Совға (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat]

Совға (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat]
Совға (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat]
Сафарнинг бувиси ҳамма кампирлар каби меҳрибон эди.
Бувининг чоли зотилжамдан қазо қилганига кўп вақт бўлган. У пайтлари дўхтир деганлари бу қишлоқда бўлмаган ҳам. Буви бир қиз, бир ўғли билан қолади.
Урушдан кейинги даврлар, шароит ин қадар. Буви одамларнинг ул-бул хизматларини қилиб икки боласини боқади.
Вақти келиб қизини қўшниси – Паҳлавон тегирмончининг ўғли – Йўлдошбойга узатади. Куёви ҳам хўжаликда отасига ёрдамчи бўлиб ишларди. Йўлдошбой кампирни ҳам, ўғлини ҳам секин-аста ўз қарамоғига олади. Қайнисини ўз ёнига олиб, иш ўргатди. Хизмат ҳақига деб озгина бўлса-да, ун беради.
Буви турса ҳам, ўтирса ҳам куёви Йўлдошбойни дуо қилади, алқайди.
Бу орада Сафар туғилади. Унга исмни ҳам буви қўяди. Негаки, чақалоқ сафар ойида туғилган эди.
Кейин Рамазон туғилади. Қизлар ва яна ўғиллар дунёга келади. Йўлдошнинг оиласи катталаша бошлайди. Буви билан қизи болаларни ювиб-тараб, улғайтиради.
Йўлдош қайниси – Холматнинг суяги қотганидан сўнг, онаси билан ўзига атаб ҳовлисининг ёнидан бир хона, бир даҳлиз уй солиб беради. Буви билан ўғли янги уйга кўчиб ўтади ва ўша ерда яшай бошлайди.
Холмат бироз дангасароқ чиқди. Ишга ҳам бориб-бормай юрди. Уни бу ишлари учун Йўлдошбой койийди. Онаси эса жаврайди. Опаси ҳам гапириб кўради. Барибир Холмат ялқовликдан қутила олмайди.
У чошгоҳгача ухлайди. Сўнгг ювиниб-тараниб келиб чой ичади. Яна устига чопонини илиб, жўралариникига кетади. Кунботар пайти улфатлари билан қирнинг устига чиқиб, қишлоқни томоша қилади. Ёнбошлаб олиб, алламаҳалларгача гурунг қилади.
Бемаҳалда уйга кириб келади. Она ўрнидан туради. Ўғлига атаб дастурхон ёзади. Чой келтиради. Токчадан бир туюр нонни ҳам опкеб қўяди. Ўчоқ бошида куймаланади. Қозоннинг тагига олов ёниб, овқат иситади. Кейин таомни ўғлининг олдига келтиради. Холмат енгини шимариб, секингина дастурхонга интилади. Овқатни ея бошлагани маҳали ёнида ўтирган онасига аста кўз ости билан қараб қўяди.
Онаси эса мунғайибгина ўғлига қараб ўтирарди. Холмат овқатини еб бўлгач, ёстиққа ёнбошлаб ётади. Чойнакдан пиёлага чой сузади. Ичиб кўради.
-Чойингиз совуқроқми, она, - дейди Холмат ажабланиб.
-Яхлагандирда болам. Сафарга дамлаттирувдим. Бир пиёла ўзим ҳам ичувдим. Қолганини сенга опқўювдим, - дейди она.
-Она яхшироқ иш топмасам бўлмайди, Сизниям қийнаб қўйяпман, - дейди ўғли.
-Худо инсоф берса, ҳеч нарса эмас, болам, - дейди она.
-Бу нима деганингиз она? Мен сизга сигир опберсам, деб юрибман. Сут, қатиқ беминнат бўларди. Ўзингиз ҳам мол билан овуниб юрардингиз. Кейин мен армияга кетганимда ҳам сизга илҳақ бўлиб юрмасдим. Бузоқчасини катта қилиб сотардингиз. Ҳарна, рўзғор тебраниб турарди-да, - дейди ўғли.
-Болам сен ўзинг тебранмасанг, рўзғор тебранмайди, - дейди она сирлигина қилиб.
-Тинчликми, она? Боядан бери сал норозидай бўлиб гапиряпсиз. Ё мен бирор хато қилдимми? – деди ўғли.
— Йўқ, болам, поччангнинг олдида ўзимни ўнғайсиз сезяпман. Улар сиртидан асаям, ичида... - дейди она.
-Нимага ўнғайсиз бўласиз? – дея ўғил сўроқлайди.
-Энди Йўлдошбойнинг рўзғори бошқа. Ўзимизники ҳам бошқа. Опанг бечора кунора майда-чуйда опчиқади. Поччанг ҳам «нима керак» деб сўраб туради. Неварам ҳам келаганида нималарнидир кўтариб келади. Уларнинг олдида уяляпман. Тунов куни куёв сени ишга келмай қўйган, деди. Опанг ҳам юриш-туршингдан нолигандай бўлди, - дейди она.
-Нима қилишим керак она? – дейди ўғил.
— Уялишинг керак, болам, Ана шунда ҳаммаси яхши бўлади. Биров сенга ёмон кўз билан қарамайди, - дейди она. – Дангасаликка ўрганяпсан.
-Таъна қилманг, она! Куёвингиз билан қизингиз менга ақл ўргатмасин. Нима қилаётганимни ўзим яхши биламан. Мен уларнинг қўлида қарам бўлиб ишлашдан уяламан, - деди ўғли.
— Одамлардан ҳам уялсанг яхши бўларди, - дейди онаси. – Почанг билан опанг сени ёмон бўлсин демаяпти. Ишласин, ўргансин, оёққа туриб олсин, дейди. Эрта-индин бир рўзғорнинг бошини тутишинг керак. Ана унда нима қиласан. Болаларинг полапондай оғзини очиб туради. Уларни едириш, ичириш, кийдириш керак бўлади. Поччангдан мингдан минг рози бўлишимиз керак. Камбағалнинг боласи «ғинг» демасдан шунча ёрдам қиляпти. Барака топсин, беминнат экан. Фақат сенинг юриш-туришингдан «еҳ, аттанг» дейишяпти.
-Она, энди ҳаммаси изига тушиб кетади. Сал сабр қилайлик -дейди ўғли. – Қани дастурхонга омин!
Она ўрнидан турди. Ўғлига жой солиб берди. Сўнг иккаласи ҳам бошларини кўрпага буркаб ухлашди.
Холматга насиҳату маслаҳатлар кор қилмади.
Онаси индамай қўйди.
Опаси эса гапиришдан чарчади.
Йўлдошбой ҳам йўлга соламан, деб кўрди. Бўлмади. Охири у ҳам қўл силтади. Бироқ бувининг ҳолидан хабар олиб туришарди.
Бир куни тушга яқин Комил почтачи бувининг уйига кириб келди. Салом аликдан сўнг бувига бир қоғозчани тутқазди. Буви эса «бу нимаси?» деб сўради.
Комил почтачи эса «хола ўғлингиз – Холматбойни армияга чақиришган, шунинг қоғозчаси,» деб тушунтирди.
-Эртага комиссариатга борсин,тайингланг. Тағин эсингиздан чиқмасин, - дея почтачи уқтирди.
— Майли ука, эртага ўзим жўнатаман. Хавотир олманг, - деди буви.
Кампир кечки пайт ўғлига бу хабарни айтди. Кўчалик уст-бошини тахлади. Асраб қўйган пулларини ҳам бериб, саҳарда ўғлини раён марказига жўнатди. Ўғил кетади.
Кунботар маҳали Холмат яна уйига қайтиб келади. Айтишича, индинига армияга жўнаб кетаркан, бугун эса сочларини олиб, уйларига жавоб берибди. Буви куёви билан қизини чақириб келди. Алламаҳалгача улар бувиникида суҳбатлашиб ўтиришди. Эртасига яқин қариндошлар чақирилди. Ҳаммаси бўлажак аскарга омонлик тилади. Баъзилари эса армияда асқотиши мумкин бўлган маслаҳату тавсияларни берди. Оламжаҳон насиҳат қилинди. Охири ҳамма хайрлашди.
Бўлажак аскар – Холмат сафар халтасини елкасига ташлаб, йўлга отланди. Онаси яримта нонни қўлида тутганича, уйдан чопиб чиқди.
Ўғлининг олдига келиб, унга нон тутди. Холмат нонни тишлади. Кўзига ёш келди. Буви ҳам йиғлаб ўғлини кузатди.
Уни поччаси – Йўлдошбой раён марказигача обориб, ҳарбийларнинг идорасидан кузатиб қайтди.
Хуллас, Холмат армияга кетди. Энди буви невараси – Сафар билан уйда ўтирарди. Буви набирасига турли ривоят, эртак айтиб берарди. Яна бошқа саволларига ҳам жавоб берарди.
Орадан ўн беш-йигирма кунлар ўтиб, яна Комил Почтачи уйга келади. Бу сафар у аскар йигитдан хабар олиб келган эди. Буви хурсанд бўлади. У номани олиб қизининг олдига боради, она-бола хатни очиб ўқишади.
Хатнинг мазмуни шу эдиким, Холмат яхши жойлашибди. Сал совуқроқ экан. Ўрисчадан қийналаётганини демаса бошқа ишлари яхши. Ҳаммага салом йўллаган.
Буви хурсанд бўлди. Қизи ҳам севинди...
Куёви ҳам хабар топди. Тинчланди. Ва шу куннинг ўзида бувини уйларига кўчириб келди. « Шу ерда то Холмат армиядан келгунича юринг. Кейин бир гап бўлар,» дейишди.
Бувининг юраги тўлиқди. Шодлигини қандай изҳор қилишини билмай қолди. Бундан айниқса, Сафар ўзида йўқ севиниб кетди...
Энди у қизиникида яшаб юрарди.
Гоҳида ўз уйига келиб, кўрпа-тўшакларини офтобга ёйиб, уйни супуриб, сандиқларини ҳам бирма-бир титкилаб қўярди. Сўнг ҳамма нарсаларини жойига тахларди. Буви сандиққа эҳтиёт бўларди. Сандиқнинг бурнида кичкина қулф ҳам осиғлиқ турарди. Калит эса бувининг жамалагига тақилган.
Мана шу сандиқ мудом Сафар учун сирли туюлди. Бир куни у жамалакдан сандиқнинг калитини билдирмасдан ечиб олди-да, бувисининг уйига укаси – Рамазон билан келди.
Сафар дарҳол калитни қулфга солди. Буради. Айланди. Сандиқ очилди. Унинг ичида турли хил газмоллар, кийим-кечаклар бор эди. Икки бола барча буюмларни чиқариб ташлади. Тагроғидан эса иккита ўйинчоқ милтиқ чиқди. Улар милтиқни сандиқдан олиб ўйнашди. Бошқа томонларни ҳам тафтиш қилишди.
Ака-укаларни милтиқ қизиқтирарди. Улар ўйинчоқ қурол билан хуморидан чиққунича мазза қилиб ўйнашди. Охирида милтиқни аввалги ҳолидагидай қилиб жойига қўйишди. Унинг устидан эса яна ўша газмолу кийим-кечакларни тахлашди. Сандиқни қулфлаб, калитини эса билдирмасдан бувисининг сочига тақиб қўйишди.
Сафар билан Рамазон ҳар вақт бувининг сандиғидан милтиқларни олиб, ўйнашарди ва яна жойига билдирмасдан қўйишарди.
Буви эса бундан мутлақо бехабар эди.
Бу орада Холматнинг ҳам армиядан қайтар вақти ҳам яқинлашаётган эди. Ҳовли тозаланди. Тайёргарлик кўрила бошланди. Аскар эрта баҳорда келди. Сафар эса суюнчига кетди. Бувининг уйига яқин қариндошлар кела бошлади.
Куёв бир қўзини суйиб, қозон осди. Холмат билан ҳол-аҳвол сўраб ўтирдилар. Кечга томон ҳамма тарқаб кетгач, уйда аскар ўғил, қиз-куёви, неваралари қолгач, буви секингина сандиқни очиб, Сафар билан Рамазонга иккита милтиқ берди. »Мана, болаларим, тоғанг сизларга милтиқ опкепти, олинглар,» деди.
Рамазон эса, «буви бу милтиқ сизники, тоғам опкелмаган, аввал ҳам буни бизлар сандиқда турганини кўрувдик,» деди.

Шунда бир уй одам ерга қараб қолди.
Mualifning boshqa asaralari
1 Armonga aylangan orzu (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 933
2 Армонга айланган орзу (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 552
3 Ehtirom (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 725
4 Эҳтиром (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 584
5 Hamro bobo (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 660
6 Hol (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 669
7 Ҳамро бобо (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 867
8 Ҳол (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 765
9 Inoyat (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 704
10 Intiq qilgan moʻjiza (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 615
11 Irismat qopqoq (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 679
12 Izlanayotgan baxt (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 692
13 Изланаётган бахт (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 527
14 Иноят (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 580
15 Интиқ қилган мўжиза (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 570
16 Ирисмат қопқоқ (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 585
17 Koʻzdagi aks (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 761
18 Кўздаги акс (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 563
19 Mergan Muso (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 703
20 Morboz (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 681
21 Мерган Мусо (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 554
22 Морбоз (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 585
23 Nazr (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 688
24 Niyoz (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 604
25 Назр (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 615
26 Ниёз (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 522
27 Omadi kulmayotgan odam (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 614
28 Omonat (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 677
29 Oqayotgan odam (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 624
30 Oqbosh (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 618
31 Омади кулмаётган одам (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 563
32 Омонат (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 541
33 Оқаётган одам (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 571
34 Оқбош (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 554
35 Qoʻmsash (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 623
36 Qulmat (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 697
37 Quralay (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 702
38 Қулмат (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 584
39 Қуралай (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 647
40 Қўмсаш (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 559
41 Savrgacha yetmagan sabr (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 691
42 Sovgʻa (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 645
43 Sukunat sohili (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 658
44 Савргача етмаган сабр (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 533
45 Сукунат соҳили (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 580
46 Tazarru (qissa) [Shodiyor Hazrat Ismat] 749
47 Toʻrtkoʻz (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 631
48 Tugʻilgan kun (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 1102
49 Тазарру (қисса) [Shodiyor Hazrat Ismat] 544
50 Туғилган кун (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 578
51 Тўрткўз (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 552
52 Uloqcha (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 886
53 Unutilgan va’da (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 925
54 Usta (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 615
55 Uzoqning muhabbati (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 603
56 Узоқнинг муҳаббати (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 485
57 Улоқча (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 563
58 Унутилган ваъда (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 538
59 Уста (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 534
60 Yaxshilik manzili (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 632
61 Яхшилик манзили (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 535
62 Yovon jonzotlari (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 602
63 Ёвон жонзотлари (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 518
64 Zavq (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 701
65 Завқ (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 530
66 Oʻrnak (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 919
67 Oʻtinch (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 735
68 Ўрнак (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 514
69 Ўтинч (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 504
70 Gʻafur muallim (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 664
71 Gʻirrom (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 585
72 Ғафур муаллим (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 581
73 Ғирром (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 585
74 Chalinmagan chanqovuz (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 804
75 Чалинмаган чанқовуз (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 512
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика