Ёлғизлик (ҳикоя) [Saida Zunnunova]

Ёлғизлик (ҳикоя) [Saida Zunnunova]
Ёлғизлик (ҳикоя) [Saida Zunnunova]
Иқболхон қай аҳволда уйга етиб келганини билмади. Сафарга жўнаш олдидаги дилхиралик у билан бирга бориб, бирга қайтди. Зинадан оҳиста, чарчоқ қадамлар билан иккинчи қаватга чиқди-да, хаёл паришонлик билан қўнғироқ тугмасини босди. Кейин плашини шалдиратиб ечиб, ёнидаги чамадон устига буклаб ташлади. Эшик қирғоғига суянганича кута бошлади. Ҳа, айтмоқчи, ўғил уйда ҳозир нима қилсин, дарсдаку. Шу пайт қаршидаги уйнинг эшиги шарақлаб очилиб, ўрта ёшлардаги аёлнинг боши кўринди.
— Иқбол Азизовна, сизмисиз? Ҳозир келдингизми? Тўлқин калитни менга ташлаб кетган эди. Ҳозир. — У эшикни қия қоддирганича шиппагини судраб ичкарига кириб кетди. Бир нафасдан кейин калит олиб чиқди.
— Бугун келса керак, деб айтаётган эди Тўлқин.
— Қийналмай яхши ўтирдими?
— Йўқ, йўқ, хабар олиб турдим. Кеча дарсдан келиб, роса уй тозалади. Ажойиб ўғлингиз бор-да, Иқбол Азизовна. Қани энди, қизим бўлса-ю, ўзим куёв қилсам.
Авваллари бундай мақтовдан Иқболхоннинг оғзи қулоғигача ёйиларди. Ҳозир эса қошлари чимирилиб лаблари қимтилди. Ўша ғашлик дилига яна чангал урди. Индамайгина эшикни очди. Уйнинг ташқарисига хам, ичкарисига ҳам оёқ артиш учун ҳўлланган латта ташланган эди. Иқболхон аввалгидай қунт билан эмас, ҳафсаласизлик билан туфлисини бир-икки суртган бўлди-да, ичкарига кирди. Уй чиндан ҳам лочиндай бир аёлнинг кўли текканга ўхшар, бирон жойда ортиқча нарса, бирон ювуқсиз идиш йўқ эди. Иқболхоннинг иш столидаги кичкина митти гулдонда совуқдан очилмай қолган атиргулнинг икки дона ғунчаси турарди. Иқболхон уни аста кўтариб, бурни олдига олиб борди. Ҳиди йўқ. Офтоб кўрмаган. Бирданига бу икки ғунчанинг бири ўзи, бири ўғли бўлиб кўринди-ю, юраги увишиб кетди. Ҳидсиз, тароватсиз, ҳудди уларга ўхшаш, иккиси ҳам сокин туришибди. Она-бола кейинги вақтда ана шундай жимжит ўтиришадиган бўлиб қолишган. Иқболхон чуқур хўрсинди, гулдонни жойига қўйиб, бошқа уйга ўтди. Ҳеч қаерда ғубор кўринмайди. Стол устида термос, сочиқ ёпилган идишда юмшоққина иккита булочка. Бошқа идишда мураббо. Икки энлик қоғозда хат: «Ойижон, сизни келиб қолар, деб термосга чой дамлаб қўйдим. Ошхонада овқат ҳам бор. Бошқа нарсалар холодилникда».
Иқболхон хатни аввалгидек кўзига суртиб, ўпмади. Энди бу ширин сўзларнинг остида бошқа бир изтироб, бошқа бир мажруҳлик ётганини яхши биларди. У ўзи-нинг қанчалик гуноҳкорлигини, умри ҳам ҳавасга арзигулик ўтмаганлигини яқиндагина сафарга жўнаш олдидан ўғли билан бўлиб ўтган аччиқ суҳбатдан билиб қолди. Бу суҳбат аввал кичкина ойначадек Иқболхоннинг бир қисмини акс эттирди. У чуқурроқ ўйлаган сайин бу ойна катталашар, унинг бутун қиёфасини, бутун умрини акс этгарар эди.
Мана, ҳозир ҳам қаршисида ўша ойна пайдо бўлди. У термосдаги чойдан бир пиёла қуйганича, ҳовурига тикилиб, ўша ойнада кўринаётган хотиралар қаршисида бош эгиб, гуноҳкорона ўтирарди.
Иқболхон тўсатдан Москвада бўладиган олимларнинг йиғилишига жўнайдиган бўлиб қолди. Йўл тараддудини кўргандан кейин она-бола ўтиришиб, овқатланишди. Ўғлининг ёлғиз қолишини ўйлаган она қалбига келин орзуси тушди. Учинчи курсда ўқийдиган бир қиз билан ўғлининг муносабати борлигини эшитган эди. Лекин Тўлқин бу ҳақда онасига сира гапирмас, гап айланганда ҳам индамай ўрнидан туриб кетарди. Иқболхон шуни ўйлади-ю, ўсмоқчилади:
— Яхшигина қизлардан бўлса, уйлантириб қўйсам, кўнглим анча тинчирди сендан.
Тўлқиннинг юзи бирдан жиддийлашди.
— Бизнинг уйга одам сиғадими?
— Нима? Тўлқин, нималар деяпсан? Онанг одам эмасми?!
Тўлқин ўзини босишга уриниб, ўрнидан турди. Онаси олдидаги косани ола туриб, заҳархандалик билан жилмайди.
— Бу уйда ҳамма нарса сизнинг кўнглингизга бўйсуниши керак. Мен болангиз эканман, чидаяпман.
— Нимага чидаяпсан? Сенга нима зулм ўтказяпман, аҳмоқ? — Иқболхоннинг аъзойи бадани титрар, суюкли ўғлининг оғзидан чиққан 6у гаплар бутун вужудига ўт ёққан эди. Тўлқин индамай ошхонага чиқиб кетди. Иқболхон ҳарсиллаб унинг кетидан кирди.
— Нега индамайсан? Жавоб бер деяпман сенга?!
— Барибир тушунмайсиз.
— Нимани тушунмайман?
— Ойижон, мен бола бўлиб, уйингизда шўхлик қилиб, ўз хоҳишимча ўйнаганимни билмайман. Ҳаддим сиғиб, биронта ўртоғимни 6у уйга олиб киролган эмасман. Эшик орқасида туфлимни ечиб қўлимга олиб, ундан кейин уйга қадам босаман. Қўлимдан столга тўкилган нон увоғига хам безовталаниб қарайсиз. Ахир ҳамма нарса ҳам эви билан-да.
— Вой тентаг-эй, онангнинг уй тозалашга вақти йўқлигини биласан. Ўзингга осон бўлсин, дейман. Ахлат бошингга чиқса, яхшимиди?
— Майли, ивирсиса, тозалайман. Ўртоқларимникига бораман. Овқат еймиз, ўйинга тушамиз, чекамиз. Уй, албатта, тўполон бўлади. Яна айланиб борганимизда ҳаммаси саришта.
— Онасининг бошқа иши йўкдир.
— Нега йўқ бўлар экан, ишлайди. Барибир тушунмайсиз, ойижон. Уй одамга нима учун керак...
— Ивирситиш учунми?
— Шунақа пайти ҳам. бўлади-да. Одам кирмаса, қисилиб ўтириб овқат есанг, эҳтиёт бўлиб юрсанг... Қўйинг, ойижон, барибир тушунмайсиз.
— Сен жуда тушуниб қолибсан.
— Болангизнинг ўйинчоқларини йиғиштирмасангиз, эрингизнинг ивирсиғини тозаламасангиз... Ахир бу қанақа уй?!
Иқболхон индаёлмай қолди. Жаҳл билан кийиниб, чамадонини кўтарди. Тўлқин шошиб кийинди-да, эшикни қулфлаб, онаси кетидан югурди. Иқболхон такси кутарди. Тўлқин унинг қўлидан чамадонни олди. То аеропортга боргунча ҳам иккисидан садо чиқмади. Самолётга чиқиш олдидангина Иқболхон ўғлини ўпиб:
— Эҳтиёт бўлиб ўтир, — деб тайинлади.
Йўлда ҳам, мажлисларда ҳам, кўчада ҳам бу суҳбат унинг хаёлидан кўтарилмас, ўтган умрига синчиклаб ақл билангина эмас, руҳан етук юрак билан қарашга ундарди. «Болангизнинг ўйинчоғини йиғиштирмасангиз, эрингизнинг ивирсиғини тозаламасангиз...» Бу икки жумла Иқболхоннинг қулоғидан кетмас, ҳар эшитилганда вужуди азобдан сесканар, ўзи тан олишга қўрқиб, қалбига кўмиб юборган бу таъна тоши.унга ўзи кутгандан кўра даҳшат билан урилган эди.
Иқболхон аспирантурада ўқиётган вақтида турмушга чикди. Эри Йўлдошали ҳам аспирант эди. Орадан бир йил ўтар-ўтмас Тўлқин туғилди. Йўлдошали диссертатсиясини ёқлаб олди, аммо Иқболхонники чўзилиб кетди. Унинг туни ҳам, куни ҳам ўғлига банд эди. У калласидаги гапларни қоғозга туширишга вақт тополмай юрганида, Йўлдошали ярим кечагача газета, китоб титиб ўтирар, кечаси чала-ярим ухлаган Иқболхон эрталаб эрига нонушта тайёрлаганида Йўлдошали бамайлихотир соқолини олиб, атир ҳидини бурқситиб, столга келиб ўтирарди.
Ҳаммадан ҳам илмий ишининг орқага сурилиб кетаётганлиги Иқболхоннинг асабини бузар, баъзан қаҳрини эрига сочиб қоларди. Буни Йўлдошали тушунарди. Лекин хотинига қандай ёрдам беришни билмасди. Кечаси ўғли йиғласа, Иқболхондан аввал туриб қўлига олар, уйнинг у бошидан бу бошига қанча юрмасин, бола тинчимас, ҳатто дўриллаган овози билан алла ҳам айтиб кўрар, лекин чақалоқ биғиллагани биғиллаган эди. Охир Иқболхоннинг ўзи зарда билан туриб келиб, болани қўлига оларди. Йўлдошали нима қилишини билмай, она-бола олдида серрайиб турарди. Таги қуруқланган чақалоқ пишиллаб ухлагандан кейин Иқболхоннинг юзига майин табассум ёйиларди. Йўлдошали бўлса хотиржам бориб, ўрнига ётарди...
Тўлқин ёшига тўлганида яслига беришди. Иқболхон қолиб кетган ишини изига тушириб олгунча анча қийналди. Лекин тиш-тирноғи билан ёпишди. Бир йил ўтгач, диссертатсиясини ҳимоя қилиб олди. Уйига меҳмон тўлди. Дўстлари унинг шаънига қадаҳ кўтаришди. Домлалари Иқболхоннинг ишидан мамнун бўлишди. У энди институтда дарс берарди. Тўлқиннинг ҳам унга оғири тегмайдиган бўлиб қолган. Яслидан олиб келиб овқатлантириб қўйса, уйнинг бир бурчагида ўйинчоғини ўйнаб ўтираверади. Иқболхон дарсдан кела солиб, уй юмушларига уннаб кетар, кечаси ўғлини ухлатиб қўйиб, дарсга тайёрланар эди. Бу вақтда Йўлдошалининг докторлик иши охирлашиб қолаёзган эди. Иқболхон унга ҳам ҳавас, ҳам ҳасад билан қарарди. Бир вақтлар ўзи билан теппа-тенг бўлган эри, мана, яқинда доктор бўлади. Иқболхоннинг бўлса рўзғор, боласидан ортган озгина вақти дарсга тайёрланишга зўрға етарди. Буни ўйлаган кезларида кўзига уйи уни домига тортаётган аждаҳодек совуқ кўриниб кетар, кичкина юмуш ҳам малол келарди.
Бир куни Йўлдошали алламаҳалгача ўтириб ишлади. Иқболхон энди ётаман деб турганда чой сўраб қолди. У чой олиб кирганида кабинет тутунга тўлиб кетган, Йўддошали бўлса бошини кўтармай ишларди. Иқболхон форточкани очиб қўйиб, индамай чиқиб кетди. Лекин кўнглидан, шундоқ газга қўйса қайнайди-ку, бунча ношуд бўлмаса бу эркаклар. Форточкани очиб қўйиш ҳам қўлидан келмасмикин, деворларгача ҳид ўрнашиб қолади, болани ҳам аямайди, деган фикр ўтди.
Йўлдошали эрталаб шошилибгина кийинди. Чойни ҳам тикка туриб ичди.
— Тоза рўмолча борми?
Ўғлини кийинтираётган Иқболхоннинг фиғони фалакка чиқиб кетди.
— Жуда ҳам талтайиб кетдингиз. Ахир мен ҳам сизга ўхшаган одамман.
— Мен нима қилдим?
— Рўмолчани ҳам ўзингиз ололмайсизми?
— Туфлим билан кирмай деяпман.
— Бошқа вақтда ҳам шусиз. Инсофингиз йўқ сира.
— Нима қилишим керак?
Эрининг бу гапи Иқболхонга жуда совуқ эшитилди.
— Мени ўйлайсизми? Шу ҳам одам, бунинг ҳам иши бор, ишлаши керак, деб ўйлайсизми?
— Нима қилай бундан ортиқ? Сизнинг ўрнингизга ўтиб туролмайман-ку, ахир! — у шундай деди-ю, шошиб чиқиб кетди. Бу гаплар Икболхонга шу қадар совуқ, шу қадар даҳшатли эшитилдики, кечагача қулоғи остидан кетмади. Бу гаплар билан ораларидаги бутун илиқ муносабат тамом бўлгандай эди. Уғлини ҳар кунгидек эркаламади. Гўё у ҳаммасига айбдордек силтаб-силтаб яслига олиб кетди. Ишда ҳам очилмади. Кайфи бузуқ, ҳаёл паришонлик билан кунни ўтказди. Нима учун яшаши керак бу одам билан? Куни ўтмай қоладими? Биттагина боласини гулдек қилиб боқиб олади. Диссертатсия ҳимоя қилганда қанча илиқ-иссиқ гаплар эшитди. Меҳнати юзага чиқди, обрў орттирди. Уйнинг юмуши-чи? Ҳеч ким мин-натдор бўлмайди. Ақалли хафа бўлманг, энди қандай қиламиз, деб ҳам қўймади. Сизнинг ўрнингизга ўтиб туролмайман, эмиш. У киши яқинда доктор бўлади. Бу-рунлари кўтариляпти. Ҳа, писанд қилмай бошлаётгани бу!
Иқболхон уйига келганида ҳам калласида шундай гаплар айланиб юрарди. Кечки овқатга уннамади. Ўғлига яраша овқат қилиб едирди-да, ўзи иш столига ўтирди. У ҳам докторлик ишини бошлайди. Ҳа, ҳа, бошлайди. Эрига кўрсатади ўзининг кимлигини. Шу уй бўлмаса, нимага қодирлигини кўрсатади.
Йўлдошали келганида ошхонада ҳар кунгидек жаз-биз йўқ, уй жимжит, хотини муккасидан тушиб ишлаб ўтирарди. Эрталаб жаҳл устида ўзининг қўполлик қилиб юборганини ўшандаёқ сезган, ўзи пушаймон эди. У ечинмасдан хотинининг ёнига борди, бир қўлини унинг елкасига қўйиб, иккинчи қўли билан столга тиралганича ёзаётганига бир нафас тикилиб турди. У шу билан хотинидан кечирим сўраётган эди. Иқболхон буни сезди. Лекин эрталабки совуқ гапнинг юрагида қолган музи қимирламади. У эрига қарамади, индамай ишини қилаверди. Йўлдошали ечиниб, ювиниб кирди. Кейин ошхонага ўтиб, у ёқ-бу ёқни қаради. Чой қўйди. Қорни жуда оч эди. Холодилникни очиб, гўшт олди. Пиёз тўғради. Кейин яна уйга кирди.
— Туринг, иккаламиз биргалашиб битта овқат қилайлик. Сиз консултатсия бериб турасиз...
— Менга овқат ҳам, уй ҳам керак эмас.
— Қўйинг энди шу гапларни.
— Бошқа хотин олинг. Уйда ўтирадиган, ҳа, уйда ўтирадиганини олинг. Ана шунда ҳар ким ўз ўрнида туради.
— Иқболхон...
— Тўймай қолган қорним борми?
— Ахир қорин учун яшамайдилар...
— Тер ҳиди бижғиган кўйлагингизни ювмасам, ювмабман.
Йўлдошалининг қовоғи тушди-ю, индамай қолди. Тўғралган гўшт, пиёз ўшандоқ қолаверди. Йўлдошали кийинди. Папирос чекиб, бир нафас тикка турди-да, чиқиб кета бошлади.
— Мен сиз билан турмайман, туришни истамайман, — деди унинг кетидан Иқболхон. Иўлдошали эшитди. Эшитди-ю, қўлини эшик тутқичидан олмай бир нафас туриб қолди. Эшикнинг ёпилгани эшитилди. Зинадан туш-ан сайин унинг қадам товушлари олислашиб, кейин жимиди. Иқболхон ўрнидан турмади, деразадан унинг қайси томонга кетганини кўрмади ҳам. Кечиринг мени, сизни билмай хафа қилдим, деса тилига тирсак чиқармиди?
Совуқ гапни айтиш мумкину узр сўраш шунчалик қийинми? Шу аҳволда яшаб нима қилади бу одам билан? Иқболхоннинг қарори қатъий эди.
Йўлдошали кечаси қайтди. У ширакайф эди. Иқболхон яна индамади. Ўшанда шу уч хоналик уйни олишганига ҳеч қанча бўлмаган эди. Иқболхон интернатда ўсган, ҳеч кими йўқ. Йўлдошали эса Сурхондарёнинг бир қишлоғидан бўлиб, Тошкентга ўқишга келган, уйланиб, шу ерда қолиб кетган эди. Иккаласининг ҳам борадиган жойи йўқ.
Иқболхон қарорини ўзгартиролмади. Эрталаб иккалаларидан бири уй топиб чиқиб кетишлари кераклигини айтди. Иўлдошалининг ранги оқариб кетди. Лекин индамади.
— Сиз бола билан қийналманг бўлмаса. Мен, ҳар қалай, эркак киши... Ҳеч бўлмаса, Тўлқинни ўйласангиз бўлар эди.
— Сизнинг бор-йўқлигингиздан нима фойда унга?
— Наҳотки... Енгилтаклик қиляпсиз, Иқболхон.
Иқболхон юраги торлик қилиб чимирилди:
— Биласиз-ку, биз ёш болалар эмасмиз. Енгилтак бўлсам ҳам ҳар қалай, ўйлаётгандирман.
— Шунақами?
— Ҳа, шунақа.
У чиқиб кетди. Иқболхоннинг юраги жизилламади. Эрининг кафедрада ётиб юрганини эшитди, дўстлар ўртага тушишди, лекин кўнмади. Унинг ҳаёли энди док-торлик диссертатсияси билан банд эди.
Доктор ҳам бўлди, пул ҳам, обрў ҳам топди. Ўғли ҳам ўсиб, катта йигит бўлиб қолди. Лекин йиллар ўтган сайин нимадир юрагини эзар, бу ёлғизлик, яккалик эка-нини тан олишга қўрқарди. Йўлдошали уйланиб, бола-чақалик бўлиб кетди. Иқболхон кирини бировга ювдирди, уйини бировга тозалатди. Бутун вақтини, умрини илмий ишга берди. Узоқ йилларгача ўзининг ҳатти-ҳаракатини ўзи маъқуллаб юрди. Лекин энди-чи? Энди ҳамма-сини тушунди-ю, бефойда, умр ўтди. У уй, оила ташви-шига чидамаганлигини ҳам, Йўлдошалининг ёмон одам эмаслигини ҳам энди тушунарди. Лекин қалбида кечган ҳисларни ўғлидан яширар, онасини шунчалик муҳокама қилишга ақли етиб қолганлигини билмасди. Тўлқин ўзи камгап бўлиб ўсди. Буни Иқболхон гоҳ отасига тортди деса, гоҳ ёлғизлигидан деб билар, баъзан Йўлдошалиникига бориб турганлигидан кўрар, ҳар қалай, ўғил бола-да, отаси билан бўлгиси келади, балки бошқа болаларидан рашк қилармикин, деб ўйларди.
«... Болангизнинг ўйинчоғини йиғиштирмасангиз, эрингизнинг ивирсиғини тозаламасангиз...» Иқболхоннинг юрагига бир нарса санчилгандек бўлди. Бу гап унинг қалбида ўзи сезмай ётган дардларини ҳам юзага олиб чиққанди. У хўрсиниб, ўрнидан турди. Пиёладаги чой аллақачон совиб қолган эди. Ҳозир у ўша папирос эзғиланиб ётган кулдонни ҳам, жонига теккан вақтини олган ўша рўзғор ташвишларини ҳам жуда-жуда қўмсарди. Унинг юрагидаги 6у эҳтиёж кўз ёшларига айланиб, юзидан оқди. Бу иродали аёлнинг умрида биринчи ўкиниб йиғлаши эди. Ана шу эҳтиёж — бекалик машакқати, бекалик бахти қиз бўлиб туғилганида у билан бирга туғилганлигини энди яхши биларди. У бир томонлама бахт топди. Мукаммал бахт учун эса оила ва бир-бирининг ташвиши бўлиши керак эди. Эшик очилди. Тўлқин энгашганича туфлисининг ипини бўшатарди.
— Киравер, кираверсанг-чи, ўғлим!
— Ҳозир, ойижон! — онасини ҳамма вақт иш устида, жиддий кўришга ўрганиб қолган Тўлқин унинг йиғлаётганини кўриб, қўрқиб кетди.
— Нима бўлди? Биров хафа қилдими?
Иқболхоннинг баттар хўрлиги келди. Ўғлини бағрига босди.
— Ҳеч ким хафа қилгани йўқ. Ўзим. Сени соғиндим. Уйлан, ўғлим, болаларингни боқаман. Бошимга қўйиб, жон деб боқаман, онангни жуда бағритош дема, қўрқма, ўғлим. Ўйинчоқлар олиб келаман, ширин-ширин овқатлар пишириб бераман, боғчага, музика мактабига олиб бораман болангни. Уйлан, жон ўғлим.
Тўлқин 6у аҳволдан жуда довдираб қолган эди. Ўзининг гапи онасига оғир ботганлигини ўйлаб, афсусланар, юзларига тегаётган, тагидан оқи кўриниб турган сийрак, қизғиш сочларини силар, ҳадеб:

— Ойижон, хўп, фақат йиғламанг, — деярди. Иқболхон юрагидаги бўшлиқни, бутун умридаги бўшлиқни тўлдириб турган яккаю ягона бахтига суяниб, ана шу вужуднинг нафасидан ўзининг йўқотган аёллик, оналик машаққатини қидирарди.
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика