мужоҳидларнинг ўзлари эса кўз олдумиздан кетмайди. Қай бири қай бирини ортмоқлаб келибду экан? Қора қонига беланганиму ё ҳушидан кетгани? Ақлимиз етмасду. — Унисину кўрдизму, ойи. Чаккасига нима қилган, ёрилганму? — дердум ҳадеб. Кўз олдимдан ўша тиртиқдан оқуб тушиб, қулоқ юмшоғи томон бурилиб кетган қон кетмайду. Xудди бир ғароюб белгу каби. — Кўрдум, болам, кўрдум. Аллоҳ орқасини маҳкам эцин-у, бўздек оқаруб кетибду, бояқиш. Табиб келгунча торцин-да, — дейдилар оюм ачингандан ачинуб. Мен ҳам чарсман. Биров ачинса, ўшанинг қасдига дуо қилишга тушаман. Ҳозир ҳам ичимда ўша бояқиш номидан «Ҳасбияллоҳи лаа илаҳа иллаҳу алайҳи таваккалту»ни ўқир эдум. Шу дуони етти марта ўқилса, Оллоҳ ўзи бало-қазодан нари қиладумуш. Тавба, шу дуони ўқиганум сари кўз олдумдаги сувратингуз ўзгаруб борар эду: чин сўзим, қулоқ юмшоқларингиз томондан юз руҳларингиз томон бир қирмизи қизиллик югурган эдуки, бунга сари ўзим ҳайратга тушардум. Тушардум-у, дуони тилимдан қўймасдум. Бир вақт қарасам, бинойи хушсурат ботур йигит... ҳалуги чаккасидаги — алиф шаклидаги ажаб чандуқ ҳам ўзига ярашиб турибду (Ботур чандиқсиз бўларму, ахир! У ҳам кўрк инсонга!). Кўз олдумдаги сувратдан эсум оғуб қопту1. (Билмадум, Зулайхо ҳолига ўшанда тушиб эдумми, ё кейин- му — ҳеч эсимда йўқ. Балки кеюн ҳам шу сувратда кўриб, ёқтируб қолгандурман). Дарвоқе, ким тўғрисида ёзатиб эдум? Сизнинг халоскорингиз ҳақида эду-ку. Бир маҳал ташқи дарвозамуз оғур ғийқуллаб, занжирими — бир нима шилдираду. Сўнг ичкару ҳовлумиздан ғўнғир-ғўнғир товушлар келуб бошлади. Биз жон ҳовучлаб ўтируб эдук. — Чиқуб боқ-чи, — дедилар оюм. Остонага чиқишумла маҳалланинг тепа масжидидан сўфи ота азон чақируб юбордулар. Узоқ-яқиндагу хўрозлар эса, унга ўз тилларида тасбеҳ-қичқириқлару билан жўр бўлишар, тонг ёришмаган, ҳаммаёқну тун пардаси қоплаб ётар, у ҳали тонгги ғира-шира билан алмашиниб улгурмаган, осмоннинг аллақандай тўқ кўкишдан ҳам қорароқ баҳмали юзига сочуб юборилган инжу юлдузлар кўк пойлоқчуси томонудан териб олунишга тушмаган эду. Тепадан бир жуфт мошак қушми, нима — учуб ўтар эду. Ўн қадам наридаги одамниям тануб бўлмас, тусмоллаш мумкун эду, холос. Айнуқса, юрганда энкаюб қўлларию жуссаси қалтираб-салтираб, аллақандай омонат — энтак-сентак қадам ташлайдурган Мирзавой отани бир қарашдаёқ танимоқ мумкин эду. Афтидан Ҳожи дадам намозгача қолдирмай уни бошлаб келмоқда эдулар. — Ҳой, опоқ қизим, чироқни олачиқ, — дедилар кўприкдан ўтаётиб. Ҳовлумиздан бир ариқ сув айлануб ўтуб кетар, ҳар ерида панжарали кўпруклари бўлар эду. Улар ўшандан ўтуб омбор томон юрмоқда эдулар. Чироқну опчиқуб борсак, бизни қайтаруб юборуб, ўзлари ертўлага тушуб кетишду. Бизну йўлатишмадиям. Аммо бир нарса сўраб қолишадиму деб қалтираб турубмуз. Йўқ, сўрашмаду. Чироқ нури дарча тагидан силжиб, ғўнғир-ғунғир бирла қайта бошлашди. Чиқиб айвонумизда икки ракъатдан намоз ўқишди. Оллоҳга дуо-илтижолар қилиб туришгунча тонг ҳам отду. Қўлларини белларига ташлаб энкайиб юрадурган Мирзавой ота ўша айвоннинг ўртасига ўтирволиб: «Ҳой, пўпоч қизим, мўмоч қизим, уни опке, муни опке» қилиб буйира кетдилар. Ҳовончамузни опкелиб бердим, ичида жимит янчгичи билан. У киши оёқларину узатуб, ўтириб олганлар. Ҳали белбоғларину ёздирадилар, ҳали жиндек сув опкелтирадилар. Учуб бажаруб турибман. Қўнғир чакмонларининг ҳали у, ҳали бу чўнтагидан оғзи бўғма эски халтачалар чиқариб, уни очуб бир нималар оладилар. Ҳовончага жиндек-жиндек солиб, тўқ-тўқ туя кетадилар. Мушк ҳидларими-ей, тоғ ўтларининг исларими-ей гуркирайду ҳавончамуздан. Менга берақолинг десам, унамайдулар. — Йўқ, мўмоч қизим, дуо олмаган кишиники эм бўлмайди. Аввал мендан дуо ол, ҳунаримни ол, кейин. Оласанми? — дейдилар бошлари, унга қўшилиб елкалари, бутун вужудлари титраб-қалтираб. Мен нима де-йишумни билмай иймануб қоламан. Ўзумну аллақандай сир босаду. — Сир босмасун, мўмоч қизим, Оллоҳ юқтирса ҳеч гапмас,— деб ҳавончану тўқиллатишга тушадулар. — Биз кетяпмиз, Сизлар қоласиз. Опқолиш керак, қизим, опқолиш. Манавунақа пайтларда асқотади. Бир сўрагум келяпту, бир сўрагум келяпту, қани тилим айланса. Ахийри ботинуб-ботинмай: — Улар туриб кета оладиму, бува, — дея олдум. — Турмай нима, аввало, бувангни қўлини Аллоҳ енгил қилсин. Ўзи қўлласа, ҳеч гапмас, — дедулар у киши. Кейин ўша малҳам ийлаб ўтиришларуда қўшиб қўйдилар,— Аллоҳ бирини-бирига эш қилибдими, шунча жойдан ортмоқлатиб-сургаклаб кептими, бир ҳикматиям бор. Ўзига келмай, шаҳид кетадурган бўлса, ўша тоғ тагидаям қолаверарди. — Унису-чи? Қайси бири опкелган дейсуз, бува? — деб юборибман. — Афтидан беригиси. Кўкси бундай... ё жон ҳалпида кучга кириб кетиб, ё тишни-тишга қўйиб етказиб келгану ётиб қолган. Марднинг ҳам марди экан. Ўзи бу аҳволдаю биродарини ҳарб майдонидан опчиқибди, — ҳар кимга ҳам насиб эцин-чи! Ўлаётиб ҳам бировга жон фидо қилиб кетиш дейилади буни, қизим. Кўзларумдан тирқираб ёш чиқиб кетубду. Кейин ҳар иккингизну ҳам ювуб-тараб, малҳам боғлаб кетишду. — Аллоҳнинг паноҳига!— дедилар бува,— асрдан кейин хабар оларман. Унгача бир гап бўлса, чақирасизлар. Ўша куни тинч ўтди-ю, лекин тунда уйғонуб кецам, оюм ўринларида йўқлар. Ичум ҳаприқуб, ҳовлига тушуб борсам, ертўлада чироқ кўринаду. Оюм ҳам, дадам ҳам ўшатта эканлар. Ўша жон ҳалпида ётгани оғурлашуб қопту. Эшикдан мўраласам, дадам кўзларида ёш, чироқ ушлаб турибдилар. Оюм унинг бошини тирсакларига олуб, сувми, нима тутяптулар: — Ич, болам, ич, ҳоврингни олсин, — деб ялинадулар, ялпоғлануб йиғлайдулар, — Нима, болагинам, танимадингму, менман-ку, онажонингман-ку. Санга нима бўла қолди? Шуни ич, енгил тортасан, темирга сув бергандай роҳат топасан, — деб ёлборадулар-у, кўзёшлари билакларига, унга қўшиб, қўлларидаги сувга тома-ётгануни сезмайдулар. Ахийру у тишлари такиллаб бир қултумгина ичдию: — Во-оҳ, ўзингга шукр, — дея бўшашиб тушди. Оюм бошини ёстиққа қўярканлар, дадам боруб қолган менуям кўрмай кўзда ёш била шивирлаб калима келтирар эдулар. Шунда ҳалиги ботур бетоқатлануб уларга аланглай бошладу, бир нималар дея бошладу. Ануқ эшиттум: — Xайрият, етиб кепсиз. Кўрсатди рухсорингизни. Гуноҳларни ювгани келуб... қайтолмаган Чочол дарбадарингизни кечиринг, — деду базўр ютунуб. — Ният ўзи шундоқ эди, жилла қурса, шаҳидлик шаробини ичмоқ эди. Ичдим шекилли. Дуо қилинг, жаннатларда кўриштур-сун, Ла илоҳа... — дедию шивирлаб бўлса-да, нозандек гапируб турган одам... бошини бир ёнга ташлаб, ўта қолду, тавба... Ана, Xудонинг ёзмиши!.. Бўлмаса, ким ўйлабду, шунча жойдан буродарини ортмоқлаб келган одам табибга етишгануда ўтаду деб?! — Бояқиш, онагинасига интиқ бўлиб, узилолмай ётган экан, рози кетти. Илоҳим, раҳматига олган бўлсун. Руҳини яшил қушларга жойласун, — деб ойим юм-юм йиғлар эдулар Ўксиларини тутолмасдулар. Унинг оти ростдан ҳам Чочолмиди1 ё бизга шундай эшитилдими, билмасдум мен. Ростуни айцам, менинг ҳам эсхонам чиқиб кетган, ертўла токчасига суянганча ўтириб қолган эдум. Қўлимдаги чироқ эса оғиб, пилигими, нимасу сўхта тортиб, чирсиллар, шишасининг бир ёну тамом қораюб борар эду. — Тур, чиқдик, қизим. Мирза бувани айтиб келасан, — дедулар оюм ниҳоят, — унисини ҳам худо кўп кўрмасун. Шунда секин қаддумни кўтардум. Қарангки, чироқ фақат Сиз томонни ёритиб, бу ёқларга аллақандай хира соясуни ташлаган, беҳи ҳидлари гуркираган ер-тўла ичи ғалати ҳолга тушган эду. Сиз эса, тўрдаги ўша синдуқ устуда (дадамнинг кўк тўнларига ўраб қўйилганча) миқ этмай ётибсиз. Юзлариз оппоқ бўзаруб кетган. Жон асари кўринмайдур. Гўё... ўз хаёлумдан ўзим қўрқиб кетаётган эдум. Чиқсак, тонг бўзаруб қопту, уфқни улкан қўтосдек тўсиб ётган қоп-қора Тангритоғ теппасида ёлғиз юлдуз — чарақлайду. Уни яхшилик аломати ҳисоблаб, табибну айтиб келгани кета бошлаб эдум, дарвозамиз очилуб, у кишининг ўзлару кўриндулар. Табибни бизга Xудонинг ўзи етказган эду. Бу воқеани эшитуб у киши секин чўкдилар-да, гилос тупига суянганча юзларига фотиҳа тортдулар. (Менинг эшитганум шу бўлду): — «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиун» — деб туриб, қўшиб қўйдулар, — Вазифаси шу экан, ўтаб, Аллоҳ даргоҳига қайтибди. Қайтганда ҳам гўзал ажр билан қайтибди, инша Аллоҳ, — дедилар-да, негадир менга қараб, яна қўшдилар, — қўрқма, қизим, энди буниси узоқ яшайди. Сиз бу воқеалардан бехабарсиз, Сизга оғиз очишмаган эду, Султонмурод ака. Уни ҳув кейин, мавриди би-лан айтиш менга буюрилганди. Мен ҳам улгурмадум. Узр. Энди очдум бу тарихни. Асли ўзи ким эду, у ботур? Аддои Маҳфузангиз Каттабоғ. Асли она ўрнуда холажонунгиз — Саломхон кичигоюм хонадонлари. * * * Мен хатни эшитиб ўтириб хомуш тортиб кетган эканман, хотиним кўриб, шошиб қолди: — Вой, адаси, нима бўлди? — Йўқ, ўзим, — деб каловландим мен. — Бирон жойи мундайроқ эканми? Мен унга қандай тушунтираримни билмай, ўнғайсизландим: — Биласизми, ўша Чочол дегани, Xудо раҳмат қилсин, аммамизнинг ўғиллари бўларди. — Ўша биродарини қутқариб, ўзи шаҳид кетган киши-я? Сиз у кишини... билармидингиз? — Билганда-чи, — дедим кўзим намланиб келиб. Бу тарихни бир оғиз сўз билан тушунтириб бўлмасди. Шунинг учун секин туриб токчадаги эсдалик нарсалар ичини титкилай кетдим. — Қаердадир унинг акамга ёзган хати бўлиши керак, асраб юрардим. — Қайси акангиз? — деди хотиним ҳайрон қолиб. — Қайси бўларди, Султонмурод акамга-да, — ундан бўлак кимимиз бор, демоқчи бўлардиму айтолмасдим. — Ҳатто ўша тангритоғлик кеннойимиз ҳам бу тарихларнинг бошини билмайди, — деб қўйдим. — Шунақами? — Шунақа. Ҳа, мана, турган экан. — Xатча ўша икки букланганча сувратлар орасида эди. Олиб қайтдим. Ўзим ҳам ғалати мажхул ҳолга тушиб уни ўқи-моққа бошладим. Ўша Турғун чочол ёзар эди... «Мен ўша дардисарман, ўзинг извош топиб, Арпапояга етказиб келган. Раҳмат, ука. Танимаган-билмаган ғанимингга шунча одамгарчилик қипсан? Кези келса, жигар жигарга бунча яхшилик қилолмайди. Бир қориндан талашиб тушганлар қўллай олмайди шунчалик! Сен қилибсан! Аввало, номимни эшицалароқ дўхтирлари оёққа қалқадиган жойга етказиб кепсан. Бошқа жойда ўлиб кецам, биров билиб-биров билмасди. Бу ерда ҳарқалай Турғун чочал номим бор, бутун Бешоғоч даҳа, у ёғи Қоратош, бу ёғи Xадра танийди. Мени оёққа турғазмай кимни турғазишсин. Қолавурса, Қоратошга суриштириб бориб, волидаи меҳрибонимизга хабар бериб кетибсан. Эшитиб, кўп таъсирландим! Мен ким эдимки, Xудойим менинг ишимни сенга туширибди, марҳаматли одамларга йўлиқтирибди? Ахир, сендан бўлак бир кимсага рўпара қилса ҳам, ит ўлимида ўлиб кецам ҳам ҳақи бор эди. Нега асраб қолди? Паноҳ беряпти? Очиғини айцам, кейинги вақт-да шунақа ғаройиб воқеалар бошимдан кечдики, нималар бўляпганига баъзан ақлим бовар қилмайди. Мен нима топшириқ билан орқангдан эргашиб чиқдим-у, ўзим нима бўлиб қайтдим? Ёруғ кунда, куппа-кундузи сени қандай йўқотиб қўйдиму ўзим ўша қўрғон атрофида гангиб-ўралашиб қолдим? Калтакни еб-еб, кейин қутулиб кетишим-чи? Қўрғон эгаси, анув чолнинг Ҳизрдай етиб келиб, ажратиб олиши-чи? Ҳаммаси тушга ўхшайди, бизнинг ақлимиз етмайдиган бир нарсаларга ўхшаб кетади. Xудонинг ўзи ёрлақади шекилли, сен менинг чангалимдан қандай қутулиб кетдинг, мен эсам кўрга ўхшаб сени кўрмай қолавурдим? Ўзим қазган чоҳга ўзим қулаб, қонга беланиб ётганимда яна сенинг етиб келишинг-чи? Қандай тушуниш керак? Ростини айцам, бу ёққа чиқаришмасидан сал бурунроқ ғаройиб бир воқеа содир бўлди. Унга ҳам ҳалигача ақлим етмайди. Бизни ярим кечада уйғотиб, ўлим камерасида ётган бир маҳбуснинг ёнига киритиб юбордилар.Ярим тун бўлгач, ўзинг тушуниб олавер. Бекор- га киритмайдилар. Биламиз, ҳукм улардан, ижро биздан. Кирдик. Эшик шарақлаб беркилиб, қадамлар узоқлашиб кетди ҳамки, ё тавба, мен жойимдан жилолмай, ўзимга келолмай турибман. Қотиб қолибман. Қаршимда биров... нега биров бўлсин, отам раҳматлининг ўзгинаси! Қиблага қараб намоз ўқиб ўтирибдилар. Бошларида ўша оқ тўр дўппилари, оқ оралаган соқолларидан, кулча юзларидан нур ёғиляптики, қўяверасан. Тағинам сал қия ўтирибдилар. Бир юзларинию кенг яғринларини қўриб турибман. (У киши шунақа яқриндор эдилар.) Ўша-ўша басавлатлар, ҳеч чўкмабдилар. Ундай десам, ўтганларига қанча замон бўляпти. Астаъфируллоҳ, одам одамга шунчалар ўхшарканми, деб ёқа ушлайман. «Кимни бизга рўпара қилиш-япти? Наҳот биз ўз отамизга ўхшаганларни?..» дедиму сесканиб кетиб, жон ҳолатда шеригимнинг тирсангидан ушладим. — Ўтир, ўтир, овсар, биров намоз ўқиётган пайтда тик турмайдилар. Қаёқдан бу гап хаёлимга келди, ўзим билмайман. Чўкдик. Қари маҳбус эса, хотиржам намозини ўқияпти. Тураркан, эгиларкан, сажда қиларкан, шивирлар, ҳар «Аллоҳу акбар» дейишларидан мени сир босиб, сеҳр-ланиб бораётибман. Тавба, овозлари ҳам айни! Отам ҳам кўксиларидан чиқариб, шундай чиройли такбиру тасбеҳ айтар эдилар... Балки кўпдан у ёқларга қайтмаганим, азбаройи уйдагиларни соғинганимдан бу одам отам бўлиб кўринаётгандир? Овозлари ўхшаб кетаётгандир? Бир маҳал шеригим ҳансираб, шипшиб қолди: — Намозда тегинолмаслигимизни билиб, ўтиравуради шекилли?.. — Ў-чир! — дедим биқинига туртиб ва шу замони бир вақтлар эшитганим Ҳазрати Алининг қотили ҳақдаги ривоят ёдимга тушиб, сесканиб кетдим. Во дариғ, бу ривоятни болалигимда шу отамиз айтиб эдилар. Ёдимга тушган маҳалини қара! Ҳазрати Алининг асраб олган ўғилчалари бўлган экан, деб айтиб ўтирар эдилар отам. У ҳеч ёнларидан жилмас, ҳатто намозга турганларида ҳам қўндоқдек бўлиб қаватларида ўтирар экан. Ана шу бола бир куни: «Ота-ота, сиздан кучлик кимса борми?» деб сўрабдимиш. «Йўқ», дебдилар у зот. «Нега?» дебди бола. «Худойим мени шундай яратган. Шоҳи Мардон номим бор, биласан». «Демак, қилич ҳам олмайди сизни?» «Олмайди», дебдилар ҳазрат. «Найза ҳам ўтмайди?». «Ўтмайди, болам». «Мумдай эримайсиз ҳеч?» дебди асрандилари. «Эрийман баъзан», дебдилар Ҳазрати Али. «Қачон, айтинг?» «Намоз пайти, бўтам. Фақат намозда мумдай эриб ўтираман. Ундан бўлак вақт овора бўладилар...» деб жилмайиб қўйган эканлар. Қараки, шу воқеадан қанча ўтиб, у кишининг душманлари хонақоҳда пичоқлаб кетишга муваффақ бўлишибди1. Шунга ўхшаб, биз ҳам бир мўминни намозда ўтирган кезида пичоқлаб, қотил қавмида кетарканмиз-да? Шу ўйдан, сенга ёлғон, Xудога чин, мўйларим тикка бўлиб кетди! Хуллас, у намозини тугатиб қўзғалди. Биз саломга шошилдик. Басавлат қария экан. Яқинимизга келиб ўтирди. Биз унга тиғ тугул, қўлимизни теккиза олмадик... Эртасига эшицак, қўлига ҳукм қоғозини тутқазиб, жавобини бериб юборишибди. Ҳалигача англаб етолмайман: бегуноҳдан бегуноҳ кимса ўлим хонасига қандай маҳбус бўлиб тушдию қандай осонгина қутулиб кетди? Шунинг орасида бизга отам қиёфасида кўриниб, лол қолганимиз-чи? Буни бировга қандай тушунтира оласан? Мен-ку орадан ярим-бир ой ўтиб, бу воқеани унутган ҳам эдим. Аммо кейинги ишлар бундан ҳам ўтиб тушди. Бўлмаса, жим ўтлаб юрган от... милтиқ отганини ким кўрган? Бир четда ётган қирқмани бехос босиб олса, кифоя экан-ку, мен қай ўнгирдан биқиниб отди, деб шердек сапчиб туриб кетибман! Йўқ, ўша Парпинг гуноҳкормас! У менинг номимни эшитгандаёқ, ҳурматимни жойига қўйиб, отдан тушган, кейин биз тол соясида, чимда ёнбошлаб, гаплашиб ўтирган эдик. Фалокат от туёғи остида экан. Ҳай, нима бўлса, пешонадагини кўрдим. Муҳими, охири яхши чиқди. Ва мен бугун бу ерлардан бош олиб кетмоқдаман. Қолиб, айтганим-айтган, деганим-деган бўлиб, еганим олдимда, емаганим орқамда, кўзир бўлиб юришим мумкин, лекин охири чиройли чиқмаса, бунинг нима кераги бор? Бу дунё ҳаёти ҳаммаси бир синов, бир имтиҳон шекилли. Тўғри йўлни топса — топди, топмаса — кейини вой?.. Ўша «вой»га қолмаслик учун ҳам бу «дўстларим»дан алоқани узиб, қўл етмас ерларга кетаётирман. Сендан илтижоим, гоҳ-гоҳ онамизни йўқлаб тур. Ўғлимнинг шундай дўстлари бор экан, деб кўксилари ўссин. Xайр. Дарвоқе, ёлғиз ўзингга гапим бор эди. Xатга қўшолмадим. Ҳар хачир от саналмаганидек, ҳар бегонадан дўст чиқмас. Афсус, бизнинг дўстлигимиз узоққа чўзилмади. Дуоларимизда унутмайлик. Турғун». * * * — Вой, уни қаранг, яна учрашган жойларини қа-ранг, — деди Саида таъсирланиб. — Ўша ботур шу одамми? — Ҳар иш ниятга қараб-да. Ким ўйлабди, Оллоҳ буларни ўша ёқда топиштиради деб, — дедим мен ундан кам таъсирланмай. — Бояқишни ажал ҳайдаб борган экан-да. — Қаёқдаги гапни айтасиз? — дедим жаҳлим чиқа бошлаб. — Ҳар ким ҳам шунақа ўлим топиб, шаҳидлик мартабасига ецин-чи! Сиз унга ачиниб руҳини ранжитманг. Унинг руҳи дуода келгандай яшил қушларга жойланиб аллақачон жаннатларда юрибди. Сиз унга ниятига яраша имкон берилганидан ҳайратга тушинг, — дедим. — Имкон дейсизми? — деди аёлим. — Ҳа-да. Оллоҳ ёрлақаб, зўр имкон бергани шу-да. Бўлмаса, уларни ҳарб майдонида топиштирармиди?! Бўлмаса, акамни қутқариб, қарзини узиб, марднинг ишини қилиб, кета олармиди?! Бунақа жонфидолик ҳар кимнинг қўлидан келсин-чи! Келмайди. — Унда... унда нимадан хомушланасиз?.. — деди хотиним. — Xомушлигим, — дедим ичим сидирилиб, — бу хабарни энди аммага қандай етказамиз экан, деб. Ахир осонми, тиқ эца, йўлига термулиб ўтирган одамга бу хабарни етказиш! Юраклари тўкилиб тушади-ку. — Шуни айтинг, — деди хотиним бўшашиб ҳам маҳзун тортиб. Бу хабар билан Қоратошга ким ҳам бора оларди? Бир бўлса Нусрат почча ёки Султонмурод акагинамми? Ундан берига ким ҳам аммага ётиғли таскин бера оларди?.. Бунинг учун акам сарҳад ошиб келуви лозим. Аммо қачон келади, ёлғиз Оллоҳ билгай. Онаизорнинг Сўнгги Илтижоси (маҳфуз хатлар давомига) Ассалому алайкум, тақдирда битилуб, Оллоҳ ўзи етказгану! Мени ўз диёрларига жўнатуб қўюб, ўзлару ўтарга имкон тополмаганум! Қачон келгайсуз? Бу айрулиқ Оллоҳдан бўлса, барча-барчасуга чидагайман-у, аммо бошқасига чидолмасман. Сабрум етмас деб қўрқаман. Янгилук шуки, азиз қадамларингиз етган, бизнинг диёрларга кетмасиздан аввал бир муддат яшаб турган жойлариз — Каттабоғ томонларни кўриш, азиз холажонунгизнукига меҳмон бўлуб чиқиш насиб этту. Нега меҳмон экан?! Келун бўлиб бориш (уларники бехавотирроқ деб жўнатишду), сиз турган катта уйларда туриб, у хонадоннинг ҳовлиларини супуриш, келинлук хизматларну ўташ тақдур эту. Оллоҳга минг шукрлар бўлсун. Дугоналарумга ўхшаб келунлик уйига эга бўлмадум, деб армонлар қилар эдум. Узатилиб бормадум, ясатуғлиқ уйларга тушмадум, келинсаломлар қилмадум деб куйган эдум. Армонумга етгандайман. Бир кўп, бир ажойиб холаларингиз (ҳаммаларунинг юзларудан нур ёғилади-я! Бой экансуз!), ҳайбатлу-ҳайбатлу тоғаларингиз, беназур поччаларунгиз бор эканлар. Ҳў, ўз келунимиз экан, жигарумизнинг топгани, жиянумизнинг қўшоғи, ҳурлардан-да афзал, париларга менгзагулик экан, Марғубасидан қаери кам, чинакам Маҳфуза, Оллоҳ ҳифзу ҳимоясида асраган экан, деб бир ерларга етушларину кўрсангиз. Алқашларину эшитиб, ҳеч ерга ишонмасликларину кўрсангиз эду! Фақат ёнумда Сиз камсиз. Сиз ҳам бўлганунгизда билмадум, бу алқовлардан, бу бахтдан ўзумни қаерларга қўяр эканман? Чинданам бундай хонадонларга келун бўлуб тушмоқ, бундай иззатлу одамларга хизмат қилмоқ ўзи бахт. Топилмайдурган жигарлариз боракан, Султонмурод ака! Сиз оғзингиздан бол томуб эслаганизча, қўмсаганизча бор экан. Тезроқ келунг, бундай бахтни ҳеч ердан тополмагайсиз. Жаннатлардагина бу каби покиза кишиларга етушмоқ мумкиндур. Соғинтирманг жонум! Ҳаммалару ҳам соғинишган, тилдан қўймай эслашади сизну. Сиз бу ёқларда қилган ишларни гапуриб, у адолатпешалигунгизни қўмсаб, бир ерлар етишаду. Нега узоқуб кетду, қайца бўларду деб дуолар қилишади. Сиздай бир халоскор, тоғдай бир суянч лозим уларга. Шунинг учунам ҳар қандайин юмушларингизни, зарур ишларунгизни ташлаб, уларнинг олдуга, ота юртга қайтмоғингиз лозум, Султонмурод ака. Сиз ўзунгизни унчалик билмассиз, лекин бу ердагуларга, қавмдошларунгизга қадрунгиз ўтибду. Ўзга юртларнинг қозису бўлгунча, ўз шаҳрунинг тозуси бўлган афзал деб ўтирубдилар Саломхон холангиз, ўша Сизга онадек қайишгувчи киши. (Ахир хола ҳам онадир дейилади-ку!) У кишунинг сўзларини ерга ташламассуз, ахир?! Мен бу хонадонга келуб қолишумнинг яна бир боиси, Салом холангузнинг кенжалари — менунг қайнум, Сизнинг укажонунгиз Мақсудхўжа муҳандисликка ўқишга кирган эканлар, дарсга етуб олуш учун худонинг берган куни тонг-саҳарлаб йўлга тушар эканлар. Ўша поччаникига тушишган куни «вой, қанча жой керак, ҳамма сиғган бу сиғмайдими», деб Мақсудхўжани опқолушдию мени холажонингизга қўшуб бу ёқларга жўнатушду. Оллоҳ ўзи чевар-да, бўлмаса, ким ўйлабду мену ишонуб жўнатишган жой қолуб, сизникуларни топаман, Каттабоғларга чиқаман деб? Вой, оламда шунақа жойлар ҳам бораркан! Қишну кунида шундай! Қорну тагида кўмулуб ётганида шундай гўзал! Биласизму, менга у шунақа тануш, шунақа яқун, шунақа жозибалуки, илгару-қачондур кўргандай, шу ерларда яшагандай, ёхуд бир ўтуб кетгандай бўлувураман, туюлавераду, лекин қачон кўрганимну, ўтганимну эслай олмасдум. Гузардан ўтуб, Каттабоғга боравуришда, анҳор ёқалаб кетган йўл иккита тепаликну ошуб ўтар экан. Фақат ўша тепалукларга етгандагина ўша сув, ўша анҳор йўқолуб қолару тепа пастлаши билан яна пайдо бўлуб олар эду. Мезанали биринчу тепадан ўтганда унча билинмовду, аммо иккинчу тепадан ошишимиз била у ёғи пастлаб кетган сойлигу далалар бошлануб азбаройи тўхтаб қопман. Бу қорлик қишнинг кунидаги бу бир тиниқлик-мусаффоликму узоқ-узоқларни ҳам шундай яқинга, қўл узаца етгудек жойга келтириб қўйган эду! Сойлару тепалар, ундан у ёғудаги далалар, қатор толу тутқаторлар, ишкомли боғлару ҳовлу-жойларгача олдунгизда турарду. Ҳаммаёқда, оламну қоплаган оқлук устуда офтоб нурлару ниману нимага кавшарлаяпту — кўзну қамаштиргувчи бир нурлар ўйнайду, ёнаду, ёлқунланаду. Кўзну қамаштирса-да, одамга хуш ёқаду. Фақат қандай сой экан, икки беткайига келуб тўхтагану чўккан туялар карвону устину қор босгандай ва шу турушида кунботарга қараб кетган сойлук ўртасудан бора-боргунча буғ кўтарилуб ётибду. Сой суви парлануб ётубдуми, енгил туман чўзала тушганми — ажратолмайман. Каттабоғ дегану шунчалар гўзал эканму? Қор босганину айтмасангиз, жаннатну давомидай кўринарду кўзумга. Балки сиз туғулуб ўсган, чопуб-чопқуллаб юрган жойлар бўлгани учун менга азиз туюлгандур, кўрингандур, Султонмурод ака. Лекин чин сўзум йўллариз шундай жаннатдай жойлардан айро тушуб, қай тоғ ораларуда довон ошуб, ўнгур ошуб юрувингиздан ачиндум. Нима излаюрсиз? Ўшал излаган нарсангузни шу ерлардан топабилмасмудиз? Нима монелик қилду бунга? Балки менинг ожуз ақлум, қиз бола ақлум етмас. Сиз билган нарсаларну, ҳикматну чақуб ололмагандурман. Лекин бахтну, албатта, узоқлардан изламоқ керакму? У чиндан қўл етмас тоғлар ортида, Кўҳиқофу Тангритоғ томонларда қолганму? Нима қувган ўзи Сизну бу диёрлардан? Тақдир этуб, бахт излаб борган бўлсангуз, мана, мен шу ёқларга келуб турубман-ку! Ўз оёғум ила топуб келуб турибман-ку! Тинч-хотуржам умргузаронлук қиламан деган одамга бундан ортуқ нимаям керак, Султонмурод ака? Ёлғуз одам оламну ўзгартира олармуди? Агар Оллоҳ изн бермаса, ўзи сабабчи этмаса? Ё сиз ўшандоқ бўлмоқну истармусиз? Мақсудхўжаларнуки ўша тепадан тушиб, қайрулишдан ўтганда — катта нокзор олдуда экан. Қолаверса, ўша тепадан тушиш билан боя йўқолуб қолган анҳор ҳам ўнг ёқдан чиқуб келарди-да, кеюн кўчани кесиб йўлнинг бу бетига ўтуб оларду. Ана шу анҳор бўюдан ҳар биттаси осмону-ҳафтумну тутган (тавба, қачон экулган экан, бири-бирудан қолишмайду, азумки азум!) ёнғоқлар қатори бошланиб кетган эду. Нокзорга етуб ҳам у ёнғоқлар тугамас эду. Саломхон холангузларнуки ана ўшатта экан. Тепа томони кета-кетгунча деволдан ошуб, кўчага мўралаган бир сурх новдали беҳуларки, беихтиёр кўз олдумга Салтанат холангузникида кўрганум — дордаги сап-саруқ беҳулар кепту. Мен унинг ҳидуни шу ерданоқ туюб тургандекман. Ичи ишком-боғлар, ҳаммаси қорга ўрануб, бир чиройлу мудраб ётуб эди. Пастда кунга қаратуб солунган қатор тупроқ томлу уйлар — бир файзлу, бир саришта, бир кўзга яқун. Нега шундай, айтолмасдум. Балку бу ҳовлу, бу хонадонда, кунга қараб тушган бу уйлар, бу гўшада бир муддат сиз яшагануз, ўз уйингиздек кириб-чиқиб юрганингиз учундур, агар уйлантиришса, келинни шу уйлардан бируга туширмоқчу бўлишганию, энду ўша уйлардан бирига (тақдурни қарангки!) мен — Сиз суйган ва бу ёққа жўнатган жуфтингиз келаётганум ва эга чиқаётганум учундур. Ахир Сиз учун азиз нарсалар нега менга азиз бўлмасин?! Ичкари кириб фотиҳа қилибмиз ҳамки, эшик очилуб Сиз салом беруб кириб келадигандексиз. Ҳатто ҳовлудан қорну ғарч-ғурч босиб келаётган оёқ товушлариз эшитилиб кетаётубду. Зинада оёқларунгизни тап-тап қоқишингизну, йўталиб қўйишингизну кутуб нафас ютмай қоламан. Лекин эшик очилмайду, очила қолмайду. Демак, назарумда экан, менга шундай туюлган экан. Ўшандан бери шундайсиз: худди ҳозир билдурмаюн кириб келадигандексиз. Бу туйғу илоҳим, мени ҳеч алдамасун, назарумдаги олдумга етуб кела қолсун! Шу уйларда бирга-бирга яшай қолайлук. Эй, худоюм, бизну ҳам топиштур, келин-куёвлардек яшаш бахтини бер, деб сўраганум-сўраган. Саҳарларда дуоларумга қўшганум-қўшган. Султонмурод ака! Сизга жудаям қадрдон бу хонадонга келуб, биринчи кўрган тушумни айтайму? Жудаям ғароюб. Таъбирига лолман. Албатта, бу таъбирну бирав эмас, ўзум қилдум. Унга сиз нима дердунгиз? Чунки ёлғуз Сизгагина айтуш мумкин бўлган туш. Биравга, ҳатто Салом холангузларга-да айтолмадум. Эмушки... нега эмушки?.. Аниқ-таниқ кўрдим. Мен ўзумизнинг уйимиздамишман. Сиз мени қайтаруб юборганмишсиз. Уч кундан берлу тинмай йиғлармишман. Кўзумга уйқу илинмасмиш. Ҳожи дадам ҳам, оюм ҳам тепамдан жилмай тонг оттиришибду. Икки кечаю бир кундуз тинмай йиғлабман. Оюм бунга бир нарса денг, дадаси, йиғлайвериб жигарлари эзилуб кетди-ку деб, менга қўшилишуб йиғлар эмишлар. Тепамда мижжа қоқмай ўтирган дадамнинг тасбеҳлари шиқирлашинию ўзлари оғур қўзғолуб қўйганларинугина сезуб ётубман. Аммо ўзлару миқ этмайдилар. Сассиз тасбеҳот айтушда давом этяптулар. Биламан, ҳар иккалаларига ҳам қиюн. Қиюн ҳам гапму, жуда оғур. Менинг қайтуб келушим, Сизнинг бунга изн берувингиз. Қайси ота, қайси она қизум қайтуб келсун, деб узатаду? Яна мендай маломатларга қолуб, қайтуб келуб турса... Мана бундай бош кўтармай йиғлаб ёца... улар қандай чидайду бу кўргилук, бу маломатларга? Мен эсам, шуну тушунуб туруб ҳам ич-ичумдан босуб келатурган хўрлук, аламларну, қайтаруб юборулиш ситамларуну тўхтатолмаяпман, ичумга ютолмаютман. Шу асно салом беруб Сиз кируб келдунгиз. Аммо мен сезуб турган бўлсам-да, бош кўтармадум. Маломат алами шунчалук эканму, тавба! Эрум, жуфту ҳалолум, Сиз келасиз-у мен турмасам?!.. Бош кўтаруб қараб қўймайсам?.. (Бу қандоқ ҳол бўлду?..) Ул дилпоралар Сизну кутуб олишду. Шундай ёнумга, тепа томонумга жой солуб ўтказушди. Ваҳолангки, у бўҳтон гапларни эшитуб ёнумга йўламай қўйгандунгиз. Гапурмай ҳам юрардунгиз. Энду келубсиз. Бунга сару хўрлигум тутуб, ич-ичумдан йиғу босуб келяпту, келяпту, адоғи йўқ. Бошумни ёстуққа буркабам қутулолмаютман ундан, бу йиғудан... Аммо ўзум, бутун вужудум қулоққа айлануб, Сизнунг овозунгизну, сўзингизну кутяпман. Ва шунда Сиз дадамларга: «Мен келдум, ота. Бир оғуз айцун, ўз оғзи ила айцун, у гаплар ҳаммаси бўҳтон десун, опкетмаган номард, мусулмон эмас! Маломатга қўйганларни нима қилсам, ўзум билгайман. Қилмасам, Султонмурод отумни бошқа қўйинг», дедингиз. Шу сўзну эшитуб, у хўрлук, у алам, у кўзёшлар таққа тўхтаб, тина қолдию ўзум сапчуб туруб, оюмнинг бағирларига ўзумну отдум. Ва шу баробар... уйғонуб кеттум. Нима дедим, нима бўлду эслай олмайман, эслай олмаётирман. У қандай бўҳтон эдию кимлар маломат этду, бунусини-да билмайман... Шундан берлу шу тушумну эсласам ичум тўкиладур. Таъбурига ожузман. Ҳалу ўзунгиз келмай туруб мену қайтаруб юборушунгиз... ҳеч тушунолмайман. Нима бу? Кароматму, башоратму ёхуд шунчаки туш? Шунча айрилуқ-кўргиликлар каммики, келажакда... Айтушга-да, тилга олушга-да қўрқаман, Султонмурод ака. Ёнумда бўлсангуз ҳам майлу эду. Суянчум, суянадиганум бор-ку дердум. Қўрқмасдум. Энду эсласам, шу тушим ёдумга тушса, танамга муз югурадуган бўп қопту. Тезроқ кела қолсангуз эду, Султонмурод ака. Сизсиз қанчалук қийналяпганумизну билсангуз эду. Ҳамманинг ҳам бошуда бир эркаги бўлсун экан. Тоғдек ҳимоячуси бўлмаган аёл-аёл эмаскан. Мену кечиринг. Узр. Баъзан шунақа хомуш тортуб, тушкунлукларга тушуб кетаманки, чивиндек жонумга шунча ташвишму, қўлум қаерга ҳам етарду деб ҳамма аламумни йиғидан олушга тушиб кетаман. Тағинам холангуз бораканлар, улардан уялганимдан ҳам кўп нарсаларну ичумга ютуб келадурман. У киши Xудонинг берган куни кечаси алламаҳалга довур шиғиллатуб машина тикканлари-тиккан. Мен ҳам уларга қўшилуб, кизак тикаман, тепчиқ тепчийман, пилта ураман хом дўппига. Ҳар ҳафта Мақсудхўжа уни опкетиб, ўрнуга Ойпошша холангуздан иш олиб келадулар. Шунаққиб овуниб ўтирибмиз. Аммо ора-орада боягу тушум ёдумга тушиб, хаёлум қочуб-қочуб кетаду: бу нимадан белгу? Ё Оллоҳ, мендек ожуз, саргардон бандангга яна қандай синоатларунг бор, деб йиғлайман, аёл бошум билан (шу ёлғуз ҳолумга) у синовларга дош бера оларму эканман? — Маҳфузахон, келинпошша? Хаёлпаришон ўтирган эканман, холангузнинг овозларудан чўчуб тушдум. — Ҳа, кичигою? — Эсимда борида айтуб қўяй, кейин шошиб қолиб ўтирманг. — Жонум билан. — Эртага бир етга ўтиб келсангиз, Мақсудхўжам билан. — Майлун. Қаерга экан? — дедум ичим ғурмишлаб. (Мени зерикуб қолди, келин бояқиш, деб ўйлаяптилар шекиллу.) У кишу кўзойнаклари тепасудан маънолу қараб қўйдилар. — Савоб бўлади, чиқмаган жондан умид-да, болам. Шунга ўтиб қўйсангиз. — Тушунмадум. Дору холтамну кўриб айтаяпсизму?.. — дедум хаёлум табибчиликка кетуб. У дору ўтларни Мирза ота ҳар эҳтимолга қарши тутқазуб эдулар бу ёққа жўнашумизда. Ўша Сизга қараганумда озгина ўргатганлари демаса, нима билардум. — Ҳар эҳтимолга қарши олволинг. Табиб бўлиб борганиз ҳам тузук. Сизни кўриб, зора бери қайца... — Мени кўриб?.. Ким? Кичикоюм кўзойнакларину олуб, машинани суриб қўйдилар. Ўзлари орқароқ сурилуб, этакларидаги қий-қиндиларни терар эдулар: — Сиз эшитмагансиз бу тарихни. Узун жуда, — дедилар аллақандай истиҳолаларга тушуб.— Султонмуродимиз бу ёқлардан бош олиб кетаётганда... унинг қизи ҳам бир кечада... тўй кечаси ғойиб бўлган... Бояқиш, ўшанинг дардида куйиб, адои тамом бўлди, шу ҳолга тушди, бир чеккаси. Энди ўсал ётибди экан. Одам таниб-танимай... Ҳар замон отини атаб чақирар қўярмиш. Савоб бўларди. Мен энду англаб етгандай эдум. — Вой, Сизлар Марғуба атаётган... шўрликкинанинг кими, онасиму? — Ҳа, ўша бахти қора... шу бояқишнинг қизгинаси эди. Ҳали кутади... Бу тарихдан ичум сидирилублар кетди. — Сиз айтасизу нега бормайин, — дедум, — Фақат... Кичигоюм ялт этуб, юзумга боқдилар: — Қандай бўларкин, дейсизми? Мен бош силкидум. — Қўрқманг. Таомили шундай. Бу дунёдан кетаётган одамга хуш келган нарса, илоҳим, Оллоҳга ҳам хуш келгай... — дедилар у киши. — Илоҳум, — дедум мен ҳам... Дарвозахона йўлагидан биров чақирар эди: — Саида кеннойи?.. Хотиним дафтарни қолдириб, ноилож ўрнидан турди: — Қўшниларуз, шекилли. У чиқиб, менинг хаёлим ўша қиш-қировли кунларга қочган, янги кеннойим билан бошлашиб Саиларникига борганларимиз ёдимга тушиб кетган, ўша янги келган кезларидаги сувратлари кўз олдимда турарди. Бўлмаса, унақа ясанмаганлар. Фақат сал оҳорлироқ кўйлакларини кийиб отланиб чиқибдилар. Қўлларида сидирға паранжилари. Эгниларида эса, боя айтганимдек, қора атлас устидан қизил духоба нимчаю унинг ҳам устидан биз томонларда расм бўлмаган олди очиқ, ёлғиз тугмачалик аллақандай узун (халат десамми, қабо десамми) ёпишиб, бир ярашиб тургувчи энгил кийиб олганлар. У қирмизи рангда бўлиб, бошларига тивит рўмол ташлаб ўранган эдилар. Мен шундайин оқ юзли парирухсор кеннойимиз борлигидан эсим оғиброқ турарканман, паранжини бошларига солдилару сочвонни қўлларига ғижимлаб: — Дору халтани олдингизму? — дедилар. — Олдим, — дедим. Юрдукму, дегандай им қоқдилар. — Юрдик, — дедим ва ичкарига овоз бериб жилавердик. — Ойи, биз кетдик. — Майли, Оллоҳнинг паноҳига, — деб ичкаридан кўриниш бердилар ойим. — Кечга қолиб кетманг-лар-а, мени хавотир олдириб?.. — Xўп. Кўчага чиқсак, бирров кўриниш берган офтобда кунгай томондаги қатқалоқ жойлар пилчирай бошлабди. Чилп-чилпда юриб бўлармиди, биз изғирин ялаган йўлга ўтиб ола қолдик-да, анҳор ёқалаб юриб кетдик. Кўзимнинг қири билан кўриб турибман: кеннойим сачвонни тушириб, паранжига ўраниброқ олдилар. Энди у кишини Каттабоғдаги ҳар битта воқеадан хабар топадиган Анвар кеннойидан бўлак кимса ўлақолса таний олмасди. Анвар кеннойига эса нотаниш паранжи йўқ. У киши бир кўрсалар, бас, кейин Ҳиротда бўлса-да, таниб, сўрашгани бораверадилар. Нимасидан таниб оладилар, бандагиданми, гули, йўлиданми, билолмайман. Ҳозир фақат ўзимгина бу паранжи, бу сачвон ортида қандай ойжамол кеннойим борлигини тасаввур эта-ета, ортимга қарашга-да ботинмай, йўл бошлаб борарканман, қаёққа кетаётганимизни эслаганим сари хаёл опқочиб-опқочиб кетар эди мени. Тавба, бу қандоқ синоат? Биз ҳозир борадурган қизил тарам олмали хонадоннинг узатган қизгинаси никоҳ кечаси йўқолиб, биринчи никоҳидаги кишиси Баҳриддин акамни топиб борадию худди шу яхшилиги эвазига акам ундан бир туки кам бўлмаган манави парирухсорга эришибди? Эришиб, бу ёққа жўнатибди. У эса келиб-келиб, энди кимга йўлиқмоқда? Қизининг йўлларига кўз тута-тута адои тамом бўлган онаизоргами? Бу нима, Оллоҳнинг марҳаматими ё ҳаётнинг бевафолиги? Қандай тушунмоқ керак? Бошим гангиблар кетди. Қарасам, Сайнаби домланинг кўча юзидаги ўрикзоридан ўтиб, Нуриддинларнинг боғи этагидаги шоввага яқинлашиб қолибмиз. Анҳордаги муз остидан чиққан сув тўғондан ошиб, бир ажойиб шарқираб, ярқирарди. Ёзда анҳорга ҳам сиғмай гувиллаб ётадиган шовва ҳозир тўғоннинг ҳар чеккаларига муз маржонларини сочиб, музтўқмоғу муз-қиличларини ясаб ётар ва яна ноилождан-ноилож муз остига кириб йўқолар эди. У озодликка чиқмоқ учун муз қиличлару тўқмоқларини ясаб қўйган-у, бир бошлаб кетадирган мард-мададкор топа олмай яна тут-қунликка маҳкум бўлиб, муз-қалқон остига кириб кетаётгандек эди. — Вой, бу иккинчи тепаму? Шундан ўтиб бурилавузаму? — дедилар кеннойим. — Йўқ, бу Тепамасжид. Уйимизга ўқдек эшитилиб турадиган азон маши ердан айтилади, — дедим чечанлигим тутиб. Кейин гапимиз гапимизга қовушиб кела қолди. У киши сўрардилар, мен жавоб қилардим. — Кечагида йўлда кўргануз-чи? У ҳам масжидму? — Унисида ҳайитнамозлар ўқилади, зиёратга боришади, — дедим. — Шунақа қадамжому? — дедилар кеннойим ҳайратланиб. — Чўлпон ота пирим қўйилган эканлар. Ойимни айтишларича, катта буваю бувиларимиз ҳам ўшатда ётишади. — Ўзи раҳматига олсин ҳаммаларину, — деб у киши сачвонлари остида юзларига фотиҳа тортдилар. Кейин сўрадилар. — Дадангизлар ҳамму? Мен бош чайқадим: — У киши мен бола пайтимда ўтиб, Қаънғлига қўйилган эканлар. Кейин тоғаларимиз бизни кўчириб келишган. — Шунақаму? — деб ярим ўгирилдилар, — Султонмурод акангизнинг дадалари-чи? У кишуга нима бўлган? — дедилар истиҳола аралаш. Мен чинига кўчдим: — Ойим яхшироқ биладилар бу тарихларни. У кишини олиб кетишганда... биз ёш бола эканмиз. — Акангиз ҳамму? — дедилар тўхтаб қолаёзиб. Кенноюм бу хабарларни сачвонларини кўтариб ютоқиб тингларканлар, мен пандавақи орқа-кетини ўйламай жавоб қилар эдим: — Ҳа, ҳа, Олим акам бизникида, у киши шаҳарда, холамгиларникида катта бўлишган. Бу ёқларга кейин келганлар. — Шунақаму, уни қаранг-а?.. Сезиб турибман, у киши яна нималарнидир сўрашга илҳақ, гапни шунга келтираётирлар-у, айтолмаяптилар. Нималигини ҳам англаб тургандекман. Марғу кеннойим ҳақда, акам билан ўрталарида ўтган нарсаларни сўрамоқчилар шекилли-ку хаёми — нима қўймаётир. Мен ҳам тушунтириб бўлмайдирган у гапларни очгим йўқ, акамни ёхуд Марғу кеннойимни ёмонотлиқ қилиб қўйишдан қўрқиб, тилимни тишлаб бораётирман. Чиндан ҳам биз нима биламиз?! Маҳфуз кенно-йимнинг ўзи биздан ҳам кўпроқ нарсани биларкан-ку. Акамнинг «васияти»ни ҳам, уни биринчи никоҳи- даги кишисига етказишганини ҳам. Бошқа гапга не ҳожат? Бу орада икки чеккаси пахса деворли кўча ҳам, гир атрофини қари қора толлар ўраган, ҳозир усти музлаб-тош қотиб ётган ҳовуз ҳам орқада қолиб, ёнғоқзордан ўтибмиз. Ўртада кичкина тавақа — болачаси бор таниш дарвозага етиб келибмиз. Уни кўрган заҳотим юрагим тўрга тушган беданадек потирлай бошлаган эди. Шунча ўзимни босаман дейман, қани босолсам!.. Ичкарида тиқ этган товуш йўқ. Арслон отли ўша «дев» ҳам қай кунжакда ёхуд сомонхонада ётган бўлса эҳтимол — кўринмаяпти. Лекин отхонадан опчиқиб, кунгай жойга боғлаб қўйилган қари тарғил сигир «ешак ўлдирадиган офтоб»да шумшайиб турибди. Пинакка кетганми, кавш ҳам қайтармайди, охурга ёпирилиб талончиликка тушган чумчуқларга қараб ҳам қўймайди. Рўза тутгандек тек қотган. Очиқ эшикдан мўралаб-чақириб туриш ўнғайсиз эди, эшик болачасини ўзимга тортиб, зулфинни тақиллата бошладим. Ичкаридан «ҳозир» деган овоз келдию эшик тир-қишида биров кўринди. Саи экан. У ўша-ўша калта-қўнғир палтосида, йўлакай рўмолини қайта ўраб келарди. — Кираверинг, очиқ, — деди у ўша ёқданоқ. Мен кеннойимга йўл бўшатдим: — Мана шўт, мен кута тураман. Кеннойим сачвонни бошларига ташлаб эландилар: — Вой, одамну уялтурманг, Мақсудхўжа? Рости, юзларидан ўтолмадам. Ичимда эса, учиб-қўниб турибман: Саи демаганлар ўз опажонисига ўхшаган кеннойимни кўриб, қай аҳволга тушади экан? Айниқса, ўсал ётган онаси? Туриб кеца-я... Шу вақт кеннойим ўгирилдилар ҳам... эшик очилиб, Саи кўриндию «Вой!», деганча қотиб қолаёзди. У икки қўлини икки бетига босганча Маҳфуз кен- нойимга тикилиб қолган, ўзини унга отарини ҳам, отмасини ҳам билмас эди. — Сиз, сиз... — дерди-ю, у ёғини айта олмасди. — Ҳа, мен, Салом опоқиз айтган табибман, ўша. Аянгиз тузукмулар? Ўзлариз яхши ўтирибсизларму?— деди кеннойим кўришгани бора бошлаб. Шундагина Саи ўзига келиб, кўз пирпиратдию ноилож елкасини тутиб берди: — Келингиз, киравуринг Аммо ўзи кўришяпти-ю, кўзига ишонмайди, опаси «Вой, мани пучуғим, сингилжоним», деб қучоқлаб оладигандек, алағда. Аллақандай каловланиб қолган. Мен «Бошла, бошлай қол», дегандек им қоқдим. Саи ўзининг аҳволидан ўзи хижолатларга тушиб, қизариндию шоша-пиша ортига чекилди: — Вой, чинданам, опоқим айтиб кетувдила-я? Кела қолинглар. Юра қолинглар, мана бу ёққа. Биз ўн қадам юрибмидик-йўқми, кеннойим бошларидан паранжиларини олиб улгурган эдилар ҳамки, айвон охиридаги кичик уйнинг ўша айвонга қараган эшиги очилиб, елкасига тўнининг бир енгини кия-кия кимдир чиқа бошладию, ялт этиб бизга кўзи тушиб, остонада турганча қолди. Сўнг: — Ия, Марғу?! Ўзингмисан?! — деганича оёғига бир нималар илишга уриниб, каловланди. Ва ўша ернинг ўзида икки айланиб, ўша бир нимани топди ва ўзини пастга ташлашга чоғланган жойда чиққан эшигини ҳовлиқиб очиб, ичкарига овоз берди: — Ойи, униз кепти, ўз оёғи билан кепти! Қайтиб бояги важоҳатида ҳовлига тушиб кела бошлаб зинанинг ярмига етганда... устунни ярим қучганча тўхтаб қолди. Xудди шу вақтда у «синглим» деб атаган кимса шарт қайрилиб, паранжисини бошига илиб улгурган ва апил-тапил сачвонини туширмоқда эди. Саи бўлса, гангиб қолган акаси томон чопган, шивирлаб: — Вой, қанақасиз, ўзиз?! Нималар деяпсиз?! Булар Саломхон опоқининг келинлари-ку, табиб-ку. Ҳушингизни йиғинг, ака, — деб койиб-куйинар, тирсагидан тортқилаб, орқаларини силаб «есингизни йиғинг, қочинг»лаб, йўлдан ҳайдар эди. Лекин урушдан қайтибоқ анув воқеаларни эшитиб, Султонмурод акамни яниб юрган акаси қани эсини йиғиб, четга бурилса! — Нега биров... бўлади? Опанг-ку?!. — деди у ахийри синглисининг бетига қараб. У туташқош, юзи-кўзи Саиники сингари кўҳлик, аммо ўзи қарчиғайдек йигит эди. Эгнидаги дўппию тўн ҳали қовушиб-қовушмай — аскарликдан янги қайт-гани шундайгина билиниб турарди. — Адашяпсиз, ака. Ўхшатяпсиз, холос. Булар аям учун келишган, қочинг,— дерди Саи ҳамон шивирлаб, ўзи эса акасининг қилиғидан уятларга ботиб борар эди. — Астаъфируллоҳ, астаъфируллоҳ, — деганича нари кетаркан, у ҳамон гумонсираб-гумонсираб қараб қўяр эди. Мен зора чалғиса деб, яқин бориб салом бера қолдим. Аммо у алик ўрнига ҳам афтимга анқовсираб тикилди. Танимагани аниқ эди, ўзимни танита бошладим: — Биз пастдаги мактаб олдида турамиз. Саломхон машиначи... У кеннойимга орқа ўгириб турар эди, қайтариб сўради: — Илгари-чи? Мен кўчиб келганимизни тушунтиргунча кеннойим Саига эргашиб, ўзларини зинага, ундан айвонга урдилар. У шу пилдираб боришида ҳазилакам ҳаяжонга тушмаган эди. Улар кириб кетишиб, биз ҳовлида қолдик. Саининг акаси ўгирилиб, кеннойимнинг кавшига қараб қўйдию қошларини кериб, менга бошдан-оёқ тикилди: — Шошма-шошма, киммиз дединг? Мен қайтадан тушунтира бошлаб эдим, у жерикиб берди: — Роса чўздинг-ку, Султонмурод ким бўлади сенга? — Акам, — дедим тўрсайиб ҳам калта қилиб. У лабини буриб, бурнини жийирди: гўё «шу жипириқнинг акаси...» дегандек. Ғашим келиб, энсам қотди: — Сизга нима?! — Ўҳ-у! Жаҳлинг ҳам бурнингни учида-ку! — Гапим нашъа қилиб, аччиқ кулди у ва кутилмаганда елкамга чайирдан чайир қўлини ташлаб, асабий силкиди, — Тўғрисини айт, ҳов. Туғишганми, ким?.. Мен гўё шақилдоқдек турган еримда неча бор бориб-келдим. Умуртқамми, қай бир суякларим шиқирлаб кетиб, аламим қайнади. — Туғишган бўлса нима?! — дедим қайсарлигим тутиб. У ҳайратланиб, сўнг жилмайди: — Ну, қойил! Шу кетишинг бўлса, акангданам ўтасан. — Акамга нима қипти? — дедим силкиниб. Унинг юзи тундлашиб келиб, ўзи қулоғимга энгашди: — Ўша нима қиптисини... кўрсатиб қўяман мен унга! — деди аламли шивирлаб. Кейин қаддини ростлаб, кўзини лўқ қилиб қаради. — Ҳозир қай гўрдалар? Гадой топмас бир жойларда қочиб юрибдиларми? Менга ҳаммадан шу кесатиғи ўтиб тушган эди. — Жуда билибсиз-да! — дедим тўнғиллаб. Қарасам, дору халта қўлимда, ким билан пачакилашиб турибман, тўғри зинага қараб юравердим. У ортимдан икки қадам ташлаб, вишиллади: — Ҳов, мишиқи?! Бўлмаса, нима экан? Бировнинг пардаи исматдаги синглисини авраб опкетадилар-у, яна оппоқ эканларми? Шошмай турсин ҳали! — деди камига айвон устунига шаппалаб. Мен тепага чақволганман, оёғимдагини ечишниям, эшикни очиб кириб бораверишниям билмайман. У эса, қори қуралиб, пилчирай бошлаган ҳовлида лойга ҳам қарамай алам билан нари бориб, бери келяпти, Ора-чира қўл силкиб, сўкиниб қўяди: — Мен шундай қолдираркаманми?! Индамай кетарканманми?! Шошмай турсин! Буларни мана шу куйларга солгани учун ҳам тинч қўймайман! Ернинг тагидан бўлса, топиб келаман! «Не-не кекирдаги узунлар нима қила олиб эди, Сизнинг қўлингиз қаерга етарди!» демоқчи бўлдим-у, айтиб ўтирмадим. Қолаверса, у ҳали нимани билади. Сўнг дору халтани кутиб қолишди деб ўйлаб, улар кириб кетишган эшикни шартта очдим. Ё тавба, Маҳфуз кеннойим, ҳа-ҳа, бошидан паранжисини олиб қаергадир ташлаган Маҳфуз кеннойим тўрдаги — оёғи танчага қаратиб солинган ўринда йўқдек бўлиб ётган аёл ёнгинасига тиз буккану унинг кўксига бош қўйиб, юз босганча қолган эди. Ўша ётган кимса эса қоқсуяк, озғин қўллари ила кеннойимнинг бошини, бошига қўшиб сочларини оҳиста-оҳиста силар, усиз ҳам киртайиб кетган кўзлари юмуқ ҳолда бир нималар деб шивирлар эдию, мижжаларидан сизиб чиқаётган ёш икки чеккасидан қулоқлари юмшоғи томон чопқиллагандан-чопқиллар эдилар. Гўё «Розиман, мингдан минг розиман, она қизим», деб пичирлар-у, негадир мен овозини эшитмаётгандек эдим. Титраб кетдим! Бу ёқда аскар ўғли ҳовлида шилп-шилп юриб, нари бориб-бери келяпти, у ёқда муштдек бўлиб, онасининг бош томонида ўтирган Саи ўкраб юборгудек аҳволда — икки юзини чангаллаганча қолган. Ўзим эсам, нима бўлганини ҳеч англаб ета олмасдим... ...Хотиним қайтиб кириб, хатни яна қўлига олди: «...Султонмурод ака! Қанчалук ўнғайсиз бўлмасун, уларнукига бордум. Xолангузнинг сўзларини ерга ташлай олмадум. Худонинг хоҳлашуни қарангки, Сизни қора тортуб, ўзиниям, бу ёқдагиларниям не маломатларга қолдируб кетган ва Сиз биринчи никоҳидаги кишисига етказдурган бахт соҳибасиникига унинг қиёфасида кириб боришумни, уларникудагилар мени кўриб қай аҳволга тушганларини бир кўрсангиз эду. Савоб деб бордим-у, лекин гунг одам ҳам чидолмасду бу ташрифга. Аскарликдан қайтган акагинасининг мени бехос кўриб қолуб, уйни бошига кўтарганларини, ойи, униз кепту, ўз оёғу билан кепту деб жар солуб, бир ерга етганларини, сўнг мен у эмаслигимни билиб қолуб қай ҳолга тушганларуни кўрсангиз эду! Паранжига ўрануб кириб боряпман-у, дувиллаб келган ёшдан на йўл, на зина кўринаду кўзумга. Яхшиям толчивиқдек синглиси боракан, ўша бошлаб кириб кетду. Кирсам, қизининг дарду фироқида озуб-чўп бўлиб қолган онаизор ўрунда эриб битган шамдек ётипту. Аскарликдан қайтган ўғлининг бояги шовқуни — «униз кепту»сини эшитган шекилли, ўзи алағдаю кўзлари жавдирайди. Менгинани кўриб: — Марғу... Вой, менинг бебахтгинам! — деб бошини тўрт энликкина кўтарди-ю, бошқасига ҳоли ҳам, мажоли ҳам келмай, чўзила қолду. Учиб бориб, ёнларига тиззаладуму ҳамма истиҳола, андишаларни йиғиштируб, кўксиларига бош уриб, юз босганча қолдум. Паранжумни қачон бошимдан олдум, у киши қай аҳволда кўрдилар, билмайман. Аммо у киши ҳам мену қизлари ўрнида кўрган, мени у деб билган эдулар. Лаблари шивирлабму Оллоҳга шукрлар айтарди. Мен у кишину ноумид қилолмасдум, бошқаман дея олмасдум. Тилум айланмасду бундай сўзларга. Бунинг ўрнигаям ич-ичумдан бир йиғи, бир ўксуғ босуб келяпту — ўзумни тутолмайман, тилумдан бир сўзлар оқуб келяпти — айтуб адо қилолмайман. Ўзум чиндан ҳам шу муштипар онаизорнинг дуосини олиб қолгум бор, бир марта юзларумга қарашига, бир оғиз эшиттируб бир нима дейишига интиқман, зорман. Ниҳоят, момиқдан момиқ, майин бир кафт, қизалоқ қўлларидан ҳам енгил бир қўл бошим аралаш сочларумни силай бошлаганини сезиб, энтикублар кеттум ва бағирларига сингиб кетгудек бўлуб, юзларумни босдум. Аммо у қўлнинг ҳоли йўқ эду. Бошумни қучиб қўйиб: — Бахтингда кўпайгин, илоҳим, — дедилару жим қолдилар. Қўллари елкамдан сирғалиб тушиб кетти. Бошимну кўтарганумда очуқ кўзларининг нури икки томчи ёш бўлиб, мижжаларидан оқиб тушмоқда эду. «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиун» — чиндан ҳаммамиз бир куни унинг даргоҳига қайтгувчи эканмиз. Оллоҳ раҳматига олган бўлсун. Қизларидан розу кеттилар. Имкони бўлса, бир энлик хат ила у мушфиқага хабар бермак лозимдур. Руҳи покларига бир калима Қуръон тиловат қилиб юборса ҳам савоб. Қолаверса, Оллоҳнинг уйига яқин жойларда, пайғамбар саллоллоҳу алайҳи вассалам юртларида яшаётган Марғубаларидан лозим бу. Аддои Маҳфузангиз. Ўша ўзингизга тануш азиз манзил-мавозеларда яшаб тургувчи хасму завжангиз». Қайрағочзорли Ёлғиз Мозор Сири (ёхуд Мақсуд қиссагўйга қоронғу — муаллифга аён тарих) Ўша қоқсуяк, жимит чол — Миртўхта амаки қўлида бир ҳовуч гилосми — нима, ўпиб, кўзига суртганча омонлиқ-сомонлиқ қилар ва бир донагинасини тишсиз, нуқул милкдан иборат оғзига солиб, ёнидаги пакана, ғулабир одамга бир нималар деб ғўлдирар эди. Олим унинг қулоққа аллақандай хуш ёқувчи овозини қўмсаб, машинасини йўл чеккасидаги каллакланган толлар тагига олақолди. Қарангки, гузардаги бу толлар каллакланиб, қатор дўконлару расталар ёпилиб қолганиданми, у аллақандай файзсиз кўринар, толлар эса эндигина кўклаб келар, янги навдалари ҳали қинғир-қийшиқ бутоқларини энлаб улгурмаган эди. Ҳатто Миртўхта амакининг чойхонасига кираверишдаги ҳайҳотдек тутнинг шохларини ҳам шип-шийдам қилиб кесиб кетишган, у қуриган дарахтдек шўппайиб қолган эди. Тагидаги ёғоч сўрилар ҳам ҳувиллаб ётибди. Ҳамма ёққа ит теккани-теккан, шуни кесишмаса, нима қилибди экан, гузару чойхонадан файзни кетказиб?.. У ичи ачишиб, ўша томонга қараб юраверди. Миртўхта амаки уни машинасидан танибми, путури кетган ёғоч зинасидан тартақайлаб тушиб кела бошлади: — Ия-ия, эшон бола, яна қандоқ шамоллар учириб? Келинг-келинг, қадамларизга ҳасанот.— У ғўлдираб келиб, қўлини олди ва кейингиси билан елкаларини силаб тавоф эта кетди. Сўнг кўк халатининг чўнтагидаги гилосдан илинди. — Олинг, эшон бола, Чўлпон отанинг қора гилосидан. Тотиниб қолинг, шу охирги ҳосили. Ҳадемай улар ҳам кундаков бўлиб кетади. Гилос — гилосмисан-гилос эди, ҳар донаси бошмалдоқдек келар, ҳалитдан чаросдек ранг олиб, қорая бошлаган эди. Олим беихтиёр ўзи болаликда шаббохун уриб юргувчи Яккабоғ боғларини эслади. Айниқса, Иноғом тоғанинг ташқисидаги ўрта деворга ёнбошлаб тарвақайлаган азамат гилоснинг қўшалоқ-қўшалоқ, терган билан, еган билан адо бўлмагувчи мевалари кўз олдидан ўтар эди. Ана шундай бошмалдоқдай гилосларни Қаш-қарда кўриб эди, қайтиб мана энди қўлга олиши. Ҳадемай буларни ҳам адо этишади, ҳамма ёққа қирон кепти. Қайси гуноҳларига шундай бўпти? Шаҳар қуришаркан, бошқа ер — қирми, тақирми, қуриб қолган эканми? — Олинг, эшон бола, омонлиқ-сомонлиқ, — деб қистарди Миртўхта амаки. Олим ўзига қолса, шу қўшалоғини машинасининг ойнасига, нақ кўзининг рўбарўсига илиб қўйгуси келди. — Ўз боғизданми, амаки? — деди. — Қайда! Бизни боғ қоптими, аллазамонда суриб ташлашган. Бу Мукаррам эшонни боғидан. Ана, ўзи, илиниб опчиққан экан. Шунақа илиниб юради, қассоб акангиз. Ҳамма меҳри кўзларига балқиб чиқа қолган бу калтабақай одам ўлақолса қассобга ўхшамасди. Ҳарқалай Олим уни қўлига тиғ ушлаган ҳолда ҳеч тасаввур этолмади. Шунинг учун ҳам у билан самимий кўриша туриб, янглишганини сезди. Унинг қўли бамисоли қайроқтошдек қаттиқ эди. — Ҳовлига кирамиз, меҳмон. Қулинг ўргулсин хасип солдиряпман. Таъми оғзизда қолса, кеп турасиз,— деб илжайди Мукаррам ака. — Раҳмат, ака, бошқа гал, — деб қўлини кўксига қўйди Олим, — Бир ерга ўтадиган эдим, сал кечикдим. Сутчи амакига ваъдам... — Э, у кишими? Аллақачон қайтиб, битта чойни майдалаб ўтириб эди. Яккабоғдан қидириб келиб, опкетиб қолишди, — деди Миртўхта амаки узундан-узун қўлининг орқаси билан қотган белини силаб қўйиб.— Қандай топиб борасиз, бу абжағи чиққан йўллар билан? Ғиротингиз увол-да, увол. Кута қолинг. Қассобга жон битди: — Шуни айтинг, айни отамлашадиган мавриди экан. Қолинг, хасип тобида. Йўқ, деманг. — Қанийди, отамлашганга нима ецин. Лекин тушунасиз-ку, ўртада лафз бор. Бир эски мозорот йўлга тушаётган экан. Ўшанга ўтмоқчийдик. Буни эшитиб Миртўхта амаки ҳовлиқди: — Дарвоқе, ўшалар келиб опкетишди. Сандуқли отадан сандуқлар чиққанмиш. — Очишибдими? — деб юборди Олим бир нима бўғзига тиқилиб келиб. — Билмасам, билмасам, — деб ғўлдиради чойхоначи, — сутчини «чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин,» деб опкетишди. Эски китобларга ундан бўлак кимнинг тиши ўтарди? — Кейин камига уни таърифлай кетди. — Муллага тараф йўқ, тараф. Чўлпон отанинг имоми ҳам ип эшолмайди унинг олдида, сут бонка орқалаб юрганига ишонманг. — Эски уйларнинг синчлари орасию тоқилари тепасидан чиқаётган китобларни шу киши сотиб олаётганмиш, — деб қўйди қассоб ҳам. Олимга шу кифоя эди, ичи қуриб, хайр-маъзурга тушиб қолди: — Узр-узр, мен бормасам бўлмаскан. Айбга буюрмайсизлар. — Эсиз, машина, бу чалчиқ йўлларга, — деди Миртўхта амаки ичи ачиб. Аммо меҳмон парво қиладиган аҳволда эмасди. — Шундай топилдиқлар хабари чиққанда жин урадими бу терсакка! — дедию хайр-хўш билан ўша қора кийикига ўтириб, тупроқ йўлдан кун оғиб бораётган томонга суриб кетди. Бирпасдан кейин у ҳар турли оғир машиналар ўтавериб ўйдим-чуқур бўлиб кетган йўлдан қўш ғилдирак изи билан бир амаллаб илгарилаб бораркан, ботиб қолари ёхуд бирон ариққа тушиб кетаридан ҳавф-сираб, тўхтаб-тўхтаб қолар эди. Ана шунда кўз ўнгидан наматга ўралган сандиқлару уни кўплашиб кўтаришиб олаётган одамлар кетмай қолиб, болалигида эшитганлари ёдига тушиб-тушиб келаверарди. Эмишки, раҳматли дадаси бир куни қўлларида илм олаётган шогирдлари билан ҳамма китоблару қозилик ҳужжатларини сандуқларга жойлаб, сандуқларни эса наматлару мол терлари билан ўраб-чирмаб, ярим кечада аллақаерга ташлаб келишибди-да, сўнг ошни еб, муридларга оқ фотиҳа берганмишлар. Эрталаб эса ўзларини олиб кетгани одам келганмиш. У ёқда эканида шунча оғиз жуфтлаб, маврид кутди, лекин сўрашга журъат топганида у киши (Оллоҳ раҳмат қилсин) тилдан қолиб, бир сиқим сариқ ипакдек бўлиб ётар эдилар. Яхшиям илгарироқ сутчига бир нималар деган эканлар. Сал ўтиб, бинойи тошйўл бошланди. Энди қўрқмаса ҳам бўларди. Қурувчилар юк машиналари чалчиққа ботиб қолавериб, тоза адабларини ейишган шекилли, илгариги (тупроғи ёзда тўпиққа чиқиб, кузда балчиққа айланадиган) катта кўчага шағал ётқизишган, унинг дала йўли сиёҳи қолмаган эди. Фақат йўлнинг икки чеккасидаги йўлкалар ўша-ўша, гоҳ катта йўлдан одам бўйи тепага чиқиб, гоҳ Иззага яқинлашганда бараварлашиб қолар эди. Ўша бир вақтлар — улар эсларини танимасдан бурун тепаларни кесиб ўтиб, тўғри Аччига қараб тушган йўл ҳали ҳам омон турар, ундан бўлак ҳамма нарсага — боғлару сойлару қўрғонларгача, барчасига текис қирон келган, кўзга ярқ этиб оловдек ташланадиган нарсанинг ўзи қолмаган, ўрнидан уфқларнию кенгликларни тўсиб, баландқават темир уйлар қад ростлаб келар, маҳобатини айтмаса, дунё кўрган Олимга ҳам аллақандай ўтиришмаётир эди. Балки одам боласининг табиати шунақадир: кўз очиб кўрган нарсаларидан ажрашни истамас. Ҳар бир ўзгаришни ички ғашлик билан, оғриниб қабул қилар. Ҳозир ҳам шунча оро бериб қурилган, меъморчиликнинг оврупо намуналаридан қолишмайдиган иморатлар қолиб, йўл чеккасидами, осмони-ҳафтим бинолар ўртасидаги ҳовли-майдондами адашиб-қирқилмай қолган яккаш тутми-ёнғоқ туплари кўзига оловдай кўриниб кетар эди. Ўзи эса худди эски танишини учратган одамдек бир ерларга етар эди. Яккабоғнинг Иззасига етганда чидаб туролмади. Машинасини четга олиб, кўча ёқасига тушиб бордию кунботарга қараб чўзилиб кетган ва қурилишлар орасида ҳозирча омон турган чимзор-сойликка болаларча энтикиб, тикилиб қолди. Ҳайрият, ҳайрият, дея шивирлар, ватаннинг бир парчаси бўлса ҳам омон қолган экан-ку! Болалигимизда сигир боқиб, сойларида чўмилиб, чимзорларида гурпаклашиб юрган кунларимизни ёдга соладиган нарсаям бор экан-ку! Оталаримиз, оналаримиз юртидан ёдгор бўлиб шугина қолибдими? Қолган ҳаммаси йитиб кетибдими, дея шивирлардию кўнгли бузилиб борарди. Кўнгли бўшалиб, ичи сим-сим симиллаб кетаётган бўлса-да, сойликнинг ўртасида қора илондек тўлғониб ётган Изза сувидан, унинг икки беткайида ястаниб, то кунботарга қадар чўзилиб кетган ям-яшил чимзорлардан кўз узолмасди. Бу ернинг ҳавоси ҳам бир бўлакча, кўксига мойдек оқиб кирар, Изза бўйларидаги ялпизларнингми, сув ўтларинингми омухта ҳидлари анқиб турар, ҳидлаб тўймасди. Ҳозир ўша булоқ сувларидан ҳовучлаб-ҳовучлаб ичгиси, ўша чимзорларга чўзилаб, тубсиз осмонга тикилиб ётгиси келарди. Билмасдики, сал нарида, ҳов қари толлар тагидаги вайрона тегирмондан у ёғида сойнинг икки ёқасига узала тушган азалий тепалар, минглаб қушлару кўк каптарларга ватан бўлиб, ин бўлиб, ҳаммасини ўз бағрига ола биладиган, чуғур-чуғурларидан жангиллаб акс-садо бериб ётадиган тик жарлар аллақачон йўқликка кўчган, ҳозир борса, уларни тополмасди. Қадим Иззаю унинг икки беткайидаги юзлаб булоқлар ўша тепалар тагида қолиб кета бошлаганини у ҳали билмасди. Ҳозир кўз олдида турган, ҳали сивилизациянинг қадами етмаган бир қисм сойлик — чимзорларгагина маҳлиё бўлиб турар, шунга ҳам шукр қиларди. У ёқдаги остин-устинни кўрса, нима қиларкан, ўтириб олиб, пиқ-пиқ йиғлармиди экан?! Омон қолган чимзорлардан кўнгил узолмай, кеца-қайтиб кўролмайдигандек бир ҳолга тушиб, яна бир муддат турди. Аммо кун кетиб борар, офтоб оқпошшонинг қизил тангасидек қизариб минора краннинг учига осилиб турар, сойдан кечки бир салқинлик уфура бошлаган эди. Олим шошмаса бўлмасди, ёлғиз мозоротдан топилган сандиқлар таркана бўлиб кетмасидан етиб боргани маъқул эди. Қолаверса, у сандуқлардаги нарсалар кимники экан? Уларни ким жойлаб, ким кўмибди экан? Шундай кунда етиб бормаса, бир умр армонда қолмайдими! Чимзорда шудринг тушиб, ой чиққунга қадар ўтиргиси, болалиги кечган диёр билан видолашгиси келса-да, ортиқ қола олмасди. Худди шундай бир ҳис Яккабоғнинг гузарчасидаги ҳайхотдек ёлғиз садақайрағочни кўрганда (бу ниманинг аломати экан — шундай азамат қайрағоч қуриб қолган, шу ҳолида ҳам уни тинмагур чумчуқлар ватан тутиб, ин қуриб, чуғурлашиб ётар эдилар!), Муржимондан ўтгандаги занжир солиб ҳам қўпориб ташлаша олмаган катта қари тошнокка кўзи тушганда ичидан тошиб келган хўрликни зўрға боса олди. У кўзлаган манзилига етиб қолган эди. Отасининг халоскори, собиқ ҳамкасбига кўзлари қизарган ҳолда кўрингиси келмади. Тўғри, инсон жудоликларга кўника билиши керак. Туғилгандан то қабргача нималардан жудо бўлмайди у?! (Бу ўша сутчининг гапи!) Лекин одам ҳар нарсага чидаса ҳам кўзи тиригида ўзи яйраб ўсган, ялангоёқ турпоқ кечган, сўқмоқ ошган, чимзорларида шудрингдан сўнг яшил изларини қолдириб чопган, булоқ сувларини ичган, неъматларидан тотган бир ватан — бир диёрдан қандай айрила олади? Бу айрилиққа қандай чидайди? Қаердан таскин топади? Қайси гуноҳларига Оллоҳ уларнинг ўрнига тамомила янги қавмни келтириб қўймоқда — ўйлаб уйининг тагига етолмасди. Инсон хом сут эмганки, ўзининг гуноҳи қолиб, бошқаларникини ҳисоблашга тушиб кетади. Ўзим-чи, ўзимиздан нима ўтиб эди, деб қўймайди. Тоғдек гуноҳи борлигини билса ҳам билмаганга олмоқчи бўлади. Ўзи-чи, ўзи оппоқми? Шу кунларни яқинлаштириб берганларнинг ичида ўзи йўқми? Эндиги кўзёшидан, алам-ситамлардан нима фойда?! Кеч очилган кўз пушмон йиғиларидан қуриб, сўқирга айланса нима?! Сабру бардош ва тавбадан бошқа нима қопти? Ўшанда ҳам агар Оллоҳ ёрла-қаса... Унинг мижжаларига гоҳ аччиқ ёш қалқиб чиқиб, кўз олдини туманга ўхшаш бир нима қоплаб ола бошлар, гоҳ ўша ёлғиз чирқ-чирқ чумчуқларгагина ватан бўлиб қолган (ҳали саратонга бориб улар ҳам буни ташлаб кетадилар!) ҳайхотдек садақайрағоч кетмай қолар эди. Шундай сада турган ерида қуриб қолса-я! Бу ниманинг аломати? Олим ўйлаб ўйининг тагига етолмас, ҳикмати нима билолмасди. Чиндан ҳам у билмайди, бу бир вақтлар (ҳатто бундан ўн етти-ўн саккиз йиллар муқаддам ҳам машҳур, гуркираган, ҳамманинг оғзига тушган сада бўлганини!.. Ҳамма гап шундаки, ўша сада гуркираган паллада унинг рўбарўсидаги хонадонда бир ғаройиб чақалоқ (ўғил бўлиб ўғил эмас, қиз бўлиб қиз!..) дунёга келган эди. Бу ниманинг аломати эди, охирзамон — қиёматнингми ёхуд бирон касру касофатнинг, ота ҳам, она ҳам билишолмади. Яхшилаб таналарига ўйлаб кўришса-ку, тонг-саҳарларда Оллоҳга ёлвориб тавбалар қилишса-ку, ёлғиз ўзидан мадад сўрашса-ку — ҳикматини англашармиди! Оллоҳ ҳам гуноҳларидан ўтарди. Йўқ, бир-икки кун қўрқиб юриб, кейин қўрқмай ҳам қўйишди. Негаки бола қош-кўзи жойида, ўзи попукдай эди ҳалитдан. Ўғилдан кўра қиз болага тортиб кетарди чиройи. Xудонинг ўзи ғамхўр, вақт ажратади деб ўзларига таскин бериб қўя қолишди. Қусурига эътибор қилишмади, шуни ҳам Xудодан кўришди. (Оллоҳ эса уни беҳикмат яратмаган эди!..) Бора-бора ҳалиги болакай... аввал сочлари ўсиб, елкасига тушди, сўнг орқаси билан битта жамалак сочли қизалоққа айланди. Оқ юз, қуралай кўз бир кўҳлик қиз бўлдию сўнг ҳеч ким ўйламаган бир пайтда, айни оналар «вой фалончиям бўйи етиб, ойдай қиз бўптими» деб кўз остига ола бошлаган кезларида қизи тушмагур бир кечада «растасидан бузилиб» овози дўриллаб чиқди! Ўзи ҳам неча кун уйдан чиқолмай, қамалиб ўтирдию кейин «бо, худо олсин» деб дугоналари орасига чиқиб кетди (Онаси зора овози юмшаса деб отадан бекитиқча, жиндек сурма ичириб ҳам кўрди, кўкнор эзиб берди ҳам, бўлмади). Шу-шу эркакшода бўлиб қолди. Мактабни ташлаб, далага чиқиб кетди. У ёқда эса удли-шулдиккина экан, бир ўзи қирқта қизга бош бўлгудек деб, чопиқчи қизларга бошчи қилиб қўйишди. Қолаверса, қўли анча ерга етадиган, катталар ҳам ҳисоблашиб, ҳайиқиб турадиган тоғаси бор эди. У ҳақда «Худодан қўрқмагандан қўрқ», дейишарди. Султонмуродлар уйини ёқиб, Каттабоғдан бадарға этишганида кўчини ортиб кетатуриб, алам-аччиқда отни қистаб-қамчилаган экан: от олиб қочиб, ундан учиб кетганча оқсоқ бўлиб қолган дейишади, шу-шу Акмал ўрис номи Акмал чўлоққа айланган. Илгариги мовут кепка кийиб юрган маҳаллари ҳам бир баҳарнав экан, энди ундан жиззаки, ундан аламзада одам топилмасди бу депарада. Акмал чўлоқ кевотти деса, ҳар ким ҳар ёққа — ким чорбоққа, ким ишком ичига уриб кетар, у касофатга йўлиқдинг — балога йўлиқдинг эди. Шунақа Xудонинг ғазаби эди. Колхозда ҳам унинг айтгани айт-ган, дегани деган эди. Кетмон чопиқда бас бойлашса, бир ўзи тўртта эркакни қочириб, чангида қолдириб кетадиган, баъзан кураш тушса, ўзи тенги йигитларни ҳам чирпирак қилиб отгудек важоҳати бор жияни Қумриниса (шундай тоғаси бўлатуриб!) оддий кетмончи бўлиб қолармиди! Тез орада қирқ қизларга бош — звеновой бўлиб кетди. Неча йил бедапоя бўлиб ётган, кафтдек текис кунгай ер уларга ажратилиб, отхонанинг тоғ бўлиб кетган гўнглари шу ёққа ташилди. Қирқ арава чиқдими, ундан кўпроқми, ҳеч ким ҳисобини олгани ҳам, сўрагани ҳам йўқ. Қолаверса, лавлаги уруғнинг сархили шуларга тегди. Қизларга эса, бир номчиқарга ишлайсизлар, мукофотига бош-оёқ сарупою камига Муқимий театрусига олиб тушиш, деб ваъда қилишди. Ҳов, ер хоҳлаб қолса, қанд лавлаги дегани ёмон бўлиб берар экан. Ҳар лавлагилар бўлдики, унинг олдида ўғирдаста — ингичка эди. Қизлар қазиб, аравалар омборга ташиб улгуришолмасди. Ана шу номчиқарга қилинган ишга Акмал чўлоқнинг ўзи шахсан бош бўлдию жияни учун туриб берди. Қизларга ваъда қилинган бош-оёқ сарупони ҳам топдириб келтирди, Муқимий театрусига шахсан ўзи олиб тушиб, ярим кечада уй-уйларга ташлатиб қўйди. Қизлар шунга маҳлиё эдилар, хурсандликдан таналарига сиғмасдилар. Бу ҳақда аллавақтга довур гапириб юришди ҳам. Эркакшода жиян эса, бу депарада кўз кўриб, қулоқ эшитмаган обрўга эга бўлиб, шуҳратнинг тагида қолиб кетди. Унинг суврату портретлари қишлоқнинг гузару мактаблари, дўкону шийпонларига осиб ташланиб, ўзи депутатликка кўрсатилди. Энди унинг номи ҳамманинг оғзида эди. Қумриниса Қанғлининг қўл етмас юлдузига айланган эди. Одамларнинг «Қайси, кимнинг қизи?» деган саволларига: — Анув, Қумриниса-чи, Акмал чўлоқнинг жияни,— деб таништиришар, жудаям тушунмаганларга Яккабоғдаги садақайрағочни эслатиб: — Ана ўша катта кўча юзидаги қайрағочни биласиз-а, худди ўшанинг рўбарўсидаги эшикда туришади. Акмал чўлоқнинг синг-лиси ўшатга тушган. Шуларнинг қизи. Кўрсайиз танийсиз. Эркакшодагина эди, шу ёқдан бахти очилибди, — деб у ёғини айтмай қўя қолишарди. Олим кейинги беш-ўн йилда қайси юртда юрса — юрган, бу қирқ қизлар тарихидану Қанғлидан чиққан биринчи депутат довруғидан бехабар, эшитмаган ҳам чиқар балки. Лекин тагига тангадек ҳам офтоб туширмай гуркираб ётган садақайрағочни яхши эслайди. Чўлпон отанинг гузаридан қайтган бозорчи борки, тагида бирпас тўхтаб, ғир-ғир шабадада ором топмай кетмас эди. Қолаверса, шарқираб оққан сув бўйида, устига-устак сада соясида ўлтириш гаштига нима ецин. Уни кун тиғига қолган йўловчидан бўлак ким ҳам биларди. Энди ўша ариқ ҳам йўқ, қай бир ерлари тўлиб, қай бир жойлари кўмилиб ётибди. Садақайрағоч-ку бу аҳвол: биронта шохи омон қолмай, текис қуриган! Ниманинг касофатига, ёлғиз Оллоҳ билади. Ва энг ёмони ўша касофатнинг касри бир дарахтнинг ўзига урса майли экан, йўл ёқасидаги барча хонадонларни ҳам ҳароб этиб кетди. У ёқда бир-биридан маҳобатли иморатлар ким ўзарга қуриб ётилибдию бу ёқда эгаси кўчиб кетган ҳовлилар, томи очиб ташланган валонгар уйлар, наҳрали деворларнинг адоғи йўқ. Бу ниманинг аломати? Бир гуллаган жойнинг бир хароб бўлиши-ми, ўзимиз билиб-билмаганга олиб кетган аллақай- си гуноҳларимизнинг жавоби-қайтимими? Қайтар дунё деганлари, бу дунёдаёқ кўрсатилаётгани балки шудир?! Олим маҳзун тортиб қолган эди. У касофатнинг сувратию изларини аниқ-таниқ кўриб турарди. Адоқсиз ҳаробатлар ниманинг касри, қайси айнишларнинг қайтими — билолмай боряпти. У йўғида бу ёқларда Оллоҳга хуш келмайдиган қандай ишлар бўлиб кетибдики, ўшанинг жадига жаннатдай жойлар хароб бўпти, харобага айланибди? Ҳой, кўзингизни очинг, қаёққа қараяпсиз, деб қайтарадиган бир зот қолмабдимикан? Ёки унақалар аллақачон акасига ўхшаб бу диёрдан бош олиб чиқиб кетишган эканми? Отаси айтмоқчи, иймонлилар иймонини лахча чўғдек кафтида тутиб, бир тоғларга чиқиб кетганда, бу ёқда сатта иймонини ютганлар қолган эканми? Яна отаси айтардиларки, уламолар бир хил гуноҳ ишларни кўриб-кўрмаганга олмасинларким, бало келса, ому хосга баравар келгай. Булар ўшанинг мисолимикан ё? Ҳар нарсага ақли етган Олим буни ҳам тушунгандай бўларди-ю, тагига етолмасди. Нимадир монеълик қиларди. Нима экан ўша? Балки ўзининг ҳам жиндек гуноҳи борлиги... йўл қўймаётгандир. Ахир, ким адашмабди, қоқилмабди? Билиб-билмай хатою гуноҳлар кўчасига кирмабди? Муҳими, ўша хатою гуноҳларни англашда, афсусланишда эмасми? Сидқидилдан тавба эшигини топиб борса, қоқса, карами кенг зот нечук кечирмасин. Мана, кеч бўлса ҳам чопиб юрибди-ку. Жиндек бўлса ҳам фойдам тегиб қолармикан, деб! Жигаримнинг жигарларини топармиканман, деб. Улар қандай ўрама-гирдобга ташланган эканларки, бутун бошли хонадон шундай тўзиб кеца, ҳали-ҳануз йиғиб бўлмаса, ҳар томонга сочилиб кетган у жигаргўшаларни? Биз ўзи киммиз, недурки, киндик қонимиз тўкилган ота юртда бир бошпана, бир ватан тиклаб, волиду волидаларимизнинг чироқларини ёқиб ўтиролмасак? Ўтирамиз деб келганда сен таниган, билган, излаган у маконнинг ўзи йўқ бўлса? У диёрни ёдга соладиган нима ҳам қопти? У Иззанинг бир бўлагию анави турган ерида қуриб битган садами? Ёхуд кела келгунча ҳам тугамаётган адоқсиз — ҳали суриб ташлаб улгурилмаган харобатларми? У диёр йўқлиққа кўчиб бўпти-ку! У жилла қурса, бир вақтлар ўзлари чўмилиб-тупроққа ётиб, яна сувга калла ташлаб чарчамайдиган ўша Муржимоннинг анҳорию кўприги омон қолгандир, ҳовлимизнинг ўрнини ўшандан таниса бўлар, деб келятувди. Ҳов, у айқириб оққан анҳор сувини унутиб бўларканми? Ҳатто довюракроқ болалар сувда оқиб бориб, кўприк остига кириб йўқ бўлиб кетишарди-да, яна бир муддат ўтиб, бояги-боягидай чалқанча оқиб чиқиб келишар (ана қаҳрамонлигу мана қаҳрамонлик!), кейин ўраб олган болаларнинг: — Ҳечам қўрқмадингми? — Зиғирчаям-а? — деган саволларига бош чайқаб туриб олишар, ҳамма бирдан «Ву-уй» деб юборар эди! Энди унақа ўйинларни топиб кўр-чи! Анҳор ҳам йўқ, кўприк ҳам... Чиндан ҳам у кўприкни пайқамай ўтиб кетган, Муржимон қаёқда қолибди, деб эсини йиғиб олганда, анча ерга бориб қолган, олдинда бир тўп одамлар йўл чеккасидаги юк машинасига ниманидир кўплашиб ортишмоқда эди. Олим аввалига кўч шекилли деб ўйлаб эди. Лекин яқин бориб, устига чириган намат ташлаб қўйилган сандуқни кўриб, юраги ҳаприқаёзди. — Ие, айтишганидек-ку! Наматга ўраб кўмилган экан-ку! Юк машина атрофида кўйманишаётган кишилар орасида баланд бўйлук ва аллақандай ҳайбатлук сутчини кўриб, юраги тошиб, ўзи шошди. Яқин бориб, машинасини бир четга бурди. Сутчидан бўлак ҳамма сергак тортиб, турган ерларида туриб қолишди. Баъзи бирлари ҳатто ўзаро шивир-шивирга тушган эдилар. Алоҳол Сутчи уни кўриб, ёнидагиларга бир нима деб эди, улар енгил тортишди. — Аввалроқ айтмайсизми! Ўтакамиз ёрила ёзди-ку,— деди бирови баралла. Олимнинг хаёлидан эса, «қизиқ, Сутчи ниманинг ҳисобидан буларни хурсанд этади экан?» деган гап кечарди. Бир ёнда олди билан тупроқ суриб, орқаси билан ер ковлагич ўти ўчмай турибди. Сандиқларни ковлаб олгунча ҳазилакам унналишмаган кўринади. Қолаверса, давлатни иши бўлса, аллақачон ташлаб, жўнаб қолишар эди. Тушунарли: Сутчини бугун кўришаётгани йўқ. Унинг ширинкомасига мазахўрак бўлмаган одам бу ерда ўралашиб нима қилади?! Олим уларни чўчитгиси келмади: — Ҳорманглар, яхшилар. — Бор бўлинг. — Келинг, меҳмон, — деди Сутчи кўришгани чиқиб. — Узр, кутолмадим. Олим бош силкиди: — Яхшиям Миртўхта амакидан сўраганим... — Ҳа, у кишими? Кўриб эдилар, хабарлари бор эди. Амаки нимаю Ўзбекистон радиоси нима! Кейин азза-базза энгашиб, қулоғига шивирлади: — Заб пайтида келдиз. Булар нима, биласизми? — Сўнг унинг бошини ўзига тортиб, қўшиб қўйди: — Эшон поччамнинг хазиналари. Она сутидан ҳалол экан. Қилт этмабди. Айниқса, анув мол терисига ўралгани... Олимнинг боши айланиблар кетди, ўзи унинг юзидан кўзларини узолмай, ғудранди: — Сиз... Сиз қаердан билақолдингиз? Ё ўзлари... айтиб эдиларми?.. Сутчи унинг елкасидан қучиб, бу кафти билан юзини сийпади. — Кейин-кейин, тарихи узун бунинг, — дедию, тушунтирган бўлди. — Муҳими, топиб кетяпмиз-ку. Васиятлари ҳам шундай эди ўзи. — Қандай?.. — деб юборди Олим ич-ичидан бир ҳовур кўтарилиб. Сутчи ҳар қачонгидан хотиржам тортиб эшон буванинг сўзларини қайтарди: — «Китобинг Каломуллоҳни қиёматга довур асрашни ўз зиммангга олибсан, ўшал сандиқлардаги шариатингга дахлдор нарсаларни-да асра, ўз эгаларига етказ, илоҳим. Қайтиб мутолаа қилинишига, илму раббонийингдан фойдаланиб, мўмин бандаларинг ҳидоят топишларига эриштир. Бировларнинг қўлига тушиб, хор бўлишига қўйма», деб дуо қилар эдилар. Ниятлари мустажоб бўлгани шу, инша Аллоҳ. Бояги ҳаяжон неча томчи ёшга айланиб, мижжаларига қалқиб чиқдию Олим илгари кўрилмаган бир енгиллик туйди. Нимага унга индамадилар, ҳеч оғиз очмадилар деса, гап бу ёқда экан-да. Ўз халоскорларига аллақачон тайинлаб қўйган эканлар-да. (Албатта, унга ҳам тайинлаган гаплари — осонликча адо қилиб бўлмайдиган топшириқлари бор. «Акангни топ. Ўша билан бирга бўл. Фалончининг чироқларимиз десангиз, бир-бирингизга суяниб яшанглар. Зинҳор-базинҳор Оллоҳнинг ҳадларидан чиқманг. Сўз бер, акамни топаман, суянчи йўқ бўлса, суянч бўламан, таянчи йўқ бўлса, таянч бўламан де. Диёрга қайтиб, қолган умримизни дуода, тоат-ибодатда ўтказамиз де. Кимнинг зур-ёди эканингизни, палагингизни унутманг. Бўлмаса, қиёматда менга йўлиқишингизни ўйланг. Сўз бер, болам. Акам билан, қариндошлар билан ўртани яхшилайман, силаи-раҳм қиламан деб». Шундан бери нимага чопиб юрибди? Ўшанга-да ҳаммаси. Дунёда у кирмаган битта шу кўча — силаи-раҳм кўчаси қолган экан, шукр, кирди унга ҳам)! — Қаерга обормоқчисиз? Мендан нима хизмат? Балки, буларни рози қилиш... керакдир? — деди Олим сидқидилдан киссасига қўл юбориб. Сутчи раҳмат айтган каби елкасига қоқиб қўйди. — Ўзим рози қилиб қўйганман. Фақат бориб, туширишиб олсак, бўлди. Сиз қисинманг. Ҳали кўп ёрдамингиз тегади. Келишдикми? — деди самимий. Олим рози бўлишдан бўлак чораси йўқ эди: — Келишдик. Қурувчилар бу орада иккинчи сандиқни ҳам машина олдига суриб боришган, энди кўплашиб ёпишишган эди. Сўнг «бир-икки-уч, олдик» билан юқорига кўтаришдию енгил нафас олишди. Олим қайрағочзорли ёлғиз мозоротнинг ёнгинасидаги ҳали кўмиб улгурилмаган ҳандақ олдига ўтаркан, нам тупроқ иси аралаш аллатовур бир таниш ҳид гуркираб кетдию беихтиёр шу боғ ва қаровсиз бу ёлғиз мозорот атрофларини ҳар кўклам босиб кет-гувчи, сўнг узун бош чиқариб, тўқ зангор тусда гуллаб ётгувчи сассиқ-саримсоқзор кўз олдига кела қолди. Ҳозир ўша саримсоқлар лола тупидек барг ёзга- ну оёқ остида топталиб, тупроққа қоришиб ётар эдилар. Ҳадемай манави ёлғиз мозорот ҳам кусар топади. Унга қайси авлиё қўйилган, нега у ёлғиз эди, деб ўтиришмайди. Уларнинг хоки-туробларини кўчириш ёхуд асраб-ўраб қолдириш — кимдан лозим, ўзи? Олим умрида биринчи марта шундай нарсалар ҳақда ўйламоқда эди. Арғамчисидан Ажраб Қолган Турналар (ёхуд қиссагўйга қоронғу, муаллифга аён тарих давомига) Боғ адоғидаги ноклар тагида қувалашган қорашақшақлар ҳам ахийри девор ошиб, анҳор бўйига тушиб кетдилар. Гулларини сочқидек сочиб бўлиб, энди қайчибаргларига зўр бераётган нок туплари устида асаларилар илгаригидек ғужғон ўйнамас, ҳов пастдаги букир жийдалар томонга оғиб кетишган, ўша ёқдан ҳар замонда бол ҳидига монанд ўткир бир бўй таратиб, шабада эсиб ўтар, Олим демаганлар ҳали ҳажга отланмаган жийдагулининг бир шохчасини синди- риб келишга интиқиб, ўша тарафга қараб-қараб қўяр-ди. Лекин ўчоқдаги олов кутмаганда гуриллаб кетиб, қозон тагидаги ёлғиз томчи жизиллаб-қайнаб ўзини ҳар ён ура бошлади. Шу тобда майда тўғралган думбани сола қолгани билан ёнидан жилиб бўлмайди. Жиззаси куйиб кетиши мумкин. Куйгани-куйган, кошки тахири ёғга уриб кетмаса. Кейин ошнинг таъми ҳам кўнгилдагидек чиқмаслиги тайин. Ўзи не умид билан бозор қила чиқди. Гўштни қовуриб, зира-мурчию савзисини бостириб қўйса, устига жиндек туз сепилган жиззадан тотинганча қариянинг суҳбатини олишга нима ецин! Китобларни бугун сандиқдан битталаб олиб, токчага териб чиқишгунча ҳам пешиндан ўтиб қопти вақт. Сутчи камсуқум, камбағалгина бўлгани билан ҳамма бойлиги ўша тепадаги болохонада экан. Аввалбошда тақводоргина, бор бисоти эгнидаги узун чакмонию кунграси мўйнали анави жуббасигина бўлиб кўринган қария анойилардан эмаскан. Суриштириб юриб, бир болохона китоб йиғиб қўйибди. Ҳаммаси сатта қалин сахтиён муқовали китоблар. Кечаги сандиқларнинг ичидан ҳам юзга яқин катта-кичик, авлоддан авлодга ўтиб келаётган, четлари ўнгиб кеца-да, ичига гард юқмаган, хатлари бир тиниқ китоблар чиқди. Айни раҳматли дадасининг кўз нурини тўкиб шогирдларига дарс берган, еру кўкка ишонмайдиган китоблари. Ўшалар орасидан Ғаззолийнинг «Иҳёи улум» асари чиқиб, Сутчи бир муддат мутаассир туриб қолди. Кейин кўзларига суртиб, муқовасидан ўпаркан: — Дин илмини тирилтириб, жойига қўйиб кетган бу зотнинг шу китоби ҳақда кўп эшитгандим-у, ўзини кўришга муяссар бўлмагандим. Оллоҳга шукр, отангиз туфайли шунга-да, эришиб турибман. Бу китоб ҳар кимда бўлавермаган ва ҳар ким мутолаа қилавермаган уни, шундай, — деди. Олим унинг бу тарз гапларидан ғалати тортиб кетди: падари бузрукворининг мусофирчиликда, «диёрнинг бир сиқим тупроғи насиб этмай ўтиб кетяпмиз, илоҳим, бизлар кўрган жудоликни сизлар кўрманг», дея қилган дуолари ёдига тушиб, кўзлари намланиб келди. Сўнг пайғамбар сийратлари сирасидаги неча адад (ўқилавериб титилаёзган) асарлар чиқди. Уларнинг биттаси «Сийратун набавия» аталса, бошқаси «Сийратул ҳабибия» эди. Бу китобларнинг номиёқ отасининг қандай уламо зот ўтганидан дарак бермоқда эди. Аввалига, қаранг-а, шундай китобларни ўқишдан, варақлашдан бебаҳра қолган эканмизми, деган таассуф уйғонган бўлса, иккинчи сандиқни бўшатишга тушишлари билан наинки Сутчидан, ўзидан ўзи уялиб, вужудини бир хижолатпазлик қамраб келабошладию: — Мен ҳозир, — деганча пастга тушиб, қозон-товоққа уннаб кетақолди. Ўчоққа олов қаларкан, ич-етини бир нарса ўртаб келардики, у ёғи йўқ. Гўё ўзи қозондаги анув жиззага қўшиб, юрак-бағрини ҳам доғлаётгандек, доғлаб ола-ётгандек эди. «Уста экан булар, уста! Мана, уни ўша ўқишлардан нимага ҳайдаб солишмади экан! Чаённи боласи — чаён дейишмади экан! Аввал ўз акамнинг қаватига ташлаб, сўнг изидан Тангритоғга жўнатишмади экан! Фақат улар жанубга тушиб, биз шимолга ташланиб, Xудо асрабди. Йўқ-йўқ, кимнинг ҳам саҳарларда қилган нолаи-дуоси ижобат бўлиб, бу киши отамизни қўшиб қутқариб, бизни ўшаёқларда учраштирибди. Тағинам Оллоҳ раҳм қилибди, биримизнинг пайимизни бошқамизнинг қўлимиз билан қирқишга қўймабди. Ўрнига ҳам падари бузрукворимизга йўлиқтирибди. Xўп, отамизни қутқариб, сарҳаддан чиқариб қўйишларининг ҳикмати шу экан, акам-акагинамнинг аёлини бу ёққа юбориб қўйиб, Ўзи у диёрларда қолиб кетувининг ҳикмати нима? Қандай тушунмоқ керак?» — Олим доғ бўлаётган ёғда қизариб-қуйишга-да келган жиззаларни капкир билан териб олишга улгурмас, уни адоқсиз ўйлар ўз гирдобига тортгандан-тортар эдилар. Нимага келди, сутчини нимага тавоф этиб юрибди, кетидан қолмай? Фақат отасининг халоскори бўлгани учунми? Оллоҳ розилигини истаб шу ишга қўл ургани — маҳбуслар орасидан ўз одамига қўшиб олиб чиқиб, сарҳаддан ўтказиб қўйгани ва дим-дим кетгани учунми? Қолаверса, бу дунёнинг ҳою хавасларидан этак силкиб, ёлғиздан-ёлғиз, кимларнинг ташқисида тургани, фақат оқлик сотиб, сутчилик билан кун кўраётгани учунми? Отаси — Эшон бува ҳам бекорга иложини қилсанг, ўша одамни топ — кўп покиза одам, демаган эканлар. Болохонанинг эшиги ғийқ очилиб, тепада сутчи кўринди. У ҳозир ҳамма билган, чаккасини қийиқ ила танғиб, узундан-узун чакмонининг барларини белбоғига енгил қистирганча бир гала бўш бонкаларни обкашига қўшиб орқалаб юрадиган индамас сутчига ҳечам ўхшамас, ёқасиз оқ кўйлак-оқ иштонда, камига бошига жубба, энглига жун нимча илган эди. Эски китоб-лардан бош кўтармайдиган мулладан қаери кам?! У лопиллаган ёғоч зинадан тутқични ушлай-ушлай, битта-битта тушиб келаркан, ярмидан ошганда майин жилмайди: — Ниманинг ҳиди десам — жиззаникимиди? — деди чолларга хос бош тўлғаб, беш кетиб, — жиндеккина туз сепворинг-а, тотига тот қўшилсин. — Сепдим, сепдим. Шу ерга жой қила қолайми? — деди Олим. — Майлин, жизза сели билан, деганлар. Ўшанда-да, ҳамма маза! Сўнг асрни ўқирмиз, — деб қўйди. Олим столга газета ёзиб юбориб, ўртага тақсимчадаги жиззани қўйди, сутчига устални ҳозирлаб, ўзи неча қишни кўрган ёнғоқ тўнкасига ўтирди. — Қани, бисмиллоҳ билан мен бошладим, — қария жиззанинг бир донагинасини оғзига солиб, сел бўлганча, бош тўлғади. — Имм, бай-бай, бу дунёники бўлмабди-ку, туз билан йиғлаб кўришибди-ку. Олинг, ўзингиз ҳам. — Оляпман, оляпман. Чойхона паловнинг гашти шу-да, — деди Олим қариянинг кўнглини топаётганидан ийиб. — Нимасини айтасиз. Бу дунёнинг неъматлари ичида унга етадигани йўқ, — деди қария нон тишлаб. — Лекин ёмони шундаки, кейин нафсни ўлдиролмай қийналасиз, ҳар куни ёғлиқ нарсани тилайверади бу иткоски, — деб қариялардек ширин кулди. — Нафсни ўлдиришдан муддао ош эмасми? — деди Олим унга қўшилишиб кулиб. — Йўқ, бутам, ошдан муддао — шукр, шукрдан мақсад — нафсни ўлдириш. Ҳамма ҳикмат шунда, валлоҳи аълам. Ана, холос! Мана, нима учун у тарки дунё қилган одамдек бир чеккага чиқиб олиб, сутчилик қилиб юрган экан. Энди у юмушни ҳам ташлаб, бузилаётган жойлардан китоб излаб, китоб териб қопти! Билмаган одам нима қилади, гўрига орқалаб кетадими, деб ўйлайди! У бўлса, аслида булар қилиши керак бўлган нарсага — эшон оталаридан қолган китобларни топиб саранжомлашга югуриб юрибди, кишини уялтириб. Олим қариянинг ҳайбатими, салобатими босиб, хижолатга тушиб бора бошлаган эди. Буни сездирмаслик учун ҳам у ўрнидан туриб, ўчоқнинг оловига алаҳсиди. Сўнг яна жиззага қистади: — Олинг, тақсир, совумасин. — Раҳмат, олдим. Етказганига шукр, жудаям тотли бўпти. Энди асрга тайёрлана қолай, — деб юзига фотиҳа тортиб, тура бошлади ва обдастага сув олиб, ҳовлининг паст томонига юраверди. Олим мутаассирланди. Бу одам падарига қилган яхшиликлар, у зотнинг ҳар намозда унинг отини дуога қўшишлари ёдига тушиб кетди. Тўғри, унинг даргоҳида қолиб, этагини тутиб, ўн йил хизматини қилганда ҳам ўша бир яхшиликни ё қайтара олади, ё қайтара олмайди. У ҳовли адоғида оқ-оппоқ бўлиб, бир ихтимат, бир дуолар ила шошилмай, мукаммал таҳорат олаётган сутчидан кўз узолмай қолган, наҳот шу одам бизнинг идораларда қалтисдан-қалтис, нозикдан-нозик топшириқларни адо этиб юрган, деган хаёлларга толиб кетган эди. Очиғи, Олим бу одамга қай тарафдан ёндошишни билмасди. Айцинми, айтмасинми? — Агар умрим бўйи савобга дахлдор ва Оллоҳга хуш келадирган битта иш қилган бўлсам, ёлғиз ўшадир, отангизни чегарадан ўтказиб қўйиб келганимдир, шўронинг жабрхонасидан қутқариб, чиқариб юборганимдир. Бошқа тарозу босадирган амалимни билмайман... — деганига ишонса, айтаверса мумкиндир. Маслаҳат солса, бўлар... Лекин худди ўша «иши»дан куйиб қолган, тағинам озгина инсоф қилиб, пенсага чиқариб юборишган бўлса-чи? Тилидан илиниб ўтирмасмикан ўзи? У шундай хаёлларга боришга бордию ичкарида худди минг йилдан бери ибодат қиладиган одамдек ихтимат ила намоз ўқиётганини кўриб, ўз хаёлидан ўзи уялиблар кетди. Ниҳоят, қария намозини тугатиб, ҳовлига тушиб келди. — Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокотух... Олим бу гал ҳам доғда қолди. Саломга улгургунча... у киши биринчи бўлиб саломга оғиз очди. Ё ростданам у шундай яхши қарияпти, ё... Олим хижолат аралаш ялт этиб, унинг юзига қаради: йўқ, унинг ҳалимдан ҳалим, нурли юзида гидр аломатининг ўзи кўринмасди. Демак, сутчи Пайғамбардан қолган суннат тариқасида саломга ошиққан, холос. Улар нок соясидаги ҳалигина савзи тўғралган устолнинг икки чеккасига, рўпарама-рўпара чўкдилар. Бирлари ўнгиб кетган эски устулга, бошқалари алмисоқдан қолган тўнка устига. Унгача Олим чой дамлаб келди, уни икки-уч қайтариб, устига сочиқ ёпди. Сўнг Сутчини чойга қистади: — Олинг, устоз. Жизза чанқатгандир. Чиндан қора қўчқорники экан. Қассоб алдамабди. Ўчоқда олов тез ҳам эмас, секинлаб ҳам қолмаган, қозонда савзи бир текис қайнар, қўлиданми қайдан, зира ҳиди анқир эди. — Алдамаса, рози бўлиб берса, қандай яхши. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам шундай тижорат-савдонинг зўри, киши нақд охиратини топади, деганлар. Қараб турасиз, у қозонга ҳам баракаю тот киргизиб юборади. Зўр чиқади ошиз ҳам, — деди Сутчи бир нарсадан шунча ҳикмат чиқариб. — Оби-оташ, уялтирмасин ишқилиб, — деди Олим. — Ҳаммадан ҳам кеча Эшон поччанинг мана бу хазиналари топилган кунда етиб келганиз-чи! Руҳлари беҳад шод бўладиган бўлди. — Оллоҳ ўзи дилга солади, шекилли, туриб-туриб ваъдам эсимга тушиб кетаверди, — деди Олим бирдан Сутчини топгиси, топиб отамлашгиси, аллақанча нарсаларни сўрагиси келаверганини эслаб. — Дилга солганда-чи! Агар тириклар белги бериб соғинтираверса, зиёрат қилмоқ лозим. Ўтганлар тушга кираверса, тиловат афзал. Бу дунё шундай қурилган. Бирида топилган савоб, иккинчисида асқотгай. Елкада тоғдай гуноҳлар билан ўтиб кетишдан Оллоҳнинг ўзи асрасин. Олим бир дона жиззани чайнаган жойида оғзи какра тортиб, ютишини ҳам, ютмасини ҳам билмай бўғзида туриб қолди. Қолаверса, у нимага кепти? Қария худди билгандай ўша эзиб ётган тоғдай гуноҳлардан сўз оча-ётган эди. У ўша аччиқ нарсани (намак ҳам шунчалар тахир бўларми?!) зўр билан қулт ютиб эди, азбаройи мижжаларидан тирқираб ёш чиқиб кетди. Қарияга сездирмайгина у ёшни кафти-ла сидираркан, кўкрагининг таги симиллаб сирқиради. Кошки бу елкадан эзиб ётган нарсани дабдурустдан бировга айтиб бўлса!.. Айтганда ҳам тушунтириб бўлса! Ўзлари бир қориндан талашиб тушган — икки жигар, холос. Падари бузрукворларидан кейин суянадиган кимлари қолди? Лекин уларнинг юришлари... бу аҳвол. Тўзигандан тўзиб... Бирлари иккинчиларига бир ҳамият қилолмай... Йиғинолмай... ҳар қайсилари ҳар диёрларда... Олим чой қуятуриб, сергак тортди: — Узр, устоз, сўрамай қора чой дамлайверибман, ичаверармидингиз? — деди қариянинг раъйига қараб. — Ҳечқиси йўқ, — деди Сутчи, енгил бош силкиб. У ҳозир кенг оқ яктак устидан енгил нимча кийган, бошида ҳам кўклам ҳавосига монанд духоба тақия бор эди. Шу ўтиришида тақводор намозхондан кўра илм аҳлига кўпроқ ўхшаб кетарди. — Жиндек кўкчой ташлаб юборинг, омухта бўлади-қўяди. Бу фаслда омухтаси маъқул. — Яхши айтдиз, — Олим кўрган токчасидан қуруқ чой олиб чиқиб, камига қайнаган сув буради. — Шунинг устига жиндек кийик ўти бўлгандами, — деди назарида ўша ўт ҳиди гуркираб кетгандай бўлиб. — Оҳ-оҳ, жониворни ичганиз сайин тан роҳатланади бир, —деди Сутчи худди ўша роҳатни туйган каби, — энди гузар бу аҳвол, ким ҳам Чорсуга тушарди битта шу нарса учун. Ўзи тоғда бица. — Шуни айтинг. Аммо ўзи жуда беор нарса экан, бутун-бутун майдонларни тутиб кетган-а, териб адо қилиб бўлмайди. — Қаерда кўрдиз? Тангритоғ томонлардами? — Ҳа-да, ҳатто бир куни қишда қор тагидан териб кепмиз жониворни. Қуруқ чўпи қопти-ю, шунда ҳам оч ўсма рангда дам еб, гуркираб чиқса денг. — Оллоҳ ўзи маҳфуз. Энг ноёб, энг нодир нарсаларини ўша ёқларга сочиб, ўша тоғларда сақлаган. Ҳатто динию иймонини кафтида лахча чўғдай тутиб қочган бандаларига ҳам ўша томонлардан паноҳ берган Оллоҳ. Кўргандирсиз, ахир? — деди Сутчи энди омухта чойдан лаззатлана-лаззатлана ҳўпларкан. — Кўрдим-кўрдим, — деди Олим шошиб ҳам аллақандай ўнғайсизланиб, — шу ёқдан бош олиб кетган алла қанча кишиларни. Суриштирса, балки ҳаммалари мусофир чиқар... — Албатта, у ерни ҳам бу дунёнинг соғинч диёри деб бўлмайди. Орзу қилма ҳар ерни, ҳар ерда бордир тош-тарозу, деганлар. Ўша жойда ҳам зулм уруғини сочгувчилар билан бу ҳаётнинг тахир сувларини ичгучи мазлумлар истаганча топилади. Шунақа. Бу имтиҳон дунёсида ҳеч ким синовдан қочиб қутулолмайди. Ва одам боласи бирон ерда ўзига жаннат қуролмаган, қуролмайди ҳам. Олим ялт этиб суҳбатдошининг юзига қаради. У бу гапни жуда хотиржам, ҳеч писандасиз, ҳатто ишонч-ла айтмоқда эди. У ҳайратда қолиб: — Дориломон замон, дорул диёр деган гаплар-чи, устоз? Ҳаммаси беҳудами?.. — дея олди. Сутчи майин жилмайди: — Орзуга айб йўқ. Не-не салтанат сўраган ҳукмдорлар ўтди. Ҳорун ар Рашиддай, Искандардай. Не-не ислоҳотчилар келиб кетди, ҳар дориломон жамиятларнинг тузугини тузиб. Лекин ким зулмни илдизи билан йўқотолди? Ҳамма тенг, ҳамма бахтиёр, одил бир жамият қуролди? Негаки инсоннинг ўзи аввалбошда қусурли яратилган. Ўзи қусурли бўла туриб қандай комил жамият қурсин?.. — Бу гапиздан, — деди Олим ғалати тортиб, — бу гапиздан олдингию кейинги барча уринишлар беҳуда, барчаси бесамар, дейсизми? Унинг кўз ўнгидан ўз жигари, диёрига сиғмай мусофир юртларда дарбадар кезишга мажбур бўлган туғишгани ўтиб, мижжалари намланиб келди. Ичи сидирилди. Унинг юраги бўғзига довур ачишиб келган эди. — Албатта, инсон борки, одил бир жамият истайверади. Ўзига ўхшаганларни орқасидан эргаштираверади. Курашаверади, тинмайди. Лекин бу дегани қура олади, қўлидан келади, дегани эмас.— Қария ҳамсуҳбатига ширин боқди, — Орзумга етдим, қурдим, мана бундай бўлади, дегани борми? Ҳамма билмаса ҳам Сиз биласиз. Олим беихтиёр бош силкиганини ўзи сезмай қолди: — Тўғри, қўйишмади. — Қўйишмасди ҳам, — деди Сутчи совуб қолган чойини ҳўплаб. Олим унинг чойини янгилаб, оғзига тикилди. — Жиндек чегарадан чиққан эдиларки, нима қилишди?! — Сўнгги фармойишларни айтяпсизми? — Олим саволдан ўзини тия олмади. — «Тангритоғ ёлғиз вилоят, эмас. Лашкар тайёр турсин... Сўнг Дориломон диёр бўлиб яшагаймиз»дан кейин неча кун ўта қолди? — Демак, бир бемаврид фармон деб... — Биз шундай таъбир этаверамиз: ҳаддан ошмасалар эди... чегарадан чиқмасалар эди... Йўқ, булар бари бизнинг ноқус фикрларимиз, холос. Аслида тақдир ёзуғи, Xудонинг хоҳлаши — шундай. Тамом, вассалом,— деди қария ҳаммасини бир тутум, бир қолипга сола қолиб. — Шунча ҳаракат, уринишлар-чи? Уларнинг зое кетиши-чи! Бу ҳам бир имтиҳон, бир синов, холосми?— деди Олим қариянинг мушоҳадасидан ҳайратга тушиб. — Шу. Синовдан бўлак нарса эмас. — Унда... инқилобдан мурод, шунча мўмин-мусулмон, ботурларнинг саъйи-ҳаракатлари пучга кетишининг ҳикмати нима? Ўша инсон боласининг беҳуда уринишларига бориб тақалаверадими яна? Қария мийиғида кулибгина қўя қолди. Бошқа томондан ёндошиб деди: — Мана, Сиз ўша вақтда шу воқеаларнинг ичида юрган одамсиз. Xўп, тўрамни ўлжангиз кўп, қурол олмайсизми, сотиладиган яроғ бор дебми, бошқа нарса дебми, ишқилиб авраб ўғирлаб кетишипти. Лекин нега шунча ботурлар, доруломончилар ичидан у кишининг йўлини давом эттириб кета оладиган бир муробит чиқмади? Чиққанида ҳам тинч қўйишармиди? Олим ўзи ҳам у мамлакатга нимага ташланганини эслаб, сўникиб қолди. Дарвоқе, кўз-қулоқ бўлиб турган, ичида юрган, топшириқ олган махсус одамлар, махсус хизматчилар қанча эди. Уларнинг вазифаси аниқ эди-ку. — Ўша етим қолган ҳукумат бутун таркиби билан музокарага бориб, нимага эришди, нима топди? Мендан кўра яхшироқ биласиз. Олим ялт этиб, суҳбатдошининг кўзига қаради. Ўзи билмаган нарсаларни бу қария миридан-сиригача биладигандек тикилди. — Ўша ҳукумат аъзолари тушган учоқ қисмати ҳақидаги гаплар қанчалик ҳақ, устоз? У чиндан тоққа урилиб кетганми, ё?.. — Ёлғиз Оллоҳ билади, бандасининг тахминлари фолбиннинг фолидай гап, бўтам. Олим унинг нима демоқчилигини тушунди: — Бу нарса ҳали-вери очилмай — сирлигича қолгайми? Қария бош ирғади: — Сир пардасини кўтаргучи куч ҳали-вери саҳнага чиқмагай. Расмий ахборотлар берилмаганидан билаверинг. — Мен бир нарсага тушунмадим, — деди Олим ростига кўчиб. — Нима, халқ ғалаён кўтаришини кутиш керакмиди? Таъзия бериб қўя қолсалар осон эмасмиди, миш-мишлар ёйгунча?.. Сутчи «соддасиз, содда», деган каби мийиғида кулиб, энсасини силади. Саволига савол ила: — Миш-мишдан кучли нима бор?! У ўз мевасини бердими ишқилиб? — деди. — Қандай? — Улар ўлигини бўлса-да, талаб қилишди, булар олиб бориб қутулишди. Шундай бўлдими, ахир? — Шундай. — Мен-ку бу ёқдаги одам, воқеанинг мантиғидан чиқиб, айтяпман, — деди қария ўша-ўша босиқлик билан. — Лекин Сиз... ичидаги одам у ғалаён, у кўтарилиш, у мотам кунларининг бутун даҳшатини кўрган бўлсангиз керак? Олим мутаассирланиб, бош силкиди: — Темир тобутлар борган кунни айтасизми?.. Ҳеч қавмнинг бошига солмасин, кўрсатмасин у кунни, — деди тин олиб, — бутун юрт, бутун Тангритоғ аза тутди. — Тушунаман. Тасаввур этяпман. Эндигина озодлик нашъасини тотган, елкасига офтоб теккан халқ... етим бўтадек бўзлаб қолаверса, қийин-да. — Нимасини айтасиз, менинг ўша кўрганим бир умрга етади, — деди Олим яна тўлиқа бошлаб. Сутчи совуб қолган чойини симириб, худди темирга сув берилгандек туйди ўзини. Орқасига суяниб, тепаларида кўклам елларининг подасидай тўзиб юрган ўркач-ўркач булутларга тикилиб қолди-да, яна кўзини туширди. — Сизлар ўша кунлари ўша ҳайитнамозлик майдонида бўлгансизлар-да? — Ҳа, топшириқ билан, битта қўймай ўша ерга чақириб олишди. Бориб, халқ орасида турганмиз. — Эшон бувам-чи? — деди қария кутилмаганда суҳбат асносини бу ёққа буриб. Олим бош тўлғади: — Йўқ, чиқа оладиган ҳолда эмасдилар. Мен хабарларини топиб борганимдаёқ жуда мункиллаб қолган эканлар. Лекин намозни канда қилмасдилар. Таҳорациз ўтиролмас, зикру санодан бўшамасдилар. У ёқни кўрган одам — жуда ҳилвираб қолган эканлар. Кўпга бормадилар. — Тағинам кўриб, дуоларини олиб қолибсиз, — деди қария таскин бериб. — Бу ҳам катта давлат. Олим кўнгли бузилиб, қаншари аралаш энсасини сийпаб қўйди: — Оллоҳнинг меҳрибончилигию асраши, деяверинг! Даракларини топмасам, кўрмасам — нима қиларканман?! Тип-тиклигимча қоларканманми! Эсласам, юрагим орқага тортиб кетади ҳозир ҳам. Қария унга синчков қараб қўйди. Бу гаплардан жиндек шубҳаланди ҳам. Аммо нима бўлганда ҳам рўбарў-сида эшон бувамнинг зурёдлари ўтирар, ундан шубҳаланиш — шаккокликка ўхшаб кетар эди. Ўлдими! Ким бўлганда ҳам падарибузрукворига бўлишган одамга ёмонлик соғинадими? Истаган тақдирда ҳам Оллоҳ изн берса қилади-да. Изн бўлмаса, ким бир дона мўйига тегина оладикан? Танларни яйратиб шамол ҳувиллаб ўтди. Нок гулларининг қолган-қутганларини ҳам учириб-тушириб, ҳовли юзида чирпирак қилиб ўйнади-ўйнади-да, уй тагларию остона остларига тўдалаб, ташлаб кетди. — Ҳавои-жаҳон чиндан айниди шекилли, — деди қария боягидек осмоннинг булут тошиб, текис эгаллаб бораётган буржларига назар ташлаб. У аллақачон офтобни ўз қора пардасига ўраб бўлган, унинг ботиб кетмаганини ҳов бир чеккадаги, ҳали қора булутлар тўдаси етиб бормаган жойдаги каптар қонига бўялгандек яккам-дуккам паға булутлардан билса мумкин эди. — Қозонни ошхонага кўчирамиз шекилли. Ё гурунчни солиб юборсам, дам еб улгурадимикин-а? — Олим оловга ўтин ташлашини ҳам, ташламасини ҳам билмай кўкка аланглади. — Кунботар томонлар ҳали тинч шекилли? Сутчи ўша ёқларга зингил ташлаб, фикрига қўшилди: — Тинч-тинч. Ёғиб бошласа, тим қўрғошин тусга кирарди. Гурунчни солиб юбораверинг. Ҳали ўтиратурамиз. Энди гаштли бўляпти. Олим аввало ўчоқдаги ўтни кўтарди. Гурунчни ювиб келиб, бир текис бостирди. Суви камроқ кўриниб, капгир устидан бир чўмичгина қайнаган сув қуйган бўлди. Қайнаб чиқа бошлагач, ёғоч қошиқ билан гурунч орасини ёриб, қайта ағдарди. Тобига келгач, яна гумбаз қилиб йиғди. Ўчоқ остидан ортиқча чўғу чалаларни тушириб, бояги тоғорача билан дамлашга тутинди. Хаёлга толиб кетган қария ҳийла дунё кўрган, киришимли ҳамкасбини ўйлаб кетган, ҳар нарса қўлидан келишию топқирлигига ҳавасланиб ўтирар эди. Айниқса, унинг фикрлаши, туриб-туриб мутаассирланиб кетиши ёхуд гуноҳкор одамдай сўникиб қолиши қизиқ туюлмоқда эди. Бу тоифа одамлар ичида камдан-кам учрайдиган ҳол. У билан нима содир бўла қолибди эканки... Олим қўлини чайиб келиб, артинаркан: — Чойни янгилайми, устоз? — деб тараддудланди. Қария бош тўлғади: — Кейин, ҳозир айни ўтиришли ҳаво бўляпти. Афсуски, супамиз йўқ. Бўлмаса, ёнбошлаб ўтган-кетгандан суҳбат қуришга нима ецин эди. — Ҳали ҳам кеч эмас. Ҳов, дарвозахонанинг бу бурчагига жой қилворайми? Битта шолча, иккита кўрпача бўлса, бас-да, — деди Олим кафтини кафтига ишқаб. Қария унамади: — Қўйинг, ҳозир кўчсак, жириш бузилади. Ундан кўра борига барака, ўтиринг, — деб мулозамат қилди у суҳбатни келган жойидан улаб. — Боядан бери бир нарсани сўрамоқчи бўламан. Сизлар Эшон поччамдан неча ўғилсизлар? Икки ўғил, холосми? Олим жойига ўтираётиб, қариянинг бетига қараб қўйди. Шубҳаланса-да, жавобдан қочолмади: — Иккиталикка иккита, нима эди? — Кенжам, тўнғичим деб, кўп гапирардилар-да. — Ҳа-а, — деди, бироз енгил тортиб. — Айниқса, Сиздан кўп ташвишланардилар. Ҳали эсини таниб улгурмаб эди, кимларнинг эшигида қолдикан, деб кўзларига ёш олганлари-олган эди. — Акамни-чи? — деб юборди Олим ўзи ҳам кутмаган бир тарзда. — Султонмуродними? У тегирмонга тушса, бутун чиқади, ундан қўрқмайман. Лекин буниси, суяги қотиб улгурмаб эди, дердилар. Олимнинг юзига шу гап чиндан соя солиб, ўзи сўникиб қолди. Сўнг юзини ишқаб: — Лекин менга тамомила бўлак васиятлар қилдилар, — деди. — Қандай? — деб ҳайратланди қария. — Акангни топ. Иложи бўлса, қанотинг остига ол. Энди мендан ёлғиз сизлар қоляпсизлар. Гўримда тинч ётишимни истасангиз — ўртани яхшилайсиз. Жигар-гўшалардек бир-бирингизга суяниб яшайсиз. Ислом мана шу. Ота рози — Оллоҳ рози. Биздан кейин бўлиниб кецангиз — у дунё бу дунё рози эмасман. Қиёматда менга рўбарў келишингизни ўйланг, дердилар. — Xудо раҳматига олсин. У кишидан бўлак одамдан чиқмагай бу хил гаплар, — деди қария мутаассирланиб, — Ҳар сўзлари тиллага тенг у кишини эндиям топинглар-чи, тополмайсиз. Демак, васиятларини қулоқ қоқмай адо этишга мажбурсиз. Олим ер остидан қарияга қараб қўйиб, ямланди: — Келишимнинг боиси ҳам шу... — Xўш-хўш? — деб шошиб қолди қария. — Мендан нима лозим? — Ёрдамингиз... — Бажонидил. Тортинмай айтаверинг. — Қария кафтини унинг қўли устига ташлади. — Одамдан қоладигани шу-ку... Олим киприклари намланиб, у кишига қаради: — Биламан, — деди аллақандай тўлиқиб. — Бу хусусда сиздан бўлак кимга ҳам оғиз оча олардим. Раҳматли дадам, энди билсам, жуда оғир вазифа юклаб кетган эканлар. Акамни қандай топдиму қандай олиб ўтдим. Бир йўлини кўрсатингки, сих ҳам куймасин, кабоб ҳам. Қиёматда ҳам ёруғ юз билан бора олайлук падарибузрукворимиз олдиларига. — Султонмурод ўзи қай диёрда? — деди қария бу гаплардан хабарсиздек. — Гап шундаки, акам биздан анча олдин бу ёқлардан бош олиб чиқиб кетган экан. Қаёққа — билмасдик. Кейин эшицам, улар тўрамга қўшилолмай қолишган экан. Сутчи ялт этиб, унинг юзига қаради: — Тўрамнинг сўнгги фармонлари шуларга тегишли эканми? — Шундай. Афтидан улар ўша ёқда алоҳида қўшин тузиб, буйруқ кутиб турганлар. Буйруқ келиши-ла ичдан ёриб чиқиб, Озодлик армиясига қўшилмоқчи бўлганлар. Натижани биласиз. Тўрамни ўртадан кўтариш билан ҳаммасига барҳам берилди. — Олим ҳеч кимга айтилмайдиган, оғиз очсаёқ бош кетиши мумкин бўлган хабарларни Сутчига айтиб қўйиб, ўзи унинг кўзига қарай олмай қолганди. (Гуноҳи камми ўзининг ҳам? Xоҳласин-хоҳламасин, яширсин-яширмасин, бедодликларга шерик, ахир.) — Xў-ў-ўй, кўриб-билатуриб илдизи бир, шажараси бир, каъбаси битта халққа шунчалар жабр! — деб юборди қария ва жойида ўтиролмай туриб кетди.— Оллоҳ кечирсин. Ҳаммамиз гуноҳкормиз: томошабин бўлиб турганлардан ичида юрганларгача. Ўзи кечирмаса, ким ҳам кечиролгай. Ўнғайсизланиб, Олим ҳам туриб олди. Қария ҳуши ўзида йўқ, нари бориб, бери келару бош тўлғаб, қўл силкишини қўймас, қарғанарми, ингранарми, Оллоҳдан ўзига тавфиқ сўрарми, билиб бўлмасди. Жазавага тушган авлиёлар каби, дарвешлар каби жавраб-жавраниб: — Ҳай, тағинам ер ютқизмайсан, тағинам осмон тоқини бир варақ қоғоздек ўраб, йиғиштириб қўя қолмайсан. Тағинам раҳмдилсан, ўзинг Раҳмонсан, — дея истиғфорлар айтар, мағфиратлар тилар, ора-орада ому хосни ўзинг асра, деб қўярди. У қариянинг тинчишини, ўзига келиб, ҳовуридан тушишини миқ этмай кутаркан, шу тоб узоқдан, ўркач-ўркач булутлар туя карвонидек кўчган кўкнинг бир аллақайси буржидан жуда таниш ҳам оҳанрабодай ўзига жалб этгувчи бир сас, бир садо кела бошлаб, бу ўзига қайта жон бағишлагандек, ўша овоз, ўша сасларга маҳлиё тикилиб қолди. Улар осмон тоқида, булутлар орасига арғамчи ташлаб, бир-бирларини чорлашиб, «қур-ей, қурей»лашиб келар эдилар. — Қаранг, устоз, кечиккан турналар-ку. Борар манзилларини йўқотиб, сарсон қолган жониворларнинг келувини қаранг, — деб юборди ўзи сезмаган ҳолда. — Турналар келиб бўлмаганмидилар? — Йўқ, айни мавриди, — деди ўзига келиб қолган қария кафтини пешонасига қўя бошлаб. — Фақат бу йил кўкламнинг ўзи эрта келди. Энди булар қанотлари остида чинакам саддипокни олиб келмоқдалар. — Кейин ҳотиржам жойига қайтиб, қўшиб қўйди. — У биз — назаримизда эрта келиб, эрта кетаётгандек бу дунёдан кўнгил узолмаймиз. Аслида эса биз ҳам шу турналардек ҳар биримиз ўз мавридимизда бу синов дунёсига келиб кетгаймиз. Мангуси у ёқда. Олим бу дунёнинг жуда кўп сир-синоатларига ақли етадиган бу қарияга нима деярини-да, билмай туриб-туриб, у ҳам жойига чўкди ва унинг ўзи бир нима дейишини кутиб, жим қолди. Қария уни кўп ҳам кутдирмади. Юзига бир қур қараб олиб: — Аммо-лекин Эшон бувамнинг билганлари билган. Қанчалик оғир бўлмасин, арвоҳларини рози қиласиз. Ундан берига бу диёрларда туп қўйиб, палак ёза олмагайсиз. Султонмуродни топинг, — деди у. — Топарман ҳам, кўндирарман ҳам. Лекин кейин бу диёрга қандай қайтгаймиз? Қўйгаймилар? — дея олди Олим ичидан тошиб келаётган ҳисларини жиловлай олмай. — Қандай қил, дейсиз? Сутчи кутилмаганда унга суйиб тикилди. Юзидами, сўзидами (балки юрагининг туб-тубидадир) довқур одамларга хос бир аломат, бир белги кўриб, ногоҳ шавқи келди: — Балки Оллоҳга таваккал қиларсиз; «Ҳасбуналлоҳу ва неъмал вакил», деб?! Мушкулларни осон этгувчи Ўзи бор-ку, ахир?! — деди қария юзи аллатовур ёшариб ҳам нурланиб кела бошлаб. Ана шу нур ортида нажот бордек Олим ҳам ундан кўз узолмай қолган эди: «шояд, шояд, шояд Ўзи қўл-ласа». Ҳусни Балолиқ Кунлар (маҳфуз хатлар давомига) Айбга буюрмагайсуз, Султонмурод ака, шу ҳолда (кўзим ёшлуқ, қалбум доғлуқ) хат бошладум. Не қилайки, ичумга чироқ ёқса — ёримас, бу хўрлук, бу ситамлардан тинмаюр ҳеч кўз ёшларум. Яхшиям тун бор, бир уйга кируб кетуб туйгунча йиғламоқ-сиқтамоқ мумкун, ўз ўксунгга ўзунг қонмоқ мумкун. Яхшиям ёстуқ бор, бир тамони ҳўл бўлуб кеца, бошқа тарафин ўнгармоқ мумкун. Яхши ният ярим мол. Зора тушларим ҳам ўнгудан кела бошласалар... Яхшиям қоғоз бор, қалам бор, оғиз очуб бўлмас дард-ларингни, аламларингни унга тўкмоқ мумкун, тоғ кўтаролмагай дардларну у кўтаргай. Яхшиям Сиз борсуз, бу дунёнинг би-ир чеккасидаги ёруғ юлдуздек, шу борлугингизга, бир кун кируб келарингизга ишонуб, тишимну тишимга босгайман, чидагайман. Ахир кечанинг ҳам сўнгги бор, алам-ангиз кунларнинг ҳам ниҳояси. Бошқа нимагаям умид тутгайман, мен бояқишгина? Ҳозур... зора енгил торцам деб ҳасрат дафтаримни очдум Сизга. Биласизму, назарумда рўпарамда ўлтиргандексиз. Ҳа-ҳа, ўлтируб олурсиз-да, (сувратизмас, йўқ ўзиз ўтиргандексиз) ҳатто, баъзан аччиғланиб, ўпкаланиб, бир сўзлар айтиворсам, гуноҳкор кишидай бош силкиб қўя қолурсиз. Айтинг, чин сўзингизни айтинг менга. Мени бу диёр-ларга жўнатиб қўюб, ўзиз қай ерларда қолдиз? Фақат ҳар оқшом мана шундай меҳмоним бўлуб ўлтирурсиз. Шунга-да шукр. Қаршимда жим ўлтирувингизга-да шукр, аччиқ-тирсиқ сўзларимну, гиналарумну тинглаганингизга шукр. Шу баҳона ичумдагиларну қоғоз бетига тўкиб, сал бўлса-да, ёзилуб олурман. Бўлмаса, биравгада айтишга уятлу. Шундай кунларга қолмишман, «кун деса кун, ой деса ой жамилангиз». Қай диёрларга бош олуп кетуп топган Маҳфузангиз. (У сўзларунгиз, эркалашларунгиз қулоқларум остидан кетарму! Кетмас қиёматга довур). Сиз-ку Оллоҳнинг инояту ила менга етишуб эдингиз, мен-чи бу айрилуқларга чидаб, Сизга етишарманму? Ёлғуз Оллоҳдан сўраганум шу. Тонг саҳарлардаю дуолар ижобат соатларда ичикиб-ичикиб, тавалло- лар этуб сўраганум, илтижоларумнинг бошию адоғи шу. Сизну деб келуб эдум, Сизсиз бу диёр менга не керак? Фақат ёдга солувгами, ичлармну тирнаб, хун-хун йиғлатургаму? Сарҳад ошиш шунчалар қийин бўлубдиму? Рухсат олиш шунчалар узун, шунчалар мушкул эканму? Қанча молчи чўпонлар соқчуларнинг кўзларину шамғалат этуб келишганида Сиздай ёвқурлар ўтолмасангуз! Эмди қачон келгайсиз экан, биз мусофирларну хурсанд этуб? Қўли қисқа, ноласи ҳеч ерга етмас муштипарлар ҳимоятуга? Қанийди бир имдод, бир хавар берсангиз-бердирсангиз. Яхуд бир чиройлу кечада Ойдан тушгандай кириб келсангиз. Тоғдай ҳимоячумиз бўлиб, суянчумиз бўлуб. Суянчиқсиз, ҳимоячисиз қолдиқ-ку биз, Султонмурод акажон. Кечагида кичигойимнинг ёлғуз ўғиллари, Сизнинг пакана парийингиз, менинг вақт-бемаҳал ишонган ҳимоячум — қайнужоним Мақсудхўжамиз шаҳардаги ўқишларудан оғруб келуб, роса қўрқитивордула, ўтакамиз ёрилуб, эсхонамиз чиқту. Кеч тушганда қаерга югуруб, кимга бораримизни-да, қай ердан табиб топаримизну билмай қолдук. Тағинам-да, Оллоҳ ҳафиз: яхшиям Сиз бизникуга тушганда ўша Мирзабува қирқ кун мени ёнларуга олуб, Сизни қараган эканлар. Ўша бувадан эшитганларум фойда берду, асқотту. Мияларину қаттиқ шамоллатуб, бошларуни-да кўтаролмай қолуб эдула. Кўзларину очмай алаҳлар эдуларки, қўрқупла кеттук. Бунақа маҳал бош оғруққа ялғуз даво — шақурлаб қайнавотқан сув била дока, чала сиқиб ўраб қўймоқ, деб эшитуп эдум. Шуни босаверуб, сув-сув терлатаверуб, уч кун деганда бери қаратуб олубмиз. Кегин келган дўхтур ҳам Xудо бир асрапту, ўзлариз зўр табиб экансиз, деп кетту. Кичигоюм бугун Оқтепа деган жойга, Ҳожи дўхтирга оборуб келдула. Кўп айтувли табиб экан, Мақсуд-хўжани ўқишлардан озод этуб, қоғоз ёзуб берубду. Қайнум: — Ву-уй, бир йил ўқишдан қолуб кетаманму, — деган эканлар, кичигойим: — Бир йил сандан айлансин, мен ўнта болани ерга бериб-бериб, сени топганман. Мани десанг — бормайсан, — деб туриб олдила. Қишдан чиқдик деганимизда суйган укайиз шунақа хасталук — мия оғруққа учраб ўтирубдула. Оллоҳ шифосини берсину чаккаларида оғриқ туриб, юзлари бўзаруб кела бошласа қўрқиб-ла кетавурамиз. Қўлимиздан ҳеч нима келмасини ўйлаб, ичларум эзилуб кетавураду нега Мирзабувадан ижикилаб сўраб олмаганумга, ҳаммасину билуб олмаганумга. Xазина топуб, тилла ўрага тушуб — ҳич нимасиз чиққанумга. Қадри ўтту табиб буванинг. Бу кўргуликлар ҳам биз бечораларга ҳолва экан. Дўппи тепчишуб, кизак тикишуб юруб эдум. Кўклам келуб кичигоюмни ғалвага қўюб кетишди. Қаерданам келган эканман буларнукига. Мўндига ўхшамиш бир маймоқ адам отқа қийшуқ минуп келуб қилду тўполонну, қилду тўполонну. — Ўзиз далага чиқмаганиз-чиқмаган, кимни опкеб ўтирибсиз? Ё ишга чиқади, ё жўнатворасиз келган жойига! — деб туриб олса денг. — Чиқсам чиқай, кичигою, айтишманг шуларминан, — дедум. Қаёқда! Кичигоюм бўш келмасдула: — Сен атай келгансан. Султонмуродга ўчакишиб келгансан! Лекин билиб қўй, эрта-бириси кун ўзи келса, шундоқ қолдирмайди. Келинимизга қилган зуғумларингни кечируб кетади деб ўйлайсанми? Бурнингдан булоқ қилиб чиқаради ҳали. Бу оёққинангни ҳам соғ қўймайди. Ақлинг борида эсингни йиғ. Мен буни, биравнинг қизини яшириб ўтирганим йўқ. Ўз келинумдай гап. Унинг ўрнигаям ўзим чиқаман. Шунча йил далага чиқиб ўлмаган жоним, энди ўлмас!— деб туриб олдила. Зўр эканлар кичигоюм, биравга ҳақлариниям, сўзлариниям бермасканлар. Аммо мен унамадум. — Ёш нарса мен ўтируб, Сиз чиқасизму, ҳич қачон, мени кет десангиз чиқасиз! — дедум. Шу ўртада яна бир воқеа ўтти, уни ёзмасам ҳамма нарса Сизга тушуниксиз қоладиму деб қўрқаман. Улар (кичигоюм, қайнум) ўша Ҳожи дўхтурга кетишганича-кетишвотуб эду. Тушга яқин ташқарида бирав чақираду. Чиқсам, Саида қиз. Марғубангизнинг сингилчасу. Мунғайиб турибду. — Вой, кесунла, оманмусиз-есанмусиз, — деб учубла бордум. Айлануб-ўргулсам-да, киришга унамасду. — Кичигоюмларму, кепқолишаду, Киринг, — дедум. Қайда. — Бизга ўзиз кераксиз. Сизга келганмиз, — дейдию айтолмайду гапини, ер сўзаду фақат. Ортида ким боракан деб қарасам, вой ўлайки, ўша аскар акаси, номаҳрам одам. Чекинуб, титрабла кеттум. Нима деяримну билмасдум. — Вой, сиз қўрқманг. Акамни икки оғиз гаплари бор экан. Йўқ деманг фақат, — деб мени қучоқлаб, юпатуб турупти қизгина. Мен ортимга юрийвердим. Нуқул титраб-қақшайман. Иқбор атин — уларнинг оналари ўтгандан бери, ўзумну койиганим-койиган, нимагаям бордум, нимагаям кўриндум қизи сияқида деб. Мен сабабчи бўлуб қолдум деб. Ҳозир ҳам... Бўлмаса, нимага келаду?.. — Йўқ-йўқ, фақат бу ердамас, фақат бугунамас. Ҳозир ҳеч ким йўқ, эшиткан, кўрган нима дейду... — деб унамасдум. Саидаси ортимдан қолмас, ялинуб-ёлворарду: — Эшик ортидан бўлса-да, гаплашинг. Ўзиз икки оғиз бир нарса денг. Ўзиздан эшицинлар, опам ҳақда. Ниману эшитаду, бўлган иш бўлуб ўтганда, бўёғи йитганда? Алоҳал қўймаду. — Майлин, фақат тез кетасизлар. Бирав кўруб, мени уятга қолдирмайсизлар, — деб қайтдум. Мен эшик ортида туриппан, титроқларум сўнмай, тирқишданам кўринуб қолмайин деб. Қочубгина, ергами, деволгами сингуб кетгудек бўлуб, мушттек бўлуб. Бу аҳволумдан, ичкаруда — парда ортида гаплашганум афзалмиди деб. Нима керагакан у кишига? Ниману гаплашмоқчу? Саида кўча эшикни қия очуб ўртада, остонада турибду. Аскар акаси у томонда, энтикиб, пишиллашлари, бетоқат ютинишлари эшитиладу, холос. Мен бояқиш, тирқишдан қорасуни кўруб-да, қўрқуб кетяпман, титроқ босуб, ичимдаги қушчалар (улар худди қамалуб қолишган!) потирлайдулар. Гапирса-гапирақолмайдуми, кетишса кета қолмайдуми! — У кишидан, ўз оғизларидан эшитганум — Баҳриддинга етказинглар деб буюрган эканлар, — дедум. — Синглимизни Сиз кўрмаганмусиз? — деди у ҳайрон қолиб. — Қайда, — дедум ўзим ҳам ўксинуб. — Фақат тарихларини эшитдум, холос. — Ўзи-чи, ўзи қайда эмиш ҳозир? — Макка тарафларда деб айтишду. Оллоҳ азиз қилган, пайғамбар ўтган юртларда эмишлар. — Баҳриддин... куёвимиз у ёқларга қандай бориб қолибди? Қандай ўта олибди, ҳамма қирғин-барот, ўлим майдонларида жон олиб жон бериб юрган бир пайтда? Қочган эканми? — деди у аллақандай асабийлашуб, ҳам жаҳли қўзий бошлаб. — Мен билмасам, — дедим, лекин беҳуда ғазабалаётганларину эслатуб қўйгим келди, — Лекин Сиз тушунинг. Ҳар нарса Оллоҳдан. Ўша азиз юртда топиштирмоқчи экан, топиштирубди, никоҳларидаги кишига қўшибту, суюнмак керак. Дадамизнинг суюниб бир ерга етганларину Сиз билмайсиз. Нима деганларину эшитмагансиз... — Нима деб... эдилар? — у шахтидан тушиб, жим қолду. — У диёрларга ким етду, ким етолмай кетти. Мўминларнинг Маккаси, Каъбасида топишибдими? Одам Атомиз жуфти ҳалолларини топган жойларда-я, Арафоту Муздалифаларда-я? Қандай бахтли никоҳ бўпту. Қанғлининг Яккабоғида бошланиб, пайғамбар юртида кўриштирса! Ла илаҳа иллаллоҳ! Чиндан ўзи Xува ъалло кулли шайин қодирдир! деб эдилар. Сиз суюнинг, — дедим мен. У жим қолган, эшик кесакисуни қучиб олган синглиси кўзларину билагига босиб, ҳиқ-ҳиқ йиғлар, мен уни юпатгим келару, яқинлашолмасдум. Номаҳрам кишига кўринуб қолишдан қўрқиб қимирлолмасдум. — Мени ишонтирдингиз, раҳмат, — деди у бир маҳал чуқур тин олиб. — Кўнглим тинч топди синглимнинг тақдиридан. Мен қўрққан нарса рўй бермапти, шунгаям шукр. Энди айбга буюрмасангиз, унга бу яхшиликни раво кўрган одам ҳақда — Султонмурод ҳақда сўрасам. У қаерда? Кўрса бўладими ўзини? Мен ҳаммасидан ҳам шундан қўрқуб эдум. Ўша кунги янишларину эшитуб, товонумдан сочумнинг таг-ларига довур бир титроқ кируб эду. «Икки қўлим у дунё — бу дунё ёқасида!» деган сўзлари... қулоқларум тагида жангиллар эду! Ҳозир нима, авравотирму? Ростига кўчдим: — У киши... ўцалароқ келар эдилар. Дараклари йўқ. Саида қизнинг акаси ҳайронланиб, жим қолди. — Қизиқ, у гаплар-чи, дараги йўқ бўлса, қаердан чиқибди? — деди синглисигаму, менгаму. — Қайсу, қандай гаплар? — дедим мен хавотирга тушиб ҳам ичим сидирилуб. — Ҳали... бехабармисиз, эшитмадингизларми? Мени баттар титроқ босду: — Нимадан, нима бўпту? — Ахир ҳаммаёқда дув-дув гап-ку. — Нима деб?.. — дея олдим нафасум ичимга тушуб. — У қайтиб келганмиш-ку, зўрларнинг адабини бераётганиш-ку, ахир. Мен киргандир деб эдим. Ичимда: қанийди, қанийди! Эй, худо, қанийди келган бўлсалар!.. девотибман-ку, ташимда товшим чиқмайду. — Кирмадулар, келсалароқ кирар эдулар. Бошқа биравдир. — Алҳазар, унда ким унинг номидан иш кўришга журъат этади?! Йўқ, Сиз кутинг. У кирмаса ҳам хабар бериб қолади. Албатта, хабар беради. Негаки, одамлар бу унинг иши, Султонмуроднинг иши дейишмоқда. Мени ўз-ўзидан йиғу босиб келяпти, назарумда ҳаммаёқ чароғон бўлиб, ич-ичимдан офтоб чиқиб келяптиму, бу севинч ёшлариму ажратолмийман, тавба. Келган бўлсалар, нега кирмайдилар? Xаёлларга банди бўлиб, бир дақиқа Саидани ҳам, акасини ҳам унутибман. Унинг овозидан чўчиб, ўзимга келдум. — Келин, Сиздан илтимос, ундан хабар бўлиб қолса, менинг омонат гапимни етказсангиз. Сизнинг товкангизга қўшилишга ҳамиша шай бир одам боракан, деб айтинг. Ким деб сўраса, ўша жафокаш Марғубанинг акаси денг. У узулган никоҳ ришталарини қайта улагани ҳаққи-ҳурмати, бизнинг авлод устидан бир умр-лик тавқи лаънат тамғасини олиб ташлатгани учун умрбод қарздормиз ундан. Шундай деб айтинг, келин. Қачон менинг ёрдамим керак бўлса, мана, Саида бор, бир оғиз имдод бердирсангиз кифоя. Айтган заҳотингиз етиб келгайман. Xайр, омон бўлинг, ўша мард биродаримизга салом айтинг. Мана шундан кейин халоватум йўқолду. Тиқ эца, юрагим ўйнаб, эшикка қарайман. Сиз кируб келяпсизму, деб. Кичигоюмларга айтмай, косада емаклар оп-қўйиб кутаман. Вақт-бемаҳал келуб қолсайиз деб. Кечалари уйқум қочуб, кўзларим тўрт бўлуб, ўтирганим-ўтирган. Ҳақ деб. Баъзан туруб-да таҳажжуд намозлар ўқуб, Оллоҳимдан сўрайман. Йиғлаб-йиғлаб ўзига илтижолар этаман. Соғ-омон кўрсат ишқилиб деб... Аммо Оллоҳ синаваттиму, синаб қийнаваттиму ёлғиз Ўзига аён. * * * Саида шу ерга келганда жимиб қолди. У дафтарнинг дам у варағини, дам бу варағини ўқиб кўрар, келган жойини топиб, улаб кетолмасди. — Ҳа, аяси, нима бўпти, нимасини тополмаяпсиз?— дедим ичим ғурмишлаб. — Шу ерда узилиб қоляпти, давоми қайси дафтарда бўлса экан? — деди у ҳамон излаганини тополмай. — Акамга тегишли жойини изланг, ўшани сўраятувди-ку, — дедим мен. Бунга сари ичим тошиб боряпти: «Демак, ўша гаплар чин эканми? Султон акам келгани-я?», деган хаёлларгача бормоқдаман. — Ҳа, мана экан-ку, — деди Саида ва ютақиб яна ўқий кетди: «Узр, Султонмурод ака, ўзимуз билан ўзимуз андармон бўлуб, хатга ҳам қўлум бормай қолуб эди. Ўрта токчану тагида бир ёруқ бор эду. Пахсани ёруғи десам, ичи қачонги қовоқару ину экан — ўшатга тушуб кетубти. Ололмай юруб, бошлолмай юруб, ҳийла вақт ўтуб кетубти. Бу ёғу қиш чиқуб баҳор бошлануб кетуб эду. Бошқа дафтар топуб, Мақсудхўжанинг дафтарларидан эскусини олуб (у кишину ўқишдан озод этишду. Xудо бир қайтаруб берду. Иззада сигир боқуб юрубдилар) ўшанга ёза қолдум давомину. Сиз келгандан кейин (тавба, ҳалига довур ишонмайман: ростдан келуб эдунгизми? Ўша кечаги одам сизму эдунгиз?) анча хотиржам тортуб қолуб эдум. Лекин кейин...» — I-и, шошманг, шу ерини қайтариб ўқинг. Кимни айтяпти? Ким келгандан кейин дейди? — деб ҳовлиқдим мен. Азбаройи ўрнимдан туриб кетишга етган эдим. Саида қайтариб ўқиб кўриб, бошини кўтарди: —... Сиз деяпти-ку, демак, акангиз бўлади-да. Бош-қа бировга ёзмаяпти-ку, хатни. Мен ҳайрон-ҳайрон қолган эдим: — Унда... унда нимага бизга миқ этмабди? Бўлиши мумкинмас. — Аёл киши... ҳар нарсани ҳар кимга айтавермайди, адаси, — деди хотиним. — Балким, — дедим ҳеч ўзимга келолмай. Ахир, кимсан Султонмурод акам келади-ю, биз билмай қолсак! Алам қилмайдими? Келганда ҳам бир марта келмагандур-ку. — Унда... унда ўша келганини эмас, нега бошқа нарсани ёзяпти? — дедим дабдурустдан. — Сиз эшитинг аввал, униси ҳам чиқар, — деди хотиним жилмайиб, сўнг келган жойидан ўқишда давом этди. «Лекин кеюн, қайтам бир ишлар бўлуб кетту — эсласам, хўрлигим тутиб келавурар. Сиз бўлсангиз тегинишолмасду. Уч кунлаб уйдан чиқолмай, ўтирдум қамалуб олуб. Ер ёрилмаду ерга кириб кецам! Жувон ўлгур (ўша қора мўнди — маймоқнинг жияну экан! Мен уну қиз бола десам — қандай бало экан, эрдай, эркакдай ёпишаду одамга!), ўша ўлгур қучоқлаб олуб, қўйивормайду. Ўпавериб тишлаб ташлапту, ҳамма ёғумни моматалоқ қилуб-кўкартуб ташлапту. Қиз десам, эр кишидан бадтар экан. Ҳирсину қаранг, уяцизну! Техиму менман шундай кўришиб турасан, тоғамга тушсанг, у сўратватти дейду. Қурибла кетгур. Энду ўлсамам чиқмийман ишларига. Қурибла кецин даласиям, ўзиям! Аёл бўлуб аёл эмас, эр бўлуб эр туғилмаган, у уяциз! Айтишга-да оғиз бормайду, ёзишга-да қоғоз куйгай! Xудо нима учун яратмиш экан бундай аёлну, билмадум. Тезроқ келинг, Султонмурод ака! Сиз бўлсангиз — мундай хўрлай олмасдулар, тегинолмасдулар. Кимларга ишонуб, жўнатуб эдингиз менгинану? Бу уйдан бир ёқларга кецам-да, даласига чиқмасман, ишлару қурсин, бету қурсин! Эшитяпсизму, Султонмурод ака, бу ёқларда шунчалар айнишубду, ҳатто кичигоюмдан қўрқмайин, Сиздан қўрқмайин шундай қилишса! Тағинам Xудо осмондан бало юбормайду устиларига! Султонмурод акажон, бу ёқни одамлару ҳам айнушга, ёмон айнушга бошлабдулар! Каломуллоҳну унутганмулар, билмайдулармуки, айнусалар балону кутаверсинлар, қўрқмасмулар — худонинг қаҳрудан?! (Эслаб қолунг. Қумруниса эду, аёл бўлуб аёл эмас, у яшшамагур)... Эвоҳ, шу балолиқларга чидолмаган эканми, кеннойим? Биз қаёққа бош олиб кетдилар, деб юрибмиз?! Мен аламангиз ҳолда муштимни тишлаб қолган, ўша дамларда унга бир ҳимоячи бўла олмаганимдан ерга киргудек бир ҳолга тушиб борар эдим. (Аллоҳнинг мадади ила асарнинг бу қисми ҳам ниҳоясига етди. Навбат — «Жазо, рижо ва ҳидоят» қисмига.) AvvalgiII- qism Keyingi |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62429 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57898 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40505 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36644 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23312 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23180 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21834 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19542 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18663 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14485 |