Farzand tarbiyasi | Фарзанд тарбияси

Агар фарзандингиз кўчада хархаша қила бошласа, масалан, юрмайман, кўтаринг, деб туриб олса, буни дарров ўйинга айлантиринг. “Ким анави дарахтгача биринчи бўлиб югуриб боради?” “Ким ўриндиққа охирги бўлиб етиб борса, қари тошбақа бўлади”денг ёки “Чўнтагимда нима бор?” деб сўранг, сўрашдан аввал у ерга бирор ёқимли нарса солиб қўйишни унутманг.
Болангиз йиғлоқи бўлмаслиги учун унинг талабини ўша заҳотиёқ бажаришга ҳаракат қилинг. Масалан, таглигини хўл бўлиши билан алмаштиринг, қорни очиши билан овқат беринг, зерикса, ўйнатинг, уйқуси келса тебратинг. Хуллас, вақт ўтиб у умуман йиғламаслигига ўзингиз ҳам ҳайрон бўла бошлайсиз.
Боланинг йиғиси биз учун белги бўлиб, уни ҳеч ким эътиборсиз қолдирмаслиги керак. Агар болани йиғлатмасликка у туғилган пайтданоқ ўргатсангиз, вақт ўтиб йиғлоқи бола қандай бўларкин деб ўйлай бошлайсиз. Чунки бола фақат эҳтиёжларини билдириш учун йиғлайди.
Агар фарзандингизга бирор ҳикоя ўқиб беришга, ҳайвонот боғига олиб боришга, қўлингизга кўтариб, ўпиб қучоқлашга вақтингиз етмаётган бўлса, ўзингизни ўтга чўққа урманг. Яхшиси уйдаги ишларнинг камроғини ўз елкангизга олинг. Сиз ҳозир энг муҳим иш: фарзанд тарбияси билан бандсиз.
Фарзанд тарбиясида саломатлик жуда катта аҳамиятга эга. У соғлом бўлиши учун туғилган пайтиданоқ турли кимёвий дори воситаларидан узоқроқ сақлашга ҳаракат қилинг. Шифони табиатдан изланг. Масалан, асал жуда кўплаб дардларга шифо!
Фарзандларимиз соғлом бўлишлари учун улар доимий равишда бадантарбия билан шуғулланишлари керак. Бироқ афсуски ҳамма болалар ҳам бундай машқларни хуш кўравермайдилар. Демак, вазиятдан чиқиш учун турли ҳаракатларга бой ўйинлар ўйлаб топамиз.
Фарзандингиз нима ейишни истайди? Ундан сўраб кўрганмисиз? Рўйхат тахминан шундай: музқаймоқ, банан, шоколад, йогурт, печенье, торт. Агар уни бир-икки кун шу тартибда овқатлантирсангиз, эртасига ўзи тўйимлироқ бирор нарса борми деб сўраб қолади.
Яна овқатланишдаги муаммолар ҳақида. Агар фарзандингиз сиз тайёрлаб берган фойдали таомларни ейишдан бош тортаётган бўлса, ўзингиз ҳам бир қанча фойдали маҳсулотларни унча ёқтирмаслигингизни эслаб қўйинг. Масалан, шолғом ва қовоқ, кимдир дудланган балиқ, кимдир лимонни ёқтирмайди. Болаларнинг ҳам танлаш ҳуқуқлари борлигини унунтманг.
Агар фарзандингиз овқат ейишдан бош тортаётган бўлса, уни ҳеч қачон бу таомни истеъмол қилишга мажбурламанг. Тасаввур қилингки, уйингизга келган меҳмонга “Мен бу таомни ёқтирмайман” дейишига қарамасдан, зўрлаб едирмоқчисиз! Яхшиси ўзининг қорни очиб, ўзи таом сўраганда беринг!
“Фарзандим умуман овқат емайди, унинг овқат емаслигидаги инжиқлик билан кураш урушдан ҳам қийинроқ!”. Бу таърифларни ҳаммамиз эшитганмиз. Агар болангиз овқат емаса, демак, уйингизда болалар етишмаяпти. Оилангиз яна 2 ёки 3 болага кўпайса, овқат ейиш бўйича муаммолар туғилмайди.
<< < 24 25 26 27 28 29 30 > >>
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика