Туш (етюд) [Odil Yoqubov]

Туш (етюд) [Odil Yoqubov]
Туш (етюд) [Odil Yoqubov]
Илк ҳикоялар ёзиб юрган ўсмирлик чоғларим. Қизиқ воқеалар ўйлаб топишга уринаман, чиройли сўзлар ахтараман... «Қуёшнинг олтин нурлари дарахт япроқларини зар билан ўради, тубсиз осмоннинг мовий гумбази митти тилла сирғачаларга тўлди», каби жимжимадор жумлалар тузаман. Бу тасвирлар ўзимга ёқса ҳам кўнглимнинг бир четида уларнинг аллақандай совуқлигини, ясамалигини, дилимдаги туйғуларимни ифода қилишга ожиз эканини сезиб, қийналаман, изтироб чекаман... Бир куни қўлимга «Ҳожимурод» тушди. Қиссанинг муқаддимаси, яъни қариқиз ҳақидаги ҳикоя эзмаликдай туюлди. Мен ундан «сакраб» ўтдим, ўтдиму қиссанинг илк мисраларини ўқиб ғалати бўлиб кетдим...
Менга шундай туюлдики, гўё Толстой олис чечен овулини эмас, бизнинг қишлоқни тасвирлаган. Кўз олдимга қишлоқ ўртасидаги мачит, мачитнинг ёнидан сойга буриладиган тор кўча келди. Кўчанинг икки томонидаги пастқам уйларнинг томларида чоллар боғ қўриб ётишади. Кечқурунлари қирдан пода қайтади, борлиқни қўй-қўзиларнинг маъраши тўлдиради, мўрилардан тутун кўтарилиб, ҳавода тезак ҳиди бурқсийди. Худди Толстой тасвирлаган манзара!.. Назаримда Ҳожимурод шу мачит томондан келиб, бизнинг тор кўчага бурилган, бурилгану биринчи пастқам уйнинг томидаги чолни (бу уйнинг томида ёнғоғини қўриб доим баджаҳл бир чол ётарди) уйғотган...
Мени айниқса «тезакнинг қўланса ҳиди» — деган сўзлар ҳайратга солади. Таниш манзараларни кўз олдимга келтирган, дилимда ажиб ҳислар уйғотган нарса ҳам шу оддий сўзлар, азон айтган сўфининг овози, мўрилардан кўтарилган тутуну тезакнинг қўланса ҳиди эди!..
Бу оддий сўзларнинг аллақандай теран сири бор эди. Бу сир сизни сеҳрлаб қўяр, кўз олдингизга сиз олис чечен овули эмас, ўз қишлоғингиз, болаликдан таниш манзаралар келишининг сабаби ҳам шу сеҳрда эди!
Китобни бир ўтиришда ўқиб тугатдим. Ҳожимуроднинг ўлимидан кўнглим вайрон, хўрлигим келиб, хўроз қичқириқларига, итларнинг вовуллашига қулоқ солиб узоқ ётдим. Сўнг, китобнинг биринчи саҳифасидаги улуғвор чолнинг суратига, пахмоқ қошлар остидаги ўткир кўзларини китобхонга қадаб турган Толстойнинг суратига тикилдим. Бу суратни қайси рассом чизгани ҳозир эсимда йўқ. Шуниси эсимдаки, Толстойнинг узун соқолига, дўнг пешанасига, қудрат ёғилиб турган миқти гавдасига, аллақандай шафқатсиз чеҳрасига тикилиб узоқ ётдим, ҳаёлимда эса ундан ёрдам тилар, оқ йўл тилашини илтижо қилардим. Уйқуга кетганимни билмай қолдим. Бир маҳал туш кўрибман. Тушимда... Толстой!
Эгнида ўша узун кўйлак, кен панжали узун қўлларини ингичка қайиш қамарига суқиб, уйимизга секин кириб келган эмиш. Мени чақириб нимадир дедими, ё дегандай бўлдими, билмадим, ойимларнинг овозидан уйғониб кетдим. Тонг отган, ойим сигир соғаётган эдилар.
Мен Толстойдан, унинг менга айтадиган гапларию, берадиган оқ фотиҳасидан айрилганимни сезиб, дод деб юборишимга оз қолди. Худди тушида олтиндан айрилган Афандидай кўзимни қайта юмдим. Йўқ. Толстойни қайтариб бўлмас эди!.. Ойимлардан ранжиб, анча тўлғаниб ётдим, кейин аста-секин ўзимни юпата бош-ладим. Ахир Толстойнинг уйимизга кириб келгани, мени чақириб бир нима дегани рост-ку! Шошма. У менга нима деди? Келажакда ёзувчи бўлишимга ишора қилмадими?
Толстойнинг нима деганини эслаш қийин эди, лекин бора-бора у менга яхши гаплар айтгандай туюла бошлади, аста-секин ёзувчиликка оқ йўл тилаганига ҳам ишона бошладим, назаримда, ҳатто бошимни ҳам силагандай бўлди...
Кўнглим ёришиб, ўрнимдан турдим. Қувончдан ўзимни қаёққа қўйишимни билмас эдим, тушимни бировга тезроқ айтгим, қувончим билан ўртоқлашгим келар эди.
Августнинг ўрталари. Мендан бир-икки ёш катта бир адашим билан кун ора ғўза суғорар эдик. Ўша куни бизнинг навбатимиз эди. Рост, Одил менинг «ёзувчи»лигимни, ёзган шеър ва ҳикояларимни тан олмас, лекин адабиётни яхши кўрар, китобни кўп ўқир, шу сабаб, иккимиз анча якин эдик.
Мен боғимиздан чиқиб, пахтазорга буриладиган ёлғиз оёқ йўлга қадам қўйганимда, Одил ҳам етиб келди, қўл бериб кўришаркан:
— Ҳа, оғизлар қулоқда-ку? — деб пичинг қилди.
— Менга қара, Одил, бугун ғалати бир туш кўрдим,— дедим. — Кулмасанг айтиб бераман.
— Хўш, хўш?
— Мен бугун тушимда... Толстойни кўрдим!
— Шунақами? — Одил негадир кўзини кўзимдан узиб пахтазорга тикилди. — Хўш, кейин нима бўлди?
— Ҳа, шу... Жуда ажойиб одам эдан!
— Сенга... ёзувчиликка фотиҳа бергандир?
— Айтсам ишонмайсан-да! Лекин... чиндан ҳам... яхши гаплар айтди.
— Катта қўллари билан бошингни ҳам силагандир? Бошқа пайт бўлса-ку, мен унинг овозидаги кинояни сезардим, албатта, лекин шоддигим ичимга сиғмай турган бир маҳалда буни пайқамадим.
— Ҳа, бошимни секин силади!
— Ҳа-ҳа-ҳа! Толстой бошини силаган эмиш! Ҳа-ҳа-ҳа! Орзуларингдан ўргилиб кетай!

Одилнинг заҳарли қаҳқаҳаси устимга қуйилган бир челак совуқ сувдай таъсир этди. Ўзимни қаёққа яширишни билмай пахтазорга шўнғидим. Одилдан, одамлардан яшириниб кечқурунгача ёлғиз ишладим, айтган гапларимни унутиш учун, уятдан «қочиб қутулиш» учун жон-жаҳдим билан ишладим, тушимни эса ҳеч қачон, ҳеч кимга айтмасликка қасам ичдим. Ўзим ҳам Толстойнинг буюклигини ўша куни тушундим-ов... Толстой шунчалик буюк эдики, уни ҳатто тушимда кўрдим дейиш ҳам нокамтаринлик ва мақтанчокдик бўларди!..
Mualifning boshqa asaralari
1 Abror aka (etyud) [Odil Yoqubov] 826
2 Adib va chin inson [Odil Yoqubov] 903
3 Aptartet (etyud) [Odil Yoqubov] 505
4 Avlodlarga vasiyat (tarixiy drama) [Odil Yoqubov] 1503
5 Аброр ака (етюд) [Odil Yoqubov] 529
6 Авлодларга васият (тарихий драма) [Odil Yoqubov] 696
7 Адиб ва чин инсон [Odil Yoqubov] 528
8 Аптартет (етюд) [Odil Yoqubov] 565
9 Billur qandillar (qissa) [Odil Yoqubov] 3503
10 Bir koshona sirlari (drama) [Odil Yoqubov] 1971
11 Биллур қандиллар (қисса) [Odil Yoqubov] 823
12 Бир кошона сирлари (драма) [Odil Yoqubov] 594
13 Fotiha (etyud) [Odil Yoqubov] 693
14 Фотиҳа (етюд) [Odil Yoqubov] 536
15 Matluba (qissa) [Odil Yoqubov] 2079
16 Muqaddas (qissa) [Odil Yoqubov] 6569
17 Muzqaymoq (hikoya) [Odil Yoqubov] 1672
18 Матлуба (қисса) [Odil Yoqubov] 647
19 Музқаймоқ (ҳикоя) [Odil Yoqubov] 613
20 Муқаддас (қисса) [Odil Yoqubov] 703
21 Oshqovoq (etyud) [Odil Yoqubov] 582
22 Ошқовоқ (етюд) [Odil Yoqubov] 533
23 Qalampir (etyud) [Odil Yoqubov] 564
24 Qaydasan, Moriko? (qissa) [Odil Yoqubov] 0
25 Qoʻshiq (etyud) [Odil Yoqubov] 581
26 Қайдасан, Морико? (қисса) [Odil Yoqubov] 0
27 Қалампир (етюд) [Odil Yoqubov] 560
28 Қўшиқ (етюд) [Odil Yoqubov] 547
29 Tilla uzuk (hikoya) [Odil Yoqubov] 1446
30 Tush (etyud) [Odil Yoqubov] 737
31 Тилла узук (ҳикоя) [Odil Yoqubov] 608
32 Xol (etyud) [Odil Yoqubov] 524
33 Хол (етюд) [Odil Yoqubov] 544
34 Yaxshilik (hikoya) [Odil Yoqubov] 9202
35 Яхшилик (ҳикоя) [Odil Yoqubov] 660
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика