Момо Ер қўшиғи (қисса) [Togʻay Murod] |
«Момо Ер қўшиғи»; қиссаси биринчи марта «Қўшиқ»; номи билан «Ёшлик»; журналида эълон қилинади («Ёшлик»;, 1987, 3-сон). Қиссанинг тўлиқ варианти шу йили китоб шаклида чоп этилади (Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1987). Асарнинг ёзувчи томонидан қайта ишланган янги варианти эса 1994 йилда нашр қилинади («От кишнаган оқшом»;. «Шарқ»; нашриёт-матбаа концерни Бош таҳририяти, 1994). 1 Хумор момога кун туғди. Ёлғиз ўғил аскардан келар бўлди. Остонасидан суюнчихўр аримади. Хушхабар олиб келгувчилар бировига тўн ёпди, бировига белбоғ ўради, бировига дўппи кийгизди. Ёлғиз ўғилдан борини аямади. Қўли сандиқда бўлди. Кўзи остонада бўлди. Аскардан қайтмиш ўғилдан дарак бўла бермади. Шунда, момо кўнглига таҳлика тушди. Чин-да, йўл азоби — гўр азоби. Йўлда нималар бўлмайди. Чолини отлантириб, йўлга чиқарайин, деди. Чоли қирда ётиб арпа ўради. Икки-уч кунда ўроқчиларга сув олиб бориш учун бир келиб кетади. Бечора чоли ҳали эшитмади. Эшитса, от қўйиб келади. Хумор момо қўлини қоши узра соябон қилди. Чоли арпа ўрмиш қирга қаради. Ўғли келмиш Денов йўлига қаради. Интиҳо, аскар келди. Хумор момо кўчага чиқар бўлди. Калишини излади. Теграсига аланглади. Тополмади. Яланг оёқ чиққани эп бўлмади. Бу, суюнчихўрлар иши эканини билди. Кулиб тура берди. Калишини сўровчи бўлди. Теваракда юрмиш ҳамсоя-қўллар, хеш-таборлар елка қисди. Ҳовли дарвозаси олдида турмиш Мардон жувозкаш айтди: — Суюнчисига бирор нима атамасангиз, калишингизнида бермайман, дарвозанида очмайман. А? Йўқ, Мардон жувозкаш борнинг боласи, майда-чуйдаларга узатган оёғинида йиғмайди, ҳа! Жувозкаш дарвозани ичидан занжирлаб олди. Дарвоза тирқишидан одамлар қора берди. Ўғли остонадалигини кўрмиш момо, эндиги атайдигани охирги суюнчи эканини билмиш момо, уч йилдан буён ўғлини соғина бериб, юрак-бағри эзилиб юрмиш момо, йўқчилигинида эсидан чиқариб қўйди. Қисир қолмиш молини атаб юборди: — Анави молимни атадим, бор-е! — деди. Шундан кейин жувозкаш қўйнидаги калишни момо пойига олиб келиб қўйди. Момо калишни оёғига йўл-йўлакай илди. Дарвозага талпинди. Жувозкаш дарвозани очди. Остонада аскар турди. Момо ўзини ўғли бағрига ташлади. Юзини ўғли бағрига босди. Аскар момони қучоқлаб олди. Бир-икки марта ердан кўтариб олди. — Раз-раз-раз! Ты похудела, мамашка, да! Ну, старость — не радость! — деди. Момо бели зирқираб кетди. Аммо теваракдагиларга сир бермади. Дарди ичида бўлди. Ўғли қилиғини соғинишга йўйди. Юзларини ўғли кўкрагидаги нишонларга суйкади, ҳўнграб йиғлади. Аскар онасини юпатди: — Ну, мамаша, ну, хватит! — деди. Аскар, боши узра сочқилар сочилди. Болалар сочқи терди. Аскар сочқилар остида ичкарилади. Одамлар давра бўлди. Ҳол-аҳвол сўра-сўра бўлди. Аскар бош ирғади. Лўнда-лўнда жавоб берди: — Да! Ничего! Спасибо! Аскар даврага аланглади. Онасидан сўради: — Мамаша, где папаша? Хумор момо даврага жовдираб қаради. Ўрисчани чала-чулпа билонғич жувозкаш тилмоч бўлди. — Отасини сўраяпти, хола, — деди. — Ҳа-а, отангми? Қирга арпа ўроққа кетиб эди. Ҳали-замон келиб қолади. Аскар бош ирғади: — Арпа ўрганский-да? Ничего, придёт! — деди. Хумор момо ўғли пойқадамига ош берди. — Тўй отаси қирдан қайтганда бўлади, — деди. 2 Аскар эрталаб бадантарбия қилди. Белигача яланғоч бўлди. Ҳовлини айланиб чопди. Оёғини кўтарди, бебилчагини пешонасига теккизди. Қўлларини ерга тиради. Ётди-турди, ётди-турди. — Раз-два-три!.. Живо, сержант Орзиқулов! — деди. Кун терак бўйи бўлди. Аскар холаси дўппосдай ўғлини эргаштириб келди. Аскар холасига пешвоз юрди. Ўнг қўлини чаккасига қўйди. — Сержант Орзиқулов! — деди. Кўришиш учун холасига қўл узатди. Холаси аскар қўлини эмас, ўзини бағрига олди. Аскар жиянига қараб қўлини чаккасига қўйди. — Сержант Орзиқулов! Как твоя имя? Баҳром? Значить, Боря, да? — деди. — Йўқ, Баҳром, — деди жиян. — Нет, Боря! Баҳром, отсталое имя! Боря современная! Рядовой Боря! Жиян, тоға бўлмиш гапига тушунмади. Онасига жовдираб қаради. Онаси орага тушди. — Жиянингиз ҳали аскар бўлмади. Ўзбекча гапирмасангиз, тушунмайди, — деди. — Ну-ну, пора знать, пора! Аскар чалқанча ётди. Оёқларини чалиштирди. Бармоқлари билан кўкрагига чертди. Ўзича хиргойи қилди: — Ай лавю, ай лавю... Я вас люблю, я вас люблю... 3 Кун оққанда аскар отаси қирдан эниб келди. Отини дарвоза олдида қолдирди. Қамчини белбоғига қистирди. Ичкари равона бўлди. Кулимсиб-кулимсиб қадамлади, қучоғини очиб-очиб қадамлади. Ўзича гапириб-гапириб қадамлади. — Қани, аскар келибди-да, қани... Аскар отасига пешвоз юрди. Қўлларини боши узра ёйди. — О, папаша, здорово! — деди. — Сколько зима, сколько весна! Отаси қучоқлашиб-қучоқлашиб кўришди. Шу ўзимнинг ўғлимми, демишдай, аскарга қараб-қараб қўйди. Отаси жонлиқ сўйди. Қариндош-уруғлар, гапга етарлар учун тўй қилиб берди. Ўғли оёқ олиши билан гапларидан улай-булай изза бўлмади. Майли, ҳали-ҳозир аскарлик ҳавоси бор. Кейин-кейин ўзига келади, дея ўйлади. Аммо аскар ўзига келмади. Мўйсафид отаси тоқати тоқ бўлди, отаси ёрилди: — Улим, эрта биров айтган экан, отангни кўрдим — аҳмади фориғ, энангни кўрдим — товони ёриқ, деб. Отанг шул, энанг шул, қўй энди, ўз тилингда гапир. — Ну, даёшь, папаша, даёшь! — Мен-ку, чала-чулпа биламан. Қизил аскар бўлиб, ўрис ошналарим билан тиллаша бериб, пича билиб олиб эдим. Лекин энанг бечора манави қишлоқдан нарини билмайди. Тилингга тушунолмай қийналяпти. — Ну, папаша, пора знать! Отаси нима қилишини билмади. Ўй суриб қолди. Отаси бир вақтлар Денов, Термизларда қизил аскарлик машқини олиб эди. Мана шу ерларда Совет ҳокимиятини барпо этиш учун қўлтиғига тўппонча осиб эди. Унда манави мишиқи пўрим онаси қорнида ё бор эди, ё йўқ эди. Бу ўзи, кимга пўримлик қиляпти? Отаси зардаси қайнади. Кўйлагини кўтарди. Чап биқинида ҳамон сақланиб турмиш ажабтовур изларни очди. — Ай сержант, сен ўзи ким билан гаплашаётганингни биляпсанми? — деди. — Мен наган тақиб, Совет ҳокимиятини ўрнатганимда қаерда эдинг? Энангнинг қорнида, отангнинг белида эдинг! Ишонмасанг, мана, наган изи ҳалиям турибди, мана! — Я узбекский язык не понимаю! Отаси у деди, бўлмади, бу деди, бўлмади. Аскар гап корламади. Отаси, шу чиндан ўз ўғлимми, ё, бошқа бировми, демишдай аскар уёғидан қаради, аскар буёғидан қаради. Аниқ бир гапга келолмади. Кейин, шу ўз ўғлим экани ё ҳаққост чин бўлсин, ё ёлғон бўлсин, дея аскар қулоқ-чаккасига тарс эткизиб бир солди. Аскар бундай зарбни кутмаб эдими, ё, эски қизил аскар мушти ўзи шундай бўладими, ишқилиб, ёнбошига гуп этиб тушди. Унсиз, жингак бўлиб ётди. Отаси аскарни ёқасидан ушлаб турғизди. Энди бу чаккасига солмоқчи бўлди. Аскар отаси ниятини пайқади шекилли, ҳовлини айланиб қочди. — Вой энажон, ўлдим-е! — дея бақирди. Отаси белбоғидаги қамчини олди. Яланг оёқ бўлиб аскар қувди. — Энағарнинг боласи, тўхта дейман! — дея зуғум қилди. Аскар ўқдай учди. Ошхонага кириб борди. Қозонни айланиб чопди. Онаси кетига паналади. — Энажон, отамни ушланг! Жон эна, ушланг! — дея ёлворди. — Қўрқма-е, индамайди! — Индайди, сиз кўрмадингиз, уже битта едим! Қўлидаги қамчини олинг, энажон! Отаси зуғум қилди: — Ушлама мени, энаси, ушлама! — деди. — Энағарни бир қамчи остига олайин! Онаси орача қилди. — Қўйинг, энди қобил аскар бўлади, — деди. — Айт, қобил аскар бўламан, де. — Энди қобил бўламан, жон ота! — Ҳа-а, энағарнинг аскари, тилинг бор экан-ку! — Бор, мана, бор! 4 Шундай қилиб, аскарга тил битди. Аскарлик кийимларини ташлади. Ўз кийимларини кийди. Бир эрта отаси овозидан уйғонди. — Сержант Орзиқулов, буёққа бир қаранг! — деди отаси. Аскар ҳадаҳалаб кийинди. Отилиб борди. Уйқули кўзларини уқалади. Отасига жовдираб қаради. — Сержант Орзиқулов, бет-қўлни ювиб фариштали бўлиб келинг, муҳим топшириқ бор! Аскар чопқиллаб бориб, чопқиллаб келди. Отаси аскарни оғилхонага эргаштириб борди. Мол таппиларни кўрсатди. — Манавилар нима, сержант Орзиқулов? — деди. — Ҳа, яшанг, таппи! Энди, ўзингиздан қолар гап йўқ, сержант, тирикчилик, ҳа, тирикчилик! Биласиз, таппи қишда кўп яхши ўтин бўлади. Қишнинг ғамини ёзда е, деган! Энди, енгни билаккача туриб, таппи ёпганский, ҳа! Аскар таппиларга қаради. Кўнгли ўйнади. Бир, таппига қаради, бир, отаси қўлидаги қамчига қаради. Ўлмайиннинг кунидан билакларини турди. Авайлабгина энкайди. Таппига қўл урди. Кўнгли ўйнагандан-ўйнади. Кўзларини чирт юмди. Тағин очди. Елкаси оша отасига қаради. Отаси қаққайиб қараб турди. Отаси қамчи ўйнатди. Аскар тақдирга тан берди. Тағин кўзларини юмди. Таппини кафтларига олди. Деворга қулочкашлаб таппи ёпди. Шунда, девордаги қатор таппиларда ботиб ётмиш онаси панжа изларига кўзи тушди. — Ҳа, бали, сержант Орзиқулов, гап бундай бўпти-да! — деди отаси. — Энангизнинг қўлидан бир ишни оладиган бўлдингиз! Бир оқшом отаси масалани кўндаланг қўйди: — Мана, меҳмонлигингизда қариди, сержант Орзиқулов. Келди-кетдиларда сийраклаб қолди. Сўрамоқдан айб йўқ, энди ким бўлмоқчисиз? Аскар ҳарбий хизматдан қайтиб, ижроқўм раиси бўламан, дея ният қилиб эди. Ана шу ниятини айтиш учун тили айланмади, елка қисиб қўя қолди. Отаси бўлари гапни айтди: — Билмаганский-да? Унда, бизники билганский! Манави заранг таёқни олиб, орқамдан юрганский! Сержант Орзиқулов пода боққанский! Аскар анграйиб қолди. Оғзи очилиб қолди. Отаси бир ўқрайди. Аскар дирк этиб жойидан турди. — Есть, пода боққанский! - деди. Шу кундан эътиборан аскар чакана чўпон бўлди. Адирда узун кун чакана мол боқди. Аввал-аввал кўника олмади. Қаерларгадир, хусусан, аскар бўлмиш жойларига кетиб қолгилари келди. Кейин-кейин адирларга ўргана борди. Адирларсиз зерикди. Адирларсиз куни ўтмади. Оқшомлари уйма-уй юрди. Оши ҳалол йиғди. Боши иккита бўлди. Кетма-кет иккита қиз кўрди. 5 Эл аскарни сержант Орзиқулов дейишини қўймади. Ҳазил-мутойибачилар тўй-гаштакларда сержант Орзиқулов аскардан қайтиб келиб гапирмиш гапларини гапириб берди. Қилиқларини қилиб кўрсатди. Эл хандон отиб кулди. Болалар сержант Орзиқулов бўлиб гапиришди, сержант Орзиқулов бўлиб кўришиб-сўрашди, сержант Орзиқулов бўлиб таппи ёпди. Эл қаҳ-қаҳ уриб кулди. У, сержант Орзиқулов бўлиб қолди. 6 Шунда... шунда, уруш бошланди. Сержант Орзиқулов урушга кетди. Урушдан эсон-омон қайтди. Теваракка олазарак боқди. Отаси бечора раҳматлик бўлибди. Гул деб аталмиш бир дард иккита қизинида олиб кетибди. Чолидан айрилмиш онаси билан фарзандларидан жудо бўлмиш аёли мунғайиб қолибди, ғариб бўлиб қолибди. У урушдан ажабтовур бўлиб келди. Миқ этмади. Олис-олисларга термулди. Қариндош-уруғ болалари кўксидаги орден-медалларга қўл теккизиб кўрди. — Буларни қаердан олдингиз? — дея суриштирди. — Урушга борсак, биз ҳам орден олиб келардик, — деди. Шунда, сержант Орзиқулов қирғинбарот кунлардан бор-йўғи бир марта гап очди: — Урушнинг оти ўчсин, болам, — деди. — Сизлар сўраманглар, мен айтмайин. Бундайчикин оҳангжамоларни мен тақдим, сизларга тақиш насиб этмасин... Колхоз раиси сержант Орзиқуловни яхши-яхши ишларга қўймоқчи бўлди. Аммо сержант Орзиқулов рад этди. Тағин ўз подасини сўради. Икки йилда фарзанд кўрди. Бунисида қиз бўлди. Қиз бўлсада умри билан бўлсин эди, бунисида кетди. Тўртинчиси ўғил бўлди. Хумор момо невараси учун исм ўйлади. Ақлларга маслаҳат солди. Оқ-қорани таниганларга китоб кўрдирди. Олис ўйладилар. Ўйламай бўладими, кетма-кет учта фарзанд кетди! Охир-оқибат, ҳаёт соҳиби бўлсин, ҳаётда турсин, дея Турсун деб исм қўйдилар. Ота-она орзуси бажо бўлди. Турсун ҳаётда турди. 7 Ёлғиз ўғил Турсун бир оёғи мактабда бўлди, бир оёғи адирда бўлди. Мактабдан кейин бир қўйнига нон солди, бир қўйнига китоб солди. Отаси олдига борди. Тошга чўнқайиб китоб ўқиди. Овоз қўйиб китоб ўқиди. Эл таъбири билан айтмиш, Турсун ғазалхон бўлди. Байрам, тўй-маъракаларда шеър ўқиди. Мактаб кутубхонаси камлик қилди. Тумандан даста-даста китоб олиб келиб ўқиди. Сандиқ ости билан дераза токчалари китобга тўлди. Адабиёт муаллими Турсуннинг шеърий дафтарини кўриб берди. Бир-иккитасини туман рўзномасида чиқариб берди. Ёлғиз ўғил довруғи донг таратди. Эл ўйлаб қолди: отаси бор-йўғи подачи бўлса, ўғли қандай қилиб байт ёзади? Жавобини отасидан сўради: — Сержант Орзиқулов, улингизга нима бериб боқяпсиз? — Шу, биз нима есак, уям шуни ейди. — Унда, қандай қилиб байт битяпти? — Шунга ҳайронман. Шунча бўй-бастим билан мен байт битолмайман, бу энағар битяпти. Бир оқшом сержант Орзиқулов ўғли ётажак уйга оҳиста кириб олди. Деворда рангтасвирлар илиғлик бўлди, қаламтасвирлар илиғлик бўлди. Тасвирларда турфа гуллар, қорли тоғлар, жониворлар бўлди. Бир саман йўрғалаб юрди. Бир бўз ёллари ҳилпираб-ҳилпираб елди. Бир жийрон олис-олисларга термулиб кишнади. Иккита қора тўриқ олд оёқларини кўтариб, тумшуқларини тумшуқларига теккизиб искашди... «Отга мойилли бўлибди. Эсайсин, от олиб бераман»;. Сержант Орзиқулов шундай ният қилди. Деразада тахлоқлиқ дафтарларни варақлади. Ўғли шуларни ўз ичидан чиқариб битдими, ё, бирор китобдан олиб битдими, билолмади. Дафтарни варақлади-варақлади, тағинда ажабланди... Дафтарда бир қиз расми бўлди. Қиз хушрўйгина бўлди. Елкасида гулдор рўмол бўлди. Расм остида ҳуснихат бўлди. «Шу қиз учун битилмиш байт бўлса ажаб эмас»;. Сержант Орзиқулов шундай ўйлади. Аёлини чақирди. Қизни кўрсатди. Аёли қизга бот-бот тикилди. — Танимадим, — дея елка учирди. Аёли ўзида йўқ хушвақт бўлди. Ёлғиз ўғли уйғонибди! Бир қизга, ким бўлса-да, бир қизга кўнгил қўйибди! Бир қиз билан кўнгил олиб, кўнгил берибди! Ёлғиз ўғли суюкли бўлибди! Ўғли мактабни битирсин. Насиб бўлса, шу қизни келин қилади! Уч бирдай қизни қора ерга берди. Насиб бўлса, шу қиз келинда бўлади, қизда бўлади! Сержант Орзиқуловнингда бир қувончи икки бўлди. Орзуси эзгу бўлди. Насиб бўлса, ўғлини вақтли уйлантиради. Ёлғиз ўғил эрта уйланса, эрта фарзандли бўлади. Ўзидан-ўзи кўпаяди, ўзидан-ўзи униб-ўсади. Фарзандлари отасига йўлдош бўлади, бобосига невара бўлади. Ота-она орзу-ҳаваси ҳамиша эзгу бўлади. Аммо ҳаёт ҳамишада ота-она орзу-ҳавасига эш бўла бермайди. Ҳаёт бошқа, орзу-ҳавас бошқа. 8 Турсун мактабни битирди. Кийимларини жомадон жойлади. Гап йўқ, сўз йўқ, ўқишга жўнади. Онаси оғринди. Урушда қон кечмиш отаси ўғлини қўллаб-қувватлади. Қўлига пул берди. Хуш-хушвақт ўқишга жўнатди. Бот-бот тайинлади: — Улим, биз ўқиёлмадик, энди, сен ўқи. Замон ўқиганники бўлиб қолди. Бирдан-бир тилагим, отанг ким, энанг ким, шуни унутмасанг бўлди... Турсун ўқишга кириб келди. Таътил кетидан таътил ўтди. Турсун ўсиб-улғайди. Юзларида учли нималар тошиб ётиб эди. Ёноқларини ғадир-будур нималар босиб ётиб эди. Ёноқлари қўнғиртоб қора эди. Бир ғаними ёноқларини қотиб ётмиш таппига қиёслади. Бир ғаними ёноқларини чалмага қиёслади. Ўзи ойнага қаради-қаради-да: — Йўқ, булар шунчаки кирлар, — деди. Турсунқул ювина берди-ювина берди. Ёноқларидагилар кетди. Юзлари силлиққина бўлди. Ажабтовур кийимлар киядиган бўлди. Папиросни лаблари четига қистириб юрадиган бўлди. Гугуртни ташлади, ёндиргич тутди. Жуздони бетига аёллар тасвирини ёпиштириб олди. Оёқ либослари товони кўтарилди. Сочига соч қўшилди. Қулоқларини ёпди. Паловни қошиқда ейдиган бўлди. Бир тўйда «Модерн токинг»; дея аталмиш гуруҳ ашуласини хиргойи қилиб ўйнади. Кўпни кўрганлар мийиғида кулди. — Отасига тортибди, — деди. 9 Турсун тонг саҳарлаб уйғонди. Бет-қўлини ювмасдан дўкончага чопди. Аммо дўконча ҳали ёпиқ бўлди. У дўконча олдини олиб турди. Шеъри чоп этилмиш рўзномадан ўнта олди! Қайтимига қарамади. Рўзномаларни қўлтиғига қисиб чопди. Бир рўзномани қўлига олди. Тағин, бирор мисрам тушиб қолмадимикин, деган ташвишда шеърини йўл-йўлакай ўқиди. Ҳижжалаб ўқиди. Хайрият, мисралари тугал бўлди. Ижарасида эшикни ичкаридан қулфлади. Шеърларини чалқанча ётиб ўқиди, тик туриб ўқиди, ўтириб ўқиди. Турсун ўзини катта шоир ҳис этди. Рўзномадаги расмига тикилди. Ўзини... XIX аср буюк пюирларига қиёслади. «Йўқ, ўхшамайди. Буюклар соқол қўяди. Буюклар сархонали мундштук чекади»;. Чин, қадимги улуғлар соқоли бор, сархонали мундштуги бор. Нимага энди Турсун соқол қўймайди? Мундштук чекмайди? Одамлар соқолини қиртишлаб юради. Одамлар папирос чекиб юради. Юра берсин! Одамлар ким бўлибди? Жайдари халқ-да! Йўқ, жайдари халкдан фарқ қилмоқ лозим... Турсун соқол қўйди. Турсун сархонали мундштук олди. Турсун исм-шарифини пичирлаб айтди: Турсун Орзиқулов! Исми шариф деганида шунча узун бўладими! Яна-тағин жарангламайди! Шоирлар исми шарифига ўхшамайди! Ўзи, исми маъноси нима? Турсун, ўтирсин, ётсин... Шуям гап бўлди-ю! Турсун ўз исми шарифидан... орияти келди. Ота-бобоси отидан... уялди! Ўзига шоирона ном топишни ўйлади. Неча-неча тахаллуслар топди. Ўзига ёқмади. Охири, тарихдан келиб чиқди. Ўзини Паҳлавон Даҳо деб атади. Паҳлавон Даҳо! 11 Паҳлавон Даҳо мактабда осмондан тушгандай юрди. Теварак-атрофга, жамики оламга осмондан қараб яшади. Ўқитувчилар: — Ўзимизга қайтиб келибсиз-да, — дея ҳол сўради. Ана шунда Даҳо ўзини камситилган ҳис этди. Ушбу гапни: «Ҳолинг шу экан, нима қилардинг кеккайиб, ўзимиз қатори одам экансан-ку»;, деган маънода тушунди. Ерга тушмаслик учун турли-туман ҳавойи гапларни тўқиб гапирди: — Дорилфунунда қолдирмоқчи эди, қолмадим. Шаҳарда катта ишларга қўймоқчи бўлди, кўнмадим, — деди. Отдан тушса-да, узангидан тушмади. Жамоатдан ўзини четга олди. Ўзига-ўзи бино қўйди. Уйда-да, ишда-да, кўча-кўйлардада ўзини элдан холис олди. Уйда-да, ишдада теваракка бегона кўз билан қаради. Теваракдагиларда Даҳога бегона кўз билан қаради. Ўз пуштикамаридан бўлмиш болаларида Даҳога бегонасираб қаради. Даҳо кулса, болаларида кулди. Даҳо хўмрайса, болаларида хўмрайди. 12 Даҳо ўзини-ўзи қафасга солди. Юраги сикилгандан-сиқилди. Юраги чолвори балоғидай ғижим-ғижим бўлди. Оқшомлари ичини ит таталади. Тиззасига шапиллатиб урди. Сапчиб турди. Кўчага йўл олди. Ўйлади-ўйлади, колхоз кутубхонасига йўл олди. Кутубхона эшигида қулф кўрди. Лўмбоздай қулфни чанг босди. Қулф ерранг бўлди. Даҳо қулфга тикилиб қолди. Қаердандир идора қоровули келди. Энтикиб нафас олди. Даҳонинг юзига энгашиб қаради. — Сизмисиз, шоир ука, — деди. — Мен, кутубхонага бирор маст-аласт ўғирликка келдими деб ўйлаб, чопиб келибман. — Оғзингизга қараб гапиринг. — Гапнинг тўғриси-да, ука, одамнинг кўнглига нималар келмайди дейсиз. Кутубхона остонасига ойлаб инсон зоти қадам қўймай-қўймай бирдан одам пайдо бўлиб қолса, кўнгил хавфсирайди-да. — Кутубхоначи борми? — Ҳа, бор. Кутубхоначи анави Самиевнинг келини бўлади. Ҳозир ўтоқда. — Келадими? — Энди, уёғини билмадим, шоир ука. Ҳозир ўтоқ, кейин узум узиш бўлади. Ундан кейин ҳаммани пахтага ҳайдайди. Шу билан қиш келади. Қишда ҳафтада бир очса очади, очмаса йўқ. Нима, бирон зарил иш бормиди? — Шундай, бир қарасам деб эдим. — Келин йўқ-да. Келин йўқ вақтлари хабарчи газета-журналларни бир ҳафталик қилиб қассоб қайнотасига ташлаб кетади. Қайнотаси рўзнома увол бўлмасин деб, эл-халққа гўшт ўраб беради. Астагина бориб сўрасангиз, бир-иккита рўзнома беради. Яхши одам, қўли очиқ. Даҳо мактабга қараб юрди. Мактабни бир айланди. Қоровулдан бошқа жон кўрмади. Бекатдаги темир ўриндиққа ўтирди. Ҳафсаласи пир бўлди. — Уф-ф, - деди. Кўча юзидаги симёғочда осилмиш радиокарнай узуқ-юлуқ овоз берди: — Эълон, ўртоқлар, эълон эшиттирамиз! — деди. — Кеча кечаси Саид чавандознинг саман оти қочди! Кимдаким дарагини айтса бир эчки, ушлаб келса бир қўй суюнчиси бор! Яна бир эълон! Бугун колхоз клубида икки серияли индийский кино бўлади! Қайтараман, индийский! Бош ролда Раж Капур! Эшитяпсизми, Капур, Капур! Билет нархи ҳар серияси йигирма тийиндан қирқ тийин! Кино қоронғи тушганда бошланади! Даҳо энсасида қотди, кулгисида келди. Қош қорайди. Ҳаво файзиёб бўлди. Даҳо жойидан қўзғолди. Чолвори кетини тортиб-тортиб қўйди. Уйга йўл олди. Йўлда оёқ илди. Ўйлаб қолди. «Уйга бориб нима қиламан?»; Кўнгли ниманидир истади, ниманидир қўмсади. Кўнгли нимагадир ташна бўлди, нимагадир талпинди. Нималигини ўзида билмади. Уйи тарафга қўл силтади. Тағин изига қайтди. Боягина радиокарнай барчани кинога таклиф этди. Нимага энди у кинога бормайди?.. Айтилган жойдан қолма, дейди. Чин, ҳинд киноларини ёмон кўради. Шундай бўлса-да, боради. 13 Маданият саройи чироқлари ҳали ёнмади. Теварак нимқоронғи бўлди. Одам одамни зўрға таниди. Болалар қувишиб ўйнади. Даҳо сарой паттахонаси олдига келди. Паттахона даричасидан мўраламоқ бўлиб энгашди. Бирдан кетига тис бўлди. Бир ит даричадан тумшуғини чиқарди. «Қоровул паттахонани итхона қилибди»;, дея ўйлади. Даҳо дарвоза олдида турмиш киночи қўлига танга ташлаб кирди. Ичкари ярми бўм-бўш, ярмида ўтирғичлар бўлди. Ўтирғичлар бирови қийшайиб ётди. Яна бировида орқа суянчиғи йўқ. Тағин бировида ўтирғич дасталари синиб ётди. Бус-бутуни кам бўлди. Даҳо бир майиб ўтирғичга қўлрўмолини тўшаб ўтирди. Киночи клуб чироғини ёқди. Даҳо саҳнага қаради, маҳлиё бўлиб қолди. Саҳна шифтида қалдирғочлар уя қурди. Уяларда пат-хаслар осилиб ётди. Олапат қалдирғочлар саҳна узра чарх уриб учди. У қалдирғочларга маҳлиё бўлиб, билмади. Ўтирғичлар лиқ тўлди. Жой етмай қолди. Бировлар ташқаридан тош олиб келди, бировлар ғўла олиб келди. Уйи яқинлар уйидан кўрпача олиб келди. Тагларига қўйиб ўтирди. Болалар ерда тизилишиб ўтирди. «Сангам»; деб аталмиш кино бўлди. Болалар: — Ура-а-а! — дея қийқириб чапак чалди. Катталар киночига қараб бақирди: — Йигирма йилдан буён шу кинони олиб келасан, инсофинг борми, ўзи?! — Ўтган бозор куни қандай кино олиб келайин деганимда индийский бўлсин, дедиларингиз-ку! — деди киночи. — Индийский кино битта эмас-ку, ахир! — Бошқаларини колхозларга олиб кетиб қолибди. Шуниям зўрға олдим, халқ талаб қиляпти, деб! — Бўлди қилинглар энди, кинони кўрайлик! Сарой бозордай ғувиллади. Одамлар хахолаб кулди, қийқириб кулди, ҳуштак чалиб кулди. Оғизларига келмиш гапни гапириб кино кўрди. — Қаранглар, ҳозир қизнинг кийимларини олиб қўяди, ана олди! — Ҳозир қиз билиб қолади! — Энди қиз қўшиқ айтади! — Ай, оҳу кўзларингдан! — Ўзиям ҳурилиқо-да, оҳ-оҳ! — Шу қиз қишлоғимиздаги Тошмирза бригадирнинг қизига келбат беради! — Тошмирза бригадирнинг қизи қорачадан келган, бу окдан келган! — Кинода шундай кўринади-да, аслида юзидагилар упа-сурма! — Ҳа, кўзингдан Раж Капур! Ўзимизнинг Капур-да бу! Кино узилиб қолди. Одамлар ҳуштак чалди. — Ай, сапожник! — деди. Саҳнада тағин кино кўринди. Одамлар бу сафар бараварига ҳой-ҳойлади: — Ай, сапожник, ўтказиб юбординг! — Қиз сувда балиқдайин балқиб сузишини қолдириб кетди-я! — Бас қил, ашқол-дашқолингни! — Оладиган қирқ тийининг бурнингдан чиқсин! Ҳуштак тинмади. Киночи кинони тўхтатди. Одамлар айтган жойидан қайтариб қўйди. Кино ярим соат мобайнида тўрт марта узилди. Узилган вақтлари Даҳо ерга қаради. Кўзларини юмиб ўтирди. Кино давом этди. Кўчма кино яқинида ўтирмиш бир одам жойидан турди. — Ай, боғбригада қизлари! — деди. — Эшитмадим деманглар, эртага ўтоққа бормаймиз! Санглоққа ариқ тозалагани борамиз, эшитдиларингми? — Ай, Абил ҳисобчи, кўп кариллама! — Нимага карилламайман? Иш зарилми, кино зарилми? Кино кўрасан-а, кино кўрасан! Мана кўрасан, мана бўлмаса, мана! — Абил ҳисобчи шундай дея, саҳнага тушмиш нурга қўшқўлини тутди. Бармоқларини бир-бирига кийдирди. Бармоқларини туя ўркач қилди, хўрозқанд қилди, бешиктебратар қилиб ўйнатди. — Кино кўрасан-а, кино кўрасан! Мана кўрасан, мана! Барча қилиғи саҳнада акс этди. Одамлар қийқириб кулди. Даҳо ерга тупурди. Кинога қўл силтади. 14 Узум узиш соб бўлди. Пахта терим бошланди. Даҳо мактаб аҳли сафида «Ҳазорбоғ»; совхозида ҳашарда бўлиб келди. 15 Дарслар бошланиши билан совуқда бошланди. Мактабга кўмир келди. Даҳо кўмир олди. Дарвоза олдига туширди. Қош қорайгунча кўмир ташиди. Қоп-қора кўмирга ботди. Яхшилаб чўмилмоқчи бўлди. Аммо аёли кўймади: — Аввал овқатини еб олсин, кейин чўмилади, — деди. Даҳо бет-бошини чайди. Таомини еди. Болишга ёнбошлади. Кўзи илинди. 16 Бир маҳал уйғонди. Теваракка сер солди. Қабатида ўғил-қизи, ундан нарида аёли ухлади. Ой деразадан боқди. Даҳо кўзларини бир юмди-бир очди. Зим-зиёга эл бўлди. Ўғил-қизи димоғига қулоғини тутди. Ўғил-қизи бир меъёрда пишиллаб ухлади. Даҳо ерга силжиб тушмиш кўрпани ўғил-қизи устига ёпиб қўйди. Ўзи кўрпасинида ўғил-қизи оёқларига ташлади. Авайлабгина аёли олдига ўтди. Даҳо кўнгли талпинди, Даҳо кўнгли энтикди, Даҳо кўнгли тин олди, ором олди... Даҳо қорни очди. Кўнгли озди. Оёқ учида ташқарилади. Аёли шивирлаб овоз берди: — Овқат ошхонада, устида тобоқ тўнтариқлик. Даҳо даҳлизда оёғи учида турди. Ота-онаси ётмиш уй эшиги тарафга қулоқ солди. Жон нишонаси сезмади. Хотири жам бўлди. Даҳлиз эшигини авайлаб очди. Қандай авайлаб очди, шундай авайлаб ёпди. Ой ойдин бўлди. Тун аёз бўлди. Даҳо оёқ учида одимлади, омонат одимлади. Оёқлари остида бир нима чирс-чирс этди. Даҳо сесканиб кетди. Этлари увишиб-увишиб кетди. Энкайди, оёқлари остига қаради. Халқоб сувлар музлабди. Омборхона чироғини ёқди, ичкарилади. Бир сичқон шитирлаб қочди. Бурчакдаги ковакка ўзини урди. Омборхонага сер солди. Ўзга жониворларга кўзи тушмади. Кўнгли тинчиди. Ёғоч қозиқда илинмиш нўхтани олди. Сичқон ғойиб бўлмиш бурчакка ташлади. Кийимларини бирин-кетин шу қозиққа илди. Тоғорага кирди. Жойлашиб ўтириб олди. Қоракуя баданига сер солди. Тоғора олдида турмиш сатилга қўл солди. Сув совибди. Нима қилишини билмади. Ошхонага олиб бориб иситиб келмоқчида бўлди. Совуқда эринди. Чўмич билан бошидан, елкаларидан сув қуйди. Баданини уқалади. Тағин чўмичлаб қуйди. Баданидан оқмиш сув, қоп-қора бўлиб тоғорага тушди. Юзини кафти билан артди. Сатил олдида турмиш юмалоқ кирсовунни олди. Шунда, бадани учди. Дир-дир қалтиради. Боши сарак-сарак бўлди. Совунни жойига ташлади. Чўмични рўзномага қўйди. Сатилни қўшқўллаб кўтарди. Бошидан шариллатиб сув қуйди. Оёғи остига рўзнома тўшаб артинди. Этлари дир-дир учди. Қўллари қалт-қалт этди. Тишлари тик-тик этди. Бошини жиққа ҳўл сочиқ билан ўради. Ёғоч сўри устида турмиш бир халта ун ҳўл бўлди. Боя бошидан сатиллаб сув қуйишда ҳўлланди. Энди, ун ярми хамир бўладиган бўлди. Омборхонадан ошхонага чопқиллаб борди. Зим-зиёда қидирди-қидирди, гугурт топди. Примусни ёқди. Пилик бир ёниб қизарди. Даҳо примус ичини очиб қаради. Ичида ермойи бўлмади. Ўчоққа ўт ёқиш ит азоб бўлади. Даҳо шўрвани муздайлигича еди. Чойнак жўмрагидан оғиз қўйиб сув ичди. Даҳо дилдиради. 17 Эртаси танаси қақшади. Бадани қичиди. Ҳаммомга йўл олди. Олдин сартарошхонага борди. Қутидай ёғоч кулбага кирди. Ўриндиққа чўқди. Ойнага қаради, сочларини силади. Сартарош ойнага қараб бош чайқади. Даҳо тушунмади. Елкаси узра қайрилиб қаради. Сартарош Даҳо елкаларига қўлини қўйди. Ойнага қараб: — Сочингизни ололмайман, — деди. — Нега? — Чинимни айтсам, биз бир хашаки сартарошмиз! Соч оладиган бўлсак, устара билан қатрон қилиб оламиз! — Йўқ-йўқ! Даҳо жойидан лик этиб турди. — Ана, тайёр автобус, шаҳарга боринг. Маданиятли одамлар шаҳарга боради. Шунда, қишлоқда ҳаммом йўқлиги ёдига тушди. Нима қилишини билмади. Калласини қирт-қирт қашиди. Шу якшанбада туман ҳаммомига боришга аҳд қилди. Сочлари ораси қичигандан-қичиди. Сочсовун олмоқчи бўлди. Сочини сочсовун билан ювмоқчи бўлди. Шу ниятда дўконга кирди. Дўкондан сичқон ҳиди келди. Дўкон бир тарафи хўжалик моллар бўлди, бир тарафи саноат моллари бўлди. Даҳо саноат молларини томоша қилиб бошлади. Қатор-қатор камзул-чолворлар осилиб ётди. Турли-туман кийим-кечаклар тахланиб ётди. Даҳо кийим-кечакларга қаради, ўйлади, қаради — ўйлади. У энди мактабга қатнаб бошлаган вақтлариям шулар бор эди. Даҳо ўшанда кийим-кечакларга суқланиб қараб эди, катта бўлсам олиб кияман, дея орзу қилиб эди. Ана, катта бўлди. Кийим-кечаклар ҳамон турибди. «Энди буларни ким олади, ким кияди? Жандафурушга топшириб бўлмайди. Барча-барчаси қимматбаҳо нарса. Ҳеч кимга керак эмас нарсани чиқариб нима қилади»;. Даҳо шундай ўйлади. Хўжалик молларига қарагиси келмади. Боиси, сичқон ҳиди кўнглини ўйнатди. Чўнтагини ковлади. — Иккита яхши сочсовун беринг, — деди. Сотувчи пинагини бузмади. Даҳо ҳайрон бўлди. Сотувчи юзига қаради. Сотувчи илжайди. — Ҳазиллашяпсизми, шоир ака? — деди. — Йўқ. — Бизда сочсовун бўлмайди. — Унда, иккита совун беринг. — Ҳа, совун бошқа гап. Совун бор, мана. Сотувчи шундай дея пештахта устига иккита кирсовун қўйди. — Йўқ, атирсовун, деяпман. — Атирсовун йўқ. Бир бўлиб эди, тамом бўлди. Атирсовундан олқинди яхши, кирни яхши олади. — Кирга эмас... — Унда, ана, тайёр автобус, шаҳарга боринг. Маданиятли одамлар шаҳарга боради. Даҳо дўкондан пешонаси тиришиб чиқди. Мактабга жўнади. Дам олиш куни туман йўл олди. Туман ҳаммоми сассиқ бўлди. Буғи йўқ бўлди, фақат иссиқ суви бор бўлди. Даҳо иссиқ сувга яхшилаб ювиниб олди. Охирги автобусда қишлоққа қайтди. Йўлда чанқади. Юраги куйди. Қишлоқ марказида тушди. Ҳовузга қараб юрди. Бир ҳовуч сувни лабига олиб бориб қаради. Сувда майда-майда қуртлар ўйнади. Даҳо афти бужмайди. Сувни тўкиб ташлади. Кўнгил ташналиги босилмади. Юраги куйгандан-куйди. Ошхонадан сув сўради, қатиқ сўради. Нимаики сўради, мўйловли ошпаз йўқ, дея бош ирғади. Даҳонинг зардаси қайнади. — Нима бор ўзи? Бу ошхонами, ё, бир чўл-биёбонми? — деди. — Зарда қилманг, шоир ака, зарда қилманг. Мана, шўрва бор. Бизда шўрвадан бошқа ҳеч нарса бўлмайди. Сизга ўзи нима керак? — Ҳеч нима! Бир дам олиб ўтирсам деб эдим! — Унда, ана, тайёр автобус, шаҳарга боринг! Маданиятли одамлар шаҳарга боради! Даҳо ошпазга қаради, ошпаз Даҳога қаради. Даҳо қўл силтаб жўнади. Йўлда ўйлаб юрди: "Маданиятли одамлар шаҳарга боради. Ажаб, бари шундай дейди. Шоирлигимга шама қиляптими дейман". 18 Йўлда хабарчи ушлади. Қўлига иккита хат берди. — Калламни қашиб ўйлайман. Паҳлавон Даҳо ким бўлди экан дейман, билсам, сиз экансиз, — деди. Сахийлик қилгиси келди. Битта рўзномада узатди. — Келинг, битта газета берайин, ана, — деди. — Чеккасига Маматов деб ёзилибди. — Анави Мардон тракторчи-да. У адирда ер ҳайдаб юрибди. Ола беринг, шоир одамсиз, ўқийсиз. Энди, кўнглингизга олманг-у, шу, ота-бобонгиз исми шарифидан қолманг. Ота-боболаримиз исми шарифида гап кўп. Ота-боболаримиз етти ўлчаб бир кесиб, исми шариф қўяди. Ҳеч бандани ота-бобоси исми шарифидан жудо этмасин! Даҳо рўзномани хабарчи кетидан отиб юборайин деди. — Т-фу, провинция! — дея пичирлади. Рўзномани қўлтиғига қисиб олди. Йўл-йўлакай хатларни очиб ўқиди. Бир рўзнома назмларини бадиий заиф, дея чоп этмади. Бир ойнома Паҳлавон Даҳо Ғарб сояси, деди. Хат охирида шундай маслаҳат берди. «Ғарб оҳангларига ўйнаманг. Ўзингизникини яратинг»;. Шундайда куймиш Даҳо, тағинда бешбаттар куйди. — Уҳ, саводсиз, тўнкалар! — деди. 19 Даҳо қишни бир амаллаб ўтказди, баҳорни икки амаллаб ўтказди. Мактабда ёзги таътил бошланди. Даҳо жомадон кўтариб йўлга тушди. — Йўл бўлсин? — деди аёли. — Дам олиб келаман, — деди. — Бир ой! 20 Бекатда тагига жомадон қўйиб ўтирди. Шунда, йўл четида бир трактор пат-патлаб ўчди. Ўқувчи қизлар даладан келди. Трактордан тап-тап ташлади. Муаллимига салом берди, уй-уйларига тарқалди. Назар ҳисобчи Даҳони кўриши билан бекатга қараб юрди. Бир-бирларидан ҳол сўради. — Чинимни айтсам, Турсун ошна, шаҳарга тағин қайтиб кетгим келяпти. Эртадан-кечгача иш, иш! Одамнинг жонларига тегиб кетди! — Қиши билан дам оласизлар. — Дам олиш қаёқда дейсиз. Қишда колхоз сут топшириғини бажаролмай қолади. Кейин биз бечоралар қўлимизда даранг-дурунг идиш-товоқ, уйма-уй юрамиз, хўжаликлардан сут йиғамиз. Халқ сут бергиси келмайди. Қанчадан-қанча кўнгил қоронғичиликлар бўлади. Халққа ҳам қийин-да. Ким қаҳратон қишда бола-чақаси оғзидаги оқини бериб қўяди? Ҳа, Сора, қараб қолдингми? Кел, сингил, ўтириб тур. Муаллиминг билан гурунг қизиб кетди. Даҳо кетига қаради. Бир ёшгина қиз тортиниб-туртиниб келди. Назар бригадир қабатида ўтирди. Ерга қаради. Рўмоли учини буклаб ўйнади. — Бу бизнинг кенжа сингил бўлади, Турсун ошна. Олтинчи синфда ўқийди. Ўзиям аълочи. — Ҳа-а. Содиқовнинг синфиданмисан? — Ҳа. — Қалай, дам олишлар яхши ўтяптими? — Кўриб турибсиз-ку. — Йўқ, иш қийин эмасми дейман? — Иш бўлади-ю, осон бўладими, муаллим. — Ҳа энди, дам олиш вақтлари ота-оналарга ёрдам бериш ҳам керак-да. — Бир дам олишда эмас, йил — ўн икки ой шундай. Даҳо уст-бошлари кир Сорага тикилди. «Ана, бўлажак чала-чулпа халқ! Сони бор-у, салмоғи йўқ халқ! Бу халқ ҳали вояга етмасданоқ пачоқ бўлиб қолади»;. Даҳо кўнглидан шундай гаплар ўтди. Назар ҳисобчи Даҳо билан хайр-хўшлашди. Синглисини эргаштириб кетди. Даҳо радиокарнайга қулоқ солди. 21 Даҳо бугун бу ёрони, эртага у ёрони ижарасида кун кўрди. Ўзига алоҳида ижара қидирди. Излади-излади, бир ғариб ижара топди. Энди, ўзига иш излади. Ялтоқ бўлди. Елпатак бўлди. Шоирман, дейиши билан рад жавобини ола берди: — Шоир? Йўқ-йўқ... Эшиклар ичкаридан ёпилди. Шоирман, дея кўкрак уриб юрмиш Даҳо ўйлаб ўйига етолмади. Шоирман деса, муҳаррирлар пешонаси тиришади. Шоир эмасман деса, шоирлигидан бошқа мақтанадиган ери бўлмади. Даҳо юрди-юрди, шаҳар маданият уйидан паноҳ топди. 22 Қишлоққа келиб, мактабдан бўшади. Аёли йиғиб юрмиш бор пулни олди. Аёли мўлтиради. Бир ўғил-қизига қаради. Бир эрига қаради. — Энди биз нима еймиз? — деди. — Қўрқма, очдан ўлмайсан. Ана, ота-онам боқади... — Энди мен нима қиламан? — Уй олай, сениям олиб кетаман. Аёли хайр дея, эри юзидан ўпди. Даҳо аёли ўнг қулоғи солинчагидан кўнгли ўйнади! Аёли ўнг қулоғи солинчагидаги сирға тешиги қўтир яра бўлди! Даҳо аёли бет-бошиданда кўнгли ўйнади! Аёли сочлари қазғоқ бўлди, ёноқлари кир бўлди, оғзи сассиқ бўлди! Даҳо адирда пода боқиб юрмиш отаси билан хайр-хўшни насия қилди. Остонада онаси билан аёли термулиб қолди. 23 Даҳо биринчи маошини олди. Сўлим сув бўйида маошини ювди. Ҳамкасблари билан шаҳар кўчаларини сайр қилди. Кафтларини ишқаб завқланди. — Шаҳар қандай яхши! Ҳамма нарса бор...— деди. Маданият уйида бир катта шоир бошида гардишсиз ялпоқ кийим кўрди. — У нима? — дея суриштирди. — Берет! — деди билағонлар. Даҳо, катта шоирлар берет кияр экан, дея ўйлади. Шу куниёқ олиб кийди. Гардишсиз ялпоқ кийим Даҳога ярашмади. Бети тайпоқ тобоққа ўхшаб қолди. Шундай бўлса-да, кийиб юрди. Ўзини катта шоир ҳис этди. 24 Аёли кетма-кет мактублар йўллади. Мактубларида ялиниб-ёлворди. Қоракўзлари тилидан тавалло қилди. Даҳо мактубларга кўз югуртириб-югуртириб йиртиб ташлади. Аёли қоракўзлари билан тағин мактуб битди. Кенжаси сочларини чангаллаб ерга босди. Кенжаси: — Вой сочим! — дея чинқириб йиғлади. Аёли ёниб-ёниб ёлворди, аёли куйиб-куйиб ёлворди: — Эгил дейман, шўрпешона! — деди. — Эгил дейман, сағир! Кенжаси оғриқ зўридан мактубга эгилди. Кўз ёшлари мактубга томди. Томчилар қуриб доғ бўлди. «Жигарпораларингиз кўз ёшлари!»; Аёли томчилар остига ана шундай битик битиб жўнатди. Даҳо мактубда томчиларни кўрди. Бош ирғади-ирғади, димоғида кулди. «О, худди китобдагидай! — деди. — Эҳ, овсар Шарқ, соддадил Шарқ! Булар ҳамон китобдаги гапларга ишониб юрибди!»; 25 Қўйди-чиқди ўзи бўлмайди. Таг-заминли баҳонаи сабаб лозим бўлади. Боиси, ўртада бир жуфт қоракўз бор. Аёлимни суймайман, десинми? Бўлмайди! Аёлига кўнгил қўйиб уйланиб эди, шеърлар бағишлаб уйланиб эди! Аёлим касал, десинми? Бўлмайди! Йигит бўлсанг даволат, дейди! Саводсиз, десинми? Буда бўлмайди! Шоир бўлсанг, сиртдан ўқит, дейди! Аёлим...хиёнат қилди, десинми? Йўқ-йўқ, аёли ҳалол аёл! Даҳо бир варақ қоғозни ажи-бужи чизиб ўйлади. Ўйлари ана шу чизиқлардай айқашиб чувалашди. Варақ орқа тарафини ўнгарди. Қўли ихтиёр этмиш йўсинда мақсадсиз чизиб ўйлади. Охири ўйлаб ўйига етди. Ўзини-ўзи оклаяжак гап топди. Уйланганимда аёлим... бокира эмас эди, дейди! Нимага шуни ўшанда айтмадинг, десалар-чи? Йигитлик ғурурим йўл қўймади, дейди! Чиндан-да, Даҳо ўз ош-қатиқлари олдида шу гапни айтиб, ўзини-ўзи оқлади. Гап оғизма-оғиз юриб-юриб, аёли қулоғига етди. Аёли шундай мактуб йўллади, ўз қалбини шундай баён этди! У, аёлим ушбу сўзларни бирор китобдан кўчириб олди, дея ўйлади. Тағин бир бор ўқиди. Ўйлади-ўйлади, қайси китобдан эканини билолмади. «Жорж Санд бўл-е, — деди. — Агар ўқиса, зўр адиба бўлиши мумкин экан»;. Аёли мактуб охирида дебди: «Нима десангиз денг. Ўлмаган жоним, чидайман. Лекин шу гапингизни қайтиб олинг. Мен кўз очиб, сизни кўриб эдим... Аёллик ғурурим бор»;. Даҳо оғзи ўнг бурчи билан иржайди. Мактубни тўрт бўлиб ташлади. «Ну-у, — деди, — ўзи бор-йўғи аёл-у, ғурурим бор дейди-я! Аёлда ғурур нима қилади?»; 26 Даҳо керишиб эснади. Деразадан ташқари қаради. Даҳо бир қалқиб тушди! Даҳо юрагини ҳовучлаб юрмиш синоат юз берди. Аёли болаларини эргаштириб кириб келди! Ана, ташқарида қоровул чол билан гаплашди! Ана, болалари йўлак бўйи гулларга қўл теккизиб кўрди. Ана-ана, аёли болалари билан идорага қараб юрди! Даҳо кўзлари ола-кула бўлди, Жойидан сапчиб турди. Ташқари отилди. Орт эшикдан ҳовлига ўтди. Зироат оралаб чопди. Деворга осилди. Кўчага ошиб тушди. Кетига қарамай чопди! Дуч келмиш автобусга чиқиб олди. Елкасидан нафас олди. «Яхши бўлди, юзма-юз бўлмадим, — деди. — Фарзанд фарзанд-да, кўнгилни эритиб юборади. Қош-кўз ёмон-да, одамни дарров асир этади»;. Ижарасида эшикни ичкаридан кулфлади. Дераза пардаларини туширди. Кир кўрпага бурканди. Кўзларини юмди. «Энди тополмайди, — деди. — Қараб-қараб кетади. Аммо идорадагилар олдида шарманда бўладиган бўлдим»;. 27 Шу ётишда ётди. Ётмиш кўйи оҳиста дераза парда четини қайирди. Ташқари мўралади. Олам оқшом бўлди. Имиллаб ташқарилади. Ҳовлида чекиб турди. Шу вақт дарвоза тақиллади. Даҳо юраги «шиғ»; этди! Папиросини чертиб ташлади. Ичкари югургилади. Эшикни ичкаридан қулфлади. Остонада аланг-жаланг бўлиб турди. Уй бекаси эшикни тақ-тақ урди. — Жиянингиз келди! — деди. Даҳо елкадан нафас олди. Эшик очиб борди. Дарвозада жиян жилмайиб турди. Даҳо жиянига қўл берди. Теваракка аланглади. Бошқа биров йўқлигини билди. Жиянини ичкари бошлади. Жиян ижара уйда омонат ўтирди. Тоғасидан ҳол-аҳвол сўради. — Идорангизга бордик, йўқ экансиз. Ҳали тушликдан қайтмади, дейишди. Даҳо бош ирғади. Ойномага тикилди. — Бирга ишлайдиган одамларингиздан уйингизни сўраб эдик, билмаймиз, у ижарадан-ижарага кўчиб яшайди, дейишди. Даҳо рўйихушлик бермади. — Қарадик-қарадик, бўлмади. Энди умид йўқ деб, вокзал бордик. Бир сафар сиз билан қишлоққа борган ошнангизни қўриб қолдик. Ўша уйингизни билар экан, ёзиб берди. Даҳо рўйихушлик бермади. — Аёлингизни болалари билан вокзал қўйиб келдим. Топаманми-йўқми, овора қилмайин дедим-да. Даҳо ойномадан, ойнома Даҳодан тўймади. Жиян Даҳо қўйнига қўл солди: — Уйларингизга кўчиб борадиган бўлдим, тоға, — деди. — Аммам қўймаяпти. Энди чол-кампирга ўзим қарайман. Беш кунлиги борми-йўқми... Ана шунда Даҳога жон кирди! Ер остидан жиянига қаради. Мисоли таъзияли тарзда гап бошлади. — Шундай қилинг, жиян, — деди. — Бизнинг тақдиримиз — мана, кўриб турибсиз. Ўз она юртимизга тўғри келмадик. Шарт-шароит дегандай... — Тоға, мен бир деҳқонман. Сиз ўқимишли одамсиз. Дунёнинг китобини ўқигансиз... — Гап ўқишда эмас... — Ўқишда, тоға, ўқишда. Чол-кампирлар ўзи емай-ўзи ичмай, сизларни ўқитади. Шулар ўқиб келиб, турмушимизни яхшиласин, еримизга қарасин, дейди. Сизлар эса тайёрига — шаҳарга чопасизлар. Шароит ёмон бўлса, мана сиз шоирсиз, ёзинг — уёқ-буёққа! — Гап битта менда эмас. — Биламан, гап битта сизда эмас. Бу азалдан бор гап. Уккағарлар ўқиб, битталаб шаҳарга қочади. Оқибат, қишлоқларимиз аввал қандай бўлса, шундайлигача қолиб кетади! Даҳо энсаси қотди. Тағин ойномага тикилди. Жиян бошқа гапга ўтди: — Тоға, аёлингизни олиб келдим, — деди. — Яхшими-ёмонми, бир ёстиққа бош қўйиб эдингизлар. — Ну! — Тоға, болаларингиз вокзалда қолди... — Ну! — Улар пуштикамарингиздан бўлган болаларингиз... — Ну! — Уларни бориб олиб келсам, деган эдим. Даҳо хаёлидан сочлари қазғоқ, ёноқлари кир, оғзи сассиқ аёли ўтди! — Да ну!..— дея, тумшуғини чўзди. Жиян эгилиб, Даҳо юзига қаради. Қаради-қаради, кўнгли бузилди. — Тоға, қора кўзнинг ёши ёмон, қора қошнинг оҳи ёмон! — Да ну!.. Жиян ўпкасини босолмади. Кўзларида ёш ҳалқаланди. Ҳиқ-ҳиқ йиғлади... Жиян ёноқларини арта-арта эшикка равона бўлди. 28 Даҳо адабий-бадиий давраларга кўшилди. Давра ўзларидан ўзгалар фисқ-фасодини қилди. Кўнгиллари ором олди. Жағлари толди. Биров деразага қараб хаёл сурди. Биров папирос тутунини шифтгача кузатиб хаёл сурди. Биров бўш шишага қараб хаёл сурди. Шу вақт, остонада улуғ шоир қора берди. Улуғ шоир даврани кўриб, кўрмасликка олиб кетди. Давра тағин жонланди. Энди улуғ шоирни мазаммат қилди: — Нимасига кеккаяди, хайронман. — Тумшуғига солсанг. — Шоир сифатида шоир, одам сифатида бир пул! — Одам эмас! — Яшанг, ичим экансиз. — Аввало, одам бўлиш керак, одам! — Граждан бўлиш керак, граждан! — Мен унинг асарларини ҳурмат қиламан, ўзидан жирканаман. — Асари бошқа, ўзи бошқа. — Башараси сфинксларга ўхшайди. — Ўзидан асари яхши. — Асарлариям ундай зўр эмас. — Экзотика! — Этнография! — Қандайдир отларни, атласларни ёзади. — Ҳалиги, отнинг рули бор-ку, оти нима эди? — Отнинг рули? — Ҳа, отнинг рули, отни мана бундай қилиб бошқарадиган рули бор-ку? — Юган. — Ҳа-ҳа, юган! Шу юганга тақилган тақинчоқларгача тасвирлайди. — От бир ҳайвон бўлса, машина бўлмаса. — Провинциаль! Ўз қишлоғи даражасида бўлиб қолган! — Примитив! Ўзининг миллий қобиғини ёриб чиқолмаган! — У халқни ўзининг гўзал тили билан алдаяпти! — Адабиётда тил ерунда! — Улуғ шоир эмиш... Дундук! — Ким? — Дундук! Шоирлар оғзидан тутун бурқситиб-бурқситиб кулди. Бир шоир шиша олиб келиш учун қўзғолди. Давра энди уни мазамматлади: — Шугинаям бировга кулади-я? — Бунинг бировга куладиган ҳоли йуқ. — Нега ундай дейсиз? — Эшитганингиз йўқми? Сиз тошкентликсиз-а? Тошкентда келинойи, деган гап бор. Келин ойи дегани иккинчи ойи, дегани, шундайми? Ана шу ифлос келинойиси билан, яъни, иккинчи онаси билан зино қилган. — Йўғ-е? — Худо урсин агар! Акасини ҳарбий аскарликка жўнатиб, ўзи акасининг аёли билан зино қилган! — Кейин, Тошкентга келиб, бу муҳаббат эди, деб асар ёзган! — Вой ифлос-е! — Ана шундай ифлоснинг кулмаган одами йўқ. — Ифлос, ўзига ойна олиб қараса бўларди! Шоир битта шиша олиб келди. Давра дарҳол гапни бурди. — Келинг, шоир, яшанг! — Зўрсиз, зўр! Давра қўзғолди. Эшикка равона бўлди. Сотувчи аёл қабатида турмиш танқидчи Холбоевдан сўради: — Булар ким, домулла? — деди. — Оломон! — деди Холбоев. 29 Саратон сарғайди. Сунбула болалади. Мезонлар арғамчи солди. Яккахон бедана жуфтини чорлаб битбилдади. «Оқ олтин»; ҳашарга чорлади. Даҳо ҳашарда ўзини камситилмиш зот деб билди, хўрланмиш зот деб билди. — Мендай зотни пахтага ҳайдади-я, саводсизлар, мендай зотни-я! — деди. Қабатида пахта термиш ҳамкасби Даҳони пуфлади: — Зўрсиз, шоир, зўрсиз! — деди. Даҳо ийиб кетди. Шаҳодат бармоғини ҳамкасбига бигиз қилди. — Сиз — тарихий шахссиз! — деди. Ҳамкасби довдиради. Уёқ-буёғига аланглади. Ўзида бирор-бир тарихийлик кўрмади. — Йўғ-е, биз ҳали у даражага етганимиз йўқ, — деди. — Йўқ, ортиқча камтарлик — манманлик! Сиз аллақачон тарихий шахссиз! — Тушунтириб айтинг, ўзи нима гап? — Сиз мен билан ишлаш шарафига муяссар бўлмоқдасиз! Мен билан елкама-елка бўлиб меҳнат қилмоқдасиз! Бу — буюк шараф! Ҳали замонлар келади, номингиз тарихларга битилади! — Қуллуқ, қуллуқ! Одамлар Даҳога буюксиз, дея илтифот қилди, мулозамат қилди, марҳамат қилди. Фақат бир-иккита қиз Даҳони кўриб, кўрмасликка олди. Даҳога қараса-да, бурнини жийириб қаради. Даҳо фавқулодда шундай деб қолди: — Қизлар, тарихда қолишни истайсизларми? Қизлар нима гап, дея, бир-бирига қаради. — Нима-эди? — дея ажабланиб сўради. — Мабодо тарихда қолишни истасаларинг, мен билан расмга тушинглар! — Ким билан? — Мен билан! Расм танланган асарларимда берилади! Расм тагига: «Паҳлавон Даҳо замондошлари даврасида»; деб ёзиб қўйилади! Мен баҳона тарихда қоласизлар! — Вой-во-ой, қачон тушайлик! — Хоҳласаларинг, мана, ҳозир тушинглар! Расм тагига: «Паҳлавон Даҳо халқ билан пахта теримида»;, деб ёзиб қўямиз! Даҳо маданият уйидагилар жонига тегди. — Шу даф бўлса, идорада ош қиламиз! — дейишди. 30 Даҳони оҳлар урди. Бир вақтлар маданият уйида ишлаб, рўзномага ўтиб кетмиш одам бандалик қилди. Маданият уйи аҳли марҳум билан видолашиш учун мозор йўл олди. Даҳо турли-туман важлар айтиб тайсаллади. Бўлмади, идора аҳлига эргашди. Мозорда марҳумни расмидан таниди. Марҳум бир вақтлар Даҳони рўзномага ишга олмаб эди. Даҳо юзи ёришди. Кўнгли ором олди. «Сен ҳам ўлар экансан-ку»;, деди. Марҳумни лаҳадга қўйдилар. Мозорга тупроқ тортдилар. — Халойиқ, марҳум қандай одам эди? — дея сўрадилар. Одамлар ёппасига овоз берди: — Яхши одам эди, раҳматли, яхши одам эди! — дея жавоб бердилар. Маданият уйи аҳлида овоз берди: — Яхши одам эди, бечора, яхши одам эди! Даҳо тишларини ғижирлатди. Тишлари орасидан вишиллаб айтди: — Ифлос эди! — деди. Мотам сукунати-да, гап баралла эшитилди. Маданият уйи аҳли ер ёрилмади, ерга кириб кетмади! Директор идорада ўзини босолмай энтикди. Энтикиб-энтикиб сув ичди. Қулт-қулт сув ичди. Ўринбосарини чақирди. — Анави шимпанзени кўзимдан йўқотинг! — деди. — Кимни-кимни? — Ҳалиги, шимпанзе башара-чи? Тахаллуси Дарозмиди, Даҳомиди... — Ҳа энди, шоир-да, шоир... — Мен сизга айтяпман! — Хўп, бир оғиз сўзингиз! Буйруқ шу куни тайёр бўлди. — Айтаман! — деди Даҳо. — Мен — фазога интилган инсон! Директор башаранг қурсин, демишдай, деразага қаради. — Ҳозир ошкоралик даври! — деди Даҳо. — Мен ҳақиқатни юзингизга айтиб, виждоним олдида покланиб кетаман! Сизлар мана бундайсизлар! Даҳо девор чертиб кўрсатди. Директор эсанкираб муомала бошлади: — Шоир... — Сизлар ҳақиқат кўзига тик қарай олмайсиз! Ҳақиқатдан қўрқасиз! Ҳақиқатни айта билмайсиз! Шеърият пичоғини қалбга санчиб айтажакларни эса ноҳақ ишдан ҳайдайсиз! — Шоир... — Мен — фазога интилган инсон! Даҳо дағ-дағ қалтиради. Сочлари от ёлларидай ҳурпайди. — Сизлар асрлар давомида чайнала бериб, сийқаси чиқиб кетган «яхши одам эди»; қабилидаги гапларни такрорлашдан бошқани билмайсизлар! Сизлар тўтиқушсизлар! Биров нима деса, тўтиқушларча қайтарасизлар! «Яхши одам эди»; эмиш! У аблаҳ эди! Мени бир ой синаб кўриб, ишга олмаган! Мана, мен шеърият пичоғини қалбимга санчиб, ҳақиқатни айтдим! Мен — ҳақиқатман, ҳақиқат! Даҳо «ўз аризасига биноан»; кетди. 31 Даҳо йиллаб тентираб юрди. Беш-олтита даҳонамо мурид топиб олди. Макондан оҳ-зор этди: — Булар ўтлаб юрган қўйлар! Қўйлар Паҳлавон Даҳони тушунмайди! Бу асрда ҳеч ким Паҳлавон Даҳони тушунмайди! Тақдирдан оҳ-зор этди: — Қўйлар ижодимни бўғдилар! Қўйлар шеърларимни тақиқлаб қўйдилар!.. Даҳо нонкўр-нонкўр шеърлар ёзди. Даҳо ғаламис-ғаламис шеърлар ёзди. Юрди-юрди, бир рўзномадан иш топди. — Майли, ишга оламан, — деди муҳаррир. — Фақат, соқолни олиб келинг! Муҳтожлик олдида ғурурда ожиз бўлди, шарафда ожиз бўлди! Даҳо соқолини қириб ташлади. «Тағин, мундштугимда ёқмай қолса-я?»; дея ўйлади. Даҳо сархонали мундштук баҳридан ўтди. Даҳо рўзномага эл бўлди. Рўзнома уй ваъда берди. Аёллар қайлиқ тавсия этди. Даҳо қайлиқ сайлади. «О, ана қизлар, мана қизлар! — деди Даҳо. — Сочлар товланади, тишлар ялтирайди! Бўйларидан француз атири иси келади...»; 32 Даҳо назмдан кўнгли қолди. Киши билмас, насрга ўтди. Ўзича насрни осон ўйлади. «Барча насрчиларни ер билан теп-текис қилиб ташлайман!»; — дея ният қилди. Бир-иккита Марсель Прустча ҳикоя ёзди. Ҳикоялари ғоят ғариб бўлди. Ғоят хашаки бўлди. Зафар қозониши амри маҳол бўлди. Даҳо насрни йиғиштирди. Юрди-юрди... Танқидга ўтди. Телба-тескари гаплардан иборат мақолалар ёзди. Билмовчилар чапак чалди. Мақолаларни ўзига хослик, деди, янгилик, деди. Билағонлар ичидан кулди. Даҳога читтак ижодкор, дея қаради. Даҳо ушбу қарашлар мазмунини ич-ичидан ҳис этди. Танқиднида йиғиштирди! Адабиёт дея аталмиш боқий қасрни қандай олса бўлади? Адабиёт дея аталмиш кўҳна қасрга қандай кирса бўлади? Ўзи, Адабиёт дея аталмиш қаср дарвозаси борми? Бўлса, қаерда? Даҳо ўйлади-ўйлади, Адабиёт остонаси қаердалигини билолмади. Шунда, Даҳо Адабиётни гуруҳ-гуруҳ бўлиб олишга аҳд қилди. Одамгарчилик ниқоби остида гуруҳ йиғди. Дўстлик ниқоби остида гуруҳ йиғди. — Аввало одам бўлиш керак, одам! — деди. Гуруҳ ўнлар қўмитаси, дея аталди. Қўмита орзу-ҳаваси юксак бўлди: — Бу адабиёт бўлмайди! — Навоийдан бошлаб бўлмайди! — Қодирий ҳам бўлмайди! — Примитив, примитив! — Ҳақиқий адабиётни биз яратамиз, биз! — Яна ўн-ўн беш йиллардан кейин анави улуғ шоир шеърини ҳеч ким ўқимайди! — Халқ ўн йилдан кейин бизни ўқийди! — Мана шу ўнтамизни ўқийди! — Шундай экан, келинглар, адабиётни ўз қўлимизга оламиз! — Сиз котиб бўласиз! — Сиз муҳаррир бўласиз! — Сиз директор бўласиз! — Анави улуғ шоирни эса адабиётдан ҳайдаб юборамиз! — Қани, дўстлар, адабиётни қўлга олиш учун чўқиштирайлик! Ўнлар қўмитаси ана шундай шиорлар билан иш кўрди. Қўмитада ўз насрбози бўлди, ўз назмбози бўлди. Танқидчи Шуҳрат Умиралиев отли ўз мақтовбози бўлди. Шуҳрат Умиралиев ўз мақолаларида ўнлар қўмитаси учун ёт ижодкорларга тош отиш билан машғул бўлди. Ўнлар қўмитаси учун ёт ижодкорларни йўққа чиқариш пайида бўлди. Ўнлар қўмитаси бандаларини бўлса, оёғини осмондан келтириб мақтади. 33 Шуҳрат Умиралиев бир рўзномада «Она тупроқ образи»; дея аталмиш мақола чоп этди. Ушбу мақоласида Паҳлавон Даҳони кўкларга кўтариб улуғлади: "Она-Ер — тупроқ демакдир. Тупроқ эса она юрт демакдир. Қатор асрларки, ана шу она-Ёр буюк ўғилларини бағрига босиб аллалаб келади. Шу сабабдан оддий тупроқни пешонамизга суртамиз. Она-Ёр, дея ардоқлаймиз. Она-Ер — онамиз! Улуғ Навоий бу борада мана бундай ёзади: Ўзини тутқувчи туфроқ ила ҳамвор қани? Ҳазрат Яссавий эса бундай ёзади: Бошим туфроқ, ўзим туфроқ, жисмим туфроқ... Энди, ёрқин юлдузимиз Паҳлавон Даҳо бундай ёзади: Ҳайқираман Цезардек — ҳайқириғим туфроқ... Паҳлавон Даҳо Навоий билан Яссавийдан кейин учинчи бўлиб шеъриятга «туфроқ»; образини олиб кирди. Навоий — Яссавий — Паҳлавон Даҳо!" Даҳо мақолага тикилиб ўтирди-ўтирди... ўз-ўзидан уялди! Ўз-ўзидан қизарди! Ич-ичидан танқидчи, дея аталмиш зотга ачинди. «Бечора танқидчилар, — деди. — Булар мақташниям эплай олмайди! Навоий билан Яссавийдан кейин минглаб шоир бор, минглаб шеър бор, минглаб »;туфроқ« сўзи бор! Ўзи, бу ерда қанақа »;туфроқ« образи бор? »;Туфроқ« сўзи бўлса, образ бўла берадими?»; Шундай бўлса-да, Даҳо Шуҳрат Умиралиев билан қўшқўллаб кўришди. — Раҳмат, дўстим, раҳмат! — деди. — Сиз Белинский экансиз! 34 Паҳлавон Даҳо ҳайитлари олис бўлмади. Танқидчи Холбоев бир рўзномада Шуҳрат Умиралиевни уриб чиқди. Умиралиевни ер билан баробар қилди. «Бири ўлиб, бири қолсин!»; деди Даҳо. Мақолани бот-бот ўқиди. Фавқулодда ич-ичидан ёнди. Боиси, танқидчи Холбоев мақолада Шуҳрат Умиралиев баҳона Даҳони йўқ қилди! Паҳлавон Даҳо шоир эмас, дейиши қолди! Даҳо пайт пойлади. Шундай пайт топди. Ўша рўзнома даҳлизига бориб чекиб турди. Ичкаридан танқидчи Холбоев чиқиб келди. Папирос тутата-тутата, ҳожатхонага кирди. Даҳо даҳлиз бош-адоғига қаради. Ўзидан ўзга одам йўқлигини билди. Оҳиста Холбоев кетидан кирди. Холбоев ерга боқиб ўтирди. Даҳода оҳиста Холбоев қабатидан ўтирди. Ораларида бир симпанжара бўлди. Даҳо ерга қараб гап очди. — Танқидчи — олатаёқ! — деди Даҳо. — Мелисалар қўлидаги олатаёқ! Шунда, Холбоев бош кўтариб қаради. Қабатида ўтирмиш кимсани таниди. Лекин миқ этмади. Тағин ерга қаради. — Танқидчи — туғмас хотин, пушти куйиб кетган ижодкор! — деди Даҳо. — Шундай экан, нега энди пушти куйиб кетган туғмас ижодкор, туғиб юрган ижодкорга туғиш қандай бўлишини ўргатади? Ахир, танқидчи туғиш нималигини билмайди-ку? Сиз менинг битта шеъримниям ёзолмайсиз! Лекин мен сизнинг мақолаларингизни оёғим билан ёзиб ташлайман! Шундай экан, нега энди адабиётга тумшуғингизни тиқасиз? Холбоев тағин миқ этмади. Папирос бурқситиб ўтира берди. — Танқидчи — ит! — деди Даҳо. — Бир нимани билса-билмаса акиллай беради! Акиллама, деса, баттар акиллайди! Холбоев ўтириб-ўтиролмади. Апил-тапил турди. Кета-кета: — Палпис! — деди. 35 Улуғ шоир назми Даҳо кўксида ўқ мисол қадалди. Даҳо кўксини ушлаб кун кўрди. Еганидада ҳаловат бўлмади, ичганидада ҳаловат бўлмади. Улуғ шоирни кўрса, ичини ит тирнади. Ич-ичидан ғашланди. Улуғ шоир бўлса, Даҳони кўриб, кўрмади. Теваракка улуғона назар солди. Даҳо афти буришди, Даҳо пешонаси тиришди. — Тфу-у, — дея, четга тупурди. Қабатида турмиш шишадоши киноя билан сўради: — Қалайсиз энди, шоир? — Башарасига тупурсанг! — деди Даҳо. — Юришини қаранг, асарига тирноқча ўхшаса ўлсин агар! — Сиз билан биз-ку, ёмон бўлсаям, икки мартадан уйландик. — Бу, уйланмайдиям! — Нимасига уйланади? — Бунга ким ҳам тегарди? — Ё... Даҳо шундай дея, шишадоши қулоғига пичирлади. Шишадоши бошини чапга қийшайтириб кулди. Тиззасига шапатилаб кулди. — Аммо-лекин топдингиз, дўстим, — деди. — Ёши ўттиздан ошиб кетди, ҳамон сўппайиб юрибди. Бир балоси бўлмаса шудгорда қуйруқ на қилур, дейдилар. — Сўраганларга, ҳали-ҳозир изланяпман, деб баҳона қилармиш. — Топган баҳонасини қаранг... арпа уни баҳона, деганлари шу-да! — Йигит уйланади, дўстим, йигит уйланади! — Мана, йигит биздай бўлади! Аллақачон уч марта уйланиб қўйдик! Насиб бўлса ҳали яна уйланамиз! — Аммо-лекин топдингиз, қойилман. Мен бу гапни ўртоқларгаям айтиб чиқаман. — Айтиш керак, ҳақиқатни тарғибот қилиш керак. Даҳо лабларини чўччайтирди. Шаҳодат бармоғини лабларига босди. — Тағин, мени айтди деманг, — деди. — Бир авлод деган номимиз бор... — Ўлдимми, сизни айтиб. Сизгаям, ўзимгаям гард юқмайдиган қилиб айтаман. Даҳо мийиғида кулди. Кўзлари ўйнади. «Ана энди улуғ шоирга бирортаям қиз тегмайди! — деди. — Кўчама-кўча ичиб, дайди бўлиб юради. Оч-наҳор, исқиртларча тентираб куни ўтади. Кейин, ижодидаям тайин бўлмайди. Охир-оқибат, ёлғизлик жонига тегади. Ўз-ўзидан қишлоғига кетиб қолади»;. 36 Улуғ шоир уйланар эмиш! Даҳо ушбу гапни эшитиб ранги ўчди. Сергак тортди. Бир нуқтага тикилди. «Йигит боши иккита бўлмагунча, моли иккита бўлмайди, — деди. — Ана энди у уйланади. Рўзғорлик бўлади. Бирдан сонга киради»;. Даҳо чирсиллатиб гугурт чақди. Қўллари титраб, папирос тутатди. Босиб-босиб папирос тортди. Пўк-пўк йўталди. Кўзлари ёшланди. Папиросли қўлини тумшуғига қўйиб ўйланди. «Йўқ, қандай қилиб бўлса ҳам бундай бахтнинг олдини олиш керак! Аммо қандай қилиб бахтнинг олдини олади? Бўлажак келинни танимаса, улуғ шоир у билан маслаҳатлашмаса? Бир оғиз маслаҳат сўраса эди, ўзи биларди, тўйни қандай қилиб бузишни»;. Даҳо кўп ўйлади. Ўзича турли-туман ҳийла-найранг, ғийбат-иғволарни ўйлади. Охири бир қарорга келди. Шу куниёқ бўлажак келин бўлмиш идорасидан бир-иккита аёл билан гапиришди. Таъзия билдирмишдай, юзларига ғамгин тус берди. — Ҳай бечора қиз-е, пешонаси шўр экан-да, — дея бош ирғади. — Ундай деманг-е, — деди аёллар. — Пешонаси шўр бўлмаса, келиб-келиб шу болага тегадими? — Қўйинг, бахти очилиб кетсин. — Бечора ҳеч кими йўқ, етим қиз бўлса керак-да? — Нега энди, туппа-тузук ота-онаси, ака-укалари бор, таг-тугли қиз! — Унда, нега бир исқирт алкашга тегади? — Вой, алкашми? — Бўлмасам-чи, ҳали эшитганларингиз йўқми? — Йўқ. — Ғирт алкаш! Қўли мана бундай қалтирайди! — Вой, қўли қалтирайдими? Аёллар бир-бирига савол назари билан қаради. Даҳо отни қамчилади. — Нафақат алкаш, — деди. — У бир дайди бола. Қаерда қорни тўйса, қаерда куни ўтса, ўша ерда ётиб қолади. Синглимизга.... келин бўлмишнинг оти нима эди? Келин бўлмиш синглимизга эса уйим-жойим дейдиган инсон керак, шундайми? У эса инсон эмас! Шундай қўпол, шундай қўпол! Уни одам қилиб бўлмайди! — Йўғ-е, унчалик эмасдир. — Йигит сўзим! Биз у билан дўстмиз! Бир-биримизни беш қўлдай биламиз! Йигит сўзим, шу қиз тўйдан уч кундан кейин кўзида ёш билан қайтиб келмаса, отимни бошқа кўяман! — Бўйингиздан опангиз қоқиндиқ, агар шунча айтмасангиз, бир бечора қиз оёқости бўларкан. Даҳо билди, гапи ижобат бўла берди. — Агар шу синглимиз ўша бола билан икки ойдан ортиқ яшаса... йигит эмасман! — деди. — Бўлди, бўлди, гап йўқ! — Тағин, мени айтди деманглар. — Ҳа, йўғ-е... Аёллар шундай дея, қиз олдига йўл олди. Даҳо елкадан нафас олди. Кафтини кафтига мамнун ишқади. «Буёғиниям қотирдим! — деди. — Қиз бошқа гапларимга ишонмасаям, қасамимни эшитиб ишонади. Дўсти қасам ичиб айтибди, чин, дея ўйлайди. Ажойиб халқимиз бор-да! Кўзни чирт юмиб қасам ичасан, халқ лаққа ишонади-қўяди! Карнайчидан пуф кетди, қасамхўрдан нима кетди? Маладец Шарқ, маладец! О, Шарқ, Шарқ!»; Аёллар қизни ўртага олди. Бор гапни айтди. — Ёмон бола бундай яхши асарлар ёзолмайди, — деди қиз. — Кўп ичармиш? Менимча, кайфияти бузилиб ичади, ёлғизликдан ичади. Уйли-жойли бўлса яхши бўп кетади. Борди-ю, сизлар айтгандай бўлса, майли, пешонамдан кўраман... Аёллар баттар бўл, дея қўл силтади. 37 Тўйдан кейин уч кунда ўтди, уч ойда ўтди, уч йилда ўтди! Келин билан куёв бинойидай бўлди. Куёв учун келиндан яхши бўлмади, келин учун куёвдан яхши бўлмади. Улуғ шоир униб-ўсди! Даҳо ўзини қўярга жой тополмади. Дарди ичида бўлди. «Вой аблаҳ-е, яшаб кетди-я! — деди. — Мен уни фақат истеъдодмикан десам, бу ифлос яхши одам ҳам экан!»; Даҳо ўз кўнглини ўзи кўтарди. «Бир ҳисобга яхши бўлди, — деди. — Рўзғор ташвишлари билан бўлиб, асарлариям ўзимиз қатори бўлиб қолади»;. Даҳо ўйлади-ўйлади, улуғ шоир билан аёли орасига низо солишни мўлжаллади. «Аммо қандай қилиб низо солади? У ифлос саломни олмаса. Кўриб кўрмасликка олса»;. Даҳо энди раққос бўлди. Ўзини улуғ шоирга дўст қилиб кўрсатди. Бир-иккита шеър ўқитди. Маслаҳат сўради. Иккита яримта олиб уйига борди. Улуғ шоир Даҳо билан остонада гаплашди. Даҳо ичида сўкиб-сўкиб қайтди. «Уҳ, аблаҳ! — деди. — Бир оғиз ичкари кир, демади-я! Қараб тур, аёлинг билан ажралмаганингниям кўраман! Бу дунёда оиласи билан ажралган эркакни эл ҳам, сиёсат ҳам кўтармайди. Дунёдан хор-зор бўлиб ўтмаганингниям кўраман»;. 38 Даҳо улуғ шоир заиф жойидан фойдаланишни мақсадлади. Кўча-кўйларда улуғ шоир билан шишадош бўлди. Қадаҳ чўқиштирди. Алёр айтди. — Дўстим! — деди. — Бизнинг тақдиримиз ҳам бир, мозоримиз ҳам бир! Келинг, умрбод дўст бўлиб қолайлик! — Айтганингиз келсин! — Бетингизни тутинг, бир ўпай! Даҳо улуғ шоирни маст қилди. Серқатнов кўча бўйлаб уйига жўнатди. Ўзи бурчакда паналаб турди. Улуғ шоир чайқала-чайқала йўл олди. «Бўлди! — деди Даҳо. — Ифлосни машина туртиб кетади ё ўзи кайф билан юмалаб тушади»;. Аммо, улуғ шоир эрталаб отдай ўйноқлаб келди. — Қалай, кеча яхши бордингизми, дўстим? — деди Даҳо. — Жуда хавотир олдим, дўстим уйига яхши бордимикин деб? — Раҳмат, дўстим, раҳмат. Уйга қандай борганимни билмайман. Эрталаб кўзимни очсам, уйда ётибман. — Биз ҳам шу! Юринг, уйга эсон-омон борганимиз учун бир олайлик! Улар ўзлари хонаки бўлмиш хилват қаҳвахонага борди. Хийла вақт отамлашиб ўтирди. Даҳо улуғ шоирни кўкларга кўтариб мақтади. Қаҳвахонадан бир-бирини суяб чиқди. Улуғ шоир улов тўхтатмоқчи бўлди. — Теваракни қаранг, дўстим, теваракни! — дея авради Даҳо. — О, баҳор, ўз оти ўзи билан баҳор! Соф ҳавода юришга нима етсин! — Тўппа-тўғри! — деди улуғ шоир. — Ҳақиқий дўстим экансиз! — Келинг, мана шу ерда хайрлашамиз. Сиз мана бу кўчадан юрасиз, тўғри уйингиз олдидан чиқасиз! Мен буёқдан кетдим. Қани, бир ўпиб қўяй! Даҳо улуғ шоирни ҳушёрхона жойлашмиш кўчага солиб юборди. Ўн беш кунликка тушади, дея умид қилди. Эртаси улуғ шоир тағин отдай ўйноқлаб келди. Даҳо уф-ф, дея тиззасига урди. У энди улуғ шоирни ичириб, бировларга қайраб кўрди. — Муҳаррирингиз сизни шоир эмас, менинг бир сатримга арзимайди, деб айтди, — деди. — Жуда хафа бўлиб кетдим, дўстим. Агар кучим бўлса, тумшуғига солардим. — Куч? Қанча куч керак? Қани, ўша қуруқ? Улуғ шоир муҳаррир ҳузурига шер бўлиб йўл олди. Даҳо писибгина жўнаб қолди. «Ниҳоят, уйи куядиган бўлди! — деди. — Ифлос ана энди жавобгарликка тортилиб кетади»;. Улуғ шоир муҳаррирни чапараста қилиб сўкди. Ёқасидан ушлаб силкилади. — Яхшиликча кет! — деди муҳаррир. — Бўлмаса қаматаман! Улуғ шоир шердан-шер бўлди. Ёқасини очиб бақирди: — Қамат, мана, қамат! Мени қаматсанг, тарихда қоласан! Муҳаррир улуғ шоир елкасига қоқди. — Мастлиқда бўлади, — деди. Улуғ шоир шу кундан эътиборан ўзини Даҳодан холис олди. 39 Ўнлар қўмитаси жамулжам бўлди. Даҳо улуғ шоирдан ёрилди: — Ҳақиқий ифлос экан! — деди. — Бир кунда тупурди-кетди! Адабий-бадиий давра улуғ шоирни мазамматлади: — Энди билдингизми, у бир мол-ку! — У ифлос хоҳлаган вақтда тузингизни еб, тузлиғингизга тупуриб кетади. — Дўстлар, менда бир ғоя бор. Келинглар, шу улуғ ифлосни иҳота қилиб ташлаймиз! — Иҳота? Қандай қилиб? — Улуғ ифлосни беш-олтита эътиборли одам эъзозлайди, қўллаб-қувватлайди. Ана шу одамлар билан борди-келдисини узиб ташлаймиз. — Қийин, ифлосни жуда қадрлашади. — Осон! Масалан, бирор гап тўқиб, ўша мартабали одамлар эътиборини йўқ қилиб ташлаймиз. Кейин ҳамма ердан қадами узилади, яккамохов бўлиб қолади! — Сиз айтган иҳотани қилиб кўрдик. Аммо ифлоснинг кўнглидагидай бўлди. — Шундай, кўнглидагидай бўлди. Биз ифлосни яккамохов қилиб қўямиз деб юрсак, ифлоснинг ўзи танҳоликка талпиниб юрар экан. Билмасдан, қўллаб қўйибмиз. Оқибат, ифлос тамомила ёлғиз бўлиб олди. — Бу ифлос нега бундай қилади-а? — Улуғ ифлос ўзини содда олиб юрган билан аслида жуда айёр! У яхши билади, ижодкор учун энг муҳими қалб эркинлиги. Қалб эркинлиги эса қалб хотиржамлиги демакдир, қалб сокинлиги демакдир. Ўзини четга олишидан мақсад, ўз қалбини сокин сақламоқдир. Қачонки, ижодкор қалби сокин бўлса, ундан етти ухлаб тушга кирмаган сатрлар булоқдек отилиб чиқади. — Шу гапда жон бор. — Сиз билан биз эса ҳаллослаб яшаймиз, восвос кунда яшаймиз. Биронта яхшироқ асар ўқисак, бир куямиз! Биров бирон мартабага кўтарилган бўлса, икки куямиз! Биров машина олса, ё, ноёброқ кийим кийса, уч куямиз! Асарига мукофот олса-ку, куйиб-ёнамиз! Қарабсизки, зарра бошидан ошқозони яра бўлган ҳам биз, юрак ўйноғи ҳам биз, қон босими ҳам биз, асаби шалвираган ҳам биз! — Улуғ ифлос эса, ўзиям отдай, асарлариям отдай! — Хўш, нима демоқчи бўласиз? — Демоқчиманки, ифлос биздан ўзини олиб қочяптими, қалбини авайлаяптими, демак, биз ифлосга тинчлик бермаслигимиз керак. — Ана, асарларини ёмонлаймиз. Ўз-ўзидан асаби жунбишга келади-қўяди. — Йўқ, бу билан муваффақиятга эришиб бўлмайди. Улуғ ифлос ўз асарлари гўзал эканини яхши билади. Гапларингизга парво ҳам қилмайди. Бошқа бир йўлини топамиз. — Масалан? — Масалан, ифлосни орқаворатдан бадном қиламиз. Ҳали айтганингиздай, ифлоснинг беш-ўнта жуда эътиборли одамлар билан салом-алиги бор, борди-келдиси бор. — Ўшалар улуғ ифлосни «бу бола бизнинг бахтимиз»;, деб ардоқлайди. — Ифлоснинг нимаси бахт, т-фу! — Ўшаларга биз салом берсак, саломимизни зўрға олади. — Биз билан қўл учида кўришади. — Ифлосни эса пешонасидан ўпиб кутиб олади. — Ой битсаям, кун битсаям, шу ифлосга битиб қолди. — Сиз билан биз итнинг орқа оёғи бўлиб қолдик. Ифлос эса оппоққина бўлиб юрибди. — Ўлманг, шунинг учун ифлосни бадном қилиб ташлашимиз керак. Масалан? Масалан, ифлос эътиборли одамлар олдига кириб-чиқиб туради, салом-алик қилиб туради. Кириб нима қилади? Сиз билан бизни сотиб чиқади! Эвазига елкасига қоқтиради, тақдирланади, ардоқланади. Ана, тайёр бадном! — Халқ ишонмас-ов. — Соддасиз, шоир, соддасиз. Халқингиз оломон! Оломон! Оломон эса, оёғи билан эмас, оғзи билан юради! Қарабсизки, гап яшин тезлигида тарқалади! Охир-одоқ, улуғ шоир асабийлашади, жиғибийрон бўлади. Сокин қалби ларзага келади. — Инфаркт бўлади! — Ўлманг, ичим экансиз! Охир-одоқ, ўзимиз қатори бўлади-қолади. — Каллангизга қойилман! Келинг, бир ўпиб қўяй! 40 Сарой одамга лиқ тўлди. Ҳаяллаб келмишлар дераза токчаларида ўтирди, девор бўйлаб тизилди, остонада тик турди. Давра икки кўзи тўрда бўлди. Шоирлар бирин-кетин минбарлади. Даҳо гали келди. Даҳо аввал-аввал довдиради. Кейин-кейин ўзини ўнглаб олди. Ўзини сипо тутди. Қулочларини катта очди. Кўзларини юмиб шеър айтди: Менга қараб Титрайсан, дарахт Изғирин ўраниш Сенинг-да Баргингни. Менинг ҳам куртакларим Ичимда ўртанар Кўксимда тўлғанар Тешиб юборгудай бағримни! Даҳо кўзларини очди. Даврага назар солди. Даврада биров елка қисди. Биров лаб бурди. Биров эшикка равона бўлди! Даҳо барини кўриб-билиб турди. Алам билан тағин шеър бошлади. Бу сафар бир шивирлади, бир бақирди, бир ҳайқирди: Сени кўп эсладим — келмадинг Мен сени унутдим — келмадинг Мен ўзимни унутдим. Менинг умрим бир кукун Кукунга айланган бу кун Мен сени унутдим. Биров овоз бериб кулди. Биров ҳиринг-ҳиринг кулди. Биров пиқ-пиқ кулди. Давра пичир-пичир бўлди. Олд қаторда ўтирмиш бир ориқ йигит заҳарханда билан кулди. Қабатидагиларга: — Модернизм! — деди. Даҳо чидаб туролмади. — Нега куласиз? — дея ўшшайди. — Сиз ўзи кимсиз? Ориқ йигит довдираб қолди. Бирдан жиддий бўлди. Чалкаштирмиш оёғини дарҳол ерга олди. Жойидан оҳиста турди. — Мени Иброҳим, дейди. Москвада сиртдан ўқийман, — деди. — Кулишим боиси... шеърингизни тушунтириб беринг! — Мен шеъримни саводсизлар учун ёзмайман! — Мен ўзимни саводсиз деб билмайман! Шеърингизни тушунтириб беринг! — Мен шеъримни Москвада сиртдан ўқиётган саводсизлар учун ёзмайман, деяпман! — Хўп, биз саводсиз, дейлик! Унда, шеърингизни ёқтириб беринг! Саводсиз одам ҳам шеъриятни ёқтиришга ҳаққи борми? Бор! Саводсиз одам ҳам нафосатдан завқ олишга ҳаққи борми? Бор! Шундай экан, шеърингизни ёқтириб беринг! Даҳо жойига бориб ўтирди. Энди улуғ шоир минбарлади. Давра гурр-гурр қарсак чалди. Улуғ шоир қарсаклар адо бўлишини қаради. Бир нуқтага тикилиб қаради. Олқиш қарсак адо бўла бермади. Даҳо... бит кўзлари пахтаси чиқди! Даҳо кўзлари куйди! Даҳо кўзлари ёнди! Даҳо ташқарилади. Энтикиб-энтикиб нафас олди. Лабига папирос қистирди. Изидан тағин бир шоир чиқиб келди. Даҳога гугурт чақиб тутди. — Қалай? — деди. — Чидаса бўлади, — деди Даҳо. — Ўзиям, халқ йиғилибди-да. Саройда назм улуғ шоирдан, олқиш халқдан бўла берди. — Ну-ну, содда экансиз, шоир! — деди Даҳо. — Сиз ҳали, халққа ишониб юрибсизми? Халқ деганингиз пода-ку! — Нега энди, ичида зиёлилар ҳам бор. — Қатъий назар! Халқ — пода! 41 Учрашувдан кейин тор доирада ўтириш бўлди. Даҳо ўзи қуйиб, ўзи ичди. Кайфи бир жойга борди. Шу вақт, бир сичқон шоирлар оёғи оралаб чопди. Чий-чий, дея чопди. Худо берди, Даҳога берди! — Устоз шеър ўқияпти, десам, сичқон чийиллаяпти экан-да! — дея тиржайди. — Устоз... сичқон... поэзия... Даҳо хохолаб кулди. Юзлари куйдирмиш калла бўлиб кулди. Шоирлар ерга қаради. Шоирлар лаб тишлади. Даҳо ёмон вазиятда қолди. — Ҳазилда бу, ҳазил... — деди. Улуғ шоир содда-муғамбир бўлди. Сассиқ гапни билиб-билмасликка олди. Сенинг гапинг... демишдай, Даҳо тарафга қўл силтади. Даҳо имо гапга чидай олмади. Лик этиб жўнади. Машинада чекиб ўтирди. Йўлда миқ этмади. Манзилда хайр-маъзурни насия қилди. Уйида эшикни ичкаридан қулфлади. Чироқни ёқди. Ўзини тўшакка ташлади. Оёқларини силкиб-силкиб, либосларини отди. Бир пойи эшикка тарсиллаб тегди. Бир пойи деворга тапиллаб тегди. Либослари ерда чаппа бўлиб қолди. Бурчакдан ярим шиша ароқни олди. Тиқинини тиши билан очди. Бурчакка туфлаб ташлади. Шиша оғзидан қулт-қулт ютди. Туйилиб-туйилиб йўталди. Оғиз-бурнини билаги билан артди. Мунғайиб ўтирди. Кўзлари сузилди. Кўзлари илинди... Дераза қорайиб келди. Даҳо сесканиб кўз очди. Кўзларини уқалади. Теварагига аланглади. Дераза токчасида тахлоқлик китобларга назар солди: Ги Белле, Франк Венай, Лионель Рей... Қўлига қалам олмишдан буён ушбу китобларни қўлдан қўймади. Даҳо ейиш учун нонга зор бўлди. Аммо Жак Рубони ўз нархидан йигирма баробар қиммат нархда сотиб олди. Даҳо кийиш учун кўйлакка зор бўлди. Аммо Андре Дю Бушени ўттиз баробар қиммат нархда сотиб олди. Ўзини ташқи дунёдан холи олди. Тўй-маъракалардан оёғини тийди. Ошна-оғайнилар билан бориш-келишни бас қилди. Радио-телевизорни ўчириб қўйди. Даҳо ақл-ҳушида Ғарб бўлди, ишоич-эътиқодида Ғарб бўлди. Даҳо гандираклаб-гандираклаб қўзғолди. Суянмиш суянчиқларидан бўлмиш Марк Делуз китобини олди. Ўнг келмиш бетини очди. Бетда «Мен қандай қичқира оламан»; шеърини кўрди. Энди ўз китобини олди. Биринчи бетини очди. Марк Делуз шеъри билан Паҳлавон Даҳо шеърини солиштирди. Ўзини... ўзини Марк Делуздан кам кўрмади! «Марк Делуздан қаерим кам? — деди. — Сатрма-сатр олиб қаралса, Делуздан юксак бўлсам юксакдирман, лекин кам эмасдирман. Мана... бир-бировимизга жуда ўхшаймиз. Айнан ўхшаймиз! Марк Делуз ким, Паҳлавон Даҳо ким, билиб бўлмайди! Фарқимиз, Делуз француз, мен ўзбекман»;. Даҳо тобора қорайиб бормиш деразага тикилиб ўйлади-ўйлади... қўлига қалам олмишдан буён ич-ичидан ҳис этиб юрмиш ҳақиқатни идрок этди. Даҳо ушбу ҳақиқатни тилига чиқармай келди. Тилига чиқариш тугул, тан олмай келди. Тан олишни истамай келди. Ушбу ҳақиқатни кўнгли бир бурчида яшириб юрди. Ўзгалардан сир сақлади. Ҳатто, ўзидан сир сақлади. Боиси, ушбу ҳақиқат аччиқ ҳақиқат бўлди. Ушбу ҳақиқат — Паҳлавон Даҳо баданида йўқ бўлди! Ушбу ҳақиқат Паҳлавон Даҳо кўнглида йўқ бўлди! Баданда бўлмаса, модернизм, футуризм, дея эталмиш оқимлар ўта берсин! Кўнгилда бўлмаса, сюрреализм, дадаизм, дея аталмиш оқимлар ўта берсин! Бари-бари оқимлар баданда йўқликдан бино бўлди! Бари-бари мактаблар кўнгилда йўқликдан бино бўлди! Бадиий санъат яратилмишдан буён юзлаб оқимлар яратилди, юзлаб мактаблар яратилди. Барчасида ўз вақтида бир довруғ солди. Барчасида ўз даврида бир шов-шув бўлди. Барча оқимлар ўтди-кетди, барча мактаблар ўтди-кетди! Фақат номлари қолди! Аммо асл бадиият қолди! Асл санъат қолди! Ажабо, бадан учун ушбу бадиий қувватни ким беради? Даҳо ўйлади-ўйлади... Табиат беради! Қани, шу табиат? Ўзи, табиат дегани нимадир? Тоғларми? Боғ-роғларми? Дарё-кўлларми? Даҳо пешонасига тупурди, Даҳо ўнгига тупурди, Даҳо чапига тупурди! Даҳо табиатга тупурди! Қўнгил учун ушбу бадиий қувватни ким беради? Худо беради! Ўзи, худо борми? Бўлса, қаерда? Инсон худо-худо, дейди. Худодан сўрайди. Қани ўша... худо? Даҳо... худодан нафратланди! «Тупурдим, сендай худога тупурдим! — деди. — Улуғ шоирга бердинг, менга бермадинг!»; Даҳо... худодан жирканди! «Бир сичқон мисол кимсани улуғ шоир қилиб яратдинг, мени нортуя мисол қилиб яратдинг»;. Даҳо қўлларини мушт қилиб олазарак бўлди. Шунда, китоблар орасида турмиш Қуръонни кўриб қолди. «Ана, худонинг китоби! — деди. — Инсон Қуръонни тилга олиб қасам ичади. Инсон Қуръонни ушлаб онт ичади. Демак, худонинг китоби-да!»; Даҳо Қуръонга қараб турди-турди... Кўзига Қуръон худо бўлиб туюлди! Қуръонни худо дея ўйлади! Даҳо Қуръонни ерга олиб урди! Қуръонни товони билан эзғилади! Печкани шарақлатиб очди. Қуръонни қулочкашлаб печка ичига отди. Печкадан кул гупиллади. Даҳо бет-бошига урди. Даҳо кўзларини юмди. Юзини тескари бурди. Чўнтагидан гугурт олди. Қуръонга олов тутди. Аммо Қуръон ёна бермади. Даҳо ташқари отилди. Ермойи олиб келди. Печка уст қопқоғини очди. Қуръон узра ғулқ-ғулқ ер-мойи қуйди. Қуръон бу сафар олов олди. Даҳо чўнқайиб ўтирди. Қуръон ёнишини томоша қилди. Қуръон лов-лов ёнди! Даҳо тиззаларини қучоқлаб қаради. Кўзлари оловда қамашиб-қамашиб қаради. Қуръон гур-гур ёнди! Даҳо косов билан олов ковлаб қаради. Юзлари оловда лов-лов этиб қаради. Қуръон ҳур-ҳур ёнди! 42 Даҳо гуруҳбозлик биланда Адабиётни ололмади! Халқ, отинг нима, демади! «Уҳ, қўйлар! — дея ижирғанди Даҳо. — Ўтлаб юрган қўйлар! Қараб тур, ҳали ҳаммангни кетимдан қўйдай эргаштирмасам кўрасан!»; Даҳо ўйлади-ўйлади, бир юмалаб, ватанпарвар бўлиб олди! Аввало, ўз мақсади учун восита топди. Илк воситаси Орол баҳрикамоли бўлди. Табиатни асраш қўмитаси одамлари билан Оролга борди. Орол бўйида шаршара сочларини силаб хаёл сурди. Пойида зангоридан-зангори бир олам чайқалиб-чайқалиб турди. Қадимдан-қадим бир олам тўлқинланиб-тўлқинланиб турди. Орол буюк Амир Темурни кўрди. Орол жаҳонгашта Чингизхонни кўрди. Орол аллома Берунийни кўрди... Даҳо энди ана шу қадимдан-қадим Орол оти билан жаллоблик қилади! Даҳо энди ана шу кўҳнадан-кўҳна баҳрикамол номи билан жаллоблик қилади! Даҳо ерга қаради, Даҳо кўзларини яширди... Амударё билан Сирдарё асрлар мобайнида ўз қирғоғидан тошиб оқиб ётди. Бекордан-бекор Оролга қуйилиб ётди. Эл-юрт подшолари ўзи билан ўзи ҳаманкара бўлди. Ўзга юртларни забт этиш билан машғул бўлди. Ўз юртлари бўлса, шундай оёқлари остидан икки бирдай дарё оқиб ётса-да, биёбон бўлиб қақраб қола берди. Ўз эллари бўлса, шундай оёқлари остидан икки бирдай азим дарё оқиб ётса-да, сувга ташна бўлиб қолаберди. Ниҳоят, эл-юртни ўйлайдиган подшолар оламга келди. Амударё билан Сирдарё сувларидан ёбонларни обод қилди. Боғ қилди, қишлоқ қилди, шаҳар қилди. Энди Орол баҳрикамолини тўлдириш учун Амударё билан Сирдарёни тағин бор бўйича оқизиб бўлмайди. Даҳо ушбу ҳақиқатни ич-ичидан ҳис этди. Аммо тилига чиқармади. «Ўлиб кетмайдими! — деди. — Орол тўладими, Орол қурийдими, менинг неча пуллик ишим бор»;. Йиғилиш бўлди, Даҳо минбарга отилиб чиқа берди. Минбарни муштлаб-муштлаб гапирди. Ҳайқириб-ҳайқириб гапирди. Хўрсиниб-хўрсиниб гапирди. Халқ қарс-қарс қарсак чалди! Даҳо ватанпарвар шоир бўлиб танилди! Даҳо тағин бир юмалаб, халқпарвар бўлиб олди. Бўстонликда аччиқтош заводи қурилади, дея, эмиш-эмиш оралаб қолди. Даҳо отилиб минбарлади. Шартакиларча сўзлади, шаккокларча сўзлади! Қўли билан Бўстонлиқ тарафни кўрсатиб-кўрсатиб сўзлади. Кафти билан Бўстонлиқ тарафга чорлаб-чорлаб сўзлади. Халқ ерни тепиб-тепиб олқишлади! Бўстонлиқда бўлса, аччиқтош заводи қурилмади. Гап миш-мишлигича қолди. Даҳо ёмон вазиятда қолди. Аммо сир бой бермади. «Завод билан нима ишим бор! — деди. — Тупурдим, халқигаям, табиатигаям тупурдим! Менга завод деган гап бўлса бўлди»;. Даҳо халқ манфаатини кўзловчи шоир бўлиб танилди! 43 Даҳо эшитди: аёли болалари билан уйдан кетди. Даҳо эшитди: уйга жияни кўчиб келди. Шу-шу, Даҳо қишлоғига бориб келар бўлди. 44 Машина Даҳо мавлуд топмиш уй олдида оёқ илди. Остонада онаси қора берди. Даҳони бағрига босиб-босиб йиғлади. Айтиб-айтиб йиғлади. Даҳо ичкарилади. Даҳо меҳмонхона эшигини очиқ қолдирди. Пардаларини тушириб қўйди. Даҳо жиянлари парда орасидан мўралаб-мўралаб турди. Онаси дастурхон ёйди. Дераза ортидан бир соя лопиллаб ўтди. Эшик пардаси кўтарилди. Сержант Орзиқулов юзланди. — Ассалому алайкум! — деди. Даҳолар жойидан турди. Сержант Орзиқулов билан кўришди. Сержант Орзиқулов асфалнишин бўлди. Кўли кўксида бўлди. — Қани, келинглар, хуш кўрдик! — деди. — Шундай... бир айланиб келдик, — деди Даҳо. — Бинойи-да, хўп бинойи-да! Даҳо боши билан меҳмонларни кўрсатди. — Бу йигитлар менинг дўстларим, — деди. — Шоирлар! — Бинойи, бинойи! Даҳо шоирларга отасини таништирди. — Бу киши бизнинг пахан бўладилар, — деди. Сержант Орзиқулов шоирларга бош қимирлатди. Кейин, дастурхонга қаради. — Энангга бирон нима айтдингми, улим? — деди. — Билмадим, қозон осилди шекилли. — Унда, мен қозондан хабар олайин, қани. Сержант Орзиқулов ташқарилади. Хиёлдан кейин парда орасидан мўралади. — Бемалол ўтира беринглар, — деди. — Қўлинг ўргилсин палов бўлаяпти! Шундай. Даҳо маъқул, дея бош ирғади. Сержант Орзиқулов желагини ечиб келди. — Хуш келибсизлар, улларим, хуш келибсизлар, — деди. Тўрда ўтирмиш шоир: — Қаҳрамон, о, қаҳрамон! — деди. Даҳо бош кўтарди. Отаси кўксидаги орден-нишонларга кўзи тушди. Қизариб-бўзарди. Сержант Орзиқулов кўксидаги орден-нишонларига назар солди. Ўзича жилмайди. Бош ирғаб-бош ирғаб асфалнишин бўлди. Бир шоир Даҳодан ўпкалади: — Паҳлавон Даҳо, шундай қаҳрамон отангиз бор экан, шу вақтгача айтмаганингизни қаранг-а! — деди. — Қаерларда бўлгансиз, бобой? — Сиз сўраманг, мен айтмайин, улим...— деди сержант Орзиқулов. Сержант Орзиқулов афтодаҳол бўлиб қолди. Дастурхон бурчини буклаб эрмаклади. Шоир дарров гапни бошқа ёқка бурди. — Байрамингиз муборак бўлсин, бобой! - деди. — Қуллуқ, шундай қуллуқ! — Мана, бугун 9 май байрами. Маъмурият бирор-бир тирикчилик қилиб бердими, бобой? — Ким? — Маъмурият! Колхоз раҳбарлари? — Ҳа-а, катталарми? Ҳа, ҳар йилгидай йиғилиш қилди. Сўғин байрам билан қутлади. — Қуруқ йиғилиш қилдими? — Қуруқ? Йўқ, қуруқ эмас. Ўн сўмдан пул берди, икки килодан гўшт берди. Шундай! — Шу билан бўлдими? — Ҳа-да, бундан зиёд сийлов бўладими? — Шундай орден-нишон соҳиблари-я... Шунда, Даҳо гап қўшди: — Орден бўлган билан, биттасиниям тайини йўқ! Майда-чуйда медаллар! — деди. — Барибир, Даҳо, барибир. — Бунча, шарабарадан битта Юлдуз афзал! — деди Даҳо. — Масалан, манави четдагисини олайлик. Ғалаба медали! Буни уруш тугаганда ҳаммага берган! — Унда, нимага сеники йўқ? — деди сержант Орзиқулов. — Биз унда туғилмаганмиз, бўлмаса, бизгаям берарди! — Ҳа, бали, шу шарабаралар бўлмаса сен туғилмасдинг, дунёга келмасдинг! Шундай! Сержант Орзиқулов шундай дея чиқиб кетди. Даҳо отаси кетидан ташқарилади. Ҳовлида уёқ-буёққа юрди. Онаси Даҳо диққинафас бўлаётганини билди. Ҳол сўради. — Анави чолни қаранг, мамаша, — дея куюнди Даҳо. — Бизнинг шоирлар олдига алмисоқдан қолган бор темир-тақасини тақиб чиқибди! Кошки улар темир-тақа нималигини тушунмаса! Улар Кафкани ўқиган. Улар Жойсни ўқиган!.. — Ҳар йили 9 майда шундай қилади. Қўй, кўп диққинафас бўлма. Бошқа кун ўлсаям тақмайди. Халтага солиб қўяди. — Одам деган қаерда қуруқлик қилишни билса-да! Пахан келганларни ким деб ўйлаяпти? Ахир, улар Марсель Прустни ўқиган! Гарантия бераман, бу қишлоқда ҳеч ким Прустни ўқимаган! Даҳо ошхона билан уй орасида бориб келди. 45 Бу вақт сержант Орзиқулов ичкари уйда ёнбошлаб ётди. Кўзи илиниб-илиниб ётди. Ётиб ётолмади. Имиллаб қўзғолди. «Борайин, манзират қилиб, гурунг бериб турайин, — деди. — Тағин, уй хўжаси келганимизни ёмон кўриб, бошқа уйга кириб ётиб олди, демасин. Меҳмон отангдан улуғ деган»;. Сержант Орзиқулов қайтиб келди. Асфалнишин бўлди. — Қандай, зерикмайгина ўтирибсизларми, улларим? — деди. — Ҳай, баракалла! Шоирлар ёнбошлаб ётди. Ашула эшитиб ётди. Сержант Орзиқулов гурунг бергиси келди. — Биз ҳам баҳоли қудрат мол боқиб юрибмиз, улларим... Сержант Орзиқулов оғзидаги оғзида қолди, бўғзидаги бўғзида қолди. Даҳо ер остидан отасига шундай ўқрайди, шундай ўқрайди! Даҳо магнитофонга қараб гапни бурди. — О, «Битлз»;! — деди. — Ливерпуллик буюк тўртлик! Жон Леннон, Пол Маккартни, Жорж Харрисон, Ринго Стар! Бечоралар тарқалиб кетди! — Ия, ҳали «Битлз»; йўқми? — Анча бўлди. Жон Леннон Америкага кетиб қолди. Бошқалари Лондонда дайди бўлиб юрибди. Яқинда Хантер Дэвис «Битлз»; ҳақида китоб ёзди-ю... Сержант Орзиқулов ёмон вазиятда қолди. Юзлари лов-лов қизарди. Буш пиёлани ўйнаб-ўйнаб, ўзини-ўзи айблади: «Ўзи, меники номаъқул-да! Булар ўқимишли одамлар бўлса. Менинг подам билан неча пуллик иши бор? Хай, калла-е, калла!»; Сержант Орзиқулов кўз қири билан ўғлига қараб-қараб олди. Қўлларини қовуштирди. Шоирлар оғзига қараб ўтирди. Кун қайтди. Сержант Орзиқулов деразаларни очди. Пардаларни сурди. Ичкарига кўклам ҳавоси уфурди. Қаердандир чибин келди. Ғуж-ғуж бўлди. Дастурхон тўла қанд-қурсга ёпишди. Сержант Орзиқулов ҳовлидан бир даста ялпиз териб келди. Дастурхон узра сочиб ташлади. Уйни ялпиз иси олди. Чибинлар ялпиз исидан ғойиб бўлди. Даҳо ҳайрон бўлди. Сержант Орзиқулов пиёлага узалди. Шунда, дастурхон узра тағин чибин парвозлади. Даҳо бу гал чибинлар парвозини эътибор билан қаради. Чибинлар пастлади-пастлади, сержант Орзиқулов чап оёғи олдида кўздан йўқолди. Даҳо ёнбошламиш кўйи отаси чап оёғи панжаларига қаради, бебилчагига қаради, товонига қаради... 46 Қош қорайди. Сержант Орзиқулов болишдан кўкрак олди. Инқиллаб қўзғолди. Калишини йўл-йўлакай кийиб ташқарилади. Олапар итини бўшатди. Олапар думини ликиллатди. Сержант Орзиқулов қўлини искади. Сержант Орзиқулов меҳмонхона деразасидан мўралади. Меҳмонхонада шишалар юмалаб ётди. Ўғли оёқ-қўлини ёйиб юзтубан ётди. Шоирлар сандиққа суяниб-суяниб ётди. Меҳмонхона жимжит бўлди. Сержант Орзиқулов қараб турди-турди... «Тор-мор бўлган лашкарга ўхшайди»;, деди. Сержант Орзиқулов қўл силтаб кетди. Ичкаридан ов милтиғини олиб келди. Кўчага қараб юрди. Изидан Олапар эргашди. Кўчада Очил жиян дуч келди. — Тоғанг келди, — деди сержант Орзиқулов. — Чой-пойига қараш... 47 Сержант Орзиқулов тошлоқ оралаб юрди. Ўнг оёқ бошмалдоғи зирқ этди. Бир тошга ўтирди. Зирқилламиш бошмалдоғини чангаллади. Кафтлари ҳўл бўлди. Кафтини кўзлари олдига олиб келди. Димоғи қон ҳидини туйди. Қон бошмалдоғига қум сепди, оқсоқланиб-оқсоқланиб йўлга тушди. Олапар қон томмиш қумни искаб қолди. Тағин эгасига етиб олди. Сержант Орзиқулов мозор олдидан ўтди. Мозор тарафдан бойўғли сайради. Сержант Орзиқулов ёқаларига туфлади. Боғлар оралаб юрди. Ўркач-ўркач адирлар бўйлаб юрди. Измолисойга келди. Булоқ бўйида оёқ илди. Ҳовучлаб-ҳовучлаб сув ичди. Юз чайди. Тағин адирлади. Бир тулки тош шилдиратиб чопди. Сержант Орзиқулов елкасидан милтиғини олди. Тошга суяб қўйди. Ўзида шу тошга суяниб ўтирди. Олапар эгаси пойида ётди. Сержант Орзиқулов олис-олисларга қаради. Олислар зим-зиё бўлди. Олисларда чироқлар милт-милт этди. Чироқлар Денов, Термиз... бўлди. Эсида, сержант Орзиқулов урушдан ана шу шаҳарлардан ўтиб келди. Поезд Термизга кечаси етиб келди. Шунда, бир одам вагонга отилиб кирди. «Холлиев Алини кўрган борми?»; — деди. «Бор! — овоз берди сержант Орзиқулов. — У хиёл ҳаяллаб келадиган бўлди!»; Аслида... термизлик Холлиевни ўз қўли билан ерга бериб келди. Сакен қозоқ тупроқ ташлаб турди... — Ай, Сакен оға, омонмисан?.. Сержант Орзиқулов беихтиёр шундай деди. Пойида ётмиш Олапар эгаси гапидан сапчиб оёқлади. Думини ликиллатиб-ликиллатиб турди. — Мендан сўрасанг, Сакен оға, баҳоли қудрат элнинг хизматини килиб юрибман. Поданиям ўзига яраша ташвишлари кўп, шундай. Айниқса кўклам вақти одамнинг егани ўзига татимайди. Шу эрта кўкламда де, бир ёнимда заранг таёғим, бир ёнимда Олапар итим, қирда ёнбошлаб ётиб, кўзим кетибди. Уйқумда де, бир кўк мол болалаётган эмиш. Мол зорланиб, мени сўрар эмиш. Мен бормас эмишман. Нимага бормас эмишман, ўзим ҳам билмас эмишман. Бирдан кўзим ялт этиб очилиб кетибди. Қарасам, Ҳамиднинг тарғили юрибди, Бердиевнинг сариқ қашқаси юрибди. Иқбол момонинг оқ молиям бор, Саид мерганнинг олаоёғи ҳам ўтлаяпти. Эътибор берсам, Ортиқбойнинг қора қашқаси йўқ. Катта тошга чиқиб, кафтимни қошим узра соябон қилиб қарадим. Шунда, қир кунгай бетидан муттасил мўнграган овоз эшитдим. Чопқиллаб борсам, қашқа олдида жажжигина бир бузоқ ётибди. Худди онасидай униям манглайида қашқаси бор. Қашқа гўдагини тинмай ялаб-юлқади, ювиб-таради. Кўнглим ёришиб, фарзанд кўрибсан-да, қуллуқ бўлсин, дедим. Чўккалаб, бузоқни бағримга босдим, қашқасини силаб-сийпаладим. Сўғин, оқшом вақти бузоқни бағримга босиб, Ортиқбойникига бордим. Суюнчига бир чопонлик бўлдим, шундай... Сержант Орзиқулов жим бўлиб қолди. Қуролдошлари кўз ўнгидан бир-бир ўтди. — Тенгиз оға, қандай, эсон-омонмисан? Ҳалиям оёқсиз юрибсанми? Ё, ёғоч оёқ қўйдирдингми? Ёғоч — оёқ эмас-да, Тенгиз оға. Эсингдами, бир ертўлада икки кунлаб оч-наҳор ётганимиз? Туз тотмабмиз! Тузнинг ўзи бўлмаса ниманиям тотардик. Улимни бўйнимизга олдик, лекин ертўладан қўл кўтариб, омон-омон, деб чиқмадик. Қирғинбарот кунларнинг юзи қурсин, Тенгиз оға. Ойнаи жаҳонни кўрган бўлсанг, бизнинг ҳукумат шарт қўйди. Ай, Буш, шу кундан эътиборан атом бомбаси портлатган номард, қани, қўлни бер, деди. Буш сўз берди, қўл берди, лекин яна атом портлатди. Уккағарнинг каттаси номард экан, гапида турмади, шундай. Ишқилиб, энди қирғинбарот кунлар бўлмасин. Урушни охирги кўрган биз бўлиб қолайлик, Тенгиз оға... Сержант Орзиқулов ўйлаб қолди: у ёлғиз бўлмади. Ҳали қуролдошлари кўп бўлди. Шунда, сержант Орзиқулов кучига куч қўшилди. Жойидан дадил турди. Кийимларини тузатди. Қўйнидан ўқ олди. Милтиғини ўқлади. — Лашкар, сафлан! — дея буйруқ берди. Сержант Орзиқулов хаёл қилди... Қуролдошлар бўйсира бўлди. Қурол-яроқлар жангир-жунгур бўлди. Сержант Орзиқулов милтиқ ўқталиб олға босди. — Олға, лашкар, олға! Сержант Орзиқулов олис-олис чнроқлар сари мардона-мардона одимлар отди. Кетидан Олапар эргашди. — Вперёд, дивизия! Моя дивизия! Твое оружие отточено в бою, Вперёд, любимая! Неустрашимая! Вперёд! За родину свою! (Олға, лашкар! Лашкарим менинг! Қирғинда қайралди яроғинг сенинг! Олға бос, она юрт, тупроғинг учун! Олға бос, ботирим, қароғим менинг!) Сержант Орзиқулов олисларда милтирамиш чироқларни мўлжалга олди. Нафас ютиб тепки босди. Адирлар ларзага келди. Сержант Орзиқулов кўрди: мўлжалга олмиш чироқ лип этиб ўчди. Сержант Орзиқулов кўрди: ўғли оёқ-қўли ёйилиб юз-тубан йиқилди... 48 Даҳо бир келишида туман рўзномасида бўлди. Иккита қаламкаш ёронини эргаштириб келди. Ўтирар-ўтирмас, қишлоқ йўлидан ёрилди. — Шу, йўл ёмон-да, пахан, — деди. — Шундай, қишлоқ бўлади-ю, гўр бўладими, шундай! — деди сержант Орзиқулов. — Деновдан қишлоққача машина бир мартаям лўқимайди. Катта йўлдан уйимизга қараб бурилди дегандан машина олиб уради. Ёронлар бири қўйиб бири гапирди: — Мен икки марта бошимни машина қиррасига уриб олдим. Хиёл бўлмаса каллам ёрилайин деди. — Каллаям гапми, мен машина лўқиганда машинадан отилиб кетайин дедим. — Айниқса бурилишдаги ариқ ёмон экан. Машина ўхшатиб бир кўтариб урди. — Еган-ичганим ичимдан тушиб кетди. — Тишимни тишимга қўяман деб, тилимни тишлаб олдим. — Энди, улларим, қишлоқ ўз оти ўзи билан қишлоқ-да, — деди сержант Орзиқулов. — Биламиз, бова, биламиз. Қишлоқларда кўп бўламиз. Яқиндаям газета топшириғи билан келиб-кетиб эдик. Қаерга бориб эдик, ўртоқ Ҳафизов? — У борган жойимиз юқорироқда эди. Катта тут олдидан чапга бурилиб эдик. Ўзиям, уйи остонасигача тош тўшалган эди-да. — Фамилияси Холиқовмиди? Ҳа, энди, у Холиқов-да! Уруш қатнашчиси! Қўша-қўша орден-нишонлари бор! Ана шунда сержант Орзиқулов қулоғи динг бўлди. — Нима бўпти? — деди. — Биз ҳам уруш қатнашчиси! — Ия, шундайми? — Шундай! Биздада бор, орден-нишон! Даҳо сергак тортди. Бир отасига қаради, бир ёронларига қаради. Кейин, ер сингалади. Хиёл қизарди. — Қани, олиб келинг, қани? — деди ёронлар. — Қўйинглар-е, улларим-е... — Қўйинглари бўптими? Олиб келинг, бўлинг! Сержант Орзиқулов чойнак қопқоғини шиқирлатиб ўйнади. Бир ўғлига қаради, бир ёронларга қаради. Гап жиддийлигини билди. Тиззасига таяниб қўзғолди. — Ё, пирим! Олиб келсам, олиб келайин, кўп қўймадиларинг. Сержант Орзиқулов шундай дея ичкарилади. 49 Сержант Орзиқулов орден-нишонларини эски дўиписида сақлаб юрди. Орден-нишонлар дўппидан тўкилиб кета берди, сочилиб кета берди. Орден-нишонларини энди белбоғида ўраб юрди. Энди, орден-нишонлик тугунни топиш қийин бўлдн. Орден-нишонни топиш учун сандиқ тўла тугунларни битталаб ушлаб-ушлаб кўрар бўлди. Битталаб кўтариб-кўтариб кўрар бўлди. Шундай қилмаса, қайсинисида орден-нишон борлигини билиб бўлмади. Тугунда бўлмади. Орден-нишон сақлаяжак бошқа бир нима излади. Излади-излади, ошхонага кирди. Қозиқда осиғлик тузхалтага кўзи тушди. Шу тузхалта орден-нишонбоп идиш кўринди! Қозиқдан тузхалтани олди. Тузини чинни косага тўкди. Тўнтариб-тўнтариб қоқди. Орден-нишонларини ана шу тузхалтага ағдарди. Оғзини ўраб-ўраб боғлади. Сандиққа солиб қўйди. 50 Сержант Орзиқулов ана бу орден халтани кўтариб келди! — Ана! — деди. Ёронлар орден халтани айлантириб-айлантириб кўрди. Орден халта оғзини очди. Кўзи олдига олиб келди. Орден халта ичига бир кўзлаб қаради. Мийиғида кулди. — Дастурхонга тўкинг, улим, дастурхонга! — деди сержант Орзиқулов. — Манави қанд-қурсдайин тўкиб ташланг, сўғин, бари кўринади! Ёронлар орден халтани дастурхонга тўнтарди. Халтадан жарақ-журуқ орден-нишон тўкилди. — О-о-о! Эҳ-е-е! — деди ёронлар. Сержант Орзиқулов қанд-қурсларни дастурхон четига сурди. Худди қанд-қурс ёймишдай, кафти билан орден-нишон ёйди. — Ана, ана! — деди. — Шунча орден-медалингиз бўлатуриб, нима қилиб ўтирибсиз, бова? — Нима қилайин? — деди сержант Орзиқулов. — Орден-нишон от бўлса экан, миниб кўпкари чопсам! — Катталарга боринг, йўлга тош тўшаб бер, денг. — Қайси бир 9 майда раис қандай хизмат бор, деб сўраб эди. Шунда айтгандай бўлиб эдим. — Нима деб эдингиз? — Кўчамизга тош тўшаб беринг, дегандай бўлиб эдим. — Нима деб эди? — Бўлади-бўлади, деб эди. Шу-шу, ҳалиям бўлади-да. Шундай! — Колхоз катталарини қўйинг, туманга боринг, туманга! — Бари катта бир гўр, улларим. Катта зоти борки, бизга қандай хизмат бор, деб сўрайди. Сиз дардингизни айта-айта қоласиз, катта зоти хўп-хўп, дея, бош ирғаб кета беради. Даҳо тиззасига шапиллатиб урди. — Ай! — деди. — Ўзим урушда бўлмадим-да, ўзгинам урушда бўлмадим-да! — Нима қилардинг? — писандали деди сержант Орзиқулов. — Талаб қилардим! Кўчага тошйўл олиб келардим, темир найча билан жўмрак олиб келардим! Ана, Холиқов! Уруш қатнашчиси деб уни айтади! — Ҳа, энди, Холиқов ёзувчи-да, улим, ёзувчи! Ёронлар бирдан сергак бўлди... — Ким-ким? — деди. — Ёзувчи! Шундай! — Ёзувчи? Бу қишлоқда Паҳлавон Даҳодан бошқаям ёзувчи борми? — Э-э, қанақа ёзувчи! — дея қўл силтади Даҳо. — Бешинчи синф маълумоти бор! Ўғлига шикоят ёздириб ёзувчилик қилади! Ёронлар қаҳ-қаҳ уриб кулди. — Ўғлига ёздирадими, неварасига ёздирадими, ишқилиб, ёзувчи деган номи бор-да! — деди сержант Орзиқулов. — Ёзувчи бўлса нима? — деди Даҳо. — Ёзувчидан эл қўрқади, ёзувчидан катта қўрқади. Сен билан биздан ким қўрқади? — Қўрқмайдими, қўрқмайдими? Даҳо шундай дея, жуздонини очди. Ичидан қоғоз-қалам олди. — Э, қўй-е, улим-е! — деди сержант Орзиқулов. — Нима қўй-е, нима қўй-е? — деди Даҳо. — Сиз кимдан кам? Урушда қон тўкиб келдингиз! Сержант Орзиқулов қаради-қаради, ўғли қарори қатъийлигини билди. Узалиб, ўғлининг қаламли қўлини ушлади. — Шошма! — деди. — Аҳдинг беҳазил бўлса, майли, ёз. Лекин бошқа масалада ёз. — Масалан? — Масалан, молнинг емиши йўқ. Ҳар йили уч-тўрт баробар зиёд нархда емиш сотиб оламан. Зўр бўлсанг, молга емиш бер, деб ёз! — Бўлди, емиш бўлса, емиш-да! — Баракалла. Аввал иқтисод, кейин сиёсат деган Ленин бова. Тошйўлдан юрмай, чанг йўлдан юрсак, оёғимиз очдан ўлмайди. Лекин мол емишсиз қолса бўлмайди, шундай! — Бўпти, пахан, унда, учта-тўртта ариза ёзаман. Битта-биттадан олиб борасиз. — Қаёққа олиб бораман? — ажабланиб сўради сержант Орзиқулов. — Туманга олиб борасиз, қаёққа олиб борардингиз? Туманда битмаса, ундан ҳам юқорига олиб борасиз. — Йўқ-йўқ! — дея қўл силтади сержант Орзиқулов. — Молим очдан ўлсаям бормайман! Шундай! — Ия, унда ким боради? Мен борайми? — Борма, ким сенга борсин деяпти? Борма-да, хат-жилдга солиб, хабарқутига шундай ташлаб юбор, ўзи боради. Фақат, хатжилд бетига шундай-шундай манзилга етиб борсин, деб битасан, бўлди. Ёронлар тағин қаҳ-қаҳ уриб кулди. — Э, бова, э, бова-е! — деди. Даҳо қизарди. Қалам учи билан чаккасини қашиди. Овозини бир парда кўтариб айтди: — Пахан! Ўртоқлар олдида одамни уялтирманг! — Идора дегани қаерда бўлади, билмасам, — деди сержант Орзиқулов. — Идораларда катта-катта одамлар ўтиради. Бориб нима дейман, билмасам... — Ўзим ўргатаман, сиз хўп денг! Сержант Орзиқулов ўғлига тикилди. Ўғли авзойи ёмон бўлди. — Боришга бир амаллаб топиб бораман, — деди сержант Орзиқулов. — Лекин довдираб қоламан-да, гапимни йўқотиб қўяман-да. — Гапингизни йўқотмайсиз! Шоирнинг паханидай бўлиб гаплашасиз! Ўзим ўргатаман! — Хўп, майлинг. — Энди бориб, вельвет костюмингизни олиб келинг! 51 Чийдухоба камзул бир вақтлар Даҳоники эди. Даҳо камзулни кийди-кийди, оҳорини тўкди. Кийди-кийди, отасига берди. Сержант Орзиқулов чийдухоба камзулни юзлик кийим қилиб олди. Тўй-маъракаларда кийди. Эътиборли-эътиборли жойларда кийди. Ҳайитларда кийди. Бегим кунлар бўхчага тахлаб қўйди. 52 Сержант Орзиқулов ичкаридан ана шу чийдухоба камзулини олиб келди. Даҳо камзул уёқ-буёғини қаради. — О-о-о, вельвет! — деди. — Вельвет жаноби олийлари! Даҳо камзулни болишга ёйди. Орден-нишонларни бир бошидан камзул кўкрагига такди. Камзул кўкраги орден-нишонга тўлди. Даҳо камзул ёқасидан кўтариб қаради, силкиб-силкиб қаради. Орден-нишонларни жарақ-журуқлатиб қаради. Камзулни кийиб ўтирди. Кўксидаги орден-нишонларни томоша қилиб ўтирди. — Қалай, ярашдими? — деди ёронларига, — ўзим урушда бўлмадим-да!.. Даҳо отасига қаерга бориш, нима қилиш, нима дейишликни ўргатди. Бот-бот ўргатди. 53 Сержант Орзиқулов бомдод намозини наридан-бери ўқиди. Орден-нишонлик камзулини кийди. Устидан беқасам чопонини илди. Белбоғини боғлади. Заранг таёғини судраб, бекатга борди. Автобус йўлини қаради. Боботоғ узра кун сариқ берди. Шунда, кўз олдида бир нима йилт этди. Сержант Орзиқулов сесканиб тушди. Эътибор билан қаради: чопони ёқасидан бир нишон чиқиб турди. Ана шу нишон кун сариғида йилт-йилт этди. Сержант Орзиқулов туф-туф, дея, ичига туфлади. Теварак-бошга қаради. Теваракда одам зоти йўқ бўлди. Шунда, чопони ёқаларини оҳиста ёнларига сурди. Кўкси тўла орден-нишонларни офтобга тутди. Оҳиста-оҳиста ўнг тарафига тебранди. Орден-нишонлар офтобда жарақ-жарақ этди! Оҳиста-оҳиста чап тарафига тебранди. Орден-нишонлар офтобда ярақ-ярақ этди! Сержант Орзиқулов орден-нишонларини томоша қилди. Бош ирғаб-бош ирғаб томоша қилди. Кулимсиб-кулимсиб томоша қилди! Шу вақт, олисдан автобус овоз берди. Сержант Орзиқулов чопони ёқаларини апил-тапил ёпди. Орден-нишонларини яширди. Автобус зинапоясидан энкая-энкая чиқди. Энкайишида чопони ёқалари халта бўлиб осилди. Ана шунда тағин орден-нишонлари кўриниш берди. Орден-нишонлари шалвир-шалвир этди. Орден-нишонлари жангир-жунгур этди. Автобусда болаликдан билла ўсмиш Садир бўйинсаси бўлди. Ана шу бўйинсаси жойидан лик этиб турди. Сержант Орзиқулов аскарликдан қайтмиш кунлардан олиб ҳазиллашди. Сержант Орзиқулов аскарликдан қайтмиш кунлардан олиб, бармоқларини чаккасига қўйиб ҳарбийча салом берди. — Здравствуй, сержант Орзиқулов! — деди. — Сколько зима, сколько весна! Автобусда ўтирмишлар пиқ-пиқ кулди. Бўйинсаси ёшларга қаради. — Қани, сержант Орзиқуловга жой берганский! — деди. — Сержант Орзиқулов ўтирганский! Боиси, сержант Орзиқулов қариганский! — Етмишдан ошиб ҳам ақлинг кирмади-кирмади-да! — деди сержант Орзиқулов. Сержант Орзиқулов Садир бўйинсаси билан елкама-елка ўтирди. — Қани, сержант ошна, шаҳарлабсан-да? — деди — бўйинсаси. — Шундай, шундай! — Менга ақл кирмади дейсан, сенга қачон ақл киради, сержант ошна? — Эб-эй, нима, ақлимиз йўқми? — Ақлинг бўлса, эртаматандан орден-нишон тақасанми? Нима, бир сенда борми, орден-медал? — Тақсам, ўзимники! — Бовужуд, урушга борибсан экан-да! Ёрил-е, баччағар, ёрил-е! Бозор-ўчаргаям орден-медал тақиб бор-е! — Комиссар чақирибди, ошна, комиссар! — Ҳа-а, шундай де! Шўхлашаманда-е, сержант ошна! Бегим кунлар тақиб юрмасдинг, шунга айтаман-да! 54 Сержант Орзиқулов сўради-сўради, туман ижроқўми биносини топиб борди. Зинапоя ушлагичидан ушлаб-ушлаб, иккинчи қаватга кўтарилди. Қават нимқоронғилигидан кўзи яхши ўтмади. Шу боис, эшикларга тикилиб бориб қаради. Эшикларни ушлаб-ушлаб кўриб қаради. Эшикларга пешонаси тегайин-тегайин деб қаради. Қаради-қаради, ўғли айтмиш ўн олтинчи эшикни топди. Адашмаяпманми, қош-киприклари эшикка тегайин-тегайин деб қаради. Шу вақт, эшик фавқулодда очилди. Сержант Орзиқулов пешонасига келиб тегди. Сержант Орзиқулов пешонасини ушлай-ушлай кетига тис бўлди. Ичкаридан чиқмиш аёл кечирим сўрай-сўрай кетди. Сержант Орзиқулов очиқ қолмиш эшикдан ичкарилади. Заранг таёғини бурчакка суяб қўйди. Катта билан кўришиб-сўрашди. Катта сержант Орзиқуловга дераза тарафдан жой кўрсатди. Сержант Орзиқулов катта айтмиш жойга ўтирди. — Омин! — дея фотиҳа ўқиди. Катта юзига фотиҳа тортмади. Бош ирғаб қўя қолди. Қалам учи билан стол чертди. — Келинг, бова? — деди. — Шукур, худога шукур! — дея бош ирғади сержант Орзиқулов. — Нима гап? — Тирикчилик, катта, тирикчилик. — Тирикчилик ҳам ҳар хил-да. — Шу... Сержант Орзиқулов гўё палов еяётгандай, кафтини оғзига югуртириб-югуртириб олди. — Нима, паловми? — деди катта. — Йўғ-е, катта, мол одаммидики, палов ейди... Сержант Орзиқулов тағин кафтини оғзига югуртириб-югуртириб олди. — Ҳалиги, мол, ейди-ку, оти нима эди... — Комбикорма. — Йўқ, ундай эмас, йўқ... — Шелуха. — Ҳа-ҳа, шулха! Шундай, шулха! Катта қоғоз титкилади. — Энди, емиш масаласи чатоқ, бова, жуда чатоқ, — деди. — Мана, бозор йўлига ўтаяпмиз. — Катта... Сержант Орзиқулов ғўлдиради. «Катта, мени урушда бўлиб эдим. Мана, орден-нишонларим ҳам бор»;, демоқчи бўлди. Аммо тили бормади. Бир каттага, бир кўкрагига қаради. «Катта, кўкрагимга қаранг, кўкрагимга»;, демоқчи бўлди. Каттанинг кўзи кўкрагимга тушса, ўзи тушуниб олади, дея ўйлади. Катта қоғоз титкилаш билан машғул бўлди. Сержант Орзиқулов ана шунда ўғли дастурига биноан эмас, тамомила тескари тарафга ўтириб қолганини англади. «Миям қурсин, — дея афсусланди. — Ўғлим бундай демаб эди-ку»;. Кейин, ўзини-ўзи оқлади: «Каттанинг ўзи жой кўрсатди-да, менда нима айб»;. Оҳиста жойидан қўзғолди. — Ҳа, бова? — деди катта. — Манави дераза шамоли кўп ёмон экан. — Ҳа-а. Сержант Орзиқулов деразага муқобил тарафга ўтди. Деразага рўпарў бўлиб ўтирди. Чопони ёқаларини ёнларига сурди. Орден-нишонларини деразадан тушмиш ёруққа солди. Орден-нишонлари ёруғда ялтиради! Катта ана шунда орден-нишонларни кўриб қолди! — Уҳ-у-у! — деди. — Зўрсиз-ку, бова? Сержант Орзиқулов жилмайди. Бир кўкрагига қаради, бир каттага қаради. — Шундай, шундай! — дея бош ирғади. Сержант Орзиқулов ана шунда ўғли калласига қойил бўлди! «Минг қилсаям, шоир калла-да, шоир калла. Ҳа, каллангдан, ўғлим»;. — Бўпти, бова, — деди катта. — Бўпти, бир келиб қолибсиз, садқаи суханингиз. Биз Улуғ Ватан уруши қатнашчиларини эъзозлаймиз. Аризангиз борми, ё, ўзим ёзиб берайинми? — Э, ҳа, айтгандай! Сержант Орзиқулов қўйинларини пайпаслади-пайпаслади, тўрт буклоғлик қоғоз олди. Катта қоғозни столга ёйди. Кафтлари билан текислади. — Хатингиз хушрўй экан, бова, — деди. — Шундай, шундай! — Бу, ўғлингиз ҳам ёрдам бериб турадими, бова? — Йўқ, катта, улимиз шаҳардан бери келмайди. Ўзи билан ўзи бўп кетди. — Ҳа-а, ишқилиб, хушрўй ёзар экансиз. Биратўла кунжараям қўшиб бера қолай, бова? Сержант Орзиқулов кўзларини пирпиратиб ўйлади. Ўғли кунжара деб эдими, йўқми, ана шуни ўйлади. Ўйлади-ўйлади, ўғли кунжара демаганини эслади. — Йўқ, катта, йўқ, — дея бош чайқади. — Бизга шу, ҳалиги айтганингиздан бўлса бўлади. Боиси, уйда олам-жаҳон хашак бор. Адирдан гарди-гурд, бир тутам-икки тутамдан ташиб келиб, уюб ташлаб эдим. Бир қишни бемалол ўтказади. Бизга шу... — Шелуха! — Шундай, шундай! Шулха бўлса бўлади! — Яшанг, бова, баъзи бировлар беш қўлиниям оғзига тиқиб келади. Бирданига беш-олти нарса сўрайди. — Йўқ-йўқ... «Ўғлимиз фақат шулха деб эди»;, деб юборайин, деди. 55 Шоирлар тоғлади. Булоқ бошини маврид этди. Даҳо толлар остидан қайнаб чиқмиш булоққа қўлларини узатиб лабларига босди. Ўзича, булоқни чўлп-чўлп ўпди. Кафтларини тоғ чўққиларига узатиб лабларига босди. Ўзича, олачалпак тоғлар бетидан ўпди. Шоирлар давра олди. Даҳо сувга бўш шиша отди. Шиша кўриниб-кўринмай оқди. Бир кучук сув ёқалаб чопди. Шишани етиб олди. Искади-искади, юз ўгирди-кетди. Шиша оқиб кетмиш тарафдан бир одам булоқ ёқалаб келди. Шоирлар билан қўшқўллаб кўришди. Даҳо одамни даврага марҳамат этди. Одам узун-калта шишаларга қаради. Шишалардан булоққа юз бурди. — Қуллуқ, ош бўлсин! — деди. — Хуш-хушвақт кетсаларингиз, биз ўтиргандай гап. Билсаларингиз, булоқ табиат каромати... — Биламиз, брат, биламиз! — Билсангиз, яхши. Анави куни беш-олтитаси шаҳардан келиб... ўтириб кетди! Кейин билсам, артистлар экан. Артист бўлмай, қора ер бўлгурлар, булоққа чўмилгани камдай, кир пайпоқларини сувга отиб кетибди. Аёллар сувга келса, сатилларига пайпоқ илашибди. Таёқни олиб чопиб келдим. Жувонмарг ўлгурлар кетиб қолибди... Даҳо одам тирсагидан ушлади. — Артист ўз номи ўзи билан артист, ҳа, артист! — дея ғилжайди. — Мен шоир! Эшитяпсизми, шоир! Мен — фазога интилган инсон! Мен — она-табиатни кўз қорачиғидай асраб-авайлагувчи посбон! Одам анойи бўлди, гапида анойи бўлди: — Ўзларингиз шаҳарда яшаб, табиатни қандай қилиб қўриқлайсизлар? — деди. — Қўриқлаймиз, ҳа, қўриқлаймиз! Шеърлар ёзамиз, халқни табиатни асрашга чорлаймиз! Одам булоқ ёқалаб кетди. Хиёлдан кейин сой ўнг бетида иккита бола қора берди. Болалар магнитофон қўйиб келди. Шоирлар билди, одам ўғилларини кўз-қулоқ бўлиб туриш учун юборди. Давра қизиди. Бир шоир Даҳонинг елкаларини ёпиб турмиш сочларини силаб хиргойи қилди: — Соч эмас бу, шаршара-е, шаршара!.. Шоирлар бири қўйиб бири Даҳони улуғлади: — Шеърларингиз классика! — Поток сознания! — Модернизм! Шоирлар шу баҳона ўзларини кўз-кўз қилгиси кедди. Кимларни ўқишларини билдиргиси келди. — Кафка! — Камю! — Пруст! Шоирлар бир-бирлари соғлиги учун қадаҳ кўтарди. — Жозе Мария! — Кейрош! — Ия, саломат бўлсинлар, иккови битта одам-ку! — Йўғ-е! — Ҳа, Салтиков-Шчедрин дегандай гап-да! — Шундайми? Уф-ф, кайфим ошди... Даҳо ўзини мастликка олиб ёнбошлади. Уятдан кўзларини юмиб мудради. Бир шоир нашриётдан куйиб гапирди: — Муҳаррир...оти нима эди?.. Ўша ғирт тўнка экан! Китобимни ўқиб бўлиб, бу таржимами, дейди. — Қайси, ҳалигими, у ғирт саводсиз! — Анавими, у йўқ одам! — Биринчи жумладан бошлаб ёпишса бўладими! «Шеробод адирлари Гренландия айсберглари каби оппоқ ястаниб ётар эди»;, деб ўқиб, ўхшатиш бундай бўлмайди, дейди. Ўртоқ, савод деган нарса борми ўзи, Стейнбеклар кўп нарсаларни Гренландия айсбергларига таққослаб тасвирлаган, дедим. Эшакнинг қулоғига танбур чертдинг нима, унга гапирдинг нима, во-во! Шоир шаҳодат бармоғи билан кесакни уриб кўрсатди. Даҳо ёзилиб келиш учун кетди. Чайлада ёнбошлаб ётмиш болалар магнитофонни кўтариброқ қўйди. Булоқ бўйларини ашула олди: Киши ҳолимни билмас, меҳрибонидин адашгонман, Ватан оворадурмен, дўстонидан адашгонман... Даҳо кела бермади. Шоирлар алағда бўлди. Ҳайдовчини йўллади. — Шоир акангиздан бир хабар олинг, ука, — деди. — Айтиб бўладими, бегона жой... Ҳайдовчи хўп, дея қўзғолди. Сув ёқалаб юрди. Сув бурилиб оқар ерда оёқ илди. Ажаб синоат кўрди: Кун қирлар ортида ботай-ботай деди. Булоқ сувлари офтоб нурида йилт-йилт этди. Даҳо қуёшга табассум билан боқиб хаёл сурди. Бир нима сувга йилт-йилт этиб тушди, шитир-шитир этиб тушди. Даҳо қуёшга шоирона-шоирона боқиб... сувга чоптирди! Ҳайдовчи чаппа бурилиб чопди. 56 Даҳо булоқ ёқалаб келди. Қўлларини чайди. Силкиб-силкиб қуритди. Ашула келмиш тарафга ўнг қўлини шоп қилиб бақирди: — Анавини ҳангратмасаларинг-чи! Болалар ё, Даҳо гапини эшитмади, ё, эшитиб эшитмасликка олди. Булоқ бўйлари ашула оғушида қолди: Ватансиз бенаводурмен, маконидин адашгонман, Ғариби кўйи ғурбат, хонумонидин адашгонман, Ва ё бир мурғи ваҳший ошёнидин адашгонман. Даҳо ашулага қўл силтаб ўтирди. — Одам эмас булар! — деди. — Эшитсаям эшитмасликка олиб, молга ўхшаб ўтира беради! Ҳайдовчи ер боқиб ўтирди. Калла қашиди. Толчўп билан ер чизди. Кўнгилхушлик давом этди. — Ўзи, бу ашула кимники? — деди Даҳо. — Ким билади! Менимча, матбуот шанба сонлари учун ғазал ёзиб турадиган Камтарий, Деҳқоний деган шоирларники бўлса керак! — Ҳа-а, айтдим-а, примитив диалектикада ёзилган деб! Улуғ Фурқатнинг улуғ ғазали булоқ бўйлари узра учди, ёнғоқ япроқлари узра учди. Тирикман зоҳирида, халқ бир одам гумон айлар, Ва лекин ҳоли сурат, танда жонидин адашгонман. Даҳо бир олмани артди-артди, егиси келмади. Ҳайдовчига узатди. — Лутфан тақдим этаман! — деди. Ҳайдовчи бир олмага қаради, бир Даҳо қўлига қаради. Олмади! Ашула поёнлади. — Хайрият-е, овози ўчди! — деди Даҳо. — Энди, буям санъатда-а? Нима деб бўкирди? Бундай ашулани биз ҳам айта оламиз! Даҳо қулоч очди, дутор чалажак созчи қиёфасини олди. Овозини йўғонлатиб айтди: Тирикман зоҳирида, халқ бир одам гумон айлар... Даҳо тоғдан энибоқ сўради: — Нима бўлди, пахан? — Бинойи бўлди, бинойи. Уруш иштирокчиларига ўзлари олиб келиб берадиган бўлди. — Ана, айтдим-ку, ана! Даҳо сўради, сержант Орзиқулов жавоб берди. Гап кунжарага келди. Ана шунда Даҳо чидаб туролмади. Болишдан лик этиб турди. Тарсиллатиб кафтига муштлади. Сержант Орзиқулов сесканиб тушди. — Эҳ, пахан, эҳ, пахан! — деди Даҳо. — Сиз, кунжара керак эмас, дедингизми? — Шундай, шундай! Ўзинг айтдинг-да, шулхадан яхшиси йўқ деб? Даҳо тағин кафтига муштлади. — Мен айтган бўлсам, шелуха яхши емиш, шу сабабли шелуха сўранг, деб эдим! Кунжара шелухадан ҳам яхши-ку? — Биламан, шулха билан кунжарани аралаштириб берса, мол семиради. Лекин сен, мен нима десам, шуни қилинг, дединг-да. Даҳо шаҳодат бармоғини чаккасига нуқилади. — Бу калла билан Гитлерни қандай қилиб тор-мор қилгансиз, пахан? Тасаввур қилолмайман! — Шу ёғигаям шукур, улим, шуям йўқ эди. — Ҳа, майли, бўлган иш бўлди. Шундай қилиб, емиш масаласи бўлдими, пахан? — Бўлди, улим, бўлди. — Яна қандай кам-кўстингиз бор? — Энди, шу молхона...— минғиллади сержант Орзиқулов. — Молхона? Нима молхона? Қани, юринг-чи. Даҳо отаси олдига тушиб молхонага борди. Молхона оғзидан қаради. Молхона иккита болор ёғочи синиқ бўлди. Синиқ жойи хиёл чўкиб турди. Шу боис, болор синиғига иккита устун тироғлик бўлди. — Шундай тура берса бўлмайдими? — деди Даҳо. — Бўлади, беш-олти йилдан буён шундай турибди. Тағинда тура беради. — Бўлмаса нимага молхона, молхона дейсиз? — Ёмони, қишда шу чўккан жойидан томчи томади. — Унда бундай қилинг, пахан. Иккита устунниям олиб ташланг. — Йўғ-е... — Сиз хўп денг, бўлинг! Сержант Орзиқулов иккита устуннида олиб ташлади. — Энди, томга чиқинг. Сержант Орзиқулов нарвондан томга чиқди. Ўғли айтмиш ишни қилди: синиқ болорлар устидан бир оёқлаб тепди. Болорлар чўрт синиб, ичкари тушди. Устидан том тупроқ тўкилди. Молхона усти ўра бўлиб қолди. — Ана энди туман борасиз-да, шифер билан ёғоч сўрайсиз! Даҳо отаси қўлига ариза ёзиб берди. 58 Сержант Орзиқулов тағин туман йўл олди. Ўн олтинчи эшикни топиб борди. — Ҳозир шифер билан ёғоч тугади-ку, бова, — деди катта. — Билмасам...— дея елкасини қисди сержант Орзиқулов. — Вақтлироқ айтсангиз бўларди, бова. Энди нима қиламиз? Пича сабр қиласизми? — Ўзингиз биласиз, катта. Ишонмасангиз бориб кўринг, том тешилиб ётибди. Мана шундай тешик! Сержант Орзиқулов қучоғини катта очиб кўрсатди. — Мол-ҳолингиз шу қишни ўтказолмайдими? — деди катта. — Ўтказолмас-ов. У тешикдан қор-ёмғир тугул, харсангтош кириб кетади, шундай. — Унда, уйингизга тафтиш юборамиз, бова. Бир-икки кун сабр қиласиз энди. Сиздай-сиздай беш-олтита жуда муҳтожлар бор. Шуларни таъминлаймиз. Ўн кунлардан кейин қишлоқ шўросидан учта одам келди. Молхона остидан қаради, молхона устидан қаради. Ёрдам беражак бўлди. Сержант Орзиқулов тағин бир бор ўғли калласига қойил бўлди. «Молхона муқаддамгидай бўлса, ёрдам бермасдилар, — дея ўйлади. — Ўғлимнинг калласи шоир калла-да»;. 59 Бу сафар назмбоз ўғил ёлғиз келди. — Қалай, пахан? — деди. — Бўлди, бари бўлди. Ана, оғилхонамизгача шипир бўп кетди. — Кўрдим, кўчаданоқ кўрдим. — Худо мартабасини улуғ қилсин, кўп яхши катта экан. Хўп мурувват қилди. — Соддасиз, пахан, соддасиз! Мана, ким учун қилди, мана! Даҳо шундай дея кўкрагига урди. — Орқангизда ким турганини билиб турибди, ҳа, раҳбарлар ҳам анойи эмас! — Нима, катта сени танийдими? — Танимасаям, ишқилиб, билади! Ёзувингиз чиройли экан, дедими? Бўлди, бекорга бундай демайди! Сизнинг бундай ёзолмаслигингизни яхши билади! — Ишқилиб, гапимни ерда қолдирмади-да. — Қолдириб кўрсин! Даҳо жойлашиб ўтириб, тағин бир нима ёзди. Бу, машина аризаси бўлди. Ана шунда сержант Орзиқулов ёрилди. — Энди, шу аризабозликни қўй, улим, — деди. — Одамнинг бети чидамай қолди. Бугун бу, эртага у... Сержант Орзиқулов қариган чоғида тиланчи бўлиб қолибди, демайдими? Дейди! Тиланчи демасаям, мўлтони дейди! — Э-э, пахан, сиз фойдангизни ўйласангиз-чи, фойдангизни! Тиланчи дейди, мўлтони дейди!.. Шуям гапми? — Гап, улим, гап. Ёшим етмишдан ошди. Урушда... — Энди, пахан, ҳозир ошкоралик даври... Урушган бўлсангиз... ўзингиз учун урушгансиз! Сержант Орзиқулов сесканди. Пиёласидаги чой чайқалди. Ўнгирига бир-икки томчи чой томди. Пиёласини шошиб дастурхон қўйди. Ўғлига тикилди. — Нима-нима? — деди. — Урушган бўлсангиз, ўзингиз учун урушгансиз! Хафа бўлманг, пахан, ҳозир ошкоралик даври! Сиз отмаганингизда, немис отар эди! Оқибат, урушдан қайтиб келмас эдингиз! Хуллас, ўз жонингизни сақлаш учун урушгансиз! — Тағин гапинг борми? — Қалтираманг, пахан, қалтираманг! Ҳозир ошкоралик даври! — Бўлса, айтиб қол, армонда қолма! — Мен сизга фойдангизни гапирсам, дарров аччиғингиз келади, пахан! Ўша вақтда туғилганимизда биз ҳам урушга борган бўлардик! Замонангиз тўғри келиб, урушга борибсизми, энди шундан фойдаланинг деяпман! Беш кунлигингиз борми-йўқми, бола-чақангизни таъминлаб кетинг, деяпман! Ана, нима деяпман! — Таъминламай, нима қиляиман? Ана, молхонагача шипир бўлиб кетди. Кимнинг молхонаси шипирли? — Э-э, булар бир тийин, пахан, бир тийин! — Бўлмаса, тағин нима дейсан? Даҳо қўлидаги қоғозни кўз-кўз қилди. — Мана, нима дейман! Машина, машина! — Ота-бовам пиёда юрган!.. — Чин, пахан, чин, отангиз машина минмаган! Сабаби, у замонда машина бўлмаган! Ҳозир эса бор! — Машина керак бўлса, ўзинг бор! — Мен боришим мумкин, пахан. Лекин менга машина бермайди, пахан, бермайди! Машина тугул, гугурт сўраб борай, бермайди! Сизга эса беради! Сабаби, сиз яхшими-ёмонми, урушда бўлгансиз, орден-медал олгансиз! — Куним адирда ўтади, мен машинани нима қиламан? — Тўпорисиз, пахан, тўпорисиз! Яна-тағин, урушда бўлганман, дейсиз! Бу калла билан қандай килиб урушгансиз, тасаввур қилолмайман! Сотамиз! Тушундингизми? Сотамиз! Машина қўлда қирқ минг туради! Қирқ минг! Давлат нархи эса бор-йўғи ўн минг! Шунда, сержант Орзиқулов шаштидан тушди. «Ҳақиқатан ҳам кўп пул бўлар экан»;, дея ўйлади. — Ҳали мана бу невараларингизни уйлантириш керак бўлади, жойлантириш керак бўлади! — деди Даҳо. — Бунинг учун пул керак бўлади, пахан, пул! «Боланинг калласи ишлайди, — дея ўйлади сержант Орзиқулов. — Минг қилсаям, шоир калла-да»;. — Майли, машина аризаниям олиб бораман, — деди сержант Орзиқулов. — Лекин олдин тош йўл билан жўмрак ҳал бўлсин. Беш қўлни баробар оғизга тиқсак, яхши бўлмас. — Ҳа-а, яшанг, пахан! Ўзимнинг паханимдан-да, ўзгинамнинг пахангинамдан-да!.. Даҳо отасини чўлпиллатиб ўпиб олди. — Лекин буни оғзингиздан чиқарманг, пахан... 60 Дашт осмондай бепоён бўлди. Уфқ алвон-алвон бўлди. Оқшом мусаффо-мусаффо бўлди. Бепоён дашт узра тўрғайлар ҳаволади. Чарх уриб чулдиради, чарх уриб бўзлади. Даҳо шоирона-шоирона боқиб одимлади. Изидан саккиз яшар жияни эргашди. Қоқилиб-суриниб эргашди. Бурнини ковлаб-ковлаб эргашди. Даҳо бир харсангтош олдида оёқ илди. Камзулини буклаб-буклаб тошга қўйди. Тушиб кетмасин дея, камзул кўкрак чўнтагидаги дафтар-қаламни босиб-босиб қўйди. Даҳо тош ўнгида, жиян тош чапида ўтирди. Даҳо папирос бурқситди. Даштга термулиб хаёл сурди. Дашт узра тўрғайлар чархпалак бўлди, тўрғайлар юлдуздай учди, тўрғайлар жойида муаллақ қотиб қолди. Тўрғайлар сози кўнгилни оромлади, тўрғайлар сози кўнгилни созлади. Беш-ўн қадам олдин тошлар орасидан бир тўрғай ўқдай отилиб учди. Тошлар узра муаллақ бўлиб чулдиради. Тағин тошлар аро шўнғиди, тағин самода ҳаволанди. Жиян ана шу тошларга қараб чопди. Қўлларини тиззаларига тираб энкайди. Энкайди-энкайди, қоматини олди. — Тоға, манавинга қаранг! — деди. Даҳо имиллаб қўзғолди. Жияни олдига борди. Тошлар орасида хас-чўпдан бино бўлмиш ин бўлди. Инда патлар тўшоғлик бўлди. Инда иккита полапон қимир-қимир этди... Полапонлар пати бўлмади, полапонлар қаноти бўлмади. Полапонлар ҳали жиш бўлди! Полапонлар питир-питир этди. Индан ерга тушгиси келди. Йўрғалаб-йўрғалаб юргиси келди. Ҳаволаниб-ҳаволаниб учгиси келди. Аммо начора, дард бору, дармон йўқ бўлди! Полапонлар оғзини каппа-каппа очди. Нораста-нораста овоз берди: — Чий-чий-чий!.. Даҳо чўккалади. Индан бир чўп суғуриб олди. Чўп учини полапон оғзига олиб борди. Полапон оғзини юмиб олди. Даҳо чўпни шайлаб турди. Интиҳо, полапон тағин оғзини очди. — Чий-чий-чий!..— деди. Даҳо чўп учини полапон оғзига тиқиб юборди. — О, кирди! — деди. Жиян сесканиб тушди. Полапон тўлғонди, полапон талпинди. — Чий-чий-чий...— дегиси келди. Даҳо чўп билан полапонни туртди. Полапонда ҳаёт нишон бермади! Тўрғай бошлари узра чарх уриб бўзладн. Шунда, тошлар орасидан ҳаддан зиёд нимжон овоз келди. Даҳо тошни кўтариб қаради. Тош остида ёнғокдай чипор мояк бўлди. Мояк ёриғидан бир тумшуқ чиқиб турди. Тумшуқ вақти-вақти билан қимирлади. Ҳаётга талпинди. — Бечора-е, чиқолмаяпсанми? Ҳозир чиқарамиз, ҳозир. Аввал бир сув ичиб ол! Даҳо шундай дея, оғзида тупук тўплади. Тупугини авайлаб мояк ёриғига тўкди. Мояк ёриғи балғамга тўлди. Даҳо папиросини бурқситиб-бурқситиб тортди. Чўғини полапон тумшуғига олиб борди. Чўғ тупукда жиз-жиз этди. Жиян инграб юборди. Тўрғай бошлари узра чарх уриб бўзлади. Даҳо моякни индан олди. Айлантириб қаради. Полапонда жон асари бўлмади! Даҳо моякни отиб юборди. Полапон бир ён бўлди, бешиги бир ён бўлди! Тўрғай бошлари узра чарх уриб бўзлади. Жиян чинқириб юборди. Тоғаси тиззасига юзларини яшириб йиғлади. — Нимага йиғлайсан? — деди Даҳо. — Чўқиб олади деб қўрқяпсанми? Чўқиб кўрсин, тош билан соламан! Жиян ўпкасини босолмай йиғлади. Кўзи қири билан ерда сулайиб ётмиш полапонга қаради. Тағин юзларини яширди. — Кетдик, жиян, кетдик, — деди Даҳо. Жиян кетига қарай-қарай эргашди. Даҳо камзули олдига келди. Бирдан афти буришди. — Тфу! — деди. Жиян олға ўтиб қаради. Камзул кўкрак чўнтагида турмиш дафтар-қаламга... қуш ўтириб кетди! 61 Катта бир сержант Орзиқуловга қаради, бир деразага қаради. Ташқари тикилиб ўйлади. Сержант Орзиқулов қошига келиб ўтирди. Бармоқларини бир-бирига кийдирди. Сержант Орзиқуловга тикилди. — Бова, — деди, — бир гап айтсам, бировга айтмайсизми? — Қандайчикин гап? — Йўқ, сиз олдин айтинг-да. Масалан, ўғлимга айтмайман, денг-да. «Ўғлимдан қўрқар экан, — хаёл қилди сержант Орзиқулов. — Ўғлимнинг кўкрагига муштлаганича бор экан»;. — Айта беринг, айтмайман. — Гап бундай, бова. Сиз ана шу ўғлингизни чақалоқдан гўдак қилдингиз, гўдакдан бола қилдингиз, боладан йигит қилдингиз. Хуллас, бир парча этни одам қилдингиз. Тўғрими гапим? — Шундай, шундай! — Кейин, ўқитдингиз, уйлантирдингиз, жойлантирдингиз. Буям майли, бу, ҳар бир ота-она бурчи. Энг даҳшатлиси, урушда бўлдингиз! Жон олиб, жон бериб келдингиз, қон кечиб келдингиз. Ким учун қон кечиб келдингиз? Аввало, ана шу фарзандлар учун! Қола берса, ана шу эл-юрт учун! Ана шу эл-юртни деб, аждарҳо оғзига қўл тиқиб келдингиз! Гитлер аждарҳо эди-да, тўғрими гапим? — Шундай, шундай! — Шундай экан, фарзандлардан қарзингиз қолмади! Эл-юртдан қарзингиз қолмади! Жамики бурчингизни бажариб бўлдингиз! Энди, оёқни узатиб ётинг! Фарзандлар ўз кунини ўзи кўрсин! — Энди, катта, шу неваралар... — Кеча фарзанд ташвиши деб чопдингиз, бугун невара ташвиши деб чопяпсиз. Эртага чевара ташвиши келади, индинга эвара ташвиши келади. Дунё шундай, бова! Энди сиз қўйинг, бова, дамингизни олинг! Неваралар ўз кунини ўзи кўрсин! — Шундай, катта, шундай! — Ўлманг, бова! Майли, бу айтганингизниям бажариб бераман! Имконият бўлди дегандан ўзим хабар қиламан! Сержант Орзиқулов қўйнига қўл солди. — Манавини... — Йўқ-йўқ, бова, ариза ўзингизда турсин. Бу ерда нима кўп, қоғоз кўп, йўқолиб қолади. Ўзим хабар қиламан, ўшанда олиб келасиз. Қани, қўлни беринг. Хайр, омон бўлинг. 62 Даҳо оқшом вақти келди. Кўча бош-адоғига қаради. Сержант Орзиқулов ўғли нимага қараётганини билди. — Ижобат бўлмади, улим, ижобат бўлмади, — деди. — Кўриб турибман, бўлмаганини. — Лекин ўзим хабар қиламан, деди. — Аризани олиб қолдими? — Йўқ, ариза қўйнимда турибди, мана. — Унда, бўлмайди! — Йўқ, бўлади, деди. Сўғин хабар бераман, деди. — Э-э, қачонгача хабар оласиз? Тўрт марта бордингизми? Тўрт марта! Шу вақтгача бўлса бўларди-да! Мен, халқимни сарсон қиладиганларга кўрсатиб қўяман! Даҳо шундай дея ичкарилади. Изидан ёронлари юрди. Ёронлар давра бўлиб ўтирди. Сержант Орзиқулов дастурхон ёйди. Чой олиб келди. — Ўтиринг, пахан, ўтиринг, — деди Даҳо. — Бемалол чой ичиб ўтира беринглар. Мен ўчоққа ўтин ёриб берайин, — деди сержант Орзиқулов. Даҳо ёронлари билан маслаҳатлашди-маслаҳатлашди, қоғоз-қалам олди. Ичкари уйга кирди. Бу орада сержант Орзиқулов келди. — Ай, яшанглар, улларим, — деди. Чойнакни қимирлатиб-қимирлатиб кўрди. Чойи тугаганини билди. Чой дамлаб келди. Асфалнишин бўлиб ўтирди. Чой қайтарди. Чой қуйиб берди. Хиёл ўтди, Даҳо келди. Ёронларига бир қоғоз узатди. Ёронлар бирин-бирин ўқиди. Бош ирғаб-ирғаб ўқиди. — Гўзал! — деди. — Лекин бу одамлар қаерда, Даҳо? — Шу қишлоқда, қаерда бўлади. — Булар қўл қўярмикин? — Мен айтаман-у, халқим йўқ, дейдими? Жон дейди! Мен элга оғиз солсам, эл жон дейди-я, пахан? — Жон демасаям, ишқилиб, йўқ демайди. Айниқса, Оролни асрайлик, дея маъруза қилаётганингдан буён, эл иззатингни қилиб қолди! — Ана, эшитдингизми? Хў-ўш, Очил жиян кўринмайди, пахан? — Жиянинг улфатлари билан юргандир-да. Нима эди? Хизмат борми? Бўлса, айта бер. Мана, ўзим бор. Даҳо бир қатор исм-шариф ўқиди. — Ана шуларни уйга айтиб келинг, пахан! — Нима, зарил иш борми? — Бор, зарил иш бор! — Унда, энангга айтайин-да, хўракни мўлроқ қилсин? — Боринг, шундай қилинг! 63 Сержант Орзиқулов бир ош пиширимлар ўтиб қайтиб келди. — Айтдим, бари борамиз, деди, — дея бош ирғади. Ёронлар Даҳога қараб бош ирғади. — Мабодо бу билан ҳам бўлмаса нима қиламиз-а? — деди Даҳо. Ёронлар пинак бузмади. — Унда, ўша ифлоснинг кавушини тўғрилаб қўямиз, — деди. — Қандай қилиб кавушини тўғрилайсиз? — Тўғрилаймиз-да. Сиз Тошкентда юрган одамсиз, Даҳо. Биз туманда ишлаймиз. Туманда ким қандай, барини биламиз! — Масалан, ўша раҳбар ҳақида нимани биласиз? — Уми? У... у, учига чиққан бузуқи-ку! — Бузуқи? Бузуқилигини қаердан биласиз? — Бутун туман билади! — Билишнинг ўзи бўлмайди-да. Далил керак, далил! — деди Даҳо. — Далил кўп. — Масалан? — Масалан, бир кўккўз ўринбосари бор. Пахтадай оппоққина аёл. Ана шу кўккўз ўринбосари билан юради. Куппа-кундуз куни шу кўккўзни мана бундай қилиб тиззасида олиб ўтиради... Ёрон тиззасида гўдак қучоқлаб ўтирмишдай қилиб кўрсатди. Сержант Орзиқулов эътибор билан кўрди, қунт билан эшитди. Даҳо кафтларини бир-бирига ишқади. Олма пўстлоғини қулочкашлаб дастурхонга урди. — Бўлди! — деди. — Эшитдингиз-а, пахан, шикоятни эътиборга олса олди, олмаса, устидан юқорига ёзамиз! Маиший бузуқларга давлат идораларида ўрин йўқ, деб ёзамиз! 64 Бирин-кетин уруш иштирокчилари кириб келди. Даҳо уруш иштирокчиларига бир-бир қараб олди. Гўё мажлисда сўзламоқчидай томоғини қирди. Овозини атайин йўғонлатди. Тантанали суратда сўз бошлади. — Ҳаммамиз учун ҳурматли ва азиз уруш қаҳрамонлари! — деди. — Биз қалам аҳли ҳақиқатни барқарор этиш учун келдик! Топталган ҳақиқатни излаб топишга ёрдам бериш учун сизларни чақирдик! Бир чол қулоғи оғир шекилли, қабатида ўтирмиш йигитдан сўради: — Нима деяпти? — деди. — Ҳақиқатни излаб топиш керак, деяпти! — деди йигит. Даҳо гапида давом этди: — Мана сиз, Қулмат бова, оқсайсиз! Жабҳаларда оёғингиздан ярадор бўлиб келдингиз! Натижада Қулмат чўлоқ, деб тахаллус... йўқ, лақаб олдингиз! Қулмат чўлоқ! Она-Ватан учун чўлоқ бўлиш! Она-Ватан ҳурмат-эътибори эса бу! — Худога шукур, неварам, тўкин-сочинчилик, ейиш-ичишдан камчилигимиз йўқ. — Камчилигимиз йўқ? Ай, отахон-е! Кўчангизни қаранг, кўчангизни! Шу кўчадан юриб бўладими? Ҳатто, машинада юриб бўлмайди! — Умримиз шу кўчада ўтди, неварам, энди, буёғиям бир гап бўлар. — Йўқ, отахон, йўқ! Умрингиз бундай ўтмайди! Мана, биз бор! Энди ойнадай равон йўлда юрасизлар! Сизлар бунга муносибдирсизлар! Улуғ Ватан уруши! Жабҳа! Москва! Берлин! — Йўқ, мен Берлингача борганим йўқ, неварам. Мен Булғорияни озод қилишда тиззамдан ўқ еб қайтиб келиб эдим. — Барибир! Урушда бўлганмисиз? Бўлгансиз! Майиб-мажруҳ бўлганмисиз? Бўлгансиз! Жайдари халқ айтгандай, чўлоқсиз! Қулмат чўлоқ! — У-ку, чин, неварам. — Бўпти-да! Даҳо ёронларига қараб олди. — Эшитяпсизларми, булар ҳалиям фойда-зиёнини билмайди! Булар бу тўпорилиги билан қандай қилиб урушган, тасаввур қилолмайман. Эҳ, ўзим урушда бўлмадим-да!.. Шунда, ёш йигит гап қўшди: — Энди, бовалар қариди, шоир ака, қариди, — деди. — Бирови кар бўп қолди, бирови шапкўр бўп қолди, бирови жойидан туролмай қолди... — Мана, сиз, ука? — деди Даҳо. — Отингиз нима эди? Ҳа, Аваз! Мана, сиз уруш қатнашчисиз... — Биз уруш қатнашчиси эмас, шоир ака. Биз Афғонистонда бўлиб келдик, холос. — Бўлмаса, унда сизни ким дейди? — Бизни «афғон»;, дейди. — Авазбой, Афғонистонга дам олиш учун бориб келдингизми? Албатта, урушга-да! — Чин, лекин афғон бошқа, уруш бошқа... — Афғонистонда лола сайли бўлмади, уруш бўлди, уруш! Сиз шу урушда байналминал бурчингизни бажариб келдингиз, байналминал бурчингизни! — Чин, байналминал бурчимизни бажариб келдик, чин. — О-о-о, байналминал бурчни бажаришнинг ўзи бўлмайди! О-о-о, душман ўқи қулоқлар остидан виз-виз ўтиб туради! Гоҳ ўнг тарафда, гоҳ чап тарафда душман бомбалари пақ-пақ ёрилиб туради! Ҳар қадамда душман миналари гумбур-гумбур портлаб туради! Душман самолётлари ажал уруғини сочиб туради! Сув ости кемалари патир-путур торпедо отиб туради!.. — Афғонистонда ичгани сув йўқ, шоир ака, сув ости кемаси нима қилади? — Нега сув йўқ? Амударё-чи? Қадимий Жайҳун? — Мен Афғонистонда бўлганим билан душман юзини кўрганим йўқ, шоир ака. — Унда, нима иш қилдингиз? — Озиқ-овқат омборхонасида ишладим. — Ана, ана! Сиз озиқ-овқат бермаганингизда лашкар оч қолар эди, жангда мағлуб бўлар эди! Орден-медаллардан борми? — Сандиқда бир-иккита бор эди шекилли. — Ия, нимага сандиқда ётади? Тақиш керак, олиб тақиш керак! Мана, отахонларимизни қаранг, кўкраклари ялт-юлт қилади! Кўз қувонади! Сиз ҳам тақинг-да! — Қўйинг, шоир ака, қўйинг, уяламан. — Соддасиз, Авазбой, соддасиз. Уялсангиз, бу дунёда очдан ўласиз! 65 Даҳо уруш иштирокчиларини руҳан арбади, қалбан элади. Охир-оқибат, чоллар маъқуллаб бош ирғади. Биров тузумни сўкди, биров орден-нишонни сўкди, биров каттани сўкди! Даҳо ана шунда ўзи ёзмиш аризани ўқиб берди. Уруш иштирокчилари бир овоздан розилик берди. Даҳо аризани оҳиста бир четга сурди. Ўрнига оппоқ қоғоз қўйди. Уруш иштирокчилари Даҳо юзигада қарамай қўл қўйиб берди. Фақат «афғон»; Даҳо юзига қаради. — Ариза уёқда қолди-ку, шоир ака? — деди. — Энди, «афғон»; ука...— дея каловланди Даҳо. — Ҳа-ҳа, ариза охирида имзо учун бўш жой қолмади, ҳа! Қўл қўя беринг, «афғон»; ука, ҳамма қоғоз, бир қоғоз! «Афғон»; қўлида қалам, ўйлади-ўйлади, шартта қўл қўйиб юборди. Қулмат чўлоқ аччиқ билан қайта-қайта қўл қўйди. — Мана бўлмаса, мана! — деди. — Яшанг, отахон, яшанг! — деди Даҳо. — Қўш имзо бўлди, қўш имзо! Зиёни йўқ! Қўш имзо, масалани қўшқўллаб маъқуллаш бўлади! — Бўлдими, энди кета берсак, майлими? — деди уруш иштирокчилари. — Йўқ, шошманглар, отахонлар. Пахан, қозондан бир хабар олинг, палов пишдимикин! Мен ватан учун қон тўккан табаррук халқимни куруқ оғиз жўнатмайман! Сержант Орзиқулов иккита лалми тобоқда палов олиб келди. Даҳо томоғига чертиб-чертиб айтди: — Энди, айбга буюрмайсизлар, ҳалигидан йўқ, — деди. — Ҳадемай намоз ўқишни бошламоқчиман. Тоат-ибодатга берилмоқчиман. — Бали, улим, бали! — деди уруш иштирокчилари. — Асл мусулмон фарзанди шундай бўлади! Даҳо қулочларини катта очди. Оғзини тўлдириб-тўлдириб айтди: — Сиздай табаррук халқим қон тўкиб ҳимоя қилган ватан учун муносиб фарзанд бўлмасам бўлмайди-да! — Ўзи, колхозимизга ўзингиз раис бўлсангиз бўлар экан! — деди уруш иштирокчилари. Даҳо қўл силтади. — Йўқ, вақтим йўқ! — деди. — Ижод, ижод! 66 Сержант Орзиқулов паловдан кейин тўқсон беш чой сузди. Ўғлига чой узатди. — Э, яшанг, пахан, яшанг! — дея чойни олди Даҳо. — Пахан, энди, қачон туман жўнайсизлар? — Билмасам, — дея елка қисди сержант Орзиқулов. — Қачон десанг, шу. Даҳо уруш иштирокчиларига қаради. — Хўш, қачон сафар қиласизлар, табаррук отахонлар? — деди. Уруш иштирокчилари анграйди. Бир-бирига қаради. Елка қисди. Сукунатни «афғон»; бузди. — Мен боролмайман, шоир ака, — деди. — Мактабда дарсим бор. — Биз ҳам шу, — деди уруш иштирокчилари. — Тирикчилик, улим, тирикчилик! Даҳо аризани рўкач қилди. — Бу тирикчилик эмасми? — деди. — Бундан ортиқ тирикчилик борми? — Сиз шаҳарда яшайсиз-да, улим, — деди уруш иштирокчилари. — Ўтин-чўп демайсиз. Иссиқ-совуғингиз олдингизда, шу боис, орқайин бўлиб юрасиз. Бизда, мана, сержант Орзиқулов билади, бир каллада минг хил ташвиш. — Мен асло бормайман, — деди Қулмат чўлоқ. — Шаҳарлаб келгунча бир кун ўтади. Шундаям, автобус бўлса. Одам идораларда икки-уч ош пиширимлаб ўтириб қолади. Шундаям, катталар қабул қилса. Бўлмаса, сиз қабулида ўтирасиз, катталар орқа эшигидан чиқиб кетади. Нафақам масаласида бошимдан ўтиб эди. — Сиз, отахон, мана шундай орден-медаллар тақиб борасиз, бирдан кириб кетасиз! — Орден-медал тақиб боришдан армон қолмади, неварам. Менга ўхшаган орден-медаллилар тўлиб ётибди! Уруш иштирокчиларини кўндириш қийин бўлди. Шунда, сержант Орзикулов уруш иштирокчилари жонига ора кирди. — Унда, аризани олиб, ўзим бир борайин қани, — деди сержант Орзиқулов. — Мабодо, қўл қўйганлар келсин, деса, ёппа-барака бир бориб келасизлар, бинойими? — Майли, бир боришга бориб келамиз, майли. Уруш иштирокчилари шундай дея, уй-уйларига тарқалди. Даҳо отасини зим-зиё ҳовли четига қўлтиқлаб борди. — Гап бундай, пахан, — деди. — Ана, имзолар аскардай саф бўлди. Энди... шу, тошйўл билан жўмрак ташвишини бўлди қиламиз, пахан. Сержант Орзиқулов хушҳол бўлди. — Мен айтиб эдим-ку... — Жуда билиб айтган экансиз, пахан, жуда! Ота-боболаримиз чанг йўлдан юрган, ариқдан сув ичган! Бизниям чанг йўл кўтаради! — Ана энди ўзингга келяпсан! — Энди, пахан... юқорига машина аризани узатасиз, келишдикми? Сержант Орзиқулов ана шунда ўғли мақсадини билиб олди. — Уят бўлади, улим, уят бўлади! — деди. — Нимаси уят бўлади? Ана, қатор-қатор имзо. Мен бекорга алоҳида қоғозга имзо қўйдириб олмадим! Жамоа бўлиб сўраса, дарров беради! — Одамда тайин бўлса-да, улим. Олдин тошйўл деб, бирдан машина десам. Йўл бирёқли бўлсин қани. Сўғин, машина бўлади. — Ҳа, майли... Унда, дадил-дадил гаплашинг, пахан. Қўрқманг, ўзим бор! — Бундан зиёд қайтиб гапиришайин? — Сенинг айтганинг бошқадир, денг! Бояги гаплар ёдингизда-я? Ғинг десанг... ёзаман денг!.. 67 Сержант Орзиқулов остонада оёқ илди. Чопони ёқаларини очди. Орден-нишонларини кўримли қилди. Аммо... ичкарилаш учун бети бўлмади! «Тағин келдингми, чол, деса, нима дейман?»; дея ўйлади. Ўйлади-ўйлади, қўйнидан буклоғлик қоғозни олди. Катта очди. Олға узатиб ичкарилади. Заранг таёғини бурчакка суяб кўйди. Аризани энди қўшқўллаб ушлади. Ўзидан бир қадамча олға узатди. Катта сари юрди. «Қўлимда қоғоз кўриб, раҳм қилади»;, дея умидланди. Чин, қулоғида телефон ушлаб ўтирмиш катта сержант Орзиқулов қўшқўллаб узатиб келмиш қоғозга тикилиб қолди. — У нима? — деди. Сержант Орзиқулов ариза дейишинида билмади. Ушбу сўзларни оғзига эп кўрмади! Ушбу сўзларга тили бормади! — Ана, ана! — деди. — Нима ана? — Нома, нома! — Нома? Қани, беринг-чи. Катта шундай дея, телефонни жойига қўйди. Сержант Орзиқулов узатиб турмиш қоғозни олди. Эътибор билан қаради. Кетига чалқайди. Елкасидан нафас олди. — Уф-ф! — деди. — Биламан, тўрт марта ўқидим, биламан! — Йўқ, бу бошқа, бунда... Сержант Орзиқулов бармоқлари билан ҳавода имзо қўйиб кўрсатди. — Бунда қўл бор, катта, қўл! Катта аризани тағин очди. Охирини қаради. Пешонаси тиришди. Лаблари чўччайди. — Уҳ-у-у! — деди. — Дониёров, Тошбоев, Зайнид-динов... Зайниддинов Алибой, Алибой... Катта деразага қараб ўйлади. Кейин, сержант Орзиқуловга қаради. — Бова, бу Зайниддинов Алибой урушдан қайтиб келмаб эди шекилли? — Шундай, раҳматлик қайтиб келмади, шундай. — Унда, шикоятга қандай қилиб қўл қўйди? Ана шунда сержант Орзиқулов нима гаплигини англади. Бир бошқа бўлиб қолди. «Ҳай, шум-а, шум шоир-а! — дея ўйлади сержант Орзиқулов. — Сенга тирикларнинг имзоси етмасмиди? Энди нима десам бўлади?»; — Энди, катта...— дея каловланди. — Алибой эл-юрт учун урушда жон берди, шундай. Энди, отаси учун бола-чақаси тошйўлдан юрсин, деймиз-да. Отаси учун бола-бақраси жўмрақдан сув ичсин, деймиз-да. — Тушундим, бова, тушундим. Уруш қурбонлари етим-есирларига албатта ёрдам берамиз. Аммо ҳали-ҳозирча иложимиз йўқ. Иложи бўлсин, дарҳол ёрдам берамиз. — Нимага иложи йўқ экан? Шунча ниманинг иложи бўлади-ю, бир шу тошйўл билан жўмракнинг иложи бўлмайдими? Ҳали.... Сержант Орзиқулов чап қўйнини ушлади. «Ҳали тошйўл аризаси нима эмиш, қўйнимда машина аризасиям бор, мана»;, деяйин-деяйин, деди! — Шундай бир катта район учун беш-олти машина тош билан, ёш боланинг чулдиридай келадиган манавиндай жўмрак нима деган гап? — деди. — Чин, ҳеч гап эмас, бова, чин. Биласизми-йўқми, район ҳам рўзғордай гап, бова. Бугун бу йўқ бўлади, эртага у йўқ бўлади. Куни келса, бари бўлади! Ҳозир бозор йўлига ўтяпмиз. Шу сабаб, кўп танқисчилик бўляпти. — Улуғ Ватан уруши эскирди десаларинг, ана, Афғонистонда... Сержант Орзиқулов шаҳодат бармоғи билан стол чертди. — Афғонистонда... — Байналминал! — деди катта. Сержант Орзиқулов кетма-кет стол чертди. — Ҳа-ҳа, шундай! Афғонистонда ана шундайчикин бурчини бажариб келганлар бор! Бизни икром қилмасаларинг ҳам, ана шу бурчни бажариб келганлар иззатини қилинглар! — Биз Улуғ Ватан уруши қатнашчилариниям, Афғонистонда байналминал бурчини бажариб келганларниям ҳурмат қиламиз, бова. — Афғонистонда ҳалигидайчикин... — Байналминал! — Ана шундайчикин бурчни бажариб келишнинг ўзи бўлмайди, шундай! — Бўлади, бова, бўлади. — Шу билан бешинчи бор келишим, қачон бўлади? Бу идорами, нима ўзи? — Шундай дея берсангиз, мени хафа қиласиз, бова. Сўғин, икковимизники бўлмайди... 68 Ана шунда сержант Орзиқулов жойидан лик этиб турди. — Бўлмайди? — деди. — Нимага бўлмайди? — Уф-ф, ўтиринг, бова, ўтиринг! Гапга қулоқ солмасангиз, икковимизнинг ошначилигимиз бўлмайди, деяпман! — Гапга қулоқ солмай нима қиляпман? — Обрўйингизни сақланг, деяпман-да, бова! — Обрўйимга нима қилибди?! Мен Масковдан Берлингача Гитлер қувиб бориб эдим! Мен олтита «тил»; ушлаб келиб эдим! Мен генераллардан раҳматномалар олиб эдим, генераллардан! Мен уч жойимдан ўқ еб эдим! Шундай! — Тавба қилдим, бова, тавба қилдим! — Мен сендайин... Сержант Орзиқулов кафтини қулоғига тутиб кўрсатди. — Идорада мана бундай қилиб қулоғимга телефон қўндириб ўтирмаб эдим! Шундай! — Хўп, деяпман-ку, бова, хўп! — Хўп демай кўр қани! Ғинг десанг... Катта бирдан ўзгарди. Юзлари қаҳрли тус олди. — Хўп демасам, нима қиласиз? — деди. — Ғинг десанг... ёзаман! — Нима қиласиз? Сержант Орзиқулов бармоқларини стол узра югуртириб кўрсатди. — Ғинг десанг... мана бундай қилиб ёзаман! Сенинг айтганинг бошқадир! — Қаёққа ёзасиз? Сержант Орзиқулов шаҳодат бармоғи билан шифтга ишора берди. — Горбачёвга ёзаман! — Нима деб ёзасиз? — Ана шу катта... кўккўз ўринбосари билан... шундай-шундай, деб ёзаман!. — Нима-нима? Катта оҳиста-оҳиста жойидан қўзғалди. Кўзлари ола-ола бўлди. — Ана шу катта иш вақтида... Сержант Орзиқулов тиззасида гўдак қучоқлаб турмишдай қилиб кўрсатди. — Кўккўз ўринбосарини мана бундай қилиб тиззасида қучоқлаб ўтиради, деб ёзаман! Катта юзларидан ранг қочди. Юзлари бирдан важоҳатли тус олди. — Ҳе, бетинг қурсин! — деди. Катта қалт-қалт қалтиради. Сержант Орзиқулов нима қилишини билмади. Нима дейишини билмади. Жойидан довдираб-довдираб турди. Катта овози қалт-қалт этди. — Чиқ идорадан! - деди. - Ҳе, тилинг кесилсин! — Нима учун чиқаман? Сенинг айтганинг бошқадир! — Чиқ дейман, бўлмаса, ҳозир мелиса чақираман! Катта узун стол ўнгидан ёнбош бўлиб юрди. Сержант Орзиқулов стол чапидан ёнбош бўлиб юрди. Катта сержант Орзиқуловга егудай-егудай бўлиб тикилди. — Сен аризабоздан бошқа одам урушга борган йўқми? Бир сен аризабозми, урушга борган?! — Оғзингга қараб гапир, мен ватан учун жанг қилиб эдим! — Агар сенга ўхшаган аризабозлар ҳимоя қилган ватанда яшашимни билганимда, бу дунёга келмас эдим! — Келиб юрибсан-ку? Катта ўнг чўнтаги астарини ағдариб кўрсатди. — Эй, инсон, қани тошйўл, қани?! Катта чап чўнтаги астарини ағдариб кўрсатди. — Қани жўмрак, қани?! Бўлса кўрсат, қўлингга берайин-да, сендан қутулайин?! — Мен уруш қатнашчисиман, сенинг айтганинг бошқадир! — Сен уруш қатнашчиси эмас... сен — уруш аризабозисан! Сен — уруш иғвогарисан! — Мени қариб қолди, деб сўкяпсанми? Орамизда «афғон»; бўзболалар бор! Бориб айтмаганимниям кўрасан! — Уруш-уруш дедиларинг, энди, Афғонистон ҳам қўшилдими?! Фарғонада ўқ отилди, энди ўқ отганларгаям қўл қўйдириб ол! Ўшда қирғин бўлди, энди қирғинчиларгаям қўл қўйдириб ол! Ленин майдонида «Бирлик»; намойиши бўлди, энди намойишчиларгаям қўл қўйдириб ол! Катта гапира-гапира бурчакда суёғлик заранг таёқни олди. — Уруш қатнашчисини сўкканинг учун ҳали калланг билан жавоб берасан! Сенинг айтганинг бошқадир! — деди сержант Орзиқулов. — Сен уруш қатнашчиси эмас! Сен — уруш фисқ-фасодчисисан! Сен — уруш маразисан! Катта заранг таёқни эшикдан даҳлизга отиб юборди. Шаҳодат бармоғи билан даҳлизни кўрсатиб зуғум қилди. — Чиқ! — деди. — Қайтиб қорангни кўрмайин! Сержант Орзиқулов остонадан ҳатлади. Катта сўка-сўка, эшикни сержант Орзиқулов юзига қарсиллатиб ёпди. — Ҳе, соқолинг кўксингга тўкилсин! — деди. — Сен уруш аризабозлари ўлмадинг, мен қутулмадим! Ана шунда... ана шунда, сержант Орзиқулов ток урмиш одам мисол алпанг-талпанг бўлди. — А?.. — деди. Ана шунда... ана шунда, сержант Орзиқулов ярасига тиғ тегмиш бемор мисол қалқиб-қалқиб кетди. — А-а-а?.. — деди. Сержант Орзиқулов эшикни муштлайин деди. Эшикни тепайин, деди. Аммо қўлида қувват бўлмади, оёғида дармон бўлмади. 69 Сержант Орзиқулов даҳлизда мўлтайиб-мўлтайиб турди. Турди-турди, ерда ётмиш заранг таёғини олди. Оҳиста-оҳиста зинадан энди. «Ай, ўлайин-а, урушга бормай мен ўлайин-а!»; дея инқиллади. Ижроқўм биносидан ташқарилади. Олд-кетига қарамади. Автобус бекатига йўл олди. Автобус орқа эшигидан кирди. Ичкарида одам сийрак бўлди. Жойлар бўш бўлди. Шундай бўлса-да, сержант Орзиқулов... бўш жойлардан уялди! Бўш жойларга қарашга бети бўлмади! Автобус охирида чўк тушди. Елкасидан нафас олди. «Ай, жоним-а, эсизгина жоним-а»;, дея нолон этди. Олд ўриндиқ қиррасига билакларини тўшади. Юзини билакларига босди. Кўзларини юмди. «Урушда ўққа учсам бўлмасмиди»;, дея нолон этди. Уйига қандай етиб келди, ўзида билмади. Гап йўқ, сўз йўқ, кўрпа-тўшак қилиб ётиб олди. Кампири гирдикапалак бўлди. — Нима қилди, чол, нима қилди? — деди. Сержант Орзиқулов юзини тескари бурди. — Шундай кунларга қолгандан кўра, урушда бедарак йўқолсам бўлмасмиди...— дея инқиллади. Сержант Орзиқулов шу ётишда ўнгалмади. 70 Қўнғироқ тунда жиринглади. Даҳо эшитмаслакка олди. Болишдан бош кўтармади. Ким бўлса-да, жиринглатиб-жиринглатиб кетади, дея ўйлади. Аммо қўнғироқ тинимсиз жиринглади. Даҳо уйқусираб қўзғолди. Эшик очиб, бўсағада турмиш жиянини кўрди. Жияни юзида ҳорғинлик бўлди, ташвиш бўлди. — Шу... бованинг тоби қочиб қолди, — дея чайналди жиян. — Қайси бова? — Отангиз, сержант Орзиқулов. — Ҳа-а, бизнинг паханми? Энди, қаричилик шу-да... — Холам қаттиқ тайинлади, тез етиб келсин, деди. — Ну-ну, кечаси-я? Энди, мен эртага бораман-да. — Бова оғир ётибди, тоға. Бораман десангиз, ана, кўчада машина турибди. Тонг саҳарда етиб борамиз. Даҳо ўйлаб-ўйлаб кийинди. Қишлоғига ухлаб-ухлаб келди. Кўзларини очиб, машина чироғида уйларини кўрди. Машинадан тушиб ичкарилади. 71 Сержант Орзиқулов уй тўрида узала ётди. Кампири бошида мунғайиб-мунғайиб ўтирди. Кўзи илиниб-илиниб ўтирди. Мудраб-мудраб ўтирди. Даҳо оҳиста йўталди. Онаси бош кўтарди, пойгакда турмиш ўғилни кўрди. Тиззасига суялиб қўзғолди. Қулочини тор очди. Ўғлига қараб юрди. Ўғлини бағрига босди. Тескари қаради. Кўзларини енги билан артди. Тағин жойига қайтиб ўтирди. Даҳо отаси бошига борди. Чўккалаб ўтирди. Отаси ўша чайир юзли сержант Орзиқулов бўлмади. Юзлари пажмурда бўлди. Жағлари, кўзлари ич-ичига чўкиб ётди. Бошлари гўдак бошларидайин майдагина бўлди. Сержант Орзиқулов кўзини очмади. Даҳо отасидан ҳол сўради: — Қалай, пахан, ўзингизни яхши ҳис қиляпсизми? Сержант Орзиқуловдан садо чиқмади. Шунда, кампири ора кирди. — Ай, отаси, улингиз келди, — деди. — Сиздан кўнгил сўраяпти, эшитяпсизми? Сержант Орзиқулов шундагина кўзини очди. Бошида турмиш ўғилни кўрди. Билинар-билинмас бош ирғади. Қўлини кўрпа остидан олди. Аммо кўтара олмади. Гилам узра силжитди-силжитди, ўғли тарафга олиб борди. — Турсун, отанг кўришаман деяпти, ол, қўлларини, — деди онаси. Даҳо отаси қўлини қўшқўллаб ушлади. Даҳо бир сесканди. Этлари увишди, жимир-жимир этди. Отаси қўли жонсиз бўлди! Хаёлида, қурбақа ўлигини ушлагандай бўлди. Юраги дук-дук урди. Қўллари қалтиради. Бўғзидан нимадир, нимадир бир нима отилиб чиқайин-чиқайин, деди. Бир амаллаб жойидан қўзғолди. Жойида тикка турди. Чайқалди-чайқалди, кетига бурилди. Эшик тарафга юрди. Либосини оёғига илиб-илмади, кийиб-киймади. Ташқари отилди. Зим-зиёда энтикиб-энтикиб нафас олди. Кўйлаги ёқасини очди. Тирсаги билан қайрағочга суянди. Қайрағочгада оғирлик қилди. Қайрағоч қайишиб кетди. Юрди-юрди, тутга суянди. Чаккасини тут танасига қўйди. Кўзларини юмди. Очиқ деразадан онаси овоз берди. — Ай, Турсун-ув, қаердасан, отанг чақиряпти! Даҳо ичкарилади. — Отанг, Турсун улим оёғимни уқаласин деяпти, — деди онаси. Даҳо бош ирғаб чўк тушди. Кўрпа остига қўл тиқиб пайпаслади. Отаси оёқларини топди. Зуваласи пишиқ отаси қоқсуяк бўлди-қолди! Даҳо, отаси оёқларини оҳиста-оҳиста уқалади. Бақувват қўллар муолажаси дармон бўлди шекилли, отаси кўзларини очди. Оёқлари тарафда чўккалаб ўтирмиш ўғилга қаради. Нимадир демоқчи бўлди. Аммо томоғига бир нима тиқилди. Овози ичига тушиб кетди. Зўр бериб оғиз жуфтлади. Тағин бўлмади. Кампири оғзига сув томизди. Сержант Орзиқулов билинар-билинмас ютинди. Кўзларини юмиб очди. Гапириш учун чоғланди. Лабларини қимирлата олди, аммо овозини кўксидан кўтара олмади. Одам овози оғир бўлади, зилдай оғир бўлади! Сержант Орзиқулов чироқ теграсида айланмиш капалакка термулиб қолди. Онаси узалди. Дераза пардани сурди. Сержант Орзиқулов деразага қаради. Осмон ости тобора оқариб келди. Хўрозлар қичкирди. Бузоқлар маъради. Сержант Орзиқулов жонланди. Юзлари хиёл ёришди. Эшитилар-эшитилмас пичирлади: — Пода вақти бўлди шекилли... Сержант Орзиқулов ўғлига термулди. Ёлғиз ўғил қишлоқдан кетиб қолди. Ота бағридан кетиб қолди. Фарзанд шу-да. Аввал-аввал, ота ўғли бўлади. Кейин-кейин, эл ўғли бўлади. Юрт ўғли бўлади. Эл-юрт ташвишлари билан юради. Ёлғиз ўғил ўжар бўлди. Ёлғиз ўғил чарс бўлди. Ана, ўсиб-унди. Катта-матта одам бўлди. Оти нима эди... Ҳа-ҳа, шоири замон Паҳлавон Даҳо бўлди. Борди-ю, иш буюрса, ота гапини олмади? Ким билади, шоиру замон... Шундай бўлса-да, бир айтиб кўради. Фарзандга иш буюришнинг оталик гашти бўлади. Ким билади, охирги марта иш буюриши бўлади... — Турсун улим, молларни подага ҳайдасанг бўларди... Даҳо бош ирғади. — Хўп, пахан, хўп, — дея жойидан кўзғолди. 72 Даҳо оғилхона тараф юрди. Ёғоч панжарали дарича олдига келди. Дарича учига қўлини қўйди. Оғилхонага назар солди. Холаси чўнқайди. Докадан сут сузди. Димоғи энди соғилмиш сут ҳидини туйди. Кетидан онаси келди. Онаси дарича зулфинини олди. Оғилхонага юрди. Холаси қўлидан сутни олди. — Ҳа-а, дарров соғиб бўлдингизми? Айланайин-да, сиздан, — деди. — Анави ола говмишингиз мол эмас экан, остига йўлатмади. — Айтдим-ку сизга, бировини соғсангиз бўлади деб. Ола говмиш подага кўшилмайди, бирдай уйда ётади. Мендан бошқани яқинига йўлатмайди. Турсун улим-а, холанг айтган анави ола говмишни қолдир-да, манависини подага қўшиб кел. Ола говмишни ҳали ўзим соғиб оламан. Даҳо теваракка аланглади. Бирон-бир хивич излади. Шунда, бостирма бурчагида ётмиш таёққа кўзи тушди. Бориб олди. Кўзларига олиб келди. Сержант Орзиқулов заранг таёғи! Бурчакда ёта бериб, чанг босибди. Заранглигида билинмай қолибди. Даҳо заранг таёқ чангини кафтлари билан сидириб ташлади. Кафтларини бир-бирига уриб қоқди. Заранг таёққа суянди. Пешонасини қўллари устига қўйди. Даҳо аросатда қолди. У подага мол ҳайдайдими? Шоир Паҳлавон Даҳо-я? Кўрганлар нима дейди? Паҳлавон Даҳо ким деган одам бўлади?.. Дарича ғийқиллаб очилди. Даҳо бош кўтариб қаради. Жиянини кўрди. Жиян, тоғаси подага мол ҳайдашига кўзи етмади шекилли, ўзи келди. Ҳовли дарвозасини очди. Мол бўйнидан арқонни олди. Заранг таёққа қўл узатди. Даҳо таёқни бермади. Ўргимчак ин қўймиш ёғоч кўзига тикилди. Ўйлаб қолди. Ё, жиянига таёқни берсинми? Отаси билиб ўтирибдими? Йўқ, йўқ... — Йўқ, ўзим бораман. Пахан... йўқ, отам айтди, — деди димоғида. Даҳо дарвоза сари юрмиш молга эргашди. Во ажаб, таёқни қандай ушлар эди? Отаси қандай ушлар эди? Эслай олмади. Заранг таёқни ерга судраб юрди. Йўқ, ярашмади. Худди кетмон кўтармишдайин елкасига қўйди. Бир учидан қўшқўллаб ушлади. Елкаси оша таёққа қаради. Йўқ, бунисида эп бўлмади. Энди, жуздон мисол қўлтиқлаб олди. Ана шу маъқулдай бўлди. Мол кетидан юрди. Қадамидан чанг ўрлади. Ердан сув сепилмиш тупроқ иси келди. Даҳо қишлоқ этагида тош қалаб ўралмиш подаётоққа келди. Бир четда тўдаланиб тортишмиш одамларни кўрди. Даҳо изига қайрилди. Шунда, одамлар Даҳони кўриб қолди. Бари шу ёққа қараб юрди. 73 Даҳо довдиради-қолди. Кўлтиқламиш таёқни кетига яширди. Юзлари ловв қизиди. Серрайиб қолди. Олдинда келмиш одам кескин қўл силтаб айтди: — Боқмайман дедимми, боқмайман! — Ахир, ўзимиз келишиб эдик-ку, сержант Орзиқулов оёққа тургунча галма-гал боқамиз деб. Гапларингда туринглар-да, энди! — Қосим, садағанг кетайин, бугун сен боқ! — Тунов куни ишга бормай пода боққаним учун ҳисобчи бир кунлик иш ҳақимни қирқиб ташлади, бўлди-да! — Нима гап? — деди Даҳо. — Сиз сўраманг, биз айтмайлик! — Отангизнинг бошлари ёстиққа теккандан буён кунимиз шу! Ҳозирнинг ўзидаёқ йигирмадан ошиқ одам молини бозорга сотиб келди! — Жонига теккандан кейин шу-да! — Анави Содиқов муаллим гали келганда пода боқишга ор қилиб, сигирини сўйиб сотди! — Тўғри-да, дипломи бўп туриб пода боқадими! — Яхшими-ёмонми, бир усталнинг эгаси! — Ўзи, замон бирор устални эгаллаганники бўп қолди! — Усталлар кўпайиб кетди... Даҳо кўнглига гап тугул, қил сиғмади. Тезроқ изига қайтгиси келди. — Раисга боринглар, раисга, — деди. — Раисга неча марта айтдик, подачи тайинланг деб! Раис одамларда йиғиладиган пулдан бошқа ойликда тайинлади. Ҳеч ким рози бўлмади! Ўзингиз биласиз, зўрлаб ишлатишни замон кўтармайди! — Раис Жонибек калга айтибди. Кал, бир камим энди молга эргашиб юришми, депти! — Ортиқ соқовгада айтибди. Соқов, қўлини мана бундай қилиб кўрсатибди, мен трактор ҳайдайман, депти! — Хўп, подани қаерда боқасан? Теварак-бошинг пахта, иморат... — Чини билан бир қарич бўш ер қолмабди-е. — Дала четлари-чи? — Пахта ҳашаротига қарши дори сепилган, молингдан ажрамоқчи бўлсанг боқ! — Яхшиси, подани тарқатиб юбора қолайлик! — Оғзингга тош-е!.. — Яхшиси, бундай қилайлик. Мана, ҳаммамизнинг улимиз бор, бирортасининг бўйнига қўяйлик, тамом! — Э, улар ойни кўзлаб турибди! — Менинг улим пайласуп бўлмоқчи! Манави Жўравойнинг ули боқмаса! — Улимни ҳозир Тошкентдан топасиз, у прокурорликка ҳужжат топширгани кетди! — Менинг улим, ҳеч бўлмаса ошпазликка ўқийман деб юрибди! — Холиқбой, кенжангиз икки йилдан буён ўқишга киролмай келяпти, шуни бир алдаб кўринг! — Энағарга айтдим, кўнмаяпти-да! Подачи бўлса, қизлар қарамас эмиш! — Шундай дедими? Чин-да, ҳозир диплом бўлмаса, қизлар қарамайди! — Э, билмай қолдим бу фарзандларни! Мактабни битиради-ю, шаҳар жўнайди! — Уларни қўйинг, менинг бир улим ҳали иштон кийган йўқ, фазогир бўламан дейди! — Шу, фазодаям пода бормикин? — Э-э, бўлган билан бу фарзандлар боқмайди! Ўша ёқдаям бирор устални олади. Даҳо гангиб қолди. Ғала-ғовурдан киши билмас суғурилди. Кетига қараб-қараб жўнади. «Нима бўляпти ўзи? Шу ўзимизнинг қишлоқми ё бошқа ерми?»; 74 Олам осмонранг бўлди. Тонг еллари мушк-анбар таратди. Даҳо дарвоза бўсағасида оёқ илди. Бир кўнгли, ичкари кирайин, деди. Ичкарида ота ётибди, кўнгил бузилади, деди. Бир кўнгли изига қайтайин, деди. Қайтиб қаерга борайин, деди. Даҳо ўйлади-ўйлади, ичкарилади. Ола говмиш охурига оёқ қўйди. Деворга чиқиб олди. Деворда тўрт оёқлаб ўрмалади. Ундан бостирмага ўтди. Бостирмада юрмиш бабақ хўроз қоқоқлаб ерлади. Даҳо чўчиб тушди. Бабақ хўроз кетидан ўқрайиб қаради. Бир синиқ қутига омонат ўтирди. Тиззаларини қучоқлади. Кўзларини юмди. Бадани қизиди. Ўзини ҳаммом буғхонасида ўтирмиш ҳис этди. Майин ҳавони ҳаммом буғи деб тасаввур этди. Қўлларини ёнларига ёйди. Энтикиб-энтикиб нафас олди. Оёқ-қўлларини уқалади. Кўкракларини оҳиста-оҳиста силади. Бармоқларини ботириб-ботириб уқалади. Бошидан сув қуймоқчи бўлди. Теварагини пайпаслади. Тоғора излади. Аммо қўлига тоғора илашмади. Ана шунда, кўзларини очди... Даҳо энтикди. Кўнгли тағинда кенгликни қўмсади, тағинда юксакни қўмсади. Кетига ўгирилиб қаради. Бостирма усти ярми синч том бўлди. Синч том устида бир ғарам хашак бўлди. Синч том икки қаватли уйга келбат берди. Даҳо ана шу томдаги ғарамга чиққиси келди. Қандай қилиб чиқишни ўйлади. Ерга қаради. Бостирмага тиралмиш нарвонга кўзи тушди. Ерга узалди-узалди, нарвонни тортиб олди. Синч томга тиради. Босиб-босиб кўрди. Нарвондан оҳиста-оҳиста юқорилади. Иккинчи қаватга кўтарилди. Синч том усти юксак бўлди, шамолгоҳ бўлди. Даҳо ғарам бўйлаб ўрмалади. Шунда, чап оёғини бир нима тортиб қолди. Даҳо интилди, аммо оёғини тортиб ололмади. Авайлаб энкайди, оёғига қаради. Чолвори пойчаси нарвон михига илашиб қолди. Даҳо ғарамни қучоқлади. Оёғини силтаб-силтаб қоқди. Бўлмади, чолвори пойчасини михдан тортиб ололмади. — Тфу! — дея нарвонни бир тепди. Нарвон бостирмага, ундан ерга тарақлаб тушди. Товуқлар қоқоқлади. Олапар ит ҳурди. Даҳо ерга қараб қўл силтади. «Ўлиб кетмайдими. Юқори кўтарилиб олдим, бўлди-да»;, деди. Чалқанча узалиб ётди. Оёқ-қўлларини бор бўйича ёйди. Кўзларини юмди. Ердан онаси овози эшитилди: — Ҳа-а, тарақлаган нима экан десам, нарвон ағнаб кетибди-да. Эб-эй-эб-эй, эсимдан айланайин-да, говмишим соғувсиз қолибди-ку... Қишлоқ узра товушлар таралди. Хўрозлар қичқирди. Қўй-эчкилар маъради. Моллар мўнгради. Отлар кишнади. 75 Тонг ёниб кетди. Дарича ғийқиллаб очилди. Даҳо ерга энкайиб қаради. Онаси кадини дарича панжарасига тўнтарди. Қозиқдаги бузоқни қўйберди. Бузоқ ирғишлаб-ирғишлаб ўйнади. Говмиш елинига чопди. Тиззалаб чўккалади. Тирсиллаб турмиш-тирсиллаб турмиш елинни шўрпиллатиб-шўрпиллатиб сўрди. Говмиш, бузоғини ялаб-юлқиди. Онаси вақти-вақти билан бузоқни нўхтасидан тортиб-тортиб турди. Сутдан айириб-айириб турди. Бузоқни тағин қозиққа қантарди. Панжарадаги кадини олиб келди. Тирсиллаб турмиш елин олдида чўнқайиб ўтирди. Говмиш бекаси дока рўмолини искаб-искаб кўрди. Бекаси говмиши елинини кафтларига олиб силади. Елин учларини ерга бир-икки тортди. Елиндан тизиллаб сут отилди. Говмиш безовта бўлди. Бекасини думи билан туртди. — Бош-бош, жонивор, бош дейман! Бўлмаса, подага қўшиб келаман! Бекаси аввал-аввал димоғида айтди. Айтиб-айтиб, говмишини соғиб бошлади: Измолида ўтинг бор, Оқар булоқ сутинг бор, Отли молим, хўш хўш, Зотли молим, хўш-хўш! Бекаси ориқ бармоқлари говмиш елиниии чўэиб-чўзиб тортди. Кадига тизиллаб тушмиш оппоқ-оппоқ сут садо берди: повв-повв-повв!.. Сени ҳайдаб боқайин, Кўзтуморлар тақайин. Тарғил молим, хўш-хўш, Говмиш молим, хўш-хўш. Бекаси говмишини қўшиққа солди, говмишини олқишлади. Бекаси говмишини суйиб-суйиб куйлади, тўлиб-тўлиб куйлади: Хўш-хўш дейман, олабош, Кўзинг ўткир, қаламқош. Қалам қошинг сузилсин, Сутинг ерга сизилсин. Говмиши вазмин-вазмин кавш қайтарди. Қуралай кўзлари мудради. Елинидан қуюқ-қуюқ, оппоқ-оппоқ сут тағинда тизиллаб окди: повв-повв-повв!.. Зотдор ола отинг бор, Қозон-қозон сутинг бор. Говмиш, сен рўзғоримиз ободи бўлдинг, болаларимиз ризқ-рўзи бўлдинг, оқлиги бўлдинг. Болаларимиз уйқудан уйғонади. Сут, сут, дейди. Шунда, болаларимизга кўкрагимизни берамиз. Болаларимиз кўкрагимизни шўлп-шўлп эмади, чўлп-чўлп эмади. Шундай бўлса-да, болаларимиз барибир... барибир сенинг сутингни сўрайди, говмишим. Сенинг сутинг бизнинг сутимизданда мазали-да, тўйимли-да, говмишим. Майли, бизнинг сутимиз қуриб қолса қолсин, аммо сенинг сутинг қуриб қолмасин, говмишим. Ий, говмишим, ий!.. Қуралай кўз, хоҳишим, Туёқлари кумушим. Говмишим, биламан, сенга қийин. Тун демайин, кундуз демайин, сут йиғасан, елинингни тўлдирасан. Елин тўла сутингни биз соғиб оламиз. Биздан қолмишини бузоғинг эмиб олади. Сенга бўлса, шалвирамиш елин қолади. Шундай, говмишим, шундай, сен одамзот ризқ-рўзи учун бино бўлдинг, насибаси учун бино бўлдинг, говмишим. Ий, говмишим, ий!.. Жонивор, мени кўргин, Кавш қайтар, жим тургин. Хурмаларни тўлдириб Ийиб сутингни бергин. Говмишим, болаларимиз кўкракларимизни ҳадеб эзғилаб торта берса, бизга малол келади. Бўлмаса, ўз боламиз-а, пушту камаримиз-а! Сенинг елинингни бўлса бизда сўрамиз, бузоғингда сўради. Сенга эса малол келмайди, говмишим. Қуллуқ сенга, говмишим, қуллуқ! Ана, тирсиллаб турмиш елининг сўлиб қолди. Елинларингни торта бериб-торта бериб, қўлларим толди. Ана, бузоғинг тамшаняпти, сенга талпиняпти... Сен безовтасан, сен алағдасан... Ий, говмишим, ий!.. Кадимни тўлдирарман, Болангни кулдирарман. Олаймагин, жонивор, Болангга қолдирарман... Кўшиқ — қўшиқда қолди, сут — сутда қолди. Уй тарафдан жонҳолат овоз келди: — Ойхол, чоп, Ойхол! Бекаси кадини кўтариб ҳадаҳалади. 76 Даҳо қўшиқдан карахт бўлди. Кўзларини юмиб ётди-ётди, ўзини... ўлик фаҳмлади! Қимир этмади. Хаёлан жонини излади. Излади-излади, тополмади. Ич-ичидан ҳайрон бўлди. Қўзларини ним очди. Кўзлари мовий-мовий олам кўрди. Кўзлари қирмиз-қирмиз ранг кўрди. «Анави мовий олам, ложувард осмон. Қирмизранг қуёш нурлари, — дея хаёлланди Даҳо. — Демак, ўлмабман. Ўлик одам кўрмайди. Ўлик одам дунёни ҳис этмайди»;. Даҳо кўкракларини ушлаб-ушлаб кўрди. Бошларини ушлаб-ушлаб кўрди. «Мана, бошим жойида турибди. Яна-тағин, фикрлаяпти, — тағин хаёлланди Даҳо. — Йўқ, ўлмабман. Ўлик одам боши фикрлай олмайди»;. 77 Шунда... шунда, уйдан йиғи келди: — Отам-ай, отам-ай!.. Йиғи авж олди. Йиғи ҳовлини олди. Даҳо ана шунда ўзига келди! Дирк этиб ўтирди. Уй тарафга олазарак боқди. Хаёлида, нарвон жойида бўлди. Хашакни қучоқлаб узала тушди. Оёқларини қўшиқ айтилмиш ерга узатди. Оёқлари ерга етмади! Она Ер олис бўлди! Сут қўшиғи олис бўлди! Оёқларини ликиллатди, оёқларини типирлатди, оёқларини саланглатди. Оёқлари ерни тополмади! Момо Ер йўқ бўлди! Сут қўшиғи йўқ бўлди! Назмбоз бўлмишдан буён интилиб келмиш, назмбоз бўлмишдан буён талпиниб келмиш осмонга қаради. Осмон олисдан-олис бўлди! Момо Ер осмонданда олис бўлди!. Паҳлавон Даҳо муаллақ қолди. 1985 |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62384 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57604 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40481 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36529 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23274 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23158 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21570 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19505 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18632 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14452 |