Чингизхоннинг оқ булути (қисса) [Chingiz Aytmatov]

Чингизхоннинг оқ булути (қисса) [Chingiz Aytmatov]
Чингизхоннинг оқ булути (қисса) [Chingiz Aytmatov]
Асар Ҳақида
«Чингизхоннинг оқ булути» — Чингиз Айтматовнинг «Асрга татигулик кун» романига илова қилинган қисса. Ёзувчи китобхонларни романда тақдири номаълум бўлиб қолган Абуталип Қуттибоев билан қайтадан учраштиради.
«Чингизхоннинг оқ булути» қиссасида икки йўналиш – бир томондан пок қалбли Абуталип билан бешафқат Тансиқбоев ўртасидаги муросасиз тўқнашув, иккинчи тарафдан эса, дунёни ларзага келтирган Чингизхоннинг фожиаси бир-бири билан ботиний боғланиб кетган.
Чекист Тансиқбоев бегуноҳ Абуталипни Югославияда партизанлар ҳаракатида иштирок этганликда, эски халқ адабий меросларини йиғиб юрганликда айблайди. Бироқ Абуталип ҳаёти ҳар қанча хавф остида бўлса ҳам бош эгмайди. Чин инсон ор-номусини Тансиқбоев каби ҳайвонтабиат манқуртларнинг оёқ-ости қилишига имкон бериш — инсоният олдида гуноҳи кабира эканлигини яхши тушуниб етади.
Чингизхон – тарихий шахс, ўз даврининг фарзанди.
Чингиз Айтматов ўз қаҳрамонининг табиати, характери болалигиданоқ шакллана бошлаганига урғу беради. Чингизхон ҳали Темучин деб аталган болалик чоғидаёқ, бошқалардан ўч олишни, ҳаммани оғзига қаратишни хуш кўрарди. У сувдан тутилган балиқни талашиб, ўзининг укаси Бектерни ўқ-ёй билан отиб ўлдириб қўяди. Ёзувчи қонхўр жаҳонгир табиатининг илдизларини очиб беришни мақсад қилиб қўйган. Болалигиданоқ тошбағир бўлиб ўсган, ҳеч кимга яхшилик раво кўрмайдиган кишидан эзгулик кутиб бўлармиди?
Чингизхон улкан жаҳонгирлик жангларига икки йил тайёргарлик кўрди. Оилавий қўшинларга «жангу жадаллар ниҳоясига етмагунча аёллар туғмасин» деган қаҳрли фармон берилди.
Янги қиссанинг бадиий аҳамиятини кўтарган воқеалардан эътиборлиси — лашкарбошилардан бири, юзбоши Эрдене билан қўшин туғларига гул тикадиган каштадўз Дўғулангнинг аянчли фожиасидир. Ҳокимиятнинг куч-қудрати, забтидан икки ёш ошкора оила қуришга муяссар бўла олмайди. Лекин барибир Чингизхоннинг фармони, буйруғи икки қайноқ қалбнинг муҳаббати қаршисида ожиз эди.
Чингизхон икки олов орасида қолди — бир аёл туғиб қўйибди, деб юришни тўхтатиш керакми ёки фармони олийни оёқости қилганларга ўзининг қаҳрини кўрсатиб, беандишаларни қаттиқ жазолаш лозимми, деган савол қийнар эди уни! Осмонда эса оқ булут ҳамон фалак кезмоқда. Уни ҳеч ким пайқамайди, пайқаса ҳам эътибор бермайди унга, бу — Чингизхоннинг шахсий булути эканлигини ким билади дейсиз. Бу — худонинг қудрати, севган бандасига раво кўради буни.
Эрдене билан Дўғулангнинг қочиш тўғрисидаги режаси барбод бўлади. Дўғуланг чақалоғи билан қўлга тушади. Энди Эрдене нима қилиши керак?
Дўғуланг чақалоқни охирги марта эмизишга улгурди. У ҳар қандай йўл билан, ҳатто ўзини ажал тиғига уриб бўлса ҳам, Эрдененинг жонини сақлаб қолса бас. Кейинчалик ота-бола бир илож қилиб топишиб кетар!
Лекин Дўғулангнинг айтгани бўлмади. Ҳамманинг кўз ўнгида, отасиз ҳаромзода туғиб олганига иқрор бўлиб бутун жиноятни ўз гарданига олган севгилисининг жон азобида қийналаётганини кўрган мард зобит: «Мана мен! Чақалоқ менинг ўғлим! Ҳғлимнинг оти Ғунон! Онасининг исми Дўғуланг! Мен лашкар юзбошиси Эрдене бўламан!» деб ўртага чиқади. Эрдене билан Дўғулангнинг қўлларини орқасига маҳкам боғлаб, чўкиб ётган туянинг икки ёнига олиб боришди-да, ўркач орқали осилган арқоннинг икки учидаги илмоқни иккаласининг бўйнига солиб, туяни уриб-зўрлаб турғазишди. Шундай қилиб, икки ёш инсон тирик дорнинг устида хуржун каби осилиб жон таслим қилди.
Еру кўкни ларзага солган қўшинлар ҳеч нарсани билмагандай, чўлу биёбонларни ортда қолдириб, олға томон юриб, босқин йўлини давом эттирдилар. Фалокат рўй берган жойда Дўғулангнинг дугонаси Олтун норастани қучоқлаганича қолаверди. Қорни очиққан гўдак дала-даштни бузиб дод солиб йиғлайверади. Ўшанда мўъжиза рўй беради — уларнинг тепасига оқ булут келиб соя солади, умрида бола эмизмаган, турмушга чиқмаган қари қизнинг кўкрагидан сут кела бошлайди. Бу — худонинг ўз севган бандаларига меҳрибонлиги эмасми?
Абуталипнинг тақдири ҳам фожиали тугади — қийноқ, азоб-уқубат, таҳқир-хўрликларга бардош бера олмай ўзини поезд тагига ташлади. Абуталип ўз жонига қасд қилиб, кўплаб бегуноҳ кишиларнинг ҳаётини сақлаб қолди.
Чингиз Айтматов, бутун борлиғи бошдан-оёқ фожиалардан иборат бўлиб қолган онларда одам ўзини қандай тутиши керак — деган мураккаб масалага яна бир бор мурожаат қилди.
«Чингизхоннинг оқ булути» қиссаси «Асрга татигулик кун» романига ўриш-арқоқ бўлиб қўшилиб кетди. Абуталипнинг кейинги тақдири не кечди экан деган саволга жавоб бўлиб тушди. Айни вақтда, уни мазмун-мундарижаси, тузилиши, яхлитлиги, қаҳрамонларининг табиатига кўра мустақил бадиий асар дейиш ҳам мумкин.
“Ўтар қуш ноласи” ҳикояси тирик мавжудотлардан энг ваҳшийси бўлмиш инсон зотига ноинсоний қилмишлари учун тилга кирган турнанинг (лисонут-тайр) мудҳиш айбномаси, муаллифнинг юракдан чиққан фарёдидир – унда қирғизларнинг босқинчи жунғорларга қарши олиб борган ҳаёт-мамот жангларидан бири ҳақида сўз боради.
Турналар галаси ҳар йили узоқ сафарга отланганда қўниб, дам оладиган жойини танимай қолади: “... қаёққа қараманг одамларнинг жасадлари-ю отларнинг ўликлари тоғ-тоғ уюлиб ётар, сув кенг ёйилиб оққан жойларда сон-саноқсиз мурдалар дарё сувини тўсиб қўйган эди. Қип-қизил қон аралаш сув ҳамма ёққа ёйилиб, отларнинг туёқлари остида қон ҳалқобларини ҳосил қилган эди...
Жанг тугагандан кейин у ерда қузғунлар базми бошланди, ўлимтикхўр қушлар одам гўштига тўйишди, учиш у ёқда турсин қанотларини ҳам қоқолмай қолишди. Жангдан кейин шақоллар зиёфати бошланди – чиябўрилар одам гўштига шу қадар тўйган эдики гавдаларини судраб зўрға кетишди...”
Турна шерикларига мурожаат қилади: “Кечиринглар, ўтар қушлар! Бўлиб ўтган ваҳшийликлар учун кечиринглар, бўлажак ваҳшийликлар учун кечиринглар. Бани одам ҳаёти нима учун шундай эканини, нега заминда шунча кўп ўлдирилганлар ва ўлдирилаётганлар бўлишини мен тушунтириб бера олмайман, сизлар тушуна олмайсизлар...
Қушлар кетинг бу ердан, бу мудҳиш жойдан узоқ-узоқларга учиб кетинг”.
Нега оламда одамлар бир-бирларини шу қадар кўп ўлдирганлар ва ўлдирмоқдалар деган қадимий савол ҳамон жавобсиз қолмоқда.

Одил Ёқубов, Ўзбекистон халқ ёзувчиси
Чингизхоннинг Оқ Булути
Бу томонларда поездлар ғарбдан шарққа ва шарқдан ғарбга қатнагани қатнаган...
Сариўзакнинг бийдай далалари бўйлаб аёзли шамол ғазабнок қутуриб, оппоқ қор унини осмони фалаккача тўзғитиб юрган қаҳратон қиш чилласида оқ либос кийган даштдаги тунги Бўронли бекатини қор уюмлари орасидан топиш поезд ҳайдовчилари учун осон эмас эди. Ўйноқлаган қор бўронларига бурканган тунги поездлар ним қоронғида ёмон тушдагидай безовта келиб кетаверади.
Ана шундай кечалари дунё ибтидоий унсурлардан янги-дан яратилгандай туюлади — ўзининг изғирин нафасидан ушиган Сариўзак дашти зулмат ила рўшноликнинг тим қоронғиликдаги курашидан пайдо бўлган ғуборли уммонни эслатарди.
Худди ана шу поёнсиз овлоқ сайҳонликдаги бекатда ҳар кеча тонг отгунча мўъжазгина уйнинг бир деразасида чироқ ўчмайди: у ерда кимдир оғир дарддан жон талвасасида тўлғанмоқда ёки биров уйқусизлик касалидан азоб чекаётир деб ўйлайсан киши. Бекат ёнидаги ана шу ҳужрада Абуталип Қуттибоев оиласи яшар эди.
Унда Қуттибоевнинг хотини билан фарзандлари ҳар куни дадаларини кутавериб, кечалари чироқни ўчирмас, хотини Зарипа эса лампа чироқ пилигининг куйган учини бир неча марта кесиб қўяр эди. У ҳар сафар чироқни янгидан ёқар экан, бир жуфт кучукчалардай бурчакда қучоқлашганча беозор ухлаб ётган қора сочли икки ўғилчасига меҳр билан нигоҳ ташлаб қўяр эди.
Зарипа кўйлакчан, совуқдан жунжукади ва қўллари билан кўкрагини қисиб ваҳимага тушади ва қўрқинч аралаш ўйлаб кетади: бояқиш болаларим тушларида оталарини кўришаётган бўлса-я, бир йиғлаб бир кулиб унинг кетидан ҳар қанча чопишса ҳам унга ета олишмаётган бўлса-я? Улар ўнгида мудом отасини пойлашади, поезд келди дегунча бекатга чопишади. Поезд тормозларини тарақлатиб бир лаҳза бўлса ҳам тўхтади дегунча болалар худди оталари сакраб тушадигандай вагон ойналаридан кўзларини узишмайди. Қанча поездлар, қанча кунлар ўтди орада, лекин ундан ҳамон дарак йўқ — қаердадир қор кўчкиси тагида қолгандай ҳечам ундан ном-нишон йўқ.
Ернинг бошқа бир кунжагида — Олмаотанинг турмасида ҳам бир дарча — қалин темир панжара билан тўсилган деразада ўша кунлари тонг отгунча чироқ ўчмас эди. Мана бир ойдирки, Абуталип Қуттибоев шипда қуёшдай узлуксиз ёниб кўзни оладиган электр чироқларидан ҳолдан тойди. Тинимсиз порлаб турган электр нуридан тиғ теккандай кўзи ачишади, қўрғошин қуйиб қўйгандай боши зирқирайди, бир лаҳза бўлса ҳам ҳаммасини унутишга, бу ерга қандай келиб қолдим, мендан нима хоҳлашади дея ўйлашга ҳам фурсат беришмайди. Кечалари бошига кўйлагини ёпиб деворга ўгирилиб ётди деганча тешикдан қараб турган турма назоратчиси камерага чопиб киради-да, уни тахта сўридан тортиб тушуриб тепа кетади: «Деворга қараб ётма, аблаҳ! Бошингни ёпма, ярамас! Власовчи!» деб сўкади. У «мен власовчи эмасман» деб ҳар қанча дод-фарёд солмасин, ҳеч ким назар-писанд қилмайди.
У яна кўзни тешгудай аёвсиз электр чироғига қараб ётар экан, яллиғланиб қизариб шишиб кетган кўзларини юмиб, кафтлари билан тўсиб олади, қани энди у тим қоронғиликда, зимистонда, ҳатто лаҳадда бўлиб қолса-ю, кўз билан мия ишдан чиқсаям майлига, фақат ҳеч қандай турма назоратчиси, ҳеч қанақанги терговчи деган балойи офатларни кўрмаса, фақат одам боласи бардош бера олмайдиган қийноқлар, кўзни кўр қиладиган электр чироғи, уйқусизлик ва калтак азоблари бўлмаса!
Назоратчилар навбат билан алмашиб туришади, лекин ҳаммаси бирдай бераҳм, шафқатдан асар ҳам йўқ — маҳбус деворга қараб ётди дегунча, худди кутиб тургандай чопиб келиб ғазаб билан дўппослашар, куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилишар эди. Абуталип Қуттибоев турма назоратчисининг вазифаси ва бурчларини билса-да чорасиз пайтларида ўз-ўзига дерди: «Нега улар бунчалик бераҳм, қарасанг одамга ўхшайди. Наҳотки одам боласи шунчалик дарғазаб бўлса? Ахир мен уларнинг биронтасига ёмонлик қилмаганман-ку!
Улар мени танишмас, мен ҳам уларни танимас эдим, нега энди хун учун қасос олаётгандай хўрлашади. Нега? Бундай одамлар қаёқдан келишади? Улар қаердан бу даражада раҳмсиз бўлиб қолишган? Менга нима учун азоб беришади? Бунга қандай бардош бериб бўлади, жинни бўлмай бўладими, каллангни деворга уриб, мажақлашдан бошқа иложи борми?! Бошқа йўли қолмади».
Бир гал у бардош бера олмади ҳам. Умрида бундай жаҳли чиққан эмас. Назоратчи кириб келиб тепканда унинг гирибонидан шаппа олганини ўзи ҳам сезмай қолди. Ёқалашиб, тепкилашиб, ерга йиқилгач, бир-бирини бўғиб, муштлашиб ётишди. «Фронтда бўлганингда сен аблаҳни қутурган итдай отиб ташлаган бўлар эдим!» — деди хириллаган овозда Абуталип назоратчи кўйлагининг ёқасини йиртди-да бармоқларини бор кучи билан унинг бўғзига ботирди. Шу он эшикдан яна икки соқчи кириб келмаганда тевалашишнинг оқибати нима билан тугашини худо биларди.
Абуталип кейинги кунигина ўзига келди. Қўзғалай деса дармон йўқ, аъзойи бадани зирқираб оғрийди, кўзлари хиралашган. Биринчи пайқагани шипдаги ўша ёруғ электр лампаси бўлди. Ёнида фельдшер турибди.
— Ёт, тинч ётавер, бир ўлимдан қолдинг, — деди фельдшер Абуталипнинг яраларига дори суркар экан,— энди аҳмоқлик қилма. Назоратчига ҳужум қилди деб сени ҳозир ҳам ўлдириб қўйишлари ҳеч гап эмас, ит ўлдими, одам ўлдими — уларнинг парвойи фалак, сенинг ўлимингга ҳеч ким жавоб бермайди. Тансиқбоевга раҳмат айт, унга сенинг ўлигинг эмас, тиригинг керак экан. Қутқариб қолди. Уқдингми?
Абуталип нурсиз кўзларини шипга қадаганча жавоб бермади. Буёғи нима бўлади, эртанги тақдири не кечади, — энди унга бунинг аҳамияти йўқ эди. Жон оғриғини у кейинроқ сезди.
Ўша кунлари унинг ақли туманланиб, бир туш кўриб яна чала уйғонгандай сезар эди ўзини. Ана шундай онларда Абуталип чақиндай чироқдан яшириниш, юз кўзини беркитиш эмас, балки аксинча, ўзини ақлдан оздирган, кўзни тешиб кетадиган ёруғликка бақрайиб қараб қолар, жонини қийноққа солган ва безовта қилган бу нур кучига дош бериб ўтиб, йўқлик дунёсига рихлат қилган каби ҳавода сузиб юргандай ҳис қилар эди ўзини.
Ақли кирди-чиқди пайтларида ҳам унинг миясида ўтмиш билан боғланган нафис ҳаёт риштаси сақланиб қолган эди — кишининг юрак-бағрини эзадиган соғинч, оила, болалар тақдиридан ҳадиксираш ҳисси тинчлик бермас эди унга.
Сариўзакда қолган оила аъзолари учун дили тилка пора бўлар экан, Абуталип ҳаётимда эҳтимол бирон жиноят, жазога арзигулик қандайдир гуноҳ қилиб қўйдиммикин дея ўйлаб кетар эди. Лекин жавоб топа олмас эди. Тўғри, асирга тушгани рост, қуршовда қолган минглаб бошқа ҳарбийлар қатори немисларда тутқунда бўлгани, асирдан қочиб келгани ҳақ. Лекин бунинг учун токайгача жазолаш мумкин? Уруш тугаганига қанча йиллар бўлди. Асирга тушганлардан қанчаларининг боши кетди, қанчалари қамоқ, қувғинга учради; қолганларининг ҳам тўридан гўри яқин бўлиб қолди. Ҳокими мутлақлар эса ҳамон қасос олиш шаҳдидан қайтмайдилар. Бўлмаса бу азоб-уқубатларни қандай тушуниш мумкин? Абуталип жавоб топмайди-да, хаёл сура кетади; яхши кунлар келиб қолар, тушунмовчилик бўпти деб айтишар; ўшанда у, Абуталип Қуттибоев ҳамма ҳаммасини унутади, кек сақламайди, уни тезроқ бўшатиб юборишса, тезроқ уйга жавоб беришса бас, ўшанда у болалари, оиласига томон Сариўзакка, Бўронли бекатига қараб чопади, йўқ, қанот боғлаб учади, ахир у ерда ўғиллари Эрмек билан Довул, хотини Зарипа кўзлари тўрт бўлиб кутиб ўтиришибди, ахир Зарипа болаларини қуш полопонларини қаноти тагида асрагандай чўлнинг изғиринлари-ю қорларидан авайлаб, бағрига босиб ўтирар, эрининг келишини худодан сўраб, гоҳ йиғлаб, гоҳ овуниб, тепаси билан ер қазиб, тирикчилик қилиб юрибди-ку!
Қайғу аламидан ҳўнграб йиғлаб юбормаслик, ақлдан озиб жинни бўлиб қолмаслик учун Абуталип ўзини ўзи алдаб, ширин хаёлга чўмади — Ҳеч қандай гуноҳи йўқ экан деб уйга қўйиб юборишса-я? Шунда у юк ортган поезднинг узангисига осилиб бўлса ҳам Бўронли бекатига етиб олади, поезддан тушиши билан уйига чопа кетади, хотини билан ўғиллари ҳам шамолдай елиб келиб отасининг бўйнига осилишади. Бироқ бу тотли хаёл узоқ чўзилмади, кайф тарқагандай у яна ўша барак ҳаётига қайтди — Абуталипнинг ўзи ёзиб олган «Сариўзакдаги ўлим жазоси» деб аталган афсона воқеаси ўзининг бошига тушди шекилли — қатл қилинган она билан отанинг қийноқларида, уларнинг чақалоқ билан видолашишларида ўзини кўргандай бўлди. Абуталип учун айрилиқ қатл қилгандай гап эди. Ахир фақат ўлимгина ота-оналарни болаларидан жудо қила олади, ҳа бошқа ҳеч ким ва ҳеч нарса жудо қила олмайди. Ана шундай аламли дамларда Абуталип сассиз йиғлар, тошга ёққан ёмғир томчиларидай юзига томаётган кўз ёшларини тийишга ожиз эди. Қон кечиб юрган урушда ҳам бунчалик қийналган эмас, у ўша пайтларда сўққабош якка ёлғиз йигит эди-да; энди бўлса ёлғиз эмас, аёли, фарзандлари бор. Ҳаётининг маъно-мазмуни болаларда эканлигига мана энди ишонч ҳосил қилди; ҳар ким ўзича бахтли, болаларнинг бўлиши бахт, бўлмаслиги эса фожеа экан. У яна шу нарсага ҳам ишонч ҳосил қилдики, ҳаётнинг мазмунини, ҳаётнинг сўнгги соатида ёруғлик дунёсидан зулмат дунёсига рихлат олдидан ҳисоб-китоб қилар экан бандаси. Ҳаётнинг бош якуни фарзандлардир. Эҳтимол, табиат қонуни шундайдир: ота-оналарнинг ҳаётлари ўз пуштларини вояга етказишга сарф бўларкан. Ота ёки онани болалардан айириш, уни оталик (ёки оналик) бурчидан маҳрум қилиш — бу эса ният-мақсадсиз яшашга маҳкум этиш демакдир. Мана шундай ўйлар тунги чақиндай ақлни ёритиб ўтганда умидсизликка тушмаслик мумкин эмас эди; бола-чақалари билан кўришишни орзу қилар экан, Абуталип ҳаяжонга тушиб, умидларининг пуч эканлигига ва аҳволининг мушкуллигига яна бир карра ишонч ҳосил қилди. Соғинч кун сайин авж олиб, унинг дилини лол, қаддини дол қила борди. Умидсизлик тик тоғ ён бағрида тўплана борган ҳўл қор каби жамғарилганки, сал бўлса ҳамма нарсани ўпириб вайрон қилиб кўчиб кетиши ҳеч гап эмас...
КГБнинг терговчиси Тансиқбоевга худди ана шу керак эди, у режа билан, собитқадамлик билан шунга эришди, Тансиқбоев тепадаги бошлиқлари билан келишиб олиб уруш даврида асирга тушган Абуталип Қуттибоев Англия-Югославия агентларига хизмат қилган ва Қозоғистоннинг узоқ районларидаги аҳоли орасида бузғунчилик ишлари олиб борган деган жиноий иш қўзғади. Ҳа, Қуттибоевга ана шундай айб қўйилган эди. Ҳали жиноятнинг баъзи бир тафсилотларини аниқлаш ва даражасини белгилаш юзасидан иш олиб бориш, Абуталип Қуттибоевни жиноятни тўлиқ бўйнига олишга мажбур қилиш керак эди, энг муҳими шу эдики, айблов сиёсий жиҳатдан ўта долзарб, Тансиқбоев эса ниҳоятда зийрак, ўз вазифаси йўлида ғайрат-шижоат билан хизмат қилади деб топилган. Бу жиноий иш Тансиқбоев ҳаётида катта муваффақият бўлса, Абуталип Қуттибоев учун қопқон, ҳалокат ҳалқаси эди, чунки жиноятга бундай даҳшатли таъриф берилганда айбланувчи бўйнига қўйилган жиноятларга тўла иқрор бўлиши шарт ва бу бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас эди. Масала аллақачон бутунлай ҳал қилинган, айблов ҳукми жиноятнинг шак-шубҳасиз далили бўлиб хизмат қилар эди.
Шунинг учун Тансиқбоев ўз ташаббусининг нима билан тугаши ҳақида ташвиш тортмаса ҳам бўларди. Ўша йили қиш пайтида у юқори мансабга кўтарилди.
Илгари хизмат юзасидан арзимаган камчиликка йўл қўйгани учун бир неча йил майорликдан юқорига ўта олмади. Мана энди ошиғи олчи — Абуталип Қуттибоевнинг ишига ўхшаган ишлар чекка районларда ҳар доим ҳам бўлавермайди. Бир омади чопиб қолди-да!
Ҳа, айтиш мумкинки, 1953 йилнинг февраль ойида тарих Тансиқбоевга кулиб боқди, гўё бутун мамлакатнинг тарихи фақат унинг манфаатларига хизмат қилгандай бўлди. У тарихнинг бу эзгу инъомини онги билангина эмас, балки ички сезги билан ҳам ҳис этар эди, ахир унинг хизматларига катта аҳамият беришиб, лавозимини ва обрў-эътиборини кўтаришмоқда, бундан у тўлқинланиб руҳан енгил тортмоқда. Кўзгуга қараб баъзан ўзини танимай қолади — унинг лочиннинг кўзидай чақнаган кўзлари кўпдан бери бу қадар мамнун порлаган эмас, у елкасини қоқиб қаддини ростлар, мамнунликдан соф рус тилида хиргойи ҳам қилиб қўяр эди: «Биз эртакни ҳақиқатга айлантириш учун туғилганмиз». Хотини эрининг орзуларига шерик бўлганидан кайфияти яхши эди ва пайти келган жойда «Майли, яқинда биз ҳам ўз улушимизни оламиз», деб қўяр эди. Юқори синфда ўқийдиган, комсомол фаоли бўлган ўғли ҳам, гапга кирмаса ҳам, ардоқли орзулар оғушида «Ота, кенжа полковниклик билан табриклаш муддати яқинми?» деб сўраб қоларди. Ҳа, бундай саволларнинг берилиши бежиз эмас эди.
Гап шундаки, яқиндагина, бундан ярим йилча олдин Олмаотада ёпиқ суд процесси бўлиб ўтди, ҳарбий трибунал бир гуруҳ қозоқ буржуа миллатчиларини суд қилди. Меҳнаткаш халқнинг ана шу душманларига қақшатқич зарба берилди. Иккитаси олий жазога тортилди — қозоқ тилида ёзилган ва лаънати патриархал феодал ўтмиш янги воқеликка зарар етказадиган қилиб идеаллаштирилган асарлар ёзгани учун отишга ҳукм этилди. Фанлар академияси тил ва адабиёт институтининг иккита илмий ходими йигирма беш йилдан, қолганлари ўн йилдан бадарға қилинди. Энг муҳими шунда эдики, судлов процесси муносабати билан буржуа миллатчиларини фош этиш ва шафқатсиз равишда тугатишда бевосита иштирок этган махсус ходимларга марказдан йирик давлат мукофотлари келган эди. Тўғри, бу мукофотлар яширин тақдим этилган эди, бу эса бу рағбатлантиришнинг аҳамиятига ҳеч ҳам путур етказмас эди. Топшириқларни намунали адо этганлик учун навбатдаги унвонларнинг муддатидан олдин берилиши, орденлар ҳамда медаллар билан мукофотланиши, йирик пул мукофотлари, буйруқларда ташаккурлар эълон қилиниши каби илтифотлар ҳаётни жуда-жуда безар эди, яхши хизмат қилганларга янги квартиралар берилиши ўта ўринли бўлди. Буларнинг ҳаммаси одамларнинг белини бақувват, овозини баланд, қадамини ишончли қилар эди.
Тансиқбоев унвонлари кўтарилган ва мукофотланганлар жумласида йўқ эди, лекин ҳамкасбларнинг тантаналарида фаол қатнашди. У хотини Ойкумуш билан икки куннинг бирида янги унвонлар, орденларни «ювишда», ҳовли тўйларида иштирок этишарди. Кетма-кет байрам зиёфатлари янги йил арафасидаёқ бошланган эди, зиёфатлар бир-биридан тўкин, бир-биридан тантанали ўтар эди. Меҳмонлар Олмаотанинг совуқ ва ним қоронғи кўчаларидан сўнг янги илиқ квартираларга кирди дегунча дўстларнинг жўшқин қучоғига отилишади. Меҳмонларни мезбонлар остоналарданоқ самимий илтифот ва меҳрибонлик билан кутиб олишадики, асти қўяверинг. Қадрдон дўстлар тўкин дастурхон атрофида мириқиб кайфу сафо қилишади, юрагини ёзишади. Бу ўтиришлар янги бахт қучган имтиёзли амалдорларнинг байрамлари эди. Уруш йилларининг очлиги ва қашшоқлиги ҳали эсдан чиқиб ҳам улгурмаган пайтларда тўкинчилик, маишат авжида эди. Бу ерда, чекка ўлкада қимматли ноёб коньяклар, биллур чилчироқлар, нафис хорижий чинни ва биллур буюмлар энди-энди модага кира бошлаган эди. Шипдаги кўзни қамаштирадиган қандиллар, оппоқ дастурхонлар устидаги урушда ўлжага тушган немис сервизлари кишини маҳлиё қилар, кайфиятини кўтарар эди; гўё ҳаётнинг бутун мазмуни ана шу чинни-биллурларда жам бўлгандай, дунёда бундан бўлак эътиборга сазовор нарса йўқдай туюлар эди.
Остонадан киришингиз билан димоғингизга гуп этиб тоамларнинг ҳиди урилади. Хилма-хил овқатлар орасида тойчоқ гўштидан тайёрланган қазихон тўра алоҳида ҳурматга сазовор. Дастурхонни кўриб меҳмонларнинг кўзи ўйнайди. Лекин меҳмондорчилик фақат еб-ичишдангина иборат эмас-да, емоқнинг қусмоғи бор дегандай қоринни қаппайтириш ўз йўлига, улфатчиликнинг яна бир қоидаси бор — оғизни кўпиртириб кимнидир мақтаб сўз айтилмаса, қутловлар бўлмаса, қадаҳ кўтарилмаса, сухандонлик, сўзамоллик қилинмаса, ўтириш ўтириш бўлмайди. Бу таомил ўта ёқимли бўлиши баробарида сирли ҳамдир, киши дилида туйиб юрганини кайф устида тўка солади, айни пайтда сўз тагида сўз бор дегандай гапга бошқача тўн кийдирилади. Бир-бирини кўраолмайдиганлар бир зумда ҳасадни унутиб илтифот йўлини тутаётгандай — кишилардаги рашк ўрнини дўстлик олгандай, риёкорлик энди самимиятга айлангандай бўлади. Бу гал қадаҳ айтганлар бирпасда ўзгариб кетган каби оғзи мақтовдан бўшамади, сўз олган нотиқ олдингилардан ақллироқ, энг муҳими чечанроқ сайради, айни вақтда мухолифларини сўз билан туртиб ҳам кетди. Қисқаси бу зиёфатни меҳмондўстлик ва чечанлик мусобақаси деса бўларди. Ўлжага тушган қандиллар осиғлик янги уйда қанчадан-қанча ранг-баранг қадаҳлар товус янглиғ парвоз қилмади, қанча равон сўзлар дарё бўлиб оқмади улфатларнинг дилига завқ-шавқ бағишлаб.
Эндигина кенжа полковник унвонини олган қозоқ йигитининг айтган қадаҳи Тансиқбоев билан хотинини, айниқса ҳаяжонга солди — тантанавор суратда ўрнидан турар экан, у шу қадар шахт билан куйиб пишиб гапирдики, гўё тахтга ўтираётган қирол ролини бажараётган артист деб ўйлайсиз уни.
— Азиз дўстларим! — сўз бошлади у, ўтирганларга виқор билан маънодор боқар экан. Гўё «менинг гапимни жон қулоғингиз билан эшитинг» дегандай.
— Ўзингиз биласизки, бугун менинг бағрим бутун — бахт денгизида сузаётирман. Тушуниб турибсиз. Мен гапирмоқчиман. Менинг даврим келди, мен гапирмоқчиман. Тушуниб турибсиз. Мен ҳар доим худосиз бўлганман. Мен комсомолда ўсганман. Мен букилмас большевикман. Тушуниб турибсиз. Ва мен шу билан жуда фахрланаман. Худоси менинг учун беъманигарчиликдан бошқа нарса эмас. Худонинг йўқ эканлигини ҳамма билади, ҳар бир совет ўқувчиси билади. Лекин мен бошқа нарса ҳақида гапирмоқчиман, мен дунёда худо бор демоқчиман. Бир дақиқа сабр, кулманглар, азизларим. Ҳа сизлар эй? Мени сўзидан қўлга туширдик деб ўйлаяпсизлар, йўқ ҳеч ҳам қўлга тушганим йўқ. Мен инқилобга қадарли меҳнаткашларнинг золимлари ўйлаб топган худони назарда тутаётганим йўқ. Бизнинг худомиз ҳокимиятимиз бошлиғи, газеталарда ёзаётганларидек, унинг иродаси билан сайёрамизда бутун бир замон бошланди, ва биз ғалабадан ғалабага, бутун дунёда коммунизмнинг тантанаси сари қадам ташлаётирмиз: бу замон жиловини қўлида тутиб турган бизнинг доно доҳиймиз, тушуниб турибсиз, карвон бошимиз бизнинг қимматли Иосиф Виссарионовичдир! Ва биз унга эргашамиз, у карвонни бошлаб кетаётир, биз эса унинг ортидан бораётирмиз, бир йўлдан. Биздан бошқача ўйлайдиган бирон киши ёки калласида бизникидан бошқа ғояларни кўтариб юрган ҳеч бир кимса темир Дзержинский бизга васият қилиб кетган жазокор чекист қиличидан қутулиб кетаолмайди. Тушуниб турибсиз, Биз душманларга охиригача уруш эълон қилганмиз. Уларнинг насл-насаби, оилалари ва уларга хайрихоҳ унсурлар пролетар иши йўлида, кузда хазонрезгини бир жойга тўплаб ёққандай қириб ташланади. Чунки мафкура фақат битта бўлмоғи керак, тушуниб турибсиз, бошқа мафкура бўлиши мумкин эмас. Мана биз сиз билан ерни мафкуравий душманлардан, буржуа ва бошқалардан тозалаяпмиз, душман қаерга яширинмасин, қанчалик айёрлик қилмасин, унга шафқат йўқ. Ўртоқ Сталин бизга таълим берганидек, тушуниб турибсиз, синфий душманни ҳамма жойда фош қилиш, душман агентурасини очиб ташлаш, душманни ер билан яксон қилиш, халқ оммасининг руҳини мустаҳкамлаш — бизнинг шиоримиз ана шу; мен тақдирланган, менга муддатидан олдин унвон берилган кунда бундан буён ҳам Сталин кўрсатган йўлдан оғишмай боравераман, душман жиноий ниятларини фош қилавераман деб қасам ичаман, ана шундай кирдикорлари учун душман албатта қаттиқ жазо олажак. Тушунасизми, бош миллатчиларни биз зарарсизлантирдик, лекин институтларда, муҳарририятларда уларнинг ҳамфикрлари яшириниб олишган. Бироқ улар ҳам биздан қочиб қутула олмайди ва уларга ҳеч қандай шафқат бўлмайди. Бир марта сўроқ пайтида бир миллатчи менга «барибир сизнинг тарихингиз боши берк кўчага кириб қолади, ва сизлар шайтонга ўхшаб тавқи лаънатга қоласизлар» деса бўладими!
Тушундингизми?!
— Бунақани ўша жойида отиб ташлаш керак эди!— ўзини тўхтата олмай деди Тансиқбоев ва жаҳли чиққанидан ўрнидан туриб кетди.
— Тўғри, майор, мен ҳам худди шундай қилган бўлур эдим, — унинг фикрини қувватлаб деди кенжа полковник, — лекин тергов учун у ҳали керак эди ва мен, тушуниб турибсиз, унга: биз боши берк кўчага кириб қолмасдан олдиноқ сен ўлиб кетасан, аблаҳ, дедим. Ит ҳуради, Сталиннинг карвони ўтаверади. Ўша манфур миллатчига қақшатқич зарбани маъқуллаб ҳамма бирдан кулиб қарсак чалиб юборишди, ҳамма бароварига ўрнидан туриб, қадаҳ ушлаган қўлларини чўзишди. Дастурхон атрофида ўтирганлар ёппасига «Сталин учун» деб қадаҳ кўтариб бирваракайига ичиб юборишди. Бўшаган қадаҳларни бир-бирларига тўнтариб кўрсатар эканлар, бу билан улар айтилган сўзларнинг самимий эканлигини ва ўзларининг бу сўзларга содиқ эканликларини исботлаган бўлдилар.
Шундан кейин бу фикрни қўллаб қувватлаб қанча қўшимчалар, қадаҳлар айтилди. Бу сўзлар бир-бирларига қўшилиб, борган сари кўпайиб, йиғилганларнинг тепасида талай вақтгача айланиб юрар экан, заҳарга тўла ёввойи арилар галаси сингари яширин ғазаб ва қаҳр ташир эди.
Тансиқбоевнинг дилида эса пўртана ўйнаб фикрларини қўзғаб юборди, унинг ўз қатъиятлиги тўғри эканлигини яна бир бор исботлади, гап зиёфатда, теша тегмаган мулоҳазалар айтилганида эмас, аксинча, ўзининг ҳаёти ҳамда кўп сонли хизматдошларининг ҳаёти, қолаверса теварак-атрофдаги доиралар ҳаёти узлуксиз хезлашлар, шиддатли синфий кураш оқимида давом этар ва шу маънода кураш мутлақ ўринли деб ҳисобланар эди. Лекин бу аснода махфий бир муаммо бор эди. Курашни мудом жўшга келтириш учун янгидан янги мухолифлар, рақиблар, фош қилиниши лозим бўлган оқимлар керак эди; шу борада кўп нарсалар, ҳатто бутун-бутун халқларни Сибирь ҳамда Ўрта Осиёга ўлим билан баробар сургун қилишгача бўлган барча усуллар синовдан ўтган, ниҳоясига етказилган эди; шу маънода чекка миллий ўлкаларда ўз вақтида иш берган эски усул — буржуа феодал миллатчиликда айблаш йўли билан далалардан «ялпи ҳосил» олиш борган сайин қийин бўла борди. Бирон кишининг мафкуравий жиҳатдан шубҳали эканлиги ҳақида арзимас «юмалоқ» хат келди дегунча ўша киши билан бирга қариндош-уруғлари жазога мустаҳиқ этилаверилгандан кейин одамлар уста бўлиб кетишди — миллатчиликда айблашга олиб келадиган сўзларни гапирмайдиган, ёзмайдиган бўлиб қолишди. Аксинча, кўплар шу қадар эҳтиёткор, бир чўқиб етти қарайдиган бўлиб кетишдики, ҳар қандай миллий қадриятларни баралла инкор этишга, ҳатто она тилидан воз кечишгача бордилар. Мен фақат Ленин тилида гапираман ва шу тилда фикр юритаман деб турган кишини қўлга тушириб кўрчи!
Худди ана шу янги, яширин душманларни фош этиш бўйича курашни авж олдириш қийин бўлиб қолган, воқеа-ҳодисалар камайиб кетган даврда тасодифий бўлса ҳам ҳар ҳолда майор Тансиқбоевнинг омади келди. Бўронли бекатидан Абуталип Қуттибоев номига келган «юмалоқ хат» унга иккинчи даражали материал сифатида жиддий текшириб кўриш учун эмас, фақат танишиш учун берилган эди. Бироқ Тансиқбоев пайтни бой бермади. Бурни бирон ҳид сезгандай эди. Тансиқбоев эринмади, масаланинг моҳиятига етиш учун Сариўзагигача етиб борди, мана энди кўриб турибди — бир қараганда арзимасдай туюладиган материал яхшироқ ишлов берилса, дурустгина аҳамият касб этишига кўзи етди. Ҳаммаси кўнгилдагидай чиқса, рағбатлантиришга келганда тепадагилар Тансиқбоевни ҳам четлаб ўтмаслиги кўриниб қолди. Бундай ишларнинг қандай юзага келишини ва қандай самаралар беришини у билмайди дейсизми, шу бугунги тантанага, шу бугунги зиёфатга ўзи гувоҳ бўлиб турибди-ку! Ўзига яхши таниш одамлар даврасида юрса кам бўлмайди — Худо каби қудратли ҳокимиятга имон эътиқоди билан астойдил хизмат қилган ва бугун столи ҳам, шипи ҳам биллурдан эгилган бахтиёрлар ҳаёти буни яна бир бор исбот этмаётирми? Лекин қудратли ҳокимиятга етишишнинг фақат бир йўли бор — у ҳам бўлса ниқобланиб олган душманларни топиш ва фош этишда унга тинимсиз фидокорона хизмат қилиш, бунинг учун турли воситалардан, жумладан «қора» йўллардан тап тортмасликдир.
Душманлар жумласидан эса асирда бўлиб келганларни, айниқса, сезгирлик билан кузатиб бориш керак эди. Бундайлар икки ҳисса душман эдилар, чунки улар таслим бўлмасликлари, балки ўлишлари ва шу йўл билан ҳокимиятга мутлақ содиқ эканликларини намойиш этишлари керак эди, ҳокимият фуқаролардан урушда ўлса ҳам асирга тушмасликни талаб қилар эди. Ким таслим бўлса у жиноятчидир. Бундай жиноят учун ана шундай жазо берилиши ҳамма учун, барча замонлар, барча авлодлар учун огоҳлантириш бўлиб хизмат қилиши керак эди. Доҳийнинг — Худо янглиғ қудратли ҳокимиятнинг кўрсатмаси ана шундай! Тергов қилинаётган Қуттибоев эса худди ана шундай ҳарбий асирлардан, шу билан бирга унинг ишида жуда муҳим керакли жиҳати, ўта долзарб томони бор — агар Қуттибоевга шу масалада кичкинагина бир фактни бўлса ҳам тан олдирилса борми, бу факт, кичкинагина мих ўз ўрнида муҳим вазифани бажаргани каби Югославиянинг Сталин маъқулламаган тараққиёт йўлини танлаган Тито-Ранкович бузғунчи тўдасининг хиёнаткорона режаларининг туб моҳиятини фош қилишдек улкан ишда ёрдам бериши мумкин. Оббо, орзуга айб йўқ экан-да?
Уруш аллақачон тугаган. Улар эса ажралиб чиқиб мустақил йўл тутишмоқчи. Бунақаси бўлмайди! Сталин бу ғоянинг кулини кўкка совуради. Бунда кичкинагина факт мисолида бўлса ҳам хиёнаткорона бузғунчилик ғоялари Югославияда аллақачонлар уруш йилларидаёқ партизан командирлари орасида пайдо бўлганини ва бунда Англия махсус хизматларининг бевосита таъсири борлигини яна бир бор исбот қилиш ортиқчалик қилмайди. Абуталип Қуттибоевнинг эсдаликларида югослав партизанларининг инглизлар билан учрашганликлари тўғрисида гап кетади. Демак, Қуттибоевдан ҳозир талаб қилинаётган нарсани тан олдиришга мажбур қилиш учун ҳамма асослар бор. Бинобарин, шундай экан, ҳар қандай қилиб бўлса ҳам бунга эришмоқ зарур. Ана шу сариўзаклик ёзағонни керак бўлган ҳамма нарсани ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам тўкиб солишга мажбур этиш шарт. Ахир, сиёсатда ҳар қандай қўшимча материал иш беради. Арзимайдиган кичик бир мисол ҳам керак бўлиб қолиши, ғоявий беллашувда душманни батамом яксон қилиш учун отиладиган тош бўлиб хизмат этиши мумкин. Демак, ўша тошни, рамзий бўлса ҳам, ҳатто кичкинагина тошни топиш, қўлга киритиш, қўлга киритганда ҳам Худо каби қудратли ҳокимият қўлига ўзи бўлмаса ҳам бошқа бирон киши орқали, газеталарда ёзганларидек, бузғунчи Тито ҳамда унинг югурдаги Ранкевичнинг малайларига улоқтириш учун самимий топшириш муаммоси келиб чиқар эди. Тошингиз кичикроқ экан деб қабул қилмасликлари мумкин, лекин астойдил қилинган меҳнат инобатга ўтади. Қарабсизки, ҳозир дастурхон атрофида ўтирганлар унинг уйига ҳам боришади, унинг уйида ҳам қулинг ўргилсин муносабат нишонланади. Ахир ҳаётнинг мазмуни бахтдадир, муваффақият эса бахтнинг бошидир.
Ўша меҳмондорчиликда ўтириб лочин кўзли Тансиқбоев ана шу ҳақда ўйлади, у дастурхон атрофида бошқалар билан суҳбат қурар экан, эҳтирослар-у истаклар оғушида тоғ дарёсида сузаётгандай ҳис қилар эди ўзини. Фақат хотини Ойкумуш эрининг феълини яхши билганидан Тансиқбоев дилида қандайдир бир фикр пайдо бўлаётганини, унинг кечаси овга чиқиб, ўз ўлжасини сезиб қолган даҳшатли йиртқичга ўхшаб ҳамлага тайёрланаётганини пайқаб қолди. Хотини эрининг бу ҳолатини кўзларидан билди — унинг лочин кўзлари бир ғазабга тўлса, бир бўзариб кетар эди. Шундан сўнг эрининг қулоғига пичирлади: «ҳамма билан бирга турайлик. Кейин тўғри уйга кетамиз» — деди. Тансиқбоев «хўп» дегандай бошини истар истамас ирғаб қўйди. Одамларнинг олдида эътироз билдириш одобдан эмас, лекин эътироз билдирса ҳам бўларкан. Унинг миясида янги-янги режалар пишиб етилди. Ахир югослав партизанлари орасида Қуттибоев билан бирга бошқа кўпгина асирлар ҳам бор эди, бугун кунжак-кунжакларда яшаб турган ана шу асирлар ҳам нималарнидир билишлари, нималарнидир хотирлашлари мумкин. Қуттибоевни ана шулардан энг фаолларини айтиб беришга мажбур қилиш мумкин. Материалларни яхшилаб текшириб кўриш зарур, эртанинг ўзидаёқ тегишли материаллар олиш учун жойлардан расмий хат талаб қилиш лозим. Ёки Қуттибоевнинг ўзи мумкин қадар эртароқ марказга бориб келиши керак. Материалларни қидириб топиш, синчиклаб кўздан кечириб тегишли хулосалар чиқариш, Қуттибоевни эса чиқарилган хулосаларга имзо чекишга мажбур этиш даркор. Шундан сўнг Югославияда жанг қилган собиқ ҳарбий асирларга Қуттибоев тасдиқлаган кўрсатмалар асосида айб қўйиш, ана шу шахсларни фактларни охиригача айтиб бермаганликда, Совет Иттифоқига қайтариш бўйича комиссиядан ўтаётганда югослав бузғунчиларининг хиёнаткорона кирдикорларини яширганликда айблаб яна жавобгарликка тортиш зарур. Бундай одамлардан юзта эмас, мингта эмас, кўпроқ топса бўлади, улар сўроқ тегирмонидан ўтказилгач лагерларга тиқиб ташланса, вассалом, иш битади (Бу ғояни махфий хат шаклида шипшитиб қўйган маъқул).
Егулик ичкилик бадастир дастурхон атрофида ўтирганида хаёлига келган фикрдан Тансиқбоевнинг кайфияти кўтарилиб, яна ичкиси, егиси, қўшиқ айтгиси, ёнида ўтирганларнинг жиғига теккиси ва мамнунлик ҳамда ўз ҳаётида қандайдир янги бир бурилиш сезганидан қаҳ-қаҳ уриб кулгиси келди. У ўтирганларни сирли нигоҳ билан кўздан кечирди, ахир уларнинг ҳаммаси қон-қардош ва шунинг учун бўлса керак, ўта дилкаш одамлар бўлиб кўринди, лекин ана шу жонажон кишилар Тансиқбоевнинг миясида буюк ғоялар туғилаётган пайтда ўтирганларини хаёлларига ҳам келтиришмас эди. Бу орзу-хаёллар оғушида унинг калласида қон тез юришиб кетган, мамнунликдан юраги тезроқ ва кучлироқ ура бошлаган эди.
Ана шу режа амалга ошса хизмат юзасидан каттароқ мансабга миниши турган гап. Бу оқилона ва мантиқий режа эди: яшириниб ётган душманларни қанчалик нобуд қилсанг, ўзинг шунчалик кўп ютасан. Бундай истиқболдан дил қанот боғлар эди. Ва у ифтихор билан дилдан ўтказди: «Ақлли кишилар ана шундай иш тутадилар. Ҳар қандай ғовлар бўлганда ҳам мен ярим йўлда тўхтаб қолмайман». Бирдан ишга киришиб кетгиси келди — Ҳозир гараждан машина чақирса, Абуталип Қуттибоев қамалиб ётган изоляторга ғизиллаб борса-ю зудлик билан ишни бошлаб юборса, вақтни бой бермасдан ўша ернинг ўзида, камерада сўроқ қилса, сўроқ қилганда ҳам хиёнаткорнинг ўтакасини ёриб сўроқ қилса.
Иш якунининг бошқача бўлиши мумкин эмас: Қуттибоев айбини бўйнига олади, инглиз-югославларнинг топшириқлар берганини тан олади, у билан партизанлар сафида бўлган барча кишиларни номма-ном айтиб беради. 85-модданинг 1-«б» банди билан 25 йил қамоққа ҳукм қилинади. Тан олмайдиган бўлса ватанга хиёнат қилганликда, хорижий махсус хизмат маҳкамалари билан жосус сифатида ҳамкорлик қилганликда ва маҳаллий аҳоли ўртасида мафкуравий қўпорувчилик ишлари олиб борганликда айбланиб отиб ташланади, вассалом, яхшироқ ўйлаб кўрсин.
Ўз режаларини амалга ошириш йўллари ҳақида бош қотирар экан, Тансиқбоев кўп жиҳатлар — сўроқнинг қандай кечиши, Қуттибоевнинг ўзини қандай тутиши, уни тиз чўктириш учун қандай чоралар кўриш кераклиги ҳақида ҳам ўйлаб қўйди, шу билан бирга Қуттибоев яшашни хоҳласа, унинг ҳеч қаёққа қочиб қутилмаслигини, бошқа йўли йўқлигини ҳам яхши билар эди. Турган гап, ўзини оқлаш учун тиш-тирноғи билан ҳаракат қилади, «менинг ҳеч қандай гуноҳим йўқ, югослав партизанлари билан биргаликда қўлимга қурол олиб урушаётганда асирга тушганимнинг ўзи гуноҳимни ювиб кетади, ярадор бўлганман, қон тўкканман, уруш тугагандан сўнг комиссия мени ватанга қайтарган, урушдан кейин эса ҳалол меҳнат қилдим ва ҳоказо ва ҳоказо» дейди. Буларнинг ҳаммаси сафсата. Унинг ҳаёти катта бир сиёсий иш қўзғатиш учун керак. Тансиқбоевга кунини зўрға кўриб юрган муаллим Қуттибоев эмас, балки қанча одамларни турмага тиқишга ёрдам берадиган Қуттибоев кераклигини у шўрлик қаёқдан билсин. Мамлакатнинг кунжак-кунжакларида яшириниб олган давлат душманларини бирин-кетин нобуд қилишда Қуттибоев иш бериши мумкин. Давлат манфаатларидан устун турадиган ҳеч нарса йўқ. Баъзи бировлар одамларнинг ҳаёти устун туради, деб ўйлашади. Бу тентаклик. Давлат шундай ўчоқки, унда фақат одамлар ёниши керак. Акс ҳолда бу ўчоқ ўчиб қолади, шундан кейин унинг кераги бўлмайди, лекин худди шу одамларнинг ўзлари давлатсиз яшай олишмайди. Улар ўзларини ўзлари ёқадилар. Гўлахлар эса ўтин етказиб беришлари шарт. Азалдан шундай.
Тансиқбоев ўз фикрини дарров ўқиб оладиган хотинининг ёнида ўтирган бўлса ҳам, умумий суҳбатга аралашиб атрофдагиларнинг сўзларини маъқуллаб турди. Шу билан бирга партия мактабида миясига қуйилган классик таълимотларни эслаб файласуфона фикр юритар ва одам боласининг нақадар мураккаб хилқат эканлигига ич-ичидан таҳсинлар ўқир эди. Мана, масалан, унинг ўзи меҳмондорчиликда ўтирибди, унинг фикри-зикри улфатчилик қилишда деб ўйлаш мумкин, аслида эса бошқа нарса ҳақида хаёл суриб ўтирибди. Унинг нималарни мўлжалга олаётганини, қандай режалар тузаётганини ким айтиб бера олади дейсиз. Жимгина улфатчилик қилаётган одамнинг миясида улкан тадбирлар режаси етилаётганини ҳозирча ҳеч ким билишга қодир эмас эди, вақти келиб бу режалар амалга ошса борми, одамларни Тансиқбоев ўз олдида, ўзи орқали эса Худодай қудратли ҳокимият олдида тиз чўкиб ўрмалашга мажбур қилади. Қудратли ҳокимиятнинг ҳаммани даҳшатга соладиган шоҳ супасига олиб чиқадиган кўпдан-кўп зиналаридан бири Тансиқбоевнинг ўзи эди, лекин бу поғоналарнинг сон-саноқсиз эмаслигини у яхши билар эди. Тансиқбоев шулар ҳақида ўйлар экан, тансиқ таомни кўргандай ёки жинсий алоқа олдидан жазаваси қўзигандай жисмонан роҳату фарақ топар эди. Тансиқбоев ҳар бир қадаҳ кўтарган сари томирларида қон тобора кўпроқ жўшга кириб, режаларини тезлаштиришга ундади, лекин ўзини сал босиб олишга ҳаракат қилган бўлса ҳам мўлжалларини эртагаёқ амалга ошира бошлашга қарор қилди.
Тансиқбоев мўлжалга олинган ишнинг икир-чикирларини тарозига солар экан, мақсадларининг пухталигидан, режаларининг мантиқийлигидан қониқиш ҳосил қилди. Шундай бўлса ҳам нималардир етишмаётгандай, қандайдир далиллар, жиноят белгилари ишга солинмаётгандай, етарлича мағзи чақилмагандай, яна баъзи бир жиҳатларини охиригача яхшилаб ўйлаб кўриш керакдай туюлаверди.
Масалан, айтайлик, Қуттибоев манқурт ҳақида нималарнидир ёзган. Бу ёзувларда қандайдир сир бўлиши мумкин. Манқурт! Ақл ҳушидан жудо қилинган манқурт ўзининг онасини ўлдириб қўяди. Ҳа. Бу албатта қадимий афсона, лекин бу афсонани тилга олар экан, Қуттибоев нималарни назарда тутди экан? Бўлмаса бу ривоятни нега бунчалик ҳафсала билан ипидан игнасигача ёзади? Ҳа, манқурт, манқурт... Бунда нимадир бўлиши керак, агар мажозий маънода бўлса нималарни назарда тутди экан? Энг муҳими Қуттибоев ўзининг ғаламислик мақсадларида манқурт тарихидан қандай қилиб, қандай шаклда фойдаланмоқчи бўлган? Тансиқбоев манқурт ҳақидаги афсонада мафкуравий томондан қандайдир шубҳали жиҳатларни элас-элас пайқагандай бўлса ҳам жиноятни Қуттибоевнинг бўйнига қўйиш учун ҳали тўла ишончга эга эмас эди. Борди-ю бу афсонани, кўп ҳолларда бўлгани каби, халққа қарши қаратилган афсона деб эълон қилиб туриб, уни шундан сўнг жавобгарликка тортса, нима бўларкин? Бироқ бунинг учун эса Тансиқбоевда ваколат, билим етишмас эди, — буни у яхши тушунар эди, қандайдир олимни ёрдамга чақиришга тўғри келадиганга ўхшайди, Айтайлик, буржуа миллатчиларини фош қилиш масаласи (бугунги зиёфат ана шу муносабат билан уюштирилган) худди шу йўл билан ҳал қилинар эди. Бир гуруҳ шубҳали кишилар фош этилади, шундан сўнг билағон олимлар бошқа бир олимларга гиж-гижланади ва уларни миллатчиликда, сталинча социалистик давримизга зид ўлароқ ўтмишни идеаллаштириб мадҳ этишда айблашади ва тегирмоннинг кечаю-кундуз тўхтовсиз ишга тушиши учун шунинг ўзи етарли эди. Ҳар ҳолда Қуттибоевнинг манқурт тарихини бунчалик синчковлик билан ёзишида бир гап бўлмаслиги мумкин эмас. Қуттибоевнинг ҳар бир сўзини диққат билан яна бир карра ўқиб маъносини чақиш керак, борди-ю зиғирттай илинадиган жойи бўлса бас, афсона ҳақидаги ёзувни ҳам ишга солиш керак бўлади, бу эса Қуттибоевнинг айбига айб қўшажак.
Бундан ташқари, Қуттибоевнинг қоғозлари орасидан Чингизхон даврига оид «Сариўзакдаги ўлим жазоси» номли яна бир афсона чиқиб қолди. Тансиқбоев бу кўҳна тарихга авваллари аҳамият бермаган экан, энди эса бирдан шу ҳақда ўйлаб кетди. Агар чуқур мулоҳаза юритилса, бу ривоятда ҳам қандайдир сиёсий маъно борга ўхшайди.

* * *
Чингизхон Ғарб мамлакатларини босиб олиш учун сон-саноқсиз оилавий қўшинларига бош бўлиб ҳадсиз-ҳудудсиз Осиё кенгликларидан ўтиб борар экан, Сариўзак даштларига келганда қотилликка қўл урди: черик юзбошиси билан зардўз жувонни — оғзидан олов пуркаб турган аждаҳоларнинг суратларини зафар байроқларига зар билан тикадиган ёш аёлни осиб ўлдиришга жазм қилди... Шу пайтгача Чингизхон Осиёнинг кўп қисмини босиб олиб, ўғиллари, набиралари ва саркардаларига улус қилиб бўлиб берган, энди навбат Идил (Волга) ортидаги Европага келган эди.
Сариўзак даштлари. Куз. Ёзда қуриб қолган кўлмаклар ва ўзанлар тинимсиз ёмғирлардан сўнг яна сувга тўлган — мол-жон учун сувсизликдан хавотир олмаса бўлади. Шундай бўлса ҳам черик шошилаётир — йўлнинг энг узоқ, энг қийин қисми Сариўзак даштларидир.
Ҳар бири ўн минг жангчидан иборат уч туман қўшин байроқларини ҳилпиратиб олдинда бормоқда. Бу қўшинларнинг нақадар даҳшатли куч эканлигини шундан ҳам билса бўладики, от-уловларнинг туёқларидан кўтарилган чанг-тўзон даштдаги ёнғиндан кейин кўкка ўрлаган тутун янглиғ уфқда олис-олисларгача осмонни қамраб олган эди. Керак бўлиб қолганда миниладиган уюр-уюр йилқилар, юк ортилган аравалар, кундалик сўйишга мўлжалланган сувай чорва молларига бошчилик қилган икки туман қўшин ҳам орқада осмоннинг ярмигача чанг кўтариб келмоқда эди. Ана шу беш тумандан ташқари бошқа жанговар кучлар ҳам бор эди, лекин улар жуда узоқда бўлганидан кўринмас эди — уларгача етиб бориш учун отда бир неча кун чопишга тўғри келар эди. Ґзлари Идилга томон мустақил йўл олаётган қўшинлар ўнг қанот ва сўл қанотларга бўлинган — Ҳар бир қанотда уч тумандан қўшин бор эди. Қишки совуқ бошлангунга қадарли барча ўн бир туман қўшиннинг саркардалари Идил дарёси соҳилида Хон ўрдасида учрашиб, олдинга юриш ва Идилдан муз устидан ўтиб, шуҳрати оламга ёйилган бой мамлакатларни босиб олиш режасини тузишлари керак эди. Чингизхоннинг ҳам, саркардаларнинг ҳам, ҳар бир суворийнинг ҳам фикри-зикри шунда эди.
Қўшинлар ҳеч нарсага алаҳсимасдан, вақтни қўлдан бой бермай ҳаялламасдан илгарилар эди. Юкли араваларда аёллар ҳам бор эди; ҳамма бало шундан чиқди.
Чингизхоннинг ўзи беш юзта қоровул — хонни йўлда кузатиб борадиган навбатчилар ҳамда ясовуллар соқчилигида сузиб бораётган оролга ўхшаб черик ўртасида борар эди. Лекин у бошқалардан бир одим олдинда эди. Рубъи маскуннинг ҳокими ўз ёнида, айниқса ҳарбий юриш пайтида ён-верисида чуғур-чуғур бўлишини хўш кўрмас, чурқ этмасдан олдинга кўз тикканча ўйга чўмиб борар эди.
Хон Хуба лақабли севикли йўрғасида кетаётир: Чингизхон дунёнинг ярмисини ана шу отида забт қилган, сойнинг тошидай ниқ ва силлиқ, тўши ва яғрини кенг, ёли оқ, думи қора саман йўрғалаб кетаётганда сағрисига сув қўйса тўкилмайди дейсан. Чидамда ва юришда ундан қолишмайдиган ва хоннинг эгар-жабдуқлари билан безатилган яна икки чопқир салт отни махсус сайислар эҳтиётдан етаклаб боришмоқда. Хон от терлай бошлади дегунча уловларни алмаштириб турарди.
Чингизхоннинг аъёнлари хонга содиқ соқчилар, қоровуллар ва ясовуллар юзтадан битта, мингтадан битта, танлаб олинган шамширдай ўткир йигитлар эди, уларнинг остида эса табиатда сийрак учрайдиган соф олтин ёмбидай бебаҳо югурук отлар. Йўқ, бу юришда энг ажойиб нарса булар эмас, бошқа нарса эди. Мўъжизакор нарса ерда эмас, кўкда, осмонда эди. Чингизхоннинг тепасида уни офтобдан тўсиб булут сузиб юрар эди. Хон қаёққа борса, булут ҳам шу ёққа борар эди. Катта ўтовдай келадиган оқ булут жонли нарсадай хон борган жойига соя беради. Бул Кўк-Тангрининг ўз жаҳонгир ўғлига марҳамати эканлигини ким билибди дейсиз — осмонда нима кўп булут кўп. Бироқ Чингизхоннинг ўзи буни билар, зимдан бу булутни кузатар экан, бу Кўк-Тангри иродасининг нишонаси эканлигига тобора кўпроқ ишона борди.
Ана шу булутнинг пайдо бўлишини қандайдир дарвеш башорат қилган эди. Ўша девонаваш киши хон ҳузурига кирганда тиз чўкиб хушомад ҳам қилмади, унинг бахт-омадидан пайғамбарлик ҳам қилмади. Олтинга бурканган ўтов ичидаги тахтда савлат тўкиб калласини киброна кўтариб ўтирган ҳайбатли ҳокими мутлақнинг олдида жулдур кийим кийган, аёлларникига ўхшаш ўсиб кетган сочлари елкасига тушган серсоқол, қорачадан келган савдойи пайдо бўлиб, хонга ўзининг ўткир нигоҳи билан тикилди.
— Буюк хоқон, мен сенга шуни айтмоқчиманки, — деди у уйғур тилмоч орқали, — Тангри таолонинг иродаси билан сенга Арши аълодан айрича нишона ато бўлғусидир.
Чингизхон кутилмаганда айтилган бу сўздан бир лаҳза қотиб қолди. Келгиндининг ақли жойида эмас, ёки сўзининг қандай оқибатга олиб келишини тушунмайди.
— Бу қандай нишона экан, буни сен қаёқдан биласан? — қизиқсинди хоқон жаҳлини босиб, пешонаси тиришган бир ҳолда.
— Қаёқдан маълум эканлигини айтиб бўлмайди, нишонага келганда шуни айтмоқчиманки, — сенинг бошинг устида булут пайдо бўлади ва сенга эргашиб юради.
— Булут?! — Ҳайратини яширмасдан хитоб қилди Чингизхон қошларини чимириб. Атрофдагиларнинг ҳаммаси хоннинг жаҳли чиқаётганини сезиб жим қолишди. Тилмоч қўрққанидан лаблари оқариб кетди — у ҳам жазодан четда қолмас эдида.
— Ҳа, булут,— жавоб берди соҳибкаромат. — Бу булут Тангри Таолонинг сенга оқ фотиҳа бергани, сенинг бу дунёдаги даражангнинг буюклигини исботлагани нишонасидир. Лекин сен бу булутни авайлаб-асрашинг даркор, уни йўқотсанг, куч-қудратингдан айриласан...
Олтин ўтовда жимлик чўкди. Бундай пайтда дарғазаб хоқон ҳар нарса қилиши мумкин, лекин унинг кўз-юзларидан ғазаб гулхани ўчиб бораётган оловга ўхшаб секин-аста сўна бошлади. Дунё кезиб юрган дарбадар фолбинни бўлмағур сўзлари учун жазога тортсам, айниқса, қатл қилсам бўлмас, акс ҳолда хонлик шаънига доғ туширган бўламан деб ўйлаб, жаҳлдан тушди. Чингизхоннинг сийрак сарғиш мўйловларидан маккорона жилмайгани сезилди.
— Хўб, Тангри Таоло бу сўзларни айтишни сенга тайинлади деяйлик. Мен бунга ишондим ҳам дея қолай. Энди менга айтиб берчи, эй доно меҳмон, осмонда ўйнаб юрган булутни мен қандай қилиб авайлаб-асрашим мумкин? Ўша булутни қўриқлаб юриш учун осмони фалакка қанотли отларда навкар жўнатишим керакми? Ё бўлмаса навкарлар ўша булутга юган солиб асов отдай етаклаб юришадими? Қани айтчи, осмонда шамол ҳайдаб юрган булутни мен йўқотмасдан қандай олиб юришим мумкин?
— Бу ёғи сенинг ишинг, мен айтадиганимни айтдим, — қисқача жавоб берди келгинди.
Яна ҳамма ранги ўчиб тахта бўлиб қолди, орага пашша учса эшитиладиган жимлик чўкди, тилмочнинг яна ранги оқариб кетди, олтин ўтовдагиларнинг ҳаммаси ер чизиб қолди, эс-ҳушини йиғиштириб олмаганиданми ёки бошқа сабабданми ҳар ҳолда ҳеч ким ўзини хоннинг қиличига урган шўрлик башоратчининг юзига тик қарай олмади.
— Совғасини бериб жўнатинглар, йўлидан қолмасин, — деди Чингизхон бўғиқ оҳангда ва хоқоннинг сўзлари қуруқчиликдан қақраб ётган тупроққа тушган ёмғир томчилари каби ўтирганларнинг дилига ёқиб тушди.
Чин эмас, ёлғон эмас, бу жумбоқ воқеа тезда ҳамманинг эсидан чиқиб кетди. Ўзини авлиё қилиб кўрсатадиган афандилар дунёда оз дейсизми? Бироқ ўша хорижий дарвеш енгил-елпи ўйлаб, ўзини ўлимга урган дейиш ҳам адолатдан бўлмаса керак. Ахир у ўзининг ким билан учрашганини, нима иш қилганини билмаслиги мумкин эмас. Ясовуллар хоқон билан ҳазиллашиш мана бундай бўлади деб уни асов отнинг думига бойлаб қўйиб юборса-чи? ҳамманинг олдида шармандайи шармисор бўлиб ўлади-кетади. Йўқ, ўша довюрак дарбадарнинг чўли биёбонда шерга юзма-юз келгандай энг даҳшатли ва шафқатсиз ҳокими мутлақ ҳузурига тортинмасдан, ийманмасдан кириши бежиз бўлмаса керак. Бу жинниликми ёки чиндан ҳам Тангрининг ишими?
Кунлар ўтди, ойлар ўтди. Икки йилдан кейин ўша фолбиннинг гаплари Чингизхоннинг эсига тушиб қолди.
Ғарбга юриш учун тайёргарлик азим салтанатнинг икки йил вақтини олди. Кейинчалик Чингизхон шунга ишонч ҳосил қилдики, улкан давлатининг ҳадларини янада кенгайтириш учун жон бериб-жон олиб курашишга кетган ана шу икки йил унинг жаҳонга ҳукмрон бўлиш, энг олий мақсади йўлида, янги ерлар ва ўлкаларни забт этиш йўлида куч ва маблағлар йиғишда энг сермаҳсул давр бўлди, энди у ўзини Рубъи маскуннинг ҳокими, хоқоннинг енгилмас отлиқ аскарлари етиб борган жойларгача жамики рўйи заминнинг соҳиби деб эълон қилса арзир эди. Даштлар ҳокимининг асл мақсади, тарихий вазифаси охир-оқибатда ҳаммага эгалик қилиш ва ҳаммадан қудратли бўлиш касалига мубталолик эди. Шунинг учун ҳам Чингизхон салтанатининг бутун ҳаёти — Осиё қитъасининг ҳадсиз ҳудудларини ишғол қилган улусларнинг ҳаёти, қаттиққўл хоқоннинг зулми остида ғинг этмайдиган хилма-хил қабила-уруғлардан таркиб топган бутун аҳолининг ҳаёти, барча шаҳарларда ва дала-даштларда яшаб турган бойлар ҳамда ялангоёқ фуқароларнинг ҳаёти, қўйингки, ким бўлмасин ва нима иш қилмасин охир-оқибатда ҳар бир кишининг ҳаёти бошдан оёқ фақат бир эҳтиросга — иблисона, мангу очофат ҳирсга, янги-янги ерларни, янги-янги халқларни забт қилиш, бўйсиндириш вазифасига қаратилган эди. Ва шунинг учун ҳам ҳамма ягона ният йўлида хизмат қилар, барча бир мақсадга бўйсунган эди — у ҳам бўлса Чингизхоннинг ҳарбий куч-қудратини оширишдан, бойлик жамғаришдан, ҳокимиятни такомил топтиришдан иборат эди. Ер қаъридан қазиб олинган жамики бойликлар ва тайёрланган қурол-яроғлар, барча кучлар ҳужумга — Чингизхоннинг Европага, унинг ўта бой шаҳарларига қиладиган қудратли ҳамласи эҳтиёжларига хизмат қилдирилган эди, ахир у ерларда ҳар бир жангчи катта ўлжага эга бўлажак, у ўлкаларнинг қалин яшил ўрмонларию отлиқнинг узангисидан келадиган яйловларида қимиз дарё бўлиб оқади, Чингизхоннинг оғзидан олов пуркаб турган аждаҳоларнинг расмлари туширилган байроқлари остида юриш қилиб борган ҳар бир киши ҳокимлик нашидасига шерик бўлажак, ҳамма ғалаба ҳузурини кўражак. Буюк хоқон олға юриш, ғалаба қилиш ва ерларни босиб олишга амр қилган — амри подшо вожиб.
Чингизхон ўта даражада омилкор, тадбиркор ва олдиндан кўра оладиган одам эди. Европага бостириб киришга тайёргарлик кўрар экан, ҳамма нарсани икир-чикиригача чоғлаб, мўлжаллаб қўйди. Содиқ айғоқчилардан, бошқа мамлакатлардан қочиб келганлардан, савдогардан ва зиёратчилардан, дарбадар дарвешлардан, ишбилармон хитойлар, уйғурлар, араблар ва форслардан сон-саноқсиз қўшинларининг бостириб бориши учун зарур бўлган ҳамма маълумотларни — энг қулай йўллар, кечув-гузарларни сўраб билиб олган эди. Чериклар ўтиб борадиган жойлардаги халқларнинг хулқ-атворию урф-одатлари, динларию машғулотларини ҳам ўрганиб олган. У ёзув-чизувни билмас эди ва бу каби ахборотларнинг ҳаммасини ёддан билиши, йўл бўйи учрайдиган нарсаларнинг зарар-фойдасини фарқ қила олиши жоиз эди. Ана шундагина ишда тартиб бўлади, энг муҳими ҳамма учун мажбурий темир интизом бўлмоғи керак. Акс ҳолда муваффақият ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас. Чингизхон талабчанликнинг сусайишига ҳам ҳеч йўл қўймас эди, унинг бош мақсадига, яъни Европани босиб олишга ҳеч ким ва ҳеч нарса халақит бермаслиги шарт эди.
Худди ана шу пайтда Чингизхон ўзининг янги режасини жорий қилди — Ҳарбийларга фуқаролар аралаш қўшинларида бола туғилишини тақиқлаш тўғрисида фармон берди. Гап шундаки, жанговар суворийларнинг хотинлари билан ёш болалари одатда оилавий араваларда қўшинларнинг кетидан эргашиб бораверишар эди. Бу анъана қадим-қадимларда ҳаёт тақазоси ила расм бўлган эди — нега деганда сон-саноқсиз ички низолар пайтида душманлар кўпгина ҳолларда ватанда ҳимоясиз қолдирилган хотинлар билан болаларни қириб бир-бирларидан ўч олишар эди. Бунда қабиланинг илдизига болта уриш учун биринчи навбатда ҳомиладор аёлларни қириб ташлашарди. Лекин вақт ўтиши билан ҳаётда ўзгаришлар бўлди. Олдинлари бир-бирларига доимо душманлик қилиб келган қабилалар Чингизхон ҳукмронлиги даврида тобора кўпроқ муросаи мадора қилиб буюк давлат паноҳида бирлашиб кетишди.
Буюк хоқон ёшлик пайтида, ҳали Чингизхон эмас, Темучин деб аталган даврларда қўшни қабилалар билан кўп марталаб жанг қилган, бошқаларга қаҳрини ўтказган, ўзгалардан ҳам азият чеккан, ана шундай ҳужумлардан бирида меркит қабиласи вакиллари ҳужум қилиб Чингизхоннинг суюкли хотини Бортени ўғирлаб ўз ҳокимига совға қилишади. Чингизхон ҳокимият тепасига келгач ўзаро низоларга шафқатсизлик билан барҳам бера бошлайди. Бундай низолар мамлакатни бошқаришга халақит берар, давлатнинг куч-қудратига путур етказар эди.
Йиллар ўтди ва қўшинларнинг карвонлардаги оилавий ҳаёт шаклига аста-секин эҳтиёж қолмади. Чунки карвонлардаги оилалар черик учун ортиқча ташвиш бўлиб, кенг миқёсдаги ҳарбий ҳаракатларни чаққонлик ва эпчиллик билан ўтказишда, айниқса ҳужум пайтларида ва сувларни кечиб ўтиш кезларида тўсқинлик қилиб қолди. Ана шуни ҳисобга олиб, ҳокими мутлақ қўшин ортида карвонларда кетаётган аёлларга Ғарбга қилинган юриш зафар билан тугагунча туғиш, болали бўлиш қатъий тақиқланди. Бу фармон юриш бошланишидан олдин эълон қилинди. Ўшанда у шундай деган эди:
— Ғарбий мамлакатларни забт этайлик, отларга дам берайлик, шундай кейин карвонларда юрган аёллар хоҳлаганича туғаверишсин. Ўшанга қадарли менинг қулоғим арава ёки кажавадаги аёл туғиб қўйди деган сўзни эшитмасин.
Чингизхон ҳарбий ғалабаларни деб ҳаётга ва Худога шак келтириб, табиат қонунларини ҳам рад этди. Ахир ҳомиладорлик худо амри билан бўлади-ку! Фуқаролардан бўлсин, ҳарбийлардан бўлсин бирон жон бу бедодликка қарши чиқолмади ва ҳатто буни хаёлига ҳам келтира олмади. Бу даврга келиб Чингизхоннинг салтанати шу қадар қудратли марказлашган бир кучга эга эдики, бола туғишни тақиқлаш ҳақидаги фармон ҳар қанча ғайриқонуний бўлмасин, ҳамманинг уни сўзсиз бажаришдан бошқа иложи қолмаган эди, акс ҳолда жазоси муҳаққақ эди...
Мана ўн етти кундирки, Чингизхон Ғарбга томон юриш қилиб борар экан, ўзида йўқ мамнун, кайфи чоғ. Бундай қараганда, буюк хоқон ўзини ҳар доимгидек тутяпти, улуғ зотларга хос бир сирли — дам олаётган шунқордай жиддий, бепарво. Аслида унинг ички дунёсида байрам: дили завқ-шавққа тўла, қўшиқ хиргойи қилиб бораётир, ҳатто шеър тўқиб юборди:


Қор ёғсада, ёмғир ёғса-да,
Довул туриб, сел келса-да,
Қўрчиларим, сергак туриб тун бўйи,
Кўз узмасдан қўрийсиз менинг уйимни.
Улуғ йўлда бораётиб,
Раҳмат айтай қўрчиларим.
Ўтирғизиб, тахтга мени сиз ўзингиз,
Сиз ўзингиз.
Ўз ўрдамда юрт сўраб турганимда,
Ё жанг сари қуюндек юрганимда,
Мени асраб қўрчиларим.
Мендан кўз узмайсизлар.
Шунинг учун кўнглим тинчдир,
Хавфим йўқ.
Бораётиб улуғ йўлда
Раҳмат айтай қўрчиларим.
Кун-тун демай шай турган йўлбарсларим.
Сизлар борки, мен ишониб тоққа қўндим.
Ичи қора, ўйи нопоклар
Тунга ёпиниб, ёйини тезлаб
Келар экан сир билдирмай.
Йўл тўсиб
Роса беринг улар жазосин.
Улуғ йўлда бораётиб
Раҳмат айтай қўрчиларимга.
Чингизхон бу шеърни бировларга ўқиб берса ярашмас эди — қамчисидан қон томган ҳокими ҳуккомнинг шоирлик қилишини тасаввур этиш амри маҳол. Лекин тун демай, кун демай от устида юриш ўзи бўлмайди, чарчоқ, зерикишга ҳай бериш, юракни ёзадиган, кўнгилни очадиган нималардир қилиш керак-ку! Қўшиқ битса битибди-да!
Чингизхон дилидаги тантананинг бош сабаби бошқа — мана ўн етти кундирки, унинг тепасида оқ булут сузиб юрибди — хон қаёққа борса булут шу ёққа боради. Фолбиннинг айтгани тўғри чиқди. Етти ухлаб тушга кирмайди бу. Ўша дарвеш соҳибкароматни амирулдаштга катта ҳурматсизлик қилганликда айблаб қатл эттириш ҳеч гап эмас эди. Лекин дайди фолбин омон қолди. Демак, қисмат шундай.
Ғарбга юриш бошланган биринчи куниёқ барча қўшинлар, карвонлар, от-уловлар, сўйишга мўлжалланган сувай моллар теварак-атрофда селдай оқиб бораётган бир пайтда Чингизхон туш пайтида чарчаган отини йўл-йўлакай алмаштираётиб кўкка боқар экан, ўзининг қоқ тепасида оҳиста сузиб кетаётган, эҳтимол, бир жойда турган кичикроқ булутга кўзи тушди, лекин аҳамият бермади: осмонда нима кўп — булут кўп.
Соқчилару ясовуллар қуршовида кетаёттан хоқон хаёлга чўмганча от устида ўтирар экан, бургут нигоҳи билан кўп минглик итоаткор қўшинларини кузатиб кетаётир, Ғарбга селдай ёпирилиб бораётган жангчилардан ҳар бири қўйиб берса худди шу хоқонникига ўхшаган ҳокимиятга эришсам деган кишилар бўлса ҳам Чингизхоннинг буйруғини ижро этишга келганда от тизгинини ушлаб кетаётган қўлининг бармоқлари каби итоаткор эди.
Чингизхон осмонга қараб яна ўша булутни кўрди, лекин бу сафар ҳам аҳамият бермади. Мил-мил қўшинлар билан дунёни босиб олиш фикри ила банд жаҳонгирнинг тепасида ортидан эргашиб бораётган булут ҳақида ўйлашга вақти йўқ. Кўкдаги булут билан ердаги ҳукмфармо ўртасида қандай алоқа бўлиши мумкин?
Юришда кетаётганларнинг биронтаси ҳам булутни пайқамади, унга ҳеч ким аҳамият бермади. Ўша куни мўъжиза рўй берганини ҳеч ким хаёлига ҳам келтирмади. Икки кўзи тизгинда-ю оёқ остида бўлган жангчиларга кўкда пишириб қўйибдими. Тумонат қўшин бир маромда шахт билан олға босар экан, гоҳ пастликка тушар, гоҳ эса тепаликка кўтарилар, отларнинг туёқларидан, араваларнинг ғилдиракларидан кўкка чанг-тўзон ўрлар эди, дала-дашт ҳеч нарса бўлмагандай доимгидай кенг ястаниб ётарди. Бу мислсиз юриш, селдай оқиш хоннинг васвасаси ва иродаси билан бўлаётир, ўн мингларча киши ўзининг шуҳратига шуҳрат, ҳокимиятига ҳокимият, ерларига ер қўшиш орзуси билан нафас оладиган буюк хоқоннинг буйруғию рағбати ила жон деб олға бостириб кетаётир.
Чериклар шу юришда куннинг кеч бўлганини ҳам сезмай қолишди. Қоронғи тушди деганча тўхтаб туналади, саҳарда яна йўлга тушилади.
Хон ва унинг аъёнларининг тунаши учун олдиндан шоҳона ўтовлар тикилган. Бу ўтовлар узоқ-узоқлардан оппоқ гумбазларга ўхшаб кўзга ташланади. Оқ ўтовларнинг ўртасида ҳаммадан улкан, ҳаммадан тантанавор ўтов юксалиб турибди; ана шу хон ўтовининг ёнида чўғдай қизил ҳошияли қора шойи байроқ шамолда ҳилпирайди; туғнинг ўртасида оғзидан олов пуркаб турган аждаҳо ранг-баранг ипак ва зар билан тикилган. Қовоғидан қор ёққан паҳлавон қоровуллар хонни интизорлик билан кутишмоқда. Хон кўнгли суйган кишилар даврасида овқатланади, шундан сўнг Чингизхон саркардалари билан бугунги юриш натижаларини ва эртанги иш режаларини маслаҳатлашиб олади. Юришнинг бошланиши чакки эмас, демак саркардалар билан улфатчилик қилиб, уларнинг сўзларини эшитса, ўзи ҳам кўнглидагини айтиб олса ёмон бўлмас эди; хоқоннинг ҳар бир сўзи қонун, фармон; хон гапираётганда уни ҳамма ва ҳар бир киши жон қулоғи билан эшитмоғи зарур, чунки бу сўзлар бутун Рубъи маскунга қаратилган, тезда етти иқлим унинг сўзларига ғинг демасдан қулоқ осажак, буюк ҳарбий юришдан мурод ҳам шу — Ҳаммага ўз сўзини ўтказишдир. Ахир сўз — бу абадий куч-ку!
Лекин ўша куни улфатчилик қолдирилди. Бирдан хоннинг юрагида ғашлик пайдо бўлди, хоннинг сиркаси сув кўтармай қолди. Бунинг сабабини хондан бошқа ҳеч ким билмас эди.
Қўниш жойига яқинлашганда Чингизхон ўз тепасидаги булутга яна бир — учинчи марта назар ташламоқчи бўлди. Осмонга қаради дегунча юраги «шув» этиб кетди. Булутдан дарак йўқ. Бу яхшиликнинг нишонаси эмас эди. Бир зумда унинг эти жунжикиб, кўзи қоронғилашиб, боши айланди, у зўрға отининг ёлини ушлаб қолди. Умрида бунақаси бўлган эмас, чунки дунёнинг пойдор негизи бўлган ва Тангри яшаш ва ҳокимлик қилиш учун ато этган Ердаги мавжудотлардан биронтаси уни кутилмаганда ҳайратдан оғзи очилиб қоладиган даражада эсанкиратиб қўйган эмас; кўрмагани қолдими унинг, дунёдаги бирон ҳодиса уни лол қолдира олмаган, қон кечавериб, иссиқдан эриб, совуқдан тўнгавериб дийдаси қотиб кетган жаҳонгир бўлар-бўлмасга хурсанд ҳам, хафа ҳам бўлавермайди. Умрида бирон марта ҳам хонлик шаънига доғ туширмаган жаҳонгир отининг ёлидан ушлаб қолган заифаларга ўхшаб қўрқиб кетди. Бунақаси бўлмаган, бўлиши ҳам мумкин эмас, унинг ёшлигиданоқ дийдаси қотиб кетган, у болаликдан, сув бўйида ўйнаб юрганда балиқ талашиб бир онадан туғилган иниси Бектерни ўқ ёй билан отиб ташлаган кездан бошлабоқ (ўшанда балиқ учун эмас, балки икки қўчқорнинг боши бир қозонда қайнамас деганларидек, куни келиб менга рақиб бўлмасин деб гўдаклик чоғидаёқ инисининг қонига зомин бўлган эди), ҳаётнинг сир-асрорини билишнинг энг тўғри, хатосиз йўли куч ишлатиш эканлигини билиб олди. Кучга бўйсунмайдиган, бош эгмайдиган нарса йўқ бу дунёсида — тош бўлсин, олов бўлсин, сув бўлсин, дарахт, ҳайвон ёки парранда бўлсин, ҳамма-ҳаммаси бўйсунади, осий банда ҳақидаку сўз бўлиши мумкин эмас. Куч-қудрат шиддатидан тиз чўкмайдиган, сўнмайдиган, барбод бўлмайдиган ҳеч нарса йўқ эканлигини билиб олди. Бир куч иккинчи кучни енгганда, ажойибот ўрнини нотавонлик, гўзаллик ўрнини аянчлилик олади, шундан чиқадиган хулоса — шу поймол қилинганларнинг ҳаммаси ҳурматга сазовор эмас, тиз чўкадиганларнинг бари эса мурувватга лойиқдир, бунда мурувват қилувчининг марҳамати ўлчов вазифасини бажаради. Дунё ана шундай қурилган...
Одамзотнинг ҳокимияти, кучи етмайдиган бир нарса бор — у ҳам бўлса Кўк-Тангридир. Ҳимолайлик дарвеш уламолар Тангри Абадийлик ва Чексизлик тимсолидир дейишади. Кўк, сирли Тангригина хоқон ҳокимиятига мутеъ эмас, унга боқим эмас. Тангри олдида унинг ўзи сон-саноқсиз махлуқлардан бири — Тангрига қарши на қўл кўтара олади ва на юриш қила олади ва уни қўрқитиб ҳуркита билади. Шунинг учун ердагиларнинг тақдирини, ҳимолайлик дарвеш уламолар тили билан айтганда — дунёларнинг ҳаракатини бошқариб турадиган Кўк-Тангрига тоат-ибодат қилиш, сажда қилишдан бошқа илож йўқ. Шунинг учун ҳам у ўзга барча бандалар қатори Тангрига ялиниб-ёлвориб сиғинганда ва жонлик сўйиб қурбонлик қилганда Тангридан марҳамат этишини ва ўз паноҳида асрашини, одамлар устидан қаттиққўллик билан ҳукмронлик қилишда ёрдам беришини илтижо этади. Дарбадар донишмандлар айтгани каби, Коинотда ой остида оламлар сон-саноқсиз бўлса, Кўк-Тангри Ер юзини бошдан-оёқ Чингизхонга, унинг авлодлари ихтиёрига топшириб қўя қолса хазинаси камаярмиди ёки Чингизхондан ҳам қудратли, ундан ҳам муносиб Тангрининг бандаси бормикин? Йўқ, бутун Рубъи маскунни идора қила оладиган, ундан кучли одамни ҳали онаси туғмаган. У хуфия ниятлар қилганда Тангри Таолодан шу вақтгача ҳеч ким журъат этмаган нарсани — барча халқлар устидан ҳокими мутлақликни сўрашга айрича ҳуқуққа эга эканлигига ўзида тобора кўпроқ ишонч сеза бошлади — ахир кимдир биров якка ҳоким бўлиши керак-ку? Демак бошқаларни куч ишлатиб бўйсундира оладиган кишигина ҳукмрон бўлишга ҳақлидир. Тангри чексиз марҳамат кўрсатиб унинг бошқа бировларнинг ерларини босиб олишига, шу йўл билан давлатининг куч-қудратини орттиришга монелик қилмади ва у борган сайин Тангрининг севган қули эканлигига, Тангрининг одамлар билмайдиган кучлари унга кўмак бераётганлигига кўпроқ ишонч ҳосил қилди. Ҳаммасига уннаб кўрди. Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам қилди, ахир у қилич ялонғочлаб ўт қўйиб ўтган барча ўлкаларда жабрланганлар хоқонни нималар деб қарғамади дейсиз, лекин бу қарғишлардан биронтаси унга пашша чаққанча ҳам таъсир этмади, аксинча жаҳонгирнинг шон-шуҳрати ва куч-қудрати ортгандан ортиб бораверди: жабр-дийдаларнинг оҳ-фиғонлари ва лаънатлари Кўкка етмади. Шундай бўлса ҳам баъзан қилган ишларидан пушаймонга тушиб, Тангрининг қаҳрига йўлиқмадиммикин, Кўкнинг ғазаби келмадимикин деган шубҳа дилини кемирган пайтлар ҳам бўлган. Бундай ҳолларда буюк хоқон бир пас тахтадай қотиб қолар, ўзини койиб, тобеларга бир оз нафасини ростлаб олишга имкон берар ва Тангрининг адолатли маломатини қабул этар, ҳатто товба-тазарру ҳам қилар эди. Бироқ Тангрининг қаҳридан, норозилигидан ном-нишон йўқ — унинг лутфикарамидан хон ҳамон баҳраманд. Шунга ақли етгач, ошиғи олчи қиморбозга ўхшаб таваккал йўлини тутиб илоҳий адолатга қарши, Тангрининг жиғига тегадиган ишлар қила бошлади. Шунда ҳам барибир Тангрининг ғазабидан дарак бўлмади. Шундан сўнг у мен энди билган номаъқулчиликларимни қилсам бўлаверар экан деган хулосага келди. Ва орадан йиллар ўтди, энди у ўзини Тангрининг суйган бандаси эканман, Тангри Таолонинг фарзанди эканман деган қатъий ишончга келди. Бундай ишонч хоқонда ўз-ўзидан пайдо бўлгани йўқ — фақат чўпчаклардагина шундай бўлиши мумкин; гуркираган тўй-томошаларда бахшилар отга миниб олиб оломонга қараб хоқонни кўкка кўтариб мадҳиялар айтганлари, уни Тангрининг фарзанди деб атаганлари, халойиқ завқ-шавқ билан қўлларини дуога кўтариб ҳамду сано ўқиганлари ҳисобга кирмайди, буларнинг ҳаммаси хушомадгўйликдан бошқа нарса эмас эди. Бунда у ўз тажрибасидан шундай хулосага келди. У Кўк-Тангрининг фикр-зикрларига лаббай деб жавоб берганидан Тангри Таоло унинг барча ишларига ҳомийлик қилади, бошқача айтганда, у Тангри Таолонинг ердаги халифаси, ноибидир. Кўк эса хоқон каби фақат куч-қудратни, нуқул куч ишлатишни, фақат куч-қудрат эгасини тан олади; у ўзини ана шундай деб билар эди.
Асрлар оша овчилик ва мол боқиш билан шуғулланиб келган қиёт қабиласининг қашшоқлашиб қолган кичик уруғларидан чиққан етим боланинг осмонга шахт билан парвоз қилган шунқор каби дунёни ғулғулага солган фавқулодда шуҳрат қозонишини, жаҳонгирликка эришишини бундан бошқача яна қандай тушунтирса бўлади? Тарихда мисли кўрилмаган улкан ҳокимият қанақа қилиб қўлга киритилди — ноиложликда қолган нотавон етимча нари борса шоввоз от ўғриси бўлиб етишиши мумкин эди (аслида у ишни от ўғирлашдан бошлаган). Фолбинликнинг кераги йўқ — Тангрининг қудрати бўлмаса, бир оти икки бўлмаган Темучин оғзидан олов пуркаб турган аждаҳолар тасвири зарҳал билан тикилган байроқ кўтармаган, ҳеч қачон Чингизхон номини олмаган ва Олтин ўтовда тахтда ўтирмаган бўлур эди.
Бунга яна бир далил шуки, Осиё хоқонига Тангри илтифот кўрсатганининг рад этиб бўлмайдиган исботи кўз ўнгимизда турибди. Мана кўкка боқинг — чиройли оқ булут сузиб юрибди, буни ўз ҳаётини таҳлика остига қўйиб, дарвеш фолбин айтиб берган эди. Мана унинг сўзлари тўғри чиқди. Оқ булут — Тангри фарзандига Кўкнинг туҳфаси, унинг марҳамати ва инояти, келажакда буюк зафарлар нишонаси эди.
Юриш қилиб кетаётган кўп минг кишидан биронтаси бундай мўъжиза рўй беришини хаёлига ҳам келтирмас, осмонда билинар-билинмас кезиб юрган оқ булутга қараб ҳам қўймас, булут қаёқдан ва нима учун пайдо бўлгани ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмас эди. Кўкда шамол ҳайдаб юрган булутларни ҳисоб-китоб қилиш ақлданми?.. Фақат дашти биёбонда қўшинларини янги ерларни забт қилиш учун бошлаб кетаётган буюк хоқонгина ана шу кичкина оқ булутда сир борини сезиб, ақл бовар қилмас хаёлларга чўмди ва бундай мислсиз ҳодисанинг бўлишига бир ишонса, бир ишонмади. Хоқон ўйлаб қолди — булут устида олиб борган кузатишлари ва фикр-хаёлларини бошқаларга айтсаммикин-айтмасамикин? Бордию у дили очилиб, сирни бировларга айтиб берса-да, булут кўз очиб юмгунча йўқолиб қолса-чи? Одамлар уни ақлдан озибди дейишмасмикин?
Шундан сўнг у яна ўзини қўлга олди ва бу булут оддий булут эмас, у ўз-ўзидан йўқолиб қолмайди, у Тангри томонидан нозил қилинган нишонадир деб ишонч ҳосил қилди-ю, қувончга тўлди, ўзини қанот боғлагандай сезди, келажакдан башорат қила олишига, Ғарбга қилинган юришининг зафарли якунига ишонди ва дунёвий салтанат барпо этиш йўлидаги орзусини қўлига қилич олиб, амалга оширажагига янада кўпроқ умид боғлай бошлади. У ана шу ниятлар билан олға қараб борар эди. Ҳозир қўлга киритилган ерлар унга кам кўринар эди. Яна бошқа ўлкаларни забт этиш, бойиш керак...
Кунлар шу зайлда ўта борди.
Оқ булут бўлса осмонда машҳур самани Хуба йўрғасида кетаётган Чингизхоннинг кўз ўнгида билинар-билинмас сузиб бораверди. Отининг ёли оқ, думи қора. У дунёга шундай келган.
Синчиларнинг гапларига қараганда, бахт юлдузи остида минг йилда битта ана шундай от туғилар экан. Бу от пойга учун эмас, балки салт миниш учун чарчаш нима эканини билмайдиган тенгсиз улов эди. Хуба йўрға эди, у йўрғалаганда ернинг иссиқ тафтини оладиган жала каби бир маромда тўхтовсиз оқиб кетаверади. Агар юган-сувлиғи бўлмаса эди, бундай от тўхтовсиз чопавериб иссиқлаб ўлган, ёғиб ўтган ёмғир каби бир томчиси ҳам қолмай ерга сингиб кетган бўлур эди. Қадим замонда бир қўшиқчи айтган экан: бундай от минган одам ўзини абадий ўлмайдигандай сезади...
Чингизхон мамнун, бахтли эди. У кучига куч қўшилгандай, худди чарчамас йўрғаси каби ҳаракат қилгиси, марра сари учиб кетгиси келар эди, у гўё ўзини чарчамас йўрға саманидай ҳис қилар, худди бир текисда чопиб кетаётгандай, учиб бораётган отининг жўшган қони ва жони билан қўшилиб кетгандай сезар эди ўзини.
Ҳа, чавандоз ҳам, от ҳам бир-бирига монанд эди,— кучи кучига тенг эди. Шунинг учун чавандоз отга қўндириб қўйилган шунқорни эслатар эди. Эгарда маҳкам ўтириб олган чорпахил буғдойранг суворий оёқларининг учи билан узангига босиб, виқор ва ишонч билан олға борар эди. У отга тахтда ўтиргандай миниб олган эди — бошини баланд кўтариб тик ўтирар, яноқлари туртиб чиққан, юзи ва пўстакнинг тешигидай кўзларида меҳр-шафқатдан нишона йўқ эди. Ундан беадад қўшинни шон-шуҳрат ва ғалаба сари элтаётган буюк жаҳонгирга хос куч ва ирода анқиб турар эди...
Чингизхонни руҳлантиришга ўзгача сабаб бўлган нарса унинг тепасида тимсол каби, буюк салоҳият тожи каби порлаб оқ булут сузиб борар эди. Шу маънода ҳамма нарса бир-бирига мутаносиб эди. Булут... Кўк... Олдинда эса қўшин ҳаракатига бош бўлгандай байроқ ҳилпираб кетаётир — Чингизхон қаерда бўлса, байроқ ҳам ўша ерда. Байроқни уч киши олиб бормоқда — бу вазифа учта девдай йигитга топширилган. Учаласи ҳам юлдузни кўзлайдиган бир хил қора от миниб олишган. Ґртадаги туғбардор байроқ ўрнатилган таёқни ушлаб боради, икки ёнидагилар қўлидаги найзаси билан туғни ўрта белидан тутиб туради. Ипак ва зар билан тикилган қора туғ байроқ хоқоннинг йўлини мунаввар қилгандай, шамолда ҳилпирар, оғзидан қизил олов пуркаб турган аждаҳо худди тирикка ўхшарди. Аждаҳо сакраётган ҳолда тасвирланган, жаҳли чиққанида бўртиб турган, туяникига ўхшаш ўткир кўзлари байроқ билан бирга чайқалиб, чиндан ҳам тирикка ўхшарди.
Ҳориш-чарчаш нима эканини билмайдиган хоқон эгарда ўтириб эрталабдан қўшинга қўмондонлик қилиб борди. Турли томондан унга нўёнлар чопиб келиб хабарлар келтиришар, ўша заҳоти кўрсатма олгач, кетиб бораётган қўшиндан яна ўз ўрнини топиб олишар эди. Қиш арафасидаги ёмғирлар ва лойгарчилик бошланмасдан буюк юриш йўлидаги энг катта тўсиқ — азим Идил дарёси соҳилига етиб олиш учун шошилиш керак эди, шу ерда совуқ тушгандан кейин муз устидан ўтиб ғарбни забт этиш учун яна олдинга қараб юриш мўлжалланган.
Юриш оқшом чўккунча давом этди. Яланг дашт кечга қурун янада бепоёнлик касб этди. Бу эса дунёнинг беададлигидан нишона эди. Ғира-шира бошланмасдан дашт ботиб бораётган қуёшнинг қизғиш нурида тағинда чексиз, янада ҳадсиздай туюлди. Қизариб ботаётган ва ярми уфқ ортига яширинган қуёшдан ёғду олган бийдай даштда сон-саноқсиз лашкар, минглаб отлиқлар, ҳар бир қўшин ўзининг чеки-йўлини билиб олға қараб борар экан, ботиб бораётган қуёш кетидан забт билан қувиб кетаётганга ўхшар, бу ҳол узоқдан қараганда қорамтир сув зарраларию буғ пуркаётган тошқин мавжларини эслатар эди.
Қўшин тунаш учун қўним олгандагина отлар-у суворийларга дам берилади.
Лекин тонг саҳарданоқ ҳўкиз терисидан қилинган улкан довуллар-дўллар тилга киради, тин олаётган лашкарни яна юришга чорлайди. Ширин уйқуда ётган ўн мингларча кишини уйғотишнинг ўзи бўлмайди. Бунинг учун лашкарлар қўнган барча манзил ҳамда қароргоҳларда довуллар қулоқни қоматга келтириб ҳамма тургунча тинмайди.
Хоқон аллақачон оёққа турган. У ҳаммадан олдин уйғонган, кузнинг ҳиди анқиб турган нурли саҳарданоқ хон ўтови ёнида ўйга толиб юрар экан, кечаси тиним бермаган ўй-фикрларини тафаккур тегирмонидан ўтказар, қўшинларга кўрсатмалар берар, ёв-қурларни отларга ва араваларга ундаётган довулларнинг шовқинига қулоқ солишга ҳам вақт топар эди. Яна бир янги кун бошланди, яна одамларнинг қий-чуви, отларнинг дупурию араваларнинг ғичир-ғичири авжига чиқиб, тунда узилиб қолган юриш яна янгисига уланиб кетди.
Довулларнинг даранг-дурунги ҳамон тинмас эди. Довуллар жангчиларни уйғотиш учунгина дунёни бошига кўтариб шовқин солаётгани йўқ, бунда бошқа бир муҳим сир ҳам бор: Чингизхон буюк юришда ўзи билан бирга қадам ташлаётган ҳар бир сипоҳни довул овозлари ёрдамида олға чорлайди, бу талабчан ва қадди букилмас ҳокими мутлақнинг довул овози таъсирида ёпуғлик эшикка бостириб киргандай эндигина уйғониб келаётганларнинг онгига биринчи бўлиб кириб бориш усули эди, шунда аскар жаҳонгирнинг кучи ва эрки билан мажбур қилинган ўй-фикрлардан ўзга хаёлот оламида сайр қилиш имконидан маҳрум этилади, нимага деганда инсон тушида ўз эркига ҳам, бошқалар эркига ҳам бўйин эгмайди, туш шундай ярамас, беҳуда, хатарли эркинликки, уйғонган заҳоти бу эркинликдан воз кечмоқ, уйқудан турганларни қўполлик қилиб бўлса ҳам олдинги ҳолига, ўнгига — хизматига, сўзсиз итоаткорликка, саъй ҳаракатга қайтармоқ жоиз.
Довулларнинг буқа бўкиргандай теварак-атрофни ларзага солган шовқинини эшитганда ҳар сафар Чингизхон бадани жимирлаб кўҳна бир воқеани эслайди: ўсмирлик пайтида ёнгинасида иккита буқа туёқлари билан чанг-тўзон кўтариб, даҳшат солиб бўкирар ва бир-бирларини сузиб жон-жаҳди билан беллашар эди, буқаларнинг бўкиришига маҳлиё бўлиб қолганидан қўлига ўқ-ёй олиб нарироқда уйқусираб ўтирган Бектер исмли укасини отиб қўйганини билмай қолди, бундан сал олдинроқ у дарёдан тутиб олган балиқчани талашиб Бектер билан жанжаллашиб қолган эди-да. Бектер дод солиб бақирди, ўрнидан сакраб турди-да, яна ағанаб тушиб, қонга беланди. Темучин эса (Ҳа, ўша пайтларда у бор-йўғи Темучин эди, ёшлигида ўлиб кетган Есугай баҳодирнинг етимчаси эди), қўрқиб кетганидан ўтов ёнида ётган довулни елкасига қўйди-да тоққа чиқиб кетди. У тоғда довулни бир маромда уриб ўтираверди, унинг онаси Аголен эса пастда фарёд солганча сочини юлиб ўз жигаргўшасини ўлдириб қўйган ўғлини тинимсиз қарғар эди. Шундан сўнг одамлар йиғилиб унга мушт ўқталиб нималардир деб томоқларини йиртар эдилар. Темучин бўлса, тўхтовсиз довулини чалар, ҳеч нарсани эшитмас эди. Нима учундир унинг олдига ҳеч ким чиқиб бормади. У тонг отгунча тоғ тепасида довул чалиб ўтирди...
Юзларча довулларнинг гумбурлаган овози эндиликда унинг жанговар хитоби, ғазабнок ҳайқириғи, жасорат ҳамда қаҳрининг аломати, у билан бирга юриш қилаётганларнинг ҳамма-ҳаммасига хабари эди — қулоқ осинглар, оёққа туринглар, мақсадга эришиш ва дунёни забт этиш учун йўлга чиқинглар дегани эди. Улар то охирига қадарли унга эргашиб боришади — ахир, қаердадир уфқнинг, ернинг чегараси, ниҳояси бўлиши керак-ку — Ҳамма одамлар ва кўз-қулоқли барча махлуқлар ич-ичидан сесканиб бўлса ҳам довулларга қулоқ солади. Ва ҳатто кичкинагина оқ булут ҳам яқиндан буён хоқоннинг ботиний ўй-хаёлларининг ажралмас шоҳиди ўлароқ довулларнинг саҳарги наърасига жўр бўлгандай тепада оҳиста сузиб юрибди. Оғзидан олов пуркаб турган аждаҳо расми зар билан тикилган хоқон туғи шамолда ҳилпирайди. Мана, аждаҳо байроқда жонланиб оғзидан қизил ёлқин чиқариб чопиб кетаётир.
Ўша кунлари тонг пайтлари ўта кўнгилли бўлди.
Чингизхон кечаси ҳам уйқу олдидан қўшинларни кўздан кечириш учун айланиб юрарди. Қаерга қарамасин, чўлнинг у ер-бу ерида ёқилган гулханларга кўзи тушар эди. Жангчилар қўнган манзиллар, от-аравалар тўхтаб турган майдонлар ва йилқибоқарлар дам олаётган сайхонликлар устида оқиш тутун сузиб юрар эди, шу пайтда ҳамма шўрва билан гўштга тўйиб терлаб ўтиришган эди. Сўйилган молларнинг ичак-чавоқлари ва ейишга яроқсиз бошқа чиқиндилари, шунингдек, қозонларда қайнатиб пиширилган гўштларнинг тотли ҳидлари даштлардаги оч жониворларни ўзига жалб қилган. Дашт даррандалари очликка бардош беролмасдан ғингшиб увиллашар, дам олиб ётган қўшиннинг атрофидан узоққа кетишолмас эди.
Ана шу маҳалда барча сипоҳлар қотиб ухлаб ётган эди. Қўшинларни айланиб юрган тунқотар соқчиларнинг «ҳа-ҳа»лаган овозларигина кечаси ҳам тартиб-интизом жойида эканлигини кўрсатар эди. Шундай бўлиши табиий эди, албатта. Чунки ҳамманинг ўз вазифаси бор, булар барчаси пировард натижада ягона ва олий мақсадга — Чингизхоннинг бутун дунёни босиб олиш ғоясига сўзсиз ва мажбурий хизмат қилиши керак эди. Шундай пайтларда у завқ-шавққа тўлиб ўзининг кимлигини, ўта қудратли одам эканлигини, ҳокимият деса ўзини томдан ташлайдиган жаҳонгир эканини пайқайди — унинг салтанати ортган сари ҳокимиятга бўлган «иштаҳаси» ҳам орта боради, шундан муқаррар равишда мутлақ бир хулоса чиқади: жаҳонгирнинг тобора ўсиб бораётган мақсадига мос келадиган нарсаларгина зарурий ҳисобланади, бу мақсадга жавоб бермайдиганлари яшашга қодир эмас.
Шунинг учун ҳам Сариўзакда қотиллик рўй берди, орадан кўп вақтлар ўтганидан кейин ана шу қотиллик ҳақидаги ривоятни Абуталип Қуттибоев ўзининг бошига бало қилиб ёзиб олган эди...
Кечаси отлиқ соқчилар ўнг туман қўшинларини айланиб юриб эди. Жангчилар дам олиб ётган манзилгоҳлардан нарироқда арава ҳайдовчилар, молбоқарлар ва ҳар хил ёрдамчи хизмат вакиллари қўним олган эди. Соқчилар бу ерларни ҳам яхшилаб кўздан кечирди. Ҳамма нарса жойида. Йўлда юравериб чарчаган одамлар ўтовларда, чодирларда, кўплар эса далада гулханлар атрофида думалаб-думалаб ётишарди. Ҳамма ёқ жим-жит, барча ўтовлар қоронғи. Отлиқ соқчилар чор атрофни қараб чиқишди. Улар уч киши эди. Кейин отдан тушишиб суҳбатлашиб ўтиришди. Соқчиларнинг оқсоқоли — юзбошилик телпагини кийган баланд бўйли йигит секингина буйруқ берди:
— Етар. Сенлар боринглар, мизғиб олинглар. Мен эса бу ерни яна бир бор назардан ўтказай.
Икки отлиқ жўнаб кетди. Ёлғиз қолган юзбоши соқчи дастлаб гир атрофни диққат билан кўздан кечирди, ҳар хил пасти-баланд овозларга қулоқ солди, шундан сўнг отдан тушиб отини етаклаганча аравалар турган жойлар ва кўчма устахоналар ёнидан, саррожлар, кийим тикувчилар ва қуролсозлар олдидан ўтиб, қароргоҳнинг чеккасидаги ёлғиз ўтов томон қараб кетди. У хаёлга чўмиб ва шовқинларга қулоқ солиб борар экан, унинг товоқдай юзига ва етаклаб кетаётган отининг ялтироқ йирик-йирик кўзларига ой нури тушиб турар эди.
Юзбоши Эрдене ўтовга яқинлашиб борди. Афтидан, уни кутиб ўтиришган бўлса керак, ўтовдан елкасига рўмол ташлаб олган аёл чиқдида эшик олдида уни кутиб турди.
— Самбайну , — аёлга салом берди у. — Хўш, ишлар қалай? — сўради у хавотирланиб.
— Ҳаммаси жойида, ҳаммаси яхши бўлди. Тангрига шукр, энди хавотир бўлма, — пичирлади аёл. — У сенга жуда мунтазир. Эшитяпсанми, сени кўзи тўрт бўлиб кутиб ўтирибди.
— Ўзим ҳам бутун қалбим билан талпинаяпман, — жавоб берди юзбоши Эрдене. — Келолмай қолдим, бахтга қарши нўёнимиз йилқи санаймиз деб қолса бўладими!? Уч кундан бери йилқининг олдидан нари кета олмадим.
— Хафа бўлма, Эрдене. Келганингда бир нарса қилиб берармидинг. Бировлар сени бу ерларда нима қилиб юрибди экан деб ўйлаб юришмасин. — Аёл Эрденега далда бериб бошини ирғади ва қўшиб қўйди: — Энг муҳими — эсон-омон кўзи ёриди. Оғриқсиз, қийноқсиз бўлмайди, албатта. Лекин бир марта вой деб ҳам қўймади-я! Саҳарда усти ёпиқ аравага обориб қўйдим. Ҳаммаси ими-жимида бўлди. Дўғуланг деганинг зўр жувон экан. Бахт қушинг қутлуғ бўлсин!— деди аёл. — Энди ўғлингнинг отини ўзинг қўй.
— Сенинг сўзларинг Тангрига етсин, Олтун. Биз Дўғуланг иккаламиз умр бўйи сендан миннатдор бўламиз, — деб ўз ташаккурини билдирди юзбоши. — От қўйиш қочмайди, бирон исм топармиз.
У отдан тушиб тизгинини аёлнинг қўлига берди.
— Хавотир олма, қанча керак бўлса, шунча қараб бераман, — ишонтирди Олтун. — Бор, бор. Дўғуланг сени кутиб ўтирибди.
Юзбоши ўзини тутиб олиш учун бир оз туриб қолди, сўнгра ўтов ёнига келди-да, кигиздан қилинган оғир эшик пардани кўтариб, энгашиб ичкари кирди. Ўтов ўртасида кичиккина ўчоқда милтиллаб олов ёниб турар эди, оловнинг хира ёруғида ўзининг Дўғулангини кўрди, Дўғуланг ўтовнинг тўрида елкасига сувсар пўстин ташлаб ўтирган эди. Ўнг қўли билан қавиқ кўрпа ёпилган бешикни секингина тебратиб қўяр эди.
— Эрдене! Мен бу ердаман, — оҳистагина овоз чиқарди Дўғуланг, юзбошига кўзи тушиб. — Биз бу ердамиз, — деб тузатиш қилди аёл кулиб, уялган бир оҳангда. Юзбоши ўқдонни, ёйни, қинга солинган қиличини ечиб, қуролларни эшик олдига қолдирди-да, Дўғулангга яқин бориб қўлини чўзди. Улар бошларини бир-бирининг елкасига қўйиб, қучоқлашиб кўришишди. Узоқ ачомлашиб туришди. Уларнинг наздида ҳозир бутун дунё мана шу ўтов ичига жо бўлган эди. Ана шу кўчма бошпанадан ташқаридаги жамики нарсалар улар учун ўз аҳамиятини йўқотганди. Эрдене билан Дўғулангнинг кўзларига ўзлари-ю уларни боғлаб турган жажжигина бир инсон — уч кун олдин дунёга келган гўдакчадан бошқа ҳеч ким ва ҳеч нарса кўринмас эди.
Биринчи бўлиб Эрдене тилга кирди:
— Энди, қалайсан? Яхшимисан? — сўради у шодлигини босолмай, энтиккан бир ҳолда. — Мен жуда хавотирда эдим.
— Тангри осон қиламан деса ҳеч гап эмас экан, — жавоб берди аёл нимқоронғида жилмайиб. — Ўтган ишга саловат. Ундан кўра чақалоқни, ўғлимизни айт. Жуда бақувват. Кўкракка ёпишиб қаттиқ эмади. Ўзингга ўхшайди. Олтун ўғлингни қуйиб қўйган Эрдене дейди.
— Мен бир кўрай-чи, Дўғуланг. Қандай йигит экан?
Дўғуланг болани кўрсатишдан олдин кераганинг ҳам қулоғи бор дегандай ташқарига диққат билан қулоқ солди. Тиқ этган овоз йўқ эди.
Юзбоши бешикдаги ўғлига узоқ тикилиб қаради, ухлаб ётган чақалоқнинг юз-кўзларидан ўзиникига ўхшаш ҳеч нарса сезмади. Эндигина туғилган фарзандининг юзини диққат билан кўздан кечираётганда, эҳтимол, янги авлоднинг дунёга келиши абадийликнинг илоҳий моҳияти эканлиги ҳақида ўйлагандир. Шунинг учун бўлса керак, у ҳар бир сўзини салмоқлагандай чўзиб бундай деди:
— Энди мен ҳар доим сен билан бўламан, Дўғуланг, агар бошимга ҳар қандай савдо тушганда ҳам ёнингдан кетмайман. Чунки сенинг қўлингда менинг ўғлим бор.
— Менинг ёнимдами? Қанийди энди! — аянчли бир ҳолда илжайди аёл. — Сен демоқчисанки, гўдак — сенинг иккинчи тимсолингдир, худди Будданикидай. Болани эмизаётиб, шу ҳақда ўйлабман. Мен болани қўлимда ушлаб турибман, ҳолбуки уч кун олдин ундан дарак ҳам йўқ эди, шундан сўнг сенинг янги тимсолинг пайдо бўлганлигини туйдим. Ҳозир сенинг ҳам хаёлингга шу нарса келдими?
— Келди. Лекин мен бошқачароқ ўйладим. Мен ўзимни Будда билан қиёслай олмайман.
— Қиёсламаслигинг мумкин. Сен Будда эмассан, сен менинг аждаҳомсан. Мен сени аждаҳо билан қиёслайман, — деди Дўғуланг эркаланиб секингина. — Мен байроқларга аждаҳоларнинг тимсолини тикаман. Бу аждаҳоларнинг ҳаммаси сенсан. Мен тиккан туғларнинг барчасида сен борсан. Баъзан тушларимда ҳам аждаҳони кўраман, аждаҳонинг расмини тикаман, аждаҳога жон киради, лекин сен кулма, уни тушимда қучоғимга оламан ва биз бирга учиб кетамиз, мен у билан учаман, ана шу лаззатли лаҳзада сен пайдо бўласан. Сен гоҳ одам тимсолида, гоҳ аждаҳо тимсолида тушимдасан доим. Уйғониб кетаманда, қайсисига ишонишни билмай қоламан. Мен сенга илгари ҳам айтиб эдим-ку, Эрдене, сен менинг олов пуркайдиган аждаҳомсан. Бу борада мен ҳазиллашган эмасман, бўлган гапни айтганман. Мен байроққа сенинг тимсолингни аждаҳо кўринишида тикаман. Энди эса аждаҳодан бола туғиб олибман-да.
— Майли, сен хоҳлагандай бўла қолсин. Лекин менинг нима демоқчи эканимга қулоқ сол. Дўғуланг. — Юзбоши бир оз сукут сақлаб, сўнг сўз бошлади: «Мана биз болалик ҳам бўлдик, энди буёғи қандай кечаркин, шуни ўйлаш керак. Ҳозир шу ҳақда гаплашиб оламиз. Лекин бундан олдин айтмоқчи бўлганим — шу нарсани билиб қўйишинг керакки, сен буни биласан ҳам, лекин барибир айтаман — мен сени ҳар доим соғинар эдим ва соғинаве-раман. Лекин мен қўрққан энг даҳшатли нарса жангда кал-ладан жудо бўлиш эмас, балки соғинчимни йўқотиш, сенга бўлган соғинчимдан жудо бўлишдир. Жангларда қўшин билан баъзан бир томонга, баъзан иккинчи томонга кетиб қолишга тўғри келарди, лекин ҳар доим ўйлар эдимки, мана шу соғинч мен билан биргаликда бадар кетмасдан сенда қолса. Мен бунинг ҳеч иложини топа олмадим, бироқ орзуга айб йўқ деганларидек, менда қандайдир умид, истак пайдо бўлди — қани менинг соғинчим бирон қуш бўлиб қолса ёки бирон ҳайвон, қандайдир тирик жон бўлиб қолса-да, мен уни сенга топширсам: «мана ол, бу менинг соғинчим, у доимо сенда, сен билан бирга бўлсин» десам. Ана шунда менинг ўлишим қўрқинчли бўлмас эди. Мен энди тушуняпман — менинг ўғлим сенга бўлган соғинчимдан туғилди. У энди доимо сенда, сен билан бирга бўлади.
— Лекин биз ҳали унга от қўйганимиз йўқ-ку. Унга муносиб исм топдингми? — сўради аёл.
— Ҳа, жавоб берди юзбоши. — Сен рози бўлсанг, унга яхши исм қўямиз — Ғунон!
— Ғунон.
— Ҳа.
— Бўпти, жуда яхши. Ғунон, ёш арғумоқ, экан-да.
— Ҳа, уч ёшар дегани. Энди кучга тўлиб келаётган айғир. Ёли қамишдай, туёғи-қўрғошиндай.
Дўғуланг гўдакнинг қулоғига пичирлади:
— Эшитяпсанми, отанг сенга от қўйди.
Эрдене жавоб қилди:
— Сенинг отинг Ғунон бўлди. Эшитаяпсанми, ўғлим? Отинг Ғунон.
Илоҳим шундай бўлсин!
Улар жим қолишди, уларнинг наздида шу лаҳзада бутун бир борлиқ мужассамлашгандай эди. Кечаси сокин эди, сал нарироқда ўтовлар ёнида ит вовуллар, узоқда от кишнар эди — эҳтимол, от ўзининг ўйноқлаб юрган тоғларини, шўх дарёларни, қалин ўт-ўланларни, офтобда яйраб юрган уюрни қўмсагандир. Ғунон исмли чақалоқ эса беташвиш ухлаб ётар, унинг гўдак қисмати ҳам ҳозирча у билан бирга тинчгина уйқуда эди. Лекин гўдакнинг тақдири сал ўтмасдан, кўрадиганини кўрди.
— Мен ўғлимизнинг исми ҳақидагина ўйлаётганим йўқ, — жимликни бузди юзбоши Эрдене ва дағал кафтлари билан мўйловини силар экан, хўрсиниб деди, — бошқа нарсани ҳам ўйлаяпман, Дўғуланг. Ўзинг тушуниб турибсан, сен қўлингдаги бўбак билан бу ерда юришинг мумкин эмас. Тезроқ кетишинг керак.
— Кетишим керак?
— Ҳа, Дўғуланг, кетишинг лозим, қанча тез кетсанг, шунча яхши.
— Мен ҳам шуни ўйловдим, лекин қаёққа кетаоламан, қандай қилиб? Сен-чи?
— Ҳозир ҳаммасини айтаман. Мен ҳам сенлар билан кетаман.
— Бизлар билан-а? Бунинг иложи йўқ, Эрдене!
— Фақат бирга бўламиз. Бошқача бўлиши мумкинми?
— Лекин нима деяётганингни ўйлаб кўр, ахир сен ўнг туманнинг юзбошисан-ку!
— Мен ўйлаб кўрдим, ҳаммасини ўйладим.
— Хўш, сен хоқоннинг қўлидан қаёққа қочиб қутуласан, дунёда бундай жойни топиб бўлмайди, Эрдене, ҳали ҳам ўйлаб кўр!
— Мен ҳаммасини обдон ўйладим. Сўзларимга диққат билан қулоқ сол. Биз имконияти бўлган пайтларда, гавжум бозорлари, дайди-дарбадарлар тўлиб ётган азим шаҳарларда бошида яшириниб қололмадик. Ўша пайтларда, Дўғуланг, жулдур, жандалар кийиб бошқа юртликларга ўхшаб олайлик-да, дарвешларга қўшилиб, овораи жаҳон бўлиб кетайлик деганим шундан эди.
— Овораи жаҳон деганинг нимаси, Эрдене, — деди аёл алам билан.
— Бу дунёда биз бемалол яшай оладиган бирон бошпана топилармикин? Худодан қутулса бўлар, лекин хоқонингдан қутулиб бўлмайди. Шунинг учун сенинг таклифингга рози бўлмаганмиз, бунга ўзингнинг ҳам ақлинг етади. Қўшинда ҳеч бир кимса бунга журъат эта олмайди. Биз қўрқинч ва севги ўртасида ана шу махфий сиримиз билан қолишга рози бўлдик, — сен қўшиндан кета олмас эдинг, акс ҳолда каллангдан жудо бўлар эдинг, мен эса бахтимдан жудо бўлишдан қўрқиб сени ташлаб кета олмас эдим. Сўққабош эмасмиз. Ґғлимиз бор.
ҳар иккаласининг кўнгли чўкиб индамай қолишди. Шунда юзбоши деди:
— Эл-юрт олдида шармандайи-шармсор бўлиб ор-номусини йўқотиб қочиб юрганлар бор, бировларга хиёнат қилиб қўйиб, уятига чидамай одамларнинг юзига қарай олмай яшириниб юрганлар ҳам сероб. Улар чивиндай жонини асрайдиган бошпана топса бас, юраверишади. Бизнинг йўриғимиз бошқа — биз болалик бўлдик, энди уч киши жонимизни сақлаб қолиш йўлини қидиришимиз керак. Бизга ҳеч ким раҳм-шафқат қилмайди. Хоқон ўз буйруғидан қайтган эмас, қайтмайди ҳам. Кетишимиз керак, Дўғуланг, ҳозир йўлга чиқишимиз шарт, бошқа иложи йўқ. Бошингни чайқама, йўқ дея кўрма. Бошқача йўл йўқ. Бахт билан бебахтликнинг илдизи бир. Бахт қуши қўнди, энди бебахтликни кўрайлик. Кетамиз.
— Гапинг тўғри, Эрдене, — секингина жавоб қилди аёл. Сен ҳақсан, сўз бўлиши мумкин эмас. Ўлиш керакми, яшаш керакми — шу тўғрида ўйлаб турибман. Мен ўзимни айтаётганим йўқ. Сен билан бахтлиман, мен ўзимга шундай сўз берганман, ўлсам ўламанки, лекин сендан бўлган мана шу норастанинг нобуд бўлишига икки дунё йўл қўймайман. Бу ишга қўлим бормади — тўғри иш қилдимми, нотўғри иш қилдимми — билмадим.
Ўзингни кўпам қийнайверма, яшаш керакми-йўқми деб ўзингни азобга солма. Биз бола туғилса йўқ қиламиз деб бир ёстиққа бош қўйибмидик? Иккаламиз ҳам ўғил бола бўлишини хоҳладик. Энди ана шу гўдак учун яшашимиз керак. Қулоқ эшитиб кўз кўрмаган ёқларга кетишимиз шарт.
— Мен ўз тақдирим ҳақида эмас, бошқалар тақдири ҳақида ўйлаяпман. Қани менга айт-чи — ана шу қилган ишимиз учун мени ўлдиришиб, сен билан ўғилчамизни омон қолдиришлари мумкинми?
— Бундай дема. Бу билан мени ҳақорат қиляпсан, Дўғуланг. Ҳозир гап бу ҳақда эмас. Ундан кўра ўзинг ҳақингда гапир — ўзинг бардаммисан? Йўлга чиқа оласанми? Олтун иккаланг аравада бўлсаларинг, мен отда сенларни қўриқлаб кетаман.
— Сен нима десанг шу, — қисқача жавоб берди каштадўз. — Ёнингда юрсам бўлди.
Иккаласи ҳам беланчакка энгашиб боланинг юзига термилганча жим бўлиб қолишди. Бир оздан кейин Дўғуланг сўз қотди:
— Қўшинлар яқинда Ёйиқ дарёси соҳилига етармиш, шу гап тўғрими? Олтунга шундай дейишибди.
— Бир кунлик, икки кунлик йўл қолди шекилли, ҳар ҳолда узоқ эмас. Эртагаёқ дарё ёқасидаги чакалаклар, бута-лар, сийрак ўрмонлар бошланади, нарёғи Ёйиқ деган сўз.
— Ёйиқ катта дарё бўлса керак-а?
— Идил дарёсига бораверишда энг катта дарё. Ана шу Ёйиқ.
— Чуқурми?
— Чуқурликка чуқур, ҳамма-ҳам ўтавермайди, от ҳам ўтолмайди. Тармоқлари саёз, албатта.
— Демак, чуқур бўлса, секин оқар экан-да?
— Жимирлаб секин оқади, тез оқадиган жойлари ҳам бор. Ўзинг биласан-ку, менинг ёшлигим Ёйиқ даштларида ўтган. Биз шу ерлик туғди-битдимиз. Бизнинг қўшиқларимиз ҳам Ёйиқ ҳақида. Ойдин кечалари ота-боболаримиз дарё ёқасига келиб қўшиқ айтишар эди.
— Эсимда, — деди ўйланиб туриб аёл. — Бир қўшиқ айтиб бериб эдинг, ҳамон унута олмайман, севгилисидан айрилиб қолган қиз қўшиғи эди. Кейин бу қиз Ёйиққа чўкиб кетган.
— Бу жуда кўҳна қўшиқ.
— Мен ўша қизнинг армонини оқ шойига кашта билан тиксам дейман. Эрдене. Қиз чўкиб кетди, билинар-билинмас тўлқин ҳалқалари тарқаляпти, атрофда эса ўсимликлар, қушлар, капалаклар кўзга ташланади, лекин қиздан дарак йўқ, у айрилиққа бардош бера олмади. Ўша тасвирни кўрган одам мунгли дарё устида янграётган мунгли қўшиқни тинглаётгандай сезсин ўзини.
— Бир кундан кейин ўша дарёни кўрасан. Гапларимга диққат билан қулоқ сол. Дўғуланг. Сен эрта кечқурун тайёр бўлиб туришинг керак. Қочиб кетамиз. Мен от етаклаб келдим дегунча беланчакни кўтариб чиқасан, кечиктириб бўлмайди. Бу ёғига ҳаяллаш мумкин эмас. Менга қолса сенларни бугун, ҳозироқ бошим оққан томонга олиб кетган бўлур эдим. Лекин аксига олиб шу кунлари кечалари ойдин, бунинг устига кафтдай текис даштда яшириниш амри маҳол. Аравада эса қочиб қутулиб бўлмайди. Ёйиқ ёқасига етиб олсак марра бизники, чакалакзорларда бошпана топиш ҳеч гап эмас.
Иккаласи узоқ гаплашишди. Илгарилари икки киши бўлса, энди уч киши. Уч одамнинг тақдири ҳақида ўйлаш осонми? Бешикда ётган нораста «мени ҳам унутманглар» дегандай кучукчадай ғингшиб, йиғлаб юборди. Дўғуланг болани олиб иймангандай ярим ўгирилиб унинг оғзига кўкрагини солди. Юзбоши неча марталаб ҳидлаб ўпган ана шу оппоқ силлиқ мамма энди Эрденега шаҳвоний ҳирс уйғотиш манбаи эмас, балки чақалоқнинг ҳаёт булоғи вазифасини ўтамоқда эди. Энди мамма боланики. Шўриллатиб эмаётир. Юзбоши ҳайратдан бошини ирғаб қўйди-да ўйлаб кетди: тасаннолар айтасан дунёга, кейинги кунларда қанчадан-қанча ташвишлар бошдан ўтди — ниҳоят ой куни етиб табиат ўз ишини қилди: энди у — ота, Дўғуланг — она, уларнинг ўғли бор, она боласини эмизяпти... Азалдан шундай бўлиб келган. Гиёҳдан гиёҳ битади, бу табиатнинг иродаси, жониворлардан жониворлар туғилади, бу ҳам табиатнинг иродаси ва фақат инсоннинг инжиқликларигина табиат қонунларига халақит бериши мумкин.
Чақалоқ онасининг кўкрагини чўлпиллаб сўравериб тўйди.
— Воей, воей қитиғим келди, — хурсанд бўлганидан кулиб деди Дўғуланг. Жуда тийрак бола чиқиб қолди бу. Бир эмишга бошласа ҳеч оғзидан қўймайди, — деди у ўзининг нега кулганини изоҳлагандай. — Қара. Ғунонимиз қуйиб қўйгандай ўзинг. Бу бизнинг кичкинагина аждаҳомиз, катта аждаҳонинг ўғли! Ана кўзларини очди! Қара, қара, Эрдене, кўзлари ҳам сенинг кўзларингга ўхшайди, бурни, лаблари ҳам тайёр сеники.
— Ўхшайди, албатта, жуда ўхшайди, — деди юзбоши. Кўриб турибман: бировга жуда ўхшайди.
— Бировга деганинг ким экан? — ажабланди Дўғуланг.
— Ўзим-да, албатта, ўзим.
— Мана, ушла, қўлингга олиб кўр. Бир парча тирик эт. Енгиллигини айтмайсанми! Қўлингда қуён боласини ушлаб тургандай сезасан ўзингни.
Юзбоши қўрқа-писа болани қўлига олди, унинг бақувват қўллари бир парча тирик жонни, нозик бир норастани авайлаб, асраб ушлашни эплай олмайдигандай қўпол, дағал туюлди, Эрдене ўғлини қўллари билан секингина юрагига яқин олиб борар экан, оталик меҳри уйғониб, бахтиёр бир илжайиб қўйди, шу онда унинг нигоҳида янги бир туйғу жамол кўрсатаётгандай ҳаяжонланиб деди:
— Биласанми, Дўғуланг, қуёнча эмас, мен ўз юрагимни қўлимда ушлаб турганга ўхшайман.
Чақалоқ тезда ухлаб қолди. Юзбошининг ўз ўрнига қайтадиган пайти бўлиб қолган эди.
Эрдене ярим кечада севгилисининг ҳузуридан чиқар экан, олтин куз пайтида дашт устида кумуш ёғду таратиб турган ойга тикилди ва ўзининг танҳолигидан, чорасизлигидан ўкинди. Бу ердан нари кетиш ўрнига яна ўғли билан хотини ёнига қайтгиси келди. Чексиз-поёнсиз дашт кечасида таралган қандайдир сирли овозларга қулоқ солиб, туриб қолди. Дил қаърида яшириниб ётган машъум хаёл яна ўз комига тортди-тақдир тақазоси ила буюк хоқоннинг буюк ишларига бош қўшиб, иккаласи ҳам олампаноҳ етакчилигида Ғарбга юриш қилиб, ўзларини ажал қиличига уришди — бола туғилганини билиб қолса, хоқон ўша заҳоти чил-парчин қилиб ташлаши турган гап. Уларнинг Рубъи маскун ҳукмдори билан тақдирдош, майдондош бўлишининг ўзи яхшиликдан нишона эмас, ўзларининг шахсий ҳаётларига зид бир ҳолат эди, шунинг учун битта-ю битта йўл қолди — у ҳам бўлса қочиш, учар қушдай эркинликка эришиш, боланинг ҳаётини қутқариб қолиш эди.
Тезда у нарироқдаги хизматчиси Олтунни қидириб топди, у отга ем бериб ивирсиб юрган экан.
— Хўш, ўғлингни яхшилаб кўриб олдингми? — деди Олтун шоша-пиша.
— Ҳа, раҳмат, дийдорига тўйдим.
— Ўғлингга от қўйдингми?
— Ҳа, Ғунон деб от қўйдим.
— Яхши исм қўйибсан — Ғунон.
— Ҳа, яхши исм. Худо шоҳид Олтун, сенга айтадиган гапим бор. Шошилинч. Ҳозир айтишим керак. Мен сени туғишган опамдай кўраман. Ґғлимиз учун тутинган она бўлдинг. Агар сен бўлмаганингда эди, биз Дўғуланг иккаламиз топиша олмаган бўлар эдик. Эҳтимол, Дўғуланг билан иккаламиз бошқа учраша олмасдан, ҳижрон қийноғида азоб чеккан бўлур эдик. Урушнинг оти ҳам уруш, ўзи ҳам, ким уруш бошласа, икки ҳисса азоб чекади. Мен сендан миннатдорман.
— Тушунаман, — деди Олтун. — Ҳаммасини тушунаман. Ўзинг ҳам, Эрдене, одам боласи журъат этолмайдиган иш қилдингда! — Олтун бошини чайқади. Кейин қўшиб қўйди: — Илоҳим, ишларинг ўнгидан келсин. Мен тушуниб турибман, — давом этди аёл. — Сен бу тумонат қўшинда бугун юзбошисан, эртага нўён — мингбоши, кейин умр бўйи иззат-ҳурматда бўласан. Ўшанда биз бугунгидай гаплаша олмаган бўлур эдик. Сен — юзбоши, мен чўриман. Фарқини ҳамма билади. Лекин сен ҳарбий иш билан бир қаторда дилинг амрига ҳам қулоқ солдинг. Мен бу ишда озми-кўпми ёрдам қилдим, йўқ деганда отингни ушлаб турдим. Сенинг Дўғулангингга ҳам хизмат қилдим, хабаринг бор. Энди бутун вужудим билан унга меҳр қўйиб қолдим, менинг наздимда Дўғуланг гўзаллик маъбудасининг қизига ўхшайди. Ҳа, худди шундай! У гўзалликда тенги йўқ. Шундай. Лекин гап бу ҳақда кетмаётир. Мен бу аёлнинг бошқа бир фазилати ҳақида гапирмоқчиман. Унинг қўлида қандайдир мўъжизакор куч бор, аёл зоти борки, ип ишлатади, нималарнидир тикади, лекин каштадўзликда ҳеч ким Дўғулангнинг олдига туша олмайди. Мен бунинг гувоҳиман. Байроқларга тикилган аждаҳолар тирикка ўхшайди. Юлдузларнинг расми эса осмондаги юлдузлар каби порлайди. Худо берган санъат. Ундан ҳечам ажралмайман. Агар сенлар кетсаларинг мен ҳам бирга кетаман. Унинг бир ўзи қочиб кетолмайди. Яқинда бўшанганку, ахир.
— Гап ана шунда-да, Олтун. Эртага, ярим кечаларда тайёр бўлиб туриш керак. Қочамиз. Сен Дўғуланг иккаланг бола билан аравада кетасанлар, мен эса бир отга миниб, биттасини етаклаб оламан. Ёйиқ дарёси ёқасидаги чакалакзорга етиб олишимиз керак. Энг муҳими тонг отмасдан бу ердан анча ўзиб кетишимиз шарт, шундай қилмасак изимизга тушиб топиб олишади.
Улар индамай қолишди. Эрдене отга минишдан олдин хизматчи Олтуннинг буришиб қолган озғин қўлининг кафтидан ўпди, бундан бир неча йил олдин Хитой ҳудудида бўлган жангларда асирга тушиб, бутун умри Чингизхон карвонларида хизматкор бўлиб келган муштдайгина бу кекса аёл Дўғуланг билан Эрдененинг бахтига битган қут бўлди. Бўлмаса бу аёл Эрденега ҳеч ким эмас — Чингизхоннинг Ғарбга қилган юришида хизмат қилиб юрган аёллардан бири. Лекин жонини таҳликага қўйиб севишган икки ёшнинг бирдан-бир ишончли таянчи бўлди. Юзбоши бу ишда фақат шу аёлга, заҳматкаш Олтунга ишониш мумкинлигини, дунёда бошқа бирон инсонга ишониб бўлмаслигини тушунди. Оламга даҳшат солувчи хитоблар билан ғарбга юришда иштирок этаётган ўн минглаган майдондош, тақдирдош жангчилар ичида шу аёлдан бошқа Эрдененинг ёнини оладиган биронта одам топилармикин — ёлғиз ана шу Олтунгина шундай қилиши мумкин эди. Шундай қилди ҳам. Эрдене тун қоронғусида Оқюлдуз лақабли қашқа отини миниб олиб, қўнишларда ва араваларнинг ён-верларида узала тушиб ётган ҳарбийларни четлаб ўтар экан, олдинда қандай қисмат кутаётгани ҳақида ўйлади, ва худодан эндигина ёруғ дунёга келган бегуноҳ гўдакнинг бахтини сўради, ахир ҳар бир туғилган бола — Тангрининг иноятидир. Тангрининг амри ила қачонлардир кимдир инсон кўринишида инсонлар олдида пайдо бўлади, бу эса Тангрининг инсон олдидаги зуҳуридир. Шунда одамнинг қандай бўлиши кераклигини ҳамма кўради. Тангри дегани чексиз, мислсиз Кўк дегани, Осмон дегани. Ҳамманинг тақдири — кимнингдир туғилиши, кимнинг яшаши, кимнинг ўлиши Тангри ихтиёридадир.
Юзбоши Эрдене от устида туриб юлдузли осмонни кўздан кечиришга, Тангридан илтижо қилишга, ўз тақдирини билишга уриниб кўрди. Лекин Кўк жавоб бермас эди. Ой бўлса осмонда ёлғиз ўзи ҳукмронлик қилар, тун зулмати ичра донг қотиб ухлаб ётган Сариўзак дашти устида ўзининг кўкимтир нурини сочиб турар эди...
Саҳарда яна довуллар тилга кириб гумбурлаб ҳаммани ширин уйқудан уйғотди, қурол-яроғларни тахт қилиб отланишга, асбоб-ускуналарни араваларга ортиб йўл олишга буйруқ берилди, хоқоннинг шиддатли ҳокимиятидан илҳомланган ва ҳаракатга келган селдай қўшин яна Ғарбга томон йўл олди.
Юриш бошланганига мана ўн етти кун бўлди. Сариўзак даштининг юриш қийин бўлган бепоён бўшлиқлари орқада қолди, энди бир-икки кун дегунча Ёйиқ дарёси бўйидаги бутазорлар бошланади, ундан нарида буюк Идил дарёси оқиб ётибди — Идил дарёси ер куррасини икки қисмга — Ғарб ва Шарққа бўлиб туради.
Юриш одатдагидай давом этмоқда. Олдинда гижинглаган қора бедовларда байроқдорлар кетаётир. Уларнинг ортида соқчилар ва аъёнлар қуршовида Чингизхон. Хоқон ўзининг оқ ёлли йўрға севимли Хубасига миниб олган. Тепада бўлса, хоқоннинг кўзига қувонч, дилига шодлик бахш этиб, ғурурига ғурур қўшиб ҳар доимгидай ажралмас йўлдоши — оқ булут сузиб кетаётир. Хоқон қаерга борса, булут ҳам ўша ёққа боради. Ерда эса бутун борлиқни тўлдириб икки оёқлилар билан тўртоёқлилар денгизи — Чингизхоннинг қўшинлари, уловлари, от-аравалари-ю, сўйиш моллари ўркач-ўркач тўлқинлар каби оқиб кетаётир. Гувуллаган шовқин узоқда қутураётган денгиз тўлқинлари қаъридан чиқаётганга ўхшарди. Ана шу ҳисоб-китобсиз одамларнию жон-жониворларни, жонсиз араваларни Чингизхон, унинг куч-қудрати-ю режалари, ўй-фикрлари олға ҳайдамоқда. Ҳозир ҳам у от устида кетаётиб яна ўша режалар ҳақида, камдан-кам инсон журъат эта оладиган орзу — бутун дунёга ҳоким бўлиш, мангуликка бир бутун давлат тузиш, етти пуштигача шу беҳудуд мамлакатни идора қилиш ҳақида ўйлаб бораётир. Хўш, бу режаларни қандай амалга оширса бўларкин? Бунинг фақат бир йўли бор — у ҳам бўлса зарварақларда амр-фармонлар беришдир. Унинг дунёни қандай идора қилиш ҳақида қояларга битилган фармонлари ўша тоғлар каби дунё тургунча тураверади. Хоқон от устида ана шу ҳақда хаёл суриб кетаётган эди. Тоғу-тошларда ёзувлар қолдириш ўз номини абадийлаштиришнинг энг ишончли воситаси эди-да! Хоқон бу ишни қаҳратон қиш кунларида, Идил бўйидаги қоялардан бошлайди. Азим дарёни кечиб ўтиш олдидан олимлар, донишмандлар ва башоратгўй-бахшилар иштирокида мажлис ўтказади, хоқон ўзининг умри боқий давлат ҳақидаги фармонларини жорий қилади ва бу олтин сўзлар қояларга битилади. Бу сўзлар дунёни ағдар-тўнтар қилади ва бутун олам унинг пойига йиқилади. Жаҳонгир ҳозир ана шу ширин орзу билан олдинга қўшин сураётир. Рўйи заминда ҳамма шу мақсадга хизмат қилмоғи керак. Ҳарбий юришга муваффақият келтирмайдиган жамийки нарсалар йўл-йўлакай барбод этилмоғи, бартараф қилинмоғи даркор.
Ва яна қўшиқлар тўқилди:


Бу дунёни ким сўрайди?
Мен сўрайман.
Гавҳар қилиб, ойни осмонга иламан.
Қараб тур!
Мен етмаган жой қутулгайми?
Қолмас, қолмас!
Қочиб биров қутулганми?
Қутула олмас!
Қараб тур!
Биз кетсак-да ўрнимизга
Тағин янги авлод етур,
Дунёни тугал олиб берганимга,
От устида ўтказган бул умримга,
Олқиш айтур, таҳсин айтур,
Қараб тур!
Бахтга қарши, худди ўша куни, туш пайтида хоннинг фармони олийларига зид ўлароқ карвондаги бир аёлнинг бола туғиб қўйганлиги ҳақидаги хабар Чингизхон қулоғига етди. Боланинг кимдан бўлганлиги маълум эмас эмиш. Бу хабарни айғоқчи Арасан кўтариб кепти. Кўзлари чақнаб турган, чарчаш нима эканлигини билмайдиган, ернинг остида илон қимирлаганидан хабардор қизил юзли айғоқчи бу гал ҳам биринчи бўлиб хабар келтирди: «Жаноби олийлари, менинг бурчим бўлган гапни сенга етказиб туришдан иборатдир, сенинг фармони олийингга қарамасдан шу воқеанинг содир бўлгани рост». Бу жир босиб кетганидан бўлса керак, хириллаган овозда ўз хабарини тугатди айғоқчи Арасан, шамолда сўзлари яхшироқ эшитилсин учун узангиси узангисига тегадиган даражада хоқонга яқин келиб.
Чингизхон айғоқчининг гапларига ҳа деганда тушунавермади, сўз ҳам очмади. Қояларни ўйиб тарихий сўзларни ёздириш фикри билан банд бўлганидан нохуш хабарга ўша онда аҳамият бермади ҳам. Сўнгра воқеанинг моҳиятига етгач ичидан зил кетди. Чингизхон ўзини ҳақоратланган сезиб, жим қолди, аламини қамчи босиб отидан олди. Отнинг шахт билан олдинга ташланганидан мўйнали пўстинининг барлари ҳурккан қушнинг қанотлари каби шамолда лопиллаб кетди. Хоқон билан ёнма-ён кетаётган айғоқчи Арасан нима қилишини билмай қолди — у хоқоннинг жиғига тегиб кетмай дегандай гоҳ отининг жиловини тортар, ҳокими мутлақнинг сўзларини яхшироқ эшитиб олиш учун у билан яна отини қамчи босиб узангима-узанги бўлиб олар эди. Айғоқчи ҳеч нарсага тушунмай қолди — Чингизхоннинг бу қадар узоқ жавоб қайтармагани сабабига ақли етмади, ахир хоқон «аёл қатл этилсин» деса бас, қолганини бажо келтиришаверади, — бирпасда ўша аёлни ҳаромзодаси билан биргаликда араванинг ўзидаёқ гум қилиб ташлашади-қўяди — фармони олийни оёқ ости қилганнинг жазоси шу. Уни кигизга ўраб бўғиб ташлашса бўлди, ўлади-қолади, — бу бошқалар учун сабоқ.
Бирдан хоқон айғоқчи томонга кескин бурилиб:
— Ўша қанжиқ аравада туғиб олгунча, иккиқат бўлиб юрганини ҳеч ким сезмабдими? Ёки билса ҳам, билмасликка олибдими? — деб эди, Арасан юраги чиққанидан, узангисини тепиб эгарда тик турганини ўзи ҳам сезмай қолди.
Айғоқчи Арасан воқеанинг қандай содир бўлганини хонга тушунтириб бермоқчи бўлиб энди оғиз жуфтлаган эди, хон унинг пойма-пой сўзларини қаҳр билан кесиб деди:
— Ўчир!
Орадан бироз вақт ўтгач хоқон жаҳд билан сўради:
— Ўша манжалақининг эри-ку йўқ экан, аравада туғиб олган хотин ким экан ўзи — ошпазми, гўлахми, молбоқарми?
Хоқон туғиб қўйган аёлнинг байроқларга гул тикадиган каштадўз эканини билиб жуда ҳайрон қолди, кимнингдир бу иш билан шуғулланишини, кимнингдир шоҳона байроқларни бичиб, зар билан гуллар солиб безаб тикишини, шунингдек кимнингдир хон этигини тикканини ёки умр бўйи роҳатини кўриб келган ўтовларнинг кимнингдир оёққа турғизганини ҳеч қачон ўйлаб ҳам кўрмаган экан. Олдинлари бундай икир-чикир, майда нарсалар ҳақида ўйлашни ўзига эп кўрмаган эди. Нима бўпти — байроқ дегани хоқоннинг қўшинларида ҳар доим бўлган: аскар қўним олган жойларда дейсизми, юриб кетаётган отлиқ аскарларнинг қўлларида ёки зиёфат берилаётган жойларда дейсизми, байроқлар ёқиб қўйилган гулхандай хон келишидан олдиноқ ял-ял ёниб ҳилпираб турган. Ҳозир ҳам шундай — хоқонга оқ йўл тилаб байроқдорлар отларини гижинглатиб ҳаммадан олдин боришмоқда. Жаҳонгир Ғарбга томон юриш қилиб бораётган экан, ўзгаларнинг байроқларини оёқ ости қилиб, ўз туғларини тикиш илинжида кетаётир. Шундай бўлади ҳам. Дунёни забт этиш учун хоқон билан бирга бораётган ҳар қандай киши бир оз бўлса ҳам итоатсизлик қилса, ўлим жазосига мубтало бўлади, вассалом. Итоат қилдириш учун жазолаш бир кишининг кўпчилик устидан ҳукмрон бўлишининг ҳамишалик қуролидир.
Лекин каштадўзнинг қилмиши аниқ. У жазосини тортади, бироқ бу ишда яна кимдир арава ёки қўшинда юрган бирон йигит айбдор албатта... Ўша ким экан?
Энди Чингизхоннинг феъли айниди, қовоғи осилиб, ранги ўчди, силовсин кўзларидай қўрқинчлик кўзларини ўқрайтириб, узангини чираниб босди-да, эгарда донг қотгандай ўтириб қолди. Ҳар қанча шошилинч иши бўлганлар ҳам хоқоннинг ёнига йўлай олмай қолди, унинг бу қадар жаҳли чиқишига сабаб ўша каштачи билан қандайдир ўйнашининг қатағон шартларини бузиб гуноҳи азимга қўл урганигина эмас эди, бу воқеа хоқоннинг дилида аччиқ, ўчмас ва уятли из қолдирган бутунлай бошқа бир тарихни эсига солди.
Ёшлигида бўлиб ўтган воқеани эслаб юрак-бағри қон бўлди. Отасиз ўсган Темучин даври келиб Рубъи маскуннинг ҳукмрони бўлишини ҳеч ким, ҳатто ўзи ҳам хаёлига келтирмаган. Ўшанда бўз болалик пайтида оғир бир иснодга қолган. Болалигидаёқ ота-оналари унаштириб қўйишган қайлиғи Бўртени уйланганига бир ой бўлмасданоқ қўшни меркит қабиласи бостириб келиб ўғирлаб кетган. Темучин меркитларга ҳужум қилиб хотинини қутқариб келгунча орадан талай кун ўтади, хон дунёга ҳукмрон бўлмоқ, тахтда ўтириб ўз номи-ни абадий юксакликка кўтармоқ учун, ҳамма ўтган нарсаларни унутмоқ учун кўп минг қўшин билан Ғарбга юриш қилаёт-ган ҳозирги пайтда ҳам ўша мудҳиш кунларни эслашга юраги бетламади. Ўшанда кечаси меркитлар уч кунлик қон-ли жангдан сўнг аёвсиз ҳужумга бардош беролмай фақатгина ўз жонларини сақлаб қолиш учун уюр-уюр йилқилари-ю, қароргоҳларини ташлаб қасосдан қўрқиб тум-тарақай қочиб кета бошладилар. Қасос ҳақидаги қасамда бундай дейилади.


...Жонлиқ сўйиб, қон чиқардик,
Қадимий байроқ, шонли байроқ.
Байроқни қонга солдик,
Довул қоқдик данғиллатиб,
Қояга урса, тош кесар,
Бўйинга урса, бош кесар.
Қилични қия боғладик,
Ўқ ўтмас совут кийдик.
Энди меркит, ажалинг етгани шу.
Онт ичдик:
Биттанг ҳам соғ қолмайсан — йўқ қиламиз,
Маконингни яйдоқ қиламиз.
Ана шу қасамга содиқ қолиш учун ҳамма жон бериб, жон олиб жанг қилди, қоронғи кечада бақириқ-чақириқ, доду-фарёдлар авжига минди, саросимага тушиб қочаётганлар орасида ёпиқ аравада хотин-халаж кетаётган эди. Темучин хотинини йўқотиб қўйган эди, у хотинини топа олмасдан жон аччиғида «Бўрте! Бўрте! Қаердасан, Бўрте!» деб қичқириб, рафиқасини чақирар, ўзини ўтга ҳам, сувга ҳам уриб зир югурар эди. Лекин Бўртедан дарак тополмасди, ниҳоят Темучин бир ёпиқ аравани қувиб етди, йигитлари аравакаш аёлларни қатл қилиб бўлишгач, хотинининг овози эшитилди: У «мен бу ердаман! Мен Бўртеман» деб аравадан ўзини ерга отди. Темучин отидан сакраб тушди-да, қоронғида бир-бирининг қучоғига отилишди. Темучин ёш хотинини соғ-саломат топиб бағрига босиб турган онда юрагида наштар санчилгандай оғриқ сезди – ундан қандайдир бегона ҳид анқирди, бу эҳтимол, Бўртенинг силлиқ ва илиқ бўйнидан ўпган бирон гиёҳванд эркак зотининг исидир, у шу ҳақда ўйлар экан, ўз лабини қонатиб тишлаганича туриб қолди. Ёнверида эса аёвсиз жанг, уруш давом этмоқда, жон бериб, жон олиш давом этаётир.
Шу-шу у жангга бошқа кирмай қўйди. Асирликдан қутқариб олган хотинини аравага ўтирғизди-да дилини қийнаётган бутун сирни айтиб солмаслик учун ўзини қўлга олиб орқага қайтди. Шундан буён бутун умри вужуди қийноқда. Хотинининг душман қўлига ўз хоҳиши билан тушмаганини яхши билади. Шундай бўлса ҳам виждон азоби тинчлик бермайди унга — нега хотини озиб-тўзмаган? Ахир унинг биронта сочи тўкилмабди. Демак, Бўрте асирда қийинчилик кўрмаган, ранг кўр, ҳол сўр. Бу ҳақда ўшанда ҳам, ундан кейин ҳам иккаласи очиқчасига гаплашишга журъат этишмади.
Меркитлар Темучин билан бўлган жангда енгилгандан сўнг бу қабиланинг бошқа ўлкаларга ёки бориш қийин бўлган жойларга кўчиб кетишга улгура олмаган вакиллари ҳеч қандай хавф туғдирмас, кўплари молбоқар ва хизматкор бўлиб ишга кирган ёки қул бўлиб кетган эди, шундан кейин ҳам энди Чингизхон номи билан машҳур бўлган ўша аламзада Темучиннинг меркитлардан ҳамон аёвсиз ўч олишининг сабабини ҳеч ким тушунмас эди. Оқибатда қочиб кетишга улгурмаган барча меркитлар қириб ташланди, улардан биронтаси ҳам Бўрте меркитлар қўлида асирда бўлганлигига алоқадор бирон нарса айтиб бера олмас эди.
Кейинчалик Чингизхон яна учта хотин олди, лекин тақдирнинг ўша илк шафқатсиз зарбасидан қолган дардни ҳеч нима даволай олмади. Хоқон бутун умри ана шу дард билан яшади. Ана шу қон талашиб турган, лекин зоҳиран ҳеч кимга кўринмайдиган қалб яраси билан яшаб келди. Бўрте тўнғич ўғли Жўчини туғиб бергандан кейин Чингизхон ўз хотинининг ҳомиладорлик кунларини синчковлик билан ҳисоблаб чиқди, шундан кейин аниқ бир фикрга кела олмади: ундай бўлиши ҳам, бундай бўлиши ҳам мумкин, бола унинг ўғли бўлиши ҳам, бўлмаслиги ҳам мумкин. Унинг ор-номусига юзсизларча чанг солган қандайдир номаълум киши Чингизхоннинг бир умрга тинчини бузди.
Ҳарбий юришда каштадўз билан ўйнашиб бола туғдириб қўйган ўша номаълум йигитнинг хоқонга ҳеч қандай алоқаси бўлмаса ҳам, жаҳонгирнинг қони қайнаб кетди.
Баъзан кишига дунё кўз очиб юмгунча остин-устун бўлиб кетгандай туюлади. Буюк хоқоннинг дилида худди ана шундай бир туғён жунбушга келган эди. Атрофда эса ҳамма нарса ўзгармаган, олдин қандай бўлса шундай. Ҳа, олдинда қора отлар миниб байроқдорлар қўлларига аждаҳолар расми солинган байроқларни ушлаб мағрур боришмоқда, хоқон эса одатдагидай жонажон Хубасини миниб олган, унинг ёнида ва орқа томонида мулозимлар жаҳонгирга лутф айлаб отларига қамчи босиб боришмоқда, атрофни содиқ соқчилар — «понсодлар», навбатчилар ўраб олган, бутун даштни уфққа қадарли ҳарбий туманлар — армиянинг зарбдор кучи ҳамда минглаб аравалар, қўшинлар эгаллаб олган. Тепада, одамлар денгизи устида хоқоннинг содиқ оқ булути — Тангри Таолонинг инояти юришнинг биринчи кунларидан бошлаб олам кезар эди.
ҳеч нима ўзгармаган, илгари қандай бўлса худди шундай эди гўё, бироқ дунёда нимадир ўзгариб, хоқоннинг ғазабини авж олдирмоқда эди. Демак, кимдир унинг иродасига қарши иш қилган, демак кимдир ўзининг шаҳвоний эҳтиросини хоқоннинг буюк мақсадларидан юқори қўйишга журъат этган, демак, кимдир қасддан унинг фармонига зид иш қилган! Унинг суворийларидан кимдир намунали ҳарбий хизмат қилишдан, хоқонга сўзсиз итоат этишдан кўра тўшакда маъшуқасининг пинжига киришни аъло кўрган! Ва қандайдир нотавон аёл, каштадўз, ундан кейин ҳеч ким кашта тика олмайдигандай хон қатағонини бир тийин қилиб туғиб олишга журъат этган, ҳолбуки аравалардаги бошқа аёллар махсус рухсат бўлгунча бола бўлиб қолмасин деб ўз нафсларини тийишган.
Бу фикрлар унинг дилида ёввойи ўт, қалин ўрмон каби ўсиб, ғазабдан кўз нурини хиралаштирди, хоқон шуни ҳам тушунар эдики, бу аслини олганда фавқулодда аҳамиятга молик катта воқеа эмас эди, яна бир кўнгли шафқатсиз бўлишни, жиддий жазо беришни, қонунбузарларни бутун черик олдида қатл қилишни талаб этиб, бошқача бўлиши мумкин эмаслигини таъкидлар эди.
Чарчоқ нималигини билмайдиган йўрға Хуба хоқон устидан тушмаганданмикин, бу гал ўзини ортиқча юк кўтаргандай, юк борган сайин ортиб бораётгандай сезди, ҳар доим бир текисда ўқдай отиладиган йўрға бу сафар ола-чалпоқ либос кийгандай тер кўпикларига ўранди, отнинг бунақа бўлганини ҳеч ҳам эслай олмайди.
Чингизхон қовоғидан қор ёғиб жим борар эди. Бундай қараганда юришда ҳеч қандай ўзгариш бўлмаган, дашт лашкарларининг Ғарбга томон ҳаракатига, дунёни забт этишдек буюк режаларини амалга оширишига ҳеч қандай куч монелик кўрсатмас эди, лекин нимадир рўй берган эди, хоқоннинг амри-фармонлари чўққисидан кўз илғамайдиган ошиқдай тош қулаб тушди-ю жаҳонгир ҳокимияти зил кетди. Бу эса хоқонга тинчлик бермасди. У от устида ҳам шу ҳақда ўйлар эди: бу фикр тирноқ тагига кирган зирапчадай қалбини қийноққа солар эди. Хоқон шу ҳақда мулоҳаза юритган сари бу ишда ўз аъёнларининг айбларини туя бошлади. Улар бу ҳақда бўлари бўлиб бўёғи синггандан кейин, яъни аёл туғиб олгандан сўнг хабар қилишди, улар олдин қаерда эдилар, қаёққа қарадилар, наҳотки аёлнинг иккиқат даврида сезиб бўлмаса? Ана шундай қилинганда иш осон кўчган бўлур эди — давоси суюқоёқни ўғри итдай уриб ҳайдашганда олам гулистон бўларди. Энди нима қилади? Бу шум хабар келганда хоқон аравалар карвони учун масъул нўённи чақиртириб, қаттиқ сўроққа тутди – каштачи бўшаниб бола туғиб олгунча, чақалоқнинг йиғиси эшитилмагунча ҳамма-ҳаммасини наҳотки ҳеч ким пайқамаган бўлса, буниси қандай бўлди? Буни қандай тушунмоқ керак? Хоқоннинг бу саволларига нўён дудмал, мужмал жавоб қайтарди — Дўғуланг исмли байроқдўз ҳар доим бир чеккадаги алоҳида ўтовда яшаган, аёл банд эканлигини пеш қилиб ҳеч ким билан мулоқотда бўлмаган, ўзи бир аравада ёлғиз яшаган, унинг битта хизматкори бўлган экан, холос. Ҳузурига иш билан келган-ларида каштадўз ипак билан тикиладиган бир тўп газламани белига ўраб ўтираркан. Одамлар аёл буни чиройли кўриниш учун шундай қилган деб ўйлашган, чунки у гўзаллик шайдоси бўлган экан. Шунинг учун ҳам аёлнинг иккиқатлигини пайқаб бўлмаган. Боланинг отаси кимлиги номаълум. Каштадўз эса ҳали сўроқ қилинганича йўқ. Хизматкор бўлса, ўлимдан хабарим бор, аммо бундан хабарим йўқ, дейди.
Чингизхон бу ҳодисанинг унчалик эътиборга молик эмаслиги ҳақида ўйлади, бироқ бола туғишни тақиқлаган ўзи, шунинг учун қўшин бошлиқлари ўз ҳаётидан қўрқиб, бўлиб ўтган воқеа ҳақида ҳокими мутлаққа тезроқ хабар беришга ошиқар эди. Демак, хоқон ўз фармони олийсининг қули бўлиб қолди. Буйруғидан чекина олмайди. Энди жазо муқаррар эди.
Юзбоши Эрдене ярим кечага яқин шошилинч топшириқлар борлигини баҳона қилиб, мингбоши ҳузурига боришини айтди, бу эса севгилиси билан шу кечаси қочиб кетиш учун баҳона топиб қўним жойидан чиқишнинг йўли эди. Эрдене хоқоннинг бу воқеадан хабари борлигини, у ўзининг болани олиб Дўғуланг билан қочиб кетаолмаслигини ҳали билмас эди.
Юзбоши Эрдене бир отни миниб, иккинчисини овчи итни эргаштириб олгандай етаклаб қўшинлар дам олаётган ердан эсон-омон ўтди. Дўғулангнинг ўтови яқинидаги аравага яқинлашганда Худодан фақат бир нарсани: «поко парвардигоро, нўён соқчиларининг юзини нари қил» деб илтижо қилди. Нўён соқчилари бошқалар орасида энг инжиқ, энг қаттиққўл соқчилар эди, бордию суворийлардан биронтаси бўза ичиб маст юрганини сезса борми, ҳеч қачон аяшмайди, уни от ўрнига аравага қўшиб, қамчи билан уриб ҳайдашади.
Эрдене ўз қўмондонлиги остидаги юз чамаси жангчини ташлаб қочиб кетар экан, ушлаб олишса олий жазога ҳукм қилишларини, кигизга ўраб димиқтириб ёки осиб ўлдиришларини билар эди. Фақат бошқа ўлкаларга, ўзга мамлакатларга қочиб кета олгандагина жони омон қолиши мумкин эди.
Бу кечаси ҳам ой даштга сутдай оқ ёғду сочиб турибди. Қаёққа борманг лашкар қўнимлари, гулханлар атрофида узала тушиб ётган аскарлар, уюр-уюр йилқилар. Ана шундай одамлар билан аравалар денгизида бировнинг қаёққа кетаётгани билан кимнинг нима иши бор. Юзбоши Эрдене йўлга чиқишдан олдин шуни назарда тутган эди, унинг Дўғуланг билан ўғлини олиб қочиб кетиши ҳеч гап эмас эди, лекин пешонага битилгани бошқача экан.
У фалокат рўй берганини усталар қароргоҳига яқинлашиши билан пайқади. Юзбоши шартта отдан тушди-да, отларини жиловидан ушлаб сояда қотиб турди. Ҳа, фалокат юз берган эди. Чеккадаги ўтов ёнида ловиллаб ёниб турган гулхан атрофга қандайдир ташвишли нур таратаётгандай. Ўнга яқин ясовуллар гулхан атрофида от устида туриб қаттиқ-қаттиқ гапиришяпти. Уч киши шоша-пиша аравага от қўшаётган эди. Дўғуланг кечаси ана шу аравада қочиб кетиши керак эди. Шундан сўнг ясовуллар ўтовдан Дўғулангни боласи билан олиб чиқишди. Дўғуланг ўзининг сувсар пўстинини кийиб боласини бағрига босганча, ранги ўчган, қўрққан, нажотсиз бир ҳолда гулхан ёнида турар эди. Ясовуллар ундан нималарнидир сўрар эди: «Жавоб бер? Сенга айтаяпман, жавоб бер! Манжалақи, фоҳиша!» деган қичқириқлар қулоққа урилди. Шундан сўнг хизматкор Олтуннинг чинқириғи эшитилди. Ҳа, бу ўша аёлнинг овози эди. Олтун овози борича бақириб дер эди: «Мен қаёқдан билай?! Нега мени урасанлар? Унинг кимдан туғиб олганини қайдан биламан! Ҳа, яқинда бола туғиб олгани рост, ўзларинг кўриб турибсанлар. Хўш, воқеанинг бундан тўққиз ой олдин бўлганига ақлларинг етмайдими? Бунинг қачон ва ким билан нима қилганини мен қаёқдан билишим мумкин?! Нега мени урасанлар. Бечора аёлни нега қўрқитасанлар, шўрликнинг юраги чиқиб кетди-ку! Унинг эмизикли боласи бор-ку! Йўқ деганда шўрлик аёлнинг хизматларининг юзини қилсаларингчи — сенлар юриш қилаётганда даст кўтариб юрган ҳамма ҳарбий байроқларни шу аёл тиккан-ку! Нега энди уни ўлгудай ураяпсанлар, нега?»
Шўрлик Олтун оёқ остида қолган нимжон ниҳолдай нима қила олар эди, ҳатто юзбоши Эрдене ҳам аралашишга журъат эта олмади. Аралашганда қўлидан нима ҳам келар эди?! Улардан кўп деганда битта-иккитасини ўлдириб кейин ўзи ўлар. Бундан на ҳожат! Ясовуллар шу йўл билан ен-гиб келишган. Улар чиябўрига ўхшаб гала-гала бўлиб ҳужум қилишади, одамларнинг тит-питини чиқариб қон тўкишади.
Орадан сал ўтмасдан ясовуллар Дўғулангни боласи билан судраб келиб аравага тиқишди. Олтунни ҳам турткилаб олиб келиб уларнинг ёнига ўтқазишди-да, қаёққадир олиб кетишди.
Чор атроф бирпасда тинчиб, жонзотдан дарак қолмади.
Шундан кейин узоқдан итларнинг вовуллаши, от-тойларнинг кишнаши, яна қандайдир овозлар қулоққа чалина бошлади.
Каштачи Дўғуланг яшаб турган ўтов ёнида ёқилган гулхан ёниб бўлиб ўчай-ўчай деб қолган эди. Осмони фалакда ғам-ташвиш нима эканини билмасдан жимгина ёғду сочиб турган юлдузлар одамларнинг тинимсиз югур-югурларию аёвсиз курашларини сезмагандай, овлоқ қолган сайхонликка бепар-вогина боқиб турибди — бўлари бўлиб, бўёғи сингган эди.
Юзбоши Эрдене ёмон туш кўриб уйғонган одамдай бир сесканиб тушди-да, етаклаб келаётган отнинг бошидаги юганини қон юришмай қолган совуқ қўллари билан ечиб, улоқтирди. Юган шарақ этиб ерга тушди. У энтикиб, нафас олиши тобора қийинлаша бошлади. Югансиз қолган отнинг бўйнига бир урди. Энди бу от эркин, ҳеч кимга кераксиз эди, от буни сезгандай қоронғида ўз уюри томон чопа кетди. Эрдене қаёққа боришини, нима қилишини билмасдан бепоён даштда бемақсад қадам ташлай бошлади. Унинг Оқюлдуз лақабли қашқа оти эгаси етагида жимгина кетмоқда, Эрдене бу отда қанча жанглар қилган, лекин, на илож, севгили ёри билан жигарпорасини аравага солиб шу отида қутқариб қололмади.
Эрдене кўздан қолгандай боши оққан томонга кетаверди, кўз ёшлари шашқатор бўлиб соқолидан оқиб тушаётган эди. Эрдене ойдин кечада ўксиб-ўксиб йиғлар эди. У ўз галасидан ҳайдалиб дунёда якка-ёлғиз қолган йиртқичга ўхшаш оёғини судраб қадам ташлар эди: эпласанг — яша, эплаёлмасанг — ўлиб кетавер. Бошқача йўл йўқ. Энди у нима қилиши, қаёққа бош суқиши керак? Ўлишдан, ўзига пичоқ уришдан, кўкрагига, аламдан сиқилаётган юрагига ханжар санчишдан бошқа йўл қолмади — юрак-бағрини эзаётган дарду аламдан қутулишнинг йўли шул, яна бир йўли — дунёдан этак силкиб оёқ етган жойга бош олиб кетиш эди. Ночор қолган юзбоши ўзини таппа ерга ташлади-ю, тош борми, қум борми титкилай кетди, лекин ер ёрилиб уни ўз комига тортмади, шундан сўнг бошини кўтариб, чўккалаб ўтирди-да белбоғидаги ханжарига қўл узатди.
Даштда сокинлик, жонзотдан дарак йўқ, тепада юлдузларгина шивирлашади. Фақат ёнидаги содиқ дўсти Оқюлдуз ойдинда сабр-тоқат билан жим турибди, эгасининг имдодини кутиб, пишқириб-пишқириб ҳам қўяди.
Ўша тонг пайтида довулчилар тепага чиқиб олиб юриш бошламасдан олдин довулларини уриб барчани жам бўлишга ундади. Довуллар момақалдироқ гумбурлагандай гулдурос шовқин билан хабар бериб даранглар эди. Ҳўкиз териларидан ясалган довуллар қопқонга тушиб қолган йўлбарсга ўхшаб наъра тортар, бўкирарди. Довулларнинг йўлда кетаётиб бола туғиб қўйган Дўғуланг исмли каштадўз бузуқ аёлнинг қатл этилиши маросимига халойиқни чорлаётганидан ҳам кўпчилик бехабар эди.
Довулларнинг қулоқни қоматга келтирган шовқини остида тепалик атрофига қурол-яроқларини шай қилиб сонсиз суворийлар тўпланишди. Нарироқда аравалар, араваларнинг устида қўшинларга хизмат қиладиган кишилар, ҳар хил усталар – ўтов усталари, қуролсозлар, эгарсозлар, чевар аёллар, эркаклар ва аёллар: ҳаммалари ёш-яланг, барчалари насл берадиган навқирон авлодлар. Ҳаммага сабоқ бўлсин учун, барчанинг дилига қўрқув солиш учун гуноҳкор аёл бутун халойиқ олдида қатл этилади. Хоқон измидан бош тортганлар билиб қўйишсин, кимки фармонга бўйсунмаса улар ҳам қатл этилажак.
Довуллар гумбурлагандан гумбурлаб, кишиларнинг қонини яхлатиб, дилига янада қўрқув солар эди. Бу ишларнинг ҳаммаси Чингизхоннинг буйруғи ва иштироки билан бўлаётган эди.
Ва ниҳоят бебош аёлни қатл этиш ҳақидаги фармони олийга имзо чеккан хоқонни довулларнинг тиним билмас гумбурлари остида олтин тахтиравонда тепага олиб чиқишди, аёл ўлим хавфи остида ҳам боланинг отаси ким эканини айтмади. Тахтиравонни офтобда қовжираган ўт-ўландан тозаланган сайхонликка қўйишди. Атрофда оғзидан олов пуркаб турган аждаҳоларнинг расмлари ипакда тикилган байроқлар эндигина юз кўрсатаётган қуёш нуридан ёғдуланиб, шамолда ҳилпирамоқда. Шиддат билан сакрашга тайёрланаётган аждаҳо хоқоннинг рамзи эди. Лекин каштадўз туғда тасвирлаган аждаҳо хоқоннинг эмас, балки бошқа бировнинг тимсоли эканлиги жаҳонгирнинг етти ухлаб тушига ҳам кирмаган. Бу эса қўли гул аёлнинг қўйнида эркаланган довюрак аждаҳо эди. Ана шу аждаҳодай жасур, алп қоматли йигит билан суюшиб, унинг рамзини байроққа тиккани учун бошидан жудо бўлаётгани ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмас эди.
Қатл дақиқалари яқинлашмоқда эди. Довулларнинг овози аста-секин пасая борди. Қотиллик онларида пашша учса эшитиладиган сокинлик ҳукм сурмоғи керак. Ана шундай жимжитлик пайтларида одамнинг тани яхлай бошлагандай, вақт ҳам парчаланиб, ёйилиб-чаплашиб бир жойда туриб қолгандай бўлади. Жазо ижро этилди дегунча довуллар еру кўкка ғулғула солиб яна ўкира бошлайди, бу томошабин бўлиб турган халойиқда «ажаб бўлди, зап бўлди бу қанжиққа» дегандай ўз жонининг омон қолганига шукроналар айтиш ҳиссини уйғотиш йўли эди, «ҳар кимнинг жони ўзига» дегани шу бўлса керак-да!
Довуллар жимиб қолди. Турганлар ҳаяжондан донг қотиб қолишди, ҳатто отлар ҳам устидаги чавандозларини унутгандай қулоқларини динг қилиб жим турди. Чингизхон ўзи ҳам имо-ишорасиз тош ҳайкалга айланди қолди. Жаҳонгирнинг қаттиқ қисилган лаблари ва тик боқадиган кичик кўзларининг совуқ нигоҳи ҳаяжондан бошини тик кўтарган илонни эслатарди.
Жазо бажариладиган жойга яқин турган Дўғулангни олиб чиқишганда довулларнинг овози ўчди. Сўлақмондай ясовуллар аёлнинг қўлтиғидан ушлашиб икки от қўшилган аравага чиқазишди. Ҳўмрайган ёш ясовул Дўғулангни тик турғизиб орқасидан ушлаб турди.
Элнинг оғзига элак бўларканми, кўплар, айниқса аёллар шов-шув кўтара бошлади: Ҳа, каштадўзи шу экан-да! Юзи қурсин бу ғарнинг? Сурайё! Эрининг ким эканини билмаса! Ёшгина, бинойидай чиройли экан, бирон нўёнга иккинчи ёки учинчи хотин бўлиб тегиб олса ўлармиди?! Чол бўлса нима қипти, эринг борми-бор деб ташвишсиз гердайиб юравермайдими! Бунга эр керак эмас, ўйнашдан бўлса ҳам туғиб олса ҳисоб экан. Хоқоннинг юзига тупурди қўйди. Ана энди жазосини тортсин. Туяга осиб ўлдиришсин мегажинни! Енгил оёқлигинг бошингни еди, маъшуқаи соҳибжамол!
Ана шу каби аччиқ-чучук сўзлар довулларнинг ғазабнок данғир-дунғурига ҳамоҳанг эди — Ҳўкиз терисидан ясалган довуллар хоқоннинг нафратига йўлиққан бир урғочига нисбатан нафрат уйғотиш, уни шармандаи шармсор қилиш учун ҳам ана шундай жон куйдириб гулдурос ила жар солмоқда.
— Ҳу ана хизматкорига қаранглар! Яна болани кўтариб олганига ўласанми? — деб қичқиришар эди аравалардаги аёллар бир бахти қоранинг бахтсизлигидан севингандай. Ҳа, ўша аёл чиндан ҳам Олтун исмли хизматкор эди. Ўша аёл чақалоқни латтага ўраб олиб кўтариб келяпти. Олтун зарбдор ясовул назорати остида қўрқа-писа аланг-жаланг боқиб букчайиб болани кўтариб борар экан, ўлимга ҳукм қилинган каштачи аёлнинг чиндан ҳам жиноятчи эканини исботлагандай қадам ташлар эди.
Жиноятчиларни ҳаммага кўрсатиб олиб ўтишдан мақсад қотиллик олдидан халойиқнинг юрагига қўрқув солиш эди. Дўғуланг энди жазонинг ҳақ эканини, раҳм-шафқат ҳақида сўз бўлиши мумкин эмаслигини тушунди.
ҳамманинг кўз олдида шармандаи шармисор қилиб ўтовдан олиб чиқишдан олдин Дўғуланг боласини охирги марта эмизиб олишга улгурган эди. Ҳеч нарсадан бехабар шўрлик чақалоқ чапиллатиб маммасини сўрар экан, довулларнинг секинлашиб бораётган саслари аллалагандай мудраб ҳам олди. Хизматкор Олтун қоқиб қўйган қозиқдай она-боланинг олдидан бир қадам нари жилмади. У фарёд солиб йиғлашдан ўзини тийиб секингина йиғлар экан, ҳар гал оғзини кафти билан тўсиб олар эди. Шу оғир дақиқаларда ҳам улар бир-икки оғиз гаплашиб қолишга улгуришган эди.
— У қаерларда юрибди экан? — оҳистагина шивирлади Дўғуланг, болани иккинчи кўкрагига олар экан, гарчи ўзи билмаганини Олтун билмаслигига ақли етиб турса ҳам.
— Қайдам, — деди Олтун кўз ёшини оқизиб. — Узоқларда юрган бўлса керак.
— Қани энди шундай бўлса! Айтганинг рост бўлсин! Худога ёлворгандай деди Дўғуланг. — Хизматкор аччиқ-аламда бош ирғади. Ҳар иккаласининг худодан сўрагани битта — илойим юзбоши яшириниб қолган бўлсин, узоққа қочиб кетган бўлсин, шабохун ургани рост бўлсин!
Ўтов ортидан овозлар, қадам шарпалари эшитилди:
— Қани, мурдорларни келтир буёққа, судраб кел!
Каштадўз охирги марта боласини бағрига босиб, унинг тотли ҳидидан алам билан нафас олди ва уни қалтираган қўллари билан хизматкорга тутди:
— Ўлмаса қараб турарсан.
— Ундай дея кўрма! — Олтун қўшқўллаб болани олар экан, ўзини тутолмай ҳўнграб-ҳўнграб йиғларди.
Ясовуллар чопиб кириб, уларни ташқарига судраб чиқишди.
Қуёш уфқдан андак кўтарилиб дашт ялангликларини ўз нуридан баҳраманд қила бошлади. Гуноҳкор каштачи қатл этилди дегунча буюк юришни давом эттиришга тайёр турган қўшинлару араваларни гир атрофдан буюк Сариўзак даштлари ўраб олган. Даштдаги бир тепалик устида хоқоннинг тахтиравони олтинланиб турибди. Дўғуланг ўтовдан чиққан заҳоти тахтиравонга кўзи тушди: тахтиравон устида хоқон савлат тўкиб ўтирибди, унинг атрофида фармони олийга тупурган аёлнинг қўли билан тикилган байроқлар шамолда ҳилпираб турибди.
Чингизхон шоҳона соябон тагида ўтириб тепаликдан чор атрофга дашт кенгликларига, қўшин-черикларга, от-араваларга кўз қирини солмоқда, осмони фалакда содиқ оқ булут соя солиб турибди. Каштадўз устидан чиқарилган ҳукм ижроси деб бугун юриш кечиктирилди. Бу ҳам керак эди. Бундай шароитда ҳукм ижро этилмасдан туриб йўлга чиқиб бўлмайди. Бу галги ўлим жазоси хоқоннинг иштирокида ижро этилган биринчи ва охирги қотиллик эмас — Ҳар хил қонунбузарлар худди ана шу йўл билан жазоланган ва хоқоннинг шунга имони комил бўлдики, жазони халқ олдида, жангчиларнинг кўз ўнгида ижро этиш раиятни олий ҳоким томонидан ўрнатилган темир интизомга бўйсундиришнинг зарурий шарти эди, нима деганда инсонда бир чеккаси ҳокимият қаҳридан қўрқиб ялтоқланиш ҳисси пайдо бўлса, иккинчи томондан ўлим жазосига бошқа бировлар маҳкум этилганидан мамнун бўлишдек тубанлик ҳисси ниш уради, оқибатда одамлар шафқатсиз жазони зарурий шарт деб қабул қиладилар ва ҳокими мутлақларнинг бу йўлдаги даҳшатли ҳаракатларини маъқуллабгина қолмай, қўллаб-қувватлайдилар ҳам.
Бу гал ҳам каштачи аёлни ўтовдан судраб чиқиб, шармандаи шармисор қилиш учун аравага солиб айлантириб юришганда одамлар ари тўдасига ўхшаб жонсарак бўлиб қолишди. Чингизхоннинг чеҳрасида пашша чаққанчалик ҳам ўзгариш сезилмади. Хоқон соябон тагида ўтирар экан, унинг атрофида байроқлар шамолда ҳилпирар ва соқчилар туғ дасталари ёнида метин ҳайкалларга ўхшаб тош қотиб турар эдилар. Одамлар билиб қўйишсинки, ғарбга қилинаёттан буюк юриш йўлидаги ҳар қандай ғов, ҳатто арзимас тўсиқ ҳам чилпарчин қилинажак. Бу ўлим жазосидан мурод ҳам шу эди. Хоқон ўша болали жувон устидан бу қадар шафқатсиз жазога қўл урмаслик, уни афв этиш мумкинлигини дил-дилидан тушунар эди, лекин бу мулоҳазани жўяли деб билмади — Ҳар қандай мурувват, ҳар қандай олийжаноблик доим кўнгилсизликка туртки бўлади: ҳокимият заифлашади, одамлар итоатсиз бўлиб қолади. Йўқ, хоқон ўз қароридан пушаймон чекмади, унинг фақат бир нарсадан кўнгли ғаш эди — ўша каштачининг маҳбуби ким эканлиги ҳамон номаълумлигича қолаётган эди.
Осиб ўлдиришга ҳукм этилган аёл тушган арава саф тортиб турган қўшинлар ва қатор-қатор от-аравалар ёнидан ўтиб борар эди, унинг кўйлагининг ёқаси йиртилган, сочлари ҳурпайган, тонг офтобида ёғдуланган тим қора қалин сочлари унинг бўздек оқарган қонсиз юзини оломон нигоҳидан яшириб турар эди. Бироқ Дўғуланг бошини эгмасдан теварак-атрофга лоқайдлик билан мотамсаро боқиб борар экан, энди ўзгалардан яширадиган сири қолмаганди. Ҳа, бир йигитни ўзининг жонидан ҳам аъло кўрган, унинг адоқсиз муҳаббатидан туғиб олган аёл ана шу эди. Халойиқ эса унинг сирларини билишни истарди. Одамлар қичқира бошладилар:
— Эй тул бия, айғиринг қани? Ким ўзи у?
Оломон гуноҳи азимдан фориғ бўлиш илинжида бировнинг ўлимига ноиложликдан гувоҳ бўлиб туришдан ҳаяжонланиб, ғазаби қайнаб фарёд сола бошлади:
— Қанжиқ осилсин! Дарҳол осилсин! Нега имиллашади?
Ўлим жазосини ижро этувчилар ҳам жазаваси қўзиган оломон жунбушга келиб каштачи ўз гуноҳига иқрор бўлади, жазманининг ким эканини айтиб беради деб умид қилган бўлсалар керак. Шу пайт тахтиравон тарафидан хоқоннинг хизмати йўлида салласини келтир деса калласини қўшиб оладиган бир нўён от чоптириб кела бошлади. У ўлимга олиб кетилаётган каштачи тушган арава билан болани қўлида кўтариб келаётган хизматкор аёл ёнига келиб тўхтади:
— Тўхтанглар шу ерда! — деди-да саф тортиб турган суворийларга қараб бор овози билан мурожаат қилди: — Ҳамма эшитсин! Бу беандиша мегажин боланинг отасини айтиб берсин! У ким билан ўйнашиб юрган экан? Энди менга қара, манжалақи, мана шу турган эркаклар орасида болангнинг отаси борми?
Дўғуланг рад жавобини берди. Турганлар яна қулоқларини динг қилиб гувиллай бошлашди. Арава олға қараб секин юраверди. Юзбошилар бир-бирларига:
— Бизнинг аравада унақаси йўқ, унинг эри сенинг аравангда бўлиб чиқмасин, — деб таъкидлашарди.
Ўша бақироқ нўён ундан баттар жаҳлга миниб, каштачидан чақалоқнинг отаси ким эканлигини айтиб беришни қайта-қайта талаб қила бошлади.
Арава яна бир тўп суворийлар олдига келиб тўхташи билан тағин аёлдан сўрашди:
— Айтчи, ҳароми, сен кимдан туғиб олдинг?
Худди ана шу сафда, ўзининг юз суворийсига бош бўлиб, юзбоши Эрдене қашқа Оқюлдуз отида турарди. Дўғуланг билан Эрдене бир-бирини кўриб қолишди. Шовқин-суронда уларнинг узоқ тикилиб турганларини, Дўғулангнинг сесканиб, тўзғиб кетган сочларини тартибга келтирганини, чеҳрасининг бир лаҳза ёниб-ёришиб кетганини ҳеч ким сезмади. Бу кўз уриштиришнинг Дўғуланг учун қанчалик қимматга тушганини, шу билан бирга бу лаҳза унинг учун қанчалик бахтли, айни вақтда қанчалик азобли онлар эканини фақат Эрденегина сезар эди. Дўғуланг бир зум ўз ҳушини йиғиб олди-да қутирган итдай вовуллаётган нўённинг саволига бамайлихотир жавоб қилди:
— Йўқ, боламнинг отаси булар орасида йўқ!
Шу сўзларни эшитиш билан Эрдененинг калласи шилқ этиб тушди, у сир бермаслик учун шу заҳоти бошини кўтариб, ҳеч нарсани билмагандай қотиб турди, буни ҳеч ким пайқамади.
Жаллодлар қатлга тайёр туришган эди. Қора кийим кийиб, енгини шимариб олган уч киши икки ўркачли дордайган туяни етаклаб ўртага тушишди. Туя деганнинг шунчалик каттаси ҳам бўлар экан-да, отнинг устида турган чавандознинг калласи туянинг қорнига зўрға етар эди. Яланг даштларда ёғоч-тахта анқонинг уруғи бўлганидан кўчманчилар гуноҳкорни шу усулда қатл қилиб келганлар — жазога ҳукм қилинган кишиларни жуфт-жуфт қилиб туянинг икки ўркачи орасига осишган; бунинг учун арқоннинг икки учи иккаласининг бўйнига сиртмоқ қилиб боғланади-да, арқон туянинг устига ташланади, жиноятчи битта бўлса, арқоннинг иккинчи учига қум тўлдирилган қоп боғланади.
Қум солинган қоп Дўғуланг учун олдиндан тайёрлаб қўйилган эди. «Чўк, чўк!» деб қичқиришиб, қамчи дастаси билан тиззасига уравериб, бақироқ буғра туяни чўктиришди. Бесўнақай туя оёқларини бағрига буклаб ётиб олди, дор тайёр бўлди.
Довуллар секин-аста жонланиб, тилга кира бошлади, ҳозирча пастроқ жаранглаб туради-да, керак бўлиб қолган пайтда қулоқ-мияни еб, гулдурос овозлар таратади.
Шу пайтда нўён гуруллаган овозда каштачига шунчаки эрмак учунми яна мурожаат қила бошлади:
— Сендан сўнгги марта сўраяпман, эси паст енгил оёқ аёл — ўзингку қатл этиласан, боланг ҳам бари бир ўлади! Ўлиминг олдидан кимдан бўғоз бўлганингни айтсангчи, наҳотки ким билан ўйнашганингни билмасанг? Ўйлаб кўр, балки биларсан!
— Эслай олмайман. Бу иш анча олдин ва бу ердан узоқда бўлган, — даб жавоб берди каштачи.
Шунда эркаклар хохолаб, аёллар чийиллаб кулиб юборишди.
Нўён бўлса тинмай савол бераверди:
— Эслай олмайман деганинг нимаси? Нима, бозорда дон олишибмидинг?
— Ҳа, бозорда бир йўлини қилганмиз, — Ҳўмрайиб жавоб берди Дўғуланг.
— Савдогармиди ёки дарвешмиди ўша маъшуғинг? Бозордаги ўғрилардан бири бўлмасин тағин?
— Савдогар эканини ҳам, дунё кезиб юрган дарвеш эканини ҳам билмайман.
Яна кулги кўтарилди.
Савдогар дейишадими, оворайи жаҳон дейишадими, ўғри дейишадими, Дўғулангга бари бир эди, бозорда бўлган иш деб бу саволлардан қутилса бўлди.
Шу пайт қалин лашкар орасидан кимнингдир қаттиқ овози эшитилди:
— Боланинг отаси мен бўламан! Мана мен, билиб қўйинглар.
Бирдан атрофга жимжитлик чўкди, ҳамма серрайиб қотиб қолди. Ўша жумард ким экан, каштачи жувон сирини айтмасдан қатл этилаётган бир онда ўзини ўлимга ураётган ким экан ўзи?
Оқюлдузни қамчилаб ўртага юзбоши Эрдене кириб келганда ҳамма ўз кўзига ишонмай, оғзи очилиб қолди. Эрдене отининг тизгинини тортиб тўхтатди, кейин у узангига оёғини тираб, от устида тик турди-да, халойиққа қараб баланд овоз билан деди:
— Ҳа, менман! Ҳа, ўша гўдак менинг ўғлим! Ўғлимнинг оти Ғунон! Ўғлим онасининг исми Дўғуланг! Мен эса юзбоши Эрдене бўламан!
Юзбоши шу сўзларни айтиб отидан сакраб тушди-да, Оқюлдузнинг бўйнига бир шапалоқ урди, от орқага бурилиб чопиб кетди.
Ўзи эса каштачи томонга қараб йўл олди, бораётиб қурол-яроқ ва совут-қалқонини ечиб улоқтирди, Дўғулангни жаллодлар маҳкам ушлаб турардилар. Ҳали гувуллаган халойиқ энди жим бўлиб, ўзини ўзи ўлимга олиб бораётган йигитга тикилиб қолди. Эрдене севгилиси ёнига бориб тиз чўкди-да, унинг оёқларидан қучоқлади, Дўғуланг эса юзбошининг бошига қўлларини қўйди, улар ўлим олдидан яна топишишди. Худди шу пайтда довуллар еру кўкни бошига кўтариб гумбурлай бошлади. Довуллар бирдай ҳаммани ўзига итоат қилдириш ва ҳаммани ҳаяжонга солиб эҳтиросини қўзғаш учун томоғини йиртиб ўкирмоқда эди.
Дунёни, еру кўкни ларзага солган овозлардан ҳамма ҳушёр тортди, масъулият сезгандай бўлди, юришга, йўлга чиқишга буйруқ берилди. Жаллодлар ҳаш-паш дегунча юзбошини ерга йиқитишди. Бир зумда йигитнинг қўлларини орқасига боғлаб қўйишди, каштачи аёлни ҳам бойлаб-чулғаб иккаласини чўкиб ётган туянинг икки ёнига келтиришди. Ўркачлар орасидан ўтказилган арқоннинг икки учидаги илмоқларни иккаласининг бўйнига солиб, довуллар гумбури остида туяни қамчилай бошлашди. Туя қамчи зарбига чида-ёлмай оғзидан кўпик сочганча ўкириб шахт билан ўрнидан турди. Икки ёнида бир-бирини жонидан азиз кўрган икки ошиқ-маъшуқнинг бир арқонга осилиб, жон талвасасида бу дунёдан кўз юмаётганини нор туя жонивор қаёқдан билсин.
Довуллар қулоқларни батанг қилиб турган бир фурсатда хоқоннинг тахтиравонини тепаликдан қўлма-қўл қилиб олиб кетишганини кўпчилик сезмай қолди. Хоқоннинг кўнгли таскин топди, жазодан кутилган мақсадга эришилди, балки кутилга-нидан ҳам зиёда бўлди — каштачининг дилини ўғирлаган, фармони олийни писанд қилмасдан бир аёл билан ўйнашиб бола туғдириб қўйган кимса аниқланди — у хоннинг лашкар-бошиларидан бири бўлиб чиқди; аниқланганда ҳам барчанинг кўз ўнгида топилди ва қатл қилинди. Хон севикли ёри Бўртени олиб қочиб, қанча вақт қучоқлаб ётиб юрган номаълум бадбахтдан ўч олгандай сезди ўзини, Чингизхон Бўрте туғиб берган ўша тўнғич ўғлини унча ҳам яхши кўрмас эди.
Довуллар гумбирлагандан гумбирлар, икки қапталида бир арқонга осиғлиқ икки ошиқ-маъшуқ — Лайли ва Мажнуннинг жонсиз таналари осилган туя қадам санаб бормоқда эди. Юзбоши билан каштачининг жонсиз таналари туянинг икки ёнида осилган ҳолда сайр қилар эди — бу бўлажак жаҳонгирнинг қонли шоҳсупасига қурбонлик эди.
Довуллар ҳамон тиним билмай кишиларнинг дилига ғулғула солар, ҳаммани гангитиб қўйиш истагида гумбирлар эди — буюк мақсад йўлида юриш қилаётган хоннинг фармонидан бўйин товлаган одамнинг тақдири нима бўлишини ҳамма ўз кўзи билан кўриб турибди.
Ясовул-жаллодлар жонли дорни — туяни етаклаб қўшинлар ва от-аравалар ёнидан ўтиб боришди, олдиндан тайёрлаб қўйилган чуқурга жасадларни наридан бери кўмиб бўлишгунча довулларнинг овози ўчмади.
Кейин Чингизхоннинг даштни қоплаб олган қўшинлари яна ғарб томон йўл олди. Сонсиз суворийлар, от-аравалар, сўйишлик сувай моллар, қўйингчи юриш қилиб келаётган жоннинг ҳамма-ҳаммаси Сариўзакдаги ана шу бехосият жойдан илдамроқ кетиб олайлик дегандай, шоша-пиша олдинга кетишди. Бу ардона қолгур манзилда бошини қаёққа суқишни, дарду-аламини кимга айтишни билолмайдиган атиги икки жон қолди. Улар қатл этилган ошиқларнинг етимчаси ва хизматкор аёл Олтун эди. Энди улар ҳеч кимга керак бўлмай қолди. Улар ҳеч кимнинг эсида ҳам йўқ эди. Ёнларидан ўтиб кетаётганларнинг биронтаси ҳам уларга қиё боқмади. Ҳамма улардан ҳазар қилар, оловдан қочгандай қочар эдилар.
Бир оздан сўнг теварак-атрофда улардан бўлак жон қолмади, на довуллар қолди, на туғлар... Минг-минглаб отларнинг туёқ излари, янги тушган тезаклар хон қўшинларининг қайси томонга қараб кетганини кўрсатиб турар эди — Сариўзак дашти бунга мен гувоҳман дегандай ястаниб ётар эди.
Бепоён дала-даштда ёлғиз Олтун чақалоқни бағрига босганча серрайиб туриб қолди. Тирик жон борки, ҳаммаси ўлмаслик йўлини қилади. Шунинг учун кампир у ёқ-бу ёққа юра бошлади, ўчоқлар ёнидан сал мужилган суяклар дейсизми, ташлаб кетилган сарқитлар дейсизми, этагига солиб олди. Бир ерда кимдир унутибми, атайинми ташлаб кетган бир парча пўстак ётган экан, уни ҳам елкасига ташлаб олди — кечаси она-бола тагига солиб ётиш учун нимадир керак-ку!
Олтун ночор, ноилож қолган эди — нима қилишини, қаёққа боришини, қаерда тунашини, чақалоқни қандай қилиб боқишини билмас эди. Ҳар ҳолда кундузи у қадар даҳшатли эмас, қандайдир мўьжиза рўй бериб қолар деган умид учқуни ўчмас экан, бирдан кафтдай чўлда мол қайтариб юрган чўпоннинг олачиғи кўриниб қолса-я! Тақдирнинг ўйинини қаранг — бутун умри бировларнинг эшигига боғланиб, чўрилик қилган аёл бирдан эркин қушдай озодликка етишганда қисмат уни кишансиз тушовлаб чўли-биёбонда норастага боғлаб қўйди. У ўзини эмас, болани ўйлаб ваҳимага тушар эди. Эндигина туғилган чақалоқ қорни очиб йиғлай бошласа уни қандай овутади, қандай эмизади, берай деса на егулик на ичгулик бор. Бола очдан ўлиши мумкин. Энди унинг бутун вужуди ваҳимага айланди. Ўйлаб-ўйлаб ҳеч ўйига етмас, бунинг чорасини топмас эди.
Худодан бирдан бир умиди — қандайдир мўъжиза рўй берса-ю, ана ютаман деган овлоқ даштда одамлар учраб қолишса, улар орасида ёш болали аёл бўлса-ю, норастани ўша аёлга топширса, ўзи эса ўла ўлгунча унга чўрилик қилса...
Олтун кўз илғамас дала-даштда не қиларини билмай сарсон-саргардон кезар, таваккал қилиб бир шарққа қараб, бир ғарбга ва яна шарққа қараб юрар эди. У болани бағрига босганча тиним нималигини билмай қадам ташлар, бир жойда туришга сабри чидамасди. Туш пайти бўлиб қолди, бола қорни очганидан типирчилаб, ҳиқиллаб йиғлай бошлади... Аёл болани қайтадан йўргаклаб, яна юра бошлади, — уёққа бу ёққа қадам ташлаб чақалоқни овунтирмоқчи бўлди. Лекин бола очликка чидайди дейсизми, ундан баттар йиғига кирди, тинмай бақириб йиғлайверганидан юз-боши кўкариб кетди. Ночор қолган Олтун тўхтади-да, овози борича қичқирди:
— Ё Тангрим, ёрдам бер, ўзинг осон қил!
Бепоён далада эса уфққача ҳеч нарсадан дарак йўқ — на бир тутун, на бир олов кўринади. Чексиз дашту, чексиз осмон, фақат кичкинагина оқ булут тепада секингина сузиб юрибди.
Бола типирчилаб йиғлар эди. Олтун тоқати тоқ бўлиб нола қилди:
— Хўш, сен мендан нима талаб қиласан, шўрлик бола?! Шўриш-ғовга учун дунёга келган экансан. Туғилганингга етти кун бўлмасдан ғирт етим қолдинг. Сени мен нима билан боқаман, етимча? Кўрмаяпсан-ми, бизга ёрдам берадиган бирон жон йўқ атрофда. Иккаламиз бирдай зор йиғлаймиз, иккаламиз бирдай бадбахтмиз, тепамизда фақат бир парча оқ булут бор, осмонда ҳатто қуш ҳам кўринмайди, ёлғиз оқ булут айланиб юрибди... Энди қайси бир гўрга кирамиз. Сени мен нима билан боқаман? Иккаламиз сарсон-саргардон юрибмиз, отанг билан онангни бўлса осиб ўлдириб кўмиб ташлашди. Одамлар довулларни янгратиб, туғларини ҳилпиратиб, уруш қилсам дейишади. Урушишмаса бўлмасмикин? Бегуноҳ, беайб сен норастани ҳамма нарсадан бенасиб қолдириб нималарни излаб кетишдийкин?
Олтун болани юпата олмай нари югурди, бери югурди, бағрига босди, аллалади, кўнмади. Дунё ишларидан бехабар чақалоқ нафаси оғзига тиқилиб йиғлади, унга онанинг илиқ сутидан бошқа ҳеч нарса керак эмас эди. Олтун ноилож бир тош устига ўтирдида, йиғи ва жаҳл билан кўйлагининг ёқасини йиртиб юборди, кейин умрида бола эммаган сўлгин кўкрагини гўдакнинг оғзига тиқди:
— Ма, ма, ол. Ҳеч вақо йўқ! Сутим бўлса сендан аярмидим, етимчам?! Менда сут нима қилсин? Сут йўғини билгач, дилимни тилка-пора қилмай овуниб қоларсан! Мен нималар деяпман ўзи?! Кимга гапираяпман? Менинг сутсиз кўкрагимдан нима фойда, сўзларимдан не наф сенга?! Тангрим, қандай азобларга гирифтор қилдинг мени?
Бола кўкракни оғзига олиши билан йиғидан тўхтади ва бутун вужуди билан роҳатланиб чўлпиллатиб эма бошлади, тили ва танглайи билан кўкракни қаттиқ сўрар экан, мамнун кўзларини бир очиб, бир юмар эди.
— Кўрдингми, ҳеч нима йўқ, — деди секингина Олтун катта киши билан сўзлашаётгандай. — Бўлса, сендан аярмидим? Энди сут йўқ экан деб яна йиғлайсан. Ўшандан сени қандай қилиб овутаман? Бу ёғига лаънати чўлда қандай кун кечирамиз? Нима учун мени алдадинг деб йиғлайсан-да! Бўлса, алдармидим? Умрим чўриликда ўтиб кетаётир, ҳеч қачон ҳеч кимни алдаган банда эмасман, раҳматли онам болалигимда Чин-Мочинда бизнинг уруғимизда ҳеч ким бировни алдаган эмас, деб менга айтгувчи эди. Шунақа. Эмавер, энди сут йўғини билиб оласан.
Олтун шу зайлда шўрпешона бола билан шўрпешона энагани қисмат янада кучлироқ сиқувга олажагини кўз олдига келтирди. Лекин энага боланинг сутсиз кўкракни қўйиб юбормай, аксинча, яйраб-яшнаб роҳат билан эмаётганига тажжубланди.
Олтун кўкрагини боланинг оғзидан секингина тортиб олган эди, ўзининг юзига оқ сут сачрагандай бўлди, у ҳайрон қолиб, кўкрагини яна болага берди ва бунга ишонч ҳосил қилиш учун кўкрагини боланинг оғзидан яна тортиб олди. Олтуннинг кўкрагига сут келибди. Энди у бутун танасида қандайдир янги бир куч сеза бошлади.
— Тангрим! — шуурсиз хитоб қилди Олтун. — қудратингдан айланай, менга сут ато қилдинг. Эм, эмавер болатой. Мен она бўлай. Сен менинг ўғлимсан. Энди сен ўлмайсан, Тангри бизнинг илтижоимизни эшитди. Мен сенга не машаққатлар билан етишдим. Менинг Ғуноним, бу отни сенинг отанг билан онанг қўйган. Ота-онанг сени дунёга келтирганлари учун ўлиб кетишди. Сенинг раҳмингни еб, мендай бечоранинг кўкрагига сут берган Худойи таолога тасанно айт!
Бунақангиси тушига ҳам кирмаган. Олтуннинг танаси қизиб, тер чиқди. Ҳадсиз, ҳудудсиз чўлу биёбонда ўнгу-сўлига аланг-жаланг боқар экан, Олтун на бир жонни, на бир жониворни кўрди, фақат осмону таолода, қуёш ҳаётбахш нурини сочар, тепасида мўъжазгина оқ булут гирди-капалак бўлиб айланиб юрар эди. Чақалоқ сутга тўйиб, тани яйраб ухлаб қолди, онаизор қўлида унинг муштумдек жони таскин топди ва бир маромда нафас ола бошлади; аёл бўлса бугунги кўргуликларни, довулларнинг ҳамон қулоғида жаранглаётган даҳшатли шовқинларини унутиб, оналик бахти дунёсининг ширин онлари сари хаёлан қадам чекди ҳамда еру-осмон ва сутнинг ажиб ҳаётбахш иттифоқига имон келтирди.
Худди ана шу лаҳзаларда юриш давом этмоқда эди. Жаҳонгирнинг даштни титратган буюк кучлари ғарбга томон шахдам қадам ташлаб бормоқда эди. Чериклар, от-аравалар, пода-пода моллар...
Соқчилар ва аъёнлар қуршовида оғзидан олов пуркаб турган даҳшатли аждаҳолар тимсоли туширилган ипак яловлар ортида чарчоқ нима эканлигини билмайдиган содиқ дўсти, тақдирнинг ўзи каби бетакрор оқ ёлли, қора думли йўрғаси устида Чингизхон борар эди.
Йўрғанинг чўян туёқлари остида ер зирқирар, ортга томон қочиб кетаётгандай орқада қолар, аммо чексиз-чегарасиз, ниҳоясиз уфқ тобора кенгайиб бораётгандай, янги-янги мавзе-майдонларни ўзига қўшиб олаётгандай туюлар эди. На интиҳоси, на ибтидоси бор эди бу кўҳна дунёсининг. Курраи заминнинг чексизлиги-ю буюклиги қаршисида қум заррачаси ила менгзагулик хоқон ўзи билган ва кўрган ерларгагина эмас, балки узоқ-узоқларда ақл нигоҳи воситасида тасаввур қилган ўлкаларга ҳам эгалик қилишга, ўзини Рубъи маскуннинг ҳукмрони дея тан олишларига орзуманд эди. Ана шунинг учун ҳам забт этиш илинжида юриш қилаётган ва қўшинларга бош бўлиб кетаётган эди.
Қамчисидан қон томган хоқоннинг бу гал ҳам қовоғи осиғлиқ, оғзидан бир сўзни суғуриб олиш амри маҳол, лекин унинг дилидан қандайдир хаёллар кечаётганини Худодан бошқа ҳеч ким билмас эди. Хоқон кутилмаганда отининг бошини буриб, шартта орқага қайтаётганининг сабабини ҳам ҳеч ким тушунмай қолди, у шахт билан отига шу қадар тез қамчи босдики, ортда бораётган суворийлар унга тўқнашиб кетишдан қўрқиб, зўр-базўр ўзларини четга олишди. Хоқон ташвишга тушиб, ҳатто қалтираётган қўлини кўзига соябон қилиб, ҳар қанча кўкка боқмасин, оқ булутдан асар ҳам кўрмади — на олдинда, на орқада кўзга ташланар эди бу оқ булут.
Хоқоннинг ҳамишалик ҳамроҳи шу зайл бирдан йўқолди-қолди. Эртасига ҳам, икки кундан кейин ҳам, ўн кун ўтгандан кейин ҳам оқ булутдан дарак йўқ. Ҳа, булут хоқонни тарк этган эди.
Идил дарёсига етгач, Чингизхон Кўк Тангрининг ўзидан юз ўгирганини тушунди. У нарига юриш қилмади. Оврўпани забт этиш учун ўғилларига ва невараларига фотиҳа берди-да, ўзи орқага, ўлим топиш ва одам боласи тополмайдиган қилиб дафн этилиши учун Ўрдасига қайтди.

* * *
Бу томонларда поездлар ғарбдан шарққа ва шарқдан ғарбга қатнагани-қатнаган...
1953 йил февраль ойининг ўрталарида Сариўзак даштлари орқали шарқдан ғарбга қатнайдиган йўловчи поездлар орасида бош томонига махсус вагон қўшилган бир поезд бор эди. Юк вагонининг шундайгина орқасидаги номерсиз бу вагон ташқи кўринишидан бошқа вагонлардан ҳечам фарқ қилмас эди, фақат ташқаридан шундай эди — аслида махсус вагоннинг бир қисми почта бўлими, иккинчи қисми эса почта блокидан маҳкамлаб ажратиб қўйилган эди, вагоннинг ана шу қисми давлат хавфсизлик органлари учун алоҳида аҳамиятга эга бўлган кишиларни йўлда тергов қилишга мўлжалланган хос хона вазифасини ўтар эди. Қозоғистон Давлат хавфсизлиги комитети оператив органларидан бирининг катта терговчиси Тансиқбоев қўзғатган жиноий иш юзасидан қамоққа олинган Абуталип Қуттибоев ана шу хонада кетаётган эди. Уни Тансиқбоевнинг ўзи ҳамда бир тўп соқчилар бошқа жиноятчилар билан юзлаштириш учун эҳтиёткорлик билан олиб кетишаётган эди.
Тансиқбоев кўзлаган мақсади йўлида чарчаш нима эканини билмас экан — Қуттибоевни поездда ҳам сўроқ қилиб борди. Тансиқбоевнинг вазифаси номаълум бир ҳолатда фашистлар асирлигидан қочиб Югославияга бориб қолган ва у ерда бўлажак югослав ревизионистлар билангина эмас, балки Англия разведкаси билан ҳам бевосита мулоқот қилиб турган кишилардан иборат душманларнинг махсус хизматлари томонидан амалга оширилган қўпорувчилик тармоқларини қадам-бақадам очиб ташлашдан иборат эди. Совет ҳокимиятининг хорижий разведкага ёлланган ва жиноят муддати тугагунча яшириниб юрган душманларини тинимсиз сўроқ қилиш, маълумотларни, бевосита ва билвосита далилларни қиёслаш йўли билан фош қилиш зарур эди; тергов ишининг тантана қилиши, яъни айбдорларнинг ўз айбларини тўла тан олишлари ҳамда қилган ишларига пушаймон бўлишлари айниқса муҳим эди.
Бу ишга замин тайёрланган эди — сўроқлар жараёнида Абуталип Қуттибоев Югославияда жанг қилган собиқ асирлардан ўнга яқинининг номини тилга олди, текшириш оқибатида асирда бўлганларнинг кўпчилиги мамлакатнинг турли бурчакларида соғ-саломат яшаб турганлиги аниқланди. Бу одамлар қамоққа олинди ва улар ҳам ўз навбатида сўроқ пайтларида яна кўп кишиларнинг номларини тилга олишди, шундай қилиб, Югославияга сотилганларнинг рўйхати янада тўлдирилди. Бир сўз билан айтганда, иш янги кишиларни ўз қаърига тортди ва душман унсурларни фош этишда олдиндан кўрилган тадбирлар ҳеч қачон зарар етказмайди деган принципга амал қиладиган дўкайларнинг марҳамати ила иш энди жиддий босқичга етди. Югославия компартияси билан халқаро майдонда рўй бераётган ихтилоф шароитида, Титога Сталиннинг ўзи мафкуравий лаънат ўқиётган бир вазиятда бу иш муваффақиятли чиқадиган бўлса, ҳамманинг ошиғи олчи бўлади, шу процесснинг ташаббускори бўлган Тансиқбоевгина эмас, балки унинг бошқа шаҳарлардаги кўпгина ҳамкасблари ҳам катта «ҳосил» олишади, бу ишдан ҳамма манфаатдор бўлишининг сабаби ана шунда эди — Ҳаммалари вазиятдан фойдаланиб юқорироқ амалга миниб олиш ниятида эдилар. Шу мақсадда улар келишиб ҳаракат қилар эдилар. Шунинг учун бўлса керак область марказлари ҳисобланган Чкалов (собиқ Оренбург) Куйбишев, Саратов шаҳарларида юзлаштириш учун ва чапараста сўроққа тутиш учун Абуталип Қуттибоевни олиб келаётган Тансиқбоевни сабрсизлик билан кутар эдилар.
Тансиқбоев вақтни қўлдан бой бермас, суръат билан, шиддат билан ишлашни хуш кўрар эди. Тансиқбоев тергов қилаётган одамга қамоқ жойидан олиб чиқилганлиги қандай таъсир этганига, ғизиллаб бораётган вагоннинг панжарасидан маҳбуснинг станциялар ёнидаги шаҳар-овулларга қанчалик алам билан боқаётганига ҳам аҳамият берди. Тансиқбоев Қуттибоевнинг қалбида туғён урган ҳисни тушунди ва мумкин қадар ишончли бир оҳангда унга ёмонлик истамаслигини уқтирмоқчи бўлди, унинг тахминича Қуттибоевнинг айби у қадар катта эмас эмиш, мамлакатда фавқулодда вазият рўй берганда махсус хизматлар томонидан резерв сифатида ташкил қилинган жосуслик тармоғининг раҳбари — резиденти у, яъни Абуталип Қуттибоев эмаслиги аниқ эмиш ва агар Қуттибоев жосусликнинг бошлиғи — резиндентини топишда терговга ёрдам берса ва энг муҳими, юзлаштирган чоғда буни очиб ташласа, қатъий исбот қила олса, у ўзининг гуноҳини камайтирган бўлур эмиш. Айбини енгиллаштирар эмиш. Орадан беш-олти йил ўтди дегунча оиласига, бола-чақасининг бағрига қайтар эмиш. Ҳар қандай бўлганда ҳам терговнинг адолатли бўлишига ёрдам берган, олий жазо — отиб ўлдиришдан қутулиб қолган бўлур эмиш, ва аксинча, у қанча кўп қайсарлик қилса, ишни чалкаштирса, жазо органларидан ҳақиқатни яширса, унга шу қадар ёмон бўлар эмишки, оқибатда у ўз оиласи бошига сўнгсиз-ададсиз бахтсизлик келтирармиш. Агар очиқ суд бўлса, Қуттибоевнинг умри кул бўлиб куйиб кетиши ҳам ҳеч гап эмас эмиш.
Тансиқбоевнинг қўлида яна бир кузир бор эди, уни ҳам ишга солди, агар сен, Абуталип Қуттибоев, — деди у, — менинг гапимга кўниб терговнинг олиб борилишига кўмаклашсанг, ўшанда сен халқ оғзидан ёзиб олганларингни, айниқса «Манқурт ҳақида афсона» ва «Сариўзакдаги қотиллик» деган ривоятларни сенинг жиноий ишингга қўшмаймиз, ва аксинча, агар бунга кўнмайдиган бўлсанг, сенинг ёзув-чизувларинг миллатчиликни тарғиб қилиш деб қаралади. Масалан, «Манқурт ҳақидаги афсона» — ота-боболарнинг унутилган ва ҳеч кимга кераксиз тилини тирилтиришга чақириқ, миллатларнинг бир-бирлари билан қўшилишиб кетишига қарши қаратилган зарарли шиордир, «Сариўзакдаги қотиллик» эса кучли олий ҳокимиятни қоралаш, давлат манфаатларининг шахс манфаатларидан устунлиги ғоясининг илдизига болта уриш, чириган буржуа шахсиятпарастлигини ёқлаш, коллективлаштиришнинг умумий йўлига, яъни коллективнинг ягона мақсад йўлида бирлашувига қарши чиқиш ва бинобарин социализмга салбий муносабатда бўлиш, демакдир. Маълумки, социализм принциплари ва манфаатларига қарши ҳар қандай ҳаракат қаттиқ жазоланади... Даладан рухсатсиз мошоқ териб олганларнинг ўн йил қамоққа ҳукм этилиши бежиз эмас. Мафкуравий «мошоқ» терган жиноятчи ҳақида эса сўз бўлиши мумкин эмас. Ана шундай айб қўйилганда суд қўшимча модда асосида қўшимча айблар қўйиши мумкин. Яна ишончли бўлсин учун Тансиқбоев Қуттибоевнинг ёзганлари юзасидан ўзининг очиқ-ойдин хулосаларини овозини чиқариб бир неча марта ўқиб берди; бу ривоятлар Қуттибоевнинг қамоққа олинишига ва жиноий иш қўзғатилишига биринчи сигнал бўлгани бежиз эмаслигини ҳар галдагидек таъкидлаб қўйди.
Поезднинг йўлга чиққанига икки кун бўлди. Абуталип сузиб ўтаётган бўшлиқларга панжарали дераза орқали боқар экан, Сариўзак даштига яқинлашган сари кўпроқ ҳаяжонлана бошлади. Сўроқдан бўш соатларда Тансиқбоевнинг ўринсиз панд-насиҳатлари ва даҳшатли дўқ-пўписаларидан сўнг Абуталип темир қопланган авахта-купеда ўзи билан ўзи хаёлот оғушида қолар эди. Поезднинг купеси демаса, бу ҳам Олмаотадаги ярим ертўла сингари турма эди, бу ерда ҳам деразага ундан ҳам пишиқ панжара қоқилган, бу ерда ҳам турма назоратчиси кичкинагина ойна «кўзча» орқали кузатиб туради, лекин нима бўлса ҳам бир жойда турмасдан у йўлда кетаётган янги-янги манзараларни кўриб бораётган эди ва ниҳоят, тепада кўзни кўр қилиб кечаю кундуз порлаб турадиган лаънати чироқ йўқ эди. Энг муҳими — Бўронли бекатида болаларимни, хотинимни узоқдан бўлса ҳам чала-ярим кўра олармикинман деган умид чироғи бир ёниб бир ўчиб дилига тинчлик бермас эди. Ахир, орадан қанча вақт ўтди, бола-чақаларга бир марта ҳам хат ёза олмади, бирон хабар бера билмади, улардан ҳам жилла қурса бир энлик хат келмади.
Абуталип Олмаота яқинидаги бекатда турманинг ёпиқ машинасида келиб ана шу авахта купега тушгандан буён унинг юраги умид билан умидсизлик ўртасида ҳапқирар эди. У поезднинг Сариўзак дашти томон йўл олаётганига ишонч ҳосил қилгач, юраги янада кучлироқ ҳовлиқиб, болаларимга, Зарипага кўзим тушса, қорасини бир кўриб ўлсам армоним йўқ эди деб ўйлаб борарди. Уларни шу қадар соғинган эдики, фикри-зикри оила аъзоларида эди, Худодан поезднинг Бўронли бекатидан кундуз куни ўтишини, қоронғида эмас, ёруғ пайтда ўтишини, ёруғ бўлганда ҳам Зарипа билан болаларини эшикда юрган кезда, уларни бир лаҳза бўлса-да кўриб қоладиган дақиқаларда ўтишини сўрар эди.
Шу эди унинг тақдиридан сўрагани, фақат шугина эди. Бор йўғи бола-чақаларини кўз қири билан бўлса ҳам кўриш ҳозир Абуталип учун энг катта орзу эди. Чиндан ҳам шундай бўлиши мумкин, Абуталип Бўронли бекатидан ўтиб кетаётганда болалари эшикда ўйнаётган, Зарипа эса кир ёйибми бирон иш билан овора бўлибми эшикда юрган бўлса, улар дукурлаб ўтиб кетаётган поезд вагонларига қараб қолишса Абуталип уларни темир панжара орқали кўриб қолишга улгурса, ахир шундай бўлиши ҳам мумкин-ку. Бунақаси кам бўлади, албатта... қани эди худо бериб поезд бекатда бир неча дақиқа тўхтаб ўтса! Шундай хаёл ниш уриши билан Абуталипнинг дили икки қийноқ исканжасида қолди: поезднинг тўхтаб ўтиши унинг учун чиндан ҳам бир олам бахт бўлар эди, иккинчи томондан азоби жон ҳам эди — аввало ўзи болаларини кўрганда юраги ёрилиб ўлиши ҳеч гап эмас, шу билан бирга фарзандларига ҳам осон бўлмас эди. Оталарини темир панжара ортида кўришса, додлаб йиғлайвериб ҳолдан тойишлари турган гап... Йўқ, йўқ, яхшиси, кўрмасин ҳам, куймасин ҳам...
Демак, энг яхшиси узоқдан бўлса ҳам бола-чақасини кўриб қолишни илтижо қилишдан яхшиси йўқ. Шу эзгу ниятда кўнглида ҳисоб-китоб қила бошлади — илгари кўриб юрган бекатларидан қайси бирлари ортда қолиб, яна қанчаси олдинда турибди, агар поезд шу тезлик билан юрадиган бўлса, Бўронли бекатига қачон етади — у ердан кундузи ўтадими, кечаси ўтадими — унинг фикри-зикри шунда бўлиб қолди. Чамалаб кўрса ёмон бўлмас экан — поезд бекатдан кундузи ўтар экан, лекин барибир унинг дилини ҳамон шубҳа ва хавотир кемираверди, чунки бирон сабаб билан поезд ушланиб кечикиб қолиши, ёки бирдан бўрон қутуриб йўлни қор босиб қолиши мумкин-ку, энг ёмони поезд бекатдан кечаси ўтиб кетса-ю, Зарипа болалари билан донг қотиб ухлаб ётган бўлса, ёнларидан оталари ўтиб бораётганини билишмаса — бундан зўр армон бўлиши мумкинми? Ҳа, шундай бўлиб чиқиши ҳам мумкин, Абуталип ўзининг бутунлай ожизу-нотавон эканлигидан, тақдирига тан беришдан бўлак иложи йўқлигидан янада беш баттар юраги вайрон бўлди.
Абуталип яна бир бошқа нарсадан хавотирга тушиб қолди — лочин кўз терговчи поезд Бўронли бекатидан ўтиб кетаётган пайтда навбатдаги сўроқни бошлаб қолса-чи!
Товба, одам боласининг ўз оила аъзоларини бир кўриб қолсам деган пок нияти йўлида ҳам шунчалик қаршиликлар ва хавф-хатар ғов бўладими, озодликдан маҳрум қилинди дегани шу бўлса керак. Абуталипнинг кўнглига таскин ва ишонч бераётган бир нарса бор эди — авахта камеранинг ойнаси кетаётган поезднинг ўнг томонида эди, худо ёрлақаб Бўронли бекати ҳам шу тарафда эди.
Ана шу ўй-хаёллар, қўрқинч ва шубҳалар Абуталипни тамоман ўз комига тортиб олган эди, у ўзининг аянчли қисматини унутиб, бутун борлиғи билан дийдор онларига чўмган, ўз жони кўзига кўринмас эди, бўлса бўлар, бўлмаса тўзар қабилида иш кўриб, ўзига қўйилган даҳшатли айбларнинг охир-оқибатда нималарга олиб келиши ҳақида ўйлагиси ҳам келмас эди, Тансиқбоев бўлса уят-андишани бир чеккага йиғиштириб қўйиб, тиш-тирноғи билан Абуталипга қўйилган айбларини бўйнига олишни талаб этар эди, терговчининг бош мақсади эса гўё уруш йилларидан бошлабоқ иш кўриб келган душман жосуслари уясини фош қилиш, уни таг-томири билан юлиб ташлаб, давлат хавфсизлигини сақлаб қолиш эди. Жосуслик ҳақидаги уйдирма ҳам Тансиқбоев хаёлотининг маҳсули эди.
На Худодан қўрқадиган на шайтондан ҳайиқадиган Тансиқбоев ўзи Худо, ўзи иблис янглиғ ҳаммасини ҳисоб-китоб қилиб қўйган, энди буёғини режа билан амалга ошириш, юрак ютиб иш кўриш керак, холос. Унинг Абуталип Қуттибоевни бошқа шаҳарларда биқиб ётган жосуслар билан юзлаштиришдан мақсади ҳам шу масалани узил-кесил ҳал қилиш эди.
Худди шу пайтда Абуталипнинг Худодан биттаю-битта тилаги бор — у жигарпоралари Эрмек билан Довулни, қиёматли умр йўлдоши Зарипани бир кўриб қолиш, охирги марта бир кўриб қолишни сўрар эди. Ҳа, Худодан сўрагани фақат шу, бошқа илтижоси йўқ, пешонага ёзилгани шу эканини сезган, тақдирига тан берган эди. Бола-чақасига кўз қирини ташлай олса, бу Абуталип учун бахтнинг энг сўнгги онлари бўлажак, боиси унинг ўз оиласига, уйига ҳеч қачон қайтмаслигига кўзи етиб турибди. Унга қўйилган айблар шу қадар даҳшатли эдики, бирон илож қилиш учун ҳолсиз, мажолсиз, Тансиқбоев олдида эса ҳимоясиз, ҳуқуқсиз эди. Бинобарин қудратли ҳокимият олдида ҳимоясиз, ҳуқуқсиз эди, бундай айблар қўйилган одам соғ қоладими-йўқ, олдинми, кейинми, ё отиб ташланади ё лагерда чириб ўлади. Абуталип Тансиқбоевнинг қўлида қурбон бўлишига узил-кесил ишонч ҳосил қилди. Тансиқбоевнинг ўзи ҳам улкан бир системанинг — Ҳар қадамда душманни излаган, излаганда ҳам социализмнинг бутун дунёдаги ҳаракатини тўхтатишга, коммунизмнинг бутун дунёда тантана қилишига монелик кўрсатмоқчи бўлган душманларга қарши тинимсиз кураш олиб борадиган жазокор системанинг, ўзини ўзи қайраб ўткирлаб турадиган юҳо системанинг арзимас бир мурвати эди.
Социализмга, коммунизмга хиёнат қилди деган айб ҳеч кимнинг бўйнига тақилмасин, тақилса борми, омон қолиш йўқ, албатта жазоланади — йигирма беш йил, ўн беш йил, кам деганда ўн йил озодликдан маҳрум қилинади. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Тузоққа илинганлар яхши билишар эди. Айбдор ҳам, жазоланувчи ҳам, айбловчи (жазокор) ҳам шуни яхши билишар эдики, «Совет тузумига қарши иш кўрган» деган кўпқиррали айб кимга қўйилмасин жазоловчи ҳамма вақт ҳақ бўлиб чиқар, бугина эмас, душманларни таг-томири билан йўқотиш учун ҳар қандай воситаларни ишга солишга йўл очиб берар эди, айбланувчи эса бошқача маслакдагиларни қириб-янчиб ташлайдиган жазо тегирмонига солингандан кейин қилмаган гуноҳларни қилдим деб имзо чекишдан ўзга нажот топа олмас эди.
Худди шундай бўлиб чиқди. Поезд Сариўзак даштида ғизиллаб борар, дўнгалаклар тиним билмай ўз ўқи атрофида гирдикапалак эди. Тансиқбоев ва унинг терговидаги айбдор бир вагонда боришар эди, иккаласи бир ишни ҳамкорликда, лекин ҳар ким ўз билганича ижро этишар эди — яшириниб олган навбатдаги мафкуравий ғанимларни фош этишлари керак эди, социализмни бундай курашсиз тасаввур ҳам қилиб бўлмайди, акс ҳолда бу янги тузум ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетади, омманинг онгидан буғланиб учиб кетади. Ана шунинг учун ҳам ким биландир курашмоқ, кимнидир фош қилиб, кимнингдир кулини кўкка совурмоқ тақозо қилинади.
Поезд шарақ-шуруқ қилиб кетаётир. Абуталип ночор-ноилож эканига кўзи етгач, кулфат-мушкулот пешанада бор экан деб тақдири азалга тан беришга мажбур бўлди. Энди бало-қазога кўникиб ҳам қолди — дастлабки пайтларда қанчалик куйиб-пишиб, жини қўзиб ҳаммасини инкор этган бўлса, энди аксинча, бутунлай умидсизликка тушиб барчасига итоаткорона кўникиб қолди. Абуталип шундай хулосага келди: бордию онадан қайтадан туғилган тақдирда ҳам Тансиқбоев бўлмаса инсон қиёфасини йўқотган бошқа бир азозилнинг қўлига тушиши турган гап. Ана шу куч урушдан ҳам даҳшатли, асирда бўлишдан ҳам қўрқинчли эди, чунки бу битмас-туганмас ёвузлик, эҳтимол, дунё яратилгандан буён келаётган офат эди. Эҳтимол, Қуттибоев муаллим, оддий мактаб муаллими ер юзида одам пайдо бўлгунга қадар чексиз коинот бўшлиқларида узоқ вақт ишсиз юравериш жонига теккан шайтони лаиннинг қўлига тушган одамлардан бири бўлгандир; одам ер юзидаги барча махлуқлар орасида биринчи бўлиб иблис билан тил топишган, ўшандан буён ёвузлик кетидан ёвузлик қилиб келмоқда. Ҳа, фақат инсонгина ёвузлик деса ўзини томдан ташлайди. Шу маънода Тансиқбоев Абуталип учун иблиснинг ўзи эди. Шунинг учун иккаласи бир поездда, бир вагонда, фавқулодда муҳим бир иш юзасидан ёнма-ён кетишяпти. Бекатларда Тансиқбоевнинг таниш-билишлари, хизматдошлари поезд тўхтади дегунча кутиб олиш баҳонасида егулик-ичгулик кўтариб келиб ётишди, Абуталип эса бундан ич-ичидан хурсанд бўлар эди — ичсин есин, кайфини сурсин, шунда сўроқ учун вақт камроқ қолади. Қизилўрда вокзалида хизматдошлари, айниқса, қучоқ ёзиб кутиб олишди — усти оқ чойшаб билан ёпилган катта лаганни вагонга олиб киришди. Вагон даҳлизида турган соқчилар лаганни қабул қилиб олишар экан, биттаси секингина пичирлаб қўйди: «Қази, қовурға! ҳидини қара! Шаҳарда бунақасини топиб бўпсан. Минг қилса ҳам дашт-да!».
Темир панжарали деразанинг бир четидан Тансиқбоевнинг шинелини елкасига ташлаб дўстлар билан хайрлашиш учун перронга чиққани кўриниб турди. Кийимига сиғмайдиган семиз, ҳаммаси бирдай бақалоқ, қоракўл телпак кийиб олишган, юзларидан қон томадиган зобитлар ярим доира шаклида туриб олишган, қўллари билан имо-ишора қилиб, ха-халаб кулишади. Эҳтимол янги латифалар айтишаётгандир, оғизларидан чиққан нафаслари оппоқ буғ бўлиб таралади, оёқлари остида қор ғичирлайди. Сергак милиция олдида тирик жон ўтиб бўпти — поезднинг бош томонидаги махсус вагоннинг ёнида Тансиқбоевчи милиционерлар дунёда улардан бахтли киши йўқдай кулиб-яшнаб туришибди, уларнинг ёнгинасида авахта купеда ўз қўллари билан турмага тиқишган бир бечора, ўғрими, зулмкорми, қотилми бўлса ҳам майли эди-я, ҳалолу пок, инсофли, виждонли бир киши уруш оловию асирлик зулмини кўрган, ўз фарзандларию хотинига бўлган муҳаббатидан бошқа ҳеч вақоси йўқ, ҳаётнинг бош мазмунини ана шу аёлмандликка эътимодда деб билган хоксор муаллим азобу уқубатдан жони қийналаётгани билан ҳемирилик ишлари йўқ эди.
Улар худди ана шундай дунёда бирон бир фирқага кирмаган, шунинг учун ҳам онт-қасам ичмаган ва тавба-тазарру қилмаган кишини гўё меҳнаткаш халқнинг бахтиёр яшаши учун зиндонга тиқишлари керак эди.
Қизилўрдадан ўтгандан сўнг таниш ерлар бошланди. Кеч кирмоқда эди. Қорли қирғоқлар орасида Сирдарё иланг-биланг бўлиб ялтираб оқиб ётибди ва орадан кўп вақт ўтмасдан даштлар ўртасида ястаниб ётган Орол денгизи ботаётган қуёш нуридан ёғдуланиб кўринди. Дастлаб денгизнинг қамишзор муюлишлари, сув сатҳининг чекка қисмлари, кичик-кичик ороллар кўзга ташланди, сўнгра ўйноқи тўлқинларнинг қумли қирғоққа урилиб, темир йўлга етар-етмас орқага қайтаётгани баралла кўрина бошлади. Буларнинг ҳаммасини — қорни ҳам, денгиз қумини ҳам, йироқ-яқинидаги тошларни ҳам, шамолда мавжланаётган мовий денгизни ҳам, тошлоқ ярим оролда ёйилиб юрган туялар тўдасинию, осмону оқ булут парчаларини кўз очиб юмгунча биратўласига кўриш ҳаммага ҳам насиб қилавермайди.
Абуталип Бўронли Эдигейнинг Орол денгизининг соҳилида туғилиб ўсганини, Қозонғап хуш кўрадиган сурланган балиқларни юк поездларининг проводниклари орқали жўнатиб турганини эсга олар экан, юраги зирқираб сиқила бошлади — Бўронли бекати яқин қолган эди. Тонг отса эрталаб соат ўнларда ёки сал кечроқ бекатга кириб борилади — йўловчилар поезди нураган уйчалар, омборхоналар ва атрофи тиканли ўтлар билан тўсилган туяхоналар ёнидан ўтди. Шарқдан ғарбга қараб, ғарбдан шарққа қараб қанча поездлар ўтишини ким билади дейсиз, унисиниям қўяверинг, бекатдан махсус вагоннинг авахта купесига шу бугун саҳар чоғи ғарбга қараб Абуталип ўтишини Зарипанинг юраги сезганмикин, эҳтимол болаларнинг нораста диллари бирон бир ҳодисани сезгандай, худди ўша дақиқада ўтадиган поездни кўргиси келмасмикин? Парвардигори олам нега бандаларингни бунчалик қийноқ, азобу-уқубатга солиб қўймасанг!?
Ҳут қуёши ботиб, уфққа бош қўймоқда эди, узоқ-узоқларда осмон билан ер ўртасидаги шафақ совуқдан сўниб бормоқда ва оқшом чўкиб, аста-секин қиш кечаси бостириб келмоқда. Қош қорайиб, теварак-атроф кўринмай қолди, бекат чироқлари ёна бошлади.
Поезд эса иланг-биланг бўлиб дашт туни ичра шўнғиб борарди.
Абуталип уйқуси қочиб, тўлғанар эди. Купеда темир қафасга тушгандай ўзини қаерга қўйишини билмас, у бурчакдан бу бурчакка ташлар, уф тортар, керак-нокерак ҳожатхонага қатнар эди, бу эса назоратчининг жиғига тегди, назоратчи купе эшигини очиб ётар экан, бир неча марта танбеҳ ҳам берди:
— Ҳав, маҳбус, нега бунча оёғи куйган товуқдай питилламасанг. Бундай қилиш мумкин эмас! Жим ўтир.
Лекин Абуталип ўзини идора қилолмай, ҳамон тўлғанар экан, соқчига мурожаат қилди:
— Гапимга қулоқ сол, навбатчи! Сендан ўтиниб сўрайман, ухлатадиган доринг бўлса бер, ўлиб қолай деяпман. Худо ҳаққи! Ўлиб қолсам нима қиласанлар! Бошлиғингга айт — менинг ўлигимни бошларингга урасанларми? Ростдан ҳам ухлаёлмаяпман. Бехуд бўляпман.
Абуталип назоратчи илтимосини назарига илмаса керак деб ўйлаган эди. Йўқ, у Тансиқбоевнинг купесига югуриб бориб ухлатадиган икки дона таблетка олиб келиб берди, унинг бундай липиллаб қолганининг сабабини Абуталип эртаси эрталаб билди. У дори ичгандан кейин ҳа деганда уйқуси келавермади. Ярим кечага боргандагина кўзи илинди. Лекин барибир мириқиб ухлай олмади. Ёмон тушлар кўрди. Тушида темир йўлга тушиб олиб, жон талвасасида қочиб кетаётган эмиш, ортидан поезд қувиб бораётганмиш. Паровознинг олдига тушиб, шпаллар устида чопаётгани шу қадар даҳшатли эдики, бу ҳодиса тушида эмас, ўнгида бўлаётган эди. Чанқаганидан томоғи қуриб қолди. Паровоз ҳамон қувиб борар экан, ўткир чироқлари билан Абуталип елиб бораётган йўлни ёритарди. У рельслар орасида юрагини қўлтиқлаб чопар экан, гир атрофга аланг-жаланг қараб овози борича «Зарипа, Довул, Эрмек қаердасанлар? Бу ёққа келинглар. Бу менман, Абуталип! Қаердасанлар! Жавоб берсаларингчи?» деб қичқирармиш. Лекин ҳеч ким жавоб бермасмиш. Олдинда зимистон, орқада эса босиб, эзиб кетишга тайёр, тобора яқинлашиб келаётган паровоздан қочишга мажол йўқ, яширинай деса бурун суққудай тешик топилмайди. У югуравериб ҳолдан тойибди, оёқларини тортаолмай, ўпкаси оғзига тиқилиб қолибди.
Абуталип эртаси эрталаб елкасига гуппини ташлаб олиб панжарали ойна олдида ташқарига қараб ўтирар экан, ранги синиққан, қовоқлари шишиб кетган эди. Ташқари совуқ ва қоронғи эди. Бир оздан кейин тонг бўзариб атроф ёриша бошлади. Осмон ола булут бўлса-да, ҳаво айниб қор ёғадиган шашти бор... Мана, Сариўзак замини бошланди. Ҳаммаёқ қорга бурканган, чуқурликларга қор тўлиб қолган. Лекин диққат билан назар солинса, тепаликлар, жарликлар, овуллар, туман пуркаб турган мўрилар илгаридан танишдай. Қаҳратон қишда тутун бурқсиб турган томлар Абуталипга худди ўз уйидай туюлди. Қумбел бекати узоқ эмас, уч соатлар йўл юрилса, Бўронли бекати келади. Бу ерларни жуда яқин деса бўлади. — Едигей билан Қозонғап худойи дейсизми, тўй дейсизми гоҳо-гоҳода туяларда келиб кетишарди. Мана, шу бугун ҳам эрта саҳарда бир киши тулки тумоқ кийиб қўнғир туясида кетаяпти, Абдуталип панжарага ёпишди-қолди, қориндошлардан бири бўлса-я! Эҳтимол бу қоранорга миниб олган Едигейнинг ўзидир! Африкада жирафа қандай чопса, бу ерларда йўртадиган девдай нор туя юз чақиримни кўрдим ҳам демайди. Бўронли бекати яқинлашавергач, Абуталип шуурсиз равишда, поезддан тушишга тайёрланаверди. Бир-икки марта пойабзалини ечиб яна кийди, пайтавасини қайта ўради, нарсаларини йўлхалтасига солиб тайёрлаб ҳам қўйди. Поезддан тушиш пайтини кута бошлади. Лекин сабри чидамади — қоровулдан рухсат олиб ёзилиб, ювиниб ҳам келди, купега қайтиб киргандан кейин эса нима қилишини билмасдан яна ўтириб қолди.
Абуталип ўзини тийиб, босиқ ҳаракат қилар экан, тиззасини қучоқлаб ўтириб олганча, онда-сонда ойнага қараб қўяр эди. Қумбел бекатида поезд етти дақиқа тўхтаб турди. Бу ердаги ҳамма нарса Абуталипга таниш. Ҳатто шу катта бекатда турли томонга қараб кетишдан олдин Абуталип кетаётган поезд билан учрашган юк ва йўловчи поездлари ҳам унга ардоқли ва танишдай туюлди, ахир бу поездлар Абуталипнинг фарзандлари билан хотини яшайдиган Бўронли бекатидан яқиндагина ўтган эди-да! Шунинг учун жонсиз темир бўлса-да поездни ўзининг уйи олдидан ўтгани учун хушхабар олиб келгандай яхши кўриб қолди.
Лекин поезд яна йўлга тушди, поезд перрон ёнида аста юриб бекатдан узоқлашгунга қадар Абуталип таниш-билишларини кўриб қолишга улгурди. Ҳа, Ҳа, булар Абуталип кўрган-билган қумбелликлар албатта, улар кекса бўронликларни — Қозонғапни, Едигейни, уларнинг бола-чақаларини яхши билиши турган гап, охир Қозонғапнинг ўғли Собитжон шу ердаги мактабни битирган-ку, ҳозир эса институтда ўқийди...
Поезд бекатдан узоқлашгач, тезлигини ошириб ғизиллаб юра бошлади. Абуталипнинг болалари билан бу ерга тарвуз олгани келганини, янги йил арча байрамига ва бошқа ишлар билан келиб кетганини эслади.
Абуталип эрталаб беришган овқатларига қўл ҳам урмади. У бутун вужуди билан бир нарса ҳақида — Бўронлига яқин қолгани, бор-йўғи икки соатдан нари-бери жонажон бекатга етиб бориши тўғрисида ўйлар эди, буёғига қор ёғиб қолмаса бўлгани дер эди, ҳамма ёқни қор босиб қолгундай бўлса, Зарипа билан болалари ҳеч ёққа чиқиша олмайди. Унда оила аъзоларини кўриш ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас.
«Ё поко парвардигоро, илтижо қиларди Абуталип, ўзинг раҳим қил, бу сафар қорингни ёғдира кўрма. Сен қодирсан, қудратингни кўрсат, биз бекатдан ўтиб кетгандан кейин ёғдиравер. Ўзинг бандам дегин, раҳим айла ожиз қулингга! Абуталип тиззасини қучоқлаб ғужанак бўлиб ўтирар экан, фикрини йиғиб олиш, сабр-бардош билан иш кўриш, худодан ўзининг йўл бўйи сўрагани — дераза орқали хотини билан болаларини кўриб қолиш орзусининг ушалишини истар эди. Қани энди оила аъзолари Абуталипни кўриб қолишса. Саҳарда назоратчи эшик ортидан кузатиб турганда ҳожатхонада ювинар экан, занг босган ювингич устидан эски кўзгуга қараб ўзини танимай қолди — рангида ранг қолмаган, мурдадай сарғиш тортган, ҳатто асирда эканлигида ҳам бунчалик сарғаймаган эди, сочлари оқариб кетган, кўзлари киртайган, нурсиз, пешонасида чуқур ажинлар пайдо бўлган, Ёш бўла туриб тезгина қариб қолибди. Ўғиллари Довул ва Эрмек, хотини Зарипа шу аснода кўриб қолишса борми, таниш у ёқда турсин, қўрқиб кетишган бўлар эди. Лекин барибир отасини танишиб суйинишарди. У оиласига қайтса, фарзандлари, хотини билан топишгудай бўлса, яна доимгидай бўлиб кетган бўлар эди.
Абуталип ана шу хаёллар оғушида деразага қаради. Мана яна таниш жой кўринди — икки тепалик орасида пастлик. Абуталип илгарилари Бўронли бекатидаги болаларни шу ерга олиб келиб у тепадан бу тепага бақириб-чақириб чопиб ўтишини яхши кўрар эди.
Худди шу пайтда купе эшикларидаги калитлар шақирлаб, эшик очилди, остонада икки назоратчи пайдо бўлди.
— Сени сўроқ қилишади, чиқ! — деди улардан бири.
— Қанақа сўроқ? Нимага! — деди Абуталип, оғзидан чиққан сўзларни ўзи ҳам сезмай.
Назоратчи касал-пасал эмасми ўзи, дегандай Абуталипга шитоб билан яқинлашди.
— «Нимага» деганинг нимаси? Тушунмаяпсанми, сўроққа чиқ деяпман!
Абуталипнинг мажолсизликдан боши шилқ этиб тушди. Афсус, деразада панжара бор-да, бўлмаса ойнани чил-парчин қилиб ташқарига тошдай отилиб тушган бўлар эди. Илож қанча. Тақдир шу экан-да. Дераза ёнида ўтириб бир кўриб қолсам деган ниятига етмади. Абуталип устига бир қоп туз бостириб қўйгандай зўрға ўрнидан турди-да назоратчиларнинг олдига тушиб, Тансиқбоевнинг купеси томон дорга осиладиган одамдай юраги дов бермай қадам ташлади. Юриб борар экан, сўнгги умиди йилт этди — олдинда яна бир ярим соатча вақт бор, шояд ўшангача сўроқ тугаб қолса. Умиди фақат шу. Тансиқбоев купесигача бор-йўғи тўрт қадам. Ана шу тўрт қадам масофани талай вақтда босиб ўтгандай бўлди. Тансиқбоев уни кутиб ўтирган экан.
— Қани, Қуттибоев, гаплашайлик, ишимизни қилайлик, — деди у ранги ва овозида қандайдир жиддийлик, айни вақтда мамнунлик билан, соқол-мўйлови янги олиниб, бурқситиб атир сепилган юзини кафти билан силар экан. У Абуталипга тик боқиб, — «Ґтир» деди. Ўтиришга рухсат бераман. Шунда сенга ҳам, менга ҳам қулай бўлади.
Назоратчилар эшикни ёпиб ташқарида қолишди. Нидо бўлса бас, ўқдай отилиб киришади. Бу лочинкўз иблисга худонинг кучи етмаса, бандасининг кучи етмайди. Бунинг устига қўлга илингудай нарса йўқ, на шиша бор, на стакан бор. У ичимликдан қочадиганлардан эмас. Купеда ароқ билан газак ҳиди анқиб турибди. Эҳтиётини қилиб ҳаммасини йиғиштириб ташлаган.
Поезд бўлса, Сариўзак даштини ёриб бир текисда йўл босмоқда. Бўронли бекати тобора яқинлашмоқда. Тансиқбоев сўроқ қилмайдигандай, қандайдир ёзувларни биринчи марта кўраётгандай шошмасдан ўқир, қандайдир қоғозларни кавлаштирар эди. Абуталип чидай олмади, орадан ўтган ана шу бир неча дақиқа йилдай туюлиб кетди унга.
— Гражданин бошлиқ, мен кутиб турибман, — деди у. Тансиқбоев ҳайрон қолиб қоғозлардан бошини кўтарди.
— Сен кутаяпсанми? — деди у ҳеч нарсани билмагандай. — Сен нимани кутяпсан?
— Сўроқни кутиб турибман. Савол берилади деб кутяпман.
— Шундай дегин! — деди Тансиқбоев чўзиқ бир оҳангда, жаҳлини босиб.
— Тузук, тузук, Қуттибоев, айбдорнинг ўзи ўз эрки билан терговчига ҳаммасини гапириб бераман деса, мен сенга айтиб қўяй, бу жуда яхши. Демак, айбдорнинг айтиб берадиган гаплари бор, тергов органларига очиб ташлайдиган сирларни билади. Шундай эмасми? — деди Тансиқбоев бугун қўрқитиш-ҳуркитиш йўли билан эмас, балки худди шундай алдаб-сулдаб мулойимлик билан сўроқ қилиш кераклигига ақли етиб. — Демак, сен тушунибсан, — давом этди у, — энди ўз айбингни сезиб, тергов органларига совет ҳокимиятининг душманларини тор-мор қилишда, айтайлик, ўзинг душман бўла туриб душманликдан қайтиб ёрдам беришга тайёр эканлигинг ақллилик қилганинг. Совет ҳокимияти сен билан менга ота-онамиздан ҳам авло, албатта бу гапни ҳар ким ўзича тушунади, — у ўз сўзларидан қониққандай индамай қолди ва қўшиб қўйди: — Мен сени доимо ақлли одам деб юрардим. Қуттибоев, фикрим тўғри бўлиб чиқди. Барибир иккаламиз бир-биримизни тушуниб, умумий тил топамиз деб ўйлайман. Нега индамайсан?
— Билмадим, — ноаниқ жавоб берди Абуталип, — нима гуноҳ қилганимни тушунмаяпман, — қўшиб қўйди, кўз қири билан вагон ойнасидан ташқарига қарар экан. Поезд шитоб билан ғизиллаб кетаётир, Сариўзак дашти қовоғи солиқ осмон тагида катта тезликда кетаётган поезд зарбидан инграган каби орқага қараб қочиб кетаётганга ўхшарди.
— Мен сенга айтиб қўяй. Очиқчасига гаплашиб олайлик, — сўзида давом этди Тансиқбоев. — Сени подшолардай махсус вагонда олиб кетаётганимиз бежиз эмас. Бу ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Ҳар кимни ҳам шундай иззат-ҳурмат билан олиб юришмайди. Демак сен тергов ишида эътиборли одамсан. Кўп нарса сенинг ўзингга боғлиқ. Масъулиятинг ҳам катта. Ўйлаб кўр. Ўйлаганда ҳам атрофлича ўйла. Энди менинг гапимга қулоқ сол. Биз бугун хуфтонда Оренбургга, янгичасига Чкалов шаҳрига келамиз. У ерда бизни кутиб ўтиришибди. Бу биз борадиган жойлардан биринчиси, у ерда сен билган икки одам бор — бири Попов Александр Иванович, иккинчиси Сайфуллин ҳамид деган татар. Ҳозир иккаласи ҳам қамоқда. Улар сен берган маълумотлар асосида қамалишган. Иккаласи ҳам Баварияда сен билан асирда бўлишганини, кейин биргалашиб қочишганини тан олишяпти. Қочишнинг ўзи ҳам ҳамон сирли — нима учун тош конидан фақат сенларнинг бригада қочиб чиққан, бошқалар қочган эмас, буни ҳам биз яхшилаб текширамиз. Кейин эса Югославияда юргансанлар, иккаласи ҳам ўша ерда Англиянинг махсус ҳарбийлари билан йўлиқишганларини бўйнига олишяпти. Гап нима тўғрида кетаётганини яхши тушуниб турибсан. Бу ҳақда сен ўз эсдаликларингда ёзгансан. Эсдаликларинг ҳам ғалати ёзилган. Бизга беш қўлдай аниқ бўлиб қолди: Попов сенларнинг резидентларинг, Сайфуллин эса унинг ўнг қўли бўлган, бирон кор-ҳол бўлиб қолгудай бўлса, резидентликни қўлига оладиган одам. Сен, Қуттибоев жосусликда биринчи сафдаги одамлардан эмассан, терговга ёрдам берсанг, ишинг яна ҳам енгиллашади.
— Қандай жосус экан?! Мен уларни қирқ бешинчи йилдан, уруш тугагандан буён кўрган эмасман, — деб Тансиқбоевнинг сўзини бўлди Абуталип.
— Бунинг аҳамияти йўқ. Кўрмаган бўлсанг бордир. Шахсан кўришиш, юзма-юз учрашиш шарт эмас. Сенларни боғлаб турган одам бўлган. Айтайлик, ўша ҳақиқатгўй Едигей Жангелдин Оренбургга ёки бирон жойга бормади дейсанми? Шундай бўлган бўлиши мумкин — сенлар кимдир орқали алоқа қилиб тургансанлар. Олдин яхшилаб ўйлаб кўр.
— Ўша Едигей ўзининг қоранор туясига миниб олиб Оренбургга бориб келиб турган десам бўладими? — деди Абуталип тутақиб.
— Бунақа гапларни қўйсангчи, Қуттибоев. Акс жавоб бер-ганинг ўзингга зарар. Мен сенга яхши гапиряпман, сен бўлсанг гапни бошқа томонга бурасан. Қаршилик қилсанг, белинг синади. Едигейдан хотиринг жам бўлсин. Керак бўлса, уни ҳам, ҳатто туяси билан биргаликда қамаймиз. Агар унга тегишма-син десанг, ҳалигилар билан юзлаштирганда гапни олиб қочма.
Паровоз олдинда қарши келаётган поездни кўриб ўкириб узоқ сигнал бериб ўтди. Паровознинг қичқириғи Абуталипнинг юрагини қонталаш қилгандай бўлди. Бўронли бекати яқин қолган эди. Лочинкўз терговчининг гаплари Абуталипнинг юрагига ғулғула соларди. Бундай кучнинг қўлидан ҳар бало келади. Лекин ҳозир Абуталипни қийнаган нарса бу эмас, балки Тансиқбоевнинг ҳаддан ортиқ сўзамоллиги эди, у ҳали-бери сўроқни тугатадиган кўринмайди.
— Гап шундай, — деб сўз бошлади Тансиқбоев, олдидаги қоғозларни нарироққа суриб қўйиб, Абуталипга тикилар экан. — Мен иккаламиз тил топамиз деб ишонаман. Сенинг бундан бошқа йўлинг ҳам йўқ, Оренбургда бўладиган юзлаштириш бош масалани ҳал қилади — ёки сен менга ёрдамлашиб, иккаламиз бир иш қиламиз, ёки мен қўлимдан келганини қиламан, кейин қилган ишингдан пушаймон бўласан — йигирма беш йил оласан ёки отиласан. Бу ишнинг қаерга боришига ақлинг етадими ўзи?! Биз Титонинг нақ ўзига етиб борамиз. Сенлар шунча йил яширин хизмат қилиб келган Тито ҳақида сўз бораётир. Бу процессни Иосиф Виссарионовичнинг ўзлари назорат қилиб турибдилар. Ҳеч ким жазосиз қолмайди, ҳаммасининг илдизини қуритамиз. Шунинг учун, Қуттибоев, мен сенга ёмонлик соғинмайман, шунга раҳмат де. Сен ҳам менинг йўриғимга юргин. Нима демоқчи бўлганимни тушуняпсанми?
Абуталип ғинг демади-ю, бадани жимирлаб кетди, ичида Бўронлига неча дақиқалик йўл қолганини ҳисоб-китоб қилди. Деразадан бўлса ҳам бола-чақаларимни кўриб қолармикинман деб эди, энди бўлмас экан. Бу фикр унинг бутун вужудини зирқиратди.
— Нега миқ этмайсан? Сендан сўраяпман, гап нима ҳақида кетаётганини тушуняпсанми ўзи? — деди Тансиқбоев. Абуталип калласини ирғади. У Тансиқбоевнинг нима демоқчи бўлаётганини тушуниб етган эди.— Мана бу бошқа гап, аллақачон шундай қилиш керак эди? — деди Тансиқбоев ва Абуталипнинг калласини ирғаганининг ҳамма шартларга кўнгани деб тушуниб, у ўрнидан туриб Абуталипга яқин келди ва ҳатто унинг елкасига қўлини қўйди. — Мен сенинг ақлли йигит эканингни билардим, охир-оқибат тўғри йўлга тушасан деб ишонардим, Демак, биз сен билан келишиб олдик. Энди ҳеч нарсадан шубҳаланма. Менинг айтганимни қилсанг бас. Энг муҳими — юзлаштирганда қўрқма-ҳуркма, гапирганда кўзларига тик боқиб, бўлган воқеани рўй-рост айтиб беравер. Попов — резидент, қирқ тўртинчи йилдан Англия разведкасига сотилган, Югославиядан жўнатилиш олдидан Титов ҳузурида кенгашда иштирок этган, мамлакатимизга узоқ муддатли топшириқ олиб келган — бирон тўполон бошланди дегунча ишга киришади. Бўлди. Поповга шунинг ўзи етади. Энди ўша татар Сайфуллинга келсак, у Поповнинг энг яқин ёрдамчиси, ўнг қўли. Сен тасдиқласанг бўлди, унга шунинг ўзи етарли. Қолганини ўзимиз қиёмига етказамиз. Мана шуларни айтсанг бас, вазифанг битади, кейин ҳеч нарсадан хавотир олма. Сенга ҳеч қандай хавф-хатар йўқ. Мен борман. Шундай. Душманлар билан сўзимиз қисқа – тугатамиз вассалом. Дўстлар билан ҳамкорлик қиламиз, гуноҳи бўлса енгиллатамиз. Унутма. Яна шу нарса ҳам эсингда бўлсинки, мен билан ўйнаша кўрма. Нега рангинг ўчган, терлаб турибсан, нима, тобинг қочдими? Ёки ҳаво етишмаяптими?
— Ҳа мазам йўқ, деди боши айланиб кўнгли айниганини, заҳар солинган овқат егандай дили ғашлигини бирдирмасликка уриниб.
— Ундай бўлса сени ушламай. Ҳозир ўз купенгга бор-да, Оренбургга етгунча дам ол. Лекин Оренбургда тобланган отдай бўлиб турасан. Тушунтира олдимми?
ҳалигилар билан ўзингни у ёқ-бу ёққа ташламайсан. «Эсимда йўқ, билмайман, унутдим» каби сўзлар оғзингдан чиқмасин. Мен айтгандай қилиб, шариллатиб бўйинларига қўйиб берсанг бўлди. Қолганлари сенинг ишинг эмас. Буёғини бизга қўйиб бер. Келишдик. Бугун ҳеч нарса ёзмай қўяқолайлик, бор, дамингни ол, Оренбургда юзлаштирилгандан кейин ҳаммасини ёзиб, қоғозларга ўшанда қўл қўямиз. Айтганларингга имзо чекиб берасан. Энди боравер. Иккаламиз ҳаммасини гаплашиб олдик. — Шу гапларни айтиб бўлгач, Тансиқбоев Абуталипнинг авахта купесига қўйиб юборди.
Шу пайтдан бошлаб Абуталипнинг ҳаётида бутунлай янги бир давр бошлангандай бўлди. Унга поезд олдингидан тезроқ юра бошлагандай туюлди. Кўзга таниш ерлар деразадан зипиллаб ўтиб турди. Бўронлигача саноқли дақиқалар қолган эди. Энди ҳушини йиғиб олиб, бола-чақасини кўра оладими-йўқми шу ҳақда ўйлаши керак. Бироқ олдин поезднинг секинроқ юра бошлашини тилаш керак. Абуталип поезд тезлиги пасайишини Оллоҳдан илтижо қилди, сал ўтмасдан поезд секин юра бошлади. Ёки унга шундай туюлдимикин, шундан сўнг кўнгли анча таскин топди, у деразага яқин ўтириб теварак-атрофни томоша қилиб кетди. Унинг бутун фикри-зикри Бўронлида эди. Поезд чиндан ҳам Бўронли бекатига яқинлашиб қолган эди. Абуталип турмуш даккиларини еб, тақдир тақазоси ила қўним топган ери Бўронлида болаларим одам қаторига қўшилгунча тирикчилик қилиб тарих алғов-далғовларидан эсон-омон ўтиб олсам деб ўйлар эди, йўқ, бу умиди ҳам пучга чиқди. Оиласи қаровсиз қолди, ҳали нима кечишини худо билади, ўзи бўлса авахта-вагонда уйининг ёнидан ўтиб бораётир.
Абуталип ҳамма нарсага ўла-ўлгунча хотирасида сақлаб қоладигандай вагондан тикилиб борар эди. Қаҳратон совуқ келган ҳут ойининг ана шу куни чошгоҳ пайтида кўзига нимаики кўринса – қор уюмлари бўладими, темир йўл ёқасидаги қори эриб кетган ерлар, бутазорлар бўладими, олачалпоқ қор босиб ётган дала-дашт бўладими — буларнинг ҳамма-ҳаммасини қандайдир муқаддас билиб, тенгсиз ҳаяжон ила кўздан кечирар эди. Ана, кўзга таниш тепалик, унинг ёнгинасида пастқам жой, ҳув ана Зарипа иккаласи темир йўлни тузатиш учун керак-яроғларни кўтариб ўтиб юрган ёлғиз оёқ йўл, ана сайҳонлик — у ерда Бўронлидаги болалар ҳамда ўзининг Довули билан Эрмеги ёз кунлари чуғурлашиб чопиб ўйнашарди. Ҳув анави ерда бир тўп туя ёйилиб юрибди, ёнгинасида яна икки туя турибди. Шулардан бири Едигейнинг Қоранори олисдан таниса бўлади — Ҳамон ўша девсифат туя, шошмай-нетмай қаёққадир кетаётир, буни қаранг — бирдан қор ёға бошлади шекилли, ҳавода қор учқунлари тўзиб қолди, Ҳа, чиндан қор ёғиб кетди, ҳар тугул эрталабдан осмонда қора булутлар пайдо бўлиб, ҳаво айний бошлаган эди, қор ёғиши керак экан-да, лекин қор сал озгина сабр қилса бўлармиди, Бўронлидаги уйларнинг томлари, мўрилар кўрина бошлади, мана поезд эҳтиёт йўлига кирди, ғилдираклар излар қўшилган жойга тақиллаб урилиб ўтмоқда, ана будка ёнида қўлига байроқчасини ушлаб стрелкачи турибди — эҳ бу Қозонғапку! Ўша қуриб қолган дарахт танасидай озғин Қозонғап, эй Худойим, Қозонғапнинг будкасидан ўтилди, поезд олға қараб овул ёнидан ўтиб бораётир: мана уйлар кўрина бошлади, уйларнинг эшик-деразалари аниқ кўзга ташланади. Кимдир уйига кириб бораётир, Абуталип уни орқасидан кўриб қолди, ким бўлди экан, кимдир поя-тахтадан нимадир ясаяпти, бу Едигей бўлса керак, ҳа ўша, гупписининг енгларини қайтариб олибди, унинг ёнида қизлари, қизларнинг орасида Эрмек, менинг азиз Эрмегим турибди, сендан айланай эркатойим, Едигейга ердан ниманидир олиб бераётир. Оҳ, Худойим болагинамнинг юзини яхшироқ кўра олмадим, Довул билан Зарипа қани? Ана иккиқат бир аёл юрибди, у бекат бошлиғининг хотини Савле, ана Зарипа. Рўмолини елкасига солиб олган. Зарипа билан Довул, онаси кенжатойнинг қўлидан ушлаб олиб Едигейнинг олдига кетяпти. Мен томонга қараб ҳам қўйишмайди. Абуталип «Зарипам! Азизам! Довул! Менинг жоним! Менга қарасаларинг-чи! Мен сенларни охирги марта кўраётирман. Алвидо Довул! Эрмек! Омон бўлинглар! Мени унутманглар! Сизларсиз менга ҳаёт йўқ! Алвидо!» деб дод солиб бақириб юбормаслик учун оғзини кафти билан ёпиб, кўзлари нигорон поездда ўтиб кетяпти. Лекин бола-бечоралар буни қаёқдан билишсин.
Чақиндай ўтиб кетаётган ана шу онларда Абуталипнинг кўрган-билгани шу бўлди. Поезд Бўронли бекатидан аллақачон олислаб кетган бўлса ҳам унинг кўз олдида кўрганлари бирма-бир гавдаланиб турар эди. Ойна ортида ҳаммаёқни қалин қор босди. Ҳаммаси йироқда, ортда қолди, бироқ Абуталип учун вақт ҳаётининг мазмуни жигарпоралари ярқ этиб кўзга ташланган аламли онларда тўхтаб қолгандай бўлди.
Ташқарида қор ёғиб, ҳеч нарса кўринмай қолган бўлса ҳам Абуталип ойнадан кўзини узмай ўтириб қолди. У деразага михлаб қўйилгандай дунёнинг адолатсизлигига бўйин товлаб ҳақиқат сари интилса ҳам, елкасидан босиб турган азозилнинг қудратига бош эгмай иложи йўқ эди, севгили хотини, суюкли фарзандларини кўрган бўлса ҳам, уларнинг ёнгинасидан тилсиз-забонсиз ҳайвонга ўхшаб ўтиб кетгани алам қилди. Уни ўз эркидан маҳрум қилган ўша азозил эди. У ҳамманинг кўз олдида поезддан сакраб тушиб, соғиниб интизор юрган оила аъзоларининг қучоғига отилиш ўрнига ғурури топталган бўлиб ўтирибди. Тансиқбоев бўлса уни хоҳлаган жойига ўтирғизиб, хоҳлаганда турғизиб итга муомала қилгандай хоҳлаган кўйга солади, юрагини ўртаган ўй-хаёллардан қутилиш учун Абуталип ўзига ўзи сўз берди, қатъий бир қарорга келди. Дилини куйдириб кетган ўша йилт этган учрашув Абуталипнинг кўз олдидан тўхтовсиз милт-милт ўтиб турар эди. Бунга ҳеч ким халақит бера олмайди. Абуталипнинг кучи фақат шунга етади — Ҳаммасини қайта-қайта хотирлашдан бошқасига мажоли етмайди – дастлаб Қозонғапни кўрди, тиришқи қўлларида байроқча, тунни тун, кунни кун демасдан постда қаққайиб тургани турган, гоҳ бекатнинг у бошида, гоҳ бу бошида туриб умрида қанча поездларни қарши олиб жўнатиб қўйганини ҳеч ким ҳисоб-китоб қилмаган, шундан кейин овулдаги пастқам уйлар, молхоналар, тутун бурқсиб турган мўрилар кўринди. Едигейнинг ёнида ўймалашган болалар орасида ўғли Эрмекни кўрганда нафаси тиқилиб бақириб юбормаслик учун оғзини кафти билан тўсди, ўшанда меҳрибон Едигей болаларга нимадир ясаб бераётган эди. Эрмек Едигейга тахтами ёки бошқа бир нарсани олиб бораётган эди ва ўша бир неча лаҳза ичида ҳаммаси аниқ-равшан кўринди. Гуппи кийиб енгини қайириб олган, юзи совуқ шамолдан қорайиб кетган, қоматли, озғин Едигей оёғида кирза этик, бошида телпак, оёғига пийма кийган бир бола, унинг ёнида Довул билан Зарипа кетяпти. Бечора Зарипа худди ёнгинасида тургандай кўринди — рўмоли кифтига тушиб, қоп-қора сочи ҳурпайган, ранги ўчган, ўша ёқимтой ёр, пальтоси тугмаланмаган, оёғида ўзи олиб берган арзон этик, эгилиб Довулга нималарнидир уқтиряпти — буларнинг ҳаммаси шунчалик таниш, шу қадар кўнгилга яқинки, Абуталипнинг кўз олдидан қайта-қайта ўтаверди. Бу учрашувдан сўнг Абуталип улар билан видолашгандай бўлди, энди дунёда ҳеч нима, ҳеч қачон бу йўқотувнинг ўрнини боса олмайди.
Ёғаётган қор тинмасдан бора-бора бўронга айланди. Оренбургга озгина қолганда поезд бекатда бир соатча туриб қолди — темир йўлни қордан тозалашди. Кишилар шовқин кўтаришиб қорни, об-ҳавони, ҳамма-ҳаммасини оғзига келган сўзлар билан сўкишаётгани баралла эшитилиб турди. Йўл очилгандан сўнг поезд қорни учириб юрган бўронга қарамасдан йўлга тушди. Оренбургга кирганда секин юра бошлади. Йўл ёқасидаги қинғир-қийшиқ дарахтлар қуриб қолгандай қорайиб турар эди. Шаҳар элас-элас кўринар эди. Вагонларни саралайдиган бекатда кечаси анча туриб қолишди. Бу ерда Абуталип келаётган вагонни поезддан ажратиб олишди. Буни Абуталип вагонларнинг бир-бирига урилиб тарақ-туруқ қилишидан, вагонларни тиркаб-ажратадиган ишчиларнинг қийқириқларидан, вагонларни судраб кетгани келган локомотивнинг гудокларидан билиб олди. Шундан сўнг вагонни бир ёққа судраб олиб кетишди, афтидан эҳтиёт йўлга киргизиб қўйишди шекилли. Хуфтон пайти эди, махсус вагонни ўз жойига қўя бошлашди. Вагон охирги марта бир силкинди. Бирдан. «Яхши! Тўхтат шу ерда» деган овоз чиқди. Вагон тўхтади-қолди.
— Мана, келдик! Ошқол-дашқолингни йиғиштир! Маҳбус, эшикка чиқ! — деди катта назоратчи Абуталипга, купе эшигини очиб. — Бўл, имиллама! Чиқ! Ухлайвериб миянг шишиб кетгандир! Тоза ҳаводан нафас ол!
Абуталип аста ўрнидан туриб, назоратчига яқин келди-да:
— Мен тайёрман. Қаёққа юрай, — деди.
— Тайёр бўлсанг, юр! Қаёққа боришни соқчи айтади, — назоратчи Абуталипни даҳлизга чиқарди, кейин ҳайрон бўлиб, ҳам ғижиниб жеркиди:
— Ҳов овсар, йўлхалтангни ташлаб кетмоқчимисан? Қаёққа кетаяпсан? Нега йўлхалтангни олмайсан? Ёки сенга ҳаммол керакми? Орқангга қайт, қақир-қуқурингни кўтар!
Абуталип купега қайтди, қолдириб кетган йўлхалтасини истар-истамас олди-да, яна даҳлизга чиққан эди, хаёл билан шошиб келаётган шу ерлик икки чекист билан сузишиб кетишига сал қолди.
— Тўхта! — деб Абуталипни деворга томон итарди назоратчи. Берироқ тур! Ўртоқлар ўтиб кетишсин!
Абуталип вагондан чиқаётиб ҳалиги иккитаси Тансиқбоевнинг купесини тақиллатаётганини кўрди.
— Ўртоқ Тансиқбоев! — деган ҳаяжонли овоз эшитилди. — Хуш келибсиз! Сизни кутавериб роса кўзи-миз тешилди! Аксига олиб сиз келган куни қор ёққанини кўрмайсизми! Кечирасиз! ҳаво ҳаволигини қилади-да! Ўзимизни таништириб қўяйлик, рухсат берасиз, ўртоқ майор!
Соқчилар бошидан қулоқчин, оддий аскар кийимидаги қуролли уч киши экан, вагоннинг ёнида кутиб турган экан. Улар маҳбусни нарироқда турган очиқ машинага солиб олиб кетишса керак.
— Тушмайсанми! Нега ағрайиб турибсан! — деб юборди уч соқчидан бири.
Орқасида назоратчи, Абуталип вагон зинасидан аста ерга тушди. Совуқ изғирин шамол, майдалаб қор ёғиб турибди. Вагон зинаси ёнидаги темир тутқич совуқдан қўлга ёпишади. Гир атроф қоронғи, ҳар жой-ҳар жойда осиб қўйилган чироқларгина ғира-шира ёруғ бериб турибди, қор кўмиб ётган қатор-қатор темир йўллар.
— Тўқсон еттинчи номерли маҳбусни топширдим! — деди катта назоратчи соқчига.
— Тўқсон еттинчи номерли маҳбусни қабул қилдим! — деб жавоб берди катта соқчи.
— Энди жўна! Булар айтган томонга боравер!— деди катта назоратчи Абуталипга, хайрлашиш ўрнига. Кейин нима учундир қўшиб қўйди. — Нарироқда машинага солиб олиб кетишади.
Абуталип соқчи йигитлар қуршовида шпалларга уриниб-суриниб темир йўл бўйлаб юриб кетди. Қор уриб турибди. Абуталип йўлхалтасини елкасига қўйиб олган. Унда-мунда тунги сменадаги вагонларнинг гудоклари эшитилади.
Тансиқбоевни меҳмонхонага олиб кетиш учун келган оренбурглик ҳамкасблари купеда бироз ҳаяллаб қолишди. Че-кистлар танишганлик учун қиттай-қиттай отишни таклиф қи-лишди, газак эса тайёр эди. Унинг устига иш вақти эмас, ке-часи ким йўқ дерди. Тансиқбоев сўз орасида ишнинг ўнгидан келаётганини, юзлаштиришнинг муваффақиятли бўлишини, Олма-отадан буён вақтни бекор ўтказмаганини қистириб кетди.
ҳамкасблар бирпасда опоқ-чопоқ бўлиб суҳбатга тушиб кетишди. Бирдан ташқаридан шитиллаган овозлар келди, вагон даҳлизида кимларнингдир дукурлаган оёқ товуши эшитилди. Купега соқчилар билан катта назоратчи ҳовлиқиб кириб келишди. Соқчининг ҳаммаёғи қон эди. У рангидан ранг қолмаган бир ҳолда Тансиқбоевга чест бериб:
— Тўқсон еттинчи номерли маҳбус ҳалок бўлди! — деди шанғиллаб.
— Қанақасига ҳалок бўлади — ўрнидан отилиб турди Тансиқбоев. — Ҳалок бўлди деганинг нимаси!
— Паровознинг остига ўзини ташлаб ўлди, — деди катта назоратчи.
— Нега ўлади? Қанақасига паровоз остига ташлайди?— деди жаҳл билан Тансиқбоев, у назоратчининг ёқасидан ушлаб тортар экан.
— Темир йўлдан ўтиб бораётганимизда, — деди пойма-пой қилиб соқчи, ўнг томондан ҳам, чап томондан ҳам локомотивлар юраётган эди. Улар вагонларни у ёқдан бу ёққа судраб ўтар эди. Биз эса поездни ўтказиб юбориш учун тўхтаб турдик. Тўхташимиз билан ҳалиги маҳбус қўлидаги йўлхалта билан мени бир солди-да, ўзини келаётган паровознинг ғилдирагининг остига ташласа бўладими.
Бундай кутилмаган ҳодисадан ҳамма лол бўлиб қолди. Тансиқбоев жон-пони чиқиб ташқарига отилди.
— Ифлос, сволочь, қутилиб қолди-я! — овози қалтираб сўкина кетди у. — Ҳаммасини барбод қилди! Кўрмайсанми, ҳаммамизни ўлдирди! Ва столга бурилиб, ғижинган кўйи қўлини силтади-да, стаканни тўлдириб арақ қуйди.

Унинг оренбурглик ҳамкасблари эса бу ҳодисага соқчилар калласи билан жавоб беришади, деб қўшиб қўйишди.
Mualifning boshqa asaralari
1 Alvido, ey Gulsari (qissa) [Chingiz Aytmatov] 2959
2 Алвидо, эй Гулсари (қисса) [Chingiz Aytmatov] 690
3 Baydamtol sohillarida (hikoya) [Chingiz Aytmatov] 953
4 Birinchi muallim (qissa) [Chingiz Aytmatov] 7847
5 Boʻtakoʻz (qissa) [Chingiz Aytmatov] 1467
6 Байдамтол соҳилларида (ҳикоя) [Chingiz Aytmatov] 613
7 Биринчи муаллим (қисса) [Chingiz Aytmatov] 850
8 Бўтакўз (қисса) [Chingiz Aytmatov] 590
9 Erta qaytgan turnalar (qissa) [Chingiz Aytmatov] 2404
10 Эрта қайтган турналар (қисса) [Chingiz Aytmatov] 767
11 Hayot-mamot (taqriz) [Chingiz Aytmatov] 1886
12 Ҳаёт-мамот (тақриз) [Chingiz Aytmatov] 720
13 Jamila (qissa) [Chingiz Aytmatov] 2462
14 Жамила (қисса) [Chingiz Aytmatov] 865
15 Oq yomgʻir (hikoya) [Chingiz Aytmatov] 1415
16 Oqkema (qissa) [Chingiz Aytmatov] 6091
17 Oxirzamon nishonalari (I- qism) [Chingiz Aytmatov] 2608
18 Oxirzamon nishonalari (II- qism) [Chingiz Aytmatov] 1885
19 Охирзамон нишоналари (I- қисм) [Chingiz Aytmatov] 884
20 Охирзамон нишоналари (II- қисм) [Chingiz Aytmatov] 984
21 Оқ ёмғир (ҳикоя) [Chingiz Aytmatov] 635
22 Оқкема (қисса) [Chingiz Aytmatov] 867
23 Плач перелетной птицы [Chingiz Aytmatov] 584
24 Qizil olma (hikoya) [Chingiz Aytmatov] 1134
25 Қизил олма (ҳикоя) [Chingiz Aytmatov] 552
26 Raqiblar (hikoya) [Chingiz Aytmatov] 946
27 Рақиблар (ҳикоя) [Chingiz Aytmatov] 565
28 Sarvqomat dilbarim (qissa) [Chingiz Aytmatov] 4669
29 Sohil yoqalab chopayotgan Olapar (... [Chingiz Aytmatov] 1920
30 Somon yoʻli (qissa) [Chingiz Aytmatov] 1503
31 Сарвқомат дилбарим (қисса) [Chingiz Aytmatov] 775
32 Сомон йўли (қисса) [Chingiz Aytmatov] 777
33 Соҳил ёқалаб чопаётган Олапар (қисса) [Chingiz Aytmatov] 833
34 Oʻtar Qush Nolasi [Chingiz Aytmatov] 1105
35 Ўтар Қуш Ноласи [Chingiz Aytmatov] 804
36 Chingizxonning oq buluti (qissa) [Chingiz Aytmatov] 4276
37 Choʻqqida qolgan o... [Chingiz Aytmatov,Muxtor Shoxonov] 3029
38 Choʻqqida qolgan o... [Chingiz Aytmatov,Muxtor Shoxonov] 1872
39 Choʻqqida qolgan o... [Chingiz Aytmatov,Muxtor Shoxonov] 2919
40 Чўққида қолган овч... [Chingiz Aytmatov,Muxtor Shoxonov] 927
41 Чўққида қолган овч... [Chingiz Aytmatov,Muxtor Shoxonov] 846
42 Чўққида қолган овч... [Chingiz Aytmatov,Muxtor Shoxonov] 1085
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика