Биринчи қор (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov]

Биринчи қор (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov]
Биринчи қор (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov]
Ҳабиб одатига кўра эрта турди. Деразанинг табақаларини очганда палатага гупиллаб қор ҳиди урилди. Қор ёғяпти! – Биринчи қор! Оппоқ…
У ҳар куни тонгда югуради. Чиниқиш керак.
Ҳабиб спорт кийимини кийиб, ташқарига отилди. Ҳовлига чиқаверишда мудраб ўтирган қоровул чол унга ҳайрон бўлиб тикилди:
— Ўғлим, бугун қор ёғяпти-ку.
— Ота, бир айланиб келмасам кўнглим тинчимайди.
Қоровул чол ўзи шунақа. Ҳабиб ҳар сафар эрталаб чиқаётганда бир баҳонани айтиб туради. Бир «совуқ» деса, иккинчи гал «ёмғир ёғяпти», дейди. Ҳабиб ҳар сафар шу тахлит жавоб қайтариб, ўтиб кетаверади. Чол унга қараб қолаверади: «Ғалати йигит!»
Ҳабиб югуриши керак. Соғлигига фойдали. Аммо қор кўп ёғипти. Совқотиб қолмасмикан? Ҳечқиси йўқ, бир айланса, қизийди.
Қор ёғарди. Биринчи қор!
Ҳабиб секингина югуриб кетди. Қор майин-майин. Семент йўлка бўйлаб эмас, худди момиқ кўрпа бўйлаб югураётгандай. Қор бетларига, сочларига урилади. Мулойим-мулойим, гўё суйган қизи эркалаётгандай. Ҳабибнинг завқи келди. Қўлларини ёзиб, осмонга қаради. Оғзини каппа-каппа очиб, қор доначаларини юта бошлади. Баданида роҳатли жунжикиш сезди-да, яна югуриб кетди. Қандай яхши! Биринчи қор бўйлаб ҳали ҳеч ким юрмапти. У ортига қаради: қорда фақат унинг излари яхлит-яхлит бўлиб қолган.
Гулсара нима қилаётган экан? Ўрнидан турдимикан? Биринчи қорни кўрдимикан?
…Ўшанда ҳам қор ёққанди. Студентчилик. Йигитлик қони кўпирган пайт. Ҳабиб бир тўда ўртоқлари билан кўчада дилозорлик қилиб, тўғри келган қизга қор отиб, иложи бўлса, тўхтатиб, юзига ишқаётгандилар. Ҳабиб отган қор ногоҳ йўлка четида бораётган қизнинг елкасига тегди. Қиз тўхтаб, қорни қоқди, ўгирилиб, ўзига ишшайиб турган аллақандай йигитни кўрди-да, ҳеч нарса бўлмагандай, йўлида давом этди. Бу Ҳабибга таъсир қилди. Қорни думалоқлаганча югуриб, қизга етди. Елкасидан тутиб, юзига ишқалади. Воажаб! Қиз на қаршилик кўрсатди, на ҳимояланиб эгилди. Юзидаги қорни осоййишта артиб, Ҳабибга бамайлихотир қараб турарди. Бу кўзлар: «Бўлдими, ё яна бошқа ҳунарларинг ҳам борми?», деб сўрарди.
Қаршилик кўрсатса бўлмасмиди? Дод-вой қилиб қочса бўлмасмиди? Бу қандай бедодлик? Йигит ва қиз. – Ҳабиб ва Гулсара! Бир-бирига тикили-иб туришарди. Ҳабиб қизнинг чинқиришини, хурсанд бўлиб ўзини ҳимоя қилишини, ҳеч бўлмаганда иккита нордон гап айтишини кутганди. Агар шундай қилса, ердан яна қор олиб, ўхшатиб, юзига ишқамоқчи эди. Бунинг гашти бошқача-да. Кўчада кетаётган қизларнинг кўпчилиги шунақа қилишади. Чинқиришади. Узоқроққа боргандан кейин хурсанд бўлиб, мушт ўқталишади. Аммо бу қиз…
Қизнинг юзига яна қор чаплаш учун кўтарилган қўл аста-секин ёнига осилди. Мушти ёзилиб, кафтидаги қор ерга тушди. Лол бўлиб, қизнинг кўзларига тикилди. Ҳайҳот! Бу кўзларда нима бор? Йигитнинг юрагига бир нима қаттиқ урилгандай, вужуди қизиб кетди. Қўллари қалтирай бошлади. Нималардир демоқчи эди, овози чиқмади. Томоқларигача қалтирарди. Илжаймоқчи бўлди, аммо уддалай олмади. Юзи худди йиғламоқчи бўлаётган киши ҳолатини акс эттирди. Қиз эса ҳамон осойишта тикиларди. Йигит кўзларини олиб қочди. Ий-е! Ҳабиб бунчалар бўшанг эмасди-ку. Унга нима бўлди?
Йигитдан садо чиқмагандан кейин қиз аста ёнидан ўтиб, йўлида давом этди. Ҳабиб ортидан қараб қолди. У ҳозир бирон бир жўяли тадбир ўйлаб топишга ноқодир эди…
Ҳабиб касалхона атрофини бир марта айланиб чиқди. Одати бўйича яна икки марта айланиши керак. Сочлари оппоқ бўлиб қолибди.
… Ўшанда Ҳабиб бирдан сустлашиб, ўйчан кета бошлади. Югуриб юрган дўстларидан бири унга қор отди. Қор қулоғининг тагига тегиб, баданини ачиштирди, аммо Ҳабиб қорни ҳеч қандай ҳис-ҳаяжонсиз қоқиб ташлади. Назарида, юраги бирдан бўшаб қолгандай. Илгари ҳам шундай, юўш бўлгану, буни ўзи пайқамагандай. Бўш жойни тўлдириш жуда зарур эди, шекилли.
Ғайритабиий қиз! Кўзлари сокин қиз! Юришлари бамайлихотир қиз! Ким экан у? Яна учратармикан? Йўқ. Учратмади. Тасодиф билан бир дуч келдию, Ҳабибнинг ороми бузилди. Унга нимадир етишмайди.
Орадан бир йил ўтди. Нимагадир Ҳабиб нуқул ўша воқеани, ўша қизни қайта-қайта эслайверди.
Ёппасига рентген кўригидан ўтишаётганда Ҳабибнинг ўпкасида доғ борлиги аниқланди. Ана холос! Соппа-соғ одамга бетинг-кўзинг демай, «ўпка касалсан», деса алам қиларкан. Ҳабибнинг ҳеч ери оғримасди ахир! Бари бир врачлар қўйишмади: касаллик энди бошланаётган эмиш. Олди олинса яхши бўлармиш. Касалхонага тушгандан сўнг иккинчи куни унга дори ёзишди. Руҳсиз бир ҳолатда кечки овқат олдидан дори олиш учун ҳамширанинг хонасига кирди. Ўз хаёллари билан бўлиб, узатилган дорини олганча, изига бурилганди…
— Шу ерда ичинг!
Ҳабиб ҳамширанинг овозини эшитди-да, бошини кўтарди. Кўтардию, вужудига нимадир югуриб, қизиб кетди. Қўллари бемажол икки ёнига осилди. Мушти ёзилиб, кафтидаги дорилар полга тушди. Ҳамшира унга синовчан тикилиб турарди. Йигит ва қиз! – Ҳабиб ва Гулсара! Ўша! Юзига қор ишқалаган қиз! Ҳамшира экан-а! Қандай яхши! – Ҳабиб титрарди. Бутун борлиғи титрарди.
— Сизга нима бўлди? – еб сўради қиз. У ҳайрон.
Йигит ўзига келиб, эгилганча, дориларни тера бошлади.
— Ташланг энди. – Қизнинг меҳрибон ва далдали овози эшитилди. – Бошқасини бераман.
Ҳабиб қаддини ростлади. Ҳамшира унга янги дори тутди. Олаётиб, кафти кафтига тегиб кетди. Бирдан… бирдан Ҳабибнинг юрагидаги бўш жой тўлгандай бўлди. Ҳаяжони кучайди. Аммо қиз бепарво. Бир-икки марта ажабланиб қараб қўйгандай бўлди: «Ғалати йигитга ўхшайди. Бунча қизариб-бўзармаса…»
Ҳабиб ҳайрон. Қиз уни танимади. Эътибор бермади. Исми Гулсара экан. Барлос қишлоғида яшаркан. Кечки навбатчиликка ҳар уч кунда бир келаркан.
Ҳабиб энди ҳар сафар интизорлик билан Гулсаранинг навбатини кутади. Қиз танимагандан кейин у ҳам ҳеч нарса дея олмади. Алоқалари расмийлигича қолаверди. Қачон у келса, Ҳабиб дори ичишга интиқ. Бир неча дақиқа Гулсарага тикилса, кифоядай туюладию, аммо дорини ичиб чиқиб, ўзидан қониқмай, яна Гулсарани кўргиси келаверади. Қайтиб киришга истиҳола қилади-да, коридорда деворга суяниб тураверади. Тураверади, тураверади… То ҳамшира бир кўринмагунча ҳеч ёққа кетмайди. Агар чиқса, гўё ўзини унга эътибор бермаётгандай кўрсатишга уринадию, бари бир…
Ҳабиб касалхонани иккинчи марта айланиб чиқди. Ҳаракати енгиллашиб, янада тезроқ югурди. Сочлари оппоқ қор. Ким айтади уни сил касал деб? Сил касал шундай югура оладими? Ҳали врачларга соғлигини исботлайди. Шошмай туришсин. Ҳабиб энди анча тез югурса-да, ҳамон бурнидан нафас олишга ҳаракат қиларди. Охирги икки юз қадам қолганда оғзини очди. Нафас олиш жуда осонлашиб, оғриётгандай бўлаётган оёқлари енгил кўча бошлади. Охирги юз қадамни, худди иккинчи нафас йўли очилгандай, жуда тез югуриб ўтди.
Югуришдан кейинги махсус машқларни бажариб бўлганида Ҳабибнинг юзида тер томчилари пайдо бўлганди. Йўлакда бир-иккита одам боряпти. Телпак, палто кийиб олишган. У эса спорт пиджагини ҳам ечиб ташлади. – Жуда иссиқ! Баданини ушлаб кўрди – сув бўлиб кетибди. Юзига, бўйнига, билакларига, кўкрагига қор ишқалади. Қани энди, ҳозир Гулсара ҳам ёнига югуриб келсаю, иккови қорбўрон ўйнашса. У қаршилик кўрсатса. Кулса. Қочса. «Акажон, бошқа керакмас, бўлди, қўйинг!», деб ялинса. Муштоқ ва меҳрибон кўзларини тикса. Ҳабиб ҳам қўлидаги қорни ерга ташлаб, қизга тикилса. Синовчан кўзларига тўйиб-тўйиб боқса. Дори тутган қўлларини узоқ-узоқ ушласа. Унинг ҳарорати бунга ўтса. Бунинг ҳарорати унга ўтса. Баб-баробар ҳаяжондан қалтирашса. Баб-баробар бир-бирига интилишса… Фақат иккови бўлса. Йигит ва қиз! – Ҳабиб ва Гулсара! Севгига ташна юраклар! Улар висолни кутадилар! Ширин дамларни кутадилар! У дамлар келармикан? ..
Гулсара кеча кечқурун навбатчиликка келган эди…
Ҳабиб ўзини қорга ташлади. Кенг пешанасини қорга босиб, бир дам ўйларига ором берди ва!.. Топди! – Ҳабиб қувониб кетди. – Биринчи қорни совға қилади. Севгилисига! – Гулсарага! Ўша дамларни эслатади…
Қўлида бир ҳовуч қор билан ҳамшира хонаси ёнида Ҳабиб пайдо бўлди. Юзи ҳовриққан, намланган, сочидаги қорлар эриб, юзига сизяпти. Юраги гурсиллаб ураётгани кўп югурганидан дейиш мумкин. Аслида висол дамларини кутиб, изтиробга тушаётганидан.
Ана! Эшик ортида у истаган қиз бор. - Гулсара! Мен келдим!
Ҳабиб эшикни тақиллатди. Ичкаридан жавоб эшитилдию, остонада ҳамшира пайдо бўлди. – Гулсаранинг дугонаси, улар бирга навбатчилик қилишади. Ҳамшира йигитнинг бесаранжом ҳаракатларидан кулгиси қистаб, бир юзига, бир қўлидаги қорга тикилди.
— Илтимос, Гулсарани чақириб юборинг.
— Гулсара кетган.
— Кечқурун шу ерда эди-ку!
— Кечқурун шу ерда эди. Тонг азонда кетди, - деди ҳамшира зарда қилиб. – Яна саволлар борми?
Ҳабиб қўлидаги қорни эзғилаганча, изига қайтди. Узун коридор бўйлаб, қордан сирқиган сув томчилари йўл бўйлаб борарди. Худди кимнингдир аламли кўз ёшларидек.
Гулсара уч кейинги навбатчилигига келмади. Бир ҳафтадан кейин ҳам, бир ойдан кейин ҳам…

Гулсара қандайдир бир шофёр йигитга эрга тегиб кетган эмиш…
Mualifning boshqa asaralari
1 Alibek va qirq doʻstining sar... [Abulqosim Mamarasulov] 812
2 Anoyi yoki yechilmagan yettin... [Abulqosim Mamarasulov] 294
3 Arabcha oʻyin (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 381
4 Atlas roʻmolcha (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 336
5 Алибек ва қирқ дўстининг сарг... [Abulqosim Mamarasulov] 380
6 Анойи ёки ечилмаган еттинчи т... [Abulqosim Mamarasulov] 280
7 Арабча ўйин (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 317
8 Атлас рўмолча (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 284
9 Birinchi qor (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 352
10 «Baxitli savet ayalining arza... [Abulqosim Mamarasulov] 283
11 «Бахитли савет аялининг арзас... [Abulqosim Mamarasulov] 308
12 Eslasa arzigulik voqea (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 295
13 Эсласа арзигулик воқеа (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 292
14 Farishta (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 449
15 Фаришта (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 303
16 Hasharchilar (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 268
17 Hayotning bir lahzasi (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 303
18 Ҳашарчилар (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 273
19 Ҳаётнинг бир лаҳзаси (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 292
20 Ismatning qismati (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 280
21 Исматнинг қисмати (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 235
22 Jarima (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 261
23 Жарима (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 208
24 Lola sayli (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 1340
25 Лола сайли (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 232
26 Maslahat (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 593
27 Men seni sevaman, Buvirajab! ... [Abulqosim Mamarasulov] 377
28 Маслаҳат (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 230
29 Мен сени севаман, Бувиражаб! ... [Abulqosim Mamarasulov] 229
30 Oysha xolaning «kuyov»i (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 321
31 Ойша холанинг «куёв»и (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 268
32 Qaroqchilar (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 272
33 Қароқчилар (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 235
34 Sevishganlar (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 970
35 Somonchilar (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 251
36 Suyunchi (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 254
37 Севишганлар (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 339
38 Сомончилар (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 221
39 Суюнчи (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 240
40 Taftish (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 255
41 Telba muhabbat (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 472
42 Telpak (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 227
43 Тафтиш (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 242
44 Телба муҳаббат (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 261
45 Телпак (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 225
46 Uch soʻm pul (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 288
47 Uchinchi yoʻl (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 268
48 Uzumzorda (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 226
49 Узумзорда (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 244
50 Уч сўм пул (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 228
51 Учинчи йўл (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 218
52 Yigit ham yigʻlaydimi? (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 0
53 Yigitlikning koʻchasi (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 244
54 Yoʻlovchi (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 253
55 Йигит ҳам йиғлайдими? (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 0
56 Йигитликнинг кўчаси (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 228
57 Йўловчи (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 189
58 Yaxshi niyat (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 258
59 Yaxshi va yomon odamlar (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 354
60 Яхши ва ёмон одамлар (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 234
61 Яхши ният (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 307
62 Yor-yor (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 348
63 Ёр-ёр (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 230
64 «Zamonamiz qahramonlari» (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 297
65 «Замонамиз қаҳрамонлари» (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 366
Tavsiya qilamiz
.
. .
Яндекс.Метрика