Даштда (ҳикоя) [Normurod Norqobilov] |
Эна ер муштлаб қарғанади. — Бундан кўра ўша даштда жондор еб кеца бўлмасмиди сени! Ерди камгинаси тортибгина кеца бўлмасмиди! Не деган гап бу, ҳалитдан хотин кишининг этагига тирмашиб. Кимга тортдинг ўзи сен! Не деган одам бўлдик! Не деб қишлоқда бош кўтариб юрамиз энди! Ҳали отанг келса, нима дейди. Ўлдирибгина қўяди-ку сени... Гирди тошдан кўтарилган пастак супа лабида чимирилиб ўтирган Бердимурод, қаншари остидан энасига хўмрайиб боқади. Ич-ичидан ҳайқирмоқ истайди: «Етар энди!» Бироқ нимадир халақит беради. Ҳайқирмоқдан кўра, ичдан эзилишни маъқул топгандай, чурқ этмайди. Бунга сари, энанинг фиғони кўкка ўрлайди. Яккаш саннайди. Ётиғи билан сўраб-суриштиришни хаёлига келтирмайди. Суриштирган тақдирдаям, қайсар ўғлидан тайинли бир жавоб олиши қийин. Кеча оқшом даштдан юз-кўзини кўкартириб қайтганда ҳам бир сўз демаган, йигитчиликда, дея қўя қолган. Не гаплиги эса тонгда аён бўлди: кеча ўғли даштда нотаниш бир келинчакка ёпишган экан, хешлари ўласи қилиб уриб кетишибди. Бердимурод жиғибийрон бўлаётган энасидан кўзини олиб, молларини подага қўшиш баҳонасида майдон четига йиғилаётган эркаклару, кўча юзидаги аёлларга боқаркан, ҳовлиси тевараги девор билан ўралмаганидан ўкинди. Девор яхши-да, бегона кўздан асрайди. Ундай деса, бу қишлоқда деворли ҳовлининг ўзи йўқ. Дўнг бетига бетартиб тушган қишлоқ хонадонларида не сир, не синоат — бари ҳамманинг кўз ўнгида. Яширмоқнинг ҳеч иложи йўқ. Йигитнинг аламнок нигоҳи эркаклар орасида кўҳна, нимдошгина тўнига ўраниб, бамисоли мусичадай қунишиб турган Сувонқулга тушгачгина миш-мишни ким тарқатганини англагандай бўлди. Ўрнидан ирғиб турганини билмай қолди. — Бари ёлғон! — дея ҳайқириб юборди. Чўчиб тушган энанинг кўзларида умид учқунланди. — Сен бола, мани адо қиласан, — деди ҳиқиллаб. — Сизни адо қиладиган ҳеч бир иш қилганим йўқ! — дея чўрт кесди Бердимурод. — Кўп жаврамай, хуржунни ҳозирланг! Кетдим мен подага. — Чой... — Раҳмат, тоза чой ичгандай қилдингиз! — Ахир мен... — Эна узун енги билан кўзёшларини артди. — Ичим куйиб кетаяпти-да, болам. Кимга ишонай? — Ана, уларга ишонинг! — Йигит зарда ила одамларга ишора қиларкан, деди: — Инсон боласига қайишганим шу бўлсин! Менга деса... ўлиб кетмайдими бари! Бердимурод кейинги гапини қасам йўсинида қатъий таъкидларкан, юрагида улкан бир ўпирилиш юзага келганини сезди. Тугун тортган панжалари бўшашиб, қомати алланечук шалвираб тушди. Оёқларини судраб босиб, айвон томон юрди. У ердан сиртига қалин намат сирилган кўзачани олиб, челакдан унга сув қуйди. У қаддини ростлаганда, қир бошидан қуёш мўралай бошлаганди. Одатдагидек, у бу манзарага бефарқ қараёлмади, маҳлиё бўлгандек бир зум термулиб қолди. Тонгги нурларни у азалдан яхши кўради. Айниқса, алвон рангга кирган ўркачли қир чўққиларига кўзи тушганида, ҳаяжондан қалтираб кетади. Ва жисми тушуниксиз ажиб бир қувватга тўлиб, бутун оламни қучгиси, ўша қувватни эса кутилмаган бир ишларга сарфлагиси келади. Отаси Собир полвоннинг айтишича, бу эрлик, яъни корлик ҳисси эмиш, йигит киши мана шу туйғуси билан гўзал саналармиш. Кейинги пайтларда у тез-тез мана шу туйғу етовига тушиб қолмоқда эди. Бироқ қишлоқда, хотинларнинг жанжалини демаса, фавқулодда ҳодисалар камдан-кам юз берарди. Тўйдаги курашларда эса ҳозирча у ўзини итнинг орқа оёғи деб билади. Негаки, товоқнинг олди чўнг полвонларда кетиб, у тенгқурлари қатори кичик совринлар билан кифояланишга мажбур эди. Қишлоқ обрўйини сақлаб қолишдек корлик ҳисси эса катта полвонларнинг оёғи остида топталиб кетаётгандек эди. Бироқ яқинда корликнинг ғаройиб лаззатини тотмоққа ниҳоят эришди. Эсласа, ҳануз ҳузур қилади. Ўшанда баданидаги оғриқлар ўта ёқимли туюлиб, ўзини етмиш еттинчи осмонда ҳис қилганди. Ёқмагани, оппоқ юзли қизнинг меҳрибончилиги бўлган. Қизнинг «укажон»лашидан роса энсаси қотган. Қиздан у миннатдорчилик истамаганди. Қиз эса, «укажон»лаши етмагандек, юмшоқ бармоқлари билан шишган, қизарган ёноқларини силаб-сийпалаган. Шунда у ўзини бола сезган. Билаклари ингичка, бўйи пастак туюлган. Ҳолбуки, у бўйчан, пишиқ ва бақувватгина йигит эди. Ўн саккиздан эндигина хатлаган бўлса-да, унда йигирма ёшли йигитнинг туси ва келбати бор эди. Чапдастлиги туфайли қизга тирғалган Бозорорти маҳалласининг безориси саналмиш Адҳам дарозни чекинишга мажбур этганди... У сув тўла кўзачани супа лабидаги хуржун ёнига қўяркан, қашқани эгарлашни унутганини эслади. Отни эгарлаш ҳамиша унинг анчагина вақтини олади. Бу юмушни бошқаларга ўхшаб ўлда-жўлда эмас, алоҳида иштиёқ билан адо этарди. У шу юмушни бажариш ниятида от томон юраркан, кечаги воқеа эсига тушиб, уни бу қадар эъзозга арзимайди деган қарорга келди. Қашқадан ёмон кўнгли қолганди. Жонивор доимо нозик пайтда панд бериб қўярди. Сирасини айтганда, Қашқа у орзулаган от эмасди. Xудди кечагидай, оппоқ юзли қиз воқеасида ҳам уни хижолатга солганди. Адҳам дарозни қочириб, бозор четидаги саройдан Қашқани етаклаб чиқаркан, томошага йиғилганлар кўз ўнгида отда керилиб кетмоқни ўйлаганди. Буни қарангки, одамлар ҳам худди шуни исташган экан, дастлабки лаҳзадаёқ бунинг акс-садосини илғади. — Ўзи зўр йигит экану, минган оти бўмабди. — Вой, ипирисқи-ий, Адҳам дарозга бас келди-я! — Ҳозир оти мункийди. Ана, айтмадим-ми... — Эшакдан ҳам хароб экан. — Даланинг боласи-да, чайир. Анову дароз уч қўрга чидаёлмай, дарров тили осилиб қолди. Ўшанда Қашқа туфайли, у бозор майдонини боши эгик ҳолда тарк этганди. Аммо ғолиб эмасми, ўзича кейин қирчанғини кечирганди. Унинг беўхшов қилиқлари ҳақида ортиқ ўйламай қўйганди. Буни қарангки, кеча у тағин панд берди. Даштда нотаниш келинчакни кузатиб бораркан, оқшом бу иши учун жувоннинг хешларидан боплаб калтак ейишини хаёлига ҳам келтирмаган ҳолда эгарда алплардек мағрур ўтирарди. Ёмон тили туфайли эридан насибасини олиб, қишлоғига аразлаб кетаётган келинчакнинг ҳадикли қарашларини сезмас, қилаётган бу ишидан масрур ҳолда борарди. Ахир, йигирма одимча олдин пилдираб кетаётган ожизага паноҳ эди-да. У бор экан, бийдек бу даштда ҳеч кимса унга даҳл қилолмайди-да. Бердимурод кўзларини узоқ-узоқларга қадаб, отда гердайиб бораркан, кутилмаганда ярамас қирчанғи мункиб кеца бўладими. Йигитнинг хаёли бошидан учиб, кўм-кўк майсалар устига гурсиллаб тушди. Келинчакнинг олдида ўзини шармисор ҳис этди. Аламидан йиғлаш даражасига етди. Бир ўйи, уялганидан, изига қайтмоқчи ҳам бўлди. Бироқ келинчакни ёлғиз ташлаб кетишга кўнгли бўлмади. Отига қайта ўтириб, келинчакнинг ортидан йўлга тушаркан, салдан сўнг хижолати хиёл аригандай бўлди. Назарида, ҳозирги иши ортиқча майда-чуйдаларга ўрин бермасди. Боз устига, табиат, худди унинг кўнглидан андоза олгандек, ғоят фусункор эди. Артилган шишадек тип-тиниқ осмонда оҳиста сузиб юрган бир парча оппоқ булутни демаса, теварак, қўйингки, бутун борлиқ ям-яшил тусда эди. Бу яшиллик кунчиқишдаги қир бетига сочилган подани ўз бағрига сингдириб, ҳализамон ютиб юборадигандек эди. Ўз навбатида, қаровсиз қолаётган айни шу пода йигитнинг кўнглига андак хавотир солиб турарди. Унинг йўл-йўлакай пода томонга бот-бот қараб қўйиши шундан эди. Йигит учун пода бамисоли бир кишан эди. Бу кишандан қутулмоқнинг эса ҳозирча ҳеч бир иложи йўқ. Ёз бошигача бир амаллаб чидаши, сўнг ҳозир хуржуни тубида олиб юрган дарсликларини жамадонга жойлаб, шаҳарга, ўқишга жўнамоғи лозим эди. Xаёлида олдинда уни улуғ ишлар кутар, бу улуғ ишларга эса фақат дарсликлар орқалигина етмоғи мумкин эди. Аммо дарсликлар шу қадар бадига ургандики, зада кўнгли кутилмаган ҳодисаларни қўмсарди. Қани энди, лоақал подага бўри ораласа-ю, у жонига теккан китобларни бир четга улоқтириб, йиртқичларга қарши ҳужумга ўца, ёки... бу ёғи энди фақат хаёл. Чексиз-чегарасиз ширин хаёллар... Кеча бийдек даштда ёлғиз ўзи кетаётган келинчакка кўзи тушганида ҳам худди шу каби тотли хаёллар оғушида қир бетида ёнбошлаб ётарди. Эгнидаги қирмизи либоси қуёш нурида ял-ял товланганча, жадал одимлаётган келинчакка аввалига лоқайд тикилди. Кейин у кўзлаган манзилни тусмоллагач, ҳушёр тортди. Жувон қора тортган қишлоқ узоқда, оралиқда эса хавфли жарлик кўндаланг ётарди. Бундан ҳам ёмони, бўйдоқ чўпон-чўлиқларнинг учраши эди. Ўтган ойда шунга ўхшаш кўнгилсиз воқеа содир бўлиб, сурони ҳанузгача тинмаган. Йигит келинчакни мавҳум тажовуздан қизғанди. Ўрнидан сакраб туриб, оти томон юрганини сезмай қолди. Бироқ илтифотини қай тарзда ифода этишни билмай, бир зум тараддудланди. Негаки, дашт аёлларининг аксарияти ҳуркак келади, ҳаракатини ҳар хил англаши мумкин. Шунда унинг эсига болалигида кечган бир воқеа лоп этиб тушди. Туманли ҳавода энаси иккиси эшакда қўшни қишлоқдан қайтишаётганида, даланинг ўртасида қаршиларидан чақмоқ телпагини қошига бостирган, тунд қиёфали бир отлиқ чиққан. Отлиқ улар ёнидан индамай ўтаркан, бироздан сўнг ортига қайтган. Оралиқда ўн беш-йигирма одимча масофа сақлаб, уларни қишлоққача кузатиб келган. Энаси алқашга улгурмай, отини шартта изига буриб, туман орасида кўздан ғойиб бўлган. Бердимурод келинчакнинг ортидан тушаркан, худди ўша суворийдек иш тутди. Сўз қотгудек бўлса, ҳаракатининг сир-синоати йўқоладигандек туюлади. Ахир туманда учраган отлиқ сукути боис, унинг хотирасида ҳозиргача сақланиб қолган. Фақат келинчакнинг жонсаракланишигина бу ҳузурбахш лаҳзага соя ташлаб турарди. Эсида, бошда энаси ҳам нотаниш суворийдан жуда қўрққан, сўнг мақсадини англагач, хотиржам тортган. Келинчак эса сира тинчланай демасди, аланг-жаланг қарагани-қараган эди. Ундаги безовталикни пайқаган йигит, хавотирланманг, сизга ҳеч ёмонлигим йўқ, жардан ўтказиб қўяман, холос, дегиси келди-ю, демади. Нечундир дегиси келмади. Сўнг кечга яқин уч отлиқ тўсатдан бостириб келиб, олатасир уриб кетишганда ҳам ўзини оқлаб ўтирмади. Очиғи, отлиқлар оғиз очиргани қўйишмади, ҳали сенми, синглимизни қўрқитадиган, дея боплаб савалаб кетишди... Бердимурод Қашқани эгарларкан, майдонга йиғилган халойиқ ўзини зимдан кузатаётганини фаҳмлади. Афти калтакдан бежалган йигитни кимдир эрмак, кимдир ачиниш билан томоша қиларди. Негаки, бу каби воқеалар қишлоқда фавқулодда ҳодиса саналиб, «қаҳрамон» анчагача кишилар назарида бўлади. Чуваладиган гапларни-ку қўяверасиз... У одамларнинг қарашларидан ғижиниб, юзини отнинг панасига олди. Кейин саркашлиги қўзиб, қаддини ростлади ва кўзи эчкиларини олдига солиб келаётган бўйчангина қизга тушгач, сергак тортди. У қизга бееътибор эмасди. Қиз ҳам буни сезарди шекилли, боқишлари бошқачароқ эди. Аммо ҳозир у жуда тажанг қиёфада эди. Эчкиларини подага қўшаркан, қўлидаги чивиқни улар ортидан улоқтириб, йигит томонга шундай бир қараш қилдики, Бердимурод туйқусдан тарсаки егандай бир қалқиб тушди. Сигирини ҳайдаб келган ёшгина жувоннинг қилиғиям уникидан кам бўлмади. Кўпчилик, асосан аёлларнинг нафрати ошкора юзага тепчиб турарди. Энасининг бекорга куйинмаётганини теран идрок этаркан, салдан сўнг эркаклар тўдасида ҳам шу ҳолни сезди. Даврага кейин келиб қўшилган эчкисоқол амаки қўлларини пахса қилганича, ёшлар бузилиб кетди, дея ваъзхонлик қиларди. Бу гапни бошқалар, жумладан, Сувонқул ҳам бош ирғаб тасдиқларди. Бунга сари эчкисоқол баттар авж қиларди: «Бу ҳалиям кам, ўлдириш керак эди буни! Менинг болам бўлганидами, нима қилишни ўзим билардим! Ҳа-да, ўша келинчакнинг ўрнига энасини қўйиб кўрсин, опаси ёки синглисини қўйиб кўрсин... Қалай?! Ҳалиям бўлса аяшибди. Эртан уларнинг тўйига бораримиз бор, азасига қатнашишимиз бор. Айтишмайдими, ўла, баринг деб...» Эчкисоқол отаси билан урушли, пайтдан фойдаланиб, бор заҳрини тўкиб сочмоқда эди. Бердимурод тўдага қарамасликка тиришиб, подани даштга қўзғотгач, Сувонқулга биров кўз ташлашдан ўзини тиёлмади. У кеча жарда учратган одамга сира ўхшамас, мўмин ва беозор эди. — Сен бола, мени зўр маишатдан бебаҳра қолдирдинг-да лекин! Келинчакни жардан ўтказиб, ортига қайтаётган Бердимурод бехос эшитилган бу садодан чўчиб кетди. От тизгинини торта-торта, теваракка аланглади. Бирор қора илғамагач, қулоғимга чалинди шекилли, деган ўйга борди. Юрагига хавотир иниб, отини қичамоқчи бўлди. Аммо шу пайт жар тубидаги буталардан бири силкиниб кулги овози эшитилади. От ҳуркади. Йигит қамчи дастасини маҳкам сиқиб, ўша томонга тикилади ва бута новдалари орасидан мўралаб турган малла башарани кўради. — Кимсиз? Бута новдалари қаттиқ чайқалиб, салдан сўнг унинг қаршисида Сувонқул пайдо бўлди. Елкасида милтиқ, белидаги эски патронташга тулки териси осилган. У беўхшов тиржаяркан, томоғини ғалати тиқиллатади. — Ёмо-он халақит бердингда... Бердимурод ҳеч нарса англамай, унга бошдан-оёқ разм солди. Афтини қўнғир соқол босган бу одам ов баҳонасида доим дала-даштда санқиб юрар, гоҳида тўрт-беш ойлаб йўқолиб қолар, сўнг тўсатдан яна пайдо бўларди. Уйидаги тўртта боланинг ташвиши ёлғиз хотинининг гарданида, бу эр бўлмиш дам-бадам қаерларга йўқолади, не ишлар билан банд, буниси ёлғиз худога аён эди. — Аммо лекин иккимизга ҳам етарди, — деди Сувонқул юзидаги ифодани ўзгартирмай. — Жарда қимирлайсанми десам... Ё дўнгда ишини битирдингми? Эпладингми ишқилиб? Ўзиям лекин зўр нарса экан! Илкиллаган қуйруққа ўхшайди! Кўкбулоқни аёллари азалдан хушрўй бўлишади. Ўтган йили кузакда биттасини Оқсойда қўлга туширганман. Тезак териб юрган экан. Эримга айтаман, акамга айтаман, дея худонинг зорини қилди. Қайда, қараб турадиган аҳмоқ борми. Айцанг, уруғингни қуритаман, дея ишини тиндирганман. Айтмади. Қанақа қилиб айтади. Айца, эрсиз қолади, шарманда-ю шармисор бўлади. Агар халақит бермаганингда, бунисиниям боплардим. Қишлоқда мулойимгина бўлиб юрадиган бу кимсани энди кўраётгандек Бердимурод анқайиб қолди. Сувонқул ҳунук илжайиб, енгил йўталди-да, буталар ортидаги дўнгга ишора қилди. — Анову дўнгди боврида тулки пойлаб ётувдим. Қарасам, тепадан бир нарса тушиб келаяпти, ранг-қути учган. Изидан сен. Қаерда ишини тиндира қолдинг-а? Жаргача сабринг чидамабди-да. Бало экансан лекин! Ишқилиб, сасингни чиқарма, деб тайинладингми? Ичимни қиздирмай, гапир тезроқ. Эшитиб ҳам маза қилаверамиз биз! Бердимурод беихтиёр сермаган қамчи унинг ўнг ёноғини ялаб ўтди. Сувонқул ортига чаққон тисарилиб, қўлидаги яроғини ўнглади. Йигит ўзига ўқталган милтиқдан эмас, Сувонқулнинг важоҳатидан қўрқиб кетди. Қаршисида ўзи билган мўмин одам эмас, ҳеч балодан тап тортмайдиган ёвуз бир кимса еб қўйгудек ўқрайиб турарди. — Нима қилиқ бу?! — Сувонқул ёмон сўкинди. — Ё қизғанаяпсанми? Агар қизғанаётган бўлсанг, аҳмоқ экансан! — Мараз! — Бердимурод шундан бўлак гап айтолмади. Сувонқул бошини бир ён қийшайтириб, унинг афтига синчков тикилди. Сўнг кулимсиради. — Демак, эплаёлмабсан... — Сиз... — Мен... — Сувонқул совуқ ишшайди. — Сувонқул аканг силар ўйлаган одам эмас! Асло ўйнаша кўрма мен билан! Энди эса қорангни ўчир! Йигит унинг эрмакловчи хиринглаши остида жарни тарк этаркан, бу учрашувдан қалби ларзага келди. Кечгача шунинг таъсирида юрди. Келинчакни хаёлан унинг чангалида тасаввур этиб, кузатиб қўйганидан минг бор мамнун бўлди. Бу кечаги, яъни келинчакнинг хешлари билан юз берган тўқнашувгача бўлган ҳолати эди. Энди... У подани қир бетига ёйиб, майсалар устига хомуш ёнбошларкан, на қўлига китоб олди, на ширин хаёлларга толди. Назарида, қуёш ҳарорациз, тириклик саробдек эди. Қишлоққа қайтмай, номаълум томонларга бош олиб кетмоқни истарди! Лекин қаёққа? У шу ўйда узоқдаги тоғларга боқди, тубсиз осмонга тикилди. Теварагида чуғурлашаётган тўрғайларнинг ҳаракатидан маъни топмай, қарашлари лоқайдлаша бошлади. Даштнинг қирга туташ қисмидаги экинзорга тушган эчкиларни тирқиратганча, узоқдан туриб ўдағайлаган қоровулнинг бақириш-чақиришларига эътибор ҳам бермади. Пинакка кецаму, қайтиб уйғонмасам, деб ўйлади. Йигит бийдек даштга маъюс тикилиб, ёнбошлаб ётаркан, кўзига қандайдир қора чалингандай бўлди. Сўнг бу қора эшак минган аёлга айланди. У жарлик томон кетиб борарди. Бердимурод чуқур хўрсиниб, нигоҳини пастга олди. Ўт-ўланлар орасида ғимирлаётган қурт-қумурсқалар ҳаракатини кузатган бўлди. Сўнг беихтиёр яна аёл томонга қаради. Орада жар тарафга кўз ташлаб олди. Xаёлидан Сувонқулнинг истеҳзоли башараси лип этиб ўтаркан, бу сафар аёлга ташвишли боқди. Аёл эса бамайлихотир кетиб борарди. Бирор йигирма дақиқалардан сўнг жарга етади. Тавба, уйида тинчгина ўтирмай, нечун даштда тентиб юрибди бу?! Даштда пишириб қўйибдими! Бу ўйлар йигитнинг бўшашган вужудига қайта қувват бағишлагандай бўлди. Ўрнидан сакраб турганини ҳам сезмай қолди. Юрагида ўша таниш корлик ҳисси тағин жунбушга келиб, оти томон илдам юрди. Отини қичаб, бирпасда аёлга етиб олди. Аёл сўзамолгина экан, гапга тутинди. — Ҳа, йўл бўсин, улжоним? — Сизни жардан ўтказиб қўяй, хола... холажон. — I-и, мени бўри ермиди, болажоним. Ҳай, майли, қайтамга сўйлашибгина кетамиз. Бердимурод сўзлашмоқни истамади. Аёлдан пича ортда қолиб, уни қоралаб бораверди. Шунда у қуёш тафтини, борлиқнинг ғоят фусункорлигини қайта ҳис эта бошлади. Тагидаги оти эса, одатдагидан кўра тузукроқ йўрғалаётгандек эди. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62429 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57895 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40505 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36643 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23312 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23179 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21833 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19541 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18663 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14485 |