Ой ва сариқ чақа (I- қисм) [Somerset Moem]

Ой ва сариқ чақа (I- қисм) [Somerset Moem]
Ой ва сариқ чақа (I- қисм) [Somerset Moem]
Биринчи боб
Чарлз Стрикленд билан танишган вақтимда, гапнинг ростини айтадиган бўлсам, унинг қандайдир фавқулодда одамлиги хаёлимга ҳам келмаганди. Эндиликда эса унинг улуғлигини бирор кимса инкор эта олмаса керак. Мен бу ўринда ном қозонган сиёсатдон ёхуд машҳур саркарданинг улуғлигини кўзда тутаётганим йўқ. Бу нарса кўпроқ одамнинг ўзига эмас, балки шарт-шароитга ва у яшайдиган маконга боғлиқ. Вазиятнинг ўзгариши туфайли унинг машҳурлиги кўпинча ўз-ўзидан қумга сингган сувдай йўқолиб кетиши ҳеч гап эмас. Бош министр эгаллаган мансабисиз эзма мақтанчоққа, генерал эса армияcиз бор-йўғи маҳаллий аҳамиятга эга бўлган шерга айланади. Чарлз Стрикленднинг улуғлиги эса ҳақиқий улуғликдир. Сизга унинг санъати ёқмаслиги мумкин, лекин шунда ҳам лоқайд муносабатда бўлолмайсиз. У сизни қойил қолдиради, ўзига жалб этади. Уни мазах қилишган вақтлар орқада қолиб кетди. Санъаткорга хос нуқсонлар ҳам фазилатларига қўшимчадай туюлади. Тўғри, бу рассомнинг санъатдаги ўрни борасида ҳали-ҳануз баҳслар давом этмоқда, кўкларга кўтариб мақташ қанчалик асоссиз бўлса, уни қораловчилар ҳам, унга менсимай муносабатда бўлувчилар ҳам шунчалик асоссиздирлар. Унинг асарлари даҳонинг ижодиёти эканлиги шубҳасиз. Санъатдаги энг муҳим нарса деб ижодкор шахсиятини тушунаман, агар у оригинал бўлса, барча нуқсонларини кечиришга тайёрман. Веласкес рассом сифатида, эҳтимол, Эль Грекодан юқорироқ бўлгандир. Лекин унинг асарларига кўникиб қоламизда, эҳтиросли ва ўз қалбининг мангу фидойилигини кўрсатган дурдоналарини унчалик ҳам қадрлайвермаймиз. Артист, рассом, шоир ёки созанда ўзининг кўтаринки ва улуғвор санъати билан эстетик туйғунинг эҳтиёжини қондиради, лекин бу қониқиш жинсий инстинктга ўхшаб кетади. Унинг сири бамисоли саргузашт романлардай кишини ўзига тортади. Бу худди коинот сирларидай англаб бўлмас жумбоқдир. Стрикленднинг энг арзимасдай туюладиган асарлари ҳам рассомнинг ўзига хос, мураккаб, азоб-уқубатлар билан тўла шахсияти тўғрисида кўп нарсаларни айта олади. Улар рассомнинг асарлари унчалик дидига ўтиришмайдиган одамларни ҳам бефарқ қолдирмайди, унинг ҳаёти, характерининг ўзига хос томонларига қизиқиш уйғотади.
Стрикленд вафотининг тўрт йиллиги арафасида Морис Гюренинг “Меркюр де Франс”да эълон қилинган мақоласи бу рассомни унутилиб кетишдан сақлаб қолди. Кўпгина таниқли адабиётчилар Гюре очган сўқмоқдан юришди. Анча вақтларгача Францияда бирорта танқидчининг рассом ҳақидаги фикрларига унчалик қўшилишмади. Танқидчининг фикрлари ғалати туюлди. Лекин кейинроқ майдонга келган ишлар Гюренинг ҳақлигини кўрсатди. Шу маънода Чарлз Стрикленднинг шуҳрати француз қўйган пойдеворга асосланади, деб бемалол айтиш мумкин. Бу шуҳрат санъат тарихидаги энг романтик эпизодлардан биридир. Лекин мен Чарлз Стрикленд санъатини таҳлил қилмоқчи эмасман, унинг шахсиятини очадиган қирралари тўғрисидагина тўхталмоқчиман. Санъатнинг ўзига хос хусусиятларини билмайдиган одамлар рассомчиликда муқаррар равишда ҳеч нарсанинг фаҳмига боришмайди ва шу боисдан бундай асарларни миқ этмай томоша қилганлари маъқул деб фикр юритадиган рассомларга қўшила олмайман. Санъатга ҳунар деб қараш, уни фақат ҳунарманд одамларгина тушунади, дейиш тамомила хатодир. Санъат туйғуларни намойиш этиш шакли, туйғу эса ҳамма тушунадиган тилда ифодаланади. Санъат технологиясини амалий жиҳатдан унчалик тушунмайдиган танқидчилик эса ҳеч қачон салмоқлироқ гап айта олмайди, деган фикрга қўшиламан. Ўзимнинг эса рассомчилик соҳасида ҳеч нарсага ақлим етмайди. Бахтимга бундай хатарли саргузаштни бошлашнинг зарурияти ҳам йўқ. Зеро, менинг дўстим, талантли адиб ва ажойиб рассом, жаноб Эдуард Леггат ўзининг мўъжазгина китобида Стрикленд ижодини муфассал таҳлил этган. Мазкур китоб Англияга қараганда Францияда кўпроқ муваффақият қозонган ва мен уни санъат асарларини нозик ҳис этиш ва назокатли услубда ёзишнинг ажойиб намунаси деган бўлардим.
Морис Гюре ўзининг машҳур мақоласида кенг оммада қизиқиш ва иштиёқ уйғотиш учун Стрикленднинг ҳаётий йўли тўғрисида мароқ билан ҳикоя қилади. Санъатни юксак эҳтирос билан севган Гюре чинакам, фавқулодда ўзига хос талантнинг қадрига етадиганларнинг эътиборини ўзига қаратишга ҳаракат қилди. Ажойиб журналист бўлганлиги туфайли, мақсадга тезроқ эришиш учун одамларни қизиқтира олди. Стрикленд билан қачонлардир учрашган, у Лондонда истиқомат қилган пайтидан биладиган, ёзувчилар Монмантрда ёнма-ён ўтирган рассомлар омадсиз ва шунчаки бир сураткаш деб юрган одамлари чинакам даҳо рассом бўлиб чиққанидан беҳад ҳайратланардилар. Франция ва Америкадаги журналларда рассом тўғрисидаги мақолалар бодраб чиқди. Бу мақолалардаги хотира ва мақтовлар худди оловга керосин сепгандек, омманинг рассомга қизиқишини янада авж олдирарди. Мавзу ғоят қизиқиш уйғотадиган мавзу эди. Тиришқоқ Вейбрехт-Ротгольц ўзининг салмоқли монографиясида Стрикленд тўғрисида фикр билдирилган ишларнинг узундан-узоқ рўйхатини келтиради.
Инсон табиатида афсоналар тўқишга иштиёқ кучли бўлади. Шунинг учун ҳам одамлар ўзларига ўхшаган кишиларнинг ҳаёти тўғрисида ҳаммани ҳайрон қолдирадиган ва сирли ҳикоялар тўқишга интилишади. Кейинчалик ўзлари тўқишган афсоналарга ўзлари ҳам ишониб қолишади. Бу ўртамиёна ҳаётга қарши романтиканинг исёнидир.
Ҳаёти тўғрисида афсоналар тўқилган одам эса мангуликка дахлдор бўлиб қолади. Ҳазилкаш файласуф инсоният жаноб Уолтер Рэли тамомила янги жойларга инглиз байроғини тикканини эмас, балки маликанинг оёқлари остига ёмғирпўшини ташлаган вақтни эҳтиром билан эслайди, деб кулган эди. Чарлз Стрикленд хилватда ҳаёт кечирганди. Унинг дўстларидан душманлари кўпроқ эди. Шунинг учун рассом ҳақида фикр билдирганлар ўзларининг узуқ-юлуқ хотиралари ёнига турли-туман тўқималар қўшганлар. Ҳолбуки, рассом тўғрисида биладиган ўша нарсалари ижодкор шахсиятини романтик тарзда ҳикоя қилиш имконини берарди. Унинг ҳаётидаги жуда кўп нарсалар ғалати ва қўрқинчли эди, қиёфаси доимо жазавага тушган ҳолатда бўларди. Қисмат унинг бошига ғоят оғир кўргиликларни ёғдирганди. У тўғрисидаги афсоналар аста-секин шу қадар кенг ёйилиб кетдики, ақли расо тарихчи ҳеч қачон унга суянишни ўзига раво кўрмайди.
Лекин тақводор Роберт Стрикленд ақли расо тарихчи эмасди. У, чамаси, ўз отасининг таржимаи ҳолини, “тарқалиб кетган баъзи ноаниқликларни тушунтириш, ҳаётининг иккинчи қисмидаги” ҳозирда ҳам барҳаёт кишиларга кўп изтироблар келтирган “тафсилотларини изоҳлаш” учун ёзган кўринади. Албатта, мазкур китобда ҳикоя қилинган жуда кўп нарсалар мўътабар хонадонни хижолатда қолдирди. Стрикленд — ўғилнинг асарини ўқиб мен роса кулдим. У ғоятда зерикарли ва саёз ёзилганлигига ҳам хурсанд бўлдим. Роберт Стрикленд ўз асарида рассомни ғамхўр эр ва ота, оқкўнгил, меҳнатсевар ва юксак ахлоқли одам сифатида тасвирлаганди. Ҳозирги даврда черков хизматчиси бўлган муаллиф матнни таҳлил этиш соҳасида маҳорат кўрсатади. Руҳоний Стрикленд отаси ҳаётидаги барча фактларни ҳурматли ўғилнинг манфаатларига мослаштирган, келажакда черков ҳаётида юқори мартабаларга эришишига ёрдам берадиган қилиб ўзгартирган. Мен хаёлан уни йўғон гавдасига руҳонийлар кийимини кийиб олган ҳолда тасаввур қилдим. Ҳайиқмай амалга оширилаётган бу иш ғоят хатарли эди. Янги афсона ота шуҳратининг ошишига олиб келди. Зеро, рассом шахсияти туфайли Стрикленд санъатидан шу вақтгача кўнгли тўлмаганлар ҳам йўқ эмасди. Унинг ўлимига баъзиларнинг раҳми келди. Ўғилнинг яхши ният билан қилган ҳаракатлари ғалати бир тарзда отасининг ихлосмандларининг кўнглини анча совутди. Стрикленднинг энг яхши асарларидан бири ҳисобланувчи “Самариялик хоним” рассомнинг янги таржимаи ҳоли туфайли бошланган баҳсдан кейин бундан тўққиз ой олдин таниқли коллекционер сотиб олган нархдан 235 фунтга арзонлашгани тасодифий эмас. Тез орада коллекционер вафот этгач, бу расм кимошди савдосига чиқариб юборилди.
Эҳтимол, Стрикленд санъатига ўзига хослик ва ўта жозибадорлик етишмас. Агар фалсафа доктори Вейтбрехт-Ротгольц китоби ўз вақтида чиқмаганда, балки санъат шинавандаларининг рассом асарлари ҳақидаги барча шубҳаю гумонлари тарқамаган бўлармиди?!
Доктор Вейтбрехт-Ротгольц инсон зотининг бутун туриш-турмуши залолат¬дан иборатдир деган ақидага риоя қилувчи тарихчилар мактабига мансубдир. Албатта, бу мактаб намояндалари фавқулодда ва романтикага мойил одамларни ҳиммат эгалари ва намуна сифатида кўрсатишни афзал билувчиларга қараганда китобхонга кўпроқ мамнуният бағишлайди. Масалан, мени Антоний билан Клеопатрани фақат моддий манфаатларгина бирлаштиргудай бўлса жуда хафа бўлардим. Тўғри, Тиберий қирол Георг V га қараганда яхшироқ ҳокими мутлақ бўлганлигига ишонишим учун фавқулодда ишончли далиллар керак бўлди.
Доктор Вейтбрехт-Ротгольц яхши ниятлар билан таржимаи ҳол ёзган Роберт Стриклендни шундай иборалар билан таъзирини бердики, руҳонийга беихтиёр раҳмингиз келади. Унинг назокатини муғамбирлик, мужмал мулоҳазаларини қип-қизил алдамчилик, атайин индамай ўтилган жойларни хоинлик деб атади. Бошқа ёзувчилар учун кечириш мумкин бўлмаган, аммо ўғли бўлганлиги туфайли кечириш мумкин бўлган ҳақиқатдан чекинилган жойларни риёкорлик, тентаклик, оҳанжамалик, маккорлик деб баҳоланди. Шахсан ўзим жаноб Стрикленд отаси билан онаси орасидаги келишмовчиликлар тўғрисидаги овозаларни инкор этиш учун Чарлз Стрикленднинг Париждан юборган хатидаги “ҳурматга сазовор аёл” деган иборасини келтирганда шошқалоқликка йўл қўйган деб ҳисоблайман. Чунки доктор Вейтбрехт-Ротгольц хатнинг асл нусхасини топиб, ундаги очиқ-ойдин ёзиб қўйилган: “Хотинимни жин урсин. У ҳурматли аёл. Лекин мен уни аллақачон дўзахда бўлишини афзал билардим” деган сўзларини эълон қилади. Шуни айтиш керакки, ўша вақтларда катта нуфузга эга бўлган черков бундай мулоҳазаларга, табиийки, ола қараган.
Доктор Вейтбрехт Чарлз Стрикленднинг оташин мухлиси эди, шу туфайли ҳам у барча воситалар билан рассомни қоралайди дейишга ўқувчиларда асос йўқ. Бундан ташқари, доктор ғоят олижаноб кўринаётган ҳаракатлар тагидаги оқимни бехато сеза оларди. Психопатолог ва шу билан бирга санъатшунос бўлган бу олим онг ости дунёсидан ҳам яхшигина хабардор эди. Бирорта мутасаввуф оддий нарсалар заминидаги яширин маънони ундан яхшироқ англаб етмоғи амримаҳол эди. Мутасаввуф айтилмаган нарсаларни кўра олади, психопатолог эса гапирилмаган нарсаларни ҳам била олади. Олим муаллиф ўз қаҳрамонини таҳқирлаши мумкин бўлган ҳар бир тафсилотни иштиёқ билан ҳикоя қилганини кузатиш мароқли эди. У қаҳрамонининг шафқатсизлиги ва пасткашлигига мисол бўла оладиган бирор ҳолатни топганида худди даҳрийни гулханга ташлаган инквизитор қозисидай хурсандчиликдан энтикади. Муаллифнинг тиришқоқлигига қойил қолса арзийди. Рассом ҳаётига оид арзир-арзимас барча тафсилот ҳам унинг назаридан соқит бўлмаган. Биз бу асар орқали Чарлз Стрикленд кирхона ҳисоб-китоб дафтарчасига бирор марта ҳақ тўламаган бўлса ҳам, олган қарзини ярим крон камроқ тўлаган бўлса ҳам билиб оламиз. Демак, муаллифнинг назаридан рассом ҳаётининг икир-чикир тафсилотлари ҳам четда қолмаган.

Иккинчи боб
Чарлз Стрикленд тўғрисида шу қадар кўп нарса ёзилганки, менинг ҳам у ҳақида ёзишим жоизмикин, деб ўйлаб қоламан. Унинг ўз асарлари рассомга қўйилган ҳайкалдир. Шу нарса ростки, мен уни бошқа кўпчиликка қараганда яқиндан биламан. Илк маротаба уни Чарлз рассом бўлмасидан илгарироқ кўрганман. Парижда ночор ҳаёт кечирган пайтларида ҳам тез-тез кўриб турардим. Шундай бўлишига қарамасдан уруш тасодифлари туфайли қисмат мени Таитига улоқтириб ташламаганда ҳеч қачон у тўғрисида ёзмаган бўлардим. Маълумки, рассом ҳаётининг охирги йилларини ўша жойларда ўтказган. Мен Таитида уни яқиндан билган талай одамлар билан танишдим. Шундай қилиб, менда ҳозиргача нисбатан унинг мавҳумроқ бўлиб қолаётган фожиали ҳаётининг ўша даврини маълум даражада ойдинлаштириш имконияти туғилди. Агар кўпчилик ҳисоблаганидек, Стрикленд чиндан ҳам улуғ рассом бўлса, у билан деярли ҳар куни кўришиб турган одамларнинг фикрини эшитиш қизиқарлидир.
Тўғрисини айтсам, бундай изоҳларга зарурият бормикин ўзи! Кимлиги хотирамда йўқ-ку, аммо қайсидир донишманд одамлар руҳий муво¬занатларини сақлаб туришлари учун кунига икки маротабадан ўзлари ёқтирмаган ишни бажариб туришлари лозим, деган экан. Шахсан мен бу топшириқни аниқ бажаряпман, ҳар куни ўрнимдан тураман ва ҳар куни ўрнимга ётаман. Табиатим таркидунёчиликка мойилроқ одам бўлганим учун ҳар ҳафтада ўзимни яна бундан ҳам оғирроқ азобни бажаришга мажбур этаман – “Таймс”га адабий иловани ўқийман. Сон-саноқсиз чиқаётган бундай китобларнинг қайси бирлари яшаб қоларкин, муваффақият қозонаркин? Агар муваффақият қозонса ҳам узоққа бормаса керак. Бундай китобларнинг муаллифи тасодифий ўқувчини бирор соат овунтириш, сафарга отланганларни йўлдаги зерикишдан қутқариш учун қандай изтиробларни бошдан кечиргани-ю, қанча тажрибалар ўтказгани ёлғиз Оллоҳга аён. Агар бундай асарларга ёзилган тақризларга қараб мулоҳаза юритилгудай бўлса, уларнинг аксарияти яхши ёзилган, уларда жуда яхши фикрлар ифодаланган, баъзилари эса бутун умр мобайнида қилинган меҳнатнинг натижаси. Айтилганлардан шундай хулосага келаманки, ёзувчи фақат иш жараёнида, юк бўлиб турган фикрларидан қутулгани учунгина таскин топгани, асар тўғрисидаги яхши ва ёмон гапларга ҳам, унинг муваффақияти ёки муваффақиятсизлигига ҳам бепарво бўлиб қолгани маъқул.
Лекин уруш бошланиши билан бирга нарсаларга янгича муносабатлар ҳам пайдо бўлди. Ўшлар бизнинг давримизда тилга олинмайдиган худога сиғина бошлашди. Биздан кейинги авлод қайси йўлдан кетиши эндиликда маълум бўлиб қолди. Тиниб-тинчимас ва ўз кучини биладиган ёш авлод эшикни чертиб ўтирмайди, тўғридан-тўғри уйга кириб ўрнимизга ўтиради қўяди. Уларнинг қийқириғидан ҳаммаёқ ларзага келади. Кексалар ёшларнинг қилиқларига тақлид қилишиб ҳали даврлари ўтмаганлигига ўзларини ишонтирмоқчи бўлишади. Улар ёшлар билан бирга жўровоз бўлишга интилишади, лекин уларнинг оғизларидан жанговар ҳайқириқ эмас, мунгли нола чиқади. Улар пардоз билан ўзларининг аввалги ёшликларини қайтармоқчи бўлган кекса сатангларни эслатади. Эслироқлари эса қадр-қимматларини билган ҳолда ўз йўлларидан оғишмай кетаверадилар. Уларнинг истеҳзоли табассумларида бир вақтлар бизлар ҳам худди сизлардек эдик, тез орада сизлар ҳам ўз ўрнингизни янги авлодга бўшатиб берасизлар деган маънони уқиш мумкин бўлади. Ҳеч қачон сўнгги сўз айтилмайди. Ниневия шон-шуҳратга кўмилган пайтда бошқа кўпгина жойлар таназзулга юз тутаётганди. Гапираётганларга худди янгидай туюлаётган жасур сўзлар кўпинча бошқалар томонидан худди ўша оҳангларда юзларча маротаба айтилган бўлади. Маятник орқага ва олдинга тебраниб туради. Ҳаракат муқаррар равишда доира бўйлаб содир бўлади.
Баъзан одам ўз давридан нарироқ ўтиб ўзга даврларда ҳам яшайди. Эндиликда Жорж Краббни ким эслайди? У ўз даврида ўта машҳур эди, ҳамма даҳо сифатида тан олганди. У Александр Попнинг шогирди бўлиб, маснавий йўсиндаги ахлоқий ҳикоялар ёзарди. Лекин Францияда революция рўй берди, кейин Наполеон урушлари бошланди, шоирлар янги қўшиқлар айтишга тушишди. Крабб эса маснавий йўсиндаги ахлоқий ҳикоялар ёзишда давом этди. Айтиш мумкинки, у дунёни ағдар-тўнтар қилиб юборган ўспиринларнинг шеърларини ўқирди ва буларни сафсата деб ҳисобларди. Албатта, бу шеърлардаги жуда кўп гаплар сафсата эди. Лекин Китс ва Вордсворт қасидалари, Кольрижнинг қатор достонлари, айниқса, Шелли асарлари башариятга руҳнинг ҳали номаълум жиҳатларини кашф этди. Жаноб Крабб ўлгудай тентак эди, у ҳамон маснавий йўлида дидактик тарихларни ёзишда давом этди. Мен гоҳида ёшлар ижодини ўқиб тураман. Эҳтимол, жўшқин Китс ва кўтаринки руҳдаги Шелли инсоният асрлар мобайнида эсда тутадиган янги ижод намуналарини эълон қилишгандир. Билмадим. Улар ўз қаламлари остидан чиқаётган асарлар устида заргарона ҳафсала билан ишлашларига қойил қоламан. Услубларининг мукаммаллигига ҳайратланаман. Лекин уларнинг сўз бойликлари (чамаси, улар болаликларида Роженинг “Луғат”ини роса ўқишган бўлса керак) менга ҳеч нарсани билдирмайди. Назаримда, улар ҳаддан ташқари кўп нарса билишадигандай ва лекин буларни юзакироқ ҳис этишадигандай туюлди. Елкамга қоқиб самимий эрка-латишларини ҳам, ҳаяжондан кўкрагимга ўзларини ташлашларини ҳам ёқтирмайман. Уларнинг эҳтирослари жуда мажмағил, орзулари эса мароқсиз туюлди менга. Мен уларни ёқтирмайман. Чунки мен бошқа давр одамиман. Мен ҳамон маснавий йўлидаги дидактик тарихларимни битавераман. Лекин буларнинг барчасини фақат ўзимни овутиш учунгина қилганимда тентак бўлар эдим.

Учинчи боб
Буларнинг барчаси шунчаки айтилган гаплар. Биринчи китобимни ёзганимда жуда ёш эдим. Бахтли тасодиф туфайлигина у эътибор қозонди, турли одамлар мен билан танишиш йўлларини қидира бошлашди.
Лондон адабий оламига кириб келган тортинчоқ чоғларим тўғрисидаги маъюс хотираларга бериламан. Мен анчадан бери Лондонда бўлганим йўқ. Агар романларда унинг ўзига хос белгилари тўғри тасвирланаётган бўлса, у ердаги жуда кўп нарсалар ўзгариб кетган. Адабий ҳаёт қайнайдиган жойлар ҳам ўзгарган. Илгариги Хампстед, Ноттинг-Хиллгейт, Хай-стрит ва Кенсингтон сингари адабий марказлар ўз ўрнини Челси ва Блумсберига бўшатиб берган. Ўша вақтларда қирқдан ёшроқ ёзувчилар одамлар эътиборида бўларди, эндиликда йигирма бешдан ошган ёзувчилар кулгили туюлади. У пайтларда биз ўз туйғуларимиздан уялардик, бошқаларга кулгили кўринмаслик учун ўзимизга ишонч туйғусини чеклаб турардик. Ўша вақтлардаги зиёлилар аҳли ахлоқий қадриятлар учун қанчалик ғамхўрлик қилишганини унчалик билмадим-у, лекин ҳарҳолда бу нарсалар ҳозиргидагидек айқаш-уйқаш бўлиб кетмаганди. Ўйламай иш қилишимизни индамаслик пардаси билан беркитсак-да, ўзимизни иккиюзламачи дея олмасдик. Нарсаларни ўз номи билан аташ, тўғрисини айтиш бизда мажбурий ҳисобланмасди, аёллар эса у пайтларда мустақил ҳаёт кечиришга ўрганишмаганди.
Мен Виктория вокзалидан унча узоқ бўлмаган жойда яшардим, илтифотли адабиётчилар ҳузурига извошда меҳмонга бориб турардим. Ўзимда журъат топиб қўнғироқчани босгунимгача кўча бўйлаб у ёқдан-бу ёққа анча вақтгача бориб келардим, сўнг қўрқув ва ҳаяжондан юрагимни ҳовучлаб, одамлар билан лиқ тўлиб кетган диққинафас хонага кирардим. Мени гоҳ у, гоҳ бу машҳур ёзувчига таништиришарди, улардан ўз китобим тўғрисида мақтов гапларни эшитганимда бутун аъзойи баданим қизиб кетарди. Улар мендан ўткир гаплар кутишаётганини ҳис этиб турардим, лекин бунақа гаплар ўтириш тугагандан кейингина хаёлимга келарди. Тортинчоқлигимни яшириш учун мен зўр бериб ёнимдагиларга чой ва кесиб қўйилган бутербродларни узатаверардим. Мен иложи борича кўзга ташланмасликка ва бу улуғ одамларни бамайлихотир кузатиш, ақлли гапларини эшитишга ҳаракат қилардим.
Бу ўтиришлардаги барваста бўйли, жиддий, қиррабурун, одамга еб қўйгудай тикиладиган хонимлар эсимда қолган. Мен худди сеҳрлангандай улар қўлқопларини ечмасдан қовурилган нонни ютоқиб ейишаётганини, кейин эса бармоқларини гўё биров кўрмаётгандай стулларга артишаётганини кўриб турардим. Бу ҳолат, табиийки, мебель учун яхши эмас, лекин ўйлашимча, хонадон соҳибаси бунинг жавобини ўз навбатида уларникига меҳмонга борганда икки ҳисса қилиб қайтаради. Хонимларнинг баъзилари сўнгги мода бўйича кийинишарди, роман ёзадиган одамлар бўлишгани учун қўғирчоққа ўхшаб юришни истамасликларини айтишарди. Агар қоматинг расо бўлса, уни кўз-кўз қилишга интил, ингичка оёққа кийилган чиройли туфли бирор ноширга сенинг “маҳсулот”ингни сотиб олишга халақит бермайди. Бошқалари, аксинча, бундай қарашни енгилтаклик деб баҳолашар, бошқачароқ кийинишар ва турли-туман безакларни тақиб юришарди. Эркаклар эса, одатда, сипо кийинишарди. Улар дунёвий одамларга ўхшаб кўринишга интилишар, кўрганлар уларни нуфузли фирмаларнинг бошлиқлари деб ўйлашлари ҳеч гап эмасди. Кўринишлари эса ҳар доим ҳорғин эди. Мен шу вақтгача ҳеч қачон ёзувчиларни кўрмагандим, шунинг учун улар жуда ғалати, ҳатто қандайдир сохтага ўхшаб туюларди.
Уларнинг гапларини қойилмақом деб билардим, ўзларига салгина қарши чиққан ҳамкасаба қаламкашларни дарҳол ҳақорат қилиб ташлашларини эшитиб ҳайрон қолардим. Артистона кўринишли одамларнинг афзаллиги шундан иборатки, дўстлари уларнинг мазах қилишларига ўзларининг кўринишлари ва характерлари билангина эмас, балки асарлари билан ҳам асос берадилар. Мен ҳеч қачон ўз фикрларимни уларга ўхшаб гўзал ва осонгина ифодалай олмасам керак деб ишонардим. Ўша вақтларда сўзлаш, нутқни санъат деб билишарди. Ўрнида топилган ўткир жавоб жуда юқори баҳоланарди. Чиройли айтилган эпиграмма ўтиришларни жонлантириб юборарди. Бахтга қарши мен сўздаги бундай мушакбозликлардан бирортасини эслаб қолмаганман. Лекин, назаримда, касбимизнинг тижорат билан боғлиқ томонлари тўғрисида гап кетганда суҳбат янада қизирди. Янги пайдо бўлган китобни муҳокама қилаётганимизда, табиийки, биз унинг қанча нусхаси тарқалгани, муаллиф қанча ҳақ олгани, китоб унга яна қанча даромад келтириши тўғрисида сўзлардик. Кейин муқаррар равишда ноширлар тўғрисида гап кетарди, бир ноширнинг сахийлиги иккинчисига қарама-қарши қўйиларди. Уларнинг қайси бирлари билан ҳамкорлик қилиш, қайси бирлари қалам ҳақига зиқналик қилмаслиги ёки қайси бири ҳар қандай асарни ҳам ўтказа олиши ҳақида сўзлашардик. Баъзи ноширлар замонавий асарларга, бошқалари эса эски услубдаги ижод намуналарига ўчлигини таъкидлардик. Кейин гап биз учун буюртмалар ундирадиган комиссионерлар, газета муҳаррирлари, уларга зарур мақолалар, мингта сўзга ким қанча тўлаши, тўлаганда ҳам ўз вақтида тўлайдими ёхуд кечиктириб юборадими, сингари масалаларга келиб тақаларди. Буларнинг барчаси менга ғоят романтик туюларди. Мен ўзимни қандайдир яширин ҳамкорликнинг аъзосидай ҳис этардим.

Тўртинчи боб
Ўшанда ҳеч ким менда Роза Уотерфордчалик хайрихоҳлик уйғотмаганди. Унда донишманд эркакларга хос фазилатлар билан бирга, аёлларга хос назокат уйғунлашганди, қалами остидан чиққан романлар эса ўз оригиналлиги билан китобхонларни ҳайрон қолдирарди. Чарлз Стрикленднинг хотинини илк маротаба унинг уйида учратгандим. Уотерфорд хоним бир пиёла чойга чақирганда унинг уйига жуда кўп одам йиғилди. Ҳамма бир-бири билан валақлашар, мен эса бир чеккада жимгина ўтирардим, ўзимни ғоятда ноқулай ҳис этардим. Лекин жуда тортинчоқ бўлганлигимдан меҳмонларнинг бирор гуруҳига қўшила олмасдим, ўз ишига ғарқ бўлган одамдай миқ этмай ўтирардим. Уотерфорд хоним меҳмондўст хонадон соҳибаси сифатида саросимада ўтирганимни кўриб ёрдамга шошилди.
— Сиз Стрикленд хоним билан гаплашишингиз керак, — деди у. — Хоним китобингизни ўқиб қойил қолибди.
— Стрикленд хоним қандай иш билан шуғулланади? — қизиқиб сўрадим мен.
Агар Стрикленд хоним таниқли адиба бўлса, бу саволим билан ўзимнинг гумроҳлигимни кўрсатган бўлардим. Шундай бўлган тақдирда у билан суҳбатлашиш учун маълум нарсаларни билиб олмоғим даркор эди.
Роза Уотерфилд хоним сўзларининг таъсирини кўрсатмоқ учун ўзини ҳайрон қолган киши қилиб кўрсатди.
— У — одамларни бир пиёла чойга чорлаб турувчи меҳмондўст аёл. Агар сиз хонимга маъқул келсангиз, унинг таклифига сазовор бўлдим деяверинг.
Роза Уотерфорд беадаброқ эди. Ҳаёт унинг тасаввурида роман ёзиш учун қулай бир восита, одамлар эса зарур хомашё эди. Вақт-соати билан бундай хомашёлар орасидан унинг истеъдодига қойил қоладиганларни уйига таклиф этар ва илтифот кўрсатарди. Одамларнинг таниқли кишиларга яқинроқ бўлишга интилишдек қусурлари устидан мийиғида кулган ҳолда ўзини ғоят машҳур одам қилиб кўрсатишга интиларди.
Менга таништирилган Стрикленд хоним билан ўн дақиқалар чамаси юзма-юз туриб гаплашдик. Мен ёқимли овозидан бошқа унда эътиборга сазоворроқ бирор нарса пайқамадим. У Вестминстерда яшаркан, уйининг деразалари ҳали қуриб битказилмаган черковга қараб тураркан. Мен ҳам шу уйга яқин жойда яшардим. Бу ҳолат бир-биримизни яқинроқ ҳис этишга имконият яратди. Армия ва Флотнинг бош дўкони Темза ва Сент-Жеймс боғи оралиғида яшовчилар учун боғловчи бўғин вазифасини ўтарди. Стрикленд хоним менинг яшаш манзилимни сўраб олди ва бир неча кундан кейин нонуштага таклифнома юборди.
Мен бундай таклифномаларни жуда кам олардим ва шу боисдан, таклифни жон-жон деб қабул қилдим. Ҳаммадан эрта бориб қолмайин деб черков атрофини уч маротаба айланиб чиқиб меҳмонга кечикиброқ кириб борганимда ҳамма жамулжам эди: Уотерфорд, Жей хонимлар, Ричард Туайнинг ва Жорж Род сингари ёзувчилар йиғилишганди. Мусаффо ҳаволи баҳор кунларидан бири бўлганлиги туфайли, йиғилганлар аъло кайфиятда эдилар. Улар турли-туман мавзуларда гурунглашишарди. Ўшларга хос енгларига гул тикилган яшил кўйлак, камолот ёшидаги аёлларга хос баланд пошнали туфли кийиб, Париж атир-упалари билан ўзига оро берган Уотерфорд янги шляпада эди. Бу ҳолат унинг сўзларига фавқулодда кескинлик бағишларди. Илгари ҳеч қачон бизнинг умумий дўстларимиз тўғрисида бу қадар жаҳл билан сўзлаганини эшитмагандим. Ахлоқсизлик заковатнинг қалби деб ишонадиган Жей хоним ярим овозда шу қадар бепарда аскиялар қилардики, бамисоли оқ дастурхон ҳам қизариб кетгудай бўларди. Ричард Туайнинг эса қандайдир бўлмағур гапларни тинмасдан валдирарди. Жорж Род эса ҳозирги ҳолатда аския айтишнинг ҳожати йўқ деган хаёлга бориб миқ этмас, оғзини фақат лаззатли таомлардан бирор бўлагини ташлаб юбориш учунгина очиб қўярди. Стрикленд хоним кам гапирса-да, лекин унда умумий суҳбатни қовуштириб туриш қобилияти кучли экан. Ўртага бироз сукунат тушгудай бўлса, бирор ўринли луқма ташлар, натижада суҳбат яна жонланиб кетарди. Барваста бўйли, семиз эмас-у, аммо тўладан келган ўттиз етти ёшлардаги бу аёл унчалик гўзал эмасди, лекин кулча юздан келган хоним самимий боқадиган жигарранг кўзлари билан хушрўйгина кўринарди. Қоп-қора сочларини ҳафсала билан тараганди, пардоз-андозни ҳам меъёрида ишлатганди. Шу боисдан ҳам бошқа икки хонимга нисбатан содда ва табиийроқ кўринарди.
Унинг ошхонаси ўша даврнинг яхши дидли одамларига хос равишда саранжом-саришта эди. Деворларга тахта қопланиб бўяб қўйилган, унга чиройли қора рамкалар ичига олинган расмлар осилган. Яшил эшик пардалари яшил гиламга тегай-тегай деб турибди. Гиламларда акси туширилган сершох дарахтлар орасида қуёнлар ўйнашиб юришибди. Бу расмларда, шубҳасиз, Уильям Мориснинг таъсири сезилади. Тош тахта сопол-чинни билан мустаҳкамланган. Ўша вақтларда Лондонда бундай камтар, чиройли, маъюс безатилган ошхоналардан беш юздан ортиқроғини учратиш мумкин эди.
Мен меҳмондорчиликдан Уотерфорд билан бирга чиқдим. Ҳавонинг очиқлиги ва унинг янги шляпаси боғни сайр этиш ҳақидаги қароримизга олиб келди.
— Вақтни жуда чиройли ўтказдик, — дедим мен.
— Нонушта ҳақида қандай фикрдасиз? Мен унга агар уйингга ёзувчилар келишини истасанг зиёфатни яхшилаб қил, — деб тайинлагандим.
— Оқилона маслаҳат, — дедим мен. – Лекин хонимга ёзувчилар нима учун керак?
Уотерфорд хоним елкасини қисди.
— У ёзувчиларни қизиқ одамлар деб тушунади ва модадан қолишни истамайди. У бечора жуда соддадил, бизларнинг ҳаммамизни фавқулодда одамлар деб фараз қилади. Унга бизларни нонушта билан сийлаш ёқади, биз эса бундан ҳеч нарса йўқотмаймиз. Шунинг учун ҳам менинг унга муносабатим жуда илиқ.
Босиб ўтилган йўлга қараб туриб шундай ўйлайманки, Стрикленд хоним машҳур одамларга яқинроқ бўлишни хоҳловчиларнинг энг беғарази экан. У ёшлигида пойтахтдан узоқроқда тинч ҳаёт кечирган. Пойтахт кутубхонасидан унга юбориб туриладиган китоблар фақат ўз романтикаси билангина эмас, Лондон романтикаси билан ҳам ўзига ром этганди. Унда мутолаага ўта зўр иштиёқ бор эди (бу асарнинг ўзидан кўра ёзувчи билан, асарлардан кўра рассом билан қизиқувчиларда камроқ учрайдиган хусусият), у кундалик ҳаётда эриша олмайдиган хаёллар дунёсида яшарди. Ўзувчилар билан танишганда ўзини худди илгари фақат томошабинлар залидан кўриб юрган саҳнага чиқиб қолгандай ҳис этарди. Хоним уларни шу қадар идеаллаштирардики, ёзувчиларни ўз уйида зиёфат қилаётганда ёхуд уларникига борганида бошқача, қандайдир кўтаринки оламда яшаётгандай ҳис этарди. Ўзувчиларнинг ҳаёт тарзи уни ҳайрон қолдирарди, лекин ўз ҳаётини бир дақиқа бўлсин шу тарзда ўтказишни хаёлига ҳам келтирмасди. Уларнинг эркин ахлоқлари, ноодатий кийинишлари, ғалати назариялари ўзига жалб этарди, лекин унинг ўз эътиқодларига заррача таъсир эта олмасди.
— Айтинг-чи, жаноб Стрикленд деган одам борми ўзи? — қизиқиб сўрадим мен.
— О, албатта бор-да. У Ситида нимадир қилади. Биржа даллоли бўлиб ишлайди, шекилли. Жуда зерикарли одам!
— Улар ўзаро яхши муносабатдамилар?
— Бир-бирларини сидқидилдан ёқтиришади. Хоним сизни тушликка таклиф этса уни кўриб қоларсиз. Лекин чет одамлар уларникига кам боришади. Жуда беозор одам. Адабиёт ва санъатга сира қизиқмайди.
— Нега дилбар аёллар кўпинча зерикарли одамларга турмушга чиқишади?
— Нега деганда ақлли эркаклар дилбар аёлларга уйланишмайди.
Мен бу фикрга эътироз билдира олмадим ва Стрикленд хонимнинг болалари бор-йўқлигини сўрадим.
— Ҳа, бир қизу бир ўғли бор. Иккаласи ҳам мактабда ўқишади.
Мавзу тугаган эди. Биз бошқа нарсалар тўғрисидаги суҳбатга ўтиб кетдик.

Бешинчи боб
Ўз мобайнида Стрикленд хоним билан тез-тез учрашиб турдим. Мен унинг уйидаги тантанали чойхўрликдан кўра ёқимтойроқ интим нонушталарига бориб турардим. Биз бир-биримизни самимий ёқтириб қолгандик. Мен ҳали жуда ёш бўлганим туфайли, эҳтимол, адабиёт майдонига қўяётган дастлабки қадамларимга бош бўлиб тургани ҳақидаги фикр унга қандайдир ёқимли эди. Ўнимда ҳар қандай масалада дарду ҳасратимни диққат билан эшитадиган ва ўринли маслаҳат берадиган одамнинг борлиги кўнглимга таскин берарди. Стрикленд хонимда раҳм-шафқат туйғуси кучли эди. Бу аслида ажойиб фазилат, лекин шундай фазилатга эга кишилар кўпинча уни суиистеъмол қилишади. Улар ўз қурбонларига раҳм-шафқат селини шу қадар кўп ёғдириб юборишадики, натижада улар тамомила ўзларини йўқотиб қўйишади. Азият чекаётганларнинг ғам-ташвишлари ўзларига етмагандай ҳамдардлик билдираётган одамнинг оҳу нолалари бунинг ёнига қўшилади. Стрикленд хоним эса бу фазилатини суиистеъмол қилмасди. Унинг ҳамдардлигини қабул қилсангиз бағоят хурсанд бўларди. Бу кузатишларимни самимий равишда Роза Уотерфорд билан ўртоқлашган пайтимда у шундай деди:
— Сут ичиш, айниқса, унга коньяк аралаштириб ичиш маза, лекин сигир ундан тезроқ қутулишни хоҳлайди. Шишиб кетган елин ғоят ёқимсиз нарса.
Роза Уотерфорднинг тилини худди заҳарли илон дейсиз. Ҳеч ким унчалик сўз билан чақиб ололмайди. Шу билан бирга ҳеч ким унчалик ёқимтой сўзларга уста эмасди.
Стрикленд хонимнинг яна бир хусусияти менга ёқарди—ораста яшашни биларди. Унинг уйи доимо саранжом-саришта ва озода эди. Ҳаммаёқда анвойи гуллар кўзга ташланади. Меҳмонхонага қалин ип газламадан дарпарда осилган. Хона анча сипо кўринса-да, ёруғ ва қандайдир ёқимли. Таомлари дид билан ва мазали тайёрланарди. Ихчамгина ошхонасидаги стол чиройли идиш-товоқлар билан безатилган. Иккала хизматкор ҳам ғоят башанг кийинишган, кўриниши ёқимтой. Стрикленд хоним ажойиб уй бекаси эканлиги шундоққина кўриниб турибди. Табиийки, у ажойиб она ҳам. Меҳмонхонани болаларининг расмлари безаб турибди. Ўн олти ёшлардаги ўспирин ўғли Роберт Регбида ўқирди. Бир суратда у спорт костюмида, бошқасида тик ёқали камзулдаги кўриниши тасвирланганди. У ҳам худди онаси сингари кенг пешонали бўлиб, чиройли, ўйчан кўзлари қандайдир ёқимтой боқарди. У озода, соғлом ва қобилиятли ўспириндек таассурот қолдирарди.
— Уни жудаям ақлли деб ўйламайман, — деди бир куни суратга тикилиб турганимни пайқаб, — лекин у софдил ва ёқимли бола.
Қизи ўн тўртга чиққанди. Унинг онасиники сингари қопқора ва қуюқ сочлари тўлқин-тўлқин бўлиб елкасига тушиб турарди. Юзлари самимий, кўзлари беташвиш эди.
— Уларнинг ҳар иккаласи қуйиб қўйгандай ўзингиз, — дедим мен.
— Ҳа, улар отасига қараганда кўпроқ менга ўхшашади.
— Нега мени шу пайтгача эрингиз билан таништирмадингиз?
— Сиз у билан танишишни хоҳлайсизми?
У кулиб қўйди – унинг кулгуси ҳақиқатан жуда чиройли эди — қизариб кетди. Мен унинг ёшидаги аёлнинг салгина нарсага қизаришидан ҳайрон қолардим. Лекин соддадиллик унинг етакчи жозибаси эди.
— У адабиётга тамомила бегона, тор фикрли одам, — деди у.
Хонимнинг сўзларида менсимаслик оҳанги йўқ эди. Аксинча, уни ўз дўстларидан ҳимоя қилгандай мулойимлик билан гапирди.
— У биржада ишлайди, одатдаги биржа даллолларидан бири. Сиз у билан гаплашсангиз зерикиб ўласиз.
— Сизга ҳам у билан яшаш зерикарлими?
— Йўқ, ахир мен унинг хотиниман-ку. Мен унга жуда ўрганиб қолганман.
У хижолатини яшириш учун кулимсираб қўйди. Назаримда, у Роза Уотерфордга ўхшаб бирор ҳазилни айтиб юборишдан чўчиётгандек туюлди. Жим бўлиб қолди. Кўзларида қандайдир назокат ва ёқимтойлик учқунлари ялтиллагандай бўлди.
— У ўзини даҳо деб ҳисобламайди, ҳатто биржада ҳам унчалик кўп даромад қилмайди. Лекин ҳайратда қоладиган даражада яхши ва самимий одам.
— Ўйлайманки, у менга ёқиб қолади.
— Мен бирор куни оилавий даврадаги овқатланишга сизни таклиф этаман. Лекин зерикиб қолгудай бўлсангиз ўзингиздан кўринг.

Олтинчи боб
Шундай шароит рўй бериб, ниҳоят, Чарлз Стрикленд билан учрашганимиз¬дан кейин ҳам у билан дурустроқ таниша олмадим. Бир куни эрталаб Стрикленд хонимнинг қисқагина хатини келтириб беришди. Унда бугун кечқурун уйида меҳмонларни кутишини, илгари таклиф қилинган меҳмонлардан бири келолмаслиги сабабли, унинг ўрнини эгаллаши мумкинлиги айтилганди. Хатда яна шундай сўз ҳам бор эди:
“Ўтириш жуда зерикарли бўлишини олдиндан огоҳлантириб қўйишни ўз бурчим деб ҳисоблайман. Меҳмонлар таркиби шундай дейишимга тўла асос беради. Лекин шунга қарамай ташриф буюрсангиз чексиз миннатдор бўлур эдим. Орада бироз вақт топиб озгина гурунглашамиз”.
Ўзаро яхши муносабатларимиз меҳмондорчиликка боришимни тақозо этишини тушундим.
Стрикленд хоним мени эри билан таништирганда у қўлимни сиқиб қўйди.
Хоним унга тикилганча, ҳазиллашди:
— Мен уни ҳақиқатан ҳам эрим борлигини билдириб қўйиш учун чақиргандим. Менимча, у бунга шубҳалана бошлади.
Стрикленд назокат билан кулиб қўйди. Одатда, айтилган гапда кулгига сабаб бўладиган бирор аломат бўлмаган пайтда шундай кулинади. У кулиб қўйди-ю, лекин ҳеч нарса демади. Янги меҳмонлар хонадон соҳибининг эътиборини ўзига тортди ва мен яна ўз хаёлларимга ғарқ бўлдим. Ҳамма йиғилиб бўлганда мен зиёфат столини кузатиб бориш топширилган хоним билан гаплашиб турардим. Хаёлимга маданиятли одамлар ўзларининг қисқа умрларини ҳар хил зерикарли маросимларга сарфлашга бунчалик уста бўлишмаса, деган фикр келди. Бу шундай зиёфат эдики, хаёлингга беихтиёр равишда хонадон соҳибаси шунча меҳмонни кутиб ўзини нега бунчалик уринтираркин, меҳ¬монлар эса бу машаққатни ўзларига нима учун раво кўришаркин, деган фикрлар келади. Стол атрофида ўн нафар одам тўпланганди. Улар учрашишганда бамайлихотир ва лоқайдгина кўришишди, стол атрофидан эса енгил нафас олиб туриб кетишди. Бундай овқатланиш худди жазони ўташдай гап эди. Стриклендлар ўзлари учун унчалик қизиқарли бўлмаган бу одамларни овқатланишга таклиф этишлари “керак” эди. Мезбонлар ўз бурчларини адо этишди, меҳмонлар эса вазифаларини бажаришди. Нега дейсизми? Уй эгалари ёлғиз ўтирмаслик учун уларни таклиф этишганди, меҳмонлар эса ўз хизматкорларига дам бериш, таклифни рад этишга асос бўлмаганлиги учун бу ерга келишганди.
Ошхона анча тор эди. Стол атрофида таниқли адвокат билан давлат амалдори хонимлари билан, Стрикленд хоним опасининг эри полковник Мак-Эндрю билан ва бир парламент аъзосининг хотини ўтиришарди. Парламент аъзоси ўша куни палатадан чиқиб кета олмаслиги маълум бўлгач, унинг ўрнига мени таклиф этишган экан. Анча басавлат кўринаётган бу улфатчиликда қандайдир бадҳазмлик бор эди. Аёллар ўз мавқеларидан мағрурланаётгандай, эътиборни жалб этиш учун устомонлик қилишаётгандай кўринишарди. Эркаклар эса ўзларини виқор билан тутишаётганди.
Ҳамма ҳам одатдагидан қаттиқроқ гапирар, улфатчиликни жонлантиришга интиларди, шунинг учун ҳам хона шовқин-сурон эди. Лекин ўртадаги умумий гап қовушмаётганди. Меҳмонлар газак қилаётганда, суюқ овқат ичаётганда ва балиқ еяётганда фақат ўнг томондаги қўшниси билан муомала қиларди, сабзавот ва ширинлик еяётганда эса чап томонидаги ҳамроҳи билан гаплашарди. Сиёсат ва гольф, болалар ва сўнгги премьера, Қироллик академиясида намойиш этилаётган расмлар, об-ҳаво, ёз мавсумида мўлжалланаётган ишлар тўғрисида сўз борарди. Гап-сўзлар бир дақиқа тинмас, шу туфайли ҳам шовқин тобора кучаярди. Стрикленд хоним хурсанд бўлса арзирди – зиёфат кўнгилдагидек ўтди. Унинг эри хонадон соҳиби ролини яхши уддалаётганди. Лекин у ҳаддан ташқари камгап эди. Пировардида унинг икки томонида ўтирган хонимларнинг юзларида ҳорғинлик аломатларини сездим. Чамаси, хонадон соҳиби уларни зериктириб юборган. Бир-икки маротаба эрига тикилиб турган Стрикленд хонимнинг ташвишли нигоҳини пайқадим.
Ширинлик еб бўлингач, Стрикленд хоним ўрнидан турди, даврадаги бошқа аёллар ҳам гурр этиб жойларидан қўзғалишди-да, меҳмонхонага кириб кетишди. Улар чиқиб кетишгач, Стрикленд эшикни ёпиб, столнинг нариги томонига ўтиб, таниқли адвокат ва ҳукумат амалдорининг ўртасига ўтирди. У ҳаммамизга бир қадаҳдан портвейн қуйди-да, сўнг сигара билан сийлади. Адвокат шаробни ажойиб экан деб мақтади, Стрикленд уни қаердан харид қилганини айтди. Гап шароб ва тамаки устида кетди. Кейин адвокат ўзи қатнашган суд жараёни тўғрисида сўзлади, полковник эса поло ўйини хусусида билганларини маълум қилди. Улар билан гурунглашадиган бирор гапим бўлмаганлиги туфайли, жим ўтирдим, боодоблик билан уларнинг суҳбатига қулоқ тутдим. Ҳеч кимнинг мен билан иши йўқ эди, бекорчиликдан Стриклендга разм сола бошладим. У мен ўйлаганимдан кўра баланд бўйлироқ, ориқдан келган, кўримсизгина одам экан; елкаси кенг, қўллари ва оёқлари узун, кастюми ўзига ёпишмайроқ турибди. У бамисоли ясаниб олган аравакашга ўхшарди. У унчалик чиройли ҳам эмас, унчалик хунук ҳам бўлмаган қирқ ёшлардаги эркак эди. Бичими анча тўғри, лекин меъёридан каттароқ бўлган, соқоли қиртишлаб олинган юзлари ғалати таассурот қолдирарди. Сочлари сарғишдан келган, калта қилиб олинганди, кўзлари кулранг билан кўк рангнинг ўртасидаги қандайдир рангга мойилроқ эди. Хулласи калом, кўриниши ўртамиёна эди. Мен эндигина Стрикленд хоним уни таништиришдан уялишининг маъносини тушундим. Ўзувчилар ва артистлар жамоасидан ўрин олмоқчи бўлган аёлнинг эри бундай бўлмаслиги керак эди. Унда жозиба етишмасди. У бирор ғалатироқ табиати билан ҳам ажралиб турмасди, шунчаки, оқкўнгил, зерикарли, ҳалол, ўртамиёна бир одам эди. Унинг баъзи фазилатлари, эҳтимол, диққатга сазовордир, лекин у билан мулоқот қилишга чидаш мумкин эмасди. Бу жиҳатдан уни йўқ деб ҳисобласа ҳам бўларди. Жамиятнинг яхшигина аъзоси, дурустгина эр ва ота, ҳалол даллол бўлса ҳам унга вақт сарфлаш хайф эди.

Еттинчи боб
Мавсум ўз поёнига яқинлашаётганди, атрофдагиларнинг барчаси кетишга тайёргарлик кўришаётганди. Стрикленд хоним оиласи билан Норфолкка кетишга ҳозирланаётганди. У ерда болалари денгиз ҳавосидан баҳра олишади, эри гольф ўйнайди. Биз у билан кузда учрашишга келишиб, хайрлашдик. Лекин ўзим жўнаб кетишимдан олдинроқ хоним ва унинг болалари билан дўкон остонасида учрашиб қолдик. У ҳам худди мен сингари Лондондан жўнаб кетиш олдидан зарур нарсаларни харид қилаётган экан. Хоним ҳорғинроқ ва тутақиброқ тургандай туюлди. Мен уларга боққа кириб музқаймоқ ейишни таклиф этдим.
Стрикленд хоним, чамаси, ўз болаларини менга кўрсатиб қўйиш учун бўлса керак, таклифимга дарҳол кўна қолди. Унинг болалари эса суратдагига қараганда ҳам жозибалироқ экан, она ҳақли равишда улар билан фахрланарди. Мен ёш бўлганим учун уялишмас, кўнгилларига келган гапни айтишдан тортинишмасди. Улар ғоятда ёқимтой, бутун вужудларидан саломатлик анқиб турган ёш вужудлар эди. Дарахт соясида ўтириш ҳам лаззатли эди шу дамларда.
Орадан бирор соат ўтгач, хоним бир отли извошни чақириб жўнаб кетишди, мен эса кунни ўтказиш учун клубга йўл олдим. Ўша куни кўнглимда қандайдир ғашлик бор эди, шунинг учунмикин, билмадим, ўзимда уларнинг осойишта оилавий ҳаётига маълум даражада ҳасад пайдо бўлганини сездим. Чамаси, уларнинг ҳаммалари бир-бирларини яхши кўришарди. Улар гапларининг орасига қандайдир сўзлар қўшиб қўйишар, бу сўзлар эса четдаги одамга ҳеч нарсани англатмас, лекин ўзлари бундан ҳузур қилиб кулишарди. Эҳтимол, Чарлз Стрикленд сўзлаш жозибаси жиҳатидан зерикарли одамдир, лекин унинг шахсияти ўзи яшаётган муҳитга мос эди. Шунинг ўзигина маълум муваффақиятгина эмас, балки бахт ҳам эди. Стрикленд хонимдек ажойиб аёл уни севарди. Мен уларнинг ҳеч нарса раҳна солмаётган, ҳалол, тинч, аждодларининг соғлом анъаналарини давом эттиришга тайёр турган ёш авлод вакиллари туфайли осойишта кечаётган сермазмун ҳаётларини тасаввур қилиб кўрдим. “Улар умрларининг охиригача, то қариб-чириб кетгунларигача шундай, тинчгина ҳаёт кечирсалар, ўз фарзандларининг камолини кўрсалар, ўғиллари келажакда соғлом зурриёдлар ҳадя этадиган яхшигина қизга уйланса, қизлари эса келишган ёш йигитга, ҳарбий одамга турмушга чиқса керак деб хаёл қилдим. Ҳузур-ҳаловатда, фарзандлар ва набиралар қуршовида узоқ умр кўриб, бахтли ва фойдали ҳаёт кечириб мангу уйқуга кетсалар керак” деган фикрга бордим.
Кўпгина эр-хотинлар тарихи шу тарзда кечади. Бундай ҳаётнинг ўзига хос жозибаси, сеҳри бор. Бундай ҳаёт кўм-кўк майсазорлар оралаб қуюқ дарахтлар тагидан жилдираб оқаётган, лекин денгизга бориб қуйилмайдиган, осойишта ирмоқчани эслатади. Лекин денгиз шу қадар осойишта ва бефарқки, беихтиёр қалбингга тўсатдан қандайдир ғам-андуҳ кириб олади. Эҳтимол, бу нарса ўша вақтлардаёқ маълум бўлиб, шахсиятимдаги ўзига хос ғалатилик нишонасидир. Кўпчиликнинг бундай қисмати ҳаммавақт менга чучмал туюларди. Мен бунинг ижтимоий қимматини, инсонни бахтиёр этишдаги ўрнини эътироф этардим-у, қайноқ қоним эса қандайдир бошқача, исёнкорона ҳаётни қўмсарди шекилли. Бундай табиий қувончлар негадир мени чўчитарди. Менинг юрагим хавф-хатарлироқ ҳаётга интиларди. Ҳаёт йўлимда сув ости қояларию хиёнаткор саёзликлар учраса ҳам майли, лекин у бир текисда, зерикарли ўтмасин, токи кутилмаган, тўсатдан пайдо бўладиган қувончни англаш имкони бўлсин.

Саккизинчи боб
Стриклендлар тўғрисида барча ёзганларимни ўқиб кўрар эканман, уларнинг қиёфалари анча нурсиз чиққанини пайқаб қолдим. Китоб қаҳрамонларининг ҳаёт тарзини белгилайдиган ўзларига хос хусусиятларини аниқ кўрсатиб бера олмадим, шекилли. Ўйлайманки, бу менинг камчилигим. Мен уларнинг характеридаги ҳаётларини бутунлай бошқа ўзанга солиб юборган қандайдир ўзига хос хусусиятларини топиш учун кўп бош қотирдим. Ишонаманки, мен қаҳрамонларим табиатларидаги баъзи одат ва қилиқларни кўрсатиб, уларни жонлантиришга ҳаракат қилдим. Бўлмаса улар худди гулқоғоздаги шакллардай ўз қиёфаларини йўқотган бўлишарди. Ўзимни оқлайдиган ягона томони шундаки, улар менга аслида ҳам худди мана шундай туюлишарди. Ижтимоий организмнинг бир қисмига айланиб кетган одамлар сингари улар мажҳулга ўхшарди назаримда. Бундай одамлар танамиз тўқималаридаги жуда зарур, соғлом вақтида эса биз томонимиздан сезилмайдиган тўқималарга ўхшайди. Стриклендлар одатий буржуа оилаларидан бири эди. Ўзларини шер фаҳмлайдиган иккинчи даражали ёзувчиларга эътиқод қўйган ёқимтой ва меҳмондўст хотин, Оллоҳ белгилаб берган ўриндаги ўз бурчини ҳалол бажараётган зерикарли эр, хушмуомала соғлом болалар. Бундан ҳам кўра мақбулроқ оилавий уйғунликни топиш амримаҳол эди.
Кейинчалик рўй берган ҳодисаларни эсларканман, ўзимдан ўзим сўраб қўяман: наҳотки Чарлз Стрикленд қиёфасида ўзидан бошқани тан олишни истамайдиган оддий одамлардан ажралиб турадиган бирор хусусиятни сеза олмаган тентак бўлсам. Эҳтимол, шундайдир. Ахир ўша даврлар билан ҳозирги давр ўртасида катта масофа бор, у вақтларда ҳаётий тажрибам йўқ эди, одамларни билмасдим. Лекин, барибир, ўша вақтда ҳозирги ҳаётий тажрибам билан унга рўбарў келганимда ҳам худди аввалгисидай муносабатда бўлардим. Лекин хаёлимда, инсон зотидан кутилмаган нарсаларни кутиш мумкин, деган фикр бўлар ва ўшанда Лондонга қайтиб келганимдан кейин эшитган ахборотимдан ўшандагидек лол қолмаган бўлардим.
Пойтахтга қайтиб келган кунимнинг эртасига Жермин-стритда Роза Уортерфордни учратиб қолдим.
— Кайфиятингиз чоғ кўринади, нима гап ўзи? — деб сўрадим.
У кулиб қўйди, кўзларида бировнинг бахтсизлигидан кулиш аломатлари зуҳур этди.
Бунинг сабабини дарҳол тушундим. У дўстларидан ким биландир рўй берган жанжалли тарихни гапириб берди. Адабиёт оламидаги бу аёлнинг бутун туйғулари жунбушга келганди.
— Ахир сиз Чарлз Стрикленд билан танишсиз-ку?!
Унинг фақат юзигина эмас, балки бутун гавдаси тўла жанговар тайёргарликни ифодалаб турарди. Мен бош қимирлатиб танийман деган ишорани билдирдим-у, хаёлимга бечора ё извошнинг тагида қолган, ё бўлмаса биржада ютқазган, деган фикр келди.
— Даҳшатли қисмат! У хотинини ташлаб кетди!
Уотерфорд, табиийки, Жермин-стритдаги пиёдалар юрадиган йўл бу гапни давом эттириш учун қулай жой эмаслигини ҳис этди ва артистона шахс сифатида бу хабарнинг ўзи биланоқ мени лол қилиб қўйди. Устига-устак, бунинг ҳеч қандай тафсилотини билмайман деб айтди. Мен шаҳар шовқин-сурони бу жанжалнинг сабабларини айтишга монелик қилмас деб ўйладим.
— Айтяпман-ку сизга, бошқа ҳеч нарсани билмайман, — деди у менинг безовталаниб бераётган саволларимга жавобан: — Ўйлайманки, хушрўйроқ бирорта қиз уни йўлдан уриб, бирга кетган.
У мафтункор кулиб қўйди ва ўзини тиш доктори кутаётганини айтиб пошналарини тақиллатганча жўнаб қолди.
Бу янгилик мени хафа бўлишдан ҳам кўра кўпроқ хаёлимни ўзига банд этди. Ўша вақтларда менинг ҳаётий тажрибам жуда кам эди. Менинг танишларим ҳаётида илгари фақат романларда ўқиганим воқеалар рўй берганидан ларзага келган эдим. Кейинчалик атрофимизда рўй бераётган бундай воқеаларга ўрганиб кетдим, лекин ўшанда бу воқеа мени ниҳоятда ташвишга солганди. Стрикленд қирқдан ошган одам эди. Шундай табаррук ёшдаги одамнинг ишқий саргузаштлар йўлига кириб кетишини тушуна олмаётгандим. Ўшлик мағрурлиги туфайли бўлса керак, мен одам ўттиз беш ёшдан кейин севиш қобилиятига эга бўлолмайди деб ҳисоблардим. Бу янгилик мени ноқулай аҳволга солиб қўйганди. Мен қишлоқда вақтимда Стрикленд хонимга хат йўллаб, тез орада Лондонга қайтиб келишим биланоқ, агар хоним лозим топса уникига бир пиёла чой ичгани боришимни билдирган эдим. Хонимникига бугун боришга ваъда бергандим, лекин ундан жавоб хати олмагандим. У мени кўришни хоҳлайдими, йўқми? Эҳтимол, бундай ташвишлар билан менинг хатимни ёдидан чиқаргандир. Шу туфайли ҳам бундай ташрифдан ҳозирча воз кечиб турган маъқулроқ. Бошқа томондан эса, эҳтимол, у бу тарихни бутунлай сир тутишни хоҳлар, мен эса бу ғалати воқеани эшитганимни унга билдириб қўйсам одобсизлик қилган бўларман. Мен ҳаммадан ҳам ажойиб аёлнинг туйғуларини ҳақоратлаб қўймасмикинман деб андиша қилардим, хира бўлиб кўринишдан қўрқардим. Табиийки, у жудаям изтироб чекаётганди. Ўрдам бера олмаганингдан кейин бировнинг қайғусига қандай қараб турасан? Гарчи шундай бўлса-да, менинг қизиқувчанлигим аёл ўз бошига тушган ташвишга қандай чидаётганини билишга ундарди. Бир сўз билан айтганда, мен жудаям гангиб қолгандим.
Кейин мен ҳеч нима бўлмагандай, уникига бораману хизматкор орқали, Стрикленд хоним мени кўришни исташ-истамаслигини аниқлайман, деган қарорга келдим. Бу унга мени кўришни хоҳламаса қабул қилмаслик имконини берарди. Хизматкорга олдиндан тайёрлаб қўйган сўзларимни айтаётганимда ҳам саросимада эдим. Даҳлизда жавоб кутаётганимда ҳам аввалдан жуфтакни уриб қолмаслик учун ўзимни зўрлаб ушлаб турардим. Хизматкор йўлдан қайтди. Назаримда, у бу хонадонда рўй берган барча кўнгилсизликлардан хабардордай эди.
— Мана бу уйга киринг, жаноб, — деди у.
Мен унинг кетидан меҳмонхонага кирдим. Уй пардалари қарийб туширилган эди, Стрикленд хоним деразага орқа ўгириб ўтирарди. Унинг куёви, полковник Мак-Эндрю камин олдида исиниб турарди. Мен ўзимни жудаям ноқулай сездим. Бу ерда пайдо бўлишим, назаримда, уларни саросимага солиб қўйди ва Стрикленд хоним мени қабул қила олмаслиги ҳақидаги хатни жўната олмаганлиги туфайлигина меҳмонхонасида кутиб олаётгандай туюлди. Полковник ҳам менинг бостириб кирганимдан ғазабда бўлса керак деб ўйладим.
— Ҳозир мени қабул қилишингизга унчалик ишонмагандим, — дедим ясама самимийлик билан.
— Нега қабул қилмас эканман? Эмми ҳозир бизга чой келтиради...
Ҳатто нимқоронғи хонада ҳам Стрикленд хонимнинг кўзлари йиғидан шишиб, доим оппоқ кўринадиган юзлари қандайдир ўзгариб қолганини фаҳмладим.
— Сиз менинг куёвим билан танишсиз, шекилли. Баҳорда бизникида танишган эдингизлар.
Биз қўл бериб кўришдик. Мен шунчалик ўзимни йўқотиб қўйдимки, нима дейишни ҳам билмасдим, лекин Стрикленд хоним мушкулимни осон қилди. У ёзни қандай ўтказганим билан қизиқди, чой келгунгача хонимнинг ёрдамида гапга сал-пал аралашиб турдим. Полковник эса ўзига содали виски келтириш¬ларини илтимос қилди.
— Сизга ҳам виски ичишни маслаҳат бераман, Эмми, — деди у.
— Йўқ, мен чой ичмоқчиман.
Бу қандайдир кўнгилсизлик рўй берганлигига дастлабки ишора эди. Мен ўзимни эшитмаганга олдим ва Стрикленд хонимни суҳбатга жалб этишга уриндим. Камин ёнида турган полковник миқ этмади. Ичимда қачон кетишим лозимлигини чамалаб турардим. Стрикленд хоним нима сабабдан уйида қабул қилаяпти, деб ўз-ўзимга савол берардим. Меҳмонхонада гуллар кўринмас, ёзда йиғиштириб қўйилган безак буюмлари ҳам ҳалигача ўз ўрнига жойлаш¬тирилмаганди. Одатда, чиройли кўринадиган уй жуда совуқ ва қовоғи солиқдай туюларди, худди деворнинг нариги томонида мурда ётганга ўхшарди. Мен чойимни ичиб қўйдим.
— Сигарета чекишни хоҳлайсизми? — сўради Стрикленд хоним.
У сигарета турадиган қутичани қидираётганди, лекин у яқин ўртада кўринмаётганди.
— Чамаси, бизда сигарета тугаганга ўхшайди.
Тўсатдан кўзларига ёш келиб, хонадан чопқиллаб чиқиб кетди.
Мен довдираб қолдим. Чамаси, одатда, эри сотиб оладиган сигаретанинг йўқлиги юрагига қаттиқ таъсир қилди, уйдаги камчиликлар тўғрисида ғамхўрлик қиладиган одамнинг энди йўқлиги уни тамомила изтиробга солаётганди. Ўзининг аввалги хотиржам ҳаёти мангуликка йўл олганини тушуниб етганди. Аслзодаларга хос қонун-қоидаларга амал қилиб ўтиришга ҳожат қолмаганди.
— Мен кетганим яхшига ўхшайди, — полковникка шундай деб ўрнимдан турдим.
— Сиз, бу аблаҳ хотинини ташлаб кетганини эшитган бўлсангиз керак? — дарғазаб қичқирди у.
Мен жавоб қайтаришга шошилмадим.
— Ҳа, қандайдир кўнгилсизлик бўлганига ишора қилишганди.
— У қочиб кетди. Қандайдир сатанг билан Парижга қочди. Эммига сариқ чақа ҳам қолдирмади.
— Жуда ачинарли, — дедим нима дейишни билмай.
Полковник бир зарб билан вискини ичиб юборди. Бу баланд бўйли, қотмадан келган, эллик ёшлардаги, оқ сочли, пастга осилган мўйлабли, кўзлари кўм-кўк, лаблари қуришган киши эди. Олдинги учрашувдан менинг эсимда қолган нарса фақат унинг бирор маъно уқиш қийин бўлган юзию истеъфога чиққунгача ўн йил мобайнида ҳафтасига энг камида уч мартадан поло ўйнаганини мақтаниб гапириб бергани бўлди.
— Ўйлашимча, ҳозир Стрикленд хонимнинг мен билан гаплашишга фурсати йўқ, — дедим. — Унга жуда ачинаётганимни ва бирор нарса билан ёрдам бера олсам ўзимни бахтиёр ҳисоблашимни етказиб қўйинг.
У ҳатто менинг гапимни эшитмади.
— Билмадим, энди у нима қилади. Ахир унинг болалари бор. Қандай қилиб кун кечиришади? Ҳаво билан овқатланишадими? Ўн етти йил-а!
— Ўн етти йил? Бу билан нима демоқчисиз?
— Турмуш қуришганига ўн етти йил бўлди,— кескин жавоб берди. – Менга Стрикленд ҳеч қачон маъқул бўлмаган. Албатта у божам бўлгани учун ҳеч нарса дея олмас эдим. Ўки сиз уни назокатли одам деб ҳисоблайсизми? Аслида Эмми унга турмушга чиқмаслиги керак эди.
— Улар бутунлай ажраб кетишдими?
— Расман ажралишлари қолди, холос. Мен, дарҳол ажралиш тўғрисида ариза ёзинг, Эмми! Бу сизнинг ўз олдингиздаги ва болаларингиз олдидаги бурчингиз, дедим. Яхшиси, у менинг кўзимга мутлақо кўринмасин. Акс ҳолда таъзирини бериб қўяман. — Хаёлимга бу иш полковник Мак-Эндрюга унчалик осон бўлмаса керак, Стрикленд бақувват одам-ку, деган фикр келса-да, индамай қўя қолдим. Яхши фазилатли кишилар бошқалар томонидан ранжитилсалар ҳам гуноҳкорларни қарғамасликлари ёдимга тушди. Мен иккинчи маротаба кетишга чоғланиб турганимда, Стрикленд хоним кириб қолди. У кўз ёшларини артишга, юзига салгина упа сепиб ўзини эпақага келтиришга улгурганди.
— Ўзимни тута олмаганимга афсусдаман, — деди у. – Яхшиямки, сиз кетиб қолмабсиз.
У ўтирди. Мен энди тамомила эсанкираб қолгандим. Менга алоқадор бўлмаган нарса тўғрисида гаплашиш тамомила ноқулай бўлаётганди. Мен ўша пайтларда хотин-қизларнинг энг катта қусури — шахсий ишларини дуч келган одам билан қизғин муҳокама қилавериши эканлигини билмасдим. Стрикленд хоним, афтидан, ўзини тутиб олишга уринаётганди.
— Бу ҳақда кўп гаплашишяптими? — сўради у.
Оила бошига тушган мусибатдан менинг хабардорлигимга унинг қатъий ишончи мени саросимага солиб қўйди.
— Мен эндигина дам олишдан қайтдим. Роза Уотерфорддан бошқа ҳеч кимни кўрмадим.
Стрикленд хоним қўлларини бир-бирига қовуштирди.
— Ундан ниманики эшитган бўлсангиз, ҳаммасини гапириб беринг.
Мен жим турардим, лекин у айтишга мажбур қилди.
— Ҳар қанча оғир бўлмасин, мен бу гапларни билишни хоҳлайман.
— Унинг гап сотиб юришини яхши биласиз-ку. Унинг сўзларига ишониб бўлмайди. Эрингиз сизни ташлаб кетганини айтди.
— Бор гап шуми?
Мен Роза Уотерфорд хайрлашатуриб қаҳвахонадаги қиз ҳақидаги гапини айтишни лозим топмай ёлғон сўзладим.
— У эрим қандайдир аёл билан жўнаб кетганини гапирмадими?
— Йўқ.
— Мен билмоқчи бўлган нарса шу эди.
Бошим қотиб қолган эди, лекин шундай бўлса-да, кетишим лозимлигини фаҳмладим. Хайрлашаётганимда, Стрикленд хонимнинг хизматига доимо тайёрлигимни айтдим. У маъюс жилмайди.
— Ташаккур сизга. Лекин мен учун бирор нарса қила оладиган одам топилмаса керак.
Ҳаддан ташқари уятчан бўлганлигим туфайли, хонимга ҳамдардлик ҳам билдира олмадим, хайрлашмоқчи бўлиб полковник томонга ўгирилдим. Лекин у қўлимни сиқиб хайрлашмади.
— Мен ҳам кетаман. Агар сиз Виктория-стрит бўйлаб юргудай бўлсангиз, йўлда ҳамроҳ бўламиз.
— Жудаям яхши, — дедим мен. – Кетдик.

Тўққизинчи боб
— Мудҳиш тарих, — деди кўчага чиқишимиз биланоқ полковник.
У қайнсинглиси билан соатлаб муҳока
ма қилган нарсани мен билан ҳам гаплашиш учун бирга чиққанини тушундим.
— Биласизми, биз ҳатто ўша аёлнинг кимлигини ҳам билмаймиз, — деди полковник. – Ярамас фақат Парижга жўнаб кетганини биламиз, холос.
— Менинг назаримда улар энг ибратли эр-хотинларга ўхшаб туюлишарди.
— Худди шундай эди. Сиз келмасингиздан олдин Эмми биргаликдаги ҳаётлари мобайнида бирор маротаба ҳам жанжаллашмаганликларини гапириб турган эди. Сиз Эммини биласиз. Ўруғ оламда ундан яхшироқ аёл йўқ.
Бундай гаплардан кейин мен унга бир неча савол билан мурожаат этишни лозим топдим.
— Сиз хоним ҳозиргача бирор нарсадан шубҳаланмаган деб ҳисоблайсизми?
— Бўлмаса-чи! Ҳеч нарсадан шубҳаланмаган. Стрикленд август ойини Норфолкда хотини ва болалари билан ўтказган. Аввал қандай бўлса худди шундай дам олишган. Биз хотиним билан бирга улар дам олаётган жойга бир неча кунга бордик, мен у билан гольф ўйнадим. Сентябр ойида унинг шериги таътилга кетиши лозим бўлганлиги туфайли, Лондонга қайтиб келди, Эмми эса денгиз бўйида қолди. Улар бир уйни бир ярим ойга ижарага олишган экан. Муҳлат тугашидан олдин хоним қайси куни Лондонга етиб келишларини хат орқали эрига билдирибди. Эри эса Париждан унга хат йўллаб, энди у билан турмаслигини маълум қилибди.
— Бу қарорини нима билан изоҳлабди?
— Азизим, у ҳеч нарсани изоҳлаб ўтирмабди. Мен хатни ўқидим. Хат бор-йўғи ўн қаторга яқин, бундан ортиқ эмасди.
— Ҳеч нарсага тушунмаяпман.
Шу дақиқада кўчани кесиб ўтгандик, катта кўчадаги шовқин-сурон гапимизни давом эттиришга имкон бермади. Полковник менга айтиб берган нарсалар ҳақиқатдан узоқдай эшитилаётганди, Стрикленд хоним ундан ниманидир яшираётган бўлса керак, деган қарорга келдим. Ўз-ўзидан аёнки, ўн етти йил аҳил яшаган эр-хотин бир-бирини бирор сабабсиз ташлаб кетмайди. Ўхуд улар айтилаётганидай аҳил яшашмагандир. Полковник менинг мулоҳазаларимни бўлиб юборди.
—Бирор сатанг билан қочиб қолган эркак қандай сабаб ҳам кўрсатарди. Эҳтимол, хотинимнинг ўзи бунинг фаҳмига етар деб ўйлагандир. Мана шунақа ярамас одам у.
— Стрикленд хоним энди нима қилмоқчи?
— Аввало бу иш ҳужжат билан тасдиқлансин-чи. Ўзим Парижга бориб келмоқчиман.
— Идораси нима бўлди?
— Идорасида ҳам жуда айёрона йўл тутган. Йил мобайнида кетишга тайёрланган.
— У жўнаб кетиши тўғрисида шеригини огоҳлантирибдими?
— Буни хаёлига ҳам келтирмабди.
Полковник Мак-Эндрю савдо масалаларида кўп нарсаларга ақли етмасди, мен эса бу ишлардан тамомила бехабар эдим. Шунинг учун ҳам Стрикленд ўз ишларини қай аҳволда ташлаб кетганини тушунмадим. Мак-Эндрюнинг гапига қараганда, ташлаб кетилган шериги ғоят ғазабда экан, Стриклендни судга беришини баён этибди.
— Кўринишидан бу машмаша унга беш юз франкларга тушса керак.
— Худога шукрки, уй жиҳозлари тағинам Эмми қарамоғида. Унга шуларгина қолади.
— Сиз хоним бир чақасиз қолди деганингизда бу нарсалар ёдингиздамиди?
— Албатта, ёдимда эди. Унга икки юз ёхуд уч юз фунт пулию мана шу мебеллар қолди.
— Лекин улар энди қандай қилиб тирикчилик ўтказишади?
— Бу ёлғиз Оллоҳгагина маълум.
Ҳаммасини, чамаси, ақл билан идрок этса бўларди, аммо дарғазаб полковник ўз сўзлари билан мени чалкаштириб юбораётганди. У Армия ва Флот дўкони олдидаги соатга қараб клубда карта ўйнайдиган шериклари кутиб туришгани эсига тушиб, мени Сент-Жеймс боғига ёлғиз боришимга имконият берганидан жуда хурсанд бўлиб кетдим.

Ўнинчи боб
Орадан бир-икки кун ўтгач, Стрикленд хоним менга хат юбориб кечқурун уникига киришимни сўрабди. Уйига кириб борганимда ёлғиз ўтирган экан. Роҳибаларники сингари қоп-қора оддий кўйлак бошига тушган оғир мусибатдан белги эди. Юрагидаги шунча ғам-ғусса билан ўзини тутиб ўтирганига ҳайрон қолдим.
— Сизга бирор илтимос билан мурожаат этгудай бўлсам, уни бажаришга ваъда бергандингиз шекилли? — деди хоним.
— Ҳа, албатта.
—Парижга бориб Чарли билан учрашиб келишга розилик бера оласизми?
— Менми?
Бу гапдан лол бўлиб қолгандим. Ахир мен уни бир мартагина кўргандим, холос. Хоним менга қандай топшириқ беришни мўлжаллаяптийкин?
— Фред у ёққа бормоқчи. (Фред полковник Мак -Эндрю эди.) Лекин мен аминманки, унинг бориши жоиз эмас. У ҳамма ишни фақат чалкаштириб юборади. Бу нарсани кимдан илтимос қилишни билмай турибман.
Унинг овози салгина титраб чиқди. Мен томондан бир сония бўлсин иккиланиш тўнғизлик бўлишини ҳис этдим.
— Лекин мен эрингиз билан мулоқотда бўлмаганман. У мени билмайди, шу туфайли ҳам кавушимни тўғрилаб қўйиши мумкин.
— Бунинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ, — жавоб берди Стрикленд хоним сал табассум қилиб.
— Сизнингча, мен қандай ҳаракат қилмоғим керак?
Бу саволимга у тўғридан-тўғри жавоб қайтармади.
— Менимча, у сизни билмаслиги қайтага яхши. Биласизми, у Фредни ҳеч қачон ёқтирмаган. Ҳамиша уни тентак бир кимса деб ҳисобларди — ҳарбий одамлар дилига ўтиришмасди. Фред ўзини тутолмайди, ўртада жанжал кўтарилади-да, иш натижасиз тугайди. Агар сиз менинг номимдан кел¬ганингизни айтсангиз, у албатта, гапингизга қулоқ солади.
— Мен сизни яқиндан бери танийман, — жавоб бердим мен. – Бундай ишга эрингизни яхши билмаган бир одамнинг қандай аралашиши мумкинлигини тушунмаяпман. Ўзимга бевосита алоқадор бўлмаган ишга бурнимни тиқишни хоҳламаяпман. Нима сабабдан Парижга ўзингиз бориб қўяқолмайсиз?
— У ерда ёлғиз эмаслигини эсдан чиқариб қўйяпсиз, шекилли.
Мен тилимни тишладим. Кўз ўнгимда Чарлз Стрикленд уйига кириб борганим ва унга ташриф карточкасини узатганим, икки бармоғи билан карточкани ушлаганча қаршимга чиққани намоён бўлди.
— Хизмат?
— Мен сиз билан хотинингиз тўғрисида гаплашмоқчи эдим.
— Жиддий гапиряпсизми? Сал улғайганингиздан кейин бировларнинг ишига бурун тиқмаслик лозимлигини тушунасиз. Агар илтифот кўрсатиб, чап томонга қайрилсангиз эшикни кўрасиз. Сизга омад ёр бўлсин.
Бу ердан силлиққина чиқиб кетиш қийинлигини аввалдан сеза олдим ва Стрикленд хоним мушкулотлар тўридан қутулмасидан олдин Лондонга қайтиб келганимга ўзимни қарғадим. Мен зимдан аёлга разм солдим. У хаёл дарёсига ғарқ бўлган эди. Лекин бир сониядан кейин менга қаради, чуқур хўрсинди ва енгил кулимсираб қўйди.
— Ҳаммаси кутилмаганда рўй берди, — деди у. – Биз ўн етти йил турмуш қурдик. Чарли бошқа аёлга айланишиб кетади деб ҳеч қачон ўйламаган эдим. Биз жуда аҳил яшаганмиз. Тўғри, мен жуда кўп нарсаларга қизиқар эдим, буларни у ё ёқтирмас, ё бепарво эди.
— Сиз бирга кетган... — қандай қилиб мулойимроқ сўрашни билолма¬ётгандим, — аёлнинг кимлигини била олдингизми?
— Йўқ. Буни ҳеч ким тасаввур ҳам қила олмаяпти. Бу жуда ғалати. Одатда, бундай пайтларда одамлар севишганларни ресторан ёхуд бирор ерда кўриб қолишади-да, хотинларига гапириб беришади. Бу тўғрида мени ҳеч ким огоҳлантиргани ҳам йўқ, мен ҳеч нарсадан шубҳаланганим ҳам йўқ. Унинг хати булутсиз осмондаги момақалдироқдай бўлди. Мен билан бахтиёрлигига заррача шубҳа қилмасдим.
Стрикленд хоним йиғлаб юборди, бечорага юракдан раҳмим келди. Лекин у шу ондаёқ ўзини қўлга олди.
— Мен умидсизликка берилмаслигим керак, — деди у кўзларини артиб. — Ҳозир қандай тадбир кўриш лозимлиги ҳақида бир қарорга келиш керак.
Аёл парокандалик билан гоҳ яқин ўтмиш, гоҳ биринчи учрашувларию тўйлари тўғрисида гапира бошлади. Кўз ўнгимда уларнинг биргаликда кечирган ҳаёт йўллари намоён бўла борди. Бу оила ҳақидаги илгариги фикрларим ҳақиқатдан унчалик узоқ эмаслигини ўйлаб қолдим. Стрикленд хоним Ҳиндистондаги бир амалдорнинг қизи бўлган экан. Отаси истеъфога чиққанидан кейин у ўша ерда, мамлакатнинг чекка бир гўшасида яшаб қолибди. Лекин ҳар йилнинг август ойида ҳаво алмаштириш учун ўз оиласини Истборнга олиб борар экан. Шу Истборнда у Стрикленд билан танишибди. У йигирма ёшда, йигит эса йигирма уч ёшда экан. Улар биргаликда теннис ўйнашибди, сайр қилишибди, ҳабашларнинг қўшиқларини тинглашибди. Қиз йигитга турмушга чиқишга қарор қилибди, йигит ҳам турмуш қуришни таклиф этибди. Улар аввалига Лондон чеккароғидаги Хампстедда, кейинроқ, Стрикленднинг моддий аҳволи яхшилангач, шаҳар марказида яшай бошлашибди, ўғил ва қиз фарзандлар кўришибди.
— Болаларини жудаям яхши кўрарди. Мен унинг жонига теккан тақдиримда ҳам болаларни кўзи қандоқ қийдийкин? Ишониш қийин бунга. Бу ишларнинг ҳақиқатдан бўлиб ўтганига ҳали ҳам ишонмайман.
Охирида эри юборган хатни кўрсатди. Бу хатни анчадан бери ўқишни истаётгандим, лекин уни сўрашга ботина олмаётгандим.
“Азизам Эмми!
Умид қиламанки, сен уйдаги барча нарсалар жой-жойида эканлигига амин бўласан. Мен Эммига сенинг буйруқларингни етказиб қўйдим. Сенинг ва болаларингнинг келишига овқат тайёрлаб қўяди. Мен сизларни кутиб олмайман. Сизлардан алоҳида яшашга қарор қилдим, бугун Парижга жўнаб кетаман. Бу хатни йўлга жўнайтуриб юбордим. Уйга қайтмайман. Қарорим қатъий ва ўзгармас.
Ҳамиша сеники бўлиб қоладиган Чарлз Стрикленд“.
— У ҳеч нарсани тушунтирмаган ҳам, афсус ҳам чекмаган. Ахир бу ғалати эмасми?
— Жуда ғалати хат, — жавоб бердим мен.
— Буни фақат бир нарса билангина изоҳлаш мумкин — у ўзини йўқотиб қўйган. Мен уни ўзига ром қилиб олган аёлнинг кимлигини билмайман, аммо у эримни бутунлай бошқа одамга айлантириб юборган. Чамаси, бу анча эски саргузашт бўлса керак.
— Нега сиз шундай деб ўйлаяпсиз?
— Фред буни тушунтириб берди. Чарлзнинг кунора клубда бридж ўйнайдиган одати бор эди. Фред бу клубнинг аъзоларидан бири билан таниш экан. Бир куни гап орасида Чарлзни унга бридж ўйинининг ашаддий ишқибози деб айтибди. Унинг таниши жуда ажабланибди, карта ўйини устида бирор маротаба ҳам кўрмаганман, дебди. Ҳаммаси кундай равшан, уни клубда деб ўйлаган пайтимда ким билан бўлганлиги ўз-ўзидан аён.
Мен жим бўлиб қолдим. Хаёлимга болалар келди.
— Буларнинг ҳаммасини Робертга тушунтириш жуда қийин кечгандир.
— О, мен унга ҳам, қизимга ҳам ҳеч нарса демадим. Ахир биз шаҳарга мактаблардаги ўқиш бошланишидан бир кун олдин етиб келган эдик-да. Уларга фақат даданг кутилмаганда иш билан жўнаб кетди, дея олдим, холос. Юракда шундай кутилмаган сир билан хотиржам бўлиш, болаларнинг мактаб билан боғлиқ барча эҳтиёжлари тўғрисида ғамхўрлик қилиш қийин эди. Стрикленд хонимнинг овози яна қалтираб чиқди.
— Бечора болажонларимнинг аҳволи не кечади? Тирикчилигимизни қандай ўтказамиз?
Аёл ўзини қўлга олишга уринаётганди. У қўлларини беихтиёр равишда қисаётгани ва қўйиб юбораётганига кўзим тушди. Ғоят ачинарли манзара!
— Агар сизга ёрдам берадиган бўлса, албатта, Парижга бораман. Лекин сиз мен у ерда нимага эришишим кераклигини айтинг.
— Мен унинг уйга қайтишини истайман.
— Полковник Мак-Эндрюнинг сўзларидан сиз у билан ажралишга қарор қилганингизни тушунгандим.
— Мен ҳеч қачон Чарлидан ажралмайман! — ғазаб билан хитоб қилди у. Чарли ҳеч қачон у аёлга уйлана олмайди. Мен ундан ҳам қайсарроқман, ҳеч қачон ундан ажралмайман. Мен болалар тўғрисида ўйлашга мажбурман.
Сўнгги сўзларини у ўз муносабатини тушунтириш учун айтди, лекин гап фақат болаларга ғамхўрлик устида эмас, рашк туйғуси устида ҳам кетаётганини фаҳмладим.
— Сиз ҳамон уни севасизми?
— Билмадим. Мен унинг уйга қайтишини истайман. Агар у уйга келса, ҳаммасини унутиб юбораман. Нима қилганда ҳам биз ўн етти йил бирга яшадик. Мен бағри кенг аёлман. Истаган ишини қилиб юраверсин, фақат мен билмасам бўлди. Саргузаштлари узоқ вақтгача давом этавермаслигини у англаши керак. Агар у бағримизга қайтиб келса, худди аввалгидай яшайверамиз, ҳеч ким ҳеч нарса билмайди.
Стрикленд хоним ғийбатлардан жуда қўрқишини сезганимда ҳайрон бўлган эдим. Ўша вақтларда аёллар ҳаётида одамларнинг фикри жуда катта рол ўйнашини билмасдим. Одамлар фикридан қўрқиш инсон туйғуларига носамимийлик соясини ташлайди.
Стрикленднинг қаерда яшаётгани маълум эди. Шериги банкка йўллаган ғазабкор хатида у тўғрисида бўлмағур гапларни айтди, Стриклендни яшаётган аниқ манзилини яшираётганликда айблади. Ўз навбатида Стрикленд ҳам беадаблик билан жавоб қайтарди ва аниқ манзилини ошкор қилди. У меҳмонхонада яшаётганди.
— Мен ҳеч қачон бу меҳмонхона тўғрисида эшитмаганман, — деди Стрикленд хоним. – Лекин Фред бу меҳмонхонани билар экан, жуда қимматлигини айтди.
Хоним қизариб кетди. Унинг кўз олдида серҳашам меҳмонхонада яшаётган, машҳур ресторанларда овқатланаётган, кундузлари от пойгаларида, кечқурун¬лари театрларда вақтини ўтказаётган эри гавдаланаётганини тушундим.
— Бунақада узоққа бора олмаслиги тайин, — деди у. – У қирқдан ошганини эсдан чиқармаслик керак. У ёш йигит бўлганида бу ҳодисаларни тушунган бўлардим. Болаларимизнинг бўйи етиб қолганда, бу — даҳшат. У соғлиғини бутунлай йўқотиб қўяди.
Аёлнинг қалбида ғазаб ва изтироб курашаётганди.
— Унга айтингки, усиз уйимиз уй бўлмай қолди. Гўё ҳамма нарса ўз ўрнидага ўхшайди-ю, лекин ҳаммаси қандайдир файзсиз. Мен усиз яшай олмайман. Бундан кўра ўзимни ўлдирганим афзал. Унга бизнинг ўтмишимизни, бирга кечирган кунларимизни, ҳамма-ҳаммасини гапириб беринг. Болаларим уни сўрашса, уларга нима деб жавоб бераман? Унинг хонаси қандай бўлса, шундайлигича турибди, уни кутяпти. Биз ҳаммамиз уни кутяпмиз.
Унга нималар дейишим лозимлигини хоним сўзма-сўз тушунтирди. Бундан ташқари, у билдириши эҳтимол бўлган эътирозларга қандай жавоб беришим кераклигини ҳам бирма-бир айтиб ўтди.
— Мен учун қўлингиздан келган ҳамма нарсани бажаришга ваъда бера оласизми? — нолакор қўшиб қўйди у. — Қанчалар ғам чекаётганимни унга билдириб қўйинг.
Хоним барча воситалар билан эрининг раҳмини келтиришни, инсофга чақиришимни истарди. Энди у мендан уялмай бемалол йиғлаётганди. Гарчи Стрикленднинг бағритошлигини билсам ҳам, азбаройи таъсирланиб кетганимдан, уни уйга қайтариш учун қўлимдан келган барча чораларни кўришга қасам ичдим. Мен бу вазифани бажариш учун эртасигаёқ жўнаб кетишга ва бирор натижага эришиш учун зарур бўлган вақтгача Парижда туришга сўз бердим. Кеч бўлиб қолгани ва иккаламиз ҳам бу кўнгил¬сиз¬ликлардан обдон чарчаганимиз туфайли хайрлашиб чиқиб кетдим.

Ўн биринчи боб
Менга топширилган вазифа тўғрисида Парижга кетаётганимда ўйлаб борарканман, уни натижасиз тугатишдан хавотирланардим. Эндиликда, йиғлаб турган Стрикленд хонимнинг қиёфаси кўзимдан нари вақтида фикрларимни бир жойга жамлашим мумкин эди. Стрикленд хонимнинг ўзини тутишдаги аниқ кўриниб турган қарама-қаршиликлар мени ҳайрон қолдирарди. У жуда бахтсиз эди, лекин раҳмимни келтириш учун барча чоралар билан ўзини янада бахтсизроқ кўрсатишга уринарди. Масалан, йиғлашга олдиндан тайёргарлик кўрганини фаҳмлаш қийин эмасди. Зеро, у қўлига анчагина дастрўмол ушлаб олганди. Мен унинг тадбиркор эканлигига қойил қолардим. Лекин айни ана шу тадбиркорлиги туфайли, унинг кўзёшлари унчалик таъсир қилмасди. Эрини яхши кўргани учун уйига қайтармоқчими ёки ҳар хил ёмон сўзлардан қўрққани учун – мен шу нарсани билолмай ҳайрон эдим. Унинг юрагида топталган муҳаббат изтироблари билан таҳқирланган худбинлик азоблари омухта бўлиб кетганини гумон қилардим, ёшлигим туфайли бу ҳол инсонларга ярашмайди деб ҳисоблардим. Мен ўша пайтларда инсон зотининг қиёфаси ғоятда қарама-қарши бўлишини, энг олижаноб одамлар ҳам тубанлашиб кетишини, энг пасткаш кимсалар эса маълум шароитларда олижаноблик касб этишларини билмасдим.
Лекин сафаримнинг кишини қизиқтирадиган томонлари ҳам бор эди. Шунинг учун Парижга яқинлашганим сари ўзимни тетик сеза бошладим. Тўсатдан ўзимга четдан назар ташлаб, дайдиб кетган эрнинг барча гуноҳларини кечиришга тайёр турган қайлиқнинг бағрига қайтаришга қаратилган ишончли вакиллик ролим ўзимга ёқа бошлади. Стрикленд билан эртага кечқурунгача кўришмасликка қарор қилдим. Зеро учрашадиган вақтни назокат билан танлаш лозим эди. Масалан, нонуштагача инсон туйғуларига таъсир этиш, инсофга келтириш хомхаёл эди. Менинг шахсий хаёлларим ўша пайтларда доимо муҳаббат масалалари билан банд бўларди. Оилавий ҳузур-ҳаловат ҳақида чой вақтигача гаплашишни тасаввур ҳам эта олмасдим.
Меҳмонхонага жойлашиб олганимдан кейин Чарлз Стрикленд яшаётган “Отель де бельж“ни суриштиришга тушдим. Дарбон бундай меҳмонхона тўғрисида мутлақо эшитмаганини билганимдан кейин ҳайронлигим ошди. Стрикленд хонимнинг сўзларига қараганда эса бу Риволи кўчаси яқинидаги катта ва дабдабали меҳмонхона эди. Маълумотномалар китобидан қидирганимизда эса шундай номланадиган ягона муассаса Муан кўчасида экан. Бу мавзе шаҳарнинг энг серҳашам эмас, аксинча, кўримсизроқ масканларидан эди. Мен бошимни сарак-сарак қилдим.
— Йўқ, биз қидираётган жойга ўхшамаяпти.
Дарбон елкасини қисиб қўйди. Парижда шу номли бошқа меҳмонхона йўқ. Калламга Стрикленд ҳақиқий манзилини атайин яширгандай, хаёлига келган меҳмонхона номини айтиб, шеригини алдагандай туюлди. Негалигини билмадим-у, лекин тўсатдан менга бу Стрикленднинг руҳига тўғри келадиган ҳолатдай, ғазаб отига минган даллол шеригини халлослаганча Парижга келиб, хилватдаги қандайдир меҳмонхонани қидиртириш учун атайин қилаётгандай туюлди. Шунга қарамай, жойни текшириш учун отландим. Эртасига соат, чамаси, олтиларда файтон ёллаб извошчига Муан кўчасига элтиб қўйишни буюрдим. Файтонни кўча муюлишида қолдириб, меҳмонхонагача пиёда бормоқчи бўлдим. Кўча камбағал харидорлар учун арзон моллар сотадиган дўкончалар билан тўлиб-тошиб кетганди. Дўкончаларнинг ўртароғида, менинг чап томонимда “Отель де бельж” меҳмонхонаси жойлашганди. Мен камтарингина меҳмонхонада жойлашган эдим. Лекин у қаршимдаги меҳмонхонага нисбатан жудаям ҳашаматли туюларди. “Отель де бельж” деб ёзилган каттакон ёрлиқ узоқ йиллар мобайнида таъмирланмаган ва тўкилай деб турган баланд бинони безаб турарди. Унинг икки томонидаги уйлар бунга солиштирганда жуда озода ва кўркам кўринарди. Ифлос бўлиб кетган ойналар, чамаси, ҳеч қачон очилмаганди. Йўқ, номаълум ҳурилиқо деб бурчи ва номусини унутган Чарлз Стрикленд ва ўша малак бу ерда жинояткорона айш-ишрат қилишмаётган бўлса керак. Мен аҳмоқона ҳолатда қолдим, деб жуда дарғазаб бўлдим ва Стриклендни суриштирмасданоқ жўнаб қолиш пайига тушдим. Лекин пировардида бино остонасидан ичкари киришга ўзимни мажбур этдим. Бу фақат Стрикленд хонимга қўлимдан келган барча ишни қилиб кўрдим, дейиш учунгина бўлди, холос.
Меҳмонхонага кириладиган жой қандайдир дўконча ёнида экан. Эшик очиқ эди. Ичкарига осиб қўйилган “Идора иккинчи қаватда” дейилган ёзув аниқ кўриниб турарди. Мен торгина зинапоядан кўтарилиб, шиша уйчага ўхшаш майдончага чиқиб қолдим. Унга стол ва икки стул қўйилганди. Унинг ташқарисида тахта ўриндиқ турарди. Чамаси, қават назоратчиси нотинч тунларини шу ўриндиқда ўтказса керак. Ҳеч кимнинг қораси кўринмасди. Лекин электр қўнғироқ тугмаси тагида “Қават назоратчиси” деган ёзув бор эди. Мен қўнғироқ тугмасини босдим, тез орада кўзлари пирпираб турган кўримсизгина йигит пайдо бўлди. У нимча ва гилам шиппакча кийиб олганди.
Негалигини билмайман-у, мен жуда менсимаган оҳангда ундан сўрадим:
— Бу ерда Стрикленд деган жаноб яшамайдими?
— Ўттиз иккинчи хона. Олтинчи қават, — жавоб берди йигит.
Мен шу қадар эсанкираб қолдимки, дастлаб нима дейишимни ҳам билмай қолдим.
— У хонасидами?
Қават назоратчиси уйчадаги тахтага қаради.
— Калитни қолдирмапти. Юқорига чиқиб кўринг.
Мен унга яна битта савол беришни лозим топдим.
— Хоним уйдами?
— Жаноб бир ўзи яшайди.
Назоратчи мен юқорига кўтарилиб кетаётганимда гумонсираб қараб қўйди. Қоронғи ва ҳавоси оғир йўлакдан кўнгилни айнитадиган ачимсиқ ҳид анқирди. Учинчи қаватда халатсимон уйчи кийимдаги хурпайган аёл эшикни очди ва миқ этмай менга қараб қолди. Ниҳоят, олтинчи қаватга чиқиб бордим-да, ўттиз иккинчи рақамли хона эшигини тақиллатдим. Ичкарида нимадир тарақ-туруқ қилиб кетди-да, эшик очилди. Қаршимда Чарлз Стрикленд турарди. У бирор сўз қотмади, мени танимаётгани кўриниб турарди.
Мен ўз номимни айтдим. Кейин иложи борича назокат билан муомала қилишга интилдим.
— Сиз мени эслай олмасангиз керак. Ўтган йили ёзда сизникидаги меҳмондорчиликда қатнашиш бахтига мушарраф бўлган эдим.
— Киринг, — самимий жавоб берди у. – Сизни кўрганимдан жуда хурсандман. Ўтиринг.
Мен хонага кирдим. Бу торроқ хона бўлиб, французлар Луи-Филипп услуби деб юритиладиган мебеллар билан лиқ тўла эди. Хонада устига қизил чойшаб ёпилган кенг ёғоч каравот, катта жавон, думалоқ стол, кичкинагина қўлювгич, қизил газлама қопланган иккита стул жой олганди. Полковник Мак-Эндрю менга таърифлаган шоҳона ҳаётдан нишона ҳам йўқ эди. Стрикленд стулларнинг бирига ташлаб қўйилган кийимларни ерга улоқтирди-да, ўтиришга таклиф этди.
— Хўш, хизмат? — сўради у.
Стрикленд бу хонада биринчи танишган оқшомдагидан ҳам гавдалироқ кўринарди. У, чамаси, бир неча кундан бери соқолини олмаган, охори кетиб қолган калта камзул кийиб олганди. Ўзига қарамаган, сочини тарамаган бўлса-да, чамаси, ўзини ниҳоятда эркин ҳис этаётганди. Мен аввалдан тайёрлаб қўйган иборага у қандай муносабатда бўлишини билмасдим.
— Мен рафиқангизнинг топшириғига мувофиқ келдим.
— Мен овқатланишдан олдин озгина эрманли арақни ичмоқчи бўлиб турган эдим. Сиз буни ёқтирасизми?
— Ҳа, энди.
— Ундай бўлса кетдик.
У анчадан бери чўткаланмаган бош кийимини кийди.
— Биз бирга овқатланишимиз мумкин. Ахир сиз менга овқат олиб беришга қарздорсиз.
— Шундай. Ўлғиз ўзингизмисиз?
Нозик саволни ўз вақтида ва ўрнида бера олганимга хурсанд бўлдим.
— Ҳа, ўзим! Тўғрисини айтсам, уч кундан бери оғзимга туз тотмадим. Француз тилини ўзлаштиришим қийин бўляпти.
У билан зинадан тушиб борарканман, қаҳвахонадаги қиз қаёққа йўқолди экан, деб ҳайрон бўлардим. Улар ўзаро жанжаллашиб улгуришдими ёки ошиқу беқарорлиги ўтиб кетдими? Сўнгги тахминим ўзимга ҳам ишончсиз туюлди, ахир у деярли бутун йил давомида қочиб қолишга тайёргарлик кўрганди-ку. Клиши кўчасидаги қаҳвахонага кирдик-да, шундоққина йўл устидаги стулларнинг бирига жойлашдик.

Ўн иккинчи боб
Шу соатларда Клиши кўчасидаги қаҳвахона, айниқса, гавжум бўларкан. Йўлкалар бўйлаб идора хизматчилари ва савдогарлар, худди Бальзак асарлари саҳифаларидан ҳозиргина тушиб келаётган кексалар, эркаклар ва аёллар у ёқдан-бу ёққа юришарди. Париж бечораҳоллари яшайдиган маҳаллаларнинг тўс-тўполони юракка таъсир этади, турли-туман кутилмаган оқибатларга тайёрлайди.
— Сиз Парижни яхши биласизми? — сўрадим ундан.
— Биз Парижда асал ойимизни ўтказган эдик. Ўшандан бери бу ерга келмаганман.
— Марҳамат қилиб айтинг-чи, қандай қилиб бу меҳмонхонага келиб қолдингиз?
— Менга уни тавсия этишди. Мен арзонроқ меҳмонхона қидирган эдим.
Эрманли арақни келтиришди, биз эриётган қандга сув томиза бошладик.
— Ўйлайманки, яхшиси, сизни нима учун қидириб келганимни бирданига айтиб қўяқолганим маъқул, шекилли, — деб бошладим гапимни хижолат чекиб ўтирмай.
Унинг кўзлари йилтилларди.
— Эртами-кечми кимдир қидириб келишини билардим. Эмми менга анча хат ёзди.
— У ҳолда нима демоқчилигимни жуда яхши билсангиз керак.
— Мен хатларни ўқиганим йўқ.
Фикрларимни жамлаб олиш учун сигарет чекдим. Ўзимга топширилган вазифага қандай киришсам экан? Олдиндан тайёрлаб қўйган баландпарвоз гапларим бу ерда қўл келмаслигини тушуниб қолдим.
У тўсатдан пишқириб юборди.
— Ҳаддан ташқари қийин вазифа-а?
— Ҳа, шундай.
— Майли, тезроқ гапира қолинг, кейин маишат қиламиз.
Мен ўйланиб қолдим.
— Наҳотки, сиз хотинингиз нақадар изтироб чекаётганини тушунмасангиз?
— Ҳечқиси йўқ, ўтиб кетади!
Бу сўзлар қай даражада лоқайдлик билан айтилганини тасвир этолмайман. Мен ўзимни йўқотиб қўйдим, лекин буни унга сездирмасликка ҳаракат қилдим, руҳоний Генри амаки одамларни муҳтожларга ёрдам беришга даъват этаётган вақтдагидек мулойимлик билан гапирдим.
— Агар очиқчасига гапирсам хафа бўлмайсизми?
У кулиб розилик ишоратини қилиб бошини қимирлатди.
— Хотинингиз бундай муносабатда бўлишингизга арзийдиган бирор иш қилдими? Унга бирор даъвоингиз борми?
— Ҳеч қандай.
— У ҳолда ўн етти йил бирга яшаганингиздан кейин ташлаб кетишингиз шафқатсизлик эмасми?
— Шафқатсизлик.
Мен ҳайрон бўлиб унга қарадим. Ҳақлигимни чин юракдан эътироф этиши мени ғалати аҳволга солиб қўйди. Менинг аҳволим танглигидан ташқари, кулгили ҳам эди. Мен унга панд-насиҳат, дўқ-пўписа қилмоқчи, кўндирмоқчи, аччиқ гаплар билан узиб олмоқчи эдим. Агар гуноҳкор тавбасига таянган бўлса, насиҳатгўй нима дея олади? Бундай ҳолатдан чиқиш тажрибаси менда йўқ эди, мени айбламоқчи бўлганларида эса бутунлай бўйнимга олмай доимо тамомила рад этардим.
— Хўш, яна нима дейсиз? — сўради Стрикленд.
Мен нафратланиб лабларимни қийшайтириб турардим.
— Сиз ҳаммасини эътироф этаётган бўлсангиз бошқа гапга ҳожат йўқ.
— Ҳожат йўқ.
Ўз вазифамни яхши бажара олмаганим учун жаҳлим чиқди.
— Ахир аёл кишини сариқ чақасиз қолдириш мумкинми?
— Нега мумкин бўлмасин?
— Қандай яшайди у?
— Мен уни ўн етти йил боқдим. Нега энди ўзини ўзи боқа олмайди.
— У ўзини-ўзи боқа олмайди.
— Ҳаракат қилиб кўрсин.
Албатта, мен бунга жавоб беришим, аёлларнинг иқтисодий аҳволи, оила қураётган эркакнинг мажбуриятлари тўғрисида гапиришим мумкин эди. Лекин тўсатдан пировард-натижада ҳамма нарсани фақат бир нарса ҳал қилишини тушуниб қолдим.
— Сиз уни севмай қўйдингизми?
— Заррача.
Буларнинг барчаси инсон ҳаётига доир жиддий саволлар эди. Лекин у бу саволларга шу қадар жўшқинлик билан сурбетларча жавоб қайтараётган эдики, кулиб юбормаслик учун лабларимни тишлаб ўтирардим. Унинг ўзини тутиши менга ниҳоятда жирканч кўринаётганди.
— Жин урсин сизни, ахир болалар тўғрисида ўйлашга мажбурсиз-ку. Улар сизга ҳеч қандай ёмонлик қилишмаган. Дунёга келтиришингизни ҳам илтимос қилишмаган. Агар сиз уларни ўз меҳр ва ғамхўрлигингиз остига олмасангиз кўчада қолишади.
—Улар узоқ йиллар мобайнида ҳузур-ҳаловатда яшашди. Барча болалар ҳам бунақа яшайвермайди. Ишонаманки, бундан бу ёғига болаларнинг ўқиши учун маблағни Мак-Эндрю тўлаб туради.
— Ахир уларни яхши кўрмайсизми? Улар шунақанги ёқимтой бўлишганки, қўяверасиз. Наҳотки, улардан бутунлай воз кечсангиз?
— Мен уларни кичкиналикларида яхши кўрардим. Эндиликда, улар катта бўлиб қолишгандан кейин тўғрисини айтсам, уларга қизиқишим, меҳрим заррача қолмади.
— Бу ғайриинсонийлик!
— Эҳтимол.
— Уялмайсизми?
— Йўқ.
Мен гап оқимини ўзгартирмоқчи бўлдим.
— Сизни шунчаки бир тўнғиз деб ҳисоблашлари мумкин.
— Майли!
— Наҳотки, ҳар қадамда қарғасалар ҳам сизга барибир?
— Барибир.
Унинг жавоблари шу қадар нафрат оҳангида айтилаётган эдики, менинг табиий саволларим ўзимга ҳам тентакликка ўхшаб туюлди. Мен бирор дақиқа ўйланиб қолдим.
— Атрофдаги барча одамлар қоралаб турганлигини кўриб туриб ҳам одам бемалол яшашини ҳеч тушунмайман! Эртами-кечми бу нарса барибир сизга азоб беради. Ҳаммамизда ҳам виждон бор, қачонлардир барибир муқаррар равишда уйғонади. Масалан, хотинингиз тўсатдан ўлиб қолди, дейлик. Шу ҳолда виждонингиз азоб чекмайдими?
У жим қолди. Мен унинг гапиришини сабр-тоқат билан кутдим. Лекин пировард-натижада жимликни ўзим бузишга мажбур бўлдим.
— Бунга нима дейсиз?
— Сизни телба дейман.
— Ахир сизни хотинингиз ва болаларингизни боқишга мажбур қилишлари мумкин, — дедим ранжиб. — Қонун уларни ўз ҳимоясига олишига шубҳа қилмайман.
— Осмондаги ойни олиб берадиган қонун ҳам бордир? Менда ҳеч вақо йўқ. Бу ерга бир неча юз фунт билан келганман.
Агар илгари ҳайронликдан лол қолган бўлсам, энди тамомила боши берк кўчага кириб қолдим. Ахир, дарҳақиқат, “Отель де бельж“даги камтарона ҳаёт унинг иқтисодий танг аҳволидан дарак берарди.
— Бу пулларингиз тамом бўлса қандай тирикчилик қиласиз?
— Амаллаб ишлаб топарман.
У бутунлай хотиржам эди, кўзларида ҳамон истеҳзоли табассум жилоланиб турарди. Бу ҳолат сўзларим унга аҳмоқона туюлаётганини кўрсатарди. Яна нима дейишимни ўйлаб жим қолдим. Лекин бу сафар биринчи бўлиб унинг ўзи гапирди.
— Нега Эмми янгидан эрга чиқақолмайди. Ҳали ёши ўтиб қолгани йўқ, кўриниши ҳам ёмон эмас. Мен уни ажойиб аёл сифатида тавсия этишим мумкин. Агар мен билан ажралишни истаса, марҳамат, айбни ўз бўйнимга оламан.
Энди кулиш навбати менга келганди. У қанчалик айёрлик қилмасин, мақсади менга аён эди. У бу ерга аёл билан келганини ҳар хил йўллар билан яшираётганди, изни яширишга ҳаракат қилаётганди. Мен қатъий қилиб жавоб бердим:
— Хотинингиз ажралишга ҳеч қачон рози бўлмайди. Бу унинг қатъий қарори. Бунга умид қилмасангиз ҳам бўлади.
У менга астойдил ҳайратланиб қаради. Лабларида табассум зуҳур этди ва қатъий равишда шундай деди:
— Азизим, менга барибир.
Мен кулиб юбордим.
— Бизларни жуда тентак деб ҳисобламанг-да. Сиз қандайдир нозанин билан жўнаб кетганингизни ҳам биламиз.
Бу гапимга ўтирган жойида тебраниб кетди ва қаттиқ кулиб юборди. Унинг кулгиси бировларнинг завқини келтирадиган даражада эдики, яқинроқда ўтирганлар ўгирилиб қарашди, кейин ўзлари ҳам кулиб юборишди.
— Мен бу ерда кулгига сабаб бўладиган бирор нарса кўрмаяпман.
— Бечора Эмми, — ишшайиб қўйди у.
Кейин унинг юзида нафрат ифодаси пайдо бўлди.
— Аёл тоифасининг эси паст-да ўзи. Севги! Ҳаммаёқда севги деяверишади. Уларни ташлаб кетишганда фақат бошқаси билан илакишиб кетди, деб ўйлашади. Мен фақат аёллар туфайлигина шунча ишларни қиладиган аҳмоқлардан эмасман.
— Сиз хотинингизни бошқа аёл туфайли ташлаб кетмаганингизни айтмоқчисиз шекилли?
— Албатта.
— Бу чин сўзингизми?
Билмадим, нима сабабдан чин сўзлаётганини тасдиқлашини талаб этганимни ўзим ҳам тушуна олмайман. Бу шунчаки соддалигим туфайли бўлди, шекилли.
— Чин сўзим.
— Ундай бўлса худо ҳаққи, менга тушунтириб беринг-чи, нима сабабдан хотинингизни ташлаб келдингиз?
— Мен рассомчилик билан шуғулланмоқчиман.
Мен кўзларим бақрайганча унга тикилиб қолдим. Ҳеч нарсага тушунмадим ва қандайдир вақт орасида қаршимдаги одам жинни-пинни эмасми, деган фикр келди. Менинг ёшлигимни, уни эса эсини йиғиб олган одамлигини эсда тутинг. Азбаройи лол бўлиб қолганимдан бутун борлиқ ёдимдан кўтарилиб кетди.
— Лекин сиз қирққа чиқдингиз-ку.
— Шунинг учун бошлайдиган вақти етди, деган қарорга келдим.
— Сиз рассомчилик билан шуғулланганмисиз ўзи?
— Болалигимда рассом бўлишни орзу қилгандим, лекин отам савдо ишлари билан шуғулланишга мажбур этган. У санъат орқали тирикчилик ўтказа олмайсан, деб ҳисобларди. Мен бундан бир йилча олдин расм чизиш билан шуғуллана бошладим. Ҳатто кечки рассомлар мактабига қатнадим.
— Стрикленд хоним бу вақт ичида клубда бриж ўйини билан бандсиз деб ўйлаганми?
— Ҳа.
— Нега сиз унга тўғрисини айта қолмадингиз?
— Мен буни сир тутишни лозим топдим.
— Рассомчиликдан бирор нарса чиқаяптими?
— Ҳозирча унчалик муваффақиятли эмас. Лекин ўрганаман. Шу туфайли бу ерга келдим. Лондонда менга керакли нарсалар йўқ. Кўрамиз, бу ерда нима бўларкин.
— Наҳотки сиз шу ёшда рассомчиликни бошлаб бирор нарсага эришаман деб ўйласангиз? Одамлар бу ишга ўн саккиз ёшларида киришади.
— Мен эса ҳозир ўн саккиз ёшдалик вақтимдагига қараганда тезроқ ўрганаман.
— Ўзингизда истеъдод борлигини қаёқдан билдингиз?
У дарҳол жавоб бермади. Унинг нигоҳи олдимиздан бир-бирига ёпишиб ўтиб кетаётганларда бўлиб, лекин уларни кўраётгани ҳам амримаҳол эди. Сирасини айтганда, жавоби ҳам берилган саволнинг жавоби эмасди.
— Мен расм чизишим керак.
— Лекин бу жудаям таваккал иш-ку!
У менга қараб қўйди. Кўзларида шундай ғалати ифода акс этдики, ўзимни қўйгани жой тополмай қолдим.
— Ўшингиз нечада? Йигирма учдами?
Савол андишасизлик билан берилгандай туюлди. Ҳа, менинг ёшимда одам саргузаштларга ўч бўлади. Унинг ёшлиги эса ўтиб кетган, жамиятда маълум мавқега эга бўлган, хотин, бола-чақали, биржа даллоли эди. Мен учун табиий бўлган нарса у учун ножоиз эди. Мен холис бўлишга интилдим.
— Албатта, мўъжиза рўй бериб сиз улуғ рассом бўлишингиз мумкин. Лекин бу миллиондан бир имконият эканлигини тушунишингиз керак. Лекин пировард-натижада нотўғри йўлга қадам қўйганингизни билиб қолсангиз фожиа бўлади.
— Мен расм чизишим керак, — қайтарди у.
— Агар учинчи даражали рассом бўлиб қолгудай бўлсангиз шунинг учун ҳамма нарсадан воз кечишга арзийдими? Ҳамма ишда ҳам биринчи бўлавериш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Бошқа касбларда ўртамиёна бўлсанг ҳам шод-хуррам яшашинг мумкин. Лекин бу соҳада ўртамиёна бўлиш мумкин эмас.
— Сиз қип-қизил аҳмоқ экансиз, — деди у.
— Негалигини билмайману, аён ҳақиқатлар доимо аҳмоқона бўлади.
— Сизга мен расм чизишим керак деб айтяпман. Мен бошқача йўл тута олмайман. Агар одам дарёга тушиб кетгудай бўлса, яхши ёки ёмон сузишидан қатъи назар, сув қаъридан қутулмоғи шарт, акс ҳолда дарёга ғарқ бўлади.
Унинг овозида ҳақиқий эҳтирос оҳанглари бор эди. Истагимга қарши ўлароқ, бу овоз мени ўзига ром қилди. Мен унинг вужудида қандайдир улкан куч туғён ураётганини ҳис этдим. Уни иродасидан ташқари, қандайдир шафқатсиз ва енгиб бўлмас нарса бошқараётганга ўхшарди. Ҳеч нарсани тушуна олмай қолдим. Бу одамнинг ичига шайтон ўрнашиб олгандай, бу шайтон ҳар бир дақиқада уни парча-парча қилиб ташлаши, хароб этиши мумкинга ўхшарди. Стрикленд кўринишидан эса ўртамиёна одам эди. Мен ундан кўзимни узмасдим, лекин бу ҳол уни хижолатга қўймасди. Ичимда эса эски камзул, анчадан бери тозаланмаган бош кийим, ҳалпиллаб турган шим кийиб олган, анчадан бери олинмаган сарғимтир соқол ва катта бурунли бу одамни кимга ўхшатишни билмасдим. Оғзи катта, лаблари қалин эди. Йўқ, мен унинг аниқ таърифини барибир бера олмайман, шекилли.
— Сиз хотинингизнинг ёнига барибир қайтмайсизми? — дедим ниҳоят.
— Ҳеч қачон.
— Хотинингиз ҳамма ишни унутишга ва янгидан ҳаёт бошлашга тайёр. У сизга ҳеч қачон ва ҳеч қандай таъна қилмайди.
— Уни жин урсин.
— Сизни қабиҳ одам экан деб ҳисобласа ҳам майлими? Хотинингиз ва болаларингиз иложсизликдан гадойчилик қилишга мажбур бўлишса ҳам майлими?
— Ҳаммасига тупурдим.
Кейин айтадиган сўзимнинг салмоғини ошириш учун бироз сукут сақладим ва имконият даражасида қатъий равишда дедим:
— Сиз ўтакетган сурбет экансиз.
— Хўш, юрагингизни бўшатиб олган бўлсангиз, юринг, овқатланамиз.

Ўн учинчи боб
Бу таклифни илтифотсизлик билан рад этиш тўғрилигини тушунаман. Эҳтимол, ўша дақиқаларда вужудимни қоплаб турган қаҳр-ғазабимни унга сочишим, кейинчалик полковник Мак-Эндрюга бундай одам билан бир столга ўтиришдан воз кечганимни гапириб бериб, унинг илтифотига сазовор бўлишим мумкин эди. Лекин юрагимни эзиб турган ўз ролимни бажара олмасликдан қўрқиш ҳисси мени эркин бўлишга қўймасди. Бу сафар эса Стриклендга айтаётаган барча олижаноб туйғуларим деворга отилган нўхотдек бекор кетганлигини англаганимдан кейин бу гапларни бас қила қолдим. Фақат шоир ёки авлиё одамларгина асфальт йўлда гуллар ўстириш мумкин деган содда хаёлларга бориши мумкин.
Мен ичилган эрманли арақнинг пулини тўладим-да, арзон ресторанга жўнадик. У ерда одам жуда кўп экан. Арзон ресторан бўлишига қарамай, овқатлари жуда мазали экан. Иштаҳам йигитларнинг иштаҳаси эди. Ресторандан чиқдик-да, қаҳвахонага кириб, ликёрли қаҳва ичдик.
Мен Чарлзга Парижга келишимнинг сабабларига доир барча гапни айтиб бўлган эдим. Бирор самарага эришмай туриб, бу гапни тўхтатишим, назаримда, Стрикленд хонимга нисбатан мен томонимдан хиёнатдай туюлса-да, шундай лоқайд одам билан курашни давом эттиришга энди дармоним қолмаганди. Фақат аёл зотигина бир нарсанинг ўзини ўнларча маротаба қайсарлик билан қайтаравериши мумкин. Энди Стрикленднинг руҳий ҳолатини яхши англаш имконияти пайдо бўлди, дея ўзимга таскин бера бошладим. Бу эса жуда қизиқ ҳолат эди. Лекин буни амалга ошириш унчалик осон эмасди, зеро, Стрикленд жуда камгап эди. Ҳар бир сўз унинг оғзидан жуда қийинчилик билан чиқар, гўё сўз унинг учун дунё билан мулоқот воситаси эмасга ўхшарди. Кўнглидаги гапларни айтилавериб чайналиб кетган иборалар, беадаб хитоблар, узуқ-юлуқ ишоралар орқалигина аниқлаб олиш мумкин бўларди. Лекин у бирор арзийдиган гап айтмаса ҳам уни зерикарли одам деб бўлмасди. Бу ҳолат эҳтимол унинг самимийлигидан бўлса ажаб эмас. У, чамаси, биринчи маротаба кўраётган Париж билан унчалик қизиқмас (хотини билан қисқа муддатга келиб кетганини ҳисобга олмаса ҳам бўларди), қаршисида гавдаланаётган барча янги нарсаларга ҳам заррача ҳайратланмай боқарди. Мен Парижда жуда кўп маротаба бўлганман ва ҳар сафар янгидан ҳайратланавераман. Унинг кўчаларидан юрарканман, ўзимни саргузаштларга ўч бахтиёр одам сифатида ҳис этардим. Стрикленд эса бамайлихотир эди. Хаёлан ўша кунларга қайтиб шундай хулосага келаманки, бу даврда у қалбининг туғёнли эврилишларидан бошқа барча нарсаларга нисбатан кўр ва кар экан.
Анчагина фоҳишалар йиғилиб қолган майхонада бемаъни жанжал рўй берди. Бу қизларнинг баъзилари эркаклар билан, баъзилари эса дугоналари билан ўтиришарди. Тез орада қизлардан бири биз томонга тикилиб турганини пайқадим. Унинг нигоҳи Стрикленд билан тўқнаш келгач, кулиб қўйди. Лекин Стрикленд унинг табассумига эътибор ҳам бермади. Қиз ўрнидан туриб залдан чиқиб кетди ва шу ондаёқ қайтиб кириб ёнимиздан ўтиб бораркан, ғоят назокат билан бирор ичимлик билан меҳмон қилишимизни илтимос қилди. У бизнинг столимизга ўтирди. Қизча мен билан эмас, Стрикленд билан қизиқаётганини жуда яхши билиб турсам ҳам у билан валақлашиб ўтирдим. Мен унга Стрикленд француз тилида бир неча сўзнигина билишини тушунтирдим. Қиз у билан имо-ишоралар ва бузуқ француз тилида гаплашишга ҳаракат қилиб кўрди. Унинг назарида шундай қилса, Стрикленд ўзини тушунадигандай. Қиз инглиз тилидаги ўнларча ибораларни биларди. У фақат ўз тилида ифодалаши мумкин бўлган гапларини шеригимга таржима қилишни ва унинг жавоблари маъносини ҳам ўгиришни талаб қилди. Стрикленднинг вақти чоғ эди, бу ҳолат унинг кулгисини қистатса-да, барибир, анча лоқайд эди.
— Сиз, чамаси, ғолиб чиқдингиз, — кулдим мен.
— Барибир, ўзимни мамнун ҳис эта олмайман.
Унинг ўрнида бўлганимда хижолат чеккан ва ўзимни вазмин тута олмаган бўлардим. Қиз кулиб турар, оғзи ҳам ғоят бежирим, ўзи жуда ёш эди. Мен ҳайрон бўлаётгандим: Стрикленд нимаси билан қизни ўзига ром эта олди экан? У ўз истагини яшириб ўтирмаётганди, унинг хоҳишини таржима қилишимга тўғри келди.
— Сиз у билан бирга юришингизни истаяпти.
— Мен у билан оғиз-бурун ўпишмайман,— тўнғиллади у.
Мен унинг жавобини иложи борича юмшатиб таржима қилишга ҳаракат қилдим. Унинг рад жавоби, назаримда, ғоят илтифотсизлик туюлгани учун пули бўлмаганлиги туфайли шундай деяпти деб тушунтирдим.
— Лекин у менга ёқиб қолди, — эътироз билдирди у. – Унга тушунтиринг, пул бермаса ҳам кетавераман.
Бу гапини таржима қилганимда Стрикленд елкасини бетоқатлик билан қисиб қўйди-да:
— Унга айтинг, бу ердан туёғини шиқиллатиб қолсин, — деди.
Стрикленднинг кўриниши сўзларидан ҳам кўра ифодалироқ эди. Қиз бирдан бошини мағрур кўтарди, қизариб кетди.
— Жаноб иззат-ҳурматни билмайдиган одам экан, — қиз ўрнидан тураётиб шундай деди-да, залдан чиқиб кетди.
Менинг жаҳлим чиқди.
— Уни ҳақорат қилишнинг нима зарурати борлигига тушунмайман. Ахир у кўп одамлар орасидан сизни танлаган эди-я...
— Бу сатангларни кўрсам қоним қайнаб кетади, — унинг гапини бўлди Стрикленд.
Мен қизиқсиниб унинг юзига тикилдим. Унинг юзида нафрат ифодаси зуҳр этганди. Бу қўпол ва таъсирчан одамнинг юзи эди. Эҳтимол, унинг ана шу таъсирчанлиги қизни ўзига ром этгандир.
— Лондонда истасам хоҳлаган аёл билан яқин бўлишим мумкин эди. Мен шу нарсани деб бу ерга келмаганман.

Ўн тўртинчи боб
Англияга қайтиб кетаётганимда Стрикленд тўғрисида кўп ўйладим, хотинига айтадиган сўзларимни тартибга солишга интилдим. Менинг сўзларим уни қаноатлантира олмаслигини билардим. Ўзим ҳам қилган ишларимдан кўнглим тўлмаганди. Стрикленд мени гаранг қилиб қўйганди. Мен унинг ҳаракатларини тушуна олмаётгандим. Рассом бўлиш тўғрисидаги фикр биринчи маротаба сизда қачон пайдо бўлди, деган саволимга жавоб бермади ёхуд жавоб беришни шунчаки истамади. Ўзим эса бунинг тагига етолмасдим. Тўғри, мен унинг оғиркарвон ақлида нафрат туйғулари аста-секин куртак ота бошлаганлиги ҳақидаги фикрга ўзимни ишонтиришга уриндим. Лекин у ўз оиласидаги ҳаётнинг бир хиллиги ва зерикарлилигидан ҳеч қачон шикоят қилмаганди. Ҳамма нарса Стрикленднинг жонига тегиб, рассом бўлиш учунгина оилавий ипларни узиб ташлаши ҳарҳолда ғалати эди. Табиатан романтик бўлганлигим туфайли, ўзимча бунинг изоҳини топдим. Қалбининг қаър-қаърларига ижод инстинкти жойлашиб олган деб ўйладим. Турмуш ташвишлари билан ўралашиб қолишига қарамай, охири ҳалокатга олиб борадиган ўсимта сингари унинг бутун вужудини эгаллай бошлаган ва пировардида уни жунбушга келтирган, шекилли. Каккуқуш ўз тухумини бошқа қушларнинг уясига қўйиб, очириб олади. Кейин бу каккуча ўз емакдошлари бўлган қушчаларнинг шўрини қуритади. Бу ҳам етмагандек, ўзига бошпана бўлган инни пировард-натижада бузиб кетади.
Лекин қизиғи шундаки, ижод инстинкти Стрикленддай даллол одамнинг қалбига ўрнашиб қолганлиги эди. Бу яқинлари ва ўзининг шўришига бўлгандир балки. Ваҳий ҳар хил шакл ва кўринишда келади, одамларнинг унга муносабати ҳам турлича бўлади. Баъзиларга худди тошни улоқтириб ташлаган кучли оқимдек тасир-тусир билан, бошқаларга эса оҳисталик билан келади. Стриклендда мутаассиб одамнинг тўғрилиги-ю, Исо шогирдларидан бирининг шафқатсизлиги мужассам эди.
Лекин мен ундаги жиловлаб бўлмас иштиёққа яраша асарлар ярата олиш ё олмаслигини аниқлашим лозим эди. Мен ундан Лондондаги рассомчилик кечки мактабидаги ҳамкасабалари унинг асарлари тўғрисида қандай фикрда эканликларини сўраганимда кулиб қўйди.
— Улар мени майнавозчилик қилиб юрибди, дейишди.
— Сиз бу ерда ҳам бирор мактабга қатнайсизми?
— Ҳа. Бу мижғов – мен устозимизни кўзда тутаяпман – расмимга кўзи тушиши билан қошини чимириб нари кетди.
Стрикленд жаҳл билан пишқирди. Унда заррача саросима сезилмасди. Бошқаларнинг фикри уни қизиқтирмасди.
Худди шу туфайли ҳам ҳар сафар Стрикленд билан муомала қилганимда боши берк кўчага кириб қолардим. Аксарият одамлар бошқаларнинг мен тўғримдаги фикрларига эътибор бермайман дейишганда, кўпинча ўзларини алдашади. Одатда, улар ўзлари хоҳлагандай иш юритишади ва бу туфайли уларни ҳеч ким тентакликка йўймасликларига умид қилишади. Баъзида эса кўпчиликнинг фикрига қарши иш тутишади, зеро бу ҳолатда ўз яқинларининг истагига мувофиқ иш юритган бўлишади. Агар маълум расм-русумлар дўстларингиз томонидан қабул қилинган бўлса, уларни писанд қилмаслик унчалик тўғри эмас. Бу ҳолатда одам ўз шахсиятига ҳаддан ташқари эътибор берган бўлади. Ўз жасоратига маҳлиё бўлиб хавф-хатар туйғусини унутиб қўяди. Лекин машҳурликка интилиш иштиёқи маданий одамларнинг ҳеч қачон сўнмайдиган энг жўшқин иштиёқидир. Атрофдагиларнинг фикри мен учун сариқ чақа деб ишонтирмоқчи бўлганларга ишонмайман. Бу қуруқ мақтанчоқлик, холос. Моҳият-эътибори билан бундай одамлар шунчаки майда-чуйда таъналарга унчалик эътибор беришмаслиги мумкин. Чунки улар бундай гап-сўзларга кўпчилик унча ишонавермаслигини яхши билишади. Лекин менинг қаршимда ҳақиқатан ҳам одамларнинг гапидан заррача ҳайиқмайдиган киши турарди. У бутун баданига ёғ суртилган, ҳеч ким қучоғига ололмайдиган курашчига ўхшарди. Бу ҳолат эса уни шаккоклик ва эркинлик чегарасида ушлаб турарди. Унга шундай деганим эсимда:
— Агар ҳамма ҳам худди сизга ўхшаган бўлса, дунё дунё бўлмасди.
— Бемаъни гап. Ҳар ким ҳам худди мендек ҳаракат қила олмайди. Кўпчилик рисоладаги одамлардай ҳаракат қилишни ёқтиради.
Мен уни чақиб олмоқчи бўлдим:
— Чамаси, “Шундай ҳаракат қилингки, токи сизнинг ҳар бир ҳаракатингиз умумқоида даражасига кўтарила олсин” деган ҳикматни эшитмагансиз шекилли?
— Биринчи маротаба эшитиб турибман. Сафсатадан бошқа нарса эмас бу.
— Ахборотингиз учун бу гапни Кант айтган.
Бундай одамни виждонли бўлишга даъват этиш мумкинмикин ўзи? Бу қўлида кўзгуси бўлмаган одамнинг ўз аксини кўришга интилишидай фойдасиз бир гап. Менинг наздимда жамият ўз хавфсизлигини муҳофаза қилиш учун ишлаб чиққан қоидалар одамлардаги виждон туфайлигина амалга ошади. Шу боисдан, виждонни қоидаларнинг бажарилиши устидан назорат қиладиган посбон, миршаб деса бўлади. Бошқача айтганда, бизнинг “мен”лигимизни белгилаб турадиган асосий аъзойимиздаги жосус бу. Инсон шуҳратга ўч бўлади, баъзида шуҳрат учун ёвуз душманга эшикни очиб беришга ҳам тайёр туради. Душман эса бундай одамни ялтоқилик билан ўз тарафига оғдиради, тўдадан ажраб инсон бўлиб шаклланишига йўл қўймасликка интилади. Чинакам инсон жамият фаровонлиги шахсий фаровонликдан юқори туришини англай бошлайди. Инсонни инсоният, жамият билан боғлаб турган ришталар жуда мустаҳкам ришталардир. Бир куни у дунёда шахсий манфаатлардан ҳам юқори турувчи манфаатлар борлиги тўғрисидаги фикрга келади, кейинчалик шу эътиқодининг қулига айланади, унга сажда қила бошлайди, буни тан олмаган одамларни қоралашга тушади. Зеро, у энди шу жамиятнинг аъзоси бўлгач, бундайларга қарши чорасиз эканлигини англайди. Ўз ҳаракатлари тўғрисида одамларнинг фикр-мулоҳазаларига Стрикленд тамомила бефарқлигига ишонч ҳосил қилганимдан сўнг инсонийлик қиёфасини йўқотган бу газандадан ихлосим бутунлай қайтди, ундан юз ўгирдим.
Хайрлашаётганимизда менга шундай деди:
— Эммига айтингки, у бу томонларга келиб юрмасин. Мен жойимни ўзгартираман, барибир қидириб тополмайди.
— Менинг назаримда у сиздан қутулгани учун Оллоҳга ҳамду санолар ўқиши керак, — дедим мен.
— Азизим, буни тушунишга уни мажбур эта оласиз, деб умид қиламан. Лекин, барибир, аёл зоти калтафаҳм бўлишини айтиб қўяй.

Ўн бешинчи боб
Лондонга қайтиб келганимда кечқурун Стрикленд хонимникига боришим илтижо қилинган хат кутиб турарди. Уникида полковник Мак-Эндрю хотини, Стрикленд хонимнинг опаси билан ўтирарди. Гарчи Мак-Эндрю хоним сал сўниб қолган, барча юқори унвонли офицерларнинг хотинларидек ўзини оқсуяклар тоифасига хос ҳисоблаб мағрур ва жанговар тутувчи, чўнтагига бутун Британия империясини яшириб олгандай жиддий қиёфада кўринса-да, синглисига жуда ўхшарди. Бу хонимнинг бутун ҳаракатлари кескин ва шиддатли эди, фақат яхши тарбия кўрганлиги ҳар қандай ҳарбий одам бошқаларга буйруқ бера олади деган қатъий ишончни овоз чиқариб айтиб юборишига изн бермасди, холос. Кўйлаги қимматбаҳо матодан бўлишига қарамай, дидсиз тикилганди.
Стрикленд хоним жуда асабийлашаётгани кўриниб турарди.
— Шундай қилиб бизга қандай хабарлар келтирдингиз? — сўради у.
— Мен эрингизни қидириб топдим. Афсуски, у уйга қайтмасликка қатъий қарор қилибди. – Мен бироз жим турдим. – У рассомчилик билан шуғулланмоқчи экан.
— Бу билан нима демоқчисиз? — ҳайронликдан ўзини йўқотар даражада қичқирди Стрикленд хоним.
— Наҳотки, сиз унинг бу иштиёқини ҳеч қачон фаҳмламагансиз?
— У бутунлай ақлдан озибди! — хитоб қилди полковник.
Стрикленд хоним қошини чимирди. У ўз хотираларига берилди.
— Ҳали оила қурмасидан олдинги пайтларда ҳам у баъзида бўёқ суртишни эрмак қиларди. Эй, нималигини айтсам буни мой чаплаш деса ҳам бўларди. Биз уни мазах қилардик. У сингари одамлар ахир санъат учун туғилмаган.
— Бу шунчаки баҳона, холос! — Гапга аралашди Мак-Эндрю хоним.
Стрикленд хоним бир қанча фурсат ўз хаёлларига ғарқ бўлиб ўтирди. У менинг гапларимни қандай тушунишни билмаётганди. Меҳмонхонада тартиб ўрнатилиб, аввалги ҳолига қайтибди. Саришта соҳибалик Стрикленд хонимнинг ғам-аламидан устун келибди. Меҳмонхона аввалгидек ҳувиллаб қолмаганди. Лекин мен Парижда Стриклендни яхши билиб олганимдан кейин уни бундай шароитда яшашини тасаввур эта олмадим. “Наҳотки, улар бирор маротаба бўлсин Стрикленд бундай нарсалар билан бутунлай чиқиша олмаслигини сезишмаган бўлса”, — деган фикр хаёлимга келди.
— Агар у рассом бўлишни хоҳлаган бўлса, нега индамади? — сўради ниҳоят Стрикленд хоним. – Бошқаларни билмадим-у, лекин мен унинг бундай хоҳишини дарҳол инобатга олардим-ку.
Мак-Эндрю хоним лабларини тишлади. У доимо санъат аҳлига ихлос қўймагани учун синглисига дашном берар, унинг “маданий” дўстларини мазах қиларди.
Стрикленд хоним сўзида давом этди:
— Унда талантнинг бирор зарраси кўринганида биринчи бўлиб қўллаб-қувватламасмидим, барча шароитни муҳайё қилмасмидим, ахир. Ўз-ўзидан аёнки, биржа даллоли эмас, рассомнинг рафиқаси бўлишни афзал билардим-ку. Болалар бўлмаганда ҳеч нарсадан қўрқмасдим, бу уйда эмас, Челсидаги бирор арзонроқ кулбада умргузаронлик қилаверардим.
— Сингилгинам, менинг сабр косамни тўлдиряпсан-да! — хитоб қилди Мак-Эндрю хоним. — Ўйлаб топилган бундай сафсатага ишонаман демоқчимисан?
— Лекин мен бунинг айни ҳақиқатлигига ишонаман, — дедим секингина.
У мен томонга қандайдир нафратомуз қараб қўйди.
— Қирқ ёшга кирган эркак агар ўртага аёл зоти аралашмаса, ўз иши, хотини ва болаларини ташлаб кетмайди. “Артистона” доирангиздаги бирор нозанин унинг бошини айлантирганини мен биламан-ку, ахир.
Стрикленд хонимнинг оқиш юзлари бирданига қизариб кетди.
— Ўша сатанг қанақа экан ўзи?
Мен жавоб беришга шошилмадим. Жавобим бомба портлашидай таъсир этишини ҳис этдим.
— Унинг ёнида аёл зоти йўқ.
Полковник Мак-Эндрю ва унинг хотини бу гапга ишонмасликларини билдиришди, Стрикленд хоним эса ўрнидан туриб кетди.
— Сиз бирор маротаба ҳам аёл зотини кўрмаганингизни айтмоқчисиз, шекилли.
— Кўрадиган аёлнинг ўзи йўқ. У ерда ёлғиз яшаяпти.
— Беҳуда гап! — қичқириб юборди Мак-Эндрю хоним.
— Ўзим борсам бўлар экан, — пўнғиллади полковник. — Ҳар қандай қилиб бўлса-да, у аёл ҳақида билиб келардим.
— Парижга бориб келиш машаққатини ўз бўйнингизга олмаганингизга афсусланаман, — жавоб бердим унга ачитиб, — ўшанда ҳамма тахминларингиз бемаъни бир гап эканига ишонч ҳосил қилиб келардингиз. У серҳашам меҳмонхонадаги кенг хонани эгаллаб тургани ҳам йўқ, каталакдай ва хароба хонада яшаяпти. Енгил ҳаёт кетидан қувиб уйдан чиқиб кетгани ҳам йўқ. Ўнида сариқ чақаси ҳам йўқ.
— Сиз, у биз билмайдиган бирор айб иш қилиб қўйган-у, миршаблардан яшириниб юрибди, деб ўйлайсизми?
Бундай тахмин уларнинг юрагида умид учқунларини ёқди, лекин мен бунга қатъий қарши чиқдим.
— Агар шундай бўлганда шеригига манзилини маълум қилиб ўтирармиди? — пичинг аралаш эътироз билдирдим. — Нима бўлганда ҳам бир нарсага аниқ ишонаман: унинг ёнида ҳеч қандай аёл йўқ. У ҳеч қандай аёлни севиб қолган эмас, буни хаёлига ҳам келтираётгани йўқ.
Ўртага сукунат чўкди. Улар гапларимнинг мағзини чақишаётганди.
— Ундай бўлса, — ниҳоят сукунатни бўлди Мак-Эндрю хоним, — агар сизнинг айтаётганларингиз рост чиқса, аҳвол мен ўйлаганчалик хатарли эмас.
Стрикленд хоним опасига қараб қўйди-ю, индамади. Унинг ранги заҳил эди, ингичка қошлари чимирилди. Юз ифодаси қандай маъно англатаётганини тушуна олмасдим. Мак-Эндрю хоним гапини давом эттирди:
— Демак, бу шунчаки инжиқлик холос, тезда ўтиб кетади.
— Сиз унинг олдига боришингиз керак, Эмми, — деди полковник. – Нега энди бирор йил Парижда турмаслигингиз керак. Болаларга биз қараб турамиз. Бир хилдаги ҳаёт унинг жонига теккан, тезда эси жойига келади ва мамнуният билан Лондонга қайтади. Шундан кейин ҳаммаси унут бўлиб кетади.
— Мен эса бормаган бўлардим, — гапга аралашди Мак-Эндрю хоним. – Яхшиси, унга тўла эркинлик берилгани маъқул. Шунда у бирор кун думини қисиб қайтиб келади ва аввалгича ҳаёт кечиришда давом этади. – Мак Эндрю синглисига совуққина қараб қўйди. – Эҳтимол, доимо ҳам у билан ўзингни тўғри тута олмагансан, Эмми. Эркаклар найрангбоз бўлишади, улар билан муомала қилишни билмоқ керак.
Мак-Эндрю хоним ҳам кўпчилик аёллар сингари садоқатли ва севган хотинини ташлаб кетадиган эркакларни аҳмоқ деб ҳисобловчи, лекин бу иш учун хотин киши айбдор дегувчи аёллар тоифасига кирарди. Юрак ўзича иш тутади, уни тушуниш эса қийин.
Стрикленд хоним ўтирганларга оҳиста кўз ташлаб чиқди.
— У қайтиб келмайди, — деди у қатъий равишда.
— Эҳ, жонгинам, у тўғрисида сенга айтиб беришган гапларни эслаб кўр. У саранжом-саришталик ва қулай шароитга ўрганиб қолган, иззат-ҳурмат кўрсатишларини хуш кўрган. Наҳотки сен уни овлоқдаги меҳмонхонанинг ғарибгина хонасида узоқ яшай олади, деб ўйласанг. Устига-устак, пули ҳам йўқ экан. У қайтиб келиши керак.
— Ҳозиргача бирор аёл билан қочиб кетган ҳисоблардим ва шу боис менда қандайдир умид бор эди. Бундай ҳолат узоқ давом этмаслигига ишонардим. Ўша аёл уч ойда жонига теккан бўларди. Агар у аёл туфайли қочиб кетмаган бўлса ҳаммаси барбод бўлибди.
— Буларнинг ҳаммаси жуда ғаройиб-ку, — деди полковник бу гапларга бурнини жийириб.
— У албатта қайтиб келади, Доротининг бу тўғридаги тахмини тамомила тўғри.
— Лекин мен унинг қайтишини истамайман, — деди Стрикленд хоним.
— Эмми!
— Агар у бирор аёлни тўсатдан яхши кўриб қолиб қочиб кетганда кечирган, бу табиий ҳолат деб билиб, уни айбламаган бўлардим. Уни қочиб кетишга мажбур қилишган деб ҳисоблардим. Эркаклар содда ва бўш-баёв, аёллар эса шилқим бўлишади. Лекин бу бутунлай бошқа ҳолат. Мен уни кўргани кўзим йўқ. Энди ҳеч қачон уни кечирмайман.
Полковник Мак-Эндрю ва унинг қайлиғи бир-бирига гал бермай хонимга далда бермоқчи бўлишди. Улар хонимнинг гапларидан лол бўлиб қолишди. Ақлдан озибсан, деб ўзини ишонтирмоқчи бўлишар, уни тушунишни бутунлай исташмасди. Стрикленд хоним ниҳоят менга мурожаат қилди.
— Лоақал сиз мени тушунарсиз?
— Унчалик эмас. Гапингизни тўғри тушунган бўлсам, агар у сизни бошқа аёл туфайли ташлаб кетган бўлса кечирасиз-у, қандайдир фикрни ўйлаб кетган бўлса, кечирмайсиз, шундайми? Чамаси, сиз биринчи ҳолатда ўз тақдирингиз учун курашиш имконияти бўлади, иккинчи ҳолатда эса бутунлай иложсизман деб ўйлаяпсиз.
Стрикленд хоним менга ўқрайиб қараб қўйди, лекин ҳеч нарса демади. Эҳтимол, мен мўлжалга аниқ теккандим. Кейин хириллаган ва ҳаяжонли овоз билан гапини давом эттирди:
— Одамни бунчалик ёмон кўриб қолиш мумкинлиги ҳеч қачон хаёлимга келмаган. Қанча вақт давом этса ҳам, барибир, бир куни қайтиб келади, деб ўзимни овутардим. Ҳеч бўлмаса ўлим қўнғироғи бонг ураётганда мени чақиртирар деб ўйлагандим ва бунга тайёр эдим. Мен унга худди онасидай меҳрибонлик кўрсатган ва пировард-натижада, уни севганимни ва ҳаммасини кечирганимни айтардим.
Мен кўпинча аёлларда севган одамларининг ўлими олдида ўзларини ғалати тутишларини кўриб ажабланардим. Баъзида эса ҳатто яқин одамларининг узоқ яшашларидан афсусланишаётгандай, бу ҳолат уларнинг эркинликларига монелик қилаётганлигидан ранжишаётгандай туюларди.
— Лекин энди барчаси тамом. У мен учун тамомила бегона одам. Очликда, танҳоликда, ғарибликда ўлиб кетаверсин – бунинг менга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Бирор даҳшатли касаллик ёқасидан олишига умид қиламан. У энди мен учун йўқ.
Шу жойга келганда Стрикленднинг сўзларини билдириб қўйишни ўринли деб билдим.
— Агар сиз у билан ажралишни истасангиз, бу ишга зарур бўлган ҳамма нарсага тайёр.
— Нега мен унга эркинлик учун имкон яратиб берарканман?
— Менимча, у бундай эркинликка интилаётгани йўқ. Шунчаки, сизга қулай бўлармикин деб шундай деганди-да.
Стрикленд хоним асабий ҳолатда елкасини қисди. Мен хафа бўлдим. Ўша вақтларда одамлар ҳақидаги фикрларим бошқачароқ эди, чиройликкина бу аёлнинг бундай мунофиқона қарашлари хафа қилганди. Инсон қиёфалари бу қадар турли-туманлилигини тушунмасдим. Эндиликда эса ичи торлик ва кенг феъллик, қаҳр-ғазаб ва меҳр-шафқат, нафрат ва муҳаббат ҳам одамлар юрагидан ўрин олабилишини тушундим.
“Стрикленд хонимга азоб бераётган, таҳқирланган туйғуларини енгиллаш¬тирадиган бирор сўз топа олармикинман?” деб ўйлардим. Бунга уриниб кўрмоқчи бўлдим.
— Менинг назаримда гоҳида эрингиз ўз ҳаракатларига жавоб бермайдиган одамдай туюлади. Фикримча, у илгариги одам эмас. Хаёлига келиб қолган иштиёқ унинг бутун вужудини эгаллаб олган. Азбаройи олди-кетига қарамай, ўз хаёлларига ўралашиб кетганидан унинг ҳолати худди ўргимчак тўрига илиниб қолган пашшага ўхшайди. Бамисоли сеҳрлангандай. Бундай вақтда одамдаги иккинчи “мен” биринчини сиқиб чиқариши тўғрисидаги жумбоқли ҳикоялар эсга тушади. Қалби худди ўзиники эмасдай, танаси эса худди сирли ўзгаришларга қодирдай. Эски вақтлар бўлганида Чарлз Стрикленднинг ичига шайтон кириб олган дейишарди.
Мак-Эндрю хоним кафти билан тиззаларини беркитиб турган кўйлагининг этакларини силади, олтин билагузуги қўли билан пастга қараб юрди.
— Буларнинг барчаси қуруқ сафсата, холос, — деди у афтини бужмайтириб. – Тўғри, мен Эмми эрига ҳаддан ташқари ишониб юборганини инкор этмайман. Агар у ўз ишлари билан андармон бўлиб қолмаганда, нималар рўй бераётганини фаҳмлаган бўларди. Масалан, Алек йиллар мобайнида бирор фикрини мендан яшириб юролмайди-ку.
Полковник ўзини оламдаги энг яхши одамдай кўрсатиб, қаёқларгадир тикилиб қолди.
— Лекин, Чарлз Стрикленд, барибир, бераҳм ҳайвон экан. – Мак-Эндрю хоним менга еб қўйгудай тикилди. –Мен хотинини нима учун ташлаб кетганини аниқ биламан: у худбинлиги, ҳа, худди шундай худбинлиги туфайли ташлаб кетган.
— Бу жудаям жўн изоҳ, — жавоб бердим мен ва ичимда бу изоҳ ҳеч нарсани тушунтириб бера олмайди, деб қўйдим. Кейин чарчаганлигимни баҳона қилиб, кетишга отландим, Стрикленд хоним мени йўлдан қайтаришга ҳаракат ҳам қилиб кўрмади.

Ўн олтинчи боб
Кейинги воқеалар Стрикленд хоним саботли аёл эканлигини кўрсатди. У бахтсизликлар тўғрисидаги охири кўринмас ҳикоялар одамларнинг жонига тегиб кетганини фаҳмлаб, ўз изтиробларини яширин тутарди. У қаерда пайдо бўлмасин – дўстлари галма-галдан тез-тез меҳмонга чақириб туришарди — ўз қадр-қийматини муқаррар равишда баланд тутарди. Анча башанг, лекин содда кийинар, ўзини қувноқ ва камтар тутарди. Ўз ғам-ташвишларини айтишдан кўра, ўзгаларнинг аламли ҳикояларини эшитишни афзал кўрарди. Эри тўғрисида доимо меҳр-шафқат билан гапирарди. Дастлабки пайтлардаги эрига муносабати мени ҳайрон қолдирди. Бир куни у менга шундай деди:
— Сиз, шубҳасиз, янглишяпсиз, аниқ манбаларга қараганда Чарлз Англиядан бир ўзи кетмаган.
— Агар шундай бўлса, изни йўқотиш бўйича даҳо экан.
У кўзини мендан олиб қочди ва қизариб кетди.
— Ҳарҳолда, мен сиздан илтимос қиламан, агар бирор одам қандайдир сатанг билан бирга қочиб кетган, дегудай бўлса, уни рад этманг.
— Яхши, рад этмайман.
У гапни бошқа томонга бурди. Тез кунда Стрикленд хонимнинг дўстлари даврасида бу воқеанинг ўзига хос баёни пайдо бўлганини эшитдим. Стрикленд гўёки “Эмпайр” театрида биринчи маротаба кўриб қолган француз раққосасига ошиқу беқарор бўлиб, унинг кетидан Парижга жўнаган эмиш. Бундай овоза қаердан пайдо бўлганини суриштириб ўтирмадим, лекин бу гап Стрикленд хонимга одамларнинг раҳмини келтирар, унинг жамиятдаги мавқеини мустаҳкамларди. Бу эса унинг ўрганмоқчи бўлган касбига ёрдам бериши мумкин эди. Полковник Мак-Эндрю хоним сариқ чақасиз қолди, деганда муболаға қилмаётганди. У яшаши учун бирор маблағ манбаи топмоғи, буни қанчалик тез бошласа шунча яхши эди. У ёзувчилар жамоатчилигидан кўпчилигини таниши ва бу нарса унга иш беришини ўйлаб, стенография ва машинкада ёзишни ўрганишга киришди. Унинг ўқимишлилиги ва маълумоти ажойиб машинкачи бўлишига замин яратарди. Оилавий фожеаси эса мустақил йўл тутишига мажбур этарди. Дўстлари уни иш билан таъминлаб туришга, ўз таниш-билишларига уни тавсия этишни ваъда қилишди.
Болалари йўқ ва маъмурчиликда яшайдиган Мак-Эндрюлар хонимнинг болаларига ҳомийлик қилишни ўз зиммаларига олишди. Шундай экан, Стрикленд хоним фақат ўзини боқса кифоя эди. У ўз уйидан чиқиб кетиб, мебелларни сотди. Вестминстерда кичикроқ икки хонали уйда Стрикленд хоним янги ҳаёт бошлади. У ўта тиришқоқ бўлганлиги туфайли, ишида муваффақият қозонишига шубҳа қилмаса бўларди.

Ўн еттинчи боб
Юқоридаги воқеалар содир бўлганидан кейин беш йил ўтгач, мен бироз муддат Парижда яшашга қарор қилдим. Ҳар куни бир ишни қайтаравериш ғоят жонга тегадиган ва зерикарли машғулот. Дўстларим ўз ҳаёт йўлларидан аста-секин олға боришарди. Улар энди мени бирор нарса билан ҳайратлантира олишмасди. Ўзаро учрашиб қолганларимизда нима дейишларини аввалдан билиб турардим, ҳатто уларнинг ишқий саргузаштлари ҳам унчалик қизиқ туюлмасди. Биз бир томондаги сўнгги бекатдан иккинчи томондаги охирги бекатга бўзчининг мокисидек бориб келаверадиган трамвай вагонларига ўхшардик. Бу вагонлар қанча йўловчини ташишини ҳам аниқ ҳисоблаш мумкин эди. Ҳаёт ниҳоятда зерикарли ўтарди. Мени ваҳима босди. Уйдан воз кечдим, арзимас уй-рўзғор анжомларини сотиб юбордим-да, ҳаммасини янгидан бошлашга қарор қилдим.
Жўнаб кетишдан олдин Стрикленд хонимникига кирдим. Мен уни анчадан бери кўрмагандим, шу туфайли хонимдаги ўзгаришлар аниқ кўзга ташланарди. У қариб ва озиб, юзидаги ажинлар кўпайибгина қолмай, феъли ҳам ўзгаргандай туюлди. У ўз ишларини анча йўлга қўйиб юборганди, Чансерилейнда идораси бор эди. Стрикленд хонимнинг ўзи энди деярли машинкалаш билан шуғулланмас, фақат қўл остида ишлайдиган тўртта қизнинг ишларини текширарди. Ўз маҳсулотларининг харидоргир бўлиши ва чиройли чиқиши учун кўк ва қизил ранглардан фойдаланар, тайёр ишларни товланадиган қаттиқ ва ёқимтой рангли қоғозларга ўраб берарди. Дарҳақиқат, унинг ишлари гўзаллиги ва нозиклиги билан ном қозонганди. У яхшигина даромад қиларди. Лекин фақат яшаш учун ишлаш унчалик ёқимли машғулот эмас, деган тасаввурда эди, шу боис суҳбатдошларига ўзининг оқсуяк аёллардан эканлигини эслатиб қўярди. Стрикленд хоним гап орасида машҳур танишларининг номларини қалаштириб ташлар, ўзи ижтимоий зинапоянинг шу поғонасида қолаётганидан афсуслангандай бўларди. Бундай журъатидан ўзи ҳам хижолат чеккандай бўлди, лекин эртага Жанубий Клинсингтонда яшовчи таниқли адвокат даврасида зиёфатда бўлишидан ҳаяжондалигини билдирди. Ўғли Кембрижда ўқишини мамнуният билан ҳикоя қиларди. Шунингдек, у бироз кинояомуз шаклда бўлса-да, қизи тўхтовсиз равишда рақсга таклиф этилаётганлигини ҳам қўшиб қўйишни унутмасди. Мен ноўрин савол бериб қўйдим:
— Қизингиз ҳам ишларингизга қарашадими?
— Зинҳор! Мен бунга йўл қўймайман, — жавоб беради Стрикленд хоним. – У жуда ёқимтой ва мен ишонаманки, ўзига яхшигина қайлиқ топа олади.
— Бу сизга катта мадад бўларди.
— Кўпчилик у катта саҳнага чиқиши керак, деб ҳисоблайди. Лекин мен бунга рози бўлмайман. Мен энг яхши драматургларимизнинг барчаси билан танишман, унга эртагаёқ яхшигина роль топиб беришим мумкин, лекин мен бундай доирага кириб қолишини истамайман.
Бундай калондимоғлик мени ҳайрон қолдирди.
— Эрингиз тўғрисида бирор хабар эшитдингизми?
— Йўқ, ҳеч нарса эшитмадим. Чамаси, у ўлиб кетган.
— Агар уни Парижда учратиб қолсам сизга хабар берайми?
У бир дақиқача ўйлаб қолди.
— Агар у жудаям қийналиб қолган бўлса, бироз ёрдам беришим мумкин. У ҳолда сизга озроқ пул жўнатаман, зарур пайтларида озгина-озгинадан бериб турасиз.
— Сиз жуда олижанобсиз, — дедим мен.
Лекин мен у бу ишни олижаноблиги учун қилмаётганини билардим. Изтироб одамни олижаноб қилади, деган гапга кафиллик бериб бўлмайди. Бахт гоҳида одамда шундай туйғулар уйғотиши мумкин. Лекин изтироб аксарият ҳолларда одамни майдакаш ва қасоскорга айлантиради.

Ўн саккизинчи боб
Парижга келганимдан кейин икки ҳафта ўтар-ўтмас Стриклендни учратиб қолдим.
Мен Дам кўчасидаги уйлардан бирининг бешинчи қаватидан кичкинагина хонани тезда топиб олдим. Икки юз франкка эски мебеллар харид қилдим. Қават назоратчиси эрталаблари менга қаҳва қайнатиб бериши ва хонамни тартибга солиши лозим эди. Ўрнашиб олганим заҳоти эски танишим Дирк Струвеникига жўнадим.
Дирк Струве ўз феъл-атворларига қараб баъзилар беписандлик билан истеҳзоли куладиган, баъзилар ҳайронликда елка қисиб қўядиган одамлар тоифасига кирарди. Табиат уни қизиқчи қилиб яратганди. У рассом, рассом бўлганда ҳам ёмон рассом эди. Биз Римда танишгандик, расмларини яхши эслардим. У сийқаси чиққан мавзуларда расм чизишга ўч эди. Санъатга мислсиз муҳаббат қўйган бу одам нуқул римликларни акс эттирарди. Унинг расмларида Испания майдонининг зинапояларида дам олаётганлар, ўткир учли шляпа кийиб олган кўзлари катта-катта мўйлабли деҳқонлар, турфа рангли кийим-кечак кийиб олган болалар, кенг юбкали аёллар тасвирланарди. Расмдагилар ё черков эшигининг олдида дам олишаётган, ё тиниқ осмон остида сарв дарахтлари орасида сайр қилаётган, ё Уйғониш давридан қолган фаввора олдида муҳаббат саргузаштларини бир-бирларига ҳикоя қилиб мароқланишаётган, ё бўлмаса, буқалар қўшилган аравалар атрофида уймалашиб юрган ҳолатда кўрсатиларди. Уларнинг барчаси обдон ҳафсала билан чизилган ва бўялганди. Эҳтимол, фотография ҳам тасвирга олинаётганларни бунчалик аниқ кўрсата олмасди. Рассомлардан бири Медичининг дала ҳовлисида Диркка “Шоколад” қутичалари чизиш бўйича мутахассис деб баҳо берганди. Унинг расмларини кўздан кечириб, Моне, Мане ва бошқа импрессионистлар бутунлай бўлмаган деб ўйлаш мумкин эди.
— Албатта, мен улуғ рассом эмасман, — дерди у. – Шубҳасизки, Микеланжело эмасман, лекин менда нимадир бор. Менинг расмларим сотиляпти. Бу расмлар турли тоифадаги одамларнинг уйларига файз бағишламоқда. Сен биласанки, менинг ишларимни фақат Голландияда эмас, Норвегия, Швеция ва Данияда ҳам сотиб олишяпти. Савдогарлар ва бадавлат ишбилармонлар расмларимни жуда ёқтиришади. Бу ерларда қишнинг ниҳоятда совуқ, узоқ бўлишини тасаввур ҳам қила олмайсан. Ўша жойларнинг аҳолиси Италия менинг расмларимда тасвирлангандек деб ўйлашни хоҳлашади. Италияни худди мен тасвирлагандай тасаввур этишади. Бу томонларга келмасимдан олдинлари ҳам мен уни худди шундай тасаввур этардим.
Дарҳақиқат, бу тасаввур унинг қон-қонига сингиб кетган ва ўзига ром этиб қўйган, шу боис ҳақиқатни кўра олмасди, унинг наздида Италия романтик қароқчилар ва ажойиб харобалар ватани бўлиб кўринарди. У ғариб, пасткаш ва сийқаси чиққан идеални чизишда давом этарди. Бу ҳол асарларига ўзига хос жозиба касб этарди. Шахсан мен учун Дирк Струве фақатгина масхаравозлик манбаи эмасди. Рассом биродарлари эса чизган расмларига менсимай қарашларини яшириб ўтиришмасди. Лекин у яхшигина пул топарди. Рассом ошналари ўйлаб ҳам ўтирмай чўнтагига хўжайинлик қилишдан тап тортишмасди. Дирк қўли очиқ одам эди, унинг соддадиллигини суиистеъмол қилувчилар заррача тортинмай қарз олаверишарди. Раҳмдиллиги, очиқкўнгиллиги меъёридан ортиқ даражадалигиданми, олган қарзларига миннатдорчилик билдиришни ҳам ўзларига эп кўришмасди. Ундан қарз олиш ёш болани талагандай бир гап эди. Устига-устак, тентак деб ёзғиришарди. Назаримда, ўз эпчиллигидан ғурурланиб юрадиган чўнтак ўғриси извошда бутун бойлиги солинган чамадончани унутиб қолдирган меров хотиннинг ўлжасини осонгина қўлга киритганига унчалик ҳам хурсанд бўлавермайди. Табиат Струвега лақмалик ҳадя қилганида сахийлик кўрсатганига қарамай таъсирчанлиги ҳам ўзига етарли эди. Кўпинча масхаралаш ва таҳқирлар ёмғири остида қолишига қарамай, кўнгилли равишда ўзини шундай зарбалар тагида қолдираётгандай туюларди. У кетма-кет қилинаётган таҳқирлардан озор чекаётган бўлса-да, оқкўнгил бўлганлиги боис, жаҳли чиқмасди. Аввал отилган таъна тошининг оғриғи кетмасдан янгиси отилаверарди. Унинг ҳаёти фожиаларга тўла эди. Мен уни ҳеч қачон масхара қилмасдим. Шу боис раҳмдил ҳамроҳ топганидан хурсанд бўлиб адоқсиз ғам-аламларини менга тўкиб солишга ҳаракат қиларди. Энг ачинарлиси шунда эдики, бу ғам-аламлар қанчалик фожиали бўлса, шунчалик кулгили эди.
У ёмон рассом бўлишига қарамай, санъатни фавқулодда нозик ҳис этарди, расмлар кўргазмасини Струве билан биргаликда айланиш одамга чинакам лаззат бағишларди. Санъат асарларидан беҳад ҳайратлана биладиган Струвега танқидий фикрлаш ҳам ёт эмасди. Дирк католик мазҳабига мансуб эди. У аввалги авлод рассомларининг қадрига етиш билан бирга, замонавий расмларга ҳам муносиб баҳо бера оларди. Янги талантларни тезда фаҳмлай олар, улар тўғрисида бағрикенглик билан мулоҳаза юрита биларди. Мен ҳеч қачон рассомчилик асарларига бу қадар тўғри баҳо берадиган иккинчи одамни кўрмаганман. Бунинг устига кўпчилик рассомларга қараганда яхшироқ билимга эга эди, уларга ўхшаб санъатнинг бошқа соҳаларидан хабарсиз эмасди. Мусиқий ва адабий диди рассомчилик тўғрисидаги мулоҳазаларининг теран ва турфа хиллигига олиб келарди. Мен сингари ёшлар учун Дирк Струвенинг маслаҳат ва изоҳлари ҳақиқатан катта аҳамиятга молик эди.
Римдан жўнаб кетганимдан кейин тахминан икки ойда бир мартадан ўзига хос инглиз тилидаги узун хатларини олиб турдим. Бу хатларни ўқиганимда энтикиб, жўшиб, қизғин қўл ҳаракатлари билан сўзлаётган Диркни кўриб ва эшитиб тургандек бўлардим. Парижга келмасимдан сал олдинроқ у инглиз қизига уйланган бўлиб, эндиликда Монмартрда ўрнашиб олганди. У билан тўрт йилдан бери кўришмасдик, хотини билан ҳам таниш эмасдик.

Ўн тўққизинчи боб
Парижга боришимни Струвега хабар қилмаганлигим туфайли, эшик қўнғироғини чалганимда чиқиб келган рассом дастлаб мени танимади. Кейин хурсандчиликдан қичқириб юборди-да, устахонасига сургаб кетди. Бунақа қизғин кутиб олиш одамга хуш ёқар экан!
Ўчоқ ёнида нимадир тикаётган хотини ўрнидан туриб, менинг истиқболимга юрди. Дирк мени таништирди.
— Сен уни биласан, — деди хотинига мурожаат этиб, — у тўғрисида сенга кўп гапириб берганман. – Менга қараб эса: — Нега келишингни хабар қилмадинг? Келганингга анча бўлдими? Узоқроқ муддатга келдингми? Эҳ, сен бир соат олдинроқ келганингда биргаликда овқатланардик.
У менга саволлар ёғдириб ташлади, юмшоқ ўриндиққа ўтказиб, елкамга шапатилаб уриб, шароб, печенье, сигара билан сийлай бошлади. Бир дақиқа бўлсин мени тинч қўймас, уйда виски йўқлигига ачинар, қаҳва тайёрлашга шошилар, яна нималар биландир кўнглимни олишга интилар, хурсандлигидан ўзини қўйишга жой топа олмас, кулар, азбаройи ҳаяжонланаётганидан терлаб кетганди.
— Сен заррача ўзгармагансан, — дедим унга кулиб қарарканман.
Диркнинг кўриниши ҳамон беўхшов эди. Бўйи паст, семиз, оёқлари калта-калта. Ҳали ёшлигига қарамай – у ўттиздан ошмаганди – сочи деярли қолмаганди. Юзи дум-думалоқ бўлиб, териси оққа мойил қизғиш, лаблари қип-қизил эди. У доимо олтин гардишли каттакон кўзойнак тақиб юрарди, кўзлари кўм-кўк ва катта-катта эди, мўйлаби азбаройи юзининг рангига ўхшаб кетганидан йўққа ўхшарди. У Рубенс чизишни яхши кўрган хушчақчақ семиз савдогарларга ўхшаб кетарди.
Бирмунча муддат Парижда бўлмоқчилигимни, уй ҳам топганимни унга гапирганимда, олдиндан айтмаганимга таъна қилди. Ўзи уй топиб жиҳозлашга ёрдам бериши, кўчишга кўмаклашиши мумкинлигини билдирди, бекорга мебель учун пул ҳаржлаганимдан койинди. Унинг ёрдамидан фойдалан¬маганимни дўст кишининг иши эмас деб астойдил гинахонлик қилди. Струве хоним жимгина пайпоқ тўқиб ўтирар, эрининг гапларини кулимсираганча бамайлихотир эшитиб ўтирарди.
— Кўриб турганингдек, уйландим, — тўсатдан эълон қилди Дирк, — хотиним тўғрисида нима дейсан?
У хотинига ниҳоятда майинлик ва назокат билан тикилди, терлаганидан бурнининг учигача тушиб кетаётган кўзойнагини кўтариб қўйди.
— Бу саволингга нима деб жавоб бера олардим? — кулдим мен.
— Қўйсанг-чи, Дирк, — деб сўз қистирди Струве хоним.
— Ахир у ажойиб эмасми? Дўстгинам, вақтни ўтказмай уйлан, иложи борича тезроқ уйлан. Мен энг бахтли одамман. Унга бир қара. Ахир у тайёр расм эмасми? Шарден расмларига ўхшайди-а? Мен дунёдаги барча гўзалларни кўрганман, лекин ҳеч қачон Струве хонимдан гўзалроғини кўрмаганман.
— Дирк, агар жим бўлмасанг, кетиб қоламан.
— Тентаккинам, — деди у.
Хоним эрининг овозидаги беҳад эҳтиросдан уялинқираб қизариб кетди. Диркнинг хатларидан мен хотинини эсини йўқотар даражада яхши кўришини билардим, эндиликда ундан кўз уза олмаётганини кўриб бунга янада ишонч ҳосил қилдим. Аёл уни севиш-севмаслигини эса аниқ айта олмайман. Бечора Панталоне эса ўзига бундай қизғин муҳаббат уйғотиши қийин эди, лекин аёлнинг кўзлари ёқимтой кулиб турарди. Эҳтимол, унинг ўзини вазмин тутишида чуқур туйғулар яширингандир. Мен Струве хонимда рассомнинг эс-ҳушини олган мафтункор гўзалликни пайқамадим, лекин аёлда қандайдир сокин жозиба бор эди. Арзонроқ кулранг матодан қойилмақом қилиб тикилган кўйлаги баланддан келган келишган қоматига қуйиб қўйгандай ярашганди. Ана шу қомат тикувчидан кўра ҳайкалтарош учун қизиқарлироқ эди. Струве хоним, оқ юздан келган қизғиш-қўнғир сочларини соддагина қилиб турмаклаб олганди. Кўм-кўк кўзларида хотиржамлик учқунларини сезиш қийин эмасди. Уни ғоятда гўзал деб айта олмасам-да, Струве бекорга Шарденни эслатмаганди. У улуғ рассом тасвирлаган ва шу орқали мангуликка дахлдор қилган енгил бош кийим кийиб, пешбанд тутиб олган аёлни эслатарди. Хоним жуда ақлли ва иш билан банд аёл таассуротини қолдирмасди, лекин ундаги сокин жиддийлик қизиқишимни уйғотарди. Унинг Дирк Струвега турмушга чиққанлиги жуда ғалати эди. У инглиз аёли бўлишига қарамай, қандай доирадан эканлигини, қандай тарбия олганини, турмушга чиққунгача қандай яшаганини билмасдим. У деярли гапирмасди, лекин аҳён-аҳёнда орага бирор сўз қистирганда овози ёқимтойлиги, ҳаракатлари табиийлиги сезиларди.
Мен Струведан ишлаётган ёки ишламаётганини сўрадим.
— Ишлаяпсизми деб сўраяпсизми? Ҳа, олдингиларига қараганда яхши расмлар чизаяпман!
У қўлимдан ушлаб дастгоҳда турган расм олдига олиб борди.
Мен беихтиёр сесканиб кетдим.
Дирк черков олдида дам олаётган Кампанъи кийимидаги бир тўда итальян деҳқонларини чизганди.
— Ҳозир шу расмни чизаяпсанми? — сўрадим ундан.
— Ҳа. Бу ердаги моделлар Римдагидан ёмон эмас.
— Жудаям чиройли-а, тўғрими? — деди Струве хоним.
— Бечора хотиним мени улуғ рассом деб фаҳмлайди.
Унинг хижолатли кулиши бу фикрдан маза қилаётганини яшира олмади. Унинг кўзлари дастгоҳдаги расмда эди. Бошқа рассомларнинг асарлари тўғрисидаги ғоят ўринли танқидий мулоҳазаларини ўзининг тутуруқсиз асарларига татбиқ эта олмагани ғалати эди.
— Бошқа расмларингни ҳам кўрсат, — деди Струве хоним.
— Кўришни хоҳлайсанми?
Рассом оғайниларининг масхараомуз кулишларидан тўйиб кетган Дирк Струве соддадиллик билан ўз ишларини кўрсатишга рози бўлди. У олдимга ўйнаб юрган жингалак сочли икки итальян боласи тасвирланган расмини қўйди.
— Жуда ажойиб чиққан-а, тўғрими? — сўради Струве хоним.
У менга яна анчагина асарларини кўрсатганида Дирк Парижда ҳам худди Римдагидек тутуриқсиз асарлар чизаётганига ишонч ҳосил қилдим. Буларнинг барчаси сохта, майда, ҳеч нарсага арзимайдиган чизмалар эди. Ҳаётда эса Дирк Струвечалик ҳалол, самимий одамни билмасдим. Бундай зиддиятни қандай англамоқ керак?
Тўсатдан хаёлимга келиб қолган саволни ўзим ҳам билмаган ҳолда ундан сўрадим:
— Марҳамат қилиб айтг-чи, тасодифан бўлса-да, Чарлз Стрикленд деган рассомни учратмаганмисан?
— Наҳотки сен уни танисанг? — қичқириб юборди Дирк.
— У нобакор одам, — деди Струве хоним.
Дирк кулди.
— Бечорагинам. — Дирк хотинининг олдига югургилаб келиб, иккала қўлини ўпиб қўйди. – Хонимнинг уни кўргани кўзи йўқ. Стриклендни танишинг жуда ғалати!
— Бемаъни қилиқли одамларни жиним суймайди, — деди хотини.
Дирк кулимсираганча мен томонга ўгирилди.
— Гап нимадалигини ҳозир сенга тушунтириб бераман. Кунлардан бир кун уни асарларимни кўрсатишга чақирдим. У уйимизга кириб келганида барча расмларимни кўрсатдим. – Струве бир дақиқа жим қолди. Ўзи учун ғоят ёқимсиз бўлган бу ҳикояни нима учун бошлаганини тушунмасдим. – У расмларимни кўрдию индамади. Мен барча мулоҳазаларини охирида айтса керак, деб ўйладим. Расмларимни кўрсатиб бўлгач: “Мана, барча асарларимни кўрсатиб бўлдим, кўрсатадиган бошқа бирорта расмим қолмади”,— дедим. У эса менга: “Мен сиздан йигирма франк қарз сўрагани келган эдим”, — деди.
— Дирк айтган пулини берди-я! — ғазаб билан қичқириб юборди Струве хоним.
— Тўғрисини айтсам, лол бўлиб қолдим. Ҳа, мен одамлар қарз сўраганда — йўқ дейишини ёмон кўраман. У берган пулимни чўнтагига солди, “ташаккур” деб бош қимирлатиб қўйди-да, чиқиб кетди.
Дирк Струве бу тарихни гапириб бераётганда дағал юзида шу қадар туганмас ҳайрат ифодаси зуҳр этиб турардики, уни кўрган киши беихтиёр кулиб юборарди.
— Расмларимни ёмон деганда ҳам сира хафа бўлмасдим, лекин у бирор сўз ҳам айтмади.
Стрикленднинг у билан қилган муомаласидан таажжубланиши эмас, балки ўзини йўқотар даражага келган Диркнинг ҳозирги афт-башарасини кўриш кулгили эди.
— Мен у турқисовуқнинг башарасини энди ҳеч қачон кўрмайман деб умид қиламан, — деди Струве хоним.
Дирк кулиб елкасини қисиб қўйди. У энди асл ҳолига, одатдаги софкўнгиллилигига қайтганди.
— Нима бўлганда ҳам у улкан рассом, жудаям улкан.
— Стриклендми? — хитоб қилдим мен. — У ҳолда бошқа Стрикленд бўлса керак.
— Сариқ соқолли барваста одам. Чарлз Стрикленд. Инглиз.
— Мен учрашганимда соқол қўймаган эди, лекин энди соқол қўйган бўлса, эҳтимол сариқ соқоллидир. Мен билган Стрикленд рассомчилик билан бор-йўғи беш йилдан бери шуғулланади.
— Бу ўша. У улуғ рассом.
— Бўлмаган гап!
— Ахир мен бирор маротаба бу тўғрида хато қилганманми? — сўради Дирк. — Айтяпман-ку сенга, у даҳо, деб. Мен бунга шубҳа қилмайман. Агар юз йилдан кейин сен билан мени кимдир эсласа, фақат Чарлз Стрикленд билан таниш бўлганлигимиз туфайлигина эслайди.
Мен ҳайратда қолдим ва ниҳоятда ҳаяжонланиб кетдим. Тўсатдан хаёлимга Стрикленд билан охирги гаплашганимиз келди.
— Унинг асарларини кўрса бўладими? Расмлари муваффақият қозонаяптими? Қаерда яшайди у?
— Йўқ. Асарлари муваффақият қозонаётгани йўқ. Ўйлайманки, у ҳали бирорта расмини ҳам сота олгани йўқ. Кимга бу асарлар тўғрисида гапирсанг кулади, холос. Лекин мен унинг улуғ рассомлигини биламан. Ахир бир вақтлар Моне устидан ҳам кулишган-ку. Коро ҳаёт вақтида бирорта асарини пуллай олмаган. Мен Стрикленд яшайдиган манзилни билмайман, лекин у билан учрашувни ташкил қилишим мумкин. У ҳар оқшом соат еттиларда Клиши кўчасидаги қаҳвахонага келади. Биз эртага ўша жойга боришимиз мумкин.
У мени кўришни исташига унчалик ишонмайман. Мен унга бутунлай унутишни истаётган нарсаларини ёдига тушираман. Лекин, шундай бўлса-да, барибир бораман. Унинг асарларини кўриш мумкинми?
— Йўқ. У сенга ҳеч нарса кўрсатмайди. Бироқ мен Стрикленднинг икки ёки учта расми бор савдогарни биламан. Лекин сен у ерга менсиз бора кўрма: барибир, ҳеч нарса тушунмайсан. Уларни сенга ўзим кўрсатаман.
— Дирк, сен менинг аччиғимни келтиряпсан! — хитоб қилди Струве хоним. — Шунча гаплардан кейин нега унинг расмларини кўкларга кўтариб мақтаяпсан ўзи? — Хоним мен томонга ўгирилди: — Биласизми, бир куни Голландиядан келган қандайдир одамлар Диркнинг расмларини сотиб олиш учун бизникига келишганида, эрим тушмагур, уларни Стрикленд расмларини сотиб олганингиз маъқул, деб йўлдан урса бўладими!
— Сиз унинг расмлари тўғрисида қандай фикрдасиз? — кулимсираб сўрадим хонимдан.
— Ўтакетган тутуриқсиз.
— Эҳ, менинг қувончим, сен ҳеч нарса тушунмайсан.
— Нега бўлмаса голландларинг сендан аччиғланишди. Сен уларни мазах қилаяпсан деган фикрга келишди.
Дирк Струве кўзойнагини олиб ҳафсала билан артди. Азбаройи ҳаяжонланганидан юзлари қизариб кетди.
— Наҳотки, сенингча, дунёдаги энг қимматбаҳо нарса — гўзаллик хоҳлаган йўловчи кўтариб кетавериши мумкин бўлаверадиган денгиз қирғоғидаги тош бўлса? Гўзаллик ғаройиб ва ҳар кимга ҳам насиб этавермайдиган, санъаткор аҳли оғир руҳий изтироблар туфайлигина дунёга келтирадиган ноёб ҳодиса. У кашф қилингандан кейин ҳам ҳамманинг тиши унга ўтавермайди. Гўзаллик санъаткор бизга чалиб берадиган куй. Юрагимизда бу куй акс-садо бериши учун билим, ҳиссиёт, фантазия керак одамга.
— Нега мен сенинг расмларингни ажойиб деб ҳисоблайман, Дирк? Кўришим биланоқ, улар мени ўзича лол қилишган.
Диркнинг лаблари билинар-билинмас титради.
— Жонгинам, ётиб ухлай қол, мен дўстимизни нарироққача кузатиб қўяман-у, дарров қайтиб келаман.

Йигирманчи боб
Дирк Струве Стрикленд бўлиб турадиган қаҳвахонага олиб бориш учун эртасига кечқурун меникига киришга ваъда берди. Бу Парижга Стрикленд билан гаплашиш учун келганимда у билан арақ ичган қаҳвахона экан. Унинг бу ерда ҳамон бўлиб туриши, эски одатларига содиқ қолганлигини кўрсатарди. Бу эса менга ўзига хос ҳолат бўлиб туюлди.
— Ана у, — деди Струве, қаҳвахонага қадам қўйишимиз биланоқ.
Октябр ойи бўлишига қарамай, оқшом анча илиқ эди, шундоққина йўл устига қўйилган столлар атрофида анчагина одам ўтирарди. Мен тўпланганларга бирма-бир қараб чиқдим, лекин Стриклендни топа олмадим.
— Кўрмаяпсанми, ҳув ана, бурчакда шахмат ўйнаб ўтирибди. Шахмат тахтаси устига энгашиб олган кишига кўзим тушди, лекин кенг айвонли шляпаси ва сарғимтир соқолини кўрдим, холос. Столлар орасидан зўрға ўтиб, унинг олдига яқинлашдик.
— Стрикленд!
— Нима дейсан, бақалоқ! Сенга нима керак?
— Мен эски қадрдонимни бошлаб келдим, у сиз билан кўришмоқчи.
Стрикленд юзимга қараб қўйди, лекин танимади, шекилли, яна шахматга энгашди.
— Ўтиринглар ва шовқинламанглар, — тўнғиллаб қўйди у.
У пиёдасини сурди ва шу ондаёқ ўйинга берилиб кетди. Бечора Струве хафа бўлганнамо менга қараб қўйди, лекин мен бундай арзимас ишларга хафа бўлиб ўтирмадим. Мен шароб буюриб, Стрикленд ўйинни тугатишини бамайлихотир кутиб турдим. Мен Стриклендни кузатиб туриш имконияти туғилганидан хурсанд эдим. Лекин у мен билган одам эмасди. Аввало бароқ ва тартибга келтирилмаган сарғимтир соқоли юзининг анча қисмини беркитиб турарди, сочлари жуда ўсиб кетганди. Лекин ҳаммадан ҳам ниҳоятда ориқлаб кетганлиги уни бутунлай ўзгартириб юборганди. Шундоқ ҳам катта бурни аввалгидан ҳам олдинга осилиб тушган, юзлари киртайиб, кўзлари катталашиб кетганди, танаси скелетга ўхшарди. Беш йил аввалги йиртиқ-ямоқ, ҳаммаёғи доғ-дуғ, кийилаверганидан обдон путурдан кетган камзули баданида ҳалвираб турарди. Тирноқлари ўсиб кетган ифлос қўлларига узоқ тикилиб турдим. Суяк ва теридангина иборат бу қўллар катта-катта, кучли ва чиройли эди! Мен ўйинга буткул берилиб кетган бу одамга қараб турарканман, очликдан силласи қуриган Стриклендни қандай куч ушлаб турганига ҳайрон бўлардим.
Стрикленд донани юриб, бошини кўтарди-да, стулга суянганча қаёқларгадир паришонхотир тикилди. Барваста соқолли француз рақиби тахтадаги вазиятни узоқ мулоҳаза қилди, сўнг беғараз сўкиниб, шахмат доналарини тахтадан сидириб ташлаб, қутичага солиб қўйди. Стриклендни сўкиб, кўнглини бўшатди-да, официант билан ҳисоб-китоб қилиб чиқиб кетди. Струве ўз стулини столнинг яқинроғига сурди.
— Хўш, биз энди гаплашишимиз мумкин, — деди у.
Стрикленднинг кўзлари Струвега таҳқиромуз тикиларди. У масхаралаш учун бирор сўз топа олмаётгани туфайли жим турганини аниқ сезаётгандим.
— Эски қадрдонимни сиз билан учраштириш учун олиб келдим, — деди кўзлари ёниб Струве.
Стрикленд менга бир дам тикилди. Мен индамай туравердим.
— Уни бирор маротаба бўлсин кўрмаганман, — деди у ниҳоят.
Нега бундай деганини тушунмадим-у, лекин мени кўрганидаги йилт этган учқунга қараб мени танигани шубҳасиз эди. Лекин энди мен бир неча йил аввалгига ўхшаб уялиб ўтирмадим.
— Яқинда хотинингиз билан гаплашган эдим, сизга у ҳақдаги энг кейинги янгиликлар қизиқ бўлади деб ишонаман.
Стрикленднинг кўзлари порлаб кетди.
— Биз ўшанда оқшомни яхшигина ўтказган эдик, — деди у . — Неча йил бўлди ўшанга?
— Беш йил.
У яна арақ сўради. Струве, биз қандай қилиб учрашиб қолганимизни ва гап орасида иккаламиз ҳам Стриклендни танишимизни тасодифан билиб қолганимизни эринмай сўзлаб берди. Стрикленд унинг гапларига қулоқ солган-солмаганини билолмадим. Икки маротаба менга паришонхотирлик билан қараб қўйди, лекин кўпроқ у ўз хаёллари билан банд эди. Табиийки, Струве шундай валақлаб турмаса у билан гапни давом эттиришим қийин эди. Орадан йигирма дақиқалар ўтгач, голланд соатига қаради-да, кетиши лозимлигини айтди. Мендан, бирга кетамизми, деб сўради. Мен танҳо қолсак Стрикленддан бирор нарсани билиб оларман деб ўйлаб, қолишга қарор қилдим.
Бақалоқ кетгач, дедим:
— Дирк Струве сизни улуғ рассом деб ҳисоблаяпти.
— Жин урсин, нега энди бу нарса мени қизиқтириши керак.
— Расмларингизни кўришга рухсат этасизми?
— Бу яна нимаси?
— Эҳтимол, бирортасини сотиб олишни истарман.
— Эҳтимол, мен уни сотишни истамасман.
— Сиз расмлардан мўмайгина даромад қилаяпсиз дейман? — дедим кулимсираб.
У тўнғиллаб қўйди.
— Сиз кўринишимга қараб шундай деяпсизми?
— Кўринишингиз обдон оч қолган одамнинг кўриниши.
— Худди шундай.
— У ҳолда юринг, кетдик овқатланишга.
— Нега сиз буни менга таклиф этаяпсиз?
— Ҳарҳолда сизга ачинганимдан эмас, — совуққина жавоб бердим, — очдан ўлиб кетасизми-йўқми, менга барибир.
Унинг кўзлари яна оловланиб кетди.
— У ҳолда кетдик. — У ўрнидан турди.
— Яхшилаб овқатланиш ёмон нарса эмас.

Йигирма биринчи боб
Қайси ресторанга олиб боришни унинг ихтиёрига ташлаб, йўлда газета сотиб олдим. Овқат буюрганимиздан кейин газетани очиб “Сен-Гальмье” шишасига тираб қўйдим-да, ўқишга тушиб кетдим. Биз индамай овқатланардик. Аҳён-аҳёнда Стрикленд менга тикилаётганини сезардим, лекин ўзим бошимни кўтармасдим. Қандай қилиб бўлса-да, уни гапга солишга уринардим.
— Газетада бирор қизиқроқ нарса бор эканми? — сўради индамай овқатланиб бўлганимиздан кейин.
Унинг гап оҳангида салгина аччиғланиш маъносини уқдим.
— Мен театр тўғрисида фельетонларни ўқишни ёқтираман, — жавоб бердим газетани букларканман.
— Маза қилиб овқатландим, — деди у.
— Қаҳвани ҳам шу ерда ичиб қўяқолмаймизми?
— Бўлади.
Биз биттадан сигара олдик. У индамай чекарди, менга қараганда кўзларида кулги жилоланаётганини сезардим. Мен сабр-тоқат билан кутдим.
— Ўтган йиллар мобайнида қандай ишлар билан шуғулландингиз? — сўради у ниҳоят.
Ўзим ҳақимда нима дейишим мумкин эди? Бу оғир меҳнат ва ёшлик иштиёқи, гоҳ у, гоҳ бу соҳада ўз ўрнини топишга уриниш, китоб ва одамларни англашга доимий интилиш йиллари бўлганди. Мен унинг ишлари, ҳаёти, шахсиятига қизиқишим борлигини зинҳор сездирмадим. Ва шу ишим ниҳоят ўз самарасини берди. У биринчи бўлиб гапирди. Стрикленд сўзамол эмасди. Узуқ-юлуқроқ бўлса-да, босиб ўтган ҳаётий йўлини гапириб берди, қолган-қутган жойларини тафаккурим ёрдамида тўлдириб олдим. Ҳаётига ниҳоятда қизиққан одаминг ўзи ҳақида ниҳоятда зерикарли ҳикоя қилиб берганини эшитиш жуда азоб экан. Буни хунук ёзилган ва ўчинқираб қолган қўлёзмани ўқишга ўхшатиш мумкин. Менга аён бўлишича, унинг бутун ҳаёти турфа хил машаққатлар силсиласидан иборат. Лекин яна бир нарсани аниқ англадимки, кўпчилик учун ниҳоятда даҳшатли ва фожиали ҳолатлар унга заррача таъсир кўрсата олмас, ташвишга солмас экан. Атрофдагилардан Стриклендни кескин ажратиб турадиган нарса башанг ва бамайлихотир ҳаёт тарзи билан чиқиша олмаслик, тўғрироғи, нафрат экан. У каталакдек, ғарибгина хонада хотиржам яшай олар, атрофини чиройли нарсалар билан безашга ҳам интилмасди. Мен ишонаманки, хона гулқоғозлари ниҳоят даражада ифлосланиб кетганини ҳам сезмасди. У юмшоқ оромкурсида эмас, ошхона ўриндиғида ўтирарди. У зўр иштиёқ билан овқатланарди, лекин нима ейиши аҳамиятсиз эди. Овқат унинг учун очлик туйғусини бартараф этиш воситаси ҳисобланарди. Овқат топишнинг иложи қолмаганда эса неча кунлаб оч юраверарди. Кейинги ярим йил ичида эса емаги кунига фақат бир бўлак нон ва бир шиша сутлигини билиб олдим. Табиатан таъсирчан бўлган бу одам туйғулар уйғотадиган барча нарсаларга тамомила бефарқ эди. Етишмовчилик унга азоб бермасди, ҳайратланарли жойи шунда эдики, шундай ҳаёт тарзини кечираётиб ҳам руҳан тетик эди.
Лондондан олиб келган озгина пули тугагандан кейин тушкунликка берилмади. Расмлари сотилмасди, менимча, уларни сотишга ҳам унчалик интилмасди, тирикчилик ўтказишнинг бошқа йўлларини ахтаришга ҳаракат қиларди. Ҳамма нарсага қизиқувчан лондонликларни тунги Париж ҳаёти билан таништириш иши билан шуғулланганлигини истеҳзоли юмор билан гапириб берди. Бу машғулот маълум даражада унинг ўзига анча мос келарди. Шу баҳонада қандайдир йўллар билан у Парижнинг кўпчилик нигоҳидан панадаги кўчаларини миридан-сиригача ўрганиб олди. Мадлен кўчасида соатлаб юриб, қонун томонидан тақиқланган томошаларни кўришга ишқибоз, иложи борича ичиб олган лондонлик сайёҳларни қидирарди. Баъзида Стрикленд мўмайгина пул ишлаб топарди. Пировардида, унинг кийим-кечаги шу қадар дабдаласи чиқиб эскириб кетдики, натижада, сайёҳатчиларнинг аксариятини бу жулдур кийимли йўл бошловчи билан бирга кетишга юраги дов беравермасди. Кейин яна омади юришиб қолди, иш топди, Англияга юбориладиган дори-дармонларнинг рекламасини таржима қилиш билан шуғулланди. Бир куни ишташлашлар вақтида бўёқчилик билан ҳам шуғулланди.
Лекин ўз санъатини ҳам ташлаб қўймади, фақат рассомлар студиясига боришни тарк этиб, ёлғиз ўзи ишлай бошлади. Мато ва бўёқлар учун пул топиларди, унга бошқа нарсанинг кераги йўқ эди. Билишимча, у жуда қийинчилик билан ишлар экан, бирор одамдан ёрдам олишни истамай олдинги авлод вакиллари томонидан ҳал этилган баъзи техник муаммоларни ҳам ўзи ечишга кўп вақтини сарфларди. У нимагадир эҳтирос билан интиларди, лекин нимага интилаётганини мен билмасдим, эҳтимол, буни ўзи ҳам билмасди. Лекин қаршимда ўз йўлидан қайтмайдиган шижоатли одам турганини ҳис этардим. Тўғри, у эси жойида одамга ўхшамасди. Менга у ўз расмларини кўрсатмайдигандай, бу расмлар ўзига ҳам ёқмайдигандай туюларди. У орзулар оламида яшарди, реал ҳаётнинг эса унга қизиғи йўқ эди. Бутун иштиёқию эҳтироси билан меҳнат қиларкан, ботиний кўзи билан кўриб турган нарсаларидан бошқа бутун борлиқни буткул унутарди. Кейин расмни тугатар-тугатмас (назаримда, у жуда камдан-кам ҳолатлардагина асарини тугатарди) ўз асарига қизиқиши сўнарди-қоларди. Ҳеч қачон қилган ишидан кўнгли тўлмасди. Яратган асари кўнглида кўриб турганидан кўра хира ва аҳамиятсизроқ туюларди ўзига.
— Нега асарларингизни кўргазмага қўймайсиз? — сўрадим ундан. — Наҳотки, бошқа одамларнинг фикрини билишга қизиқмасангиз?
— Қизиқувчан эмасман.
Бу сўзларидан нафрат оҳангларини сезиш қийин эмасди.
— Ахир сиз шуҳрат тўғрисида ўйламайсизми? Бу туйғудан бирор рассом зоти бегона эмас-ку.
— Болаларча гўллик бу! Агар бошқа бирор одамнинг фикрини сариқ чақага олмайдиган бўлсанг, оломоннинг фикридан не фойда?
Мен кулдим:
— Ҳамма ҳам бундай мулоҳаза юритавермайди!
— Ким шуҳрат келтиради? Танқидчилар, ёзувчилар, биржа даллоллари, аёллар.
Умрингда сен кўрмаган, сени мутлақо танимайдиган одамлар қўлларинг билан яратган мўъжизани кўриб ҳаяжонланишлари, ўзларини қўярга жой тополмай қолишларини кўриш ғоят лаззатли бўлса керак. Шуҳрат кимга ёқмайди? Одамлар юрагида қўрқув ва изтироблар уйғотадиган туйғудан кўра шуҳрат афзалроқ бўлса не ажаб?
— Шунчаки бир гап.
— Ахир сизга яхши ёки ёмон расм чизишингиз барибир эмас-ку?
— Барибир. Мен учун энг муҳими — кўнглим кўриб турган нарсамни чизиш.
— Масалан, мен эса инсон қадами етмаган оролда мен қилган ишни ўзимдан бошқа ҳеч ким кўрмайди, деган ишонч билан ишлай олишимга шубҳа қиламан.
Стрикленд анчагача жим турди, лекин унинг кўзлари худди юрагини ҳаяжонга тўлдирган қандайдир нарсани кўраётгандай ёниб турарди.
— Мен гоҳида беҳудуд денгиз кенгликлари орасида қолиб кетган оролни кўраман; ўша ердаги кишилар нигоҳидан узоқдаги водийда, менга тамомила нотаниш дарахтлар орасида тинчгина яшардим. Ўша ерда қидирган нарсаларимни топа олардим, деб ўйлайман.
У рисоладагидек гапира олмасди. Сифатловчи сўзлар ўрнига қўл ҳаракатларини ишлатар, тез-тез тутилиб қоларди. Назаримда, у айтмоқчи бўлиб турган фикрни ўз сўзларим билан ифодалашга уриндим.
Сўнгги йилларга назар ташлаб, қилаётган ишларингиз сарсон-саргардонликларингизга арзийди, деб ўйлайсизми?
Нимани кўзда тутаётганимни тушунмай, менга қараб қўйди. Мен тушунтирдим.
— Сиз тинчгина уйингиз ва бахтли деса бўладиган ҳаётингиздан воз кечиб кетдингиз. Сиз ўзига тўқ одам эдингиз. Бу ерда, Парижда ғарибона ҳаёт кечиряпсиз. Агар ҳаётни қайтадан бошлаш имкони бўлганда яна шу ишни қайтарган бўлармидингиз?
— Албатта.
— Биласизми, сиз ўз хотинингиз ва болаларингиз ҳақида мендан сира сўраганингиз йўқ. Наҳотки, улар тўғрисида сира ўйламасангиз?
— Йўқ.
— Саволларимга бу қадар қисқа, жавоб қайтармасангиз афзалроқ бўлармиди. Лекин сиз уларга етказган азобларингиз, изтиробларингиз учун баъзида виждонингиз қийналади-ку?
Стрикленд яйраб кулди ва бошини сарак-сарак қилиб қўйди.
— Назаримда, сиз вақт-вақти билан ўтмиш ҳақида ўйласангиз керак. Етти ёки саккиз йил олдинги воқеаларни эмас, анча олдинги, хотинингиз билан илк учрашувларингиз, севиб қолганингиз, уйланганингиз ҳақида ўйларсиз. Наҳотки, сиз уни биринчи маротаба қучоғингизга олгандаги қувончни унутган бўлсангиз?
— Мен ўтмиш тўғрисида ўйламайман. Фақат бугунги кунгина аҳамиятга эга бўлади.
Мен бир дақиқа хаёл суриб қолдим. Жавоб мужмал эди, лекин шунга қарамай, назаримда, айтаётган гапининг маъносини салгина уққандай бўлдим.
— Сиз бахтлимисиз? — сўрадим ундан.
— Ҳа.
Мен хаёл сурганимча жимгина турардим. У ҳам нигоҳимга бардош берди, кейин кўзларида истеҳзоли учқун алангаланди.
— Ишларим ёмон, эҳтимол, сиз мени қораларсиз?
— Бемаъни гап, — сўзини кескин бўлдим, — ҳайвон ўргатувчининг хавфли илон билан ўйнашишини қоралаб бўлмайди. Зеро, унинг психикасини ўрганиш, шубҳасиз, қизиқиш уйғотади.
— Демак, сиз мен билан фақат ёзувчи сифатида қизиқаётган экансиз-да?
— Ҳа, фақат ёзувчи сифатида.
— Ундай бўлса мени қоралашингиз мумкин эмас экан. Ўзингиз ҳам фаришта эмассиз!
— Эҳтимол, шунинг учун ҳам мен билан гаплашганингизда ўзингизни бемалол тутяпсиз.
У жилмайиб қўйди-ю, ҳеч нарса демади. Афсуски, мен унинг кулишини тасвирлай олмайман. Бу ёқимтой кулги эмасди, лекин бу кулгиси туфайли юзлари ёришиб кетди, одатдагидай, бадқовоқ эмас, истеҳзоли — айёрона маъно касб этди. Шунингдек, бу аста-секинлик билан кўзларининг бурчагидан бошланадиган, эҳтимолки, тугалланадиган қандайдир ноинсоний кулги эди. Бу кулги мени сўрашга мажбур этди.
— Сиз бу ерда, Парижда бирортасини севиб қолмадингизми?
— Бундай бемаъни ишларга вақтим бўлгани йўқ. Ҳаёт жудаям қисқа нарса, ҳам санъат, ҳам севгига вақт етмайди.
— Сиз гўшанишин одамга ўхшамайсиз?
— Буларнинг барчаси мен учун ёқимсиз.
— Инсон зоти шунақа яратилган.
— Нега устимдан куляпсиз?
— Чунки мен сизга ишонмайман.
— У ҳолда сиз тўқим табиат экансиз.
Мен унга синовчан тикилганимча жим туравердим.
— Мен билан майнавозчилик ўйнашингиздан нима фойда? — дедим ниҳоят.
— Тушунмаяпман
Мен кулиб юбордим.
— Ҳозир тушунтираман. Мана сиз ойлаб ҳеч нарса ҳақида ўйламайсиз ва бу билан ҳаммасини бир умрга унутдим деб ўйлайсиз. Сиз эркинликдан лаззатланаяпсиз ва эндиликда қалбим фақат ўзимга тегишли деб ўйлаяпсиз. Худди бошингиз юлдузларга тегиб тургандек туюлади сизга. Кейинроқ эса кутилмаганда бундай ҳаётга бардош бера олмаслигингизни, оёқларингиз ердан кўтарилмай доимо балчиқ ичида турганини ҳис этасиз. Бу ботқоқлик сизни ҳам ўз домига тортмоқчи бўлади. Сиз бирорта сатанг, таги паст, ҳайвонсифат аёлга дуч келасиз. Аёл зотининг барча энг ярамас томонларини ўзида мужассамлаштирган бу аёлга ёввойи ҳайвондек ташланасиз. Унинг бағрида таскин топасиз, жунбушингиз кўзингизни кўр қилиб қўяди.
У менга тикилиб турарди, бу гаплар заррача таъсир этмади. Мен ундан кўзимни узмасдим ва ғоят оҳиста гапирардим.
— Яна бир нарса: буларнинг барчаси ўтиб кетгач, сиз кутилмаганда ўзингизни фавқулодда покдомон ҳис этасиз, танасиз руҳ ҳисоблайсиз ўзингизни. Бамисоли шамол, дарахтлар, дарё сувлари билан қўшилиб, бирлашиб кетгандай бўласиз. Ўзингизни худо деб фаҳмлайсиз. Шу нарсани тушунтириб бера оласизми?
Гапимни тугатмагунча мендан кўзини узмади. Унинг юзида ғалати маъно зуҳурланиб қолди. “Бундай қиёфа қийноқлар натижасида ўлиб кетган одамнинг юзида бўлиши мумкин”, — деб ўйладим ичимда. Стрикленд миқ этмасди. Мен суҳбатимиз поёнига етганини англадим.

Йигирма иккинчи боб
Парижда ўрнашиб олганимдан кейин пьеса ёзишга бошладим. Бир маромда ҳаёт кечирардим, эрталаблари ишлардим, кундузлари Люксембург боғида сайр этар ё бўлмаса, кўчаларда кезардим. Жаҳондаги энг яхши расмлар галереяси, кўрганингда доимо ўйга толдирадиган Луврда соатлаб вақтимни ўтказардим, дарё соҳили бўйлаб сотиш учун ёйилган эски китобларни варақлардим. Мен бу китобларни сотиб олишни мўлжалламасдим. Гоҳ у жойда, гоҳ бу жойда кўраётган китобларимдан бирор саҳифасини ўқирдим ва яна нарироқдаги китоблар олдида пайдо бўлардим. Шундай қилиб жуда кўп китоблар билан танишиб чиқардим, уларни батафсилроқ ўқишни эса истамасдим. Оқшомлари дўстларимникига борардим. Струвеларникига тез-тез кириб турардим, гоҳида уларнинг камтарона кечки овқатларига шерик бўлардим. Дирк Струве итальян овқатларини тайёрлашдаги пазандалиги билан мақтанарди. Дарҳақиқат, айтиш керакки, унинг итальянча макаронли овқати расмларига қараганда дурустроқ чиқарди. Помидор шарбатига обдон тўйдирилган макоронли овқатни катта табоқда келтирилиб, ажойиб уй нони ва қизил вино билан тановул қилганимизда шоҳона базмда ўтиргандек ҳис этардик ўзимизни. Мен Бланш Струвени яқиндан билиб олдим. Инглиз бўлганим, у эса ўз ватандошлари билан жуда кам учрашганлиги туфайли, чамаси, менинг ҳар бир келишим унга қувонч бағишларди. У хушмуомала, соддадил эди. Кам гапирса ҳам унинг фазилатлари яққол кўзга ташланарди. Негалигини билмайман-у, лекин унинг кўнглида қандайдир сир яширингандай туюларди менга. Эҳтимол, эрининг эзма ва бир қоп ёнғоқлиги олдида табиатан босиқлик учун шундай туюлаётгандир. Дирк ҳамма нарсани валақлайверарди. Ҳатто интим масалаларни ҳам уялмай-нетмай муҳокама қилаверарди. Хотини бундай пайтларда муштар бўларди, лекин фақат бир маротаба эри қандай қилиб сурги дори ичганини узоқ, бутун тафсилотлари билан ҳикоя қилганида ўзини тутиб туролмади. Ўз кўргиликларини тамомила жиддий тарзда сўзлаб беришидан ўзимни тўхтатиб туролмадим, роса кулдим. Струве хонимнинг эса жони чиқиб кетди.
— Ўзини аҳмоқ қилиб кўрсатиш нима учун зарур бўлиб қолдийкин-а! — қичқирди у.
Хотинининг жаҳли чиқиб кетганини кўрганда кўзлари янада каттароқ очилди, мўйлаби қимирлади.
— Жонгинам, хафа бўлдингми? Бундан кейин ҳеч қачон сурги дори ичмайман. Сафро ўйнаб кетганидан бўлса керак. Ишим бир жойда ўтириб қилинадиган иш-да. Кўпроқ ҳаракат қилишим керак. Ахир уч кунгача ичимдан...
— Худо хайрингни бергур, оғзингни юмсанг-чи, — эрининг гапини бўлди хотин кўзларига ёш келиб.
Струвенинг афти буришди, жазоланган боладай лабларини чўччайтирди. У ёрдамга чақиргандай ялинганнамо менга қараб қўйди, лекин мен ўзимни тутолмай ҳамон кулардим.
Бир куни Струвенинг сўзларига қараганда Стрикленднинг икки ёки уч расми бўлган савдогарникига кирдик. Лекин уй эгаси Стрикленд яқинда бу расмларни қайтариб олганини айтди. Негалиги номаълум.
— Тўғрисини айтсам, мен бундан унчалик хафа эмасман. Мен уларни фақат жаноб Струвега ҳурматим туфайлигина олгандим, иложи бўлса сотишга ваъда бергандим. — У елкасини қисди. — Мен, албатта, ёш рассомларни қўллаб-қувватлаб тураман. Лекин бу ерда масала бошқачароқ. Ўзингиз биласиз, унинг таланти сариқ чақага арзимайди.
— Мен сизга ҳалол бир гапни айтиб қўяйки, ҳозирги вақтда унга тенг келадиган рассом йўқ. Сўзларим эсингизда турсин, сиз мўмай даромад оладиган имкониятдан маҳрум бўляпсиз. Шундай вақтлар келадики, бу расмлар дўконингиздаги барча расмлардан ортиқроқ баҳоланади. Ўз асарларини юз франкка ҳам сота олмаган Монени эсланг. Эндиликда улар қанча туради?
— Тўғри. Лекин Монедан ёмон бўлмаган ўнлаб рассомлар ҳамон ўз расмларини сотиша олмаяпти. Улар ҳозир ҳам арзийдиган пул турмайди. Буни қандай билиб бўлади? Ахир муваффақият хизматига қараб келадими? Бемаъни гап. Бунинг устига сизнинг ошнангиз муваффақият қозона оладими-йўқми, буни исботламоқ керак. Жаноб Струве, сиздан бошқа ҳеч ким бундай фикрда эмас.
— У ҳолда, сизнингча, бундай шарафга ким муносиб? — сўради Дирк ғазабдан қизариб. — Фикри тор одам экансиз!
— Сиз ўтмишда улуғ рассомлар Рафаэль, Микеланжело, Энгр, Дела-Круаларни эслаб кўринг — уларнинг барчаси ўз даврида довруғ қозонишган.
— Кетдик, — Струве менга мурожаат этди, — акс ҳолда мен уни ўлдириб қўяман.

Йигирма учинчи боб
Мен Стриклендни тез-тез кўриб турардим ва аҳён-аҳёнда у билан шахмат ҳам ўйнардим. Унинг феълига тушуниб бўлмасди. Гоҳ паришонхотир бир алпозда, ҳеч кимга эътибор бермай бурчакда ўтирар, яхши кайфиятда вақтида эса узуқ-юлуқ ва тутилиб нималарнидир гапира бошларди. Мен ундан бирор марта бўлсин арзийдиганроқ бамаъни гап эшитмаганман, лекин унинг даҳшатли киноялари гоҳида жуда қизиқарли бўларди. Стрикленд фақат ўзи ўйлаган нарсасинигина гапирарди. Одамларнинг иззат-нафсига тегиш унинг учун ҳеч нарса эмасди, бундан хафа бўлишганда эса фақат кулар, хурсанд бўларди. Масалан, у гоҳида Дирк Струвени ҳақоратловчи шу қадар аччиқ сўзлар айтардики, бечора умрбод учрашмасликка қасам ичиб, бу ердан узоқлашарди. Лекин Стрикленднинг забардаст сиймоси бақалоқ голландни ўзига тортаверар, шу боис гуноҳ иш қилиб қўйган кучукчадек яна унинг ёнига келаверарди. Ҳолбуки, у яна ҳақоратланишини яхши билар ва бундан жуда қўрқарди.
Негалигини билмадим-у, Стрикленд мен билан иштиёқ-ла гаплашарди. Бизнинг муносабатларимиз ўзига хос эди. Бир куни у мендан эллик франк қарз сўради.
— Бўлмайди, — жавоб бердим унга.
— Нега?
— Не сабабдан сизга қарз бериб туришим керак экан?
— Ҳозир жуда қийналиб қолдим.
— Бунинг менга қизиғи йўқ.
— Очликдан ўлиб кетсам ҳам сизга барибирми?
— Бу билан менинг нима ишим бор? — сўрадим ўз навбатида.
Бир-икки дақиқа бароқ соқолини тортқилаганча менга тикилиб қолди. Мен кулдим.
— Нима кулгингизни қистатяпти ўзи, билишни хоҳлардим? — Кўзлари ғазабкор ёнарди.
— Наҳотки, сиз шунчалик соддасиз? Ахир сиз ҳеч қандай мажбуриятни тан олмайсиз, шунинг учун ҳам сизга ҳеч ким ҳеч нарсага мажбур эмас.
— Ҳозир бориб ўзимни осиб қўйсам нима қиласиз? Хона ҳақини тўлашга сариқ чақа ҳам йўқ, уй эгаси кўчага ҳайдаб чиқариши мумкин.
— Тупурдим, менга нима.
У пишқириб қўйди.
— Манманлик бу! Мен шундай қилсам, барибир, виждонингиз қийналади.
— Шундай қилиб кўринг. Кейин бир гап бўлар, — жавоб бердим мен.
Кўзларига билинар-билинмас табассум югуриб, қолган арағини жимгина ичиб қўйди.
— Шахмат ўйнамаймизми? — таклиф қилдим унга.
— Майли.
Шахмат доналарини териб бўлганимизда у тахтага мамнун тикилиб қолди. Аскарларинг жангга тайёрлигини кўриш мароқли эди.
— Сиз ростдан ҳам қарзга пул бериб туради, деб ўйладингизми?
— Нега бермас экансиз?
— Сиз мени ҳайрон қолдиряпсиз ва хафа қиляпсиз!
— Нега?
— Маълум бўлишича, сиз ботинан сентиментал одам экансиз. Ҳиссиётларимга таъсир кўрсатадиган бундай йўлдан фойдаланмасангиз яхши бўларди.
— Агар шу гапларга раҳмдиллик қилсангиз, сизни жинимдан ёмон кўрган бўлардим.
— Шундай бўлгани маъқул, — кулдим мен.
Биз дастлабки юришларни қилганимиздан кейин ўйинга берилиб кетдик. Ўйин тамом бўлгач, унга айтдим: агар шу қадар ночор аҳволда бўлсангиз расмларингизни менга кўрсатинг. Эҳтимол, улардан бирортаси маъқул келса сотиб оларман.
— Туёғингизни шиқиллатиб қолинг, — гапимни бўлди у.
У ўрнидан туриб, эшик томон юра бошлади. Мен уни истеҳзоли кулги билан тўхтатдим.
— Арақнинг пулини тўлашни унутдингиз, шекилли!
У мени сўкди, жаҳл билан стол устига танга пул ташлаб чиқиб кетди.
Шундан кейин бир неча кун мобайнида мен уни учратмадим. Лекин кунларнинг бирида, қаҳвахонада газета ўқиб ўтирган пайтимда кириб келди-да, ёнимга ўтирди.
— Кўриб туришимча, ўзингизни осмабсиз, шекилли, — киноя қилдим.
— Йўқ, мен буюртма олдим. Икки юз франкка кекса тунукасознинг портретини ишлаяпман.
— Бу буюртмани қандай топдингиз?
— Мен булка сотиб оладиган булкапаз аёл тавсия этибди унга. Тунукасоз ўз портретини ишлаб берадиган одам қидириб юрганини айтган экан. Ўртада тургани учун унга йигирма франк беришга тўғри келди.
— Тунукасоз қандай кўринишдаги одам экан?
— Портрет учун жуда мос экан. Юзи қизил, семиз қўйнинг сонидай ёғлиқ, йилтиллайди, ўнг юзида каттакон тукли сўгали ҳам бор.
Стрикленднинг димоғи чоғ эди, Дирк Струве даврамизга келиб қўшилганда яна унга ёпиша кетди. Кутилмаган эпчиллик билан шўри қурғур голланднинг заиф жойларини топиб, олдингидай заҳарханда киноялар қилиши билан эмас, бўралаб сўкиб, суробини тўғри қилиш. Бу ҳужум шу қадар кутилмаганда рўй бердики, бечора Струве бўридан қочмоқчи бўлган қўйдек ўзини қаёққа қўйишни билмасди. Вазиятдан қандай чиқишини билмаган голланднинг кўзларига пировардида ёш келди. Лекин энг ёмон томони шунда эдики, бу ёқимсиз манзаранинг гувоҳи бўлган ҳар бир одам ҳам гарчи Стриклендга нафрат билан қараса-да, кулгидан ўзини тўхтата олмасди. Дирк Струве энг нозик туйғулари ҳам беихтиёр кулги уйғотадиган бахтсиз одамлар тоифасига кирарди.
Лекин нима бўлганда ҳам менинг ўша қишда Парижда ўтказган кунларимдан энг ёқимлилари Дирк Струве билан боғлиқ. Унинг камтарона оилавий ўчоғи кишини ўзига мафтун этарди. Эр-хотиннинг муносабати юракка хушнудлик бахш этарди, Диркнинг хотинига нисбатан беғубор ва болаларча севгиси ғамхўрона назокат билан йўғрилганди. Жўшқинлигининг бесўнақай самимийлиги беихтиёр муҳаббат уйғотарди. Хотини эрининг севгисига қандай жавоб бериши лозимлигини тушунганим ҳолда аёл ҳам эрига қизғин боғланиб қолганини кўриб хурсанд бўлардим. Агар аёлда юмор туйғуси бўлса, ўйлардим мен, эрининг ҳаддан ташқари унга сажда қилишидан завқланиб кулган бўларди. Лекин кулган тақдирда ҳам бу эътибордан таъсирланмаслиги ва мамнун бўлмаслиги мумкин эмас. Дирк — умр бўйи фақат хотинини севадиган тоифадан, хотини кексайиб, бутун тароватини йўқотган тақдирда ҳам унинг учун дунёдаги энг ёш ва энг гўзал аёл бўлиб қолади. Бу эр-хотинларнинг турмуш тарзи бир меъёрда ва осойишта давом этиши билан ажралиб турарди. Уларнинг уйларида устахонадан ташқари ётоқхонаю кичкинагина ошхона бор эди, холос. Струве хоним барча уй юмушларини фақат ўз қўллари билан бажарар, бозорга борар, пишириб-куйдирар, нарса тўқир, хуллас, худди чумолидек кечгача тиним билмасди. Кечқурун яна тўқишга тушар, устахонада ўтириб олганча Диркнинг роял чалишини эшитарди. У роялни дурустгина чалар, лекин чалаётган мусиқасига ҳиссиётларини ҳаддан ташқари кўп сарфларди. Бу ижрода унинг севги билан тўлиб-тошган таъсирчан ва олижаноб қалби куйланарди.
Уларнинг ҳаёти тинч ва осойишта эди. Дирк Струве билан боғлиқ ғалатилик буларнинг бутун ҳаёт тарзига ўз муҳрини босганди.

Йигирма тўртинчи боб
Рождество байрамига бир неча кун қолганида Дирк Струве байрамни биргаликда кутиб олишга таклиф қилиб келибди. Байрам арафалари унда доимо нозик ҳис-туйғулар уйғотар ва бунақа пайтларда дўстлар даврасида бўлишни, байрамни бутун қонун-қоидаларини ўрнига қўйган ҳолда кутиб олишни ёқтирарди. Ҳар иккаламиз Стриклендни кўрмаганимизга бир ойлар бўлганди. Мен бир неча муддатга Парижни томоша қилиш учун келишган дўстларим билан овора эдим. Струве эса ҳар қачондагидан кўра қаттиқроқ хафа бўлган ва шу боисдан энди ҳеч қачон унинг ёнига яқинлашмасликка ўзига ўзи сўз берганди. Стрикленд — ярамас одам, энди унинг қораси ўчсин, деганди. Лекин яқинлашиб келаётган байрамлар унинг қалбини олижаноб туйғуларга ғарқ этди, Стрикленд рождествони танҳоликда ўтказишини эслаб юраги орзиқди. Струведай одам дўстлар байрам столи атрофида тўпланишадиган кунда Стрикленднинг танҳоликда, ғамгин хаёлларга ғарқ бўлган ҳолда ўтиришига чидай олмасди.
Дирк ўз устахонасига байрам арчасини ўрнатди. Мен арчанинг ясатилган шохларига ҳар биримиз учун унча муносиб бўлмаган турли совғаларни осиб қўйганини кўз олдимга келтирдим. Струве Стрикленд билан учрашишга ич-ичидан қўрқиб турганини сездим. Ўзини шунчалик ҳақоратлаган одамни осонгина кечириб, олдига бош эгиб бориш ғоятда таҳқирли эканлигини билгани ҳолда мени ярашиш саҳнасида гувоҳ бўлишимни истарди.
Иккаламиз Клиши кўчасига йўлга тушдик, лекин Стрикленд қаҳвахонада йўқ экан. Кўчада пойлаш совуқлик қиларди. Шу боис сигаралар тутунидан залнинг ҳавоси димиқиб ва бузилиб кетишига қарамай, чарм диванга ўрнашдик. Стрикленд кўринмасди, бир оздан кейин Стрикленд гоҳида шахмат ўйнайдиган француз рассомини кўриб қолдик. Уни ёнимизга чақирдим, рассом бизга келиб қўшилди. Струве ундан Стриклендни қачон кўрганлигини сўради.
— Стрикленд касал,— жавоб берди рассом, — сизлар билмасмидиларинг?
— Жиддий касалми?
— Билишимча, жудаям жиддий.
Струвенинг ранги оқариб кетди.
— Нега менга бу ҳақда хабар бермади? У билан айтишиб қолган мен аҳмоқман, ўзи. Ҳозироқ унинг олдига бориш керак. Ҳеч ким унга қарамаётган бўлса керак. У қаерда туради?
— Хабарим йўқ, — жавоб берди француз.
Маълум бўлишича, ҳеч қайсимиз Стрикленд турадиган жойни билмас эканмиз. Диркнинг жаҳли чиқиб кетди.
— У ўлиб қолиши ва буни ҳеч ким сезмаслиги мумкин. Даҳшат! Буни ўйлашнинг ўзи қўрқинчли! Биз дарҳол уни қидириб топмоғимиз керак.
Мен Струвега Париждай шаҳарда бирор одамни таваккал қилиб қидириш маъносиз эканлигини тушунтирмоқчи бўлдим. Аввало қандай ҳаракат қилиш режасини ишлаб чиқмоғимиз керак.
— Жудаям яхши! У эса ўлим тўшагида ётган бўлиши мумкин, биз қидириб топганимизда эса кеч бўлади.
— Жим турсанг-чи, ўйлагани қўясанми?! — бақириб бердим унга.
Менга фақат бир манзил — “Отель де бельж” меҳмонхонаси маълум эди, лекин Стрикленд аллақачон у ердан чиқиб кетган экан. Шу туфайли у ердагилар Стриклендни эслашмаса керак. Агар ўз манзилини атайин яшириб юришини эътиборга оладиган бўлсак, уни қидириб топишга, меҳмонхона назоратчисига манзилини қолдирганлигига ҳеч қандай ишонч йўқ эди. Бунинг устига, орадан беш йилдан ортиқроқ вақт ўтган эди. Лекин у ҳамон шу қаҳвахонага келиб турар экан, яқинроқдаги бирор жойда яшаб тургани эҳтимолдан холи эмасди.
Шунда тўсатдан портрет чизиш учун буюртмани Стрикленд нон сотиб оладиган ширин кулча пиширувчи аёл орқали амалга оширганини айтгани эсимга тушди. Унинг яшайдиган жойини, эҳтимол, шу аёл орқали топармиз. Мен маълумотномалар китобидан новвойхоналарни қидира бошладим. Яқин атрофда бешта новвойхона бор экан, барчасини айланиб чиқишга тўғри келди. Струве истар-истамас орқамдан эргащди. Унинг ўз режаси бўлиб, Клиши кўчасига туташадиган барча тор кўчаларни айланиб, одамлардан Стрикленд шу ерда туриш-турмаслигини суриштириш эди. Менинг соддагина режам ўзини оқлади, иккинчи булкахонага борганимиздаёқ пештахта ортида турган аёл Стриклендни танишини билдирди. У фақат қаршидаги учта уйнинг қай бирида яшашини аниқ билмаслигини айтди. Лекин бизни зафар қучди, биз сўраган биринчи уй назоратчиси Стрикленднинг хонаси энг юқори қаватда эканлигини айтди.
— У, чамаси, касал, — гап бошлади Дирк.
— Ҳаммаси бўлиши мумкин, — бепарво жавоб берди уй назоратчиси. — Ҳақиқатан ҳам мен уни бир неча кундан бери кўрмаяпман.
Струве зинапоядан мендан олдин зипиллаб чиқиб кетди. Мен ниҳоят юқори қаватга чиқиб борганимда у эшикни очган камзулли қандайдир ишчи билан гаплашиб турарди. Ишчи қўшнисининг эшигини тақиллатишлари кераклигини, бу уйнинг эгаси ҳақиқатан рассомлигини, лекин бир ҳафтадан бери кўринмаётганини айтди. Струве эшикни тақиллатиш учун эндигина қўлини узатаётганда тўсатдан тўхтади-да, ғамгузор юзини мен томон ўгирди.
— Ўлиб қолган бўлса-чи?
— Стрикленд ўлмайдиганлар хилидан.
Мен эшикни тақиллатдим. Жавоб бўлмади. Мен эшик дастасини бурадим, эшик қулфланмаган экан. Биз уйга кирдик, олдинда мен, орқада Струве эди. Хона қоронғи бўлиб, қия ойна томли болохона экан. Тепадан тушиб турган хира нургина уйни салгина ёритиб турарди.
— Стрикленд! — деб чақирдим.
Жавоб бўлмади. Энди бу нарса менга ҳам ғалати туюлди, орқамда турган Струве худди безгак тутаётгандек титрарди. Мен чироқни ёқишга журъат эта олмасдим. Бурчакдаги каравот элас-элас кўзга ташланди, ғалати бўлиб кетдим: чироқ ёқилгудай бўлса, каравотда ётган жонсиз жасадга кўзимиз тушиб қолса-я!
— Гугуртларинг йўқми, тентаклар?
Қоронғилик ичидан Стрикленднинг қўпол овозини эшитиб, титраб кетдим.
— Эй, худойим! — қичқириб юборди Струве. — Мен сизни ўлиб қолди, деб ўйлабман.
Мен гугуртни ёқиб, шам топиш илинжида у ёқ-бу ёққа разм солдим. Торгина бу хона ҳам ётоқхона, ҳам устахона вазифасини бажараркан. Унда каравот, рамкага солинган, расм чизишга мўлжалланган матолар девор томонга қаратиб қўйилганди, рамка қўйиладиган мослама, стол ва стул бор эди. Ҳеч қандай гилам ҳам, камин ўчоқ ҳам кўринмасди. Стол устидаги бўёқлар, куракчалар, ахлатга ташласа бўладиган турли буюмлар орасида шам қолдиғи кўзга ташланди. Мен уни ёқдим. Каравот калта бўлгани учун, Стрикленд жуда ғалати алфозда, ғужанак бўлиб, устига бор кийим-кечакларини ташлаганча ётарди. Биринчи кўргандаёқ иситмаси баландлигини сезиш қийин эмасди. Струве унинг ёнига шошилди, азбаройи таъсирланиб кетганидан титроқ овоз билан минғирлади.
— Эй, бечора дўстим, сизга не бўлди? Касал бўлиб қолганлигингиздан мутлақо бехабар эканман. Нега менга хабар бермадингиз? Сиз учун ҳар нарсага тайёрлигимни биласиз-ку, ахир. Ўшанда мен сизга айтган гапимни ўйлаб ўтирманг. Мен ноҳақ эдим. Сиздан хафа бўлганлигим, тентаклигим, холос...
— Йўқолларинг, — таҳдид қилди Стрикленд.
— Эсингизни йиғиб олинг. Сизни ўрнаштириброқ ётқизиб қўйишга ижозат этинг. Наҳотки, бу ерда сизга қараб турадиган бирор одам топилмаса?
У саросима ичида фақирона чордоққа қаради. Чойшаб ва ёстиғини тузатди. Стрикленд оғир нафас олар, ўқрайиб қараганча миқ этмасди. Кейин мен томонга қаҳрли нигоҳ ташлади. Мен бамайлихотир турардим, ўз навбатида мен ҳам унга тикилдим.
— Агар мен учун бирор нарса қилмоқчи бўлсангизлар, сут олиб келинглар, — деди ниҳоят у. — Икки кундан бери хонадан ташқарига чиқмаяпман.
Каравот ёнида бўш сут шишаси ётарди, нон қолдиқлари газета парчасига ўралганди.
— Шу вақт ичида нима едингиз? — сўрадим ундан.
— Ҳеч нарса.
— Шунча вақтдан бери-я? — қичқириб юборди Струве. — Наҳотки сиз икки кундан бери бирор нарса емай ва ичмай ётибсиз? Даҳшат-ку!
— Сув ичдим.
Унинг кўзлари каравотдан қўл узатса етадиган жойдаги каттакон финжонга қадалди.
— Ҳозир чопқиллаб бориб овқат олиб келаман, — деди питирлаб Струве, — айтинг-чи, кўнглингиз нима тусайди?
Мен гапга аралашиб, иссиқ ўлчагич, озроқ узум ва нон сотиб олиш кераклигини айтдим. Струве фойдаси тегиши мумкинлигидан хурсанд бўлиб зипиллаб пастга тушиб кетди.
— Шайтоннинг тентаги, — минғирлаб қўйди Стрикленд.
Мен унинг томир уришини ушлаб кўрдим. Томирлари билинар-билинмас, лекин тез урарди. Саволларимга, жавоб бермасди. Саволларни қайтараверганимдан кейин у жаҳл билан девор томонга ўгирилиб олди. Ўн дақиқалардан кейин Струве халлослаганча етиб келди. Айтилган нарсалардан ташқари шам, шўрва, спирт лампа келтирибди. Чаққон уй соҳибидай дарҳол сутни пиширишга киришди. Мен Стрикленднинг иситмасини ўлчадим. Термометр унинг иссиғи қирқу ўндан уч даражалигини кўрсатди. У жиддий бетоб эди.

Йигирма бешинчи боб
Бир оздан кейин хонадан чиқиб кетдик. Дирк уйига бориб овқатланиши лозим эди, мен эса, дўхтир олиб келаман, дедим. Лекин чордоқнинг бўғиқ ҳавосидан ташқарига, тоза ҳавога чиқишимиз биланоқ, голландиялик ошнам у билан устахонасига бирга боришимни сўради. Миясига бир фикр келиб қолганлигини, уни ҳозир айтмаслигини, аммо мен муқаррар равишда у билан бирга боришим зарурлигини билдирди. Доктор ҳозирги паллада биз қилишимиз мумкин бўлган ишдан ортиқроқ иш қилолмаслигига ишонганимдан унинг таклифига рози бўлдим. Биз уйга кириб борганимизда Бланш Струве дастурхон тузатаётганди. Дирк тўғри хотинининг ёнига борди-да, қўлини ушлаганча шундай деди:
— Жонгинам, сендан бир нарсани илтимос қилмоқчиман.
Аёл унга жиддий ва равшан нигоҳ билан боқди. Бундай нигоҳ ташлаши аёлга жуда ярашар, эҳтимол, унинг асосий латофати эди. Струвенинг бадани азбаройи терлаб кетганидан янада қизарган, думалоқ, ҳаммавақт жовдираб турадиган кўзларида қатъият зуҳур этар, ҳозирги ҳолати ҳар қачонгидан ҳам кулгили эди
— Стрикленд оғир касал. Эҳтимол, куни битай деб қолгандир. У ифлос болохонада яшаркан, унга қарайдиган бирор одам зоти йўқ экан. Уни бизникига олиб келишга ижозат эт.
Аёл эпчиллик билан қўлини эрининг қўлидан тортиб олди. Мен ҳеч қачон унинг бундай чаққон ҳаракатини кўрмагандим. Оқиш юзлари бирданига ловуллаб кетди.
— Йўқ, бўлмайди!
— Жонгинам, илтимосимни қайтарма. Мен ахир уни ёлғиз қолдира олмайман. Фикри ёдим ўшанда.
— Марҳамат қилиб, уйига боргин-да, қарайвер унга, қарши эмасман.
Аёлнинг овози совуқ ва такаббурона жаранглади.
— Лекин у ўлиб қолади.
— Ўлса ўлаверсин.
Струве худди балиққа ўхшаб оғзини каппа-каппа очди, юзларидаги терни артди, қўллаб-қувватлашимни илтижо қилгандай, мен томон ялинганнамо қараб қўйди. Лекин мен нима дейишимни билмасдим.
— У улуғ рассом.
— Ишим нима? Мен ундан нафратланаман.
— Азизам, севгилим, бундай дема. Сендан илтижо қиламан, уни уйга олиб келишга рухсат бер. Биз уни шу уйга жойлаштирамиз, эҳтимол, ҳаётини сақлаб қолармиз. Сенга малол келадиган иш бўлмайди, ҳаммасини ўзим қиламан. Устахонадан жой қилиб бераман унга. Ахир унинг итдай ўлиб кетишига йўл қўйиб бўлмайди. Бу инсонийлик эмас.
— Нега уни касалхонага ётқизиш мумкин эмас?
— Касалхонага? У меҳр ва муҳаббат билан парвариш қилиниши лозим.
Бланшнинг ниҳоятда ҳаяжонланиб кетгани мени ҳайрон қолдирди. У дастурхон тузатишда давом этар, аммо қўллари қалтирарди.
— Сабр косамни тўлдирма! Агар сен касал бўлгудай бўлсанг, Стрикленднинг парвойига келмасдинг.
— Нега ундай дейсан? Менга сен қарардинг. Унинг ёрдами менга керак бўлмасди. Бундан ташқари, у билан менинг орамизда фарқ катта бор. Унинг олдида мен кимман?
— Тентак кучук боласига ўхшайсан. Ерга ётиб олиб одамлар устингга чиқиб топташига йўл қўясан.
Струве кулиб юборди. Хотини ғазаб отига минганининг сабабини англагандай бўлди.
— Жонгинам, расмларимни кўргани келганини ҳечам эсингдан чиқара олмайсан-да. Расмларим унга ёқмаган бўлса, ота гўри қозихона бўптими? Унга расмларимни кўрсатиб ўтирган мен ўзим тентакман. Бундан ташқари, ҳақиқатан ҳам улар унчалик яхши асарлар эмас.
У маъюс нигоҳ билан устахонага кўз ташлади. Мосламадаги ҳали тугалланмаган расмда кулиб турган итальян деҳқони тасвирланган бўлиб, бир бош узумни қора кўзли қизнинг боши узра тутиб турарди.
— Расмларинг ёқмаган тақдирда ҳам одоб юзасидан индамаслиги лозим эди. Нега у сени ҳақорат қилди? Нафратини ифодаламоқчи бўлдими? Сен эса унинг қўлларини ўпишга тайёрсан. Мен ундан нафратланаман!
— Тентаккинам, ахир у даҳо-я. Ўзимни гениал рассом деб ҳисоблашимни истайсан, шекилли. Албатта, шундай бўлишини истардим. Лекин мен унда даҳолик аломатларини аниқ кўриб турибман, шу туфайли ҳам бутун борлиғим билан унинг олдида сажда қиламан. Дунёда бундан ҳам ғаройиброқ нарса борми... Лекин бундай фазилат эгаларининг қисмати оғир бўлади. Даҳо одамларга сабр-бардош ва эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлмоқ керак.
Оилавий можаролар менинг олдимда бўлаётганидан хижолат чекиб, Струве нега мени бу ерга зўрлаб олиб келганига тушунмай, чеккароқда турардим. Хотинининг кўзлари жиққа ёш эди.
— Гапимни тушун, у фақат даҳо рассом бўлгани учунгина эмас, касал ва қашшоқ одам бўлгани учун ҳам уйимизга қабул қилишингни илтижо қилаяпман!
— Мен уни ҳеч қачон уйимга қўймайман! Ҳеч қачон!
Струве мен томонга ўгирилди.
— Гап ҳаёт ва ўлим масаласи устида кетаётганини сен тушунтир унга. Ахир уни лаънати каталакда қолдириб бўлмайди-ку.
— Табиийки, хаста одамга бу ерда қараб турилса ёмон бўлмасди, — дедим, — лекин масалага бошқа томондан ёндошилса, у келса жуда сиқилиб қоласизлар. Уни кундузлари ҳам, кечалари ҳам танҳо қолдириб бўлмайди.
— Севгилим, сен ахир касал одамга ғамхўрлик қилишдан қўрқиб, қаршилик қилишинг мумкин эмас.
— Агар у бу ерга келса, мен уйдан чиқиб кетаман! — ўзини йўқотар даражада қичқирди Струве хоним.
— Сени танимай қолдим. Ҳамиша раҳмдил ва оқкўнгил эдинг-ку.
— Худо ҳақи, мени тинч қўй. Бу аҳволда жинни қилиб қўясан мени.
Ниҳоят, аёлнинг кўзларига шашқатор ёш келди. Курсига ўзини ташлаб, қўллари билан юзини беркитди. Елкалари безгак тутаётгандек титрарди. Дирк шу лаҳзадаёқ унинг оёқлари остига чўккалади. У хотинини қучоқлаб олганича, қўлларини ўпар, эркалатувчи сўзлар айтиб овутар, аёлнинг юзларидан эса ёш оқарди. Аёл эрининг қучоғидан чиқиб кўзларини артди.
— Қўйиб юбор мени, — деди Струве хоним сал юмшаб ва кулишга ҳаракат қилиб, менга мурожаат этди: — Энди мен ҳақимда қандай хаёлларга борасиз?
Струве нимадир демоқчи бўлди, лекин журъат этолмади, ҳамон хотини ҳайрону ҳарс бўлиб қараб турарди. Унинг пешонаси тиришди, қип-қизил лаблари қимирлади. У негадир қўрқиб кетган денгиз чўчқасига ўхшарди.
— Демак, барибир “йўқ” дейсанми, жонгинам?
Аёл энди ўзига келганди, фақат қўлини ҳорғин силкитди.
— Устахонанг бор. У ердаги барча нарсалар сеники. Агар уни бу ерга олиб келишни хоҳласанг, мен қандай қаршилик кўрсата олардим?
Диркнинг думалоқ юзида кутилмаганда пайдо бўлган табассум чеҳрасини ёритиб юборгандай бўлди.
— Розимисан? Мен буни билардим! Жонгинам!
Аёл ўзини қўлга олиб, эрига ғамгин нигоҳ ташлади. Кейин бамисоли юрагини тинчлантирмоқчи бўлгандай, иккала қўлини юрагининг устига қўйди.
— О, Дирк, бутун ҳаётим мобайнида ҳеч қачон сендан ҳеч нарсани илтимос қилмаганман.
— Сен учун ҳамма нарсага тайёрлигимни биласан-ку, ахир.
— Илтижо қиламан, Стриклендни бу ерга олиб келма. Кимни хоҳласанг олиб келавер, фақат уни эмас. Ўғри, ичкиликбоз, кўчадаги биринчи учраган дайди бўлса ҳам майли. Унга мамнуният билан қарашга ваъда бераман. Фақат Стриклендни эмас. Ўлбораман сендан, Дирк.
— Нега?
— Мен ундан қўрқаман. У бизга даҳшатли даражада ташвиш ва қайғу келтиради. Мен буни биламан. Шундоққина сезиб турибман. Агар уни келтирсанг, бу иш хайрлик тугамайди.
— Телба-тескари гапларни гапиряпсан!
— Йўқ, йўқ! Нима деяётганимни билиб турибман. Қандайдир даҳшатли нарса рўй беради.
— Унга яхшилик қилганлигимиз, мурувват кўрсатганимиз учунми?
Аёл нотекис нафас олар, юзини қўқув ифодаси қоплаганди. Унинг хаёлида қандай фикрлар ғужғон ўйнаётганини билмасдим-у, лекин қандайдир мажҳул қўрқув ўзини йўқотиш даражасида жунбушга келтирганди. Одатда, аёл вазминлик ва босиқлик билан ўзини тутарди, лекин ҳозирги ҳолати ақл бовар қилмайдиган даражада эди. Струве бирмунча муддат ҳайратдан лол бўлиб унга тикилиб турарди.
— Сен хотинимсан, оламдаги барча нарсадан мен учун азизроқсан. Сенинг ижозатингсиз бирор одам остона ҳатлаб бу уйга кира олмайди.
Струве хоним бир дақиқа кўзларини юмди. Назаримда, у ўзидан кетиб қолаётгандек туюлди. Мен унинг асаблари касал эканлигини билмасдим, ғазабим қўзғади. Кейин яна Струвенинг сукунатни бузувчи овози эшитилди:
— Ахир сенга ёрдам қўлини чўзишганда қандай ёмон ҳолатда эдинг? Бундай вақтдаги ёрдам нима эканлигини ўзинг яхши биласан-ку. Имконият топганингда бошқа одамни фалокатдан қутқариб қолишни хоҳламайсанми?
Булар жуда одми сўзлар эди, лекин менинг қулоқларимга насиҳатомуз сўзлардай эшитилди, шу туфайли бўлса керак, ўзимни кулгидан аранг тутиб турардим. Эр-хотиннинг ҳаракати мени ҳайрон қолдирарди. Бланш Струве бир сесканиб кетди, анчагача эрига тик қараб қолди. Эр ерга ўтирди, чамаси, у ўзини йўқотиб қўйган эди. Аста-секин аёлнинг юзлари қизарди, лекин шу ондаёқ танасидаги бутун қон томирларида қотиб қолгандай юзию қўлларигача оқариб кетди. У безгак тутаётгандай титрарди. Устахонага чуқур сукунат чўкди. Мен ўзимни тамомила йўқотиб қўйдим.
— Стриклендни олиб келақол, Дирк. Мен унинг учун қўлимдан келган ҳамма ишни қиламан.
— Жонгинам, — кулиб хотинига қўлларини узатди, лекин у ўзини четроққа олди.
— Мен одамлардаги мулойимликни ёқтирмайман, Дирк. Бу аҳмоқлик.
Аёл яна аввалги ҳолатига қайтди. Ҳеч ким бир дақиқа олдин у ўзини билмайдиган даражада жазавада бўлганлигини ҳозир айта олмасди.

Йигирма олтинчи боб
Эртасига Стриклендни олиб келдик. Бу ишга кўндириш учун анчагина қатъият ва сабр-тоқат кўрсатишга тўғри келди. Лекин у ҳақиқатан анчагина оғир хаста эди, шу туфайли, Струвенинг илтижоларию менинг қатъиятимга дош бера олмади. Биз уни кийинтиргунимизча, минғиллаб сўкиниб турди. Зинадан олиб тушдик-да, извошга ўтқазиб, Струвенинг устахонасига олиб келдик. Стрикленд бундай ҳаракатлардан обдон тинкаси қуриди, кўрпа-тўшак қилиб ётқизиб қўйишимизга ҳам қаршилик кўрсата олмади. Бир ярим ойгача мазаси бўлмади. Шундай кунлар ҳам бўлдики, назаримизда, бир неча соатлик умри қолгандек туюларди. Бундай оғир ҳолатдан фақат Струвенинг фавқулодда қатъийлиги туфайлигина омон қолганига ишонаман.
Мен умрим бино бўлиб бундай беморни кўрмаганман. У қайсар ва йўқ нарсаларни талаб этаверадиган бемор эмасди, аксинча, ҳеч қачон ҳеч нарсадан шикоят қилмас, ҳеч нарса сўрамас, қарийб ҳеч нарса демасди. Бизнинг ғамхўрлигимиз унинг ғазабини келтираётгандай эди. Ўзини қандай ҳис этаётгани, бирор нарса керак, керакмаслигини сўраганимизда эса масхаралаш билан жавоб қайтарар ёхуд сўкинарди. Мен энди уни бутунлай ёмон кўриб қолгандим, касаллик хавф-хатаридан қутулиши биланоқ, бу тўғрисида унга тўғридан-тўғри айтдим.
— Туёқларингни шиқиллатларинг, — унинг жавоби шундай бўлди. — Ҳа, шунақа.
Дирк Струве ишларини бутунлай йиғиштириб қўйди, худди содиқ энагадай унинг атрофида куймаланди. У ҳайрон қоладиган даражадаги чаққонлик билан беморнинг ўрнини тузатар, илгарилари мен унда сезмаган айёрлик билан дориларни ичишга мажбур этарди. Ҳар қандай меҳнату ташвишлар уни бу йўлдан қайтара олмасди. Гарчи унинг топгани эр-хотиннинг яшашига ортиқча сарф-харажатларга йўл қўймаган ҳолда учма-уч етиб турган бўлса-да, эндиликда у Стрикленднинг қайсар иштаҳасини очиш учун турли-туман тансиқ таомларга аямай пул харж қиларди. Хаста рассомга иложи борича кўпроқ овқат ейиши учун сабр-тоқат билан ялиниб-ялтоқланишини ҳеч қачон унутмайман. Бундай муносабатга жавобан айтилаётган қўпол гаплар, ҳақоратлар ҳеч қачон Диркни мувозанатдан чиқара олмасди. Бу гапларни у эшитмаганга оларди, жудаям оғир ботган кезларида эса кулиб қўяқоларди. Стрикленд тузала бошлаганда эса яхши кайфиятининг ифодаси сифатида Струвени масхаралашни бошларди. Бундай пайтларда уни хурсанд қилиш учун Струве атайин майнавозчилик қилар, мана ниҳоят тузалаяпти, дегандай, менга мамнуният билан зимдан қараб қўярди. Струве ҳақиқатан ажойиб эди.
Лекин Бланш ундан ҳам кўпроқ ҳайрон қолдирарди. У касал боқишга қобилиятлигина эмас, ниҳоятда вафодор ва ғамхўр ҳам чиқиб қолди. Унинг бу ҳолатини кўриб хаста Стриклендни эрининг устахонасига жойлаштиришга аввалига сира рози бўлмаганига ишониш қийин эди. У Дирк билан баробар касалга қарашиш истагини билдирди. У хастанинг ўрин-кўрпасини шу қадар уддабурронлик билан жойлаштирдики, ҳатто чойшабни алмаштирганда ҳам Стрикленд унчалик безовта бўлмасди. Беморни ювиб-тарарди. Эпчиллигига қойил қолаётганимни изҳор қилганимда, мулойим, ёқимтой кулиб қўяр, бир вақтлар касалхонада ишлаганини эслатарди. Стриклендга бўлган қаҳру ғазабини на бирор сўзида, на бирор ҳаракатида сездирарди. Аёл бемор билан кам гаплашар, лекин нима истаётганини дарҳол фаҳмлар ва бажо келтирарди. Икки ҳафта мобайнида эса ҳатто кечалари беморни ёлғиз қолдириш мумкин эмасди. Аёл бемор ёнида эри билан бирга галма-гал навбатчилик қилишди. Қоронғи хонада бемор ёнида соатлаб ўтирганда, аёл нималарни ўйладийкин? Стриклендга қиё боқишнинг ўзи даҳшатли эди: у қизарган кўзлари билан бўшлиққа тикилиб ётарди. Илгариларга қараганда ҳам ориқлаб кетган, сарғимтир соқоллари роса ўсган, кўзлари аввалгидан кўра каттароқ кўринарди.
— Кечасилари у сиз билан бирор маротаба бўлсин гаплашдими?
— Йўқ.
— Сиз ҳамон уни ёқтирмайсизми?
— Ҳар қачондагидан кўпроқ ёқтирмайман.
У менга катта-катта кўзлари билан тикилди. Чеҳраси ғоят сокин эди. Шундай аёл баъзи пайтларда ғазабдан жунбушга келишига одамнинг ишонгиси келмасди. Бунга ўзим гувоҳ бўлгандим.
— Унга қилган яхшиликларингиз учун бирор маротаба бўлсин сизга ташаккур билдирдими?
— Йўқ, — табассум қилди у.
— Даҳшатли одам!
— Жирканч ва ярамас.
Струвенинг оғзи қулоғида эди, хотини бундай ташвишни чин кўнгилдан ўз бўйнига олаётганига қандай қилиб миннатдорчилик билдиришни ҳам билмасди. Уни фақат Стрикленд ва Бланш ўзаро қандай муносабатда бўлишаётгани бир оз ташвишга соларди.
— Биласанми, улар соатлаб бир-бирларига бир сўз айтмай ўтираверишаркан.
Стрикленд анча тузалиб, ўрнидан туришига бирор кун қолганда, ҳаммамиз устахонада ўтиргандик. Дирк менга ниманидир гапириб бераётганди, Струве хоним эса нимадир тикарди. Менинг назаримда, бу Стрикленднинг кўйлагига ўхшарди. Шунда мен тасодифан Стрикленднинг кўзлари истеҳзоли ва қизиқиш билан Бланш Струвега тикилиб турганини сезиб қолдим. Унинг тикилиб турганини ҳис этган аёл ҳам бошини кўтариб унга қаради, бир неча сония мобайнида улар бир-бирларига тикилиб қолишди. Аёлнинг нигоҳи қандай маъно англатишини мен унчалик тушуна олмадим. Бу нигоҳда ўзини қандайдир ғалати, хижолат зуҳр этгандай эди. Шу лаҳзада Стрикленд кўзларини ундан олиб қочиб яна тепага, шифтга тикилишда давом этди. Аёл эса маъносини англаш қийин бўлган нигоҳ билан унга тикилишда давом этди.
Орадан бир неча кун ўтгач, Стрикленд хона бўйлаб юра бошлади. Унинг териси билан суяги қолганди, холос. Кийимлари худди илгакка осилгандай шалвираб турарди. Паҳмоқ сарғиш соқоли, ўсиб кетган сочлари, озиб кетган бўлишига қарамай, каттакон калласи ғалати кўринарди, лекин негадир илгариги киши жирканадиган қиёфасидан фарқ қиларди. Бу одамдаги ғалати келишмаганликка қарамай, қандайдир улуғворлик кўринарди. У менда уйғотган таассуротни аниқ тасвирлай олмайман. Лекин нима бўлганда ҳам унинг юзидаги ифода ўта таъсирчан эди. Худди вужудига юнонларнинг ярим одам, ярим ҳайвон шаклидаги қора кучлари жойлаб қўйилгандай, Стрикленддан ибтидоий жамиятнинг ҳиди анқиб турарди. Хаёлимга ашула айтишда Аполлон билан баҳслашмоқчи бўлиб жазосини олган Марсий келди. Стрикленд ўз қалбида ғаройиб бўёқлар уйғунлиги, мисли кўрилмаган образларни сақлаб юргандай туюларди. Менинг назаримда, унинг ҳаёти азоб-уқубат ва хорлик-зорликда тугайдигандай туюларди. “Унинг юрагига шайтон ўрнашиб олган, лекин бу ёмонлик шайтони эмас, балки яхшилик ва ёмонликнинг пайдо бўлишидан аввалги кучдир, деб ўйладим.”
Стрикленд ҳали жудаям ҳолсиз эди, расм чиза оладиган кучи йўқ эди. Шу туфайли у устахонада қандайдир хаёлларга борганча жим ўтирар ёхуд китоб ўқирди. Ҳеч кутилмаган, хаёлга келмаган китобларни кўрардим унда. Малларме шеърларини худди ёш болалардек лабларини овозсиз қимирлатиб ўқирди. Шоир шеърлари унда қандай туйғулар уйғотаётганини била олмасдим. Бошқа сафар эса Габорионинг саргузашт романини берилиб ўқиётгани устидан чиқдим. Китоб танлашда фавқулодда шахсининг ўзаро қарама-қарши хусусиятлари катта ўрин тутиши ҳам мени қизиқтирарди. Хаста бўлишига қарамай, ўзига заррача эрк бермаслиги қизиқ эди. Струве қулай шароитни яхши кўрарди. Устахонасида иккита чуқур оромкурси ва катта диван бор эди. Стрикленд бирор маротаба бўлсин, уларга яқинлашмаганди. Буни у шунчаки матонатини кўз-кўз қилиш учун эмас, балки қулай шароитга ўрганмаганлигидан шундай қилар, уч оёқлик стулда ўтирарди. Буни у оромкурсидан афзалроқ биларди. Бу нарса менинг жиғимга тегарди. Мен ҳеч қачон атрофдаги шароитга бу қадар бепарво бошқа одамни кўрмаганман.

Йигирма еттинчи боб
Орадан икки ёки уч ҳафта ўтди. Кунлардан бир кун эрталаб, ишларим унча юришмайроқ турганлиги туфайли, дам олиш мақсадида, Луврга йўл олдим. Залларни кезарканман, ўзимга яхши таниш расмларни яна бир маротаба томоша қилдим, улар менда уйғотган туйғулар билан хаёлотимни бойитишга ҳаракат қилдим. Залдан залга ўтиладиган жойларнинг бирида тўсатдан Струвени учратиб қолдим. Мен кулиб юбордим, зеро унинг юмалоққина гавдаси албатта, одамнинг кулгисини қистатарди. Лекин унга яқинроқ келиб, юзига разм солганимда одатдагидан бошқачароқ, хафақонроқ эканлигини фаҳмладим. Боши эгилган, нимадандир маҳзун алпозда эди. У ҳозирги аҳволда ҳам кулгили туюларди, кутилмаганда, сувга йиқилиб тушиб, ҳозиргина ўлимдан қутқариб қолинган одамга ўхшарди. Ҳозирги ҳолатини қўрқувдан ҳалигача ўзига келмаган, лекин ўзининг аҳмоқона кўринишини тушуниб турган одамга менгзаса бўларди. Кўзойнаги орқасидаги думалоқ кўм-кўк кўзлари хавотир билан йилтиллаб турарди.
— Струве, — чақирдим мен уни.
У аввалига сесканиб тушди, кейин кулиб қўйди, лекин бу қандайдир ғамгин ва ташвишли кулгу эди.
— Бундай бекорчиликни ихтиёр қилиб қолибсиз? — деб шодон сўрадим ундан.
— Анчадан бери Луврда бўлмагандим. Бирор янги асар пайдо бўлиб қолмадимикин деб томоша қилмоқчи эдим.
— Лекин сен чизаётган расмингни шу ҳафтада тугатмоқчилигингни айтгандинг-ку?
— Стрикленд менинг устахонамда ишлаяпти.
— Ишласа нима бўлибди?
— Устахонамда ишлашни унга ўзим таклиф қилдим. Мен иккаламиз биргаликда ишлайверамиз, деб ўйлагандим. Лотин мавзеида яшайдиган рассомларнинг кўпчилиги шундай ишлашади. Бунда иш яхши юришадигандай туюларди менга. Мен доимо ишдан толиққан пайтларингда шеригинг билан бир-икки оғиз гаплашиб олсанг, яхши бўлади, деб ўйлардим.
У секин, тутилиб-тутилиб, самимий, аммо тентакнамороқ кўзлари билан менга қараганча гапирарди. Бу кўзлар жиққа ёш эди.
— Мен сенинг гапларингни тушунмаяпман.
— Стрикленд устахонада яна бирор одам бўлса ишлай олмас экан.
— Буниси билан сенинг неча пуллик ишинг бор? Ахир устахона сеники-ку!
Струве менга шикоятомуз тикилиб қолди. Унинг лаблари титрарди.
— Нима гап ўзи, тушунтир, — талаб қилдим ундан.
У қизариб кетди-ю, индамади. Кейин афтодаҳол бир алпозда қандайдир расмга тикилиб қолди.
— У менинг расм чизишимга рухсат бермади. Бу уйдан чиқиб кетишим кераклигини айтди.
— Нега сен ўзинг унга истаган томонингга туёғингни шиқиллат, демадинг?
— У мени уйдан ҳайдаб чиқарди. У билан уришиб ўтирармидим? Орқамдан шляпамни улоқтириб, эшикни беркитиб олди.
Мен шу дақиқада Стриклендни ўлдириб ташлашга тайёр эдим. Лекин бечора Струвенинг ҳозирги ҳолатидан кулиб юборишдан ўзимни аранг ушлаб турганлигим боис, ўзимдан ҳам хафа эдим.
— Бу ишга хотининг қандай муносабатда бўлди?
— У йўқ эди, дўконга харид қилишга чиқиб кетганди.
— У хотинингни уйга қўядими?
— Билмадим.
Мен ҳайронликдан донг қотиб, Диркка қараб турардим. У муаллими олдида айб иш қилиб қўйган ўқувчига ўхшарди.
— Ҳозироқ бориб Стриклендни уйдан ҳайдаб чиқаришимни хоҳлайсанми?
У бир сесканиб тушди. Йилтиллаб турган қизғиш юзлари яна ҳам қизариб кетди.
— Йўқ. Сен, яхшиси, аралашмай қўяқол.
Струве бош қимирлатиб, мендан узоқлашди. У негадир бу воқеани муҳокама қилиб ўтиришни истамасди. Нега шундайлигини эса мен тушуна олмадим.

Йигирма саккизинчи боб
Бир ҳафтадан кейин ҳаммаси равшан бўлди. Ресторанда апил-тапил овқатландим-да, кичкинагина меҳмонхонамда ўтирганча китоб ўқишга тутиндим. Кечки соат ўнларда қўнғироқнинг дўриллаган овози эшитилди.
Мен эшикни очдим. Қаршимда Струве турарди.
— Кирсам бўладими?
Нимқоронғи зинапояда мен унга яхши разм сололмадим, лекин овози жуда ғалати чиқди. Мен унинг ичкилик ичмаслигини билмаганимда ҳозир уни маст бўлса керак, деб ўйлаган бўлардим. Уни меҳмонхонага бошлаб кириб оромкурсига ўтказдим.
— Худога шукур, сени топдим! — хитоб қилди у.
— Нима гап ўзи? — сўрадим унинг бундай ҳаяжонланаётганидан ҳайрон бўлиб.
Эндигина унга разм солдим. Доим башанг кийинадиган Дирк жуда афтодаҳол кўринарди. У кўпроқ ичиб қўйган, деган қарорга келиб, энди уни масхара қилай деб турганимда, гап қотди:
— Ўзимни қаёққа қўйишни билмай, уйингга қидириб келгандим. Йўқ экансан.
— Бугун кечроқ овқатландим. Диркнинг бундай ҳолатига ичимлик сабаб эмаслигини тушундим. Одатда, қип-қизил юзларида ҳозир қизил доғлар пайдо бўлганди. Қўллари титрарди.
— Сенга нима бўлди? — сўрадим ундан.
— Хотиним ташлаб кетди.
У бу сўзларни аранг айтди, нафаси тиқилди, думалоқ юзларидан ёш оқди. Мен нима деб таскин беришни билмасдим. Хаёлимга дастлаб хотини Стрикленднинг ўзини аҳмоқона тутишига дош беролмай, Диркдан уни уйдан ҳайдаб чиқаришни талаб қилган, деган фикр келди. Бу аёл ташқи кўринишидан хотиржам кўринса-да, аслида қанчалик ғазабнок бўлишини мен билардим. Агар Струве унинг талабини рад этган бўлса, бу даргоҳга бутунлай қайтиб келмасликка онт ичиб, уйдан ўзи чиқиб кетган бўлса керак, деб ўйладим. Бечора, шундай бир бечораҳол аҳволда эдики, бу сафар мен унинг устидан кула олмадим ҳам.
— Ўзингни қўлга ол, бунчалик куяверма, дўстгинам. У қайтиб келади. Аёл¬ларнинг жаҳл устида айтган сўзларини жиддий қабул қилавериш яхши эмас, ахир.
— Сен тушунмаяпсан... У Стриклендни севиб қолибди.
— Нима-а?! — Мен лол бўлиб қолдим. Лекин гапининг маъносини англашим биланоқ, буларнинг барчаси ёлғон, деган қарорга келдим. — Қаёқдаги ёлғон гапларни гапиряпсан ўзинг. Келиб-келиб уни Стрикленддан рашк қилаяпсанми? — Мен кулиб юборишдан ўзимни аранг тийиб турардим. — Хотининг уни ёмон кўришини мендан кўра яхшироқ биласан-ку.
— Сен ҳеч нарсани тушунмайсан, — нола қиларди у.
— Сен қип-қизил эшшаксан, — чидаб туролмай бақирдим. — Қани юр-чи, сенга арақ қуйиб берай, кўнглинг салгина бўлса-да, таскин топади.
Инсон боласи ўзини ўзи азоблашнинг устаси. Диркнинг калласига хотиним Стриклендни ёқтириб қолган деган фикр келганда, бу фикрини одатдагидай қўпол тарзда унинг юзига солиб, хотинини ҳақоратлаган. Хотини эса эрининг бу гапидан тўнини тескари кийиб олган-да, алам ичида гўё унинг шубҳалари асослидай тутган ўзини.
— Гап бундай, — дедим унга, — ҳозир уйингга борамиз. Ҳамонки, шундай экан, ўзинг пиширган овқатни ўзинг ейсан. Хотининг, билишимча, кекчи аёл эмас.
— Ахир мен қандай қилиб унинг олдига бораман? — ҳорғин гапирди Дирк. — Ахир улар ўша ерда. Мен устахонани уларга ташлаб чиқдим.
— Демак, хотининг сени ташлаб кетмаган, сен уни ташлаб кетгансан.
— Худо ҳаққи, бундай дема!
Мен ҳамон унинг сўзларини жиддий қабул қилолмаётган эдим. Бирор дақиқа бўлсин, бу гапларнинг тўғрилигига ишонмаётгандим. Лекин Дирк ғам-аламдан ўзини йўқотиб қўйганди.
— Ахир сен менинг олдимга юрагингни ёргани келгансан-ку. Рўй берган воқеани бир чеккадан гапириб берсанг-чи.
— Бугун мен бундан бу ёғига чидай олмаслигимни ҳис этдим. Стриклендга сен энди тузалдинг, уйингга жўнаб кетишинг мумкин, устахона ўзимга керак, деб айтдим.
— Ер юзидаги бирор бошқа одамга бундай гапни айтиб ўтиришнинг ҳожати йўқ эди, — дедим мен. — Хўш, у нима деди?
— У кулди. Ахир сен унинг кулишини биласан-ку. У кулганда ҳар қандай одам ҳам ўзини аҳмоқ бўлгандай ҳис этади. У дарҳол чиқиб кетишини айтди. У буюмларини йиғиштиришга тушди — эсингдами, унинг уйидан зарур бўлиб қолиши эҳтимол бўлган нарсаларни олиб келгандик. Кейин Бланшдан қоғоз ва арқон сўради.
Струвенинг тили гапга келмай қолди, у тўхтаб-тўхтаб нафас олар, бамисоли ўзидан кетиб қоладиган аҳволда эди. Эътироф этишим керакки, мен ундан ҳозир айтаётган сўзларини кутмагандим.
— Бўзариб кетган Бланш у сўраган нарсаларини муҳайё қилди. Лекин Стрикленд ҳеч нарса демади. Бизга заррача эътибор ҳам бермади. Кўзлари эса кулимсираб турарди. Ўша дамларда юрагим қанчалик орқага тортиб кетганини тасаввур ҳам қила олмайсан. Назаримда, ҳозир бирор даҳшатли ҳодиса рўй берадигандай эди. У билан шундай гаплашганимга пушаймон қила бошладим. У атрофга аланглаб, шляпасини қидира бошлади. Худди шу дақиқада хотиним менга: “Дирк, мен Стрикленд билан бирга кетаман. Бундан бу ёғига сен билан яшай олмайман”, — деди. Мен унга бир нарсалар демоқчи бўлардим-у, тилим сўзга келмасди. Стрикленд жим турарди, оҳиста ҳуштак чалар, гўё бу гапларнинг унга ҳеч қандай алоқаси йўқдай тутарди ўзини.
Струве яна гапира олмай қолди, юзидаги терни артди. Мен миқ эта олмасдим. Энди унинг гапларига ишонаётган эдим-у, азбаройи лол қолганимдан ҳамон ҳеч нарсага тушуна олмаётгандим.
Кейин у овози бўлиниб-бўлиниб юзларидан ёш оққанча, хотинини қучоқламоқчи бўлганини, хотини эса яқинлашмаслик ва қўл теккизмасликни талаб қилиб ўзини орқага ташлаганини гапириб берди. У кетмагин деб хотинига ёлворибди. Жуда яхши кўришини яна бир бора эслатибди, бахтли кунларини, меҳр ва муҳаббат билан ўтган дамларини ёдга олибди. Ҳозир ҳам ундан хафа эмаслигини, бу нарсани ҳеч қачон ёдига солмаслигини билдирибди.
— Дирк, марҳамат қилиб, бу уйдан бамайлихотир чиқиб кетишимга имкон бер, — дебди хотини ниҳоят. — Ахир сен Стриклендни яхши кўриб қолганимни тушунмаяпсанми? Мен у билан дунёнинг нариги чеккасига ҳам кетавераман.
— Ахир сен у билан ҳеч қачон бахтли бўла олмайсан. Ўзингни ўйласанг-чи. Сени нималар кутаётганини билмайсан-ку.
— Бу сенинг айбинг. Уни бу ерга келтиришга ўзинг мажбур қилгандинг.
Шунда у Стриклендга ёпишибди.
— Унга раҳмингиз келсин, — деб ёлворибди. — Бунчалик телбалик қилишига йўл қўйманг.
— У истаган ишини қилишида томомила эркиндир, — жавоб берибди Стрикленд. — Мен билан кетишга мажбур қилаётганим йўқ.
— Мен ўз йўлимни аниқ белгилаб олдим, — бўғиқ овоз билан гапирди Бланш.
Стрикленднинг одамни хит қилиб юборадиган вазминлиги Диркнинг сабр-бардошини издан чиқариб юборди. У жазава устида нима қилаётганини ўзи ҳам англамаган ҳолда Стриклендга ташланди. Бундай бўлишини кутмаган Стрикленд гандираклаб кетди, лекин у касалдан кейин ҳам жуда кучли эди. Дирк кўз очиб-юмгунча ерга ағанаб тушганини ўзи ҳам тушунмай қолди.
— Жуда қизиқ экансан-ку, одамча, — деди Стрикленд.
Струве ўрнидан турди. Бўлаётган воқеаларни вазминлик билан кузатиб турган хотини олдида Струве яна бир маротаба изза бўлди, янада кулгилироқ кўриниб кетди. Ҳалиги кураш вақтида кўзойнаги учиб кетганлиги туфайли, афтодаҳол бир алпозда атрофга алангларди. Хотини кўзойнакни ердан олиб, индамай унга узатди. Шунда ўз бахтсизлигининг бутун кўлами, кулгили ва ночорлигини юракдан ҳис этдими, ўкириб йиғлаб юборди. У қўллари билан юзларини беркитиб олди. Уларнинг иккаласи эса жойларидан қимирламай унга тикилиб туришарди.
— Севгилим, — деб нола қилди ниҳоят, — сен шунчалик бераҳммисан?
— Мен ўзимни идора қилолмай қолдим, Дирк, — жавоб берди у.
— Мен сени эркак зоти бирор аёлни севиши мумкин бўлган даражадан кўпроқ севдим, сенга сажда қилдим. Агар мен сенинг олдингда бирор гуноҳ иш қилиб қўйган бўлсам, нега айтмайсан, мен ўз гуноҳимни ювган бўлардим. Мен сен учун қўлимдан нима келса, ҳаммасини қилдим.
Аёл жавоб бермасди, юзи тошдай қотганди. Ўзининг ёлборишлари хотинининг жонига тегаётганини кўриб турарди. Хотини пальтоси ва шляпасини кийиб, эшик томон йўл олди. Дирк яна бирор дақиқадан кейин хотини уйдан чиқиб кетишини англади. У хотини томон ташланди, қўлларини ушлаб олганча, тиззаси олдида чўк тушди: қадр-қиймат туйғуси уни тамомила тарк этганди.
— Жонгинам, кетма! Мен сенсиз яшай олмайман! Ўзимни ўлдираман. Агар бирор айб иш қилиб қўйган бўлсам, ўтинаман, кечирақол! Айбимни ювишга имкон бер. Сен бахтли бўлишинг учун ҳамма ишни қиламан.
— Ўрнингдан тур, Дирк! Ўзингни масхарабоз қилиб кўрсатма.
У гандираклаганча ўрнидан турди, лекин хотинини қўйиб юборгиси келмасди.
— Қаёққа кетасан? — энтикиб гапирарди у. — Стрикленд қандай яшашини тасаввур ҳам қила олмайсан. Сен у ерда яшай олмайсан. Бу даҳшат.
— Менга қаерда яшаш барибир. Сенга бунинг нима дахли бор?
— Бир дақиқа тўхтаб тур. Мен гапимни айтиб олишим керак... Сен менга бир нарсани тақиқлай олмайсан...
— Нимани? Мен бир қарорга келдим. Нима дейишингдан қатъи назар, фикрим ўзгармайди. Қарорим қатъий.
Струве ҳиқилларди, худди оғриқни тўхтатмоқчи бўлгандай қўллари билан юрагини чангаллади.
— Мен қарорингни ўзгартиришингни илтимос қилаётганим йўқ, фақат гапимга қулоқ сол. Бу менинг охирги илтимосим. Йўқ, дема.
Аёл тўхтаб, ўйчан, эндиликда тамомила бегона ва совуқ нигоҳи билан унга тикилди, эшикдан нарироқ бориб жавон олдида турди.
— Гапингни эшитаман.
Струве аранг ўзини қўлга олди.
— Сал бўлса ҳам эсингни йиғ. Сен фақат ҳаво билан яшай олмайсан-ку, ахир. Стрикленднинг сариқ чақаси ҳам йўқ.
— Буни биламан.
— Даҳшатли кунларни бошингдан кечирасан. Нима учун анча вақтгача тузала олмаганини биласанми ўзинг? У анча вақтдан бери оч эди.
— Мен ишлаб топаман унинг учун.
— Қандай қилиб?
— Билмадим. Бирор нарса ўйлаб топарман.
Струвенинг хаёлига даҳшатли фикр келиб, сесканиб тушди.
— Сен, эҳтимол, ақлдан озиб қолгандирсан? Нима бўлди ўзи?
Аёл елкасини қисди.
— Энди кетаверсам майлими?
— Яна бир сония тўхта.
Струве устахонага кўз югуртириб чиқди. У иш жойини яхши кўрарди. Чунки Бланшнинг бу ерда бўлиши устахонани ёқимли ва саромжон-саришта кўрсатарди. Бир сонияга кўзларини юмди, сўнг уни яна очди-да, хотинига тикилди. Бу билан гўё хотинининг қиёфасини қалбида мангуга муҳрлаб қолмоқчидай бўлди. Кейин шляпасини қўлига олди.
— Сен қолавер шу ерда. Мен кетаман.
— Сен?
Аёл лол бўлиб қолди ва ҳеч нарсага тушунмади.
— Бундай ифлос бир чордоқда яшашингга йўл қўя олмайман. Бу уй менга қанчалик алоқадор бўлса, сенга ҳам шунчалик алоқадор. Бу ерда сенга яхшироқ бўлади. Ҳеч бўлмаганда даҳшатли даражада турмуш кечиришдан озод бўласан бу ерда.
У жавонни очиб, чоғроқ бир даста пул олди.
— Ўзимда бор пулнинг ярмини сенга бераман.
У пулни стол устига қўйди. Стрикленд ва Бланш миқ этишмасди.
— Менинг буюмларимни йиғиштириб, бино назоратчисига бериб қўйишингни илтимос қиламан. Эртага келиб олиб кетаман. — У кулмоқчи бўлди. — Азизам, алвидо! Менга бахш этган бахтли дамларинг учун сенга ташаккур.
У уйдан чиқиб, эшикни орқасидан ёпди. Менинг кўз ўнгимда Струве чиқиб кетгач, Стрикленд шляпасини столга ташлаб ўтиргани ва папирос чека бошлагани манзараси намоён бўлди.

Йигирма тўққизинчи боб
Мен анча вақтгача жим бўлиб қолдим, Струве айтиб берган нарсаларни мушоҳада қилдик. Бундай иродасизликка тоқат қилиш қийин эди. Менинг ҳолатимни Струве ҳам фаҳмлади.
— Стрикленд қандай яшашини мендан кўра яхшироқ биласан-ку, — деди у қалтироқ овоз билан. — Мен Бланш ҳам шундай шароитда яшашига йўл қўя олмасдим... Ҳа, йўл қўя олмасдим.
— Бу сенинг ишинг, — жавоб бердим унга.
— Менинг ўрнимда бўлганингда нима қилардинг?
— Қандай ишга қўл ураётганини хотининг биларди. Агар етишмовчилик ва ёмон шароитдан изтироб чекадиган бўлса — бу унинг иши.
— Ҳа, лекин сен уни севмайсан-да.
— Сен эса уни ҳамон севасанми?
— Илгаригидан ҳам кўпроқ! Стрикленд аёлни бахтли қила оладиганлар тоифасидан эмас. Бу узоқ давом этмайди. Мен ҳеч қачон уни ташлаб кетмаслигимни у билиб қўйиши керак.
— Сўзларингни қандай тушунмоқ керак? Сен уни қайтадан хотин қилиб олишга тайёрмисан?
— Буни бир сония ҳам ўйлаб ўтирмасдим. Бундай вазиятда мен унга аввалгидан ҳам кўпроқ керак бўлардим. Унинг яккаю ёлғиз, таҳқирланган, руҳи тамомила тушган, қаёққа боришини билмай гарангсиб турган ҳолда кўриш нақадар даҳшатли бўлур эди.
У ҳатто ўзини таҳқирланган ҳисобламасди ҳам. Мен эса, табиийки, унинг иродасизлигидан ғазабланиб кетдим. Чамаси, у менинг хаёлимдаги фикрни уқди ва шундай деди:
— Хотинимнинг уни севганимдек сева олишига умид қила олмасдим. Мен масхарабозроқман. Аёллар бунақаларни яхши кўришмайди. Буни ҳаммавақт ҳам билганман. Хотиним Стриклендни севиб қолгани учун уни айблай олмайман.
— Сенда заррача ғурур деган нарса йўқ экан. Бу жуда кам учрайдиган хусусият.
— Мен уни ўзимдан ҳам кўпроқ яхши кўраман. Назаримда, ҳаммадан кўра ўзингни яхшироқ кўрган пайтингдагина ғурур севгига аралашиши мумкин. Ахир бошқа аёллар билан айланишадиган хотинли эркаклар кўп-ку. Кейинроқ ҳаммаси ортда қолади-да, бундай эркаклар ўз оилаларига қайтишади. Буни одамлар табиий бир ҳол деб ҳисоблашади. Нега аёллар бошқачароқ бўлишлари керак?
— Анча мантиқли мулоҳаза, — кулдим мен, — лекин кўпчилик эркаклар бошқачароқ яралган. Улар бундай пайтда кечириша олмайди, бўлар гап шу.
Мен гапираётганимда ҳам рўй берган ҳодисанинг ҳеч кутилмаганда содир бўлганлиги устида бош қотирардим. Наҳотки Струве ҳеч нарсадан гумонсирамаган бўлса? Мен бир куни Бланшнинг кўзларида йилт этиб кетган ғалати ифодани эсладим. Эҳтимол, ўша вақтдаёқ у ўз юрагида ниш ураётган қандайдир ғалати туйғуни ғира-шира бўлса-да, ҳис этгандир.
— Шу кунгача уларнинг ўртасида нимадир борлигини сезганмидинг? — сўрадим мен.
Струве жавоб бермади. У столдан қалам олди-да, беихтиёр равишда босма қоғозга қандайдир аёлнинг калласини чизди.
— Саволларим малол келаётган бўлса тўғрисини айтавер.
— Йўқ, гапирсам енгил тортаман... Эҳ, менга қандай даҳшатли қийноқлар азоб беришини билсайдинг! — У қаламни отиб юборди. — Ҳа, мен буни икки ҳафта олдин билган эдим.
— Марҳамат қилиб айт-чи, нега энди Стриклендни уйингдан ҳайдаб чиқармадинг?...
— Мен бунга ишонмовдим. Бўлмаган нарсадай туюлганди. Хотинимнинг уни кўргани кўзи йўқ эди-ку, ахир. Бўлиши мумкин бўлмаган нарсага ўхшарди. Буни шунчаки рашкка йўйдим. Биласанми, мен ҳаммавақт рашкчи бўлганман, буни бошқаларга сездирмасликка ўзимни ўргатганман. Уни барча таниш эркаклардан, сендан ҳам рашк қилардим. У мени мен уни севганимчалик севмаслигини билардим. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмасди. Лекин уни севишимга изн берарди. Шунинг ўзи ўзимни бахтли ҳисоблашимга етарли эди. Мен уйда уларни ёлғиз қолдириш учун бир неча соатлаб уйдан чиқиб кетишга ўзимни мажбур этардим, номуносиб гумонлар учун ўзимни қарғардим. Уйга қайтиб келишим уларга, тўғрироғи, аёлимга ёқмаётганини билардим. Стриклендга менинг уйда борлигим-у, йўқлигим барибир эди. Ўпиш учун олдига яқинлашганимда Бланш титраб кетарди. Ниҳоят, улар ўртасидаги янгича муносабатга ишонч ҳосил қилганимдан кейин қандай йўл тутишимни билолмай қолдим. Жанжал кўтарсаммикин? Бундай қилсам фақат устимдан кулишади. Эҳтимол, тишни тишга қўйиб индамай юравериш, ҳеч нарса кўрмагандай, ҳеч нарса бўлмагандай юраверилса, ҳаммаси тинчиб кетармикин? Мен буни бамайлихотирлик билан, жанжал кўтармай кутишга қарор қилдим. Эҳ, менинг нақадар азоб чекаётганимни сен билсайдинг!
Шундан кейин Дирк Стрикленддан уйдан чиқиб кетишни илтимос қилганини қайта сўзлаб берди. У орада қулай фурсат топиб, бу воқеани шунчаки гап орасида йўл-йўлакай айтиб бермоқчи бўлди. Лекин ўзини унчалик босиб ололмаётгани овозидан сезилиб турарди. Унинг овозида рашк аламларининг оҳанги бор эди. У Стрикленднинг ўша дамдаёқ лаш-лушларини йиғиштира бошлашини сира кутмаган, бунинг устига, хотини ҳам у билан кетишга отланишини хаёлига келтирмаган экан. Мен унинг эндиликда ўзини тута олмай, Стриклендга шундай гапларни айтиб юборганидан пушаймон¬лигини кўриб турардим. Рашк азобларини айрилиқ азобларидан кўра афзалроқ деб билганди у.
— Мен уни ўлдирмоқчи эдим, лекин ўзимни масхарабоз қилиб кўрсатишга уриндим, холос.
У узоқ вақтгача жим қолди, анчадан кейин мен ундан кутаётган гап тилига кўчди.
— Агар мен ҳовлиқиб бу гапларни айтмаганимда, ҳаммаси ўтиб кетармиди. Бунчалик бесабр бўлиш яхшимас. Бечора хотинимни шунчаликка олиб бордим-а!
Мен фақат елкамни қисиб қўйдим. Бланш Струве менга ёқимтой аёл бўлиб кўринмасди. Лекин фикримни унга айтиш Диркни янги азоблар домига гирифтор қилиш билан баробар эди. У ҳозир ҳаяжонланишнинг шундай даражасида эдики, бунақа пайтда одам ўзини гапдан тўхтата олмайди. Уйда бўлиб ўтган лаънати манзарани қайта-қайта гапираверарди. Ў менга айтмаган бирор гапини эслар, ё мулоҳазаларга берилар, кейин эса ўзининг сўқирлигидан шикоят қиларди, бошқачароқ ҳаракат қилганидан афсусланарди. Вақт алламаҳал бўлган, мен ҳам ундан кам чарчамаган эдим.
— Хўш, энди бу ёғига нима қилмоқчисан? — деб сўрадим ниҳоят.
— Нима қилмоқчисан? Хотиним мени чақиртирмагунча уни кутмоқчиман.
— Нега озроқ фурсатга бўлса ҳам бирор жойга кетмайсан?
— Йўқ-йўқ. Мен унга керак бўлиб қолишим мумкин. Унинг қўли етадиган жойда бўлиб туришим керак.
У ўзини буткул йўқотиб қўйганди. Фикрларини бир жойга жамлашга ҳам кучи етмасди. Унга ётиб дам олиши зарурлигини айтганимда, барибир, ухлай олмайман, деб эътироз билдирди. У уйдан чиқиб то саҳаргача кўчаларда кезмоқчи бўлди. Ҳозир уни ёлғиз қолдириш мумкин эмасди. Ниҳоят, меникида тунаб қолишга кўндирдим-да, уни ўз ўрнимга ётқиздим. Меҳмонхонада диван бўлиб, шунда бемалол дам олишим мумкин эди. Дирк шу қадар ҳолдан тойган эдики, қаршилик кўрсатишга дармони етмади. Бир неча соатга бўлса-да, уни тинчитиш мақсадида, бир йўла анчагина веронал ичирдим. Бечорага ҳозирги дақиқада бундан кўра яхшироқ даво топиш амримаҳол эди.


AvvalgiI- qism Keyingi
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика