Қуёш тутилган кун (ҳикоя) [Normurod Norqobilov]

Қуёш тутилган кун (ҳикоя) [Normurod Norqobilov]
Қуёш тутилган кун (ҳикоя) [Normurod Norqobilov]
Қишлоқда хунук гап тарқалди.
Эмишки, яккабулоқлик Боборайим гов ҳамқишлоқлари Собир полвоннинг қонини ичмоқ қасдида юрганмиш. У мени тупроққа қориб кетди, энди мен уни қизил қонига белайман, пичоғим қайроқ устида, ўчим тўш остида, деганмиш.
Собир полвон бу гапларни кенг ҳовли ўртасидаги супада ёнбошлаган кўйи, қонталаш ўнг манглайини силаб-сийпаб, хаёлчан бир тарзда тингладики, авзойидан не воқеа юз берганини ҳализамон ошиқмай тўкиб соладигандек эди. Бошда, яъни жўралари ҳовлига гуриллаб кириб келишганида, шу истаги йўқ эмасди. Сўнг бирдан айниди. Оғзига тикила-тикила, бирин-сирин супага жойлашаётган йигитларнинг нигоҳларида ҳамдардлигу хавотирдан кўра қизиқиш аломатлари кучлироқ эканлигини сезгач, воқеага сабаб бўлмиш қизни «чайнаш»ларидан ҳадикланди. Боз устига, қиз ғаним оиладан. Бир кўрпада тепкилашиб улғайишган тоғаси Баҳромнинг қотили Ваҳобга жондек сингил... Ҳодисани эшитгач, йигитларнинг ҳар бало деб вайсашлари турган гап.
Шу тобда Собир полвоннинг ортиқча гап-сўзларга тоби йўқ. Кўнглида кечаётган ғаройиб бир туйғудан таажжубда эди. Буни қарангки, кечагача мавжудлигини билишниям, сезишниям истамаган қиз хаёлидан кетмай қолганди. Дастлаб буни хавотирга йўйганди. Тунда уч бор қизнинг ҳовлиси атрофини айланиб келиши шундан. Ўзи айтмишли, «ул»лик вазифасини адо этганди.
Давра юзини кўра бошлаганидан бери, у йигитларни икки тоифага ажратишни одат қилганди. Дердики, йигит бор-ул, йигит бор — тўл. Фикрича, «тўл» — шунчаки зурриёд, «ул», яъни «ўғил» эса эл ғамида, орида юрадиган асил йигит. Бу ақидани у қаердан ковлаб топгани номаълуму, лекин ўзи бунга юракдан содиқ эди.
Бироқ бугун тонгда қизни дарвозаси олдида учратгач, «ул»лигини паққос унутиб, қизга маҳлиё термулиб қолган. Сўнг ич-ичидан қувонаётганини ҳис этиб, бундан ғоят ажабланган. Нечун? Боборайимнинг тажовузидан хавотирланиб, тунги бедорлигини тушунса бўлади. Xўш, бу қадар қувонишнинг боиси нимада? Нечун қиз кўзига бу қадар иссиқ кўринди? Демак, кўнглида хавотирдан бўлак яна нимадир бор экан-да. Ахир, ўртада ҳеч бир куч йиқа олмайдиган адоват девори қад ростлаган-ку. Наҳотки, бу девор қизнинг биргина кулиб қарашидан емирилиб тушган бўлса?!
Собир полвон ўзини қийнаётган саволларга беҳуда жавоб қидириб, йигитларга бир-бир тикилади. Йигитлар эса ундан жавоб кутмоқда. Бесабрроқларининг пешонаси тиришган:
— Айт, нима бўлди ўзи?
— Нега у қутуриб юрибди?
— Нима, оғзингга талқон солганмисан?
Собир полвон чуқур хўрсиниб, бот хаёлга толади.
Кеча қиз тутзордан ўқдек отилиб чиққанида, ўртадаги адоватни ўйламаганини аниқ эслайди. Бунинг устига, вазият ортиқча ўйларга изн бермаган. Қиз, «Оғажон, қутқаринг!» дея аввал қичқирдими, ё кейинми, ҳар ҳолда жонҳалпида қучоғига отилган қайноқ вужудни беихтиёр қучмоқдан ўзини тиёлмай турганида, уни лол қолдириб, тутзордан Боборайим гов югуриб чиққан. Оёғида ранги униққан кирза этик, ёқаси йиртилган, пичоқбозлиги оқибатида орттирилган хунук чандиқлар ила «бежалган» юзи тимдаланган. Бамисоли қутурган итдай, даҳшатли важоҳатда бостириб келарди. Собир полвон бағридан паноҳ қидирган қизни ўзидан четлатиб, Боборайим говга бет бўлади. Қиз эса унинг ортига бекинади.
Боборайим гов қаршисидан чиққан йигитни энди кўраётгандек, ажабсиниб боқади. Қонталаш кўзларини қисиб, тишларини ғижирлатади. Кейин сузанғич буқадай бошини эгиб, олға юради. Йигитнинг елкаси оша қўл чўзиб, қизни тутмоққа интилади. Ундан тер, вино, тамаки иси анқирди.
Бу қадар нописандликдан, айниқса, қишлоғи қизига бегона томонидан бўлаётган тажовуздан Собир полвоннинг қаҳри келади. Боборайим говни итариб ташлайди. Гов қизни унутиб, йигитга ташланади. У лақабига яраша ҳўкиздай кучли эди. Собир полвон миқтироқ бўлса-да, ундан бақувват, ҳам ёш эди. Боборайимни елкасидан ошириб уради.
Қоқ туш. Ёзнинг жазирама иссиғидан дашт ёнай дейди. Теваракда қимирлаган бирор зоғ йўқ. Тизза бўйи тупроқ йўлда бир-бирига тирмашган икки гавда-ю, ёлғиз бир гувоҳ...
— Эшитдингларми, эрта-индин қуёш тутиларкан.
Собир полвондан тузукроқ гап олишолмаган йигитлар аллақачон ўзаро гурунгга киришишганди.
— Шиша топиб, қорайтириб қўйиш керак экан.
— Қора кўзойнак ҳам бўлаверади.
— Салимнинг дўконида унақасидан қомабди, барини опқўйишибди.
— Охир замон бўлади-ёв деб, чоллар қўрқиб юрганмиш.
— Тоза қизиқ бўлади-да ўзиям.
Собир полвон бошқалар бир қадар қизиқиш, бир қадар хавотирда кутаётган бу ҳодисага илгариям дуч келган. Юраги сиқилиб, ўзини жуда нохуш ҳис қилган. Мавжудлигига кўникилган офтобсиз тириклик бир чақага қимматлигини ўшанда чуқур идрок этган.
Назарида, худди шу ҳолатни кеча бошидан кечиргандек эди. Кўкка ўрлаган чангдан бир одим нарини кўрмоқнинг иложи йўқ. Ўларман ҳўкиздай, бошини эккан кўйи, қайта ва қайта ташланаётган Боборайим говнинг кўланкасинигина базўр ил¬ғар, наздида, шу созда минг йиллардан бери муштлашаётгандек эди. Тириклик маънисини йўқотиб, яшашдан ёлғиз мақсади қизғиш, қалин туман-тўзон орасида ҳаракатланаётган қора кўланкани маҳв этишдан иборатдек туюларкан, «кўланка»нинг бу даражада қайсарлигидан тобора ҳайрати ошиб борарди. Номсиз бир бало эди у. Чурқ этмай ёпишаркан, ўлдираман, дея ора-сира ғўлдираб қўярди. Табиий, йигит буни сезмас, сезадиган аҳволда эмасди. «Кўланка»ни маҳв этишдан ўзгасини ўйламасди. Кутилмаганда «кўланка» бирдан ғойиб бўлиб қолди. Йигит уни қидириб ўтирмади. Ёруғлик истаб, теваракка, сўнг кўкка тикилди. Қуёшнинг юзи кир, қуюқ чанг булути орасидан йилтиллаб аранг кўзга чалинарди. Олам шу ҳолатда қоладигандек, йигитнинг юраги увишди. Кейин шуури секин-аста тиниқлашиб, не воқеа содир бўлганини англаб етди.
Бу орада тўзон босилиб, Собир полвон ҳануз бир четда даҳшатдан қотиб турган қизни кўрди. Тупроқ орасида ўликдай чўзилиб ётган Боборайим говга назари тушди. Ўлиб-нетиб қолмадимикан, деган гумонга борди. Йўқ, рақибига жон кирди. Инқиллаб қаддини тиклади. Энгил-бошидан шовуллаб тупроқ тўкилди. Негадир ўрнидан қўзғалишга ошиқмади. Ялпайиб ўтирган ерида гоҳ қизга, гоҳ йигитга қаҳрли тикиларкан, совуқ ва ўта қўрқинчли оҳангда деди: «Бу тун икковингниям бўғизлайман! Аввал сени, қанжиқ! Кейин мановунгни!»
Собир полвон не балога йўлиққанини энди сезгандай, оғир сўлиш оларкан, тутзор ёқалаб йўлида давом этишдан бўлак иложи қолмаганди. Бироқ рақибининг хирқи овози тинч кетишига қўймай, ортидан қувлаб етди: «Қанжиғингни искаб-искаб кет! Бу ёғи оз қолди, улгуролмайсан кейин! Ўзиям зўр нарса-да!..»
У кетига кескин қайрилган ерида, изидан келаётган қизга тўқнашиб кетди. Қиз қалқиб, йигит унинг билагидан тутиб қолди. Қиз, кафтлари йигитнинг кўксида, ёлворувчан тарзда деди: «Қўйинг, тенг бўлманг шу билан!» Йигитнинг энсаси қотиб, тенг бўп бўлдим ўзи, дея зардали тўнғилларкан, беихтиёр қизга тикилиб қолди. Йирик-йирик кўзларидан чексиз миннатдорчилик ва меҳр балқиб турган қизнинг рухсори ғоят гўзал эди. Буни эндигина пайқаган Собир полвон қиздан кўз узолмай тураркан, унинг яноғига тушган бир тутам сочини тўғрилаб қўйгиси келди. Бироқ қиз ундан илгарироқ ҳаракатланиб, кафтидаги дуррасини йигитнинг қонталаш манглайига босди. Бир зумга сархушланган йигит майин дуррача пешонасидан чеккаси томон оҳиста силжиётганини сезди. Шунда у афтининг кир-чирлигини ҳис қилди. Аммо бу лаҳза шу қадар ёқимли эдики, у ортиқча ўйларга изн бергиси келмади. «Боя... — деди боши айланаётганини туюб, — кун тутилдимикан, деб ўйлабман... Кейин қарасам, чанг-тўзон... Кулга ағнаган тайхардай, тоза юмалашибмиз-да ўзиям...»
«Акаси тоғасини пичоқлаган, — дея унинг хаёлини бўлди Боборайим гов хе-хелаб. — Синглиси эса жиянини қучоқлаган. Зап зўр ишлар бўлаяптими, а?!»
Собир полвон ҳушёр торт¬ди. Қиздан четланди. Боборайим говнинг хирқи кулгиси остида йўлга тушди. Ортидан эргашган қизнинг шикаста овози қулоғини сийпаб ўтди: «Тутзорда қўйларга печак юлиб юриб эдим. Бирдан кеп ташланиб қолди». Йигит чатоқ бўпти, деган маънода «ҳим-м» деб қўйди. Қизнинг овози бу гал сал узоқроқдан эшитилди. «Бетини тимдалаб, зўрға қочиб қутулдим...». Йигит ўзини эшитмаганга олди.
Улар қишлоқ биқинидаги айри тол ёнида жимгина хайрлашдилар. Қиз бошини эгганча кетди. Йигит толга суянганча ортидан кузатиб қолди. Ораларида нимадир пайдо бўлди, нимадир йўқолди. Юзага келган нарсанинг нелиги мавҳумдек, йўқолгани ҳам ноаниқ эди. Собир полвон туйқусдан қизнинг ҳимоясизлигини англади.
Қиз, акаси қамоқда, янгаси болаларини олиб кетиб қолган, ёлғиз онаси билан туради. Тарафини оладигани йўқ. Ўз навбатида, олди-орти тўла оға-иниси бўлган тақдирдаям, Боборайимнинг ҳужумидан ҳоли қилмоғи қийин. Негаки, Боборайим гов худо урган бир банда — на уятни билади, на андишани. Раҳм-шафқат эса унга бутунлай бегона. Ўтган ойда ҳамқишлоқлари билан муштлашиб қолиб, ягона булоқни кўмиб ташлашгача борган жоҳил бир кимса. Бу қилмишидан ҳозиргача мақтаниб юради. У билан олишиб чарчаган одамлар, охир-оқибат, тегмасликни маъқул топганлар. Тегсанг — ё жонингга тегади, ё молингга, ит тенг келсин унга.
Эшикдан Карим бақалоқ пилдираб кириб келганида, Собир полвон ҳануз хаёл дарёсига ғарқ бўлганича, паришон ўтирар, йигитлар одатдагича ош қилмоққа тутингандилар. Не баҳонада йиғилишмасин, уларнинг гурунги ошсиз якунланмасди. Буни уч-тўрт йил шаҳарда яшаб келган Шоди бурун русум қилганди.
Карим бақалоқ супа теварагини бир қур айланиб чиқаркан, Собир полвонга сирли қараб, «пиқ» этиб кулди-да, турган ерида ирғишлаб, «Сўнгги ахборот», деди.
Йигитлар бараварига у томонга ўгирилдилар. Карим бақалоқ тағин Собир полвонга зимдан боқиб қўяркан, бу сафар хохолаб кулди.
— Бу ёққа келаётиб, — дея гап бошлади сўнг. — Салимнинг дўкони ёнида Бобур сариқни кўрдим. Ғирт пиён. Бу қишлоқ менга ҳаром, кетаман бошимни олиб, дейди. Нимаякан десам, суйган қизини Боборайим гов бузиб қўйибди. Жўрамиз Собир полвон шерик чиқиб, у билан тоза ёқалашибди. Xуллас, қиз ўртадаги нимта-ю, булар бўри бўпти.
— Э - ҳа, гап бу ёқда экан-да, — деди Шоди бурун ҳам шум табассумини йиғиштиролмай. — Айтдим-а, улуш кам теккан одамдай шумшайиб ўтирибди бу, деб.
Даврада кучли қаҳқаҳа янгради. Собир полвоннинг ошиғич, ғазабли эътирози умумий ғала-ғовур ичида изсиз йўқолди. Кейинги уринишлари ҳам бесамар кетгач, кучи етгани пахта гулли пиёла бўлди. Аммо шовқинлашаётган йигитлар на унинг улкан панжалари орасида қирсиллаб бўлакланган пиёлага, на важоҳатига эътибор бердилар. Бобур сариқнинг устидан кулиб, қизнинг ғийбатини қилишаркан, ора-сира Собир полвоннинг шаънига ҳам қочирим гаплар айтишар, у эса жон-жаҳди билан қизнинг софлигини, ҳеч ким дахл қилмаганини исботлагиси келарди. Кейин бирдан бу ҳаракати бекорлигини, йигитлар ишонгандек бўлишса-да, барибир ўз фикрларида қолаверишини англаб етди. Азалдан шу — ғийбату гумон бўй чўзган жойда ҳақиқат мажруҳ этилади.
Йигитнинг титроқ лабларидан учган аламли сўзларни қайноқ ҳаво ютиб юборди:
— Ҳа, силар ул эмас, тўлсилар!
У шўрлик қизнинг кейинги тақдирини ўйлаб, изтироб оғушида мум тишлаб ўтираркан, шу пайтгача англаб етилмаган бир ҳақиқат шуури қатидан юзага қалқиб, маъюс жаранги қулоқлари остида сас бергандай бўлди: «Тоғангнинг қотили Ваҳоб эмас, одамлар... одамлар!»
Бу нидодан Собир полвоннинг вужудига муз югурди. Ҳаво етишмаётгандек, оғзини кап-кап очиб, кенг кўксини сийпалади: «Аслида тоғамнинг ҳеч қанақанги айби бўлмаган!..». У юз берган воқеани тўлалигича кўз ўнгида гавдалантиришга уринаркан, ҳодиса моҳиятини идрок кўзгусига солиб кўра бошлади.
Яна ўша лаънати тутзор. Даладан қайтаётган тоға йўлини қисқартириш ниятида тутзор оралаб юради. У ерда барг сидираётган жувонга дуч келади. Тоға барг тўлдирилган қопни елкасига олади. Тутзордан бошлашиб чиқаётганда, не фалокат бўлади-ю, бефаросат аёл этагини тўғрилайди, энгил-бошини қоқади. Бу манзарани тасодифан кўриб қолган қишлоқ кампирларидан бири тишсиз оғзини қийшайтириб, гап тарқатади: «Фалончиларни зино устида кўрдим. Куппа-кундузи-я! Одамларда на шарм қопти, на ҳаё...» Натижада на тоға, на жувон ўзини оқлай олади. Шубҳа-гумон исканжасида қолган Ваҳоб кўп қийналади, кўп азоб тортади. Аёлини сиқувга олади, тоғанинг ёқасига ёпишади. Қишлоқда эса ғийбат кўпчигандан кўпчийди. Ва Шовруқ посоннинг тўйида айтилган бир оғизгина гап ҳаммасига якун ясайди: «Ана, кундошинг келаяпти.» Ҳамма қатори еб-ичиб ўтирган Ваҳоб бошини кўтариб, тўйхонага кириб келаётган тоғани кўради. Кейин ён-верига аланглаб, гап эгасини қидиради. Лаблар чапиллаб, бармоқлар ёққа ботган, гўё ҳеч қанақа гап айтилмагандай. У ночор бош эгаркан, эт тўла лаган қаватидаги мой юқи узун пичоққа кўзи тушади. Негадир унга тикилиб қолади. Шунда кимдир «пиқ» этиб кулади. Энди Ваҳоб пичоққа айрича назар ташлайди. Жонига фақат шугина ора кирадигандек туюлади. Биргина ҳаракат билан барча изтиробларига нуқта қўймоқ истайди. Пичоқни енгига яшириб, мастликдан хиёл гандираклаганча тоға томон юради. Ҳамма ўзи билан ўзи овора. У тўғри боради-да, тўй эгаси билан чақчақлашиб турган тоғанинг кўксига пичоқ қадайди...
— Лекин сен маладессан!
Собир полвон яғринига бехос тушган шапатидан чўчиб кетади. Ёнига ўгирилиб, супа лабида тиззанлаб турган Карим бақалоқни кўради. Қўлида ароқ тўла пиёла, афти бўғриққан.
— Бугундан бошлаб сен жудаям маладессан! — деди у яна. Синглисини бузиб, тоғангнинг ўчини олдингми, демак, сен чин йигицан! Шунинг учун мановуни об юбор!
Собир полвон, бу нималар деб алжираяпти, деган ўйда даврадагиларга қараркан, бошқаларнинг ҳам кўзларида шу маънони уққач, кўнгли шу даражада вайрон бўлдики, назарида, қуёш нурсизланиб, олам зимистон тортгандек туюлди. Аммо ички бу азоб қуйидаги гапни дангал, ўз навбатида, хотиржам оҳангда айтмоғига ҳеч монелик қилмади.
— Тоғамни Ваҳоб эмас, силар, силарга ўхшаганлар ўлдирган!
Бу гапдан йигитлар, ҳатто дарахтдаги қушлару ҳовли юзидаги товуқларгача донг қотиб, ғир-ғир эсаётган кучсиз эпкин бир зум тўхтагандай бўлди.
— Энди эса қизнинг бошини емоқчимисилар?! — дея гапида давом этди у. Йўқ, силарга едириб қўймайман уни! Энди жўна баринг!
Йигитлар норози қўзғолишаркан, кимдир барибир тилини тиёлмади:
— Раҳмат, қандайдир бир қанжиқни биздан устун қўйганинг учун раҳмат!
Собир полвон забт ила улоқтирган пиёла гап эгасининг қаншарини сийпаб ўтди.

* * *
— Эркаклар муштлашаяпти!
Даштдан тезак териб қайтаётган бола етказган бу хабар гузардагиларни оёқлатмай қўймади. Кимдир ташвишда, кимдир қизиқишда, кимдир эса шунчаки томоша илинжида даштга ошиқди. Улар орасида кеча Собир полвон томонидан ҳовлидан ҳайдаб чиқарилган йигитлардан ҳам бор эди.
Аслида Собир полвоннинг қишлоқ яқинида жанжал қўзғаш нияти йўқ эди. Боборайим билан Яккабулоқнинг ўзида гаплашмоқчи эди. Жонини гаровга қўйиб бўлса-да, унинг, қизга туҳмат қилувдим, деган иқрорини олмоқчи эди. Наздида шу биргина гап қишлоқда тобора урчиётган турли миш-мишларга барҳам берадигандек эди. Бу ўй илгарироқ миясига келмаганидан ҳатто ҳайратда эди. Боборайимнинг кутилмаганда ҳужум қилиб қолишидан хавотирланишга хавотирланибди-ю, туҳмат ўзга бир йўсинда амалга оширилганлигини хаёлига келтирмабди.
Кеча оқшомга яқин бунга тўла амин бўлганди. Қизнинг кўчасида бемақсад тентираётгандек эса-да, аслида уни истаб чиққанди. Ички бир туйғу ақл-идрокдан устиворлик қилмоқда эди. Ҳаётида илк бор қизнинг дарвозаси кўзига сирли ва иссиқ кўринарди. Аммо дарвоза олдида узоқ ҳаяллаб бўлмасди. Олға жилади ва салдан сўнг муюлишдан сув тўла челагини кўтариб чиққан қизга рўпара келади. Қизнинг кўриниши шу қадар эзгин эдики, челак эмас, бир олам ғам кўтариб келаётгандек эди. Қиз сўлғин нигоҳини ердан узаркан, йигитга кўзи тушиб, юзига қизиллик югуради. Қувончга ўхшаш нимадир порлаган кўзлари қаъридан шу маъно акс этади: «Не кунларга қолдим, оғажон?!» Йигит оғир сўлиш олади. Қиз эса нигоҳи ила сўзлашда давом этади: «Бундан кўра ўлганим яхшироқ эди. Ҳатто ўз туққан энам менга гумонсираб қараяпти!»
Йигит гуноҳкорона ерга тикиларкан, кўзларини олиб қочмоқдан наф йўқлигини англаб, тағин бошини кўтаради. Қизнинг қайғуга тўла нигоҳи юрагини ўртаб юборади. Беихтиёр уни бағрига тортиб, овутмоқ истайди. Бироқ бунинг асло иложи йўқ.
Нигоҳлараро бу сўзлашув лаҳзанинг ўндан бири улушида бўлиб ўтган эса-да, йигитнинг чамасида, йилга чўзилгандай туюлади. Аламини ердаги тошдан олади. Зарб билан тепилган тош кўча четидаги лойхандакка бориб тушгач, у ердан афтини соқол босган, иркит бир кимса бош кўтаради. «Бошимни тешай дедингиз-ку, полвон», дея хандак четига суянаркан, у воқеани ўзича тусмоллаб, хунук илжаяди. Сўнг танглайини маънодор тақиллатиб, қайта лойхандакка шўнғийди. Собир полвон бугун тонгда Яккабулоқни қора тортиб, отда йўлга чиқаркан, қизнинг ҳовлисига илҳақ назар ташлаб ўтди. Ҳовли ўлик чиққан уйдай сукунатда эди.
У Яккабулоқ четидаги кулбага етгачгина, қизни бир зумга унутди. Отдан тушмай, бир ёнга тоб ташлаган эшикни тақиллатди. Девор оша ичкарига мўралаб, ҳовлининг рафторидан кўнгли айниди. Қаровсиз ҳовли юрагидаги ғашликни баттар оширди. У ҳовли юзини қоплаган ўт-ўланларга, синган кўзларига қоғоз ёпиштирилган деразага, отнинг калласидек қулф осилган эшикка, айвон устунидаги михга илиғлик хуржунга бир-бир разм соларкан, бу гўшада одам боласининг туришига ишонгиси келмади.
Йигитнинг қишлоқ оралаб сўраб-суриштиришлари ҳам натижа бермагач, изига қайтди ва Боборайимга ҳеч кутилмаган ерда — қишлоқ яқинидаги подаётоқда дуч келди.
Боборайим гов, қўлтиғида чоғроқ тарвуз, чамаси, адирдаги палакдан қайтаётган экан, Собир полвонни кўриб кўзлари чақнаб кетади. Тарвузни четга итқитиб, этиги қўнжидан пичоғини чиқарди.
— Уйингга ўтмоққа эринибгина турувдим, — деди ҳамлага шайланиб. — Зап учрадинг-да! Қани, отдан туш!
Собир полвон қамчи билан даштга ишора қилди.
— Сал нари ўтайлик.
— Йўқ, шу ерда қонингни ичаман! — Боборайим гов хирқираб кулди. — Агар чўчиётган бўсанг, этигим учидан битта ўп, балки шунда гуноҳингдан ўтишни ўйлаб кўрарман!
Собир полвон отдан сакраб тушди. Юган тасмасини эгар қошига илиб, отни қишлоқ сари ҳайдаркан, ваҳшиёна илжайиб турган рақибига бет бўлди.
— Агар қиз ҳақидаги гапларингиз туҳматлигига иқрор бўлсангиз, этигингизни эмас, кетингизни ўпаман!
— Зўрсану, лекин кетимни булғаш ниятим йўқ, — Боборайим гов тағин кулди. Сўнг кулгиси зумда ўчиб, афти қаҳрли тус олди: — Билсанг, Ваҳобда менинг қасдим бор. Қамоқдан чиқадиган кунларим қаттиқ ранжитган мени, шериклари билан... Ё хотинингни, ё синглингни булғайман деб, қасам ичиб қўйганман. Тунов куни ниятим ушалай деганда, йўлимга ғов бўлдинг. Қасам ерда қолмаслигига ақлинг еца керак?! Шунингдек, сениям тинч қўймайман. Ўз бошингга ўзинг бало орттирдинг, бола!
— Бир бошга бир ўлим! — Собир полвон оғир бўлишга тиришди. — Аммо аканинг ўчини сингилдан олмоқ учун бошга рўмол ёпинмоқ керак! Эркаксиз, бориб Ваҳобнинг ўзи билан орани очди қилинг. Ахир, сизга ҳар икки томон ҳам бир-ку...
— Бошингни олсам, баҳонада бориб турибман-да, у ёққа, — Боборайим гов совуқ илжайди. — Зўр-да у ёқ. Нонинг тайин, жойинг тайин. Қишлоқда нима бор. Мана, битта хом тарвузни деб қаерларга бориб келаяпман. Лекин қизни...
— Лекин бу қишлоқнинг ўз эгалари бор, ўлмаган улар! Қизни сенга хафа қилдириб қўймаймиз!
— «Сен»лаб қолдингми?
— «Сиз»лашга арзимайсан.
— Ахир, унинг акаси тоғангни...
— Ул йигитга бу баҳонамас...
— «Ул-ул»лаб ўларкансан-да, бу дунёда ул қоптими.
— Бор экан-ку, қошингда турибман.
— Сал ҳаддингдан ошмаяпсанми?
— Борим шу!
— Қизни деб ҳатто кетимни ўпмоқчисан?
— Агар иқрорингни айцанг!
— Айтмасам-чи?
— Тилингни кесаман!
— Тилимни кесадиган одамнинг боши иккита бўлиши керак! Сенда эса битта! Уям бўлса омонат.
— Демак, олишамиз?!
— Эмасам-чи!
— Унда пичоқни ташла!
Боборайим гов кулди.
— Агар ўзингни эр билсанг, ташла пичоқни! — Собир полвон жаҳл билан ер тепинди.
— О-о, жон ердан тутаркансан лекин, — Боборайим гов шундай дея кўлидаги пичоқни четроққа итқитаркан, негадир тиғ бориб тушган ерга зимдан қараб қўйди. Сўнгра йигитнинг қўлидаги қамчига имо қилди: — Қамчи...
Собир полвон қўлидаги қамчини зарда билан улоқтираркан, дарғазаб оҳангда сўради:
— Сўнгги марта сўраяпман, иқрорингни одамларга айтасанми, йўқми?!
Боборайим гов иркиллаб кулди.
— Айтмас экансан, дунё тугагунча олишаман сен билан!
— Дунём тугади деявер...
Боборайим гов гапини тугатолмади. Лунжига тушган кучли зарбдан чайқалиб кетди. Қорнига тушган иккинчи зарбдан эса тиззанлаб қолди.
— Уҳ-ҳ, мазза! — деди у оғир-оғир нафас оларкан, қаншари остидан йигитга ўқрайиб. — Яхши кўраман калтакни. Қанча кўп калтак есам, одам боласини еб-ютмоққа шунча иштаҳам очилади! Мана энди, сени ейман!
Улар муштлашишда давом этаркан, ўтган галги олишувдан тузуккина сабоқ чиқарган Собир полвон рақибини ўзига яқинлаштирмасликка уринар, бутун қаҳру ғазабини муштумларига жамлаб, унинг дуч келган ерига гурсиллатиб туширар ва шунингдек, ўзи ҳам бенасиб қолмаётганди. Боборайим говнинг мушти оғир, гоҳида у зўр-базўр оёқда туриб қоларди.
Бора-бора Собир полвон одам боласи эмас, қандайдир ёввойи бир махлуқ билан курашаётгандек сеза бошлади ўзини. Бу даражада аёвсиз муштлашишга киши боласининг бардош бермоғи тасаввурга сиғмас ҳолдек эди. Кўзи рақибининг ваҳшийлашган афтидан ўзгасини кўрмаётган эса-да, қишлоқдан югургилаб чиқишаётган кимсаларни илғамай қолмади. Ўз навбатида, офтобнинг хира тортаётганини ҳам пайқади. Бироқ бу оёқ остидан кўтарилаётган тўзон эмасди. Негаки, улар олишаётган ер ажриқзор бўлиб, кўҳна ариқ ўзанидан бошланган майсазор ҳув наридаги подаётоқ этагида тугарди.
Собир полвон эс-ҳушидан мосуво бир ҳолатда муштлашаркан, ажратмоққа уринганларга бегона овозда ўкирди.
— Аралашманглар! Аралашманглар, деяпман!
Боборайим гов ундан баттар бўкирди.
Орага суқилганлар уларнинг таҳдидидан эмас, адашиб тушган муштдан четга қочдилар.
Собир полвон шошиларди. Кишиларнинг аралашувидан чўчиб, ошиқарди. Ҳайвоний қувватга эга бўлган Боборайим говнинг тантана қилишидан, туҳмату бўҳтонларини бафуржа туфлашига имкон туғилишидан қўрқмоқда эди. Қандай бўлмасин, унинг иқрорини олишни ўйларди. Бу эса оғир, жуда оғир кечмоқда эди.
У рақибнинг навбатдаги қарши зарбасига бир амаллаб чап бераркан, кўзи тўсатдан одамлар орасида ранг-қути ўчиб турган қизга тушиб қолди. Айни шу нарса жангнинг тақдирини ҳал этди - қўйди. Собир полвон бор кучини ўнг муштига жамлаб, чунонам урдики, Боборайим гов коптокдай юмалаб, мук тушганча чўзилиб қолди.
Йигит гандираклаганча, унинг тепасига борди.
— Иқрорингни айт! — деди хирқираган овозда. — Иқрорингни айт, деяпман! Баландроқ айт, ҳамма эшицин!
У, кўзи ажриқ қучиб ётган рақибида бўлса-да, куннинг тобора ғуборлашаётганини сезди. Ғолиблик нашидасини сураётган юраги ўша таниш нохушликни ҳис этди. Офтобга нима бўлаяпти, деган ўйда бир зумга чалғиди. Кейин, иқроримни ҳозир айтаман, дея ғудранаётган Боборайим говнинг овозида пичинг, пичингдан ҳам кўра тантанага ўхшаш нимадир борлигини пайқаб, у томон ҳайрон боқди. Рақиби, ўнг қўли қорнида, гўё беҳад оғриқдан азоб тортаяпти-ю, аммо шунга қарамай, ўрнидан қўзғалмоққа ўзини мажбурлаётгандек ҳаракатланаркан, тағин деди:
— Ҳозир иқроримни айтаман!
Собир полвон ичдан қувонди. Қизни ёнига чақирмоққа оғиз жуфтлади. Бироқ улгуролмади. Танига усталик билан санчилган тиғдан оҳ тортиб юборди. Боборайим говнинг тиртиқлар билан «безалган», терга ботган афтини жуда яқиндан кўрди. У нафратомуз илжайганча, нималардир деркан, йигитнинг қулоғига чалингани шу бўлди.
— Мабода ўлмай қолсанг, бундан сўғин рақибингни «ухлатмай» ҳеч вақт чалғий кўрма!..
Кутилмаганда юз берган бу ҳодисадан даҳшатга тушганлар бошда қотиб қолишди. Кейин кимлардир изига қарамай қочди, кимлардир йигит сари интилди...
«Оғажон!» деган чинқириқ қулоқни қоматга келтирганда, Собир полвон саросимада гувранишаётган одамлар орасида, ерда чўзилиб ётарди. У овоз келган томонга бошини буришга интилди. Бироқ ёнидагилар қизни ундан тўсиб қўйганди. Шунда унинг кўзи қонталаш қуёшга тушди.
— Кун тутилаяпти, — деди алаҳсираган оҳангда. — Кун тутилса, юрагим сиқилади, ёмон сиқилади...
Қиз, иккинчи чинқириқдан сўнг, одамларни суриб, итариб, йигитнинг тепасига келди. Чўккалаб, унинг бошини тиззасига олди. Кўзларидан дув-дув тўкилаётган ёш йигитнинг ёноқларини юва бошлади.
Собир полвон қизга кулимсираб тикилди. Қалтираётган ўнг панжасини чўзиб, қизнинг пешонасига тушган бир тутам сочини тўғрилаб қўймоққа уринаркан, нимадир демоққа чоғланди. Аммо овози Боборайим говнинг бўғиқ бўкириклари остида кўмилиб кетди.
— Яқинлашманглар! Қўлингни торт! Қонун бор! Мен фақат қонунга бўйсунаман! Яқинлаша кўрманглар! Тиламан! Тилиб ташлайман! Уҳ-ҳ, бошди единг-ку, энағар!..
Дупур-дупур — кимдир қочди, кимдир қувди.Қизга тикилиб ётган йигит унинг кўзларида шу маънони ўқиди: «Сизни яхши кўраман! Жонимдан ортиқ! Фақат... фақат ташлаб кетманг мени!» Йигит, мен ўлмайман, деган маънода оҳиста киприк қоқди. Қиз унинг бошини бағрига тортди.
Собир полвон димоғида қизнинг нафис, бокира ҳидини туяркан, тили сўнгги жумлага зўрға айланди: «Мен ҳам сени яхши кўраман!». Унинг эътирофини ҳеч ким эшитмади. Қиз буни бағрида, бутун вужудида ҳис қилди. Ҳис қилиши баробарида йиғиси ўкирикка айланди...

Бу лаҳзада кўкдаги қуёш тўла бекиниб, олам хира тортган. Бу хиралик даштнинг аллақайси бурчида ҳануз йигитларга тутқич бермасликка уринаётган Боборайим говнинг ёввойи йиртқичдек ғазабкор бўкиришларидан янада маҳзунлик, алланечук ваҳима касб этганди.
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика