Соҳил ёқалаб чопаётган Олапар (қисса) [Chingiz Aytmatov]

Соҳил ёқалаб чопаётган Олапар (қисса) [Chingiz Aytmatov]
Соҳил ёқалаб чопаётган Олапар (қисса) [Chingiz Aytmatov]
Атоқли адиб Чингиз Айтматовнинг «Соҳил ёкалаб чопаётган Олапар» қиссасининг мазмуни жуда теран ва серқирра. Асар ер юзининг ҳамма тарафини сув қоплаб олган, ҳали бирор парча қуруқлик бўлмаган замонлар тўғрисидаги ривоятдан бошланади.
Қиссада шимолда яшовчи нивхларнинг бир неча авлоди тақдири ҳақида гап боради. Нивхлар бир қайиқда чексиз уммонда даҳшатли зулмат кўйнида қолиб кетишади ва ҳаёт-мамот олишуви бошланади. Ҳурматли ўкувчи, бу олишув нима билан тугашини асарни ўкиб билиб оласиз.

Владимир Сангига бағишланади.
Рутубатли, изғиринли, қоп-қоронғи тун қўйнида ҳайҳотдан ястаниб ётган Охота денгизи соҳилларида табиатнинг икки қудратли кучи — қуруқлик билан денгиз ўртасида азалий, тинимсиз кураш давом этади: қуруқлик денгизнинг асов тўлқинларига тўсқинлик қилишга интилади, денгиз эса қуруқликка ҳужум қилишда тиним билмайди.
Денгиз тўлқинлари зулмат қўйнида гувиллаб, ўкириб, шиддат билан қояларга келиб урилиб, парчаланиб кетади. Денгиз ҳамлаларини қайтаравериб тош-метин бўлиб кетган қирғоқ хўрсиниб, уф тортади.
Олам олам бўлиб яралганидан буён, тун кундан туғилган, кун тундан туғилган замонлардан буён аҳвол шу — икки қудратли куч ўртасидаги олишув давом этади: бундан буён ҳам куну тун, туну кун, токи ер билан сув бор экан, улар абадулабад шундай курашаверади.
Куну тун, туну кун... Шундай кечалардан яна бири ўтди. Денгиз овига жўнаш арафасидаги кеча эди бу. Бола шу кеча ухлолмай чиқди. Умрида биринчи марта ухлаёлмади, умрида биринчи марта тунни бедор ўтказди. Қани энди, тезроқ тонг ота қолса, денгизга, овга чопқиллаб кета қолса. У нерпа териси устида ётаркан, остидаги ер денгиз зарбаларидан билинар-билинмас титраётганини сезар, кўрфаздаги тўлқинларнинг бир-бирига урилиб, ўкираётганини элас-элас эшитар эди. У тун бўйи сергакланиб ухлай олмади...
Қадим-қадимларда аҳвол бутунлай бошқача эди. Ўша вақтларни энди тасаввур қилиб бўлмайди, қадимги ўрдак воқеаси ҳақида ҳозир ҳеч ким ҳеч нарса билмайди, билиш уёқда турсин, ҳатто бу ҳодисани хаёлига ҳам келтирмайди, мабодо ўша кадим замонларда Лувр деган ўрдак бўлмаганида олам аллақандай, бошқача тарзда тузилиб, ҳозиргидай, қуруқлик сувга, сув эса — қуруқликка қарши турмаган бўларди. Ахир, оламнинг бошланишида — азал-азалларда — табиатда қуруқлик уёқда турсин, ҳатто гард ҳам йўқ эди. Бутун атроф сувдан, фақат сувдан иборат эди. Сув ўз-ўзидан қоронғи тубсизликлардан, чексиз гирдоблардан пайдо бўлган, сўнг атрофга тарқала бошлаган. Шундан бошлаб, тўлқинлар тўлқинларга урилиб, тарафсиз оламнинг ҳамма тарафларига оқа бошлаган: сувнинг қаёқдан келиб, қаёққа боришини ҳеч ким билмаган.
Лувр ўрдак эса, ҳа, ҳозир ҳам ҳар куни тепамиздан ғағиллаб тўдаси билан учиб ўтадиган ўша ўрдак илгари дунёда ёлғиз, якка ўзи яшарди. У самода танҳо учиб юраркан, тухум қўйишга ҳам тангадай жой тополмасди. Чунки оламда сувдан бошқа ҳеч бир нарса, уя қуриш учун ҳатто бирорта хас ҳам йўқ эди.
Лувр ўрдак қўнадиган жой тополмай фарёд чекар, чидолмайман, тухумимни тубсиз гирдобга тушириб юбораман, деб юраги шувилларди. Ўрдак қаёққа йўл олмасин, қай тарафга учмасин, қанотлари остида шовуллаб ётган тўлқинларни кўрарди — чор-атрофни ҳадсиз-ҳудудсиз, аввалию охири йўқ маҳобатли сув қоплаб олган эди. Учавериб ҳолдан тойган, мажолсиз ўрдак уя қуриш учун бутун оламда бирор парча ер йўқлигига ишонч ҳосил қилди.
Шунда ўрдак сув устига кўнди-да, кўксидаги патлардан тумшуғи билан юлиб олиб, ўзига уя курди. Худди мана шу сузиб, қалқиб юрувчи уядан ер пайдо бўла бошлади. Бора-бора ер кенгайиб, аста-секин унинг устида турли жониворлар пайдо бўлди. Жониворлар ичида инсон ҳаммасидан эпчил, абжир чиқиб қолди. У қор устида чанғида учишни, қайиқ ясаб сувда сузишни ўрганиб олди. Ҳайвонларни, балиқларни овлашни ўрганди, шулар билан тирикчилик қилиб, ўз наслини кўпайтира бошлади.
Бутун оламни коплаб олган сув ўртасида қуруқликнинг пайдо бўлиши қандай оқибатларга олиб келишини Лувр ўрдак билмаган эди. Чунки ер пайдо бўлган вақтдан бошлаб, денгиз тинчини йўқотди; мана энди ўшандан бери денгиз — қуруқликка, қуруқлик — денгизга карши жанг қилади. Булар ўртасига тушиб қолган инсонга осон тутиб бўлмайди, у денгиз билан ер ўртасида, ер билан денгиз ўртасида азоб чекади. Одамлар кўпроқ ерга боғланиб қолганликлари учун денгиз уларни хуш кўрмайди...
Тонг бўзара бошлади. Яна бир тун ўтди. Яна бир кун дунёга келди. Бўзара бошлаган тонг ғира-ширасида денгиз билан қирғоқнинг қутуриб олишаётгани кийик лабидан учган ҳовурдай элас-элас кўзга чалинади. Денгиз шундай нафас олади. Денгиз ва қирғоқнинг кизғин тўқнашувларидан ҳамиша паға-паға совуқ ҳовур кўтарилиб туради. Ястаниб ётган соҳил бўйлаб, ҳамма ерда ўжар тўлқинларнинг шовқини эшитилади.
Тўлқинлар ўжарлигини қўймайди, ўркач-ўркач тўлқинлар қирғоқнинг муздай ёнбағирларига, сув ялаб силлиқлаб юборган тошлар уюмига жон-жаҳди билан, бор кучи билан ҳамла қилади, кейин эса тақдирга тан бергандай хўрсиниб, мажолсизланиб, изига қайтади. Ортида ўткинчи кўпиклар ва чайкатилган ўт-ўланларнинг чиркин ҳиди қолади.
Баҳорда океан ҳаракати билан аллақаерлардан келиб қолган муз парчалари гоҳ-гоҳида ўркач-ўркач тўлқинлар кучи билан қирғоққа чиқиб қолади. Қум устига улоқтириб ташланган бу бевош муз парчалари дарҳол денгизнинг тўнғиб колган ожиз зарраларига айланади. Кейин келган тўлқинлар тезда ортга қайтиб, уларни ҳам ўз оғушига олганича яна денгиз бағрига элтади.
Зулмат чекиниб тонг ота бошлади. Қирғоқ оҳиста равшанлашди, денгиз оҳиста ёриша бошлади.
Тунги шамол кўзғатган оқ ёлли ўркач-ўркач тўлқинлар ҳамон қирғоққа талпиниб, шовқин солиб турган бўлса-да, денгизнинг олисдаги теран жойлари энди инсофга келгандай тинчланиб, кўрғошин сингари хира кўкиш ранг тортиб, вазмин мавжланиб ётарди.
Денгиз устидаги булутлар қирғоқдаги тепаликлар сари силжий бошлади.
Денгизнинг худди ўша қисмида, Олапар кўлтиғига яқин ерда денгиз томон ярим орол шаклида қиялаб туртиб чиққан тепалик — қоя бўлиб, у олисдан қараганда ҳақиқатан ҳам соҳил бўйлаб чопиб бораётган каттакон олапар итни эслатарди.
Ёнбағирларида у ер-бу ерда турли-туман буталар ўсиб, чакалакзорга айланиб кетган ва ёзнинг энг иссиқ кунларида ҳам бошидан қори аримаган қисми шалпайган каттакон қулоққа ўхшайдиган, «чотида» - сояда қолган пасткам жойида ҳам оқ қашқаси бўлган Олапар қояси денгиз томондан қараганда ҳам, ўрмондан қараганда ҳам олис-олислардан кўзга ташланиб туради.
Мана шу Олапар кўрфазидан эрта тонг пайти қуёш икки терак бўйи кўтарилганда бир нивх қайиғи денгизга тушди. Қайиқда уч овчи билан бир бола бор эди. Ёшроқ ва норғулроқ икки йигит тўрт эшкакни эшиб боришарди. Қайиқ қуйруғида юзи қўнғир тус олган, озғин, кекирдаги туртиб чиққан, манглайи ва айниқса бўйинларини тарам-тарам ажин босган, қўллари ҳам йирик, суякдор панжа бўғинлари ёнғоқдай шишиб чиққан кекса овчи тамаки трубкасини сўрганича, рулни бошқариб борарди. Сочларига оқ оралаган, бутунлай оқ десаям бўлади. Қорайган юзида оқиш қошлари кўзга аниқ ташланарди. Чолнинг ёшланиб, қизарган кўзлари одатдагидай ҳамиша қисилган — умр бўйи қуёш нури тушиб кўзни қамаштирувчи сув юзига қарайвериб ўрганиб қолган, у кўрфазда қайиқни гўё кўр-кўрона ҳайдаётганга ўхшарди. Қайиқнинг нариги тумшуққинасида ўн бир-ўн икки ёшлардаги қора кўз бола суғурдай чўнкайиб ўтириб олган: аҳён-аҳёнда катталарга қараб қўяр, жони ичига сиғмасдан ўзини зўрға тутиб ўтирар, хўмрайиб ўтирган қарияни койитмаслик учун ҳадеб типирчилайверишдан ўзини тийиб турарди.
Бола қаттиқ ҳаяжонда эди. Ҳаяжондан бурун катаклари керилган, юзидаги билинар-билинмас сепкиллар сиртига тепиб чиқарди. Онаси ҳам шунақа, жуда хурсанд бўлиб кетса юзидаги сепкиллар бўртиб турарди. Боланинг ҳаяжонланишига сабаб бор эди. Бугунги ов болага аталган, боланинг денгиз билан биринчи марта эллашувига аталган эди-да! Шунинг учун Кириск суғурга ўхшаб дам уёққа, дам буёкка қизиқиб қарарди. Бола умрида биринчи марта чинакам овчилар билан очиқ денгизга чиқиши, уруғларига тегишли ростакам катта қайиқда, катта ўлжа олиш мақсадида чинакам катта овга чиқиши эди. Боланинг ўрнидан туриб кетгиси, эшкакчиларни тезроқ эшинглар, деб қистагиси, ўзи қўлига эшкак олгиси, кучининг борича эшиб, денгиз ҳайвонини овлагиси, катта ов бошланадиган оролларга тезроқ етгиси келарди. Лекин бу гўдакларча истаклар катталарга кулгили туюлиши мумкин эди. Шундан ҳадиксираб, бола иложи борича сир бермасликка ҳаракат қиларди. У бахтиёрлигини сира яширолмасди — қорамағиз таранг ёноқлари ял-ял ёнарди, ҳаммадан ҳам унинг чақнаб порлаб турган кўзларида қалбидаги қувонч ва ғурур сезилиб турарди. Олдинда денгиз, катта ов кутарди уни!
Ўрхон бобо боланинг дилидагини сезарди. У қисиқ кўзлари билан денгиз уфқига боқар экан, шодлигини яширолмай тоқатсизланаётган боланинг руҳиятини ҳам сезиб турарди. Чолнинг кўзларида майинлик балқиди— эҳ, болалик экан-да. Бироқ у кулимсирашдан ўзини тийиш учун чала ёнган тамаки трубкасини босиб-босиб сўра бошлади. Мийиғидаги кулгини болага сездирмаслиги керак. Улар ораларида қайиқда ўтирган болани эрмак учун олиб кетаётганлари йўқ-ку, ахир. У чинакам денгиз овчиси бўлишга чоғланган. Бола бу ҳунарни денгизда бошлаб, качонлардир эҳтимол яна денгизда тутатар. Денгиз овчисининг қисмати шу: зеро денгиз овидан мушкулроқ ва хавфлироқ иш дунёда бўлмаса керак. Болаликдан ўрганиш керак бу ҳунарни. Шунинг учун ҳам эскилар «бола — бошдан, ҳунар ёшдан», деб бежиз айтишмаган. Яна деганларки, «Ёмон овчи йўлдошин йўлдан оздирар». Шундан аёнки, эркак одам рўзғор тебратиш учун болаликдан касб ўрганиши керак. Кирискка ҳам ҳунар ўрганиш вақти келди. Болани ўзлари билан бирга денгизга олиб чиқиш, уни овга ўргатиш вақти етди.
Олапар қоясидаги Она балиқ жамоаси яшайдиган бутун қишлоқ аҳолиси бугунги ов сафари Кириск учун, бўлғуси овчи ва рўзғор бошлиғи Кириск учун уюштирилганини билишарди. Азалдан шундай эркак бўлиб туғилган ҳар бир одам ёшлигиданоқ денгиз билан дўстлашуви, оға-ини тутиниши лозим, чунки денгиз уни билиб қўйсин, одам хам денгизни дўст билиб ҳурматлайдиган бўлсин. Худди шунинг учун жамоа оқсоқоли Ўрхон бобонинг ўзи бош бўлиб, яна энг яхши овчилардан иккитаси — боланинг отаси Эмрайин билан тоғаси Милхунни ёнига олиб, катталарнинг кичиклар олдидаги, бу гал эса кичкинтой Кириск олдидаги муқаддас, эзгу бурчларини бажариш учун сафарга чиқишди. Бола шу кундан бошлаб, умрининг охиригача, қувончли кунларда ҳам, кулфатли кунларда ҳам денгиз билан дўст тутиниши керак эди.
Кириск ҳозир бола, оғзидан она сути кетмаган гўдак бўлса ҳам майли, у келгусида ишга ярайдими, йўқми, ҳозир гап бунда эмас. Ким билсин, эҳтимол бир кун вақт келиб ёши улуғлар ҳолдан тойиб, кексайиб қолганларида, мана шу бола жамоанинг кунига ярар, унинг таянчи бўлиб қолар. Шундай бўлиши керак ҳам. Авлоддан-авлодга ўтиб келаётган азалий ҳаёт қонуни бу. Ҳаёт шу асосга қурилган.
Қайиқдагилар шуларни ўйлашар, аммо ҳеч ким бу ҳақда чурқ этиб оғиз очмасди. Бундай фикрлар одамнинг дилидан кечади-ю. тилига камдан-кам кўчади. Шунинг учун ҳам Олапар соҳилида яшовчи Она балиқ — Сув париси жамоасининг одамлари Кирискнинг биринчи овга чиқишига унчалик эътибор беришгани йўқ. Аксинча, қабиладошлар боланинг катта овчилар билан денгизга чиқиб кетаётганига аҳамият бермагандай кўрсатар эдилар ўзларини. Гўё бу воқеа эътиборга арзимайдиган эди.
Болани фақат онаси кузатиб кўйди. У ҳам бўлажак сафар тўғрисида чурқ этмади, қўлтиққа етмасданок ўғли билан хайрлашаркан, «Энди ўрмонга боравер!» деди у аниқ эшиттириб, ҳеч нарсадан хабари йўқдай. Она денгизга эмас, ўрмон томонга қараб қўшиб қўйди: «Эҳтиёт бўл, олиб келган ўтинларинг қуруқ бўлсин, ўзинг ўрмонда адашиб қолмагин!» Она бу сўзларни болани кинрлар — жин-ажиналардан асраш учун, ёвуз руҳларни чалғитиш учун айтди. Она Кирискнинг отаси Эмрайин тўғрисида ҳам оғиз очмади. Гўё овга ота-бола эмас, тасодифий одамлар бирга бораётгандай эди. Бу ҳам жинларни чалғитиш учун; жинлар Эмрайин билан Кирискнинг ота-бола эканлигини билишмасин. Чунки оталар билан болалар бирга овга чиқишларини жинлар ёқтиришмайди. Агар билиб қолишса, ота-боладан бирортасини, ҳалок килишлари мумкин. Ота ёки боладан бирортаси ўлса, тирик қолгани ваҳимага тушсин, қайғурсин, азоб чекиб, иккинчи денгизга чиқмайман, бошқа ўрмонга кирмайман, деб қасам ичсин, дейишади. Кинрлар ана шунақа ёвуз, маккор бўлишади, одамларга зиён етказиш учун ҳар доим пайт пойлаб туришади.
Кирискнинг ўзи ёвуз кинрлардан қўрқмайди-я. Энди гўдак эмас, ахир. Аммо онаси қўрқади, қўрққанда ҳам боламга бирон фалокат ёпишмасин, деб жуда қўрқади. Кириск ҳали ёш, уни ҳалок этиш жинлар учун қийин эмас, деб ўйлайди. Онанинг айтганларида ҳам жон бор-да! Эҳ, нимасини айтасан, бу лаънати кинрлар болаларга озмунча азоб келтирдими — болалар улғайиб, овчи бўлиб етишмасин, деб уларга турли касалликларни илаштиришади, зиён-заҳмат етказиб, майиб-мажруҳ қилиб қўйишади. Бундай ногирон одамларнинг кимга ҳам кераги бор? Шунинг учун одам айниқса гўдакликда кинрлардан ўзини асраши керак. Одам улғайиб, оёққа туриб, ўзлигини таниб олганидан кейин ҳар қанақа жин-пинлардан қўрқмайди. Бундай одамга жинларнинг кучи етмайди, улар бундай кучли кишилардан ҳайиқишади.
Она-бола шундай хайрлашишди. Она бир лаҳза жим қолди; бу сукунат замирида онанинг ташвишли илтижоси, умидлари яширинган эди. Шундан сўнг у бир марта ҳам орқасига ўгирилмай қайтиб кетди. Денгиз томонга бирон марта ҳам қайрилиб қарамади, отаси тўғрисида ҳам чурқ этмади, ота-боланинг қаёққа боришидан заррача хабари йўқдай эди. Қизиқ, бир кун аввал уларни сафарга шайлаган, уч кунлик денгиз сафарига озиқ-овқат тайёрлаб берган эди-ку. Энди бўлса худди уларни танимаётгандай кўрсатарди ўзини. Боласига бирор нима ёпишмасин, жинлар бирор нарсани билиб қолмасин, деб қўрққанидан ташвишларини юзага чиқармасди.
Шундай қилиб, она қўлтиққа етмасдан хайрлашди. Бола эса онаси тайинлагандай, буталар орасида кўринмас жинлардан изларини яширган бўлиб, бирпас айланди ва шундан сўнггина узоқлашиб кетган катталарга етиб олиш учун ҳаллослаб югуриб кетди.
У бирпасда катталарга етиб олди. Улар қўлларида милтиқ, ҳар ҳил тугун, елкаларида тўрларни кўтарганча бамайлихотир боришаётганди. Олдинда жамоа оқсоқоли Ўрхон бобо, кейинидан гавдали ва дароз, кенг яғринли серсоқол Эмрайин, унинг кетидан эса ғўлабирдан келган, дум-думалоқ ва чайир Милхун чайқалиб борарди. Улар устларига бошдан-оёқ совуқ ва нам ўтказмайдиган пўстинларини кийиб олган эдилар. Кириск уларга қараганда байрамдагидай ясаниб олганди. Онаси анчадан бери уни денгиз сафарига шайлаб, кийим-кечак ҳозирлаб юрганди. Тўрва ҳамда устки кийимларининг енглари яхшилаб ҳошияланган. Аслини айтганда, денгизда бундай ҳашамнинг ҳожати йўқ. Аммо она оналигини қилади-да.
— Эҳ-ҳа, биз сени энди қолди, қўлингдан етаклаганча уйга олиб кетишди, деб ўйлабмиз, — масхараомуз ҳайратланди Милхун, бола унга етиб олганида.
— Нега энди? Мен умримда бундай!.. — ранжиганидан бўғилиб гапирди Кириск.
— Бўлди, бўлди, ҳазилни ҳам тушунмайсан, — деб тинчлантирди уни Милхун. — Хафа бўлма! Денгизда бир-биримиз билан гапиришмасак ким билан гапиришамиз. Яхшиси, мановини олиб юр, — дея болага винчестер ини узатди. Бола бундан мамнун бўлиб, улар билан бирга шахдам одимлаб кетди.
Қайиқларга юк ортиш ва қирғоқдан силжиш вақти ҳам келди. Шундай қилиб овчилар денгиз томон сузиб кетишди. Бироқ агар ов бароридан келиб, бой ўлжа билан уйларига қайтиб келишса, унда бутунлай бошқача бўлади. Ана ўшанда болани қандай иззат-ҳурмат қилишганини кўрасиз. Ёш овчини кутиб олиш байрамга айланади, денгиз саховати ҳақида қўшиқлар айтилади: денгизнинг хаёл етмас чуқурликларида балиқлар ва бошқа ҳайвонлар урчиб кўпаяди, улар кучли, жасур овчиларга насиб этади. Қўшиқларда қабила одамларини дунёга келтирган Сув париси мадҳ этилади. Ноғораларни заранг дарахтидан ясалган таёқчалар билан уриб чалишади. Ўйин тушаётганлар ичида энг доноси — шомон, у Ер ва Сув билан суҳбатлашади. Янги ёш овчи Кириск тўғрисида гаплашади. Ҳа, шундай, шомон ёш овчига ҳамиша хайрихоҳ, меҳрибон бўлинглар, деб Ер, Сувга илтижо қилади. Ерда ва Сувда шу бола улуғ мерган бўлиб етишсин, у доимо топган ўлжаларини ёшу қарига одиллик билан улашиб бериб турсин, деб дуо қилади. Доно шомон яна зикр тушиб, Кириск улғайиб, бола-чақа кўрсин, улуғ Сув париси — Буюк Она балиқ авлоди кўпайсин, ҳамиша авлодига авлод қўшилсин, деб дуо-илтижо килади:


Қайда сузиб юрасан, эй, Буюк Она балиқ?
Сенинг қайноқ пуштингдан — мангу ҳаёт бошланган.
Сенинг қайноқ пуштингдан — ундик денгиз бўйида.
Сенинг қайноқ бағрингдир — очунда энг гўзал жой.
Қайда сузиб юрасан, эй, Буюк Она балиқ?
Худди нерпа бошига ўхшайди оппоқ сийнанг,
Бизни боқди денгизда худди шу оппоқ сийнанг.
Қайда сузиб юрасан, эй, Буюк Она балиқ?
Энг девкор, алп эркак сузиб борар сен томон.
Сенинг пуштинг, уруғинг гуллаб-яшнасин дебон,
Ер юзинда авлодинг униб-кўпайсин дебон...
Байрамда ўйин-кулги, шовқин-сурон билан шундай қўшиқлар куйланади. Ана шу байрамда Кириск тақдирида яна бир муҳим воқеа юз беради. Жазава билан рақсга тушаётган шомон овчи Кириск тақдирини осмондаги юлдузлардан бирига топширади, болага «ҳамиша паноҳ бўлгин» дейди. Ахир, ҳар бир овчининг ўзига тегишли, ўз паноҳида сақлайдиган юлдузи бор-да. Кирискнинг тақдири қайси юлдузга топширилганлигини ҳеч ким, ҳеч қачон билмайди. Буни фақат шомону ўша номаълум паноҳкор юлдуз билади. Бошқа ҳеч ким билмайди. Осмон тўла юлдуз бўлса...
Албатта, бу байрамда онаси билан синглиси ҳаммадан кўра кўпроқ севинишади, ҳаммадан кўра баланд куйлаб, ҳаммадан кўпроқ рақсга тушишади. Отаси Эмрайин эса ҳамманинг олдида ота деб аталади, у бундан қувониб, ғурурланади. Ҳозир эса у ота эмас. Денгизда ота-бола деган гаплар бўлмайди, денгизда ҳамма бирдек, ёши улуғининг айтганига бўйсуниши керак. Ёши улуғнинг айтгани айтган, дегани деган. Ота ўғилнинг ишига аралашмайди.. Ўғил ҳам отасига шикоят килмайди. Удум шундай.
Айтмоқчи, байрамда яна бир қизалоқ — Музлук роса хурсанд бўлса керак. Кириск у билан гўдаклигидан бирга ўйнаб, бирга ўсишган. Энди улар камдан-кам бирга ўйнайдиган бўлиб қолишди. Бундан буёғига умуман ўйнашмаса керак: овчига ўйин қаёқда дейсиз.

* * *
Қайиқ тўлқинлар устидан билинар-билинмас чайқалиб, енгилгина сузиб борарди. Олапар қўлтиғи аллақачон ортда қолди. Улар узун бурундан ўтиб денгизга чиқишгач, тўлқинлар бу ерда кўрфаздагига қараганда унчалик кучли эмаслигини кўришди. Тўлқинлар бир меъёрда тебраниб турарди. Бундай тўлқинларда сузиш анча осон бўлади.
Баҳайбат терак танасидан ўйиб ясалган қайиқ равон, чаққон сузарди. У тўғри тўлқинларда ҳам, кўндаланг тўлқинларда ҳам руль измидан чиқмай, бемалол борарди.
Ўрхон чол ўчиб бўлган трубкасини сўрганича, қайиқнинг эркин сузиб бораётганидан ҳузур қилар, кўнглида муздай сувга тўш урганча олга бораётган қайиқ — гўё чолнинг ўзи бўлиб туюларди; у ўзини эшкакларнинг бир маромдаги ҳаракати билан, тиргакдан чиқаётган ғийчиллаган садога жўр бўлиб поёнсиз денгизда сузиб кетаётган қайиқ ўрнида кўрарди; гўё унинг ўзи ўткир тумшуғи билан қаршидан келаётган тўлқинларни ёриб, сув зарбалари ва зарб ларидан енгил чайқалиб сузаётгандай эди. Қайиқ билан бирдай ҳаракат қилиш сезгиси ғалати хаёлларга олиб борарди чолни. Унинг қайиқдан кўнгли тўқ, ҳатто жуда мамнун эди, ахир уни ўзи рандалаган, ўзи ўйиб ясаган; теракни биргалашиб йиқишди, бир одам уни эплаёлмасди, тўрт кишига ҳам оғирлик қиларди бу иш. Лекин уёғига бир ўзи ишлади — ходани уч ёз куритди, йўнди, ўша вақтдаёқ билган эди — умрида ясаган қайиқлари ичида энг яхшиси шу бўлади. Чол шу ҳақда ўйлади-ю, беихтиёр кўнгли ғаш тортди: ёпирай, ишқилиб, бу охиргиси бўлмасин-да. Яна бир неча йил яшасайди. Яна бир неча бор денгиз овига чиқсайди. Ҳозирча кўз нури, қалб кўри борлигида яна бир жуфт қайиқ ясасайди.
Чол шуларни ўйлар экан, хаёлан қайиқ билан гаплашарди. «Сени яхши кўраман ва сенга ишонаман, иним, — дерди у қайиққа. — Сен денгизнинг тилини биласан, тўлқинлар феълини биласан! Кучли эканлигинг ҳам шунда-да. Сен муносиб қайиқсан, ясаган қайиқларим ичида энг дилбарисан. Сен улкан қайиқсан — иккита лахтак, яна бир нерпа сиғади сенга. Сен бизга ризқ-рўз берасан. Шунинг учун сени ҳурмат қиламан. Ўлжаларимизни аранг кўтариб келаётганингни, ҳатто юкинг оғирлигидан сувга ботай-ботай деб қирғоққа қайтаётганингни кўриб ҳаммамиз сени қанчалар севамиз. Шунда сени кутиб олиш учун соҳилга ҳамма югуриб чиқади, менинг қадрдон қайиғим, иним!
Агар мен ўлиб кетсам ҳам, сен узоқ йиллар сузавер, ўлжага бой сувларда сузавер. Агар мен ўлиб кетсам, ёш ва кучли овчилар билан сузиб юравер. Агар мен ўлиб кетсам, уларга ҳам менга хизмат қилгандай хизмат қилавер. Ҳа, иним, тумшуғингда бошини ликиллатиб, жони ичига сиғмай ўтирган анави бола ҳам ўсиб, вояга етгунча кутгин, сен билан узоқ-яқинларга овга борадиган бўлгунича кутгин. Боланинг ғайратига қара, қаршисида сув эмас, ер бўлганда ҳозир чопқиллаб бориб, қандай ов қилишни кўрсатардим, деб турибди унинг кўзлари. Бугун боланинг биринчи марта биз билан денгизга чиқиши. Ахир бир кун чиқиши керак эди ҳам. Ўргансин. Биз кетамиз. У қолади. Узоқ яшайди. Отаси Эмрайинга ўхшаса дуруст одам булади. Қандайдир сафсатабоз бўлмайди. Эмрайин ҳозирги овчилар ичида энг зўри. Забардаст йигит, ишига пухта. Бир вақтлар мен ҳам шундай забардаст эдим. Айни кучга тўлган пайтим эди. Аёллар мени яхши кўришарди, мен бўлсам умр бўйи шундай бўлаверади, деб ўйлабман. Лекин ҳамиша шундай бўлавермаслигини кеч тушундим. Ёшлар эса буни тушунишни исташмайди. Манави Эмрайин билан Милхун ҳам қариликни хаёлига келтирмаса керак. Ҳай, майли. Ҳали вақт бор уларга. Эшкак эшишга келганда улар боплашади, залвар билан эшишади. Милхун билан Эмрайин бир-бирига мос тушишган. Ишонса бўладиган, чидамли шериклар. Қайиқ ўз-ўзидан бемалол сузиб кетаётгандай туюлади. Аслида ундай эмас. Денгизда ахир қўл билан юрилади. Э-ҳе, ҳали олдинда қанчалаб эшкак эшишга тўғри келади. Хўш, бугун қош қорайгунча, Учинчи сийнага етиб бориш мумкин. Эртага эрта тонгдан то қош қорайгунча сузиб яна орқага қайтамиз. Гоҳ унисига, гоҳ бунисига дам бериш учун навбат алмашиб, эшкак эшаман. Аммо-лекин эшкаклар билан бутун денгизни чайқалтириб чиқиш ҳазилакам иш эмас. Ўлжа билан қайтсак, байрам қиламиз.
Эшитяпсанми, сўзларимга тушуняпсанми, иним? Сен бизни Уч сийна оролларига олиб борасан, катта ов ўша ерда бўлади. Ҳозир шу ёққа қараб боряпмиз. Ўша ердаги соҳилда, қумлоқларда нерпани кўрамиз. Ҳадемай улар болалашади, оролларда тўда-тўда нерпа йиғилади.
Сўзларимга тушуняпсанми, иним? Тушунасан, албатта. Сен билан гаплаша бошлаганимда ҳали денгизни кўрмагандинг, она қорнида ётгандай, ўрмондаги буюк теракнинг корнида ётган эдинг. Мен сени дарахтнинг қорнидан чиқардим, мана энди денгизда бирга сузиб юрибмиз.
Дунёдан кўз юмиб кетганимда ҳам мени унутмагин, қадрдоним. Денгизларда чарх уриб сузаётганингда мени ҳам эсла...»
Ўрхон бобо қирғоқдаги белги — Олапар қоясидан денгиз томонга қайиқни тўғри йўналтирар экан, кўнглидан шу ўйлар ўтди. Денгиз сафарига чиққанларнинг ҳаммаси Олапар қоясининг ажойиб хосияти борлиги тўғрисида гапиришади. Ҳаво очиқ кунлари қайиқлар денгиз қирғоғидан қанча узоқлашса, Олапар ҳам шунчалик каттайиб, гўё ортда қолиб кетишни истамай уларнинг кетидан келаётгандай бўлади. Қанча узоқдан қарасанг ҳам Олапар сира кўздан йўқолмайди. Қайиқ узоқлашгандан сўнг ҳам анча вақтгача кўриниб турадиган Олапар, сувнинг қайсидир муюлишида бирдан кўздан ғойиб бўлади. Демак, Олапар уйга қайтиб кетди, қирғоқ жуда узоқ-узоқларда қолиб кетди деса бўлади...
Ана шу вақтда Олапар қайси томонда қолганлигини, шамол қаёқдан эсаётганлигини, қуёш қоянинг қайси томонида эканлигини эслаб қолиш, эслаб қолганда ҳам яхшилаб эслаб қолиш зарур, ҳаво очиқ бўлса, булутларга эътибор бериш ва шундан сўнггина денгиз сафарини давом эттириш, оролларгача сузиб бориш керак. Поёнсиз денгизда йўлдан адашмаслик учун хаёлан Олапарнинг қаердалигини мўлжаллаб сузиш керак.
Овчилар тахминан бир кунлик масофадаги оролларга йўл олишди. Кимсасиз, ҳувиллаган, кичик тош оролчалар қирғоқсиз, ҳадсиз-ҳудудсиз денгиз ўртасида уч қорамтир сийнадай сувдан туртиб чиқиб туришарди. Шунинг учун оролчаларни Катта сийна, Ўрта сийна, Кичик сийна деб аташарди. Улардан ўтгандан сўнг, агар яна олислаб сузиб кетишаверса, океанга — уммон йўлига чиқиб қолишар, бу уммоннинг ҳад-ҳудудини ҳам, номини ҳам билмас эдилар. Мана шу мангу, буюк, кимсасиз, номаълум, сирли уммон олам яралганидаёқ ўз-ўзидан пайдо бўлганди. Ўша қадимги Лувр ўрдак ин қуриш учун кафтдай ер тополмай фарёд чекиб, чарх уриб, гирёну саргардон бўлиб юрган вақтларда ҳам уммон бор эди. Ана шу оролларда, денгиз ва уммон сарҳадида мана шу баҳор кунлари нерпалар бозори қизийди. Ана шуларни деб шу ёққа отланишган, ана шуларни деб шу ёққа келишаётган эдилар...
Бола денгизни кўриб, ҳайратларга ғарқ бўлди, денгиз Олапар ёнбағирларида ўйнаб юрганида тасаввур қилганидай эмас экан. Қайиқда кўрфаз бўйлаб сузиб юрганларида ҳам денгиз бошқача кўринарди. Бола кўрфаздан чиқишлари билан қаршисидаги манзарани кўриб лол қолди: денгиз бирдан ёйилиб, кўз илғаган ва илғамаган самоларгача бутун борлиқни эгаллаб, оламнинг яккаю ягона, поёнсиз бир бутун моҳиятига айланганида ҳайратдан ҳангу манг бўлиб қолди.
Очиқ денгиз Кирискни эсанкиратиб кўйди. Бунақа манзарани хаёлига ҳам келтирмаганди у. Атрофда қўрғошин тусдаги ваҳимали чайқалиб турган сувдан бошқа нарса йўқ, зумда пайдо бўлиб, зумда йўқоладиган тсзкор тўлқинлар, қора-кўкиш тортган даҳшатли тубсизлигу осмону фалакда енгилгина сузиб юрган оппоқ булутларгина ҳукмрон эди оламга. Олам бошдан-оёқ денгиздан иборат эди, чексиз денгиздан бошқа на қиш, на ёз, на тепалик, на сайҳонлик — ҳеч нарса йўқ эди.
Оламни у чеккасидан-бу чеккасигача сув қоплаб олганди.
Қайиқ эса аввалгидай тўлқинларга шўнғиб ҳамон сузиб борарди. Ҳақиқий, катта овни кутиб қайиқда кетаётган бола ўз қувончи ва ўй-хаёллари билан банд эди. Аммо у сув ва сув юзида кўраётганларига ҳозир унчалик эътибор бермас, байрамда юргандай диқкатини йиғолмас, бутун вужуди, фикру зикри кутилаётган ўзгача таассуротлар билан тўлиб-тошган эди. Бошқа вақт бўлганда сув сатҳини ҳар лаҳзада минг тусга — нимранг бинафшадан қора-кўкишгача, қора-кўкишдан то қайиқ кўланкасидаги тимқора ранггача товланаётган тўлқинларнинг тинимсиз жимирлаши боланинг диққатини ўзига жалб этарди; тўсатдан қайиқ ёнида пайдо бўлиб қолган, ҳар нарсага қизиқувчан балиқларни кўриб, ичига сиғмай севинарди, қайиқка тўқнашган бир тўда балиқларнинг тарқалиб қочиш ўрнига кўрққанларидан баттар бир жойга тўпланишиб, сувдан юқорига сакрайман, деб чалқанча йиқилиб тушишлари кулгили бўларди.
Бола буларнинг ҳаммасига унчалик эътибор бермас, булар майда-чуйда нарсалар, энг кизиғи олдинда, деб ўйларди. Оролларга тезроқ етиб олсайдик, тезроқ иш бошласайдик, деб тоқатсизланарди.
Аммо кўп ўтмай, боланинг кўнгли ғашлана бошлади, бироқ у буни сездирмасди. Уларнинг қайиғи ердан узоқлашганида, айниқса Олапар тўсатдан тўлқин мавжлари ортида кўринмай қолганида боланинг кўнгли қандайдир хавф-хатарни илғай бошлади. Денгиз хатарли эканлигини, энди денгизга боғланиб қолишганлигини, буюк табиат қудрати олдида ўзларининг заррадай кичиклигини ва заррадай ожизлигини пайқай бошлади.
Бу унинг учун янгилик эди. Шунда у илгари эътибор бермайдиган Олапарнинг нақадар азизлигини тушунди. Олапар қояси ёнбағирларида чўчимасдан ҳузур килиб чопқиллаб ўйнаб юрган кезлари қаерда эканлигини ўйлаб ўтирмасди. Олапарнинг ўз ўрнида қанчалик куч-қудратга эга эканлигини, қанчалик матонатли ва сахий эканлигини, ҳамиша ўрнидан жилмай, денгизнинг ҳар қандай ҳамлаларига бардош бериб турганлигини энди тушунди.
Қуруқлик билан денгизнинг фарқини бола эндигина англади. Одам ерда юрганида ер тўғрисида ўйламайди ҳам. Денгизда бўлганингда эса мудом денгиз тўғрисида ўйлайсан. Хаёлингда бошқа нарса кезса ҳам денгизни ўйлайверасан. Шуни англагач, бола ҳушёр тортди. Денгиз доим мени ўйланглар, деб зўрлайди. Мана шу зўрлик остида қандайдир сирли, қайсар ва ҳоким куч бор эди...
Шунга қарамай, катталар хотиржам эдилар. Эмрайин билан Милхун ҳамон бир зайлда, гўё бир одамдай, баравар қулочлаб, бараварига эшкак суришар, тўртала эшкак сув юзига бирданига тушиб тортилганда қайиқ енгил ва эркин сузарди. Аммо бундай тинимсиз ҳаракат эшкакчилар учун жуда оғир иш эди. Эшкакчилар ўгирилиб ўтиришгани учун бола уларнинг юзларини кўрмаса-да, ҳаракатдан бўртиб чиққан елка ва билакларини кўриб турарди. Улар аҳён-аҳёнда бир-бирига сўз қотиб қўйишарди. Тўғри, отаси гоҳида болага ўгирилиб, «Қалай ўтирибсан?» дегандай, мийиғида жилмайиб қўярди.
Улар шу аснода сузишда давом этардилар. Катталар ўзларига ишонганларидан хотиржам ва тетик эдилар. Ўрхон бобо-ку, пинагини бузмасди. У ҳамон трубкасини сўрганча ўтирган жойида қайиқни бошқариб борарди. Шу зайлда ҳар ким ўз иши билан банд бўлиб, олға силжишарди. Тўғри, Кириск бир-икки марта, гоҳ Милхун билан, гоҳ отаси билан шерик бўлиб эшкак эшишга уринди. Катталар сен ҳам эшиб кўр, деб унга эшкакларни тутказишарди. Ахир, у ҳам меҳнатга ўргансин-да. Гарчи Кириск иккала кўли билан ёпишиб, бор кучи билан эшса-да, бари бир бу иш унга оғирлик қилди, унинг учун қайиқ ҳам, эшкак ҳам зилдай оғир туюлди. Аммо ҳеч ким Кирискка эплаёлмаяпсан, деб ўпкаламасди.
Олапар қояси тўсатдан ғойиб бўлганида, негадир, ҳаммалари жонланиб колишди:
— Олапар уйга қайтиб кетди! — хитоб қилди отаси.
— Ҳа, қайтиб кетди, — таъкидлади Милхун.
— Йўғ-е! Тўғри, қайтиб кетганга ўхшайди, — ўша томонга қаради Ўрхон бобо. — Ундай бўлса ишлар чакки эмас. Ҳой, Кириск, — у болага қувлик билан қараб қўйди,— Олапарни чақирсанг қайтиб келмасмикин?
Ҳамма кулиб юборди. Кириск ҳам. Сўнг у ўйланиб туриб, баланд овоз билан деди:
— Ундай бўлса орқага сузишимиз керак, ана шунда Олапар қайтиб келади!
— Ҳо, билағон экансан! — хитоб қилди Ўрхон бобо жилмайиб.
— Яхшиси, ке, иш қилайлик. Ёнимга ўт. Денгизга ҳадеб қарайверма. Қараганинг билан охиригача кўролмайсан бари бир.
Кириск қайиқ тумшуғидан турди. Оёқ остидаги нарсаларни — буғу терисига ўралган иккита винчестер, найза, арқон ўрами, сувли бочка, озиқ-овқат солинган тўрва ва яна қандайдир тугун ва кийим-кечакларни босиб, қайиқнинг қуйруғига ўтди. Қайиқ четини ушлаб эшкакларнинг дастаси устидан ҳатлаганча ўтар экан, овчиларнинг бўйнию елкаларидан чиккан тер ва тамаки ҳидини туйди. Уйда отасининг кийимидан шундай ўткир ҳид келар, отаси овга кетган пайтларда эса ойиси унинг эски чарм камзулини суйиб ҳидлар, юзига босар эди.
Отаси ўғлини бош ирғаб, елкаси билан биқинига салгина туртиб эркалатган бўлди, аммо эшкакни қўлидан қўймади. Аммо Кириск отасининг беихтиёр эркалатишига эриб кетмади, қайрилиб ҳам қарамади. Ҳа-да, денгизда ҳамма бирдай. «Кемага тушганнинг жони бир», деб бекорга айтмаганлар. Денгизда ота, бола деган гап бўлмайди. Денгизда фақат дарғанинг гапи — гап. Унинг буйруғисиз қайиқда бирор чўпни у ердан-бу ерга олиб бўлмайди...
— Ўтир, мана буёққа, — деди Ўрхон бобо унга жой кўрсатиб, узун, сертомир қўлларини боланинг елкасига қўяр экан. — Озгина чўчидинг-а? Аввалига хотиржам ўтирдинг, кейин эса...
Кириск хижолат тортгандай бўлди: демак, Ўрхон бобо унинг қай аҳволда ўтирганини сезганга ўхшайди. Бироқ шунга қарамай у эътироз билдирди:
— Йўғай, аткичх , сираям чўчиганим йўқ! Нимадан чўчирдим!
— Ҳар ҳолда денгиз сафарига биринчи чиқишинг...
— Нима бўпти, биринчи чиқсам? — Бўш келмади Кириск. — Мен ҳеч нарсадан кўрқмайман.
— Бўпти, бўпти. Мен эсам, биринчи бор денгиз сафарига чиққанимда, бунга жуда кўп йиллар бўлди, ростини айтсам, қўрқиб кетганман. Бир вақт қарасам қирғоқ аллақачон кўринмай колибди, Олапар ит ҳам аллақаёққа қочиб кетибди. Қаёққа қарасам тўлқин... Ўшанда дарров уйга қайтиб кетгим келди. Ана, Умрайин билан Милхундан ҳам сўраб кўр-чи, биринчи марта денгизга чиққанларида қандай бўлган экан?
Улар жавоб бериш ўрнига тушунгандай бош ирғаб кулиб қўйишди-ю, яна эшкакка зўр беришди.
— Мен бўлсам қўрқмадим, — деб гапида туриб олди Кириск.
— Демак, ботир экансан, — тинчитди уни Ўрхон бобо. — Қани энди айтгин-чи, Олапар қайси томонда қолди?
Кириск кутилмаганда бир зум ўйлаб турди-да, сўнг қўли билан кўрсатди:
— Ҳов анов ёқда!
— Ростданми? Негадир қўлинг сал қалтираётипти-я?
Қўлининг титроғини босишга уринган бола сал ўнгроқ томонни кўрсатиб:
— Анов ёқда! — деди.
— Мана энди тўғри айтдинг! — деди Ўрхон бобо. — Агар қайиғимизнинг тумшуғи манави томонга бурилиб турган бўлса, Олапар шунда қайси томонда колади?
— Анов ёқда!
— Агар шамол қайиқни буёққа буриб юборса-чи?
— Анов ёқда!
— Агар чап томонга қараб сузсак-чи?
— Унда мана у тарафда бўлади.
— Яхши, энди айтгин-чи, қандай аниқлаяпсан, ахир тўрт тарафимиз фақат сувдан иборат бўлса? — ўсмоқчилаб сўради Ўрхон бобо. — Шуни айтиб бера оласанми?
— Мени бошқа кўзим ҳам бор, — жавоб берди Кириск.
— Қанақа кўз у?
— Билмадим. Қорнимда бўлса керак. Ана шу қорнимдаги кўзим юмуқ турсаям кўраверади.
— Қорнида кўзи бор экан! — кулиб юборди ҳамма.
— Айтганича бор, — деди унинг гапини маъкуллаб Ўрхон бобо. — Одамда шунақа кўз ҳам бўлади. Аммо у қориндамас, бошда бўлади.
— Менинг кўзим қорнимда, — ўзиникини маъқуллаб туриб олди Кириск, гарчи бундай кўз қоринда эмас, балки бошда бўлишига ишонаётган бўлса ҳам.
Орадан сал ўтиб, чол яна Кирискни синовдан ўтказа бошлади, боланинг денгиз томонларини яхши билишига ишонч ҳосил қилгач, хотиржам бўлиб ўзича ғудурлади:
— Яхши, қорнингдаги кўзларинг чакки эмас экан.
Мақтовдан кўнгли ўсган Кириск ўзига-ўзи саволлар бериб, уларга ўзи жавоб топишга ҳаракат қилди. Денгиз бир оз тинчланиб турган пайтда бу жумбоқларни ечиш унча қийин эмасди. Кириск қаерда бўлмасин, қаерда турмасин, садоқатли ва улуғвор Олапар қоясини ўйлаган вақтда у ҳар гал хотиридан ўчмай, беихтиёр кўз ўнгида пайдо бўлар ва болани ўзига чорлаётгандай қайси тарафдалигини эслатиб турарди. Ҳатто ёнбағирларидаги тўқайзорлар, юқоридаги қоялару пойидаги қашқа корларгача, ҳамиша тиним билмай тўлқин уриб оккан тик жарликларигача гўё бутун борлиғи билан хаёлига келиб туради. Бола Олапар қоясини кўз олдига келтирар экан, унинг атрофидаги бошқа тепаликларни ҳам ўйламаслиги мумкин эмас эди. Шунингдек, у беихтиёр ўз уйини ҳам ўйлай бошлади. Кўз олдига қирғоқдаги тепаликлар орасидан кичик водий келди, у ердаги ўрмон четида, анҳор бўйида жойлашган манзилдаги кесилган ёғоч уюмлари, каппонлар, итлар, товуқлар, балиқ қоқланадиган илгаклар, мўридан чиқаётган тутунлар, одамларнинг ғала-ғовури, ойиси ва синглиси Псулк пайдо бўлади. Бола уларнинг шу дамда нима қилишаётганини ҳам равшан тасаввур этарди. Ойиси, албатта Кирискни, отасини, денгиз овига чиққанларнинг ҳаммасини кўнглидан ўтказяпти. Ҳа, ҳозир ҳам шубҳасиз улар ҳақида ўйлаяпти. Ўйлаяпти-ю, «Ёвуз руҳлар фикрларимни, қўрқаётганимни билиб олишмасин», деб ҳадиксирайди. Кирискни яна ким ҳам ўйларди, эҳтимол Музлук ўйласа керак. Шу дамларда Музлук уларнинг уйига, гўё Псулк билан ўйнагани келган бўлади. Агар у билмасдан денгизга, овга кетганлар тўғрисида гапириб қолса, ойиси, «Сен нималар деб вайсаяпсан, уларни ўрмонга ўтин тергани кетганидан бехабармисан», деб койиб бериши турган гап. Қизалоқ бирдан хато қилганлигини билиб, уялиб жим бўлиб қолади. Кириск: «У мени ўйласа қандай яхши бўларди», деб орзу қилар, аммо ўзи уни деб қизнинг таъна-дашном эшитишини асло истамасди.
Қайиқ эса ҳамон аввалгидай, тўлқинларга секин тўш уриб, енгил сузиб борарди. Атрофда кучсиз тўлқинлар қуёш нурида мавжланиб, денгиз юзи кўпикланиб ётарди. Нивхлар чошгоҳгача, ҳеч бўлмаса, кунботишгача биринчи оролга, энг яқини, Кичик сийнага етиб олишни, ишлари ўнгидан келса, овни бошлаб юборишни мўлжаллаган эдилар. Сўнг иложи бўлса қоронғи тушмасидан ороллардан иккинчисига — Ўрта сийнага етиб бориб, тунаб қолишмоқчийди: у ерда қайиқни қўйиш учун қулай жой бор эди. Эртасига эрталаб яна денгизга отланишарди. Шу куннинг ўзида овлари бароридан келиб, учта нерпани саранжомлашса, ҳаялламай, тонгдаёқ орқага қайтишлари мумкин эди. Нима бўлсаям, куннинг биринчи ярмида, қуёш икки терак бўйи кўтарилган пайтдан кечикмай йўлга чиқишса тузук бўлади. Денгиздан қанчалик тез қайтилса, шунчалик яхши бўлишини ҳамма билади.
Ўрхон бобо шуларни назарда тутиб, ҳамма ишларнинг ҳисоб-китобини олиб қўйган эди. Унинг ёрдамчилари Эмрайин билан Милхун ҳам Уч сийна оролларига биринчи боришлари эмасди. Ўзлари ҳам ишнинг кўзини билишади. Энг муҳими — ҳавонинг авзойи яхши бўлса, шунингдек, ҳайвонларни вақтида топишса бўлгани. Қолгани овчиларнинг ўзига, ҳар бирининг абжирлигига боғлиқ.
Ўрхон бобо денгиз сафарига фақат тирикчилик учунгина чиқмасди. Тўғри, тирикчилик — тирикчилик, денгиз неъматларисиз яшаб бўлмайди. Бундан ташқари, денгиз чолни ҳар доим оҳанрабодай ўзига тортар, поёнсизлиги Ўрхон бобонинг дилидаги муқаддас, эзгу ўйларига эрк берарди. Ҳа, чолнинг дилида сир сақлайдиган, эзгу ўйлари бор эди. Қуруқликда кўп нарсаларни ўйлашга фурсат топилмайди, майда-чуйда кундалик ташвишлар вақтни олади. Денгизда бу нарсаларни ўйлаш мумкин, денгиздагина Ўрхон бобони буюк ўйларидан ҳеч ким чалғитолмасди. Бу ерда у ўзини Денгизга ва Осмонга яқин сезарди.
Чексиз кенглик қаршисида қайиқда ўтирган одамнинг ҳеч нимага арзимаслигини чол яхши тушунарди. Лекин инсон ўйлари билан Денгизга ва Осмонга тенглаша олади. Шу ўйлари билан у табиатнинг абадий қудрати олдида ўзининг мавжудлигини исботлайди, шу билан инсон коинотнинг теранлиги ва юксаклигига муносиб бўла олади. Шунинг учун ҳам инсон ҳаёт экан, у руҳан денгиздай қудратли, руҳан осмондай чексиз: чунки ўй-хаёлотнинг чеки йўқ. Агар инсон ўлса, унинг ўй-хаёлларини бошқа бир инсон давом эттиради, у ҳам ўлса, кейингиси ва ҳоказо, бу ҳодиса чексиз давом этаверади... Шуни англаганидан чол чидаб бўлмас аччиқ қисматга чидаш кераклигини ҳис қилиб, таскин топар эди.
У ҳаёт бор ерда ўлим ҳам ҳақлигига ишонарди. Ўзининг ҳам вақти соати келиб умри тугашини биларди. Ўлгандан кейин ҳаммаси бир пул, лекин шундай бўлса-да, нима учундир қалбининг тўридаги эзгу ниятлари, Сув париси ҳақидаги ғаройиб тушларининг абадийлигига, ўлганидан кейин ҳам яшашига ишонарди. У кўрган тушларимни бошқаларга қолдиришим мумкин эмас, тушни бировларга қолдириб бўлмайди, шунинг учун ҳам улар изсиз йўқолиб кетмаслиги керак... Ҳа, йўқолиб кетиши мумкин эмас. Буюк Сув париси мангу яшайди, демак, у ҳақдаги тушлар ҳам мангулигича қолиши керак-ку.
Денгиз сафарида чол мана шулар тўғрисида жуда кўп ўйларди. Шундай пайтларда у узоқ сукутга ботар, ўзи билан ўзи бўлиб, йўлдошларига бир оғиз сўз котмас эди. Денгизга боқиб, кимга мурожаат этаётганини ўзи ҳам билмай фақат бир нарсани — буюк Сув париси яшайдиган тушларини асрашни илтижо қиларди. Ахир одамнинг тушлари ўзи билан нариги дунёга ҳам бирга кетиши, у тушлар эгаси билан абадий бирга бўлиши мумкин эмасми? У бунга жавоб топа олмагач, изтиробда ўй суриб, «Аслида шундай бўлади, тушларимдан абадий айрилмайман», деб ўзини ишонтиришга уринарди.
...Қачонлардир жуда қадим замонларда, Олапар қояси соҳилида уч ака-ука яшарди. Тўнғичи — илдам, тепаликларга югуриб чиқадиган, истаган ёғига бир зумда етиб борадиган чаққон йигит эди. У бир буғубоқар одамнинг қизига уйланибди, ҳисобсиз буғуга эга бўлибди-да, тундра томонларга кўчиб кетибди. Кенжа ўғил изтопар ва мерган йигит бўлиб, у ҳам ўрмончи одамлардан бирининг қизига уйланибди ва тайга томонларга кўчиб кетиб, овчилик билан кун кечира бошлабди. Ўртанча ўғил оқсоқ бўлиб туғилган экан. Эрта туриб, кеч ётса ҳам иши юришмас, буғуларни қувиб етолмас ва ўрмонда бирор ҳайвонни тутолмас экан. Шунинг учун ҳам теварак-атрофдаги одамлар унга қизини бермабди. Акаси билан укаси ҳам уни ташлаб кетишибди. Мовий денгиз бўйида оқсоқ йигит ёлғиз ўзи колибди. Шу тариқа у майда-чуйда балиқ тутиш билан тирикчилик қила бошлабди. Аммо бу билан ўтган кун ўзингизга маълум...
Бир куни толесиз йигит ўз қайиғида денгизга қармоқ ташлаб ўтирган экан бирдан қармоғининг ипи юлқина бошлабди, шунда у ови барор келишини ҳис қилиб қувониб кетибди. Аста-секин торта-торта балиқни қайиғига яқинлаштирипти.
Бир вақт мўъжизага кўзи тушибди! Қармоққа илинган жонивор аёл қиёфасидаги балиқ экан! У жон-жаҳди билан сувни шалоплатиб, ҳар томонга тўлғаниб сапчиб кочишга уринибди. Сув парисининг ҳусни жамоли таърифга сиғмас эмиш. Бадани сип-силлиқ, сутдай ойдин кечадаги сой тошлари сингари кумушдай товланади, оппоқ сийналарининг қорамтир учлари қарағай ёнғоғига ўхшаб бўртиб турар, кўзлари яшил учқун сочиб порларди. Йигит Сув парисини денгиздан кўтариб чиқариб олган пайтда у ҳам йигитнинг бўйнидан қучоқлаганча иккаласи ҳам қайиқда ётиб қолишибди. Бундай бахтдан оқсоқ йигитнинг боши айланиб, эсанкираб қолибди. Назарида қайиқ бирдан осмонга сапчиб кетган эмиш. Шунда денгиз ҳам осмонга сапчиб, осмон денгизнинг устига ёпирилиб тушгандай бўлибди. Сўнг бўрондан кейин бўлганидек ҳаммаёқ бирданига жимиб қолибди ва Сув париси шу заҳотиёқ қайиқдан сакраб тушиб сузиб кетибди. Йигит олға ташланганча Сув парисини чақириб, қайта қол дея ялиниб-ёлворибди. Лекин Сув париси овоз бермай, денгиз қаърида ғойиб бўлибди...
Кимсасиз денгиз бўйига ташлаб кетилган бечора оқсоқ йигитнинг бошига ана шундай савдо тушган экан. Сув париси ўша кетганча қайтиб келмабди. Оқсоқ йигит эса шу кундан бошлаб, Сув париси ҳижронида телбанамо бўлиб қолибди. Шу кундан бошлаб у куну тун соҳилда кўз ёш тўкиб Сув парисини излаб юрар, атиги узоқдан бўлса ҳам бир кўрсам, деб ялиниб-ёлвориб сўрар экан.
Вақт-вақти билан денгиз тошганда у сув бўйига чиқиб:


Қайда сузиб юрасан, эй Буюк Она балиқ!
— деб куйлар экан. Сув қайтганда эса яна:


Қайда сузиб юрасан, эй, Буюк Она балиқ!
— деб куйларкан.
Ойдин кечаларда кезар ва куйларкан:


Бу денгиз соғинчимдир,
Бу сувлар кўзим ёши.
Қоронғи кечаларда кезар ва куйларкан:


Ер эса — ёлғиз бошим...
Қайда сузиб юрасан, эй, Буюк Она балиқ!..
Сув тошганда кезар ва куйларкан, сув кайтганда кезар ва куйларкан... Шу орада қиш кетиб, изидан баҳор ҳам ўтибди. Ёз кунлари бахтиқаро йигит соҳилда маймоқланиб, гирён кезиб юрар, тиззасигача асов тўлқинларга ботиб, Сув париси кўриниб қолармикин, садо берармикин, деган илинжда денгизга узоқ-узоқ тикилар экан. Ана шундай кунлардан бирида йигит денгизнинг қирғоқ якинидаги саёз жойида бола йиғисига ўхшаш овозни эшитибди. Бола эмас, ҳозиргина туғилган норасида чириллаб йиғлаётгандай овоз эшитилибди. Йигит у ерга чопиб боради-ю, ўз кўзига ўзи ишонмай қолади — сувнинг саёз ерида, тўлқинлар ичида гоҳ кўриниб, гоҳ кўринмай фарёд чекиб ўтирган қипяланғоч чақалоққа кўзи тушади
Гўдак: «Менинг отам ким? Қани менинг отам?» — деб чирқираб йиғлармиш. Оқсоқ йигит буни кўриб, ҳайратдан ҳанг-манг бўлиб қолибди. Чақалоқ эса уни кўриши билан: «Дадажон, мен сизнинг ўғлингизман! Мени бу ердан олиб кетинг!» дебди.
Қаранг, қандай ажойиб-ғаройиб воқеалар юз бермайди дейсиз! Ўша одам ўз боласини бағрига босиб уйига олиб кетибди.
Бола тез ўсиб, улғайибди. Денгизга овга чиқадиган бўлибди. Жасур ва кучли овчи деган ном чиқарибди. Толеи баланд бўлиб туғилган экан: денгизга тўр ташласа — ғиж-ғиж балиқ чиқар, ёйдан ўқ отса, денгиз ҳайвонининг бўғзини тешиб ўтар экан. Унинг шуҳрати узоқ-узоқларга, ўрмонлару тоғлар ортига ҳам таралибди. Ўрмон қабиласидан бўлган эсли-ҳушли бир қизни барча расм-русмлари билан унга олиб беришибди. Фарзандлар туғилибди. Шундай қилиб, Сув париси — Она балиқ авлоди кўпайиб, дунёга, тарқалибди. Байрамларда айтиладиган қўшиқ ўшандан колган экан:


Қайда сузиб юрасан, эй, Буюк Она балиқ?
Сенинг қайноқ пуштингдан — мангу ҳаёт бошланган,
Сенинг қайноқ пуштингдан — ундик денгиз бўйида,
Сенинг қайноқ бағрингдир — очунда энг гўзал жой.
Қайда сузиб юрасан, эй, Буюк Она балиқ?
Худди нерпа бошига ўхшайди оппоқ сийнанг,
Бизни боқди денгизда худди шу оппоқ сийнанг
Қайда сузиб юрасан, эй, Буюк Она балиқ!
Энг девкор, алп эркак сузиб борар сен томон,
Сенинг пуштинг, уруғинг гуллаб-яшнасин, дебон,
Ер юзинда авлодинг униб-кўпайсин дебон...
* * *
Қудратли куч таъсирида чексиз баҳрибар-уммон тубларидан чиқиб келиб, қирғоқларни, майсаларни, қумтепаларни босиб, сеҳрли оғушига олган даҳшатли сув кўтарилиши ва қайтишидек мана шу туш ҳам ўз-ўзидан қуйилиб келаверарди.
Ҳар гал мана шу тушни кўрганида Ўрхон бобо узоқ вақтгача гангиб юрарди. Тушининг ростлигига у қаттиқ ишонарди. Бироқ Сув париси билан кўришганларини бирор жонзотга айтмасди. Бундай воқеа тушида эмас, ўнгида, шундай яшаб юрган пайтда юз берганида ҳам албатта ҳеч кимга айтмаган бўларди.
Мана шу воқеа чолнинг тушларига тез-тез кириб турар, уни ҳам қувонтириб, ҳам қайғуга солиб, руҳан азобларди. Бу тушнинг ажойиб-ғаройиб хосияти шунда эдики, у ҳар гал Ўрхон бобога ўзининг моҳияти, маънолари ва ишораларининг теранлиги ва ақл бовар қилмас даражадаги турланишлари билан лол қолдирарди. Чол кўрган тушларининг ҳаёт билан аллақандай мавҳум, сезилар-сезилмас сирли муносабати ҳақида ўй сурарди. Бу алоқанинг сирли эканлиги ва мавҳум аломатлари одамни ҳамиша азобга соларди. Ўрхон бобо беихтиёр шуни ҳис этдики, кўнгли ҳар қанча алғов-далғов бўлса ҳам, у ўша тушида кўрганларини яна ва яна кўргиси келаверар, доимо буюк Сув париси висол соғинчи билан яшарди.
Ўрхон Сув париси билан денгизда учрашарди. Унинг пайдо бўлишини кутиб, ҳувиллаб ётган кимсасиз қумлоқ соҳилда, ботиб бораётган қуёшнинг сўник нурлари шуъласида узоқ вақт кезиб юрарди. Бироқ қумдаги оёқ излари кўринмаса ҳам қуёш ботиб кетгандан сўнг унинг ҳаракатсиз кўланкалари кўзга ташланиб турарди. Бу кўланкалар қоп-қора қорни эслатарди, юракни ўртовчи, ғайриинсоний соғинч бутун вужудини қамраб олган Ўрхон ана шу қоп-қора қор устида гирён кезарди. Вужуди ишқ дарди, умид ва истак дарди билан тўлиб-тошар, аммо яйдоқ денгиз эса парвойи фалак сукут саклаб турарди. Мана шу ҳайҳотдай ёлғизлик оламида на ғир этган шабада, на бир инсон овози, на бир шарпа сезиларди. Чол эса денгиздан кўз узмай мўъжизани, парини орзиқиб кутарди.
Қирғоққа урилган унсиз тўлқинлар йўлига бодроқдай оппоқ кўпиклардан пойандоз солишини кўриб юраги ғам-ғуссага тўларди. Боши узра сассиз оқчорлоқлар лайлаккордай безовта чарх уриб учишарди. Мана шу ганг ва гунг маконда ўзини қаёққа сиғдиришни билмай, кўнгли озаётганини сезар, ҳижронда вақт ўтган сари унинг тийиқсиз, аёвсиз соғинчи тобора қалбини ўртаб, азоб бериб, кучайгандан-кучайиб борар эди; ҳатто тушларида ҳам Сув парисини кўрмаса, аёл олдига келмаса яшаёлмаслигини, ёлғизлик саҳросида хароб бўлишини ҳис қиларди. Ана шундай пайтларда у овозининг борича қичқириб, Сув парисини йўқлаб чақиришга киришар, аммо у ўз овозини фарқлай олмасди, чунки бу ғалати тушдаги ҳамма нарсаларнинг овози ўчган ва ўзи ҳам овоздан маҳрум эди. Денгиз ҳамон сукут сақларди. Ўрхон фақат ўзининг оғир-оғир, узуқ-юлуқ ҳарсиллаб нафас олишини, ўз юрагининг қинидан чиқиб кетгудай безовта дукуллашини, чаккаларининг ниҳоятда лўқиллаб, зирқираб акс садо беришини эшитарди, холос. Мана шуларгина уни таъқиб этарди. Бу товушлар уни асабийлаштирарди, у ўзининг юрагидан чиққан овозлардан қаёққа қочиб кетишини билмай, ғашланарди. Чўкаётган одам қутулишга қандай жон-жаҳди билан интилса, у ҳам Сув парисига шу қадар эҳтирос ва телбалик билан интиларди. Ўрхон фақат Сув парисигина бахт тақдим эта олишини билар ва у сўнгги нафасигача уни кутарди.
Ниҳоят, Сув париси шиддат билан тўлқинлар орасидан чиқиб ялт-юлт этганча у томонга қараб сузиб келаётганда бирдан тилсиз дунё соқовлигидан қутулиб, тилга кирар, олам шовқини кўчкидай босиб тушар, у оламнинг яна ўз ҳолатига келганини қувониб, қийқириб қаршилар, яна борлиқни қирғоққа урилаётган тўлқинларнинг шовуллаши, шамолнинг гувиллаши ҳамда боши узра чарх уриб учаётган оқчорлоқларнинг ғала-ғовури босиб кетарди. У севинганидан қийқириб, ўзини денгизга отар, тезсузар наҳангсимон аллақандай махлуққа айланиб қоларди.
Сув париси эса унинг келишини кутиб, чарх уриб айланар, ўзини сув устига отиб, талпиниб, тўлғаниб, бир лаҳза ҳавода муаллақ осилиб қоларди. Шундай пайтда у тўсатдан денгизга тушиб қолган ҳақиқий хипча бел аёлдай аниқ кўзга ташланарди.
Ўрхон Сув париси ёнига сузиб борар, сўнг иккаласи уммон сари йўл олишарди.
Энди улар бирга сузишар, бир-бирларига тегиб-тегмай, тобора шиддат билан олдинга интилишарди! У худди мана шундай лаҳзалар насиб килар деган умидда сарҳушлик, соғинч азобида қоврилар эди.
Мана, ниҳоят улар бир-бирларининг висолига ноил бўлишди. Улар ақл бовар қилмас куч ва шиддат билан тунги океаннинг туб-тубидан чиқувчи ажойиб-ғаройиб шуъла билан жимирлаётган уфқнинг тайинсиз ҳудуди томон интилишарди. Улар қаршиларидан тиним билмай кўпириб келаётган ўркач-ўркач тўлқинларни гавдалари билан ёриб, гоҳ баландга, гоҳ пастга парвоз қилишдан чексиз лаззат олиб ўқдай учишарди. Уларнинг ёнгинасидаги ой эса шошилаётган тўлқинлар тизмасидан ортда қолмай кўзгу шуъласи янглиғ бир ерда турмасдан иккаласининг изидан мудом кузатиб борарди. Шу лаҳзаларда ёлғиз ой билан ёлғиз улар — у билан Сув париси ва чексиз уммон кенглиги ҳоким эди борлиққа. Оламда фақат улару фақат уммон бор эди! Мана шу лаҳзаларда уларнинг бахтиёрлиги, шодонлиги арши аълога етмоқда эди. Бу эрк лаззати, висол тантанаси лаззати эди...
Улар шиддат билан тиним билмай сузишар, оламда фақат ўзларига аталган олис масканга тезроқ етиб бориш, у манзилга тезроқ етиб, қовушиш эҳтиросида саркаш сузишар, ниҳоят, чақиндай биргина лаҳзада ҳаётнинг ибтидосию интиҳосининг бутун лаззатию бутун алам-аччиғини тотиш насиб этадиган манзилга тезроқ етишиш орзусида тинимсиз талпинишарди.
Шу аснода улар тилакларига тезроқ етишиш орзусида жон-жаҳдлари билан тиним билмай, тўхтовсиз сузиб боришарди.
Улар қанчалик тез сузишса, бир-бировларига яқинлашиш туйғуси шунчалик алангаланиб борарди. У чарчаш нималигини билмай, жонҳолатда сузар, урчиш манзилига интилиб, бутун куч-қувватини, энг охирги, энг майда томчисигача сарфлайдиган лосос балиғидай ҳолдан тойгунча сузар эди. У ишқ йўлида ўлимдан ҳам тап тортмай сузар эди. Сирли Сув париси эса тўлқинлар узра камалак нурлари янглиғ сув зарралари булути орасида силлиқ бадани марвариддай товланиб, Ўрхонни ҳайратга солганча шиддат билан олға интиларди. Сув зарраларининг зангори ва оппоқ қуюни орасидаги Сув парисининг бениҳоя гўзаллигидан унинг нафаси бўғзига тиқиларди.
Улар сира сўзлашмас, фақат чексиз уммонда бир-бирларининг сув кўпиклари ва зарралари ичида кўринмай кетган чеҳраларидан бахраманд бўлиш иштиёқида сабру тоқатлари тугаб, истаклари тобора алангаланиб, тақдир уларга раво кўрган макон ва замонга качон етарканмиз, дея тинимсиз сузишарди...
Аммо улар ўша маконга, ўша замонга сира етолмас эдилар. У ерга етиб боришнинг вақт-соати йўққа ўхшарди...
Кўпинча Ўрхоннинг тушлари ниҳоясига етмас, тўсатдан узилиб колар, бир зумда тумандай тарқаб кетарди. Шундай пайтларда у гарангсиб, таажжубда коларди. Бундан у чинакамига хафа бўлар, нимагадир кониқмаганидан, ниманингдир охирига етолмаганидан узок вақт кўнгли ғаш бўлиб юрарди. Гоҳо орадан кўп вақтлар ўтган бўлса ҳам ўша воқеани яна бир бошдан эслар, буларнинг ҳаммаси нимани англатишини жиддий ўйлаб қолар, ҳар қалай, буларнинг ҳаммасида аллақандай маъно борлигини пайқар, тушида кўрганларига чин дилдан ишонарди, бу нарсалар аслида оддий туш эмаслигини ҳис этар эди. Негаки, одатдаги тушлар баъзан эсланса ҳам кейин бутунлай унутилиб кетарди. Бундай ўйлар ҳакида у бошини котириб ўтирмасди, чунки тушга нималар кирмайди дейсиз. Сув парисини эса Ўрхон ҳеч қачон унутолмас, уни ҳаётида илгари учратган ва ҳозир ҳам оламда бор мавжудот деб ўйларди. Шунинг учун ҳам қария ҳар гал тушида Сув париси билан учрашиб, кутилмаганда айрилиб қолганидан чинакамига хафа бўларди. Бу учрашув ва айрилиқларни у чиндан ҳам юз берган воқеалар деб биларди.
Айниқса, туши нохуш ниҳояланганда у қаттиқ изтироб чекарди. У ана шу пайтда тушининг сирли ниҳоясига ҳеч қандай изоҳ тополмай чукур ғам-андуҳ, қайғу-ҳасратга чўмарди.
Тушида улар орзудаги манзилга етай-етай деб колишар, олисда қандайдир соҳил кўзга ташланар эди. Бу — севги соҳили эди, иккаласи тезроқ у ерга етиб, тезроқ бир-бирлари билан қовушиш учун жон-жаҳдлари билан интилар эдилар. Ана шу соҳилга энди етай-етай деб қолганларида бирдан суви тиззадан келадиган саёз қумлоқ чиқиб қолар ва сафарлари шу ерда узилиб қоларди. Ўрхон ўзини ўнглаб олиб ён-верига қараганда Сув париси жонҳолатда маккор саёзликдан қутулишга уринарди. Манглайидан совуқ тер қуйилаётган Ўрхон унга ёрдам беришга ошиқарди. Аммо ёнгинасидаги парига етиб бориш учун бир умр кетадигандай туюлар, ютиб бораётган ботқоқлик сингари сув тубидан оёқларини чиқазолмай, тиззалаб эмаклар, аммо увишиб қолган оёқлари гўё бировникидек унга итоат этмай аранг судраларди. Сув париси ёнгинасида, гўё қўл узатса етадиган жойда бўлса ҳам унга етолмай изтироб чекарди, нафаси бўғилиб, энтикиб, сув тубидаги ёпишқоқ ўт-ўланларга ўралашиб йиқилиб тушарди. Аммо гўзал Сув парисининг саёзликда шалоплаб, ўзини уёқдан-буёққа уриб, нафаси бўғилаётганлигини кўриш янада азоб эди. Ниҳоят, Ўрхон бир амаллаб Сув париси қошига етиб бориб, уни кўксига босганча боши айланиб, гандираклаб, қирғоқ томон яқинлашар экан, қизнинг юраги парвозда уриб туширилган ярадор қушникидай қинидан чиқай-чиқай деяётганини аниқ сезиб турарди. У парини кўксига қаттиқ босганича гуё ҳимояга муҳтож заифа гўдакни кўтариб кетаётгандай авайлаб, ардоқлаб бораётганида унга меҳри товланиб, раҳми келганидан қайноқ кўз ёшлари томоғига тиқилиб қоларди. У Сув париси олдида ҳаяжон ва номусдан йиғлаб юбормаслик учун ўзини зўрға тийиб турарди. У Сув парисига жон-тани билан берилиб нафасини ичига ютганча оёқ учида, оҳиста-оҳиста авайлаб кўтариб борар экан, ҳар лаҳза уни ўйларди. Сув париси эса кўз ёш тўкиб, унга эрк беришни, яна денгизга қўйиб юборишини сўраб ялиниб-ёлборарди. Сув париси нафаси бўғилиб, сўлий бошлар, Ўрхонни кенг денгиздан бошқа жойда сева олмасди. Қизнинг унсиз йиғлаб, дардли ва илтижоли термилаётганини кўрган Ўрхон ҳам бунга чидаёлмасди. У ортига қайтарди-да, саёзликдан ўтиб, аста-секин денгизнинг одам ботар-ботмас ерига етганда қизни авайлаганча қучоғидан оҳиста бўшатиб юборарди.
Сув париси денгиз остига сузиб кетар, у эса гарангсиб, ёлғиз ўзи қоларди. Ўрхон унинг ортидан тикилганича ҳўнграб йиғлаётганида уйғониб кетарди.


Қайда сузиб юрасан, эй Буюк Она балиқ?
Бу денгиз соғинчимдир,
Бу сувлар — кўзим ёши.
Ер эса — ёлғиз бошим.
Қайда сузиб юрасан, эй Буюк Она балиқ?..
У бу воқеани эслаганда қаттиқ азобланарди, чиндан ҳам Сув парисини ушлаб кучоғига босгандай ва яна уни ўз эркига қўйиб юборгандай бўларди. Нега шундай бўларкин-а? Ахир одам тушида ҳар қандай истагига эриша қолса бўлмайдими? Бу нарса кимга боғлиқ, бу қандай ҳикмат, нимага йўйса бўлади уни? Бу жумбоқнинг сирига тушуна олмаган Ўрхон охири кўл силтаб, Сув парисини унутишга, уни ўйламасликка ҳаракат киларди.
Бироқ денгиз овига чиқиши билан Ўрхон ўзи сезмагани ҳолда яна Сув парисини, у билан боғлиқ ҳамма воқеаларни ўйлай бошларди. Ўша ғаройиб тушидаги воқеаларни денгизда яна қайта бошдан кечиргандай бўлар, ҳушёр тортиб ажабланганча: «Нега энди ҳадеб Сув парисини ўйлаганим ўйлаган, аслида бўлмаган Сув парисини қариган чоғимда менга ким қўйибди?» — деб ўзини-ўзи койирди. Ўзига-ўзи танбеҳ бераркан, у нимагадир ишонарди: агар Сув париси бўлмаганида аллақачон жонидан безган бўларди, ахир қариди, қувватдан қолди, кўзидан нур, юзидан чиройи кетди, тишлари тўкилди. Илгари қандай шуҳрат топган бўлса, энди ҳаммаси йўқолиб, тугаб боряпти, бир оёғи ерда, бир оёғи гўрда, аммо ҳамон юрагида ўти бор, дилидаги орзу-истаклари ҳамон аввалгидай, шунинг учун ҳам киши мана шундай ўйларга ботади, мана шундай тушлар кўради, чунки фақат тушларида ва хаёлларидагина одам ўзини ўлмас ва эркин ҳис қилади. Орзусида у осмонларга чиқади, денгиз тубларига тушади. Инсон шунинг учун улуғки, у сўнгги нафасигача ҳаётда нимаики бўлса — ҳаммасини ўйлайди. Лекин ажал булар билан ҳисоблашиб ўтирмайди, инсон қандай яшади, орзу-хаёлларида қандай юксалди, қандай тушлар кўрди, ким бўлди, ақли нималарга етди, қанчалик етди — ажалнинг бу нарсалар билан иши йўқ. Нега шунақа? Нима учун дунё бундай қурилган? Майли, Сув париси хаёл, туш ҳам бўлсин, бироқ кошки мана шу ғаройиб тушдан нариги дунёдаям сира айрилмаса...
Ҳар қалай, нима бўлса ҳам, Ўрхон Сув парисига қанчалик ишонса, денгиз уни тинглаётганига ҳам шунчалик қатъий ишонарди. Денгизга чиқса бўлди: ёзилиб-яйраб дам олар, эмин-эркин фикрларди. У ўзининг хаёлларига ғарқ бўлганича, «Сув париси билан худди шу ерда сузаётган эмасмидик?» — дея ўз-ўзидан сўрарди.
Шундай пайтларда у мунштугига қайтадан тамаки тўлғизар, тутунини буруқсатиб, ҳузур қилар эди: «Қаерда ўсаркин бу ғаройиб кўкат, — ажабланарди у. — Ўзи аччиқ бўлсаям кўнгилга таскин беради... Савдогарлар айтишган эди, Маньчжурияда ўсади, деб. Ўша ердан олиб келишаркан тамакини. Жуда узоқ бўлса керак бу Маньчжурия деганлари, ҳа, жуда узоқ бу ер. Бизнинг одамлардан биронтаси ҳам ҳеч қачон уёқларга бормаган... Наҳотки ўша ерларда тамаки ўрмондаги майса сингари ўсиб ётса. Ёпирай! Нималар бўлмайди дейсиз бу дунёда...»

* * *
Кун пешиндан ўтди. Шу аснода у гоҳ бирдан уфқнинг аллақаеридан келиб қолган булутлар орасига кириб кетарди. Гўё худди ўша ёқда ҳавонинг авзойи бузилганга ўхшар эди. Қуёш булут орасида яширинган ана шундай пайтда денгизнинг тўсатдан ранги ўчиб қорайиб, борлиқ кўнгилни ғашлантирадиган зулматга чўмади. Гоҳо эса қуёш булутлар орасидан чиқиб, яна баҳоргидай саховат билан нур сочади, ана шу пайтда денгизда лак-лак жонли шуълалар сузилиб кўзни қамаштиради, одамнинг дили яна равшан тортади.
Кириск денгизга хийла ўрганиб, хатто бир оз зерика бошлаган бўлишига қарамай, денгиз юзасининг маҳобатидан, поёнсизлигидан ҳамон ҳайратда эди. Ҳар канча сузишса ҳам сувнинг охири кўринмайди. Денгиз ҳар қанча катта бўлса ҳам бола қирғоқда юрганида ундан бунчалик ажабланмасди.
Катталар эса хеч нимадан ажабланишмайди. Улар ҳамма нарсага одатланиб колишганди. Эмрайин билан Милхун ҳамон илгаригидай, эшкакларни сувга унчалик чуқур ботирмай, равон эшиб боришарди. Улар тиним билмас, нафас ростлаб олиш учун ҳам бирор зум Ўрхонни ёрдамга чақиришмас, «Қейинроқ, қайтишда, қайиқ юкка тўлганида ёрдамлашасиз, ҳозир эса қайиқни бошқариб бораверинг», дейишарди. Кекирдаги бўртиб чиққан, узун-бўйин қари Ўрхон эса қайиқ тумшуғида, ўлжасини пойлаётган бургутдай энкайганича ўтирарди. Кўпинча сукут сақлар, нималарнидир ўйлар эди.
Қайиқ эса аввалгидай тўлқинларга тўш уриб, енгил сузиб борарди. Тўлқинларнинг қаршилиги ҳам аввалгидай бир маромда эди. Шамол ҳам аввалгидай сув юзалаб эсарди. Улар шу зайлда сузишарди...
— Аткичх! Аткичх! Ана орол! Кичиксийна! — шодланиб қичқирди бирдан Кириск бобосининг енгидан тортиб.
— Қани орол? — ишонмай сўради Ўрхон кафтини пешонасига қўйиб, олисларга қараркан. Эшкакчилар ҳам ажабланиб, бола кўрсатган томонга қарашди.
— Орол уёқда бўлмаслиги керак, — ғудранди чол, чунки бола улар кутмаган, бутунлай бошқа томонни кўрсатаётганди.
Бола янглишмаганди, ўша томонда, олис-олисларда чиндан ҳам денгизда қотиб қолган ғадир-будур қўнғир-балчиқсимон юза қимир этмай кўриниб турарди. У худди сув ўртасида туртиб чиққан харсангга ўхшарди Ўрхон ўша ёққа узоқ боқиб турди-да:
— Йўқ, у орол эмас, — деди ниҳоят қатъий ишонч билан. — Кичик сийнага етиш учун ҳали тўғрига, кунботарга қараб сузиш керак. Сени айтаётганинг эса бутунлай бошқа томонда. Орол ҳам эмас, — давом этди чол. — Йўқ, менимча, бу — орол эмас.
— Бу сувларда бунақа орол йўқ эди, бунақа оролни сира кўрмаганмиз, — деди Милхун. — Кичик сийна чап томонда бўлади, бу эса, билмадим, нима экан?
— Ўша нарса туман ёки булутми бўлмасин яна? — сўз қотди Эмрайин. — Ёки тўлқин ўркачларими десам қимирламаяпти-ку?
— Шуни айтаман-да, нимайкин? Туман ё булут бўлиши мумкин, яна ким билсин? Жуда узоқда. Лекин орол эмас, — хулоса қилди Ўрхон. — Мабодо туман бўлса яхшиликка олиб бормайди.
— Ҳечқиси йўқ, фақат шамол ўзгармаса бўлгани, — эшкакка зўр бераркан дилидагини айтди Эмрайин. — Бир жойда турибди, қимирламасдан. Лекин у томонда бизнинг қиладиган ишимиз йўқ, нима бўлса бўлаверсин...
Кириск, аввалига, топган нарсасининг нималиги аниқланмаганидан хафа бўлди, аммо кўп ўтмай бу воқеани эсидан чиқарди.
Овчилар эса янглишмаган эдилар. Тез орада чап томонда сув юзига чиқиб турган Қичик сийна оролчаси кўриниб қолди. Энди бунга шубҳа йўқ эди. Оролча чиндан ҳам сийнага — елинга ўхшаб сув юзига туртиб чиқкан, паст-баландликлардан иборат қуруқлик экан.
Оролни кўриб ҳамма севиниб кетди, айниқса Кирискнинг оғзи қулоғида эди. Худди шу пайт энг қизиқ воқеа юз берди.
— Мана етдик, — деб боланинг телпагини сийпалади Ўрхон. — Олапар ўзи уйда қолсаям бизни шу ергача бошлаб келди. Агар у изимиздан эргашганида чўкиб кетарди, тўғрими?
— Бўлмасам-чи! — тасдиқлади Кириск чолнинг гапидаги ҳазил оҳангини пайқаб.
— Олапар шунинг учун ҳам керакки, у қирғоқда қолиб, уйимизни қўриқлайди. Шу билан бирга биз доим уни эслаб, йўлдан адашмай, ов жойига етиб келдик. Қани, айт-чи: Олапар бизга яна зарур бўладими, йўқми?
— Йўқ, энди керакмас! — тағин ишонч билан жавоб берди Кириск. — Энди қаёққа сузиш кераклигини ўзимиз биламиз.
— Сал ўйлаб кўрсанг бўларди! — койигандай деди Ўрхон. — Ахир шундай зийрак бола ўйламай гапирадими?
Денгиздаги олис оролга етиб олишганида Олапарнинг энди нима ҳожати борлигига Кирискнинг сира ақли етмасди.
— Олапаримизнинг энди нима кераги бор?
— Нима кераги бор дейсанми? Уйга қандай қайтасан? Қаёққа сузасан, қайси томонга? Кани, ўйлаб кўр-чи? Тушундингми энди? Оролнинг қайси томонига келдик, орол Олапарнинг қайси томонида турибди — шуни билсанг, қаёққа йўл олиш ва яна қайтиб келиш мумкинлигини биласан.
Кириск индамай рози бўлди-ю, бироқ иззат-нафси йўл қўймади шекилли, қизишиб, чолни сўроққа тута бошлади:
— Агар қоронғи бўлса-чи, а? Агар кечаси денгиз ўртасида қолсак, ҳеч нарсани кўриб бўлмаса-чи, а? Унда нима қиламиз?! А? Ана унда Олапар қай томонда қолганини қаёқдан биламиз, а?
— Нима қипти, ўшанда ҳам билса бўлади, — хотиржамгина жавоб берди Ўрхон. — Буни осмондаги юлдузлардан билса бўлади, юлдузлар одамларни янглиштирмайди, ҳамиша тўғри йўл кўрсатишади. Фақат ўзинг қайси юлдуз каерда жойлашганини билсанг бўлди. Вақти келиб буниям билиб оласан. Сен Лувр ўрдаги юлдузлар тўпини биласанми?
— Билардим шекилли, — иккиланиб жавоб берди Кириск, отасига қарар экан. Эмрайин ўғлининг қийналиб қолганини сезди.
— Сал-пал билади, бир пайтлар кўрсатгандим. Лекин ҳали етарли эмас. Ҳали тузукроқ ўрганиши керак...
Шу аснода сузиб улар оролга яқинлашиб қолишди. Қирғоқдаги баъзи харсанглар ва қоялар кўзга чалингач, улар қайси томонда тюленлар макони бор экан, дея оролнинг атрофини айланиб ўта бошлашди. Кириск диққат билан тикилар, тюленлар тўдасини биринчи бўлиб кўришни хоҳларди. Бироқ жониворларни кўрганда тағин бақириб юбормагин, деб уни огоҳлантириб қўйишди. Ўрхон оқсоқолнинг айтишича, нерпалар — тюленлар соҳилга яқин жойдаги тошлар орасида ётишаркан — улар қуёшда тобланиб, исиниб олиш учун қурғоқликка эмаклаб чиқишаркан. Нерпаларнинг қаерда жойлашганини кўриб олиб, сўнг уларни чўчитиб юбормаслик учун қирғоқ сари оҳиста, шарпасиз яқинлашиш керак экан. Аммо шунча тикилсаям, Кириск ҳеч бир жонзотни кўролмади. Орол қирғоқлари кимсасиз, ҳувиллаб ётарди. Ҳаммаёқда давр ўтиши билан емирилиб кетган, шакл-шамойилсиз ёввойи харсанглар сочилиб ётарди. Орол атрофини биқирлаб қайнаб-тошаётган оппоқ кўпикли пўртаналар ҳалқадай ўраб олганди. Бу оппоқ ҳалқа жимирлаб, устини муз қоплаган айқаш-уйқаш тошлардан ошиб ўтишга интиларди. Йўқ, Кириск оролчада бирон нимани кўра олмади. Бутун атроф фақат қоятошлардан иборат, бирор жон зотидан асар йўқ эди.
Милхун жониворларни биринчи бўлиб пайқаб қолди. Кириск нерпаларнинг қаерга яширинганлигини билиб олиш учун уёқ-буёққа қарагунича, қайиқ узоқлашиб кетди. Чунки қирғоқдаги жониворлар қайиқни кўриб қолмаслиги керак эди.
Кекса Ўрхон боланинг ҳеч нарса кўрмаганлигини сезиб:
— Бирор нарсани кўролдингми? — деб сўради. Бола ёлғон айтишга кўнгли бормади.
— Йўқ, кўрмадим, — тан олди Кириск.
— Яна яқинроқ ҳайданглар, — буюрди Ўрхон. — Ҳар хил тошлар орасидаги нерпаларни кўзинг илғаб олсин. Акс ҳолда сен овчи бўлолмайсан.
Қайиқчилар қалтис бўлсаям яна бояги жойга яқинлашишди. Нерпалардан биттаси овчиларни пайқаб қолса бўлгани, ҳаммаси ўзини денгизга отиши турган гап эди. Хайриятки, ҳайвонлар овчиларни пайқашмади. Нерпалар тартибсиз, эгри-бугри харсангтошлардан ҳосил бўлган табиий тўсиқ орқасида шундоққина сувга яқин жойда ётишарди.
— Ҳув, анави синган тишга ўхшаган катта тошни кўряпсанми? — сўради Милхун боладан, — ўшандан сал нарида қизғиш, музлаган дўнглик бор — шуларнинг орасига қарагин.
Кириск диққат билан ўша томонга тикилди. Бу орада Милхун билан Эмрайин жадал эшкак эшиб, қайиқни ўнглаш билан овора эдилар. Шу орада Кириск денгиз ҳайвонларининг қуйруқли катта гавдаларини кўрди. Ҳайвонларнинг кулранг, олачипор, сип-силлиқ ва ялтироқ бўйинлари қимир этмасди. Тажрибасиз ғўр одам олисдан уларни тошлар орасидан ажратиб олиши мушкул эди.
Шу заҳоти Кирискни ҳаяжон чулғаб олди. Ана энди, чинакам денгиз ҳайвонларига дуч келишди! Ана энди чинакам ов бошланади!
Шундан сўнг овчилар қирғоқка туша бошлашди, боланинг вужуди журъат ва завқ-шавққа тўлиб-тошди. Ҳа, у шу тобда жасур эди, чунки у ҳозир ўзини кучли ва қудратли одамдай ҳис этарди. Завқ-шавққа тўлганининг сабаби — овчилар мардона ва абжирлик билан ҳаракат қилишарди: улар чаққонлик билан қайиқни қирғоққа тақаб келишди. Эмрайин билан Ўрхон бобо қирғоққа тўлқин урилаётган нотинч жойда эшкакларни пастга тираб, қайиқни тўғрилаб туришди, Милхун қирғоққа, шағал устига сакраб тушди-да, ўзига ташланган арқоннинг учини дарҳол елкасига илиб олиб, қирғоққа яқинлаштирди. Отаси ҳам шу заҳоти милтиқларни олиб, қирғоққа сакраб тушди. Кейин боланинг ўзи ҳам тўғри Ўрхон чолнинг ёрдамида қирғоққа сакраб тушди ва тўлқин урилганда оёғини шалаббо қилгани учун отасидан сал-пал койиш эшитди.
Ўрхон бобо қайиқни тўлқинлар хуружидан сақлаш учун сув бўйида қолди. Эмрайин, Милхун ва Кириск учалови эса тюленлар ётган жойга шошилишди. Улар қирғоқ ёқалаб, беихтиёр эгилиб, ўзларини паналаб, тўсиқдан-тўсиққа югуриб ўтишар эди. Кириск катталардан орқада қолмай югурар, юраги қинидан чиққудай потирлар, шодлик ва ҳаяжондан жони ичига сиғмай, боши айланиб кетар эди.
Қани энди шу пайт Кирискни Сув париси авлодидан бўлган одамлар кўришса, унинг ҳайвон овига катта овчилар билан бирга югуриб кетаётганига шоҳид бўлишса! Қани энди уни шу пайт онаси кўрса, бўлғуси улуғ овчи билан, уруғларининг ризқ-рўз келтирувчиси билан фахрланса! Қани энди шу пайт қадрдон Олапар соҳилидан узоқда, пўртана қутураётган номаълум соҳил бўйлаб ҳайбатли қоялар ва харсанглар орасидан тюленлар маконига югуриб бораётганини Музлук ҳам кўрса! Афсуски, энди Кириск у билан аввалгидай бирга ўйнай олмайди, энди Кириск — овчи. Милтиқлар фақат Эмрайин ва Милхунда бўлсаям майли, ҳечқиси йўқ: отаси, отиш вақти келганда сенгаям милтиқ берамиз, деб айтган эди-ку.
Шундай қилиб, улар тюленлар макони томон яқинлашишди, сўнг эмаклаб кетишди, Кириск ҳам эмаклаб кетди. Қиррали тошлар ва ғадир-будур музликлар устидан эмаклаб юриш қийин эди, лекин Кириск шундай қилмаса бўлмаслигини тушунарди.
Улар оғир нафас олиб, терга ботиб, гоҳида писиб-беркиниб, гоҳида бўйинларини чўзиб, атрофни кўздан кечириб боришарди. Ниҳоят, отиш вақти келганда, бир ерда ўрнашиб олиб, нафас ютиб, қотиб қолишди.
Мана шу лаҳзаларни, баҳорнинг мана шу бир кунини, поёнсиз денгиз ўртасидаги мана шу ҳувиллаб ётган тоғ-тошли оролни ва ундаги аллақандай мўъжиза кучи билан чор-атрофга сочиб ташланган мана шу қора-қўнғир, ҳайбатли тошларни, ҳали эришга улгурмай ётган мана шу яланғоч, кимсасиз ерни, унинг ёнгинасидаги отишга шайланиб туришган отаси билан Милхунни, олдинда, денгизнинг шундоққина ёқасида эса шамоллар ва пўртаналардан емирилиб кетган, устини майда гиёҳ қоплаган, қинғир-қийшиқ қоятошлар орасида, ҳеч нарсадан хабарсиз, хотиржам ётган тюленларнинг кичик бир подасини Кириск умр бўйи эслаб қолади. Бола, назарида, одамлар узра, тюленлар узра, орол ва денгиз узра гўё биринчи ўқ отилишини нафас ютиб кутиб тургандай қотиб қолган, сал-пал хўмрайган осмонни умр бўйи эслаб қолади.
«Ишқилиб нишонга тегсин-да!» — ўйлади у отаси берган милтиқни елкасига тақиб олар экан.
Интизорлик билан кутилган шу кисқа лаҳзаларда у ўзини машҳур, жасур овчидай ҳис қилиб, ғурурланиб кетди. Аммо қачон қуёш мўралаб, нурлари билан бизни сал-пал илитаркин, деган мақсадда, харсанглар орасидаги сайҳонликда тор жойга тиқилиб олишган мана шу бесўнақай, хўппасемиз ҳайвонларнинг жонли бўйинлари ва яғринларини қимирлатиб ниҳоятда паноҳсиз, ҳимоясиз, очиқ ҳолда ётганлигини кўриб ҳайратланди. Аммо боладаги бу ҳолат узоққа чўзилмади. У ўзининг овчи эканлигини, одамлар ундан ўлжа кутаётганлигини, тюлень гўшти ва мойи бўлмаса одамлар оч-яланғоч қолишини эслади. Айни вақтда: «Биринчи бўлиб отиб, ўзимни кўрсатишим зарур», деган фикр миясидан ялт этиб ўтди. У дадилланиб, отаси ўргатганидай, йирик, олачипор катта тюленнинг чап қаноти остини, тўғриси, қанотининг тепароғи ва чапроғида жойлашган нақ юрагини мўлжалга олди. Шу пайт тюлень бирон фалокатни ҳис этгандай безовталаниб қолди. Ҳолбуки, у овчиларни кўрмаганди, шамол денгиз томондан эсгани учун одамларнинг ҳидини олмаган эди. Мўлжаллашга нимадир, аллақандай кўланка ҳалал бераётганидан Кириск сал-пал ёнига сурилиши керак бўлиб қолди. Жуда эҳтиёткорлик билан сурилиши керак эди. Аксига олиб, худди шу пайт Кирискнинг тирсаги остидан бир тош силжиб кетиб, бошқа тошларга бориб урилди-да, ҳаммаёқни ларзага келтирди. Олачипор катта тюлень узоқдан ғингшигандай қисқа-қисқа овоз чиқарди ва бутун тюленлар подаси ҳаракатга келиб, наъра тортиб, ўкиришиб, тезлик билан бирин-кетин ўзларини сувга ташлай бошлашди. Аммо шу пайт уларнинг йўлини тўсгандай гумбурлаш эшитилди, поданинг четида бораётган йирик тюленни Милхун отиб ўлдирган, шу билан бошқа овчиларни ноқулай аҳволдан кутқазган эди. Кириск нима килишини билмай, гангиб қолди.
— Отсанг-чи, тезроқ! — буюрди Эмрайин.
Шу заҳоти боланинг елкасида қаттиқ оғриқ пайдо бўлди, кулоғи том битди. У мўлжалга тегизолмаганидан мулзам бўлди. Ахир унинг айби билан ов барбод бўлди-да. Лекин отаси унинг қўлига ўў тутказиб, шоширди:
— Ўқла, тезроқ от!
Илгари осон иш бўлиб кўринган ўқлаш ва отиш (илгари машқ қилган вақтларида қойиллатарди) ҳозир жуда мушкул бўлиб қолди. Милтиқни ўқлагач, дастаси ўрнидан жилмай туриб олди. Бу орада Милхун сувга ташланаётган тюленларга карата тиззалаб туриб яна икки марта ўқ узишга улгурди. Тюленларнинг биттаси яраланди. Ярадор ҳайвон сувнинг бўйида гир айланиб қолди. Овчилар ўша ерга югуриб боришди. Тюленлар подаси яшириниб улгуришган, ярадор тюлень эса жон-жаҳди билан сув томонга интиларди. Одамлар денгиз бўйига югуриб келишганида тюлень сув юзида қонли доғ қолдириб, куракоёқ панжаларини лапанглатиб кўкиш тортиб турган денгизнинг тубига ботиб кетди. Тиниқ сувда тюленнинг қўрқувдан олайган кўзлари ва бўйнидан қуйруғига қадар оч гунафша рангдаги умуртқа йўли аниқ кўриниб турарди. Милхун ўқланган милтиғини пастга туширди, энди уни отиш фойдасиз эди.
— Қўявер, бари бир чўкиб кетади — деди унга Эмрайин.
Кириск эса ҳансираганича, ўзидан норози бўлиб, хафа бўлиб турарди. У бугунги овдан кўп нарсаларни кутган эди, лекин бўлмади. Яна катта овчи бўлармиш!
Бола жим бўлиб, шумшайиб қолди, унга шунчалик алам қилардики, йиғлаб юборишдан ўзини аранг тийиб турарди.
— Ҳечқиси йўқ, янаги сафар ишинг ўнгидан келади, — деб юпатди уни Милхун кейинроқ, отиб ўлдирилган тюленнинг ичак-чавоқларини олиб, нимталашаётганида. — Мана эиди Ўрта сийнага борамиз, у ерда ҳам тюлень деганинг тиқилиб ётибди.
— Жуда шошиб қолдим-да, — деб сўз очган эди, отаси унинг гапини бўлиб қўйди:
— Ўзингни оқлайверма. Ҳеч ким онасининг қорнидан овчи бўлиб тушмаган. Омон бўл, отишни билсанг, ўлжа сендан қочиб қутулолмайди.
Кириск жимиб қолди, лекин ҳеч ким унга таъна қилмаётганидан кўнгли таскин топди. Энди у: «Ҳеч қачон отиш вақтида шошиб қолмайман, мўлжалга олаётганимда энди ҳеч нарсани ўйламайман, отам айтганидай, нафасимни чиқармайман, кўзим нишонда бўлади, ана шундан кейингина ўқ узаман!» — деб ўз-ўзига сўз берди.
Тюленнинг танаси каттагина, анча оғир ва худди тирикдай бадани ҳали илиққина эди. Ҳайвоннинг тўшини нимталаётган Милхун мамнунлик билан қўлларини ишқалаб: «Кўрдиларингми, тўрт энли ёғи бор, зўр!» — деб қўйди. Кириск энди кўнгли ғашлигини унутиб, қизиқиб амакисига ёрдам бера бошлади. Эмрайин эса бу орада қайиқни яқинроқ олиб келиш учун Ўрхон бобо турган томонга кетди.
Бироқ у кўп ўтмай, ташвишланганча тезда қайтиб келди:
— Вақтимиз зиқ, тезроқ бўлинглар! — у ҳамроҳларини шундай шоширди-да, осмонга қараб яна ўзича ғудраниб қўшиб қўйди: — Негадир ҳавонинг авзойи менга ёқмаяпти...
Овчилар шоша-пиша ўлжани нимталаб, жигари билан юрагидан бошқа ичак-чавоқларини ташлашди-да, қолганини қайиш билан боғлаб, қайиқ томон судраб кетишди. Кириск уларнинг ортидан иккала милтиқни олиб югурди.
Қирғоқда, қайиқ олдида уларни Ўрхон бобо кутиб турарди. Чол ўлжани кўриб севиниб кетди.
— О, Курнг эгам, еткизганингга шукур! Овимизнинг бошланиши чакки эмас! — дея у ўзининг ов пичоғини артиб, тайёр қилди. Овдан кейин энг муҳим удум — тюленнинг хом жигарини шу ернинг ўзидаёқ ейиш эди. Ўрхон бобо нимталанган нерпа тўши олдида чўнқайиб ўтириб олиб, жигарни бўла бошлади. Овчилар оз-моз туз сепилган майин жигар бурдаларини ҳузур қилиб чапиллатиб ямлаб ютар эдилар. Жигар жуда мазали — мулойим, илиқ, тўйимли эди. У одамнинг тилини ёғли шарбатга ботириб, оғизда эриб кетарди. Кирискнинг орзуси ушалди — ҳақиқий катта кишидай овда хом жигар еди!
— Ютавер, кўпроқ ют, — маслаҳат берарди болага Ўрхон бобо. — Тунда совуқ кучаяди, жунжикиб қоласан. Шундай вақтда одамни иситадиган энг яхши нарса жигар. Тағин у минг бир касалга шифо бўлади.
Роса маза қилишди. Таом жуда соз бўлди-ю, дарров чанқаб қолишди-да. Қайиқдаги кичик бочкада сув бор эди.
— Ҳозир гўштни нимталашнинг ҳожати йўқ, — деди Эмрайин ҳамма тўйиб бўлганида ва яна ташвишланиб осмонга қараб қўйди.
— Кейин нимталасаям бўлаверади, — маъқуллади Ўрхон бобо. — Чойни кечаси Ўрта сийнага борганимизда илитиб ичамиз. Ҳозирча сабр қилиб юкларни орта қолайлик.
Қайиқни жилдириш олдидан овчилар ерни ҳам тўйдиришни унутмадилар. Тюлень юрагини майда-майда бўлаклаб ерга сочиб, орол эгасидан кейинги овнинг ҳам бароридан келишини тилашди. Шу аснода улар яна денгизга чиқишди.
Кичик сийна ортда қолди. Атрофини тунд сувлар ўраб олган ёлғиз орол ҳувиллаб қолган, ғарибона ва аянчли кўринарди. Ўрта сийнага қараб йўл олишди. Қош қорая бошлади. Эшкакчилар қоронғи тушгунча Ўрта сийнага етиб олиб, қайиқни панароқ жойга қўйиб, тунаб колиш мақсадида жон-жаҳдлари билан ҳаракат қилишарди. Кичик сийна гўё сувга чўкиб кетгандай кўздан ғойиб бўлди, аммо Ўрта сийна ҳали-вери кўринай демасди. Яна борлиқни сув қоплаб олди.
Овчилар ўлжа пайига тушишганида денгиз сезиларли даражада ўзгара бошлаган эди. Тўлқинлар қалинлашди. Зичлашди. Сувнинг мавжи аввалги йўналишда бўлса ҳам шамолнинг йўналиши ўзгарган эди. Қайиқ энди аввалгидан кўра кучлироқ силкиниб чайқалмоқда эди. Аммо овчилар ҳавонинг авзойидан кўпроқ хавотирланишарди. Ўзи нима бўляпти? Одатда йилнинг бу фаслида ҳаво айнимас эди-ку! Аллақаёқлардан учиб келган ғубор олислардаги зулматли ўрмонлардан чиққан ёнғин алангасининг тутунидай, бутун осмонни қоплаб олди. Тутун гарчи осмонни ўраб олган ва ҳеч кимга ҳеч қандай халал бермаётган бўлса ҳам овчилар ғашланиб қолишди.
— Қаёқдан келяпти бу бало? — ўзича ғудранди Ўрхон бобо атрофга нохуш боқар экан.
Энди улар ҳозир Ўрта сийна кўриниб қолади, деб зўр бериб эшкак эшар эдилар — Ўрта сийна ҳаммасидан кўра қулай ва тинч эди-да.
Бу орада ҳаво бир оз очилди, ҳатто денгизнинг нариги чеккасидан қуёш мўралаб қолди. Бу ёруғлик ақл бовар қилмас мўъжизага ўхшар, гўё у оламнинг нариги чеккасидан чиқаётгандек эди. Бу қуёшга бемалол қараш мумкин эди, у кўзни қамаштирмасди. Қуёш қонталаш тусга кириб, аста-секин қизариб, алвонланиб, хира уфққа бота бошлади. Осмоннинг чиройи очилгач, яна денгиз юзига шуъла югурди, яна осойишталик ҳукм сура бошлади. Одамлар ҳам дарров хотиржам бўла қолишди. Улар энди оролда тинч жой топиб, ором олишни хаёл қила бошладилар.
— Озгина сабр қилсанг, олдинда Ўрта сийна кўриниб қолади,— деди Ўрхон бобо ёнида ўтирган Кирискнинг елкасига қоқиб.
Бола аллақачон чанқаган, аммо отасининг тақиқларига соддадиллик билан амал қиларди. Овга чиқиш олдидан отаси чучук сув денгиз сафарида ҳамиша камчил бўлишини тушунтирган эди. Сафарда уйдагидай истаган вақтингда сув ичиш мумкин эмас. Ҳатто учала оролда ҳам бирор томчи чучук сув йўқ. Қайиққа эса ортиқча юк ортиб бўлмайди. Ҳамма қачон сув ичса, сен ҳам ўшанда ичасан.
Тўсатдан олисда қуёш кўриниб, олам ёришган лаҳзаларда бола Ўрхон бобонинг кўнгли юмшаганлигини сезди.
— Аткичх! Сув ичгим келяпти, жудаям! — деди у йигитлардай кулимсираб, отасига қараб қўйди.
— Шундай дегин! — энди эсига тушгандай мийиғида кулди Ўрхон бобо. — Ҳалигидака қойилмақом жигардан кейин албатта одам чанқайди-да! Турган гап, чанқайди! Ахир, ҳаммамизнинг сув ичгимиз келяпти, тўғрими?
Эмрайин билан Милхун тасдиқлаб, бош ирғаб қўйишди. Кириск севиниб кетди, демак, битта ўзи эмас, ҳамманинг сув ичгиси келаётган экан.
— Ундай бўлса сув билан сийлаймиз ўзимизни, кейин бир чекиб олсак ҳам бўлади! — деди Ўрхон бобо бошқарувчи эшкакнинг дастасини ўз ҳолига қўйиб, сўнг қайиқнинг тубидан кичик бочкани олди, уни қулайроқ жойлаштириб, ичи чегаланган тунука чўмичга бочканинг оғзидан секин жилдиратиб сув қуя бошлади. Сув муздеккина, тиниқ эди — Олапар қоясининг денгизга тескари тарафидаги булоқдан олинганди. Бу ўша, ўзларининг доимо ичиб юрган тип-тиниқ, мазали ва суюмли сувларидан эди. Ёзда чайқалган сув ўтлари ҳамда зах ернинг ҳиди келарди ундан.
Кириск чўмични тутиб турарди. Боланинг тезроқ сув ичгиси келарди. Чўмич ярим бўлганида, Ўрхон бобо бочканинг тешигини пўкак билан ёпди ва болага қараб:
— Ичавер! — деди. — Кейин бошқаларниям чанқоғини қондирасан. Чайқатиб, тўквормагин тағин, — огоҳлантириб қўйди у.
Кириск аввалига ютоқиб ича бошлади, сўнг секинлашди ва охири сувдан бўккан ёғоч ҳиди келаётганини сезди.
— Тўйдингми? — сўради Ўрхон бобо.
— Тўйдим.
— Кўзинг айтиб турибди, тўймабсан. Майли, айтганинг бўлсин, сенга яна озроқ қуйиб берай. Жигар дегани жуда кучли нарса. Ердалигимизда челаклаб ичсанг ҳам бўлаверади, — деди Ўрхон бобо яна жилдиратиб чўмичга сув қуяркан.
Бола сувга қонгандан кейин катталарнинг бундай пайтларда айтадиган «Кўнглим жойига тушди» деган гапларининг чин эканлигини ҳис этди.
Ўрхон бобо эшкакчиларга ҳам чоракам бир чўмичдан сув қуйиб берди. Сувли чўмични қайиқчиларга Кириск узатиб турди. Ўзи сувга тўйгани учун бола бошқаларнинг ҳам сувга қониб олишини хоҳларди. Ўрхон бобо бошқаларга нима учун чоракам бир чўмичдан сув берганлигининг сабабини тушунтира кетди.
— Сенинг ҳали жуссанг кичик, уларни кўрдингми, қанақа? Буларни меҳнатиям оғир. Эшкак эшган одам кўпроқ чанқайди.
Эмрайин билан Милхун чиндан ҳам чўмични бир кўтаришда бўшатиб қўйишди, уларга яна озроқдан қуйишга тўғри келди. Ўрхон оқсоқол катталарга таъна қилди:
— Бу дейман, оғайнилар, жа юҳо бўп кетманглар. Дарё бўйида ўтирганларингиз йўқ-ку!
Эмрайин билан Милхун фақат жилмайиб қўйишди. Гўё, буни ўзимиз ҳам биламиз, лекин нима қилайлик, ахир сув ичгимиз келиб турса, дейишаётгандай эди.
Лекин Ўрхон бобонинг ўзи ҳам ўз улушини ичиб бўлиб, мийиғида кулиб, бош чайқади:
— Эҳ-ҳ, дарё бўйида ўтирсак яхши бўларди. Хом жигар дегани одамни роса кўтараркан...
Сўнг чол мунштугини тамакига тўлдириб, тутун буруқсатиб, хузур қилиб чека бошлади. Чол умрида охирги марта шундай ҳузур қилаётганини ҳали ўзи билмасди...
Фалокатни биринчи бўлиб Кириск пайқади!..

* * *
Шундан сал аввал борлиққа ажойиб осойишталик чўккан, одамлар чанқоғини босиб, кўнгиллари таскин топиб, ўзларини бахтиёр ҳис этган эдилар.
Биринчи ўлжани қўлга киритишди, кўп ўтмай, оролда бир оз ором олишиб, азонда яна катта овга чиқишади. Овдан сўнг, ивирсилаб ўтирмай дарҳол уйга қайтишади. Ҳамма иш кўнгилдагидек эди.
Қайиқ ҳамон аввалгидай, тўлқинларга тўш уриб бир маромда секин сузиб борарди. Ўрхон бобо қайиқ қуйруғида тамакисини тутатганича дарғалик қилиб ўтирарди. Шу лаҳзаларда эҳтимол Сув парисини ўйлаётгандир. Эмрайин ҳамда Милхун асосий ишлари — эшкак эшиш билан банд, улар ортиқча куч сарфламай қайиқни бемалол, аниқ ва қойиллатиб ҳайдаб борар эдилар. Кириск беихтиёр уларнинг ишига маҳлиё бўлиб қараб турарди. Шу лаҳзаларда у болаларга хос аллақандай ички сезги билан гоҳ отаси, гоҳ амакисига қараб, уларнинг ҳар бири тўғрисида айрича ўй сурарди. У Эмрайин билан Милхунни ва Ўрхон бобони бутун вужуди билан севар, шу пайт улар орасида эканлигидан ғурурланарди.
Кириск бу одамларнинг бошқача бўлишини хаёлига ҳам келтирмасди. Унинг назарида Ўрхон бобо бутун умр худди ҳозиргидай кекирдаги туртиб чиққан, узун бўйинли, қўллари ўсимлик илдизларидай сертомир, ҳамма нарсани сезувчи, кўзлари мудом ёшланиб турган чол бўлгандай эди. Уни бошқача тасаввур қилиш мумкинми ахир? Бундай маслаҳатгўй, ҳамманинг иззат-ҳурматига сазовор бўлган кишиларсиз ҳам яшаш мумкин бўлармикин?
Онасининг айтишича, Кириск отасига жуда ўхшаб кетаркан. Катта бўлса қуйиб қўйгандай Эмрайиннинг ўзгинаси бўлади-қолади, дейди. Кирискнинг кўзлариям отасиники сингари қўйкўз, тишлариям отасиникидай мустаҳкам, олдинги иккита курак тиши бир оз туртиб чиққанди. Яна онасининг айтишича, катта бўлса Кирискнинг ҳам отасиникидай қоп-қора ва дағал қалин соқоли бўларкан. Ҳайтовур отасини Серсоқол Эмрайин деб бекорга айтишмайди. Кириск гўдаклик чоғларида, анҳорда яланғоч чўмилиб юрган кезларида онаси синглисининг биқинига туртиб: «Кара, қара, худди отасининг ўзи!» — дерди. Иккаласи нимадандир хурсанд бўлиб, ичаклари узилгудай қотиб-қотиб кулишар, қувлик билан шивирлашарди. Онаси: «Кириск катта бўлса, унга худди ўзимга ўхшагани дуч келса ўша келин сира хафа бўлмасди, кўнгли тўларди, буни мен билиб айтяпман», дерди у. «Қизиқ, — ўйларди Кириск, — ким, нима учун кўнгли тўлади? Кириск отасига тортган бўлса, нима учун унга тушган хотиннинг кўнгли тўлади?»
Ана, ҳозир отаси қайиқнинг тумшуқ томонида ўтириб эшкак эшяпти. Соқоли қоп-қора, тишлари оппоқ. Жуссадор, кенг яғринли, хотиржам, сабр-тоқатли. Бошқаларга ўхшаб отаси бирор марта унга бақириб, дўқ-пўписа қилганлигини ёки аксинча, авайлаб-ардоқлаб, юпатганини эслаёлмайди. Чақнаб турган кўзлари ҳақиқатан ҳам тип-тиниқ, қўйнинг кўзига ўхшарди.
Кейинги бир жуфт эшкак Милхуннинг қўлида; у Кирискнинг амакиваччаси, отасидан икки ёш кичик. Эмрайиннинг укасига унчалик ўхшамайди, негаки, соқоли йўқ. Аммо учлари осилиб тушган мўйлови худди моржникига ўхшайди. Ўзиям худди моржга ўхшайди. Гапни дўндиради, баҳслашишни яхши кўради, кўнглига ўтирмаса, тепалашишдан ҳам қайтмайди. Жанжаллашганда бировга ҳақини ўтказмайди. Бир марта сайёҳ савдогар билан жиққамушт бўлиб қолишган эди, кейин бутун уруғ-аймоғи билан кечирим сўраб, товон тўлаб юришди. Милхуннинг ўзи пакана бўйли, миқтидан келган бўлса ҳам ҳеч кимга сўз бермайди, ҳақиқат бўлсин, дейди. Ғирт маст эди ўшанда. Бунақа ишга суяги йўқ. Кўпчилик қатори Эмрайин ҳам уни тинчитмоқчи бўлиб роса қийналган. Ўзиниям айиқдай кучи бор-да. Кириск уни аки-Милхун дейди. Отаси билан улар жуда иноқ, овга доим бирга боришади, ҳеч қачон бир-бирини доғда қолдиришмаган, иккаласи ҳам уддабурон овчилар. Милхуннинг ўғли ҳали жуда кичик — эндигина атак-чечак қиляпти. Милхуннинг ундан каттароқ иккита қизалоғи бор. Кириск уларни доим ҳимоя қилиб юради, қани бирортаси уларга тегиб кўрсин-чи! Кирискнинг ойиси ҳам Милхуннинг қизалоқларига жонини беради. Улар тез-тез Псулк билан ўйнагани келишади.
Бироқ овулдаги қизлар ичида энг чиройлиси — Музлук! Фақат шуниси чатоқки, бўйига етса уни қўшни қишлоқа эрга бериб юборишаркан. Уни узоққа бермай кўя қолишса қандай яхши бўларди-я!..
Соҳилда юрган чоғларида Кириск бунақа нарсаларни хаёлигаям келтирмасди. Энди эса, қадрдон уйидан узоқда майда-чуйда нарсалар ҳам унга жуда муҳим ва таъсирли туюларди.
Кириск ногаҳон уйини эслаб, соғинганидан кўнгли аллақандай бўлиб кетди. Олапар қоясининг ортида, дарё атрофидаги водийсида, денгиз ёқасидаги ўрмонда жойлашган қадимий қишлоқда яшовчи нивхлар — Сув париси авлодларининг олдига кетгиси келиб қолди. Ойисини шундай соғиндики, юраги орзиқиб кетди. Лекин улар ҳозир қадрдон соҳилдан, абадий денгиз ёқалаб ўз иши билан абадий югуриб кетаётган кадрдон Олапардан жуда-жуда узоқда эдилар. Худди шундайлигига ишонч ҳосил килиш учун Кириск беихтиёр орқасига ўгирилиб, атрофга олазарак қаради-ю, бирдан кутилмаган манзарага кўзи тушиб қолди.
Денгиз устини, уфқнинг деярли ярмини иккита туташ тилга ўхшаган қуюқ туман пардаси аста-секин қоплаб олаётганди. У қорамтир сув юзасига ёпирилиб келиб, гўё бутун борлиқни ўз оғушига олмоқчидай эди. Тирик мавжудотдай, улкан махлуқдай оламдаги барча нарсаларни, одамларни ҳам қайиқ-пайиғи билан ютиб юборгудек ёвуз ният билан ёпирилиб келарди. Туман боя Кириск кўрсатган томондан, денгиз ўртасида номаълум, хира нарса муаллақ туриб қолган томондан босиб келарди. Энди у хамирдай кўпчиб, ҳеч қандай тап тортмасдан, шамол зўри билан қайиқ томонга тўхтовсиз яқинлашиб келарди.
— Қаранглар! Қаранглар! — қўрққанидан қичқириб юборди Кириск. Ҳамма саросимага тушиб қолди. Бир лаҳза ўз ҳолига қўйилган қайиқ тўлқинлар орасида писта пўчоқдай чайқала бошлади. Шу заҳоти қалин туман ортидан қудратли тўлқиннинг одамни сескантирувчи гумбурлаши эшитилди. Даҳшатли тўлқин қутуриб, кўпириб-тошиб келарди.
— Қайиқни бур! — жон-жаҳди билан қичқирди Ўрхон. — Қайиқнинг тум-шуғини тўлқинга қараб бур!
Эшкакчилар қайиқни тўлқин қаршисига аранг буриб улгуриши билан пўртананинг биринчи зарби қайиқни ағдариб юборишига сал қолди. Биринчи даҳшатли пўртана ортидан яна денгиз ғалаёни кўтарилди ва шу заҳоти қалин туман етиб келди. Тобора ёпирилиб келаётган туманнинг олд қисми жуда яқин қолганда мана шу гирдобли тирик зулматнинг нақадар ёвуз куч билан, нақадар машъум ният билан босиб келаётгани аниқ кўриниб турарди.
— Шамолнинг қайси томондан эсаётганини эслаб колинглар! Шамолнинг йўналишини унутманглар! — дея қичқиришга улгурди Ўрхон.
Шу заҳотиёқ уларни қуюқ зулмат ютиб кетди. Туман гўё тоғ кўчкисидай даҳшат билан ёпирилиб, уларни чексиз зулмат гирдобига ғарқ қилиб юборди. Шу лаҳзадаёқ улар бир оламдан бошқа оламга тушиб қолишди.
Ҳамма нарса зулмат қаърига чўмиб кетди. Шу лаҳзадан бошлаб на осмон, на денгиз, на қайиқ қолди. Улар энди ҳатто бир-бирларининг башараларини ҳам кўришолмасди. Шу лаҳзадан бошлаб улар ўз тинчларини йўқотган эдилар — денгиз қутураётган эди. Пўртаналар қайиқни дам баландга, дам пастга ирғитар, дам юқорига, дам тўлқинлар орасида ҳосил бўлган сув ўраларига улоқтириб ташларди. Тошқин ва чайқалишлардан овчиларнинг кийимлари шалаббо бўлиб, оғирлашиб кетди. Лекин, энг ёмони, қуюқ туман ичида қолган одамлар атрофида нималар борлигини сезишмас ва кўришмас, денгизда нималар бўлаётганлигини, нима чора кўриш кераклигини билмай гаранг эдилар! Фақат бир нарса, у ҳам бўлса таваккалига сузиш, қайиқ ағдарилиб кетмаслиги учун бир амаллаб кўр-кўрона ҳаракат қилиш қолган эди, холос. Энди қайиқни қандайдир мўлжалга қараб ҳайдаш тўғрисида гап ҳам бўлиши мумкин эмасди. Тўлқинлар қайиқни хоҳлаган кўйига солиб, истаган томонига элтиб ташлаши мумкин эди.
Кириск илгарилари ҳам шундай воқеалар бўлганлигини эшитганди. Илгарилари ҳам овчилар денгизда фалокатга учрашган. Илгарилари ҳам овга кетган одамлар изсиз ғойиб бўлишганда умумий мотам тутилган. Ана шу мотам пайтида Олапар қоясининг ёнбағирларида аёллар билан болалар бир неча кун гулхан ёқишарди — балки йўқолганлар тўсатдан топилиб қолар, деб умид қилишарди. Ана шу вақтларда Кириск очиқ денгизда ҳалок бўлиш нақадар даҳшатли, ваҳимали бўлишини хаёлига ҳам келтирмаган эди. У, аксинча, киш фаслининг меҳмонлари бўлган, бутун оламни сутга чайқагандай оппоқ ва сокин қилиб юборадиган мана шу беозор туманларни яхши кўрарди. Бутун олам сеҳрлангандай оппок сукунатга чўмиб, бир текис оқликка ўралган ана шу пайтларда ер юзидаги барча нарсалар ҳавога парвоз килиб, ранг-рўйи оқариб, арвоҳга айланиб серрайиб колгандай туюларди. Ана шу пайтларда боланинг юраги орзиқиб кетар, аллақандай афсонавий манзараларни кўрадигандай, баён қилиб бўлмайдиган қўрқув ва ҳаяжонга чўмар, ана шу гўзал эртакка ўхшаш ҳарир туманлар шу қадар даҳшатли кучга айланишини тасаввур қилолмасди. Қутурган денгиз устидаги булутнинг дам сирғалиб эшилиб, дам ёйилиб ва яна зичлашиб қоп-қора бўлиб буруқсаб бориши илоннинг ҳаракатини эслатарди...
Қайиқ эшкагини икки қўли билан маҳкам ушлаб олган Кириск титраб-қақшаб, Ўрхон бобонинг оёғига маҳкам ёпишиб олди.
— Сен мени ушлаб ол! Қаттиқ ушлаб ол! — деб қулоғи остида қичқирди Ўрхон бобо ва болага бошқа нима дейишини, қандай ёрдам қилишини билмай жим қолди.
Энди ҳеч ким боланинг аҳволини енгиллаштира олмасди, чунки даҳшатли офат олдида ҳозир ҳамма ожиз эди. Ҳатто, Кириск дод солиб, ота, деб бақириб-чақириб йиғлаганида ҳам Эмрайин жойидан жилмаган бўларди. Чунки отаси билан Милхуннинг зўр бериб, тўлқинларнингкўтарилиши ва пасайишларини чамалаб қайиқни тўғрилаб туришлари туфайлигина улар чўкмаётган эдилар.
Тўлқинлар эса ҳеч нарсани илғаб бўлмайдиган туман ичида қайиқни тобора жадаллатиб аллақаёқларга суриб кетаётган эди. Ўрхон бобо қайиқ ағдарилиб тушмаслиги учун бор кучи билан рулни тўғрилашга ҳаракат қилар, аммо денгиз борган сари қутурмоқда эди.
Чамаси, тун ярмидан оғди. Туман ичида қай маҳал бўлганини билиш мушкул эди. Кеч кирганини улар қоронғиликнинг янада қуюқлашганидан тахмин килишлари мумкин эди. Охири кўринмаган, тинкани қуритадиган бу тенгсиз ва тинимсиз олишувда улар кўп вақтларни бой берган эдилар. Шунга қарамай, нивхлар ҳамон умид узишмаганди: эҳтимол, тўсатдан бошланган сув офати яна тўсатдан тиниб қолар, туман тўсатдан тарқалиб кетар, ана шунда қаёққа қараб сузиш кераклигини билиб олармиз, деб ўйлашарди. Бир маҳал уларнинг умиди ушалгандай бўлди. Денгиз пўртаналари сал тинчиди, тебранишлар, чайқалишлар, сув сочқилари камайди. Лекин ҳавонинг авзойи аввалгидай — зим-зиё зулматда ҳеч нарсани кўриб бўлмасди. Биринчи бўлиб, Ўрхон бобо денгиз шовқинини босгудай бақириб гапирди:
— Мен шу ердаман! Кириск ҳам мен билан бирга! Эшитяпсизларми?
— Эшитяпмиз! Биз ҳам ўз ўрнимиздамиз! — хириллаганча жавоб берди Эмрайин.
— Шамолнинг йўлини ким эслаб қолди? — овоз берди Ўрхон бобо.
— Нима фойдаси бор! — жаҳл билан қичқирди Милхун.
Чол жимиб қолди. Ростдан ҳам шамолнинг қаёқдан эсаётганлигини билиш фойдасиз эди. Шамол уларни қаёққа суриб кетган, мўлжал килиш мумкин бўлган ороллар ҳозир уларга яқинми ё узоқми? Буни чамалаш ҳам қийин эди. Эҳтимол, улар Сийналардан жуда-жуда узоқлашиб кетишаётгандир? Балки энди улар Сийналарни сира-сира топиб олишмас? Ўрхон бобо ҳолдан тойдирувчи зулмат ва чайқалишлардан эзилиб, жимиб қолди. Буюк Ўрхон чуқур ўйларга ботиб, жимгина ўтирарди. Фақат бир нарса уларга таскин берарди — яхшики, тақдир тақозоси билан улар қояли оролларга урилиб пачоқланмай, четлаб ўтиб кетишибди. Бироқ оролларсиз ва юлдузларсиз тун ва туман ичида ҳеч қанақа йўлни аниқлаб бўлмасди. Ўрхон бобо бирор нарса дейишга ожиз эди. Шунга қарамай, у орадан сал ўтгач яна қичқирди:
— Тланги-ла эсаётган эди! Қайиғимиз тумшуғини пўртанага тўғрилаганимизда Тланги-ла эсаётган эди!
Ҳеч ким жавоб бермади. Ҳамма ўз иши билан овора эди. Ўрхон яна жимиб қолди. Кириск чолнинг оёғига ёпишганича титраб-қақшаб ўтирарди. Бир оздан сўнг Ўрхон эшкакчиларни огоҳлантирди:
— Кириск иккаламиз қайиққа тўлган сувни чўмич билан сепиб ташлаймиз. Сизлар маҳкам бўлинглар!
У Кириск томонга энгашди, қоронғида пайпаслаб, боланинг эсон-омон ўтирганини билгач:
— Қўрқма, Кириск! Ке, қайиқдан сувни сепиб ташлаймиз. Йўқса, иш чатоқ бўлади. Битта чўмичимиз бор, мана, топдим. Сен манови куракчани ол, ҳар ҳолда яхши бўлади. Ушладингми? Куракчани ол, деяпман... — деди.
— Ҳа, аткичх, ушладим. Ҳали бу узоққа чўзиладими? Қўрқиб кетяпман.
— Мен ҳам қўрқяпман, — деб юборди оқсоқол кутилмаганда. — Лекин биз эркаклармиз, шунинг учун ҳам ишнинг оғири бизнинг елкамизда.
— Бунақада чўкиб кетмаймизми, аткичх?
— Чўкиб кетмаймиз. Агар чўкиб кетадиган бўлсак, майли, пешонада бори шу экан. Ке, энди, бир қўлинг билан мени ушлаб тургин-да, иккинчи қўлинг билан сувни сепиб ташлайвер.
Яхшиси, вақтида Ўрхоннинг эсига тушиб қолган экан, оз-моз нафасни ростлаб олишгандан сўнг қайиқдаги сувни сепиб ташлашди. Сув озайиши билан чол қайиқдаги буюмлар орасида ётган кичкина бочкага назари тушди ва уни болага кўрсатди. Кундузи ҳам шу бочкадан сув ичишган эдилар.
— Кириск, — деди у қоронғида боланинг қўлидан ушлаб. — Бу ерда кичкина сувли бочкамиз бор. Топдингми? Эсингда бўлсин, ҳар қандай мушкул вақтда ҳам шу бочкачадан айрилма. Ундан ажралганимиздан кўра ўлганимиз яхшироқ. Тушундингми? Шундан бошқа ҳеч кимга ишонмай қўя қол... Эшитяпсанми?
Яхшики, чол бу гапни болага айтиб қўйди, яхшики, болани вақтида огоҳлантириб қўйди. Тез, орада бу нарса жуда-жуда асқатиб қолди.
Кўп ўтмай денгиз ғалаёни аввалгидан ҳам баттар ваҳшатли тус олди. Гўё у тун ва туман ичида ҳеч нарсани кўра олмай қолган одамларнинг ночорлигидан фойдаланиб, қайта ҳужумга ўтган эди. Илгари бир оз бўшашган бўлса ҳам энди қутуриб, ўчини олмоқчига ўхшарди. Ўрхон бобонинг қайиғи тўлқинлар зарбидан чирпирак бўлиб, уёқдан-буёққа бориб келарди. Ўркачланган тўлқинлар қайиқни савалагани савалаган эди. Ўрхон тиззалаб, эмаклаб чўмичи билан ҳар қанча ҳаракат қилса-да, қайиқ ичига келиб тушаётган сувни сепиб ташлашга улгурмасди. Шу пайт эшкакчилар бирдан жон-жаҳди билан бақириб қолишди:
— Ташланглар ҳамма нарсани! Чўкяпмиз! Ташланглар!
Кириск қўрққанидан ҳўнграб йиғлаб юборди, аммо унинг йиғисини ҳеч ким эшитмас, ҳеч ким унга эътибор бермас эди. Бола қайиқнинг қуйруқ томонига тиқилиб, сувли бочкага маҳкам ёпишиб олди-да, уни остига босиб ётаверди. У шу алфозда ғужанак бўлиб, бочкага биқини билан қапишиб олганча титраб-қақшаб йиғларди. У, нима бўлсаям шу бочкани асраб қолиш ғоят муҳим эканлигини тушунарди. У, қайиқ билан бирга сувга чўкаётганларини англади. Лекин бари бир шу вақтда ҳам Ўрхон оқсоқол тайинлаган ишни қилди, сувли бочкачани эҳтиёт қила бошлади.
Ярмисигача чўкиб бораётган қайиқни зудлик билан қутқариш зарур эди. Милхун ҳамон ақл бовар қилмас даражада эшкак эшиб, унинг ағдарилмаслиги чорасини кўрарди. Ўрхон билан Эмрайин эса қайиқда нимаики бўлса ҳаммасини улоқтириш билан банд эдилар. Бундан бошқа чора қолмаган эди. Иккала милтиқ, гарпун — найза, арқон ўрамлари ва бошқа нарсалар, ҳатто Ўрхон бобонинг тунука чойнаги ҳам денгизга улоқтирилди. Тюлень танасини улоқтириш жуда мушкул бўлди. Сувга бўкиб, оғирлашиб, шилимшиқ бўлиб колган тюлень танаси сира қўлга кирмасди. Уни оёқ тагидан кўтариб ташлаш зарур эди. Мана шу ҳайвонни деб улар денгиз сафарига чиқишганди, энди эса худди шуни ташлаб юбориш зарур бўлиб қолди. Улар бақирганларича сўкиниб, тор жойда тиқилишиб, тюлень танасини қайиқнинг четига суриб келишга муваффақ бўлишди ва ниҳоят уни денгизга ташлаб юборишди. Ҳатто мана шу киёмат-қойимда, денгиз қутуриб турганда ҳам тюлень танасидан ҳоли бўлган қайиқ енгиллашиб, ўзини бир оз ўнглаб олгани сезилди. Эҳтимол, худди шунинг ўзи уларни сувга ғарқ бўлишдан сақлаб қолгандир...

* * *
Биринчи бўлиб Ўрхон бобо ҳушига келди. У ҳувиллаб ётган бўшлик орасида қаерга келиб қолганларини, бутун атрофни ўраб олиб, бўзрайиб тошдай қотиб турган бу руҳсиз нарсалар нима эканлигини дабдурустдан англаёлмади. Бу туман эди.
Ҳа, океаннинг ҳаммаёғини танҳо ўзи ўраб, эгаллаб олган ва ҳаракатсиз қотиб қолган бу сукунат Буюк туман эди. Буюк туман ўзининг буюк қатағон даврини кечирмоқда эди...
Ўрхон бобонинг кўзлари бир оз кўниккач, қоронғиликда қайиқнинг четларини, сўнг одамларни кўра бошлади. Эмрайин билан Милхун ўз жойларида, эшкаклар олдида чўзилиб қолишганди. Улар тунги олишувда тинкалари қуриб, ҳолдан тойиб, ўликдай ётишарди. Улар гўё жангда ҳалок бўлган кишиларга ўхшар эдилар, фақат ўқтин-ўқтин чиқаётган хуррак товушидангина уларнинг тирик эканлигини билиш мумкин эди. Кириск бўлса чолнинг оёқ тарафида бочкага ёпишиб, ғужанак бўлиб ётарди. Бола уйқусида зах ва совуқдан қалтирарди. Ўрхон бобо болага ачинарди, аммо қўлидан ҳеч нарса келмасди.
Тунги қиёмат-қойимдан гангиб қолган оқсоқол оппоқ сочли бошини қуйи солганча қайиқ қуйруғида ўтирарди. Бутун вужуди зирқираб оғрирди. Узун сертомир қўллари қамчидай осилиб турарди. Ўрхон бобо умрида жуда кўп бало-қазоларни, фалокатларни кўрган, аммо у бунақанги қиёмат-қойим билан биринчи марта тўқнаш келиши эди. У ҳозир қаерда сузиб юришганини, бўрон уларни қаёққа суриб келганини, ердан қанча олислаб кетишганлигини, ҳалиям денгизда юришибдими ёки океандами — сира тасаввур қилолмасди. У ҳатто ҳозир қайси вақтлигини ҳам билолмасди. Борлиқни эгаллаган зим-зиё туманда кундуз билан кечани ажратиб бўлмасди. Лекин ҳар ҳолда денгиз ғалаёни эрталабга яқин пасайишини ҳисобга олганда, ҳозир кундузга ўхшарди. Эҳтимол, кун қиёмга келгандир?
Ўрхон оқсоқол бошини қуйи солишига сабаб бор эди. У, мўъжиза билан тирик қолишганига хурсанд бўлса-да, бари бир аҳвол чатоқлигини ҳис қиларди. Чунки қайиқда энди бир жуфт эшкак ва озроғи ичилган бир бочкачадаги сувдан бошқа ҳеч вақо қолмаганди. Қайиқдаги ҳамма нарсани ташлаб юборишган. Ҳатто ўтиб кетаётган савдогарлардан юзтача мўйнага айирбош қилиб олинган милтиқлар ҳам энди йўқ эди. Уларни олдинда нима кутаётгани ҳам номаълум эди.
Тўғри, эшкакчилар ҳушига келишлари билан энди нима қилиш кераклигини биргалашиб ўйлаб кўришади. Лекин қай тарафга сузиш кераклигини ким билади дейсиз? Бу асосий масала. Ундан кейин тунда, агар ҳаво очиқ бўлса, юлдузларга қараб йўлни аниқлашга уриниб кўриш керак. Лекин қанча вақт сузишга тўғри келаркин? Қирғоқни топгунча кучлари, вақтлари етармикин? Манзилга етгунча бардош беришармикин?
Туман-чи, бу қанақа туман ўзи? Денгиз устида шу қадар қалин, шу қадар узоқ туриб қолган бу қанақа туман? Худди у бу ерда абадий ўрнашиб олганга ўхшайди. Наҳотки ҳаммаёқ шундай бўлса?.. Наҳотки бутун олам шундай туман орасида қолган бўлса?
Шу маҳал оқсоқолнинг тамаки чеккиси, сув ичгиси келди. Тамаки топилади-ю, майли, ҳўл бўлсаям, аммо мунштуги қаёқда қолдийкин? Сув-чи? Овқат-чи? Ўрхон бу тўғрида ўйлашдан ҳам қўрқарди. Ҳозирча чидаса бўлади, ҳозирча ҳеч нарсани ўйламаса бўлади...
Денгиз суви сокин жимирлар, ҳаммаёқ тинчиб, ҳувиллаб қолганди. Қайиқ турган жойида сал-пал чайқалиб турарди. Сув уни ҳеч қаёққа сурмас, ўзи ҳам ҳеч қаёққа жилмасди. Эшкаклар ўз ҳолига ташлаб қўйилганди. Эмрайин билан Милхуннинг аҳволи маълум — улар шунчалик қаттиқ чарчашган эдики, эшкакларни сувдан кўтаришгаям мажоллари колмай, ўликдай донг қотишганди.
Қилт этган шамол йўқ, бутун борлиқ ғира-шира қоронғиликка чўмган, ҳаракатдан тўхтаб қолганди. Денгиз ҳаракатсиз, туман ҳаракатсиз, қайиқ ҳаракатсиз эди... қаёққа шошишни ҳам, қаёққа сузишни ҳам билишмасди...
Оқсоқол ғамга ботганича букчайиб ухлаб қолди. Уни бирдан Кирискнинг овози уйғотиб юборди.
— Аткичх, аткичх! — деб юлқилади бола уни. — Сув ичгимиз келяпти.
Ўрхон бобо сесканиб кетди, учала қабиладоши оқсоқолдан изн сўраб туришганини сезди, ҳозир энг мушкул иш — сувни авайлаб улашиш кераклигини англади...
Туман ҳамон қалин ва ҳаракатсиз эди. Денгиз ҳамон сукунат қўйнида эди.

* * *
Туннинг қолган ярмини туман ичида аста-секин сузиш билан ўтказишди. Не мақсадда ва қаёққа сузишаётганларини ўзлари ҳам билишмасди.
Одамлар ҳушларига келиб, қай аҳволга тушиб қолганларини англашди, энди бир жойда туриб бўлмасди.
Шунинг учун улар сузишда давом этдилар. Эҳтимол, ерга яқинлашиб, эҳтимол, ердан узоқлашиб боришаётгандир?
Ҳайтовур бир ерда турмай сузяпмиз, ҳаракат қиляпмиз-ку, деб ўйлашарди.
Бутун умид ҳавонинг очилиб кетишида, туманнинг тарқалишида эди. Ана шунда нима қилиш кераклиги ойдинлашарди.
Ҳар ҳолда туман тарқаб кетса, кечаси осмонда юлдузлар кўринарди. Бор-йўқ умид фақат юлдузларда бўлиб қолди.
Яна бир нарсадан умид бор эди — бирор оролга дуч келиб қолишса яхши бўларди-я. Ўшанда мўлжаллаб йўл топиш мумкин эди.
Ҳозирча улар мақсадсиз сузишарди, қаёққа сузишмасин, туманга пешвоз боришарди.
Шунга қарамай, Ўрхон оқсоқол қайиқни бир оз саришта қилиб қўйиш кераклигини айтди. Оёқ остида сув шалопламаслиги учун қайиқдаги сувни охирги томчисигача тозалашди. Чол Кирискни қайиқнинг қуйруқ томонига, ўзининг ёнига ўтқазди — шундай қилса, бола тезроқ исиниб, қуриниб оларди. У сувни ҳаммага тенг тақсимлади. Биринчи гал ҳаммага салкам чорак чўмичдан сув берди. Бўронли кечадан сўнг ақалли бир марта тўйиб сув ичиб олиш керак эди. Айни вақтда Ўрхон бобо огоҳлантириб қўйди: бундан буён фақат у айтган пайтда ва қанча қуйса, шунча сув ичилишинигина уқтирди. У шу сўзларни айтаркан, гапининг исботи учун ярми бўшаб қолган бочкачани чайқатиб қўйди.
Кутилмаганда бир нарса уларни жуда хурсанд қилиб юборди. Сув ичиш учун бочкани олишаётганида унинг тагида, қайиқ қуйруғининг бир бурчида қолиб кетган, қоқ балиқ солинган тўрвани кўриб қолишди. Тюлень тери тўрвани сафар олдида Милхуннинг хотини қайиққа солиб қўйган эди. Озиқ-овқат солинган катта тўрвани бошқа нарсалар билан денгизга улоқтиришган, кичкина тўрва эса Кириск авайлаб сақлаб ўтирган бочка тагида яшириниб қолиб кетган экан. Тўғри, кичкинагина тўрвага шўртанг денгиз суви тўлиб қолган, ўзи тузланган балиқ яна бешбаттар тузланиб қолганидан оғизга олиб бўлмасди. Шунга қарамай, ҳар ҳолда бу озиқ эди. Мабодо ичимлик чучук сув етарли бўлганида, мана шу шўр балиқ ҳам асқатиб қоларди.
Лекин ҳозирча шўр балиқни ҳеч ким емади, ташналикни зўрайтиради, деб қўрқишди...
Ҳамма бир нарсани — туман тарқалишини кутарди...
Ҳайҳотдай сукунат ва сокин туман ичида фақат эшкакларнинг тиргаклари маъюс ғийчиллагани эшитиларди. Буюк туман ичида бу ғийчиллаш адашган ва ҳориган йўловчининг: «Бу ер қаер? Бу ер қаер? Қаёққа юрай?»— деб фарёд солаётган товушини эслатарди.
Ҳамма бир нарсани — туман тарқалишини кутарди...

* * *
Аммо туман тарқамас, тарқалишни хаёлига ҳам келтирмасди. Туман қилт этмасди. Гўё қуруқликдан ташқари, ерга алоқаси бўлмаган, рутубатли ҳаводан нафас олувчи ақл бовар қилмайдиган аллақандай махлуқ бу ёруғ дунёни — Ерни ҳам, Осмонни ҳам, Денгизни ҳам ютиб юборгандай эди...
Туман оғушида яна кеч кирди. Кеч кирганини фақат атрофда қоронғиликнинг янада қуюқлашганидан сезиш мумкин эди. Осмонда бирорта юлдуз йўқ, осмоннинг ўзи кўринмасди.
Мақсадсиз, шунчаки қаёққадир сузиш маъносиз эди.
Осмонда юлдуз кўриниб қолмасмикин, дея ҳамма орзиқиб кутар ва умид қиларди. Соат сайин шуни кутишарди. Шамол туриб қолишини — мана шу уч қатла лаънати туманни бирор ёққа ҳайдаб юбора оладиган шамол туриб қолишини кутганидан мижжа қоқишмасди. Юлдузларни тўсиб турган кўкимтир гумбазнинг очилишини сўраб осмон руҳига илтижо килишарди. Шамоллар эгасини — серёл, ҳурпайган махлуқни уйғона қол, деб илтижо қилишарди.
Лекин ҳаммаси беҳуда эди. Уларнинг илтижосига ҳеч ким қулоқ солмас, туман ҳам тарқалай демасди.
Кириск ҳам юлдузларнинг чиқишини кутарди. Илгари унинг учун осмонда ўйинчоқдай ялтираб турадиган юлдузлар ҳозир ҳаммадан ҳам зарур эди. Ўтган кечасидан бери кўрган кулфатлари уни эсанкиратиб, юрагини олиб қўйганди. Ахир бола қалби нозик бўлади, уни бир умрга майиб ва мажруҳ қилиб қўйиш мумкин. Аммо қайиқда бирга бўлган уч эркак умумий ўлим хавфини, сафарнинг хатарли оқибатини, қутурган денгиз офатини енгишди-ку! Шунинг ўзи боланинг дилида бу гал ҳам нажот йўли топилади, деган умид уйғотарди. Осмонда юлдузлар кўринса бас, бошимизга тушган азоб-уқубатлардан қутуламиз, деб ишонарди бола.
Фақат бу ташвишлар тезроқ тугасайди, тезроқ ўз жойларига, ерга, Олапар қоясига тезроқ етиб боришсайди. Тезроқ, тезроқ, тезроқ... Ахир сувсаб, оч қолишди, ниҳоятда чанқашди, ниҳоятда очиқишди, борган сайин баттар чанқашяпти, борган сайин очликдан силлалари қурияпти. Онасининг ёнига, қариндош-уруғларининг ёнига, уйларига, ўчоқлари, жилғалари, ўтлоқларига тезроқ бориш истаги кучайгандан-кучаярди...
Фалокатга учраганлар кечаси билан жон ҳовучлаб, ҳавонинг очилишини кутиб чиқишди. Бироқ ҳеч нима ўзгармади, туман жойидан силжимади, осмонга юлдуз чиқмади, денгиз узра зулмат тарқамади.
Улар кечаси билан чанқаб, сувсаб чиқишди, захликдан, рутубатдан, совуқдан жунжикиб туришса ҳам, бари бир ташналиклари кучайиб борарди. Кириск фақат мен қаттиқ чанқадим, деб ўйлаши мумкин эди, лекин катталар ҳам ташналик азобини тортаётган эдилар. Аммо бола ҳаммадан кўра каттиқ чанқаётган эди. Хаммадан кўра сув ичишни кўпроқ хоҳлаганидан хижолатга тушиб баттар азобланарди.
Охири Кирискнинг сабр-бардоши тугаб, озгина сув сўраган эди, Ўрхон оксоқол бермади.
— Йўқ, — деди у қатъий. — Ҳозир мумкин эмас. Сабр қил.
Ўрхон бобо уларни шўр балиқ қанчалик чанқатаётганлигини билсайди: кечга яқин Эмрайин, Милхун ва Кириск очликдан силлалари қуриб, шўр балиқни бўлиб ейишган, чол эса ўзини тийган эди. Шунинг учун ташналикдан учаласининг бағри ёниб кетаётганди. Шўр балиқ орқасидан сув ичворишган бўлса ҳам, бари бир, сал ўтмай ташналиклари баттар кучайди. Чол эса шўр балиқни оғзига ҳам олмади, чидади, сув ҳам ичмади, сувни тежади, бирор томчи оғзига олмади. Ўша куни Ўрхон оксоқолдан бошқалар икки маҳал сув ичишди. Кечқурун ичганлари жуда оз — чўмичга аранг юқ бўларди. Бочкачанинг таги эса тобора кўриниб борарди.
Одам чанқаб, сув ичгиси келиб, ҳадеб шуни интиқиб кутаверса сабр-тоқати баттар тугаб бораверади.
Кечаси билан шундай азоб тортиб чиқишди... Туни билан даҳшатли туман тарқамади. Денгиз ҳам қилт этмади.

* * *
Эрталаб ҳам жилла ўзгариш бўлмади. Кулранг, кўнғир тусли туманнинг бағри салгина оқарди, кўзга ташланиб турган масофа салгина кенгайди, холос. Одамларнинг юз-кўзлари кўриниб қолди. Қайиқ атрофида бир неча чақиримгача симобдай қилқиллаб турган оғир, вазмин туман кумуш рангида тусланиб кўринарди. Бундай кўлмак сингари туриб қолган сувни Кириск умри бино бўлиб кўрмаганди.
Қилт этган шабада, бирон-бир ўзгариш йўқ эди.
Аммо шу куни эрталаб бола катталарнинг афти ангорини кўриб, ҳангу манг бўлиб қолди. Учаласи ҳам шу кунлар ичида чўпдай озиб, соқоллари тикандай ўсиб, кўзлари киртайиб, ўлиш хавфи остида қолишгандай эди. Ҳар қандай кийинчиликларга бардош бера оладиган отаси ҳам жуда ўзгариб кетибди. Фақат соқоли қолганга ўхшайди. Лаблари кўкариб, қорайиб кетган. У Кирискка гапирмаса ҳам ачиниб боқарди. Айниқса, Ўрхон оқсоқол ўзини олдириб қўйганди. У янада букчайган, ранглари янада униққан, кекирдаги чикқан бўйни янада чўзилган, кўзлари аввалгидан баттарроқ ёшланган эди. Фақат маъноли боқишларидан унинг аввалги Ўрхон оқсоқол эканлигини билиб олиш мумкин эди. Унинг доно нигоҳида фақат ўзигагина аён ва ўзигагина тушунарли бўлган ғоят муҳим маъно бор эди.
Кунни энг мушкул ишдан — бир неча култумдан сув улашишдан бошлашди. Сувни Ўрхон оқсоқолнинг ўзи қуйди. У бочкачани култиллатиб туриб, чўмичга жилдиратиб, оз-оздан қуяр экан, қўллари қалтирар эди. Чўмични биринчи Кирискка узатди. Зўрға чидаб турган боланинг чўмич четига теккан тишлари такиллаб, сувни бирпасда ичиб қўйди. Фақат бир зумгина ташналиги қонди, холос. Томоғини намлаши билан ичидаги ўтга сув сепилгандай бўлди-ю, лекин чўмични қайтариб бериши билан яна юрак-бағри ёниб, боши айлана бошлади. Гўё ичидаги ваҳший ҳайвоннинг ғазабини қўзғатгандай бўлди. Кейин Милхун, сўнг Эмрайин ичди. Уларнинг сув ичишларига қараб, бола даҳшатга тушди. Титраган қўллари билан чўмични чангаллаб, ичиб бўлиб қайтаришар экан, Ўрхоннинг юзига қарашмасди. Гўё сувнинг кам қолганига у айбдордай эди. Оқсоқол ўзига навбат келганида, бир томчиям қуймади, индамай бочкачанинг тиқинини ёпиб қўйди. Бу ҳолдан Кириск ҳангу манг бўлиб қолди. Агар бочкача унинг қўлида бўлганида эди, ўзига чўмични тўлдириб қуйиб олган бўларди, ичиб бўлиб яна қуярди, яна, яна ичаверарди... то йиқилиб қолмагунча ичарди. Ақалли бир марта тўйгунча ичсин. Кейин нима бўлса бўлар. Ўрхон оқсоқол эса ўзига тегишли сувни ҳам ичмади. Чўмичнинг тагида қолган озгина сувдан ҳам бош тортди.
— Нега ундай қилдинг, аткичх? Ҳамма қатори ўзинггаям қуйда! — деди чидаб туролмаган Эмрайин ўзини зўрлаб, хириллаб гапираркан. — Кечаям ичмадинг. Кемага тушганнинг жони бир, ўлсак ҳаммамиз бирга ўламиз!
— Ҳечқиси йўқ, — парво қилмади Ўрхон бобо.
— Йўқ, бунақада бўлмайди! — овозини баландлатди Эмрайин за жаҳл билан қўшиб қўйди: — Ундай бўлса мен ҳам ичмайман!
— Ичадиган нарсанинг ўзи йўқ! Гапиришга не ҳожат! — Ўрхон «ёш боламисанлар», дегандай мийиғпда кулиб қўйди. Сўнг бошини сарак-сарак қилиб, бочкачанинг тиқинини очди, бир-икки қултум сув қуйиб болага узатди. — Майли, ўрнимга Кириск ича қолсин.
Бола ҳайрон бўлиб қолди. Ҳамма жим эди. Ўрхон бува эса чўмични болага узатаркан:
— Ол, Кириск, ичавер. Ўйлаб ўтирма! — деди. Кириск индамади.
— Ичавер! — деди Милхун.
— Ичавер, — деди Эмрайин.
— Ичавер, — деди Ўрхон бобо.
Кириск иккиланиб қолди. Мана шу бир неча қултум сувни шартта ичгиси келиб, ичи ёниб, ўлар ҳолга келсаям индамади.
— Йўқ! — деди у бағрини ёндираётган ташналик истагини аранг енгиб. — Йўқ, аткичх, ўзингиз ичаверинг, — шу тобда боши айланиб, кўзи тиниб кетди.
Бу сўзлардан Ўрхон бобонинг қўллари қалтиради, чуқур хўрсинди. Нигоҳи майинлашиб, болага меҳр билан боқди.
— Мен умримда жуда кўп, оҳ, жуда кўп сувларни ичганман. Сен-чи, ҳали... кўп яшашинг керак, — у гапининг охирини ичига ютди. — Гапларимни тушундингми, Кириск? Ичавер, ҳа, шундай бўлсин, сен ичишинг керак, мендан хавотир олма. Ма. ушла!
Бола бу гал ҳам бир неча қултум сувни ютиб, бир зум ташналиги қонгандай, ичидаги ҳовури бор оз сўнгандай, аҳволи сал енгиллашгандай бўлди. Бу гал оғзида сувнинг нордон таъми қолди. Лекин ҳозир бунинг аҳамияти йўқ, ҳар қалай чучук сув-ку. Чучук сув эса тугаб борарди.
— Энди нима қиламиз? — деди Ўрхон оқсоқол қабиладошларига ўгирилиб қарар экан. — Сузаверамизми?
Орага узоқ жимлик чўкди. Ҳаммалари атрофга кўз ташлашди. Лекин қуюқ туманда икки чақиримдан нарини кўриб бўлмасди.
— Қаёққа сузамиз? — хўрсиниб, жимликни бузди Эмрайин.
— Қаёққа деганинг нимаси? — негадир кутилмаганда Милхуннинг жаҳли чикди. — Сузаверамиз. Ҳа, бир жойда туриб қолгандан кўра сузганимиз яхши.
— Суздик нима-ю, сузмадик нима! — унинг сўзини бўлди Эмрайин. — Бунақа туманда қаёққа сузсанг ҳам бари бир, фойдаси йўқ!
— Тупурдим туманингга! — Баттар хуноби ошди Милхуннинг. — Сенинг туман-пуманинг билан нима ишим бор? Тушундингми? Сузсак сузайлик, бўлмаса манови лаънати кайиғингнинг оёғини осмондан келтириб, асфаласофилинга жўнатайлик-да, сўнг балиқларга ем бўлайлик! Тушундингми, Соқол? Сузсак сузайлик! А, тўғрими?
Кириск ғалати бўлиб кетди. У Милхун амакисининг енгилтаклигидан ҳижолатга тушди. Милхун бунақа бақирмаслиги керак эди, ҳайтовур у отасидан ёш эди. Унга бир бало бўлганга ўхшайди. Ёки бир қайиқдаги нивхлар деб аталган тўпга қандайдир дарз кетдими, нима бало? Ҳамма жим бўлиб қолди, ҳамма эзгин, ҳамманинг ичини ит таталарди. Милхуннинг ўзиям индамай қолди. Эмрайин бошини қуйи солди. Ўрхон бобо эса четга қараганча ўтирар, юзи худди борлиқни қуршаб олган туманга ўхшаш сирли эди.
— Ўзингни бос, Милхун, — деди ниҳоят Эмрайин. — Шунчаки гап келганда айтдим-кўйдим-да. Бир жойда тургандан кўра сузган яхши, албатта. Тўғри гапирдинг, қани кетдик...
Улар яна жойларидан қўзғалишди. Яна тиргаклар ғийчиллаб, яна эшкаклар сувни шалоплатиб, кўтарилиб туша бошлади. Лекин одамларнинг назарида қайиқ силжимаётгандай, бир жойда тургандай эди. Қаергача сузишса ҳам бари бир бутун атрофни қуюқ туман босган эди, гўё сеҳр-жодули доирага тушиб колган эдилар. Худди шу нарса Милхуннинг яна хунобини чиқарди.
— Сенинг манови туманингга тупурдим, эшитяпсанми, эй Серсоқол Эмрайин! — У дарғазаб бўлиб жаврай кетди. — Тезроқ ҳайдайлик қайиқни! Мен шуни истаяпман! Тезроқ қимирла, ҳой Соқол, ухлама, эшитяпсанми? Тупурдим туманингга!
Милхун жаврар экан, эшкакни янада кескинроқ эша бошлади.
— Қани, бўл тез! Бўл тез, деяпман! — дея қистади у.
Эмрайин бу гал Милхуннинг жаҳлини чиқармаслик учун индамади. Аксинча, унинг овсарона «ўйинига» қўшилгандай тез эшкак эша бошлади.
Қайиқнинг тезлиги оша бошлади. У туман ичида таваккалига гоҳ у томонга, гоҳ бу томонга жадал сузар, аммо қаёққа боришаётганини ҳеч ким билмасди. Милхун билан Эмрайин эса телбаларча ҳаракат килиб, жон аччиғида эшкак эшишар, гўё туманни қувиб етиб, чексиз чегарасидан чиқиб кетишга урингандай, шафқатсиз бир жазава билан ҳаракат килишарди.
Эшкакларнинг кураклари қиялаб сув сачратиб, тез-тез кўтарилиб тушар, қайиқ ташқарисида сув шовулларди; овчиларнинг туклари ҳурпайган, тер босган юзлари гоҳ пастга, гоҳ баландга кўтарилар, улар эшкакни сувдан олаётганда йиқилгудай гавдаларини олдинга ташлашар, эшкакни сувга тирашгандан кейин зўр бериб ўзларини орқага ташлар эдилар...
Улар ҳ-ҳа, деб нафас олиб, ҳ-ҳа, деб нафас чикаришар эди; ҳ-ҳа... Ҳ-а... Ҳ-ҳа... Ҳ-ҳа... Ҳ-ҳа... Ҳ-ҳа... Ҳ-ҳа...
Олдинда — туман, орқада — туман, бутун борлиқни туман қоплаган эди.
— Хана, хана! — кўзлари ёниб, бақириб, ҳаммани тезлашга ундарди Милхун.
Аввалига Кириск ҳаракат тезлашганидан қувониб кетди, аммо кейин бу ҳаракатларнинг ҳаммаси беҳуда эканлигини тушуниб даҳшатга тушди. Бола таҳлика остида Ўрхон оқсоқолга қаради, назарида ҳозир чол бу бемаъни пойгани тўхтатиши керак эди. Аммо оқсоқол ўйчан кўзларини атрофга тикканича, ҳамма нарсага парвойи фалак ўтирарди. Чол йиғлаяптими ёки кўзлари ўзи ёшланиб турадими, билиб бўлмас, юзи намланган эди. Атрофида юз бераётган ҳодисаларни ҳис қилмаётгандай, қайиқ тумшуғида миқ этмай ўтирарди.
Қайиқ эса туман қўйнида қаёққа бораётганини ҳам, нима учун бораётганини ҳам билмай, сарсон-саргардон турарди.
— Хана, хана! — жонҳолатдаги бақириқ атрофга тараларди туман ичида. — Хана, хана!
Узоқ вақтгача шу аҳвол давом этди. Аммо эшкакчилар ҳолдан тойиб, қайиқ секинлаша бошлади. Улар ҳансирашиб, бўғриқиб, эшкакларни ўз ҳолига ташлаб қўйишди. Милхун бошини кўтаролмади.
Аччиқ ҳақиқатни шу тахлит англаб етишди. Улар тумандан ўзиб кетишолмади, туман чегарасидан чиқиб кетишолмади; ҳамма нарса аввалгидай: ҳамон овчилар аввалгидай хавфли, омонат денгиз тўлқинларида юришибди, ҳамон олдинда нима кутаётгани ноаниқ, ҳамон борлиқни қуюқ зулмат чулғаб олган. Фақат шиддат билан кетаётган қайиқ яна аллақанча жойгача сузиб борди-да, охири бир ерда айланиб тўхтаб қолди...
Шунақа ошиқиб ҳайдашнинг нима кераги бор эди? Бу билан бирон нарсага эришишдими? Нима фойда кўришди? Мабодо бир жойда туришганида нима бўларди? Албатта, ҳеч нарса бўлмасди.
Қайиқдаги ҳар битта одам чамаси шулар ҳақида ўйлар эди. Шу пайт Ўрхон оқсоқол тилга кирди:
— Энди қулоқ солинглар, — деди у вазминлик билан, чамаси ўзини койитмасликка ҳаракат килиб, чунки у икки кундан бери ҳеч нима емади ҳам, ичмади ҳам. — Эҳтимол, бу туман ҳали-бери тарқамас. Одатда шундай йиллар, шундай воқеалар бўлиб туради. Буни ўзларингиз ҳам биласиз, денгиз устида туман саккиз кунлаб, баъзида ўн кунлаб туриб қолади. Муддати келмагунча касал тузалмас, деганларидай туман денгиз устидан жилмай қолади. Бу муддат қачон келади, буни ҳеч ким билолмайди. Агар бу туман ҳам шунинг сингари тез орада тарқамайдиганларидан бўлса, унда ҳолимиз не кечади? Қоқ балиқ ҳам жуда оз қолди, сув бўлмагандан кейин, унинг кимга ҳам ҳожати бор. Сувимиз бўлса, мана! — чол шундай деб, бочкачани чайқатди. Чамаси, бочкача тагида бир, бир ярим ҳовуч сув қолган эди, холос.
Ҳеч кимдан садо чиқмади. Чол ҳам жимиб қолди. Унинг нима демоқчи эканлигини ҳамма тушуниб турарди: бундан буёғига кунига фақат бир марта, ўшандаям чўмичнинг юқини ичиш керак. Шундай қилганда иложи борича узоқ чидаш, туман балосини енгиш, унга бардош бериш мумкин, деб ўйлашарди. Ҳаво очилиб, юлдузлар чиқиб ё қуёш чарақлаб кетса марра бизники, деб ўйлашарди. Зора, бахтлари чопиб, хаво очилиб кетса, зора ергача етиб олишса!
Аслида ҳам шундай қилмаса бўлмасди. Бошқа иложлари йўқ эди ҳам! Лекин айтишга осон — одам қачонгача чидаши мумкин? Гоҳо уйдаги гап кўчага тўғри келмайди, хаёл бошқа, ҳаёт бошқа дегандай. Азобда қолган барча одамлар ҳозироқ сув ичишни, чўмич юқидамас, тўйиб, қониб ичишни хоҳлар эдилар.
Бу мудҳиш аҳволдан қутулиш мушкуллигини Ўрхон бобо тушунарди ва шунинг учун ҳам у бошқалардан кўра кўпроқ изтироб чекарди. Чол ҳамманинг кўзи олдида қуриб, сўлиб борарди. Ички бир дарднинг зўрлигидан қат-қат ажин босган юзи қорайиб, баттар буришиб борарди. Ёшланиб турган кўзларида зўриқиш ва саросималик аломатлари акс этарди — бундай изтиробларга бардош бериш чол учун жуда оғир эди. Лекин қуриб қолган дарахтни фақат томири зўрға тутиб тургандай чол ўзини охиригача мардона тутарди. Аммо бу ҳол узоқ давом этиши мумкин эмасди. Одамларнинг фалокатдан қутулиб қолиши учун заррача аҳамиятли бўлган гапни ҳам айтиб қолиш керак эди.
— Ўйлашимча, — сўзида давом этди Ўрхон оқсоқол. — Ҳар лаҳза диққат билан атрофга назар ташлаб, ҳаводан кўз узмай туриш керак — тўсатдан агукук ўтиб қолиши мумкин. Бундай туман пайтида денгиз устидан фақат агукук учиб ўта олади. Мабодо, биз бирор орол билан ернинг оралиғида колган бўлсак, қушнинг учишидан йўлни билиб олишимиз мумкин. Қандай қуш бўлса ҳам денгиз устидан фақат тўғрига қараб учади. Агукук ҳам худди шундай.
— Мабодо биз орол билан ернинг оралиғида бўлмасак-чи? — ғамгин сўради Милхун, ҳамон бошини қуйи солганича.
— Унда ерни кўролмаймиз, — деди босиқлик билан Ўрхон бобо. Кириск аниқлашга интилди. Нега энди агукук денгиз тепасидан учади?
Бунақа олис жойдан учиш қушга зарур кептими? Аммо ундан аввал худди шу фикрни Милхун айтиб қолди.
— Мабодо агукук бизнинг тепамиздан учиб ўтишни унутиб, бошқа томондан учиб ўтишни хоҳлаб колган бўлса-чи, аткичх? Унда нима қиламиз? — деди у маъюсланиб, истеҳзо билан.
— Унда ерни кўролмаймиз, — деди яна бамайлихотир Ўрхон бобо.
— Демак, кўролмаймиз! — ҳайрон бўлиб ғазабланди Милхун. — Унақасигаям, бунақасигаям кўролмас эканмиз-да! Ундай бўлса биз бу ерда нега ўтирибмиз? — ғазаби тошиб жўлдиради у ва бирдан қаҳ-каҳ уриб кулиб юборди, сўнг яна дами ичига тушиб кетди. Ҳамманинг юраги орқасига тортиб кетди. Нима килишни билмай, сукут сақлар эдилар.
Шу орада Милхуннинг бошига бир фикр келиб қолди. У кафти билан эшкакнинг тагига бир уриб, тиргагидан чиқариб юборди. Кейин нима учундир қайиқнинг бурнига чиқиб, қаддини ғоз тутиб, эшкакни лангар қилиб туриб олди. Ҳеч ким унга ҳеч нарса демади. У ҳам ҳеч кимга эътибор бермади.
— Эй, қанжиқ! — ғазаб билан бақирди у эшкакни кўтарганича туман зулмати томонга таҳдид солиб. — Эй, шамоллар Шомони! Эшитяпсанми? Агар сен қанжиқ итнинг ўлиги бўлмай, шамолларнинг эгаси бўлсанг, қани сенинг шамолларинг! Ёки инингда ўлиб қолдингми, қанжиқ?! Ё сени ҳар тарафдан айғирлар ўраб олган бўлса, қай бирига орқа ўгиришни билмай қолдингми? Ё ҳаммасига бир-бир орқа ўгириб, чақишиб қолдингми? Шунинг учун ҳам шамол кўтаришга қурбинг етмаяптими? Ёки бўлмаса биз бу ерда, ўранинг ичига тушиб қолгандек туман ичида, ҳалокат остида қолиб кетганимизни билмайсанми, қанжиқ? Ё орамизда ёш бола борлигини билмайсанми? Боланинг сув ичгиси келяпти, сув, тушуняпсанми?! Сенга айтяпман, орамизда ёш бола бор, у биринчи марта денгизга чиққан! — Сен-чи, сен бўлсанг бизлардан қасдингни оляпсан. Ахир, бу номардлик-ку! Агар сен тюлень тезаги бўлмай, шамоллар эгаси бўлсанг, жавоб бер! Шамолларингни юбор! Эшитяпсанми?! Туманларни думингга қистириб олиб кет! Эшитяпсанми айтганларимни? Бўронингни юбор, қанжиқ, энг даҳшатли бўронингни юбор! Тлангилани юбор, қанжиқ, сенга айтяпман! Майли, бўрон кайиғимизни ағдарсин, тўлқинларга ғарқ бўлиб кетайлик, ифлос, қанжиқ! Эшитяпсанми, сенга айтяпман! Туф сенга, аблаҳ! Пахмоқ соқолингга тупурдим! Агар шамолларнинг эгаси бўлсанг, бўронингни юбор, бизни денгизга чўктир, агар шундай қилмасанг, ғирт қанжиқ экансан! Мен ҳам айғирман, яна битта айғир. Фақат мен сени... истамайман, мана сенга, мана сенга, мана, мана, кесиб ол, мана, кесиб ол деяпман, ол!
Милхун шамоллар Шомонини мана шундай шалоқ сўзлар билан сўка бошлади. Аллақаёқларга беркиниб олган Шомон ўзининг қўл остидаги шамолларини қаёқларгадир беркитиб ташлаганга ўхшарди. Милхун шу тарзда яна анча маҳалгача томоғи хириллаб, ҳолдан тойгунча шамоллар хўжасини ҳам таҳқирлаб, ҳам ҳақоратлаб, яна ялиниб қичқирарди.
Сўнг у эшкакни зарб билан денгизга улоқтириб юборди, ўзининг доимий ўрнига келиб ўтирди ва юзини қўллари билан тўсиб, ҳўнграб, ўкириб йиғлаб юборди. Ҳамма чорасиз жим қотган эди, Милхун бўлса ҳиқиллаб йиғлаб, кенжатойларининг номини айтиб бақирарди. Эркак кишининг йиғлаганини илгари кўрмаган ва қўрқувдан титраб-қақшаб ўтирган Кириск эса кўзларида ёш Ўрхон бобога мурожаат қилди:
— Аткичх! О, аткичх!.. У нега бундай қилади? Нега йиғлаяпти?
— Қўрқма, — тасалли берди чол боланинг қўлларини маҳкам қисиб. — Ҳозир ўтиб кетади. Ҳозир бас қилади. Сен буни ўйлама. Бунинг сенга дахли йўқ. Ҳозир ўтиб кетади.
Чиндан ҳам Милхун аста-секин тинчиб қолди. Лекин ҳамон қўлларини юзидан олмас, ҳамон елкалари силкиниб, хўрсиниб-хўрсиниб қўярди. Эмрайин қайиқни сувда қалқиб юрган эшкак томон оҳиста яқинлаштирди, уни олиб, яна жойига, тиргагига ўрнатиб қўйди.
— Ўзингни бос, ука, — деди у Милхунни юпатиб. — Гапинг тўғри, туманда азоб тортгандан бўронда қолган афзал. Лекин ҳали бир оз сабр қилиб турайлик. Балки ҳаво очилиб кетар. Иложимиз қанча...
Милхун жавоб бермади, унинг боши тобора эгилиб борар, олдига қарашга қўрқадиган жиннидай букчайиб олганди.
Туман эса ҳамон пинагини бузмас, океан узра муаллақ туриб қолган, олам донг қотиб қолган буюк бир зулмат ичида йўқолган эди. Қилт этган шамол, бирон-бир ўзгариш йўқ эди. Милхун шамоллар Шомонига қанчалар ялиниб-ёлвориб, уни қанчалар қарғаб, ҳақорат қилган бўлса ҳам у парво қилмас, гўё кўр ва кардай эди. Шамоллар эгасининт жаҳлиям чиқмас, қимир ҳам этмас, бўронниям чақирмас эди...
Эмрайин бир жойда туриб қолмаслик учун ўзининг олдидаги бир жуфт эшкакни эшиб турар, қайиқ сирпангандай, сезилар-сезилмас жилиб борарди. Ўрхон индамас, у ўз ўйларига ғарқ бўлганди, эҳтимол, у яна, эҳтимол, охирги марта ўзининг Сув парисини ўйлаётгандир?
Қариянинг нохуш ўйларини Кириск бўлиб юборди.
— Аткичх, аткичх, агукуклар нега оролларга қараб учишади? — оҳиста сўради у.
— Дарвоқе, шуни айтиш эсимдан чиқибди. Бундай қалин туман тушган вақтларда денгиз устида фақат агукуклар уча олишади. У оролларга ўлжа ахтариб боради, гоҳо тюленнинг жажжи боласини олиб қочади. Агукукларнинг кўзи шунақанги ўткирки, у тундаям, ярим кечадаям худди кундузгидай кўраверади. Шунинг учун ҳам уни бойўғли дейишади-да. Агукук бойкушларнинг энг кучлиси ва энг каттаси бўлади.
— Қанийди мениям кўзим ўшанақа бўлса, — лаблари қуруқшаб шивирлади Кириск. — Ҳозир, шу топда қайси тарафга сузиш кераклигини билиб олардим, кейин ерга тезда етиб олардик-да, роса сув ичардик, ичаверардик... Мениям шунақанги кўзим бўлганидайди...
— Эҳ, — хўрсинди бобо, — ҳар кимсанинг фақат ўз кўзи бор.
Яна орага жимлик чўкди. Анча вақтдан кейин Ўрхон оқсоқол ҳалиги суҳбатни давом эттиргандай, боланинг юзига қараб гапирди:
— Ҳаммадан ҳам сенга қийин бўлди, тўғрими? Лекин сен сабр қил. Шу қийинчиликка бардош берсанг, улуғ овчи бўласан. Сабр қил, қароғим, сувни ўйлама, бошқа нарсаларни ўйлагин. Сувни ўйлама.
Кириск бу гапга кўниб, сувни ўйламасликка тиришди. Бироқ фойдаси бўлмади. У ҳарчанд сувни ўйламасликка уринсаям, баттар ташналиги кучайиб борарди. Очлик ҳам қийнарди. Очликдан кўнгли озиб, кўзи тина бошлади. Кўнгли озганидан, у ҳам Милхунга ўхшаб, дунёни бошига кўтариб бақиргиси келарди.
Бу кун шу тариқа ўтди. Ҳар лаҳза ҳаво очилишини кутишди, олисдан тўлқинлар шовқини эшитилиб, шабада қўзғалиб, туманни оламнинг нариги чеккасига ҳайдаб кетармикин, йўлимиз очилармикин, деб ҳар доим умидвор бўлишди. Аммо денгиз узра одамни ютиб юборгудек жимжитлик, бало-қазодай сукунат ҳукмрон эди. Ҳар замон, ҳар лаҳза чексиз ташналик кучайганидан одамларнинг кўзлари тиниб, бошлари айлана бошлади. Бу жуда даҳшатли эди: чексиз океан ўртасида туриб, бир томчи сувга зор эдилар.
Кеч кирганда Милхуннинг аҳволи яна оғирлашди. У бутунлай гапирмас, кўзларида ҳеч қандай маъно йўқ эди. Томоғини ҳўллаб олсин деб унга жиндаккина сув қуйиб беришди. Кирискнинг чўмичга караб мўлтираб турганини кўриб, Ўрхон бобо унгаям озгина сув қуйиб беришдан ўзини тиёлмади. Кейин Эмрайингаям. қуйишга тўғри келди. Ўзи эса бирор томчи ичмади. Ўрхон бобо озгина суви қолган бочкачани ўриндиқ остига қўйгач, узоқ вақтгача қимир этмай ўтириб қолди. Бу сафар унинг боқишлари ўткир ва тиниқ, энди бу дунёнинг икир-чикирларига алоқаси бўлмаган юксак ўйларга шўнғиганича ўтирарди; ҳеч қанақа ташналикни, ҳеч қанақа бошқа бирор нарсани сезмас, ўйламас эди. Гўё ёлғиз лочин қояда қўниб тургандай, у қайиқ олдида жим, викор билан ўтирарди. У бундан буён нима қилишини билар, шунинг учун охирги лаҳзаларда, умрида қиладиган охирги иши олдидан қолган бор кучини, иродасини жамлаб олганди. Авжи шу тобда тамаки трубкаси етишмасди. Чол охирги марта Сув париси тўғрисида ўйлаб, тамаки тутатмоқчи эди...


Қайда сузиб юрасан, эй, Буюк Она балиқ?
Ўрхон ўзининг кимлигини билар, сўнгги бўсаға олдида ўзининг қанчалик куч-қувватга, қадр-қимматга эга эканлигини яхши ҳис қиларди. Фақат биргина нарса, у ҳам бўлса совуқдан кўкариб кетган Кирискнинг кейинги кунларда ҳадеб чолнинг пинжига ёпишиб олиб, унинг ҳимоясига, ғамхўрлигига муҳтожлиги Ўрхоннинг ўйлаган хаёлларини амалга оширишдан тийиб турарди. У болага ич-ичидан ачинарди. Аммо худди фақат бола учунгина шундай қилиши зарур эди...
Ўрхон оқсоқол умрининг жуда узоққа чўзилган, ғам-ғуссага тўлиб-тошган охирги кўнгилсиз куни шундай ўтди...
Оқшом чўкди. Яна бир тун бошланди.
Лекин бу тун ҳам об-ҳаво заррача ўзгармади. Денгиз устидаги туман аввалгидай парвойи фалак, донг қотиб қолганди. Борлиқни яна бўғиқ оқшом зулмати босди. Қетидан ақл бовар қилмайдиган даражада узун, чидаб бўлмас даражада қоронғи, даҳшатли тун бошланди. Лекин қанийди тун оралиғида шамол турса, майли, бўрон турса, тўфон бўлса ҳам майлийди, ишқилиб, ҳаво очилиб, осмонда юлдузлар кўрина қолса! Лекин тунда заррача ўзгариш аломати, сувда бирорта тўлқин, ҳавода бирорта эпкин йўқ эди — борлиқ чексиз сукунатга, чексиз зулматга чулғанган эди. Чексиз зулмат қўйнида адашиб қолган ёлғиз қайиқ ва ундаги азоб-уқубатдан, очликдан, ташналикдан тинка-мадори қуриган одамлар туман ичида писта пўчоғидай бир жойда айланишар, номаълум қисмат ва умидсизлик чангалидан чиқолмас эдилар...
Кириск қачон ухлаб қолганини эслаёлмади. Аммо уйқу элитгунча чидаб бўлмас ташналикдан кўнгли озиб, узоқ азобланди. Назарида уни тирик ўлик аҳволига солиб қўйган ташналик азобларининг сўнги йўқ эди. Фақат сув бўлса бас — бошқа ҳеч нарса керак эмас! Очлик азоби борган сари ич-ичига сингиб, хиралашиб, йўқолиб, сезилмай кетганди, ташналик азоби эса, аксинча, тобора юрак-бағрини ўртаб, тобора кучайиб борарди. Ташналик азобини ҳеч нарса билан енгиб бўлмасди.
Кириск гўдаклик чоғларида бир марта оғир касал бўлиб, иситмадан куйиб-ёниб ётганида ҳам шунақа аҳволга тушгани, ичи ёниб, сув сўрагани ёдига тушди. Онаси қошидан бир қадам ҳам жилмай, парвона бўлиб, ёниб турган пешонасига ҳўл латта босиб, ҳеч кимга билдирмай йиғлаб олар ва алланималар деб шивирлар эди. Шамчироқнинг ғира-шира шуъласида онаси нинг ташвишли юзи аранг кўринарди. Отаси йўқ, у денгизга, овга кетганди. Ўшанда Кириск фақат сув ичишни ва отасининг тезроқ келишини хоҳларди. Аммо иккала истаги ҳам амалга ошмасди. Отаси узоқда эди, онаси бўлса сув ичирмасди. Сув ичишинг асло мумкин эмас, деярди у. Онаси боланинг қақраган лабларига ҳўл латта босар, аммо бу ташналикни фақат бир лаҳзага қондирарди, холос. Сал ўтмай, яна ташналик кучайиб, чидаб бўлмас қийноққа соларди.
Онаси ялиниб-ёлвориб, уни сув ичишдан тияр эди. Ташналикка чидасанг, касаллик сендан қочади, деб тушунтирарди.
— Чидаб тур, жоним! — дерди у. — Эрталабгача яхши бўлиб қоласан. Ичингда: «Кўк сичқонча, сув бергин», деб қайтаравер. Ана, ўзинг кўрасан яхши бўлиб қолганингни. Сўра, жоним, кўк сичқондан сув сўра, сичқон албатта югуриб келади, албатта сенга сув беради... Фақат яхшилаб сўра...
Шу кеча, бола ташналик билан олишиб, дуо ўқиб чиқди, кўк сичқон югуриб келишини, сув келтиришини кутди. У тинмай шивирлаб, кўк сичқонга ялиниб-ёлворарди: «Кўк сичқон, сув бергин! Кўк сичқон, сув бергин!» Бутун тун алангайи оташ бўлиб алаҳсираб чиқди. Ҳамон: «Кўк сичқонча, сув бергин!» — деб ялинарди. Кўк сичқон тезда кела қолмасди. У ҳам: «Кўк сичқонча, сув бергин!»—деб йиғлаб, ёлворишини қўймасди. Ниҳоят, кўк сичқон югуриб келди. Кўк сичқон салқин ўрмонда жилға узра чошгоҳ пайтида ғир-ғир эсадиган сарин елдай ёқимли ва элас-элас кўринарди. Уни кўриш қийин, у тиниқ осмондай кўм-кўк, капалакдай учқур, тутқич бермас эди. Кўк сичқон капалакдай учиб, юмшоқ юнгини боланинг юзига, бўйнига, баданларига тегизиб, хузур бахш этарди. Чамаси, кўк сичқон Кирискка сув берди шекилли, у ҳузур қилиб, узоқ вақт, тўйгунича ичаверди; сув эса келаверди, келаверди, вақирлаб тошди, уни бошигача кўмиб юборди...
У эртасига эрталаб жони ором топиб, гарчи ўзини анча олдириб қўйган бўлса ҳам руҳи анча тетик бўлиб турди. Шундан кейин бола сув берувчи сичқонни, ўша кечаси, жон талвасасида ётганда сув келтириб уни соғайтирган кўк сичқонни узоқ вақтгача хотиридан чиқармади...
Мана, ҳозир ҳам, бола қайиқда ташналикдан ичи куйиб-ёниб бораркан, ўша кўк сичқонни эслади. Қанийди ўша кўк сичқон яна пайдо бўлиб қолса! Шу заҳоти бола юракни зиркиратувчи бир соғинч ва дард билан онасини эслади, оғир дамларда жонига ора кириб, ташналикдан халос этувчи ўша кўк сичқонни ёдига солган онасини эслади. У аҳволи оғирлашиб, нафас ололмай қолган пайтида қошида тонггача ўтириб чиққан онасини эслаб ўкинди. Ўша пайтда бола атрофида парвона бўлиб жону жаҳонини беришга тайёр турган онасининг қалби қанчалар меҳр-муҳаббатга ва дард-аламга тўлиб-тошганлигини айтмайсизми. Ҳозир онасининг аҳволи не кечдийкин? Денгиз бўйига келиб, уларни кутаётгандир, йиғлаб, бўзлаётгандир?.. Денгиз эса бари бир унга ҳеч нарса айтолмайди. Ҳеч ким унга ёрдам беролмайди, ҳеч ким дардини аритолмайди. Фақат аёллар билан болаларгина ҳанузгача Олапар қоясининг ёнбағирларида гулхан ёқиб, онасига далда беришаётгандир? Шояд, тўсатдан бахт кулиб боқса, шояд денгизда дом-дараксиз кетганлар бирданига қирғоқда пайдо бўлиб колишса, деб онасини юпатишаётгандир?
Булар эса қайиқда зим-зиё зулмат ичида гирён кезишар, тунги туман қўйнидан халос бўлишга интилиб, сўнгги умидлари ҳам аста-секин тугаб борарди. Йўқ, бу олишувда кучлар асло тенг эмасди — бир ёқда мангу зулмат, олам яралганидан бери мавжуд бўлган, Қуёш яралишидан ҳам аввал мавжуд бўлган мангу зулмат: иккинчи ёқда — шалоғи чиққан қайиқда туман қуршовида қолган тўрт одам... Океан ўртасида сувсиз; озиқсиз, йўлчи юлдузларсиз, зим-зиё зулматда қолган тўрт одам...
Кириск умри бино бўлиб, бунақа зим-зиё зулматни кўрмаганди, ташналик азоби шунчалик аёвсиз бўлишини тасаввур қилмаганди. Ҳушини йўқотиб қўймаслик учун у сув келтирувчи кўк сичқон тўғрисида, қачонлардир сув бериб, шифо бериб уни ўлимдан қутқазиб колган кўк сичқон ҳақида ўйлай бошлади...
«Кўк сичқонча, сувингдан бер!» — онаси ўргатган мана шу ажойиб сўзни бола тинмай такрорлай бошлади: «Кўк сичқон, сувингдан бер! Кўк сичқонча, сувингдан бер!» Гарчи ҳеч қандай мўъжиза юз бермаса ҳам бола ҳадеб ялиниб-ёлвориб кўк сичқонни чакираверди. Энди бу — боланинг умид-ишончи ва ташналикка қарши бирдан-бир чораси бўлиб қолди...


Кўк сичқонча, сувингдан бер!
Кириск ҳадеб шу сўзларни такрорлар экан, ташналигини ўйламасликка уриниб гоҳ мудрар, гоҳ уйғониб кетарди. Шу вақт бола бехосдан Ўрхон бобо билан Эмрайиннинг узук-юлуқ гапларини эшитиб, уйғониб кетди. Улар ниманидир шивирлашиб, узоқ муҳокама қилишарди. Бола чолнинг биқинига қапишиб ўтиргани учун унинг гапларини аниқроқ эшитарди. Отасининг гаплари эса унчалик қулоғига чалинмасди — у нарироқда, эшкаклари олдида ўтирарди. Ўрхон бобо оғир нафас олиб, томоғи хириллаганча зўрға гапирар эди.
— Менинг сенга ақл ўргатадиган жойим йўқ, лекин ўзинг ўйлаб кўр, аткичх, — деди қизғин шивирлаб Эмрайин, бошқалар эшитмасин дегандай. — Ўзинг ақлли одамсан-ку.
— Ўйладим, обдан ўйладим, шуни маъқул кўрдим, — жавоб берди Ўрхон бобо, чамаси, ўзининг гапини маъқуллаб.
Улар бир нафас жим қолишди. Сўнг Эмрайин гап бошлади:
— Кемага тушганнинг жони бир, ҳаммамизнинг тақдиримиз бир.
— Тақдир, тақдир, — алам билан ғўлдиради Ўрхон бобо. — Тақдирдан қочиб қутулиб бўлмайди, биламан буни, — нафаси қисилиб, хириллаганча гапирди чол. — Шунинг учун ҳам уни тақдир дейишади-да. Хоҳлайсанми, хоҳламайсанми, тақдирнинг бу билан иши йўқ. Оқибати шундай бўлгач, тақдир билан баҳслашишнинг нима кераги бор. Ҳеч бўлмаса, биронтамиз омон қолайлик. Ўзинг ўйла, бирдан йўллар очилиб кетса, ер хам кўриниб қолса, манзилни кўзлаб жон-жаҳдинг билан бораётганингда, бир-икки томчи сув етмагани учун ҳамма ҳалок бўлса — алам қилмайдими?
Эмрайин бунга жавобан нимадир деди, яна жимиб қолишди. Кириск ухлашга уриниб, ҳадеб кўк сичқонини чақираверди. Назарида, у ухлаб қолса кўк сичқон келадигандай эди... Бироқ уйқуси келмади... Кўк сичқонча, сувингдан бер!
— Милхуннинг аҳволи қалай? — сўради Ўрхон бобо.
— Аввалгидай, ҳушсиз ётибди, — жавоб берди Эмрайин.
— Ётипти дегин, — бир оз жимликдан сўнг яна давом этди Ўрхон ота.— Ҳушига келгандан сўнг — унга айтиб қўярсан...
— Яхши, аткичх, айтаман, — Эмрайиннинг овози титраб чиқди, буни билдирмаслик учун зўр билан йўталиб кўйди. — Айтганингдай бўлади, ҳамма гапларингни етказаман.
— Уни жуда ҳурмат қилишимни айтиб қўй. У катта овчи, ҳам яхши одам. Мен уни ҳаммавақт ҳурмат килганман.
Яна жимиб қолишди.


Кўк сичқонча, сувингдан бер!
Кейин Эмрайин нимадир деди, Кириск унинг сўзини аниқ эшита олмади. Ўрхон бобо унга жавобан деди:
— Йўқ, бари бир кутолмайман. Кўрмаяпсанми, мадорим колмади. Яхши ит ўлигини кўрсатмас, деганлар. Мен анойи одам эмасман! Буни ўзим биламан. Тушимда доим Сув парисини кўрардим. Сенинг бунга ақлинг етмайди... Мен ўшанинг маконига кетишни хоҳлайман...
Улар яна алланималар ҳақида гаплашишди. Кириск сув руҳи — кўк сичқонни чақира-чақира ухлаб қолди: Кўк сичқонча, сувингдан бер!
Боланинг охирги эшитгани Эмрайиннинг гапи бўлди. У Ўрхон бобога яқинроқ сурилиб, бундай деди:
— Эсингдами, аткичх, бир йили савдогарлар буғулар қўшилган чаналар-да келишиб, болталар ва ҳар хил буюмларни мўйнага алмаштириб кетишарди. Анови барзанги, малла савдогар айтганди, аллақайси олис бир юртда улуғ одам бор экан, денгизда пиёда юраркан. Шундай одамлар ҳам бор-а, бу дунёда...
— Демак, ўша одам жуда улуғ одам экан, улуғларнинг ҳам улуғи экан,— жавоб берди Ўрхон бобо. — Бизнинг энг улуғ одамимиз эса — Сув париси...
Кириск ухлаб қолган, аммо уйқусидаям аллақандай узук-юлуқ гаплар шуурига етиб борарди:
— Шошма, ота, бир оз ўйлаб кўр...
— Бўлди. Энди ёшимни яшаб бўлдим... Йўлимдан қайтарма. Мадорим қолмади, чидай олмайман...
— Шундай қоронғида-я...
— Бари бир эмасми?...
— Сенга айтадиган гапларим бор ҳали...
— Гап ҳеч қачон тугамайди. Бизлардан кейин ҳам тугамайди.
— Шундай коронғида-я.
— Йўлимни тўсма. Иложим йўқ, мажолим қурияпти. Кучим борида ўзим...
— Шундай зулматда-я...
— Сизлар бардош қилинглар, бочкачанинг тагида оз-моз сув қолган... Кимнингдир катта, ғадир-будур ва япалоқ кафти қалтираганча боланинг бошини аста сийпади. Кириск мудроқ ичида бўлсаям бу Ўрхон бобонинг қўли эканлигини сезди. Бу илиқ ва оғир кафт анча вақтгача унинг бошида туриб қолди, чол кафти билан болани бало-қазолардан ҳимоя қилмоқчидай, боланинг бошини сўнгги марта эслаб қолмоқчидай эди.

* * *
Кириск тушида денгиз юзасидан одимлаб кетаётган эмиш. Ер бор деб ўйлаган тарафга бораётганмиш, ўша ерда мириқиб сув ичаман, деб бораётганмиш. Сув юзида йиқилмай, чўкмай одим отиб кетаётганмиш. Теварак-атрофда ғаройиб ва ғалати манзаралар бор эди. Қаёққа қарамасин, кўз етгунча тип-тиниқ, ярақлаган денгиз ястаниб ётарди. Денгиз ва денгиз сувидан бошқа ҳеч вақо йўқ эди. Фақат денгиз ва фақат сув бор эди. Бола сув юзида худди ер юзида юргандек юриб борарди. Қуёш нурлари тушган ҳамма ерда, ҳамма томонда тўлқинлар равон эди. Тўлқинлар қаердан пайдо бўлиб, қаёққа кетаётганини билиб бўлмасди.
У денгиз устидан ёлғиз ўзи юриб борарди. Дастлаб унга Ўрхон бобо, Эмрайин ва Милхунларнинг олдига тушиб, қандай бўлмасин тезроқ суви бор ерни топиб ва уларни ҳам чақириш учун зир югуриб юргандай туюлди. Аммо кейин бу ерда ёлғиз бир ўзи қолганлигини фаҳмлади. У қичқирар, одамларнинг отини айтиб чақирар, лекин ҳеч ким овоз бермасди. На бирон жон, на бирон товуш ва на бирон шарпа бор, эди... Шериклари қаёққа ғойиб бўлганини билмасди. Бундан бола даҳшатга тушди. Овози чиқмай қолди. Ҳеч қаёқда, ҳеч жойда ер кўринмасди. У нафаси оғзига тиқилиб, ҳолдан тойгунича денгиз устидан югуриб кетди. Аммо у ҳеч қаёққа жилолмай, бир жойнинг ўзида туриб қолганди. Тоқатсизланиб, ичи ёниб, нуқул сув ичгиси келаверарди. Шунда у тепасидан учиб ўтаётган қушни кўриб қолди. Бу Лувр ўрдак эди. Ўрдак қичқириб уя қуриш учун жой ахтариб, денгиз узра учиб юрарди. Аммо ҳеч қаерда бир парча қуруқ ер топа олмасди. Чор атрофда ҳадсиз-ҳудудсиз тўлқинлар шовулларди. Лувр ўрдак зорланиб, нола қилар ва бетоқат бўларди.
— Ўрдакжон! — деди унга Кириск. — Ер қаерда? Қайси томонда? Сув ичгим келяпти!
— Оламда ернинг ўзи йўқ, ҳеч қаерда йўқ! — жавоб берди Лувр ўрдак. — Атрофда тўлқинлар бор, холос.
— Қолган одамлар қаёқда? — бола ғойиб бўлган одамларни сўради.
— Одамлар йўқ, уларни излаб овора бўлмай қўя қол. Улар ҳеч ерда йўқ! — деб жавоб қайтарди Лувр ўрдак.
Кирискни таърифлаб бўлмайдиган даҳшатли ёлғизлик ва қайғу-алам туйғуси чулғаб олди. У бу жойдан боши оққан тарафга қочиб кетгиси келар, бироқ борадиган жойнинг ўзи йўқ эди, ҳамма томонини фақат сув ва тўлқинлар ўраб олган эди. Ўрдак қора нуқтага айланиб, тобора узоқлаша борди.
— Ўрдакжон, мени ўзинг билан олиб кет, ёлғиз қолдирма! Сув ичгим келяпти ахир! — ёлворарди бола.
Аммо ўрдак овоз бермасди, у ҳали дунёга келмаган ерни қидира-қидира, бутунлай кўздан ғойиб бўлди. Қуёш бўлса чарақлаб, кўзни қамаштирарди.
Кириск кўзларида ёш билан уйғонди, у ҳамон энтикиб йиғлар, нажотсиз ғам-алам ва қўрқув уни елкасидан босиб турарди. У ёшли кўзларини аста очиб, туш кўрганлигини фаҳмлади. Қайиқ сувда оҳиста чайқалиб турарди. Кулранг тус олиб бораётган ғира-шира туман борлиқни буркаб, қуршаб олганди. Демак, тун ўтибди, тонг яқинлашяпти. У қимирлаб қўйди.
— Аткичх, сув ичгим келяпти, мен туш кўрдим, — пичирлади у кўлини Ўрхон бобо томон узатиб. Аммо қўлига ҳеч нарса илинмади. Қайиқ қуйруғидаги Ўрхоннинг жойи бўм-бўш эди.
— Аткичх! — чакирди Кириск. Ҳеч ким жавоб бермади. Бола бошини кўтариб типирчилади.
— Аткичх, аткичх, қаердасан?
— Қичқирма! — бир сурилиб болага яқинлашди Эмрайин. У ўғлини қучоқлаб, маҳкам бағрига босди. — Қичқирма, аткичхинг йўқ энди! Чақирма уни! У Сув париси маконига кетди.
Аммо Кириск қулоқ солмади:
— Қани менинг аткичхим? Қани? Қани менинг аткичхим?
— Бўлди, йиғлама. Тинчлан, Кириск, у энди йўқ, — ота боласини овутишга тутинди. — Сен фақат йиғлама. У ўғлингга сув бер, деб менга тайинлади. Озгина сувимиз бор ҳали. Йиғини бас қилсанг, сув бераман, ичиб оласан. Йиғламасанг бўлгани. Қараб тургин, ҳадемай туман тарқалади, ана шунда кўрасан...
Кириск юлкиниб, отасининг қучоғидан отилиб чиқишга талпинарди. Унинг ҳаракатларидан қайиқ чайқалди. Эмрайин нима қилишини билмасди.
— Мана, ҳозир бу ердан кетамиз. Мана, қара, сузяпмиз. Эй, Милхун, тур ўрнингдан, тур. Сенга айтяпман! Қани кетдик!
Милхун эшкак эша бошлади. Қайиқ сувда оҳиста сирпангандай сузиб кетди. Улар ёруғ оламни ҳамон оппоқ сутдек коплаб олган туман узра яна тайинсиз тарафга мақсадсиз сузиб кетишди.
Янги тунни улар шундай қарши олишди. Энди қайиқда уч киши қолди.


Кўк сичқонча, сувингдан бер!
Кириск бир оз ўзига келганидан сўнг Эмрайин эшкаклар ёнига ўтиб олди, улар тўрт эшкак билан яна ўша тайинсиз томонга максадсиз сузиб кетишди. Энди қайиқ тўрт эшкакнинг таъсирида тезроқ суза бошлади.
Кириск бўлса, Ўрхон бобонинг ғойиб бўлганлигидан ларзага тушиб, кеманинг куйруғида ғарибона мунғайиб ўтирганча ҳамон энтикиб-хўрсиниб йиғлар эди. Отаси билан Милхун ҳам ниҳоятда эзилиб кетишганди. Улар на ўзларига, на Кирискка бирор кўмак бера олишарди. Ўйлаб топганлари эшкак эшиш бўлди. Ишқилиб, қайиқ юриб турса бўлгани. Оппоқ туман ичида уларнинг башаралари қорайиб кўринарди. Ҳаммалари даф қилиб бўлмайдиган шафқатсиз офат — ташналикка ҳамда очликка маҳкум этилгандилар.
Улар жим, чурқ этмай боришарди. Гапиришга қўрқишарди ҳам. Фақат бир оздан сўнг Милхун эшкакни ташлади.
— Сувни бўл! — деди у Эмрайинга ғамгин боқиб.
Эмрайин бочкачага ёпишиб олиб, ҳар бир одамга чўмичнинг тубида бир неча қултумдан сирқитиб сув қуйди. Сувдан нохуш қўланса ҳид келар, таъми бузилганди. Аммо шу ҳам жуда оз қолибди. Яна кўпи билан уч-тўрт марта ичишга етарди, холос. Ҳеч ким сувга қонмади, сув ичиб ҳеч кимнинг руҳи енгиллашмади ҳам.
Яна оғир, ақлни оздирувчи кутиш онлари бошланди: об-ҳаво ўзгарадими ёки йўқми? Энди ҳеч кимда ҳеч қандай умидбахш тахминлар қолмаганди. Улар мажолсизланиб, ҳолдан тойиб, беихтиёр лоқайд бўлиб қолдилар. Таҳликали туман ичида қайиқда мақсадсиз айланиб, итоат билан ўз қисматларини кутишарди. Тақдирга тан беришдан ўзга чора қолмаганди. Туман одамларни эзиб, иродаларини бўшаштириб қўйганди. Фақат бир гал Милхун қаттиқ сўкиниб, нафрат тўла титроқ овоз билан ғўлдиради:
— Туман чекинса — ўлимимга ҳам рози бўлардим! Ўзимни сувга ташлардим. Ёруғ оламнинг бир четини кўрсам бўлдийди!
Эмрайин индамади, ҳатто ўгирилиб ҳам қарамади. Нима ҳам дея оларди? Энди у қайиқда қолганларнинг ёши улуғи эди-да. Индамай ўтиришдан бошқа илож қолмаганди. Қаёққа ҳам сузишарди!
Вақт ўтиб борарди. Қайиқ ўзидан-ўзи тўхтаб, гоҳ муаллақ туриб қолар, гоҳ яна жойидан қўзғаларди.
Соат ўтган сари ўлим хавфи орта борарди — қонмаган ташналик ёнига жон-танни емирувчи шафқатсиз очлик ҳам қўшилди. Дармонлари қуриб, мажолсизланиб боришарди.
Кириск кўзлари қисилиб, кеманинг қуйруғида ётарди. Боши айланиб, кўнгли айнирди, оч қоринда оғриқ туриб, нафас олиши мушкуллашарди. Тобора ташналиги ошиб, жудаям сув ичгиси келаверди.


Кўк сичқонча, сув бергин!
Бола сувга қондирадиган кўк сичқончани ялиниб-ёлвориб чақирар экан, энди ҳамма нарсани унутишга уринар, Олапарнинг этагидаги узоқ-узоқларда қолган ва энди эртакка айланган ҳаётини эслаб, нажот кутарди.
«Кўк сичқонча, сув бергин!» — деб шивирларди у боши айланиб. Ўт-ўланга чулғанган тепаликда ўйнаб, худди ғўладек пастга думалаб тушганларида ҳам боши шундай айланишини кўз олдига келтирди. Эҳ, жуда қизиқ, ажойиб ўйин эди-да. Бу ўйинда Кириск ҳаммадан абжир ва чидамли бўлиб чиқарди. Тик тепаликка чопиб чиқасан-да, у ердан ёнбағирлаб пастга қўйиб юборилган пўстлоқсиз ғўладек, айланиб думалайсан. Қўлларингни икки ёнингга маҳкам қапиштириб оласан. Жойингдан кўзғалиш учун аввал ўзингга-ўзинг кўмак берасан. Бир, икки, уч марта умбалоқ ошганингдан сўнг уёғига юмалаб кетаверасан, ўзингни тўхтатиб қололмайсан. Мазза қилганингдан роса хахолаб куласан, осмон эса гоҳ у, гоҳ бу чеккаси билан тўнтарилади, булутлар айланиб, кўз ўнгингдан лип-лип ўтади, дарахтлар айланиб ағанайди, ҳамма нарса оёғи осмондан бўлиб кетади, кўкдаги қуёшнинг эса кулавериб ичаги узилади. Болаларнинг шовқини, қийқириқларини айтмайсизми! Пастга қараб шитоб билан юмалаб тушаверасан, тушаверасан, шунда ортингдан югуриб келаётган болаларнинг гоҳ чўзиқ юзлари, гоҳ букилган оёқлари кўз олдингдан лип-лип ўтаверади, ниҳоят, тўхтаб коласан. Эҳ! Шунда қулоқларинг шанғиллаб кетади. Шундан сўнг энг қизиқ, энг нозик жойи келади. Бир, икки, уч дейилганда ўрнингдан сакраб туриб олиб, бошинг гир-гир айланишига қарамай, йиқилиб тушмаслигинг керак. Одатда биринчи марта ҳаммаям йиқилади. Ана кулгию мана кулги! Ҳамма кулади, ўзинг ҳам куласан. Оёқда маҳкам турмоқчи бўласану оёғинг остидаги ер ағдарилиб кетаётгандек бўлади. Кириск эса йиқилмасди. Оёқда мустаҳкам туриб оларди. Шунга интиларди. Ахир, Музлук доим шу ерда бўларди-да! Унинг олдида бўш-баёв болага ўхшаб йиқилишни ўзига эп кўрмасди.
Айниқса, Музлук билан-тепаликдан кимўзарга думалашганида роса ҳузур қилишарди, роса кулишарди. Қизлар ҳам тепадан думалайверарди. Фақат улар қўрқоқ бўлишади, кокиллари доим бирор нарсага илашиб қолади. Аммо бу ҳисоб эмас. Бунақа қувноқ ўйинда албатта бирор жойинг лат ейиши турган гап.
Музлук билан улар пастга думалаганларида, Кириск билдирмай тирсакларини атайлаб кенг ёзарди-да, ундан ўзиб кетмаслик учун тўхтаб қоларди. Улар атрофдагиларнинг қичқиришлари ва хахолаб кулишларини эшитиб, бир вақтнинг ўзида пастга думалаб тушишар ва «уч», деб саналгунича баравар сакраб оёққа туриб олишарди. Шунда Музлукка оёқда маҳкам туриб олишга ёрдам бериш, қизни суяб қолиш нечоғлиқ завқли эканлигини ҳеч ким фаҳмламасди. Улар бир-бирларига мадад бериб, беихтиёр қучоқлашиб олишарди. Музлук хурсандлигидан роса кулар, унинг кулгидан чўччайган лаблари боланинг ҳам кулгусини қистатарди; Кириск ушлаб қолсин деб Музлук ҳамиша шундай қилар, ўзини гўё йиқилиб кетаётгандек қилиб кўрсатар, Кириск бўлса уни ушлаб қолиб, қучоқлаб, оёқда маҳкам туриб олишига кўмаклашарди. Ана шунда улар аллақандай сирли масрурлик ва ҳуркак бир муҳаббат онларини бошдан кечираётганликларини ҳеч ким билмасди. Қизчанинг юпқа кўйлакчаси остида юраги дукурлаб урар, уларнинг баданлари дам-бадам бир-бирларига тегиб кетар ва Кириск кизнинг эндигина тугилиб келаётган ва таранглашган сийналарига қўли тегиб кетганини, шунда қизча титраб, тезгина унинг пинжига кириб олганини, боши айланиб кетганидан хумор кўзлари сирли бир чақнаганини сезиб қоларди. Бутун олам — ер ва осмондаги жамики нарсалар — улар билан бирга қўшилиб айланар, тинимсиз кулгию бахтиёрликларига, чексиз қувончга тўлар эди. Бу нақадар ажойиб саодат эканлигини ҳеч ким хаёлига келтирмасди!
Фақат бир гал буни ўзидан бир оз каттароқ, ёмон кўриб юрадиган қабиладоши сезиб қолди ва у аҳмоқ боши айланганидан гўё ўзини оёқда тутиб тура олмаётгандай ёпирилиб келиб Музлукка ёпишмоқчи бўлди. Музлук чап берганча ундан ўзини олиб очар, у бўлса боши айланиб ўзини йиқилаётган қилиб кўрсатиб, қизнинг изидан яна етиб олар ва унинг устига ўзини ташламоқчи бўларди. Кириск у билан муштлашиб қолди. У бола гавдалироқ бўлганидан бир неча бор Кирискни уриб йиқитди. Лекин хар ҳолда кураш дуранг билан тугади — Кириск бўш келмади ва қиз боланинг ҳимоя қилишига ҳам рухсат бермади. Лекин бу воқеа бошқа такрорланмади...
Улар ўйнаб-ўйнаб, терга ботиб, қизиб-ёниб, ариқдан сув ичгани югуриб кетишарди. Нақадар масрур лаҳзалар эди!


Кўк сичқонча, сув бергин!
Оҳ, кўк сичқонча, сув бергин!
Анҳор сал нарироқдан ўтарди. У ўрмондан оқиб келиб, болалар ўйнайдиган жойдан чиқарди. Булоқ суви тошдан-тошга урилиб оқиб, мовий ўрмон салқинини ўзи билан бирга олиб келарди. Қалин ўсган ўт-ўланлар шўх жилға соҳилларини кўпчитиб, бир-бирига яқинлаштириб қўйгандай, энг яқин ва ғовлаб ўсган ўт-ўланларнинг эгилиб турган шохчаларидаги япроқлари эса сув оқимида юлқиниб турарди. Булоқ суви гоҳ офтобда товланиб, гоҳ қовоқ солиб осилиб турган қирғоқ остига шўнғиб, гоҳ ўт-ўланларнинг ва тол чивиқларининг орасига яшириниб, ҳеч нарсани писанд қилмай, денгиз томон тиним билмай шошиларди.
Болалар бир зумда анҳоргача чопиб бориб, зум ўтмай, ўт-ўланларни икки томонга суриб ташлаб, ўзларини сувга ташлашарди. Қўлларини ювиб, ҳовучлаб ичишга сабрлари ҳам чидамай, бошларини энгаштириб, юзларини билқиллаётган, майин қитиқлаётган сувга чайиб, кийиклар сингари сув ичишарди. Эҳ, нақадар лаззатли дамлар эди!


Кўк сичқонча, сув бергин!
Кўк сичқонча, сув бергин!
Оҳ, кўк сичқонча, сув бергин!..
Улар сувга энгашиб, ариқ бўйида ётишарди. Елкалари бир-бирига тегиб, шўх оқимга тутиб турган қўллари, гўё бир одамникидай яқинлашиб, қўшилиб кетарди. Улар лаблари билан сувни илиб олганча ичишар, оғизларида қултиллатиб ўйнаб, мазза қилиб, тўйиб-тўйиб ичишарди. Улар бу ердан асло кетгилари келмас, бошларини топ-тоза сувдан кўтаргилари келмасди. Тезоқар сувда улар ўзларининг хира аксларини томоша қилишар: бир-бировларининг сувдаги кулгили, ғалати башараларига назар ташлаб кулишарди.


Кўк сичқонча, сув бергин!
Кўк сичқонча, сув бергин!
Кўк сичқонча, сув бергин!
Оҳ, кўк сичқонча, сув бергин!
Музлук шу ётишда булоқдан бошини кўтармай, қисиқ кўзларининг қири билан қарар, Кириск ҳам худди унга шу тарзда қувлик билан жилмаярди. Музлук ўзидан четлатган бўлиб, уни елкаси билан туртар, у ҳам бўш келмасди. Шунда Музлук оғзига сув тўлатиб олиб, унинг юзига пуркарди. Кириск ҳам худди шундай қиларди: оғзига яна ҳам кўпроқ сув олиб, бор кучи билан Музлукнинг юзига пуфлаб сепарди. Тийиқсиз шўхлик ва югур-югурлар шундай бошланиб кетарди. Улар сувда қувишиб, бир-бирларини истаганларича шалаббо қилиб, қийқириб, хахолашиб жилғани бошига кўтарганларича уёқдан-буёққа чопишарди...


Кўк сичқонча, сув бергин!
Шу юриш-туришларини эслар экан, энди у даврларнинг ҳеч қачон қайтиб келмаслигини англаб Кириск азобланарди. Нафас олиши тобора қийинлашар, тез-тез қорни санчиб оғрирди. У оғриқдан тиришиб, унсиз йиғлар экан, ҳамон:
Кўк сичқонча, сув бергин! — деб ёлворарди.
У шундай ўй-хаёллар билан ўзини чалғитишга ҳаракат қиларди. Атрофда ҳеч нарса ўзгармасди. Оппоқ туман қатлами аввалгидек қилт этмай борлиқни ўраб олганди.
Овчилар, ҳар бири ўз ўрнида, қайиқда чалажон бўлиб, чўзилиб ётишарди. Уларни олдинда нима кутаётгани аввалгидек номаълум эди. Шунда бирдан қайиқ кучли чайқалди ва Кириск отасининг қўрқинчли хитобини эшитди:
— Милхун! Милхун! Нима қиляпсан? Тўхта!
Кириск бошини кўтариб, ҳанг-манг бўлиб қолди. Милхун қайиқнинг четидан энгашиб, денгиз сувини чўмичлаб олиб ичарди.
— Бас қил! — унга ташланди Эмрайин чўмични тортиб олмоқчи бўлиб. Лекин Милхун хезланиб, таҳдид қилди:
— Яқинлашма, Соқол! Ўлдираман!
У оғизга олиб бўлмайдиган бу аччиқ намакоб сувни ичар, кўкраги ва енглари сувга ботиб, кийимлари жиққа ҳўл бўлиб кетган, томоғига тиқилиб қолсаям ўзини зўрлаб, титроқ қўллари билан чўмичдан оғзини олмай ичар эди. Юзларининг туклари ҳайвонларникига ўхшаб тиккайиб кетганди.
Кейин у ичиб-ичиб чўмични қайиқнинг остига ташлаб, чалқанча ётиб олди. У хириллаб, базўр нафас оларди. У шу аҳволда ётар ва ҳеч ким унга ҳеч қандай ёрдам бера олмасди. Кириск қўрқиб кетганидан ғужанак бўлиб ётиб олди, ташналиги баттар ортиб, қорни бураб оғрий бошлаганини сезди. Боши қуйи солинган Эмрайин яна эшкакни қўлига олиб, туманда қайиқни оҳиста аллақаёққа жилдириб кетди. Унинг бошқа иложи ҳам йўқ эди.
Милхун гоҳ тинчиб қолар, гоҳ яна талвасага тушиб титрар, хириллар, чанқоқлик хуружидан тамом бўлаётган эди. Бироқ орадан маълум вақт ўтгандан сўнг яна бошини кўтарди:
— Ёняпман, ичим ёняпти! — деб у кийимининг ёқасини йирта бошлади.
— Айт, нима қилайлик? Қандай ёрдам берайлик? Анавинда ҳали бор,— Эмрайин бочкачага имо қилди.— Озгина қуйиб берайми?
— Йўқ, — рад қилди Милхун. — Энди ҳожати йўқ. Тунгача сабр қилиб, кейин раҳматли аткичхимиз орқасидан... Аммо сабрим чидамади. Майли. Яхшики, бошқа ножўя иш қилиб қўймадим. Сувнинг борини ичиб қўйганимдан нима фойда бор эди. Паймонам тўлганга ўхшайди. Энди мен ҳам кетаман. Бас, ҳаммаси тамом. Ўзим, кучим борида...
Кимсасиз денгиз ўртасида, на боши, на охири тайинсиз, на қачон ҳалок қилиши тайинсиз туман ичида ўзини аста-секин ўлимга маҳкум этган одамнинг сўзларини эшитиш даҳшатли эди. Эмрайин дўсти ва иниси Милхунни бир нави тинчлантирмоқчи, нимадир демоқчи бўлди-ю, аммо Милхун эшитишни истамас эди. У ошиқарди, ўз азобларига бир йўла чек қўйишга интиларди.
— Сен, Эмрайин, гапириб овора бўлма, бўлар иш бўлди! — Милхун телбалардек ғудурлади: — Ўзим, ўзим кетаман. Сизлар, ота-бола билганингизни қилинглар. Шуниси тузук. Бу ишим учун кечиринглар. Сизлар ота-бола, қолинглар, ҳали озгина сув бор... Мен ҳозир ошиб ўтаман. — Милхун шу сўзларни айтиб, ўрнидан турди, қайиқнинг чеккасини ушлаб энгашди. Гандираклаб, бор кучини жамлар экан, Милхун Эмрайинга ер остидан караб деди:
— Менга халақит берма, Соқол! Шуниси тузук. Менга халақит берма. Яхши қолинглар. Эҳтимол, қирғоққа етиб оларсиз. Мен эса ҳозир... Сен қайиқни дарров ҳайдаб кет. Дарров, тушундингми? Кутиб ўтирма. Якинлашсанг — ағдариб юбораман. Энди ҳайда. Соқол, тезроқ ҳайда. Эшитяпсанми, йўқса, ағдарвораман..
Эмрайин учун Милхуннинг дўқлари ва ёлворишларига бўйсунишдан бошқа илож қолмаганди. Қайиқ сассиз туман ва сассиз сувни кесиб, тўғрига сузиб кетди. Кирискнинг юраги қақшаб, йиғлаб юборди:
— Аки-Милхун! Аки-Милхун! Ундай қилма!
Худди шу дақиқада Милхун қайиқдан дадил ўзини ташлади. Қайиқ қийшайиб қалқиб кетди ва яна ўз ҳолига келди.
— Нарироқ! Нарироқ кетинглар! — бақирди Милхун муздек сувда шалоплар экан.
Туман дарҳол уни кўздан яширди. Ҳаммаёқ жимиб қолди, кейин сукунатда сувга ғарқ бўлаётган одамнинг янгроқ овози, сўнгги хитоби эшитилди. Шунда Эмрайин ўзини тутолмади.
— Милхун! Милхун! — хитоб қилди у ва ҳўнграб, қайиқни орқага бурди. Улар дарров орқага қайтишди, аммо аллақачон Милхун ғойиб бўлганди. Сув юзаси гўё ҳеч нарса юз бермагандек бўм-бўш ва осойишта эди. Одам чўккан жой қаердалигини аниқлаш мушкул эди.
Шундан кейин улар ҳеч қаёққа бормасдан, куни билан шу ерда қайиқда сузиб боришарди. Уларнинг иккаласи ҳам фалокатдан қайғу-ҳасратга тўлиб йиғлашарди. Кириск отасининг йиғлашини умрида биринчи марта кўриши эди. Отаси сира бундай аҳволга тушмаганди.
— Ана энди ёлғиз ўзимиз қолдик, — пичирлади Эмрайин, соқолига тушган кўз ёшларини артиб, ўзини қўярга жой топмай, — Милхун, эҳ, қадрдоним Милхуним! — шивирларди у ҳиқиллаб.
Кун тугаб бормоқда эди. Уларга шундай туюлди. Агар қаердадир қуёш бўлса, агар у осмон узра, денгизлар, туманлар узра сузиб юрган бўлса, демак, ҳозир у ўз ётоғига хотиржам бош қўяётган бўлса керак. Ғира-шира қоронғилик аста-секин зулматга айланиб бораётган қалин туман ичида эса денгизда бедарак йўқолган ёлғиз бир қайиқ айланиб юрар, унда энди фақат икки киши — отаю бола қолган эдилар.
Бундан олдин, кеч тушмасдан сал аввал, Эмрайин ниҳоят сув ичиш пайти бўлди, деган қарорга келганди. Кириск буни зориқиб кутаётганлиги, ўзини тийиб, лом-мим демай, ташналик ва очликка нечоғлиқ бардош бераётганлиги сезилиб турар эди. Милхуннинг ҳалокатидан кейин сув ҳам эсларидан чиққан эди. Лекин аста-секин ташналик яна кучини кўрсата бошлади, энди ҳозирги ташналикка бояги унутилган ташналик ҳам қўшилиб аёвсиз азоб берарди.
Эмрайин бирор томчини ҳам беҳуда тўкиб юбормаслик учун жуда эҳтиётлик билан айниган сувни аввал Кирискка сирқитиб куйди. Бола чўмичга ёпишиб, телбалардек бир зумда ўз улушини ютиб бўлди. Кейин Эмрайин ўзи учун сув қуяркан, энди сув бочкачанинг тубидагина қолганлигини кўрди. Отасининг қўлидаги бочкачанинг эгилишига қараб. Кириск ҳам буни фаҳмлади. Эмрайин шундай бўлиши лозимлигини аввалдан билган бўлса ҳам ҳайрон қолиб, ранги қув ўчди. Энди Эмрайин ўз улушини ичишга шошилмади. У қўққисдан миясига урган фикрдан ларзага қелиб, чўмични ушлаганча ўйланиб қолди. Чанқоқни босиш бу фикр олдида ҳеч гап бўлмай қолди.
— Ма, ушлаб тур, — бундай қилишга ҳожат бўлмаса-да, у чўмични ўғлига узатди. Бола учун сувли чўмични қўлда ушлаб, уни ичишга ботинолмаслик — айни қийноқнинг ўзи эди. Эмрайин қўлларини бўшатиб, тиқинини маҳкам ўрнаштирди-да, деярли бўш бочкачани ўз жойига қўйиб қўйди.
— Ич, — деди у ўғлига.
— Сен-чи? — ҳайрон бўлди Кириск.
— Мен кейин ичаман. Ҳеч нарсани ўйлама, ичавер, — деди хотиржамлик билпн отаси.
Кириск дарҳол яна сассиқ сувнинг бу қултумини ҳам ютди. Чанқоғи унчалик босилмаган бўлса-да, ҳар ҳолда бир оз тетикланди.
— Хўш, қалай бўлди? — сўради отаси.
— Бир оз тузук, — миннатдор бўлиб шивирлади бола.
— Сен қўрқма. Эсингда тут, одам оғзига ҳатто бир томчи сув олмаса ҳам икки-уч кун яшай олади. Қиёмат-қойим бўлса ҳам қўрқма.
— Сен шунинг учун ичмадингми? — Кириск унинг гапини бўлди. Эмрайин, бу саволдан ўзини йўқотиб кўйди. Сўнг ўйлаб туриб, қисқа жавоб берди:
— Ҳа...
— Одам овқатсиз канча яшай олади? Биз качондан бери овқат емаяпмиз-ку?
— Сув бўлса бўлгани. Лекин сен буни ўйлама. Ке, яхшиси, пича сузайлик. Иккаламиз гаплашиб олишимиз керак.
Эмрайин эшкакларни ғижирлатди ва улар гўё турган жойларида гаплаша олмайдигандек туман ичида денгизда аста-секин сузиб кетишди. Ота ўзини босиб олиши зарур эди. Шундай қилса, фикрларини бир жойга тўплаши, муҳим суҳбатга тайёрланиши осонроқ кўчадиганга ўхшарди. Шуни ўйлаши биланоқ аъзойи бадани музлаб кетарди. У ўзи эшкак эшибгина колмай, ўғлига ҳам эшкак ёнига ўтиришни буюрди. Қаёққадир сузишнинг ҳожати йўқлигидан, боланинг ўтиришидан ҳам ҳожат йўқ эди. Бола зилдай ва анча катта бўлган денгиз эшкакларини қийналиб эшар эди. У битта эшкакни эплай олиши мумкин эди, аммо бир жуфт эшкакни айлантириш ҳали оғирлик қиларди. Устига-устак, Эмрайиннинг ўзи ҳам, боласи ҳам анча мадордан қолганди. Худди шунинг учун ҳам ота ишни тезлатишга мажбур эди. Вақт ўтиб борар, вақт тугаб борарди.
Кириск индамас, оғир эшкакларнинг бирини боғдан, бирини тоғдан қилиб айлантирар, уларга қарамасди ҳам. Аммо Эмрайин бунга эътибор бермас, уни бошқа нарса қийнарди. Ўғлига, мана шу мушфиқ гўдакларча нимжон, ҳимоясиз жуссага разм соларкан, юраги қонга тўлганини ҳозиргина ҳис этди. Бошқа иложи бўлмаса-да, гап бошлашга ҳам жазм қилолмасди...
Туман борган сари қуюқлашиб борар эди. Эмрайин оғир ўйга ботиб, ҳамон қайиқ ҳайдар, унинг чиндан ҳам вақт-соати яқинлашиб колган эди. У ўзига-ўзи қанча далда бермасин, табиатан қанчалик бақувват бўлмасин, бари бир ташналик ҳамда очлик унинг силласини қуритиб, емириб борарди. У кўнгилсиз гапни айтиш учун ўғлини тайёрлашга улгуриши, кучдан кетиб қолмасдан, иродаси ҳали ўз қўлида эканлигида боласига шу гапни тушунтириб қўйиши зарур эди.
Ўрхон ҳамда Милхунлардан сўнг у ҳам қайиқни тарк этишга мажбур эканлигини сезиб ўтирарди. Ўғлининг ҳаётини сақлаб қололмаган тақдирда ҳам, ҳар ҳолда, умрини салга бўлсаям узайтириши мумкин эди. Бочкача тубидаги сув қанчага етса, ўғлининг умрини шунчага узайтиришнинг бирдан-бир иложи шу эканлигини Эмрайин тушунарди.
Туман шу бугун кечасими ё эртага тарқаладими, тахмин қилолмас, мабодо эртами-кечми об-ҳаво жўнашиб кетган тақдирда ҳам ўғлининг ҳоли не кечади, у денгизда ёлғиз ўзи қолиб кетиб, жон сақлаб нажот топа оладими, йўқми — буни мутлақо билмасди. Бу саволга жавоб йўқ эди. Агар денгизда ҳаво очилиб кетгудек бўлса, оқ танли одамларнинг катта қайиғи тасодифан учраб қолармикин, деб умид боғлар эди. Аммо шундай бўлади, деб ўзини-ўзи ишонтиришга ҳар қанча уринса-да, бари бир бу — умуман, амалга ошмайдиган умид эди. Айтишларича, оқ танли кишилар қирғоқлардан анча олислардаги океан орқали сузиб ўтишиб, шу сувларда аҳён-аҳёнда пайдо бўлиб қолишаркан. Ўзларининг қандайдир ишлари билан аллақандай олис юртлардан яна аллақандай олис юртларга сузиб боришар экан. Буни Эмрайин биларди. Ўзи улар билан ҳеч қачон учрашмаган бўлса-да, бу ҳақда билимдон савдогарлардан эшитганди. Уларнинг баъзилари эса гўёки оқ танлиларнинг тоғдек улкан қайиқларида сузишган ҳам эмишлар. Мўъжиза юз бериб, йўллар тўқнашиб, оқ танли одамлар океандаги мўъжазгина ўйма қайиқни кўриб қолсалар кошкийди! Бунинг амалга ошишига деярли умид қилиб бўлмасди. Бироқ шундай бўлса-да, умидсиз шайтон дегандек, биргина шу фикр уларга тасалли бериб турарди, холос.
Эмрайин ўғлини ташлаб кетишдан аввал унга худди шу ҳақда гапирмоқчи эди. Кирискни шу гапга ишонтириш керак, токи бола сўнгги нафасигача, ақл-ҳушдан айрилмагунча қайиқда қолсин. Агар сув тугаб, ажали етгудек бўлса, у қайиқда ўлсин, токи Ўрхон оқсоқол, Милхун ва энди шайланган отаси каби денгизга ўзини ташлашга мажбур бўлмасин. Бошқа йўл қолмаганди. Шафқатсиз тақдирга тан беришдан бошқа иложи йўқ эди... Аммо ўн бир яшар бола қуюқ туман ичида, ҳадсиз-ҳудудсиз денгизда бутун олам билан юзма-юз колиб, ташналик ва очликдан аста-секин ўлиб кетишини ўйлаганида Эмрайиннинг юраги орқасига тортиб кетарди. Мана шунисига у асло рози бўлолмас, ҳаммадан ҳам шуниси эзиб юборарди. Шунда у: «Ўғлимни ёлғиз қолдириб кетолмайман, у билан бирга ўлганим маъқул», деган фикрга ҳам борганлигини пайқаб қоларди...
Тез орада ҳаммаёқни яна зим-зиё зулмат қоплади. Туманли туннинг қоп-қора зулмати денгизни яна қамраб олди. Кундузи туман ичида бирор ёққа сузишдан маъни чиқмаганидек, тунда сузиш бундан ҳам бемаънироқ иш эди. Қайиқ бир жойда оҳиста чайқалиб турарди. Ҳаво ўзгаришидан дарак берувчи ҳеч қандай аломат кўринмасди. Ҳайҳотдай ҳувиллаган денгиздан бошқа ҳеч нарса йўқ эди.
Ота-бола кечаси қайиқнинг тубида жойлашиб олиб, бир-бирига маҳкам ёпишиб ётишарди. Ташналик ва очликдан азоб чекиб, ҳар бири энди нима бўлишини ўйларди...
Кириск отаси билан ёнма-ён ётаркан, отаси шу кунларда жуда озиб, ҳолдан тойганини, жуссаси кичрайиб, заифлашиб қолганлигини сезди. Фақат унинг соқоли аввалгидек қаттиқ ботарди.
Отасига ёпишиб, унга ачиниб, кўз ёшларини тиёлмай ҳиқиллаб ётган бола илгари ўзига маълум бўлмаган азалий фарзандлик меҳрини туйди. У ана шу ҳис-туйғуларни сўз билан ифода эта олмасди — булар унинг қалбига, қон-қонига, юрак тепишига сингиб кетганди. Авваллари Кириск ҳамиша отасига ўхшашлиги билан фахрланар, унга тақлид килар, отасидек бўлишни кўнглига тугиб қўйганди. Энди эса бола шуни англаб олдики, отаси — унинг ўзи, унинг ибтидоси, ўзи эса отасининг давоми экан. Шу боисдан ҳам у азоб чекар, отасига худди ўзига ачингандек ачинар эди. Шунинг учун ҳам у кўк сичқончани чақириб, ўзига ҳам отасига сув келтириб беришини ўтиниб сўрарди:


Кўк сичқонча, бизга сув бергин!
Кўк сичқонча, бизга сув бергин!
Чидаб бўлмайдиган даражадаги ташналик азоби соат сари ортаётган бўлса ҳам ота ўзи учун сув ташвишини чекмасди. Юрак-бағри ёниб ичига ўт тушгандай тўлғанаверди. Боши ғувиллаб, кўзи тиниб, энди у Милхуннинг сўнгги лаҳзаларда қанчалик азоб чекканини фаҳмлади. Бироқ у бу ҳақда ўйламасди. Сувни ўйлашнинг, тўйиб сув ичиш истагининг энди маъноси йўқ эди. Агар ўғли булмаганида, агар мана шу охирги зим-зиё тунда пинжига кириб олган ўғлини ташлаб кетишга ўзини мажбур этолганида эди, у аллақачон сўнгсиз уқубатларга чек қўйган бўларди. Майли, ўғлининг нажот топишига ҳеч қандай умиди бўлмаса-да, ҳар ҳолда ўғлининг омон қолиши йўлидаги охирги чора деб, унинг умри оз бўлса-да, узайсин деб, ўзиям сезмаган ҳолда шунга интиларди, унинг охирги умиди, истаги ва аъмоли шу эди. Худди шу мақсадда Эмрайин қайиқни тезроқ тарк этиши зарур эди. Бироқ яна ўғлини деб бу ишга жазм этолмас, ўғлини тақдир ихтиёрига ташлаб кетишга юраги дов бермасди. Имиллаш, ишни орқага чўзиш эса ундан ҳам хатарли эди. Негаки ўз-ўзига далда бериши учун зарур бўлган сўнгги мажоли ҳам қирқилиб бормоқда эди.
Отасининг умри тугаб борарди...
Буни у ўғлига қай йўсинда, қандай сўзлар билан тушунтирса экан? Сен тирик қолишинг учун тарк этяпман сени, деб қандай айта олади?
— Ота! — бирдан шивирлади Кириск гўё унинг нималарни ўйлаб ўтирганини пайқагандек ва отасига яна ҳам маҳкамроқ ёпишиб, кўк сичқончага ёлворди:


Кўк сичқонча, бизга сув бергин!
Кўк сичқонча, бизга сув бергин!
Эмрайин тишини-тишига босиб, аламдан инграб юборди-ю, аммо ҳеч нарса дея олмади. У фикран ўғли билан видолашар, видолашган сари сўнгги қадамга жазм этишга қийналарди. Унинг бошидан кечирган бутун ҳаёти бугунги кечага муқаддима эканлигини Эмрайин энди англаб етган эди.
Назарида ўз умрини ўғли орқали узайтириш учунгина дунёга келган ва худди шу боисдан ҳам ҳалок бўлаётган эди. У ўғли билан унсиз видолашаркан, шу ҳақда ўйларди. Эмрайин ўзи учун шуни кашф этдики, у сўнгги лаҳзаларгача умрини ўғлида давом эттириш учун яшапти. Агар у илгари бу ҳақда ўйламаган экан, демак, ўйлашга сабаб ҳам бўлмагандир.
Авваллари ҳам шу фикр яшин каби миясидан лип этиб ўтиб қоларди. Ҳозир шу фикр билан боғлиқ бир воқеа ёдига тушди ва бу фикрнинг маънисига энди тушунди. Ўшанда раҳматли Милхун ва бошқа қабиладошлари билан бирга ўрмонда азим бир дарахтни кесишаётган эдилар. Дарахт қулай бошлади, худди шу пайт у тасодифан улкан дарахт ағдарилаётган томонда турган эди. Азамат дарахт ён-веридаги жамики нарсаларни босиб-янчиб ағдарилаётган эди. Шунда ҳамма бараварига бақириб юборди:
— Қоч!
Эмрайин кутилмаганда ўзини йўқотиб қўйди, аммо энди кеч эди: нақ осмону фалакдан қасир-қусур этиб шовуллаганча ям-яшил ўрмоннинг бир бўлагини юқоридан узиб олиб ағанаётган дарахт аста-секин нақ унинг устига ёпирилиб тушаётганини кўрди. У шу дамда ҳам фақат биргина нарса — фарзанди Кирискни ўйларди. Боласи ўша кезлари ҳали норасида, пешонасига битган ёлғиз фарзанди эди. Қизи Псулк ҳали дунёга келмаган эди, у шу лаҳзада ҳам шубҳасиз ўлим остонасида фақат биргина нарсани, ўзидан кейин оламда қоладиган фарзанди Кириск эканини ўйлади. Бошқа нарсалар тўғрисида ўйлашга улгурмади ҳам. Дарахт япроғи чанг-тўзон кўтариб унинг ёнгинасида даҳшат солиб қулади. Шунда ҳамма енгил тортиб, қийқириб юборди. Эмрайиннинг ҳеч ери шикастланмай омон қолган эди.
Ҳозир Эмрайин шу воқеани эслаб, ўғлининг дунёга келиши туфайли ҳам ўзининг шундай одам бўлиб етишганини, ҳаётидаги энг эзгу ва энг кучли туйғу худди шу оталик туйғуси эканлигини англади. Бунинг учун у фарзандларидан ва аввало, Кирискдан миннатдор эди. Эмрайин Кирискка худди шу ҳақда сўзлаб бермоқчи эди, лекин ўғлини безовта қилгиси келмади. Бусиз ҳам боланинг аҳволи оғир эди...
Отасининг умри охирлаб колган эди...


Кўк сичқонча, бизга сув бергин!..
Кўк сичқонча, бизга сув бергин!..
Отанинг умри охирлаб қолган эди.
Унинг кўзи қиймаётган яна бир-икки тотли хотиралари қолган эди, у булардан умидини узолмасди. Гарчи вақт сиқувга олаётган бўлса-да, шуларни ёдига туширмасдан туриб ажал қучоғига ўзини ташлаши қийин бўлди. Энди у доимо ёдида сақлаб юрган хотиралари билан видолашаркан, қайиқни тарк этиш вақти келганлигини унутмади...
У хотинига дастлабки кунларданок меҳр қўйганди. Ажабланарлиси шунда эдики, хотини уйда ўтириб ўйлаган нарсаларни у ҳам денгизга чиққан пайтда ўйлаган бўларди. Улар бирга яшаётган дастлабки кунларданоқ шундай эди, У денгизга чиққан вақтида ўйлаган нарсаларни хотини ҳам ўйлаган бўлиб чиқар, хотинининг нима ҳақда ўйлаганини эса у ҳам биларди... Олисдан бир-бирларининг фикрларидан бундай хабардорликни улар сир тутишар, бу бошқаларга сир бўлган яқинлик бахти эди.
Кириск ҳали туғилмаган, аммо гумонининг дастлабки аломатлари кўриниб қолганди. Бу аломатлар тасдиқланиши ҳам, тасдиқланмаслиги ҳам мумкин эди. Эмрайин денгиздан қайтиб келган заҳотиёқ хотинидан:
— Ўғил бўладими? — деб сўради.
— Секинроқ, кинрлар эшитиб колишади! — деди қўрқиб кетган хотини ва шу заҳотиёқ кўзлари хушбахтликдан порлади. — Қаёқдан била қолдинг?
— Ўзинг бугун шуни ўйлагансан. Ўғил бўлишини жудаям хоҳлайсан, тўғрими?
— Ўзинг-чи?
— Сен нимани ўйлаган бўлсанг, мен ҳам шуни ўйлашимни яхши биласан-ку! Мен ҳам худди шуни ўйловдим.
— Сен шуни ўйлаганинг учун мен ҳам шу ҳакда ўйлаганман, ўзинг ҳам ўғил бўлишини жудаям хоҳлайсан-ку, тўғрими?...
Шундай бўлди. Ўйлаганлари тўғри чиқди... Кириск ҳали туғилмаганди, бироқ хотинининг ой-куни яқинлашиб қолган эди. Якин-орада хотинининг кўзи ёриб қолиши мумкин эди. Ўша кунлари хотини унинг эскириб, минг ямоқ бўлиб кетган чарм шолворини кийиб юрарди. «Сен овга кетганингда, — дерди у, — эркак руҳи доим уйда бўлсин деб шундай қиляпман, йўқса, янги меҳмон яхши ўсмай қолади». Ўша кезлари эски чарм шолворини кийиб юрган хотини унинг кўзига жуда чиройли ва жуда жозибали кўринарди. Дунёда энг чиройли ва энг жозибали аёл эди унинг назарида.
Уларни ота-она қиладиган одам фарзанд эди-да. Фарзандни ўйлашиб юрган кунлари ажойиб, ташвишли ҳамда масрур кунлар эди!
Ниҳоят Кириск туғилди...
Энди шу фарзанди билан, унга алоқадор жамики нарсалар билан видолашув пайти келди.
Яна эслади: Кириск катта бўлиб қолганида, бир куни онасининг жаҳли чиқиб, «Сен йўқлигингда бунчалик қийналмасдим», деди.
Бола жуда хафа бўлиб кетди.
Отаси денгиздан қайтиб келганида:
— Мен туғилмаганимда қаердайдим? — деб сўради у хархаша қилиб. Роса кулги бўлди... Эр-хотин индашмасди-ю, фақат кўзлари кулиб турарди. Айниқса, Эмрайин жавоб беролмаганидан, нима қилишни билмай довдираб колганидан, бола йўқлигида қаерда эканлигини тушунтириб бе-ролмаганидан хотини мазза қилиб куларди.
Энди эса ота ўғлига: хали оламга келмаганингда сен менда, менинг қонимда, белимда эдинг, шу қон белимдан онангга оқиб ўтди ва сен менга ўхшаш бўлиб дунёга келдинг ва ҳозир ғойиб бўларканман, сенда қоламан, болаларингнинг болаларида қайта-қайта туғиламан, деб айтиб берган бўлармиди...
Ҳа, у шундай деган бўларди, ўлими олдидан худди шуни айтиб кетса, бахтиёр бўларди. Аммо энди ҳаммаси тугаётганди. Унинг уруғи дунёда қолмаётганди. Фарзандининг кўпи билан яна бир-икки кунлик (бундан ортиқ эмас), умри қолганлигини ота яхши биларди. Унинг назарида энг даҳшатли фалокат ва энг даҳшатли бахтсизлик худди шунда эди — ўғлини деб қайиқни тарк этишида эмас...
Эмрайин пировардида: «Умрингнинг қолган кунлари Ўрхон бобо ва аки-Милхунларни миннатдор бўлиб ёдга олиб тургин», деб ўғлига тайинлагиси ҳам келарди. Энди бу одамлар йўқ, бирорта одам уларни эслайдими-йўқми — уларга бунинг энди фарқи йўқ, аммо сен ўзинг учун уларни дилингда сақлашинг лозим. Ҳатто ўлим олдидаги сўнгги дақиқаларда ҳам ўзинг учун уларни дилингда сақлашинг керак. Ўлаётганингда ҳам яна шу одамларни ўзинг учун ёдлаб ўлиш керак.
Аммо ўйлаб-ўйлаб, ниҳоят, «буларга эҳтимол, ўғлимнинг ақли етар», деган қарорга келди...

* * *
Кириск уйғонганида, ўтган тунлардагига кўра унча совқотмай ухлаганини сезди. Устига отасининг камзули ёпиб қўйилганди. Бола кўзини очиб, бошини кўтарди — қайиқда отаси йўқ эди. У қайиқни кўздан кечириб, бирдан сесканиб тушди-да, даҳшат билан ўкириб йиғлаб юборди, туманли денгизнинг кимсасиз саҳросини аламли қайғуга тўлдирди. Унинг умидсизлик ва дард-аламга тўла фарёди узоқ вақтгача тинмади. У ҳолдан тойгунча роса йиғлади, кейин хириллаб, қайиқ тубига йиқилди ва бошини қайиқ деворига ура бошлади. Бу фарёд унинг оталар олдидаги қарзи, унинг меҳр-муҳаббати, унинг қайғуси ва марсияси эди.
Бола қайиқнинг тубида бошини кўтармай, кўзларини очмай ётарди. Энди унинг учун умидвор бўладиган ҳеч нарса қолмаган, ўзини қўярга ҳам жой тополмасди. Атрофни аввалгидек ғира-шира туман коплаб олган ва фақат бу гал денгиз қайиқни турган жойида уёқдан-буёққа тебратиб турарди.
Кириск ўзининг ухлаб қолганидан ўкиниб ҳўнграб йиғларди, ухлаб қолмаганида отасига тиш-тирноғн билан ёпишиб олиб, уни қўйиб юбормаган бўларди, улар бирга ўлиб кетганлари, ташналик ва очлик азобидан тезроқ бирга ўлиб кетганлари яхши бўларди. Шунда у бу даҳшатли чексизликда танҳо ўзи қолиб кетмаган бўларди. У кечаси қўққисдан қайиқ қаттиқ силкиниб кетганини сезмай қолгани учун, уйғонмагани, ўрнидан сакраб туриб, қичқирмагани учун ўкиниб-ўкиниб йиғларди. Отасининг денгизга ўзини ташлашига йўл қўярмиди? Ундан кўра, отаси билан бирга мана шу зим-зиё гирдобга ўзини отса бўлмасмиди!
Бола хўрсиниб-хўрсиниб йиғлаб, аъзойи бадани зир қақшаб, секин-аста мудрай бошлади. Оғир мусибат қаршисида чекиниб турган ташналик энди аламини олгандек яна янги куч билан хуруж қила бошлади. У ҳатто тушида ҳам сувсизликдан силласи куриб, азоб чекаётганини сезиб ётарди. Ташналик уни ҳолдан тойдириб азоблаб, бўғиб ташлаётган эди. Шунда у уйқусираганича бочкача томон судралиб бориб, унга кўл узатганда тиқиннинг бўшроқ турганини ва ёнида чўмич ҳам борлигини кўриб қолди. У чўмичга сув қуйиб, ҳеч нарсани ўйламасдан қимтинган лабларини очиб, қақраб кетган томоқларига тиқилгунча сипқара бошлади. Сувдан яна қуйиб, яна ичгиси келди, бироқ ўйланиб туриб, ўзини тия олди. Сув оз-оздан яна икки марта ичишга етарди, холос...
Кейин у ғамга ботганича, отаси уни нега индамай ташлаб кетгани ҳақида ўйлай бошлади. Отаси билан бирга чўкиб кетиш унга осонроқ бўларди. Энди ёлғизлик ва даҳшат унинг қўл-оёқларини боғлаб, чирмаб ташлаган қайиқдан ўзини сувга отишга юраги бетламайди... Бари бир у кучини йиғиб олгач, ўзини сувга ташлашга аҳд килди...
Кун яримлаб колган бўлса керак, эхтимол, пешиндан ошгандир. Туманнинг очилиб бораётган тусига қараб, Кириск шундай хулосага келди. Демак, қуёш тиккага келган бўлса керак. Бироқ океан узра муаллақ туриб қолган Буюк туман қатламини ҳали қуёш нурлари ёриб ўтолмасди. Туман сийраклашиб, қуриган ўтин тутунига ўхшаб, кўкиш рангга кириб бормоқда эди. Аммо бари бир йигирма-ўттиз чақирим нарида, атрофида чайқалиб турган қоп-қора сувдан бошқа ҳеч вақони кўриб бўлмасди.
Сузиб борадиган жойнинг ўзи йўқ эди, эшкакларни ишга солишга ҳам қуввати етмасди. У отаси ҳамда Милхуннинг қайиқ ёндорига батартиб ўрнатиб қўйилган эшкакларига маъюс назар солди. Қайиқ энди туманда ўз ҳолича, номаълум йўналишда ҳаракат қилиб қалқиб турарди. Ҳамма томондан болани ёлғизлик қуршаб олган, атрофда юракни музлатиб юборувчи мудҳиш бир даҳшат ҳукмрон эди.
Кечга бориб яна ҳадеб сув ичгиси келаверди. Унинг очлик ва заифликдан боши айланарди. Қимирлагиси ҳам, атрофига ўгирилиб қарагиси ҳам келмасди. Қаёққа ҳам қарарди, нимани ҳам кўрарди. Ҳатто бочкача ёнига етиб олиш ҳам малол келарди. У тиззалари билан сал эмаклади-да, ҳолдан тойиб тўхтаб қолди. Кириск ҳадемай бутунлай ҳаракатсиз қолишига кўзи етди. У қўлини юзига яқин олиб келди-ю, кўрқиб кетди: қўли бурундиқ боласининг қуриган терисидек озиб, кичрайиб кетганди.
Бу гал у керагидан ортиқроқ сув ичди. Энди бочкачанинг энг тубидагина сув қолганди, яна бир марта ичса бўлди, тугайди. Сувдан бир қултум ҳам қолмайди. Лекин энди бари бир эмасми. Аммо яна сув ичгиси, қониб-қониб сув ичгиси келарди. Очлик азобига кўникди-ю, қорнидаги оғриқ босилмади, аксинча тинчлик бермай сирқираб оғрий бошлади.
Бола неча бор ҳушидан кетиб, неча бор ўзига келди. Қайиқ ўз ҳолича, у ердан-бу ерга кўчиб, жонланиб колган оқимларга эргашиб, туманда суза бошлади.
Бир пайт у ўзини денгизга ташлашга жиддий қарор килди. Аммо мадори етмади. Тиззалаб туриб, қайиқнинг четига осилиб қолди. Қўлларини қайиқдан нарига чўзди, аммо ўз танасини қайиқдан улоқтиришга қурби етмай, осилганича қолди. Кейин эса шунчалик толиқдики, бочкада қолган сувни ичишга ҳам уринмай қўя қолди.
У қайиқ ичида қапишиб ётганча сув берувчи сичқончасини чақириб унсиз йиғларди:


Кўк сичқонча, менга сув бергин!..
Бироқ кўк сичқондан дарак йўқ, у бўлса баттар сув ичгиси келаверди. Шунда яна ариқда яланғоч бўлиб чўмилишган ўша кезлар ёдига тушди. Ўшанда у етти ёшлардан ошмаганди. Ўша йили ёз иссиқ келди. Ўрмон ёқасида роса кун қиздирарди. Болалар ўрмонда мева теришар, чўмилишарди. Онаси ҳам, синглиси ҳам чўмилишарди. Улар боладан унчалик уялишмасди. Икковлари ечинишди, буғдоймағиз сонлари билан сувни тўлқинлатиб, сачратиб, кафтларини сийналарига қўйганча булоққа сесканиб-сесканиб тушишди. Улар бир-бирига сув сепишиб аллақандай бақириб-чақиришарди. У эса ариқ бўйлаб чопиб, баландликдан ўзини сувга ташлаганида улар, айниқса онаси роса кулишганди. «Қара, қара, — дерди онаси синглисига, — жудаям ўхшайди-я, худди ўзи-я!» Улар шўх-шодон пичирлашиб, хандон отиб кулишиб, яна алланималар дейишарди... Адоғи йўқ жилға суви шитоб билан оқарди, ундан тўйиб-тўйиб ичиш ва истаганча чўмилиш мумкин эди...


Кўк сичқонча, менга сув бергин!
У ўзини яна ўша ариқ бўйида тургандек ҳис қилди. Гўё у яна саратон жазирамасида чўмилаётганмиш. Мана, у қирғоқ бўйлаб югуриб келди-да, оқимга ўзини ташлади, аммо оқимнинг салқинлигини сезмади, У сув эмас, қандайдир бир номаълум нарса, сув десанг сувга ўхшамайди, худди туманнинг ўзи. У туманда чўмиляпти. Бунақа сувда эти жимирлашиб кетяпти. Онаси бўлса кулмайди, аксинча, йиғлаяпти, «Қара, кара, у жудаям ўхшайди унга», — дейди у кимгадир ва яна йиғлайди, ўксиниб йиғлайди. Унинг шўртаъм кўз ёшлари боланинг юзига оқиб тушаётир...

* * *
Тунда Кириск тўлқинларнинг чайқалиши ва шовқинидан уйғониб кетди. Бола заиф чинқириб юборди, у осмонга қараб, юлдузларни кўрди! Шунча кундан буён биринчи марта юлдузларни кўриши. Улар зим-зиё осмонда, баландда, денгиз устидан сузиб ўтаётган булутлар орасида порлаб турарди. Ҳатто бир неча бор булутлар орасидан шитоб билан сузиб ўтган ойни ҳам кўрди.
Бола ўзини йўқотиб қўйди: юлдузлар, ой, шамол, тўлқинлар — ҳаёт, жонланиш бошланди. Гарчанд туман пардаси ҳали шундоқ турган бўлса-да, қайиқ шундай қалин туман орасидан ўтганда ҳаммаёқ яна ғира-шира зулматга чўкса-да, бу ҳол узоқ давом этмади. Буюк туман қўзғалиб, жунбушга келиб, шамол ва тўлқинлардан чекиниб, оламга тарқаб, ёйилиб борарди.
Бола кўзларида ёш билан юлдузларга боқарди. Эшкакларни қўлга олишга мадори етмасди, юлдузларга қараб йўл топишни, қай томонга қараб сузишни ҳам билмасди, қаердалигини ва келажакда уни нима кутаётганини ҳам билмасди. Лекин у бари бир югурик тўлқинларнинг шовқинини эшитаётганидан, шамол туриб, қайиқ тўлқинлар узра сузиб бораётганидан хурсанд эди.
У севинч ва қайғудан, олам ёришганидан, денгиз жонланиб қолганидан йиғлар, ичишга суви ва бирон-бир емиши бўлганда эди, эҳтимол у яна ҳаётни севиб қолган бўларди. Аммо у, энди ўрнидан туролмаслигини, куни битганини, ҳадемай ташналикдан ўлиб кетишини сезиб турарди...
Қайиқ бўлса тўлқинлар юзалаб тобора илдамроқ сузиб борарди. Қайиқ рулсиз ва эшкакларсиз, оқим бўйлаб сузиб борарди. Денгиз узра уфқ аранг кўринар, тун қоронғилиги аста-секин чекиниб, туман тўдалари борган сари камайиб борарди. Шунингдек, йўл-йўлакай у ер-бу ерда тўпланиб қолган туман тўдалари ҳам сийраклаша бошлади. Энди аввалгидай сукунат ҳукм сурмаётган бўлса-да, қоронғилик болани зериктира бошлаган эди. Энди туман ичида қандайдир хаёлий мавжудотлар сассиз учиб юргандай туюлди унга. Улар пайдо бўлиб, яна шамолда изсиз йўқолар, туманни чок-чокидан сўкиб, ҳар томонга тарқатиб борарди.
Булутлар орасида ой пайдо бўлиши биланоқ денгиз юзаси бир зум жимирлаб, ярқираб кетар, сўнг яна сўниб, яна жонланарди. Бола оҳиста нур сочаётган юлдузларга боқиб, ўйлай бошлади: «Уларнинг қай бири қўриқчи юлдуз экан? Қай бири аткичх Ўрхоннинг, қайси бири аки-Милхуннинг, қайси бири отам — Эмрайиннинг юлдузи экан? Сизлар мутлақо кўринмадингиз. Сиз, юлдузлар ҳам, бизларни туманда кўролмасдингиз. Энди якка ўзим қолдим, қаёққа сузиб бораётганимни ҳам билмайман. Аммо энди мен қўрқмайман, негаки осмонда ҳаммаларингизни кўриб турибман. Фақат кимнинг юлдузи қаердалигини билмайман. Бироқ бундай бўлишига сизлар айбдор эмассизлар. Ахир, сиз бизни денгизда кўрмагансиз. Буюк туман бизни яшириб турган эди. Энди ёлғиз ўзимман. Улар бўлса сузиб кетиб қолишди. Учовлари ҳам кетиб колишди. Улар сизни жудаям яхши кўришарди. Сизни жудаям кутишди, қирғоққа йўл топиб бориш учун сизларни кўришга жудаям муштоқ бўлдилар. Юлдузлар ҳеч қачон алдамайди деб аткичх Ўрхон айтарди, у менга юлдузларга караб йўл топишни ўргатмоқчи эди... Бироқ бундай бўлишига сизлар айбдор эмассизлар. Менинг ҳам куним битай деб қолди, сувим ҳам қолмади, тинка-мадорим қуриб, қаёққа сузиб бораётганимни ҳам билмайман... Менинг озгина, жудаям озгина сувим қолди, мен уни ҳозир ичаман, энди чидолмайман, қувватим қолмади. Бугун қоқ балиқ солинадиган халтамнинг бир бўлагини чайнаб кўрдим. У тюлень терисидан тикилган. Бошқа чидаёлмайман, кўнглим айниб, ичим ағдар-тўнтар бўлиб кетяпти... Мен ҳозир охирги сувни ичаман. Мабодо бошқа кўришиш насиб бўлмаса, юлдузлар, сизларга бир гап айтай — аткичх Ўрхон, аки-Милхун, отам Эмрайин сизларни жуда яхши кўришарди. Мабодо эрталабгача омон колсам, кейин видолашаман...»
Тез орада қайиқ яна калин туман қатлами орасига тушиб қолди. Яна ҳамма нарса кўздан ғойиб бўлиб қолди. Бироқ қайиқ аввалгидай шамолнинг кучи билан илгарилаб борарди. Кириск учун энди ҳеч нарсанинг аҳамияти йўқ эди. У бутунлай айниб, сасиб кетган сувнинг сўнги култумини ичди-ю, ўша жойда, бўм-бўш бочка ёнида, қайиқ куйруғида, одатда Ўрхон бобо ўтирадиган ерда ётиб қолди. У ўлимга чоғлангани учун энди тумандан ҳам қўрқмасди. Фақат юлдузлар кўринмай қолганди-да, улар билан видолашишга эҳтимол улгуролмасам керак, деб афсусланарди... Аҳволи ёмонлашгандан-ёмонлашиб борарди.
У ҳушсизланиб, алаҳсираб ётар, орадан қанча вақт ўтганини билмасди. Эҳтимол тун яримлаб колгандир, эҳтимол, тонг отиб қолгандир? Бир нима дейиш мушкул. Денгиз устини шамолда учган тутун сингари ғира-шира туман коплаб олган эди.
Пешонада бори бўлади. Бола шу пайт қушнинг овозини эшитиши ҳам, эшитмаслиги ҳам мумкин эди. Лекин у эшитди. Бирдан боши устида нимадир визиллаб, қанотларини шапиллатиб туманда қайиқнинг устидан пастлаб учиб ўтиб кетганини сезиб қолди. Бола бирдан сапчиб тушди ва бир зумда бу — қуш, қанотларини кенг ёйиб учаётган катта кучли бир қуш эканини кўришга улгуролди.
— Агукук! — қичқирди у. — Агукук! — у қутб бойқуши қаёққа учиб бораётганини кўришга улгурди, шамолнинг қаёққа эсаётганини эслаб қолишга улгурди. Шамол чапдан, гарданининг сўл тарафидан, чап қулоғининг бир оз орқароғидан эсарди!
— Агукук! — қичқирди у қуш учиб кетган томонга қараб қайиқни бурганча.
Кириск руль эшкагига маҳкам ёпишиб олиб, зўр бериб тиришар, қолган-қутган кучини аранг жамлаб, бошқа ҳеч нарсага эътибор бермай фақат шамолнинг йўналишини ва қушнинг учиб кетган томонини ёдда тутарди. Қутб бойқуши қаердан қаёққа учаётганлиги номаълум эди. Оролдан қитъагами ёки қитъадан бирорта оролгами — билиб бўлмасди. Аммо Кириск Ўрхон бобонинг ҳикоясини эсдан чиқармаганди — бу қуш денгиз устидан фақат тўғрига қараб учади. Агукук — тунда ва туманда учадиган энг кучли қуш. Энди Кириск шу қуш изидан бораётган эди.
Қайиқ бўлса тўлқиндан-тўлқинга ошиб ўтарди. Шамол бирдай эсмоқда эди. Туман сийраклашиб, тарқалиб борар, осмоннинг четлари бир оз ёришиб бормоқда эди. Олдинда шундоққина тўғрисида эса ложувард осмони фалакда ягона нурли бир юлдуз балқиб турарди. Кириск юлдузнинг худди қайиқ бораётган томонда турганлигини пайқади. У юлдузни мўлжалга олиб, ўша тарафга қараб бориш лозимлигини фаҳмлади, чунки агукук худди шу тарафга қараб учиб кетганди. Бола бу юлдузнинг номини билмаса ҳам энди у шу юлдуздан кўзини узмас ва шамолнинг йўналишини, унинг кучи ва эпкинини билиб турарди.
«Шамол, эсавер, кетиб қолма. Номинг нима, билмайман, аткичх Ўрхон бўлганида номингни айтиб берарди. Аммо сен менга ака бўл. Кетиб қолма, шамол, ўзингни бошқа ёққа олиб қочма. Ахир, сен қанча хоҳласанг, шунча узоқ эсаверасан-ку. Шамол, менга мадад бер, кетиб колма. Мен номингни албатта билиб оламан, сўнг отингни айтиб чақираман. Хоҳласанг, мен сени Ўрхон деб чақирайин. Аткичхим — Ўрхоннинг номи билан чақирайин. Энди сени ҳамиша Ўрхон шамол деб атайман. Сен ҳам мени таниб оласан...»
У ҳамроҳ шамолни ана шундай ардоқлаб, тўғри йўлга бошла, дилимга умид ва ишонч бер, деб ялиниб-ёлворарди. Кўзларини эса ўзи интилаётган йўлчи юлдуздан узмасди: «Сени яхши кўраман, юлдузим, — дерди у юлдузга. — Сен жуда баланд ва узоқдасан. Сен олдиндаги энг катта ва гўзал юлдузсан. Ёлвораман, кетиб колма, бир жойда тўхтаб тур, ҳеч сўнма. Сен тарафга сузиб кетяпман. Сен томонга агукук учиб ўтди. У орол томонга учдими ё қирғоқ томонга учдими, билмадим. Оролга учган бўлса ҳам майли, оролда ўла қолай. Кетма, сўниб қолма эй юлдуз! Номингни билмайман, мендан хафа бўлма! Номингни билишга улгуролмадим. Номингни менга отам Эмрайин айтиб бера оларди. Агар хохласанг, сени отамнинг номи билан атайман, сени Эмрайин юлдузи дейман. Осмонда пайдо бўлганингда сен билан саломлашиб, номингни шивирлаб айтаман. Сен эса менга мадад бер, Эмрайин юлдузи, барвақт кетиб, сўниб қолма, булут орасига бирдан яшириниб олма...»
У ўзининг йўлчи юлдузига шу сўзлар билан мурожаат қиларди. У яна тўлқинларга ёлворди: «Тўлқинлар, сиз қайиғимни ҳайдаб боряпсиз, сиз ҳозир қандай яхшисиз. Мен сизларни аки-Милхун тўлқинлари, деб атайман. Сиз агукук учган томонга кетяпсиз. Сиз хоҳлаган тарафингизга юмалаб кета оласиз-ку, ахир. Аки-Милхун тўлқинлари, кетиб колманг, йўлдан адашманг. Мен эшкак эшиб сузиб кетар эдимку-я, лекин бутунлай ҳолдан тойганман-да. Кўриб турибсиз-ку, сиз қаёққа хоҳласангиз, ўша ёққа сузиб кетяпман. Агар омон бўлсам, ҳамиша ёдимда тутаман: сиз Ўрхон шамоли эсган ёққа, Эмрайин юлдузи томонига сузяпсиз, аки-Милхунлар денгизда фақат яхшилик килишади, деб ҳаммага айтаман! Менга мадад беринг, аки-милхунлар! Кетиб қолманг, мени ташлаб кетманг...»

* * *
Ҳамма юлдузлар орасида энг узоқ чарақлаб тургани Эмрайин юлдузи бўлди. Тонгга яқин у осмону фалакда ёлғиз ўзи қолди. Тонгга яқин у кучли, соф бир нур билан ловиллаб ёниб турди ва субҳидамнинг симобранг ҳавосида аста-секин сўниб, яна анча вақтгача осмонда нафис, оппоқ нурдай бўлиб турди.
Мана шу зайлда тонг ҳам отди. Кейин денгиз узра офтоб чиқди. Кириск ҳам қувониб, ҳам қўрқиб кетди. Қуёшнинг чиқишидан қувониб кетган бўлса, денгизнинг бепоёнлигидан қўрқиб кетди. Офтоб нурларида живирлаб, мовий товланаётган денгиз деярли қоп-қора тусга кириб, чексизлигидан кўз илғамас ҳолга келди. Бола руль эшкагига жон-жаҳди билан епишиб олиб, ўзи эслаб қолган томонга, шамолнинг йўналишига қараб сузишга ҳаракат киларли. Бу жуда-жуда мушкул эди...
У боши айланиб, кўзи тиниб, ҳамма нарса чирпирак бўлиб кетганини эслай олди, холос...
Қайиқ энди ўз ҳолича сузиб борарди...

* * *
Бола эсини йиғиб ўзига келганида, қуёш осмоннинг нариги четига силжиб кетган эди. Кириск титроқ қўлларини олға чўзиб, суянганича қайиқнинг қуйруғидан базўр қўзғалди, боши айланиши ўтиб кетишини кутиб, кўзларини юмганича жойида қотиб турди. Кейин кўзини очди. Қайиқ тўлқинлар оша сузиб борарди. Денгиз юзасидаги чайқалиб турган бетиним сув тангачалари кўз илғаган жойгача жимирлаб турарди. Кириск олдинга назар ташлаб, кўзларини уқалади ва ҳангу манг бўлиб қолди. Денгизнинг қуюқ яшил ўркачида қаршидан унга қараб Олапар чопиб келарди! Буюк Олапар!
Денгиз четида кулранг — зангори тусдаги қоя шундоққина кўзга ташланиб турарди. Аммо қулоқларию тепаларигача оппоқ бўлиб турадиган Олапар бошқа ҳамма қоялардан кўра баланд бўлиб, унинг этагидаги мудом бориб-келиб, чайқалиб турадиган тўлқинлар ҳам аниқ кўрина бошлади. Ҳавода қирғоқ бўйлаб учиб юрадиган оқчорлоқларнинг товуши хам қулоққа чалинарди. Энг аввал болани оқчорлоқлар пайқаб колишди. Адашганларга йўл кўрсатиш учун тепаликнинг энг юқорисида тунда ёқилган ўтнинг тутуни ўрлаб турарди...


Соҳил бўйлаб чопаётган Олапар,
Якка-ёлғиз қайтмоқдаман ёнингга —
Бобожоним Ўрхонсиз,
Отажоним Эмрайинсиз,
Оғажоним Милхунсиз,
Улар қайда қолди, сўрагил мендан,
Фақат аввал сув бергил, о, сув...
Бу Кирискнинг ўзи тўқиган кўшиқнинг дастлабки сатрлари эди. Бу энди унинг умрининг охиригача айтадиган қўшиқ бўлади...

* * *
... Денгиз тўлқинлари зулмат қўйнида гувиллаб, ўкириб, шиддат билан қояларга келиб урилиб, парчаланиб кетарди. Денгиз ҳамлаларини қайтаравериб, тош-метин бўлиб кетган қирғоқ хўрсиниб, уф тортарди.
Олам олам бўлиб яралгандан буён, кун тундан туғилган, тун кундан туғилган замонлардан буён аҳвол шу — икки қудратли куч ўртасидаги олишув давом этади: бундан буён ҳам, куну тун, туну кун, токи ер билан сув бор экан, улар абадулабад шундай курашаверади...
Куну тун, туну кун...

* * *
... Шундай кечалардан яна бири ўтди...
Денгиз узра Ўрхон шамоли шовқин солар, денгизда аки-Милхун тўлқинлари сузиб юрар ва ёришиб келаётган осмони фалакнинг бир четида Эмрайиннинг нурли юлдузи чарақлаб турарди.
... Яна янги бир кун бошланмоқда эди...

Пойтуғ қишлоғи. 1976 йилнинг декабри - 1977 йилнинг январи.
Mualifning boshqa asaralari
1 Alvido, ey Gulsari (qissa) [Chingiz Aytmatov] 2959
2 Алвидо, эй Гулсари (қисса) [Chingiz Aytmatov] 690
3 Baydamtol sohillarida (hikoya) [Chingiz Aytmatov] 953
4 Birinchi muallim (qissa) [Chingiz Aytmatov] 7847
5 Boʻtakoʻz (qissa) [Chingiz Aytmatov] 1467
6 Байдамтол соҳилларида (ҳикоя) [Chingiz Aytmatov] 613
7 Биринчи муаллим (қисса) [Chingiz Aytmatov] 850
8 Бўтакўз (қисса) [Chingiz Aytmatov] 590
9 Erta qaytgan turnalar (qissa) [Chingiz Aytmatov] 2404
10 Эрта қайтган турналар (қисса) [Chingiz Aytmatov] 767
11 Hayot-mamot (taqriz) [Chingiz Aytmatov] 1886
12 Ҳаёт-мамот (тақриз) [Chingiz Aytmatov] 720
13 Jamila (qissa) [Chingiz Aytmatov] 2462
14 Жамила (қисса) [Chingiz Aytmatov] 865
15 Oq yomgʻir (hikoya) [Chingiz Aytmatov] 1415
16 Oqkema (qissa) [Chingiz Aytmatov] 6091
17 Oxirzamon nishonalari (I- qism) [Chingiz Aytmatov] 2608
18 Oxirzamon nishonalari (II- qism) [Chingiz Aytmatov] 1885
19 Охирзамон нишоналари (I- қисм) [Chingiz Aytmatov] 884
20 Охирзамон нишоналари (II- қисм) [Chingiz Aytmatov] 984
21 Оқ ёмғир (ҳикоя) [Chingiz Aytmatov] 635
22 Оқкема (қисса) [Chingiz Aytmatov] 867
23 Плач перелетной птицы [Chingiz Aytmatov] 584
24 Qizil olma (hikoya) [Chingiz Aytmatov] 1134
25 Қизил олма (ҳикоя) [Chingiz Aytmatov] 552
26 Raqiblar (hikoya) [Chingiz Aytmatov] 946
27 Рақиблар (ҳикоя) [Chingiz Aytmatov] 565
28 Sarvqomat dilbarim (qissa) [Chingiz Aytmatov] 4669
29 Sohil yoqalab chopayotgan Olapar (... [Chingiz Aytmatov] 1920
30 Somon yoʻli (qissa) [Chingiz Aytmatov] 1503
31 Сарвқомат дилбарим (қисса) [Chingiz Aytmatov] 775
32 Сомон йўли (қисса) [Chingiz Aytmatov] 777
33 Oʻtar Qush Nolasi [Chingiz Aytmatov] 1105
34 Ўтар Қуш Ноласи [Chingiz Aytmatov] 804
35 Chingizxonning oq buluti (qissa) [Chingiz Aytmatov] 4276
36 Choʻqqida qolgan o... [Chingiz Aytmatov,Muxtor Shoxonov] 3029
37 Choʻqqida qolgan o... [Chingiz Aytmatov,Muxtor Shoxonov] 1872
38 Choʻqqida qolgan o... [Chingiz Aytmatov,Muxtor Shoxonov] 2919
39 Чингизхоннинг оқ булути (қисса) [Chingiz Aytmatov] 856
40 Чўққида қолган овч... [Chingiz Aytmatov,Muxtor Shoxonov] 927
41 Чўққида қолган овч... [Chingiz Aytmatov,Muxtor Shoxonov] 846
42 Чўққида қолган овч... [Chingiz Aytmatov,Muxtor Shoxonov] 1085
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика