Номаълум дўст (ҳажвия) [Mixail Zoshchenko] |
Пётр Петрович исмли киши рафиқаси Катерина Василевна билан Малая Охта шаҳрида истиқомат қиларди. Турмуши яхши, бадавлат яшарди. Xўжалик, гардероб, сандиқлар мол-мулк билан лиқ тўла... Унинг иккита самовари бўларди. Дазмолларнинг эса сон-саноғи йўқ – нақ ўн бешта эди ўзиям. Бироқ шунчалик бой-бадавлат бўлишига қарамай, унинг турмуши зерикарли эди. Бойликларидан кўз узмас, рафиқасига тикилганча ҳеч қаёққа жилмасди. Остона ҳатлаб ҳовлига чиқишга қўрқарди. Унинг йўқлигидан фойдаланиб буюмларини ўғирлаб кетишмасин тағин. Бир куни эса Пётр Петрович почтадан хат олди. Махфий хат. Кимдан эканлиги ёзилмаган. Xатда шундай сўзлар ёзилганди: «Эҳ, сен, қари туя. Ёш хотинчанг билан яшаяпсан-у, лекин атро-фингда нималар бўлаётганидан бехабарсан. Xотинчанг эса бир ҳузурталаб билан айланишиб юрибди, тентак. Номаълум дўстинг бўлганим учун сени хабардор қилиб қўйяпман: агар сен, алжиган чол, йигирма тўққизинчи июл, шанба куни кечқурун соат еттида Меҳнаткашлар боғига келсанг, рафиқанг айш-ишратга қандай ўч эканлигини ўз кўзинг билан кўрасан. Кўзингни оч, мияси айниган чол. Чуқур эҳтиром ила, «номаълум дўстинг»». Хатни ўқиб бўлгач, Пётр Петрович серрайиб қолди. Сўнгра нималар бўлганини эслай бошлади. Ёдига тушди: Катерина Василевна иккита мактуб олди, лекин кимданлиги ҳақида лом-мим демади. Умуман олганда, ўзини ғалати тута бошлади: онасиникига серқатнов бўлиб қолди ва майда-чуйда харажатлар учун пул сўрайдиган одат чиқарди. «Ҳа, ярамас! – ўйлади Пётр Петрович. – Қўйнимда илон сақлаб юрган эканман-да... Ҳечқиси йўқ, устимдан кулишларига йўл қўйиб бўпман. Ушлаб оламан-да, абжағини чиқараман – тамом-вассалом». Йигирма тўққизинчи июл, шанба куни Пётр Петрович ўзини касалликка солиб ётди. Диванга чўзилиб, рафиқасини кузата бошлади. У эса ҳеч нарса бўлмагандай уй юмушлари билан банд эди. Бироқ кечқурун ёрилди: – Пётр Петрович, онамникига бормасам бўлмайди. Оғирлашиб қолибди. Ўзи эса юзига оро бериб, шляпани кийдию жўнади-кетди. Пётр Петрович шоша-пиша кийиниб, чап қўлига таёқ олди, оёғига калишини илдию хотинининг изидан тушди. Меҳнаткашлар боғига келди, одамлар таниб қолмасин, деб ёқасини кўтарганча йўлка бўйлаб у ёқдан-бу ёққа юра бошлади. Бирдан фаввора бўйида ўтирган кўйи олисларга тикилаётган рафиқасига кўзи тушди. Сўнг унга яқин келди. – Ҳа, – деди, – ассалому алайкум. Жазманингизни кутяпсизми? Xўш, Катерина Василевна, башарангизни ёрсам ҳам камлик қилар... Хотини кўз ёш қила бошлади. – Пётр Петрович, Пётр Петрович! Бўлмағур хаёлларга борманг. Сизга айтмоқчи эмасдим-у, энди айтмасам бўлмас... – деди хотини. Шундай деб, енгининг ичидан мактуб чиқарди. Хатда Катерина Василевна ҳаёти жар ёқасида турган, ҳалок бўлаётган одамни қутқариши кераклиги ёзилганди. У кимса йигирма тўққизинчи июл, шанба куни Меҳнаткашлар боғига келишимни ўтиниб сўраганди. – Ғалати, – деди у. – Ким ёзипти экан? – Билмасам, – жавоб қилди Катерина Василевна. – Унга ачинганимдан бу ерга келдим. Ким эканлигини билмайман. – Xў-ўш-ш, – деди Пётр Петрович, – келишга келдинг. Келдингми, энди қимирламай шу ерда ўтир. Мен, – деди у, – фаввора ортига беркинаман. Кўрамиз, ўша нусха ким экан. Унинг биқинидан дарча очиб қўяман. Пётр Петрович фаввора ортига беркиниб, кута бошлади. Рафиқаси эса қаршисида – ранги сомондай, зўрға нафас оларди... Орадан бир соат ўтди – ҳеч кимдан дарак йўқ. Яна бир соат ўтди, ҳеч ким йўқ. Шунда Пётр Петрович фаввора ортидан чиқиб келди-да: – Майли, – деди, – пиқилламанг, Катерина Василевна. Бу, ҳойнаҳой, кимнингдир ҳазили бўлса керак. Уйга қайта қолайлик... Шунча юрганимиз етар... Бетайин акангизнинг иши бўлмасин, тағин. Катерина Василевна бошини чайқади. – Йўқ, бунинг тагида жиддий бир гап бор. Нотаниш кимса сиздан қўрққанидан яқин кела олмаган бўлса, ажаб эмас. Пётр Петрович тупурди, хотинининг билагидан тутди, улар йўлга тушдилар. Мана, эр-хотин уйга ҳам етиб келишди. Не кўз билан кўрсинларки, уй эса ағдар-тўнтар бўлиб ётарди. Сандиқ ва жавонлар очилган, дазмоллар ҳар томонга улоқтирилган, самоварлар йўқ – талон-торож. Деворда эса тўғноғичга илинган қуйидаги ёзув осиғлиқ турарди: «Сиз шайтонларни бошқача йўл билан уйдан чиқариб бўлмади. Тухум босгандай ўтирасизлар... Костюмларингнинг бўйи эса, қари туя, менга тўғри келмас экан. Бўй деган ҳам шунчалик беўхшов ва пакана бўладими? Бу ишингга қойил бўлмадим. Рафиқангга эса чуқур таъзим бажо айлаймиз». Эр-хотин ёзувни ўқиб «оҳ-воҳ» қилишди, полга ўтириб, ёш болалардай йиғлай бошлашди. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62427 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57895 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40505 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36642 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23312 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23179 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21832 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19541 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18663 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14485 |