Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер [Alisher Navoiy] |
Бисмиллоҳир-Раҳмонир-Раҳим Лутф айлабон, эй насими қудс[1] осор, Бир қатла фано[2] гулшанига айла гузор. Аҳбобғаким топтилар ул ерда қарор, Мендин ер ўпуб арзи ниёз эт зинҳор. Солики фоний ва гавҳари коний, орифи маоний. Саййид Ҳасани Ардашер[3] (Раҳматуллоҳи) сияр ва ҳолотида. Аларнинг отаси Ардашер Бойсунғур мирзо[4] мулозими эркандур. Қушчилиқ[5] шевасида мулозамат қилур эркандур. Ул фанда ғояти мулоямат ва ниҳояти маҳоратдин қушбегилик мансабиға етибдур, балки мундин дағи кўп бийикрак маносиб касб этибдур. Байт: Кўп ҳунарлиқ кимса шаҳларға этар дамсозлиқ, Қуш тилин билган Сулаймон[6]ға этар ҳамрозлиқ. Аммо ўзлари ҳам ул оталари мулозамати ва мутобаатида Бойсунғур мирзо хизматларида бўлубтурлар ва кичик ёшдин ўқумоқ ва битмакка табълари мулойим ва мойил эрмиш. Байт: Чун табъи мулоним бўлур ўргангали мойил, Оз вақтда кўп навъ қилур касби фазойил. Чун алар кичик ёшдин фазойилу камолот иқтисобиға авқотларин сарф қилур эрмишлар. Бот абнойи жинсдин ҳар билик бобида мумтоз, балки кўпрак замоннинг табъ ва фазл аҳлига фойиқ ва сарафроз бўлубдурлар: Аммо адаб ва ҳилм ва тавозуъ ва хаё зотлариға анингдек - ғолиб эрмишким, бу мужмалмазкур бўлғон фазойилдинки, тафсили: сарф ва наҳв[7] ва луғат ва арабият[8] ва мантиқ[9] ва калом[10] ва фиқҳ[11] ва ҳадис[12] ва тафсир[13]дур ва сойир таснифот, мисли: шеър ва муаммо[14] ва таърих[15] ва нужум ва адвор[16] ва мусиқий бўлғай агар баъзи мажолисда сўз ўтса эркандур, бовужудн улки, мажлис аҳлининг кўпидин яхшироқ билур эркандурлар ҳам ҳаё ва адаб жиҳатидин, ҳам бировга, илзому хижолат етмасун деб, кўп сўз айтмас эрмишлар, балки кўп мажолисда такаллум ҳам қилмас эрмишлар. Бу ҳамида хисол ва писандида афъол жиҳатидин яхши в.а ямон аҳли замон қошида азизу мукаррам ва муҳтарам бўлур эрмишлар. Байт: Пок гавҳарки, бўлди пок шиор, Шоҳлар боши устида ери бор. Ул подшоҳ бу ҳолотларидин аларға фарзандона илтифотлар қилур эрмиш ва ўзининг баъзи фарзандларигаким, баъзи ҳолоти кўнглига ёқмас эрмиш, аларнинг қилиқларидин таассуф еб, дер эрмишким: «Не бўлғай, сенинг афъолу ҳисолинг ҳам фалониға ўхшаса эрди!» Ва бу сўздин ғарази алар эрмишлар. Ва фалак қазосидин ва рўзгор ҳавосидин андоқки, ўзга подшоҳлар яна бир мулкка азимат қилибдурлар, ул подшоҳ дағи аларға пайравлиқ тариқин бажо келтурдилар ва аларнинг отаси ҳам ўзга ерга қадам урди. Фард: Кетарға келур мунча шоҳу гадо, Агар худ ўғулдур ва гар худ ато. Алар зоҳир улуми иштиғолидин фароғат топибдурлар. Сипоҳийлиқ[17]дин мутанаффир эрмишлар. Аммо аларнинг бори подшоҳзодалариким, Бойсунғур мирзонинг ўғлонлари бўлғай, мисли: Алоуддавла мирзо ва Султон Муҳаммад мирзо ва Бобур мирзо бир-биридин сўнгра мутаоқибки, тахтға ўлтурубдурлар, ҳар қайсиаларнинг риоят ва тарбиятиға машғул бўлубтурлар, Алар хизмат ва тараддудидин ибо қилибдурлар ва ижтиноб кургузубдурлар. Ва ҳаддин ўтгандин сўнгра андоқки, шабоб айёмининг иқтисозидур, ўзларин май ичмакка ва лавандвашлиқларға ва ошиқпешалиқларға солибдурлар. Чун зот ва кўнгуллари ва тийнатларн ариғлиққа мушоҳид ва муқаррар эрмиш, замоннинг асил мирзозодалари тараддуд ва ижобсиз ва таҳоший ва изтиробсиз алар била мусоҳиб бўлур эрмишлар ва аларнинг суҳбатин муғтанам тутар эрмишлар. Назм: Фонийвашеки, ҳам сўзидур пок, ҳам ўзи, Хуш давлат ул кишигаки тушгай анинг кўзи. Бойсунғур мирзо замонидин Бобур мирзо замонининг охириғача бир қарнға яқин кўпрак авқотларин бетаайюн ўткарибдурлар. Салтанат тахти Султон Иброҳим мирзо[18]ға қарор тутгандаким, тарих секкиз юз олтмиш эрди, бу фақир алар суҳбатиға мушарраф бўлдум. Алар тариқ ва равиши бу фақирни андоқ шефта қилдиким, бир кун алар мулозаматиға етмасам эрди, сабру тоқатим қолмас эрди ва алар ҳам келиб аҳвол сўрарлар эрди: «ташвише бўлмамиш бўлғайким, букун сендин хабар топа олмадуқ». Ва бу фақирни фақр тариқиға далолат ва иршод қилурлар эрди ва назм айтурға тарғиб кўргузурлар эрди. Чун ул авқотда фақирнинг назмлари Хуросонда шуҳрат тутуб эрди, алар дағи илтифот қилиб, баъзи абётни кўп ўқурлар эрди ва мажолисда хушвақт бўлурлар эрди Ул жумладин бу матлаъдурким, фард: Фурқатингдин заъфарон узра тўкармен лолалар, Лолалар эрмаски бағримдин эрур парголалар. Яна бир буким: Ул паривашким бўлубмен зору саргардон анга, Ишқдин олам манга ҳайрону мен ҳайрон анга. Бу байтни дағи кўп ўқурлар эдиким: Лабинг кўргач илигим тишларам ҳар дам таҳайюрдин, Ажаб ҳолатки, тутмай болни бармоқ ялайдурмен. Маснавийдин бу байт ёдларида эрди: Ҳар нечаки пухта бўлса тадбир, Берур анга гўшмол тақдир. Ва туркигўй шуародин Мавлоно Лутфий шеърларидин абёт ўқурлар эрди ва бу матлаин таъриф қилурлар эдиким: Нозуклик ичра белича йўқ тори гисуйи, Ўз ҳаддини билиб белидин ўлтурур қуйи. Ва бу матлаиға дағи муътақид эрдиким: Улки ҳусн этти баҳона элни шайдо қилғали, Кўзгудек қилди мени ўзини пайдо қилғали. Ва бу матлаин ҳам ўқур эрдиларким: Лайлат ул-меърожнинг шарҳи сочи тобиндадур, Қоба қавсайн иттиҳоди қоши меҳробиндадур. Мавлоно Муқимийнинг ул таржеъиға муътақид эрдиларким: Сенсен асли вужуди ҳар мавжуд, Сендин ўзга вужудга не вужуд. Форсий ашъордин ҳазрати Хожа Ҳофиз Шерозий[19] (қудиса сирриҳу) девониға кўп ақидалари бор эрдиким, балким ул девондин аксари аларнннг хотирида эрди ва кўп абёт мажолисда ул девондин мазкур қилурлар эрди ва маснавий жинсидин Шайх Муслиҳиддин Саъдий Шерозий[20] (раҳматуллоҳуоли) «Бўстон[21]»иға муътақид эрдилар ва ҳазрати Шайх Фарндуддин Аттор[22] (қуддиса сирриҳу) нинг «Мантиқ ут-тайр»[23]ининг кўпрагини ёд билурлар эрди ва кўп ўқурлар эди ва кўп сўз хотирларида бор эрди. Батахсис «Кимиёи саодат»[24]дин ва Шайх Азиз Насафий[25] (қуддиса сирриҳу) расоилин ҳам таъриф қилурлар эрди ва андин сўзлар нақл қилурлар эрди. Ва замоннинг шуаро ва фузало ва зурафосидин аларнинг висоқи холи эрмас эрди, балки дарвешлар ва аҳлулоҳ дағи доим аларнинг уйин мушарраф қилиб, суҳбат тутар эрдилар, Ва шаҳрнинг созанда ва хонанда ва гўяндаси доим алар суҳбатида. ҳозир бўлурлар эрди. Бу мазкур бўлғон зурафодин ҳаргиз йўқ эрдиким, аларнинг манзилида киши бўлмағай, балки бу тоифанинг мажмаи аларнинг висоқи эрди ва бу жамоат доим анда. Байт: Хуш улким, анга лутф бирла худо, Улуснинг қабулини қилди ато. Йигитлик айёмидаким, ринд[26]лиқ ва лавандвашлиқлар бошидур, бу тоифа кундуз ва кечалар аларнинг масканидин чиқмаслар ва барча асбоб алар учун муҳайё эрди. Ва ишрат ва иншоот асбобидин бошқа борур чоғларида ҳар қайсига ўз хўрди ҳолиға кўра узрҳоҳлиқлар била егуликдин ё бирор нима харжидинким, ул тоифа қошида куллийдур, риоят қилиб, мардумлиқ ва инсоният тариқи била лутф кўргузур эрдиларким: «уй сизнингдур, ҳар қачон илтифот қилсангиз хизматға турубмиз», деб узатурлар эрди ва аларнинг ҳамида ахлоқи ом эрди. Улуғ-кичикка сучук сўз ва муфрит хулқ зоҳир қилурлар эрди. Ва риндлиқ таврида неча нима аларга даст бериб эрдиким, бу тоифанинг озиға муяссар бўлуб эркан; бири сахой зотийким, анда такаллуф бўлмағайким, базл ва зиёфат вақтида оз ва кўпнинг тафовути кўрунмағай ва ўзидин элга кўп нима оз ҳам кўрунмагай ва элдин ўзига жузвий нима бағоят кўп ва куллий кўрунуб, бирга ўн эваз еткурурнинг фикрида бўлғай. Назм: Ўзидин элга дарё — қатра осо, Вале элдин ўзига қатра — дарё. Яна бири шафқати муфритки, борча риндларни азиз тутқайлар ва мо-амкана[27] риоятларини вожиб кўргайлар ва алардин ҳар хато ва залал воқеъ бўлса мувохазасиға машғул бўлмағайлар ва ислоҳиға кўшиш қилғайлар ва саҳвларин афв қилиб, юзларига келтурмагайлар, то аларға хижолат воқеъ бўлмағай ва аларни рифқу мудоро била ул мақомдин ўтгайлар. Байт: Бу иш эрур валоят аҳли иши, Қила олмас бу ишни ўзга киши. Яна бири: лутфу тавозуъ ва адаб ва юмшоқ сўзким, бу барчадин азимроқдур. Яна бири: таҳаммул ва бурду борликдурким, ҳар кишидан ҳарна аларға етишсаким, филфоқеъ нафси амрда қатиғ бўлғай, ани суҳулат била ўткариб, ўзига кўп тараддуд йўл бермагайлар. Яна бири: кўнгулнинг юмшоқлиғиким, дардмандона сўздин ва назмдин ва нағмадин мутаассир бўлғайлар ва аларнинг ул ҳоллари асҳоб ва ёронларға асар қилғай ва бу — мажлиснинг тузи ва малоҳатидур. Яна бири: зотий бетакаллуфлуқким, филвоқеъ алар қошида ипак била палос орасида тафовут бўлмағай, балки мутакаллаф либослар макруҳ кўрунгай ва дарвешона киймаклиқ мулойимроқ бўлғай. Бу сифатларда ҳақ субҳонаҳу ва таоло аларни комил халқ қилиб эрди ва риндлиқ ва тажарруъ айёмида сойир риндлардин кўпрак ичар эрдилар. Андоқки, баъзи икки қатла ва баъзи уч қатла маст бўлуб, мажлисдин чиқиб, уюб, яна мажлисға келурлар эрди ва алар ўз ҳолларида эрдилар. Оқшомки, мажлис аҳли одати била усруб, уюр чоғ бўлса зрди, алар бирин-бирин усрук бошиға етиб, мулозимлиқ элни мулозимлариға топшуруб, навкарсиз номуродларни муҳофазат қилиб, ёнлари остиға нима солдуруб, бошлари остида нима ястаб, илайлариға кўзалик сув қўйдуруб, баъзининг кафш ва дасторларин ва ёғлиқларин ва анинг учида тугунгинаси булса, белгулукларин мулозимларға топшуруб, хотирларин ул тоифа жамъидин сўнгра хуфтан намозин адо қилиб, ўз ҳужраларида осойишға машғул бўлур эрдилар. Бу мажлис иштиғоли жиҳатидин ҳаргиз аларға намоз қасдан қазо бўлмади. Ва агар баъзн кунлар алар суҳбатида сода юзлук йигитлар маст бўлгунча ичиб, чун алар атвориға анча эътимодлари бор эрдиким, ўз уйларидин эминрак билурлар эрди, ҳам йиқилсалар эрди, аларни атодек кишиларнннг амнобод уйларига ётқузуб, қуфл қилдуруб, мўътамад амин кишилар алар муҳофазати учун таъйин қилиб, эшикни устидин боғлатиб, ул муҳофизға ташқаридин посбонлиқ буюрурлар эрди. Ва сабуҳий вақтиғача бир-икки қатла барча усрук ётғон риндлардин ўзлари юруб хабар тутарлар эрди. Байт: Риндлардин бир анингдек йўқ эрур огоҳ ринд, Шоҳ эди ринд аҳлиға, балким эрди шоҳи ринд. Ва бу авқотдаким, бу навъ риндлиқларға муртакиб эрдилар, ҳар намозда муножотлар қилиб, ҳақ субҳонаҳу ва таолодин ўзлариға тавба ва тавфиқ тилар эрдилар. Ва мутабаррак мазоротға бориб, азиз дарвешлар ва аҳлуллоҳ мажолисиға етиб, ўз махласлари учун фо-тиҳалар дарйўза қилур эрдилар ва ул бузургворларким, алар хизматиға мушарраф бўлурлар эрди — қабул ва илтифот назарлари топар эрдилар. Ул жумладин бири Мавлоно Боязид Пуроний эрди ва Ҳазрат Баҳовудднн Умар (қуддиса сирриҳу) эрди, Ҳазрат Хожа Абу Наср Порсо (раҳматуллоҳу таоло) ва Хожа Муҳаммад Кусавий (қуддиса сирриҳу) ва Шайх Зиёратгоҳий[28] (алайҳа раҳма) ва замоннинг ма-шойих ва дарвешларининг аксарининг мулозаматлариға етиб, суҳбатлариға мушарраф бўлуб, махсус илтифот ва назарлар топарлар эрди. Чун ўзларидағи фақру фано тариқи акмал важҳ била зоҳир эрди, бу тойифанинг сўзлариға табълари мулойим. Мазкур бўлғон азизлар дағи аларнинг суҳбатин тилар эрдилар ва аларнинг муддаосйғаким, тенгри йўлиға кирмак, эрди, балки интизор тортар эрдилар. Асрнинг уламо ва ашроф ва аиммаси била доим мусоҳиб эрдилар ва чиғатой улусининг олий миқдор беклари улча ёшға ва йўлға алардин улуғ эрдилар ва улча тенг эрдилар, аларни шарафи нафс жиҳатидин ўздин улуғ тутуб, анга кўра таъзим қилурлар эрди. То ул вақтғачаким, Султони Соҳибқирон Хуросон тахтин олдилар, чун мулкнинг мутааййин халқи подшоҳ хизматиға мушарраф бўлдилар. Алар дағи ҳамул дастур била подшоҳнинг муборак дийдорнға кўзларин мунаввар қилдилар. Подшоҳнинг муборак хотириға аларнинг мулозамати ёқти ва суҳбату сўзи бағоят хуш келди ва инояти мутаоқиб қилдилар. Алар подшоҳнинг хотири учун андоқ тараддуд ва ихтилот ва мулозамат қилдиларким, подшоҳнинг кўнгул қушин сайд қилдилар, чунки яхши мулозимлардин яхшироқ, зарурийроқ ҳеч нима бўлмас. Батахсис, мулозимким, алардек мунча ҳамида хисолғаким, мазкур бўлди, муттасиф бўлғай. Ҳар ойинаким, улуғ маносиб таклифи воқеъ бўлди, чун подшоҳ аларни подшоҳона риоятлар ва дарвешона юмшоқ ва чучук сўзлар била сайд қилиб эрдилар, йўқ дея олмадилар. Иш ул ерга еттиким, салтанат корхонасининг мусташори бўлдилар ва мулку мол ишига дахл қилдилар ва андоқ сулук воқеъ бўлдиким, подшоҳ шокир ва сойир халойиқ ва раоё аларнинг зикри хайриға зокир бўлдилар ва подшоҳ хилватнда анису маҳрам ва анжуманда рафиқу ҳамдам эрдилар. Хуросон мулкининг куллий ихтиёрин подшоҳ аларнинг соиб райиға ва тадбири мулк оройига вобаста қилғудек эрдиким, чун аларға фақри зотий ва фанойи жибиллий[29] мавжуд эрди ва ёшлари олтмишдин ўтуб эрди ва зотий муносабат майлига ғолиб бўлди ва аслий мақсуди шавқ туғъён қила бошлаб, мулозамат тарийқидин истиғфор зоҳир қилдилар. Ва филвоқеъ ҳолиқ ибодатининг тарки ва махлуқ бандалиғининг иштиғоликим, айни бебоклик ва маҳзи беоқибатлиғдур, андоқ иш илайға келурким, девсорларнинг таҳаммули қолмас, то малакосорларға ва фариштакирдорларға не етгай. Байт: Дунёки қатиғ дурур гаронборлиғи, Қаттиғроқ анинг улусининг ёрлиғи, Кўпрак нимаким, бўлса гирифторлиғи, Кўпрак келур эл оллиға душворлиғи. Вой, дунё шуғлининг ибтилосидин! Ва юз минг вой, дунё аҳлининг зулму жафосидин, балки малолат ва изосидин! Оҳ, замон жавру бедодидин! Наузу биллоҳ, абнойи замон қасду ифсодидин! Қалам жардаи хушхиромининг инонин бу равишдин уюрмак керак, йўқ эрса, инони ихтиёрни иликдин олиб, сўз узар ва мақсудум бозорин бузар, Алқисса; учун аларға ҳақ йўлининг сулуки домангир бўлуб, мулозаматдин ижтиноб зоҳир қилиб, истиғфор тариқидин кириб, арзға еткурдилар. Подшоҳға бу амр маҳол кўрунуб, ибо зоҳир бўлди, алар тазаллум ва тазарруъ оғоз қилдилар. Ҳеч навъ била мақбул тушмади ва алар икки йилғача подшоҳнинг муборак хотири учун чериклар машаққатин тортиб сафарлар балосиға ўзларин солиб юрудилар ва инъому улуфа[30] мутлақо олмадилар ва дарвешона кисват била мулозамат қилурлар эрди. Подшоҳи исломпаноҳ чун кўрдиларким, алар борасида куч бўлғудекдур, таҳқиқ билдиларким, ҳақ йўли ва ибодатининг шефтаси бўлубтурлар, бовужуди мунча қатла махсуслардин аларға иноят ва муҳаббат юзидин мулозамат тариқида илтимос воқеъ бўлди, чун. алар подшоҳи ҳақиқий[31] қуллуғинйнг мубталоси бўлуб эрдилар, фойда бермади. Байт: Ёр кўйида юзида мубтало бўлғон нетар, Гулшан ичра гулни, балким, жаннат ичра хорни? Чун подшоҳ улча имкони бор, илтимосда муболаға қилдилар. Кўрдиларки, аларнинг гирифторлиғи андоқ ерда эрмаски, ўзлуклари била ё бировнинг саъй ва эҳтимоми била халослиқ мумкин бўлғай. Кўрдиларки, ортуғроқ муболаға воқеъ бўлса, зулм бўлғудекдур, раҳм қилдилар ва чорасиз рухсат воқеъ бўлди. Ул кунки, бу рухсат иши сурат боғлади — ғариб кун эрдиким, подшоҳ зор йиғлайдур эрди ва алар худ зор-зор йиғлайдурлар эрдилар. Ва салтанат мажлиси ҳуззориға ҳам бу ҳол эрди, невчунким, борча халқға алардин керак эрди. Алқисса, чун алар навкарлиқ балосидин ва сипоҳилиқ ибтилосидин тенгри инояти била халос бўлдилар, черикдин қайтиб, шаҳрда сокин бўлдилар ва ул авқотда жаноби ҳақиқатмаоб, қутби доираи ҳақиқат ва муршиди аҳли шариат ва тариқат, кошифи улуми раббоний Мавлоно Шамсуддин Муҳаммад Табодгоний[32] (қаддасаллоҳу руҳоҳ ул-азиз[33])ки, ҳазрати шайхул-машойих олимил-муршиди тавоифил-умам шайх зайнул-миллати вад-дин ал-Хавофий[34] (раҳимаҳумуллоҳу таоло)нинг ихтиёрий хулофосидин эрдилар, иршод маснадида толиблар ва муридлар такмилиға машғул бўлур эрдилар, барча асбоби суварийни барҳам уруб, ул бузургвор хизматиға бориб, фақр тариқин ихтиёр қилдилар ва неча йил алар суҳбат ва мулозаматларида сулук қилиб, хонақоҳларида азим арбаинлар чиқарди[35]лар ва фақру фано сулукида куллий манозиллар қатъ қилдилар ва улуғ мартабалар ва бийик мақомларға қадам қўйдилар ва аларнинг сулук ва муомалаларин ул хонақоҳ аҳли, дарвешлар — борча мусаллам тутуб, изҳори иродат ва ихлос қилурлар эрди. Иттифоқо, бу фақирнинг манзили ул дарвешлар хонақоҳлари жаворида воқеъ бўлуб эрди ва ул ердинким, илтифоти зотийси бу фақир била бор эрди ва фарзанд деб эрдиларким, ўз ҳавлим гўшасида алар учун бир мухтасар маскане алоҳида тартиб қилиб эрдим, гоҳики, муфрит риёзатлардин табълариға калоле воқеъ бўлса эрди, хотирлари ташхизи учун ул масканға келиб, бир кун-икки кун туруб, яна хонақоҳға ўз хилватлариға борурлар эрди. Аларнинг аввалғи арбаини бу фақир ҳазрати Мавлоно Муҳаммад Табодгоний (қуддиса сирруҳу) мулозаматлариға бориб эрдим, алар ҳолидин сўрдум, дедилар: «бу кун бир мақомдадурларки, солик аввалғи арбаинда ул мақомға етса, дарде анинг олиға келурким, агар буқои муфрит юзланса, ишининг гуфториға далолат қилур, аларға бу ҳол юзланибдур ва бағоят умидворлиғларедур». Уйла ошиқки, ҳижрондин кўруб дарду малол, Шодлиғдин йиғлағай, топқонда даврони висол. Бу фақир аларнинг хилватлари эшигига бордим: ғариб ҳой-ҳой йиғламоқда эрдилар, ҳеч нима дей олмадим ва мутаассир бўлуб, йиғлаб қайтдим. Бу фақир фуқаро аҳли, дарвешлар ва аҳлуллоҳ мулозаматиға кўп етибмен, фақир тариқида алардек оз кўрубмен. Саййид Муҳаммад аларнинг ёлғуз фарзанди эрди. Адабу тавозуъ ва ҳилму ҳаё таврида ул отаға муносиб ўғул эрди. Табъи хўб ва сурати маҳбуб ва ахлоқи ҳамида ва атвори писандида, ўн тўрт ёшда толиби илмлиғи шогирд китоблиқға етиб эрди. Ҳирот халқининг ўз таврида ягонаси ва нодираси эрди. Бу синнда анга қазо етти. Аксар ани танир-билур эл ўзни соҳиб азо туттилар. Батахсис, бу фақирким, ани фарзанддек улғайтиб эрдим, аларғаким, асл ота эрдилар, асло тафовут қилғони маълум бўлмади. Сўзлари бу эрдиким, «Ал-ҳукму лиллоҳ»[36] эгасига биздин кераклик экандур — элтти, умид улдурким, раҳмат қилғай». Ани чиқорур кун ариғ тўн кийиб, ариғ дастор чирмаб, мотамийларғаким, андуҳу изтироб юзидин беихтиёр йиғлар эрдилар, алар насиҳат қилиб, таскин берур эрдилар, хусусан бу фақирға. То мадфанға, бу фақир ясағон ҳазираға элттилар, алар ўзлари суннат тариқи била мақбара ичига тушуб, азиз фарзандни шаръ важҳи била охират ерига қўюб, тенгрига топшуруб, талаби ғуфрон[37] учун дуолар қилиб чиқтиларким, ҳеч навъ тағайюр ҳоллариға зоҳир бўлмади. Наъш била борғон дарвешлар ва акобиру ашрофни ҳайрат лол қилиб, таажжуб беҳол қилди. Бу навъ фано ва истиғроқ ва ҳавсала башар хайлидин номаълумдурким, кимда бўла олғай. Алар дер эрдиларким, дунё жоҳининг мастлиғи чоғир мастлиғиға ўхшамаским, чоғир мастлиғи ичган кунидур, аммо жоҳ мастлиғи агар соҳиби жоҳ йиллар жоҳ устидадурким, мастдур, анинг махмурлиғи жоҳдин маъзул бўлғонидадур. Не мускир хамрдурким, сармастлиғи одамийни йиллар ўзидин бехабар қилғай. Бир кун бир тақриб била ашъё орасида тафовут бобида фазл аҳлидин биров бу машҳур байтни ўқудуким, Байт: Лаъл санг асту деги сангин санг, Лек андар миён тафовутҳост. Алар қойилининг мақсудининг нақизи жонибидин сўз бошлаб дедиларки, шайхе айтибдурки, тош қозон ва лаъл — иккаласи тошдур ва лекин ораларида тафовут бор. Тош қозондин ғайри нафъ ҳеч нима мутасаввар эрмаским, лазиз ва мулавван атъима анда пишарким, хосу ом андин мунтафеъ бўлурлар ва лаълдин халойиққа анвои зарар мутасаввардур. Ва иттифоқо ул учурда Султон Абусаид мирзо[38] ҳар кишида жавоҳир бўлса олиб, бўлмаса тафаҳҳусида муболағалар қилиб, элга анвои изо ва зарар етказиб эрди. Ва бу байтни ўқуғон мажлисда ҳам тош қозонда ош пишадур эрди. Яна бир мажлисда қарилиғнинг машаққатларининг бобида сўз ўтадур эрди, ҳар киши бир нима дейдур эрди. Дедиларким: қарилиғда ҳеч ниманинг завқи йигитликдагича эрмас: ғизодин ва шарбатдин, ҳатто сувға дегунча». Бир улуғ киши сўрдиким: «барчани мусаллам тутдуқ, аммо сувнинг завқи нечук йигитликдагича бўлмағай? Ҳар киши сувсиз бўлса хоҳ қари, хоҳ йигит сув ичгач, аташи дафъ бўлуб, завқе топар». Алар дедиларким: «Рост, завқ топар, аммо тафовут бор. Йигитликда ҳарорати ғаризий ғолибдур, қарилиқда ул ҳарорат қолмас. Сувсиз кишининг ҳарнеча ҳарорати ғолиб бўлса, ул ўтға сув таскин берур. Аммо қариким, ғаризий ҳарорати[39] мунтафий бўлмиш бўлғай, аташ анга ғариза ҳароратдин ориз бўлмай, ул сувни ичмиш бўлса, қачон андин завқ топғай». Маҳрур мизож йигитлар барча мусаллам тутуб, аларни бу ҳикмат сўзларидин таъриф қилдилар. Ҳаётларининг охирида ҳаж сафари муддаосин қилдилар. Аммо кўп мавонеъ пайдо бўлди ва муяссар бўлмади. Самарқандға Ҳазрати Хожа Носируддин Убайдуллоҳ[40] шарафи суҳбатлариғаким, замон аҳлининг кўпи, хусусан Самарқанд аҳли Хожани «Қутб»[41]ға нисбат берурлар эрди, мушарраф бўлурға азимат қилдилар. Хожа била неча кун суҳбатлар тутуб, таъзим ва ташрифлар топиб, яна Ҳирот шаҳриға азимат қилдилар. Ва тарих секкиз юз тўқсон тўртда[42] — етмиш уч ёшларида оламдин ўттилар. Ва аларнинг фавти замонида бу фақир шаҳрда йўқ эрдим. Подшоҳ ҳукми била бир сори бориб эрдим. Келгандин сўнгра, чун соҳиб азо фақир эрдим, таъзият қоидасин бажо келтуруб, шаҳрнинг шимоли ҳаддида тоғ этагида алар учун ҳазира ясадимким, «Жўйи нав» суви анинг ичидин ўтар, бағоят бийик ва хушҳаво ердур. Ва хели азизларким, аларға тирикликда мусоҳиб эрдилар ва қабрлари пароканда ерларда воқеъ эрди, йиғиштуруб, алар жаворида қўюлди. Бу жиҳатдин баъзи азизлар ул ерни «Азизлар ҳазираси»[43] дебдурлар ва бу исм машҳур ҳам бўлубдур. Ва алар фавтининг таърихи бу абъётдин ҳосил бўлур. Таърих: Сархайли фано Саййид Ҳасан рафт, Ки жои ў биҳишти жовидон бод. Паи он покрав жустанд таърих, Бигуфтам: «Жаннати покаш макон бод»[44]. ↑ Қудс – арабча поклик, тозалик, муқаддас демакдир. Насими Қудс - поклик шабадаси. Бу ерда шоир ундан аввал ўтган дўстлар, суҳбатдошлар ётган жойга бориб, ер ўпиб, салом етказгил, дея илтижо қилади. ↑ Фано – йўқ бўлиш, ўлиш; тасаввуфда ўзликни йўқотиб, бутун борлиқдан кечиб, илоҳиятга сингишдир.Фано гулшани – мозористон. ↑ Солик – бирорта тасяввуф маслагига мансуб шахсдир.У оллоҳга яқинлашиш толиби бўлиб, бу ниятида туғилгандан вафотига қадар бўлган йўлни босиб ўтади.Саййид Ҳасан Ардашер – Алишер Навоийнинг дўсти, мас-лакдоши ва отаси ўрнидаги мураббийси. Навоий у билан 860/1455 – 56 й. да биринчи марта учрашади. Бу воқеа Алишер Машҳадга бориб, Абулқосим Бобур шоҳ хизматига кирган вақтларда содир бўлади. Навоий Саййид Ҳасаннинг ҳаёти сўнггига қадар у билан ота-боладек муносабатни сақлайди ва унинг вафотидан 2 йил ўтгач, махсус рисола ёзиб, хотирасини абадийлаштиради. Саййид Ҳасан вафоти вақтида Ҳиротда бўлмаган Навоий ғоят таъсирли марсия ҳам ёзган эди.Рисолада Ҳирот маданий адабий ҳаётининг кўркамли вакили бўлган кенг кўламли билимлар эгаси, шоир ва гўзал инсоннинг маълум даражада ижодий портрети яратилган ҳамда муаллифнинг унга бўлган беҳад ҳурмати, самимий муносабати ўз аксини топгандир. ↑ Бойсунғур мирзо (1397, Ҳирот – 1434 ўша шаҳар) – Темур набираси, Шоҳрух ўғли Улуғбек мирзонинг укаси. Мозандарон, Астробод ва Журжон ҳокими, кейинчалик отасининг вазири бўлган. Бойсунғур мирзо ғоят маърифатпарвар шоҳ бўлиб, Ҳиротда ниҳоятда бой китобхона ташкил қилган. У котиб, мусаввир, наққош, саҳҳоф, заргар усталарни йиғиб, уларга ҳомийлик қилган. Бойсунғур мирзо ташаббуси ва иштирокида Ҳиротдаги олим ва китобат санъати намоёндалари Фирдавсий «Шоҳнома»сининг 40 та қўлёзмалари асосида мукаммал матн тузганлар, уни жуда гўзал насталиқ хатида кўчириб, нафис миниатюралар билан безаганлар. Бойсунғур мирзо унга муфассал сўз боши ҳам ёзган. Мўътабар ва нодир қўлёзма Теҳрондаги «Коҳи Гулистон» музейи фондида Алишер Навоийнинг табаррук дасхати билан («Наводир ун-ниҳоя»матни) бир ерда сақланади. ↑ Қушчилик – ов қиладиган қушларга қаровчи шахс. Ўрта асрларда саройда қушчилик лавозими ҳам бўлган, қушчилар нуфузли шахс ҳисобланганлар. ↑ Сулаймон – Тавротга кўра шоҳ, Қуръони мажидда эса, пайғамбар дейилган. Сулаймон пайғамбар ҳақида жуда кўп ривоят ва қиссалар мавжуд. Уларда Сулаймон ақлу идрокли, тадбиркор бўлган. Унинг сеҳрли узуги бўлиб, ана шу узук (хотам) воситасида ҳаммани ўзига мутиъ қила билган. Унинг тахтини гўё шамол кўтариб юрган. У Сабо маликаси Билқисга уйланган. Сулаймон қушлар, инсу жинлар тилини билар экан. Қуръоннинг 44-сурасида Сулаймон ҳақида 11 – 12 оятларда сўз кетади.Алишер Навоий «Насойим ул-муҳаббат»да Сулаймон бинни Довуд алайҳимус-салом сарлавҳаси остида муфассал фиқра беради ва унинг кароматларини баён этади.Бу ерда Навоий Саййид Ҳасан отасининг кўп ҳунарлар эгаси эканлигини Сулаймон пайғамбарга ўхшатмоқда. ↑ Сарф ва наҳв – а: грамматикага оид илмлар номи; наҳв – синтаксисни англатган. ↑ Арабият – араб тили ва адабиёти. ↑ Мантиқ – илмнинг номи; логика. ↑ Калом – Эътиқод илми; Қуръони мажидга оид билимлар; ↑ Фиқҳ – диннинг йўл-йўриқлари, қоидалари ҳақидаги ҳуқуқ илми; ↑ Ҳадис – Муҳаммад пайғамбар (а.с.)нинг сўзлари, айтганлари.«Ҳадис» ва «суннат» сўзлари муҳаддислар ўртасида бир маънода қўлланилиб, пайғамбарнинг айтган сўзлари, феъл атворлари, тақдирлари ва пайғамбарликка қадар бўлган ҳамда пайғамбарлик йилларидаги сийратларини, яъни ҳаёт йўлларини англатади. (Ҳадис, 1991 й. 3-бет). ↑ Тафсир – а.: бирор нарсанинг атрофлича, очиқ ва аниқ баён қилиш. Бу ислом илмларидан бўлиб, диний тушунча, атамаларни тушунтириб беришга оиддир. ↑ Муаммо – а.: яширинган, беркитилган демакдир. Муаммо шарқ шеъриятида кичик лирик жанр турларидан биридир. Мисраъ, бир-икки байтда (баъзан жумла, ибора ёҳуд бир сўз ҳам бўлиши мумкин) исм ёки бирор сўз яширинган бўлади. Муаммо матнида эса, унга мураккаб имо-ишоралар бўлади. Муаммони махсус қоидаларга асосан (унга рамз, имо, киноя, ўхшатиш, сўз ўйини) араб алифбосидаги ҳарфлар нуқталарини алмаштириш, сўзларнинг бошқа тиллардаги синонимларини топиш, тескари айлантириш ёки «абжад» ҳисоби (ҳарфларнинг рақам маънолари) ва ҳ. к. йўллар билан топиб олиб, ечиш керак бўлади. Муаммо тузиш, уни ечиш қоидаларига бағишланган махсус рисолалар яратилган. Айниқса XV асрда муаммо кенг тарқалган. Жомий ва Навоий ҳам муаммо ҳақида асарлар ёзганлар. ↑ Таърих – содир бўлган бирор воқеани англатади. Шарқ шеъриятида бу кичик лирик жанр бўлиб, ана шу воқеаларни назмда (баъзан насрда ҳам) ҳарфлар воситасида берилади. Бунда ҳар бир ҳарфнинг рақам маъноси, айрим сўз ёки ҳарфларни чиқариб ташлаш ёки қўшиш йўли билан таърих моддаси берилади. Шундай таърих шеърлар ҳам борки, улардан биринчи байт ҳарфлари йиғиндисидан шеър бағишланган шахснинг туғилган йили, иккинчисидан унинг вафоти йили чиқарилади. Масалан, Навоий вафотига соҳиб Доронинг марсия – таърих шундайдир. ↑ Адвор – даврнинг кўплиги, мусиқа назариясига оид илм. ↑ Сипохийлиқ – амалдорлик, ҳукумат хизматида бўлиш, ҳарбий юриш ёки машваратларда қатнашиш бундай хизмат доирасига кирган. ↑ Султон Иброҳим мирзо – Шоҳрух мирзонинг набираси. ↑ Ҳофиз Шерозий – (Аллоҳ сиррини муқаддас қилсин) Шамсуддин Муҳаммад (1321, Шероз – 1390 ўша шаҳар)буюк форс шоири. Қуръонни ёд билгани ва яхши тиловат қилгани учун «Ҳофиз» номи билан шуҳрат қозонган ва уни тахаллус ҳам қилиб олган. Ҳофиз ҳам ишқи ҳақиқий, ҳам ишқи мажозин ҳақида ёниб ёзган шоирдир. Ғазал жанрини юксак бадиий савияга кўтарган Ҳофиз девони унинг вафотидан сўнг тузилган. Алишер Навоий Ҳофиз шеъриятини ғоят қадрлаган ва ўзининг форсий девонида унга кўплаб ёзган жавоб ва татаббуълари келтирилгандир. «Насойим ул-муҳаббат»да Навоий ҳофиз шеъриятининг хусусиятлари ҳақида шундай ёзади: «Алфоз латифлиғи ва таркиб покизалиғи ва адо салосати ва латофати ва маъни ғариблиғи чошнисида худ аларни таъриф қилмоқ ҳаёт сўйин жонбахшлиққа таъриф қилгандек бўлғай». ↑ Саъдий Шерозий – (Унга Аллоҳиннг раҳмати бўлсин) Муслиҳуддин Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибни Мушрифуддин (1203, Шероз – 1292, ўша шаҳар) форс шоири, адиби ва мутафаккири. Дастлабки таҳсилни Шерозда олади ва Эрон мўғуллари томонидан забт этилгач, Бағдодга бориб, «Низомия» ва «Мустансирия» мадрасаларида ўқийди. У ерда араб тили ва адабиёти, Қуръони карим, Ҳадиси шариф ва тасаввуфни ўрганади. Саъдий Шарқ мамлакатлари бўйлаб 20 йил сафар қилади. Сафарда у асосан воизлик қилади, ваъзларида ахлоқу адаб, ҳикмат, ҳаётий масалалар юзасидан мароқли ҳикоятлар келтиради. Саъдий «Гулистон» (наср ва шеърда), «Бўстон» (назм), лирик шеърлар – девон муаллифидир.Алишер Навоий «Девони Фоний» даги ғазалларининг маълум қисмини Саъдий ғазалларига татаббуъ тарзида ёзган. «Насойим ул-муҳаббат»да Саъдийнинг шеъриятини Навоий қуйидагича таърифлайди: «Ғазалгўй акобир ва шуаро оллида мундоқ муқаррардурким, ғазал тавриға Шайх мухтариъдурлар (ихтироъчи), жонсўхталар ва ишқибозларға ва дилафрўхталарға ва жонгудозларға филвоқеъ ғариб ҳаққе собит қилибдурлар». ↑ «Бўстон» – Шайх Саъдийнинг назмда 1257 йилда ёзилган асари, қарайб 1000 байтдан иборат. Дамашқда тугалланган бу асарни Саъдий ҳукмрон Абубакр ибни Саъди Заний (1226 – 60) га тақдим этган. «Бўстон» 10 боб ва дебочадан иборат. Унда муаллиф мадрасаларда ўрганган илмлари, сафарларда тўпланган ҳаётий тажрибалари асосида одоб, ахлоқ, расм-русум, ҳикматларни қаламга олади. «Бўстон» «Саъдийнома» деб ҳам шуҳрат қозонган.Асарда ўша давр учун долзарб бўлган сиёсий ва ижтимоий масалалар ҳам баён этилади ва ҳар масалага ҳикоят келтирилади. «Бўстон» ширин тил, содда услубда яратилган. Шунинг учун ҳам бу асар қадимдан дарсликлардан ўрин олиб келади. ↑ Фаридуддин Аттор – (Аллоҳ сиррини муқаддас қилсин). Фаридуддин Абухолид Муҳаммад ибни Абубакр Иброҳим Нишо-пурий (1148 – 51/1219 – 21) – тасаввуф адабиётининг йирик намояндаси, номи Муҳаммад, куняси (Абу, ибн, умм, бинт каби сўзлар билан бошланган лақаб) Абуҳамид, Фаридуддин лақаби, «Аттор» тахаллуси унинг касби коридан олинган. Аттор қаламига «Мантиқ ут-тайр», «Асрорнома», «Мусибатнома», «Илоҳийнома», «Хусравнома», «Мухторнома», «Тазкират ул-авлиё» асарлари мансуб. ↑ «Мантиқ ут-тайр» – (Қушлар суҳбати) Фаридудднн Атторнинг асари, тасаввуфнинг асосин ғояларидан ваҳдати вужудга бағишланган. Аттор вужуди мутлоқ билан мавжудотларнинг ягоналигини мажозий тарзда Симурғ ва қушлар оламн тимсолида тасвир қилади. Ҳақиқатни топиб, ваҳдатга етишув учун чиққан қушлар талаб, ишқ, маърифат, истиғно, тавҳид, ҳайрат ва фақру фано водийларидан ўтиши зарур бўладн. Охирда 30 қуш – симурғ қолади. Достондаги Шайх Санъон қиссаси ирфоний ишқнинг гўзал баёнидир.Алишер Навоий Атторнинг бу асарини ёшлигида мутолаа қилиб, ёд ҳам олган эди. Умрининг охирида бу асарга жавобан «Лисон ут-тайр» достонини ёзади. Навоий эътирофига кўра уни Аттор асарининг таржимаси йўсинида яратган. ↑ «Кимиён саодат» – машҳур мутафаккир Муҳаммад Ғаззолийнинг 1094 – 1107 йилларда ёзган асари. Унда диний, фалсафий, тасаввуфий масалалардан ўзни, ҳақни, дунё маърифати ва охират маърифатини таниш юзасидан фикр билдирилади. Шунингдек, ижтимоий-ахлоқий масалалар ҳам қаламга олинадн. Адолат тартиби, раият ҳақ-ҳуқуқини муҳофаза қилиш, зулм ва золимликни қоралаш шулар жумласидандир. ↑ Азиз Насафий – (Аллоҳ сиррини муқаддас қилсин) ибни Муҳаммад (тахм. 1240 Насаф – тахм. 1300 Эрон, Абркуҳ) тасаввуф мутафаккири, шоир. Илк таҳсилни она юртида олгач Бухорога боради ва у ерда илм ўрганади. 1273 й. Азиз Насафий Эронга, Исфахон ва Шерозга сафар қилади ва Абркўҳ деган жойда муқим бўлиб қолади. Олимнинг «Мақсад ул-ақсо» (Узоқ мақсад), «Танзил ул-арвоҳ» (Арвоҳнинг тушиши), «Кашф ул-ҳақойиқ» (Ҳақиқат кашфи), «Манзил ус-сайирин» (Сайр қилувчиларнинг манзиллари) ва бошқа асарларида тасаввуфнинг турли-туман масалаларидан баҳс юритилади. Чунончи, у ишқ, фано, бақо, зикр, ҳақиқат, маърифат каби тасаввуфнинг ахлоққа оид масалаларини ҳам қаламга олади. Олимнинг асарлари авомбоп услубда, содда тилда яратилганлиги учун халқ орасида кенг тарқалган. ↑ Ринд – бу сўзнинг луғавий маъноси Шариат қоидаларини жоҳиллик юзасидан эмас, онгли суръатда, зийракликдан инкор қилувчи одамни англатади. У барча олам давлату шукуҳларини рад этади, ўзини озод тутади, май ичади, ҳур фикр бўлади. ↑ мо-амкана – имкон борича, демакдир. ↑ Ўша даврдаги таниқли шайх ва дарвешлар. Улар нақшбандия бузургларидан бўлиб, Саъдуддин Кошғарий яқинлари ҳисобланганлар. ↑ Жибиллий – а.: туғма, табиий демакдир. ↑ Улуфа – а.: амалдорларга давлат томонидан белгиланган маош ва озиқ-овқат. ↑ Подшоҳи ҳақиқий – Оллоҳ назарда тутилади. ↑ Шамсуддин Муҳаммад, Табодгоний – машҳур шайхлардан. Алишер Навоий ўзининг «Насойим ул-муҳаббат» асарида унинг фазилатлари ҳақида ёзади ва асарларини санаб ўтади. «Асмоуллоҳ» (Оллоҳнинг исмлари), «Тазкират ул-ҳабиб» (Дўстнинг тазкираси) ва «Васоё» (Васиятлар), «Арбаъин» (қирқ), «Қасидаи Бурда»га мухаммас, Ансорийнинг «Манозил уссоирин»ига шарҳ ва бошқалар. Алишер Навоий ўзига нисбатан Муҳаммад Табодгонийнинг алоҳида илтифоти бўлганини эътироф этади. ↑ а.: Унинг азиз руҳини Аллоҳ муқаддас айласин. ↑ Ал-Ҳавофий – Шайх Зайнуддин Абубакр ал-Хавофий. Зоҳирий ва ботиний билимларни мукаммал билган шайхлардан. Вафоти – 838/1434 – 1435. ↑ Арбаъин чиқармоқ – тоат-ибодат қилиб, чилла ўтирмоқ демакдир. ↑ Ал-ҳукму лиллоҳ – Оллоҳнинг ҳукми билан. ↑ Ғуфрон – кечирим, шафқат. ↑ Султон Абдусаид мирзо – темурийлардан. 1451 – 58 йилларда Мовароуннаҳр ҳокими. 1458 – 69 йилларда эса темурийлар давлатининг олий ҳукмдори. У ўзидан аввалги шоҳ Абулқосим Бобурга ва унга яқинларга нисбатан ғоят қаттиқ қўл ва зулмкор эди. Навоий ва унинг тоғалари Мир Саид Кобулий ва Муҳаммад Али Ғарибийлар Ҳусайн Бойқаро хатти-ҳаракатлари ва интилишларини қўллаб-қувватлаганлари учун уларга совуқ муносабатда бўлган. Абусаид илм ва санъат аҳлига ҳам анчайин лоқайд қараган. Алишер Навоийга бу ҳукмрон билан муносабатини яхшилашдан кўра Ҳиротни тарк этиш маъқул туюлган ва у Самарқандга кетган эди. Шоирнинг Абусаиддан норозилик туйғулари унинг «Саййид Ҳасанга шеърий мактуб» («Ҳасби ҳол», «Маснавий» деб ҳам юритилади)да ўз аксини топган. Бу асарда Навоий ўзининг Ҳиротдан Самарқандга кетишини беихтиёр қилинган сафар, деб эътироф этади. Бобур эса «билмон не жарима била Султон Абусаид Мирзо Ҳиридин ихрож қилди», деб маълумот беради. Абусаид 1469 й.да Эроннинг Ғарбий қисмларини ўзига буйсундириш мақсадида юриш қилиб, Озарбойжонда қатл этилгандан сўнг Ҳирот тахтини Ҳусайн Бойқаро эгаллайди ва Алишер Навоий янги ҳукмроннинг таклифи билан пайтахтга қайтади. ↑ Ғаризий ҳарорати – инсон ва ҳайвонларда нафас олишдан пайдо бўладиган ички ҳаракатни билдиради. ↑ Хожа Носируддин Убайдуллоҳ – Хожа Аҳрор Валий номи билан машҳур бўлган нақшбандия таълимотининг машҳур намояндаларидан. Самарқандда таълим олган, 1428 йилда Ҳиротга бориб, Чағониёнда Яъқуб Чархий билан учрашиб, уни ўзига руҳоний пир қилиб танлаган. 1431 – 32 й. ларда Тошкентда яшаган. Хожа Аҳрор сиймоси ва фаолиятига қараш тарихшунослигимизда ўта салбий бўлиб келган ва уни Улуғбек қатлига фатво берган ғоят мутассиб дин арбоби дея талқин этиб келинган эди. Ҳозир бундай қараш ўзгариб бормоқда ва Хожа Аҳрорнинг маърифатли шахс бўлгани ва ўз тасарруфидаги катта бойликдан эл-юрт, мамлакат эҳтиёжларига сарфлаб тургани ишончли манбалар асосида баён этилмоқда. Шарқшунос олим А. Н. Болдирев ўзининг охирги илмий тадқиқоти («Яна бир бор Хожа Аҳрор масаласига доир»)да Хожа Аҳрорга салбий қараш ҳамма мавжуд манбалар (маноқиблар, мактублар ва унинг ўз асарлари)даги маълумотларни объектив тарзда ҳисобга олинмагани ва тарихни шароитдан узиб қаралгани сабаб юзага келганини биринчи бўлиб исботлаб берди. (Қаранг: Хожа Аҳрор ҳақида. Тошкент, 1997. Русчадан Суйима Ғаниева таржимаси.). ↑ Қутб – а.: ҳар бир нарсанинг ўртасидан ўтган ўқнинг икки учини англатади. Мажозий маънода ҳар бир жамоа ёки гуруҳнинг моддий ё маънавий бошлиғи, пешвоси, йўл кўрсатувчиси. ↑ Саккиз юз тўқсон тўрт йил ҳижрий – 1488/89 йил. ↑ «Азизлар ҳазираси» – а.: атрофи иҳоталанган жой. Бу ерда қабристондаги хилхонанинг номи: ↑ Тарж: Фонийлик етакчиси Саййид Ҳасан кетди. Уйинг мангу жаннат бўлгай! У покиза зот вафотига таърих қидирдилар. Мен «пок жаннат макони бўлғай!» деб таърих туширдим. Аслида «жаннати покаш макон бод» жумласи таърих моддаси бўлиб, абжад ҳисобида 894/1488 – 89 йил чиқади. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62484 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 58307 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40527 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36752 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23375 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23215 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 22338 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19610 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18699 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14513 |