Farzand tarbiyasi | Фарзанд тарбияси

Фарзандимизни тарбиялашда энг асосий мақсадимиз уни ўзимизга, бизнинг истакларимизга бўйсундириш эмас, балки унинг ҳам бизнинг фикримизга қўшилишига эришишдир. Бу иккови икки дунё демакдир.
Фарзандингизни ҳаддан зиёд эркалатиб юборманг. Тилингизни чучук қилиб гапирманг! У билан ўзингизни ёш бола каби тутманг!
Болангиз йиқилиб тушса, унинг ёнида ҳаддан зиёд оҳ-воҳ урманг. Аммо йиқилиб тушгани учун уни урушманг ҳам. Бошқа кўчага чиқмайсан, болалар майдончасида ўйнамайсан, деманг. Уни қўллаб- қувватлаб, келаси сафар эҳтиёт бўлиш лозимлигини эслатиб қўйинг.
Боланинг ўта фаоллигини танқид остига олманг. Кийимини кир қилишидан қўрқиб, унга қимирлашга ҳам рухсат бермасликдан йироқда бўлинг! Шунинг учун ҳам унга оддий, қиммат бўлмаган ва табиий уст бош олиб беришга ҳаракат қилинг!
Бекордан бекорга турли таъқиқлар қўйманг! Тўғри, ниманидир таъқиқлаб қўйиш бизнинг ҳаётимизни бир муддатга осойишта қилиши мумкин, аммо у боладаги бирор бир иқтидорни “ўчиради”!
Мумкин эмас: сиз меҳмон ёки меҳмонга келган дугонангиз билан суҳбатлашиб ўтирганда, олдингизга меҳр билан кириб келган болангизга ҳеч қачон: “Кўрмаяпсанми, гаплашяпмиз! Кет!” ёки “Йўқол, ҳозироқ чиқиб кет! Сенга нима дедим?” деб бақира кўрманг! Ўзингизга атрофдан назар солинг! Ахир сиз онасиз!
Сизникига меҳмонга келган дугонангиз билан суҳбатингизни бир неча сонияга бўлиб, фарзандингизга эътибор беришдан эринманг! Ахир дугонангиз сизникига 15 дақиқага эмас, балки бир неча соатга келганку(одатда шундай)! Фарзандингизга эса бир дақиқалик йўлланма кифоя.
Уйга меҳмон келганда фарзандингиз сизни фақат бир неча жиддий сабабга кўра безовта қилиши ёки чақириши мумкинлигини ўргатинг: лампочка тўсатдан портлаб кетса, овқат тагига ола бошласа, сизга кимдир қўнғироқ қилса ва ҳоказо.
Фарзанд тарбиясида “уйга меҳмон келганда” деган мавзу ҳам бўлиши керак. У одатига кўра сизни истаган вақтида чақириши ёки бирор илтимос билан олдингизга кириб қолиши мумкин. Шунинг учун уни уйга меҳмон келганда, ўзини бир оз қўлга олиши, меҳмоннинг кетишини кутиш лозимлигини тушунтиринг.
Фарзандингиздаги сизни хавотирга солиши керак бўлган ва зудлик билан тез ёрдамга мурожаат қилишга сабаб ҳолатлар: бирор-бир аъзосининг лат ейиши ва ундан фойдалана олмаётгани, куйиб қолиши, заҳарланиш, бирор жойини каттароқ кесиб олиши, баданига тошма тошиши.
<< < 27 28 29 30 31 32 33 > >>
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика