Ой ва сариқ чақа (II- қисм) [Somerset Moem] |
Ўттизинчи боб Мен ётган диван ухлаш учун унчалик қулай эмас экан. Шунинг учун ҳам ухлагандан кўра Струве тўғрисида ўй суриб чиқдим. Бланшнинг қилиғи мени унчалик ҳайрон қолдирмади. Буни ҳирснинг натижаси деб билардим. Аёл, эҳтимол, ҳеч қачон Диркни чинакамига севмаган бўлса керак. Мен севги сифатида қабул қилаётган ҳиссиёт эса кўпинча аёл зоти ғамхўрлик ва эркала-тишни ҳақиқий севги ўрнида қабул қилишига ўхшаш ҳолат бўлса ажабмас. Бу сусткаш туйғу, шу туфайли ҳам хоҳлаган дақиқада худди ток новдасидек истаган дарахтига чирмашиб кетаверади. Инсон ақли бундай қобилиятга тан беради, шекилли, акс ҳолда қизларни шу қизни олишни хоҳлаган одамга турмушга мажбурлаб беришмаган, аёл зоти кейинчалик эрини севиб кетаверади, деб ўйлашмаган бўларди. Бундай туйғу хотиржамлик ҳиссиётидан, ўзини ёқимли деб ҳисоблаш ҳиссиётидан келиб чиқса керак. Бундай туйғу ҳирсга нисбатан ҳимоясизроқ бўлади. Мен гумон қилишимча, Бланш Струве аввал бошдан Стриклендни тиш-тирноғи билан ёмон кўриши ёнига аста-секин ҳирсий иштиёқ қўшила бошлаган. Лекин жинсий майлларнинг чалкаш сирларини очишга мендек уйланмаган одамнинг тиши ўтармиди? Эҳтимол, Диркнинг эҳтироси аёлнинг майлини қўзғатиб юборгандир. Бу майлини қондира олмаган Бланш Стрикленддан нафратини яшира олмасди. Эрининг Стриклендни уйга олиб келиб парвариш қилиш тўғрисидаги истагига қарши чиққанда аёл балки ҳақиқатан юракдан қаршилик кўрсатгандир. Стрикленд аёлни даҳшатга соларди, шунинг учун ҳам беихтиёр равишда қандайдир бахтсизлик рўй беришини ҳис этарди. Унга тинчлик бермаган Стрикленд қаршисидаги қўрқув, чамаси, унинг ўзи олдидаги қўрқув ҳам эди. Стрикленднинг қиёфаси жуда ғалати ва қўпол эди, кўзлари атрофга лоқайд боқарди, оғзи эса унинг ўта таъсирчанлигини кўрсатиб турарди. У барваста, кучли, чамаси, эҳтиросини жиловлаб ололмайдиган даражада жўшқин эркак эди. Агар Стрикленд аёлни ҳаяжонга сололган бўлса, муқаррарки, Бланш уни севиб қолади ёхуд ундан бутунлай нафратланади. Аёл ундан нафратланарди. Бемор, уйда пайтида ҳар кунги яқин муносабат аёл туйғуларини ғалати равишда уйғотиб юборганлиги эҳтимол. Аёл уни овқатлантирган, бошини ёстиқдан кўтарган, кейин таъсирчан лабларию иссиқ соқолини артиб қўйган. Аёл, шунингдек, унинг туклари тиканакдек ўсиб кетган қўлларини ювган. Артаётганида эса касаллигига қарамай, бу қўллар кучли ва томирлари бўртиб турганлигини кўрган. Унинг бошқа рассомларники сингари сезгир ва узун-узун бармоқлари аёлнинг қалбида қандайдир мавҳум туйғулар уйғотган бўлса ажабмас. У худди мурдалардек қимирламай хотиржам ухлар, бамисоли узоқ овдан кейин дам олаётган йиртқич ҳайвонга ўхшарди. Аёл эса унинг ёнида ўтирганча ҳозир, у қандай тушлар кўраётганини тахмин қиларди. Эҳтимол, у Юнонистон ўрмонларида кезиб юрган табиат кучларининг аёл қиёфасидаги илоҳасини кўраётгандир ёхуд хаёлида уни тўхтовсиз таъқиб этиб бораётган айш-ишрат худосининг ҳамроҳи пайдо бўлаётгандир? Чаққон ва қўрқиб кетган аёл тиним билмай югуриб борса-да, улар ўртасидаги масофа тобора қисқарарди. Қувлаётганнинг иссиқ нафаси елкасини қиздирса-да, миқ этмай олдинга интилар, айш-ишрат худосининг ҳамроҳи ҳам индамай уни таъқиб қилишда давом этарди. Ниҳоят у аёлга етиб олгач, қўрқув ёхуд лаззатдан аёлнинг юраги ўйноқлаб кетганди. Даҳшатли очлик Бланш Струвенинг ич-этини еб борарди. Эҳтимол, у ҳали ҳам Стриклендни кўргани кўзи йўқдир. Аёлдаги нафс ҳиссини фақат Стриклендгина қондириши, бунгача бўлган барча нарсаларнинг аёл учун аҳамияти қолмаганди. Аёл аввалги мураккаб феъл-атворли, ҳам хушмуомала, ҳам қизиққон, мулойим, шу билан бирга, бепарво аёл эмасди. У энди ўзгариб қолганди, эҳтирос қулига айланганди. Эҳтимол, бу гапларим шоирона туйғуларга берилишдир. Эри кўнглига тегиб, Стриклендга шунчаки қизиқиб қолгандир? Ҳатто Стриклендга нисбатан қалбида қизғин муҳаббат бўлмаса-да, ўзи бекорчи-ю, табиатида шаҳватпарастликка мойиллик бўлганлиги сабабли, шундай майл пайдо бўлгандир унда. Кейинроқ эса ўз маккорлигининг тўрига ўралашиб қолдимикин? Яна ким билсин, бу кулранг кўзларга қандай фикр ва туйғулар яширинганини? Одам шунчалик тез ўзгариб турувчи хилқатки, уни тушуниш бутунлай мумкин эмасдир. Лекин, барибир, Бланш Струвенинг хатти-ҳаракатига ишончлироқ изоҳ топиш қийин эмасди. Стрикленд масаласига келадиган бўлсак, бошимни қанчалик қотирмайин, ҳеч нарса тушуна олмасдим. Унинг қилиқлари, қилаётган ишлари бу одам тўғрисидаги тасаввуримга тамомила зид эди. Дўст одамнинг ишончини тамомила барбод этгани, алдагани ҳам менга ғалати туюлмади. Бир дақиқа ўйлаб ҳам ўтирмасдан ўз инжиқлигини амалга оширмоқ учун бошқача даҳшатли ғам тоғини юклайверди. Унинг қиёфаси шундай эди. Миннатдорчилик туйғуси унга тамомила ёт эди. Изтироб нималигини ҳам билмасди у. Ҳар биримиз учун одатий туйғулар унга хос эмасди. Бунинг учун уни айблаш худди йўлбарсни шафқатсизлиги учун айблашдай маънисиз бир ҳол эди. Ўз инжиқлигини қондирса бас — олам гулистон эди. Мен Стрикленднинг Бланш Струвени севиб қолганига ишонганим ҳам йўқ. Мен, умуман, унинг севиш қобилиятига эгалигига ҳам ишонмасдим. Севги бу ғамхўрлик ва назокат дегани, Стрикленд эса на ўзига ва на ўзгаларга ғамхўр ҳам, назокатли ҳам бўла оларди. Севгида раҳмдиллик, ёқтирган одамини авайлаш, ҳимоя қилиш туйғуси, унга яхшилик қилиш, хурсанд этиш истаги мавжуд. Ҳар ҳолда бу туйғуда усталик билан пардага ўралган худбинлик ҳам яширинган, шу билан бирга унда маълум даражадаги журъатсизлик ҳам бор. Стриклендда бу туйғуларнинг бирортаси йўқ эди. Севги — бутун вужудни қамраб оладиган туйғу. У одамни ўзлигидан маҳрум этади, ҳатто келажакни олдиндан аниқ кўра оладиган одамлар ҳам бу масалада башорат қила олмайдилар. Севги одамнинг бутун жон-танини қамраб олади, хом хаёлларга тўлдиради. Шундай бўлса-да, яна кўпроқ севаверади, ўзлигидан маҳрум бўлади. У энди шахс бўлмай қолади, мақсадга эришиш йўлидаги нарса қуролга айланади. Севгида доимо йиғлоқилик, таъсирчанлик бўлади, лекин Стрикленд бундай туйғулардан бегона. Стрикленд бирор одамнинг иродасига бўйсунишига, ҳар қанақа зулмга дош беришига ишонмайман. У ўзига кечасию кундузи ором бериши эҳтимол бўлган ҳар қандай нарсаларни юрагидан суғуриб ташлашини биламан. Агар Стрикленднинг бутун мураккаб қиёфасини тасвирлашга муваффақ бўлолсам, шу нарсани ҳам қўшимча қила оламанки, у севги учун ҳаддан ташқари эгаллаб бўлмас чўққи, шу билан бирга у бунга арзимайди ҳам. Эҳтирос ҳақидаги тушунча ҳар бир одамда шахсий қизиқишларию нафратлари асосида пайдо бўлади ва шу туфайли ҳам турличадир. Стрикленддай одамнинг севгиси ҳам фақат ўзига хосдир. Шу боисдан унинг туйғуларини таҳлил этиш фойдасиз. Ўттиз биринчи боб Эртасига қанчалик қолинг-қолинг дейишимга қарамасдан Струве уйимдан чиқиб кетди. Мендан устахонасига бориб чамадонини келтириб беришимни илтимос қилди, лекин у чамадонни олишга фақат ўзи боришини истаётганини айтди. Менимча, у уйидагилар нарсаларини йиғиштиришмаганига, шу баҳонада яна бир маротаба хотинини кўришга, эҳтимол, ўзи билан бирга бўлишга кўндиришига умид қиларди. Лекин у нарсаларини пастдан, бино назоратчисининг хонасидан топди. Назоратчи аёл Бланш уйда йўқлигини айтди. Чамаси Струве аламларини бу аёл олдида тўкиб солишдан ўзини тия олмади. У кўринган одамга дард-аламларини айтар, ҳамдардлик билдиришларини кутар, лекин бошқалар унинг устидан кулишарди, холос. Дирк ўзини аҳмоқона тутарди. Хотинининг қай маҳалда харид учун ўтишини билган ва узоқ вақт мобайнида уни кўрмасдан юришга чидай олмаган Дирк бир куни кўчада панада Бланшни пойлаб турди. Хотини у билан гаплашишни хоҳламади. Лекин уни лоақал эшитишни илтижо қилди. У минғирлаб қачонлардир айтган, хафа қилиши мумкин бўлган сўзлари учун кечирим сўради, ҳамон уни чин юракдан севишини изҳор этди, яна бирга бўлишни илтижо қилди. Аёл жавоб бермас, орқасига қарамасдан тобора илгарилаб борарди. Кўз ўнгимга Дирк семиз оёқлари билан ҳаллослаб хотинининг орқасидан югургилагани намоён бўлди. Тез юргани туфайли нафаслари тиқилиб, ўзининг бахтсизлигини гапирар, раҳм қилишини ўтинар, кечиргудай бўлса, у истаган нарсасини амалга оширишини айтарди. У хотинини ўзи билан узоқ-узоқларга кетишга ялиниб қистар, шундай қилсак Стриклендни эсингдан чиқариб юборасан, дерди. Бу бемаъни манзарани менга гапириб берганда ўзимни тутиб туролмадим. Ўз қадр-қимматини бу қадар ҳам ерга уриш бўладими! У ўз хотинининг нафратини қўзғатиши мумкин бўлган ҳамма ишни қилди. Зеро хотин кишининг ғазабидан кўра кучлироқ ғазаб йўқ дунёда. Бундай вақтда аёл кишида эрига нисбатан ҳеч қандай раҳм-шафқат қолмайди, жиловсиз нафратгина қолади, холос. Бланш Струве тўсатдан тўхтади-да, эрининг башарасига қулочкашлаб тортиб юборди. Кейин унинг саросимага тушиб қолганидан фойдаланиб, тепага, устахонага югургилаб чиқиб кетди. Бирор сўз ҳам айтмади. Струве бу ҳодисани менга сўзлаб бераётганида бамисоли ўша тарсаки оғриғини қайтадан ҳис этгандай юзини ушлаб қўйди. Шу дақиқадаги кўриниши жуда афтодаҳол бўлиб, одамнинг раҳмини келтирарди. У калтаклаб ташланган мактаб ўқувчисига ўхшарди. Чин юракдан унга раҳмим келарди, лекин кулгидан ўзимни аранг тутиб турардим. Кейин у ҳар куни хотини майда-чуйда харид қиладиган дўконлар олдида изғишни одат қилди. У бундай пайтларда ё кўчанинг нариги томони, ё бўлмаса, йўл ёқасидаги бирор бурчакда биқиниб турар, ёнгинасидан ўтиб кетаётган хотинини жимгина кузатарди. Эндиликда аёл билан гаплашишга журъат эта олмас, юрагидаги бутун илтижоларини нигоҳида ифодалашга ҳаракат қиларди. Чамаси, у изтироб чекаётган афтодаҳол кўриниши билан аёлнинг раҳмини келтиришига умид боғларди. Аёл эса уни пайқамасди ҳам. Бошқа йўлдан юришга, харид қилиш пайтларини ўзгартиришга ҳам уринмасди. Унинг бепарволиги ўта шафқатсизлигининг натижаси эди. Ҳатто унга азоб бериш аёлга хуш ёқармикан деган хаёлга бориш мумкин эди. Аёл уни бунчалик ёмон кўришининг сабабини тушуна олмасдим. Мен Струведан эс-ҳушингни йиғиб ол, деб ялинардим. Бунчалик латта бўлиш мумкин эмас-ку, ахир, деб ёзғирардим! — Бу нарса яхшиликка олиб келмайди, — дердим унга, — бундан кўра хотинингни яхшилаб бир дўппосласанг, сени масхара қилиши барҳам топган бўларди. — Мен унга вақтинча уйига жўнаб кетишни маслаҳат бердим. У кўпинча менга Голландия шимолидаги тинчгина шаҳарча тўғрисида, ота-оналари шу шаҳарчада ҳамон камтарона ҳаёт кечириб туришгани ҳақида гапириб берарди. Отаси дурадгор экан. Уларнинг қизил ғиштли шинамгина уйлари эски канал бўйига қурилган экан. У жойнинг кўчалари кенг ва деярли одам ўтмаслигини гапириб берарди. Мана икки юз йилдирки, шаҳар ўлик шаҳар тусини оларди, лекин уйлар яхши замонлардан ёдгорлик сифатида улуғвор соддалигини сақлаб қолганди. Бу уйларда бир замонлар бадавлат савдогарлар хотиржам ва фаровон ҳаёт кечирганлар, ўз молларини олис Ҳиндистонга жўнатганлар. Анча охори кетган бинолардан ҳамон бахтли кунларнинг ҳиди анқиб тургандай. Канал соҳили бўйлаб юрилса ҳамон шамол тегирмони турган, сигирлар эринибгина майса чимдиётган ям-яшил майдонларга чиқилади. Назаримда, бу жойларда Дирк Струве болалик хотираларига берилиб, содир бўлган бахтсиз ҳодисаларни унутадигандай туюларди. Лекин у бу ердан кетишни истамасди. — Ҳар эҳтимолга қарши мен шу ерда бўлиб туришим керак. Бирор кор-ҳол рўй берса, мен унга керак бўлиб қолишим мумкин. Ўшанда бу ерда бўлмасам, унинг ҳоли не кечади? — Сенингча, қандай ҳодиса рўй бериши мумкин? — Билмадим, лекин жудаям қўрқиб кетяпман. Мен елкамни қисиб қўйдим. Шунчалик бахтсиз кунларини кечираётганига қарамай, Дирк Струве ҳамон қувноқ шахс бўлиб қолаётганди. Озроқ бўлса-да, озиб, ранги кетиб қолганда ҳам эҳтимол бировларнинг раҳми келган бўлармиди. Лекин унда заррача ўзгариш рўй бермади, ҳамон у шардай дум-думалоқ, қип-қизил юзлари худди обдон пишган олмадай ялтилларди. Аввалги башанг кийиниши ҳам заррача ўзгармаганди. Одатдагидай, чиройли тикилган қора костюми, кичикроқ келиб қолган ва шу боисдан бошига қўндирганида кулгили ва қовушиқсиз кўринадиган қалпоғини кийиб юрарди. Дирк барча кўргиликларига қарамай, тор келиб қолган эскироқ шимидан энди воз кечганди. Ҳозир у ҳар қачонгидан кўра иши ўнгидан келаётган гумаштага ўхшаб кетарди. Инсоннинг ташқи кўриниши билан ички дунёси бир-бирига мутаносиб бўлмаса ғалати бўларкан. Диркнинг нозик ва олижаноб қалби бўлиб, ҳаракатлари қизиқчиларникига ўхшаб кетарди, гўзалликни бехато ҳис этса-да, бемаъни расмлар чизарди. Ҳавас қилгудай назокатли бўлишига қарамай, совуқ қилиқлардан холи эмасди. Бировларнинг ишига ўтакетган даражада жонкуярлик билан ёндошгани ҳолда ўз ишларига бепарво эди. Табиат ўз ҳазилини шу одамда синаб кўрмоқчидай бир одам қиёфасида шунчалик қарама-қарши хусусиятларни жобажо этганди. Ўттиз иккинчи боб Стриклендни кўрмаганимга бир ойдан ошди. Мен ундан нафратланардим, имконияти топилгудай бўлса бу туйғуларимни унинг башарасига очиқ-ойдин айтган бўлардим. Лекин шу мақсаддагина уни қидириб топиш назаримда ортиқча туюларди. Мен ўзимни ҳаммавақт ҳам ахлоқий камолот учун курашувчи сифатида кўрсатишдан ийманганман. Агар шундай қилинса одам ўзига бино қўйган кимсага айланиб қолиши ҳеч гап эмас. Юмор туйғусидан маҳрум бўлмаган одам учун бу ғоят ёқимсиздир. Ўзимни кулгилироқ қиёфада кўрсатишга таваккал қилгудай бўлсам, бу ҳолат унча-мунча арзимайдиган нарса эвазига бўлмайди. Стриклендга эса заҳарханда тўғрилик хусусияти хос эди. Лекин бир куни кечқурун Клиши кўчасидаги Стрикленд ёқтирадиган, эндиликда мен кирмай қўйган қаҳвахона ёнидан ўтиб борарканман, у билан рўбарў келиб қолдим. У ёлғиз эмас, Бланш Струве билан бирга эди. Улар, одатда, Стрикленд ўтирадиган бурчакдаги стол томон боришарди. — Жин урсин сизни, шунча вақтдан бери қаерларда сандироқлаб юрибсиз. Сизларни кетиб қолгансизлар деб ўйловдим. — Сўзимнинг оҳангидан Стрикленд у билан гаплашишни истамаётганимни сезди. У билан илтифотли муомала қилиб ўтиришнинг ҳожати йўқ эди. — Йўқ, — қуруққина жавоб берди у, — ҳеч қаёққа кетганим йўқ. — Ундай бўлса нега бу ерга келмадингиз? — Парижда соатлаб лақиллашиб ўтирадиган қаҳвахоналар кўп. Бланш менга қўл узатиб, оқшом хайрли бўлишини тилади. Мен негадир у жуда ўзгариб кетган деб ўйлагандим. Лекин мен унинг эгнида кўриб ўрганганим бежирим ва камтарона кулранг кўйлакда эди. Аёл ҳамон одамга Струве уйидаги турмуш ишлари билан андармон вақтидагидек хокисор кўзлари билан қараб турарди. — Юринг, шахмат ўйнаймиз, — таклиф қилди Стрикленд. Негалигини билмадим-у, аммо унинг таклифини рад эта олмадим, қовоғимни солганча Стрикленд доимо ўтирадиган стол томон юрдим. У шахматни келтиришларини буюрди. Уларнинг ҳар иккаласи ҳам ўзларини худди ҳеч нарса содир бўлмагандай тутишарди. Ўзимни бундан бошқача тутишим аҳмоқона иш бўлишини ҳис этдим. Струве хоним қимир этмай ўйинимизни томоша қилиб ўтирарди. Аёл миқ этмасди, лекин у ҳаммавақт ҳам шунақа камгап эди. Мен унинг лабларига қарадим. Эҳтимол, бу лабларга қараб у нималар тўғрисида ўйлаётганини англаб оларман? Мен унинг кўзларида қўрқув ва изтироб соя солмаяптимикин, деб пешонасидаги чизиқлар биздан яшириб турган ҳаяжонини сездириб қўймасмикин деб кузатардим. Унинг юз ифодасидан ҳеч нарса англаб бўлмас ва ниқоб кийиб олганга ўхшарди. Қўлларини тиззаларига қўйганча қимирламай ўтирарди. Мен унинг ўта эҳтиросли аёл эканлигини билиб олгандим. Хотинига ниҳоятда садоқатли Диркнинг бошига солган даҳшатли зарбага қараганда у беқиёс шиддаткор ва шафқатсиз бўла олишини ҳам кўрсатганди. У оқкўнгил эрининг ишончли ва фаровон уйидан воз кеча олишдек таваккалчиликка журъат этган аёл эди. Агар унинг жонкуяр ва ғамхўр уй соҳибаси, ўз хонадонини намунали бошқарган аёллиги эсга олинса, ўйламай иш тутгани, доимо муҳтожлик ва азоб-уқубатлар билан яшашга жазм этгани янада ажойиб туюлади. Чамаси, бу аёл жуда ҳам мураккаб инсон эди. Бу учрашув мени жуда ҳаяжонлантириб юборди, саросимага тушдим, сўнг ўзимни қўлга олиб, эътиборимни ўйинга қаратдим. Мен доимо Стриклендни ютишга интилардим. Стрикленд ютқизган одамни мазах қиладиган ўйинчилар сирасига кирарди. Ғалабадан кейин ўз тантанасини ошкора ифодалаши мағлубият аламини янада орттирарди. Лекин унга тан бермоқ керак — ўз мағлубиятини эса бамайлихотир ортиқча изтиробларсиз қабул қиларди. Ютганида ғоят ёқимсиз бўлиб кетадиган Стрикленд мағлуб бўлганида ғоят мулойим тортарди. Одам ўйин пайтида намоён бўлади деб ҳисобловчилар бундан нозик хулосалар чиқаришлари мумкин эди. Ўйин тамом бўлгач, мен официанткани чақириб, ичган нарсаларимизнинг ҳақини тўладим-да, чиқиб кетдим. Учрашувимиз жуда зерикарли ўтди. Бу ерда айтилган бирор сўз ҳам фантазиямга озиқ бермади. Айтган гапларимнинг бирортаси ҳам улар томонидан қўллаб-қувватланмади. Мен жумбоқни ечолмай ҳайрон эдим. Уларнинг ҳаёти қандай кечади? Бу икки одам устахонада нималар тўғрисида гаплашишаётганини эшитганимдайди. Хаёлимга бирор жўялироқ фикр келмасди. Ўттиз учинчи боб Икки кундан кейин Дирк Струве уйимга кириб келди. — Айтишларига қараганда сен Бланшни кўрибсан, — пўнғиллади у. — Қаердан эшитдинг буни? — Бир одам сени у билан биргаликда қаҳвахонада кўрибди. Буни нега менга гапирмадинг? — Сени хафа қилмоқчи эмасдим. — Бемаъни гап. Мен у ҳақидаги ҳамма нарсани, ҳатто энг азимайдигандай туюладиган ҳар бир тафсилотни билишни хоҳлашимдан хабардорсан-ку. Мен унинг саволига жавоб қайтаришга тараддудландим. — Унинг кўриниши қанақа? — Ҳечам ўзгармабди. — Сенингча, бахтиёр кўриняптими? Мен елкамни қисдим. — Сенга нимасини ҳам айтардим. Биз қаҳвахонада ўтириб шахмат ўйнадик. Мен у билан бир оғиз ҳам гаплашмадим. — Юзидан қандай кайфиятдалиги кўринмаяптими? Мен бошимни қимирлатдим. Аёл бирор сўз билан ҳам, юз ифодаси билан ҳам ўз туйғуларини ошкор қилмаганлигини қайтаришга тўғри келди. Ўзини ажойиб тарзда қўлга ола билишини Дирк мендан кўра яхшироқ биларди. — Эҳ, мен жудаям қўрқаяпман. Мен бирор даҳшатли кор-хол рўй беради-ю, унга ёрдам беролмай қолишимга ишонаман. — Қандай ҳодиса рўй бериши мумкин? — суриштирдим мен. — Билмадим, — нола қилди у қўллари билан бошини сиққанча. — Қандайдир даҳшатли фалокат рўй беришини сезиб турибман. Струве ҳаммавақт ҳам сал нарсага ҳаяжонланиб кетарди, лекин ҳозир айниқса, ўзини йўқотиб қўйган, шу боис ҳеч қандай фикрга қулоқ солмасди. Мен тез орада Бланш Стрикленддан тоқати тоқ бўлади деб ўйлардим. Нима эксанг шуни ўрасан деб бежиз айтишмаган-ку. Одамлар кўпинча ўз бошларига турли фалокатларни ёғдириш учун қўлларидан келган барча ишларни амалга оширишади-да, кейинчалик ўз ақлсизликларининг касофатидан бир амаллаб қутулиб қолишади. Бланш охир-оқибатда Стрикленд билан аразлашиб қолади-да, ўз эрининг ёнига қайтади. Шу нарсани кутиб ўтирган эри эса уни дарҳол кечириб, ўтган ишларни унутиб юборади. Тўғрисини айтсам, аёл менда на ижобий ва на салбий туйғу уйғота олди. — Шундай бўлиши мумкин, ахир сен уни севмайсан-ку, — такрорларди Струве. — Нега энди уни бахтсиз деб хаёл қилаяпсан? Менга маълум бўлишича, улар дурустгина ҳаёт кечиришаётган экан. Струве менга ғамгузор кўзлари билан тикилди. — Сенга бу нарсаларнинг заррача аҳамияти йўқ, мен учун жудаям муҳим. Ўйламай айтиб юборган гапимга пушаймон бўлдим. — Эҳтимол, бир илтимосимни бажо келтира оларсан? — деди Дирк. — Бажонидил. — Менинг номимдан Бланшга хат ёзсанг. — Бундай хатни ўзинг ёза олмайсанми? — Мен бир неча марта ёздим. Лекин уларга жавоб ололмадим. У хатимни ўқиб ҳам кўрмайди, чоғи. — Сен аёллар қизиқувчан бўлишларини унутиб қўйяпсан, шекилли. Наҳотки, хатларни ўқиб кўрмаган деб ўйлайсан? — Ҳа, ўқиб кўрмаган, меники бўлганлиги учун ўқиб кўрмаган. Мен унга қарадим. Дирк ерга қаради. Унинг жавоби менга ўзини ғоят таҳқирловчи жавоб бўлиб туюлди. Дирк хотини учун ҳатто хатини очиб кўришга арзимайдиган одамга айланганини биларди. — Кейинроқ бўлса ҳам хотининг бағрингга яна қайтиб келишига ишонасанми? — У билан бирор кор-ҳол рўй берса, менга истаган пайтида бемалол суяниши мумкинлигини билиб қўйсин. Мен ёнимдан бир варақ қоғоз чиқардим. — Нима ёзишим кераклигини аниқроқ гапир. Мен шундай ёздим: “Қимматли Струве хоним! Дирк истаган пайтингизда зарурият туғилгудай бўлса ёрдамга тайёр эканлигини сизга билдириб қўйишимни илтимос қилди. Бўлиб ўтган ҳодисалар туфайли у сиздан заррача хафа эмас. У ҳамон сизни севади. Сиз уни қуйидаги . . . . . .. . . . . . манзилдан топишингиз мумкин.” Ўттиз тўртинчи боб Гарчи Стрикленд ва Бланш жуфтлиги алал-оқибатда хайрли тугамаслигини Струведан яхшироқ билсам-да, фожиа билан якун топишини кўз олдимга келтира олмасдим. Дим ва иссиқ ёз кириб келди. Толиққан асаблар ҳатто кечалари ҳам ҳордиқ чиқара олмасди. Қуёш тафти билан обдон қизиган кўчалар йиғиб олган бутун ҳароратини қайтармоқчига ўхшар, йўловчилар аранг оёқларини судраб сайр қилишарди. Мен анчадан бери Стриклендни кўрмасдим. Бошқа ишлар билан банд бўлиб, у тўғрисида бутунлай ўйламай қўйдим. Дирк ҳасрат-надоматлари билан жонимга тегди, уни ҳам учратмасликка ҳаракат қилдим. Бу нохуш тарих эди, бундан буён уни ўйламасликка интилардим. Кунларнинг бирида, эрта тонг пижама кийиб олиб ишлаб ўтирардим. Хаёлларим узоқ-узоқларда сайр этарди, кўз олдимда Бретанининг серқуёш кўрфазларию денгизнинг ёқимли шабадаси. Ўнимдаги стол устида сутли қаҳва қуюлган финжон ва ҳали еб тугатилмаган печенье турарди. Уни кундалик одатимиз бўйича бино назоратчиси бўлган аёл келтирганди. Орқамдаги хонада назоратчи аёлнинг ивирсиб юргани эшитилиб турарди. Эшик қўнғироғи чалинди. Аёл эшикни очди, Струвенинг овози эшитилиб, менинг бор-йўқлигимни суриштирди. Ўрнимдан турмасдан унга бақирдим: “Киравер!“ У хонага отилиб кириб ўзини менга ташлади. — У ўзини ўлдирибди, — деди бўғиқ овоз билан. — Нима деяпсан ўзи? — ҳайратдан бақириб юбордим. Струвенинг лаби қимирларди-ю, аммо бирор сўзи ҳам эшитилмасди. Кейин у телба одамдек нималарнидир валдиради. Юрагим орқамга тортиб кетди, негалигини билмайман-у, тўсатдан жаҳлим чиқди. — Ўзингни қўлга олчанг-чи! Калла деб нимани кўтариб юрибсан? У зўр бериб нималарнидир тушунтирмоқчи бўларди-ю, бирорта сўзи эшитилмасди. Худди сўзлаш қобилиятини йўқотиб қўйгандек эди. Негалигини ўзим ҳам тушунмаган ҳолда елкаларидан ушлаб уни силкита бошладим. Кейинчалик бу ишимни эслаб, албатта, ўзимдан хафа бўлдим. Лекин кейинги вақтдаги уйқусиз тунлар асабларимни мен ўйлагандан ҳам кўра кўпроқ қақшатиб юборган экан, шекилли. — Ўтириб олай, ахир, — ниҳоят ҳансираб гапирди у. Мен “Сен—Гальмье“ сувидан стаканга қуйиб унга узатмоқчи эдим. Лекин худди гўдакларга сув ичиргандек стаканни лабларига тутиб ичиришимга тўғри келди. У биринчи қултумни аранг ютди, бир неча томчиси кўйлагига тўкилди. — Ким ўзини ўлдирди? Нега бу саволни берганимни ўзим ҳам билмасдим. Ким ҳақида гап бораётгани шундоқ ҳам аён эди-ку. У ўзини қўлга олишга ҳаракат қилди. Кеча кечқурун улар жанжаллашиб қолишибди. Стрикленд уйдан чиқиб кетибди. — Хотининг ўлибдими? — Йўқ, уни касалхонага олиб кетишибди. — Бўлмаса нималар деб алжирадинг? — қичқириб юбордим. — Нега у ўзини ўлдирибди деб айтдинг? — Мендан жаҳлинг чиқмасин. Мен билан бундай муомала қилсанг ҳеч нарсани гапириб беролмай қоламан. Мен ўзимни қўлга олиш учун қўлларимни қаттиқ қисдим, ҳатто кулишга ҳам уриниб кўрдим. — Кечирасан. Сени шошираётганим йўқ. Ўпкангни босиб ол-да, нималар бўлганини тартиб билан гапириб бер. Диркнинг кўм-кўк думалоқ кўзларидан роса қўрқиб кетгани кўриниб турарди. Кўзойнак орқасидан улар янада даҳшатлироқ туюларди. — Бино назоратчиси бўлган аёл хатни бериш учун юқори қаватга кўтарилибди. Қўнғироқни босганда эшикни очишмабди, ичкаридан нола овоз¬лари эшитилибди. Эшик ичкаридан қулфланмаган экан, шу боис уйга кирибди. Бланш каравотда ётганмиш, стол устида эса шовул кислотали шиша ётганмиш. Струве қўллари билан юзини чангаллаганча ҳиқиллаб у ёқдан-бу ёққа юрарди. — У ўзини билармиди? — Ҳа. Эҳ, сен унинг қанчалар қийналганини билсанг эди! Мен бунга чидай олмайман. Сираям чидай олмайман! У бор овози билан нола қилди. — Жин урсин сени. Сен чидай олмайдиган нарсанинг ўзи йўқ бу ерда. — Нақадар шафқатсизсан-а! — Кейин нима бўлди? — Улар докторни топиб келишга, менга ва полицияга хабар қилишга одам юборишибди. Мен аллақачон бино назоратчисига йигирма франк қистириб, бирор ҳодиса рўй бергудай бўлса, дарҳол хабар қилишларини тайинлагандим. — У чуқур нафас олди, мен бу ҳодиса баёнини давом эттириш унга ниҳоятда оғир бўлаётганини тушундим. — Мен уйга кириб келганимда хотиним мен билан гаплашишни истамади. Уларга мени уйдан ҳайдаб чиқаришларини буюрди. Мен бўлиб ўтган барча воқеаларни унутганим ҳақида қасам ичдим, лекин у сўзларимга қулоқ солмасди. У бошини деворга уришга ҳаракат қиларди. Доктор унинг ёнида қолишим ножоизлигини айтди. У эса ҳамон: “Чиқариб юборинглар!“ деб қайтарарди. Мен ётоқхонадан чиқиб устахонада пойлаб турдим. Тиббий арава келиб, беморни замбилга ётқизишганда хотиним менинг ҳамон шу ердалигимни билмаслиги учун ошхонага чиқиб туришимни буюришди. Струве ўзи билан биргаликда касалхонага бориб келишимни истаётганди. Кийинаётган вақтимда Бланшни алоҳида хонага ётқизганини ва шу йўл билан уни касалхона ғовур-ғувуридан холи қилганини гапириб берди. Йўлда кетаётганимизда мен унга нима учун зарур бўлиб қолганимни тушунтирди. Агар у яна мен билан гаплашишни истамаса, олдига сен кирасан, деди. Ҳамон уни севишини, бу ишларни ҳеч қачон таъна қилмаслигини, фақатгина унга ёрдам беришни хоҳлашини тушунтиришимни мендан илтижо қилди. Бунинг эвазига ҳеч нарса талаб қилмаслигини, уйга қайтишга мажбурламаслигини, тамомила эркин ҳаракат қилиши мумкинлигини айтишни тайинлади. Биз касалхонага етиб келдик. Тунд ва нохуш бинони кўришингиз биланоқ, юрагингиз орқага тортиб кетарди. Қатор одамлардан обдон суриштириб, жуда кўп зинапоя ва йўлаклардан юриб, ниҳоят даволовчи врачни топди. У бемор ҳаддан зиёд ҳолдан тойганини, бугун ҳеч кимни қабул қила олмаслигини эълон қилди. Соқол қўйган, паст бўйли, оқ халат кийган врач учун Бланш билан рўй берган ҳодиса оддий ҳол эди. Чамаси, у ҳаяжонланган қариндошлар, шилқим илтимосчиларнинг бемор олдига кириш хусусидаги илтижоларига кескин рад жавобини берадиган қўполроқ врач экан, шекилли. Дарҳақиқат, дийдаси қотиб кетган врач учун бу воқеа фавқулодда ҳодиса эмасди. Жазаваси қўзиган аёл ўйнаши билан уришиб, заҳар ичган — бу кўп учрайдиган ҳолат. Врач аввалига бахтсиз ҳодисанинг сабабчиси Дирк деб ўйлаб, у билан қўпол муомала қилди. Мен Диркни аёлнинг эри эканлигини, бўлиб ўтган барча воқеаларни кечиришга тайёрлигини тушунтирганимда, врач унга қизиқиш билан синовчан тикилиб қолди. Бу тикилишда масхара маъноси ҳам бордай туюлди менга. Дирк алданган эркакнинг ўзига хос намунаси эди. Врач елкасини оҳиста қисиб қўйди. — Ҳозирги дақиқада хатар йўқ, — деди у, суриштираверганимиздан кейин. — Лекин биз қанча кислота ичганини билмаймиз. Эҳтимол, бу оғир оқибатларсиз ўтиб кетар. Аёллар кўпинча севги туфайли ўзларини ўлдирмоқчи бўлишади. Буни аксарият ҳолатларда ўйнашларини қўрқитиш ёхуд раҳмини келтириш учун қилишади. Унинг сўзларидан нафрат оҳангларини сезиш қийин эмасди. Бланш Струве врач учун Париж шаҳрида бу йили ўз жонига қасд қилган одамлардан бири эди, холос. Биз билан узоқ валақлашиб ўтиришга унинг вақти йўқ эди. Эртага келадиган вақтимизни белгилади. Беморнинг аҳволи яхши бўлиб турса, унинг ёнига киришга эрига рухсат беришини айтди. Ўттиз бешинчи боб Ўша кунни қандай ўтказганимизни билмайман. Струве бирор дақиқага бўлсин ёлғиз қола олмасди. Мен бор маҳоратимни ишга солиб, уни овутишга уринардим. Мен уни Луврга сургаб кетдим. У ўзини расмларни томоша қилаётган одам қилиб кўрсатар, лекин хаёли хотинида эканлигини билиб турардим. Овқат ейишга ҳам мен уни мажбур этдим, нонуштадан кейин куч билан ўрнига ётқиздим, лекин у ухлай олмасди. Меникида бир неча кун яшаб туришга бажонидил рози бўлди. Мен унинг қўлига китоб тутқазиб чалғитмоқчи бўлардим, бир-икки саҳифага кўз югуртириб чиққач, қаерларгадир тикилганча қотиб қоларди. Кечқурун жуда кўп партия пикет1 ўйнадик, менинг ҳаракатларим бекор кетаётганидан ҳафсалам пир бўлмаслиги учун ўзини ўйинга қизиқаётганга ўхшаб кўрсатарди. Буларнинг барчаси охирида унга уйқу дори беришим, шундан кейингина унинг ухлаб қолиши билан тугади. Эртасига касалхонага борганимизда олдимизга Бланшни боқиб ўтирган ҳамшира чиқди-да, бемор бироз ўзига келаётганини билдирди. Бизнинг илтимосимизга кўра у бемор эрини кўришни исташи ёки истамаслигини билиб чиқишга кириб кетди. Эшик орқасидан ғўнғир-ғўнғир овоз эшитилди. Ниҳоят, ҳамшира чиқиб, бирор одамни кўришни истамаслигини айтди. Агар Диркни кўришни истамаса, эҳтимол мени қабул қилар, дедим. Бунга ҳам рад жавоби берилди. Диркнинг лаблари пирпиради. — Мен беморни сизларни қабул қилишига мажбур эта олмайман. У ҳали жудаям беҳол. Эҳтимол, бир-икки кун ўтгач, ўйлаб кўрар. — Балки бирор бошқа одамни кўришни хоҳлар? — оҳиста, деярли шивирлаб сўради Дирк. — Беморнинг истаги битта, ўзини тинч қўйишларини хоҳлаяпти. Диркнинг қўллари ғалати қалтираб кетди, унинг бу аъзоси бамисоли бутун гавдаси билан алоқадор эмасдай туюлди. — Марҳамат қилиб унга айтиб қўйинг. Агар Бланш бир одамни кўришни истаса, уни ҳам олиб келаман. Мен фақат унинг бахтиёр бўлишини хоҳлайман. Ҳамшира сокин ва самимий кўзлари билан унга тикилиб қолди. Инсон зоти бошидан кечириши мумкин бўлган барча азоб ва аламларни кўрган бу кўзлар ҳамон хотиржамлигича қолганди. Ҳозир эса тамомила бошқа манзарани кўриб турганди. — У сал тузалиб хотиржамроқ бўлганда айтаман буни. Дирк изтиробдан ўзини қаёққа қўйишини билолмай Бланшдан ҳозироқ сўрашини илтижо қилди. — Эҳтимол, бу билан унинг дарди бироз енгиллашар. Ўлвораман, ундан ҳозироқ сўраб чиқинг. Ҳамшира маъюс табассум қилди, у орқасига ўгирилиб Бланшнинг олдига кириб кетди. Ичкаридан қулоғимга ҳамширанинг бўғиқ овози эшитилди, кейин бошқа, бутунлай нотаниш овоз жавоб берди: — Йўқ. Йўқ. Йўқ! Ҳамшира ёнимизга чиқди-да, бошини сарак-сарак қилди. — Наҳотки ҳалиги овоз Бланшники бўлса? — сўрадим мен. — Унинг овозини танимадим. — Беморнинг овоз пардалари, чамаси, қаттиқ куйган. Дирк умидсизликдан қичқириб юборди. Мен унга хонадан чиқиб, пастда кутиб туришини буюрдим. Ҳамшира билан танҳо қолмоқчи эдим. У нима сабабдан бундай қилаётганимни сўраб ҳам ўтирмай гапимга итоат қилиб ташқарига чиқиб кетди. Унинг иродаси бутунлай бўшашиб кетган, итоатгўй, ёш болага ўхшаб қолган эди. — Нима сабабдан бундай қилганини сизга тушунтириб бердими? — Йўқ. У гапиришни хоҳламаяпти. Фақат йиғлайди. Ўстиғи доим ҳўл. Дастрўмолини ишга солишга ҳам дармони йўқ. Кўз ёшлари юзларидан шашқатор оқиб, ёстиқни ҳўл қилаяпти. Юрагимга бир нарса санчилгандай бўлди. Шу дақиқада Стриклендни бўғиб ташлашга тайёр эдим. Ҳамшира билан хайрлашаётганимда овозим қалтираб чиққани эсимда. Дирк Струве мени зинапояда кутиб турган экан. Чамаси, у атрофидаги ҳеч нарсани кўрмас ва пайқамасди. Менинг яқинлашаётганимни ҳам то олдига келиб билагидан ушламагунимча сезмади. Кўчада кетаётганимизда миқ этиб овоз чиқармадик. Мен эса аёлни бундай даҳшатли қадамни қўйишга нима мажбур қилганини тасаввур этишга интилардим. Мен бўлиб ўтган ҳодисаларнинг барчаси Стриклендга маълум деб ҳисоблардим. Эҳтимол, уни сўроқ қилиш учун полициядан одам ҳам келгандир. Ҳозир у қаердайкин? Балки илгари устахона вазифасини ўтаган эски болохонасига қайтиб боргандир. Аёл уни ҳам кўришни истамаганлиги ғалати эди. Балки одам юборсам барибир келмайди деб қўрққандир? Нега у яшашдан воз кечиб, ўзини шафқатсизлик қаърига урдийкин? Ўттиз олтинчи боб Кейинги ҳафта таҳлика билан ўтди. Струве кунига икки маротаба хотинининг ёнига борар, у эса ҳамон эрини кўришни истамасди. Авваллари у касалхонадан мамнун ва кўнгли кўтарилиб келарди, кейинчалик эса тобора хафароқ бўлиб қайта бошлади. Зеро, врач хавфсираётган ҳолат рўй берган, тузалиб кетишига бўлган умид тобора йўққа чиқаётган эди. Ҳамшира Диркнинг дарду ғамини яхши ҳис этар, лекин тасалли бўладиган бирор сўз айтишдан ожиз эди. Бечора беморнинг бир нуқтага тикилиб турган кўзлари ўзининг ўлик жасадини кўра бошлаганди, шекилли. Энди бу икки-уч кунлик масалага айланганди, холос. Струве бир куни анча кеч кириб келганда аёл оламдан ўтганини тушундим. У тамомила ҳолдан тойганди. Одатдаги сўзамоллигидан асар ҳам қолмаганди. У миқ этмай диванга ўзини ташлади. Мен уни тинч қўйдим, бундай пайтда тасалли берувчи ҳар қандай сўз ҳам фойдасиз эканлигини билардим. У мени раҳмсизликда айбламаслиги учун илгарироқ ўқиб турган китобимни ўқишга журъат эта олмай мундштукни оғзимга қистирганча дераза олдида ўтиравердим. Ниҳоят у менга сўз қотишга ўзида куч топди. — Менга кўп меҳр-оқибат кўрсатдинг, — деди у ниҳоят. — Ҳамма ҳам менга кўп оқибат кўрсатди. — Қўйсанг-чи бу гапни, — дедим унга. — Касалхонада кутиб туришимни айтишди, стул беришди, унга ўтириб Бланшнинг эшиги олдида йўлакда пойладим. Ўзини билмайдиган ҳолатга етганда мени ичкарига қўйишди. Унинг оғзи ва энгаги куйганди. Ажойиб энгагини шу аҳволда кўриш даҳшатли эди. У жудаям хотиржам жон берди, агар ҳамшира айтмаса ўлиб қолганини билмас эканман. Дирк ҳаддан ташқари ҳолдан кетганидан йиғлагани дармони келмасди. Вужудида заррача куч қолмагандай диванга чўзилди. Тез орада уйқуга кетганини сездим. Бутун ҳафта мобайнида биринчи маротаба чинакамига уйқуга кетиши эди. Табиат гоҳо ўта шафқатсиз, гоҳо эса раҳм-шафқатли бўлади. Мен унинг устини жун рўмол билан беркитиб, чироқни ўчирдим. Эрталаб ўрнимдан турганимда у ҳамон ухлаб ётарди. У қандай ётган бўлса, шундайлигича ухлар, олтин гардишли кўзойнаги ҳали ҳам бурни устида қаққайиб турарди. Ўттиз еттинчи боб Бланш Струве шундай бир ҳолатда қазо қилдики, уни дафн этишга рухсат олиш учун жуда кўп ярамас расмиятчиликлар тўсиғидан ўтишга тўғри келди. Сўнг Дирк иккаламиз аравада тобут келтиришга бордик. Тобутни олиб келаётганимизда тўрт ғилдиракли узун арава ҳайдовчиси отларга қамчи уриб, шу қадар тез ҳайдадики, у гўё марҳума тўғрисидаги барча хотираларни елга учириб юбормоқчига ўхшарди. Даҳшатли ва ҳеч қачон эсдан чиқмайдиган манзара эди бу! Мен ҳам бу ёқимсиз тарихни хаёлимдан бутунлай чиқариб юборишни истардим. Менга бевосита алоқадор бўлмаган бу фожиа юрагимни эзарди. Ўз кўнглимда Диркка ғамхўрлик қилаётган киши бўлишга интилардим-у, аслида бошқа нарса тўғрисида гапирардим. — Вақтинча бўлса-да, бирор томонга кетишни ўйлаяпсанми? — дедим унга. Ҳозирча Париждан узоқроқ жойда бўлганинг яхшироқ эди. У жавоб бермади, лекин мен раҳмсизларча мажбур қилаётгандим. — Яқин келажакда қиладиган ишларинг тўғрисида бирор режанг борми? — Йўқ. — Сен ҳаётга қайтишинг керак. Нега Италияга бориб ўз ишингни қайтадан бошламайсан? У яна жим қолди. Шу вақт аравакаш мени ноқулай ҳолатдан қутқарди. Бир дақиқага отларни тўхтатиб, ўтирган жойидан пастга тушди-да, биз кетаётган арава олдига келиб, қаёққа юришни сўради. — Бир дақиқага тўхтанг-чи, — жавоб бердим мен. — Бирга овқатлансак деган эдим, — мурожаат этдим Диркка. — Мен бизларни Тигаль майдонига олиб бориб қўйишни буюраман. — Йўқ, мен устахонага бормоқчиман. — Сен билан бирга борайми? — Йўқ, яхшиси, ўзим кетаман. — Маъқул. Мен аравакашга манзилни айтдим ва биз яна миқ этмай йўлда давом этдик. Дирк Бланшни касалхонага олиб кетишган кундан бери ўз устахонасида бўлмаганди. Мен унинг ёлғиз қолмоқчи эканлигидан хурсанд бўлдим, эшигигача кузатиб қўйиб, хайрлашдим-да, бироз енгил тортиб уйимга жўнадим. Мен яна Парижнинг кўчалари, у ёқдан-бу ёққа кетаётган оломонни кўриб завқим қўзғалди. Ҳаво очиқ, ёқимли эди, ҳаёт қувончлари қалбимда жўш ура бошлади. Ўзимни бошқача тута олмасдим. Струве ва унинг ғам-аламлари хаёлимдан чиқиб кетди. Хурсандчилик қилишни истардим. Ўттиз саккизинчи боб Уни қарийб бир ҳафтадан бери кўрмасдим. Бир куни кечга томон соат еттиларда келиб, мени овқатлангани олиб чиқиб кетди. У азадор қиёфада эди, бош кийимига қора ҳошия ўраб олганди, ҳатто дастрўмоли ҳам қора ҳошияли эди. Унинг бундай мотам либосларини кўрганингда кутилмаган фалокат бутун қариндош-уруғларини бир йўла орадан юлиб кетгандай, ёруғ оламда лоақал бирорта ўгай амакиси ҳам қолмагандай таассурот уйғотарди. Унинг дум-думалоқ гавдаси, гўштдор қип-қизил юзлари билан мотам либосининг номутаносиблиги беихтиёр кулгу уйғотарди. Шафқатсиз қисмат унинг бошига ёғдирган чексиз ғам-ташвиш вақтида ҳам у кулгили кўринарди. У кетишга қарор қилганини, фақат мен таклиф этганимдай Италияга эмас, Голландияга кетмоқчилигини билдирди. — Эртага жўнаб кетаман. Энди биз ҳеч қачон кўришмасак керак. Мен нимадир деб эътироз билдирмоқчи бўлдим, лекин у секингина кулиб қўйди. — Беш йилдан бери уйда бўлганим йўқ. Назаримда, ҳамма нарса хотирамдан кўтарилиб кетгандай. Туғилиб ўсган жойларимдан шу қадар узилиб қолган эканманки, у ерларга лоақал озгина фурсатга бориб келиш ҳақидаги фикрнинг ўзиёқ мени чўчитиб юборарди. Эндиликда билиб турибманки, она юртим менинг ягона бошпанам экан. У қийналиб кетган, руҳи тушган, соғиниб кутаётган, ўғлини яхши кўрадиган онасини тез-тез эслаётганди. Ўзининг кулгили ҳолатига йиллар мобайнида чидаб келди, лекин энди билса, хотини уни ерга қапиштириб юборган экан. Бланшнинг хиёнати туфайли берилган сўнгги зарба унинг феълини ўзгартириб юборди. Энди у ўзининг устидан куладиганлар билан бирга кула олмасди. У тамомила ҳуқуқсиз одамга айланиб қолганди. У ўзининг болалиги, озода, ғиштли уйлари, саранжом-саришталик ва тартибни яхши кўрадиган онаси тўғрисида гапириб берди. Унинг ошхонаси озодалик бобида мўъжизанинг ўзи экан. Бирор ерга гард юқмас, ҳамма нарса жой-жойида ялтиллаб тураркан. Яшаш жойларини шундай тутиш турмуш тарзига айланган экан. Кўз ўнгимда бирор дақиқа тиниб-тинчимайдиган, эртадан кечгача озодалик ва тартиб учун жонини фидо қиладиган қизил юзли кампирнинг жонли қиёфаси гавдаланди. Баланд бўйли, ориқдан келган, тинимсиз меҳнатдан чайир бўлиб кетган Диркнинг отаси қўлларида газета тутганча хотини ва қизига (ҳозир у балиқ овловчи кема капитанига турмушга чиққан) овоз чиқариб ўқиётган манзара, аёллар вақтдан унумли фойдаланиш учун газета эшитиш билан бирга нимадир тўқиб ўтиришган ҳолат кўз олдимга келди. Тамаддун дунёсидан узоқда бўлган бу шаҳарчада ҳаёт бир маромда ўтиб борарди. Бу ҳолат ўлим то ҳаддан зиёд меҳнат қилиб толиққан одамлар учун ҳордиқ вазифасини ўташигача давом этарди. — Отам мен ҳам дурадгор бўлишимни истаганди. Беш авлод умри мобайнида бу касб отадан болага ўтиб келаётганди. Эҳтимол бунда ҳаёт донишмандлиги акс этар. Ҳеч қаёққа чалғимай ота изидан боришда қандайдир маъно бордир. Болалигимдаёқ саррож қўшнимизнинг қизига уйланаман дердим. Қизчанинг кўзлари кўм-кўк, майда қилиб ўрилган сочлари оппоқ эди. У уйимизга чиққанда ҳаммаёқ ёришиб кетарди. Струве хўрсиниб жим бўлиб қолди. Хаёл уни узоқ-узоқларга олиб кетди. Қачонлардир менсимай қараган ота касбини эгаллаганда ҳаёт ҳозир қай тарзда ўтган бўларди? Бу хаёллар унинг юрагини ғаш қилди. — Ҳаёт ғоят шафқатсиз. Ҳеч ким бу дунёда не сабабдан юрибди-ю, қаёққа кетаётганини билмайди. Итоаткорлик ҳаммамизга хос хусусият. Биз хотиржам¬ликнинг ғаниматлигини қадрламоғимиз керак. Токи қисмат бизни топмагунча ҳаётда ҳам хотиржам ва тинчгина яшашни ўрганмоғимиз лозим. Оддий одамлардаги севгининг қадрини билмоқ жоиз. Уларнинг омилиги бизнинг билимдонлигимиздан яхшироқ. Бамайлихотир, яратганнинг берганига шукрона қилиб, итоаткорлик билан яшамоқ керак. Ҳаётнинг бутун фалсафаси шу. Мен унинг эзилган руҳи гапираётганини, ўз-ўзини таҳқирлаш даражасидаги мутеликка қарши чиқаётганини англадим. Лекин сиртимда эса бошқа гапни айтдим. — Рассом бўлиш истаги сенда қандай пайдо бўлди ўзи? У елкасини қисди. — Расм чизиш иқтидорим борлиги сезила бошлади. Мактабда бу фандан ёрлиқлар олдим. Бечора онагинам рассомчиликдаги қобилиятимдан фахрланарди, кунлардан бир кун эса акварел бўёқлар билан тўла қути совға қилди. Ойим менинг чизмаларимни гоҳ руҳонийга, гоҳ докторга, гоҳ қозига кўрсатарди. Ана шулар мени Амстердамга бориб рассомлик мактабига имтиҳон топшириб кўришга юборишди. Мен имтиҳондан ўтдим. Онамнинг қанчалар хурсанд бўлганини қўяверасиз. Менинг кетиб қолишим ҳақидаги фикрдан юраги орзиқиб тушса-да, бу алам ва ташвишини кўрсатмасликка ҳаракат қиларди. Ўғли рассом бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хаёлдан беҳад хурсанд эди. Отам билан онам танга-чақаларни йиғиб бўлса-да, анчагина пул жамғаришди, Амстердамда яшашим учун беришди. Мен ишлаган биринчи расм кўргазмага қўйилганда ҳаммалари — отам, онам, опам етиб келишди, ойим расмни томоша қилатуриб, ғоят таъсирланди, одамга мулойим боқувчи кўзларидан ёш чиқиб кетди. Эндиликда эса уйимиздаги ҳар бир деворда чиройли олтин рангли рамкага олинган расмлар осиғлиқ туради. Диркнинг юзларини бир дақиқа майин табассум қоплади. Менинг хаёлимда сарв ва зайтун дарахтлари тагида деҳқонлар тасвирланган расмлари гавдаланди. Улар беўхшов ишланган рамкаларда деҳқонларнинг уйида қандай кўринаркин. — Оқ кўнгилли онам ўғлининг келажакда рассом бўлиб етишишини худодан қанчалар ёлвориб илтижо қилдийкин. Лекин мен отамнинг иродасига бўйсуниб, оддийгина ҳалол дурадгор бўлганимда, эҳтимол, яхшироқ бўлармиди деб ўйлаб қоламан. — Мана ҳозир сен санъатнинг одамга нималар беришини тушуниб етган бир пайтингда бошқа йўлдан кета олармидинг? Санъатдан олган завқингдан воз кечиш қўлингдан келармиди? — Ўруғ оламда санъатдан юқори турадиган ҳеч нарса йўқ, — жавоб берди Дирк бироз сукут сақлагач. У анчагача лом-мим демай менга қараб турди-да, ниҳоят сўз қотди. — Биласанми, мен Стриклендни кўрдим. — Сенми? Мен лол қолдим. Назаримда Стриклендни кўргани Струвенинг кўзи йўқдай туюларди. У кулимсираб қўйди. — Ўзинг менда ғурур туйғуси йўқ деган эдинг-ку. — Бу билан нимани кўзда тутаяпсан? У менга ажойиб бир тарихни гапириб берди. Ўттиз тўққизинчи боб Бечора Бланшнинг дафн маросимидан қайтганимиздан сўнг Струве мен билан хайрлашгач, юраги дов бермай турган бўлса ҳам уйга кириб кетди. Гарчи бу хонага кириш унга беҳад изтироб келтиришини яхши билса-да, қандайдир куч уни устахонага етакларди. У зинапоядан аранг юқорига кўтарилар, оёқлари ўзига бўйсунмасди. Уйга киришдан олдин худди куч тўпламоқчи бўлган одамдай эшик олдида узоқ вақтгача туриб қолди. У ўзини жуда ёмон ҳис этаётганди. Орқамдан пастга югургилаб тушиб қайтишимни илтижо қилмоқчи ҳам бўлди. Унинг назарида устахонада ҳамон кимдир бордай туюлаётганди. У уйига ҳар сафар тик зинадан кўтарилганда устахона эшиги олдида нафасини ростлаганини, Бланшни тезроқ кўриш иштиёқи туфайли юраги ҳаприқиб тезроқ уйга киришга ҳаракат қилганини эслади. Бланшни кўриш у учун ҳеч қачон сўнмас бахт эди. У ҳатто озгина фурсат, ярим соатларга уйдан чиқиб кетганда ҳам бирор ой кўришмагандай хотини сари интиларди. Рўй берган бутун воқеалар ҳозирги дақиқаларда унга туш, туш бўлганда ҳам даҳшатли тушга ўхшаб кетди. Ҳозир у калитни бураб хонага киради-ю, хотинининг худди Шарден ишлаган расмдаги гўзал аёл қиёфасига ўхшаш столга сал энгашганча алфозда ўтирганига кўзи тушади. У чўнтагидан калитни тезгина олиб, эшикни очди ва ичкарига кирди. Устахона саранжом-саришта. Батартиблик хотинининг энг муҳим фазилатларидан эди. Бланшнинг бу фазилати Диркни лол қолдирарди. Озодалик ва саранжом-саришталик она сути билан кирган Диркка хотинининг ҳар бир нарсани ўз ўрнига қўйиши қалбида миннатдорлик туйғусини кучайтирарди. Ўтоқхона ҳам худди хотини ҳозиргина бу ердан чиқиб кетгандай батартиб эди. Пардоз-андоз столчаси устида икки чўтка, уларнинг ўртасида эса бежирим тароқ турарди. Бланш охирги тунни ўтказган ўрин кимдир томонидан тузатиб қўйилган, нақшли ёстиқ устида эса хотинининг тунги кўйлаги ётарди. Хотинининг бу хонага энди ҳеч қачон қайтмаслигига ишониш қийин эди. Диркнинг томоғи қақраб кетди, сув ичиш учун ошхонага кирди. Бу ерда ҳам ҳамма нарса саранжом-саришта турарди. Плита устидаги жавонга ҳафсала билан ликопчалар тахланган. Бу ликопчаларда хотини ва Стрикленд жанжаллашиб қолишларидан олдинги оқшомда охирги маротаба овқатланишган. Пичоқ ва санчқилар йиғиштирилган, бир бўлак пишлоқ ва овқатланишганидан қолган озгинагина нон усти беркитилган темир қутичада турибди. Хотини ҳар кунги зарур маҳсулотларни ҳар куни харид қилар, шу туфайли деярли ҳеч нарса ортиб қолмасди. Полиция томонидан тузилган баённомадан Струве Стрикленд кечки овқат тугаши биланоқ, уйдан чиқиб кетганини биларди. Струве ўшандай ҳолатда ҳам Бланш дастурхонни одатдагидай йиғиштириб, идиш-товоқларни ювиб қўйишга ўзида куч ва ирода топганидан этлари жимирлаб кетди. Бу ҳолат хотини ҳамма нарсани обдон ўйлаб амалга оширганини кўрсатарди. Унинг ўзини тута билиши ҳайрон қоладиган даражада эди. Юраги орзиқиб, ўйнаб кетди, оёқлари измига итоат қилмай қолди. Ўтоқхонага аранг етиб борди-да, “Бланш! Бланш! “— деб нола қилганча ўзини ўринга ташлади. Хотинининг нақадар қийналганини эслаш унга азоб эди. Унинг кўзига бирдан ошхонада турган хотини кўриниб кетди. Мана у жажжигина ошхонада туриб ликопча, стакан, санчқи, қошиқларни ювмоқда, пичоқларни ялтирагунча артиб, сўнг жой-жойига жойламоқда, раковинани ювмоқда, сўнг сочиқнинг сувини сиқиб ташлаб қуритиш учун осиб қўймоқда. — У ҳозир ҳам осиғлиқ турибди. Атрофга назар ташлади, ҳамма нарса жой-жойида. Яна Струвенинг кўзига хотини шимарилган енгини тушириб, пешбандини ечаётгани кўриниб кетди — мана у қўзиқулоқ кислотали шишачани кўтариб ётоқхонага йўл олмоқда. Дирк бу азобга чидай олмай, дик этиб ўрнидан турди-да, ётоқхонадан отилиб чиқиб кетди. Устахонага кирди. Хонадаги каттакон ойнанинг пардаси тушириб қўйилгани туфайли, қоронғи эди. Струве шошилиб пардани кўтарди, илгари ўзини ғоят бахтиёр сезган хонага кўзи тушиши биланоқ, юраги орзиқиб кетди. Бу ерда ҳам ҳеч нарса ўзгармаганди. Стрикленд атрофдаги нарсаларга бепарво эди. Устахонадаги шароитни Струве артистона тузганди. Тасаввурида рассом зоти қандай яшаши лозим бўлса, устахонани худди ўшандай жиҳозлаганди. Деворларнинг у ер-бу ерида қадимги кимхоб қопланган, роял устида бир бўлак охори кетинқираган шойи ташлаб қўйилган. Бир бурчакда Венера Милосская, бошқа бурчакда эса Венера Медицейская суратининг нусхалари ганч аралаш лойдан ишланган бир неча барельефлар ҳам шу ерда. Веласкесовнинг Римда ишланган “Иннокентий Х”нинг нусхаси ҳам зарҳал рамкага олинган, шунингдек, ўзининг қатор расмлари осиб қўйилган. Бу расмлар ҳам одамнинг ҳавасини келтирадиган ажойиб рамкаларга олинган. Струве доимо ўз диди билан жуда фахрланарди. У рассомнинг устахонасининг романтик муҳитини эҳтирос билан севарди. Ҳозир бу нарсаларнинг барчаси ҳам юрагига санчилган ханжардай унга азоб берарди. У беихтиёр равишда уйидаги энг бебаҳо буюмлардан бири Людовик ХV услубидаги столни нарироқ итарди. Шунда тўсатдан юзи девор томонга ўгириб қўйилган расмга кўзи тушди. Бу Дирк, одатда, ишлайдиган расмларга қараганда каттароқ ҳажмли асар эди. Дирк расмнинг олдига бориб ўзига қаратди. Расмда қип-яланғоч аёл тасвирланган эди. Унинг юраги тез-тез уриб кетди. Бу Стрикленднинг асари эканлигини дарҳол англади. У расмни отиб юборди. Стрикленд бу расмни нега ташлаб кетди ўзи? Расм юз томони билан ерга тушди. Кимнинг асари бўлишидан қатъи назар, Дирк уни ерга ташлаб қўя олмасди. Шу ондаёқ ундаги қизиқиш кучайди. Расмга яхшироқ разм солиш учун уни мосламага ўрнатди-да, ўзини бир неча қадам орқага ташлади. Диркнинг нафаси қайтиб кетди. Расмда диванда ётган аёл тасвирланган, унинг бир қўли боши остида, иккинчи қўли эса танаси бўйлаб бамайлихотир чўзилган. Бир тиззаси сал букилган, бошқаси эса чўзилиб юборилган ҳолда акс эттирилган эди. Бу мумтоз кўриниш эди. Струвенинг кўз олди қоронғилашиб, ҳаммаёғи жимирлаб кетгандай бўлди. Бу Бланш эди. Алам, рашк, ғазаб унинг нафасини бўғиб қўйди. Нималардир деб қичқирар, муштларини тугиб кўринмас душманга таҳдид солмоқчига ўхшарди. У ўзини йўқотиб қўйганди. Бу энди қуюшқондан чиқиб кетган нарса эди, кўтара олмасди буни. Атрофга аланглаб расмни ҳозирнинг ўзидаёқ дабдала қилиб ташлайдиган бирор нарса қидирарди. Бу ишга ярайдиган бирор яроғ топа олмади. Асбоблари турадиган жойдан ҳам дурустроқ нарса топмади. Ақлни йўқотгудай ҳолатда, жазавада эди. Ниҳоят у қидирган нарсасини — катта шпателни топди-да, зафар қозонган одамдай қичқириб унга ёпишди. Худди ханжарни ушлагандай уни боши узра кўтариб расмга ташланди. Бу воқеани ҳикоя қилиб бераркан, Струве тасвирлаш қийин бўлган ҳаяжонга тушди, қўлига илинган пичоқни олди. Сўнг уни бир нарсага урмоқчидай қисиб ушлади, лекин шу ондаёқ уни ташлаб юборди, пичоқ жиринглаб полга тушди. Струве менга гуноҳкорона табассум қилди-да, жим бўлиб қолди. — Давом этавер, — дедим унга. — Билмадим мени нима жин урди. Мен эндигина расмни бурдалаб ташламоқчи бўлиб турганимда тўсатдан тушуниб қолдим. — Нимани? — Расмни-да. Бу ҳақиқий санъат асари эди. Унга қўл теккиза олмай қолдим. Қўрқиб кетдим. У яна жим бўлиб, менга оғзини очганча анграйиб қараб қолди. Кўм-кўк кўзлари гўё қинидан чиқиб кетгудай алпозда эди. — Бу ғаройиб, ҳайратомуз асар эди. Мени қалтироқ босиб, қўрқиб кетдим. Даҳшатли жиноятга қўл уриб қўйишимга сал қолган экан. Расмга олисроқдан тикилмоқчи бўлганимда ҳалиги шпателга қоқилиб кетдим. Даҳшат! Қандайдир дақиқада Струвенинг ҳаяжони менга ҳам ўтди. Назаримда, мен бутунлай бошқа оламга, барча нарсалар айқаш-уйқаш бўлиб ётган оламга кириб қолгандай анграйиб қолдим. Струве расм тўғрисида сўзлаб бермоқчи бўлар, лекин унинг фикри пойинтар-сойинтар чиқар, нима демоқчи эканлигини идрок этишга интилардим. Стрикленд ўзи билан Струвени боғлаб турган барча йўлларни парча-парча қилиб ташлаганди. У ўзлигини эмас, балки ўзининг куч-қувватга тўлган янги, ҳали ҳеч ким идрок этмаган қалбини ҳам топганди. Бу оддийгина расм эмасди, мўъжиза даражасидаги санъат асари, хаёлотни ҳали юрилмаган сўқмоқлар, кенгликларга бошлайдиган тамомила янги расм эди. Мен гапдонликка берилиб кетдим, шекилли, (Одам ҳаяжонланаётганда худди роман қаҳрамони сингари гапиришини ким билмайди дейсиз.) У илгари ўзига маълум бўлмаган туйғуларни ифодалашга ҳаракат қилди ва буни оддий сўзлар билан тасвирлашнинг эвини қила олмай баландпарвозроқ сўзларга интилган. Менга фақат унинг нутқидаги бир нарса равшан эди. Одамлар гўзал сўзини шу қадар бепарво талаффуз этадиларки, натижада бу сўз ўз маъносини йўқотади-да, фикр юритилаётган нарса гўзаллиги ва улуғлигидан маҳрум бўлади. Бир сўз билан айтганда одамлар кўйлак, ит, насиҳатни гўзал деб тасвирлашади, ҳақиқий гўзалликка дуч келишганда, уни ифодалашга сўз тополмай қоладилар. Улар ўзларининг майда ва арзимас фикрларини ясама пафосга ўраб бера бошлайдилар, бу ҳолат уларнинг таъсирчанлигини ўтмаслаштиради. Худди товламачи одам ясама кўтаринкилик билан ўз фикрларини яширишга урингандай ҳолат рўй беради. Самимий ҳазилкаш ва қалби тоза Струве санъатни чин дилдан севар ва яхши идрок этарди. Санъат унинг учун худди диндор одамга худодай муқаддас нарса эди. Ҳақиқий санъат асарини кўрганда қўрқиб титраб кетарди. — Стрикленд билан учрашиб қолганингда нима дединг? — Мен билан бирга Голландияга кетишни таклиф қилдим. Мен лол бўлиб қолдим ва телбанамо Струвега тикилдим. — Биз иккаламиз Бланшни севардик. Ойимнинг хонадонида унинг учун ҳам жой топиларди. Назаримда, содда, бечораҳол одамлар орасида яшаш уни тинчлантирган бўларди. Шунингдек, улар орасида кўпгина фойдали нарсаларни ўрганиб оларди. — У қандай жавоб берди? — Кулиб қўйди ва чамамда мени аҳмоқ деб ўйлади. Кейин эса бундай бўлмағур ишларга хоҳиши йўқлигини билдирди. Мен эса Стрикленд таклифдан воз кечишини бошқачароқ ифодалаши лозиммасмидийкин деб ўйлаб қолдим. — У Бланшнинг портретини менга берди. Мен Стрикленд нима учун бундай қилганига ҳайрон қолдим, лекин лом-мим демадим. Биз анчагача жим қолдик. — Уйингдаги нарсаларингни нима қилдинг? — сўрадим ниҳоят ундан. — Яҳудий олибсотарни чақириб келдим. Нарсаларимга ёмон ҳақ тўламади. Расмларни эса ўзим билан олиб кетаман. Расмлар ва кийим-бош ва бир неча китоблар солинган чамадондан бошқа ҳеч нарсам қолгани йўқ. — Уйингга кетаётганинг яхши бўляпти. Ўтмиш билан хайрлашишгина уни қутқариб қолиши мумкинлигини тушунардим. Эҳтимол, у ҳозирги кунларда ғам-аламларга чидолмайдиган даражададир, вақт ўтиши билан эса ҳаммасини унутар ва яна ҳаёт икир-чикирларига ўралашиб кетар. У ҳали ёш, орадан йиллар ўтгач, бошига тушган бахтсизликларни эслаб юрар. Эртами-кечми бирор дурустроқ голланд аёлига уйланиб бахтли бўлиб кетар. У ҳали умри мобайнида яна кўпдан-кўп ёмон расмлар ишлаши мумкинлиги ҳақидаги фикр ёдимга келиб кулиб қўйдим. Эртасига уни Амстердамга кузатиб қўйдим. Қирқинчи боб Ўз ишларим билан банд бўлганлигим боис, бутун ой мобайнида бу ғамли тарихни ёдга туширадиган бирор кимсани учратмадим, бора-бора буларнинг барчаси ёдимдан ҳам кўтарилиб кетди. Лекин кунлардан бир кун қаёққадир шошилиброқ кетаётган вақтимда кўчада Стрикленд орқамдан етиб олди. Унинг қиёфаси мен унутиб юборган даҳшатли ҳодисани эсимга туширди ва тўсатдан буларнинг барчасига сабабчи бўлган одамга нафратим қўзиб кетди. Унга имо қилиб қўйдим-да — лоақал имо билан сўрашмаслик болалик бўлур эди — қадамимни тезлатдим. Лекин орадан бирор дақиқа ўтгач, елкамни ушлаётганини ҳис этдим. — Жудаям шошаяпсизми? — самимий сўради Стрикленд. Унинг характерли хусусияти ўзи билан учрашишни, гаплашишни истамаган одамларга самимий муносабатда бўлишдир. Менинг унга нисбатан совуқ алпозда имо қилишим заррача хафа қилмаганди уни. — Ҳа, — дедим расмий муомала қилиб. — Сизни бироз кузатиб қўяй, — деди у. — Нега? — Суҳбатингиздан лаззатланиш учун. Мен индамадим, у ҳам мен билан ёнма-ён кета бошлади. Чамаси, чорак чақирим шундай кетдик. Аҳвол кулгили эди. Лекин биз идора товарлари дўкони олдидан чиқиб қолдик. Эҳтимол қоғоз керак бўлиб қолар, деб дўконга кирмоқчи бўлдим. У билан ажрашиб кетишга яхшигина баҳона эди бу. — Мен бу ёққа кираман, — дедим унга, — яхши қолинг. — Мен сизни кутиб тураман. Мен елкамни қисиб қўйдим-да, дўконга кириб кетдим. Лекин шу ондаёқ, француз қоғози сотиб олишга арзимайди. Ҳамонки, ҳийлам иш бермадими, кераксиз нарсани сотиб олишнинг ҳожати йўқ, деб ўйладим. Яна ниманидир сўрадим, йўқ жавобини эшитгач, кўчага чиқдим. — Қидирган нарсангизни сотиб олдингизми? — Йўқ. Биз яна жимгина олдинга юриб майдонга чиқдик. Мазкур майдонга бир неча кўча келиб бирлашарди. Мен тўхтаб, сўрадим. — Сиз қайси томонга? — Сиз қаёққа бўлса мен ҳам ўша томонга, — деб кулди. — Мен уйга кетяпман. — Мен уйингизга кириб тамаки чекиб оламан. — Менимча, сиз таклифимни кутганингиз яхши бўлармиди, — совуққина жавоб бердим. — Албатта, бунга ишончим комил бўлганда шундай қилардим. — Ҳов анави деворни кўряпсизми? —сўрадим ундан. — Кўряпман. — Ундай бўлса мен сизни кўришни ҳам, гаплашишни ҳам истамаслигимни кўришингиз керак деб ўйлайман. — Эътироф этишим керакки, мен буни сезгандим. Чидаб туролмай пишқириб юбордим. Ҳамма гап шундаки, мени кулдиришга мажбур этадиган одамлардан нафратланиш қўлимдан келмасди. Лекин ҳозир ўзимни қўлга ола билдим. — Сиз разил одамсиз. Бахтимга сиздан кўра ярамасроқ одамни умрим мобайнида бошқа учратмаганман. Сиздан жирканадиган, кўришга кўзи йўқ одам нега керак бўлиб қолди? — Қизиқ, нега энди мен тўғримдаги сизнинг фикрингизга қизиқади деб хомхаёл қиляпсиз? — Жин урсин, — дедим ғазаб билан. Мен келтирган баҳоналар менга обрў келтирмаслигини сезиб қолдим. — Мен шунчаки сизни кўришни ҳам истамайман. — Ўзингизни йўлдан уришимдан қўрқаяпсизми? Очиғини айтсам, ўзимни кулгили аҳволда ҳис этаётгандим. У менга зимдан истеҳзо билан тикилиб турарди, ўзимни қўярга жой тополмай қолдим. — Ҳозирги вақтда нима қилишингизни билолмай қолгандирсиз? — Агар сизнинг менга қарз беришингизга ишонсам, ўзимни тўнка деб ҳисоблардим. — Ҳамонки сиз ялтоқилик йўлига ўтган экансиз, мазангиз қочипти шекилли. Оғзи қулоғига етганча кулди. — Мен барибир сизга ёқаман, ахир аҳён-аҳёнда бўлса-да, аския қили¬шингизга имконият яратаман-ку. Мен кулиб юбормаслик учун лабларимни тишладим. У ҳақиқатни айтаётганди. Ҳақиқатан аҳмоқ бўлса ҳам гапдон кишилар менга ёқарди. Мен энди фақат иродамни қўлга олиш орқалигина унга нисбатан нафратимни жиловлай олишимни аниқ ҳис этдим. Ўзимнинг маънавий беқарорлигимдан ўкиндим. Менинг Стриклендга бераётган танбеҳларим ясамага ўхшаб кўринаётганди. Ҳамонки, буни ўзим сезиб турганимдан сезгир Стрикленд муқаррар равишда фаҳмлаган. Шубҳасиз, у устимдан кулаётганди. Мен унга эътироз билдириб ўтирмай, ўз ғуруримни индамай ва елкаларимни қисганча сақлаб қолишга ҳаракат қилдим. Қирқ биринчи боб Биз мен яшайдиган уй олдигача етиб келдик. Уни уйга таклиф қилмай, миқ этмай зинадан кўтарила бошладим. У орқамдан қолмай юриб келарди. Уйимда биринчи маротаба бўлиши эди. Кўз кўрганда қувнайдиган даражага келтиргунгача анча меҳнат сарфланган хонанинг саранжом-саришталигига ҳам эътибор бермади. Стол устида тамаки солинган қутича турарди. У кириши биланоқ, мундштугига тамаки тўлдириб, қулай оромкурсига эмас, стулга, шунда ҳам қийшайиброқ ўтирди. — Ҳамонки, уйда ўрнашиб олишга қарор қилган экансиз, нега оромкурсига ўтира қолмадингиз? — ғазабланиб сўрадим. — Нега менинг қулай ўрнашиб ўтиришим тўғрисида ташвиш чекяпсиз? — Сизни эмас, ўзимни ўйлаяпман. Кимдир нобоп стулда ўтирса, мен ўзимни ноқулай ҳис этаман. У пишқириб қўйди, лекин ўрнидан қўзғалмади, миқ этмай чекаверди. Менга эътибор ҳам бермай, чамаси, ўз хаёллари билан банд эди. Нима учун бу ерга келганига тушуна олмай ҳайрон эдим. Кузатувчанлик кўп йиллик одатига айланган ёзувчи ҳам ўзини куза¬тишаётганини, ўрганишаётганини сезиб қолса, ғалати ҳолатга тушаркан. Қабоҳатни кузатишдан оладиган артистона мамнуният ўзини ҳам чўчитиб қўяркан. Сирасини айтганда, унинг ҳалоллиги айрим номақбул ҳаракатларни қоралашдан кўра, уларнинг сабабларини очиш кўпроқ қизиқтиришини эътироф этишга олиб келади. Теран ва ёрқин яратилган разил одам характери ёзувчини кўпроқ ўзига жалб этади. Менимча, Шекспир ой нуридай мусаффо Дездемонага қараганда Ягони яратаётганда кўпроқ лаззатланган бўлса керак. Эҳтимол, ёзувчи аҳли товламачи ва ярамас одамларнинг образларини яратаётганда табиат томонидан ўзига жойланган, лекин маданий дунё урф-одатлари ва қонунлари туфайли онг остига яширинган туйғуларни қаноатлантиришга ҳам ҳаракат қилади. Фантазияси орқали яратаётган образларига ўзидаги “мен“нинг бир қисмини ҳам ҳадя этади. Унинг бу қувончи озодлик қувончи ҳамдир. Ўзувчи ҳукм чиқаришдан кўра кўпроқ ўрганишга даъват этилган. Стрикленд менда беқиёс қўрқув, шу билан бирга қандайдир совуқ қизиқиш уйғотарди. У мен учун жумбоқ эди, шу билан бирга ўзига бошпана бериб, меҳр кўрсатган одамларни фожиага олиб келган ҳаракатининг сабабини билишга қизиқардим. Ва мен пичоқни усталик билан унинг юрагига урдим. — Струвенинг айтишича, хотинининг сурати ишлаган барча асарларингиз ичида энг яхшиси эмиш. Стрикленд мундштугини оғзидан чиқарди, кўзларида енгил табассум зуҳр этди. — Ҳа, уни чизиш жуда қизиқарли бўлди. — Нега расмни унга бердингиз? — Расмни тугатдим, шунинг учун у менга керак эмас. — Биласизми, Струве уни тилка-пора қилиб юборишига сал қолибди. — Расмни унчалик уддалай олмаганман. У бир неча дақиқа жим турди, сўнг мундштукни оғзидан чиқариб кулди. — Биласизми, ўша мешқорин менинг ёнимга келди. — Наҳотки, унинг таклифи сизга таъсир қилмади? — Йўқ. Бу ғоят аҳмоқона иш бўлур эди. — Сиз унинг ҳаётини барбод қилганингизни унутиб қўйгансиз, шекилли, — дедим мен. У ўй суриб соқолини тутамлади. — У жуда ёмон рассом. — Лекин жуда яхши одам. — Ва ажойиб ошпаз, — масхараомуз деди Стрикленд. Унинг тошбағирлигида ноинсоний нимадир бор эди, мен у билан хушмуомала муносабатни йиғиштириб қўйгандим. — Мен азбаройи қизиққанимдан сўраяпман, айтинг-чи, Бланш Струве вафот этгандан кейин озгина бўлса-да, виждонингиз қийналдими? Мен унинг юз ифодасини диққат билан кузатиб турдим, лекин унда заррача ўзгариш сезмадим. — Нима сабабдан виждоним қийналаркан? — Ҳозир сизга бир неча далилларни келтираман. Сиз ўлим ёқасида эдингиз, Дирк Струве сизни ўз уйига олиб келди. У сизни худди боласидай парвариш қилди. Вақти, пуллари, бутун имкониятини қурбон қилди. Ўлим чангалидан қутқариб қолди. Стрикленд елкасини қисди. — Бечора фақат бировларга яхшилик қилишни истайди. Бу ҳаётининг маъноси. — Сиз унга ташаккур билдиришга мажбур эмассиз, деб фараз қилайлик, лекин сиз унинг хотинини ажратиб олишга мажбурмидингиз? Сиз пайдо бўлмасингиздан олдин улар бахтиёр ҳаёт кечиришаётган эди. Нега сиз уларни тинч қўймадингиз? — Нега сиз улар бахтиёр ҳаёт кечиришган деб ўйлаяпсиз? — Бу кўриниб турган нарса эди. — Мунча ақлли бўлмасангиз? Сизнингча, аёл ўзи учун эри қилган ишни кечиришга қодир эдими? — Бу билан нима демоқчисиз? — У қандай қилиб хотинига уйланганини биласизми? Мен бошимни сарак-сарак қилдим. — Бланш қандайдир рим князининг хонадонида тарбиячи бўлиб ишлар экан, хўжайиннинг ўғли уни бузиб қўйибди. Бланш йигит менга уйланар деб ўйлар экан. Улар эса қизни кўчага ҳайдаб юборишибди. Бланш ҳомиладор бўлиб қолган экан, ўзини ўлдирмоқчи бўлганда, Струве уни кўчадан топиб, уйланибди. — Унинг руҳига тўғри келадиган иш бу. Мен ҳаётда бу қадар юмшоқкўнгил одамни кўрмаганман. Мен кўпинча бир-бирига сира ўхшамайдиган одамларни нима бирлаштирди экан, деб ҳайрон бўлардим, лекин бундай тафсилот хаёлимга ҳам келмаганди. Диркнинг хотинига бўлган фавқулодда севгисининг сабаби шу экан-да. Унинг хотинига муносабатида эҳтиросдан кўра бошқачароқ нарса бор эди. Аёлнинг ўзини тутишида, назаримда, мен изоҳлашим қийин қандайдир ҳолат яширинган эди. Бу нарса уятли сирни яшириш истаги бўлганлигини эндигина тушуниб етдим. Унинг осойишталиги ҳозиргина даҳшатли бўрондан қутулган оролнинг тинчлигига ўхшар экан. Унинг қувноқлиги ҳам зўраки қувноқлик бўлгани маълум бўлиб қолди. Стрикленд мени ҳайрон қолдирган хулосаси билан ўйларимга чек қўйди: — Аёл зоти эркакнинг ўзига нисбатан ёмонлиги, қаҳр-ғазабини кечириши мумкин, лекин унинг қурбонлигини кечира олмайди. — Бу хавфдан қўрқмасангиз ҳам бўлади. Унинг лаблари салгина қимирлаб қўйди. — Сиз ҳаммавақт чиройли сўз учун нуқтаи назарларингизни ҳам қурбон қилаверасиз, — деди у. — Бола нима бўлди? — Улар уйланишганидан уч ёки тўрт ой ўтгач, бола ўлик туғилган. Шу онда мен учун доимо жумбоқ бўлиб келаётган нарсани сўрадим. — Марҳамат қилиб айтинг-чи, нима сабабдан сиз Бланш Струве билан қизиқиб қолдингиз? У анча вақтгача жавоб бермади, энди саволимни қайтармоқчи бўлиб турганимда: — Қаердан биламан? — деди ниҳоят. — У мени жинидан ёмон кўрарди. Бу жуда қизиқ эди-да. — Тушунаман. — Жин урсин, мен уни истаб қолдим. Лекин шу ондаёқ у ўзини тутиб олди-да, кулимсираб менга қаради. — Аввалига у қўрқиб кетди. — Сиз унга нима дедингиз? — Нега? Бунинг ҳожати бормиди? У шундоқ ҳам биларди. Мен унга бир оғиз ҳам сўз айтмадим. У мендан қўрқарди. Пировард-натижада эса уни забт этдим. Гапириб бериш оҳангидан унинг аёлни эгаллашга бўлган эҳтироси ниҳоятда кучли бўлганлигини англадим. Беихтиёр титраб кетдим. Бу одамнинг бутун ҳаёти моддий нарсаларга бефарқлик билан ўтаётганди. Бадани, чамаси, вақт-вақти билан руҳидан шафқатсиз ўч олиб турарди. Бланш воқеасида ҳам ўз эҳтиросини жиловлаб ололмай, миннатдорчилик туйғуси ва ақл-идрокни улоқтириб ташлаб муносабатда бўлган. — Уни ўз эридан тортиб олиш сизга нима учун керак бўлиб қолди? — Мен буни истамаганман, — жавоб берди қовоғини солиб. — Аёл мен билан бирга кетишини айтганда, мен ҳам Струведан кам ҳайрон бўлганим йўқ. Мен унга жонимга текканингдан кейин лаш-лушингни йиғиштиришга тўғри келади деб айтдим. У бунга розилигини билдирди. — У бироз сукут сақлади. — Унинг бадани ҳайратомуз эди. Мен унинг яланғоч баданини чизмоқчи бўлдим. Портрет битганидан кейин эса у мени қизиқтирмай қўйди. — У эса бутун вужуди билан севган экан-ку. У ўрнидан туриб кетди ва хона бўйлаб у ёқдан-бу ёққа юрди. — Мен севгига зор эмасман. Бунга менинг вақтим йўқ. Севги бу заифлик. Лекин мен эркакман, баъзида аёл кишини кўнглим тусаб қолади. Эҳтиросимни қондирганимдан кейин эса мен бошқасини истайман. Мен ўз истагимни жиловлаб туролмайман, лекин уни кўргани кўзим йўқ. У менинг руҳимни жиловлайди. Менга ҳеч қандай нарса халақит бермайдиган, ўзимни буткул ишга бағишлайдиган вақтларни орзу қиламан. Аёлларнинг қўлларидан севишдан бошқа ҳеч нарса келмайди. Севгига улар қанчалик аҳамият беришларини фақат худо билади. Улар бизни ҳаётдаги асосий нарса — севги деб ишонтирмоқчи бўлишади. Лекин севги арзимас нарса. Мен қўмсаш ва ҳирсни биламан. Бу табиий, севги эса касаллик. Аёллар менинг эҳтиросимни қондириш учунгина мавжуд, лекин мен уларнинг ёрдамчи, дўст, ҳамкор бўлиш тўғрисидаги аҳмоқона даъволарига чидай олмайман. Мен ҳеч қачон Стрикленднинг бу қадар кўп ва бу қадар қаҳр-ғазаб билан гапирганини эшитмаганман. Лекин мен ҳозир ҳам аввалгидек унинг сўзларини қандай бўлса, шундайлигича, аниқ етказишга ҳаракат қилаётганим йўқ. Унинг сўз бойлиги камбағал, чиройли сўзлаш қобилияти ҳам унда бутунлай йўқ эди. Шу туфайли ҳам унинг фикрларини юзидаги ўзгаришлари, китоблари ва имо-ишоралари орқали ифодалашга тўғри келди. — Сиз аёллар қул, эркаклар қулдор бўлган даврларда яшасангиз бўларкан, — дедим мен. — Ҳа, мен шунчаки рисоладаги эркакман, холос. Ғоят жиддий тарзда айтилаётган бу гапга кулмасликнинг иложи йўқ эди. Лекин Стрикленд уйнинг у бурчагидан бу бурчагига худди қафасдаги йиртқичдек бориб келаркан, юрагидаги гапларини тушунтиришга ҳаракат қиларди. — Агар аёл сизни севса то қалбингизни эгалламагунча тиниб-тинчимайди. У ожиз ва шу туфайли ҳам тўла ҳукмронлик қилиш иштиёқи билан ёнади. Бундан камига у рози эмас. Ақли товуқча бўлмаган аёлларнинг мавҳумроқ нарсаларга фаросати етмайди. У турмуш икир-чикирлари билан андармон, барча мукаммал нарсалар унинг рашкини қўзғотади. Эркакнинг юраги коинотнинг юксак кенгликларига интилади, аёл эса уни ҳисоб-китоб дафтарчасининг ичига яширмоқчи бўлади. Хотинимни эслайсизми? Бланш ҳам тез орада унга ўхшади-қолди. Ҳайратланарли сабр-матонат билан мени ҳам боғлаб олишга тайёрланарди. У мени ўзининг даражасига туширмоқчи бўлди. У мен ҳақимда бирор нарса билишни истамасди, фақат бус-бутун унга тааллуқли бўлишимни истарди. Ахир у мендан нарироқда бўлишдан бошқа барча хоҳишларимни бажаришга тайёр эди. Мен анчагача жим ўтирдим. — Сиз уни итқитиб юборганингиздан кейин нима қилиши керак эди деб ўйлайсиз? — У Струвенинг ёнига қайтиб бориши мумкин эди, — жаҳл билан жавоб берди у. — Струве уни қабул қилишга рози эди. — Аблаҳона мулоҳаза, — жавоб бердим. — Қўйинг, бундай масалалар бўйича сиз билан муҳокама юритиш қуёш ботишини сўқир туғилган одамга таърифлаш билан баробар. У юришдан тўхтаб, менга жирканиб қаради. — Наҳотки, сизга Бланш Струвенинг ҳаёт ёки ўлганлиги барибир бўлса? Мен ўйланиб қолдим, зеро мен бу саволга иложи борича ҳалол жавоб бергим келарди. — Эҳтимол, мен шафқатсиз одамдирман, шу боисдан унинг ўлими мени жудаям ғамга толдиргани йўқ. Ҳаёт унга кўп яхшиликлар ато этди. Буларнинг барчаси маънисиз шафқатсизлик туфайли барбод бўлгани даҳшатлидир. Унинг фожиасига нисбатан лоқайдлигим менга шараф келтирмайди. — Сизнинг қарашларингиз дадил, лекин уларни ҳимоя қилишга жасоратингиз етишмайди. Ҳаётнинг баҳоси йўқ. Бланш Струве мен ташлаб кетганим учун эмас, балки тантиқ ва ўзини тутолмайдиган аёл бўлгани учун ўзини ўлдирди. Лекин у тўғрида гапириш етар, зеро, Бланш унчалик муҳим шахс эмас. Юринг, мен сизга ўз расмларимни кўрсатаман. У мени нима биландир чалғитиш керак бўлган боладай муомала қиларди. Ғазабим қўзғаганди, лекин бу ғазаб унга нисбатан эмас, кўпроқ ўзимга тегишли эди. Струвелар жуфтлигининг Монмартрдаги устахонада бахтиёр ҳаёт кечиришлари оқкўнгил, самимий, меҳмондўстликлари ҳамон кўз ўнгимдан кетмасди. Даҳшатли, раҳмсиз тасодиф буларнинг барчасига барҳам берди. Лекин энг даҳшатли нарса шундаки, атрофдаги ҳеч нарса ўзгармади. Ҳаёт ўз йўлида давом этарди, бу бахтсизлик ҳеч кимнинг юрагида ҳеч қандай из қолдирмади. Дирк мулоҳазакор эмас, қизиққон одам бўлганлиги боис, тез орада ўз ташвишларини унутиб юборар деб ўйлагандим. Лекин Бланш... у болалигида қандай ширин хаёллар сурганийкин? Бланш бу дунёда нима учун яшади. Буларнинг ҳаммаси нақадар маънисиз ва аҳмоқона. Стрикленд шляпасини қидириб топди-да, менга тикилиб қаради. — Борасизми? — Нега сиз мен билан алоқа қилишда давом этаяпсиз? — сўрадим ундан. — Ахир сизни кўргани кўзим йўқлигини, сиздан нафратланишимни биласиз-ку. У самимий кулимсиради. — Сизнинг мен тўғримдаги фикрингизга тупиришимни билганингиз учунгина ғазабланасиз мендан. Ғазабдан қизариб кетганимни сездим. Йўқ, бу одам ўзининг шафқатсиз худбинлиги нафрат уйғотишини тушунишга қодир эмас. Мен лоқайдликни кўксига қалқон қилиб олган одамни нишонга олиб, дабдаласини чиқаришни мўлжаллардим-у, лекин афсуски, унинг сўзларида ҳақиқат учқунлари ҳам бор эди. Ахир биз бошқалар устидан ҳукмронлигимизни кўпроқ онгсиз равишда уларнинг бизнинг фикримизга қандай муносабатда бўлишларига қараб белгилаймиз, таъсиримизга тушишни истамайдиганларни ёмон кўра бошлаймиз. Инсон ғурури учун бундан кўра шафқатсизроқ алам йўқ. Лекин мен Стрикленднинг сўзлари таъсир қилганини билдириб қўйишни истамасдим. Инсонга бошқа одамга нисбатан илтифотсизлик кўрсатиш, менсимаслик ҳуқуқи бериладими? — бу савол ундан кўра кўпроқ ўзимга қаратилган эди. — Одам жуда майда нарсаларда ҳам бошқаларга боғлиқ, алоқадор. Фақат ўзи учун яшаш мумкин бўлмаган нарса. Эртадир-кечдир одам қариб, ҳориб-чарчаб ва хасталанган бўлса-да, яна тўдага қайтади. Юрагингиз тинчлик ва осойишталик истаб қолган вақтда ўзингиз уялиб қоласиз. Сиз мумкин бўлмаган нарсани қидирасиз. Яна қайтариб айтаманки, одам эртами-кечми зерикиб, бошқалар бағрига қайтади. — Юринг, расмларимни кўрамиз. — Сиз ҳеч ўлим тўғрисида ўйлайсизми? — Нега? У бунга арзимайди. Мен ҳайратланиб унга тикилиб қолдим. У менинг олдимда қимир этмай, кўзларида истеҳзо зуҳр этиб турарди. Лекин шунга қарамай, мен унинг қалбида тўсатдан юксак мақсадга интилган оташин, эзилган руҳ яширинганини сезиб қолдим. Бир дақиқа ичида тинимсиз изланаётган, қандайдир юксак нарсаларга интилаётган одам қиёфасини кўрдим. Мен увадаси чиқиб кетган костюм кийган, катта бурунли, сариқ соқолли, сочлари ҳурпайган, кўзлари ёниб турган, ғалати қиёфали одамни эмас, унинг сиймосида гўё танасиз руҳни кўрдим. — Хўп, майли, юринг, расмларингизни томоша қиламиз, — дедим унга. Қирқ иккинчи боб Негалигини билмадим-у, лекин, тўсатдан Стрикленд расмларини менга кўрсатгиси келиб қолди. Бундан жудаям хурсанд бўлдим. Одамнинг қандайлиги ишларида аён бўлади. Кўпчилик ўртасида эса ўзини қандай кўрсатишни хоҳласа шундай кўрсатишга ҳаракат қилади. Унинг майда ва онгсиз равишда қилган ҳаракатлари ва юз ифодаси орқалигина у тўғрисида тўғри хулосага келиш мумкин. Ўзига ниқоб кийиб юрадиган одам вақт ўтиши билан бу ниқобга ўрганиб қолади ва ҳақиқатан ҳам аввалига қандай кўринмоқчи бўлса, ўшанга ўхшаб қолади. Лекин ўз китоби ва расмларида у ўзини ҳимоя қила олмайди. Унинг даъволари эса ҳавойилигини кўрсатади. Тараша тарашалигича қолади-да. Ҳеч қандай кучанишлар ўртамиёна асарни олий асарга айлантира олмайди. Дидли заршунос эскиздаёқ уни яратган рассомнинг қалбини кўра олади. Яшириб ўтирмайман, сон-саноқсиз зиналардан Стрикленднинг қия шифтли болохонасига кўтарилаётганимизда жуда ҳаяжонландим. Менга ажойиб кашфиёт остонасида тургандек туюлаётганди. Ниҳоят унинг хонасига кирганимда ҳаммаёққа қизиқиб аланглай бошладим. Назаримда хона аввалгидан кўра кичикроқ ва яланғочроқ туюлди. “Қизиқ, — ўйладим ичимда, — таниш рассомларим бу хона тўғрисида маҳобатли устахоналарда ишловчи, қуршаб олган муҳит дидга мос келмаса, ижод этиб бўлмайди, деб фикрловчи таниш рассомларим бу хона тўғрисида қандай фикрда бўлишаркин”. — Анави ерда туринг. — Стрикленд менга расмлар яхшироқ кўринадиган нуқтани кўрсатди. — Сиз эҳтимол жим туришимни афзал кўрарсиз, — сўрадим ундан. — Албатта-да, жин урсин сизни, тилингизни тийиб туринг. У расмни мольбертга ўрнатиб, икки дақиқалар чамаси томоша қилишимга имконият берар, сўнг мольбертга бошқа расмни қўярди. У ўттизга яқин расмини кўрсатди. Булар ижодни бошлаган давр, олти йил мобайнида яратган асарлари эди. У ҳали бирорта асарини ҳам сотмаган. Расмларининг катта-кичиклиги ҳар хил эди. Кичикроқлари натюртмортлар, каттароқлари манзарали расмлар эди. Булар орасида олтитага яқин портрет асарлари ҳам бор. — Мана ҳаммаси шу, — деди у ниҳоят. Бу расмларнинг гўзаллиги ва фавқулодда ўзига хослигини дарҳол идрок эта олганимни тезроқ унга айтгим келарди. Мазкур асарларнинг кўпчилигини яна кўрганимдан кейин (айримларини эса илгарироқ репродукциялардан кўрган эдим) илк маротаба томоша қилган пайтимда улардан ҳафсалам пир бўлганига энди ўзим ҳам ҳайрон бўлаётгандим. Ўша вақтда бошимдан кечирганим ҳаяжонланиш ҳам чинакам санъат асари таъсири эканлигини ҳам фаҳмламабман. Стрикленд асарлари мени саросимага солиб қўйибди. Ўшанда унинг бирорта асарини сотиб олиш хаёлимга келмагани учун ўзимни кечира олмайман. Бахтли тасодифни қўлдан бой бергандим. Уларнинг кўпчилиги музейлардан жой олди, бошқалари бадавлат ҳомийларнинг коллекцияларига қўшилди. Мен ўзимни оқлашга ҳаракат қиламан. Назаримда, менинг яхшигина дидим бор, аммо унга оригиналлик етишмайди. Рассомчиликда кўп нарсаларга ақлим етавермайди ва доимо бошқалар юрган йўлдан юраман. Ўша пайтларда мен импрессионистларга мойил эдим. Сислей ва Дег асарларини қўлга киритишни орзу қилардим, Моне асарларидан лол бўлардим. Унинг “Олимпия“ асари янги даврнинг шоҳ асари бўлиб туюларди, “Майса устидаги нонушта“ эса бутун қалбимни лол этганди. Бу асарларни рассомчиликдаги энг кейинги кашфиётлар деб хаёл қилардим. Стрикленд менга кўрсатган расмларни шарҳлаб ўтирмайман. Бундай шарҳлар доимо одамни зериктиради, бундан ташқари, унинг расмларини рассомчиликдан хабардор одамларнинг ҳаммаси билади. Эндиликда, Стрикленд санъати замонавий рассомчиликка улкан таъсир кўрсатгани, унинг рассомчиликда тамомила янги йўлдан юрганлиги барча томонидан эътироф этилган бир вақтда, унинг расмларини илк маротаба кўраётган одам ҳам руҳан бу асарларни кўришга тайёр бўлади. Мен эса умрим бино бўлиб, бундай расмларни мутлақо кўрмагандим. Шу туфайли бўлса керак, Стрикленднинг расм ишлаш техникаси жудаям тўпори бўлиб туюлганди. Эски рассомларнинг асарларини кўравериб, ўрганиб қолган, Энгр янги даврнинг улуғ рассоми деб ишонган мен учун Стрикленд қобилиятсиз рассом деган қарорга келгандим. Рассомчиликдаги соддалик унинг мақсади эканлигини фаҳмламагандим. Эсимда, натюртмортларининг бирида думалоқ идишнинг шакли қийшайган ҳолда, ичидаги апельсинлар ҳам бели ичига ботган ҳолда тасвирланган эди. Портретларда одамларнинг юзлари ҳаётдагидан кўра каттароқ кўрсатилар, бу эса ёмон таассурот қолдирарди. Мен уларни карикатура асарлари сифатида қабул қиларим. Улар мен учун тамомила янгича услубда чизилганди. Яратган манзара расмлари ҳам мени ҳайрон қолдирарди. Расмларнинг икки ёки учтасида Фонтенбло ўрмонлари, қолганларида Париж кўчалари тасвирланган бўлиб, бир қарашда уларни маст аравакаш чизганга ўхшарди. Мен эсанкираб қолдим. Ҳаддан зиёд кўзга ташланадиган ранг, қандайдир аҳмоқона, тушуниш қийин бўлган масхарабозлик эди. Буларни эслар эканман, Струвенинг дидига аввалгидан ҳам кўпроқ қойил қолдим. У расмларга илк маротаба назар ташлагандаёқ, бу асарлар санъатда инқилоб эканлигини англаб етди, ҳали ҳеч ким танимаган, кейинчалик бутун дунёни лол қолдирган даҳо рассомни илк қадамлариданоқ эътироф этди. Саросимага тушиб, гарчи нима қиларимни билмасам-да, бу асарлардан лол қолганлигим ҳақиқат эди. Рассомчиликдан ҳеч қандай билимим бўлмаса-да, бу асарларда қандайдир улуғ куч борлигини англадим. Бутун вужудимни ҳаяжон қоплади. Бу расмлар мен учун жудаям муҳим бўлган нарсалар тўғрисида ҳикоя қилмоқчилигини аниқ билардим-у, лекин бу нарсалар нималигини англай олмасдим. Расмлар менга мажруҳдай туюларди-ю, лекин уларда қандайдир улуғ, одамни сескантирадиган ва ҳаяжонга соладиган сирлар яширинганга ўхшарди. Улар менда уйғотган туйғуларни таҳлил қилишдан, сўз билан ифодалаб беришдан ожиз эдим. Менга Стрикленд моддий нарсаларда руҳий моҳиятни ғира-шира бўлса-да, идрок эта бошлагандай туюлди. Шу туфайли ҳам у фикрларини мажҳулроқ рамзларда ифодалаш йўлларини ахтаришга тушди. Худди чексиз коинот кенгликлари орасидан янги шаклларни қидираётганга ва шу нарсаларни расмлар орқали қайта жонлантиришга ҳаракат қилаётганга ўхшарди. Мен бу расмларда ўзлигини ифодалашга интилаётган ва шу йўл билан озодликка ташна изтиробли руҳни кўраётгандим. Мен Стриклендга қарадим: — Назаримда сиз фикрларингизни ифодалашнинг нотўғри йўлини танлагансиз. — Нима деб валдираяпсиз? — Чамаси, сиз нимадир айтишга ҳаракат қиляпсиз. Баайни нимани айтмоқчи бўлаётганлигингизни мен билмайман. Лекин шубҳа қиламанки, бу нарсани рассомчилик асарларида ифодалаш мумкинмикин ўзи? Мен Стрикленднинг асарлари унинг ғалати шахсини тушунишга ёрдам беради деб ўйлаганимда хато қилган эканман. Ҳақиқатда эса бу асарлар мени янада кўпроқ ҳайрон қолдирди. Энди мен бутунлай ҳеч нима англамай қўйдим. Мен англаган ягона нарса шу бўлдики, эҳтимол бу ҳам хаёллар ўйини бўлса ажабмас, у ўзини эзиб турган қандайдир кучдан қутулишни истарди. Бу куч нимаю ва ундан озод бўлиш нимани англатиши ҳам мавҳум бўлиб қолаётганди. Бизлардан ҳар биримиз бу дунёда яккаю ягонамиз. Ҳар бир одам мис минорага қамалган ва ўз қардошлари билан имо-ишоралар орқалигина муомала қилиши мумкин. Лекин бу белгилар ҳамма учун ҳам бир хил эмас ва шу туфайли барча уни тушунавермайди. Биз бошқалар билан ўз қалб хазинамизни зўр бериб баҳам кўрмоқчи бўламиз, лекин улар бундан қандай баҳраманд бўлишни билишмайди. Зеро, биз ҳаётда улар билан биргаликда елиб борамиз. Лекин уларни доимо ҳам тушунавермаймиз, улар ҳам бизни тушунавермайди. Биз бегона юртда бу ердагиларнинг тилини деярли билмасдан яшаётган одамларга ўхшаймиз. Улар бизга жуда кўп ажойиб теран фикрларни айтмоқчи бўлишади-ю, аммо биз тушунишимиз учун энг содда сўзларни гапиришади. Уларнинг миясида бир-биридан қизиқроқ ғоялар ғужғон уради-ю, бироқ ўта содда сўзлар билан чекланишади. Шундай қилиб, Стрикленд расмларини кўришдан чиқарган асосий хулосам, қалбнинг қандайдир ҳолатини ифодалашга зўр бериб интилиш туйғусининг кучлилигидир. Мени ҳайрон қолдирган нарсани ана шу интилишдан қидирмоқ керак деб ўйладим. Бўёқлар ва шакллар, шубҳасиз, Стрикленд учун аҳамиятга эга бўлган. У ўзи ҳис этган туйғуларни ифодалаш учун кучли эҳтиёж сезган. Бўёқ ва шаклни ҳам шу учун танлаган. У ўзи излаган нарсаларга яқинлаштиргудай бўлса, бўёқ ва шаклларни ҳеч иккиланмай ўзгартирган. Унинг учун далилларнинг аҳамияти йўқ эди, зеро, у шунчаки далиллар уюми остидан ўзи муҳим деб ҳисоблаган нарсаларнигина кўрарди. Чамаси, у коинотнинг қалбини англаб етганди ва шуни ифодалашга ўзида мажбурият туярди. Бу расмлар биринчи қарашда ҳайрон қолдирса-да, лекин қалбнинг томир-томирларига етиб борарди. Нимаданлигини ўзим ҳам билмаган ҳолда мен тўсатдан ва кутилмаганда Стриклендга раҳмим келиб қолди. — Нима сабабдан Бланш Струвега яқинлашиб қолганлигингизнинг сабабини энди тушундим, — дедим унга. — Нима учун экан? — Мардлик туйғуси сизни тарк этган. Танангиздаги кучсизлик юрагингизга тазйиқ ўтказган. Мен сизга қандай алам тинчлик бермаётганини, хавфли изланишларга чорлаётганини, юрагингизга азоб бераётган шайтонни ҳайдаб чиқаришга ундаётганини билмайман. Менимча, сиз эҳтимол, бутунлай мавжуд бўлмаган муқаддас нарсага тинмасдан интиладиган дарвешсиз. Нимага интилаётганингизни фақат мен эмас, ўзингиз ҳам билмайсиз. Эҳтимол, сиз Ҳақиқат ва Озодликни ахтарарсиз. Қанадайдир дақиқада севги сиз ўзингиз кутган озодликни келтирадигандай туюлгандир. Сизнинг эзилган руҳингиз менимча, аёл кишининг бағридан осойишталик қидиргандир. Лекин шунда ҳам ўз мақсадига эришмагач, сиз ўша аёлдан нафратлангансиз. Унга нисбатан шафқатсизлик қилдингиз, чунки сиз ўзингизга ҳам шафқатсизсиз. Сиз уни қўрқув туфайли ўлдирдингиз. Чунки эндигина қутулганингиз хавф-хатардан ҳамон қалтираётган эдингиз. У совуққина кулиб қўйди ва соқолини тутамлади. — Жуда кўнгли бўш одамсиз-да, дўстгинам. Бир ҳафтадан кейин Стрикленд Марселга жўнаб кетганини эшитдим. Шундан кейин уни бутунлай кўрмадим. Қирқ учинчи боб Стрикленд ҳақида ёзганларим, албатта, ҳеч кимни қониқтира олмайди. Буни ўзим ҳам яхши биламан. Кўз ўнгимда содир бўлган баъзи воқеаларнигина қайта ҳикоя қилиб бердим, холос. Лекин улар, чамамда, мажҳулроқ бўлиб қолди. Буларнинг ичида энг ғалатиси Стрикленднинг рассом бўлишга қарор қилишидир. Бу ҳолат менинг ҳикоямда шунчаки бир инжиқлик бўлиб туюлган бўлса ажаб эмас. Табиийки, бундай қарорга бекордан-бекорга келмагандир. Лекин мен бунга нима туртки бўлганини билмайман. Унинг сўзларидан эса мен ҳеч нарса англай олмадим. Агар мен ғаройиб одамнинг ҳаёти тўғрисида ўзимга маълум фактларни шунчаки санаб ўтадиган бўлсам, бундай кескин бурилишнинг турли-туман изоҳларини ўйлаб топган бўлардим. Эҳтимол, Стрикленднинг рассомчиликка жиловлаб бўлмас иштиёқини, бу иштиёқи болалигида ота иродаси туфайли йўққа чиққани ёхуд нон топиш йўлида қурбон қилинганини, ҳаёт талабларига беписандлик билан қараганини, санъатга интилиши-ю, биргина даллоллик касби ўртасидаги курашни тасвирлаган, ўқувчининг муҳаббатини унга қаратган, унинг ғоят салобатли сиймосини яратган бўлардим. Эҳтимол, шунда кимлардир унинг сиймосида янги Прометейни кўрган бўлармиди. Шунда балки барча азобларга бардош берган қаҳрамоннинг замонавий талқинини яратармидим. Бу эса эътиборни тортадиган сюжет бўларди. Оилавий ҳаётдаги ҳаракатларининг мотивларини ҳам худди шундай муваффақият билан изоҳлаш мумкин. Шундай қилинса, менга ўнларча вариантлар хизмат қиларди. Масалан, ҳали юзага чиқмаган қобилияти у танишган ёзувчи ва рассомлар давраси туфайли аён бўлиши мумкин. Чунки бу даврада унинг хотини ҳам бор. Ўхуд оилавий даврадан қаноатланмаган ҳолда бутунлай ўз дунёсига берилиш ё бўлмаса авваллари қалбида милт-милт этиб турган учқун муҳаббат туфайли алангага айланиши эҳтимолдан узоқ эмас. Бу ҳолда Стрикленд хонимни бутунлай бошқа қиёфада тасвирлашга тўғри келарди. Шунда далиллар билан ҳисоблашиб ўтирмай, Стрикленд хонимни минғир-минғир қилавериб, жонга тегиб кетадиган, эрининг маънавий эҳтиёжларидан йироқ аёл сифатида тасвирлардим. Улар ўртасидаги оилавий муносабатларни узлуксиз давом этадиган азоб-уқубатлардан иборатлигини, бундан фақатгина қочиб қутулиш мумкинлигини кўрсатардим. Шундай бўлганда руҳий жиҳатдан тамомила бегона аёлга узоқ вақтдан бери дош бериб келаётганлигини ёрқин бўёқлар билан акс эттирардим. Болалари тўғрисида эслатиб ўтишнинг ҳожати ҳам йўқ эди. Стриклендни бирор кекса рассом билан учраштириш ҳам қизиқарли бўлиши мумкин. Масалан, кекса рассом ё муҳтожлик, ёхуд бойлик орттиришга иштиёқ туфайли қачонлардир ўз истеъдодидан воз кечган. Стрикленддаги имкони¬ятларни чамалаб кўрган нуроний уни ўз йўлидан воз кечиб, муқаддас санъатга қайтишга кўндиради. Катта бойлик орттирган ва жамиятда маълум мавқега эга бўлган бу нуроний бошқа одам сиймосида бўлса-да, ўзи орзу қилган санъат — энг яхши қисмат деб билувчи ва журъатсизлиги туфайли ета олмаган орзусига эришмоқчи бўлади. Стрикленд мактабни битирибоқ, биржа даллоллари идорасига ишга киради. Уйлангунгача ҳаёти унинг муҳитидаги ёшлар сингари ўтади, озгина-озгинадан биржада ўйнаб туради, отлар ва эшкакчилар пойгасида қатнашади. Бўш вақтларида бокс билан шуғулланади. Камини тепасига Лангтри хоним ва Мэри Андерсеннинг расмлари осиб қўйилганди. У “Панч” ва “Спортинг таймс” сингари нашрларни ўқирди, Хампстедда бўладиган рақсларга бориб турарди. Стриклендни узоқ муддат мобайнида эътибордан қочириб қўйганлигимнинг унчалик зарари йўқ. Мўйқалам санъатининг сирларини ўрганиш билан ўтган йиллар бир хилда зерикарли кечди. Тирикчилик ўтказиш, у шуғулланган ишларни эслатиш эса ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Бу тўғрисида ҳикоя қилиш бошқа одамлар ҳаётидаги воқеаларни ҳикоя қилиш демакдир. Устига-устак, бу воқеалар Стрикленд характерида ҳеч қандай из қолдирмаган. У замонавий Париж тўғрисидаги романга хомашё бўладиган жуда кўп воқеаларни кўрди, лекин улар билан қизиқмади. Гапларига қараганда Париждаги ҳаёти айтарли таассурот қолдирмаган эмиш. Эҳтимол, унинг Парижга келиши қариб қолган вақтига тўғри келиб қолгандир, шу боис катта шаҳардан унчалик таъсирланмагандир. Энг қизиғи шундаки, у менга ишнинг кўзини биладиган одамга ўхшаб кўринмади. Ўша йиллардаги унинг ҳаёти романтикага тўла эди, лекин буни ўзи сезмасди, шекилли. Романтикани ҳис этмоқ учун, чамаси, одам бироз артист бўлмоғи, ўз ҳаракатларига қизиқиш билан ва четдан баҳо бера билмоғи керак. Стрикленд бунга томомила қобилиятсиз эди. Мен ҳаётда ўзига бу қадар эътиборсиз одамни учратмаганман. Лекин мен ўз санъатини ўзига бўйсундириш йўлидаги машаққатли йўлни кўрсатиб бера олмайман. Агар мен омадсизликларни матонат билан енгган, умидсизликка мутлақо берилмаган, рассомнинг ашаддий душмани — шубҳа ва ишончсизликка қарши дадил курашганини ҳикоя қилсам унчалик ёқимли бўлмаган одамга нисбатан муҳаббат уйғотиб қўйишимни биламан. Бунга асосим ҳам йўқ. Мен Стриклендни худди бошқалар сингари иш устида кўрмаганман. Ўз курашининг сирларини ҳеч қачон ошкор қилмасди. Ўз устахонасида танҳоликда қандай кунларни бошидан кечиргани, изтироблари фақат ўзигагина аён эди. Энди унинг Бланш Струве билан муносабатларига келсак, яккам-дуккам ва бир-бири билан боғланмаган фактлардан ташқари ихтиёримда ҳеч нарса йўқ. Ўз ҳикоямга яхлитлик бағишлаш учун мен уларнинг алоқалари қандай қилиб ва нима сабабдан фожиа билан тугаганини кўрсатишим керак эди. Лекин мен уларнинг уч ойлик ҳаётлари қандай кечганини билмайман. Вақтни қай тарзда ўтказишгани ва нималар тўғрисида гаплашишгани ҳам менга маълум эмас. Бир кеча-кундузда йигирма тўрт соат вақт бор. Лекин жуда кам дақиқалардагина инсон ҳиссиётларининг чўққисига чиқилади. Куннинг бошқа дақиқаларида улар нима қилишларини тасаввур этишим мумкин эди, холос. Кундуз кунлари, Бланш ҳали чарчамаган вақтларда, чамаси, унинг расмини чизган, аёл эса рассомнинг ишга муккасидан тушиб кетганини кўриб аччиғланган. Аёл унинг учун маъшуқа, ўйнаш сифатида эмас, модел сифатида керак бўлган. Лекин орадаги бўш соатларда ёнма-ён яшашса-да, миқ этмай ўтираверишган. Аёлни бу нарса қўрқитгандир, эҳтимол. Бланш у билан бирга бўлиш орқали ҳаётининг фожиали дамларида ёрдамга шошилган Дирк Струведан ўч олган. Стрикленднинг ҳаракатлари даҳшатли хаёлларга боришга асос берарди. Инсон қалбининг нозик тебранишларини ким ҳам била оларди? Ундан олижаноб ва рисоладагидек туйғуларни кутадиган одамларгина бундан холи бўлиши мумкин. Бир неча дақиқа давом этадиган эҳтиросли дамларга қарамай Стрикленд ўзи учун бегоналигини сезгач, умидсизликка тушади. Бланш Стрикленд учун шахс эмас, фақат лаззатланиш қуроли эканлигига ишонч ҳосил қилгач, зўр бериб уни ўзига боғлаб олишга беҳуда уринади. Аёл унга барча қулайликларни яратиб берди, лекин бу одам учун қулайликнинг сариқ чақача қадри йўқлигини пайқамади. Бланш унга лаззатли таомлар тайёрларди, аммо Стрикленд буларга тамомила бефарқ эди. Аёл уни ёлғиз қолдиришдан қўрқарди, уни эътибор ва меҳрибончилик билан қуршаб олишга интиларди. Аёл Стрикленднинг эҳтироси сўниб қолган пайтларда уни янгитдан аланга олдиришга ҳаракат қиларди. Зеро, у шундай сониялардагина буткул аёл измида бўлишни ҳис этарди. Эҳтимол, аёл Стриклендни чирмаб ташлаган занжир фақат унинг ғазабини қўзғатишини ақлан англар, лекин Бланш қалби ақлига итоат этмасди, ўз йўлидан қолмасди. Бу эса уни ҳалокатли хатоликка олиб келди. Аёл жудаям бахтсиз эди. Лекин кўр-кўрона муҳаббат, Стриклендга мафтунлик туфайли аёл эркакдан ҳам шундай муносабат қайтишига умид қиларди. Стрикленд тўғрисидаги ҳикоям унинг ҳаётини яхши билмаганлигим туфайли, анча-мунча камчиликлардан холи эмас. Мен унинг аёллар билан муносабатлари тўғрисида кўп ёздим. Чунки бу муносабатлар шундоққина кўзга ташланиб туради. Аслида бу нарса унинг ҳаётида унчалик катта ўрин тутмайди. Тақдирнинг ҳазилини қарангки, унга яқинлашган аёлнинг қисмати фожиа билан якунланаверган. Унинг ҳаёти бир сўз билан айтилса, асос-эътибори билан орзулару мислсиз меҳнатдан иборат бўлган. Мана шу ерда адабий уйдирма бошланади. Муҳаббат инсон ҳаётининг қирраларидан бири, холос. Романларда эса унга биринчи даражали ўрин ажратилади, бу эса ҳаётий ҳақиқатга мутаносиб эмас. Муҳаббат ўз ҳаётининг энг муҳим омили деб ҳисобловчи эркаклар жуда кам топилади. Бундай эркакларни ҳатто муҳаббатни ҳаётнинг асосини ташкил этади деб билувчи аёллар ҳам ёқтиришмайди. Сажда қилиш аёлларга хуш ёқади, ҳаяжонга солади, лекин, барибир, улар эркаклар муҳаббат туфайли ҳамма нарсани эсидан чиқариб юборадиган нотавон кимсалар деган туйғудан қутула олишмайди. Эркаклар ҳатто аёлларга эҳтирос билан муҳаббатларини изҳор қилиб турган қисқа онларда ҳам бошқа нарсалар хаёли билан банд бўладилар. Бирининг эътибори яшаш воситасига айланган ишларида, бошқасининг хаёли спорт ёки санъатда бўлади. Кўпчилик эркаклар ўз фаолиятларини турлича соҳалар бўйича ривож-лантиришади. Улар айни пайтда ўзларини қизиқтириб турган масалаларга эътиборларини буткул қаратишлари мумкин. Эркак ва аёл севгиси ўртасидаги тафовут шундаки, аёллар бутун кун мобайнида хаёллари шу нарса билан мунтазам банд бўлса, эркаклар ўқтин-ўқтингина эслаб қўйишади. Стрикленднинг ҳаётида истак жуда кам ўрин эгаллаган. Бу нарса унга иккинчи даражали ва зерикарли туюлган. Унинг қалби ўзга нарсага интилган. У жиловлаб бўлмас эҳтиросга эга эди, истак эса баъзан унинг вужудини ёриб чиққудай бўларди. Лекин у ўзини назорат қила олмайдиган даражадаги бу инстинктни ёқтирмасди. Назаримда, Стрикленд эҳтиросни ўзи билан биргаликда баҳам кўрадиган одамни ҳам ёқтирмасди. Ўзини қўлга олган дамларда ҳозиргина ҳузурланган аёлга нисбатан ҳам нафрати қўзғаб қоларди. Хаёллари уни тоғлик ўлкаларга олиб қочар, шундай пайтларда аёл зоти даҳшатли нарса бўлиб кўринарди. Буни гулдан-гулга учиб юрган йўл-йўл қанотли капалакка қиёс қилса бўлади. Назаримда, санъат жинсий инстинкт намоён бўлишидир. Чиройли аёлни кўрганда эркаклар юраги бир хил туйғуни бошдан кечириб, ўйноқлаб кетади. Стрикленд жинсий инстинктнинг рисоладагидек намоён бўлишини ёқтирмаган бўлса эҳтимол. Унинг учун бу нарса бадиий ижод бахти билан солиштирганда ҳеч нарсага арзимас туюлган. Менинг ўзимга ҳам шафқатсиз, худбин, қўпол ва ўта таъсирчан одам ҳақида ёзиб бўлганимдан кейин пировард-натижада чинакам идеалист бўлганлиги ҳақидаги хулосага келдим. Лекин далиллар ўжар нарса. У исталган хизматкордан хароброқ турмуш кечирган. Ҳаммадан кўра оғирроқ меҳнат қилган. Пулга, шон-шуҳратга бепарво эди. Кўпчилигимиз сингари жамият билан муросаи мадора йўлини билмаган. Унинг хаёлига лоақал бирор маротаба бўлсин муросасозлик келмаган. У Париждай шаҳарда Фивей даштларида таркидунё қилиб юрган дарвешга қараганда ҳам танҳороқ яшаган. Одамлардан ҳеч нарса таъма қилмасди, тинч қўйганларига хурсанд эди. У фақат бир мақсадга интилган, бу мақсадга интилиш йўлида ўзини қурбон қилишга тайёргина эмас — бунга кўпчилик қодир деса бўлади—балки ҳар қандай ишга тайёр бўлган. У қатъиятли эди. Ҳа, Стрикленд ёмон, шу билан бирга улуғ одам эди. Қирқ тўртинчи боб Ижодкорнинг санъатга қараши катта аҳамият касб этади. Шу туфайли Стрикленднинг ўтмишдаги улуғ санъаткорларга қандай муносабатда бўлганлигини айтиб ўтишим зарурдир. Мен, албатта, бу тўғрида кўп нарса билмайман. Стрикленд сўзамол одам эмасди. Айтадиган фикрини тингловчининг эсида қоладиган аниқ сўзлар билан ифодалай олмасди, гапга тўн кийдира олмасди. Ҳазили ҳам — агар юқорида унинг гапириш услубини бироз бўлса-да ифодалаб беролган бўлсам, киноявий характер касб этарди. Ҳазил қилганда ҳам қўпол чиқарди. У гоҳида суҳбатдошини кулишга мажбур этарди, лекин бу ҳазили ғалатилиги, ҳақ гапни тўппа-тўғри айтиши билан ҳайрон қолдирарди. Агар биз кўпроқ ҳақ гапни айтиб ўрганган бўлсак, бу гапларга кулмаса ҳам бўларди. Стрикленд табиатан унчалик ақлли зот эмасди, санъатга қарашлари ҳам оригиналлиги билан ажралиб турмасди. Мен ҳеч қачон руҳан ўз ижодига яқин бўлган рассомлар, масалан, Сезанн ва Ван-Гог тўғрисида гапирганини эшитган эмасман. Мен ҳатто уларнинг асарларини кўрганлигига ҳам ишонмайман. Импрессионистлар ижоди ҳам уни унчалик қизиқтирмасди. Уларнинг техникасини эътироф этгани ҳолда импрессионистик тасвирни дағал деб ҳисобларди дейиш фикридан узоқ эмасман. Бир куни Струве Моне асарларини обдон мақтаганда: “Менга Винтерхальтер афзалроқ туюлади”, — деган эди. Чамаси бу фикрни Струвенинг аччиғини чиқариш учун айтган ва албатта, мақсадига эришган эди. Илгари ўтган рассомлар тўғрисида Стрикленднинг бирор арзирлироқ, фавқулодда фикрини келтира олмаслигим ғоят ачинарлидир. Бу одам характерида ғалатиликлар шу қадар кўпки, эски рассомлар хусусидаги аблаҳона фикрлари унинг портретини самарали якунлаш имконини бермайди. Мен унинг ўз ўтмишдошлари тўғрисидаги фавқулодда назарияларини келтиргим келади, лекин афсуски, унинг фикрлари жамоатчиликка аллақачон маълум бўлган фикрлардан нари ўтмаслигини қайд этишга мажбурман. У Эл Грекони билганлигига шубҳаланаман, лекин Веласкесга фавқулодда эҳтирос билан муносабатда бўларди. Шарден уни ҳайратга соларди, Рембрандт эса жазавага туширарди. У Рембрандт асарлари тўғрисидаги таассуротларини шу қадар шалоқ сўзлар билан ифодалардики, мен бу сўзларни қайтаришга ҳам истиҳола қиламан. Лекин унинг Брейзелларнинг каттасига бўлган фавқулодда қизиқиши бутунлай кутилмаган ҳодиса эди. Стрикленд ўз фикрларини ифодалашнинг уддасидан чиқа олмасди. Мен унинг фикрларидан бирор нарсани англаб олиш қийин бўлганлиги сабаблигина воситачилик қилдим ва бироз бўлса-да, маъно чиқаришга интилдим. — Бу ҳақиқий рассом, — эътироф этди Стрикленд. — Гаров ўйнайманки, у ўз асарларини яратаётганида бутун аъзои баданидан шашқатор тер чиқиб кетган бўлса керак. Кейин Венада Питер Брейгелнинг расмларини кўрганимда Стриклендни рассом асарларининг қайси жиҳатлари ўзига жалб этганини тушундим. Брейгелга олам қандайдир бошқача манзарада намоён бўлган, бунга ўзи ҳам ҳайратланган. Мен ўша вақтларда у ҳақда ёзмоқчи бўлиб ён дафтарчамга қатор қайдлар қилдим, кейинчалик шу дафтарчам йўқолганлиги туфайли расмлар менда уйғотган таассуротларгина ёдимда қолди. Одамлар унинг наздида мажруҳ ва кулгили туюларди, шу туфайли уларга нафрат билан қарарди. Ҳаёт кулгили ва ярамас ҳаракатлар йиғиндисидан иборат, шу боис фақат масхаралашга арзийди деган фикрда эди. Лекин бундай кулги ғоят аламли эди. Менинг назаримда доимо Брейгель бир санъат воситаси билан ифодалаши лозим бўлган нарсаларни бошқа санъат тури билан ифодалашга интилаётганга ўхшарди. Эҳтимол, худди шунинг учун у Стриклендни ўзига жалб этгандир. Чамаси уларнинг ҳар иккаласи ҳам адабиётда ифодалаш осонроқ бўлган ғояларни рассомчилик орқали тасвирлашга интилишган. Стрикленд ўша пайтда қирқ еттилар атрофида эди. Қирқ бешинчи боб Юқорида айтиб ўтганимдек, агар тасодифан Таитига бориб қолмаганимда бу китобни ҳеч қачон ёзмаган бўлардим. Гап шундаки, узоқ сарсон-саргардонликдан сўнг Чарлз Стрикленд Таитида яшаб қолди ва унга шон-шуҳрат келтирган асарларини асосан шу ерда яратди. Фикримча, бирор рассом ҳам бутун вужудини қоплаб олган орзуларини асарларида тўла ифодалай олган эмас. Расм техникасини эгаллаш йўлидаги машаққатли курашдан толиққан Стрикленд ҳам руҳий нигоҳида доимий гавдаланиб турган нарсаларни ифодалашга бошқалардан кўра кам куч сарфламаган бўлса керак. Лекин Таитидаги муҳит унинг учун қулай шароитни вужудга келтирди. Бу янги оламчада унинг илҳоми самарали бўлиши зарур элементларни топа билди. Стрикленднинг охирги расмлари у излаган нарсалар тўғрисида баъзи таассуротларни бера олади. Бу асарлар бизнинг фантазиямизга қандайдир янги ва ғалати озуқа бера олади. Худди бутун олам бўйлаб ўзига макон қидириб юрган унинг руҳи ниҳоят шу жойдан ўзига бошпана топгандай. Сийқаси чиққан сўзлар билан ифодаласак, Стрикленд бу ерда ўзлигини топди. Аслида ташқи оламдан узилиб қолган оролга келишим биланоқ, бир вақтлар мени жуда қизиқтирган Стриклендни дарҳол эслашим керак эди. Лекин ишга муккамдан берилиб кетдим, ундан бошқа нарсани ўйламадим. Орадан бир неча кун ўтгандан кейингина унинг номи Таити билан боғлиқлигини эсладим. Мен уни кўрганимга ҳозир ўн беш йил бўлди, вафот этганидан бери эса орадан тўққиз йил ўтди. Бундан ташқари Таитидан олган таассуротларим ҳатто ишларимни ҳам эсимдан чиқариб юборди. Мен ҳамон ўзимга келолмасдим. Ҳамон эсимда, бу ерга келганимнинг эртасига тонгда уйғониб, меҳмонхона айвончасига чиқдим. Ҳеч қаердан одам шарпаси сезилмайди. Мен ошхонага йўл олдим, лекин ошхона берк эди. Ошхона эшиги олдида шу ерлик бола ухлаб ётарди. Нонушта қилиб олиш истагини ҳозирча орқага суриш лозим эди, пастга — денгиз томонга юрдим. Хитойликлар ўз дўкончаларидаги молларини ёйишаётган экан. Тонголди осмони жуда нурсиз эди, кўрфаз устида сукунат ҳукм сурарди. Қирғоқдан ўн чақиримлар нарида худди муқаддас Граал қалъасидай сирли Муреа ороли осилиб турганга ўхшаб кўринарди. Мен ўз кўзларимга ҳамон ишонмасдим. Веллингтондан чиқиб кетганимдан бери ўтаётган кунларим ҳаётимнинг аввалги кунларидан бутунлай фарқ қиларди. Веллингтон озодагина, тўла маънодаги инглиз шаҳарчаси. У Жанубий Англия порт шаҳарларига қуйиб қўйгандай ўхшайди. Денгизда уч кунгача тўлқин шовқин-сурони тинмади. Кулранг паға-паға булутлар бир-бирларининг кетидан қувишарди. Сўнг шамол босилди, денгиз тинчиди, яна кўм-кўк бўлиб қолди. Тинч океаннинг чеку чегараси йўқдай. Уларда сузиш саргузаштларга тўла бўлади. Нафас олаётган ҳавомиз бамисоли сирли об-ҳаёт сувига ўхшайди. Таити қирғоқлари кўз олдида намоён бўла бошлаганда бандасига хаёлотнинг олтин шохлигида сузиб юргандай туюлади . Шунда яна қўшни Муреа ороли ҳам кўзингизга ташланади. У худди поёни йўқ сув ўртасида сирли тарзда кўтарилиб турган тош мўъжизага ўхшайди. Қиррали чўққилари бамисоли Тинч океандаги Монсератнинг ўзи. Наздингизда Поленезий одамлари номатлуб сирларни қўриқлаб, ёввойи маросимларни амалга ошираётгандай. Яқинлашганингиз сари оролнинг гўзаллиги кўзга ташланаверади. Унинг ҳайротомуз чўққилари кўз ўнгингизда аниқ намоён бўлгач, уларнинг нақадар мафтункорлигига амин бўласиз. Агар уни қаршингизда бутунлай йўқ деб фараз қилсангиз, рўпарангизда поёнсиз океан сувлари жилваланиб ётади. Таити баланд ям-яшил орол. Уни тўқ яшил ўт-ўланлар қоплаб олган. Бу ўт-ўланларнинг тагидан муздек ирмоқчалар жилдираб оқади. Кўп асрлардан бери бу ерлардаги ҳаёт тарзи ўзгармай келаётганини ўйлаб қоласиз. Кўнглингизга келган бу туйғу сизни ғамга солади, қўрқув ҳиссини уйғотади. Лекин оний таассурот ўрнини қувонч ҳислари эгаллайди. Сизни қаршилаётган Таити худди кулиб турганча, ўз гўзаллигини кўз-кўз қилаётган мафтункор аёлга ўхшайди. Ўруғ оламда Тапеэте кўрфазидан кўркамроқ жой йўқдай. Арқонлаб қўйилган елканли кемалар ярқирайди. Қирғоқ бўйлаб ёйилган шаҳар оппоқ ва кўркам. Кўм-кўк осмон остидаги ҳинд хурмолари шамолда тебранади, худди эҳтирос билан қичқираётганга ўхшайди. Уларнинг таъсирчанлигини кўрганингизда юрагингиз орзиқиб кетади. Кемани кутиб олиш учун бандаргохга шўх-шодон, қувноқ оломон йиғилади. Оломон шовқин-сурон кўтаради, қийқиради, ҳар хил ҳаракатлар билан ўз хурсандчиликларини ифодалашади. Тўпланганларнинг уст-бошлари қип-қизил. Ложувард осмон остида гўё камалакнинг барча ранглари товланаётгандай. Оломон ҳаммавақт юклар туширилаётганда ҳам, божхона назоратидан ўтказилаётган пайтда ҳам бетоқат. Қуёш шафқатсиз қиздиради. Турли-туман ранглар кўзни қамаштиради. Қирқ олтинчи боб Таитига келган дастлабки кунларимда капитан Николс билан учрашиб қолдим. Бир куни эрталаб айвонда нонушта қилиб ўтирсам, у кириб келди-да, ўзини таништирди. Капитан Николс Чарлз Стрикленд билан қизиқиб юрганимни эшитиб, мен билан гаплашиш учун келган экан. Таитида ғийбат гапларнинг тарқалиши инглиз қишлоғидагидан кам эмас. Икки-уч маротаба Стрикленд асарларини суриштирганлигим ҳақидаги овозалар яшин тезлигида тарқалиб кетибди. Мен капитан нонушта қилган ё қилмаганлигини суриштирдим. — Ҳа, — жавоб берди у, — мен тонг саҳарда қаҳва ичиб оламан, лекин бир қултум виски бўлса йўқ демайман. Мен хизматкор хитойни чақирдим. — Эҳтимол эрталабдан ичмаган маъқулмикин? — деди капитан. — Буни ўз жигарингиздан сўранг, — жавоб бердим мен. — Аслида мен ичмайдиган одамман, — деб қўйди капитан ўзига ярим стакан Канада вискисидан қуяркан. Кулиб туриб сарғайиб кетган синиқ тишини кўрсатди. Капитан ўрта бўйли, оқарган қуюқ сочли, ҳурпайган мўйлабли, жуда озғин одам эди. Икки кундан бери соқолини қиртишламагани кўриниб турарди. Ажин босган юзлари доимо қуёшли жойларда юрганидан қизаринқираб кетган, кўм-кўк кўзлари муғамбирона боқарди. Менинг ҳар бир ҳаракатимни зимдан кузатаётган кўзлари уни қаллоброқ одамга ўхшатиб турарди. Аслида унинг ҳозирги кўриниши самимийлигидан дарак берарди. Мош ранг костюми ўзига ўтиришмаган, чамаси, қўллари анчадан бери сув ва совун кўрмаганди. — Мен Стриклендни яхши билардим, — деб гап бошлади у мен таклиф қилган сигарани чека туриб оромкурсида ўрнашиброқ ўтириб оларкан. — У мен туфайли бу оролларга келиб қолган. — У билан қаерда учрашгансиз? — сўрадим ундан. — Марселда. — У ерда нима қилардингиз? У хушомадли табассум қилди. — Ҳм, мен у ерда, тўғриси, бекорчи эдим. Янги танишимнинг кўринишига қараганда, ҳозир ҳам унинг аҳволи яхши эмасга ўхшайди. Мен бу танишликни давом эттиришга аҳд қилдим. Одатда бундай такасалтанглар уларга кўрсатган озгина меҳр-мурувватингни унутишмайди, киришимли бўлишади. Улар такаббур бўлишмайди, ичишни таклиф этиш орқали юракларига осонгина қўл солиш мумкин. Уларга алоҳида илтифот кўрсатиб ўтиришингиз ҳам шарт эмас, дарду ҳасратларига қулоқ солсангиз бас. Шунда сизга ишонибгина қолмасдан, балки миннатдор бўлишади. Улар наздида ҳаётнинг энг муҳим завқи тилларига эрк бериб, ўз билимдонликларини намойиш этиш. Шуни эътироф этмоқ жоизки, уларнинг аксарияти жуда сўзамол бўлишади. Ҳаётий тажрибалари хаёлотларининг жонлилиги билан уйғунлашиб кетади. Уларни соддадил одамлар деб бўлмайди, кучга асосланган қонунни ҳурмат қилишади. Улар билан покер ўйнамоқ хатарли иш. Бу ўйиндаги эпчилликлари энг яхши ўйинлардан бири покер ўйинига янада жозибадорлик бахш этади. Мен Таитида бўлган вақтимда капитан Николсни жуда яхши билиб олдим. Бу танишлик, шубҳасиз, мени анча бойитди. Николс чеккан сигараси, ичган вискиси учун тўлаб юборган ҳақим (аслида ичишни одатга айлантирмаганлиги боис, коктейл ичишдан доимо воз кечарди) ва мендан қарзга сўраган бир неча доллар менга қилган яхшиликлари олдида ҳеч нарса эмасдай тутарди ўзини. У мени зериктирмасди. Ўзимни қарздор ҳисоблардим ундан. Ахир буни фақат сўз билан узиб бўлмайди-ку. Мен капитан Николс нима сабабдан Англиядан кетиб қолганини билмасдим. Бу тўғрисида гапирмасликка ҳаракат қиларди. Унинг тоифасидаги кишиларга савол беравериш эса одобдан эмас. Николс қандайдир мусибатга шама қилар, ўзини адолатсизлик қурбони деб ҳисобларди. Менга гап қандайдир қаллоблик ёхуд ситам устида кетаётгандек туюларди. Шу боис гапларини маъқуллаб турардим. Ҳа, эски Англиядаги суд амалдорлари ўтакетган расмиятчи бўлишган. Лекин шуниси яхшики, она юртида қанчалик азият чеккан бўлмасин, у барибир ўз мамлакатининг оташин ватанпарвари бўлиб қолди. У Англия дунёдаги энг яхши мамлакат деб такрор-такрор таъкидлар, ўзини америкаликлар, колонияларнинг аҳолиси, итальянлар, голландлар ва бошқалардан устунроқ фаҳмларди. Лекин капитанни, барибир, бахтли одам деб ҳисоблаб бўлмасди. У овқатни ҳазм қилиш органларидан азият чекар, тез-тез пепси ичиб турар, эрталаблари ҳеч нарсани кўнгли тусамасди. Ҳаётдан нолишига бошқа асослари ҳам бор эди. Бундан саккиз йил аввал енгилтаклик билан уйланиб қўйди. Баъзи одамларга бўйдоқларча ҳаёт кечириш афзалроқ эканлиги башорат қилинган. Лекин улар қайсарликлари ёки ҳар хил тасодифлар туфайли башоратни бузадилар. Ўруғ оламда уйланган бўйдоқдан ёмон нарса йўқ. Капитан Николс уйланган бўйдоқ эди. Мен унинг хотинини танирдим, ёши йигирма саккизлар атрофида эди. У ёшини аниқлаб бўлмайдиган аёллар тоифасига кирарди. Эҳтимол, у йигирма ёшида ҳам шундай кўрингандир, қирқ ёшида ҳам деярли ҳозиргидек кўринса ажаб эмас. Унинг ҳаммаёғи, назаримда, тортиб қўйилганга ўхшарди. Ингичка лабли ясси юзлари, бадани гўё тортиб қўйилгандай. Кулимсирашга мойил оғзи ҳам қийшайиброқ турибди. Сочлари бир тутам қилиб турмаклаб қўйилган. Оқ матодан сириб тикилган кўйлаги ҳам худди қора паҳмоқ кўйлакка ўхшаш таассурот қолдиради. Капитан Николс нима учун унга уйланди, уйлангандан кейин нима сабабдан ундан қочиб қолганлигини тушунмасдим. Ким билсин дейсиз, эҳтимол бир неча бор бунга уриниб кўргандир. Унинг дилгирлиги бундай уринишларнинг барчаси беҳуда кетганлигидан бўлса ажабмас. У қанчалик узоққа жуфтакни уриб қолмасин, қанчалик пастқам жойга яширинмасин, қисматдан тутқич бермайдиган, виждон каби шафқатсиз Николс хоним дарҳол уни қидириб топарди. Капитан сабаб-оқибатдан қутула олмагандай, аёлдан ҳеч қутула олмасди. Фирибгар, артист, эҳтимол, джентльмен аҳли ҳеч қандай тоифага кирмайди. Лекин Николс хоним ўртачадан пастроқ тоифага мансуб эди. Унинг отаси миршаб, миршаб бўлганда ҳам жуда эпчил миршаб бўлган экан. Қиз капитанни қандай қилиб ўзига ром этганини билмайман. Лекин ўйлашимча, бу севги туфайли бўлмаган шекилли. Мен ундан бир оғиз ҳам сўз эшитмадим, лекин у уй шароитида сергап аёл бўлиши ҳам мумкин. Нима бўлганда ҳам капитан Николс ундан ўлгудай қўрқарди. Биз баъзида капитан билан меҳмонхона айвончасида гаплашиб ўтирардик. Шунда тўсатдан кўчада юрган хотинига кўзи тушиб қоларди. Аёл эрини кўраётганини на сўз ва на бирор ишора билан сездирарди-ю, у ёққа-бу ёққа бамайлихотир юраверарди. Шунда капитан ғалати безовталик ҳолатига тушарди. Тез-тез соатига қараб хўрсинаверарди. — Кетишим керак, — дерди ниҳоят у. Шунда уни ҳеч қандай куч, ҳатто бир стакан виски ҳам ушлаб туролмасди. Ахир у бўронлар, тўфонларни довюраклик билан қарши ола билар, ўнларча ҳабашларга қарши ёлғиз жангга чиқа оларди. Николс хоним эрининг кетидан рангпар, жаҳлдор, етти ёшлардаги қизини юборган вақтлари ҳам бўларди. — Ойим чақираяпти, — дерди у йиғлоқи овоз билан. — Кетаяпман, ҳозир кетаяпман, қизгинам, — жавоб берарди Николс. У ўрнидан сакраб туриб, қизининг орқасидан эргашарди. Бу руҳнинг материя устидан тантанасига мисолдир ва мазкур киришимда маълум бир ҳикмат бор. Қирқ еттинчи боб Мен капитан Николснинг Стрикленд ҳақидаги узуқ-юлуқ ҳикояларини умумлаштиришга, иложи борича тадрижийроқ қилиб ифодалашга ҳаракат қилдим. Улар мен Стриклендни охирги маротаба Парижда кўрган йилимнинг қишида танишган эканлар. Биз учрашганимиздан кейинги ойлар мобайнида Стрикленд қандай яшаганини мен билмайман, лекин, чамаси, оғир аҳволда яшаган бўлса керак. Чунки Николс уни илк маротаба кечаси тунаб кетиладиган уйда учратган экан. Марселда ўша вақтда умумхалқ иш ташлашлари давом этаётган кунлар экан. Шу боисдан Стрикленд очдан ўлмасликка амал-тақал етадиган чақаларни тополмай қолипти. Марселда ибодатхонага қарашли тунаб кетиладиган уй каттакон қоп-қора иморат эди. Бечораҳол ва ишсизлар паспортсиз дайди эмасликларини, руҳонийларга ҳужжатлари жойида эканлигини исботлай олсалар, бир ҳафтагача шу ерда яшашлари мумкин эди. Капитан Николс баҳайбат гавдаси, ўзига хос кўриниши туфайли оломон ичидаги Стриклендга дарҳол эътибор берди. Тўпланганлар у ёқдан-бу ёққа юрганларни ҳам, деворга суяниб жимгина турганларни ҳам кузатишарди. Кўпчилик оёқларини ариқ чеккасига қўйганча йўлда ўтиришарди. Ниҳоят уларни ичкарига қўйишгач, капитан ҳужжатларни текширувчи руҳоний Стриклендга инглиз тилида мурожаат қилганини эшитиб қолди. Лекин капитан у билан гаплашишга улгурмади. Оломонни катта хонага киритишлари биланоқ, руҳоний баҳайбат библия билан пайдо бўлди-да, хонанинг нариги томонидаги қаҳвахонада туриб олганча ваъз ўқишга тушди. Бечора одамлар бу ердан ўзларига бошпана берганликлари эвазига амру маъруфни эшитишга мажбур эдилар. Капитан ва Стрикленд бошқа-бошқа ётоқхоналарга тушишди. Эрталаб соат бешда барваста руҳоний туриш вақти бўлганлигини эълон қилганда капитан ўз ўрнини тузатиб, ювинди. Стрикленд аллақачон ғойиб бўлганди. Капитан бир соатча шаҳар кўчалари бўйлаб совуқдан қалтираб, дайдиб юрди. Кейин, одатда, ишсиз матрослар йиғиладиган Виктор Желю майдонига йўл олди. У ерда капитан ҳайкал тагида мизғиб ўтирган Стриклендга рўбарў келди. Капитан уни оёғи билан туртиб, уйғотди. — Юр, қариндош, овқатланамиз! — Туёғингни шиқиллат, — жавоб берди Стрикленд. Стрикленднинг табиати, муомала услубини билганим учун капитан Николснинг бу гапларига ишонса бўларди. — Аҳволинг тангми? — сўради капитан. — Ўтаверсанг-чи, — деди Стрикленд. — Кетдик, мен сенга нонушта топиб бераман. Стрикленд бирор сония иккилангач, ўрнидан турди. Улар “Бир бурда нон” ошхонаси томон юриб кетишди. Ошхонада фақат шу ерда ейиш шарти билан очларга бир бўлакдан нон беришарди. Бу ердан “Бир қошиқ шўрва” томон йўл олишди. Эрталаб соат ўн бир ва кундуз соат тўртда бу ерда камбағалларга бир ликопчадан суюқ овқат тарқатиларди. Ошхоналар шаҳарнинг турли чеккасида эди. Фақат очдан силласи қуриганларгина бундай нонушталарга боришга мажбур эди. Чарлз Стрикленд ва капитан Николснинг ўзига хос дўстлиги шу зайлда бошланди. Улар Марселда тўрт ой туришди. Ҳаётлари бир маромда, агар саргузаштни кутилмаган ва ёрқин воқеалардан иборат деб қарагудай бўлсак, ҳеч қандай саргузаштларсиз, яъни тунаб кетиладиган уйдаги жой, очдан ўлмасликка етадиган даражадаги нон учун озгина маблағ топишга эртадан, кечгача уриниш билан ўтарди. Мен бу ерда капитан Николс айтиб берган характерли ва ажойиб расмларни кўз ўнгимизда қайта жонлантиришни жуда хоҳлардим. Николс ва Стрикленд катта порт шаҳридаги ҳаётлари мобайнида шунчалик кўргиликларни кўришганки, буни ҳикоя қиладиган бўлсам, қизиқарли бир китоб дунёга келади. Капитан Николс ҳикояси қаҳрамонларининг сўзлари безорилар нутқининг тўла луғати учун ажойиб материал бўлиши мумкин эди. Лекин бахтга қарши мен бу ерда улар ҳаётининг айрим эпизодларинигина келтира оламан. Уларнинг ҳаёти бир хил тарздаги, қўпол, лекин мунгли бўлмаган яшаш тарзидан иборат эди. Мен билган гавжум ва қувноқ, серҳашам меҳмонхона ва ресторанлари бадавлат оломон билан тўла Марсел энди қандайдир оддий ва нурсиз кўрина бошлади. Капитан Николс ҳозиргина менга ҳикоя қилган нарсаларни ўз кўзлари билан кўрган одамларга ҳавасим келарди. Тунаб кетиладиган уйнинг эшиклари улар учун ёпилгач, қандайдир Ўжар Биллнинг меҳмондўстлигидан фойдаланишди. Бу матрослар ошхонасининг хўжайини, баҳайбат муштли, малла мулат одам эди. У ишсиз матросларга бошпана ва овқат берар, уларга иш жойини ҳам ўзи қидириб топарди. Стрикленд ва Николс унинг қарамоғида бир ойча туришипти, бошқа швед, ҳабаш, бразил матрослари қатори бутунлай жиҳозланмаган, хўжайин томонидан ишсизларга ажратилган икки хонанинг бирида ётишаркан. Ишсизлар ҳар куни Билл етакчилигида Виктор Желю майдонига боришаркан. Бу ерга кема капитанлари ишчилар ёллаш учун келишаркан. Ўжар Билл хомсемиз америкалик аёлга уйланган экан. Бу ерда истиқомат қиладиган матросларнинг мажбуриятига рўзғор ишларида аёлга галма-галдан ёрдам бериш ҳам кираркан. Капитан Николснинг айтиб беришича, Стрикленд Биллнинг портретини яратиш орқали бу ишдан усталик билан қутулиб қолибди. Билл материал, бўёқ ва мўйқалам пулини беришдан ташқари, бир фунт тамаки ҳам берибди. Тахминимча, бу расм ҳозир ярим хароба уйни безатиб турган бўлса, эҳтимол. Дарё соҳилидан унча узоқ бўлмаган уйга осилган расм ҳозир балки бир ярим минг фунтлар турса керак. Стрикленд Австралия ёхуд Янги Зеландия соҳиллари томон сузадиган бирор кемага ишга киришни орзу қиларди. У ердан Самоа ёхуд Таитига йўл олиш мумкин бўларди. Нима сабабдан Стриклендни Жанубий денгизлар ўзига жалб этганини билмайман. Лекин у ерлар анчадан бери шимолий кенгликлардаги денгизларга қараганда ҳам кўм-кўкроқ денгизлар орасидаги яшил ва қуёшли оролга ўхшаб туюларди. Капитан Николс бу узоқ ўлкаларни яхши билгани учун Стрикленд унга боғланиб қолгани эҳтимолдан холи эмас. Айни Таитига йўл олиш фикри ҳам Николсдан чиққан. — Таити ахир французларга қарашли, — тушунтирди капитан, — французлар эса инглизларчалик расмиятчи одамлар эмас. У нимани кўзда тутаётганини тушундим. Стрикленднинг зарур ҳужжатлари йўқ эди. Лекин Билл бундай арзимас нарсалардан хавотирга тушмасди (у кемаларга ишга жойлаган матрослардан биринчи ойдаги иш ҳақларини оларди). Билл Стриклендга ўз ошхонасида ўлиб қолган инглиз ўтёқарининг ҳужжатларини расмийлаштириб берди. Лекин уларнинг ҳар иккаласи, капитан Николс ҳам, Стрикленд ҳам шарққа интилишарди. Бахтга қарши фақат ғарбга борадиган кемалардан иш чиқаётганди. Стрикленд икки маротаба Қўшма Штатларга кетаётган кемада ишлашдан бўйин товлади, учинчи маротаба эса Ньюкасл томон кетаётган кўмир ташувчи кемадан воз кечди. Ўжар Билл бу қайсарликка чидаб туролмади-да, иккаласини уйидан ҳайдаб чиқарди. Уларнинг аҳволи яна оғирлашиб қолди. Ўжар Биллнинг овқати тўйимлиги билан ажралиб турмасди. Овқатга ўтирган хўрандалар столдан қоринлари тўймай туриб кетишарди. Лекин шундай бўлса-да, Стрикленд ва Николс бир неча кун мобайнида бу овқатланишларни мароқ билан эслаб юришди. “Бир қошиқ шўрва” ва ётиб кетиладиган уйдан маҳрум бўлишганди. Улар фақат “Бир бурда нон”да кўрсатиладиган марҳамат туфайлигина очдан ўлишмасди. Дуч келган жойларда, заҳира йўлларда турадиган юк вагонлари, темир йўл пакгаузларида тунаб юришди. Ҳаво совуқ эди. Шу боис икки соат мудраб олишгач, кўчаларда юришарди. Ҳаммадан кўра тамаки йўқлигидан қийналишарди. Капитан пивохоналарга бориб кечки мижозлар томонидан чала чекиб ташланган папирос ва сигараларни йиғиб кела бошлади. — Трубкага нималар тиқиб ташлаганимни ўзим ҳам билмайман, — деди капитан елкасини қисиб. — Мен олдига суриб қўйган қутичадан бирданига иккита сигара олиб, биттасини оғзига, биттасини чўнтагига тиқди. Гоҳида озроқ пул тўплашга муваффақ бўлишарди. Почта пароход келган пайтларда юкларни туширишарди. Бундай пайтларда капитан Николс кеманинг кичик капитани билан дарҳол тил топишиб, элакишиб кетарди. Гоҳида эса инглиз кемаси юқори палубасининг тумшуқ қисмига усталик билан чиқиб олишарди, матросларнинг тўйимли нонушталари билан меҳмон бўлишарди. Бундай кезларда кема бошлиқлари билан рўбарў келиб қолиш, кетларига тепки ейиш хавфи ҳам йўқ эмасди. — Қорнинг тўқ бўлса-ку орқангдан тепки ейиш ҳам ҳеч нарса эмас, — деди капитан Николс, — шахсан мен бу нарсадан хафа бўлмаган бўлардим. Бошлиқ бўлгандан кейин тартибга қараши керак-да. Мен тор зиналардан юқорига ўрлаётган ва ҳақиқий инглиз бўлганлиги туфайли инглиз савдо флотидаги интизомдан ғурурланаётган капитан Николсни кўз олдимга келтирдим. Улар кўпроқ балиқ бозорида ишлашни ўзларига касб қилиб олишганди. Бир сафар эса сон-саноқсиз апельсин тўлдирилган қутиларни кемага юклаб, бир франкдан пул ишлашди. Кунлардан бир кун эса омад уларга кулиб боқди. Яхши Ният бурни орқали Мадагаскардан келган кеманинг “таниш” бошлиғи уларни кемани бўяш ишларига ёллади. Улар бир неча кун мобайнида ликиллаб турган қайиқчаларда тик туриб олганча занглаб кетган кема бортларини бўяшди. Албатта, бу ҳолат Стрикленд томонидан истеҳзоли кулги уйғотиши табиий эди. Бу синов кунларида Стрикленд ўзини қандай тутганини Николсдан сўрадим. — Бирор маротаба бўлсин, унинг сўкинганини эшитмадим, — жавоб берди капитан. — Гоҳида албатта қовоғини уюб оларди у. Лекин эртадан-кечгача оғзимизга тамаки ололмасак кулаверарди. Мен бундан ажабланмасдим. Стрикленд ҳеч қачон оғир шароитлардан руҳий тушкунликка тушмасди. Бу нарса қатъий характери туфайлими ёхуд мағрурлиги туфайлими — билолмасдим. Бутери кўчасида бир кўзли хитой ифлос ва харобгина ётоқхона ташкил этганди. Олти суга каравот олиш, уч суга ерда ухлаб кетиш мумкин эди бу ерда. Улар ётоқхонада ўзлари сингари шўрпешана одамлар билан ошно бўлишганди. Чўнтакларида сариқ чақа ҳам қолмаган, ташқарида совуқ авжига чиққан пайтларда уялиб ўтирмай ошналаридан ётоқхонага тўлаш учун қарз олишарди. Бу дайдилар ўзлари сингари мирқуруқ танишларидан охирги чақаларини аяб ўтиришмасди. Марсел портига дунёнинг турли бурчакларидан одамлар йиғилишарди, лекин миллатлар ўртасидаги тафовутлар улар ўртасидаги дўстликка монелик қила олмасди. Уларнинг ҳаммалари ҳам ўзларини Улуғ Кокейн мамлакатининг эркин фуқаролари деб билишарди. — Лекин Стрикленд ғазабга минган пайтларида қўрқинчли бўлиб кетарди, — деди хаёлчан бир алпозда Николс. — Кунларнинг бирида биз Ўжар Биллнинг ошхонасига кириб қолдик. Шунда Билл қачонлардир Чарли бериб қўйган ҳужжатларни суриштириб қолди. — Мана, уни қайтариб олмоқчимисан, овора бўласан! — деди Чарли. Ўжар Билл жуда бақувват ва баҳайбат одам эди. Лекин Чарлининг қиёфаси унга ёқмасди, шу боис бўлса керак, ҳамманинг кўз ўнгида уни масхаралаб ҳақорат қила бошлади. Билл сўкинганда оғзидан чиқаётган сўзларни эшитиш қизиқ эди. Чарли аввалига чидаб турди, сўнг олдинроққа чиқиб: “Йўқол бу ердан, ҳайвон!” деди. Бу ерда нима дегани эмас, уни қандай айтгани муҳим. Билл бирор сўз билан унга жавоб бермади. Бутун аъзойи бадани сарғайиб кетди-ю, маъшуқасига ошиққан йигитдай шошилиб чиқиб кетди. Капитан Николс сўзида Стрикленд Биллни шундай сўз билан ҳақоратлаганини айтмаган, ҳақиқатга тескарироқ бўлса-да, мен уни юмшатиброқ ифодаладим. Лекин Ўжар Билл оддий матросдан ҳақорат эшитиб кетадиганлар тоифасига кирмасди. Унинг обрў-эътибори бу ердаги ҳукмдорлигига таъсир етказиши мумкин эди. У Стриклендни ўлдиришга қасам ичганлиги тўғрисида миш-мишлар тарқалди. Оқшомларнинг бирида капитан Николс ва Стрикленд Бутери кўчасидаги майхонада ўтиришарди. Бу ҳар бири ҳайвонлар катагига ёхуд расталарга ўхшаш ягона хонадангина иборат бўлган бир қаватли уйлардан ташкил топган торгина кўча эди. Ҳар бир эшикнинг олдида аёллар туришарди. Улар эшик ёндорига суянганларича қандайдир қўшиқни хиргойи қилишар, бўғиқ овоз билан ўткинчиларни чақиришарди, бошқалари эса жимгина нимадир ўқишарди. Улар орасида француз, итальян, испан, япон аёллари ва қоратанли аёллар бор эди. Баъзилари ориқдан келган, бошқалари семиз эди. Юзларига қалин қилиб чапланган упа, қошлари ва лабларига обдон сурилган бўёқлар уларнинг ёшлари ўтинқираганини, шаҳвоний ҳаёт кечиришганини яшира олмасди. Бу аёлларнинг баъзилари қора “кўйлак”, баданлари рангида пайпоқ кийиб олишганди, бошқалари эса қиз болаларники сингари кўйлакчада, бўялган сочлари жамалаклаб қўйилган. Очиқ эшикдан қизил кафел ётқизилган уйнинг поли, кенг ёғоч каравот, кичкинагина столча устидаги кўза ва тоғора кўзга ташланади. Ранг-рўйи хилма-хил оломон кўчада у ёқдан-бу ёққа сандирақлайди. Швед парус кемасидан тушиб келган ҳинд матрослари, оқиш шимолликлар, ҳарбий кемадаги японлар, инглиз денгизчилари, испанлар, французларнинг туристик кемасидаги сатангсифат ёшлар, америка савдо кемаларидаги ҳабашлар кўчаларни тўлдиришган. Кундузлари Бутери кўчаси ифлос ва ғарибона кўринади, кечалари фақат ғарибона уйларнинг дераза токчаларига ёқиб қўйилган чироқлардан тушган ёруғлик туфайли қандайдир сирли ва чиройли туюлади. Ҳавода анқиётган, кўнгилни айнитадиган шаҳвоний ҳид одамни эзишига қарамай, унда қандайдир сирли, таҳликали ва шу билан бирга ўзига жалб этувчи нимадир бор эди. Бу ерда барча нарсалар ибтидоий туюлиб, ихлосни қайтаришига қарамай, нима сабабдандир ўзига тортарди ҳам. Бу кўчанинг одамлари кўнгиллари хира алпозда ҳаёт кечиришар, муҳит таранг ва фожиали эди. Стрикленд ва Николс ўтиришган майхонадаги пианинанинг рақсга чорловчи баланд овози янграб турарди. Деворлар ёнига қўйилган столлардан бадмаст матрослар ва бир неча аскар жой олишганди, хона ўртасида эса ғуж бўлиб рақс тушишарди. Рақс тушаётган, офтобда обдон пишиб кетган мўйлабдор матрослар бақувват қўллари билан қизларни бағирларига тортиб олишганди. Қизларнинг эгнида эса кўйлакдан бўлак ҳеч нарса йўқ эди. Ичишиб ўтирган матросларнинг бир-бирлари билан рақс тушган вақтлари ҳам бўларди. Хонадаги шовқин-сурон қулоқни қоматга келтирарди. Мижозлар қўшиқ айтишар, сўкишишар, баланд овоз билан кулишарди. Бирор эркак тиззасида ўтирган қизни ёпишиб олганча тинимсиз ўпаверса, атрофдагилар баланд овозда миёвлашга тушишарди. Ҳаво эркаклар оёғидан кўтарилган чанг туфайли оғир, тамаки тутунидан кўкимтир эди. Хона ҳаддан ташқари димиқиб кетганди. Устун орқасида ўтирган аёл боласини эмизаётганди. Официантлик қилаётган юзини ҳуснбузар босган паст бўйлик йигит пиволи кружкалар солинган патнисни кўтарганча у ёқдан-бу ёққа юрарди. Тез орада бу ерга Ўжар Билл икки азамат ҳабаш ҳамроҳлигида кириб келди. Унга кўзингиз тушиши биланоқ, обдон ичиб олганини сезиш қийин эмасди, жанжал чиқаришга шайлиги сезилиб турарди. Уч аскар ўтирган столни туртиб юборди, бир кружка пиво тўкилиб кетди. Тўполон бошланди, майхона хўжайини ичкаридан чиқиб Биллга жуфтакни ростлаб қолишни буюрди. Майхона соҳиби паст бўйли бўлса-да, бақувват одам эди, ўз даргоҳида тўполон чиқишига дош беролмасди. Билл саросималаниб қолди. Майхона хўжайини билан талашиб ўтиришнинг маъноси йўқ эди, полиция доимо унинг тарафини оларди. Шу туфайли Билл қаттиқ сўкинди-да, эшик томон юрди. Лекин шу дақиқада унинг кўзига Стрикленд кўриниб қолди. Билл бир оғиз ҳам сўз айтмай, унинг столи яқинига борди-да, Стрикленднинг башарасига тупурди. Стрикленд унга қараб пиво кружкасини отди. Рақс тушаётганлар тўхтаб қолишди. Майхонага бир дақиқа сукунат чўкди, лекин Ўжар Билл Стриклендга ташланганда ҳаммани бирданига муштлашиш иштиёқи қоплади, тасир-тусур бошланди. Столлар ағдарилиб, устидаги идишлар полга учиб тушди. Дўзах шовқини авжга чиқди. Аёллар тумтарақай бўлиб кўчага қочишди, ўзларини панага олишди. Кўчадан ўтиб кетаётган йўловчилар ҳам ичкарига кириб жанжалга аралашишди. Энди турли тиллардаги сўкишлар, нолалар эшитилди. Хона ўртасида ўнга яқин матрос ғуж бўлиб тўпланиб турарди. Худди ердан чиққандай тўсатдан полиция пайдо бўлди, эпини қилган қочиб қолишга уринди. Хона тўполончилардан тозалангач, бошидан чуқур жароҳатланган Ўжар Билл ўзини билмай ерда ётарди. Капитан Николс Стриклендни кўчага олиб чиқди, қўли яраланган, юзи ва йиртилган кийим-кечаги қон эди. Николснинг бурни ёрилганди. — Билл касалхонадан чиқмасидан олдин Марселдан жуфтакни ростлаб қолганинг маъқул бўларди, — деди капитан Стриклендга нарироққа бориб ўзларини бироз тартибга келтиргач. — Бу хўрозлар жангидан ҳалолроқ-ку, — деди Стрикленд. Бу сўзлардан унинг истеҳзоли табассуми кўз олдимга келиб кетди. Капитан Николс ташвишда эди. У Ўжар Биллнинг қасоскорлигини яхши биларди. Стрикленд икки маротаба метисни енгди, Билл ҳушёр маҳалида у билан ўчакишмаган маъқул. У энди зимдан иш олиб боради. Шошилмайди, лекин бирор кечаси Стрикленд орқасидан пичоқ ейиши, бир-икки кун ўтгач эса номаълум дайдининг жасади қўлтиқнинг ифлос сувидан топилиши ҳеч гап эмас. Эртасига капитан Ўжар Биллнинг уйига разведкага борди. У ҳали касалхонада ётарди, лекин эрини кўргани борган хотини уйга чиқиши биланоқ, Стриклендни ўлдиришга қасам ичганини айтди. Орадан бир ҳафта ўтди. — Мен доимо мушт туширсанг яхшилаб туширки, рақибинг ўзига келгунча нима қилиш лозимлигини ўйлаб олишга вақтинг бўлади, деган фикрдаман, — дерди капитан Николс паришонхотирлик билан. Лекин кутилмаганда Стриклендга омад кулиб боқди. Матросларни ишга ёллаш бюросига талабнома тушиб қолди. Австралияга кетаётган кемага шошилинч равишда ўт ёқувчи кераклиги айтилганди унда. Кеманинг ўт ёқувчиси Гибралтар яқинида тутқаноқ касали тутиб қолиб ўзини денгизга ташлаб юборибди. — Кема раҳбарлари олдига югуриб бор-да, дарҳол шартнома туз, — деди капитан Николс. — Худога шукур, ҳужжатларинг жойида. Стрикленд капитаннинг маслаҳати билан иш тутди, шундан кейин улар бошқа учрашишмади. Кема кўрфазда бор-йўғи олти соатгина турди. Кема кечқурун тўлқинларни ёриб, шарқ томон сузиб бораркан, капитан тобора хиралашиб, кейинроқ бутунлай кўринмай қолган тутунга тикилиб қолди. Капитандан эшитган нарсаларимнинг барчасини батафсил баён қилишга ҳаракат қилдим. Зеро мени Стрикленднинг Эшлигардаги биржада операцияларда банд бўлган вақтдаги ҳолати билан кейинги воқеалар ўртасидаги зиддиятлар қизиқтирарди. Лекин бошқа томондан капитан Николснинг ёлғончилигини билганим учун унинг сўзларида заррача ҳақиқат учқуни йўқдир деб ҳам ўйлаб қоламан. У ҳаётида бирор маротаба Стриклендни кўрмаган, Марсель ҳақидаги уйдирмаларини бирор журналдан ўқиган бўлса ҳам ажабланмаган бўлардим. Қирқ саккизинчи боб Ўз китобимни шу ерда тугатишни мўлжаллаган эдим. Аввалига Стрикленднинг Таитида яшаган охирги йиллари ва умрининг даҳшатли тарзда хотима топганлигини кўрсатмоқчи, кейин орқага қайтиб, рассом сифатидаги менга маълум илк қадамлари тўғрисида ҳикоя қилмоқчи бўлдим. Кўнглим шуни тусаб қолгани учун эмас, балки Стрикленднинг хаёлини анчадан бери ўғирлаб келаётган номаълум оролга Европадан жўнаб кетиш манзаралари билан баённи тугатмоқчи эдим. Қирқ етти ёшга етган, бошқалар умрининг бу палласида бир меъёрда ҳаёт кечиришга одатланиб қолган маҳалда янги одамларга интилиши менга жуда ёқарди. Кўз ўнгимда кўм-кўк денгиз, унда сузиб кетаётган кема бортидан энди ҳеч қачон қайтмайдиган Франция томон қараб турган Стрикленд намоён бўлди. Мен барибир у қўрқмас одам бўлганлиги ҳақида ўйладим. Китобимнинг хотимаси умидбахшлик руҳи билан тугашини хоҳлардим. Инсон қалбининг қудрати енгилмаслигини кўрсатишни истардим. Лекин бунинг эпини қилолмадим. Негалигини аниқ билмайман-у, лекин ёзаётган қиссам ҳадеганда қовушавермади. Бир неча марта уриниб кўрганимдан кейин аввалги режамдан воз кечдим. Ва Стрикленд ҳаёти тўғрисида нимаики билсам батартиб ҳикоя қилишга қарор бердим.. Ихтиёримда эса маълумотлар етарли эмасди. Мен бир бўлак суяк орқали қадим даврларда яшаган ҳайвоннинг ташқи кўринишинигина эмас, унинг яшаш тарзини ҳам аниқлаши зарур бўлган биолог ҳолатига тушиб қолдим. Стрикленд Таитида ўзи билан муносабатда бўлган одамларда кучли таассурот қолдира олмаганди. Улар учун Стрикленд қандайдир ғалати расмларни чизиб юрадиган, чўнтагида сариқ чақаси йўқ оддийгина дайди эди, холос. Фақат орадан бир неча йил ўтиб, у ўлиб кетганидан кейин расмларни олиб-сотиш билан шуғулланадиган йирик савдогарларнинг вакиллари Париж ва Берлиндан Стрикленд ижодига тегишли асарлардан топиш илинжида келишгандан кейин ўз юртларида фавқулодда одам яшаганлигини фаҳмлаб қолишди. Эндиликда жуда катта пулга сотиш мумкин бўлган расмларни арзимас чақага сотиб олиш имкониятини қўлдан бой берганликлари учун ўзларини кечира олишмасди. Стриклендни биладиган Папеэте аҳолиси орасида Коэн исмли француз яҳудийси бўлиб, унинг қўлига тасодифан рассомнинг бир асари тушиб қолган экан. Кўзлари кулиб турадиган паст бўйли бу самимий чол ярим савдогар, ярим денгизчи сифатида ўз елканли кемасида Паумоту ва Маркиз ороллари орасида қатнар экан. У жойларга турли-туман моллар олиб бориб, қайтишда кокос ёнғоғи ва марварид келтираркан. Катта қора марваридни унча қиммат бўлмаган нархга сотишини менга хабар қилишганда унинг олдига бордим. Марваридга ақчам етмаслигини билганимдан кейин у билан Стрикленд тўғрисида гаплашдим. Мўйсафид уни яхши билар экан. — Биласизми, рассом бўлгани учун у билан қизиқиб қолдим. Зеро, рассом бизнинг оролларда камёб ҳодиса. Касбини унчалик яхши билмаганлигига ачинардим унга. Мен унга биринчи бўлиб иш берганман. Ярим оролда плантациям бор. Шу жойга назоратчи керак эди. Оқ танли назоратчилар қараб туришмаса ерли халқнинг ишлаши мушкул. Мен унга: “Анча вақтингиз бўш бўлади, расмингизни ҳам чизаверасиз, озгина пул ҳам ишлайсиз”, — дедим. Мен унинг очин-тўқин юришини билардим, шу туфайли яхшигина иш ҳақи таклиф этдим. — У яхши назоратчи бўлмагандир, — кулиб қўйдим мен. — Мен бунга унчалик эътибор берган эмасман, зеро ўзим рассомларни доимо яхши кўрганман. Бу нарса бизнинг қонимизда бор. Лекин у менда бор-йўғи икки ёки уч ой ишлади, бўёқ ва мато учун озроқ пул топгач, кетиб қолди. У бу жойларнинг табиатидан ғоят завқланарди, дайдиларча ҳаёт кечиришга интиларди. Лекин мен у билан аҳён-аҳёнда кўришиб турардим. У гоҳида Папеэтеда пайдо бўлиб қолар, бир неча кун шу ерда яшар, бирор одамдан озроқ пул ундиргудай бўлса, яна изсиз йўқолиб кетарди. Бу ерга келган кунларининг бирида мендан икки юз франк қарз бериб туришимни илтимос қилди. Кўриниши шундай афтодаҳол эдики, гўё бир ҳафтадан бери ичига туз кирмаганга ўхшарди. Шу ҳолатни кўриб турганим учун йўқ дейишга кўнглим бўлмади. Бу пуллар албатта изсиз йўқолади деган фикрда эдим. Лекин тўсатдан бир йилдан сўнг яна бу ерда пайдо бўлди-да, менга расм келтирди. У менга қарзи ҳақида лом-мим деб оғиз очмади-ю, айтган гапи шу бўлди: “Мана плантациянгизнинг кўриниши, уни сиз учун чиздим”. Мен расмга қарадим-у, нима дейишимни билолмай қолдим, лекин барибир унга ташаккур билдирдим. Стрикленд чиқиб кетгач, расмни хотинимга кўрсатдим. — Қанақа расм эди у, — сўрадим ундан. — Яхшиси, сўрамай қўяқолинг. Мен расмдан ҳеч нарса англай олмадим, чунки бу сингари расмни умримда кўрмагандим. Буни нима қиламиз-а? — дедим хотинимга. Уни уйга осиб қўйиш тўғрисида гап ҳам бўлиши мумкин эмас, — деди хотиним, — одамлар устимиздан кулишади. Хотиним расмни уйнинг чордоғига, ҳар хил эски-тускилар сақланадиган жойга олиб чиқиб ташлади. У бу матоҳларнинг бирортасини ҳам ташлаб юборишга кўзи қиймасди. Хотиним эски-туски йиғиш васвасасига дучор бўлганди. Уруш бошланиши арафасида укам Париждан менга хат йўллаб “Таитида яшаган инглиз рассоми тўғрисида бирор нарса биласанми деб ёзганида қандай аҳволга тушганимни тасаввур ҳам қилолмайсан. Маълум бўлишича, у даҳо рассом экан, унинг асарлари жуда юқори баҳоларда сотилар экан. Унинг асарларидан бирортасини топишга ҳаракат қил ва менга юбор. Яхшигина пул ишлаб қолиш мумкин”. Стрикленд менга ҳадя этган расм қаердалигини хотинимдан суриштирдим. Эҳтимол, ҳали ҳам чордоқда турибдими? “Албатта, чордоқда-да, — деди хотиним. Ахир ҳеч нарсани ташлаб юбормаслигимни ўзинг биласан-ку”. Хотиним билан чордоққа чиқдик-да, бу уйдаги ўттиз йиллик турмушимиз мобайнида тўпланиб қолган эски-тускилар орасидан расмни қидириб топдик. Мен расмга тикилиб туриб: “Плантациямда назоратчи бўлиб ишлаган, мен икки юз франк қарз бериб турган одам бир кун келиб даҳо рассом бўлишини ким хаёлига келтирибди, дейсан? Марҳамат қилиб айт-чи, бу расмнинг нимаси зўр? — Билмадим, — жавоб берди хотиним, — бу бизнинг плантациямизга сира ўхшамайди. Яшил ранг баргли кокосларни мен ҳеч қачон кўрмаганман. Ҳамонки, Парижда унинг расмларини кўриб ақлдан озаётган эканлар, эҳтимол бу расмни икки юз франкка сотиб, сен Стриклендга берган қарзнинг ўрни қопланар”. Айтилган гап — отилган ўқ. Биз расмни яхшилаб жойладик-да, Парижга жўнатиб юбордик. Тез орада укамдан хат олдик. У хатида нималар ҳақида ёзибди деб ўйларсиз? “Юборган расмингни олиб аввалига акам мени лақиллатибди-да, деб ўйладим. Шахсан мен бу расмни уни жўнатиш ҳаражатларига кетадиган пулга ҳам олмаган бўлардим. Ҳатто расмни мени сенга илтимоснома ёзишга ундаган одамга ҳам кўрсатишга қўрқдим. Бу расмни санъатнинг гўзал намунаси деб эътироф этганида ва ўттиз минг франк таклиф қилганида қанчалик ҳайрон қолганимни тасаввур ҳам қилолмайсан. Эҳтимол, у бундан ортиқроқ ҳам тўлаган бўларди-ю, аммо мен азбаройи эсанкираб қолганимдан фикрларимни жамлаб олмасданоқ розилик бериб юбордим.” Кейин Коэн хоним шундай гапни айтди: — Бечора Стрикленд бу кунларга етиб келолмади. Чизган расми учун унга йигирма тўққиз минг-у, саккиз юз франкни берганимда нақадар ҳайрон бўлишини тасаввур қилаяпман. Қирқ тўққизинчи боб Мен “Отель де ля флёр” меҳмонхонасида турганимда унинг соҳибаси Жонсон хоним бахтли тасодифни қўлдан чиқарганлиги тўғрисидаги маъюс тарихни сўзлаб берди. Стрикленд вафотидан сўнг мол-мулкининг бир қисми Папеэте бозорида сотилибди. Жонсон хоним ўша жойга борибди. Чунки рассомнинг нарсалари орасида америка печкаси ҳам бор экан. Шуни сотиб олишни мўлжаллаган экан. Пировард-натижада хоним печкани йигирма етти франкка сотиб олипти. — Ўша ерда бошқа лаш-лушлар қатори ўнга яқин расм бўлиб, улар рамкага олинмаган экан, — ҳикоя қиларди хоним, — ҳеч ким бу асарлар билан қизиқмасди. Расмларнинг баъзилари ўн, кўпчилиги эса беш ёки олти франкка пуллаб юборилди. Ўша расмларни сотиб олганимда ҳозир бадавлат аёл бўлиб ўтирардим. Йўқ, Тиаре Жонсон хоним ҳеч қандай шароитда ҳам бадавлат аёл бўлолмасди. Унинг қўлида пул турмасди. У маҳаллий аҳоли вакили билан Таитида ўрнашиб қолган инглиз капитанининг қизи эди. Мен аёл билан танишганимда эллик ёшларга чиққан эди, ниҳоятда барваста аёл бўлганлиги туфайли, ёшига нисбатан катта кўринарди. Баланд бўйли, ниҳоятда семиз бу аёлнинг қиёфаси улуғвор, боқишлари самимий эди. Қўллари сон гўштини, кўкраклари ғовлаб кетган карамни эслатарди. Жонсон хонимнинг юзлари ғоятда кенг ва гўштдор эди. У эртадан-кечгача уй кийимида ва кенг айвонли сомон шляпада юрарди. Лекин у ўзининг қоп-қора, узун ва жингалак сочларини орқасига ташлаб юборганда — сочлари фахри бўлганлиги учун ҳам у бу ишни тез-тез такрорлаб турарди — беихтиёр ҳавасингиз келарди, кўзлари ҳамон ёш ва қувноқ кўринарди. Мен ҳеч қачон ҳеч кимда унинг кулгисидан кўра завқли кулгини кўрмаганман. Унинг томоғида бошланган енгилгина кулги тобора кучая борар, охирида авж пардасига кўтарилиб, бутун баҳайбат гавдасини ҳаракатга келтирарди. Ўруғ оламда барча нарсалардан юқори қўядигани шўх ҳазил, бир стакан вино ва келишган эркак эди. У билан танишиш одамга чинакамига завқ бағишларди. Оролдаги энг яхши пазанда бўлган Тиаре лаззатли таомларни хуш кўрарди. У эртадан-кечгача ошхонадаги пастаккина стулда ўтирар, хитойлик ошпаз ва маҳаллий уч қиз унинг атрофида иш билан андармон эдилар. Хоним турли буйруқлар берар, барча билан шўх ҳазиллашар, ўзи ихтиро этган лаззатли таомлардан татиб кўрарди. Дўстларидан бирортасига иззат кўрсатишни хоҳлаб қолса, ўз қўли билан унга овқат тайёрларди. Унинг меҳмондўстлигига чегара йўқ эди. Оролда “Отель де ля флёр” меҳмонхонасида овқатланмаган бирор одам топилмасди. Тиаре ҳеч қачон пулини ўз вақтида тўламаган мижозларини ҳам ошхонадан ҳайдаб чиқармасди. Уларнинг ишлари юришиб кетишига, бир куни келиб қарзларини узишларига умид қиларди. Мижозларидан бирининг иши юришмай қолганида бир неча ой мобайнида ундан яшаши ва овқатланиши учун ҳақ сўрамади, хитой кирхонасида унинг кийимларини бепул ювишдан бош тортганларида эса ўша одамнинг кийим-бошини ўз кирлари билан биргаликда бериб турди. “Ахир бечора кир кўйлакда юрадими”, — дерди Тиаре. Боз устига у эркак одам бўлганлиги учун — хоним эркак одам чекиши керак деб ҳисобларди — папирос учун унга кунига бир франкдан пул бериб турди. Аёл у билан ҳам худди бошқалар сингари хушмуомала муносабатда бўлди. Ўши ўтиб қолганлиги ва ҳаддан ташқари семизлиги туфайли муҳаббат ўйинларида ўзи қатнашмаса-да, ёшларнинг севги саргузаштларини зўр иштиёқ ва қизиқиш билан кузатарди. Унинг эътиқодича, севги эркак ва аёлнинг табиий машғулотидир. Бу соҳада у ўзининг бой тажрибалари билан доимо ўртоқлашарди, маслаҳатлар берарди. — Отам севгилим борлигини сезиб қолганда ёшим ҳали ўн бешга ҳам тўлмаган эди. Севгилим “Тропик қуш” кемаси капитанининг учинчи ёрдамчиси бўлиб, келишган йигит эди. Аёл хўрсиниб қўйди. Айтишларича, аёллар доимо ўзларининг биринчи муҳаббатларини мароқ билан эслашади, — лекин ҳаммавақт ҳам унинг кимлигини эслай олишармикин? — Отам ақлли одам эди. — Кейин у нима қилди? — қизиқдим мен. — Аввалига мени ўласи қилиб урди, кейин капитан Жонсонга эрга бериб юборди. Мен қаршилик кўрсатмадим. Албатта, капитан мендан анча катта, лекин у ҳам ғоят келишган одам эди. Тиаре — ота уни ҳидли оқ гулнинг номи билан шундай атаганди (таитиликлар бу гулни бир маротаба ҳидлаган одам қанчалик узоққа кетмасин муқаррар равишда Таитига яна қайтиб келади, дейишарди). — Тиаре Стриклендни яхши эслар экан. — У гоҳида ошхонамизга кириб турарди. Бундан ташқари мен уни кўпинча Папеэте кўчаларида кўриб турардим. Унга раҳмим келарди, озиб-тўзиб доимо оч юрарди. Унинг шаҳарга келганини эшитишим биланоқ, хизматкорни юбориб, овқатланиб кетишга таклиф қилган пайтларим ҳам бўлган. Бир-икки маротаба унга иш ҳам топиб бердим, лекин ишда ҳеч қўним топмасди. Орадан озроқ вақт ўтиши билан қаёққадир ғойиб бўларди. Стрикленд Марселни тарк этгандан кейин ярим йил деганда Таитига етиб келди. Йўлкирасини Окленд ва Сан-Франциско ўртасида қатнайдиган кемада матрослик қилиб топарди. Ниҳоят, у Таити соҳилига этюд қутичаси, мольберт ва ўнга яқин мато билан тушиб қолди. Чўнтагида Сиднейда ишлаб топган бир неча фунт стерлинги бор эди. Таитида тушиб қолиши биланоқ, ўзини уйидагидек сеза бошлади. Стрикленд шаҳар чеккасида яшайдиган маҳаллий аҳолининг кичкинагина уйида турарди. Тиаренинг сўзларига қараганда, кунлардан бир кун Стрикленд унга айтган экан: — Мен палубани юваётгандим, шунда тўсатдан матрослардан бири: “Мана етиб келдик!” деб қолди. Бошимни кўтарганимда тобора яқинлашаётган оролга кўзим тушди. Бутун умрим мобайнида қидираётган жой шу орол эканлигини дарҳол англадим. Оролга яқинлашганимизда, назаримда, мен бу жойларни илгаридан биладигандай туюлди. Менга ҳозир ҳам аввалдан таниш бўлган жойларда юргандек сезилаверади. Қачонлардир шу жойларда яшаганга ўхшайвераман. — Бу учраб турадиган ҳодиса, — деди Тиаре, — мен кемадан юк туширилаётган вақтда бир неча соатга қирғоққа тушиб, бутун умр шу ерда қолиб кетган одамларни биламан. Бошқалар бир йил мобайнида хизмат қилишга келиб Таитини бўралаб сўкишганини, бу жойларга қайтиб келгандан кўра, одам ўзини осгани афзал дейишганини ҳам эшитганман. Орадан бир неча ой ўтгач эса улар яна оролда пайдо бўлиб, эндиликда ҳеч қаерга сиғмаётганларини айтишган. Эллигинчи боб Назаримда шундай одамлар бўладики, улар туғилишлари керак бўлган жойда туғилмай бошқа масканларда таваллуд топишади. Тасодифият уларни муайян ўлкага итқитиб ташлайди-да, умр бўйи ўзлари кўрмаган ватанлари фироқида азоб чекадилар. Улар туғилган юртларида бегонадирлар, болаликларидан таниш серсоя хиёбонлар, бир вақтлар ўзлари ўйнашган, одамлар билан гавжум кўчалар ҳаёт йўлларида бир бекат бўлиб қолади, холос. Туғилган юртида бегоналар билан яшайди, ўзлари ҳам бошқаларга бегона бўлиб қолишади. Эҳтимол, мана шу бегоналик уларни узоқ-узоқларга чорлар, бу жойлардан топмаган нарсаларни қидиришга ундар. Балки бу қандайдир яширин суяк суриш натижаси бўлиб, ғалати саргузаштталабларнинг аждодлари қадим замонларда яшаб, кейинчалик ташлаб кетишган ўлкаларга интилишидир. Баъзан шундай ҳам бўладики, инсон зоти тўсатдан сирли занжирлар билан боғланган ерларга келиб қолади. Ниҳоят у ўзи истаган, қидирган уйида, илгари кўрмаган табиат оғушида, таниш бўлмаган одамлар орасида пайдо бўлиб қолади-ю, худди шу жойлар менинг ватаним деган тўхтамга келади. Фақат шу жойдагина у таскин топади. Мен Тиарега Лондондаги муқаддас Фома касалхонасида танишган одамнинг тарихини гапириб бердим. Бу Абрагам исмли оқишдан келган, ёшгина, миқти, тортинчоқ ва камтар, лекин ғоят иқтидорли одам эди. Тиббиёт мактабида ўқиганида унга стипендия бериб туришган, бутун ўқиш мобайнида энг яхши талаба бўлганди. Ўқишни битиргач, Абрагамни касалхонада жарроҳ ва терапевт сифатида қолдиришади. Унинг фавқулодда истеъдоди барча томонидан эътироф этилади. Тез орада у доимий ишга тайинланади, келажагидан хотиржам бўлиши мумкин эди. Агар бирор инсон зотига келажагини ишонч билан башорат қилиш мумкин бўлса, Абрагамнинг истиқболи порлоқлиги ўз-ўзидан аён эди. Унинг истиқболида иззат-ҳурмат ва бойлик ўз қучоғини очиб турарди. Янги вазифасига киришишдан олдин таътил олишга қарор қилди. Пули бўлмаганлиги туфайли Левант мамлакатларига кетаётган кемада врач вазифасида ишлашга ёлланди. Сирасини айтганда, кемада врачга эҳтиёж кам эди. Лекин касалхонанинг етакчи жарроҳларидан бири кемалар қатновининг директори билан яқин бўлганлиги туфайли шу ишга жойлаб қўйди. Орадан бир ёки бир ярим ой ўтгач, Абрагам врачлар бошқармасига хат ёзиб, энди ҳеч қачон касалхонага қайтмаслигини эълон қилибди. Бу хабар ҳаммани ҳайрон қолдирди ва турли-туман миш-мишларнинг тарқалишига сабабчи бўлди. Одам қандайдир кутилмаган ҳаракатга қўл урса, бошқалар у тўғрисида, одатда, турли-туман гап тарқатишади. Лекин тез орада Абрагам ўрнини эгаллашга тайёр врач топила қолди ва уни унутиб юборишди. Абрагамнинг сояси ҳам кўринмай кетди. Орадан ўн йилча вақт ўтгач, мен кетаётган саёҳат кемаси Александрия кўрфазига кирганида бошқа йўловчилар қатори врачлар назоратидан ўтишимга тўғри келиб қолди. Врач эгнига уриниб кетган костюм кийиб олган семиз эркак экан. Шляпасини ечганида кўзим тушди: бошида мутлақо сочи йўқ эди. У билан қаердадир учрашгандай туюлди менга. Тўсатдан уни таниб, лол бўлиб қолдим. — Абрагам, — дедим мен. У ҳайрон бўлиб менга тикилди, кейин таниб, қўлимни қаттиқ силкитиб кўришди. Ҳар иккаламиз кўришганимиздан хурсандлигимизни ифодалагани¬миздан кейин менинг Александрияда тунаб қолмоқчилигимни эшитгач, Инглиз клубида овқатланишга таклиф этди. Кечқурун учрашиб, стол атрофида ўтирганимизда, ундан қандай қилиб бу ерларга келиб қолганини сўрадим. У камтарона лавозимни эгаллаб турар ва анчагина ноқулай шароитда фаолият олиб бораётганлиги кўриниб турарди. Абрагам ўз тарихини сўзлаб берди. Ўртаер денгизи бўйлаб саёҳатга кетаётганида Лондонга қайтиб борганидан сўнг муқаддас Фома касалхонасига ишга жойлашишига ишонган экан. Лекин ажойиб кунларнинг бирида у тушган кема Александрияга яқинлашибди, палубадан порлаб турган оппоқ шаҳарга, пристанда уймалашиб юрган оломонга, жулдур кийимли маҳаллий одамларга, тўполончи, қўл ҳаракатлари билан гапирадиган итальян ва греклар, ҳожидўппи кийган салобатли туркларга кўзи тушибди, ўткир нурларини сочаётган қуёшу мусаффо осмонга тикилибди. Шу дақиқада унда қандайдир кескин ўзгариш рўй берибди, бунинг нималигини ўзи ҳам тушунтириб бера олмади. “Бу яшин уришига ўхшаш ҳолат эди”, — деди у ҳамда ўз изоҳидан ўзи ҳам қаноат қилмай: “Худди кашфиётдай” деб қўшиб қўйди. Юраги бир орзиқиб кетибди, кейин эркинликнинг лаззатли ҳислари Абрагамни жунбушга келтирибди. Унга ватани шу ердадай туюлибди ва ўша ондаёқ бутун умрга Александрияда яшаб қолишга қарор қилибди. Унинг қарорига кемада қаршилик кўрсатишмади, йигирма тўрт соатдан кейин бутун лаш-лушлари билан соҳилга тушиб қолди. — Капитан сизни телбага чиқарган бўлса керак, — дедим кулиб туриб унга. Мен ҳақимда нима деб ўйлашлари мен учун аҳамиятсиз эди. Бундай ҳаракатни менинг ўзим эмас, ичимдаги қандайдир енгиб бўлмас куч қилаётганди. Шаҳардаги камтарона грек меҳмонхонасига боришга қарор қилдим, шунда тўсатдан мен унинг қаерда жойлашганини билишимни англадим. Ҳақиқатан ҳам тўппа-тўғри меҳмонхона олдига бориб қолдим-да, дарҳол уни танидим. — Илгари Александрияда бўлган эдингизми? — Шу вақтгача Англиядан ҳеч қаёққа чиқмаган эдим. Тез орада у Александрияда давлат хизматига кирибди ва шу лавозимда ҳали ҳам ишлар экан. — Қилган ишингиздан пушаймон бўлган вақтингиз ҳам бўлганми? — Ҳеч қачон, бирор дақиқа ҳам. Мен яшаш учун етарли даражадаги иш ҳақи оламан, шунинг учун ҳам ҳаётимдан мамнунман. То умримнинг охиригача қисматимдан бундан ортиқ нарсани илтижо қилмайман. Ўлаётганимда ҳам мен ажойиб тарзда ҳаёт кечирдим, дейман. Мен эртасига Александриядан жўнаб кетдим, шундан кейин Абрагам ҳақида ўйламадим ҳам. Яқинда эса эски мўйсафид танишим — у ҳам врач — Англияда ном чиқарган Алек Кармайкл билан бирга овқатланиб қолдим. Мен уни кўчада учратиб қолдим-да, уруш давридаги буюк хизматлари учун яқинда унга берилган рицарлик унвони билан табриклашга шошилдим. Ўтган кунларнинг хотираси учун бирга овқатланишга, оқшомни биргаликда ўтказишга қарор қилдик. Бемалол гаплашишимиз учун у бошқа ҳеч кимни айтмасликни таклиф этди. Қиролича Анна кўчасида ниҳоятда нозик дид билан ясатилган ажойиб уйи бор эди. Ошхона деворларига ниҳоят ёқимтой Беллоттонинг асари ва Зоффанининг иккита расми қўйилган экан. Бу расмлар ҳавасим ва ҳасадимни келтирди. Олтинранг парчадан кўйлак кийиб олган баланд бўйли гўзал аёли бизни холи қолдиргач, мен унга талаба шифокор бўлган вақтимиздан кейин унинг ҳаётида рўй берган ўзгаришларни кўрсатдим. Ўша вақтларда Вестминстер — Брижроуддаги кўримсиз итальян рес¬торанчасида овқатланишни ҳам ўзимизга эп кўролмасдик. Эндиликда эса Алек Кармайкл бир қанча касалхоналарда ишларди, йилига ўн минг фунтдан кам ишламасди. Рицарлик унвони уни келгусида муқаррар равишда кутиб турган фахрий мукофотларнинг илк дебочаси эди. — Ҳа, мен шикоят қилсам уят бўлар, — деди у, — лекин энг ғалати жойи шундаки, мен буларнинг барчасига бахтли тасодиф туфайли эришиб турибман. — Сен нимани кўзда тутаяпсан? — Абрагамни эслайсанми? Унинг олдида ажойиб истиқбол эшиги очилиб турганди. Талабалик йилларида у барча соҳаларда мендан олдинда эди. Мен мўлжаллаган, интилган барча мукофотлару стипендияларни у оларди. У бор жойда мен доимо иккинчи ўринда эдим. Касалхонадан кетиб қолмаганида бу эътиборли мавқени мен эмас, у эгаллаган бўларди. Абрагам даҳо жарроҳ эди. Ҳеч ким у билан баҳслаша олмасди. Уни муқаддас Фома касалхонасига олишганда касалхонада қолишга менда ҳеч қандай имконият йўқ эди. Мен катта йўлга тушиб кетиши қийин бўлган шунчаки оддий амалиётчи врач бўлиб қолардим. Лекин Абрагам кетди, унинг ўрни менга қолди. Бу биринчи муваффақият эди. — Ҳа, чамаси, сен ҳақсан. — Бахтли тасодиф. Абрагам ғалати табиатли одам. У бечора бутунлай тўкилиб тушибди. Александрияда санитар-врач даражасида хизмат қилади, арзимас чойчақа ишлайди. Эшитишимга қараганда, бадбашара ва ёши ўтган грек аёли билан яшаркан. Аёл унга бир-қанча сап-сариқ болаларни туғиб берибди. Ҳа, фақат ақлу қобилиятнинг ўзи етарли эмас экан. Энг муҳими — характер экан. Абрагам мустаҳкам характерга эга эмас экан. Характер? Мен эса ярим соатлик мулоҳазадан сўнг қаршингда очилган янгича ҳаётий йўл деб истиқболдаги ажойиб мавқедан воз кечишни характер кучлилигининг белгиси бўлса керак, деб ўйлагандим. Лекин ҳеч кутилмаганда қўйилган қадам учун бирор марта афсусланмаслик характернинг кучлилигини кўрсатмайдими? Аммо мен баҳслашиб ўтирмадим, танишим хаёл суриб гапини давом эттирди. — Албатта, Абрагамнинг бу ҳаракатидан афсусдаман десам мунофиқлик қилган бўламан. Ахир мен бундан жуда кўп нарса ютдим. — У қимматбаҳо сигарани мамнуният билан ичига тортди. — Агар мен бу ишдан шахсан манфаатдор бўлмаганимда шундай талантнинг бекор кетганига афсусланган бўлардим. Ўз ҳаётини бунчалик барбод қилиш унга нимага зарур бўлиб қолди экан. Мен Абрагам ўз ҳаётини барбод қилганига шубҳа билан қарардим. Ахир юраги чопган ишни қилса, ўзи хоҳлаганидек яшаса, ҳаётини барбод қилган бўладими? Фақат таниқли жарроҳ бўлиш, йилига ўн минг фунт ишлаш гўзал хотинли бўлишгина бахтми? Назаримда, ҳаммаси сенинг ҳаётдан нимани қидиришингга, ўзингдан ва бошқалардан нимани талаб қилишингга боғлиқ. Лекин мен яна тилимни тишлаб қолдим. Мен ким бўлибман ўзи, рицарь билан баҳслашадиган? Эллик биринчи боб Бу тарихни Тиарега сўзлаб берганимда ўзимни вазмин тутганим учун мени мақтаб қўйди. Бир неча дақиқа давомида миқ этмай ишладик — нўхатнинг пўстини тозаладик. Ошхона ишларида устасифаранг бўлиб кетган аёл хитой ошпазининг овқат тайёрлашдаги қандайдир хатосини топди. Бундан фиғони фалакка чиқди. Аёл хитойни қалаштириб қарғади, сўкди. Хитойлик ҳам бўш келмади, жанжал авжига чиқди. Улар бир-бирларига маҳаллий тилда бақиришарди. Мен бу тилда ўндан ортиқ сўзни билмасдим. Томошанинг зўри бошланадиганга ўхшарди. Лекин кутилмаганда жанжал тинчиди, Тиаре ошпазга сигара узатди. Ҳозиргина жанжаллашаётганларнинг иккаласи ҳам бамайлихотир чекишга тушишди. — Биласизми, мен унга хотин топгандим, — тўсатдан гап очди Тиаре, унинг баркашдай юзига табассум югурди. — Ошпазгами? — Йўқ, Стриклендга. — Лекин у уйланган эди-ку. — У буни менга айтди, лекин мен хотининг Англияда, Англия эса дунёнинг нариги чеккасида, дедим. — Бу тўғри, — унинг гапига қўшилдим мен. — У Папеэтеда ҳар икки ёки уч ойда, бўёқ, тамаки ва пул керак бўлган пайтларда пайдо бўлиб қолади, кўчаларни дайди итдек кезади. Унга жуда раҳмим келарди. Шу ерда бир хизматкор қизим бор эди, исми Ата деган, узоқ қариндошим. Ота-онаси ўлиб кетганлиги сабабли, ўз уйимга олиб келгандим уни. Стрикленд баъзида дурустроқ овқатланиш ёхуд шахмат ўйнаш учун бу ерга келиб турарди. Мен хизматкорим Стриклендга қараб-қараб қўяётганини сезиб қолдим-да, ёқиш-ёқмаслигини қиздан сўрадим. Қиз, у менга жудаям ёқади деб жавоб берди. Бу қизларни ўзингиз биласиз-ку, улар доимо оқ танлига эрга чиқишга тайёр. — Қиз шу ерликмиди? — сўрадим мен. — Ҳа, маҳаллий аҳолининг соф вакиласи эди. Шундай қилиб қиз билан гаплашганимдан кейин Стриклендга хат юбордим: “Ақлингни йиғиштириб оладиган вақтинг келди, Стрикленд. Сенинг ёшингда қизчалар билан соҳил бўйлаб сайр қилиш ярашмайди. Бу талоқ қизлардан ҳеч қандай яхшилик кутиб бўлмайди. Ўнингда пулинг йўқ, бирор ерда икки ойдан ортиқ ишлай олмайсан. Энди сени ҳеч ким ишга қабул қилмайди. Сен маҳаллий аёлларнинг гоҳ униси, гоҳ буниси билан дон олишиб бемалол яшайвераман деб ўйлайсан. Дарҳақиқат, улар оқ танли эркакларга ўч. Лекин бундай яшаш оқ танли кишиларга жоиз эмас. Энди эса гапимга яхшилаб қулоқ сол, Стрикленд...” Тиаре француз ва инглиз сўзларини чалкаштириб юборарди. Зеро, у ҳар икки тилда ҳам қийналиб бўлса-да, гаплашарди. Тиаренинг сўзларига қулоқ соларканман, мабодо бирор қуш инглизча гаплашса худди шундай гаплашса керак деб ўйлардим. “Атага уйланиш масаласига қандай қарайсан? У жуда яхши қиз, эндигина ўн еттига чиқди. У бошқа қизларга ўхшамайди, нозик табиатлик ерли йигитлардан бирортаси хоҳ капитан, хоҳ унинг ёрдамчилари бўлсин, қўлини ҳам ушламаган. У ўзини ҳурмат қиладиган қизлардан.“Оаху” хўжалигининг бошлиғи бу ерда бўлганида шу атрофдаги оролларда бундан гўзалроқ қиз кўрмаганини айтган эди. Унинг ҳам оила қурадиган пайти келди. Бундан ташқари, қари капитан ва унинг энг яқин ёрдамчилари ҳам турли гулларни ҳидлаб кўргилари келади. Мен қизларни узоқ вақтгача ўз ҳузуримда сақлаб туролмайман. Кўрфазга кираверишдаги Таравао яқинида Атанинг озроқ ери бор. Кокоснинг ҳозирги нарх-наволарини эътиборга олинадиган бўлса, шу ердан чиқадиган ҳосилга бемалол тирикчилик ўтказишларинг мумкин. Яшайдиган уйи ҳам бор, бемалол расмларингни чизаверасан. Хўш, ёқадими?” Тиаре нафасини ростлади. — Шундан кейин менга Англиядаги хотини тўғрисида гапириб берди. “Бечорагина Стрикленд, — жавоб бердим, — ҳар бир эркакнинг ҳам қаердадир хотини бор, шунинг учун ҳам улар бизнинг оролимизга қочиб келишади. Ата — ақлли қиз, ортиқча расмиятчиликларни ёқтирмайди. У протестант мазҳабида, сенга маълумки, протестантлар бу масалага католикларга нисбатан бошқачароқ қарайдилар”. Шу ерга келганда у гап қўшди: “Атанинг ўзи қандай фикрда?” —“Менимча, Ата, сенга бефарқ эмас” — дедим мен. Масала Атага тақалгудай бўлса бунинг чораси осон. Уни чақиртирайми? У жаҳл қилгандай пишқириб қўйди. Шунақа одати бор эди унинг. Мен Атани чақирдим. Қиз мен Стрикленд билан нима тўғрисида гаплашаётганимни билиб турарди. Кўзимнинг қири билан гарчи кўйлагимни дазмоллаётган бўлса ҳам суҳбатимизни эшитиб турганини кўргандим. Ата ёнимизга келди. У бироз ҳадиксираб туришига қарамай куларди. Стрикленд ҳеч нарса демай қизга тикиларди. — Қиз ёқимтоймиди? — сўрадим мен. — Чакки эмас. Сиз, эҳтимол, уни расмларда кўргансиз. Стрикленд тўхтовсиз равишда унинг расмини гоҳ кийимда, гоҳ яланғоч кўринишда чизаверарди. Ҳа, у ёмон қиз эмасди. Жуда яхши пазанда эди. Бу ҳунарни унга ўзим ўргатганман. Мен Стрикленд ўйланиб қолганини кўрдим-да, гапимни давом эттирдим: “Ата мендан яхшигина иш ҳақи оларди, топганини йиғарди. Капитанлар ва уларнинг биринчи ёрдамчилари гоҳида унга чойчақа ташлаб кетишарди. Чамаси, бир неча юз франкни йиғиб қўйганди”. У сарғиш соқолини тутамлаб кулимсираб қўйди. “Хўш, Ата, сенга эрликка ярайманми?” Қиз ҳеч нарса демай фақат куларди. “Мен ахир қиз сенга бефарқ эмас деяпман-ку, Стрикленд”, — қайтардим мен. “Мен сени дўппослаб тураман”, — деди Стрикленд, — Атага қараб. “Бўлмаса мени яхши кўришингни қаердан биламан?” — жавоб берди қиз. Тиаре ҳикоясини тўхтатди, бироз ўйлаб тургач, давом этди: — Биринчи эрим капитан Жонсон мени мунтазам равишда уриб турарди. У ҳақиқий эркак эди. Ўзи ғоят келишган, баланд бўйли — олти фут уч дюм келарди. Ўлгудай ичарди, роса урарди. Бунақа пайтларда ҳаммаёғим моматалоқ бўлиб юрарди. У вафот этганида мен қанчалар йиғлаганимни кўрсангиз. Унинг вафотини кўтара олмасам керак деб ўйлагандим. Нақадар катта нарсани йўқотганимни Жорж Рейнига турмушга чиққанимдан кейин билдим. Одамни яхшироқ билиш учун у билан бир ботмон тузни егунча яшамоқ керак экан. Ҳаётда Жонсонни йўқотишдан кўра аламлироқ нарса кўрмаганман. Рейни ҳам кўрса кўргудай эркак эди. Бўйи капитан Жонсонга қараганда пастроқ бўлса-да, бақувват кўринарди. Лекин бу фақат кўринишга шундай эди. Ичимлик деган нарсани оғзига ҳам олмасди. У бирор маротаба ҳам мени урмаган. Худди ерли халқни христианликка даъват этишга келган одамга ўхшайди. Мен кўрфазимизга кириб келган барча кемалардаги офицерлар билан ишқий романларни йўлга қўйгандим, Жорж Рейни эса ҳеч нарсани фаҳмламасди. Пировардида тоқатим тоқ бўлди, у билан ажрашдим. Бунақа ландовур эркакнинг нима кераги бор? Баъзи эркакларнинг аёлларга бўлган муносабатидан даҳшатга тушади одам. Мен ҳам Тиарега ўхшаб хўрсиниб қўйдим, эркаклар азалдан алдамчи бўлишади деган хаёлга бориб, Стрикленд тўғрисидаги ҳикоясини давом эттиришини илтимос қилдим. — Майли, шошилишнинг ҳожати йўқ, — дедим унга. — Яхшилаб ўйлаб кўр. Атанинг яхшигина уйи бор. Бирор ой яшаб кўр, ёқиш, ёқмаслигини сина. Бизнинг ресторанчамизда овқатланиб юришинг мумкин. Бирор ойдан кейин, унга уйланишга қарор қилсанг уйларига кўчиб ўтиб яшайверасизлар”. У рози бўлди, ваъда берганимдек бизнинг тамаддихонада овқатланиб юрди. Стрикленд хушлайдиган овқатлардан бир нечасини Атага ўргатиб қўйдим. Бу вақтларда у жуда кам расм чизарди, кўпроқ тоғларда изғиб юрарди ва чўмиларди. Кўпинча соҳилда денгиз қўлтиғига тикилганча ўтираверарди. Кечқурунлари эса Муреа оролини томоша қилгани борар ёхуд балиқ тутарди. Кемалар тўхтайдиган жойларда кезишни ва ерли халқ кишилари билан валақлаб ўтиришни ҳам ёқтирарди. Ҳа, Стрикленд донгдор, сокин одам эди. Ҳар куни кечқурун овқатдан кейин Атанинг уйига жўнаб кетишарди. У ўрмонда кезишни хушлашини ҳам сезиб турардим, ойнинг охирига борганда қандай қарорга келганини сўрадим. У Ата рози бўлса, қиз билан кетишга тайёрлигини айтди. Мен ўз қўлим билан тўй дастурхонини тузатдим, нўхатли шўрва, қисқичбақадан тайёрланадиган португалча таом, кокос ёнғоғидан салатлар тайёрладим. Айтгандай, сиз ҳали менинг бундай салатимни татиб кўрмадингиз, шекилли. Сиз шу ерда вақтингизда албатта шундай салат билан меҳмон қилмоғим лозим. Охирида эса дастурхонга музқаймоқ тортдим. Қанча шампан виноларию унинг устидан ликерларни ичганимизни қўяверасиз. Зўр зиёфат ўтказишга қарор қилгандим-да. Овқатланиб бўлганимиздан кейин меҳмонхонада рақсга тушдик. У вақтларда анча ихчам эдим, ҳолдан тойгунимча ўйинга тушдим. “Отель де ля флёр”да меҳмонхона вазифасини бир чеккасига эски пианино қўйилган, девор бўйлаб кимхоб қопланган қизил мебеллар ўрнатилган унча катта бўлмаган хона бажарарди. Думалоқ столлар устида фотоальбомлар турарди, деворларга эса Тиаре ва унинг биринчи эри капитан Жонсоннинг катталаштирилган фото портретлари осилганди. Гарчи Тиаре эндиликда анча кексайиб ва семириб кетган бўлса, биз кунларнинг бирида унинг шарафига гилам тўшаб, дўстларидан баъзиларини чорлаб ўйин-кулги уюштирдик. Пешайвонда ҳаво ғоят ёқимли эди, тепамизда юлдузлар чарақлаб турарди. Тиаре маъюсгина табассум қилиб, аввалги хурсандчилик пайтларини эслади. — Кечаси соат учларгача ўйинга тушардик, — ҳикоясини давом эттирди у. — Ухлашга кетаётганимизда ҳам кайфиятимиз шодон бўларди. Мен ёшларга бориш мумкин бўлган жойгача икки кишилик аравачаларида кетишларини айтардим. Ундан у ёғига ҳам анча йўлни пиёда босиб ўтишларига тўғри келарди. Атанинг уйи анчагина нарида, тоғ дарасида эди. Улар эрта тонгдагина ўз жойларига етиб боришар, улар тушган аравача эртасига қайтиб келарди. Стрикленд мана шундай уйланганди. Эллик биринчи боб Кейинги уч йил, эҳтимол, Стрикленд ҳаётининг энг бахтли даврлари бўлгандир. Атанинг уйи оролни ўраб олган катта йўлдан саккиз чақирим ичкарида эди. Катта йўлга икки томони сершох тропик дарахт билан қопланган илонизи сўқмоқдан бориларди. Ўғочдан ясалиб ҳали ҳам бўялмаган иморат икки хонадан иборат эди. Хоналарга туташ қурилган айвонда ошхона жойлашганди. Уйнинг бутун жиҳози бир неча бўйрадан иборат бўлиб, улар ўрин вазифасини бажарар, булардан ташқари айвонда беланчак турарди. Худди сургундаги қироличанинг кийимларидек ҳурпайган баҳайбат баргли банан чор атрофни эгаллаганди. Булардан ташқари тимсоҳлар ноки, жуда кўп кокос дарахтлари ўсиб ётарди. Кокос ёнғоқлари бу жойларнинг асосий даромади ҳисобланарди. Атанинг отаси ўз уйининг атрофига турфа хил гуллар экиб ташлаган бўлиб, улар эндиликда ҳам ял-ял ёниб турар, ҳам тўсиқ вазифасини бажарарди. Булардан ташқари шундоққина уйларининг олдида улкан манго дарахти қад кўтарган, икки ҳинд хурмо дарахти бир-бири билан баҳс бойлашаётгандай обдон ҳосил қилганди. Стрикленд табиат неъматлари билан овқатланиб ҳаёт кечирди, аҳён-аҳёндагина Папеэтега тушиб турди. Уларнинг уйлари яқинидан дарёча оқарди, Стрикленд шу дарёда чўмиларди. Гоҳида шу дарёга денгиз балиқларининг тўдаси кириб қоларди. Шу пайтларда ерли халқ найзалар билан қуролланган ҳолда қирғоқда тўпланишар, шовқин-сурон билан қўрқиб кетган, орқага, денгизга тартибсиз қочаётган улкан балиқларга найзаларини санчишарди. Стрикленд гоҳида денгиз бурнига борар, у ердан каттакон денгиз қисқичбақаси ёхуд ранг-баранг тусдаги балиқлар билан тўла саватни кўтариб келарди. Ата эри келтирганларини кокос ёғида қовурарди. У бу ўлкаларда тез-тез учраб турадиган оддий қисқичбақалардан ҳам лаззатли таом тайёрлашни ўрганиб олганди. Тоғларда ёввойи апельсинлар ўсарди, Ата қўшни қишлоқдаги аёллар билан гоҳида тоғларга чиқиб, ҳиди анқиб турган кўм-кўк, ширин меваларни аранг кўтарганча қайтиб келарди. Кокос ёнғоқлари пишгач, унинг жиянлари (бундай жиянлар барча ерли халқлар сингари уларда ҳам кўп бўларди)дарахтларга чиқишиб, катта-катта меваларни териб пастга ташлашарди. Кўпчиликлашиб пўстлоғини шилиб қуритиш учун офтобга ёйишарди. Кейинроқ уларни чақиб қопларни мағизларга тўлдириб денгиз яқинидаги қишлоқда турадиган савдогарга элтишарди. Ўнғоқ мағзи эвазига гуруч, совун, гўшт консервалари ва озроқ пул олишарди. Байрамлар шарафига гоҳ-гоҳида қишлоқда чўчқа сўйилар, шунда меҳмонлару мезбонлар бурунларидан чиққудай овқатланишар, рақсга тушишар, диний ашулалар айтишарди. Лекин Атанинг уйи овлоқда эди, таитиликлар жуда дангаса халқ бўлишади. Улар аравада юришни, ғийбат қилишни ёқтиришади, лекин пиёда юришни хуш кўришмайди. Стрикленд ва Ата ойлар мобайнида танҳо яшашарди. Стрикленд расм чизар, китоб ўқир, атрофга қоронғулик чўккач, айвонда тунга тикилганча ўтираверишарди. Кейин Ата бола кўрди, чақалоққа доялик қилган кампир уларникида яшай бошлади. Тез орада кампирнинг қиз набираси, унинг кетидан эса яна қандайдир ўспирин бола пайдо бўлди. Боланинг кимлигини ҳеч ким айтиб беролмасди, шунга қарамай, шу уйда қолиб кетди. Ҳаммалари биргаликда яшай бошлашди. Эллик иккинчи боб — Мана, капитан Брюно ҳам келиб қолди, — деди Тиаре кунлардан бир кун ундан Стрикленд ҳақидаги тафсилотларни суриштириб ўтирганимда. — У Стриклендни яхши биларди, уйида ҳам бўлганди. Қаршимда катта ёшдаги, бутун юзини эндигина оқ оралай бошлаган қора соқолли, кўзлари ялтираётган француз турарди. У оппоқ сочиқсимон йўл-йўл костюм кийиб олганди. Мен унга нонушта маҳалидаёқ эътибор берган эдим, хитой ошпаз А.Лин у бугун эрталаб кемада Паумотудан келганлигини айтган эди. Тиаре бизни таништириб қўйди, у менга ташриф қоғозини берди. Ташриф қоғозида: “Рене Брюно”, пастроғида эса “Узоқларга қатнайдиган кема капитани” деб ёзилганди. Биз ошхона яқинидаги кичкинагина айвончада ўтирардик, Тиаре хизматчиларидан бири бўлган қизнинг кўйлагини тикиб ўтирарди. Капитан бизнинг ёнимизга келиб ўтирди. — Ҳа, мен Стриклендни яхши билардим, — деди у, — мен шахматга жудаям ишқибозман. Стрикленд эса жон-жон деб шахмат ўйнарди. Мен ҳар йили Таитига иш билан уч-тўрт маротаба келиб турардим. Келганларимда уни Папеэтеда учрата олсам “Отель де ля флёр”га келиб шахмат ўйнардик. У уйлангандан кейин, — капитан Брюно табассум билан елкасини қисиб қўйди, — Тиаре тиқиштирган қиз билан яшай бошлагандан кейин у мени уйига чақирди. — Капитан Тиарега қараб қўйди ва уларнинг ҳар иккалалари кулиб юборишди. — Орадан, тахминан, бирор йил ўтгач, қандай сабаб биланлиги ҳозир хотирамда йўқ, мен оролнинг ўша қисмига бориб қолдим. Ишларимни тугатганимдан кейин ўзимга ўзим: “Бечора Стриклендни бир кўриб кетмайманми” дедим. Мен ерли кишилардан уни суриштиришга, у тўғрисида бирор нарса билиш-билмасликларини аниқлашга тушдим. Натижада у мен турган жойдан беш чақиримча нарида яшашини билдим. Уникига йўлга тушдим. Бу борганимни ҳеч қачон эсимдан чиқармайман. Мен ҳалқа шаклидаги маржонлар оролида яшардим. Ернинг бу паст қисмида денгиз ва осмоннинг кўриниши ажойиб манзара касб этганди. Лекин Стрикленд истиқомат қилаётган жойларни жаннатмакон десам муболаға бўлмас. Эҳ, мен оламнинг кўзидан яширин бу овлоқ жойларнинг бутун гўзаллигини, беғубор осмони-ю, айқириб ўсиб ётган дарахтларини чиза олганимдайди! Буни турфа хил бўёқлар ўйини деса бўларди. Ҳавоси хушбўй ва муздеккина. Йўқ, бу жаннатмакон жойларнинг таърифини сўз билан келтириб бўлмайди. У шу жойларда дунёни ўйламасдан умргузаронлик қилар, дунё ҳам уни унутганди. Эҳтимол, европаликларнинг кўзи билан қараганда бу жойлар жуда ғарибона кўринар. Уй яримхароба ва устига-устак, унчалик озода ҳам эмас. Мен бу ерга келганимда айвонда бир неча ерли халқ одамлари ётишарди. Сиз биласизки, бу ернинг одамлари жуда киришимли бўлишади. Бир йигитча узала тушиб чўзилиб ётганча чекар, эгнида фақат оқ йўлли қизил лахтак бор эди, холос. Ўн беш ёшлардаги қизча панданус япроғидан шляпа тўқирди, — давом этади Брюно, — қандайдир кампир эса чўккалаб ўтирганча трубка чекарди. Кейин Атага кўзим тушди. У чақалоқни эмизиб ўтирарди, тамомила яланғоч бошқа болакай эса Атанинг оёқлари тагида уймалашарди. Ата менга кўзи тушгач, Стриклендни чақирди, у шу заҳоти эшик олдида пайдо бўлди. Унинг ҳам эгнида лахтакдан бошқа нарса йўқ эди. Унинг шу топдаги кўринишини ҳеч қачон эсдан чиқармасам керак: ҳурпайган сочлар, сап-сариқ соқол, кенг жундор кўкрак. Оёқлари шилинган, тилинган. Доимо оёқяланг юришини тушундим. У буткул ерли халққа ўхшаб кетганди. Келишимдан хурсанд бўлиб кетди шекилли, шу ондаёқ Атага тушлик учун товуқ сўйишни буюрди. Кейин мени ҳозир ишлаётган расмини кўрсатиш учун уйга бошлаб кирди. Хонанинг бир бурчагида бир неча бўйра айқаш-уйқаш бўлиб ётар, ўртада эса мольберт қўйиб расм ишлаётганди. Стриклендга раҳмим келиб кетди ва ўзим, Франциядаги ўртоқларим учун унинг бир неча расмини арзон-гаровга сотиб олдим. Гарчи бу расмларни раҳм-шавқат юзасидан сотиб олган бўлсам-да, лекин вақт ўтиши билан уларни яхши кўриб қолдим. Чин сўзим шуки, уларда қандайдир яширин гўзалликни кўрардим. Ҳамма бу расмларни сотиб олганим учун мени телбага чиқариб қўйди, мана кейинчалик маълум бўлишича, мен ҳақ эканман. Мен унинг оролдаги биринчи мухлиси эдим. У Стрикленд мол-мулкини сотишаётган маҳалда расмларга эътибор бермай, йигирма етти франкка америка ўчоғини сотиб олганини афсус-надоматлар билан сўзлаб бераётган Тиарега ичиқоралик билан қараб турарди. — Ўша расмлар ҳамон ўзингиздами? — қизиқиб сўрадим ундан. — Ҳа, уларни сақлаб турибман. Қизим турмушга чиқаётганда уларни сотиб, сепига ишлатаман. Кейин у Стриклендларникига боргани ҳақидаги ҳикоясини давом эттирди. — Ўша оқшомни ҳеч қачон ёдимдан чиқармайман. Мен уникида бирор соат бўларман деб ўйлагандим, лекин у ётиб қолишимни ўтиниб илтимос қилди. Мен иккиланардим. Эътироф этишим керакки, ётиш учун таклиф қилинаётган бўйра менга унчалик ёқмасди. Лекин шундай бўлса-да, пировард- натижада, қолишга рози бўлдим. Паумотуда ўзим учун уй қурганимда бир неча ой мобайнида жуда ёмон ўринларда ётгандим, бошимда фақат тропик ўсимликлар бўларди. Ҳашаротлар масаласига келадиган бўлсак, терим қалин бўлганлиги учун унча-мунчасидан қўрқмасдим. Биз Ата тушлик тайёрлагунгача дарёга тушиб чўмилдик. Овқатланиб бўлганимиздан кейин айвонда тамаки чекиб, валақлашиб ўтирдик. Хонадондаги ўспирин бундан ўн йиллар илгари мюзик-холларда айтиладиган қўшиқлардан хиргойи қиларди. Бу қўшиқлар маданий дунёдан мингларча чақирим узоқда, тропик кечада жуда ғалати эшитиларди. Мен Стрикленддан бундай овлоқдаги ҳаёт, ундай одамлар орасидаги турмуш жонингга тегмадими деб сўрадим. Йўқ, расмларим қаҳрамонлари орасида яшаш менга жудаям қулай, — деди у. Тез орада уйдагилар ҳомуза тортганларича ухлаш учун ичкарига кириб кетишди, биз ёлғиз қолдик. Бу туннинг ўзига хос сокинлигини сира ифодалай олмасам керак. Мен яшайдиган оролда ҳеч қачон бундай тўла сукунат ҳолати бўлмайди. Денгиздан тирик мавжудотларнинг, қуруқликда қисқичбақаларнинг турли товушлари тинимсиз эшитилиб туради. Аҳён-аҳёнда балиқларнинг сувда шалоплагани эшитилади. Гоҳида эса балиқлар талвасага тушиб қаёққадир қочаётган бўлади. Бу эса балиқларнинг акуладан қутулиб қолиш учун жон-жаҳди билан қилаётган ҳаракатидан даракдир. Қирғоққа урилаётган тўлқиннинг шовқини эса сираям тинмайди. Лекин бу ерларда сукунатни ҳеч нарса буза олмайди, ҳаво эса тунги оппоқ гулларнинг ёқимли ҳидлари билан тўла. Тун шу қадар мароқлики, юрагингиз ўз жойига сиғмай ташқарига чиқиб кетгудай бўлади. Қалбингиз жойидан қўзғалиб тоғли ўлкаларга парвоз қилаётганини сезгандай бўласиз. Тиаре хўрсиниб қўйди. — Эҳ, ҳозир менинг ёшим ўн бешда бўлгандайди! Тиаренинг кўзи ошхона столи устида турган майда қисқичбақа солинган идиш олдига бориб қолган мушукка тушди. Мушукка қараб китобни улоқтирди, бу билан қаноатланмай ғазабини сўкиш ва қарғишлар билан чиқармоқчи бўлди. Мен Стрикленддан: “Ата билан бахтлимисиз?” — деб сўрадим. “Ата менга инжиқлик қилавермайди, — жавоб берди Стрикленд. — У овқатимни пиширади, болаларига қарайди. Нима буюрсам шуни бажо келтиради. Аёл сифатида сўраган нарсамни беради.”— “Европадан кетиб қолганингизга ачинмайсизми, Париж ва Лондоннинг чароғон кўчаларини, дўстларингиз, ўзингиз билан баробар гаплаша оладиган одамларни, театрлар, газеталарни соғинмайсизми? Кўп ўринли извошларнинг тош ётқизилган кўприк устидан ўтаётгандаги тарақа-туруқ овозларини эшитишни хоҳламайсизми?” У анчагача жим турди-да, сўнг жавоб берди: “Мен то қазо кунимгача шу ерда қоламан.” “Наҳотки, ёлғизликдан зерикмасангиз, азият чекмасангиз?” У пишқириб қўйди: “Бечора дўстим, сиз рассомлик нималигини билмайсиз, шекилли”. Капитан Брюно кулимсираб қўйди, унинг қоп-қора самимий кўзларида ғалати ифода зуҳур этди. — Стрикленднинг менга нисбатан айтган бу гапи адолатсиз эди. Ахир мен орзу нималигини биламан, хаёлимда турли нарсалар намоён бўлади. Шу туфайли маълум маънода мени ҳам, рассо деса бўлади. Биз жим бўлиб қолдик, Тиаре чўнтагидан бир қутича папирос чиқарди, учаламиз папиросдан олиб чека бошладик. Ниҳоят Тиаре жимликка чек қўйди: — Ҳамонки, бу жаноб Стрикленд билан қизиқаётган эканлар, нима сабабдан сиз уни доктор Кутра билан учраштирмайсиз? Доктор Стрикленднинг касаллиги ва ўлими тўғрисида баъзи нарсаларни гапириб берган бўлармиди! — Мамнуният билан таништириб қўяман у билан, — жавоб берди капитан менга қараб. Мен унга миннатдорчилик билдирдим. У ёнидан соатини чиқариб қаради. — Соат еттига қараб кетибди. Агар биз ҳозироқ турсак уни уйидан топамиз. Мен дарҳол ўрнимдан турдим, биз йўл бўйлаб докторнинг уйига қараб юрдик. У шаҳар чегарасига туташ ерда яшаркан. “Отель де ля флёр” шаҳар чеккасида жойлашгани учун биз тез орада шаҳардан чиқдик. Кенг йўлни қалампирнусха баргли дарахтлар қоплаган, йўлнинг икки томонида кокос ва хушбўй мевали тропик ўсимлик майдонлари ястаниб ётибди. Қароқчи қушлар меваларга қирон келтиришни маслаҳатлашаётгандай дарахтларнинг шохларида чуғурлашади. Саёз сувли дарё устидаги тош кўприкдан ўтарканмиз, чўмилаётган болакайларни томоша қилиш учун бирпас тўхтадик. Улар шовқин-сурон кўтарганча бир-бирларини қувлашар, офтобда обдон пишган жигарранг баданлари қуёш нурлари остида йилтилларди. Эллик тўртинчи боб Йўлда келаётганимизда кейинги вақтларда Стрикленд ҳақида эшитганларим яна беихтиёр ёдимга тушди. Бу узоқ оролда унга Англиядагидек қаҳр-ғазаб билан эмас, аксинча, хайрихоҳона муносабатда бўлишган, унинг барча инжиқликларига кўнишган. Бу ердаги одамлар — ерли халқ вакиллари ҳам, Европадан келганлар ҳам уни девона деб билишган, девоналик уларга ҳам бегона эмасди. Улар дунё ғалати одамлар билан тўла, ғалати қилиқли одамларнинг бўлиши табиий бир ҳол деб ҳисоблашарди. Англия ва Францияда Стрикленд ўз ўрнини топа олмади, бу ерларда эса ҳеч қандай мезонларга сиғмайдиган турфа табиатли кишиларга ҳам жой топиларди. У Таитида аввалгига нисбатан кўнгилчанроқ бўлиб қолгани, худбинлиги ва қўрслигидан қутулиб қолгани йўқ, лекин аввалгига қараганда мақбулроқ муҳитга тушиб қолди. Агар у бу ерда бутун ҳаётини кечирганида бошқалардан кўра ёмон одам ҳисобланмаган бўларди. Бу ерда у ватандошларидан ўзи истамаган ва кутмаган нарсасини — раҳмдилона муносабатни топди. Мен капитан Брюнога нима сабабдан буларнинг барчаси мени ҳайрон қолдираётганини тушунтиришга уриниб кўрдим. У бир неча дақиқа жим бўлиб қолди. — Бунинг ҳеч қандай ажабланарли жойи йўқ, — деди ниҳоят у, — мен Стриклендга хайрихоҳларча муносабатда эдим. Ахир бизнинг интилишларимиз бир хил эди-да. — Марҳамат қилиб айтинг-чи, сиз билан Стрикленддек бир-бирингизга тамоман ўхшамайдиган одамларда қанақасига умумий интилиш бўлиши мумкин? — кулиб туриб сўрадим ундан. — Гўзалликка ошифталик. — Бу жудаям умумий гап, — минғирлаб қўйдим мен. — Муҳаббатга гирифтор бўлган одамлар ўз муҳаббатлари билан овора бўлиб, ер юзидаги бошқа барча нарсаларга кар ва кўр бўлишлигини биласиз. Улар пойдеворга мустаҳкамланган ҳайкаллардек, ўзлари интилган нарсаларга ёпишиб олишади. Стрикленд қалбини муҳаббатдан кам бўлмаган эҳтирос эгаллаб олганди. — Бундай дейишингиз жуда ғалати! — хитоб қилдим. — Мен анчадан бери Стрикленд шайтон васвасасига учраган деб ўйлардим. Унинг эҳтироси гўзаллик яратиш эди. Бу унга тинчлик бермасди. Ўлкалардан ўлкаларга ҳайдарди. Унинг ичидаги шайтон шафқатсиз эди, шу туфайли Стрикленд мангу дарбадар бўлиб қолди, Ватан соғинчи унга азоб берарди. Шундай одамлар бўладики, ҳақиқатга эришиш учун улар бутун дунёни бузиб ташлашга тайёр турадилар. Стрикленд худди шундай одам эди. Фақат бу ерда ҳақиқат ўрнини гўзаллик эгаллаганди. Унга жудаям раҳмим келарди. — Бу ҳам ғалати. Стрикленд жуда қаттиқ ҳақорат қилган одам ҳам унга ачинишини айтган эди. — Мен бироз жим қолдим. — Наҳотки сиз мен шу вақтгача ҳеч англаб бўлмас одам деб биладиган Стрикленднинг шахсига нисбатан тўғри таъриф топа олдингиз? Бу хаёлингизга қандай келди? У табассум билан менга қаради. — Ахир мен ҳам ўз йўлимга рассомман деб айтмадимми сизга? Менинг қалбимни ҳам худди Стриклендники сингари истак эгаллаганди. Лекин унинг учун ифода воситаси рассомчилик, мен учун эса ҳаётнинг ўзи бўлган. Капитан Брюно мен бу ерда қайтаришим лозим бўлган тарихни гапириб берди. Бу ҳикоя менинг Стрикленд тўғрисидаги тасаввурларимга ҳам баъзи нарсалар қўшиши мумкин. Аслида бретонлик бўлган капитан Бруно француз флотида хизмат қилган. Уйланганидан сўнг у нафақага чиқиб, Кемпер яқинидаги ўз мулкида қолган умрини осойишта ўтказмоқчи бўлади. Лекин унинг хотини бошқарган нотариус корхонаси кутилмаганда синиб, сариқ чақасиз қолишади. Капитан Брюно ҳам, хотини ҳам яқиндагина катта мавқеда яшаб турган жамиятда қашшоқларча яшашни исташмайди. Ўз вақтида капитан Жанубий денгизларда сузиб юрган, энди эса ўз бахтини шу ерлардан топмоқчи бўлишади. У бир неча ой мобайнида шароитни ўрганиш ва маълум тажриба орттириш учун Папеэтеда яшайди. Кейин Франциядаги дўстидан олган қарзига Паумоту оролларидан бирини харид қилади. Бу қўлтиққа яқин жойдаги узун, ингичка, турли ўт-ўланлару, дарахтлар ўсиб ётган қаровсиз орол экан. Ҳеч нарсадан қўрқмайдиган ёш хотини ва бир неча ерли кишилар билан бу оролчага тушиб иморат қуриш учун ер, кокос дарахтлари экиш учун майдонни тозалашга киришишибди. Бу йигирма йил олдин рўй берган экан, ҳозир қаровсиз орол гулдай боққа айланибди. — Аввалига дўзах азобини кўрдик, хотиним билан иккаламиз силламиз қуригунча ишлардик. Эрта тонгда турганимча кечгача тўнка ковлардим, иморат қурардим, дарахт экардим, кечасилари ўринга ўзимни ташлаганимча ўликдай ухлардим. Хотиним мен билан баробар ишларди. Кейин ўғил ва қизларимиз туғилди. Хотиним билан иккаламиз ниманики билсак болаларимизга ўргатдик. Мен Францияга хат ёзиб пианино олиб келтирдим. Хотиним болаларимизни мусиқа ва инглиз тилига, мен эса лотин тили ва математикага ўргатдим. Ҳаммамиз биргалашиб тарих китобларини ўқирдик. Болаларим парусни бошқаришни ҳам ўрганиб олишган. Сузишда ҳам ерли кишилардан қолишишмайди.Бу ўлка тўғрисидаги барча гаплардан улар хабардор. Дарахтларим мўл ҳосил беради, яқин атрофлардан садаф топса ҳам бўлади. Ҳозир мен Таитига кичикроқ елканли кема сотиб олгани келдим. Мен кема ёрдамида анча-мунча садаф топиб оламан, кеманинг пули ҳам чиқиб кетади. Эҳтимол марварид ҳам учраб қолар. Илгари ҳеч нарса бўлмаган жойлар эндиликда гуллаб яшнаяпти. Мен-да гўзаллик яратяпман. Азим тупли бақувват дарахтларга қараб, шуларнинг ҳар бири менинг қўлларим билан экилган деб ифтихор билан қараш қанчалик мароқли эканлигини тушунармикинсиз? Сизга қачонлардир ўзингиз Стриклендга берган саволингизни сўрашга ижозат этинг. Наҳотки сиз Франция ва Бретанидаги уйингизни соғинмасангиз, ундан узоқдалигингиздан ачинмасангиз? — Вақти келиб қизимиз турмушга чиқиб, ўғлим уйланиб, оролдаги менинг вазифамни адо этишга киришгач, хотиним билан биргаликда ватанимизга қайтамиз ва умримизнинг охирини мен туғилган эски уйда ўтказамиз. — Ҳаётимизнинг бахтли дамларини хотирлаб, — дедим мен. — Ҳа, албатта. Менинг оролимда ўйин-кулгига имконият йўқ. Ташқи оламдан жуда узоқда яшаймиз. Ҳатто Таитига етиб олгунча ҳам тўрт кун керак бўлади, лекин биз бахтлимиз. Камдан-кам одамлардагина бир ишни бошлаб охиригача етказиш насиб этади. Ҳаётимиз жудаям одми ва покиза. Биз манманликни билмаймиз, фақат бир нарса — ўз меҳнатимиз самарасини кўраётганимиз ва баҳраманд бўлаётганимиздан ифтихордамиз. Хусумат ҳам, кўролмаслик ҳам бизга азоб бера олмайди. Эҳ, жаноб, мен меҳнатнинг таги роҳатлиги тўғрисида кўп гап эшитганман, одатда, бундай гаплар қуруқ сафсата бўлади, лекин мен учун бу сўзлар чуқур маънога эга. Мен бахтиёр одамман. — Сиз, шубҳасиз, бунга сазовор одамсиз, — кулимсираб қўшиб қўйдим. — Мен ҳам шундай бўлишини истардим. Лекин пешонамга шундай хотин — дўст, ёрдамчи севимли маҳбуба, болаларимнинг ажойиб онаси ёзилганига қандай сазовор бўлганимни ўзим ҳам билмайман. Мен капитан Бруно гапириб берган нарсалар тўғрисида ўйланиб қолдим. Шундай машаққатли ҳаёт кечириб, кўп нарсаларга эришиш учун сизлар кучли иродаю қатъий характерга эга бўлгансизлар. — Эҳтимол, лекин буларга яна бир нарсани қўшмоқ керак, акс ҳолда ҳеч нарсага эришиб бўлмасди. — Бу айни нима эди? У тўхтади ва артистона ҳаракат билан қўлини тепага кўтарди. — Худога имон келтириш. Бусиз адойи тамом бўлардик. Худди шу дамда биз доктор Кутранинг уйига етиб келдик. Эллик бешинчи боб Доктор Кутра барваста бўйли, жуда семиз, кекса француз экан. Унинг гавдаси улкан ўрдак тухумини эслатарди. Тешиб юборгудай кўм-кўк самимий кўзлари тез-тез қандайдир мамнуният билан семиз қорнига қараб қўярди. Юзлари қип-қизил, сочлари оппоқ эди. Бундай одамларни бир кўрганингдаёқ ёқтириб қоласан. Доктор Кутра бизни француз чекка шаҳарчаларидаги истаган уйда учратиш мумкин бўлган хонада қабул қилди: хонага осилган икки-уч полинезияликлар тасвирланган расмлардаги одамлар сизга ғалати қараб туришарди. У менинг қўлларимни баҳайбат қўллари билан силкитиб қўйди ва дўстона, аммо айёр кўзлари билан тикилди. Капитан Брюно билан сўрашаркан, назокат билан хотини ва болаларини ҳам суриштирди. Бир неча дақиқа мобайнида бир-бирларига хушомад гаплар айтишди, озроқ ғийбат ҳам қилишди, кокос ва ваниль ҳосили тўғрисида гаплашишди ва пировардида менинг ташрифим мақсадига ўтишди. Мен доктор Кутранинг жонли образли ҳикоясини ўзидай бера олмаганим туфайли ўз сўзларим билан ундан эшитганларимни баён қиламан. Докторнинг пастроқ, аммо баҳайбат гавдасига мувофиқ равишда жарангдор овози, шунингдек, шубҳасиз, артистлик таланти бор эди. Унинг ҳикоясига қулоқ солиш, театрда томоша кўришдан ҳам қизиқарлироқ эди. Қачонлардир доктор Кутра бетоб бўлиб қолган қабила бошлиғи аёлни кўргани Тараваога борибди. Бу семиз кампир баҳайбат каравотда папирос чекиб ётгани, қоратанли яқинларидан бир галаси унинг атрофида гирдикапалак бўлиша¬ётганини у ниҳоятда жонли қилиб гапириб берди. Беморни кўриб бўлганидан кейин уни бошқа хонага чақириб, тушликка таклиф этишибди — хом балиқ, қовурилган банан, жўжалар билан — хуллас, ерли халқнинг севимли таомлари билан меҳмон қилишибди. Лекин тушлик маҳалида эшикда йиғлаб турган ёш қизчага кўзи тушибди. У бу ҳолатга унчалик аҳамият бермабди, лекин эшикдан чиқиб, уйига кетиш учун икки отли аравасига ўтираётганда ҳалиги қизни яна кўрибди. У бир чеккада кўзларидан шашқатор ёш оққанча турар экан. Доктор қандайдир болакайдан қиз нима учун йиғлаётганини суриштирибди. Қиз боғдан тушиб келганини, оғир бетоб бўлиб қолган оқ танли одамни кўриб қўйиши учун атайин келганини айтибди. Бу ерда эса унга докторни овора қилиш мумкин эмас, деб ҳайдашаётган экан. Шунда у қизчани чақириб, нима исташини сўрапти. Уни илгари “Отель де ля флёр”да ишлаган Ата юборганини, Қизилнинг касаллигини айтипти. Қизча унинг қўлига ғижимланган газета парчасини тутқазипти. Унинг ичида юз франкли пул бор экан. — Қизил ким ўзи? — деб сўрапти доктор ерли одамларнинг биридан. Унга Ата билан бирга етти чақиримлар наридаги водийда яшайдиган одамни айтишларини тушунтиришипти. Тушунтириб беришларига кўра, бу Стрикленд эканлигини англапти. Лекин водийга фақат яёв етиб олиш мумкин экан. Докторнинг яёв юриши жоиз бўлмаганлигидан, қизчани ҳайдашаётган экан. — Эътироф этишим керакки, — деди доктор мен томон ўгирилиб, — мен иккиланиб қолдим. Тоғ сўқмоғидан ўн тўрт километр йўл босиш унчалик нашъа бағишламайди кишига, бунинг устига, тонг отгунгача уйингга ҳам қайтиб боролмайсан. Устига-устак, Стрикленд кўнглимга ўтирмайдиган одам эди. Нонини ерли аёлга уйланиш орқали топмоқчи бўлган ишёқмас, ўзимиз сингари гуноҳкор бир банда-да. Худойим-ей, бир замонлар келиб бутун дунё уни даҳо сифатида тан олишини ким билипти дейсиз? Мен қиздан наҳотки у ўзи келолмайдиган даражада касал бўлса, деб сўрадим. Ва у билан қандай ҳодиса рўй берганини суриштирдим. Қизча жим турарди. Мен, чамаси, жаҳл билан жавоб беришни талаб қилганимда ерга қараганча яна йиғлаб юборди. Мен елкамни қисдим. Пировард-натижада, менинг бурчим уни кўришга боришим керак деган тўхтамга келдим-да кайфиятим хуноб ҳолда қизчанинг орқасидан эргашдим. Албатта, докторнинг кайфияти ниҳоят манзилга етиб олишганда ҳам яхшиланмади. Аъзойи баданидан тер қуйиб кетди, ташналикдан ўлар ҳолатга келди. Ата уларни кутиб турган экан, истиқболларига — сўқмоқ бўйлаб пастга тушди. — Аввало менга ичиш учун сув беринглар, — қичқириб юборди у, акс ҳолда ташналикдан жон таслим қиламан. Барака топкурлар, кокос ёнғоғидан беринглар. Аёл қандайдир болага қараб қичқирди, у югуриб кетди, дарахтга чиқиб, пишган ёнғоқдан ташлади. Доктор одамни тетиклаштирадиган мева шарбатига ютоқиб ёпишди. Кейин у папирос чекди, кайфияти кўтарилди. — Хўш, қаерда у сизнинг Қизилингиз? — У уйда, расм чизаяпти; Мен сизнинг келишингизни унга айтмаганман. Марҳамат қилиб, уни бир кўриб қўйинг. — У нимадан шикоят қилади. Ҳамонки у расм чизаётган экан, Тараваога ўзи борса, мени бу лаънати юришдан қутқарса бўлмасмиди? Менинг вақтим уникидан кам қимматга эга эмас, деб ўйлайман. Ата ҳеч нарса дея олмади, бола билан бирга докторнинг орқасидан уй томон юришди. Уни бу ерга бошлаб келган қизча эса айвонда ўтирарди, шу ерда девор ёнида эса қандайдир кампир папирос тутатиб ётарди. Ата эшикни кўрсатди. Доктор атрофдагиларнинг ўзларини ғалати тутишларидан жаҳли чиқиб, эшикдан ичкарига кириб, бўёқ қориладиган тахтачани тозалаётган Стриклендга кўзи тушди. Стрикленд фақат лахтакда бўлиб, эшикка тескари ўгирилганча расм ўрнатилган мольберт ёнида турарди. У қадам товушини эшитиб ўгирилди ва докторга ғижиниб қараб қўйди. Буни у кутмаганди. Эти жимирлашиб кетди. — Сиз бетакаллуф кириб келдингиз бу ерга. Қандай хизмат? Доктор энди ўзини бироз тутиб олганди, лекин овози ҳали аслига қайтмаганди. У бирданига жаҳлдан тушди. — Ҳа, мен буни рад этолмайман. Мен доктор Кутра бўламан. Мен Тараваодаги кекса уруғ бошлиғиникида эдим. Ата мени чақиртирибди. — Ата тентак. Тўғри, бўғинларимда озроқ хасталик бор эди, озроқ безгак тутаётганди. Лекин буларнинг барчаси арзимаган нарсалар, тез орада ўтиб кетади. Бирор одам Папеэтега боргудай бўлса, хинин олиб келишни илтимос қиламан. — Кўзгуга бир қараб қўйинг. Стрикленд унга кулимсираб қараб қўйди-да, ингичка ёғоч рамкага солиб, деворга осиб қўйилган оддийгина кўзгуга қаради. — Хўш, нима бўпти? — Юзингиздаги ўзгаришни кўрмаяпсизми ахир? Юзларингиз шишганини сезмаяпсизми? Наҳотки, даҳшатли касалингизни айтишга мажбур қилсангиз? — Мендами? — Ойнага яна бир қараб кўринг, касалликнинг типик белгиларини кўрасиз. — Ҳазиллашаяпсизми? — сўради Стрикленд. — Ҳазил қила олганимда ўзимни бахтиёр ҳисоблардим. — Сиз мохов бўлиб қолгансиз, демоқчимисиз? — Бахтга қарши, бунга шубҳа йўқ. — Доктор Кутра жуда кўп одамларга ўлим ҳукмини айтган. Лекин ҳар сафар ўзи айтган даҳшатли хабардан кейин ўзини йўқотгудай талвасага тушади. Ҳар сафар бу хабарни айтганда ўша бемор гулдай очилиб турган соғлом, бебаҳо ҳуқуқ — яшашга ҳаққи бўлган докторга ғазаб билан боққанини, ёмон кўриб қолганини сезган. Стрикленд унга бамайлихотир ва индамай тикилиб турди. Даҳшатли касалликдан ўзгара бошлаган юзида ҳаяжонланиш ва ташвишнинг заррача ифодаси кўринмасди. — Улар билишадими? — сўради ниҳоят Стрикленд боши билан айвонда ғалати, одатдан ташқари сукунатда ўтирганлар томонига имо қилиб. — Ерли халқ бу касалнинг белгиларини яхши билади, — жавоб берди доктор. — Улар сизга буни айтишдан қўрқишган. Стрикленд эшик томон қадам ташлади ва ўтирганларга қараб қўйди. Унинг юзи даҳшатли кўринишга эга эди шекилли. Зеро айвонда ўтирганларнинг барчаси бирданига фарёд кўтариб юборишди, кейин йиғлашга тушишди. Стрикленд жим эди. Уйдагиларга бир неча сония қараб турди-да, хонага қайтиб келди. — Сизнингча, қанча вақтгача бу касалликка дош бера оламан. — Ким билади дейсиз? Гоҳида бу касаллик билан йигирма йил ҳам яшаш мумкин. Агар тез ўтиб кетса, бахтим чопти деяверинг. Стрикленд мольберт ёнига келди, паришонхотир унга тикилди. — Сиз машаққатли йўл босиб келдингиз. Муҳим хабар етказган одамни рағбатлантириш адолатдан бўлади. Бу расмни олинг. Ҳозир у сизга ҳеч қандай аҳамиятсиз бир нарса, эҳтимол, қачонлардир бу расмга эгалигингиздан хурсанд бўласиз. Доктор Кутра, расмни олмайман, деди. Унга ҳеч қандай ҳақ керак эмас: юз франкли пулни эса аллақачон Атага қайтариб берди. Лекин Стрикленд расмни олишга мажбур қилаётганди. Кейин улар айвонга чиқишди. Уйдагилар овоз чиқариб йиғлашарди. — Тинчлан, хотин. Кўз ёшларингни арт, — деди Стрикленд Атага. — Сен нимадан қўрқасан. Тез орада бу ердан кетаман. — Сени мендан жудо қилишмайдими? Ўша вақтларда оролларда моховларни соғлом одамлардан ажратиб ташлаш тўғрисидаги қонун йўқ эди, улар озодликда юришлари ман этилмаганди. — Мен тоғларга чиқиб кетаман, — деди Стрикленд. Шунда Ата ўрнидан туриб, унинг кўзига тик қаради. — Агар хоҳлашса бошқалар кетаверишсин. Мен сени ёлғиз қолдирмайман. Сен менинг эримсан, мен сенинг хотинингман. Агар сен мени ташлаб кетсанг, уй орқасидаги анави дарахтга ўзимни осаман. Бунга худо номи билан қасам ичаман. У шиддаткор ва ҳукмдорона гапирарди. Бу мискин ва итоаткор қиз эмасди, кучли ва қатъиятли аёл эди. Уни таниб бўлмасди. Мен билан бўлиб нима қиласан? Сен Папеэтега қайтишинг, тез орада у ерда ўзингга бошқа оқ танли эркакни топишинг мумкин. Кампир болаларингга қарайди, Тиаре бўлса сени жон деб яна ишга олади. — Сен менинг эримсан, мен хотинингман. Сен қаерда бўлсанг, мен ҳам ўша ердаман. Бир сония Стрикленд ўзини тута олмади. Кўзларига ёш келиб, юзидан оҳиста оқиб туша бошлади. Кейин у, одатдагидек, истеҳзоли кулди. — Бу аёллар ажойиб мавжудот-да, — деди у докторга. — Уларга итдан ҳам баттар муносабатда бўлишинг, қўлинг оғригунча уришинг мумкин, улар эса барибир сени яхши кўраверишади. — У елкасини қисди. Христианликнинг энг бемаъни сафсаталаридан бири, гўёки уларда қалб бор эмиш. — Докторга нималар деяпсан, — хавотирланиб сўради Ата. — Сен мени ташлаб кетолмайсан. — Агар хоҳласанг, сен билан қолавераман, қизгина. Ата эрининг ёнига чўк тушиб, оёқларини қўллари билан қучоқлаб олиб, ўпди. Стрикленд доктор Кутрага ним табассум қилиб қараб қўйди. — Пировард-натижада, улар ўзларига ром этиб олишади ва сиз улар олдида ожиз қоласиз. Оқдир, қизилтанлидир — ҳаммаси бир гўр. Доктор Кутра бундай даҳшатли бахтсизликка ҳамдардлик билдириб ўтириш телбалик бўлишини биларди, индамай эшик томон юрди. Стрикленд Танэга, уйдаги йигитчага қишлоққача кузатиб қўйишини тайинлади. Доктор жим бўлиб қолди, кейин менга мурожаат қилиб, гапида давом этди: — Мен сизга Стриклендни хуш кўрмаслигимни айтган эдим. Лекин Таравао томон аста-секин тоғдан тушиб келаётганимда даҳшатли бахтсизлик тўғрисидаги ҳақиқатни сабот билан кутиб олган бу одамнинг мардоналигига беихтиёр қойил қолдим. Хайрлашаётганимда Танэга баъзи дорилар бериб юборишимни айтдим. Лекин бу дориларни Стрикленд ичишга, бунинг устига, улар бирор фойда келтиришига унчалик ишонмасдим. Шунингдек, боладан Атага қачонки одам юборгудай бўлса, келишимни ҳам билдириб қўйдим. Ҳаёт ўта шафқатсиз нарса, табиат гоҳида ўз фарзандларини мазах қилади. Папеэтедаги шинамгина уйимга оғир кайфиятда қайтиб келдим. Анча вақтгача ҳаммамиз жим қолдик. — Лекин Ата менга одам юбормади, — яна гапини бошлади доктор. Вазият шундай бўлдики, анча пайтгача оролнинг ўша қисмига боришга тўғри келмади. Стрикленд тўғрисида ҳеч нарса эшитмасдим. Ата икки маротаба Папеэтега бўёқлар сотиб олиш учун келиб кетибди, лекин уни кўра олмадим. Орадан икки йилдан кўпроқ вақт ўтгач, Тараваога, яна ўша кекса қабила бошлиғи бўлган кампирникига боришга тўғри келди. У ердагилардан Стрикленд тўғрисида бирор хабар биласизларми, деб сўрадим. Энди ҳамма унинг мохов бўлиб қолганини биларди. Биринчи бўлиб уйдан Танэ чиқиб кетибди, тез орада кампир ва набираси кетиб қолишибди. Стрикленд Ата ва болалари билан ёлғиз қолишибди уйда. Ҳеч ким уларнинг мевазор боғларига яқин йўламабди. Бу ердаги одамлар моховдан нақадар қўрқишларини тасаввур ҳам қила олмайсиз. Қадим замонларда эса бирор кимсада мохов аломати пайдо бўлиши биланоқ, уни дарҳол ўлдиришган. Фақат қўшни қишлоқлик болаларгина тоғ тепаликларига чиқиб юришганида гоҳида пахмоқ сариқ соқолли, оқ танли одамга кўзлари тушаркан. Шунда улар қўрқиб жуфтакни ростлаб қолишаркан. Гоҳида кечалари Ата қишлоққа тушиб, зарур нарсаларни харид қилиш учун дўкондорни уйғотаркан. Одамлар ундан Стриклендга нисбатан ҳам кўпроқ қўрқишларини, нафрат билан қарашларини биларкан. Бир куни тасодифан уларнинг мевазорлари яқинида пайдо бўлиб қолган аёллар Атанинг дарёда кир ювиб ўтирганини кўриб қолишганда унга тош отишипти. Шундан кейин дўкондорга агар Ата яна бир маротаба дарёда кир ювгундай бўлса, қишлоқ эркаклари уйига ўт қўйиб юборишларини айтиб қўйишни тайинлашибди. — Ваҳшийлар, — дедим мен. — Ундай эмас, жаноб, одамлар доимо одамликларича қолишади. Қўрқув уларни шафқатсизликка етаклайди... Мен Стриклендни кўриб келишга қарор қилдим, бемор кампирни кўрганимдан кейин йўл бошловчиликка бирор одамни беришларини сўрадим. Лекин ҳеч ким мен билан боришга журъат эта олмади. Доктор Кутра мевазорга келганда одамни зирқиратиб юборадиган ғусса юрагини эзди. Юришдан қизиб кетган бўлса-да, титрарди. Ҳавода қандайдир ёвуз бир нарсанинг шарпаси кезиб юрар, олға силжишга изн бермасди. Худди муайян сирли кучлар унинг йўлини тўсиб тургандай, кўринмас қўллар орқага тортаётгандай. Ҳеч ким бу ерга кокос ёнғоқларини териш учун келмасди. Улар ер билан битта бўлиб чириб ётарди. Ҳаммаёқ харобага айланган, ўтлар одам бўйи ўсиб кетганди. Оғир меҳнат ва машаққат эвазига чўлдан юлиб олинган ер яна аслига қайтгудай ҳолатга тушиб қолганди. “Изтироблар маскани бўлиб қолипти бу ер”, — ичида ўйлади доктор. У уйга яқинлашганда бу ердагиларга хос бўлмаган сукунат ҳукм сурарди. Доктор, уйни ташлаб кетишган, деган қарорга келди. Кейин унинг кўзи Атага тушди. У ошхона вазифасини ўтайдиган бостирмада чўккалаб ўтирар ва қозонда нимадир пиширарди. Аёлнинг ёнгинасидаги болакай тупроққа қорилганча ўтирарди. Докторга кўзи тушган аёл ҳатто кулиб ҳам қўймади. — Мен Стриклендни кўриб қўйиш учун келгандим, — деди доктор. — Кириб, унга айтаман. Аёл уй томон юрди, зиналардан кўтарилиб, айвонга чиқди-да, эшикни очди. Доктор Кутра унинг орқасидан юрди, лекин аёлнинг ишораси билан қадамини секинлатди. Эшик очилганда ичкаридан яқин орада мохов борлигидан дарак берувчи юракни орзиқтирувчи ҳид гупирди. Доктор Атанинг нимадир деганини, кейин Стрикленднинг овозини эшитди, лекин унинг овозини танимади. Овози хириллаб чиқар, бирор сўзни англаб бўлмасди. Доктор Кутра қошини чимирди, касаллик овоз пардаларига таъсир қила бошлаганини тушунди. Ата яна айвонга чиқди. — У сизни кўришни истамаяпти. Сиз кетишингиз керак. Доктор ичкарига киришга интилди, лекин Ата уни ичкарига қўймади. Шунда доктор елкасини қисди-да, орқасига ўгирилиб кета бошлади. Ата унинг орқасидан юрди. Доктор аёл тезроқ ўзини кузатиб қўйишни истаётганини ҳис этди. — Демак, мен сизларга ҳеч қандай ёрдам беролмайманми? — сўради у. — Сиз унга бўёқлар бериб юборишингиз мумкин. Бундан бошқа ҳеч нарса истамайди. — У ҳамон ишлай оляптими? — У уйнинг деворларига расм чизаяпти. — Ҳаётингиз нақадар даҳшатли, болагинам. Шунда у кулимсираб қўйди, кўзларида эса мислсиз муҳаббат ёлқини алангаланди. Доктор Кутра ҳайратдан лол қолди. Қалбида аёлга эҳтиром туйғуси жўш урди. Бу туйғусини ифодалашга интилди. — У менинг эрим, — деди Ата. — Иккинчи болангиз қани? — сўради у. — Ўтган сафар келганимда икки болани кўргандим. — У ўлди. Биз уни манго дарахтининг тагига кўмдик. Ата у билан яна бироз юрди-да, уйга қайтиши кераклигини айтди. Доктор Кутра аёл қишлоқдошларидан бирортасини учратиб қолишдан чўчиётганини тушунди. Доктор зарурат туғилгудай тақдирда одам юборсангиз дарҳол етиб келаман деб аввалги гапини қайтарди. Эллик олтинчи боб Орадан икки йил, эҳтимол уч йил ўтди. Зеро, Таитида вақт қандай ўтганини илғай олмайсан. Доктор Кутрага Стрикленднинг ўлими яқинлашиб қолганини хабар қилишди. Ата Папеэтега борадиган почта аравасини тўхтатиб, докторга кириб ўтишни илтижо қилганди. Лекин доктор уйида йўқ экан, у бу нохуш хабарни фақат кечқурунгина эшитди. Бундай пайтда йўлга чиқиш маънисизлигини билган доктор эртасига тонг маҳалида йўлга тушди. У Тараваогача енгил извошда етиб олди ва Атанинг уйигача бўлган етти чақиримлик йўлни сўнгги маротаба пиёда босиб ўтди. Сўқмоқ йўлни ўт қоплабди, чамаси, бу йўлдан сўнгги йилларда ҳеч ким ўтмаган. Юриш қийин эди. У гоҳ ирмоқчанинг қотиб қолган йўлидан қоқила-қоқила юрар, гоҳ шохлари тарвақайлаб кетган дарахтда осилиб турган асалари инларига тегиб кетмаслик учун тиканли чакалакзор орасидан энгаша-энгаша олға одимлар, юришнинг ҳеч иложи бўлмаган қояларга тирмашиб тепага интиларди. Чор атрофда гўристон сукунати ҳукм сурарди. Ниҳоят узоқдан кичкина, бўялмаган, эндиликда харобага айлана бошлаган уйга кўзи тушганда доктор енгил нафас олди. Лекин уй атрофини ҳам чидаб бўлмас сукунат қоплаганди. У уйга яқинроқ борди, қиздира бошлаган офтобни парво қилмай ўйнаб юрган болакай унга кўзи тушганда қўрқиб ўзини орқага олди. Бу ерда ҳар бир нотаниш одам душман ҳисобланарди. Докторга болакай ўзини пальма дарахти панасидан кузатиб тургандай туюлди. Уйнинг айвонга қараган эшиги ланг очиқ эди. У баланд овозда чақирди, ҳеч ким овоз бермади. У ичкарига кирди. Ичкари уйнинг эшигини тақиллатди, лекин бу сафар ҳам жавоб бўлмади. У ичкари уйнинг эшигини очиб кирди. Димоғига урилган сассиқ ҳиддан эсини йўқотгудай даражага келди, дастрўмолини бурнига босиб, ичкарига киришга ўзини мажбур этди. Уйни қоронғулик ўз домига тортганди. Чарақлаётган офтоб тиғида юриб келгани учун аввалига ҳеч нарса кўрмади. Кейин сесканиб кетди. У қаерда турганини тушунмасди. Уни қандайдир эртаклар олами ўраб олганди. Дарахт тагларида яланғоч одамлар юрган бокира ўрмонда тургандай ҳис этди ўзини. Кейин у деворларга шундай расмлар чизилганини англади. — Худойим-ей, наҳотки мени офтоб урган бўлса, — минғирлади доктор. Хонадаги қандайдир енгил ҳаракат унинг эътиборини ўзига тортди ва Атага кўзи тушди. У ерда ётар ва хиқиллаб йиғларди. — Ата, — чақирди у, — Ата! У бошини ҳам кўтармади. Бадбўй ҳиддан докторнинг кўнгли айниди, сигара тутатди. Кўзлари энди қоронғиликка ўрганди ва атрофидаги деворларга чизилган расмларга нигоҳи тушганда юрагини бениҳоя ҳаяжон қоплади. У рассомчиликдан ҳеч нарса тушунмасди, лекин бу ерда кўраётганлари докторни лол қолдирди. Уйнинг полидан шифтигача ғалати ва мураккаб композицияли расмлар қоплаганди. Бу расмлар ғаройиб ва сирли эди. Докторнинг юраги орзиқиб кетди. Қалбида уйғонган туйғуларни тушуниш ҳам, таҳлил этиш ҳам мумкин эмасди. Унинг ҳайрати дунёнинг яратилишини ўз кўзи билан кўриб турган одамнинг олижаноб ва улуғ ҳайрати эди. Бу ғоят буюк, таъсирчан ва ғалати таассурот эди. Шу билан бирга қандайдир даҳшатли туйғулардан ҳатто қўрқиб кетди. Чамаси, бу нарсаларни табиатнинг бошқалардан яширин қаърига кира олган, у ердаги гўзал ва қўрқинчли сирларни илғай олган одамнинг қўллари билан яратилган эди бу мўъжизали расмлар. Инсон зоти тушуниши ман этилган нарсаларни англаб етган одамнинг қўллари билан яратилган эди булар. Шу билан бирга булар қандайдир ибтидоий ва даҳшатли кўринарди. Бугина эмас, ноинсоний туюларди. Доктор беихтиёр равишда сеҳргарлик тўғрисида ўйлади. Булар ниҳоятда гўзал ва шу билан бирга ҳаёсизларча яратилганди. — Худо ҳаққи, бу даҳо-ку! Бу сўзлар докторнинг оғзидан беихтиёр равишда чиқиб кетди. Кейин нигоҳи бурчакдаги бўйра уюмига тушди. У бурчакка яқинлашиб, Стрикленднинг даҳшатли, бадбашара, дабдаласи чиқиб кетган афтини кўриб қолди. Стрикленд жон таслим қилган эди. Доктор, Кутра ўзини қўлга олиб сасиб кетган мурдага энгашди. Лекин шу сониядаёқ сесканиб кетди. Юраги қўрқувдан тўхтаб қолгандай бўлди: кимдир унинг орқасида турарди! Бу Ата эди. Аёлнинг яқинлашганини у сезмай қолганди. Ата докторнинг ёнгинасида турар, у ҳам Кутра қараётган нарсаларга қарарди. — Эй, худойим, асабларим тамом бўлипти, шекилли. Мени ўлгудай қўрқитиб юбордингиз. У яна бир маротаба кўриб юрган одамининг аянчли қолдиғига қаради ва орқасига тисарилди. — У кўр бўлиб қолганмиди? — Ҳа, бундан бир йил илгариёқ кўр бўлиб қолганди. Эллик еттинчи боб Кутра хоним хонага кириши билан гапимиз узилиб қолди. Кутра хоним тўладан келган, барваста қоматли, қиррадор катта бурунли, келишган аёл эди. У доимо қоматини тик тутиб юрарди. У бирор дақиқа бўлсин тропик иқлимнинг одамни бўшаштирувчи кучларига бўйсунмас, қайтага мўътадил иқлимда яшайдиган аёлларга қараганда ҳам фаолроқ ва ҳаракатчанроқ эди. Гапиришдан чарчамайдиган хоним бирпасда бизга қатор янгилик ва шов-шувларни тўкиб ташлади. Ўртамизда ҳозиргина бўлиб ўтган гапларимиз хонимнинг келтирган хабарлари олдида ҳақиқатдан узоқ, алмисоқдан қолгандай туюлди. — Хонамда Стрикленднинг расми осиғлиқ турипти. Уни кўришни истайсизми? — Жон-жон деб. Биз ўрнимиздан турдик, у мени айвонга, тўғрироғи, уй атрофини эгаллаган пешайвонга бошлади. Пешайвонда туриб боғдаги қийғос очилган гулларга завқланиб тикилдик. — Мен узоқ вақтларгача Стриклендлар уйи деворларига ишланган расмлардаги ғаройиб дунё ҳақидаги таассуротлардан қутула олмадим, — деди доктор паришонхотирлик билан. Мен ҳам шу ҳақида ўйлардим. Назаримда Стрикленд шу расмлардагина кўнглида бор нарсаларини тўкиб солганди. Стрикленд сокинликда, бу охирги имконият эканлигини тамомила англаган ҳолда, ҳаёт ҳақида ниманики ўйласа, нимагаки ақли етган бўлса, рўйирост кўрсата олди. Эҳтимол, ўзи ҳам мана шу асари туфайлигина кўнгли таскин топгандир. Ниҳоят бутун умри мобайнида зўр бериб тайёрланган асари битиши биланоқ, унга азоб бериб келган шайтон васвасасидан ҳам қутулади. Бутун умр азоб чеккан исёнкор қалби ҳам хотиржамлик топади. У энди ўлимга тайёр эди, зеро у ўз вазифасини адо этиб бўлганди. — Деворлардаги расмларда нималар тасвирланганди? — Буни айтиб бериш қийин. Сизга қандай тушунтирсам бўларкин, ҳаммаси жуда ғалати ва ғаройиб эди, ҳудди оламнинг бошланишини, жаннатни, Одам Ато ва Момо Ҳаво кўргандай тасвирланган эди. Хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин, умуман, инсон танаси гўзаллигига мадҳия, улуғвор ва лоқайд, мафтункор ва шафқатсиз табиат гимни эди. Расмда тасвирланган маконнинг кенглиги, вақтнинг тугамаслигини ҳис этишдан юрак ларзага келарди. Стрикленд мен ҳар куни кўрган дарахтлар — кокос, банан, тамаринда, кок дарахтларини тасвирлаганди. Ўша расмни кўрганимдан бери мен бу дарахтларга бошқачароқ кўз билан қарайман ва бошқачароқ кўраман. Уларда қандайдир тирик руҳ ва сирлар яширинганини ҳис этаман, буларни билишга интиламан, лекин ҳар сафар буни эплолмайман. Ранглар ҳам менга танишдай туюлади, шу билан бирга бутунлай бошқача. Расмларнинг ҳар бир қисмида ранглар ўзига хос маъно касб этади. Яланғоч эркаклар ва аёллар-чи! Улар ер одамларига ўхшайди, шу билан бирга биз кўриб юрган одамлардан тамомила бошқача. Улар худди лойдан ясалгандай, шу билан бирга, уларда илоҳийлик учқунлари ҳам сезилади. Қаршингизда ибтидоий инстинктларидан халос бўла олмаган одамлар намоён бўлади, шу билан бир вақтда уларда ўзингиз тасвирлан¬ганингизни кўриб, этингиз жимирлашиб кетади. Доктор Кутра елкасини қисди ва кулди. — Сиз балки устимдан куларсиз. Мен моддиюнчи, шу билан бирга семиз одамман. Лирика менга ярашмайди. Мен ўзимни масхара қилишга асос бераяпман. Лекин сизга айтадиган чин сўзим шуки, ҳаётимда ҳеч қачон санъат менга бу қадар кучли таъсир кўрсатмаганди. Тўғри, Сикстин ибодатхонасида хорчилар турадиган жойнинг шифтини кўрганимда ҳам шундай ҳолатга тушгандим. Бу шифтни ишлаган одамга таҳсинлар ўқигандим. Бу гениал ва ғоят маҳобатли иш эди. Унинг олдида ўзимни арзимас чувалчангдай ҳис этдим. Лекин Микеланжелонинг улуғлигига биз тайёрланганмиз ва ўрганиб қолганмиз. Маданий дунёдан олисда жойлашган Таравао тепасидаги тоғ дарасидаги ғариб бир кулбада кўрганим мўъжизага эса тайёр бўлиш мумкин эмасди. Микеланжело соғлом ва рисоладаги одам бўлган. Унинг ижодида вазмин улуғворлик бор. Бу ерда эса нимадир қалбингизни жунбушга келтиради. Бу нарса айнан нималигини билмасдим. Лекин мен ўзимни йўқотиб қўйгандим. Бу туйғуни сизга қандай тушунтирсам экан? Бу ҳолат худди ичкаридаги хонада ҳеч ким йўқ деган ишонч билан эшик олдида ўтирганингда, бирданига кимдир борлигини англаганингда даҳшатга тушганингдаги ҳолатга ўхшайди. Бундай вақтда ўз-ўзингни сўкасан, асабингдан шикоят қиласан. Шундай бўлса ҳам... Бир-икки дақиқа қўрқувдан қутула олмайсан, нимадир томоғингдан бўғаётгандай бўлади. Тўғрисини айтишим керак, ўша ғалати шоҳ асарлар бузиб ташланганини эшитганимда ҳам унчалик хафа бўлганим йўқ. — Нобуд бўлдими? — Ҳа, сиз буни билмаганмидингиз? — Мен қаердан билай? Бу асарлар тўғрисида илгари ҳеч нарса эшитмаган эдим. Лекин сизнинг гапингизни эшитиб ўтирганимда улар расмларни йиғиш билан шуғулланувчи бирор ҳаваскорнинг қўлига тушганмикин деб умид қилгандим. Ахир Стрикленд асарларининг тўлиқ рўйхати ҳалигача йўқ-да. — У кўр бўлиб қолгач, деворларини расмлар билан безаб ташлаган икки хонада соатлаб ўтирарди, кўрмайдиган кўзлари билан ўзи ижод этган нарсаларга тикилар, эҳтимол аввалгига қараганда ҳам, балки бутун умри мобайнида кўрганидан кўра кўпроқ нарса кўрарди. Ата менга у ҳеч қачон ўз қисматидан шикоят қилмаганини, жасорат ҳеч қачон уни тарк этмаганини гапириб берди. Сўнгги нафасигача унинг руҳи нурафшон ва олижаноб бўлиб қолди. Лекин у хотинидан дафн маросими ўтгач, уйни ёқиб юборишга сўз олган. Чамаси, мен сизга ўз қўлларим билан унга гўр қазиганимни, зеро ерли одамлардан бирортаси заҳарланган уйга яқинлашишга журъат эта олмаганини, мурдани Ата билан бирга бир-бирига улаб тикилган уч қаватли кийимга ўраб, манго дарахти тагига кўмганимизни айтмадим шекилли. Шундай қилиб, Ата уйни ёқиб юбориш ва уй батамом кул бўлгунгача бу ердан кетмасликка эрига сўз берган экан. Мен анча вақтгача жим қолдим, хаёл сурдим ва охирида шундай дедим: — Демак, у охиригача қандай бўлса шундайлигича қолипти-да. — Шундай деб ҳисоблайсизми? Мен бу телбаликдан Атани қайтаришни ўз бурчим деб билдим. — Ҳатто менга айтиб берган гапларингиздан кейин ҳам-а? — Ҳа. Мен бу нарса даҳонинг ижоди эканлигини тушундим, инсоният бундан баҳраманд бўлмоғи кераклиги тўғрисида ўйладим. Лекин Ата мени эшитишни ҳам истамасди. У эрига сўз берган эди. Бундай ваҳшийларча ҳаракат кўз ўнгимда содир бўлмаслиги учун кетиб қолдим. Кейинчалик Ата эрининг истагини ўринлатиб бажарганини, уйларга, бўйраларга керосин сепиб ёқиб юборганини, орадан ярим соат ўтгач, ўрнида йилтиллаб турган чириндилар қолганини, санъатнинг улуғ асари нобуд бўлганини эшитдим. — Менимча, Стрикленд бунинг шоҳ асар эканлигини билган. У ўзи яратишни истаган асарни чиза олган эди. Унинг ҳаёти хотима топди. У оламни яратди ва гўзаллигини кўра олди. Кейин мағрурлиги ва манманлиги туфайли уни барбод этди. — Хўш, расмни сизга кўрсатадиган вақт бўлди, — деди доктор Кутра ва эшик томон юрди. — Ата ва боласининг тақдири нима билан тугади? — Улар Маркиз оролларига кетиб қолишди. У ерда Атанинг қариндошлари бор экан. Унинг ўғли қайсидир кемада хизмат қиларкан, айтишларича, отасига жуда ўхшаб кетаркан. Доктор хона эшиги олдида тўхтади. — Бу мевали натюрморт, — деди у кулиб. — Сиз бу шифокор хонаси учун унчалик мос расм эмас, дерсиз. Лекин хотиним бу расм меҳмонхонада осиғлиқ туришини сираям истамайди. Унинг фикрича, жудаям беадаб расм эмиш. — Беадаб! Ахир бу натюрморт-ку! — ҳайронликдан хитоб қилиб юбордим. Биз хонага кирдик. Расм дарҳол кўзимга ташланди. Мен унга узоқ вақт тикилиб қолдим. Бу банан, манго, апельсин ва яна қандайдир мевалар уюми тасвирланган расм эди. Бир қарашда оддийгина натюрморт. Постимпрессионистларнинг кўргазмасида бепарвороқ томошабин бу расмни оддийгина асар сифатида қабул қилиши мумкин. Кейинроқ бу расм кўз ўнгида қайта-қайта жонланавериши ва ўзига ўзи нега шундай деб савол беради. Лекин расм бутун умрга эсида қолади. Расмларнинг бўёқлари шу қадар одатдан ташқарики, улар уйғотган туйғуларни сўз билан ифодалаш қийин. Қорамтир-кўкиш, англаш қийин бўлган қандайдир ранглар жилоси ҳаётнинг сирли тебранишларини акс эттирарди. Қип-қизил, сасий бошлаган хом гўштдай даҳшатли ранглар қандайдир туйғулар уйғотиб, Гелиогабала давридаги қадимги Рим салтанати даврларини хотирага туширади, найзабарг ўсимликлар меваси сингари ўткир ранглар Англиядаги янги йил байрамини, оппоқ қор, ўйин-кулги, болаларнинг қувноқ қичқи¬риқларини ёдга солади. Бу рангларнинг ҳаммаси сирли уйғунлашиб, каптарлар кўксидаги момиқдай нозиклик касб этади. Буларнинг ёнидан тўқ сариқ ва баҳорий муаттар ҳидлар тарқатувчи ўт-ўланлар, тошдан-тошга урилиб пастга интилаётган шаффоф тоғ ирмоғи сувининг турфа, таърифлаш қийин ранглари ўрин олган. Булар қандай хаёлотнинг меваси ўзи? Улар Гестериднинг полинезий боғларида етишган. Расмлардаги нарсалар худди жонлига ўхшарди, улар ер тарихининг ҳали нарсалар тўла шаклланмаган бир даврида яратилгандай туюларди. Мевалар ҳаддан ташқари қулф уриб ўсганди, худди нафас олаётганга ўхшарди. Улар сеҳрланган мевалар эди. Буларни татиб кўрмоқ, инсон қалбининг сирларини очмоқ, чиқиб бўлмас осмоний қалъаларни эгаллаш билан баробар эди. Улар кутилмаган хавф-хатарлар билан тўлиб тургандай, татиб кўрган одам ҳайвонга ёхуд худога айланиб қоладигандай. Барча соғлом, қалби тоза одамлар булардан чўчиб, ўзларини орқага олишлари табиий. Лекин шунга қарамай, уларда қандайдир жозиба, ўзига тортувчи куч бор эди. Худди яхшилик ва ёмонлик дарахтидай уларда қандайдир Мавҳумият яширинганди. Мен чидаб туролмадим, ерга қарадим. Стрикленд ўз сирларини ўзи билан бирга гўрига олиб кетганига иқрор бўлгандим. — Дўстгинам Рене, гапимга қулоқ солинг! — Кутра хонимнинг шаҳдам овози эшитилди. — Нима бало билан бунчалик ўралашиб қолдингиз. Сизни кутишяпти. Жанобдан сўра-чи, бирор қадаҳ май ичармикинлар? — Ташаккур, хоним, — дедим айвонга чиқа туриб. Май ичишга ҳожат қолмаганди. Эллик саккизинчи боб Таитидан жўнаб кетадиган вақтим келди. Оролда қабул қилинган меҳмондўстлик одатига кўра, бу ерда учрашган одамларимнинг барчаси менга совға-саломлар келтира бошлашди: кокос дарахти новдаларидан тўқилган сават, панданусдан тўқилган бўйра, елпиғич. Тиаре менга учта кичкина марварид ва пўрсилдоқ қўллари билан ўзи тайёрлаган уч банка гуавили желе1 ҳадя қилди. Веллингтондан Сан-Франциского томон йўл олган ва бир кечаю кундуз Таитида тўхтаган почта кемаси йўловчиларни бортга чорлаб, охирги гудокни чалаётганда Тиаре мени ўзининг баҳайбат кўкракларига босиб қучоқлади — мен бамисоли ўзимни мавж ураётган тўлқин бағрида тургандай ҳис этдим ва лабларимдан қаттиқ ўпди. Унинг кўзларида ёш милтилларди. Кема аста-секин кўрфаздан сувости қояларига чап берган ҳолда ниҳоят очиқ денгизга чиқиб олганимиздан сўнг, қалбим бўшаб, ғамгин бўлиб қолдим. Енгил шамол ҳамон оролнинг ўзига тортувчи мафтункор ифорини етказиб турарди. Таити жуда ҳам олис ўлка, шу боис бундан кейин уни ҳеч қачон кўрмаслигимни билардим. Ҳаётимнинг яна бир боби хотима топганди ва мен муқаррар ўлимга яқинлашаётганимни ҳис этдим. Орадан бир ой ўтгач, мен Лондонда эдим. Энг зарур ишларимни йўлга қўйиб юборганимдан кейин Стрикленд хонимга хат ёздим. Эри ҳаётининг сўнгги йиллари тўғрисидаги менинг ҳикоям уни қизиқтирса керак деб ўйладим. Охирги маротаба уни уруш бошланишидан сал олдинроқ кўрган эдим. Эндиликда эса унинг манзилини шаҳар телефон дафтаридан қидириб топишга тўғри келди. У бир кунни тайинлади. Мен тайинланган куни унинг Кэмпден-Хиллдаги шинамгина янги уйига кириб бордим. Хоним ҳозир олтмишларга яқинлашиб қолган бўлиши керак, лекин ёш кўринарди, ҳеч ким уни элликдан ошган деб ўйламасди. Унинг унчалик ажин босмаган озғин юзи кексайганида фариштали кўринадиган аёллар тоифасига кирарди. Аёлнинг ҳозирги ҳолатига қараб Стрикленд хоним ёшлигида жуда гўзал бўлган, деб эҳтимол қилиши мумкин эди. Аслида эса ҳеч қачон бундай бўлмаган. Сочлари оқ эмас, лекин оқ оралаган, уларни жуда чиройли турмаклаб юради, эгнидаги қора кўйлаги эса охирги мода бўйича тикилган. Кимдир менга айтган ва ҳозир эсимга тушган гапга қараганда унинг опаси Мак-Эндрю хоним эри вафотидан кейин икки йилгина умр кўрган. Вафоти олдидан мол-мулкини синглисига васият қилган. Уйнинг кўриниши ва менга эшик очган, чиройликкина кийиниб олган хизматкорга қараганда мерос қолган мулк бева аёлнинг яхшигина яшаши учун етарли даражадаги маблағ бўлса керак. Меҳмонхонада яна бир меҳмонга дуч келдим. Унинг кимлигини билганимдан кейин нима сабабдан айни шу соатга чақирилганимнинг сабабини тушундим. Стрикленд хоним мени меҳмон, жаноб ван Бюсе-Тэйлорга шу қадар ёқимли табассум билан таништирдики, гўё бу иши учун мўътабар америкаликдан узр сўраётганга ўхшарди. — Биз, инглизлар жуда жоҳил халқмиз. Изоҳ беришга мажбурлигим учун узр сўрайман сиздан. — Бу сўзларни айтиб мен томонга ўгирилди. Жаноб ван Бюсе-Тэйлор — улуғ америка танқидчиси. Агар унинг китобларини ўқимаган бўлсангиз, маълумотингизда катта бўшлиқ бор деб билаверинг. Буни дарҳол тўлдириб олишингиз керак. Жаноб Тэйлор ҳозирги кунда бизнинг қимматли Чарли ҳақида китоб ёзаяптилар. Баъзи масалаларда унга ёрдам бериб юборишимни илтимос қилиб келибдилар. Жаноб ван Бюсе-Тэйлор ориқдан келган, тақир катта бошли одам экан. Чуқур ажин босган сарғиш юзлари жуда кичкинага ўхшаб кўринарди. У американча лаҳчада гапирар, ғоят назокатли ва босиқ эди. Унинг ўта вазминлигига қараб туриб Чарлз Стрикленд билан нима сабабдан қизиқиб қолдийкин деб ўзимга ўзим савол бердим. Стрикленд хоним ўз эрини мулойимлик билан эслаши мени ҳайрон қолдирди. Ўзаро гаплашиб туришганида мен хонага разм солдим. Стрикленд хоним замонадан орқада қолмасликка интилаётгани сезилди. Илгариги уйидаги Моррис гулқоғозлари, қалин ип газламадан нишона ҳам қолмапти. Худди шунингдек, Эшли-Гарденздаги қачонлардир меҳмонхонани безаб турган Эрендель гравюралари ҳам кўринмайди. Эндиликда бу ерда ёрқин бўёқлар ҳукмрон эди. Стрикленд хоним ҳозир модага айланган фантастик ранглар Жанубий денгизлардаги узоқ оролда яшаган бечора рассом орзулари туфайли майдонга келганини билармикин деб ўзимга ўзим савол бердим. Бу саволимга хонимнинг ўзи жавоб берди. — Диван ёстиғингиз жудаям ғаройиб-ку, — деди жаноб ван Бюсе-Тэйлор. — Сизга ёқадими улар? — сўради табассум билан. — Бу Бакст ижодига тегишли. Деворларга қайсидир Берлин ношири томонидан чиқарилган Стрикленд энг яхши расмларининг рангли нусхалари осилганди. — Сиз менинг расмларимни томоша қилинг, — деди Стрикленд хоним менга. — Табиийки, бу асарларнинг асл нусхаларини мен ололмайман, лекин бу нусхаларга эгалигимдан хурсандман. Уларни нашр этган ношир юборди бу расмларни. Бу менга жудаям таскин беради. — Бундай расмлар орасида яшаш жуда мароқли бўлса керак, — деди жаноб ван Бюсе-Тэйлор. — Ҳа. Улар жудаям файзли кўринади. — Менинг чуқур эътиқодим шундайки, чинакам санъат асари доимо файзли бўлади. Танқидчи ва Стрикленд хоним нигоҳларини боласини эмизаётган яланғоч аёл тасвирланган расмга қаратишди. Расмдаги аёл ёнида турган ёш қизча чўккалаган ҳолатда ўзини кўрмаётган чақалоққа гул узатарди. Уларга юзини ажин қоплаган мункиллаган жодугар кампир қараб турарди. Бу муқаддас оила тўғрисидаги Стрикленднинг талқини эди. Мен расм учун асос бўлган қиёфаларга Таитидаги оила аъзолари, аёл ва чақалоқ эса Ата ва унинг тўнғичи бўлса керак деб гумон қилдим. “Лекин булар тўғрисида Стрикленд хоним бирор нарса билармикин?” деб ўзимдан сўрадим. Ўртадаги суҳбат давом этарди, жаноб ван Бюсе-Тэйлор хонадон соҳибасини хижолатга солиши эҳтимол бўлган нарсаларга усталик билан чап бериш одобига, Стрикленд хоним эса бирор калима ҳам ёлғон қўшмай эри билан ўзи ўртасидаги муносабатлар доимо яхши бўлганини усталик билан тушунтираётганига ҳайрон қолардим. Ниҳоят, жаноб ван Бюсе-Тэйлор ўрнидан туриб хайрлаша бошлади. Стрикленд хонимнинг қўлларини ушлаб хайрлашаётганда назокат билан миннатдорчилик билдирди. — У сизни зериктириб қўймаган бўлса керак деб умид қиламан, — деди хоним Тэйлор эшикдан чиқиб кетиши биланоқ. — Албатта бу одамни толиқтирадиган машғулот, лекин Чарли тўғрисида одамларга гапириб беришим мумкин бўлган нарсаларни ҳикоя қилишга ўзимни бурчли деб ҳисоблайман. Даҳонинг хотини бўлиш одамга жуда катта масъулият юклайди. Аёл менга бундан йигирма йилдан аввалдагидек очиқ юз билан тик қаради. “Аёл устимдан кулмаяптими ўзи?” — деб ичимда ўйлаб қўйдим. — Сиз, албатта, ўз ишингизни тўхтатиб қўйган бўлсангиз керак? — сўрадим ундан. — Ҳа, — беихтиёр жавоб берди аёл. — Мен ўша пайтлардаёқ бу ишлар билан кўпроқ зерикканимдан шуғулланганман, бошқа сабаби йўқ эди. Болаларим идорани сотиб юборишга мени кўндиришди, чарчаб қоласиз деб ҳисоблашади. Стрикленд хоним ўша вақтларда тирикчилик ўтказиш учун шунчалик “пастлашганини” унутган эди. Гўзал аёлнинг инстинкти ўзгалар ҳисобига ҳам яхшигина яшаш мумкинлигини билдирганди. — Болаларим ҳозир шу ерда, — деди у. — Ўйлайманки, отаси тўғрисидаги гапларни эшитиш уларга ҳам қизиқарли бўлади. Робертни эслайсизми? Мақтаниб қўйишим мумкин. У ҳарбий хоч орденига тавсия қилинган. Аёл эшикни очиб, болаларини чақирди. Хонага мош ранг газламадан кийим кийган, лекин руҳонийларники сингари ёқали, барвастадан келган, семизгина, келишган эркак кириб келди. Худди болалиги вақтидагидек кўзлари ёниб турарди. Унинг орқасидан опаси келарди. Аёл худди онаси тенгига ўхшарди. Мен Стрикленд хоним билан танишганимда худди шу аёлга ўхшаб кетарди. Бу аёлнинг кўринишидан болалигида жуда чиройли бўлгандай туюларди, аслида эса бундай бўлмаган. — Сиз, албатта, уларни танимайсиз, — мағрурона табассум билан сўз бошлади Стрикленд хоним. — Менинг қизим эндиликда Роналдсон хоним. Эри артиллерия майори. — У ҳақиқий аскар, — шодон гапирди Роналдсон хоним. — Зеро, у майордан юқорига кўтарилмади. Менинг эсимга негадир ўша пайтларда у муқаррар равишда ҳарбий одамга турмушга чиқади деб ишонганим тушди. Жуда латофатли ва камтарингина хоним Роналдсон, чамаси, ўзи ҳамма қатори эмаслигига ишончи қатъийлигини яшира олмасди. Робертнинг ҳаракатлари самимийлиги кўриниб турарди. — Менинг Лондонга келишим сизнинг қайтган вақтингизга тўғри келганлиги жуда соз бўлипти-да, — деди у. — Менинг таътилим бор-йўғи уч кун. — У бутун қалби билан орқага, ўз қисмига интилмоқда, — деди онаси. — Яшириб ўтирмайман, мен у ерда вақтни жуда кўнгилли ўтказаман. Анчагина ошналар орттирдим. Бу ҳақиқий ҳаёт. Уруш, албатта, жудаям даҳшатли нарса, лекин у одамдаги энг яхши фазилатларни уйғотиб юбориши шубҳасиздир. Мен уларга Чарлининг Таитидаги ҳаёти тўғрисида барча эшитганларимни сўзлаб бердим. Ата ва унинг ўғли хусусида гапиришни ортиқча деб билдим. Лекин бошқа барча масалаларда иложи борича аниқ сўзлашга ҳаракат қилдим. Ҳикоямни унинг даҳшатли ўлими билан тугатдим. Хонада бир неча дақиқа сукунат ҳукм сурди. Кейин Роберт Стрикленд гугурт ёқиб чекишга тутинди. — Аллоҳнинг тегирмони секин бўлса-да, доимо ун чиқараверади, — деди у. Стрикленд хоним ва Роналдсон хоним бу сўзлар муқаддас китобданлигини сезиб, бошларини қуйи эгишди. Назаримда, Роберт Стрикленд ҳам бу янглиш фикрга қўшиладигандай туюлди. Негалигини билмадиму, лекин тўсатдан Стрикленд ва Атанинг ўғли тўғрисида ўйлаб қолдим. Менга Таитида айтиб беришларига қараганда у қувноқ, хушмуомала ўспирин экан. Мен уни ҳозир, шу дақиқаларда ярим яланғоч, калта иштонда қайсидир кемада турганини кўргандай бўлдим. Унинг бутун куни меҳнат билан ўтади, кечқурунлари кема йўловчи шамол эпкинида тўлқинлар узра оҳиста кезиб юрганда матрослар юқори палубага йиғилишади, капитан ёрдамчилари билан трубка тортганча оромкурсиларда дам олишади, у эса ўзига тенгқур ўспирин билан чийилдоқ музикага ўйинга тушади. Тепасида эса кўм-кўк осмон, сон-саноқсиз юлдузлар, чор-атроф бепоён Тинч океани. Библиядан келтирилган иқтибос тилимда айланади, лекин мен миқ этмайман. Биламанки, руҳоний одамлар оддий кимсаларнинг уларнинг мулкларига аралашишларини ёқтиришмайди. Менинг йигирма етти йил мобайнида Уитстебледа поп ёрдамчиси бўлиб ишлаган амаким Генри бундай ҳолатларда шайтон истаган пайтида Библиядан иқтибослар топиб ўз фойдасига келтира олади деб айтарди. У бир шиллингга бутун бошли ўн учта энг яхши денгиз моллюскасини сотиб олиш мумкин бўлган вақтларни яхши эсларди. AvvalgiII- qism Keyingi |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62429 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57898 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40505 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36644 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23312 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23180 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21837 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19542 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18663 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14485 |