Қиш нафаси (ҳикоя) [Uchqun Nazarov]

Қиш нафаси (ҳикоя) [Uchqun Nazarov]
Қиш нафаси (ҳикоя) [Uchqun Nazarov]
Сафар ака дори олиб аптекадан чиққанида, қош қорая бошлаган, чала ой бир қулоч кўтарилган, сийрак булутлар орасидан юлдуз мўралар, нарсалар, одамлар шарпага ўхшар, симёғоч чинниси йилтирар, кеч куз бўлишига қарамай, ҳаво илиқ эди.
Сафар ака, филтрсиз сигарет туташтириб неча дона қолганини кўздан кечирди, тугмасини қадади, зинадан тушди. Қишлоғи беш чақирим нарида эди, яёв кетди — ўткинчи машинага қўл кўтарса, тўлашга пули қолмаган эди. Уч кун аввал ёғиб ўтган ёмғир тупроқни шиббалаган, йўлдаги халқобларда ой жимирлар, узокда ит ҳурар, йўл охирида машина чироғи саробга ўхшар эди.
Сафар аканинг хотини Насибаой, икки ҳафта бурун ариқ бўйида калиш юватуриб, боши айланди, ўтириб қолди. Келини Ойхон, боласини қўйиб, қайнонаси пинжига кирди, айвонга етаклади. Насибаойнинг оёғи чалишар, аранг босар, оғир эди. Ойхон қайнонасини даҳлиздаги сўрига ётқизди, қанақадир дори берди. Қишлоқ ҳамшираси укол қилиб, дори ёзиб кетди. Сафар ака хотинининг бетоблигига ўткинчи деб қаради, дорига бормади, қатиқ ичирди. Катта ўғли Тўқаш иш қидириб, Самарага кетган, кичик ўғли Позил ҳарбий хизматда эди. Тўқаш ярим йилдан бери бедарак, хат ёзмас, келини тумтаяр, қайнона-қайнотаси билан қовуша олмас, боши катта, эти ушоқ боласидан бўшамас, инжиқ бола хархаша қилар, ҳеч кимга бормас эди. Ойхон қайнонасига унча қарай олмаганидан хижолат тортди чоғи, боласини дўхтирга кўрсатиш баҳонаси билан икки кишлоқ нарида турадиган онасиникига кетди. Ҳамон ундан дарак йўқ. Сафар ака йўл-йўлакай қудасиникига кириб ўтмоқчи, келинини олдига солиб кетмоқчи бўлди, бироқ оёғи тортмади -қоронғи тушган, бу пайтда кириб бориш бемаврид кўринди. Ўзи қайтар, деб ўйлади Сафар ака, дорини тезроқ олиб бориши зарурроқ эди. У ҳовлига кириб борганида, битта ҳам чироқ ёқилмаган, уйи ҳувиллаган, қоп-қоронғи эди. Сафар ака айвон чироғини ёкди. Хотини, кўрпага ўраниб, миқ этмай ётар, эрининг шарпасига ҳам эътибор бермади.
— Насиба, — деди Сафар ака, бемор хотини устида тўхтаб. Хотини аранг товуш берди. — Дори олиб келдим. Ичиб ол, кўзинг мошдек очилади.
Насиба қимир этмай ингради.
Сафар ака бир дона дорини хотинининг оғзига тиқди:
— Шим, — деди.
Хотинининг чап томони шол эди, индамади.
Кечаги гўжа совуқ эди, иситиш учун Сафар ака косани олиб, ҳовлига тушди, ўчоқхона томон юрди. Ой анча кўтарилган, булут қочганида Сафар аканинг сояси аниқлашар, қадамига илашар эди.
Ўчоқхонанинг усти қамиш, атрофи очиқ эди, ғўзапоя аранг ўт олди, Сафар ака қозон қопқоғини олиб, гўжани тўкди; нам ғўзапоянинг олови паст, тутуни аччиқ эди, овқат исигунича, ярим соатча вақт ўтди; Сафар ака гўштсиз гўжани косага сузиб, қозонга сув қуйди, қопқоғини ёпиб қўйди.
Насибаой бир-икки қошиқ гўжа ичди, тамшанди, бошини бурди. Сафар ака хотинининг бошини ёстиққа қўйди. Унинг чиройли кўзлари ҳозир беҳол, хира, ўзи дарддан мажолсиз эди. Дори таъсир қилар, деб ўйлади Сафар ака ва ечиниб, чироқни ўчирди, нарироқдаги ўринга кирди, сигарет тутатди.
Насибаой далада чопиқ-ягана қилар, шомда уйига қайтар, келибоқ ўчоққа уннар, овқатидан дихлофос ҳиди келар, кетмони ойдинда ярқирар, ўзи, ҳамири кўтарилгунича, болалари кийимини ювиб, дорга осар, тандирга олов ёқар, зувала қилар, нон ёпар, апил-тапил ювиниб келганида, эри уйқуга кетган бўлар, саҳар пайти Сафар хотинига ёпишар, иш битгач, Насибаой ташқарига ошиқар, шоша-пиша нонушта ҳозирлар, битта нон солинган тўрвасини кетмонга илиб, далага равона бўлар, болаларни эри уйғотар, мактабга жўнатар, кейин табелчилик қилиш учун хирмонга йўл олар эди.
Шу алфоз йигирма беш йилдан ортиқ вақт ўтди. Тўнғич ўғли Тўқаш ўрта мактабни тутатиб, механизаторликка ўқиди, Ойхонга уйланди, фарзанд кўрди. Сафар билан Насибаой неварали бўлишди; фақат невараси нимжон эди, рахит, дейишди. Кенжаси Позил бир йил аввал, мактабни битирибоқ, ҳарбий хизматга кетди — дадаси билан хайрлашмади ҳам — Сафар ака Насибаойни уриб, кўзини моматалоқ қилган эди.
— Ўғлинг қарамади ҳам, — деди Сафар ака, ўғлидан ёзғириб.
— Онасини урдингиз, қарайдими? — деди ўшанда Насибаой, тумтайиб ва моматалоғини силади. — Ҳалиям шиши қайтмайди. Келинлик пайтимда ҳам ургансиз — қизитилмаган ёғда ош қилипсан, деб. Сал нарсага урар эдингиз.
— Ҳа, энди ўзбекчиликда уриб туриш керак-да, одат, — деган ўшанда Сафар ака. — Урмасанг, одам санашмайди. Ҳамма уради.
— Одатингиз қуриб кетсин, — деган Насибаой, зарда қилиб. Нуқул бошимга, юзимга урасиз, кўчага чиқа олмай қоламан. Ичсангиз — тамом, жанжал чиқарасиз. Болалар безиллашади. Кетсам, ота-онамдан андиша килмай, ялиниб борасиз. Улар танбеҳ бериш ўрнига мени олдингизга солиб, ҳайдашади. Юзимни танғиб, кетмон чопаман.
— Бошқалар-чи? Уришмайдими? Асад полвон хотинини уриб, тўртта тишини синдирипти — юрипти Моҳираой, тилла тиш қўйиб!
— Уринг сиз ҳам! Тилла тишга қурбингиз етса! Мол сотиб, тўй қилдингиз. Бир ойлик келин олдида урдингиз, қўлингиз синсин...
«Қандай пайтлар эди», дея, ўша замонларни қумсаб, ўйлади ҳозир Сафар ака, ва сигаретини тортди. Қоронғида сигарет чўғи яллиғланди, бурни йилтиради.
— Урган бўлсам — яхши кўрганимдан, — деди Сафар ака, биринчи марта шу иборани тилга олиб. — Қизғанардим-да. Шарип, хотининг чиройли, деганида, сени урганман, қизғаниб. Ҳақиқатда, чиройли эдинг. Аслида, тайлоқлиги учун Шарипнинг тумшуғига туширишим керак эди, ўзимни тутдим, сени ўйнашга чиқаришлари мумкин эди... Пахтазорда сени бўлғалаганим эсингда борми? Етилган пайтинг эди, қочгансан. Хирмондаги жувонлар кулишган, ўшандан кейин уйингдагилар рози бўлишган. Севмасам, урармидим?
Насибаой миқ этмай ётар, афтидан, хотини ҳам ўша тотли дамларни хотирасидан ўтказаяпти, деб ўйлади Сафар ака.
— Тўқашни туққанингда, қанақа шодлик бўлган эди, эсла. Канча ном қидирганмиз. Даданг, «Тўқаш» қўйинглар», деган, унаганмиз. «Тўқаш» нима маънони билдиради?
Хотини жавоб бермади. Сафар ака дори кор қилган бўлса, ухлаяпти, деб ўйлади, кўрпага ўраниб, жун тиқилган болишга лунжини босди, хўрсинди, кўзи илина бошлади.
Сафар ака уйғонганида, тонг ғира-шира, қушлар чуғурлар, кўчадан ўтаётган пода моллар маъраши эшигилар эди. Сафар ака, керишиб, ўрнидан турди, ювиниб, елкасига юпун чопон ташлади, ёвғон хўрда қилишга киришди. Хўрда сузилган косага ёғоч қошиқ солиб, хотини олдига кирди, Насибаойни уйғотди. Хотини қимир этмади. Сафар ака Насибаойнинг пешонасига кафтини босди — пешонаси совуқ эди. Сафар ака хотинини аста силкитди — садо чиқмади. Иягини танғиб, ёнига ўтирди — ҳалқуми бўғилди. Баралла йиғлашдан уялди, чопон этаги билан юзини тўсди, елкаси қалтиради.
Насибаойни пешинга чиқаришди.
Оқшомда. Сафар ака марҳуманинг бошига борди — гўри нам эди. Қарға қағиллар, ўти сарғайган мозор бўш эди.
Сафар ака ярим соатча чўнқайиб ўтирди — энди у танҳо эди.
Иккала фарзанди онаси дафнида бўлишмади. Буюрмади. Позил келганида, шинелини ташлаб, қабристонга чопди. Қайтиб келганида, кўзлари қизарган эди. Дадасига рўйхуш бермади. Онасининг ажалини дадасидан кўрди, чоғи. Ўзини бу уйда бегона сезди, уч кундан кейин, қисмига жўнади.
Келини Ойхон рахит боласи билан касалхонада, маъракага қатнаша олмади. Касалхонадан чиқса, бу ягона эркак қолган уйга келадими, йўкми - гумон эди. Эри бўлмагач, ҳувиллаган ҳовлида нима қилади?

Сафар ака дарвоза ёнидаги ходада кун бўйи ўтирар, энди таъзияга ҳеч ким келмас, Сафар ака уйига киришга ботинмас, хотинининг шарпасидан чўчир, чопонига ўранар, мудрар эди.
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика