Баённома (ҳажвия) [Mixail Zoshchenko] |
Навбатчи милиционер перони сиёҳдонга ботирди-да, деди: – Жим-м, ўртоқлар... бир бошидан гапиринг... ким кимни туртди? – Уни манави туртди, – деди бир кампир, одамлар оралаб стол ёнига келаркан. – Уни ўша туртди... Ҳу-у, шайтони лаъин, – деди. Хола кўрсатган қоп орқалаган киши индамай турар ва тез-тез пишилларди. Унинг ёнида жабрланувчи ва бир нечта гувоҳлар туришарди. Жабрланувчи елка қисганча хижолатли алфозда минғирларди: – Мен нима қипман?.. Ҳеч нима... Гувоҳлар... – Уни ўша туртди, – такрорлади хола. – Туртиб, кейин нима дейди, денг: ҳу-у, иблиснинг модаси деди. Мен трамвайда қарама-қарши ўтиргандим, денг. Смоленское қишлоғига, жиянимникига кетаётиб эдим. – Жим-м... – деди навбатчи, – бирпас сабр қилинг, хола. – Сабр қил, эмиш, – ранжиди хола. – Нега сабр қиларканман-а? Куппа-кундуз куни одамларни туртадиган вақтлар ўтиб кетган. Турта-турта туртилиб бўлдик. – Бирпас жим турсангиз-чи, – деди навбатчи, перони яна сиёҳга ботираркан. – Кимсиз ўзи? – Менми? – сўради хола. – Гувоҳлармиз биз... Жиянимникига кетаётган эдик... Кундуз куни турткилашларига чидаб бўларканми. Қўйиб берсанг, ўлгунича туртган бўлармиди... – Сабр қилинг, хола, – деди милиционер, – сизни туртишмабди-ку... Сизга савол беришади. Ҳозирча бирпас жим турсангиз. – Мени туртишмаган бўлсаям... – Жим-м... Сизни туртишдими? – сўради милиционер жабрланувчидан. – Мени... – деди жабрланувчи. – Xўш, нима қипти... Ҳеч нима. Xўп, туртишибди. Шунга шунчами. Трамвайда бўп туради-ку. Гувоҳларнинг талаби бу – милицияга ўзлари бошлаб келишди. – Авф этинг, пардон, – деди гувоҳлардан бири. – Мен ҳам кўрдим... Бунга йўл қўйиб бўлмайди... Баённома тузиш керак... – Айтяпман-ку, – яна бидирлай кетди хола, – баённома, албатта, баённома тузиш керак... Ўртоқ милиционер эса менга ўқраяди... Нақ марказгача бораман... Куппа-кундуз куни-я, бунга йўл қўйиб бўлмайди... Милиционер учинчи маротаба перони сиёҳга ботирди-да, баённома ёзишга тутинди, фамилия... жинси... собиқ унвонларни сўраб олди. Нав-батчи милиционер узоқ вақт ёзди, ҳарфларни дона-дона қилиб қаторлаштирди. Кейин сўради: – Қаерда бўлди бу воқеа? Қайси жойда? – Трамвайда, – деди хола, – трамвайда. Айтяпман-ку, трамвайда, деб, ўргулай... Смоленск қишлоғига жиянимникига кетаётган эдим... – Жойи, кўчанинг номини айтинг. – Семёновск кўчасидан кетаётгандик... – Уф-ф, – деди милиционер, перони қўяркан. – Семёновск, дедингизми? Бизнинг туман эмас бу. Бу, гражданлар, иккинчи туман. Ўша ёққа боринглар... – Қанақасига? – савол бера кетишди гувоҳлар. – Ёзув-чизув қилиб бўлинган бўлса, нима фарқи бор... – Иккинчи туманга боринглар, дедим-ку. – Агар мени ўлдиришганида-чи? – Қаерда ўлдиришган? – Қаерда бўларди... Семёновск кўчасида-да... – Иккинчи туманга боришингиз керак. – Борамиз ҳам! – фиғони фалакка чиқди холанинг. – Борамиз ҳам. Буни шундай қолдириб бўлмайди... Жабрланувчи қани? Жабрланувчи кўринмасди. У юз берган ғала-ғовурдан фойдаланиб, жуфтакни ростлаб қолганди. Шу вақтгача жим ўтирган қоп кўтарган киши норози оҳангда ғўнғиллади. – Сен-чи, сен, – деди у, холага юзланаркан, – сен нега думингни ликиллатасан? – Ким ликиллатяпти? – нағмасини бошлади хола, саватини яна стол устига қўяркан. – Ким ликиллатяпти, деяпман? – Сен ликиллатяпсан. Шу ғалвани ўзинг бошладинг, иблиснинг модаси... Холанинг важоҳати ўзгарди. – Ўртоқлар, бу нимаси, – деди у, – ҳақорят қиляпти-ку, ахир. – Мана энди мумкин, – деди милиционер, перони тўртинчи бор сиёҳдонга ботирар экан. – Воқеа бизнинг туманда рўй берди. Баённома ёзамизми? – Маъзур тутасиз, – минғирлади хола, – баённома деганингиз нимаси? Ўртоқ милиционер, худо хайрингизни берсин... Нима учун... Биз тинчгина, жим суҳбатлашяпмиз... Хола саватини олди-да, йўлак томон юрди. Гувоҳлар аста-секин тарқалишди. Қоп кўтарганнинг бир ўзи қолди. У зарурат бўлмаса-да, анча вақтгача милиционердан иккинчи туман қаерда эканлигини сўраб-суриштирди, сўнг қўлини силтаб, маъюс пишиллаганча чиқиб кетди. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62428 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57895 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40505 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36642 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23312 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23179 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21833 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19541 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18663 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14485 |