Шу уйнинг бекаси (ҳикоя) [Saida Zunnunova] |
Баҳор бошланяпти. Оппоқ увада булутларни шамол ҳайдайди. Осмоннинг кўнгилларга ёруғлик тўлдирадиган шаффоф ранги кўринади. Қуёшнинг иссиғи нам тупроқдан, ивиган бўғотлардан ҳовур кўтаради. Дарахтларнинг баданига ҳам яшиллик югуриб қолган. Қишдан зериккан одамлар ҳовли тозалашга шошиладилар. Бу фасл ёшларнинг кўнглига муҳаббат олиб келса, кексаларнинг дилидаги хотираларни тирилтиради, ғайратларини қўзғаб, руҳларини енгиллатгандай бўлади. Умринисо буви деразаларни ланг очиб юборди. Доим берк тураверганидан зах, нам ҳиди тўлган уйига офтоб нури аралаш илиқ ҳаво кирди. Электр плита устига сув тўлдирилган чойнакни қўйиб, ҳовлига чиқди. Бултур икки-уч жўяк помидор билан райҳон, жамбил экилган ерда қолган унча-мунча поллар устига шама тўкилибди. Дорда эркакларнинг кўйлаги билан ёнма-ён сочиқ осиғлиқ. Кир тоғораси ҳам ҳовлининг ўртасида мағзаваси билан қолаверибди. Умринисо буви уни кир ўрага тўкиб, тоғора орқаларини яхшилаб ювди-да, бир четга деворга суяб тўнкариб қўйди. Нима қилса ҳам ўғил болалар-да. Яна ҳам бечора болалар овқат пиширишади, идиш-товоқ, кир ювишади. Дазмол босганлари-чи! Умринисо буви квартирант студент йигитлар ҳақида шундай ўйларди. Гоҳ жаҳли чиқиб, гоҳ меҳри товлаб юриб ҳар келганда ҳовлидаги ивирсиқларни йиғиштириб, йигитларга ўз қўли билан ош дамлаб едириб кетарди. Ҳозир ҳам ҳовлининг селгиган жойларини, эшик олдиларини супурди. Чой шамаларини ҳам тозалаб, ернинг бир четини ўйиб кўмиб қўйди. Арқондаги кирларни қоқиб, силкиб бошқатдан ёйди. Ўчоқ-бошларини тозалади. Печка трубаси чиқиб турган деразадан йигитларнинг уйига қаради. Стол устида китоблар қалашиб ётибди. Нон, чойнак, пиёла ҳам шу ерда. Каравот четига шим, кўйлаклар осиғлиқ. Чойнак қопқоғи шиқирлади. Умринисо буви қўлини ювиб уйига кирди. Чойнак жўмрагидан повиллаб оппоқ ҳовур кўтариларди. Эскиган буфетнинг тепадаги ойнали кўзидан кичкина чойнак олди. Унинг қопқоғини очиб, негадир ёруққа тутиб қаради-да, қайноқ сув билан чайиб ташлади. Чой дамлади, иккита патирдан биттасининг ярмини ушатиб, оқ қанд билан пиёлани танча устидаги мис баркашга қўйди-да, аста ўтирди. Пиёлага чой қуяётганида ташқаридан: — Ўртоқ, дарвозангиз очилиб қопти, келганга ўхшайсиз, — деган овозни эшитиб, ўрнидан турди. Жигарранг жемпер кийиб, кичкина қора шерст рўмолини даҳанидан боғлаб олган новча, қотма бир аёл кира солиб, у би-лан қучоқлашиб кўришди. Умринисо буви кулиб, тахмондан янги кўрпача олиб ёзди: — Қани, ўтиринг. Эсон-омон юрибсизларми? Қизлар, келинлар тинчми? — Раҳмат. Ўзингиздан сўрасак? — Шукур. Умринисо буви шиша банкадан идишга мураббо қуйиб, меҳмон олдига қўйди. Кейин чой узатди. Ноннинг қолган ярим бўлагини ҳам ушатиб қўйди. — Ушатманг, бўлади. — Нега энди. Қани, Ойшабуви, олинг. — Ҳафтада бир кўриниб юраверасизми? Болаларингиз ҳам бераҳм дейман? — Йўғ-э. — Қариганингизда тинч қўйишсин-да энди. Униси тортиб, буниси судраса, бу нима деган гап? Яна ҳаммаси ўқимишли, тушунган болалар-а! — Онаизор шу экан-да. Ўзимнинг кўнглим тинчимайди. Олинг, қуруқ ичманг. Мураббодан олинг. Ўзим беҳидан пиширганман. Минг шукур, шулар борки, таш-вишлари бор. — Сал инсоф ҳам керак. Қайси куни Зуҳрангизга телефон қилсам, Шакархонникида, деб айтди. — Ҳа, Шакархоннинг сал тоби йўқ, — Умринисо буви аста хўрсиниб қўйди. — Тирик жон шу-да. Гоҳ оғрийсан, гоҳ тузаласан. Пенсияга чиқибманки, юрагим қисилади. Зерикиб кетаман. Бўлди энди, кетманг. Меҳмонга олиб бораман. Кечқурун гаплашиб, гурунглашиб ўтирамиз. Умринисо буви юмшоққина кулиб қўйди. — Бола-чақа деймиз-ку, ўнта бола битта ота-онани боқолмайди. Шуларга сарф қилган умрингизнинг ярмини ҳукуматга ишлаб қўйганингизда, беминнатгина пенсияни олиб ётар эдингиз. Умринисога бу гап ёқмади. Лабини ялаб, юзини сал четга ўгирди-да, бир нарса қидиргандай назар билан: — Гап пулдами? Омон бўлишсин, — деди. Шундай деди-ю, лекин юрагининг бир чети ғаш бўлиб қолди. Шунча қилган меҳнатлари наҳотки кўзга кўринмаса. Мана, болалари ишлаяпти. Улар ёмон одам бўлишмади. Уларнинг ҳаммасида меҳри-меҳнати, умри, йўқолган ҳусни бор. Тўғри, ҳукумат ишини қилмаган. Лекин ҳукуматга яхши-яхши фарзандларни тарбиялаб берди. Бу ўринга ўтмасмикан-а? Етти болани тарбиялаш осон бўптими? Агар шуларнинг биронтаси ноқобил чиққанда, ҳукуматга, одамларга қанча ташвиш ортарди. Умринисонинг ўйланиб қолганини кўрган Ойшабиби уни афсусланяпти, деган ҳаёлга бориб, овутган бўлди: — Ҳай, нима бўлса, бўлиб ўтди. Энди омон бўлишсин. Бири раҳм қилмаса, бири қилар. Бугун кетмассиз? — Бугунча шу ердаман. — Кечқурун чиқинг бўлмаса. Келинимга чучвара буюрдим. — Ўзингиз чиқинг, ош дамлайман. — Бир ўзингиз учун уриниб нима қиласиз? — Бола бечоралар ҳам толиқиб келишади. Ойшабуви ўрнидан турар экан, бошини сарак-сарак қилиб кулди: — Ғалатисиз-да, ўртоқ. Ўзингиз-чи! Ўзингиз чарчамайсизми?! Майли, қаерда бўлсангиз ҳам омон бўлинг. Кечқурун кўришармиз. Умринисо буви уни дарвозагача кузатиб қўйди. Қайтишда устига печканинг катта чўян қопқоғи ёпилган ўрани очиб сабзи олди. Тоғорачага солиб водопровод жўмраги тагида уларни обдон ювди. Уч томондан озроқ оқ соқол чиқара бошлаган сабзиларнинг сап-сариқ бадани ҳали анча таранг эди. Уйга кириб уларни арчди. Кейин кўкишроқ матодан икки қават қилиб тикилган тўрт бурчак кичкина дастурхончани ёзиб, устига тахта қўйиб тўғрай бош-лади. Ойшабувининг беғараз гапирганини билса ҳам ҳаёли паришонроқ бўлиб қолган эди. У турмушидан, ўтган умридан рози эди. Лекин, ана шу розилигини ту-шунтириб беролмас эди. Ҳар замонда пичоқ тахтага тақ-тақ тегиб овоз чиқарар, унинг хаёли гоҳ бўлиниб, гоҳ уланарди. Уни ёшгина эрга беришди. Эндигина кимнингдир ҳаёли кўнглига илашганди-ю, лекин унинг ўзи қаердалигини билмасди. Ундан сўраб ҳам ўтиришмади. Эри Отажон оилада ўртанча ўғил бўлиб, раҳмдил, камгап, аммо меҳнаткаш йигит эди. Қайнотаси табибликка қизиқар, ҳар хил гиёҳларнинг хосиятларини яхши билар, ўз яқинларига бемалол дори-дармон берар ва буюраверарди. Бу ҳавас Отажонга ҳам юққан эди. Отажон ўн саккиз ёшида янги мактаб остонасига қадам қўйди. У жуда зеҳнли, тиришқоқ эди. Ўқишга шунчалик қаттиқ бел боғладики, икки йилдаёқ тўртинчи синфга ўтди. Қайнотаси рўзғор ташвишларини бошқа ўғилларига юклаб, Отажонга мумкин қадар имконият яратиб берар, лекин ундан умиди ҳам катта эди. Айниқса, Отажон техникумга ўтганида чол яйраб кетди. Ўғлининг мулла, ўқимишли одам бўлишини жуда ҳам орзу қилар эди. Ҳуллас, Отажон йигирма олти ёшида фелдшер бўлди. Ўша пайтларда Отажон доктор бўлиб келибди, Отажон фалон дори буюрибди, деган гапларни Умрихон ички бир ғурур билан тинглар эди. Фотима-Зуҳралар биринчи марта мактабга қадам қўйганларида Умрихон саводсизлар курсига ўқишга қатнай бошлади. Кечқурун бўлса, оилада китобхонлик бошланарди. Кейин болалар кўпайиб кетди. Умрихон газета-журналларни яхши ўқийдиган бўлиб олди-ю, у ёғига давом эттиролмади. Болаларнинг кир-чири, овқатига қараш, эрининг парваришини бузмаслик учун Умрихон ўқиш ҳақида сўз очмай қўя қолди. Рўзғор юмуши билан кечгача на оёғи ва на қўли тинарди. Кечаси билан яна қўш бешик тебратиб чиқар, баъзан жуда ҳолдан тойган кезларида Отажонни уйғотмоқчи бўлса ҳам яна аяр, уйғотишга кўнгли бўлмасди. Шу аҳволда тонг оттирар, кундузи ҳам бир пиёла чойни хотиржам ичолмас, тўйиб ухлашга зор-зор бўлиб кетарди баъзида. Лекин болаларининг битта кулгиси, битта ширин қилиғи унинг баданидаги чарчоқни қувиб, яна куч киритиб юборарди. Умринисо буви хаёл билан бўлиб, студент йигитларнинг кириб келганини ҳам билмади. Кампирнинг ҳар келиши уларни беҳад қувонтирар, унинг меҳрига, илиқ сўзларига ўрганиб қолишган эди. Улар бир-бирига гал бермай сўраша кетишди. — Яхши юрибсизми, холажон? — Энди бир-икки кун турасизми ёки яна кетиб қоласизми? Умринисо буви ҳам уларга ўрганиб қолган, кўнгли очиқ, содда бу қишлоқ йигитлари унинг келинлик даврини, Отажоннинг ёшлигини эслатарди. — Қалай, ота-онанглар соғ-саломатми? Хат-хабар келиб турибдими? — Ҳа, сизга ҳам салом айтишади доим. — Хавотир олдирмай, ўзларинг ҳам тез-тез ёзиб туринглар, болаларим. У ҳар келганида буни уқтиришни унутмасди. Йигитлар саранжом бўлиб, очилиб қолган ҳовлига қараб, бир-бирларини туртишиб, лабларини тишлашиб қўйишди. Улар ҳар доим шунақа. Кўзларига ҳамма нарса ўрин-ўрнида кўринар, қачон кампир келиб йиғиштиргандаги-на, нима қилиш кераклигини тушуниб қолишарди. — Ҳозир печка ёқамиз. Сандалингизга ўт бўлади, хола. Бўлмаса, кечқурун совуқ еб қоласиз. Умринисо буви ўтган пайшанбадан қолган гўштни яхшилаб тузлаб кетган эди. Ҳаво совуқ бўлгани учун майиздай турибди. Кампир уни ивитиб қўйиб, ўзи ўчоққа олов ёқишга тутинди. Йигитлардан бири гўшт-ёғ олиб чиқди. — Холажон, ола қолинг энди. — Ахир уйда ҳамма нарса бор, болам. Кейин ўзинглар ишлатарсизлар. Умринисо буви қайси боласиникида бўлса ҳам пайшанба куни албатта уйига келади. Сабзи-пиёзни қовуриб, чироқ ёқиб қўяди. Шу билан кўнглига ёруғлик тўлиб, енгил тортгандай бўлади. Шу туфайли йигитларнинг нарсасини ҳеч қачон олмасди. Улар ҳам буни билишар, лекин ҳар гал хижолат бўлишганиданми, албатта айтиб кўришарди. Умринисо буви бу гал ҳам шундай қилди. Нималарнидир шивирлаб, юзига фотиҳа тортди-ю, ҳаёл сурганича, ўлтириб қолди. Қайнонаси қиз туғмаганди. Ҳамма келинларига ҳам меҳрибон эди, лекин Умрихонни яна ҳам яқинроқ кўрарди ўзига. Чоли вафот қилгандан кейин кўпроқ шулар билан бўлиб қолганди. Бир куни кечқурун нимагадир узоқ вақт ҳаёл суриб қолди. Умринисо кундузи ювган кирларининг йиртиғини ямаб ўтирарди. Қайнонасига дам-бадам қараб, тоби қочдими, деб қўрқиб кетди. — Бирон ерингиз оғримаяптими? — Қариганингдан кейин оғримаган кунинг ҳам бўлмай қолар экан. — У шундай деб бир хўрсиниб қўйди. Кейин яна аста гап бошлади: — Бундан кейинги умрга ишонч йўқ, болам. — Ундай деманг. — Қизим ўрнига қизимсиз. Бир нарсани сўрасам майлими? — Майли, нима эди у? — Қуръон ўқишни биласизми? Умринисо қизариб жавоб берди: — Ҳа, унча-мунча биламан. — Мен бор эканман, отангизни йўқлаб юраман. Мендан кейин унутиб юборманглар, болам. Ўшанда Умринисонинг юраги ғалати бўлиб кетган, кўзига ёш келиб, қайнонасининг кўнглини кўтаришга гап тополмай жавдираб қолган эди. Йигитлардан бири олов куракда ўт олиб келди. Умринисо бувй раҳмат айтиб, уни танчага солди-да, ўчоқ бошига кетди. Ош дамлаб турганида битта косада чучвара кўтариб Ойшабуви чиқди. Умринисо буви меҳмонни танчага ўтқазиб, олдига дастурхон ёзди. Битта кичик, битта каттароқ лаган кўтариб ўчоқ бошига кетди. Каттасига йигитларга, кичигига ўзларига ош сузиб қайтиб келди. Меҳмоннинг қўлига сув қуйиб, сочиқ тутди. Кейин устида чойнак турган электр плитани токка қўйиб, келиб ўтирди: — Қани, олинг, ўртоқ, совимасин. Кун ботиб, ҳаво салқин бўлиб қолса ҳам баданга қаттиқ тегмас, хуш ёқадиган совуқ эди. Шунинг учун дераза ҳам, эшик ҳам очиқ эди. Улар гурунглашиб ўтири-шиб, озроқдан ош еган бўлишди. — Танча одамни жуда дангаса қилади-да, ўртоқ. Мана, тургим келмай, ўтирдим қолдим. — Ўрин солиб берай, шу ерда ётиб қола қолинг. — Шамоллаб қоламан, қўйинг. Ўзингиз бизникига чиқиб ётинг. — Йўғ-э, уйимни соғиниб келдим. — Чолимни эслаб келдим, дея қолинг. — Ҳа, ишқилиб энди, — деди Умринисо буви кулиб. Йигитлардан бири қоғоз пакетда озроқ майиз билан туршак олиб келиб ўртага қўйди. — Чой билан ичинглар, хола. Уйдан посилка келган эди. — Раҳмат, ўғлим. Қани, ўтиринг биз билан. — Дарс қилаётган эдик. Ойша буви ўтирган ерида бирдан бўй чўзиб, девор томонга қаради. Деворнинг орқаси уларнинг ҳовлиси эди. Деворга айвондаги чироқнинг хира ёруғи тушиб турар, аллакимнинг боши кўриниб уни имлагандай бўлган эди. — Буви! Ойша буви дераза олдига борди. — Ҳа, нима дейсан? — Дадам келди! Бола шундай деди-ю, тап этиб ўзини ерга ташлади. — Эси пастни қаранг. Икки қадам йўлга эриниб, узумнинг сўрисига чиққан бу тентак. Ўғлим командировкада эди, келибди. Қани, юринг, битта ўзингиз нима қиласиз 6у ерда? Умринисо буви мулойимгина кулди. — Майли, чиқа қолинг. Эрталаб кўришармиз. — Эрталаб яна йўлга тушарсиз дейман? Умринисо буви, шундоқ, дегандай жилмайиб турарди. Ойшабуви хайрлашиб чиқиб кетди. Умринисо буви ёлғиз эмасди. Анча-мунча кунларнинг гувоҳи бўлган бу уй унинг назарида тирикдек эди. Ҳа, тирикдек у билан сўзлашарди. Устунлари баъзида қисирлаб, эшитяпсанми, мен ҳам қарияпман, мен ҳам ҳолдан кетяпман. Менинг бағримга ҳам инсон нафаси, илиқлик керак, деяёттандай бўларди. Қандоқ қилсин? Эртага Шакархон касалхонадан келади. Бормасдан тура оладими? Қайси бармоғини тишласа ҳам жони оғрийди. Бошқа нима иложи бор. Эрталаб унинг уйига яна қулф тушди. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62446 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 58015 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40512 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36684 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23342 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23194 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 22049 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19562 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18682 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14496 |