Зумрад (ҳикоя) [Said Ahmad] |
Азизанинг бу ерга келганига энди бир ҳафта бўлди. У йўлга чиқаётганида, ўзим ҳам бир дам олиб келарман, деб ўйлаган эди. Дам олиш қаёқда, вақтида овқат ейишга ҳам қўл тегмайди. Бунда икки юздан ортиқ бола дам олади. Бири чўмилиб шамолласа, бошқаси парманчак тераман деб оёқ-қўлини тимдалатиб келади. Буларнинг ҳаммаси врачга ташвиш. Айниқса футбол деган нарсага болаларнинг ўчлигини айтмайсизми. Ишқилиб, кунига ё тирсаги, ё тиззаси шилиниб кетишига қарамай, тўп тепишгани тепишган. Болалар-ку, майлига-я, кунига сават-сават нарса ташиб, узоқ-яқиндан келадиган ота-оналарнинг хархашасини айтмайсизми! Азиза овқат олиб келган ота-оналарни лагер ичига киритилмаслик масаласида бошлиқ билан бир неча марта уришиб ҳам олди. — Бунақада болалар дам олиш у ёқда қолиб, қайтага касал орттириб кетишади-ку. Унинг бу гапига бошлиқ елка қисиб, чорасизлигини билдирди. — Қандоқ қиламиз, энг камида саксон километр йўл босиб келса-ю, боласини кўролмай кетса, яхшимас-да, доктор. Албатта, бошлиқнинг гапида ҳам жон бор. Аммо Азиза уларнинг дардга чалиниб қолиш хавфидан безовта. Мана, эшик олдида велосипед рулига сават илган ўрта яшар бир киши ҳансираб турибди. Азиза уни лагер ичига киритмади. Ҳозир деразадан унга қараб тураркан, бирдан раҳми келди. Бечора саксон километрли тоғ йўлидан велосипедда келибди. Яна шунча йўл босиб қайтиб кетиши керак. Терга ботиб кетибди. Унинг аҳволини кўриб чидаб туролмади. Олдига чиқди: — Нима қилардингиз, ахир бола сизни кўриб уйига кетгиси келади. Бу овқатларни ҳам чакки олиб келибсиз. У хижолат чеккандек жавдираб қаради. — Энди синглим, шу биттагина боламиз... Онаси йиғлаб эси кетяпти. Мен-ку чидаяпман... Азизанинг ҳам боласи биргина. Борди-ю, у ҳам олисда бўлса қай аҳволга тушаркин, эҳтимол, бундан ҳам узоқ йўлни пиёда босиб келармиди. Бирдан Азизанинг кўнгли юмшаб, жилмайди. — Майли, битта шарт, опкелган овқатларни бермайсиз. Ўзи билан бемалол тўйиб гаплаша қолинг. Азиза уни бошлаб ичкарига олиб кирди-да, болани чақириб келиш учун одам юборди. Ичкаридан болаларнинг қий-чуви эшитилиб турибди. Трусичан қора-қура болалар у ёқдан-бу ёққа бир-бирини қувлашиб юришипти. Танасига оҳак суртилган дарахтлар орасидан чодирлар, фанердан қирқиб ишланган фил, туя, шерлар кўриниб турибди. Кўзлари қисиққина қизча худди эшик тагида бояги кишининг тиззасига ўтириб олиб нималардир деб жавраяпти. Дадаси унга қараб яйраб илжаяди. Унинг башараси худди эриб кетаётганга ўхшайди. Сертомир қўллари билан қизчанинг сочини силайди, тинмай пешонасидан ўпади. Азиза унга қараб ўтириб жуда завқланиб кетди. Деразага бағрини бериб, ундан кўз узолмай қолди. Дадаси қизга икки плитка шоколад берди. Қиз докторхона томонга бир қараб олди-да, шошиб рўмолчасига ўраб, орқасига беркитди. Азиза унинг қилиғидан илжайиб қўйди. Эшик тақиллади. Азиза то ўгирилиб қарагунча, эшик очилиб, ўттиз беш ёшлардаги бир жувон кирди. — Доктор, мумкинми? — Аёл қимтиниб унга яқин-лашди. — Нима гап, тинчликми? — Тинчлик, ўғлим икки-уч кундан бери бот-бот иситмалаб қўяди. Нималигини билолмаяпман. Бир кўриб қўйинг, барака топкур. Азиза бу жувонни шу атрофда яшайдиганлардан эканини дарров билди. — Амбулаторияга бормадингизми? Ахир мен лагердаги болаларга қарайман. Жувон бир муддат индамай туриб қолди-да, ялинган оҳангда деди: — Ўзингиз кўриб қўя қолинг. Уйимиз унча узоқ эмас. Амбулаторияга бориш қийин, ўн икки километр юриш керак. Азиза ноилож қолди, кийиниб, у билан бошлашиб ташқарига чиқди. Бояги киши ҳамон қизчасининг бошини силаб ўтирар эди. — Доктор, келаси гал ойисини олиб келсам, майлими, — деди у Азизага ўгирилиб. Азиза кулиб бош ирғаб қўйди. ... Жувон олдинда сўқмоқдан йўл бошлаб борарди. Азиза унинг орқасидан қараб бораркан, бу жувонни қайда кўрганман, деб ўйларди. Сўқмоқ юқорига кўтарила бошлади. Жувон оёқ изи тушавериб текисланиб кетган каттакон харсангга чиқиб Азизага қўл узатди. Шунда Азиза унинг икки қоши орасидаги жуда ҳам келишган чизиққа кўзи тушди. Энди таниди. Бу бир вақтлар ўз рақслари билан томошабинларни мафтун қилган Зумрад эди. Нима бўлди? Бу томонларда у нима қилиб юрибди? Ўша даврдаги қиёфасидан икки қошининг орасидаги чиройли чизиғу кулганда ёйилиб кетадиган ўнг бетидаги кулдиргичи қолипти, холос. Ростдан ўшамикин? Жувон уни қўлидан тортиб, олдинга ўтказиб олди. — Йўқ, йўқ, мен кетингизда юраман. Қоматингиз жуда чиройли экан, тамоша қилиб кетаман. Жувон хандон ташлаб кулиб юборди. Унинг оппоқ садафдек тишлари юзларини яшнатиб юборди. Бўлди. Бу ўша Зумраднинг ўзи. Азизанинг кўзига бундан беш йиллар олдин Зумраднинг телевизордаги ўйини кўриниб кетди. Ўша ўйин унинг охирги ўйини бўлса керак. Шундан кейин Зумрад бутунлай кўринмай кетганди. Ўша пайтларда Азиза мединститутни эндигина битириб, аспирантура ҳаракатида эди. У аспирантурага кира олмади. Бекорга икки ой умри ўтиб кетди. Министрликнинг тақсимотидан ҳам тушиб қолди. Унинг устига, Ҳакимжоннинг кимлиги маълум бўлди. Икки йил қалбида эъзозланган муҳаббат ҳислари уни алдади. Ҳакимжон у билан ҳамкурс, келишган, қора қош, қора кўз йигит эди. Бир-бирларини яхши кўришарди. Институтни битириб, тўй қилишмоқчи эди. Дипломлар қўлга теккандан кейин Ҳакимжон бутунлай бошқа одам бўлди қўйди. Қўлида врачлик дипломи бўла туриб, эски касбини қилиб, аллақайси поликлиникага тиш техниги бўлиб жойлашиб олди. Азиза кўп ўйларди. Ўйлаган сари Ҳакимжон ундан нари кетарди. У эртанги кунини кўз олдига келтиришга уринарди. Аммо эртаси Ҳакимжонсиз бўлиб кўринарди. Нималар бўляпти, деб ўзидан сўраёлмасди Азиза. Аммо шу хаёллар орасида Ҳакимжоннинг қоп-қора кўзлари бир ялт этарди-ю, унинг қалбини бир дам ёритиб, бутун вужудига ҳоким бўлиб оларди. Азиза ўйлади, ўйлади, бу ўйларнинг охири шу бўлдики, қанчалик қийин бўлмасин, уни юракдан сидириб ташлаш керак, деган хулосага келди. Ҳакимжон энди у билан жуда бепарво гаплашар, ҳиссиз, ҳаяжонсиз, ўлик гаплар билан унинг вақтини оларди. Шундай учрашувларнинг бирида Азиза унга энди учрашмайлик, йўлимиз бошқа-бошқага ўхшайди, деди. Бу гап Ҳакимжонга унча малол келмади. Гўё бу гапни у кўпдан кутаётгандек: — Ихтиёр ўзингда, аммо билиб қўй, бир кун пушаймон бўлиб юрма, — деди. Азиза унинг юзига тик қаради: — Ҳеч қачон! Ана шундан кейин ораларида ҳеч нарса қолмади. Тўрт ойдан кейин унинг уйланганини эшитган Азиза бир сескангандек бўлди. Шу пайтгача юрагининг бир четида Ҳакимжон ўчаётган чўғдек гоҳ йилт этиб, гоҳ сўниб турарди. Энди бу чўғнинг юзини бутунлай кул босгандек бўлди. Аммо бирон баҳона бўлиб биринчи муҳаббат эсига келганда, Азиза бекор кетган ҳисларига ачинарди-ю, Ҳакимжоннинг кўзлари оловдек чақнаб, вужудининг бир четини жиз этиб куйдириб қўярди. У кунлар ўтиб кетди. Азиза чинакам муҳаббатини топган, шу муҳаббат ҳислари билан энди у бахтиёр эди. Зумраднинг садаф тишлари Азизани бир нафас бўлса ҳам болалик кўчаларига судрагандек бўлди. Тепаликка чиққунча Азиза чарчаб қолди. Икковлари кўкатга ўтиришди. У жувоннинг атрофини ажин ўрай бошлаган кўзларидан кўзини узмасди. Қандай чиройли қиз эди-я. Ҳусн ҳам шунчалик тез тугарканми? Бир вақтлар ҳусни, санъати билан ҳаммани лол қилган қиз қандайдир аянч бир аҳволда Азизанинг қаршисида ўтирарди. Унинг эгнида ранги ўчиб, гуллари билиб бўлмайдиган ҳолга келган крепдешин кўйлак, оёғида аллақачон модадан қолган қора туфли, бошида дуррача. Қандоқ кийинарди-я! Студентлар ётоғидаги қизлар фақат унинг кийимларини гапиришарди, газетадан андаза қирқиб, жўн матолардан уникига ўхшаган кўйлак тикишарди. Жувон ўрнидан турди. Ғириллаб эсаётган шабада кўйлакларини тортқилаб, этакларини белига ўраб ташлади. Ҳали ҳам унинг қомати ўшандай нозик, аллақандай ёшлик тароватини уфуриб турарди. Йўлга тушишди. Пастликлардаги арчазор орасидан дам олиш уйларининг корпуслари, баланд чўққиларда эриган шамдек осилиб қолган қор уюмлари кўриниб турарди. Пастда асфалт тасмасидан югурган қизил, кўк автобуслар болаларнинг ўйинчоғидек бўлиб кўзга ташланарди. Улар сўқмоқдан ошиб, кенггина йўлга чиқиб олишди. Сал ўтмай, тоғ қишлоғининг ободгина гузари кўринди. — Етдик, — деди у. — Ҳу, анови қайроғочнинг таги бизники. Гузарда бир-икки магазин, чойхона, автобус стантсияси, сартарошхона бор эди. — Шошманг, — деди Азиза тўхтаб. — Сиздан бир нарсани сўрамоқчи эдим, сиз Зумрадхон эмасмисиз? У бош ирғаб қўйди. Аммо бу савол кўнглига оғирроқ ботдими, ё бирор кўнгилсиз воқеани эслатиб қўйдими, жадал юриб олдинга ўтиб олди-да унга қарамай деди: — Ҳа, ўша Зумрадман. Мана, келдик. Унинг овозида қандайдир аламли титраш бор эди. Бир тавақали эшикдан кенггина ҳовлига киришди. Уй билан айвон пойдевори тоғ қишлоқларига хос харсангдан кўтарилган бўлиб, деворнинг нариги томонига қараб ўсган кекса тутнинг илдизлари очилиб ётарди. Азиза томирини сел ювиб кетган бўлса керак, деб ўйлади. Тандирга ўт қалаётган кампир тутаётган косовининг учини ариққа тиқиб, четга ташлади-да, уларнинг истиқболига чиқди. — Келдингизми, айланай. Эркинжон энди ухлади. Айвондаги кичкинагина пашшахонада бола ухларди. Азиза пашшахонанинг четини кўтариб, боланинг пешонасини ушлаб кўрди: сал иситмаси бор. Боланинг юз тузилишлари, қоп-қора қошлари унинг кўксига найзадек санчилгандек бўлди. Ким бу? Бу кимнинг боласи? Зумрад тут тагидаги салқин супага жой қилиб бўлган эди. Азиза ҳардамхаёл билан супага келди. У Зумраднинг қандайдир маҳзун қиёфасига тикилар экан, ҳаяжо-нини яширолмади. — Менга қаранг, бу ерларда нима қилиб юрибсиз. Ахир сиз пойтахт йигитларининг орзуси эдингиз. Нима бўлди? Зумрад кўзларини бир нуқтага тикиб туриб қолди. Киприклари орасида нимадир милт-милт қилиб турарди. У кўзини яширди-да, дуррачасининг учи билан артиб олди. Зўр билан илжайди. — Пешона экан. Тақдир ўйини кимларни сарсон қилмаган. Кампир тандирдан узилган бир сават нонни супа четига қўйиб кетди. Зумрад чўғ ушлагандек чаққонлик билан тўртта кулчани дастурхонга олиб қўйди. — Айтинг. Зумрад, нима бўлди? — дея яна саволини такрорлади Азиза. Чой устида Зумрад бошидан ўтганларини гапириб берди: — Ҳамма бало битта озиқ тишим оғришидан бошланган. Индонезиядан келган меҳмонларга контсерт беришимиз керак эди. Ўша куни эрталаб турсам, тишим зирқираб оғрияпти. Бир кун аввал паркда мороженое еган эдим. Оғриқ зўрайганидан зўрайиб, бир ёқ юзим-пиёладек шишиб чиқипти. Нима қилишимни билмайман. Поликлиникага қараб чопдим. Ёшгина, келишгангина тиш доктори жағимни очиб қараб, шиш пайтида суғуриб бўлмайди, деб дори суриб қўйди. Оғриқ азобида уйимга кетяпману, докторнинг қоп-қора қошлари хаёлимдан кетмайди. Кечқурун бўладиган контсерт ҳам кўзимга кўринмай, кўрпага бурканиб ётиб олдим. Ҳали ҳам докторнинг қош-кўзи шундоққина кўриниб турибди. Яна олдига бордим. Яна дори кўйиб, яна эртага келинг, деди. Ҳозир эсимда йўқ, тишимни суғургандан олдинми паркка бордик. Шу-шу бўлди-ю, ҳар куни учрашадиган бўлиб қолдик. У ҳар контсертимизга келарди. Олдинги қаторга ўтириб, менинг чиқишимни кутарди. Мен ўшанда фақат унга ўйнаб бераётгандек бутун кучимни, санъатимни сарф қилиб ўйнардим. Тамошадан кейин бирга кетардик. Уйимгача кузатиб қўярди. Бир куни саҳнада ўйнаб турибману, залдан уни қидираман. Йўқ. Келмапти. Бунақа одати йўқ эди-ку, деб ташвиш қиламан. Қандай қилиб ўйинни тамом қилганимни билмадим. Саҳна орқасидан чиқиб келаётсам, чиройликкина бир қиз рўмолга ўралиб турибди. Тўхтадим. Қиз ботинқирамай олдимга келди-да, титрок товушда деди: — Бахтимга ғов бўлманг. Ҳакимжон акамни мен севаман. Аввалига ҳеч нарса тушунмадим. Кейин бирдан баданим музлаб қолгандек бўлди. Ўша куни уйга қандоқ етиб борганимни билмайман. Эртанги контсертда биринчи рақсни жуда ҳам ёмон ўйнадим. Бир-икки одам иримига чапак чалгандек бўлди. Бир маҳал қарасам, иккинчи қаторнинг четроғида Ҳакимжон ўтирибди. Билмадим, қаердан куч пайдо бўлди. Бир ўйнаб кетдим. Чапак устига чапак. Тўрт марта ўйнатишди. Чиқиб кетаётганимда Ҳакимжон йўлимни тўсди. Индамай ўтиб кетавердим. Бир нима дейишга тилим йўқ. Уни ҳам ҳайдагим, ҳам чақиргим келади. Ўзимни қўлга олиб, энди учрашмайлик, сизни бошқа одам севаркан, дедим. Ҳакимжон хандон ташлаб кулади. Ҳадеб, вой тентак қиз-э, вой аҳмоқ қиз-э, деб ҳиринглайверди. Ана шундан кейин турмуш қурдик. Бошида яхши яшадик. Кейин мени театрга юбормай қўйди, чидадим. Уни жо-нимдан ҳам яхши кўрардим. Нима деса тайёр эдим. У кўп ишлар, кўп пул топарди. Бир бола кўрдим. Эрим ҳар ёз шу Осмасойда дўкон очади. Атрофда дам олиш уйлари кўп бўлганидан тиш олдириб, тиш солдирадиганларнинг кети узилмайди. Тиш солдириш баҳонаси билан бир жувонга илакишиб қолди. Ҳар кеча дўконда қолиб унинг тишини ковлайди. Ахири, у билан кетди. Битта болам билан йўл пойлаб ўтирибман. Ким билади, бировнинг бахтига чанг солганим учун такдир мени жазолаяптими? Ёлғизлик жонимга тегди. Мен муҳаббатга ўзимни қурбон қилмоқчи эдим. Йўқ, бўлмади. Қарс икки қўлдан чиқар экан. Энди яна театрга қайтмоқчиман... Бола уйғониб, онасини чақирди. Зумрад шошиб зинадан тушди-ю, айвонга қараб чопди. Чопаётганида сочларининг тўлқин уриши бирам чиройли, бирам ўзига ярашиқли. Азиза пиёладаги чойни дастурхонга қўйиб, унинг кетидан борди. Бола кўзини очган. Зумрад тепасида меҳр билан унга қараб турарди. Азиза боланинг кўзини кўрди. Ҳа, ўша Ҳакимжоннинг кўзлари. — Ана, доктор опанг дори берадилар, тузалиб кетасан, қўзим. Азиза боланинг томоғига чой қошиқнинг орқасини тиқиб, танглайини қаради, кўз милкларини очиб кўрди. — Ташвиш қилманг, шамоллапти. Дори ёзиб бераман, тузалиб қолади. — Эртадан кечгача чўмилгани чўмилган. Биласиз-ку, тоғдан муздек қор суви келади, унга чўмилиб бўладими... Зумрад Азизани гузаргача кузатиб чиқди. Кеч кириб, қуёш чўққидан ҳатлаб ўтиб, энди ён бағирларда гунафша ранг соялар қолганди. Азиза сокин тоғ сўқмоғидан кетаркан ўйларди. Ўйларди-ю, ўйи чувалиб, уни олисларга судраб кетарди. У ёшлигини, биринчи муҳаббатини ўйлаганда, эслаганда ҳамиша ўша дилга маҳкам ўрнашиб олган муҳаббат ҳислари бағрига чақирарди. Ҳакимжоннинг оловдек ёниб турган кўзлари бир дам кўксини бошқатдан куйдириб ўтарди. Шу бир оний хотира уни энтиктирарди. Энди-чи? Азиза бағрига чақираётган биринчи муҳаббат билан ҳозир юзма-юз турибди. У кўзларда энди ўт йўқ, улар шармсизлик ойнаси, йўқ, йўқ, нурсиз бир шиша синиғи бўлиб кўриняпти унга. Агар Азиза ўшанда муҳаббатнинг алдамчи ҳисларига берилганда, ўз иродасини қўлига ололмаганда, у ана шу алданган аёлдан ҳам аввал қурбон бўларди. Азиза шуни эслади-ю, бирдан сесканиб кетди. Қадами тезлашди. Зумрад-чи? Бир вақтлар саҳнада юлдуз бўлиб порлаган бу санъаткор энди ожиз бир аёлга айланибди. У шу аҳволда қолармикин? Чинакам зумрад порлаши керак. Сонсиз прожекторларнинг нурида у ҳали кўп ихлос-мандларнинг кўзини ўйнатиши керак. Чинакам зумрад бўлиб жилваланиши керак. Азиза шундай хаёллар билан битта-битта босиб кетаркан, пастда, асфалтга чиқаверишдаги ёлғизоёқ йўлда велосипед миниб кетаётган кишини кўрмасди. У киши ҳали паст-баланд тоғ йўлидан шу аҳволда аллақанча йўл босиши керак. Қуёш бутунлай ботиб кетди. Осмону фалакда сузиб юрган кўрпадек увада булутгина қип-қизил чўғ бўлиб ёнарди. 1965 |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62381 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57573 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40476 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36522 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23273 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23157 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21549 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19502 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18631 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14451 |