Яхшилик (ҳикоя) [Odil Yoqubov] |
Мен ҳар сафар Мунаввар келинойимни эслаганимда кейинчалик рўй берган бу оғир воқеа эмас, дилимда сал маъюс ва илиқ ҳислар уйғонган ёз куни эсимга тушади. ...Бувимнинг серсоя боғи қариндош-уруғларимизга, тоғамнинг ёр-биродарларига тўлган: биров ўчоқ қурмоқда, биров ўтин ёрмоқда, биров ҳовлига сув сепиб, сўрига палос ёзмоқда. Кечқурун тўй! Бу шодиёнадан ҳамма хурсанд, мен ҳам йиғилган болаларга қўшилиб шов-шув кўтараман, дам шотутга ўрмалаб, каптар уяларидан тухум қидираман... Тўсатдан мирзатеракка чирмашиб ўсган аймоқи ток орасидан бувимнинг боши кўринади. У мени имлаб чақиради, қўлидаги рўмолидан дўппимга икки-уч бош чиллаки узум солади: — Бор, меҳмонхонага элтиб бер. Тоғанг билан келинойинг... татиб кўришсин. Мен дўппимни кўкрагимга босиб меҳмонхонага қараб чопмоқчи бўламан, лекин бувим қўлимдан ушлаб тўхтатади, ён-верига қараб секин дейди: — Мабодо... «ўтир», дейишса, ўтирмагин тағин. Бир нафас бўлсаям бирга бўлишсин. Эртага... — Бувим, лаблари пирпираб, гапиролмай қолади, рўмолининг учини кўзига босади-ю, имо қилади: — Бор! ...Тоғам эртага урушга кетади. У кеча кечқурун келинойимни Тошкентдан «олиб қочиб келган». Қулоғимга чалинган шивир-шивирларга қараганда, улар институтда бирга ўқишар экан. Кечаси уйимиз хотин-халажга тўлиб, келинойимни кўролмаган эдим, бугун эрталаб подадан қайтаётиб, булоқ бошида кўриб қолдим. Тоғам булоқ бўйига чўнқайиб, юзини ювар, келинойим эса эгнида атлас кўйлак, бошида четларига гунафша ранг гул тикилган ипак дурра, елкасида сочиқ, қўлида челак, унинг ёнида турарди. Келинойим новча, ҳатто тоғамдан ҳам новчароқ, — мен буни тоғам ювиниб бўлиб, қаддини ростлаганида пайқадим, — узунчоқ юзли, нозиккина қиз эди. Мени айниқса унинг хиёл маъюс қора кўзлари ҳайратда қолдирди. Умуман унинг бутун вужудида, очиқ, мулойим чеҳрасида, ўйчан тикилиб туришида бўлакча бир ғамгинлик бор эди. Мен уларга сездирмай ўтиб кетмоқчи эдим, тоғам кўриб қолиб, олдига чақириб олди. — Мана, танишиб қўйинг, Мунаввархон, — деди у.— Боя сизга айтган жияним Мансурполвон шу йигитча бўлади. Мен кетганда биров сизни ранжитадиган бўлса... шу йигитга айтиб қўясиз... Келинойим челакни чап қўлига олиб, ўнг қўлини менга чўзди, қошларини чимириб, мулойим жилмайди. — Шунақами? Тоғангиз кетганда мени биров хафа қилса... ён босасизми менга, Мансуржон? Мен қизариб нимадир деб, ғудрандим. Менинг ўрнимга тоғам жавоб берди: — Ён босиш ҳам гапми, сизни ранжитган одамнинг калласини олади жияним, лаббай? Келинойим менга қараб кўзини қисди: — Қўйинг, ҳаммани ўзингизга ўхшаган зўравон деб ўйламанг! Тоғам қаҳ-қаҳ отиб кулди. Мен эсам, кўнглим ажиб бир ҳисларга тўлиб, ўзимни боққа урдим. Ўшандан бери кўз олдимдан келинойимнинг ўйчан чеҳраси, қулокдаримдан эркалаб айтган гаплари кетмас эди. ... Қишлоқи соддаликни қаранг! Хаёлимда ҳеч нарса йўқ, чопганимча бориб меҳмонхонанинг эшигини шарақлатиб очибман! Тўрда ўтирган келинойим чўчиб ўгирилди. Тоғам бошини келинойимнинг тиззасига қўйиб, сочларини ўйнаб ётган экан, ўзини четга олди-ю, мени кўриб яна тишларини ярқиратди: — Э, сенмисан, полвон? Ке? — Ҳа, шу... бувимлар узум бериб юбордилар... — Бувингларми? — яна кулди тоғам. — Қани, опке, узум бўлса, маза қилиб туширайлик бир. Мен узумни уларнинг олдидаги дастурхонга қўярканман, келинойимнинг кўзларида ҳалқа-ҳалқа ёш кўрдим. Узумни қўйиб, дарҳол орқамга қайтмоқчи эдим, келинойим кўрсаткич бармоғи билан кўз ёшларини сидириб ташлади-да, қўлимдан ушлади. — Ўтиринг, Мансуржон, бирга узум еймиз. Тоғам ҳам истар-истамас таклиф қилди: — Ўтир! У бир бош узумни келинойимга тутаркан, менга кўзини қисди: — Биласанми, нимага йиғлаяпти келинойинг! Тўй эскича бўлсин эмиш, чимилдиққа кирармишлар... — Ҳа, кирмоқчиман, — деди келинойим. — Икки букилиб амма-холаларингга салом бермоқчи эмишлар... Келинойим учун, ингичка бармоқлари билан узум доналарини битта-битта узиб оғзига соларкан: — Нега куласиз? — деди. — Умримизда бир марта бўладиган тўй, ҳаммасини кўрсам дейман. Ойим бечораниям хафа қилманг. Майли, чимилдиқ тутишсин, «келин салом» қилишсин, қизлар лапар айтишсин... — Ана холос! Сал кам олий маълумотли келинойингнинг гапларига қара!.. — Олий маълумотли бўлсам нима бўпти? Ахир сиз эртага урушга... Келинойим гапиролмай юзини четга бурди. — Хўп, хўп, таслим бўлдик, азизим! Майли, чимилдиққаям киринг, амма-холаларниям хурсанд қилинг. Фақат йиғламанг, жоним. Қани, кўз ёшингизни артинг, бир жилмайинг!... — Тоғам кулиб келинойимнинг сочларидан тортқилади. Лекин у ҳам тўлиб тургани, ўзига далда бериш учунгина зўраки кулаётгани шундоқ сезилиб турарди... Кўнглим бир хил бўлиб, секин чиқиб кетдим... Оқшом тўй бўлди. Сўлим ёз кечаси қишлоқ боғлари устида маъюс куйлар, айрилиқ ҳисларига тўла ҳазин лапарлар янгради. Келин келаётганда (уни қўшнимизникидан чиқаришди), дарвоза олдига гулхан ёқишиб йигитлар йўлга арқон тутишди. Бувим, қўлида бир ҳовучча танга, дам йиғлаб, дам кулиб, келиннинг бо-шидан пул сочди. Қиз-йигитлар айрилиқ ва ҳижрон аламини тамом унутмоқчи бўлгандай, тонг отгунча ўйин қилишди. Эрталаб эса гузарга йиғилган халойиқ тоғам бошлиқ ўттиз нафар йигитни кўз ёши ва дуолар билан кузатиб қолишди... Тоғам кетгандан кейин келинойим ўзини қаёққа уришини билмай, оламга сиғмай қолди. У худди олис ва нотаниш жойга тушиб қолган кийик боласига ўхшар, атрофида гиргиттон бўлган қариндош-уруғлар билан, ҳатто бувим билан ҳам кўп ёзилиб гаплашавермас, аксарият боғни ёлғиз кезар, катта-катта кўзларини олис-олисларга тикиб узоқ ўйга чўмар эди. Мен баъзан унга ҳар хил китоблар олиб келиб берардим. У китобни миннатдорчилик билан олар, мени эркалар, лекин жуда кам ўқир, ё ўқий бошласа ҳам ярмига етмасданоқ ёпиб қўяр эди. Фақат тоғамдан хат келган кунлари кўзлари чароқлаб, яшнаб-яйраб кетар, катта боғнинг гоҳ у ери, гоҳ бу еридан унинг майин хиргойиси эшитилар эди... Шу зайлда бир ҳафта ўтди. Кейин, ўқиш бошлангунча (у мактабга ишга жойлашган эди), уйда «юрагим сиқилиб кетади», деб даштга, буғдой ўроғига чиқиб кетди. Бувим қанча қистамасин, ялиниб-ёлвормасин, келинойим то ўқиш бошланмагунча даштдан қайтмади. Мен ҳар куни бўлмаса ҳам, икки-уч кунда бир хўтигимга миниб, бувим берган икки-учта тўқач, қўрда кўмилган уч-тўртта жўхори сўтаси, бир товоқ сомса ва бир хурмача қатиқни хуржунга жойлаб, даштга, унинг олдига жўнардим. Келинойим, оғир меҳнатга ўрганмаган шаҳар қизи эмасми, сал ўтмасданоқ озиб-қорайиб кетди. Қийналиб қолгани шундоқ сезилиб турса-да, бувимнинг «саломларига» кулиб жавоб берарди: — Ойимларни тинчитиб қўйинг. Мансуржон, «қиз-жувонлар орасида туппа-тузук юрибди», денг!.. Мен унга дил-дилимдан хайрихоҳ эдим. Қишлокда кеча-кундуз почтачиниг йўлига тикилиб, ўзи билан ўзи олишиб ётгандан кўра, бу кенг даштда ҳамдард, ҳамнафас тенгдошлари орасида ҳасратлашиб, улар йиғлашса йиғлаб, кулишса кулиб юргани яхши эмасми? Даштдагиларнинг кўпчилиги худди келинойимдай ҳижрон доғидан қалблари кабоб ёш-ёш қиз-жувонлар эди. Улар, худди ҳамма алам, ҳамма изтиробларини меҳнатдан олмоқчи бўлгандай, ўчакишиб, жон-жаҳдлари билан ишлашар, кечалари эса тун ярмигача кенг даштни зир титратиб мунгли лапарлар айтишар, фронтдаги ёрларига атаб қўшиқлар тўқишар, содда, лекин бўлакча бир самимиятга тўла хатлар ёзишар эди... Келинойим қизларнинг илтимоси билан баъзан уларга «чиройлироқ» хатлар ёзиб берар, баъзан шеърлар тўқир, шунинг учун ҳам ҳамма уни яхши кўрар эди. Келинойим мени кўзи тўрт бўлиб қарши олар, чунки тоғамнинг хатларини аксарият мен олиб келар эдим. Бундай пайтларда келинойим дағаллашиб қолган кич-кина кафтлари билан бошимни маҳкам ушлаб, кўксига босар, пешанамдан ўпар, «Менинг чин ғамхўрим, халоскорим!» деб эркалар, мен эсам унинг яшнаб кетган чеҳрасини, севинчдан чақнаган тим қора кўзларини кўрганимда бошим осмонга етар, унга кўпроқ ях-шилик қилсам, уни кўпроқ қувонтирсам дер эдим. Келинойим шу кетганча даштдан ўқиш бошланиш арафасида қайтди. Лекин ўқиш бир ҳафта давом этар-этмаёқ мактаб ёпилиб, ҳамма пахта теримига чиқиб кетди. Худди шу орада, сентябрнинг ўрталарида тўсатдан тоғамдан хат узилиб қолди. Тоғам сўнгги хатида: «Эрта-индин урушга кирамиз» деган эди, шу-шу хат тўхтади-қолди. Орадан ўн беш кунлар ўтганда тоғам билан бирга жангга кирган бир ҳамқишлоқ йигитдан хат келди. У йигитнинг ёзишича, тоғам ярадор бўлиб, уни госпиталга олиб кетган эмиш. Йигит буни ўз кўзи билан кўрганини айтган ва тоғамнинг адресини сўраган эди. Бу хат қоронғи тунда офтоб чиққандай ҳамманинг дилини умидга тўлдирди, кўзлари яна почтачининг йўлига тикилди. Лекин орадан яқин бир ой фурсат ўтди ҳамки, тоғамдан дарак бўлмади. Бу ўртада ҳалиги ҳамқишлоқ йигитга — унинг ўзи ҳам ярадор бўлиб, госпиталга тушган эди — қанча-қанча хатлар ёзилди. У йигит тоғам ярадор бўлганини, санитаркалар уни окопдан кўтариб олиб чиқиб кетганини ўз кўзи билан кўрганини яна таъкидлади. Лекин бундан нима фойда? Тоғамдан ҳамон дарак йўқ эди. Келинойим дастлабки пайтларда ўзини анча дадил тутди, умидсизликка берилмасликка ҳаракат қилди. Лекин кунлар ўтган сайин эзилиб, ахири жуда бўшашиб кетди. Айниқса, ҳамқишлоқ йигитнинг хатларига қара-май, госпиталдан дом-дарак бўлмагач, тамом руҳи сўниб, кўнгли чўкиб қолди. У даладаям қўли ишга бормай, аллақандай паришон юрар, арзимаган нарсагаёқ ёш боладай лаблари титраб, кўзига милт-милт ёш олар эди. Ҳар куни тушда, худди хат келса дарров хабар беришмайдигандай, мени уйга жўнатар, сўнг, ранги қочиб, кўзлари мўлтираб, йўлимни пойларди. Мен учун унинг умид билан жавдираб турган катта қора кўзларига қараб «йўқ» деб бош чайқашдан катта азоб йўқ эди! Одатда мен унинг кўзларига қарашга журъат этолмай олисрокдан индамай ўтиб кетардим, кейин унинг терган пахталарини хирмонга таширканман ё ариқ бўйидан сигирга пичан ўрарканман, ахир бир кун тоғамдан хат келишини ва мен бу хатни узоқдан кўрсатиб, чопиб келишимни орзу қилардим. Юрсам-турсам кўз олдимдан шу манзара кетмас эди: келинойим хатни кўрганда албатта қувончдан йиғлар, кейин кулади, сўнг мени қучоқлаб бағрига босади ва биз ҳозиргидан ҳам иноқ ва меҳрибон бўлиб қоламиз!.. Мен келинойим дейману, бироқ ундан ҳам бувимга қийин эди. Ҳар куни кечқурун келинойим даладан қайтиши билан меҳмонхонага кирарди-ю, ўзини сим каравотга ташлаб ётиб оларди, у кўзини шифтга, бир нуқтага тикиб соатларча ётар, бувим эса, усиз ҳам юраги лахча чўғ, қандай қилиб унинг кўнглини олишни билмай, ич-ичидан зил кетар, дам «ноумид шайтон, сабр қил, болагинам!» деб койиган бўлар, дам ўзи боғни гир айланиб, юм-юм йиғлар, назаримда, у ҳаммадан кўра келинойимнинг кетиб қолишидан қўрқар эди. Ноябрнинг ўрталари эди. Лекин ҳали совуқ тушмаган, кунлар илк куздагидай илиқ, дарахтларнинг таги хазондан гилам тўшалгандай қип-қизил, яланғоч боғлар аллақандай маъюс ва сокин туюлади... Эрталаб тегирмонга бориш учун хўтигимни эгарлаётиб ошхонадан келинойимнинг хуррам овозини эшитиб қолдим. — Ойижон! Мени айтди дерсиз — бугун хат келади, — дер эди у. — Туш кўрдим. Ўғлингиз от ўйнатиб кепти. — Иншоолло, айтганинг келсин, болам... Бир лаҳзадан кейин келинойим, озғин юзи аллақандай ёришиб кетган арпа аралаш жўхори солинган тўрвани бувим билан кўтаришиб чиқди. Қопни хўтикка ортишга ёрдамлашар экан: — Тезроқ қайт, жон қайним, — деб кулди. — Бугун қовоқ сомсага тўйиб, бир яйрайлик!.. Мен ҳам кўнглим сув ичгандай бўлиб хўтигимни чоптириб кетдим. Туш бўлмасданоқ жўхорини торттириб қайтиб келганимда уйда ҳеч ким йўқ эди. Унни ошхонага тушириб, хўтигимни етаклаб сойга кетдим. Сойга яқинлашиб қолганимда кекса шотут тагидаги улкан қабр олдида ўтирган бувимга кўзим тушди. Бувим бу қабрни авлиё дер, ҳар шанба унинг устидаги қулоч етмайдиган архар шохига оқ латта боғлаб, кечалари унинг меҳробига мойчироқ ёқарди. Бувим, тагида намат, худди эркаклардай чўккалаб ўтирар, лаблари ниманидир пичирлар, афтидан, ав-лиёга илтижо қилар эди. Мен бувимни илгарилари ҳам бир неча марта шу аҳволда кўргандим, лекин у одатда бомдод ё аксинча, намозшом пайтлари шундай қиларди, бугун эса... тол тушда!.. Кўнглим бир хил бўлиб сойга чиқдим, чиқдиму, яна дилим ёришиб кетди. Сойда, толлар орасидаги булоқ бўйида келинойим қатиқланган сочини сувга чайиб ўтирарди. У мени кўриб белига тушадиган майин сочларидаги сувни сидириб ташлади, тез турмаклаб, ўрнидан турди. — Дарров қайтиб қолибсан, қайним? Ҳозир қалампир солиб шунақа бир қовоқ сомса қилайки, мазаси оғзингда қолсин! У тоғорасини кўтариб боққа кириб кетди, мен эса хўтигимни тушовлаб сойликка қўйиб юбордим-да, булоқ бўйидаги қуриб-қовжираб қолган ўтга чўзилдим. Қани энди келинойимнинг туши ўнгидан келса-ю, почтачи менга бир хат ташлаб кетса! Мен уни чопа-чопа келинойимга элтиб берсам, уйимиз устига йиғилган қора булутлар тарқаб, офтоб чиққанини кўрсам! Секин қаддимни ростлаб боққа қарадим. Шотутнинг тагида бувим кўринмас эди. Мен авлиё бобонинг қабри ёнига боришга ийманиб, унинг рўпарасига тиз чўкдим. Кўзларим ўз-ўзидан юмилиб, болаликдагина бўладиган бўлакча бир самимият ва эҳтирос билан пичирладим: — Э, қудратли, шафқатли, меҳрибон авлиё бобо! Тилагимни қабул қил! Келинойимнинг туши ростга чиқсин! Меҳрибон бувим билан келинойимнинг кўз ёшларини қуритгин, бошларига тушган ғам-ғуссадан соқит қил уларни, э, меҳрибон, қудратли бобо!.. Қулоғимга «Почтачи! Почтачи!» деган овозлар, киргандай бўлди. Чўчиб кўзимни очдим. Қичқираётганлар — сойда сигир боқиб юрган болалар эди. Почтачи — билагидан снаряд парчаси узиб кетган қўли қизил таёққа ўхшаб қолган ёш йигит — шалпанг қулоқ эшагини «хих-хих»лаб сойнинг ўртасида биз томонга қараб келарди. Ваҳимали, айни замонда куз офтобидай илиқ бир туйғу вужудимни чулғаб олди. Шу топда мен почтачи бизникига йўл олганига, тоғамдан хат олиб келаётганига зиғирдай ҳам шубҳа қилмасдим! Ўрнимдан сакраб турдим. Ўша ваҳимали ва қайноқ туйғуга бўйсуниб боққа отилдим. — Бувижон! Келинойи! Хат! Тоғамдан хат! Уйдан олдин қўллари хамир бувим югуриб чиқди, унинг кетидан бир қўлида тароқ, бир қўлида кўзгу, сочлари паришон келинойим кўринди. Ранги девор, сочлари ёзилган, у ёнимдан ўтиб, мен кўрсатган томонга чопиб кетди, унинг орқасидан хамир қўллари билан елкасига тушган рўмолини тўғрилай-тўғрилай бувим югурди. Учинчи бўлиб мен чопдим. Лекин почтачининг биз томонга бурилмасдан.қўшни боққа ўта бошлаганини кўрдим, кўрдиму, аллақандай совуқ бир ҳисдан аъзойи баданим музлаб, беихтиёр тўхтаб қолдим. Булоқ бошига бориб қолган келинойим офтобда кўзгусини чарақлатиб қўлини силтади: — Шўттан узата қолинг хатни! Шўттан... Кетма-кет бувим ҳам етиб борди, ҳансираб-энтикиб деди: — Вой, қадамингга ҳасанот, почтаси ўғлим! Хатни бергину, ўзинг дарвозадан айланиб кира қол. Қовоқ сомса қилаётувдим, насибангни еб, суюнчингни опкет, болам... Почтачи эшагини тўхтатди. Худди соқолини силамоқчи бўлгандай қизил таёққа ўхшаган қўлини қимирлатиб қўйди, сўнг юзини четга буриб пўнғиллади: — Қайси хатни айтасиз? — Хат-да, хат. Ўғлимдан келган хатни айтаман, болам! Почтачи бошини кўтармасдан: — Нима қилай, — деди секин. — Хат ўғлингиздан эмас, госпиталнинг началнигидан экан, холажон. Биз уни... қишлоқ кенгашининг раисига топширдик... Келинойим ялт этиб менга қаради. Унинг кўзларида шундай бир қўрқув, шундай бир даҳшат бор эдики, мен ҳеч қачон ўрни тўлмайдиган ёмон бир нарса рўй берганини ҳис қилдиму, ўрнимда қоққан қозиқдай қотиб қолдим. Бувим эса ҳамон ҳеч нарсага тушинмай: — Вой, тентак-эй, — деди кулиб. — Унинг бошлиғидан хат келади-ю, қишлоқ кенгашига берасанми, болам? Почтачи худди пойгадан қолган чавандоздай жон-жаҳди билан эшагини савалаб йўлига равона бўлди. Бувим унинг кетидан югурмоқчи бўлган эди, келинойим алам тўла бир овозда: — Ойижон! — деб қичқириб юборди. — Ойижон!.. Қўйинг! Керакмас! — У шундай деди-да, менга ўгирилди, лаблари титраб: — Топган хушхабаринг шу бўлдими? — деди-ю, нафаси етмай томоғини силади. Мен унинг титраган лабларига қарай олмай бошимни эгдим. — Кечирасиз, — дедим ўпкам тўлиб. — Мен... мен яхши ният билан сизга яхшилик қилсам деб... — Яхшилик! — келинойимнинг кўзлари олдин жиққа ёшга тўлди, сўнг бирдан ўт чақнади: — Топган яхшилигинг шу бўлса... Йўқол кўзимдан! Йўқол! У болта теккан ёш ниҳолдай икки букилиб, оёғи остидаги тиконга тиз чўкиб қолди. Боятдан бери ҳушини йўқотиб, бир келинига, бир менга қараб турган бувим унга отилди, мен эсам ўзимни дарахтзорга урдим... Сал ўтмай қишлоқ кенгашидан одам чиқди, бир лаҳзада хотин-халаж йиғилиб қий-чув, йиғи-сиғи бошланди. Бир ҳафтагача бувимнинг уйидан одам аримади, кечаю кундуз йиғи тинмади. Лекин ҳеч ким, ҳатто бувим ҳам мени эсламади. Мен бир ҳафтагача додимни айтадиган тирик бир жон тополмай ўзим билан ўзим олишдим. Ахир... мен чиндан ҳам келинойимни дил-дилимдан яхши кўрганим учун, уни бир қувонтириш учун, унга яхшилик қилиш учун шундай қилдим-ку! Худди шу куни, худди шу соатда қора хат келганини қаёқдан билай ахир? Наҳот келинойим буни тушунмаса? Ниҳоят, бир ҳафтадан кейин бувим ўзи мени чақириб олди. Мен унинг аллақандай чўкиб қолган жуссасини, бир парча бўлиб қолган юзини кўрдиму, ўзимни унинг бағрига отиб, йиғлаб юбордим. Мен бувимга кўнглимдаги бор дардимни айтдим. Келинойимнинг дилига озор бериш учун эмас, тоғамдан келганига ишонганим учун, азбаройи келинойимни қувонтириш учун шундай қилганимни, келинойимни ҳамон яхши кўришимни, керак бўлса ундан жонимни ҳам аямаслигимни гапириб бердим... Меҳрибон бувим! У менинг изтиробларимга тушунди. Келинойим билан гаплашадиган бўлди, йиғлай-йиғлай пешанамдан ўпиб, бошимни силаб тинчитиб қўйди. Билмадим, бувим келинойим билан гаплашдими, гаплашган бўлса у нима деди, лекин келинойим бир мартаба ҳам менга қайрилиб қарамади. Эгнида кўк кўйлак, бошида кўк рўмол, у яқин бир ой мотам тутди. Кўнглим хуфтон, мен кечаю кундуз унинг йўлини пойладим, бир оғиз сўзига зор, уйдан чиққанида кўзларига тикилдим, лекин у ҳар сафар мени кўрганда узоқдан тескари бурилиб кетар эди. Бир ойдан кейин келинойим ўз элига кетадиган бўлди. Қариндошларимиздан биттаси хўжаликдан арава сўраб чиқди. Мен лоақал хайрлашар, ақалли яхши кунлар хотираси учун бир оғиз бир гап айтар, деган умидда эрталабдан йўлини пойладим. Йиғи-сиғидан юрак безор, келинойим билан бувимнинг хайрлашганини кўрмаслик учун сой бўйига, биринчи бор тоғам билан келинойимни учратган булоқ бошига бориб турдим. Арава қўзғалиб, булоққа яқинлашганида секин йўлга чиқдим. Келинойим, эгнида қора палто, бошида қора шол рўмол, пичан тўшалган шотили аравада менга тескари қараб ўтирарди. ...Наҳот кечирмаса? Наҳот бир марта қайрилиб ҳам қарамаса? Ақалли хайрлашмаса?.. «Келинойи! Менга бир қаранг! Менинг дардимга қулоқ солинг! Нима қилай, шундай бўлди!.. Хоҳласангиз мени уринг, ўлдиринг, бироқ... бир оғиз бир нима денг! Мен сизни... шундай яхши кўраман, шундай яхши кўраман!..» Орамиз яқин қолганда мени кўрган аравакаш чол келинойимга бир нима деди. Келинойим секин бурилиб қаради, қаради-ю, яна тескари ўгирилди. Назаримда, унинг йиғидан қизариб, шишиб кетган кўзлари қайта ёшга тўлгандай бўлди. Арава ёнгинамдан ўтиб кетди. Мен, дилим қон, унга илтижо қилганимча орқада қолдим, Арава муйилишдан бурилиб кетди, келинойим ҳатто қўлини ҳам силтамади. У менинг «яхшилигим»ни кечирмаган, кечиролмаган эди. 1965 |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62297 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 56330 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40387 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36132 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23154 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23081 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 20710 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19389 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18507 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14380 |