Арғимчоқ (ҳикоя) [Salomat Vafo] |
Бу хонадонда ғаройиб маросим бўлмоқда эди. Маъракага қўй сўйилган, мулла айтилган ва барча қариндош-уруғ, таниш билишларга хабар қилинган эди. Ҳовлилар чиннидай тозаланган, катта қозонда қўйнинг калла поччалари ва ўпкаси вақирлаб қайнаб, ҳушбўй хид тараларди. Маҳалланинг катхудо хотинлари нон-чўракларни ёйиб, энди шўрва билан ейишга патир ёпа бошлаган эдилар. Оиланинг ҳамма фарзандлари, ҳатто олисда яшайдиган Сайилхон ҳам етиб келган. Ҳовлига худди ўлик чиққандай оғир сукут чўккан, уйда «тиқ» этган товуш чиқмас эди. Ғаройиб маросим давом этар, кўмишга ҳамма нарса тахт, лекин ўлик йўқ. Уйдагилар шарпасиз юриб, аста-аста гаплашарди. Сайилхон кечаси минг чақиримлик масофа босиб машинада етиб келгани учун мудраб ўтирар, озғин гавдаси ҳатто нафас олаётганида тебранаётганга ўхшарди. Косаларда шўрва келтирилди, меҳмон тузлама сабзавотлар яхши кўргани учун тақсимчаларда келтириб қўйишди. Сайилхон бир нарсадан бесаранжомдай ўзини ҳар ёққа ташлаб тақсимчаларни у ёқ бу ёққа сурарди. Бошини катта рўмол билан танғиб олган ўттиз беш ёшларидаги Бекпошша ўқрайди. — Ака, савилни шу кун ичманг. Ўзингиз ҳам ҳар кун ичавериб адои-тамом бўлибсиз. Ёш боладай гавдангиз қолмабди. Меҳмон озғин гавдасини ёстиққа ташлаб кўзини ишқади. Ойлаб уйқусизлик қийнагандай кўзлари қизариб кетган эди. — Шамолладимми, бошим ғувиллаб оғрияпти, ҳам жуда ҳорибман. Шу маҳалгача давра тўрида папах ва пўстинни ечмасдан ўтирган укаси суҳбатга аралашди. — Ичаверинг ака. Қизиқсан Пошша, бир кун ичмагани билан акам ичишни ташламайди-ку. Агар рост айтаётган бўлса, ичса шамоллаши ўтиб кетиши мумкин. Ҳали эртага куч тўплаши керак. Меҳмонга жон кириб қаддини ростлади ва манзиратни кутмасдан чиройли қогозлар ёпишган ялтироқ шишани чаққонлик билан очди. Ғулқиллатиб пахта гулли кичик пиёлаларга ароқ қуяркан, биринчисини укасинининг олдига қўйди. — Ол, - бу таклифни кимга қарата айтди, билиб бўлмасди. Ҳеч кимга қарамасдан пиёлани кўтариб юборди ва афтини буриштирганича куртиллатиб тузланган бодрингни чайнади. — Ароқни чиқарганнинг уйига ўт тушсин. Сизларни бу ўтиришларингизни кўриб одамлар нима дейди. Акам кеча келганда-ку бошқа гап эди – деди куйиб-ёниб Бекпошша. — Нима дейди. Қўйдим одамларингга. Муҳтож бўлсанг икки нон берармиди одамларинг –деди Қодир хурпайиб. Буғи чиқиб турган қўйнинг калласи, ўпка ва гўштларини бир товоқда келтириб меҳмоннинг олдига қўйишди. Хонани пишган гўштнинг иси тутди. — Ака мулладай улуғ этиб калла бош оёқ билан келинларингиз сизни сийлашаяпти – деди сўзи синиб дастурхон чеккасида мунгайиб ўтирган Бекпошша суҳбатга қўшилиш учун. Ичкиликдан сўнг яйраб ҳатто бир оз яшариб кетган Сайилхон яна пиёлаларга ароқ қуйди. Унинг ҳаракатларида нозикликми, асилзодаликми бор эди. Балки ароқ сузиш маросими ҳаётининг моҳияти бўлгани учун бу ишларни маҳорат билан ижро этаётган дрижерга ўхшар эди. — Қўйсанг-чи муллаларга ўхшатма, азалдан ёқмайди шулар. Биттаси Бекмат муллами, ҳамиша одамларнинг қўлига қараб туради. Дастурхондан нима олиб кетсам экан деб ўйлайди. Навчун ўзларинг емаяпсизлар?. — Ака анови Тўрахонларни кўриб турасизми? – деди укаси даврани аллақандай совуқ мавзудан чалгитиш мақсадида папахини ечиб қўйиб. — Олдинлари кўриб турардим, энди кўриш қайда дейсан – меҳмон бир бурда гўштни иссиқ патирга ўраб оғзига солди. - Ҳозир ҳафтасига икки уч марта ишга бориб келаман. Уйда ёзув чизув ишларимни бажараман. Тўнга ўралиб, мазза қилиб телевизор кўриб ётаман – деб ҳўриллатиб шўрва ичди. Бирдан телевизорнинг бузилганини, уй пулининг тўланмагани, кечалари сувараклар жонидан тўйдириши ва эскирган қувуру-жўмраклар «қулдираб, чакиллаб» асабига тегишини эслади. Тунлари ёлғиз уйқусизликдан қийналиб ётганида, болалигида ёз оқшомлари онаси билан ҳовуз бўйида пашшахонада ётгани бот-бот ёдига тушиб йиғлаб оларди. Учрашганларида эса онаси фақат «болам..болам» деб кўзларидан дув-дув ёш оқизарди. Иккаласи ҳам нима учун йиглаётганини билишарди. Онаси бечора ўғил-қизларидан тортиниб, ҳеч кўчиб кел дея олмасди. Унинг ўзи ҳам эри дунёдан ўтганидан сўнг шуларнинг қўлига қараб қолган эди. Хотиралар ва фикрларнинг огирлигидан бошларини сарак-сарак этиб, эртани ўйлаб асабий равишда қўзғолиб қўйди. — Кетдик бўлмасам, - Сайилхон барча ёқимсиз ўйлардан қутулиш учун қадаҳни кўтариб. У ичиб юбориб, яна ҳузур этиб карсиллатиб бодринг еди. Жигарлари эса майпараст акасининг ҳаракатини ёқтирмай кузатиб ўтиришарди. Даврага жимлик чўкади. Бекпошша хонтахта остидаги нон ушоқларини теради. — Турдим бўлмаса, бир иккита ишларим бор эди. Эртагача улгуришим лозим. Кеча ҳам кун бўйи у ёқда юрдим – худди шуни кутиб тургандай Қодир папахини кийиб ўрнидан турди. Унинг ҳаракатида акасининг ичиши ёки заволга учраган оиладан жирканиш ва қочиш бор эди. Бу ерда мавжуд бўлган умумий манфаат ва кайфиятга қўшилмаслик ҳолати бор эди. — Саодат яхши эканми – деган савол Пошшаннинг огзидан чиқиб кетади. Бу пайтда Қодир аллақачон эшикнинг олдига бориб қолган эди. «Ҳимм... кўрдим. Болалари юрган экан». Саодат буларнининг энг кичик синглиси бўлиб, ораларига совуқлик тушиб қолган эди. Уч тўрт йил олдин Саодат Қодирдан уч минг доллор қарз олиб вақтида беролмаган эди. Балки эри вафот этмаганида берган бўлармиди. Сўнг қарзи ўрнига икки учта гилам ва тилла тақинчоқларини олиб келган эди. Шунинг учун тўнғиллаб кетиши эди Қодирнинг. Сайилхон укасининг чиқиб кетаётганини кўриб «еее..е» дея олди. Унинг ҳайрлашмай намойишкорона кетиши ҳайрон қолдирди. Гарчанд ичкилик туфайли оиласи, иши ва уйидан ажралиб, товуқ катагидай бир хона уйда яшаётган бўлса-да, негадир ука-сингилларига илгаригидай интиларди. Укалари эса аллақачон бегоналардай буни одам ўрнида кўрмаётган экан. Унинг дабдурустдан чиқиб кетиши айнан шу хулосани исботлаётган эди. Хотини ва болаларининг юз ўгириб кетганига чидаган бўлса-да, негадир ука-сингилларининг қилиғи жонидан ўтаётган эди. — Ўтирмайсанми, - деди. Укасига мурожат қилар экан ичини алланарсалар кемирарди. Аслида укасининг ўзи ҳайрлашиб чиқиб кетиши лозим эди. Ҳар на бўлганда ҳам у меҳмон ва ака. «Кечқурун келаман» деди Қодир эшикни ёпиб. Сайилхон оғир ҳўрсиниб қўйди. Мансабдалигида укасини тиббиёт институтида ўқитган эди. Сўнг мамлакатнинг энг нуфузли клиникасига ишга жойлаб қўйган эди. — Ака, кетса кетавермайдими?. Ўзи у одамгарчиликдан чиққан - шўрва ҳўплаб Бекпошша. - Олинг қараманг уларга. Хотинининг қариндошлари ва божалари соғ бўлсин. Шулар билан ейди, бир тешикка сияди. Ҳар ҳафтада уйига меҳмон чақириб бегоналарга сахийлиги ва бойлигини кўз-кўз қилади. Қари ота-онасини бир-икки ойда кўрай демайди. Онам дорига пул сўрайдиган бўлса, «киссамда эллик сўм пулим бор» дейди – куйиб-ёниб синглиси кўз ёшларини артиб бурнини тортади. – Йўқ дейдиган йўқ бўлади, ака. Бор нарсани йўқ деяверса худо кўтармайди. Йўқ қилади. Буларнинг баҳонаси Саодат билан уришиб қолишгани. Ахир онанг билан уришганинг йўқ-ку. Билмайсиз ака ҳайвонлашиб кетган булар. Саодатга ҳам пулни ўзим бердим. Ҳатто ўлимлик олишга ҳам имкони йўқ экан. Сайилхон ширакайф кўзларини тунд осмоннинг бир парчаси кўринаётган деразага тикади. У ёқдан бировларнинг йўталгани ва аста гаплашгани эшитилади. Бир нарсаларни «тақ-тақ» қоқишади. Йўлда чўнтагида ғижимланиб қолган «Карвон» сигаретини олиб тутатади. — Уф..фф.. зормандангиз бундай аччиқ, ака шуни нега чекасиз-а – синглиси аста арзон сигаретга кўз ташлайди. Бир вақтлар акаси инглизларнинг қимматбаҳо сигаретларни чекарди. - Юрак-бағрингизни ишдан чиқариб ташлагандир – дейди синглиси камзулинининг ёқаси билан бурнини беркитиб ва раҳми келиб. — Ростдан жуда аччиқми дейман. Йўлда ёнимда ўтирган Хотин чекмасам ҳам кела-келгунча огзи-бурнини беркитиб ўтирди - Мавзунинг бошқа томонга ўзгарганига қувониб. Бўлмаса укасинининг ҳаётига нима деб муносабат билдиришни билмай боши қотиб ўтирган эди. Унинг қаҳри қаттиқлиги ва хасислигини биларди. Лекин ўзига ишончи йўқолганми айтишга журъати етмасди. — Илгарилари бунча чекмасдингиз, ака. Юзингиз ҳам қорайиб кетибди. Эсингиздами талабалигимизда пахтага борганингизда ҳамма қизлар сизни кўриб ўлиб қолишган. Катта балиқ олиб боргандингиз – дейди синглиси яхна гўштларни пичоқ билан кесиб огзига солар экан. – Сизни кўрганда ректоримиз ҳам чест берарди. Эй ака, давлатни кўтаролмади хотинингиз. Еди сизни... «Eрни эр қиладиган Хотин, қора ер қиладиган ҳам хотин» деганлари рост экан. Уйга келган меҳмонни қувди. Ишингизга бориб жанжал кўтариб беобрў қилди. Онам бечора «аканг куйганидан ичади» дерди. Бекпошша гўё бошқа бир одам ҳақида гапираётгандай Сайилхон сигаретни тутатганича қошини бир оз керган туфайли кулдондаги кулларни титиб ўтирарди. Синглиси ўқишга кирган йили елиб югуриб баҳоларини тўғрилагинини эслади. У мактабда аъло ўқигани учун баҳоларини бешга топширган эди. Ўзи синглиси сал нарсага кўз ёш тўкади. Ҳамиша ҳаёти ва эридан нолиганида ҳам уйида бир оилани икки уч йил боқадиган озиқ овқатлари бисёр бўлади. — Пошша ҳов анови ҳовлининг бурчагида ётган - ҳиёл қалтираётган бармоқлари билан ҳовлининг бурчагини кўрсатиб. - биза ўйнаган ёгоч ўриндиқли арғимчоқми? – дейди мўй ўсиб кетган бурун тешикларидан тутун чиқариб. Синглиси бурилиб ташқарига қарайди. — Ҳа кеча ҳовлини тозалашганида омбордан чиқаришган экан. Арқонини кесиб олиб ўзини ташлашаётган экан. Олиб қолдим. Барчамиз шунда ўсганмиз. Эсдалик бўлади. Уйга олиб бориб бўятсам яп-янгидай бўлади. Меҳмон яна бир сигарет тутатди. Уйдаги сукунатдан юраги сиқилади. Дарвозанинг очиб ёпилгани эшитилди. Укаси энди чиқиб кетаётган эди. Афтидан ким биландир телефонда узоқ гаплашган бўлса керак. У телефонсиз бир кун ҳам яшай олмайди. — Ўзи яхши, шундай тураверсин. — Нима? – деди аллақачон бошқа нарсалар ҳақида ҳаёл сураётган Бекпошша. Сайилхон яна кетма-кет иккита сигаретни тутатди-да, духоба болишларга чўзилди. -Ака икки-уч кун турасизми?. Қачон кетишингизни билай? Яна олдинги сафаргидай қийналиб юрманг – деган овоз эшитилди. Азбаройи синглиси тўғри гапираётган бўлса-да, ҳозир шу гап жон-жонидан ўтиб кетди. Аслида эртани ўйлаб жонини қўйишга жой тополмаётганда бошқа гаплар ортиқча эди. Уч тўрт йил олдин келганида ҳамма қариндош ва ука-сингиллариникида меҳмон бўлди. Ўзини бир вақтлардагидай қудратли ҳис этган эди. Ота-онасиникида уч-тўрт кун турди. Кетаётганида пули йўқлиги учун йўлкиранинг устида қиёмат-қойим уруш бўлган эди. Укалари одатдагидагидай: «киссамда бир қора тангам йўқ» деди. Синглиси ва келинлари талашиб қолди. Ўшанда Сайилхоннинг ичидан ўтган умр йўли, укаларига боглиқ ташвишлар огриқ билан ўтди. Энди у туғишганларига дардларини айтолмайдиган даражада бегона. Сўнг ўзини тута олмади, кўз ёшлари қуйилиб келаверди. Уришаётган тарафлар алланарсадан ҳайратлангандай тўхтаб қолдилар. Қодир эса «ака, эркак киши уялмайсизми йиглагани» деди. Унга туғишганларининг меҳрсизлиги ва ўзини ёш боладай муҳокама қилишаётгани жуда огир ботди. Шунда онаси бечора «қўй, болам садқаи кўз ёшларинг одам ҳам пул учун йиглайдими?. Буларниинг ҳаммаси йиғилганида ҳам ҳимматинг олдида чумолича келмайди». «Онажон қадрим учун йиглаяпман. Ҳаммасини биламан болам. Лекин нима қилай, менинг билганим ҳеч кимга керак эмас». «Онаа..» баттар ўкириб йиғлаганди. Барча қариндош-уруғ ва ука-сингиллари уни ичавериб савдойи бўлиб қолганга чиқаришганди. Синглисининг қачон чиқиб кетганини ҳам билмабди. Болишда бўйни оғриб қолиб, ғалати босинқи тушлар кўрди. Қаерлардадир отаси, онаси ва укалари билан юрганмиш. Тун бўйи алланарса ҳовлида «ғийқиллаб» нолакор овоз чиқарди. Бу олисларга учаётган қушлар тўпидан айрилиб қолган қушнинг овозига ўхшарди. Ҳовлидан келаётган аллакимларнинг гап-сўзидан уйғониб кетди. «Ғийқ..ғийқ». Шу ётган куйи кўрпачада жўнжикиб ётиб қолибди. Устига кўрпа ҳам ёпмабди... биров ёпиб ҳам қўймабди. Қуёш ҳам аллақачон ёйилиб кетибди. Ҳаво очиқ бўлса-да, Орол денгизи яқин бўлгани учун кун совуқ эди. Синглиси қаерга кетиб қолган экан?. Хонада гарангсираб юрди. Кеча ичгани учун боши оғриётганди. Эшикдан жилмайиб ўрта ёшларидаги бир одам кирди. — Ия Сайил, ўла танимадингми?. Келганингни кўчада Пошшадан эшитдим – у одам кулганича қучоқларини очди. Сайилхон ўрнидан туриб қучоқлашди. Шеригининг юзига ёғ сурилгандай шилимшиқ эди. — Танидим, танидим – лекин унинг кимлигини сира эслай олмади. — Болаларинг яхшими?. На бўлди сенга ўнинчи синф пайтингдагидай озиб қолибсан?. — Ҳозир озғинлик урфга кирган – деди Сайилхон қаршисидаги одамнинг синфдошлигини англаб. – Ке ўтир, ҳозир юзимни ювиб турган эдим. — Бир кўриб чиқай дедим. Умуман бегона бўлиб кетдинг-эй, неччи йил бўлди овулга келмаганингга. Биз ўйнаб чўмиладиган дарёлар кичрайиб, денгиз қуриди. Балиқлар ҳам йўқолиб кетди. Ҳозир ҳамма ёқ тиконли сим ва чегара бўлиб кетган. Энди у ёқларни тушда кўрамиз. Анқайиб меҳмоннинг огзига тикилади: боши айланарди. — Иш кўп. Бир пасда йигирма йил ҳам «гув» этиб ўтиб кетибди. — Эшитганмидинг Омонгулни ҳам бериб қўйдик. Онаси вафот этганидан сўнг ҳеч кимга аралашмай уйида ўтириб қолиб кетди. Кейин ўлди қолди – Сайилхоннинг ҳали исмини эслай олмаган синфдоши гўё бир жонсиз нарса ёки ҳайвон ҳақида гапиргандай аниқлик киритиб. – ўлимидан олдин хотинларга дунёда битта эркакни деб ўтдим деган экан. Сени айтибди. — Мени айтибди..- ғалати синфдошининг ўзи ва айтаётган одам ишонмайдиган гапларига ҳайратда қолдим. – Ўқишни тугатганмиди у? – деди эрга текканмиди деган савол беришга ўнғайсизланиб. — Онаси касал бўлиб иккинчими учинчи курсдан қолиб кетган эди. Сўнг кутубхонада ишлаб юрди – деди дастурхонга қараб ютиниб. - Сен билан беш грамм ичмаймизми?. Сайилхон безовта бўлиб ташқарига кўз ташлади. Ичидан бутун дунё ва хотиралар огриқлар билан ўтди. Аллақачон ҳовлида дўппи кийган эркаклар ва рўмол ўраган хотинлар уймалашиб юришарди. Маҳалланинг ёшгина нотаниш мулласи ҳам келиб Қуръони каримни қироат билан ўқирди. — Тезроқ олиб юбор бўлмаса? – кўриб қолишади деган гапни айтолмай. Қўллари қалтириб ароқни тўкиб юборади. Нотаниш синфдошиннинг эса парвойи палак. Қадаҳни ушлаганича тилак айтарди.».. сен билан фахрланиб юрамиз. Ҳозир ҳам мендай бир тракторчи билан ичиб ўтирганингга ишонмайман. Яхши кунларда бир-биримизннинг хизматингизда бўлайлик». — ичиб юбор – деди иккинчи пиёлани ичган Сайилхон йиғлагудай бўлиб ҳовлига томонга қараб. – овмин – деб ўрнидан туриб деразага тикилганича: «Ооо..о» деб керишди. Эшикдан кирган Қодирнинг кўзи столдаги бўшаган пиёлаларга ва тақсимчадаги тузламага тушиб афти бужмайиб кетди. — Ака, сизни худо уриб қўйгани рост экан. Бўлмаса гуриллаб юрган одам бирдан бу аҳволга тушмайди. Энди тенгингизни топибсиз. Шу кун ҳам ичасизми?. — Ҳўв ука, менга нима бўлибди. Тракторим бор, ерим бор менинг. Ҳайдамасангиз ҳам чиқиб кетаман. Ўзи сани одамни менсимайди дейишганди - деди номсиз синфдоши Қодирга тап тортмай. Ёш боладай мўлтираб турган акасига раҳми келди шекилли: - Ака ювиниб таҳорат олинг. Ҳозир жўнаймиз – ўзи эшик олдига келиб тўхтаган машинани қаршилашга кетди. Мовий ранг дуррача ўраган Бекпошша арғимчоқни кўтартириб юборди. Нотаниш кишилар арғимчоқни кўтариб кўчага чиқишди. Кўчадан тахталарнинг бир-бирига урилгани ва «ғийқ, ғийқ» деган сас қадам ташланишига мос эшитиларди. Туни билан шамолда шунинг овози келган экан. Арғимчоқ экан нолакор овоз чиқарган. Тахталарнинг ҳали унча ранги кетмаган, арқони йўқлигини ҳисобга олмаганда деярли янги эди. Сайилхон ёшлигида онаси ишга кетганида кўпинча Саодат синглисини ёнига олиб учиб ўтирарди. Синглиси баъзан огзида нони билан ухлаб қоларди. Бир марта укаси арғимчоқдан йиқилиб тушиб, бурни қонаганда отасидан қаттиқ калтак еганди. — Ака тахянгиз борми? - деган синглисиннинг гапидан чўчиб кетди. — Қанақа тахя?. — Саволни ҳам бердинг одамига. Акамда тахя нима қилсин. Акамдан ҳозир ичилган бўш шишани сўра.. Сайилхон кўзлари билан укасига «ўтинаман айтма» деб имо қилди. — Анов тракторчи синфдоши билан ичган ароқнинг маркасини сўра - деди шавқатсизлик билан укаси. «Мени муҳокама қилишни ким қўйибди сенга?. Сенинг пулингга ичдимми?.». Бу гапни ичидан айтди у. Бир пайтлар Қодир акасининг олдида нафас олишга қўрқарди. Сайилхон сингиллари билан РАФга ўхшаган машинага чиқишди. Ўнқир-чўнқир йўллардан чегара томонга қараб кетишди. Кўзлари йиғидан шишган Бекпошша рўмолда катта хотинларга ўхшаб қолган эди. Машина қийналиб юқорига ўрлар, ҳар кучанганда мулланинг «астофурулло ўзинг сақла» деган нолакор овози эшитиларди. Онда-сонда орқадан машина сигнали эшитилади. Қодир орқада енгил машинада келарди. Катта йўлнинг чеккасида ўтган йилдан қолган қамишлар ва янтоқлар қор-ёмгирда саргайиб тўзғоқлари ёмгирда ёпишиб қолган эди. Оппоқ қордан пўстин кийган далалар, унда-бунда чиқиб қолган рангсиз ерлар Сайилхонга жуда таниш кўринди. Бир вақтлар бу ерларда ҳалиги тракторчи билан қўй боққан эди. Велосипед миниб тут теришга келган эди. Синфдошлари билан пахта теришган. Отаси молларга ўт ўришга юборганда Омонгулга ўтининг ярмини берарди. Энг сўнгги марта эса пахта заводи директорининг дала ҳовлисига дам олишга келган ва дарё қайрларидан ката- катта лаққаларни отган эди. — Бекпошша, анови кутубхоначи Омонгул эрга тегиб эдими?. — Э ака. Шу Хотин дунёдан ҳур кетди. Эр этмади, дунёнинг нелигини билмади. Ёлғиз қиз бўлгани учун онасининг касалини боқди. Ҳар кўрганда сизни сўрарди. Бирга ўқиган экансизлар. — Ҳмм.. «буни деб бир аёл дунёдан ўтибди нақадар шавқатсизлик» ўйлади Сайилхон. Юрагида аллақандай тушуниб бўлмас мавҳумлик: қайғуми, ғуссами, балки ёлғизлик азобими... нимадир бор эди. Дарёга яқинлашганлари сайин у безовта бўла бошлади. Юлғунлар қаққайиб турган йўлнинг икки чеккасида қор қоплаган далалар чўзилиб кетарди. Синглиси ва бошқа қариндошларининг ҳам йиғиси кучайди. Орқада ҳам кимдир жиянларими «пиқ-пиқ» йиғларди. Мулланинг «худо сабр берсин. Оллоҳнинг иши... нима қиласизлар энди. Пешонага ёзгани шу экан. Бирга туғилмоқ бор, бир ўлмоқ йўқ» деган қироатли овози эшитиларди. Машина ўнқир-чўнқирлардан сакрай-сакрай дарёнинг у қирғоқ жуда яқин келган жойида тўхтади. Дарё маҳобат билан сокин оқар ва музлар парчалари ялтираб кўринарди. Азадорлар машинадан бир-бир тушдилар. Бекпошша ерга оёқ қўйиши билан уввос солиб йиғлаб юборди. «Она...онажон каъбам онам». Сайилхон ранг-рўйи оқарган куйи бир оз қотиб турди. Юзларини совуқ шамол ялади. Кўзлари ҳеч нарсани кўрмас, у қиргоқда кимдир буларга алвон байроқни силкитарди. Унинг ичкилик абгор қилган вужуди титраб, ён-верини аранг кўрарди. Кўз ойнаги ҳам шаҳарда қолиб кетган эди. Тўғрироғи, ўнг кўзини синдиргач, газеталарни бир кўзини юмиб, аранг ўқиб юрган эди. Шунинг учун ҳозир ҳеч нарсани кўрмаётган эди. — Сайилхон ака ана онамнинг тобути. Ана онагинамнинг тобути. Вой Саодат бормисан. Саожатжон. Нима қиламиз энди – Бекпошшанинг бўғилган овози эшитилади. У қирғоқда бошига оқ рўмол ташлаб олган аёл тобутдан ва ўймалашаётган эркаклардан сал узоқроқда қўлларини кўтариб имо қиларди. — Оҳ ака. Онажонимнинг тор қорнига тўрт фарзанд сиққанди. Бечоранинг бир ўзи ҳеч кимнинг уйига сиғмади. Уникида уч кун турди. Буникида ўн кун турди. Сахари ошиб кетади. Дори тополмайди. Дори эмас, пул тополмайди, ака. Кечалари йиғлаб чиқади. Арслондай болалари «олдинги ойда бердим-ку, энди Пошша берсин» дейишади. Пошша бой дейишади. Пошшанинг ҳам пул заводи йўқ ахир. Ахийри, Саодатникига кетди. Чегарадан ўтиш учун ҳам олти ойлик пенсиясини йиғиб қўйган экан. Бечорага сиздан кейин биров бундай ёрдам бермади. «Бекпошша кўзим очиқлигида акангни овулга кўчириб келайлик. У бир кўнгли бўш бола. Бегона шаҳарда ҳор бўлиб қолмасин. Хотини бир кун худодан топар. Бола-чақасидан роҳат кўрмади шўрлик. Кўчириб келайлик шуни» дерди. Биздан қочиб кетди бечора.Бизнинг сўнгги кўринмайдиган уришларимиз ва меҳрсизлигимиздан ҳориганди бояқиш. —Ўчиб ўтир одамлар қараяпти? Шармандалигингни кўрсатма.. - деди қаттиқ шивирлаб Қодир. Бекпошша кўз ёшларини артиб бирдан бошини кўтаради. Кўзининг атрофида ёшлар муз парчаларидай ялтирарди. У дунёга қасд қиладиган важоҳатга минган эди. Дарёнинг музлаган қирғоги «қасир-қасир» синди. — Ким шарманда ака. Онасидан ойида бир хабар олмаган одам шармандами, менми?. Онам бечора қора нон олиб кел деб худонинг зорини қиларди. Ҳар кун шаҳарга борардингиз. Уйингизга халта-халта қанд-қурс келтирардингиз. Уҳ.. энди нонлар ҳам савил қолди. Меҳр кўрмаган онам. — Сен кўпам қонимни қайнатма, ҳамма гапирса ҳам сен гапирма - Қодирнинг кўзлари олайиб қимматбаҳо папахини тўғирлаганича.- Онам ҳали ўлмасдан туриб нарсалари ташиганинг ташиган эди. Сандиғини бўшатдинг. Энди меҳрибон бўлиб қолдингми?. Ниятинг ёмон эди сенинг. — Нияти ёмон деб сизни айтади. Қачон қараса уришиб онамни йиглатардингиз. Ҳар сафар йиғлаганида сахари ошиб ётиб оларди. Анови тентак укам каламушдай ер ковлайди. ғачон қараса ичиб чойхонада ўтиради. Ҳа унинг ичгани ҳеч кимга билинмайди. Акам камбағал сўққабош. Энди алкашга чиқди. «Камбағал бўлсанг доно гапингни ҳам қабул қилишмас» дегани шу. Оҳ, онажоним. «Оч ўтирсам ҳам тинч ўтирай болам. Синглинг ёлгиз болаларини қараб ўтираман». Ана шунда касофат чегаралар ҳам ёпилди. Ака. Дунё ёпилди. На ўликни ўтказади, на тирикни, э худо не кунларга қолдик.. Ўликлари сарсон бўлган онам. Ўликлари сарсон бўлган онам. Олисларда қолиб кетган онам. — Бўлди қилинглар. Ҳали онам тупроққа қўйилмай бир-бирингни ейсан. Ўч иккаланг ҳам – деди Сайилхон амрона овозда бир вақтлардагидек. Ҳамма бошини кўтариб ҳайрат билан унга тикилади. Амударё ва ҳатто нариги қирғоқ ҳам тинчиб қолгандай бўлади. Сайилхон кўзларининг басирлиги етмагандай қулоқлари ҳам эшитмай қолди. Узоқда нариги қирғоқда одамлар қизил нарсанинг атрофида ялтироқ асал арилардай ғимирлаб юришарди. Сўнг бирдан нариги қирғоқ чўкка тушди. Унинг ёнгинасида маҳалланинг мулласи ҳам қироатини бошлаб юборди. «..Қул ҳуваллоҳу аҳад. Аллоҳус самад...» Олислардан аёзли шамол Қуръон сураларини олиб келарди. Сайилхон шундагина ғаройиб маросимнинг моҳиятини англагандай бўлди. Саодат «видолашиб қолинглар» деб онасининг тобутини қирғоққа олиб келган эди. Сал нарироқда чегарачиларнинг сим деворлар билан ўралган баланд-баланд бинолари кўринар ва унда нотаниш байроқлар ҳилпирарди. Тиканли симлар ёнида ботқоқ ранг кийимли қуролли соқчилар бориб келиб туришарди. Иккала қирғоқ ҳам «омин, Аллоҳу акбар» дея қўлларини юзига суртди. Шу маҳал тобут устидаги қизил духоба учиб ерга тушди. Гўё онасининг бошидан рўмол учгандай бўлди. Иккала қиргоқ ҳам гўё энди айтишга ҳеч сўз қолмагандай қотиб қолди. Дарёда музлар «қасирлаб синди». Сўнг бир одам олдинга чиқиб алланима деб бақирди. Шамол унинг сўзларини номаълум кенгликларга учириб кетарди. Сарҳатлар аро Қодирнинг қўл телефонии жиринглади. — Ака, олдинроқ чиқиб ўзингизни кўрсатинг. Онамнинг жони узилмай бир ҳафта сизга илҳақ бўлган экан. Сайилхон журъатсизгина юриб олдинга чиқди. Ичкилик абгор қилган вужудидан шамол ғалвирдай ўтарди. Кенгликлар, саҳролар ва уммонлар қаршисида бир заррадай бўлиб турарди. Сийраклашиб қолган сочларини юртниинг аёзли шамоллари учирарди. Аллақайда арғимчоқнинг нолалари эшитиларди. Арғимчоқ ва дарё ғалати ғуссали сас чиқарарди. Ўртада қирғоғи музлаган Амударё сокин ва қудратли оқарди. У юзлари оқарган ва титраган куйи музлаб қолгандай қотиб турарди. У музлаб қолган ва ҳеч нарсани кўрмас ва эшитмас эди. — Онажон мендан рози бўлинг. Она... Сайилхоннинг бўғзига алланималар тиқилди. У сассиз, овозсиз йиғлар ва елкалари титраб кетарди. Нариги қирғоқда одамлар тобутни кўтариб йўлга тушган ва ғаройиб маросим якунланаётган эди. Уни ўраб турган олам моҳиятини йўқотган ва бир вақтлар туғилиб ўсган ер энди тамом бегона эди. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62429 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57898 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40505 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36644 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23312 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23180 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21838 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19542 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18663 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14485 |