Сут сотувчи бола (ҳикоя) [Normurod Norqobilov] |
Болакай тонг-азонда сут тўла бидонларини кўтариб, маҳалла адоғидаги кўп қаватли уйлар томон юраркан, одатдагидек, муаллимасининг дарғазаб афтини кўз олдига келтириб, қадамини тезлатишга уринди. Ўзига қолса-ку, чопқиллаб кетарди-ю, бироқ қўлларидаги оғир юк бунга монелик қилади. Боз устига, минг ошиққани билан сут тез сотилмайди. Мижозларга боғлиқ иш бу. У овозига зўр бериб, эшикма-ешик юраркан, ҳориган кезлари, тўғри келган зинага чўкиб, атиги бир зум тин олгиси келарди. Аммо муаллиманинг зуғумли нигоҳи бунга изн бермайди: «Тағин кечикдингми? Қачонгача давом этади бу, а?!» Қачонгача давом этишини эса болакайнинг ўзи ҳам билмайди. Ҳовлисида икки сигири бор экан, бу юмуши ҳали-вери тугамаслиги аниқ. Бундай пайтлари болакай тинимсиз кавш қайтарувчи бу жониворларни ёмон кўриб кетади. Нега деганда, унинг юмуши тонгда сут сотиш билангина чекланмайди. Дарсдан сўнг аравачасини судраб, бозорга чопиши, ўзи каби болалар билан талашиб-тортишиб, одамларнинг озуқабоп нашхўрдларини йиғиши, ариқ бўйларидан ўт-ўлан юлиб қайтиши лозим. Юҳо сигирлари эса тўйдим демайди, тинмай юмлашгани юмлашган. Болакайнинг эса бошқа тенгқурлари қатори ўйнагиси, дарахтларга осилгиси, кўкка тикилиб хаёл сургиси, расм чизиб, шўхлик қилгиси келади. Аммо мудом емиш талаб қиладиган жониворлар унинг бу кўнгил хоҳишларига эрк бермайди. Негаки, очофат бу жониворлар онасининг ардоғида, отасининг эътиборида, болакай ботиниб бир сўз деёлмайди. Ичдан ёмон кўради уларни. Нари борса, муштчалари билан, зимдан дўппослайди. Бироқ унинг зарбалари сигирларга чивин чаққанчалик таъсир этмайди. Болакайнинг бу аҳволи билан муаллиманинг зиғирча иши йўқ. Доска ёнига турғазиб қўйиб, синфдошлари кўз ўнгида тергагани тергаган. Болакай, боши хам, кўз остидан муаллиманинг эгнидаги бежирим либосига, оёғидаги ингичка пошнали туфлисига алоҳида эътибор беради. Кўҳлик, лекин совуққина бу жувонни синглиси қўлидан қўймай ўйнайдиган қўғирчоққа ўхшатади. Шунда бирдан ўзини ҳам қўғирчоқ бўлгиси келиб кетади. Маза-да, ҳеч ким тергамайди, тонг азонлаб кишилар эшигида сарғаймайди, бозорда болалар билан ёқалашиб юрмайди, сутчи хотинлардан, айниқса, Ойша қорадан ҳуда-беҳуда туртки емайди. Ойша қорани эсласа, ғазабдан титраб кетади. Нега деганда, у болакайнинг ҳудудига безбетларча бостириб кирган-да. Илгари у нариги маҳаллада сут сотарди. Яқиндан бери бу томонларга ҳам суқиладиган бўлган. Қандай бўлмасин, даҳадан болакайнинг изини қурицам дейди. Бироқ болакай ҳам анойилардан эмас, имкони етгунча унга қаршилик қилади. Оқибат, улар ўртасида тез-тез жанжал чиқиб туради. Болакай меҳрибон амакини ўшандай жанжаллардан бирида учратди. Жилмайганда кўзлари қисилиб, икки чеккасидаги майда ажинлари қуёш нуридек ҳар ён тараладиган амакини эсласа, кўнгли алланечук оройиш топиб, ич-ичидан яйраб кетади. Муаллимаси тергаса ёхуд онаси шанғиллаб, отаси койиса, болакай нуқул амакини ўйлайди. Эртага борсам, ҳаммасини айтиб бераман, дейди. Аммо учраган кезлари барини паққос унутади. Негаки, амакининг хонадони ҳар қандай дилгирликдан холи, ичкарида қандайдир илиқ нур сузиб юргандек туюлади. Ёмони, амаки уни ҳеч вақт узоқ тутиб турмайди. Идиш тубидаги қолган-қутган сутни елим товоққа ағдараркан, энди югур, дарсингга кечикма, дейди. Амаки уни дарсга кечикишини истамайди. Болакай эса унинг хонадонини ҳамиша ҳайрон тарк этади: «Шунча сутни нима қиларкин у?» Онаси бу ҳақдаги ҳикоясига эътиборсиз, отаси эса бепарво қарайди. Ўқиб, нима, шаҳар олиб берармидинг, дейдими-ей. Кейин мамнунлик билан қўшиб қўяди: «Мана мен, шофёр бўп, кам бўлмадим. Пул топишнинг йўлини топсанг, ҳеч қачон кам бўлмайсан. Сал бўй чўзгин, яна бир сигир обераман». Отаси бу гапларни тўрдаги телевизорга тикилган кўйи айтади. Беғам, беташвиш, лоқайд бир тарзда сўзлайди. Она эса ота гапини тугатар-тугатмас, бирпасда фойда-зиённи хомчўт қилиб ташлайди. Фойда-зиён ҳақидаги гаплардан болакай зерикади. Оғилхонада яна бир томдек сигирнинг пайдо бўлишини ўйлаб, юраги орқасига тортиб кетади. Негаки, сут, сутга қўшилиб адоқсиз ташвишлар ҳам ортади-да. Шунда у онасини Ойша қорадек ориқ бўлмаганидан ўкинади. Онаси ориқ ва чаққон бўлганида, балки сутни ўзи сотармиди. Кейин у каттакон қорнини осилтириб, ёнбошлаб ётган отасига умидвор тикилади. Йўқ, отаси озадиган эмас, озмайдими, демак, бидон кўтариб сут сотишга ҳам чиқмайди. Сўнг унинг кўзлари хона бўйлаб сарсон кезади. Уйдаги буюмларнинг жойланиши ёқмай, юраги сиқилади. Жавон тўла чинни идишлар, устида қандайдир қутилар. Деворни бўйлаган гилам тепасида ота-онасининг ёшликда ёнма-ён тушган суратлари. Суратда улар ҳозиргидек бақалоқ эмас, кўзлари ҳам бошқача. Энди улар ўзга бир одамларга алмаштириб қўйилгандек. Уйдаги буюмлардек жуда зерикарли. Амакининг уйи эса бу хил буюмлардан холи, қандайдир тароватли. Бурчакдаги ихчам жавон китобларга лиқ тўла. Жавонга тақаброқ қўйилган диван суянчиғида доимо орасига кўзойнак қистирилган қандайдир китоб ётган бўлади. Амаки уни ҳозиргина қўлидан қўйганлигини болакай ичдан ҳис қилади. Эшикдан чиқиши билан қўлига олишиниям билади. Деворга эса ўзини эмас, қандайдир ўқувчи болаларнинг сон-саноқсиз суратлари тартиб билан осилган. Бундан унинг ўқитувчи бўлганлиги аёнлашади. Болакай ҳар гал амакининг ортидан тўғридаги ошхонага ўтаркан, чап ёндаги айни шу хонага ҳаваси келиб кетади. Диванга чўкиб, бир зум нафас ростлагиси, девордаги суратларни мароқ билан томоша қилгиси, кейин чиройли терилган китобларни варақлаб, расмларини томоша қилгиси келади. Азалдан у китоб саҳифаларига чизилган суратларни томоша қилишни ёқтиради. Назарида, бу суратлар уни бошқа бир оламга чорлаётгандек туюлаверади. Зиммасига сут сотишдек зерикарли вазифа юкланмасдан бурун дарсликлардаги расмларга ўхшатма чизишни яхши кўрарди. Ўхшатолса ўзида йўқ қувонарди. Бора-бора унинг ўз қуёши, оппоқ парқу булутлари, суюкли қаҳрамони — оғзини катта очиб кулиб турадиган бола, серўркач тоғлари пайдо бўлган ва уларни қайта-қайта чизишдан ҳеч эринмасди. Аммо оппоқ сут ташвиши бу ширин эрмакка чек қўйди. Отасининг ғоят салмоқлаб айтишига кўра, эс-ҳушли болага бу хил ишлар ярашмасмиш. Уйларида сумкасидаги дарсликлардан ўзга китоб йўқ. Оқшомлари уйдагиларнинг тикилгани бурчакдаги телевизор. Алламаҳалда мудроқ отага бирдан «жон» киради: «Жойимни собер, ёмон чарчабман бугун». Она оғир гавдасини базўр кўтариб, ўрнидан қўзғаларкан, болакайни эслаб қолади: «Ёт, саҳар туришинг керак!» Шу билан кун адоғига етади. Эртаси ҳам худди шу зайлда давом этади. Ана шундай кунлардан бирида болакай меҳр ва қаҳрга тўла овозни эшитади. — Болани койиманг! Ойша қоранинг қарғишларига кўмилиб, йўлак четида «без» бўлиб турган бола, ёнига ўгирилиб, ғоят ораста кийинган амакини кўради. — Кап-катта хотин, уялмайсизми болани қарғагани! — дейди у аёлга жиддий тикилиб, сўнг билагидаги соатга бирров кўз ташлаб, юмшоқ оҳангда сўрайди: ¬— Дарсга кечикмадингми, болам? Болакай оёқлари остидаги бидонларга ишора қилади. — Сотишга улгурмадим ҳали. — Қанча қолди? — Анча бор. Амаки бир муддат ўйланиб тураркан, сўнг қатъий дейди: — Қани, мен билан юр-чи! Болакай Ойша қоранинг юрагини куйдириб, унга эргашади. Амаки бидонлардаги сутни каттакон идишга ағдараркан, чўнтагидан пул чиқараётиб тайинлайди: — Бундан сўнг сутинг қолса, тўғри ўзимга олиб келавер. Эринган ёхуд тонгги салқин ҳаводан жунжиккан кезлари, болакай сут бидонларини кўтариб, тўғри унинг уйига бормоқ истайди. Аммо ичидан ҳамиша нимадир тўсқинлик қилади. Нималигини билолмаса-да, ҳар ҳолда бу иши яхши эмаслигини англайди. Шунинг учун аввалига бошқаларнинг эшигини қоқади. Кўпинча бидонлари тез бўшаб, амакиникига ўтишга ҳожат қолмайди. Шу кейинги тўрт кун ичида бу ҳол кетма-кет содир бўлиб, у амакининг уйига ўтолмади. Бугун ҳам эшикма-ешик юриб, сут сотаркан, негадир амакини тез-тез эслаётганидан ажабланди. Кеча ва ўтган куни ҳам шундай бўлганди. Буни шунчаки соғинчга йўйиб, ортиқ эътибор бермаганди. Бу сафар эса чидаёлмади. Идиши бўшашини кутиб турмай, амакиникига йўл олди. Муаллиманинг зардали қиёфаси энди уни ташвишлантирмас, биладики, амаки узоқ тутиб турмай, идишлардаги сутни охиригача қуйиб олади. Баҳонада амакини кўргани қолади. У четдаги тўрт қаватли ғиштин бинога етди. Йўлаклардан бирига кириб, иккинчи қаватга кўтарилди. Таниш эшик ёнида тўхтаб, бир зумга нафас ростлади. Сўнг қўнғироқ тугмасини босди. Бироқ ҳамиша тез очиладиган эшик ортидан бу гал садо эшитилмади. Болакай қўнғироқ тугмасини қайта ва қайта босди. Кейин муштчалари билан эшикни гурсиллатиб урмоққа тушди. Қўшни эшик қия очилиб, сочлари тўзғиган аёлнинг тўнг башараси кўринди. — Амак йўқ, ўлган у, — деди у эшикни каттароқ очиб, халати ёқасини тўғриларкан. — Сутинг бўлса, бир банка қуйиб кет! Эй, намунча анграясан?! Нима бало, овсармисан? Тахтадай қотиб қолган болакай аёлнинг жаврашларини эшитмади. Аёл вайсай-вайсай ўзи сут қуйиб олди. Қўлига пул тутқазиб, эшикни қарсиллатиб ёпгандан сўнггина болакай ўзига келди. Карахт бир ҳолатда зиналарни бир-бир босиб пастга туша бошлади. У ташқарида Ойша қорага рўпара бўлди. — Меҳрибонинг йўқ энди, — деди Ойша қора истеҳзоли ҳиринглаб. — Сендан олган сутни қўшниларига бепул тарқатарди. Эшикма-ешик чориғингни судраб юравер энди! Болакайнинг мадори йўлак четидаги ўриндиққача базўр етди. Қалтироқ бармоқлари билан шудринг қўнган тахталарни пайпаслаб, аста чўкаркан, елкалари титраб йиғлаб юборди. Нарида эса сут тўла бидонларни кўтарганча Ойша қора кетиб борарди. — Молоко! Свежий молоко! Болакай эса ниманидир англаб, ниманидир англаёлмай, йиғида давом этаркан, ҳеч қаёққа ошиқмас, негадир ошиқишни ҳам сира истамасди... |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62429 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57895 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40505 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36643 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23312 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23179 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21833 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19541 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18663 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14485 |