Чалинмаган чанқовуз (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat]

Чалинмаган чанқовуз (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat]
Чалинмаган чанқовуз (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat]
Полвоннинг мақтовга тоби йўқ. Хушомадани эшитса, худдики, сариёғ оловда эригандек ёйилиб кетади. Бироқ ҳамду санони анча олисдан, аниқроғи унинг тўртта ёки бўлмаса бешта шеърини мисол келтириб, сўнг астагина маромига етаказиб мақташ керак бўлади. Мақтайверсангиз, у ўтирган курсисида қитиқлаётган чўчқа боласидек ўзини уёқдан-буёққа ташлаб талтая бошлайди.Калта-калта йўталгандек, сизни сўроққа тутади:
«Сиз ҳам китоб ўқиркансиз-а?»
«Ҳозир нимани мутолаа қиляпсиз?»
«Жаҳон адабиётидан кўпроқ баҳраманд бўлиш зарур! Тилни ўрганиб, нодир дурдоналарни асл ҳолида ўқисангиз, ана шунда маза тўясиз.»
«Ҳозир турли оқимлар ҳам кўпайиб кетди. Сизга қайси маъқул? Қайси жанрда ижод қиласиз.Кимларни ўқийсиз.Оилангизнинг ижодга мунособати қалай?»
Хуллас, у саволлар билан олдига келган одамнинг бошини ғовлатиб юборади. Идорадагилар эса тил учида «Полвон Паҳлованович» дея қўл қовуштириб мақташади. У шоири замон бўлиши билан бинрга катта бир идоранинг раҳбари ҳамдир.
Кунлардан бирида воҳанинг атанган полвонларидан бири – Менгзиё Баҳодир унинг ҳузурига бир юмуш билан қора тортиб келади. Ҳузурига келган мижозни раҳбар сўроққа тутади:
-Қанақа китоб ўқийсиз?
-Эй, китоб ўқимайман, иш кўп. Қўл тегмайди, китобни қўлимга олишим билан кўзимга уйқу келади, - дейди мижоз беписандгина.
-Қизиқ экансиз-ку! Одам китобу илмдан бебаҳра қандай яшаши мумкин. Мен буни тасаввур қила олмайман, - дейди раҳбар бетоқатланиб.
-«Алпомиш»ни ўқиганман. Бахшиларимиз тўю томошоларда достонлардан парчалар айтиб берганини эшитганман. Момом ҳам эртак айтгич эди. Бизда бори шу ака. Отга қизиқаман, гоҳида кураш ҳам тушаман, - дейди мижоз.
-Зўр экансиз. Сиздан ҳам кучли полвон борлигини биласизми? – сўроқлайди раҳбар.
-Бор. Ҳозирча менда куч бор. Эрта-индин вақти келиб, жойни бўшатишга тўғри келади. Кураш мардларнинг иши. Бунда алдам-қллоблик иши кетмайди. Пирларни безовта қилган одамнинг иши ўнгидан келмайди, - дейди мижоз сўлиш билан.
-Тўғри айтасиз ака, мардлик ҳам барчанинг қўлидан келавермайди. Даврада туриш осон бўлмаса керак? – дея раҳбар мижозига саволомуз қарайди.
-Ҳаммасининг ҳам ўзига яраша йўриғи бор. Мана сизнинг келбатингиз ҳам полвонсифат экан. Кураш тушасизми? – сўроқлайди мижоз.
-Йўқ, асло! – дея чўчиб тушади раҳбар.
-Балки ёшлигингизда курашгандирсиз ёки ота-боболарингиздан бирортаси...
-Йўқ, йўқ, ҳозир ҳам, аввал ҳам кураш тушмаганман.Ростини айтсам, курашни ёмон кўраман, - дейди раҳбар шошиб.
-Эй, нимага ёмон кўрасиз? – дейди мижоз.
-Билмасам, - дея елкасини қисади раҳбар. – Табиатим шунақа бўлса керак.
-Эй, ака, кураш ғирромликни ёмон кўради. Полвон номардлик қилмайди. Номард киши полвонлик тугул, одамгарчиликдан чиқади. Бу эскидан қолган гап. Ака, кечирасизу сизнинг нима ҳунарингиз бор? – дея мижоз қайта сўроқлайди.
-Шу идоранинг раҳбариман, - дейди дабдурустдан.
-Ака бу мансабингиз. Мен ҳунарингизни сўрадим, - дейди мижоз тортиниб ўтирмасдан.
— Тўғри, мени ҳунарим деймизми ёки қизиқишим... тушунолмай қолдим... айтишга одам уялади. Бу албатта кўнгил иши. Ўзимни кўнглим тусаганида... дея раҳбар чайнала бошлайди.
-Гапингизга тушунмадим, ака? – яна қайта тикилиб сўрайди мижоз.
-Бўш вақтларимда шеър ёзаман, - дейди раҳбар дадил туриб.
-Бу нима деганингиз? Шеър ёзиш. Сулоқмондай одамнинг шеър ёзиб юришини ҳеч тушунадиган иш эмас. Бу гапларим учун узр сўрайману бошқа бирор ҳунар тутсангиз бўлмасмиди? – дея мижоз суҳбатга берилиб кетганича.
-Ака, бу ишнинг гашти бор, ҳамма ҳам тушунавермайди. Бунинг учун маълум маънода тушунча. Савия зарур бўлади, - дейди раҳбар елкаларини қисиб.
-Ҳа, шундайми, шеърларингизга девон тарби берганмисиз? – дея мижоз ўсмоқчилайди.
-Гапингизга тушуна олмадим.Бу билан нима демоқчисиз? – дея раҳбар аланглайди.
-Китоб-питоб чиқарганмисиз? – сўрайди мижоз.
-Ҳа.Шундай демайсизми, - дея раҳбар оғир сўлиш олиб, шбатдошига юзланади. – Кўп чиққан. Эй, тўхтанг, эсим қўрсин, ҳозир, бир минут, - бу дамда раҳбар ўрнидан сакраб туриб, шкафдан семизроқ бир китобни олди-да, яна жойига илдамлик билан ўтириб олиб, кўзларини сирли равишда бир нуқтага қадаганича бир муддат жим турди. Сўнг берилиб, нималарнидир ёза бошлади.
Бу пайтда Менгзиё Баҳодир раҳбарнинг барча ҳаракатларини худди мушук сичқонни пойлагандек, зимдан, обдон кузатиб ўтирарди. Унинг раҳбарга раҳми келарди. Шоирга ичи ачиди.Ичида «шеър ёзишга бало борми бунинг?» деб ўйлади. Унинг наздида ҳаммаси сохта, юзаки туюларди. Раҳбарнинг хонасида хаёлларга берилиб ўтирган чоғи шоир ўзининг китобини мижозга топширди.
Менгзиё Баҳодир шоирга раҳмат айтди-ю китобни қўлига олди. Семизу силлиққина асар юзига алламбало расмлар солинган, юзига эса ўқловдек қилиб, «ЮРТИМ ЖАМОЛИ» деган битик бор эди.
Мижоз истагини айтишдан қайтди. Негаки, бу одамнинг қўлидан иш келишига ва бировга яхшилик қилишга кўзи етмади...
Бу ерда бошқа иши қолмагани-ю иззати битганини сезиб, секингина кетишга изн сўради. Раҳбар эса бепарво уни суҳбатга ундарди. Бироқ меҳмон унамади:
-Вақт йўқ, йўлим тушувди, бир кўриб кетай дегандим. Мана аҳволингиз яхши экан. Уйдагилар ҳам менга илҳақ бўлиб кутиб тургандир. Йўлингиз тушса, бизникида ҳам меҳмон бўлинг!» дея раҳбарнинг ёлғондакам манзиартларига эътибор бермасдан ўрнидан адл турди.
-Ака, китобингизни албатта ўқиб чиқаман. Яна кўпини ёзиш насиб этсин. Борди-келдимиз узилмасин, - дейди меҳмон кетар олди.
-Бу китоб энди чиқди. Ҳали нашриётда «Сибизға» ва «Таманно» деган янги шеърий тўплам турибди. Худо хоҳласа, шу йил чиқади. Озроқ маблағ зарур бўляпти. Сиз ҳам сертаниш одамсиз.Бир ёрдам қилсангиз, умрбод унутмасдим. Юртингизга борганда албатта уйингизга кираман. Сиз ҳам бу ерларга келганда, бизни унутманг, - дейди раҳбар.
Иккиси ачомлашди. Раҳбар меҳмонни идоранинг пойигача кузатиб қўйди. Иккови ҳам бир бирини «ажойиб одам экан!» деб ўйлашарди.
Менгзиё Баҳодир уйига келиб, катта шаҳарда кўрган-кечирганларинии ҳам айтиб берди. Болаларининг саволларига жавоб берди. Бир неча муддат оламжаҳон таассурот билан юрди.
Бир куни не кўз билан кўрсинки, хотини китобдан варақдан йиртиб олиб, учоққа тутантириқ қиляпти. Олдига келди. Қарасаки, хотини ўша раҳбар – шоир ўз қўли билан дастхат ёзиб берган «Юртим жамоли»дан ўчоққа тутатқи қилмоқда. Хотинининг қўлидан китобни юлқиб олди.
-Мактаб кўрмаган, шундай буюк одам ўз қўли билан автограф ёзган китобини сен- гошуд не ишларга сарф қиляпсан? Увол-ку! Хайф, сенга маърифат, хайф сенга илм шуъласи!.. –дея хотинини койий бошлайди.
Хотин эса гап эшитадиган аҳволда эмасди. У парвоий фалак учоққа тезак қалаб, енги билан оловни елпиб турарди. Кўзлари ёшланиб, димоғи тутунга тўлиб, жаҳл билан эрига тикилди. Ғашига қўшилиб, рашки ҳам келади.
-Китоб ўқимас эдингиз-ку?! Нима бало, шаҳарга боргандан бери юриш туришингиз ўзгарди. Тинчликми, ишқилиб отаси? – дея ўсмоқчилаб эрини сўроққа тутади.
-Тинчлик, хотин бир шоир билан танишувдим.У китобини совға қилди. Яхши одам экан. Уйимизга ҳам келмоқчи. Яхшилаб меҳмон қиламиз, - дейд эри.
-Элдан уялмайсиз. Полвон деган номингиз бор. Гапу сўз кўпаяди. Номусдан уялиб ўламан-ку! – дея хотини ўчоқбошида турганича жанжал бошлайди.
-Эсингни ебсан, хотин. У шоир тоза одам. Гаплариям маънили. Ажабтовур нусха. Ўзимизнинг Тошмурод малимга ўхшаб гапиради, - дейди эри астойдил.
-У мегажин ҳали бир келиб кўрсинчи? Ҳовлига қадамини боссинчи? Кунини кўрсатаман. Бировнинг эрига китоб бериб. Бошини айлантириш қанақа бўлишини кўрсатиб қўяман унга. Бутини айириб, шармандасини чиқараман.
Эр хотинига қараб туриб яна авж қилади:
-Хотин ўзингни бос, уям бировнинг эркаси, уволига қолма тағин.
-Эри борми ёки боши очиқми? Униям йиғиштирадиган топилиб қолар! – дея хотин саннайди.
-Хотин эмас у шоир, - деди эри атайлаб.
-Қиз болами? Уволга қоласиз. У ҳароминиям увол тутади. Бировнинг оиласини бузиш осон иш эмас, - дея хотини дағдаға қиларди.
-Кўп ўзингдан кетма, хотин. У шоир урғочи эмас, эркак. Кўнглинг хотиржам бўлсин. Бу гапларни яна бошқа жойларда ҳам айтиб, ўзингниям, мениям уялтириб юрмагин, - деди эри таъкидлаб.
Хотини уялиб, бирданига шаштидан тушди. Ёқасини тишлаб эрига сирли кулиб хижолатдан қизариб кетди. Омилигидан ўзи янада бесаранжом бўлди.
Эри секингина ўрнидан турди-да, гужум тагидаги супачага келиб ёнбошлади. Чалқанча ётганича «Юртим жамоли»ни ўқий бошлади. Китобдаги сўзлар унга кўпам тушунарли эмасди. Уни уйқу элтди. Китобни ўзига ёпиб пинакка кетди...
Хотини овқатни бир амаллаб пишириб келганида, эри китобни юзига ёпганича беозор, хўриллаб ухларди.Хотин эри китобдан барибир рашк қилди. Китобни эрининг юзидан секингина олди-да, бор кучини тўплаб, ҳовлининг бир четига улоқтирди.
Дастурхонга овқатни сузиб келди. Кейин эрини уйғотди. Эр юз-қўлларини ювиб, овқатга уннади...
Нафси ором олиб, секин яна ўрнига чўзилди. Китоб эса ёдидан кўтарилган эди...

* * *
Меҳмонлар кутилмаганда келишди.Уй эгаси ноқулай аҳволда қолган эди. Ҳайриятки, меҳмонларнинг довруғини эшитган қўшниси – Камол Ўнгбой секингина дарчадан кириб келди. Бу йигитча раён газетасига майда-чуйда хабару мақолачалар ёзиб юрадиган қаламкаш эди. Полвон Камол Ўнгбойни унчалик ҳам хушламайди. Негаки, юзлари қора, катта кир тишларини кўрсатиб куладиган, исқирт ёқасини яшириш учун мудом галстук тақиб юрадиган Камол Ўнгбой билан гаплашиб кўрсангиз, уни жин салганига амин бўлишингиз муқаррар. Кийиниши ҳам гапириши ҳам пойинтар-сойинтар, бу нухсани ёшлигида акаси ёки опаси кўтариб юриб илкис йиқитиб қўйган ёки бўлмаса довучча ейман деб дарахтдан қулаб тушгану боши лат еган деб ўйлашингиз тайин.
Ростини айтганда, Полвоннинг қўшниси – Камол Ўнгбойга кўзи учиб тургани йўқ эди.«Исбилмас-да бу Камол, на овоз беради, на дарчани тақиллатади, индамасдан уйга бостириб келишини қарасин», дея ўйлаб турса-да:
-Келинг, Камолбой, қани? – деб манзират қилди.
-Ит йўқми? – сўроқлади мезбон.
-Сизни танийди, тегмайди, - дейди Полвон.
-Ақлли кучукда ўзиям, мен нон берсам оғзиниям урмайди, - дейди меҳмон.
-Итга нон бериб, еган оғиз уялар қилмоқчи бўлгансизда-а? – дея шоир хохолаб кулади.
-Йўқ,йўқ, асло ундай эмас Менгзиё ака, - дейди Камол.
-Қўшни бўлсангиз ҳам дўстлигингиз йўқ. Аввал кучукни сўнг уй эгасини қўлга олмоқчи бўласизда-а? – дея Полвон авж қилади.
-Худо сақласин, ака, - дея таажжубланади меҳмон.
-Сиз худодан қўрқмас эдингиз-ку, ҳамсоя. Энди яна уни тилга оляпсиз, - дейди Полвон.
Бу орада Менгзиё Баҳодир билан Камол Ўнгбой бир-бирига томон кела бошлади.
-Саломалайкум, - деди Камол.
-Валайкум салом, - деди Полвон.
Икки қўшни қўл бериб кўришди. Ҳол-аҳвол сўрашишди.
-Қишлоқда нима гаплар? – дея сўроқлайди мезбон.
-Ҳамманинг оғзида сизнинг меҳмонларингиз, ким эди ўзи улар? – деб сўрайди Камол.
— Шоир. Бунинг устига катта бир идоранинг раҳбари, - деди Полвон.
-У бу ерга нима хизмат билан келган экан? – сўрайди меҳмон.
-Ўзи шундай. Йўли тушган экан кириб ўтди. Қўлдан келганича меҳмон қилдик, - дейди Полвон.
-У кишининг китоби ҳам чиққан экан. «Юртим жамоли»ни ўқидим. Жудаям ёқди, - дея меҳмон сўлжайди.
-Сен қандай билдинг? Китобни қаердан олдинг? – сўрайди мезбон.
-Кулхонангизда ётган экан, топиб олиб ўқидим. Мазза қилдим, -деди у.
-Мен тушунмадим, - сўрайди Полвон.
-Шоир яна «Сибизға» деган китобиниям сизникига ташлаб кетибди-ку! – дейди Камол.
-Сенга буни ким айтди? – сўрайди Полвон.
-Янгам келингизга айтган экан, - деди у.
-Эй, тўхта.Келин ҳалиям эски жойида ишлаяптими? – дея Полвон жонланади.
-Ҳали эски жойида, нима гап ўзи? – сўроқлайди меҳмон.
-Комил почтачи ҳам унга бўйсинадими? – боз сўроққа тутади мезбон.
-Тушунтириброқ айтинчи, нима гап ўзи? – сўрайди.
-Ука, шу десанг, бош қотган. Анови шоир уй сотиб олмоқчи экан. Сал камҳаржроқ эмиш. Шунга китобини сотиб беришим керак. Тахмон тўла китоб. Аввал бу ишни қилиб кўрмаганман. Бировга айтишга тил айланмайди, уяласан. Шоир эса бу яхшилигингизни то абад унутмагайман, дейди. Сендан илтимос, келинга айтсанг, у Комил почтачидан илтимос қилса, у бачаларнинг ва кексаларнинг пулини бераётганида китобни ҳам қўшиб сотса, нима дединг? – Полвон умид билан ҳамсоясига тикилди.
-Қандай бўларкин? – деб ўйланди Камол.
-Менга раҳминг келсин ука, келинга бир оғиз айтсанг бўлди. Келин эса Комил почтачига айтади. Комилга эса шу керак ўзи. Бунинг устига бутун элимиз маърифатли бўлса, бунга нима етсин, - дейди Полвон.
-Китоб қандай? Шоирчи? Эртага уялиб қолмаймизми? – дея недир шубҳа аралаш таъма қилади Камол.
-Китоб зўр, ука. Отиям ажабтовур «Сибизға». Эгаси ҳам тузук. Шинаванда. Эрта-индин бир ишинг тушиб олдига борсанг хизматингни қиладиган йигитга ўхшайди, - деди Полвон.
-Бўпти, ака, бу ишни қиламан, - ваъдани берди Камол.
Ушбу гаплардан сўнг ишлар юришиб кетди. Комил почтачи, кимки ундан пул оладиган бўлса, ёши, касбидан қатъий назар ҳаммасига «Сибизға»ни улашди. Албатта, пулини олди. Дурдонани роса мақтади. Ҳамма ҳайрон. Барчанинг қўлида асар. Хуллас, элу улус шоирнинг янги шеърий гулдастасидан баҳраманд бўлди. Лекин ораларида «китоб ёзмай, ҳар бало бўлгур! Кунинг шунга қолдими? Шеъринг кул бўлсин! Бугун «Сибизға» эртага «Чанқовуз» чалиб юраверар эканмиз-да! Ўзи уялмас экан-да бу энағар шоир» деб, шоирни ёзғурувчилар ҳам йўқ эмасди.
Хуллас, китобнинг пули йиғилди. Одамлардан Комил почтачи, ундан қишлоқ шўросининг котибаси, сўнг котиба эри–Камол Ўнгбойга дурдонанинг пулини келтириб беради.
У китобдан тушган пулни Полвонга элтиб бермади. Ўзи сафар жабдуғини ҳозирлади-да, ҳеч кимга билдирмасдан катта шаҳарга қараб йўл олди. Ёнида асар ва унинг эвазига келган пуллар. Белидаги белбоғда нон, майиз, новвот тугилган. Поездга минди. Бетиним «Сибизға»ни ўқиди. Баъзи жойларини ёд ҳам олди. Тонг отгунича мижжа қоқмади. Поезд эрталаб манзилга етиб келди. Вокзал. Шовқин-сурон. Ҳамма елган, югурган. Ҳамма ўзи билан овора.Биров билан иши йўқ. У ҳам вагондан тушди. Издиҳомга қўшилиб, шаҳарга кирди.
Камол Ўнгбой излаб-излаб шоир ишлайдиган идорани топиб келди. Уни ичкарига киритишмади. Сўроққа тутишди:
-Кимсиз?
-Камол Ўнгбойман!
-Қаердансиз?
-Анорнинг ватани - Дашнободданман!
-Нега келдингиз?
-Шоирда ишим бор!
-Нима иш?
-Шахсий масала. У киши билан эскидан ошночилигимиз бор.
Савол-жавоблардан кейин, уни ичкарига киритишди. У йўлак бўйлаб келаркан, гир атрофга аланглаб қарайди. Лаб-лунжларини йиғиштира олмасдан, суйлоқ тишларини ялтиллатиб, ишшайиб келарди. Гоҳ-гоҳида галстукларини ҳам ушлаб, тўғрилаган киши бўларди. Ёнидан ўтган-қайтганларга ҳам кўз узмасдан, тикилиб қарарди. Оҳистагина қабулхонага кирди. Оппоқ ва думбоққина қиз уни салом бериб кутиб олди. Котиба унга бошдан оёқ ажибсиниб томошо қиларди.
У котибага маҳлиё бўлиб, айтар сўзини ҳам йўқотиб қўйди. Қиз ҳам зудлик билан меҳмонга ўтиришга жой кўрсатди, сўнг эпчиллик билан қаҳва узатди. Камол қаҳвани ишва билан олди-да, бир қултимни дарровгина ютиб юборди-да, вой-войлаганича оғзидан қаҳвани сузиб чиқарди. Қаҳва эса меҳмоннинг галстуги-ю кўйлаги аралаш кўксига пуркалди. Унинг иссиқлигидан оғзи ва тили куйди. Камолнинг ранги қизариб, уялганидан куйлагининг тугмачаларини ўйнай бошлади. Ҳаттоқи, жаҳл устида бир тугмасини узиб ҳам олди.
Қабулдан одам чиқиб, котиба билан хайрлашди-да, хонадан ҳам чиқиб кетди. Шундан кейин котиба истиҳола билан Камолдан:
-Сизни ким деб таништирай? – деб сўради.
-Мен Менгзиё Баҳодир– Полвоннинг жияни - Камол бўламан. Дашнабоддан. Китоб масаласида ёрдам қилганмиз, - дея бепарво жавоб беради.
Рухсат теккач, у эшик қабзасидан ҳаяжон билан тутганича ичкарига кирмоқчи эди, қарасаки, яна қават бир қават эшик турибди. Уни тақиллатиб, ичкарига кирди.
-Келинг ака, марҳамат, - деди шоир.
-Саломалайкум, шоир ака, - деди Камол.
Иккаласи қўл бериб кўришади. Сўнг у меҳмонга ўтириш учун жой кўрсатади. Ўзи ҳам, меҳмон ҳам ўтиради. Мезбон Камолнинг усти-бошига қараб ҳайрон бўлади. Билмасликка олиб, секин аҳволни сўрайди, у жавоб беради. Раҳбар унинг не сабабдан келганлигини билолмай боши қотади. Гурунг узилади. Жимликни Камол бузади:
-Шоир ака,«Юртим жамоли»ни ўқидим. Кейин «Сибизға»ниям қойиллатибсиз. Мазза қилдим.
-Тушунмадим, - дейди шоир кулиб. – Қанақа «Юртим жамоли», қайси «Сибизға»ни айтаяпсиз.
-Ўзингизни соддаликка оласиз-да. Автор ўзингиз. Асар сизни-ку! – дейди Камол таажжуб билан.
-Сиз адаштиряпсиз, ука, - дейди шоир атай қовоғини уйиб. – Лекин эсимга тушди. Ўша асарларни ўқиганман. Шеъриям, авториям унчалик яхши эмас. Бир тийинга қиммат. Ҳайронманки, у асарнинг нимаси сизга маъқул келди.
-«Сибизға»даги «Қайроқтош», «Сайраётган чумоли», «Шақилдоқ» деган шеърларингиз менга ёқди. Умуман янги йўналиш яратилган экан. Дашнободда одамлар кўзёши билан ўқимоқда. Асар ҳам, эгасиям зўр экан, - дейди у.
-Эй, унақа шоирлар ҳозир тикилиб кетган. Ҳаммаси доно, бурни осмонга қадалган. «Сибизға»ям, авториям мен учун чикора. Менга ёқмайди, - дея шоир Камолнинг қаҳва тўкилган оқ куйлагидаги доғларнинг бетартиб шаклини кузатарди. У ўзини кулгидан зўрға тиярди.
-Тўхтанг, - дея Камол Ўнгбой ўрнидан турар экан. – «Сибизға»ни ўқиб тушунмаган, унинг авторини ҳурмат қилмасдан сиз қандай қилиб бу вазифада ўтирибсиз. Ҳайф, сизга бу амал, мансаб. Ҳали шошмай туринг, мен сиз ҳақингизда «Сибизға»ни тушунмаган, ўқимаган,уқмаган ва нодон раҳбар» деб мақола ёзаман. Бу даргоҳда «Сибизға»ни тушунмаган одамнинг ишлашини тушунаолмаяпман. Ҳайф, сизга, садқаи китоб. Садқаи маърифат кетинг-э, - деди-ю эшикка томон қадам ташлади.
У бу гапларни шижоат ва недир ўктамлик билан айтди. Лекин замирида илғаб бўлмас таъма ва илинж бор эдики, буни раҳбар сезмасди. Аскинча, у ўзининг шундан мухлиси борлигидан, унинг куйиб-пишиб гапиришидан, нашъа қиларди...
У секин келди-да, Камол Ўнгбойнинг қўлидан тутиб жойига ўтиргизди. Китобхон оташин эди. У ўзини адолатсизликка чидай олмаётган кишидек тутганича бошларини чангаллаб олди. Раҳбар унга бир пиёла совуқ чой берди. Елкасига қоқиб:
-Ҳазиллашдим,сизга.Китобларнинг автори мен бўламан. Шундай мухлисларим борлигидан хурсандман, - деди шоир.
-Ҳазилингиз ҳам бор бўлсин-да, ака. Сал қолди-ку одамни юрак ўйноғи қилишингизга, - дея Камол Ўнгбой пиёладаги чойни ичади. –Ака, мана «Сибизға»нинг пулини опкелдим.
Камол шундай деди-да, белидаги тугунни стол устига қўйди. Тугунда нон, увоқлар, тахлам пуллар, майиз, новвот каби ширалар орасида «Сибизға» ҳам бор эди. Шуларнинг орасидан у икки тахлам пул билан китобни олиб, столнинг устига қўйди-да яна қолганларини белига тугиб олди. Дастхат ёздириб олди.
-Полвон келмадими? – деб сўради раҳбар.
-Иши чиқиб қолди. Сен бориб кел, деб мени жўнатиб эди, - дея ёлғонлайди Камол. – Китобни Полвон эмас, аслида келингиз пуллади. У киши қишлоқ шўросида ишлайди. Келингизнинг бир оғиз гапи билан элимиз китобингизни сотиб олди.
-Раҳмат айтиб қўйинг уларга. Хўш ака, энди бизларга нима хизмат, айтинг? – деди шоир бўйнини кериб.
-Мана шу даргоҳда мен ҳам ишласам, деб ниям қилиб эдим. У- бу нарсаларни қоралаб тураман. Ўқийман. Оқ-қорани ажратиб олганман. Шунга ёрдам берсангиз. Ҳали Менгзиё Баҳодир – тоғам ҳам келиб айтади, - деди Камол.
-Бўлди ака, гап тамом. Истагингизни бажо келтирамиз, - деди раҳбар ва тугмачани босди. Нарёқдан овоз келди:
-Ассалому алайкум, яхшимиз. Уйдагилар тинчми? Ижодингиз яхшими?
-Раҳмат, Мажид ака, бу ёққа бир келинг, - у шундай деб яна қайта тугмани босиб қўйди.
Хонага Мажид деганлари кириб келди. Сўрашди. Раҳбар вазиятни тушунтирди. Камол дипломи йўқлигини айтди. Улар ҳечқиси йўқ, дейишди.
-Сизга шогирд бўлади бу киши, Мажид ака, - деди шоир.
-Тушундим. Қайси бўлимга жойласам экан, деб турибман. Ўзи нима дер экан? – деди Мажид.
-Ўзининг шеър-пер дегандай...- деб чайналди раҳбар.
-Ундай бўлса, анови олифта Бузруковга айтамиз, ишга жойлайди, - деди Мажид.
-Йўқ, Бузруковга айтмасдан туриб ишга олиш зарур. Унинг билмагани маъқул, - деди раҳбар.
-Тўғри айтасиз, Бузруков айниган, – деди Мажид.
-Бу ерда менинг сўзим сўз бўлиши шарт, - дея раҳбар гап бошлаган чоғида Мажид:
-Ҳа, бале, отангизга раҳмат. Иш дегани бундай бўлади, - дея сўзини бўлади.
-Бу даргоҳда бир кун, бир соат ишласам-да, менинг сўзим қайтмаслиги керак, Мажид ака, бу кишининг ҳужжатларини тайёрланг. Бузруков билан ишлайди, - деди шоир.
-Тўғрику-я, лекин буларнинг ҳужжатлари чатоқ. Бизга тўғри келмайди. Эртага гап-сўз кўпайиши мумкин. Душманларга шу гап етмай турибди, - деди Мажид.
— Мана мен фатво беряпман, - дейди раҳбар.
Шундан сўнг Мажид раҳбар-шоирнинг хонасидан Камол Ўнгбойни эргаштирганича чиқиб, ўзининг дўлтасига кирди.

Улар недир режаларни тузардики, бу ҳали сизу бизга қоронғу эди...
Mualifning boshqa asaralari
1 Armonga aylangan orzu (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 582
2 Армонга айланган орзу (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 399
3 Ehtirom (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 407
4 Эҳтиром (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 395
5 Hamro bobo (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 448
6 Hol (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 446
7 Ҳамро бобо (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 514
8 Ҳол (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 463
9 Inoyat (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 512
10 Intiq qilgan moʻjiza (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 450
11 Irismat qopqoq (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 479
12 Izlanayotgan baxt (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 466
13 Изланаётган бахт (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 387
14 Иноят (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 408
15 Интиқ қилган мўжиза (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 436
16 Ирисмат қопқоқ (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 427
17 Koʻzdagi aks (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 426
18 Кўздаги акс (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 396
19 Mergan Muso (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 499
20 Morboz (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 457
21 Мерган Мусо (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 388
22 Морбоз (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 417
23 Nazr (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 489
24 Niyoz (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 398
25 Назр (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 430
26 Ниёз (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 389
27 Omadi kulmayotgan odam (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 455
28 Omonat (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 446
29 Oqayotgan odam (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 423
30 Oqbosh (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 389
31 Омади кулмаётган одам (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 399
32 Омонат (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 398
33 Оқаётган одам (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 398
34 Оқбош (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 385
35 Qoʻmsash (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 449
36 Qulmat (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 487
37 Quralay (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 478
38 Қулмат (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 384
39 Қуралай (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 445
40 Қўмсаш (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 430
41 Savrgacha yetmagan sabr (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 447
42 Sovgʻa (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 436
43 Sukunat sohili (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 465
44 Савргача етмаган сабр (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 362
45 Совға (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 362
46 Сукунат соҳили (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 416
47 Tazarru (qissa) [Shodiyor Hazrat Ismat] 565
48 Toʻrtkoʻz (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 459
49 Tugʻilgan kun (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 820
50 Тазарру (қисса) [Shodiyor Hazrat Ismat] 387
51 Туғилган кун (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 440
52 Тўрткўз (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 372
53 Uloqcha (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 480
54 Unutilgan va’da (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 620
55 Usta (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 415
56 Uzoqning muhabbati (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 436
57 Узоқнинг муҳаббати (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 355
58 Улоқча (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 354
59 Унутилган ваъда (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 375
60 Уста (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 378
61 Yaxshilik manzili (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 453
62 Яхшилик манзили (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 406
63 Yovon jonzotlari (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 423
64 Ёвон жонзотлари (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 386
65 Zavq (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 548
66 Завқ (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 356
67 Oʻrnak (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 450
68 Oʻtinch (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 525
69 Ўрнак (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 363
70 Ўтинч (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 349
71 Gʻafur muallim (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 466
72 Gʻirrom (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 413
73 Ғафур муаллим (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 401
74 Ғирром (ҳикоя) [Shodiyor Hazrat Ismat] 403
75 Chalinmagan chanqovuz (hikoya) [Shodiyor Hazrat Ismat] 576
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика