Йўқ, мен раҳбар бўмайман… [Safar Kokilov] |
Ишхонамиз бошлиғи тўсатдан ишдан олинди. Энди эса ишхона ходимлари олдида катта бир муаммо кўндаланг бўлиб турибди. У ҳам бўлса ишхонани қайта оёққа турғизадиган яхши бир раҳбар сайлаб олишимиз керак. Муаммо шундаки, бу раҳбарни биз ўзимизнинг орамиздан танлаб, сайлаб олишимиз керакмиш. Тавба?! Дабдурустдан «Ол, ана, раҳбарингни ўзларинг сайлаб олаверларинг» дейишса-я. Эшитган қулоққа қизиқ туюлади-да. Ҳе-э, илгари бўлармиди. Раҳбарни юқоридан шартта опкелиб тайинлаб кетишарди, тамом-вассалом. У шу соҳа одамими, йўқми, сўраб ўтиришмасди. Ҳатто бир марта ўт ўчирувчиларнинг собиқ бошлиғини Ёзувчилар уюшмасига раис қилиб тайинлашган экан. У пайтларда депутат номзоди ҳам юқоридан тайинланар эди. Одамлар унинг ўзини, юзини кўрмасдан сайлаб юбораверишарди. Ўша йилларда Жума сарсон деган бир деҳқон йигит қўш ҳайдаётиб, эртанги сайловда сайланадиган номзодларнинг (ўзини-ку танимайди) номи эсимдан чиқиб қолмасин деб қўшдаги ҳўкизларини «Бо-ош ола ҳўкизим Баҳузуров, бо-ош қора ҳўкизим Нодиров» деб қайтариб юрган экан. Э-э нимасини айтасиз, у пайтларда раҳбар бўлиб ишлаш осон эди-да. Чунки, юқори ташкилотлардан пайдар-пай йўриқномалар келиб турган ва шунга қараб кенг омма бошқарилаверган. Энди эса... Эҳ-ҳе-э, демократия деган гаплар чиқиб қолди-ю. Бу сўз ўзи грекчами, лотинчами, ишқилиб четдан келган сўз, лекин бутун дунёга урф бўляпти. Биз ҳам четда қолмасдигимиз керак эмиш. Туман раҳбарлари шундай дейишибди. Шундай қилиб, луғавий маъносини тушунмаса ҳам демократия сўзидан «ўзингга бошлиқ сайлаб олавер» деган буйруқни тушунган, кўкрагига эркинлик шамоли теккан уч минг кишилик ишхонамиз ходимлари ҳар куни ишга боряпмиз деб уйдан чиқишади-да, шиплари ўпирилган, деразаларига елим қоғоз ёпиштирилган катта мажлислар залига тўп-тўп бўлиб йиғилишиб мажлис қилишади. Бир ойдан бери аҳвол шу. Тўрдаги баланд супада мажлис баҳонасида таъмирланган стол-стулларда мажлис ўтказувчи ҳайъат аъзолари (уларни ҳам бир ҳафта тортишиб сайлаганмиз) яъни касаба уюшма раиси иккита аъзоси билан, ҳокимликдан бир вакил ва котиба қиз ўтирибди. Пастда эса кенг омма, яъни ишхонанинг барча ходимлари. Кимдир стулда, кимдир ҳовлидан кўтариб кирган скамейкада, хотин-қизлар ва ёш-яланглар эса орқада тик туришибди. Оғи толган ва бели оғриганлар шундоқ полга чордона қуриб ўтириб олишган. Шу яқин атрофда яшайдиган «бизнесмен» кампирлар ҳам ҳар куни мажлис бўлаётганини сезиб қолиб, эшик оғзига гиламчаларини тўшаб устига сақич, писта, сигарет ва бошқа егулик нарсалардан қўйиб сотиб ўтиришибди. Мажлисга кирувчилар залда эрмак қилиш учун улардан кўнглига тортганини савдо қилишади. Маданийроқ кишилар эса қўлтиқларига шахмат, шашка ва «дуррак» ўйнаш учун карта олиб киришади-да мажлисга қулоқ солишиб, уч овора-тўртовора ўйна-аб ўтиришади. Мажлисга ҳамма қатнашиши шарт. Эрталаб ва тушликдан сўнг котиба йўқлама қилади. Кирмаганларга маъмурий чора кўрилади, яъни 20 фоиз иш ҳақидан ушлаб қолинади. Тўғрида! Ишхонанинг ҳаёт-мамоти ҳал бўлай деб турган-да четда туриш хиёнат-да. ?қоридаги раҳбарлар ҳам жуда сабр-тоқатли экан-эй. «Неча кун бўлса ҳам кутамиз, раҳбарларингни ўзларинг сайлаб берасизлар» деб туриб олишганда-э. Ҳар куни ҳокимиятдан бир вакил келади. Бугун ҳокимнинг банк ва бюджет ишлари бўйича муовини келиб ўтирибди. Залнинг олдинги қаторида ўтирганлар ўзларича уч гуруҳга бўлиниб олган. Ҳар гуруҳ раҳбарликка ўз номзодини таклиф қилади. Афсуски, ҳозирча бировиники иккинчисига, иккинчисиники учинчи гуруҳга ёқмаяпти. Тортишгани тортишган. Ҳар гуруҳ ўзиникини маъқуллайди. Туманимиз қоқ ўртасидан оқадиган дарёнинг ўнг қирғоғидагилар гуруҳи ўзларидан Қултоев деганнинг номзодини кўрсатишди. Яхши одам, ишбилармон, бўш вақтларида қўшни республикадан ҳар хил маҳсулотлар опкелиб сотиб «бизнес» қилади деб мақташди. Шунда иккинчи гуруҳ бошлиғи кўкрагига «қаҳрамон она» деган медалу тақиб олган фаррош аёл ирғиб ўрнидан турдида қўлини пахса қилиб шанғиллади: – Нимога энди сизлордан бўлар экан. Ишбилармон бизларда ҳам бор. Мана, бизнинг Шоев раҳбар бўлади. Бизлар Шоевни сайлаймиз... – Ишдан олинган Гадоймирзаев ҳам сизлардан эди-ку. Энди бизлардан ҳам бўлсин-да. Йўқ, Қултоев бўлади, – деди бўш келмай дарёнинг ўнг томонидан бўлган Жонқобилов мўйловини бураб, оёғини тираб. – Йўқ, Шоев бўлади дедикми, Шоев бўлади, – деди чинқириб фаррош аёл. Уларнинг келишмовчилигидан фойдаланган учинчи гуруҳ одамлари отига қамчи босишди. – Ҳой, менга қаранглар, барака топкурлар. Келинглар, бизнинг Бойқуловни сайлаб қўя қолайлик. Аммо-лекин, жа-а уддабурон йигит-да ўзиям. Олти сотих томорқасига ҳар йили кўкат экиб, сотиб, мана миллионер бўлди. Шу раҳбар бўлса, ишхонани гуллатиб юборади-я. Ўзиям жа-а, ҳалигиндақа, деловой йигитлардан, шуни сайлайлик, – деди қора тўн, ола дўппи кийган пакана одам. – Йўқ, йўқ бўмайди, – деб бараварига шовқин солишди биринчи ва иккинчи гуруҳ одамлари. – Ўзи олдинги бошлиқ ишхона атрофига терак эктиравериб ҳамма томонни шира-ҳашоратга бостириб юборди. Буни-ку ўзимиз ҳам яхши биламиз. Кўкатфуруш раҳбар бўлса ишхонанинг иши ҳам бир томонда қолиб, кунимиз кашнич, шивит ўташ билан ўтади. Йўқ, Бойқулов бўмайди. Тортишув шу тарзда давом этмоқда. Кун пешинга яқинлашган. Тўрда ўтирганлар қўли билан оғзини беркитишиб ҳомуза тортишяпти. Пастда эса у ер бу ерда хуррак овози эшитилади. Шифтда сигарет тутуни булутдек осилиб турибди. Ҳокимликдан келган раис «Даракчи»ни учинчи марта ўқиб чиқди... Мен ҳам шу ишхонада 20 йилдан бери ишлайман. Одамлар орасида ўзимга яраша обрўйим бор. Мен ҳам ҳамма қатори камчиликлардан нолийман, ойлик маошни ўз вақтида олсам дейман, лекин ҳеч қачон бировга, айниқса раҳбарларга буни очиқчасига айтмайман. Мендан сўрашмайди ҳам. Шунинг учун ҳаммадан олдин келаман-да, деразага яқинроқ жойга ўтириб уйдан олиб келган бадиий китобимни ўқиб ўтираман. Тортишувга ҳам аралашмайман – бетарафман. Бугун ҳам рус ёзувчиси А.П.Чеховнинг ҳажвий ҳикоялар тўпламини ўқиб ўтирибман. Қизиқ жойига келганда беихтиёр кулиб юбордим. Ёнимда ўтирган одам тўсатдан биқинимга туртди: – Ҳой, Қодиров, нега куласиз-э? Туринг. Ҳалитдан бери сизни минбарга чақиришаяпти, – деди у турткилаб. – Туринг, туринг. – Нега? Нима учун? – ҳовлиқиб сўрадим апил-тапил китобни ёпар эканман. Қўрқа-писа тўрда ўтирганларга қарадим. Мажлисга аралашмай китоб ўқиб ўтирганим ёқмаган шекилли, ҳайъат аъзоларининг бари менга тикилиб турибди. Бундай қарасам, бутун зал аҳлининг кўзи менда. «Оббо, бу ёғи қандоғ бўлди энди?» Беихтиёр ўрнимдан туриб кетдим. Шу пайт олдимдаги қаторда ўтирган Жонқобилов менга қараб тиржайиб, – Қодиров ука, биз ўз гуруҳимиз номидан раҳбарликка сизнинг номингизни кўрсатиб юбордик. Ҳар қалай сиз ўзимиздан. Ишончни оқлайсиз энди, – деса бўладими. – Ним-ма?! Бошим ғувиллаб, кўзим тиниб кетди. Олдимдаги стулни ушлаб қолдим. – Нега мен? Гуноҳим нима? – дедим ғулдираб. Ёнимдагилар кулиб юборишди. – Номзоди кўрсатилмаган битта сиз қолдингиз-да. Қани минбарга чиқинг-э. Бошингизга бахт қуши қўнай деб турибди-ю, бу кишининг анграйганини, – деди ёнимда ўтирган одам мени минбар томон итаргилаб. – Боринг, боринг. Қўрқманг, биз бор. Ҳе, бошқалар ҳам сиз тараф бўлиб турибди... Ё тавба! Тушимми, ўнгимми?! Наҳотки, одам қуригандай мени раҳбар кўтаришса-я. Ёки ҳазиллашаётибдимикан?! Умримда минбарга чиқиб кўрмаганман. Ҳамманинг нигоҳи кузатувида минбарга яқинлашдим. ?рагим дук-дук уряпти, тиззам қалтирайди. Терлаб кетдим. – Қодиров, мана ниҳоят одамларимиз бир фикрга келишгандай бўлди. Сизни ишхонамизга раҳбар этиб сайламоқчимиз. Биз сизни яхши ходим сифатида биламиз... – Ҳайъат раиси ўрнидан туриб пастдагиларга қараб менга таъриф бера кетди. Бировни мақташ ҳам, ёмонлаш ҳам осон эканлигига шу ерда ишондим. Ўҳ-ҳў-ў ўзимнинг ўзим билмаган сифатларимни унинг оғзидан эшитиб роса қойил қолдим-эй. Наҳотки шунча яхши, бебаҳо одам бўлсам-а?! Ич-ичимдан мағрурланиб кетдим. Залга қарашга эса юрагим бетламасди. Кўзим шиифтдан олма теради. Ўз-ўзидан кулгим келадими-эй. Ниҳоят ҳайъат раиси сўзи охирида менга қаради. – Қани, Қодиров ўзингиз ҳам бир нима денг. Агар рози бўлсангиз, ҳозир овозга қўямиз. Бўгандай бўлиб турибсиз. Қани, бўш келманг. Ҳамма сиз томонда... Мен эса сеҳрлангандайман. ?зим ловуллайди танглайим қуриб, тилим айланмай қолган. Кўз қирим билан бир залга, бир ҳайъат аъзоларига қарайман. Ҳокимликдан келган вакил ҳам «даракчи»дан бош кўтариб «Қанақа нарса экан бу ҳаммага маъқул келган одамча» дегандек иенга тикилиб турибди. Зал ҳам сув сепгандай. Бошим қотиб қолди. Ё тавба! Ҳеч кутилмаганда-я. «Мени ҳеч ким назар писанд қилмайди», деб ўзимдан кўнглим қолиб юрган бир пайтда дабдурустдан бунақа ҳурмат-эътиборни қаранг-а энди. Ўпкам тўлим кетди. Йиғлаб юбормай деб лабимни қаттиқ тишлайман. Яна ўйланиб туриб бирдан қўрқиб кетдим. Нима деяпти булар?! Раҳбар бўласан дейдими? Шундай катта ишхонага-я?! Мени чоҳга итаришяптими дейман булар?! Йў-ўқ... Бунақаси кетмайди. Менга нима керак ўзи шу бош оғриқ? Йўқ, йўқ, мен раҳбар бўмайман. «Йўқ, бўмайман» деб, ҳайқиргим келди бирдан. – Йўқ, мен бўлолмайман, – дедим негадир овозим тузук чиқмай, ҳирқираб. – Нега? – деб ҳайқирди бутун зал. – Нега? – бақрайиб қолишди ҳайъат аъзолари. Ҳокимликдан келган вакил ҳам кўзи чиққудай бўлиб «Раҳбарликдан бош тортган одамни биринчи кўришим» дегандек тикилиб турибди. – Хўш, нега? – ҳайъат раиси саволини такрорлади. – Билмадим-у...! – Ҳой, Қодиров бутун ишхона сизга кўз тикиб турганда бунақа мужмал гапни қўйинг-да-э. Нега бўмайсиз? Нима, касалмисиз? – Йўғ-э, худо сақласин. Соғман. Лекин... – Лекин-пекини йўқ. Бўласиз. Биз сизга ишонамиз... – Ҳой Қодируп ука, рози бўлаверинг. Сиз яхши одам. Болаларимга нафақа пули ололмай юрганда йўл-йўриқ кўрсатгансиз. Сизнинг каллангиз яхши ишлайди. Сиз раҳбар бўласиз. Сизга ким «ғинг» деса, мана ман бор. Худо битта... – деди кўкрагига уриб фаррош аёл ўтирган жойидан шанғиллаганича. – Рози бўлаверинг-э, бўла. Ҳар тугул уруғимиз бир, қўллаб турасиз-да, бўлаларни, – деди чувиллашиб дарёнинг ўнг бетидан келганлар. – Аммо-лекин жа-а зўр номзод топдик-да. Камгап, оғиргина одам, ҳаммага бирдай. Майли, Қодиров бўлса, биз ҳам рози, – деди учинчи гуруҳнинг одами ҳам бошидан ола дўпписини олиб чангини қоқаётгандек қўлига қарсиллатиб ураркан. – Бизга шунақа мулойим одам ёқади ўзи. Уф-ф, нима десам экан буларга?! Худди одам қуригандай учала гуруҳ ҳам менга ёпишиб олганини қаранг-да. Хў-ўш. Шу «нега» деган саволларига бирон жўяли жавоб айтолсам-ку, тамом, мени сайлашмайди-ку-я. Қутуламан қўяман шу ғалвадан. Ҳе, керак эмас менга шу бош оғриқ. Тинчгина келиб кетиб, ҳеч кимга кўринмай, қозиқнинг боши ҳам, учи ҳам бўлмай яшаб юрганга нима етсин. Лекин бунинг учун ҳозир уларга бирон сабаб айтишим керак-да. Нима десам экан?! – Ҳў-ў Қодиров, гапиринг-да энди. Жа-а хит қивордингиз-ку, аммо-лекин... – Бўш келма-э, Қадирипжан. Дайранинг наржағи сен тарап... – Гапиринг, гапиринг, – деб қистайди «и» ҳарфига урғу бериб ҳалиги фаррош аёл ҳам. Ниҳоят, ўзимни тутиб, тупугимни ютиб, томоғимни қириб, «нега?» деган саволнинг жавобини айта бошладим. Мақсадим – мени сайлашмаса бўлгани. Шунинг учун бироз кўпиртириб гапиришим керак. «Бу умуман нолойиқ экан-ку, биз адашибмиз» деб фикрларидан қайтишса ббўлди. Аввал аста-секин паст овозда гап бошлаб, сўнг овозим ўз-ўзидан баландлашиб, шиддатли тус олаётиганини ўзим ҳам сезмай қолибман. ?ала-ғовур бўлиб турган зал ғам аста-секин тинчиб, пашша учса билингудек сукунат чўмди. Мен эса минбарга икки қўлим билан суяниб, бошимни баланд кўтариб гапиряпман десангиз. – Ўртоқлар! Аввало менга ишонч билдирганингиз учун катта раҳмат! Бошим кўкка етди. Лекин минг бора узр. Мен, мени қўйинглар, қийнаманглар. Илтимос сизлардан. Шу пайтгача ҳеч бирингиз билан сен-менга бормаган эдик. Энди ҳам шундай бўлиб қолайлик. Раҳбарликка бошқа одамни сайлаб қолинглар. Илтимос, мен раҳбар бўлолмайман. Мен кўнгли бўш одамман, салнарсага хафа бўламан. Ичим тор. Айтганимни қилдирмагунча кўнглим тинчимайди. Тўғрисини айтсам ва ноҳақ ишни кўрсам, чидаб туролмайман. Биров-яримнинг кўнглини оғритиб қйишим мукин. Олдинги раҳбарга ўхшаб оғирнинг утидан енгилнинг остидан юришни хоҳламайман. Агар мен раҳбар бўладиган бўлсам, ишхонада аҳвол ҳозиргидек давом этишига сира йўл қўймайман. Ҳаммаларингизда 180 фоиз ўзгаришни талаб қиламан. Мен раҳбар бўлгач, дўстлик, оғайнигарчилик ўз йўлига, иш ўз йўлига бўлади. Айбдорларнинг бошини силаш бўлмайди. Баъзилар, масалан бўлим мудири Бўриевга ўхшаб уруғ-аймоқчилик қилиб ишлашни тўхтатаман. Энг аввало ишни тартиб-интизомдан бошлайман. Тўғриси, ўзи ишхонамизда тартиб қолмади. Йўқ, энди бундай бўмайди. Менинг рухсатимсиз чапга бир қадам, ўнгга бир қадам ташласанг ишдан ҳайдайман, тамом вассалом. Ҳамма ишга ўз вақтида келиб-кетсин. Энди аяб ўтириш йўқ. Ё шу ишхонани тартибга оламан, ёки умуман ишламайман. Анови Исаевга ўхшаб ишга шунчаки келиб-кетиб, кун бўйи бурчакдаги хонасида улфатлари билан шахмат ўйнаб ўтирганини кўрсам, бошига шахмат тахтаси билан соламан, сўнг думини тугаман. (Зал ўртасидан шахмат тахтасининг шарақлаб ёпилгани эшитилди.) Ё ишласин ёки йўқолсин. Менга гроссмейстрлар керак эмас. Хонама-хона кириб, ғийбат излаб юрадиган айрим хотинларни ҳам ишдан ҳайдаш фурсати келди. Қиладиган ишининг тайини йўқ, лекин ёлғон йўл варақалари тўлдириб, ишхонанинг бензин заҳирасини сувдай симириб ётган анови Одилбоевнинг ишини эртагаёқ прокуратурага ошираман Етар ишхонанаинг қонини шунча сўргани. Эртадан бошлаб ўнг қўлим бўлган бош ҳисобчининг ўрмагини йиғиштираман. Ходимларнинг ойлик маошини ўз вақтида бермай, пулни «оборотга қўйиб» шишиб ётгани етар. Бош иқтисодчи ва ғазначини ҳам унга қўшиб жавобгарликка торттираман. Бошқа виждонли ҳисобчи топамиз. (Зал бир гувраниб қўйди. Олдинда ўтирган бош ҳисобчининг боши икки елкаси орасига кириб кетди.) Мен раҳбар бўладиган бўлсам, ойлик маошни ҳар ойнинг ўттизида берадиган қиламан (залда қарсак янгради). Раҳмат. Ўз ишини тўғри бажармаганлар аёвсиз жазоланади. Муовинларимни ҳам эртадан бошлаб алмаштираман. Менга аравани ҳар томон тортадиган муовинлар керак эмас. Энди ҳамма ўз ишидаги камчиликка ўзи жавоб беради. Аввалгидек биров учун бошқалар пул йиғиб жаримасини узмайди. Ишни эпламаган кетаверсин. Биронта бўлим бошлиғи ёки ходимнинг таъмагирлик ва порахўрлик қилганини эшитсам ёки кўрсам, ўзидан кўрсин, шартта ҳайдайман. Қоржововга ўхшаган порахўр, ишхона обрўсига доғ туширадиганлар бизга керак эмас. Яхши ишлаган, ҳалол ходимлар эса моддий рағбюатлантирилиб брилади, албатта. (Залда жонланиш ва қарсаклар эшитилди) Ўртоқлар! Эртадан бошлаб касаба уюшма фаолиятини ҳам тафтиш қилишни юқорига хат билан чиқиб сўрайман. Мен яхши биламан, уларнинг ҳам кўп ишлари кўзбўямачиликдан иборат. Ёлғондан тадбирлар ўтказилди қилиб, уюшманинг пулини совуриб ётишибди. (Залда шивир-шивир бошланди. Касаба уюшмаси раиси бошини қуйи эгиб, столни тирнай бошлади.) Ўртоқлар! Залда Аҳмедов борми? Хўжалик ишлари бўйича муовин Аҳмедовнинг ишини шу бугундан бошлаб шахсан ўзим назоратга оламан. Тафтиш натижасини прокуратурага ошираман. Мана, буни қаранг. ҳамма томон ифлос, ўн йилдан бери таъмирланмаган, супириб-сидирилмаган. Мажлис зали шунақа бўлиши керакми? Тузукроқ стол-стул йўқ. Бўлимларда-ку аҳвол бундан беш баттар. Ҳозироқ менга қаттиқ ва юмшоқ инвентарлар бўйича ҳисоботингизни опкирасиз. (Зал охиридан узун тўн, телпак кийган, мўйловли одам секин сирғалиб ташқарига чиқиб кетди.) Бунинг юришини қаранг. Эртадан бошлаб ҳамма давлат ишхонасида ишлайдиган одамлардек кийиниб келсин. Бу ер сизларга мачит эмас, ковуш-маҳсида юрадиган. Бу ер – ишхона. Давлат муассасаси. Бундан буён иш вақтида ичиб, чекиб юрган ходимни кўрсам, ўзидан ўпкалайверсин. Мазасини қочираман-а. Бу нима деган гап ўзи?! Давлатдан иш ҳақи сўрайсизлар-у, ишни ёлчитиб бажармайсизлар?! Давлат ким ўзи? Давлат ўзимиз-ку. Ўзимизнинг кўзимизни бўяб, қўл учида иш юритишимиз кимга фойда-ю кимга зиён?! Тамом, шу бугундан эътиборан қилинган ишлар тўғрисида ёлғон ҳисоботлар бериш тўхтатилади. Қилинмаган иш учун, ёлғон ҳисобот берган айбдорлар жазосини олади. Энди бунақа кўзбўямачиликларга йўл қўймайман. Бир неча йилдан бери ишхонада аттестатсия шунчаки ўтказилиб, ишхонада қобилиятсиз, билими саёз ходимлар кўпайиб кетди. Яқин кунлар ичида ўзим бошчилигимда ҳамма ходимни ишга лойиқлиги юзасидан аттестатсия қиламиз. Бизга элим деб, юртим деб ёниб ишлайдиган ходимлар керак. Ёқмаганлар ўзига тинч иш ахтараверсин. Ўртоқлар! Мана бир ойдан бери ҳар куни мажлисбозлик. Корхонанинг иши тўхтаган. Сўрайдиган одам йўқ. Бу қандай гап ахир?! Бундан буён мажлис ҳафтада бир бўлади. Эртадан бошлаб, йўқ ҳозирдан бошлаб ҳамма ўз иш жойига борсин, вазифасини сидқидилдан бажаришга киришсин. Қолиб кетган ишларни кечаси ўтириб бўлса ҳам тўғирлайсизлар. Мен эса сизларнинг икки ойдан бери оломай юрган маошларингизни топиш учун шу бугун ҳокимиятга чиқаман, банкка бораман, керак бўлса, ёқасидан ғиппа бўғиб бўлса ҳам маошларингизни олиб келаман. Қани ҳамма марш иш жойига... Шу пайт ҳокимликдан келган вакилнинг заҳарханда овози нутқимни бўлди: – Аввал раҳбар бўлинг-чи... – Шуни айтинг-а, – ерга қараб минғиллади касаба уюшмаси раиси ҳам. – Мана, одамлар сайлашяпти-ку. Сайлансам ишончларини оқлашга ҳаракат қиламан-да, – дедим мен ҳам бўш келмай, бироз қизишиб. Улар сайлаган билан ҳали номзодингиз юқоридаги ташкилотдан тасдиқланиб келсагина сиз раҳбар ҳисобланасиз, укагинам. Ҳали юқорига бизнинг ҳокимликдан сиз учун яхшигина тавсифнома керак. Бусиз умуман бўмайди. Тартиб шунақа. Уни эса шу мажлисда қатнашган ҳокимият вакили, яъни мен ёзаман. Сиз ўша ёқасидан оламан деган одам ҳам менман... Мен ҳам сиз айтгандек кўзбўямачилик қилолмайман. Тўғрисини ёзаман. «Қодиров ўта қизиққон, қўпол, ўзини тута билмайди. Ўзидан лавозими юқори одамлар билан муомалани билмайди», деб ёзаман-да тавсифномангизга. Бунақа тавсифнома билан эса юқоридаги раҳбарлар ўлса ҳам сизнинг раҳбар бўлишингизга рози бўлмас-ов. Так что... Мен бирдан ўзимга келдим. Дами чиққан пуфакдек бўшашдим қолдим. Бир ҳайъат аъзоларига, бир залдаги кенг оммага қараб анча вақтгача тилим калимага келмай қолди. «»Уф-ф... сал ошириб юбордим-ов. Ҳа майли, шуниси ҳам яхши. Мақсадим ҳам шу эди-ку...» Бирдан хохолаб кулиб юбордим. Ҳамма ҳайрон. «Ие, бунинг эси сал пастроқми?» дегандек ҳокимлик вакили ҳайъат раисига қараб кўрсаткич бармоғини чаккасига ниқтади. У елкасини қисиб қўйди. – Раҳмат ўртоқ... Э-э, жаноби олийлари! – дедим ҳокимлик вакилига қараб тиржайганимча. – Айни кўнглимдаги гапни айтдингиз. Тўғри. Мен раҳбар бўлолмайман. Менинг бўлганим шу қўполман. ?қоридаги раҳбарларга хушомад қилиш қўлимдан келмайди. Қўйинглар, дўстлар, ўзларингни ҳам, мени ҳам бошимни қотирманглар. Мен раҳбар бўлолмайман. Залда шовқин-сурон бошланди. Энди зал икки гуруҳга бўлиниб қолди. Бир томонда мени сайлаш тарафдорлари, бир томонда эса менга ишонч билдириб «адашганлар» гуруҳи бақиришарди. – Йўқ, барибир Қодиров раҳбар бўлади. Биз унга ишонамиз. – Бизга шундай қаттиққўл раҳбар керак. Қодировни сайлаймиз. – Ие, кесакдан ҳам ўт чиқди-ку, бу роса қўполга ўхшайди-я... – Йўқ, йўқ, Қодиров бўмайди. Диктаторлардан тўйганмиз. – Ҳе, бу ҳам яхши одам эмас экан, бошқасини сайлаймиз. — Ҳаммани айтиб чиқдик-ку, ҳеч ким қолмади бошқа. Қизиққон бўлса ҳам маошимизни олиб берса бўлди-да... Ҳокимликдан келган вакил эса тиржайганича «мен айтадиганимни айтдим» деб елка қисиб турибди. Касаба уюшма раиси ҳам негадир хурсанд, лекин ҳали ҳам столни тирнайди. Қолган икки ҳайъат аъзолари ҳам нимадир деб тортишаяпти. Котиба қиз эса тинмай ёзади. Пастда эса ҳамма ўзи билан ўзи... Бирдан ўзимга ўзим ачиниб кетдим. «Тавба! Нима зарил сенга шу ғалва». Залга қараб бақирдим. – Жим! Бўлди! Тамом! Мен раҳбар бўмайман. Йўқ, йўқ. Бўлолмайман. Ҳе бор-рее... – деб қўл силтадим-да минбардан тушиб кетдим. Шу кетганимча бирданига ўз аризам билан ишдан ҳам бўшаб кетдим. Хўш, шундай қилиб ишхонага ким бошлиқ бўлибди, дейсизми. Ҳеч ким. Ҳалият тортишиб ётганмиш. Ҳеч ким топилмаса яна ўша эски бошлиқнинг ўзи сайланиши ҳам мумкин. Унда пул ҳам бор, юқоридагилар билан тил топишга ҳам уста, қўл остидагиларни эса... Кўпчилик одам эса одам қуригандай мени излаб юрганмиш. Манзилимни ўзгартириб юрибман. Йўқ, мен раҳбар бўмайман, бўлолмайман ҳам. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62446 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 58013 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40512 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36683 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23342 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23194 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 22046 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19562 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18682 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14496 |