Руҳоний (ҳикоя) [Somerset Moem] |
...Алберт Эдвард Формен руҳонийлик либосини, худди черковнинг улуғвор рамзидек, ўзгача фахр-ғурур билан киярди, уларни ўзи ювиб, ўзи дазмолларди. Авлиё Пётр черковида ўн олти йил хизмат қилиб, бир қанча ридоларни кийиб тўздирганига қарамай, эскирганларининг бирортасини ҳам ташлаб юбормаганди. Уларнинг ҳаммаси жигарранг қоғозга ўроғлиқ ҳолда, ётоқхонасидаги шкафда сақланарди. Руҳоний Алберт тиловатхонани саришталаб, уйига кетиши учун епископ муовинининг у ердан чиқишини кутаётган эди. «У бу ерга нимага келган экан?», деди ичида. «Қорним очганиниям ўйламайди». Янги муовин бу вазифага яқиндагина тайинланган эди. Қизил юзли, тиниб-тинчимас бу одамнинг ёши қирқлардан сал ошган. Алберт Эдвард собиқ муовинни, эскича мактабни тугатган, босиқ ва бунга ўхшаб ҳар нарсага бурнини суқавермайдиган кишини ҳамон эсларди. Кўп ўтмай руҳоний ўзи томон келаётган муовинни кўрди. «Формен, мен билан юринг, Сизга айтадиган гапим бор». «Хўп бўлади, сер». Аввал муовин, кейин Алберт Эдвард тиловатхонага кирди. Хонада икки иш юритувчи ўтирганини кўриб, Алберт бироз тараддудланиб қолди. Уларнинг бу жойга кираётганини кўрмаганди. Иккаласи ҳам жилмайиб бош силкитишди. «Хайрли кун, милорд. Салом, сер», сўрашди Алберт улар билан бирма-бир. Ҳар иккала иш юритувчининг ҳам ёши улуғ. Алберт қачондан бери руҳонийлик қилиб келаётган бўлса, деярли шунча йилдан бери улар иш юритувчилик хизматида. Улар муовин бир замонлар Италиядан келтирган чиройли стол атрофида ўтиришарди. Муовин ҳам иш юритувчилар орасидаги бўш курсига бориб ўтирди. Алберт Эдвард уларнинг рўпарасидан жой эгаллаб, бироз хавотирда «булар нега келди экан», деб ўйлай бошлади. Бир сафар органчи қандайдир машмашага аралашиб қолиб, бости-бости қилишга қанчалик қийналганини Алберт унутмаганди. Авлиё Пётр черковига ўхшаган черковларда тартиб-интизомга жуда қаттиқ туришарди. Муовиннинг қизил юзида хотиржамлик бор, лекин иш юритувчилар ташвишлидек кўринишарди. «Муовин уларни ниманидир қилишга ундаяпти, лекин булар хоҳлашмаяпти, чамаси», деди Алберт ичида. «Бу ерда нимадир бор». Бироқ бу фикрлар Албертнинг юзи-кўзида акс этмади. Унинг юзида ҳурмат ва шу билан бирга, ўз қадр-қимматини билиш аломатлари бор эди. Алберт руҳоний бўлгунча кўп жойларда хизматкорлик қилган эди. Уларнинг бари бой-бадавлат оилалар бўлган. Ишлашни бой савдогар оиласида югурдакликдан бошлаб, бева қолган бойвуччага бош хизматкорлик даражасигача кўтарилганди. Кейин эса, Авлиё Пётрга ишга кирмасидан аввал, қўл остида иккита ёрдамчиси билан истеъфога чиққан элчи оиласида бош хизматкор бўлиб ишлади. Элчи новча, озғин, савлатли ва ўз қадрини биладиган одам эди. Кўриниши худди гертсогга, ҳеч бўлмаганда гертсог ролини ўйнаётган актёрга ўхшарди. Жуда маданиятли, қатъиятли ва ўзига ишонган одам эди. Муовин баланд овозда гап бошлади: «Формен, биз сизга нохуш бир нарсани айтиш учун тўпландик. Сиз бу ерда, мана, неча йиллардан бери ишлаб келаяпсиз. Шу пайтгача зиммангиздаги вазифани шараф билан адо этдингиз...». Иш юритувчилар ҳам бош силкишиб маъқуллашди. «Лекин яқинда мен ғалати бир нарсани сезиб қолдим, бу ҳақда иш юритувчиларга билдириб қўйишни ўз бурчим, деб билдим. Сиз ўқишни ҳам, ёзишни ҳам билмас экансиз, шундайми?» Албертнинг юзида хижолатдан асар ҳам сезилмасди. «Собиқ муовин буни биларди, сер, — жавоб қилди у. — У саводли бўлиш шарт эмас, деганди. Шундоғам дунё саводлиларга тўлиб ётибди, дерди доим». «Ё, тавба! — деб юборди иш юритувчилардан бири. — Наҳотки, шу черковда ўн олти йилдан бери руҳонийлик қилиб, бирор марта ўқишу ёзишни ўрганишга ҳатто уриниб ҳам кўрмаган бўлсангиз?» «Ўн икки ёшимдан хизматкорлик қилганман. Мен ишлаган биринчи жойдаги ошпаз мени ўқитишга уриниб кўрган эди. Лекин бунга иқтидорим етмаган, шекилли. Кейинчалик вақт бўлмади. Бошқа томондан, ўқишни ўрганишнинг менга кераги ҳам йўқ эди». «Лекин янгиликларни қандай билгансиз? — деб сўради иккинчи иш юритувчи. — Наҳотки, бирор марта хат ёзмаган бўлсангиз?» «Йўқ, сер, билмадим, шусиз ҳам куним ўтаяпти-ку. Ҳозир ҳамма газетада расми бор, шуларга қараб билиб олавераман. Хатни бўлса хотиним ёзиб беради». Иш юритувчилар муовинга бир қарашди-да, кейин столга термулиб қолишди. «Майли, Формен, мен бу биродарлар билан гаплашдим. Улар ҳам аҳвол анча мураккаблигини тушунишди. Авлиё Пётр черковига ўхшаган черковда саводсиз руҳонийнинг бўлиши мумкин эмас». Алберт Эдварднинг озғин, рангпар юзига қизиллик югурди. У жойида нотинч қимирлаб қўйди-ю, лекин ҳеч нарса демади. «Ўргансангиз бўлади-ку, Формен?», деди иш юритувчилардан бири. «Йўқ, сер, энди ўрганолмайман. Кўриб турибсиз, ёш эмасман. Болалик пайтимда ўрганолмаган ўқишни энди ўрганишимга кўзим етмайди». «Сизни қийнаш ниятимиз йўқ, Формен, — деди муовин, — аммо иш юритувчилар билан бирга шундай фикрга келдик. Сизга уч ой муҳлат берамиз, агар шу муддат охирига келиб ўқишни ҳам, ёзишни ҳам ўргана олмасангиз, минг афсуски, бу ердан кетишингизга тўғри келади». Алберт Эдвард янги келган муовинни ёқтирмасди. Бошидаёқ Авлиё Пётрга бу одамни муовинликка тайинлаб юбориб хато қилишди, деб айтганди. Алберт ўз иззатини биларди. Шунинг учун қаддини ростлади. «Афсуски, сер, ўрганиш қўлимдан келмайди. Фалакнинг бундай ғаройиботларини ўрганиш учун кечикдим, жудаям қартайиб қолдим. Ўқишу ёзиш нималигини билмай шунча йил яхши яшадим, агар буларни ўрганишга ҳозир қурбим етгандаям, хоҳламаган бўлардим». «Ундай бўлса, Формен, афсуски, ишдан бўшашингизга тўғри келади». «Ҳа, сер, тушундим. Менинг ўрнимга одам топишингиз биланоқ аризамни ёзаман». Лекин Алберт Эдвард одатдагидек хушмуомалалик билан муовин ва иш юритувчилар орқасидан черков эшигини ёпгач, хўрлиги келиб беихтиёр лаблари титрай бошлади. Бир-бир қадам ташлаб тиловатхонага қайтди ва руҳонийлик либосини илгичга осди. Бу либос қанчадан-қанча никоҳ тўйлари-ю, дафн маросимларини кўрганини ўйлаб “уҳ” тортди. Ҳамма жойни тозалаб, палтосини кийди-да, шляпасини олиб, черковдан чиқди. Черков эшигини ёпиб, майдонни шошилмасдан кесиб ўтди. Аммо ғамга ботиб, уйига олиб борадиган кўчадан ўтиб кетди. Шошилмасдан юраверди. Кўнгли жуда ғаш бўлди. Энди нима қилишини билмасди. Яна аввалгидек бировларнинг уйида хизматкор бўлишни хоҳламасди. Шунча йил озод юргандан кейин бировнинг хизматини қилиш қўлидан ҳам келмасди. Ҳозиргача у анчагина пул жамғариб қўйганди, лекин бу пуллар умрининг охиригача ҳеч қаерда ишламай яшашга етмасди. Бунинг устига нарх-наво ҳам йилдан-йилга ошиб бораётир. Ҳеч қачон бир куни шунақа муаммога рўбарў келишини ўйламаганди. Авлиё Пётр руҳонийлари, Рим папаларига ўхшаб, умрларининг охиригача ўз вазифаларида қолишарди. Алберт чуқур хўрсинди. У жуда кам чекарди ва деярли ичмасди. Фақат баъзан тушликдан кейин озгина пиво ичишни хуш кўрар, ҳолдан тойган пайтларида бир-икки дона сигарета чекиши мумкин эди. Ҳозир ҳам сигарета чекиб овунмоқчи бўлди. Ўзи билан олиб юрмагани учун тамаки сотадиган дўкон қидира бошлади. Ҳа деганда бирор дўкон топа олмагач, юришга тўғри келди. Бу узун кўчада ҳар хил дўконлар кўп бўлсаям, бирортасида тамаки сотилмасди. “Қизиқ-ку”, деди Алберт Эдвард. Тоза ишонч ҳосил қилиш учун кўчани яна бир марта айланди. Йўқ, тамаки дўкони йўқ эди. У тўхтаб, ўйчан қиёфада у ёқ-бу ёққа қаради. “Мендан бошқа ҳам бу кўчада сигарета қидириб юрганлар бўлса керак”, деди у. “Агар бирор киши бу ерда тамаки сотадиган дўкон очса, анча пул ишлаб оларкан”. У бирдан сапчиб кетди: “Ахир, бу зўр фикр-ку!”, деди у. “Тавба, ҳеч кутмаган пайтда мияга шунақа фикрлар келади-я!” Алберт тез-тез юриб, уйига борди ва чойини ичди. “Бугун жуда камгапсан?”, деб сўради хотини. “Мен ўйлаяпман”, деди у. Режасини ҳар томонлама пишитди ва эртасига ўша кўчага борди. Омади келиб, ижарага бериладиган дўконча топди. 24 соатдан кейин дўконни ижарага олиб, бир ойдан кейин тамаки ва газета сотувчи бўлиб тижоратни бошлади. Хотини Авлиё Пётрда руҳонийликдан кейин савдо-сотиқ билан шуғулланиш ўзини ерга уриш билан тенг, деди. У эса бунга жавобан яшаш учун одам ишлаши кераклигини айтди. Алберт Эдварднинг ишлари юришиб кетди. Шунчалик юришдики, бир йиллардан кейин у яна бир дўкон олиб, унга иш бошқарувчи ёллашни ўйлай бошлади. У тамаки дўкони йўқ бошқа кўчани қидирди. Шундай кўчани топгач, у ердан ҳам ижарага дўкон олди. Бу дўкон ҳам яхши фойда бера бошлади. Кейин у иккита дўконнинг ишини олиб бораётган бўлсам, олтитасини ҳам эплайман, деб ўйлади. Лондон бўйлаб юриб, қаерда тамаки дўкони йўқ кўча кўрса, ўша жойдан ижарага дўкон олаверди. Ўн йил ичида Албертнинг дўконлари сони ўнтага етди ва у қийинчиликсиз тинмай пул ишлай бошлади. Ҳар душанба куни у дўконларни айланиб чиқиб, бир ҳафталик фойдани йиғар ва маблағни банкка қўярди. Бир куни эрталаб бир боғлам банкнотлар ва оғир сумка тўла пулни банкдаги ҳисоб рақамига қўяётганда кассир банк директори у билан учрашмоқчи эканини айтди. У хонага киргач, директор билан қўл қисиб кўришди. “Жаноб Формен, сиз билан банкимизга қўйган пулингиз ҳақида гаплашмоқчи эдим. Пулингиз қанча бўлганини биласизми?” “Аниқ эмасу, лекин тахминан биламан, сер”. “Ҳозирги берганларингизни ҳисобламасак, ўттиз минг фунт стерлингдан сал кўпроқ. Бу ҳисоб рақамда бекор ётадиган маблағ эмас. Бу маблағни харажат қилсангиз кўпроқ фойда оласиз”. “Таваккал қилишдан қўрқаман, сер. Банкда бўлса, улар ишончли қўлларда”. “Сиз бу ҳақда ҳеч ҳам қайғурманг. Биз сизга мутлақо хавфсиз, ишончли қимматбаҳо қоғозлар рўйхатини берамиз. Улар сизга банкдан олаётган фойдангиздан анча кўп фойда келтиради”. Жаноб Форменнинг зодагонларга хос қиёфасида безовталик пайдо бўлди. “Актсияю пайлар билан ҳеч қачон шуғулланмаганман. Пулларим банкингизда тураверсин дегандим”. Директор жилмайди: “Ҳаммасини ўзимиз қиламиз. Кейинги сафар келганингизда пул ўтказиш ҳақидаги ҳужжатларга қўл қўйсангиз бўлди”. “Қўл қўя оламан, — деди Алберт иккиланиб, — лекин нимага қўл қўяётганимни қандай биламан?” “Ҳар ҳолда ўқишни билсангиз керак?”, деди директор бироз аччиқланиб. Жаноб Форменнинг чеҳрасида беозор табассум пайдо бўлди. “Биласизми, сер, фақат мана шу иш қўлимдан келмайди. Гапимдан кулишингиз мумкин. Аммо мен ўқишни ҳам, ёзишни ҳам билмайман. Исмимни ёзишниям тижорат билан шуғуллана бошлагач ўргандим”. Директор ҳайратдан ўтирган курсисидан сапчиб кетди. “Бунақасини энди эшитишим”. Худди афсонавий махлуқни кўраётгандек Албертга бақрайиб қаради. “Наҳотки, шундай катта даражага, ўттиз минг фунт стерлинг бойликка ўқишни билмаган ҳолда эришган бўлсангиз? Эй Худо, дўстим, агар ўқишни билганингизда ҳозир қандай одам бўлган бўлардингиз-а!” “Ўқишни билганимда, сер, — деди жаноб Формен зодагонларга хос чеҳрасида хиёл табассум билан, — агар ўқишни билганимда, Невил майдонидаги Авлиё Пётр черковига бориб, руҳоний бўлган бўлардим”. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62387 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57620 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40481 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36535 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23276 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23160 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21581 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19509 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18633 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14452 |