Бир кошона сирлари (драма) [Odil Yoqubov]

Бир кошона сирлари (драма) [Odil Yoqubov]
Бир кошона сирлари (драма) [Odil Yoqubov]
Икки парда, тўрт кўриниш, муқаддима ва хотимадан иборат драма
Иштирок этувчилар
Сарвар — Қадди-қомати келишган, кўркам йигит, 35 ёшларда. Хотини орқасида омади келиб, миллионер бўлган. Лекин бойликка ҳирс қўймаган, самимий инсон.
Дилора — Сарварнинг хотини. 37—38 ёшларда. Лекин анча ёш кўринади. Кўҳлик жувон. Уддабурон, шаддод ва енгилтак. Бир йиғлаб, бир куладиган аёл.
Меҳринисо ая — Сарварнинг онаси. 70 ёшларда. Ниҳоятда покиза, ширинсухан, меҳрибон, соддадил аёл,
Дарвешали — Сарварнинг қўшниси. Машҳур жарроҳ. Дарвештабиат, қайсар, тўғрисўз одам. 48—50 ёшларда.
Гулноза — Унинг хотини ва шогирди. 26—27 ёшларда. Нозик-ниҳол, мулойим, сулув, ширинзабон жувон.
Бўрсиқ — Сарварнинг ўнг қўли. Асл исми Бўривой. Лекин уни ҳеч ким Бўривой демайди. Бўрсиқ деб чақиришади. Юм-юмалоқ, хомсемиз, айёр одам. 40 ёшларда.
Домла-имом, хизматкорлар, соқчилар, врач ва ҳамширалар.
Воқеа шу кунларда бўлиб ўтади.

Муқаддима
Саҳна берк. Парда кўтарилмаган. Лекин парда ортида ярим кавказча, ярим Европача, ярим ўзбекча шўх куй, ашула, кулги, қарсаклар янграйди. Парда очилади.
Баҳор. Дала. Қандайдир гўзал ўтлоқ. Четроқдаги столда ҳар хил емиш ва ичимликлар. Тўрт-бешта йигит давра қуриб, чапак чалмоқда, даврада Дилора ҳар хил нағмалар қилиб рақсга тушмоқда. Унинг кайфи баланд. Бир чеккада, қўли кўксида Сарвар қовоғини уйиб турибди. Хотинининг қилиғидан энсаси қотган. Қўшиқ:
Тум-така-тумни чалворамиз,
Диляхонни олворамиз,
Диляхон ўтл туғса,
Тум-така-тумни чалворамиз.
ЖЎР ОВОЗЛАР: Войдод!
Кулги, қийқириқ. Ёш, хушқад бир йигит, икки қўлида икки қадаҳ билан Дилорага яқинлашади.
Йигит. Жон опажон. Биз Ғарибга ҳам бир назар ташланг!
Дилора (ўйнашда давом этади, мастона кулади). Нари тур! Нега мен сенга опа бўларканман? Ҳали ўн гулимдан бир гулим очилмаган, онаси ўпмаган жононни опа дейсан, тирмизак!
Йигит. Бинават! Диляхон! Бу ёлғон дунёга кепманки, шайдойингизман! Бир ишва, Диляхон, бир ишва биз Ғарибга!
Дилора (хохолаб кулади). Диляхонни бир ишваси минг доллар туради. Кучингиз етадими, йигитча!
Йигит. Минг доллар? Мана Сизга минг доллар! (Киссасидан бир даста пул олиб, Дилоранинг бошидан сочади. Қийқириқ, қарсаклар. Ҳаводаги долларни тутаман деб қоқишиб кетади. Йигитча уни ушлаб қолади).
Дилора (мастона). Мард йигит экансан, ке, бир ўпиб қўяй. (Енгилгина ўпади. Яна қийқириқ, кулги.)
Дилора. Сарваржон! Сарвар ака! Йиғиштириб олинг. Ҳаммаси юзталик экан доллари.
Сарвар шитоб билан юриб келиб Дилоранинг юзига бир шапати уради.
Дилора (додлаб). Нима қиляпсиз, гуноҳим нима менинг?
Йигит. Азизлар! Бу қанақа қилиқ? Шундай гўзалга мушт кўтариш!
Сарвар. Мен фақат гўзаллар эмас, сендай хезларни ҳам бир уришда жаҳаннамга жўнаттанман.
(Уради. Йигит гандираклаб бориб йиқилади).
Сарвар. (Дилорага). Бундан кейин башарангни кўрмай сенинг! (Чиқади.)
Дилора. Сарвар ака! Жонгинам. (Орқасидан югуради, қоқилиб йиқилади. Йигитлар ушлаб қолишади.)

Биринчи парда
Биринчи кўриниш
Саҳна тўрида икки қаватли кўркам кошона. Чап ёнда дид билан қурилган бир қаватли бино. Унда Меҳринисо ая, ошпаз ва хизматкорлар турадилар. Ўнг томондаги деворнинг бир ёнида қўш қаватли темир дарвоза, дарвоза ёнида қафасдеккина соқчихона. Ўртада атрофи гулзор, шинам шийпон. Эндигина мўралаган офтоб гулзорни яшнатиб юборган. Ўнг томондаги уйдан ёши етмишларга бориб қолган, ниҳоятда ораста кийинган, истараси иссиққина кампир — Меҳринисо ая чиқади. Ая шийпондаги қумғонлардан бирини олиб, гулларга сув сепа бошлайди. Дарров соқчихона эшиги очилиб, тўппонча таққан ёш йигит отилиб чиқади ва кампирнинг қўлидаги идишга ёпишади.
Соқчи. Ҳой, ҳой, холажон. Қўйинг бу ишингизни. Гулларга сув сепиб, ҳовли супирадиганлар сон мингта-ку.
А я. Қўявер, болам. Шу ишни қилсам кўнглим ёзилади, ором оламан.
Соқчи. (Қумғонга ёпишиб.) Сиз-ку ором оласиз, аммо ўғлингиз кўриб қолса борми, мана бўтимизга (думбасини шапатилайди) шундоқ тепадиларки, тўппа-тўғри асфаласофилинга равона бўламиз, аяжон.
(Дарвоза кўнғироғи жиринглайди).
Соқчи. (Тирқишдан мўралаб.) Яна анов нозанин. Дўхтир қўшнингиз. Намунча тонг отмасдан йўрғалайдиган бўп қолди бу санам? Хўжайин жигаридан урдиёв бу малакни.
А я. Қаёқдаги гапларни гапиравермай эшикни оч, болам. Давлениямни ўлчагани келади бу қизим. (Гулнозани кўриб.) Келдингми, Гулноза қизим. Бўйгинангдан онагинанг ўргилсин, қоқиндиқ, кела қол.
Гулноза. Кечаги уколимнинг таъсирини билиб кетай дегандим, холажон.
А я. Вой тилгинангга шакар, қизгинам. Сен келсанг борми, давлениям ўлгур ҳам шаталоқ отиб қочиб қолади...
Гулноза. (кулади). Чиндан ҳам бугун чеҳрангиз тиниқ. Яхши ухлаб, яхши тушлар кўрганга ўхшайсиз, холажон. (йнига ўтиради.)
А я. Э-э... яхши уйқу қаёқда дейсан, дўхтир қизим. Ўғлим билан келиним орасидан ола мушук ўтиптики, ҳаловат йўқ уйимизда. Болажоним фарзандларини жонидан яхши кўради, соғинади, келиним тушмагур, уларни опқочгани-опқочган. Ўғлим ўз ёғида ўзи қовурилади. Онаизор, буни кўриб мен қовуриламан. Келин ен-гилтак бўлса қийин экан.
Гулноза. Ҳозирги ёшларнинг ҳаммасиям шу.
А я. Ёшлар дейсан. Мана сен унақа эмассан-ку. Бир қошиқ сув билан ютиб юборадиган суқсурдеккина келинчаксан. Унақа эмассан-ку сен.
Гулноза. (Кулади.) Эрим мени бошдан қаттиқ ушлаган-да, холажон.
А я. Сарваржоним ҳам анойи эмас. Қайси бир зиёфатга борганларида, келиним бор бўлгур, ичиб олиб, йигитларга шилқимлик қилган экан, шартта ҳайдаб юборди... Мана, охири нима бўлди. Болажоним ичмас эди, ичадиган бўлди. Кўринишидан алпқомат бўлсаям, болалигидан юраги ночор, қўрқаяпман.
Гулноза. Кўп куйинаверманг, холажон, ҳаммаси ўрнига тушади.
А я. Илойим айтганинг келсин. Эринг икковингни туну кун дуо қиламан. Худо сенларга қўчқордай ўғил берсин, деб.
Гулноза. (Қотиб кулади.) Қиз бўлсаям майли эди, холажон. Юринг, кўриб қўяй сизни.
(Ичкарига кириб кетишади. Кошонанинг зинасида Сарвар кўринади. Ёш, хушқад, хушсурат, эгнида спортчилар кийими. У шийпонга ўтиб, тугмачани босади. Ҳаммаёқ жаранг-журунг бўлиб кетади. Дарҳол ҳар томондан бир нечта чапдаст йигитлар югуриб чиқишади.)
Биринчи йигит. Амрингизга мунтазирмиз, сарвари аъзам.
Иккинчи Йигит. Нонушта тайёр, кўнгиллари нимани истайди, хўжайин?
Сарвар. Жигаркабоб. Шампан.
Биринчи йигит. Бир дақиқа. Дарҳол ест қиламиз.
(Кетади.)
Сарвар. Анов Бўрсиқвой қайда? Пешин бўлди, ҳалиям инида ҳуррак отиб, қорнини силаб ётибдими, боқибеғам.
Иккинчи Йигит. Ҳозир оёғидан судраб чиқаман. (Кетади.) (Сарвар эснайди, қўлларини ёзиб, бадантарбия қилган бўлади. Зинада Бўрсиқ кўринади, пак-пакана, қорни тарвуздай.)
Бўрсиқ. Биз хўроз ўтмасдан туриб, амрингизни кутиб ётибмиз, хўжайин.
Сарвар. Нима бало, тунги зиёфатда сўйилган қўйни думбаси билан ямламай ютганмисан, қорнинг ҳомиладор хотиннинг қорнидай қаппайиб қопти. Ха-ха-ха. Биру ноль, каминани фойдасига. (Шарақлатиб қўл уриштиришади.)
Бўрсиқ. Кўп кулаверманг, ҳикмат кўп бу қоринда, хўжайин. Хизматингиз билан қайсики вазирликка бормай, не-не аркони давлатлар бу қоринни кўриб, сакраб туриб таъзим бажо келтиришади.
Сарвар. (Соқчига ҳазиломуз.) Пичоғинг билан шартта ёр қорнини. Кўрайлик, қанақа ҳикмат бор экан бунинг қорнида. (Кулги. Хизматкор йигит белидан бир газ пичоқ суғуриб олади.)
Бўрсиқ. (Қорнини дўппайтириб.) Ёр. Ёравер. Ичи тўла доллар. Сидириб оласан. (Кулги.)
Бўрсиқ. Кул, кулавер. Хўжайиннинг хизматларини аммангнинг бузоғи бажаради. Амиратдан келган бир эшалон молни сен ландовур опчиқасан божхонадан.
Сарвар. Нима бало, бирорта томоғи тешик йўқми, божхонада?
Бўрсиқ. Бор эди. Ҳаммасининг думини тугишди-ку. Газит ўқимайсизда, бехабарсиз дунёдан.
Сарвар. У куни топиб келган аферист оғайнинг қайда? Ё униям думи тугилдими?
Бўрсиқ. Йў-йўқ, амал курсига ўтираяпти у. Бироқ иши юришмаяпти.
Сарвар. Иши юришмаса, дарҳол алоқани уз у билан. Ишга олмасимдан туриб, йўлдан урдинг мени. Мен унақа пора-мора билан иш қиладиган ипринди-сипринди тадбиркор эмасман. Тер номерини. Тер деяпман сенга. Қўрқсанг, ўзим гаплашаман у шумшик билан.
Бўрсиқ. Жон хўжайин. Қаттиқ гапирманг. (Бўрсиқ киссасидан уяли телефонини олиб теради. Шивирлаб.) Ўзлари...
Сарвар. Бу мен, акоси, танидиларми? Таниган бўлсангиз тунов куни олган қарзларингизни қайтариб беринг, акоси. Ҳа, шу бугун (қулоқ солади.) Нима, нима? Керакли одамларнинг оғизларига тиққанман? Вазият ўзгариб қолди? Менга қаранг, акоси. Мен вазият-пазиятларингизни билмайман. Қулоғингизга қуйиб қўйинг. Ўша куни Бўрсиқвойнинг уйида берган ваъдаларингиз, бир дипломат пулни битта-битта санаб олганларингиз — ҳаммаси кинога олинган. Ғиринг десангиз, кассетани керакли жойларга узатаман...
Бўрсиқ. (ҳайратланиб.) Қанақа кино? Қанақа кассета? Ҳеч нима бўлмаган эди-ку.
Сарвар. Ишинг нима? Билиб қўй: бу аферистлар шохида юрса, камина баргида юраман. Ўзиям иштонини булғаб қўйди-ёв, оғайнинг. (Телефонни Бўрсиққа отади, Бўрсиқ аранг тутиб олади.)
Бўрсиқ. Шу ишингиз чакки бўлди-да, хўжайин. Керакли одам эди.
Сарвар. Керакли одам эмиш. Бошда, ишга олаётганда айтган эдим-ку сенга, мен бунақа қаланғи-қасанғи аферистлар билан ишламайман деб. Башараси ёқмаган эди унинг. Умрида қорни тўймаган шумшик мушукка ўхшайди. Бошқа топшириқларим нима бўлаяпти?
Бўрсиқ. Қайси бирини айтяпсиз? Агар конвертация бўлса, ўпкамни қўлтиқлаб банкма-банк югуриб юрибман, хўжайин.
Сарвар. Конвертацияни қўйиб тур. Ўзим шуғулланаман. Кўриб турибман — қўлингдан келмайди. Айтган эдим-ку: мен учун ҳаёт-мамот масала — фарзандларим тақдири деб. Бу иш нима бўляпти? Ўзинг айтган эдинг-ку, томоғи тешик юристни топдим деб.
Бўрсиқ. Топган эдим. Аммо-лекин аёллар йили бўлди-ку бу йил.
Сарвар. (ҳайрон). Аёллар йили бўлса нима бўпти?
Бўрсиқ. Нима бўларди? Аёллар дастидан тешик-тешикка кириб кетдику эркак зоти. Хотинингиз Дилорахоннинг тили бир қарич бўлди-ку.
Сарвар. Хотиним эмас у. Талоқ қилганман уни. Уч талоқ. Фарзандларим керак менга, фарзандларим.
Бўрсиқ. Уч талоқ тугул, минг талоқ қилсангиз ҳам суд ажрим қилмаганми ҳали? Қилмаган. Аёллар йилида порага сотилиб, эркаклар фойдасига ҳал қиласанми ишни деб, Дилорахон шунақа ўйин кўрсатяптики, кирадиган тешик тополмай қопти томоғи тешик судья. Сичқоннинг ини...
Сарвар (бўшашиб.) Минг танга де?
Бўрсиқ. Минг танга эмиш. Минг доллар денг, хўжайин. Хотинингиз юристга ҳозир миянгни қатиғини чиқараман деб, стулни отган экан, у бечора столининг тагига кириб кетибди. Ўхшаяптими?
Сарвар. Тушунмадим гапингга.
Бўрсиқ. Хотинингизга ўхшаяптими деяпман. Нимасига тушунмайсиз?
Сарвар. Буёғи нима бўлади энди? Шу арзимаган ишнинг уддасидан чиқолмасанг, нимага ишга олдим сен қоринвойни. Нимага тўлаяпман жарақ-жарақ пулларни.
Бўрсиқ. Ҳали оқлаймиз нон-тузингизни. Аммо-лекин... Бир қошиқ қонимдан кечсангиз сизга айтадиган бир гапим бор, хўжайин. Менга қаранг, жон оғайни. Нима қиласиз шу хотин билан ажрашиб? Ахир инсоф билан айтганда сизниям, мениям одам қилган шу хотин-ку? Ким эдик бизлар? Мен ўзингиз айтган ипринди бир паттачи эдим, бозорком қилди. Сиз тачка ҳайдаб юрган бир йигитча эдингиз. Рост, жуда келишган, кетворган йигитча эдингиз. Шу хотин сабаб, миллионер бўлдингиз. Лекин уям қанақа жувон эди? Бутун шаҳар унинг супермаркет дўконига мол олгани эмас, ҳусни-жамолини тамоша қилгани келарди. Ҳозир ҳам кўчада юрса, не-не эркаклар қайрилиб қарайди. Шаҳзоданинг ишқи бақага тушибди, деганларидек...
Сарвар (шартта ёқасидан олади.) Нима демоқчисан, шайтонни йўлдан урган иблис? Дилора шаҳзода, сен қурбақа эдинг, демоқчимисан?
Бўрсиқ. Йў-йўқ. Сиз ҳам зўр экансиз, тачкачидан шу даражага етдингиз. Кимсан, Сарвар бизнесмен, деган ном чиқардингиз. Мана бунақа кошоналар қурдингиз.
Сарвар. Кеча айтдим-ку сенга. Менинг шахсий ишларимга аралашма деб... Шампан қани? Жигар кавоб қайда?
Бўрсиқ. Жон хўжайин. Қўйинг шу ичкиликни. Кечаси юрагингиз ёмон бўлиб, ўтакамни ёриб юбордингиз-ку ахир.
Сарвар. Ичкиликдан эмас, фарзандларимни соғинганимдан дарз кетяпти юрагим? Ҳой, ким бор? Ҳамма ўлиб қолдими бу лаънати кошонада?
(Ичкаридан. «Шўттамиз, шўттамиз», деган овозлар эшитилди, сўнг бир йигит баркашларда кабоб ва шампан олиб чиқади.)
Қуй. Тўлдириб қуй. Бу қоринвойга ҳам.
Бўрсиқ. Йў-йўқ. Биласиз-ку, оғзимга ҳам олмайман, хўжайин.
Сарвар. Биламан. Бир шоир айтган экан: отадиганлардан ёмонлик чиқмас экан, отмайдиганлардан чиқар экан ҳамма ёмонлик, деган экан. (Уст-устига икки қадаҳ отади.)
Бўрсиқ. Олинг, олаверинг. Хизматкорда забон йўқ. Бошимизни эгиб тураверамиз. Аммо... эгилган бошни қилич кесмас, деган экан бир машойих.
Сарвар (ҳазиломуз.) Қилич ҳайф сен паттачининг аҳмоқ бошингга. (Бирдан бўшашиб ўзини креслога ташлайди.) Жон дўстим. Бир бало қил бу ишни. Хоҳласанг «Мерседесим»ни ол. Истасанг, «Волвам»ни. Аммо бир бало қилиб, тўғрилаб бер, бу ишни. Ўғилчам мени қамчилаб, эшшак қилиб минганида, қизалоғим полга чўккалатиб туя қилиб ўйнаганида, мендан бахтиёр инсон йўқ эди бу дунёда. Гапимга ишон, дўстим. Бўрсиқвой. Бўрсиққинам. Кечалари тушларимга киради фарзандларим. Улар ҳам мени йўқлашар эмиш. Йўқлаб, йиғлашар эмиш. Тўғрисини айтсам, ҳозиргача пушаймон қиламан бу хотиннинг тузоғига илинганимдан. Хотиннинг марҳамати билан бойвачча бўлди, деган умрбод ўчмас тамғани пешонамга босиб, бойвачча бўлиш нима керак эди менга? Ундан кўра оч қорним, тинч қулоғим деб, тачкамни судраб юраверсам бўлмасмиди, оғайни? (Дарвоза қўнғироғи қаттиқ жиринглайди. Темир эшикда Дилора кўринади. У йўлини тўсган қоровулни итариб юбориб ичкарига киради).
Бўрсиқ. (Шивирлаб.) Ҳизирни йўқласак ҳам бўларкан. Ана келдилар, сизни бойвачча қилган хонимча.
Дилора. (Қоровулга.) Даф бўл, ҳезалак. Ё мени танимадингми, муттаҳам?
Сарвар. (Шивирлаб.) Мен қуён бўлдим, ўзинг гаплашавер, Бўрсиқ.
Дилора. Тўхта. Сарвар. Кимдан, қаёққа қочяпсан? Ўз хотининг, Оллоҳ қовуштирган жуфти ҳалолингдан қочасанми?
(Сарвар қулоқларини беркитиб, креслога чўкади. Бўрсиқ Дилора томон пилдирайди.)
Бўрсиқ. Келинг, Дилорахон. Эсон-омонмилар? Кайфлари чоғми?
Дилора. Бўрсиқ бўлсанг ҳам илондай аврайсан-а, бургага тузоқ қўйган лўттивоз? Қаёққа чопяпсан, қорнингни ларзон-ларзон қилиб.
Бўрсиқ. Кўриб турибсиз-ку, сизга пешвоз чиқдим-ку, опажон?
Дилора. Менгами ё киссангни долларга тўлдириб, анов порахўр юристтингга шошаяпсанми?
Бўрсиқ. Йў-йўқ, опажон. (Шивирлаб.) Камина ҳеч қачон сизга қарши иш қилган эмасман. Сизни яхшилигингизни унутган одам кўр бўлади, опажон, кўзи оқиб тушади.
(Бўрсиқ четлаб-четлаб боради-да, бирдан шаталоқ отиб ўзини дарвозага уради.)
Дилора. Ҳа, ер ютгур, шумтака. Мени илондай авраб, қуён бўлишини қаранг буни.
Сарвар. (Соқчига.) Нега киритдинг бу сайроқини. Опчиқиб ташла кўчага.
Соқчи. Менга қаранг, опажон...
Дилора. Яқинлашма менга. Тўппончангни қинингдан суғуриб олиб, пешонангдан қарсиллатиб отаман. (Сарварга.) Ҳа, нега кирмас эканман. Беҳаёманми, шаллақиманми — икки фарзандингни онасиман. Туққан онасиман. Менгаям қуй шампанингдан. (Ичади, таҳдид билан.) Ёдингда бўлсин: агар мен топган долларлар билан анови сотқин юристнинг оғзини мойлаб ўз фойдангга ҳукм чиқартирадиган бўлсанг... Мени туққан фарзандларимдан жудо қиладиган бўлсанг...
Сарвар. Хўш, хўш. Нима қиласан?
Дилора. Ўша куниёқ ўзимга ҳам, фарзандларимнинг уст-бошига ҳам бензин сепиб, ўт қўйвораман.
Сарвар. (Орқасига тисарилиб.) Сен... Ақлингдан озиб, жинни бўп қолмадингми мабодо?
Дилора. Жинни бўлсам... сен жинни қилдинг мени. Ўша кеча мендан қутулиш учун оборгансан анов ҳароми жўраларинг даврасига. Ичириб, маст қилиб, ўзинг пинҳона жуфтакни уриб қолгансан.
Сарвар. Ўша кеча қилган беҳаё-бешарм қилиқларинг ёдингдан чиқибди. Ипринди-сипринди ғанимларимга қошларингни учириб, кўзларингни сузиб, шаҳвоний муқомлар қилганинг, маст-аласт ўпишганларинг — ҳаммаси эсингдан чиқибди сенинг.
Дилора. Нима бўлсаям ўзинг бошлаб бординг-ку ўша кечага. Бунақа экан, нега обординг ўша нопок майхонага. Синамоқ мақсадидами?
Сарвар. Йўқ. Мен сени синамоқ эмас, рақибларимнинг кўзини ўйнатмоқ ниятида оборган эдим. Мана кўриб қўйинглар, қандай мулойим, қандай одобли, мен учун жонини фидо қиладиган умр йўлдошим бор, кўриб қўйинглар, номардлар, демоқ мақсадида, ифтихор қилмоқ ниятида оборган эдим сени. Сен бўлсанг...
Дилора. (ёлвориб.) Жон Сарваржон. Акажоним менинг. Ўша кеча эркалик қилсам қилгандирман, енгиллик қилган бўлсам қилгандирман. Лекин, тепамда худо, бирор ит теккани йўқ жисмимга. Жисмим ҳам пок, виждоним ҳам (бирдан сизлашга ўтиб), Сарвар ака. Жоним, жонгинам. Кўзимни очиб кўрган жуфти ҳалолим. Агар гуноҳ қилган бўлсам кечиринг мен бахтиқарони (йиғлайди.) Кечиринг. Хоҳласангиз, тиз чўкиб оёқларингизни ўпаман.
(Сарвар уни ушлаб қолади.)
Сарвар. Йўқ, синган кўзани қайта тузатиб бўлмас, Дилора. Тузатганда ҳам ямоғи қолади унинг. Ундан кўра, айт: мендан нима керак сенга? Уй десанг уй, пул десанг пул, машина десанг машина — ҳаммасини муҳайё қилиб бердим. Тағин нима керак?
Дилора. Сиз. Сиз кераксиз, Сарвар ака. Сиз. Сизсиз ёруғ дунё қоронғу менга, жоним. Жонгинам, ҳайдаманг мени.
Сарвар. (Саросимада сув тутади.) Дилора... ўзингни бос. Одамлар кўрса нима дейди.
Дилора. Кўришса кўришаверсин. Шу хонангиздан битта-ю битта ҳужра берсангиз бўлди. Болажонларим билан келиб турай. Майли, бошқа хотин олинг. Мен хизматларингизни қилай. Чўри бўлай, малай бўлай. Фақат ҳайдаманг. Сизни кўриб юриш баҳридан жудо қилманг, мен бахтиқарони.
(Яна тиз чўкмоқчи бўлади. Сарвар яна ушлаб қолади.)
Сарвар. Бас қил, Дилора. Арт кўз ёшингни. Жонимга тегди бу доди-фарёдинг.
Дилора. Э, худо. Гуноҳим нима мен шўрликнинг. Гуноҳим — куни кеча дўконимда тачка ҳайдаб юрган бу гўрсўхтани яхши кўриб қолганимми? Гуноҳим — гулдай ёшлигим, бу кўркам гўзаллигим, дўконим, бор бисотимни бир кулиб боқишимга зор бўлиб, босган изимни ўпиб юрган бу гўрсўхтага инъом қилганимми? Гуноҳим нима менинг?
Сарвар. (Ҳамияти кўзғаб.) Менинг тиллаларим-чи? Дадам раҳматли берган, бобомдан қолган тиллалар...
Дилора. Топган ўн тиллангни юзимга солмоқчимисан? Ўн тиллангни минг тилла қилиб берган ким? Мана шу ёмон Дилора.
Сарвар. (Кўнгли бўшаб.) Дилора. Қуй энди. Қийнавординг-ку одамни. (Соқчига.) Опангни опчиқиб, машинада олиб бориб қўй, ука.
(Соқчи Дилоранинг қўлтиғидан олади.)
Соқчи. Юринг, опажон. Юра қолинг, машина тайёр.
Дилора (Сарварга.) Ҳайдаяпсанми? Итдай қуваяпсанми? Олло қовуштирган жуфти ҳалолингни (яна телбаланиб.) Майли, қув. Ҳайда. Ҳақорат қил. Фақат бояги гапим ёдингдан чиқмасин. Мабодо, фарзандларимизни мендан тортиб оладиган бўлсанг... уччовимизнинг ҳам кулимизни оласан. Жисмимизни эмас, кулимизни дафн этасан.
Сарвар. (Тоқати тоқ.) Буни даф қил дедим сенга. (Соқчи Дилорани судрайди. Дилора унсиз йиғлаганча унга бўйсиниб, қоқилиб-сурилиб орқасидан юра бошлайди-ю, аянинг хонасидан чиққан Гулнозани кўриб, юлқиниб соқчининг қўлидан чиқади.)
Дилора. Ҳа-а... Гулнозахон. Нега бу даргоҳга серқатнов бўп қолдилар десам... Биламан, ҳаммасини биламан. Ҳе, юзинг қурсин. Лочиндай эринг туриб, менинг жуфти ҳалолим билан дон олишгани уялмайсанми, беҳаё.
(Гулноза кафтлари билан юзини яширганича турган жойида тош қотади).
Сарвар. (Соқчига бақиради.) Мен сенга нима дедим. Йўқот, бу ифлосни.
Дилора. Худога солдим сен қилтириқни, иккаловингни ҳам худога солдим.
(Соқчи йиғлаган Дилорани қўлидан тортиб олиб чиқиб кетади. Гулноза ҳамон кафтлари билан юзини яширганича дарвоза томон юради. Сарвар тез бориб унинг йўлини тўсади.)
Сарвар. Гулнозахон. Кўнглингизга олманг, унинг гапларини. Кўриб турибсиз-ку, телбаланиб қолган у.
Гулноза. (Секин.) Мени қўйиб юборинг, Сарвар ака. (Бирдан ўксиб, унсиз титраб йиғлайди.) Қайси гуноҳларим учун бу ҳақорат, бу маломат, бу бўҳтон.
Сарвар. Илтимос, йиғламанг, Гулнозахон. Сиз шундай... покиза инсонсизки, сизга ҳеч бир туҳмат, ҳеч бир бўҳтон ёпишмайди. Юқмайди, сизга...
Гулноза. Раҳмат. Мен борай.
Сарвар. Илтимос қиламан, хафа бўлманг. Мендан... Хафа бўлманг...
Гулноза. Сиздан нега хафа бўлай. Мен ўзимдан хафаман. Бу гаплардан кейин, мен энди бу уйга, холамларнинг олдига қандай келаман? Қайси юз билан келаман.
Сарвар. Йў-ўқ. Сиз ойимларнинг битта-ю битта суянчиғисиз, овунчиғисиз. Фақат ойимлар эмас... мен... менинг ҳам...
Гулноза. Қўйинг, бу гапларни...
Сарвар. Йўқ, рост, мени қўрқитманг. Юрагимни санчитманг...
Гулноза. Юрагингиз санчиса... Эримга — Дарвешали акамларга кўрининг. Биласиз, у киши катта жарроҳ...
Сарвар. Биламан. Эрингиз улуғ жарроҳ. Аммо менинг юрагимни ҳеч бир жарроҳ даволай олмайди. Юрагимни биттаю битта дўхтир даволай олади, у ҳам бўлса...
Гулноза. Илтимос: бу ёғига ўтманг. Шу гапда тўхтанг...
Сарвар. Нега? Дилимдаги розимни айтиб қолай...
Гулноза. Қўйинг, биламан, ҳаммасини биламан. Фақат сиз ҳам шуни билиб қўйингки, сиз ўйлаган режа ҳеч қачон, ҳеч қачон рўёбга чиқмайди.
(Сарварнинг ёнидан ўтиб, дарвоза томон йўналди. Сарвар бир-бир босиб, шийпонга чиқади ва юрагини силаганича ўриндиққа суянади. Уйдан Меҳринисо ая чиқади.)
А я. Биров келдими, болам. Қулоғимга шовқин-сурон, бақир-чақир киргандай бўлди. (Ёнига ўтиради.) Нега юрагингни чангаллайсан. Оғрияптими?
Сарвар. Ойижон... Ойижонгинам. Айтинг-чи, мени нега туғдингиз?
А я. Бу нима деганинг, болажоним. Сени менга худо берган эканки, туғдим-да...
Сарвар. Худо берган бўлсаям... туғмасангиз бўларкан, ойижон.
(Онасининг тиззасига бошини кўяди.)

Парда
Иккинчи кўриниш
Чоғроққина ҳовли. Ҳовлининг тўрида бир туп ўрик. Ўрик шохига арғимчоқ осилган. Садарайҳон ва атиргуллар экилган гулзор ўртасида дўнгалак стол, стол атрофида тўртта кресло. Столда дори-дармон ва жарроҳлик ускуналари солинган қутича, қутича ёнида телефон, бир-икки шиша «Тошкент» суви. Парда очилганда стол атрофида асабий айланиб юрган Дарвешалини кўрамиз. Унинг сочлари дарвешона тўзғиган, эгнидаги оқ халатни бир ечади, бир кияди. Телефон жиринглайди.
Дарвешали. (Гўшакни олиб.) Лаббай. Ҳа, мен (кулоқ солади, дағаллик билан.) Намунча ваҳима қиласанлар. Юрагида эмас у одамнинг дарди. Ҳамма кўрсатмаларни бериб кетдим-ку кеча. Ўзинг операция қилсанг ҳам бўлаверарди. Ё соқолинг кўксингга тушгандаям ассистент бўлиб юраверасанми? Нима дединг? Чап оёғингиз билан турганмисиз? Йўқ, ўнг оёғим билан турганман... Хотинимни йўқотиб қўйдим. Нега куласан? Хотинингни йўқотсанг, сен мендан ҳам баттар бўлардинг... Нима, нима? Кўча тўла хотин. Бошқасига уйланардим? Сен уйланавер, ўша, кўча тўла хотинларга. Нима дединг. Ҳазиллашдим? Келиб-келиб домланг билан ҳазиллашасанми, аблаҳ. Бунақа ҳазил учун юмшоқ жойингга тепиб ҳайдаб юбораман кафедрамдан. Йўқ, хотиним топилмагунча ишга бормайман. Айтиб қўй бош врачга. (Эшикдан кирган Гулнозани кўриб.) Э, мана топилди. Ярим соатларда бориб қоламан. (Гўшакни «шақ» этиб кўяди.)
Гулноза. Кечирасиз, Дарвешали ака. Сизга айтмай кетувдим. Озгина ҳаяллаб қолдим.
Дарвешали. Озгина эмиш. Бир соат бўлди: икки кўзим эшикда. (Дағдаға билан.) Мен сенга неча марта айтдим. Оёғингга йиқилгудай бўлиб ялиниб-ёлвордим. Худонинг қаҳрига йўлиққан бу хонадонга қадам босма, дедим. Сабаб бунақа... гапимга беписанд бўп қолдинг, Гулноз?
Гулноза. Ахир мен ҳам врачман. Одамларнинг оғирини енгил қиладиган инсонманми? Бемеҳр бир махлуқ эмасман-ку ахир.
Дарвешали. Мен-чи. Мен ҳам одамларга ўхшаб, хотинимнинг қўлидан бир пиёла чой ичиб кетишга ҳаққим борми ё... яхшиси, оғзимни тикиб қўя қол, тинч бўласан.
Гулноза. Чойингизни дамлаб, яхши кўрган ширгуручингизгача пишириб, столга қўйиб кетган эдим-ку...
Дарвешали. (кесатиб.) Гўё билмайман. Сенсиз томоғимдан чой тугул, бол ҳам ўтмаслигини билмайсан гўё.
Гулноза. Биламан. Нима қилай? Улар қўшни-ку ахир. Холамларнинг аҳволи оғир. Қон босими жуда баланд. Илиниб турибди. Ўғиллари Сарвар акамлар ҳам миллионер бўлсалар ҳам, шўрпешона: бахтсиз бир одам...
Дарвешали. Ҳа, балли. Ҳамма бало мана шундан бошланади. Аввал шўрпешона деб, пешоналарини силагиларинг келади, кейин бошларини кўкракларингга босиб, юпатгиларинг...
Гулноза. Сизга нима бўлди, Дарвешали ака? Ё ёмон туш кўрдингизми бугун?
Дарвешали. (кулоқ солмай). У хароми бойвачча бўлса... ўз хотини туриб, бировларнинг хотинига тузоқ қўяди, дон сепади. Унинг сохта кўз ёшидан кўнгилларинг бузилиб...
Гулноза. Дарвешали ака (кўлини олади.) Хаёл-параст Дарвешакам менинг.
Дарвешали. (Қўлини силтаб ташлайди.) Бахтсиз эмиш. Ё уни бахтсиз қилган менми? Ким унга эл қатори яшаш ўрнига, ҳаммадан зўр бўламан, ҳамманинг кўзини ўйнатаман, деб уч қаватли кошона қур деган ким? Гулдай хотини туриб, бошқаларнинг ёш хотинларига кўз олайтир деган ким? Менми?
Гулноза. (Тоқати тоқ бўлиб.) Қўйинг-э. Рашк деган ҳам эви билан-да...
Дарвешали. Рашк — муҳаббатнинг азалий йўлдоши, деган улуғ бир шоир. Рашк қилишга ҳаққим бор. Загс қоғозимни йўқотганим ҳақ. (Кўкрагига уриб). Бўйнимга тумор қилиб осиб қўйибман уни. Турибди. Агар бу кошонадан оёғингни узмасанг, темир қафас ясатиб, сени унга тиқиб, калитини чўнтагимга солиб юраман. Ўтирасан, қафасда оч беданадай кўзларинг мўлтираб.
Гулноза. (Кулади.) Майли, ўтиравераман. Дон сепиб, сув бериб турсангиз бўлди...
Дарвешали. Мушукка ўйин, сичқонга ўлим.
Гулноза. (қаттиқроқ кулади). Сиз сичқон, мен мушук бўлдимми энди. Қўйинг энди, Дарвешали ака. Отеллолар замони ўтган. Ўтмаган бўлсаям мен тўйимизда ҳадя қилган рўмолчангизни йўқотмаганман. Ҳануз кўкрагимда асраб юрибман. (Кўкрагидан рўмолча чиқариб, кулганича эрининг юзи олдида силкитади.)
(Дарвешали рўмолчани юлиб олмоқчи бўлади).
Дарвешали. Бер буёққа. Сандиққа солиб қўяман. Йўқотиб қўйсанг ёки анови лўттибоз миллионернинг тузоғига илиниб, мени тарк этсанг...
Гулноза. (Ёлвориб.) Домлажон. Бас қилинг бу эски пластинкангизни. Ўзгартиринг кассетангизни. Бошқасини қўйинг.
Дарвешали. Йўқ, эшитасан мана шу эски кассетамни. Охиригача эшитасан. Агар мабодо пул ҳовлиқтириб юборган бу миллионернинг хушомадларига, сандиқ-сандиқ долларларига учиб, уни дейдиган бўлсанг борми?
Гулноза. (Эркаланиб.) Нима қиласиз? Айтаверинг, нима қиласиз?
Дарвешали. Ҳа, билиб қўй: Мен Жунун... худди Лайлисидан айрилган Мажнундек тарки дунё қиламан, бошимни олиб, тоғларга чиқиб кетаман. Ғорларни макон қиламан. Гуноҳга ботиб қолган бу диё-натсиз инсонлар билан эмас, шерлар ва қоплонлар билан ошно бўламан.
Гулноза. (Чапак чалиб.) Ҳазрати Навоий бўп кетинг-э?
Дарвешали. Кул, кулавер мен Дарвешдан. Биламан. Эндиликда сенлар учун сариқ чақага айланди муҳаббат рози. Телевизор экранлари севги туғёнларини эмас, ҳар қадамда бир-бирига хиёнат қилган, маъшуқлар, бир-бирини пичоқлаган қотилларга тўлиб кетди. Экранларда шуларни кўргиларинг келади, шуларни эшитгиларинг келади сен ёшлар. Ҳануз севги розларига инониб юрган хаёлпараст биз дарвешлар эса, масхарабозларга айландик сенлар учун.
Гулноза. Худо ҳаққи, куляпганим йўқ. Жон қулоғим билан эшитяпман гапларингизни. Ота-онангиз бекорга Дарвешали деб ном қўймаган экан сизга. Рашкингиз келганда чиндан ҳам шоир бўп кетасиз. Шоирларни дарвешларга яқин дейдилар. Дарвешларга эса Оллонинг назари тушган эмиш. Нима қилай. Мен ҳам сизга шу дарвешлигингиз учун меҳр қўйганман, десам инонмасангиз нима қилай? Жарроҳсиз. Гапларимга ишонмасангиз юрагимни ёриб кўринг ахир.
Дарвешали. (Бетоқат қўл силкитиб.) Билиб қўй. Исмим Дарвешали бўлса ҳам, девона эмас эдим мен. Мени Дарвеш қилган сен. Ёдингдан чиқмасин: Мен сени... худди денгиздан жавоҳир қидирган ғаввослардек, неча йил қидириб, сочларимга қиров қўнганда аранг топиб олган эдим.
Гулноза. (Кулгидан тўхтаб.) Мен-чи?! Мен ҳам сизга бекорга шогирд тушмаганман. Сиз ҳаётдан умидини узган бечора инсонларга қайтадан жон ато қилган пайтларингизда... Ўзингиз билмайсиз, кечалари ўпиб чиқардим бу сеҳргар қўлларингизни. Тўхтанг. Гапимни бўлман. Сиз мени ҳеч нарсани билмайсан дейсиз. Ўзингиз ҳам ҳеч нарсани билмайсиз. Ёшгина қиз, мен тўртинчи курсни тугатиб, биринчи бор донғи кетган кафедрангизга оёқ қўйганимда, сиздай сочига қиров қўйган баджаҳл домлани севиб қоламан деб... (юзини кафти билан яширади)
Дарвешали. Майли. Уёғига ўтмай қўя қол. Биламан, ҳаммасини биламан, азизим. Фақат... манов жойга, бу нотинч оилага қўшни бўп қолганимиздан қўрқаман. Ахир сезиб юрибман. Ўғирлик, қаллоблик билан топган пулларимга дунёни сотиб оламан деган бу миллионерлар...
(Гулноз кафтини унинг оғзига босади.)
Бўлди, бўлди. Бас қилдим бу гапларимни.
Гулноза. Яхши, мен ҳам шу бугундан бошлаб, оёғимни тийганим бўлсин. Фақат... кампирга раҳмим келади. У киши худди менинг марҳум ойимларга ўхшайдилар. Бирам мулойим, бирам меҳрибонки. Биласизми, у киши бугун нима дедилар. Худойим сенларга қўчқордай ўғил берсин, деб дуо қилдилар.
Дарвешали. Сен нима дединг?
Гулноза. Мен қиз бўлсаям майли, дедим.
Дарвешали. Ке, шу гапинг учун арғамчида бир учирай сени.
(Шартта кўтариб, арғамчига чиқаради-да, шиддат билан учира бошлайди)
Гулноза. Тўхтанг, тўхтанг. Ўламан. Қорнимдаги қизчаям тушиб қолади ҳозир.
Дарвешали. (Арғамчини шартта тўхтатиб.) Ростданми? Қизча борлиги ростми қорнингда? Ке, қорнингга қулоқ солиб кўрай. (Тиз чўкади.)
Гулноза. (Эркаланиб.) Э, боринг-э. Уятсиз. (Шу пайт кўча эшик тақиллаб, ҳовлига Дилора киради. Бошига рўмол ўраган, ўзиям аллақандай бўшашган, журъатсиз).
Дарвешали. Сизга нима керак бу уйда?
Дилора. Кечирасиз, Дарвешали ака. Мен... мен Гулнозахонга келдим. Гулнозахон, жон синглим, кечиринг мен бахтиқарони (гандираклаб бориб оёғига йиқилади). Мен Сизни беҳуда-бесабаб ҳақорат қилдим. Худо шоҳид: боя нималар деганимни ўзим ҳам билмайман.
Дарвешали. Бу қанақа қилиқ? Туринг ўрнингиздан. Туринг. (Дарвешали билан Гулноза Дилорани кўтариб тўқима креслога ўтказадилар. Гулноза сув тутади.)
Гулноза. Ичинг. Ўзингизни босинг.
Дилора. Мен ақли-ҳушимдан айрилиб жинни бўп қолдим, сингилгинам. Эримга нималар деган бўлсам дегандирман. Бироқ сиз... сизни бесабаб таҳқирладим, кечиринг мен шўрпешонани. Кечиринг.
Дарвешали. Эрингиз билан уришасизми, юмдалашасизми — билганингизни қилинг. Аммо бизни, менинг хотинимни тинч қўйинг.
Дилора. (Йиғламсираб.) Дервешали ака. Сиз бунақа дийдаси қаттиқ одам эмас эдингиз-ку. Сиз одамларга малҳам берадиган дўхтирсиз-ку ахир. Гулнозахон, Сиз нима индамайсиз? Хоҳласангиз... боя қилган маломатларим учун этагингизга тиз чўкиб оёқларингизни ўпаман. (Яна тиз чўкмоқчи бўлади).
Гулноза. (Уни тўхтатиб.) Йўқ-йўқ, кечирдим, ҳаммасини кечирдим.
Дилора. Сизлардан бошқа дардимни эшитадиган бир мусулмон йўқ бу дунёда. На иймон қолди, на инсоф қолди бу инсонларда. Уни одам қилган ким эди. Мен ёмон уни одам қаторига қўшган. Менинг дўконимга келгунча ким эди у. Тачка ҳайдаб юрган ялангоёқ бир гадо эди. Бор бисотим, дўконим, ёшлигим, ҳусни-жамолим — барини ҳадя қилдим. Охири нима бўлди. (Йиғлайди).
Дарвешали. Шундоқ экан, шукр қилинг бунақа лўттивоздан қутулганингизга.
Дилора. Шукур қилинг? Айтиш осон буни. Севсам, яхши кўрсам уни... нима қилай.
Дарвешали. Севсам. Тилингизга олманг бу муқаддас, покиза сўзни. Ҳаром қиласиз бу сўзни.
Гулноза. (Эрини четга тортиб.) Қўйинг, кўриб турибсиз-ку шўрликнинг аҳволини.
Дилора. Бошда бундай эмас эди у, Дарвешали ака. Инсофли эди, диёнатли эди. Пул йўлдан урди уни. Энди пул сочиб, фарзандларимдан жудо қилмоқчи мени.
Дарвешали. (Қутидан дори олиб.) Ичинг буни. Ҳеч ким сиздан болаларингизни тортиб ололмайди. Қонун сиз томонда. Ўзингизни босинг.
Дилора. Қонун дейсиз. Кимнинг чўнтаги қаппайиб турса ўша томонда қонун... Мен жинни бўп қолдим, ақлимдан озяпман...
Дарвешали. Энди тушундингизми бу ҳақиқатни. Бошингиз деворга бориб текканда ақлингиз кирдими? Кеча қаерда эдингиз?..
Гулноза. (Эрини четга тортиб.) Қўйинг. Ўлганнинг устига чиқиб тепмоқчимисиз? Ўтиринг, опажон (тўқима креслога ўткдзади). Ўзингизни босинг. Ҳамма нарса яхши бўп кетади. Ҳал бўлмайдиган нарса йўқ бу дунёда. Ўзингизни босинг. (Кўча эшик тарақлаб очилиб, рўмоли бир томонга оғиб, сочлари тўзғиган Меҳринисо ая кўринади.)
М е ҳ р и а я. Болам, Дарвешали. Гулноза қизим. Болажоним йиқилиб қолди. Нафаси етмай юрагини чангаллаб ётипти.
Дарвешали. (Қовоғинни ўйиб.) «Тез ёрдам»ни чақириш керак эди, холажон.
А я. Тез ёрдаминг бор бўлсин, ўғлим. Бомдодда чақирсангиз хуфтонда аранг келади, жон болам. Тезроқ бўлақолинг. Нафаси етмай бўғилиб ётипти, болажоним.
Гулноза. Домлажон! (Сал четга тортиб шивирлайди). Чиқмасангиз бўлмайди, домлажон. Ён қўшни — жон қўшнимиз. Маҳалла-кўй эшитса нима дейди?
Дарвешали. Хўп. Чиқаман. Лекин намунча титрайсан? Тўлғанасан? Менинг юрагим тутиб қолгандаям мунчалик рангинг ўчмас эди-ку!
Гулноза. Устоз...
Дарвешали. Бўлди, кетдик. Жарроҳлик қутичамни ол!
Дилора. Вой ўлмасам.
Дарвешали. Хўп, юринг, ая.
Гулноза. (Ҳаяжонда.) Дориларингизни оласизми?
Дарвешали. Ол. Ҳар эҳтимолга қарши жарроҳлик нарсалар солинган чамадонимни ҳам ол. Ҳа, айтмоқчи, клиникага телефон қил. Бугунги операциямни эртага қолдиришсин. Ассистентларим билан ҳамширалар бу ёққа келишсин. Кетдик, холажон.
(Гулноза ичкарига отилади.)
(Меҳринисо ая, оғиб кетган оппоқ рўмолини тузата-тузата Дарвешалининг кетидан пилдирайди.)
А я. Барака топ, жон болам. Худо сенларни бизга қўшни қилганига минг қатла шукур, минг қатла шукур.
Дилора. (Бошини чангаллаб.) Вой худойим. Мен нима қиламан энди. (Ичкаридан оқ халат, оқ қалпоқ кийиб Гулноза чиқади. Қўлида чамадонча, кўча томон отилади. Дилора унинг орқасидан эргашади.) Гулноза. Жон синглим.
Гулноза. Йў-йўқ. Сиз чиқа кўрманг. Сизни кўриб юраги баттар бўлиши мумкин.
(Чиқади.)
Дилора. Мен-чи. Мен бу ерда ундан бурун ўлиб қоламан-ку.
(Орқасидан чопади.)

Парда
Учинчи кўриниш
Таниш ҳовли, таниш кошона. Ҳовли, худди ўлик чиққандек, оғир сукутда. Бир-иккта оқ халат, оқ қалпоқ кийган аёл-эркак, бири кириб, бири чиқиб туради. Ҳовлида аллақандай таҳликали ҳолат ҳукмрон.
Кошона олдида, қўлида уяли телефон тутиб Бўрсиқ ўтирибди. Ўртадаги шийпонга ёзилган кўрпачада қўш ёстиққа суяниб, Меҳринисо ая ўтирипти, унинг ёнидаги креслода боши эгик Дилора. Меҳринисо ая ўрнидан турмоқчи бўлиб, ёстиқдан бошини кўтаради.
Дилора. Қимирламанг, ойижон, қимирламанг. Дўхтир айтганлар, ўрнидан турмасин, деганлар. Нима керак? Сув берайми, ойижон?
А я (шикаста товушда). Сувинг ҳам бор бўлсин. Ичкаридан хабар йўқми?
Дилора. Бўп қолар, ойижон. Худо хоҳласа яхши хабар бўп қолар. Сабр қилинг, ойижон.
А я. Ўзинг кечиргайсан, э парвардигор. Қандай сабр қилай? У ёқда болажонимнинг кўкрагини ёришаётган бўлса, бу ёқда. Ҳой, қизгинам-эй, қизгинам-ей. Нималар қилиб қўйдинг, қизгинам-эй. Еганинг олдингда, емаганинг орқангда эди. Эгнингда, амриқолик кийимлар, тагингда амриқолик машиналар. Тағин нима етмасди сенга, қизгинам?
Дилора (туйқисдан аввалги ҳолатига келиб). Нега ёнган юрагимни баттар ёндирасиз, ойижон? Нега ҳамма айбни менга тўнкайсиз-у, ўғлингиз бошимга солган савдоларни кўрмайсиз? Мендан қутулиш мақсадида арзандангиз нималар қилмади? Маст-алас жўраларининг даврасига ташлаб, ўзи гумдон бўлди-ю, эртасига туҳмат, барча маломатларни мен шўрликни бошига ёғдирди.
А я. Майли, болам, майли. Уёғига ўтмай қўя қол. Усиз ҳам не ҳолда ётибман... (ёстиққа суянади).
Дилора. Кечиринг, ойижон. Аччиқ устида нима деганимни ҳам билмай қолдим. Ҳамма айб мен юзи қарода. Кечиринг, ношукур қизингизни...
А я. Мен кечирдим нима-ю, кечирмадим нима, яратган эгам кечиргай барчамизни.
Дилора (йиғламсираб). Мен ҳам Оллоҳдан шуни тилайман. Илоё, ўғлингиз шифо топсин. Айттанингизни қиламан. Келин эмас, чўрингиз бўламан, ойижон.
А я. Сени чўри қилиб нима қилай, болам? Сен икковинг муросага келиб, ярашиб кетсаларинг, мен ҳам қариганимда тинчгина ўлардим, қизгинам.
(Дарвоза қўнғироғи жиринглайди. Ҳовлига қўлларида қутича, икки одам киради. Соқчидан: Бемор қ/аёқда, деб сўрашади. Соқчи қўли билан кошонани кўрсатади. Бўрсиқ апил-тапил ўрнидан туради.)
Бўрсиқ. Бу ёққа, бу ёққа марҳамат қилсинлар. Қадамларига ҳасанот.
Келганлардан бири. Операция бошландими?
Бўрсиқ. Бошланди, бошланди. Марҳамат, ўзим йўл кўрсатаман (ичкарига кириб кетадилар).
А я (бесаранжом). Тағин бирбвлар келишдими? Кимлар экан булар?
Дилора. Ким бўларди. Дўхтирлар-да. Тошкентда қайсики катта дўхтир бўлса ҳаммаси шўтта. Ўликни тирилтирадиган профессорлар булар.
А я. Туфе де. Бандасининг жони Оллоҳнинг қўлида.
Дилора (беписанд). Ўғлингиз ҳам осонликча жон таслим қиладиганлардан эмас. Йигитмисан йигит, ўғлингиз. Биз қандай топишганимизни билмайсиз, ойижон (яшнаб, тобора яйраб). Иккимиз ҳам ёш эдик. Мен ёш бўлсам ҳам олов эдим, шайтон эдим.
А я. Шайтон ҳалиям.
Дилора (кинояни сезмай крлади). От бозорида дўконим бўларди. Ҳамма дўкондорлар ошиқу беқарор эдилар менга. Ўғлингиз бўлса қўлимда юк таширди. Кичкина тачкаси бўларди. Тачка ҳайдаса ҳам ўзи хўп келишган йигитча эди-ю... Лекин, мени кечирасиз, ойижон, оғзидаги ошини эплаб ичолмайдиган лапашанг эди (кулади). Бир кун, ёввошдан йўғон деганларидек, ландовур ўғлингиз денг...Николай пошшонинг битта олтин тангасини қўйнидан чиқариб кўрсатса бўладими! Қаёқдан олдинг, десам, дадам бердилар, бобом раҳматлик набирамга деб атаган эканлар, деди.
А я. Ҳа, дадаси раҳматлик, ўлим тўшагида ёстиғининг тагидан олиб берган эди. Бир танга эмас, ўн танга эди...
Дилора. Рост, рост. Эртасига қолган тўққизтасиниям опкеп берди. Мен уларни айлантириб-айлантириб бир ой ичида бир чемодан пул қилдим.
А я. Ҳа, эсимда. Болажоним ўшанда бир ой йўқ бўп кетганди. Мен бўлсам эрим раҳматликка, ёш боланинг қўлига олтин тутқазиб, болажонимнинг бошига етдингиз деб, шўрликни адойи тамом қилгандим.
Дилора (ширин эсдаликлардан энтикиб). О, ойижон, ойижон. Сиз нимани ҳам биласиз... Қанақа тотли, қанақа гўзал бошланганди бизнинг турмушимиз. Энди эсласам... Бу дунёга келиб кўрган энг ширин, энг бахтиёр дамларим экан ўша дамлар. Ўғлингиз бамисоли гижинглаб, депсинган тойчоқ эди у маҳалда. Кечаси билан уйқу бермасди. Дод, ўламан десам ҳам, қўйиб юбормасди қўйнидан (завқланиб кулади). Бирам ёмон эди, бирам ёмон эдики ўғлингиз.
А я (ёлвориб). Ҳой, сенга нима бўлди, келинпошша. Бировга тўй, бировга аза, деган экан бир нотавон. Болам шўрликнинг ҳоли нима бўляпти, нима қўяяпти деб, аросатда қовурилиб ётибман-ку, сен бўлсанг...
Дилора. Кечиринг, аяжон, яхши кунлар эсимга тушиб, хаёлим чалғиди. Нима бўлгандаям, ўшанда бировларнинг юкини ташиб, тачка судраб юрган болангизни одам қилган мана шу ёмон Дилора эди. Ўн тиллани бир чамадон пул қилиб, уни бой қилган ҳам, миллионер қилган ҳам мана шу ёмон келинингиз эди, ойижон.
А я (тоқати тоқ). Юрагимни тарс ёраман демасанг, қўй деяпман бу гапларингни. Оч қорним, тинч қулоғим. Бу бойлик, бу кошоналарингдан эрим раҳматликнинг ёмон чайласиям яхши эди бизга.
(Ичкаридан Гулноза чиқади ва шоша-пиша дарвоза томон йўналди.)
(Талпиниб.) Ҳой, Гулноза қизим. Қаёққа шошаяпсан? Нега индамайсан?
Гулноза. Бир дори керак бўп қолди, шунга кетяпман. Ҳозир келаман, холажон, ҳозир.
А я. Қизгинам-ов. Мени ўлиб қолмасин десанг, бир нима деб кетсанг-чи, болам. Юрагим чидамайди-ку, юрагим...
Гулноза. Ҳаммаси яхши бўлади, холажон, ҳаммаси...
(Чопқиллаб чиқиб кетади.)
А я (орқасидан дуо қилади). Илоё умринг узоқ бўлсин. Қўшганинг билан қўшақаригин. Бирам ширинсухан жувонки. Оғзидан бол томади. Ибрат олсанг бўларди ундан.
Дилора (ғаши келиб). Майли, ойижон, майли. Бировнинг номи ёмонга чиқса, ҳамиша ёмон бўларкан, бировнинг номи яхшига чиқса, ҳамиша яхши бўларкан. Шу ширинсухан тили билан барчангизни авраб олган бу қилтириқ нозанин.
А я. Билиб-билмай бировга туҳмат қилма, гуноҳга ботасан, болам.
Дилора. Сиз нимани биласиз, ойижон. Сиз баҳона дийдор ғанимат. Сизга укол баҳона, ҳар куни ўзи ўғлингизга укол қилдиртириб кетади, бу жонон.
А я. Ҳой, нималар деяпсан, келинпошша. Ўғлим дўхтирмидики укол қилса.
Дилора. (Аяни қучади.) Бирам соддасиз, бирам содадсизки, ойижон, келинг, шу соддалигингиз учун бир ўпиб қўяй.
А я. Йў-йў-ў, розиман. Оғзингдан қўланса ҳид келяпти, нима бало, саҳармардондан бир балони ичиб олганмисан?
Дилора. Ичмай нима қилай? Неча кун бўлди, ўзимни қўярга жой тополмайман. Ёруғ дунё кўзимга тор бўлди, ойижон. Тор бўлди.
(Кошонадан Бўрсиқ чиқади ва Дилорани имлаб чақиради.)
Мен ҳозир, ойижон. Аҳ, Бўрсиқвой, нима гап? Тинчликми?
(Бўрсиқ, Ая эшитмасин деган маънода бармоғини лабига босади.)
Бўрсиқ (шивирлаб). Бир процент.
Дилора. Тушунмадим.
Бўрсиқ. Нимасини тушунмайсиз? Операция қилаяпганлар айтишаяпти, умид бир процент, дейишяпти.
Дилора. Э, худойим. Тағин не кулфатларни солмоқчисан бошимизга?
Бўрсиқ. Сизга қилган шунча зуғумларидан кейин намунча изтироб чекасиз? Кампирни даф қилинг. Уйига кириб ётсин. Сизга айтадиган муҳим гапим бор.
Дилора. (шивирлаб). Кампирнинг икки қулоғи ичкарида. Кирмайдилар уйларига.
Бўрсиқ. Алдаб-сулдаб опкириб, ётқизинг. Дарвеш дўхтир айтди денг. Сизниям кўришар экан, укол қилишар экан, денг. (Дилора жойига қайтади.)
Дилора. Ойижон. Ўрнингиздан туринг. Уйингизга кириб ётар экансиз.
А я. Фикри-зикрим боламда бўлса-ю, уйда пишириб қўйибдими менга. Шайтонга сабоқ берадиган анов туллак тағин нима балони топиб келди?
Дилора. Йўқ-йўқ. Ёмон гапи йўқ унинг. Сиз яхши кўрадиган Дарвеш дўхтир айтибди: аяжонимни ҳам кўриб қўяман, уйларига кириб ётсинлар деяпти. Турақолинг, ойижон (қўлтиқлаб ўрнидан турғизади). Юрақолинг.
А я. Мендан бир нимани яшираяпсанлар-ов. Э, худойим. Ўзинг нажот бер. Ёлғиз сендан кутаман мададни. Ёлғиз ўзингдан, яратган эгам!
(Ичкарига кириб кетадилар. Телефон жиринглайди.)
Бўрсиқ. (Ёнидан уяли телефонни олиб.) Эшитаман. Ҳа, ҳа, мен ўзим. Э, э, э, парво қилманг. Ҳеч қанақа киноям бўлган эмас. Видео ҳам. Қўқонпўписа ҳаммаси. Аммо-лекин қўрқиб кетганга ўхшайсиз. Оғайнинг иштонига ҳалигидақа қип қўйди, деб мақтанди-ку бу ҳовлиқма. Лаббай? Дарров эшитибсиз-да. Нима бўларди — юраги дарз кетган. Умид юздан бир процент эмиш. Хориж? Э, хориж у ёқда турсин, ҳатто қўзғатиш ҳам хатарли деб, шўтнинг ўзида олишяпти дўхтирлар. Сабаб? Сабаби — асаб. Хотинини ҳайдаб юбориптики, ҳаловат йўқ уйида (у ёқ-бу ёққа қараб қўяди).
Э, э, жон ака. Сиздай акажонимдан жонимни ҳам аямайман. Тил топишсак, ярим нархига ҳам бервора-ман айтган одамингизга. Лаббай? Бўпти-бўпти. Сиздай акажоним таклиф қилади-ю, укангиз йўқ дермиди? Қаерда? Хитой ресторанида? Соат ўн иккида. Кечаси-я? Анов хипча бел китаянкалар елпиғичлари билан елпиб турадиларми? Э, зўрсиз, акажон, зўрсиз-да. Бўлди, акажон, бўлди. Мабода юролмай қолсам, эмаклаб бораман, акажон.
(Кулади. Телефонни ўчириб, қўлларини ишқалайди).
Ҳа, худо бор бу дунёда! Мазах қилиб, устимдан кулгани-кулган эди. Ўз исмим туриб Бўрсиқ деб калака қиларди. Ҳали кўрамиз ким калака бўлади.
(Қўнғироқ чалиниб, Гулноза кириб келади.)
Э, э, Гулнозахон. Қидирган дорилари топилдими, акоси?
Гулноза. Топилди, топилди.
Бўрсиқ. Бир дақиқа, акоси. Операциядан кейин опкетасизларми Сарваржонни?
Гулноза. Йўғ-э. Аввал ўзига келсин. Кейин маълум бўлади опкетамизми, йўқми. Э, холамлар қанилар?
Бўрсиқ. Холангизниям аҳволи оғирлашди. Уйга опкириб кетишди.
Гулноза. Ҳозир ўзим қарайман, ҳозир.
Кетади.
Бўрсиқ. Э, бу нозанинлар, нозанинлар. Оғзидан бол томади-я, Сарвар акамлар деганда. Нимасига бунақа беш кетишади худо ҳусн бериб, ақл бермаган бу санамлар.
(Ичкаридан Дилора чиқади.)
Дилора. Бояги шумхабарни қаёқдан топдинг? Умид бир процент деб ким айтди сенга?
Бўрсиқ. Сиз хотинларга ҳеч тушуниб бўлмайди. Уч талоқ қилган одамга жонингиз ачияптими?
Дилора. Нега жоним ачимас экан. Яхши бўлсин, ёмон бўлсин, кўз очиб кўрган жуфти ҳалолим. Икки фарзандимнинг отаси.
Бўрсиқ. Кечирасиз. Бунақа бўлса тилим лол. Қайтиб олдим сўзимни.
Дилора. Худосини айтган — бердисини ҳам айтади, шайтонни авраган туллак. Тилёғмалик қилавермай гапир гапирадиган гапинг бўлса.
Бўрсиқ. Гапирсам... Судда ажримга кўнмай кўп яхши иш қилган экансиз...
Дилора. Шунақами? Кеча эмасми мен шўрликни икки фарзандимдан жудо қиламан деб, хуржунингни долларга тўлдириб, анов муттаҳам юристга югуриб юрганинг?
Бўрсиқ. Бир қошиқ қонимдан кечгайсиз, Дилорахон. Ожиз банда — худо ожиз банда, деб бекор айтмаганлар бизларни.
Дилора. Мақсадга ўт. Шумтака.
Бўрсиқ. Мақсадга ўтсам... (овозини пасайтириб) башарти анов телба дўхтир хўжайиннинг жонини асраб қолса ҳам... бундан буён кўргани мана шу ҳовли, мингани коляска бўп қолади эрингизнинг (у ёқ-бу ёққа қараб олади), ҳокими мутлоқ ўзингиз бўласиз бу даргоҳда. Бу кошона ҳам, банклардаги счётлар ҳам, супермаркетлардаги моллар ҳамма-ҳаммаси сизники бўлади. Илгаригидек жиловни қўлга олинг, Дилорахон. Агар бирга бўлсак, ўйнатиб юборамиз бизнес деганни.
Дилора. Шунақа денг: Ўйнатиб юборасиз де...
Бўрсиқ. Ахир қанақа дўконларингиз бор эди. Бутун шаҳар сизга келарди. Ҳусни жамолингизини тамоша қилгани келарди кўплар. Биз садоқати зоҳир қулингиз ҳам қараб тўймас эдик шаҳло кўзларингизга. Битта шу найнов гўрсўхтани деб ҳаммасидан воз кечдингиз.
Дилора (масхараомуз). Шунақами ҳали. Бўрсиқвой ҳам ошиқу беқарор бўлган эканларда опоқисига. Эримдан чиқиб сенга тегсаммикан, Бўрсиққинам. Кечалари қорнигинангни силаб, кал бошингни кўксимга босиб, пешонангдан ўпиб ётсаммикан, Бўрсиқжон?
Бўрсиқ (бирдан портлаб). Бўрсиқ эмас, менинг исмим! Сўйлоқ эрингиз ёпиштирган менга. Бўри, Бўривой менинг исмим.
Дилора. Ҳой, овозингни ўчир. Деворнинг ҳам қулоғи бор.
Бўрсиқ. Нега бўлмаса калака қиласиз мени. Худо мен шўрликни пакана қилиб яратган бўлса, гуноҳим нима, мен бечоранинг. Гап бўйда эмас-ку ахир. Худо бўй бериб, ақл бермаган бу дароздаги нарса менда ҳам бор. Уникидан кам эмас.
Дилора. Нима деб валдираяпсан? Ундаги мол-дунё менда ҳам бор демоқчимисан?
Бўрсиқ. Мол-дунё эмиш. Бўйга қарамайди у сабил!
Дилора. Нима деб валдираяпсан, сурбет? Индамасам, сабилингни кўрсатишдан ҳам тоймайсан, шекилли? Яхши кўрсанг пишириб е сабилингни. (Ерда ётган чивиқни олиб уради.)
Бўрсиқ. Уринг! Ураверинг! Сизнинг қўлингизда чивиқ ҳам ипакдай тегади-я! Майли, нима қиламан десангиз қилаверинг. Аммо бир нарсани билиб қўйинг. Мен сизни шундай, шундай севардимки, тўй қилган кечаларинг ҳовлидаги ёнғоққа ўзимни осиб қўйишимга сал қолган.
Дилора (юмшаб). Тўйдан кейин ноғора чалмай ўл. Бунақа ошиқу беқарор экансан, ўша маҳал айтмайсанми бу дардингни. Ана ойижон кўринди. Арт бурнингни.
(Ўз уйидан ая чиқади.)
А я. Ҳой, ким бор ҳовлида? Э, худойим. Бир нарсани яширишаяпти булар мендан. Ҳой, Дилора. Дарвозада нимани шивирлашиб турибсан анов шайтонни йўлдан урган туллак билан.
Дилора (аяга қараб талпинади). Йў-йўқ, аяжон. Ҳеч бир ёмон гап йўқ. Келинг, жойингизга ётинг. Ҳозир Гулноз тушиб укол қилади сизга, ойижон. Келинг, ётинг. Юриш мумкин эмас сизга.
А я. Қўй-қўй. Балоям урмайди мени. Нафасим бўғилиб, юрагим сиқилиб кетди уйда.
(Қасрдан кардиограмма ускуналаршш кўтарган бир-икки врач ва ҳамширалар чиқишади ва дарвоза томон йўналишади.)
А я. Ҳой, болаларим, қизларим. Болажоним нима бўлди? Нега оғизларингда талқон, мендан қочяпсанлар?
Ҳ а м ш и р а. Сизга ҳамма гапни бош жарроҳ айтадилар. Болажонингизи аҳволини ундан сўрайсиз, холажон (чиқадилар).
А я. Ҳой, шумтака. Сен нега мум тишлаб турибсан? Э, худойим, нега булар мендан болажонимнинг ҳолини сир тутишади?
(Ўзини креслога ташлайди.)
Дилора. Ойижон. Сизга нима бўлди, аяжон? Ётинг, Дарҳол ётинг.
А я. Э, парвардигор, қариган чоғимда фарзанд доғини кўрсатмагайсан. Агар банданг керак бўлса мен қоқбошни ол. Етмиш йил умр кўриб, гуноҳларга ботган мен алвастини ол, эй яратган эгам (йиғлайди). Ҳали ўн гулидан бир гули очилмаган болажонимга тегмагил, мени ол, мен қоқбошни ол, эй парвардигори олам.
(Қасрдан Дарвешали билан Гулноза чиқадилар.)
Дилора. Ана, Дарвешали акам чиқдилар. Ўзлари айтадилар.
А я. Дарвешали, ўғилгинам. Бир нима де, мен шўрликка. Сени кутавериб, адойи-тамом бўлдим, болагинам.
(Ая улар томон талпинади-ю, қоқилиб кетади. Дилора билан Гулноза аяни ушлаб қоладилар.)
Гулноза. Ётинг, холажон, ётинг.
А я. Мени қўявер, қизим. Мен қоқбош ўлмайман. Дервешали, жон болам, сен нега индамайсан?
Дарвешали. Ўғлингиздан ташвиш тортманг. Операциядан кейин керакли дори бериб ухлатиб қўйдик. Ҳаммаси яхши бўлади, холажон, ҳаммаси.
А я. Ростданми? Тилгинангга шакар. Ке, пешонангни бир ўпиб қўяй.
(Талпиниб ўрнидан турди-ю, аста йиқила бошлайди. Дарвешали ушлаб қолиб, кўрпачага ётқизади.)
Дилора. Вой, ойижон. Сизга нима бўлди, ойижон?
Гулноза. Укол қилайми, Дарвешали ака?
(Дарвешали аянинг ёнига чўккалаб кўкрагига қулоқ солади, сўнг аста туриб, бошидан қалпоғини олади.)
Дарвешали. Юрак ғам-ҳасратдан дарз кетганини кўп кўрган эдим, қувончдан дарз кетганини биринчи кўришим. Бебаҳо аёл эди, худо раҳмат қилғай.
Дилора (фарёд чекиб). Вой, ойижон. Мен бахтиқарони кимларга ташлаб кетдингиз?
Гулноза . Холажон. Холажоним менинг.
Дарвешали. Бас. Ўчиринглар овозларингни. Бўрсиқвой.
Бўрсиқ. Лаббай, Дарвешали ака.
Дарвешали. Бу уйда ҳеч қандай йиғи-сиғи бўлмасин. Агар фарёд беморнинг қулоғига чалинса эртага бу даргоҳдан бир эмас, икки тобут чиқади. Совуқхонангиз борми?
Бўрсиқ. Бор, дўхтир ака.
Дарвешали. Аяжонни ўша хонага қўйиб икки кун муз билан асрайсиз. Индин беморни клиникага олиб кетамиз. Кейин таъзия эълон қиласиз. Тушундингизми?
Бўрсиқ. Тушундим. Ҳаммасига тушундим, Дарвешали ака.
Дарвешали. (бирдан кўнгли бўшаб). Аяжон, ожизлик қилдим. Гуноҳкорман. Авф этинг мени. Ўғлингизни асраб қолдиму, сиздай аяжонимни асраб қололмадим, кечиринг мени, аяжон!

Парда
Тўртинчи кўриниш
Таниш ҳовли. Ҳозиргина ҳовлида аянинг қирқи ўтган. Одамлар деярли тарқаб бўлишган. Хизматкорлар ва соқчилар столлардаги лаган-товоқларни йиғиштириб юришибди. Шийпонда домла-имом. Дарвешали ва яна бир-икки мўйсафид, четроқда эса Дилора билан Гулноза ўтиришипти. Кошонадан Бўрсиқ чиқади ва шийпонга келиб тавозе билан салом бериб ўтиради.
Имом. Мана диёнатли покиза инсон аямизнинг қирқи ҳам ўтди. Яратган эгам бугун аямизга атаб ўтказилган маросимларингизни, жамоага берган хайри-эҳсонларингизни ўз даргоҳида қабул қилгай. Марҳума кўп яхши аёл эдилар. Илоё, Оллои Таоло у кишига ўз жаннатидан жой ато қилгай. (Ҳамма фотиҳага қўл очадилар.) Илоҳи омин.
Дарвешали. Тўғри айтдингиз, тақсир. Фаришта аёл эдилар. Неча марта ўз кўзим билан кўрганман, соқчилар садақа тилаб келган етим-есирларни уриб-тепиб ҳайдаганларида уларни уришиб-сўкиб, катта-катта ҳайри-эҳсон қилардилар. Ҳақиқатан жаннати аёл эдилар.
Бўрсиқ. Илоё омин.
Дилора. Ойижоним. Ойижонгинам. Кимларга ташлаб кетдингиз бизни.
Гулноза (уни кучиб). Қўйинг, ўзингизни босинг, опажон...
Имом. Сабр қилинг, қизим. Иншооло Массобирин инчунин: Олло сабр қилгувчилар билан биргадир деганлар. Сабр қилинг, болам. Энди бизга рухсат берсалар...
Бўрсиқ. Ҳозир, тақсир, ҳозир. Хўжайин сизга ўз иззати-икромларини шахсан изҳор қилмоқчилар... Мана, ўзлариям...
Кошона зинасида эгнида беқасам тўн, белида белбоғ, бошида дўппи, Сарвар чиқади. Жуда озган, юзлари сўлиққан. У шийпонга келиб ўтиради.
Сарвар. Сизга катта раҳмат, тақсир.
Имом. Сизга ҳам раҳмат, ука. Онаизорининг руҳини шод этган фарзанд, у дунё-бу дунё Оллоҳнинг иноятига сазовор бўлгусидир. Энди бизга рухсат, укажон.
Сарвар. Бир дақиқа сабр қилгайсиз, ҳазратим. Гуноҳкор банда, ўлим тўшагида ётганимда бир ният қилган эдим. Шу ниятимга оқ фотиҳа берсангиз...
Имом. Жоним билан, иним.
Дарвешали. Бўлмаса бизга рухсат, Сарварбек.
Сарвар. Йўқ, сизга ҳам рухсат йўқ, дўхтир. Қилган ниятимнинг сизга ҳам дахли бор... Гап шундаки, азази тақсир, Онаизорим, волидаи меҳрибоним мен сабаб оламдан ўтдилар, мен, такаббур банда эсам тирик қолдим.
Имом. Бундай деманг, иним. Бу бебақо дунёда неки иш содир бўлса, бари Оллоҳнинг иродасидандир, ука.
Сарвар. Хуллас калом, бу кўргуликлардан кейин камина бу ўткинчи дунёнинг барча лаззатларидан воз кечиб, Ҳажга кетишни ният қилдим.
Имом. Баракалло, ука, баракалло. Кўп яхши ишга бел боғлабсиз. Ҳаж — мусулмончиликнинг бешта фарзидан биридир. Алҳамдилулло. Сиз ҳам мусулмонсиз. Ниятингизга етинг.
Сарвар. Ташаккур, ҳазратим. Токи, муқаддас маконларимиз Маккаи Мукаррама ва Мадинаи Мунавварани зиёрат этсам, даргоҳи илоҳий ва жаноб пайғамбаримиз қабрини зиёрат қилсам... барча гуноҳларимни ёдимга олиб, тавба-тазарру этсам, дейман, тақсир...
Имом. Илоҳи овмин.
Сарвар. Сиз ҳазратимдан илтимос: бандаи ожизнинг бул ниятини маҳалла аҳли ва масчитимиз қавмига еткурсангиз...
Имом. Бажонудил, бажонудил...
Сарвар. Яна маҳалла аҳлига етказсангизки осий банда шу маҳаллада истиқомат қилиб, кимларгаки озор берган бўлсам, уларнинг ҳар биридан кечирим сўрайман. Мабодо, ҳажда бирор кору ҳол юз бериб, қайта кўришмоқ насиб этмаса...
Дилора . Қўйинг бунақа гапларингизни (йиғлаб). Яхши ният қилинг ундан кўра, яхши ният қилинг.
Сарвар. Яна бир ниятим — Ҳаж сафарига отланишдан аввал маҳалла масчитига бир миллион сўм хайри эҳсон қилдим...
Имом. Оллои Таоло ўз даргоҳида қабул қилгай бу эҳсонингизни...
Сарвар. Маҳалла кам-кўстлари ва етим-есирлари учун ўн миллион сўм қолдирдим...
Дилора. (секин). Мунча кўп. Беш миллион ҳам етар эди.
Сарвар. (унга кулоқ солмай). Бу пулларнинг ҳаммасини шу бугун, кечи билан эртага манов Бўрсиқвой... менинг ёрдамчим етказиб беради сизларга.
Имом ё н и д а г и м ў й с а ф и д. Биз ҳам шу бугун бу иноятингизни маҳалла аҳлига етказамиз, ука.
Сарвар. Жуда чиройли тиловат қилар экансиз, тақсир. Яна бир тиловат қилиб, бизга оқ йўл тиласангиз.
Имом. (Тиловат қилади.) Алҳамдулиллоҳи Робби аъламин, Раҳмони Раҳим (пичирлаб дуо қилади). Яратган эгам сиз бандаи ожиз зикр қилган изҳори ихлосингизни ўз даргоҳида қабул айлаб покиза ниятларингизга етказгай. Илоҳи омин (юзига фотиҳа тортади).
Сарвар. Бўрсиқвой. Бу кишиларга аталган инъомларни топшириб, машиналарда ўз уйларига элтиб қўйинглар...
(Имом ва унинг шериклари тавозе билан хайр-маъзур қилишиб кетадилар.)
Қани, ким бор? Чой-пой келтиринглар. Дарвеш али. Чой ичдик, раҳмат. Энди бизга рухсат, ука.
(Бўрсиқ қайтиб киради. У нимадандир бесаранжом.)
Сарвар. Яна бир дақиқа сабр қилинг. Илтимос. Дарвешали акамлар билан Гулнозахон, бошқалар, бар-чага рухсат.
Дилора. Нега мени қувлайсиз? Нега ҳайдайсиз? Қайси гуноҳларим учун?
Сарвар. (юмшоқ). Сенинг ҳеч бир гуноҳинг йўқ. Гуноҳинг бўлса ҳам кечирдим, розиман сендан. Мана бу кошона, йиққан бойликларимизнинг ярмидан кўпи сенга ва фарзандларимга қолади.
Дилора. Керак эмас молу-дунёнгиз. Қорнимга эмас, қадримга йиғлайман. Сиз ўлим тўшагида ётганингизда онаизорингизнинг ҳамма маросимларини ўтказган, сизнинг бўсағангизда ётиб чумчукдай чирқиллаб Оллоҳдан жонингизни тилаб олган ким? Мана шу ёмон Дилорангиз эмасми?
Сарвар. Сен, азизим, сен. Ҳаж сафари олдидан айтаман: мен сендан розиман, сен ҳам рози бўл. Гуноҳкор банда, бекор ранжитдим сени.
Дилора. Шу гапларингиз рост бўлса мен бахтиқарони ҳам ўзингиз билан Ҳажга опкетинг. Бирор кориҳол бўлса ёнингизда бўлай...
Сарвар. Йў-йўқ. Сен фарзандларим билан бўл. Эрталаб уларни олиб кел. Ҳаж сафаримдан аввал уларни бир кўрай. Дийдорларига тўйиб, видолашиб қолай...
Дарвешали. Хўп, етар. Бу спектаклларни кўп кўрганмиз. Оилавий жанжалларга тоқатим йўқ менинг. Юр, Гулноза.
Сарвар. Йў-йўқ, жуда муҳим бир гап бор сизларга. Менинг тақдирим сизнинг жавобингизга боғлиқ. Бўрсиқвой, кеннойингнинг ҳурматини бажо келтириб, машинага ўтқазиб юбор, оғайни...
Бўрсиқ. (журъатсизгина). Юринг, киннойижон. Ўзингиз эшитдингиз-ку, эндиликда сиз раҳнамосиз, ҳамма нарса Сизга қолади-ку, бу даргоҳда.
Дилора. Йўқол кўзимдан, ҳезалак. Сен эмасми, куни кеча хўжайинингни ўлдига чиқариб, менга изҳори ихлос қилган.
Бўрсиқ. Ие, ие. Нима бўлди сизга, опажон.
Дилора. Нима бўлди эмиш. Юзингда кўзинг борми деб, муҳаббат изҳор қилганинг ёлғонми?
Бўрсиқ. Рост. Ҳаммаси рост. Аммо бу гапларни мен сизни синамоқ учун айтгандим. Сизни нима деркин, деб айтгандим бу гапларни. Энди билдимки, Сарвар акамларга сиздай вафодор ёр, сиздай садоқатли дўст йўқ экан.
Дилора. Йўқол. Мен сени Яго деб ўйлар эдим. Сен мингта Ягони дарёга обориб, сув ичирмай опкеладиган иблис экансан. Иблис!
Дарвешали. Бас. Кекирдагимга келди бу ипирисқи гаплар, бу тубан ўйинлар. Кетдик, Гулноза.
Сарвар. Йў-йўқ. Бир дақиқа сабр қиласиз, Дарвешали ака. Бўрсиқжон, нима дедим сенга? Кеннойингнинг ҳурматини бажо қилиб, кузатиб қўй. Ёдингда бўлсин: эрта-бурускин, у бу даргоҳни эгаллаб, ҳокими мутлоқ бўлади сенга.
Бўрсиқ. Юринг, кеннойи. Ҳажда нима бор сизга! Ахир бу кошона, бу қаср, бу беҳисоб давлат — ҳаммаси сизга қолади-ку, кеннойи. Кимдир қараши керак-ку буларга. Юринг.
(Дилорани елкасидан кучиб дарвоза томон бошлайди.)
(Дарвоза олдида.) Ҳажда нима қиласиз? Кетса кетавермайдими? Айшингизни сурсангиз-чи бўтта. Арабистон — саҳройи кабир-ку. Туядан бошқа бирор жонзот туролмайдиган жазирама чўл-ку.
Дилора. Ҳой, Сарвар, нима деб валдираяпти бу туллак бўрсиғинг?
Бўрсиқ (баланд овозда). Юр, деяпман, беҳаё шаллақи! Нима қиласан Сарвар акамлардай покиза, авлиё одамни ранжитиб? (Елкасидан итариб олиб чиқиб кетади.)
Дарвешали. Менга қаранг, оғайни. Бу ўйин, бу томоша тугайдими, йўқми? (Гулнозага.) Сен қолсанг-қолавер, мен кетдим.
Сарвар. Дарвешали ака. Жиллақурса ўз миннатдорчилигимни изҳор этишга ижозат беринг. Мен шахсан сизга бир миллион, клиникангизга беш миллион сўм ҳадя қилдим.
Дарвешали. Раҳмат, мен ҳеч қанақа садақага муҳтож эмасман. Сизга эса жарроҳ сифатида битта маслаҳатим бор: Сиз ҳажга боришдан аввал иложи бўлса Швейцария, бўлмаса Кавказ курортларидан бирига бориб бир-икки ой дам олинг. Агар айғир бўп кетсангиз ҳам хотин зоти йўқ жойларда ором олинг.
Сарвар. Маслаҳатингиз учун раҳмат. Аммо ўлим билан олишиб ётган онларимда Оллоҳ ўзи кўнглимга солди бу ниятни. Энди ундан қайтолмайман. Лекин сизга боғлиқ бир истагим бор.
Дарвешали. Ажаб гап. Бутун шаҳарни титратиб турган миллиардер одамнинг каминадай фақиру ҳақирга қанақа истаги бўлиши мумкин?
Сарвар. Ҳозир, бир дақиқа, нафасимни ростлаб олай, Дарвешали ака. Мен сиздан тоабат миннатдорман. Агар сиз бўлмаганингизда...
Дарвешали. Бу гапни бир марта айтдингиз — етади. Негадир чайналяпсиз? Дилингизда нима бор — чайналмай чиқараверинг тилингизга.
Сарвар. Масала шундаки, мен сизни хафа қилишдан қўрқаяпман...
Дарвешали. Йигитмисиз ўзи ё?.. Кетдик, Гулноз.
Сарвар. Йўқ, ҳозир айтаман, ҳозир. Илтижом шуки, агар сиз рухсат берсангиз... Гулнозахон мен билан Ҳажга бориб келса.
Дарвешали. (ҳайратда). Нима, нима? Гулнозахон сиз билан Ҳажга бориб келса? Кимдан чиқди бу ғоя? Сизданми, жаноб Сарварбек, ё сизданми, хоним?
Гулноза. Дарвешали ака. Илтимос...
Дарвешали. (Дарғазаб.) Қанақа илтимос?
Гулноза. Дарвешали ака... Устоз.
Дарвешали. Устоз дема мени. Қачон, қаерда тил топишдиларинг?
Сарвар. Дохтирлар маслаҳат беришди. Ҳаж сафарида ёнингизда Гулнозахонга ўхшаган бирорта яхши врач бўлса дейишди...
Дарвешали. Операцияни мен қилай, масла-ҳатни бошқалардан олинг! Мендан берухсат. Пинҳона маслаҳатлар!..
Сарвар. Йўқ-йўқ, Сизнинг рухсатингиз билан. Фақат сизнинг рухсатингиз билан! Агар истасангиз бирга борайлик Ҳажга. Ҳамма харажатлари мендан...
Дарвешали. (Масхаромуз.) Ташаккур. Энди бир қолгани ошиғу маъшуқларга ҳаммоллик қилиш қолувди менга! Сочига қиров қўнганда, нор туяга юк бўладиган чарм чамадонларингни кўтариб сенларга эшшак бўлиб, хизмат қилиш қолувди менга.
Гулноза. Жон Дарвешали ака! Домлажон! Тирноққа зормиз-ку ахир?!. Ахир эшитинг...
Сарвар. Шошманг, Гулнозахон. Ўзим тушунтирай. Гулнозахон эмас, мендан чиққан фикр бу, Дарвешали ака. Ахир ўз рухсатингиз билан Гулнозахон сал кам бир ой тепамда оғзимга сув томизиб ўтирди-ку.
(Дарвешали телбаларча хахолаб кулади. У ёқдан-бу ёққа юриб, кўзлари ёниб гапиради.)
Дарвешали. Ха-ха-ха. Мен гўл бўлмасам, гумроҳ ва нодон бўлмасам икковинг кўз уриштириб юришларингни билатуриб, бир ой бир хонага қамаб қўярмидим сенларни. Қамаб қўйиб, ўзим кечалари шаҳар кўчаларида, рашк ўтида қовурилиб тентираб юрармидим гумроҳ бўлмасам? Мен сен аблаҳнинг жонини асраб қоламан, деб ўз шаръий хотинимни бошингга ўтқазиб қўйиб, ўзим 40 кечаю-кундуз ухламадим. Сенлар эса тўхтаган юрагинг қайта тепа бошлабди ҳамки, мадорсиз вужудингга қон югура бошлапти ҳамки, менга хиёнат қилиш йўлларини ахтара бошлагансанлар. Ўйлашиб-ўйлашиб ахийри Ҳаж баҳонасини топгансанлар. Сен муттаҳам менинг бу операциям ҳақида жаҳон матбуоти ёзганидан хабаринг борми? Инсоф, адолат, имону диёнат борми ўзи сенда?
Гулноза. Дарвешали ака (турган жойида тиз чўкиб). Жон устоз. Яратган эгам шоҳид: Ахир мен Ҳажга боришни куни кеча эмас, неча йиллардан бери орзу қилиб юрардим-ку? Муқадлдс Каъбамиз пойига тиз чўкиб, Оллои таолодан фарзанд тиламоқ орзусида эдим-ку, устоз? Буни сизга билдирмай кечалари йиғлаб чиқардим-ку? Юрагимдан бехабарсиз-ку, ётган жойимда тўлғаниб тонг оттирардим. Ахир, мана, ўн йил бўляпти, тирноққа зормиз-ку, устоз. Ахир сиз ҳам фарзанд орзуси билан яшайсиз-ку.
Дарвешали. Фарзандни кимдан кўрмоқчисан? Менданми ё бу... бу ноинсофданми?
Сарвар (секин, аммо шаҳд билан). Ҳаддингиздан ошяпсиз, ака.
Гулноза (йиғи аралаш). Сизга нима бўлди. Дарвешали ака? Нима бўлди?
Дарвешали. Кўриб турибсан-ку нима бўлганини? Жинни бўлдим. Жинни. Жинни бўлмасам сенларни қирқ кечаю-кундуз қўшиб қўйиб, ўзим шаҳар кўчаларида дарбадар юрармидим? Сен икковинг эса... Мен рашк оташида қовурилиб тентираб юрганимда... сенлар бир-бирларингга муҳаббат изҳор этиб, мен лапашанг дарвешнинг устидан кулиб ўтиргансанлар..
Сарвар (ёкасини ушлаб). Ё тавба. Чиндан ҳам ақлидан озганга ўхшайди бу одам!
Дарвешали. Ҳа, ҳали айтдим-ку, акдимдан озганман деб, жинниман деб.
Гулноза. Дарвешали ака. Қанақа муҳаббат, нима деяпсиз ўзи? Ахир Сарвар акамлар ўлим тўшагида ётган эдилар-ку?
Дарвешали. Даф бўл. Яқинлашма менга. Кеча бошланган эмас икковингнинг бу ўйинларинг. Раҳматлик аяжоним баҳона, ҳар тонг бу даргоҳга йўрғалаб юрганингда бошланган бу машмаша. Ҳаммасини кўриб юрганман. Сарвар ака, деганингда оғзингдан бол томишиданоқ билардим буни.
Гулноза. Дарвешали ака. Қулоқ солинг менгаям.
Дарвешали. Илоҳий маконларимизни зиёрат қилмоқни ният қилган экансан, муқаддас Каъба олдида тиз чўкиб, яратган эгамдан фарзанд тиламоқни орзу қилган экансан... сабаб, мен туриб, оллоҳ қовуштирган жуфтҳалолинг туриб, пул қутуртирган бу ноинсоф билан нега Ҳажга отланасан? Ё мен сени Ҳажга олиб боришга қурбим етмасмиди?
Сарвар. Э, Дарвешали ака, Дарвешали ака. Дилингизда бундай шубҳа, хаёлингизда бундай аламли ўйларингиз бор экан, нима қилардингиз мени ўлимдан асраб қолиб? (Қалқиб кетиб, устунни кучоклаб крлади).
Дарвешали. Бас, бўлди. Икковингга ҳам рухсат. Ҳажга борасанларми, ё анов... фоҳишабозлар макони бўлмиш Канар оролларига бориб, айши-ишрат қаърига ғарқ бўласанларми, ёки қора танли занжиллар билан қилпиллашиб (масхараомуз ҳаракатлар билан ўйнаб кўрсатади) буги-бугига тушиб, ҳаром-хариш нағмалар қиласанларми, ихтиёр ўзларингда.
Гулноза. Э, яратган эгам: нима бўлди бу одамга?
Дарвешали. Мен эсам... Лайлисидан айрилган Мажнун каби саҳролар ва тоғларда макон қураман, қолган умрим шақоллар ва қоплонлар билан ошнолик қиламан (яна масхараомуз кўл силтаб). Привет севишганларга.
Гулноза (орқасидан талпиниб). Дарвешали ака. Тўхтанг, Дарвешали ака.
Сарвар. Гулноза, менга қаранг, Гулноза. (Гулноз тўхтайди. Тили ғўлдираб). Нима қилмоқчисиз? Кўриб турибсиз-ку, соғ эмас, бу одам.
Гулноза. Мени кечирасиз, Сарвар ака. Нима бўлганда ҳам, мен бу кишининг хасмиман, уни ташлаб, сиз билан кетолмайман.
Сарвар. Гулноз. Тўхтанг, Гулноз.
(Ташқаридан Бўрсиқ киради.)
Бўрсиқ. Нима гап? Нима бўляпти?
Гулноза. Қўйинг. Сарвар ака, Қийнаманг мени.

(Чопиб чиқиб кетади.)

Сарвар. О, Гулноза, Гулноза (юрагини чангаллаб секин инграйди, шийпондаги сўрига ёнбошлайди. Бўрсиқ югуриб келади).
Бўрсиқ. Нима бўлди? Тағин юракми? Йигитлар! Дўхтирга чопинглар, дўхтирга.
Сарвар. Йўқ, керак эмас, ҳеч ким, ҳеч нарса керак эмас. Бу сафар... тамом, вассалом. Сени кўп қийнаганман, дашном берганман. Рози бўл, рози бўлинглар...
Бўрсиқ. Нима деяпсиз, хўжайин? Ҳали юз йил яшайсиз...
Сарвар. Йўқ, яшаб бўлдим.
Бўрсиқ. Ахир бу кошона, бу моли-дунё, пешона терингиз билан йиққан бу бойлик кимга қолади? Ворис ким бўлади, ким?
Сарвар. Ворис? Қанақа ворис? (Оғир ҳансираб.) Билмадим, билишниям хохдамайман. Битта-ю битта тилагим, ёлғиз васиятим — мени онажонимнинг ёнига қўйинглар. Бу дунёга келиб, бир он ором олмадим. Болалик чоғларимдагидек... онаизоримнинг бағрига кириб ором олай, ором...
(Чироқ ўчади. Қоронғида олисдан «Чўли ироқ» куйи аста янграб, авжига чиқади.)

Парда
Хотима
Дарвешалининг таниш ҳовлиси. Ғира-шира қоронғуликда Дарвешали ҳовлини хаёлчан айланиб юрибди, ичкаридан, қўлида чемодан, Гулноза чиқади. Саҳна ёришмайди. Прожектор қим гапирса шуни — бирда Дарвешалини, бирда Гулнозани ёритади.
Гулноза. Йўлга чиқишдан аввал бир дақиқа ўтирмоқ керак, дейишади. Мен ҳам бир дақиқа ўтирай (чемоданини қўйиб, тўқима креслога ўтиради).
Дарвешали. Кошкийди бир дақиқа эмас, бир умр ўтирсанг шу креслода.
Гулноза. Не чора? Энди бунинг иложи йўқ. Сира иложи йўқ,. Дарвешали ака. Сиз бир шўрликнинг юрагига малҳам бериб, жонини асраб қолдингиз, асраб қолдингиз-да, ўзингиз тиккан ипларингизни ўз қўлларингиз билан чок-чокидан узиб ташладингиз...
Дарвешали. Ўн йиллик ҳаётимиз ҳурмати, видо онларида юрагимни тимдалама, Гулноз.
Гулноза. Барчамиз ҳам гуноҳкор бандамиз, дилингизга озор берган бўлсам, кечиринг, устоз.
Дарвешали (мийитда кулиб). Кечагина Дарвешали ака дердинг, энди устоз бўлдим. Инсон ҳаётининг тагига етиб бўлмас экан. Тушимда Ҳажга борибман. Ҳаж бахтига муяссар бўлганлар, Каъба зиёратидан кейин Сафо тоғи билан Марв тоғи орасида етти маротаба югуришиб, Олло Таолодан гуноҳларини кечиришни илтижо қилар эканлар. Мен эсам, бу муқаддас тоғлар орасида ҳаллослаб юриб, сени йўқлар эмишман, сени сўроқлар эмишман.
Гулноза. Қўйинг, ҳозир ҳўнграб юбораман...
Дарвешали. Майли. Бундан кейин бошимга не кўргиликлар тушсин, ҳаммасини кўрай, фақат сенинг кўз ёшларингни кўрмай. Бундан кейин фақиру ҳақир сенинг хотиранг билан, сен инъом этган бахтли кунлар эсдалиги билан яшайман.
Гулноза. Мен ҳам...
Дарвешали. Сен ҳали бахтли бўласан.
Гулноза. Сиз ҳам...
Дарвешали. Йўқ, сенсиз бахт керак эмас менга.
Гулноза. Яна бироғиз гапирсангиз... фарёд чекиб оёғингизга йиқиламан.
Дарвешали. Йў-йўқ. Сен бахтингни топмоғинг даркор. Мен эсам... қолган умрим сенинг хаёлинг билан яшайман. Ке, менга бахшида этган энг саодатли кунларинг учун азиз пешонангдан бир ўпай...
Гулноза (кўз ёшларидан бўғилиб). Агар мабодо ўша саодатли кунлар эсимга тушиб, йўқлаб келсам... қаердан топаман сизни?
Дарвешали. Бу шаҳар, бу даргоҳ менга ёт эндиликда. Қидиргудек бўлсанг, мен девонани тоғлардан топасан, ғорлардан топасан... Алвидо, кўз очиб кўрган юлдузим, ёлғизим, Оллои таоло инъом этган фариштам!
(Пешонасидан ўпади.)

Парда
(Биринчи бор саҳналаштириш ҳуқуқи Ҳамза номидаги Ўзбек Давлат Академик драма театрига берилган.)

«Қайдасан, Морико» китобидан олинди («Шарқ», Тошкент – 2002).
Mualifning boshqa asaralari
1 Abror aka (etyud) [Odil Yoqubov] 826
2 Adib va chin inson [Odil Yoqubov] 903
3 Aptartet (etyud) [Odil Yoqubov] 505
4 Avlodlarga vasiyat (tarixiy drama) [Odil Yoqubov] 1503
5 Аброр ака (етюд) [Odil Yoqubov] 529
6 Авлодларга васият (тарихий драма) [Odil Yoqubov] 696
7 Адиб ва чин инсон [Odil Yoqubov] 528
8 Аптартет (етюд) [Odil Yoqubov] 565
9 Billur qandillar (qissa) [Odil Yoqubov] 3503
10 Bir koshona sirlari (drama) [Odil Yoqubov] 1971
11 Биллур қандиллар (қисса) [Odil Yoqubov] 823
12 Fotiha (etyud) [Odil Yoqubov] 693
13 Фотиҳа (етюд) [Odil Yoqubov] 536
14 Matluba (qissa) [Odil Yoqubov] 2079
15 Muqaddas (qissa) [Odil Yoqubov] 6569
16 Muzqaymoq (hikoya) [Odil Yoqubov] 1672
17 Матлуба (қисса) [Odil Yoqubov] 647
18 Музқаймоқ (ҳикоя) [Odil Yoqubov] 613
19 Муқаддас (қисса) [Odil Yoqubov] 703
20 Oshqovoq (etyud) [Odil Yoqubov] 582
21 Ошқовоқ (етюд) [Odil Yoqubov] 533
22 Qalampir (etyud) [Odil Yoqubov] 564
23 Qaydasan, Moriko? (qissa) [Odil Yoqubov] 0
24 Qoʻshiq (etyud) [Odil Yoqubov] 581
25 Қайдасан, Морико? (қисса) [Odil Yoqubov] 0
26 Қалампир (етюд) [Odil Yoqubov] 560
27 Қўшиқ (етюд) [Odil Yoqubov] 547
28 Tilla uzuk (hikoya) [Odil Yoqubov] 1446
29 Tush (etyud) [Odil Yoqubov] 737
30 Тилла узук (ҳикоя) [Odil Yoqubov] 608
31 Туш (етюд) [Odil Yoqubov] 529
32 Xol (etyud) [Odil Yoqubov] 524
33 Хол (етюд) [Odil Yoqubov] 544
34 Yaxshilik (hikoya) [Odil Yoqubov] 9202
35 Яхшилик (ҳикоя) [Odil Yoqubov] 660
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика