Оқ ёмғир (ҳикоя) [Chingiz Aytmatov] |
Юксак тоғ қояларидан эсаётган муздек шамол қоронғи даралар ичидан куч билан отилиб чиқиб, тоғ этакларига равона бўларди. Пастда овул уйқуга чўмган. Атроф жимжит, деразалардан кўриниб турган чироқлар секин ўча бошлади. Қиров қоплаб, эндигина очилай деб турган баҳор куртаклари, ой шуъласида ғира-шира кумушдек товланиб турарди. Фақат шамолнинг томга ёпилган қамишларни шитирлатган товуши билан уйқу аралаш улиган ит овози эшитиларди. Узоқлардан эса тоғ дарёсининг шовуллаши ва моторларнинг гувиллаши аранг қулоққа чалинарди... Қоронғида овул чеккасидан икки кишининг гавдаси тез яқинлашиб келмоқда эди. Ана улар, қадамларини секинлатиб тўхташди... – Энди, бу ёғига ўзим... Раҳмат, – аёл кишининг овози эшитилди. – Кел, кузатиб қўя қолай, тағин итлар талаб юрмасин,– жавоб берди эркак кишининг овози. – Мен итлардан кўрқмайман... – Шундай бўлса ҳам... – Йўқ, Қосимжон, сен ишга кечикиб қоласан. – Ҳали вақт бор, улгураман, – Қосимжон гугурт чақди. Милтиллаган аланга бир лаҳзада қоронғида катак рўмолли қиз билан эгнига спортчиларнинг чармли курткасини, оёғига эса кирза этик кийиб олган ёш йигитни ўз бағрига тортиб олмоқчи эди. – О, Саодат, ҳали яна роса икки ярим соат вақт бор, – деди у, соатига қараб. – Ҳожати йўқ, Қосимжон, боравер... Бирор киши кўриб қолгудек бўлса, гап қилишади. Бундан ташқари, мен жуда безовталанаяпман. Онам нега чақиртирди экан?.. Тоби қочиб қолган бўлса-я? – Ҳа-а, агар шундай бўлган бўлса, уни ёлғиз қолдириш мумкин эмас. Лекин сен кўпам сиқилаверма, бир иложини қилармиз... Улар яна бир оз туришди-да, сўнг ажралишди: Саодат – уйга, Қосимжон бўлса, тоғ томонга йўл олди. Бир оз юргач, у орқасига қаради. – Агар бирор нарса бўлса хабар қил... Мен кутаман. – Яхшн, – бўғиқ овоз билан жавоб берди Саодат. У ҳам бир неча қадам юргандан сўнг тўхтади-да, орқасига қаради. Қосимжон кўринмас эди. Зим-зиё кеча. Саодат уйига ошиқди. У уйига қанчалик яқинлашиб борар экан шунчалик қадамини тезлаштирар эди. Охири Саодат сабри чидамай югуриб кетди. Унинг мияси турли хаёллар билан банд эди. Хаёлида худди у ҳозир югуриб бориб эшикни очади-ю, кўзлари хиралашиб, тўшакда ётган касал онасини кўраётгандай эди. «Она, қадрдоним, қимматли онам», деб қичқириб юборгудек бўлди Саодат, лекин овози чиқмади. Мана таниш дарча ҳам кўзга ташланди. Бирдан ўзига қарши келаётган қандайдир сояга кўзи тушди. – Сенмисан, Саодат? – сўради онаси. – Нима қилди, опа? – Шундай кечада ёлғиз ўзингмисан? – Ўзим,– деди Саодат, ёлғон гапириб. – Сени қара-я, худонннг ўзи асрабди, – қўлларини ишқалаб қўйди Зайнаб опа. – Шундай ҳам бўладими. – Йўқ, мен йўловчи аравада келдим, – дарров ўйлаб топди Саодат. Қизини қучоқлаганича Зайнаб опа йиғлаб юборди: – Кутавериб ҳолдан тойдим. Кўзларим тешилди. Кеч ҳам кирди, сендан ҳамон дарак йўқ. Йўлда бирор ҳодиса рўй бердимикан, деб хавотир олдим. Кутиб олиш учун энди ўзим йўлга чиқмоқчи бўлаётган эдим. – Сенга нима бўлди, опа, биз ўтган ҳафта кўришган эдик-ку. Саодат трактор бригадасида притсепчи бўлиб ишларди, у бутун ёз бўйи дала шийпонида истиқомат қилди. Шунинг учун ҳам у ҳар гал уйга келганда Зайнаб опа учун ҳақиқий байрам бўлар эди. У қизини шундай соғинар эдики, бундай вақтларда унинг олдидан бир қадам ҳам жилмас эди. Улар ўчоққа бирга ўт қўйишар, рўзғор ташвишлари билан банд бўлишарди – бири хамир қорса, иккинчиси гўшт пиширар, Саодат сигир соғса, Зайнаб опа унинг ёнида туриб, атала пиширарди. Гап деганнинг кети узилмасди. Зайнаб опа хизмат қилаётган колхозда ҳам, Саодат ишлаётган трактор бригадасида ҳам янгиликлар кўп. Саодат қачон ариқ бўйига бормасин, Зайнаб опа дарча олдида туриб унга тикилганича кузатиб қоларди. Она ўз қизининг бўйга етиб қолганига сира ишонгиси келмасди. У Саодатнинг тўлишган, хушбичим яғринларига меҳр билан қараб турарди. Саодат майда кўзли кумуш билагузук тақиб олган тиқмачоқдек буғдоймағиз қўллари билан обкашни маҳкам ушлаганча эпчиллик билан чиройли қадам ташлаб келарди. Унинг бир текисда нафас олиши кўйлак бурмаларини хиёл қабартиб кўрсатарди. – Қўзичоғим, кўзимнинг оқу қораси, нима десанг ҳам ўзинг биласан, лекин сен билан маслаҳатлашмасдан шундай қарорга келдим, – ўзича тасаввуридан ўтказарди она. Бугун она-бола ҳар қачонгидан кўра хурсанд, бир-бирларига меҳрибон эди. Саодат онасининг беҳуда чақирмаганини, унга қандайдир бир муҳим нарса айтмоқчи эканини сезиб турарди. Ҳақиқатан ҳам Зайнаб опа бу гапни айтиш учун кўпдан бери тайёрланиб юрарди. Кейинги кунларда қизининг кўнгли нимагадир ғаш эди. Бунинг сабаби нимада экан? Эрта баҳор кунларининг бирида сал-пал қор ёғиб турган эди, Саодат ҳаллослаганича уйга югуриб келди. – Опа!–ҳаяжон билан қичқирди у остонадан, – комсомол бригадаси келди! – Қанақа бригада? – Э, билмайсанми ҳали, МТСдан комсомоллар бригадаси. Комсомоллар янги ерда ишлашмоқчи. Уларни ўз кўзим билан кўрдим, опа, машина ва тракторларда тегирмоннинг ёнгинасидан ўтиб кетишди. Улар ўзлари билан омоч ва сеялкалар ҳам олиб келишяпти. «Мунча у безовталанади?– ҳайрон бўлиб қолди шунда Зайнаб опа. – Нима бўлибди, келса келишибди-да». Қизи ҳамон куйиб-пишиб гапираётган эди: – Мен уларни қаерни ҳайдашини биламан, опа. Бизга у ер жуда ҳам яқин. Тоқой аканинг айтишича, улар бу йил «Эски ўтов»нинг ҳаммасини ҳайдашар эмиш. Орадан бир неча кун ўтгандан сўнг Саодат МТСга притсепчи бўлиб ишга кириш учун онасидан рухсат сўради. Зайнаб опа қизини уйдан чиқаришга ҳеч кўнгли йўқ эди, лекин Саодатнинг ўжарлиги, ўз айтганида туриб олишини билган она бир оз бўшашди. – Бу йил притсепчи бўлиб ишлайман, кейин эса бизни тракторчиликка ўқитишади. Ахир мен, комсомол мажлисида сўз берганман, сўзимдан қандай қайта оламан. Бироқ ишга Саодатнинг амакиси Тоқой ака аралашмаганда бу баҳона онага таъсир қилиши гумон эди. – Ёшларнинг кўнглини ўкситма, ҳамма нарса уларга аён, майли, борсин! – маслаҳат соларди у онага. Саодат ҳам кетди. Лекин кўп ўтмай она қаттиқ пушаймон бўлди. У кўрдики, энди Саодат фақат уникигина эмас, балки яна қандайдир қудратли бир куч уни кундан-кун ўзига тортаётган эди. Баъзи вақтлар унинг назарида Саодат ўзидан кўра ақллироқ туюларди. Бу қиз бола учун ортиқча эмасмикин? Кўплар ўтиши билан Саодатда онаси тушунмайдиган қандайдир ўзгача ташвишлар орта борди. Нима учун Саодат унга келгандан сўнг онасини нақадар соғинган бўлишига қарамай каллаи саҳарлаб туриб, сал тонг ёриши билан яна бригадага ошиқади? Қизиқ. Саодат баъзан вазмин, ишчан, эркалик қилиб онасига суйкаланар, баъзан эса бирдан кўз олди қоронғилашиб, онасидан ажраб қолган бўталоқ сингари ғамгин бўлиб қолар ва хомушланиб, жимгина ўтирарди. – Ўз ишингдан хурсандмисан, Саодат? – гўё ҳеч нарсани сезмагандек сўрарди Зайнаб опа. – Бригадаларингиздагилар қанақа одамлар ўзи? – Жуда хурсандман! – ҳар вақт жавоб берарди Саодат ва ҳаяжон билан ўз ўртоқлари ҳақида ҳикоя қилишга киришиб кетарди. Улар узоқ ерлардан келишган, машинани ҳам яхши билишади. Ҳатто шундайлари ҳам борки, улар машиналарни заводда ўзлари ясаганлар. «Қани, мен ҳам ўшалардай бўлсам» дерди Саодат, кўзлари чақнаган ҳолда. Шундай пайтларда у онаси учун қандайдир бегона ва тушуниб бўлмайдигандек туюларди. Саодат онасининг кўзларидаги бу ташвиш аломатини сезмасдан, ўзини ҳаяжонга солаётган ҳамма нарса ҳақида, комсомол мажлиси, деворий газета-ю, ишёқмас, дангаса тракторчини қаердан судраб келганликлари ҳақида ва яна бошқа кўп нарсалар ҳақида гапираётган эди. Лекин Зайнаб опа буларнинг ҳаммасини ҳам тушунавермасди. Улар бирга чой ичишди. Саодат дастурхонни йиғиштириб, пиёлаларни ювиб, токчага олиб қўйди. ЁТИШ вақти ҳам бўлди. Бироқ Зайнаб опа Саодатга диққат билан қараганича ҳамон намат устида ўтирарди. – Менга яқинроқ кел, қизгинам, ўтир, – ўз ёнидан жой кўрсатди у. – Сен билан гаплашиб олмоқчиман... – Гапир, опа, қулоғим сенда. Зайнаб опа ўз фикрларини жамлаб, гапни нимадан бошлашни билмай анчагина туриб қолди. – Сен менинг кўз очиб кўрган ёлғиз қизимсан, Саодат, – деди у қизининг юзига тикилиб. – Сен менинг ҳам ўғлимсан, ҳам қизимсан. Менинг сендан бошқа ҳеч кимим йўқ. Сен менга осон деб ўйлайсанми? – Онанинг кўзларида ёш томчилари пайдо бўлди. – Фақат ишда бир оз унутаман, уйга келдимми... ёлғизлик юрагимни ёндириб юборади... Қаерда қолди экан, бирор нарса бўлдимикан, соғмикан... Ишинг аёллар қиладиган иш эмас, Саодат. Қиз боланинг плуг устида ўтириши нимаси... Бу ишингни қўй, уйга кел... Колхозда иш оз эмас. Зайнаб опа кўз ёшларини артиб оғир хўрсинди. Унинг нима демоқчи эканини шу гапларнинг ўзиданоқ пайқаб олиш мумкин эди. Лекин Саодат онаси асосий гапни айтмаганини сезиб турарди. – Нима, дала шийпонимизда қизлардан ёлғиз ўзимманми? Ахир, бизнинг колхозда бошқа қизлар ҳам бор-ку. МТСда яна қанчаси бор! Бунинг устига улар ишда эркаклардан қолишмаяпти. Нима учун мен ишни ташлашим керак экан? – Сен улар билан тенг бўлма! – Зайнабнинг жаҳли чиқди. – Улар ота-оналарининг якка-ю, ёлғиз боласи эмас. Саодат онасини маҳкам қучоқлаганча кўксига босиб қотиб турди. Унга рози бўлишдан бошқа гап ҳам бўлиши мумкин эмас эди. – Яхши, опа, сенинг айтганингча бўлсин. Бироқ менга у ерда яна бир оз бўлишга рухсат бер. Ҳадемай баҳорги экиш ҳам тугайди, ўшанда бутунлай қайтиб келаман. Жуда оз вақт қолди, сабр қил, опа... Онанинг кўнгли тинчиди. Ётиш вақти ҳам бўлди. Кўзи энди уйқуга кетган эди, қандайдир шитирлаган овоз эшитилди. Зайнаб опа кўзини очди ва Саодатнинг туриб сокин дераза томон бораётганини кўрди. Ойнинг кўкимтир нури қизнинг боши ва елкаларигача ёритиб турарди. Саодат безовталаниб онасига қаради, сўнгра секингина дераза олдига борди-да, тиззасини қўллари орасига олиб сукут сақлаб ўтираверди. Афтидан, у нималарнидир ўйлаётгандай асабийлашиб, кўксига тушиб турган сочларини юлқиб тортарди. «Нега ухлай олмаяпти?» – онанинг юраги яна хавотирдан зирқирай бошлади. Саодат дераза ойналарига яқинроқ ўтириб, тоғ ёнбағрида ишлаётган трактор чироқларининг аҳён-аҳёнда ёниб ўчаётганини томоша қилиб ўтирди. Узоқдан эшитилаётган моторларнинг гувиллашига завқ билан қулоқ соларди. Тракторлар гўё яқин атрофда ишлаётгандек уларнинг шовқини гоҳ яқинлашар, гоҳ қиз диққатини ўзига жалб этгандай узоқларга кетиб қоларди. «Тракторга қулоқ соляпти», – ўзича ўйлади Зайнаб опа ва у ҳам доим шу гувиллаган овозни эшитадиган бўлди. Унинг қизи ҳам ўша ерда, далада ишлайди, Саодат уйда бўлмаган пайтларда эса она шу гувиллаган товушни эшитиб, кўнгли бир оз тинчигандай бўлади. Ҳа, қизи дераза олдида беҳуда ўтиргани йўқ. У бутун вужуди билан ўша ерда, тракторлар зўр бериб шудгор қилаётган ерда ўтирарди. Буни Зайнаб опа яхши сезарди. Саодат узоқдаги чироқларга боқиб турар экан, назарида ўткир плуг тишлари қўриқ ер қатламларини қия қилиб, майин тупроқларни тарам-тарам ағдариб бораётганини кўриб тургандай бўлди. Қачонлардан бери инсон қўли тегмаган эди бу ерларга. Мана энди улар Қосимжон билан бирга инсон қадами етмаган, қаровсиз ерга биринчи бўлиб жон киритмоқдалар. Энди бу ерда экинлар бошоқлайди. Ҳадемай йўллар тушади. Қадимда кўчманчилар кўчиб юрадиган «Эски кўчманчи» водийсидаги тоғ оралиғида уйлар қад кўтаради, шунда одамларимиз келган кишиларга фахрланиб: «Мана шу даладан ўтсангиз молхонани кўрасиз, ундан нарида кўча бор, худди ана шу ер бизнинг колхоз бўлади» дейишадиган бўлади. – «Ҳа, бунинг ҳаммасини ўз қўлимиз билан яратганмиз!» – ўйларди Саодат кўнгли қувончга тўлиб. Ахир, бу чинакам бахт эмасми, бутун ҳаётингни унга бағишласанг арзимайдими?! Ёрқин қуёш остида жимирлаб ётган кўкимтир шудгор унинг кўз ўнгидан ўтди. Саодат ана шу илиқ буғ билан тўйиб-тўйиб нафас оларди. Ернинг намиқиб анқиган ҳиди уни ўзига чорларди. Оҳ, қандай ёқимли... Ўтлоқнинг нариги бошига бориб қайтишда Саодат тезда плуг ричагларини алмаштиради. Ойнадек ярақлаган лемех тишлари ер бағридан кўтарилади. Уларнинг ҳар бирида қуёш нури аксланиб турарди. Тракторни қайтара туриб, Қосимжон унга қараб кулиб қўярди. Саодат эса: – Бўш келма, Қосимжон! Бугун биринчиликни оламиз! Бўш келма!.. «Қосимжон... учрашганимиз қандай яхши бўлди, бирга ишлаяпмиз! Мен дунёнинг нариги бурчига бўлса ҳам орқангдан боришга тайёрман», - шивирларди Саодат ўзича. Зайнаб опанинг кўнгли хавотирда эди. Нима қиларини, қизига нима дейишини билмай оғир хўрсиниб, иккинчи ёнбошига ўгирилиб ётди. Саодат сесканиб кетди. Анча вақтгача гапирмай жимгина ўтирди, сўнг онаси томон бир қараб олди ва оҳистагина каравот олдига келди-да, ётди. Бироқ қиз ҳам, она ҳам ухлай олмади. Уларнинг ҳар бири ўз хаёллари билан банд эди. Зайнаб опа қизининг бўйга етиб қолганини ва унинг келгуси тақдири ҳақида ҳаракат қилиш зарурлигини ўйларди. Агар ўз овулимиздан бирор муносиб йигит топилса, у вақтда қизи доимо ўз қаноти остида бўларди. Агар куёв ёлғиз бўлса яна яхши – ичкуёв қилиб оларди. Қиз, ҳатто сеп тайёр эканидан ҳали хабарсиз эди. Турли хил кигизлар тайёр, фақат чодир сотиб олиш қолган эди. Саодат эса Қосимжон ҳақида, у билан биринчи учрашганлари ҳақида ўйларди.. Ўша кезларда улар бир агрегатда ишлашар эди. Ҳар гал ҳам трактор тўхтаганда Қосимжон унинг олдига келиб сўрарди: – Сен чарчамадингми, Саодат? Бир оз дамингни ол. «Нега мунча менга ёпишиб олди у? – Жаҳли чиқиб дерди Саодат. – Нима, мен ёш боламанми?» Агар Қосимжон ундан аҳвол сўрамаса, Саодат яна аччиқланарди: «Нега у бирон нарса демайди? Хафа бўлдими ёки мен унинг жонига тегдимми?» Кунлардан бирида улар қўшни чегарага яқин жойдаги энг баланд қояга чиқмоқчи бўлишди. Саодат ўша кунни ҳеч қачон унутмайди. Тик қояга кўтарилиш қанча қийин бўлмасин, лекин улар чарчашни ҳам унутиб, тўхтамасдан нима бўлса ҳам чўққига чиқиб олиш учун қатъий аҳд қилдилар. Икковлари ҳам у ерда бир-бирларига қандайдир муҳим нарса айтиш ҳақида ўйлардилар. Ахир бу ерда уларнинг сўзларини ҳеч ким эшитмасди-да: бу яқин-орада улардан бошқа бирор тирик жон йўқ. Бироқ чўққига чиқиб олганларидан кейин ҳам улардан биронтаси кўнглидагини очиқ айтишга ботинолмади. Фақат қайтиб тушаётганларида Саодат тўсатдан сирғаниб кетди, Қосимжон уни маҳкам тутиб қолиб, ўпиб олмоқчи бўлиб интилди, аммо бу сафар Саодатнинг жаҳли чиқмади. У ҳеч қачон ўзини шундай бахтли ҳис этмаган эди. * * * Зайнаб опа ланг очилган эшик ёндорига суянганича уйнинг ичкарисига қараб турарди. Унинг ҳаракатсиз бош эгиб туришидан, таажжубланиб хиёл кўтарилган қошлари ва бир-бирига ботиб кетган лабларидан сукут сақлаб, умидсизликка берилаётгани сезилиб турарди. У бирор қўрқинчли нарсани кутаётгандай остонага қадам ташлашга ботинмай турди ёки ниманидир эслади. Балки тоғдан шамол олиб келаётган шовқин-суронга қулоқ солаётгандир. Кўйлагининг кенг ва узун енги шалвираб осилиб турарди. Ёнида эса пақирдаги сувлари чайқалиб обкаш ётарди. Зайнаб опа ҳозиргина ариқдан сув олиб қайтган эди. Зайнаб опа у ерга бориб Саодатнинг эрга чиққанини эшитиб келганди. Она қалби чуқур изтиробга тўлган. Энди у ҳувиллаган уйда якка-ю, ёлғиз. Унинг учун ҳамма нарса муҳайё, бироқ қизининг кетиб қолиши билан бутун орзу-умидлари ҳавога учгандай бўлди. Агар Тоқой аканинг қайлиғи Жийдагул келмаганида Зайнаб опанинг шу зайлда қанча туришини ким билсин. Жийдагулни кўриши билан Зайнаб опа вайсаб кетди: – Мана, қиз зоти қанақа экан? Оҳ, шўрим қурсин. Худо менинг насибамни қийди, ўғил бермади. Ўғил бўлганда ўз уйини ташлаб кетмай, балки қаллиғини етаклаб келармиди. Жийдагул нимжонгина ва ҳамиша мўмин-мулойим, ҳозир эса бутунлай бошқача бўлиб қолган бу хотинга қўрқинч билан қараб турарди. – Саодат мени шарманда қилди! – деярди Зайнаб опа гап орасида. – Қочқин кишидек иззат-икромсиз исми-расмини қилиб узатилмасдан бир дарбадарнинг орқасидан эргашиб кетди. У Саодатни аллақаёқларга олиб кетади, кўрмай ҳам қоламан. – Қизиқсиз, Зайнаб опа, қизингиз узоқда эмас, шу ерда-ку! – деб Саодатнинг ёнини оларди Жийдагул. – Бас қил! Менинг шу аҳволга тушишимга сизлар ҳам айбдорсизлар. Унинг МТСга боришига сенинг Тоқойинг сабаб бўлди. Мен бўлсам гўллик қилиб, эримнинг укаси деб унинг гапларига ишонибман. Бор айт, агар акасининг хотираси ва уруғимизнинг шаъни унга қадрли бўлса, Саодатни йўлдан қайтарсин. Бор! Шу куниёқ Тоқой ака одатга кўра хотинини Зайнаб опани чақириб келишга юборди. Тоқой ака эгачисини кутиб, кигиз устига тўшалган пўстак устида қовоғини солиб ўтирарди. Барча оила аъзолари ҳам у билан бирга ўтирарди. Уй иссиқ эди. Қозонда гўшт, стол устида эса самовар қайнарди! – Ҳаммасидан хабарим бор, Зайнаб, – гап бошлади Тоқой, ҳурмат билан унга пиёладаги чойни узатаётиб. – Сен учун ўзим ҳам хижолат тортяпман. Агар Саодат аҳмоқлик қилган бўлса, мен ҳозироқ отни эгарлаб, сочларидан судраб бу ерга олиб келаман! – Чолнинг кўзлари ғазабдан чақнар эди. – Аммо мен бундай қилмайман. Ундан кўра менинг қўлларим узилиб тушсин. «Эски кўчманчи»даги ерлар кўпдан бери сенинг қизингга ўхшаш одамларни кутарди. Зайнаб, мен сени тинчлантиришга ва кўндиришга ҳаракат қилмоқчи эмасман. Лекин бир нарсани эслатаман. – Тоқой тилининг остига носвой ташлаб олди ва қорамтир мўйловини ўйчан силаб қўйди. – Ҳозир «Эски кўчманчи» ерлари очилмоқда. Узинг биласан-ку, бир вақтлар биз бу ишни уддалай олмаган эдик. Ўша вақтда биз бу пастқам ерларни охири бир кун ўзлаштирамиз, деб ўйлашга ҳам ботина олмаган эдик. Бойлар бизни сиқиб, охири ана шу «Эски кўчманчи» ерларига ҳайдаб юборишган эди. У жойларда ерни ҳайдаш ҳам, суғориш ҳам ноқулай эди. Эсингдами, ўшанда акамни севиб қолиб, у билан бу ерга қочиб келганларинг? Очликдан ўлмаслик учун, ҳатто мана шу пўстакдан ҳам катта бўлмаган ерни ҳайдашга қарор қилган эдик. Тўғри айтасан, ерни қандай тозалаганимиз, тошларни қўлда кўтариб ташиганимиз, тоғ ёнидан ариқ қазиганимиз ва «Илон қоясидан» сув кўтарилиб бу ариқда чиқмагани ёдингдами? Шуларни эслайсанми, Зайнаб? Ахир қуруқ қўл билан қояларни ағдариб бўлармиди? Меҳнатимиз зое кетиб, экинлар қуриб қолди. Сен ўшанда қандай йиғлаганингни эслайсанми, ҳатто биз эркаклар ҳам кўз ёшларимизни зўрға тутиб турган эдик. Ўшанда биз «Эски кўчманчи» ерларидан кафтдек қисмини ҳам ишлай олмаган эдик. Лекин бизга кўп ер керакмиди? Фақат очликдан ўлмаслик учун... Энди эса бизнинг болаларимиз «Эски кўчманчи»ни ўзлаштиришга бел боғладилар. Агар сен уларни ҳозир нималар қилаётганини кўрганингда эди... Улар зўр ишонч билан ишлаяпти. Уларда билим бор, машина бор... Ҳадемай галламиз дарё бўлиб оқади. Эҳ, Зайнаб, ёшлигингда ўз севган кишинг учун ҳар қандай қийинчиликларга дуч келгансан. Шундай экан, нима учун сенинг қизинг ўз севгани билан турмуш қуришга ва у билан бирга меҳнат қилишга ҳақли эмас экан, а? Зайнаб опа жим турарди. – Сен ақлли хотинсан, – давом этарди Тоқой, – тушунишинг керак. Саодат шундай қилмасдан иложи йўқ эди. Куёвинг Қосимжон эса ота-онасиз дарбадар эмас, ажойиб йигит, бригадада биринчи тракторчи. Унинг ота-оналари шаҳарда яшайди. Уларни жуда яхши, ҳурматли кишилар дейишади. Саодатга келсак, у онасини унутиб кетадиганлардан эмас. Якшанба куни улар сеникига келишади, кузда эса сен одат бўйича йўл очар қиласан. Тўйни бўлса биринчи ҳосил йиғилиб, улар янги уйга кўчиб кирган куни қиламиз. Тоқой ака нима деган бўлса Зайнаб опа жимгина ўтириб тинглади. Кейин ўрнидан туриб эшик томон йўл олди. У бунга рози бўлдими, йўқми, ҳеч ким тушунмади. Тоқой ака меҳмонни кузатишга чиқди. Ташқарида шундай қаттиқ ёмғир ёғаётган эдики, ҳатто, тоғлар ҳам, дарахтлар ҳам, нарироқдаги уйлар ҳам кўринмасди. Ҳамма нарса сувли туман билан қопланиб олган эди. – Эҳ-ҳе, ҳамма ёқни қоплаб олибди-ю! Ана кўрасан, бу оқ ёмғир камида икки-уч кун тўхтовсиз ёғади... – Оқ ёмғир дейсанми? – Паст овоз билан сўради Зайнаб опа ва жавобини ҳам кутмасдан кетиб қолди. * * * Зайнаб опа уйга кириб келар экан, хаёл селига чўмганича бурчакка келиб ўтирди ва ёмғир томчилари оқиб тушаётган деразага қаради. – Оқ ёмғир! – шивирлади у алланарсани эслагандай. Зайнаб опа йўлда келаётибоқ, Тоқой ҳар ҳолда ҳақ деган хулосага келганди. Лекин у уйининг остонасига қадам қўйиши билан, қўллари шалвираб, юраги музлаб кетди ва яна ўзини ёлғиз ҳис эта бошлади. Бирор рўзғор ишлари билан банд бўлмоқчи бўлди-ю, лекин, юрагига ҳеч нарса сиғмади. У ҳар вақт нимадир етишмаётганлигини ўйларди. Лекин унинг нима эканлигига сира тушуна олмасди. Ниҳоят у буни топди: одатдагидек тоғ тарафдан келаётган моторларнинг овози эшитилмас эди. Ҳар доим онани тракторларнинг овози тинчлантирарди, чунки бу овоз севимли қизи билан, унинг келажаги билан боғлиқ зди. Зайнаб опа хавотирланарди: «Тракторлар жим, оқ ёмғирнинг икки-уч кун ёғадигандай шашти бор. У бечоралар палаткаларда нима бўлди экан? Нам, совуқ, печка йўқ». Унинг ёш келин-куёвларга раҳми келди. Ахир улар чиллалик-ку, тезроқ якшанба кела қолса эди. Зайнаб опа бармоқлари билан якшанбагача неча кун қолганини санади. Тўрт кун! Қандай узоқ! У тезроқ Саодат ва Қосимжонни кўргиси келарди. Бир оз ўтиргач, кескин ўрнидан турди-да, сандиқдаги оқ сурпни олиб, эркаклар киядиган кўйлак бичди. Сўнг печкага ўт ёқди. Хонада дарров ҳамма нарса саранжом бўлди. Гўшт пишгунча Зайнаб опа машинада кўйлак тикиб бўлаёзди. Энди у қўл қовуштириб ўтирмасдан бўғирсоқ қовурилаётган қозон олдида ўралашиб қолди. Оловдан қизиб кетган юзлари қип-қизил бўлиб, майда тер томчилари билан қопланди. Бирор яхшиликни кутаётгандек кўзлари қувонч билан порларди. Афтидан у катта байрамга тайёрланаётгандай эди. Ҳа, ҳақиқатан ҳам шундай. У ҳозироқ «Эски кўчманчи»га боришга қарор қилди. Тайёрланиб бўлгандан сўнг, Зайнаб опа Саодатнинг сепи учун асраб қўйган гулли шол рўмолни олиб келди-да, кўйлак билан бирга қўшиб хуржуннинг бир кўзига солди, унинг иккинчи кўзини эса гўшт ва бўғирсоқ билан тўлдирди. Энди кетавериш мумкин эди, лекин у ўйланиб қолди – эрга теккан қизиникига таклиф қилинмасдан бориш ярашмаса керак. Тоқой кузгача кутишни маслаҳат берган эди. Лекин бу ниҳоятда узоқ муддат. Тўғри, Саодат ва Қосимжон якшанба куни келишади. Аммо якшанбагача ҳали тўрт кун бор... У эса ўз болаларини ва «Эски кўчманчи»да нималар қилинаётганини ҳозироқ ўз кўзи билан кўргиси келарди. Борди-ю, уни кулги қилишса-чи? «Нима деб ўйлашса ўйлашаверсин, бари бир бораман». Зайнаб опа янги шойи кўйлагини, маҳси-калишини, севган чопонини кийиб, хуржунини елкасига ташлади-да, бошига катта қанорни ёпиниб уйидан чиқди. Ташқарида бўлса оқ ёмғир ёғаётган эди. * * * Кул ранг туман аралаш ёмғирда сўқмоқ бўйлаб от устида хотин киши секин юриб борарди. Ер денгизи ҳайдалиб ташланган, катта ариқлар қазилган, ёмғир билан ювилиб, ер қобиғини секин-аста ёриб яшил ўсимлик – биринчи баҳорги буғдой униб чиқмоқда. «Эски кўчманчи» ерлари таниб бўлмас даражада ўзгарган. Ҳосил олиш мушкул бўлган бир парча ер қаерда эди? Сув чиқариб бўлмаган ариқ қаёқда қолди?.. Зайнаб опа отдан тушиб, ёнидаги тошга ўтирди-да, йиғлай бошлади. Бироқ, эндиги кўз ёшлар ўз фарзандларининг фахри учун, уларнинг ажойиб катта ишларини кўриб қувонч ҳисларига тўлган онанинг кўз ёшлари эди. 1954 |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62430 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57902 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40505 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36644 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23313 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23180 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21845 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19543 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18663 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14486 |