Оқкема (қисса) [Chingiz Aytmatov]

Оқкема (қисса) [Chingiz Aytmatov]
Оқкема (қисса) [Chingiz Aytmatov]
Биринчи Боб
Унинг икки эртаги бўларди. Бири ўзиники бўлиб, уни ҳеч ким билмасди. Иккинчисини эса бобоси сўзлаб берганди. Кейин биронтаси ҳам қолмади. Гап шу хусусда.
Ўша йили у етти ёшга тўлиб,- саккизга қадам қўйганди.
Аввал портфел сотиб олинди. Қоп-қора дермантин портфелни очиб-ёпганда шиқиллайдиган қулфи ялтираб турарди. Ёнида майда-чуйда соладиган киссаси ҳам бор. Қисқаси, ғаройиб, айни пайтда оддий мактаб портфели эди. Ҳамма нарса, эҳтимол, шундан бошланди.
Бобоси уни кўчма дўкондан сотиб олди. Кўчма дўкон тоғдаги чорвадорларга мол сотиб, айланиб юрганда, уларга ҳам, Сан-Тошдаги ўрмончилик қоровулхонасига ҳам бирров бурилганди.
У бу ердан, дара ва нишаб йўллар бўйлаб тоғдаги қатағон ўрмонга кўтарилди, Қоровулхонада бор-йўғи уч оила яшайди. Лекин шундай бўлса-да, вақти-вақти билан кўчма дўкон ўрмончиларни ҳам йўқлаб турарди.
Уч ҳовлида ёлғиз битта бола бўлиб, у ҳар сафар кўчма дўконни биринчи бўлиб кўрар эди.
— Келяпти! - деб қичқирди у эшик ва деразага қараб чопиб.- Машина-магазин келяпти!
Иссиқкўл бўйларидан бу тарафга чўзилган айланма йўл кела-келгунча дара, дарё соҳили бўйлаб, тошлоқ ва ўнқир-чўнқирлардан ўтиб келарди, Бу йўллардан юриш ҳазилакам иш эмас. Қоровултоққа етгунча йўл пастдан юқорига торайиб, қиялаб борарди-да, кейин тикка тақир нишаблик бўйлаб ўрмончилар ҳовлисига тушади. Қоровултоғ пгундоқ ёнгиналарида - ёзда бола дурбиндан кўлни томоша қилгани деярли ҳар куни ўша ёққа чопарди. У ердан эса йўлда келаётган пиёда-ю, отлиқ, албатта, машина ҳам, ҳамма нарса кафтдагидек кўриниб турарди.
Ўша сафар - иссиқ ёз кунларидан бирида бола ўз кўлобида чўмилиб турган эди, шунда қия йўлни чангитиб келаётган машинани кўриб қолди. Кўлоб дарёнинг четроқ саёз жойида, қумлоқ ерда бўлиб, бобоси тош қалаб тўсиб берган эди. Агар шу тўсиқ бўлмаган-да, ким билади, балки бола ҳам аллақачонлар тирик қолмаган бўлармиди? Бувисининг айтишича, дарё аллақачон унинг суякларигача ювиб, тўғри Иссиқкўлга элтиб ташлармиди ва у ерда балиқлар ҳамда сувдаги ҳар хил балои баттарларга ем бўлармиди? Ҳеч ким уни қидириб жон койитмас, дардида куйиб, адо бўлмас эди, рост-да, сувда пишириб қўйибдими? Сирасини айтганда, у кимга ҳам керак. Ҳали ҳозирча бу фалокат бўлганича йўқ. Содир бўлса, ким билади, бувиси балки чиндан ҳам уни қутқаргани уриниб кўрмас, кампир туғишган бувиси бўлганда бошқа гап эди, ахир, унинг ўзи, ўгайсан, деб юради-ку. Ўгай эса қанча едириб, қанча ичирма, барибир ўгайлигига боради. Ўгай... Агар у ўгай бўлишни истамаса-чи? Хўш, нега энди у ўгай бўлиши керак? Балки у эмас, бувисининг ўзи ўгайдир?
Лекин бу тўғрида ҳам, бобоси ясаган тўсиқ ҳақида ҳам кейинроқ гап бўлади.
Шундай қилиб, у ўшанда кўчма дўконни узокдан кўриб қолди, машина кетидан тўзон кўтариб, тоғдан тушиб келаётган эди. Шунда у қувониб кетди, ўзига портфел олинишини билгандек қувониб кетди. Шу заҳотиёқ сувдан сакраб чиқди, чиллакдек оёқларини иштонининг почаларига тиқди-ю, сувнинг совуқлигидан кўкариб кетган баданининг ҳўли билан кўчма дўконнинг келаётганини биринчи бўлиб етказиш учун сўқмоқдан уйлар томон чопиб кетди.
Бола буталар устидан ҳатлаб, сакраб ўтиш қийин бўлган харсанг тошларни ёнлаб ўтиб, на ўсиқ ўтлар, на харсанг тошлар олдида, булар шунчаки нарсалар змаслигини билса-да, бир дақиқа ҳам тўхтамай чопиб борарди. Улар ранжиб қолиши, ҳатто чалиб йиқитиши ҳам мумкин эди. «Машина-магазин келди. Мен кейин келаман», - йўл-йўлакай у «чўкиб ётган туя»га гап қотди. У бағрини ерга бериб ётган сарғиш букри тошни шундай деб атарди. Одатда бола ўз «туя»сининг ёнидан унинг ўркачини силамасдан ўтмасди. Худди бобоси думи чўлтоқ ахта отини шапатилагани каби, у ҳам ишнинг кўзини биладиган кишилар сингари ўз «туя»сининг ёнидан ўтиб бораётиб наридан бери, сен сабр қилиб турасан энди, менинг ишим чиқиб қолди, деб уни шапатилаб қўярди. Унинг харсанг тошида «эгар» ҳам тайёр эди. Ярми оқ, ярми қора бу чавкар тошдаги эгарчада худди отда ўтиргандек ўтирган бўларди. Яна «бўри» деган тош бор - бўрига жуда ўхшаш қўнғир, оқ оралаган, ёлдор ва чўнг пешанали. Бола унинг олдига писиб эмаклаб борарди-да, мўлжалга оларди. Лекин энг севимли тош, бу сув ювиб кетган қирғоқдаги каттакон харсанг «танк» эди. Қараб турсанг «танк» қирғоқдан отилиб чиқади-ю, дарёни шовқин-суронга солиб, тўлқинлантириб, кўпиклантириб, юриб кетадигандек. Танклар киноларда ахир шундай юради-ку, қирғоқдан сувга отилади: кетди! Бола киноларни кам кўрган, шунинг учун ҳам кўрганлари ёдида қаттиқ ўрнашиб қолган. Бобоси баъзан уни кино кўрсатгани тоғ ортидаги - қўшни дарадаги совхоз наслчилик фермасига олиб борарди. Шу сабабли ҳам қирғоқда дарёни ҳар қачон кесиб ўтишга шай турган «танк» пайдо бўлди. Яна бошқа - «яхши» ва «ёмон» тошлар, ҳатто «айёр» ва «овсар»лари ҳам бор.
Ўтлар орасида ҳам - «севимли», «ботир», «ҳуркак» ва «ёвуз» ҳамда бошқа ҳар хиллари мавжуд эди. Чақиртикан, масалан, - энг биринчи душман. Бола у билан кунига ўн марталаб жанг қилган, чопиб ташлаган. Лекин бу жангнинг охири кўринмасди - чақиртикан ҳадеб ўсаверар ва кўпаяверарди. Мана, даладаги печак гуллар, тўғри, улар ҳам ёввойи, шунга қарамай булар энг ақлли ва қувноқ гуллардир. Улар эрталаб қуёшни ҳаммадан ортиқ яйраб қарши олади. Бошқа ўтларга - тонг нима, тун нима, барибир. Печакгуллар эса кун илиши биланоқ кўз очади, кулиб боқади. Олдин бир кўзини, кейин иккинчисини очади, шундан сўнг бағридаги барча гуллар бирин-кетин очила бошлайди. Оқ, оч кўк, бинафша ва яна ҳар хил рангда... Агар уларнинг олдида сукут сақлаб ўтирсанг, гўё бу гуллар уйқудан уйғониб, алланималар ҳақида шивирлашаётгандек туюлади. Чумолилар ҳам буни сезади. Улар эрталабдан печакгуллар ҳузурига чопиб, қуёш нурларидан кўзларини қисиб, гулларнинг ўзаро нималар ҳақидадир шивирлашаётганига қулоқ солади. Балки, кўрган тушларини сўйлашаётгандир?
Кундузлари, одатда туш вақтига бориб бола серпоя широлжинлар ғуж бўлиб ўсган томонга жўнашни яхши кўрарди. Широлжин баланд бўйли, гулсиз, лекин хушбўй ҳидли бўлади. Улар ён-верига бошқа ўсимликни йўлатмай тўда-тўда бўлиб, алоҳида ўсади. Широлжин - садоқатли дўстдир. Айниқса, бирор кўнгилсизлик юз бериб, пинҳона йиғлагинг келганда широлжин остидан яхши паноҳ топиш мумкин. Улар ўрмон ёқасидаги қарағайзорлар сингари ёқимли ҳид таратиб туради. Широлжинлар қучоғи қайноқ ва сокин. Энг муҳими - улар осмонни тўсиб қўймайди. Чалқанча ётда, осмонни томоша қилавер. Аввал кўз ёшлари орасидан ҳеч нимани ажрата олмайсан. Кейинчалик эса, булутлар сузиб кетади ва сен ўйлаётган нарсалар осмонда, кўз олдингда аниқ намоён бўла бошлайди. Бу-лутлар яхши билади: кўнглинг анча нохуш, қаёқларгадир жўнаб қолгинг ёки учиб кетгинг келади, токи сени тополмай, оҳ-воҳ қилишсин: «Эҳ болагина, бедарак кетди-я, энди уни қаердан топамиз», деб куйиб юришсин. Бундай бўлмаслиги учун - сен йўқолиб қолмаслигинг ва жимгина ётиб, булутлардан завқланишинг учун сен нимани истасанг булутлар ўшанга айланиб қолади. Ўша биргина булутнинг ўзидан турли-туман шакллар юзага кела бошлайди. Фақат булутлар қандай шаклга кираётганини кўриб билсанг бас.
Широлжинлар таги жимжит, улар осмонни тўсмайди. Широлжинлар мана шунақа, илиқ қарағайзор ҳидини уфуради.
У ўтлар тўғрисида кўп нарса биларди. Сув босадиган пичанзордаги кумушранг супурги ўтларга раҳми келарди, жуда ғалатида бу супурги ўтлар, ҳавойи жуда. Уларнинг ипакдек майин попуклари шамолсиз яшолмайди. Шамолни кутгани-кутган, шамол қаёққа эсса, ўша ёққа эгилиб, худди буйруққа бўйсунгандек, ёппасига салом беради. Агар ёмғир қуйиб берса ёки момақалдироқ бошланиб қолса борми, гиёҳлар қаерга бош суқишини билмай қолади. Тўлғанади, тиз чўкади, ер бағирлаб қолади. Оёқлари бўлганда-ю, эҳтимол, кўз етган жойгача қочиб қолишармиди... Йўқ, улар ўзларини муғамбирликка соляпти. Момақалдироқ тинсин-а, ҳавойи супурги ўтлар яна шамолнинг ҳукмида-шамол қаёққа эсса, улар ҳам ўша ёққа эгила бошлайди.
Бола ёлғиз, жўраларсиз мана шу содда - баёв нарсалар қуршовида яшарди, автолавкагина ҳамма нарсани унутишга, кўринганда чопишга мажбур қила оларди. Шунинг учун кўчма дўконни кўрган заҳоти ҳамма нарсани унутиб, ўзини ўша томонга отарди. Нимасини айтасан, кўчма дўкон - бу сенга аллақандай тош ёки ўтлар эмас. Унда кишининг жонидан бўлак ҳамма нарса бор!
Бола уйига етиб келганида кўчма дўкон ҳам орқа томондан ҳовлига яқинлашиб қолган эди. Ўрмон хўжалиги қоровулхонасига қарашли бу уйлар дарёга қаратиб солинган. Ҳовлилар қиялаб қирғоққа туташар, дарёнинг нариги қирғоғида эса ўрмон сув ювган жар четидан бошланиб, тоғга қараб кўтарилиб кетар эди. Шунинг учун ҳам ўрмон хўжалигига қарашли қоровулхонага йўл уйларнинг орқа томонидан айланиб келарди. Бола ўз вақтида етиб келмаганида кўчма дўкон келганини ҳеч ким билмай қоларди.
Бу пайт эркаклардан ҳеч ким йўқ, ҳаммалари эрталабоқ тарқаб кетишган, аёллар уй ишлари билан машғул эди. Бола очиқ турган эшикларнинг олдидан қулоқни қоматга келтириб қичқириб ўтди:
— Келди! Машина-магазин келди!
Аёллар типирчилаб қолишди. Яшириб қўйган пулларини топиш учун югуриб қолишди, уйларидан отилиб чиққанларича бир-бирларидан ўзиб кетишди. Машина олдига чопишди, ҳатто бувиси уни мақтаб қўйди:
— Кўзи ўткир-да, бизнинг боланинг!
Бола кўчма дўконни ўзи бошлаб келгандай боши осмонга етган эди. Бу хушхабарни уларга у етказгани, бирга ҳовлидан чопиб чиққани, эшиги очиқ турган автофургон олдида улар билан тиқилишиб турганидан хурсанд эди. Лекин аёллар бу ерда уни тез унутиб қўйишди. Унга қарашга вақт бормиди? Минг хил мол - кўз қамашади. Аёллар бор-йўғи уч киши: бувиси, бу ернинг энг каттакон кишиси - ўрмон қоровули Ўразқулнинг хотини Бекей (Бекей - онасининг опаси, унга хола) ва ёрдамчи ишчи Сейдаҳмаднинг хотини ёшгина Гулжамол қизчасини кўтариб олганди. Бор-йўғи уч аёл. Лекин улар ҳовлиқиб, молларни шундай титиб ташлашдики, охири сотувчи уларнинг навбат кутишини ва ҳаммалари бараварига жаврамасликларини талаб қилишга мажбур бўлди.
Аммо унинг сўзи аёлларга унчалик таъсир қилмади: аввал бошида улар бор нарсани бир чеккадан тортқилай бошлашди, кейин танлашга тушишди, охири танлаганларини ҳам қайтаришди.
Бир четга олиб қўйишади, ўлчашади, баҳслашишади, шубҳаланиб, бир сўраган нарсаларини ўн қайталаб сўрашади. Бири ёқмайди, иккинчиси қиммат, учинчисининг ранги унчамас... Бола бир четда турарди. У зерикди. Зеро, у кутган ғаройиб нарса йўққа чиққан, тоғ йўлида кўчма дўконни биринчи бор кўргандаги қувончи ғойиб бўлганди. Кўчма дўкон кутилмаганда ҳар хил лаш-лушлар тиқилган оддий машинага айланиб қолди.
Сотувчининг қовоғи солина бошлади: бу хотин-халаж бирон нарса сотиб олиш учун тўпланишганга ўхшамайди. Тоғ ошиб, бунча узоқ манзилга нима учун ҳам келди-а?
Шундай бўлди ҳам. Аёллар шахтларидан қайтиб шалвираб қолишди. Бир оз чарчагандай ҳам бўлишди. Негадир бир-бирларининг олдидами ёки сотувчи олдидами, ўзларини оқлашга тутпишди. Буви биринчи бўлиб, пули йўқлигидан шикоят қилди. Пули йўқнинг - хариди йўқ, Бекей хола эри йўқлиги сабабли каттароқ харид қилишга ботина олмади. Бекей хола оламдаги ҳамма аёллар ичра энг бахтсизи - сабаби, фарзанди йўқ. Шунинг учун эри Ўразқул маст бўлганида уни дўппослайди, бундан бобо ҳам жабр тортади: ахир Бекей унинг қизи-да, Бекей хола майда-чуйда ва икки шиша ароқ олди, Бекорга одди, ўзига жабр. Буви ўзини тутиб туролмади. Сотувчи эшитмасин деб пичирлаб сўради.
— Нега ўз бошингга ўзинг балони сотиб оляпсан?
— Ўзим биламан, - қисқа жавоб қилди Бекей хола.
— Аҳмоқ, - яна ҳам секинроқ, лекин бадхохлик билан шивирлади буви. Сотувчи бўлмаганидами, Бекей холанинг боплаб адабини берарди. Э-ҳе, уларнинг қарғашганини бир кўрсангиз...
Уларнинг жонига ёш жувон Гулжамол оро кирди. У ўзининг Сейдаҳмади шаҳарга тушишга тайёрланаётганини, пулсиз шаҳарга бориб бўлмаслигини, шу сабабдан пул сарф қилолмаслигини сотувчига тушунтира кетди.
Шу тариқа улар кўчма дўкон олдида ивирсиб туришди-туришди-да, сотувчи айтгандек, «уч пул»га нарса харид қилиб, уйларига тарқалиб кетишди. Шу ҳам савдо бўлдими ахир? Сотувчи жўнаб кетган аёлларнинг орқасидан тупуриб қоларкан, тезроқ рулга ўтириб жўнаб кетиш учун қўқитиб ташланган молларни йиғиштира бошлади. Шу пайт болага кўзи тушди.
— Нимага турибсан, шалпанг қулоқ? - сўради у. Боланинг қулоқлари осилган, бўйни ингичка, боши катта ва юм-юмалоқ эди. - Бирон нима оласанми? Олсанг, тезроқ кел, бўлмаса ҳозир ёпаман. Пулинг борми?
Сотувчи шунчаки ўзи, бекорчиликдан сўради, лекин бола узрли жавоб қилди.
— Йўқ, амаки, пулим йўқ, - деб бош чайқаб қўйди.
— Мен бўлсам пулинг борми деб ўйлабман, - сохта ишончсизлик билан гап қотди. - Сиз бу ердагилар ҳаммангиз бойсизлар, лекин ўзларингни камбағалга солиб юрасизлар... Чўнтагингдаги нима у, пул эмасми, ахир?
— Йўқ, амаки, - деди бола олдингидек самимий ва жиддийлик билан йиртиқ чўнтагини ағдариб кўрсатаркан (иккинчиси тикиб ташланганди).
— Демак, пулларинг тушиб қолибди-да. Чопган жойларингни қидир. Топасан.
Улар жим қолишди.
— Кимнинг боласисан? - яна сўроққа тута бошлади сотувчи. - Мўмин чолними, а?
Бола бош ирғаб жавоб қилди.
— Набираси бўласанми?
— Ҳа, - бола яна бош силкиди.
— Онанг қаёкда?
Бола ҳеч нима демади. Унинг бу ҳақда гапиргиси келмасди.
— Онанг ўзи ҳақида ҳеч хабар бермайдими? Ўзинг билмайсанми?
— Билмайман.
— Отангни-чи? Уни ҳам билмайсанми? Бола жим қолди.
— Э, оғайни, қанақасан ўзинг, ҳеч нимани билмайсан, - ҳазиломуз ўпка қилди сотувчи. - Ҳа, майли, агар шундай бўлса... Ушла. - У бир сиқим конфет узатди. - Соғ бўл.
Бола ийманиб турарди.
— Ол, ол. Мени йўлдан қўйма. Кетишим керак.
Бола конфетларни чўнтакка солиб, кўчма дўконни йўлга узатиб қўйиш учун машина орқасидан чопишга шайланди. У ўта бароқ, танбал кўппаги Балтекни ёнига чақириб олди. Ўразқул ҳамиша уни отиб ташлайман, деб дўқ қилиб юради: бундай кўппакни боқишнинг нима кераги бор. Бобоси ҳар доим аввал биронта овчарка топиш керак, Балтекни эса бирор жойга элтиб ташлаш лозим, деб сабр қилишни сўрайди. Балтекнинг қорнидан бўлак ташвиши йўқ. Тўйса - ухлар, оч бўлса, ўзиникими, бегонами, фарқ қилмай, дуч келган кишига тама билан суйкаланар эди.
Мана шунақа кўппак эди Балтек. Баъзида зерикканидан машина орқасидан чопиб қоларди. Тўғри, узоққа бормасди. Жиндай чопгач, орқасига қайтарди. Дардисар ит. Лекин барибир, ит билан чопиш ёлғиз чопишдан юз марта маъқул. Ҳар нима бўлмасин, итда.
Бола, сотувчи кўрмасин деб, секингина Балтекка битта конфет ташлади. «Билиб қўй, - кўппакни огоҳлантириб қўйди у, - узоқ чопамиз». Балтек унга осилиб, думини ликиллатарди: яна умидвор эди. Лекин боланинг бошқа конфет ташлагиси йўқ эди: ахир сотувчини хафа қилиб қўйиши мумкин, у бир сиқим конфетни итга бергани йўқ-ку.
Худди шу маҳал лоп этиб бобо келиб қолди. Чол асалари қутилари томонга кетганди. У ердан уйлар орқасида нималар бўлаётгани кўринмасди. Иш ўнгидан келди, бобо айни маҳалда кўчма дўкон кетмай туриб етиб келди. Тасодиф. Акс ҳолда набирага портфел насиб қилмаган бўларди. Шу куни болага бахт кулиб бокди.
Кўпни кўрган кишилар кекса Мўминни - Мўмин чаққон деб аташарди. Бу атрофда уни ҳамма танирди, у ҳам ҳаммани биларди. У очиқ кўнгиллиги, ҳатто сал-пал биладиган одамига ҳам бирон яхшилик қилишга тайёрлиги, ҳар кимнинг хизматига ҳозиру нозирлиги, ҳаммага садоқати ва хушмуомалалиги туфайли шундай лақаб олганди. Аммо тиллани текин тарқатишганда ҳеч ким учун қадри қолмаганидек, унинг жонбозлигининг қадрига ҳам ҳеч ким етмасди. Унинг ёшидаги кишиларга қандай ҳурмат ва иззатда бўлишмасин, Мўминга ҳеч ким бундай муносабатда бўлмасди. У билан бетакаллуф муомала қилишарди. Буғу авлодининг машҳур оқсоқолларидан бирортасининг улуғ маъракаларида Мўмин буғу авлодидан бўлиб, бу билан ғоятда фахрланар ва ўз қабиладошларидан биронтасининг маъракасидан қолмасди, унга мол сўйдиришар, мартабали меҳмонларни қарши олиб, отдан тушириш, чой узатишу ўтин ёриб, сув келтиришгача ҳамма ишни унга топшираверишарди. Турли тарафдан сон-саноқсиз меҳмонларни кутиб олиш лозим бўлган бундай катта маъракаларда озмунча ташвиш бўладими? Мўминга нима хизмат буюрилмасин, у ана-мана дегунча барини саранжом-саришта қилар, энг муҳими - бошқалардек бўйин товлайвермасди. Бу тумонат меҳмонларни кутиб ва овқатлантириб жўнатиши лозим бўлган овул ёшлари Мўминнинг бу ишларни қандай қилиб жойига қўяётганини кўриб қойил қолишарди:
— Мўмин чаққон бўлмаса, биз нима қилардик-а? Баъзида эса ўз набираси билан узокдан келган чол чойхоначи йигитга қарашиб кетарди. Мўминнинг ўрнида бошқа одам бўлганда бу ишни ҳақорат деб биларди, лекин Мўмин парво ҳам қилмайди.
Кекса Мўмин чаққоннинг меҳмонларга елиб-югуриб хизмат қилиши ҳеч кимни ажаблантирмас - шунинг учун ҳам ўз номи билан Мўмин чаққон-да. Мўмин чаққон бўлишига ўзи сабабчи. Агар чет одамлардан биронтаси ажабланиб, - ҳей қария, нега хотинларга дастёрлик қилиб юрибсан, бу овулда ёш йигитлар қуриб кетганми, - деб қолгудай бўлса, Мўмин шундай жавоб қиларди:
— Марҳум менинг оғам эди (у буғу авлодининг ҳаммасини ўз оғаси санарди. Лекин бошқа меҳмонлар учун ҳам улар ёт эмас, «оға» эди). Уларнинг маъракасида мен хизмат қилмасам ким хизмат қилади? Биз, буғу авлоди, бош онамиз - Шохдор она буғудан тарқалганимиздан буён ана шундаймиз. Кароматли Шохдор она буғу эса бизга тирикда ҳам, ўликда ҳам дўстликни васият қилиб қолдирган.
Мўмин чаққон мана шунақа одам эди!
Кекса ҳам, ёш ҳам уни «сан»лаб гапирар, қалтис ҳазил ҳам қилаверишарди - чол беозор зди, у билан ҳисоблашмаса ҳам бўлаверарди - чол безабон эди. Ўз ҳурматини талаб қилишнинг уддасидан чиқмаган кишини одамлар оёқости қилаверади, деб бекорга айтишмаган-да. У шунинг уддасидан чиқмасди.
Унинг қўли гул эди. Дурадгорлик, эгарчилик қиларди, ёшлигиданоқ пичан ғарамлашнинг устаси эди, колхоз учун шундай ғарамлар ясардики, қишда уларни бузишга кўз қиймасди: ёмғир унинг устидан худди ғознинг патида сирғангандек силлиқ тушар, қор эса томнинг икки нишабига тушгандек тушиб кетарди. Урушда меҳнат фронтида Магнитогорскдаги заводларнинг ғиштини терди, стахановчи бўлиб шуҳрат қозонди. Қайтиб келгач, қоровулхонада ёғоч уй қурди, ўрмончилик билан машғул бўлди. Ёрдамчи ишчи бўлиб ҳисобланса ҳам, аслида, ўрмонга кўз-қулоқ эди, унинг куёви Ўразқулнинг эса умри кўпинча меҳмондорчилик билан ўтарди. Бошлиқлар бостириб келдими, бас, Ўразқул уларни дарҳол ўрмонга бошлар, ов уюштирар, хуллас, ҳамма нарсага мутасаддилик қиларди... Молларга ҳам Мўмин қарар, асаларилар ҳам унинг бўйнида эди. Мўминнинг бутун умри эрта тонгдан қора кечгача ишда, ташвишда ўтди, лекин ҳурмат талаб қилишни ўрганолмади.
Мўминнинг ташқи кўриниши ҳам мўйсафид кексаларга ўхшамасди. Сипогарчилиги ҳам, жиддийлиги, баджаҳллиги ҳам йўқ. Оқкўнгил эди у. Унинг қадр топмайдиган бу инсоний хусусиятини бир қарашдаёқ пайқаб олса бўларди. Бундай қисмат ҳамиша унга: «Оқкўнгил бўлма, ёвуз бўл! Мана, сенга оқибат! Ёвуз бўл!» деб таъкидлаб келса ҳам, у ўз хушфеъллигини ташламайди. Унинг юзлари кулимсираб турар, ажинлари қат-қат эди. Кўзлари эса ҳар доим: «Нима истайсан? Бирор оғирингни енгил қилайми? Мен тайёрман, фақат айтсанг бас, нимага муҳтожсан?» - дегандек мўлтираб турарди.
Бурни ҳам юмшоқ, ўрдакникидай ялпоқ, бамисоли кемирчаги йўқдай. Бўйи ҳам кўп баланд эмас, ўсмирлардай чаққонгина чол. Соқол нима деган гап - шу ҳам насиб қилмаганди. Қип-қизил кўса. Яйдоқ иягида икки-учтагина сариқ тук бор, холос. Бор-йўқ соқол шу.
Бот-бот йўлда басавлат чолга дуч келасан-у соқоли кўксига тушган, кенг-мўл пўстинининг ёқасига сер-бар барра қопланган, бошида қимматбаҳо телпак, остида эгарлари кумушдан арғумоқ - бир қарасанг донишманд, бир қарасанг пайғамбар, бундай кишига таъзим қилгани ҳеч тортинмайсан, бундай киши ҳамма жойда иззатда! Мўмин эса фақат Мўмин чаққон бўлиб туғилган. Эҳтимол, унинг ёлғиз устунлиги шунда эдики, у қандай ўтирдим, билиб гапирдимми, қандай жавоб қилдим, қандай кулимсирадим деб ташвишланмас, бировларнинг олдида обрўси тўкилишидан чўчимасди. Мўмин мана шу маънода, ўзи сезмаган ҳолда, камдан-кам учрайдиган бахтли одам эди. Кўп одамларни касаллик эмас, ўз наздида ўзлигидан каттароқ қўйишдек худбинлик, аламзадалик балоси кемириб адо қилади. (Доно, бообрў, хушрўй, бунинг устига қаттиққўл, адолатли ва жасур деган ном чиқаришни ким истамайди?..)
Мўмин эса бундай эмасди. У афандифеъл эди ва унга афандига муомала қилгандек муомала қилишарди.
Фақат бир нарса Мўминни қаттиқ хафа қилиши мумкин эди: биронтасининг маъракасини ўтказиш учун қариндошлар тўпланадиган кенгашга уни чақиришни унутиб қўйишса... У қаттиқ ранжир ва буни унутолмай азоб чекарди, гап - уни четлаб ўтганларида эмас, у кенгашда барибир ҳеч нимани ҳал қилмас, фақат қатнашарди, холос. Бунинг боиси қадимий урф-одатнинг поймол бўлгани эди.
Мўминнинг ўз ташвишлари бор, у буларнинг азобини тортарди, оқшомларни кўз ёши билан ўтказарди. Бегоналар бундан деярли хабарсиз. Яқин кишилари эса билишарди.
Мўмин набирасини кўчма дўкон олдида кўргандаёқ унинг нимадандир хафа эканлигини дарҳол фаҳмлади.. Сотувчи мусофир бўлгани учун чол дастлаб у билан сўрашди. Эгардан тезгина сакраб тушиб, дарҳол икки қўлини сотувчига узатди:
— Ассалому алайкум, катта савдогар! - деди у ярим ҳазил, ярим чин. - Карвонинг омон-эсон етиб келдими, савдо-сотиғинг яхши бўляптими? - Мўмин очиқ кўнгиллик билан сотувчининг қўлларини силкитди. - Қанча сувлар оқиб ўтди кўришмаганимиздан бери. Хуш кўрдик!
Сотувчи унинг сўзлари ва кўримсиз кийим-боши устидан такаббурона кулиб қўйди - ўша-ўша бесўнақай кирза этик, кампир тиккан бўз йштон, титилиб кетган камзул, ёмғир ва офтобда сарғайиб кетган кигиз қалпоқ. Сотувчи Мўминга жавоб қилди:
— Карвон бут. Фақат шуниси чатоқки, савдогар бу ёққа келганда, думингизни тутқазмайсиз, ўрмонга, қирга қочасиз. Хотинларингизга бир тийинни ўн жойидан тугиб сақлаб қўйишни тайинлайсиз. Бу ерда молни уюб ташласанг ҳам бирон киши бир тийин чиқаргиси келмайди.
— Айбга қўшма, қадрдон, - хижолатомуз кечирим сўради Мўмин. - Сенинг келишингни билганимизда кетмасдик. Пулни айтадиган бўлсанг, йўқни йўндириб бўлмайди. Мана кузда картошкаларни сотамиз...
— Гапир-а, - унинг сўзини бўлди сотувчи. - Сиз қурумсоқ бойларни яхши биламан. Тоғда яшайсиз, ер, пичан истаганингча. Чор атрофинг ўрмон - уч кунда айланиб чиқолмайсан. Молинг борми? Асаларинг борми? Ҳаммаси бор. Бир тийин устида эса азон айтасан. Мана, харид қил, шойи кўрпа, тикув машинасидан битта қолди...
— Худо ҳаққи, бунақа пул йўқ менда, - ўзини оқлади Мўмин.
— Шу гапларимга ишонади деб ўйлайсанми? Қурумсоқ чол, пул йиғасан. Хўш, қаерга олиб кетасан?
— Худо ҳаққи, йўқ. Шохдор она буғу ҳаққига қасам ичаман!
— Ҳай, майли, чий бахмал ол, янги шим тиктириб оласан.
— Олган бўлардим, Шохдор она буғу ҳаққи!
— Э-е, сен билан тортишиб ўтиришдан фойда йўқ, - сотувчи қўл силтади. - Бекор келибман. Ўразқул қаёқда?
— Эрталаб барвақт Оқсойга кетганди. Чўпонларда иши бор...
— Меҳмондорчиликда юрган, чиқар, - ўзича тушунган бўлди сотувчи.
Ноқулай жимлик чўқди.
— Сен хафа бўлмагин, чироғим, - яна гап бошлади Мўмин. - Кузда, худо хоҳласа, картошкани сотамиз...
— Кузгача узоқ.
— Бундай бўлса, кечиргин. Худо хайрингни берсин, уйга кир, чой ичиб кетасан.
— Чой ичгани келганим йўқ, - рад этди сотувчи. У фургоннинг эшикчасини ёпиб туриб, чолнинг
ёнида кўппагининг қулоғидан ушлаб машина орқасидан чопишга шай бўлиб турган болага кўзи тушди-да, деди:
— Ҳеч бўлмаса портфель олгин. Бола ҳадемай мактабга борар, албатта? Ёши нечада?
Мўминга бу маслаҳат маъқул тушди: ҳафсаласи пир бўлган сотувчидан нимадир харид қилиши шарт эди, қолаверса, набирасига чиндан ҳам портфель керак, бу йил кузда мактабга боради.
— Тўғри айтасан, - безовталаниб қолди Мўмин, - менинг хаёлимда ҳам йўқ эди. Бўлмаса-чи, етти-саккизга чикди. Қани, бу ёққа кел, - набирасини чақирди у.
Бобо чўнтагини ковлаштириб, яшириб юрган беш сўмликни чиқарди. Кўпдан бери ёнида юрган бўлса керак, ғижимланиб кетибди.
— Ушла, шалпанг қулоқ, - сотувчи болага айёрона кўз қисиб портфелни узатди. - Энди ўқишни қотиргин. Хат-саводингни чиқармасанг, бобонг билан мана шу тоғларда абадий қолиб кетасан.
— Ўқийди! Унинг зеҳни ўткир, - қайтимни санаркан, жавоб қилди Мўмин. Кейин янги портфелни авайлаб ушлаб турган набирасига кўз югуртирди-да, уни бағрига босди. - Мана, яхши бўлди. Кузда мактабга борасан, - деб қўйди секингина.
Бобоси қадоқ қўлини боланинг бошига майингина қўйди. Шу дам боланинг томоғига нимадир тиқилгандай бўлди ва қотма бобоси кийимларининг ўзига таниш ҳиди димоғига урилди. Ундан қуруқ пичан ва меҳнаткаш кишининг тер ҳиди келарди. Садоқатли, ишончли, мўтабар киши у. Эҳтимол, ер юзида болани жон-дилидан яхши кўрадиган, ақллилик балосига учраган киши - Мўмин чаққон деб аталган бу чол шундай содда, афандифеъл эди... Хўп, нимаси ёмон буни? Ҳар нима бўлмасин, ўз бобонг бўлгани яхши.
Чексиз қувончга тўлишини бола хаёлига ҳам келтирмаганди. Шу пайтгача мактаб ҳақида ўйлаб кўрмаганди. Шу пайтгача фақат бобоси билан буғу авлодидан машҳур кексаларнинг маъракасига борганди - тоғлар ортидаги Иссиқкўлда қишлоқларидан мактабга қатнаган болаларни кўрганди.
Бола шу ондан бошлаб портфелдан айрилмай қолди. Шодлигидан терисига сиғмай мақтаниб қоровулхонанинг бутун ҳовлисини айланиб чиқди. Аввал бувисига кўрсатди. Мана, бобом олиб берди! Кейин Бекей холасига кўрсатди. У ҳам портфелни кўриб хурсанд бўлди ва болани мақтаб қўйди.
Бекей холанинг хушнуд дамлари камдан-кам бўларди. Кўпинча ғамгин ва тажанг юрар, жиянига эътибор ҳам қилмасди. Бунга вақти ҳам бўлмасди. Унинг ўз дарди бор. Бувиси, фарзанди бўлганда бутунлай ўзгача юрарди, дерди. Эри, Ўразқул ҳам, Мўмин бобо ҳам ҳозиргидай эмас, балки бошқача одам қиёфасида юрган бўларди. Унинг иккита қизи - Бекей хола ва боланинг онаси бўлса-да, барибир, чолга оғир эди; ўз боланг бўлмаса - бир бало, болангда бола бўлмаса - минг бало. Бувиси шундай деб зорланади. Ким билсин...
Бола Бекей холасидан сўнг олган нарсасини кўрсатиш учун ёшгина Гулжамол билан унинг қизчаси олдига югурди. Бу ердан эса пичан ўраётган Сейдаҳмад олдига тупгаб кетди. Жигарранг «туя» олдидан чопиб ўтаркан, унинг ўркачларига уриб қўйишга ҳам вақти бўлмади, «эгар» ёнидан, «бўри» ва «танк» ёнидан ўтиб, кейин қирғоқ бўйлаб югуриб борарди. Ёпишқоқ бутазор орасидаги сўқмоқ йўлдан чопиб ўтди. Сўнгра эса ўтлоқдаги узун йўлакдан Сейдаҳмаднинг оддигача чопқиллаб келди.
Бугун бу ерда Сейдаҳмаднинг ёлғиз ўзи эди. Бобо аллақачон ўзининг тегишини, бир йўла Ўразқулнинг ҳам тегишини ўриб қўйганди. Пичанни ҳам аллақачон ташиб бўлишди - бувиси билан Бекей хола ташиб турди, бобоси босаверди, у эса бобосига ёрдамлашди. Молхонанинг олдига иккита ғарам уйишди. Бобоси уларни шундай ихчам босдики, бир томчи ёмғир ҳам ўтмасди. Ғарамлар худди тароқ билан тараб қўйилгандек силлиқ эди. Ҳар йили пгу. Ўразқул пичанга қўлини урмайди, ҳаммаси қайнотасининг бўйнида - ҳарҳолда у амалдор. - Истасам, - дейди у, - сенларни бир зумда ишдан ҳайдаб юбораман. - У бобо билан Сейдаҳмадга пгундай дўқ қиларди. Бу ҳам мастликнинг касофати. Бобони ҳайдаб бўпти. Унда ким ишлайди? Бобосиз ишлаб кўрсинчи! Ўрмонда иш ошиб-тошиб ётибди, айниқса, кузда. Бобом айтадики, ўрмон қўй суруви эмас, тарқалиб кетмайди, лекин ташвиш ундан оз эмас. Шунга кўра ўт тушса ёки тоғдан сел қуйилса борми - дарахт бирёққа сакрай олмайди, жойидан қўзғалмайди, турган жойида нобуд бўлаверади, Кимки дарахтларни асраб қололса, ўша ҳақиқий ўрмончи бўла олади. Ўразқул Сейдаҳмадни ҳайдаб бўпти, ундай ювош одам борми, Ҳеч нимага аралашмайди, талашиб-тортишмайди. Бироқ Сейдаҳмад ҳар қанча ювош, бақувват йигит бўлмасин, ялқов, уйқуни яхши кўради. Ўрмончиликка ҳам шу важдан келиб қолган. Бобо, бундай йигитлар совхозда машина қувиб, тракторда ер ағдариб юришибди, деб куйинади... Сейдаҳмад эса томорқасидаги картошкани шўрага бостириб юборди. Гулжамолнинг бир ўзи қўлда боласи билан томорқада ишлашига тўғри келди.
Сейдаҳмад пичан ўримини ҳам кечиктириб юборди. Бобо ҳатто ўтган куни уни койиб берди. «Ўтган қишда, - деди у, - сенга эмас, молларга ичим ачиди. Шунинг учун пичан бердим. Агар яна мен кекса чолнинг пичанига кўз тикадиган бўлсанг, ҳозироқ айта қол, сен учун ҳам ўришга тайёрман».
Гап таъсир қилди. Сейдаҳмад бугун зрталабдан ўримга тушиб кетди.
Орқадан келаётган қадам товушини эшитиб, Сейдаҳмад қайрилди, кўйлагининг енги билан юзини артди.
— Нимага келяпсан? Мени чақиришяптими?
— Йўқ. Портфель олдим. Мана. Бобом олиб берди. Мен мактабга бораман.
— Шунга шунчалик чопиб келдингми? - Сейдаҳмад хахолаб кулди. - Мўмин бобонинг эси кирарли-чиқарли бўлиб қолган, - у бармоғини чаккасига босиб айлантирди, - сен ҳам шунақа чоғи! Қани, қанақа портфель? - У қулфчасини шиқиллатиб, портфелни у қўлидан бу қўлига олди-да, калласини лиқиллатганча кулимсираб қайтариб берди. - Тўхта, - хитоб қилди у, - сен қайси мактабга ҳам борардинг? Қаерда сенга мактаб тайёр турибди?
— Қаерда бўларди? Фермадаги-да.
— Жилисойга қатнамоқчимисан? - ҳайратланди Сейдаҳмад. - Ахир у ёққа тоғ оша беш километрча юриш керак, бундан кам змас.
— Бобом, отда олиб бориб келаман, деди.
— Ҳар куни у ёққа бориб, бу ёққа келарканми? Эсини ебди чол. Унинг ўзини ҳам ўқитиш керак. Сен билан бир партага ўтиради, дарс тугадими - қайтаверади. - Сейдаҳмад Мўмин бобони набираси билан бир партада ўтиришини кўз оддига келтириб қотиб-қотиб кулди.
Бола ўйга толиб жим қолди.
— Ҳа, мен буни шунчаки кулги учун айтяпман-да! - тушунтирди Сейдаҳмад.
У боланинг бурнига оғритмайгина чертиб, бошидаги бобосининг фуражкасини тортиб, қоши устига бостириб қўйди. Мўмин ўрмон маҳкамасининг одатдаги фуражкасини кийишга ор қиларди. («Нима, мен бирон-бир бошлиқманми? Мен ўзимнинг қирғиз қалпоғимни бошқа ҳеч қанақасига алмашмайман».) Ёзда ҳам Мўминнинг бошида қора сидирға сатин билан ҳошияланган йўл-йўл оқ қалпоқ - алмисоқдан қолган эски кигиз қалпоқ, қишда ҳам шундай даққиюнусдан қолган тери тақия бўларди. Ўрмон ишчиларининг одатдаги яшил фуражкасини у набирасига берарди.
Сейдаҳмаднинг янгиликни масхараомуз қарши олиши болага ёқмади. У хўмрайиб фуражкасининг соябонини манглайи устига кўтарди ва Сейдаҳмад яна бурнига чертмоқчи бўлганда бошини буриб ғижинди:..
— Тегишма!
— Оббо сен-ей, жаҳлинг тез экан-ку! - мийиғида кулди Сейдаҳмад. - Ҳа, сен хафа бўлмай қўя қол. Портфелинг ажойиб. - Кейин унинг елкасига қоқиб қўйди. - Энди туёғингни шиқиллат. Ҳали мен анча-мунча ўришим керак...
Сейдаҳмад кафтига туфлади-да, яна ўришга тушиб кетди.
Бола эса яна чопганича ўша сўқмоқдан, яна ўша тошлар ёнидан уйга қайтди. Тошлар билан овунишга ҳали-бери вақти йўқ эди. Портфель - жиддий нарса.
Бола ўз-ўзи билан сўзлашишни яхши кўрарди. Лекин бу сафар ўзига эмас, портфелига сўз қотди: «Сен унинг гапита ишонма, бобом унақа эмас. Унинг сира шумлиги йўқ, шунинг учун ҳам ундан кулиштани-кулишган. Чунки қувлик-шумликни билмайди. У биз иккаламизни мактабга олиб бориб юради. Сен ҳали мактаб қаердалигини билмайсан-а? У унчалик узоқ эмас. Мен сенга унинг қаерда эканлигини кўрсатаман. Биз унга Қоровултоғдан дурбинда қараймиз. Мен яна, сенга оқ кемани кўрсатаман. Фақат биз аввал молхонага кириб чиқамиз. У ерда дурбинимни яшириб қўйганман. Мен унда бузоқчамни кузатиб туришим керак, лекин мен, ҳар куни оқ кемани кўришга чопаман. Бузоғимиз катта бўлиб қолди, тортиб кетса тўхтатолмайсан, сигирни эмиб қўядиган одат чиқарди. Сигир унинг онаси, сутини ундан аярмиди. Тушундинг-ми? Оналар ҳеч қачон, ҳеч нимани аяшмайди. Мана, Гулжамол шундай дейди, унинг қизчаси бор... Тезда сигирни соғиб бўлишади, кейин биз бузоқни яйловга ҳайдаймиз. Ўшанда биз Қоровултоққа чиқамиз-да, тоғдан туриб оқ кемани кўрамиз. Мен ахир дурбин билан ҳам худди ана шундай гаплашаман. Энди биз учтамиз - мен, сен ва дурбин...»
У шу зайлда уйга қайтди. Портфель билан гаплашиш унга жуда ёқиб қолди. У бу суҳбатни давом эттириб, ҳали портфелига номаълум бўлган ўзи ҳақидаги воқеалардан сўзлаб бергиси келиб турганда, унга халақит беришди. Ён томонда отнинг дупур-дупури эшитилиб қолди. Қишлоқ тарафдан бўз отлиқ келарди. Бу - Ўразқул. У ҳам уйга қайтаётибди. Унинг ўзидан бошқа ҳеч кимга минишга рухсат этмайдиган Олабош бўз отига тўй-ҳашамларда уриладиган мис узангили эгар урган, кўкрак қайишлари тортилиб, қўнғироқли попукчалар осилганди.
Ўразқулнинг қалпоғи энсасига сурилиб тутдиб, соч қоплаган бир энли қизил паст манглайи очилиб қолган. Иссиқ элитган уни. Район раҳбарлари киядиган нусхадаги унча келиштириб тикилмаган чий бахмал кителининг тутмалари бошдан охиригача ечилиб кетганди. Оқ кўйлаги камари тагидан чиқиб ётарди. Қорни тўқ, кайфи баланд. Бундан сал олдин меҳмонда ўтириб, қимизга тўйган, бурнидан чиққунча гўшт еган эди.
Ён-атрофидаги чўпонлар ва йилқичилар ёзда яйловга келишлари биланоқ Ўразқулни тез-тез меҳмонга чақиришарди. Унинг эски ошна-оғайнилари бор эди. Лекин бу таклифлар тама билан қилинарди. Ўразқул керакли одам. Айниқса, тоғда яшаб уй қурмоқчи бўлганлар учун у жудаям керак: молни ташлаб бирон ерга кетолмайсан, қурилиш материалларини қаердан қидирасан, биринчи навбатда ўрмонга келишга мажбурсан. Ўразқулнинг кўнглини топсанг, қарабсанки, дарахт кесиш тақиқланган ўрмондан иккита-учта ёғочни танлаб олиб кетасан-да.
Акс ҳолда тоғда бир умр молнинг орқасидан сарсон-саргардон бўлиб юраверасан, уй қуришинг ҳам бир умр чўзилади...
Лоҳас бўлган карахт Ўразқул хром этигининг учини узангига эҳтиётсиз тираб, эгарда мудраб борарди.
Бола қўлидаги портфелини силкитиб рўпарасидан чопқиллаб чиқиб қолганда, бу тасодифдан унинг отдан учиб кетишига сал қолди.
— Ўразқул амаки, портфелимни кўринг! Мен мактабга бораман. Мана менинг портфелим!
— Оббо палакат-е! - Ўразқул сесканиб жиловни тортаркан, койий бошлади.
У болага уйқу аралаш қизарган, шишган, ширакайф кўзларини тиқди:
— Нима қилиб юрибсан, қаёқдан келяпсан?
— Уйга кетяпман. Портфелимга қаранг, уни Сейдаҳмадга кўрсатиб келяпман, - деди бола минғирлаб.
— Майли, ўйнайвер, - тўнғиллади Ўразқул ва эгарда омонатгина тебраниб йўлида давом этди. У ўз такдиридан ранжиб юрган, худо уни фарзанд доғида куйдириб, бошқаларга сахийлик билан беш-ўнталаб бола бериб қўйган бир пайтда, бу аҳмоқона портфел-у, ота-онаси ташлаб кетган, хотинига жиян бўлмиш бу бола билан қанчалик иши бор...
Ўразқул пишиллаб, хўрсиниб қўйди. Афсус-надомат ва қаҳру ғазабдан у бўғилиб борарди. У ич-ичидан ззиларди, негаки умри зое ўтяпти, шуларни ўйлаганда, бефарзанд хотинига нисбатан ғазаби қайнаб-тошарди. Бунинг барига ўша лаънати хотини айбдор, мана бир неча йилдирки туғмаяпти...
«Шошмай тур ҳали!» - Ўразқул гўштдор муштларини сиқиб, хаёлан дўқ урди ва ҳўнграб йиғлаб юборишдан ўзини аранг тутиб қодди. У уйга етиши билан хотинини тутиб уришни биларди. Ўразқул маст бўлганда ҳамиша шундай қиларди; бу ҳўкизтабиат эркак ғам ва жаҳлдан ақлини йўқотиб қўярди...
Бола сўқмоқдан изма-из бора туриб, олдинда бирдан Ўразқулнинг ғойиб бўлганига ҳайрон қолди. Ўразқул эса дарё томон бурилиб, отдан тушди-да, жиловни ташлаб, ўсиқ ўтларни босиб-янчганча пастга тушиб кетди. У чайқалиб ва букилиб, юзларини қўллари билан сиққанича бошини елкалари ичига тортиб борарди. Ўразқул қирғоқ бўйида чўнқайиб ўтириб олди. Дарёдан ҳовучлаб сув олиб юзига сепа бошлади.
«Балки, иссикдан боши оғригандир», - Ўразқулнинг қилаётган ҳаракатидан шундай хулосага келди бола. Ўразқулнинг йиғлаётганини ва ҳеч ўпкасини босиб ололмаётганини у билмасди. У шунинг учун йиғлади-ки, унга пешвоз чиққан бола унинг ўғли эмас, шунинг учун йиғладики, у портфелли бу болага ҳеч бўлмаганда бир оғиз ширин сўз айтиш учун ўзида куч тополмади.

Иккинчи Боб
Қоровултоғ чўққисидан ҳаммаёқ яққол кўриниб турарди. Бола қорни билан ётиб олиб дурбинни кўзига тўғрилади. Бу ўткир дашт дурбини эди. Қачонлардир бобога қоровулхонадаги узоқ йиллик хизматлари учун мукофотга беришганди. Чол дурбинни олиб юришни ёқтирмасди. Ўзимнинг кўзларим ундан қолишмайди, дерди. Бироқ дурбин набирасига ёқиб қолди.
Бу сафар у тоғга дурбин ва портфель билан бирга келди. Бошда ҳамма нарса юмалоқ ойначада сакраб аралашиб кетаверди, кейин бирдан тиникдик ва турғунлик касб этди. Мана шуниси ҳаммасидан завкди эди. Бола топилган фокусни бузиб қўймаслик учун нафасини ичига ютар, манзараларни гўё ўзи яратаётгандек маҳлиё боқарди. Кейин у нигоҳини бошқа нуқтага тикди, яна ҳамма нарса аралашиб кетди, тиниқлик йўқолди. Бола яна окулярни айлантиришга тушди.
Бу ердан атрофдаги ҳамма нарса, ҳатто осмонўпар юксак қорли чўққилар ҳам кўриниб турарди. Улар ҳамма тоғларнинг ортида, ҳамма тоғлардан баланд, бутун ер узра юксакликка бўй чўзганди. Қорли чўққилар пойидаги ўрмонзор тоғлар, пастроқдаги сербарг бутазорлар, юқорида қалин қарағайзорлар билан бурканган тоғлар ҳам кўриниб туради. Кунга қараган Кунгай тоғи ҳам шундай эди; Кунгайнинг пастки томонларида ўтдан бўлак ҳеч нима ўсмасди. Тоғнинг кўлга қараган томонидан янада пастроқ тушилганда нуқул майда тошлар кўчмасига дуч келинарди. Бу кўчмалар водийга қуйилиб тушган, водий эса кўл билан туташиб кетганди. Бу тарафда далалар, боғлар, қишлоқлар ястаниб ётарди... Ям-яшил экинзорларнинг у ер-бу ери сарғиш тус олган, ўрим пайти яқинлашяпти. Йўлларда зиғирдай кўринаётган машиналар худди сичқонлардек ғизиллар, улар орқасидан узун дум - чанг-тўзон кўтариларди. Даланинг аранг кўз илғаб оладиган узоқ чеккасида, қумлокдан, тасма тортган қирғоқ ортида улкан кўл тўқ самовий рангда товланарди. Бу - Иссиқкўл. У ерда сув билан осмон бир-бирига туташиб турарди. Ундан нарида ҳеч нима йўқ. Кўл ҳаракатсиз, шуъладор, кимсасиз. Фақат қирғоққа урилаётган тўлқинларнинг оппоқ кўпигини аранг илғаб олиш мумкин.
Бола ўша томонга узоқ қараб турди. «Оқ кема ҳали кўринмаяпти, - деди у портфелга. - Кел, яна бир марта мактабимизга қарайлик».
Бу ердан тоғнинг ортидаги қўшни пасттекислик равшан кўринарди. Ҳатто дурбинда уй олдидаги дераза остида ўтириб олиб, қўлда калава йигираётган кам-пиргача кузатса бўларди.
Жилисой бағри дарахтсиз, фақат онда-сонда қирқилмай қолган, яккам-дуккам қарағайлар ўсиб ётарди. Қачонлардир бу ерлар ўрмонзор бўлган. Энди усти шифер билан ёпилган қатор молхоналар турар, катта қорамтир гўнг ва сомон уюмлари кўзга ташланарди. Бу ерда сут фермасининг зотдор бузоқларини саклашар ва боқишарди. Молхоналардан унча узоқ бўлмаган жойда бир парчагина қишлоқ - чорвадорлар посёлкаси жойлашган. Қишлоқча тепаликдан пастга томон чўзилиб тушган эди. Қишлоқнинг энг чеккасида, кўринишдан турар жойни эслатмайдиган кичкинагина уй турарди. Тўрт йиллик мактаб мана шу эди. Юқори синфларнинг ўқувчилари совхозга, мактаб-интернатга қатнашарди. Бу ерда эса кичкинтойлар ўқишарди.
Бола томоғи оғриганда бобоси билан шу посёлкадаги фельдшер ҳузурига келганди. Энди у кулранг черепица билан ёпилган, ёлғиз трубаси қийшайиб турган, қўлда ясалган тахта-лавҳада: «Мектеп» деб ёзиб қўйилган кичкинагина мактабга дурбиндан узоқ тикилиб турди. У ўқий олмаса-да, худди шу сўз ёзилганини фараз қилди. Дурбиндан ҳамма майда-чуйда нарсалар аниқ-тиниқ кўриниб турарди. Девор сувоғига тирнаб ёзилган аллақандай сўзлар ва дераза ромларига елимлаб ёпиштирилган ойналар, айвоннинг ғадир-будур тахталари кўзга чалинарди. У қўлда портфелиь билан бу ерга келишни ва ҳозир каттакон қулф осиғлиқ турган анови эшик остонасидан қандай ҳатлаб ўтишини тасаввур қилиб кўрди. Ўша эшик орқасида нима бор, нима бўлади?
Бола мактабни томоша қилиб бўлгач, дурбинни яна кўлга тўғрилади. Лекин у ерда ҳамма нарса илгаригидек эди. Оқ кема ҳали кўринганча йўқ. Бола тескари ўгирилди-да, дурбинни бир четга қўйиб, пастга, тоғ тубига қарай бошлади. Пастда, шундоқ тоғнинг тагида чўзинчоқ пастқамлик бўйлаб жўшқин серостона дарё кумушдек товланиб оқарди. Қирғоқдан дарё бўйлаб йўл кетган ва у дарё билан бирга қоя бурилишида кўздан ғойиб бўлади. Рўпарадаги қирғоқ жарлик ва ўрмонзор эди. Нақ тоғлар тепасидаги қорларгача чўзилиб кетувчи ноёб Сан-Тош ўрмонзори мана шу ердан бошланарди. Энг тепада қарағайлар ўсарди. Улар тошлар ва қорлар орасида тоғ тизмаларининг қиррасидага қорамтир тароқлардек диккайиб турарди.
Бола уйларга, бостирмаларга, қоровулхона ҳовлисидаги қурилишларга масхараомуз қараб чиқди. Улар юқоридан кичкина ва омонат кўринарди, Қоровулхонадан нарироқда, қирғоқ бўйида у ўзининг таниш тошларини топди. «Туя», «бўри», эгар», «танк» - ҳаммаси жойида, уларнинг ҳаммасини биринчи марта дурбинда мана шу ердан - Қоровултоғдан туриб кузатган, ўшанда уларга от қўйганди-да.
Бола мийиғида кулиб ўрнидан турди ва уйлар томонга тош юмалатди. Тош шу ернинг ўзида, тоғнинг устидаёқ қола қолди. Бола яна жойига ўтирди-да, дурбиндан қоровулхонага қарай бошлади. Аввал линзаларнинг каттасидан кичиги томонга тутиб қарай бошлади - уйлар узоқ-узоқларга силжиб, ўйинчоқ қутичаларга айланиб қолди. Харсанглар кичкина тошчалар ҳолига келди. Дарёнинг қирғоққа яқин ердаги саёз жойида бобоси қилган кўлоб эса кулгили, чумчуқнинг инича келарди. Бола бош чайқаб кулимсиради-да, дурбинни тез айлантириб, окулярни тўғрилай бошлади. Унинг улкан шаклга кенгайган суюкли харсанг тошлари дурбиннинг ойналарига манглайини тираб тургандай туюлди. «Туя», «бўри», «эгар», «танк» кемтик-ёриклари, ён-веридаги сарғайган отқулоқлари билан жуда ҳайбатли ва энг муҳими, улар ҳақиқатан ҳам бола атаган нарсаларга жуда ўхшарди. «Эҳ, сен қандай зўр «бўри»сан! «Танк»ни қара, даҳшатли!..»
Харсанг тошлар ортидаги саёзликдан бобо кўлоб қилганди. Дурбиндан қирғоқдаги мана шу жой яққол кўриниб турарди. Шитоб билан оққан сув бу ердан, кенг тошлоқ саёзликдан қиялаб ўтар ва тошлар устидан кўпириб ўтарди-да, яна шиддатли оқимга келиб қўшилиб кетарди. Саёзликдаги сув тиззадан келар, лекин оқими шунчалик кучли эдики, болаларни дарёга оқизиб кетиши ҳеч гап эмасди. Оқим суриб кетмаслиги учун бола қирғоқ бўйидаги толнинг шохини ушлаб оларди. Тол буталари айни қирғоқнинг чеккасида ўсиб чиққан бўлиб, бир шохи ерда, бир шохи сувда, нақ сувга ботиб турарди. Бунинг нимаси чўмилиш? Боғлаб қўйилган отдан фарқи йўқ, Бунинг устига яна қанча дилсиёҳлик, сўкиш эшитишлар! Бувиси бобосига уқтирарди:
«Дарёга оқиб кетса ўзидан кўрсин - қўлимни чўзмайман. Энди шуниси етмай турган эди. Ўз ота-онаси ташлаб кетди, Менга бошқа ташвишлар ҳам етиб ортади, мажолим йўқ».
Унга нима деб бўлади? Кампир бу ҳисобда тўғри гапираётир. Лекин болага ҳам раҳминг келади-да: дарё ёнгинасида, нақ зшигининг остида. Кампир қанча қўрқитмасин, бола барибир сувга тушаверди. Мана шундан кейин Мўмин чол бола бехатар чўмилсин, деб, саёзликда тошлардан кўлоб қилишга қарор қилди.
Мўмин чол оқим юмалатиб кетмаслиги учун қанчадан-қанча катта тошларни танлаб кўтариб келди. Уларни қорнига қўйиб ташиди, тошлар орасидан сувнинг бемалол ўтиб туришини ҳисобга олган ҳолда уларни сувнинг ичида тик туриб, шундай тахлаб тердики, сув ҳақиқатан ҳам бемалол оқадиган бўлди. Сийрак соқолли қотма чол ҳўл иштонлари баданига ёпишган, кулгили ҳолда кун бўйи шу тўсиқ билан овора бўлди. Кечқурун эса зўриқиб йўталди, белини ололмай қолди. Шунда бувиси жавраб берди:
— Кичкина аҳмоқ-ку - ўз оти билан кичкина, катта аҳмоққа ким қўйибди бу ишларни? Намунча жон куйдирмасанг? Едирасан, ичирасан, яна нима керак? Бунча эркалатмасанг. Эҳ, бу яхшиликка олиб бормайди...
Нима бўлмасин, саёзликда ажойиб кўлоб пайдо бўлди. Энди бола ҳеч қўрқмасдан чўмиларди. Шохчадан ушлаганича қирғоқдан пастга тушар ва оқимга ўзини отарди, отганда ҳам ҳамиша сувга кўзини очган бўйи тушарди. Шунинг учун кўзини очиқ тутардики, балиқлар очиқ кўз билан сузиб юради-да. Унинг ғалати орзуси бор: у балиққа айланиб қолишни ва узоқ-узоқларга сузиб кетишни хаёл қиларди.
Бола ҳозир дурбиндан кўлобга қараб туриб, кўйлак-иштонини ечиб, қип-яланғоч жунжикиб сувга тушишини тасаввур қилди. Тоғ дарёларининг суви ҳамиша совуқ, энтиктиради, лекин кейин кўникиб қоласан. Толнинг шохчасини ушлаб, оқимга юзи билан отилишини кўз олдига келтирди. Боши узра сув шовуллаганча қўшилиб кетади, қорни остидан, елкалари, оёқлари устидан сув қайнаб оқиб ўтади. Сув остида ташқаридаги ҳамма товушлар тиниб, қулоқларда фақат сувнинг шилдираши қолади. У кўзларини катта-катта очиб, сув остида нимаики кўринса, барига жон-жаҳди билан тикилади. Кўзлари санчиб кетади, оғрийди, лекин у мағрур жилмаяди, ҳатто сувда туриб тилини кўрсатади. Буни у бувисига кўрсатмоқчи. Билиб қўйсин, у ҳеч қаерда ҳам чўкмайди ва ҳеч қаерда ҳеч нимадан қўрқмайди. Кейин у қўлидаги шохчаларни қўйиб юборади, токи у оёқлари билан тўсиқдаги тошларга тиралиб қолмагунга қадар сув уни суриб кетаверади. Шу ерда нафаси ҳам қайтади. У сувдан сапчиб туради, қирғоққа чиқади ва яна тол шохчаси томон чопқиллаб кетади. Бу такрорланаверади. У бобоси ясаган кўлобда кунига юз марта чўмилишга ҳам тайёр. Хуллас, балиққа айланмагунча чўмилаверади. Қандай бўлмасин, унинг балиққа айланиши шарт...
Бола дарё қирғоғини томоша қила туриб, дурбинни ўзларининг ҳовлисига тўғрилади. Товуқлар, курка товуқлар жўжалари билан тўнкага суяб қўйилган болта, тутаб ётган самовар, ҳовлидаги турли-туман нарсалар ақл бовар қилмайдиган даражада катталашиб, шундай яқинга келиб қолдики, бола беихтиёр уларга қўлини чўзди. Шу пайт, фалокат босиб арқонга ёйилган кирни бамайлихотир ямлаётган қўнғир бузоқча дурбинда филдай кўриниб қолди-ю, жон-пони чиқиб кетди. Бузоқча ҳузур қилганидан кўзларини қисиб олган, лабларидан сўлак оқиб турарди - у кампирнинг кўйлагини оғиз тўлдириб чайнашда маза қилаётганди.
— Эҳ, сен жинни! - Бола дурбинни ушлаганча ўрнидан турди ва қўлини силкий бошлади. - Қани йўқол, эшитяпсанми, йўқол нарёққа! Балтек, Балтек! (Кучук объективда уйнинг тагида пинагини бузмай ётарди.) Тишла, тишла уни! - жон аччиғида итга буйруқ қиларди у, Лекин Балтек парво ҳам қилмай, гўё ҳеч нима бўлмагандек сояда чўзилиб ётарди.
Худди шу маҳал уйдан бувиси чиқиб қолди. Нима бўлаётганини кўриб қолган кампир қарс урди. Супургини қўлига олди-да, бузоққа ташланди. Бузоқ қочди, кампир орқасидан қувди. Бола дурбиндан уларга тикилган бўйича тоғдан кўзга ташланиб қолмаслик учун ўтириб олди. Бузоқни қувган кампир аламдан ва югуришдан бўғилиб жавраганча уйга жўнади. Бола уни худди ёнма-ён тургандек, ҳатто ёнма-ён турганидан ҳам яқинроқ кўрди. Бола бувисини худди объективда бирор кишини катта қилиб кўрсатгандек равшан кўриб турди. Бола унинг жаҳлдан қисилган сарғиш кўзларини, қат-қат буришган ажинли юзининг қизариб кетганини кўрди. Худди бирдан овози йўқолиб қолган кинодагидек, дурбинда кампирнинг яккам-дук-кам тишлари кўриниб, лаблари овозсиз тез-тез қимирлади. Кампирнинг нима деб қичқираётганини узоқдан эшитиб бўлмасди, лекин бола унинг сўзларини худди қулоғи остида жаранглаётгандек аниқ ва барала эшитарди. Уҳ, кампир уни роса койирди! Бола нима деб қарғаётганини ёддан биларди: «Қани, қараб тур. Қайтиб келарсан-ку. Додингни бераман. Бобонгга ҳам қарамайман. Неча марта айтдима, шу жинниларнинг ўйинчоғини йўқотгин деб. Яна тоққа қочиб кетган. Худо кўтарсин ўша кемангни, ўт тушсин, чўкиб кетсин».
Бола тоғ тепасида оғир хўрсинди. Портфель олган, мактабга қандай отланишни орзу қилиб турган шундай бир кунда бузоқни кўздан қочирсая...
Кампир жаврашни қўймасди. У койиб туриб, чайнаб ташланган кўйлагига тикилиб қаради. Унинг олдига Гулжамол қизчасини олиб чиқди. Буви унга шикоят қила туриб, тутоқиб кетди. Муштини тугиб тоғ томонга дўлайтирди. Унинг қоқ суяк бўлган жоҳил мушти окуляр олдида узоқдан дағдаға солиб турарди. «Эрмак топдинг ўзингга. Худо кўтарсин кемангни. Ўт тушсин, чўкиб кетсин...»
Ҳовлидаги самовар қайнади. Қопқоқ остидан бурқсиб кўтарилаётган буғ дурбинда кўриниб турарди.
Бекей хола самоварни олиб кетгани чикди. Бувисининг яна жазаваси тутди. Ма, жиянчангнинг қилмишини кўриб қўй дегандек, чайнаб ташланган кўйлагини унинг бурнига тиқди.
Бекей хола уни тинчитмоқчи, юпатмоқчи бўлди. Бола унинг нималар деб таскин бераётганини билиб турарди. Ҳар қачонгидек, бу сафар ҳам шундай деяётгандир: «Хафа бўлманг, знажон. Эси йўқ, гўдак ҳали - нимасидан хафа бўласиз. Бу ерда биронта жўраси йўқ, бир ўзи. Қичқириш, гўдакни қўрқитишдан нима фойда». Бунга бувининг ҳам жавоби шубҳасиз, аниқ: «Сен менга ўргатма. Сен олдин ўзинг туғиб кўр, болаларни тергашни ўшанда биласан. У нима қилиб тоғда санқиб юрибди? Бузоқни арқонлаб қўйишга вақти йўқ. Тоғда у нимага бунча тикилгани-тикилган? Саёқ ота-онасининг йўлигами? Уни туққанлар турли тарафга қочиб кетишди. Сенга яхши-да, бепушт...»
Бола ҳатто шундай узоқ масофадан туриб дурбинда Бекей холанинг ич-ичига ботган юзларининг қандай оқариб-бўзариб кетганини, бутун вужуди билан титраб-қақшаб ўгай онанинг юзига - бола холасининг қандай жавоб қилишини аниқ биларди - тўрсиллатиб гапириб ташлаганларини билиб турди: «Сен ўзинг жодугар кампир, қанча ўғил-қиз ўстириб қўйдинг? Ўзинг ким бўлибсан?»
Ғала-ғовур бошланди! Буви жаҳлдан уввос сола бошлади. Гулжамол аёлларни яраштиришга уриниб, бувини қучоқлаб, юпатгани уйга олиб кирмоқчи бўлар, у эса, баттар тутоқиб, ҳовлида жиннилардек у ёқдан бу ёққа зир югурарди. Бекей хола қайнаб ётгак самоварни кўтарганча доғ сувни тўкиб-сочиб, чопгак кўйи уйга олиб кириб кетди. Буви эса толиқиб, молларга сув қуйиладиган нов томонга тушиб кетди. У ҳўнграганча йиғлаб ўз тақдиридан қаттиқ куйинарди. Болани унутди, знди яратган парвардигорнинг ўзига, бу фоний дунёнинг бепарволигига ёпишиб кетди. «Ҳали менга осиляпсанми? Сен менинг кимлигимни сўраяпсанми? - буви ўгай қизнинг орқасидан ғазабланарди.- Агар мени худо жазоламаганда, агар у менинг беш гўдагимни бағримдан юлиб олмаганда, ёлғиз ўғлим ўн саккиз ёшида урушда ўққа учмаганда, чолгинам, меҳрибонгинам Тайғар сурув билан бўронда қотиб қолмаганда, мен сиз, ўрмон одамларининг орасида юрармидим? Мен сенга ўхшайманми, сенга-я, туғмас? Мен қариган чоғимда сенинг жиннисифат отанг Мўмин билан яшаб юрармидим? Қайси айбим - гуноҳларим учун сен мени бунча қийнадинг, лаънати худо?
Бола кўздан дурбинни олиб, ғамгин бош эгди. «Биз энди уйга қандай қайтамиз? - Секингина портфелга сўз қотди у. - Бунинг ҳаммасига мен сабабчи, жинни бузоқ сабабчи. Яна сен ҳам сабабчисан, дурбин. Оқ кемага қарагани ҳар сафар мени сен чақирасан. Сен ҳам айбдорсан».
Бола атрофга разм солди. Чор атроф тоғ - қоя, ўрмон. Тепаликдан, музлар қўйнидан бошланган ирмоқлар ярқираб жилваланганича оҳиста пастга оқиб тушар ва фақат шу ерга, пастга тушгандан кейингина дарё бўлиб тинимсиз ҳайқириб ётиш учун овоз пайдо қилгандек бўларди. Тоғлар эса улкан ва ниҳоясиз, кўкрак кериб турарди. Бола ўзини шу дақиқаларда бағоят кичик, бағоят ёлғиз, бутунлай унутилган ҳис қиларди. Фақат тоғлар бор унинг ёнида, тоғлар, чор атрофда баланд тоғлар.
Қуёш кўл томонга оға бошлади. Ҳаво унчалик иссиқ эмасди. Шарқ тарафдаги қияликларга биринчи, калта соялар тушди. Қуёш энди тобора пастга йўналаверади, соялар эса пастга, тоғлар пойига чўзилаверади. Одатда, куннинг айни шу маҳалида Иссиқкўлда оқ кема кўринарди.
Бола дурбинни кўзга ташланиб турган ўша энг узоқдаги жойга бурди ва нафасини ютиб кутиб турди. Ана у! Ҳамма нарса бирдан унутилди: у ерда, олдинда. Иссиқкўлнинг кўм-кўк сатҳида оппоқ кема пайдо бўлди. Мана, қалқиб чиқди. Ана у! Трубалари қатор тизилган, ўзи кучли ва чиройли. У худди ип тортиб қўйгандек тўғри ва бир текис сузиб борарди. Бола шоша-пиша дурбин ойналарини кўйлагининг этаклари билан артди-да, яна окулярни тўғрилай бошлади. Кеманинг кўриниши янада тиниқроқ бўла бошлади. Энди унинг тўлқинлараро қандай чайқалиб, қуйруғи ортидан қандай оппоқ кўпикли из қолдириб кетаётганлигини илғаса бўларди. Бола оқ кемадан кўз узмай унга завқ билан тикиларди. Боланинг ихтиёрида бўлганда эди, у сузаётган одамларни кўрмоқ мумкин бўлиши учун оқ кемани яқинроқ сузиб келишга ёлвориб кўндирган бўларди. Лекин кема булардан бехабар эди. У ўз йўлидан, ким билади, аллақаёкдан чиқиб, аллақаёққа, оҳиста ва улуғвор сузиб борарди.
Кеманинг сузиб бориши узоқ вақт кўриниб турди, бола ҳам узоқ вақт балиққа айланиб, дарё бўйлаб унга, оқ кемага қараб сузиб кетиши ҳақида хаёл суриб қолди...
Бола бир куни Қоровултоғдан туриб кўм-кўк Иссиқкўлда оқ кемани биринчи марта кўриб қолганида унинг гўзаллигидан юраги гупириб, дарҳол отасини - иссиқкўллик матросни - худди шу оқ кемада сузаётир, деган қарорга келганди. Бола ўзи бунга ишонар, чунки у шундай бўлишини жуда-жуда истарди.
У на отасини, на онасини эслай оларди. Бола уларни бирон марта ҳам кўрмаган. Уларнинг ҳеч қайси бири уни бирон марта йўқлаб келмаган. Лекин бола биларди: отаси Иссиқкўлда матрос, онаси эса отасидан ажрашганидан сўнг, ўғлини бобода қолдириб, ўзи шаҳарга кетган. Кетгану, шу бўйи ғойиб бўлган. Тоғ ортидаги, кўл ортидаги, яна тағин тоғ ортидаги узоқ шаҳарга кетган.
Мўмин бобо кунлардан бирида ўша шаҳарга картошка сотгани борганди. Роса бир ҳафта йўқ бўлиб кетиб, қайтгач, чой устида Бекей хола билан бувига қизини, яъни боланинг онасини кўрганини гапириб берган. У аллақандай катта фабрикада тўқувчи бўлиб ишлар экан. Унинг янги оиласи - икки қизи бўлиб, уларни болалар боғчасига топширар ва ҳафтада бир мартагина кўрар экан. Катта турар жойда, лекин каталакдек хонада яшашар экан. Ҳовлисида эса худди бозордагидай биров-бировни танимасмиш. Ҳамма уйига кирди дегунча эшигини қулфлаб олармиш. Худди турмадагидай, ҳамиша қамалиб ўтиришармиш. Эри шофёр бўлса керак, автобусда одамларни кўчама-кўча ташиб юраркан. Эрталаб соат тўртда кетиб, кеч қайтаркан. Иши оғир экан, деб ҳикоя қиларди чол. Зор йиғлаб, кечирим сўради. Улар янги квартира олиш учун навбатда туришибди. Қачон олишади - номаълум. Лекин қачон олишса, эри кўнса, ўғлини олиб кетмоқчи. Мендан пича кутиб туришни илтимос қилди. Мўмин бобо унга, ғам емагин, дебди. Энг муҳими - эр билан муроса қилиб яшаш, бошқаси битиб кетаверади. Ўғлининг ҳам кўп ғамини тортмасин. «Токи мен тирик эканман, болани ҳеч кимга бермайман, агар ўлсам - худо уни ўзи бир йўлга солар, тирик одам ўз такдирини топиб кетар...»
Чолнинг гапларини эшитган Бекей хола билан буви дарҳол хўрсиниб ва ҳатто баробарига жиндай кўз ёши қилиб олишди.
Худди шу ўтиришда гап айланиб келиб, боланинг отаси ҳақида ҳам сўз очиб қолишди. Бобонинг айтишича, унинг аввалги куёви, боланинг отаси, ҳали ҳам аллақайси кемада матрос бўлиб хизмат қилармиш, унинг ҳам янги оиласи, иккитами, учтами боласи бор эмиш. Пристан яқинида яшармиш. У чамаси ичишни ташлаганмиш. Янги хотини ҳар сафар болалари билан уни қарши олгани пристанга чиқармиш. «Бундан чикди, - ўйлади бола, - улар мана шу кемани - унинг кемасини қарши олишар экан-да...»
Кема секин узоқлашиб борарди. Трубасидан тутун бурқситиб, кўлнинг кўм-кўк силлиқ сатҳида сузиб бораётган бу оппоқ ва узун кема, балиққа айланган боланинг ўзи томон сузиб келаётганини билмасди.
У шундай балиққа айланиб қолишни орзу қиларди-ки, балиқнинг ҳамма жойи - танаси, думи, сузгич қанотлари, тангачалари унга ўтса-ю, фақат ингичка бўйинли, шалпанг қулоқли, тирналган бурунли боши ўзида қолса бас. Кўзлари ҳам ўзича қолсин. Лекин худди ҳозиргидай эмас, чин балиқлардай кўрадиган бўлишсин.
Боланинг киприклари худди бузоқникига ўхшаш узун-узун бўлиб, ҳамиша ўзидан-ўзи нимагадир пирпираб турарди. Гулжамол, қизимнинг ҳам киприклари шундай бўлгандами, қандай чиройли бўларди! - дейди. Чиройли бўлишнинг нима кераги бор? Шахсан унга чиройли кўзларнинг кераги йўқ, унга сув остида кўра оладиган кўзлар керак.
Бобо ясаган кўлобга келганда у балиққа айланади. Бир қарабсизки - у балиқ-да. Сўнгра кўлобдан дарёга, нақ пишқириб шиддат билан оқаётган дарёга сакраб ўтарди ва оқим бўйлаб сув остига шўнғиб кетарди. Кейин ҳам шу тарзда сакраб-сакраб атрофга назар ташлаб боради, қизиғи йўқ жойларда фақат сув остида сузарди. У жўшқин дарё оқимида қизил тупроқли катта жарлик бўйидан, дарё остоналари ва тўлқинларидан, тоғлар ва ўрмонлар ёнидан оқиб ўтади. У ўзининг суюкли харсанг тошлари билан хайрлашади: Хайр, «чўкиб ётган туя», хайр, «бўри», хайр, «эгар», хайр, «танк». Қоровулхона ёнидан сузиб ўтаётганда эса сувдан сакраб чиқиб, сузгич қанотларини бобосига силкитади: «Хайр, бобо, мен тезда қайтаман». Бобо шунда ҳайратдан довдираб, нима қилишини билмай қотиб қолармиди? Буви, Бекей хола, Гулжамол қизчаси билан - ҳаммаси оғзини очиб қолармиди? Қаерда ким кўрибди - калласи одаму, танаси балиқни?
Бола эса уларга сузгич қанотларини силкиб қўярди: «Хайр, мен Иссиқкўлга, оқ кемага сузиб бораман. У ерда менинг матрос дадам бор». Балтек, эҳтимол, қирғоқ бўйлаб чопса керак. Ит умрида бунақа ҳодисани кўрмаган-да, ахир. Агар Балтек у томонга сувга ўзини ташлагудай бўлса, у қичқиради: «Қайт, Балтек, қайт. Чўкиб кетасан!» - ўзи эса сузиб кетаверади. Осма кўприкнинг сим арқони остидан, кейин тўқайлар ёнидан, сўнг гумбурлаб турган дарадан ўтиб, тўғри Иссиқкўлга сузиб боради.
Иссиқкўл деганлари - бу бутун бир денгиз. У Иссиқкўл тўлқинларида сузиб юради, тўлқиндан тўлқинга кўчади ва шунда оқ кеманинг қаршисидан чиқиб қолади. «Салом, оқ кема, бу менман!» - дейди у пароходга. - Дурбиндан ҳар доим сенга қараган менман». Кемадаги одамлар ҳайратдан ёқа ушлаб, мўъжизани кўргани югуришади. Шунда у ўзининг матрос отасига сўз қотади. «Салом, дада, мен сизнинг ўғлингизман. Мен сизнинг олдингизга сузиб келдим». - «Сен қанақа ўғилсан? Сен ярим балиқ, ярим одамсан-ку!» - «Сиз мени ўз олдингизга, кемага чиқариб олинг, мен шунда сизнинг ўғлингиз бўлиб қоламан». «Вой, тавба. Қани, кўрайлик-чи». Отаси тўр ташлаб уни сувдан палубага тортиб олади. Шунда у ўз аслига қайтади. Кейин-чи, кейин...
Кейин оқ пароход ўз йўлида сузиб кетаверади. Бола отасига ҳамма нарса ҳақида, бутун ҳаёти давомида нимаики билган бўлса ҳикоя қилиб беради. Ўзи яшаб турган тоғлар ҳақида, ўша харсанг тошлар ҳақида, дарё ва ноёб ўрмон ҳақида, балиқлардай кўзи очиқ сузишни ўрганган ери - бобосининг кўлоби ҳақида сўзлайди.
Мўмин бобосиникида қандай яшаётганлигини ҳам айтиб беради, албатта. Бу одамни Мўмин чаққон деб аташса ҳам, унинг ёмон одам эмаслигини отаси билиб қўйсин. Бунақа бобо ҳеч жойда йўқ, боболарнинг энг яхшиси. Унинг ҳеч шумлиги йўқ, шунинг учун ҳамма ундан кулиб юради. Бировга ҳеч ёмонликни раво кўрмайди, Ўразқул амаки эса чолга ҳадеб тирғилаверади! Баъзан одамларнинг олдида ҳам бобога қичқираверади. Бобо эса гапига боплаб жавоб қилиш ўрнига, Ўразқул амакини кечиргани-кечирган ва ҳатто унинг ўрнига ўрмон хўжалиги ишларини ҳам ўзи бошқаради. Фақат шугина дейсизми? Ўразқул маст-аласт бўлиб келганда, унинг ҳаёсиз кўзларига тупуриш ўрнига, унга пешвоз чиқиб, отдан тушириб қўяди, уйга суяб киради, каравотга ётқизиб қўяди, совуқ емасин, боши оғримасин, деб устига пўстин ташлайди, отининг эса эгарини олади, ювиб тарайди, ем беради. Ҳаммасига сабаб - Бекей холанинг туғмаслиги. Нега шундай, дада? Истасанг туққин, истамасанг кераги йўқ, деб қўя қолса бўлмайдими? Ўразқул амаки Бекей холани урганда бобога раҳминг келади. Бобонинг ўзини урса енгил бўларди. Бекей хола қичқирганда у бирам қийналадики. Қўлидан нима ҳам келарди? Қизининг орасига тушгиси келади-ю, лекин буви бунга йўл қўймайди. «Аралашма, - дейди у, - ўзлари муросага келади. Сен чолга ким қўйибди. Хотин сеники эмас, жойингда ўтир». «Ахир, у менинг қизим-ку!» - деса, буви: «Хўш, уйинг уйига туташ бўлмай, узоқда яшаганингда нима қилардинг? Ҳар сафар от чоптириб бориб ажратиб келармидинг? Шундан кейин ким сенинг қизингни хотин қиларди?» - дейди.
Мен айтаётган буви - бу илгаригиси эмас. Сиз уни, дада, балки билмассиз ҳам. Бу бошқа буви. Ўз туғишган бувим ёшлигимда вафот этган. Бу буви бўлса кейин келган. Бизнинг ҳаволарга сира тушуниб бўлмайди - бир қарасанг очиқ, бир қарасанг булутли, бир қарасанг ёмғир аралаш дўл. Буви ҳам худди шундай, тушуниб бўлмайди. Бир қарасанг меҳрибон, бир қарасанг бераҳм, ҳеч тушунолмайсан. Жаҳли чиққанда - нақ еб қўяди. Биз бобом билан жим бўламиз. Буви: «Бегонани қанча едирма, қанча ичирма, ундан яхшилик кўрмайсан», - дейди. Мен, ахир бу ерда ўгай эмасман-ку, дада. Мен ҳамиша бобом билан бирга яшаб келдим. Унинг ўзи ўгай бу ерда, у бизга кейин келиб қўшилди. Энди эса мени ўгай дейди.
Қишда биз томонда қор мени кўмай дейди. Эҳ, қор уюлиб кетади! Агар ўрмонга бориш керак бўлса, фақат бўз от Олабошдагина бориб бўлади, у кўкраги билан қор уюмини суриб кетади. Шамоллар ҳам шундай зўраядики, оёғингда туролмайсан. Кўлда тўлқинлар кўтарилиб қолса, кемани ёнғоқ пўчоғидек ўйнатса, билингки, бизнинг Сан-Тош шамоли кўлни чайқалтиряпти. Бобом ҳикоя қилгандилар, жуда қадим замонда душман лашкарлари бизнинг ўша ерларимизни босиб олгани юриш қилибди. Ана шунда бизнинг Сан-Тошдан шундай шамол турибдики, душманлар эгарда ўтиролмай қолишибди. Отлардан тушишибди, лекин пиёда ҳам юришолмабди. Шамол уларнинг юзини қонга белабди. Шунда улар шамолга орқа ўгиришибди, шамол эса уларнинг елкаларига урилиб, қайрилиб қарашига имкон бермабди, тўхтагани қўймабди ва уларни битта қўймай Иссиқкўлдан ҳайдабди. Мана қандай бўлган. Биз ана шу шамолда яшаяпмиз! У биздан бошланади. Бутун қиш бўйи ўрмон дарё ортида шамолдан ғичирлаб, инграб чиқади. Ҳатто ваҳимали бўлади.
Қишда ўрмонда иш унчалик кўп эмас. Қишда биз томонлар одамсиз ҳувиллаб қолади - ёзда кўчманчилар келадиган маҳалларга сира ўхшамайди. Ёзда катта яйловда оқшомлари сурув ёки йилқи уюрлари билан одамларнинг қўнишини жуда яхши кўраман. Тўғри, улар эрталаб тоққа жўнаб кетишади, лекин барибир уларнинг келиши яхши. Уларнинг болалари ва хотинлари юк машинкаларида келишади. Юк машиналарида ўтовларни ва бошқа турли-туман нарсаларни олиб юришади. Улар сал-пал жойлашиб олишгач, биз бобом билан сўрашгани борамиз. Ҳаммалари билан қўл бериб кўришамиз. Мен ҳам. Бобом, кичиклар ўзларидан катталарга доим биринчи бўлиб қўл узатишлари керак, дейди. Кимки қўл узатмаса, у одамларни ҳурмат қилмаган бўлади. Кейин, бобом еттининг бири авлиё бўлиб чиқиши ҳам мумкин, дейди. Авлиё - бу жуда хушфеъл ва ақлли одам. Кимки у билан қўл бериб кўришишга муяссар бўлса, бир умр бахтиёр бўлади. Мен, шундай экан, нега у ўзининг авлиё эканлигини айта қолмайди, биз ҳаммамиз у билан қўл бериб кўришган бўлардик, десам, бобом кулади: ҳамма гап шунда-да, дейди у, авлиё ўзининг авлиёлигини билмайди - у оддий одам. Фақат қароқчигина ўзининг қароқчилигини билади. Булар менга унча тушунарли эмас, лекин бир оз уялинқирасам ҳам, мен ҳамиша одамлар билан қўл бериб кўришавераман.
Бобом билан бирга яйловга келганимда эса уялмайман.
«Ота-боболарингизнинг ёзги қўноғига хуш келибсизлар! Молу жон соғ-саломатми, бола-чақа омон-эсонми?» - бобом ана шундай сўрашади. Мен эса фақат қўл чўзиб кўришиб қўя қоламан. Бобомни ҳамма билади, бобом ҳам ҳаммани билади. Унга яхши. Унинг ўз суҳбат мавзуси бор, у кўчманчиларнинг ҳол-аҳволини сўрайди ва ўзи биз қандай яшаётганлигимизни гапириб беради. Мен эса болалар билан нимани гаплашишни билмайман. Кейинчалик биз бекинмачоқ, уруш-уруш ўйнаб кетамиз ва ўйинга шундай берилиб кетамизки, кетгим келмай қолади. Қани энди ҳамиша ёз бўлса, ҳамиша болалар билан ўтлоқда ўйнаб юрсанг!
Биз ўйинга киришиб кетгунча гулханлар бўй чўзади. Гулханлардан яйлов тоза ёришиб кетади, деб ўйлайсизми, дада? Ҳамма жой эмас. Оловнинг атрофи ёруғ, ундан нари эса аввалгидек қоп-қоронғи. Биз эса уруш-уруш ўйнаймиз, шу қоронғилик қўйнида яширинамиз ва ҳужум қиламиз, худди кинодагидек. Агар сен командир бўлсанг, ҳамма сенга итоат қилади. Командирлик командирнинг ўзига ҳам ёқса керак.
Кейин тоғлар устига ой сузиб чиқади. Ой чиққанда ўйин яна гаштли бўлади, лекин бобом мени олиб қайтади. Биз уйга яйловдан, бутазордан қайтамиз. Қўйлар жимгина ётишади. Йилқилар атрофда ўтлаб юради. Биз кетаётиб кимнингдир қўшиқ айтаётганини эшитамиз. Ёш чўпондир, балки кексадир. Бобом мени тўхтатади: «Қулоқ сол. Бундай қўшиқларни ҳамиша эшитавермайсан». Биз тўхтаймиз, қўшиқни тинглаймиз. Бобом куйга маҳлиё бўлганча бош чайқайди.
Бобо ҳикоя қилади: эски замонда бир хон бошқа бир хоннинг қўлига асир тушибди. Хон асир тушган хонга дебди: «Агар истасанг - менинг қулим бўлиб тирик қоласан, бўлмаса, энг сўнгги тилагингни бажо келтираманда, кейин ўлдираман». Хон ўйлаб туриб жавоб қилибди: «Қул бўлиб яшашни истамайман. Яхшиси, мени ўлдиргин, лекин аввал менинг ватанимдан биринчи дуч келган чўпонни чақиртириб бер». - «Уни сенга нима кераги бор?» - «Ўлим олдидан унинг қандай куйлашини тингламоқчиман». Бобом айтади: она юрт қўшиғи учун одамлар жонини беради. Қандай одамлар экан-а, бир кўрсанг уларни. Эҳтимол, катта шаҳарларда яшашар?
Эшитиш ёқимли. Бобом: булар эски қўшиқ дейди. «Қандай одамлар бўлган-а! - шивирлайди у. - Қандай қўшиқлар куйлашган-а, эй худойим-ей...» Негалигини билмайман-у, бобомга шундай раҳмим келади ва уни шунчалик яхшй кўриб кетаманки, охири йиғлагим келади...
Тонг саҳардаёқ яйловда ҳеч ким қолмайди. Қўй ва йилқиларни ёз бўйи боққани нарига, тоққа ҳайдаб кетишган. Улар ортидан изма-из бошқа колхозлардан бошқа кўчманчилар келишади. Кундузлари тўхташмайди, ёнимиздан ўтиб кетишади. Тунда эса яйловга қўнишади. Биз яна бобом икковимиз одамлар билан учрашгани борамиз. Бобом одамлар билан кўришишни жуда яхши кўради. Бу одатни мен ундан ўргандим. Эҳтимол, вақти келиб бир кун яйловда ҳақиқий авлиё билан учрашиб қоларман...
Қишда Ўразқул амаки билан Бекей холам шаҳарга докторга қаратгани кетишади. Балки доктор ёрдам қилар, бир дори берса-ю, бола туғилиб қолса, деб умид қилишади. Лекин бувим ҳамиша, азиз жойларга борган маъқул, дейди. Бу қаердадир, тоғнинг ортида, далаларида пахта ўсадиган жойда эмиш. Теп-текис ерда, тоғ бўлиши мумкин бўлмаган текисликда азиз бир тоғ - Сулаймон тоғи бор эмиш. Ана шу тоғ пойига бир қора қўчқор сўйиб, худога илтижо қилса, тоққа чиқиб ҳар қадамда худога сиғиниб, ёлворса ҳамда чин кўнгиддан сўраса, худонинг раҳми келиб, фарзанд ато этармиш. Бекей холам ўша ёққа, Сулаймон тоғига боришга жуда интизор. Ўразқул амаки эса унчалик истамайди. Узоқ. Кўп пул керак, дейди. У ёққа фақат самолёт билан тоғдан ошиб бориш керак, ахир. Самолётгача ҳам қанча юриш керак, бу ҳам пул...
Улар шаҳарга кетишса биз шумшайиб қоламиз. Ахир кўпчилик эмасмиз-да, бор қўшниларимиз - Сейдаҳмад, унинг хотини Гулжамол ва уларнинг кичкинагина қизчаси, холос.
Кечқурунлари, ишдан қўл бўшаганда, бобом менга эртаклар айтиб беради. Биламан, уйдан ташқарида зим-зиё, совуқ тун. Изғирин изиллаб турибди. Энг улкан тоғлар ҳам бундай тунларда ваҳимага тушиб бир тўп бўлиб тўпланишиб, уйимиз олдига - дераза остидаги ёруққа яқинроқ келиб олишади. Менга бу ҳам қўрқинчли, ҳам севинчли туюлади. Паҳлавон бўлганимдами, катта пўстин киярдим-да, ташқарига чиқардим. Мен у тоғларга бор овоз билан дердим: «Қўрқманг, тоғлар! Мен шу ердаман. Майли, изғирин, қоронғу зулмат, довул бўлсин, мен ҳеч нимадан қўрқмайман, сизлар ҳам қўрқманглар. Бир ерга ғуж бўлиб тўпланишмасдан жойларингда тураверинглар».
Мен кейин қор уюмларидан юриб, дарёдан ҳатлаб ўтиб - ўрмонда пайдо бўлардим. Тунда ўрмон дарахтлар учун жуда ваҳимали, ахир. Улар ёлғиз, бир сўз айтадиган жонзоти ҳам йўқ. Совукда яланғоч дарахтлар музлайди, уларга бош суқадиган жой қайда. Мен эса ўрмонга бориб, уларга айтарлик ваҳимали бўлмаслик учун ҳар бир дарахтнинг танасига қўлим билан уриб-уриб қўярдим, Кўклам кўкармай қоладиган дарахтлар - бу ўша, қўрқинчдан қотиб қолган дарахтлар бўлса керак. Кейин биз бу қуриб қолган дарахтларни ўтинга кесамиз.
Бобом менга эртак айтаётганда мен мана шуларнинг ҳаммаси ҳақида ўйлайман. У узоқ ҳикоя қилади. Улар ҳар хил - кулгилилари ҳам бор, айниқса, очкўз бўри шўри қуриб ютиб юборган Чипалак отли жимжилоқдай бола ҳақидагиси кулгили. Йўқ, аввал уни туя ютиб юборади. Чипалак барг-хазонларнинг остида ухлаб қолади, туя эса шу атрофда тентираб юрган бўлади, «ҳап» эткизиб барг-маргларга қўшиб ютиб юборади. Шунинг учун ҳам айтишади-да: туя нима ютганини билмайди деб. Чипалак чинқириб, одамларни ёрдамга чақиради. Кексалар ўзларининг Чипалакларига ёрдам бериш учун туяни сўйишга мажбур бўлишади. Бўри билан ҳам шунга ўхшаган воқеа содир бўлади. У ҳам ўзининг овсарлиги туфайли Чипалакни ютиб юборади. Охирида бўзлаб йиғлайди. Бўри Чипалакка дуч келиб қолади. «Оёғим остида ўралашган қанақа пашша? Сени бир ямлаб ютиб юбораман». Чипалак эса дейди:
— Тега кўрма менга, бўри, акс ҳолда, кучукка айлантириб қўяман.
— Ҳа-ҳа, - хахолайди бўри, - бўрининг кучук бўлиб қолганини ким кўрибди. Шу дағаллигинг учун мен сени ейман. Шундай дебди-да, уни ютиб юборибди. Ютибди-ю, эсидан ҳам чиқариб юборибди. Лекин шу кундан бошлаб бўрилик ризқ-рўзидан айрилибди. Бўри писиб қўйларга энди етдим деганда, Чипалак унинг қорнида туриб қичқираркан: «Эй, чўпонлар, ухламанглар! Бу мен, қўнғир бўриман, қўйларингни бўғизлагани пусиб келяпман!» Бўри нима қиларини билмайди. Ўзининг биқинини тишлайди, ерга думалайди. Чипалак эса ҳеч жим бўлмабди. «Эй, чўпонлар, чопинглар бу ёққа, уринглар мени, дўппосланглар». Чўпонлар таёқ кўтариб бўрига ташланишибди, бўри қочибди. Чўпонлар ҳайратга тушиб қувишармиш. Бўри ақлдан озибди, ўзи қочади-да, тағин ўзи қичқиради, деб ҳайрон бўлишармиш. Бўри эса қичқирармиш: «Мени қувиб етинглар, оғалар, уринглар, раҳмингиз келмасин!» Чўпонлар кулгидан йиқилиб қолишармиш, бўри эса аранг қочиб қутилармиш, Лекин бу билан унинг ҳоли енгиллашмабди. Қаёққа тумшуқ суқмасин, Чипалак унга панд бераверибди. Ҳамма жойда уни қувишаверибди, ҳамма жойда ундан кулишаверибди. Бўри очликдан озиб кетибди, териси билан суягигина қолибди. Тишларини шақирлатиб улибди: «Бу қанақа жазо бўлди менга? Нега мен ўз бошимга ўзим балони сотиб олдим? Қариганда жинни бўлдим, эсимни еб қўйдим». Чипалак эса унинг қулоғига шивирлабди: «Тошматга чоп, унинг қўйлари семиз! Бойматга чоп, унинг итлари кар. Эрматга чоп, унинг чўпонлари ухлаб ётибди». Бўри эса ўтириб олиб ҳиқиллармиш: «Ҳеч қаёққа бормайман, яхшиси, битта-яримтага кучук бўлиб ёлланаман...»
Кулгили эртак-а, дада, тўғрими? Бобомнинг бошқа эртаклари ҳам бор - мунгли, даҳшатли, қайғули. Лекин менинг энг севимли эртагим Шохдор она буғу ҳақидаги эртак. Бобом, Иссиқкўлда яшаган ҳар бир киши бу эртакни билиши керак, дейди. Билмаслик гуноҳ. Балки, сиз биларсиз буни, дада? Бобомнинг айтишича, бунинг ҳаммаси рост, бўлган иш, дейди. Қачонлардир шундай бўлган экан. Биз ҳаммамиз Шохдор она буғунинг болалари эканмиз. Мен ҳам, сиз ҳам, бошқалар ҳам...
Қишда биз мана шундай яшаймиз. Қиш узоқ чўзилади. Бобомнинг эртаклари бўлмаса, қишда мен жуда зерикиб қолардим.
Баҳорда биз томонлар яхши бўлади. Кунлар исиб кетгач, яна тоққа чўпонлар келишади. Ўшанда биз тоғда яна кўпайишиб қоламиз. Фақат дарёнинг у томонида - биздан нарида ҳеч ким йўқ. У ёқда фақат ўрмон ва ўрмондаги нарсалар бор, холос. У ёққа ҳеч ким оёқ босмасин, ҳеч ким биронта новдага тегмасин, деб биз қоровулхонада яшаймизда. Биз томонга ҳатто олимлар келишганди. Шим кийган иккита аёл, чол ва бир ёшгина йигит. Бу йигит уларнинг шогирди. Роса бир ой яшашди. Ўт, япроқ ва новда йиғишди. Улар айтишдики, бизнинг Сан-Тошдагига ўхшаган ўрмонлар ер юзида жуда оз қолибди. Деярли йўқ эмиш. Шунинг учун ҳам ўрмонимиздаги ҳар битта дарахтни асраш керак.
Мен эса бобом ҳар битта дарахтни шунчаки эҳтиёт қилади деб ўйлардим. Бобом, Ўразқул амаки қарағайларни ёғоч ўрнида бировга берса жуда ёмон кўрарди...

Учинчи Боб
Оқ кема узоқлашиб кетди. Унинг трубасини дурбинда ҳам кўриш мумкин бўлмай қолди. Ҳадемай у кўздан йўқолади. Энди болага отасининг кемада сузиши ҳақидаги ўйларига нуқта қўйиш пайти келди. Ҳаммаси яхши бошланган эди, мана, охири унча хуш келмади. У балиққа айланиб, дарёдан кўлга сузишни, оқ кеманинг унга қандай дуч келишини, отаси билан қандай учрашишини осонгина тасаввур қиларди. Отасига нималар ҳақида сўзлаб беришни ҳам биларди. Бироқ ишнинг охири юришмади. Чунки қирғоқ ҳам деярли кўриниб қолди. Кема пристан томон йўл олди. Матрослар қирғоққа тушишга ҳозирлана бошлашди. Улар уй-уйига кетишади. Отаси ҳам уйига жўнаши керак. Пристанда уни хотини ва икки боласи кутмокда. Энди нима қилсин?- Отаси билан бораверсинми? У ўзи билан бирга олиб кетармикан? Мабодо олиб кетадиган бўлса, хотини: «Ким бу, қаердан келган, нима кераги бор?» деб қолса-чи. Йўқ, яхшиси бормагани маъқул...
Оқ кема кўзга элас-элас илашувчи бир нуқтага айланиб, тобора узоқлашиб боради. Қуёш сувга бош қўйди. Кўл юзасидаги кўзни қамаштирувчи оловли бинафша ранг ёғду дурбиндан кўриниб турарди.
Кема кўздан ғойиб бўлди. Шундай қилиб, оқ кема ҳақидаги эртак ҳам тугади. Уйга жўнаш керак.
Бола портфелини ердан олди, дурбинни қўлтиғига қисди. Қирдан тезгина, илон изи сўқмоқдан қиялаб чопиб тушиб кетди. Уйга яқинлашган сари юраги пўкиллай бошлади. Бузоқ ямлаб қўйган кўйлак учун энди жавоб бериш керак. Жазодан бўлак ҳеч нима хаёлига келмасди. Руҳан бутунлай тушиб кетмаслик учун бола портфелга мурожаат қилди:
«Сен қўрқма. Хўш, бизни койишади. Ахир мен атай қилганим йўқ-ку. Мен, тўғриси, бузоқча бўшалиб кетганини билмабман. Хўш, мени савашар ҳам. Чидайман. Агар сени полга қараб улоқтиришса, чўчима. Ахир сен портфелсан-ку, синиб қолмайсан. Агар кампирнинг қўлига дурбин тушса борми, омон қолмайди. Биз аввал дурбинни молхонага беркитиб қўямиз-да, кейин уйга борамиз...»
У шундай қилди ҳам. Лекин остонадан ҳатлаб ўтишга юраги дов бермасди.
Аммо уйда ваҳимали сукунат ҳукмрон эди. Ҳовли шундай жимжит, кимсасиз эдики, эгаси кўчиб кетгандек ҳувиллаб ётарди. Маълум бўлишича, Бекей холани эри яна дўппослабди. Мўмин бобо яна қизининг калтакланганлиги, сочлари тўзғиб фарёд чекаётганлиги устидан чиқибди ва яна бу шармандагарчиликнинг олдини олиш учун жиннилиги тутган куёвини тинчитишга, унинг муштига ёпишиб, ялиниб-ёлворишга киришибди. Бунинг устига отаси турибди демай, унинг кўзи олдида, қизини энг тубан сўзлар билан ҳақорат қилибди. Уни бепушт мочағар, ярамас қисир эшак ва яна маза-бемаза сўзлар билан сўкибди. Қизининг ёввойи ва телбаларга хос овоз билан: «Худо мени бефарзанд қилиб яратган бўлса, менинг гуноҳим нима? Бу дунёда қўйдай туғиб ётган аёллар озми, фақат мени худойим фарзанддан қисган. Нега? Нима учун меиинг тақдирим шундай? Бундан кўра ўлдир мени, йиртқич. Мана, ур, ур ..», - деган ҳайқириғини ҳам эшитган.
Мўмин чол бурчакда ғужанак бўлиб ўтирганча, ҳамон энтикиб-энтикиб нафас олар, тиззаси устига ташланган қўллари изтироб ва аламдан титрарди. Юзлари докадай оқариб кетган эди.
Мўмин набирасига қаради-ю, сўз қотмади, яна ҳорғин кўзларини юмди. Бувиси уйда йўқ эди. У Бекей холани эри билан яраштириб қўйгани, уларникида тинчлик ўрнатгани, синган идиш-товоқларни йиғиштиргани кетганди. Бувисининг шунақа феъли бор: Ўразқул хотинини савалаётганда орага тушмайди, чолни ҳам қайтаради. Жанжалдан кейин эса яраштиргани боради. Шунисига ҳам раҳмат.
Ҳаммадан кўра боланинг чолга раҳми келарди. Ҳар сафар шундай дамларда чолнинг жони ҳалқумига келарди. Бурчакка тикилганча карахт ўтирар, ҳеч кимнинг кўзига кўрингиси келмасди. Ҳеч кимга, ҳеч бир зотга қалбида нималар кечаётганини билдирмасди. Аслида бундай пайтларда Мўмин жуда қартайиб қолгани, якка-ю ёлғиз ўғли урушда ҳалок бўлгани ҳақида хаёл сурарди. Ўғлимни ҳозир ҳеч ким билмайди, эсламайди ҳам. Ўғли ёнида бўлганида балки бунчалик хўрланмасмиди. Мўмин умр бўйи бир ёстиққа бош қўйиб яшаган хотинини ҳам қўмсарди. Лекин энг катта бахтсизлиги - унинг қизларига бахт кулиб боқмади. Кенжатойи набирасини унга қоддириб шаҳарга кетди, энди у ерда катта оиласи билан бир хонага тиқилиб ўтирибди. Иккинчиси бунда Ўразқулнинг жабрини тортяпти. У кексайиб қолган бўлса ҳам, фарзанди ҳузурида бўлиб, қизи учун ҳамма хўрликларга бардош беради, алам қиладиган жойи шундаки, қизига она бўлишдек бахт насиб қилмаяпти. Ўразқул билан турмуш қурганига ҳам мана қанча йиллар бўлди. Бу турмуш қизининг жонига тегди, лекин қочиб қаёққа ҳам борарди? Ўзи ҳам қариб қолди, куни битиб бир кун ўлиб-нетиб қолса, унда нима бўлади, бахти қаро қизининг ҳоли нима кечади?
Бола бирпасда косадаги қатиқни бўшатди-да, бир бурда нонни кавшаб, дераза остига жимгина чўкди. Чироқни ёқмади, бобосини безовта қилгиси келмади. Қўй, ўзича ўтириб хаёл сурсин.
Бола ҳам ўз ўйларига берилди. У ҳеч тушунолмасди. Бекей хола нега эрига ароқ тутгани-тутган. Эри бўлса унинг эвазига дўппослагани-дўппослаган, хола бўлса яна яримта топиб келаверарди.
Эҳ, Бекей хола, Бекей хола! Неча марта эри чалажон қилиб урса ҳам, барибир кечираверади. Мўмин бобо ҳам уни ҳамиша кечираверади. Нега кечиришади? Бунақа одамларни кечирмаслик керак. У ярамас, саёқ одам. Бизга унинг кераги йўқ. Усиз ҳам кунимиз ўтади.
Шиддатли болалик тасаввурлари унинг хаёлида адолатли жазо ҳукмини жонлантирарди. Бу ҳукмнинг ҳаммаси Ўразқулга қаратилган бўлиб, булар уни, йўғон, бесўнақай, ифлос одамни дарёга судрарди. Кейин эса ҳавода силкитиб-силкитиб дарёнинг нақ ўртасига итқитади. У эса Бекей хола ва Мўмин бободан кечирим сўрайди. Ахир у балиққа айланиб қололмайди-да...
Бола анча енгил тортди. У ўз тасаввурида Ўразқулнинг дарёда қандай ғарқ бўлиб бораётганини ва ёнгинасида кигиз қалпоғи сузиб кетаётганини кўз олдига келтирганда ўзини кулгидан тиёлмади.
Аммо катталар, минг афсуски, бола ўйлагандек одил иш тутишмади. Улар ҳаммасини аксинча қилишди. Ўразқул уйга яна маст бўлиб қайтди. Уни ҳеч нима бўлмагандай қарши олишди. Бобо отини ушлади, хотини самоварга югурди. Ҳаммаёқ фақат уни кутаётгандек. У эса жиннилик қила бошлайди. Олдинига маъюсланиб йиғлайди. Нега йиғламасин, ахир бу қанақаси, қўл бериб сўрашишга арзимайдиган энг жўн одамнинг ҳам истаганича боласи бор. Бешта, ҳатто ўнта. Ўразқулни-чи? Унинг нимаси кам бошқалардан? Нимаси етмайди унинг? Ёки мартабаси пастми? Худога минг қатла шукур, ноёб ўрмоннинг катта қоровули! Ёки у қандайдир дайди зотми? Ахир лўлининг ҳам лўливаччаси бор. Ёки у бетайинми, обрўси йўқми? Ҳаммаси бор. Ҳаммасига етишган. Эгарланган оти бор, қўлидан қамчи тушмаган, ҳар ерда уни ҳурмат билан кутиб олишади. Хўш, унинг тенгдошлари ўз фарзандига тўй қилишади, у-чи? Ўғилсиз, уруғсиз, ким у?
Бекей хола ҳам йиғлайди жонини ҳовучлаб, эрининг кўнглини топишга тиришади. Яшириб қўйган «яримта»сини олади. Аламидан ўзи ҳам ичади. Борган сари ичиш ортади, кейин охири Ўразқул ҳайвонга айланиб, ўзининг бутун аламини ана шу аёлдан, ўзининг хотинидан олади. У эса унинг ҳамма гуноҳини кечиради. Бобо ҳам кечираверади. Ҳеч ким Ўразқулга бас келолмайди. Ҳушига келиб қарасаки, моматалоқ бўлиб кетган хотини эрта туриб самовар қўйган бўлади. Чол эса отини тўйғазиб, эгарлаб қўйибди. Ўразқул чойни ичиб, отга мингач, яна бошлиқ, Сан-Тошдаги барча ўрмоннинг хўжайини. Лекин Ўразқулдака одамни аллақачон дарёга улоқтириш кераклиги ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмайди.
Қош қорайди. Ҳализамон қоронғи тушади.
Болага биринчи портфель олиб берилган куни ана шундай ўтди.
У ухлаш олдидан портфелини қўйгани жой топмасди. Охири бош томонига қўйди. Худди шундай портфелдан синфларнинг ярмисида бўлишини бола ҳали билмасди. Лекин бу ҳам барибир унинг кўнглини бузолмайди, унинг портфели гўё бошқача, алоҳида портфелдай туюларди. Худди шундай, унинг жажжи ҳаётида катта воқеалар юз бериши, бир кун келиб, ёруғ жаҳонда ёлғиз ўзи, фақат мана шу портфел билан қолишини ҳали билмасди. Бунинг ҳаммасига унинг ўзи севган Шохдор она буғу ҳақидаги эртак сабаб бўлишидан бехабар эди...
Бу оқшом ҳам ўша эртакни яна бир бор эшитгиси келди. Мўмин чолнинг ўзи бу афсонани севар, гўё ҳаммасини ўз кўзи билан кўргандай, хўрсиниб, йиғламсираб, жим қолиб ва ўйга толиб ҳикоя қиларди.
Бироқ бола бобосини безовта қилишга ботинмади. У бобосининг эртак айтишга ҳоли йўқлигини сезарди. «Биз ундан бошқа сафар илтимос қиламиз, - деди бола портфелига. - Ҳозир эса сенга Шохдор она буғу ҳақидаги эртакни худди бобомдан эшитганимдек сўзма-сўз ўзим айтиб бераман. Шундай секин сўзлайманки, бошқа ҳеч ким эшитмайди, сен эса эшитгин. Мен ҳамма нарсани кинодагидай сўзлашни ва кўришни севаман. Мана шундай. Бобом бунинг ҳаммаси бўлган иш, дейди. Шундай бўлган экан...»

Тўртинчи Боб
Бу жуда қадимда ўтган. Замонларнинг замонида, ер юзида майсалардан кўра дов-дарахтлар кўп бўлган, қурғоқ ерлардан кўра ўлкамизда оби ҳаёт мўл бўлган даврларда бир қирғиз қабиласи улкан ва муздай дарё бўйида яшарди. Бу дарёни Энасой деб аташарди. У бу ерлардан узоқда, Сибирдан бошланади. У ерларга от-да уч йилу уч ойда етиб бориш мумкин. Бу дарёни ҳозир Енисей дейишади, илгарилари Энасой деб юритишган. У ҳақда шундай қўшиқ ҳам тўқилган:


Сендан улкан дарё борми, Энасой,
Сендан азиз тупроқ борми, Энасой.
Сендан чуқур дард ҳам борми, Энасой,
Сендан озод қучоқ борми, Энасой.
Сендан улкан дарё йўқдир, Энасой,
Сендан азиз тупроқ йўқдир, Энасой.
Сендан чуқур дард ҳам йўқдир, Энасой,
Сендан озод қучоқ йўқдир, Энасой.
Мана шунақа эди, бу Энасой дарёси.
Энасой бўйида турли хил элат яшарди. Улар ғоят оғир ҳаёт кечирарди, чунки улар бир-бирларига доимо адоват кўзи билан қарар эдилар. Қирғиз қабиласини душманлар турли томондан қуршаб олганди. Гоҳ улар, гоҳ булар ҳужум қилишар, гоҳо қирғизларнинг ўзи ҳам бошқаларга човут солиб, молларни ҳайдаб кетишар, уйларига ўт қўйишар, одамларни ўлдиришарди. Қулай келиб қолганда бир томон иккинчи томон одамларини ўлдириб юборар эди. Замон шунақа эди. Одамнинг одамга ичи ачимасди. Одам одамни ғажирди. Шу даражага борилдики, ҳеч кимнинг деҳқончилик қилгиси, мол боққиси, ов қилгиси келмай қолди. Қароқчилик билан кун кечириш осон туюларди; қўққисдан босасан, ўлдирасан, оласан-кетасан. Бир қотилликка қасдма-қасд ўн қотиллик билан жавоб беришга ҳаракат қилишарди. Шу зайлда кун ўтган сайин кўпроқ қон тўкиларди. Одамларда ақл ўтмаслашиб борарди. Душманларни яраштирадиган, инсофга келтирадиган одам йўқ эди. Душманга қирон келтириб, ўзга қабиланинг сўнгги одамигача қонини оқизган, молу мулкини қўлга киритган одам энг ақлли ва уддабурон саналарди.
Ўрмонда бир ғаройиб қуш пайдо бўлиб қолди. Инсон овозига ўхшаш аянчли овоз билан тундан тонггача сайрар ва йиғлар, шохдан шохга сакраб сўйларди; «Катта бахтсизлик бўлади! Катта бахтсизлик бўлади». Шундай бўлди ҳам, ўша қора кун келди.
Ўша куни қирғиз қабиласи Энасой бўйида ўзининг буюк оқсоқолидан жудо бўлди. Ботир Қулчи кўп йиллар йўлбошчилик қилди, кўпгина юришларда, жанг-жадалларда қатнашди. Жангларда омон қолди, лекин ажали етди. Қабиладошлар икки кун катта ғам-аламда ўртандилар, учинчи куни эса ботирнинг жасадини ерга топширгани йиғилдилар. Эски одатга кўра, буюк оқсоқолни Энасойнинг ўнқир-чўнқирли қирғоғи бўйлаб сўнгги йўлга кузатиш лозим эди, токи марҳумнинг руҳи Энасой дарёси билан юксакликда жудолашсин, ахир «Эна» - бу она демак, «сой» эса - бу дарёнинг ўзанику. Унинг қалби Энасой ҳақидаги қўшиқни сўнгги бор куйласин.


Сендан улкан дарё борми, Энасой,
Сендан азиз тупроқ борми, Энасой,
Сендан чуқур дард ҳам бсрми, Энасой,
Сендан озод қучоқ борми, Энасой.
Сендан улкан дарё йўқдир, Энасой,
Сендан азиз тупроқ йўқдир, Энасой.
Сендан чуқур дард ҳам йўқдир, Энасой,
Сендан озод қучоқ йўқдир, Энасой.
Дафн этиш лозим бўлган тепаликда ёруғ жаҳоннинг тўрт томонини кўрсатмоқ учун ботирнинг қабри бош узра кўтарилди: «Мана сенинг дарёнг. Мана сенинг осмонинг. Мана сенинг еринг. Сен биз билан, ҳаммамиз бир уруғ одамларимиз. Осуда ухла. Биз ҳаммамиз сени кузатгани келдик». Келажак авлод хотираси учун ботирнинг қабри устига мармар тош қўйилди.
Ботирнинг жасадини дафн этишга олиб ўтишганда ҳар бир оила ўз остонаси олдида у билан видолашишади, оқ мотам яловини эгиб, ув тортиб йиғлашади, кейин бошқалар билан бирга қўшилиб яна оқ мотам яловларини эгилтирган ҳолда, айтиб йиғлашаётган келгуси ўтов томон илгарилаб боришади ва шу зайлда сўнгги манзилга, то қабристонгача етиб боришлик учун мотам кунларида барча қабиладошлар ўтовларини дарё ёқасига қатор тикишди.
Ўша куни ҳамма тайёргарлик кўриб бўлинганда қуёш уйқудан бош кўтарганди, Учига отнинг думи боғланган туғ ва ботирнинг уруш аслаҳалари - найза ва қалқони олиб чиқилди. Унинг оти дафн этиш ёпиқлари билан буркалган эди. Карнайчилар жанговар куй чалишга, барабанчилар барабанга таёқни жон-жаҳддари билан уришга шай эдиларки, токи ўрмон ларзага келсин, қушлар булут янглиғ осмонга кўтарилиб, шовқин-сурон ва нола солсинлар. Йиртқич ҳайвонлар бўкириб-ҳайқириб чакалакзорларга чопиб қолсин, майсалар ерга қапишиб кетсин, садолар жаранглаб, тоғларни ларзага келтирсин. Мотамсаро аёллар сочларини ёйиб, ботир Қулчига аза очишга шай туришарди. Ййгитлар забардаст елкаларида ботирнинг катта, оғир жасадини безовта қилмай кўтариш учун тиз чўккан эдилар. Ҳамма нарса ботирни охирги йўлга кузатиб қўйишга тайёр эди. Ўрмон этагида эса тўққизта бия, тўққизта ҳўкиз, тўққизта тўққизлик қўй қурбонлик учун ҳозирлаб қўйилганди. Шунда кутилмаган ҳодиса рўй берди. Энасойликлар бир-бирига ҳар қанча душман бўлмасин, оқсоқолларнинг дафн маросими кунларида бир-бири билан уруш қилишни расм қилмаганди. Мана ҳозир эса бир тўда душман ғам-андуҳга ботган қирғоқдагиларни тонг чоғи тўрт томондан сездирмай ўраб келиб, пистирмалардан баробарига отилиб чиқиб, ҳамлага ўтдиларки, оқибатда ҳеч ким отга ҳам минолмади, қўлига қурол ҳам ола олмади. Шу тариқа кўз кўрмаган қирғин уруш бошланди. Ҳаммани бир чеккадан ўлдира бошлашди. Енгилмас қирғиз қабиласини бир ҳамла билан қириб ташлаш - душман режаси ана шундай эди. Ҳаммани бир бошдан қилич дамидан ўтказишди, токи бу ёвузликни эслаб ҳеч ким ёдга олмасин, қасоскор қолмасин, вақт эса ўтмиш изларини қумлар билан кўмиб юборсин. Туя кўрдингми - йўқ.
Инсонни туғиш ва ўстириш қанчалар қийин, ўлдириш эса - ҳаммасидан осон. Баъзи бировлар ўзи қонига ботиб қиймаланиб ётишар, бировлар эса қилич ва найзадан қутулиб қолмоқ учун ўзини дарёга отар, Энасой тўлқинлари орасида чўкиб кетарди. Дарё ёқалаб жарликлару тикка кесиб тушган қирғоқлар бўйлаб бутун бир чақирим йўлда оловга қопланган қирғиз ўтовлари ловуллаб ёнарди. Ҳеч ким қочиб қутула олмади, ҳеч ким омон қолмади. Ҳаммаси ўлди-рилди ва куйдирилди. Ўлиб ётганларнинг жасадини қирғоқдан Энасойга улоқтирдилар. Душманлар: «Энди бу ерлар бизники! Энди бу ўрмонлар бизники! Энди бу моллар бизники!» - деб қувонишарди,
Улар бой ўлжа билан қайтишар экан, ўрмондан икки бола - бир ўғил ва бир қизнинг қандай чиқиб келганини пайқашмади. Бу ўзбошимча ва шўх болалар ота-оналаридан яширинча эрталабоқ яқин ўрмонга қўлсават учун пўстлоқ шилгани кетишганди. Улар ўйнаб юришиб, ўрмоннинг анча ичкарисига кириб кетишганини сезмай қолишди. Жанг суронини эшитиб орқага отилган гўдаклар на отасини, на онасини, на акасини, на опасини тирик топа олдилар. Гўдаклар ота-онасидан ва элатидан жудо бўлиб қолди. Улар бўзлаб култепадан култепага чопишар, лекин биронта тирик жонни топиб бўлмасди. Бир зум ичида етим бўлиб қолишди. Ёруғ жаҳонда яккаю ёлғиз қолдилар. Узоқларда эса жанг тўзони кўкка уриларди, душманлар қонли кураш натижасида қўлга киритган мол ва қўйларини ҳайдаб кетишарди.
Болалар туёкдар остидан кўтарилган чангни кўриб, ўша томонга югуришди. Улар қонхўр душман изидан йиғлаб, қичқириб чопишарди. Фақат боланинг қалбигина шундай содда дил бўлади. Жаллодлардан яшириниш ўрнига уларга етиб олишга шошилишарди. Ҳар нима бўлса ҳам ёлғиз қолишмаса, бу вайронадан, лаънати жойдан нари кетишса бас. Бир-бирининг қўлидан ушлаб олишган бола ва қизча кетаётганлар орқасидан қувиб жиндаккина кутишни, ўзлари билан бирга олиб кетишларини ёлвориб сўрашарди. Бироқ қий-чув ва туёқларнинг дупур-дупури-ю, ҳайдовчиларнинг ҳайқириғида бу ожиз овозларни ким эшитарди.
Болалар жон-жаҳди билан узоқ чопишди. Лекин барибир, етиб олишолмади. Кейин эса йиқилиб қолишди. Атрофга боқишга, қимирлашга қўрқишарди. Ҳаммаёқ ваҳимали эди, Шу зайлда бир-бирининг пинжига кириб кўзлари юмилганини билмай қолишди.
Етимча етти кўча, деб бекорга айтмаганлар. Тун бехатар ўтди. Ҳайвон уларга тегмади, ўрмон маҳлуклари кўтариб кетмади. Улар уйғонишганда, тонг отганди. Қуёш нур сочиб, қушлар сайрарди. Болалар ўринларидан туриб яна мол ҳайдовчиларнинг изидан йўлга тушишди.
Йўлма-йўл мева ва илдиз еб жон сақлашди. Йўл юра-юра учинчи куни бир тоғ тепасида тўхташди. Пастга қарашса - кенг, ям-яшил майсазорда катта тантана бўлаётибди. Бу ерда тикилган ўтовларнинг, гуриллаб ёнаётган гулханларнинг, гулхан атрофида ўтирган одамларнинг сон-саноғи йўқ. Қизлар ҳайинчак учиб қўшиқ айтишмоқда. Давра тортган одамлар ўртасида полвонлар худди бургутдай гир айланиб, бир-бирини итқитиб отишяпти. Душманлар ўзларининг ғалабасини нишонлашарди.
Бола билан қиз яқин боришни ҳам, бормасликни ҳам билмай тоғ тепасида туришарди. Лекин гўшт қовурдоқ, нон, саримсоқнинг ёқимли ҳиди уфуриб турган гулхан атрофида пайдо бўлиб қолишни исташарди.
Болалар чидаб туришолмади, тоғдан туша бошлашди. Тантана эгалари ҳайрон бўлишди, уларни тўда бўлиб ўраб олишди.
— Кимсанлар? Қаёкдан?
— Биз очмиз, - жавоб берди бола билан қизча, - бизга ейдиган бир нима берсангиз.
Улар болаларнинг тилидан ким эканлигини дарров пайқаб қолишди. Бақириб-чақириб, шовқин солишди. Тутатилмаган душман оиласининг омон қолган аъзоларини ҳозир ўлдириш керакми ёки хоннинг олдига олиб бориш керакми? - деб баҳсга тушиб кетишди. Улар баҳслашиб турганда раҳмдилгина бир аёл болаларга жиндек пишган от гўшти узатди. Болаларни хон ҳузурига судраб боришар экан, улар қўлларидаги овқатни ютоқиб еяверишди. Уларни остонада ойболта ушлаб турган ясовуллар хоннинг баланд қизил ўтовига олиб келишди. Бутун қароргоҳ бўйлаб эса аллақаёқдан пайдо бўлиб қолган қирғиз зотлари ҳақидаги ташвишли хабар тарқалди. Бу нимадан дарак бериши мумкин? Ҳамма ўз ўйини ва тантанани тарк этиб, ур-тўполон билан хоннинг ўтови томон чопиб кетди. Бу пайт хон машҳур лашкарлари билан қордай оппоқ намат тўрида савлат тўкиб ўтирарди. У асал қўшилган қимизни симириб, мақтов қўшиқларини сел бўлиб тинглаб ўтирарди. Хон одамлар нима учун тўпланишганини билгач, ғазабдан қутуриб кетди: «Мени безовта қилишга қандай журъат этдиларинг? Биз ахир қирғиз зотини бутунлай қириб ташламаган эдикми? Мен сенларни Энасойнинг абадий ҳукмрони қилиб қўймадимми? Намунча ўпкаларингни қўлтиқлаб югуриб келмасаларинг, қўрқоқлар? Қаранглар, олдиларингда ким турибди! Эй, чўтир юзли Баймоқ кампир, - қичқирди хон. У оломон орасидан ажралиб чиққанда эса унга деди:
— Мана буларни ўрмонга обориб шундай қилгинки, шу билан қирғиз зоти тугасин, хаёлда ҳам қолмасин, номи абадий ўчсин. Бошла, Чўтир Баймоқ кампир, айтганимни дарҳол бажо келтир...»
Чўтир Баймоқ кампир жимгина итоат қилиб, бола билан қизни қўлидан ушлади-да, олиб кетди. Улар ўрмон оралаб узоқ юргач, Энасой қирғоғидаги баланд жарликка етиб келишди. Чўтир Баймоқ кампир болаларни шу ерда тўхтатиб, уларни жар ёқасига олиб желди. Сўнг, уларни жарликка итариб юбориш олдидан шундай деди:
— О, муаззам Энасой дарёси! Сенинг қаърингга тоғни қулатса, у бир харсангдай жо бўлади. Агар юз йиллик қарағайни ташласа, уни чўпдай оқизиб кетасан. Кел энди, икки қум заррасини - икки инсон боласини ўз бағрингга олгин. Уларга ер юзида жой йўқ. Сенга мен айтиб ўтиришим керакми, Энасой? Агар юлдузлар одамга айланиб қолса борми, осмон уларга торлик қилиб қолади. Агар балиқлар одамга айланиб қолса борми, уларга дарё ва денгизлар торлик қилиб қолади. Сенга мен айтиб ўтиришим керакми, Энасой? Ол, бу болаларни, улоқтириб кет. Қўй, улар бу манфур дунёмизни гўдакликда, тоза қалб билан, болалик ҳаёси билан, ёвуз ният ва ёвуз ишлар билан ўз номига иснод келтиришга улгурмасданоқ тарк этишсин, токи инсон азоб-уқубатини кўриш ва бошқаларнинг ҳам ғам-аламига сабабчи бўлиш уларга насиб қилмасин. Ол буларни, ола қол буларни, қудратли Энасой...
Болалар зор қақшаб, ҳўнграб йиғларди. Тик қирғокдан пастга қараш қанчалик даҳшатли эканлигини кўриб турган болаларнинг қулоғига кампирнинг сўзи кирмасди. Пастда эса қутурган тўлқинлар сапчийди.
— Қучоқлашинглар, болалар, охирги марта хайрлашиб олинглар, - деди Чўтир Баймоқ кампир. Ўзи эса уларни жарга ирғитиш қулай бўлсин учун енгларини шимарди. Кейин шундай деди:
— Энди мени кечиринглар, болалар. Пешанангизга ёзгани шу экан. Бу ишимни ҳозир ўз ихтиёрим билан қилмаётган бўлсам ҳам, лекин сизларнинг бахтингизга...
У гапини тугатмаган ҳам эдики, ёнгинасидан бир овоз келди:
— Тўхта, доно, оқила кампир, гуноҳсиз болаларни жувонмарг қилма.
Чўтир Баймоқ кампир қайрилиб қаради-ю, ҳайратда қолди: қаршисида ғаройиб она буғу турарди. Унинг йирик-йирик кўзлари таънали ва ғамгин боқарди. У сутдек оқ, қорни бўталоқнинг юнгидек қўнғир юнг билан қопланган. Шохлари бўлса гўзаллик тимсоли: сербутоқ, гўё кузги дарахтнинг бир бўлак шохи. Елини эмизикли аёлнинг кўкрагидек топ-тоза ва силлиқ.
— Кимсан? Нега одамга ўхшаб гапиряпсан? - сўради Чўтир Баймоқ кампир.
— Мен она буғуман, - жавоб берди у. - Шунинг учун одамга ўхшаб гапирдимки, бўлмаса сен тушунмайсан, қулоқ ҳам солмайсан.
— Нима истайсан, она буғу!
— Қўйиб юбор болаларни, доноларнинг доноси. Сендан илтимос қиламан, уларни менга бер.
— Нима қиласан уларни?
— Одамлар менинг икки эгизимни, икки буғу боласини ўлдиришди. Мен ўзимга бола излаб юрибман.
— Сен буларни боқмоқчимисан?
— Ҳа, доноларнинг доно аёли.
— Сен яхшилаб ўйнаб кўрдингми, она буғу? - масхараомуз кулди Чўтир Баймоқ кампир. - Булар ахир одам боласи-ку. Булар катта бўлишади, кейин сенинг болаларингни ўлдиришади.
— Улар катта бўлишса, менинг болаларимни ўлдиришмайди, - жавоб қилди унга буғулар онаси. - Мен уларга она бўламан, улар эса менинг болаларим. Ахир улар ўз ака-укаларини ўлдиришадими?
— Эҳ, нимасини айтасан, она буғу, сен одамларни билмайсан, - бош тебратди Чўтир Баймоқ кампир, - улар ўрмон ҳайвонларигагина эмас, ҳатто ўз-ўзларига ҳам раҳм-шафқат қилишмайди. Бу етимчаларни сенга берардим, шунда менинг сўзларим қанчалик ростлигига ўзинг гувоҳ бўлардинг, лекин одамлар барибир қўлингдан тортиб олиб бу болаларни ўлдиришади. Бунча ғамнинг сенга нима кераги бор?
— Мен болаларни узоқ ўлкаларга олиб кетаман, у ердан болаларни ҳеч ким қидириб тополмайди. Болаларга раҳм қил, доноларнинг доноси, озод қил уларни. Мен уларга садоқатли она бўлайин. Елинларим тўлиб турибди. Сутим болаларни орзиқиб кутяпти. У болаларга интизор.
— Ҳа, майли, шундай бўладиган бўлса, - деди охири Чўтир Баймоқ кампир ўйлаб туриб, - буларни тезроқ олиб жўна. Етимларни ўзингнинг узоқ юртингга олиб кет. Агар улар узоқ йўл юриб толиқиб ҳалок бўлса ёки дуч келган қароқчилар ўлдириб кетса, ёки бўлмаса бу одам болалари сенинг яхшилигингга ёмонлик билан жавоб қайтаришса - ўзингдан кўр.
Она буғу Чўтир Баймоқ кампирга миннатдорчилик билдирди. Бола билан қизга эса:
— Энди, мен сизларнинг оналарингман, сизлар эса менинг болаларимсизлар, - деди. - Сенларни узоқ юртга, қорли тоғ ва дарахтзорлар қўйнида жойлашган илиқ денгиз - Иссиқкўлга олиб кетаман.
Бола ва қизча шодланиб, Шохдор она буғу ортидан чопқиллаб кетишди. Лекин аста-секин чарчаб, ҳолдан тойишди, йўл эса олис - дунёнинг бу четидан у четига чўзилган. Она буғу болаларни ўз сути билан боқиб, кечалари бағрига босиб иситмаганда улар ҳеч қаерга ҳам етишолмас эди. Улар узоқ юришди. Она юрт бўлмиш Энасой тобора ортга чекиниб борар, лекин янги ватан бўлмиш Иссиқкўлга ҳали жуда узоқ эди. Йўл юришди, йўл юришса ҳам мўл юришди. Ёзу қиш, кўкламу ёз ва куз, яна ёзу қиш, яна баҳору, яна ёз ва куз қалин ўрмонлардан, жазирама чўллардан, кўчма қум саҳролардан, баланд тоғлардан ва ҳайқириб оққан дарёлардан не машаққат билан ўтишди. Уларнинг изидан бўрилар галаси қувди, Шохдор она буғу эса болаларни устига миндириб ёвуз йиртқичлардан қутқариб кетди. Уларнинг изидан тушган отлиқ овчилар ўқ узиб, қичқиришарди: «Буғу одам боласини ўғирлаб кетяпти! Ушла! Тут!» ва кетма-кет ўқ узишарди. Шохдор она буғу болаларни опичиб, ғизиллаб учаётган ўқларга, чақирилмаган қутқарувчиларга етказмай борарди. У ўқдан кўра тезроқ чопар ва шивирларди: «Маҳкамроқ ушланглар, болаларим, босқинчилар!»
Охири Шохдор она буғу ўз болаларини Иссиқкўлга етказиб келди. Улар тоғ тепасида туриб, ҳайратланишарди. Чор атроф қорли тоғлар билан қопланган, тоғлар ўртасида кўм-кўк ўрмон, кўз илғаган ҳамма жойда денгиз чайқалиб шовуллаб турарди. Кўм-кўк сув юзида оппоқ тўлқинлар югурар, шамол уларни узоқлардан ҳайдаб келиб, яна йироқларга ҳайдаб кетарди. Иссиқкўл қайдан бошланиб, қайда тугайди - билиб бўлмасди. Бир чеккасида қуёш бош кўтарса, иккинчисида ҳали тун пардасини йиғиштиролмасди. Ис-сиқкўлнинг чор атрофини қанча тоғ қуршаб олган - санаб бўлмасди, у тоғлар ортида яна шунга ўхшаш қанчадан-қанча қорли тоғлар бўй чўзиб турибди.
— Мана шу янги ватанингиз бўлади, - деди Шохдор она буғу. - Мана шу ерда яшайсизлар, ер ҳайдайсизлар, балиқ тутасизлар, молу ҳол қиласизлар. Минг йиллар тинч-тотув яшанглар. Ҳа, сизларнинг авлодингиз яшайди, кўпаяди. Сизлар келтирган тилни авлодлар унутишмайди. Уларга ўз она тилларида сўзлаш ва куйлаш ёқимли бўлади. Инсонларга қандай яшаш лозим бўлса шундай яшанглар. Мен эса сизлар ва сизларнинг болаларингизнинг болалари билан ҳамиша бирга бўлай...
Мана хнундай қилиб, бола ва қизча қирғиз авлодининг аждодлари сифатида мангу жаннатмакон Иссиқкўлда ўзларига янги макон топдилар.
Вақт тез ўтиб бораверди. Бола бақувват йигит бўлди, қиз бўйга етди. Шунда улар қовушиб, эр-хотин бўлдилар. Шохдор она буғу эса Иссиқкўлни тарк этмасдан, яқин ўртадаги ўрмонда яшай бошлади.
Бир кун тонг маҳали Иссиқкўл қўққисдан нотинчланиб, шовуллай бошлади. Қизни тўлғоқ тутиб, азобланмокда эди. Эр эса чўчиб кетди. Қоя устига чопиб чиқди-да, овозининг борича чақира бошлади:
— Қаердасан, Шохдор она буғу? Иссиқкўл қандай шовқин соляпти, эшитяпсанми? Қизинг туғяпти. Тезроқ кел, Шохдор она буғу, бизга ёрдам қил...
Шунда узокдан худди карвонларнинг қўнғироғидай жарангдор товуш эшитилди. Бу товуш тобора яқинлашиб келаверди. Шохдор она буғу етиб келди.
У шохларида бешик келтирди. Бешик оппоқ қайиндан ясалган бўлиб, бандида кумуш қўнғироқча жаранглаб турарди. Бу қўнғироқ Иссиқкўл бешикларида ҳозиргача ҳам янграб турибди. Оналар бешикларни тебратар, кумуш қўнғироқ жаранглар, гўё Шоҳдор она буғу узоклардан чопиб, шошиб, шохларида қайин бешик кўтариб келаётгандай туюлади...
Шохдор она буғу етиб келди-ю, шу пайт қизнинг ҳам кўзи ёриди.
— Бу бешик сизларнинг тўнғичларингиз учун, - деди Шохдор она буғу. - Ҳали кўп фарзанд кўрасизлар. Етти ўғил, етти қиз!
Ота-она хурсанд бўлишди. Тўнғич фарзандларини Шохдор она буғу шарафига - Буғубой деб аташди. Буғубой ўсиб-улғайди, қипчоқлар авлодидан бўлган гўзал қизга уйланди, шу билан Буғубой авлоди - Шохдор она буғу авлоди кўпая бошлади. Буғубой авлодлари Иссиқкўлда кўп ва қудратли бўлиб қолди. Бу авлод Шохдор она буғуни муқаддас деб билишарди. Буғубой авлодларининг ўтовида эшик тепасига буғу шохи осиб қўйилар, бу эса узоқ-узоқлардан ҳам ўтовнинг Буғубойлар авлодига мансуб эканлигидан дарак бериб турарди. Босқинчи душманларни даф этганда ёки пойга мусобақаларида Буғубой авлодларини «Буғу»! деган битта лақабнинг ўзиданоқ англаб олишар, улар эса ҳар доим ғолиб чиқишарди. Ўша кезлар Иссиқкўл ўрмонларида оппоқ шохдор буғулар бўларди, гўзалликда ҳатто кўкдаги юлдузлар ҳам уларга рашк қиларди. Улар шохдор она буғунинг болалари эди. Уларга ҳеч ким тегмасди, ҳеч ким ҳуркитмас эди. Буғубой авлодлари буғуга дуч келган жойда отдан тушиб, унга йўл берарди. Ошиқлар суйган қизларини сулувликда гўзал оқ буғуга қиёс қилишарди...
Буғубой авлодининг ошиб-тошиб кетган машҳур бир бойи то ўлгунига қадар шу одат сақланиб қолди. Унинг минг-минглаб қўйлари, минг-минглаб йилқилари бўлиб, молларига қарайдиган қанча-қанча чўпонлар ҳам унинг измида эди. Ўғиллари унга катта маърака қилишди. Улар бу маъракага ер юзининг ҳамма маълум ва машҳур кишиларини чақиришди. Меҳмонлар учун Иссиқкўл қирғоғига бир минг бир юзта ўтов тикдилар. Қанча мол сўйилди, қанча қимиз ичилди, қанчалаб қашқарча ноз-неъматлар берилди, саноғига етиб бўлмасди. Бойнинг ўғиллари гердайиб юришарди: Ахир отадан битмас-туганмас мерос қолганлигини, фарзандлар отани ҳурматлаб, унинг хотирасини қандай эъзозлашларини одамлар кўриб қўйсин-да... («Э бўтам, одамлар ақл ўрнига бойлигини кўз-кўз қилишса, бу қандай ярамаслик».)
Марсия айтувчилар эса марҳумнинг ўғиллари такдим этган арғумокларда елиб, совғага берилган сувсар телпак ва шойи тўнларга ўралиб, марҳумни ва унинг меросхўрларини кўкларга кўтариб мақташарди.
— Бу оламда бундай бахтли ҳаёт ва шукуҳли маъракани кўрган борми? - деб куйларди бири.
— Дунё бино бўлгандан бери бунақаси ҳали бўлмаган! - дерди иккинчиси.
— Ҳеч қаерда бўлмаган! Фақат биздагина ота-оналарни шундай ҳурматлашади, ота-она шон-шарафини юксак тутишади, уларнинг муқаддас номини улуғлашади, - куйларди учинчиси.
— Эй, қақилдоқ марсиячилар, нима деб валдираяпсиз! Оламда бу ҳотамтойликнинг таърифига лойиқ сўз, марҳумнинг шон-шуҳратига тенг келадиган шуҳрат бор эканми? - куйларди тўртинчиси...
Улар шу зайлда кеча-кундуз ким ўзарга баҳслашарди. («Э-э, бўтам, ҳофизлар ҳамду сано ўқишда баҳслашса, қандай ярамаслик, улар қўшиқчидан қўшиқ кушандасига айланишади».)
Довруқ солган маърака кўп кунлик байрамдай ўтди. Бойнинг мақтанчоқ ўғиллари бошқаларни лол қолдиришни, шуҳратлари оламга ёйилишини орзу қилишди. Яна бунинг устига мангу уйқуга кетган шавкатли оталари Шохдор она буғу авлодидан эканлигини ҳамма билиш учун унинг қабрига буғу шохини ўрнатишни ўйлаб топишди. («Э бўтам, қадимги одамлардан қолган гап бор: бойлик - такаббурликни, такаббурлик эса - телбаликни туғдиради».)
Бойнинг ўғиллари ота хотирасига кўз кўриб, қулоқ зшитмаган ёдгорлик ўрнатишни исташгани учун ҳам ҳеч нима уларга тўсқинлик қила олмади. Айтилган сўз - отилган ўқ. Овчиларни йўллашди. Овчилар буғу отиб, шохини танасидан айиришди. Буғу шохларининг тепага таралиб туриши кўкда парвоз қилаётган бургутиинг қанотларига ўхшарди. Буғу шохлари ўғилларга ёқиб тушди: уларнинг ҳар бири ўн саккиз бутоққа бўлинган - демак, ўн саккиз ёшда экан. Яхши! Улар шохни қабр устига ўрнатиш учун усталарга фармон беришди.
Қариялар ҳайратда қолишди:
— Буғуни ўлдиришга қандай ҳаддингиз сиғди? Шохдор она буғу авлодига қўл кўтаришга ким журъат этди?
Бойнинг меросхўрлари уларга жавобан:
— Биз ўз еримиздаги буғуни ўлдирдик. Бизнинг салтанатимиз остидаги ерларда нимаики қимирлаган, учган тирик жонзот бўлса, пашшадан тортиб туягача - ҳаммаси бизники. Ўзимизга қарашли жамики нарсаларни нима қилиш-қилмасликни узимиз яхши биламиз. Йўқолинглар! - дейишди.
Хизматкорлар қарияларни қамчи билан савалаб, отга тескари миндиришди-да, сазойи қилиб ҳайдашди.
Ҳамма бало шундан бошланди. Шохдор она буғу авлодларининг бошига катта бахтсизлик тушди. Деярли ҳар бир киши ўрмонларда оқ буғуларни овлашга тушиб кетди. Буғубой авлодидан бўлган ҳар бир киши ўз аждодлари қабрига буғушох ўрнатишни бурч деб билар эди. Бу иш энди марҳумлар хотирасига бўлган муқаддас вазифа, алоҳида ҳурматга айланди. Кимки буғу шохларини тополмас экан, энди уни одам ўрнида санамай қўйишди. Буғу шохлари билан савдо қилиш, уларни олдиндан ғамлаб қўйиш одат тусига кириб қолди. Шохдор она буғу авлодлари орасида шундай кишилар пайдо бўлдики, улар буғу шохларидан ўлжа йиғишни ва пуллашни ҳунар қилиб олдилар. («Э бўтам, пул ҳукмрон бўлган жойда ззгу сўзга ўрин йўқ, гўзалликка ўрин йўқ».)
Иссиқкўл ўрмонларида буғуларга қирғин келди. Уларга шафқатсиз бўлишди. Буғулар қадам етмаган жойларга қочди, лекин у ерда ҳам қўйишмади. Овчилар тозиларни қўйиб пистирма томон ҳайдашар, ўзлари эса пистирмаларда беркиниб ётиб, яқинлашган буғуларни бехато отиб олишарди. Буғуларни тўда-тўдаси билан қиришди, Шох бутоқлари энг кўп бўлган буғуни ким отарга гаровга боғлашарди.
Буғулар ғойиб бўлди. Тоғларни тарк этди. На тунда, на тонгда буғу овози эшитиларди. На ўрмонда, на яйловда унинг қандай ирғишлаб, қандай сапчишларини, шохларини елкаси устига ташлаб, парвоздаги қушдай жарликлардан қандай сакраб ўтишларини знди ҳеч ким кўрмасди. Бутун умри бўйи буғу нима эканлигини кўрмаган янги инсонлар туғилди. Фақат у ҳақидаги эртакларни эшитиб, қабрлар устидаги шохларни кўришди, холос.
Шохдор она буғуга нима бўлди?
У одамлардан ранжиди, жуда қаттиқ ранжиди. Айтишларича, сон-саноқсиз ўқлар ва тозилар дастидан буғуларга кун қолмаган, уларнинг энг сўнгги авлоди бармоқ билан санарли даражада оз қолган чоғда Шохдор она буғу энг баланд чўққига кўтарилиб, Иссиқкўл билан видолашибди ва сўнгги болаларини улкан довон ортига, бошқа юртларга, бошқа тоғларга бошлаб кетибди.
Мана, оламда. қандай ишлар бўлади. Мана, эртак ҳам тугади. Хоҳ ишон, хоҳ ишонма.
Шохдор она буғу эса кетиши олдидан бундан буён бу ерларга асло қадам босмайман, дебди...

Бешинчи Боб
Яна тоғлар қўйнига куз кириб келди. Яна шовқин-суронли ёздан сўнг ҳамма нарса кузги сокинликка мослаша бошлади. Мол қамайдиган қўралар атрофидаги чангчар босилди, гулханлар ўчди. Моллар қиш-ловга кўчди. Одамлар жўнаб кетишди. Тоғлар ҳувиллаб қолди.
Бургутлар базўр қур-қурлаб, ёлғиз уча бошлади. Ёз бўйи ўз ўрнидан шовуллаб оққан дарё саёзланиб, овози пастлашиб қолди. Ўтлар ўсишдан тўхтади, илдизлардан жон кетди. Баргларнинг шохларда осилиб туришга ортиқ мадори қолмай, узилиб туша бошлади.
Энг баланд чўққиларга эса кечалари кумуш ранг юпқа қор ёғиб чиқарди. Эрталаб ғира-шира тоғ тизмалари қорабурул тулкининг ёлидай оппоқ тусга кирарди.
Совуқ тушиб, дараларда изғирин шамол эса бошлади. Лекин ҳамон кунлар чароғон ва қуруқ эди.
Дарё ортида, қоровулхона рўиарасидаги ўрмон тезда куз оғушига кирди. Дарёдан то юқорига, Қора қарағайзор чегарасигача чўзилиб кетган чакалакзорларни дудсиз олов янглиғ кузги хазонрезги босганди. Энг чидамли дарахтлар - тўқ сариқ рангли тоғ тераги ва қайин ўрмонлари, айниқса, кўзга яққол ташланиб турарди. Улар улкан ўрмоннинг қор босган баланд чўққиларигача - қайрағоч ва арчалар қорайиб турган ергача чўзилиб кетган эди.
Қарағайзор қўйни ҳамма вақт топ-тоза ва қасрлардагидек салобатли. Қаёққа қараманг, фақат қаттиқ дарахтларнинт жигарранг танаси, смолали қуруқ ҳид, бутун ўрмон пойига тўкилган қорамтир игна япроқлар. Кекса қарағайларнинг учида ғир-ғир шамол эсади.
Лекин бугун эрта тонгданоқ тоғлар бошида чағиллаб, безовталанган зағчалар айланиб қолди. Жон-жаҳди билан чағиллаган зағчаларнинг каттакон галаси қарағайзор ўрмон тепасида бетиним айланаверди. Улар болта овозини эшитган заҳотиёқ безовталанган бўлса, сўнг худди биров озор бергандек бир-бирларига гал бермай чағиллаб, қирқилган қарағайларни тоғдан олиб тушаётган икки кишининг изидан таъқиб этарди.
Ёғочларни отларга боғлаб судратиб келишарди. Ўразқул отнинг жиловини тутиб олдинда борарди. У туртиниб, плашининг бари буталарга илиниб, қўшга қўшилган ҳўкиздай ҳансирарди. Унинг ортидан, ёғоч орқасидан Мўмин бобо елиб келарди. Бундай баландликда унга ҳам осонмасди, чолнинг нафаси қисилиб қолганди. Унинг қўлида қарағай пишанг бўлиб, бу билан у йўл-йўлакай ёғочларни ўнглаб борарди. Ёғочлар гоҳ тўнкаларга, гоҳ тошларга ҳадеб қадалиб қолаверар, қияликка келганда эса нишабга кўндаланг бурилар ва пастга юмалаб кетгудай бўларди. Унда фалокатдан қочиб қутулиб бўпсан - нақ мажақлаб ўлдиради.
Пишанг билан ёғочларни тўғрилаб бораётган кишига айниқса, хавфли, ҳар бало юз бериши мумкин. Қўрқувдан бир неча бор юганни ташлаб қочган Ўразқул ҳар сафар чол ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, ёғочни қияликда тутиб, унинг от ёнига қайтишини ва югандан тутишини кутаётганини кўриб уялиб кетарди. Лекин ўз айбингни яширмоқ учун уни бировга тўнкамоқ керак деб бекорга айтишмаган-да.
— Сен нима, мени нариги дунёга жўнатмоқчимисан? - Ўразқул қайнотасига қичқирди.
Атрофда Ўразқулнинг овозини эшитадиган ва унга дакки берадиган ҳеч ким йўқ эди: кексаларга шундай муомала қилишни ким кўрган? Қайнотаси, буни мен атайлаб қилибманми, ахир ўзим ҳам ёғоч тагида қолиб кетишим мумкин-ку, худди у буни қасддан қилаётгандек, унга бунча қичқиришнинг нима кераги бор, деб қўрқа-писа пичирлади.
Бу ҳол Ўразқулнинг яна баттар жаҳлини чиқарди.
— Эҳ, сени қара-я! - ғазабланди у. - Сени босиб қолса, ахир сен ёшингни яшагансан. Сенга нима? Мен майиб бўлсам, қизинг кимга қолади, уни ким олади? Шайтоннинг қамчисидай бу бепушт кимга керак...
— Тушуниб бўлмайдиган одамсан, ўғлим. Сенда одамларга ҳурмат деган нарса йўқ, - деди бунга жавобан Мўмин.
Ўразқул ҳатто тўхтаб, чолга разм солди:
— Бундай чоллар аллақачон ўчоқ олдида ёнбошлаб, ўзини оловга тоблаб ётибди. Сенга эса маош оқиб келиб турибди. Қаёқдан келяпти бу маош? Менинг шарофатим билан келяпти. Сенга яна қанақа ҳурмат керак?
— Кел, қўй энди, айтдим-қўйдим-да, - мулойимлашди Мўмин.
Шундай қилиб, улар юришда давом этди. Яна бир довон ошиб, қияликда тин олгани тўхташди. От бутунлай терга тушиб, кўпикка қопланди.
Сон-саноқсиз зағчалар эса ҳамон тинчимас, чарх уриб айлангани-айланган. Гўё бутун кун бўйи чағиллашга қасд қилгандай зўр бериб чағилларди.
— Қишнинг эрта тушишини сезяпти, - деди Мўмин оҳиста гапни бошқа ёққа буриб ва бу билан Ўразқулни жаҳлдан туширмоқчи бўлиб. - Учиб кетишнинг пайида бўляпти. Халақит берганни ёқтирмайди, - деб қўшиб қўйди, худди ақлсиз қушлар учун узр сўрагандек.
— Ким уларга халақит беряпти? - кескин бурилиб қаради Ўразқул. Бирдан қизариб кетди. - Алланималар деб алжийсан, чол, - деди секин дўқ урган оҳангда.
«Эҳ, - хаёлга келтирди у, - нимага ишора қиляп-ти! Бу нимаси, унинг зағчалари дастидан қарағайга тегмаслик, бир шохини ҳам синдирмаслик керак экан-да? Йўқ, бекор айтибсан? Ҳозирча бу ерга мен хўжайинман». У ғазаб билан уймалашаётган зағчалар галасига қаради:
— Эҳ, пулемёт бўлгандами! - деди ва бурилиб уятсиз сўз билан сўкинди.
Мўмин жим қолди. У куёвини сўкишини кўп эшитганди.
«Яна айнияпти, - ич-ичидан ғам тортди чол. - Ичди - ҳайвонга айланади. Наҳорда бош оғриғига тортса ҳам - бир сўз қотма. Одамлар нега бундай бўлиб қолишар экан-а? - ўйга толди Мўмин. - Сен унга яхшилик қиласан, у сенга ёмонлик қайтаради. Уялмайди ҳам, уялишни хаёлига келтирмайди ҳам. Худди шундай бўлиши лозимдек. Ҳамиша ўзиникини тўғри деб билади. Фақат унга яхши бўлса бўлгани. Ҳамма унинг атрофида гирдикапалак бўлиши керак.
Агар истамасанг мажбур қилади. Яхшиямки, мана бундай тоғда, ўрмонлар орасида ўтиради, унинг қўли остида битта, иккита одами бор. Каттароқ амалга минса борми? Худо кўрсатмасин... Бундайларни жойидан силжитиб ҳам бўлмайди. Ҳамиша ўз улушини чангаллаб қолади. Сен бунақалардан ҳеч жойга қочиб қутулолмайсан ҳам. Ҳамма жойда у сени кутиб туради, излаб топади. Ўзининг дориломон яшаши учун сенинг жонингни суғуриб олади. Ҳамиша ҳақ бўлиб чиқади. Ҳа, бундайларни силжитиб бўпсан...»
— Хўш, етар қаққайиб туриш, - Ўразқул чолнинг хаёлларини тарқатиб юборди. - Кетдик! - буйруқ қилди у. Улар йўлда давом этишди.
Бугун эрталабданоқ Ўразқулнинг кайфияти жойида эмасди. Эрталаб, асбоб-ускуналари билан нариги қирғоққа, ўрмон тарафга ўтиш керак бўлган чоғда, Мўмин набирасини мактабга олиб боришга шошарди. Бугун ақлидан озиб бўлди! Ҳар кун эрталаб отни эгарлайди, болани мактабга элтиб қўяди, кейин уни яна олиб келгани боради. Бу ташландиқ дайди билан овора. Қаранг-а, мактабга кечикиш мумкин эмасмиш. Бу ердаги иш шундайки, худо билади охири нима бўларкин, бундан чиқди - бу ишни кейинга қоддириб турса бўларкан-да? Шундай эмасми? «Мен, дейди, бир зумда қайтиб келаман, бола мактабга кечикса муаллиманинг олдида уяламан». Уяладиган одамингни топибсан! Аҳмоқсан-да! Бу муаллиманг ўзи ким бўлибди? Беш йилдан бери устидан битта пальто тушмайди. Фақат дафтар билан, сумка билан кўрасан... Доимо йўлда қўл кўтариб машина кутгани-кутган - ҳадеб районга тушади, ҳамиша унга нимадир етишмайди, гоҳ мактабга кўмир дейди, гоҳ ойна, гоҳ бўр, ҳатто латтагача сўрайди. Ҳе, номусли муаллима бундай мактабга келармиди? Қанақа от топишибди-я - «митти мактаб». У чиндан ҳам митти-да. Ундан нима наф келарди. Ҳақиқий ўқитувчилар шаҳарда. Мактаблари ойнадан. Ўқитувчилари галстук тақиб олган. Лекин шаҳарда шундай-да... Бошлиқлар у ерда ҳашаматли машиналарда кўчалардан қандай ўтишади. Машиналарни айтмайсанми?! Қоп-қора, ялтироқ, бу машиналарни «лип» этиб ўтиб кетгунча тўхтаб томоша қилгинг келади. Шаҳар одамлари эса худди бу машиналарни кўрмаётгандек парво ҳам қилишмайди. Вақтлари йўқ - шошилишади, қаёққадир чопишади. Ана у ерда, шаҳарда, ҳаётни - ҳаёт деса бўлади. Қани энди ўша ёққа етишсанг, бирон жойга ўрнашиб олсанг экан. У ерда одамларни амалига қараб ҳурмат қилишни билишади. Лозимми - демак, ҳурмат қилишинг шарт. Катта амалга - катта ҳурмат. Маданиятли одамлар. Шунинг учун ҳам у ерда меҳмонма-меҳмон юриш ёки у-бу совға қилиш, ёғоч ташиш ёки шунга ўхшаш аллақандай ишларни қилишга тўғри келмайди. Бу ердагига ўхшаб - эллик сўм, кўпи билан юз сўм бериб, ёғоч олиб, устингдан шикоят ёзиб юрмайди: Ўразқул порахўр, фалон-пистон... Нодонлик!
Ҳа, шаҳарда бўлгандами... Эҳ, тоғига ҳам, ўрмонига ҳам, мана бу дардисар ёғочларга ҳам, пуштсиз хотинига ҳам, манави валакисаланг, беақл чолга ҳам қўл силтаб юборган бўлардим. Эҳ, сулига тўйган отдек жўш уриб кетардим-да! Ўзимни ҳурмат қилишга мажбур этардим. «Ўразқул Балажанович, кабинетингизга киришга рухсат этинг». У ерда шаҳарликка уйланиб олардим. Нега мумкин эмас экан? Айтайлик, биронта қўлида микрофони билан ўйнаб ашула айтадиган гўзал артисткага: айтишадики, улар учун энг муҳими одамнинг амалдор бўлишимиш. Мана шунақасини қўлтиғидан олиб галстук тақиб юрсанг. Кинога борсанг. У бўлса туфлисини тиқиллатиб, атир таратиб юрса. Ўтган-кетган бурнини чўзиб қолаверади. Қарабсан-ки, болалар туғилади... Ўғлимни юристликка ўқитардим, қизим эса рояль чалсин. Шаҳарлик болалар дарров кўзга ташланади - ақлли бўлишади. Уйда фақат русча гаплашишади: улар каллаларидан эски қишлоқ сўзларини чиқариб ташлашади. У ўз фарзандларини шундай тарбиялаган бўларди: «Папочка, мамочка, уни олиб бер, буни олиб бер...» ўз жигарбандингдан бирон нарсани аяб ўтирармидинг? У кўпларни бопларди-да, ким эканини кўрсатиб қўярди. Бошқалардан нимаси кам унинг? Нима, юқоридагиларнинг ундан бирон жойи ортиқми? Улар ҳам ўзига ўхшаган одамлар-да. Уларнинг омади келган фақат. Унинг эса омади келмаган. Бахт кулиб боқмаган. Ўзида ҳам айб бор. Ўрмончилар курсини битиргач, шаҳарга кетиши керак эди, техникумга кириши керак эди ёки бўлмаса институтга. Шошди - амалга учди-да. Кичкина бўлса ҳам, ҳарҳолда амал-да. Мана энди тоғма-тоғ юр, эшакка ўхшаб ёғоч таши... Бунинг устига мана бу қарғалар ортиқча, Нимага бунча қағиллашади, нимага айланиб қолишди? Эҳ, пулемёт бўлгандами...
Ўразқулнинг авзойи бузилишига арзигулик сабаблар бор эди. Ёзни ялло қилиб ўтказди. Куз етиб келди, ёз билан бирга чўпонлар ва йилқибоқарлар даврасидаги меҳмондорчилик даврлари ҳам ўтиб кетди. Худди қўшикда айтилгандай: «Яйловдаги чечаклар очилиб бўлди, этагингни йиғиштириб қол...»
Куз келди. Ўразқулга кўрсатйлган ҳурматлар учун, зиёфатлар учун, қарзлар учун, ваъдалар учун ҳисоблашадиган пайт келди. Бунинг устига мақтаниб катта кетганлари-чи: «Сенга нима керак? Хари бўладиган иккита қарағай ёғочми, фақат шуми? Шунинг нимасини гапириб ўтирибсан. Машина олиб келасан-да, олиб кетаверасан».
Оғзидан гуллаб, ҳадялар олиб, ароқни ичаверди, мана энди бўғилиб, терга ботиб, ер юзидаги ҳамма нарсага лаънат ўқиб, тоғма-тоғ ёғоч судраб юрибди. Бу ёғочларнинг дахмаза бўлганини айтмайсизми? Умуман, бутун ҳаётида рўшнолик кўрмади. Бехосдан калласига лоп этиб бир фикр келди: «Ҳаммасига тупураман-да, бошим оққан томонга кетаман». Лекин у шу заҳотиёқ ҳеч қаёққа кетолмаслигини тушунди. Ҳеч кимга ҳеч қаерда кераклик жойи йўқ ва кўнгли тилаётгандек ҳаётни ҳеч қаердан излаб тополмайди.
Бу ердан кетиб ёки ваъдангдан тониб кўр-чи! Уни ўз ошна-оғайнилари тутиб беришади. Одамлар ярамас бўлиб кетган. Ўтган йили ўзининг буғу авлоди қариндошига ҳадя қилинган қўзичоқ учун қарағай ёғоч ваъда қилганди, кузда эса қарағай учун юқорига чиққиси келмади. Бу айтмоққа осон, қани у ёққа бир чиқиб боқ, ёғочларни арралаб, юмалатиб кўр, кейин биласан қанақа эканлигини. Яна бунинг устига қарағайлар беш йил-ўн йиллик бўлса қани, уларни эплаб кўр-чи! Олтин берса ҳам бу ишга қўл ургинг келмайди! Аксинча, ўша кунлари Мўмин чолнинг тоби қочиб, кўрпа-тўшак қилиб ётиб олди. Бир киши уддасидан чиқолмайди бундай ишни. Ҳа, бирон кимса умрида ёлғиз ўзи тоғдан ёғоч олиб тушишнинг уддасидан чиққан эмас. Йиқитишку мумкин, лекин йиқитган билан қарағайни пастга олиб тушиб бўлмайди... Нима бўлишини олдиндан билганда, Сейдаҳмадни ёнига олиб чиққан бўларди. Лекин Ўразқул тоққа тирмашиб чиқиб юришга эринди-да, биринчи дуч келган қарағай билан қариндошидан қутулиб қўя қолмоқчи бўлди. Лекин у унча-мунчасига кўнмади: унга ҳақиқий қарағай керак эмиш, вассалом. «Қўзичоқни олишни биласан, гапингнинг уддасидан чиқишни билмайсанми?» Ўразқул жаҳли чиқиб, ҳовлидан уни ҳайдаб чиқарди: олмайсанми - жўнаб қол. У йигит ҳам бўш келмади. Сан-Тош ўрмончилик заповеднигининг қоровули Ўразқул Балажанов устидан дарҳол шикоят хати ёзиб, унга шундай тўғри ва нотўғри гапларни қўшдики, оқибат-натижада Ўразқулни «социалистик ўрмон кушандаси» сифатида отиш лозим эди. Кейин районнинг ва ўрмончилик министрлигининг турли хил текширув комиссиялари Ўразқулни узоқ вақт сарсон қилишди. Зўрға қутудди. Мана сенга қариндош! Яна: «Биз ҳаммамиз Шохдор она буғу болаларимишмиз. Бир киши ҳамма учун, ҳамма бир киши учун!» эмиш. Ҳаммаси бекор гап, қачонки бир тийин учун бир-биримизнинг ёқамиздан олиб, турмага тиқишга тайёр бўлсак. Қанақасига буғу авлодидан бўлайлик, Буғу илгари вақтда бўлган, одамлар буғуга ишонишган. Нақадар бефаҳм ва содда бўлишган-а ўша замоннинг одамлари, кулгили! Энди эса ҳамма маданиятли, ҳамма саводли. Кимга кераги бор буни, бу эртакни ёш болаларга айтса бошқа гап.
Шу воқеадан кейин Ўразқул бошқа ҳеч кимга, ҳеч қанақа танишга, ҳеч қандай қабиладошга, ҳатто Шохдор она буғунинг минг туққани бўлса ҳамки, биронта новдани, биронта чўпни бермасликка онт ичди.
Яна ёз келди. Кўм-кўк тоғли яйловларда ўтовлар оқариб, ер-кўкни подаларнинг шовқин-сурони тутиб, ариқларда ва дарёда сув тортилиб қолди. Қуёш порлаган, сархуш қимиз ҳиди келар, гул бўйи уфурарди. Очиқ ҳавода ўтовларнинг олдида, кўм-кўк майсалар устида, ошна-оғайнилар даврасида ўтириб қимиз ичиб, қўзи гўштига тўйиб кайф қилишга нима етсин. Кейин эса бошни айлантириш учун бир стакан ароқни симириб, шундай кайфга келасанки, ўзингни гўё дарахтларни илдизи билан қўпориб ташлагудек ёки бўлмаса анови тоғнинг бошини узиб олгудек ҳис қиласан...
Бундай кунларда Ўразқул ичган онтини унутарди.
Катта ўрмоннинг катта хўжайини деб аташлари унга нақадар хуш келарди. Яна ваъдалар берди, яна ҳадялар қабул қилди. Яна қадимий қарағайлар қайси бирларининг куни битиб, куз келганда умри тугашини сезмасди.
Куз эса ҳосили ўриб олинган далалардан сездирмай келиб, тоғ сари пинҳона силжиди-да, бутун атрофни қоплаб олди. У босиб ўтган йўлда майсалар сарғайди, ўрмонни хазонрезги босди.
Мевалар пишди. Қўзилар тўқли бўлди. Уларни алоҳида отарларга - тўқлиларни алоҳида, қўйларни алоҳида тўдага айиришди. Аёллар йиғилган сариғ ёғни мешга жойлаб олишди. Эркаклар водийга ким биринчи бўлиб қайтиши ҳақида гурунг қилишарди. Кетиш олдидан эса ёзда Ўразқул билан гаплашганлар фалон куни, фалон соатда ваъда қилинган ёғочга машина олиб ўрмонга келишлари ҳақида уни огоҳлантириб қўйдилар.
Мана шу бугун кечқурун иккита қарағай ёғоч олиб кетгани прицепли машина келади. Қарағайнинг биттаси пастда тайёр турибди, машина келадиган жойга дарёдан ўтказиб қўйилган. Иккинчисини мана, пастга олиб тушишяпти. Агар Ўразқул ҳозир ушбу ёғоч устидан еб-ичганларини қусиш имконини топгандами, ҳозир чидашга мажбур бўлаётган бу азоб-уқубатлардан қутулиш учун шу заҳотиёқ қусиб ташлаган бўларди.
Афсуски, ўзининг тоғдаги лаънати бу такдирини ўзгартиришга қодир эмас: машина тунда ёғоч олиб кетиш учун шу бугун кечқурун прицепи билан келади.
Ҳамма иш ўнгидан келса яхшику-я: йўл совхоз ўртасидан, тўғри идоранинг оддидан ўтади, бошқа йўл йўқ, совхозга эса милиция, госинспекция келиб туради. У ерда яна райондан келганлар ҳам бордир? Уларнинг кўзига ёғоч ортган машина дуч келиб қолсами: «Хўш, ёғочни қаёкдан олиб келяпсиз ва қаёққа?» - деб суриштира бошлашади.
Бу хаёлдан Ўразқулни совуқ тер босиб кетди. Ҳамма-ҳамма нарсага - боши устида айланаётган зағчаларга, бахтсиз Мўмин чолга, бундан уч кун бурун шаҳарга картошка сотгани кетган дангаса Сейдаҳмадга ғазаби жўш уриб кетди. У тоғдан ёғоч олиб тушилишини биларди-ку ахир! Демак, сездирмай жўнаб қолган... Энди фақат бозордаги ишларини битиргандан кейингина қайтади. Бўлмаса Ўразқул, чол билан иккаласини ёғоч судраб келишга жўнатиб, ўзи бу азобдан қутулган бўларди.
Лекин Сейдаҳмад узокда, зағчаларга ҳам қўл етмайди. Ҳаммасининг аламини хотинидан олиши мумкин - лекин уйга етиш амри маҳол. Биргина Мўмин чол бор. Тоғдан нафаси бўғилиб, қаҳр-ғазаби ортиб, ҳар қадамда оғзидан оқ ит кириб, қора ит чиқиб келаётган Ўразқул отга ҳам, унинг орқасидан келаётган чолга ҳам раҳм қилмай, чангаллар орасидан йўл солди. Бу от ҳаром ўлса майли, бу чол ўлса ҳам майли, юраги ёрилиб ўзи ўлса ҳам майли. Ўразқулнинг шаъни ва амалига ярашмаган, унинг кўнглидагидек бўлмаган бу дунёга ўт тушсин.
Ўразқул ўзини тутолмай, отни қияликдан тикка чангаллар орасига ҳайдаб кетди. Майли, Мўмин чаққон ёғочлар атрофида гирдикапалак бўлиб қолсин. Қани, у ёғочни эпламай кўрсин-чи! «Мажаклаб ташлайман, аҳмоқ чолни, вассалом», кўнглидан ўтказди Ўразқул. Бошқа вақтда у ҳеч қачон ёғоч билан бундай хавфли нишабликка ўзини уришга юраги бетламаган бўларди. Бу сафар шайтон йўлдан оздирди. Мўмин ҳам уни тўхтатиб қолишга улгурмади, фақат қичқириб қололди, холос: «Қаёққа кетяпсан? Қаёққа? Тўхта!» - ёғоч чирпирак бўлиб айланиб, буталарни янчиб пастга юмалаб кетди. Ёғоч ҳўл ва оғир эди. Мўмин ёғочни ушлаб қолиш учун пишанг солмоқчи бўлди. Лекин зарб шундай кучли эдики, пишанг чолнинг қўлидан отилиб чиқиб кетди.
Ҳамма иш кўз очиб юмгунча бўлиб ўтди. От йиқилди ва ёни билан пастга сурилиб кетди. От сурилаётиб Ўразқулни ҳам уриб йиқитди, У титраб-қақшаб буталарга тирмашиб, илиниб, юмалаб кетди. Шу пайт қалин хазон устидаги аллақандай шохли жониворлар ҳуркиб қочиб қолди. Улар талвасага тушиб, жон-жаҳди билан сакрай-сакрай қайинзорлар ичида ғойиб бўлди.
— Буғулар! Буғулар! - қўрқув ва шодлигидан ўзида йўқ хурсанд бўлиб қичқирди Мўмин. Кейин гўё ўз кўзларига ишонмагандек жим бўлиб қолди.
Ногоҳ тоғ қўйнига сукунат чўкди. Зағчалар бирдан ғойиб бўлди. Юмалаб кетаётган ёғоч ёшгина бақувват қайинни босиб, эзиб қияликда илиниб қолди. От эгар-абзали оғиб, оёққа турди.
Ҳаммаёғи йиртилиб кетган Ўразқул эмаклаб бир томонга чиқиб олди. Мўмин куёвига ёрдамлашгани ташланди:
— О, муқаддас она Шохдор буғу! Бизни ҳозир у қутқазди! Қўрдинг-ку. Бу Шохдор она буғунинг болалари. Бизнинг онамиз қайтиб келибди! Қара-я!
Ўразқул юз берган воқеага ҳали ҳам ишонқирамай жойидан ғамгин ҳолда хижолат чекиб турди-да, қоқина бошлади:
— Кўп вайсама, чол. Етар энди, отнинг абзалини чиқар.
Мўмин итоаткорона шошилинч равишда отнинг абзалини ола бошлади.
— О, қудратингдан ўргилай, Шохдор она буғу! - у хурсандлигидан ғўлдирашини қўймасди. - Буғулар бизнинг ўрмонимизга қайтибди. Шохдор онамиз бизни унутмабди! Бизнинг гуноҳимиздан ўтибди...
— Ҳали ҳам ғўлдираяпсанми? - дўқ қилди Ўразқул. У энди қўрқувни унутган ва яна эски ғазаби бўғзига келганди. - Эртагингни айтяпсанми? Ўзинг жинни бўла туриб, бошқалар ҳам аҳмоқона эртагимга ишонаверади, деб ўйлайсанми!
— Мен ўз кўзим билан кўрдим. Булар буғулар эди, - бўш келмасди Мўмин бобо. - Наҳот сен кўрмаган бўлсанг, ўғлим? Сен ўзинг кўрдинг-ку.
— Хўш, кўрдим. Учтаси чопқиллаб кетди, шекилли.
— Рост, учта. Менга ҳам шундай туюлди.
— Нима қипти шунга? Буғу бўлса буғу-да. Мана бу ерда одам ўз жонидан жудо бўлишига сал қолди. Нимасига қувониш керак экан. Булар агар буғулар бўлса, демак, довон ортидан келган. У ёкда - Қозоғистонда, тоғнинг нариги томонида, ўрмонларда ҳали буғулар бор, дейишади. У ер ҳам заповедник. Заповедникнинг буғулари бўлса эҳтимол. Келса келибди-да. Бизнинг нима ишимиз бор. Қозоғистоннинг бизга дахли йўқ.
— Балки, бизда яшаб қолар улар? - орзу қилиб гапирди Мўмин бобо. - Қани энди қолса...
— Бас энди, - унинг сўзини бўлди Ўразқул. - Кетдик!..
Ёғочни ҳали анча пастга судраб тушиш, кейин эса яна отда дарёдан судраб олиб ўтиш керак эди. Бу ҳам оғир иш. Агар ёғоч дарёдан омон-эсон олиб ўтилса, сўнгра яна машинага ортиладиган тоғ ён-бағригача етказиш даркор.
Эҳ, қанча меҳнат.
Ўразқул ўзини бутунлай бахтсиз ҳис қилди. Бутун борлиқ унга ноҳақ яратилгандай туюлди. Тоғлар бўлса, ҳеч нима сезмайди, ҳеч нима истамайди, ҳеч нимадан зорланмайди, бир жойда тургани-турган, ўрмонлар эса аввал кузга, ундан кейин қишга ўтади, бунинг ҳеч қандай машаққатли жойи йўқ. Зағчалар ҳам ўз эркича учиб юради. Истаганича чағиллайди. Буғулар, агар улар ҳақиқатан ҳам буғулар бўлса, довоннинг нариги ёғидан келади-да, ўрмонда дайдиб юраверади, қандай юради, қанақа юради, ўзининг иши. Шаҳарда одамлар асфальт кўчаларда бепарво қадам ташлашади, таксиларда юришади, ресторанларда ўтиришади, вақтичоғлик қилишади. Унинг пешанасига мана шу тоғларда юриш битилган, у бебахт... Ҳатто унинг мана шу ҳеч нимага ярамайдиган қайнотаси Мўмин чаққон ҳам ундан бахтлироқ, чунки у эртакка ишонади. Овсар одам. Овсарлар ҳамиша ўз ҳаётидан мамнун.
Ўразқул ўз ҳаётини кўрарга кўзи йўқ. Ҳаёти ўзи истаганча эмас. Бу ҳаёт Мўмин чаққонга ўхшаганларга хос. Унга эса нима ҳам керак? Умри меҳнатда ўтяпти, бир кун дам олиш йўқ. Умрида эса бирон инсон унга қарам бўлган эмас, у эса ҳаммага қарам бўлиб келган, ҳатто ўзининг кампирига ҳам - чол ҳатто унга бир сўз қайтармайди. Шундай шўрпешана эркак билан ҳам бахтиёр бўлаверади. Ўрмонда буғуларни кўриб, худди юз йил дунёда излаган ака-укаларини учратгандек, кўз ёши қилиб юрибди-я.
Эҳ, нимасини гапирасан...
Улар ахири сўнгги манзилга чиқишди, у ердан узун тик йўл дарёга тушиб боради. Тин олгани тўхташди.
Дарёнинг нариги бетида, қоровулхона ёнидаги Ўразқулнинг уйи олдида қандайдир буғ кўтариларди. Буғга қараб самовар қайнаб турганини билса бўларди. Демак, уни хотини кутаётибди. Лекин бундан Ўразқул енгил тортмади. У оғзи билан энтикиб нафас олар, ҳаво етишмасди. Кўкраги, боши оғрир, юраги гупиллаб урарди. Пешанасидан тер қуйиларди. Олдинда эса ҳали узоқ ва тик нишаб турибди. Уйда эса пуштсиз хотин кутиб ўтирибди, самовар қўйиб ўтирганларига куяйми, кўнглимни топмоқчи... Бирдан чопиб бориб, бу қориндор самоварни бир тепиб, учириб юборгиси келиб кетди. Кейин эса хотинига ташланиб, ўлгудай урса. У хаёлан хотинининг дод-фарёдини эшитиб, унинг бахтсиз қисматини тасаввур қилиб, ҳузур қилди.
«Яхши бўпти, - ўйларди у. - Ажаб бўпти. Мен қийналганимда нега у роҳат қилиб ўтириши керак?»
Унинг хаёлларини Мўмин бўлди.
— Мен эсимдан чиқараёзибман, ўғлим, - шоша-пиша хатосини тузатмоққа уриниб Ўразқулнинг олдига келди, - Мен болани олгани мактабга боришим керак ахир. Дарслари тутади-ку.
— Хўш, нима бўпти? - атайин вазмин оҳангда сўз қотди Ўразқул. - Нима қил дейсан?
— Жаҳлинг чиқмасин, болам. Ёғочни шу ерда қолдирамиз. Ўзимиз пастга тушамиз. Сен уйингга бориб овқатланасан. Мен шу пайтда отда чопиб мактабга бориб келаман. Болани олиб қайтаман. Кейин келиб ёғочни олиб кетамиз.
— Шуни ўйлаб топгунча анча бош қотирдингмиг чол? - заҳархандалик билан гап қотди Ўразқул.
— Бола ахир йиғлайди-да.
— Нима бўпти шунга? - қизишди Ўразқул. Ниҳоят чолни хумордан чиққунча сўкишга баҳона топилди. Кун бўйи Ўразқул жанжалга баҳона ахтарди, мана энди Мўминнинг ўзи унга баҳона топиб берди. - У йиғлар экан деб биз ишимизни ташлаб кетайликми? Эрталаб, мактабга олиб бораман, деб бошни қотирдинг. Олиб бординг, яхши. Энди мактабдан олиб келаман дейсан. Мен нима сенга? Ё биз майнабозчилик ўйнаяпмизми бу ерда?
— Кераги йўқ, ўғлим, - зорланди Мўмин. - Шундай кунда. Менга-ку майлия, бола кутади-да, шундай кунда йиғлайди-да...
— Нима шундай кунда? Бу қанақа хосиятли кун ўзи?
— Буғулар қайтди. Нима кераги бор эди шундай кунда...
Ўразқул довдираб, ҳатто ҳайратидан жим бўлиб қолди. У тиканли буталар орасида юмалаб, қўрқувдан юраги ёрилаёзганда сакраган соялари лип этиб ўтгандай кўзга ташланган бу буғуларни аллақачон унутган эди. Ёғоч билан пастга юмалаганда биргина дақиқада такдири ҳал бўлиб кетарди. Унинг буғуларга қарашга ҳам, чолнинг вайсашига қулоқ солишга ҳам ҳоли келмай қолганди.
— Сен мени нима деб ўйлаяпсан? - деди у секин ва жахд билан чолнинг юзига пишқириб. - Афсус, соқолинг йўқ, бўлмаса бошқаларни ўзингдан кўра аҳмоқроқ деб ўйнамаслигинг учун юлиб ташлардим. Сенинг буғуларингни бошимга ураманми. Нимасига яна мен уларни ўйлашим керак экан. Сен мени гап билан чалғитма. Қани тур, ёғочни ушла. То дарёдан олиб ўтмагунимизча, бирон нима ҳақида ғинг дема. У ёқда ким мактабга боряпти, ким йиғлаяпти - менинг ишим йўқ. Бас, энди кетдик...
Мўмин ҳар сафаргидек бўйсунди. У токи ёғоч жойига бормагунча Ўразқулнинг қўлидан қутулиб кетолмаслигини билиб, сукут сақлаганча жон-жаҳди билан ишларди. Қалби туғён уриб ётса ҳам, у бошқа бирон сўз қотмади. Набираси уни мактаб олдида кутиб турибди; ҳамма болалар уй-уйига тарқаб кетишган, фақат ёлғиз унинг етим набирасигина йўл пойлаб, бобосини кутмоқда.
Чол барча синфнинг болалари мактабдан қандай ер тепиниб отилиб чиқишини, қандай уй-уйига чопқиллаб кетишини кўз олдига келтирди. Оч қолишган. Улар йўлдаёқ ўзларига тайёрланган овқатнинг ҳидини сезишади ва қувончга тўлиб, ҳаяжонланиб уйларнинг деразаси остидан чопиб ўтишади, Оналари аллақачон кутиб ўтиришибди. Ҳар бирининг чеҳрасида одамни қувонтирадиган табассум. Она ўзига оғирми, енгилми, боласи учун табассум қилишга ҳар қачон ўзида куч топа олади. Ҳатто она: «Қўлларинг-чи? Қўлларингни ким ювади?» - деб ўшқириб турганда ҳам барибир унинг кўзларида ўша табассум яширинган бўлади.
Мўминнинг набираси ўқишга тутинган кундан бери қўли сиёҳдан аримай қолди. Бу бобосига ҳатто ёқиб тушарди: демак, йигитча йш билан машғул. Ана, ҳозир унинг набираси сиёҳли қўлларида шу йил ёзда сотиб олинган портфелини ушлаб йўлда турибди. У, эҳтимол, кутавериб чарчаган ва энди кўзини узмай, отда йўртиб келаётган бобом дўнгликда кўриниб қолмасмикан, деб безовталаниб тургандир. Ахир у ҳамиша ўз вақтида келарди-ку. Бола ҳар сафар мактабдан чиққанида бобоси сал нарида уни тоқатсизлик билан кутиб турарди. Ҳамма уй-уйига тарқаб кетар, у эса бобоси томонга чопарди. «Ана бобом турибди, чопдик!» дерди бола портфелига. Чопиб бораётиб ҳаяжонга тўлганча тўхтаб қоларди. Агар ён-верида ҳеч ким бўлмаса, у бобосига ташланиб, эски уст-бошларининг ва ёзги қуруқ пичаннинг ўзи кўникиб кетган ҳидидан нафас олиб, юзларини унинг қорнига ишқаб қучоқлаб оларди. Ўша кунлари бобоси нариги қирғоқдан пичан таширди, қишда қалин қорда у ерга етиб бўладими. Яхшиси кузда ташиб келтирган маъқул-да. Кейин анча пайтгача Мўминдан тўзғиган пичаннинг ачқимтил ҳиди келиб юрди.
Бобо болани ўзининг орқасига, отнинг сағрисига мингаштириб олар, шу билан у ёкдан бу ёқдан гаплашиб етиб келиб қолганларини сезишмасди. Тоғ тепалигининг икки чўққиси орасидаги пастқамликдан ошиб, тўғри Сан-Тошга келишарди.
Боланинг мактабга қаттиқ берилгани бувисининг аччиғини келтирарди. Бола кўзини очган заҳоти, апил-тапил кийиниб, портфелига китоб-дафтарларни соларди. Кечаси ҳам портфелини ёнига қўйиб ётишидан бувисининг жаҳли чиқарди:
— Бу ярамас портфелга бунча ёпишиб қолдинг? Шу сенга хотин бўлиб қолгандами, қалинига бизни сотиб ер экансан-да...
Бувисининг гапи боланинг у қулоғидан кириб, бу қулоғидан чиқиб кетар, қолаверса, гап нима ҳақда бораётганини ҳам унча тушуниб етмасди. Унинг учун энг муҳими мактабга кечикмаслик эди. У ҳовлига отилиб чиқиб бобосини шоширарди. Фақат мактаб кўзга ташлангандагина тинчланарди.
Бир сафар улар барибир кечикиб қолишди. Ўтган ҳафтада тонг хиёл ёришганда Мўмин отда нариги қирғоққа йўл олди. Эрталаб барвақт пичанга бир қатнов қилишга қарор қилганди. Ҳаммаси жойида бўлаётганди, лекин йўлда пичан сочилиб кетди. Яна ҳамма пичанни қайта боғлаб, яна отга ортиш керак эди. Шошиб боғланган пичан қирғоқнинг ўзида яна сочилиб кетди.
Набираси эса нариги томонда кутиб турарди. У ғадир-будур тошнинг устига чиқиб, портфелини силкир ва қичқириб аллакимни чақирарди. Чол шошар - арқон чалкашиб кетган, ечиб бўлмас, кўр тугун тушиб қолганди. Бола эса ҳамон қичқирарди, шунда чол унинг йиғлаётганини англади. Пичанни ҳам, арқонни ҳам ташлади-да, тезроқ набирасининг олдига етиб бориш учун отга миниб, уни кечувдан ҳайдаб кетди. Дарёдан ўтгунча ҳам анча вақт ўтди: кечувдан ўтиш осонмас, сув кўп, оқим тез. Кузда ҳали унча қўрқинчли эмас, ёзда отни чаппа ағдаради. Мўмин ниҳоят дарёдан ўтиб набирасининг олдига борганида у ҳўнграб йиғларди. Бобосига қарамас, фақат йиғлар ва сўйланарди: «Кечикдим, мактабга кечикдим». Чол отдан энгашиб, болани эгарга кўтариб олди-да, йўртиб кетди. Бу мактаб қурғур яқин орада бўлгандами, боланинг ўзи ғиз этиб бориб келаверарди. Шунинг учун бутун йўл бўйи тўхтамай йиғлади, чол уни ҳеч нима билан овутолмади. Мактабга ҳам ҳўнграб йиғлаган ҳолида олиб келди. Дарс бошланиб кетган эди. Тўғри синфга олиб кирди.
Мўмин муаллима олдида қайта-қайта узр сўраб, бунинг бошқа такрорланмаслигини айтиб сўз берди. Лекин ҳаммасидан ҳам чол кечиккани учун набирасининг куйиб-пишганини ва зорланиб йиғлаганини кўриб изтироб чекди. «Илоҳим мактабни ҳамиша шундай севсин-да»,- хаёлига келтирди у. Ҳарҳолда болапақир нимага бунчалик йиғлади. Демак, юрагида бир армон бор-да...
Ҳозир ҳам ёғочнинг атрофида чарх уриб, гоҳ у томонига, гоҳ бу томонига чопиб ўтар, тоғдан тезроқ пастликка сирғалиб тушсин, ҳеч қаерга илиниб қолмасин деб, ёғочнинг остига пишанг солиб, итариб бораркан, Мўминнинг хаёлидан набираси кетмасди - нима бўлди экан-а?
Ўразқул эса шошмасди. У отни етаклаб борарди. Бу ерда кўп шошиб бўлмайди - узун, тик нишабликдан қиялаб юришга тўғри келади. Лекин унинг гапини инобатга олиб, ёғочни шу ерда қолдириб, кейин келиб олиб кетиш мумкин эмасми? Эҳ, куч-қуввати бўлгандами, ёғочни шартта елкасига қўйиб, дарёдан ўтган ва машинага ортиладиган жойга элтиб ташлаган бўларди. Мана-е, олинглар ёғочларингни ва йўқолинглар. Мўминнинг ўзи бўлса набирасининг олдига отилган бўларди.
Қаёкда дейсиз, булар хомхаёл. Ҳали тошлар ва шағалликлардан юриб қирғоққа етиш, сўнг кечувдан ёғочни от билан судраб нариги томонга олиб ўтиш керак. Отнинг силласи қуриди - у тоғда қанча паст-баландликларга чиқиб тушмади... Ишқилиб, охири бахайр бўлсин, агар ёғоч дарё ўртасида тошларга илиниб, ёки от қоқилиб йиқилиб тушса иш чатоқ!
Улар сувдан кечиб ўтишаётганда Мўмин бобо дуо қилиб турди: «Ўзинг қўлла, Шохдор она буғу, илоҳим ёғоч илинмасин, илоҳим от йиқилмасин». Этикларини елкасига ташлаб, иштонининг почасини тиззасидан юқори шимариб олган ялангоёқ Мўмин бобо қўлда пишанг билан сувда сузиб бораётган ёғоч ортидан аранг етиб улгурарди. Ёғочни оқимга қия қилиб судрашарди. Дарё суви қанча тоза ва тиниқ бўлса, шунча совуқ ҳам эди. Кузнинг суви-да.
Чол бунга бардош берарди: Майли, оёқ узилиб тушмайди. Ишқилиб, ёғоч тезроқ олиб ўтилса бўлгани. Барибир ёғоч илиниб қолди, аксига олгандай, сертошли ерга келганда таққа тўхтади. Бундай ҳолларда отга жиндай дам бериб, кейин яхшилаб бир «чу!» дейилса - кучли силтов билан ёғочни тошлар панжасидан тортиб олса бўлади. Лекин отга миниб олган Ўразқул толиқиб кучдан кетган жониворни қамчи билан аямай савалади. От орқа оёқлари билан чўққайиб, сирғалиб, қоқиниб кетар, лекин ёғоч жойидан қўзғалмасди. Чолнинг оёқлари музлаб қолди, кўзи тина бошлади. Боши айланди. Жарлик, жарлик устидаги ўрмон, осмондаги булутлар пастга туша бошлади, дарёга шўнғиб, шўх оқимда сузиб, яна жойига қайтди. Мўминнинг мазаси қоча бошлади. Лаънати ёғоч! У қуриб ётганда эди, бошқа гап эди, сувда ўзи сузиб кетарди. Буни эса ҳозиргина қирқишди-ю, дарров дарёга судраб тушиш-ди. Ким ахир шундай қилади! Оқибати шу бўлади-да. Ўйланмай қилинган ишнинг охири вой. Қайроғочни қурисин деб ташлаб келишга Ўразқулнинг раъйи йўқ. Инспекциянинг кўзи тушиб қолса, тақиқланган ўрмондан қимматли дарахтларни ўғирликча қирққан, деб акт тузади. Шунинг учун ҳам қирқилган ёғочни шу заҳотиёқ гумдон қилиши керак.
Ўразқул ўкчаси билан отни ниқтар, қамчи билан бошига урар, сўкинар, худди ҳаммаси учун гўё у, Мўмин айбдордек, чолга бақирарди, ёғоч эса жойидан жилмасди, у баттар тошга ўрнашиб борарди. Чолнинг сабр-тоқати тугади. У бутун умрида биринчи марта ғазаб билан овозини баландлатди.
— Туш отдан! - у Ўразқулнинг ёнига жиддий бориб, уни эгардан тортди. - Отнинг тортолмаётганлигини кўрмаяпсанми? Ҳозироқ-туш!
Ҳайрон қолган Ўразқул жимгина бўйсунди. Эгардан этиги билан тўғри сувга сакради. Худди шу дақиқадан бошлаб, у гаранг ва қулоғи битиб қолгандай, ўзини йўқотган эди.
— Қани кел. Кўтардик! Қани ол! - Мўминнинг командаси билан улар ёғочни жойидан бир оз кўтариб, уни тошларнинг сиқувидан бўшатиб, пишангнинг устига миндирдилар.
От нақадар ақлли жонивор! У айни шу пайтда тошларга қоқиниб, тойиниб пастромкани тордай таранг тортиб олдинга силкинди. Лекин ёғоч ўрнидан бир қўзғалди-ю, тойиб яна ботиб қолди. От яна бир силкинди ва ўзини тутиб қололмай сувга йиқилиб тушиб, типирчилаганча эгар-жабдуғига ўралашиб қолди.
— Отни! Отни кўтар! - Мўмин Ўразқулни туртди. Улар биргаликда отни базўр оёққа турғазиб қўйишди. От совуқдан титрар, аранг сувда турарди.
— Еч отни!
— Нимага?
— Еч деяпман сенга. Бошқатдан боғлаймиз. Паст-ромкани ол.
Яна Ўразқул жимгина бўйсуна қолди. Отни ечиб бўлгач, Мўмин унинг юганини қўлга олди.
— Энди кетдик, - деди у. - Кейин келамиз. От дамини олсин.
— Қани, тўхта-чи! - Ўразқул чолнинг қўлидан юганини тортиб одди. У худди уйқудан кўз очгандек бўлди. Бирдан яна асл ҳолига қайтди.
— Сен кимнинг бошини қотиряпсан. Ҳеч қаёққа бормайсан. Ёғочни ҳозир чиқарамиз. Кечқурун ёғочга одамлар келишади. Гап-сўзсиз отни эгарла, эшитяпсанми?
Мўмин жимгина бурилди-да, совуқ қотган оёғи билан оқсаганча саёздан қирғоқ томон юрди.
— Қаёққа кетяпсан, чол? Қаёққа деяпман?
— Қаёққа! Қаёққа! Мактабга. Набирам у ерда роса тушдан бери кутяпти.
— Қани қайт-чи! Қайт!
Чол қулоқ солмади. Ўразқул отни далада қолдириб, салкам қирғоқда, тошлоқ устида Мўминга етиб олди, елкасидан ушлаб ўзига тортди.
Улар юзма-юз туриб қолишди.
Ўразқул эпчиллик билан чолнинг бўйнига осилган эски кирза этикни юлиб олди-да, қайнотасининг бошига, юз-кўзига икки марта қулочкашлаб урди.
— Қани юр! - хириллади Ўразқул этикларни бир чеккага улоқтираркан.
Чол этик олдига бориб, уни ҳўл қумдан кўтариб, қаддини ростлаганда лабларидан қон тирқираб оқар-ди.
— Ярамас! - деди Мўмин қонни тупураркан, этикни яна елкасига илиб.
Бу ҳеч кимнинг сўзини қайтармаган Мўмин чаққоннинг сўзи эди. Бу совуқдан кўкарган, эски этикларини елкасига илган, лаблари қонаб кетган бечора чолнинг сўзи эди.
— Юр!
Ўразқул уни судради. Лекин Мўмин куч билан унинг қўлидан силтаниб чиқди-да, орқасига қарамай жимгина нарига кетди.
— Хап саними, қари аҳмоқ! Энди кунингни кўрсатаман! - Ўразқул унинг орқасидан муштини дўлайтириб дағдаға қидди.
Чол қайрилиб қарамади. У «ётоқ туя»нинг олдидаги супачага бориб ўтирди, этигини кийди ва уйига тез юриб кетди. Ҳеч ерда тўхтамай, тўғри отхонага кирди. У ердан Ўразқулнинг дахлсиз, меҳмонга миниладиган, пойгада чопадиган, биров эгарлашга ботинолмайдиган бўз оти - Олабошни етаклаб чиқди. Худди ёнғин чиққандек Мўмин уни ҳовлидан эгарсиз, узангисиз миниб чиқиб кетди. У деразалар ёнидан, ҳали ҳам шақиллаб қайнаб ётган самовар ёнидан от чоптириб ўтганида ташқарига отилиб чиққанлар - Мўминнинг хотини, қизи Бекей ва ёш Гулжамол чолга бир гап бўлганини дарров фаҳмлашди. У ҳеч қачон Олабошга минмас ва ҳеч қачон ҳовлидан бунчалик шошилиб чиқмаганди. Бу Мўмин чаққоннинг исёни эканлигини улар ҳали билишмасди. Кексайган чоғидаги бу исён уни нималарга гирифтор қилишини ҳам билишмасди.
Қирғоқ томондан эса отни етаклаб Ўразқул уйга қайтарди. От олдинги оёғини оқсаб босарди. Аёллар жим туриб, унинг ҳовлига яқинлашиб келишига кўз тикиб туришарди. Ўразқулнинг кўнглидан нималар кечаётганини, у ўша куни уларга қандай ғам-аламлар келтираётганини ҳали аёллар хаёлига ҳам келтиришмасди...
У ҳўл, шалоплаган этикда, ҳўл иштонда вазмин ва оғир қадамлар билан улар олдига яқинлашиб, аёлларга ғамгин назарда хўмрайиб қаради. Хотини Бекей безовталаниб қолди:
— Нима қилди, Ўразқул? Нима бўлди? Ҳамма ёғингиз ҳўл бўлиб кетибди-ку. Ёғоч оқиб кетдими?
— Йўқ, - қўл силтади Ўразқул. - Ма. - У юганни Гулжамолга узатди. - Отни отхонага олиб бор. - Шундай деб ўзи эшик томонга юрди. - Юр уйга, - деди у хотинига. Кампир ҳам улар билан бирга бормоқчи эди, Ўразқул уни остонага йўлатмади.
— Сен нари тур, кампир. Сенга ҳеч қандай иш йўқ бу ерда. Уйингга бор-у, хап ўтир.
— Нима бўлди сенга? - хафа бўлди кампир. - Бу нимаси? Чолимга нима бўлди? Нима гап?
— Унинг ўзидан сўра, - жавоб қилди Ўразқул. Уйда Бекей эрининг ҳўл уст-бошларини ечиб, унга пўстин берди, самоварни олиб кириб, чой қўйишга тутинди.
— Чойни қўй, - қатъий рад қилди Ўразқул. - Ароқ бер.
Хотини очилмаган яримталикни олиб, стаканга қуйди.
— Тўлдириб қуй, - буйруқ қилди Ўразқул. Бир стакан ароқни сувдек ичиб юборгач, пўстинга ўралди-да, кигизга чўзилиб, хотинига деди:
— Қўйдим, сен менинг хотиним эмассан, мен сенинг эринг эмасман. Жўна, бу уйда сенинг изинг қолмасин. Қорангни ҳам кўрсатма. Вақт ғаниматида жўнаб қол!
Бекей уҳ тортди, каравотга ўтирди ва ҳар галгидек кўз ёшларини ичига ютиб, секин гапирди:
— Янами?
— Нима, янами? - бўкириб юборди Ўразқул. - Йўқол!
Бекей уйдан отилиб чикди ва ҳар доимгидек қўлларини букиб, ҳовлини бошига кўтариб ҳўнграб йиғлай бошлади:
— Мен, бахти қаро, бу дунёга нега келган эканман-а...
Бу чоқ Мўмин чол Олабошда набираси олдига йўртиб борарди. Олабош - чопқир от. Лекин барибир Мўмин икки соатдан зиёдроқ кечикди. У набирасини йўлда учратди. Болани муаллиманинг ўзи уйига олиб келаётганди. Ўша муаллима бешинчи йил кияётган, шамол ялаб кетган, енглари қўпол, ҳеч ўзгармас пальтосида. Ҳориган аёлнинг қовоғи солиқ кўринарди. Анчадан бери йиғлайвериб кўзлари шишган бола қўлида портфели билан бечора ва хўрланган қиёфада унинг ёнида келарди. Муаллима Мўмин чолни қаттиқ сўроққа олди. Чол эса аёлнинг олдида отдан тушиб, бошини қуйи солиб турарди.
— Агар вақтида келиб олиб кетмайдиган бўлсангиз,- деди муаллима, - болангизни мактабга олиб келманг. Менга ишонманг, ўзимда ҳам тўрттаси бор.
Мўмин яна узр сўради, бундай ҳол бошқа такрорланмайди деб, яна сўз берди.
Муаллима Жилисойга қайтиб кетди, бобо билан набира эса уйга йўл олишди.
Бола отда бобосининг олдига ўтириб жимгина борарди. Чол ҳам унга нима дейишини билмасди.
— Жуда оч қолдингми? - сўради у.
— Йўқ, муаллимамиз нон берди, - жавоб берди набира.
— Нега бўлмаса миқ этмай келяпсан? Бола шунда ҳам гапирмади.
Мўмин гуноҳкорона жилмайди:
— Оҳ, аразгўй болагинам. - У боланинг фуражкасини олиб, бошидан ўпди ва яна фуражкасини бошига кийгизиб қўйди.
Бола қиё ҳам боқмади.
Иккаласи ҳам шундай маъюс ва жим кетишди. Мўмин жиловни маҳкам тутиб, салт отда бола уриниб қолмасин деб, Олабошнинг бошини бўшатмай борарди. Энди шошишнинг ҳам кераги йўкдай эди.
От тезда ундан нима талаб қилинаётганини пайқади-да, ярим йўрғалаб юриб кетди. У ерга нағалини тақиллатиб уриб, пишқириб борарди. Шунақа отда қани энди ёлғиз ўзинг хиргойи қилиб кетсанг. Одамнинг ёлғизликда куйлайдиган қўшиғи озми? Рўёбга чиқмай қолган орзулар ҳақида, ўтган умр ҳақида, севган чоғларинг, бошдан кечирган воқеаларинг ҳақида...
Инсон кўнглида армон бўлиб қолган нарсаларни эслашни хуш кўради. Аслини олганда инсоннинг ўзи ҳам нимадан армон қилаётганини унчалик тушуниб етмайди. Лекин ҳар замон-ҳар замон шу ҳақда ўйлаб қўйгиси, унинг тагига етгиси келади.
Яхши от - меҳрибон ҳамроҳ...
Мўмин чол набирасининг сочи тақир олинган энсасига, ингичка бўйни-ю, шалпанг қулоқларигача қараб ўнгмаган ҳаётида буткул иши-ю, меҳнатидан, чеккан барча ташвиш ва ғамларидан энди фақатгина ёлғиз мана шу ҳозирча ночор бола қолганини ўйларди. Бобоси уни оёққа турғизишга улгурса яхшику-я. Лекин у ёлғиз қолсами - оғир бўлади. Ўзи муштдек-ку, аммо феълли-ҳуйли. Унинг оддийгина, мўмингина бўлгани яхши эди...
Ахир Ўразқулга ўхшаганлар уни ўлгудай ёмон кўриб, бўрининг таъқибига тушган буғучадай бурда-бурда қилиб ташлайди-ку...
Шунда Мўмин боягина лип этиб шитобли соя солиб ўтган ва кўксидан ҳайрат ва шодлик хитоблари отилиб чиқишига сабабчи бўлган ўша буғуларни эслади.
— Биласанми, ўғлим, нима? Буғулар юртимизга қайтиб келди, - деди Мўмин бобо.
Бола елкаси устидан ялт этиб қаради:
— Ростми?
— Рост. Ўзим кўрдим. Уч бош.
— Қаёқдан келганикин улар?
— Менимча, довон орқасидан. У ерда ҳам ўрмон бор. Ҳозирги куз худди ёздагидай-да, довон очиқ. Шунинг учун бизга меҳмон бўлиб келган.
— Улар биз томонда қоладими?
— Ёқса қолади. Ҳеч ким тегмаса, яшаб юраверади. Озуқа сероб бизда. Бу ерда хоҳла мингта буғу боқ. Илгариги вақтларда, Шохдор она буғу даврида, бу ерда уларнинг сон-саноғи бўлмаган...
Бу хабарни эшитиб боланинг музлаган кўнгли эриб, хафалиги тарқалганини сезган чол яна ўтган замонлар ҳақида, Шохдор она буғу ҳақида ҳикоя қилишга тушиб кетди. Ўзининг эртагига ўзи ҳам берилиб кетиб, қани энди бирдан шундай бахтли бўлиб қолсанг-да, бошқага ҳам бахтингни улашсанг! - деб қолди. Бутун умр шундай яшасанг. Мана шундай, худди ҳозиргидай, худди ҳозирги соатдагидай. Лекин ҳаёт бундай қурилмаган, бахт билан ёнма-ён, изингдан изма-из юрадиган, ҳеч маҳал аримайдиган бахтсизлик қалбингга, ҳаётингга бемаврид дахл қилиб туради. Ҳатто ҳозирги дамда, у набираси билан бахтиёр бораётган чоғида ҳам, чолнинг қалбида шодлик билан ташвиш ёнма-ён турарди: у ёқда Ўразқул нима қилди экан? У яна нима шумликни тайёрлаб турган экан, қанақа зулм? Унга, итоатсизлик қилишга журъат этган чолга қанақа жазо ўйлаб қўйди экан? Ахир Ўразқул буни шундай қолдирмайди-ку. Бўлмаса уни Ўразқул дейишмасди-да.
Қизини ва унинг ўзини кутаётган бахтсизлик тўғрисида ўйламаслик учун Мўмин набирасига буғулар, бу жониворларнинг каромати, марҳамати, гўзаллиги ва учқурлиги, худди шуларнинг шарофати билан ҳар қандай балони даф қилишлари ҳақида ҳикоя қиларди.
Болага яхши эди. У уйда нима кутаётганлигини билмасди. Унинг кўзи ва қулоқлари ёнарди. Наҳотки буғулар қайтиб келган бўлса? Демак, ҳаммаси тўғри экан-да! Бобосининг айтишича, Шохдор она буғу одамларнинг ёвузлигини кечирган эмиш ва ўз болаларига Иссиқкўл тоғларига қайтишга рухсат этганмиш. Бобоси айтадики, бу ер қандайлигини билиш учун ҳозирча учта буғу келган, агар уларга ёқса, унда ҳамма буғулар яна ватанига қайтади.
— Бобо, - деб бобосининг сўзини бўлди бола, - балки, Шохдор она буғунинг ўзи ҳам келгандир? Балки, бу ер қандайлигини унинг ўзи кўриб, кейин болаларини чақирмоқчидир?
— Эҳтимол, - деди Мўмин ишончсизгина. У тутилиб қолди, ўзини нохуш сеза бошлади: ортиқча берилиб кетгани йўқми, бола унинг сўзларига ортиқча ишониб юборгани йўқми? Лекин Мўмин чол набирасини ишончдан қайтаришга уринмади. Бу энди жуда кеч эди. - Ким билади, - елкаларини қисди Мўмин, - Балки, балки, Шохдор она буғунинг ўзи ҳам келгандир. Ким билади...
— Ҳозир биламиз-да. Юринг, бува, сиз буғуларни кўрган жойга борамиз, - деди бола. - Мен ҳам бир кўрай.
— Улар ахир бир жойда турмайди-да.
— Биз изидан борамиз. Уларнинг изидан узоқ-узоқларга излаб бораверамиз. Уларга кўзимизнинг қири тушди дегунча, қайтамиз. Шунда улар одамлар тегмаслигини билиб олади.
— Гўдаксан-да, - кулимсиради бобо. - Уйга борайлик, ўша ерда маълум бўлади.
Улар қоровулхонага яқинлашиб, уйлар ортидаги сўқмоқдан боришарди. Уйлар орқа томондан - худди елкасини ўгириб турган одамга ўхшарди. Учала уй ҳам ичида нима бўлаётганидан ҳеч бир нишон бермай турарди. Ҳовли ҳам бўм-бўш ва жимжит. Мўминнинг юрагини нохуш ваҳм босди. «Нима юз берган бўлиши мумкин? Ўразқул унинг бахтсиз қизи Бекейни урдимикин? Ёки маст бўлгунча ичганмикин? Яна қандай фалокат юз бериши мумкин? Нега бунча жимжитлик, нега шу маҳалда ҳовлида ҳеч ким йўқ? Агар ҳамма нарса жойида бўлса, бу машъум ёғочни дарёдан судраб чиқиш керак, - ўйлади Мўмин. - Қўй, шу Ўразқулни, яхшиси у билан алоқани узиш керак. Билганини қилиб, қолган ҳаммасига тупуриш даркор. Эшакка унинг эшак эканлигини исботлаб беролмайсан-ку».
Мўмин отхонанинг олдига келди.
— Туша қол. Мана, етиб ҳам келдик, - у набирасига ҳаяжонланганини билдирмаслик учун хотиржам гапирди. Бола қўлида портфели билан уйга чопмоқчи бўлганида, Мўмин бобо уни тўхтатди: - Тўхта, бирга борамиз.
У Олабошни отхонага боғлаб чикди-да, болани қўлидан ушлаб, уйга қараб юрди.
— Менга қара, - деди бобо набирасига, - агар мени сўкишса, сен қўрқмагин ва у ердаги ҳар хил гапларга аҳамият қилмагин. Бунинг сенга дахли йўқ. Сенинг ишинг мактабга қатнаш.
Бироқ айтадиган ҳеч нима содир бўлмади. Улар уйга келишганда, фақат кампир Мўминга хушламайгина тикилди-да, лабини тишлаб, яна ўзининг тикаётган ишига берилди. Мўмин чол ҳам унга ҳеч нима демади. У хона ўртасида қовоғини солган ҳолда сергак туриб, кейин қозондан катта косадаги ун ошини олиб, нон ва қошиқ келтирди-ю, набираси иккаласи кечиккан тушликка ўтиришди.
Жимгина овқатланишди, бувиси эса ҳатто улар томонга қайрилиб ҳам қарамади. Унинг жигарранг сўлғин юзида ғазаб тўнгиб қолганди. Бола қандайдир мудҳиш ҳодиса содир бўлганини пайқади. Чол-кампир эса жим эди.
Болага шундай ваҳимали, шундай ташвишли туюлдики, томоғидан овқат ҳам ўтмай қолди. Овқат устида одамларнинг жим қолиб, ўзларининг аллақандай ёмон ва шубҳали хаёлларига берилишидан ёмони йўқ. «Балки, бунга биз сабабчидирмиз?» - деди бола хаёлида портфелига. Портфел дераза токчасида турарди. Бола хаёлан портфели билан шивирлаша бошлади:
«Сен ҳеч нима билмайсанми? Бобом нега бунча ғамгин? Унинг гуноҳи нима? Бугун нега у кечикди, нега Олабошни эгарсиз миниб борди? Ахир ҳеч қачон бундай бўлмаганди-ю. Балки у ўрмонда буғуларни кўриб қолиб, ушланиб қолгандир?.. Эҳтимол, ҳеч қандай буғу йўкдир. Бу ёлғондир? Унда нима? Нега бўлмаса гапиради? Агар у бизни алдаган бўлса, Шохдор она буғу қаттиқ ранжийди-ку...»
Мўмин овқатланиб бўлгач, болага секингина деди:
— Сен ҳовлига чиқавергин, бир иш бор. Менга ёрдамлашасан. Мен ҳозир чиқаман.
Бола итоаткорона чиқиб кетди. У эшикни ёпган замон, бувисининг овози келди:
— Қаёққа?
— Ёғочни келтиргани бораман. Боя дарёда тиқилиб қолганди, - жавоб қилди Мўмин.
— Ҳа, пайқаб қолдингми! - қичқирди кампир. - Эсингга тушди! Сен бориб қизингнинг ҳолини кўр. Уни Гулжамол уйига олиб кетди. Сенинг туғмас телба қизинг кимга керак энди. Бор, кимга ўхшаб қолганини энди ўзи айтсин. Эри уни уйидан қутирган итдай ҳайдади.
— Хўш, нима бўпти, ҳайдаса ҳайдапти-да, - деди қизиқ устида Мўмин.
— Эҳ, сени қара! Кимсан ўзинг! Қизларингни бари саёқ, набирангни ўқитиб амалдор қилмоқчи бўласанми? Кутавер. Ўзингни балога гирифтор қилганингга арзиса эди. Тағин Олабошни миниб чопибди. Сени қара-ю! Кўрпангга қараб оёқ узатганингда эди, ким билан ўйнашаётганингни билардинг... У сенинг бўйнингни сапчадай узиб ташлайди. Сен қачондан бери одамларга гап қайтарадиган бўб қолдинг? Қачондан бери ботир бўлиб қолдинг? Қизингни бизникига етаклаб келишни хаёлингга ҳам келтирма. Остонага йўлатмайман...
Бола маъюс бош эгиб ҳовлида секин-секин юрарди. Уйдан кампирнинг қичқириғи келарди, кейин эшик тарақлади ва Мўмин уйдан отилиб чикди. Чол Сейдаҳмаднинг уйига йўл олди, йўлда эса унга Гулжамол дуч келди.
— Яхшиси ҳозир эмас, кейин, - деди у чолга. Мўмин бўшашиб тўхтаб қолди. - Йиғлаяпти. Урди уни, - пичирлади Гулжамол. - Айтадики, улар энди бирга яшамасмиш. У сизни қарғаяпти. Ҳаммасига отам айбдор, деди.
Мўмин чурқ этмади. Нима десин? Энди уни ҳатто ўз қизи ҳам кўришни истамайди.
— Ўразқул ўзиникида ичиб ётибди. Ҳайвон ҳайвонлигини қилади-да, - пичирлаб гапирди Гулжамол.
Улар ўй суриб қолишди. Гулжамол ачиниб хўрсинди.
— Ҳеч бўлмаса, бизнинг Сейдаҳмад тезроқ кела қолса эди. Бутун қайтиши керак. Биргалашиб шу ёғочни олиб чиқсаларинг бир балодан қутулардиларинг.
— Гап ёғочдами? - бошини чайқади Мўмин. У ўйлаб қолди ва ёнига келиб турган набирасини кўриб, унга:
— Бор, сен ўйна, - деди.
Бола нарига кетди. У молхонага кириб, яширган дурбинини олди. Уни артди. «Ишларимиз ёмон, - у дурбинга ғамгин сўзлай бошлади. - Бунга биз портфел иккаламиз айбдорга ўхшаймиз. Бирон-бир жойда бошқа мактаб бўлганда эди. Биз портфелим билан ўша ёққа ўқишга кетардик. Ҳеч кимга билдирмасдик. Фақат, бобомга қийин бўлади, қидиради. Сен-чи, дурбин, ким билан оқ кемага қарайсан? Ўйлайсанки, мен балиқ бўлолмайманми? Мана кўрасан. Оқ кемага сузиб бораман...»
Бола пичан ғарамининг орқасига беркиниб, дурбинда атрофга қарай бошлади. Узоқ қараш кўнглига сиғмади. Бошқа вақтда бўлса, қараб кўзинг тўймайди: куз ўрмонларига қопланган тоғлар кўринади, юқори оппоқ қор, паст ял-ял ёнади, қип-қизил чўғ.
Бола дурбинни жойига қўйиб, саройдан чиқаркан, бобосининг эгар-жабдуқли отни ҳовлидан олиб ўтиб кетаётганини кўриб қолди.
Бола бобосининг олдига чопаман деб турганди, уни Ўразқулнинг қичқириғи тўхтатди. Ўразқул ички кўйлакда, елкасига пўстин ташлаган, башараси сигирнинг шишган елинидай қип-қизил эди.
— Эй! - дағдаға билан қичқирди у Мўминга. - Отни қаёққа олиб кетяпсан? Қани, жойига киритиб қўй. Сенсиз олиб чиқамиз. Қўлингни тегиза кўрма. Энди сен бу ерда ҳеч ким эмассан. Мен сени ишдан бўшатаман. Хоҳлаган томонингга жўна.
Бобо аламли кулимсираб отни қайтариб отхонага олиб кирди. Мўмин қўққисдан беҳад кексайиб ва чўкиб қолгандек бўлди. У чориғини шапиллатиб, атрофга боқмай борарди.
Бола бобоси тортган жабрдан бўғилиб, йиғлаганини ҳеч кимга кўрсатмаслик учун дарё қирғоғи бўйлаб чопиб кетди. Оддидаги сўқмоқни туман босганидан гоҳ кўз илғамас, гоҳ яна оёғи остида кўриниб қоларди. Бола кўз ёшларини оқизиб чопиб борарди. Мана унинг суюкли харсанглари: «танк», «бўри», «эгар», «ётоқ туя». Бола уларга ҳеч нима демади: улар ҳеч нима тушунмайди, жойида қотиб тургани-турган. Бола фақат «ётоқ туя»нинг ўркачини қучоқлади ва сарғиш тошга энгашиб, иложсиз дард-у ҳасрат ўтида ўртаниб ҳўнграб йиғлади. У йиғлай-йиғлай юрагини бўшатди ва тинчланди.
Охири бошини кўтариб, кўзини артди-да, олдинга қараб донг қотиб қодди.
Нақ унинг рўпарасида, нариги қирғоқда, сувда учта буғу турарди. Ҳақиқий буғулар. Тирик. Улар сув ичгани келган, энди ташналикни қондирганга ўхшарди. Биттаси - энг катта шохлиси яна сувга бошини эгиб сув симирар экан, сувга гўё шохларини ойнада кўрмоқчи бўлиб тикилаётгандек туюларди. У қўнғир тусли, кўкракдор ва кучли эди. Бошини силкитганда юнгли, оқиш лабидан томчилар сачраб тушди. Эркак буғу қулоқларини қимирлатиб болага диққат билан разм солди.
Лекин ҳаммасидан ҳам кўра майда шохли, икки биқини дўппайган оқ буғу болага кўпроқ тикилди. Унинг шохлари калтароқ, лекин жуда чиройли, худди Шохдор она буғунинг ўзгинаси эди. Кўзлари шаҳло, тип-тиниқ. Ўзи эса ҳар йили биттадан қулунлайдиган қоматдор бияга ўхшайди. Шохдор она буғу бу хум калла, шалпанг қулоқ болани қаерда кўрганини эслаётган-дай, унга кўз узмай қараб турди. Унинг кўзлари намли ялтираб, узоқдан ёниб турарди. Бурнидан енгил ҳовур кўтариларди. Унинг ёнгинасида шохсиз буғуча орқасини ўгириб толнинг новдасини кемирарди. Унинг ҳеч нима билан иши йўқ. Семиз, ғайратли, қувноқ. У бирдан новда кемиришни қўйди-да, дикирлаб елкаси билан она буғуга туртиниб кетди ва унинг атрофида ўйноқлаб, эркалана бошлади. Ўзининг шохсиз бошини Шохдор она буғунинг биқинига ишқалади. Шохдор она буғу бўлса ҳамон болага тикилиб турарди.
Бола нафасини ичига ютиб, тошлар панасидан чикди ва худди тушдагидай, қўлларини олдинга чўзиб қирғоққа, сувнинг ўзига яқин келди. Буғулар ҳеч бир ҳуркмади, нариги қирғоқдан унга бамайлихотир қараб тураверди.
Ўртада, сув остидаги тошлар устидан ирғишлаб, тезоқар, кўм-кўк тиниқ дарё қайнаб оқиб ётарди. Агар уларни айириб турган шу дарё бўлмаганда гўё буғуларнинг олдига бориб уларга қўл теккизиш мумкиндай эди. Буғулар текис, тоза шағал устида туришарди. Уларнинг орқасида, шағал тугаган жойда зич ўрмоннинг кузги хазонрезгиси алвон тусда товланарди. Ундан юқорида - жар тепасида қарағай ва тоғ тераги ял-ял ёнади. Ундан ҳам юқорироқда чексиз ўрмон-у тоғ тизмасидаги оппоқ қор кўзга ташланади.
Бола кўзларини юмди ва яна очди. Кўз олдида ҳамон ўша манзара, олтин япроқли дарахтзордан сал берирокда, топ-тоза шағал устида ҳамон ўша эртаклардаги буғулар турарди.
Мана улар бурилди-да, тизилганча шағалдан ўрмон томонга юриб кетди. Олдинда - катта буғу, ўртада шохсиз буғуча, улар ортида Шохдор она буғу. У қайрилиб, болага яна бир бор қараб қўйди. Буғулар дарахтзорга кириб, буталар оралаб кетди. Улар тепасида қизил новдалар чайқалар ва олтин япроқлар уларнинг таранг ва силлиқ елкасига тўкиларди.
Кейин улар сўқмоқдан жар томон юқорига кўтарилди ва шу ерда тўхтади. Болага гўё буғулар яна қараб тургандек туюдди. Катта буғу бўйнини чўзиб ва шохларини орқасига ташлаб худди карнайдай садо солди: «Ба-ба!» Унинг овози жар ва дарё устида узоқ акс садо бериб таралди: «А-а!»
Шундагина боланинг ҳуши жойига келди. У оёғини қўлга олиб таниш сўқмоқдан уйга чопиб кетди. У жонининг борича чопарди. Ҳовлидан ғизиллаб ўтиб, эшикни ланг очиб, энтикканча, остонадан туриб қичқирди:
— Бобо! Буғулар келди! Буғулар! Улар шу ерда! Бир бурчакда ғамгин ва жимгина ўтирган Мўмин бобо унга бир қараб қўйди-ю, ҳеч нима демади, гап нима ҳақда эканлигини аниқ тушунмади.
— Ўчир, овозингни! - дўқ қидди кампир. - Келса келибди-да, ҳозир улардан ҳам бошқа ташвиш кўп.
Бола жимгина чкқиб кетди. Ҳовли кимсасиз эди. Куз қуёши ғира-шира яланғоч тоғ тизмалари - Қоровултоғ ортига ботди. Қуёш ҳароратсиз қуюқ шафағи билан тоғларни лола рангига буркарди. Муз қотган шафақ бу ердан кузги тоғ чўққиларига беқарор шуъла сочиб турарди. Ўрмонга ғира-шира қоронғилик чўкди.
Изғирин турди. Бола эти увушиб қалтирай бошла-ди.

Олтинчи Боб
Тўшакка кирганида ҳам эти увушиши қолмади. Анчагача ухлай олмади. Ҳовлига аллақачон қоронғилик чўккан. Боши зирқирарди. Лекин у миқ этмасдан ётарди. Унинг оғриб қолганини ҳеч ким билмасди. Унутгандилар.
Бу ерда уни унутмай ҳам нима қилишсин!
Бобо бутунлай тинчини йўқотиб қўйди. Ўзини қўярга жой тополмасди. Гоҳ ташқари чиқар, гоҳ ичкари кирар, гоҳо ачиниш билан чуқур нафас олиб ўтириб олар, гоҳо турарди-да, қаергадир кетарди. Кампир бўлса чолга дакки берар ва айни пайтда у ҳам тинмай гоҳ у ёққа, гоҳ бу ёққа юрар, ҳовлига чиқар ва яна зум ўтмай қайтиб кирарди. Ҳовлида қандайдир ноаниқ, узуқ-юлуқ овоз эшитилди, кимнингдир шошилинч оёқ шарпаси, кимнингдир сўкиниши қулоққа чалинарди, афтидан, Ўразқул яна сўкина бошлаганди, аллаким энтикиб-энтикиб йиғларди...
Бола ўринда жимгина ётар, барча овоз ва оёқ шарпаларидан, уйда ва ҳовлида юз бераётган бутун воқеалардан чарчоғи ортар эди.
У кўзини юмиб олди. Ўзининг ёлғизлигини, унутилганини сездирмай, бугун кўпдан бери орзу қилиб юрган нарсасини кўрганини эслай бошлади. У катта дарё қирғоғида турарди, Сув шунчалик тез оқардики, унга узоқ тикилиб туриш мумкин эмасди, кўз тиниб, бош айланиб кетарди. Дарёнинг нариги қирғоғида эса унга буғулар қараб турарди. У кечга яқин кўрган ўша учала буғу ҳозир ҳам ўша жойида эди. Ҳамма-ҳаммаси унинг кўз олдида қайта такрорлана бошлади. Шохлари катта эркак буғу бошини сувдан кўтарганда унинг намли лабларидан яна ўша сув томчилари оқиб тушди. Шохдор она буғу эса худди аввал кўргани сингари меҳрибонлик билан тикилиб турарди. Унинг кўзлари катта-катта, қоп-қора ва намли эди. Бола ҳайратда қолди, Шохдор она буғу худди одамларга ўхшаб, худди бобоси сингари ғамгин ва аянчли хўрсинар эди. Кейин улар буталар орқали дарахтзорларга кириб кетди. Буғулар устида қизил новда чайқалар ва олтин япроқлар уларнинг таранг, силлиқ елкасига учиб тушарди. Улар жар бўйига кўтарилиб, шу ерда тўхтади. Катта буғу бўйнини чўзиб, шохларини елкаси оша орқасига ташлаб «Ба-ба!» дея карнайдай садо солди. Бола унинг овози дарё устида узоқ янграб турганини эслаб, ўзича жилмайиб қўйди. Шундан кейин буғулар ўрмонга кириб, ғойиб бўлди. Лекин бола улардан ажралишни истамасди. У ўзи истаган нарсаларни яна кўриш учун хаёл сура бошлади.
Яна тезоқар улкан дарё кўзи олдидан шиддат билан оқиб ўта бошлади. Оқим тезлигидан унинг боши айланди. У бир сакради ва дарё устидан учиб ўтди. Ҳамон қумлоқда ётган буғулар яқинига енгил ва оҳиста қўнди. Шохдор она буғу уни ёнига чақирди:
— Сен кимнинг боласисан?
Бола индамади. У кимнинг боласи эканлигини айтишга уяларди.
— Биз бобом билан сени жуда яхши кўрамиз, Шохдор она буғу. Биз сени анчадан бери кутаётган эдик, - деди.
— Мен ҳам сени биламан. Сенинг бобонгни ҳам. У яхши одам, - деди Шохдор она буғу.
Бола севиниб кетди. Лекин ўз миннатдорчилигини қандай баён этишни билмасди.
— Истасанг, балиққа айланаман-у, дарё бўйлаб сузиб Иссиқкўлга, оқ кемага етиб бораман, - деди бола тўсатдан.
У бунинг уддасидан чиқа оларди. Бироқ Шохдор она буғу унга ҳеч нима демади. Шунда бола ечина бошлади ва худди ёздагидек, дарё ёқасида толнинг шохидан ушлаб, сувга тушди. Сув иссиқ ва димиққан эди. У кўзи очиқ ҳолда сув тагидан сузиб кетди. Сон-саноқсиз олтин қум доначалари майда сув ости ўтлари билан қўшилиб гирдоб ҳосил қиларди. Унинг нафаси бўғила бошлади. Иссиқ оқим эса уни ҳамон олиб кетарди.
— Ёрдам бер, Шохдор она буғу, ёрдам бер менга, мен ҳам сенинг фарзандингман, Шохдор она буғу! - дея бақирди у.
Шохдор она буғу унинг ортидан қирғоқ бўйлаб югурди. У шундай тез югурдики, ҳаво визиллаб кетди.
Бола устидаги кўрпани отиб ташлади ва дарҳол енгил тортди. У терлаб-пишган эди. Лекин бундай пайтларда бобоси уни яна яхшироқ ўраб қўйишини эслаб, кўрпага ўралиб олди. Уйда ҳеч ким йўқ эди. Чироқ пилиги ёниб тугаган, шунинг учун ҳам у хонани хирагина ёритиб турарди. Бола ўрнидан турмоқчи, сув ичмоқчи бўлди, лекин ташқаридан қандайдир кескин овоз зшитилди. Кимдир бировга бақирди, аллаким йиғлади, кимдир уни яна юпантирди. Ғала-ғовур, оёқ шарпаси эшитилди. Кейин нақ дераза тагидан уҳ тортиб икки киши ўтди. Улар бир-бирини етаклаб бораётгандек эди. Эшик тарақлаб очилди, кампир жаҳл билан ҳарсиллаганича Мўмин бобони уй ичига итариб юборди. Бола бобосининг бунчалик қаттиқ қўрққанлигини ҳеч қачон кўрмаган эди. Афтидан, у ҳеч нарсани англамасди. Чолнинг кўзлари бесаранжом жавдирарди. Кампир уни кўкрагидан итариб, ўтиришга мажбур қилди:
— Ўтир, ўтир, аҳмоқ чол, сўрамаса аралашиб нима қиласан. Биринчи марта шундай бўляптими уларда. Ҳаммаси яхши бўлсин десанг, тумшуғунгни суқмай тек ўтир. Нима десам, шуни қил. Эшитяпсанми? У биз билан дўстлашмоқчи эмас, балки дунёдан бездирмоқ-чи, тушуняпсанми? Кексайганда қаерга ҳам борамиз? Қаерга? - Кампир шундай деди-ю, зшикни тарақлатиб ёпиб, шошганича чиқиб кетди.
Уй яна жимиб қолди. Фақат чолнинг хириллаган, узуқ-юлуқ нафас олиши эшитилиб турарди. У ўчоқ ёнида чўнқайганча бошини қалтираётган қўллари орасига олиб ўтирарди. Бирдан чол тиз чўкди ва қўлларини чўзиб, кимгадир зорланганча илтижо қила бошлади:
— Ол мени, олиб кет, бу толеи пастни! Унга фарзанд ато қил! Унга қарасам юрак-бағрим қон бўлади. Ҳеч бўлмаса биттагина тирноқ ато эт, раҳминг келсин бизга...
Чол йиғлаганча гандираклаб ўрнидан турди-да, деворни ушлаб бориб, эшикни очди. У ташқари чиқди, эшикни ёпди ва эшик ортида кафти билан оғзини беркитиб ич-ичидан ўксиниб йиглади.
Бола ночор аҳволда қолди. У яна қалтирай бошлади. Ўзини гоҳ иссиққа, гоҳ совуққа отарди. У турмоқчи, бобоси ёнига бормоқчи бўлди. Лекин қўл-оёқлари унга итоат қилмас, боши зирқираб оғрирди. Чол эшик орқасида юм-юм йиғлар, ҳовлида эса яна бадмаст Ўразқул тўполон кўтарарди, Бекей хола дод-фарёд солиб йиғларди. Икки томонни ҳам Гулжамол билан буви ялиниб-ёлвориб тинчитишди.
Бола ўз хаёл дарёсига чўмган эди.
У яна ўша тезоқар дарё ёқасида. Иккинчи соҳилда, шағал устида эса худди ўша буғулар турибди. Шунда бола илтижо қилди: «Шохдор она буғу, Бекей холага шохингда бешик олиб кел. Сендан ўтиниб сўрайман, уларга бешик олиб кел. Уларда ҳам фарзанд бўлсин». Ўзи бўлса сув юзасидан Шохдор она буғу томон югургилаб кетди. У сув юзасидан чопиб борар экан, қулаб тушмасди, шу билан бирга, соҳилга ҳам яқинлашолмасди, худди бир жойда депсиниб туриб қолгандек эди. У ҳамма вақт Шохдор она буғуга ялиниб-ёлворарди. «Сен шохингда бешик олиб кел. Шундай қилгинки, бобомиз йиғламасин, шундай қилгинки, Ўразқул амаки Бекей холани урмасин, шундай қилгинки, уларда фарзанд туғилсин. Мен ҳаммаларини севаман, Ўразқул амакини ҳам севаман, сен унга фақат фарзанд бер. Уларга шохингда бешик олиб кел...»
Болага узоқдан қўнғироқча жаранглагандай эшитилди. У тобора кучлироқ жарангларди. Она буғу тоғ бўйлаб югурарди, у бешикни - қайиндан ясалган қўнғироқчали бола бешигини бандидан шохларида кўтарганча келтираётган эди. Бешик қўнғироқчасининг жаранги ҳаммаёққа тарала бошлади. Шохдор она буғу жуда шошилаётган эди. Қўнғироқча овози тобора яқинлаша бошлади.
Бу ниманинг овози? Қўнғироқча жарангига моторнинг узоқдан гуриллаган овози жўр бўлди. Қаердадир юк машинаси келарди. Машинанинг гуриллаши тобора кучайиб, аниқроқ эшитиларди, қўнғироқчанинг жаранги эса худди ундан чўчигандай узуқ-юлуқ эшитила бошлади, кўп ўтмай эса уни моторнинг гуриллаши бутунлай босиб кетди.
Бола темирларни шарақлатиб, ҳаммаёқни ларзага солиб ҳовлига оғир машина келиб тўхтаганини эшитди. Ит ҳуриганча ташқарига отилди. Дераза ойнасига бир зум чироқ ёруғининг акси тушиб турди-ю, шу заҳотиёқ ўчди. Айни чоғда моторнинг овози ҳам жимиб қолди. Кабина эшиги тарақлаб ёпилди. Келган кишилар, афтидан, учовлон бўлса керак, ўзаро гаплашиб, бола ётган дераза ёнидан ўтиб кетишди.
— Сейдаҳмад келди, - бирдан Гулжамолнинг қувончли овози янгради, унинг эри томон шошилаётгани эшитилиб турарди. - Биз бўлсак кутавериб, тоқатимиз тоқ бўлди!
— Ассалому алайкум, - жавоб қилишди унга нотаниш кишилар.
— Хўш, тинч ўтирибсизларми? - сўради Сейдаҳмад.
— Шукур. Нега мунча кеч?
— Шунисига ҳам шукур. Совхозгача етиб келдим, йўловчи машиналарни кутаман-кутаман, қани кела қолса. Ҳеч бўлмаса Жилисойгача етиб олсам дейман. Бир маҳал мана булар ёғоч олиб кетгани бизнинг томонимизга келишаётибди, - дея ҳикоя қиларди Сей-даҳмад. - Тоғ оралиғи қоронғи. Йўлни ўзинг биласан...
— Ўразқул қани? Уйдами? - қизиқиб сўради келганлардан бири.
— Уйда, - иккиланиб деди Гулжамол. - Сал тоби қочибди. Ташвишланманглар. Бизда тунаб қоласиз, жой бўлса бор. Юринглар.
Улар рози бўлишди. Лекин бир неча қадам босгач, тўхтаб қолишди.
— Ассалом, оқсоқол. Ассалому алайкум, бойбича. Келганлар Мўмин бобо ва кампир билан саломлашишди. Чол билан кампир ҳам уятга қолмаслик учун уларни ҳовлида кутиб олишди. Балки Ўразқул ҳам уялар? Ишқилиб, ўзини ва бошқаларни уятга қўймасин-да.
Бола бир оз тинчланди. Умуман, у ўзини енгил ҳис эта бошлади. Боши ҳам унчалик оғримаётган эди. Ҳатто ўрнидан туриб, машинани кўздан кечирмоқчи бўлди: у қанақа, тўрт ғилдираклими ёки олти ғилдираклими? Янгими, эскими? Прицепи қанақа? Ўтган ёзда уларнинг уйига ҳатто ҳарбий юк машинаси ҳам келганди - ғилдираклари баланд, худди тумшуғи кесиб олингандек эди. Ёш солдат шофёр болани кабинага ўтирғизган эди. Қандай яхши! Олтин ранг погонли ҳарбий киши эса Ўразқул билан бирга ўрмонга тушиб кетишди. Қанақаси бу? Ҳеч бунақаси бўлмаганди-ку.
— Сизлар жосусни излаяпсизми? - сўради бола солдатдан. У жилмайиб қўйди.
— Ҳа, жосусни излаяпмиз.
— Бизникига ҳали биронта ҳам жосус келгани йўқ, - деди бола ғамгин.
Солдат кулиб юборди.
— Нимага керак у сенга?
— Мен уни изидан қувлаб, тутиб олардим.
— Оббо изқувар-е, ҳали ёшлик қиласан.
• Олтин рангли погонли ҳарбий киши Ўразқул билан ўрмонни айланиб юришганда, бола шофёр билан гаплашиб олди.
— Мен ҳамма машиналарни, ҳамма шофёрларни яхши кўраман, - деди бола.
— Нима учун? - қизиқиб сўради шофёр,
— Машиналар - яхши, кучли ва тез юради. Улардан ёқимли бензин ҳиди келади. Шофёрлар бўлса ёш, уларнинг ҳаммаси ҳам Шохдор она буғунинг болалари.
— Нима? Нима? - тушунмади солдат. - Қандай Шохдор она?
— Сен ҳали билмайсанми?
— Йўқ. Бунақа ғаройиботни ҳеч қачон эшитмаганман.
— Сен ўзинг кимсан?
— Мен қарағандалик қозоқман. Шахтёрлар мактабида ўқиганман.
— Буни сўраётганим йўқ, сен кимнинг фарзандисан?
— Ота-онамни.
— Улар кимники?
— Улар ҳам ота-онасининг фарзандлари.
— Улар-чи?
— Эй, оғайни, шу зайлда тўхтовсиз савол бериб, суриштиравериш мумкинми, ахир.
— Мен бўлсам Шохдор она буғу фарзандларининг фарзандиман.
— Буни ким айтди сенга?
— Бобом.
— Ҳарқалай, тўғри эмас, - солдат иккиланиб, бош чайқади.
Бу катта бошли, шалпангқулоқ боланинг Шохдор она буғу авлоди эканлиги уни қизиқтириб қўйди. Солдат ўз авлоди қаердан тарқалганини билмаслиги маълум бўлиб қолганлигидангина эмас, ҳатто етти пуштини билмаслигидан бир оз хижолат ҳам тортди. Солдат фақат ўз отасини, бобосини ва бобокалонини биларди, холос. Бошқалари-чи?
— Сенга етти ота-боболарнинг номларини эсда тутишни ўргатишмаганми? - деб сўради бола.
— Ўргатишмаган. Нимага керак бу? Мен улар ҳақида ҳеч нимани билмасам ҳам, ҳамма қатори бинойидек яшаяпман.
— Бобом, агар одамлар ўз ота-боболарини билмасалар, улар айниб кетади, дейди.
— Ким айнийди? Одамларми?
— Ҳа.
— Нима учун?
— Бобом айтадики, унда ҳеч ким ёмон ишлардан ҳазар қилмайди, чунки болалар ва болаларнинг болалари ҳам уни эсламайди. Шунингдек, ҳеч ким яхши иш ҳам қилмайди. Чунки, барибир, болалар унинг яхши ишлари ҳақида эсламайди-да.
— Бобонг қизиқ экан-ку! - Солдат чинакам ҳайратда қолди. - Ғаройиб. Аммо у сенинг бошингни бўлмағур нарсалар билан гангитиб қўяётганини билмаса керак. Ахир, сенинг бошинг катта-ку... Қулоқларинг ҳам шунчалик каттаки, худди бизнинг полигонимиздаги локаторларга ўхшайди. Сен унинг гапларини тинглама. Коммунизмга боряпмиз, космосга учяпмиз, у бўлса сени нимага ўргатяпти? Уни бизга, сиёсий машғулотга олиб боришса борми, бир зумда маълумотли қилиб қўярдик. Сен ўсиб, ўқиб-ўрганиб олганингдан сўнг бобонгдан воз кечиб қўя қол. У нодон, маданиятсиз киши.
— Йўқ, мен ҳеч қачон бобомни ташлаб кетмайман, - эътироз билдирди бола. - У яхши.
— Ҳозирча шундай. Кейинроқ тушуниб оласан. Ҳозир овозларга қулоқ солиб турар экан, бола ўша ҳарбий машиналарни эслади. У ўшанда солдатга нима учун бу ердаги шофёрлар, айниқса, у билган шофёрлар Шохдор она буғунинг фарзандлари эканлигини яхшилаб тушунтириб беролмаган эди.
Бола унга тўғрисини айтди. Унинг сўзларида ҳеч қандай уйдирма йўқ эди. Ўтган йили худди шундай куз палласида, эҳтимол, сал кечроқмиди, пичан олиб кетиш учун тоққа совхоз машиналари келган эди. Улар қоровулхонанинг ёнидан эмас, балки унга бир оз етмасдан Арчадарага олиб борадиган йўлга бурилишди сўнг юқорилаб бориб, ёзда ўриб қўйилган пичанлар томон кетишди. Қоровултоғдаги моторларнинг мислсиз гуриллашини эшитган бола йўлнинг айрилишига қараб чопиб кетди. Бирданига шунча машина! Бирининг кетидан бири тизилишиб кетган. Бутун бир колонна. У машиналардан ўн бештачасини санади.
Ҳаво айниб турибди. Бугун-эрта қор ёғиб қолиш сиёқи бор. Унда «хайр, хашаклар, келгуси йилгача» деявериш мумкин. Бу жойларда пичанни ўз вақтида ташиб олмасанг, кейин доғда қоласан. Ўтиб келолмайсан бу ерга. Афтидан, совхозда турли хил ишлар кўпайиб, вақт зиқ келиб қолганлиги учун ўриб тайёрлаб қўйилган пичанни бир йўла ташиб келтиришга қарор қилинган эди.
Бироқ бола буни билмасди. Тўғрисини айтганда, унинг нима иши ҳам бор? У ҳовлиқиб, қувонганидан ҳар бир машинанинг қаршисига чикди, бир оз ким ўзарга чопди, сўнг бошқасини қарши ола бошлади. Енгил юриб бораётган юк машиналарининг ҳаммаси яп-янги, кабиналари чиройли, ойналари эса кенг эди. Кабинада ёш йигитлар ўтиришибди. Уларнинг ҳаммаси бир хилда муртсиз, айрим кабиналарда эса иккитадан ўтиришибди. Бу шерик бўлиб ўтирганлар пичанни йиғиш ва боғлаш учун боришаётган эди. Уларнинг ҳаммаси болага чиройли, қувноқ, жасур бўлиб туюлди.
Умуман-ку, бола янглишмаганди. Ҳақиқатда ҳам шундай эди. Машиналар соз эди, улар Қоровултоғдаги шағалли, заранг йўлдан ўтгач, елдай учиб борарди. Болаларнинг вақти чоғ эди - ҳаво ҳам ёмон эмасди, бу ерда яна қаёқдандир пайдо бўлиб қолган шалпангқулоқ, катта бошли тирмизак бола ёшлик шўхликларини ичига сиғдиролмай қувонганидан ҳар бир машина қаршисида гирдикапалак бўларди! Бола яна кўпроқ севинсин ва шўхлик қилсин учун унинг хатти-ҳаракатларига кулмасдан, ҳазил аралаш қўл силкиб, пўписа қилмасдан бўлармиди...
Энг охирида келаётган юк машинаси ҳатто тўхтади ҳам, кабинадан погонсиз, ҳарбий фуражкасиз, аммо кепка кийиб олган солдат кийимидаги ёш шофёр йигит бошини чиқариб қаради.
— Яхшимисан, нима қилиб юрибсан бу ерда, а? - Очиқ юз билан болага кўз қисиб қўйди у.
— Ўзим, шундай, - бамайлихотир жавоб берди бола.
— Сен Мўмин бобонинг набираси эмасмисан?
— Ҳа-
— Ўзим ҳам шундай деб ўйлаган эдим. Мен ҳам Буғубой авлодиданман. Бу бораётган болаларнинг ҳаммаси Буғубой авлодидан. Пичанга боряпмиз. Эндиги Буғубой авлодлари бир-бирини билишмайди ҳам, тарқалишиб кетган... Бобонгга салом айт. Қулибекни, Чўтбойнинг ўғли Қулибекни кўрдим деб айтгин. Қулибек армиядан қайтиб келиб, совхозда шофёр бўлиб ишлаяпти экан, дегин. Хайр, омон бўл, - хайрлашиш олдидан у болага қандайдир ҳарбий значок совға қилди. Жуда ғалати. Орденга ўхшаб кетади.
Машина қоплон каби бўкириб шериклари ортидан шамолдай учиб кетди. Ногаҳон болада Буғубой авлодидан бўлган акаси - бу оқ кўнгил, мард йигит билан бирга кетиш иштиёқи туғилиб қолди. Аммо йўл ҳувиллаб қолган бўлиб, у уйга қайтишга мажбур бўлди. Қайтаркан, бобосига учрашув ҳақидаги таассуротларини гапириб берди. Значокни бўлса кўкрагига тақиб олди.
Ўша куни кечқурун осмон гумбази остидаги тизма тоғлардан қаттиқ шамол - Сан-Тош шамоли тура бошлади. У бўронга айланди. Ўрмон япроқлари қуюндек осмонга учиб чиқиб тобора кўкка ўрлар, гувиллаганча тоғ чўққисида ўйнарди. Зум ўтмай ҳаво шундай бузилдики, кўз очиб бўлмай қолди. Бирдан қор учқунлай бошлади. Ана-мана дегунча ер юзи оқ чойшабга бурканди, ўрмонлар чайқалди, дарё жўш урди. Қор тушди, у буралиб-буралиб ёғарди.
Бир амаллаб молларни ҳайдашга, ҳовлидаги у-бу нарсаларни йиғиштиришга, иложи борича уйга мўл ўтин олиб келишга зўрға улгуришди. Кейин эса уйдан чиқмай қамалиб олишди. Бундай эрта тушган изғирин совуқда ким ҳам эшикка чиқади дейсиз.
— Бунинг кимга кераги бор? - ҳайратланиб ташвишланарди Мўмин бобо ўчоққа ўтин қаларкан. У шамолнинг ҳуштак чалишига ҳамон қулоқ тутар, дераза олдига бориб ташқарини кузатарди. Дарча ортида гир айланиб ёғаётган қор ҳаш-паш дегунча уюлиб қолган эди.
— Ўтир ўрнингга! - минғиллади буви. - Биринчи марта шундай бўляптими? «Бунинг кимга кераги бор?» эмиш, - такдид қилиб масхаралади кампир. - Қиш қишлигини қилиши керак-да.
— Бир кунда-я...
— Бўлмаса-чи? Сендан сўраб ўтирармиди? Вақт-соати келибди, ёғадида.
Ўчоқ мўриси увиллай бошлади. Бола олдин бобосига хўжалик ишларида ёрдам бериб, совуққа қотди, бироқ ўтин тезда қизишиб ёниб кетгандан сўнг уй ичи исиб қолди. Ҳаммаёқни дуд аралаш қарағай смоласининг ҳиди қоплади. Исиниб олгач, боланинг ҳам кўнгли жойига тушди.
Кейин овқатланишди. Сўнг ухлаш учун ўринга киришди. Ҳовлида эса қор бўралар, шамол увилларди.
«Ўрмонда балки жуда қўрқинчлидир», - ўйлади бола ойна ортидаги гувиллашга қулоқ солиб, у баногоҳ қандайдир англаб олиш қийин бўлган овозларни, шовқин-суронларни эшитиб, ўзини қўярга жой тополмай қолди. Кимдир бировни чақирди, кимдир унга жавоб қайтарди. Дастлаб болага шундай туюлаётгандай бўдди. Шундай пайтда қоровулхонага ким ҳам келарди? Бироқ Мўмин бобо ва кампир ҳушёр тортишди.
— Одамлар, - деди кампир.
— Ҳа, - ишонқирамай деди чол. Кейин безовталана бошлади: - Бемаҳалда ким бўлди? - у тезгина кийина бошлади.
Кампир ҳам шошиб қолди. Туриб, лампа чироқни ёқди. Бола ҳам нимадандир чўчиб, туриб кийинди. Бу орада одамлар уйга яқинлашиб келишди. Ғовур-ғувур, оёқ товушлари. Номаълум одамлар қорни ғарчиллатиб босиб, айвонга келганларида оёқларини қоқиб, тақиллата бошладилар.
— Оқсоқол, эшикни очинг! Совқотдик!
— Кимсизлар?
— Ўзингизники.
Мўмин эшикни очди. Қорда, изғирин шамодда совқотган кишилар уйга бостириб кириб келишди. Булар кундузи Арчадара томонга пичан ортишга кетган ўша ёш шофёрлар эди. Бола уларни дарҳол таниди. Унга ҳарбий значок тақдим қилган Қулибек ҳам бор эди. Улар бировни қўлтиғидан ушлаб олиб киришди. У инграрди, оёғини судраб босарди. Уйда бирдан қий-чув кўтарилди.
— Астағфирулло! Нима бўлди сизларга? - Мўмин бобо билан кампир баравар ташвишланиб сўрашди.
— Кейин гапириб берамиз! У ёкда яна биздан етти киши келяпти. Йўлдан адашишмаса бўлгани. Қани, бу ерга ўтирчи. Оёғи қайрилиб кетди, - оқсоқ йигитни печка ёнига ўтқизаркан, тез гапирди Қулибек.
— Қолган одамларингиз қаерда? - Шошиб қолди Мўмин бобо. - Мен ҳозир бориб, уларни бошлаб келаман. Сен эса югур, - деди у болага. - Сейдаҳмадга айт, тезлик билан электр фонарини олиб келсин.
Бола уйдан отилиб чиқди ва ҳовлиққанидан нафаси бўғзига тиқилиб қолди. Умрининг охиригача у бу даҳшатли дақиқани эсдан чиқармади. Қандайдир ҳурпайган, башараси совуқ, чинқириб даҳшат солувчи баҳайбат махлуқ унинг томоғидан бўғиб олиб силтай бошлади. Лекин бола ўзини йўқотмади. У даҳшатли чангалдан ситилиб чикди ва қўли билан бошини тўсиб ҳимоя қилганча Сейдаҳмаднинг уйига югурди. Ҳаммаси бўлиб йигирма-ўттиз қадамлик йўл унга худди узокдек бўлиб туюлди. Гўё жангчиларга кўмаклашмоқ учун олис ерга шамолдек елиб бораётгандек эди. Унинг қалби мардлик ва жасурлик кўрсатиш иштиёқи билан тўлиб-тошган эди. У назарида ўзини қудратли ва енгилмас кучга эга экандек ҳис этди, ҳатто Сейдаҳмаднинг уйига етиб боргунча ҳам шундай қаҳрамонона ишлар қилишга улгурдики, қойил қолмай илож йўқ. У тубсиз жарликлар орқали тоғдан тоққа сакраб ўтди, қилич билан душман тўдасини яксон қилди, дарёда чўкаётганни, ўтда куяётганни халос этди, қизил байроғи ҳилпираб турган реактив қирувчи самолётда дара ва қоялар сари ундан қочиб бораётган даҳшатли қора махлуқни қувди. Унинг реактив қирувчи самолёти махлуқ ортидан ўқдек учиб ўтарди. Бола ггулемётдан ўқ узиб, «фашистларни қир!» деб қичқирарди. Ҳамма жойда Шохдор она буғу уни қўллаб-қувватлади. Буғу ўз фарзанди билан фахрланарди. Бола Сейдаҳмаднинг уй эшигига келиб етганда, она буғу унга: «Энди менинг болаларимни, ёш шофёрларни қутқариб қол!» - деди. «Мен уларни қутқараман, Шохдор она буғу, азбаройи худо, қасам ичаман!», - деди бола овоз чиқариб ва эшикни қоқа бошлади.
— Тезроқ, Сейдаҳмад амаки, бизникиларни қутқариб қолайлик, юринг! - У бу сўзларни шундай таъсирли қилиб айтдики, Сейдаҳмад ва Гулжамол қўрқувдан жойида турганча туриб қолишди.
— Кимни қутқариш керак? Нима бўлди?
— Бобом электр фонари билан тезда чопиб келсин, совхоздан келган шофёрлар йўлда адашиб қолишибди деб айтгин, дедилар.
— Аҳмоқ, - сўкиб берди уни Сейдаҳмад. - Шундай десанг бўлмайдими? - У отланиш учун югуриб кетди.
Лекин бу ҳолат болани ҳеч қанча ранжитмади. Сейдаҳмад унинг бу ерга келгунча қанчалик жасорат кўрсатганини, қасам ичганини қаердан билсин. Бола шофёрларнинг етталови ҳам Мўмин бобо билан Сейдаҳмад томонидан қоровулхонанинг ёнидан тезда топилиб уйга олиб келинганда ҳам унчалик ажабланмади. Шундай учрашув содир бўлмаслиги ҳам мумкин эди-ку! Хатарнинг олди олинса у енгил кўчиши мумкин... Умуман олганда, бу адашган кишилар ҳам топилди. Сейдаҳмад уларни уйига олиб кетди. Ҳатто Ўразқулникида тунаш учун ҳам беш киши юборилди. - Уни ҳам уйғотишга тўғри келди. Бошқалари эса Мўмин бобонинг уйига тиқилиб қолишди.
Қор бўрони тоғда ҳали ҳам тўхтамаганди. Бола айвонга югуриб чикди ва дақиқа ўтмай ўнг ва сўли қайси, баланд ва пасти қайси, тупгуна олмай қолди. Ҳавонинг қовоғи солиқ, гўё доира шаклида айланаётгандек эди. Қор эса тизза бўйи бўлиб қолганди.
Мўмин бобо совхоз шофёрларининг ҳаммаси топилиб, исиниб олгач ва совуқдан, хавф-хатардан қутулиб кўнгиллари тинчигач, воқеа тушунарли бўлса ҳам йўлда, қор бўронида қандай ҳодиса юз берганини секин-аста суриштира бошлади. Йигитлар ҳикоя қилиб беришди, чол-кампир эса хўрсиниб-хўрсиниб қўйишарди.
— Бай, бай-ей, - дея содир бўлган ҳодисадан ҳайратда қолишар ва қўлларини кўксига қўйиб худога шукроналар айтишарди.
— Бунчалик енгил кийинмасаларинг-а, болалар, - ўпкалади кампир иссиқ чойдан қуяркан. - Тоққа шундай кийим билан келиш мумкинми, ахир. Боласизларда, бола. Ўзингизга зеб берасиз, шаҳарликлардек бўлай дейсиз. Агар йўл топа олмай эрталабгача қолиб кетганларингизда борми, худо кўрсатмасин? Нақ музлаб қолардиларингиз.
— Ким билсин бундай бўлишини, - деб жавоб берди Қулибек. - Иссиқ кийиниш нега керак? Бирон нарса бўлса ичкарида машина иситиб қўяди. Худди уйингдагидек ўтириб, баранкани айлантиравер. Самолётдачи, мана бу тоғлар у ердан тепачалардек кўринади - борт ташқарисида қирқ даража совуқ бўлса, ичкарида одамлар кўйлакчан юришаверади.
Бола пўстинга ўралиб шофёрлар ўртасида ётарди. У Қулибекнинг ёнига тиқилиб олиб катталарнинг суҳбатини бутун вужуди билан тингларди. Бирдан бўрон кўтарилиб, бу йигитлар уларнинг уйидан бошпана излашга мажбур қилганидан ҳатто у хурсанд бўлганини ҳеч ким хаёлига ҳам келтирмади. У бўрон узоқ кунлар, ҳеч бўлмаганда уч кун давом этишини ич-ичидан жуда истарди. Майли, улар шу ерда яшайверсинлар. Улар билан вақт ўтказиш қандай яхши. Қизиқарли. Бобоси, афтидан, ҳаммасини таниркан. Ўзларинигина эмас, оталари ва оналарини ҳам биларкан.
— Мана, кўрдингми, - бобо набирасига ҳатто бир оз ғурурлангандек деди, - ўз акаларингни, Буғубой авлодларини кўрдинг. Уларнинг кимлигини билиб оласан. Қара, қандай улар! Эй, ҳозирги йигитлар бўйчан бўлиб ўсишяпти-да. Худойим сизларни ўз паноҳида асрасин. Қирқ иккинчи йили қишда бизни Магнитогорскка қурилишга олиб келишгани эсимда...
Бобо набирасига яхши таниш бўлган тарихни ҳикоя қилишга тутиниб, уларни мамлакатнинг турли бурчакларидан чақирилган меҳнат армиясини бўйга қараб узайиб кетган сафга тортишганида қирғизларнинг деярли ҳаммаси паст бўйли бўлганлиги ва сафнинг охирига тушиб қолганлиги ҳақида сўзлаб берди. Йўқлама ўқиб бўлинганидан сўнг папирос чекишга рухсат берилди. Сарғишдан келган давангирдек бир йигит келиб, баланд овозда:
— Булар қаердан? Манжурларми ё? - деди. Уларнинг орасида кекса ўқитувчи ҳам бор эди. У шундай жавоб берди:
— Биз қирғизлармиз. Биз бу ердан унча узоқ бўлмаган жойда манжурлар билан жанг қилганимизда Магнитогорскдан ном-нишон ҳам йўқ эди. Бўйимиз эса худди сеникидек эди. Урушни тамомлаганимиздан сўнг яна ўсамиз...
Бобо ўша ўтмиш воқеани эсга олди. Жилмайиб, қониқиш билан яна бир бор ўзининг тунги меҳмонла-рига кўз ташлади.
— Ўша ўқитувчи тўғри айтган экан. Шаҳарда бўлганимда ёки кўчада келаётиб назар ташлайман: ҳозирги авлод илгаригисига ўхшамай, бўйчан ва кўркам бўлиб етишмокда.
Тушунган йигитлар секин кулиб қўйишди - чол чақчақлашишни яхши кўради.
— Ҳа, бўйчанмиз, бўйчан, - деди улардан бири. - Машинани бўлса пастликка ағдариб юбордик. Шунча киши бўла туриб кучимиз етмади...
— Хашак юкланган бўлса, бунинг устига яна шундай қор бўронида уддасидан чиқиб бўлармиди, - уларни оқлай бошлади Мўмин бобо. - Шунақаси ҳам бўлади. Худо хоҳласа, эртага ҳаммаси жойида бўлади. Энг муҳими, шамол тинсин.
Йигитлар бобога юқоридаги, Арчаясси тоғидаги пичанларга машинада қандай етиб борганларини гапириб беришди. У ерда учта катта пичан ғарами турарди. Учала ғарамни ҳам бир йўла юклашга киришдилар. Юклаганда ҳам баланд қилиб, ҳатто томдан ҳам баланд қилиб юклашди. Кейин юқоридан арқонга осилиб тушишга тўғри келди. Шундай қилиб, бирин-кетин ҳамма машиналарга пичан юкланди. Кабина кўринмас, фақат олд ойналар, капот ва ғилдираклар кўриниб турарди. Келарга келиндими, яна овора бўлиб юрмасдан, ҳаммасини биратўла олиб кетишмоқчи бўлишганди. Улар ҳозир олиб кетишмаса бу пичанлар келгуси йилгача қолиб кетишини билардилар. Ғайрат билан ишладилар. Кимнинг машинаси тайёр бўлса, четга чиқариб қўйиб бошқасига юклашга ёрдамлашар эдилар. Улар қарийб ҳамма хашакни юклашди, бироқ икки аравачаси қолди, холос. Чекиб олишди, ким кимнинг ортидан ҳайдашини келишиб олишди ва ҳаммалари тизилиб йўлга тушишди. Машинани секин-аста ҳайдашди. Қоронғида тоғдан сирғалиб кетишларига оз қолди. Пичан енгил юк бўлса ҳам олиб бориш қийин, айниқса, тор жойларда, бурум йўлларда хавфли.
Улар боришаркан, олдинда нима кутаётганини хаёлларига ҳам келтиришмасди.
Улар Арча тепалигидан тушиб, дара бўйлаб кетишарди. Дарадан чиқишда эса кечга яқин бўронга дуч келишди. Қор ура бошлаган эди.
— Шундан бошлаб бирпасда елкалар увиб қолди, - дея ҳикоя қила бошлади Қулибек. - Бирдан қоронғилик босиб, шунақанги шамол уриб бердики, нақ бўлмаса қўлингдан баранкани тортиб олгудек эди. Ана-мана дегунча машинани ағдариб юбораётгандек одамни ваҳима босади. Яна бунинг устига йўл шунақа ёмон-ки, ҳатто кундуз куни ҳам юриш хавфли.
Бола нафасини ичига ютиб, чақноқ кўзларини Қулибеқдан узмай жимгина тингларди. Ҳикоя қилинаётган ўша шамол, ўша қор ойна ортида авжига чиқмоқда эди. Кўпчилик шофёрлар ва юк ташувчилар этикларини ҳам ечмай полда ётиб ухлашмоқда. Улар нимани бошидан кечирган бўлсалар, буни қилтириқ бўйинли, катта бошли, шалпангқулоқ бу бола ҳам қайта бошидан кечирди.
Бир неча минутдан сўнг йўл кўринмай қолди. Машиналар четга чиқиб кетмаслик учун бир-бирининг изидан қолмай нуқул сигнал берарди. Машина деразаларини ва фараларини қор босди. «Тозалагичлар» эса ойнадаги қорни тозалаб улгура олмасди. Кабинадан бош чиқариб ҳайдашга тўғри келди. Бироқ бу аҳволда қанча ҳам йўл босиш мумкин? Қор бўлса заптига олиб ёғарди! Ғиддираклар оғирлашиб, деярли жойидан жилмасди. Колонна тикка тепаликка етганда тўхтади. Моторлар ўкирарди - лекин фойдасиз эди... Машиналар тоққа чиқа олмай таққа тўхтаб қолди. Кабинадан сакраб тушишиб, бир-бирларига овоз қилганларича бир машинадан иккинчисига чопиб ўтишиб, колонна бошида тўпланишди. Нима қилиш керак? Гулхан ёқиш мумкин эмас. Кабинада ўтирилаверса, қолган ёнилғи ҳам ёқиб битирилади. Усиз ҳам совхозгача аранг етиб бориш мумкин. Кабина иситилмаса музлаб қолиш ҳеч гап эмас. Йигитлар нима қилишларини билмай довдираб қолишди. Ҳамма нарсага қодир бўлган техника ҳозир ожиз. Нима қилиш керак? Кимдир машиналардан бирининг хашагини ағдариб, ичига кириб ётишни таклиф қилди. Бироқ арқонни бўшатиш биланоқ хашакдан бир тутам ҳам қолмаслиги аниқ эди: кўз очиб-юмгунча бўрон учириб кетарди. Бу орада машиналар қор уюмига тобора чуқурроқ кириб борар, ғилдираклар остидаги қор анча кўтарилиб қолган эди. Йигитлар ўзларини бутунлай йўқотиб қўйишди, изғирин суяк-суякларидан ўтиб кетди.
— Бир маҳал эсимга тушиб қолди, оқсоқол, - деб ҳикоя қиларди Қулибек Мўмин бобога. - Биз йўлда Арчадарага кетаётиб мана бу Буғубой авлодидан бўлган укамизни учратдик. - У болани кўрсатди ва эркалаб унинг бошини силади. - Йўлда чопиб юрган экан. Мен уни тўхтатиб саломлашдим. Гаплашдик. Тўғрими? Нима, ҳали ухлаганинг йўқми? Оббо, азамат-е!
Бола жилмайиб бош ирғади. Унинг қалби қувонч ва ифтихордан гурсиллаб ураётганини биров билганда эди. Буни йигитлар ичида энг кучлиси, энг ботири ва энг чиройлиси - Қулибекнинг ўзи гапириб берди. Мана шунақа бўлса киши.
Бобо ҳам ўчоққа ўтин ташларкан, уни мақтаб қўйди:
— У шунақа. Гап тинглашни яхши кўради. Анграйиб қулоқ солишини кўряпсанми?
— Ўша дақиқада у қандай эсимга тушиб қолди, ўзим ҳам билмайман, - давом этди Қулибек. - Болаларга деярли бақириб гапираман, овозимни бўлса шамол олиб қочади. Келинглар, қоровулхонага етиб олайлик. Бўлмаса, нобуд бўламиз дейман. Болалар бўлса қандай етиб борамиз, деб шундоққина юзимга келиб қичқиришади. Пиёда бориб бўлмайди. Машинани ҳам ташлаб кетиш мумкин эмас. Мен бўлсам келинглар, машинани итариб довондан олиб ўтамиз, у ёғи қиялик дейман. Сан-Тошгача етиб борсак бўлгани, у ёғига пиёда бориш ҳам мумкин, ўрмончиларимизнинг уйи яқин қолади дейман. Болалар буни маъқул кўришди. Қани, бошла дейишди. Иш шундай бўлгач... Биринчи машинадан бошладик: «Усмонали, кабинага чиқ!» Бошқа ҳаммамиз машина ортидан елка тираб итара бошладик. Дастлаб иш юришгандек бўлди. Кейин дармонсизланиб қолдик. Орқага чекиниш ҳам мумкин эмас. Биз машинани эмас, бутун тоғни юқорига кўтараётгандек сезардик ўзимизни. Ортилган юк ҳам қанақа денг - пичан ғарами! Фақат кучимнинг борича: «Қани! Қани!» деб бақирганимни биламан, лекин овозимни ўзим ҳам эшитмайман. Шамол, қор - ҳеч нарсани кўриб бўлмайди. Машина худди жони бордек инграб нола қилади. Машина ҳам, ўзимиз ҳам сўнгги кучни сарфладик. Гўё юрак ёрилиб парча-парча бўлиб учиб кетадиганга ўхшайди. Бош айланади.
— Бай, бай, бай, - ачинди Мўмин бобо. - Роса қийналибсиз-да. Шохдор она буғу ўз фарзандларини паноҳида асрабди. Палокатдан қутқарибди. Бўлмаса, ким билсин... Эшитяпсанми? - Ташқарида ҳамон бўрон қутуради, бўралаб қор ёғяпти. Болани уйқу боса бошлади. У ухламасликка ҳаракат қилса ҳам, барибир кўзлари юмилиб кетаверди. Уйқу аралаш ора-сира чол билан Қулибекнинг суҳбатини тинглар экан, бола содир бўлган воқеа билан тасаввуридаги манзарани аралаштириб юборди. Гўё ўзини ҳам тоғдаги бўронга келган бу ёш йигитларнинг орасида ҳис қилди.
Унинг кўз олдида оппоқ қор билан қопланган тоғ томон юқорилаб кетган йўл гавдаланарди. Қор бўрони юзни ачиштиради, кўзга қадалади. Улар том бўйи пичан ортилган улкан автомашинани юқорига қараб итаришарди. Улар довон томон аранг кўтарилишади. Машина энди бутунлай жилмай қолди, тисарила бошла-ди, шундай қўрқинчли, шундай қоронғи. Шамол этни жунжитади. Бола қўрққанидан ғужанак бўлиб олди, у машинанинг орқага сурилиб, янчиб кетишидан чўчирди. Бироқ шу пайт қаёқдандир Шохдор она буғу пайдо бўлди. У шохини машинага тираб, уни юқорига олиб чиқишга ёрдам қилди. «Қани, қани, қани!»- деб қичқира бошлади бола. Машина секин-аста силжий бошлади. Улар довонга чиқиб олишди сўнг пастга қараб машинанинг ўзи юриб кета бошлади. Улар шу зайлда иккинчи машинани, кейин учинчисини, хуллас, кўпгина машиналарни юқорига итариб чиқишди. Ҳар гал ҳам уларга Шохдор она буғу ёрдам қилди. Уни ҳеч ким кўрмасди. Ҳеч ким у билан ёнма-ён турганини билмасди. Бола эса кўриб, билиб турарди. У ҳар гал иложсиз қолган пайтда, куч етмасдан қўрқинчли бўлиб қолган чоғда Шохдор она буғу чопиб келиб шохи билан машинани юқорига суриб чиқаришга ёрдам берганини кўрди. «Қани, қани, қани!» - мадад берарди бола. Ҳар гал ҳам у Қулибекнинг ёнида турди. Кейин Қулибек унга: «Рулга ўтир» - деди. Бола кабинага чиқди. Машина силкиниб гувилларди. Рул бўлса унинг қўлида енгилгина, ўз-ўзидан худди у ёшлигида машина қилиб ўйнаган бочка ҳалқачаси сингари айланарди. Бола хижолатдан азият чекарди, рул унга ўйинчокдек бўлиб туюлганди. Бир маҳал машина ёнбошга қараб оға бошлади. У гумбирлаб йиқилди ва парчаланиб кетди. Бола қаттиқ йиғлаб юборди, Жуда мулзам бўлди. Қулибекнинг кўзига қарашга уяларди.
— Нима бўлди, а, сенга нима бўлди? - Қулибек уни уйғотди.
Бола кўзини очди. Кўрганларининг ҳаммаси тушида эканлигини англаб қувониб кетди. Қулибек бўлса уни қўлида кўтариб, бағрига босди.
— Туш кўрдингми? Қўркдингми! Сени қара-ю, яна қаҳрамон эмиш! - у боланинг шамолда қотиб ёрилиб кетган лабларидан ўпди. - Кел, мен сени ўрнингга ётқизиб қўяй, ухлаш керак.
У болани кигиз солинган полга, ухлаб ётишган шофёрлар ўртасига ётқизди ва ўзи ҳам унинг ёнига ётди. Қулибек болани ўзига яқинроқ тортиб, пўстинининг бари билан ўраб қўйди.
Эрталаб болани бобо уйғотди.
— Тура қол, - секингина гапирди чол. - Иссиқроқ кийингин. Менга ёрдамлашасан. Тура қол.
Дераза ортида ҳали тонг пардаси кўтарилганича йўқ. Уйдагилар ҳали ағанашиб, ухлаб ётишарди.
— Ма, кигиз этикни кийиб ол, - деди Мўмин бобо. Бободан янги хашак ҳиди келиб турарди. Демак, у отларга хашак солиб келган. Бола кигиз этикни кийди ва улар ташқари чиқишди. Қор бинойигина ёққан эди. Шамол ҳам тинчиганди. Фақат аҳён-аҳёнда аччиқ ел эсиб турарди.
— Совуқ! - сесканиб тушарди бола.
— Ҳечқиси йўқ. Ҳаво очилаётганга ўхшайди, - минғирлади чол. - Буни қара-я! Биринчисидаёқ шунчалик қаҳрига олмаса. Ҳа, майли, фалокат юз берма-ди...
Улар қўйхонага киришди. У ерда Мўмин бобонинг бешта қўйи бор эди. Чол қоронғида устунни пайпаслаб топиб чироқни илди ва ёқди. Қўйлар бурилиб қаради-да, бир бурчакка бориб қисилди.
— Буни ушла, мени ёритиб турасан, - деди чол болага чироқни тутқазаркан. - Қора тўқлини сўямиз. Уй тўла меҳмон. Улар тургунча гўшт тайёр бўлиши керак.
Бола бобосига чироқни тутиб турди. Шамол ҳали ҳам тирқишлардан ҳуштак чалар, ҳаво совуқ, тунд эди. Чол аввало эшик олдига бир қучоқ тоза пичан олиб келиб ташлади. Бу жойга қора тўқлини етаклаб келди ва уни йиқитиб, оёқларини боғлашдан олдин чўққайиб ўтирганча хаёл суриб қолди.
— Чироқни қўй. Сен ҳам ўтир, - деди болага у. Ўзи бўлса кафтларини очиб шивирлай бошлади: - О, авлоднинг катта онаси, Шохдор она буғу, қора қўйни сен учун қурбонликка, сенга сўяётирман. Хатарли дамларда болаларимизнинг омон бўлиши, авлодимизни оқ сут бериб боққанинг, сахий қалбинг, оналик меҳринг учун бу. Бизни довонларда, тошқин дарёлар-да, тойғоқ сўқмоқларда ёлғиз қўйма. Бизни ўз еримизда ҳеч вақт ташлаб кетма, биз сенинг фарзандларингмиз. Омин!
У фотиҳа ўқиб, қўлини юзига тортди. Бола ҳам худди шундай қилди. Сўнг бобо тўқлини ерга ағдариб, унинг оёқларини боғлади ва ўзининг қадимги осиёча пичоғини қинидан чиқарди. Бола эса уни чироқ билан ёритиб турарди.
Ниҳоят ҳаво тинчиди. Қуёш чок-чокидан ситилиб сузиб бораётган булутлар орасидан бир-икки марта чўчигандек нигоҳ ташлади. Теварак-атрофда бўронли тундан қолган қинғир-қийшиқ қор уюмлари, янчилган буталар, қор босиб ёй шаклига келган ёш дарахтчалар, қулаб ётган эски дарахтлар. Дарё ортидаги ўрмон сукут сақлаб, жимгина, маъюсланиб турарди.
Дарёнинг ўзи ҳам пасайиб кетгандай соҳиллари қор билан кўпчиб, унчалик шовқин солмай ғамгин оқарди.
Қуёш ҳам беқарор бўлиб қолган эди - гоҳ кўринади, гоҳ яширинади. Бироқ ҳеч нима болани қайғуга солиб ташвишлантирмасди. Ўтган тундаги ташвишлар унутилган эди. Бўрон ҳам эсдан чиқарилган эди, қор бўлса унга халал бермас, ҳатто завқли эди. У ёқдан бу ёққа югуриб юрди, оёқ остидан қор парчалари отилиб чиқарди. Бола шунинг учун ҳам хурсанд эдики, уйи тўла одам эди. Шунинг учун ҳам қувноқ эдики, йигитлар уйқудан туриб, баланд овоз билан гапиришар, ҳазиллашиб кулишарди. У яна шундан хурсанд эдики, ўзлари учун пиширилган қўй гўштини иштаҳа билан ейишарди.
Бу орада қуёш ҳам олисларга мусаффо нур тарқата бошлаганди. Булутлар аста-секин тарқалиб, ҳаво ҳам илий бошлади. Бемаҳал ёққан қор, айниқса, йўл ва сўқмоқлардагиси тезда эриб кета бошлади.
Тўғри, шофёрлар ва юк ташувчилар кетиш учун ҳозирлик кўраётганларида бола бир оз ҳаяжонланди. Ҳаммалари ҳовлига чиқишди, мезбонлар билан хайрлашарканлар, уй-жой ва нон-туз учун миннатдорчилик билдиришди. Уларни Мўмин бобо билан Сейдаҳмад отда кузатиб қўйишди. Музлаб қолган моторларни иситиш учун чол отга бир боғлам ўтин, Сейдаҳмад эса катта бакда сув ортиб олганди.
Ҳаммалари ҳовлидан чиқа бошлашди.
— Ота, мен ҳам бораман, мени ҳам олиб кетинг, - дея бола бобоси ёнига чопқиллаб борди.
— Кўряпсан-ку, мен ўтин ортиб олганман, Сейдаҳмад бўлса бак ортиб олган. Қайси биримиз оламиз сени. Нима бор сенга у ерда? Қорда юриб чарчайсан.
Бола хафа бўлди. Қовоғи осилди. Шунда Қулибек унга:
— Юр, биз билан, - деди ва болани қўлидан ушлаб, олди, - қайтишда бобонг билан бирга келасан.
Улар Арчадарадан қиялаб ўтишадиган йўл томон кетдилар. Ҳали хийлагина қор бор эди. Бу бақувват йигитлар билан биргама-бирга қадам ташлаб бориш осон эмасди. Бола толиқа бошлади.
— Қани, елкамга ўтир-чи, - таклиф қилди Қули-бек.
У болани қўлида азот кўтариб, эпчиллик билан елкасига миндириб олди ва уни худди ҳар куни кўтариб одатлангандек юриб кетди.
— Жуда эвини келтирибсан-ку, Қулибек, - деди у билан ёнма-ён бораётган шофёр.
— Умрим ука ва сингилларимни кўтариб ўтган, - мақтаниб қўйди Қулибек. - Тўнғичи эдим-да. Биз оилада олти киши бўлиб, онам ҳам, отам ҳам далада бўлишарди. Энди бўлса синглим болалик бўлди. Армиядан қайтдим, уйланмаган эдим, ишга ҳам ҳали жойлашганимча йўқ эди. Синглим бизникига кел, сен болага яхши қарайсан, дейди. Қўйсанг-чи, дейман, бўлди, энди ўзимникини кўтариб юраман...
Улар шу зайлда турли-туман нарсалар тўғрисида гапиришиб боришди. Бола Қулибекнинг бақувват елкасида роҳат қилиб хотиржамгина борарди.
«Менинг ҳам шундай акам бўлсайди, - орзу қиларди бола, - ҳеч кимдан қўрқмасдим. Ўразқул Қулибекнинг олдида бобомга бақириб ёки қўл теккизиб кўрсин-чи. У Ўразқулни дарҳол тинчитиб қўйган бўларди».
Пичан ортилган машиналар йўл айрилишидан икки километр юқорида турарди. Қор билан қопланган бу машиналар даладаги қишки ғарамларга ўхшаб кўринарди. Афтидан, уларни ҳеч ким, ҳеч қаерга қўзғата олмайдигандек.
Мана, гулханни ҳам ёқишди. Сувни иситишди. Моторни ўт олдирувчи ручка билан айлантира бошладилар, моторга жон кирди, аксириб ишлаб кетди. Шундан кейин иш тезлашиб кетди. Навбатдаги ҳар бир машина шатакка олиб юрғизилди. Ўт олиб қиздирилган машина колонна ортидан бориб тизила бошлади.
Қамма юк машиналари юргизилгач, қўшалоқ шатакка олинганча кечаси хандаққа тушиб кетган машинани тортиб чиқаришди. Бор одамларнинг ҳаммаси уни йўлга чиқариб олиш учун кўмаклашди. Бола ҳам ёрдамлашди. У кимнидир: «Сен нега оёқ остида ивирсиб юрибсан, қани қочиб қолчи, бу ердан», дейишини кутиб, хавфсираб турди. Лекин ҳеч ким бундай демади, уни ҳеч ким қувламади. Балки Қулибек унга ёрдам беришга рухсат этгани учун шундай бўлгандир. У бу ерда ҳаммадан кучлиси, уни ҳамма ҳурмат қилади.
Шофёрлар яна бир бор хайрлашишди. Машиналар қўзғалди. Дастлаб аста-секинлик билан, кейин тезлашиб кетди. Қорга бурканган тоғлар орасидаги йўлдан улар карвон бўлиб, тизилишиб борарди. Шохдор она буғу фарзандларининг фарзандлари кетишди. Улар олдиларида, йўлда кўринмасдан Шохдор она буғу чопиб бораётганини билишмасди. Боланинг тасаввурида худди шундай эди. У шиддат билан узун-узун сакраб, колоннани олға бошлаб борарди. Уларни оғир йўлдан фалокат ва бахтсизликлардан қўриқларди. Х,ар қандай қулашлардан, ҳар қандай кўчмалардан, бўрон-у туманлардан ва қирғиз халқи ўзининг кўчманчилик ҳаётида узоқ асрлар мобайнида бошидан кечириб келган ҳар қандай бошқа фалокатлардан қўриқларди. Мўмин бобо эрта тонгда қора тўқлини олиб келиб унга қурбон қилганида Шохдор она буғудан шуларни сўрамаганмиди, ахир?
Кетишди. Бола ҳам хаёлан улар билан бирга кетди. У кабинада Қулибек билан ёнма-ён ўтириб борарди. «Қулибек ака, - деди бола, - олдинда Шохдор она буғу югуриб боряпти». - «Йўғ-е?» «Ростим. Ана у!»
— Нимани ўйлаб қоддинг, нега серрайиб турибсан? - Мўмин бобо уни ўзига келишга мажбур эт-ди. - Мингаш, уйга кетиш керак. - У отдан энгашиб, болага чўзилди ва уни эгарга кўтариб олди. - Совқотдингми? - деди чол ва пўстини билан набирасини яхшироқ ўраб қўйди.
Бола ўша кезларда мактабга қатнамасди.
Энди эса оғир уйқудан аста-секин уйғониб, ташвиш тортиб ўйларди: «Эртага мактабга қандай бораман? Ахир менинг тобим қочди-ку, мазам йўқ...» Кейин у унутди. Гўё унга муаллима доскага ёзган: «От. Ота. Тақа» сўзларини ўз дафтарига кўчириб ёзгандай туюлди. «От. Ота. Тақа. От. Ота. Тақа». Биринчи синф ўқувчиси шу сўзларни ёзиб бутун бир дафтарни тўлдирди. У ниҳоят чарчади, кўзлари жимирлашиб, жуда ҳам исиб кетди. Устини очиб ташлади ва усти очиқ ҳодда ётиб совқотди, яна кўз ўнгида турли нарсалар намоён бўлди. Гоҳ у балиқ бўлиб муздек сувда сузарди. Оқ кема сари борарди. Лекин унга ҳеч етолмасди. Гоҳо қор бўронига дуч келарди. Тоғ йўлининг тикка тепалигига келиб пичан ортган автомашиналар изғиринли қор қуюнида таққа тўхтаб қоларди. Машиналар худди одам инграгани сингари инграшарди. Лекин улар жойидан қўзғалишмасди. Парраклар ҳаддан ташқари тезлик билан айланаверганидан лахча чўғдек бўлиб кетган эди. Шохдор она буғу шохларини кузовга тираб, пичан ортилган машиналарни юқорига ғилдиратиб чиқарарди. Бола бутун куч-қуввати билан унга ёрдамлашарди. Иссиқ терга ботиб кетди. Бир пайт беда ғарами болалар бешигига айланиб қолди. Шохдор она буғу болага: «Тезроқ югурайлик, бешикни Бекей хола билан Ўразқул амакига элтиб берайлик», - дерди. Улар югура бошладилар. Бола орқада қолиб кетди. Бироқ олдинда - қоронғиликда бешик қўнғироқчаси тинимсиз жарангларди. Бола унинг оҳанрабо жаранги сари чопиб борарди.
У айвонда оёқ шарпаси эшитилиб, эшик очилганда уйғонди. Мўмин бобо ва кампир бир оз тинчлангандек бўлиб қайтиб киришди. Чет кишиларнинг қоровулхонага келиши, афтидан, Ўразқул билан Бекей холанинг тинчланишига мажбур этди. Балки Ўразқул маст-аластликдан чарчаб охири ухлаб қолгандир. Ҳовлида шовқин-сурон, сўкиш овозлари эшитилмасди.
Ярим тунга бориб тоғ тепасида ой кўринди. У энг баланд музли чўққилар тепасида хирагина гардиш ясаб муаллақ турарди. Абадий музликлар билан қопланган тоғ тун қоронғисида нотекис қирралари билан ғамгин юксалиб турарди. Атрофида эса пастки тоғ тизмалари, қоялар, қоп-қора ва жимжит ўрмонзор осойишталик сақлаб турарди. Энг қуйида эса тошдан-тошга урилиб, шовуллаганча дарё оқарди.
Деразадан ойнинг нурсиз шуъласи қия тушиб турарди. У болага халал бераётганди. Бола ағдарилиб, кўзини қисиб одди. Бувисидан пардани тушириб қўйишни сўрамоқчи бўдди. Лекин айтгиси келмади: бувисининг бобосидан жаҳли чиқиб турган эди.
— Аҳмоқ, - пичирлади у тўшакка кираркан. - Одамлар билан яшашни билмаганингдан сўнг жим турсанг бўлмайдими. Бошқаларни тингласанг бўларди. Сен унинг қўлидасан-ку. Майда пул бўлса ҳамки, маош ўшандан оқиб келиб турибди-ку! Яна ҳар бир ой-да. Моянасиз - сен кимсан? Қариб қуйилмаган чол...
Чол жавоб бермади. Буви жим бўлиб қолди. Кейин кутилмаганда баланд овозда деди:
— Агар кишини ойликдан маҳрум қилишса, у одам эмас, ҳеч ким эмас.
Чол яна ҳеч нима демади.
Бола эса ухлай олмасди. Боши оғрир, ўйлари чалкашиб кетганди. Мактаб ҳақида ўйлаб ташвишланарди. У ҳали бирон кун ҳам ўқишни қолдирмаган эди, энди эртага мактабига - Жилисойга боролмаса қандай бўлишини тасаввур қила олмасди. Бола, борди-ю, Ўразқул ишдан бобосини ҳайдаб юборса, у ҳолда бувиси тинчлик бермаслиги ҳақида ўйларди. Унда уларнинг аҳволи нима кечади?
Одамлар нега шундай яшашади? Нега бировлар қаҳр-ғазабли, бировлар мўмин-мулойим! Нега бахтли ва бахтсизлар бор? Нега шундайлар борки, улардан ҳамма чўчийди, яна шундайлар борки, улардан ҳеч ким ҳайиқмайди. Нега бировларнинг бола-чақаси бор, бировларда йўқ? Нега айрим кишилар бошқаларга маош бермасликка ҳадди сиғади? Эҳтимол, энг катта мояна олувчилар энг яхши кишилардир. Мана, бобоси оз олади, шунинг учун уни ҳамма ранжитади. Э, бобога ҳам кўпроқ мояна беришлари учун нима қилиш керак экан-а? Балки ўшанда Ўразқул чолни ҳурмат қила бошлармиди.
Бу ўй-хаёллардан боланинг боши баттар сирқираб оғриди. У яна кечга яқин дарё соҳилида кўрган буғуларни эслади. Тунда уларнинг ҳоли не кечдийкин? Улар нуқул совуқда, тоғ-тошларда, қоп-қоронғи ўрмонларда яшайди. Бу ниҳоятда қўрқинчли-ку. Бўрилар ҳужум қилиб қолса нима бўлади? Бекей холага сеҳрли бешикни шохида ким олиб келади кейин?
У ташвиш аралаш уйқуга кетди ва ухлаётиб Шохдор она буғудан Ўразқул ва Бекей холага қайиндан ясалган бешик олиб келишни ёлвориб сўради: «Улар ҳам фарзанд кўришсин, улар ҳам фарзанд кўришсин», деб илтижо қилди. У узокдан бешик қўнғироқчасининг овозини эшитди. Шохдор она буғу шохида сеҳрли бешикни кўтариб олганча шошиб келарди...

Еттинчи Боб
Саҳарда бола қўл шарпасидан уйғонди. Бобосининг қўллари совуқ, даладан келганди. Бола беихтиёр жунжикди.
— Ёт, ётавер. - Бобо куфлаб қўлларини иситди, унинг пешанасини силади, кейин кафтини унинг кўкрагига, қорнига қўйди. - Тобинг қочган шекилли, - ачинди бобо. - Иссиғинг бор. Мен шунчаки ётибсан деб ўйлабман. Мактаб вақти ҳам бўлди.
— Мен ҳозир, ҳозир тураман, - бола бошини кўтарди, шу пайт ҳамма нарса кўз ўнгида гир айланиб кетди ва қулоқлари ғувуллади.
— Туришни хаёлингга ҳам келтирма. - Бобо болани ётқизди. - Сен касални мактабга ким олиб боради? Қани, тилингни кўрсат-чи.
Бола ўзиникини маъқуллашга уриниб кўрди:
— Муаллима уришади. Дарсни қолдирганни жуда ёмон кўради у...
— Уришмайди. Мен ўзим айтаман. Қани бўл, тилингни кўрсат.
Бобо диққат билан боланинг тили ва томоғини кўрди. Томир уришини узоқ кузатди: бобосининг қора меҳнатда қотиб кетган қаттиқ қўллари боланинг иссиқ, терга ботган қўлларидан томир уришини аранг тутиб олди. Чол нимагадир ишонч ҳосил қилди-да, тинчлантирган оҳангда деди:
— Худо меҳрибон. Озгина шамоллабсан, холос. Совуқ ўтган. Бугун тўшакда ётиб тур, уйқунгдан олдин мен сенинг товонинг билан кўкрагингга иссиқ думба ёғи суртиб қўяман. Терлайсан, худо хоҳласа эрталабгача отдек бўлиб кетасан.
Кечаги воқеаларни ва яна ўзини нималар кутаётганини эслаб, чолни ғам босди, набирасининг тўшагида ўтириб хўрсинди ва ўйлаб қолди.
— Худо подшо, - шивирлади хўрсиниб туриб. - Қачон тегди сенга бу касал? Нега айтмай юрдинг? Кечқурун чоғи?
— Кечга яқин. Дарёнинг соҳилида буғу кўрганим-да. Мен сиз томонга чопдим. Шундан кейин совқотиб кетдим.
Чол нима учундир айбдор оҳангда деди;
— Ҳа, майли... Сен ёт, мен эса борай. У ўрнидан турди, лекин бола уни тўхтатиб:
— Бобо, ўша Шохдор она буғунинг ўзи-а? Худди сутдай оппоқ, кўзлари мана бундай, худди одамга ўхшаб қарайди...
— Тентаккина, - жилмайди Мўмин чол. - Ҳа, сен айтгандек бўла қолсин. Балки у ўша кароматли она буғудир, - деди у паст овоз билан, - ким билсин? Мен ўйлайманки...
Чол гапини тугата олмади. Эшик олдида кампир пайдо бўлди. У ҳовлидан шошилиб кирди, ниманидир пайқаган эди.
— Ҳув анув ёққа бор, чол, - остонадан туриб га-пирди кампир. Мўмин бобо шу заҳоти бирдан қалби чўкиб, бирон ери лат егандек, ачинарли бир ҳолга тушиб қолди.
— У ёқда одамлар ёғочни дарёдан машина билан чиқармоқчи бўлишяпти, - деди кампир. - Сен албатта бор, нима буюришса қил... Воҳ, эсим қурсин, сут ҳали пиширилгани йўқ-ку, - кампир хатосини пайқади-да, плитага ўт ёқиб, идиш-товоқни тарақлатишга тутинди.
Чолнинг қовоғи осилди. Унга қандайдир эътироз билдиргиси, ниманидир айтгиси келарди. Лекин кампир оғиз очиргани қўймади.
— Нимага энди туриб қолдинг? - ғазабга минди кампир. - Нимага ўжарлик қиляпсан? Сен билан менга ким қўйибди ўжарликни, бошимга битган бало бўлдинг-ку. Уларга қарши туришга қандай ҳолинг бор? Ана Ўразқулнинг олдига қанақа одамлар келишди. Машиналариям антиқа. Ортсанглар бўлди, ўнта ёғочни тоғма-тоғ олиб кета олади. Ўразқул эса бизга қиё боқмай қўйди. Мен уни кўндириш учун қанчалик ҳаракат қилмадим, қанчалик ўзимни ерга урмадим. Қизингни остонага йўлатмади. Пуштсиз қизинг Сейдаҳмадникида ўтирибди. Кўзлари шишиб кетган. У ҳам сени мияси ачиган чол деб қарғаяпти...
— Етар энди, - чол чидай олмади ва эшикка йўл оларкан, деди: - қайноқ сут бер, болагина касал бўлиб қолибди.
— Бераман, қайноқ сут бераман, бор, бора қол, худо хайрингни берсин. - У чолни кузатгандан кейин ҳам ҳамон жаврарди: - Нимага бундай қилиқ чиқариб қолди? Ҳеч қачон, ҳеч кимга гап қайтармас-ди, мўмин-қобил, хокисор эди, мана энди бўлса... Тағин Ўразқулнинг отига минибди-я, яна чопганига куяйми. Бунинг ҳаммаси сенинг касрингга, - у бола томонга ўқрайиб қаради. - Ким учун балога гирифтор бўляпти ўзи...
Кейин болага у жизғирилган ёғ билан қайноқ сут олиб келди. Сут боланинг лабини куйдирди. Кампир эса уни зўрлар, мажбур қиларди:
— Ич, иссиқроқ ич, қўрқма. Шамоллашни фақат иссиқ билан ҳайдайсан.
Бола куйиб борар, кўзларига ёш қалқиб чиққанди. Кампир ҳам бирдан шафқатлироқ бўлиб қолди:
— Хўп, совут, озроқ совутгин... Менга энди шу етмай турган эди, касалингни шундай пайтга тўғри келганини қара! - хўрсинди у.
Боланинг қачондан бери сийгиси қистарди. У ўрнидан туриб бутун баданида аллақандай ғайритабиий, ширин ҳорғинлик сезди. Бироқ кампир буни пайқаган эди:
— Нима, ёзилмоқчимисан?
— Ҳа, - тан олди бола.
— Тўхтаб тур, ҳозир. Кампир уйга тоғора олиб келди.
Бола ўнғайсизланиб тескари ўгирилиб жомга чоптир-ди, сийдигининг бундай сариқ ва қайноқлигига ажабланарди.
Энди у ўзини анча яхши ҳис қилди. Бошининг оғриғи ҳам камайди. Бола тўшакда тинчгина ётар, бувисининг хизматидан миннатдор бўлиб туриб, хаёлдан ўтказди: эртага эрталаб соғайиб, албатта мактабга бориши керак. У яна мактабида яқинда ўзларининг ўрмонида пайдо бўлган уч буғу ҳақида қандай қилиб ҳикоя қилиб беришигача ўйлаб қўйди, яъни буғуларнинг оқ урғочиси - бу ўша Шохдор она буғу, унинг каттагина ва бақувват боласи ҳам бор, улар билан улкан шохли баҳайбат қўнғир буғу ҳам бирга, у жуда кучли бўлиб, Шохдор она буғу ва унинг болаларини бўрилардан қўриқлайди. У яна шулар билан бирга, агар буғулар шу ерда қолиб, ҳеч қаёққа кетиб қолмаса, унда Шохдор она буғу тезда Ўразқул амаки билан Бекей холага сеҳрли бешик келтириб беришини ҳам ҳикоя қилишни кўнглига тугиб қўйган эди.

* * *
Буғулар эса эрталаб сув ичгани тушди. Қисқа куз қуёши тоғ тизмаларининг ярмига кўтарилганда улар юқоридаги ўрмондан чиқиб келди. Қуёш кўтарилган сари, пастда тоғлар ораси шунча ёруғ ва илиқ бўлиб борарди. Тунги ғавғодан сўнг ўрмон жонланган, нур ва бўёқлар жилва қилар эди.
Буғулар дарахтлар орасидан ўтиб, офтобрўй ялангликларда исиниб, шабнамли баргларни бутоғи билан чимдиб шошмай келарди. Улар ўша тартибда: - олдинда эркак буғу, ўртада буғуча ва охирида - икки биқини дўппайган Шохдор она буғу. Буғулар кеча Ўразқул Мўмин бобо билан лаънати қарағай ёғочни дарёга олиб тушган ўша сўқмоқдан келишарди. Судраш натижасида чимзор юзасида қолдирган бир текисдаги тарам-тарам излар тоғли қора тупрокда ҳали ҳам бояги-боягидек турарди. Бу сўқмоқ кечувга, ёғоч ташлаб кетилган жойга олиб борарди.
Буғулар бу ер сув ичишга ўнғай бўлгани учун шу жойга йўл солди. Ўразқул, Сейдаҳмад ва ёғочга келган икки киши трос билан дарёдан ёғочни судраб чиқиш учун машинани қулайроқ жойга ҳайдаб келишни кўздан кечириш учун шу томонга келишарди. Мўмин бобо бошини қуйи солиб, имирсилаб орқароқда келарди. У кечаги жанжалдан сўнг нима бўлишини, ўзини қандай тутишини, нима қилишини билмасди. Ўразқул уни ишга қўядими? Кечагидек ҳайдаб солмасмикин? Агар: «Сенга нима бор бу ерда? Айтдим-ку, сен ишдан бўшатилгансан!» деса-чи. Одамлар олдида сўкиб, уйга жўнатиб юборса-чи? Шубҳалар чолни изтиробга солар, у азобда, аранг жон ҳовучлаб борарди. Орқадан кампир кузатиб келарди. У гўё шунчаки қизиқсинаётгандек эди. Бироқ аслида у чолга соқчилик қилиб борарди. Мўмин чаққонни Ўразқул билан яраштиришга, Ўразқулнинг кечиришига муяссар бўлиши керак эди.
Ўразқул хўжайинчасига гердайиб одимларди. Ҳансираб, пишиллаб атрофга ўқрайиб назар ташларди. Кўп ичганидан боши зирқираб оғриб турса ҳам, у ўзи-да қасоскорона қониқиш сезарди. У қайрилиб қараганида Мўмин бобонинг ғизиллаб келаётганини кўрди, худди эгасидан калтак еган садоқатли итнинг ўзгина-си. «Ҳечқиси йўқ, ҳали менинг совунимга кир ювмабсан. Энди сенга қиё ҳам боқмайман. Сен мен учун йўқсан. Сен ҳали ўзинг оёғимга бош уриб келасан, - ичи қоралик билан қувонди Ўразқул ўтган кеча хотинини тепиб остонадан ҳайдаб чиқарганида хотини оёғи остида қандай даҳшатли овоз билан чинқирганини эсларкан. - Майли. Мана буларни ёғоч билан жўнатай, мен ҳали уларнинг кунини кўрсатаман, майли, менга деса бир-бири билан ғажишиб ўлишсин. Энди қизи отасининг кўзини ўяди. Ваҳшийлашиб кетган нақ бўри-я», - Ўразқул келган киши билан оралиқ масофада гаплаша бора туриб, йўл-йўлакай шуларни хаёлдан ўтказди.
Бу одамни Кўкатой деб аташарди. У қоп-қора, бақувват киши бўлиб, кўл бўйидан эди, колхозда ҳисобчилик қиларди. Ўразқулнинг эски қадрдони эди. Бундан ўн икки йил аввал Кўкатой ўзига уй қурганди. Ўразқул ёғочдан ёрдам қилди. Тахта тилдириши учун йўғон ёғочларни арзонга сотди. Кейин бу одам катта ўғлини уйлантирди, ёшларга ҳам уй қурди. Яна Ўразқул уни ёғоч билан таъминлади. Энди Кўкатой кичик ўғлини айирганди ва яна қурилиш учун ёғочга муҳтож бўлиб қолди. Яна эски ошна - Ўразқул кунига яради. Ҳаёт қанчалик оғир-а. Бирини қиласан - шу билан, ҳа, энди тинч яшайман деб ўйлайсан. Ҳаёт эса яна ниманидир ўйлаб чиқаради. Шунинг учун ҳам Ўразқулга ўхшаган одамларсиз қўлинг ҳеч қаёққа етмайди.
— Худо хоҳласа, тезда уй тўйига таклиф қиламиз. Боринг, хурсандчилик қиламиз, - деди Кўкатой Ўразқулга.
У ўз-ўзидан мағрурланиб, пишиллаганча, папиросни бурқситарди.
— Раҳмат. Айтилган жойдан қолмаймиз, айтмаган жойга бормаймиз. Чақирсанг, бораман-да. Сеникида биринчи меҳмон бўлишим эмас. Мен ҳозир сен кеч бўлишини кутсанг қалай бўларкин, деб ўйлаяпман, қоронғида жўнасанг дейман-да! Энг муҳими, совхоз ичидан билинтирмай ўтиб кетиш. Агар сезиб қолишса, иш чатоқ...
— Бу-ку тўғри-я, - иккиланди Кўкатой. - Бироқ кечгача анча кутиш керак-да. Секин кетаверамиз. Йўл ёқасида постлар йўқ-ку, бизни текшириб кўрса?..
Фавқулодда, милицияга дуч келиб қолинса ёки яна бошқа бирортасига...
— Ҳа-ҳа, буниси ҳам бор, - тўнғиллади Ўразқул, жиғилдон қайнашидан ва бош оғриғидан афтини бужмайтириб. - Юз йил иш билан қатнайсан, йўлда битта ҳам итга дуч келмайсан, агар юз йилда бир марта ёғоч ортиб ўтсанг бас, қўлга тушасан. Ҳамиша шундай бўлади...
Ҳар ким ўзича ўйлаб, жим қолди. Кеча ёғочни дарёга ташлаб кетишга тўғри келгани Ўразқулга қаттиқ алам қилди. Агар ёғоч тайёр бўлганидами, тундаёқ ортиб бўлишарди-да, тонг саҳарда машинани жўнатиб юборарди... Эҳ, кеча фалокатни сотиб олди-я. Бунинг ҳаммаси қари жинни Мўминнинг касрига бўлди, ғалаён кўтармоққа қарор қилди. Қарамликдан, бўйсунишдан қутулмоқчи бўлди. Хўп, кўрамиз! Ҳаммаси ҳам майли-я, аммо бу ниятингга осонликча эриша олмайсан...
Одамлар дарёнинг қарама-қарши қирғоғига келишганда буғулар сув ичарди. Ғалати зот бу одамлар - ҳовлиқма, ғала-ғовурли. Ўз ишлари ва суҳбатлари билан банд бўлиб, қаршиларида - дарёнинг нариги ёғида турган жониворларни сезишмади.
Буғулар дарё бўйидаги эрталабки шафақ рангли буталар орасида, топ-тоза майда шағалли қирғоқда тўпиққача сувга ботиб турарди. Улар шошмасдан, тўхтаб-тўхтаб қултум-қултум сув ичарди. Сув муздек эди. Қуёш эса тепадан тобора ёқимли қизитарди. Таш-наликни қондириб, буғулар офтобдан ҳузур қиларди. Йўлда шох-бутоқлардан тўкилган қуюқ шабнам елкаларида қурирди. Буғулар елкасида енгил ҳовур кўтарилади. Осойишта ва сахий эди шу кун эртаси.
Одамлар эса шунда ҳам буғуларни сезишмади. Улардан бири машинага қайтди, бошқалари эса қирғоқда қолишди. Буғулар қулоқларини қимирлатиб, аҳён-аҳён уларгача етиб келган овозларни ҳушёр тинглаб турди ва қирғоқнинг у юзида прицепли автомашина пайдо бўлганида этлари жунжикиб, қотиб қолишди. Машина гувиллаб ҳайқирарди. Буғулар безовталаниб кетишга чоғланди. Лекин машина бирдан тўхтаб қолди, гувуллаш ҳам босилди. Жониворлар секинлади. Ҳарҳолда улар секин-секин жойларидан қўзғалаверди - одамлар нариги қирғоқда бақиришиб гаплашишар ва шошилинч равишда ҳаракат қилишарди.
Буғулар майда тошлоқдаги сўқмоқчадан секингина жўнашди, уларнинг елкалари, шохлари ва ҳаракатлари ҳам буталар орасидан кўриниб турарди. Одамлар шунда ҳам уларни пайқашмади. Фақатгина буғулар очиқ ялангликдаги сел ювиб кетган қуруқ қумни кесиб ўтаётганида, бинафша ранг қум устида, офтобнинг равшан нурида, одамлар уларни кўриб турли ҳолатда оғиз очганча анграйиб қолишди.
— Қара, қара, нима у! - биринчи бўлиб қичқирди Сейдаҳмад. - Буғулар! Қаёқдан келиб қолди бу ерга?
— Нега қичқирасан, нега тўполон кўтарасан? Қанақасига сенга буғу бўлади, кийикку улар. Биз уларни кеча ҳам кўрган эдик, - бепарво гапирди Ўразқул. - Қаёқдан келди эмиш. Келдида, келадиган бўлиб қолди.
— Бай, бай, бай! - завқланиб кетди Кўкатой ва завқидан томоғини бўғиб турган кўйлак ёқасининг тугмаларинй бўшатди. - Силлиқлигини қаранг-а, - деди у мафтун бўлиб, - семирибди...
— Урғочисини қаранг, қанақа! Қадам ташлашини кўринг, - деди шофёр кўзларини чақчайтириб. - Воҳ худо, икки ёшли урғочи боласи. Биринчи марта кўришим.
— Эркаги-чи! Шохларини кўр! Қандай кўтариб юрганикин? Улар ҳеч нимадан қўрқишмайди. Қаёкдан келиб қолди булар, Ўразқул? - Тўнғиз кўзларини чақнатиб, нафс балосида суриштиришга тушди Кўка-той.
— Ўрмондан чоғи, - жавоб қилди Ўразқул виқор билан, эгалик обрўсини ҳис қилган ҳолда. - Довоннинг орқасидан келган, нариги томондан. Чўчимайди. Чунки ҳуркитилмаган.
— Эҳ, милтиқ бўлгандами ҳозир! - оғзига келганини гапирди Сейдаҳмад. - Ўн пуд гўшт қиларми-ди, а?
Шу дамгача қўрқиб-писиб бир чеккада турган Мўминнинг сабри чидамади:
— Нима деяпсан, Сейдаҳмад. Уларни овлаш тақиқланган, - деди секингина.
Ўразқул қош-қовоғини уйиб, чолга кўз қирини ташлаб қўйди. «Менинг олдимда овозингни чиқаряпсан-ми!» - нафрат билан хаёлдан ўтказди у. Уни сўккиси ва бир уриб ўлдириб қўя қолгиси келди, лекин ўзини тийди. Ҳарҳолда бегона одамлар бор.
— Бефойда ўргатишнинг керагй йўқ, - жахд билан сўз қотди у Мўминга қарамай. - Улар яшайдиган жойда овлаш тақиқланган. Бизда эса улар яшамайди. Биз бўлсак улар учун жавоб бермаймиз. Тушунарли-ми? - У ўзини йўқотиб қўйган чолга важоҳат билан қаради.
— Тушунарли, - итоаткорона жавоб қилди Мўмин ва бош эгганча четга чикди. Кампир яна яширинча унинг қўлига туртди.
— Жим бўлсанг-чи, - таъна билан шивирлади у. Ҳамма қандайдир хижолатда қолгандай ерга қараб турарди.
Яна сўқмоқ орқали жўнаб кетаётган жониворлар орқасидан кузатишга тушишди. Буғулар қояга кетма-кет кўтарилиб борарди. Олдинда қўнғир эркак буғу ўзининг қудратли шохларини мағрур тутиб борар, унинг орқасидан шохсиз буғуча ва бу намойишга эргашиб Шохдор она буғу борарди. Қирдан силжиб тутпган тупроқнинг тиниқ қўйнида буғулар равшан ва латиф кўзга ташланарди. Уларнинг ҳар бир ҳаракати, ҳар бир қадами яққол кўриниб турарди.
— Эҳ, қандай гўзаллик! - шодлигини ичига сиғдира олмади шофёр. Бу соққакўз ёш йигит кўринишдан жуда ёш эди. - Афсус, фотоаппаратни олволганимда зўр иш бўларди-я.
— Хўп, майли, гўзаллигини қўя тур, - унинг сўзини бўлди норозилик билан Ўразқул. - Ҳеч нарсага арзимайди. Гўзалликка қорнинг тўярмиди. Қани, бўл, машинани орқаси билан қирғоққа ҳайда, тўғри сувга, ёни билан албатта. Сен эса Сейдаҳмад, оёғингни еч, - ўз ҳукмидан ичида лаззатланарди у. - Сен ҳам, - шофёрга буйруқ қилди у. - Бўлинглар, ёғочни тросга боғланглар. Қани илдамроқ. Ҳали иш кўп.
Сейдаҳмад этикни ечишга тутинди. Этиги унга кичикроқ эди.
— Нимага қараб турибсан, ёрдамлаш унга, - чолни секингина туртиб қўйди кампир. - ўзинг ҳам еч этигингни, сувга туш, - ғазабли пичирлади у.
Мўмин бобо Сейдаҳмаднинг этигини тортди, ўзиникини ҳам бир зумда ечиб бўлди. Шу пайтда Уразқул билан Кўкатой машинага команда беришарди:
— Бу ёққа ҳайда, у ёққа ҳайда.
— Чапга, озроқ чапга. Мана шундай.
— Яна озгина.
Машинанинг кўникилмаган ҳайқириғини эшитиб, буғулар сўқмоқда қадамини тезлатди. Олазарак назар ташлаб, жарликдан сакраб ўтди ва қарағайлар орасига яширинди.
— О, ғойиб бўлди! - хатосини бирдан англаб қолди Кўкатой. У шундай афсус билан энтикардики, худди қўлидаги ўлжасидан айрилгандай эди.
— Ҳечқиси йўқ, ҳеч қаёққа кетмайди улар! - унинг хаёлидагини топиб ва бундан хурсанд бўлиб Ўразқул керилиб қўйди. - Бугун кечгача жўнамайсан, менинг меҳмоним бўласан. Худонинг ўзи кам қилмасин. Иззат-ҳурмат билан мен сени меҳмон қиламан. - У хахолаб туриб ошнасининг елкасига уриб қўйди. Ўразқул хушчақчақ ҳам бўла оларди.
— Хўп, сен айтганча бўла қолсин, сен мезбон, мен меҳмон, - кўна қолди азамат Кўкатой, илжаяркан йўғон сариқ тишларини кўрсатиб.
Машина аллақачон орқа ғилдиракларининг ярмигача сувга ботиб қирғоқда турарди. Чуқурроқ кириб боришга шофёрнинг юраги дов бермади. Энди тросни ёғочга олиб бориш қолган эди. Агар трос калталик қилмаса, ёғочни сув остидаги тошларнинг асирлигидан тортиб олиш унчалик қийинчилик туғдирмасди.
Трос пўлатдан - узун ва оғир. Уни сув ичидан ёғочга тортиб бориш керак. Шофёр истамайгина этигини еча бошлади, чўчинқираб сувга қараб қўйди. У ҳали қатъий қарорга келолганича йўқ: сувга этик билан тушишга арзирмикин ёки яхшиси ечсамикин. «Ялангоёқ бўлганим маъқул шекилли, - ўйлади у. - Барибир сув қўнжимдан ошиб кетади. Чуқурлиги сал кам сонга келади. Кейин кун бўйи ҳўл этикда юриш осонми». Лекин у шу билан бирга ҳозир дарёда сув қанчалик совуқ бўлишини ҳам ўзича тасаввур қилди. Бу ҳолдан Мўмин бобо фойдаланиб қолди.
— Сен ечинма, ўғлим, - отилиб келди унинг олдига. - Биз Сейдаҳмад билан ўзимиз тушамиз.
— Э, қўяверинг, арзимайди, оқсоқол, - қаршилик қилди уялиб кетган шофгр.
— Сен меҳмонсан, биз шу ернинг одамимиз, сен рулга ўтир, - кўндирди Мўмин бобо уни.
Сейдаҳмад билан икки киши пўлат тросни ўрамдан бўшатиб сувнинг ичига кўтариб киришганда Сейдаҳмад додлаб, болохонали қилиб сўкинди:
— Уҳ, уҳ, сув эмас, муз!
Ўразқул билан Кўкатой мурувватли кулишиб, уни ғайратлантиришди:
— Чида, чида! Сени иситадиган нарса топамиз! Мўмин бобо эса чурқ этмасди. У ҳатто муздай совуқни сезмади. Кўзга кўп ташланмаслик учун бошини елкалари ичига тортиб, сирғанчиқ сув ости тошлари устидан ялангоёқ бораркан, худодан ёлғиз бир нимани сўрарди - ишқилиб, Ўразқул уни қайтармасин, ишқилиб, қувиб юбормасин, ишқилиб, одамлар олди-да ҳақорат қилмасин, бу аҳмоқ бахти қаро чолни кечирсин.
Ўразқул ҳеч нима демади. У Мўминни одам ўрнида кўрмаганидан гўё унинг ғайратига ҳам эътибор қилмагандай эди. Қалбида эса тантанавор ҳис сезар, ахир ҳар қандай бўлмасин исёнкор чолни бўйсундирди-ку. Қандайдир ичи қоралик билан кулди Ўразқул ўзича, - эмаклаб, оёғимга йиқилдинг-ку. Эҳ, каттароқ амалдор бўлганимдами, бундан ҳам каттароқларнинг шохини қайириб қўярдим. Шунақаларни тиз чўктириб, тупроқда эмаклаттириб қўймасмидим. Менга ҳеч бўлмаса колхозними ёки совхозними беришса экан. Тартибга солиб қўйган бўлардим. Одамларни издан чиқариб юборишди. Энди эса ўзлари воҳ, раисни ҳурмат қилишмаётир, директорни ҳурмат қилишмаётир деб шикоят қилишади. Қандайдир чўпон ҳам бошлиқ билан худди тенгдек гаплашади. Сатқаи амал кет, аҳмоқлар! Улар билан шунақа муомала қилиб ўтириш керакми? Замонлар бўлган-ку, ахир, бошлар учиб кетган, ҳеч ким чурқ этмаган. Аксинча, кўпроқ яхши кўришган, кўпроқ куйлашган. Мана бу хўп замон бўлган-да! Энди-чи? Ярамасларнинг энг ярамаси ҳисобланган мана шу чол ҳам дабдурустдан гап қайтаришни ўйлаб топди. «Хўш, хўш, эмакла оёғим остида, эмакла»,- бадхоҳлик билан кулди Ўразқул, ҳар замон-ҳар замонда Мўмин чол томонга қараб қўяркан.
У эса муздай сувда хаёлга чўмиб, томирлари тортишиб, Сейдаҳмад билан бирга тросни кўтариб бораркан, Ўразқул мени кечирган кўринади, деб мамнун бўларди. «Сен энди мен қари чолни кечир, шундай бўлиб чиққани учун, - хаёлан Ўразқулга мурожаат қиларди у. - Кеча чидай олмадим. Мактабга набирам олдига от чоптириб кетдим. Ахир у ёлғиз, мана шунинг учун ҳам ичинг ачийди-да. Мана бугун эса у мактабга ҳам бормади. Тоби қочибди нимагадир. Эсингдан чиқар, кечиргин. Ахир сен ҳам менга бегона эмассан-ку. Ўйлайсанки, мен сенга ва қизимга бахтни раво кўрмайманми? Худо берса қани, набирамнинг ингалаганини эшитсам - худо урсин, бахтимдан кўзимга ёш келарди. Фақат сен хафа қилма қизимни, кечир мени. Агар ишлаш бўлса, токи танимда жоним бор экан, ишлаганим бўлсин. Ҳамма ишни қиламан. Сен фақат буюрсанг, бас...»
Кампир қирғоқнинг бир бурчида тикка туриб, ўзининг имо-ишоралари ва бутун ҳаракатлари билан чолга: «Ҳаракат қилгин, чол! Кўрдингми, у сени кечирди. Менинг айтганимни қилавер, ҳаммаси жойига тушади»,- дерди.

* * *
Бола ухларди. У бир мартагина аллақаердандир отилган милтиқ овозидан уйғониб кетди ва яна уйқуга чўмди. Кечаги машаққатли уйқусизлик ва беморликдан сўнг бугун у бирмунча тинч ва мириқиб ухлади. У уйқуда экан, иситма аралаш бадан қақшоғи азобини тортмай, оёқларини эркин узатиб тўшакда ётиб дам олишнинг нақадар роҳат эканлигини ҳис этди. Агар бувиси билан Бекей хола бўлмаганда у шу ухлаганча ухлаб ётаверарди. Улар овоз чиқармай гаплашишга ҳаракат қилишса-да, идиш-товоқларнинг шақир-шуқуридан бола уйғониб кетди.
— Мана бу катта косани ушлагин-да, овқат олгин, - деб жонланиб гапирди кампир нариги хонада. - Мен эса челак билан элакни олиб келай. Вой белим, мадорим қуриб кетяпти. Озмунча иш қилдикми? Худога шукур, жуда хурсандман.
— Эҳ, бувижон, нимасини айтасиз, мен ҳам шунчалик хурсандманки, кеча шундаям жонимдан тўйиб кетгандим. Агар Гулжамол бўлмаганда ўзимни ўзим ўлдирардим, - деди Бекей.
— У ҳакда уни-буни деб юрасан яна, - тинчитиб қўйди кампир. - Қалампирни олдингми? Кетдик. Сенинг тинчишинг учун худонинг ўзи ёрдам қўлини чўзди. Кетдик, кетдик.
Уйдан чиқаётиб бўсағада Бекей хола кампирдан бола тўғрисида сўради:
— У ҳамон ухлаяптими?
— Майли, ухлаб тура қолсин, - жавоб берди кам-пир.
— Шўрва тайёр бўлганда иссиққина келтириб берамиз.
Бола ортиқ ухлай олмади. Ҳовлидан оёқ товушлари ва одамларнинг гаплашгани эшитилиб турарди. Бекей хола кулиб юборди, Гулжамол ва кампир ҳам унга қўшилиб кулди. Қандайдир нотаниш овозлар қулоққа чалинди. «Ҳа, булар, ҳойнаҳой кеча оқшом келган одамлар, - деб ўйлади бола. - Демак, улар ҳали кетишмабди-да». Фақат бобоси Мўмингина кўринмасди, овози ҳам эшитилмасди. У қаёкда экан? Нима қиляпти экан?
Бола ташқаридаги овозларга қулоқ солиб, бобосини кутиб ётди. У бобоси билан кечаги кўрган буғу ҳақида жуда гаплашгиси келарди. Ҳадемай қиш киради. Улар учун ҳам ўрмонда кўпроқ ем-хашак ҳозирлаш керак. Еб яйрасин. Уларни шундай ўргатиш керакки, одамлардан ҳеч қўрқмайдиган, тўппа-тўғри дарёдан ўтиб ҳовлига келаверадиган бўлсин. Бу ерда ҳам уларга шундай хўрак бериш керакки, улар учун бу жуда тансиқ бўлсин. Қизиқ, улар ҳаммадан кўра нимани яхши кўришар экан-а? Урғочи буғу боласини ўргатиб олсанг-да, у доим орқангдан қолмай эргашиб юрса. Қандай ажойиб бўларди. Сен билан мактабга ҳам бирга бориб келган бўлармиди?..
Бола бобосини кутарди, лекин ундан дарак йўқ. Бир вақт Сейдаҳмад келиб қолди. У нимадандир жуда мамнун. Оғзи қулоғида эди. Сейдаҳмад калласини чайқаб ўз-ўзича илжаярди. У яқинроқ келганда ди-моғидан спирт ҳиди анқиб кетди. Бола Ўразқулнинг ўзбошимчаликларини, бобоси ва Бекей холанинг азоб чекишларини эслатувчи бу бадбўй ҳидни жуда ёмон кўрарди. Лекин Сейдаҳмад ичганда ақлий жиҳатдан унча ҳушёр бўлмаса ҳам, жуда сахий, мулойим ва киши қалбига озор бермайдиган ҳазил-мутойибалари билан Ўразқулдан фарқ қиларди. Бундай вақтларда у билан бобоси Мўмин ўртасида тахминан шундай суҳбат кетарди.
— Нега бунча тентакларга ўхшаб куласан, Сейдаҳмад? Кайфинг тарақми дейман?
— Оқсоқол, мен сизни шундай севаманки. Ростини айтсам, худди ўз отамдек.
— Э-е, сени қара-ю, сенинг ёшингда... Бошқалар машина ҳайдаб юрибди. Сен бўлсанг гапингни уддалаб гапира олмайсан. Агар мен сенинг ёшингда бўлганимдами ҳеч бўлмаганда трактор ҳайдаган бўлардим.
— Оқсоқол, менга армияда командиримиз бу ишга лаёқатсизлигимни айтган эди. Бироқ пиёдалар сафида хизмат қилдим. Пиёда аскарсиз иш битмайди-ку ахир...
— Пиёда аскар эмиш! Пиёда аскар эмас, ишёқмассан. Хотининг бўлса... Худо ҳам тенгига қўшмас экан. Сенга ўхшаганнинг юзтаси битта Гулжамолга арзимайди.
— Шунинг учун ҳам биз эр ва хотин бу ерда юрибмиз-да, оқсоқол.
— Ҳа, сени гапга қўйса... Ҳўкиздай кучинг бор, ақл эса... - Умидсиз қўл силтаб қўйди Мўмин бобо.
— Му-у-у, - деб маърагандай кулиб қўйди Сейдаҳмад.
Шундан кейин у ҳовлининг ўртасида туриб олиб ўзининг аллақандай эшитиб олган ғалати ашуласини куйлай бошлади:


Сариқ-сариқ тоғлардан,
Сариқ отда мен келдим.
Оч эшигинг, эй, сариқ савдогар,
Биз ичамиз сариқ винодан.
Кўнғир-қўнғир тоғлардан,
Қўнғир отда мен келдим.
Оч эшигинг, эй, қўнғир савдогар,
Биз ичамиз қўнғир винодан...
Шу тарзда давом этиб кетаверарди, чунки у баъзан тоғдан туяда келган бўлса, баъзан хўрозда, сичқонда, тошбақада, хуллас, нимаики жонивор бўлса, ўшаларда келаверарди. Маст Сейдаҳмад болага ҳушёрлигига қараганда ёқимлироқ кўринаётгандек эди. Шунинг учун ҳам Сейдаҳмад ширакайф бўлиб келганда бола очиқ кўнгиллик билан илжайиб қўярди. - Э-ҳа! - хитоб қилди Сейдаҳмад ажабланиб. - Сени касал дейишган эди-ку. Ҳа, сен умуман касал бўлмайсан. Сен ҳовлида нега ўйнамай қолдинг? Бунақаси кетмайди. - Сейдаҳмад боланинг тўшагига ағанаб ётди. Унинг қўлларидан ва уст-бошидан спирт ва янги сўйилган хом гўштнинг ҳиди анқиб турарди. У болани қучоқлаб ўпа бошлади. Унинг ўсиб кетган дағал соқоли боланинг юзларини тимдалаб ачитарди.
— Бўлди энди, Сейдаҳмад амаки. - Илтимос қилди бола. - Бобом қани, кўрмадингизми?
— Бобонг анави ёкда, - Сейдаҳмад қўлини ҳавода ноаниқ айлантирди. - Биз мана шу... Ёғочни сувдан олиб чиқдик. Ва бир оз исиб олиш учун ичдик. Ҳозир эса у гўшт пишираётир. Тур ўрнингдан. Кийимларингни кий, бирга кетамиз. Бу нимаси! Яхши эмас. Биз ҳаммамиз у ерда бўлсагу, сен бу ерда ёлғиз ётсанг.
— Бобом турмагин деган, - деди бола.
— Қўйсангчи бўлмаган гапни. Юр, томоша қиламиз. Бу ҳар доим бўлавермайди-ку. Бутун катта зиёфат. Қозон ҳам мой, чўмич ҳам мой! Тура қол, - Сейдаҳмад мастларга хос қўполлик билан болани кийинишга мажбур этди.
— Мен ўзим, - деб эътироз билдирди боши айланаётганини ҳис этаётган бола. Бироқ ширакайф Сейдаҳмад унинг сўзига қулоқ солмади. Модомики, бола ёлғиз уйга ташлаб қўйилган экан. Сейдаҳмад ўзининг унга қилаётган яхшилигидан жуда мамнун эди, айниқса, бутун шундай кунки, товоқ ҳам мой, қошиқ ҳам...
Гандираклаб бола ҳам Сейдаҳмад билан бирга уйдан чиқди. Ташқари шамол, ҳаво булут. Булутлар осмонда тез-тез бир-бирига қўшилишиб кетди. Бола айвондан чиққунча ҳаво икки бор кескин ўзгарди. Чарақлаб турган қуёшли ҳавони кўнгилни ғаш қилувчи қоронғилик босди. Бола бундан боши оғриётганини сезди. Шамол юзига гулханнинг тутунини олиб келиб урарди. Кўзлари ачишди. «Бугун кир ювишаётган бўлса керак», - ўйлади бола, чунки кир ювиш кунларида одатда шундай гулхан ёқилиб, учала уйдаги катта қора қозонларда сув иситиларди. Бундай қозонларни бир киши кўтара олмайди. Бекей хола билан Гулжамол икковлашиб кўтаришарди бу қозонларни.
Бола бундай кир ювиладиган кунни яхши кўрарди. Биринчидан, бундай кунларда гулхан уйдаги сингари ўчоқларда эмас, балки очиқ ўчоқларда ёқилиб, унинг атрофида ўйнаш мумкин эди. Иккинчидан, ювилган кийимларни илиш жуда гаштли бўларди. Оқ, кўк, қизил матоларнинг арқонда осилиб туриши ҳовлига зеб бериб турарди. Бола арқонда осилиб ётган кийимларга билдирмасдан секингина келиб юзларини теккизиб ўтишни яхши кўрарди.
Бу гал ҳовлида ҳеч қандай ювилган буюмлар кўринмади. Аммо катта гўшт бўлаклари билан лиқ тўлдирилган қозон остига кучли ўт ёқилган бўлиб, қайнаётган қозондан қуюқ буғ кўтариларди. Гўшт пишиб қолган эди: гўштнинг дами ва гулханнинг иси бирга қўшилишиб, иштаҳани қитиқларди. Бекей хола бўлса, янги қизил кўйлак, янги хром этикда гулли шол рўмолни елкасига ташлаб олганча қозонга энгашиб, чўмич билан кўпикларни олиб ташлаётган эди, Мўмин бобо эса унинг ёнида чўкка тушган ҳолда ўчокдаги ёнаётган тарашаларни ағдариб қўярди.
— Ана, бобонг, - деди Сейдаҳмад болага. - Кетдик.
Ўзи бўлса:
— Сариқ-сариқ тоғлардан,
— Сариқ отда мен келдим, -
деб эндигина хиргойи қила бошлаган эди, сочи устарада тақир олинган, енглари шимарилган ва қўлида болта ушлаганча саройдан чиқиб кетаётган Ўразқулга кўзи тушди.
— Сен қаёқда тентираб юрибсан? - даҳшатли қичқирди у Сейдаҳмадга қараб. - Меҳмон бу ерда ўтин ёрсин, - у бош ирғаб ўтин ёраётган шофёрни кўрсатди, - сен бўлсанг қўшиқ айтиб юр.
— Э, ҳозир ана-мана дегунча, боплаймиз, - тинчлантирди уни Сейдаҳмад, шофёрга қараб йўналар экан. - Қани, ука, мен ўзим.
Бола эса ўчоқ бошида чўкка тушиб ўтирган бобоси томон яқинлашди. У орқа томондан келган эди. .
— Бобо, - деди у. Бобоси уни эшитмади.
— Бобо, - деб такрорлади бола ва бобосининг елкасига қўлини тегизди. Чол ўгирилиб қаради, бола бобоси маст эканлигинй сезмади. У бобосининг лоақал бирон марта ширакайф бўлганини кўрмаган эди. Тўғри, иссиқкўллик бирор чолнинг маъракасида ҳаммаси - ҳатто аёлларга ҳам ичиришарди. Бироқ бобосида бундай одат ҳали содир бўлмаган эди.
Чол болага қандайдир бегонадай, ғайритабиий ва ёввойи қараш қилди. Унинг юзлари қизариб кетганди, у набирасини кўриб яна ҳам қизариб кетди. Қизиллик ним пушти рангта кирди ва шу заҳотиёқ бобонинг юзлари оқара бошлади. Чол шошилиб ўрнидан турди.
— Ие, сенми? - деди у бўғиқ овоз билан набирасини бағрига босиб. - Ие, сенми, - бундан бошқа бирон сўз айта олмади. Ундаги тўлқинланиш болага ўтган эди.
— Тобингиз қочдими, бобо? - ташвишланиб сўра-ди бола.
— Йўқ-йўқ. Ўзим шундай, - минғиллади Мўмин. - Сен бор, ўйнаб кел. Мен бу ерда ўт ёқаяпман, бу ҳаммадан...
У набирасини деярли итариб юбориб, гўё бутун оламдан юз ўгиргандай, яна ўчоққа қараб ўгирилиб олди. У тиз чўкканча, гўё фақат ўт билан банддай бирон ёққа бурилиб қарамасди. Чол набирасининг тарвузи қўлтиғидан тушганча, ҳовлида ўтин ёраётган Сейдаҳмад томон йўл олганини ҳам кўрмади.
Бола бобосига нима бўлганини, умуман, ҳовлида нима бўлаётганини тушунмасди. У саройга яқинлашгандагина юнги ерга қаратиб ёйилган тери устида янги сўйилган молнинг уйиб қўйилган гўштига кўзи тушди. Терининг чеккаларидан ҳамон хира қон томчилари сизиб тушаётган эди. Сал нарироқда ит ичакчавоқларни ириллаганча силкилаб тортарди. Уюлган гўшт ёнида аллақандай қорадан келган, барваста нотаниш киши тўнкага ўхшаб дўппайиб ўтирарди. У Кўкатой эди. У билан Ўразқул иккаласи пичоқни олволиб, гўшт майдалашарди. Улар қисмларга ажратилган ёғ ва гўштларни ёзиб қўйилган терининг турли жойларига хотиржамлик билан, шошмасдан ирғитиб ташламокда эдилар.
— Маза! Ҳидини айтмайсанми! - деди йўғон овоз билан ҳалиги барваста киши, гўшт ҳидлаб кўраркан.
— Ол, ол, ўз улушингга ташла, - сахийларча таклиф этди Ўразқул. - Буни сенинг келишинг шарафига худо етказди. Бу ҳар доим бўлавермайди. - Ўразқул бу орада пишиллаб, ишдан бошини кўтариб, таранглашган қорнини силаб қўйди, унинг кўп еб, кўп ичганлиги билиниб турарди. Унинг нафаси қисилиб хириллаб қолди, эркин нафас олиш учун бошини бирдан юқори кўтарди. Унинг сергўшт, сигирнинг елинидек ялтироқ юзидан ўзига бино қўйганлиги ва тўқлик аломати сезилиб турарди.
Бола девор тагидаги шохли буғу калласини кўриб эсанкираб қолди, бадани музлаб кетди. Кесилган калла қоп-қора қон томчиларини оқизиб, чангда юмалаб ётарди. Бу - йўлда ётган эгри-бугри дарахтни эслатарди. Калла ёнида тиззадан қирқилган тўртта туёқ ётарди. Бола бу даҳшатли манзарани кўриб чўчиб кетди. У ўз кўзларига ишонмасди. Унинг олдида Шохдор она буғунинг калласи ётарди. У бу ердан қочиб кетишни истарди, лекин оёқлари унга итоат этмасди. У калла-поча қилинган оқ буғунинг қаршисида турарди. Кечагина Шохдор она буғу бўлиб юрган, унга оқкўнгиллик билан суқланиб қараган, хаёлан гапиришган ва шохида қўнғироқча тақилган сеҳрли бешик келтиришни илтижо қилиб сўрагани ўша буғу эди. Наҳотки буларнинг ҳаммаси ногоҳ шаклсиз бир уюм гўштга, шилинган терига, кесилган оёққа ва улоқтириб ташланган каллага айланиб қолса. Боланинг кетиши керак эди, лекин у тошдек қотиб, бу воқеанинг қандай ва нега содир бўлганини тушуна олмай турарди. Ҳалиги гўшт бўлаётган қора барваста киши уюлиб турган гўштнинг ичидан буйрак олди-да, уни пичоқнинг учига санчиб болага узатди.
— Ма, бола, кабоб қил, лаззатли бўлади, - деди у. Бола қимирламай турарди.
— Ол! - буйруқ қилди Ўразқул.
Бола беихтиёр қўлини чўзди, сўнг муздек қўлида Шохдор она буғунинг ҳали ҳам иссиғи кетмаган юмшоқ буйрагини ғижимлаганча ушлаб турди. Шу пайт Ўразқул оқ буғунинг калласини шохидан ушлаб кўтариб кўрди.
— Эҳ, оғирлигини қаранг-а, - у каллани тебратиб, оғирлигини салмоқлаб кўрди, - битта шохининг ўзи қанча келади-я. - У каллани ғўлага кўндаланг қилиб қўйди ва болтани олиб шохини ажратишга киришди.
— Мана, шох! - ишлаб туриб гапирарди у ўткир болтани шохларининг тубига қадаб. - Бу сенинг бобонгга, - у болага қараб кўз қисиб қўйди. - Ўлиши билан бу шохни унинг қабрига қўямиз. Қани энди ким бизга у кишини ҳурмат қилмайсизлар, деб айта олар экан. Яна нима керак! Бундай шох учун ҳатто бугуноқ ўлсанг арзийди! - дея болтани мўлжалга оларкан, Ўразқул хахолаб куларди.
Шохни осонликча олиб бўлмайди. Уни олиш жуда қийин эди. Маст Ўразқулнинг болтаси нишонга бориб тегмасди, бу эса баттар жаҳлини чиқарарди. Калла ғўла устидан думалаб тушди. Шунда Ўразқул уни ердаёқ чопа бошлади. Калла сирғалиб чиқиб кетаверди. Ўразқул болта кўтарганча унинг орқасидан чопиб юрди.
Бола сесканиб кетди, ҳар гал кетмоқчи бўлиб беихтиёр тисарилса-да, бу ердан кетишга ўзини мажбур этолмасди. Жуда ёмон туш кўриб, уни аллақандай даҳшатли бир куч тутиб тургандай эди, у ўз жойида турганича шу нарсага ажабланар эдики, киприк қоқмай бақрайиб турган Шохдор она буғунинг кўзлари болтадан ўзини олиб қочмасди. Қўрқувдан қисилиб юмилмасди. Калла аллақачон лой ва тупроққа беланган бўлса ҳам, кўз қорачиғи мусаффолигича боқиб турар-ди, афтидан, у ўзини ўлимга маҳкум этган шу ёруғ жаҳонга тилсиз, унсиз ҳайратда қолиб, ҳамон боқиб тургандек эди. Бола маст-аласт Ўразқул билан кўзи-кўзига тушиб қолишдан чўчирди.
Шох ҳамон бўш келмасди. Ўразқул эса борган сари тутақиб, болтанинг гоҳ тиғи билан, гоҳ орқаси билан калланинг дуч келган жойига урарди.
— Бунақада шохни синдириб қўясан. Бу ёққа бер, - яқинлашди Сейдаҳмад.
— Нари тур! Ўзим! Қўлингдан келмайди, синдириб қўясан! - хириллаб нафас оларди Ўразқул болтани қулочкашлаб ураркан.
— Хўп, хўп, ўзинг биласан, - Сейдаҳмад тупурганча уйи томон одимлаб кетди. Унинг орқасидан ҳалиги қорадан келган барваста киши борарди. У қопда ўз улушини олиб кетаётган эди.
Ўразқул молхона орқасида маст-аласт ҳолда, қайсарлик билан Шохдор она буғунинг калласини тилкалашда давом этарди. Унинг бу ҳолати узоқ кутилган қасосини энди бажо келтиргандек туюларди.
— Эҳ, ярамас! Лаънати!.. - деб худди жонсиз калла эшитаётгандай этигининг товони билан уни тепиб жаҳл устида оғиз кўпиртирганча сўкинарди. - Кимни аҳмоқ қилмоқчисан! - У болтани ушлаганча калланинг тепасига қайта-қайта хезланиб келарди. - Дабдала қилмасам отимни бошқа қўяман. Мана сенга! Мана сенга! - Шундай деб болта билан каллани урди. Калла чирсиллаб ёрилиб, майда суяклар ҳар томонга учиб кетарди.
Болтанинг тиғи кўзга кўндаланг келиб текканда бола қичқириб юборди. Очилиб қолган кўз чаноғидан қоп-қора қуюқ суюқлик оқиб тушди. Кўз сўнди, барбод этилди...
— Мен бундан зўрроқ каллаларни ҳам майдалай оламан! Бундан бошқа шохларни ҳам суғуриб ола биламан! - деб жазаваси тутиб бўкирарди Ўразқул гуноҳсиз калладан нафратланганча.
Ниҳоят бу калланинг пешона суякларини ҳам майдалашга муваффақ бўлди. У энди болтани ташлаб каллани оёғи остига олиб, шохдан икки қўллаб ушлаган-ча ваҳшиёна куч билан бурай бошлади ва шохларни юлиб олди. Улар суғуриб олинган илдиз сингари қарсилларди. Бу шохлар - боланинг илтимосига кўра, Ўразқул билан Бекей холага сеҳрли бешик келтириши лозим бўлган ўша Шохдор она буғунинг шохлари эди...
Боланинг кўнгли беҳузур бўлди. У бурилди ва қўлидаги буйракни тушириб юбориб, секингина нари кетди. У қулаб тушаётгандек ёки бўлмаса одамлар кўзи олдида қайт қилиб юбораётгандек жуда қўрқди. У оқариб-гезариб манглайлари ёпишқоқ терга ботганча ўчоқ ёнидан ўтиб борарди. Ўчоқда ловуллаб ўт ёниб, қозондан бурқираб қайноқ буғ кўтариларди. Бахтсиз Мўмин бобо бўлса ҳамон аввалгидек юзини ўтга тутиб, ҳаммасига чап бериб ўтирарди. Бола бобосини безовта қилгиси келмади. Ў тезроқ ўринга етиб боришни ва тўшакка боши билан бурканиб ётишни истарди. Қани энди ҳеч нарсани кўрмаса, эшитмаса, унутса.
Қаршисидан Бекей хола чиқиб қолди. У ўзига оро бериб ясанган, бироқ юзида Ўразқулнинг калтаклаши натижасида ҳосил бўлган кўм-кўк қонталаш излар кўзга ташланиб турарди. Бемаврид қувониб, жонсараклик билан «катта гўштга» югуриб келаётган эди.
— Сенга нима бўлди? - У болани тўхтатди.
— Бошим оғрияпти.
— Бошгинангдан айланай, - деди меҳри тошиб ва устма-уст ўпа бошлади.
У ҳам маст эди. Ундан ҳам лаънати ароқ ҳиди анқиб келарди.
— Бошгинаси оғрибди-да, - . минғирлади у раҳмдиллик қилиб. - Жигаргўшам менинг. Балки овқатлангинг келаётгандир.
— Йўқ, ҳеч нарса емайман. Ётгим келяпти.
— Кетдик бўлмаса, ўзим ётқизиб қўяман. Нима, сен якка-ю ёлғиз ётаверар экансанми. Ахир ҳамма одам бизникида. Меҳмонлар ҳам. Гўшт ҳам тайёр бўлай деб қолди, - деди у ва болани ўзи билан бирга олиб кетди. Булар яна ўчоқ бошидан ўтиб кетаёттанларида елин сингари қизариб тўлишиб кетган ҳолда молхонадан чиқиб келаётган Ўразқулга кўзлари тушди. У Мўмин бобо ёнига ўзи кесган буғу шохларини кеккайганча уйиб қўйди. Чол сапчиб тушди.
Ўразқул унга қарамасдан сув тўла пақирни боши узра кўтарди ва орқага эгилганча эгнига тўкиб-сочиб ича бошлади.
— Энди ўлсанг ҳам бўлаверади, - деди у бошини пақирдан кўтариб, яна пақирга тиқаркан. Бола чолнинг ғўлдираб гапираётганини эшитди:
— Раҳмат, ўғлим, раҳмат. Энди ўлсам ҳам армоним йўқ. Мен учун шунчалик иззат-ҳурмат...
— Мен уйга кетаман, - деди ўзини унча яхши сезмаётган бола.
Бекей хола кўнмади.
— Бир ўзинг нима қиласан у ерда. - Болани ҳоли-жонига қўймасдан уйига олиб кетди ва бурчакдаги каравотга ётқизди.
Ўразқулнинг уйида дастурхон мунтазир эди. Ҳар хил таомлар муҳайё эди. Буларнинг ҳаммаси билан кампир ва Гулжамол банд эди. Уй билан ҳовлидаги ўчоқ орасида Бекей хола қатнагани-қатнаган. Ўразқул билан барзанги Кўкатой гўштни кутиб, гулли кўрпачада ёстиққа ёнбошлаганча чойдан майда-майда ичишиб ўтиришарди. Улар тўсатдан ўзларига бино қўйиб, ўзларини тўра ҳис этишарди. Сейдаҳмад уларга пиёланинг тагида чой қуйиб ўтирарди.
Бола бўлса бир бурчакда ипсиз боғлангандай, бетоблик зарбига бардош бериб жимгина ётарди. Уни яна қалтироқ босди. У туриб кетишни истарди. Бироқ каравотдан тушиши биланоқ қайт қилиб юборишдан қўрқарди, шунинг учун ҳам у титраб-қақшаганча тишини-тишига қўйиб, қимир этмай ётарди. Ортиқча қимирлашдан қўрқарди.
Шу орада хотинлар Сейдаҳмадни ҳовлидан чақиришди. Катта сирланган товоқда тоғ сингари уюлиб, буғланиб турган гўштни кўтарганча Сейдаҳмад пайдо бўлди. У узоқ кутилган бу таомни зўрға кўтариб келиб, Ўразқул билан Кўкатойнинг олдига қўйди. Хо-тинлар унинг орқасидан яна турли хил овқатларни келтиришди.
Ҳамма жой-жойига ўтирди, пичоқ ва тарелкалар тайёрланди. Шу орада Сейдаҳмад стаканларга ароқ қуйди.
— Ароқнинг раиси мен бўламан, - дея шақиллай бошлади у бурчакдаги шишаларга ишора қилиб.
Ҳаммадан кейин Мўмин бобо келди. Чол бугун ҳар қачонгидан кўра ғалати ва аянчли қиёфада кўринарди. У бирор четроқ жойга бориб омонатгина ўтирмоқчи эди, лекин қора, барваста Кўкатой ҳиммат қилиб уни ўз ёнига таклиф қилди.
— Бу ёққа келинг, оқсоқол.
— Раҳмат. Биз мана бу ерга, ўзимизники-ку ахир, - эътироз билдирмоқчи бўлди Мўмин бобо.
— Ҳарқалай сиз оқсоқолимизсиз, - қаттиқ туриб олди Кўкатой ва ўзи билан Сейдаҳмаднинг ўртасига ўтқазди. - Қани, ичамиз, оқсоқол, сизнинг шундай муваффақиятларингиз учун. Биринчи сўз сизга.
Мўмин бобо йўталиб қўйди.
— Мана шу уйларда тинчлик бўлсин, - деди у қийналиб. - Қаерда тинчлик бўлса, бахт ҳам ўша ер-да, болаларим.
— Тўғри, тўғри! - деб ҳамма ўз қадаҳини кўтарди.
— А, сиз-чи! Йўқ, бунақаси кетмайди! Куёвингиз ва қизингизга бахт тиласангизу, яна ўзингиз ичмасангиз, - деб Кўкатой хижолат тортиб ўтирган Мўмин бободан ўпкалади.
— Шуларнинг бахти учун бўладиган бўлса, - чол шошиб қолди ва ҳаммани ҳайратда қолдирганча салкам тўла стаканни охиригача кўтариб юборди ва гаранг бўлиб қолгандай бошини чайқай бошлади.
— Оббо, шоввоз-ей!
— Бизнинг бобо унақалардан эмас.
— Қойил, қойилмиз чолингизга!
Ҳамма шодланиб куларди, чолни мақтарди.
Уй исиб димиқиб кетган эди. Бола изтироб чекиб ётарди, боши айланарди. У кўзини юмиб ётганча маст-аласт кишиларнинг Шохдор она буғунинг гўштини чапиллаб, пишиллашиб овоз чиқариб еяётганликларини, бир-бировларига мазали гўшт қисмларини узатишиб сийлашаётганларини, кир стаканларнинг уриштирилаётганини, кемириб тозаланган суякларнинг товоққа қандай териб қўйилаётганини эшитиб турарди.
— Бай-бай-бай, мунчаям мазалия! - мақтарди Кўкатой лабини чапиллатиб.
— Нима, биз аҳмоқмизми тоғда яшаб шундай гўшт ея олмасак, - деди Ўразқул.
— Тўғри-да, нега бўлмаса бу ерда яшаяпмиз, - маъқуллади Сейдаҳмад.
Ҳамма Шохдор она буғунинг гўштини мақтай кетди. Кампир-у Бекей холадан тортиб, Гулжамол-у Мўмин бобогача - ҳамма-ҳаммаси мақташарди. Болага ҳам тарелкада гўшт ва бошқа таомлардан киритиб беришди. Лекин у рад этди. Маст одамлар унинг тоби қочганлигини ҳисобга олиб безовта қилмадилар.
Бола тишини-тишига қўйиб ётарди. У шундай ётганда кўнгил беҳудлигидан бир оз қутулгандай бўлади. Бироқ Шохдор она буғуни ўлдирган бу одамлар билан бирон иш қилишга қодир эмаслиги уни ҳаммадан кўра қийнаётган эди. У болаларга хос ҳақгўйлик ғазаби ва дилхасталиги билан улардан ўч олишнинг турли йўлларини - қандай бўлмасин уларни жазолаш, гуноҳини тушунишга мажбур этиш, қандай ёвуз ишга қўл урганликларини кўрсатиб қўйиш йўлларини ўйларди. Бироқ хаёлан Қулибекни ёрдамга чақиришдан бўлак бирор дурустроқ йўл тополмади. Ҳа, ўша бўронли тунда солдатча камзул кийиб, ёш шофёрлар билан бирга пичан ортишга келган ўша йигитни чақирмоқ керак. У боланинг кўриб юрган одамлари ичида Ўразқулга бас кела олиши ва бутун ҳақиқатни айтиб солиши мумкин бўлган бирдан бир киши эди.
Боланинг чорлаши бўйича Қулибек машинада ғизиллаб етиб келди ва автоматни олдинга қарата қия ушлаганча кабинадан сакраб тушди: «Қани улар?» - Улар мана бу ёкда! Улар иккаласи Ўразқулларнинг уйи томон югуриб кетишди. Эшикни зарб билан очишди. «Қўзғала кўрма! Қўлингни кўтар!» - бўсағадан туриб даҳшат билан буйруқ берди Қулибек, автоматни тўғрилаганча. Ҳамманинг капалаги учиб кетди. Ҳамма ўтирган жойида донг қотиб, оғиздаги гўштлар бўғизларида қолди. Кўп еб қўллари, юзлари, оғизлари мойга ботиб, бўкиб қолган маст-аласт кишиларнинг эса умуман қимир этишга мажоллари қолмаган эди.
«Қани, ўрнингдан турчи, мурдор!» - Қулибек автоматини Ўразқулнинг чаккасига тиради. Қалтироқ босган Ўразқул дудуқланганича Қулибекнинг оёғига йиқилди. «Раҳм қил, ўлдирмагин». Лекин Қулибек раҳм қилмади. «Чиқ бу ёққа, мурдор! Энди тамом бўлдинг!»- У Ўразқулнинг чотига зарб билан тепиб юборди ва ўрнидан турғизиб уйдан чиқишга мажбур этди. Кайфи учиб саросимага тушиб қолган жамики кишилар жимгина ҳовлига чиқишди...
«Деворга бориб тур! - буйруқ берди Қулибек Ўразқулга. - Шохдор она буғуни ўлдирганинг учун ва унинг бешик кўтариб келган шохларини кесиб олганинг учун сенга ўлим!» Ўразқул тупроққа йиқилиб тушди. Эмаклаб инграганча зорлана бошлади: «Ўлдирма мени, менинг ҳеч кимим йўқ-ку ахир. Оламда танҳоман. На ўғлим бор, на қизим...»
Ундаги манманлик, кибр-ҳаво қаёққа кетди.
Ожиз, ярамас қўрқоқ. Бундайларни ўлдиргинг ҳам келмайди.
«Майли, ўлдирмайлик, - деди бола Қулибекка. - Лекин бу ердан абадий кетсин, қораси ўчсин. Бу ерда унинг кераги йўқ. Йўқолсин».
Уразқул ўрнидан туриб шимини кўтариб олди ва ўгирилиб қарашга юраги дов бермай лўкиллаганча қочиб қолди. Унинг хомсемиз юзлари лорсиллаб, этигидан галифе шими осилиб қолган эди. Бироқ Қулибек уни тўхтатди: «Тўхта! Сенга айтадиган охирги сўзимиз бор. Сенда ҳеч қачон бола бўлмайди. Сен ёвуз ва ярамас одамсан. Сени бу ерда ҳеч ким ёқтирмайди. Ўрмон ҳам, бирорта дарахт ҳам, ҳатто бир дона гиёҳ ҳам сени севмайди. Сен фашистсан. Сен бу ердан умрбод кет. Қани, тезроқ бўл!» Ўразқул олди-кетига қарамай югурарди. Қулибек унинг орқасидан: «Шнел! Шнел», - дея хахолаб кулар ва яна ваҳима солиш учун автоматидан ҳавога қараб ўқ узарди.
Бола ўзида йўқ шод эди. Ўразқул кўздан ғойиб бўлгач, Қулибек эшик олдида гуноҳкорларча турган бошқа кишиларга қараб: «Шундай одам билан қандай яшаб келдиларинг? Уят эмасми сизларга!» - деди.
Бола ўзини енгил ҳис қилди. Адолатли суд бажо келтирилди. У ўз хаёлларига шунчалик берилиб кетган эдики, ҳатто қаерда ётганини ҳам, Ўразқулнинг уйида нима муносабат билан ичкиликбозлик қилаётганликларини ҳам унутган эди. Қаҳқаҳлаб кулишлар уни бу оромбахш ҳолатдан яна ўзига келтирди. Бола кўзини очиб яна қулоқ сола бошлади. Хонада Мўмин бобоси йўқ эди.
Қаёққадир чиқиб кетган бўлса керак. Хотинлар идиш-товоқларни йиғиштиришиб, чой келтиришга ҳозирлик кўраётган эдилар. Сейдаҳмад ниманидир баланд овоз билан ҳикоя қилиб берарди, ўтирганлар унинг сўзларини эшитиб кулишарди.
— У ёғи нима бўлди?
— Давом эт!
— Сен шошилма, бу ёққа қара, қани яна бир қайтариб айт, - кулгидан ичаги узилган Ўразқул яна сўрай бошлади, - сен унга жавобан нима дединг? Уни қандай қўрқитдинг. Вой ичагим! Ха-ха-ха! - У ҳамон қорнини ушлаганча қотиб-қотиб куларди.
— Шундай қилиб, - дея Сейдаҳмад ҳикоясини яна бошидан бошлашга жон деб рози бўлди, - биз буғуларга яқинлашиб борсак, ўрмон ёқасида учтаси турган экан. Отларни эндигина дарахтга боғлаган ҳам эдик, чол ҳамроҳим қўлимдан ушлаб: «Биз буғуларни отишимиз мумкин эмас. Биз Буғубой авлодиданмиз. Шохдор она буғунинг фарзандларимиз!» деди. Ўзи бўлса болалардек термилиб турарди менга. Кўзлари ялиниб-ёлвориб илтижо қилаётгандек боқарди. Менинг эса ўлгидай кулгим қистарди. Лекин кулиб юбормадим. Ҳа, кулмадим. Аксинча, бу ҳақиқатан ҳам шундай-ку: «Сен нима, турмага тушгинг келяпти-ми?» - дейман. «Йўқ», - дейди у. «Биласанми, бойлар замонидаги ҳикоялар камбағал халқни қўрқитиш учун тўқилган», - дедим. Шунда у тилга кириб: «Сен нима деяпсан ўзи», - деди. Мен бўлсам: «Шуни айтяпманки, сен бунақа гапларингни қўй, акс ҳолда қарилигингга ҳам қарамай, тегишли жойга ёзиб юбораман», - дедим.
— Ха-ха-ха, - деб ўтирганларнинг ҳаммаси кулиб юборишди. Айниқса, Ўразқул уларнинг ичида роҳатланиб куларди.
— Кейин биз сездирмасдан уларга яқин бордик. Агар уларнинг ўрнида бошқа ҳайвонлар бўлгандами, аллақачон хабар топиб кўздан ғойиб бўлган бўларди. Бу анқов буғулар эса биздан чўчимаётгандай қочмасди. Чўчимагани яна ҳам яхши деб ўйлайман, - ҳикоя қиларди Сейдаҳмад. - Мен милтиқ билан олдинда, чол кейинда боряпмиз. Шу ондаёқ, менда шубҳа туғилди. Умримда чумчуқ ҳам отган эмасдим. Ҳозир шундай бир ҳолат юзага келдики, агар теккиза олмасам, ўрмонга қочади-кетади, кейин унинг орқасидан етиб бўпсан, довоннинг нариги ёғига ўтиб кетади. Бундай тайёр ўлжани ким қўлдан бой беришни истарди?
Бизнинг чол овчи бўлган, вақтида айиқни ҳам қулатган. Мен унга милтиқни бериб, мана чол, отинг, дедим. У бўлса йўқ, отмайман, ўзинг от, дейди. Мен бўлсам унга: Мен ахир мастман-ку, дедим. Ўзим эса оёкда туролмаётгандек тебранардим. У ўрмондан ёғоч олиб чиққанимизда сиз билан ичганимизни кўрган эди. Шунинг учун ҳам мен ўзимни айёрликка солдим.
— Ха-ха-ха.
— Мен теккизолмайман дедим, буғулар кетиб қолади, кейин қайтиб келмайди. Бизнинг эса қуруқ қайтиб боришимиз яхши эмас. Ўзинг биласан. Ўйлаб кўргин. Нега бизни бу ёққа юборишди? Индамайди. Милтиқни ҳам олмайди. Майли, ўзингиз биласиз, дедим-да, милтиқни ташлаб кетмоқчи бўлдим. У орқамдан эргашди. Барибир, Ўразқул мени ҳайдайди - совхозга бориб ишлайвераман, дейди. Қариганда қаёққа борасан, дедим? Яна лом-лим демади. Мен секин хиргойи қилдим:
Сариқ-сариқ тоғлардан,
Сариқ отда мен келдим.
Оч эшигинг, эй, сариқ савдогар...
— Ха-ха-ха...
— Мени ҳақиқатан ҳам маст деб ўйлади. Милтиқни қўлга олиб жўнаб қолди. Мен қайтдим. Биз бир-биримиз билан тортишиб ётар эканмиз, буғулар бу орада бир оз нарироққа юрди. Кўряпсанми, дейман унга, кетиб қолди, кейин уларга етиб бўлмайди. Улар ҳали ҳуркиб қочмагунча отиб олиш керак. Чол қўлига милтиқни олди ва уларнинг орқасидан пусиб бора бошлади. У ҳамон: «Кечир мени, Шохдор она буғу, кечир...», - деб ўз-ўзича шивирларди. Мен эса ўз-ўзимча: «Эҳтиёт бўл, теккиза олмасанг, сен ҳам ўша буғулар билан бирга бошинг оққан ёққа қараб кет, бошқа қорангни кўрсатма», - дедим.
— Ха-ха-ха...
Ичимлик ҳиди билан дуд ҳидининг бирга қўшилиб анқиши, унинг устига қаҳқаҳа уриб кулишлар боланинг иситмасини ошириб, янада димиқтириб юборди. Оғриқнинг зўридан унинг боши тарс ёрилиб кетаёзди. Назарида кимдир уни тепаётганга, кимдир болта билан миясини ёраётганга ўхшарди. Гўё биров унинг кўзини мўлжалга олаётгандай чап бериб бошини олиб қочишга интиларди. Иситма натижасида ҳолдан кетган бола муздек дарёда пайдо бўлиб, балиққа айланиб қолди. Қуйруғу, танаси, сузгич қанотлари - ҳамма-ҳаммаси балиқники-ю, фақат оғриётган бошигина ўзича қолган эди. У қоп-қоронғи муздек сув остида сузиб борарди. Хаёлида умрбод шундай балиқ бўлиб қолишни ва тоққа ҳеч қачон қайтмасликни ўйларди. «Қайтмайман энди, - деярди у ўзича. - Яхшиси, балиқ бўламан, балиқ бўлиб яшайман...»
Бола каравотдан тушиб, секин уйдан чиқиб кетганини ҳеч ким пайқамай қолди. У зўрға бурчакка етиб борган ҳам эди, бирдан қайт қилиб юборди. У деворга суянганча инграб йигларди. Ўпкаси тўлиб йиғлаганидан нафаси қисилиб ғўлдирарди:
— Йўқ, мен, яхшиси, балиқ бўламан. Бу ердан сузиб кетаман. Яхшиси, балиқ бўламан.
Ўразқулнинг уйи деразасидан эса маст кишиларнинг қаҳқаҳлаб кулишлари-ю, қийқириқ овозлари эшитиларди. Бу ёввойи қаҳқаҳа болани гаранг қилди, унинг қалбида чидаб бўлмас дард-аламларни қўзғади. Бу даҳшатли қаҳқаҳани эшитиш кўнглини беҳузур қилаётгандек туюлди. У бироз ўзига келиш учун ҳовлига чикди. Ҳовлида ҳеч ким йўқ, ҳувуллаб ётарди... Ўти ўчиб қолган ўчоқ ёнида ичкиликнинг зўридан ўлар ҳолатда ётган Мўмин бобога кўзи тушди. Чол тупроқда, ўша Шохдор она буғунинг кесиб ташланган шохлари ёнида ҳушсиз ётарди. Буғунинг майдаланган калласини ит ғажиб ётган эди. Булардан бошқа бирон кимса йўқ.
Бола бобосининг устига энгашганча унинг елкасидан тортқилади.
— Бобо, юринг, уйга кетамиз, уйга, - деди у. Чол жавоб бермади, у ҳеч нимани эшитмади, бошини ҳам кўтара олмади. Ҳа, у нима ҳам дея оларди?
— Қани, туринг, бобо, уйга кетамиз, - деди бола. Ким билсин, у ўзининг болалик ақли билан бобосининг Шохдор она буту ҳақидаги эртаги учун бу ерда таъзирини еб ётганини, ўз эрки билан унга қасд қилмаганлигини, унинг ўзи бу ҳақда болага ҳамма вақт насиҳат қилиб келганлигини, - ота-боболар удумига, ўз виждони ва васиятларига зид борганлигини, бахти қаро қизини деб, набирасини деб шу ишга қўл урганлигини фаҳмлай олдимикин ёки англаб етмадимикин?..
Чол оғир аҳволга тушиб, ғам-алам ўтида ёниб, боланинг овозига жавоб қилмасдан, гўё ўлик сингари юзини ерга қилиб ётарди.
Бола бобосининг ёнига чўққайиб ўтирганча уни қўзғатишга ҳаракат қилди.
— Бобо, бошингизни кўтарсангиз-чи, - деди у. Боланинг юзлари оқариб, бўшашиб кетган эди, қўллари, лаблари қалтирарди. - Бобо, бу менман. Эшитяпсизми?- деярди у. Ўзимни жуда ёмон сезяпман, - дея йиғларди у. - Бошим оғрияпти, жуда қаттиқ оғрияпти.
Чол инграб, қимирлай бошлади, бироқ ҳамон ўзига келолмаган эди.
— Бобо, Қулибек келадими? - сўради бола бирдан кўзёши аралаш. - Айтинг, машинасида Қулибек келадими? - гап билан алаҳситмоқчи бўлди у чолни.
Бола бобосини ёнбош билан ағдарилиб ётишга мажбур этди ва ногаҳон маст ҳолда соқолларигача лой ва тупроққа беланиб, аянчли ҳолда ётган чолнинг юзига кўзи тушиб, сесканиб кетди. Бола шу дақиқада ҳалигина Ўразқул болта билан майдалаб ташлаган оқ буғунинг калласини хаёлидан ўтказди ва қўрқувдан ўзини четга тортди. Бобосидан нари кетар экан, деди:
— Мен балиққа айланаман, эшитяпсизми, бобо, сузиб кетяпман. Қулибек келганда балиққа айланиб қолганимни айтинг.
Чол ҳеч қандай жавоб қайтармади.
Бола юришда давом этди. Дарёга тушиб, сув кеча бошлади.
Боланинг сувда балиқ бўлиб сузиб юрганидан ҳали ҳеч кимнинг хабари йўқ эди. Ҳовлида маст кишиларнинг куйлаган қўшиқлари эшитиларди:


Ўркач-ўркач тотардан,
Ўркач туяда мен келдим.
Оч эшигинг, букри савдогар,
Биз ичамиз, ўткир винодан...
Сен сузиб кетдинг. Қулибекнинг келишини кутиб турмадинг. Афсус, минг афсуски, Қулибекнинг келишини кутиб турмадинг. Нега сен йўлдан чопиб бора қолмадинг. Агар йўлдан узоқ муддат чопиб борганингдами, албатта уни учратардинг. Қулибекнинг машина-сини узокдан таниган бўлардинг. Қўлингни кўтарганингда у шу заҳотиёқ машинасини тўхтатган бўларди.
— Сен қаёққа кетяпсан? - деб сўрарди.
— Мен сизни излаб кетаётган эдим! - деб жавоб берган бўлардинг.
У шунда сени машинаси кабинасига олган бўларди. Иккаловинг бирга кетган бўлардиларинг. Олдинда, йўлда эса ҳеч кимга кўринмасдан Шохдор она буғу елдай учиб борарди. Бироқ сен уни кўра олган бўлардинг.
Аммо сен сувда сузиб кетдинг.

* * *
Сен бу қўшиқни эшитмадинг. Сен ўз эртагингдаги балиқ каби сузардинг, бўталоғим. Биласанми, сен ҳеч қачон балиққа айланиб қололмайсан ва Иссиқкўлгача сузиб боролмайсан, оқ кемани ҳам кўролмайсан ва унга: «Салом, оқ кема, бу мен!» - деб айтолмайсан.
Сен оқиб кетдинг.
Энди шуни айтишим керакки, сенинг гўдак қалбинг нимани нохуш кўрган бўлса, ҳаммасини рад этдинг. Менинг овунчим ҳам, қувончим ҳам шунда-да. Сен бир чақнаб сўнган яшин каби ҳаёт кечирдинг. Чақмоқларни само чақади. Само эса абадийдир. Менинг овунчим ҳам, қувончим ҳам шунда-да. Инсондаги гўдаклик виждони худди уруғдаги илк куртакнинг ўзгинаси, куртаксиз уруғ униб чиқмайди. Биз оламга келмасдан илгариёқ, токи туғилиш ва ўлиш бор экан, ҳақиқат тантана қилиб келмоқда.

Бўталоғим, сен билан видолашар эканман, сенинг сўзингни яна бир бор такрорлайман: «Салом, оқ кема, бу мен!»
Mualifning boshqa asaralari
1 Alvido, ey Gulsari (qissa) [Chingiz Aytmatov] 2959
2 Алвидо, эй Гулсари (қисса) [Chingiz Aytmatov] 690
3 Baydamtol sohillarida (hikoya) [Chingiz Aytmatov] 953
4 Birinchi muallim (qissa) [Chingiz Aytmatov] 7847
5 Boʻtakoʻz (qissa) [Chingiz Aytmatov] 1467
6 Байдамтол соҳилларида (ҳикоя) [Chingiz Aytmatov] 613
7 Биринчи муаллим (қисса) [Chingiz Aytmatov] 850
8 Бўтакўз (қисса) [Chingiz Aytmatov] 590
9 Erta qaytgan turnalar (qissa) [Chingiz Aytmatov] 2404
10 Эрта қайтган турналар (қисса) [Chingiz Aytmatov] 767
11 Hayot-mamot (taqriz) [Chingiz Aytmatov] 1886
12 Ҳаёт-мамот (тақриз) [Chingiz Aytmatov] 720
13 Jamila (qissa) [Chingiz Aytmatov] 2462
14 Жамила (қисса) [Chingiz Aytmatov] 865
15 Oq yomgʻir (hikoya) [Chingiz Aytmatov] 1415
16 Oqkema (qissa) [Chingiz Aytmatov] 6091
17 Oxirzamon nishonalari (I- qism) [Chingiz Aytmatov] 2608
18 Oxirzamon nishonalari (II- qism) [Chingiz Aytmatov] 1885
19 Охирзамон нишоналари (I- қисм) [Chingiz Aytmatov] 884
20 Охирзамон нишоналари (II- қисм) [Chingiz Aytmatov] 984
21 Оқ ёмғир (ҳикоя) [Chingiz Aytmatov] 635
22 Плач перелетной птицы [Chingiz Aytmatov] 584
23 Qizil olma (hikoya) [Chingiz Aytmatov] 1134
24 Қизил олма (ҳикоя) [Chingiz Aytmatov] 552
25 Raqiblar (hikoya) [Chingiz Aytmatov] 946
26 Рақиблар (ҳикоя) [Chingiz Aytmatov] 565
27 Sarvqomat dilbarim (qissa) [Chingiz Aytmatov] 4669
28 Sohil yoqalab chopayotgan Olapar (... [Chingiz Aytmatov] 1920
29 Somon yoʻli (qissa) [Chingiz Aytmatov] 1503
30 Сарвқомат дилбарим (қисса) [Chingiz Aytmatov] 775
31 Сомон йўли (қисса) [Chingiz Aytmatov] 777
32 Соҳил ёқалаб чопаётган Олапар (қисса) [Chingiz Aytmatov] 833
33 Oʻtar Qush Nolasi [Chingiz Aytmatov] 1105
34 Ўтар Қуш Ноласи [Chingiz Aytmatov] 804
35 Chingizxonning oq buluti (qissa) [Chingiz Aytmatov] 4276
36 Choʻqqida qolgan o... [Chingiz Aytmatov,Muxtor Shoxonov] 3029
37 Choʻqqida qolgan o... [Chingiz Aytmatov,Muxtor Shoxonov] 1872
38 Choʻqqida qolgan o... [Chingiz Aytmatov,Muxtor Shoxonov] 2919
39 Чингизхоннинг оқ булути (қисса) [Chingiz Aytmatov] 856
40 Чўққида қолган овч... [Chingiz Aytmatov,Muxtor Shoxonov] 927
41 Чўққида қолган овч... [Chingiz Aytmatov,Muxtor Shoxonov] 846
42 Чўққида қолган овч... [Chingiz Aytmatov,Muxtor Shoxonov] 1085
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика