Ғанимлар (қисса) [Normurod Norqobilov] |
Суюкли ити Диккиқулоқ ўлдириб кетилгандан сўнг, ғазаби кўкка ўрлаган Сарвар, итининг қотили бўлмиш Ёлдор бўрининг жонини олмоққа қатъий аҳд қилди. Шу тоғда ё сен турасан, ё мен, дея бор овозда ҳайқирди. Кейин ити жасадини иззат-икром билан тепаликка кўмди. Дўппайган «қабр»; устида, теваракдагилардан уялди шекилли, кўзини ёшламоқдан базўр тийилди. Мижжалари ёшланмаса-да, йиғламоқдан бери бўлиб деди: — Ит эмас, гавҳар эди! Гавҳаримдан айирдилар! Атрофдагилар мийиғида илжайишса-да, одоб юзасидан, сукут сақламоққа ҳаракат қилдилар. Шунга қарамай, кинояомуз томоқ қирувчилар барибир топилди. Нега деганда, итнинг ўлими тоғда фожеа саналмайди. Жасади бу тарзда иззат-икром билан кўмилмайди. Эшакда бирор ўнқир-чўнқирга судраб обориб ташланади. Эти қузғунларга ем бўлиб, суяги тупроққа қоришиб кетади. Бинобарин, тоғда ит қаҳат эмас, исталган хонадонга бош суқсанг, йўқ деганда, уч-тўрттаси олдинга акиллаб чиқади. Эгаси билан келиш-да, хоҳлаганингни танлаб олавер. Итга аза очиш нимаси? Бироқ Сарвар деганлари қишлоқ итларини бир чақага олмайди. Буларда фақат жасад бор, фаҳм-фаросатдан эса зиғирча йўқ, дейди. Тулкисимон Диккиқулоғини эса дунёдаги барча итлардан афзал кўради. Бунда бор-йўғи забон йўқ, қолган ҳамма нарсани одамдай илғайди, одамдай фаҳмлайди, ишонмасангиз синаб кўринг, дейди. Аммо Диккиқулоқнинг ўзига хос аъло жиҳатларини одамлар билишга улгурмади. Эрта тонглардан бирида у Ёлдорнинг чангалида, эгаси айтмишли, фожеали равишда нобуд бўлди. Энг ёмони, бу ҳодиса Сарварнинг кўз ўнгида юз берди. Тонг ғира-ширасида қўра адоғидан қора кўланка сирғалиб чиққанида, Сарвар одати бўйича ҳовлида нафас олиш машқини бажармоқда эди. Ити қўрадан берироқдаги ялангликда искаланиб юрарди. Қора шарпани қишлоқ итларидан бири деб ўйлаган Сарвар аввалига унга эътибор бермади. Қачонки, Диккиқулоқ ўзи томон жонҳалпида отилгачгина, диққат қилди. Итини таъқиб этиб келаётган кўланканинг росмана бўри эканлигини англади. У бамисоли қора қуюндай бостириб келарди. Ана, у ҳаш-паш дегунча итини қувиб етди. Сарвар эс-ҳушини йиғиб олгунча бўлмай, уни жонсиз жасадга айлантириб, тоғ томон аста йўртиб кета бошлади. Ҳатто ўқ овозидан сўнг ҳам ҳаракатини ўзгартирмади. Табиий, Сарвар уйдан милтиғини олиб чиққунча у анча олислаб кетганди. Йигит унинг ортидан беҳуда югуриб, бекорга ўқ узиб, ҳийла ергача таъқиб этиб борди. Сўнг нафаси қисилиб, тақрон ерда чўзилиб қолди. Бу ҳодисани ўзидан бўлак фожеа сифатида қабул қилувчи бўлмади. Сарвар деганлари бу қишлоқ учун бегона. Тоғ ҳавосидан дардига шифо излаб келган бир одам. Аммо у ўзини бегонаман деб тургани йўқ. Киришимли, пишиқ-пухта йигит экан. Келиши билан кишилардан бир сурув қўй-қўзи сотиб олиб, Ғуччи паканани чўпонликка ёллади. Суюн чолнинг ўртанча ўғлига атаб қурдирган уйини қўра-пўраси билан ижарага олди. Ҳафтада бир машинада келиб, ҳолидан хабар олиб кетадиган ошна-оғайниларининг турқ-тароватига қараганда, ўзига тўқ одам. Аммо ҳеч бетобга ўхшамайди. Кун бўйи, елкасида милтиқ, тоғма-тоғ санқийди, ё бўлмаса, бетдаги ёввойи бодомзорда соатлаб мук тушиб ўтиради. Ғуччи пакана эса унга итдай содиқ. Сурувга қарашдан ташқари, оқшомги куйдириш-пишириш ҳам унинг зиммасида. — Ака шаҳарга қайтишда мениям ўзи билан олиб кетаркан, — дейди мақтаниб. — Шаҳарди жонон қизларидан бирига уйлантириб қўяман ўзим сени деяпти. — Шу нияти бор экан, қишлоқди қизлариям тешиб чиқмасди, — дейди эшитганлар кулиб. — Ё шаҳарди қизлари бошқача бўларканми? — Қишлоқди қизлари бизга тўғри келмайди. — Ғуччи пакана «акахони»; каби теваракка виқорли назар ташлашга уринади. — Энди биз, шу... шаҳарди энаси ўпмаган қизига уйланамиз-да. Шу иш пешонада бор экан-да. — Назаримда, Товқора зарангнинг қизи кетидан тилингни осилтириб юрувдинг, нима, кўнмадими у? — Айтдим-ку, қишлоқди қизи бизга тўғри келмайди деб. — Ғуччи пакана бўш келмасликка тиришади. — Унинг бошидан ачиган қатиқ иси анқийди. Шаҳарди қизлари атирда чўмилади. Бизга шаҳарди қизи дуруст. — Узоқдаги қуйруққа интилиб, яқиндаги ўпкадан қуруқ қолмагин тағин. Эшитдингми, унга Учтолдан совчилар келаётганмиш. Бироқ бу гап Ғуччи паканага зиғирча таъсир қилмайди. Сўзловчи қолиб, тоғларга боқади, ғалати тамшанади. — Ҳар кеч ака билан маза қиламиз лекин, — дейди томдан тараша тушгандай. — Акада ароқ сероб. Оғайнилари ташлаб кетишади. Ўзи камгина ичади-ю, лекин мендан ҳеч аямайди. — Одамга ўхшаб, уч-тўрттасини қўйнингга соб чиқмайсанми, бизам маза қимаймизми. — Ака хафа бўлади-да. — Билиб ўтирибдими. — Билади. Ака ёмон синчков. — Зўр ака топдинг-да лекин. — Xудога шукр! — Ҳазир бўл, тағин чопонсиз қолдириб кетмасин. Шаҳарди одами айёр бўлади. — Xафа қилаяпсиз, биродар. Ака сиз ўйлаган одам эмас. Қишлоқ аҳлининг Сарвар ҳақида ҳозирча билганлари шу. Кўпроқ ўз майли ва ўз хаёлида брадиган бу одам ити ўлдирилган куннинг эртаси оқшом эркаклар йиғилиб ўтирадиган дўнгликка чиқиб келди. Кун бўйи Ёлдорнинг изидан санғаган шекилли, ҳорғин ва андак тажанг эди. — Нима, тутқич бермаяптими, меҳмон? — деди Суюн чол ҳол-аҳвол сўраган киши бўлиб. — Тутишингиз қийин уни. Эргаш бодигаям тутқич бермаган у. Ўрта ерда Эргашнинг ўзи ўлиб кетди. Сарвар жавобга ошиқмади. Тоғларга бир муддат тикилиб тураркан, толғин бир ҳаракатла чўнтагидан бир даста пул чиқарди. — Итимнинг ҳунига мана шуни тикаман! — деди иддаоли, ҳам кибрли оҳангда. — Шарти шу, жасади оёғим остида бўлиши керак! Тепкилаб аламимдан чиқмоқчиман! У, қўлидаги озмунча пул эмасди, одамларнинг ғимирлаб қолишини кутганди. Аммо у кутган ҳодиса юз бермади. Давра аҳли тебранмади. У, ё бу камми, деганча бўлмай, кимдир бу йил қиш эрта келиши мумкинлигини айтиб қолди. Бир зум сукутга толган давра бирдан жонланди. Қишнинг эрта келиш-келмаслиги ҳақида ҳар ким ўз билганича башорат қила бошлади. Сарвар сездики, бунинг ҳаммаси шунчаки гап. Ноқулай вазиятдан қутулмоқ учун кўтарилган «ғавғо»;. Одамлар гўё унинг борлигини унутгандай, кераксиз баҳсга берилганди. Ҳартугул Суюн чол жонига ора кирди. — Чўкинг, меҳмон, турманг буйтиб, — деди кўзлари жовдираб. — Борай! — деди Сарвар, бу ерда мен ортиқча эканман, деган оҳангда. — Ўтириб нима қилдим, борай! У кетмоққа улгурмади. Бир чеккада чакмонига ўралиб, гумбаздай бўлиб ўтирган Шойим йўғон тўсатдан тилга кирди. Сарвар ҳамиша хўмрайиб юрадиган бу одамни жинидан баттар ёмон кўрарди. Шунинг учун энсаси қотиброқ унга юзланди. — Ўлдирсангиз майли, лекин жасадини хўрлашингизга йўл қўймаймиз, — деди Шойим йўғон томоғини қира-қира. — Нимага деганда, Ёлдор бизга бегона эмас, ўзимизнинг жондор. Итларга кун бермагани билан, ҳозирча мол-ҳолимизга текканича йўқ. Пулди эса киссага солинг! Пул дегани ўзимиздаям ачиб ётибди. — Ҳа, у ўзимизнинг жондор, — Суюн чол ўйиндан ўт чиқмасин деган ўйда, шоша-пиша гапга аралашади. — Ғуччивой сизга айтган чиқар, а? — Ҳозирча айтганича йўқ. — У айтмаган бўлса, биз айтамиз-да, — Шойим йўғон ўсиқ қошлари остидан ўқрайиб тикилди. — Ёлдорни Толмас чолнинг невараси Сафар деган бача асраб олган. Иккисиям раҳматли бўлиб кетган. Аввал бача ўлди, кейин бобой... Шундан бери Ёлдор эркинликда юрибди. Тўғриси, у биздиям роса жонимизга теккан. Итларга ҳеч кун бермайди. Шу куз ичи учта итимни бўғизлаб кетди. Бу туришда қишлоқда биттаям ит қолмаса керак. Шунинг учун уни ўлдиришга изн берамиз. Лекин хўрлашга рухсат йўқ. — Ўлдирилгандан сўнг... — Сарвар ғаши келаётганини яшириб ўтирмади. — Xўрланди нима-ю, хўрланмади нима, барибир эмасми? — Аввал сиз уни ўлдиринг, — Шойим йўғон совуқ кулимсиради. — Ўлдираманам! — Агар ўлдира олсангиз, бетдаги анову сурув сизники. Сарвар унинг бу гапини ҳазилга йўйиб кулмоқчи бўлди. Бироқ Шойим йўғоннинг авзойи бунга йўл қўймади. — Назаримда, сиз... гаров ўйнамоқчисиз шекилли? — деди шошиб. — Эмасам-чи! — Шойим йўғон илжайишга тиришса-да, кўзлари кулмади. — Сиз нонни «нанна»; деб юрганингизда, Шойим акангиз шаҳарнинг кўзирларидан бири бўлган. Вақтида аҳмоқликни кўп ва хўп қилганмиз. Қисқаси, гап битта, жондорни ўлдиринг-да, сурувни олиб кетаверинг! — Демак, эплашимга ишонмаяпсиз? — Кўп майда гап бўлманг, укам! — Шойим йўғон аста ёнбошларкан, унга ғазабнок тикилди. — Ўйинни бошлаган сиз, мен эмас! Пул кўрсатиб бодилик қилган мен эмас, сиз! Шунинг учун гапни кўпайтирмай, ҳаракатингизни қилинг! Муддат ўн кун. — Ўйинга биз ҳам қўшилсак бўладими? — деб сўради кимдир. — Йўқ! — деди Шойим йўғон қатъий йўсинда. — Ютқазса, бу йигитнинг ташлаб кетадиган нарсаси бор. Xўш, сенинг ниманг бор? Ё қари энангни тикмоқчимисан?! — Ҳай-ҳай, оғизга эгалик қилинглар! — Суюн чол катталарга хос босиқлик билан даврани тинчитишга уринди. — Арзимас бир жондорни деб итдай ириллашманглар! Уят бўлади-я. — Арзийди, ака, арзийди, — Шойим йўғон тирсагини ердан узиб Сарварга қошлари остидан ўқрайиб тикилди. — Дамингиз чиқмай қолди, меҳмон? Қани, қўлни ташламайсизми?! — Қўл ташлаш бўлса, қўл ташлаш-да! — паст кетишни истамаган Сарвар ўтирган одамларни оралаб ўтиб, унинг қошида тўхтади ва зардали бир ҳаракатда кафтини узатди: — Ташланг! — Узинглар! Йигитлардан бири сакраб ўрнидан турди. Қўлини ҳаволатиб, туташган панжалар устига урган бўлди: — Уздим! Кунботиш томондан тўсатдан қўзғалган аччиқ изғирин кишиларни ортиқ эзмаланиб ўтиришига йўл қўймади. Аввал Суюн чол ўрнидан турди, сўнг бошқалар. Дўнгда ёлғиз қолган Сарвар теваракка хомуш боқаркан, тўнғиллаганча, Шойим йўғоннинг гўрига ғишт қалай бошлади... * * * Бу пайтда Ёлдор қишлоқдан унча узоқ бўлмаган сийрак арчали дўнгликда ерга бағрини берганча, лоқайд чўзилиб ётарди. Нигоҳи тўнг эса-да, қулоқлари динг, димоғи тийрак эди. Димоғи илғаган ҳидларга қараб, теваракни тўла идрок этарди. Ланжлигига келсак, ҳамма бало қорни тўқлигидан эди. Қорни тўқ кезлари у ҳамиша тўнг тортиб қоларди. Бугун ҳам у Учдарада чоғроқ тўнғиз боласини қўлга туширган бўлиб, энди унинг ҳазми билан овора эди. Яғрини тукларини ҳурпайтириб эсаётган совуқ ел тоғлар бошига қор тушаётганидан дарак берарди. Бу ерларда қиш эрта ва тўсатдан тушади. Даралардан куз ҳавоси ариб улгурмай, кутилмаганда қор ташлаб қолади. Ковлашга улгурмаган картошкалар, териб олинмаган мевалар қор тагида қолиб, совуқдан нобуд бўлади. Шунинг учун аксарият кишилар чорвани маъқул кўриб, ерга қарамайди. Шунингдек, ерга умид билан уруғ қадовчилар ҳам йўқ эмас. Чорвадорлар қишда бўрилардан азият чеккандек, улар ҳавонинг авзойига қараб, жонлари ҳалак бўлишади. Бу етмагандек, ердаги ҳосил етилиб-етилмай «тунги қароқчилар»; — тўнғизлару айиқлар томонидан хомталаш қилина бошлайди. Бир қарашда, дунёнинг бу ташвишлар билан Ёлдорнинг ҳеч иши йўқдек. Аслида эса... Қоратепа биқинидаги олмазор туфайли тунлари унинг ҳам ҳаловати йўқ. Олмазор Суюн чолга тегишли. Кундузлари эшакда келиб, боғда тентиган бўлади-ю, шом тушмай қорасини ўчиради. Тунда олмазорга қўнғир айиқ — Маймоқ эгалик қилади. Ёлдор ундан олмазорни эмас, Қоратепа этагидаги чоғроқ қабрни қизғанади. Нега деганда, калтафаҳм Маймоқ бошқа йўл қуригандай, нуқул қабрлар оралаб юради. Чоғроқ қабр ёнига етганда эса, теваракни ўрганиш учун албатта тўхтайди. Ана шунда нақ тумшуғи тагида ириллаганча Ёлдор пайдо бўлади. У ён сакраб, бу ён сакраб, Маймоқни қабр ёнидан узоқлаштирмагунча тинчимайди. Маймоқ эса ҳамиша бир ҳолдан таажжубланади. Негаки, тумшуғи тагида бамисоли иблисдай ирғишлаётган кулранг бу махлуқ бошқа ерда, яъни тоғу тошда рўпару келиб қолса, қайрилиб ҳам қарамайди. Қоратепада эса нақ бетидан олади. Не сабабдан? У Қоратепада ҳамиша Ёлдорга ён беради. Ахир бир неча метр нарида олма ҳиди димоғингни қитиқлаб турса, қайси аҳмоқ безбет бир махлуқ билан пачакилашиб ўтиради. У олмазорга шўнғиркан, албатта, ортига қараб қўяди. Ёлдорни қабр ёнида чўнқайган ҳолда кўради. Аммо ҳакалак отаётган нафси ортиқча ўйларга изн бермайди. Ёлдорга тирғалмаслигининг асосий сабабларидан яна бири шундаки, одатда, жониворлар ўзларининг қачон ҳақ, қачон ноҳақлигини жуда яхши билишади. Шунинг учун ҳам ҳамиша вазиятга қараб иш тутишади. Олмазор эса ўз мулки эмас, одам боласига тегишли бегона ҳудуд. У, қулоғи динг ҳолда, ҳар бир мевага оғиз соларкан, ўзга ҳудуддалигини, хатти-ҳаракатидаги ноҳақликни доимо ичдан ҳис этиб туради. Бунақа пайтда ортиқча шарпа чиқармасликка уринади. Ёлдорнинг куракда турмайдиган қилиқларига чидашининг боиси шунда. Аммо яқинда Маймоқники ёмон тутди. Тупроқ титиб қаршисида ирғишлаётган Ёлдорга бирдан ҳамла қилиб қолди. Ёлдор базўр ўзини четга олган бўлса-да, хиёл тегиб ўтган зарбадан барибир бир юмалаб тушди. Эзиб ташлаш қасдида бостириб келган ғанимининг чангалидан бир амаллаб қутуларкан, охирги дақиқада унинг орқа сонига тиш ботиришга улгурди. Маймоқ бесўнақай, Ёлдор эса эпчил, қабр тепасида олатасир жанг бошланиб кетди. Қабр қаватидаги чириган чўплар синди, ҳар ён сочилди. Аслида буни олишув деб бўлмасди. Маймоқ ҳужум қилар, Ёлдор эса қочар, қоча туриб гоҳ унинг ёнбошида, гоҳ ортида пайдо бўлиб қоларди... Охир оқибат, бу сафар ҳам Маймоқ босиқлик қилди. Беҳуда ҳамлани тезда бас қилиб, қабрдан узоқлашди. Зумда олмазорга сингиб йўқолди. Қабр ёнида дарғазаб қолган Ёлдор андак зарбанинг залворли кучини кейин ҳис қилди. Вужуди қақшаб, қабрлар орасида хийла вақт чўзилиб ётди. Ҳозир ҳам у яғринининг сим-сим оғришига эътибор бермасликка тиришиб, қишлоққа тикилиб ётаркан, дўнгда йиғилиб ўтирган одамлар яқинида искаланиб юрган малла итга кўзи тушиб, бошда оҳиста ириллаб қўйди. Сўнг, итнинг ҳаракатларини зимдан кузатаркан, юрагида ўша таниш ҳис-жон олмоққа ташналик туйғуси қайта бош кўтарганини сезди. Даҳшатли жағлари шақирлаб, беихтиёр ўрнидан туриб кетди. Аммо ит олисда, ёнида эса одамлар... У ноилож қайта жойига чўкди. Занжирбанд этилган мурғак жонивор қишлоқ итлари томонидан эрмакка эмас, бўри зотидан бўлгани учун бешафқат таланарди. Қалин тахталардан қўполдан-қўпол ясалган ини ва жонсарак бола — Сафар жонига ора кирмаганида, у аллақачон итлар чангалида жон таслим қилган бўларди. Қизиқ жиҳати, итлар унга очиқда ҳужум қилишар, инига эса бирортаси бош суқолмасди. Бола ҳовлида пайдо бўлиши билан ҳаммаси тумтарақай қочарди. Барча қишлоқ уйлари каби ҳовли гирди девор билан ўралмагани учун ит ҳам, бит ҳам бемалол кириб келаверарди. Шалпангқулоқ итини эргаштириб юрадиган Эргаш боди ғанимларининг энг ёмони эди. Ҳовли эгалари йўқ пайтларида, у итини Ёлдорга гиж-гижлар, бу етмагандек, уни инидан судраб чиқариб, биқинига аёвсиз тепкиларди. Xонадон соҳиблари келиб қолса, баҳонаси тайёр эди. — Шу келди-ю, сигиримнинг сути қочди, — дерди оғзидан кўпик сачратиб. — Тезда йўқотинг буни! Эмасам, ўзим йўқотаман! — Қанақасига? — Толмас чол ҳайрон. — Шунақасига! — Эргаш боди янада баланддан келишга тиришади. — Сиз уйда жондор сақлаганингиздан бери қишлоқдан ҳаловат кетди. Қўйларим ем емай қўйди. Болалар кўчага чиқолмай қолди. Толмас чол оғир одам, аммо невараси Сафар унинг ғирт тескариси эди. Қўлига тушган тошу кесак билан аввал шалпангқулоқ итни, сўнг эгасини сийларди. Жони оғриган Эргаш боди тутоқиб қувларди. Бола қочарди. Қоча туриб, мўлжалга беҳато урарди. Оқибат, Эргаш боди бу хонадонни манглайи ғўра ҳолда тарк этарди. Бола ва бўриваччага нисбатан юрагида ададсиз кек сақларди. Негаки, бу ҳовлида одатдан ташқари ҳодиса юз берган, яъни хонадонда бўри сақланарди. Кўникмадан йироқ ҳол эса гоҳида кишида нафрат ҳиссини қўзғотади. Эргаш боди мана шу туйғу етовида Ёлдорга озор беришга тиришарди. Унинг ҳимоячисини эса кўрарга кўзи йўқ эди. — Шошма, ҳали икковингни ҳам ейман! — дерди мавҳум оҳангда. Эргаш бодининг қораси ўчиши билан Сафар инга суқилиб кирар, тўрда қалтираб турган Ёлдорни силаб-сийпалар, эркалаб овутар, гоҳо эса алами келиб йиғлаб ҳам оларди. Шу сабаблими Ёлдор унга қаттиқ меҳр қўйганди. Ёнидан бир қадам нари жилмаслигини истарди. Бироқ бола бекорчи эмас, унинг ўзига яраша бир талай юмушлари бор эди. Мактаб, ўт-чўп териш, қўй-қўзиларга қараш, ишқилиб, уйда қадалиб ўтириши қийин эди. Ёлдор эса унинг қайтишини ҳамиша илҳақ кутарди. Овозини эшитиши билан инидан ўқдек отилиб чиқар, бўйнидаги оғир занжирни шилдиратганча ирғишлар, сўнг ер бағирлар, этигини ялар ва тағин ирғишлар, хуллас, муҳаббатини тўлалигича намойиш этишга тиришарди. Бола унинг томоғига яхши қарарди. Ёлдор еганича еб, ортган емишларни ини тўрига кўмиб қўярди. Ҳозирда тоғда унинг ортган емишлари сақланадиган бир неча ҳуфия жойлари мавжуд. Шулардан бири мана шу дўнглик ортидаги ўнгир. Ўн кун бурун қўлга туширган ўлжасининг қолган-қутганини ўша ўнгирга бекитиб қўйганди. Қишлоқ итлари топиб, талон-тарож қилиб кетишибди. Ёввойи табиатнинг ўзгармас, шафқациз қонун-қоидаларига итлар буйсунмайди. Жониворлар томонидан қаттиқ амал қилинадиган ҳудуд масаласига муносабатлари ҳам шунга яраша. Акс ҳолда Ёлдордек бешафқат жониворнинг ҳудудида бемалол дайдишиб, унга тегишли насибани пок-покиза тушириб кетишмасди. Ёлдор ҳафтада икки-уч бор бутун ҳудудини айланиб чиқаркан, қишлоққа ёндош сарҳадлар итлар томонидан бузилганини сезгач, эски аламлари янгиланиб, улардан боплаб ўчини оларди. Сарварнинг ити Диккиқулоқ айни шу важдан унинг ғазабига дучор бўлганди. Сарвар овга ҳамиша итини эргаштириб чиқарди. Ёлдор инсон ҳиди қатори итнинг исиниям туяркан, ғазабдан қалтираб кетарди. Тажрибадан билардики, ҳудудни инсон қавмидан асраш қийин. Аммо манови ит нима қилиб юрибди унинг мулкида? Ёқимсиз ҳидини буруқситиб, роса тентибди. Тағин белгисини қўйиб кетганига ўласанми. Учдарадаги букри арча танасига, сойдаги кулранг харсанг сиртига, ёнбағирликдаги синиқ симёғочга пешобини сочиб кетибди. Ёлдор унинг белгиси устига ўз белгисини қўяди: «Туцам, ўлдираман! Қорангни кўрмайин бошқа!»; Эртаси эса Диккиқулоқ томонидан қолдирилган қуйидаги жавобни ўқийди: «Яхшиси, ўзинг қорангни ўчир! Бу ерга келдим ва яна келаман!»; Ёлдор қаҳрдан оташ бўлиб ёнади. Аммо яроқ тутган эгасининг олдида итга қотинишнинг ҳеч бир иложи йўқ. Натижада, у пайт пойлай бошлади ва эрта саҳарларнинг бирида осонгина ниятига етди. У дўнгликда йиғилиб ўтирган одамлар орасида ўзи ҳақида гап бўлаётгани ва жони гаровга қўйилаётганидан бехабар ҳолда теваракни жимгина кузатиб ётаркан, ички бир сезги билан Маймоқнинг шу яқин атрофда ўралашиб юрганини туйди. Маймоқ олмазорга энишдан аввал Бўрижардаги бутазорга танда қўяди. У ердан тишга босгулик мева-чева қидириб, тезроқ қоронғу тушишини кутади. Қиш эрта келишини сезган айиқ зоти ҳамиша ошиқади. Қиш уйқусига кетиш олдидан баданидаги ёғ заҳирасини кўпайтириш илинжида емишга зўр беради. Бунақа пайтда юҳо нафсини тоғдаги мевалар билан қондириш мушкул, шунингчун мўл-кўл озуқа қидириб қолади. Агар анову ярамас Ёлдорнинг ғашига тегишини ҳисобга олмаса, олмазор жуда боп жой. Маймоқ ундан зиғирча чўчимайди. Чўчимагани боис ҳам ҳар галги йўналишини ҳеч ўзгартирмайди. Бинобарин, бундан бўлак иложи ҳам йўқ. Негаки, одам боласига тегишли ҳудудга доимо пусиб яқинлашмоқ ва сўнг теваракни обдон ўрганмоқ зарур. Ким бор, ким йўқ дегандай. У шу ниятда қабрлар оралаб бораркан, чеккадаги чоғроқ қабр тепасида тўхташга мажбур бўлади. Чунки тепа ёқалаб ўтган йўлдан нариси олмазор. Ўнг панжаси қабр устида, чап панжасини хиёл олдинга чўзганча, олмазорни диққат-ла кўздан кечира бошлайди. Бунақа пайтда барча жониворлар каби кўпроқ димоғига ишонади. Кўмилган ўлжасини кавлаб еяётган жониворлар ҳаракатини кўп кузатган Ёлдор унинг бу қилиғини ўзича тушунади. Маймоқни қабрга дахл қилаяпти деб ўйлайди. Қабрда эса унинг севикли одами Сафар ётибди... У Маймоқ билан бўладиган тунги учрашувни ўйлаб, эзгин овозда ув тортиб юборганини сезмай қолди. Қишлоқ итлари ҳушёр тортиб, акиллашга тушди. Одамлар эса бу нидога эътибор ҳам беришмади. Улар Ёлдорнинг вақт-бевақт ув тортишига кўникиб қолишганди... * * * Дўнгда ҳануз дилгир чўзилиб ётган Ёлдор итларнинг навбатдаги акиллашидан ҳушёр тортди. Қулоқларини диккайтирганча қишлоқ томон тикилди. Кўрдики, қишлоқ ўртасидаги сайхонликда бир гала ит қандайдир суворий ортидан акиллаб келмоқда. Отлиқ нотаниш шекилли, итлар уни қишлоқ чеккасигача узатиб келишди. Сўнг номига бир-икки акиллаб, эран-қарон тарқалиша бошлади. Итларни кўрган Ёлдорнинг кўзлари ёвузона чақнади. Безовталаниб ўткир тирноқларини ерга ботирди. Бўғиқ ириллади. Қани энди манови ярамас махлуқларни овлоқ жойда учраца-ю, бўғзига тиш ботириб, обдон хуморидан чиқса. У ҳар бир итни ўлдирганда қасоснинг тотли бир ҳиссини туярди. Бироқ бу лаҳзага етишиш мушкул, негаки, итлар ҳеч қачон осонликча тутқич бермасди. Боз устига, унинг қишлоқ оралаганини сезган одамлар варанглатиб ўқ узиб қоларди. Узоқдан туриб «тишлайдиган»; бу яроқдан Ёлдор жуда чўчирди. У яна шуни яхши билардики, бу яроқ яйдоқ жойда хавфли, тоғда эса унинг ёмонлиги кам, истаган бир бута ёки харсанг жонига оро кириши мумкин. Эплаб яширина билсанг бўлди. Бунақа пайтда унинг ҳид билиш сезгиси фавқулодда очилиб, ғаними қаерда ва қанча масофада гувранаяпти, барини билиб, англаб туради. Сездирмай узоқлашишга ҳамиша улгуради. Бошқа жониворлар сингари ваҳимага тушмайди. Итларга қирон келтираётган бўлса-да, қишлоқда унинг жонига қасд қилувчи кимса йўқ эди. Ҳатто Эргаш боди ҳам бошда бу ўйдан йироқ эди. Қачонки, Ёлдор шалпангқулоқ итини ўлдириб кетгандан сўнггина, унинг мавжудлигини, шу атрофда ўралашиб юрганини ҳис қилди. Итимдан кейин навбат қўйларимга келади шекилли, бу ярамас қўрамни бўшатмагунча тинчимайдиганга ўхшайди, деган хаёлга борди. Бу етмагандек, Суюн чолнинг гапи ҳаммасидан ошиб тушди: «Азоб еган жондор ўша одамдан қасдини олмасдан қўймайди. Буни ҳаётда кўп кўрганман. Шунинг учун олди-ортингизга қараб юринг»;. Эргаш боди нописанд кулган бўлса-да, юрагига ҳадик оралаган. Унда аввалроқ ўзим тинчита қолай уни, дея енг шимариб ишга киришган. Аммо Ёлдорни маҳв этиш осон эмасди. Эргаш боди шохида юрса, у баргида ҳаракатланарди. Ана шундай кунлардан бирида улар тасодифан тўқнаш келиб қолдилар. Эргаш боди бу сафар яроқсиз эди, Довонорти қишлоғини жанозага айтиб келаётганди. Ғанимлар Қилсўқмоқнинг юқори қисмида учрашдилар. Қилсўқмоқ азалдан Xудо қарғаган жойлардан бири ҳисобланади. Пичоқда кесилгандек тик жарлик бетидаги бу сўқмоқ Довонорти қишлоғини водий билан боғлаб турувчи ягона йўл эди. Икки отлиқ базўр сиғарли бу йўлдан ҳали одам боласи йиқилиб ўлмаган. Унинг биринчи қурбони Эргаш боди бўлди. Агар Эргаш боди сўқмоққа хиёл кечикиброқ етиб келганида ёхуд унинг ўрнида бошқа бир кимса бўлганида, фожеа юз бермаслиги аниқ эди. Негаки, ҳавода терчиган от ҳиди бурқсиб, туёқ товушлари эшитилган заҳотиёқ Ёлдор изига қайрилганди. Узун сўқмоқни илдам босиб ўтиб, ёнбағирликдаги арчазорга шўнғимоқчи эди. Уларни девордан туртиб чиққан қизғиш харсанг ажратиб турарди. Аввал ғанимининг ҳидини олдими, ё қизиқиш усутун чиқдими, ҳар ҳолда жадал қуйига энаётган Ёлдор бирдан тўхтади. Бошини буриб, суворийнинг харсанг ортидан чиқиб келишини кута бошлади. Сергак тортган отини қичаб келаётган Эргаш бодига кўзи тушгач эса, беихтиёр ириллади. Унинг ўткир нигоҳи бир зумда кўп нарсани, яъни отнинг хуркаётгани-ю эгасининг бепарволигини, энг муҳими, эгар қошида яроқ йўқлигини илғаб улгурганди. Ғаними бу сафар қуролсиз эди.Шунга қарамай, у, одатига хос, лўкиллаб қочмоққа тушди. Агар Эргаш боди ўзи ва отига далда бериш учун «Ҳайт!»; деб қичқирмаганида, Ёлдор сўқмоқни адоқлаб, арчазорга бекинмоқчи эди. Эргаш бодининг ҳадик тўла бу ҳайқириғи ундаги эски аламларни қўзғаб юборди. Айниқса, қуйидаги манзара бор бўйича хотирасида жонланди. Ўша куни ҳовли кимсасиз эди. Ёлдор ини ёнида чўзилиб ётарди. Йўлдан ўтиб бораётган Эргаш боди эшикда қулф кўргач тўхтайди. У ён-бу ён қараниб, хунук тиржаяди. Сўнг кетидан эргашиб келаётган шалпангқулоқ итини Ёлдорга гиж-гижлайди. Ити ҳамлага ўтиш ўрнига унинг чотига суқилади. Бундан унинг қаҳри келади. Ғингшиётган итини боплаб бир тепади-да, Ёлдор томон юради. Йўл-йўлакай ерда ётган калтакни қўлига олади. Ёлдор энди улғайган, кучга тўлган. Аввалгидек инига суқилмайди. Шум ниятда ўзига яқинлашаётган ғанимига иррилаганча пешвоз чиқади. Эргаш бодига худди шу нарса керак эди. Ҳали сенми менга ириллайдиган, дея қўлидаги калтакни ишга солади. Аммо тезда калтагини олдириб қўйгач, тош қидиришга тушади. Бўйнидаги занжирни узиш даражасида тортқилаб, ўзига томон интилаётган Ёлдорни тошбўрон қилишдан бирор ҳузур топмагач, наридаги қўрадан узун калтак топиб чиқади. Бу орада ҳовли ҳангоматалаб болаларга тўлади. Ёлдор улар орасидан халоскорини беҳуда қидиради. Тийрак нигоҳли болани тополмагач, шалоқ сўзлар билан сўкинганча, ўзига калтак кўтарган ғанимига ташланади. Орада бўйнини сириб турган занжирига ҳам оғиз солиб кўради... Агар қўшни чол аралашмаганида, бу иш не натижа билан якунланиши номаълум эди. Қўшни чол Ёлдорни аяб эмас, Толмас чолнинг ҳурмати учунгина орага тушди. Эргаш бодини ҳовлидан ҳайдаб солди. Эргаш боди сўкина-сўкина узоқлашаркан, Ёлдорнинг юрагида ўзига нисбатан қасос ўтини баттар алангалатгани ва бир кун келиб, бу ўтда ўзи куйиб адо бўлишидан бехабар эди. Қайтамга ўз қилмишидан ғоят мамнун эди. Пайт топиб, жониворга тирғалишларини кейинчалик ҳам қўймади. Мана энди, лўкиллаб кетиб бораётган жойида кескин ортига бурилиб, важоҳатли бир тарзда йўлига кўндаланг бўлган Ёлдорнинг қаршисида танг аҳволда қолганди. Изига қайтай деса, тор сўқмоқдан отини ортга қайириш қийин. Боз устига, сакрамоққа шай турган йиртқич ҳар лаҳзада ҳамла қилиб қолиши мумкин. У яроқсиз чиққан ўзиниям, айни шу кунда қазоси етган қўшнисиниям гўрига ғишт қаларкан, орада тезгина тубсизликка кўз ташлаб олди. Пастга қуласа, тариқдай сочилиб кетишини ўйлади. Бирдан бир қуроли қўлидаги қамчисини маҳкам чангаллади, рақибининг ҳаракатларини кузатаркан, унинг нигоҳига назари тушгач, юраги орқасига тортиб кетди. Ёвузона чақнаётган бу кўзларда узоқ ва илҳақ кутилган лаҳзага фавқулодда етишганда пайдо бўладиган шундай бир ифода мавжуд эдики, бу ҳолат ёвузликнинг ўзидан кўра минг чандон даҳшатлироқ эди. Эргаш бодининг тагидаги от қўрқувдан титраб-қалтираб ортга тисариларди. Кўзлари олайиб, бурун катаклари керилиб кетганди. Туёқлари остидан кўчган тош қуйига учарди. Айни тобда рўпарасидаги йиртқичдан кўра, остидаги отнинг талвасаси хавфлироқ эди. У ҳар сонияда жарга қулаши мумкин эди. Xудди шуни сезгандай, Ёлдор олдинга сакради. От қаттиқ кишнаганча, ўзини ортга ташлади. Юганга ёпишган эгасининг барча уринишлари бесамар кетди. Шўрлик жонивор устидаги суворийси билан жарга қулади. Қишлоқ аҳли бу фожеадан ниманидир сезгандек эса-да, Ёлдорни айбловчи топилмади. Қилсўқмоқнинг бўлгани шу — вақт-бевақт қурбонлик талаб қилиб туради. Ҳар йили бу сўқмоқдан нечталаб қўй-қўзилар йиқилиб ўлмайди дейсиз. Чўпонлар барига чидайди, юқори яйловга олиб чиқадиган бошқа йўл бўлмагач, чидамай қаёққа ҳам боришарди. Ғаними жарга қулагандан сўнг, Ёлдор дарҳол сўқмоқни тарк этмади. Юз берган бу воқеадан ҳайрон бўлгандек, чўнқайган кўйи жар лабида узоқ туриб қолди. Сўнг ўзининг мунгли қўшиғини бошлаб юборди. Тийрак кўзли болакайни қўмсаб, чўзиб-чўзиб ув тортди. У болакайни ўнгида эмас, тушларида ҳам соғинарди. Яғринида унинг илиқ кафтини ҳис этиб, ғингшиб-ғингшиб қўярди ва уйғониб ўзини қўналғаларидан бирида кўрарди. Ёлдорнинг муқим ини йўқ эди. Қўнолғалари эса сероб эди. Оёғини узатмоқ истаса, ўша қўнолғалардан бирини танлаб, баҳузур чўзиларди. Бу унга тутқунликдан одат бўлиб қолганди. Зеро, тутқунликда инидан ишончлироқ жойнинг ўзи йўқ эди. У ҳам ўзга жониворлардек, қўналғаларини сир тутарди. Чўзилмоқни истаса, аввалига обдон теваракни кузатар ва сўнггина ором учун ястанарди. Кўзи илинганда эса, гоҳ итларга таланаётганини, гоҳ болакайнинг силаб-сийпалаётганини туш кўрарди. Қисқаси, тутқунликдаги хотиралари уни мудом тинч қўймас, доимо таъқиб этгани этган эди. Болани қўмсаган кезлари эса чўзиб ув тортар, сўнгсиз бу нидолар унинг дардли «достон»;и—алам ва армонлари эди. Ёлдор бу «достон»;ни деярли ҳар тун куйларди. У ҳануз икки сарҳад ўртасида—кишилик дунёси билан ёввойи олам ўртасида сарсону саргардон кезинарди. Қишлоқни тарк этолмаганидек, ёввойи олам қўйнига ҳам тўла сингиб кетолмасди. У қишлоқ итлари томонидан «узатиб»; қўйилган отлиқни лоқайд кузатаркан, у яқинлашавергач, ўзини панага тортди. Бунинг учун хиёлгина чапга сурилиш билан кифояланди, яъни совуқ шамолда чайқалиб, елкасини сийпалаётган бута новдалари орасига яхшилаб яшириниб олди. Аммо қуйидаги сўқмоқ бўйлаб ҳорғин одимлаётган от барибир ҳидини сезди. Қулоқларини динг қилиб, кетма-кет пишқирди. Тайсалланди ва бу қилиғи учун серзарда суворий томонидан аччиқ қамчи билан сийланди. Отнинг баданига теккан зарбани Ёлдор ўз танида ҳис этгандек, ёмон тиришди. Тумшуғини оёқлари орасига суқиб, инграшнамо ғингшиди. Ҳайтовур, суворийга Xудо инсоф бериб, отни қамчилашни бас қилди. Сўкиниш билан чекланди. Ёлдорнинг назарида, одам боласининг турган битгани шу, салга қўлига эрк беради. Тутқунликда у буни кўп кузатган. Ўзининг ҳовлида сақланиши негадир кўпчиликка унча ёқмас ва шу боис, бобо ва неваранинг кайфияти тез-тез бузилиб турарди. Бобо одамларнинг гап-сўзларига майллик билдирарди-ю, лекин қайсар неварасининг кўнглидан ўтолмасди. Шундай пайтларда гирдини ёмғир ювган супа лабига маҳзун чўкиб қоларди. Аксига олгандай, худди шу лаҳзада қўра биқинида қантариғли кулбет ҳангиники тутиб қоларди. Қулоқни қоматга келтириб, ҳанграшга тушарди. Оқибат, чол бор аламини ундан оларди. Xалачўп билан роса саваларди. Лекин у бирон марта ҳам Ёлдорга қотинмаган. Уни бошқалар уришган. Шунинг учунми, милтиқ овозидан ҳам кўра, калтакдан кўпроқ чўчийди. Чўчийди-ю, бироқ қайтмайди... * * * Милтиқни елкага осиб, эрмак учун тоғма-тоғ санқиш бошқа-ю, маълум бир жониворнинг изидан тушиш бошқалигини Сарвар биринчи куниёқ англаб етганди. Одатда, ов кишига бир олам завқ бағишлайди. Бирор ўлжани қўлга кирицанг-киритмасанг, уззукун шу туйғу измида ҳаракатланасан. Ҳориш нелигини билмайсан. Бироқ мақсад аниқлик касб эца, бу ҳисни ортиқ туймайсан. Жонсаракланасан, пойлайсан, юрасан, қидирасан ва ўлжанг тутқич бермагани сари, фиғонинг кўкка ўрлаб, ғазаб отига минасан. Ов ўзининг одатий сир-синоатини йўқотиб, ўта ёқимсиз бир юмушга айланганини сезасан. Агар ўша куни Шойим йўғон билан гаров ўйнамаганида, Сарвар бу ишдан аллақачон воз кечган ва ҳатто ичган қасаминиям унутиб юборган бўларди. Аслида барига бодилиги айбдор. Шу феъли туфайли ҳамиша йўқ ердаги ғавғолар билан бошини оғритиб юради. Ўшандаям кутилмаганда бодилиги хуруж қилиб қолди. Пули билан мақтангиси келди. Аммо у кутган ҳодиса юз бермади. Қўлидаги пулга қайрилиб қаровчи бўлмади. Сездики, овозидаги кибр оҳанги ёқмади уларга. Бундан хижолат тортмади, қайтамга ич-ичидан истеҳзоли кулди. Xудди бир вақтлар уйида мардикорчилик қилган талаба йигитнинг устидан кулгандай кулди. Ўшанда талаба йигит ғалати гап қилган. "Ака, хафа бўлманг-у, шу-у, сизларда ҳайрат етишмайди. Ҳамма нарсани аниқ ўлчам ва ҳолатда кўрасизлар. Болаларингиз эртакка, ўзингиз афсонага ишонмайсиз. Аниқлик руҳни ўлдиради, афсона эса руҳга чексиз парвоз бағишлайди. Айни шу руҳ етишмайди сизда...« Сарвар истеҳзоли табассум билан чекланмаган, ўзича гап билан узиб олган: »;Афсонага ишонганингдан мардикорчилик қилиб юрибсан-да!" Талаба, сизга гапириш бефойда, дегандай бошини эгган, сўнг манглайини қашлаб, янги тушаётган қўшқаватли иморатга, ҳовлини кенгайтириш мақсадида чопиб ташланган дарахтларга, иккинчи қаватга олиб чиқадиган нақшинкор зинапояга берилиб гул чизаётган кекса устага бир-бир боқаркан, ўйчан нигоҳини яна уй эгасига қадаган. Ачинишини яширмаган. Бу ҳолатдан Сарвар ҳанг-манг туриб қолган. Қизиқ, юпун бир талаба унга ачиняптими? Нима учун? Бироқ бу хил майда-чуйдалар устида бош қотиришга кўникмагани учун сабабини сўрамаган. Назарида, бажариши лозим бўлган юмушлари шу қадар кўп эдики, бир лазҳага чалғиши мумкин эмасдек эди. Лекин дард дегани ёмон экан, ҳар қандай орзу ҳавасинг ва бу йўлда тинимсиз елиб-югуришларинг бир чақага қиммат экан. Xудди шуни сезгандай, табиб чол гапнинг лўндасини айтди-қўйди. — Жон керак бўлса, дардга бееътибор қараманг, — деди ортиқ эзмаланмай. — Манови дамламани канда қилмай ичиб туринг. Тоғдаги бодомзор ҳавосидан нафас олинг. Баҳор ёки ёзни кутиб турмай, ҳозироқ жўнанг! Xудо хоҳласа ҳеч нарса кўрмагандай бўлиб кетасиз. Дўхтирлардан унча наф кўрмаган Сарвар табиб чолнинг айтганига кўнди. Таваккал дея тоққа келди. Келганда ҳам дардманд киши сифатида эмас, яроғию овчи ити Диккиқулоқ билан келди. Келибоқ шуни билдики, бу ерда қўй-қўзилар жуда арзон экан. Узоқ ўйлаб турмай, кишилардан бир талай жонлиқ харид қилди. Олганлари чоғроққина бир сурув бўлди. Агар томоғига жиндек яхши қаралса, ҳар бир жонлиғи шаҳарда бирга уч ташлаб турибди-да. Мана фойда қаерда! Энди эса ўша «фойда»; хавф остида қолганди. Ёлдорни айтилган муддатда тинчитмаса, сурувни қўш-қўллаб Шойим йўғонга топширишига тўғри келади. Агар юца... Аммо ҳамма бало шундаки, Ёлдор деганлари анойи жониворлардан эмас экан. Xудонинг балоси, қидирганингда йўқолиб, қидирмаганингда қаршингдан чиқиб туради, худди калака қилаётгандай. Бу етмагандек, оқшомлари Ғуччи пакана ярасига туз сепгани сепган эди. Дердики, бугун уни Ўтовлисойда кўрдим. Ўша куни Сарвар Тошлисойда тентиган бўлади. Эртаси умид билан Ўтовлисойга борса, Ёлдорни бутунлай бошқа бир манзилда кўришганини айтишади. У Ғуччи пакана усталик билан қовурган этдан бир бўлагини оғзига соларкан, хуноби ошганиданми, иштаҳаси йўқолганини сезади. Шишадан ўзига ароқ қуяди. — Эллик граммдан оширмайман дегандингиз-ку, ака, — дейди Ғуччи пакана унинг бу қилиғидан ажабланиб. — Негадир юрагим сиқилиб кетаяпти, — дейди Сарвар нафсини тийишга тиришиб. — Шаҳарда буни яшиклаб ичардик. — Шунинг учун ҳам товга даво қидириб кеп ўтирибсиз-да... Сарвар олдидаги ароқ тўла пиёлани истар-истамас нари суради. Ғуччи пакана худди шуни кутиб тургандай, пиёладагини лиққа ютади. Чапиллатиб эт чайнайди. Бугун сурувни яхши ўтлоқда боққанини айтиб мақтанади. Эртанги режаларини билдиради. Сарварнинг эса қулоғига гап кирмайди. Унинг овқат ейишини ҳавасланиб кузатади. Бу темирниям ҳазм қилиб юборса керак, деб ўйлайди. Сўнг хаёли яна Ёлдорга оғиб, кайфияти баттар тундлашади. Беихтиёр шишага қўл чўзади... Мана шундай оқшомлардан бирида Ғуччи пакана Ёлдорга хиёнат қилди. Унинг айрим тунлари Қоратепага келиб туришини оғзидан гуллаб қўйди. Атай эмас, шунчаки бефаросатлик қилди. Ҳолбуки, қишлоқ аҳли буни Сарвардан сир тутишганди. У эса оғзини тўлдириб сотди. Барига Сарварнинг бўри ҳақидаги айрим ҳангомаларига ишонмаслиги сабаб бўлди. Ўзига ортиқ даражада бино қўйган бу одамнинг осмонга қараб қаҳ-қаҳ отиши Ғуччи пакананинг нафсониятига тегди. Қизишиб, андак тутақиб, ўзи гувоҳ бўлган бир воқеани сўзлаб берди. Ҳар икки гапнинг бирида, биз бандалар шу жондорча эмасмиз, дея таъкидлаб турди. Бола жон берган тунда Ғуччи пакана Толмас чолникида эди. Чол уни фақир ва хокисорлиги учун яхши кўрарди. Келса, иззатини қиларди. Ўша тунда Ёлдор қаттиқ безовталанади. Ғингшийди, инграйди ва увлаб оламни бузади. Толмас чол ундан йиртқични занжирдан бўшатишини сўрайди. Майли, кеца кецин, дейди. Бироқ занжирдан бўшатилган Ёлдор ҳеч қаёққа кетмайди. Ғуччи пакана кутгандек, тун қўйнига сингиб йўқолмайди. Тўғри бола ётган хонага кириб боради. Беморни тевараклаб ўтирганларни лол қолдириб, боланинг бош томонига ўтиб чўнқаяди. Юзига термулганча туриб қолади. Саҳарга яқин боланинг жони узилгач, уни уйдан ҳайдаб чиқардиларми ё ўзи кетдими, Ғуччи пакана буни эслаёлмайди. Аммо боланинг тобути ердан кўтарилиши олдидан яна ҳовлида пайдо бўлади. Сомонхона девори ёнида чўнқайиб, кўзларидан дув-дув ёш тўкади. Буни Ғуччи пакана кўрмаган, эшитган. У икки йигитни қаватига олиб қабр кавлагани кетганди. Дафн маросими пайтида Ёлдорни мозор яқинида кўргани чин. Жонивор эзгин бир ҳолатда кишиларнинг ҳатти-ҳаракатларини синчковлик билан кузатиб турган. Қишлоқ аҳлининг юрагини ўртаган иккинчи ҳодиса сал кейин юз берди. Тупроқ йўлдан ғамгин одимлашаётган одамлар ортдан эшитилган ҳазин нидодан ажабланиб, хушёр тортишади. Бунақа пайтда ортга, Қоратепага қайрилиб қараш таомилга тўғри келмаса-да, ҳамма изига ўгирилишга мажбур бўлади. Қарашсаки, янги қабр бошида Ёлдор кўкка тумшуқ чўзганча, ҳазин ув тортмоқда. У шу қадар мунгли ув тортадики, юракнинг бардош бермоғи қийин эди. Одамлар орасида боши эгик бораётган Толмас чол ортиқ чидаёлмайди. Ўкраб юборади. Қоратепада Ёлдор, тупроқ йўлда Толмас чол басма-бас «ув»; тортмоққа тушадилар. Ҳамма шошиб қолади. Мижжалар ёшланади. Толмас чолга қийин эди. Кимсасиз қолганди у. Ёлғиз ўғлидан ёлғиз ёдгор бўлмиш неварасидан жудо бўлган чол айтиб-айтиб йиғлайди. Ҳадемай қаватингга бораман, кутгил мени, болам, болажоним, дея бўзлайди. Ҳақиқатан у узоқ кутдирмади. Боланинг қирқи ўтиб-ўтмай, бу дунёни тарк этди. Чол дафн қилинган куниям Ёлдор туни билан Қоратепада увлаб чиқди. Ғуччи пакана бунинг барига гувоҳ эди. Ҳаммасини била туриб, Ёлдорнинг Қоратепага келиб туришини етти ёт бегонага айтиб қўйди. Сўнг эса шоша-пиша хатосини тўғрилашга уринди. — Лекин Қоратепада ўқ отмайдилар. Гуноҳ бўлади! Сарвар у тўлқинланиб ҳикоя қилган воқеани лоқайд эшитди. Аммо Ёлдорнинг Қоратепага келиб туришини эътиборидан қочирмади. Ғуччи пакананинг кейинги гапидан эса қутуриб бақириб юборди. Ғуччи пакана хокисор, бироқ анчагина ориятли эди. — Нимага менга бақирасиз?! — деди кўзларини чақчайтириб. — Мен сизга хизматкор эмас, укаман! Сиздан ука сифатида илтимос қилаяпман. Отманг шуни! Юраверсин ўз майлида. Тўрт-беш итни ўлдирган билан қишлоқда кучук камайиб қолармиди. Эртан Шойим йўғоннинг олдига ўтаман. Гаровингдан кеч дейман! Ёлдор бизга бегона эмас дейман! — Кечмаса-чи! — Кечмаса, ўлдираман уни! — Ғуччи пакана муштини дўлайтириб, мастона чайқалади. — Аслида у одам эмас, ёшлигида гуноҳни кўп қилган дейишади. Ҳозир ҳам одам боласига қайишмайди. Тўғри, сўзида туради, берган ваъдасини бажаради. Шунга қарамай, барибир инсон эмас у. Қачон қараманг, қовоғини осиб юради. Эртан бориб, гаровдан кеч, дейман! Кечмасанг ўлдираман дейман! Сарвар қизлардан ҳеч омади чопмаган бу одамчанинг беҳуда чиранишларидан ичида куларкан, унинг попугини пасайтириш учун нозик гап қилди. — Унда мен топган қиз ҳали-вери эрга теголмас экан-да. — Нима деганингиз бу, ака? — Ғуччи пакана ҳушёр тортди. — Гапингизга қараганда, уйланиш ниятингиз йўққа ўхшайди. — Э, йўқ, эртагаёқ уйланишга тайёрман, — Ғуччи пакананинг овози қалтираб кетади. — Мен тенгилар уч-тўрт боланинг отаси бўлди! Мен юрибман итнинг орқа оёғи бўлиб. Бу ёғига бир акалик қилинг. Бутун умидим сиздан, акажон! Бу дунёдан хотин қучмай ўтиб кетмайлик. — Мен сизга тушунмай қолдим, — Сарвар ажабланган киши бўлади. — Бир уйланаман дейсиз, бир Шойим йўғонни ўлдираман дейсиз, қайси бирига ишонай? — Уни ўлдириш менга не зарил, кайфда одам нималар демайди, ака. — Унда бу йўлда Ёлдорни қурбон қиламиз. — Қандай қилиб? — Қоратепада отиб ўлдирамиз. — Эл нима дейди? — Тунда биров билиб ўтирибдими? — Гуноҳдан қўрқаман, ака! — Мен отаман, сиз шунчаки ёнимда бўласиз. — Тунда мозордан қўрқасизми? — Ҳар ҳолда... — Мен ҳам қўрқаман! — Ёрнинг васлига етишмоқ учун одам ҳеч нарсадан қайтмаслиги керак. — Тўғриси, Ёлдорга ачинаяпман! — Ғуччи пакана хомуш тортади. — Кейинги кунларда ёмон ачинаяпман. — Гаровда ютқизсам, ким менга ачинади? — Ҳалитдан юрагим увушиб кетаяпти лекин... — Жононга етишсангиз, ҳаммаси эсдан чиқиб кетади. — Қиз-қиз деб тоза жонимни олаяпсиз! — Жон оладиган ҳурлиқода улар, — Сарвар овозига сирли тус беради. — Битта эмас, ўнта жонни тикишга арзийди. — Шунчалик зўрми? Сарвар бу гапга эътибор бермаган киши бўлиб, иддао қилишга ўтади: — Сиз эса Ёлдорга ачинаман дейсиз. Биз отмасак, эрта бир кун барибир бошқа биров ўлдириб кетади. — Шунчалик зўрми, а, ака?! — Ғуччи пакана унинг гапига эътибор бермай, баттар типирчилайди. — О-о! — Сарвар кўзларини юмиб, бошини сарак-сарак қилади. — Сутга чайилгандай бари. Танлаб-танлаб олаверасиз. — Ўҳ-ҳ, ўлиб қоламан ҳозир! — Ғуччи пакана қалтираб дастурхон четидаги шишани қўлига олади. — Юз грамм ичмасам, юрагим тарс ёрилиб кетади! Бари сутга чайилгандай денг?! Вой, аками-ий, сиз учун ундай жондорларнинг ўнтасини қурбон қилиб юборамиз! Сизгаям қуяйми? Озгина, кўп эмас, озгина. Эртан қаватингизда бўламан. Унинг қаердан кеп, қаерга кетишини яхши биламан. Доим боланинг қабри тепасига келиб кетади. Тўғри айтасиз, биз отмасак, барибир бошқа биров ўлдиради. Шунинг учун кўзни чирт юмамиз! Кўзни чирт юмиб... Кейин эса уни иззат-икром билан кўмамиз! — Ҳа, унга аза тутамиз, — Сарвар кафти билан қаншарини қашлаган бўлиб, мийиғида илжаяди. Ғуччи пакана калака бўлаётганини сезмай, бу гапни қизғин маъқуллайди. Сўнг Ёлдор ҳақидаги гурунг яна қизларга уланиб, Сарвар йигитни энтиктирувчи ёлғон-яшиқ таассуротларга эрк беради. Ғуччи пакана эса болишни қучоқлаб, туни билан ухлаёлмай чиқади. * * * Маймоқнинг навбатдаги ташрифи бўлмаганида, Ёлдор бугун Қоратепага энишни хаёлига ҳам келтирмаганди. Нега деганда, шусиз ҳам ташвишлари етиб ортарди. Пешинда Яшилдараорти бўрилар галасининг ҳидини олганидан бери, ўзини қўярга жой тополмай қолганди. Мудом кўчиб юрувчи бу тўдани эски ғаними Бўзбўри бошқаради. Шарқдан қўзғолган изғирин олиб келган бу ҳидни туйган Ёлдор дастлаб таажжубланади. Кейин сергак тортади. Ҳаводаги исга қараб, гала аллақачон унга қарашли ҳудудга қадам қўйгани ва лаллайиб ўтираверса, улар янада ҳадларидан ошишлари мумкинлигини фаҳмлади. У бирдан қутуриб кетади. Тирноқларини ерга ботириб, ваҳшатли ириллайди. Бу билан қаноатланмай, арча танасини тимтилайди. Сўнг арча тубига пешобини сочиб, шарққа интилади. Ҳудуд учун кураш ҳеч қачон осон кечмаган. Ҳудуд эгаси ё ғолиб, ё мағлуб бўлиши керак. Шунингдек, учинчи йўли ҳам бор. Бу — хўрлик. Аммо хўрлик билан ўлим ораси ҳамиша бир одим. Ёлдор хўрлик қурбонига айланиб, ҳаётдан эрта кўз юмган жониворларни кўп кўрган. Ўзига қолса, хўрликдан ўлим минг марта афзал. Одатда, кучи танига сиғмайдиган ёвқур жониворлар доимо икки йўлдан бирини танлайди. Улар учун учинчи йўл йўқ. У сойлардан сакраб, арчазорлардан қуюндай учиб, ҳудудининг шарқий чегараси ҳисобланмиш тор ялангликка етиб келганда, ҳануз ғазабдан қутурмоқда эди. Учраган қорани бурдалаш важоҳатида эди. У итлар каби қаҳрга эрк бериб, бўриларга хос виқор ва совуққонликни бутунлай унутиб қўйганди. Бу яхшилик аломати эмасди. Негаки, ғазаб кучни қирқиб, ақл-идрокка панд беради. Қонли тўқнашувларда эса куч қатори, идрок ҳамиша муҳим рол ўйнайди. Бироқ бунда Ёлдорни кўпда айблаб бўлмасди. У тутқунликда не балоларни бошидан кечирмади. Кимлар унинг ғашига тегмади. Ўтган ҳам қотинган, қайтган ҳам. Оқибат, у итлардек серзарда махлуққа айланганди. Итлардан фарқли жиҳати, кўринган қорага ириллайвермайди. Инида тинчгина ётишни ўйларди. Бироқ уни ўз ҳолига қўйишмасди. Эндигина боҳузур чўзилганда, бўйнидаги занжирнинг ташқарида қолган қисми шилдираб, кимдир уни тишга торта бошларди. У муроса илинжида аста ириллайди: «Тинчимга қўйсанг-чи!»; Бунга жавобан эрмакталаб кимса баттар иршанглайди. Бўйнидаги тасма томоғини бўға бошлагач, у таҳдидли ириллайди: «Чиқсам, чатоғингни чиқараман! Ғашимга тегма кўп!»; Бу ифодани барча жониворлар, ҳатто энг калтафаҳм ит ҳам илғаши мумкин. Лекин одамзод ундаги маънони ҳеч қачон тушунмайди. Ёлдор инидан бошини чиқариши билан ура қочишнигина билади. Баъзилари ортиқ тирғалмай, дарров кета қолади. Айримлари эса наридан туриб тошбўрон қилишга тушади. Ёлдор тумшуғи, яғрини ва биқинига келиб тушаётган зарбдан чинакамига қутуради. Худди қопағон итлардек олға сапчийди. Бурдалаш қасдида тўлғонади. Бу хил қотинишлар туфайли ундаги бўриларга хос табиий виқорга путур етганди. Итлардек жиззаки бир махлуққа айланганди. Аммо тинч пайтларида яна аслига қайтарди. Тунлари юлдуз тўла осмонга боққанча, ҳазин ва мунгли қўшиғини бошлаб юборарди. Бундай вақтларда у оламни унутарди. Xаёлан тоғларда эркин чопқиллаб юрарди. Ҳолбуки, тоғларда эмин-еркин чопқиллаб юриш унга насиб этмаган. Кўз очиб кўргани оғзи тор, тўри кенг ўнгир бўлган. Ўнгирда ўзидан бўлак яна тўртта оға-иниси бор эди. Бари бир-биридан шўх эди. Ёруғ оламга, яъни ташқи дунёга биринчи бўлиб у интилган. Кўзлари қуёш нуридан қамашиб, бир зумга гаранг туриб қолган. Оламда ҳидлар кўплигини шунда англаган. Шабадада чайқалаётган бута новдасига, харсангтош устидан йўрғалаб бораётган какликка лолу ҳайрон тикилиб турганида, қаердандир онаси пайдо бўлган. Елкасидан беозор тишлаб қоронғи инига олиб кирган. Онасининг бу ҳаракатида у таҳликага ўхшаш нимадир сезган. Айрим пайтларда ота бўрида ҳам шу нарсани ҳис этиш мумкин эди. Бу эса унинг жимитдек юрагида ташқи оламга нисбатан қизиқишни янада кучайтирарди. Xуллас, қуёшли оламни кўришга улгурган Ёлдор шу кундан эътиборан инида тинч ўтиролмай қолди. Бир куни ўнгирдан анча узоқлашиб кетди. Оғзи қалин бута билан иҳоталанган ўнгир қуюқ арчазор дўнгликда жойлашганди. Дўнглик пасти тошлоқ сайҳонлик бўлиб, сайҳонликдан сўнг яна арчазор бошланарди. Арчазорда ёввойи жониворлар юришидан ҳосил бўлган чалкаш сўқмоқлар сероб эди. Ёлдор ана шундай сўқмоқлардан бирига тушиб қолиб, пилдираганча боши оққан томонга кета бошлайди. Бу камдек, у йўлда какликлардан бирига алаҳсийди. Каклик қулоқлари диккайган бу беўхшов жониворни ҳийла ергача эргаштириб бориб, бирдан учади кетади. Ёлдор анқайганча қолаверади. У адашиб қолганини кейин сезиб, ғингшимоққа тушади. Тумшуқчасини олдинга чўзиб, таниш ва қадрдон ҳидларни қидиради. Онасининг илиққина қучоғини шу қадар қўмсайдики, юраги ториққанидан зорли овозда ингиллаб юборади. Xудди шу пайт ўнгир тарафда нимадир кетма-кет қарсиллайди. Сўнг ўлик сукунат чўкади. Қўрқувдан ўзини арча пайига урган Ёлдор тошдек қотади. Қимирласа яна нимадир юз берадигандек, ҳатто кўзларини очишдан ҳайиқади. Салдан сўнг гумбурлаган овоздан эса ўтакаси ёрилиш даражасига етади. Умрида эшитмаган бу садодан тоғлар қалдираб, арча танаси титраб кетганини сезади. Даҳшатдан арча пайига қапишган Ёлдор шу созда қанча ётди билмайди. Лекин дунёда қўрқувдан ҳам кучлироқ шундай бир нарса бор эдики, у ҳар қандай тирик жонни ҳаракатлантирмасдан қўймасди. Бунинг оти очлик эди. У очликка тоқат қилолмай, биқинган жойидан аста чиқади. Дуч келган сўқмоққа тушиб, пилдираб кета бошлайди. Бир оздан сўнг шарпани сезиб, ўзини товатош панасига олади. Бироқ шарпа-Сафар уни аллақачон пайқаб улгурганди... Мана шу тарзда Ёлдор тоғлардан айро тушади. Одам боласининг асирига айланади. Ота-онаси ва ўнгирдаги оға-иниларининг тақдири не кечганидан бехабар қолаверади. Аслида воқеа бундай бўлганди. Ўнгирдаги жониворларни пайқаб қолган чўпонлар катта бўриларни отиб ташлаб, уяни портлатиб юборишганди. Қуйидарада ўралашиб юрган геологлар бир қўзи учун улардан портлатгичларини аямаган. Шу тариқа, эсини таниб-танимай, унинг кўргани деворсиз ҳовли, ётоғи қўпол тахталардан наридан-бери ясалган кенггина ин бўлди. У тутқунликда зоҳиран ўзлигини йўқотгандай эса-да, ботинан аслича қолганди. Негаки, у ўз вақтида тоғларга даҳшат солган кекса бўри Оқтишнинг зурриёти эди. Унга ота бўрининг куч-қудрати, зийраклиги ва ёвқур табиати мерос бўлиб ўтганди. Шунинг учун Ёлдорнинг ичида доим бир қуюн ўйнарди. Бу қуюн уни тоғу тошларга ундар, кўнглида адоқсиз ва англарсиз туйғуларни уйғотарди. Ойсиз тунлари кўкка боқиб увларкан юрагида кечаётган бу ҳисларни тушунолмай гаранг бўларди. У кундузлари бир оз тинчланар, тунда эса бари яна қайтадан бошланарди. У тунда бу оламга сиғмай қоларди. Ёлдор тор ялангликка итдай ғазабкор важоҳатда етиб келаркан, табиий идрок барибир устиворлик қилди. Қаҳрга эрк бериб, катта хатога йўл қўйганини англаб етгандай, ҳайратли даражада осойишталик билан теваракни ўргана бошлади. Тўда бу ерда каттакон тўнғизни тинчитиб, изига қайтмай, қўшни ҳудудга ўтиб кетганини тезда аниқлади. Ёлдор қўшни ҳудуд эгаси Кулбет бўрини яхши танийди. Чоғроқ тўдани бошқарадиган бу жониворнинг яхши одати, ўзгалар мулкига ҳадеганда суқилавермайди. Шунингдек, ўз ерига қадам қўйганларни аяб ўтирмайди. Бўзбури тўдаси эса унинг акси, тоғ қолиб, кенг даштга ҳам энишади. Доим ҳаммадан дакки еб юришади. Ёлдор йўқолиб улгурмаган ҳидлар орасидан Бўзбўрининг таниш исини учратмади. Бундан чиқди, тўдани ўзга бўри бошқармоқда экан-да. Кўп ўтмай у бунга тўла амин бўлди. Нотаниш тўда бошлиғи кулранг харсанг сиртига ўз белгисини қолдириб кетган экан. Белги, одатда, турлича маънони ифодалайди. Ҳудудга даъвогарлик, тажовузкорлик, нописандлик ва ҳатто мазахли белгиларгача бўлади. Белгисига қараб, жониворнинг неларга қодирлигини аниқлаш қийин. Аммо нописанд белги эгаси кўпинча аҳмоқ, ўпкаси йўқ жонивор бўлиб чиқади. У тахминан мана шундай белги қолдиради: «Ҳозирча шошиб турибман, лекин албатта қайтаман!»; Ҳақиқатдан у қайтади. Лекин то қайтгунча ҳудуд эгасини қонига ташна қилиб юборади. Ёлдор харсанг сиртига боплаб ўз жавоб белгисини қолдирган бўлса-да, бундан кўнгли тариқча таскин топмади. У яхши биладики, рақиби билан қонли тўқнашув юз бермагунча, ҳаловат топиши мушкул. Аммо ҳамма гап шундаки, у билан қачон учрашади? Эртами ё индингами? Балки бирор соатлардан сўнгдир? Ғолиб бўладими ё мағлуб? Айни шу мавҳумлик Ёлдорни қийнаб юборганди. У кун бўйи шунинг таъсирида юрди. Сўнг суюкли масканларидан бири, қишлоқ яқинидаги ўша сийрак арчали дўнгликдан қўним топди. Ҳудуди кенг бўлса-да, у бўш вақтининг кўп қисмини мана шу дўнгликда ўтказарди. Қишлоқни қоралаб яшарди. Бўзбўри галасини довонортига қувиб, улкан ҳудудга аллақачон эга чиққан эса-да, ҳануз қишлоқдан узоқлашиб кетолмасди. Қишлоққа ўз мулкидек қарамаса-да, ҳадди сиғиб уни бемалол ораларди. Ораламаган тунлари кам бўларди. Ораларкан, тутқунлик даври ўтган ҳовлига албатта бош суқиб ўтарди. Эшик ва деразалари зич ёпиқ кимсасиз кулба теварагини узоқ айланарди. Боланинг изларини қўмсаб, ичдан нола тортарди. Бу ерда ҳамма нарса ўз ҳолича сақланган, фақат ини ўғирлаб кетилганди. Ўғрилар бир тун эшик ва деразаларни ҳам қўпориб кетишмоқчи бўлишган, бироқ ҳовлида Ёлдорга дуч келишиб, жуфтакни ростлашган. Қишлоқда, Ёлдор туни билан кулбани қўриқлаб чиқаркан, деган гапни тарқатишган. Бу гапга кимдир ишонди, кимдир йўқ, аммо текшириб кўрувчи бирор мард топилмади. Қишлоқ итлари эса унинг шарпасини илғаши билан ин-инларига уриб кетади. Ҳатто баъзида овоз чиқаришга ярамайди. Ёлдорнинг қишлоқ оралашидан бохабар кимсалар, унинг бу хил ташрифларини фавқулодда ҳодиса деб билишмайди. Уларнинг бирдан-бир билганлари, Ёлдор тутқунликдан халос бўлди-ю, қишлоққа ўзга бўрилар доримай қўйди. Бироқ бундан одамларни миннатдор деб бўлмасди. Улар учун Ёлдор шунчаки бир бўри ва муносабатлари ҳам шунга яраша эди: «Жондор зоти ҳеч қачон кишига эл бўлмайди, ҳушёр турмасанг, кўзингни ўйиб кетиши мумкин»;. Ёлдорнинг эса бу гаплар билан иши йўқ, ёввойи олам қонунига бўйсуниб яшарди. У ёввойи оламга ҳуркак жонивор сифатида эмас, ёвқур бир махлуқот сифатида кириб келди. Бўзбўри унинг рафторида ўта хавфли бир рақибни кўради ва боплаб таъзирини бериб қўйишни истайди. Бундан сал аввал бу ҳудуднинг ҳақиқий эгаси Яссибошнинг тавбасига таянтирганди. Яссибош бу ўлкага қанжиғи Оқсийна билан ҳукмронлик қиларди. Агар Бўзбўри Оқсийнага даҳл қилмаганида, Яссибош бу тизгинсиз тўдага рўпару келиб ўтирмасди. Нари борса, одатдагидек, ўзини кўрмаганга оларди. Негаки, Бўзбўри тўдаси бирор ҳудуд этагини муқим тутмаган, нуқул кўчиб юрарди. Қиш чилласида даштга эниб, бу томонларда кун илиш олдидан пайдо бўларди. Баъзи йиллари эса даштни унутиб, Довонортида қишлаб қоларди. Бу энди дашт бўриларига қандай жониворнинг етакчилик қилишига боғлиқ эди. Қисқаси, Бўзбўри зўрлардан «калтак еб»;, бундайроқларни танобини тортиб юрадиган жонивор эди. Яссибошни шунчаки талабгина қўя қолмай, уни қанжиғига қўшиб, тоғнинг жанубий қисмидаги серқишлоқ ҳудуд томонга ҳайдади. Бироқ унинг бу зўровонлиги Ёлдорга ўтмади. Ёлдор хавфли рақиблигини бирпасда намойиш этиб, бутун тўдани тирқиратиб юборди. Кейинги учрашувда эса уларни бутунлай Довонортига суриб ташлади. Ёлдор табиатан ўта зийрак ва эҳтиёткор жонивор. Синалмаган рақиби олдида ҳеч қачон ҳаволаниб кетмайди. Айрим кезлари туйқусдан тутиб қоладиган итларга хос жиззаки феълини ҳисобга олмаганда, қолган пайт ҳар қандай вазиятда совуққон бўлишга тиришади. Ҳовлиқмайди. Рақибининг заиф жиҳатларини илғашга уринади. Биринчи бўлиб ҳужумга ташланмайди. Агар бунга зарурият туғилса, энг аввало тўдадаги «зўр»;ларни сафдан чиқаришга ҳаракат қилади. Тўдада эса «зўр»;лар унча кўп бўлмайди, битта ёки иккита. «Зўр»; мағлубликка юз тутиши билан, қолганлари ўз-ўзидан тўзиб кетади. У Бўзбўри тўдасини мана шу хилда пароканда қилганди. Ҳозир эса бутун фикр-ўйи харсанг сиртига ўз белгисини қолдиришга журъат этган ўша нотаниш тўдабошида эди. У кун бўйи хаёлидан кетмай қолганди. Унинг Бўзбўрига нисбатан ёш ва бақувватлигини идрок этаётган бўлса-да, келбатини жонлантиролмай гаранг эди. Бунга гўё Маймоқнинг мавжудлиги халақит бераётгандек эди. Ёлдор бу томонга келаётиб, Маймоқнинг Чуқурдарадаги бутазорда ғимирлаб юрганини кўрганди. Демак, у бугун тунда яна Қоратепага ўралашади. Ёлдор унинг қай тарафга йўналишига қарабоқ, мақсадини англайдиган бўлиб қолганди. Дейлик, агар Маймоқ Сувлидара ёхуд Яшилводий бўйлаб ҳаракатланса, уни фақат юқоридаги арчазорда учратиш мумкин. Белгиларини янгилаб, ҳудудини кўздан кечириш билан банд бўлади. Негаки, арчазор ўта нотинч сарҳад — Улкан айиқ томонидан тез-тез бузилиб туради... Қўтирбулоқ йўналиши зирк тўла Айриирмоқ бўйларига олиб чиққандай, Туяқоя бағри ўзининг мазали ёнғоқлари билан Маймоқнинг диққатини тортади. Қишлоқ томон чўзилган узундан-узун, ваҳимали Чуқурдара бўйлаб қилинган сафари эса олмазорда қорин тўйдириш билан якунланади. Чуқурдарада турли мевалар унчалик сероб эмас, лекин тишга босгулик бирор емиш ҳамиша топилади. Агар истаса, созтупроқли ўнгирда бир оз оёқ узатиб олиши мумкин. Қолган ишларни эса тун қоронғусида бемалол эплаверади. Ёлдор унинг бу ҳаракатини ўзича тушунади. Фақат Маймоқ аллақандай Бўзбўри эмас, ҳар тўқнашганда жуда ҳушёр бўлиш лозим. Акс ҳолда... У Чуқурдарага туташ Бўрижарда Маймоқнинг шарпасини илғаганида, тун аллақачон яримлаганди. Ёлдор аста ўрнидан қўзғолди. Ҳузур қилиб, узоқ керишди. Сўнг эса аста йўртиб, Қоратепа томон йўлга тушди. * * * Ёлдор хавфли ҳид—инсон ва яроқ исини Қоратепага етмасдан бурун сезди. Ёзда тупроғи ўйнаб ётадиган Калтатепа ёқалаб бориб, Қоратепа этагидаги тошлоқда тўхтаркан, димоғига чалинган бу ҳиддан яғрин туклари ҳурпайганча туриб қолди. Аммо изига қайтмоқни хаёлига ҳам келтирмади. Қайтамга тошлар орасига чўзилиб ётиб олди. Тумшуғини олдинга чўзганча, теваракни обдон ўрганишга киришди. Ва бир оздан сўнг Қоратепанинг олмазорга туташ қисмида ажал яширинлигини тўла англаб етди. Милтиқ иси—ажалдан дарак. Тоғда ундан чўчимайдиган жон зотининг ўзи йўқ. Ҳатто Маймоқдек кучли, анчайин сурбет жонивор ҳам яроқ ҳидини илғаши билан ювош тортиб, йўрғалаганча қорасини ўчиради. Ҳар ҳолда милтиқ тутган кимсадан доимо узоқроқ юриш маъқуллигини тоғдаги барча жониворлар яхши билади. Ажал ҳидининг кутилмаганда Қоратепада пайдо бўлиши дастлаб Ёлдорни чўчитди, сўнг таажжублантирди. Кейин эса қизиқтириб қўйди. Ахир шу пайтгача Қоратепада бу ҳидга ҳеч рўпарў келмаганди-да. Бу сирнинг тагига етмоқ учун у кутишга қарор қилди. Биладики, одам боласининг бардоши узоққа чўзилмайди. Ҳадемай ўзидан огоҳ этади. У тутқунликда одамзоднинг феълини хийла ўрганганди. Уни ўзига даҳшатли ғаним деб билмасди. Лекин яроғнинг йўриғи бўлак. Яроқ тутган одам... Эсласа, ҳануз танаси тиришади. Толмас чолнинг ён қўшниси Улаш бир куни унга дабдурустдан милтиқ ўқталиб қолди. Кайфининг зўрлигидан зўрға оёқда турганлиги боис, биринчи отган ўқи тупроқни тўзғитиб юборди. Иккинчиси катакнинг чекка тахтасини учириб юборди. Учинчи ўқни узишга улгурмади. Эшакда аллақаердан келиб қолган Толмас чол унинг қўлидан милтиқни тортиб олди. Қулоқ чаккасига ўхшатиб бир тарсаки туширди. — Э, ичмай ўл! — деб сўкди. — Ичаман! — деди Улаш ёш боладай ҳиқиллаб. — Шунингиз бор экан, ичаман ва яна ичаман! — Бунинг сенга нима оғирлиги тушаяпти, аҳмоқ? — Тунда увлаб кайфимни қочиряпти. Аслида эса гап бутунлай бошқа томонда эди. Ҳамиша ширакайф юрадиган бу банда бир кунмас бир кун Ёлдорга ем бўлишдан чўчирди. Унинг нимаси кўп, ичиши ва дуч келган ерда думалаб қолиши кўп. У мастликда Ёлдорнинг ёнида чўзилиб қолишидан қўрқарди. Икки бор бўлган. Икки сафар ҳам кўзини очиб, бошида Ёлдорни кўрган. Йиртқичнинг нигоҳида қаҳр ва қизиқишга қоришиқ ғалати бир жиддиятни пайқаган. Қўрқувдан иштонини ҳўллаб, ундан нари қочаркан, бўриларнинг кўз қарашлари итларникидан тубдан фарқ қилишини ўшанда билган. У йўқ ердаги гаплар билан жониворга тирғалиб ўтирмаган. Шартта милтиққа ёпиша қолган... Ўшанда тасодиф туфайли муқаррар бир ўлимни четлашга муяссар бўлган Ёлдор яроқ ва ўқ-дори ҳидини бир умрга эслаб қолган. Кейинчалик эса ўзининг мунгли қўшиғи билан Улашни сўнгги манзилга узатиб қўйган. У ҳеч вақт бу қадар ҳазин куйламаганди. Ёлдор қалин қор кечиб тўйдан қайтаётган Улашни бошда ириллаб қаршилаган. Аммо Улаш, кайфи зўрлигидан, уни пайқамаган. Чолнинг ҳовлисини кесиб ўта-ўта, индан сал нарида гурсиллаб қулаган. Йиқиларкан, ўрнидан қайтиб қўзғолмаган. Гупиллаб ёғаётган қор бир зумда уни кўздан бекитган. Ана шундагина Ёлдор одатдан ташқари нимадир юз берганини ичдан ҳис қилган ва увлашга тушган. Бироқ тунда унинг ноласига эътибор берувчи кимса топилмаган. Эртаси тушдан сўнг Улашнинг музлаб қолган жасадини қор тагидан топганлар, дастлаб Ёлдордан шубҳаланишган. Мурда танасида тиш изларини кўришмагачгина, совуқда қотиб қолганини фаҳмлашган. Бироқ юз берган бу фожеадан бутунлай эсини йўқотган Улашнинг шаллақи хотини эрининг ўлимига Ёлдорни айбдор деб билган ва қарғаниб қишлоқни бошига кўтарган. Бу воқеадан Ёлдорнинг андак англагани шу бўлдики, итлар кўринган қорага акиллагандай, одам боласиям йўқ-бор нарсага тирғалаверар экан. Агар эси бутун тўрт-беш йигит Толмас чолнинг тарафини олмаганда, Ёлдорнинг ҳолига маймунлар йиғлаши аниқ эди. Мурда бир четда қолиб, оломон унга ҳезланган. Бунинг бошида Эргаш боди турган. Қачонки, йигитлардан бири, агар ҳадеб сакрайверсангиз, Томлисойдан сигир ўғирлаганингизни ҳаммага айтаман, дея шипшигандан сўнггина уни ўчган. Ўша тун одамларнинг ғала-ғовуридан қаттиқ юрак олдириб қўйган Ёлдор қишлоқ оралаган жинсдошларини жуда яқиндан кўрган. Қутқаринглар мени, дея зорли ғингшиган. Яссибош қилт этмаган, ҳадик ва адоватла безрайиб тураверган. Аммо урғочи бўри Оқсийна негадир анча ройиш билдирган, ҳатто берироқ келишга журъат этган. Ёлдорга, унинг бўйнидаги занжирга, қўнқайган катакка ҳайрон-ҳайрон боққан. Агар халақит беришмаганда, келиб искаланишиям мумкин эди. Бироқ тўсатдан кулба эшигини очган Толмас чол барча ишнинг белига тепган. Уларни чўчитиб юборган. Шундан кейин, орадан анча вақт ўтиб, улар Қоратоғнинг белида қайта учрашдилар. Аммо энди Ёлдор бир пайтлар зорли-зорли ғингшиган чорасиз тутқун эмас, Бўзбўри галасини қувиб, улкан ҳудудга эга чиққан, янада аниқроғи, узоқ кутилган озодликдан маст юрган ёвқур бир жонивор эди. Ўша куни у ҳеч бир сабабсиз, Яссибошни таппа босиб талаган. Ҳолбуки, Яссибош ортиқча бирор ҳаракат қилмаганди. Бор-йўқ айби, Қоратоғ ёқалаб кета-кета, Бўзбўрига бой берган қадрдон ҳудуди сарҳадида бир зумга тўхтагани ва билиб-билмай салгина ичкарилагани эди. У ғуссага берилиб, Ёлдорнинг пайдо бўлганини пайқамай қолганди. Оқсийнанинг назарида, шу куни Ёлдор кучи ва келбатига яраша иш тутмади. Яссибошдек ўртамиёна жониворга бу даражада қутуриб ташланиш шарт эмасди. Биргина дўқнинг ўзи кифоя эди. Яссибош ўлақолса у билан ёқалашиб ўтирмас, дарҳол қорасини ўчирарди. Негаки, шусиз ҳам унинг аҳволи анча хароб, қуймичини ялаб ўтган ўқдан қаттиқ азият чекиб юрганди. Оқсийна арча ёнида ғўддайиб қолган Ёлдорга қарай-қарай, Яссибошнинг ортидан лўкиллаб бораркан, бирдан уни таниб қолди. Ия, бу тутқундаги бўри-ку! Зўрликка зўракан-у, лекин жуда тезоб ва беодоб экан. Бу борада Оқсийна ҳақ эди. Ҳали-ҳануз ёввойи оламга тўла синггишиб кетолмаган Ёлдор, тез-тез қуюшқондан чиқиб, «тарбиясиз»;лигини бот-бот намойиш этиб турарди. Акс ҳолда Бўзбўридек жиддий рақибни совуққонлик билан енга билган Ёлдордек жонивор аллақандай Яссибошни итдай талаб ўтирармиди. Бу эса унинг тутқунлик асоратларидан ҳали тўла қутула олмаганидан дарак берарди. Эндиликда Ёлдор бу нохуш одатлардан деярли соқит бўлган, ўтмишидан эса сабр-тоқатнигина ўзига мерос қилиб олганди. Шунинг учун ҳам тошлар орасига беҳузур жойлашиб, Қоратепада яширинган сирнинг тагига етиш илинжида эди. Бу юмушга бутун диққатини қаратганиданми, Маймоқнинг Қоратепага етиб келганини пайқамай қолди. Пайқаган вақтда эса, Маймоқ тумшуғини олдинга чўзганча ҳаводан ҳид олаётганди. Ана, у хавфни дарров илғади. Бир зум ҳанг-манг булиб тургандан сўнг, тезгина изига қайрилди-да, ортига қарамай, жадал жўнаб қолди. Маймоқнинг қораси ўчгач, Ёлдор енгил тортди. Xайрият, бугун у билан ёқалашиб юрмайдиган бўлди. У яна Қоратепа томонга ўгирилди. Бир муддатдан сўнг ҳаводаги ҳиднинг тебранганини сезди. Кўп ўтмай Қоратепадан тошлоқ тарафга қайрилган йўлда икки кўланкани кўрди. Йўл тошлоқни ёнлаб келиб ясси тепаликка ўрларди. Ёлдор чекинмоқни хаёлига ҳам келтирмади. Xудди бир пайтлар ини тўрига биқингандай, ерга янада маҳкам қапишди. У ўз тажрибасидан шуни яхши билардики, одам боласи ҳид олмайди, ҳаракациз қораниям илғаши қийин. Шу боис, у ортиқча таҳликага тушмай, кўланкаларни кузатишда давом этди. — Буйтиблар сарсон юргандан кўра, қопқон қўйган маъқул, ака, — дерди кўланкалардан бири — Ғуччи пакана совуқдан тишлари такиллаб. —Қайтамга уйқудан қолдик. — Келади дегансиз... — дерди Сарвар норози тўнғиллаб. — Қор ёғиб берса зўр бўларди-да, изидан бирпасда топардим. — Изига тушганингиз билан... — Ғуччи пакана чайналди. — Лекин ҳавода қорнинг заҳри бор. Совуқни қаранг! Тешиб юборай дейди. Улар гангур-гунгур сўзлашганча Ясситепа ортида кўздан ғойиб бўлишди. Ёлдорни ташвишга солган ажал ҳидиниям ўзлари билан бирга олиб кетишди. У ўрнидан қўзғалишга ошиқмади. Узала тушиб ётган жойида бақувват панжаларини олдинга чўзиб, обдон керишди. Сўнг илдам оёққа қалқиб, Қоратепа томон йўналди. Таниш сўқмоқдан қабрлар оралаб бораркан, йўлда Маймоқнинг эски тезагига дуч келиб, аста ириллаб қўйди. Боланинг дўппайган қабрига етганда, бутунлай хотиржам тортганди. Бироқ хотиржамлиги тезда таажжуб билан алмашинди. Бояги кимсалар ҳиди қабрнинг шундоққина биқинига ўтириб қолганди. Аччиқ изғирин уни ўчиришга улгурмаганди. Ёлдор қабр теварагини норози айланаркан, ўша таниш ғусса-айрилиқ ҳисси яна юрагини чулғаб олди. Инграниб ғингшиди. Бу хил ғингшиши кўпинча маҳзун нолага айланиб кетарди. Ҳозир ҳам шундай бўлди. * * * — Ана келди, ака! Эндигина ўринга чўзилган Ғуччи пакана устидаги кўрпани улоқтириб ташлаб, туриб ўтирди. Сўнг гапи тўғри чиққанидан хурсанд бўлгандай, қўшиб қўйди: — Айтдим-ку, келади деб! — Балки итдир, — Сарвар ишонқирамай, дераза ортидаги қоронғиликка тикилди. — Баъзан итлар ҳам мана шундай овоз чиқаради. — Жондорнинг овозини итникидан фарқлаёлмай ўлибманми, ака! — Аниқ шу деб ўйлайсизми? — Эмасам-чи! — Ғуччи пакана унга норозиланиб қараб қўяди. — У боракан, бу томонларга бошқа жондор дориёлмайди. Дориб ҳам кўрсин! Аммо-лекин ёмон вафодор чиқди бу! Қаранг, ҳалиям боланинг дардида куйиб юрибди. Овози юракни эзади! Ўлдиришга одамнинг қўлиям бормайди. Балки... а, ака?! Нима дейсиз? — Айтдим-ку, анову турқи совуқ аканг гаровдан воз кечса, унга ортиқ хусуматим йўқ, деб. — Йў-ўқ, у гаровдан воз кечмайди. — Унда қандай йўл билан бўлмасин уни тинчитишимиз керак. — Шойим йўғонними? — Уф-ф... — Тушундим, ака, тушундим, — Ғуччи пакананинг боши шалвираб тушди. — Эртан ўзим сизга қопқон топиб бераман. Узунқулнинг бевасида бир талайи бор. Эридан қолган. Ота томондан озгина қариндошлигимиз бор, йўқ демаса керак. Аммо-лекин сизни акам демаганимда, Ёлдорнинг яқинига йўлатмасдим. Бой бўлганимда, унинг хунини ўзим сотиб олардим. Афсус, қўлим калта-да. Бу гаплар Сарварга малол келса-да, қилт этмади. Негаки, Ғуччи пакана керакли одам. Аразлаб кеца, қўйлари қаровсиз қолади. Қишлоқ одамларининг териси юпқалигини келган куниёқ билган. Содда кўринишса-да, гап кўтаришлари қийин. Бу ҳол Ғуччи паканага ҳам бегона эмас. Шунинг учун доим яхши гапиришга тиришади, йўқ ердаги қизларни ўйлаб топади. Ғуччи пакана барига ишонади. Сарвар эса ичдан кулади: «Сулувга ҳавасинг кетмай ўл, аввал ўзингга бундай қарасанг-чи!»; Бироқ Ғуччи паканани унчалик овсар деб бўлмайди, минг ҳаяжонга тушмасин, баъзан хижолатдан манглай қашлаб дейди: — Бу... айтган қизларингизни бари бўйчан экан, шу... ўзимизга ўхшаган майдароғи йўқми, а, ака? — Бор, — дейди Сарвар ишонч билан. — Турли сўрти, турли маркасидан бор. Танлаб-танлаб олаверасиз. Сиз фақат чорвага яхши қарасангиз бўлди. — Бундан сира ғам еманг, ака. — Ғуччи пакана дағал кафтларини олдинга чўзади. — Менинг қўлларим баракали! Менинг қўлимда қўйларингиз тез семиради. — Яшанг, укам, яшанг! — Шаҳарга тушган кезларим, йўл бўйидаги чойхонада ўтириб, қизларни томоша қиламан. — Ғуччи пакана негадир андак маъюсланади. — Кўзимни куйдириб, ҳар қизлар ўтади, ҳали у ёққа, ҳали бу ёққа, нима еб, нима ичаётганимни ҳам билмай қоламан. Шундай пайтда мени майда қилиб туққан энамдан ёмон хафа бўп кетаман. Туғиб нима қилардингиз дейман... ичимда. — Онадан хафа бўлиш яхши эмас. — Сарвар норози қош чимирган бўлади. — Бу ишда онанинг ҳеч бир айби йўқ. Иккинчидан, бўй-бастга бу ерда қарашаркан, шаҳарда бунинг унча аҳамияти йўқ. Муҳими, юрак тоза бўлиши керак. — Тоза-тоза! — Ғуччи пакана ошиғич эътироф этади. — Юрак топ-тоза! Лекин бизди қишлоқ одамларининг юрак билан унча ишлари йўқ. Шунисига куяман мен. Тунов йили майдароқ бир қизга оғиз солдим. Нима дебди денг? — Нима дебди? — Э, айтгилиги йўқ, ака. — Айтинг-айтинг. — Паканага теккинча, итга тегаман дебди. — Бўшлик қипсиз-да. — Тегмайман деса, зўрламайсиз-ку. — Гоҳида зўрлаш ҳам керак. — Кейин мени хели-хишти тинч қўяр... Сарварнинг унга раҳми келади. Яхшилик қилиб, бирорта қари қизга уйлантириб қўйсамми дейди. Бироқ бундан ўзига ҳеч бир наф етмаслигини ўйлаб, тезда фикридан қайтади. У нафи йўқ юмушни жинидан ёмон кўради. Ғуччи пакана эса ҳозирча арзон ишчи кучи сифатида керак. Эртага уни ҳатто эслаб ҳам ўтирмайди. Ваъдалар нима, қуруқ сўз, айтилиши билан кетади ҳавога сингиб. Уни на тутиб бўлади, на бошқа қилиб. Шунга қарамай, Ғуччи пакананинг ўта хокисорлигига баъзида унинг жуда ҳаваси келади. Кўзига у муаммосиз одам бўлиб кўринади. У чўпчакларга ишонади, барча нарсадан фақат яхшилик қидиради. Ҳатто қўшнисининг сигири туғсаям ўзида йўқ қувонади. Сарварга эса бу ҳислар ёт. Кўнгли ҳамиша нимадандир дилгир. Пули кўпнинг ташвиши мўл, дея ўзини овутмоққа уринса-да, чин дилдан қувона билмаслигидан гоҳида хуноб бўлиб кетади. Ўшанда негадир ҳамиша мардикор йигитни эслайди. Унинг аччиқ гапларидан маъно қидиради. Эсида, қурдираётган иморатига ҳамманинг ҳаваси келган, ҳамма мақтаган, фақат угина пинак бузмаган, ўткинчи ҳавас қуллари, дея ғудранган. Охири у мардикор йигитни ҳайдаб солган. Пулидан сиқиб, жаҳлини чиқармоқчи бўлган. Аммо у ғазабланмаган, қуллардан хафа бўлиш йўқ, дея кетган-борган. Кейин эшица, у шоир экан. Шеърларидан ўқиб, уста шўрликни кўп хуноб қилар экан. «Қул»; дея, у нимани назарда тутган, бу нарса Сарвар учун ҳануз қоронғи. Буни, юпуннинг бодилиги, деб ўйлайди. У Ғуччи пакананинг хуррагига қулоқ тутиб, қоронғилик қўйнига тикилиб ётаркан, дилгирлик сабабини дарддан қидиради. Шу дарди туфайли тоғу тошлар орасида сарсон юрганию турқи совуқ Шойим йўғонга дуч келганини ўйлади. Бу ёққа келишни маслаҳат берган табиб чолнинг гўрига энди ғишт қалай бошлаганида, касали борган сари камроқ безовта қилаётгани ёдига тушиб қолди. Буни қарангки, Ёлдор билан андармон бўлиб, дардиниям эсидан чиқариб юборибди. Наҳотки тузаляпти?! Агар ўртада сурув масаласи кўндаланг турмаганида, шу тобда ўзини қанчалик бахтиёр ҳис этарди-я! Минг афсуски, сурувдан айрилиб қолиш эҳтимоллиги, ундаги бу туйғу юзига соя ташлаб турарди. У ётган жойида безовта тўлғонди. Йўқ, сурувни бермоқ жон бермоқдан юз карра ёмон. Қандай бўлмасин Ёлдорни тинчитиши лозим. Акс ҳолда бир умр куйиб ўтади. Мол аччиғи — жон аччиғи деб бекорга айтишмаган. * * * Қўшни ҳудуд бўрилари мулкига даҳл қилганидан бери Ёлдор тинчини йўқотганди. Бурун бутун ҳудудини уч-тўрт кунда бир, жуда нари борса, ҳафтада икки бор айланиб чиқадиган жонивор Қоратепадан қайтиши билан шу юмушга уннади. У ҳудудини айланиб, зарур жойлардаги белгиларни янгилаб чиқаркан, қўшни тўда қайта бош суқмаганини сезди. Аммо бундан унинг кўнгли тинчиб қолмади. Негаки, тўдабоши шунчаки жиғига тегмоқ истаса, бу қилиғини такрор намойиш этарди. Тоғда бу хил ҳодисалар кўп учрайди. Айрим қитмир жониворлар ҳудуд эгасининг кўзига ташланмасдан чегарани бузиб юради. Бироқ кучига ишонган тўда кўпда қитмирликни ўзига эп кўрмайди. Демак, нописанд белги қолдиришга ҳадди сиққан етакчи бўри қандайдир шумликни ўйлаган. Ёлдор Сўқирқояда узоқ туриб қолди. Теваракдан кўз узмай, димоғига чалинган ҳар бир ҳидни илғашга, ўрганишга тиришди. Ёлғизлиги кор қилгандай, негадир аламли ғингшиди. Яқинда ўзига ройиш билдириб, ғалати қийшанглаб кетган Оқсийнани қўмсаётганини сезиб, бундан ғоят ажабланди. Чунки бу туйғу унга ёт эди. Илгари ўзга жонзодни ҳеч ўйламаганди. У руҳида қандайдир ўзгариш юз бераётганини ҳис этиб, дардманд оҳангда увлаб юборди. Аммо бу йўқлов эмасди. Юраги тубидан ихтиёрсиз ҳолатда юзага қалқиётган туйғуларни идрок этмоққа ожиз қолган жоннинг фиғони эди. У Оқсийнани ўн кунча бурун яна учратганди. Мулкининг шимолий-шарқий қисмидаги Кўксув бўйларини кўздан кечираётиб, яшин урган арча ёнида тўхтаганди. Кўксув жониворларнинг серқатнов жойи бўлиб, ўтган-қайтган ҳайвонлар арча танасида ўз белгиларини қолдириб кетарди. Ёлдор ўз белгисини янгилашдан аввал арча теварагини гир айланиб ҳид олар, яъни нима келиб, нима кетганини обдон ўрганарди. У эндигина шу юмушга уннаганида қўшни ҳудуддаги зирк буталари орасидан қандайдир жониворнинг ўзига тикилиб турганини пайқади. Шамол тескари эсиб, ис олмоқнинг имкони йўқлигидан унинг ғаши келди. Ўша томонга ҳушёр боқди. Кўзи илғагани Яссибош бўлди. Танидан дарди ариб, қайта кучга тўлган Яссибошнинг нигоҳи тўла адоват бўлса-да, нимадандир ҳануз иккиланаётгани шундоққина сезилиб турарди. Чамаси бетлашишга журъати етмаётган эди. Бироқ ҳудуд уники, ортиқ сусткашлик ҳамиша ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. Xудди шуни сезгандай, у буталар орасидан чиқиб, тошлоқ майдонга келиб чўнқайди. Бу томонга фақат ўлигимнигина босиб ўтасан дегандай, ғўддайиб туриб олди. Бу билан, яъниким, вазиятни тўғри баҳолай олмаганидан, у жиддий хатога йўл қўйган. Ғанимга элдан бурун рўпару келганди. Ҳолбуки, Ёлдор томондан ҳозирча ҳеч бир ортиқча хатти-ҳаракат сезилмасди. Лекин вазият шу қадар қалтис эдики, учқундан аланга чиқиб кетиши ҳеч гап эмасди. Бунинг учун Яссибошнинг биргина таҳдиди, ириллаши кифоя эди. Ўз навбатида, Яссибошни ҳам кўпда айблаб бўлмасди. У ҳудуд талашишлардан шу қадар юрак олдириб қўйгандики, оқибат, қўрққан олдин мушт кўтарар қабилида аввалроқ ўзи майдонга чиқиб қўя қолганди. Яссибошнинг бахтига Ёлдор уни менсимади. Виқорли бир қараш билан чекланиб, арча танасида қолдирилган белгиларни «ўқиш»;га тутинди. Айни шу пайтда оқиш харсанг ортидан пайдо бўлган Оқсийнага Ёлдорнинг бу сокинлиги жуда ёқиб кетди. У илгариги жиззаки йиртқичга сира ўхшамасди. Улғайиб, янада ҳайбатли тус олибди. Ҳаракатлари шу қадар ўзига ярашардики, Оқсийна бир зум маҳлиё туриб қолди. Кейин тумшуғи билан Яссибошни турткилаб нари ҳайдай бошлади. Орада Ёлдорга киши билмас қийшанглаб қараб қўйди. Оқсийнанинг қийшанглашлари Ёлдорнинг назаридан четда қолмади. Бироқ бу нарса арча танасига белги қўйишига халақит бермади. Бундан Оқсийна қаттиқ оғринди. Аламидан увлаб юборай деди. Йўлига тихирлик қилиб, майдонни тарк этишга ошиқаётган Яссибошнинг яғринидан ғарчча тишлаб, уни олдига солиб ҳайдади. Бутазорга шўнғий-шўнғий бирровгина ортига ўгирилди. Ёлдор унинг кўзларида жамланган араз, нафрат ва меҳрнинг қоришиқ ифодасини кўриб, ҳайрати баттар ошди. Агар Маймоқнинг ўкириги халақит бермаганида, Ёлдор англарсиз туйғулар исканжасида қанча турарди, Xудо билади. Айиқнинг таҳликали бўкириши унинг хаёлини тариқдай сочиб юборди. У сергак тортди. Маймоқнинг овози Сўқирқоя ортидаги сойликдан келарди. Ўкиригида ғазабдан кўра қўрқув ва ночорлик оҳангги кучлироқ эди. Ёлдор воқеани тез фаҳмлади ва аста ириллаб қўйди. Шу кунларда Маймоқнинг аҳволи анча чатоқ эди. Унинг ҳудудига Улкан айиқ тажовуз қилмоқда эди. Бир ҳафтадирки, улар мушук-сичқон ўйнашарди. Маймоқ заифлиги боис, ғанимига қарши чиқишга журъати етмай, пўписадан нарига ўтмас, ўз навбатида, Қоялитоғлар водийсининг ҳукмдори бўлмиш Улкан айиқ бу ҳудудни тўла эгаллашга унчалик ошиқмас, гўё Маймоқнинг силласини қуритмоққа аҳд қилгандай, ҳозирча дам-бадам пайдо бўлиш билан чекланмоқда эди. Ёлдор ҳадик ва қизиқиш билан сойликка энаркан, қизиқ манзаранинг устидан чиқди. Улкан айиқ муюлишдаги қуюқ бутазорда бамайлихотир кавшаниб юрар, Маймоқ эса анча берида, ҳар лаҳзада қочмоққа шай ҳолда, ўкириб турарди. Афтидан унинг бўкиришлари Улкан айиққа чивин чаққанчалик таъсир этмаётган эди. Унинг ҳаракати Ёлдорнинг ҳам ғашига тегди. У худди шу сойликда Бўзбўри билан қаттиқ олишганди. Бу воқеа эсига тушдими ё эгалик ҳисси устиворлик қилдими, ириллаб юборганини ўзи ҳам сезмай қолди. Таҳдиддан йироқ, шунчаки қизғаниш ҳисси остидаги нидо эди бу. Аммо бу нарса Улкан айиққа ғалати таъсир қилди. У ҳанг-манг бўлиб теваракка кўз солди ва кўрдики, аллақандай бир бўри Маймоқнинг ёнини олиб, ириллаб турибди. Бу эса жониворлар ҳаётида камдан-кам учрайдиган ҳодиса эди. Ҳудуд, одатда, ҳамжинс ҳайвонлар ўртасида талаш бўлади. Бошқа турдаги жониворлар бу можарога аралашмайди. Агар бу ҳол Қоялитоғлар водийсида юз берганида, Улкан айиқ ғазабдан қутурган, уларга ташланган, туца тириклайин еб-ютган бўларди. Аммо у бегона ҳудудда, ёввойи жониворлар ичдан буйсунадиган қонун-ҳақлик ва ноҳақлик туйғуси измида эди. Бироз иккиланишдан сўнг, ноҳақлигини сезиш туйғуси барибир устунлик қилди. У ўкираётган Маймоғу, ириллаётган Ёлдорга таажжуб-ла бир-бир боқиб, ошиқмай бутазорни тарк эта бошлади. Бундан ботирланган Маймоқ бир неча одим илгарилади. Ундан ортиғига ботинолмади. Ғанимини ўчакиштириб қўйишдан қўрқди. Ёлдор эса Улкан айиқ кетиши билан тинчланди. Маймоқ томонга қараб қўйишниям лозим топмай, ёнбағирлик бўйлаб йўртиб кетди. Шунингдек, Маймоқ ҳам унга эътибор бериб ўтирмади. Нега деганда, юзага келган бу ҳодиса иттифоқлик белгиси эмасди. Ҳар қайси ўзини мулк эгаси сифатида билиб, қўлларидан келганча уни ҳимоя қилишга тиришганди, холос. Ёлдор Сарвар томонидан қўйилган биринчи қопқонга Ичаксойда рўпару келди. У хатарнинг мавжудлигини яқинлашмаёқ исидан сезганди. Бироқ бу нарса олға юришга монелик қилмади. Қопқон ингичка сўқмоққа ўта нўноқлик билан ўрнатилган экан. Устига озгина хас сочилган нам тупроқ остидан темир, хўрак ва одам иси гупуриб турарди. У чўнқайган кўйи, хавфли майдончани обдон кўздан кечирди. Ора-орада теваракка назар солишниям унутмади. Кейин ажал билан ўйнашгиси келгандай, қопқон тепасидан сакраб ўтди. Сўнг яна ортга сапчиди. Бу қилиғи ўзига ёққандай, бирпас қотиб турди-да, тўсатдан шартта ортига ўгирилиб, орқа панжалари қопқон устига тош ва тупроқ соча бошлади. Кутгани бўлди. Тупроқ ва хасларни тўзғитиб, қопқон қисқичлари қарсиллаб ёпилди. Бундан ўзи ҳам чўчиб кетди. У қопқонга илк бор тутқунликдан халос топган кунлари дуч келганди. Бўрикалла тизмасига туташ водийда тўнғиз боласига кўзи тушганида, ич-ичидан яйраб кетади. Тўнғиз боласи чийиллар, ҳар ён талпинар, лекин ҳеч нари кетолмасди. Бу синоатдан аввалига у ҳайрон бўлади. Сўнг тумшуқ ялаб, олдинга интилади. Аммо чакалакзордан чиқишга улгурмай, қарши томондан келаётган овчига назари тушади. Чакалакзорда қолиб, воқеанинг давомини кузатади. Афтини малла соқол қоплаган овчи ишни чўзиб ўтирмайди. Тутқундаги жониворни отиб ўлдиради-да, қопқонни қайта ўрнатиб кетади. Овчи арчалар орасида кўздан ғойиб бўлгач, Ёлдор бекинган жойидан чиқади. Темир ва яна алламбалолар ҳиди муаллақ туриб қолган жойга аста яқинлашади. У чўнқайиб искаланади, ербағирлаб ётиб искаланади, у ён-бу ён юриб искаланади. Одамзоддан ҳайиқмайдиган жонивор темир исидан чўчийди. Димоғини қитиқлаётган хўракнинг хушбўй ҳиди ортида қандайдир хатар яширинганини сезади. Нималигини англаёлмай, боши қотади. Агар шу тобда узоқдан эшак минган чол кўринмаганда, Ёлдорнинг қопқонга тушиши аниқ эди. Xўракнинг хушбўй ҳиди бутун фикр-зикрини ўғирлаб қўйганди. Бахтига чол келиб қолиб, у тағин чакалакзорга биқинишга мажбур бўлди. Чолнинг бўшангина ити ҳидни сезиб, олдинга ўтади. Искаланиб қопқонга яқинлашади ва тўсатдан вангиллаб юборади. Воқеани фаҳмлаган чол сўкина-сўкина эшакдан тушади, сўкина-сўкина итни қопқондан бўшатади, сўкина-сўкина уни бир четга улоқтиради, сўнг сўкина-сўкина оқсоқ итини эргаштириб кетади. Ёлдор ерда занжири чуваланиб ётган қопқонни келиб ҳидлайди ва тилсиз бу ёвни хотирасига маҳкам михлаб олади. Темир ва хўракнинг омухта ҳиди—хатар! Кейинчалик жуда усталик билан ўрнатилган қопқонларни ҳам осонгина аниқлайдиган бўлди. Яйдоқ ва овлоқ жойларда емиш бежиз ётмаслигини ва бу ҳид ортида албатта бирор хавф яширинганлигини фаҳмлаб етди. Кўпинча, агар ҳафсала қилса, тош ва тупроқ сочиб, қопқонни зарарсизлантириб кетар, баъзан эса уни четлаб ўтарди. У навбатдаги қопқонга Қоратепа яқинида дуч келди. Бу қопқон Ғуччи пакананинг қутқуси билан қўйилганди. Ёлдорнинг Қоратепага келишига ҳануз тўла ишонмаган бўлса-да, Сарвар унинг райини қайтаролмаган, қопқонлардан бирини шу ерга жойлаштирганди. Қолганларини эса ўз билгича, лекин Ёлдор юрадиган сўқмоқларни тусмоллаб қўйиб чиққанди. Ёлдор бу қопқонга тегмади. Уни четлаб ўтди. Олмазорда шовур сезиб, қабрлар орасидан ўша томонга мўралади. Суюн чол невараси билан олма териб юрган экан. У Қоратепада кўп ҳаялламай, Ялангтош орқали кунботар томон юрди. Ҳудуднинг шимолий-ғарбий қисмидаги асосий «устун»;лардан бири бўлмиш қайрағоч ёнида тўхтади. Унда қолдирилган ҳидларни обдон искаб ўрганди. Қандайдир аҳмоқ буқа дарахт танасига роса ишқаланибди. У бундан кўпда ранжиб турмай, белгисини янгилади-да, нари бориб чўнқайди. Тоғларга боқди. Беридаги чўққиларга ҳам қор тушганини кўрди. У ҳаводаги қор ҳиди қаторида, юрагида тағин ўша ғалати ҳисни туйди. Ўзига араз, нафрат ва меҳр билан қараб кетган Оқсийнани яна қўмсай бошлади. Қизиқ, илгари бу хил туйғуларни сезмасди. Дастлаб озодликдан бошқасини ўйламасди. Сўнг эркинликдан сармаст юрди. Кейин ҳудуд масаласи билан андармон бўлди. Агар қўшни тўданинг бебошлигини ўйламаса, кунлари бинойидек ўтмоқда эди. Бироқ кутилмаганда, мана тушунуксиз туйғулар уни қийноққа сола бошлади. Тотли, ўз навбатида, мавҳум бу ҳисларнинг нелигини англашга қурби етмай, у аста келиб қайрағоч пойига чўзилди. Қуйидаги илонизи сўқмоқдан кетиб бораётган эшакли чолга ҳардамхаёл тикилди. Бу бир пайтлар уни қопқонга тушишидан асраб қолган ўша чол эди. У эшаклига эргашган бўшанг итга жиддий боқаркан, илк бор юрагида таниш тажовузни ҳис этмади. Авваллари ит зотини кўрса, бутун вужуди интиқом ўтидан ловуллайдиган жониворнинг, бу сафар, бирор туки қилт этмади. У ҳануз тушунуксиз туйғулар гирдобида эди. Ёлдор бу ерда узоқ турмай, Эгрисойни қоралаб йўлга тушди. Эгрисойда тўнғизларнинг катта оиласи яшарди. У алақачон уларни кўз остига олиб қўйганди. Агар ови бароридан келмаса, Қизилқия ёқалаб Дўнгқояга ўтади. Қоя ўнгирларидан бирида ғамламаси бор. У бир маромда йўртиб бораркан, Учбурундаги ёввойи дўланазорда Маймоқни кўрди. У мевасиз бута тагида ниманидир иштаҳа билан чайнарди. Ёлдор одатига хос, аста ириллади. Маймоқ эса унга эътибор ҳам бермади. * * * Қўйган қопқонларидан бирор наф чиқавермагач, Сарвар чинакамига ташвишга тушиб қолди. Ғуччи пакананинг қаровидан, унинг таъбири билан айтганда, йилтиллаб семира бошлаган қўйлари ортиқ уни қувонтирмай қўйди. Уларга омонат сифатида қарай бошлади. Аслида ҳам шу. Агар Ёлдорни тинчитмаса, бир неча кундан сўнг сурув Шойим йўғоннинг ихтиёрига ўтади. Қани энди, одам ёллаш мумкин бўлсаю бу бошоғриқдан тезроқ қутула қолса. Аммо шарт бўйича бу мумкин эмас. Шойим йўғон ҳатто қопқонга қарши чиқиб ўтирибди. — Қопқонга келишмаганмиз, — деди бугун эрталаб. — Ғирром ўйинни бас қилинг! — Қанақасига ғирром? — Сарвар йўқ ердаги бу даъводан ҳайрон бўлди. — Нима қиламан, қандай қўлга тушираман, нима фарқи бор сизга? — Жудаям фарқи бор-да! — Шойим йўғон унга тешиб юборар даражада ўқрайиб тикилди. — Жондор бўлса-да, у йигитдай бир гап! Биз уни йигит деб биламиз. Йигит билан йигитдай гаплашинг! Ҳали қопқон қўясиз, ҳали анову паканани эргаштириб чиқасиз. Баридан бохабармиз. Ғирром ўйинни бас қилинг! Йўғасам ёмон хафалашиб қоламиз. У дераза ёнида шу гапларни эслаб ўтираркан, тунд осмонга умидвор тикилди. Қани энди, бир энликкина қор ёғиб берса-ю, Ёлдорнинг изига тушиш имконияти туғилса. Овда из олиб, ўлжани қўлга туширишни у амалдор оғайнисидан ўрганганди. Овга ишқибозликниям шу жўрасидан юқтирган. Қиш-қировли кунларда амалдор оғайниси ваҳимали хорижий машинасида гуриллаб келарди-да, уни овга олиб кетарди. Сарвар бошда овни шунчаки оворагарчилик деб ўйларди. Аммо нафи кўп тегадиган амалдор оғайнисининг гапини ҳеч икки қилолмасди. Иккинчидан эса, ов баҳонасида яхшигина маишатга берилишарди. Амалдор минган машинанинг юкхонасидан жондан бўлак ҳамма нарса топиларди. Бу ноз-неъматлар дала-даштда, қорда, гулхан теварагида негадир бошқача татирди. Амалдор жўраси, унинг ўйлашича, пишқириб, гулдираб, гумбурлаб яшарди. Бўйи нақ икки метр, кучи гавдасига мос, агар чинакамига истаса, ҳар қандай қўйни бир ўтиришда еб тугатадиган азамат йигит эди. Сиздан ажал ҳам ҳайиқса керак, дерди баъзида Сарвар унинг келбатига ҳавасланиб боқиб. Бироқ ажал деганлари қўтосдай бақувват бу йигитдан ҳеч ҳам ҳайиқмас экан, бир ўтиришда сездирмайгина жонини олиб қўйди. Бу ҳолдан ҳамма ҳайрон. Кимдир у деди, кимдир бу, орада девдай бир йигит ўлди-кетди. Сарварга ундан овчилик мерос бўлиб қолди. У овчиликнинг ўзига хос сир-синоатларини тўла ўзлаштиролмаган эса-да, обдон завқини тотишга улгурганди. Шундан бери у овни канда қилмайди. Амалдор оғайниси, бу даштда қимирлаган жон борки, бари бизники, дейишни яхши кўрарди. Улар шаҳарчанинг кунботиш томонидаги уфққа туташ сарҳадсиз чўлни яёв ва машинада қадамба-қадам кезиб чиқишган. Овнинг ҳадисини олган жўраси қордаги изларни бехато аниқларди. Изга қараб ёввойи жониворнинг қачон ва қай пайтда ўтганлигини адашмай айтарди. Ўлжасининг мазали қисмини даштнинг ўзидаёқ кабоб қилишга тушарди. У гоҳида овчи итларини ишга солса, гоҳида йирик жониворларни машинада қувлаб отарди. Ўлжасининг кетидан тушганда, у бутунлай ўзгарарди, яъни ёввойи бир овозда бўкирар, сўкинар ва бундан ғоят ҳузурланарди. Итларни эса жуда ёқтирарди. Яхшиларини эринмай овга ўргатарди. Ёлдор томонидан ўлдириб кетилган Диккиқулоқ унинг энг яхши кўрган итларидан бири эди. Сарвар уни, жўрамдан эсдалик деб, ўзига олганди. Оғайнисининг ўлимидан сўнг, даштма-дашт изғишни бас қилган бўлса-да, Қамишкўлга танда қўйганди. Ўрдак ови билан шуғулланарди. Ҳатто бир марта чўлоқ бўрини отган. Аммо Ёлдор деганлари у билган ва тасаввур этган бўриларга ҳеч ўхшамасди. Унинг қилиқларидан ҳайратда эди. Одатда тирик бўрини кўриш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Улар имкони борича кўзга ташланмасликка уринишади. Ёлдорни эса неча бор қишлоқ яқинида, дўнгда, булоқ бўйида ва ҳатто қўраси ёнида учратди. Яроғини қўлига олгунча бўлмай, арвоҳдай кўздан йўқолади. Бироқ узоқлаб ҳам кетмайди. Қоратепада бўридан ташқари, айиқ изига дуч келганда, ҳанг-манг туриб қолган. Аммо ҳайратини бировга айтолмаган. Негаки, қишлоқ одамлари жуда ғалати, улар ўз ҳис-туйғуларини ҳеч қачон ошкор этишмайди, нари борса, шунинг нимасига бунча ҳовлиқасан, деган оҳангда, тоғда яшаймиз-да, деб қўя қолишади. Фақат Ғуччи паканагина уларга ўхшамайди. Ичидаги ташида. Соддалиги боис, қишлоқда унчалик обрўйи йўқ. Бироқ дўстга итдай содиқ. — Ака, бугун милтиқни менга берсангиз, — деб қолди эрталаб даб-дурустдан. — Шойим йўғонга берадиган қўйимиз йўқ! Мен унга қўй тугул, қўйнинг қулоғини ҳам раво кўрмайман! — Намунча ёмон кўрмасангиз уни. — Мен уни ёмон кўрмайман, мен... — Ғуччи пакана гапнинг у ёғини айтишга ийманади. Қизариб бош қашлайди-да, сўнг дейди: — Сурув қўлдан кетмасин дейман-да. Ахир сиз акамсиз, куяди-да одам. — Ростдан куясизми? — Эмасам-чи! — Милтиқни нега сўраб қолдингиз? Ё Шойим йўғонни... — Э, йўқ, — дея Ғуччи пакана унинг гапини бўлади. — Ёлдор учраса, отмоқчиман. Менга учраб туради-да у. — Қўйларга эҳтиёт бўлинг. — У қўйларга тегмайди деганман-ку. — Мен уни тушунмайман. — Уни ҳеч ким тушунмайди. — Қани энди, бир энликкина қор ёғиб берса... — Мен ҳам шунга илҳақман. Сарвар шуларни эслаб, тунд осмонга, ёнбағирликдаги арчазорга дилгир тикилади. Ғўлдираб сўкинади. Нега деганда, у эрталабдан бери гаранг. Ўтириб ўтиролмайди, туриб туролмайди. Яроғини кўтариб чиқишдан эса бирор маъни йўқ. Тоғда Ёлдорни қидириш, пичан ғарамидан игна излашдек бир гап эканига аллақачон ақли етган. Шунингчун қорни интиқ кутмоқда эди. Ҳаво эса юракни сиқар даражада тунд, ёғиб ёғмасди, очилиб очилмасди. У дераза ёнида қанча турди, билмайди. Орада печкага ўтин ташлади. Милтиғини қайта тозалади. Сўнг жойига чўкиб, Ёлдорни қаердан қидиришни ўйлай бошлади. Кейин бирдан кўзларига ишонмай деразага ёпишди. Йўқ, кўзлари алдамаган, ташқарида қор учқунламоқда эди. У қувончдан бақириб юборди. Xудди амалдор оғайнисидек бор овозда ҳайқирди. Кейин қўлларини беўхшов саланглатганча, ўйинга тушиб кетди. — Кунинг битди, Ёлдор! Кунгинанг битди! * * * Ёлдор туни билан ёғиб чиққан қорни мамнун қаршилади. Қорли ҳаво ичида димланиб ётган ланжликни қувиб, ғайрат қуюнини солгандек, у янада тетикланди. Қор кечиб дайдиди. Қор кечгани сари ғайрати жўшаётганини сезди. Одатдагидек, у қишлоқдан унча узоқлашиб кетмаганди. Саҳарга яқин тинган қор устида из қолдириб, қишлоққа энди. Негадир чолнинг кимсасиз кулбасига бош суққиси келди. Эшик ва деразаларни бир-бир искаб чиқди. Ошхонага кириб чиқишниям унутмади. Бўм-бўш қўра ёнида бир зум чўнқайиб турди-да, сўнг қишлоқ итларининг юрагига қутқу солиб, яна изига қайтди. Бу сафар итлар уни ортиқ қизиқтирмади. У ҳануз англарсиз туйғу гирдобида эди. У булоқ бўйига етганда, ичдан нимадир уни тоғлар томонга чорлаётганини ҳис этди. Нима? Қувончми ё ташвишми? Бу хил ҳисни илгариям икки-уч бор туйган. Ҳудудига бегоналар оралаганини аввалдан сезган ва ҳамиша ҳақ бўлиб чиққан. Аммо бу сафарги ҳислар тўфонлироқ эди. Бугун ҳаётида нимадир содир бўлиши мумкиндек эди. У Учқизилда шумшайиб турган Маймоққа дуч келди. Қор тоққа эмас, Маймоқнинг ичига ёққанди. Танасига ёғ заҳирасини тўла ғамлашга улгурмаган Маймоқ жуда ғамгин эди. Ҳадемай қиш уйқусига кетиши лозим бўлган бу жонивор заҳиранинг камлиги ўзини не куйларга солишини яхши биларди. Одатда, очиққан жонивор муддатдан илгари уйғониб кетади. Уйғонганда, кўкламга ҳали узоқ, тоғ эса қалин қор кўрпаси остида мудраётган бўлади. Оқибат, у егулик тополмай ҳафталаб оч юради. Уйқуга тўла қонмагани учун карахтлик қонига ташна қилиб юборади. Бирор ўнгирда ғужанак тушиб олиб, панжаларини сўради. Аммо танасида ортиқча ёғ йўқ, нафси қонмай аламнак ўкиради. Мўриларидан тутун ўрлаб турган қишлоққа умидвор боқади. Қишлоққа энса нимадир топишини ва шунингдек, жонидан айрилиб қолиши мумкинлигиниям билади. Шу боис, қишлоққа энишдан тийилиб, тоғлар оралайди. Кўклам келишини зор-интизор кутади. Нишабликларда майсалар ниш уриши билан унинг куни туға бошлайди. Бироқ бунгача неча ҳафталаб очлик азобини бошидан кечириши керак. Бунақа пайтларда у ҳар қандай ўлаксадан тап тортмайди. Аммо тоғда ўлаксалар ҳамиша ҳам топилавермайди. Ёлдор муюлишда пайдо бўлганида, у ғоят эзгин ҳолатда мунғайиб ўтирарди. Ахир эзилмай бўладими, куни кеча кўзларини яшнатиб турган мевалардан асар йўқ, бари қор тагида қолган. Қорни эса эрталабдан таталамоқда. У аламдан Ёлдорга қараб аста ўкиради. Ёлдор эса унинг замзамасига эътибор ҳам бермади. Қор кечиб, қиялик бўйлаб йўлда давом этди. Ёлдорнинг қадам ранжида қилиши Маймоқ учун фойдадан холи бўлмади. Кимсасиз туюлган тоғда тирик жонни учратиш унинг эсига ҳаракат қилиш лозимлигини туширди. Негаки, тоғ ҳиссиз, тоғ шафқациз—агар ҳаракатдан эринсанг, унинг қучоғида яшашинг қийин, тирик қолишинг гумон. Ланжлик ва ҳафсаласизлик ортидан ҳамиша ўлим пойлаб туради. У қордан эгилган буталарни силкилаб, емиш қидиришга тушди. Ҳозирча қорин ташвишидан холи бўлган Ёлдор эса қорда из қолдириб, тобора илгариларкан, қияликда бир зум тўхтади. Чўнқайиб теваракни зимдан кузатди. Сўнг ошиқмай яна йўлда давом этди. Унинг навбатдаги қўним топган манзили Қилсўқмоқдан беридаги Кенг сўқмоқ бўлди. Бу сўқмоқ Довонортига олиб борадиган ягона йўлнинг бошланиш қисми ҳисобланиб, Қилсўқмоқдан уни арчазор қиялик ажратиб туради. У Кенгсўқмоқ деб номланса-да, аслида сийрак арчали, узун ва энлик сайҳонлик эди. Сайҳонликнинг бир ёнида нураган қоя, иккинчи ёни эса қияланиб бориб, чоғроқ водийга бориб туташарди. Водийдан нариси майда тизмалар бўлиб, гўзал манзара ҳосил қиларди. Ёлдор қаршисида юз очган бу манзарага — қор қўнган арчаларга, мўъжаз водийга, бир-бирига уланиб кетган тоғ тизмаларига аста боқаркан, юрагини ҳапқиртирган ҳиснинг боисини англагандай бўлди. Муздек ҳавода қўшни тўданинг ожиз ҳидини илғади. Илғаши билан яғрин туклари тикрайиб, важоҳатли ириллади. Олдинги панжаларини қорга ботириб, тишларини даҳшатли тарзда шақирлатди. Лекин ўтган галгидек ҳовлиқмади. Қайтамга вазиятни янада аниқроқ ўрганишга уринди. Шамол олиб келаётган ҳидга қараганда, тўда Қилсўқмоқдан нарида ҳаракатланмоқда. Агар улар бу томонни кўзлаган бўлса, фақат мана шу йўналишдангина келиши мумкин. Шу тобда унинг димоғига ўзга бир ҳид чалинмаганда, Ёлдор ортиқ сабр қилолмас, ўпкасини қўлтиқламаса-да, ҳар ҳолда аллақачон тўда сари юрган бўларди. У Оқсийнанинг заиф, ўта заиф исини бирдан таниди. Тоқацизланиб, беихтиёр ғингшиб юборди. Бироқ бу ҳид димоғига қандай чалинган бўлса, шундай тез йўқолди. Бундан унинг юраги алланечук гупуриб кетди. Совуқ ҳавони ютақиб ҳидлади. Заиф ҳид яна ўзидан дарак бергач, у Оқсийнанинг манзилини аниқлашга ҳаракат қилди. Қаршисидаги тоғ тизмаларига, чоғроқ водийга, арчазорларга илҳақ тикилди. Оқсийнани кўришга ошиқаркан, унинг ҳамроҳи Яссибош ҳақида ўйлаб ҳам кўрмади. Дарвоқе, ҳавода унинг иси сезилмас, демак, Оқсийна бу томонга ёлғиз йўл тортган. Ёлдор урғочи бўрининг сўнгги учрашувдаги араз, нафрат ва меҳрга тўла ғалати қарашини эсларкан, келбатига ярашмаган бир оҳангда ангиллаб юборди. Ички ҳисга буйсуниб, ўша томонга қанот чиқариб учгиси келди. Бироқ бунинг сира иложи йўқлигини тезда англаб, базўр ўзини босди. У икки ўт ўртасида қолганди. Оқсийнага пешвоз юрай деса, бу ёқда ғаним тўда. Ғаним тўдага қарши борай деса, у ёқда Оқсийна. Назарида, у бери келишга ботинолмай, арчалар орасида ўзини интиқ кутаётгандек эди. Охири, ғаним тўдага нисбатан нафрати Оқсийнага бўлган интилишидан устун чиқди. У шу ерда қолиб, тўдани кутишга аҳд қилди, ҳам Оқсийнанинг кўз ўнгида бўлади, ҳам ортиқча ҳаракатлардан қутулади. Салдан сўнг, Оқсийнани йўқ-бор нарсалардан қизғана бошлади. Бу энди унинг учун янги ва нотаниш туйғу эди. Нелигини ҳали тўла идрок этолмаган бўлса-да, азоби қаттиқлигини сезди. Бир жойда тик туролмай, арчани айланди, ҳарсангга бориб суйкалди. Сўнг ербағирлаб ётиб, тумшуғини қорга тиқди. Қор тагидан бир нима топгандай, даҳшатли тарзда ириллади. Ўнг панжаси билан қулоғини тимдалади. Кейин ўрнидан сапчиб туриб, сайхонлик бўйлаб қутуриб югургиси келди. Аммо бунга улгурмади. Қиялик бошида тўсатдан пайдо бўлган Сарвар унинг ички тўлғонишларига халал берди. Овчини кўрган Ёлдор Оқсийнани унутди. Қорга узала тушиб ётган ҳолида унга нохуш тикилиб қолди. Негаки, ўзи томон аллақандай тўда эмас, ҳақиқий хавф яқинлашиб келмоқда эди. Ундан фақат қочиб қутулмоқ мумкин. Бироқ у қочмади. Оралиқ масофа узоқ, қочишга эса бемалол улгуради. Ана одам боласи қияликнинг ярмини босиб ўтди. Ҳадемай сайҳонликка етади. Ёлдор ноилож кетмоққа тараддудланаркан, овчининг хато йўлдан келаётганини сезиб қолди. Яроқ тутган одам у қолдирган издан юрмай, йўлни қисқартириш ниятида қиялик билан сайҳонлик ўртасидаги дўнгликни кесиб келарди. Дўнглик четида тўпланган қор ҳамиша кўзни алдайди. Ёввойи жониворлар бу хил хатарни тез англайди. Аммо одам боласи бу хусусиятдан йироқ. Ана у хавфли нишабликка тобора яқинлашмоқда. Қуйида эса водийга туташ қияликнинг тепа қисмида ўрага ўхшаш катта чуқурлик оғиз очиб турибди. Тушган жоннинг чиқиши жуда қийин. Кетмоқ ўйида бўлган Ёлдор қайта жойига чўкиб, овчининг хатти-ҳаракатларини жиддий ва синовчан кузата бошлади. Ва худди у кутган ҳодиса юз берди. Қор кўчиб, одам боласи чинқирганча ўра томон шўнғиб кетди. Ёлдор ётган жойидан туриб, баҳузур чўнқайиб ўтириб олди. «Қопқон»; —ўрага тушган одам боласига ортиқ қайрилиб ҳам қарамади. Зеро, усиз ҳам ташвиши етиб ортарди... * * * Сарвар чап оёғи синганини кейин, қор остидан бир амаллаб чиқиб олганидан сўнг сезди. Аъзонинг синиши қизиқ бўларкан, дўмбирадай шишиб, измингга буйсунмай қўяркан. Бошда, қаттиқ қўрққан эмасми, эс-ҳушини жамлаши қийин кечди. Кейин ўзига келиб, ўрасимон кенг чуқурликда ётганини англади. Қор зарраларидан оқарган деворлари хийла баланд, арқонсиз чиқишнинг иложи йўқлиги аниқ эди. У ётган жойдан Ёлдор чўнқайиб ўтирган сайҳонликнинг бир қисми ва нураган қоя кўзга ташланиб турарди. Ёлдорга нигоҳи тушиши билан у бирдан милтиғини эслаб қолди. Аммо яроғи ҳеч қаерда кўринмас, чамаси қор тагида қолиб кетганди. У қаддини ростлашга уринди, чап оёғи бунга изн бермай, оғриқдан инграб юборди. Йигит оғриқдан ҳам кўра, аламдан кўпроқ инграмоқда эди. Нега деганда, гаровда ютқизгани энди кундай равшан. Синган оёқ билан бир иш қилиб бўлмаганидан сўнг, не ҳасратда йиғнаган қўйларини Шойим йўғонга қўшқўллаб топширишга мажбур-да. У қорни чангаллаб ингради, сўкиниб ингради, тутақиб ингради. Бу изтиробли ҳолати кўзи бот Ёлдорга тушмагунча давом этди. Ҳайбатли тарзда чўнқайиб турган йиртқичга ғазаб-ла боқаркан, бирдан жони омонатлигини пайқаб қолди. Сурувни бир зумга унутди. Қиш-қировли кунларда бўриларга ем бўлган кишилар ҳақидаги ҳикоялар эсига тушиб, даҳшатдан қалтираб кетди. Бу етмагандек, милтиғини ҳам йўқотиб ўтирибди. У ёрдам сўраб бақирмоқчи бўлди. Бироқ кимсасиз бу тоғу тошларда бақиришдан бирон наф йўқлигини англаб, ўзини тийди. Кетига силжиб, тошдеворга суянаркан, ёнидан пичоғини чиқарди. Негадир, унинг у ёқ-бу ёғига қараб қўйди. Тиғини кўздан кечирди. Ҳарнечук, пичоқ анча далда бўлди. Ёлдорга, қорнингни ёраман сени, дегандай боқди. Ёлдорнинг эса у билан иши йўқ, худди ов олдидан шерикларини кутаётгандек, шарқий-шимолий томонга тикилиб қолган, бир-икки бош бурганни ҳисобга олмаганда, Сарвар тарафга қия ҳам боқмаётганди. Бундан Сарварнинг кўнглига келгани шу бўлди: «Булар мени галалашиб емоқчи!»; Шунда ўзи учун қопқонга айланган «ўра»; деворлари жуда паст туюлди. Нигоҳи билан йўқолган яроғини яна қидира бошлади. Бу ишда Ғуччи паканани айбдор деб билди. Йўл олдидан ҳар хил нохуш гаплар қилмаганида, бу фалокат йўқ эди, дея унинг етти пуштини қолдирмай, бир-бир сўкиб чиқди. Илойим, хотинсиз ўтгин, деб ич-ичидан янди. Сарвар ўлгудек иримчи эди. Овга жўнаркан, ортига қайрилиб қарамас, аёлининг кузатишига эса сира изн бермасди. Аёл кишининг «Вақтлироқ қайтинг»;, «Шу бугунча бормай қўя қолинг»;, «Ҳавонинг авзойи ёмон-ку»; деганга ўхшаш гаплари овчига фақат омадсизлик келтиради деб ўйларди. Шунинг учун ҳам овга ҳамиша ими-жимида жўнаб қоларди. Бугун эса бунинг имконияти бўлмади. Ишчан бир қиёфада овга ҳозирлик кўраркан, қўрада тимирскиланиб юрган Ғуччи пакана кутилмаганда қошида пайдо бўлди. — Ака, негадир кўнглим нотинч, — деди энгил-бошига илашган хас-хашакларни қоқиб-суқиб. — Сизга ҳамроҳ бўлсамми дейман... Сарвар ғазабдан додлаб юбораёзганди: «Миянг қурсин сен эшакни! Бефаросат махлуқ! Ов олдидан ҳам шундай дейдими киши! Э, нохушланган ўша кўнглингга минг лаънат! Xудо фаросат улашаётганда, қайси гўрда лаллайиб юрган эдинг? Башаранг қурсин, аҳмоқ! Пакана!»; Аммо тилида бутунлай бошқа сўзларни айтди. — Сиз ишингизни қилинг, укам, — деди ҳар бир сўзни тишлари орасидан ситиб. — Ишдан қолманг. Ахир қўйларга кимдир қараши керак-ку. — Ишни қип бўлдим, ака, — деди Ғуччи пакана унинг туси ўзгариб кетганидан ажабланиб. — Бу ҳавода сурувни ташқарига ҳайдамаган маъқул. Емишини бердим, сувини бердим. Қўлим бўш энди. — Яхшиси, сиз уйда қолинг. — Сарвар уни жеркиб ташлашдан базўр ўзини тийди. — Бирга юрганимизни кўрса, Шойим йўғонга Xудо беради. Ғирромлик қилаяпсанлар деб бошимизни қотиради сўнг. — Укасининг қорнига унинг, гапираверади-да! — У шунчаки гапириб қўймайди... — Сиз кецангиз, уйда ўтиришим қийин бўлади-да, ака. — Ғуччи пакана жаҳлланди. — Тоғ ҳавоси билан ўйнашганларнинг ҳоли не кечганини яхши биламан. Тоғ ёмон, у билан ҳазиллашиб бўлмайди. Ўтган йили иккитасининг жасадини қор тагидан мана шу қўлларим билан ўзим кавлаб олганман. Тарашадай қотиб қолишган экан. Бундай ҳавода баланд-пастни биладиган одам билан юрганингиз маъқул дейман-да. Сарвар унинг башарасига милтиқ қўндоғи билан туширишдан зўр-базўр тийилса-да, тилини тишламоққа ўзида ортиқ куч топмади. Оғзидан кўпик сачратиб бақиришга тушди: — Ов олдидан шу гапларни айтишингиз шартмиди! Қанақа одамсиз ўзи, а?! Иримим бор деб, сизга юз марта айтганман-ку ахир! Одам деганам шунчалик пандавақи бўладими. Э-е, одам бўлмай ўлинг! — Кўнглим нотинчланса не қилай,— Ғуччи пакана ёш боладай қунишиб олди. — Биздан хато ўтган бўлса, кечиринг, ака. — Э, акаламай кетинг! — Барибир кўнглим нотинч, ака. — Яна гапирасиз-а! — Мана, гапирмадик, — Ғуччи пакана аразлаб қўра томон кетди. Сарвар елкасини тошдеворга тираб, Ғуччи паканани чангитиб сўкишда давом этаркан, ўз навбатида, уни ўзи билан эргаштириб чиқмаганидан ўкина бошлади. Бу ёғига нима қиларини билмай боши гаранг эди. Ёлдорнинг шундоққина қаршисида, милтиқ ўқи етар-етмас масофада ғўддайиб туриши эса аламини қўзғамоқда эди. Қизиқ, у на қочди, на бекинди. Нега қочмади экан? Илгари шарпасини илғаши билан жуфтагини ростлаб қоларди-ку. Ё ночор аҳволдалигини, энди қўлидан бирор иш келмаслигини фаҳмлаб етдимикан? Унда бу бўри эмас, инс-жинсларнинг биродари экан-да. Туришини қара! Бекорга турмаганлиги аниқ, шерикларини кутаяпти у. Аммо осонликча жон берадиган аҳмоқ йўқ! Устимга сакраши билан қорнига пичоқ тиқаман! Тиқиб-тиқиб оламан! Сарвар қўлидаги пичоқни ҳавода сирмаб, йўқ ғанимига зарба берган бўлди. Аммо Ёлдорнинг нечун сукутдалигини, шериги кўмагига муҳтож жонивор бу тарзда жим турмай, увлаб овоз бериши лозимлиги ҳақида ўйлаб ҳам кўрмади. Ҳақиқий овчи эмаслиги, бу борада ҳам панд бермоқда эди. У жониворларнинг ҳаёти ва феъл-хўйи хусусида деярли ҳеч нарса билмасди. Билишгаям уринмасди. Жониворларга ўлжа сифатидагина қарарди. Бу иллатни марҳум амалдор жўрасидан юқтирганди. Жўраси чатоқ эди, осмондагини отиб, ердагини қоқиб, сувдагини тутиб ейман, дерди, бу ишда менга ҳеч ким монелик қилолмайди, дея чиранарди. Аммо унинг амалию важоҳатидан зиғирча чўчимай, қаршилик қилувчилар ҳамиша топиларди. Шулардан бири қишдаям даштда ўтов тикиб ўтирадиган Бойбўри чол эди. Чўлда уларнинг машинаси кўриниши билан отланиб чиқарди. Йўлларига кўндаланг бўлишга тиришарди. — Шу одамни ҳеч тушунмайман, — дерди жўраси, тўхта, дея қамчи силкиб келаётган чолни осонгина четлаб ўтаркан. — Даштни топтаб ташладинг, жондор зотининг уруғини қуритдинг дея, тирғалгани тирғалган. Чўл кенг бўлса, қанақасига биз уни топташимиз мумкин, а? Сарвар теваракка лоқайд боқаркан, ўзлари қолдирган сон-саноқсиз машина изларини кўрса-да, ўзини кўрмасликка олади. Оғайнисининг кўнгли учунгина қайсар чолни сўккан бўлади. Сирасини айтганда, чўлда итдай изғиш унга умуман ёқмайди. У пистирмада ётиб, ов қилишни хуш кўради. Аммо бу ҳақда жўрасига чурқ этмайди. Оғайниси эса унинг акси, кенгликда бамисоли бўрондай қутуради. Машина ғилдираклари остида топталган гиёҳларга ичи ачиган одамлар устидан ошкора кулади. — Бугунги кунинг нақд, эртанги кунинг эса омонат, — дейди ёлғиз қолишгач. — Анови аҳмоқлар эса аллақандай келажакнинг ташвишини қилишади. Эртани ўйланг эмиш, замин топталмасин деб ота-боболаримиз дуч келган ерда эмас, маълум жойда кўпкари чопганмиш. Ғалати-ғалати гапларни топишади-я улар. Қайси гўрлардан кавлаб топишаркан бунақа гапларни, а? Қўйиб берсанг, бутун чўлга хўжайинлик қилишмоқчи бўлишади. У қанчалик осмондан келмасин, қайсар чолдан хиёл бўлса-да ҳайиқади. Буни билдирмасликка тиришади. Тиришган сайин ҳадикланиши баттар сезилади. Бундай пайтларда Сарвар уни мақташга тушади. — Бу даштнинг хўжайини улар эмас, сиз, — дейди гулханга ўтин ташлаб. — Бунинг бари кўролмасликдан. — Шуни айтинг. — Агар сезган бўлсангиз, улардан ер иси келади, сиздан эса ҳаётнинг ҳиди гуркурайди, — Сарвар тилига келган бу ташбеҳдан руҳланиб кетади. — Сиздан ҳатто ўлим қрқади. Бу келбатингиз билан, минг йил десам ёлғон бўлар, икки юз йил яшашингиз аниқ. — Икки юз йил кўп, зерикиб ўламан, — дейди жўраси тутундан ачишган кўзларини ишқалаб, мақтовдан мамнун бўлганини яширмаган ҳолда. — Зерикмаслигим учун қариганимдаям овни канда қилмаслигим керак. Бизга юз йилиям етиб ортади. Сарвар унинг келбатига ҳавасланиб боқади. Икки юз йил бўлмаса-да, юз эллик йил яшаши аниқ бунинг, деб ўйлайди. Аммо кейинчалик бу башорати нотўғри чиққанида, у довдираб қолди. Инсон ҳаёти киприкдаги кўз ёшидай омонатлигини англаб етгандай бўлди. Ажал деганлари одамзоднинг на келбатидан ҳайиқаркан, на амалидан. Лозим топган куни жонини олиб қўяркан. Мана энди ажалнинг совуқ панжаси унинг ёқасида. У ё бўриларга ем бўлади, ё совуқдан тарашадай қотади. Дарвоқе, совуқ ҳалитдан ўз заптига олмоқда. Бу ёқда оёғи азоб бермоқда. У бўрини ўйлабди-ю, совуқни хаёлига ҳам келтирмабди. Ахир тоғда тунги совуқ бўридан даҳшатлироқ-ку. Оёғи синмаганида бир нави эди, «қопқон»;дан чиқишга уриниб кўрарди. Айтганча, Ёлдор бир уни деб шу ўрага тушармикан? У деворларга синчков боқди. Йўқ, тушолмаса керак. Яна ким билади. Қорни очган йиртқичлар ҳеч балодан тап тортмайди дейишади-ку. У ўзи сезмаган ҳолда инграб юборди. Ёлдор унинг овозини эшитгандай, ялт этиб қаради-ю, яна олдинги ҳолатига қайтди. Ниманидир кутаётганлиги бутун вужудидан аниқ сезилиб турарди. Буни ўзича англаган Сарвар бот ингради. Ўлимга юзма-юз келиш нақадар нохушлигини у илк бор ҳис қилмоқда эди. Шу пайтгача даштда қанчадан-қанча жониворларнинг жонига зомин бўлмади. Қувлаб отди, пойлаб отди, суюниб-суюниб, кулиб-кулиб отди. Овнинг завқини обдон тотди. Тоққа келиб ҳам тек турмади, касалман деб ўтирмади. Яроқ кўтариб ўрга чиқди, қирга чиқди. Кейин итимнинг хуни дея, Ёлдорнинг кетидан тушди. Сўнг эса, унинг жони эвазига қўлига тегиши мумкин бўлган қўйларни дея, тиним нима, билмади. Охири етган манзили шу — ўрасимон кенг чуқурлик уни ўз бағрига олди. Инграшдан бошқасига ярамай ўтирибди. У яраланган жониворларнинг мунгли нигоҳларига кўп бор дуч келган. Уларнинг жон талвасасида тўлғонишларини кўп кузатган. Сўнг ўзича раҳм қилиб, пичоғини ишга солган, гоҳида бир ўқ билан тинчитган. Бундай пайтларда жўраси уни мақтарди. У эса мақтовдан масрур тортарди. Уста овчилардек теваракка мағрур боқарди. Шунда бутун чўл ёлғиз ўзига дахлдордек туюларди. — Боласи, лекин семизгина экан, — дерди кейин, бундан зўр кабоб чиқади, деган оҳангда. — Онасининг қочиб қутулгани чин бўлсин, — дерди жўраси мамнун қаҳ-қаҳ отиб. — Лекин кейинги сафар албатта жонини суғуриб оламиз. Улар жон олмоққа моҳир, лекин ўша жоннинг азобланишини, уволини ҳис этмоққа ожиз эдилар. Бу тўғридаги гап-сўзлар дўстлар учун чўпчак туюларди. Чўпчагингизни бошқа бировларга бориб айтинг, дейишарди Бойбўри чолга ўхшаганларга. Аммо қайсар чол сира бўш келмасди, шошмай турларинг, уволи тутади ҳали буларнинг, дерди тутоқиб. Ўртада олов, ҳавода кабоб ҳиди анқиган, нарида эса вайсақи отлиқ чол. Жўраси кўпда парво қилмасди. Лекин Сарварнинг ичи тор эди. Осмонга кетма-кет ўқ узиб, отлиқ чолни ҳайдаб соларди. Сўнг ортидан сўкиб-сўкиб қоларди. Энди ўйлаб кўрса, Бойбўри чол ҳаққа ўхшайди. Жўраси эрта ўлим топди. Ўзи эса кимсасиз тоғу тошда ажалга рўпарў келиб ўтирибди. Боқишлари мунгли, кўзлари ёшли... Уйда болалари кутаяпти, хотинининг фикр-хаёли унда. Ҳашаматли иморатнинг чап қаноти ҳали битмаган, кичик ўғли ҳали суннат қилинмаган. Келаси баҳорда тўй қилмоқчи эди. Қўшниси Зиёд калдан ўтказиб зиёфат бермоқчи эди. Наҳотки, энди ҳаммаси сабил қолса?! Ҳаётининг интиҳоси бу қадар аянчли-сўнгги қўним топган манзили мана шу ўрасимон чуқурлик бўлса! У ич-ичидан хуруж қилиб келаётган йиғини босиш учун, тишларини маҳкам сиқди. Йиғиси инграшга қоришиб, хунук бир сас касб этди. * * * Ёлдорнинг эса у билан мутлақо иши йўқ эди. «Ўра»;даги одам боласи сичқондек безиён, аҳволи ўта хароблигини инграшиданоқ сезганди. Одатда, зийрак жониворлар сасга қарабоқ, ҳолат ва вазиятни тез илғайдилар. Шунинг учун ҳам овлоқ жойда бўрига рўпарў келган тоғликлар овоз чиқармасликка уринадилар. Нега деганда, бўри зоти овозингданоқ кимлигинг ва нималарга қодирлигингни тез фаҳмлайди. Табиий, бу хусусият Ёлдорга ҳам бегона эмасди. У чуқурликдаги одам боласининг инграшинигина эмас, бир чақирим наридаги арча новдасидан тўкилган қор сасиниям сезиб, билиб турарди. Ҳозир унинг бутун диққати шимолий-шарқий томондан бостириб келаётган ғаним тўдада эди. Ошиқмайроқ илгарилаётган галанинг жирканч ҳидини баралла туймоқда эди. Ўз навбатида, қаршисидаги чоғроқ водий тарафдан Оқсийнанинг дарагини сезмоқда эди. Ёлдор гоҳ йўқолиб, гоҳ пайдо бўлаётган бу ҳиддан Оқсийнанинг нозини пайқаб турарди. Бироқ у безбетларча босиб келаётган тўда билан ора очди қилмай, Оқсийнага пешвоз юролмасди. Бир гап билан айтганда, ҳудуди хавф остида турганда, кўнглига «ёр»; сиғармиди. У юз бериши муқаррар бўлган тўқнашувга жиддий ҳозирлик кўра бошлади. Хавф жуда узоқ куттирмади. Тоғда аччиқ изғирин кучайган бир паллада сайҳонликнинг нариги бошидаги харсанг ортидан беш-олти чоғли бўри, ошиқмай, бирин-кетин чиқиб кеди. Тўдани Сариқтўш деган арлони бўри бошқарарди. Сариқтўш у қадар жуссадор бўлмаса-да, табиатан анча чайир жонивор эди. Тезоб ва бир оз тажанглиги хатти-ҳаракатидан сезилиб турарди. Унинг кўзи Ёлдорга тушгач, харсангдан беридаги текис майдончага келиб чўнқайди. Шериклари уни тевараклашди. Тўда кенгаша бошлади. Агар галада она бўри Оқманглай бўлмаганида, кенгаш узоққа чўзилмасди. Қизиққонлик қилаётган ёш бўриларни Сариқтўш эмас, Оқманглай босди. Кўп балоларни бошидан кечирган бу кекса йиртқич қаршисида қандай жонивор турганини яхши биларди. У Ёлдорда бир вақтлар бу тоғларда даҳшат солиб яшаган Оқтишнинг тимсолини кўрганди. Аммо буни бошқаларга уқтириш бефойда эди. Бўри зоти ўтмиш билан эмас, бугуни билан яшайди. Кўз олдидаги нарсалар билан ҳисоблашади. Ўтмишда яшаб ўтган алақандай Оқтиш билан уларнинг неча пулик ишлари бор. Ғўддайган манови аҳмоқнинг боплаб адабини бериш керак-да, йўлларида давом этишлари керак, тамом-вассалом. Кекса бўри яна бир нарсани ҳис қилганди. Бутун вужудидан куч ёғилиб турган Ёлдор ҳар қандай урғочи бўри орзулайдиган жонивор эди. Ўзидан соғлом зурриёт қолдиришни истаган она бўрилар унга бееътибор қараёлмасди. Аслида водий томондан яқинлашаётган Оқсийнанинг дарди ҳам шу эди. Яссибош ўққа учиб ўлгандан сўнг, кўнглида аллақачон туғилган майлни амалга ошириш учун Ёлдорни истаб қолганди. Фақат яқин келмоққа юраги чопмай, арчалар орасида сандироқлаб, ўзича нозланиб юрарди. У Ёлдор ўзини бирпасда топиб олишини яхши биларди. Ўшанда қорга ётиб эркаланмоқчи, қочган бўлиб, куйдирмоқчи эди. Аммо у кутган дақиқа чўзилгандан чўзилиб, Ёлдор жойидан қўзғолай демас, гўё қоя пойида музлаб қолгандек эди. Кекса она бўри Оқманглай эса Ёлдорга мойиллик истаб эмас, қандайдир ички бир меҳр билан боқаркан, гўзал ва навқирон бу вужудга зиён етказишларини хоҳламади. Шу лаҳзада мураккаб, сирли, қудратли бир сезги она бўри юрагида тўлқин ура бошлаганди. У Ёлдордаги ўзига хосликни оналик туйғуси билан илғашга улгурганди. Ёлдор каби жониворлар табиатнинг эҳсони ҳисобланади. Бўрилар наслининг давомийлигини таъминлайдиган зурриётлар асосан мана шу хил жониворлардан тарқалади. Акс ҳолда зот майдалашиб, хашакилашиб, бора-бора йўқликка юз тутиши мумкин. Қисқаси, соғлом ва кучли вужуд мудом тебранишда бўлган ҳаётий мувозанатни бир маромда тутиб туришга хизмат қилади. Табиат эса бу ҳақиқатни илғай билиш туйғусини деярли барча она бўрилар идроки ва юрагига жойлаган ва бу сезги фавқулодда ҳоллардагина юзага қалқийди. Бироқ арлони бўрилар бу ҳисдан йироқ, қайтамга улар «зўр»;ни тезроқ гумдон этиш пайида бўлишади ёхуд унга бир умр бўйсиниб юришади. Ҳар ҳолда арлони бўрилар ўзидан зўрроқларни унчалик ёқтиришмайди. Имкон туғилиши билан қарши чиқишга уринишади. Шунинг учун ҳам кўп ҳолларда жанг тақдирини урғочи бўрилар ҳал этади. Ортиқча ва зарурациз зиёну шикастдан тўдани омон сақлашга тиришадилар. Айрим ҳолларда бунинг акси ҳам бўлади. Бу энди она бўрининг кайфияти ва фаросати, шунингдек, тўдада тутган ўрнига боғлиқ. Кекса бўрининг тўдадаги мавқеи ҳавас қиларли даражада эмасди. Бўзбўри нобуд бўлганидан сўнг парокандалик юзага келиб, тўда иккига бўлиниб кетган. Сариқтўш шу кичик тўдани зўрға бошқарарди. Ёш бўрилар буйсунишни истамагани туфайли ўртада тез-тез низо чиқиб турарди. Сариқтўш тезоб ва анчагина фаросациз эди. Акс ҳолда бир вақтлар Бўзбўридек кучли бўрини осонгина енгган рақибига нисбатан озгина андиша сақлаган, тўқнашмасликнинг чорасини қидирган бўларди. У эса тезроқ Ёлдорни бир ёқлик қилиб, йўлда давом этишни ўйларди. Қолганлариям шу истакда ёнарди. Ёлдорнинг виқорли хезланиб туриши уларнинг ёмон ғашига тегмоқда эди. Айниқса, иккита ёш бўрининг тоқат қилишлари жуда қийин кечмоқда эди. Тўдабошини сусткашликда айблаб, ириллаб-ирилаб қўйишмоқда эди. Аслида тўда Ёлдор билан тўқнашгани эмас, узоқ, жуда узоқдаги даштни қоралаб йўлга чиқишганди. Улар бу ҳудуд орқали Ўртатоққа етиш ва сўнг Қуратоғ ёқалаб бориб, Бургутқўнмас қояси биқинидаги тор сўқмоқдан Ялангқирга ўтиб, адирлик оралаб даштга тушишни мўлжаллашганди. Дашт бўрилари билан юз бериши мумкин бўлган олишувларни ҳисобга олмаса, у томонларда кунлари ёмон ўтмайди. Агар тўданинг изми Оқманглайнинг ихтиёрида бўлмаганида, Ёлдорнинг авзойини кўрибоқ, изига қайтган, галани Узундарага бошлаб, Чўнгтоғни қора тортарди. Бу йўналиш узоқ бўлса-да, хавфсиз эди. Бироқ уни тингловчи йўқ, ёш бўрилар қонли жанг хуморида типирчилашарди. Бир ҳамла билан Ёлдорни маҳв этиш иштиёқида ёнишарди. Одатда, йўлда учраган ҳар қандай ғов мана шу тарзда тез бартараф этилади. Ортиқча пачакалашиб ўтирилмайди. Уларнинг назарида, кенгаш жуда узоқ чўзилгандай эди. Оқманглай тўдадаги озгина мавқеидан фойдаланиб, сўнгги чорани ишга солди. Уларни рақибга қарши яккама-якка жангга чорлади. Сариқтўшнинг гарданига суйкалиб, қор тўзғитиб кетма-кет ириллади, яъни, қўрқсаларинг ўзим майдонга тушаман, деган бўлди. Турган гап, яккама-якка жанг ҳамиша тўдабошининг зиммасига тушади. Бундан у бўйин товлаёлмайди. Акс ҳолда тўда унга ортиқ буйсунмай қўяди. Тўданинг кучига ишониб, ўзича замзама қилаётган Сариқтўш қийин аҳволда қолди. Ёлғиз ўзининг рақибга қарши туриши анча мушкулга ўхшайди. Вақт йўқотмай, иссиғида ҳужумга ўтиши зарур эди. У бошлаб берарди, шериклари эса охирига етказарди. Кўпчилик барибир кўпчилик-да. У бу усулдан ҳамиша усталик билан фойдаланиб келарди. Агар кекса она бўри ишни бузмаганида, бир ҳамладаёқ Ёлдорни йўлдан олиб ташлашган бўларди. Энди қалтис бу вазифа ёлғиз унинг зиммасига тушиб турибди. У бир зум тараддудланиб қолди. Аммо узоқ ҳаяллаб ҳам бўлмасди. У ёш ҳамроҳларининг ўткир ва синовчан нигоҳларини бутун вужудида ҳис этаркан, ноилож жангга ҳозирлик кўра бошлади. У хўжакўрсинга жағларини кенг очиб эснади. Белини букиб узоқ керишди. Ва сўнг ваҳшатли ириллаб, аста рақиби сари юра бошлади. Қолган шериклари эран-қаран унга эргашдилар. * * * Сарварни уйқу элита бошлади. Ёқимли бу мудроқ музлаш аломати эканини у яхши биларди. Агар вақтида эс-ҳушини йиғиб олмаса, бу уйқу мангуликка айланиши мумкин. Бунинг учун эса ҳаракат зарур. У аввал қўлларини қимирлатди. Сўнг танасини. Кесакка айланган чап оёғида кучли оғриқ қўзғалиб, у додлаб юборди. Жони азобланса-да, ҳар ҳолда уйқуси ариди. Лекин қачонгача? Пешонасида музлаб ўлиш бор экан, қочиб қаёққа ҳам боради? Бундан кўра анови лаънатига ем бўлгани афзал эмасмиди! Ёлдор эса уни ейишдан ор қилгандай, ҳатто қайрилиб қарай демасди. Xудди музлаб қолгандай, қилт этмасди. Э ғўддаймай ўл! Аслида улар аллақачон бир-бирларига кўникиб бўлишганди. Ёлдор учун у йўқдек, Сарвар ҳам унга ортиқ ғаним кўзи билан қарамай қўйганди. Бошдаги хаёллар уни энди таажжубга солмоқда эди. Шу пайтгача у бўри деганда йиртқич ва тажовузкор махлуқни кўз олдига келтирарди. Унинг ириллаб чуқур атрофини айланишини ва пайт пойлаб, устига сакрашини кутган эди. Ахир у ўз оёғи билан «қопқон»;га тушганди-да. Қопқондаги жониворни инсон бирпасда саранжом қилганидек, у Ёлдордан ҳам шуни кутганди. Ёлдор эса лоақал жойидан жилишни лозим топмади. Ваҳимада қолган Сарвар, шерикларини кутаяпти, деган ўйга борганди. Бироқ ҳануз шерикларидан дарак йўқ, турибди ёлғиз ўзи қўққайиб. Нимани кутаяпти ўзи бу? Бироқ бу саволга жавоб топишга унинг ақли ожизлик қиларди. Сарвар ўзини зўр овчи ҳисобласа-да, бўрилар ҳақида билганлари одамлардан эшитган турли ривоятлару афсоналар эди, холос. Эмишки, бўри оч қолса, ҳатто томни тешармиш, яна эмишки, агар у қасдланса, ўчини олмасдан қўймасмиш. Томни тешган жониворга у ётган чуқурга тушиш нима бўпти. Енгилгина бир сакраса бўлди-да. Ўзи қасдлангани учунми, Ёлдорни ҳам қасдда юрибди деб ўйлаганди. Пичоғини яланғочлаб, турли ҳаракатларни машқ қилгани шундан эди. Қайтамга, ўрта ерда қўлининг музлагани қолди. Охири у пичоғини қорга санчиб, куҳ-куҳлаб, кафтларини иситишга тушди. Орада чуқурнинг нишаброқ бўлиб кўринган девори томон силжиб, ундан чиқишни ўйлади. Оқибат, барча уринишлари беҳудалигини, ярадор оёғи билан юқорига тирмашиб бўлмаслигини англаб, судралиб яна жойига қайтди. Ёлдорни кўриб туришни истади. У ғанимининг ҳаракатларидан огоҳ бўлиш учун эмас, ёлғизликдан қўрқди. Ҳар ҳолда Ёлдор тирик жон, юрагига далда бериб туради. Акс ҳолда қор босган бу тоғу тошлар ўзини ютиб юборадигандек эди. У бу тоғлар қаршисида ўзини қум заррасидан ҳам майда ҳис қилмоқда эди. Ҳолбуки, бир неча соат бурун бу дунёга сиғмайдигандек эди. Орзу-ўйлари ҳам бисёр эди. Гаровда ютқазиб қўйиши ўлим билан тенгдек эди. Энди эса бунинг бариси ўз аҳамиятини йўқотган, жонидан ўзгаси кўзига кўринмасди. Сўнгги онларда уни икки бор уйқу элитди. Теварагидан кетмай, аста айланишаётган ажал шарпаси ғоят маккорлик билан ўлим тўрини ташлашга уринаётганини сезиб турарди. Унга ҳар гал чап бериш қийинлигини, агар шу созда миқ этмай ўтираверса, ажал осонгина ўз ниятига етишини яхши биларди. Йигитни, айни дамда у маҳрум бўлган, ҳаракатгина қутқариб қолиши мумкин эди. Бир сафар чўлда шу йўл билангина омон қолишганини у ҳануз эслайди. Ов пайтида машиналари чўл ўртасида бузилиб қолганида, амалдор жўраси кўп ўйлаб турмай, йўл тадоригини кўра бошлаган. — Машина-чи? — деган у жўрасига эргашишни ҳам, эргашмасликни ҳам билмай. — Машина қолаверадими? — Унга ит ҳам тегмайди, — деган жўраси. — Бу ерларга ҳафта-ўн кундаям биров оёқ босмайди. — Ҳарҳолда... — Машина жондан азиз эмас-ку, биродар, — жўраси аччиқ ҳақиқатни айтишга жазм қилди.—Агар бу ерда қолсак, машинадангина эмас, жондан айриламиз. Машина ёқиб ҳам бу балодан қутулишимиз қийин. Бизни фақат ҳаракат қутқаради. Чўпонлар қўнолғасига етиб олсак марра бизники. Акс ҳолда жонингиздан умид узаверинг! Улар туфланган тупук ерга тушмай яхлайдиган совуқда йўлга тушишган. Сарвар юра-юра ғалати бир сархушликни ҳис қила бошлаган, уйқу тортаётганини сезган. Жўрасининг ҳай-ҳайлашлари ортиқ қулоғига кирмай қўйган. Шунда кутилмаганда қўймичига кучли тепки келиб тушган. — Агар яна мудрасангиз, қўндоқ билан ураман! — деган жўраси узр сўраш ўрнига дағдаға қилиб.— Ухламанг! Уйқу—ўлим! Сабр қилсангиз, ҳадемай чўпонлар қўналғасига етамиз. Жўраси милтиқ қўндоғи билан урмаган-у, лекин йўл бўйи яна уч бор ўхшатиб тепган. Жаҳлини қўзитиш учун хунук сўзлар билан сўккан. Xафа бўлишга эса унинг ҳоли етмаган, тепкилар кучсиз, нордон сўзлар таъсирсиз, оппоқ қор босган чўл чексиз туюлган. Кейин эса, оғайнисидан анчагина ўпкаланиб юрган, ўшанда мени ёмон тепгансиз, деб. Жўраси музлаб ўлишнинг сир-асрорини яхшилаб тушунтиришга мажбур бўлган. Унинг айтганлари мана энди асқотаяпти. Бироқ ҳаракациз одамга бу вақтинчалик чора эканини ҳам фаҳмлаб турарди. Имкони борича уйқу тўрига илинмасликка тиришарди. Ўшанда оғайнисидан ҳар тепки еганда, у ўксик ўйларга берилган. Нега мен бунга дум бўлиб юрибман ўзи, деб ўйлаган. Амалигаям, ўзигаям тупураман деган. Тупуришга қурби етмаслигини сезгач эса, негадир талаба йигитни эслаган. Унинг аччиқ сўзларида қандайдир ҳақиқат мавжудлигини ҳис қилгандай бўлган. Лекин нелигини англаёлмаган. Англашга эринган. Навбатдаги тепки тушиб қолмаслиги учун йўрғалашга уринган. Кейин гаплашаман сен билан, дея ўзини тинчлантиришга ҳаракат қилган. Ана шунда карахт шуури қатидан талаба йигитнинг истеҳзоли чеҳраси қалқиб чиққан: «Бекорга чиранаяпсиз!»; деган. Қутуриб сўкинмоқчи бўлганида, у қумга сингандек кўздан йўқолган. Ортидан турткилаб келаётган жўраси эса буни ўзича тушунган. — Сўкининг, сўкинаверинг! Фақат ухламанг! — деган. — Онадан сўкинасизми, отадан сўкинасизми, мутлоқ хафа бўлиш йўқ. Лекин ухламанг, илтимос! — Сизни сўкаётганим йўқ. — У ҳушёр тортишга уринади. — Сизни сўкиб ўлибманми! Ахир сиз... Сизни сўкиб бўладими! — Йўқ, сўкинаверинг. Тун пардаси чулғай бошлаган дашт қаъридан яна талаба йигит тиржайиб чиқади: «Айтдим-ку, бекорга чиранманг кўп деб! Сўколмайсиз! Чунки сиз одамларни табақалаштириб, шунга қараб муомала қиладиган пасткаш бир кимсасиз. Эрта бир кун бу амалдан кеца, ҳол сўрашга ярамайдиган бандасиз! Яна айтайми кимлигингизни?..»; Сарвар қўлини тўлғаб, уни ўзидан нари ҳайдамоқчи бўлади. Аммо елкасига келиб тушган турткидан мункиб кетади. Қаддини базўр тиклаб, қаршисида тағин совуқ даштни кўради. Даштнинг узоқ бир бурчида липиллаётган чироққа кўзи тушади. — Энди ўлмаймиз! — дейди ҳиқиллаб. — Ўлишингизга йўл ҳам қўймаймиз-да! — дейди жўраси шодон ва толғин овозда. — Ухласангиз, яна туртаман! Буни қарангки, совуқ даштда ғашига теккан талаба йигит бу ерда ҳам уни тинчига қўймаётган эди. Истеҳзоли кулимсираганча нуқул ухлашга ундарди. — Ухланг-ухланг! Баҳузур ухлайверинг! Мудрай бошлаган Сарвар тўнғиган лабларини базўр қимирлатади. — Мумкин эмас, ухласам—ўламан. — Бу билан дунё ҳеч нарса йўқотмайди, ухлайверинг! — Биламан, қўйнингда тошинг бор. — Менда тош нима қилади? — Унда нега мени ёқтирмайсан? — Дунёқарашингиз жуда кир-да... — Лекин мен ҳам сени ёмон кўраман! — Сиз ўзингиздан бўлак, ҳеч кимни яхши кўрмайсиз. — Тўғри топдинг лекин. — Шунинг учун ҳам ухланг деяпман-да. — Тонг оцин, сен билан кейин гаплашаман! — Сизнинг тонгингиз отармикан? — Бунча тилинг заҳар-а? — Бўларим шу. — Таъзирингни бермасимдан, қорангни ўчир! — Сиз эса, ухланг. — Э, йўқол! Сарвар мункиб, уйғониб кетади. Кўзларини очиб, дўнгда бир гала қорани кўради. Қарасаки, бир тўда бўри. Умри бино бўлиб, бунча бўрини бир ерда йиғин ҳолда учратмаганди. Аммо юрагида қўрқув туйғусини ҳис қилмади. Ахир тўнғиб ўлдинг нимаю, буларга ем бўлдинг нима — бари бир гўр эмасми. У нарида ях қотган қорга санчиб қўйилган пичоғига кўз қирини ташлаб қўяди. Лекин уни қўлига олишга интилмайди. Бошини деворга суяганча, юқорига лоқайд тикилади. Бир оздан сўнг дўнгдаги воқеани, яъни Ёлдор ғаним тўдага қарши тиш қайраб турганини секин-аста фаҳмлай бошлайди. Ёлдорнинг ҳолати жуда бежо эди. Яғрин тукларини ҳурпайтирганча, қоя янглиғ қотиб турарди. Ғаним томон эса бу «қоя»;га урилиб, чилпарчин бўлишдан чўчиётгандек эди. Охири улардан бирининг сабри тугади шекилли, тўдадан ажралиб чиқди. «Қоя»;га бирдан ташланмай, ириллаганча унинг атрофини айлана бошлади. «Қоя»;—Ёлдор, бошини бир оз бурганини демаса, қилт этмай тураверди. Чамаси, унинг назари тараддудланаётган бошқа бўриларда эди. Теварагини айланаётган йиртқични унча писанд қилмаётгандек эди. Шунда Ёлдордан сал нарида чўнқайишган бўрилар сафидан яна бири олдинга интилди. Аммо у кутилмаганда иккинчи бир бўри томонидан қайириб ташланди. Кўз ўнгида юз бераётган бу манзара Сарварга жуда қизиқ туюлди. Ҳаяжонданми, танига қон югуриб, жиндек исигандек бўлди. Бу орада ҳануз ириллаб айланаётган йиртқич тўсатдан Ёлдорга ташланиб қолди. Ўртада олатасир олишув бошланди. Итларнинг ўзаро талашганини кўп бор кўрган Сарварнинг Ёлдорга раҳми келди. Негаки, одатда, бегона ит бошқа итлар томонидан жамликда аёвсизларча таланади. Бироқ у кутган ҳодиса юз бермади. Дўнгда саф тортганча олишувни кузатаётган бўрилардан бирортаси жангга аралашмади. Сарвар таажжубдан донг қотди ва хаёлига келгани шу бўлди: «Э, тавба! Жондорлар йигитларча уришаркан-ку!»; Унинг синчков нигоҳи манглайида қашқаси бор жониворнинг ҳаракатларини назардан қочирмади. Оқманглайли бу йиртқич жангни кузатишдан кўра, кўпроқ сафдаги бошқа бўриларга кўз-қулоқ бўлиб турарди. Ана, у яна бир шеригини ортга ҳайдади. Бу иккиси эса қорни тўзғитиб, бешафқат олишарди. Ғаними зўр, Ёлдор эса ундан-да кучлироқ эканлиги тезда аёнлаша бошлади. Ғаним тўсатдан ангиллаб юборди. Ёлдор навбатдаги ҳамлага ҳозирлангунча бўлмай, у думини қисганча қочиб қолди. Шериклари унга эргашди. Тўда майдонда Ёлдорни ёлғиз қолдириб, бир зумда кўздан ғойиб бўлди. Ёлдор дўнгда бир оз чўнқайиб ўтирди. Тумшуғини чўзиб ҳид олди. Қор босган водийга узоқ тикилиб қолди. Сўнг ошиқмай изига қайта бошлади. «Ўра»; ёнидан ўтаётганда, андак тўхтади. Сарварга шунчаки бир кўз ташлаб, яна йўлида давом этди. Бу вақтга келиб Сарвар бўри зотидан умуман чўчимай қўйганди. Ёлдор ҳақидаги дастлабки ўйлари энди унга жуда кулгули туюлмоқда эди. Аммо унинг кулмоққа чоғи йўқ, бўрилар олишуви пайтида ҳаяжондан хиёл қизиган вужуди тағин совқота бошлаганди. У Ёлдорнинг ўрнида ити бўлмаганидан ўкинди. Агар Диккиқулоқ тирик юрганида, уни бу ҳолга ташлаб қўймаган, аллақачон қишлоқдан одамларни бошлаб келган бўларди. Диккиқулоқнинг қотили эса унга шунчаки бир қараб ўтди-кетди. Бироқ у негадир Ёлдорга нисбатан ғазаб ҳис қилмади. Юқорида музлаган қорнинг қисирлаши эшитилганда, тағин унинг кўзи илина бошлаганди. Ўлимга чорловчи бу уйқу шу қадар ширин эдики, ортиқ кўз очишни истамай турганида, Ғуччи пакананинг овози эшитилди. — Ия, ака, нима ётиш бу?! Сарвар кўзларини очиб, «ўра»; оғзида анграйиб, ҳам қувониб турган Ғуччи паканани кўрди. — Изингизни олиб келаяпман, — деди у «ўра»;га тушмоқ учун қулай жой қидириб. — Кўнглим сезгани бўпти-да. Ёмон йиқилмадингизми ишқилиб? Ҳозир олдингизга тушаман. — Тушманг! — Сарвар жонланиб, қўли билан, тўхта, дегандай ишора қилди. — Туша кўрманг! Барибир фойдаси йўқ. Оёқни синдириб олганман. Арқон керак. Бу гапдан сўнг Ғуччи пакана чуқур оғзида бир зум серрайганча туриб қолди. Негадир у ён-бу ён қаранди. Кейин сўрагани шу бўлди. — Э, милтиқ қани? Сарвар шу тобда кўзига ҳар қандай туғишганидан зиёда бўлиб кўринаётган йигитга жилмайиб қараш билан чекланди. — Тушунарли,— деди Ғуччи пакана ҳеч нарсани тушунмаган бўлса-да. — Ҳозир одам бошлаб келаман. Арқон ҳам олиб келаман. Эмасам, кетдим мен. У қасир-қусур қор босганча тезда кўздан йўқолди. Сарвар тошдеворга беҳол суянди. Негадир йиғлагиси келди. Қувончданми ё ғамданми, ҳар ҳолда ич-ичидан нимадир тўлқин уриб келмоқда эди. У жилмайган кўйи йиғлай бошлади. * * * У Ғуччи пакана бутун қишлоқни бошлаб келади деб сира ўйламаганди. Қишлоқда эркак борки, деярли бари келганди. Эпчил йигитлар арқонга осилиб, осилмай чуқурга туша бошладилар. Турган гап, Ғуччи пакана ҳаммадан кўра кўпроқ жон куйдирарди. Бақириб-чақириб йўл-йўриқ кўрсатишга тиришарди. — Шунча одамни овора қилишингиз шартмиди? — Сарвар хижолат тортганини яширолмади. — Кишини уятга қўйдингизда. — Э, нимаси уят бунинг!—Ғуччи пакана ўктам овозда шанғиллади. — Одам одамга шундай пайтда қайишмаса, қай пайтда қайишади. Мен бировга юр демадим, овоза қилдим. Аммо лекин Ботир ака билан Султон акага юринг деганим рост. Бошқаларнинг ўзлари келишди. Элчилик-да, элчилик! Элдан айланай! I-и, оғрияптими? — Йигитлар, эҳтиёт бўлинглар! Зокир, сен пастдан тут! Жуда имилладингда, Абдурайим! Ҳа, шундай. Баракалла! Арқонни қориндан эмас, қўлтиқ тагидан сол, шунда тортиб олиш осонроқ бўлади. У Шойим йўғонга «ўра»; оғзида рўпарў бўлди. Шойим йўғоннинг кўзларидан тўнглик ариган, бошқалар каби ҳамдардлик билан боқиб турарди. Йигитлар кўкрагини сириб турган арқонни еча бошлаганида, у Шойим йўғонга юзланди. Ҳеч бир ички изтиробсиз деди: — Ака, сиз ютдингиз. Аммо Шойим йўғон у кутганчалик қувонмади, ирғишламади. Қарашлари бир оз тундлашди-ю, лекин ҳеч қандай ўзгариш юз бермади. Оғзидан оппоқ ҳовур чиқариб, муштумига йўталди. Кейин бирдан эсига тушгандай, ошиғич бир ҳаракатла устидан қалин пўстинини ечди-да, совуқдан қалтирай бошлаган Сарварнинг елкасига ташлади. — Бир нима дегандай бўлдингизми? — деди сўнг ҳардамхаёл оҳангда. — Гаров... — Эсдан чиқаринг! — Ахир... — Кўп майда гап бўманг! — Лабз... — Сурув меникими? — Сизники. — Унда мен уни омон қолган жонингизга сийлов қилдим. Каттазанглик қилмаганингизда шу балолар йўқ эди. Бундан сўғин давлатингиз билан мақтанманг! Агар жуда ошиб-тошиб кетган бўлсангиз, ярмини, ана, паканага беринг. Куймайсиз. Жонингизни омон сақлаб қолган шу-да. Одамлар орасидан Ғуччи пакананинг норози овози эшитилади. — Ака, менинг отим бор! — Узр, Ғуччи ака, — Шойим йўғон кулади. — Тил қурғур бесуяклик қипти. Минг бор узр. — Сизга одамни калака қилиш бўлса... — Ғуччи пакана тўнғиллай-тўнғиллай унинг узрини қабул қилади. — Бундан сўнг эшитмай, қаттиқ хафа бўламан. Қор устига ёзилган чакмонга авайлаб ётқизилган Сарварнинг кўзи наридаги нураган қояга тушаркан, унинг пойида содир бўлган бугунги воқеани эслади. Назарида, Ёлдор уни бошқа бўрилардан ҳимоя қилгандек туюлди. Ёлдор қувиб солмаганида, улар мени тирик қўймасди, деган хаёлга борди. Бу ўй илгарироқ миясига келмаганидан ўкинди. — Ака! — деди Шойим йўғонни ёнига имларкан, овози товланиб. — Шу... Ёлдорга тегмасак! Оддий жондор десам, зўр йигит экан у! Қўйинг, ўз майлида юраверсин! — Бизам шу ўйдамиз, — деди Шойим йўғон ниманидир англагандай. — Майли, ўз эркида юраверсин. * * * Ўша куни оқшом Ғуччи пакана янги гап топиб келди. Бу пайтда Сарвар иссиқ хонада, печкада гуриллаб ёнаётган ўтга хаёлчан термулганча, одамларнинг ғамхўрлигидан эркаланиб ётарди. Тахтакачланган оёғи қўшни кампир қўйиб берган курси устида, қандайдир гиёҳ қўшиб дамланган чойдан майда хўплаб, ғарқ терга тушганча, том маънода, эркаланиб ётарди. — Ёлдор ўзига шерик топиб олибди,— деди Ғуччи пакана эшикдан кира-кира. — Иккиси Зарангбетда қувлашиб юрибди. Менимча, топгани қанжиқ, ўзини тутиши бошқачароқ... — Яқинда сизам қувлашиб қоласиз, Ғуччивой, — деди бунга жавобан Сарвар акаларга хос салмоқли оҳангда. — Етар шунча вақт эркин юрганингиз. — Нима деганингиз бу, ака? — Сизни уйлантирамиз деганимиз бу. — Э, одамни уялтирманг кўп! Қўшни кампир лаганда овқат кўтариб кирганида, улар шовқинлашганча, режа тузишар, уларнинг кайфиятидан андоза олгандек, печкадаги ўт шўхчан чирсиллар, ташқарида эса тунги бўрон қўзғолганди. У худди оч бўридай ув тортарди. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62385 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57610 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40481 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36529 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23274 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23158 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21575 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19506 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18632 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14452 |