Алвидо, гўзаллик... (ҳикоя) [Abduqayum Yoʻldosh] |
Саксонинчи йилларнинг охирлари эди. Саҳро охир-оқибат барибир яна саҳрога айланади, деган гапда ҳақиқат унсурлари бор шекилли, кейинги йилларда чўлнинг қоқ киндигига жойлашган қишлоғимиздан файз кетди. Бу нарса аввало ҳосилдорлик пасайиб кетганида кўринди. Кейин эса гуркираб ўсиб турган дарахтлар аста-секин сўла бошлади. Кексалар сизот сувининг ер сатҳига кўтарила бошлаганини айтишди. Дар-ҳақиқат, айниқса куз пайтлари ер усти худди туз сепиб чиқилгандай оқариб қоларди. Xуллас, ер шўрламоқда эди. Овулимиз уч-тўрт йил ичида анча ҳувиллаб қолди. Сармояси борлар шаҳарга кўчиб кетишди, эплаганлар эса яна тоғдаги асл қишлоғимизга. Уйлар нархи ҳам бирдан арзон бўлиб қолди. Шу зайлда тирикчилигимиз аста-секин, анчайин зерикарли тарзда ўтиб бормоқда эди. Мен тезроқ мактабни битиришни ва бирон институтга киришни, ишқилиб, бир амаллаб қишлоқдан чиқиб кетишни орзу қилиб юрардим. Овулимизнинг аксарият эркаклари ичишни яхши кўришар, шу сабаблими тўйлар жанжалсиз ўтмасди; аёллари эса кун бўйи мол-ҳол ташвиши билан банд эдилар. Кечқурунлари, телевизорда бирон бачкана, узундан узоқ сериал бўлиб қолсагина кўпчилик дастурхон атрофида ўтириб, шуни томоша қилишарди. Мана шундай икки томчи сув янглиғ бир хил ўтиб бораётган кунларимиздан бирида овулимизда яқинда армиядан қайтган Муслим ака уйланди. Тўйда одатдагидек молдай тўйиб ичиб олган эркаклар жанжал қилишди, аёллар уй-уйларига нарса ташишди. Муслим аканинг ушоқдайгина онаси, биз ҳаммамиз Марварид момо деб чақирадиган кампир болаларга бир белбоғ парварда сочқи қилди. Сўнг, бунга қаноат ҳосил қилмади шекилли, ичкаридан уч-тўртта катта-катта бўлак нов-вот қанд олиб чиқиб улашди. Болаларга худо бериб қолди. Ишқилиб, тўй ўтди. Авжи ёз, далада иш қайнаган пайт эди. Биз пахта ичидан бери келмасдик ҳисоб. Ана шунда аввал далада ишлаётган чопиқчилар орасида, ундан аввалроқ эса овулда Марварид момонинг янги туширган келини беҳад сулувлиги хусусида гап-сўзлар ўрмалаб қолди. Ҳатто жўшиб кетган Омон тракторчи «Эй, аммо-лекин бир қошиқ сув билан ютиб юборса бўларкан-да», дебди. Бу мақтовга келинчакни кўриб келганларнинг ҳайрати қўшилди. Ҳатто айтишларича, баъзи одамлар ишгаям тўғри йўл қолиб, Марварид момонинг уйи ёнидан ўтиб қайтадиган бўлишибди. Бола-бақра-ку, бу ҳовлидан бери келмасмиш ҳисоб. Лоф ҳам эви билан-да, деб юравердик. Аммо тез орада бу келинчакнинг гўзаллигию тили ширинлиги хусусидаги эътирофлар шу қадар кўпайиб кетдики, биз ҳам беихтиёр бу ерда бир гап бор деган хулосага келдик. Ахир, шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирлармиди. Чўл шамолида роса қорайган, лаблари, қўллари тарам-тарам ёрилиб кетган, фақат кўз оқигина йилтираб кўриниб турган қишлоқ аёллари янги келинчакнинг ҳусни ҳақидаги шивир-шивирларга ғайирлик билан қарашар, баъзи шарттакилари эса «Бу нозик ойимча биз билан бир ҳафта кетмон кўтариб ишласин, ана ундан кейин кўрамиз аҳволини» дейишарди. Аёллар башорат қилишган экан. Тўйдан кейин орадан икки ҳафта ўтар-ўтмас Муслим ака хотинини чопиққа чиқарди. Шунда биз кўрдик, дарҳақиқат, келинчак жуда чиройли эди. Исмиям жисмига монанд: Ойсулув. Атлас кўйлак-лозим кийган, ялтираб турган сочи тақимини ўпадиган, оппоқ юзли, киприклари узун-узун, жисми нозиккина бу аёлни болалар негадир «Кумуш чеча» деб чақиришарди. Ўзиям кинодаги Кумушга жуда ўхшаб кетарди-да... Ойсулув янга ерга қараганча ийманиб турарди. Шунда Муслим ака залворли кетмонни хотинига тутқазди ва атай қаттиқ овозда деди: - Шу кетмон энди сеники, кампир. Эл қатори ишла, элдан қолма. Иложи бўлса ишга эрта келиб, кеч қайт. Кетмон чиндан ҳам оғир эди. Ойсулув янга ердан бошини кўтармасдан кетмонни оларкан биз унинг янада нозик, озғин ва оппоқ қўлларини кўрдик ва беихтиёр «ув-в» деб юбордик: бу қўллар кетмон учун яратилмаганди. Муслим ака бир қадам олдинга чиқди ва қўлларини белига тираганча хотинига дағдаға қилди: - Бу ер сенинг тоғдаги қишлоғинг эмас, эй, пахта қўй эмас, қирда юриб ўзидан ўзи ўсавермайди. Қийинчиликка чидаб ишласанг ишлаганинг, бўлмаса ўзингдан кўр, эй... Шу йўл билан хотин зотини менсимаслигини ҳамманинг кўз олдида исботлаган Муслим ака гердайиб шийпон томон йўл олди. Ойсулув янга ҳадиксираб кетмонни қўлига олди, сўнг биз томонга жовдираб қаради. Биз индамай ишга киришдик. Э, худо-йим, табиат Ойсулув янгани бунчалар нозик қилиб яратган экан-а! Бамисоли кетмон кўтарса бас, бутун вужуди шувиллаб тўкилиб кетадигандай. Ойсулув янга кетмонни уқувсизлик билан ушлаганча бизнинг қаторимизга кирди. Ҳа, кетмонни ҳам билган чопсин экан. Янгада на куч бор эди, на маҳорат: кетмонни бегона ўтга тўғри мўлжаллаб уролмас, бунинг устига зарбаси жуда кучсиз эди. Ҳалидан буён янгани ғайирлик билан кўз қирларини ташлаб келинчакни кузатиб турган қишлоқ аёллари пичинг гап қилишга ўтиб кетишди: - Опамлар бир умр қўлларини совуқ сувга урмаган шекилли... Чўлга бориб, кенг уйнинг келинчаги бўли-иб ўтираман деб ўйлаган-да... Кетмон чопиш нон е-еб ўтириш эмас... Мен шу томонга қарадим ва Ойсулув янга хижолатдан қизариб-бўзариб, бўғриққанча кучаниб кетмонни кўтараётганини кўрдим. Яна бир қараганимда янганинг кўзларига жиқ-жиқ ёш тўлган эди... Одатдаги ишимизга киришиб кетдик. Ногаҳон янга қаттиқ инграб юборганини эшитдим. Ялт этиб қарадим. Ойсулув янга оёғини чопиб олган эди. Бу қандай содир бўлган, тасаввур этолмадим, аммо янга оёғини чопиб олгани рост эди. Афтидан янга сал каттароқ бегона ўт - шўрани бир оёғи билан босиб туриб, сўнг кетмон урган шекилли. Xайриятки, зарба кучсиз бўлган. Озгина қон чиқди, холос. Янга нон тугиб келган белбоғни олиб, оёғини маҳкам боғлади. Сўнг оқсоқлана-оқсоқлана ишини давом эттирди. Мен нимадир баҳона қилиб янгага яқин келдим ва у кишидан келаётган нафис бўйдан бошим айланиб кетди. Қаердан эшитгани номаълум, бир пайт кўзлари қонталаш Муслим ака ўшшайиб келиб қолди ва узоқдан туриб хотинига қараб бақирди: - Кўзингга қараб ишласанг ўласанми, эй... Шу билан ўз бурчимни адо этдим деб ўйлади шекилли, Муслим ака яна шийпонга, ичишни давом эттиришга кетди. Бундай разм солсам букчайиб, кичкинагина жувонга айланиб қолган Ойсулув янга пиқ-пиқ йиғлаяпти ва кўз ёшларини бировга кўрсатмаслик учун бўлса керак зўр бериб кетмон чопаяпти. Ҳали айтганимдай, далада шароит оғир, ичимлик суви йўқ эди. Шу сабабли биз ўзимизча «лоток» деб атайдиган бетон ариқдан оқадиган бўтана сувдан ичишга мажбур эдик. Мана шундай сувдан бориб ичдик. Анча орқада қолиб кетган Ойсулув янгага қизиб кетган алюминий идишда бироз сув олиб келдик. Кўзлари қизариб, қабоқлари шишиб кетган янга идишдаги бўтана сувга қараб ҳайрон бўлиб қолди. Буни кўрган чопиқчи аёллардан бири шанғиллади: - Арпа емас отлар ҳам ажриқларга зор бўлар. Биз бундан ҳам баттарини ичганмиз, келин, индамай олавер. Бу ер сенинг тоғинг эмас муздайгина тоза сув оқиб турадиган. Борига шукр қил. Узр оҳангида айбдорона жилмайган Ойсулув янга мисдай қизиб кетган идишни қўлига олиб сувга бир муддат тикилиб турди ва мана шундай айбдорона табассум билан қайтариб берди: - Раҳмат... Орадан кунлар ўтди. Шабнамдай тоза, нафис, бениҳоя гўзал Ойсулув янга бизнинг шароитга ўрганолмай қийналарди. Айниқса аёлларнинг шанғи овозда бир-бирларини менсимай гаплашишлари, ҳатто беҳаё сўзларни бемалол айтиб ташлашларини кўриб каловланар, бундай маҳаллари киприк қоқмай аёлларга қараб қолар, аммо миқ этиб оғиз очмасди. Ўз навбатида чопиқчи аёллар Ойсулув янганинг камсуқумлигидан, журъацизлидиган баттар асабийлашишар ва уни гап билан чимдиб-чимдиб олиб хумордан чиқишарди. Ў, ўзим неча марта кўрганман Ойсулув янганинг чекка-чеккага ўтиб юм-юм йиғлаб олганларини. Янга йиғларди-ю, лекин овозини чиқармасди. Менинг назаримда, буларнинг бари бир тараф эди-ю, эрининг қўпол муомаласи бир тараф эди Ойсулув янгага. Дарҳақиқат, Муслим ака айниқса бизнинг олдимизда хотинига қўпол гапирар, бўлар-бўлмас нарсаларга жеркиб бераверар, ишқилиб, ўзининг оилада хўжайин эканлигини эслатиб қўйишга интиларди. Бир марта, ишдан кейин сабил қолгур бир боғ шамак кўтариб кетиш ёдидан чиққани учун Муслим ака ҳамманинг олдида сўкканида Ойсулув янганинг дарахт ортига яшириниб олганча «енажон...» деб изиллаганини эшитганман. Ойсулув янга сулув аёл эди ва менинг фикримча ёш боладай содда ҳам эди. Ҳар замонда янга уфққа тикилганча мунис жилмайган кўйи нималарнидир ўйлаб қолар, афтидан, ўз қишлоғини, ўз яқинларини эсларди. Аммо сал кейинроқ тасодифан билиб қолдикки, янга деганимиз шиғир-пиғир ҳам ёзаркан. Ҳатто бир куни ишга қаттиқ нонга қўшиб шунақа нарсалар битилган қалингина дафтаринию бир-иккита раён газетасини кўтариб келибди. Бир мақтангиси келгандир-да шўрликнинг. Буни аёллардан бирига айтибди ҳам. Бу гап бир зумда ҳаммага ошкор бўлди-қолди. Ана шундан кейин янгага ёвқараш кучайди. Машқлар тўла дафтар эса бирданига негадир «хотира дафтари» номини олди. - Xотира дафтарини ким ёзарди, бировни деган, эридан кўнгли йўқ хотин ёзади-да, айланай... - Кап-катта хотин хотира дафтари ёзгунча уйида сигири очликдан ўлаётганини ўйласа бўлармиди... - Энди ёзиб гўр бўлармиди, ундан кўра кетмон чопишни ўргансин... - Бир Муслимбойдан сўраб кўрайлик-чи, янги келинчак кечаси дафтар тўлдиришдан бошқа бирон иш ҳам қилармикан... Булар айтилган гапларнинг мингдан бири эди-ёв чамаси. Ахийри бўлмади - уят ва номусдан юзи ловиллаб ёнаётган Ойсулув хотинларнинг унсиз маъқуллови ва эҳтимолки талаби остида «хотира дафтари» ва газеталарни тушлик маҳали омонат чайлада ўтирган маҳалимиз қумғон тагига тутантириқ излаётган ошпаз опага бериб юборди... Аммо янганинг жуда қийналаётгани, эзилаётгани чин эди. Мен буни янганинг тобора сўлиб бораётганидан фаҳмлардим. Чўл саратони қуёши аёвсиз эди. Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас Ойсулув янганинг юз-қўллари қорайиб кетди, лаблари пўрсиллаб ёрилди. Бир куни у киши ишга қўлига суриш учун вазелин олиб келган экан, аёллар кула-кула ўлишди, янгани «нозикойим» деб аташди. Қип-қизариб кетган Ойсулув янга вазелин идишини отиб юбориб қутулди. Қўполлигидан ташқари, Муслим ака ичкилик деса ўзини томдан ташлайдиганлардан эди. У деярли ҳар куни кечга бориб қип-қизил маст бўлиб олар ва оғзидан боди кириб, шоди чиқарди. Бундай пайтлари Ойсулув янга баттар эзилар, ишқилиб тезроқ бу ердан кетишга, одамларнинг кўзига кўринмасликка уриниб қолар, аммо бундай пайтлари ҳақоратлар халтаси янада катта очиладиган Муслим ака уни қўйиб юбормас, ҳамманинг олдида шармандаи шармисор қилганча сўккани сўккан эди. Шу орада мен шаҳарга, имтиҳонларни топширишга кетдим. Бахтим чопиб, институтга кирдим. Жой топиш, ўқиш ташвишлари билан бўлиб қишлоққа қайтиб келолмадим. Орадан бир йилга яқин вақт ўтди. Июн ойининг ўрталарида овулга келдим. Уй томон бурилганимда кўчамиз бошида тележкада олиб келинган тцистернада сув тарқатилаётганини кўрдим. Xотин-халаж бақир-чақир қилиб челакларига сув олмоқда эди. Навбат талашаётганлар ёнидан ўтиб борарканман, шанғиллаб бир-бирларини аёвсиз қарғаётганлар орасида бир овоз менга жуда-жуда таниш эшитилди. Беихтиёр тўхтадим ва эътиборни жалб қилмаслик учун энгашиб туфлимнинг боғичини ечиб боғлай бошладим. Ҳа, янглишишим мумкин эмас эди - бу Ойсулув янга эди. Бироқ бу сўзлар... Мен гаранг бўлиб қолдим. - ...Ҳа, оғзингдан қонинг келсин, Нури, очиритингга қарасанг ўласанми?! Менинг боламам уйда чирқираб ётибди-ку! Ў сенинг боланг бола, меники итнинг боласими?.. Ҳали отаси ётибди бошини кўтаролмай... Мен донг қотиб қолдим ва шу тарафга қарадим. Пақирларини, пластмасса идишларини тцистерна қувуридан оқаётган сувга биринчи бўлиб қўйишга уриниб бир-бирларини сур-сур қилаётган аёллар тўпи ичида турган бир қоп-қорагина, доғ босган мушт-дай юзини ажин тўрлатган, сочлари тўзиб кетган, эски халат кийган жувон бақирмоқда эди. Дарвоқе, аёлларнинг ҳаммаси бақир-чақир қилишар, аммо мен фақат шу жувоннинг сўзларини эшитардим. Зеро, бу ўша, бир йилгина муқаддам гўзаллиги ва маъсумалиги билан бизни ҳайратларга сол-ган Ойсулув янга эди... Мен чеккароққа, қуриб қолган дарахт ёнига ўтдим. Ахийри уруш-жанжаллар билан икки пақир сувини олган Ойсулув янга даврани бир амаллаб ёриб чиқди ва уйи томон кета бошлади. Бу букчайиб қолган, оёғига йиртиқ калиш кийиб олган жувон наҳотки ўша, болалар «Кумуш чеча» деб чақириб юрган Ойсулув янга бўлса?.. Уйга қандай етиб борганимни билмайман. Наҳот, наҳот тирикчилик, бир бурда нон ташвишлари шундай сулув жувонни бир йил ичида кампирга айлантирган бўлса. Қани мен кўрган Ойсулув янганинг сулувлиги, ибоси? Қани мен Ойсулув янганинг кўзларида кўрган ўт? Бугун, икки пақир шўр сув учун жонини жабборга бериб талашаётган, шу сувни олгани учун ўзини бахтиёр сезаётган Ойсулув янгани ким, кимлар бу кўйга солди... Наҳот, наҳот энди бир инсоннинг умри шу билан ўтиб кеца... Шу оқшом ухлай олмадим... |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62655 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 59741 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40590 |
4 | Guliston [Sa’diy] 37026 |
5 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 23774 |
6 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23611 |
7 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23356 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19832 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18915 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14638 |