Биллур қандиллар (қисса) [Odil Yoqubov]

Биллур қандиллар (қисса) [Odil Yoqubov]
Биллур қандиллар (қисса) [Odil Yoqubov]
1
Андижон — Москва поезди Тошкентга барвақт келаркан. Кечаси вагонда танишган хушқад, хушсурат, хушчақчақ лўли йигит Ҳикматиллони уйғотиб, чамадонини вокзал майдонигача кўтаришиб чиқди. Хайрлашаркан, оғиздан тамаки ва ароқ ҳидини буруқситиб, елкасидан қучди:
— Хизматдан қайтаётганингда Саратовга кириб ўт, сержант! Партизан кўчаси — 96. Қайнисинглимни кўрдинг-ку, ҳуснда танҳо! Ўзиям қизмисан қиз-да! Қуйиб қўйган ўзбечка! Хотинликка олсанг кейин хурсанд бўласан. Сен эмас, у сени бошига кўтариб боқади. Лаббай?
Лўли йигит Ҳикматиллонинг кафтини чап қўлига олиб, ўнг қўли билан шарақлатиб урди-да, поездга қараб югуриб кетди.
Ғира-шира қоронғиликда шаҳар аниқ кўринмас, фақат ҳарир туман ортида олис-олисларга қанот ёзган улкан шаҳар эмас, ҳисобсиз юлдузлар сочилган сокин денгиз мавж урар эди...
Салқин. Лекин совуқ эмас. Ҳикматилло хизмат қилаётган Новосибирск томонларда ҳозир қор тиззадан келади, ҳар ҳолда икки ҳафта олдин, у отпускага кетаётганда, шаҳарни қалин қор босган, бу ерда, Тошкентда эса ҳануз куйлакчан юрса бўларди...
Шаҳар уйғонмоқда эди. Ана, асфальтда оғир сирпаниб, электр симларини визиллатганича кетма-кет иккита троллейбус келди, қўнғироқларини ёқимли жиринглатиб трамвай ўтди, оқиш туман орасида ялт-ялт этган симоб қатралари — енгил машиналар кўпайди...
Хикматилло чамадонини қўлига олди-ю, яна ерга қўйди. Анор, олмага тўла чамадон зил-замбил эди. Сандикдай келадиган бу бесунақай чамадонни ҳам, олма-анорни ҳам ойиси олишга мажбур қилди. Ҳикматулло сафар чоғи оғир юкка сира тоқати йўқ, отпускага келишда ҳам бежиримгина енгил чамадон сотиб олган эди. Лекин жўнашда ойиси: «Қайтиб борганингда ёр-биродарларинг қўлингга қарайди. Уялмай икки қўлингни бурнингга тиқиб кириб борасанми, болам?» деб, шу бесўнақай чамадонни мевага тўлдириб берди... Ҳикматулло Тошкентда фақат бир кун турмоқчи, шаҳарни томоша қилиб, техникумда бирга ўқиган ёр-биродарларини кўриб эртага учиб кетмоқчи эди.
Поездда кетмайдиган бўлгандан кейин чамадонни вокзалда қолдиргиси келмади, лекин аэропортга опчиқиб қўйиб, овора бўлиб юришга ҳам тоқати йўқ эди, ўйлаб туриб, Хосият аяникига боришга, — Ҳикматулло сал кам уч йил аянинг уйида ижарага ўтирган эди!— чамадонини кампирникида қолдириб, кейин шаҳар айланишга қарор қилди-да, навбатга туриб таксига минди.
Хосият ая деган бу кампирнинг ҳовлиси Оқтепа даҳаси томонида бўлиб, студентларга қулай, ҳар қалай техникумга битта автобус билан борилар эди. Бу жойнинг дарагини Ҳикматиллога техникумни ундан икки йил олдин битирган Бегимқул деган ҳамқишлоқ оғайниси айтган эди. Кампир бошда Ҳикматиллога унча ёқмаган бўлса ҳам — ая унга биринчи куниёқ «сўйлоқ» деб лақаб қўйган, бу лақаб унга деворга отилган лойдек ёпишиб қолган эди — кейинчалик иноқлашиб кетиб, икки йилдан кўпроқ турган, бултур кузда, учинчи курсдан армияга чақирилганида ҳам шу уйдан жўнаган эди. Ҳикматилло билан бирга турган студент жўраларидан биттаси у билан бирга армияга кетган, иккинчиси, жойнинг дарагини топган ўша Бегимқул эди. Бегимқул техникумни битирганидан кейин шаҳарда қолган, унинг иши беш, бултур уй-жойлик бўлиб, уйланиб ҳам олган эди. Ҳикматилло бугун шаҳарни томоша қилиб, бирга ўқиган ёр-биродарларини кўраман деганида, биринчи навбатда шу Бегимқулни-ю, айниқса унинг хотини Нилуфархонни ўйлаган эди. Ва бунинг жуда чуқур, нозик сабаблари бор эди...
Ҳикматилло такси ойнасидан эндигина уйқудан уйғонаётган ва нимаси биландир уйқусираган одамларни эслатган кимсасиз кўчалар, чироқсиз уйларга тикилиб бораркан, Хосият аяникида бўлиб ўтган ҳангомалар, айниқса Нилуфархон билан бўлган можароларни эслагиси келмай, хаёлдан уларга қўл силтади-да, ўзини орқа ўриндиққа ташлади.
Такси Оқтепа массивидаги кўп қаватли юксак бинолар қуршовидан чиқиб, пастга, Жарариқ томонга бурилди. Шаҳарни чулғаб олган бояги оқиш туман тарқаб, теварак-атроф чаракдаб кетган, бу мусаффо ҳавода олдиндаги сердарахт кўчалар, токлар билан тўсилган бир қаватли уйлар, ҳовлилар шаҳар эмас, гўё улкан боғни эслатарди.
Сув сепилган асфальт кўчаларига хазон тушалган бўлса ҳам, ҳали япроқлари тўкилиб битмаган олча ва гилослар, гўё қизил шойига ўралгандай туюлган қирмизи ранг ўриклар, ҳануз сарғайиб битмаган ним яшил, ним сарғиш толлар, тилла ранг тераклар эрталабки беғубор ҳавода нафис бир тиниқлик касб этган эди.
Ҳикматилло аяни муюлишда, уйга етиб қолганда кўрди. Маҳалла дўконида қоровуллик қиладиган ая ишдан қайтаётган бўлса керак, оёғида оғир кирза этик, эгнида пахтали фуфайка, елкасида милтиқ, чоллардай вазмин, бамайлихотир одимлаб келарди. Такси таниш дарвоза олдида тўхтаб, Ҳикматилло чамадонини олгунча, ая ҳам ҳаллослаб етиб келди.
— Ҳой, бу ким десам, сенмидинг, суйлоққинам? Вой айланиб кетай дарозгинамдан? Кечаси билан кўзим учиб чиқувди-я! Вой бўйгинангдан аянг ўлгирсин!
Ая пилдираб келиб Ҳикматиллонинг елкасини қокди, пешанасидан ўпди. Кечаси ухламаганданми, кампирнинг кўзлари киртайган, катта чўққи бурнининг икки четидаги, пешонасидаги ажинлари чуқурлашган, ўзиям хиёл чўккан, эски тивит рўмолидан чиқиб турган сочларининг оқи кўпайган эди. Эшикни кўк трико кийган, кўкраклари лорсиллаб, кийикдай дик-дик сакраб турган бир қиз очди, ҳовлининг этагида яна бир трико кийган ёш қиз ходадай узун оёқларини навбатма-навбат кўтариб, оққушнинг бўйнидай нозик, оппоқ қўлларини ўйнатиб, машқ қилмоқда эди.
— Йигитлар кетиб, куним мана шу диканг-дикангларга қолди. Кеча-ю кундуз эчкидай сакрашгани сакрашган... — Ая Ҳикматиллога ўгирилиб қаради-ю, киртайган кўзларининг атрофидаги ажинларини қат-қат қилиб, илжайди... — Умрингда қиз зотини кўрмаганмисан, нима бало? Кўзинг билан еб қўйдинг-ку, аннанайларимни!.. Сенлар ҳам ҳадеб сузилавермай китобларингга қаранглар! Бу менинг ўғлим бўлади. Сенлардан олдин шу ўйда турган. Истудент. Қани, юра қол, айнаниб кетай, суйлоғимдан!
Аянинг «суйлоқ» дегани ғашига тегса ҳам, Ҳикматилло қизларга қараб, бир илжайиб қўйди-да, кампирнинг орқасидан юрди. Улар чап томондаги олди айвон, ўртаси даҳлиз, икки хонали уйга киришди. Хоналар Ҳикматилло кетганда қандай бўлса шундай-ҳали ганч сувоқ ҳам қилинмаган, жиҳозлар ҳам ўзгармаган, фақат... батареялар ўрнатилган эди!..
— Топган-тутганимнинг ҳаммасини шунга яратдим, — деди ая, батареяларни худди неварасининг бошини силагандай меҳр билан силаб, АГВ деган печкаси бўлар экан... Вой бу ўлгурни қидириб юриб топганларимни айтиб бераверсам... мисоли бир эртак дейсан. Бормаган жойим, кирмаган идорам қолмапти. Ахийри биттасига жиндек пул қистириб, йўқни йўндириб олдим! Умримда шу ишни қилмаган эдим, шу сафар қилдим, сўйлоқ...
Кампир бечора юз эллик сўм сарф қилиб, бу «ўлгур» АГВ учун алоҳида бир уйча ҳам қурдирибди. Энди фақат биттаю-битта иш азбест қувур ўрнатиб, пожарнийдан справка олишу, райгаздан мастер чақириб ёқтириш қолибди...
Ая буни гапираркан, овозидаги бояги болаларча ҳайрат, уйқусиз кўзларида порлаган қувонч, батареяларни силагандаги бўлакча меҳр — ҳаммаси бирдан сўниб, овозида, ҳатти-ҳаракатларида кутилмаган бир хорғинлик пайдо бўлди.
— Газга борсам навбат кутасан дейишади. Бу навбати ўлгур қиш ўтиб, ёздаям келмайдиганга ўхшайди. Қувур топиб, бозордан уста опчиқа қолай десам... ўз устаси бўлмаса пожарнийси бор бўлгур исправка бермасмиш. Испаравкаси бўлмаса райгази тушмагур ёқиб бермасмиш!..
Ая, бошини сарак-сарак қилиб, яна ғалати кулимсиради.
— Емай-ичмай орттирган беш-олти сўм пулим бор, битта-яримтасининг жиғилдонга ура қолай десам, ўша биттаси ким, билмаяпман!
Ҳикматилло негадир юраги зирқираб, аянинг илтижоли кўзларидан кўзини олиб қочди.
Жуда қизиқ одам-да, бу кампир!
Унинг туппа-тузук жойларга тушган қизлари бор, лекин ая улар билан кўп борди-келди қилавермайди, «қиз бола бировнинг хасми, илойим борган жойида ўзидан тинсин», деб, ёрдам ҳам сўравермайди, бири кичикроқ, бири каттароқ икки уйдан иборат шу ота-мерос ҳовлида кенжа ўғли билан туради.
Эри фронтда ҳалок бўлиб, тул қолган ая уруш йилларидан бери маҳалла дўконида қоровуллик қилади, қаҳратон қиш кечаларида оёғида пийма, эгнида қўй терисидан тикилган оғир пўстин, елкасида милтиқ, дўкон, дўконгина эмас, бутун маҳаллани айланиб юради... Кенжатой эса... ўттизларни уриб қўйган жингалак соч, сохт-сумбати келишган Кенжатой эса қайси бир экспедицияда ишлайди, умрининг ярми далада, тоғ-тошларда ўтади, шаҳарга қайтган пайтларида, ниҳоятда сипо кийиниб, пардоз-андозни ўрнига келтиради-ю, лекин кампирга бир тийин ушлатмайди, балки ундан, ҳатто ижарага ўтирган студентлардан қарз олиб юради, топган-тутганининг ҳаммасини қизларга, маишатга сарф қилади. Ая бечора бўлса қоровулликдан олган маоши ва студентлардан тегадиган пулни тишининг кавагида асрашга тиришади, бир тийин топса емай-ичмай уй-жойига сарф қилади, қишин-ёзин дам сувоқчи, дам дурадгор, дам тунукасоз ёллаб, халлослаб юради, лекин участкаси қурмагур сира битмайди, бир ишни тугамасдан, иккинчиси навбат кутиб туради...
Ҳикматилло газчи бўлмаса ҳам, қурилиш техникумида бу нарсаларни озми-кўпми ўрганган, кампирнинг иши қийин эмаслигини кўриб турарди. Битта уч метрлик азбест қувур билан унга кийдириладиган хомут деганлари-ю, қувурни ёғочга теккизмай ушлаб турадиган тўрттагина калта темир бўлса бас, бир-икки соатда ҳеч бир газчи нуқсон тополмайдиган қувуркон ясаб бериш мумкин. Аяга раҳми келганидан бу фикр бирров кўнглидан ҳам ўтди. Лекин... биринчидан, бор-йўғи бир кунгина вақти бўлса-ю, ёр-биродарларини кўриш, соғинган шаҳарини томоша қилиш ўрнига, куни шу бемаза иш билан ўтса... Иккинчидан, борингки, бу ишга киришсин, лекин долзарбда материални қаёқдан топади? Энг муҳими... боя қизлар олдида «сўйлоқ» дегани учунми, ё эшикдан кирмасдан турибоқ участка машмашасини бошлагани учунми, ишқилиб, ая унинг ғашини келтира бошлаган эди. Ахир Ҳикматилло оз-мунча куч сарф қилдими бу участкага? Оғзидан она сути кетмасданоқ ота касби усталикка меҳр қўйган Ҳикматилло бу участкага озмунча тер тўкдими? Сувоқ-пувоқ у ёқда турсин, тандир-ўчоқниям ўзи қуриб берди, аяга! Ая ҳам уни шунинг учун яхши кўради, яхши кўради-ю, гулдай қизларнинг олдида сўйлоқ дейди! Сўйлоғим майлия, «сўйлоққинам»га бало борми?.. Ҳикматилло гапни чалғитиш учун:
— Кенжотойингиз қани? — деб сўради: — Ёрдам берса бўлмасмиди?
Кампир чуқур ҳурсиниб «АГВ»нинг эшигини ёпди.
— Кенжатойим бор бўлсин, ишқилиб! Кўкламда Қизилқумга кетган. Олтин қидирармиш... Омон бўлсин ишқилиб, — такрорлади ая. У ўзиям участка ғавғосини бошлаб, Ҳикматиллонинг ғашига текканини сезди шекилли:
— Мўрисиям қуриб кетсин, — деб кулди. — Келмасингдан бурун миянгни қоқиб қўлингга бердим... Уйга кир, гиргиттон, ҳозир самоварга чўғ ташлайман...
Ҳикматилло соатига қаради: саккиздан чорак ўтган, ҳовли этагидаги қирмизи ранг олчаларга офтоб тушиб, улкан гулхандай ловиллаб ёна бошлаган эди.
— Раҳмат, ая, вақтим зиқроқ, шаҳарга чиқай...
— Қачон келасан бўлмаса? Дўппидаккина ош қилиб қўяман, айланиб кетай...
— Раҳмат, овора бўлманг, — деди Ҳикматилло, лекин аянинг астойдил хафа бўлишини сезиб, барвақтроқ қайтишга ваъда берди.
Ая уни дарвозагача кузатиб чиқди. Ҳикматилло яна бир бор кечикмасликка ваъда бериб, жадал юриб кетди-ю, кампирнинг: «Сўйлоқжон!» деб чақирганини эшитиб, энсаси қотиб тўхтади. Кампир унга томон пилдираб келарди.
— Қайсисидан олай, гиргиттон?
— Нима? — тушунмади Ҳикматилло.
— Оқиданми, қизилиданми, қайсисидан олай дейман, аянг ургилсин?
Ҳикматилло беихтиёр кулиб юборди.
— Кераги йўқ, ая. Биласиз-ку, ичмайман.
— Саллот бўлиб ҳам ичишни ўрганмадингми? — деди кампир. — Вой ўргилиб кетай сендан! Кошкийди менинг кенжатойим ҳам сендай бўлса...
Аянинг «сўйлоқжон»и бир бўлди-ю, бу гапи бир бўлди. Ҳикматилло ичида яна бир кулимсираб қўйди-да, енгил одимлаб кетди. Фақат бир нарса кўнглини сал хижил қилиб турар, у ҳам бўлса аянинг газ қувури эди!.. Хикматилло бир-икки соат вақтини аямай, кампир бечоранинг оғирини енгил қилиб дуосини ола қолса бўларди! У икки ҳафталик отпускасини ҳам қишлоқда иш билан ўтказди. Зотан, у отпуска сўрамоқчи эмас эди, бундан йигирма кунлар муқаддам, қишлоқдан дадасининг оғир касаллиги тўғрисида телеграмма олди, тўғрироғи, телеграммани олган батальон штаби бошлиғи уни чақириб, шу хабарни айтди-ю, тайёрлаб қўйилган ҳужжатлар ва ҳатто самолёт билетини қўлига тутқазди. Ҳикматилло штаб бошлиғининг қўлидан ҳужжатларни, айниқса олдиндан тахт қилиб қўйилган самолёт билетни олаётган пайтидаёқ вужудини совуқ тер босиб, титраб кетди. Лекин то уйларига кириб боргунча, то эшиклари олдида намат ёзилган супани — бу супани дадаси раҳматлик ўзи қурган эди! — ва супада худди катталардай белини боғлаб ўтирган ўн тўрт яшар укасини кўрмагунча, мудҳиш шубҳаларни дилидан қувиб, ўзини ҳар нарсага алаҳситиб борди... Лекин супада худди катталардай белини боғлаб, ёлғиз мунғайиб ўтирган укасини кўриб юрагидаги бир мурвати чўрт сингандай бўлди-да, овозини борича ўкириб юборди...
Дадаси қишлоқда машҳур уста эди. У ҳали олтмишга ҳам бормаган, қотмадан келган, миқти одам эди. Ҳикматилло сўнгги йилларда дадасининг қон босими ошиб, тез-тез хасталаниб юрганини билар, лекин бу касал бундай оғир фожиага олиб келади деган ўй етти ухлаб тушига ҳам кирмаган эди!
Дадаси ишлаб турган жойида, янги идора биносига сарров солаётган пайтида нимадир бўлиб томдан йиқилиб тушибди...
Ҳикматилло укасини мактабга жўнатиб, бир-икки кун белини боғлаб эшикда, намат ёзилган супада ўзи ўтирди. Сўнг, енг шимариб ишга киришди. Бўзчи белбоққа, темирчи тақага ёлчимас, деганларидек, марҳум дадаси ҳам, бор кучини колхоздаги қурилишларга сарфлаб, ўз рўзғорига деярли қарамас эди. Ҳикматилло эшик-ромларни тузатди, синган шиферларни алмаштирди, янги ошхона қуриб берди.
Ҳикматилло қурилиш техникумида ўқиб юрган чоғларида ҳам қора ишдан сира қочмас, ёзги таътил пайтларида тўғри келган ишни қилиб кетаверар, ғишт деса, ғишт терар, ганч сувоқ деса, ганч сувоқ қилар, эшик-деразаларни мойлаш керак бўлса, мойлаб, пол қоқиш бўлса, пол қоқиб кетаверар эди. Ҳунар, ҳунардан унар, деганларидек, ҳунари армияда ҳам қўл келди. Уни даб-дурустданоқ қурилиш батальонига олишди, беш-олти ой ўтмасданоқ прораб бўлди, «сержант» деган унвон олди, бир-икки ой бўлди, ойига юз сўмдан ошириб пул ишлайди. Мана энди, дадасининг вафотидан кейин, ойиси тўртта укаси билан ёлғиз қолганини ҳисобга олиб, уни хизматдан озод қилишлари ҳам мумкин. Ҳар қалай, колхоз раҳбарлари военком орқали унинг қисмига мурожаат қилишадиган бўлишди. Борди-ю, хизматдан бўшатишмаган тақдирда ҳам, Ҳикматилло ойисига ойида эллик-олтмиш сўм юбориб туришига қурби етади. Илгари бу пулни унинг қўлига беришмас, тегадиган маошидан овқати билан кийим-кечагига босиб қолишарди-ю, қолган эллик-олтмиш сўмини унинг омонат дафтарчасига ўтқазиб қўйишарди. Ҳозирнинг ўзида Ҳикматиллонинг омонат дафтарчасида тўрт-беш юз сўм пули бор. Хизмат жойига қайтиб бориши билан у дадасининг вафоти туғрисидаги хатни кўрсатиб, бу пулларни ойисига жўнатмоқчи... Ҳа, ишлаган ўзар, ишламаган тўзар, деганларидек, меҳнат қилган одам хор бўлмас экан... Аянинг қувурини ўрнатиб бера қолса ҳам бир жойи кам бўлиб қолмас эди! Ая ҳам унинг ўз онасидай бева. Эри урушда ҳалок бўлган муштипар аёл.
Ая биринчи қарашда жуда қўрс, гап-сўзлари дағал туюлса ҳам, аслида кўнгли бўш, бебаҳо аёл. Бир томондан, аянинг ўрнида... қўрс бўлмаям кўрсин-чи, одам?
Ҳали ўн гулидан бир гули очилмаган пайтида умид билан бир ёстиққа бош қўйган жуфти ҳалолидан айрилиб тул қолиш, бошқа эр қилмай, хотин бошига қоровуллик қилиб, тиришиб-тирмашиб юриб, уч фарзандини оёққа қўйиш осонми?..
Ҳа, Ҳикматилло ая бечоранинг мушкулини енгил қилиб, дуосини ола қолса бўларди. Лекин... биринчидан, кампир бечоранинг азбест қувури-ю, бошқа ашқол-дашқоллари йўқ, иккинчидан... бир кун, ҳаммаси бўлиб бир кунгина муҳлати бор! Ахир у Тошкентни, салкам уч йил яшаган, энг ширин, энг масъул студентлик йиллари ўтган бу бағри кенг, туққан онадай меҳрибон, сахий шаҳарни шундай соғинган, шундай соғинган!..
Ҳикматилло «Бўзсув» кўпригига чиқиб, темир панжарага суянди. Сув, худди кўкламидагидек лиммо-лим тўлиб, ариқ бўйларидаги мажнунтол шохларини силаб-сийпаб, сокин оқар, унинг осмондай тиниқ сатҳидан юз хил — тилла ранг, тўқ қизил, ггушти ранг, ним яшил, ним сариқ япрокдар қалқиб оқарди...
Ажабо, бундан икки ярим-уч йил муқаддам, Ҳикматилло техникумга кириш ниятида имтиҳон топшириб юрган пайтларида бу атроф бунчалик сербино, сершовқин эмас, ҳар ҳолда сал нарироқларда, «Бўзсув» бўйларида, кишининг баҳри дилини очувчи ялангликлар, шохлари деҳқонларнинг қорамтир қўлларини эслатувчи ўрик ва ўрикзорлар, серсоя ёнғоқзорлар, сўлим жийдазорлар бўлар, болалиги кенгликларда ўтган Ҳикматиллога ўхшаган ёш-яланглар кириш имтиҳонлари даврида ўша ялангликларга, ўрикзорларга чиқиб дарс тайёрлашар эди... Қаранг, атиги уч-тўрт йил ичида ҳамма ёқ бино, ҳамма ёқ қурилиш бўлиб кетибди!..
Ҳозир, худди баҳордагидай илиқ офтобнинг аллақандай хушчақчақ ёғдусида кўп қаватли бинолар, кўчалар, «Бўзсув»нинг чап соҳилидаги дўнгалак майдон— ҳаммаси яшнаб кетган, биноларда ранг-баранг байроқлар, ҳали ёзувларининг бўёғи ўчмаган тиниқ матолар ҳилпираб турарди. Нега ҳамма ёқ алвонга тўлиб кетган? Ҳа, айтмоқчи, яқиндагина бирваракайига икки катта байрам ўтди-ку!
Эллик йиллик тўй-тантаналарини Ҳикматилло ўз қисмида, телевизорда томоша қилган эди. Ўшанда, кечаси батальон клубида ўтириб, солдатлар даврасида Тошкент кўчаларини, гул-гул яшнаган Қизил майдони ва майдонни тўлдирган қандайдир жуда таниш, жуда яқин одамлар оқимини, айниқса карнай садолари остида ўйнаб бораётган атлас кўйлакли қизларни кўрганида ва ниҳоят дўстларининг: «О-о, ўзбечкалар жа бошқача бўлар экан-ку! деган хитобларини эшитганида, Ҳикматиллонинг қалби тошқиндай жиловсиз бир қувончга тўлиб, кўзларидан ёш чиқиб кетган эди! Ўшанда Ҳикматилло бу кўрсатув тонг отгунча давом этишини истаган эди. Лекин кўрсатув тезда тугаб қолган ва бундан ранжиган Ҳикматилло бошқа кўрсатувларни томоша қилгиси келмай, хонадан чиқиб кетган, соғинч туйғусидан юраги орзиқиб ташқарида алламаҳалгача танҳо айланиб юрган эди...
Киши киндик қони тўкилган, болалиги ва ёшлиги ўтган жойларнинг қадрини олисларда, жудоликда биларкан. Мана ўша, Ҳикматилло кечалари тушларида кўрган, ҳар эслаганда юраги бир ҳаприққан таниш кўчалар, соҳиллар, майдонлар!.. Бугун у ҳаммасини кўради. Биринчи навбатда ўша телевизорда кўрсатилган ва айтишларича жуда ўзгариб кетган Қизил майдонга боради. Анҳор соҳилини, ўтган йили шу маҳалда, йўқ, бундан сал олдинроқ Нилуфар билан етаклашиб юрган анҳор бўйларини айланади...

2
Нилуфарни эслаганда юраги бир ўйнаб кетди, — яна ўзидан кулиб қўйди. Энди унга барибир эмасми? Гўё ўз полизидан ёввойи ўтларни юлиб ташлаган деҳқондай, у ҳам Нилуфарни ўз кўнглидан аллақачон узиб ташлаган эмасми? Узиб ташлаган! Гарчи юраги қон қақшаган бўлса ҳам, узиб ташлаган! Нега бўлмаса уни эслаши билан, ўз ихтиёрига қарши яна кўнгли бир хил бўлиб кетди, Нега Бегимқулни йўқлаб бораман деб ўзини алдайди? Аслида Бегимқулни эмас, бу бирда самимий, бирда носамимий, бирда мард, бирда номард ҳамқишлоғини эмас, Нилуфарни кўришга шошаётгани йўқми? Ҳа, шунга шошяпти! Лекин... худо урсин агар... уни соғингани учун, юраги унга қараб талпинаётгани учун эмас, қизиққани учун кўргиси келяпти...
Ўшанда, нозик бўй-бастига жуда ярашган кўк трико ва енгсиз гулдор кофта кийиб, бошини новвот ранг дурра билан танғиб олган, кўзлари аллақандай чақнаб турган бу шўх, юлдуз иссиқ қиз пайкалдан чопқиллаб чиқиб:
— Акажон, бир кружка сув беринг, — деб йўлини тўсганда, Ҳикматилло аравадан қандай сакраб тушганини билмай қолди.
Лекин қизи тушмагур бир бордоқ сувни ичиб бўгунча, пайкалдаги бошқа қизлар ҳам, худди ўрикка ёпирилган бир гала чуғурчикдай чуғурлашиб келиб, аравани қуршаб олишди-ю, юз эллик литрлик чоғроқ бочкани бир томчи қолдирмай қурғатиб беришди!..
Шу-шу Ҳикматилло, гарчи қорача юзида доим кулгичлари ўйнаб турадиган бу лобар қизни кўргиси келса ҳам, ҳамшира қизлар пайкалини имкон борича четлаб ўтадиган, йўлини тўсмоқчи бўлган қизлар пахтазордан югуришиб чиқаётганини кўргудек бўлса, отини қамчилаб, чоптириб ўтиб кетадиган бўлди. Бундай қилмасдан чораси ҳам йўқ, сув анча олисда эди!..
Бир куни қизиқ бўлди: одатдагидай тушдан кейин аравада сув олиб келаётган Ҳикматилло йўл бўйида бир тўп қизларни кўриб қолди. Уларни четлаб ўтиш қийин эди. Ҳикматилло, гарчи, бочкадаги сув сачраса ҳам, ҳар сафаргидек отини қамчилаб чоптириб ўта бошлади-ю, ариқ ёқасидаги қизларнинг:
— Акажон! Ёрдам беринг, акажон! — деган хитобларини эшитиб беихтиёр отининг жиловини тортди.
Ҳақиқатан, йўл бўйида, тўғрироғи, катта ўқариқнинг нариги томонида, юзи дока рўмол билан ёпилган бир қиз ерда чалқанча чўзилиб ётар, бир нечта қизлар атрофида парвона эди.
— Акажон, ёрдам беринг! Ўртоғимизни офтоб уриб, йиқилиб қолди. Ёрдам беринг, акажон!
Аравадан сакраб тушган Ҳикматилло бир хатлаб ариқдан ўтди.
— Нима қилиш керак?
— Сув беринг! Юзига сув сепамиз! — деди қизлардан бири.
— Йўқ, йўқ, кўтаринг! Тез касалхонага обориш керак буни! — деди иккинчиси. — Кўтариб аравангизга солинг. Офтоб урган бу бечорани!
Ҳикматилло ерга тиз чўкиб, бир қўлини қизнинг белидан, бир қўлини тиззаларининг остидан ўтказиб, уни даст кўтарди, кўтарди-ю, орқада арава томонда янграган зўр қаҳқаҳани эшитди: бир гала қизлар, одатдагидай чуғурчуқдай чуғурлашиб, аравани қуршаб олишган, бири бордоқдан сув ичар, бири кранни очиб, юзини ювар, бир-бирларини қувлашиб сув сепишишар эди!
Ҳикматилло нима қилишини билмай, ариқ томон юрди. Шу пайт қўлидаги қиз ҳам хандон отиб кулди-да, юзидаги дока рўмолни юлиб олиб, дик этиб ерга тушди. Бу ўша, доим ноз билан кулиб турадиган, ўйноқли, лобар қиз эди! У офтобда қорайган юзида яна ҳам оқроқ туюлган садаф тишларини ярқиратиб, битта-битта терилган қошларини чимириб, шўх тикилиб турарди!
— Шу ҳам иш бўлди-ю, — деди Ҳикматилло, қўшилиб кулишини ҳам, аччиқланишини ҳам билмай.
Қиз порлаб турган кўзларини сал сузиб:
— Наҳот биздан бир кружка сувингизни қизғансангиз? — деди ярим араз, ярим ноз билан. У Ҳикматиллога шундай яқин турардики, енгсиз кофтасини туртиб чиққан бўлиқ кўкраклари йигитнинг кўксини тобора ёндириб борар, умрида биринчи марта қиз қучган содда қишлоқ йигити бутун вужуди билан ҳозиргина оғушида бўлган қизнинг аллақандай силлиқ, дуркун гавдасини ҳис этиб, титроққа тушган эди!..
— Йўқ, нега қизғанар эканман? — деди у энтикиб. — Бу бир бочка экан-ку, юз бочка сув садақа сизга!
— Ростданми, ёқиб қолдимми сизга? — Нилуфар шундай деб, арава атрофида чуғурлашаётган дугоналарига юзланди:
— Қизлар! Қурилиш техникумининг нозанинлари дод десин! Бугундан бошлаб бу йигит бочкаси-ю, от-араваси билан бизники!
— Асир туширдингми, Нилу! Молодец! Ура!
Қизлар югуришиб келиб, олдин Нилуфар, кейин Ҳикматиллонинг юзига сув сепишди, ишдан безган такасалтангларга баҳона топилди, иккаласини ўртага олишди.
Ўша оқшом Ҳикматилло, биринчи марта, гарчи ишдан чарчаб қайтса ҳам — у яна бир марта сувга боришга мажбур бўлганди ўшанда — одатдагидай таппа ташламади, соқол-мўйловини қиртишлаб, сочини тараб, битта-ю, битта тузукроқ костюмини кийиб, қизлар ётоқхонаси томон равона бўлди...
Одатда, йигитлар икки тоифага бўлинади. Биринчи тоифа йигитлар учун севги муаммоси, яъни қизлар билан танишиш, уларга муҳаббат изҳор қилиш муаммоси умуман йўқ, улар қизлар билан осон танишиб, осонгина, изтиробсизгина ажрашиб ҳам кетаверишади. Иккинчи тоифа йигитлар учун бир нарса ниҳоятда қийин муаммо бўлиб туюлади, болаликда қизлар даврасида кам бўлган, табиатан тортинчоқ, ҳатто қизларга яқинлашишини «уят» деб тушунадиган бу тоифа йигитлар, эр етганда ҳам қиз зотидан ийманиб, уларга яқинлашишдан чўчиб, довдираб, қисиниб юришади. Лекин бу тоифа йигитлар бир танишган қизга қаттиқ кўнгил қўйиб, қаттиқ севиб қолишади. Шу сабаб, улар учун жудолик ҳам катта изтиробга айланади. Ҳикматилло шу иккинчи тоифа йигитлардан эди.
Нилуфар билан танишгандан кейин далада ўтган бир ой унинг ҳаётидаги энг масъуд, меҳрга ташна қалбини нурга тўлдирган энг ёруғ онлар бўлди. Кечалари улар учрашган пахтазорлар Ҳикматиллонинг тасаввурида оддий пахтазор эмас, гўё чаман очилган нафис гулзор, қуриб-қовжираб қолган ғўзалар ғўза эмас, энг хушбўй, энг тароватли гуллар, совуқ, зимистон кечалар энг илиқ, энг нурафшон оқшомларга айланган эди... Нилуфарнинг ёқимтой қилиқлари, жозибали кулгиси, оппоқ қўлларининг қонни кўпиртирувчи майинлиги, дам суйканиб, дам кийикдай хуркиб қочишлари бир умр эсида қолди унинг... Шунинг учун ҳам бошқаларга бир олам қувонч келтирган пахтадан қайтиш хабари унга мотам куйидай совуқ эшитилди...
Улар Тошкентга қайттанларидан кейин ҳам тез-тез учрашиб турадиган, бирга киноларга тушадиган бўлишди. Уларнинг муносабатида бир қарашда ҳеч нарса ўзгармаган, айни замонда нимадир ўзгарган, бошқача, Ҳикматиллони изтиробга солувчи янги томонлар пайдо бўлган эди.
Ҳикматилло нима бўлаётганини ўзиям тушунмас эди.
Нилуфар унга ҳам ёқар, ҳам аллақандай чўчитар эди. Дам қизнинг ҳамиша кулиб, ҳамиша аллақандай сузилиб турадиган кўзларидай жон олгувчи кўз, унинг қилиқларидай ёқимтой қилиқ, шўхлигидай шўхлик, кишининг жон-дилини яйратиб, ўзига ром қилиб қуядиган ўхшовсиз нозидай ноз оламда йўкдай, танҳодай туюлар, дам шу шўхликларининг ўзи, ғалати қилиқлари, кўчаларда, ҳатто одам гавжум жойларда ҳам бировдан тап тортмай унинг қўлидан судраб эркаланишлари уни иймантирар, ҳуркитар, кўзларини лўқ қилиб бошқа йигитларга тикилишлари эса рашкини қўзғар, ғашини келтирар, изтиробга соларди.
Нилуфар техникумнинг учинчи курсида, фармацевтика бўлимида ўқир, Ҳикматиллонинг кайфи бузуқ бўлса доим: «Дорим бор. Тонусингизни кўтариб қўяйми?» деб куларди. У ҳамиша дид билан кийинар, умуман нимаики киймасин, ҳаммаси унга ярашар, ҳаммаси ҳуснини очиб, гул-гул яшнатиб юборарди. Бу ҳам Ҳикматиллога бир ёқар, бир ёқмас, дилида пинҳоний шубҳа ва рашк уйғотарди. Ҳикматилло, хиёл соддароқ тортинчоқроқ бўлса ҳам, қадди-қоматда бир йигитдан кам эмас, Нилуфар билан танишганидан кейин эса кийим-кечак, соч, соқол-мўйловга ҳам эътибор бера бошлаган, фақат тарки одат-амри маҳол, тортинчоқ ва журъатсизликдан, қонига сут билан кирган бу нуқсонлардан сира қутула олмас эди. Шунгами, бошқагами, ишқилиб, Нилуфар билан шаҳар кезган пайтларда ўзини бир оз ғариб сезар, назарида ўтган-кетганларнинг ҳаммаси уларни бир-бирига солиштириб кўраётгандай, гўё «шундай кетворган қиз шу лапашангни топибди-да!» деяётгандай туюларди.
Энг ёмони — улар учрашганларида, кўчалар, хиёбонлар, паркларда... бирга юрганларида гаплари унча қовушавермас, аксарият бири боғдан келса, бири тоғдан келарди. Ҳикматилло ораларидаги бу «бўшлиқни» кино билан тўлдирмоқчи бўлар, лекин бу масалада ҳам айтганлари бир жойдан чиқавермасди.
Ҳикматилло серқўшиқ, серкуй Шарқ фильмларини ёқтирар, Нилуфар эса, аксинча, бу киноларни кўп хушлайвермас, Ҳикматиллодай «кап-катта одам шундай чучмал, бачкана, сентиментал нарсаларни» ёқтиришидан кулар, баъзан ҳатто жаҳли чиқарди. Гоҳида у Ҳикматилло ҳеч қачон ўқимаган, ҳатто эшитмаган китоблар ҳақида сўз очиб қолар, Ҳикматилло қизариб-қимтиниб, ўқимаганига иқрор бўлса бирдан маъюс кулиб қўя қолар, бирда юзига қандайдир совуқ, кибор бир ниқоб кийиб оларди. Шундай пайтларда Ҳикматилло унинг олдида ўзини ёш боладай сезиб, эсанкираб қоларди.
Бир кун қизиқ бўлди.
Улар кўлда учрашишлари керак эди. Ҳикматилло борганда Нилуфар, қўлида оқ жилдли кўримсизгина китоб, кўлнинг энг хилват жойида, мажнунтол тагида... йиғлаб ўтирарди. Шунчаки кўзига ёш олиб эмас, юзини кафтлари орасига яшириб, елкалари титраб, ростакам йиғлаб ўтирарди!
Ҳикматилло қўрқиб кетди, ёнига чўккалаб қўлидан ушлади.
— Сизга нима бўлди, Нилу?
Нилуфар индамай тиззасида ётган китобни унга узатди. Бу — Хемингуэйнинг «Алвидо, қурол!» деган романи эди.
Ҳикматилло шундагина гапга тушуниб:
— Қизиқсиз-а, китобгаям йиғлайдими, Нилу? — деб кулган эди, Нилуфар ўрнидан ирғиб турди, унинг қўлидан китобни юлиб олди-да, ўзини мажнунтоллар орасига уриб, югуриб кетди. Ҳикматилло уни катта йўлга чиққанида қувиб етди, қўлидан ушлаб тўхтатмоқчи бўлди, лекин Нилуфар кўз ёши аралаш:
— Тинч қўйинг мени! — деб қўлини тортиб олди-да, дарвозага қараб жадаллаб кетди.
Бу воқеадан кейин Нилуфар ўзини Ҳикматиллодан опқочадиган, учрашувларга келмайдиган, келса ҳам ёзилиб гаплашмайдиган бўлди. Айни замонда, Нилуфар ундан ниманидир кутаётгандай, кутган нарсаси рўёбга чиқмагани учун ҳам қўрслик қилаётгандай туюларди Ҳикматиллога.
Бир куни у Нилуфарни турадиган уйига, аяникига чақирди. Ая бир ёққа кетган, бирга яшайдиган дўстлари эса техникумда навбатчилик қиладиган кун эди. Ҳикматилло Нилуфарнинг келишига ишонмас, шунчаки уни синаб кўриш учунгина таклиф қилган эди. Лекин Нилуфар келди. Уйга ҳам кирди. Чақиришга чақириб қўйиб, нима қилишини билмай қолган Ҳикматилло шундай довдирадики, на тузукроқ бир гап топа олди ва на тузукроқ муомала қила олди.
Нилуфар эшикдан кирган жойдаги каравотга омонатгина ўтирди, тиззасига етмаган кўйлагининг этагига чарм сумкасини қўйиб, жиҳозсиз, торгина хонани кўздан кечирди. У дўрдоқ лабларини сал химариб, кулимсираганича Ҳикматиллонинг хатти-ҳаракатларини кузатиб ўтирар, гўё ундан ғайри табиий бир нарсани кутар эди. Унинг кутгани бўлмадими, бошқами, кўп ўтмай, ўрнидан турди. Ҳикматилло ҳам ўрнидан турди, юрагига бирдан қуйилган қайноқ туйғудан ҳансираб, қизнинг қўлини, эркакларникидай катта олтин соат тақилган оппоқ қўлини ушлади.
Нилуфар қўлини тортиб олмади, теграсига кўкиш буёқ суртилган чарос кўзларини унинг кўзларидан узмай, индамай тикилиб турар, унинг нигоҳида на бир ҳадик, на бир ҳаяжон сезилар, аксинча, «қани, яна нимага қодирсиз», деган бир савол бор эди. Ҳар қалай, Ҳикматиллога шундай туюлди-ю, уни ўзига тортиб ўпди. Лаблари қизнинг лабларига эмас, кулгичларига тўғри келиб, яна ўпмоқчи бўлди, лекин Нилуфар ўзини орқага тортиб:
— Қўйинг, ўпишниям билмас экансиз! — деб кулди-да, гўё эркалагандай сочларини тузғитиб юборди.
Йигит кишининг ҳамиятига тегувчи бу кесатиғи бир бўлди-ю, тирноқлари бўялган узун бармоқларнинг эркаловчи майин ҳаракати бир бўлди. Гўё бирининг заҳрини бири олди.
Бу воқеанинг эртасигами, индинигами, Ҳикматилло техникумда навбатчи эди, навбатчиликдан бўшагач, ётоқда тунаб қолди. Эрталаб барвақт қайтиб келса... ўрнида ҳамқишлоғи Бегимқул ётибди.
Умри бино бўлиб тароқ тегмаган патак сочларини тузғитиб, хуррак отиб ётибди...
Бегимқул техникумни битириб кетганига бир йилдан ошса ҳам, аяникига, бирга яшаган эски ҳамтовоқларини кўргани тез-тез келиб турар, айтишича, қурилишда эмас, қурилишдан ҳам ёғлироқ қайси бир газмонтаж идорасида ишлар, ҳар келганида бир тўрва майда-чуйда кўтариб келиб, «стипендия кутиб ётган мулла мирқуруқ дўстларини меҳмон қилиб» кетарди.
Бу сафар ҳам қуруқ келмаган бўлса керак, столда консерва қутилари, бир-икки бўлак шоколад, бўшаган шампан билан ярмидан кўпроғи ичилган шиша коньяк турарди.
Ҳикматилло оёқ учида юриб, дарсга кетган шеригининг каравотига ўтди, меҳмонни уйғотиб юбормай деб эҳтиёт ҳаракат қилса ҳам, Бегимқул каравот ғичирлаганини эшитиб қолди чамаси, қовоқлари шишган кўзларини очиб ишшайди-да, қаддини ростлади. У Ҳикматиллодан ҳам бўйдор, лекин елкалари кенг бўлгани учун миқтироқ кўринар, ўзиям курашчи, самбо бўйича шаҳар ёшлари ўртасида чемпионликни олган, агар шу қадди-қоматига яраша уст-бошига ҳам эътибор берса йигитмисан-йигит бўларди!
Бегимқул кўрпани очиб ташлаб, ёстиқдай кўпчиб турган кенг кўкракларини ишқади.
— Қаёқларда юрибсан, оғайни? Йигитмисан ўзи?
— Нима қипти?
— Нима қипти дейди-я! Қизинг келди...
— Қизим? — деди Ҳикматилло тушунмай. Бегимқул патак сочларига беш панжасини тиқиб, хахолаб кулди.
— Сендақа ошиқи-беқарордан ўргилиб кетдим. Нилуфархонни айтаман. Кеча кечқурун излаб келди...
Ҳикматилло бирдан ёпирилиб келган мудҳиш шубҳадан нафаси сиқилиб:
— Хўш? — деб сўради.
Бегумқул нимаси биландир Нилуфарнинг кўзларига ўхшаб кетадиган ҳаёсиз кўзларини бақрайтириб, яна уйни бошига кўтариб кулди.
— Йўқлигингни билдирмадик, оғайни. Шампан қуйиб бердим. Кинога оптушдим. Уйларига кузатиб қўйдим. Яхши қиппанми?
Унинг кўзларида, зотан, кўзларини лўқ қилиб сурбетларча гапиришида, гўё моҳир уста терган ғиштдай бир-бирига зич терилган оппоқ йирик тишларининг чақнашида аллақандай шафқатсиз бир нарса бор эди. Шу топда Ҳикматилло уни бурдалаб ташлашга тайёр, лекин унга кучи етмаслигини билар, сурбетларча ишшайиб турган бу йигит уни қиличдай ярқираган шу тишлари билан кулиб туриб, чайнаб ташлашига ақли етар эди.
— Нима бўпти шунга? — деди Ҳикматилло бўшашиб.
— Ҳа балли, мана бу бошқа гап! — Бегимқул рангини билиб бўлмайдиган, кир-чир, лекин ёшлар орасида яқиндагина расмга кирган жинси шимини кияркан, тўсатдан кўзини қисиб:
— Менга қара, оғайни, — деди. — Бир гап айтсам хафа бўлмайсанми?
Ҳикматилло индамай кравотга ўтиб ўтирди. У титрар, бутун вужуди олов бўлиб ёнар эди.
— Шу қизингни менга ошира қолсанг-чи! Барибир, сен уни... эвлай олмайсан...
Ҳикматилло ўрнидан қандай сапчиб турганини, шампан шишасини қандай олиб, қандай отганини билмай қолди. Шиша чап бериб қолган Бегимқулнинг қулоқлари тагидан ўтиб, деворга тегиб чил-чил синди. Яхшиям ая уйда йўқ эди!
Бегимқул қаддини ростлаб, худди ҳеч нарса бўлмагандай яна хандон отиб кулди.
— Ана унисиниям от! Зора тегизсанг! Ҳикматилло бошини буқадай эгиб, ўзини унга отди.
Ҳикматиллоям бўш келадиганлардан эмас, қишлоқда ўз тенгқурлари билан куч синашиб даврага тушиб юрган йигитлардан эди, лекин Бегимқул бошидан ошириб каравотга босди-да, худди ҳазиллашаётгандай кулиб туриб, ўйнаб туриб пийпалай кетди... У кулган сайин ғазаби ортган Ҳикматилло пойлаб туриб унинг япалоғроқ катта бурнига бир муш туширди. Бегимқул «хап сеними», деб бурнини босганича қолди. Ҳикматилло эшикни бир тепиб, ташқарига чиқиб кетди...
Техникумда танаффус пайти эди. Ҳикматилло шитоб билан кириб борганида Нилуфар одам аъзоларининг сурати осилган доска олдида бир гуруҳ дугоналари билан гаплашиб турарди. Дугоналари Ҳикматиллони таниб, Нилуфарни туртишди, «аравакаш-аравакаш», деган шивир-шивир ва пиқ-пиқ кулги эшитилди. Ҳикматиллонинг важоҳатидан одам қўрқулик эдими, ё бошқа нарсадан ҳадиксирадими, ишқилиб, Нилуфар уни кўриб оқариб кетди, лекин дарров ўзини босиб олди, шекилли, ҳовлига чиққанларида чеҳрасида, кўзларида совуқ бир ғурур пайдо бўлган эди.
— Бу... бу нима қилганингиз? — деди Ҳикматилло ҳансираб.
— Нима қипман?..
— Нима қипман дейсиз? — Ҳалиги у нокас билан шампан ичибсиз, кинога тушибсиз...
Нилуфарнинг теграси нафис бўялган кўзларида тўсатдан шўх учқунлар ўйнаб, оқарган юзига анор суви югурди.
— Вой, ману одамни — деб хитоб қилди у. — Кинога тушсам... нима бўпти? Нима, мен сизнинг хотинингизманми ?
«Хотин» сўзининг Нилуфардай ёш, нозиккина бир қизнинг оғзидан чиқиши Ҳикматиллога шундай эриш туюлдики, у довдираб:
— Ахир, — деди. — Ахир биз... ўпишган эдик-ку! Нилуфарнинг кўзларидаги шўх учқунлар ҳайратга, ҳайрат зўр қаҳқаҳага айланди.
— Мен... лабларимни артиб ташладим! Нилуфар хандон отиб кулганича, шартта бурилиб кетаркан:
— Хайр, Ҳикмат ака! — деб қўл силтади. — Биз энди кўришмаймиз!
Ҳикматилло кейинчалик бу учрашувни, ўзининг «ахир бир ўпишган эдик-ку!» деган сўзларини ҳар эслаганида уят ва изтиробдан инграб юборай дерди, мана, ҳозир ҳам олдин юзлари тиришиб, кейин хахолаб юборишига оз қолди, лекин ўшанда... ўша куни у умрида биринчи марта ичди, шундай ичдики, эртасига бўлган воқеаларнинг биттасини ҳам эслай олмади. Бу воқеаларни унга кула-кула дўстлари гапириб беришди. Гўё у ғирт маст бўлиб ётоққа (хайрият аяникига эмас!), техникумнинг ётоғига борган эмиш, «севгилимдан айрилдим! Қиз зотида вафо йўқ! Ўзимни ўлдираман!» деб, бошини деворга уриб йиғлаган, очиқ деразаларга интилиб, иккинчи қаватдан ўзини отмоқчи бўлган, охири курсдош дўстлари уни каравотга боғлаб зўрға ухлатган эмиш!..
Ҳикматилло ўшанда икки кун бошини ёстиқдан кўтаролмай ётди, учинчи куни эса... военкоматдан повестка келди...
Бу повестка ўшанда унга кўк юборган бир нажот, ҳамма мусибатлардан қутқарувчи бахт қуши бўлиб кўринди. Чунки ўшанда у бу шаҳарда туришга ҳам, ўқишга ҳам, Нилуфарни кўришга ҳам тоқати қолмаган эди! Лекин ҳаёт уларни яна бир марта дуч келтирди. Чақириқ қоғози келган куннинг эртасигаёқ учраштирди.
Бўлган воқеалардан ҳамон дили сиёҳ, ҳамон изтиробда юрган Ҳикматилло повестка теккан куни кечқурун Ўрдага келиб, троллейбусдан тушди-да, анҳор бўйлаб секин юриб кетди.
У анҳор бўйига жиндай ёзилиш, юрагини қоплаб олган қора дудни жиндай тарқатиш умидида келган эди, лекин ўрнига акси бўлди: атиги уч-тўрт кун муқаддам Нилуфар билан қўл ушлашиб борган соҳилларни, унинг ҳамиша порлаб тургувчи кўзларига тикилиб, дам кулиб, дам нозланиб гапирган гапларини эшитиб, ёнма-ён юрган хиёбонларини, ўтирган скамейкаларини кўрганида, олам кўзига қоронғи кўриниб кетди. У орқасига қайтмоқчи бўлди, лекин худди шу пайт, энди қайтмоқчи бўлиб турганида... уларни кўриб қолди.
Бегимқул билан Нилуфар, «Пахтакор» стадиони дарвозасининг рўпарасидаги қўш тол тагида, бир маҳаллар чойхона бўлган жойнинг скамейкасида қўл ушлашиб ўтиришар, Бегимқул йўловчиларга зиғирча эътибор бермай, қизни бағрига босиб ўпмоқчи бўлар, Нилуфар эса, бошини ҳар томонга олиб қочар, тўғрироғи, шунга ўхшаш ҳаракатлар қилар, лекин Бегимқул уни қўйиб юбормас эди!
Ҳикматилло бунинг ҳаммасини шундай яқин бориб қолганда кўрди, кўрди-ю, орқасига чекинишни ҳам, ўтиб кетишни ҳам билмай, тўхтаб қолди. Чунки Нилуфар уни кўриб, Бегимқулни силтаб ташлади-да, ўрнидан турди. Оппоқ, мулойим юзи гулхан таптида қизаргандай лов-лов ёниб, чарос кўзлари аллақандай порлаб:
— Ҳикматилло ака! — деди. — Оғайнингизни тартибга чақириб қўйинг, ҳеч уялмайди-я!
Бегимқул ҳам ишшайиб ўрнидан турди, гўё хижолат чеккандай томоқ қирди. Лекин Ҳикматилло унга эътибор ҳам бермади, ранги ўчиб, Нилуфарга юзланди.
— Менга қаранг Нилуфархон! — деди, кейинчалик ўзиниям ҳайратга солган бир совуққонлик билан. — Эркаликни Бегимқулга қилинг. Бу кишига ўпич бериб... менга эркаланиш... кўчада қолган саёқ қизларга ҳам ярашмайди!
Ҳикматилло шундай деди-да, шартта орқасига бурилди, буриларкан, Нилуфар юзини қўллари орасига яшириб олганини, Бегимқул эса ҳамон хахолаб кулиб, унинг қўлларини тортқилаётганини кўриб қолди.
Эртасига, елкасида буюм тўрва, қўлида алмисоқдан қолган катта чамадон, офицерлар бошчилигида вагонга чиқаётган эди, кимдир елкасидан туртди. Ўгирилиб қараса... Бегимқул! Қўлида сеткага солинган иккита қовун, ҳаммомдан чиққандай қип-қизариб ишшайиб турибди!
— Кечирасан, ҳамшаҳар... мана шу... арзимаган нарса... Йўлда ёр-биродарларинг билан баҳам кўрарсан!..
Ҳикматилло қовунларни олмай шартта бурилиб кетмоқчи бўлди-ю, кўнгли бўш одам, дағаллик қилишга юраги чопмади. Қовунларни олиб вагонга ташлаб чиқди. Бегимқул уни четга тортди, ҳамон хижолат чекиб кулди.
— Кеча жа...ёмон қилдинг-ку, оғайни... Нилу мендан аразлаб кетиб қолди...
— Қўрқмасанг ҳам бўлади, қайтиб келади...
Бегимқул бошини қашиб:
— Тўғри, менам чўчқалик қилдим, — деди. — Лекин... сен ўйламагинки, мен уни шунчаки... йўлдан уряпти деб! Мен унга уйламоқчиман...
— Бахтли бўлинглар!..
— Сен хафа бўлма, оғайни... Негаки, барибир фойдаси йўқ эди. Чунки мана, армияга кетяпсан. У сени икки йил кутадиган қизлардан эмас...
Гарчи «Ҳикматчик» деган сўз ғашини келтирса ҳам, Ҳикматилло бу хатни ўқиб, ичида кулиб қўя қолди. Чунки, биринчидан, ўтган бир-икки ой ичида у Нилуфарни дилидан тамом чиқариб ташлаган, иккинчидан, Нилуфар айтгандай, қизлар билан муомала қилишни ўргана бошлаган эди.
Ҳикматилло хизмат қилган жой номига Новосибирск, деб аталса ҳам, шаҳардан анча йироқда, қалин ўрмонлар орасида эди. Атрофда, ҳам беш-олти чақирим жойда бир қишлоқ бор, бу қишлоқларда йигитларни кундуз чироқ ёқиб топиб бўлмас, лекин қизлар сероб эди!
Ҳар шанба ё дам олиш кунлари, солдатлар этикларини кўзгудай ярқиратиб, гимнастёркаларининг ёқаларига оқ сурпдан ҳошия тақиб, камарларининг тақинлари ва қулоқчинларининг юлдузчаларини қумга ишқаб ялтиллатиб, шу қишлоқларга отланишар, томларини қор босган, тор, лекин ҳаммомдай иссиқ клубларда гармонь садоси остида ер депсиниб танца тушишар, янги фильм қўйилса, саҳнадан кўра ёнларидаги қизларга кўпроқ эътибор беришиб, ғира-шира залда пиқ-пиқ кулишиб, пинҳона пичирлашиб, кино кўришарди.
Дастлабки пайтларда Ҳикматилло бу қишлоқларга боришга, борганда ҳам қизларга яқинлашишга ийманиб юрди. Бир куни — бу ўша, Бегимқулдан хат борган пайтлар эди шекилли — номига посилка келганлиги ҳақида почтадан қоғоз олди. Почта идораси қўшни қишлоқда эди. Ҳикматилло Олесь Майборада, деган оғайниси билан посилкани олишга борди.
Почта қишлоқ магазинига ёндош торгина хонада эди. Хона кўчадан ҳам совуқ, уйнинг тўрида, деразанинг олдида, қалин пўстин кийиб, бошига тивит рўмол ўраб олган ёшгина бир қиз, оғир пиймаларини бир-бирига уриб, ер депсиниб турарди. Қиз пўстинининг ичидан ҳам қат-қат кийим кийган бўлса керак, матрёшка деган юм-юмалоқ қўғирчоққа ўхшар, тугмадеккина бурни, юпқа лаблари, катта-катта кўм-кўк кўзлари бу ўхшашликни яна ҳам кучайтирар эди. Ҳикматилло қоғозни кўрсатди, қиз унинг ҳужжатига кўз ташлаб, пештахтанинг тагига энгашди-ю:
— Войбў, хотинингиз сизни жуда яхши кўрар экан! — деб тивит рўмол ўраган бошини ликиллатди. — Юборган посилкасини мен кўтаролмайман. Ўзингиз кириб ола қолинг!
Қизнинг қилиқлари ҳам, кулгиси ҳам, сўзлари ҳам Ҳикматиллога шундай хуш ёқиб тушдики, қизариб:
— Хотиним йўқ менинг! — деди.
— Алдамай қўя қолинг! — деди қиз, тивит рўмол билан ўралган бир парчагина юзида кулгичлари ўйнаб.
— Биламиз!
— Йўқ, йўқ рост, хотиним йўқ! — деди Ҳикматилло ва Олеснинг биқинига туртганини сезиб, унга юзланди. — Худо урсин агар, ёлғон сўзласам!..
— Қўй, шу хотинингни! Посилкангни ол! — деди Олесь, афтини буриштириб.
Ҳикматилло ичкарига кирди. Посилка ҳақиқатан ҳам жуда оғир — камида бир пуд келарди. Ҳикматилло уни кўтариб чиқаётиб, қизга қаради. Қиз қизарган қўлларига уфуриб, Ҳикматиллога тикилиб турар, ёқимтой ногоҳида ҳар қандай йигитни ҳам эритиб юборадиган қандайдир илиқ бир меҳр бор эди. Ҳикматилло посилкани очиб, қизга мевалардан — уйдан ҳўл мева юборганларидан хабардор эди! — бергиси келди-ю, ийманди.
Ташқарига чиқиб, эшикни ёпишлари билан Олесь унинг елкасига уриб:
— Нима бало, ёқиб қолдими? — деб сўради.
— Яхши қиз экан, — деди Ҳикматилло.
— Яхши қиз бўлса шундай қиласанми?
— Нима қилдим?
— Хотининг бор деса, хотиним йўқ, деб онт ичасан!
— Йўқ хотинни бор дейманми бўлмаса?
— У сенга жўрттага айтяпти-ку буни, тўнкамисан ҳазилни тушунмайдиган? Битта эмас, иккита хотиним бор, аммо сизнинг битта табассумингиз учун иккаласиниям қўйворишга тайёрман, демайсанми, каллаварам?
— Дабудурустдан-а?
Нима бало, саҳрода ўсган ёввойимисан? Шундай жонон қиз ҳазил қилади-ю, бу бўлса: «Хотиним йўқ!» деб онт ичади. У жўрттага сенинг қитиғингга тегяпти-ку, латта!
— Йўқ-э, — деди Ҳикматилло ишонмай.
— Мен бу қизни танийман. Оти Надя. Клубда кутубхоначи бўп ишлайди. Ҳозир бу ерда ойисининг ўрнида турган бўлса керак. Кечқурун танцага келамиз, ўзим таништириб қўяман...
Олесь кун бўйи унга қизлар билан танишиш, уларнинг кўнглини овлаш «услубидан» сабоқ берди. Бу сабоқ унча мушкул эмас, Олеснинг айтишича, қизлар нима деса, шунинг тескарисини айтиш, ҳазилга ҳазил билан жавоб бериш, ҳозиржавоб бўлиш керак экан, холос!
Лекин жуда осон кўринган бу «услуб»ни қўллаш ўйғай эмас экан, Ҳикматилло тугул, шўхликда батальонда тенги йўқ Олеснинг ўзиям кечқурун қизлар даврасида бу «услуб»ни қўллайман деб, роса кулги бўлди. Лекин шу кулги баҳона Ҳикматилло Надя деган ҳалиги кутубхоначи қиз билан танишиб олди.
Ҳикматилло болалигида китоб ўқишни яхши кўрсаям, техникумга кирганидан кейин деярли ҳеч нарса ўқимаган, дарсдан ташқари китоб ўқишга вақтиям йўқ эди. Армияда ҳам вақт кам эди, лекин... у олдин Надядан уялгани учун, мазмунини сўраса ўсал бўлиб қолмай, деб ўқиди, кейин... китоб баҳона дийдор ғанимат, деганларидек, қизни кўргиси келгани учун олган асарларини тезроқ ўқийдиган бўлди, охирида эса ўзиям шундай қизиқиб кетдики, сўнгти беш-олти ойда бир дунё китоб ўқиб ташлади!..
Энг муҳими, бу қувноқ, ҳазилкаш қиз баҳона Ҳикматилло умуман қиз-жувонлар даврасида ўзини эркин тутишга ўрганди, ўргангандан кейин эса, илгариги тортинчоқлиги, Нилуфарга қилган муомалаларини эслаб куладиган бўлди...
Бегимқул сўнгги бир хатида Чилонзорда, икки хонали алоҳида уйда туришини айтиб, меҳмонга таклиф қилган, «отпускага келсанг, эски оғайниларинг ёдингдан чиқмасин, аянинг уйида қилган жинниликларимизни эслаб, бир отамлашамиз», деб ёзган эди. Бу «жинниликлари», Нилуфарни деб, Бегимқул билан муштлашганлари энди Ҳикматиллонинг ўзигаям жуда ғалати туюлар, айни замонда негадир Нилуфарни, умуман уларнинг туриш-турмушларини кўргиси келарди.
Ҳикматилло бугун дам олиш куни эканини, барвақтроқ бормаса мезбонлар бир ёққа кетиб қолишлари мумкинлигини ўйлади-да, трамвайга минди.

3
Эшик орқасида олди шип-шип этган енгил шарпа, сўнг уйқудан бўлса керак, сал бўғиқ, таниш овоз эшитилди:
— Бу ким?..
— Кечирасиз, бу мен, Ҳикматман...
— Ҳикмат? — гўё бир нарсадан ҳурккандай патир-путур шарпа, сўнг, сал нарироқдан саросимали шивир-шивир эшитилди:
— Айиқдай ағанаб ётавермай, туринг ҳой, Ҳикмат келди!
— Қайси Ҳикмат? — дўриллади йўғон овоз.
— Қайси бўларди! Ўша, ҳамқишлоқ дўстингиз-да!
— Топган вақтини қара! Энди бағримга босаман деб...
— Кўп сўйилаверманг! Боринг, эшикни очинг. Мен кийиниб олай...
Ҳикмат кетишини ҳам, кетмаслигини ҳам билолмай, турган жойида серрайиб қолди.
Ичкарида каравот пуржинасининг оғир ғичирлаши, чиндан ҳам айиқ ғингшигандай ғингшиган, эснаган, керишган овозлар эшитилди. Сўнгга калитлар, занжирлар шақир-шуқур қилиб, ниҳоят, эшик очилди.
— Э-э, дўстим, Ҳикматилло! Оламда бормисан? Уйқуни белига тепдингу, аммо йўқлаб келганингга хурсандман, ҳумпар!
Анча тўлишган, салобатлашган Бегимқул, эгнида йўл-йўл ипак пижама, оппоқ кўкраклари қорнигача очиқ, патак сочлари бурунгидан ҳам ҳурпайган, пойгакда эшикни тўсиб турарди.
— Остонада кўришишнинг хосияти йўқ дейишади! Ичкарига кир! Қани, қучоқлашамизми, аблаҳ — Бегимқул қулоч ёзиб кўришди. — Бўйдан берипти-ку, худо! Бошингни эг, ҳумпар, шифтни тешворасан! Қайдасан, Нилу? Жа кетворган йигит бўпти, бу лапашанг?
— Ростдан-а?
Шундоқ рўпарадаги эшик очилиб, Нилуфар чиқди. Эгнида қандайдир ялтироқ матодан тикилган кенг халат, шошилинч турмакланган сочларининг бир неча толаси нафис эгилиб чаккасига тушган, сурма қўйилган кўзлари хиёл сузилган Нилуфар, тирноқлари нафис бўялган нозик қўлларини бериб, кулиб кўришди, кўришаркан, юзига билинар-билинмас қизиллик югурди.
— Чинданам шифтга тегадиган бўпсиз!
Нилуфар бир оз озган, юмалоқ оппоқ юзи хиёл чўзилган, ўзиям аллақандай маъюс бир латофат касб этган, гўё бултур ичида ловиллаб ёниб турган қандайдир аланга сўндирилгану, энди ором олиб, тинчиб қолган...
— Хотинимга намунча қадаласан, аблаҳ! Биласан-ку, рашким ёмон! — Бегимқул қизилўнгачигача кўрсатиб, хахолаб кулди.
Нилуфар яна қизариб ерга қаради:
— Бачкана бўлманг! Ичкарига киринг... Йўқ, йўқ, этигингизни ечманг, артиб кираверинг! — у чап томондаги девор шкафини очиб, Ҳикматиллонинг оёқлари остига ҳўл латта ташлади.
Ҳикматилло, гард юқмаган қип-қизил пояндозни ийманибгина босганича тор йўлакдан юриб, ўнг қўлидаги хонага ўтди, ўтаркан, кўзи беихтиёр ётоқхонага тушди; қўш тавақали гарнитурга илинган кийимлар тахи бузилган, қўш каравотдаги атлас кўрпа йиғилмаган... Лекин меҳмонхонадаги тартиб беками кўст: чет эллик қора ялтироқ сервантлардаги четларига тилла суви юритилган пиёла-чойнаклар, идиш-товоклар, ранг-баранг кўза ва кўзачалар, сурат солинган мис буюмлар, нозик қадаҳлар, ҳаммаси жой-жойига қўйилган, жигар ранг китоб шкафидаги оқ, қизил, қора жилдли китоблар битта-битта терилган, ердаги қирмизи гилам, эшик ва деразаларга нафис ҳарир тўр устидан тутилган қалин ипак дарпардалар, экрани катта рангли телевизор, тилла ромга солиниб, деворга осилган иккита табиат манзараси, шифтдаги катта биллур қандил — ҳамма-ҳаммасида нозик дидли аёлнинг меҳрибон қўли сезилиб турар, ҳаммаси алоҳида қунт билан ясатилган эди.
— Намунча оғзинг очилиб қолди? — деди Бегимқул, мамнун жилмайиб. — Қалай, аканг ўргилсинди қасри-олийлари ёқдими? Бунинг ҳаммаси каминанинг ҳалол пулига келган! Ҳозир кимни қўли баланд — қурувчи билан газчининг қўли баланд. Ҳасад қилма! Қайтиб келсанг сен ҳам бир-икки йилдаёқ боплаб кошона қуриб оласан!
— Ким ҳасад қиляпти?
— Гап-да, каллаварам!.. Хўш, яъни... қачон келдинг?
— Икки ҳафта бўлди. Қишлоқда эдим...
— Э, ҳа... бобой оламдан ўтибдилар. Жойлари жаннатда бўлсин. Яхши одам эди, раҳматлик. Хафа бўлма, ҳамманинг бошида бор гап. Қани, юқори ўт, мен ювиниб чиқай. Хоҳласанг сен ҳам ювиниб ол. Битта ванна қурдирганман, кўрсанг оғзинг очилиб қолади. Кўрасанми?
— Йўқ, раҳмат...
— Бўлмаса юқори ўт, дамингни ол.
Бегимқул айиқдай чайқалиб, вазмин одимлаб чиқиб кетди. Унинг юриш-туриши, хатти-ҳаракатлари, ҳатто «аблаҳ» деб хахолаб кулишларида ҳам ғурур аралаш зўр бир мамнуният, ўз турмушидан қониқиш, бахтиёрлик сезилиб турарди. Нега ҳам мамнун бўлмасин? Шундай гўзал, ораста хотини, шоҳона уй-жойи бўлса, ҳеч нарсадан кам-кўсти бўлмаса... у мамнун бўлмай, Ҳикматилло мамнун бўлсинми?
Бу нима? Ҳасадми? Ичи қораликми? Йўқ, ҳасад эмас, лекин... лекин нима бўлаётганини ўзиям тушунолмаган, фақат тиниқ куйдай ҳазин бир туйғу дилини чулғаб олганини сезган Ҳикматилло бир-бир босиб, китоб терилган шкаф ёнига ўтди...
Ҳошиясига зар тикилган гулдор шиппаги билан гиламни унсизгина босиб, Нилуфар кирди. Ўртадаги ялтироқ столга попукли қалин дастурхон ёзаркан, билинар-билинмас кулимсираб:
— Хизматлар яхши ўтяптими, Ҳикмат ака? — деб сўради.
— Шукур... ўзингиз қалай? Ўқишлар тугадими?
— Ҳа, кўкламдан бери аптекада ишлаяпман. Агар дори керак бўлса... ишхонаям яқин, шу уйнинг ўзида... Йўқ-э, дорини нима қилардингиз сиз? Жа... отдай бўп кетибсиз! — Нилуфар бу гапни айтишга айти-ю, қизариб кетди.
— Ҳа, энди... — Ҳикматилло хижолат чекиб йўталди. Нилуфарнинг бултурги одатлари, бир жойда бир зум тинч туролмай кийикдай сакрашлари қолган, юриш-туришларида, ҳаракатларида ёш келинчакларга хос ёқимли маъсумлик, босиқлик, назокат пайдо бўлган эди. Ё тавба! У чиндан ҳам шунчалик ўзгарганми, ё бошдаям шундай маъсум бўлгану, фақат унга, рашкчил қишлоқига беҳаё ва шаддод кўринганмиди?
Ҳикматилло эски муносабатларини эслаб ўзидан қанча кулган бўлмасин, бугун йўлда келаётиб эркин гаплашишга ўзини қанчалик чоғламасин, ҳозир унсизгина одимлаб дастурхон ясаётган бу ёш, гўзал жувон олдида ўзини эркин тутолмас, нимадир унга халақит берар, нимадир асабларини таранг тортиб турар, энг ёмони юраги нина санчилгандай бетиним санчиб оғрирди.
Нилуфар сервантдан тўртта ликопча, оғир кумуш қошиқ, кумуш вилкалар олиб столга қўяркан:
— Хизматдан қачон қайтасиз? — деб сўради.
— Ҳали бир йил бор...
Ҳикматилло шкафни очиб оқ жилдли қалин китобни олди. Ё раб! Бу ўша маҳаллар кўл бўйида Нилуфарнинг қўлида кўрган «Алвидо, қурол!» деган китоб эди!
Дастурхон ёзиб бўлган Нилуфар, худди нима қилиши ёдидан кўтарилган одамдай, хаёлга толган эди. Ниҳоят, у қандайдир ички бир тараддудни енгиб, чаккасига тушиб турган соч толаларини тўғриладида, шарпасизгина одимлаб, Ҳикматиллога яқинлашди.
— Нимани ўқияпсиз?..
— Ҳа, шу.. Хеменгуэй, — деди Ҳикматилло. — «Алвидо қурол!» Чиндан ҳам... ғалати китоб экан!..
Нилуфарнинг кўзларида қувонч аралаш бир ҳайрат порлади.
— Ўқидингизми?
— Ҳозир Хемингуэйни ўқимаган одам, айниқса биз томонларда, армияда, кулги бўлади-ку! — деди Ҳикматилло ва беихтиёр қизариб кетди.
Унинг ёдига кутубхоначи қиз Надя тушди. Надя унга бу романни навбат кутаётган китобхонлардан яшириб, икки кунда ўқиб чиқиш шарти билан берган эди. Ҳикматилло эса китобга сира киришолмаган, романнинг бош қисми унга жуда зерикарли туюлган эди. У бир ўйида китобни «ўқидим» деб, қайтариб бергиси ҳам келган, бироқ Надянинг сўраб қолишидан қўрққан эди. Энг муҳими, шу китоб баҳона Нилуфар билан кўлда аразлашиб қолгани ёдида тургани учун ҳам ўқишга мажбур этган эди ўзини. Ва ажабо, биринчи кунлари китобнинг йигирма-ўттиз бетини зўрға ўкиган Ҳикматилло, учинчи куни қолган қисмини бир ўтиришдаёқ ўқиб чиққанди. Ўша куни Ҳикматилло қурилишда навбатчи эди. У кечаси прорабнинг хонасига кириб, эшикни ёпиб олди-да, китобни очди, очди-ю... У ёғи нима бўлгани ёдида йўқ, фақат тонг палла китобни ёпиб ўрнидан тургани эсида... Китоб қаҳрамонларининг фожиали муҳаббати, Кетриннинг тўлғоқ азобида ўлиши, севгилисидан айрилган Генрининг мусибати уни титратиб юборган эди!..
— Бечора Кетри! — деди Нилуфар. — Унинг ўлими... худди Генрининг кўз ёшларига ўхшаш тинимсиз қуйган ёмғир... эсингиздами? Мен йиғлайвериб эсим кетувди...
— Ҳа, ҳа, — деди Ҳикматилло бирдан ёпирилиб келган ҳаяжонни яширишга уриниб. У кўзлари аллақандай порлаб, овози титраб гапираётган бу мулойим жувон билан ўзи ўртасида қандайдир нозик бир яқинлик пайдо бўлганини ҳис этди, назарида, Нилуфар шу топда фақат ўз кўнгли эмас, унинг, Ҳикматиллонинг кўнглидаги тўфонни ҳам ҳис этаётганга ўхшарди!
— Биласизми, Ҳикмат ака? — деди Нилуфар ва қўлини Ҳикматиллонинг қўлига қўйди. — Кетрин ўлади-ю, бироқ... бироқ мен уни жуда бахтли, жуда бахтли аёл деб ўйлайман...
— Нега?
— Чунки... Генридай... ажойиб йигитнинг муҳаббати... шундай пок туйғулар, шундай самимий... — Нилуфар «қулт» этиб ютиндию, кўз ёши аралаш жилмайди. — Кечирасиз, мен жуда... ғалати...
— Йўқ, йўқ! — деди Ҳикматилло. — Мен... тушуниб турибман. Ҳаммасига тушуниб турибман. Мен ўшанда... кўлда... билмаган эканман...
Боядан бери бир меъёрда қуйилаётган сувнинг сокин шинғиллаши тиниб, ваннадан Бегимқулнинг:
— Ҳой, бу қанақа шивир-шивир? Рашким ёмон маним! — деб қичқиргани ва хахолаб кулгани эшитилди.
Нилуфар, худди, бехосдан хунук бир гап айтиб юборган одамдай қизариб кетди-да, бошини бир томонга эгганича, тез юриб, меҳмонхонадан чиқди.
Йўқ, бу Ҳикматилло билган бултурги Нилуфар эмас, тамом бошқа одам эди!.. Ё бу бир йил ичида унга бир нима бўлгану, жуда ўзгариб кетган ё, аксинча, Ҳикма-тилло бошдаёқ янглишган, бошдаёқ у ҳақда нотўғри хулоса чиқарган!
Ҳа, гап Нилуфарда эмас, унинг ўзида! Нилуфар бултур ҳам бирда ёш қизларга хос шўхликлар қилиб, рашкини келтирса, бирда у билан, Ҳикматилло билан самимий гаплашгиси келиб, музика ҳақида, қандайдир нотаниш китоблар ҳақида гап очар, лекин у қизнинг суҳбатига жўр бўлолмас, у оламдан бехабар оддий бир тўпори эди. Дуруст, у-ку оламдан бехабар, тўқим табиат бир йигит экан, Бегимқул-чи? Бегимқул қайси фазилатлари билан ром қилдийкин бу нозик табиат санамини?
Ҳикматилло яна боягидай юраги оҳиста безиллаб, диванга ўтиб ўтирди.
Эшикда, вужудидан паға-паға иссиқ ҳовур тараган, юмалоқ юзи ҳозиргина бўялган қўғирчоқнинг юзидай ялтиллаган, мамнун-хушчақчақ Бегимқул кўринди.
— Қани, хотинжон, овқат гатопми, ўргилиб кетай сиздан? Гатоп бўлса опкелинг. Иштаҳалар карнай бўп кетди! Холодильникдаги коньякниям олинг, оғайним билан бир отамлашайлик!
Ошхонада бошланган жаз-буз орасидан Нилуфарнинг хиёл ранжиган овози келди.
— Тонг отмасдан туриб коньякми?
— Коньяк бўлмаса шампанхон тўрани олинг, ўргилсин. Сиз ҳам яйрайсиз, биз ҳам! — Бегимқул Ҳикматиллога кўзини қисиб, сервантдан биллур кадаҳларни олди.
Жизиллаб турган бир това қуймоқ кўтариб Нилуфар кирди, колбаса келтириб қўйди. Бегимқул коньякка чиқди шекилли, холодильникнинг эшиги гурсиллади. Ошхонадан Нилуфарнинг яна бир нима деб зорлангани, Бегимқулнинг хушомад қилиб кулгани эшитилди:
— Хотин зоти икки тоифага бўлинади, хоним. Яхши хотинлару, ёмон хотинлар, — деди Бегимқул меҳмонхонага бир шиша коньяк кўтариб кираркан. — Ёмон хотинлар меҳмоннинг олдида эрларига хуруж қилишади. Яхши хотинлар, ичларидан зил кетсаям, меҳмоннинг олдида илжайиб туриб, меҳмон кетгандан кейин эговлашади. Меҳмон кетгандан кейин бошимда ёнғоқ чақсангиз ҳам майли, унгача илжайиб туринг, ўргилай сиздан!
— Эски ҳаммом, эски тос! — деди Нилуфар, бошини эгиб.
— Майли, хотин, майли. Сиз нима десангиз биз хўп деб, кўксимизга урамиз, акаси жонидан. — Бегимқул қадаҳларга коньяк қуйиб ўрнидан турди.
— Хўп, дўстим, Ҳикматилло. Сен учун. Эсон-омон хизматни бажариб кел. Келганингдан кейин ўзим ишга жойлаб қўяман. Менга ўхшаб газ бўйича мастер бўп олсанг — ошиғинг олчи!
— Сен қачон мастер бўлдинг?
— Бир йилдан ошди. Нега кўзингни лўқ қиласан? Ҳозир газчи турганда қурувчига йўл бўлсин, оғайни! Эрталаб идорага бор, кўрасан: манман деган йўғонлар «Газ-24» машиналарини кўндаланг қилиб, «укажон, бугун бизникига ташриф буюриб, бир чўқим ош еб кетсангиз», деб қўл қовуштириб туришипти! Тошкентда нима кўп, участка кўп. Газ турганда ким қўлини косов қилиб кўмир ёқишни хоҳлайди дейсан?..
— Газдан бошқа гап йўқми оламда? — деди Нилуфар. — Миясини қоқиб қўлига бердингиз-ку, Ҳикматжонни!
— Ҳикматжонгаям керак гап бу, хоним! Уйингиздаги мана бу сервантлар, қўлингиздаги биллур қадаҳ, эгнингиздага ипак халат, ҳатто сиз яхши кўрган ана у сербезак китоблар — ҳаммаси ўша сассиқ газ орқасидан келган, жонгинам! Хўп, бас қилдик, хоним, бас қилдик... Қани, олдик, дўстим...
Ҳикматиллонинг эсига аянинг гаплари тушди: «Газга борсам... навбат кутасан дейишди. Навбатчи ўлгур охиратдаям келмасмиш. Бозордан уста опчиқа қолай десам, пожарнийси бор бўлгур, испарвка бермасмиш...»
— Аядан хабар олдингми ҳеч? — деди Ҳикматилло.
— Ая? Ҳа, кампирни айтасанми? Нима қилди?
— Ҳеч нима... Кампир бечора уйига газ ўтказмоқчи бўлиб, батарея қурдирган экан. Ҳаммаси бўпти-ю, қувуркон ўрнатиб сенлардан рухсат олиш қопти. Ёрдам берворсанг бўларкан...
— Ёрдам ҳам гапми? Сандиқнинг тагига тахлаб қўйган юз сўлкавойлардан чиқарсин, шу бугуноқ ёқиб берамиз! — Бегимқул одатдагидай хахолаб кулмоқчи бўлди-ю, оғзи тўла қуймоқ, кулолмади.
— Кампир бечора юз сўлкавойликларни қаёқдан олсин?
— Нима? — деди Бегимқул, оғзидаги қуймоқни чайнашдан тўхтаб. — Сен аяни билмас экансан! Илонни ёғини ялаган кампир у! Кўмма тиллоси бор аянинг. Сен... ҳалиям қишлоқилигинг қомапти, оғайни!
— Сен қишлоқи эмасмисан?
— Менми? Мен... ҳақимни ажратоладиган қишлоқиларданман! — Бегимқул стулнинг суянчиғига чалқайиб, хотинига қирғий қараш қилди.— Мана, шаҳарнинг манман деган олифталарини доғда қолдириб шундай жононни гаҳ деб қўлимга қўндирдиму, сен бўлсанг қишлоқи дейсан-а! Лаббай, хоним?
Боядан бери дастурхоннинг попугини бармоғига ўраб, ерга қараб ўтирган Нилуфар нон чайнашдан тўхтаб, «қулт» этиб ютинди-ю, индамади.
— Чиндан ҳам оби замзам деса бўлади, бу ичимликни! Энди тер чиқай деди! Қани, шундай нарсани ўйлаб топган гуржи халқининг саломатлигига яна биттадан олайлик, дўстим!
— Қўйинг, етар энди! — деди Нилуфар ва гўё бу сўзлари учун Ҳикматиллодан узр сўрагандай қизариб кетди. — Мен буни қизғанаётганим йўқ, машина ҳайдашлари керак. Далага чиқмоқчи эдик...
— Ҳикматниям опкетамиз! — Бегимқул оғзини оқ қоғоз билан артиб ўрнидан турди. — Яқинда «Жигули» олганман. Бир катайса қилдираман, дўстим. Бугун бўшмисан ахир? Қачон кетмоқчисан?..
— Эртага. Лекин ҳали билет олишим керак... Раҳмат.
— Шу ҳам масалами? Йўл-йўлакай кассага кириб ўтамиз. Қани, хоним, дастурхонни йиғиштириб, ясан-тусанни бошланг. Ўн минут муҳлат сизга — Бегимқул айиқдай тебраниб, меҳмонхонадан чиқди. Ҳикматилло ўнғайсизланиб ўрнидан турган эди, Нилуфар:
— Рост, бирга бўлинг! — деди, аллақандай ёлворган товушда. — Далада яхши жойлар бор. Қўл бола ош қип бераман ўзим!
Нилуфар, гўё ўз гапидан ўзи уялиб кетгандай тўсатдан кўзлари ёшланиб кулди-да, тез юриб меҳмонхонадан чиқди.

4
Лоп этиб, кечаси вагонда бўлган воқеалар эсига тушди.
Ҳикматилло чиққан вагоннинг деярли ярмини лўлилар эгаллаган эди. Кейин билса, улар Саратов томонлардан яроқсиз отларни опкелиб, пуллаб қайтаётган асби жаллоблар экан. Лўлилар ҳаммаси бўлиб йигирма чоғлик, уч-тўртта аёл — улар орасида боя вокзалда хайрлашган хушчақчақ лўли йигитининг кетворган синглиси ҳам бор эди — ва беш-ўнта эркак бўлса ҳам, бутун вагонни шовқин-суронга тўлдирган, ҳаммаси кайфли, ҳаммаси рақсга тушган, гармонь, ҳуштак, нағал қоқилган этиклар дукури, ликопчадеккина митти чилдирмачаларининг даранг-дурунгидан олам ларзага келган, текин томоша авжида эди!..
Ҳикматиллони кузатиб чиққан дўстлари, қўярда-қўймай вокзалда унгаям жиндай мусаллас ичиришган, у ҳам ширакайф эди. Ширакайф ҳолда ўша таниш лўли йигитлар даврасига тушди.
Улар Ҳикматиллони хушнуд қийқириқ билан кутиб олишди. Боя эрталаб майдонга кузатиб чиққан шўх йигитча эса, тор вагонда чарх уриб, ўзи чилдирма чалиб, ўзи рақс тушаётган, қават-қават қизил кўйлагининг ўтовдек этакларини гир айлантириб, қизил гулдор рўмолини ҳавода ҳилпиратиб ер депсинган қайнисинглисини унга берадиган, тўйни Саратовда қиладиган бўлиб, уст-устига икки пиёла шароб қуйди. Ҳикматилло ичмаган эди, пиёлани қиз олди ва унга таъзим қилиб:
— Ол, сержант! — деди, кўзлари ёниб. — Юрагингда ёдинг бўлмаса қайтариб бер — ўзим ичаман!
Лўли йигит эса ўрнидан сакраб турди.
— Буни ичсам, мен ҳам бир шишага қарз бўламан, деб қўрқма! Фолбинлик қилиб пул топадиган ипринди-сипринди лўлилардан эмасмиз бизлар! От жаллоби дейдилар бизларни! Пул керак бўлса мана! — лўли йигит дўппайиб турган ён чўнтагидан бир даста пул олиб, ҳавога отиб юборди-ю, ерга сочилган қоғоз пулларни босиб, ер депсиниб ўйнай кетди:
Эй, лалу-лалу, ла!
Лалу, лалу!
Оҳ, қора тунлар,
Лўлининг
Бахт тунлари,
Лалу!
Қанча пул керак бўлса ол, сержант! Аспи жаллоб дейдилар бизни!..
Ҳикматилло ноилож узатилган пиёлани бўшатиб берди, қизил рўмолчасини боши узра ҳилпиратиб, қизил этикчаси билан полни тешворгудек депсиниб рақс тушаётган жононга уч сўм пул қистирди, сўнг боши гир-гир айлана бошлаганини сезди-да, иккинчи қаватта чиқиб чўзилди...
Пул чўт эмас, аспи жаллоб бўлган аблаҳ! Пулни ерга сочиб, рақс тушади-ю, донг қотиб ухлаётган одамнинг чўнтагига қўл солади! Яна чамадонини кўтаришиб чиққанини, қайнисинглисини бермоқчи бўлганини айтмайсизми? Йўқ, айб унинг ўзида! Ким унга лўли тутган шаробни ол деди? Ким донг қотиб ухла деди? Энди нима қилади? Кимдан пул сўрайди? Ойисига телеграмма бериш тўғрисида гап бўлишиям мумкин эмас. Бусиз ҳам ўлим доғида жизғанак бўлиб ўтирган онаизорига бу гапни айтиб адойи тамом қиладими? Лекин вақт зиқ. Эртага учиши шарт!..
Ҳикматилло чўнтакларини яна бир бор шап-шап ушлаб чиқди-да, юраги музлаб:
— Бегимқул! — деб юборди.
Эшикда, бўйнига галстук боғлаётган Бегимқул кўринди.
— Ҳа, нима қилди?
— Бу ёққа қара... эшикни ёп!
— Нима гап? Тинчликми?
— Тинчлик. Пулимни олдириб қўйибман...
— Нима? — деди Бегимқул, галстугини боғлашдан тўхтаб. — Пулимни олдириб қўйдим? Қанақа қилиб?..
— Ҳа, шу... кечаси поездда... бир вагон лўлилар орасига тушувдим. Ўшалар олдими, бошқами, билмадим, ишқилиб, пулим йўқ. Ҳозир билетга чиқамиз деб, чўнтагимни пайпаслаб кўрсам... йўқ! Ҳужжатларим турипти-ю, пулим йўқ!
— Латта! — деди Бегимқул! — Ёш боладай лўлига пулини олдириб ўтирса! Неча сўм эди?
— Тўқсон сўм. Ҳаммаси беш сўмликлар!
— Ҳайронман... — Ҳикматилло, кўзлари жавдираб, ҳамқишлоғига тикилди. — Ўзинг бир нима қиласан энди, дўстим. Мен... кассада пулим бор. Борган заҳоти жўнатаман. Худо урсин агар...
— Бегимқул энсаси қотиб афтини буриштирди.
— Гап унда эмас! Мен жоним билан берардиму... буни қара! Аксига олиб, ҳозир мендаям пул йўқ эди-да!..
Ҳикматиллонинг аъзойи баданидан тер чиқиб кетди.
— Жон дўстим! Бир иложини топ! Бу катта шаҳарда сендан бошқа таниш-билишим бўлмаса... кимга бораман? Худо ҳаққи, эртага етиб борсам, индинга жўнатаман!
Бегимқул яна юзини буриштириб қўлини силтади.
— Қизиқсан-а, оғайни! Пўлим бўлса... мен сенга текинга бериб юборардим. Айтяпман-ку, аксига олиб... пулсиз пайтимга тўғри келдинг деб! Тавба, Кап-катта одам! Сержант! Чўнтагидан пул олдириб ўтирса-я...
— Менга қара, Бегимқул. — Ҳикматиллонинг овози титраб кетди. — Бир иложини қил, жон дўстим... Қўни-қўшнингдан қарз олсанг ҳам бир бало қил...
— Э-э, соддалигинг қолмади-қолмади-да, оғайни! Шу кўп қаватли уйларда қўни-қўшничилик борми? Бизни қишлоқ деб юрибсанми бетни? Одам одамни танимайди бетта! Ҳайронман, нима қилиш мумкин? Доим пул деган қаланиб ётадиган уй, келиб-келиб, сен сўраганингда бир тийин бўлмаса-я! Айб хотинда! Биласан-ку, хотинларни!
— Балки хотинингда бордир, Нилуфархонда... Ҳикматилло бу гапни айтишга айтди-ю, тилини тишлади. «Йўқ! Нилуфарни аралаштириш керак эмас бу ишга!» хаёлидан ўтди унинг.
Бегимқул тажанг бўлиб, бошини қашиди.
— Э-э, хотин зотини билмас экансан! Пул турармиди бўларда? Бир тийин тушса ателье модга югуришгани-югуришган булар!» — деди Бегимқул, лекин Ҳикматиллонинг жавдираб турган кўзларига кўзи тушиб, бошини қашиди:
— Хўп, сўраб кўрай-чи, зора, бахтингга топила қолса...
Ҳикматилло «тўхта», деб қичқириб юборишига оз қолди, лекин унинг тили сўзга келгунча Бегимқул уйдан чиқди.
Ҳикматилло турган жойида қулоғини динг қилиб қотиб қолди. У ўзининг нақадар аянчли аҳволда эканини сезар, чидаб бўлмас ҳақорат туйғусидан ер ёрилса-ю, ерга кириб кетсам дер, айни замонда бошқа борадиган жойи, ялинадиган бир кимсаси йўқлигини билгани учун, тишини тишига қўйиб, чидашга, ёлғон гапираётгани юзидан, гап-сўзларидан билиниб турган бу лўттивозга ёлворишга мажбур эди...
Ё тавба! Шу уй, шу жиҳоз, «Жигули» машинаси, шу туриш-турмушига тўқсон сўм топиб беролмаса! Бунга ишониб бўладими? Тўқсон эмас, саксон, борингки етмиш сўм бўлса ҳам етар эди. Бир тийиниям йўқ эмиш! Бирга ўқиган, бир майизни бўлиб еган ҳамқишлоқ дўсти унинг аҳволини кўриб туриб, икки-уч кунга етмиш сўм қарз бериб туришдан бош тортса!..
Йўқ, шошма, балки топиб берар. Балки Нилуфархон!..
Нилуфарни бекор аралаштирди шу ишга. Билдирмай қўя қолиш керак эди унга! Лекин... агар шу сафар ёрдам бериб юборишса, бу мушкул ишдан қутқаришса эди! Ҳикматилло абадул абад унутмас эди бу яхшиликларини! Берган пулларини индиндан қолдирмай телеграф билан қайтарар, ҳатто икки баравар қилиб қайтаришга ҳам тайёр эди! Чиндан ҳам унинг омонат дафтарчасида сал кам беш юз сўм пули бор! У ахир қурилиш батальонида прораб бўлиб ишлайди. Ҳар ойида юз сўм, баъзи ойларда ҳатто юз йигирма сўмгача пул олади! Ҳикматилло дадасининг вафоти ҳақида қишлоқ Советидан олган справкасини кўрсатиб, энди бу пулни ойисига юбормоқчи эди... Майли, юз сўм кам юборар. Ақалли эллик сўм топиб беришсаям майли, эллик сўмларини юз сўм қилиб, ҳатто юз эллик қилиб қайтаришга рози. Яна бир умр миннатдор бўлиб юрарди. Бир умр!
Ошхона томондан асабий шивир-шивирлар, сўнг Нилуфарнинг «Қўйинг! Билганингизни қилинг!» деган хитоби эшитилди, эшик очилиб Бегимқул кўринди, кўринди-ю, қўлларини ёзиб, аллақандай аянчли носамимий жилмайди.
— Айтдим-ку, хотин зотида пул турармиди деб! Тавба! Мениям жуда ноқулай аҳволга солдинг-да, дўстим... Менга қара! — деди у, тўсатдан эсига бир нарса тушган одамдай кўзлари чақнаб. — Буюмларинг қани? Чамадон-памадонинг борми ўзи?
— Бор.
— Бор бўлса... балки чамадонингдадир? Ҳикматилло бўшашиб бошини чайқади.
Йўқ, пулни чамадонга солмаганини у аниқ билади.
Чамадонда кийим-кечак, олма-анор бор, холос. Пулни чўнтагига, солдат дафтарчасига солгани эсида турибди.
— Сен бошингни чайқама, дўстим! Менам шундай одатим бор! Пулимни бир жойга қўйдим, деб ўйлайману, доим бошқа жойдан топаман. Чамадонинг қаерда ўзи? Олдин бир қараб кўр...
Хонага Нилуфар кирди. Сайилга тайёр шекилли, эгнида атлас кўйлак, бир қўлида қирмизи жемпер, бир қўлида қизил чарм сумка... Оқариб кетган юзида, теграси бўялган катта кўзларида ҳаяжон аралаш изтироб.
— Вой, нима бўлди, Ҳикмат ака?
Нилуфар кириб келиши билан Ҳикматиллонинг ички аъзоларини сиқиб турган қандайдир бир пружина ёзилиб кетди-ю, қаддини ростлади.
— Хўп, майли, бир гап бўлар... Хайр...
— Шошма! Чамадонинг қаёқда ўзи? Обориб қўяман...
— Кераги йўқ. Раҳмат...
— Аттанг! Жа ғалати иш бўлди-да! Доим тахланиб ётадиган пул, шу сафар... бунақа бўлганини қара?... Жа-а.. ноқулай бўлди-да... Тўхта дейман, обориб қўяман...
— Овора бўлма...
— Тўхтанг! Ахир сиз... ахир биз! — Нилуфар, лаблари пирпираб, бир эрига, бир Ҳикматиллога қаради. Унинг кўзларида яна ёш томчилари милтирагандай туюлди-ю, Ҳикматилло тишини тишига босиб, эшикни юлқиб очди.
— Раҳмат сизга. Хайр.
Ҳикматилло, гўё Бегимқул қувиб келаётгандай, зиналардан ҳатлаб-ҳатлаб пастга тушди.
Офтоб чарақлаб турар, тўрт қаватли бинолар билан ўралган каттагина ҳовли бола-чақага тўла, кулги, қийқириқ осмони-фалакка чиққан эди.
Ҳикматилло эшикда бир зум тўхтаб, кўкрагини тўлдириб нафас олди, кейин кўчага чиқиб, ғиз-ғиз учиб ўтаётган машиналарга қўл кўтарди: чўнтагидаги етти сўмни тежашнинг барибир фойдаси йўқ эди!..
Ҳикматилло қарсиллатиб ёпган эшик гўё Нилуфарнинг пешонасига келиб теккандай бўлди-ю, кўз олди қоронғилашиб, деворни ушлаб қолди. Сўнг, бир-бир босиб, меҳмонхонага кирди-да, шилқ этиб диванга ўтириб қолди.
— Хўш, нима қилдик, кетдикми?
Нилуфар индамади. У томоғига келиб тиқилган аччиқ фарёд кўксидан отилиб чиқишидан қўрқиб, тишини тишига босди.
— Нима бало, оғизларига талқон солиб олдиларми? — Бегимқулнинг овози таҳдидли янгради. У вазмин одимлаб, диванга яқинлашди. Нилуфар бошини кўтармаса ҳам, унинг дарғазаб важоҳатини тасаввур этди.
— Нима бўп қолди бирдан?
— Ўзим... бошим оғрияпти...
— Ҳмм... — деди Бегимқул. — Милтиқнинг ўқидек одам... нечук туйқусдан бошлари оғриб қолармиш? Бошлари оғриса... далада... табиат қўйнида ёзилиб кетасиз. Мен бош инженеримизга ваъда бериб қўйганман...
Нилуфар кўзини ердан узмасдан секин жавоб берди?
— Йўқ, мен... чиқолмайман. Негадир... нохуш сезяпман ўзимни...
Бегимқул гўё нима қилишини билмаган одамдай анча жим қолди. Лекин Нилуфар билар — унинг бу сукутидан қўрққулик эди!.. Ниҳоят у қандайдир оғир пишиллаб:
— Менга қаранг, хоним! — деди. — Бош-мошни баҳона қилмай тўғрисини айтиб қўя қолинг: эски жазманингизга қарз бермаганим учун кўрсатаётган ўйинингиз эмасми бу?
Нилуфар ялт этиб қаради. Унинг ёш милтираган кўзларида ифода этиш қийин бўлган шундай зўр бир қаҳр ёниб турардики, Бегимқул бир нима деб ғулдиради-да, эшикни тарақлатиб ёпиб, уйдан чиқиб кетди.
Эшик ёпилиши билан боядан бери Нилуфарни ип бўғиб олган фарёд кўксидан отилиб чиқди-ю, ёстиқни қучоқлаб ўкраб йиғлаб юборди...
Нилуфар яқинда аллақайси бир журналда ўқиган эди; гўё, кўз ёши кишига фойда келтиради, деган гап шунчаки тахмин эмас, балки илмий жиҳатдан асосланган фикр эмиш, гўё юракни чулғаб олган алам, кўз ёши билан бирга майда томирлар орқали сизиб чиқиб кетармишу, киши енгил тортармиш. Хуллас, ғам бўғганда йиғламагандан йиғлаб олган яхши эмиш!..
Нилуфар ҳозир буни ўйлагани учун эмас, кўпдан бери йиғилиб юриб, бугун бирдан хуруж қилган тизгинсиз аламга бардош қилолмагани учун йиғлади, диванга юз тубан тушиб, ёстиқни қучоқлаб, ўзини тутолмаганидан уввос тортиб йиғлади. Бу йиғи чиндан ҳам юрагидаги мислсиз изтиробни хиёл тарқатгандай, хиёл юмшатгандай бўлди. Лекин бунинг ўрнига хаёлини охири кўринмаган туганмас маъюс ўйлар эгаллаб олди. Бу бетаскин ғам, ойсиз тундай қоронғи ўйлар унинг хаёлига бугун келаётгани йўқ, улар сал кам бир йил олдин, тўйдан бир ҳафта ўтмасданоқ бошланган, лекин бугун, Ҳикматиллони кўрганидан кейин янги бир куч билан хуруж қилди, жиловсиз тўфон бўлиб ёпирилиб келди.
Қизиқ, бугун Хеменгуэйдан гапирган, энг муҳими, ҳар бир сўзи, қилиқлари, муомаласидан кишини ром қилувчи бир самимият, одамийлик, ғурур сезилиб турган бу йигит бултур Нилуфарда тамом бошқача таассурот қолдирган эди.
Бошда, пахтада танишган маҳалда Нилуфарнинг дилида илиқ меҳр уйғотган бўлсаям, кейинроқ, шаҳарга келганларидан кейин, ўта жўн, ўта содда, айни замонда жуда рашкчи ва тўпори бўлиб кўринган эди.
Ҳикматилло ҳақиқатан Нилуфарни ҳаммадан, кўча-кўйда тикилиб қараган йигитлардан, техникумдаги курсдошларидан, киноларда ёнма-ён ўтириб қолган эркаклардан, ҳамма-ҳаммадан қизғанар эди. Ўзиям на бир яхши гап, на бир ширин суҳбатга қодир эди. Болалигида музика мактабида таълим олган, бир олам китоб ўқиган Нилуфар бирорта қизиқ асар ё янги кино ҳақида гап очса у ё сўз тополмай ғулдираб қолар ёки ғалати гаплар айтиб, Нилуфарнинг кулгисини қистатарди.
Ўша маҳалда Нилуфарнинг назарида йигит кишига номуносиб кўринган журъатсизлиги, кулгили туюлган тортинчокдиги-чи? Ҳикматиллонинг мўмин-қобиллиги фақат Нилуфар эмас, унинг дугоналарини ҳам ҳайратга солар, улар: «Бу юмшоқ супургини қаёқдан топдинг?» деб кулишарди...
Ёмғирдан қочиб, дўлга учрадим, деганларидек, унинг «юмшоқ супургидан» қочиб, бу чақир тиканга дуч келишига шу кулгилар, курсдош йигитларнинг заҳархандаси-ю, дугоналарининг пичинглари ҳам сабаб бўлди.
Мана ҳозир ҳам бир сафар Ҳикматилло дарғазаб бўлиб техникумга кириб боргани, Нилуфар: «Кинога тушсам нима қипти?» деганда, кўзларини катта очиб: «Ахир... ахир биз ўпишган эдик-ку!» деб хитоб қилгани эсига тушиб, кўз ёши аралаш бир жилмайиб қўйди.
Энди ўйлаб қараса... ўшанда Нилуфарга ўта ғалати, ўта жўн туюлган унинг бу хитобида ҳам аллақандай соддадиллик, гард юқмаган бир самимият бор экан...
Вой, тавба! Одам-деган ҳам бир йилда шунча ўзгарадими? У-ку ўзгарипти, ўсипти, бу-чи, эри-чи? Ушанда ўта илғор, ўта замонавий кўринган, ҳатто энг дағал ҳазиллари, пардасиз гаплари, ҳаёсиз қилиқлари ҳам йигитликнинг энг яхши белгилари бўлиб туюлган Бегимқул-чи?
Бегимқул қандай пайдо бўлди-ю, қачон унинг кўнглини ром қилиб олди — буни Нилуфарнинг ўзиям билмасди. У худди офтоб чарақлаб турганда тўсатдан ёпирилиб келган қора булутдай, ёзда, ҳеч ким кутмаган бир пайтда ёққан дўлдай кутилмаган бир маҳалда пайдо бўлди. Фақат бир нарса эсида: техникумда Ҳикматиллонинг ўрнида патак сочлари ҳурпайган бу ўктам, хушчақчақ танти йигит пайдо бўлганида, илгари кулиб юрган дугоналаригина эмас, ҳатто Нилуфарга ошиқ курсдош йигитлар ҳам тўсатдан жимиб қолишди.
Илгариги «ойим супурги», «аравакаш», деган пичинглар ўрнига «чемпион!», «самбочи!» — деган ҳайрат аралаш ваҳимали хитоблар эшитиладиган бўлди. Нилуфарнинг эсида бор: бу хитоблар унинг дилида ҳам ҳайрат аралаш ғурур уйғотарди... Кейин... кейин Нилуфар ҳушини йиғиб, бамайлихотир ўйлаб кўришгаям фурсати бўлмади. Хушчақчақ, ҳазилкаш чемпион чемпиончасига иш тутди. Танишган кунидан бошлабоқ ҳар куни уни йўқлаб борадиган, ҳар куни паркларга, киноларга, кафеларга бошлаб кирадиган, шиша тиқинларини пақиллатиб, шампан деганни сувдай оқизадиган, уйларига пиёда эмас, таксиларда обориб қўядиган бўлди. Кафе тугул кинога таклиф қилишга ийманадиган, таксиларда белидан қучиб ўгириш у ёқда турсин, қўлидан ушлашга журъат қилолмайдиган Ҳикматиллодан кейин Бегимқулнинг бу ҳатти-ҳаракатлари чинакам мардлик, чинакам йигитлик бўлиб туюлганди Нилуфарга!
Кейин... кейин Ҳикматилло армияга кетди. Кетганига бир ой ҳам ўтмади. Бир кун... Бегимқул билан учрашиш учун техникумдан барвақтроқ қайтган Нилуфар дарвозалари олдида қатор турган иккита оқ «Волга»ни кўрди. Худди оқ қушлардай ҳеч бир жойига гард юқмаган бу оқ «Волга»ларда Бегимқулнинг отаси юборган андижонлик совчилар келганди!
Нилуфар оқ «Волга»ларнинг қудратини ўшанда, йўқ, сал кейинроқ, маҳаллада кўтарилган шов-шувни эшитганида билди.
Рост, дадаси бечора «синамаган тойнинг сиртмоғига илиниб қолмайлик, қудалар ким, қандай одамлар, олдин сўраб-суриштириб кўрайлик», деди. Лекин ойиси...
Ойиси бир маҳаллар туппа-тузук ташкилотларда раҳбарлик қилган, лекин бир-икки йил олдин нимадандир қоқилиб, попуги пасайиб қолган, шу-шу ўзиям қийналиб, оддий музика ўқитувчиси бўлиб ишлайдиган дадасини ҳам қийнаб қўйган эди. Шунинг учунми, ё бошқа сабабданми, эшикларига қўш «Волга»лик совчилар келиши ойисининг тушкун руҳига бошқача таъсир этди...
Йўқ, Нилуфар айбни ойисига тўнкамасаям бўлади. Бегимқулнинг... мардлигига, сахийлигига, совчилар келган бу оқ «Волга»ларга ойисидан аввал унинг ўзи учмаганмиди? Тўйдан бир ҳафта олдин Бегимқул Нилуфарни шу уйга бошлаб келганида ва у жиҳозга тўла бу хоналарни, ердаги қип-қизил гиламлар, ҳали ғилофдан чиқарилмаган анави сервантлар, холодильниклар, тўрда турган рангли телевизорларни кўрганида ёш боладай севиниб, қимматбаҳо буюмларни қўллари билан силаб-сийпаб кўрмаганмиди? Хонадан хонага ўтиб, ошхонаю ванналарга кириб, завқланмаган ҳаёти ҳақида ўйлаб, бетоқат тўлғаниб чиқмаганмиди? Энди қайси юз, қайси виждон билан айбни ойисига тўнкамоқчи бўлади?..
Эсида бор, ўшанда, Бегимқул уни бошлаб келиб, мана шу хоналарни кўрсатганида, Нилуфар кулиб:
— Ҳаммаси яхши-ю, фақат... қандилингиз ярашмаяпти! — деб кулган эди. Чиндан ҳам ўшанда меҳмонхонанинг шифтига қўполроқ ясалган уч шамлик жўнгина мис қандил осилган эди. Лекин Нилуфар бундан ранжигани учун эмас, шунчаки ҳазиллашиб айтган эди. Унинг гапига Бегимқул ҳам ҳазиллашиб:
— Сиздай санамга ёқмаса ёқадиганини оламизда, акаси ўргилсин! — деб жавоб берди. Эртасига эса биринчи қилган иши уни Чилонзордаги энг катта хўжалик магазинига бошлаб борди. Магазинда Нилуфарга ёқадиган нозик қандил йўқ, ҳаммаси қимматбаҳо биллур қандиллар йиғилиб қолган экан. Бегимқул қимматларининг ичидан энг қимматини, уч юз эллик сўмлик катта, бесўнақай, лекин ёнганда майин кўкимтир жило сочиб турадиган мана шу биллур қандилни сотиб олди.
Ёдида бор, ўшанда Бегимқул чўнтагидан тахи бузилмаган шалдироқ эллик сўмликларни чиқариб, кассага тўлаётганида Нилуфар аллақандай чўчиб:
— Вой, пул фабрикасида ишлайсизми? — деб сўради. Унинг гапига Бегимқул:
— Мевасини енгу, боғини суриштирманг, жонидан! — деб кулиб қўя қолди. Бироқ кейин, оғир қандилни бирга кўтариб чиқаётганларида:
— Бобой омон бўлсинлар! — деб қўйди, гўё Нилуфарнинг дилида шубҳа қолдиргиси келмаганадй. — Бобой омон бўлсалар сиз билан биз дард кўрмаймиз, жонгинам!
Бегимқулнинг дадаси Асакадаги катта бир миллионер колхозда бош бухгалтер бўлиб ишларди. Кўринишидан у Бегимқулнинг тамом тескариси, нимжонгина, ювошгина, камгап одам. Лекин бу юввош одамнинг қўли етмайдиган жой йўқ. Тошкентда ҳам ошна-оғайнилари кўп. У ҳаммани ҳайратда қоддирадиган катта тўй қилди, тўй кечаси Нилуфарларнинг эшигида битта-иккита эмас, йигирмадан ортиқ янги «Волга»лар саф тортиб турди...
Ё тавба. Яна ҳамма айбни уларга тўнкаяпти! Бошда, тўйдан олдин енгилтаклик қилиб, Бегимқулнинг тан-тили-ю, тўй сарполарига учиб, энди айбни унга тўнкаш инсофданми? Бу хонадонга келиб тушиб нима камчилик кўрдинг, нималарга муҳтож бўлдингки, энди, тўйдан кейин ноғора қоқасан? Ич-ичингдан зил кетиб, пушаймон чекасан? Ўз айбингни бировларга тўнкамоқчи бўласан?
Ҳа, тўйда ҳам, тўйдан кейин ҳам Нилуфар ҳеч нарсага муҳтож бўлмади, худди эртаклардагидай ҳозир ҳам кўнгли нимани тусаса ҳаммаси бир зумда муҳайё бўлади. Ҳатто бошқалар ойлаб навбат кутадиган, ёзилолмай доғда қоладиган ноёб китоблар, Нилуфар кўпдан бери орзу қилиб юрган жаҳон классикларининг кўп жилдли асарлари ҳам унинг битта гапи билан бир кунда пайдо бўлади, одамлар йиллаб йиғадиган нодир буюмлар унинг истаги билан бир лаҳзадаёқ йўқдан бор қилинади. Буни кўрган қўни-қўшнилар, қариндош-уруғлари, бирга ўқиган дугоналари унга ҳавас, ҳатто ҳасад қилишади. Нилуфар эса... Нилуфар эса истаган нарсага қўли етадиган, ҳар ишга қодир бу хонадонга келин бўлиб хато қилганини тўйдан кейин... бир ой ўтмасданоқ тушунди.
Тўй кечаси тантанали ҳолатда калити қўлга теккан бу уйда чиндан ҳам ҳамма нарса муҳаё, ҳатто анқонинг тухуми деса топилади, фақат бир нарса — самимий гаплашадиган бир дўст, киши бир нимадан тўлиб кетганда ўтириб дардлашадиган бир инсон топилмайди. Ажабо, дард, оддий инсоний дард ўзи йўқ бу уйда!
Тўй бўлганига сал кам бир йил бўпти-ю, ҳар куни бир хил гап, бир хил қилиқ, бир хил ҳазил-мутойиба.
— Қалай, паловхон тўра гатопми, жонгинам? Гатоп бўлса шампанхонди олинг, кўпиртириб битта олайлик! Ё беш юлдузлигидан қиттай-қиттай қилиб гижинглашамизми, акаси жонидан? Хўп дея қолинг, ўргилай! Ҳозир «Роҳат»ни қўйиб юбораман, бир ҳўплам олиб, ҳалиги... акангиз яхши кўрадиган новвот ранг ич кўйлакти кийиб, битта қилпиллаб берсалар тоабад қуллари бўламиз, лаббай? Ҳа, ёқмай ўлсин! Сарёғдек ёқиб турипти-ю, яна қовоқ-тумшуқ қиладилар! Ха-ха-ха..
Қизиқ, илгари, тўйдан олдин ҳам Бегимқулнинг гап-сўзлари шампанхон тўра билан кураш услубларидан нарига ўтмас эди, лекин у пайтларда Бегимқулнинг бу ҳазил-мутойибалари билан дағалроқ қилиқлари дилидаги нозик туйғуларни ошкора қилишни истамайдиган замонавий йигитларнинг сохта қўрслиги бўлиб кўринарди, Нилуфарга... Ҳайҳот! Нилуфар кутган нозик туйғулардан асар ҳам йўқ экан унда!.. Нозик туйғу тугул самбо, чемпионлик унвонини сақлаб қолиш истаги — ҳаммасини йиғиштириб қўйди. Зотан, шампанхон тўрадан бошқа истак қолмади унда.
Нилуфар мияси ғовлаб кетаётганини сезиб, санчиб оғриган чакка томирларини силади, бир нуқтага тикилиб, узоқ ўтирди. У ўйлаётган ўйларининг бутун адолатсизлигини тушунар, эрини эмас, ўзини айблаши кераклигини сезар, бироқ аламли ўйлар гирдобидан чиқолмас эди. Қандай чиқсин, ахир...
Сўнгги пайтларда Бегимқул яна бир қилиқ чиқарди: ҳар куни бўлмаса ҳам, ҳафтада бир-икки марта навбатсиз газ олиш пайида юрганлар зиёфатини еб келадиган бўлди. Бу зиёфатлардан у доим ширакайф бўлиб, ўз ибораси билан айтганда, «гижинглаб» келар, ҳар сафар магнитофон қўяр, Нилуфар уйда китоб ўқиб ўтирган бўлса китобини, бошқа иш билан банд бўлса ишини қўлидан олиб, дарҳол ўйинга туширар: «Қўйинг шу китоб-питобингизни! Давр келибди ўйнаб қолайлик-да, бу беш кунлик дунёда, акаси жонидан!» деб, уйни бошига кўтариб кулар, ўзиям рақсга тушиб, «жиннилик»лар қиларди. Энг даҳшатлиси — бундай пайтларда Нилуфар истасин-истамасин эрининг айтганини қилишга мажбур бўлар, у кулса кулар, ўйна деса ўйнар, чунки «гижинглаб» қайтган кунлари унинг айтгани-айтган, дегани-деган бўлмоғи керак, акс ҳолда ҳазиллари қаҳрга, ёлғон жиннилиги чин жинниликка айланар эди!..

5
Ҳа, энди ўйлаб қараса Нилуфар эрига бир оғиз гап қайтаролмайдиган, у нима демасин ҳаммасига, ҳатто энг тубан истаклари, бачканаликлари, жинниликларига ҳам лом-мим деёлмайдиган бир бечорага айланиб қолибди! Нилуфар буни аллақачон сезар, сезиб ич-ичидан эзилиб юрар, бироқ, ҳеч кимга билдирмай, дардини ичига ютиб келарди. У ўзининг қанчалик ғариб, қанчалик аянчли аҳволга тушиб қолганини фақат бугун, тўқсон сўм эмас, тўққиз юз сўм топиб беришга қодир эрининг Ҳикматиллога қилган пастлигини кўргандагина билди, бу тубанликни кўриб туриб, бир оғиз бир нима деёлмагандагина тушунди...
Ё тавба! Зеби-зийнат ҳақида ё бирорта қимматбаҳо буюм ҳақида гап кетганда пулнинг юзига қарамайдиган эрининг бунчалик хасислигини ҳам Нилуфар бугун кўрди, кўрди-ю, бир оғиз эътироз билдиришга, «Сиздан бошқа кимга боради бу бечора, ёрдам бериб юборинг!» дейишга қурби етмади! Эрининг кўнглига бошқа нарса келишидан, рашк қилишидан қўрқиб, оғиз очолмади!.. Эрининг инсон шаънига номуносиб бу иши, бу хасислигидан вужуд-вужудигача қақшаб, дод деб юборай деса-ю, бир оғиз бир нима деёлмаса!.. Бундан ортиқ хорлик, бундан ортиқ ғариблик борми?
Бечора Ҳикматилло! У нима қилдийкин? Қарз сўраб кимга бордийкин?..
Йўқ, у бечора эмас! Йигит киши бир йўлини топгандир. Бечора деб уни, Нилуфарни айтса бўлади!
— Шўттамисан, Нилу?
Остонада пайдо бўлган Бегимқул бир Нилуфарга, бир бетартиб сочилиб ётган буюмларга қаради.
— Нима қиляпсан?
— Шу... ўзим... — деди Нилуфар.
— Буларни қўйиб тур, жонгинам. Меҳмон келди. Кутиб ол!
— Қанақа меҳмон?
— Бош инженеримиз! — Бегимқул кўзини ғалати қисиб жилмайди. — Далага бирга чиқмоқчи эдигу, чиқмаганимиздан кейин... уйга таклиф қилдим. Сен билан танишмоқчи...
— Мен билан танишиб нима қилади?
— Қизиқмисан? Мен ўзим айтдим. Хотиним билан танишиб қўйинг, борди-келди қилайлик, дедим! — Бегимқул унга қандайдир ёпишмаган бир хушомадгўйлик билан яна ишшайди. — Уйда ҳамма нарса гатопми?
У гапини тугатмаган ҳам эди, ташқи эшик тиқирлаб:
— Мумкинми? — деган овоз эшитилди.
— Ана, келдилар. Бўла қол, жонгинам! — Бегимқул яна кўзини қисиб кулди-да, эшикни ёпди. — Э-э... келсинлар, келсинлар. Қадамларига ҳасанот! Йўқ, йўқ, ечманг-ечманг. Мана, латта! Артиб ўтаверинг! Қани, марҳамат...
— Хўжайка кўринмайдилар?
— Хўжайка... хотинларни биласиз-ку: пардоз-андоз, ясан-тусан, ха-ха-ха... Қани, бу ёққа...
Нилуфар бирдан юраги гурс-гурс уриб эшикни товушсизгина очди, даҳлизда ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, юраги қинидан чиққудек бўлиб, ўзини оҳиста ташқарига олди...

6
Ая эшикда пайдо бўлган Ҳикматиллони кўриб, анграйиб қолди.
— Сенга нима бўлди, болажоним? Тинчликми?
— Чамадоним қания, ая?..
— Кенжатойнинг уйида. Нима қилди? Тинчликми ўзи?
— Тинчлик, ая, тинчлик.
Ҳикматилло кенжатойнинг хонасига кириб, чамадонни каравот тагидан суғуриб олди. Чамадоннинг қулфи йўқ, қоқ белидан йўғон тасма билан чандиб қўйилган эди. Ҳикматилло тасмани ечиб, чамадонни очди, олма-анор устига тахланган кийим-кечакларини титиб, чўнтакларини ковлаб чиқди. Пул йўқ, бўлиши ҳам мумкин эмас эди!
Ая унинг қўлидан ушлади.
— Ҳой, оғзингга талқон солдингми, сўйлоқ! Айтсанг-чи!
— Йўқ, шунчаки... бир нарсани қидирдим, аяжон...
— Рангингда ранг йўқ... Аяжонингдан яширмай қўя қол, айланиб кетай!..
Ҳикматилло чамадонни ёпиб, ўрнидан турди, хижолат чекиб пешонасини ишқади.
— Йўл кира пулимни йўқотиб қўйибман, ая...
Аянинг серажин юзидаги, киртайган кўзларидаги саросима норозилик билан алмашди.

— Нима бўпти дебман-а? Жонинг омонми ишқилиб? Неча пул эди, бўтам?

— Тўқсон сўм...
— Тўқсон минг эмас, тўқсон сўм экан-ку! Ўтакамни ёриб юбординг-а, болам!
Ҳикматиллонинг лабларига аламли табассум югурди.
— Тўқсон сўмга алам қиляпгани йўқ, аяжон. Йўл кирасиз қолдим, шунга ҳайронман.
— Ҳа-я! — деди кампир. — Бошқа пулинг йўқми?
— Бир тийиним ҳам йўқ...
— Энди нима қиласан?
— Шунга бошим қотиб турипти-да...
— Унда қийин бўпти, — деди кампир. — Нима қиласан? Ё уйингга бориб келасанми?
— Вақт бўлса-ку, бориб келардим-а? Эртага хизмат жойимга етиб боришим керак... Ҳайронман... Кампир бирдан толиқиб қолгандай, каравотга ўтирди, ҳам куйинган, ҳам жерккан товушда:
— Туядек йигит! — деди. — Саллот! Қиссангдаги пулингни йўқотиб ўтирсанг... Уят эмасми? Газ қувурга сақлаб юрган бири кам етмиш сўм пулим бор эди, ола қол шуни...
— Сиз нима қиласиз?
— Етим қўзичоқдай кўзинг мўлтираб турса... мен нима қилай? — деди ая, яна жеркинқираб. — Бир йил газ ёқмасам, чўян печь ёқарман! Кўчада қолганим йўқ, қўни-қўшни, эл-юрт бор, бир гап бўлар ахир, юр!..
Ая куймаланиб, нариги хонага чиқди. Бу хона ҳали ганч сувоқ ҳам қилинмаган, фақат тагига пол, шифтига чий қоқилган, эндигина сомон сувоқдан чиққан эди.
Ая тахмондаги сандиққа йиғилган кўрпаларга имо қилди: «Олишвор!»
Ҳикматилло кўрпаларни бир чеккага олиб тахлагач, сандиқни кўрсатди — «буниям кўтар!»
Сандиқнинг ости тахта билан ёпилган ўрача экан. Кампир тахтани суриб, ўрачадан юмалоққина хўқалоқча, хўқалоқчадан кичикроқ бўғча, бўғчадан миттигина тугунча олиб, уни тиши билан еча бошлади. Тугунчадан бир даста беш сўмлик, уч сўмлик, бир сўмликлар чиқди. Ҳаммаси ғижимланган, эзилган, лекин силаб-сийпаб, битта-битта қилиб тахланган эди.
— Ма, бир кам етмиш сўм. Санаб ол, айланиб кетай...
Ҳикматиллонинг эсига Бегимқулнинг гапи тушди: «Сандикдаги юз сўлкавойларни чиқарсин, шу бугуноқ ёқиб бераман газни!»
Ҳикматиллонинг томоғини бир нарса ғиппа бўққандай бўлиб бир зум жим туриб қолди.
— Аяжон. Эртага етиб боришим биланоқ почтадан жўнатаман. Юз сўм қилиб қайтараман, аяжон!..
— Қаёқдаги гапларни гапирма! — деди кампир, ўрачанинг оғзини ёпаркан. — Бир оёғим ерда, бир оёғим гўрда турганда сенинг ҳақингни нима қилай? Ўз пулимни қайтариб берсанг бўлди! Қани, сандиқни жойига қўйиб, кўрпаларни йиғ, илгариги қувват йўқ аянгда. Ишқилиб, ўзингга инсоф берсин...
«Аяжон! Ҳақингиз манда кетмайди. Сиздан кўп яхшиликлар кўрганман. Бу яхшиликларингизни то абад унутмайман».
Ҳикматилло қалбидан қайнаб чиққан бу гапларни айтгиси келар, лекин томоғига тиқилган алланима тобора қаттиқроқ бўғмоқда эди...
У сўнгги кўрпани тахмонга отди-да, жадаллаб уйдан чиқди, чиқаркан, аянинг:
— Ҳой, сўйлоқ, — деганини эшитди. — Билетингни олгин-да, ҳаялламай қайтиб кел. Бир сиқимгина ош қилиб қўяман, айнаниб кетай...
Ҳикматилло жавоб бермади. У айвондан тушаётганда «АГВ» учун қурилган уйчага кўзи тушди, уйчанинг ҳали эшиги йўқ, ичкарида яшил ранг «АГВ» кўриниб турар, гарчи газ печканинг қувури ўрнатилмаган бўлса ҳам, уйчанинг тепаси шифер билан ёпилган эди...
Сандиқнинг ости тахта билан ёпилган ўрача экан. Кампир тахтани суриб, ўрачадан юмалоққина хўқалоқча, хўқалоқчадан кичикроқ бўғча, бўғчадан миттигина тугунча олиб, уни тиши билан еча бошлади. Тугунчадан бир даста беш сўмлик, уч сўмлик, бир сўмликлар чиқди. Ҳаммаси ғижимланган, эзилган, лекин силаб-сийпаб, битта-битта қилиб тахланган эди.
— Ма, бир кам етмиш сўм. Санаб ол, айланиб кетай...
Ҳикматиллонинг эсига Бегимқулнинг гапи тушди: «Сандикдаги юз сўлкавойларни чиқарсин, шу бугуноқ ёқиб бераман газни!»
Ҳикматиллонинг томоғини бир нарса ғиппа бўққандай бўлиб бир зум жим туриб қолди.
— Аяжон. Эртага етиб боришим биланоқ почтадан жўнатаман. Юз сўм қилиб қайтараман, аяжон!..
— Қаёқдаги гапларни гапирма! — деди кампир, ўрачанинг оғзини ёпаркан. — Бир оёғим ерда, бир оёғим гўрда турганда сенинг ҳақингни нима қилай? Ўз пулимни қайтариб берсанг бўлди! Қани, сандиқни жойига қўйиб, кўрпаларни йиғ, илгариги қувват йўқ аянгда. Ишқилиб, ўзингга инсоф берсин...
«Аяжон! Ҳақингиз манда кетмайди. Сиздан кўп яхшиликлар кўрганман. Бу яхшиликларингизни то абад унутмайман».
Ҳикматилло қалбидан қайнаб чиққан бу гапларни айтгиси келар, лекин томоғига тиқилган алланима тобора қаттиқроқ бўғмоқда эди...
У сўнгги кўрпани тахмонга отди-да, жадаллаб уйдан чиқди, чиқаркан, аянинг:
— Ҳой, сўйлоқ, — деганини эшитди. — Билетингни олгин-да, ҳаялламай қайтиб кел. Бир сиқимгина ош қилиб қўяман, айнаниб кетай...
Ҳикматилло жавоб бермади. У айвондан тушаётганда «АГВ» учун қурилган уйчага кўзи тушди, уйчанинг ҳали эшиги йўқ, ичкарида яшил ранг «АГВ» кўриниб турар, гарчи газ печканинг қувури ўрнатилмаган бўлса ҳам, уйчанинг тепаси шифер билан ёпилган эди...
«Вақт бўлганда... қувуркон ўрнатиб, кампирнинг ишини битириб берганда-ку, кўп савоб иш бўларди-я! — деди Ҳикматилло ичида. — Лекин... вақт топилгандаям... азбест труба билан унинг дардисар ҳомутини қаёқдан топади?».
Ҳикматилло кечи билан индинга эрталаб ўз қисмида бўлиши керак. Агар эртага эрталабки самолётга билет олса, тушда Новосибирскка етиб боради, у ёғи электричкада бир соат-бир ярим соатлик йўл, ундан у ёғига ё ҳарбий қисмлар, ё леспромкомбинатнинг машинасига ўтиради-ю, кечқурун ўз қисмида бўлади. Агар кечқурунга самолётда учса... Новосибирскка тонг пайти боради, эрталабгача электричка кутади, ундан у ёғига машина дуч кела қолса нур устига нур, келмаса... бир оз кечикишиям мумкин...
Ҳикматилло бунинг ҳаммасини йўлга чиқмасданоқ режалаб қўйган эди. Лекин энди, кампирнинг муомаласидан кейин, иккиланиб қолди. Албатта, у борган заҳоти пулни юборади. Оддий почта орқали эмас, телеграф билан юборади. Кампир уч-тўрт кунда бу пулни олади. Лекин гап пулда эмас! Кампирнинг яхшилигига яраша бир яхшилик қилмоғи керак! Балки пулни олганда ҳам қувурни ўрнатолмай, куни яна чўян печкага қолар! Илгариги қуввати қолмаган аяжони яна узун қиш азоб чекиб чиқар!.. Бир йўлини топиб, аянинг ишини битириб бериши керак. Шу арзимаган ишни удла қилолмаса, у нима деган одам, нима деган йигит, нима деган солдат бўлди?
Ҳақиқатан, агар у билетни эртага кечқурунги самолётга олса нима бўлади? Кечаси Новосибирскка етиб боради. Эрталаб соат бешда электричка юра бошлайди. Электричкадан нарёғи эллик-олтмиш чақирим йўл... Бирорта машина топилиб қолар ахир?.. Лекин эртага кечқурунга қолгандаям азбест қувур билан бошқа майда-чуйдаларни қаёқдан топади? Тўхта, агар у эртага қолиб барвақтроқ Бегимқулга борса, пул масаласида номардлик қилган одам, наҳот битта азбест қувур топиб бермаса?
Йўқ, Бегимқулнинг уйини энди елкасининг чуқури кўради! Лекин, нима бўлгандаям, аянинг ишини бир ёқлик қилиши керак! Шарт!
«АГВ» печкасига кўзи тушганда кўнглига келган бу гап, аэрофлот кассасига етгунча қатъий қарорга айланди.
Лекин кассага борганида янги муаммо туғилди: эртага кечқурун тўғри Новосибирскка учадиган самолёт йўқ, фақат Тошкент-Иркутск самолёти Новосибирскка қўниб ўтар экан. Ҳикматилло таваккал қилиб билетни шу самолётга олди-да, кўчага чиқди.
Офтоб чарақлаб турар, кун илиқ, ҳатто бир оз иссиқ, ҳали байрам либосини йиғиштирмаган кўчалар, хиёбонлар, майдонларда эркаклар битта костюм, аёллар енгил жемперларда юришар, одамларнинг ранг-баранг кийимлари байрамга безатилган шаҳар кўчаларининг тиниқ бўёқларига қўшилиб, кўзни қамаштирар эди...
Ҳикматилло пиёда юриб, «Россия» меҳмонхонаси ёнидан ҳаво ранг гумбазлар хиёбонига, ундан Қизил майдонга ўтди. Сўнгги йилларда Тошкент чиндан ҳам очилиб кетган, ўзига хос бир кўрк, кенглик, улуғворлик касб этган эди.
Худди шаршарадай шовуллаган улкан фаввора ва унинг мармар сарҳовузи атрофида суратга тушишга келган, оппоқ кўйлак кийиб, юзларига ҳарир ипак нарда тутган бўлғуси келинчаклар ва уларни етаклаб олган қора либосли йигитлар, янгалари, ёр-дўстлари қуршовида тўп-тўп бўлиб юришар, ипак сўзаналар ёпилиб, гуллар билан безалган янги «Волга»лар қаторлашиб турарди...
Бўлғуси келинларга хос иффат билан бошларини хиёл эгиб, бир-бир босиб бораётган бу қизларни, янги чуст дўппиларини пешаналарига қия қўндириб, қайлиқларини авайлабгина қўлтиқлаб олган ёш куёвларни кўрганида яна Нилуфар эсига тушиб, юраги зирқираб кетди. Йўқ, яна эмас, Бегимқулнинг уйидан чиққанидан бери, Нилуфар бир минут ҳам кўз олдидан кетмади. Бир минут ҳам! Энг ёмони — бугун Нилуфарни кўрганда англаган ҳақиқат қайта-қайта эсига тушиб, уни тинимсиз эзмоқда эди. Ҳа, юрагини аллақандай иинҳоний дард кемирган бу ғамгин жувон у билган ва негадир енгилтак деб ўйлаган Нилуфар эмас, бу тамом бошқа, унсиз изтироб чекаётган пок, самимий, гўзал бир аёл эди. Ё шу бир йил ичида Нилуфарнинг қаётида мудҳиш бир воқеа рўй берган, нимадир уни синдириб, инсофга келтирган, ёхуд у бошдаёқ шундай иок, оқ кўнгил бўлгану, Ҳикматилло бунинг қадрига етмаган, калтабинлик ва рашк туйғуси кўзини боғлаб, қизнинг нозик қалбини кўролмай қолган!
Ҳикматилло ҳорғин одимлаб, Қизил майдонга чиқди, ундан Гагарин паркига ўтмоқчи эди, лекин бу паркда Нилуфар билан бирга юрган хиёбонлари, ўтирган скамейкалари, қўл ушлашиб кезган анҳор бўйларини кўрса баттар эзилишини ўйлади-ю, иккиланиб тўхтади.
Ҳақиқатан, энди бу изтироблардан фойда йўқ, вужудини қақшатган бу тизгинсиз ғамни жиловлай билмоқ, нима биландир овунмоқ керак! Ҳа, айтмоқчи, аянинг қувуркони турипти-ку! Шу ишни битириб, аянинг мушкулини енгил қилиб кетмоқ керак! Лекин азбест қувурни қаёқдан олади? Бегимқул ёрдам бериши мумкин эди, бироқ... Йўқ, Ҳикматилло энди уникига бормайди, пулини олдириб аросатда қолган ҳамқишлоқ дўстига тўқсон сўм қарз бериб туришни лозим топмаган бу нокасни кўришниям истамайди у!
Тўсатдан, Ҳикматилло техникумни эслаб қолди. Балки у билан ўқиган йигитлардан бирортаси учраб қолар. Йигитлар, одатда, ёзги таътил пайтларида қурилишларда ишлашади. Балки улардан бир маслаҳат чиқар?..
Ҳикматилло орқасига қайтиб, трамвай бекатига ўтди. У тўғри ётоққа борди. Лекин дам олиш куни бўлгани учунми, курсдошлари у ёқда турсин, бирорта таниш студент ҳам учрамади. Ҳикматилло ҳеч қачон ётоқда ётмагани учун, ҳеч ким уни, у ҳам ҳеч кимни танимади. Ётоқдагилар ундан: «Қариндошингиз борми? Кимни қидириб юрибсиз, солдат?» деб сўрашар, у эса нима деб жавоб беришини билмас эди.
Ая бир сиқимгина ош қилиб, кутиб ўтирадиган вақт яқинлашмоқда эди. Ҳикматилло автобусга чиқди, Агар қувур топилмаса, у кампирнинг ошини еб, Свердлов театрида бўладиган «Катта концерт»га тушишга аҳд қилди. Узоқда юриб, ўзбек рақсини, қўшиқни, музикани жуда соғинган эди.
Автобус Оқтепага яқинлашиб, Ҳикматилло тушишга ҳозирланаётган эди, кимдир ногаҳон елкасига қўлини қўйди.
— Ҳикматмисан, оғайни?
Ҳикматилло ўгирилиб қаради: шундоқ олдида эгнида оҳак юққан ишчи жомакори, қўлида андава блан болғача солинган эски сумка, бурни пучуқ, паканагина бир йигитча, худди армиядан қайтган ўз акасини кўрганмай, хушнуд жилмайиб турарди. Ҳикматилло уни қаердадир кўрган, бу миқти, пакана йигит бошқа группада бўлса ҳам, шубҳасиз техникумда бирга ўқиган, лекин хотирани қаранг, исми ёдидан кўтарилган эди!
— Отпускага келдингми, оғайни?
— Отпускага...
— Бўйдан худо берибди! Жаа... жирафа бўп кетибсан!..
— Ўзинг қалайсан? Ўқишлар тутадими?
— Қаёқда? Ҳали бир йил бор-ку! Кетганингга бир йил бўлдими, ахир? — кулди пучуқ йигит. — Ё қанча йил хизмат қилганинг ёдингдан кўтарилдими?
— Йўқ... — Ҳикматилло унинг исмини эслашга уриниб, пешанасини тириштирди, лекин эслай олмади. — Ишдан келяпсанми? Бугун дам олиш эмасми?
— Қурувчига дам олиш борми? Мардикорлик қилиб юрибман!
— Ёздаям ишладиларингми?
— Бўлмасам-чи! Госбанка қурдик, оғайни. Пул кўпаяди энди!
— Қанақа қилиб?
— Янги госбанк қургандан кейин пул кўпайиши керакми, ахир? Ё банкага шафтоли қоқи солишадими?
Ҳикматилло бу ҳазилкаш йигитчанинг пучуқ бўлса ҳам, аллақандай ёқимтой чеҳрасига қараб туриб, эсига яна қувур тушди.
— Менга қара, дўстим, мен эртага кетяпман. Шунга... зарур бир иш чиқиб қолди. Битта... аммам бор эди. Эри фронтда ўлиб кетган, бева, ҳеч кими йўқ. Шунинг газини тўғрилаб бериш керак эди. Битта азбест қувур керак бўп қолди. Иложи бўлса хомути билан. Ёрдам беролмайсанми, дўстим?..
Пучуқ йигит сумкасини ўриндиққа қўйиб, бўйнини қашиди.
— Азбест қувур... биттаси етадими?
— Билмадим... узунлиги неча метр бўлади ўзи?
— «АГВ» гами ахир? Подвалда эмасми?
— Йўқ, ҳовлида. Алоҳида уйчаси бор.
— Унда биттасиям етиб ортади!
— Хомут деганиям бўлса...
— Йўқ, қувурни топса бўлади-ю, хомути йўқ... Лекин хомутни нима қиласан? Хомут ёғоч тўсинга труба тегмасин, деб қувурга кийдирилади. Унинг ўрнига темир ишлатсанг ҳам бўлаверади. Иккита темирни тўсинга қоқиб, орасига қувурни қўясану, яна иккита темир билан қисиб, сим билан қотириб боғлайсан, вассалом!
— Пожарниклар қилдан қийиқ қидиришмасмикан?
— Тавба! — деди пучуқ йигитча. — Қурилиш техникумида ўқиганмисан ўзи? Ҳаммаси қонуний бўлса пожарникларнинг нима ҳақи бор бир нима дейишга?
— Хўп. Қувур топишга ёрдам берасанми, хуллас калом??
Пакана йигитча пучуқ бурнини ишқаб:
— Яримта бўлса-ку, топилади-я! — деди.— Аммо йўлкирасиям бор-да, оғайни!
— Йўлкираси неча пул бўлади?
— Камида ўн сўм.
— Ие! — деди Ҳикматилло. — Қувур яримтага топилса-ю, опкелиш ўн сўм бўлса.
— Ҳозир ишлар шунақа! — пакана йигитча мунчоқ кўзларини муғомбирона ўйнатди. — Эшагидан тушови қиммат. Шофёр зоти ўн сўмдан камига юрмайди. Битта труба бўлсаям ўн сўм, юзтасигаям ўн сўм!
— Бўпти, мана! — Ҳикматилло чўнтагини ковлаштириб, тўрт сўм чиқариб берди. — Яримтанинг пули. Кира ҳақини оборганда оласан. Лекин эрталаб соат тўққизга етказиб берасан!
— Тўққизга ваъда беролмайману, тўққиз яримга есть қиламан. Адресни чўз!
Ҳикматилло адресни айтган эди, "пучуқ йигитча бошини лиқиллатди.
— Э, биламан, биламан. Бу кўчадаям биттасининг уйини бўр сувокдан чиқариб берганман. Эрталаб гатоп қиламиз, оғайни!
... Ҳикматилло қайтиб борганда ая «дўппидеккина» ош дамлаб, айвонга жой солиб, кутиб ўтирган экан, ўчоққа қараб пилдиради. Ҳикматилло аяни тўхтатиб:
— Уйда қолган-қутган темир топиладими? — деб сўради. Ая ҳайрон бўлиб ўчоқ ёнида тўхтади:
— Қанақа темир, аннаниб кетай? Батарейдан битта труба ётувди... нимагайди, сўйлоқжон?
— Эртага қувуркон ясаб бераман. Қани, трубангизни кўрсатинг!
Кампир айтган газ труба ҳовлининг охирида занг босиб ётар, уни камида тўртга бўлиш керак эди. Ҳикматилло пўлат арра топиб келинг деб, аяни қўшниларникига чиқариб юборди-да, ўзи кенжатойнинг эски кийимларини кийиб, ишга киришди: «АГВ» учун қурилган уйчанинг шиферини кўтариб, тўсинларининг орасини ўлчаб кўрди. Бояги пучуқ йигит ҳақ — қувурга хомут кийдириш шарт эмас, уни темир билан мустаҳкамласа ҳам бўлаверади.
Бир сиқимгина ош ейилиб бўлгач, Ҳикматилло ая топиб келган арра билан темир трубани арралашга киришди. Кампир унинг атрофида парвона — гоҳ чой дамлаб келар, гоҳ ишга ёрдамлашаман, деб унга халақит берар, дам қувонар, дам «пожарний бор бўлгур исправка берармикин» деб, ташвишга тушар эди.
— Кўп ташвишланаверманг, ая, — деди Ҳикматилло. — Справкасиям тўғри бўлади. Бегимқул эсингиздами?
— Қўй, ўша айиқполвонни гапирма! — ая серажин юзини тескари бурди. — Уйимда яхши-ёмон бир-икки йил турган эди-ку, эсида бордир деб, бир сафар йўқлаб бордим. Шунақа-шунақа, умид билан газ ўтказувдим, қариганимда қолган беш куним тинчроқ ўтсин, десам... «ая, газ ёқаман десангиз, хумга кўмган олтинларингиздан оп келинг» деб, ҳиринглаб кулса бўладими. Вой тилгинангга чипқон чиқсин бувинг тенги кампирга уялмай шу гапни айтган! Олтиним бўлса, юрармидим сочим оқарганда қоровуллик қилиб, дедим ичимда! Бир ўйим, катталарга кириб айтай дедиму, ке, қўй, ошимни ошаб, ёшимни яшаб бўлганимда... чақимчилик қилиб юраманми дедим, бўтам...
Кампирнинг гапи Ҳикматиллога яна бояги воқеаларни эслатди-ю, қўлидан арраси тушиб, ўрнидан туриб кетди. У эртага Бегимқулга боришга, бориб кўнглидаги ҳамма гапни юзига шартта-шартта айтишга аҳд қилди.
Ҳикматилло ҳовлини бир айланиб келиб, яна ишга киришди. У эртага Бегимқулга айтадиган гапларини ўйларкан, темир қирқаётган арранинг ҳаракати тезлашар, қони жўшиб, юраги гурс-гурс урарди.
Арра ўткир бўлса ҳам, темир трубани қирқиш осон эмас эди. Пайванд қилинса бирпаслик иш, анчага чўзилди-ю, концерт вақти ҳам ўтиб кетди. Бу орада, эрталаб диканглашиб, гимнастика қилган қизлар ўқишдан келишди. Улардан хабар олгани кетган ая зум ўтмай, қайтиб келди:
— Сени бир қиз йўқлаяпти, сўйлоқ!
— Қанақа қиз?
— Танимасам! — деди кампир. — Ишқилиб, қиз бўлса... бекнинг қизи, хотин бўлса пошшонинг хотини.
— Пошшонинг хотини биздай фуқарони бошига урадими?
— Билмасам энди, қидириб кепти-ю, аннаниб кетай!..
Ҳикматилло шоша-пиша қўлини артди-да, аллақандай ички бир сезгидан юраги увишиб, ташқарига чиқди. Кўчада, дарвоза олдидаги олча тагида... Нилуфар турар, нарироқда оч яшил такси кўринарди. Эгнида янгича тикилан калта хонатлас кўйлак ва оқ момиқ жемпер, оёғида тўнғиз тумшуқ, пошнаси баланд туфли, қўлида тилла ҳалқали қизил чарм сумка, Нилуфар бошини бир томонга сал эгиб, олча япроқларини ўйнаб турарди...
Ҳикматилло вужудидан ўт чиқиб кетгандай бўлиб, эшикда тўхтади.
— Нилуфар?!
— Ажабланяпсизми? — Нилуфар қизариб кулди-да, олча тагидан чиқди. — Боя... тўсатдан бўлганига... шошиб қопмиз. Шунга ҳалиги... сўраган пулингизни опкелдим... — Нилуфар итоатсиз бармоқлари билан қизил чарм сумкасини очди-да, негадир қўллари қалтираб, дўппайган конверт олди.
— Юз сўм, Ҳикмат ака...
— Бекор овора бўпсиз...
— Овораси йўқ... Илтимос қиламан, олинг, Ҳикмат ака! — Нилуфар қўлини чўзганича бир қадам олдинга юрди, овози титраб, дудуқланиб гапирди. — Кўнглингизга ҳеч нарса келмасин. Боя... Сиз кетгандан кейин ўйлаб қарасак... Жуда хунук иш бўпти... Майли, қачон десангиз шунда қайтарарсиз...
Ҳикматиллонинг қалбида бир-бирида зид икки туйғу олишарди, бири қандайдир изтироб тўла миннатдорлик, бири худбинлик аралаш шодлик!
Нилуфарнинг, бундан бир йил муқаддам уни ҳақоратомуз гаплар билан рад этган бу гўзал санамнинг энди ялингандай бўлиб келиши Ҳикматиллонинг иззат-нафсини қитиқламоқда, бир маҳаллар поймол бўлган йигитлик ғурурига таскин бермоқда эди. Айни замонда унинг юзига қарашгаям журъат этолмай, ерга тикилиб турган бу жувоннинг ҳозирги руҳияти юрагини зирқиратмоқда, у Нилуфарнинг ҳолига тушуниб турар, лекин у чўзган пулни ололмас эди!
— Йўқ, рост айтаман, Нилуфархон, мен пул топдим, мана, билетниям олдим... — Ҳикматилло шошқалоқлик билан кўкрак чўнтакларини пайпаслади ва шун-дагана кенжатойнинг эски, кир-чир кийимида экани эсига тушиб, қизариб кетди. — Раҳмат, Нилуфархон, лекин мен бу пулни... раҳмат!..
Нилуфарнинг боши пастроқ эгилди.
— Ҳа, ҳа, албатта-албатта. Кераги йўқ... — у «қулт» этиб ютинди. — Кечирасиз...
Нилуфар лаблари пирпираб, секин бурилди-да, олисроқда турган яшил «Волга»га қараб кетди. У олдин бошини кўтармасдан бир-бир босиб борди, кейин нимагадир қоқилиб кетиб, сим ёғочни ушлаб қолди-да, юзини қўллари билан босганича югуриб кетди. Ҳикматиллога у гўё ўкириб йиғлаб юборгандай туюлди-ю, беихтиёр машина томон талпиниб:
— Нилуфар! — деб қичқирди.
Нилуфар унинг чақирганини эшитмадими, ё эшитса ҳам ўзини эшитмаганликка олдими, Ҳикматилло буни билолмай қолди. Эшиги қарсиллаб ёпилган «Волга» шитоб билан жойидан қўзғалди. Ҳикматилло ғилдираклар тагидан кўтарилган чангга тикилганича кўчанинг ўртасида серрайиб қолди.

7
Бегимқул жаҳл билан эшикни очди, очди-ю, лол бўлиб қолди: Нилуфар йўқ эди! Ҳозиргина шкаф олдида қизил чарм сумкасини ушлаб турган Нилуфар қаёққадир гумдон бўлган, худди уйга ўғри киргандай ҳамма ёқ остин-устин бўлиб ётарди.
Бегимқул ҳайрон бўлиб ошхонага чиқди, ваннага қаради, ҳатто тарақ-туруқ қилиб, девор шкафларини очиб кўрди — Нилуфар худди сувга чўккан тошдай ном-нишонсиз йўқолган эди.
Меҳмонхонадан бош инженернинг овози келди:
— Нима бўляпти ўзи, оғайни?
— Ҳеч гап! Хотин... қўшнилариникига чиқиб кетганга ўхшайди...
— Нима бало, аразлашиб қолдиларингми? — деди бош инженер. — Ё бизни ёқтирмай жуфтакни ростлаб қолдиларми келин пошша?
— Йўғ-э, нега ёқтирмас экан! Мен ҳозир қўшниларникига қарай...
Йўқ-йўқ, овора бўлманг. Бизга рухсат берасиз, борадиган жойларим бор, — деди бош инженер, лекин Бегимқул унинг гапига қулоқ солмай, уйдан чиқди.
Нилуфарни ён қўшниникига, кейин аптекага кириб суриштирди. Нилуфар қўшниникидаям, аптекадаям йўқ эди!
Бегимқул ёмон бир шубҳадан кўнгли орқага тортиб, кўчага чиқди. У бир ўйи машина тўхтатиб, қайнотасиникига бориб келмоқчиям бўлди-ю, меҳмонхонада қолган бош инженер эсига тушиб, орқага қайтди. Лекин у зинадан чиқаётганида тепадан тушиб келаётган бош инженер кўринди.
— Э-э, нега қўзғалдингиз?
Бош инженер, ёшгина, хушбичим йигит, пиллапояда тўхтаб:
— Хўш, келин топилдими ўзи? — деб кулди.
— Топилмай қаёққа кетарди? Дўкон-пўконга чиққанга ўхшайди. Қани, юринг...
Бегимқул ҳайрон эди: бу хотиннинг турмушдан норози бўладиган нима камчилиги бор? Унга нима етмайди ўзи? Егани олдида, емагани кетида! Кийгани атласу ипак! Ҳеч нарсадан кам кўсти йўқ! Нима тиласа — ҳаммаси муҳайё! Қишлоқда у тенги қиз-келинчаклар, қўллари косов, сочлари супурги, қишин-ёзин тиним билишмайди! Қишлоқни айтади, шу ерлик, шаҳарлик ёр-биродарларининг туриш-турмушиниям билади-ку Бегимқул. Ҳаммасиям унга, хотинлари эса Нилуфарга ҳавас қилишади! Бу бўлса... арши-аълода яшагандай яшайди-ю, сира чеҳраси очилмайди! На унга, Бегимқулга кулиб боқади, на ўзи ўйнаб-кулади!
Бегимқул уни уришиб ҳам кўрди, сўкиб ҳам кўрди, бўлмади. Аламидан ичиб келиб, тўполон ҳам қилди — фойда бермади. Кечаю кундуз бир нималарни ўйлагани ўйлаган, қовоғи солингани солинган. Биттаю битта топган овунчоғи — китоб! Эрталаб ҳам китоб, кундуз ҳам китоб, кечаси тўшакка киргандаям китоб! Бир нима деса кўзига ғилт-ғилт ёш олади, лекин ўлиб кетса ҳам ичидаги дардини айтмайди, ёрилай демайди. Ичимдагини топ деб, безрайиб тургани-турган!
Бегимқул баъзан жонидан тўйиб кетиб, бор-э деб, жавобини бериб қўя қолай деса... яхши кўради! Энг даҳшатлиси — Нилуфар қилиқ чиқарган сайин унинг кўнгли совиш ўрнига, тобора муҳаббати ортиб борар, у ҳатто Нилуфар кетиб қолишидан қўрқар, буни ўйласа ваҳима босарди!..
Баъзан у ёмон тушлар кўрар, бу тушларида Нилуфар ё аразлаб кетиб қолган, ё бошқа бир йигит билан юрган бўлар, шундай пайтларда қора терга ботиб уйғониб кетган Бегимқул ёнида тинчгина ухлаб ётган Нилуфарни кўрса мудҳиш жардан сакраб ўтган одамдан енгил тортар, сўнгра тонг отгунча унинг қўлини қўйиб юбормас эди.
Мана энди уни ваҳимага солиб юрган нарса рўй берди! У кетди! Лекин қаёққа? Ойисиникигами ё эски жазмани... Ҳикмат лапашангни қидириб кетдимикин?
Ҳикматиллони эслаши билан Бегимқул худди ари чаққандай ирғиб ўрнидан турди, яна уст-устига икки пиёла коньяк ичди, сўнг қайта жойига ўтириб, узоқ, оғир хаёлга толди.
Йўқ, Нилуфар бошига урармиди оғзидаги ошини эвлаб ичолмайдиган, қўлидаги пулини қаёқдаги қаланғи-қасанғиларга олдириб ўтирган бу лапашангни? Қидиргандаям қай гўрдан топарди уни? Бир бўлса... ойисиникига кетгандирда аразлаб? Ойисиникида бўлса... қаёққа ҳам борарди! Эртага ўзи песдай бўлиб қайтиб келади! Келмаса Бегимқул ўзи бориб опкелади! Қайнанаси омон бўлса... Бегимқулнинг гапи икки бўлмайди бу оилада!
Қайнатаси мазаси йўқ одам! Унга битта ғижжагу, битта шахмат бўлса бас. Ғижжагини ғийқиллатиб, шахматини тақиллатиб ўтирса бўлди олам гулистон! Лекин қайнанаси... кўпни кўрган, яхши ишларда ишлаган хотин, инсоннинг қадрини билади у. Қайнанаси омон бўлса, гапи ерда қолмайди Бегимқулнинг. Нега ҳам ерда қолсин. Кўмир ёқиб, қора қурум босиб ётган участкаларига бенавбат газ ўтказдириб берди. Қайнатасидай яёвлар тугул, отлиқларга топилмайдиган «АГВ» печкани топиб, обориб ўз қўли билан ўрнатиб берди. Хуллас, ўтказиб қўйган жойи бор! У ҳозир борсаям қўлидан судраб опкелади Нилуфарни! Лекин... нимадан норози бу... фоҳиша? Нима етмайди унга? Бошқа бир инсофли хотин бўлганда оёғини ўпарди Бегимқулнинг! Соясига кўрпача ёзарди унинг! Бу бўлса... одамни қон қилиб юборди-ку, ахир? Уйга биров кирдими ё унга шундай туюлдими? Йўқ, кирди. Даҳлизда чироқ ёнди. Наҳот шунақа... кеч бўп қолган бўлса?
Бегимқул юраги увушиб ўрнидан турди, алпанг-талпанг юриб бориб, чироқни ёқди. Эшикда... Нилуфар турарди!..
Қўлида сумка, катта очилган кўзларида тараддуд, юзида қандайдир аянчли ифода, ўзиям қимтиниб, ғужанак бўлиб турипти. Унинг юзидаги бу аянчли ифода, кўзларидаги тараддуд Бегимқулнинг дилида зўр бир заҳарханда уйғотди.
— Хўш, тун яримда қаёқларда санғиб юриптилар, ойимча?
Нилуфар Бегимқулнинг қон талашган кўзларидан кўзини олиб қочди.
— Тун ярми эмас...
— Гапир! Тилингга чипқон чиқсаям гапир деяпман сенга! Жоним ҳалқумимга келди-ку сени деб! Дардинг бўлса айт, ахир!
Нилуфар бошини пастроқ эгди.
— Дард? Дард нима қилсин менда?
— Нима? — деди Бегимқул. — Нима етмайди ўзи сенга? Ким учун жонимни жабборга беряпман мен? Ким учун йиғдим бу мол-дунё, бу зеб-зийнатни?. Ёлғиз менга керак деб ўйлайсанми бу мулк, бу жиҳоз, бу олтин қандиллар? Сенга керак бўлмаса менгаям керак эмас! Ўт қўяман ҳаммасига, ўт! — Бегимқул лабларидан тупук сачраб атрофига аланглади, кўзи столдаги бўш шишага тушиб, уни юлиб олди-да, қулочкашлаб шифтга отди. Биллур қандилнинг сумалаксимон шишачалари қандайдир шўх жаранглаб ерга дув тўкилди, сервантнинг ойнасига сочилиб нозик қадаҳлар чил-чил синди. Бу тўс-тўполон, шарақ-шуруқ, даранг-дурунг овозлар Бегимқулга янги куч, янги илҳом бергандай, у столдаги пиёла-чойнак, ранг-баранг ликопчалар, билур қадаҳлар, қошиқ-вилкалар, — қўлига нима дуч келса шуни отиб, столдаги буюмларнинг ҳаммасини синдириб бўлдида, оғир ҳансираб орқасига қаради.
— Хўш, энди хурсандмисан? Кўнглинг ўрнига тушдими энди?
Нилуфар бошини кўтарди. Унинг кўзларидаги бояги тараддуд қандайдир шафқатсиз бир ифода билан алмашган, ўзиям ҳамла қилишга чоғлангандай қалтироқ босиб, ёниб турарди.
— Бу мол-дунё, бу жиҳоз, бу зеб-зийнат меники эмас! Ҳаммаси сизники! Хоҳланг синдиринг, хоҳланг ҳаммасига ўт қўйинг — ихтиёр ўзингизда! Фақат... фақат мени тинч қўйинг!
— Йўқ! Қўйиб бўпман! Кетиб бўпсан! — Бегимқул алпанг-талпанг одимлаб бориб, даҳлизга чиққан Нилуфарнинг қўлидан ушлади.
— Қаёқа шошаяптилар, жонон?
— Қўйинг, қўйиб юборинг ё ҳозир дод соламан! Қўни-қўшниларни чақираман!
— Чақир! Жумлаи мўмин кўриб қўйсин! Бу турмуш, бу бойлик, бу зеб-зийнатлар сени қутуртириб юборганини ҳамма кўрсин! — Бегимқул Нилуфарнинг қўлидан «шап» ушлаб, томоғига чанг солди. Нилуфар жон ҳолатда бор кучини тўплаб, бир силтанди-ю, қучоғидан чиқиб эшикка отилди, отиларкан, қўлидаги катта соатининг олтин занжири узилиб, соат қаёққадир учиб кетди...
— Тўхта! Тўхта дейман сенга! — Бегимқул қўлларини силкитиб унинг кетидан талпинди, бироқ оёқлари остида ётган колбаса парчаларига сирғаниб кетди-да, айиқдай зил-замбил гавдаси билан полга гурсиллаб йиқилди.

8
Нилуфар қизлик чоғида киногами, театргами тушиб, уйларига кеч қайтган пайтларида дадасини уйғотиб юбормаслик учун ошхоналарининг деразасини уч марта секин тақиллатар эди.
Ойиси, укалари билан ошхонага ёндош хонада унинг қайтишини пойлаб, «тиқ» этган товушга қулоқ солиб ётар, Нилуфар деразани чертиши билан шарпасизгина юриб чиқиб, эшикни очар, бирда кеч келгани учун лаблари пичирлаб койир, бирда «шу маҳалгача қаёқларда юрибсан, юраккинам ёрилиб кетди-ку, вой. Нилугинам-эй, Нилугинам-эй» деб нолиб қўя қолар эди.
Турмушга чиққандан бери Нилуфар кечаси дераза чертиб келмаган бўлса ҳам, онаизор унинг бу одатини унутмаган экан. Дераза тиқирлаши билан парданинг чети кўтарилиб, ойисининг узунчоқ юзи кўринди, қоронғида тилла тишлари «ярқ» этди. Зум ўтмай, ҳовлида шип-шип овоз эшитилиб, эшик зулфинлари шиқирлади...
— Вой, бир ўзинг... тун ярмида нима қилиб юрибсан, Нилу?
— Қўрқманг, ойижон, шунчаки... ўзим келдим... Дадамлар уйдамилар?..
— Даданг... Бугун отдих-ку, офтобим. Чойхонада ош қилиб, ўтиришгандир, шахматларини тақиллатиб!.. Нима қилди, тинчликми? Ё эринг билан аразлашиб қолдиларингми ?..
Нилуфар билади: ойиси уни жуда бахтиёр деб ҳисоблагани учунми, қизининг эри билан уришиб, уйларига қайтиб келишидан, қайтиб келиб, бева бўлиб ўтириб қолишидан қўрқади.
— Тинчлик, ойижон. Тинчлик... — Нилуфар ойисининг совуқданми, қўрқувданми титраб турган елкасидан қучди. — Кейин айтиб бераман. Ҳозир жуда совуқ едим. Жой солиб берсангиз ётаман...
Нилуфар ойисининг ҳамма саволларига «кейин, кейин айтиб бераман. Қўрқманг, тинчлик, тинчлик, ойижон» деб жавоб берди-да, укаларини безовта қилмаслик учун ошхонага раскладушка қўйдириб, ётиб қолди.
Нилуфар Чилонзордан то бу эски маҳаллаларигача пиёда келиб, чиндан ҳам дилдираб қолган эди. У ғира-шира кўчалар, таниш ва нотаниш жойлардан бир-бир босиб, танҳо юриб келаркан, ўй ўйлайвериб бошлари ғовлаб кетди. Лекин қизиқ; у ҳозиргина ўз уйи, бир йил бир ёстиққа бош қўйган эрини ташлаб чиқиб кетган бўлса ҳам, бу ҳақда негадир кам ўйлар, унинг хаёли кўпроқ Ҳикматиллода, тўғрироғи, кундуз бўлиб ўтган учрашувда эди. Нилуфар боя кундуз Ҳикматиллога нега борганини, унга пул бериш фикри хаёлига нега келганини ўзиям билмайди. Бу иши қанчалик ўринсиз, қанчалик ножўя бўлганини рад жавобини олганидан кейингина тушунди.
Ўша дақиқада, Ҳикматилло унинг қўлини қайтарган маҳалда ер ёрилмадики, Нилуфар кириб кетса... У Ҳикматиллонинг олдидан қандай кетди, Чилонзорга қандай етиб борди — биттасиниям билмайди.
Нилуфар кўнглининг бир четида Ҳикматилло ҳақ эканига, ўзини ҳурмат қилган ҳеч бир йигит бу вазиятда ундан пул ололмаслигига иқрор бўлар, умуман аҳмоқона иш қилганини тушунар, лекин таҳқирланган ҳислари, поймол бўлган ғурури бу оддий ҳақиқатни тан олишга қўймас, миясида исёнкор фикрлар уйғотарди... Ахир наҳот унинг кўнглига ёмон фикр келган бўлса? Наҳот унинг, Нилуфарнинг самимийлигига тушунмаган бўлса? Унинг аҳвол-руҳиясини сезмаган бўлса?
Нилуфарнинг хаёли, худди жувозга қўшилган ҳўкиздай, фақат шу битта фикр атрофида айланар, бу ўйлар миясини бурғи билан бурғилагандай вужуд-вужудигача зирқиратар эди. Ҳозиргина ташлаб чиқиб кетган ўз уйи, Бегимқул эса... Нилуфар энди бу уйга қайтиб бормаслигини, ҳамма нарсадан — Бегимқулдан тортиб, қимматбаҳо жиҳозларгача, кийим-кечакларию, севикли зеб-зийнатларигача — ҳаммасидан воз кечганини, ҳаммасидан кўнгил узганини билар эди. Фақат бир нарсани эсласа сал юраги ачишар, у ҳам бўлса китоблар эди! Лекин бу уйни қайта кўрмаслик учун ҳатто севикли китобларидан. ҳам воз кечишга тайёр эди. Майли, омон бўлса китобларни ўзи топиб олади, битта-битталаб ўзи сотиб олади.
Қўшни хонада чироқ ўчди, қоронғида ойисининг: «Э худо, ишқилиб, ўзинг беобрў қилмагайсан!» деб шивирлагани эшитилди.
Ойисининг пичирлаб айтган бу сўзлари Нилуфарнинг дилида олдин илиқ меҳр тўла изтироб, кейин аллақандай мудҳиш бир қўрқув уйғотди.
Нилуфар суратлардан биларди: ойиси ёшлигида ниҳоятда кўҳлик бўлган, лекин нимадир бўлиб, биринчи эри билан муросалари келишмаган, шундан кейин ҳозирги дадасига турмушга чиққан. Ойиси бундан беш-олти йил олдин, савдо ташкилотларида ишлаб юрган чоғларида ҳам ўз ҳуснини йўқотмаган, бир сўзли, ўктам хотин эди. Нимадир бўлиб, ишдан тушди-ю, бирдан қандайдир чўкиб қолди. Илгари майда-чуйда нарсаларга парво қилмайдиган одам, энди чақимчиликдан бошқа иши йўқ маҳалла ойимчаларининг гапсўзларидан ҳам чўчийдиган бўп қолди... Наҳот ойисининг тақдири яна такрорланса?..
Нилуфар боя уйимни, Бегимқулни елкамнинг чуқури кўрсин деди. Лекин ўз уйига қайтиб бормаган тақдирда, Бегимқул билан орани очиқ қила олган тақдирда бу уйда қандай яшайди? Маҳалла-юрт, қариндош-уруғлари нима дейди? Ишхонадаги ёр-дўстлари-чи?
Ишхонадаги ёр-дўстлари-ку, тушунишар. Лекин қиз боланинг эридан чиқиб, ота хонадонига қайтиб келишини азалдан энг катта номус деб билган маҳалла-юрт-чи? Кечагина «дарвозамиз тагида йигирмата «Волга» тизилиб турди деб, ҳовлиқувдиларинг, охири нима бўлдиларинг», деб заҳарханда қилишмасмикин?
Нилуфар-ку, оғзига кучи етмаган бу ойимпошшаларнинг сассиқ гапларидан юқорироқ бўлишга қурби етар, ойиси бечора нима қилар экан? Бусиз ҳам кўнгли ярим бўп қолган мазлума, оғзи билан юрадиган маҳалла корчалонлари олдида бош эгиб қолмасмикан? Ойиси билан дадасини айтади, ҳали Бегимқул нима дейди? Унинг кетаман деганига «хўп, ихтиёр ўзларида, хоним», деб уни ўз ҳолига қўйиб берармикан ҳали? Ҳамма ишни хамирдан қил суғургандек қилиб силлиқ битирадиган, сизлаб туриб, кулиб туриб, жон оладиган қайнатаси-чи? Эрта-индин бу гаплардан хабар топса, одатдагидек қўли кўксида: «Ассалому алайкум! Боракалло, сизга, боракалло!» деб кириб келиб, ойисини қўлга олмасмикан, ҳамма ёқни совға-саломга тўлдириб, унга қарши қайраб солмасмикан ҳали?
Тавба! Яна айбни ойисига тўнкамоқчи! Йўқ, ўзи емай, сенга едирган, ўзи киймай, сенга кийдирган онаизорингда нима айб?.. Даданг бечора бўлса сенинг кўнглинг ўксимасин деб, ғижжагини қўлтиқлаб, мактабма-мактаб чопганини унутдингми? Сени музика мактабида ўқисин деб, ўзи қўшимча дарслар бериб: кечаю-кундуз тиним билмаганлари ёдингдан чиқдими?
Сен энди, топган эрингнинг кимлигини билганингдан кейин бу кўрксиз, жиҳозсиз, жўнгина уйда ўтган дамларнинг қадрига етяпсан. Кечалари дадангдан дутор ўрганган чоғларинг, севикли китобларингни ўқиб, тотли хаёллар оғушида сузган онларинг умрингнинг энг маъсуд онлари эканини, зотан, бахт деган нарса ўзи шу эканини тушуняпсан. Бултур бу маҳалда эса, унинг деворлари нозик кафеллар билан безатилган, шифтига биллур қандиллар осилган, полига қимматбаҳо гиламлар тўшалган уйини кўрганингда эса... кўзларинг ёниб, бетоқат энтикмаганмидинг? Энди нима қиласан айбни онаизорингга тўнкаб?
Ҳа, нима бўлсаям дарди-алами ичида! Чунки ҳаммасига ўзи айбдор. Бегимқулни унга ота-онаси топиб бергани йўқ, ўзи топди. Нима қилсаям ҳаммасини ўзи қилди, энди жафосиниям ўзи тортади!..
Туйқусдан кўча эшик каттиқ тақиллади, ҳовлида, кўчада кучуклар вовиллади.
«Бегимқул!»
Нилуфар аъзойи бадани музлаб, кўрпада ғужанак бўлиб олди.
Олдин дадаси ётадиган катта уйнинг чироғи ёнди, гурс-гурс қадам товушлари эшитилди, сўнгра ҳовлига чиққан ойисининг енгил шип-шипи қулоққа чалинди. Ўрдадай катта ҳовли қандайдир оғир, нотинч сукутга чўмди.
— «Дадамлар... чойхонадан қайтдилар, шекилли. Бўлди. Ухлаш керак!»
Нилуфар чап томонига ағдарилиб, бошини кўрпага ўраб олди. У кўзи илиндими, йўқми, билмай қолди, ҳовлида, худди деразасининг тагида дадасининг ингичка, асабий овози эшитилди.
— Қизинг кепти — нега айтмадинг?
— «Ҳар куни келиб юрган қизингиз, келса нима бўпти?
— Бир нима бўлмаса... бу айиқполвон нима қилиб юрипти тун ярмида? Нима шивир-шивир боядан бери?
— Нима бўларди? Иккиси жиндай аразлашиб қолишипти. Эр-хотиннинг уруши, дока рўмолнинг қуриши... Қўйинг, сиз аралашманг шу ишга!
— Ҳалиям аралашмоқчи эмасман. Аммо лекин... гулдай қизимнинг умрига завол бўлдинг-да, хотин...
— Вой, ману кишини! Қизингизга нима бўпти? Егани олдида, емагани кетида, кийгани ипагу атлас! Қўлида олтин соату тилла билагузук, тагида машина!..
— Кошкийди гап машинада бўлса!..
— Сизга қолса ҳамма гап ғижжакда! Ғижжагингизни қўлтиқлаб ўн йил югурганда" битта газ плитага кучингиз етмади. Бир ойда ҳаммасини тўғрилаб берди куёвингиз. Роҳат қилиб ёқиб ўтирибсиз. Ҳайронман, шу куёвингизни кўрсангиз жинингиз қўзғайди. Мақсадингиз нима? Қизингизни ажратиб, уйингизга оп-кеп олмоқчимисиз? Қариндош-уруғ, маҳалла-юрт нима дейди?
— Маҳалла-юрт деб кимни айтяпсан?? Оғзига кучи етмаган уч-тўртта сатангларингними? Падарига лаънат ўша... оғзи билан юрадиган отинчаларингни!.. Ўзим гаплашиб қўяман ўша суюкли куёвинг билан!
— Тўхтанг! Қош қўяман деб, кўз чиқарасиз! Тўхтанг деяпман сизга!
Овозлар узоқлашди.
Нилуфар бошини кўрпага ўраркан, юрагига қуйилиб келган чексиз меҳрдан ўпкаси тўлиб:
— Дадажон! — деди пичирлаб. — Тоабад унутмайман бу гапларингизни. Қизингизман, дадажон!..

9
Бегимқул кечаси томоғи қуруқшаб уйғонди: тили тинглайига ёпишиб қолган, оғзи какра чайнагандай тахир эди.
Одатда, Бегимқул бирорта зиёфатдан қайтганда, кечаси бош томонидаги тумбочкага бир коса сут, бир чойнак кўк чой ё бир шиша Тошкент суви қўйиб ётар, кечаси билан уйқу аралаш шуларни симириб чиқарди. Бу сафар ҳам кўзини очгиси келмай қўлини тумбочка турадиган томонга чўзди, чўзди-ю, бош бармоғи чаён чаққандай жаз этиб, ўрнидан турди.
Чироқ ўчирилмаган, у ётоқхонада эмас, меҳмонхонада, диванда ётиб қолган, ҳамма ёқ ола тўполон, синган қандил, пиёла-чойнак, пачақ бўлган қадаҳ синиқларидан гиламда оёқ қўядиган жой йўқ, унинг қўлини «жаз» этиб чаққан «чаён» ҳам қандил парчаси эди.
Ҳаммадан бурун негадир Нилуфарнинг гаплари, унинг кўксидан итариб, уйдан қочиб чиқиб кетгани эсига тушди. Бу эсдалик уни қандайдир даҳшатга солди. У ётганда ҳам ечмаган туфлиси билан гиламда кўкиш жило сочиб, бодраб ётган қандил сумалакларини, биллур қадаҳ синиқларини патир-путур босиб, ётоқхонага чиқди.
Нилуфардан ном-нишона йўқ, ётоқхонаям ағдар-тўнтар, ҳатто ташқи эшик ҳам қийғоч очиқ қолган эди!
Бегимқул бирдан тиззалари қалтираб, каравотга ўтириб қолди.
У эндигина, Нилуфарсиз аллақандай ҳувиллаб қолган бу тўс-тўполон хонани кўргандагина тушунди: Нилуфарсиз яшай олмайди! Нилуфарсиз ҳаёт ҳаёт эмас унга!..
Бу уй, бу мол-дунё, бу зеби зийнат — Нилуфарсиз буларнинг бир тийинлик қиммати йўқ! Агар дунёдан умиди бўлса, агар Нилуфарнинг дардида умрбод изтироб чекиб ўтаман демаса... уни қайтармоқ керак!
Падарингга қусур Ҳикматилло! Пойқадами ёқмади даюснинг! Лекин ҳозир Ҳикмат лапашангни ўйлаб ўтирадиган пайтми? Нилуфарни ўйламоқ керак ҳозир. Уни қайтариб олиб келиш йўлларини ўйламоқ даркор ҳозир!
Ҳа, қайси йўл билан бўлмасин, нималар қилиб бўлмасин, қайтармоқ керак уни! Ҳамма мол-дунёсини сочиб бўлсаям, ҳатто оёғига йиқилиб бўлсаям, қайтармоқ керак Нилуфарни!..
Бир томони унинг ўзидан ҳам ўтди! Нилуфар аввалданоқ бошқаларга ўхшамайдиган қандайдир ғалати қиз эди. Бирда ўта шўх, олов бўлса, бирда... жуда инжиқлашиб, нозиклашиб қолар, унча-мунча одамнинг ақли етмайдиган нарсалар, ҳеч ким ўқимайдиган китоблар ҳақида гапиришни яхши кўрарди. Бегимқул хотинининг ҳусн-латофатини, қизлик жозибасини, вақти чоғ пайтларидаги ўзгача шўхликларини қанчалик хушласа, унинг бу одатларини шунчалик хушламас эди. Лекин, «майли, қизлигида эркаланиб қолсин» деб, хушламаганини билдирмас, «эрта бир кун қўлимга тушгандан кейин бу доноликлари ўз-ўзидан қолиб кетар, қолиб кетмаса қитиғини ўзим босиб қўярман, деб ўйлаган эди. Йўқ, босилмади! Лекин босилмаса нима қипти? Яхши кўргандан кейин унча-мунча нозиниям кўтариб, фақат маишатни ўйлайвермай, ёлғондан бўлса ҳам «Сиз яхшисиз, хотин» деб алдай қолса, кўнгил учун ўзини зўрлаб бўлса ҳам, битта-яримта китобини ўқий қолса, баъзан-баъзан у яхши кўрган киноларга, концертларга оп туша қолса бир жойи камайиб қолмас эди! Мана энди нима деган одам бўлди? Йўқ, уни қайтариб опкелиш керак! Қандай бўлмасин, алдаб-сулдабми, қайси йўл билан бўлмасин қайтариб опкелиш керак. Чунки усиз ҳаёт ҳаёт эмас! Ҳа, авваламбор адасига телеграмма бериш керак. Дарҳол, ҳозир чиқиб телеграмма бериш ё телефон қилиш керак. Келсин. Қудалари билан ўзи гаплашсин. Дадаси битиролмайдиган иш йўқ!
Бегимқул юрагида жўшқин бир истак сезиб, ваннахонага кирди.
Важоҳатидан одам қўрққулик! Юзлари, қовоқлари шишиб кетган, кўзлари қонталашган, сочлари ҳурпайган эди!
Бегимқул бирор жойдан кайфи ошиброқ келган кунлари доим ваннага тушар, илиқ душ тагида туриб узоқ ювинар, сув унга доим ёрдам берар, бирпасда ҳушига келтириб қўярди. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Бир соатча илиқ душ тагидан чиқмай, жир бита бошлаган бўлиқ гавдасини ишқалаб, айиқдай пишиллаб, ҳузур қилиб ювинди. Душдан чиққанида чиндан ҳам юзларининг, қовоқларининг шиши қайтган, кўзлари хийла тиниқлашган, бош оғриғи ҳам анча пасайган эди.
Бегимқул мамнун бўлиб, кундузги кийимларини кия бошлади-ю, ўйлаб туриб, қайта ечинди. Ётоқхонага чиқиб, шкафдан японча кул ранг ялтироқ костюм-шимини, ҳали бир марта ҳам кийилмаган, ним сариқ ипак кўйлагини, кўйлаги рангида тугуни муштдек келадиган янги гулдор галстугини, янги қизил носкиси билан бир мартагина кийилган қора импорт туфлисини олиб кийди, кийди-ю, ўзини ойнага солиб, мамнун жилмайиб қўйди.
Катта тошойнадан унга газ мастери Бегимқул эмас, камида фан кандидати, ҳатто ёш профессорларга ўхшаб кетадиган, қадди-қомати кетворган, салобатли ва айни замонда хушсурат бир йигит мағрур жилмайиб қараб турар эди! Силлиқ таралган ва тўлқинланиб елкасига тушиб турган қоп-қора қалин сочлари эса уни ҳатто ёш рассом ё хотини танийдиган кибор композиторларга ўхшатар эди!..
Энг муҳими, бу ўхшашлик, чиройини очиб, сало-батига салобат қўшган бу янги қимматбаҳо либос Бе-гимқулнинг дилидаги бояги изтироб, бояги ишончсизликни тўзғитиб юборди.
Ҳақиқатан, бунча изтироб чекадиган нима гуноҳ қилди у? Айби... Ҳикмат лапашангга тўқсон сўм қарз бермаганими? Бермаса нима бўпти? Бу латтачайнар шумшукнинг унга ўтказиб қўйган жойи борми? Агар хотини шу ишни деб, ундан аразлаган бўлса... Э, ундан нарига кетмайдими! Бегимқул унга ялинадиган жойи йўқ! Ўн гулидан бир гули очилмаган йигит, Нилуфардан юз марта яхши, юз марта кўҳлик, ҳали онаси ўпмаган қизни топиб олади! Ҳали истаган қизни «гаҳ» деб қўлига қўндира олади Бегимқул! Фақат... ҳозирча уни қайтариш керак. Чунки... агар мабодо ажрашадиган бўлсаям, бугунгидай у Бегимқулни эмас, Бегимқул уни рад этмоғи, аввал тиз чўктириб, тавбасига таянтириб, кейин уйидан ҳайдаб чиқармоғи керак уни!
Бегимқул галстугини тўғрилаб, кўзгудаги ўз аксини яна бир кўздан кечирди-да, полда бодраб ётган шиша синиқларини патир-путур босиб, уйдан чиқди.

10
Ўша куни Ҳикматилло ҳам ухлай олмади. Ҳеч кутилмаган бир пайтда Нилуфарнинг келиши, пул таклиф қилиши, у рад этгандаги аянчли ҳолати, бирдан ўксиб кўзига ёш олиши... бунинг ҳаммаси унинг хаёлини алғов-далғов қилиб юборганди...
Тўғри, Ҳикматилло унинг пулини ололмас эди. Агар ая қувурконга асраб қўйган етмиш сўмини бермаганда ҳам, агар пулсиз ва билетсиз қолганда ҳам, Ҳикматилло Нилуфардан пул олмас эди! Лекин... ҳўкиз бўлмасанг шундай муомала қиласанми ахир? Дарди йўқ кесак, ишқи йўқ эшак деганларидек, унинг ҳоли-руҳиясини кўриб туриб, аёллик ғурури, иззат-нафсини пой-мол қилиб бўлса ҳам, уни деб келганини сезиб туриб, тошбағир бир тўнка бўлмасанг, пулини олмасанг ҳам тузукроқ гаплашмайсанми? Кўнглини оғритмай, эҳтиёткорлик билан жавоб бермайсанми? «Раҳмат?! Пул топдим. Бекор овора бўпсиз» эмиш! Қойилман-е, сендай йигитга!
Ҳикматилло эртага учиб кетмаса ҳам бир сари эди. Бир кун бўлмаса бир кун пайт топиб, кечирим сўрар, кўнглини овлар эди. Лекин у эртага кетади. Кетгунча уни қаёқдан топади? Топганда ҳам... Йўқ, энди қулай бир пайт келмагунча у билан гаплашишнинг иложи бўлмайди. Кеча шундай пайти келганда... чиндан ҳам ҳўкизлик қилди, чиндан ҳам қишлоқилик қилди!
Ҳикматилло тонг отгунча шу алпозда ўзи билан ўзи олишиб, ўз ёғида ўзи қовурилиб чиқди. Шунинг учун ҳам бўлса керак, кеча трамвайда учраган пучуқ йигит эрталаб азбест қувурни олиб келганда... худди сувга ғарқ бўлаётган одам чўпга ёпишгандек, Ҳикматилло ҳам ишга ёпишди.
Ҳикматилло, гарчи кеча ая масаласида хаёлан Бегимқул билан баҳслашган бўлса ҳам, пул воқеасидан кейин уни кўришга сира тоқати йўқ эди. Айни замонда савоб қилсанг бутун қил, деганларидек, аяни тинчитиб кетгиси келар, «наҳот у ноинсоф, ая бечорадан ҳам бир нарса умид қилса», деган фикр унга тинчлик бермас, лекин энг муҳими — Нилуфар ҳақида бир нарса билиб кетгиси келар, буни эса Бегимқулдан бошқа ҳеч ким айтиб беролмас эди!
Ҳикматилло жуда тортинчоқ бўлсаям, қўрқоқлардан эмас. Тортинчоқлик бошқа, қўрқоқлик бошқа. Лекин унинг ёмон бир одати бор — катталарнинг олдига кириб бир нарсани илтимос қилишни сира хушламас, одатда шундай пайтларда беихтиёр довдираб қоларди. Бунинг устига райгазнинг кўримсизгина биноси олдида, кеча Бегимқул айтган енгил машиналар, «Москвич», «Жигули», ҳатто янги «Волга»лар саф тортган, қимматбаҳо пальто ва шляпа кийган салобатли одамлар эшик олдида навбат кутиб туришарди. Шу боисданми, Ҳикматилло олисроқда иккиланиб тўхтади. Навбат кутишдан фойда йўқ, бу салобатли одамлар турганда навбатсиз кириш эса осон эмас лекин аяга ваъда бериб қўйиб, энди «одам кўп экан, киролмадим», деб қайтиб бориш ундан ҳам оғир эди!
Ҳикматилло фуражкасини тўғрилади, гимнастёркасининг этакларини тортиб, қаддини ростладида юраги гурс-гурс урганича, шитоб билан юриб борди. Одамлар, ҳатто шляпа кийган салобатли кишилар ҳам бостириб келаётган сержант олдида беихтиёр чекинишиб, йўл беришди, лекин эшикка борганида, йўлакда турган йўғон эркакшода хотин йўлини тўсди:
— Буқага ўхшаб, ҳаммани сузиб, ўтиб кетаман деяпсанми? Навбатинг қани?
— Мен... бошлиққа айтадиган бир оғизгина гапим бор!
— Ҳаммаям бир оғиз гап учун турипти бу ерда! Навбатсиз кирадиган... бошингда тожинг борми?
Ҳикматилло бир зум гап тополмай дудукданиб қолди-ю, кейин кўкрак чўнтагидан шартта ҳужжатларини чиқарди.
— Ўртоқлар... Мен икки соатдан кейин Сибирга... Узоқ Шарққа учишим керак. Мана, самолёт билетим! Бир минутлик ишим бор, илтимос қиламан, ўртоқлар!
Орқадан: «Рухсат беринг!», «Солдат экан, майли кирсин!» — деган хитоблар эшитилди. Эркакшода хотин бир нима деб тўнғиллади-да, йўл берди.
Узун, тор йўлак ғира-шира, эшик тепасидаги ёзувлар яхши кўринмас, лекин йўлакда ҳам одам кўп эди. Тепасига «старший мастер Б. Қулажонов» деб ёзилган эшикнинг олдида, айниқса одам гавжум эди. Ҳикматилло яна ҳужжатлари билан самолёт билетини дастак қилиб, зўрға ичкарига кирди.
Бегимқул битта стол, битта шкаф базўр сиққан торгина хонанинг тўрида, тирсакларини бир даста қоғозга тираб, бошини чангаллаб ўтирар, унинг қаршисида новча бир одам, қўлтиқтаёққа суяниб, ғоз турарди.
Ҳикматилло Бегимқулни бир таниб, бир танимай қолди. Унинг эгнидаги қимматбаҳо кул ранг костюми, фақат костюми эмас, оёғидаги туфлиси, кўйлаги ва галстугигача қандайдир ялтиллаб турар, одатдаги патак сочлари силлиқ таралган, ўзиям райгазнинг ходими эмас, саҳнага чиқишга ҳозирлик кўрган машҳур артистга ўхшар, фақат қош-қовоғи бир оз шишинқираган эди.
Эшик очилганда бошини кўтарган Бегимқул Ҳикматиллони кўриб ўрнидан турди, сўнг негадир қайта жойига ўтириб, қўлтиқтаёқли одамга юзланди:
— Хўп, сиз бораверинг. Эртага пожарний инспекторни юборамиз...
Новча одам қўлтиқ таёғи билан полни дук-дук уриб:
— Жума куни шанбада юбораман деб ваъда қилувдингиз, — деди ранжиб. — Шанба куни душанбада дедингиз. Энди яна эртага дейсиз! Сизда лафз деган нарса борми ўзи, ўртоқ мастер?
Бегимқул ранги ўчиб, бир Ҳикматиллога, бир новча одамга қаради.
— Оғзингизга қараб гапиринг, ака!
— Сиз ҳам дўқ урманг. Кекирдагимга келди! — деди новча одам, яна қўлтиқтаёғини тўқиллатиб.
— Ҳадеб, инвалидлигингизни писанда қилаверманг! Кўриб турибмиз!
— Ҳей, ноинсоф! Мен писанда қиляпганим йўқ. Аммамнинг тўйида отдан йиқилиб айрилганим йўқ мен бу оёқдан! Борим шу бўлса нима қилай? Айт, нима қилай? Ўша ҳаммадан олган жиғилдон пулингни мен ҳам берсам бўладими?
Бегимқул қон талашган кўзлари олайиб ўрнидан турди.
— Қанақа жиғилдон пули? Нима деяпсиз ўзи?
— Кўзингизни лўқ қилмай қўя қолинг, ука! Инспекторингизни юборинг, у ёғини мен ҳам юрт қатори бир нима қиларман!
— Айтяпман-ку, эртага юбораман деб! — Бегимқул уф тортиб Ҳикматиллога юзланди. — Мана, кўряпсанми, аҳволни? Хўп, сиз бораверинг, амаки, — деди у, тўсатдан негадир паст тушиб. — Иложи бўлса юбораман инспекторни. Ёрдам берамиз, амаки...
— Шундай бўлсин, ука. Умрингиздан барака топинг, иним... — новча одам қўлтиқтаёғини дўқиллатиб, хонадан чиқди.
— Кўрган кунимиз мана шу! Жонга тегиб кетди!— Бегимқул йўғон панжаларини сочларига суқиб, жойига ўтирди. — Хўш, хизмат?
— Хизмат... мен ҳам шу иш билан келдим, оғайни.
— Қанақа иш?
— Газни айтаман. Ая газ ўтказиб уйига батарея қурдирган экан. Кеча азбест труба топиб, қувуркон ўрнатиб бердим. Ҳаммаси қонуний! Энди.. ё ўзинг бориб, ё одамингни юбориб, газни ёқтириб берсанг...
— Раҳмат! Энди бир камим аянинг газ қувури эди!— деди Бегимқул афтини буриштириб. — Ўзим жонимдан тўйиб турибману, сен бўлсанг...
— Менга қара, Бегимқул. Наҳот шу бечора кампирдан ҳам бир нарса умид қилсанг?
— Нима? Нима дединг? — Бегимқул қўлларини столга тираб, қаддини ростлади. Ҳикматилло ҳам ўрнидан турди.
— Лекин билиб, қўй, сенга берадиган бир тийин пули йўқ. Бироқ... шу бугун, ҳозир... хоҳласанг бориб кўр, хоҳламасанг... кўрмасданоқ ишини тўғрилаб берасан. Гап шу! Мана ҳужжатлари!
— Агар тўғрилаб бермасам-чи? — деди Бегимқул. У айиқдай бесўнақай гавдасини стулга ташлаб, Ҳикматиллога таажжуб аралаш нафрат билан тикилди.
— Агар тўғрилаб бермасанг... ҳозир, олдингдан чиқаману, бошлиғингга кираман. Ўзинг биласан. Мен солдатман. Икки соатдан кейин учишим керак. Қабул қилади! Ҳаммасини гапириб бераман!
— Масалан, нимани гапириб берадилар? Билсак бўладими? Нима, пора устида тутиб олдингми?
— Тутиб олдимми, йўқми, нима дейишимни ўзим биламан! Лекин айтиб қўяй — яхши бўлмайди!
— Ёпирай, а? — Бегимқул шишган қовоқларини уқалаб илжайган бўлди. Лекин унинг бу кулгусида кечаги манманлик эмас, аллақандай аянчли бир нарса бор эди. Ҳикматилло аянинг ҳужжатларини йиғиштириб олиб, чўнтагига солди.
— Шошма! Ҳужжатларини кўрай-чи?
— Мана! — Ҳикматилло чангаллаб олган қоғозларни қайта столга ташлади.
— Майли, ая учун... Сенинг бу... қўполлигингга кабинетдан ҳайдаб чиқариш керак эди-ю, ая бечоранинг туз-нони учун!
Бегимқул кампирнинг аризасига бир нима деб ёзди-да, Ҳикматиллога узатди. — Ма. Эртага олтинчи хонага келиб учрашсин. Бориб ёқиб беришади. Хўш, тағин нима гапинг бор?
Ҳикматиллонинг бошқа ҳеч қанақа гапи йўқ, у ўзи Бегимқулдан гап кутар, бутун қалби, бутун вужуди билан Нилуфар ҳақида бир нима дейишини кутарди. Бироқ Бегимқул яна боягидай бошини чангаллаб, айиқдай бесўнақай гавдаси билан стулни ғичирлатиб, оғир тебраниб ўтирарди.
— Хўп, хайр бўлмаса...
— Тўхта!
Бегимқул ранги ўчиб, ўрнидан турди. Бақувват қоматини олдинга ташлаб:
— Кеча... — деди салмоқлаб. — Кеча нима мақсадда борувдинг менинг уйимга?
Ҳикматилло бир нафас сўз тополмай дудуқланиб қолди.
— Гапингга тушунмадим. Ахир... сен ўзинг...
— Нимасига тушунмайсан? Кеча сен аблаҳ бориб, уйимни бузиб кетдинг! Ким чақирувди сени? Сени деб... ўша лаънати тўқсон сўмни деб... хотиним кетиб қолди!
Ҳикматилло беихтиёр олдинга талпиниб:
— Қачон? — деб юборди.
— Кечаси... Ҳа, нега ишшаясан? Хурсандмисан ё?— деди Бегимқул. —Лекин билиб қўй: агар сен уни... агар ораларингда бир гап бўлса... яхшилик кутма мендан! Биласан-ку, мени!
Бегимқул бурун катаклари пирпираб, оёғи билан стулни бир четга суриб, столни айланиб ўта бошлади. Яхшиям шу пайт эшик шитоб билан очилиб, хонага бир гуруҳ одам ёпирилиб кирди.
— Уят эмасми, солдат? Бир оғиз гапим бор деб, бир соат кутдирдингиз-ку?
— Сизга кириш министрга киришдан ҳам қийин бўп кетди-ку, ўртоқ мастер?
Бегимқул сочлари ҳурпайиб, бир Ҳикматиллога, бир ёпирилиб кирган одамларга қаради, сўнг, олдинда турган эркакшода хотиннинг қўлидаги қоғозни юлиб олди.
— Нима керак сизга? Газми? Мана! — у аризага бир нима деб ёздида, иккинчисининг қўлидаги қоғозни юлиб олди.
— Сизгаям газми? Мана! Қани, оп келинглар! Тағин кимга газ керак? — Бегимқул, худди талвасага тушиб қолган одамдай, ғалати ҳаракатлар қилар, ўзича ишшаяр, кўзларини қисар, одамларнинг аризасига пала-партиш имзо чекиб, юзларига отар эди...
Ҳикматилло негадир юраги безиллаб хонадан чиқаркан, Бегимқулнинг:
— Қани, тағин ким бор? — деб хириллаганини эшитиб қолди. — Бу дунёда ҳамма яхши, ҳамма пок! Ёлғиз Бегимқул ифлос! Ҳеч кимда жиғилдон йўқ. Ёлғиз менда бор жиғилдон! Ҳамманг фаришта, ёлғиз старший мастер аблаҳ! — дерди Бегимқул.

11
Ҳикматилло соатига қаради: вақт икки яримдан ошган, аэропортга етиб боришга бир соатгина фурсат қолган эди!
Ҳикматилло катта кўчага чиқиб қўлини кўтарди. Бахтига ғиз-ғиз учиб ўтаётган машиналарнинг биринчисиёқ ёнгинасига келиб тўхтади. Лабига сигарета қистириб олган ёшгина йигитча кабинадан бошини чиқариб қичқирди:
— Қаёққа, солдат?
— Аэропортга.
— Уч сўм!
— Хўп. Гап пулда эмас, ука. Фақат... олдин мана бу ерда бир жойга кириб, чамадонимни оламиз... Кейин... Чилонзордаги бир аптекага шундой бош суқиб ўтамиз!
Шофёр йигитча оғзидаги сигаретасини тўғрилаб, ҳуштак чалиб юборди.
— Гап пулда эмас дейсизу, уч сўмга бутун шаҳарни айланиб чиқмоқчисиз, солдат!
Ҳикматилло, худди машинани ушлаб қоладигандай унинг эшигига тирмашди.
— Хўп, укажон, уч сўм эмас, тўрт сўм берай.
— Беш сўм! — деди йигитча. — Шундаям солдатлигингиз ҳурмати.
— Бўпти. Кетдик! Ҳикматилло эшикни шахт билан очиб, ўзини орқа ўриндиққа отди. Шофёр йигитча машинага газ бераркан, орқасига бир қараб қўйди.
— Девдек солдат... аптекада нима қиласиз?
— Ҳа, шу.. бир иш бор эди... — Хикматилло йигитчанинг гапдонлигини хушламай кўзини юмди.
«Ҳа, у ҳўкиз! Дарди йўқ кесак! Тўнка! Тўнка бўлмаса кеча шунақа муомала қилармиди? Ахир Ҳикматилло кеча Бегимқулни йўқлаб борганида унинг, Нилуфарнинг аҳволи-руҳиясини билди-ку?
Унинг худди қафасга тушган қушдай мунғайиб қолганини кўрди-ку?
Мунғайиб қолганини!.. Мунғайиб қолса... ким унга бошда Ҳикматиллонинг энг яхши туйғуларини поймол қилиб, бу... тўнғиз табиат олғирнинг тилёғламаликларига, еохта марддикларига уч деган? Ким унга?..
Яна бошлади! Ўша тошбағирлиги, ўша аҳмоқона қайсарлиги яна бошланди! Ахир ким янглишмайди бу дунёда?
«Болам! — дегувчи эди марҳум отаси. — Бенуқсон парвардигор! Хато қилмайдиган одам бўлмайди. Ҳамма ёмон, ёлғиз мен яхшиман, деб гердаяверма, ўғлим...»
Йўқ, у хумкалла кеча ҳеч нарсага тушунмаган экан. У фақат энди, Нилуфар кечаги шоҳона уй-жойи, беғам-беташвиш туюлган турмуши, ҳар қанақа одамнинг ҳавасини келтирадиган жиҳозлари — ҳаммасини тарқ этиб, ташлаб кетди, деган гапни эшитгандагина унинг қалби, унинг дардларига тушунгандай бўлди!
Негадир яна китоб ҳақидаги кечаги гап эсига тушди Ҳикматиллонинг:
«Кетриннинг тўлғоқ азобида ўлиши... Генрининг кўз ёшларидай тинимсиз ёққан ёмғир... Мен йиғлайвериб эсим кетувди... Бироқ... Биласизми, Ҳикмат ака, Кетрин ўлади-ю, шундай бўлсаям у менга энг бахтли, энг бахтли аёл бўлиб туюлади...
— Нега?
— Чунки шундай... олижаноб йигит! Шундай... пок севги!»
Ҳа, у тошбағир! Ўжар бир тўпори!
— Нима — деди шофёр йигитча, кўзларини катта очиб. — Кимга гапиряпсиз, ака?
— Йўқ, йўқ, ўзим... мана, келдик, тўхтанг. Ҳикматилло чамадонини қандай олиб чиққанини ҳам, ая билан қандай хайрлашганини ҳам билмайди, фақат лабларида кампирнинг нордон кўз ёши-ю, қулоғида йиғлаб айтган сўзлари қолди:
«Умрингдан барака топ, ой бориб омон кел, айнаниб кетай сендан, сўйлоқжон!»
У бир парча қоғозга аптеканинг адресини ёзиб берди-да, орқа ўриндиққа ўтириб, яна хаёлга толди. Бу сафар, назарида, бир дақиқа ҳам ўтмади, шофёр йигитча машинага тормоз берди.
— Мана, келдик, акажон. Аммо илтимос — кутди-риб қўйманг. Ҳозирнинг ўзида беш сўмлик йўл юрдингиз...
Кечаги таниш кўча, таниш уйни кўрганда Ҳикматилло юраги бир ҳаприқиб, эшикни очди, очди-ю, ўнг қўлдаги катта ялтироқ витрина орқасида дори-дармонлар тўла шкафлар ёнида, кўзойнакли кексароқ бир аёл билан гаплашиб турган Нилуфарни кўрди.
Нилуфар, эгнида оқ халат, бошида оқ қалпоқча, қўлида қандайдир қутича, бир кўзонакли аёлга, бир тўсманинг бу томонида турган чолга қараб ниманидир тушунтирмоқда эди.
Ҳикматилло, гўё унинг кўриб қолишидан қўрққандай, сал орқага тисарилиб, тротуарга чиқмоқчи бўлди, лекин худди шу пайт, Нилуфар бошини кўтариб, у томонга қаради...
Ҳикматилло турган жойида қотиб қолди.
Нилуфар қўлидаги қутичаларни чолга узатганича, бир зум кўзларини катта очиб, унга тикилиб турди, сўнг ёнидаги кўзойнакли аёлга бир нима деб тез-тез гапирди-да, қутичаларни тўсмага қўйиб, шкафлар панасида ғойиб бўлди...
— «Чиқади!» — ярқ этди Ҳикматиллонинг миясида.
Нилуфардан кейин кекса аёл ҳам Ҳикматилло томонга тикилиб қаради, лекин уни кўролмади шекилли, кўзойнагини артиб, бурнига қайта қўндирди.
— Ҳой, ака! — шофёр йигитча заҳарханда билан бошини кабинадан чиқариб қаради. — Келган жойингизни танияпсизми ўзи? Ё ваъда қилган вақтларига етиб келмадиларми?
— Ким?
— Ким бўларди, ўша аптеканинг олдида кутиб тураман деб, ваъда берган жононни айтаман-да!
Ҳикматилло унга жавоб бермай шиддат билан юриб аптекага кирди.
Ичкарида одам кўп эмас. Тўсманинг орқасида қалин дафтарга ниманидир ёзиб ўтирган кўзонакли аёл эшик очилиши билан бошини кўтариб, Ҳикматиллога қаради.
Ҳикматилло тўғри унинг олдига борди.
— Мумкин бўлса менга... Нилуфар... Нилуфар Қосимовани чақириб берсангиз...
— Нилуфар... — аёл кўзойнагини тагидан Ҳикматиллога диққат билан разм солди. — Нилуфархон... жуда банд эдилару...
— Менга бир минутга, бор-йўғи бир минутга, опа... Аёл елкасини қисди-да, ручкасини дафтарга ташлаб, ичкарига кириб кетди.
Ҳикматилло дорига келганлар унга ҳўмрайиб, кассир билан тайёр дорилар бўлимида ишлаётган ёш жувон эса ниҳоятда қизиқсиниб қараётганларини сезиб, тескари бурилди.
Кўзойнакли аёл сал ўтмай қайтиб чиқди.
— Кечирасиз, ука... Нилуфархон жуда банд эканлар, чиқолмайман дедилар...
Кимдир пиқ этиб кулди, кимдир йўталди...
«Ҳа, албатта, чиқмайди, албатта банд... Кечаги муомалангдан кейин ўзини ҳурмат қилган қайси одам сен билан гаплашгиси келади, қайси қиз башарангни кўргиси келади?...»
Ҳикматилло тишини тишига босиб, шартта бурилди, бурилди-ю, беихтиёр орқасига тисарилди. Остонада, оёқларини кериб, Бегимқул турарди!
Ранги девор, кўзлари қисилган Бегимқул Ҳикматилло бурилиб қараши билан, сузишга чоғланган буқадай бошини эгиб:
— Сен! — деди хириллаб. — Сен аблаҳ қачон тинч қўясан хотинимни?
У бир сакрашда Ҳикматиллога етиб келиб, ёқасига чанг солди.
Торгина хонани хотин-халажнинг қий-чуви тутди.
Бир йил аввал аянинг уйида бўлган мана шундай олишувда Бегимқул Ҳикматиллони самбо услубида бир силташда ағдариб, кулиб туриб, пийпалаб ташлаган эди.
Бу сафар ҳам у Ҳикматиллонинг бўйнидан олиб самбочасига бошидан ағдариб отмоқчи бўлди. Лекин армияда бу услубларни ўрганган Ҳикматилло ағдарилаётиб, ўзини ўнглаб олди-ю, тисарилиб бориб, деворни ушлаб қолди. Худди шу пайт, Бегимқул Ҳикматиллони бошидан ошириб отган пайтда Нилуфарнинг:
— Ҳикмат! Ҳикмат ака! — деган аччиқ фарёди тор хонани зир титратди.
Бошини буқадай эгиб, яна ҳужумга чоғланган Бегимқул ялт этиб тўсма олдида пайдо бўлган Нилуфарга қаради.
— Ҳаа... Ҳикмат акаларига ёрдамга келдиларми? Сен... Сен фоҳиша!.. — Бегимқул оғир тебраниб бориб Нилуфарнинг сочига чанг солди.
Ҳикматилло жон ҳолатда унга отилиб елкасидан қучоқлаб олди. Лекин Бегимқул қўлини бир силтаб, Нилуфарни отиб юборди. Нилуфар учиб бориб, боши билан ойнаванд кассага урилди-ю, цемент полга чалқанча қулади.
Синган ойна парчалари ёмғирдай ёғилиб, хона қий-чув бўлиб кетди. Кимдир эшикка отилди, кимдир: «Тез ёрдам!» деб қичқирди.
Бояги кўзойнакли аёл қўллари қалтираб, тўсма орқасидан югуриб чиқди.
— Нилу! Азизим, Вой, ким бор, «Тез ёрдам!» «Тез ёрдам»га чопинглар!
Ҳамон Бегимқул билан олишаётган Ҳикматилло бу нидони эшитиб, бор кучи билан рақибини четга отди-да, Нилуфар томон интилди.
Нилуфар, кўзлари юмуқ, секин инграб ётар, унинг ўнг қулоғидан сизиб чиққан қон, жингалак сочлари орасидан бўйнига оқиб тушмоқда эди.
Кўзойнакли аёл, ҳамон қўллари титраб, Ҳикматиллога қаради.
— Боринг, чопинг! «Тез ёрдам»ни чақиринг! Йўқ, тўхтанг, Валя... телефонга чоп! Машина чақир!
— Менда машина бор. Тайёр машина бор! Ҳикматилло полга тиз чўкиб, Нилуфарнинг қўлини олди. — Нилу!
— Бор бўлса... кўтаринг! Тезроқ кўтаринг буни! Шу пайт эшик очилиб, хонага милиционер, милиционер билан бирга унга нималарнидир тушунтирган, бир-бирини бўлиб гапирган бир гуруҳ хотин-халаж кириб келди.
— Бу нима тўполон? Нима бўляпти ўзи бу ерда? Ҳикматилло бу ўктам овозга эътибор бермай, Нилуфарни даст кўтариб ўрнидан турди. Нилуфарнинг қулоғидан сизиб чиққан қонни кўрганда бирдан жимиб қолган Бегимқул милиционерга қараб талпинди.
— Ўртоқ милиционер. Мен хотинимни... ўйнаши билан тутиб олдим! Мана шу сержант... хотинимнинг ўйнаши! Ушланг уни, ўртоқ милиционер!
Милиционер бир Нилуфарни даст кўтариб олган Ҳикматиллога, бир Бегимқулга қараб:
— Ўртоқ сержант! — деди журъатсизлик билан. — Мумкин бўлса...
— Кўриб турибсиз-ку, аҳволни! Мен буни касалхонага қўйиб, айтган жойингизга бораман. Айтинг, қаёққа борай?
— Милицияга. Чилонзор милициясига! — Ҳикматилло милиционернинг гапига бош ирғаб жавоб берди-да, эшикни тепиб очди, очаркан, Бегимқулнинг:
— Йўқ, кечирасиз! — деб хириллаганини эшитди.— Ўйнашларни қўйиб юбориб, биз бегуноҳни опкетасизми? Йўқ, кетмайди бу ишингиз, ака, кетмайди!
Нилуфар ҳушидан кетгани йўқ, у бўлган гапларнинг ҳаммасини билиб ётди. Фақат ўнг қулоғи шанғиллаб, бошининг бир томони тинимсиз ғувиллаб тургани учунми, бўлган воқеалар худди тушида рўй бераёттандай, қулоғига чалинган узуқ-юлуқ гаплар ҳам ўнгида эмас, тушида эшитилаётгандай туюларди унга.
Кўз олдини қоплаб олган бу туман, касалхонада уст-устига икки марта укол қилганларидан кейингина хиёл тарқади, бошининг ғувиллаши ҳам сал пасайгандай бўлди, фақат ўнг қулоғининг санчиб оғриши тинмас эди.
Уни жарроҳлик бўлимининг тўрт кишилик палатасига жойлаштирилган, хонадаги каравотларнинг биттаси бўш, қолган иккитасини автомобиль тагида қолиб оёғи синган семиз бир хотин билан тиззасини боғлаб, қўлтиқтаёқда кириб-чиқиб юрган ёшгина қизча эгаллаган эди.
Қабул бўлимининг врачи билан уст-устига икки марта укол қилган ҳамшира хотин: «Қўрқманг, бир ҳафтадан кейин туриб кетасиз, фақат бир-икки кун бошингизни қимирлатмай ётинг», деб чиқиб кетишгандан кейин Нилуфар, худди кечагидай яна бирдан ўпкаси тўлиб, пиқ-пиқ йиғлаб юборди. Лекин бу йиғи кўпга чўзилмади; унинг хўрлигини келтирган ҳақорат туйғуси сал ўтмасдан тарқаб, қандайдир руҳий енгиллик билан алмашди.
Нилуфар Ҳикматиллонинг қандай келганини, машинадан қандай тушганини, уни кўриб кўчада тўхтаб қолганини — ҳаммасини кўрган эди. Лекин барибир чиқмади, кечаги воқеадан кейин Нилуфар Ҳикматилло билан учрашишни, у билан гаплашишни истамас эди. Агар у эшик тирқишидан Ҳикматиллони кузатиб турмаганида, агар тўсатдан кўчадан кириб келиб, Ҳикматиллога човут солган Бегимқулни кўрмаганида у ҳеч қачон югуриб чиқмас, Ҳикматилло билан ҳеч қачон учрашмас эди!
Мана энди нима бўлди? Бегимкул-ку, майли! Йўқ, Нилуфар фақат Ҳикматилло эмас, Бегимқулга ҳам ёмонликни раво кўрмайди. Унга ҳеч қандай даъвоси йўқ, ҳамма айб унинг ўзида. Ўзи бошда енгилтаклик қилди. Жазосиниям ўзи тортяпти. Шу жазо, шу ҳақорат билан оралари очиқ бўлса бас, бошқа ҳеч нарса керак эмас унга. Лекин... Ҳикматилло нима бўлади? Бегимқулнинг бояги туҳмати билан надоматга қолмасмикан ҳали? Тергов деб, бошқа деб ушланиб қолмасмикан, ушланиб қолиб, армиядаги бошлиқлари олдида юзи шувут бўлмасмикан?
Хонага қўлида қучоққа сиғмайдиган катта пакет, ҳамшира хотин кирди.
— Ишхонангиздан қизлар келишди. Мана, хат бе-риб юборишди.
«Нилу! Жонгинамиз Нилу! Қалайсан, тузукмисан? Врачлар тузук дейишди. Хафа бўлма, Нилу! Сендай пок, сендай меҳрибон қизга қўл кўтарган безори ўз жазосини тортажак!
Тезроқ тузалиб чиқ. Сени қаттиқ ўпиб, дўстларинг».
Аптеканинг ҳамма ходимлари қўл қўйган бу хатнинг тагига:
«Керак бўп қолар деб, сумкангни ҳам оп келдик. Эҳтиёт бўл, анча пул бор экан ичида» деб ёзиб қўйилган эди.
— Қизлар кутиб туришипти. Уларга айтадиган гапингиз йўқми, синглим?
— Йўқ... — Нилуфар «қулт» этиб ютинди. У бир ўйи Ҳикматиллони сўраб хат ёзиб чиқармоқчи ҳам бўлди, лекин уялди.
Қизлар ёзиб киритган икки оғизгина бу хат Нилуфарга худди мўъжаз бир малҳамдай таъсир этди-ю, таранг тортилган асаблари мойлангандай юмшаб, ухлаб қолди.
У қанча ухлади, билмайди. Бир маҳал қулоқлари тагида: «Синглим, ҳа, синглим», деган овозни эшитиб кўзини очди. Хона хира кўкиш шуълага чўмган, нариги каравотдагилар уйқуга кетган, тепасида таниш ҳамшира хотин турарди.
— Бир солдат йигит кеп турипти. Кўрмасам бўлмайди деб ялиниб қўймаяпти... Нима қилай, синглим?..
Ҳамшира хотин гапини тугатмаган ҳам эдики, остонада... елкасида калтагина оқ халат, қўлида қоғоз қутига солинган торт, Ҳикматилло кўринди.
Ҳамшира хотин унга стулни суриб берди-да, лабига бармоғини босиб, оёқ учида юриб чиқиб кетди.
Ҳикматилло, худди гуноҳкор одамдай кўзлари жавдираб, стулга омонатгина ўтирди.
— Қалайсиз, Нилу?
Нилуфар индамади, унинг бир нима дейишга мажоли йўқ эди.
Ҳикматилло ҳамон кўзлари гуноҳкор жавдираб, қўлини унинг қўлига қўйди, нариги каравотдагиларга қарай-қарай, қандайдир дудуқланиб, ҳаяжонланиб, шивирлади:
— Мендан ўтди, кечиринг, Нилу. Кеча мен... Сиз кетгандан кейин... ҳаммасига тушундим. Ҳаммасига... Эшитяпсизми, Нилу?
Нилуфар бирдан қуйилиб келган кўз ёшини аранг тўхтатиб қолди, лаблари билинар-билинмас қимирлаб:
— Ўзингиз... — деди. — Сизга бир нима дейишмадими?
— Мени нима қилишарди? Ҳаммаси... аҳмоқона гап!
— Нега бўлмаса учиб кетмадингиз?
— Эртага... эрталаб учяпман.
— Билетингиз нима бўлди?
— Куйди. Ярим пули куйди.
— Вой, пул... пулни қаёқдан олдингиз?
— Саҳрода эмасмиз-ку! Ая деган бир кампир бор. Биласиз-ку, биз ижарага турган уйнинг эгаси...
— Тўхтанг. Менда пул бор. Тумбочкамин очинг. Сумкам бор.
Ҳикматилло: «Раҳмат, кераги йўқ!» демоқчи бўлди-ю, Нилуфарнинг юзидаги ҳаяжонни кўриб, итоаткорлик билан тумбочкадан таниш қизил чарм сумкани олди. Сумкада чиндан ҳам йигирма беш ва эллик сўмликлардан иборат бир даста пул бор эди.
— Ана, кеча айтсам ишонмовдингиз. Мен жуда... пулим кўп. Қандил пули!
— Нима? — деди Ҳикматилло тушунмай.
— Йўқ, шунчаки.. қандил пули дейман. Биллур қандил! — Нилуфар маъюс кулимсиради. — Олинг. Қанча керак бўлса — шунча олинг.
— Раҳмат. Мана эллик сўм олдим. Борган заҳоти қайтараман! — Ҳикматилло остонада пайдо бўлган ҳамшира хотинни кўриб, ўрнидан турди. — Умуман... мен хат ёзаман... Ҳаммасини... ҳаммасини айтаман, Нилу! Адресингиз...
— Адресим... адресимни ўзим ҳам билмайман...
— Майли. Мен Главпочтамтга ёзаман хатимни. Ўзингиз бориб оласиз. Ўшанда... ҳаммасини тушунтириб ёзаман. Эшитяпсизми, Нилу, ҳаммасини?

Нилуфар индамай кўзини юмди. У ўзи билан ўзи олишар эди...
Mualifning boshqa asaralari
1 Abror aka (etyud) [Odil Yoqubov] 826
2 Adib va chin inson [Odil Yoqubov] 903
3 Aptartet (etyud) [Odil Yoqubov] 505
4 Avlodlarga vasiyat (tarixiy drama) [Odil Yoqubov] 1503
5 Аброр ака (етюд) [Odil Yoqubov] 529
6 Авлодларга васият (тарихий драма) [Odil Yoqubov] 696
7 Адиб ва чин инсон [Odil Yoqubov] 528
8 Аптартет (етюд) [Odil Yoqubov] 565
9 Billur qandillar (qissa) [Odil Yoqubov] 3503
10 Bir koshona sirlari (drama) [Odil Yoqubov] 1971
11 Бир кошона сирлари (драма) [Odil Yoqubov] 594
12 Fotiha (etyud) [Odil Yoqubov] 693
13 Фотиҳа (етюд) [Odil Yoqubov] 536
14 Matluba (qissa) [Odil Yoqubov] 2079
15 Muqaddas (qissa) [Odil Yoqubov] 6569
16 Muzqaymoq (hikoya) [Odil Yoqubov] 1672
17 Матлуба (қисса) [Odil Yoqubov] 647
18 Музқаймоқ (ҳикоя) [Odil Yoqubov] 613
19 Муқаддас (қисса) [Odil Yoqubov] 703
20 Oshqovoq (etyud) [Odil Yoqubov] 582
21 Ошқовоқ (етюд) [Odil Yoqubov] 533
22 Qalampir (etyud) [Odil Yoqubov] 564
23 Qaydasan, Moriko? (qissa) [Odil Yoqubov] 0
24 Qoʻshiq (etyud) [Odil Yoqubov] 581
25 Қайдасан, Морико? (қисса) [Odil Yoqubov] 0
26 Қалампир (етюд) [Odil Yoqubov] 560
27 Қўшиқ (етюд) [Odil Yoqubov] 547
28 Tilla uzuk (hikoya) [Odil Yoqubov] 1446
29 Tush (etyud) [Odil Yoqubov] 737
30 Тилла узук (ҳикоя) [Odil Yoqubov] 608
31 Туш (етюд) [Odil Yoqubov] 529
32 Xol (etyud) [Odil Yoqubov] 524
33 Хол (етюд) [Odil Yoqubov] 544
34 Yaxshilik (hikoya) [Odil Yoqubov] 9202
35 Яхшилик (ҳикоя) [Odil Yoqubov] 660
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика