Тиланчи (ҳикоя) [Somerset Moem]

Тиланчи (ҳикоя) [Somerset Moem]
Тиланчи (ҳикоя) [Somerset Moem]
Мен Вера Крузга Юкатонга борадиган кемага илиниш учун Мехикодан келган эдим. Лекин бир кун аввал докерларнинг иш ташлаши бўлиб, кема портга чиқа олмаслигини эшитдим. Хуллас, Вера Крузда қолиб кетдим. «Далиженсиз» меҳмонхонасидан деразалари майдонга қараган бўлма олиб, тонгни шаҳарни кезиш билан ўтказдим. Жинкўчаларда тентираб, чиройли ҳовлиларни томоша қилдим. Жимжимадор қилиб безатилган ибодатхонага кирдим. Кейин эса кўришга арзийдиган нарсани кўриб бўлганимни тушуниб, кунгурали панжара деворлар билан ўралган майдондаги салқин бир жойга ўтирдим ва виски буюрдим. Қуёш нурлари майдонни, у ердаги чанг босган дарахтларни аёвсиз қиздирарди. Улкан қора қарғалар дарахтларга қўниб, ерга тушишарди-да, тўкиндиларни титкилаб, ибодатхона томига учиб чиқардилар.
Майдонни кесиб ўтаётган одамларни кузата бошладим: негрлар, ҳиндулар, испанлар; қора мум билан фил тишининг ранги бир-биридан фарқ қилганидек, уларнинг ранглари ҳам бир-биридан кескин ажралиб турарди. Кун ёришиши билан одамлар атрофимдаги столларни тўлдира бошладилар. Асосан эркаклар нонуштадан аввал озроқ ичиш учун келишарди. Маҳаллий газетадан сотиб олганимга қарамай, болалар худди шу газетани менга тиқиштира бошлашди. Гард ҳам қўнмаган туфлимни тозлашга чоғланган болаларга, чамамда, йигирма мартача “Йўқ”, дедим. Бор майда пулларимни берганимдан сўнг ҳам, ҳол-жонимга қўймаётган тиланчиларга бой чайқаб туришдан бошқа иложим қолмади. Боласини шолрўмол билан орқасига боғлаб қўйган жиккаккина ҳинду аёл чўпдек озғин қўлларини чўзди. Олдимга қандайдир сўқир кишиларни етаклаганча бир тўда бола келди, майиблар ўзларининг майиб жойларини кўрсатди, яримяланғоч гўдаклар эса тинмай чақа сўради.
Лекин кутилмаганда кўзим бир тиланчига тушди. Бошқа тиланчилар ва атрофимдаги столларда ўтирган қора сочли одамлардан фарқли тарзда, унинг соч-соқоли қип-қизил эди, шунчалик қизил эдики, бир муддат кўзимни узолмай қолдим. Соқоли чигал бўлиб ётар, узун сочи эса ойлаб тароқ кўрмагандек эди. Эгнида шим билан пахталик тўқима кўйлак, лекин бу шим билан кўйлак шунчалик увада эдики, эгнидан тўкилиб кетай деб турарди. Мен бунчалик озғин одамни аввал сира кўрмагандим: унинг оёқлари, яланғоч қўллари қоқсуяк эди, кўйлагининг йиртиқларидан қовурғалари кўриниб турарди. Тупроққа буланган оёқларининг суякларини бемалол санай олардингиз. У қари эмасди. Нари борса, қирқларда эди ва у қандай қилиб бундай аҳволга тушган экан, деб ўйлай бошладим. Иш топса, жон деб ишласа керак, деб ўйладим. Шунча тиланчилар орасида фақат угина бир оғиз ҳам гапирмади. У миқ этмасди. Ҳатто қўлини ҳам чўзмасди. Фақат юзингизга қараб турарди. Лекин шунақа қарардики, кўзларида бахтсизлигу алам қотиб қолганини сезардингиз. Қараши кишини даҳшатга соларди. Бир сўз демай сизга тикилганча узоқ турарди. Эътибор бермасангиз, аста юриб нариги стол томон кетарди. Агар унга ҳеч нарса беришмаса, норози бўлганини ҳам билмасдингиз. Бирор киши танга садақа қилмоқчи бўлса, у хиёл олдинга юриб, қўлини чўзарди-да, тангани олиб лом-мим демай нари кетарди. Чўнтагимда ортиқча пул қолмаганди. Шунинг учун у қошимга келганда бош чайқаб, испанлар тиланчиларга “йўқ” деганда ишлатадиган мулойим сўзни айтдим.
Лекин у бунга эътибор бермади. Аянчли нигоҳини менга қадаганча бошқа столлар олдида қанча турган бўлса, менинг қаршимда ҳам шунча муддат турди. Унинг қиёфасида қандайдир аянчли бир ифода бор эди. Девонароқ одамга ҳам ўхшаб кетарди. Ниҳоят, у нари кетди.
Соат бир бўлганди. Тушлик қилдим. Бироз мизғиб, ўрнимдан турганимда ҳаво ҳали ҳам жуда иссиқ эди, лекин кечга яқин деразадан эсаётган шабада мени яна майдонга ундади. Гумбазли дарвоза тагидаги жойимга ўтириб, виски буюрдим. Аста-секин одамлар ресторан столларини тўлдира бошлашди. Оркестр куйини чалди. Яна, туфли тозаловчилар туфлимни тозалаш учун розилик сўраб ялинишди, газета сотувчи болалар газеталарини тиқиштиришди, тиланчилар садақа сўрашди. Яна, ўша қизилсоқол ғалати кимсага кўзим тушди ва унинг ҳар бир стол олдида тўхтаб туришини кузата бошладим. У менинг қошимда тўхтамади. Чамамда, эрталаб ҳеч нарса бермаганимдан кейин мени эслаб қолиб, яна уриниш фойдасиз, деб ўйлади. Мексикаликлар орасида қизил сочлиси кам учрайди. У кемасидан айрилиб, аста-секин шундай аянчли аҳволга тушиб қолган америкалик, англиялик ёки скандинавиялик денгизчи бўлиши ҳам мумкин, деган ўй келди миямга. У қаёққадир ғойиб бўлди.
Бошқа қиладиган ишим йўқлигидан, қорним оч бўлса-да, бироз ўтирдим. Кейин овқатланиб олгач, яна бўлмамга қайтиб келдим. Уйқу вақтигача чўзилдим. Бугунги кун жудаям чўзилиб кетгани кўнглимдан кечди. Яна неча кун бу ерда қолишга мажбурлигимни ҳисобламоқчи бўлдим.
Бироздан кейин уйғониб кетдим ва қайтиб кўзим илинмади. Хона жуда дим эди. Деразани очиб, ибодатхона тарафга қарадим. Ой кўринмасди. Чарақлаб турган юлдузлар шуъласида ибодатхона элас-элас қорайиб кўринарди. Томининг қирраларида ва қуббасидаги хоч устида қарғалар уймалашарди. Ҳар замон-ҳар замонда улар сал-пал қимирлаб қўйишарди. Бу менга ғайритабиий таъсир қилди. Нима учундир хаёлимга яна ўша қизилсоч кимса келди ва кўнглимдан қўққисдан уни авваллари ҳам қаердадир кўрганимни ёдга солувчи бир туйғу кечди. Шу хаёл билан уйқум ҳам қочиб кетди. Қизилсоқол билан авваллари ҳам юзма-юз келганимни ҳис қилдим. Аммо бу воқеа қачон ва қаерда бўлганини эслай олмасдим.
Тонгга яқин бироз салқин тушгач, ухлаб қолдим.
Вера Круздаги иккинчи куним ҳам худди биринчиси каби ўтди. Лекин энди қизил сочли тиланчини кута бошладим. У келиб ёнимдаги столлар олдида турганида тиланчига диққат билан разм солдим. Уни илгари қаердадир кўрганимга амин бўлдим. Ҳатто бир пайтлари уни таниганимни, у билан гаплашганимни ҳам эслай бошладим. Лекин буларнинг барчаси қачон ва қандай вазиятда рўй берганини сираям эслай олмаётгандим. У яна менинг қошимда тўхтамай ўтди. Кўзлари кўзимга тушганда уларга тикилиб “йилт” этган хотира қидирдим. Йўқ. Адашган бўлсам-чи, деб ўйладим. Лекин қачонлардир ҳаётимда унга дуч келганман, деган туйғу мени тарк этмаётганди. У ё инглиз, ё америкалик эканини аниқ билардим. Унга бир нима дейишга тортиндим. Вақтим жуда секин ўтди.
Яна бир кун келди, яна бир тонг, яна бир оқшом. Ўша куни якшанба эди. Майдон ҳар доимгидан ҳам гавжум. Кунгурали дарвоза тагидаги столлар ҳам тўлди. Одатдагидек, қизил сочли тиланчи ҳам ўзининг аянчли сукути, увада кийимлари-ю, адоғи йўқ мусибати билан келди. Мен одамларни тиланчилардан қўриқлаб юрган политсиячини кўрганимда, у икки стол нарида турганди. Политсиячи унинг елкасига бир мушт туширди. Зарбадан тиланчи гандираклаб кетди. Ўрнидан тургач, индамай аста-секин нари юрди.
Шу пайт ҳаммаси ёдимга тушди. Бутунлай унутганим — исмидан бошқа ҳамма нарса. У мени таниганига шубҳам йўқ эди. Чунки йигирма йил ичида мен унчалик ўзгармагандим. Шунинг учун ҳам у, биринчи куни эрталабни ҳисобга олмаганда, бирор марта ҳам менинг қаршимда тўхтамади. Ҳа, йигирма йил бурун мен у билан таниш эдим. Ўшанда қишни Римда ўтказаётгандим. Ҳар куни кечқурун хуштаъм макаронлари-ю, ўткир виноси билан машҳур Вия Систинадаги ресторанда овқатланардим. Инглиз ва америкалик санъатшунослару уч-тўрт ёзувчи бу ерга ҳар доим келиб турардик. Тунимиз шу ерда адабиёт ва санъат ҳақидаги охири йўқ баҳсу тортишувлар билан ўтарди. У ресторанга рассом дўсти билан келарди. Ўша пайтлари тахминан йигирма икки ёшларда эди. Кўк кўзлари, қирра бурнию, қизил сочлари ўзига жуда ярашиб тушганди. Илгари америка боғдорчилик ташкилотида ишлагани учун Марказий Америка ҳақида жуда кўп гапирарди. Лекин кейинчалик ёзувчи бўлишга бел боғлаб, у ердаги ишидан воз кечганди. Такаббурлиги боис бизнинг даврамизга қўшилмасди. Устига-устак, бизларни бефойда одамлар деб ҳисобларди ва буни юзимизга айтишдан ҳам тоймасди. Ёзган нарсаларини бизга кўрсатмасди. Чунки бизнинг фикримиз унинг учун бир чақага ҳам қиммат эди. У ҳаддан ташқари кибрли эди. Ўзига чексиз ишончини кўрган айрим дўстлари ҳам унга таассуб қилишарди. Ундаги ўша кўтаринки кайфият, матонат, келажакка бўлган ишонч ҳозир ёдимга тушди.
Йўқ, бу тиланчи ўша йигит бўлиши мумкин эмас, дедим ўзимга ўзим. Лекин, барибир, ич-ичимдан бунга амин эдим. Ўрнимдан турдим-да, виски ҳақини тўлаб, уни топиш учун майдонга чиқдим. Фикрларим чувалашиб кетган, ўзим эса эсанкираб қолгандим. Кўз олдимдан тиланчининг қиёфаси кетмас, нима воқеа юз бериб у бу кўйга тушганини билишни хоҳлардим. Ўша мағрур йигитнинг шу аҳволга тушганига сира ишонгим келмасди. Эй, худо, у нега бундай хароб ҳолга тушди, деб ўзимдан ўзим тинмай сўрардим. Қандай кўргиликлар унинг иродасини синдирди экан? Қандай хомхаёллар кетидан бориб у шу кўйга тушиб қолди экан? Унга қандай ёрдам берса бўлади, деб сўрардим ўзимдан. Майдонни айланиб чиқдим. Бироқ кунгурали дарвоза атрофидаям у йўқ эди. Оркестр ўтирган саҳна теварагидаги оломон орасида бўлиши амримаҳол эди. Кеч кира бошлаганди. Уни тополмайман, деб қўрқдим. Кейин ибодатхона томонга қараб юрдим ва унинг зина устида ўтирганини кўрдим. Эски танишимнинг аянчли кўринишини тасвирлаб беролмайман. Ҳаёт уни синдирган, кейин мажақлаб, мана шу ибодатхонанинг тош зиналарига улоқтирганди. Ёнига бордим.
“Рим эсингиздами?”, деб сўрадим.
У қилт этмади. Жавоб ҳам бермади. Худди ёнида мен йўқдек жим тураверди. У менга қарамади. Кўзлари зина ёнида қичқириб, ниманидир юлқишаётган қарғаларда қотиб қолганди. Нима қилишни билмадим. Чўнтагимдан пул чиқариб, қўлига тутқаздим. У пулга қарамади. Лекин қўли сал қимирлаб, чўпдек бармоқлари пулни қисди-да, ғижимлади. Кейин пулдан кичкина қоғоз коптокча ясади ва кутилмаганда уни бош бармоғига қўйиб, қичқираётган қарғалар томонга ирғитди. Беихтиёр бошимни ўша ёққа буриб, қушлардан бири пулни чўқиб учиб кетганини кўрдим. Ёнимга қараганимда эса тиланчи кетганди.

Вера Крузда яна уч кун қолдим. Уни бошқа учратмадим.
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика