Охирзамон нишоналари (II- қисм) [Chingiz Aytmatov]

Охирзамон нишоналари (II- қисм) [Chingiz Aytmatov]
Охирзамон нишоналари (II- қисм) [Chingiz Aytmatov]
Охирзамон Нишоналари (давом)
Еттинчи боб
Мусиқанинг овози меҳмонхонадан иккинчи қаватга элас-элас эшитилиб турарди. Виолончелнинг ноласи ўша кечаси Боркка бир умр ўз тақдирини унинг тақдири билан қўшган аёл борлигини эслатиб турди. Кейинчалик уларнинг руҳлари ҳам бир-бирини таниб, шу кечадаги тинимсиз мусиқани беадад масофалардан эшитиб туришса не ажаб...
У ўша кечаси ҳам компьютер олдида ўтириб, эртанги газета матнининг монитордаги электрон сатрларини кўздан кечирар экан, яна уммондаги китларнинг ташвишли оҳларини эшитди. Улар яна қаён йўл олишган? Ер куррасининг қайси бир гўшасида қандайдир бир ҳодиса юз берганмикин? Яна одамлар ҳаммаёқни ағдар-тўнтар қилишдимикин? Тўлқинлар бир-бирларини устига тоғ қулагандай ёпирилиб, сув қутуриб, океаннинг куч-қудратини ямлаб ютар, яна кучига куч қўшар эди, китлар эса сузишда давом этар эди. Орадан кўп вақт ўтмасдан унинг ўзи ҳам китларга қўшилиб кетди. Уммон суви юзаси компьютер экранида тун қаърида милт-милт этиб ўчиб турар эди; компьютер экрани эса шу онда узоқ коинотни ҳам, оналар қорнидаги ҳомилаларни ҳам абадийликнинг Борк сўзида ўз ифодасини топган бир бутун узлуксиз силсиласида қамраб олгандай; у океанда сузар экан абадийликни Дунёвий руҳ сиймосида изоҳлашга ҳаракат қилди, ахир Дунёвий руҳ ҳамма учун битта ва ҳар бир киши учун алоҳида бўлиб, ердаги борлиқнинг бир бутунлигида ва узуқ-юлуқлигида намоён-ку... Экранда сатрлар бирин-кетин пайдо бўлар экан, бир бутун матнга қовушди: “Кассандра тамғаси ўзларининг сиёсий мақсадлари йўлида куйиб-пишиб юрган қай бир нотиқлар айтганчалик шармандалик ва ҳақорат нишонаси эмас, балки бу — балойи офат белгиси, кутилмаганда юз кўрсатган, олдинлари одамларнинг тушига ҳам кирмаган, дунё миқёсида кўзга ташланмайдиган ва инсоният учун машъум ижтимоий-биологик ҳодиса ўлароқ фавқулодда тадбирлар кўришни тақозо қиладиган балойи кабирамизнинг жимитдек хабаридир. Филофейнинг кашфиёти шундан дарак берадики, бизнинг ўз-ўзимизни англашимизга генетик босқичдаёқ шикаст етган — авлоддан авлодга дунёвий руҳ идеалларига зид яшаб келган одам айби билан шикаст етган. Фожиа шундаки, биз кассандра-эмбрионларнинг яшаш учун курашдан бош тортишга олиб келган сабабларини тан олмаётирмиз, ўзимизни четга оламиз, чунончи, сайловолди мажлисида ана шундай бўлди. Яшашга бўлган хоҳишнинг сўниши жаҳон цивилизациясининг сўнишидир. Ана шу охирзамон демакдир. Бошқача айтганда, охирзамон ўзимизда воқедир. Инстинктив сезиш қобилиятига эга бўлган кассандра-эмбрионлар ана шуни илғаб олади ва дунёни қамраб оладиган компьютер экранига ўхшаб, ҳомиладор аёллар манглайида нишон берадиган Кассандра тамғаси орқали ҳаётдан қўрқаётгани ҳақида хабар қилади. Кассандра тамғасининг ўзидан эмас, балки генетика қаърида ана шу охир замон ўпирилишига олиб келадиган сабаблардан қўрқмоқ керак. Биз мислсиз хатога йўл қўяётирмиз... Филофей иғвогар эмас, у – самовий пайғамбар...”
Борк шу онда худди китларнинг шовқин кўтариб океанда сузаётганини, йўлини тўсган тўлқинларни бор вужуди билан ёриб ўтаётганини эшитди ва китлар йўлида океан суви ёнгандай ёғдуланаётганини компьютер экранидан кўриб турди...

* * *
Қизил майдонда эса тун ярмидан оғган шу кезда машҳур Спас минорасидаги соат миллари бойқуш вақтига — кечаси соат учга яқинлашмоқда эди. Бойқуш Кремль курантлари дунёнинг тўрт томонига ғулғула солиб уч марта бонг урадиган ардоқли пайтини кутар эди, шундан сўнг у ўрнидан қўзғалиб минора тепасидан пастга тик учиб тушади-ю, чорқирра тошлар терилган майдон юзасидан ғиз этиб кўтарилади-да, Кремль девори бўйлаб учиб нарироққа ўтади ва ҳар галгидай Қизил майдон устида шовқинсиз чарх уради ва мақбара устидан ўтгач теварак-атрофга назар ташлаб, ёруғ дунёда нималар бўлаётганига сер солади. Бу сафар ҳам бойқуш икки пакана-хумкалла шарпа билан учрашиб, уларнинг ўзаро суҳбатларига қулоқ тутишга умид боғлар эди. Уларнинг суҳбатлашишлари учун эса баҳона кўп эди, кўп бўлганда қандай? Боиси шундан сал олдин Қизил майдонда қўрқинчли воқеа рўй берган эди. Бойқуш шунча йил яшаб бунақасини кўрган эмас.
Иккинчи томондан, соғлом фикрли одамларнинг ақли етмаётган нарсага арвоҳлар билан ош-қатиқ бўлиб юрган қуш бўлиб қушмас, инс-жинс сиёқли бу парранданинг – Спас минорасининг туғди-битди бойқушининг ақли қандай етсин.
Бунинг ҳаммаси куз куни пешин пайтида ҳСКни – Ҳарбий-саноат комплексини ҳимоя қилишга бағишланган митинг ўтказиш учун Қизил майдонга халқ оқиб келаётган кезда бошланди. Журналистлар ёзганларидек, қайта қуриш мудофаа саноатининг томоғига туриб қолган суяк бўлди. ҲСКни тиклаш билан давлатимизнинг олдинги қудратини сақлаб қолиш мумкин, деган зорланиш айрим доираларда аллақачондан бери қулоққа чалинарди. Дарҳақиқат, бундай фикрлар эндигина тугай бошлаган ўрмон ёнғинининг ҳиди каби ҳавода анқиб юрар эди. Мана, ёнғин яна ловуллаб аланга олди, миллий ҳушёр тортиш ҳиссини уйғотганлар – афкор оммани қурол билан савдо қилишни яна ўрнига қўйишга чорловчи кучлар ва ҳарбийлаштирилган давлатчиликнинг асоси ҳисобланган ва қайта қуриш деб аталмиш сиёсат оқибатида ҳамда маккорлик билан иш кўрган Ғарбнинг манфаатларини кўзлаган радикал-демократлар дастидан вайрон бўлган ҳСКни тиклашга чақирувчи кучлар бунга талай ёрдам берди.
Қизил майдонда ҳар томондан келган одамлар йиғилди. Митингга тўпланганларнинг кўпчилиги четдан – олдинлари “почта яшиклари” деб аталган ва номерлаб қўйилган “ёпиқ” шаҳарлардан келган кишилар эди. Конверсия жараёнида махфий бўлмай қолган “яшик”дан Москванинг барча вокзалларига поездларда гурра-гурра одамлар келишди ва автомагистралларни тўлдириб колонна-колонна бўлиб шаҳар марказига томон йўл олишди. Уларга Москва “мудофаачилари”, миллий ватанпарварлар, Сталинни қўмсаб қолган пенсионерлар ва бошқалар ҳам қўшилишди. Намойишчилар оғир контузиядан эндигина соғайган, ўтмишдан қолган ғалати нусхаларга ўхшашар эди; улар қонхўр диктаторларнинг суратларини баланд кўтариб боришар эди; ҳолбуки ўша ҳокимларни яқин-яқинларда ҳам худди мана шу кўчаларда ғазаб билан ҳақорат қилишган ва лаънатлашган эдилар.
Намойишчилар сони кўпайгандан кўпайиб борди, ҳСКнинг сирли қаърида олдинлари қанча ишга яроқли кишилар банд бўлганлигини шундан ҳам билса бўларди. Дунёнинг ярмисини қуроллантиришди. Ишнинг пачаваси чиққанини бирдан сезиб қолишди – ишлаб чиқариш қайта қурилмаса конверсия ҳСКда ишлаб келганларни ишсизликка маҳкум этгусидир. Шунинг учун улар ғимирлаб қолишди... Бу намойиш ҳамманинг кўз ўнгида харсангларни ҳам, тўнкаларни ҳам, томдан тушган тунука-ёғочларни ҳам оқизиб кетаётган тошқин селга ўхшар ва бунга ҳеч ким бас келолмас эди. Ўша кезларда ваҳимадор чақириқ ва шиорлар ҳам шаҳар кўчаларида ўз “харсанглари, тўнкалари, тўнка-ёғочлари”ни ағдар-тўнтар қилиб олиб кетаётган эди. Мана улар – “Конверсия тўхтатилсин!”, “ҲКСни барбод қилишга йўл қўймаймиз!”, “Яшасин шонли ҲКС”, “Энг муҳими – давлат!” “Давлатга қарши ислоҳотлар йўқолсин!”, “Танк – барқарорлик гаровидир!”, “Қурол-яроғ сотиб валюта ишлаймиз!”, “Қурол савдосида рақобат қилишимизга халақит берманг!”, “Қуролланиш пойгаси ҳақидаги сафсатага чек қўйилсин!”. Тушунмаганларга бемаънидай туюладиган шиорлар “Почта яшиклари қайта тиклансин!”, “Почта яшикларида яшайверамиз ва ишлайверамиз!”, ҳатто бундайлари ҳам бор: “Пацифистлар, бас қилинг, вақт кетмасин!”, “Бизни маҳв этиш учун совуқ урушлар муносабатидан маҳрум қилишди!”, “Танкдан тоғора ясашларига йўл қўймаймиз!” ва, ниҳоят, “Куч ва миллий бойлик манбаи – қурол-яроғ ишлаб чиқариш яшасин!”, “Ишсизликка йўл қўймаймиз, донишмандларнинг кетиб қолишига йўл бермаймиз!”, “Техникавий тараққиётнинг негизи – совуқ муносабатлар уруши яшасин!”, “Сотқин инсонпарварлар йўқолсин!” ва бунга ўхшаш яна талай чақириқ ва шиорлар. Яхшиямки, ҳар нарсалар ёзилгани билан бир парча қаттиқ қоғоз барибир қоғозлигича қолаверади, лекин бу шундай куч эдики, гангиб қоласан киши.
Давлатнинг ҳарбий жиҳатдан устун бўлиши зарурлиги ҳақида жон куйдирган, ўзларини давлатпарастлар деб атаган сиёсатдонлар хоҳлашадими ёки йўқми, халқаро қурол-яроғ ярмаркаларини ташкил этишда иштирок этганлар хоҳлашдими ёки йўқми, қурол-яроғимизнинг тарихда ҳечам сўнмаган шон-шуҳратини мадҳ этиш борасида қизғин кампания бошлаганлар хоҳлашдими ёки йўқми, булардан биронтаси уйғонган ва жунбушга келган кучларни тўхтатишга қодир эмас эди – Ҳамма-ҳаммаси энди селда оқиб кетаётган пайрахаларни эслатарди; ахир халқаро қурол-яроғ ярмаркалари савдосида биринчиликни олиш миллат манфаати йўлида қилинган савоб иш ҳисобланар эди-да, энг муҳими, миллиард-миллиард доллар соф фойда берарди, бундан юраги ёрилгудай хурсанд бўлишарди, чунки ўша миллиард-миллиард даромаднинг учдан бир қисми бевосита жойлардаги қурол-яроғ яратувчиларнинг чўнтагига тушар эди-да!
Қизил майдонда одамларнинг бошлари денгиздай чайқалмоқда эди. Минг-минглаб тўпланганлар ва уларга келиб қўшилаётганлар ҲКСни ҳимоя қилиб, бутун майдонга сиғмай кетишди ва ҳаммаси ёппасига “Ҳ-С-К”, “Ва-лю-та”, “Кремль – бизники”, “Кремль – бизники” деб бир овоздан бақириб-чақириб, осмонни бошига кўтаришар эди.
ҳаммасини вертолётларда тасвирга олишди, лекин тепадан туриб бутун манзаранинг отилган вулқондай улуғворлигини кўрсатиб бўлмас эди! Умумий митинг, сўзлари мавзолейдан радиокарнайлар орқали кучайтириб берилаётган нотиқлар баробаринда майдоннинг у ер-бу ерларида уюштирилган кичик-кичик митингларнинг ўз шиорлари, расмлари ва чақириқлари бор эди. Машҳур Қатлхона тепалигида фиделчилар йиғилишган эди, уларнинг доҳийларининг расмларидан ва кўтариб олган шиорларидан кўриниб турар эди: “Фидель – биз сен билан!”, “Социализм ёки ўлим!”. Бир-бирларининг қўлларидан ушлаб олган оломон буни кўриб янада баландроқ овозда такрорлади: “Социализм ёки ўлим”. Тарих музейи ёнидаги йўлда саддамчилар тиқилишган. Ана шу ўпқондан чиққандай дарғазаб ва қаҳрли хитоб янграр эди: “Саддам – сен бизнинг биродаримизсан!”, “Сад-дам – сен бизнинг биродаримизсан!” Муштумларини баланд кўтарган бир гала намойишчилар овозлари ҳам уларга жўр бўлди. “Кадда-када-Каддафи!”, “Кадда-када-Каддафи!”.
Узоқ йиллар давомида кўплаб қурол-яроғлар олиб турган деярли барча мамлакатлардан келганлар ана шундай бақириб-чақириб юришди, мухлислар Хитой, Эрон, Покистон, ҳиндистон, Шимолий Корея ва айниқса араб мамлакатлари ва Африка мамлакатларидаги мижозлар шарафига рақсга тушаётгандай қадам ташлаб боришди. Ҳар бир мамлакатнинг ўз ўрни бор: Хитой кўлами ва аҳолиси сонига кўра энг кўп мухлисга эга эди, улар шоир Маонинг “Товус қўшиғи” шеъридан доҳиёна мисрани жўр овоз билан дона-дона қилиб такрорлаб қадам ташлаб боришар эди: “Милтиқ ҳокимиятни келтириб чиқаради!” Сталинчилар улар билан апоқ-чапоқ бўлиб кетишди; улар “Сталинга шон-шараф бўлсин!” деб қаттиқ жўровозлик қилишарди ҳамда генералиссимуснинг безаб-бежалган расмларини баланд кўтариб боришар эди. Ана шу барча ҳайқириқларда Калашников автомати ҳукмронлик қилар эди: “Калаш – Кремль наш!” (Кремль бизники) деган хитоб ҳамма қийқириқ-шиорларни босиб кетди. Мазкур мавзу доирасида тушуниксиз янги шиорлар ҳам пайдо бўлиб қолди: “Ўқ парвози – осмон олмоси!” Бу шиорни “Ракета учса, тепадан олмос ёғади”, деб тушуниш керакмикин? Қанийди, қанийди шундай бўлса! Буларнинг ҳаммаси сохта шод-хуррамлик қозонида вақирлаб қайнар ва у ҳар бир кишида куч-қудрат, зўрлик, елкадошлик ҳиссини жўш урдирар эди... Мана ҳозир шундай бир ҳодиса рўй берадики, эҳтирослар мушаги аланга олади, осмон ларзага келади ва у зот юз кўрсатади. У: орзу-умидларни рўёбга чиқарувчидир. Ким экан ўзи у. У ўша-да! Вассалом! ҳа! Ўша!
Лекин мавзолей минбаридан туриб жар солган бош нотиқларнинг сўзлари ўз ҳолича оқилона ва ишончли эди. Қурол ишлаб чиқаришнинг қисқартирилиши иқтисодиётда ҳеч бир яхшиликка олиб келмайди ва дунё бозорини мил-мил бой Американинг қўлига топшириб қўяди, холос. Америка бўлса бўш келмайди – йил бўйи кечани кеча, кундузни кундуз демасдан шақиллатиб қурол ишлаб чиқараверади, ҳаммани тиш-тирноғигача қуроллантиради ва ҳаммага айтганини қилдиради. Хўш, биз кимдан каммиз? Кейин яна бир важ топишади – конверсия бошлаб берган ишсизлик қақшатқич ижтимоий портлашга олиб келади ва конверсия мамлакатнинг қудратли интеллектуал потенциалини таг-томири билан хонавайрон қилади дейишади. Яна қанча-қанча далил-исботлар кўзланган мўлжалга тегади. Келтирилган ана шундай важ омманинг ғазабини уйғотади.
Лекин бундан бошқа бир куч ҳам бор эди. Худди шу пайтда Манеж майдонида, конверсия душманлари митинг қилаётган оломондан махсус хизмат милиционерлари тўсиб турган қор устида бошқа бир митинг ҳам бўлаётган, у ерда ўзгача эҳтирослар қайнаётган эди.
Бу ерда бўлак халқ, жамиятнинг бўлак бир қисми – демократлар, реформистлар, пацифистлар ва қайта курашнинг бошқа авлоди, қўйингки – эркпарварлар ва ҳар хил либераллар митинг қилишаётган эди. Булар ҳам оз эмас эди, одамнинг кўплигидан майдон чайқалиб тургандай эди, уларнинг ҳам ўз комил ишончлари, қатъийликда, зарбдорликда уларникидан асло қолишмайдиган ўз чақириқлари ва шиорлари бор эди. Транспарантлару плакатлар кўзга ташланарди: “ҲКС имтиёзига барҳам берилсин!”, “Биз ҲКС қули бўлиб қолмайлик!”, «ҲКС – милитаризимга қўл келади!», “ҲКС – бюджет эговидир!”, “Сталиннинг очофат деви йўқолсин!” ва ҳоказо ва ҳоказо, ҳатто шундайлари ҳам йўқ эмасди: “ҲКС – ажалнинг уруғи”, “ҲКС – партократларнинг занжирбанд кўппагидир!”, “ҲКС халқни қулликка солажак!”.
Бу ерда ҳам Қизил майдондаги манзара ҳукмрон, фақат маъно-мазмуни бутунлай унинг тескариси эди.
Бу ерда ҳам намойишчилар ўзларининг пирлари-ю раҳнамоларининг расмларидан куч-қувват топишни унутишмаган. Улар бу расмларни одамлар ва худолари кўрсин деб бошлари узра баланд кўтариб олишган. Қўлларидаги аппаратлари билан бир митингдан иккинчи митингга, Қизил майдондан Манеж майдонига бўзчининг мокисидай қатнаган анвойи мухбирлар билан репортёрлар учун бу воқеалар туганмас кўргазмали материал эди. Ана шундай бўлишига қарамасдан пихи қайрилган репортёрлар бошқаларга ҳеч ҳам ўхшамайдиган икки шиордан кўз узмай қолишди. Иккита навжувон – бир йигит билан бир қиз, кўринишларига қараганда талаба бўлсалар керак, таёққа қоқилган плакатларни даст кўтариб боришаётган эди. Кўрганларнинг кейинчалик ҳикоя қилиб беришларича, иккаласи оломон ичида бўлса ҳам бир-биридан кўз узишмас, узоқлаб кетишмас, гўё ўзи билан ўзи бўлиб хаёлга чўмгандай, бошқалар билан баҳс-мунозарага киришмас эди. Йигитнинг қўлидаги плакатда қора бўёқ билан: “Одам боласи қурол ишлаб чиқариш учун ёруғ дунёга келмаслиги керак” деган сўзлар, қиз ушлаган плакатда бўлса: “Кремль қуролланиш пойгасини яна бошлайдиган бўлса, мен ўзимга ўт қўяман!” деган ғайримантиқий сўзлар қизил ранг билан битиб қўйилган эди.
Иккаласи оломон ичра денгизда адашган қайиқчалар янглиғ санғишар, кимлардир қараб қўйса, бошқалар парво ҳам қилмас, кимдир бу хил чақириқларнинг мағзини чақса, бошқасига бу шиорлар маъноси душвор туюлар эди – бунинг ҳеч ажабланарли жойи йўқ, ахир рангин баёнотлар, шиорлар, эътирозлар, огоҳлантиришлар, қулоқни қоматга келтирадиган жўшқин нутқлар, чиқишлар ҳар икки томонда – Қизил майдонда ҳам, Манеж майдонида ҳам митингчиларнинг бошига ёмғирдай ёғар эди-да!
Энди бўлар иш бўлди, бўёғи сингди. Одатда шундай бўладики, одамлар ақл-ҳушини йиғиб олишгунча кеч бўлади. Ҳар гал жумбушга кирган оломон бошлаб берган воқеа-ҳодисалар кўпинча тасодифийлиги ва таҳликаси билан ҳайратга солади.
Қуёш Кремль деворлари ортига яширинди, бақириб-чақирган оломон узра маъсум ғира-шира чўка бошлади, қорли майдонлардаги митинглар ҳамон наъра тортар ва қутурар, репродукторлардан жаранглаган оташнафас ва таҳликали нутқлар йиғилганларнинг бутун вужудини алангалатиб, энг юқори нуқтага чиқа бошлади. Иккала майдондаги оломон ўзича адолатга даъват этар, ҳукуматга ва халққа мурожаат қилар, фақат ўзининг ҳақлигини, фақат ўз нуқтаи назарини исботлар, бутун жаҳонга фақат ўзининг далиллари ва хулосаларини ошкор этар, куйиб-ёнар, зудлик билан ҳаракатга келишга иштиёқ сезиб ўзидаги куч-қувватни ишга солиш учун жунбушга кирган эди. Ҳар икки томон бир вақтда эҳтиросга минган эди; томонлар радио карнайлари орқали бир-бирларига айб қўйишар, бир томон ўзи ёмон кўрган иккинчи томонни ватан душманларининг жирканч йиғини деб атар эди. Ана дастлабки муштлашиш ҳам бошланиб кетди. “Милитаристлар” ва “антимилитаристлар” омончилар қаторларини ёриб ўтиб бир-бирларини шиорлар ва расмлар қоқилган таёқлар билан ура бошлашди. Хотин-қизлар дод солиб чийиллашса, эркаклар бўкириб сўкина кетишди. Одамлар бир-бирларини муштлаб тепкилашарди. Омончиларнинг оломон сиқувини тўхтатиш, уришаётганларни тарқатиб юбориш учун қилган ҳаракатлари уларни баттар ғазаб отига миндирди. Орадан кўп ўтмасдан, икки томон муштлашиб аралашиб кетди. Гўё одамлар шуни кутиб туришгандай, худди шунинг учун майдонга йиғилишгандай эди. Ана шунда қимматли расмлар ва таъсирчан шиорлар жуда иш берди – қуроллар билан одамлар бир-бирларининг каллаларига туширишарди. Оқаётган қонлар, кўз ёшлари, инграган товушлар, юзлаб эркаклару аёлларнинг, кексалару ёшларнинг ёқалашиш манзаралари – орқа ва олд томондан, ён томондан, тепадан вертолётлардан ва ердаги паст-баланд нуқталардан икир-чикирларигача олинган тасвирлар – қўйингки ҳамма-ҳаммаси жаҳон телеэкранларида намойиш қилинди.
Ана шу пайтда ўша икки ёш – йигит ва қиз воқеалар марказида бўлиб қолишди. Уларнинг ўз шиорларини авайлаб-асраганлари бошларига бало бўлди. Қизил майдонда турган ҲКСчилар ўз шиорини баланд кўтариб, ғазабга минган ватанпарварларнинг бурнига тиқиб олгудай бўлган йигитни кўриб қолишгач конверсиячиларни савалай кетишди.
— Сен, аблаҳ, кимнинг бурнига тиқиб олмоқчисан, кимни аҳмоқ қиляпсан?! – қичқирди улардан бири. — Демак, сенингча биз туғилмаслигимиз керакмиди?! Аҳ ярамас! — Улар шундай дея йигитни дўппослай бошлашди, шиорини йиртиб-йиртиб оёқлари билан эзиб ташлашди. Ана шу пайтда одам боласини хижолатга соладиган ва ғашига тегадиган транспарант кўтариб, агар Кремль қуролланиш пойгасини яна бошлайдиган бўлса, мен ўзимга ўт қўяман деб қасам ичган қиз ёрдамга келди.
Бу қизнинг митингга ана шундай дағдаға билан келиши тўғримиди?! Уни нима мажбур қилди бунга? Нега бундай қилди – ёшлик ғурурими, нодонлигими ёки аксинча, уни комил ишонч ва чорасизлик шу йўлга бошладими? Ва, ниҳоят, нега у ўша машъум шиорни тиқилинчда, мудофаачи – ҲКСчилар йигитни калтаклаётган даврага кирмасдан олдин ташлаб юбормади?! Шу пайтда ҳалиги қиз қўлига бошқа шиор олди-да, йигитга ташланиб қичқирди:
— Нима қиляпсизлар? Тегманглар унга! Сизларга ким ҳуқуқ берди? Қўлларингга эрк берманглар! Бас қилинглар!
Нафи бўлмади. Йигитни чамаси беш киши тинимсиз дўппосларди. Уни калтаклаб ҳаммаёғини моматалоқ қилиб қўйиб юборишса ҳам майлийди. Лекин бу тўқнашувнинг нима билан тугашини, ўзига кучи етмаган, ақлдан озган оломоннинг нимага қодир эканини ким билибди дейсиз?
Қутурган ҲКСчилар қизни бўралаб сўкиб кутиб олишди:
— Сен, қанжиқ, туёғингни шиқиллатиб қол, бўлмаса сен ҳам насибангни оласан!
Худди шу онда оғзидан боди кириб шоди чиқаётган бир хотин нишонга урди:
— Ҳа, иғвогар! ҳали сенмидинг ўзингга ўт қўядиган! ҳой, одамлар, мени ушланглар, қўрқаман, ҳозир мана бу иғвогар қанжиқ ёниб кетади. Кейин кўз ўнгимизда Кремлимиз ағанаб тушади! Башарасига тушуринглар унинг, уйини тополмай қолсин!
Қизга ҳамла қилишиб, камзулини йиртиб ташлашди. Унинг юзидан қон оқа бошлади.
— Тегманглар! Газандалар! — бақирар эди у қўрқа-писа юзидаги қонни артар экан.
Унинг ҳам шиорини бир зумда парча-парча қилиб ташлашди.
— Хўш, қалайсан энди? Ловиллаб ёнасанми ё тутабми? Бунақанги тутуриқсиз гапларни ёзишдан олдин ўйлаб кўриш керак эди! Нега ёнмаяпсан?
Бундан кейинги воқеалар бир зумда бўлиб ўтди.
— Сен менга гугурт чақиб ташла! — беихтиёр баланд овозда деди қиз заҳархандалик билан, кулиб ўзига қараб турганларга.
Шунда кимдир гугурт қутисини қўлига олиб чақмоқчи бўлди...
— Кимда зажигалка бор? Ха-ха-ха! Яхшиси сен унга зажигалкангни тегиз! — деб таклиф қилди кимдир.
— Тўхта! Ёқма! — деб бақирди қизнинг шериги ҳалиги йигит — калтаклаётган одамнинг чангалидан чиқар экан. Лекин улгурмай қолди. Ёниб турган гугурт донаси қизнинг елкасидаги синтетик курткасига тушди-ю у олов ола бошлади.
ҳамма анқайиб қолди, кейин орқага тисарилиб, чор атрофга қочиб қолишди.
Бутун бадани аланга олган қиз қочиб қутуладигандай у ёқ бу ёққа чопиб, даҳшат билан айюҳаннос сола бошлади. Қизил майдонда ҳамма-ҳаммаси ағдар-тўнтар бўлиб кетди. Оломон саросимага тушиб қолди.
Нарироқда кимдир ташлаб кетган бомба портлабди, кимдир ўзига тириклайин ўт қўйибди, ёки ундан ҳам даҳшатлиси – ловуллаб ёнаётган биттаси митингда қатнашганлар орасида жонсарак чопиб юрибди деган овоза яшин тезлигида тарқалиши билан одамлар ҳаммасини унутиб шоша-пиша ўша томонга чопа кетишди. Оломон катта-кичик кўчаларда бир-бирларини босиб, йиқитиб, дод-фарёд солиб қичқиришар, ўзлари учун мўътабар бўлган расмларни ва алангали чақириқларни ҳеч кераксиз нарсалардай оёқ ости қилиб борар эди. Одамлар ақлдан озгандай ўлгудай қўрқиб чопишар, ўзлигидан қочишар эди.
Нега бундай бўлди, Кремль биқинида бўлиб ўтган тўполоннинг сабаби нима – ҳеч ким жавоб бера олмас эди. Ўзимга ўзим ўт қўяман деб пўписа қилган қиз ёниб кетгандан буён умум қабул қилинган қонун-қоидаларни бузибми ёки ҳазиллашибми, ёки жиддийми – хуллас вақтнинг янги ҳисоби бошланди. Ёнган қизнинг бақириб-чақириб у ёқдан бу ёққа чопиб юрганини ҳамма кўрди. Қиз ерга йиқилди. Уни ҳалиги йигит ва у билан бирга бўлган бир неча омончилар қувиб етишди. Улар қизнинг кийимларини шоша-пиша ўчиришга уринишди. Лекин энди кеч эди. Йигит тиз чўкиб нима қиларини билмай бошини чангаллаб қолди. Худди шу дақиқада, бўшаб қолган майдонга вертолёт келиб қўнди, у бунгача телевидение учун тасвирга олиб юрган бўлса керак. Вертолётнинг қулоқни батанг қилиб айланаётган парраги тагида шамол ва шовқинни назар-писанд қилмай одамлар чопиб чиқишди, қизнинг жасадини кўтариб олишди, ўша йигит билан икки омончини олиб вертолет ҳавога кўтарилди. Лекин кимдир бунинг ҳаммасини тасвирга тушуришга улгурган эди.
Вертолёт парвоз қилиб, Қизил майдон устидан ўтди. Спас минорасининг бўйи бараварли кўтарилгач, йўлини давом эттирди-да, Тошкўприк устидан ўтгандан кейин Москва дарёсининг соҳили бўйлаб учиб кўздан ғойиб бўлди...
Ўз ғоялари йўлида жон-жаҳди билан, орқа-олдига қарамасдан, ўзларини қаҳрамонларча қурбон қилган икки навжувон талаба фожиаси ҳам ўрмонда йўқолган қушдай шаҳар бинолари чакалакзорлари орасида вертолёт билан бирга ғойиб бўлди. О, ёшлик, хом хаёлларнинг, ҳалокатга маҳкум орзуларнинг мангулик ҳамроҳидирсан, сен!
Ўша кеча шаҳар маркази узоқ вақтгача тинчланмади, кундузги воқеаларнинг акс-садоси босилмади. Изтироб кўпларни кўчаларга ҳайдади, одамларнинг башараларида, овозларида, юриш-туришларида асабийлик из қолдирган эди. Одамлар тўп-тўп бўлиб баҳслашар, нималарнидир тахмин қилишар эди, лекин бир нарсага ҳеч кимнинг ақли етмасди – бор-йўғи бир гугурт донаси чақиб ташланса-да ўчмаса, ва қиз бир лаҳзада аланга олиб кетса? Бу кўзбойлоқчилик эмас-ку, цирк эмас-ку, ахир! Унинг кийимига қандайдир аланга оладиган модда сингдирилганмикин? Ўлим билан ўйнашиш нечун? Бундай бўлмаса-чи?! Бу бутунлай бошқа нарса, ақл бовар қилмайдиган метафизик ҳодиса – одам ўз ичида ўта юксак кучланишдан ўзи ёниб кетган бўлса-чи? Кечаси фосфорга ўхшаш ёруғлик чиқарадиган одамлар бўлади дейишади. Ким билади дейсиз, валлоҳи аълам!
ҳаш-паш дегунча тун ҳам чодирини ёйди. Кўчаларда одам камайди. Бойқушга ўхшаб кечаси уйқу билмайдиганлар ғимирлаб қолишди, машиналарда шаҳар кезар экан, кўча қоровуллари ва рэкетчилар ҳақини ҳам унутишмас эди. Тунги маишатхоналар эшикларини очди. Шаҳват ҳиссини уйғотадиган хира чироқлар ёнди, электромусиқа ишга тушди, кўкраклар яланғочланди, кулгилар авжига чиқди... Ҳаммасини унутиш, ҳеч нарсани эсда қолдирмаслик, ўзликдан қочиш, худога чап бериб кетиш учун...
Қизил майдонда ўша кечаси сукунат ҳукм сурар эди. Одам боласи кўринмайди. Биронта зот йўқ. Кундузи даҳ-шатли эҳтирослар, аҳмоқлик, аёвсиз калтакбозлик қутурган жойда ҳеч кимнинг тургиси келмасди. Чироқлар хира милтил-лар эди. Намойишчилар калтаклашаётганда ёки чопиб кетаётганда оёқости қилинган портретлар, шиорлар, плакатлар жанг майдонида ташлаб кетилгандай ҳаммаёқда ивирсиб ётарди.
Булар билан бандаи худонинг иши йўқ эди.
Ой Кремль тепасида юксалиб турарди. Бойқуш ўз соатида етиб келди. — У катта қанотларини сассиз қоқиб, ҳавода сузиб юрар экан, соя янглиғ бир у ерда, бир бу ерда пайдо бўлар, тик боқадиган сеҳрли думалоқ кўзларини ялтиратиб, улкан япалоқ бошини илғаб бўлмас даражада қимиллатиб борар эди. У даҳшат ва қўрқинч оғушида эди. Бойқуш мавзолей устидан оҳиста айланиб ўтди ва мақбаранинг эшиги олдида тош ҳайкалдай қотиб турган соқчилар яқинидан зувиллаб учиб, пакана-хумкалла шарпаларни қидира кетди. Ва уларни қоронғи жойда, Кремлнинг ғиштин девори тагидан топди. Йўқ, бу сафар ҳам уларда ҳеч қандай янгилик йўқ эди. Уларнинг чеҳраси бу гал ҳам маънисиз ва ифодасиз, лекин сеҳрлаб қўйилгандай эди. Хумкалла-пакана шарпалар бир-бирига қўл беришиб, турган жойида рақсга тушиб, митингда эшитган чақириқларидан айримларини бир оҳангда такрорлаб-такрорлаб қўйишар эди: “Социализм – ёки ўлим!” Улар “Социализм – ёки ўлим” шиорини чарчоқ билмай, оҳиста, бир хил оҳангда тинимсиз такрорлашди.
Кубаликлар мусиқасига ўхшаш бундай бир текис оҳанг тезда бойқушнинг жонига тегди. Бу ердан учиб Спас дарвозаси қаршисида бир тирик жонга – қаердандир келиб қолган маст-аласт аёлга дуч келди.
Қизил майдонда тентираб юрган жулдур кийимли бу маст аёл ўзининг қандайдир аянчли ашуласини чўзиб-чўзиб хиргойи қилар эди:


Вой алам-эй, нега ҳам*
Туғилдим экан?
Вой энам-эй, нега ҳам
Туғдинг экан?
Вой алам-эй, нега ҳам
Ҳомил бўлдинг.
Туғдинг мени, энажон,
Ғамдан ўлдим.
Вой алам-эй, нега ҳам
Туғилдим экан?
Истамасдим, энажон,
Сен туғдинг бекор.
Вой алам-эй, нега ҳам
Туғилдим экан?
Энажон-эй, нега ҳам
Туғдинг экан?
У майдонни қиясига кесиб ўтар экан, гандираклаб, йиқилиб-суриниб борарди. Кўп ўтмай у ГУМнинг савдо расталари яқинида кўздан ғойиб бўлди. Унинг ғамгин ашуласи бир оз вақтгача қулоққа чалиниб турди, ниҳоят жимиб қолди.
Бойқуш эса Кремль деворлари устида шув этиб кўтарилди-да ўзини дов-дарахтлар ичига урди, у йўқ-бу йўқ ҳалиги аёлга ўхшаб ҳўнграб йиғлаб юборди ва зор-зор йиғлар экан, оғир уҳ тортиб қўяр эди.
Ой юлдузлар орасида юксалиб турар экан, Кремль тепалигидаги гумбазларга, минора найзаларига, томларига ўзининг абадий кумуш нурини сочар эди, бойқуш эса узоқ-узоқлардан океанда сузиб юрган китларнинг нафас олганини сезгандай бўлди. Улар қаёққа ва нима учун ошиқишяпти экан? Нега улар тиним билишмайди. Тўлқинлар ҳам тиним билмайди.

Саккизинчи боб
“Трибюн” газетасига мўлжалланган мақоланинг катта қисми тайёр бўлди. Энди хотима қисмини ёзиш қолган эди. Иш якуни яқинлашган сари Борк кўпроқ хавотирлана бошлади: Кассандра тамғаси феноменини илмий изоҳлаб беришга керагидан ортиқча берилиб кетмадимикин, ҳолбуки кўпчилик, эҳтимол мутлақ кўпчилик учун энг муҳими Филофейнинг космосдаги “ғаламислик” ҳаракатларидан нима қилиб бўлса ҳам халос бўлиш эди. Кўрмасин ҳам, куймасин ҳам, кассандра-эмбрионларнинг сигналларини унутса бас. Учига чиққан сиёсатдон Оливер Ордок худди ана шуни сезиб қолди ва шунга қараб мўлжал олди ҳамда муваффақият қозонди. Сўз йўқ, у сиёсий ғалаба қилди. Асли унинг ғалабаси ғирромлик билан қўлга киритилган эди. Халойиқнинг ўзини ўзи алдаб қўйганини қандай қилиб тушунтирса бўларкин?
Борк шуни тушундики, Ордокка нисбатан унда сиёсий маҳорат, сиёсий тажриба етишмас экан. Ҳа, энди улар кутилмаганда умрбод бир-бирларига душман бўлиб қолишди. У, Борк, хоҳлайдими, йўқми, уларни кураш, кураш бўлганда ҳам аёвсиз кураш кутар эди. Худди ана шу нарса — президентликка олиб борадиган йўлдаги мусобақа Ордок учун айни муддао эди. Шу маънода тақдир унга фазода Филофейни, ерда Боркни бебаҳо совға сифатида тақдим қилган эди.
Роберт Борк шу ҳақда фикр юритар экан, ҳаш-паш дегунча сийқаси чиққан сиёсий курашга ўралашиб қолиш, қаршилик кўрсатиш ҳиссиётига берилиб кетиш ҳеч гап эмас экан, деб ўйлаб қолди. Унда Ордок билан юзма-юз учрашиш истаги пайдо бўлди. Унга яқин бориб кўзига тик қараб юрагига наштардай санчиладиган қилиб секингина “Сен бориб турган аблаҳ экансан!” дегиси келди. Ва шундан сўнг ҳаммага Ордок аблаҳ деб айтади ва бундай нусхани ҳокимиятга яқинлаштириб бўлмайди, бу ҳокимиятга иблис келди деган сўз, хавфлиси шундаки, унинг иблис эканлигини ҳеч ким билмайди, дейди. “Йўқ, йўқ, бундай деб бўлмайди, бундай дейиш мумкин эмас, — ўйлади Борк миясига келган фикрдан ўзи қониқиш ҳосил қилмай. — Президент бўладими, бошқа амалдор бўладими, бўлавермайдими, фақат менсиз бўлса бас! Йўқ, йўқ, менинг ишим — сиёсий кураш эмас; одамлар Кассандра тамғалари тўғрисидаги ҳақиқатдан ўзларини четга олар эканлар, улар иродасизлик қилган бўладилар, муаммони янада чуқурлаштирган, ўз бошларига тушган фалокатни баттар авж олдирган — менинг вазифам одамларга ана шу ҳақиқатнинг етказишдир. Лекин ҳақиқатнинг даҳшатли эканлигига, бироқ кўриб ўзини кўрмасликка олиш мумкин эмаслигига, йўл топиш зарурлигига одамларни қандай қилиб ишонтириш мумкин?!
Борк тоза ҳаводан нафас олиш учун айвонга чиққан эди, тун совуқ, куз, ҳаммаёқ хазонрезгилик — қоронғида барглар шамолдан шитирлайди, уни титроқ босди. Ой уфқдан салгина кўтарилиб, катта йўл четидаги ўрмонзор тепаликка тегай-тегай деб тургандай. Ўрмон ортида денгиз бўйидаги қум тепаликларига ўхшаб кетадиган дўнгликлардаги гольф ўйналадиган майдонларни кўз олдига келтирди, ёшлигида бу ерга у тўп тепиш учун келиб юрарди.
Қизиқ, унинг кўрган тушларидан бири эсига келди. Баъзан одамлар тушида кўрганини ўнгида кўради дейишади. Бу тушни кўрганига кўп вақт ўтгани йўқ — тушида ҳаммаёқ гольф майдонлари эмиш, кечаси ой нур сочиб турганмиш, ҳамма шоду хуррам ва эркин ҳис қилармиш ўзини, лекин кўнгилсизлик рўй берган эмиш: чуқурчага тушган коптокни таёқ билан уриб чиқариб бўлмас эмиш — копток ўрнидан қўзғалмасмиш, Борк қанчалик ҳаракат қилмасин, копток қимирламай тураверган эмиш. Шу он қаёқдандир тепа тарафдан кафедрада бирга ишлашган ҳамкасабаси марҳум профессор Макс Фрайд келиб қолганмиш. У Боркка қараб: “Ойга учиб кетайлик, у ерда худди шундай майдонлар бор, гольф ўйнаймиз, дер эмиш. Борк Макснинг сўзларига ишониб, унинг орқасидан эргашиб далалар устидан учиб кетармиш. Хотини Жесси бўлса, ортидан чопиб, “орқага қайт” деб чақирармиш. Ва нима учундир у йиғлармиш. Бу тушнинг таъбири нимайкин? Буниси қизиқ бўлди-ку! Лекин ўйлаб кўрилса, ажабланарли жойи ҳам йўқ. Макс унинг дилкаш дўсти эди, ҳар хил бўлар бўлмас нарсаларга, ҳатто илми нужумга ҳам қизиқиб юрарди. Масалан, гольф ўйнаганда қандай ҳисоб билан ютишини ёки ютқизишини юлдузларга қараб аниқлашга уринар эди. Айтганлари баъзан тўғри чиқар, лекин кўп ҳолларда башоратлари тўғри чиқмас эди. Эҳтимол Макснинг арвоҳи у дунёда бирон нарсани олдиндан сезгандир ва қандайдир кўнгилсиз самовий ҳодисанинг яқинлашаётганини пайқагандир ва шунинг учун дўстини фалокатдан қутқариб қолиш учун Ойга учиб чорлаётгандир. Шунинг учун ҳам тушига кириб огоҳлантираётгандир.
ҳа, Макс ҳаёт бўлганда митингда бўлиб ўтган воқеадан сўнг ярим кечада бўлсаям Ньюберига чопиб келган бўлур эди. Эҳтимол, бунинг нафи бўлмас, лекин мана шунинг ўзиёқ Макснинг тиниб-тинчимас ва ўта даражада садоқатли дўст эканлигини исботлайди. Аҳён-аҳёнда Жесси роялда у қадар мураккаб бўлмаган куйларни бинойидай чалар эди. У баъзан масхаромуз ҳазиллардан ҳам қайтмас эди: “Сенинг барча дўстларинг, Боб, Максга ўхшаган ўлгудай ғалати зиёлилар-да. Аслида сенлар роҳиблар уюшмасини очиб олишларинг, сен жамоанинг бошлиғи, қулинг ўргилсин қаттиққўл мураббийси бўлиб олишинг, сухсурдай Макс эса сенинг ўнг қўлинг бўлиши керак экан, ана ўшанда у ҳамма-ҳаммасига улгурган бўлур эди. Ана ўшанда сенлар фанлардагина эмас, яна бошқа соҳаларда ҳам бор ҳунарларингни намоён қилган бўлурмидиларинг?” Бечора Макс, ахир унинг Жессига кўнгли бор эди ва ўқтин-ўқтин буни ҳазил-мутойиба билан шипшитиб ҳам қўярди. У ширакайф пайтларида юрагидагини айтиб ҳам оларди: “Роберт, эшит, сенга ростини айтсам, менинг турмушимга роса тўғаноқ бўлгансан”.
“Ростдан-а?”
“Сен бўлмаганингда, Жессига муҳаббат изҳор қилган бўлур эдим”.
“Эҳтимол, ҳозир ҳам кеч эмасдир”.
“Йўқ, сен умуман ёруғ дунёга келмаганингда, ана ўшандагина мен Жессига нима дейишимни ўзим билардим”.
“Ундай бўлса, қўлингдан ҳеч нарса келмас экан. Кўриб турибсан — мен ёруғ дунёда яшаяпман”.
“Ана кўрдингми, менинг ҳаётимга роса халақит берганингни энди тушунгандирсан”.
“Макс, дўстгинам, сен яшашнинг жуда осон йўлини танлаган экансан. Мен яшаётган дунёда бахтингни синаб кўр, менсиз бадастир шароитда яшашингнинг қизиғи йўқ”.
“Йўқ, сен бор жойда яйрай олмайман. Ҳечам”.
“Нега эди. Хотин зоти сени деса жонини беради — савлат деса от ҳуркади, ҳусн деса бировдан қарз олгудек жойинг йўқ, мотоциклда учиб юрган кезларинг ҳамманинг кўзи сенда бўларди. Қолаверса, мендан ёшроқсан”.
“Мен мотоцикл шайдосиман, сен бўлсанг дунёга машҳур олимсан, менинг кўрган-билганим мотоцикл, сен эса бадавлатсан, китобларинг учун катта-катта ҳақ оласан, бойлар турадиган Ньюберида данғиллама ҳовли-жойинг бор, хотининг Бах, Бетховен деганларнинг куйларини сенга виоленчелда чалиб беради, мен мотоциклда учаман, сен бўлсанг ҳамма орзу қилган Ньюбери-гольфда копток ўйнайсан, мен мотоциклда учсам, сен Кремллар, Оқ уйларда маъруза қилиб турасан, мен ҳамон мотоциклдаман...”
“Шошма, шошма, Макс, ўзингни қўй оғзидан чўп олмаган қилиб кўрсатаверма. Сен илгарилари фақат мотоциклчигина эмас эдинг, ҳозир ҳам шундай. Ўз фанингда — сиёсий жўғрофия соҳасида маълум ва машҳурсан, бутун сайёра сенинг қўлингда. Гап сайёрадами, сайёра нима бўпти? Секинроқ гапир, сени эрим деб юрган ўша офати жон поляк аёли Анна бу гапингни эшитиб қолса бошингда ёнғоқ чақади. Унда мотоциклинг ҳам ёрдам бермай қолади! Хотининг хом хаёллар оғушида маст бўлиб юрипти-я!”
“Ҳа, Роберт, нозик жойдан олдинг. Анна ҳақидаги гапларинг тўғри, лекин сайёра ҳақидаги фикрингга тўла қўшила олмайман. Сиёсий жўғрофияда ҳамма нарсани билиш керак ёки бу фаннинг ёнига умуман йўламаслик лозим. Бу алоҳида, юҳо фан. Бу маълумот-ахборотлар омборхонаси, банки деса ҳам бўлади. Ҳа, шу маънода мени дунё банкири дейиш мумкин. Мен йигирманчи асрнинг Ротшильдиман. Ҳамма нарсани биламан, ҳаммасидан хабардорман, хўш, бундан не наф? Айтадилар-ку, Олло таоло арши аълода ҳамма нарсани кўради, ҳамма нарсани билади, ҳаммасини назорат қилади, лекин қўлидан ҳеч нарса келмайди...”
Ўша одам энди йўқ. Автомобиль ҳалокатида вафот этди, машинада ўқдай учишни яхши кўрарди. Анна тезда қариб қолди. Ўғиллари уйланган, алоҳида яшашади. Жесси Анна билан телефонда гаплашиб баъзан кўришиб ҳам турарди. Охирги марта Анна шу ёзда келган эди. Ҳаммаси биргалашиб дам олиш, томоша қилиш, ўйин кўриш учун гольф-майдонга боришди. Кун бўйи яхши дам олишди, гольф-клубнинг ресторанида тушлик қилишди. Ногаҳон ўтмишни эсга олишди, Максни кўп хотиралашди... У бу ерларни жуда-жуда яхши кўрарди. Қаерда бўлса ҳам етиб келишга ҳар доим тайёр эди...
Менинг шўрлик дўстим Макс Фрайд! Одамларнинг ақл-идроклари-ю дилларида ҳамма нарса аралаш-қуралаш бўлиб кетган ҳозирги пайтда сен бўлганингда нима деган бўлар эдинг. Пинҳоний генетик довул ҳаммасини ағдар-тўнтар қилиб ташлади. Энди нима қилиш керак: кўпларга ўхшаб ҳаммаси даф бўлсин деб туяқуш сингари каллани қумга тиқиб тураверган маъқулми ёки Худонинг бандаларни огоҳ қилишини кутиб, Яратганнинг кўзига боқиб туравериш дурустми — Тангри қулларини фақат огоҳ қилади, ҳаммасини бари бир инсон ўзи ҳал этади. Бу борада Макс Фрайд ҳақ эди. Боркнинг тушига кириши бежиз эмас. Демак, Макс хавотир олган, ҳодисани олдиндан сезган. Фалокатдан қутқариб қолиш учун чақирган, ойдаги гольф-майдонга таклиф қилган...
Энди буёғи нима бўлади, ахир Ордок аслини олганда бир муаммо ўрнига бошқа бир муаммони ўртага ташлади, жамоатчиликка фириб бериб, диққатни бошқа томонга буриб юборди, ўзини қаҳрамон қилиб кўрсатиш учун эса Боркни сиёсий дуэлга чақирди. Борк бўлса тайёрланиши, бу даъватни қабул қилиши, Кассандра тамғаси ҳақида ўз фикрини билдириши, Филофейни сафсатабозликдан ва сиёсий чайқовчиликдан ҳимоя қилиши лозим. Ордокнинг хатти-ҳаракатини бошқача яна қандай баҳолаш мумкин?! Ўҳ-ҳў, кечаси соат бирдан ошибди, деди Борк эсини йиғиб олиб, ўтириб ишлаш керак. Ҳаялламасдан ишга киришишга тўғри келади. Энди орқага чекиниш йўқ.
Кабинетига қайтаётиб, ойнага қараб тўхтаб қолди. Уйқусизликдан кўзлари қизарган. Бу кўзларда қанчадан қанча дарди алам, ташвиш жо бўлган. Сочлари оқариб кетган. Яхшиямки, бошқаларникига ўхшаб тўкилиб кетмаган. Ўзи Рейн соҳилидаги қоялар каби кексайган — яқиндагина немислар, тўполончи журналистлар ана шу қоялар ёнидан сузиб ўтганда Борк берган интервьюни улар “Кекса қоя билан суҳбат” деб аташган эди. Ўшанда тез орада Борк океан устидан, Атлантика тепасидан учиб ўтар экан, роҳиб Филофейнинг яшиндай чақнаб шиддат билан ер юзига урилишини, момоқалдироқ янглиғ гулдирашини ва дунёни остин-устин қилиб ҳаммани саросимага солишини, ўша шайтоннусха — Оливер Ордокнинг кўзни шамғалат қилиб саҳнада пайдо бўлиб қолишини хаёлига ҳам келтирмаган эди. Нима ҳам қилсин, солишишга тўғри келади...
Борк компьютер ёнига ўтирмоқчи бўлган эдиям, қадам шарпаси эшитилди. Пастдан Жесси чиқиб келаётган экан.
– Хўш, аҳволинг қалай? — сўради Жесси остонада туриб.
– Бир нави, қимиллаб турибман, — жавоб берди Борк ва тўсатдан эсига келиб қолган тушини Жессига айтиб бермоқчи бўлди-ю, лекин ўзини тутди. Жесси чарчаган эди ва шундай бўлса ҳам унинг нигоҳида қандайдир хушхабар сояси жилваланар эди.
– Боб, сенга халақит бермай девдим, лекин мен сени бир ҳайратда қолдиргим келди.
– Мени нима билан ҳайратда қолдирмоқчисан?
– Бир тўп қоғоз олиб келдим. Буларнинг сенга фойдаси тегиб қолар.
– Нима экан?
– Факслар. Кимдан келибди дейсанми? Энтони Юнгердан.
– Энтони Юнгердан? — қайта сўради у. — Хўш, нима депти. Нималарни ёзибди?
– Сенга ҳамма телефонларни узиб қўяман деб эдим-ку, унинг бизга телефон қилиш учун қанчалар уринганини тасаввур этиш мумкин. Ким билибди дейсан? Холлдаги факсни ўчириш хаёлимга келмабди. Бирдан қулоғимга шик-шиқ қилган шовқин эшитилиб қолди, бориб қарасам бир тўп қоғоз ётибди. Мана, ўзинг ўқиб кўр. Ҳар бир бетнинг тепасида “Худо ҳаққи, факсни ўчира кўрманглар!” деб ёзиб қўйилган. Унинг факслари кетма-кет келаётир. Унга нима бўлдийкин? Бечора бола. Ўқи, яна олиб келаман.
Кутилмаган ҳодиса. Кечаси соат икки. Кимдир ухламасдан кетма-кет факс жўнатаётир. Борк билан телефонда бор-йўғи бир марта гаплашган салгина таниш Энтони Юнгер ёзаётир. У сайловолди митингида Ордокни оғзи кўпириб сафсатабозлик қилаётганда тийиб қўйиш учун муваффақиятсиз бўлса-да юрак ютиб уринди ва ўзи Ордокнинг тўдасидан бўла туриб ҳамманинг кўз олдида бошлиғидан алоқани узиб унинг сиёсий қурбони бўлган киши томонига ўтди. Митинг тугагандан кейин Юнгернинг бошига қандай дашномлар ёғилганини тасаввур қилиш ҳам қийин. Ордокнинг ўзи ва содиқ дўстлари Юнгерни хоин деб лаънатладилар. Ордокнинг қаноти остида энди дурустроқ мавқе-амал ҳақида гап бўлиши ҳам мумкин эмас эди. Таниш-билишлари “бунақаси ҳали бўлган эмас — ўзининг йўлини кесиб қўйди” деб кулишаётган бўлсалар керак. Шундан кейин ҳам бу бировга ёрдам қўлини чўзишга — Ордок бадном қилиб ташлаган, оммавий митингда лаънат ёғдирилган одамга кўмаклашишга журъат эта олди. Борк Энтони Юнгер олдида ўзини ноқулай сезса ҳам юрагига илиқлик югурди. Шу вақтгача ҳеч ким раҳми келиб унга ғамхўрлик қилмаган, чунки у ҳар доим мустақил ва ўзига ишонган эди. Энди бўлса зўрлик билан кураш майдонига тортилди, у ердан енгилиб, ҳатто дейиш мумкинки, башараси мажағланиб халқ олдида калака-масхара бўлиб судралиб чиқди. Энди бўлса ўз хоҳиши билан таваккал қилиб жангга кириш учун тишни тишга қўйиб яна оёққа туриш мақсадида ҳозирча ташқи дунёдан яшириниб ётибди. Ана шунинг учун ҳам Юнгер ҳаммасига ақли етганидан факснинг ҳар бир бетида “Худо ҳаққи, факсни ўчира кўрманглар”деб ялиниб-ёлворган эди.
“Мистер Борк, Сизнинг уй телефонларингиз нега ўчириб қўйилганини яхши биламан, — деб ёзган эди Юнгер. — Мен ҳеч қачон жонларингизга тегмоқчи эмасдим, лекин аҳволимни тушунишларингизни сўрайман. Сизнинг олдингизда тиз чўкиб туриб айтишим зарур бўлган фикримни йўқ деганда факс орқали ҳозир баён этолмаслигим мен учун ўлим билан баравар. Сайлов олди митингида рўй берган воқеадан сўнг ўзимни қўйишга жой топа олмайман, мен ҳамма-ҳаммасига, керак бўлса ҳатто қотилликка ҳам тайёрман. Мени бу қадар мудҳиш қадамларга тайёр бўлганлигим учун кечирасизлар. Мен Ордок билан бўлган хунук воқеа домига сизни тортгандай, ўша ахлоқсиз сиёсий мерганнинг мўлжалга нақадар аниқ уришини намойиш қилиш учун Сизни гўё нишон қилиб қўйгандай бўлиб қолдим. Сизга ҳасрат қилмоқчи эмасман, кечирасиз, бироқ қилган ишимдан пушаймондаман: мен кимга хизмат қилганман, кимга тош ташлаганман — энди билдим, кўрлигим ва ўтакетган лақмалагим учун менга бу жазо ҳам оз! Лекин бу ўринда сўз менинг ҳақимда кетмаётир, Худо ҳаққи, кечиринг. Энди гап нима қилиш кераклигида. Кассандра тамғаси нима бўлади?! Хоҳлар эдимки...”
Саҳифа шу билан тугайди, кейинги саҳифа яна ўша ўтинчдан бошланади: “Худо ҳаққи, факсни ўчириб қўйманглар!”
“Шундай қилиб, мистер Борк, энди нима қилиш керак?
Бу соҳада менинг ролим бемаъни бўлса ҳам баъзи бир мулоҳазалар билдиришга рухсат этгайсиз. Эҳтимол, бунинг фойдаси тегиб қолар.
Мистер Борк, гапириш оғир, лекин айтишга мажбурман. Мен шундай таклиф этишга журъат қилганим учун олдиндан узр сўрайман. Лекин мен ҳеч нарса йўқотмайман. Сизнинг олдингизда шунчалик гуноҳкорманки, энди менга бари бир.
Мен шуни назарда тутаётирманки, Ордокни ёлғончиликда айблаш мумкин, чунки у Сиз билан бўлган шахсий суҳбатни рўкач қилади. Бу суҳбатнинг ҳеч қандай гувоҳлари бўлмаган ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Сиз у билан телефон орқали гаплашгансиз. Эҳтимол бу ҳақда гапиргандирсиз, гапирсангиз ҳам бошқа нарсалар тўғрисида гапиргандирсиз. Бу ўша Ордокнинг усули: Шарманда қилганни шарманда қил. Телефон орқали суҳбат ҳеч қаерда ёзилган эмас. Мен буни аниқ биламан. Бунга кафилман. Буёғини ўзингиз ҳал қилинг. Агар Сиз шу йўлни маъқул топсангиз, мен сенсация бўладиган раддия уюштираман. Бундай хабарлар деса оммавий ахборот воситалари ўзини томдан ташлайди.
Шу билан бир қаторда курашнинг бутунлай бошқа йўли ҳам бор. Агар Сиз мистер Борк, Филофейнинг ҳақ эканлигига ишонсангиз ва ҳақиқат йўлида ўз фикрингизда қаттиқ турадиган бўлсангиз, мен, гарчанд Сизга ёрдамчи бўлсам-да Сиз билан то охирги жанггача боришга тайёрман. Мен Сизнинг қуролбардорингиз бўлишим мумкин. Сиз жанг олдида турибсиз. Бош тортмасангиз бас, бу ҳақда сўз бўлиши мумкин эмас.
Вазият шундайки, ҳозирги пайтда майдонда якка ўзингиз жангчисиз, эҳтимол бутун ер юзида самовий роҳибнинг томонига ўтган, унинг охирзамон ҳақидаги концепциясини ҳимоя остига олган яккаю ягона кишидирсиз. Сайлов олди митингида бўлиб ўтган воқеадан сўнг, бир ёқадан бош, бир енгдан қўл чиқариб Ордокни қўллаб-қувватлаган “бир бутун халқ фронти”дан сўнг, Филофей кашфиётларини ҳимоя қилмоқчи бўлган кичик бир гуруҳ кишилар ҳам бетараф бўлиб, ғинг демай қолишади. Асосий омма эса...”
“Худо ҳаққи факсни ўчира кўрманг! Шундай қилиб, мистер Борк, митингда сайловчиларнинг акс садоларига қараганда, аҳолининг асосий қисми, ҳатто айтиш мумкинки, бахтга қарши, эҳтимол, мамлакатнинг бутун аҳолиси Кассандра тамғасини аниқлаш бўйича космик экспериментларга қаршидир. Одамлар кассандра-эмбрионлар ҳақида эшитишни ҳам, билишни ҳам хоҳламайди, хотинлар зондаж-нурлар тарафидан назорат остига олинишни истамайдилар. “Альфа-Бейсбол”даги митингда бўлиб ўтган воқеалар ҳақида барча ахборот агентликлари эшиттириш беришди. Ана шундан кейин Ордокнинг обрўси барча штатларда кескин кўтарилди. Ҳозир у из босилмасдан баёнот бериб айтадики, инсон ҳуқуқларини оғишмай ҳимоя қилади, аёл-онанинг азалий муқаддаслигини сўзсиз қўриқлайди ва қаерда бўлмасин — Ерда бўладими ёки космосда бўладими — барча тоифалардаги филофейчиларнинг иғвогарлик кирдикорларига қарши курашади. Сизнинг расмингиз, мистер Борк, айни соатларда телеэкранларда узлуксиз кўрсатилиб тегишли изоҳлар берилмоқда. Москвада Филофейнинг фотосуратлари топилиб намойиш қилинмоқда.
Сиз телефонларнигина эмас, телевизорни ҳам ўчириб қўйган бўлсангиз керак деб ўйлаб юқоридаги сўзларни айтдим. Митингнинг оқибатлари ҳақида, кейинги воқеалар қандай кечаётгани тўғрисида тасаввурга эга бўлишингиз керак. Бу жараён авж олди ва уни назорат остига олиб бўлмай қолади деб қўрқаман...”
“Худо ҳаққи, факсни ўчира кўрманг!!!
Шундай қилиб мистер Борк, бу жараённи назорат қилиб бўлмайди, ва шунинг учун Сиз, назаримда, энг аввал, ана шу шароитда ўз мавқеингизни, ҳаракат йўлингизни аниқлаб олишингиз лозим. Ахир, “генофондни назорат остига олиш”га қарши оммавий норозиликлар бошланиб кетиши ҳеч гап эмас. Агар Сиз “Трибюн” газетаси учун мақола тайёрлаган бўлсангиз, редакцияга боришингиз керакми-йўқми эканлиги ҳақида ёки материални факс, телекс билан жўнатиш ёки биров орқали бериб юборишни ўйлаб кўринг, чунки эшитишимга қараганда, редакция эшиклари олдида бир гуруҳ одам тўпланиб олиб, қўлларида шиорлари билан бақириб-чақириб ўз талабларини айтишмоқда ва таҳдид ҳам солишмоқда. Улар газета биносини кечаю-кундуз қамал қилиб туришларини эълон қилишибди. Бундай ҳолларда жўшга келган оломонни ушлаб туришга полиция ҳаммавақт ҳам қодир эмас. Бундай совуқ хабарлар учун кечирасиз.
Яна такрорлайман: Сиз майдонда ёлғиз жангчисиз. Филофей фазода, у душманлардан йироқда, айни вақтда иттифоқчилари билан боғланиш имкониятларидан маҳрум. Сиз қандай йўл танлашингизни ўзингиз ҳал қилинг.
Келажакка бефарқ қарайдиган ва ўзини бу дунёда омонат яшаётгандай сезадиган кишилар чуқур ўйламаганлиги учун тушунмаётган ёки тушунишни хоҳламаётган нарсани сиз тушундингиз ва қўллаб-қувватладингиз. Сиз бир кишисиз, ва бу аслида бир кишини иши. Буюк амалиёт — кўпинча бир кишининг саъй-ҳаракатидан бўлади. Нега шундай, билмадим. Ҳар қандай шароитда ҳам мен Сиз билан биргаман, Сизга ёрдамлашишга ҳозирман, кучим етган ҳамма нарсани қилишга тайёрман, мен Сизнинг олдингизда ўзимни айбдор деб сезаётганим учун, яъни Ордокка Филофейнинг кашфиёти тўғрисида фақат Сиз билан суҳбатлашиш керак деб маслаҳат бериб Сизни маломатга қолдирганим учунгина эмас, балки, энг муҳими, Филофейнинг ғояларига, Филофей билан Сизнинг инсоният истиқболи ҳақида ташвиш тортаётганларингизга қойил қолганим учун ҳам ана шундай қарорга келган эдим. Эҳтимол, одам боласи ҳозиргача фирибгарлик билан яшаб келгандир, эндиликда эса ўзи ўзига — одам бўлсанг дурустроқ бўл, ёки қирилиб битган мамонтларга ўхшаб палеонтологик қатламлар сари йўл ол, — дейдиган вақт келди.
Кечирасиз, яна саҳифа тугади!”
“Худо ҳаққи, факсни ўчира кўрманглар. Мен ҳали ҳамма гапларимни айтиб бўлганим йўқ... Мистер Борк, кечиринг, иш юзасидан сўз очай. Менинг назаримда, эртаги кун бошланди, демак бугунги кун — кўп нарсани айтиб берадиган кун. Энди сенсация ва миш-мишлар тугай бошлади. Ана шу бўронда Сизнинг сўзга чиқишингиз, Сизнинг фикрингиз, мулоҳазаларингизнинг ишончлилиги ва исботлилиги янги бир оҳангдай янграши мумкин. Сиз қандай ҳаракат қилмоқчисиз? Матбуот конференцияси ўтказасизми? Ўтказадиган бўлсангиз, мен уни уюштиришда иштирок этишга, Сизга дастёр бўлишга тайёрман.
Яна Ньюбери шаҳрига Сизни деб эрталабдан, эҳтимол, огоҳлантирмасдан репортёрлар босиб келишар. Сиз улар билан учрашишни хоҳламасангиз, “Мен ҳеч ким билан кўришишни хоҳламайман, мени холи қўйинглар” деб кўринарли жойга эълон осиб қўйишни унутманг.
Мен Ньюберида, гольф майдонларида ва шаҳар атрофидаги истироҳат боғларида бўлганман. Мен яшаб турган Ридингдан машинада ўттиз дақиқалик йўл. Хоҳласангиз Сиз билан ишларни муҳокама қилиш учун келишим мумкин. Ана шу мақсадларда асқатиб қолар деб координаталаримни юборяпман.
Мистер Борк, кечаси соат учдан ошди. Факсларимни топиб олиб ўқирсиз деган умидда тинмасдан ёзаётирман. Мен Сизга кўп нарсаларни айтиб бермоқчиман! Ахир, дунёдаги воқеалар, ҳатто ҳар куни матбуотда хабар бериб туриладиган ҳодисалар ҳам цивилизациянинг таназзулга юз тутаётганидан гувоҳлик бермоқда. Ана шундай шароитда гўдакнинг ёруғ дунёга келиши миналарга тўла майдонга йўл олиш билан баравар. Хўш, ўша миналарни сақлаган майдон қани, ҳаётнинг қайси жабҳаларида яширинган — одамларнинг фикр-хаёлларида, саъй-ҳаракатларидами, жаҳон таълимотларидами, кундалик амалиётдами — буни бармоқ билан кўрсатиб бўлмайди.
Ҳозиргина телевидение орқали кўрсатишди: “Москвадаги Қизил майдонда (мен бу ерда кезиб юришни хуш кўрардим) даҳшатли воқеа содир бўлди. Икки тоифа намойишчилар: ҳарбий-саноат комплекси тарафдорлари билан конверсия учун курашувчилар тўқнашди. Оқибатда бир қиз ўз жонига қасд қилди — Ҳамманинг кўз олдида ўзига ўт қўйиб ёниб кетди. Бу жудаям даҳшатли манзара бўлди. Шарҳловчиларнинг гапларига қараганда, ўша ёниб кетган қизнинг ҳамроҳи — бир талаба митингга кўтариб келган шиор эҳтиросларнинг аланга олишига сабаб бўлган. Ўша шиорда... Мен ҳозир гапимни давом эттираман... варақ тугади.”
“Худо ҳаққи, факсни ўчира кўрманглар, мен Қизил майдонда бўлиб ўтган воқеа ҳақида ҳикоя қилмоқчиман...
Мистер Борк, гап шундаки, ўша шиорда “Инсон қурол ишлаб чиқариш учун ёруғ дунёга келмаслиги керак!” деб ёзиб қўйилган экан. Турган гап, бундай шиорни Россияда “Мудофаачилар” деб ном олган ҳамда давлат ва жамият томонидан қўллаб-қувватланган кишилар қаҳр-ғазаб билан кутиб олдилар, чунки гап қўрғошин питрадан тортиб (“мудофаачилар” дунёдаги ҳар бир кишига юзтадан ана шундай ўқчалар ғамлаб қўйишган эди) товушдан тез учадиган самолётлар, океан қаърида кечаю кундуз навбатчилик қилиб турадиган сув ости атом кемаларигача ва биринчи буйруқ берилиши билан парвозга тайёр турган қитъалараро ракеталаргача бўлган қирғин қуролларни ишлаб чиқарадиган ҳарбий саноат тақдири ҳақида борар эди. Буни беҳудага сарфланган маблағ ва меҳнат, деб ҳисоблар эди ўша соғлом ақилли талаба. Америкамизнинг ҳарбий-саноат комплексига ҳам худди ана шундай муносабатда бўлмоқ керак. Бу ҳам одамларни қирадиган қуроллар ишлаб чиқараётир ва ўз қилмишини мудофаа манфаатлари билан оқламоқчи бўлаётир.
Лекин, иккинчи томондан ўлдирилиши керак бўлганлар ҳам фаришта эмас, улар ҳам тиш-тирноғигача қуролланган ва улар ҳам ўзларининг ўта қимматли ғоялари йўлида (энди энг таъсирчан шиорлар миллатчилик шиорларидир), адолат йўлида ва ўзларининг иқтисодий манфаатлари йўлида ўлдириш-қиришга чанқоқдирлар.
Ноилож қолганда, пичоқ этдан ўтиб суякка қадалгандан кейин одам боласи ўзини ўтга ҳам, сувга ҳам уради. Бечора талаба айюҳаннос солмай нима қилсин, эҳтимол, одамларнинг бир-бирлари билан сўзлашиш қобилиятига эга бўлган замондан буён ўйлаб келганларини, уруш билан қурол ақл устидан тантана қилган даврдан эътиборан инсон боласи дилига жо қилган сўзларни плакатга ўз қўли билан ёзмай нима қилсин?! Сахаров Россияда водород бомбасини яратгандан кейин худди ана шу нарсани тушуниб етди ва шу ерда тўхтаб, ўз тақдирига қарши борди.
Ерда қурол кўпайгандан кўпайиб бораётир, қаерда бўлмасин ҳамма қуролланишни хоҳлайди. Дунёда ҳар бир туғилаётган инсонга камида юзта портловчи ўқ ғамлаб қўйилган бўлса, пешонасига бировларни ўлдирасан ёки сени ўлдиришади деб ёзилган бўлса, ҳомиладор аёлларнинг пешонасидаги Кассандра тамғаси ана шундан огоҳ қилмаяптимикан, кассандра-эмбрионлар она қорнида туриб сассиз айюҳаннос солмаяптимикин? Шундай бўлгач ҳалиги талаба бу ҳақда жар солмай тура олармиди?! Қизил майдонда ўзига ўт қўйган қизда ҳомиладорлик пайтида нишона берган бўлса ҳам, ҳеч ким сезмаган Кассандра тамғаси энди ўзини намоён қилмадимикин? Охирзамоннинг яқинлашиб келаётганидан ташвишга тушган ҳомиланинг берган хабарига ким эътибор берибди дейсиз?!
Идеалистик нуқтаи назардан куракда турмайдиган бўлса ҳам шундай бир фикр келади мияга: агар инсоният қурол ихтиро қилмасдан ва уруш нима эканини билмасдан ривожланса нима бўларди? Ўшанда одам ҳозиргидай мавжудод бўлармиди, цивилизациямиз ҳозиргидай аҳволда яшармиди ёки ерда бутунлай бошқа бир жамият ҳукм сурармиди ва инсон сифат жиҳатдан бутунлай ўзгача бўлармиди? Наҳотки тараққиётнинг шундай йўли азалдан ёпиқ бўлса? Агар чиндан ҳам ёпиқ бўлса, бунинг туб сабаби нимада? Бунинг устига одамда ақл — илоҳий хилқат бўлса-чи, ақл — биологик ҳодиса эмас, юксакроқ ҳодиса бўлса-чи?
Мана Филофей фазога чиқиб олиб, дунё пардасини қия очиб эди, қандайдир лаънати сир юз кўрсатди, лекин одамлар уни кўришни ҳам, билишни ҳам исташмаяпти.
Мистер Борк, Филофейнинг кашфиётлари нуқул норозилик туғдирса ҳам ўша кашфиётларга ишонганим бўлсин. Замон охир бўлишидан руҳнинг қийноққа тушишининг сабабини ана шу кашфиётларда кўраётирман (одамларнинг ҳаддан ортиқ ахлоқий бузуқлиги дастидан руҳий қийноқ баттар чуқурлашаётир).
Худо бандасини нега яратди экан, деб ўйлаб қоласан киши бу бедодликларни кўриб. Қаранг, Қорабоғда арманлар билан озарбайжонлар ўртасида кўп йиллардан бери олиб борилаётган жинояткорона урушда дала командирлари ўлганларнинг жасадлари билан савдо қилишар экан. Жангда ўлдирилган кишининг ота-оналари ва қариндош-уруғлари унинг жасадини дафн қилиш учун сотиб олишар экан. Шу йўл билан катта пул ишлашар экан. Шундай ҳоллар ҳам бўлар экан-ки, ўз аскарини орқасидан ўзи отиб ташлаб шу йўл билан ақча топишар экан. Газетада бу хабарни ўқиб ғалати бўп кетдим. Ана шу каби жиноий ҳаракатлар одамларнинг жони-танларида акс этмаслиги, ирсиятни аста-секин ўзгартирмаслиги, авлодларда из қолдирмаслиги мумкинми?
Тасаввур қилиб бўлмайдиган шавқатсизликка яна бир мисол. Туркиянинг бир шаҳрида адибларнинг Салмон Рушдини қўллаб-қувватлашга бағишланган конференцияси бўлиб ўтаётган меҳмонхона ёндириб юборилди. Ўшанда конференция қатнашчиларигина эмас, балки меҳмонхонада вақтинча яшаб турган кишилар ҳам ёниб кетишди. Буларнинг ҳаммасини телерепортёрлар тасвирга туширишган: бино ловиллаб ёнаётир, тириклайин ёнаётган кишилар, баҳолиқудрат ҳаракат қилаётган ўт ўчирувчилар, шунинг ёнгинасидаги майдонда мамнунликдан ўзида йўқ хурсанд бир гала фундаменталист ёшлар. Ана шулар ёнғин чиқарганларга мадҳ айтмоқдалар, шодликдан сакрамоқдалар, рақсга тушмоқдалар, қўлларини кўтариб муштумларини силкитмоқдалар, қаҳ-қаҳ отиб кулмоқдалар, ана шу даҳшатли манзарадан гўё шаҳвоний лаззат олмоқдалар. Ёшларнинг ҳаяжонли ва қасоскор қиёфаларига ажал ёлқинининг сўлғин нури тушиб турибди. Ва телевидениега тасвирга олишаяпти. Ахир, бу бадиий фильм эмас эди-ку!
Бизлар қаердамиз, бизларга нима бўлган? Бизлар ана шуларнинг ва Германияда турк оилаларининг тириклайин ёндириб юборилиш сабабларини ўзимиздан сўрашимиз керак эмасмикин? Сиз буларни газеталардан ўқигандирсиз?..
Бундай ваҳшийликларни яна кўплаб келтириш мумкин ва уларнинг бири иккинчидан даҳшатли, бунда аниқ қонуният кўзга ташланади: турли мамлакатларда жиноий ҳаракатлар тобора мудҳишроқ тус олаётир. Филофей ана шуларнинг ҳаммаси тўпланиб генларда ўз аксини топишини исбот қилди.
Илгарилари ақлни Коинотнинг олий неъмати деб ишонар эдим, аслида ақл Ёвузликнинг абадий қулига айланган экан. Ақл қачонлардир қулликдан қутулармикин? Кассандра тамғаси худди ана шу ҳақида жар солмаётирмикин, бизларни шунга даъват қилмаётирмикин?
Кечирасиз, мистер Борк, факс хатчўпини шошилинч алмаштириш керак...”
“Мистер Борк, жаҳлингиз чиқмасин, менинг мулоҳазаларим узундан узоқ ва Сиз учун у қадар қизиқ эмас деб қўрқаман. Лекин шу бугун кечаси дилимнинг тамбаси очилди. Мен Сизнинг бошингиздан нималар кечаётганини тушунаман. Сиз учун хавотир олаётирман ва жасоратингизга ишонаман.
Мавжуд вазият ҳақида бош қотирар эканман, шундай фикрга келдим: Филофей орбитада бўлса ҳам Ерда рўй бераётган воқеалардан четда қола олмайди. Агар Сиз қарши бўлмасангиз шошилинч суратда у билан алоқа боғлаш усулини топиш лозим; техникавий жиҳатдан бу фавқулодда мураккаб, лекин мен телекомпаниялардаги дўстларим орқали бу ишни амалга оширишга уриниб кўрган бўлур эдим. Бунга Сиз нима дейсиз? Бордию рози бўлмасангиз мени огоҳ қилинг ва бундай уринишнинг амалга ошиши қанчалик мумкин эканлигини Сизга хабар қиламан.
Ниҳоят, менинг нуқтаи назаримда энг муҳими мана шу. Филофей билан алоқа боғлашнинг нима кераги бор, уни экранда кўриб табриклаш учунгина эмас-ку? Менимча, у жавоб қайтариши керак, шубҳам йўқ, унинг жавоби тайёр — у Кассандра тамғасини қандай қилиб аниқлади, бу ҳолнинг эмбрионнинг келажак ҳаётга салбий муносабатидан бошқа нарса эмаслигига қанай далиллар борлигини айтиб бериши лозим. Унинг Рим папасига йўллаган мактубидан буни аниқ тушуниш қийин. Ана шу маънода чала жиҳатларни Сиз ҳам пайқагандирсиз. Ўйлайманки, бошқалар ҳам, хусусан, биолог олимлар унга шундай савол беришлари мумкин. Филофейнинг ноаниқ қолган нарсаларни тушунтириб бериши, саволларга жавоб қайтариши муҳимдир.
Менга Филофей билан алоқа боғлашни уюштиришга имкон беринг. Мен Сизга ўргатмоқчи эмасман, зудлик билан зарурий фалсафий далиллар тайёрланг.
Оливер Ордок оломоннинг онгига қилган таъсирининг оқибатлари билан тўқнашишимизга тўғри келади. На илож, буни тақдир дейдилар. Ва биз ғалаба қилишимиз керак. Ўша оломон ҳурмати!
Сизга ҳурмат билан Энтони Юнгер.
Р. S. Бордию менинг координаталарим — уй факсининг, телефонимнинг номерлари — адресим зарур бўлиб қолса, шу варақлардан топасиз. Хизмат координаталарим энди Сизга керак бўлмайди — мен у ерга бошқа бормайман...”

Тўққизинчи боб
Эрталаб соат тўрт яримлар. Роберт Борк ёзув столида ётган факсларга қараб жим ўтирарди. Жесси ҳам шу ерда. У ҳам факсларни ўқиб чиқди.
— Тавба, нима бўляпти, нима бўляпти ўзи! — деб бир неча бор такрорлади Жесси.
– Сен ётиб тин олсанг бўлар эди, — маслаҳат берди эри.
– Агар ўзинг ёлғиз қолишни хоҳлаётган бўлсанг, ҳозир кетаман. Барибир ухлай олмасам керак. Мен ўзимни ғалати сезяпман. Буларнинг жуда жиддий эканлигини тушунар эдим, лекин ҳаммасининг шу даражада мураккаблашиб кетишини тасаввур ҳам қилмовдим. Нима дейишимни ҳам билмайман.
– Ҳа, Жесси. Энтони Юнгер ҳақ. Мутлақо ҳақ, — хаёл суриб жавоб берди Борк. — Уни бизга Худонинг ўзи етказди. Унинг тутган йўли — янги авлоднинг йўли. Дунёни идрок этиши бутунлай ўзгача. Саъй-ҳаракатлари ҳам. Дарров сезилади-да. Менинг эса мақоладан бошқа бирон иш қилишим даргумон эди (мақола жуда катта бўлиб кетибди, газетанинг бир бетини олади-ёв!) Биз иккаламиз бўлса уйда қамалиб олдик. Бўлаётган воқеалардан бутунлай ажралиб бўлмайди. Бунинг устига Ордокнинг ғаламисликлари...
– Яхшиси — занжирдан бўшатиб юборилган нарса дегин!
– Ҳа, занжирдан қўйиб юборилган куч. Бу ниҳоятда даҳшатли куч. Ордок била туриб оммани Филофейга ва менга гижгижламоқда.
– Якка ўзинг сенга қарши кайфиятда бўлган шунча одамнинг фикрини ўзгартириб ўзингга қарата олишингга ишонасанми?
– Энди орқага қайтиш йўқ, фикримни исботлашга уринаман. Лекин воқеа қандай кечади — бир нарса дейиш қийин. Кассандра-эмбрион феноменининг кашф қилиниши мавжуд тасаввурларга, турмуш тарзига, қолипга тушиб қолган тафаккур тахлитига қақшатқич зарба беражак. Кассандра-эмбрионларнинг охирзамондан хабар беришига бошдан оёқ ҳамма нарсага, биринчи галда сиёсий, ижтимоий тузумларга, ахлоқий негизларга шубҳа кўзи билан қараш демакдир. Ўз-ўзидан маълумки, таркиб топган барча андозаларнинг вайрон қилиниши ҳомиладор аёлдан тортиб Ордок сингари нусхаларгача ҳеч кимга ёқмайди. Ана шунинг учун ҳам қаршилик кўрсатишмоқда, ҳатто тажовуз қилишгача етиб боришмоқда.
– Ахир улар Филофейнинг ўзини тажовузкор деб билишади-ку!
– Ҳа, улар уни тажовузкор деб биладилар. Мен учун у пайғамбардай гап, бошқалар учун — шайтон. Одамзот икки йўлдан биттасини танлаб олиши лозим: ёки биз, ҳаммамиз алданиб, одатдагидай яшайверамиз, ёки кассандра-эмбрионлар сонининг кўпайиб бориш сабабларини тушуниб олиб, охирзамон ҳалокатидан кишиларни огоҳ қиламиз. Инсоният учун бошқача йўл йўқ.
– Филофейнинг ўзи кашфиётини одам учун осмонда икки қуёш чиққани каби кутилмаган воқеадир, деб айтган эди. Ана шу иккинчи қуёш инсониятнинг асрлар бўйи таркиб топган турмуш тарзини чилпарчин қилиши мумкин! Бунинг устига рақибларимиз Филофейни унинг экспериментлари инсон ҳуқуқларини поймол қилади деб ҳам айбламоқдалар. Бундан ҳам каттароқ туҳмат бўлиши мумкинми? Бунга сен нима дейсан?
– Йўқ, бу инсон ҳуқуқларини поймол қилиш эмас! Менинг назаримда бундай эмас. Мен ана шу ҳақда ёзяпман, ўқиб кўришинг мумкин. Кассандра тамғасининг сирларини билиб олиш — бизнинг бурчимиз, жамиятнинг бурчи, ҳар бир шахснинг, биринчи галда ҳомиладор аёлнинг бурчидир, бундай аёл ўз қорнидаги пушти охирзамондан дарак беряптими — йўқми эканлигини билишдан манфаатдор бўлмоғи, ҳатто буни текшириб кўрмоғи лозим. Кассандра-эмбрионлар ҳақидаги статистик маълумотлар вақт келиб энг муҳим социологик кўрсаткичлардан бири бўлиб қолажак — жамиятнинг ҳолати ва тараққиёт даражасини ана шундай маълумотларга қараб билиб оладиган бўладилар.
– Мен сенинг фикрингга қўшилдим ҳам деяйлик, Роберт. Бошқалар буларнинг ҳаммасини қабул қилишмаса-чи? Сен ҳеч кимни ишонтира олмасанг-чи?
– Кўп нарса шароитга, умумий вазиятга боғлиқ. Энтони Юнгер тўла ҳақ, ҳа, бу ишга Филофейнинг ўзини жалб қилиш керак. Унинг энг муҳим дастаги илмий кузатишларидан олган маълумотларидир, у кассандра-эмбрионлардан чиқадиган сигналларнинг замон охир бўлишидан дарак беришини ана шу маълумотлар асосида аниқлади. У ана шу маълумотларни халққа етказиши керак. Бу маълумотлардаги биологик омиллардан тортиб фалсафий хулосаларгача барча материалларни, айтайлик, матбуот конференцияси ўтказиб яна бир марта халқ олдида баён этиши лозим. Эфирда Филофейнинг бевосита ўзи бўлиши шарт! Юнгер ўз ғоясини амалга ошира олса, зўр бўларди. Мен уни тўлалигича қувватлайман. Ҳозир унга мен факс орқали ўз фикрларимни жўнатаман, уёғини кўрамиз, ўлмаган бандаси кўраверади.
Улар иккаласи ҳам жим бўлиб қолишди, ҳар иккаласининг устида халат, бир кечада уларни таниб бўлмай қолди. Кўзлари киртайган, сочлари ҳурпайган. Эр-хотин кундалик турмуш ташвишлари устига қандай даҳшатли фалокат яқинлашиб келаётганини сезишгандай умрларида биринчи бор кечани сўнгсиз хавотирликда ўтказишди. Қаранг: кишиларнинг дарду аламлари ва азоб-уқубатлари ҳисобига Коинот кенгая борар эмиш.
Ташқари ёришиб тонг отди.
ҳаво кечагига ўхшаб очиқ, куз бўлганидан кундузи қисқа, лекин ёруғ келадган кўринади. Узоқ-узоқлардан қушларнинг чуғурлаган овози эштилади — келгинди қушлар иссиқ ўлкаларга қайтиб кетиш учун яна саҳардан тўпланишган. Роберт Борк қушларнинг аввал тоғ ўрмонларига етар-етмас, гольф майдонлари устида ер бағирлаб айланиб учишини, сўнгра узоқ сафарга йўл олишини, океан соҳили бўйлаб пастда океаннинг оқариб кўринган қирғоқ тўлқинлари устидан ўтишини кўз олдига келтирди, унинг қушларга қўшилиб учиб кетгиси келди, лекин унинг олдида ҳаётда қўққисдан юз кўрсатган мушкулотни ҳал қилиш зарурати кўндаланг турар эди.
Дунё иши уларни хотиржам қўймаслиги, унутмагани ва унутмоқчи ҳам эмаслиги эрталабданоқ маълум бўлиб қолди. Ҳаммасига Чикагодаги қизидан келган факс сабаб бўлди. Эрика нима эканига тушунмай ташвишланиб ёзган эди: “Тун бўйи телефон қилолмадим. Телефонларингиз узиб қўйилган, факс банд. Дада, нима гап? Нима қилиб қўйдингиз? Бутун Чикаго оёққа қалқиган. Ҳамма Сизга қарши. Биз Жон иккаламиз жинни бўлиб қолай деяпмиз. Ўтинаман: ҳамма ишингизни четга суриб қўйинг. Ойи, сиз қаёққа қараяпсиз?!”
Жессининг диққати ошди:
– Нима қиламиз, Роберт? Сен — отасан. Қизимиз изтиробда, унинг оғироёқ эканини биласан. Куёвимиз ҳам хурсанд бўлмаса керак. Мен Жоннинг аҳволига тушунаман: У директорлар кенгашининг аъзоси, унинг юриш-туриши бошқаларга намуна бўлиши керак. Биз бу ҳақда ўйламасликка ҳаққимиз йўқ.
– Тўғри, ҳаммаси тўғри, — Жессининг сўзини маъқуллади Борк. — Лекин шу топда нима дейишимиз мумкин? Бу иш оила билангина чегараланмайди. Кошки эди шундай бўлса!... Ўзингни тут, Жесси. Мен Эрикага хат ёзаман, қўнғироқ қиламан, тушунтиришга, таскин беришга уринаман. Лекин ёшлар ҳам ўз каллалари билан ўйлашлари керак. Улар учун, айниқса, Жон учун энг кераклиси компания ишининг ўнгидан келишидир. Автокомпаниядан ташқарида ҳам ҳаёт бор-ку ва бу ҳаёт муаммолари ҳамма учун ва ҳар бир киши учун кам аҳамиятга эга эмас. Тўғри, улар бир-бирини севишади, бахтли оила. Ўзинг тушунасан-ку, ижтимоий худбинлик ҳам эви билан-да!
– Ҳой, Роберт, сени лекция ўқишга қўйиб берса. Хўп, қўлинг бўшаса Эрикага факс жўнатишни унутма, — Жесси шундай деб елкасига жун кофтасини ташлади-да, йўлга тушди. У Юнгернинг маслаҳатига биноан барвақтроқ туриб эълон осиб қўйишга қарор қилган эди — эълонда келувчиларга мурожаат қилиб безовта қилмасликлари сўралган эди. Жесси бароқ мушугини кўтариб олиб йўлга чиқди, мушукни уйда ит-мушук дейишар эди, бу уй ҳайвони мушук бўлса ҳам худди итга ўхшаб кетар эди. Ҳар ҳолда уй эгалари шундай деб ҳисоблашар эди.
Жесси уйдан чиқар экан, йўл-йўлакай сочини тарар ва шерик бўлиб ёнида кетаётган мушукка нималардир деб борар эди; хотини кетиши билан Роберт Борк кечаси ёзиб тугатган мақолани “Трибюн” газетасига жўнатиш учун факсга ўтирди — бунда у таҳририя ходимларининг келишларига мақоланинг стол устида бўлишига ва ўша заҳоти босмага туширилишига умид боғлаган эди. Мақоласининг тезлик билан чоп этилишига у шубҳа қилмас эди. Борк мақола матни муаллиф тақдим этган шаклда ҳеч қандай ўзгаришсиз босилиши керак деб қўшиб қўйган эди. Мақоланинг босилишига шунинг учун ҳам ишончи комил эдики, “Трибюн” редакциясининг бошқа йўли йўқ эди. Газета Филофейнинг космосдан юборган мактубини босишга журъат этгандан кейин ўз мавқеидан воз кеча олмас эди — бошқасини қўяверинг, энг муҳими газета ўз обрўсини, қиёфасини сақлаб қолиши керак эди. Бу шундай бир мислсиз ҳодиса эдики, газетанинг “ё ҳаёт, ё мамот” деб иш кўришдан бошқа иложи қолмаган эди...
Бундан кейин қандай ҳодисалар рўй бериши аён бўлиб қолди. Газета теварагида, Филофей теварагида, энди бўлса унинг, яъни Боркнинг номи атрофида бўладиган жанг тонг саҳарданоқ шафқатсиз ва аёвсиз бўлажаги билиниб қолди. Ростини айтганда ҳаёт-мамот учун кураш кутилмоқда эди...
Телефакс берилган матнни саҳифама-саҳифа ямлаб ютмоқда эди. Яхшиямки, варақларни ўтказиб улгурди. Орадан бир дақиқа ўтар-ўтмас Роберт Борк кўчада алламбало ҳодиса рўй бераётганини пайқади: ўзларининг мушуги ҳовлида ўлгудай ўзи ёмон кўрадиган кўппак билан бетлашиб қолган шекилли жунини ҳурпайтирганча югуриб кириб келди. Ҳаш-паш дегунча Борк ойнадан қўлида бир тўп қоғоз билан картон ушлаганча Жессининг уйга асабий ҳолда чопиб келаётганини кўриб қолди. Унинг рангида ранг қолмаган, ҳаллослар, гўё кўчада бировлар тутиб олиб бўғишгану у қўлдан чиқиб қочгандай.
– Нима гап, сенга нима бўлди? — хотинига қараб беихтиёр қичқириб юборди Борк.
– Роберт, бу даҳшат, бу ваҳима! Кўриб кўзимга ишонмайман — қандайдир ярамаслар ҳу анави ерда, муюлишда машиналарининг олдида ғўдайиб туришибди... қарагин, бир нималарни ёпиштириб ташлашган.
Жесси газеталар билан бирга девордан кўчириб олган қоғозларни столга ташлади; бу қоғозларга ҳақоратомуз, беандиша сўзлар ҳар хил буёқлар билан ёзиб ташланган. Борк буларни кўриб серрайганича қотиб қолди. “Борк кўчамизда туради — бу биз учун иснод!” — бу сўзларни қўшнилардан бири ёзган бўлса керак. Яна: “Хотинбезор, нафс бандаси Борк, бизнинг Ньюберидан йўқолсин!”, “Ньюбери феминист аёллари Боркдан ҳазар қилади!” Бошқалари бундан ҳам ошиб тушади: “Борк — разил”, “Борк — КГБ агенти”, “Борк манглайидан отилсин!”, “Кўчада кўринма, нақ бўғиб ўлдираман! — Кассандравий фамилияли эмбрион”.
– Эрта саҳардан бошлашибди-да! — пўнғиллади саросимага тушган Борк.
– Саҳардан! ҳа, шундай! Буёғи қандай бўлади, Роберт?! Нималар бўлади? Одамнинг ақли бовар қилмайди!
Роберт Борк асабийлашиб хонада у ёқдан бу ёққа юра бошлади.
– Биз ҳамма нарсага тайёр бўлишимиз керак, — қичқириб юборишдан ўзини тийиб деди Борк хотинига. Қон қайнаганда ўзини ушлаш жуда қийин бўлади. — Бошланиши шундай бўлса, буёғига ундан баттарини кутиш мумкин. Агар кечаги митинг бўлмаганда, булар бари силлиқ ўтиши мумкин эди. Ордок энди ҳодисаларнинг жиловини қўйиб юборди, жин ургур.
– Ўзинг кўрганингда борми! — деди Жесси кўча томонга бошини ирғар экан. — Муюлишда турганларнинг башараларини кўриб қўрқиб кетасан киши. Қандайдир совуқ нусхалар. Машиналарининг ёнида чеккан киши бўлиб ғўдайиб туришибди. Ҳалиги ёзувларни девордан қўпориб олаётсам менга қараб ҳуштак чалишди, хахолаб кулишди.
– Кўринишлари қандай? Шу ерликларга ўхшайдими?
– Қайдам. Одатдагидай жинси, куртка кийиб олишган. Менимча уларнинг орасида аёллар ҳам бор.
– Ҳа, тушунарли, — ғулдиради Борк ҳеч нарсани тушунмаса ҳам.
– Полицияга мурожаат қилиш керак, Роберт. Полицияга телефон қил. Чорасини кўришсин.
– Шошмай тур, телефон қилиш қочмайди. Озгина сабр қилайлик. Бирон нима чиқаришадиган бўлса, албатта қўнғироқ қиламиз.
– Ҳа, бу учига чиққан разиллик, ақлга сиғмайди. Сен бўлсанг, сабр қилайлик дейсан, — Жесси столга суяниб ҳўнграб юборди.
– Жесси, жоним, қўй, нега йиғлайсан ўзингни тутсанг-чи! — нима қиларини билмай ғулдиради Борк, хотинини юпатиб. Жесси эса гапира олмай пиқ-пиқ йиғларкан:
– Сен билганингда, ўз кўзинг билан кўрганингда эди!
– ҳозир сенга тинчлантирадиган дори бераман. Мен ҳозир, Жесси, бас қил. Мен ҳозир!
Борк хотинига томчи дори олиб келиб бериш учун ётоқхонага томон шошиларкан, туртиниб эшикка урилиб кетди, шу он бурчакда ғижимланиб ташланган бир қоғозга кўзи тушди, уни Жесси ташлаб юборганини билди. Ўзи ақлдан озай деб қолган бўлса ҳам эрим ўқиб қўймасин деб ташлаб юборган қоғоз нима экан? Борк олиб ўқиб ғалати бўп кетди. “Борк, орқангни Филофейга тут, космосда унинг хотини йўқлигини биласан-ку!” Шунга мос сурат ҳам чизилган. Тагида “Салом, кассандра-эмбрион”деб ёзиб қўйилган.
У қандай қилиб ички ҳовлига, ўзининг тошлар боғига келиб қолганини сезмади. У ҳаётда дўқ-пўписа билан қўрқитиб иш кўрадиганларнинг фикрларига учмасликка ҳаракат қилса ҳам, кўр-кўрона ва калтабинлиги билан бир қилғиликни қилиб қўйган ғофил кишиларни кечириш керак деган ақидага амал қилса ҳам, ўзини ана шундай тубанликлардан юқори туришига ишонтириб келган бўлса ҳам барибир шу топда кўнгли хира тортиб кетди. Мана бўлари бўлди; миясида ногаҳоний юксак фикр-ғоялар ғужғон ўйнайдиган, абадийликнинг сўз билан ифодалаб бўлмайдиган ботиний қиёфалари кўз ўнгида намоён бўладиган хотинининг пичинг аралаш кулгиларига қарамасдан қум устида сирли белгилар ила қандайдир тасвирлар чизиб кўрсатиб турадиган жойда энди ҳайвон қатори таҳқирланган ва ҳақоратланган бир қиёфада ўтирибди. Бу унинг аслзодалиги ва кексайгандаги олийжаноблиги эвазига тақдирнинг кинояси ва таҳқири эмасмикин? У тажрибасиз экан, дунёнинг нақадар золим ва қасоскор эканини яхши билмас экан. Ёши бир ерга борганда ҳаёсизликнинг мевасини тотди.
Уфқдан бош кўтарган қуёш ҳам аҳамиятсиз ва кераксиздай туюлди унга, шу топда ҳеч нарса кўргиси ҳам, эшитгиси ҳам келмасди унинг.
У уйдан чиққанда қўлида ушлаб келган газетани бехосдан очиб қаради. Бу Ньюбери шаҳри газетасининг шошилинч сони эди. Газетани кўрди-ю, ўзининг қуршовда қолган бўри аҳволига тушишини пайқади. Газетанинг биринчи бетида Оливер Ордок сайлов олди митинги тугагандан сўнг ўтказган матбуот конференцияси ҳақидаги ҳисобот катта сарлавҳа остида босилган эди. Материал Ассошиэйтед Пресс агентлигидан олинган эди. Ордокнинг бир неча расми катта қилиб босилган. Унинг минбарда дарғазаб бўлиб гапираётгани расмдаги имо-ишоралардан кўриниб турибди. Ордокнинг “Большевикларнинг генофондни тозалаш йўлидаги уринишларига йўл қўймаймиз!” деган сўзлари йирик ҳарфларда саҳифанинг у четидан бу четига етадиган қилиб терилган.
Қаранг, нишонни узоқ олганига! Филофей рус экан — демак, у большевик. Бемаънилик, лекин фойдали бемаънилик! Варақлардан бирида Боркнинг КГБ агенти деб атаганларининг сабаби энди тушунарли бўлиб қолди. Бунинг ҳаммаси бир ифлос манбадан чиққан. У бу ҳақида гапиришни ҳам, ўйлашни ҳам хоҳламас эди. Дил қийноғи — жон азоби.
У ёнгинасида хотинининг овозини эшитиб ўгирилди. Йиғлайвериб кўзлари шишиб кетган Жесси ўзини тутиб олишга уринди.
– Ҳозиргина Энтонидан шошилинч факс келди, — деди у эрининг ёнига ўтирар экан.
“Мистер Борк, — деб ёзган эди Энтони Юнгер. — Биз тезлик билан телефон орқали гаплашишимиз керак. Илтимос, телефонларни ишлатиб қўйинглар, жавоб қайтаринглар. Космик телеалоқани назарда тутяпман. Агар телеалоқа ўрната олсак одамларнинг кўзини очардик. Биз сизнинг уйингизда техника ўрнатиш масаласини муҳокама қилишимиз керак. Мистер Борк, гир атрофдан Сизга ҳужум қилишмоқда, лекин умидсиз бўлманг. Мен 10 дақиқадан сўнг қўнғироқ қиламан. Сизга ҳурмат билан Энтони Юнгер”.
– Мана бу энди бошқа гап. Энтони ишга киришибди, — жонланди Борк. — Энди телефонларни муттасил ишлатиб қўйиш керак, Жесси. Қўнғироқ қилаверишсин, биз телефон қўнғироқларидан ҳеч қаёққа қочиб қутулмаймиз. Дунёда бўлаётган ҳодисалардан ажралиб ўтира олмаймиз-ку, ахир!
– Сен ҳақсан. Яна бир мактуб келди, — деди Жесси. У дорилфунун ректоридан келган факс эди. “Мистер Борк, Сизнинг манфаатингизни кўзлаб гапираётирман, ўтиниб сўрайман лекция ўқиш учун ҳозирча дорилфунунга кела кўрманг”, дейиларди факсда.
– Ҳаммаси тушунарли — деди Борк. — Телефоннинг олдига борайлик. Энтони Юнгернинг қўнғироғи шу мудҳиш тонгда ёруғ бир нур каби таралди.
– Мистер Борк, Сизни эшитганимдан хурсандман. Факс яхши лекин тирик одамнинг овозини эшитиш ундан ҳам яхши.
– Бўлмасам-чи! Албатта-да! — деб жавоб қайтарди Борк ўзига ишонч билан. — Менинг рафиқам Жесси ҳам сени қутлаётир, Энтони.
– Жуда соз. Жессига раҳмат. Ҳаммамиз бугун кўришамиз деб ўйлайман, бу жудаям зарур.
– Ихтиёринг, Энтони, учрашув жойини тайинла. Сенинг тунги факсларинг бизни фил суягидан ясалган минора қамоғидан халос қилди. Жилла қурса ўз устимдан ўзим кулиб олай. Хўш, бу ёғи қандай бўлади? Бирон нимадан умид бор шекилли, а?
– Қилинадиган ишларнинг бутун бир рўйхати бор. Энг аввало маълумотингиз учун айтиб қўйишим керак, мистер Борк, таҳририяга келган мақолангиз, эҳтимол, ҳозирдаёқ космосга — Филофейга жўнатилаётган бўлса керак, буни мен бир неча дақиқадан сўнг билиб оламан. Бу тадбир Филофейга унинг ердаги биринчи ҳамфикри — космогенетика бўйича шериги яъни Сиз билан таништириш учунгина қилинаётгани йўқ. Демак, Филофей шу тобда Сизнинг матнингиз билан танишаётган бўлса ажаб эмас. Биз телеалоқа ўрнатмоқчимиз ва матбуот конференцияси ўтказмоқчимиз, бу конференцияга Филофей билан Сиз иштирок этасизлар.
– Энтони, азизим бу қизиқарли фикр. Лекин бунинг ҳаммасини қандай амалга ошириш кераклигини тасаввур қилолмаётирман. Бунинг устига вақт зиқ.
– Ҳавотир олманг, мистер Борк! Мен ёлғиз эмасман. Содиқ дўстларим, ҳомийларим бор, “Трибюн” бутунлай биз томонда ва редакция ўз обрўсини сақлаб қолиш учун куйиб-пишмоқда. Энг муҳими — телеалоқанинг барча ретрансляторлари бутун дунёни оғзига қаратган ана шу тадбирдан манфаатдордир, бундан ташқари улар муз устида бўладиган жангларни бутун дунёга кўрсатишдан оладиган мўмай фойдаларини ҳозирданоқ ҳисоб-китоб қилишмоқда. Шунинг учун ҳам жонларини жабборга бериб ишлашмоқда.
– Аниқроғи? Ким музда учар экан?
– Кечирасиз. Аҳмоқона ўхшатиш бўлди шекилли. Ҳа, биз сирғанчиқ муз устидамиз. Лекин ҳозир бу ҳақда гапирмайлик. Мен гапимни тўхтатдим. Вақт оз. Сўзимни машинада давом эттираман. Биз Ньюберига, уйингизга бораётирмиз. Тўрт кишимиз. Мендан бошқа уч йигит бор, улар НАСАнинг космик алоқани ўрнатадиган энг зўр созловчи мутахассислари. Шундай қилиб тўрт киши икки машинадамиз. Қолган гапларни йўлда изоҳлаб берамиз. Биз қирқ дақиқалардан кейин, эҳтимол ундан ҳам олдинроқ уйингизда бўлсак керак деб мўлжаллаб турибмиз. Харитадан аниқлашимча, уйингиз “Конферанс” супермаркетидан чамаси ярим миль нарида бўлса керак, шундайми?
– Ҳа, тўғри, уч квартал нарида.
– О’кей! Шундай қилиб, биз йўлга чиқяпмиз. Демак, фақат кулманг, мен — операция штабининг бошлиғиман, Филофей — космос маршали, сиз эса...
– Мен Жесси ҳузуридаги кенжа полковникман, — Ҳозиржавоблик қилди Борк. — Шошмай тур, Энтони. Тушунаман, вақт зиқ, сен ёшсан, кейин, кейин билиб қўй, менинг уйим билан космик алоқа ўрнатиш харажатларини ўз бўйнимга оламан.
– Кечикдингиз, мистер Борк. Манфаатдор телекомпаниялар ҳаммасини ўзлари маблағ билан таъминлайди. Уларнинг ҳам ўз фикрлари бор. Бу ёғидан ташвиш тортманг. Ундоқ десангиз менинг ҳам қўлимдан баъзи ишлар келади. Отам машҳур адвокат ўтган, шунинг учун... Ишнинг у ёғини ўйламанг. Кассандра-эмбрионлару, Филофей ҳақида ўйлайверинг.
– Ордок ҳақида ҳам, — қўшиб қўйди Борк.
– Бу-ку биринчи галда-я. У ҳам жанговар ҳаракатлар қилиб юрибди. Бу ҳақда — машинадан эшитасиз. Ҳа, мистер Борк, узр, сизнинг ҳам, хотинингизнинг ҳам уйдан ташқарига чиқишингизни маслаҳат кўрмайман. Ҳатто супермаркетга боришни ҳам. Чиқманглар. Бугунча. Биз ҳамма нарсани ўзимиз олиб борамиз. Йўлга чиқаётирмиз.
Орадан сал ўтмасдан яна телефон жиринглади. Яна Энтони эди. Орадан ўтган қисқа вақт эру хотинга йилдай туюлиб кетди. Улар энди ҳаётларининг бошқача суръат билан ривожланишини — вақт дақиқалар билан ўлчанажагини, тақдирларида ҳал қилувчи пайт яқинлашиб келаётганини тушиниб етишди. Бу сирли, ноаниқ қисмат эмас, балки Боркларга яқинлашиб келган душман кучларнинг хоҳиш-истакларию саъй-ҳаракатлари оқибати эди.
– Биз катта йўлга кетаётирмиз, — хабар берди Энтони Юнгер. — Кўчада қатнов кўнгилдагидек тиқилинчмас, ўз вақтида етиб борсак керак, ҳозирча ишдан гаплашайлик.
– Эшитяпман, Энтони, нималар бўлаётганини билгим келаётир. Биз Жесси иккаламиз бошқалардан маълум маънода ажралиб қолганмиз, биласан-ку, ҳатто телевизор билан радиони ҳам ўчириб қўйганмиз.
– Мистер Борк, аҳвол жуда жиддий. Сиз билиб қўйишингиз керак — Ҳамма ерда, барча мамлакатларда манзара бирдай — Ҳамма инкор қиляпти.
– Ҳа-ҳа, шундай, минғиллади Борк. — Энтони, менинг тушунишимча, одамлар кассандра-эмбрионларнинг бор нарса эканлигини идрок эта олмаётирлар. Ҳа, албатта, бу оғир руҳий зарба, барча ҳаётий негизларни қайта кўриш зарурияти туғилади. Яхшиси инкор этиш, ҳар қандай шубҳа илонининг бошини янчиш керак...
– Худди шундай, — жавоб қайтарди Энтони. — Мен буни бир нарсага ўхшатгим келади: Сан-Францискодаги қўлтиқ устига тушган кўприкнинг қурилишида нуқсонлар борлиги аниқлангану, лекин шунга қарамай ундан фойдаланса бўлаверади дегандай гап. Бу ҳақда ўйлаб ўтиришнинг нима ҳожати бор? Кўприкдан иложи борича кўпроқ ва тезроқ юкларни олиб ўтиб қолиш керак, кўприкнинг нима бўлиши ҳақида бошқалар кейин ўйлайверишсин. Лекин, мистер Борк йўлда ҳали озгина вақтимиз бор — операторлардан бири рулда, мен Сиз билан бемалол гаплашишим мумкин, сизнинг диққатингизни ўша қизиқарли нарсаларга қаратмоқчи эдим, хулосаларни эса сиз чиқарасиз. Мен газеталарни ўқиб, радио, телевидениени эшитиб, Филофей кашфиётига нисбатан икки хил салбий-жангари йўналишни туйдим. Ўта миллатчилик руҳида фикр юритувчиларга жуда қаттиқ теккан. Масалан, Исроилда бу кашфиёт шу йўл билан исроилликлар генофондини қийратишга уриниш деб баҳоланди. Зондаж-нурлардан сақланиш усулини топиш, Филофей нурланишини нейтраллаштирадиган асбоб ихтиро қилиш чақириғи эълон қилинган. Россияда норозилик ҳаракати кучайиб намойишга айланиб кетди ва Филофейни зудлик билан космосдан туширишни талаб қилишмоқда, у ҳеч қандай роҳиб эмас, энг муҳими — бизга бир қайта қуришнинг ўзи етади. Гайдар реформалари бас қилинсин, рус халқини генетик жиҳатдан қайта қуришга йўл қўймаймиз. Филофей космосдаги Горбачев! У Америкага хизмат қилади! У Россияни тиз чўктирмоқчи! — каби эҳтиросли шиорлар ташланмоқда.
– Албатта, бу ўта ачинарли ҳол, эшитиш жуда оғир, менинг ичим ачиб кетди. Энди нима қилиш керак? — хавотирга туша бошлади Роберт Борк.
– Бу ёғини эшитинг. Хитойда хавф тамомила бошқа соҳада деб билмоқдалар — бу хитойликларнинг демографик жиҳатдан устунлиги аҳамиятига путур етказадиган усул эмиш. Бу мамлакат шиори: демократик культивацияга йўл қўймаймиз! ҳиндистонда бўлса Кассандра тамғаси устидан диний маросимдагидай бўёқ суркаб қўйиш чақириғи эълон қилинган.
– Вой-вуй, — деди ҳайратда қолиб Борк, — нима бўляпти ўзи Энтони!
– Лекин мени кўпроқ бошқа нарса лол қолдирмоқда, мистер Борк, сиз бунга нима дейсиз? Гамбургда фоҳишалар ва уларнинг ҳисобига яшайдиган даюслар жазавага тушиб норозилик билдиришган. Сицилияда мафиячилар Палермо шаҳрининг денгиз соҳилида, айтиш мумкинки, умумхалқ юриши уюштиришган. Лотин Америкасида, айниқса наркотик моддалар берадиган экинларни яширин етиштирадиган районларда ўз-ўзидан кўплаб кишиларни норозилик шиорлари билан чиқишлари бўлиб ўтган. Ҳатто порнография саноати ҳам четда қолмасдан норозилик билдирмоқда. Ҳа, террорчи ташкилотлару, хилма-хил инқилобчилар — улар ҳам тиш-тирноғи билан қарши. Филофей қўл етадиган жойда бўлса эди, улар уни... Айтганча, турли мамлакатларда ҳарбий доиралар ҳам ўта норози. Киножангариларининг продюссерлари нима сабабдан овозини кўтаришди — буниси жудаям тушунарли эмас.
– Биласанми, Энтони, — жавоб берди Роберт Борк, — мен бу ерда турли касб эгаларининг бирлашмаларга уюшиши ўзини кўрсатган бўлса керак деб ўйлайман. Ҳар бир тўда яшашни ва урчишни хоҳлайди. Мен шундай деган бўлур эдим. Кассандра тамғаси эса уларнинг йўлида катта ғов, келажакда улар кераксиз бўлиб қолиши мумкин — жамиятда ана шу гуруҳларнинг кўпларига эҳтиёж қолмайди. Ана шунинг учун ўз жонини сақлашга интилиш инстинкти ишга тушади, чунки тўда ноқулай вазиятни сезиб қолаётир. Мен уларни тушунаман. Алло, алло, Энтони, ёмон эшитила бошлади.
– Мен сизни жуда яхши эшитяпман гапираверинг, бу жуда қизиқарли фикр.
– Ана шундай гаплар. Ҳа, энди яхши эшитаяпман. Демак, гапимни давом эттираман. Агар Филофей кашфиётлари таъсирида инсоният менталитети ўзгарадиган бўлса, агар одам зоти ўзига бошқа нуқтаи назар билан қараб, эмбрионларнинг сигналларига доимий қулоқ солиб турса индивиднинг ўзини ўзи салбий соҳаларда намоён қилишга бўлган мойиллиги кескин даражада камаяди. Ана ўшанда кимнингдир даюслик билан шуғулланиши амру маҳол бўлиб қолади — жамиятда эҳтиёж бўлмагач фоҳишалар, жумладан Гамбург фоҳишалари сони камаяди. Мафия соҳасида ҳам шундай дейиш мумкин, бандитизим, жиноятчилик — Ҳаммаси бир-бирлари билан боғлиқ. Кассандра тамғасини иснод эмас, балки огоҳлантириш деб қарайдиган, энг муҳими — одамларнинг ўзини ўзи доимий такомиллаштириш омили деб биладиган авлодларнинг огоҳлантирувчи тадбирлари оқибатда индивиднинг ўзини ўзи салбий соҳаларда намоён қилишга бўлган генетик мойиллиги йўқоладиган бўлса, ҳозирги тангликка чидаса бўлади. Беихтиёр савол туғилади...
– Мистер Борк, космик телеалоқа пайтида шу фикрларингизни яна такрорлаган бўлурмидингиз?
– Нега такрорламас эканман? Масала бунда эмас: менинг гапимни эшитишармикан, уқиб олишармикин? Сен тилга олган норози кимсалар мағлубиятдан қўрқадилар, иссиқ ўриндан ажралиб қолишдан чўчийдилар. Ахир келажакда тафаккурда туб ўзгаришлар рўй бермоғи керак, ўшанда турмушдаги барча ахлоқсизликлар, жамики палидлик инкор этиладики, кассандра-эмбрионларнинг инстинктив қўрқадигани ҳам ана шу фалокатлардир. Бунда ўзини ўзи англашнинг ўзгариши эзгу ахлоқий хоҳиш-истаклар туфайли рўй бермайди, бу омон қолиш ва тараққиётнинг бирдан-бир реал шарти бўлиб қолади. Ҳозирги пайтда буни ҳатто тасаввур қилиб бўлмайди.
– Айтганча, мистер Борк, турли диний мазҳабларнинг норозиликлари ҳақида ҳозирнинг ўзидаёқ талай маълумотлар бор.
– Шундай бўлиши керак эди. Кассандра тамғаси ўз табиатига кўра ҳаммага ва барчага бир хил даражада тааллуқлидир. Шу маънода кассандра-эмбрионнинг акс садоси кўп қирралидир. Инсониятнинг турли гуруҳларга, блокларга, оқимларга, ўзимизникиларга ва ўзгаларга бўлинишидан фойдаланадиган ва ана шу табақаланишлар ҳамда қарама-қаршиликлардан маънавий текинхўрлик йўлида манфаат оладиган кучларга кассандра-эмбрионлар умуман керак эмас. Кассандра-эмбрионлар улар учун ғов, фитна ва умуман муаммо. Бундай кучлар Филофейни ва унинг кашфиётини барча тилларда ва шеваларда ҳар қандай қилиб бўлса ҳам қоралайди. Бунда менинг ҳайратда қолишимга ўрин йўқ.
– Бу борада ҳам мен сизнинг фикрингизга қўшиламан, мистер Борк, бу суҳбатда мен яна ҳам кўпроқ нарсани билиб олдим. Кечирасиз, бир дақиқа алаҳсишга рухсат берасиз. Мени шошилич суратда кодли телефонга чақириб қолишди. Йўқ, йўқ, телефон дастасини қўймай туринг. Нима гап эканини сўраб биламан-да, суҳбатимизни давом эттирамиз. (Алло, алло, қандай янгиликлар бор? Шундайми? Ўҳ-ҳў! Яхши бўлмапти! Хўп бўлади. Тушундим. Биргаликда ҳаракат қиламиз.) Мистер Борк, узр, узр, маълумотларга қараганда вазият мураккаблашмоқда. Мен сиздан илтимос қилар эдим: маҳаллий полицияга телефон қилиб, супермаркет томондан бир талай намойишчилар бизнинг уйимизга томон келаётир деб айтсангиз. Турган гап улар норозилик билдиришади, ойнамиз ёнида бақириб-чақириб тўполон қилишади, дейсиз.
– Хўп, Энтони, полицияга ҳозир телефон қиламан. Хотиним ҳам ўзи анчадан бери қўнғироқ қил деб ҳиқилларди, мен пайсалга солиб келардим. Саҳардан бошлаб деворларга бизга қарши турли варақалар ёпиштириб ташлашди. Полициячиларга ҳозир Жесси ўзи телефон қилади.
– Ҳа, мистер Борк, ўзини эҳтиёт қилганни худо ҳам эҳтиёт қилади. Яна денг “Трибюн” газетасининг сизнинг мақолангиз босилган шошилинч сони ҳозиргина газетхонларнинг қўлига етиб борибди.
– Шундайми?! — хитоб қилди Роберт Борк асабийлашиб. — Демак, газетчилар фурсатни бой беришмапти.
– Шундай. Сиз энг йирик футурологсиз, ҳозир сизнинг сўзингиз олтин билан баровар. Энди газета атрофидаги шов-шувларни кўринг. Бу қамал қилинган қалъадан отилган замбарак ўқи. Шу билан бирга бу Ордокка қараб узилган биринчи ўқ. Очиғини айтсам, бу ҳол менинг дилимни сиёҳ қилаётир. Ўйлайманки, бизнинг мавқеимизни маъқуллайдиган одамлар бор, бор бўлганда ҳам оз эмас. Янгича фикр юритадиган зукколарнинг кассандра-эмбрионлар феномени ҳақида ўйламасликлари мумкин эмас. Ахир бу ўз-ўзимизни тушунишимизда бурилиш нуқтаси-ку! Бунақаси тарихда қачон бўлган?! Ана шу ҳодисанинг моҳиятига тушунган ҳар бир жон дарахт тепасида баҳор қуши бўлиб сайрамоғи лозим эди. Бироқ имоним комил — афсуслар бўлсинким, зукколарнинг аксари қисми оқизиб кетадиган тошқин селга қарши боришга журъат этолмайди. Ақл-идрокли зукко инсон оломонга қарши чиқади дейсизми – йўқ, у овозини чиқармай, муюлишда бухмалаб тураберади. Шунинг учун ҳам Ордок қўлига машъала олиб чопиб чиқди-да бутун дунё бўйлаб одамларнинг онгида ва дилида ёнғин чиқариб, авомни оғзига қарата олди ва сафарбар қила билди. Қаёққа қараманг қий-чув. Барча жунбушга кирган, оломонга қўшилсам дейди. Фоҳишаларки уюшиб митингга чиқишибдими, бошқаларни қўяверинг.
– Энтони, авф этасан, гапингни бўламан, ёшим катта бўлганидан фойдаланиб қистириб қўяй. Сен ҳали жуда ёшсан, фоҳишалар деганда сенинг кулгинг қистайди, тушунаман. Мен эса оғир бир хўрсинаман. Тўғри, фоҳишалар қадим замондан бери ўз бурчини ими-жимида бажариб келишган, лекин улар ҳамманинг кўз ўнгида қаторлашиб, норозилик митингига тўпланишса, мени кечирасан-у, бунақасини одам боласи эшитган эмас. Уят-андишани бир чеккага йиғиштириб қўйиб иш кўрадиган, айни вақтда ўзларини далил тутадиган бечора фоҳишалар бу сафар ҳам шароитга қараб иш кўришга мажбур бўлдилар. Ахир Кассандра тамғаси — генетик гулкосаларда сўлган ана шундай гуллар марсиясидир.
– Уларни сиёсатдон даюслар йўлдан оздиришган, бошқаларни ҳам. Ўйлайманки, қумғондан чиқариб юборган жинни ҳозир Ордокнинг ўзи ҳам эплай олмаётган бўлса керак. Мисол қидириб узоққа бормайлик. Йўлда машина қатновига назар ташлаб келдим. Қараб туриб, шуни туйдимки, ғизиллаб елаётган кўпгина машиналар бизни ортда қолдириб уйингиз томонга, Ньюберига қараб кетаётир. Машиналарда бораётганларнинг аксариси менга ўхшаб овози борича телефонда гаплашиб кетяпти. Афти-ангорлари совуқ, барча машиналарда одам тўла. Менга айтишларича ҳамма супермаркетнинг ёнгинасида тўпланишармиш.
– Ҳа, Энтони, у ер шундай йиғинлар учун қулай.
– Кошки эди фақат ўша ерда тўпланишса! Узр, мени яна алаҳсишга мажбур қилишмоқда. (Алло, мен эшитаяпман, ҳа, мен Энтони Юнгерман. Эшитаман. Тушунарли. Ҳа, ҳа, гапираверинг. Ўзим ҳам шундай деб ўйловдим. Яхши, мени ҳар доим хабардор қилиб тур. Тушунарли. О’кей!) Мистер Борк, ҳозиргина ҳабар қилишди — Нью-Йорк кўчаларида намойишчилар оломони. Айниқса, БМТ биноси олдида халқ кўпмиш. Полиция зўрға ушлаб турганмиш. Намойишчилар Филофейни космосдан йўқотишга рухсат беришни талаб қилишмоқда экан. Бу энди халқаро ҳаракат. Шуниси қизиқки, намойишчиларнинг олдинги сафларида кейинги кунлари манглайида Кассандра тамғаси пайдо бўлган ҳомиладор аёллар боришмоқда. Бу аёллар пешонасига буёқ ҳам суриб мана бундай шиорлар кўтариб олишган: “Қаранглар, бизга Кассандра тамғасини босишди. Бизларни қутқаринглар!” буларга кўпгина эркаклар ва аёллар ҳамдардлик билдириб улар ҳам пешоналарига хоч чизиб олишган. Вазият ана шундай.
– Ҳа, Энтони, ҳар ҳолда яхши эмас.
– Учрашганда гаплашамиз. Тез орада етиб борамиз. Энг муҳими, Мистер Борк, аппаратурани ўрнатиш, Филофей билан алоқа қилиш ва биргаликда ўйлаш керак.
– Кутаман, Энтони. Уйимизнинг ёнидан қандайдир овозлар эшитилаётир. Жесси гаражни ёпиш учун чиқиб кетди. Ойнадан кўриб турибман. Қандайдир нусхалар ҳовузга тош улоқтириб, безорилик қилишмоқда. Ҳозир полиция келади деб ўйлайман. Кутаман. Айтганча, Энтони, Филофей билан алоқа ўрнатиш учун қанча вақт керак бўлади?
– Йигитларнинг айтишларича бир соат, эҳтимол ундан сал кўпроқдир. Ана ўшанда Филофей билан юзма-юз гаплашиб оласиз. У факс орқали мақолангизнинг бир нусхасини олганмиш. Келажакда ва ҳозирги кунда қилинадиган ишларни, матбуот конференцияси ўтказиш масаласини келишиб олиш зарур. Қолганини мен боргандан кейин гаплашамиз. Ҳозир борамиз кутиб туринглар!
Кўчада шовқин авж ола борди. Машинадан тушганлар ҳам, супермаркет ёнида автомашиналар тўхтаб турадиган жойдан пиёда келганлар ҳам шошиб-пишиб юра бошлашди. Тўпланганлар панжара ёнида дарахтлар тагида туришиб, бир-бирлари билан ғовур-ғувур гаплашишар, наридан-бери бўёқ чаплаб ёзилган шиорлар ва чақириқларни ҳаммага кўрсатиб ушлаб туришар эди. Ҳамманинг дўқ пўписалари бир кишига қаритилган: “Борк — сенга шафқат йўқ!”, “Сохта таълимот тарқатган ялмоғизни ётган жойида жойлаймиз!”, “Профессорнинг манглайига Кассандра тамғаси куйдириб босилсин!”, “Инсон ҳуқуқларини поймол қилган киши ўзи ҳамма ҳуқуқларидан маҳрум бўлади!”, “Биз фан террористига бардош бера олмаймиз!”, “Борк — шайтон дастёри!”, “Филофей билан Борк бир харига осилсин!” ва ҳоказо ва ҳоказо.
Борк бўлса изтироб билан ўйлай бошлади: булар ким, ўша нусхалар! Улар нимага ва нима мақсадда бир пайтда тўпланишди? Улар бир-бирларини ҳеч қачон кўришмаган, билишмаган. Пес песни қоронғида топади дейишади. Улар оғиз-бурун ўпишиб фавқулодда ҳодисани кутиб кўчада шанғиллашмоқда — оқлар ва қоралар, эркаклар ва аёллар, ёшлар ва кексалар, бировларининг қўлида радиокарнай, бошқалариникида фотоаппаратура ва киноаппаратура, кўплар қўлларида радиотелефон орқали бошқа жойдаги кишилар билан гаплашишмоқда. Улар илгаригилари тарихий тадқиқотларда, назарий мақолаларда ҳикоя қилинган, шунингдек, турли рангтасвирларда, театр саҳналарида ўз аксини топган, кирдикорларини олдиндан билиб бўлмайдиган кучлар эканлигини тушуниш қийин эмас эди.
Мана, улар оломон бўлиб тўпланишди. Панжара ёнида зич бўлиб туришибди, уларнинг афти-ангори деразалардан аниқ кўринмоқда. Улар нима қилишмоқчи, нимани исташади? Охир-оқибат нимани хоҳлашади? Уларнинг қўлларида Варфоломей қирғинидан эсдалик бўлиб қолган машъала ёниб тургандай, оёқлари Римда исён кўтарганлар қонига бўялган кўча тошларига урилиб бораётгандай, тепаларида заҳар сочишга тайёр арилар ўз уяси атрофида ғувиллаб учиб юргандай. Фалокат ёки қандайдир шум қудрат уларни кўргилик учун бу ерга ҳайдаб келган бўлса, бу уларнинг айбимиди? Нима қилмоқ керак, уларга нима деса бўларкин? Ахир яқиндагина фюрер пайдо бўлди дегунча юз мингларча овоз билан завқ-шавқ ва содиқлик ифодаси сифатида майдонларда осмонни тешгудай бақириб-чақирган, фюрер қўлини кўтариб ишора қилса бас — тиззадан қон кечишга, ғарбга ҳам, шарққа ҳам, жанубга ҳам, шимолга ҳам елишга тайёр турган оломонни эслатмайдими улар? Яқин йиллардагина ўлгудай севикли доҳийсининг мурдасини бир лаҳза бўлса ҳам кўриб қолиш учун Сталин тобути атрофидаги ажал тиқилинчида бир-бирларини босиб оёқ ости қилиб кетган, устози билан биргаликда нариги дунёга рихлат қилишдан, қатағон қурбонлари — отиб ва осиб ўлдирилганлар қитъаси устидан юзи қаро арвоҳ бўлиб парвоз қилишдан қайтмаган оломонга нима деса бўларкин? Кечагина Теҳрон аэродромида интиқомдан бошини олиб қочаётган Эрон шаҳаншоҳини кўтариб парвоз қилмоқчи бўлган авиалайнерни ғилдирагидан ушлаб тўхтатиш учун тун қоронғисида шовқин-сурон кўтариб самолётга пешвоз югурган оломонга нима дейиш мумкин? Ўшанда савдойи оломон самолётлар парвоз қиладиган йўлда талай жойгача чопиб борди, самолёт эса қасоскорларнинг кўзини куйдириб тепада анча вақтгача чироқларини липиллатиб парвоз қилиб кетди, осмони фалакда бўлса инсон измига бўйсунмайдиган юлдузлар телбаларни мазах қилгандай жимирлаб турар, ўч ололмаганидан аламга тўлган одамлар баттар ғазаб отига минишар, Оллога илтижо қилиб ўша самолётни зудлик билан қайтариб келтиришни сўрашар эди.
Энди бу ерда, янги бир маконда, Борк дарвозаси олдида оломон.
У дераза олдида турар эди, ёнида Жесси. Уларнинг суҳбати ҳавосиз фазода сузишга ўхшаб кетар эди:
— Эшитаяпсанми, Роберт, улар ҳазиллашмаяпти.
– Ҳа-ҳа!
– Нима қиламиз?
– Мен чиқишим, уларнинг олдига боришим керак!
– Нима деяпсан, Роберт?! Ақлинг жойидами?!
– Жойида бўлганда қандай. Улар мени яшириниб олди деб ўйлашмасин. Улар исён кўтариб генетик инқирозни тўхтата олмаслигини, аксинча, зўравонлик охирзамонни яқинлаштиражагини билиб қўйишсин дейман. Уларга айтиб қўймоқчиманки, Кассандра тамғаси — тақдир тақозосидир. Ҳар бир кассандра-эмбрион сигнали барчамизга тааллуқлидир. Биз ана шуни тушунсак бўлди, йўл, имконият топилди деган сўз. Олдимизда нима борлигини кўриш учун кўзни каттароқ очиш керак.
– Бу тўғри, лекин олдин ўйлаб кўр, Роберт, бунинг ҳаммасини кимга тушунтириб бермоқчисан. Бу дорилфунунда ўқиладиган лекция эмас-ку! Сенга ким қулоқ солади? Улар гапларингни эшитиш учун келишган эмас-ку!
– Менинг бошқа имконим йўқ.
– Бу нима деганинг? ҳозиргина Энтони космос билан алоқа ўрнатади, мен Филофейни кўраман ва у билан ҳамма нарсани гаплашиб оламан, кечқурун эса Филофей билан биргаликда матбуот конференцияси ўтказамиз, муаммони ўз нуқтаи назаримиздан тушунтириб берамиз деган эдинг-ку! Ўйлайманки, одамлар ниҳоят, сизларнинг уларга ёмонлик раво кўрмасдан, яхшилик қилмоқчи эканликларингизни тушуниб олишади.
– Ҳозирча мен сенинг гапларингни эшитяпман, фикрингга қўшиламан, Жесси, ҳа, ҳозирча. Ахир, бу ерда тўпланганлар матбуот конференциясини кутиб ўтиришмайди-ку! Улар тезда орани очиқ қилишлари керак. Қарагин, одамлар устма-уст келишяпти, одам қанча кўп тўпланса, шунча тажовузкор бўлади. Ҳали вақт бор, улар билан очиқчасига гаплашиб олишим керак.
– Билмадим. Ўзингни таҳликага солаяпсан.
– Демак, мен ўзимни хавфга қўйяпманми? Мен уларга Филофей кашфиёти ҳақидаги ўз фикримни айтиб бермоқчиман.
– Сен бу фикрингни ўз мақолангда айтгансан.
– Бу етарли эмас. Ёки ундан қониқишмаган. Бу одамлар мақола ўқишмайди.
– Роберт, қара-қара, улар нима қилишяпти — сенинг суратларингни ёндиришяпти!
– Менинг суратларимними? Нима бўпти, мен сиёсий йўлбошчиманми?
– Қара! Бу суратингнинг катталаштирилган нусхалари.
– Нима дея олардим? Эсиз, қоғозлар ёняпти.
– Хўш, полиция қани?
– Полициянинг нима кераги бор? Полиция келган. Ҳў ана, учтаси муюлишда турибди. Сен уларни кўрмадингми?
– Атиги учтами? Нега улар жим туришибди?
– Уларнинг қўлидан нима келарди? Бировнинг суратларини ёндирганлари билан уларнинг неча пуллик иши бор. Вассалом.
– Бундай ҳолни телевизорда кўп кўрганман. Мана энди ўз кўзим билан кўрдим. Гўё ҳиндистонда бўлаётганга ўхшайди. Худди ўзи-я! Тезроқ Энтони келиб қолса эди! Нима учун улар келишмаяптикин?
– Билмайман. Шу пайтда кўчалар тиқилинч бўлади. Ўзинг биласан-ку!
Иккаласи жим бўлиб қолишди. Шу топда уларнинг ўтиргилари ҳам, тургилари ҳам, гапиргилари ҳам, бирон нима дегилари ҳам келмаётган эди.
Худди шу он оломон ҳаракатга келиб буйруқ берилгандай баравар “Борк жавоб берсин!”, “Борк жавобгарликка тортилсин!” дея бўкира бошлашди.
Кейин бу бақириқ-чақириқлар авж олиб ғазабга мина борди. Энди чидаб бўлмай қолди. Одамлар Боркнинг ташқарига чиқишини талаб қила бошлашди. Қаёқдандир манглайини бўяб олган бир тўп аёллар пайдо бўлишди. Улар “Трибюн” газетасининг янги сонларини силкитиб “Борк разил! Боркка Кассандра тамғасини куйдириб босиш керак! Кассандра тамғаси учун калтаклансин! Борк — ярамас!” деб дод сола бошлашди. Бошқа бир гуруҳ одам “Ордок ҳақ! Ордок ҳақ!” деб ҳайқирар эди.
Вазият жўшга кириб, оломон ҳаяжонлана бошлади. Тартиб ўрнатмоқчи бўлган полициячилар бутунлай ожизлик қилиб қолишди. Улардан бири оломондан бир амаллаб қутулиб чиқиб машинасидан қаёққадир телефон қилиб ёрдам сўраганга ўхшайди.
Оломон кўчани тўлдириб Боркнинг уйи томон йўл олди. Халойиқ хиёбондаги узун ўриндиқлар, фонусларни узиб синдириб борарди. Кишилар овози борича қийқиришар, аёллар дод-вой солишар эди.
Эрининг пиджак кияётганини кўриб Жесси:
– Қаёққа кетаяпсан! Бора кўрма! — дея қичқириб юборди.
Лекин у хотинини итариб ташлади. Ана шу лаҳзадан бошлаб дунё унинг бир зумда хиралашган қорачиқларида бошқача акс эта бошлади. Борк билан Жесси бир-бирларининг кўзларига боқишар экан, уларнинг диллари дард-аламга тўла эди. Ва у қандайдир йироқдан гапираётгандай:
– Мени тўхтатма. Мен бу ғам-кулфат тўла косани сипқоришим лозим.
Жессининг афти чорасизликдан буришиб кетди:
– Сени ажал ҳайдаб кетяпти!
– Бордию шундай бўлганда ҳам, — бўғиқ овозда деди Борк, — барибир боришим керак.
У илгакдан шляпасини олди-да, дадил қадам ташлаб уйдан чиқа бошлади. Эшикдан чиқиши билан кутиб турган қайноқ оломон тўлқини уни домига олди. Уни кўрганда портлаган ҳайқириқдан осмон ларзага келди. Транспарантлар билан плакатлар ишга тушди, одамларнинг ўз плакатларини Боркнинг бурнига тиқиб оладиган шашти бор эди. У эшиги олдида турар экан, саросимага тушганидан кулар, оломонга қараб турса ҳам ҳеч кимнинг юзини кўра олмас эди. Бирдан бошига шляпасини кийди-ю ўз қиёфасига кирди. Оломон олдида йирик суяклари туртиб чиққан, юзи кенг, кўзларининг атрофларини ажин босган, лекин бўйни ҳали бақувват, тишлари бутун, оқ сочли чол турар эди. У Франкфурт журналистлари тили билан айтганда Кекса қоя эди.
Бир зум жимлик чўкиши билан Борк ҳаяжондан қал-тираган овозда бир неча калима сўз талаффуз қила олди:
— Кассандра-эмбрионлар — бу бизнинг мусибатимиз ҳамда жиноятимиздир. Бу учун биз жавобгармиз!
Қандайдир бир аёл мушукка ўхшаб бир сакраб унинг ёнига келди:
— Мана буни кўряпсанми? — деб пешонасидаги доғни кўрсатди. — Космосдаги иблиснинг менга солган тамғасини кўряпсанми? Мана, ўқи! Шайтон шайтоннинг тилини тушунади! — деди-да Боркнинг мақоласи босилган газета билан унинг юзига савалай бошлади. Газета парча-парча бўлиниб, шляпа учиб ерга тушди, шляпани шу ондаёқ эзиб ташлашди, ҳалиги аёл эса шаллақилик қилиб қичқирарди. У шундай шармандалик қилардики, афтидан ўз уйида ҳам эрининг бошида мана шундай ёнғоқ чақса керак.
— Сенинг қўлингдан ҳеч вақо келмайди. Мен ўша космосингга етиб бораман. Ҳали ўша Филофейни бўғиб ўлдираман!
— Ур уни! Сол! — ўша аёлнинг жазавасига шерик бўлгандай ҳайқиришди теваракдагилар. — Уни буёққа олиб кел! Судраб кел! — қичқиришди орқада турганлар мушт ўқталиб. Ҳамма унга ташланди. Уни ўнларча забардаст қўллар юлиб-юлқиб оломон қилиб юборишди. Жесси одамлар орасида сиқилиб қолди, унинг дод-фарёди-ю кўз ёшига ким ҳам эътибор берарди дейсиз.
Оломон ана шу даҳшатли манзарани тасвирга туширмоқчи бўлган телеоператорлар гуруҳини эзиб-қисиб ташлади, уларнинг асбоблари оёқ остида қолди. Бирон илож қилмоқчи бўлиб уринган бир неча полициячининг қўлидан ҳеч нарса келмай, гирдобдаги пайраҳа ҳолига тушиб қолди. Роберт Боркни эса қаёққадир сургалаб кетишди, қаёққа олиб кетишганини худо билади. Уни биров бўғзидан ушлаб, биров сочидан тортиб, биров лунжига қўлини тиқиб оғзини йиртган эдики, бирпасда бечора чолнинг афт-башарасини таниб бўлмай қолди. Одамлар бир-бирини сиқиб эзиб борар, бу эса оломоннинг ғазабини баттар авж олдирарди. Ит эгасини танимайдиган ана шу издиҳомда бир тўп қутурган кишилар футурологнинг тошлар боғига, ҳовуз яқинига бориб қолишди. Дунёвий руҳнинг ботин сирларига кириб боришга йўл топиш учун Борк қумга қандайдир сирли белгилар чизиб юрган жойда, худди ана шу ерда бари ниҳоясига етди. Кимдир эпчиллик қилиб гулхонадан суғуриб олган темир билан Боркнинг калласига туширди. Борк додлаб бошини ушлаган бўйи чалқанчасига йиқилди-да, қонга ботиб типирчилай бошлади, шундан кейин ҳам шўрликни дўппослайверишди.
Шу пайтда оломон орасида қандайдир янги ҳаракат юз бергандай бўлди, бир неча бақувват йигит одамларни уёқ-буёққа суриб Боркка томон юришди. Булар Энтони Юнгер ҳамда унинг космос билан алоқа ўрнатадиган ёрдамчилари эди. Улар бир зумда калтакланиб жон бераётган Боркнинг ёнига етиб келишди.
— Буни ким қилди?! Ким?! – бақирди Энтони Юнгер ҳаммани турли тарафга итарар ва улоқтирар экан.
Кўча устида пайдо бўлган полициянинг вертолети пасая бошлади. Паррак овози бақириқ-чақириқларни босиб, кучли шамол кўтарилди. Бу овозсиз фильмдаги саҳнани эслатар эди – оломон қутуради-ю, овози эшитилмайди. Вертолёт қўнди, ундан резина калтаклар билан қуролланган полициячилар сакраб тушишди. Одамлар тум-тарақай қоча бошлашди. Кўплар супермаркет томонга, ўз машиналарига қараб чопа кетишди. Кўпчилик қуён бўлиб қолишди. Яна бир неча дақиқадан сўнг ҳеч ким қолмади.
Энтони Юнгер иккита ёрдамчиси билан Роберт Боркнинг тилка-пора қилинган жасадини кўтариб кетишди, яна биттаси эс-ҳушини йўқотиб, йиқилиб сурилаётган Жессининг қўлтиғидан ушлаб вертолёт ёнига оборди.
Улар ҳаммаси полициячилар билан бирга вертолётга ўтиришди, Юнгернинг ёрдамчилари эса вертолётдан тушиб космик алоқа жиҳозлари солинган машиналарга чиқишди. Вертолёт уй устидан тик кўтарилиб учиб кетди. Сўнг ҳеч нарса эшитилмай қолди.
Атрофда бир жон қолмади; Боркларнинг эшик-деразалари уриб синдирилган, узун ўриндиқлар, фонуслар мажақланган, футурологнинг тошлар боғи оёқ ости қилинган эди. Бу қирғинбаротдан кейинги манзарани эслатар эди.
Орадан бир дақиқа ўтгач вертолёт гольф майдони устидан учиб ўта бошлади, қачонлардир Роберт Борк ана шу ерга келишни хуш кўрар, ёруғ, яшил ва кенг ана шу ўтлоқлар яқин-яқинда ҳам унинг тушларига кирган, марҳум дўсти Макс Фрай эса уни тушида ойдаги гольф майдонларига чақирган эди.
Вертолёт шаҳар госпиталига қараб йўл олди...
Энтони Юнгер Роберт Борк жасади устига энгашди. Қон оқишини тўхтатиш учун кўйлагини ечиб Робертнинг бошига ўраб боғлаб қўйди. Энтони Робертнинг бошини тиззасига қўйиб олиб, жонидан нишона бормикан деб унинг юзига термилди. Бир лаҳза футурологнинг юзида ҳаёт аломати сезилгандай, қовоқлари учгандай, Юнгерга тик боққандай бўлди. Ҳа, Юнгер билан Боркнинг кўзлари тўқнашди. Эҳтимол, Борк Юнгерни танигандир. Улар ҳаётларида биринчи бор учрашишди-ю шу онда видолашишди. Абадийликка, мангуликка видолашишди. Роберт Боркнинг боши шилқ этиб тушди.
Юнгер ўкириб юборди. Жесси эрининг мурдасига маъносиз боқиб турарди. Полициячилар бошларини ирғаб унга ҳамдардлик билдирган бўлишди.
Вертолёт госпитал майдонига келиб қўнди, лекин энди вақт ўтган эди...

* * *
Ҳозир океанда бўрон ўйнамоқда эди. Метеорология хизмати Атлантика соҳили бўйлаб кучли бўрон бўлиб тўлқинлар қутуражагини барча компьютер каналлари орқали хабар қилган. Атлантика океани устидан ўтаётган самолётлар кучли чайқалар, ҳаво кемаларининг командирлари йўловчилардан камарни боғлаб олиб, ўринларидан турмасликларини ўтинар ва парвоз мушкулликлари ҳақида ердаги хизмат идораларига хабар бериб борар эди. Стюардессалар илжайиб боқишга уринар, лекин табассум қилишнинг ўрни эмас эди – Атлантика океани ҳазиллашмаётган эди...
Ва фақат китлар – коинот радарлари – Ҳар доимгидек ўзларининг жамики кечинмаларини, туйғуларини, Коинотнинг акс садосини ўзида жамлаган эди. Китлар ана шундай ахборотларни жо қилиб, осмондаги турналарга ўхшаш ўткир учбурчак шаклида тизилиб борар эди. Океан бўлса уларнинг учбурчак шаклидаги сафини бузиб орқага қайтармоқчи бўларди. Лекин улар барча ғов-тўсиқларга дош бериб олға қараб борар, баъзан баҳайбат тўлқинлар қаърида кўринмай кетар, яна юзага қалқиб чиқар эди.
Уларга озиқ берган ва олға ҳайдаган куч қандай қудрат, улар нима учун ва қаерга сузиб кетмоқда?
Москвадаги Қизил майдонда эса ярим кеча. Бойқушнинг сайр соати яқинлашмоқда эди. У ҳали Спас минорасидаги соат тагида тинчгина мудрамоқда эди. Бойқуш бугун нимадандир хавотир, юраги нотинч. Дунёда қандайдир воқеалар содир бўлган... Ҳа, қуш буни сезди. Нимадир рўй берган...

Ўнинчи боб
Шошилинч суръатда эълон қилинган “Космос-Ер” матбуот конференцияси тайинланган куни, белгиланган соатда бўлиб ўтди ва барча йирик каналлар орқали трансляция қилинди.
Лекин бундан олдин телекомпаниялар “эфир олди довули”га дуч келишди. Футуролог Роберт Боркнинг ўлими ҳақида хабар тарқалгач, дунёнинг турли бурчакларидан қўнғироқлар ва саволлар ёғилиб кетди, шов-шувга сабаб бўладиган матбуот конференциясини олиб кўрсатишни режалаштирган миллий компаниялардан, айниқса кўп телефон қилишди. Ҳамма фожеанинг қандай оқибатларга сабаб бўлиши, Филофей билан телеалоқа ўрнатиш масаласи, у билан кимнинг мулоқот қилиши ва энди матбуот конференцияси умуман бўладими деган масалалар ҳақида аниқ бир маълумот олишни истар эди.
Ер ҳамишалик ўз айланма йўлида олам кезмоқда ва ўша соат яқинлашмоқда эди... Буни ҳамма кутар эди...
Ниҳоят, телевизорларнинг экранларида зориқиб кутилган титрлар пайдо бўлди. Кетидан диктор қиз телевидение бундан олдин олим Робертнинг ўлдирилиши муносабати билан дунёда баён этилган фикрлар ҳақида ва оммавий ахборот воситаларининг шарҳлари тўғрисида маълумот беришни ўз бурчи деб билади, деб эълон қилди.
Шарҳларда ғаразгўйлик сезилиб турди. Шарҳлар одатдагидай таъзия билдириш, ҳамдардлик изҳор этишдан бошланди, сўнгра диктор фожиадан хурсанд бўлгандай билинар-билинмас илжайиб қўйди-да, диаграммани намойиш қилди, яъни кассандра-эмбрионлар тўғрисида Филофей таълимотининг, диктор ибораси билан айтганда, маддоҳи устидан бўлиб ўтган оломон юзасидан ўтказилган шошилинч сўроқ “натижалари ташвишли ва айни вақтда ҳайратомуз, ўзингиз ҳукм чиқаринг, ҳурматли телетомошабинлар” деди. Ранг-баранг устунчалар шаклидаги диаграммадан аниқ кўриниб турар эдики, сўроқ қилинганларнинг 83,7 фоизи футуролог устидан бўлган жазони маъқуллаган, шу билан бирга шу гуруҳдаги респондентларнинг кўпчилиги, яъни 76 фоизи ўша ерда, Ньюберида бўлганимизда, шубҳасиз ўзимиз ҳам фазовий иблиснинг ашаддий шериги устидан бўлган жазода албатта шахсан иштирок этган бўлур эдик деб жавоб беришган; сўралганларнинг 11 фоизи ваҳшиёна оломоннинг жиноий ҳаракатларини қоралаган ва буни жамият ахлоқий инқирозининг мудҳиш нишоналари деб ҳисоблаган; респондентларнинг қолган кичик бир қисми рўй берган воқеаларга бутунлай бефарқ эканлигини билдирган.
Шундан сўнг телетомошабинларга ўша тўс-тўполонларнинг социологик таҳлили натижалари намойиш қилинди. Бунда мамлакатлар, шаҳарлар, регионлар, демографик, ижтимоий ва бошқа соҳалар тилга олинган эди. Бу маълумотлар ҳам шуни кўрсатар эдики, бутун дунё, аҳолининг барча табақалари самовий роҳибнинг Кассандра тамғасини аниқлаш учун ерга зондаж-нурларни юбориб туришига қарши норозилик билдирган. Кишиларнинг кайфияти ва хатти-ҳаракатларида миллатчилик омили муайян роль ўйнаганлиги кўзга ташланарди.
Лекин энг даҳшатлиси турмаларда бўлиб ўтибди. Эҳтимол бу дастлаб кассандра-эмбрион ҳисоблангану, лекин туғилишга мажбур бўлган ҳомилаларнинг шуурсиз жавоби, яширинча пишиб етилган ва шиддат билан намоён бўлган исёнидир – энди уларнинг дунёга бўлган яширин нафрати Филофей томонидан ошкор қилингандир. Бўлмаса ана шу ваҳшиёна саҳналар, соқчилар ва ёрдамчи полициячилар билан бўлган жангларни қандай тушуниш мумкин: икки тараф бўлиб – бировлар каскалар кийиб, қалқонлар ва калтаклар билан ташланса, бошқалар қурол-яроқсиз, лекин бўридай қаҳр-ғазаб-ла курашиб, қирғинбароту ёнғинлар алангасида тўқнашишар эди. Турли мамлакатлар ва шаҳарлардаги маҳбуслар исёнларининг ташқи сабаби нима эканлигидан қатъий назар, машъум Кассандра тамғаси – жазо муддатини ўтаётган жиноятчиларнинг ғашига теккан ўша машъум хол асосий сабаб бўлганлиги аниқ.
Журналистлар ўша куни янада ғаройиб хабарлар келтиришди, масалан, портларнинг бирида уюштирилган репортажда денгизчилар норозилик билдириб сафарга чиқишдан бош тортишган. Лангар ташланган кемалар ойна-деразалари синган кимсасиз уйларга ўхшаб қаққайиб турар экан.
Гапирганларнинг ҳаммаси бир нарсани – самовий тажовузкор Филофейни ракета билан уриб туширишни, зондаж-нурларнинг манбаи бўлмиш орбитал станцияни йўқотишни талаб қилишар эди.
Телевизорларда сайёранинг турли нуқталаридаги шу каби воқеалар дарҳол кўздан кечирилгандан кейин ниҳоят экранда матбуот конференцияси ўтказиладиган зал пайдо бўлди. Залда одам лиқ тўла эди. Одамлар деворларга суяниб тик туришар, йўлакларга ўтириб олишган эди. Ҳамманинг кўзи тегишли асбоб-ускуналар билан жиҳозланган саҳнада эди – орбитадаги Филофей кўрсатилиши керак бўлган катта экран саҳнанинг ён томонида залга қия турар эди. Ҳар бири талай микрофонлар қуршовида икки киши – Энтони Юнгер ва телекўрсатувларни олиб борувчи, маълум ва машҳур Уолтер Шермет саҳнадаги стол атрофидан ўрин олишди. Залдагилар ҳаммаси ҳаяжонда – буни сокин ва умидвор чеҳралардан, балқиб турган сергак кўзлардан, чўзилган бўйинлардан ҳам кўрса бўларди. Керак бўлса шайтонни ҳам суратга ола биладиган кўпни кўрган фоторепортёрлар дарёдан сузиб ўтишга мажбур бўлган эчкиларга ўхшаб қўрқа-писа ишга киришишмоқда эди.
Тепакал, башанг кийиниб олган сўзамол Уолтер Шермет касби-кори тақозоси ила табассум қилмоқчи бўлди-ю, уддасидан чиқа олмади. Ҳозир унинг сўзамоллигию артистларга хос бепарволиги ҳам иш бермади. Энтони Юнгер эса, аксинча, хаёлчанлик билан иш тутди. Унинг мусибатдан дили вайрон эканлигидан ва ирода кучи ила ўзини дадил тутгани билан кимнинг не иши бор дейсиз, ахир у Роберт Боркнинг ўрнини босиши, миллион-миллион телетомошабинларнинг кўз ўнгида космосдаги Филофей билан мулоқотда иштирок этиши керак-ку! Бунинг устига кечаси унинг қаллиғи Кэтти онаси билан Дублин шаҳридан келган, матбуот конференцияси деб уларни аэропортда кутиб ололмади. Бу ҳам унинг дилини ғаш қилар эди. Энтони диққат-эътибор билан иш кўрар, ёноқларида ғурралар бўртиб чиққандай эди. Энтони тушунар эди: у ўз қўлида вафот этган Роберт Боркнинг иши ҳақ эканлигига ишонган ҳолда ўз фикрида мудом туриши ёки Ордок қўмондасидан бўлган кечаги оғайниларнинг мазахларию аҳмоқона ҳаракатлари, кўчалардаги ҳуштакбозликлару отилган тошлар дастидан Борк сингари нобуд бўлиши учун тақдир уни воқеалар пешсаҳнасига олиб чиққан эди.
Шу аснода қутқудан ўзини унутган одамлар орасидаги асабий вазият таранглашиб сўнгги нуқтасига етди. Ҳамма энг муҳим пайтни – телеэфирда Филофейнинг пайдо бўлишини кутар, шарҳловчилардан бири айтганидек, уни кўплашиб дунёвий нафрат оловига улоқтириш учун тайёр турар эди. Бу лаҳза тобора яқинлашмоқда. Энди портлатиш олдидан бўлгани каби секундлар кўпликдан озлик сари тескари йўналишда саналмоғи керак эди.
Кундузи куни госпиталда Роберт Боркнинг ўз ажалидан ўлмаганлиги ҳақида хулоса чиқарилганда Жесси кўз ёшларини зўрға тийиб, деди:
— Энтони, агар сени менинг Робертимнинг қисмати кутаётган бўлса, бу йўлдан қайт. Роберт учун ҳақиқат ҳамма нарсадан муҳим эди, у шу йўлда ҳалок бўлди. Сен ўзинг ҳақингда ўйла. Ҳали ёшсан. Сенинг ўн гулингдан бир гулинг очилган эмас. Робертга ўхшаб жонингни тикишинг шартми?
Шу дақиқада суҳбатни давом эттириш осон бўлмаганидан у қисқагина жавоб қилди:
— Мен сизни тушуняпман, Жесси. Лекин Роберт Борк ўз қисматига чап беришни хоҳламаган экан, нега мен чап беришим керак?
Улар госпиталнинг кутиш хонасида катта дераза ёнида, касаллар билан шифокорлардан нарироқда туришар эди. Қуёш ойна орқали хонага шаффоф ёғдусини сочиб турар, осмон ҳам осойишта ва тиниқ эди, сал нарироқда заранг дарахтининг барглари офтоб нурида беозор олтинланмоқда эди... Футурологнинг мусибатдан адо бўлган беваси бирдан кексайиб қолган эди. У дайди дарвишга ўхшаб қолганди. Жесси нима қилишини билмас эди. Аламини йиғидан олар эди. Ўзини тутиб олиш учун бўлса керак, нималарнидир ўзича тўнғиллар, алланималарнигина ўйлар эди.
— Роберт севги икки дарё қўшилгандай гап деб кўп айтар эди. Мен эса кулардим: ўзинг ана шу азим дарёда чўкиб кетасан, Боб, дер эдим. Мана энди тушундим – менинг дарём йўқ. Бу дарё тўхтаб, қуриб қолди, мен эса бўм-бўш қирғоққа улоқтирилдим...
Шу он Жессининг оғзидан қандайдир ғалати, сирли ибора чиқиб кетди:
— Ў, шўрлик китлар, мен виоленчель чалганимда энди сенларни ким эслайди?
Бу сўзлардан Энтони ҳанг-манг бўлиб қолиб, бу билан Жесси нима демоқчи бўлганини сўрамоқчи бўлди-ю ботина олмади. Айрилиқ не кўйларга солмайди одамни деб ўйлаб қолди.
Шундан кейин улар эртагача хайрлашишди. Энтони телеалоқага тайёрланиши керак эди. Вақт жуда кам қолган. Жесси Чикагодан қизи билан куёвининг келишини кутиб госпиталда қолди. Энтонининг омади чопди, госпиталга Дублинга телефон қилиб, сафарга отланаётган Кэтти билан гаплашди, у ҳаяжонда эди – ахир Кэттилар келиши билан тўй масаласини келишиб олиш керак эди-да.
ҳамма ишлар бир вақтга тўғри келиб қолишини ким билибди дейсиз. Эҳтимол, учар юлдузларгина Вақт ва Фазо орқали ўтиб бир-бирлари билан шундай тўқнашишар.
Кэтти билан суҳбатлашишнинг ўзи бўлмади. Кэтти Эн-тонининг қўнғироғини кутиб турди ва унинг ёқимли овози бир зум бахтли онлар бўлиб қулоғига кирди. Кэтти турган-битгани – киприк қоқиши, нафас олиши-ю қадам ташлашигача Энтони учун ҳеч қандай далил-исботсиз бахт эди.
— Бормисан, Энтони?! – деди Кэтти. — Телефон қиласан деб роса кутдим. — Телефондан таниш тафт келгандай туюлди. — Онам билан чорак соатдан кейин йўлга чиқамиз. Қандай, яхши юрибсанми, Энтони? Кутяпсанми?
— Узр, Кэтти. Мен ҳам ўлгудай тажанг бўлдим, сени кўрмай қоламанми деб чўчидим.
— Ҳечқиси йўқ, яқинда дийдор кўришамиз. Шунчаки сенинг овозингни эшитай деган эдим.
— Биласанми, бир муаммо чиқиб қолди. Ҳозир тушунтириб ўтиришга вақт йўқ. Кейин ҳаммасини айтиб бераман. Менинг учун онангдан кечирим сўра: мен сенларни аэропортда кутиб ололмайман. Таксига ўтиринглар.
— Нима гап ўзи, Энтони? Жиддий бир воқеа содир бўлдими?
— Ҳа, бўлганда қандай. Бу узоқ гап. Қисқача айтиб қўяй. Мен бугун кечқурун ҳалок бўлган футуролог Роберт Боркнинг ўрнига матбуот конференциясида иштирок этишим керак.
— Нега энди? Уни дарғазаб намойишчилар ўлдиришди деб радиода хабар беришди. Бунга сенинг нима дахлинг бор?
— Биласанми, мен Филофей билан ўрнатиладиган космик телеалоқанинг меъмори эдим.
— Филофей билан? Ўша, ҳалиги билан-а?
— Ҳа. Ўша билан Роберт Борк гаплашиши керак эди.
— Ҳеч нарса тушунмаяпман, Энтони! ҳеч нарса!
— Кейин ҳаммасини айтиб бераман. Шундай бўп қолдики, Филофей билан энди мен суҳбатлашаман, кейин сенга ва онангга тушунтириб бераман, лекин бошқа иложи йўқ.
Кэттининг овози пасайиб қолди ва унинг кафти билан телефон дастасини тўсиб турганини сезди:
— Яхши, Энтони. Кейин айтиб берасан. Мен онамга ҳозирча ҳеч нима демай тураман. У жуда ҳаяжонда, дарғазаб – қандайдир эси паст космосдан туриб бутун дунёни алғов-далғов қилса-я, дейди. Ҳар ҳолда хурсанд эмас.
— Мен онангнинг ҳам, сенинг ҳам ҳолингга тушуниб турибман, — жавоб берди Энтони. — Лекин ўтиниб сўрайман, Кэтти, онанг бўлар-бўлмасга ташвиш тортмасин. Кейин ҳаммасини ипидан игнасигача гапириб бераман. Мен сени кутавериб кўзим тешилди. Сени севаман. Аэропортда таксига ўтириб тўғри бизникига бораверинглар. Матбуот конференцияси тугади дегунча, қўнғироқ қиламан ва учрашамиз. Ҳаяллаб қолманглар, самолётга улгуриш керак. Ҳозирча хайр, сени ўпиб, севгилинг Энтони.
— Ҳозирча хайр, Энтони, ҳозирча... Ҳамма ишларинг ўнгидан келсин... Мен доимо сен билан биргаман.
— Мен ҳам... Кутаман...
Энтони Юнгер саҳнада ўтираркан Кэтти онаси билан Ирландиядан учган самолёт ҳозир Атлантика соҳилига яқинлашган бўлса керак деб ўйлади.
Залда эса шу пайтда космик телеалоқа ишлай бошлашига саноқли секундлар қолган эди. Бутун дунёда инсониятнинг тинчини бузган Филофей исмли бир шахс жамоат ҳукми олдида жавоб беради, дакки ейди.
Бугун кун бўйи Энтони Юнгерга бир фикр тинчлик бермас эди: “Борди-ю бизнинг оиламизда ҳам шундай бахтсизлик рўй берса, яъни Кэттида Кассандра тамғаси нишон бериб қолса-чи? Унда нима бўлади? Ўшанда нима қиламиз? Ахир бундан ҳеч ким қочиб қутула олмайди, биронта аёл ҳам. Ҳеч кимнинг ўз генотипида кассандра-эмбрионликдан қўрқмасдан иложи йўқ.”
Шу пайтда бутун зал космосдан бериладиган кўрсатувнинг бошланишини ҳаяжон билан кутмоқда эди, трансляция сигнали овоз бериб, экран ёриша бошлаши билан кўплар сесканиб тушишди. Пашша учса овози эшитиладиган жимлик бошланди. Кўрсатувни олиб борувчи диктор шоша-пиша халойиққа мурожаат қилди:
— Шундай қилиб, ўзини самовий роҳиб Филофей деб атаган олимнинг орбитал станциядан туриб ўтказаётган матбуот конференциясини олиб кўрсатамиз. Ҳаммага маълум бўлган фактларни – Филофейнинг Рим папасига йўллаган фавқулодда мурожаатини, шундан сўнг рўй берган фожеий воқеаларни эслатиб ўтирмаймиз. Ҳозир диққат қилишларингизни сўрайман...
Экранда тасвирлар дастлаб ёйилиб хира кўринди ва бир оздан сўнг ҳамма нарса равшан кўрина бошлади – экранда ҳаммага маълум ва машҳур кишининг афти-ангори кўринди. Ҳали ҳеч ким оғиз очмасданоқ фоторепортёрлар ўринларидан туриб экрандан Филофейни суратга ола бошладилар.
Уолтер Шермет фотоаппаратларнинг чақмоқларию шарақ-шуруқларини ёриб ўтиб, норозилик билдиришга мажбур бўлди:
— Тартиб сақлашларингизни илтимос қиламан. Кўзимизни қамаштириб қўйманглар. Биз иш бошлаймиз.
Фотоаппаратларнинг чақмоқлари бир оз камайиши билан Филофейнинг юз-кўзи йирик кўрина бошлади, у космосдан худди шу ерга яқин келиб қолгандай эди. Ҳамма ҳаяжонда. Одамларнинг кўз ўнгида Филофей бутун борлиғи билан намоён бўлди – бу буюк пайғамбарми, ақлдан озган улкан олимми ёки шайтони лаинми – ким билсин! Мана, жазава ва мусибатларга сабаб бўлган одам! Мана, осмондан туриб хотинларга зондаж-нурлар юбориб нурлантирган олим! Мана, Кассандра тамғаси ҳақидаги мудҳиш таълимотнинг муаллифи!
Кўринишига қараганда Филофей эллик ёшдан сал ошган. Юзи чўзинчоқ, малла сочлари елкасига тушган. Тўқ сариқ сийрак соқолига оқ оралаган. У экранда елкасига йўлхалта кўтариб, қўлига ҳасса ушлаб олган ва мўлжалга тўғри кетаяптими-йўқми эканлигини аниқлаш учун бир лаҳза тўхтаган йўловчига ўхшар эди. Кеч бўлиб қолди, манзилга етиб олармикин? Нигоҳидан ташвиш тортган диққат-эътиборли ва бир мақсадга интилувчан одам кўринади. Энтони Юнгер уни худди шундай тасаввур қилар эди ва тахмини тўғри чиққанидан хурсанд ҳам бўлди. Самовий роҳибнинг антиқа бўй-басти орбитал станциянинг ички безакларига ярашиб тушган. Филофей дадил ва ишнинг кўзини биладиган одам-ов! Ердан талай узоқда эканлиги ҳамда бирдан бир эрмагию овунчоғи бўлиб қолган севимли иши туфайли шундай сифат касб этгандир. Чуқур ажинлар, осилган қовоғи, тикилиб боқадиган кўк кўзлари қандайдир жозибадор, айни вақтда ғамгин туюларди.
Кўрсатувнинг дастлабки лаҳзаларида Энтони Юнгер Филофей инглиз тилида яхшироқ гапира оладими-йўқми деб ҳам безовталанган эди: одам чет тилда саводли ёза билса ҳам, айниқса кўпчилик олдида бемалол гапира олмаслиги мумкин-ку! Бироқ Филофейнинг дастлабки ибораларини эшитибоқ Энтони хотиржам бўлди — россиялик самовий роҳиб талаффузини ҳисобга олмаганда инглиз тилида бемалол гапира оларкан.
Суҳбат шитоб билан бошланди. Уолтер Шермет сохта хотиржамлик ва жиндек мутойиба билан деди;
— Салом, биродаримиз Филофей! Узр, сизга шундай деб мурожаат қилсак бўлармикан, а лаббай?
— Ҳа, шундай деяверинг, — жавоб берди самовий роҳиб ва қўшиб қўйди: — Хоҳлаган кишига мен биродарман.
— Борди-ю ҳамма ҳам биродарлашишни хоҳлашмаса-чи? — қочириқ қилди Уолтер Шермет.
— Ундай бўлса, ҳар ким ўзи билади. Ҳечқиси йўқ. Лекин мени мақбул кўрмаганлар учун ҳам мен ўзимни биродар деб билавераман.
— Нима учун сиз бу ҳақда ишонч билан гапирасиз? Бу билан ўзингизни бизнинг гуноҳкор дунёмиздан устун қўймоқчи эмасмисиз?
— Менинг вазифам — менга ким қандай муносабатда бўлмасин ҳар бир кишига ҳамдард бўлишдир.
— Шундай бўла қолсин. Бироқ учрашувимизни шу соҳада ўзаро муносабатларни аниқлашдан бошламайлик, — деди Уолтер Шермет гапга тўн кийдиришни давом эттириб. — Бундан ҳам жиддийроқ, сиз тушунсангиз керак, бундан ҳам қўрқинчлироқ нарсалар борки, булар бевосита сиз билан, биродар Филофей, Сизнинг, орбитал станциядаги илмий фаолиятингиз билан боғлиқдир. Биз матбуот конференциясига худди ана шунинг учун йиғилганмиз. Ҳа, лекин ишни бошлаш учун иштирокчиларни таништириб қўяй. Залда – журналистларнинг энг зўрлари йиғилган. Бевосита телекўрсатув бўлаётир. Мен конференцияни бошқарувчи Уолтер Шерметман. Ёнимда – Энтони Юнгер. У бугун эрталаб оммавий ғалаёнлар вақтида ҳалок бўлган футуролог Роберт Борк ўрнига телеалоқада иштирок этмоқда. Кечирасиз, нарсаларни ўз номлари билан айтишга тўғри келади: ана шу фожеий воқеаларга худди сиз сабабчисиз. Ҳали, Энтони Юнгер ўзини ўзи таништиради ва ўз фикрини айтади.
— Раҳмат, Уолтер Шермет. Мен Энтони Юнгерни танийман, — деб унинг сўзини бўлди Филофей, Юнгер томонга қарар экан. — Мен Энтони Юнгерни телетрансляция қилинган сайловолди митингидан бошлаб танийман. Мен бехосдан сизнинг сўзингизни бўлдим, гапиришга рухсат этасиз, мен бу дақиқани, бу учрашувни, сиз тилга олган нарсаларни гапириб бериш имкониятини, одамларнинг ақл-идрокларида ва дилларида аланга олган ёнғин ёлқинларининг космосга қандай етиб борганини ҳикоя қилиб бериш пайтини кутар эдим. Ҳа, бу ёнғинни мен аланга олдирдим. Ҳа, шундай. Лекин мен машъалани бидъатчиларни гулханда ёқиш учун олиб келган эмасман, мен одамларнинг дилларини ёритаман деб ўйлаган эдим. Бўлмади. Ҳаммаси зулматга айланди. Энди нажот йўқ деб қўрқаман. Менинг ёшимда бундай дейиш, эҳтимол, соддадилликдир, ҳақиқат ғалаба қилади деб ўйлаган эдим. Янглишибман. Дилларнинг ёришиши ўрнига ҳамма жойда алғов-далғов ва ғулғулага сабаб бўлдим. Буларнинг ҳаммасини телевизоримнинг экранида кўриб турибман. Бугун Ньюберида бўлиб ўтган ҳодисани ҳам кўрдим. Мен Роберт Борк билан телевидение орқали учрашаман, у билан сўзлашаман, деб ўйлаган эдим, лекин бу одамнинг ўз ҳовлисида ваҳшийларча ўлдирилишининг гувоҳи бўлдим. Руслар айтганларидек, беъмани ва шафқатсиз исён рўй берди. Бу ҳам менинг айбим билан бўлди! Худо томонидан менга юборилган ҳамфикримнинг ҳалок қилинишига космосда туриб бевосита сабабчи бўлдим. Одамлар, мен сизларнинг олдиларингизда тиз чўкаман! Лекин менинг энди тавба-тазарру қилишим бир пул. Ҳалок бўлган Роберт Боркни ҳеч нима билан тирилтириб бўлмайди, агар шундай қилишнинг иложи бўлса эди, мен ўзимни ҳозир қурбон қилишга тайёрман. Қанди энди...
Саволларингизга жавоб беришдан олдин мен яна бундай демоқчи эдим. Эҳтимол, залнинг барча саволларига жавоб бериб улгурмаслигим мумкин, олдиндан кечирим сўрайман. Мен кетаман, сизлар яшайсизлар, яшамоқ – саволларга жавобларни ўзи топиш демакдир. Мени тушунинглар, лозим топсангизлар, кечиринглар. Менинг пировардида бирдан-бир айтмоқчи бўлганим: кашфиётларимни ҳамманинг мулкига айлантирган эканман, мен буни шон-шуҳрат учун ҳам, нафсоният учун ҳам, бошқалардан афзал бўлиш учун ҳам қилган эмасман, агар мен шундай қилмаганимда, бу кашфиётлар оқибатсиз қолиб кетавериши ва дунё олдингидай бахтли ғафлатда яшайвериши мумкин эди. Биз доимий равишда такомиллашиб борадиган билимимиз орқали дунё сирларини оча бориш учун абадийликнинг мазмун ва моҳияти сифатида яратилган эмасмикинмиз, акс ҳолда дунёсининг нима кераги бор, заифлигимиз ва инжиқликларимиз туфайли қулай пайт пойлаб ҳақиқатдан юз ўгираверсак, абадийлик бизга кераксиз ва сирли қолаверадиган бўлса, абадийликдан на мурод? Биз ақлли мавжудотларнинг мақомини ерга урмаяпмизми – ахир бизсиз худолар худо эмас, бизсиз модда ҳеч нима эмас-ку! Агар биз “ахборот – тараққиёт йўлидир” дейдиган бўлсак, абадийликнинг моҳияти янгидан янги ва кенг қамровли узлуксиз ахборотлар оқимида эмасмикин? Цивилизациянинг абадийлиги – билимлар абадийлигидадир. Лекин биз ўз манфаатимиз йўлида, яъни ҳақиқатга хилоф ўлароқ билимга чап берсак, биз ўта ардоқли абадийликка чап берган бўлмасмикинмиз?
Мен конференцияда иштирок этаётганлардан аслида мутлақ конкрет нарсалар юзасидан мавҳум мулоҳаза юритганим учун кечирим сўрайман, лекин биз бугун Роберт Боркни ўлдирган эканмиз, у билан абадийлигимизнинг бир қисмини ҳам нобуд қилдик. Афв этасиз, мен хоҳлар эдимки...
— Рухсат этасиз, рухсат этасиз, биродаримиз Филофей! – унинг гапини бўлди Уолтер Шермет ўзини зўрға тутиб. – Юксак моддалар ҳақида мулоҳаза юритиш дуруст, албатта, фалсафаси мароқли. Лекин биз туғилиш мўъжизасига бош суқиб қолдик, – мен ҳомиладор аёлларда Кассандра тамғасининг пайдо бўлишига олиб келадиган самовий экспериментларингизни назарда тутаётирман. Сиз бизнинг ўзлигимизга ножоиз тазйиқ кўрсатаётирсиз. Сиз бизларни осмондан туриб назорат остига олмоқчисиз. Эслатиб қўйишга журъат этаман, бунга Ерда деярли ҳеч ким рози бўлмайди. Ҳа, ерда, бизнинг осий еримизда, сиз осмони фалакда туриб фикр юритманг, сиз дарғазаб одамлардан йироқдасиз. Улар ғазаб отига минишга тамомила ҳақлидирлар. Афв этасиз, мен ўз нуқтаи назаримни аён қилиб қўйяпман. Лекин ҳозирги ҳолатда таомил ҳақида, конференцияни бошқарувчининг одоб-ахлоқи тўғрисида сўз бўлиши мумкин эмас. Сизнинг кирдикорларингизга қарши норозилик билдирмасдан иложим йўқ. Сиз ҳар қандай эзгу ниятларни кўзламанг, ўзингизнинг илмий кашфиётларингиз билан, айтган бўлур эдимки, калондимоғлигингиз йўлида сайёра аҳлини ёппасига изтиробга солишга сизга ким рухсат этди, қандай куч илҳом берди?! Бу шаккоклик эмасми, айниқса роҳиб, Россия руҳонийлари айтганларидек, сохта роҳиб бўлсангиз. Сиз Худонинг қудратига шак келтирмаяпсизми? Инжилда ўзларингдан кўпайинглар, ували-жували бўлинглар дейилган-ку! Бу ҳеч қандай писандасиз айтилган. Сиз бўлсангиз ҳеч ким назорат қила олмайдиган нарсани тафтиш этишга журъат этдингиз. Сиз туғилиш сирини дўзахи кучларга қурбон қилмадингизми? Менимча, худди шундай қилдингиз! Агар бу ҳақда мистер Ордок бир сиёсатчи сифатида гапирган бўлса, мен кўп миллионли аудитория фикрини ифодалайдиган журналист сифатида гапираётирман.
Бирдан залда шовқин кўтарилди. Бу қандайдир ғалати манзарани эслатар эди: журналистлар сакраб туриб, микрофонларга отилар, гўё Филофей шу саҳнада тургандай унга қўллари билан ўқталар эдилар, Филофей бўлса, экранда лабларини ва кўзларини қисиб, босиқлик билан уларнинг гапларини бамайлихотир эшитиб турар эди.
Унинг юзи асабдан тортишиб кетганлиги сезилди. Бу учрашувни матбуот конференцияси деб аташга тилинг бормайди. Эҳтиросларнинг қутуришига қараганда конференция митингдан фарқ қилмас эди. Кимки бир амаллаб микрофонга етиб борган бўлса ўзининг исми-шарифини, газетасини, ахборот агентлигини айтиб бўлиши биланоқ самовий роҳибни жавобгарликка тортишни талаб қилар эди. Ҳеч қандай фалсафанинг ҳожати йўқ, ҳаёт тажрибасидан аъло нарса борми? Филофейни оғиз очишга қўйишмади. Унинг мазаси қочди шекилли экранда кўринмай қолди. Залда қий-чув кўтарилди. Экрандан тасвир йўқолди.
— Қаёққа кетдингиз? Сизга нима бўлди, — қичқирди Уолтер Шермет. Шу пайтда у яна пайдо бўлди, бу сафар унинг қўлида космонавтларнинг скафандри бор эди.
Залда бир зум овозлар тинди. Ҳамма ҳанг-манг бўлиб қолди. Филофей эса индамасдан скафандрни кия бошлади. Энтони Юнгер бу жимлик пайтидан фойдаланди. У ўрнидан туриб, залга мурожаат қила бошлади:
— Менинг сўзларимга қулоқ солишларингизни сўрайман, чунки мен телеалоқани ўрнатувчиларнинг бириман. Шу муносабат билан менинг ҳам ўз бурчларим ва ҳуқуқларим бор. Биринчи навбатда Уолтер Шерметга айтмоқчиманки, матбуот конференциясини давом эттиришни менга берсангиз. Сиз айтадиганингизни айтиб олдингиз, Уолтер Шермет. Залда бўлаётган воқеа, афсуски, журналистларнинг касбий учрашувларига мутлақо ўхшамайди. Матбуот конференциясида савол-жавоб деган нарсалар бўларди. Ҳозирча шу касбга оид саволлар қулоққа чалинмади. Ҳиссиёт мантиқни босиб кетди. Мен матбуот конференцияларида кўп бўлганман, лекин бунақасини кўрмаганман. Ҳатто Форс қўлтиғида яқинда бўлган уруш пайтида ҳам хилма-хил саволлар турли мавзуларни ифода этган эди. Ҳозир эса ҳамма жўр бўлиб ашула айтаётганга ўхшайди. Ва ҳамма бир бўлиб бир ҳукм чиқаришаётир.
— Рухсат этинг, Энтони Юнгер, — бардош бера олмади Уолтер Шермет, — ундай бўлса нега энди сиз бутун залдагиларга, залдагиларгагина эмас, балки бутун дунёга ўз фикрингизни ўтказмоқчи бўласиз. Нима учун айни вақтда учрашувнинг бошқа иштирокчиларини ўз нуқтаи назарини баён этиш ҳуқуқидан маҳрум қиласиз?!
— Муҳтарам Уолтер Шермет, мен тушуниб турибман, ҳозир вазият шундайки, кўз очиб юмгунча катта бир сиёсий капитал жамғариш, телевидение орқали халқ оммасига ўзининг содиқ эканини изҳор қилиш, жамиятнинг ҳимоячиси бўлиб чиқиш мумкин, шундай эмасми? Лекин бу билан ҳақиқат юзага чиқмайди. Вазият бошқа. Шунинг учун ҳали кеч эмас экан, сиёсатдан, унинг васвасаларидан воз кечишга, агар қўлимиздан келса, севикли сиёсатимиздан, унинг ҳар қандай шаклидан узоқроқ юришга чақираман, акс ҳолда биз муаммонинг туб моҳиятига етиб бора олмаймиз. Ҳақиқатга етиш жасорат ва амалийликни талаб қилади.
— Хўш, сизнинг ҳақиқатингиз ва жасоратингиз нимада? – залдан кимдир қичқирди.
Уолтер Шермет қаноат ҳосил қилгандай калласини қимирлатди ва бошқаларнинг ғашига тегадиган бир тарзда жилмайиб қўйди. Зал сергак тортиб, жимиб қолди.
— Жасоратга келганда, — деди Энтони Юнгер жимликдан фойдаланиб дона-дона сўзлар экан, — бу ҳақда мен гапирмай, чунки ўзимни жасоратли деб ҳисоблайман. Ишга келайлик. Мана бизнинг кўз ўнгимизда экранда буюк илмий кашфиёт, айтган бўлур эдимки, тарихда мислсиз кашфиёт қилган киши турибди. Бу кашфиёт бизга ёқадими йўқми – бу бошқа масала. Буни фан дейдилар. Биродаримиз Филофей – у мен учун ота, ота Филофей – кассандра-эмбрионларнинг инсоният учун аҳамиятини тушуниш йўлида бизнинг кўзимизни очишга ҳаракат қилмоқда. Бугун оломон қўлидан вафот этган бизнинг яна бир машҳур замондошимиз футуролог Роберт Борк Филофей кашфиётини Инсоният руҳияти тадрижий тараққиётида янги қадам деб баҳолаган эди. У бу ҳақда матбуотда ёзди. Бу эса унинг охирги сўзи, васияти бўлиб қолди. Мен бу ҳақдаги фикримни янги бир баҳо, янги бир хулоса дейишдан йироқман, лекин айтадиган гапим шуки, ўзимизнинг ўткинчи манфаатларимиз йўлида кассандра-эмбрионлар муаммосини инкор этишимиз инсофдан эмас. Гап ана шу ҳақда бораётир. Ҳозир ҳам ўз-ўзимизга ва маълум сабабларга кўра Филофей отанинг ўзларига савол берайлик. Эндиликда ҳамма биладиган ўша кассандра-эмбрионлар шахси олдида инсон бундан буён нима қилиши керак?
— Мистер Юнгер, — деди ўтирган аёллардан бири, — кечирасиз-у, масалани қўйишга сиз жуда фаол чиқиб қолмадингизми? Гап қандай шахс, хусусан эмбрионал шахс ҳақида кетаётир, сиз профессионал саволлар кутмоқдасиз. Марҳамат қилиб жавоб беринг-чи, ҳамманинг ўтакасини ёриб иложсиз-умидсиз бир аҳволга солишда давом этаётганингиз миллион-миллион газетхонлар ҳамда телетомошабинлар учун, матбуот учун лўнда қилиб аниқ қилиб жавоб беринг-чи бирон жон илтимос қилмаган ҳолда сиз Филофей иккалангиз нима учун шу ҳалокатли муаммони жамиятнинг бўйнига осмоқчи бўлаяпсанлар?
— Илтимос қилишганда қандай, хоним. Биргина руҳ эмас, сон-саноқсиз руҳлар сўрашяпти. Ҳомилалар бизга нажот сўраб мурожаат қилишмоқда, бизларнинг ҳаммамизни қулоқ солишга ва ўзлари ҳақидагина эмас, биз билан сиз – Ҳаммамиз ҳақида ўйлаб кўришга чорламоқда, биз бўлса уларга ҳам, ўзимизга ҳам жавоб беришдан бош тортаётирмиз, иродасизлик қилаётирмиз, ҳар ҳолда ёлғонни пеш қилиб бўлса ҳам шўрлик эмбрионларга чап бериб кетиш осон-да! Бунда биз ҳаммамиз, биз билан сиз ҳам, хоним, ўтган аждодларимиз билан бирга гуноҳкормиз. Ҳаммамизга қаратилган бу овозлар, такрор айтаман, тинглашга, ўрганишга, таҳлил қилинишга муҳтождир, бу буюк Филофейнинг кашфиётидир. Мен бу инсоннинг буюклигини юзига айтмоқчиман, мана, экранда кўз ўнгимизда турибди, лекин менинг бошқа иложим йўқ. Ҳа, у буюк зот. Сиз мендан, ўз иборангиз билан айтганда, биз жамиятнинг бўйнига осмоқчи бўлган ҳалокатли муаммони тушунтириб беришимни қаттиқ туриб талаб қилмоқдасиз. Айтайлик, Эйнштейн нисбийлик назариясини мажбурий равишда кашф қила олармиди? Филофей ҳам худди шундай – бу олим, бу фан, бу истеъдод, бу башо-рат, бу тажрибалар ва кашфиётлар, бу ақл-заковат. Мен шундай деб тушунаман. Тоғ ортидан қуёшнинг чиқишига монелик қилиб бўлмаганидай, бундай кашфиётга ҳам қаршилик кўрсатиб бўлмайди. Биз одамлар, яъни жамият ўз мавқеимизни аниқлаб олишимиз керак – гап ана шу ҳақда бораётир. Биз ўз-ўзимизга айтишимиз керакки... Инсониятга бундан буён ҳаётнинг янги дастури лозим.
Худди шу пайтда Уолтер Шермет ёнидаги телефон дастагини кўтарди-да, кимгадир қисқа луқма ташлади:
— Коммутатор, тайёрмисиз? – ва телефон дастасини қўяр-қўймасдан асабий бир ҳолатда Энтони Юнгерга мурожаат қилди: — Сиз Филофей билан қилган сафсатангизга халқаро жамоатчиликнинг жавобини эшитишни хоҳлайсизми? Сиз ишонч ҳосил қилмоқчимисиз?
— Сиз нимани назарда тутаётирсиз?
— Матбуот конференциясига бўлаётган акс садони назарда тутаётирман. Конференциямиз дунёнинг турли бурчакларидаги шаҳарларнинг майдонларида таржимаси билан намойиш қилинаётир. Қани ҳаммамиз, биргаликда сайёрамизда нима бўлаётганини, роҳиб Филофей билан унинг ҳамфикрларининг мулоҳазаларига кишиларнинг муносабатини ўз кўзимиз билан кўрайлик. Яна бир бор такрорлайман – дунёнинг турли нуқталарида, турли тилларда кишиларнинг муносабати билан танишайлик. Шундай қилиб диққат! – деб команда берди телефон дастурига. – Марказий мониторни ишлатинглар. Бошладик. Дастлаб Тяньаньмень майдонидан олиб кўрсатинглар, дунёда аҳолиси энг кўп давлатнинг пойтахти Пекин шаҳрида нималар бўлаётганини кўрайлик.
Саҳнанинг марказида ёғдуланиб турган катта экранда сон-саноқсиз одамлар изғиб юрган Тяньаньмень майдони. Бинонинг олд томонида Мао Цзедуннинг улкан сурати кўзга ташланади. Маонинг маъноли нигоҳи остида турган майдондаги даҳшатли қиёмат – аросат қутурган одам уммонини эслатарди. Хитойлар ёнғинда қолгандай қаттиқ жазава билан бақириб-чақиришмоқда. Шарҳловчининг гапига қараганда майдонда худди шундай воқеа 1989 йилда талабалар ғалаёнларини бостириш пайтида бўлиб ўтган эди. “Тяньаньменнинг жўр овозига қулоқ осинг, — деди сўзида давом этар экан шарҳловчи, — сўзма-сўз келтираман: “Филофейга ўлим! Социализм душмани ракета билан уриб туширилсин!”
Зал Филофейга, унинг экранда ҳам кўзга ташланадиган бўздек оқарган юзига, микрофон олдида тош қотиб турган Энтони Юнгерга, Уолтер Шерметга боқар эди, Шермет команда берар эди:
— Энди Москвани, Қизил майдонни кўрайлик! Диққат!
Қизил майдонда ҳам худди шундай манзара. Саҳар пайти. Гулханлар ёниб турибди. Оломон қичқирмоқда: “Сохта роҳиб Филофейга ўлим!” – “Иғвогар ракета билан уриб туширилсин!” Ана шундай оловланган қий-чув оломон устида бойқушга жуда ўхшаб кетадиган тунги қуш экранда лип-лип учиб кўзга ташланди. Бу қуш оёғи тушаб қўйилгандай мавзолей устида, Кремль девори бўйлаб наъра тортаётган оломон устида у ёқдан бу ёққа учар эди.
Уолтер Шермет Ер шарининг бошқа нуқталаридан олиб кўрсатиш учун шаҳд билан Берлин, Варшава, Монреаль, Рио-де-Жанейро дея буйруқлар берар ва ҳамма жойда худди шундай ҳолат, худди шундай дод-фарёд, ҳайқириқлар эшитилар ва ўша “Филофейга ўлим”, “Аблаҳ ракета билан уриб туширилсин!” деган ҳукмлар янграрди.
— Етар, бас! Менга сўз беринглар! – чап томондаги экрандан Филофейнинг овози эшитилди.
— Ҳа, қулоғимиз сизда, биродар Филофей! — деди Уолтер Шермет бамайлихотирлик билан. Қоматини ростлаб “Сиз амалдаги демократияни кўргач, энди нима дейсиз?” деганда Шерметнинг тепакали зафарли ярқирагандай бўлди.
— Кўнгилимга тугиб юрган нарсаларни айтаман, — деб жавоб берди Филофей. Унинг афти-ангоридан қандайдир ҳодиса олдида эканлиги унинг нимагадир жазм қилганлиги сезилиб турарди. — Мен сиздан миннатдорман, мистер Уолтер Шермет, сиз дунёнинг турли бурчакларидан репортаж уюштирдингиз. Энди ҳеч қандай шубҳага ўрин қолмади. Манзара мутлақ ойдинлашди — мен бутунлай мағлуб бўлдим. Мен инсоният диққатини ҳалокатдан қутилиш мумкинлигига ва ҳатто тадрижий тараққиётнинг янги бир босқичида эришиш имкониятига қаратмоқчи бўлдим. Бунинг учун битта йўл бор — у ҳам бўлса кассандра-эмбрионларнинг охирзамон ҳақидаги ишораларига қулоқ солиш ва умуман жамиятни, жумладан, ҳар бирингизни такомиллаштириш зарурлиги ҳақида хулосалар чиқаришдир. Мана оқибат — менинг уринишларимдан ҳеч нима чиқмади. Замондошларнинг менинг чақириқларимга муносабати охир-оқибатда салбий бўлиб чиқди. Тан оламан — мен мағлуб бўлдим. Ва мунозарани давом эттиришга ҳожат йўқ. Бўлди, нуқта қўйилсин.
— Биродар Филофей, мана энди сиз ҳақиқий вазиятни ҳисобга олаётирсиз, гап ана шу ҳақда бораётир: одамларни хотиржам қилиш, жамоатчиликка таскин беришга тўғри келади, шундай эмасми? — деди Уолтер Шермет.
— Ҳа, шундай — розилик билдирди Филофей. — Роберт Боркнинг ўлдирилишига олиб келган мислсиз ғалаён учун худо олдида ҳам, бандаси олдида ҳам мен гуноҳкорман. Мана вақти-соати етди — қилмиш учун интиқом пайти келди. Мен шунга хурсандманки, умримнинг сўнгги дамларида одамларнинг кўз ўнгида бўлиш имкониятига эгаман ва улар менинг тавба-тазаррумнинг самимий эканлигига ишонч ҳосил қилишлари мумкин.
— Биродаримиз Филофей, — деб яна бурнини суқди Уолтер Шермет, ўзини бутун дунё кўриб турганига ва ҳар бир сўзи олтин баробарида эканлигига ишонч ҳосил қилиб. — Биродаримиз Филофей, — такрорлади у, — шахсан сиздан бизга ҳеч нарса керак эмас. Омманинг ғазаби чексиз, бу рост гап, лекин бунга ўзингиз айбдорсиз.
— Ҳа, ҳа, ҳақ гап, — жавоб берди Филофей. — Яхши сўзларингиз учун раҳмат, лекин менинг қилмишим унча-мунчалардан эмас. Мен бунга жавоб бермоғим даркор. Дунё менинг кашфиётимни қабул айлагундай бўлса, ғояларимни руҳнинг ўзини ўзи янгича тушуниши деб билгудай бўлса, муродимга етишишимга ёки бўлмаса, қақшатқич зарба еб, ўз кашфиётимнинг қурбони бўлишимга ақлим етар эди. Бошқача бўлиши мумкин эмас эди. Мен таваккал қилган эдим. Сўнгги сўзим шу. Мен одамларга ёмонлик соғинмоқчи эмас эдим. Лекин амалда бошқача бўлиб чиқди. Яхши ният ёмонликка айланиб кетди. Энди ҳаммамиз ана шу ёвузлик қаршисида ожизмиз. Бироқ мен кашфиётнинг ўзидан, кассандра-эмбрионлар феноменидан, улар дунёнинг охир бўлиши хабарчиси деган фикримдан ҳеч қачон воз кечмайман; кишилар билиб қўйишсин: охирзамон ўзларимизда ёвузликнинг муттасил жамғарилиб боришидан, ўзларимизнинг қилмиш-қидирмишларимиздан, ниятларимизу мақсадларимиздандир; буларнинг ҳаммаси одамнинг генетик кодига таъсир эътиб, буҳронни яқинлаштиради. Пешона деворга теккандан кейин кеч бўлади...
Залда шовқин кўтарилди. Қаҳр-ғазабга тўла овозлар жаранглади. Ўтирганлардан биттаси микрофонга келиб жон-жаҳди билан бақира кетди:
— Дўқ-пўписани тўхтатинг! Лақиллатганингиз етар! ҳамма эшитиб қўйсин: бу самода туриб инсоният устидан ҳукмронлик қилмоқчи бўлиб юрган шайтони лаиндир. Ҳа, ҳа, ўтмишнинг ҳокими мутлақлари ана шундай қудрати мутлақ ҳақида хаёл сурганлар, бутун дунёда ҳукмрон бўлишни орзу қилганлар, инчунин бу ўша Гитлер, ўша Сталин. Улар қон кечиб келиб, қон кечиб кетганлар. Бу эса самодан туриб товламачилик қилиш билан дунёда ҳукмрон бўлмоқчи. Ҳозир у халқ нафратидан йироқ, ана шуни билиб туриб, инсониятга зулм ўтказмоқда!
Энтони Юнгер чидаб тура олмай микрофонга отилди:
— Мистер, сизнинг ким эканлигингизни мен билмайман микрофонга қараб томоғингизни йиртишдан олдин йўқ деганда ўзингизни таништирсангиз-чи!
— Менинг исмим ўлгудай жўн — Смит, Жон Смит.
— Бу бошқа гап, Жон Смит! Сиз билибми-билмасданми, ишнинг моҳиятини нотўғри талқин қилаётирсиз, сизнинг озодлигингизни-ю ҳуқуқингизни ҳеч ким поймол қилмаётир. Сиз хоҳлаганингиздай яшайверишингиз мумкин. Бироқ кашфиёт қилган, кишилик тарихида энг буюк кашфиёт қилган олим сизнинг беташвиш, бамайлихотир яшашингиз учунгина ўзининг илмий тадқиқотларининг натижаларини жамиятдан яшира олмади ва у буни яширмаслиги шарт эди. Филофейни ҳақиқатдан, ўзликдан воз кечишга мажбур қилса бўлар, лекин воқеа воқелигича қолаверади — кассандра-эмбрионлар яшайверади. Кассандра тамғаси бундан буён ўзимиздаги ёвузлик нишонаси бўлиб қолаверади. Ва биз ўзимизга фириб бермаслигимиз, бор нарсани ўзимиздан яширмаслигимиз даркор. Аксинча, биз, аниқроқ нима десам экан, ҳарбийлар тили билан айтганда, ўққа кўкрагимизни тутишимиз керак...
— Нима деяпсиз?! Шундай деб бўладими — ўққа кўкрак тутиш керак эмиш! Ким кўкрак тутади? Аёллар экан-да, — бутун залда хотин-қизлар гув этиб дод-вой солишди. — Сиз фақат эркакларнинг манфаатини кўзлайдиган худбин экансиз! Хотин-қизларнинг иштирокисиз иш битиришга эркакларга ким рухсат берди! Бу ерда ҳам лаънати патриархат иш бераётир! Мен шахсан ўққа кўкрак тутмайман! Ўша жирканчни, иснодни пешонамга тамға қилиб босиб юрмоқчи эмасман.
— Кечирим сўрайман! — экрандан Филофейнинг овози чиқди. — Кечирасиз. Худо ҳақи, мен сизнинг сўзингизни бўлмоқчи эмас эдим, лекин айтмасдан тура олмайман: Кассандра аломати — нуқсон ҳам, иснод ҳам эмас. Асло, мен тушунтириб бердим: бу кассандра-эмбрионнинг одам боласида авлоддан-авлодга жамғарилиб борилаётган ёвузликка муносабати, бу биз билан сизни огоҳ қилаётир. Дунё охир бўлишининг сабаби ўзимизда — Кассандра тамғаси ана шундай нишонадир. Илтимос, тинчланингиз. Шу дақиқада мени эшитиб турганларнинг ҳаммасидан ўтиниб сўрайман, охирги видолашув сўзимни айтиб олишга рухсат этгайсиз. Сўнгги бир кечаю кундузда кўрганларим, эштганларим менинг кашфиётимнинг жуда барвақт, бемаҳал эканини, бу кашфиёт замондошларимизга тушуниксиз эканини кўрсатди. Ва шунинг учун мен йўқолишга, ҳаётдан кетишга, яхшилик билан, эзгулик билан, тинчлик билан фонийликдан боқийликка рихлат этишга қатъий қарор қилдим, буни мен ҳеч ким халақит бермайдиган космосда қиламан. Ана шу дақиқаларда мени эшитиб, кўриб турган ёки мени кейинроқ билиб оладиган инсонлар олдида ўз айбимга иқрор бўлмоқчиман. Мен энг мусаффо ниятлар билан иш кўрган бўлсам ҳам сизларни қийноққа солиб қўйдим. Энди ҳаётдан кўз юмаётирман. Мен ҳозир очиқ фазога чиқаман. Шундай қилиб ҳаётимга якун ясайман. Буни тақдир дейдилар. Мен бундай ўлимга тайёрман, бошимга шлём кийсам бўлди. Мен Пушкиннинг “Ўша, булутдан юксак ҳужрага Худога қўшни бўлиб яширинсам” деган чақириғига кўра интилиб самовий ҳужрамни тарк этишдан олдин, яъни сўнгги қадам ташлашимдан илгари мени кўриб ва эшитиб турган барча одамларни ишонтириб айтмоқчиманки, сайёрага зондаж-нурлар тарқатиб турган барча асбоб-ускуналарни ўз қўлим билан йўқ қилдим. Барча ҳисоб-китоблар, тадқиқотлар, тадқиқотлар билан боғлиқ барча ёзувлар, Кассандра тамғаси феномени билан алоқадор жамики нарсалар йўқ қилинди. Буларнинг ҳаммаси йўқолди. Буларнинг ҳаммаси ўзим билан бирга кетади. Бундан буён хотиржам бўлинглар. Эҳтимол, инсон тафаккури қачонлардир бу ҳодисага яна қайтажак, лекин бу биздан кейин бўлади, бу келажакнинг иши. Ҳозирча эса ҳаммаси фалакнинг гардиши билан давом этаётир. Ҳеч қандай изсиз. Мендан кейин кимдир орбитал станцияни кўздан кечирадиган бўлса, бир нарсага кўзи тушиши мумкин. У ҳам бўлса менинг ўз ҳаётим ҳақидаги ёзувларим, самовий роҳибнинг тақдир, вақт тўғрисидаги, кассандра-эмбрионларнинг қандай қилиб ва нима учун менга ошкор бўлиб қолганлиги тўғрисидаги мемуарлардир. Ўзимдан қолдирганим фақат шу. Агар, ўғлим Энтони Юнгер борди-ю булар сенга маъқул туюлса, ана шу ёзувларни мен сенга васият қилиб қолдираман.
Қимматли Юнгер, кечирасан, сенга ўғлим деб мурожаат қилаётирман, бу менинг юрак амрим. Тақдиримдан розиманки, одамлар олдида сени ўғлим деяётирман. Менинг ҳаётим шундай кечдики, фарзандсиз қолдим ва охир-оқибатда, сўнгги лаҳзаларда Энтони Юнгер деган ўғлим бор деб ўйлайман.
Зал жим бўлиб қолди. Яна Филофейнинг овози янгради:
— Мени афв этасизлар, одамлар! Видолашиш пайтида ҳаммасини айтолмайсан. Лекин бир нарса ҳақида индамасдан тура олмайман. Мени кўпинча сохта роҳиб, сохта Филофей деб аташган. Ҳа, бу тўғри. Ҳеч ким мени роҳиб бўлиш учун сочимни қирққан эмас, менга ҳеч ким Филофей деб исм бермаган. Лекин гап черков маросимида эмас, гап тақводорликдадир. Бу соҳада мени тўғри тушунишларини сўрайман.
Вақт етди. Сизлар билан видолашаман. Ер куррасини экранлардан бирида бутунисига кўриб турибман — сайёрамиз коинот бўшлиғида сузиб юрибди, иккинчи экранда эса айрим-айрим манзаралар йирик қилиб кўрсатилаётир — унда ҳатто дарахтлар, ўтлар, тошлар кўзга ташланади. Бирдан қандайдир ғалати, ҳозирча тушуниб бўлмайдиган манзара пайдо бўлди. Агар орбитал монитордаги манзараларни ердагиларга олиб кўрсатиш техникавий жиҳатдан мумкин бўлса эди. Сиз ўша манзарани ўз кўзингиз билан кўрган бўлар эдингиз. Қаранг, қаранг, мана экран менинг ёнимда, ўнг томонимда турибди, қаранг экранда денгиз, бу уммон — Атлантика океани! Қаранг, соҳил яқинидаги саёз қирғоққа қандайдир даҳшатли тўлқинлар ёпирилмоқда ва нима бўлаётганини кўриб турибсизларми?! Китларни кўраяпсизми?! Ман шу китлар, бир гала бўлиб сузиб юришибди. Улар тоғларга ўхшаб океандан сузиб чиқишмоқда, қаранг, вой-бўй даҳшат. Ёпирай, Тангрининг қудрати билан китлар ўқдай сузиб келиб ўзини қирғоққа отмоқда! Улар нималар қиляпти? Булар ўзини ўзи ўлдирадиган китлар-ку! Уларга нима бўлган? Нима учун сувдан чиқади? Нима сабабдан ҳалок бўлишни хоҳлаб қолишади. Бунинг боиси нимада? Китларни шундай қилишга нима мажбур этаётир? Қандайдир ёвуз куч, қандайдир даҳшат ўлимга мажбур қилаётирми? Ёки бу кейинги қилмиш-қидирмишларимиз билан боғлиқмикин? Ўзларини ўлимга маҳкум қилган китларнинг нима учун шундай қилаётганини тушунаётгандайман. Афсуски, бу ҳодисанинг туб сабабини чуқурроқ ўргана олмайман, ҳаётнинг ана шу ғаройиб жумбоғининг сирини билиб олиш учун энди вақт йўқ. Роберт Борк ҳам худди шу аҳволга тушиб қолган эди. Унинг мақоласини ўқир эканман, тафаккурининг нақадар теран эканлигини туйдим. Шу билан бирга матн ортида айтиб улгурилмаган яна қандайдир фикр бор эди. Мен бир-биримизга дилимизни очамиз ва Руҳни янгичасига тушуна бошлаймиз деб умид қилган эдим. Бироқ бу насиб қилмади. Китлар ҳам худди шу аҳволга тушиб қолган. Уларнинг тили бўлганда эди, кўп нарсаларни билиб олган бўлур эдик... Лекин мен учун энди кеч бўлди... уларнинг нолаларини эшитаётганга ўхшайман. Китлар мени чақиряпти. Мен китларга қўшилиб кетаман. Мен ҳам ўзимни қирғоққа улоқтириб ўлдирадиган китман. Азизим Роберт! Мен сенинг олдингда айблиман. Энди ўзим китлар билан бирга сенинг ёнингга бораман. Алвидо...
Шундай кейин ҳамманинг кўз ўнгида рўй берган воқеа томошабинларни ҳанг-манг қилиб қўйди. Филофей бутун дунёнинг кўз ўнгида, телеэкранлар рўпарасида ўтирган барча кишиларнинг қаршисида ҳаёт билан видолашди. Самовий роҳибнинг ҳар бир ҳаракатлари унинг қарори қатъий эканлигини кўрсатиб турарди. Роҳибнинг ўзини ўзи ўлдираётганини ҳамма кўриб турди. Ва ҳеч ким Филофейни ўлим бўсағасидан қайтара олмади...
Залда ваҳимали жимлик ҳукм сурар эди. Ҳеч ким қимир этмас, овозини чиқармас эди. Барчанинг нигоҳи самовий роҳиб ҳаётининг сўнгги онглари акс этган экранга қадалган эди. Энтони Юнгер ўлим эркинлиги руҳнинг ҳеч нима билан тўлдириб бўлмайдиган, ҳеч нима билан ўлчаб бўлмайдиган улкан фожеаси эканлигини пайқаб қолди. Шу пайтда Филофей бошига космонавтларнинг катта шлёмини кийиб уни комбинезон ёқасига тугмалаб қўйди. Ана шу дақиқадан бошлаб унинг чеҳрасини кўриб бўлмай қолди. Ҳаммаси тайёр бўлди. Очиқ фазога чиқиш керак эди. Филофей орқасига қаради, бир нарсалар дегандай бўлди, лекин сўзларини эшитиб бўлмас эди. Қўли билан видолашар экан, очиқ космосга сакраш учун туйнук томон юрди. Туйнукнинг табақалари очилди-ю, Филофей бўшлиққа қадам ташлади.
У юлдузлараро фазога чиқиб юқориси ҳам, пасти ҳам, чап томони ҳам, ўнг томони ҳам, уфқ ҳам, чегараларию ўлчовлари ҳам бўлмайдиган чексизликка инди.
У фазода бир оз муаллақ туриб қолди. Кейин кемадан тобора узоқлашиб интиҳоси ва ибтидоси йўқ фазода сузиб кетди.
У вазнсизлик ҳолатида муаллақ сузиб, кўп ўтмасдан кўзга кўринмай қолди.


Ўнбиринчи боб
Қирғоққа отилган китлар саёзликда кўзларини чақчайтириб қийноқ ва даҳшатда жон таслим қилмоқда эди. Китларнинг жасадлари ёнғинда куйиб кетганга ўхшаб у ер-бу ерда думалаб ётар эди.
Ер эса ҳамон Қуёш атрофида айланиб-ўргилмоқда эди.
Кейинги куни эрталаб бутун дунё газеталари келишиб олгандай биринчи саҳифаларида “Космосда биринчи худкушлик!”, “Самовий роҳиб Филофей инсониятни Кассандра тамғасининг оғир синовларидан озод қилди!”, “Жойи жаннатда бўлсин!” каби шиорлар билан чиқди, газеталар, телеэкранлар ва радиоканаллар хилма-хил сенсацияларни тарқатди.
“Трибюн” газетасида Энтони Юнгернинг бир неча шошилинч сатрлари босилди: “Мен оталарим Филофей билан Роберт Борк изларидан боравераман...”
Шу билан бирга ичиқоралик билан баён қилинган тантанавор ҳайқириқлар ҳам бор эди: “Сохта роҳиб арши аълога кўтарила олмайди. У ҳозирданоқ коинотда қорни осмонда бўлиб қолган!”
Хилма-хил ҳайратомуз янгиликлар орасида яна ўша сирли хабар: “Атлантика океанининг ғарбий соҳилида катта бир гала китлар океандан қуруқликка отилган. Ҳаммаси нобуд бўлган”.
Яна бир ғалати, куракда турмайдиган хабар Россия газеталаридан кўчириб босилди: “Ўтган кечаси Қизил майдонда кимдир мавзолейнинг устига ўлган бойқушни улоқтирган. Қушнинг танасида портловчи қурилма топилмаган”.
Икки кундан сўнг Роберт Борк дафн этилди. Қабристонда шовқин-сурон бўлмади. Куз. Осмон мусаффо. Дафн олдидан дуо ўқилаётган пайтда Энтони Юнгер осмонга боқар экан, хаёлидан шу нарсалар кечди: ҳақиқат йўлини танлаган ҳар иккаласи тақдир этилган ўз жойларини эгаллашди: бири – космик фазодан, поёнсизлик оқимидан, иккинчиси — ер қаъридан, абадийлик оғушидан ўрин олди. Ва ҳақиқат ҳам улар билан...

Эпилог
“Отанг ким?” — деб сўрашса, “Шамолдан бўлдим”, дер эмиш. “Онанг ким?” — деб сўрашса, “Тумандан бўлдим”, дер эмиш.Қирғиз халқ қўшиғидан.
“Вақтимнинг куйиб кулга айланишига саноқли онлар қолди. Шу боис видолашув мактубимни компьютерда теришга ошиқяпман. Ниҳоят, яна ғаройиб ҳодисанинг гувоҳи бўлдим: Ерда тағин янги кун туғилиши учун ёруғ кунни тун зулмати ямлаб ютаётир. Мана сизга мангуликнинг зоҳирий оқими, мана сизга вақтнинг аёний поёнсизлиги. Бироқ орбитадан кузатаётган шахснинг қисмати битди.
Коинот миқёсида инсон умри пашшанинг умридай гап. Бироқ инсонга тафаккур ато қилинган, шу нарса унинг умрини узайтиради. Лекин акси ҳам бўлади — кескин қисқартиради ҳам. Кун билан туннинг алмашиниши сирини неча марталаб беихтиёр кузатганман, ўшанда ўзимга охирги нуқтани ўзим қўяман деб сираям ўйламаган эдим. Энди менинг куним битди, гуноҳкор ҳаётимнинг охирги куни, менинг учун қиёмат куни етди. Ҳар қандай кишининг ҳаёти билан боғлиқ барча нарсалари каби, менинг қиёмат куним ҳам ўзим билан бирга кетади. Мен қиёмат кунимни ўзим белгиладим, аянчли имтиёзим ҳам, инқирозим ҳам шунда.
Мана шу сатрларни битиб бўлгач, насиб қилса, космик матбуот конференциясида сўзга чиқмоқчиман. Шундан сўнг ҳаёт билан видолашиб ўз жонимга қасд қиламан. Менинг ўзимга чиқарган ҳукмим шундоқ. Мен турмушнинг қонун-қоидаларини буздим. Мен миллионлар нафратига йўлиқдим. Роберт Боркнинг ўлимига мен айбдорман. Мен боши берк кўчага кириб қолганман. Мен даф бўлишим, ҳаётдан кўз юмишим лозим. Бошқа йўл йўқ.
Ўлим олдидан нафас олиб тўймайсан дейишади. Лекин мен пировардида ҳамма гапни очиқ айтиб олмоқчиман. Ердаги лаънати ҳаётнинг, жонингга тегиб бўлган бу дунёнинг сендан кейин қандай бўлишининг нима аҳамияти бор? Сенга бари бир эмасми? Тўнғиз қўпмайдими? Бироқ ўз қўлим билан ҳозирлаган ажалим олдидан мени ваҳима босмоқда — одамлар нима бўлади, Кассандра тамғаси ҳодисасини эртанги кун кишиларининг ақл-идроки, қалби қандай қабул қилади? Нима бўлганда ҳам, лаънатланган ҳақиқат ҳақиқат бўла олмайди. Бугун инкор этилган муаммо эртага яна пайдо бўлади, бундай қутилиш ҳечам мумкин эмас.
Менинг кун-соатим битди. Бундан тониб бўлмайди. Орқага йўл йўқ. Одамлар, мен сизларга тавба-тазаррумни қолдираётирман. Бундан сиз кейинчалик ўзини самовий роҳиб деб эълон қилган каминанинг ким эканини, насл-насабимни, умримни қандай ўтказганимни, нима ишлар қилганимни машъум кашфиётим — Кассандра тамғасининг сир-асрорини қандай билиб олганимни тушуниб етасиз...
Видолашар эканман, яна икки оғиз сўзим бор. Космосдалигимда менинг онгимда мислсиз кечинмалар, хаёл-фикрлар жўш урди. Нима учун шундай бўлди — билмайман сабабини. Ҳар сафар космосдан булутлар пардаси орқали ерга боқар эканман, таҳсинлар ўқийман: ё Раббим, қандай буюк бир самовий хилқат Ер ўзи. Қуёш ҳам инсоният маскани бўлмиш Ер учун яратилган бўлса ажаб эмас, йўқса буларнинг ҳаммаси на керак? Дунё инсон учун керак — одам унинг асл моҳиятини тушуниб олиш учун яратилган, шу боис ҳам дунё турибди. Бўлмаса бутун бошли галактикаси нимага керак, акс ҳолда на мазмуни бор, на мундарижаси бор дунёсининг? Худо ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин! У одам учун зарур, шунинг учун ҳам у Худо, шунинг учун ҳам у барҳақ! Лекин инсон шу коинотга, дунёвий қонунларга муносибмикин? Ана шу улкан очунга арзирмикин? Оламнинг жумбоғи ана шунда!
Бас, кунпаякун бўлиш фурсати етди. Саноқли дақиқалар қолди. Кўп ўтмасдан ўзимни улоқтириб ташлайман, станциядан очиқ фазога сакрайман. Ердан узоқда. Бениҳоя узоқда. Ва бутунлай гум бўламан.
Мени афв этинглар.

Филофей”.
Филофейнинг хати ва унинг Тавба-тазаррусининг русча матни орбитал станцияга астронавтлар келиши биланоқ космик роҳибнинг хонақосидан Ерга жўнатилди. Космик кема қўмондонининг шошилинч хабарномасида айтилишича: шахсий компьютернинг хотирасида Филофейнинг васияти сақланган, бу васиятда самовий роҳиб космик станциянинг бўлажак ходимларига мурожаат этиб, компьютер хотирасида терилган Тавба-тазарруни Энтони Юнгернинг ихтиёрига юборишни илтимос қилган. “Энтони Юнгер менинг ёзганларимни нима қилса ўзи билади”.
Матн сарлавҳаси: “Сен билан ва сендан кейин кўрган-кечирганларим”.
Сўнгра бундай дейилган:
“Илгарилари космосдаги орбитал станцияга келиб қолишни хаёлимгаям келтирмаган эдим. Мени бу ерга фан етаклаб келди. Лекин космосга фақат илмий мақсадлар илинжидагина келмаганимни, балки бадарға қилинганимни, Ердан ташқарига ўзимни ўзим қувғин этганимни, кейичалик ўзимни самовий роҳиб деб номлаганимни ҳеч ким билмайди. Ўтмиш даврларда сиёсий ёки бошқа сабабларга кўра чет эллардан ўз ватани — Совет Иттифоқига қайтмаган ва шу тариқа бутун дунё кўз олдида буюк давлатнинг ҳокимларига қарши чиққанларни “ўз ватанига қайтишдан бош тортганлар” деб аташган, мени ҳам шундай деб аташ тўғри бўлса керак.
Йўқ, бу гал ишлар бошқачароқ. Мен бадарға ҳам қилинган эмасман, ўз ватанига қайтишдан бош тортган киши ҳам эмасман, осмони фалакка келиб қолишимни тушунтириш қийин — бу ўзликка чекиниш, космос орқали ўзликка чекинишдир. Буни руҳиятнинг космос билан уйғунлашиб кетиши деса бўлар эди, бироқ бу ўта баландпарвоз туюлиши мумкин. Лекин космосда бўлишим бутун ҳаётимнинг мантиқий якуни, тараққиётимнинг энг олий ва сўнгги нуқтаси бўлди. Бу азалий қисмат бўлса ажаб эмас. Бунга ишониш қийин, лекин дунёда нималар бўлмайди дейсиз.
Менинг тақдирим ҳам бошқаларникидан айрича. Шу боис ҳам мен умрим бўйи бу ҳақда гапирмасликка, насл-насабим, тўғрироғи туғилишим сирини доимо ошкор қилмасликка тиришдим.
Мени чақолоқлигимда адёл устидан қоп-матога ўраб болалар уйининг эшиги олдига ташлаб кетишган. Эшик олдидаги соябонли пиллапоя рус тилида “кирильцо” дейилади. Менга болалар уйида Крильцов деб фамилия беришганининг сабаби ҳам шунда. Отимни Андрей дейишган, ота исмим Андреевич ҳам исмимдан олинган. Крильцов Андрей Андреевич. Бу аянчли воқеа, менга айтиб беришларича, 1942 йилнинг охирларида субҳидамда рўй берган. Ўшанда қор қалин эди. Мен эса субҳи содиқ пайтини эс-эс биламан, десам, бунга ҳеч ким ишонмайди, албатта. Лекин мен тўғрисини гапираман. Ўшанда қулоғимга онамнинг қадамлари остида қорнинг ғарч-ғурч овози эшитилган. Ёдимда, онам ўша қиш куни, каллайи саҳарда шоша-пиша қадам ташлар эди. Эсимда, у безовталаниб мени бағрига босар, дам-бадам сесканиб чўчиб тушар эди, онам юрагининг қўрқинч аралаш гупиллаб урганини менинг нораста танам сезар эди. У қадам ташлаб борар экан, ҳарсиллар, ўзича нималарнидир гапириб-гапириб қўяр, менга қараб нималарнидир пичирлар, ўкраб юборгудай бўлар ва кўз ёшини базўр тияр эди, онам мени болалар уйининг эшиги олдига ташлаб кетиш учун кўтариб бораётган пайтда адёлнинг тирқишидан унинг юзига кўзим тушди, қор қоплаган киприкларини, тепадаги булутли осмонни, қор учқунларини кўрдим. Бўралаб қор ёғаётган эди. Афтидан у менинг қулоғимга шундай пичирлади: “Сен йиғла, овозинг борича йиғла, ўшанда сенинг овозингни тезроқ эшитишади”.
У мени эшик олдида ерга қўйгандан сўнг бу қилми-шининг сир-асрорини ҳадеганда тушунавермадим. Мен совуқ ея бошладим ва онам қайтиб келиб мени кўтариб олар деб кутдим. Лекин у нарироқда қор босган буталар орқасида яшириниб турар ва мен томонга келмас эди. Шундан кейин мен йиғладим, қаттиқ йиғладим, шу аснода эшик очилиб, кимдир келди-да мени кўтариб олиб кетди...
Қорни тилга олишимнинг боиси шуки, кейинчалик эшитишимча қор уюмларида онамнинг излари қолган, бошқа ҳеч қандай нишона топилмаган экан.
Мен энди тасаввур қиламан – буталар орасида яшириниб туриш ва ташландиқ боласининг чинқириғини эшитиб ҳам ёнига келмаслик онамга осон бўлмаган бўлса керак. Мен тез-тез, доимо бир хил туш кўраман: қалин қор уюмлари узра қадам ташлайман ва онам изларини ахтара кетаман, бу излар эса қоронғи ўрмонга олиб боради: мени ваҳима босади, қор кўмиб ташлайди, совқотаман: “Она! Онажон!” дея фарёд соламан-да, уйғониб кетаман.
Лекин менинг онамни ўша даҳшатли саҳар пайтида бундай мудҳиш қилмишга нима мажбур этди экан? Кошкийди билсам! Менинг отам ким эди? Буни онамнинг ўзи билганмикин? Шу каби кўплаб саволлар мен учун жавобсиз, бутун умрим бўйи жумбоқ бўлиб қолаверди.
Болалар уйида бу ҳақда менга ҳеч ким оғиз очмади, ўзим ҳам бунга ҳаракат қилмадим. Очиғини айтсам, кимгадир юрагимни тўкиб солгим келар эди. Лекин онамнинг ўша қорли қиш куни тонгда мени кўтариб борганини эслайман, холос, бошқа ҳеч вақо ёдимда қолмаган. Бунинг устига чақалоқлигимда эсимда қолган воқеаларни айтиб берганим билан ҳеч ким ишонмас эди.
Аммо дунёда нима учундир менинг сўзларимга қулоқ соладиган, айтганларимни жон қулоғи билан эшитадиган аёл бор эди. У Валерия Валентиновна ёки хизматдошлари тили билан айтганда Валя эди. Биз болалар ҳам уни Вава, Вава хола дер эдик. Бу сўзда қандайдир илиқлик, қон-қардошлик маъноси бордай эди. Табиийки, Вава хола бизнинг энг суюкли тарбиячимиз эди.
Бизнинг 157-болалар уйимиз Руза шаҳрининг чеккасида, Малеевка посёлкасининг ёнида Москвадан тахминан юз чақирим нарида эди. Болалар уйи немис қўшинлари Москва остонасидан чекингандан сўнг орадан кўп ўтмай фронт яқинидан келтирилган болалар учун етимхона сифатида қурилган эди. Вава ўша пайтда бу ерга яқин – Руза шаҳридаги ўрмон-паркда жойлашган композиторларнинг Ижодиёт уйида ишлар эди. Аслида бу кошона совет композиторларини етиштириб берадиган «парваришхона» эди. Бу ерда турли ўлкалар ва республикалар композиторлари давлат таъминотидаги парваришхонада ҳар бири шахсий коттежда яшаб асрнинг тантанали музикаси – барча замонларнинг энг буюк доҳийси, халқларнинг отаси ўртоқ Сталинни шарафлайдиган кантаталар ва хораллар ижод қилишар эди... Баъзида бу ерга юксак мартабали партия арбоблари қадам ранжида қилишиб, этикчи ўғлидан XX аср ҳокимига айланган ана шу зотга бағишланган музикавий асарларни биринчи бўлиб эшитиб кўришар эди. Ўқтин-ўқтин бу ерда оталиқ концертлари ҳам уюштирилар, бундай концертларга биз – болалар уйининг тарбияланувчилари ҳам киритилар эдик. Вава хола ижодиёт уйининг маъмури эди, бунинг устига бу аёлнинг ўзи бинойидай пианиночи ҳам эди. Шу боис у урушдан кейин бизга музика раҳбари бўлиб келган эди.
Қирқ биринчи йилнинг кузидан то қирқ иккинчи йилнинг баҳорига қадар Руза шаҳри ва унинг атрофларида немисларнинг танк қўшинлари турган эди. Бу воқеага менинг ҳеч қандай дахлим йўқ эди, албатта, бироқ мен туғилган вақт билан ташландиқ болалик тақдирим ўртасида қандайдир алоқа борга ўхшайди, ҳар ҳолда Вава холанинг бу ҳақда ўйланиб қолганларини сезганман. Ўсмирлигимда мен билан бўлган суҳбатларда бунга шама қилган пайтлари ҳам бор. Вава хола Руза деярли ярим йил давомида немислар қўлида эканлигида шу шаҳарда яшаган, кўп нарсаларни билади. Иккаламиз музика хонасида холи қолганимизда у менга нота ўргатар эди, баъзан шундай ҳам бўлар эдики, суҳбатимиз музика машқларидан йироқ-йироқларга кетар эди.
Вава! Вава! Қани энди кекса бўлса ҳам ёнимда сенга ўхшаган онам бўлса эди, сен ўз онамдай сирдош, жондошсан. Тасодифни қаранг, ҳеч қачон менинг онам бўлмаган, Ваванинг эса – болалари. Бу аёлнинг ҳаётида нега омади келмаганикин, унинг бола-чақали бўлишига нима халақит бердийкин? Эҳтимол у сўққабош бўлганидан етим болаларни жонидай кўрар?
— Андрюша, — дер эди у менга, — сен ташландиқ эканлигингдан ич-ичингдан зил кетасан, албатта. Мен сенинг аҳволингга тушунаман. Бу ҳақда ўйламаслик мумкин эмас. Лекин бундай ўй-хаёллардан не наф? Сен ўзингга четдан қараб боқ. Бутунлай ўзгача бир манзарани кўрасан. Мен янглишмасам, Худо сенга, Андрюша, чўнг истеъдод ато қилган. Худо ҳаққи шундай! Менинг сўзларим бир куни бўлмаса, бир куни эсингга тушар, сенинг бошинг олтин, сен ҳаддан зиёд қобилиятли боласан. Ҳатто музика соҳасида ҳам сендан бинойидек навозанда чиқиши мумкин. Лекин ким бўлиш ўзингнинг ихтиёрингда. Музикани ўзинг учун ўргансанг бўлади, одамлар учун эса бошқа соҳаларда хизмат қилишинг мумкин. Мактабни тугатиб ўқишни давом эттирасан, хоҳлаганингдай ҳаёт қурасан. Сен учун ҳамма йўллар очилади, Андрюша, бундай зеҳну қобилиятинг билан ҳали узоққа борасан. Сенга халақит берадиган нарсанинг ўзи йўқ. Онангнинг ким эканлигини парвардигордан бошқа ҳеч ким билмайди, отангнинг ким эканлиги ҳам мутлақо номаълум. Онангни ким мажбур қилди ўз жигарпорасидан воз кечишга, ғойиб бўлишга? Бу ҳақда бирон нарса дейиш амримаҳол. Менинг фикри ожизимча, сен онангнинг гўрига ғишт қаламаслигинг керак. Йўқ, она айбдор бўлса ҳам уни афв этиш лозим. Сен онангдан миннатдор бўлишинг керак десам жаҳлинг чиқмасин. Ҳа, миннатдор бўлишинг жоиз. Бу гаплар қулоғингга ғалати эшитилиши мумкин. Ўзинг бир ўйлаб кўр, Андрюша. Бирни кўриб фикр қил, мингни кўриб шукр қил. Сендаги фавқулодда салоҳият онангдан, ота-онангдан мерос, бу истеъдод онангдан, у орқали ўтган. Сени ташлаб кетиш осон бўлмагандир у муштипарга. Шунга журъат қиптики, сени асраб қолишнинг бошқа чорасини тополмаган, шўрлик. Бунга менинг иймоним комил. Таваккал қилиб таҳликага борган. Бундай йўл танлашга нима мажбур қилган уни? Билмайман. Энг муҳими, сен омон қолдинг. Гап гап билан, аммо мамлакатимиздаги болалар уйлари чакки эмас. Ўзингга қараб баҳо бераверишинг мумкин. Гап яна онангга бориб тақалади. Сенинг бўйи-бастинг, ақли ҳушинг онангдан мерос. Сендаги жисмоний ва ақлий иқтидор аксари табиатдан, демакки онангдан. Менинг сенга бир маслаҳатим бор: сенинг онанг ноиложликдан шу йўлни тутган, бу сўзларимни қулоғингга қўрғошиндай қуйиб ол. Вояга етгач, оқ-қорани ўзинг ажратиб оларсан.
Йиллар ўтиб мен шундай хулосага келдимки, Вава қандайдир фавқулодда вазиятларни, очиқ муҳокама қилиб бўлмайдиган сирларни назарда тутган экан. Ваванинг ўз фикрларига нақадар амин эканлиги ҳақида бирон нарса деб бўлмайди. Орадан бир неча йил ўтгач, Москвада университетда ўқиб юрган кезларимда Вава вафот этди. Лекин Ваванинг гаплари умрим бўйи қулоғимда жаранглайди, аммо кампирнинг оғзидан чиққан сўзларининг тўғри-нотўғрилигини исботлайдиган бирон далил йўқ.
Мен тўққизинчи синфда ўқиб юрган пайтларимда Малеевка посёлкасида катта бахтсизлик рўй берди. Бир аёл ва унинг ўн етти яшар қизи ўз жонларига қасд қилишибди. Аввал она, сўнг қизи ўзини осиб қўйибди. Она ёлғиз қизи билан турар экан. У композиторларнинг ижодиёт уйида фаррош бўлиб хизмат қилар, қизи эса мактабда ўқир экан. Бу аёл немис қўшинлари Москва остонасидан чекиниб кетгандан сўнг ярим йил ўтгач туққан экан, қизи немис солдатидан, яъни босқинчидан, истилочидан, фашистдан туғилгани ҳеч кимга сир эмас экан. Қўшнилар шўрлик аёлга кун беришмас, мактабда эса қизчани кўз очиришмас экан. Ўша куни Вава бу фожиали воқеадан даҳшатга тушиб оғзидан ғалати сўзлар чиқиб кетди, мен бўлсам кампирнинг илмоқли сўзларини қулоғимга қуйиб олдим: “Сираям ўзимга келолмаяпман, Наталья, — деди у тарбиячилардан бирига, — қандай даҳшат бу! Қандай ваҳшиёна ажал бу! Онаси ҳам, қизи ҳам ўз жонига қасд қилса-я!... Одамларни не кўйга солиш мумкин, ахир?! Танангга мундоқ ўйлаб кўрсанг, нима учун шу даражага боришди? Уруш уруш-да! Унинг ваҳшиёна қонун-қоидалари бор. Бир-бирлари билан уришишади, бир-бирларини ўлдиришади. Лекин одамларга токайгача ёмонлик соғиниш, таъна тошини отиш, маломат қилиш мумкин? Хўп, бўлар иш бўпти, шўрлик аёл бошига бало қилиб немисдан болалик бўлибди, туғибди, ўз бошига шўришу ғавғони сотиб олибди. Нега энди ундан ўч олиш керак экан! Қандай ваҳшийлик бу! Қизчанинг гуноҳи нима экан?! Ахир ҳеч ким ота-онасини танлолмайди-ку, ота-онанг ким бўлиши Худодан. Нега энди шўрликларнинг кўзини очиришмайди? Бордию она ўз жигарпорасини эшик олдига ташлаб кетганда, муштдай фарзанднинг чивиндай жони омон қолсин, эл қатори униб-ўссин деб ўзи очиқ мозорга киргандек, ном-нишонсиз йўқолганда, тирик мурда бўлиб юрганда анавиларнинг қичиғи қонармиди?”
Ўша пайтлардан бошлаб вақт-соати етиб жўжа тухум пўчоғини тешиб чиққани каби, миямда бир фикр ниш урди: менинг онам ҳам, худди ўшанақа бўлиб чиқса-чи, онам норасидани эшик ёнига ташлабоқ дорилбақога рихлат қилган бўлса-чи?..
Бундай ҳодиса нечук ва қандай ҳолатларда юз берган бўлишини тасаввур этишга уриниб кўрдим. Хаёл оти олиб қочди, калламга нималар келмади дейсиз. Ҳечвақо йўқ, кимсасизлик, маънавий ёлғизлик. Денгизда кемадан қолиб кетган киши худди шундай аҳволга тушса керак... Овозинг борича қичқирсанг ҳам кема кўздан ғойиб бўлади. Теварак-атрофда тирик жон кўринмайди, қаёққа қарасанг фақат денгизни кўрасан. Қирғоқдан ном-нишон йўқ... Кимдир уни денгизга ташлаб юборгандир? У ким эди?
ҳаммасини билиш, ўзимча бу саволга жавоб топиш истаги тинчлик бермас эди менга. Лекин нега менда шундай истак пайдо бўлди, бундан мурод не эди – бу саволларга жавоб топа олмас эдим. Бундан қандай наф кўрар эдим? ҳеч қанақа! Борди-ю менинг отам немис солдати бўлса, унинг тақдири не кечди экан – шу каби саволлар тинчимни бузарди менинг. Бирдан миямда куракда турмайдиган ғалати фикр пайдо бўлди – нега энди у менинг падарим бўлиши керак экан, буни ким ундан илтимос қилди, бутун Европани қадамлаб келиб, мени дунёга келтиришни ва сувга чўккан тошдай ном-нишонсиз ғойиб бўлишини ундан ким ўтинди? ҳа, насл-насабингни билишни истайсан, лекин бунинг уддасидан чиқа олмайсан, тинимсиз ўйлайверасан. Онамнинг қаерда эканини билгим келади. Ҳа, яна шуни билгим келадики, ўша немис солдати, менинг отамга нима бўлди – у тирик қолганми ёки ўлиб кетганми, бордию тирик, соғ-саломат бўлиб, Германиянинг қайсидир бурчагида истиқомат қилаётган бўлса, дунёда қирқ иккинчи йилда болалар уйининг эшиги олдига ташлаб кетилган ўғли борлиги тушига ҳам кирмаётгандир... Мен унинг ўша ўғлиман. Унинг эса мен билан сариқ чақалик иши йўқ. Мўъжиза юз берса-ю, хабар топиб келиб қолса-чи? “Мана, мен келдим, менинг ўғлим қани?” — деса-чи? Шундан сўнг нима бўлади? Бундай хаёлпарастликнинг нима кераги бор? Борди-ю, ҳаммаси ҳақиқатдан ҳам мен ўйлагандай бўлса, тупукдай эсдан чиққан бу тарих билан немиснинг ҳемирилик иши бор дейсизми? Нега энди у бизнинг ғамимизни ейиши керак?
Бундай бемаъни бошвоқсиз фикрлар ғужғон урар эди менда. Нима ҳақда ўйласанг, кишилар қисмати чорраҳасида албатта уруш турар эди. Урушда туғилган, ота-оналари ҳаётнинг тубсиз жаҳаннамида чириган болаларнинг фожиаси шундоқ кўз олдингизга келар эди. Совуқлик, бегоналик, ножинслик, жирканчлик уфурар эди бу жаҳаннамдан. Ва мендан фарқли ўлароқ “рисоладагидай туғилганлар” аҳлига нисбатан менинг қалбимда ички душманлик ҳисси пайдо бўларди, дунёда осойишта-хотиржам келганларга ўзимнинг шак-шубҳасиз устунлигимни исбот қилишни, жамият менинг беназир шахс эканлигимни кўриб қўйишини, менинг даҳо эканлигимни билиб олишини ва бунга тан беришга мажбур бўлишини, кучга куч билан, ёвузликка ёвузлик билан жавоб беришга доимо тайёр туришни хоҳлар эдим...
Ана шундай пуч хаёллар билан катта ҳаёт йўлига кирдим. Бу дунёда бир ўзим эканлигимни, сўққабошлигимни бир сония ҳам унутмас эдим. Менинг отам ҳам, онам ҳам, ака-укаларим ҳам, опа-сингилларим ҳам, амма-холаларим ҳам, жиянларим ҳам, амакиваччаю аммавачча, холаваччаларим ҳам, қўйингки, ҳеч кимим йўқ. Мен ойдан тушган кишига ўхшар эдим. Эҳтимол, шу нарса менга ёрдам бергандир... Ҳа, фанда мислсиз шуҳрат қозондим, бутун борлиғимни фанга бағишладим, бу эса менга ўзим танлаган соҳада – камтарлик қилмайман – доҳиёна кашфиётлар қилишимга имкон беради. Ҳа, чиндан ҳам шундай. Мен фанга хизмат қилдим, фан эса менга, менинг машҳур бўлишимга, менинг нафсониятимга, менинг жамиятдаги ўрнимга, менинг мослашувчанлигимга хизмат қилди...
Буларнинг ҳаммаси охир-оқибатда менинг тақдиримни белгиладики, мени космосга, орбитал станцияга олиб кетди, мен бу ерда ўзимни ўзбошимчалик билан самовий роҳиб деб эълон қилдим. Бу эса шуҳратим юлдузининг сўна бошлашидан нишона эди. Энди менга ерда жой йўқ эканлигига ақлим етди.
Мен самода шу нарсани тушуниб етдимки, тақдир кўрган-кечирганларимни, космосга келиб қолганимнинг сабабларини қоғозга бемалол туширишдек ноёб имкон берибди. Мен ўзимга ўзим шундай дедим: сен барча кўрган-кечирганларингни дадил тан олишинг, ўзингга ва бошқаларга иқрор бўлишинг шарт. Тавба-тазаррунинг моҳияти шунда – ўзингга ҳечам раҳм-шафқат қилмайсан. Ҳамма-ҳаммасини бошидан охиргача айтиб берасан.
Аслини олганда, кейинчалик кўп шов-шувга сабаб бўлган бу тарих, айтиш мумкинки, арзимас нарсадан – тиббиёт институтидаги семинардан бошланган. Оқибатда мен ҳомиладорлик мўъжизасини ва одамнинг дунёга келиш сирларини ўрганишга мубтало бўлиб қолдим. Эҳтимол, ташландиқлик сабаб аламзада бўлиб қолганим учун қалтис бўлган бу мавзуни одатда ҳеч қачон, ҳеч ким билан муҳокама қилмаганман, боз устига яқин-атрофдаги кишилардан ҳам ташландиқ деган гап-сўзларни ҳеч қачон эшитган эмасман.
Ўйлашимча, бирга ишлашиб турганлар учун мен энг аввало талабчан илмий раҳбар, қаттиққўл бошлиқ, барча тан олган ва каттаконларнинг доимий эътиборида бўлган обрўли киши эдим. Иқрор бўлишим керакки, менинг назаримда, инсоният учун лаънати жумбоқ бўлмиш интилиш – шуҳратпарастлик ва амрифармонлик балосидан мен ҳам холи эмас эдим. Мен ҳамма вақт мавқеимни мустаҳкамлашга, ўз обрў-эътиборимни оширишга ҳаракат қилдим. Орқаваротдан мен ҳақимда “Бизнинг гендик” деб пичирлашганлари “Бизнинг генерал директоримиз” деган маънони эмас, балки “Бизнинг гениал диктаторимиз” деган маънони англатар эди. Бундан заррачаям хижолат тортмас эдим. Буни тушунтириб бериш қийин. Лекин ҳокимиятга, ҳукмронликка бўлган зўр чанқоқлик чиндан ҳам инсониятнинг ақл бовар қилмайдиган жумбоқларидан биридир. Ва мен буюришга, фармон беришга орзуманд эдим, ҳаммани тартиб-интизомга чақирар, ўзимнинг ёпиқ лабораториям ходимларидан, директор бўлганимдан кейин эса институт ходимларидан, ҳам сўзсиз итоаткорликни талаб қилар эдим, истеъдод ва тартиб-интизом – кадрларни танлашда менинг андозаларим ана шу эди.
Ана шулар туфайли мен экспериментатор сифатида биологияда янги, кутилмаган йўналишнинг дадил ташаббускори сифатида фақат фанда ҳамманинг диққатини ўзига қаратган таниқли намояндагина эмас, шу билан бирга, ташкилотчилик, раҳбарлик бобида ҳам обрў-эътиборга сазовар эдим. Ҳа, менинг омадим чопди, бу соҳада манфаатдор ташкилотларнинг ёрдами ҳам чакки бўлмади, лекин бу ҳақда алоҳида гапирармиз, мен бўлсам, муваффақиятлардан илҳомланганимдан, шиддат билан куч тўплаган қовоқ арига ўхшаб, фан пай-кали устида парвоз қилар эдим: мен кашфиётдан кашфиётга учиб, олдинлари ҳеч кимга номаълум бўлган фикр-ғоялар шовқинидан гангиб юрар, ана шу соҳада абадийлик сир-асрорининг муаллифи – Оллоҳ таолонинг ўзини ҳам орқада қолдиришга тайёр эдим. Мен илмий экспериментлар доирасида бўлса-да, ота-оналар хоҳлашадими-йўқми, кимнинг ёруғ дунёга келишини, қандай туғилиши, қандай ота-оналардан туғилишини шахсан ўзим ҳал қилар эдим, уларнинг уруғларидан нима ярата олишимни билишса эди...
Мен энди ўзимга ўзим дейман: бунинг ажабланарли жойи йўқ, ўзингни “менга етадиган киши йўқ” деб ҳисоблашингнинг сабаби ҳам шунда! Нимасини ҳам айтсам – мен инсон ҳомиладорлиги ва туғилишини идора қила олганимдан чинакамига эсанкираб қолган эдим.
Чорва молларини сунъий қочиришга ўхшаш, сунъий уруғлантириш йўли билан ота-оналари номаълум одамларни яратиш фикри биринчи бор пайдо бўлди. Зоотехника соҳасида-ку, бу масала ҳаммавақт долзарб муаммо. Инсон ўзининг хўжалик манфаатларига қараб чорва молларининг зотларини ўзгартириб келган.
Экспериментал биология бу ҳолатдан қанчалар узоқлашиб кетди. Энди у шунчаки илмий-тадқиқот мақсадларидагина эмас, балки одамнинг туғилишини идора қилиш, тўғрироғи, бу борада циркдаги найрангбоз каби, хоҳлаганча ҳунар кўрсатиш йўли билан одамни сунъий яратиш муаммолари ила шуғулланмоқда!..
Ҳа, фаннинг қоронғи кавагида (фанга ўз моҳиятидан бошқа ҳамма нарса бир пул) карахт ҳолда отилиб кетганимни англаб етишга энди ҳаракат қилаётирман, бироқ ўша пайтларда инсон зоти учун хавфли бўлган, ахлоқ доирасидан четга чиқадиган машғулотларга ўйламай-нетмай бошим билан шўнғиб кетганим ҳақида фикр юритмас, буни хаёлимга ҳам келтирмас эдим. Мен учун, ёш олим учун бирдан-бир ўлчов — илмий пешқадамлик эди. Ва фан тантанаси йўлида мен шундай соҳага кириб бордимки, у барча динларда тақиқланган, олдин бирон киши ҳам бу жабҳа сари қадам қўйишга журъат эта олмаган эди, мен бўлсам илоҳий эшикни сурбетларча тепар эдим, ҳолбуки, бу эшик остонасида Худога тиз чўкиш керак эди.
Мана, сен қаерларга бориб қолдинг. Кунлардан бир кун сени институт парткомига чақиришди ва катта ҳурмат, хайрихоҳлик, ҳатто хушомадгўйлик билан кечирим сўраб билдириб қўйишдики, сенинг илмий ишларинг бундан буён мутлақо махфий ҳисобланади, “Сенинг қимматли тадқиқотларинг ҳақида очиқ матбуотда, айниқса чет элларда ҳеч нарса бо-силмаслиги керак, ўшанда ҳам сен бу гапларга аҳамият бер-мадинг. Ҳолбуки, ўшанда сенинг қўлтиғингга биринчи бор қўл солиб кўришган эди. Кейинги буюртмачилар сендан ўз-лари учун тайёр малай ясаб олдилар. Сен учун эса бошқа нарса – «иш қилиш, фанни олдинга силжиши» муҳим эди.
Тан олиш керакки, сен биология жаҳаннамида Мефистофель эдинг. Босиқ ақл, ўткир мушоҳада – сен олимнинг ҳаммадан кўра ҳам ана шу сифатларини юқори қўяр эдинг. Сен ўз ролинг учун важ қидирмадинг, ана шу лаънати йўлда шу қадар катта куч-қувват сарфлашга сени нима мажбур этганини тушуниб етишга ҳаракат ҳам қилмадинг. Ташландиқ боланинг энг аввало, асрнинг ҳеч ким олдига туша олмайдиган даҳоси бўлиш истагида эканини ким билибди дейсиз? Сен илмий муаммоларга бутун борлиғинг билан шўнғиб кетиб, ўзинг сезмаган ҳолда яхшилик ва ёмонликнинг, эзгулик ва ёвузликнинг нариги қирғоғига ўтиб қолдинг, одамларни қийнаб келган масала – ўзлари яратган ва ўзлари чўқинадиган амри ахлоқларини бутунлай менсимай қўйдинг. Ҳаётнинг мазмун-мундарижасини англаб олиш учун асрлар бўйи сарсон-саргардон юрган одамларни назар-писанд қилмадинг, сенинг бундан бошқа иштиёқларинг ҳам ошиб-тошиб ётар эди. Буюк файласуф, сенинг ватандошинг, замондошинг Лосевнинг гапларини пайт топиб ўзингдан нарироққа суриб қўйдинг, ҳолбуки олим инсоният тарихида фаннинг роли ҳақида мулоҳаза юритар экан, гўё атайлаб сенинг учун долзарб фикр билдирган. Дарвоқе, Лосев жамият ва маданиятнинг чексиз тараққий этиши тўғрисида янги европача таълимотнинг нигилизми борасида сўз юритар экан, бундай деган эди: европача парадигмага кўра, ҳар қандай давр ўз олдига умуман мазмунсиз бўлган ҳолда, бошқа давр учун тайёргарлик ва ўғит, бундан кейинги ҳар қандай давр ҳам ўз ҳолича мазмун-мундарижасиз бўлгани ҳолда бошқа бир давр учун, шу билан бирга келажакда рўй бериши мумкин бўлган барча даврлар учун озиқ ва заминдир, холос; мақсад эса ҳар доим ва муқаррар суратда чексиз замонлар сари тобора узоқлашаверади; шундай қилиб, янги-янги жаннатлар ваъда қилганларнинг ҳақ эканлигини ҳамиша тасдиқлайди. Сен бўлсанг Лосевнинг ана шу теран фикрини ўзингга эркинлик яратмоқ, жавобгарликни авлодлар зиммасига юкламоқ учун ўз интилишингга мослаб шарҳладинг. Сен ўзингни менинг вазифам «фанни ривожлантириш», кашфиётлар қилишдан иборат, бу кашфиётларнинг натижалари нима бўлади – буни бошқалар ҳал қилсин деб ишонтирдинг. Сенинг ишинг – инкубатор бачадонда ҳомила етиштириш эди; сунъий етиштирилган одамларнинг тақдири нима бўлади, бунинг сенга дахли йўқ эди.
Ҳозирги кудалик ҳаётда «Бу бизнинг муаммоларимиз эмас» деган сурбетларча ибора тарқалган. Сен бўлсанг олдинлари ҳам худди шу йўсинда иш кўрар эдинг, сунъий ҳомилаларнинг тақдири ҳақида гап кетганда ўз рақибларингга: бу масала уларнинг ўзларини ташвишга солсин, уларни ўз муаммоларини ўзлари ҳал қилишларига қўйиб бериш керак, деб жавоб берар эдинг. Шу йўл билан туғилганлар, ижтимоий мавқе нуқтаи назаридан бошқалар билан тенг шароитда бўлган иксзурриётлар ўзгалар каби ўзлари ҳақида ўзлари ўйлашлари лозим эди. Сен буларнинг фан учун ҳеч қандай дахли йўқ деб ҳисоблар эдинг. Сунъий бола туғдириш технологиясидан ташқарида бўлган бирон нарса сени ташвишлантирмас эди.
Ҳа, сен шунақа одам эдинг. Эҳтимол, чиндан ҳам ўз илмий соҳангда дунё аҳамиятига эга кашфиётлар қила биладиган, фаннинг келажак тараққиётини олдиндан айтиб бера оладиган даҳо бўлгандирсан. Лекин сенинг барча қилмишларингни ўша ташландиқ бола бошқариб турар эди. Сен бўлсанг буни тан олмадинг, қачонлардир эшик олдига ташлаб кетилган худди ўша ташландиқ бола мўъжизалар кўрсата олишини, олдиндан режалаштирилган одамларни туғдиришга амр бера билишини бутун дунёга исбот этиш учун ҳар доим уринар эди. Сен бу тақдирларни ўз лабораториянгда ҳал қилдинг, сен ҳеч ким журъат эта олмаган, ҳеч ким қила билмаган ишларни қилдинг – сен ўз хоҳишинг ва чизма режангга қараб, сунъий лойиҳалаштирилган одамларни дунёга келтирдинг, сен васвасага тушган эдинг, сен одамлар устидан ботиний ҳокимлигингдан маст эдинг.

* * *
Ва ҳар эҳтимолга қарши сен ўз қилмишларингни XX аср охирзамонини олдиндан сезганинг билан оқламоқчи бўлдинг, ҳолбуки буни геополитик миқёсда бутун дунё англаб ташвишга тушган. Ахир термоядровий кашфиётларининг мудҳиш, тубсиз жаҳаннами ёқасида ҳеч ким фан отининг жиловини тортмаган, шу соҳада иш олиб бораётган олимлардан биронтаси оламнинг умуман ҳаётни хавф остида қолдирадиган сирли негизларига бурун суқмаслик учун чўрт орқага қайтмаган, бунга ўзини мажбур ҳам қилмаган эди. Фан кашфиётларнинг доҳиёналиги ила юмушларнинг жинояткорлиги орасида бепарволик билан иш кўриб, уларни бараварлаштирмоқчи бўлди, стратегик мулоҳазаларга кўра махфий тутилган, лекин вақт ўтиши билан атом бомбаларининг оталари деб эълон қилинган, умри охир бўлган сари тобора кўпроқ виждон азобини тортган ва cояда қолмасмикинман деб ўйлаган олимларни фан бутун дунёга маълум ва машҳур қилди ва уларнинг фани олға бораверди. Ахир фан арбоблари учун ҳеч қаёққа қарамасдан ва ҳеч нарсани назар-писанд қилмасдан атомнинг ички дунёсига кириб боришдан, одам боласининг ғариб жисми-жонига нисбатан баҳайбат ана шу дев кучини тезроқ қўлга киритишдан муҳим вазифа йўқ эди, ахир, бу куч одамларга бутун коинотда чексиз қудрат эгаси бўлишга даъво қилишга имкон берар эди-да! Ана шу илмий ғояларнинг ғирт мутаассиблигидан келиб чиқадиган ҳалокатли хавф ҳақида, ядрочилар кашфиётларининг муқаррар оқибатлари тўғрисида шуни айтиш керакки, бу ташвишлар авлодлар чекига тушар эди. Оталарнинг васвасага тушиб қилган кашфиётларининг машаққатларини шу авлодлар тортиши керак эди, қандай иш кўриш лозимлиги ҳақида, тирикчилик қилиш учун қайси йўл билан моддаларни янада бошқа ҳолатларга айлантириш устида бош қотириш ҳам авлодлар зиммасига қолдирилган эди. Ҳозирча ҳаммасининг иложи топилаётган эди. Сен ҳам шунга умид боғлар эдинг...
Ҳа, сен ҳам табиат инсон олдида масъул бўлмаган каби, олим ҳам ўз тадқиқотларининг самаралари учун жавобгар эмас, деб астойдил ишонардинг. Ўз бурчингнинг халоскорлигига бўлган ишончингга ҳеч нима путур етказмас, сен ҳеч нарсадан хижолат чекмас эдинг.
Ҳа, сен нигоҳдан яширинган кўзгу орти илмий дунёсида чиқиб келаётган юлдуз эдинг. Ва ҳатто хотининг Евгения бирдан вабодан қочгандай сени ташлаб кетиб, вилоят театрлари бўйлаб кезар экан, азоб-уқубатдан боши чиқмаган кампирлар ролига рози бўлиб юрганда ҳам, барча воқеадан хабар топиб, кўп нарсаларни сен билан биргаликда бошидан кечиргандан сўнг бирдан қариб қолганда, ҳатто сендан қочиб кетганда ҳам ўзингни йўқотмадинг, изтиробга тушмадинг, аланглаб қараб қолмадинг, унинг кетидан қувиб кетмадинг, энг муҳими, унинг кўзига ўта даҳшатли бўлиб кўринган нарсаларни танқидий нуқтаи назардан хаёлдан ўтказишга ҳам ҳаракат қилмадинг. Евгения тадқиқотларингнинг маъносини чақишга бирон марта ҳам уринмади. Экспериментларингнинг моҳиятини бирон марта ҳам тасаввур қила билмади. Хотининг илмий мақсадлардан узоқ эди, ўзга муҳитда яшар эди, лекин у сенга қадрдон эди ва сен у билан кўп йиллар бир ёстиққа бош қўйган эдинг, у сен фақат иш билан овора бўлганингда ҳам, ҳатто ўзинг уни тез-тез аборт қилиб турганингда ҳам (кейинчалик бу ҳақида ўзинг аччиқ алам аралаш афсусландинг, ахир бу билан сен ўз оилавий ҳаётингнинг илдизига болта урган, рисоладаги аёлнинг қатъий нафратига учраган эдинг-да) — Ҳамма-ҳаммасига чидади, лекин сени ҳеч нарса тўхтата олмас эди. Сен фанга фидоийлик билан кириб кетиб бошқаларнинг, энг аввало севикли хотинингнинг ҳис-туйғулари, фикр-мулоҳазалари билан ҳисоблашмасдан тўғри иш қилаётирсанми-йўқми – бу саволга жавоб беришга ҳаракат ҳам қилмадинг, бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмадинг. Евгения сенинг нима ишлар қилиб юрганларингдан, йиллар ўтиб, нималарга эришганингдан ва бундан қандай мақсадларни кўзлаётганингдан хабар топгач, сенинг олдингда тиз чўкиб йиғлади, ҳаммасини ташлаб, Москвадан узоқ-узоқларга, айтайлик илмий марказларида ишлар тўлиб ётган, профессорлар юксак қадрланадиган ва Москвадагидан кам маош олмайдиган Узоқ Шарққа кетишни илтимос қилди; хотининг ўша томонларда театрлардан иш топишини айтиб, янгидан турмуш бошлашни, ниҳоят, болалик бўлишни ўтиниб сўради, лекин сен рафиқангнинг таваллоларини инобатга олмадинг, аёлингнинг, ўзинг айтгандай экспериментларингдан соддаларча қўрқиши, инжиқликлари сенга чивин чаққанча ҳам таъсир этмади, сен ўзингга ишониб топширилган юмушлардан воз кечишни хоҳламадинг. Бунинг учун кейинчалик қанчалар афсусланмадинг, қанчалар ўкинмадинг, лекин энди кеч эди... Ҳаёт эча бир ўзандан ўтиб, бошқа ўзанларда давом этаверади...
Сенга шуҳратпарастлигинг тинчлик бермас эди. Евгения кетди-қолди, шунга ҳам куйиб-пишаманми деб ўйладинг – нима, шунга ҳам ота гўри қозихонами, ўзингга бошқасини топиб оласан, ишлардан сал қутилгач, разм соласан – атрофда қанча хотинлар бор ва албатта ўзингга, дидингга ёққанини, энг муҳими, покдомон, сен қилаётган ишнинг ахлоққа тўғри келиш-келмаслигига ортиқ даражада шубҳа билан қарамайдиганини танлаб оласан. Ва бу аёлни имтиёзли кишилар учун ажратилган «феодаллар» хиёбонида, атомчиларнинг худди шундай данғиллама ҳовлилари биқинидаги ўзингнинг академикларга мўлжалланган тоқ-равоқингга олиб келасан. Лекин бу режаларинг бемалол рўёбга чиқадиган бўлишига қарамасдан, ўшондоғича қолиб кетди. Янги воқеалар юз кўрсатиши билан уйланишдан бошқа ташвишларинг ҳам етиб ортар эди, сенинг кейинги бутун ҳаётинг, космосга, орбитал станцияга жўнаб қолишга ва ўзингни самовий роҳиб деб эълон қилишга мажбур этган барча шарт-шароит мана шу воқеалар оқибати бўлди.
У пайтларда сен академиклар орасида анчагина машҳур шахс эдинг, фанга оталик қилувчи органларнинг алоҳида диққат-эътиборида турардинг. Адолат юзасидан айтганда, КПСС МК бу маънода мақтовга сазовор эди. Бунга ўз тажрибангда бир неча марта гувоҳ бўлгансан.
Ҳар қандай маблағ ва имтиёзларнинг сенинг институтингга, энг аввало, ўзингнинг машҳур лабораториянгга деярли югур-югурсиз, таниш-билишларсиз осонгина бериб турилиши МК ҳомийлиги туфайли эди. О, ҳокимларнинг марҳаматига, саройдагиларнинг меҳрибонлигига-ю, тўраларча ҳозиржавоблигига одам боласи нақадар тез кўникади. Энди эса ҳамма вақт шундай бўлиб келганми, ҳар доим шундай бўлиб қолаверадими, деб ўз-ўзингга савол берасан. Мисол келтириш учун узоққа бориш шарт эмас. Фанлар академиясининг президенти, етакчи атомчи олим шахсий суҳбатлардами, телефон орқалими, «Андрей Андреевич, худо ҳаққи, ҳеч нарсадан ўзингизни қисманг. Дадил бўлинг, мамлакат сизнинг программангизни жамики зарур нарсалар билан таъминлашга тайёр. Чет эллардан келтирилган асбоб-ускуналар бўладими, транспортми, қўйинг-чи, нимаики зарур бўлса, айтаверинг, тортинманг. Сиз ўта муҳим иш қиляпсиз», деб қайта-қайта тайинлар эди.
Дунёнинг яримини эгаллаган бутун мамлакат номидан айтилган ана шундай мақтовлардан, олий ҳимматдан ғалати бўлиб кетар эдинг, ўлжа илинжида айланиб уча бошлаган йиртқич қушлар янглиғ партия ходимларининг соф илмий тажрибалар билан тобора кўпроқ қизиқа бошлагани сенинг ғашингга тегар эди, лекин сен оғзингга талқон олиб ғинг демай тураверар эдинг, сен миннатдорчилик оғушида хушомадгўйлик ҳам қилмадинг, шу билан бирга олий раҳбариятнинг эътиборини оҳанграбодай ўзига тортган шов-шувга сабаб бўладиган қандайдир лойиҳанинг бўйин товламас ижрочиси деб қарашларига қаршилик ҳам кўрсатмадинг, мен бунақалардан эмасман деб ҳам қўймадинг. Ҳа, ўзингни вақтида тўхтатишинг, кейинчалик маълум бўлдики, ўзингнинг чиндан ҳам мулоҳазали эканлигингга амин бўлиш учун баҳона қолдирмаслигинг керак эди. Лекин сен ожизмидинг, бетайинмидинг, амалпарастмидинг, сенда ҳокимият эгаларига хира пашшадай ёпишиб олиш хусусияти бормиди? Эҳтимол, худди шунинг учун бўлса керак, ният-мақсади ўта дудмал илмий программани бошқаришни сенга таклиф қилишди. У «Жинсларни эмбрионал негизда бошқариш» деб аталади, бироқ бундан мақсад: номаълум (аноним) ота-оналардан янги зурриётлар яратиш методини ишлаб чиқиш эди.
Бунақаси дунёда бўлган эмас. Сен дафъатан пайдо бўлган қароқчига ўхшаб бу ишга ўралашиб қолдинг. «Иксзурриёт» истилоҳи сенинг ихтиронг эмас, уни қисқартмалар деса ўзини томдан ташлайдиганлар – фан мутасаддилари ўйлаб топганлар, бу ибора тезда қарийб ўзига хос инқилобий сирсўз (пароль) бўлиб қолди, чунки лаборатория шароитида иксзурриётлар яратишдан мақсад янги типдаги одамларни, мафкуранинг бўлажак фидокорларини етиштириш эди. Иксзурриётлар XXI асрнинг фидойи инқилобчилари бўлиб қолишлари керак эди. Худди ана шу нарса назарда тутилар эди. Партия раҳбарлари ўлим тўшагида ётган жаҳон коммунистик мафкурасини тирилтириш ва қайта тиклашнинг янги усули ана шунда, деб тушунишар эди. Сен иқрор бўлишинг керак – орадан кўп ўтмасдан «иксзурриёт» деган янги сўзга қулоғинг ўрганиб ҳам қолди, сен қилаётган ишга юрагинг, қалбинг одатланиб қолди – сен ўзингни ўзинг шу нарсага ишонтира олдингки, сенинг экспериментларинг бор-йўғи фандир, тажрибалардан нималар келиб чиқиши эса сенинг ишинг эмас.
Тўхта! Ошиқма! Бу ерда ҳамма нарсани ипидан игнасигача гаплашиб олишга тўғри келади. Ҳа, «иксзурриёт» атамасини юқоридан таклиф этишгани тушунарли, бунда инсониятнинг янги зотини яратишнинг узоқ муддатли программаси кўзда тутилган эди. Лекин ишнинг энг бошида стратегик мақсадлар тилга олинганда, сен эътироз билдирмадинг, ундан воз кечмадинг, ўзингни четга олишга ҳаракат ҳам қилмадинг. Ва сени янги Дарвин деб кўкка кўтарганларида ҳам, цивилизация тарихидаги бу мислсиз программа сенинг назарий ва амалий ишларингдан, бу борадаги башоратларингдан келиб чиқди, деганларида хижолат ҳам тортмадинг. Сени илмий раҳбарликка таклиф қилганларида гўё шундай бўлиши табиийдай, ўша заҳоти розилик билдирмаган бўлсанг ҳам, ўйлаб кўраман, дединг, лекин бутунлай воз кечмадинг. Ҳа, воз кечиш керакми, шундай қилиш мумкинмиди? Ёлғиз отнинг чанги чиқмас. Ўша пайтга келиб, расмий доиралар даъватига шундай учган эдингки, хўжайинларнинг биронта илтимосига йўқ демасдинг.

* * *
Бу гап тўғри бўлиб чиқди. Фанлар Академияси президентининг таклифига жавобан «ўйлаб кўраман» деган кунингоқ сен Эски майдонга, Сиёсий бюро аъзоси, КПСС МКнинг мафкуравий масалалар ва халқаро коммунистик ҳаракат бўйича секретари Конюханов Вадим Петрович ҳузурига таклиф қилиндинг.
Эски майдонга сен деярли ўз уйингга келгандай етиб келдинг, тез-тез бўлмаса ҳам турли масалалар юзасидан йилига бир неча марта бу ерга келиб кетар эдинг-да. Бу сафар ҳам ўзингнинг деректорлик қора «Волга»нгда келдинг, Москва кўчаларида изғиб юрган машиналарга, чумолидай қайнаб ётган йўловчилар оқимига аланг-жаланг қараб қўяр эдинг. Сенинг қаёққа ва қандай мақсад билан кетаётганингни билганида борми, оломон кўчани тўсиб олиб машинангнинг дабдаласини чиқариб ташлаган, ўзингни эса тошбўрон қилган бўлар эди. Буни ваҳшийлик деёлмасдинг, уларнинг бу шафқатсизликларини Парвардигор афв этган бўлур эди.
Ҳар доимгидай, тушдан кейин Москва, айниқса, шаҳар маркази одам денгизига айланган эди. Одамлар бу ҳақда фикр қилиб кўришдими-йўқми, лекин худди шу соатда улар учун турмушнинг жамики муаммолари бирон нарсани қидириб топиш ҳақида бош қотиришдан ва қўлга киритиш, сотиб олиш, шу ниятда итдай изғиб юришдан иборат эди деса бўлади. Лекин улардан биронтаси ҳам сал нарироқда кимнингдир Табиатга, Тарихга, Худога, одамларга – Ҳамма-ҳаммасига қарши қандайдир иш қилиш ниятида экани, шундан сўнг дунёнинг қайтадан яратилгандай ўзгариб кетиши ҳақида бир лаҳза бўлса ҳам ўйлаб кўрмас эди.
Дарвоқе, ана шу режани амалга ошириш имкониятига эга бўлган киши уларнинг ёнгинасида кўзни куйдириб салобатли автомобилида сузиб кетаётган эди ва табиийки, худди шу онда бу кишининг оила, насл-насаб, авлодларнинг ворисийлиги тушунчалари ўтмишнинг сарқитлари бўлиб қоладиган замон келиши учун ишлаётганини, оқибатда ҳар ким ибтидо ва интиҳо бўлиб қолиши мумкин эканлигини, кишилар кимлардан пайдо бўлгани ва кимларни дунёга келтиргани ҳақида зиғирчаям тасаввурга эга бўлмай қолишини улардан биронтаси хаёлигаям келтирмас эди... Бу вазифаларни оила ўрнига Ота-Давлат бажариши керак эди.
Аммо бу сенинг шахсий жаҳоншумул программанг эмас эди, албатта. Мафкуравий ғоя лоп этиб сенинг миянгга келгани йўқ, бу бошқаларнинг фикри, шундай бўла қолсин, лекин бунга шахсан сен ва сенинг илминг хизмат қилди, тажрибаларинг тоталитар давлатнинг қора кучларига улардан ўз мақсадларида фойдаланиш йўлини шипшитиб қўйди. Б ҳақда сен энди, бўлари бўлгандан кейин гапиряпсан. Бироқ сен ўша кезларда ҳам кашфиётингдан қандай амалий хулосалар чиқариш мумкинлигига фаҳминг етар эди, аммо сен бу нарсанинг бевосита менга алоқаси йўқ деб ҳисобладинг ва бу ҳақда ўйламасликка интилардинг. Шундай бўлиб чиқдики, улкан режа, кирдикор мўлжалланган, бу ҳеч ҳам хомхаёлик эмас экан, сен шуғулланаётган кори-амал энди хўжайинларнинг эркатойи бўлмиш тадқиқотчининг илмий машқларигина эмас эди. МКга келганингдан кейин бунга амин бўлдинг.
Бу сафар эшик олдида сени Конюхановнинг котиби кутиб олди ва махсус лифтда барча назорат постларининг ёнидан ўтиб, еттинчи қаватига олиб чиқди. Конюханов сени кутиб турган эди. У эшикни ўзи очиб, сени кабинетига таклиф қилди.
— Андрей Андреевич, сизни кўрганимдан хурсандман! – У кўзойнагини ялтиратиб саломлашди сен билан. Унинг илтифотида сохталик сезилмасди. – Биз сиз билан тез-тез кўришиб ҳам туролмаймиз. Келинг, бироз гаплашайлик, юрагимизни бўшатайлик. Сизни кутиб ўтирибман, бунинг учун ҳар кунги юмушларни бир чеккага суриб қўйдим, қуриб кетсин бу ишлар! ҳа, сиз ҳақсиз, ҳар ҳолда тез-тез мулоқот қилиб турган маъқул, Андрей Андреевич. Лекин ҳаммасига вақт керак, вақт, вақт! Марҳамат. — Ва котибани огоҳлантирди: — Ҳеч ким безовта қилмасин. Мен йўқман.
Бу писанда учрашув фавқулодда аҳамиятга эга эканлигини билдирар эди. Оқибатда худди шундай бўлиб ҳам чиқди.
Конюханов ўзини тута билар, суҳбатдошини ўзига ром қила олар эди. Одобли эди, андиша билан қулоқ солар, ўйлаб гапирар эди. Таомили билан кийинган эди: сипо костюм, шу рангдаги галстук, сифатли пойабзал. Овқатни кўп емаса, суюқни кўп ичмаса, қадди-қоматига аҳамият берса керак. Фавқулодда ялтироқ кўзойнаги унинг турмуш лаззатларидан воз кечган кишиларникига ўхшаш чўзинчоқ юзига ярашиб тушган эди. «Таканинг соқолини ёпиштириб қўйса, Дзержинскийнинг ўзи бўлади-қолади», деб ўйлагансан сен ўшанда нима учундир.
МКнинг бу котиби ҳақида фикр ёмон эмас эди, аксинча, кўплар уни кенг фикрлайдиган одам деб ҳисобларди. Сиёсий бюро аъзолари орасида у энг ёшларидан бири эди. У элликка яқинлашиб қолган ва энг ишчан котиб деб тан олинар эди. Дипломатия соҳасида мартабага эришди, бизлар учун сиёсий жиҳатдан айрича аҳамиятли бўлган мамлакатларда бағоят пухталик билан, аниқ мақсадни кўзлаб иш кўрарди. Шимолий Кореяда, Вьетнамда, Кубада ва Хитойда маслаҳатчи, сўнгра элчи бўлди, унинг хизматлари юксак баҳоланди ва ўша ердан, ўша қайноқ чизиқдан масъул ишга кўтаришди, шуни айтиш керакки, умумий фикрга қараганда, жуда муносиб ва одилона иш бўлган. Кейинроқ эса, халқаро Олимпга – БМТга Доимий вакил бўлиб жўнаб кетишдан сал олдин – Конюханов бирдан партия органларига, уларнинг олий поғоналарига ишга олинди ва шундан буён халқаро коммунистик ҳаракатлар соҳасида барча мафкуравий ва ташқи сиёсий ишларни бошқаради.
Сен Конюхановни билар эдинг ва мана, кези келиб уни бошқачароқ нуқтаи назардан кўряпсан.
Умумий гаплардан кейин, муддаога кўчишдан олдин у қистириб қўйди – Андрей Андреевич, гапни узоқроқдан бошлайман. Мени тўғри тушунсангиз керак, демоқчиманки, инсониятнинг тарихи бир лаҳзада, айтайлик, кимнингдир миясига қандайдир фикр яшин янглиғ келиб қолганда воқе бўлади. Маълумки, ҳаётда ҳамма нарса муайян вақтгача тадрижий ривожланади. Лекин баъзан бирдан, айтиш мумкинки, инқилобий вазият пайдо бўлади, коллизия рўй берадики, қандайдир ғоя чиндан ҳам ҳамма нарсани бирваракайига ағдар-тўнтар қила олади. Ва ҳозир худди ана шундай пайтдир. Фақат, худо ҳаққи, бу ғоянинг муаллифи каминаи камтарин деб ўйламанг. Мен бу ўринда бор-йўғи галага қўшилиб учадиган қушдай бошқаларга ҳамроҳман, холос.
— Унда мен қанақа қушман? — суҳбатдошнинг нима демоқчи эканлигини тушиниб олишга ҳаракат қилиб луқма ташладинг сен ўзингни тутолмай.
— Озгина сабр қилинг. Бу шунчаки, гапнинг хамиртуриши, муқаддимаси, бўлмаса, ишнинг моҳиятига яқинлашиш амримаҳол. Демак, муқаддимани давом эттираман. Мен назарда тутган нарса – инқилобий характердаги тарихий қадам. Унда Франция инқилобининг учқуни, бизнинг Октябрь инқилобимизнинг ёлқини мужассам, мен шундай деб биламан. Бу тафаккурнинг мутлақ эркинлиги, сийқаси чиққан замонлар Афлотун назарда тутган фикрнинг ўзгинасидир: ғоянинг моддага таъсири ва модданинг ўзгариб ижтимоий-сиёсий идеалга айланиши. Мен тушуниб турибман, Андрей Андреевич, сиз ҳозир бу гапларнинг нима кераги бор, бу қандай лекция ўзи, деб ҳанг-манг бўлиб қолдингиз. Лекин мени афв этинг, бу масала сизга, сизнинг фанингизга бевосита алоқадор! ҳа, ҳа! Ажабланманг, шундай!
Икковларинг гуруҳ-гуруҳ одамларни йиғиб ўтказиладиган кенгашлар учун мўлжалланган катта стол атрофида ўтирдинглар, котиба жимжимадор гулли нафис финжонларда чой келтирди. Сен бу ерга ўта муҳим юмуш юзасидан таклиф қилинганлигингни тушундинг, акс ҳолда узундан-узоқ дебоча кимга керак эди. Ва сен ўзингнинг ўта айрича илмий экспериментларингнинг амалий аҳамияти партия Марказий Комитетининг эътиборини нимаси билан тортганини фаҳмлаб олишга уриниб кўрдинг. Аста-секин манзара ойдинлаша борди, бу иш сени ўз миқёси билан ҳайратда қолдириб, сергакликка чақирар ва айни вақтда ўзининг шиддати билан ўзига ром этар эди.
— Мана сизга, Андрей Андреевич, очиғини айтганда, суҳбатимизнинг мундарижаси, — давом этди Конюханов. У чекиб бўлган папирос қолдиғини биллур кулдонга қўли билан хомуш эзиб ўтирар экан, бирдан бошини кўтарди. — Масалани керагидан ортиқ даражада чигаллаштиряпман шекилли, — кулиб қўйди у. — Шунақа муқаддималарга кўникиб қолганман. Сиз эса ўзимизники. Шунинг учун имкон қадар самимий ва қисқа гаплашаман. Мана шуниси қийинроқ. Фақатгина... Биринчиси, энг муҳими, партия сизга ишонади, Андрей Андреевич. Ишонади. Ва тарих сизнинг олдингизга қўйган вазифа – Ҳаммамизнинг умумий вазифамиз. Ҳа, тушунаман, фан билан партия – айрим-айрим нарсалар, бироқ ҳамма соҳада ва ҳамма жойда синфий ёндашиш муқаррардир. Биз марксчи-ленинчилар шунга асосланамиз ва бизнинг тарихий афзаллигимиз, шубҳасиз, ана шунда. Мана шу масалада сизнинг кашфиётларингиз, таъбир жоиз бўлса, қўлбола биологиянинг кашфиётлари – бу одам табиатига чуқур кириб бориш, аслида инсон шахсини қайта қуриш, шахснинг келиб чиқишини, жамиятдаги ўрни ва ролини қайта қуриш, кейинчалик эса сунъий туғиладиганлар матрицасига асосан бутун инсониятни қайта қуриш имконияти демакдир. Фақат бошлаб юбориш қийин, холос. Мана, ХХ аср араваси қаерларгача борди!
Мен сизга ақл ўргатмоқчи эмасман, лекин шу маънода мен Фан бўлимимизнинг фикрига тўла қўшиламан – дунё яратилгандан бери бунақаси бўлган эмас. Сизнинг сиймонгизда фан чиндан ҳам мисли кўрилмаган қудратга эга бўлди. Дарҳақиқат, сиз таҳсинга лойиқсиз. Идора қилиб бўлмайдиган ҳомиладорлик ва туғилиш ҳодисаси бошқариладиган жараён бўлиб қолаётир. Энди шундай фикр туғилди: буни оммавий тартибда жорий қилишга уриниб кўрилса, қандай бўларкин? Бу инқилоб, фақат номи йўқ, биологик тур сифатида одамни қайта ишлаб чиқаришдаги чинакам инқилоб. Шундай экан, бу жараён бошқариладиган ва назорат қилинадиган экан ва жамият ҳаётида янги омил экан, тарихнинг янги дастаги экан, демак, сиз ҳам тан олинг, бу энди сиёсатнинг иши. Ва бу аснода биз сиз билан, Андрей Андреевич, энди шериклар, партнёрлар сифатида учрашяпмиз. Биз шунга асосланамизки, партия четда қолмаслиги, қандайдир кузатувчи бўлиб турмаслиги керак, аксинча, вақтни қўлдан бой бермасдан, бу жараённинг бошида турмоғи, жамиятимиз, мафкурамиз мақсадлари ва вазифаларини кўзлаб уни тегишли йўналишга буриши лозим. Худо ҳаққи, мени кечиринг, Андрей Андреевич, мен тузалмайдиган сергапман. Лекин сиз гап нимада эканлигини тушунасиз. Сиз ҳамма нарсани олдиндан билиб турасиз, сиз — даҳо кишисиз. Ва мен бир нарсани қўшимча қилмоқчиман. Гап нима ҳақида кетмасин – космосдаги кашфиётлардан тортиб экспрементал биологиядаги кашфиётларгача – биз ўзимизнинг пировард мақсадимизни, жаҳоншумул ролимизни унутишимиз мумкин эмас. Мана сизга энг муҳими. Афсуски, ҳатто бизнинг МКда, аппарат доираларида ҳам маълум ревизионистик кайфиятлар бор. Мен сиздан ҳеч нарсани яширмайман, сиз ўзимизникисиз. Баъзи бир ўртоқлар алоҳида мамлакатда социализм шароитида тинчгина яшашни хоҳлайдилар. Улар бизнинг бутун дунё меҳнаткашлари ҳақида қайғуришимизни унутиб қўядилар. Капитализм билан мусобақада биз ғалаба қилишимиз лозим. Ва жаҳон инқилоби шиори ҳозир очиқ айтилмаётган бўлса ҳам сайёрада коммунизм ғалаба қилажак! Бу – бизнинг асл мақсадимиз ва уни ҳар қанақа йўл билан, жамики воситаларни ишга солиб яқинлаштирмоғимиз даркор. Инчунин фақат илм билан андармон бўлиб, экспериментал биология соҳасидаги сизнинг ноёб ютуқларингиз инсоният ҳаётида қандайдир жаҳоншумул воқеа бўлажагидан башорат қилаётганига шубҳа қилмасангиз керак. Ҳа, шундай! Мен буни жиддий айтаяпман. Сиртдан қараганда, буни тасаввур қилиш ҳам қийин – ахир ҳамма нарса бор-йўғи лабораторияда ундирилган эмбриондан, айтайлик, пробиркада дунёга келган уруғдан бошланади-да! ҳамма гап шундаки, бунинг оқибатида туғилган одам – уни иксзурриёт деб атайлик – номаълум шахс. Бу – ота-онаси номаълум, сунъий етиштирилган субъект, мен шундай тушунаман. Сизга кундай маълум бўлган нарсаларни нима учун мен тушунтириб беришга уриняпман? Гап шундаки, бу сиз учун қизиқарли лаборатория экспериментлари объекти бўлса, биз учун иксзурриёт – янги типдаги одам. Ва бизнинг тахминларимизга кўра, меҳнаткаш синфларни эски дунёдан халос қилиш учун, уни ағдар-тўнтар қиладиган ҳам худди ана шу иксзурриётдир! ҳамма гап ана шунда. Вақт келиб, тарихий жараёнда ҳаракат қилувчи бош шахс ҳам ана шу иксзурриёт бўлиши мумкин!
Эҳтимол, мени ҳиссиётга берилиб, жўшиб кетяпти, деб ўйларсиз, Бунинг сабаби бор. Ахир иксзурриётлар феномени сиёсий жиҳатдан ҳайрон қоларли даражада истиқболи порлоқ. Бу шундай ўткир куч бўладики, бу куч биздан фарқли ўлароқ, орқа-олдига қарамасдан, қўрқинч ва шубҳа нима эканини билмасдан бутун дунёда коммунизм ғалабаси учун курашади. Оила ва қариндошлик алоқаларини эски, зўравонлик дунёсининг қолдиқлари сифатида ҳудди ана шу иксзурриётлар тарих ахлатхонасига улоқтиради. Шахс ва руҳиятнинг мисли кўрилмаган озодлигини ўзида мужассамлаштирган иксзурриётлар одамзоднинг инқилобий таълимимиз аллақачон олдиндан кўра билган янги даврига йўл очиб беражак. Иксзурриёт ўз умрини ўтаган эски дунёни келажакда қўпориб ташлаш баробаринда янги дунёни бунёд этажак. Аминманки, иксзурриётлар муҳитида буюк кишилар, даҳолар одатдаги эскириб қолган муҳитдагига қараганда кўпроқ пайдо бўлади. Ўзингиз тушуниб турибсиз – бунда оилавий ва бошқа эскирган кишанлар ва ташвишлардан бутунлай озод бўлинади. Болалар сунъий йўл билан, ота-оналарсиз бунёд этилади, тегишлича тарбия қилинади. Айтмоқчи, бўлимдаги айрим ўртоқлар ота-онаси номаълум бўлган болаларни келиб чиқиши ноаниқ бўлган қимматли тоғ жинси парчасига ўхшатиб “сбакитлар” деб аташни таклиф қилмоқдалар, лекин менинг назаримда “иксзурриёт” яхшироқ, аниқроқ.
Ҳозирча биз фақат назариябозлик қилаётирмиз, фақат бизни қизиқтирган мавзу юзасидан фикр юритмоқдамиз, мислсиз янги олам ҳодисаси нималарга олиб келишини олдинроқ кўришга ҳаракат қилаётирмиз, лекин буни олдинроқ айтиб бера олиш зарур. Ҳозирги замон цивилизацияси воқеаларни, муаммоларни қаторлаштириб қўяётган экан, қўл қовуштириб туриш мумкин эмас. Тарих буни кечирмаган бўлур эди. Шу муносабат билан айтадиган гапим шуки, келажак кўп жиҳатдан дунёвий курашда биринчиликни қўлга ола билган кишига боғлиқ бўлади. Янги одамларга — иксзурриётларга жамият эшигини очиб қўйган киши ғолиб чиқади, иксзурриётларнинг шубҳасиз афзалликлари шундаки, ана шу ота-онасиз, қон-қариндошсиз туғилган зотлар оиладан, ҳар хил қон-қариндошлик ва уруғ-аймоқлик ришталаридан, патриархал ҳамда ўзга алоқалардан мутлақо эркин бўлади, бу эса эскирган ахлоқнинг асрий юкидан қутқаради. Сиёсий жиҳатдан эса мислсиз ютуқ. Иксзурриётлар коллективизм ва байналмилаллик эталони бўлиб қолади. Улар коммунистик байналмилалнинг зарбдор кучи бўлиб қолади ва худди шу одамлар Ғарбга ҳал қилувчи зарба беражак!
Буларнинг ҳаммаси, сезиб турганингиздай, истиқболда бўлади, лекин умумий концепция ишлаб чиқилиши керак ва ишга туширилиши лозим. Ва партия сиз каби олимнинг, Андрей Андреевич, мазкур масала юзасидан бизнинг мавқеимизга шерик бўлишдан ўта манфаатдор. Аслини олганда икковимизнинг учрашувимиздан мурод ҳам шу. Ва мен ўйлайманки, тил топиша оламиз. Ахир, амалда, Андрей Андреевич, асосий нарса сизга боғлиқ, сиз – иксзурриётлар етиштириш технологиясининг ижодкорисиз. Биз эса шунчаки шериклармиз: мафкура – елканга урилган кучли шамол, елканнинг эмас, балки ҳаракатнинг шамолидир... Шундай эмасми? Айтгандай, ваколатли органлар сизнинг ишингизга катта қизиқиш билан қарамоқдалар, бу борада уларнинг муайян таклифлари ҳам бор.
Суҳбат давом этар эди. МК котибининг ўз оғзидан эшитган гаплардан ҳанг-манг бўлиб, шу пайтда мени ташвишга солган ва қийнаган нарсаларни яширишга интилдим. Суҳбат давомида айтган мулоҳазаларим ва билдирган эътирозларим ҳақида бу ўринда гапириб ўтирмайман. Фикрларим шу маънода унчалик муҳим эмаски, уларда МКнинг мавқеидан фарқ қиладиган ёки айтайлик, Конюхановнинг фикрига эътироз билдирадиган гаплар йўқ эди, нари борса менинг мулоҳазаларим суҳбатдошнинг эҳтиёткорлик билан билдирган мулоҳазаларига ўхшайди.
Нега ўша суҳбатни энди эслаб, ваҳимага тушяпман?! Ва энди космосдан туриб орадан анча вақт ўтгандан кейин хитоб қилаётирман: иксзурриётлар атрофида нима ишлар қилина бошлаган, нималар режалаштирилган, нималарга тайёргарлик кўрила бошлаган. Эсда қолган ўша учрашувни холисанлиллаҳ тасвирлашга ҳаракат қилар эканман, ҳамма нарсани қандай бўлган бўлса шундайлигича, ўзимни ҳам ўша соатда қандай аҳволга тушиб қолган бўлсам ўшандоғича тасвирлайман. Менинг ўша пайтда ўзимни қандай тутганим обрўйимга обрў қўшмайди. Лекин ўша кезда Эски майдонда ўзимни бошқача тутишим мумкин ҳам эмас эди, мен ўзимни оқламоқчи эмасман, мен қаҳрамон эмасман, қаҳрамон бўлмоқчи ҳам эмасман, лекин виждон ҳурмати, айтиб қўйишим керак: ўзимни бошқача тутишим амри маҳол эди; акс ҳолда келажакда мени сиқиб қўйишар, ўзимнинг асосий мавзуимни тадқиқ қилишдан аста-секин четлаштириб, партиянинг содиқ аскарлари бўлмиш ўз ходимларим бу мавзуни ўзиники қилиб олишган бўлур эди – Фанлар академияси тарихида бундай мисоллар тўлиб-тошиб ётибди. Кўпинча раҳбарликни ва таъсирни бой бериш фандаги ўринни йўқотишдан кўра ҳам даҳшатлироқ ҳалокатга сабаб бўлар эди. Нимасини айтасиз, мен бориб турган ақидапараст, ҳокимиятнинг малайи бўлиб иш тутдим, ахир ўша даврдаги зиёлиларнинг кўпчилиги урушдан сўнг қиличинг билан тезак чоп деганларидай, ўзлари ҳақида энди нималар дейишмасин, худди менга ўхшаб кун кўришган.
Яна аҳамиятига кўра бошқалардан қолишмайдиган, ўша ҳолатда менга халақит берган бир жиҳат, шахсий масала... Тушуниб турибман, ўзимни оқлаш учун айтаётганим йўқ, шундай бўлса ҳам... Организмга ҳар доим ферментлар бериб турадиган меъда ости бези каби ўзимнинг ота-онам номаълумлиги ҳақида Конюханов нима деб ўйлаяпти экан деган аламли фикр мени тўхтовсиз сиқувга олар ва тинчлик бермас эди. Бу фикр менга ўзимни одамдай ҳис қилишимга имкон бермас эди. У буни билар эдими ёки йўқми, ё бўлмаса, ўзининг фикр-хулосалари ҳамда ғояларига маҳлиё бўлиб, менинг ким эканлигимни, насл-насабимни бутунлай унутиб қўйдимикин ёки аксинча, таржимаи ҳолимдаги ана шу фактдан – бир вақтлар Руза болалар уйининг эшиги ёнида қанор матога ўраб ташлаб кетилган боланинг таржимаи ҳоли воқеасидан атайин фойдаланаё-тирмикин? Аслида мен ҳам иксзурриётман, табиий ҳолда туғилган бўлсам ҳам, насл-насабсиз, уруғ-аймоқсиз ўшандай одамман, бағритошлик билан бўлмаса ҳам сабот-матонат билан, пинагини бузмасдан иш кўрадиган, ўз ишининг қаттиққўл мутахассиси, ўз лаёқати ҳамда вақтини мақсадни аниқ кўзлаган фаолиятидан бошқа нарсаларга сарфламайдиган ходим деб ном чиқарганман. Ҳамма нарса шуни кўрсатдики, партия мафкурачиларини худди шу хусусият қониқтирар эди улар, иксзурриётларнинг худди ана шундай бўлишларини хоҳлар эдилар. Мен тақдир тақозоси билан иксзурриёт бўлдим-қолдим. Бу ҳақда ошкора гапирилмаса ҳам, мен истар-истамас жонли мисол, маълум даражада тимсол бўлиб қолдим... Буни тушунар эдим... Эҳтимол, Эски майдондаги энг нуфузли хосхоналардан бирида ғалати ҳис-туйғулар шунинг учун ҳам ўша куни менинг юрагимга ғулғула солгандир.
Мен ўзимни бўшанг, беқарор сездим: жоним қийноқда эди. Шундай бўлиб чиқдики, шу хонада, ўзимнинг иштирокимда менга қарши фитна уюштирилди. Илмий тажрибалар билан жиноят ўртасидаги чегара қаердан ўтади, ана шу омонат чизиқни ким кўрсата олади?! Қалбимни шубҳа кемирар эди: агар бу нарса инсониятнинг узоқ даврлардан буён давом этаётган авлодлар силсиласида машаққатлар чеккан асрий армонларига қарши, қўрқинчли ва бемаъни ҳаёт билан яшаётган бўлса ҳам, авлоддан-авлодга такомиллашишга чанқоқ инсониятга қарши – ўзларига насиб қилмаган бўлса-да болалари, неваралари бахтга эришадилар деб астойдил ишонган аждодларнинг орзу-умидларидан келиб чиқиб, мўъжиза рўй бериб, хаёлий ғояларнинг амалга ошишига инсониятга қарши фитна бўлса-чи? Иксзурриётлар бу ёруғ дунёда ҳамма учун ва ҳар бир киши учун авлодлар тажрибасининг давоми бўлмиш тарих ғилдирагининг ҳаракатини тўхтатиши, Оталикка, Оналикка чек қўйиши, ҳамма нарсага барҳам бериши керак эди... Асрлар оша кўз кўриб қулоқ эшитмаган ва ақлга сиғмайдиган ҳолат: Одам Ато билан Момо ҳаводан сўнг иккинчи марта дунёдан Ота билан Она қувғин қилинди, қувғин қилинганда ҳам яширинча, осмони фалакни ларзага келтирадиган момоқалдироқ янглиғ нафрат гулдиросларисиз, барча даврларда бўлганидай нафрат-лаънатларсиз қувғин қилинди – ота-оналик бурчларини йўққа чиқариш йўли билан, маккорлик ва секин-асталик билан ҳомилаларга “ҳунар кўрсатиш” орқали қувғин қилинди, шу билан бир қаторда йўқликка қувғин қилинди.
Бу воқеаларнинг барчасида бош қаҳрамон, Оталик ва Оналикнинг таъқибчиси ва кўзга кўринмас жаллоди сифатида мен турар эдим.
Шу билан бир вақтда тушунар эдимки, энди менинг ролим, аҳамиятим тобора ошар, замон қуёши остида менинг ўрним тобора муҳим бўла борар эди. Улкан ишни амалга оширишда дунё ҳокимлари менга муҳтож-муте бўлишарди.
Мен ташландиқлигимнинг мевасига тўйиб бўлдим. Эҳтимол, бу тақдир тақозосидир – олдиндан тайёрланган қандайдир даҳшатли сценарий асосида худди ана шу ақлга сиғмайдиган усул билан дунёдан ўч олиш учун мени атайин рағбатлантиришаётгандир – иксзурриёт бўлиб туғилганим сабабли ўзим ишлаб чиққан технология асосида ота-онаси номаълум бўлган иксзурриётлар авлодини яратиш менинг зиммамга тушгандир. Воқеаларнинг шундай кечиши кимгадир жуда қўл келгандир – шу пайтда лоп этиб мен чиқиб қолгандирман.
Эшик олдида хайрлашар экан, Конюханов бундай деди:
— Андрей Андреевич, сизни билмайман-у, бу учрашувдан мен жуда катта қониқиш олдим...
Мен ҳам унга тахминан худди шундай лутф билан жавоб қайтардим. У яна гапни давом эттирди:
— Биласизми, Андрей Андреевич, мен бир жиҳатни тушунтириб қўймоқчиман. Сизга органлардан ўртоқлар мурожаат қилишади, улар ҳалиги масала юзасидан... – у гапини охирига етказмади ва давом этди: – сизга ёрдам бериш учун уларнинг ўз таклифлари бўлади. Булар энди ташкилий масалалар, албатта, хавотир олмасангиз бўлади. Дарвоқе, уларда, ҳар қачонгидай, ҳамма нарса ўйлаб, ҳисоб-китоб қилиб қўйилган ва бу сафар ҳам, айтган бўлур эдимки, ишнинг кўзини билиб...
Ростини айтсам, бундай ахборот мени ташвишга солди:
— Вадим Петрович, — мурожаат қилдим мен Конюхановга. — Модомики ўзингиз бу ҳақда гап очдингиз, бунинг учун мен сиздан миннатдорман, тилга олинган ўртоқларнинг кўмаги нималардан иборат бўлишини шахсан ўзингиздан эшитсам яхши бўлармиди? Айтайлик, тегишли мулоқотларга тайёр бўлиб туриш учун.
— Хўп бўлади, – менинг фикримни ўқигандай кулиб қўйди Конюханов. — Сиз билан, Андрей Андреевич, фикрлашишга тайёрман ва шунда тўғри бўлади, розиман. Менда сизнинг бўлимингиздан маълумотлар бор. Қолганларини бевосита иш жараёнида билиб оласиз.
Кейинчалик эшитиб-билганларимиз, соф хизмат юзасидан олганда, чиндан ҳам мақсадга жуда-жуда мувофиқ бўлиб чиқди. Ўртоқлар нима исташларини яхши билишар ва ҳамма нарсани ўйлаб, пишитиб қўйишган эди.
Машинада кетаётиб ҳам шу ҳақда ўйлардим. Москванинг гавжум кўчаларига яна назар ташлар эканман, Конюханов билан бўлган суҳбатни икир-чикирларигача эсга олдим, менинг лаборатория машқларим қандай қилиб бирдан давлат аҳамиятига эга бўлган ўта махфий программага айланганидан ҳайратда қолиб борардим.
Нуфузли органларнинг лойиҳаларига қараганда иксзурриётларни икки босқичда етиштириш кўзда тутилган эди. Биринчи босқич – эмбрионал – инкубацион босқич – тўлалигича ва бутунлайин, менинг институтимга, менинг масъулиятимга юклатилган эди, бунинг учун мен тегишли ҳуқуқ ва маблағлар олар эдим. Бу босқичда энг қийини лабораторияда ундирилган номаълум уруғни инкубанинг, яъни эмбрионни кўтариб юриш учун, аниқроғи, тўққиз ойлик одатдагидай ҳомиладорлик учун ўз организмини лаборатория ихтиёрига топширган аёлнинг бачадонига имплантация қилиш (кўчириб ўтказиш) билан боғлиқдир. Бола туғилгандан кейин иккинчи босқич бошланади, буни шартли равишда эмизик босқичи деб аташ мумкин. Бу қисмнинг бизга алоқаси йўқ эди, иксзурриётларни тарбиялаш билан махсус интернатлар шуғулланишлари керак эди. Иксзурриётлар “саноати” ҳақидаги ваколатли органларнинг умумий тасаввури тахминан ана шундай эди.
Муаммолар-чи? Барча соҳалардаги каби бунда ҳам ўзига хос муаммолар пайдо бўлганди. Ҳайрон қоларлиси шундаки, бу технологияда уруғни донор аёлнинг қорнига жойлаштириш ҳам, ҳомилани ундириш ҳам эмас, балки инкубалар деб аталадиган ана шу аёлларнинг руҳияти билан боғлиқ ахлоқ-этикага бориб тақаладиган соф инсоний омиллар масаланинг энг нозик жиҳати бўлиб чиқди. Лабораторияда сунъий ундирилган иксзурриётнинг инкуба бўлмиш аёлга генетик жиҳатдан ҳеч алоқаси йўқ эди. Ўзини билган ҳар қандай аёл ҳам ана шундай “ижара”га, ўз оналик пуштини сохта оналик учун топшириб туришга розилик беравермас эди. Буни айтиб ўтиришнинг ҳожати ҳам йўқ. Ана шу муаммо теварагида жамиятда жанжал бошланиб кетиши ҳеч гап эмас эди. Чет элларда ҳам шов-шувлар кўтарилиб, БМТгача ва муҳимроқ ишларга тузоқ қўйиб ўтирган бошқа инсонпарвар ташкилотларгача етиб борган бўлур эди. Мана бу ўринда бизнинг ҳамма нарсадан воқиф “уч ҳарфлигимиз” — ДХК (Давлат Хафсилик Комитети)нинг зийраклиги ва тадбиркорлигига қойил қолиш керак. Конюханов эшик олдида мени кузатиб қўяётиб ваколатли органларнинг ташкилий ғояларини тушунтириб берганда мен ғорга кириб қолган қуш учун фақат битта йўл борлигини, бизнинг лабораториямизни, институтимизни ва менинг ўзимни ваколатли органлар аллақачондан буён бедорлик билан кузатаётганини – муаммонинг моҳиятига нақадар аниқ тушунишганини англаб олган эдим. ДХК ходимлари вазифани ҳал қилишда ўз усули ва кўмагини таклиф қилган эдилар. Таклиф бундай эди: инкубалар жазо муддатини ўтаётган маҳкумалар орасидан махфий йўл билан танлаб олинади. Бундай маҳкумалар эса мамлакатда керагидан ортиқ даражада. Турли жиноятлар учун турлича моддалар билан кесилган ўн минглаб ва юз минглаб маҳкумалар кўпдан-кўп аёллар колониялари ва бадарғахоналарда тўлиб-тошиб ётибди. Ана шу маънода маҳкумалар орасидан инкубаларни хоҳлаган миқдорда танлаб олиш мумкин. Менинг розилигим керак бўлиб қолди. Мен ўйлаб кўраман, дедим.
Кейинроқ ваколатли органлар таклифлари билан икир-чикирларигача танишдим ва уларнинг топқирлигидан, режалаштирилган вазифаларнинг аниқлигидан бу сафар ҳам оғзим очилиб қолди. Инкубаликка 10 йилдан 25 йилгача муддатга озодликдан маҳрум этилган маҳкумалардан номзодлар танлаб олиниши керак эди. Тегишлича тиббий ёрдам кўрсатилгандан сўнг маҳкумага қуйидаги шартлар асосида инкубалик ролини бажариш таклиф қилинарди: а) бир иксзурриёт туғилиши қамоқ муддатининг ярмисини қисқартирар, иккинчи иксзурриётнинг туғилиши бутунлай озод бўлиш ҳуқуқини берарди; б) маҳкума-инкуба иксзурриёт-чақалоқни уч ойга тўлгунча эмизиб туришга, шундан сўнг уни давлат тарбиясига сўзсиз топширишга мажбур; в) бола туғилгандан кейинги таътил даври тугагандан сўнг маҳкума-инкуба ўта узоқ районлардаги лагерга ёки бадарғахонага жўнатилади; г) маҳкума-инкуба ўзининг роли, манзили ҳақидаги, хизмат қилувчи ходимларнинг шахси ҳақидаги маълумотларни сир сақлаш тўғрисида тилхат беради, тилхатда кўрсатилган шартлар бузилган тақдирда иккинчи марта жазога тортиларди.
Маҳкумалар орасидан инкубалар танлаш лойиҳаси умумий тарзда ана шундай эди. Мен узоқ ўйладим. Бу лойиҳани қойил қолиб қарши олдим дея олмайман, лекин бошқа йўлини топа олмадим ва таваккалига розилик бердим.
Ваколатли органларнинг бир ходими билан суҳбатлашганим эсимда. У суҳбат учун институтга келди. Хийла ақлли одам экан. Инкубаларни қамалганлар орасидан танлаб олишнинг ахлоқий жиҳатига шубҳа қилганимда у ҳозирча бошқа йўли йўқ, вақт келиб маҳкумалардан фойдаланиш зарурияти қолмайди – инкубаларнинг хизматлари, айтайлик, фоҳишаларнинг ҳизматлари каби пуллик бўлади деб жавоб берди. Ва эҳтимол, оталари номаълум бўлган болаларни қорнида кўтариб юриш маълум доирадаги аёллар учун касб, бўлганда ҳам талайгина сердаромад касб бўлиб қолажак.
Мутлақо ошкора, очиқ гаплашдик.
— Шундай вақтлар келадики, — деб исботламоқчи бўлди у: — Инкубаторлик ошкор бўлибгина қолмасдан, балки болаларни дунёга келтиришнинг бу йўли энг афзал йўл бўлиб қолади. Ва ана ўшанда “Она”, “Ота” тушунчалари чўпчакка айланади ёки фақат шартли аҳамият касб этади.
Шу тариқа ваколатли органларнинг режалари ҳали ишга солинмаган жиҳатлари ва узоқни кўзлаган ғаразлари билан тобора ошкора тус ола борди, янги типдаги илдизсиз одамни яратиш устидан назорат қилишдан айрича манфаатдор эканлиги қадам-бақадам равшанлаша борди. Бирмунча вақтдан сўнг бу ишни кенг йўлга қўйиш мўлжалланганди. Яна кўзда тутилган эдики, туғишни ўзига касб қилиб олган аёллар воситасида оталари номаълум ана шундай болаларни дунёга келтиришни тобора кенг жорий қилиш, иксзурриётларни ташкилий суратда интернатларда тарбиялаш, оқибатда бола туғиб ўстириш заруратидан бутунлай озод бўлган аҳоли ўзини, ҳаётини унумли меҳнатга, бошқа долзарб вазифаларга ва энг аввало, албатта, ҳужумкор жаҳон инқилоби ишига бутунлай бағишлаш имкониятига эга бўлар эди. Коммунистлар бу мақсаддан ҳеч ҳам воз кечмоқчи эмас эдилар. Иксзурриётлар жаҳон тарихига нуқта қўйишади ва янгича йил ҳисоби – тақвими бошланажак...
“Иксзурриётлар узил-кесил нуқта қўйишади, — такаллуфсиз сўзлар эди менинг суҳбатдошим, бошлиғим, – бу нуқта аллақачондан бери зарур эди. Барча шовқин-суронлар, бутун дунёда тинчлик учун кураш ва бошқа сохта гўзал иборалар – ҳиссиётни кўзлаб айтилган сафсаталардир. Модомики, ҳал қилувчи сўз атом зарбасида экан, бу ишни худди ана шу иксзурриёт амалга оширади. У ниманиям йўқотарди, уни бирон киши билан боғлаб турган ҳеч нарса йўқ, унинг ҳеч кими йўқ, у ҳам ҳеч кимники эмас, унинг Ватани – пробиркада унга ҳаёт берган системадан бошқа нарса эмас. Кнопкани босиш керак бўлганда унинг қўли қалтирамайди ҳам. Ҳамма гап ким биринчи бўлишида, ким томонидан вояга етказилган иксзурриёт биринчи бўлиб ядро зарбасини беришидадир”.

* * *
Москва остоналаридаги ўрмонлар орасида жойлашган ва олдин касаба уюшмаларига қарашли бўлган чоғроқ санаторий орадан кўп ўтмай бизга илмий-тадқиқот базаси қилиб берилди. Кабинетлар, палаталар, қоровулхоналар ва бошқа хоналарни таъмирлаб жиҳозлашга ярим йилча вақт кетди.
Мен унчалик шошиб-пишмадим. Лекин барибир ишга киришиш вақти келди. Бошида айтиб қўймоқчиманки, бу ишга хотиржам бўлиб киришмадим ва эҳтимол шунинг учун инкубаликка номзодларнинг шахсиятлари билан уларнинг ҳужжатларидагидан бошқа маълумотларга мутлақо қизиқмадим. Улар билан расмий муомала қилар, рўйхуш бермай, қисқа-қисқа сўзлашардим. Уларни клиникага ёпиқ машинада битта-биттадан белгиланган соатда оддий кийимда олиб келишар, улар эса мен учун бор-йўғи иксэмбрионнинг бўлажак инплантация объектлари эди. Мен уларга исми фамилиясини тилга олмасдан “жувон” деб мурожаат қилар эдим: “Салом, жувон. Аҳволингиз қалай, жувон, сизни кўриб қўйишим керак, қимирламанг”. Фақат шу. Шунингдек, менга ҳам “профессор” дебгина мурожаат қилиш мумкин эди. Ҳеч қанақа ортиқча гап бўлмаслиги шарт эди, барча инкубалар ижарага олинган муваққат оналар сифатидагина муҳим эди. Мен уларнинг биронтасини юзидан танимас эдим, чунки иш учун бунинг кераги йўқ эди... Фақат биттасигина бундан мустасно эди. Лекин бу ҳақда кейинроқ... ўша ҳақда кейинроқ гапирилса бўлади...
Мана сен қирғоққа келдинг, нарироқда эса бошқа Дарё...
Сен унга боғлиқ хотираларни орқага суриш, кечиктириш учун ўзингни қийнайсан, баҳона қидирасан. Хўш, оқибат нима бўлди? Ўзликдан қочишга уринишнинг бемаънилигига, хомхаёллигига ҳар гал ишонч ҳосил қилмайсанми? Ўлиш мумкин, лекин ўзликдан қаёққа қочасан? Шу маънода одам ўлимга маҳкум бўлса ҳам умрбоқийдир.
Ё тавба, нега сен тушунтириш мушкул бўлган нарсаларни тушунтиришга уринасан, сўз билан, йўқ деганда сенинг сўзинг билан ифодалаб бўлмайдиган нарсалар ҳақида ҳикоя қилиб бериш учун қалбингнинг қаърига назар ташлайсан.
Ахир сен ўзингни ўта кучли шахс деб билар эдинг, дўппи тор келганда, зарурий мақсад йўлида ўзингга ўзингнинг кучинг етмас экан, бу ғалати бир ҳолдир. Лекин бу сафар сен ўзлигингни енга олмадинг... Бошқа думли юлдузга келиб урилган учар юлдуз янглиғ нима билан тўқнашишингни билмасдинг. Ҳаммаси бир маромда бораётган эди-ку.
Бу воқеа кейинги йили баҳор пайтида бўлиб ўтди – маҳкума-инкубаларнинг биринчи гуруҳига эмбрионлар имплантация қилинган ва бу гуруҳ тегишлича тиббий кузатишдан ўтказилмоқда эди.
Бу аёлни ўша куни бошқалар каби “фельдшер” ҳамроҳлигида текшириш учун олиб келишди (биз инкубалар соқчисини эскичасига ана шундай атар эдик). Ассистент билан ҳамшира уни менинг ҳузуримга киритишгандан сўнг унинг дастлабки тиббий кўриги ҳақидаги маълумотларни апил-тапил кўздан кечирдим. Ҳамма нарсаси: умумий жисмоний кўрсаткичлари ҳам, гинекологияси ҳам жойида экан, мени фақат шу нарса – мижознинг ҳомилани кўтариб юриш учун яроқлилиги қизиқтирар, қолган жиҳатлари махсус хизматларнинг иши бўлиб, бу ҳақда улар бош қотиришлари керак эди. Шу маънода иш яхши йўлга қўйилган, ҳеч қанчай муаммо йўқ эди. Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас эди. Чунки номзодларни турмалардаги малакали ходимлар танлаб олишган, маҳкумаларнинг кўзланган мақсадга лойиқлигини синчиклаб текширишган эди; ҳомилани бўйида олиб юришга рози бўлган маҳкумалар ҳаммасиданам жазо муддатини қисқартиришдек фавқулодда имкониятни пучга чиқарадиган бирон-бир воқеа рўй бериб қолмаслигидан кўпроқ манфаатдор эди: ҳомилани ой-кунига етказиб туғиб бериш билан бир неча йиллик ҳибсдан озод бўлиш мумкин эди. Бундай нарса авваллари биронтасининг тушига ҳам кирмаган. Маҳкумаларнинг бу ерга келганларида қўрқинч ва умиддан титраб-қалтираб туришлари, ўзларининг даҳшатли йўлда дуч келган иноятдан маҳрум бўлиб қолмасликни фалакдан илтижо қилишлари равшан эди. Текширишнинг охирги босқичида сендан инкуба чиқмайди деб яроқсизлар қаторига қўшиб қўйишлари ҳеч гап эмас эди. Аёлларнинг ҳаяжонга тушишлари табиий эди.
Кабинетга бошлаб келинган янги маҳкумани эшик олдидаги курсида қолдириб кетишди. Қисқа салом-аликдан сўнг мен ҳужжатларни – маҳкуманинг шахсий номери ва ҳибсхона индексини яна кўздан кечирдим, фамилиясига яна бир бор қараб қўйдим-у, ўша заҳотиёқ эсдан чиқардим. Лопатина бўлса керак. Фамилиялар одатда эсда турмайди – ёки жуда мураккаб ё бўлмаса ўлгудай жўн. Бироқ жувоннинг исми менга жуда ғалати эшитилди – Руна, буниси қанақа исм бўлдийкин, бу исм қандайдир сирлидай туюлди, ўзимдан-ўзим кулимсираб, бошимни кўтардим. Эсимда қолган биринчи нарса шу бўлдики, жувон кўзойнак таққан эди. Демак, инкубалар орасида кўзойнаклисиям пайдо бўпди. Кўринишидан зиёлига ўхшар экан, бу аёлга зонада осон бўлмаса керак, деган фикр хаёлимдан ўтди, ахир у ерларда болохонадор қилиб сўкиниш, ёқалашиш-муштлашиш, сочларни юлиш ва бошқалар одатий ҳол. Ўзи келишгангина, қамалмасдан олдин яна ҳам чиройлироқ, эҳтимол гўзал бўлгандир. Унинг кўз қарашлари ҳам маҳкумаларникига ўхшамайди – айбдорлар сингари зўрма-зўраки кулиб ҳам қўймайди, нигоҳида илтифотдан дарак ҳам йўқ. Қўй кўзларидаги синчковликни кўзойнак яшириб тургандай. Қамоққа тушмасдан олдин ўзига қараб юргани, қошларини териб, киприкларини бўяб, ойна олдида ўзига зеб бергани шундоқ билиниб турибди... Буларнинг ҳаммаси шунчаки омади гаплар, аслида у жиддий жиноятга қўл урган, унинг ўн йилга ҳукм қилингани, маҳкума бўлгани бежиз эмас, албатта... Энди бўлса қамоқ муддатини қисқартириш учун иксзурриёт туғиб беришга журъат қилган.
— Хўш, энди, жувон, — дедим мен, — текшириш анализларини тағин бир марта такрорлашга тўғри келади. Шундан сўнг яна нималар қилиш кераклиги аниқ бўлади.
У индамади.
— Шикоятлар борми?
— Сиз нимани назарда тутяпсиз? — деди у.
— Соғлигингизни. Бошқа ҳеч нарсани эмас.
— Йўқ, ҳозирча йўқ.
— Тайёргарлик даври кўрсатмаларининг ҳамма-ҳамма-сига қатъий амал қилиш керак. Нима қилиш лозимлигини сенга айтишади. Ҳамма нарса кўнгилдагидек чиқса, келгуси ҳафтанинг бошларида, сешанба ёки чоршанба куни имплантация қилишади. Демак, бироз кутишга тўғри келади.
— Мен шошилмайман. Буларнинг ҳаммаси мен учун бир пул.
Унинг қўрс жавобидан ҳайратда қолдим. Мунақаси умуман учрамаган. Кўзойнаклик аёлга диққат билан нигоҳ ташлаб, столдан турдим-да, ёнига келдим. У ҳам ўрнидан турди. Шунда мен бундай қўпол муомала қилмаслик кераклигини айтиб қаттиқ огоҳлантирдим:
— Агар сен шошмаётган бўлсанг ва бунинг сенга бир пуллик аҳамияти бўлмаса, ҳуда-беҳуда ишларнинг нима кераги бор эди? Сен бу ерга қандай ният билан келдинг, сен қаерга ва нима учун бораётганингни билармидинг?
— Билардим. Билганда қандай.
— Шундайми? Жувон, мен сендан сўраяпман. Сен бу ерга нима мақсадда келдинг?
— Нима мақсад билан? Сизни кўриш учун, профессор ва буларнинг ҳаммаси болаларнинг чўпчаклари эмас эканлигига ишонч ҳосил қилиш учун.
— Бор-йўғи шунинг учунми?
— Ишонинг – бор-йўғи шунинг учун. Сизни кўриш учун, бутун ҳақиқатни юзингизга айтиш учун.
— Ҳа, шунақами?! — беихтиёр оғзимдан чиқиб кетди. Шундан сўнг мен лўнда қилиб узил-кесил гапирдим:
— Сен ёзма тарзда розилик берганмидинг?
— Ҳа.
— Сен тушунасанми-йўқми — бу қилиқ билан тилхатни бузган ҳисобланасан ва сенинг муддатинг яна чўзилади.
— Тушунаман.
— Шундай қилишинг шартми?
— Шарт. Бу сиз учун зарур.
— Мен учун? Нима, биз сен билан қандайдир муаммони ҳал қилаётирмизми?
— Ҳа. Одамлар табиат ва Худо айтгандай урчишадими ёки бу муаммо шайтони лаъиннинг васвасаси билан ҳал қилинадими?
Мен шиддат билан деворга келиб урилгандай жим қолдим. Шундан сўнг ғазабимни зўрға тийиб, дедим:
— Бунга ўзимнинг ҳам ақлим етади, хоним. Сен билан видолашишга тўғри келади. Афсус, сен муддатингни қисқартиролмайсан, аксинча янада чўзар экансан. Энди ўзингдан кўр.
— Мен айтадиган гапларимни айтиб олдим.
— Сен ҳаддингдан ошмаяпсанми? Меъёр деган нарсани биласанми ўзи?
— Мен маҳкумаман, Андрей Андреевич, — у кутилмаганда менга расмий оҳангда мурожаат қилди ва ҳар куни бошқалардан юз марталаб эшитган бу сўзлар унинг оғзидан чиққани ғалати туюлди. — Мен маҳкумаман, вассалом, — такрорлади у. — Нимага буёққа келаётганимни билардим. Бу бурчни қўлимдан келганича бажардим. Бу суҳбат, эҳтимол, сизда қандайдир ҳис уйғотар, ўйлаб кўришга мажбур қилар. Бошқа гапим йўқ.
— Сен менга ақл ўргатма! — ғазабнок жавоб бердим, инкубалар билан ишлашда рўй берган бу кўнгилсизликнинг қачонлардир юз бериши муқаррар эканини яхши тушуна туриб. — Сенинг ўрнингга ўнларча талабгорлар чиқади!
— Энг даҳшатлиси мана шу-да, — таъкидлади у. — Бунинг учун ҳам сиз айбдорсиз, бу ҳам сизнинг виждонингизга ҳавола. Бошдан-оёқ сизнинг виждонингизга.
— Виждон билан виждоннинг фарқи бор, — кесиб гапирдим мен.
— Бунақангисини биринчи бор эшитяпман.
— Фалсафий мунозарани вақти бемалол бўлганларга қолдирайлик. Сени бу ерга сафсата сотиш учун олиб келишмаган. Келган жойингга қараб туёғингни шиқиллатиб қол. Сен билан гаплашадиган гап қолмади.
Мен тугмачани босдим. Уни олиб кетиш учун келишди.
— Хайр, — деди у кетаётиб.
Индамадим.
Эшик ёпилди. Мен ёзув столимга қайтиб келдим. Бошқа ишлар, бошқа ташвишлар билан ўралашиб қолдим.
Лекин ўша кўнгилсиз ҳодиса ҳеч ҳам миямдан чиқмас эди. Ўша “ҳақиқатпарвар”ни келган жойига, зонасига (Кострома атрофлари шекилли) жўнатиб юбориш ҳақида кўрсатма керак эди, у ўша ерда ўзини ким деб билса, билавермайдими. Лекин бу ишни кейинга қолдирдим. Ишлар, қўнғироқлар, суҳбатлар орасида ўша маҳкума ёдимга тушаверар, уни унутишга ўзимни ҳеч ҳам мажбур қила олмас эдим, лекин ҳеч кимга ҳамкасблардан биронтасига, ҳатто анча яқин бўлган ходимга ҳам менинг жаҳлимни чиқарган ва ҳамон дилимни ачитаётган воқеа ҳақида бир оғиз сўз очганим йўқ.
Жуда ғалати аҳволга тушиб қолдим, ўзимни-ўзим танимай қолдим. Мен нима учундир унинг иши билан яхшироқ, батафсилроқ танишишга қарор қилдим. Бунақаси қаердан чиқди? У асли ким? Нима учун қамалган? Қайси модда билан айбланган? Мияси мундайроқларни зоналарда ушлаб ўтиришмаса керак. Бу бебош жувон ким ўзи? Уни қандай умидсизлик шамоли ҳайдаб келган, унинг миясида қандай фикрлар ва сўзлар жўш урмоқда? Эрк бериб қўйсанг борми, сени виждон азобига солиш, кўнглингга алағдалик уруғини сочиш учун, азоб-уқубатдан қон ютиб эмаклаб қолишинг учун ҳали кўп вайсаши мумкин эди.
Виждонлилик даъвосини қилганларнинг қатъий нуқтаи назаридан бошқа ҳеч вақоси бўлмаслиги мумкин ва уларнинг ҳужумкорлиги шундан. Бироқ виждон, энг аввало, ички мустақилликни талаб қилади, акс ҳолда уни эски-туски нарсалар каби бозорда сотиш ва сотиб олиш мумкин бўларди. Сирасини айтганда дунёда виждон тушунчасидан ҳам кўра сийқаси чиққан нарса бўлмаса керак. Ўша маҳкума бу ерга Американи қайтадан кашф қилиш учун келганмиди? Жиноятчига, ҳукм қилинган хиёнаткорга виждон ҳақида гапиришни ким қўйибди.?!
Шундай деб ўйлар эдиму барибир ўзимдан нафратланардим. Сен ўзингни оқламоқчисан, кимнинг олдида ва нима учун оқламоқчи бўласан?! Сен ожиз экансан. Бўлмаса нима учун ҳамон ўша жувонни ўйлаяпсан?
Мен унинг ҳужжатларини яна бир бор варақладим. Лопатина Руна Федуловна, советларга қарши материалларни сақлагани ва тарқатгани учун 158-моддага биноан ҳукм қилинган. А-ҳа, мана энди тушунарли, қандай парранда эканлиги парвозидан маълум эдику? Албатта, албатта, бундайлар ҳеч қачон тиниб-тинчимайди, тўймайди, ўзининг ким эканини билдириб қўйиш учун улар ҳар доим норозилик билдиришлари керак, бу гал қаерга бош суқишни топганга ўхшайди… Эри йўқ, ажрашган. Бундай палид аёл билан ким ҳам яшарди. Ажабланишга ўрин йўқ экан.
Кейин бошқа ишлар билан чалғиб кетдим ва фақат хизмат ҳужжатлари учун мўлжалланган пўлат сандиқларда сақланиши керак бўлган қоғозларни уйга олиб кетмаслик учун ишдан қолдим. Руна Лопатинага оид барча қоғозларни бошдан-оёқ ўқиб чиқдим. Умуман олганда қандайдир бошқача, ҳаётга ўз нуқтаи назари билан қарайдиган жувон экан, бундай шахслар, одатда, кескин чора-тадбирлар тарафдорлари бўлган гуруҳларда, маънавий, сиёсий доираларда, ҳукуматга қарши мухолифатчилар орасида ҳамма замонларда бўлиб келган. Бундайлар орасида ҳар хил одамлар бўлиши мумкин. Ўзларини халоскорлар деб биладиган ва ғоя йўлида ўз мухлисларининг барчасини қурбон қилишга тайёр турадиганлари ҳам бўлади. Лекин Рунанинг бунга нима алоқаси бор? Барча маълумотларга қараганда, у сўққабош идеалист. Янаям ким билади дейсиз. Уни бир марта кўриб, ундан бор-йўғи бир неча сўз эшитибгина қандай хулоса чиқаришим мумкин? ҳа, албатта, у оддий одам эмас, айниқса, унинг қисмати қийин кечган, ўқитувчилик қилган, кейин киноҳужжатчилик билан шуғулланган –совет мактаби ҳақида ҳужжатли киносценарийлар ёзган, бизда эса мактаб муаммолари ижтимоий жиҳатдан ҳар доим кескин бўлиб келган.
Бирдан қимматли Вава, Валерия Валентиновна эсимга тушиб қолди. Кошки у ўзининг даҳо шогирди эндиликда нима ишлар билан шуғулланаётганини билса! Лекин бу шунчаки гап эди. Рунага келганда шуни айтиш керакки, бу аёл, барча маълумотларга қараганда, ўзининг укаси Лопатин Игорь Федулович касрига қолган. Худди ўша киши профессионал киночи бўлган экан, машҳур Кинематография институтини битиргач, эҳтимол, акасининг таъсири ва ёрдамида Руна мактаб ҳақида киносюжетлар билан шуғулланган. Кейинги материалларда қайд қилинишича, собиқ ўқитувчи Руна Лопатина Горький номидаги киностудия қошидаги ҳаваскорлар секциясида ишлаб, кино ҳаваскорлари орасида ғоявий жиҳатдан шубҳали фикрлар тарқалишига кўмаклашган, баъзи бир гувоҳлар бу жувон, Руна санъатда муайян бир ғаразли йўналиш учун, совет кишиларини ва уларнинг ҳаётини салбий томондан тасвирлайдиган ҳужжатли лавҳалар тайёрлаш учун курашган деб исботлаганлар. Булар қоралов муқаддимаси эди.
Иш юзасидан бош айбдор жувоннинг укаси Игорь Лопатин эди. У “штатдаги” кинооператор бўла туриб, давлат аппаратлари ва воситаларидан жиноий жазога лойиқ фаолият йўлида фойдаланган, совет воқелигини бузиб кўрсатадиган, совет ижтимоий ва давлат тузумини бадном қиладиган, бошдан-оёқ туҳматдан иборат ҳужжатли ленталарни суратга олган ва шу йўл билан ғарб жамоатчилигини ёлғон маълумотлар билан чалғитмоқчи бўлган”. Яна шу нарса қайд қилинганки, “судланувчи мазкур жиноий иш билан беғараз шуғулланиш у ёқда турсин, аксинча, совет давлатини бадном қиладиган киноматериалларни Ғарбга валюта ҳисобига сотиб юрган. Худди ўша ерда, чет элларда материаллар кинозалларда ва телевидение каналлари орқали намойиш қилинаётганда бизнинг махсус хизмат ташкилотларимиз бу киноленталар-нинг қаердан келганини аниқлаган”.
Бундай ҳолларда қандай таниш қўшиқлар, қандай таниш қилмишлар дейишганидек, аслида шундай бўлганми-йўқми – ким билади дейсиз, ҳар қалай Руна ана шу гаплар билан айбланган. Руна укаси билан бевосита ҳамкорлик қилганда айбланган – укаси опасига “рухсатсиз суратга олинган ленталарни берган, опаси бу ленталарни яқин дугонасиникида сақлаган”. Бу ишлар текширувда аниқланган. Кимдир изига тушган. Игорь қамоққа олингач, Руна огоҳлантириш учун шошилиб дугонасиникига келса, бу ерда тегишли хизмат ходимлари уни кутиб туришган экан. Шундай қилиб, Руна жиноят устида ушланган. Шундан сўнг кутилмаган воқеа содир бўлади – процесс жараёнида Руна укасининг қисматини қандай қилиб бўлса ҳам енгиллаштириш учун бор кучи билан уриниб кўради. У совет кишиларининг ҳаёти ва турмуш саҳналарини кинога олиш мендан чиққан ғоя эди, нималарни ва қандай қилиб кинога олиш кераклиги тўғрисида укамга мен кўрсатма берган эдим, суратга олинган ленталарни хорижий мухбирларга валюта ҳисобига шахсан мен берган эдим, укам мендан чиққан ғояларни ижро этган холос, деб, асосий айбни ўз гарданига олган эди.
Мана шундай гаплар. Бу ўринда яна бир тафсилотни айтиб ўтишга тўғри келади: судда Рунани америкалик журналист билан ошиқ-маъшуқаликда айблашади – журналист Америкасига қайтиб келгандан кейин мақола ёзган эмиш. “Бу мақолада ўйнаши ҳақида мақтовли фикр айтган, совет жамиятига эса, аксинча, ўта душманлик муносабатда бўлган” эмиш, бу эса қамоққа тушиб қолган жиноятчи жувон учун ўч олиш усули эмиш. Руна бўлса америкалик журналист ўйнаши бўлганини тан олмаган, меҳмонга рус тилини ўргатиб юрганман, холос деб кўрсатма берган. Хуллас, калаванинг учини тополмайсан. Уларнинг нима ишлар қилганини ким билади дейсиз, нима бўлганда ҳам, буларнинг ҳаммаси Рунанинг бошига бало бўлди.
Ўша куни ишдан кеч қайтдим. Бошқа юмушларим бор эди, шу билан бирга Руна Лопатинанинг ўтмиши билан яхшироқ танишишга бўлган иштиёқ ҳам мени анча ушлаб қолди.
Одатдагидай дарвоза олдида соқчига ишора қилиб қўйиб, хиёбон бўйлаб Успенский кўчасига кирганимда ғира-шира бўлиб қолган эди. Москвага ошиқаётган машиналар оқимига қўшилдим.
Бу ерларда ўрмонлар ва тепаликлар оппоқ қорга бурканган қиш пайтида ҳам тушдагидай кўркам, яшиллик олами гулга безанган ёз фаслида ҳам тенгсиз гўзал, ана шу пайтда ўрмондан ўтгандан сўнг бирдан Москва дарёсининг нурафшон муюлиши бир неча лаҳза кишини мафтун қилиб қўяди. Бу сув, осмон, ўрмон мўъжизасидир, мен ҳар доим шу ерга келганда ойна орқали боқиб, машинада олға қараб елиб борар эканман, ортда қолган манзарани мумкин қадар кўпроқ хотирада сақлашга одатланганман.
Бу тафсилотларга тўхталиб ўтиришим бежиз эмас. Бу ерларда ҳар икки томонга қараб неча марталаб машинада ғизиллаб ўтганман, лекин ҳаётимнинг ана шу йўл ёқасидаги гўшалар билан чамбарчас боғланиб кетиши етти ухлаб тушимга ҳам кирмаган. Вақти келиб бу ерлардан ўтишга юрагим дов бермай, айланма йўлдан юра бошлар эканман...
Бу гал Москвага яқинлашар эканман, ўша инкубаликка номзод қайсар жувон Руна Лопатинани кейинги куни яна клиникага келтириш керакми деб ўйладим. Ҳа, келтириш тўғрисида кўрсатма бердим. Нега бундай қилдим? Унга нималар дейман? У инкубаликка розилик берганда буткул бошқа мақсадни кўзлаганлиги аниқ эмасмиди. Эҳтимол, ўша Руна савдойидир, унда сохта одиллилик, ўта виждонлилик каби бошқа бир хислатлар васваса қилаётган бўлса-чи? У билан пачакилашиб ўтиришим шартми?! Уни узоқ-узоқларга ҳайдаб юбориш керак, зонада ҳаром ўлсин. Изза қилиш учун одамини топибди, ўзи ким бўпти?! – “Сен ўзинг-чи? Сенчи? – дедим ўзимга ўша заҳотиёқ. — Ўзинга нишон, мўлжални роса топибсан! Жазога ҳукм қилинган, ҳақ-ҳуқуқдан маҳрум маҳкума бўлса-ю, сен у билан олишиб юрибсан! Баракалла азамат, гап йўқ, зўрсан!”
Йўл муюлишларида икки марта тормозни қаттиқ босиб юборибман, йўловчилар тум-тарақай қочиб қолишди – рулда ўтириб хаёл суриб кетибман, хира фикрлар ҳамон таъқиб қиларди. Мен ўша Рунасини бор-йўғи бир марта кўрдим, унинг нимаси ром қилган эди мени? Бўлган воқеани хотирладим – столдан турдим, унга яқинлашдим, у ҳам турди. Мана, менинг ёнимда турибди – маҳкума, шаҳар чеккасидаги клиникага профессорга кўрсатиш учун махсус кийимда олиб келишган, эгнида худо билсин қаердадир тикилган кулранг кофта, ҳалпиллаган кенг юбка, дағал ботинка. Кийим-бош кўркига кўрк, ҳуснига ҳусн қўшган пайтларда у гўзал бўлган, албатта. Мен унинг менга ҳаяжон билан, дадил ва мардона боққан кўзларини эсладим. Кўзни одатда қалб кўзгуси дейишади, лекин бу тўғри эмас, кўз дилнинг ўзи, унинг жонли ифодасидир. Ўғил болаларникига ўхшаш елка суяклари туртиб чиққан, нимжон кифтлари беихтиёр жунжиккан, нозик, ингичка қўлларини қовуштириб турар эди. Қаддини ростлаб ғоз қадам ташласа, тортинмасдан эмин-эркин юрса, яйраб қаҳқаҳа отса, ола-була оломон орасида кўчада ялло қилиб юрса ярашмасмиди? Муртадлик учун ва умуман бу замон учун яратилган эмас у. Унга ўтган асрнинг либосларини кийинтириб қўйса борми?! Ахир ҳамма вақт шундай бўлиб келган, киши қаерга бормасин ўз виждонини пеш қилади, нима бўлмасин, нима рўй бермасин – унга бу виждондан ёки виждондан эмас деб жавоб бер. Ҳар бир киши қўлтиғида ўзи билгандай виждонини кўтариб юради. Одам боласи борки, ўз виждони билан мақтанади. Одам боласи борки, виждонни тилга олганда Худо номидан гапиради... Лекин биргина виждон билан узоққа бориб бўлмайди. Оллоҳга қарши, у ҳаммамизга ато қилган ва бизларни жиловлаб турадиган виждонга қарши чиқиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди, ҳар доим фақат Оллоҳ таолонинг кор-у амали бўлиб келган ишларни, айтайлик, одамнинг дунёга келиши жараёнини ўз қўлига олиш, керак бўлиб қолганда “мана мен” дейишга қодир одамлар ҳам кўп эмас. Худонинг ўлим устидан якка ҳукмронлиги етар, бу касбни ҳеч ким ундан тортиб ололмайди. Туғилиш масаласига келганда шуни айтиш керакки, мен бу ўринда у билан беллашаман ва менинг виждон билан ҳемирилик ишим йўқ... Буни Руна тушунармиди – у тушунмаса керак. Шу боисдан ҳам у виждон дея наъра тортиб, ўзини қаҳрамон қилиб кўрсатди... Ундан кўра ўзи ҳақида ўйласа бўлмасмиди, энди у қаерга боради ва нималар қилади?
Ўша кечани мен академиклар учун мўлжалланган данғиллама ҳовлимда ўзимни қаёққа қўйишни билмай ўтказдим. Бу ҳовли Сталин ўзининг атом бомбалар ясайдиган командасига тортиқ қилган уйлардан бири эди. Деворлари ниҳоятда қалин, деразалари катта, шиплари жуда баланд уйлар. Хўш, қандай қилиб мен бу ерга келиб қолдим? Умуман мен бу ерга нимага келдим ва нима учун бу ерда яшаяпман? Ўша кечаси ташландиқ эканлигим яна эсимга тушди. Мен ортиқчаман, менинг ўзим иксзурриётман, мен инсоният орасида “қора туйнукман”. Дунёда мендан ким бахт кўрди, ким? Қайси аёл мен билан учрашганида ҳаётдан мамнун бўлганини изҳор қилди? Орқа-олдига қарамасдан қочиб қолган Евгениями? У, ўша ажойиб актриса мен билан яшаб нима кўрди? Илтифотсизлик, эътиборсизлик, шафқатсизлик, ўз эрининг қўли билан қилинган абортларними? ҳаёт йўлида чақмоқдай тўқнашиб ғойиб бўлган аёллар ҳам мен билан учрашувларини ногоҳоний бахт онлари деб эсламаган бўлсалар керак. Менинг бутун кўрган-кечирганларим бўм-бўш, ғамнок туюлди...
Бирдан хаёл оти мени яна ўша аёл, бугунги ўша маҳкума Руна, руник даврлардан қолган исмли жувон сари элтди. Нега мен ўша аёл ҳақида ўйлаяпман? Шу соатда у нималарни бошидан кечиряпти экан? Қийналаётган бўлиши мумкин. Эҳтимол, ўзини қийноққа солаётган, миясида ғужғон ўйнаётган ёвуз фикрлардан холи бўлиш учун сочини тараб ёяётгандир. Қамалмасдан олдин у сочини бошқача тараб юрган бўлса керак, унинг сочлари қуюқ ва жингалак бўлган, зонадагидай елкасига сиқиб турмаклаб юрмаган. Профессорнинг “кўзини очиб” қўяман деб, ўзини яна қийин аҳволга солди, ўзининг ҳаётини янада мушкуллаштирди. Наҳотки, у ҳаммасини била туриб қилган бўлса? У бугунги учрашувимиз ҳақида нималарни ўйлаяптикин? Эҳтимол у қайси бир масалаларда ҳақдир, лекин биргина виждон билан, эзгу ниятлар билан дунёни тўлдириб бўлмайди-ку! Қуёш тагида тобора кўпроқ жой олиш учун орзуманд бўлган инсоннинг ваҳшиёна нафсини қондириб, ўзгартириб бўлмайди, агар одамларнинг иштаҳаси шундай бўлаверса борми, кўп ўтмасдан одамларга қуёш ҳам озлик қилади, лекин яна ҳам хавфлиси шуки, у, яъни инсон бошқа кишилар устидан тағин-да кўпроқ ва тағин-да кучлироқ ҳукмронлик қилиш касалига мубтало бўлади. Шунинг учун ҳам янги одамлар – иксзурриётлар керак... у аёл бўлса уларнинг йўлига қарши чиқмоқчи, уларнинг ҳаётга, ҳокимиятга, урушга кириб келишига монелик қилмоқчи бўлади. Буни тушуниш мумкин, лекин бу қудратни енгадиган ҳеч қандай куч йўқ...

* * *
Кейинчалик мен беҳуда бўлса ҳам тез-тез ўз-ўзимга савол берардим: нима учун ўша кечаси бутунлай ўзим билан ўзим бўлиб қолдим? Бошқа кунлари тинчлик бермайдиган биронта мажлис ҳам, йиғин ҳам, учрашув ҳам ва бошқа сиёсий воқеа ёки кундалик тўс-тўполон ҳам бўлмади...
Мен ўша кечаси қийналиб чиқдим ва ҳеч ҳам ўзимга кела олмадим. Мени ўша маҳкума Руна довдиратиб қўйди ва ғафлатда қолдирди – ахир теварагимиздаги биронта киши ишимизга шубҳаланган эмас ёки менга шундай туюлдимикин?..
Лекин у ўзини ҳам аямади, ўзини намойишкорона қурбон қилди! Шундай қилиб бўладими? Нима учун у мени миршаб ва прокурор ролида ножўя ҳаракатлар қилишимга мажбур этади? Наҳотки у менинг айбимни юзимга айтиш учунгина ўзини яна бир неча йил озодликдан маҳрум этишга журъат қилган бўлса?! Тўғри, уни ҳам тушунса бўлади, ўз мавқеини, кўнглидаги ҳақиқатни айтиб олишни мақсад қилиб қўйган экан, шундан бошқа йўл йўқ эди-да. У буни кўчада, мажлисда, айниқса, хорижий мухбирларга очиқчасига ҳамманинг олдида ошкора айтиш имкониятига эга эмас. У зонага михлаб ташланган... Энди бўлса уни янги жазо хавфи кутмоқда. Яхшиямки, иккаламизнинг орамизда нима гап ўтганини ҳеч ким билмайди, яхшиямки, мен бу ҳақда бирон тирик жонга лом-мим деган эмасман, яхшиямки, уни такрор чақириш ҳақида кўрсатма бердим. Ҳа, эртага, кундуз соат иккида уни олиб келишади. Ҳали ҳамма нарса бой берилгани йўқ, ҳамма кўприклар кул қилиб куйдирилганича йўқ. Эҳтимол, уни яна судланишдан қутқариб қолиш мумкин бўлар.
Миямда ана шу фикр борган сари қатъийлашар, менда уни ҳимоя қилиш, жазодан қутқариб қолиш истаги тобора кучлироқ авж ола борди ва ўзимни бошқача ҳис эта бошладим, ўзимни ўзим кашф қилар эканман, ўзимни танимай қолдим. Менга нима бўлди ўзи? Жувонни тушуниш ва ҳимоя қилишга интилар эканман, аста-секин шундай фикрга келдимки, Руна Лопатина менга даъво қилиб ўзини қийноққа солар экан, бу худонинг хоҳиши эмасмикин? ...Илгарилари мен Раҳмони Раҳим дегани нима, бу нималарда ва қандай намоён бўлади – бу ҳақда ўйламаган ҳам эдим ва эндигина бирдан сеза бошладим: мен ўз кучига маҳлиё бўлиб, одам уруғини минг кўйга солиб ҳунар кўрсатган бўлсам, бу аснода Худонинг кўкрагидан итариб қўйган бўлсам, маҳкума Руна Акрам ул-акраминнинг элчиси, ифодачиси эмасмикин? Бу мендаги Эзгуликни синаб кўриш йўли эмасмикин?
Ана шундай аччиқ ва ширин хаёллар оғушига ғарқ бўлардим. Менда ўша жувонга, ўша маҳкумага нисбатан кўзимни очишга, ўзимга шубҳа билан қарашга, ўзимнинг такаббурлигимни ва димоғдорлигимни тушуниб етишимга мажбур қилгани учун миннатдорчилик ҳисси пайдо бўлди. Мен унинг олдида энди ўзимни бошқачароқ тутишим керак экан. Афсус, Рунага, уни вақтинча сақлаб турган хос изоляторга ўша заҳоти телефон қилиб бўлмас эди. Унга кўп нарсани гапириб берган, жавобига ундан кўп нарса эшитган бўлардим. Қани энди иложи бўлса-ю, машинамга ўтириб тун қоронғусида ўша изолятор томон йўл олсам-да, уни топиб гаплашсам! Лекин бу ҳам амалга ошмайдиган орзу эди, холос. Қўлимдан келадигани эртанги учрашувни кутиш эди. Рунани кабинетимга олиб келиб, суҳбат қилиш учун ташлаб кетганларидан сўнг унга яқин келиб, қўл олиб кўришаман. “Мени афв этинг, Рунахоним, биз ўша суҳбатимизни давом эттирамиз. Мен сизнинг мулоҳазаларингизни жиддий эътибор билан эшитишга тайёрман, сизнинг ҳам худди шундай йўл тутишингизни илтимос қиламан. “Менинг ҳам важларимга қулоқ тутинг”, – “Жуда яхши!” – деб жавоб беради у ва самимий иқрор бўлади: — Мен бўлсам сизни ҳеч қачон кўрмайман деб ўйловдим, профессор. Эски ҳаммом, эски тос деганларидек, мен лаънатини эрталабдан ўз жойимга, зонамга, ҳайдаб боришади, мени янгидан суд қилишади ва яна ҳам узоқроққа, Сибиргами, Олтойгами олиб бориб ташлашади деб ўйлабман, бирдан денг, навбатчи назоратчи келиб қолди, мени яна профессор Крильцов Андрей Андреевич чақиряпти, деб қолса бўладими. Мана, мен келдим...”
“Одил ҳакам Худойим! Қанақанги номаъқулчиликларни ёғдирасан менга? – пичирладим чорасизликдан. — Қанақанги болалик бу ўзи, мени тўхтат, гўдаклигим тутиб кетибди!”
Чиндан ҳам, буюклик билан бачканалик ораси атиги бир қадам экан, майли мен бачкана бўла қолай, ҳамма нарса мен ўша кечаси ширин ҳаёлга ботганим каби бўла қолса жон дердим. Дилинг тубидаги бемаъниликка ишонишнинг ўзи ҳам бир бахт!
Дилимни бирданига яланғочлаб ташлаган ана шу барча жўшқинликлардан сўнг уфқдан кўтарилган қора булут каби менинг учун энг оғир шубҳа пайдо бўла бошлади – мен инкубалар қорнида иксзурриётлар етиштиришга маънавий ҳуқуққа эгамидим? Менинг ишларимни қайси юксак мақсадлар билан оқлаб бўлади? Иккиюзламачилик қилмайман, бундай шубҳалар дилим тубида ҳар доим мавж урар эди, лекин на мен, на менинг ҳамкасбларимдан биронтаси ҳеч қачон бу ҳақда ғинг деган эмасмиз. Фан ютуқлари бизнинг обрўйимизни ўз кўз ўнгимиздагина эмас, балки жамият назарида ҳам юксакликка кўтарган эди. Бироқ, фан билан виждоннинг бир-бирига қанчалик мос келмаслигига, кўпгина ҳолларда фан билан жиноят бир-бири билан боғланиб кетганлигига мисоллар топиш учун XX асрда узоққа бориш шарт эмас.
Мана, менинг виждоним, турма маҳкумаси уйғотган виждоним тилга кирди. Бетайин ота-оналардан номаълум болалар етиштиришнинг, уларни инкубалар ёрдамида дунёга келтиришнинг инсониятга қарши ҳаракат эканлигини тан олиш – Руна мени ана шунга ундади.
Уни менга нима олиб келди, ажал остонасигача бизларни нима боғлаб қўйган экан, уёғини тақдир билади... Ҳукмни мен чиқармай...
Ўша кечаси ҳаммаси ўзгариб кетди. Мислсиз фидокорлиги, ақлга сиғмайдиган қилмишлари мени ром этган аёлдан кечирим сўрашга тайёр эдим. Мен инсон зотига қилган ёвузлигимдан воз кечиш йўлида ўша аёл олдида тиз чўкишга тайёр эдим. Борди-ю у менинг муҳаббатимни қабул қилса ва ўз навбатида менга муҳаббат изҳор қилса, мен унга уйланган бўлардим... Ҳа, ҳа шундай!
Бунга қандай эришиш мумкинлигини тасаввур ҳам қила олмайман, ахир кўп йилларга ҳукм қилинган, у “майли” дейдиган бўлса, мен у билан ўрмонгами, тоққами, денгиз ортигами – қаерга бўлмасин, фақат бирга яшаш учун бош оққан томонга қочиб кетишга тайёр эдим... Ҳаётни янгидан бошлаш учун дарбадарликка ҳам розиман, бу билан мен машъум ўтмишимнинг гуноҳларини ювган бўлардим...
Бу ҳақда бир марта хаёл сурдим-у, ўзимни тўхтата билмадим. Менинг хаёлларим чексиз-чегарасиз эди. Мен ўзимда тўнтариш ясадим. Хаёллар оғушида қолдим. Менинг янги ҳаётим эртадан, Рунани олиб келишган ва иккаламиз холи қолган соатдан бошланиши керак. Менда қандай ўзгаришлар рўй берганини тушунтириб, руҳан енгил тортганимни ҳикоя қилиб беришга ва ўзимнинг ҳамма нарсага тайёр эканлигимга уни ишонтиришга ҳаракат қиламан. У фақат “хўп” деса бас, у мени севгилим деб тан олса бўлди. У фақат менинг самимий эканимга ишонса, бизнинг бирга бўлишимизга амин бўлса кифоя.
Мен диванда нотинч ва сергак уйқуга кетганимда тун ярмидан ошган эди. Тонг саҳарда момоқалдироқ гулдиради. Том устида гумбирлаган овоз эшитилди, дераза ортида жала қуйди. Табиат ҳодисаларига назар ташлар эканман, бу момоқалдироқни худди ўзим гумбирлатаётгандай бўлдим, осмоннинг ярмисини эгаллаб чақмоқлар чаққанини, челаклаб қуяётган ёмғир қасирғасидан шох-шаббаларнинг ерга теккундай юкунганларини, қушлар галасининг момоқалдироқ қучоғида ҳуркиб безовталаниб бошпана илинжида уёқдан-буёққа ўзини урганини кўрдим...
Ўзим ҳам момоқалдироқ қўйнида парвоз қилдим. Мен дарча орқали деразадан учиб чиқдим, томлар устида, кўчалар ва хиёбон устида қанот қоқдим. Яшин ҳамда булутлар орасида тусмоллаб ва чамалаб парвоз қилардим – ахир қаердадир турма бор, ўша жойда у, инкуба бўлишдан бош тортган жувон ҳам момоқалдироқ овозини эшитди. “Руна, Руна! – деб қичқирдим мен. — Бу менман! Мен сени қидириб юрибман!”. Момақалдироқ гумбирлаётган, мен осмони фалакдан бор овозим билан унга мурожаат қилаётган шу онларда у нималар ҳақида ўйлаяптийкин?..
Кейинги куни ўзимни тутишга, клиникамиздаги барча хизматчиларнинг ҳар доимгидай пухта ишлаши учун мен ўзимни ишлаётгандай қилиб кўрсатишга қанча куч сарф қилдим. Ҳамма нарса одатдагидай эди. Ходимлардан биронтаси ҳам менинг бошқа одам бўлиб қолганимни сезмади...
Мен ўз вақт-соатимни кутар эдим. Вақт эса машаққат билан секин ўтаётгандай туюлар эди менга...
Мен ҳамманинг кўз ўнгида эдим, ҳар доимгидай ўз бурчларимни адо этар эдим. Лекин бу энди мен эмас эдим...
Вақт эса мен учун машаққат билан секин ўтаётгандай эди...
Тайин қилинган соат яқинлашмоқда. Руна ҳадемай келиб қолади. Мана, мана... Лекин ҳамон олиб келишмади...
Яна чорак соат ўтди. Лекин ҳануз йўқ. Мен қўнғироқ қилишни ва машинанинг қачон йўлга чиққанини аниқлашни буюрдим. Котиба телефонда гаплашибди, унга машина ўз вақтида жўнаб кетган дейишибди.
Мен хавотирга туша бошладим. Нима бўлдийкин? Тўсатдан йўлда ҳалокатга учраган бўлса-я?
Соат учга яқинлашмоқда эди. Қачон келади? Мен ўзим қўнғироқ қила бошладим. Менга машинага бир нарса бўлган деб жавоб беришди. Шу пайтда котиба югуриб кириб келди. Ранги ўчиб кетган.
– Нима бўлди ўзи? — деб қичқираман.
– Мижозимиз вафот этибди!
– Қандай вафот этибди? Қайси мижоз экан?
– Биз кутаётган аёл. Ҳозиргина қўнғироқ қилишди.
– Ҳалокатга учрабдими?
– Йўқ. У қочган экан.
– Қочган экан? Кейин нима бўпти?
– Уни ўлдиришибди.
– ҳозир бориб, ҳаммасини айтиб берамиз дейишяпти.
– Ҳа, тунов куни мен берган йўлланмага кўра маҳкума Р. Ф. Лопатинани тайин қилинган вақтда клиникага етказиб келиш учун А-6-87 номерли машинада олиб кетишган.
Шаҳардан чиққандан кейин Москва дарёси қирғоғи яқинидаги ўрмон орасидан ўтаётганда маҳкума кўнглим айнияпти, бошқа юришга мажолим қолмади деб зорланади, машинани тўхтатиб тушишга имкон беришларини сўрайди, талаб қилади ва қайт қила бошлайди...
Тўхташга тўғри келади. Маҳкума машинадан тушади, йўлдан бир неча қадам нарига боради-да, югуриб ўрмон ичига кириб кетади. Соқчи аёл унинг орқасидан қува бошлайди. Маҳкумага “тўхта” деб буйруқ беради. Лекин у тўхтамайди. Соқчи “отиб ташлайман” деб огоҳлантириб, осмонга қаратиб икки марта ўқ узади. Ҳар қандай қилиб бўлса ҳам тирик тутиб олиш учун қуваверади. Бирдан Москва дарёсининг муюлишида тик қирғоқ чиқиб қолади, маҳкума чопган бўйича жарликдан ўзини сувга ташлайди. Соқчининг отишдан бошқа иложи қолмайди. Маҳкума ҳалок бўлади. Жасадини сувдан тортиб олишади...
Кейинчалик ўз-ўзимга: “У нима учун шундай қилди?” – деб савол бердим. Нега шундай қилди? Нима учун? Бу нима ўзи? Ноиложлик оқибатими? Қўрқоқликданми? Нафратланишданми? Душманликданми? Ёки бу норозиликнинг бир кўриниши эдими?
Бу саволларга ҳеч ким жавоб бера олмайди... Келди-ю кетди... У биз олиб борган эксперементларнинг биринчи қурбони бўлди.
То кеч киргунга қадар хонамдан ташқарига чиқмадим. Ичкаридан қулфлаб олиб ўтирдим. Менинг вужудимда нималар бўлаётганини ҳеч бир жон тасаввур ҳам қилолмасди. У шундай даҳшат билан менинг режаларимга халақит бермаганда эди! ҳайфки, у ҳалок бўлди, афсуски, у абадийликка кетди, кетганда ҳам менинг гапларимни эшитмай кетди, у чиндан ҳақ эди, фан ҳар қандай юксакликка кўтарилмасин, унинг ютуқлари ўткинчи, фан чексиз тараққий қилиши мумкин, лекин фан тараққиёти виждон олдида ҳеч нима эмас. Мангуликнинг мазмуни ва ривожини ўзида мужассамлаштирган Руҳ олдидан ҳамма нарса ўтаверсин.
Хонамда ўтириб ҳўнграб йиғладим. Атиги бир марта учратган аёлни эслаб зор-зор йиғладим... Усиз қолган умрим бахтсиз ўтишини кўз олдимга келтириб йиғладим...
Кечқурун йўлга чиқдим, бу даҳшатли ҳодиса бўлиб ўтган жойга, Москва дарёсининг ўрмон ортидаги муюлишига яқинлашганимда тўхтадим-да, орқага қайтдим. Бу ер у ҳалок бўлган жой эди, у худди ана шу ўрмондан қочиб ўтиб ўзини дарёга отган... Бошқа йўлдан кетдим.
Дунёда бирон ўлчов бормидики, менинг уйга келгандан кейин буткул ожизлигим, иложсизлигимни ўлчаб беролса! Бу менга юборилган жазо эмасмикин? Уйимда кечаси билан овозим борича дод солиб, ҳўнграб йиғлаб чиқдим. У энди йўқ. Менинг унга нима демоқчи бўлганимни у энди ҳеч қачон билмайди. У умрининг то охирги онларигача мени ўз илмий кашфиётларидан иксзурриётлар яратиш йўлида фойдаланган разил одам деб биларди... Виски ҳам ёрдам бермади, шишани кўтариб ичсам ҳам бўлмади. Мусиқа ёрдам берармикин, деган хаёлга бордим, лекин бундай мусиқа йўқ эди...
Ана шундай мусиқани орадан йиллар ўтгандан сўнг эшитдим, бу наво менинг дилимда умр бўйи мудраб ётган бўлса ажаб эмас. Япон денгизида пароходда кетяпман. Кечки пайт эди. Юлдузли осмон тагида қотиб турган қорамтир ороллар сирли жисмлар янглиғ Вақт билан Модданинг меваси ўлароқ денгиз тубидан боқиб тургандай. Ҳамма ёқда сокинлик, салқинлик... Кўз илғамас тўлқинларнинг пичирлаши қулоққа чалинади. Бизлар Нагоя шаҳрига конференцияга келган бир неча совет олими эдик. Шерикларим билан таржимонлар майхонада қолишди. Мен бўлсам кимсасиз сирли оролларга тўйиб-тўйиб боқиш учун кема саҳнида уёқдан-буёққа одимлардим. Қирғоқдаги чироқлар элас-элас кўринарди. Биз ана шу чироқлар томон бораётган эдик. Пароходда тинимсиз гумбурлаган рок-музикадан киши сесканиб сакраб тушганини ўзи ҳам сезмай қоларди... бирдан рок тиниб қолди. Дилкаш қўшиқ бошланди. Бу японча энка- лирика, севгилини қўмсаш, афсун ва англашилмовчилик, интизорлик ҳамда видолашув қўшиғи эди. Бирдан ўша жувон хаёлимга келди. У менинг ёнимда, эҳтимол, сал нарироқда, ҳу анави оролчада тургандай ва шу ашулани эшитаётгандай, менинг у ҳақда ўйлаётганимни сезиб тургандай.
Шундан сўнг мен ҳаммадан ва бутун борлиқдан узоқлашишим кераклигини тушундим...
Қайта қуриш йилларида иксзурриётлар етиштириш масаласига чек қўйилди. Горбачев ҳузурида бўлдим. Ярим йилдан сўнг космосга, орбитал станцияга йўл олдим. Ана шу ерда самовий роҳиб Филофей бўлиб олдим. Четдан қараганда бу жинниликдай туюлиши мумкин. Лекин ҳеч ҳам унақа эмас.
Менинг ўтмишим менга тинчлик бермайди, тинмай таъқиб қилади. Туғилиб бўлган ва энди вояга етиб келаётган, ота-онаси номаълум иксзурриётлар энди нима бўлади деган ва ҳал қилиб бўлмайдиган савол томоққа тиқилиб қолган сўнгакдай ҳеч кимга тинчлик бермайди. Уларнинг кимлардан бўлганлиги сир сақланганидан буни ҳеч ким билмайди. Тўғрироғи, бир неча киши – менинг собиқ ҳамкасабаларимгина билишади. Ана ўшалар мен ҳақимда: муртад, космосга қочиб қолди деб ўйлашлари мумкин. Лекин мени қийнаётган, мени ранжитаётган нарса уларнинг менга бўлган муносабати эмас. Менинг ўзимга лаънат ўқиётганимни, ўзимни разил мазохист деб, итвачча деб атаётганимни ҳеч ким билмайди! Мен Ерга тушсам-у бизнинг лабораториямизда ўтказилган тажрибалар натижасида дунёга келган гўдакларнинг кўзларига бир боқсам!... Нега энди бу ҳақда ёзяпман. Чунки биз қилган хатони тузатиб бўлмайди. Давлат мулки бўлиб туғилган одамлар нима бўлади охири? Улар эртасига ўзларининг ким эканликларини тушуниб олишади. Улар жамиятдан қандай қилиб ўч олишади? Вақти-соати келиб иксзурриётларда инсониятдан ўч олиш, тўнғиз қўпқир дунёсига ўт қўйишдек қатъий истак пайдо бўлмасмикин? Мен бу ерда, космосдаман, улар, иксзурриётлар эса ўша жойларда вояга етишяпти – шунинг ўзи даҳшатли. Бошқача сўз топиб бўлмайди. Мен уларнинг келажаги учун масъулиятни ўз гарданимга олган эмасман, фақат уларнинг туғилиши билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилганман, холос деб айтишим мумкин эди. Лекин бу важ бўлоладими?! Улар айбдорларни, қилғиликни қилиб, ҳамма нарсанинг пачаваси чиққандан сўнг қочиб қолганларни қаердан топишсин. Ҳатто ДХК ҳам хонавайрон бўлди. Эҳтимол, хонавайрон бўлмагандир... Ўлиб кетмайдими...”
Филофейнинг Тавба-тазарруси шу ерда узилиб қолган.

* * *
Тавба-тазаррунинг матни Энтони Юнгернинг қўлига қишнинг бошларида тегди. Бу Филофейдан келган охирги хабар эди.
У қиш куни эрта тонгда рулга ўтириб ёғаётган оппоқ қор парчаларига боқар экан, “Фавқулодда воқеа, ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган ҳодиса”, деб ўйлади ачиниб. Юнгер Филофей Тавба-тазаррусининг кечаси ўқилган матни таъсирида эди.
Шуниси ғалатики, деб ўйлайди у, ҳеч ким бундай вафот этган эмас. Ҳозир сайёрамиздан ташқарида ўз жонига қасд қилган ягона одам – гўё коинотда мўмиёлангандай Филофей дунёмиз тепасида учиб юрибди. Ниҳоят сукунатда дунё билан муросага келди. Ва мана, у яна ўзи ҳақида хабар бераётир...
Бу қисматнинг сабоқ бўлиб қолишида қандайдир илоҳий мазмун бордир деб ўйлаш мумкин. Лекин бу сабоқ нақадар қимматга тушди!
Бироқ бундай йўлдан бориш ҳар доим жуда қимматга тушади. Бир замонлар абадийликка дахлдор сабоқ бўлиб ўтган – Голгоф тепалигида Ийсо алайҳиссаломнинг чормихга тортилиши инсониятга қимматга тушган. Ҳар нарсанинг баҳоси ўзгача. У ўз баҳосини космосда ҳисоб-китоб қилди.
Наҳотки, у космосда ҳам ўзининг чақалоқлигида болалар уйининг эшиги томон олиб кетаётган онасининг қор устида босган оёқ товушининг ғичирлашларини эшитаётган бўлса? Наҳотки у космосда ҳам ўзини охирги марта кўкрагига босиб кўтариб бораётган онаси юрагининг дукиллаб ураётганини эшитаётган бўлса?..

«Охирзамон Нишоналари» Романидаги Айрим Сўзлар Изоҳи
Апартеид – ирқий камситишнинг энг ашаддий шакли.
Аура (юнон тилида “шабада” демакдир) – одам танасидан ва ҳар қандай жонли организмдан узлуксиз чиқиб, ўзгариб ва ривожланиб турадиган билинар-билинмас нур. Аура инсон дунёга келиб, биринчи нафас олиши ва нафас чиқариши билан пайдо бўлиб, ҳаётида охирги марта нафас олиши ва нафас чиқариши билан сўнади. Шундай қилиб аура организмнинг космик энергия билан ўзаро таъсири маҳсулоти – одам организмида қайта ишланган ва акс этган космик энергия бўлиб одамнинг бутун баданини қамраб олган.
Ҳар бир одамнинг аураси шакли, зичлиги ва рангига ҳамда бошқа хусусиятларига кўра ўзгаларникидан фарҳ ҳилади. Ўта сезгир одамларда, ақлий ва маънавий жиҳатдан етук кишиларда, башоратчиларда, экстрасенсларда аура зичроқ ва ҳажман каттароқ бўлиб, у қадар ранг-баранг бўлмас экан. Кўзи боғлаб қўйилганда ҳам теварак-атрофдаги нарсаларни бемалол кўра оладиган аура “кўзли” одамлар бўлади. Кишининг ақлий ва жисмоний имкониятларига кўра, ташқаридан қараганда аура нурининг шакли турлича кўринар экан. Мутахассислар фотография ва компьютер ёрдамида аурани плёнкага олиб, моҳиятини аниқламоқдалар.
Юмалоқ шаклдаги аура энг яхши ҳисобланар экан. ҳар жиҳатдан баркамол, етук кишиларнинг аураси юмалоқ шаклда кўринар экан. Бошқалар ҳомийлигида бўлган ёки ўзи бировларни ҳимоя қила оладиган одамлар аураси учбурчак шаклида, экстрасенслар деб аталадиган ўта сезгир кишиларнинг аураси юлдуз шаклида бўлар экан.
Ауранинг қандай рангда эканлиги ҳам катта аҳамиятга эга. Ауранинг кўк (ҳаво ранг) бўлиши соғлиқ белгиси, тўқ сариқ аура кишининг дилкаш ва кўнгли очиқ эканлиги, оч қизил самимийлик ва жисмонан бақувватлилик, тўқ қизил ранг манманлик ва очкўзлик, оч сариқ ақллилик, оч яшил ранг яшовчанглик ва соғломлик, оч кулранг саломатликнинг яхши эмаслиги аломатларидар ва б.
Генотип – организмнинг тузилиши (конституцияси), ундаги генлар мажмуи.
Генофонд – инсоният ёки ҳайвонот дунёсидаги индивидларнинг генлар мажмуи.
Екклесиаст – Инжил ақидаларини тарғиб қилган, тафсирлаган олим.
Иксзурриёт – лабораторияда ундирилган уруғдан етиштирилган, ота-онаси номаълум бола [лотинча – икс “номаълум”, арабча зурриёт (бирлиги – зуррий) – “фарзандлар, авлод”].
Кассандра – юнон мифологиясида: Троя подшосининг қизи, соҳиббашорат, фолбин бўлган экан.
Коллизия – қарама-қарши фикрлар, ниятлар, манфаатларнинг тўқнашиши.
Мазохизм – жинсий бузуқлик: жинсий алоқада бўлган иккинчи шахснинг азоб-қийноқлар, ахлоқий хўрлик-таҳқирлари таъсирида шаҳвоний лаззат олиш. Ана шундай бузуқликларни тасвирлаб ёзган австриялик ёзувчи Л. Заходер-Мазох (1836 – 95) номи билан аталган.
Мутация – организмнинг генетик материали: хромосомалар ва генлардаги қайта қурилиш ва бузилишлар оқибатида организмнинг ирсий хусусиятларида рўй берган табиий ёки сунъий ўзгаришлар.
Некрофил – мурда билан жинсий алоқа қилишга мойил киши.
Нигилист – умумқабул қилинган қадриятлар: идеаллар, ахлоқий ҳамда маданий нормаларни ва ижтимоий ҳаётнинг бошқа шаклларини инкор этувчи шахс.
Парадигма – исботлаш, таққослаш учун тарихдан олинган мисол.
Пароксизм – қандайдир руҳий ҳаяжон, ҳиссиётнинг хуруж қилиши.
Пацифистлар – ҳар қандай урушни қоралайдиган, бу йўлда ҳаракат қиладиган шахслар.
Перископ – яширин жойда (масалан окопда) туриб теварак-атрофни кузатишга имкон берадиган асбоб.
Субстанция – объектив реаллик, ўз-ўзидан мавжуд бўлган хилқат.
Субстрат – барча жараёнлар ва ҳодисаларнинг умумий моддий негизи.
Трансцендентал қобилият – тажрибадан келиб чиқмаган, балки азалдан мавжуд эс-ҳуш, идрок.
Феминисткалар – эркак билан тенг ҳуқуқлик учун курашадиган аёллар.
Феномен – нодир ёки фавқулодда сийрак учрайдиган ҳодиса-воқеа; бирон соҳада бошқалардан тубдан ажралиб турадиган ўта истеъдодли одам.
Флюид – одамдан чиқадиган психик (руҳий) ток.
Футуролог – жамият тараққиёти ҳақида башорат қилувчи мутахассис.
Футурология – жамият тараққиётининг келажаги ҳақидаги таълимот.
Харизма – юнонча “худонинг туҳфаси, марҳамати” демакдир. Қадимги юнонлар барча соҳаларда катта ютуқларга эришадиган, обрўли, худонинг севган бандаларини шундай аташган. Бундай одамлар ўз олдиларига қўйган мақсадларининг фойдали ва тўғри эканлигига узил-кесил ишонч ҳосил қилгач катта илҳом билан иш кўрадилар ва бошқаларни ўзларига маҳлиё қилиб қўядилар, бундай шахслардан мислсиз саркардалар, ажойиб давлат арбоблари, буюк артистлар етишиб чиққан.
Харизмалик хусусиятини оҳанграбога – магнитга ўхшатиш мумкин: кучли магнитлар магнит майдони ёрдамида бир неча тонна юкни кўтара олади. Заифлари эса кичик бир гайкани ҳам торта олмайди.
Харизмалик хусусияти ҳаммада бўлар экан – бировларда камроқ, бошқаларда эса одамларни ҳанг-манг қилиб қўядиган даражада кучли бўлар экан.
Иш ҳаракатлари, гап-сўзлари, муомалалари билан бошқаларни оғзига қаратиб қўядиган, ром қиладиган, ўз касбини севадиган, завқ-шавқ билан ишлайдиган самимий кишилар – таксист бўладими, сотувчи бўладими, артист бўладими, ёзувчи бўладими – ана шундай харизматик инсонлардир.
Ҳар бир инсон ўзининг харизматик маҳоратини босқичма-босқич ошириб борса бўлар экан.
Эмбрион – пушт, ҳомила.


AvvalgiII- qism Keyingi
Mualifning boshqa asaralari
1 Alvido, ey Gulsari (qissa) [Chingiz Aytmatov] 2886
2 Алвидо, эй Гулсари (қисса) [Chingiz Aytmatov] 606
3 Baydamtol sohillarida (hikoya) [Chingiz Aytmatov] 882
4 Birinchi muallim (qissa) [Chingiz Aytmatov] 7382
5 Boʻtakoʻz (qissa) [Chingiz Aytmatov] 1297
6 Байдамтол соҳилларида (ҳикоя) [Chingiz Aytmatov] 573
7 Биринчи муаллим (қисса) [Chingiz Aytmatov] 790
8 Бўтакўз (қисса) [Chingiz Aytmatov] 546
9 Erta qaytgan turnalar (qissa) [Chingiz Aytmatov] 2317
10 Эрта қайтган турналар (қисса) [Chingiz Aytmatov] 693
11 Hayot-mamot (taqriz) [Chingiz Aytmatov] 1804
12 Ҳаёт-мамот (тақриз) [Chingiz Aytmatov] 645
13 Jamila (qissa) [Chingiz Aytmatov] 2302
14 Жамила (қисса) [Chingiz Aytmatov] 708
15 Oq yomgʻir (hikoya) [Chingiz Aytmatov] 1219
16 Oqkema (qissa) [Chingiz Aytmatov] 5840
17 Oxirzamon nishonalari (I- qism) [Chingiz Aytmatov] 2540
18 Oxirzamon nishonalari (II- qism) [Chingiz Aytmatov] 1830
19 Охирзамон нишоналари (I- қисм) [Chingiz Aytmatov] 820
20 Оқ ёмғир (ҳикоя) [Chingiz Aytmatov] 570
21 Оқкема (қисса) [Chingiz Aytmatov] 742
22 Плач перелетной птицы [Chingiz Aytmatov] 529
23 Qizil olma (hikoya) [Chingiz Aytmatov] 1053
24 Қизил олма (ҳикоя) [Chingiz Aytmatov] 512
25 Raqiblar (hikoya) [Chingiz Aytmatov] 867
26 Рақиблар (ҳикоя) [Chingiz Aytmatov] 519
27 Sarvqomat dilbarim (qissa) [Chingiz Aytmatov] 4408
28 Sohil yoqalab chopayotgan Olapar (... [Chingiz Aytmatov] 1821
29 Somon yoʻli (qissa) [Chingiz Aytmatov] 1379
30 Сарвқомат дилбарим (қисса) [Chingiz Aytmatov] 724
31 Сомон йўли (қисса) [Chingiz Aytmatov] 714
32 Соҳил ёқалаб чопаётган Олапар (қисса) [Chingiz Aytmatov] 772
33 Oʻtar Qush Nolasi [Chingiz Aytmatov] 1024
34 Ўтар Қуш Ноласи [Chingiz Aytmatov] 740
35 Chingizxonning oq buluti (qissa) [Chingiz Aytmatov] 3957
36 Choʻqqida qolgan o... [Chingiz Aytmatov,Muxtor Shoxonov] 2930
37 Choʻqqida qolgan o... [Chingiz Aytmatov,Muxtor Shoxonov] 1808
38 Choʻqqida qolgan o... [Chingiz Aytmatov,Muxtor Shoxonov] 2826
39 Чингизхоннинг оқ булути (қисса) [Chingiz Aytmatov] 750
40 Чўққида қолган овч... [Chingiz Aytmatov,Muxtor Shoxonov] 848
41 Чўққида қолган овч... [Chingiz Aytmatov,Muxtor Shoxonov] 803
42 Чўққида қолган овч... [Chingiz Aytmatov,Muxtor Shoxonov] 991
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика