Унутилган шиор (ҳажвия) [Mixail Zoshchenko]

Унутилган шиор (ҳажвия) [Mixail Zoshchenko]
Унутилган шиор (ҳажвия) [Mixail Zoshchenko]
(Таҳририятга хат)
Ҳурматли ўртоқ муҳаррирлар ва муҳтарам ҳарф терувчилар! Аёлларлар учун махсус сон нашр этаётганингиздан газета орқали хабар топиб, менинг камтарона овозимни ҳам қўшиб қўйишингизни сўрайман.
Бир оз сурилинг, муҳтарам ёзувчилар! Менга ҳам кичкинагина жой ажратинг-у, аёллар масаласи ва тенг ҳуқуқлилик хусусида маълумот беришимга ижозат этинг.
Бу қанақаси, ҳурматли ўртоқлар, аёлларнинг тенг ҳуқуқлилиги масаласи нима бўлади? Бу жозибадор шиор наҳотки унутилган бўлса? Дарвоқе, наҳотки ундан ном-нишон қолмаган бўлса?
Яқиндагина, ўн саккизинчи йили, катта завқ-шавқ билан тенглик ҳақидаги бу шиор эълон қилинган эди.
Лекин орадан беш йил ҳам ўтмай, бу шиор унутилди ва томошабин олдида бошқача манзара намоён бўлмоқда. Қандайдир хонимча билан театрга борасанми ёки кинога тушасанми, театр учун ҳам, кино учун ҳам кириш ҳақини тўлаб қўй. Агар хонимча ёшгина сингилчасини етаклаб олса-чи, унда ёш сингилчаси учун ҳам чўнтак кавла. Ёши бир жойга бориб қолган онаси эргашса борми, у киши учун ҳам пул чиқар, яхши яшаяпсан-ку, ахир. Дарвоқе, гарчи онахоннинг кўзи хиралашиб қолган бўлса-ю, ҳатто кўзойнак орқали ҳам ҳеч нимани кўрмаса, унда, демак, пулим кўкка совурилди, дея-вер.
Ёки масалан, хонимча билан трамвайга ўтирдинг, дейлик, чиптачига трамвай учун ҳам ҳақ тўлаб қўй. Бир киши учун пул чиқарсанг борми, нақ балога қоласан ва йиғи-сиғи ҳамда жанжалга рўпара бўласан.
Бу қанақаси, ҳурматли ўртоқ ҳарф терувчилар? Қанақасига бу тенг ҳуқуқлилик бўлсин, ахир? Ўз вақтида қимматли шиор эълон қилинган бўлса-ю, киши нима учун азоб-уқубат чекиши керак?
Яна бир оз сурилинг, ҳурматли ва мўътабар ёзувчилар! Ҳарфларни териш учун сизларни мажбур қилаётганимдан жаҳлингиз чиқмасин, муҳтарам ҳарф терувчилар, сиз, яъни эркаклар учун ҳам қайғурмоқдаман ва ҳаракат қиляпман, мен сизга айцам.
Хулласи калом: ўн саккизинчи йили қимматли шиор эълон қилинган эди, ўн тўққизинчи йилда эса, пайсалга солиб ўтирмай, шу шиорга мос келадиган умр йўлдошини излашга тушдим. Афсуски, бундай соҳибжамолни топа олмадим.
Баъзи хонимчалар шиор устидан шунчаки кулишар ва бундайин шиор уларга керак эмаслигини айтишарди. Бошқалари эса, аксинча, айтишардики, шиор жуда жозибали, лекин, нимасини айтасиз, ишга келадиган бўлсак – пулни чўзиб қўй: кириш ҳақини ҳам тўла, жой ҳам бўшат, обакидандон ҳам олиб бер... Мана сизга шиор!
Икки йил ахтардим ва ниҳоят, топдим.
Яна бир оз сурилинг, ҳурматли ёзувчилар! Фабулани охирига етказишимга ижозат беринг. Йирикроқ ҳарфлар билан теринг, муҳтарам ҳарф терувчилар.
Нима деётгандим, ҳа, топдим. У билан клубда танишдим, ўшанда у оғзидан кўпик сочиб ушбу шиорни ҳимоя қиларди.
Албатта, бу хонимчани чиройли деб бўлмасди, лекин мен унинг ташқи кўринишига эмас, балки ичкарисига разм солардим.
Хонимчанинг ташқи кўриниши эса камтарона эди – сочлари қиртишлаб олинган ва бир лаби озроқ пастга осилиб турар, бу эса унинг юзига маъюслик ифодасини берарди. Бироқ юз териси қизил ва соғ-лом эди.
Ёнига келганимда у оғзидан кўпик сачратиб, эркак киши унинг учун пул сарфлашига ҳеч қачон йўл қўймаслигини айтарди.
– Xоним, бу шунчаки гап, – дейман. – Кема чўка бошлаганида хонимлар олдинга, эркаклар эса чўкаверсин, сувга бўкиб ўлсин, шундай эмасми?
– Йўқ, – дейди, – чўкишми, бирга чўкамиз.
– Унда, – дейман, – келинг, танишайлик.
Танишдик. У билан турли жойларга бордик. Ҳақиқатан ҳам ўзига ҳақ тўлайди ва бошқа хонимлар ҳақида нафратланиб гапиради.
У билан икки ой юрдим – ахийри расман қўлини сўрадим.
– Ижозат этинг, – дейман, – умр йўлдошингиз бўлай. Сиз, – дейман, – ўзингиз учун ишлайсиз, мен – ўзим учун. Сиз кириш ҳақини тўлайсиз, мен ҳам ўзим учун тўлайман. Бу, – дейман, – жуда жозибали ва шиорга ҳам мос келади.
У эса:
– Майли. Фақат барча тўй харажатларини тенг бўламиз, – дейди.
– Марҳамат, – дейман.
Шундай қилиб, уйланиб ҳам олдим, денг.
Яна бир оз сурилинг, муҳтарам ёзувчилар! Сўзимни охирига етказяпман.
Шундай қилиб, мен май ойида уйландим. Июн ойида эса рафиқамни турмушга чиққан аёл сифатида ишдан бўшатишди.
У эса уйга қайтиб, кулади, денг.
– Сиз, – дейди, – менинг эриммисиз, ўзингиз боқасиз.
Унинг ишхонасига учиб бордим, улар эса эшитишни ҳам хоҳлашмайди ва шиор хусусида илжайишдан нарига ўтишмайди.
Ҳурматли муҳаррирлар ва муҳтарам ҳарф терувчилар! Буёғи неча пулдан тушди? Мен нима учун азият чекишим керак? Ва энди қайси гуноҳим учун бу тавия билан яшашим керак?

Қимматли шиор қаёқда қолди? Наҳотки буткул унутилган бўлса?
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика