Телефон (ҳикоя) [Salomat Vafo]

Телефон (ҳикоя) [Salomat Vafo]
Телефон (ҳикоя) [Salomat Vafo]
Шержон оғир эшикларни «шарақ-шуруқ« очиб ичкарига кирди. Кўпдан одам яшамаган уйда бурнига аллақандай қуруқ, қабристонларми исига ўхшаб кетадиган ҳид урилди. Бу ердаги кимсасилик бир қарашда қўрқинчли бўлиб туюларди. Аслида кейинги пайтларда боғча ва нонвойхоналарда қоровул бўлиб ишлаётгани учун кўникиб кетган бўлса-да, негадир юраги ғаш бўлаверарди. Бу унинг одамларга ва меҳр-оқибатга нисбатан эҳтиёжини билдирса, яна умрининг аллақандай катта бир бўлагини яшалмаётгандай ҳис қиларди. Негаки ҳафтанинг тўрт кечаси ва кундузи ишда бўлса, икки куни уйда ўтказарди. Ҳар сафар ишдалигида сукунат оламида кўп вақтини деразага қараб ҳаёл суриш билан ўтказади. Зерикканда кириб чиқади, уй анжомларини бир-бир силаб, нималарнидир ғўлдирайди. Уйга борсам уни қиламан буни қиламан деб ражаласа-да, сўнг ҳаёллари осмонга учарди. Эшикдан кириши билан оғир ҳаётдан безган, турмушнинг етар-этмасликлари ва болалариниинг сўнгсиз уруш-жанжаллаларидан хориган хотинига кўзи тушарди. "Eмин мактабнинг деразасини синдирибди". "Оташ ичиб боргани учун ишдан ҳайдалибди». Бирдан қора хабарлар оқими гангитиб қўяди. Ичкарига кириб ечинмасидан тугмаларини бўшатади. Назарида бўғилиб қолаётганга ўхшарди. Шержон сукунат салтанатида ўйларди: »бошқаларнинг ҳаёти қандай экан. Умуман дунёда бахтли одам бормикан?...Бахт дегани нима ўзи?» Қишлоқда яшаб ҳали уйланмаган кезлари бахт ҳақидаги тасаввурлари бошқача эди.
Овқат солинган елим идишини ва нонини қўйиб бир оз серрайиб турди. Иккинчи қаватни айланиб чиқиш лозимлигини эриниб ўйлади. Зинапоялар баланд-баланд, хоналар катта-катта, бошидан охирига етгунча одам албатта чарчаб қолади. Бунинг устига кўнгилсиз юмушни ҳар кун бажараверса, тез орада жонига ҳам тегиб қоларкан. Кеча боғчада навбатдалигида қувур ёрилиб кетиб ярим кечагача ухлолмаган, шунинг учунми ҳозир боши бир оз айланиб турарди. Истамайгина эски ковуши билан зиналарни бир-бир босиб юқорига ўрмалади ва ярмига чиқиб пастга қаради. Гарчанд ҳовлини чанг босиб ётган бўлса-да, қимматбаҳо ёғоч ва мармар кошинлар билан таъмирланиб, лак сурилгани учун жуда чиройли кўринарди. Бу манзарани олтмишларга бориб қолган Шержон уч йилдан бери кўраётгани учун оғир «уҳ« тортиб яна юқорилади. Юқорига кўтарилгани сайин исиб борарди. Ҳамма иссиқ ҳаво тепага ўрмалар экан. У оёқларини судраган куйи полларни "жиқир-жиқир" босиб хоналарга бир-бир кириб чиқди. Катта залнинг пардаларини суриб ойначасини очиб юборди. Ташқаридаги тоза ҳаво ичкарининг рутубатини суриб кетди. Ўралган гиламлар, елим қағоз ёпилган мебеллар келганидан бери шундай турарди. Имиллаб юриб, кир-чир босган қўпол қўллари билан деворни ва эшикни ушлаганича қўшни хонага ўтди. Яна пардалар сурилди, тоза ҳаво кирди. Бурчакда ўргимчак тўри пайдо бўлибди. Уй эгаси келса яна вайсаши тайин. Хонага бир қур кўз югуртирди, шилдироқ қагоз билан ёпилган қимматбаҳо ётоқ диванлари, тошойналар, юмшоқ креслоларни чанг босиб ётарди. Кимнингдир туғилган кунида совға этилган катта гулдаста қўриб қолган. Деразадан тушган ёруғда чанг зарралари узун тасмада ўйнаб юрарди. Чангдан акса урди. »Аҳмоқ». Бу гапни Шержон уч йилдан бери, айнан шу ерга келганда яъни уйни қоравуллаётган бўлса, ҳар кун айтади. Демак шу ўтган вақт мабойнида «аҳмоқ» сўзини сал кам бир миллион маротаба такрорлаган экан. Ўзи уч хонали уйда болалари ва келини билан тиқилиб яшаётгани учун бўм-бўш хоналарни кўриши билан асабийлаша бошларди. Уй эгасининг катта хотини шаҳардаги уйини, қолаверса эрини қизғаниб сира кўчиб келмас ва сотишга ҳам йўл қўймас эди. Шержоннинг назарида қари хотин кўчиб келиб мазза қилиб боғчали уйда яшаши керак эди.
Ана уйнинг айвончасидан Хумсон тоглари кўриниб турибди. Ёнбағирларни ёзда кўм-кўк арчалар қоплайди. Сувлар шарқираб оқади. Тонгларда қўй-қўзиларнинг «маърагани«, қушлар сайроқи шу ергача эшитилади. Қишнинг охирлари бўлсада тоглар оппоқ пўстин кийган эди. "Бундай жаннат жойларни қайдан топади. Ақлсиз хотин. Худо ҳам шу беқадрларнинг пешонасига уй беради. Ким зор бўлади, ким хор қилади". Полни "дуп-дуп" босиб оёғини судрагинича яна бошқа хоналарни айланиб чиқди. Унинг алланима деб гапиргани ва сўкингани эшитилади. Уйнинг тоғларга қараган айвонига чиқди. Кўкрагини тўлатиб нафас олди. Атрофга қараб кўзлари қувониб кетди. Жануб тамондан баҳорнинг илк элчилари кўм-кўк майсалар кўринар ва аллақандай баҳорги қўшлар »чирқ-чирқ» этиб қанот қоқишади. «Худога шукур». У ҳамиша ҳамма нарсани ўз истакларига қараб ўлчар ва шу ғариб ҳаётига шукрона айтарди.
«Баҳор ҳам келибди». Айнан шу фикр ўлимни эсига солди. Бир кун буларни ташлаб кетади. Илгарилари ёши қирқ, элликларда эканлигида ўлим ҳақида ўйлашга қўрқмасди. «Бир бошга бир ўлим» дерди ичиб келган вақтларида столни муштлаб. У даврлар ҳам бир зумда ўтди кетди. Қишли қировли касалликлар ва муаммоларга тўла қарилик даври етиб келди. Шержоннинг ҳаёти бирдан йўлдан, тўғри бораётган йўналишдан чиқиб катакларга айланди. Негаки у энди янглишиб кетмаслиги учун қачон қаерга боришини ҳафтанинг сариқ ва қизил катакларига бўлиб қўйган эди. Яқиндан бери ҳафтада етти кун бўлса, беш куни бўяладиган бўлган эди. Илгарилари бирор жойга ишга борса қишнинг узун кунлари зерикиб уйқуси қочарди. Тун бўйи болаларнинг ёки хотинини ўйлайвериб боши оғриб кетарди. Яқиндан бери бир нарсани сезиб қолган эди. Уйидагилар бунинг уйда бўлмаслигига ўрганиб қолишганми, у телевизорнинг қаршисига чўзилиши билан бир-бир чиқиб кетишарди. Ҳатто хотини ҳам бирон жойини оғриганини баҳона қилиб эртадан ётиб оларди. (Буюмлар онаси, хотини ва болаларига айланади. ) Энди шундай яшашга ўрганиб қолди. Деворга суянган кўйи атрофни кузатди. Дарахтларнинг куртаклари бўрта бошлабди. Ҳокимнинг уйида аллақачон баҳорга тайёргарлик кўрилиб, сариқ рангли хизмат либоси кийган эркаклар бир нарсаларни кўтариб кириб чиқиб юришарди.
— Салом Шержон ака, - деган овоз эшитилди.
— Салом, салом – Шержон хурсанд бўлиб.
Ва дарров ўзини ичкарига олишни мўлжаллади. Чунки бугун у нарсанинг дараги йўқ. Қўшни йигит билан боғчадан ёки бу ерда ойлик олган кунлари учрашиб туришарди. Шержон у зормандани авайлабгина сумкасига беркитиб олиб келарди. Қўшни йигит бир коса овқат ёки совуқ газаклар олиб чиқарди. Шержон ҳар гал унинг исмини сўрар ва шу заҳоти унутиб юборарди. Ўшандай пайтларда энг баҳтиёр одамга айланарди.
— Шанба куни бир ўтирамиз Шержон ака. У куни бу ердамисиз ахир.
Қоравул юқорида туриб бош силкийди. Қўли билан бир нарсаларни ишора қилади.
— Эрталабдан хотиним қариндошиникига тўйга кетади. Егулик ҳамма нарса бўлади. Сомсами, норинми нима нарса қилса шундан олиб қоламан. Анов куни бир шиша оп келиб яшириб қўйдим.
— Ҳимм... - дейди Шержон илжайган бўлиб, сап-сариқ, балки умрида тозаланмаган тишларини кўрсатиб.
Қўшни йигит ҳам йиллар давомида у билан отамлашиб ўрганиб қолгани учун шарпадай бир зумда ғойиб бўлиб қолган қоравулнинг изидан бефарқ қараб қўяди. Шержон имиллаган куйи Яна йўлида давом этади. Ҳаммомнинг чироғини ёқиб анқаяди. Қимматбаҳо кошинлар ярақлаб кетади. У одатича ванна жумрагини бурамоқчи бўлади. Бирдан қўлини тортиб олиб энгашиб қарайди. Ванна тубида бир қарч ва нозик илоннинг боласи «илонча» ётарди. «Ўйинчоқмикан. Қачон тушди экан бу ерга». Тиш чўткаси билан туртиб кўрмоқчи бўлади. Илонча биланглаб силиқ ваннада сирғалиб тушади. «Вой жинни кириб олган жойини. Онанг қани сени. Чанқадингми.». Жўмракни бурайди, шовуллаб сув оқади. У бир зум сувда сирғалиб судралаётган илончани кузатиб туради. Яна жўмракни беркитиб чиқиб кетади. Уйда ҳеч ким бўлмагани билан сира чўмилишни одат қилмаганди. Назарида ваннада чўмилишга кирса, биров эшик қўнғироғини босадигандай ёки уй эгалари кириб келадигандай. «Сасиб кетибсиз» дейди хотини. Унинг адашиб тунда ҳужум қилиб қолишини олдини олиб. Бу ерга келиши ва ҳаммомни кўриши билан «мазза қилиб чўмилиб оламан».
Пастга тушади, овқатланади. Ҳамиша сумкасида олиб юрадиган шапалоқдай радиоси мурувватини «шиғиллатиб» бурайди. «Америка штатларида сув тошқинлари давом этмоқда» дейди диктор. Америка жуда узоқ бўлса ҳам ҳамма янгиликларни эътибор билан тинглайди Шержон. «Ҳа шунча ривожланган мамлакат бўлса ҳам фойдаси йўқ экан». »Тақа-туқ» назрида дунёни шовқин-сурон қамрайди. «Реп мусиқа муҳлислари учун... марҳамат». Чўчиб кетиб яна бурайди. «Репинг билан ҳар нарса бўл». «Шиғ-шиғ» хонани най наволари ва ғамли бир овоз қоплайди. Яқиндан бери Шержон оғир мусиқаларини эшитолмайдиган бўлиб қолган. Юраги сиқилиб ўн беш йиллардан бери кўрмаётган онаси ва яқинларини эслайди. Яна бурайди. Навқирон ширадор бир овоз янграйди. «Дўстдан яхши ёр бўлмас». Аллақаерларда русча куйлашади. Қандайдир одам тушуниб бўлмайдиган тилда қўшиқ айтади. У бундай қўшиқларни негадир негрлар ижро қилса керак деб ўйларди.«Шиғ-шиғ». Яна ёқимли овоз янгради. »Уфф...» Қўшиқ Шержоннинг узун умри давомида қотиб қолган юрак торларини чертар, ҳар кун ҳар сафар қўшиқни эшитар экан, юрагида аллақандай унутилиб кетган туйғулар, хотиралар пайдо бўларди. Баъзан буларнинг номини нималигини билмаса, қўшиқни эшитиши билан яйраб кетарди.
Баъзан ичиб олган кезлари Хонзода Эъзознинг қўшиқларини эшитиб кўзларини юмиб ётаверарди. Ўшандай пайтларда ундан бахтли одам йўқ. Униинг қалбидаги интилишнинг, ширин ҳаёлларга берилиши бировни суйиш, муҳаббат деб бўлмасди. Шержон Хонзоданинг ширали сасини эшитиши билан: кўз олдига унинг гўзал чеҳраси, чиройли кийимлари ва турли ҳашаматдор тақинчоқлари келиб юраги орзиқиб кетарди. Ичиб олган кезлари шайтон ҳаёлларига бериларди. Хонзодани ялонғоч ҳолатда ўз қучоғида тасаввур этади. «Вой-бу уйингиз катта экан. Мен сизни кичкина одам десам сиз катта дам экансиз дейди. Лекин уйингиз совуқ экан, совуқ қотиб кетяпман ». Шунда у бир оз уйланиб туриб хўжайининг ваннахонада осилиб турадиган пахмоқ ҳалатини келтириб беради. Ичидан ишқилиб биронаси келиб қолмасин деб ўйлайди. Анов қандай сурат?. Отга қизиқасизми, менга ҳам от ёқади. Қайси рассомнинг иши бу? Шержон бир нарсалар деб ғўнғиллаган бўлади. Рассомларни қаердан ҳам эшитибди у. Бирдан чўчиб кетади. Чой вақирлаб қайнаб тўкилаётган экан. Рўё ҳаёллари бир зумда тарқаб кетади.
Атрофдаги уни ўраб турган борлиқ кўзига балодай кўринди. Минг йилдан бери кўтариб юрган тўрхалтаси, шиша банкага солинган қовурилган кортошка ва ярим нон – Шержоннинг кечки овқати эди. «Кўп еманг семириб кетасиз. Касал топасиз» дерди хотини. Аслида овқатни тежаётганини яхши биларди. Тўғри ейиш-ичишида маъно бўлмасада лекин у шу ерда овқат ейишни ёқтирарди. Тинчгина, ҳотини ҳарҳаша қилмайди. Болалари асабига тегмайди. Мусиқа янграб туради, ёлғиз ўзи...оҳ маза. Кўзи чанг босиб ётган телефонга тушади. Шержон олислардаги кампир онаси ҳақида ўйлайди. Онаси қариб ҳам қолгандир. Телефонда гаплашолармикан. Бу телефон ишлаётанмикан ўзи, кейинги пайтларда жирингламай ҳам қўйди. «Вонгг» деб овоз чиқаради трубка. Ишлаётган экан дейди, гўё телефоннинг ишлаётганидан ҳафа бўлиб. Энди яна азобли ўйлари давом этади. Телефонни кўриши билан онасига телефон қилиши кераклигини ўйлайди. Ишонмассиз у ўн йилдан бери телефонни кўрса онаси эсига тушади. Лекин негадир ҳар гал пайсалга солади. Онаси хорижий бир мамлактда яшагани учун телефон ҳақининг қимматлигидан қўрқади. «Уфф...» Имиллаб ўрнидан туради-да, стол остида турган титилиб кетган журнални балки уч юзинчи, балки беш юз йигирманчи маротаба варақлайди. Муқова сўнггида Хонзоданинг яшил либосли, турли тақинчоқлар таққан рангли расми кўринади. Унинг кўзига яқин қошлари аллақандай совуқ кибр билан тикилади. Яна ўша нигоҳларда аллақандай сирми, жумбоқми яшириндай, беихтиёр одам жуда узоқ тикилиб қолди. Шержон ушбу суратга соатлаб тикилиб ўтиради. Уни излаб топиш ҳақида орзу ҳам қилмайди. Негаки у на бой ва на ёш келишган йигит. Шунинг учун қўшиқларини эшитиб овунади. Ҳар кун не-не ҳаёлларга бормайди. Энди ўйлаб қараса, бу ерга шу хотин ҳақида хаёл суриш учун ҳам келар экан. Бу ерда хотини қулоғида тинмай вайсамайди. Назарида шу нарса унинг ҳаётининг мазмунига айланганга ўхшайди. Одатда ўзга тилда гапирадиганлар негр бўлса керак деб ўйларди.
Ётган жойида кийимлари билан ухлаб қолади. Ўзининг дангасалигини оқлаш учун кейинги гал чўмиламан, ҳозир бир оз шамоллаганман дейди. Яна тонг отади. Охири бу истаклар ҳам озор бермайдиган бўлди. Чумилмасликка ҳам кўникиб кетади. Ташқарида машина овози эшитилиб дарвоза тақиллагандай бўлади. Юзини юваётганда бошини ва бўйнини ювган бўлади. Сочи олинган тақир бошини, бўйнини сочиқ билан арта-арта йўталади. »Ҳозир...ҳо». Эски калишини оёғига илиб югургилайди. Дарвоза олдида қавоғи солиқ уй эгаси туради.
— Кун ёйилгунча ҳам ётадими одам. Қари одамларнинг ўйқуси кам дейишади. Сиз уйқуга ётган ипак қуртига ўхшайсиз. Манг…? - қўлидаги пакетни тутқазиб қоровулни четлаб ўтади.
Eлликлардан ошган уй эгаси виқор билан ичкарига юрди. Афтидан хотинларининг бири билан уришган, шунинг учун вақтли келибди.
— Иккинчи қаватдан сув оқмаяптими?.
— Сув йўқ, - қайси сув ҳақида сўраётганини тушунолмай. Уй эгаси олиб келган пакетга ютуниб қараб қўяди. – Илонча бор – деб юборади.
— Қанақа илон – уй эгаси тўхтаб синчков тикилади. Қоравулга ёлғизликда жинни-пинни бўлиб қолмабдими деб шубҳа билан қарайди. Беихтиёр бошини кўтариб иккинчи қават томонга қулоқ солади.
— Илонни боласи ваннада...
— Ия, - уй эгаси норози ҳолатда шу вақтнинг ўзида эриниб юқорига ўрмалайди. Шержон эргашади. –Ваннада илон нима қилади. Сиз кўчадан олиб кирдингизми ё?.
— Шунга ҳайронман, - ғўнғиллайди Олим.
Иккаласи бирин-кетин ваннага киради. Чироқ ёниши билан сутранг кошинлар ярқариб кетади.
— Қаерда илон? - дейди у пластик шолчаларни зардали кўтариб кўриб.
— Эрталаб шу ерда эди. … онанг қани дедим.
Ҳўжайин анграйиб тақир бош, юзи ажинлардан иборат олтимишдан ошган қоравулга қарайди. «Томи кетибди». Иккаласининг орасидаги узун сукут чирсиллаб узилиб кетгандай бўлади. Алланарсаларни сўкинган куйи ташқарига йўналган уй эгаси Шержонни туртиб кетаёзди. «Илонлар қаерда экан. Ўрмалаб девордаги портретларга кириб расмга айланганмикан?». Демак чанқаб портретдан тушган бўлса керак. Йўлакдан унинг «...ни ёпдингизми» деган саси эшитилади. Шержон катта залниинг ўртасида қаққайиб туради. Девордаги номаълум баландликка сакраётган тулпорлар суратларни бармоғи билан артиб кўраётган хўжайинни кузатади.
— Ака, буларни ёпиб қўйинг деган эдим-ку, сизга. Мана ҳаммаси офтобда оқариб ётибди. Бу беш минг евролик нарса бўлса…
Шержоннинг нигоҳи кумушранг отларда отиб қолади. Болалигида қишлоғида кун бўйи от миниб юришарди. Шовот деган каналда от билан бирга чўмилишарди. У пайтларда жуда ёш бўлган онаси қўлида тол ҳивчини билан уни излаб юрарди. «Уйга Кир, ҳозир отанг келади».
Деворнинг аллақаерига беркиниб олган чигиртка «чириллаб» қўяди. Ҳокиминиг ҳовлисидаги ёпиқ бассейнда болалар бақиришиб чўмилишади. Кимнингдир қарғагани эшитилади. Афтидан қўшни бозорга нон олиб кетаётган ўғлини қарғарди: «оғзингдан қонинг келгур нега тўкасан нонни…»
— Олдинги ҳафта оч дегандингиз-ку – минғирлайди Шержон ва чойим совуб қолмадимикан деб ўйлайди.
— Кеча ичмаганмидингиз. Хаёлингиз қаерда. Олдинги ҳафта очган бўлсангиз энди ёпишингиз керак. Буларни вақти вақти билан шамоллатиб туриш керак. Мабода бирон паразитлари бўлса қуёшда ўлади. Машҳур портретларни ҳам вақт бевақт кўргазмага қўйишлари ҳам шундан бўлса керак. Э, айтишим шартми, ўзингиздан билавермайсизми?.
У нима деб жавоб қайтаришни билмайди. Деразага кўз ташлайди. Уни ҳам очиш керакмиди, ёки ёпиш...
Хўжайин бир хўмрайиб бошдан оёқ қарайди. «Қариб қолибди алмаштириш керак». Кимга алмаштириш ҳақида бош қотирмайди, негаки у ишлайдиган пулга ёшларнинг ишламаслигини у яхши билади. Паркет полларни «жиқир-жиқир» босиб пастга тушиб кетади. Шержон ҳам имиллаб унинг ортидан эргашади.
— Боғни тартибга солинг, шанба куни келамиз.
Кўчада аллакимларнинг овози эшитилиб, сўнгра машина вағиллаб юриб кетади. Афтидан уй эгаси қўшнилар билан сўрашди. Шержон олисдан ўлжасини кўзлаб роҳатланаётган бургутдай пакетга тикилиб борди. Қоғоз ҳалтачанинг остидан алланарсанинг ёғи сизиб чиққан эди. Иккита ноннинг устига турли хил пишириқлар: ширин кулча, қизариб пишган мурабболи нон ва бир қаноти олинган товуқ солинган эди. Шержон беиҳтиёр жилмайди. Уй эгаси қўпол ва қўрс одам бўлгани билан бир тарафи қўли очиқ одам эди. У ўғли ишлаётган ресторанидан турли тансиқ таомлар олиб келиб уни сийлаб турарди. Товуқ гўштларни паққос тушириб ширинликлар билан чой ичаётганда товуқнинг бир сонини хотинига олиб қўйишни ўйлади. Лекин бир зўм ўтмай фикридан қайди. Чунки Шержон уйга бир икки марта эртароқ бориб қолганида кириши билан бир тақсимча овқатни хонтахтанинг остига олиб қўйишди. У қўлии ювиб келиб ўтирганда олдига бир лаган қоврилган макарон олиб келиб қўйишди. Шержон барча жойларда қоравулликда ёки уста бўлиб юрганида макарондан роса кўнгли қолган эди. «Бундай кўнгли тор буларни, ҳафтада уч кун уйда бўлса...».
Ҳали дамлаб қўйган чойи тиниб ҳушбўй бўлиб турган экан. Ҳузур қилиб шимириб, яна Хонзоданиинг рангли суратига тикилди. «Худо ҳаққи илгари унинг кўзи қора эди. Ҳозир эса мовий эди». Рангларни ҳам ажратолмаяпти. Балки энди кўздан ҳам қолганмикан?. Нега бўлмаса яқиндан бери қаерга қараса кўзига Хонзода Эъзоз кўринар унинг устига кийимлари ва кўзлари мовий эди. Радиодан: «Дунё болаларини бугунги байрами билан табриклаймиз. Японияда бугун денгиз куни, денгиз ахир болаларники келажакники…» Ажаб дунёда денгиз куни ҳам бор экан. Уни нимасини нишонлашар экан. Балки, Швейтсарияда осмон куни, қуёш куни ҳам бордир. Лекин унинг бир томони одамзод бир хил нарсани кўравериб ўрганиб қоласан. Балки тинимсиз, беминнат нур сачадиган қуёшга ҳам эътибор керакдир. Ахир у нур сочмай қўйса нима бўлади. Унда Шержон қишлоғига бир вақтлар ўн соатга поедздда борадиган, эндиликда Иттифоқ парчаланганидан сўнг у чегаранинг бу ёғида онаси эса у ёғида қолиб кетди. Шержоннинг ўзига ўхшаб орзулари ҳам ғалати, қуёш бу ерда нур сочмаса у ёқда ҳам нур сочмайди-да. «Бизни учраштирган ёмғирга раҳмат». Ҳамма нарсадан ҳам қўшиқ бўлаверар экан. Эшик чўзилиб чўзилиб жиринглаб кетди. Назарида деворда осиғлиқ суратлардаги отлар бир чўчиб кетгандай бўлди. Уй эгасининг бирон нарсаси қолибди шекилли...» Оббо, одам бойиган сари инжиқ бўлиб бораверар экан. Ҳеч ким кирмасин, ҳеч нарса берма...» Ёки қўшнилармикан...Ҳаёллари жонланади: Хонзода Эъзоз келган бўлса-я… Эшикни очди остонада юпун кийинган иккита аёл турарди.
— Ассалому-алайкум ака. Сизни яхши одам деб олдингизга келдик – хотинларнинг кўзларида аллақандай қайғу яширин эди...
— Келинглар. Нима хизмат? – Шержон худи ўзини шу кошонанинг эгасидай хис қилиб бир оз керилган куйи.
— Бир телефон қилиб олсак бўладими?, - юзлари ҳорғин бир аёл шундай қараб турардики, йўқ деб айтининг илжи йўқ эди.
Хотиннинг ёнидаги ёшроқ қиз кулиб қўйди.
Шержон бир зум ўйланиб қолди. Ёмон хотинлар бўлса-чи нарироқда шериклари беркиниб турган бўлса-чи, лекин ёмон аёлга ўхшамайди.
— Фақат шаҳарлар аро қўнғироқ қилмайсизлар – деди бир оз гердайиб.
— Ўлибмизми ака. Биламиз, - деди ёши катта хотин.
Аёллар кириб қўнғироқ қилишди. Лекин бирор жой билан гаплашишолмади.
— Раҳмат, бизга керак одамлар уйида йўқ экан, - ўрнидан туриб кетишга чоғланишди.
Ёш қиз бир нарса эсидан чиққандай таққа тўхтади.
— Ака, бир кеча ётишга жой берсангиз? – шаҳардан ишга келгандик.
— Жой? – Шержоннинг кўпдан бери мудраб ётган ҳайрат туйғулари балқиб юзига чиқди.
У Яна бир қур аёлларга ва атрофга қараб олди. Бирдан ҳаёллари аралаш-қуралаш бўлди: мана мен деб хўжайинниг қўрқинчли юзи балқиб чиқиб турди.
— Биз ишлаган уй эгалари яхши одамларга ўхшамади – аёл келган томонига бир қараб қўйди. - Бари эркаклар, бари маст-аласт...
— Аммо…- у ўзини уй эгаси деб билгани учун жавоб беришга чайналарди. – Бегона аёлларни киргизолмайман.
— Худо хайрингизни берсин ака. Биз ёмон хотин эмасмиз, мана қўлларимизни қаранг йил ўн икки ой қора ишда ишлайвериб, аёллигимиздан нишона қолмаган – деди ёши каттароқ аёлнинг кўзлари жиққа ёшга тўлиб қовариб кетган қора қўлларини кўрсатди.
— Қўшниларингиз жой бераман деди. Лекин иккита ёш йигит бор экан. Апам унамадилар. Ҳамиша мен учун чўчийдилар, - деди ёшгина қиз Олимнинг ҳамшишасининг уйи томонга қараб олиб.
Ҳокимниинг хотини тўйга кетган эди. «Вой занғар дарров хизматчиларнинг кўнглига бошқа гап кела қолибди-да».
У ўзини четга олиб манзират қилган бўлди: «майли қолинглар». Хотинлар шарпасизгина аста юриб ҳалиги жойга ўтиришди.
— Бизга ўхшаганларнинг юзтасига ҳам етадиган жой бор экан. Яна киргизмайман дейсиз, - деди ёшроқ қиз қошларини чимириб.
Аёл қизнинг биқинига туртиб имо қилиб қўйди.
— Шу ерда ўтирсак бўладими ёки бошқа хона бормикан?. Мен Ойшагулман, бу Ноли...
Шержон энди хотинлардан ростмона уялиб, аста столдаги нон бурдалари ва суякларни йиғган бўлди. Юрагида қандайдир нотаниш туйғулар уйғонди.
— Қўйинг биз ўзимиз – Ойшагул столни артиб ошхонага йўналди. – Шу ердан қўл ювсак бўладими?. - Жавоб кутмасдан сувниинг шовуллагани эшитилди. Ёшроғи бир зумда пол ва мебелларнинг чангини артиб чиқди. Бир зумда ҳовли туй-пўй бўладигандай ярқираб қолди. Шержон чой қўйган бўлди. Қимматбаҳо қандилни ҳам ёқиб юборди. Уст бошини чангини қоқди. Ювиниб чиқмагани учун ўзини койиди. Бу ерда тузукроқ кийими ҳам йўқ. Янги кийим олмаганига икки-уч йил бўлди. Товба, беихтиёр кийимларига эътибор бера бошлабди. Хотинлар жимиб кетди. Демак, ҳаммомга киришибди. Майли ювиниб чиқа қолишсин, чанг-чунгга ботиб қолишган экан. Агар булар кўриб қолгандами?. Бирдан миясига гаражга яшириб қўйган ароқ келди. Дастурхонга олиб келиб қўйса бошқача тушуниб аразлаб кетиб қолишса-чи... Яхшиси жим ўтиргани яхши... Хотинларнинг шодон овози, кулгулари эшитилди. Шержоннинг юраги орзиқиб кетди. Сув шовуллади.
Ёши каттароқ Хотин узун қирмизи халат кийиб олган эди. Улардан аллақандай муаттар бўйлар, шампуннингми иси келарди.
— Бизни йўқотиб қўйдингизми?. Ноли қани ўзинг бир дастурхон тузаб юбор-чи...- узун сочларини силкитиб. - Шержон ака яхши одам эканлар.
Мўъжазгина стол қатлама, пишган гўшт, сомса ва турли пишириқларга тўлди.
— Урре, уйнгда телефон бўлгани қандай яхши – хурсанд бўлиб Ноли.
Шержон безовта қўзғолиб қўйди. Назарида юзларида ажинлари кўпайиб сочлари хурпайиб кетгандай бўлди.
«Тек ўтир, фақат шаҳарга қилгин». «Яхши, Яхши...биламан».
Шержоннинг кўнгли жойига тушиб, Ойшагулга юзланди. Ўз-ўзидан жилмаярди.
— ...бор эди. Ичасизларми...– деди одатича минғирлаб.
Хотин атрофларини бир оз зажин босган чиройли кўзларини унга қадади.
Ва шарақлаб кулиб юборди. Бир қадар ўзини ҳукмрон сезди. Ҳашаматдор қаср ва сўтак мулозим.
— ...ичасизларми эмас. Ичамиз.
Шержон шарпадай сассиз сирғалиб гаражга чиқди. Хотинларнинг ароқ ичишига бир оз ҳайрон қолди. Ёқалари кир бўлган кўйлагини ечиб, хўжайиннинг аллақандай ҳарфлар ёзилган футболкасини кийди. Футболка жуда катта бўлиб сал кам тизасига тушиб турарди. «Катта келдиёв, лекин салқин экан». Шержон мултфилмлардаги катта этик кийган мушукчага ўхшаб жуда кулгули аҳволга тушган эди. Бир қўлида ароқ ва бир банка тузлама билан кириб келишига Ноли оғзидаги чойни пуфлаб кулиб юборди. Ойшагул ҳам кулди, лекин ўзини босди.
— Келинг ака. Бу кийимингиз сизга жуда ярашибди. Жуда шўх-да бу қизим. Ишлаб ўлиб қоладиган бўлса ҳам кулаверади.
Ноли қўлидаги пиёлани аранг столга қўйиб, қорнини ушлаб кула-кула чиқиб кетди.
— Жуда катта эканми, ўтган йиллар жуда семиз эдим, - бирдан Шержон ёш пайтидагидай очилиб кулиб юборди.
Eпчиллик билан пиёлаларга қулқиллатиб ароқ қўйди.
— Иккитага қўйинг у ёш қиз ичмайди, - дейди Ойшагул учинчи пиёлани оғзини қўли билан беркитиб.
— Яхши олиб юборайлик, - бир нарсага шошаётгандай. – Биринчисини гапирмасдан ичамиз. Тиртим тост. Боринг иккинчисини ҳам…
Аёлнинг яноқларига қизиллик югурди. Сочларини эркалик билан орқасига силкиб қўйди. Қорайган юзидаги оппоқ тишларини ярқиратиб кулди. Лекин унинг нозларига ва кулгуларига офтобда қорайиб қолгани ва қўпол қўллари соя соларди. Шержоннинг боши қизиб кўз қирини аёлнинг бўлиқ кўкраклари томон ташаб қўярди.
— Қаердансизлар? – барибир ёш йигитлардай ҳижолатланган куйи дастурхонни ўйнаб ўтирарди.
— Қуйи Сарпанжаданмиз. Ёзда шаҳарга бир икки сўм ишлаймиз деб тушган эдик.
Нариги хонадан Нолининг: «Яна бир юз икки юз ишлайлик бораман» деган овози эшитиларди. Хотиннинг нигоҳларида нимадир «ялт этди». Чалғитиш учун Шержонни гапга тортди.
— Бу ерда иш ҳам йўқ шекилли...зерикиб ҳам кетсангиз керак.
Бирдан Шерзоднинг уй эгаси эканлиги эсидан чиқади.
— У ёқ бу ёқни қарайман, боққа қараган бўламан. Уй эгаси... уйдагилар шанба бозор кунлари чиқиб туришади. Сизлар келганда энди момойга телефон қиламан деб тургандим. Тез-тез гаплашиб турамиз, - кунлаб, йиллаб сурадиган ҳаёлларини чинга айлантириб гапирарди. «Уфф...нега ундай деди».
— Онангиз неччи ёшда, - дейди кўпни кўрган аёл. Гўё Олимни уй эгаси деб билган бўлиб айлантиради.
— Саксонга… - чайналади. Онаси неччига кирган эди. Чегара ёпилганига ўн йил бўлди. Яқинларини ўн йилдан буён кўрмади. Унда ҳозир неччига кирган экан. - Қариб қолдилар. Тез-тез гаплаши...иб тураман, - дейди ичидаги ҳапёлларига қарама-қарши ва бирдан тўхтайди. Бу ҳақда ундан ким сўраяпти. Нега ёлғон гапираяпти.
Бирдан икки ғариб одам ўтирган даврани, баланд шифтли қасрни жаранглатиб кўча қўнғироғи жаранглайди. Шержоннинг бир сонияда кайфи тарқаб, бақадай бўлиб қотиб қолади. Кўп давраларни кўрган аёл кулимсираган куйи «ким бўлди бемаҳалда» дейди. «Ноли бу ёққа кел». Нариги хонадан телефоннинг узун симларига чўлашиб қиз югуриб келади. Олим эшикнинг олидига етиб боргунча бир лаҳзада ичидан қиринди ўтиб кетди. «Ким» деди буғилган овозда. Балки унинг юраги умрида биринчи маротаба шундай тез ураётгандир. Қон босими ҳам рекорд даражаларни кўрсатгандир. Назарида дарвоза олдида уй эгаси турар, афтидан нимадир айтиш эсидан чиққан-у қайтиб келган, ҳозир эшикни очади. Уй эгаси ичкаридаги касофат хотинларни кўради. Ҳаммаси тамом бўлади. Қаердан ҳам шуларни уйга қўйди.
Eшикни очиб юборди. Қаршисида қўшниси қўлида алланарсалар ушлаган куйи кулиб турарди.
— Шерзод ака ухлаб қолдингизми?. Ахир жанонларни киргизиб юборган эдим-ку – Шерзоднинг кир дейишини кутмасдан уни четлаб ўтиб кетди. – Яхши ўтирибсизларми, - аёллар бунинг истиқболига ўрнидан туришди. – Айтдим-ку сизларга Шержон ака жуда яхши одам деб. Ана ўзларингиз кўргандирсизлар.
Ойшагул сузилиб ҳалатини ёқаларини тузатган бўлди. Ноли ҳам келиб даврани кузатганича дастурхондан у бу чимдиниб ўтирарди.
— Шержон ака бунақамас-да қарибсиз брат, қарибсиз, - Айниқса «қарибсиз» сўзига урғу бериб, «уй эгаси» баттар эзилди. Негадир миясига ҳозир эшикдан Ойзода Эъзоз кириб «мен Шержон акани излаб келдим» деганда борми булар мум тишлаб қолишарди. – Меҳмонлар зерикиб қолибди, - Чаққонлик билан қўлидаги сомса ва бошқа майда-чуйдаларни столга ёйиб, олиб келган ароғини «дўқ»етиб қўйди.
— Ҳозир бораман деб ўзингиз йўқсиз-ку, - Ойшагул қўпол ва қора юзларини ноз билан учирди.
— Иш кўп, иш, - у қулқиллатиб ароқни пиёлаларга бўлиб чиқди.
«Вой ифлослар у ёқда ишни пишитишган экан. Олдин хотинларни юбориб кетидан ўзи келган. Шержон ака ўзи бир қоравул деган. Вой ҳезалак, иштон бити...».
— Олдик бўлмаса, қани Шержон ака ўзингиз бир нарса денг.
Шержон ака талмовсираб «мимм…» деганича Яна ғалати овозлар чиқарди. Шунинг баробарида ели чиққан пуфакдек бужмайиб қолди. Унинг ичидан «келишиб қўйибсизлар-у...» деганга ўхшаган гап чиқди. Қўрққанидан шу гапни ҳам тўлиқ айтолмади. Қўшиси моҳир артистлардай ўзини орқага ташлаб кулди. «Eшшак. Хотинини олдида иштонига қилган боладай ишшаяди. Керилишини қаранглар буни...».
— Ўҳҳ...Шер ака ҳали ...сиз ҳам...- аслида «наҳот сиз ҳам шундай гапларни биласиз» демоқчи эди. – ўзимам ўйладим, кириб борсам шундай деб ўйласангиз керак деб. Ўлибманми ака, кўчада икки аёл шундай шундай деди. Опалар мени иложим йўқ...Ана Шержон аканинг олдига боринглар уйи катта дедим. Ман унақа паст одам эмасман, жуда...
Шержон сал қаддини рослади. «Айтмабди-ю... асли тузук йигит бу меҳнаткаш... аммо бир оз маҳмадона...» У кулган бўлди. Кулгининг ўрнига юзида қатланиб кетган ажинлари бир оз қимирлаб қўйди.
— Олдик бўлмаса, - қўлидагини кўтаради.
Шержон бирдан ичишдан тўхтаб пиёлада ёмон бир нарса кўргандай қошини чимиради.
— Ҳа ака, - сўрайди жиддий қўшни.
— Меники жуда тўла-ку, - Яна ажинлари ҳаракатга келади.
Демак ароқнинг кўплиги унга маъқул, хотинларнинг ёнида йўлига сўраб қўяпти.
— Энди Шержонжон ака, - «жон қўшни» ҳурматингиз бор. Уй эгаси. ., - оҳ даюс Шержонга нима ёқишини биларди у. – ...деган истаганча ичади. Бизни йўлимиз…Айшагул. ., - бир оз ўйланади «опа»десамми…- ни йўли бошқа...қани олдик йигит ўлмайлик. Уфф...ёқадией...ол сенам ...ичларингни дизенпектсия қилади – у ҳаммомдан сўнг янада чиройи очилган Нолига алланечук ғалати тикилиб.
Гап қаёққа кетаётганини ичган бўлсада Ойшагул даров англайди:
— Нимасига ичади. Ёш бола ҳали, - дейди бир оз қаҳр билан.
Шержон қари бургутлардай виқор билан гап недалигини англайди.
— Тек ўтир, - дейди у уй эгасиларга хос қатъият билан. – оғзим бор деб ҳар нарсани гапираверасанми...
Қўшниниинг қоши бир оз керилиб юзи қизаради. Аста кўз қири билан аста Шержонга қарайди. »Қари тўнғиз» деб шивирлайди. Энгашиб ютинади бўйин томирлари бўртиб кетади.
— Бир оғиз гапингиз, Шержонбойжон ака, футболкаларингиздан сизни...қани Досаев олдик...- деб пиёлани чапдастларча дастурхонга қўяди. У ҳамманиинг қўлига бир-бир сомса тутқизади.
Барча сомса ейишга тутинади. Ноли эса қизиқсиниб ҳамма нарсани ушлаб кўради.
— Юринглар иккинчи қаватда бир портрет бор. Чин санъат асари...- Шержон қўпол қўлларига «ўҳҳў...»йўталади. – бебаҳо...- уй эгаси такрорлайдиган гапларни эсалашга уруниб, туришга чоғланади.
— Э, ўтиринг...ўтиринг. Ҳозир буни ҳалоллаб олайлик, - Ойшагулга шўхлик билан кўзини қисади.
Ярим шишадан кўп ароқни Шержон билан Ойшагулга бўлади. Аёл қўшнининг Шержонни маст қилиш пайида эканлигини англаб жилмаяди. Узун ғамза тортиб энтикиб қўяди.
— Қани оламиз сўнг санъат асарини кўрамиз. Қанақа расм ўзи, - дейди у юқорига ишора қилиб.
Шержон буткул маст бўлган, тиллари ғўлдираб қора ва йўғон бармоқларини бигиз қилиб нимадир демоқчи бўлади. «сувдаги парилар...Ойзода Камолга ўҳ…»
— Ааа, - дейди қўшни. – тепада Ойзоданинг портрети бор экан-да. Шержон ака унинг суратларини ич киссаларига солиб юради. Аввалига нос-пос ўраса керак. Ҳожатга олиб юради десам. Қараб ўтираман дейди. Ҳайрон қолдим бу одамга. Ойзоданинг кўзлари олдин қора, нега энди кўк дейди. Ҳо...ҳоо...
«Момойга телепон... пари... аҳмоқлар мен Шерман» унинг қалин лаблари энди сўзсиз пичиллаб кувача бўлар ёки ёйилиб кетарди. Юзидаги қатланиб ётган ажинлари ҳам текисланиб кетганга ўхшарди.
Қўшни юқорига чиқаётган вақтида бир пас пичирлашдан ҳам тўхтаган Шержонга тикилиб туради.
— Ҳолингиз шу экан-у, ҳўжайинлик қилишига ўлайми, Яна Шермиш боғлоғлиқ қўй бу Шер эмас, чулдирвақи қоравул. Айша ановини қара...калласи яримми дейман. Кийган футболкасини қара…
Шержон дунёдан бехабар чалақанчасига ётиб ухларди. У ичганлиги учун қийналиб нафас олар, ҳар нафас олганида кўкраги кўтарилиб «Ҳўр-ҳўр...ҳий...ҳий» деган турли овозлар чиқарарди. Қари ва бегона эркакнинг ухлаши жуда хунук эди. Иккаласи етаклашиб мармар зиналарни шипиллатиб босиб юқорига кўтарилиб кетишади. »Вой қўйинг» дейди Ойшагул нозланиб. Ноли ҳудди шуни кутиб тургандай телефонни кўтариб нариги хонага ўтади. Телефон аппаратига Шержоннинг ўн йилдан бери онасига айтомаган гаплари қамалиб қолади.» Олимбой бўталоғим нега жимсан». «Иш кўп опа, нарҳлар ҳам қимматлаб кетди». Телефонларнинг Тошҳовузгача чўзилиб кетган симларида «болам йўлларингга кўз тикиб кўздан қолдим. Бир оғиз соғман деб телефон қилсанг бўларди-ку. Ҳей болама, оналар учун бола саксонга кирса ҳам бола бўлиб қолаверади. Энди шошмай келсанг ҳам бўлади. Ёруғ дунёни тарк этганимга етти ой бўлди ...сен билан охиратда кўришамиз болам...».
Телефон шиғиллайди, турли хил тиллардаги тушунарсиз сўзлар янграйди. Она боланинг муносабати телефонга айланади. Баланд паст, эркак ва хотин тинмай гапираверади. Дунё телефонга айланади. Бир оз вақтгача Ойшагулнинг истиғнога тўла овози эшитилиб турди. «Қўйинг анови эшитади. Эгаси қайтиб келса-чи...». «Келиб кетди...Дасаев туллаган шерни айтасанми... эртага пешингача қотади. Етмишига чиққан одам.» Бир оз ўтгандан сўнг ҳамма ёқ сув қуйгандай жимиб қолди. Аҳён-аҳёнда нариги хонанинг эшигини ёпиб олган Нолининг пичирлаган куйи овози эшитилади. «Ойшагул ҳам жонимга тегди. Эри уйида ётибдими ҳалиям ичиб... буям эридан қолишмайди. Ҳозир ҳам бир Шрек деганнинг уйида…Ҳа...ҳа ўша мулфилмдаги Шрекнинг ўзи фақат аҳмоқона қулоқлар етишмайди. Энамнинг йўтали босилдими?. Буғдойди ўрдингларми... Энди бундай айрилмасам бўлмайди. Майли анови Шрек уйғониб қолмасин. Междегородний қилма дейишганди». Шержон тошдай қотиб уҳлайди. Қулоғига сувнинг шовурлари ва қизлар кулгусининг жаранги ва кумушранг отларининг кишнагани эшитилади. Жунбушга келган отлар қаҳр билан суратлардан сакраб тушишади. Ойзоданинг мовий кўзлари боши узра юлдуз мисол порлайди. «Ойзода келинг энди»... дейди у. Илончалар кўпайиб очликдан ваннанинг ҳар тарафга ўрмалайди. Аллақерда телефон узлуксиз жиринглайди. Суратдаги парилар ҳам чиқиб келишади. Шойи кўйлакларини «шитир-шитир» этиб Шержонинг ёнидан ўтишади. «Тура-тура чарчадик» дейишади. Бир маҳал боғлардаги суви сачрайди. Шержоннинг тош битган қулоқлари ва кўзи очилади.
«Нега эшик очиқ. Телефон аппаратига тўғри қўйилмабди. Ким гаплашди. Ким?..» Эшик олдида хўжайиннинг катта хотини ва невара-чеваралари ҳайвонот боғида ғалати маҳлуқотга дуч келиб қолгандай қизил футболкали қасрда ёлғиз ўзи уҳлаб ётган дев одамга тикилиб туришарди. «Ҳайф сизга. Қариганда имонини йўқотган одам». Шержоннинг ялт этиб очилиб кетган кўзлари телефон аппаратига тушади. Аппарат қафасига қамалиб қолган сўзлар ўзини ҳар ёққа уради. «Мен одаммасман ука. Ўн йилда телефон қилмадим. Телефон пешонамда турган эди. Мен одаммасман она...». У имиллаб ўрнидан туради. Қалбида йиғига ўхшаган армонли бир туйғу пайдо бўлади. Бўғзи улкан қайғудан куйиб кўзларига ёш келади. Энди ҳеч қачон қўшни мамлакатга қўнғироқ қилолмаслигини англайди.

Тошкент. Гўзал маҳалла. 2006- йил, июл
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика