Бобоси билан невараси (ҳикоя) [Togʻay Murod]

Бобоси билан невараси (ҳикоя) [Togʻay Murod]
Бобоси билан невараси (ҳикоя) [Togʻay Murod]
Оёқларига қизил ботинка, устига кўк иштон-кўйлак, бошига эски ола дўппи кийиб олган уч яшар невара, ҳаммадан олдин ўрнидан туриб, айвонга чиқади. Дастурхон атрофида ўтирганлар унга парво ҳам қилмайдилар. У даҳлизда бирпас тик туради. Тўғридан қараганда худди вақтинча ўрнатиб қўйилгандек кўринадиган катта-катта қулоқларини кўрганлар неварани тоғасига ўхшатадилар. Қуралай кўзларини, бир оз япасқидан келган бурнини, кенг ва дўнг, ҳали ғам нималигини билмаган ялтироқ пешонасини кўрганлар эса уни отасига ўхшатадилар.
Невара зинапоядан авайлаб тушади. Орқасига бир қараб қўяди. Майда-майда қадамлар билан ҳовли эшиги олдидаги мототсиклнинг ёнига бориб туради. Эсида бор, отаси билан мана шу мулойим ўриндиққа ўтирган, ўшанда бу мототсикл дегани қаттиқ овоз чиқариб юриб кетган, невара қўрққанидан отасини маҳкам қучоқлаб, кўзларини юмиб олган эди. Мана, у бугун ҳам мототсиклга минади, ўзининг минмоқчи эканлигини билдириш учун орқа ўриндиққа қўлини теккизиб туради. Ҳадемай отаси ҳам келади, сўрайди:
— Йўл бўлсин?
— Мен ҳам бораман.
— Қаёққа?
— Ишга.
— Ҳа-а. Директоримиз кеча педсоветда сени сўраётган эди, нега ишга келмаяпти, деб, — дейди отаси ҳазиллашиб.
Невара отаси айттан сўзларга деярли тушунмайди. Ҳатто айрим сўзларни биринчи эшитиши. Аммо шундай бир нарсани пайқаб қоладики, кимдир: холасими, аммасими уни келсин дебди. Боради, боради.
Шу пайт отаси бир нарсани тепади, пат-патлаган товуш чиқади. Невара бир чўчиб тушиб, киприкларини пирпиратади.
Агар олиб кетмасангиз, йиғлайман, дегандек, лаб-ларини буради, елкасини силкиб, бораман, дейди. Ота-си парво қилмай кетади. Пат-патнинг орқасидан тутун чиқади, невара тутун ичида қолади. Ана энди, у ерга ағанаб, аламидан чиққунча йиғламоқчи бўлади. Аммо... бобоси ёмон. Юмшоқ тупроққа ағанаб, мазза қилиб йиғлаб олишга қўймайди. Неварасини қўлидан етаклаб ичкари олиб кириб кетади. Ҳар қалай ёмон бўлса ҳам ўзи билган одамлар ичида бобосини яхши кўради. Шу дақиқадан бошлаб бобосини аввалгига қараганда ҳам кўпроқ яхши кўради. Сабабки, бобоси ҳозиргина унга токчадан шоколад олиб берди.
Неварасининг кўнгли ниманидир истайди. Бир куни бобоси уни қаергадир олиб борган, у ерда катта-катта уйлар бор, одамлар кўп экан, кўчаларда олма, бодрингларни одамлар ҳаммага кўрсатиб ўтирар экан. Ўшанда бобоси унга ширин сув олиб берган эди. Невараси ҳали-ҳали эслаб лабларини ялаб қўяди. У ҳозир, яна шу ерга олиб боринг дегиси келади, лекин айтолмайди, қаерга борганини ўзи ҳам билмайди. Бобосининг тиззасига ўтириб олиб хархаша қилади.
— Жим ўтир, жим. Қара, анавуни қара. Эҳ-ҳе, бо-
лаларни қара, — дейди бобоси бурчақда турган телевизорга ишора қилиб.
Невараси бу ярми шиша катта қутининг телевизор деб аталишини яқиндагина билди. Аммо ҳалигача унинг номини айтолмайди. Бобоси телевизорда қизиқ томоша кўриб кулиб юборади. Невараси нима гаплигини пайқаса-да, бобосига қўшилиб кулади. У томошага қараб ўтириб, ҳайрон бўлади: бунча кўп одамлар қандай қилиб шу кичкина қутининг ичига сиғади?..
— Бобо, бу одамлар қаерда?
— Телевизорнинг ичида-да, улим.
— Шунинг ичида уйи ҳам борми?
— Бор, улим, бор. Ҳаммаси бор.
— Уларнинг шоколадиям борми?
Миттигина невараси ўзича, кишилар учун энг ширин ва керакли нарса шоколад деб билади. Шунинг учун ҳамма нарсани аввало шоколадга таққослаб кўради. Неварасининг саволи жавобсиз қолади, телевизорда ҳеч нарса кўринмай қолгани учун бобоси уни ўчириб қўйиб, ҳовлига чиқиб кетади. Невараси қўли билан деворга суяниб ўрнидан туради. Кўрсаткич бармоғини оғзига тиқиб, бошини чапга сал қийшайтириб, телевизорга бирпас қараб туради. Сўнг аста-аста келиб, телевизорнинг орқасидан ичига қарайди — йўқ. Чаккасини телевизор ёнига теккизиб қулоқ солади — йўқ. Ҳалиги одамлар йўқ. Ҳозиргина шунинг ичида эди... Қаёққа кетди улар?..
У ҳайрон бўлиб, уй ичига назар солади. Печка олдида турган кичкина машинасини кўриб қолади. Машина олдига боради. Шу ерда турган синглисининг қўғирчоқ қизини оёғидан судраб келиб машина устига ўтирғизади. Машинанинг узун ипларидан судраб ҳовлига чиқади, чеккароқда бир нималар қилиб ўтирган бобосига қарайди. Бобоси дераза ясаяпти. Олдида усталар учун керакли асбоблар, ҳар хил ҳажмдаги ёғочлар сочилиб ётибди. Вақт-вақти билан ёғочга чизади-да, сўнгра кичкина қаламини қулоғи устига қистириб қўяди. Буни кўрган невараси завқ билан кулади ва ўзи ҳам шундай қилиш учун қалам қидиради, бироқ тополмайди. Машинасини судраб дарахтлар орасига қараб кетади.
Бобоси кўз остидан неварасига қараб қўяди. Яна ишини давом эттиради. Бобоси пенсияга чиққанига икки ойча бўлди. Ҳукумат уни тақдирлади. У пенсияга чиқмасдан олдин қачон пенсияга чиқиб мундоқ дам оларканман, деб ўйларди. Иш деганлари жонимгаям тегди, деб қўярди. Мана, орзусига етди. Аммо ўзини қўярга жой тополмай қолди. Нима иш қилишини билмайди. Ишлаб ўрганган одам — ҳадеб ётавергиси келмайди. Ҳовлини кузатиб, кўзига ёмон кўринган нарсаларни — деворнинг кўчган жойларини, бузилган деразаларни, эшикларни тузатади. Токларнинг учини кесади. Хуллас, ҳовлидаги беўхшов нарсаларни ўхшатмаса кўнгли ором олмайди. Бобоси, «Манави Исмоил... Э тавба-э, қирқ йил Совет ҳукуматига хизмат қилиб, минглаб одамлар билан тил топишдиму, икки ойдан буён шу тирмизак билан келиша олмайман-а!..»
Бугун икки кундирки, бобоси товуқ катагига эшик тайёрлайди. У қўлидаги ёғочни қаричлаб кўради, адашиб кетади. Яна қаричлаб, бу сафар қалам билан боплаб белги қўяди. Кесмоқ учун аррани олади. Бобоси: «Бекор пенсияга чиқибман. Ишдалигимда кунига камида ўн киши мени сўраб турарди. Энди эса ҳеч кимнинг мен билан иши йўқ». Бобоси яна кўп нарсаларни ўйлайди... Неварасининг дарахтлар тарафга ўтиб кетганини эслайди, хабар олади. Хотиржам бўлиб, ишини давом эттиради. Неварасига ачинади: «Бунга кийин. Бирга ўйнайдиган болалар йўқ. Уйдагилар мениям ташлаб кетади, униям ташлаб кетади. Е иккаланг бирга ўйнайвер, деганларимикан бу... Иўғ-э..»
Дўмбоққина невараси ўйиндан зерикади. Машинасини судраб келаётиб, товуқ катагига қараб, ичида товуқ борлигини кўради. Чап оёғини ерга тап этиб уриб «кишт», дейди. Товуқ шунда ҳам индамай ётаверади. Невараси: «Ҳамма товуқлар ҳовлида ўйнаб юрибди, бу товуқ нега бир ўзи ўтирибди экан?..»
Қўғирчоқ қизнинг қўлини суғуриб олиб товуққа отмоқчи бўлади, лекин ололмайди. Ердан майда тош олиб отади, товуқ қоқоқлаб катакдан чиқиб кетади. Невараси товуқ ётган жойда оппоқ тухум турганини кўради. Қўлини узатади, етмайди. Урмалаб катакнинг ичига кириб кетади. Тухумни машинасига солиб, бобосининг олдига оборади.
— Бобо, товуқ туғди, мана.
— Яхши бўпти.
— Тухуми иссиқ экан.
Бобоси ва невараси қўл ушлашиб ток вайиши остига борадилар. Жажжигина невараси токда осилиб турган узумларга қарайди. Ўз қўллари билан олиб емоқчи бўлади. Худди бобосидек қўлини узумларга чўзади. Эҳ-ҳе, ҳали жуда узоқ, жуда...
Бобоси неварасига боқиб, беихтиёр ўзининг болалигини эслайди.. Кўнглида неварасига нимадир... нимадир пайдо бўлди... Неварасининг беғубор пешонаси ва тиниқ юзларига узоқ боқиб қолади...

1966
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика