Аё, ишқ! (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] |
Одатда якшанба кунлари алламаҳалгача ухлардим. Бу сафар негадир эрта уйғониб кетдим. Тонг ёришган бўлса-да, ҳали қуёш кўтарилмаганидан уй ичи ним қоронғу, лекин кичкина деразадан кўкиш-оқ осмон кўнгилга ажиб ойдинлик бахш этиб, жилмайиб тургандай. Бу ерга келганимга бир ҳафта бўлганига қарамай, бунақа манзарани ҳали бирор марта кузатмаган эдим. Ўқишга борадиган кунларимда эрта турсам ҳам, бугунгидек осмонга қараб ўтирмасам керак-да. Чунки дарсга отланишдан олдин ювиниш зарур, сўнг нонушта дегандай, кийим-бошларни тартибга солиш эса мен каби чўнтагида ҳемири йўқ толиб учун яшашнинг, тағинки, ёқимли яшашнинг энг муҳим воситасидир. Шунақа экан, осмонга қарашу унинг рангини аниқлашга вақтим бўлармиди. Ва энг асосийси шуки, ҳеч қачон бугунгидек енгил, оромбахш ҳолатда уйғонмаганман, шуурим бу қадар ойдинликка рўпара келмаган. Ана, қандайдир қуш сайрай бошлади. Аввалига мен бу қуш миямда сайрамаяптими, деб ўйладим. Бир пас диққат билан хумор босди қилгандай қулоқ солиб тургач, қуш ҳовлида эканига ишондим. Мен қушларнинг турларини яхши билмасдим, билганим — чумчуғу мусича эди. Ҳа, айтгандай, қалдирғочни ҳам жуда яхши танирдим. Бошқаларининг эса овозларини таниш тугул номларини ҳам билмасдим. Лекин ҳозир сайраётган қушнинг товуши негадир танишдек эди. Бу танишлик шундайки, ўша қушнинг сайрашини гўё аввал ҳам ҳозирдагидай маза қилиб эшитгандим. Йўқ, у булбул эмасди, унинг овозини яхши танийман. Ҳақиқий булбулни кўрмаган, сайрашини эшитмаган бўлсам-да, тақлидий овозларини телевизорда кўп бор тинглаганман. Айтганча, кампир нима қилаётганийкин, сайроқининг хонишини у ҳам эшитяптимикин? Бу қушни балки кампир танир? Шуни ўйладиму, ҳали, албатта, қушнинг номини сўраб кўришни дилимга тугиб қўйдим. Институтга киргач, икки йилдан ортиқ қишлоқдан қатнаб ўқидим. Охир жонга тегди, қолаверса, ҳозир йўл ҳақлари ҳам фалон пул. Ҳам ҳар куни йўлга кетадиган вақтим тежалади. Эрталаб дарсга кеч қолишлар ҳам барҳам топса, ажабмас. Сўраб-суриштириб, эски шаҳардан мана шу кампирнинг уйини топдим. Ёлғиз яшар экан. Нега ёлғиз яшашини билмайман, қисмати шундай бўлса керак-да... Кампир яхши қарши олди, биринчи куни қулинг ўргилсин ош билан сийлади, гўё суҳбат қабилида етти пуштимни суриштирди. Аксарият шаҳар ҳовлилари каби бу ҳовли ҳам кичкинагина эди, олди айвонли, алоҳида-алоҳида иккита хонадан иборат пастак уй. Ана ўша уйнинг дарвозага яқин хонаси менга берилди. Бу уйда аввал ҳам талабалар турган шекилли — учта эски каравот тартибсиз турар, иккитаси «яланғоч» бўлиб, биттасида ўнгиб кетган болишу кўрпа бор эди. Деворлар сарғимтир, кўп жойлари кўчиб тушган, у ер-бу ерига турли суратлар ёпиштирилган, баъзиларининг ярим-ёртиси йиртиб олинган. Ҳаммаёқда чанг. Хуллас, кийимларимни алмаштириб, хонани супуриб-сидиришга тушдим... Мана, ўша бинойдек сариштали хонада деразага тикилиб, нотаниш қушнинг хонишини тинглаб ётибман. Энди туриш керак, дейман ўзимча. Ҳозир негадир ташқарига чиқиб, бутун оламни бирваракай қучиб, бағримга босгим келди... Айвонга чиқдиму, энг аввало, «ҳофиз» қушни нигоҳим билан излай бошладим, лекин у энди тинчиб қолганди. Ҳафсалам пир бўлаётганда тонгнинг салқин, хуштаъм сабоси бағримни юмшатди. Бугун оламнинг ранги бошқача эди, буни аниқ сездим. Сездиму бу бетакрор фусуну ҳузурни кампирга ҳам илиниб, чапга — унинг хонаси томонга қарадим. У айвондаги сўрида болишига чиғаноғи билан ёнбошлаб, кўзларини юмган кўйи тасбеҳ ўгирарди. Гўё бу оламдан бехабардек, мени ҳам сезмаётгандек эди. Кампирнинг ҳолатидан завқим келдими, беихтиёр лабларим қайрилиб, жилмайдим, меҳрим жўшди. Яна тўрт девор оша оламга тикилдим, кўксимни тўлатиб нафас олдим, бошим айланиб, сархушландим. Назаримда, авж ололмаётган икки-уч туп дарахтли кичкинагина ҳовли ҳам бугун кенгайиб кетгандек эди. Ўнг томондаги қўшнининг ҳовлини бўғиб турган баланд ғиштин девори худди анча нарига сурилгандек. Ҳовлининг нариги бурчагига ҳар куни икки қадам ташлаб, етиб олардим, бугун эса анча узоқ юрдим. Қайтиб, крандаги муздек сувда маза қилиб ювиндим, ҳузур билан артиндим. Уйга кириб, ўзимни тартибга солиб, айвонга қайтиб чиққач, ҳамон кўзларини юмганча тасбеҳ ўгириб ётган кампирга яна меҳр билан тикилдим. Унинг тасбеҳ шодаларида қуёшнинг қизғиш нурлари жилваланди. — Ассалому алайкум, эна! — дедим сўрига яқинлашиб. Кампирнинг ҳолати ўзгармади, фақат кўзларини қия очиб, чети билан менга назар ташлади. — Ҳа, яхши ётиб турдингми, болам? — дея сўради паст, лекин хиргойи қилаётгандек овоз билан. — Қандайдан, бугун эрта турибсан? — Билмадим... Тургим келди-да. — сўрининг четига — кампирнинг рўпарасига омонат ўтирдим. У ҳам ўрнидан туриб ўтирди. Қариликнинг акси кўринган кулрангмонанд юзида ва ҳийла қисилган кўзларида қуёшнинг қизғиш нурлари ўйнади. — Қани, омин, тинчлик-хотиржамлигини берсин. Аллоҳу акбар! — дея юзига фотиҳа тортди. Мен ҳам унга эргашдим. — Чой ичдингизми, эна? — Йўқ, сен билан ичгим келди-да, болам. — Сўнг у болишнинг тагини кавлай бошлади. У ердан бир неча марта букланган пулларни чиқариб, минг сўм ажратди-да, менга узатди: — Новвойдан иссиқ нон обкегин, болам. Мен беихтиёр ўрнимдан туриб кетди. — И-эе, пулим бор-э, эна. Кампир атайлаб қовоғини солиб, хафа бўлгандай деди: — Агар пулни омасанг, нонингни емайман. Ма! Пулни олдим-да, газга чой қўйдим. — Қайтгунимча қайнаб туради, — дедим кампирга қараб, — тағин уриниб дамлаб юрманг, ўзим дамлайман. Шу пайт қулоғимга найнинг овози эшитилди. Наймиди ё ?.. — Айтгандай, эна, ҳали қанақа қуш сайради? Яна ёнбошлаволган кампир кўзининг қири билан менга қаради. — Қачон? — дея сўради боягидек паст овозда. — Ҳали, сен уйдан чиқмасдан олдинроқ. — Билмадим, мен эшитмадиму, — деди у ва жим қолди. Мен олислардан келаётган найнинг майин хонишига қулоқ солиб, туриб қолдим. Хаёлимни кампирнинг овози бўлди: — Балки кўнглик сайрагандир. Аввалига унинг гапини тушунмадим-да, ҳалигина берган ўз саволим эсимга тушиб, ўзимча «балки», дея мийиғимда кулиб қўйиб, айвондан тушгач, дарвоза томонга қайрилдим. Дарвозадан чиқаётганимда найнинг овози тинди. Аслида у найнинг овозимиди ёки?.. Билмайман! Билмайман!.. Кўчага чиқибоқ эътиборимни, энг аввало, чап тарафдаги қўшнининг дарвозаси олдида бир кампирни жуда эҳтиёткорлик билан «Нексия» машинасига ўтқазаётган одам тортди. Эгнидаги оппоқ кўйлагини шимнинг ичига тиқмай, тушириб олган, бошида санъаткорона тикилган оқ гулдастадек дўппи, нур таралган фариштали чеҳрасига янада жозиба бахш этган қошу киприк, ихчам мўйлови тим қора, гўё товланади. Аслида эътиборимни у кишининг суврати тортмади. Йўқ, мени юришдан тўхтатган нарса бошқа эди: у мункиллаб қолган кампирни (балки онасидир) шунақаям эҳтиёткорлик, ҳафсала билан, тўғрроғи, эринмасдан машинага ўтқазардики, унинг ҳар бир ҳаракатидан мислсиз меҳр ёғилаётгандек эди. У кишининг ортида бошига оқ рўмол ёпинган аёл турибди. Аёлдан берироқда — менга яқинроқ тарафда эса ўзга бир хилқат. У менга орқа қилиб турар, бошида бўйнига айлантириб танғилган оппоқ рўмол, устида товонидан сал тепароққача тушган исломий мовий кўйлак, оёғида оқ пайпоқ, гулдор шиппак. Унинг кўйлаги кенг эди, қадди-қоматини намойиш этмасди. Лекин мовийранг бу мато ичида ўн олти-ўн етти ёшли гўзал бир вужуд яширингани ғойибона сезилиб турарди. Қиз озгина қимирласа ҳам, кўйлагию бошидаги рўмоли худди булоқ суви майин шабодада майда тўлқинчалар пайдо қилиб, жимирлагани сингари нозик тўлқинланарди ва бу ҳар қандай уйғоқ нигоҳни, дилни ҳам ана ўшандай тўлқинлантириши шубҳасиз эди. Мен тек қотган кўйи қиздан кўзимни узолмасдим. Қанийди бир қараса, бир бор назар ташласаю, дея умид қилардим, юзини кўришни истардим. Бу орада ҳалиги аёл менга бир қарадию яна кўзини олиб қочди. Худди шу лаҳза қиз ҳам мен томонга қайрилди. Оппоқ рўмолнинг, мовий кўйлакнинг тўлқинлари катталашди. Мана, мен шу ўтган бир неча сонияларда орзиқиб кутган чеҳра: оқ пушти атиргул монанд юз, ўсик киприклар, қалдирғоч қанотидек жилвакор қора қошлар, лаблар. Бу юзнинг мислсиз малоҳатидан унинг бошидаги оппоқ, топ-тоза рўмолнинг ҳам аҳволи танг эди. Мен сизга ҳозир таърифлаган бу сувратни кейин — оромсиз туну кунларимда хотирамдаги майда бўлакчалардан йиғиб тикладим. Ҳозир эса мен сархуш эдим, бошим айланиб, кўзларим тиниб, оёқларимдан мадор кетиб, деворга суяниб қолгандим. Елкамдан девор ҳам нари қочиб борарди гўё... Ўзимга келганимда қўшни дарвозанинг олдида ҳеч ким йўқ эди, ҳатто машина ҳам ғойиб бўлганди. Бу тушмиди, хаёлмиди — англолмадим. Ўз ҳолатимдан чўчиб кетдим, бирров атрофимга олазарак кўз ташладим-да, хаёлимни олиб, шоша-пиша новвойхона томонга жўнадим. * * * Нон чайнардиму ўзим, хаёлим бошқа ёқларда эди. Остимдаги сўрини, оғзимдаги қасир-қусир қилиб ямлаётганим иссиқ нонни ҳис қилмасдим. — Нима бўлди, болам? — дея сўради қўлидаги пиёлани оғзига олиб бораркан, синовчан тикилиб кампир. — Ё сайроқи қушингни кўриб қолдингми? Мен олис-олислардан қайтиб келдим, кампирнинг гапини миямнинг ковакларида айлантирдим. Қуш!.. Нима демоқчи бу зийрак кампир? Ахир!.. Мен «ялт» этиб, кампирга қарадим. Лекин у гўё ҳеч нарса бўлмагандек, бояги гапни ҳам айтмагандек, эринмай нон чайнарди. Нонни ямлаганида буришиб кетган жағи бурнига тегиб кетай дерди. Буни кўриб, ҳали ўйлаган ўйимдан қайтдим. Мен кампирни авлиёми, ғайбни билувчимикиин, дея хаёл қилгандим, энди эса ҳафсалам пир бўлди. Кейин кампирдан қўшнилар ҳақида сўрамоқчи бўлганини эсладим. Кўзларимда мовий ранг ёлқинланди. Буни энага билинтирмасликка уриниб, бир бурда нонни пиёладаги қаймоққа ботирдим ва гўё гап йўғида гап-да, қабилида сўрадим: — Эна, манов уйда кимлар яшайди? Кампир бир пас индамай турди, сўнг, — Кўрдингми? — деди секингина. Мен яна ўзимни бепарво тутишга уриндим: — Нимани? — Ҳмм... — деди кампир чўзиб нафас чиқараркан. — Улар жуда яхши одамлар. Ҳаммалари художўй, тақводор. Ўша шўро замонидаям намозни канда қилишмасди... Мен кампирнинг гапира бошлаганидан хурсанд эдим. Шу билан бирга, тезроқ мовий кўйлакли қиз ҳақида гапиришини истардим. — ... Жуда тагли-зотли, саховатпеша одамлар бу қўшниларим. Дадалари катта савдогар, топарман-тутарман. Ўғиллари ҳам шунақа. Кенжа қизи... Ҳа-ҳа, тезроқ гапирсангиз-чи, энажон, дея орзиқиб кетди юрагим. Кампир менга зимдан қараб қўйди. — Кенжа қизи жудаям чиройли, ўзи отинча. Отини айтайми? — Айтинг, эна, айтинг, — деб юбордим ихтиёрсиз. Кампир ёқимли жилмайди-да, менга меҳрли тикилди. — Мумтозмаҳал... Бағрим ёниб кетди, бўғзимга бир нарса тиқилиб, кўзларимга ёш сизгандай бўлди. Кампир ҳамон жилмайганча тикилиб турарди. Мен кўзларимни қаерга яширишни билмай қолдим. — Бу қушни жуда эҳтиёт сақлайдилар, унинг ошёнига (ёки кўнглига дедими, билмайман) кириш жуда мушкул, болам, жонингга жабр қилмасмикинсан?.. Мен энди кампирнинг донишмандлигига чиппа-чин ишондим, ишондиму унинг ҳар бир сўзига қул бўлдим. — Ҳа, айтгандай, ёзувчимидинг, болам? Мен бошим билан тасдиқ ишорасини қилдим. — Сен мактуб ёз! Шундай ёзки... — кампирнинг овози янада майинлашди. — У олдимга чиқиб туради. Мен негадир кўзларимни ердан узолмасдим... Дастурхонга фотиҳа ўқидик. Нарсаларни йиғиштирарканман, оёғу қўлларимнинг жудаям оғирлашиб кетганини сездим. — Қишлоғингга бормоқчимидинг, болам? — Ҳа, — дедим кампирдан кўзимни олиб қочиб, — энди боролмасам керак... Кампир бағримдаги қовжираб бораётган умид ниҳолимга сув қуйди. Кўзларимдаги мовий ранг соғинчи мени кулбамга — кичкинагина қўлбола хонтахтаю қоғоз, қаламим сари етаклади. Ғариб тўшакка ўтириб, хонтахтага суяндим, бошимни қўлларим орасига олдим. Бошмиди ўзи бу? Мени оғушига олган мана шу ҳувиллаган, сукунатнинг мислсиз шовқини ястаниб ётган уй каби бошим ҳам ичи бўшлигидан каттайиб, шишиб бораётгандек эди. Фақат қароғларимга талпинаётган сим-сим кўнглимгина ҳали менинг бор эканимни англатиб турарди. Ёзаман, дердим ўзимча, лекин нимани ёзишимни билмасдим, не-не қоғозларни қоралаган, ўзимча қанчалаб ҳикоялар, бир неча қиссалар ёзиб ташлаган ва ҳатто бу ёзганларимнинг баъзилари хаёлчан суратларим билан газеталарда босилган, янаки, ўзини ёзувчи деб билмиш мен ҳозир қоғоз олдида жуда-жуда ожиз эдим. Кечагина мени осмону фалакларга элтишга қодир кўринган энди юпун ва маъносиз туюларди. Наҳотки шу сўзлар билан кўнгилни ифодалаб бўлса? Аслида шу вақтгача нималарни ёзган эдим. Шунда биз ҳозир нутқимизда қўллаётган ва ҳатто шеърлар ёзаётган сўзлар нақадар дағаллашиб, ғариблашиб кетганини англагандек бўлдим. Мен талаба эдим, шу замоннинг олий мактабида таҳсил олаётган сўзамол талаба эдим. Ўзим билан ўқийдиган, юзу кўзлари пардоз мавжидан олланган гўзал қизларга гап отишда ўйланиб ҳам ўтирмасдим, лозим бўлса, муҳаббат изҳор қилишдан-да тоймасдим. Уларнинг қаршисида ҳозирги ожизликни ҳис қилмасдим, қўл бериб кўришганимда этим сесканмасди, юрагим жизилламасди, кўзларига боққанимда ҳусну латофатларидан бир жойларим жимирлардию, бироқ бу гўзаллик юрагимга ботиб, мижжаларимнинг четларини ачиштирмасди ва мен бу ҳақда бош қотириб ҳам ўтирмасдим. Ҳозир эса мовий тўлқинларга битажак мактубимни нимадан бошлашни билолмай гаранг эдим, киприкларимнинг ости ачишиб-ачишиб кетарди. Ва ниҳоят, юрагимнинг ўртанишларига бўйинсунган қўлим ҳаракатга келди: «Мумтозмаҳал! Ўшанда куннинг ранги ўзга эди ва бу ранг қаёқдан пайдо бўлганидан бехабар эдим. Ғариб дарвозанинг остонаси англатди менга ул рангнинг бошини. Мен сизни билмайман, лекин билардим, мен сизни танимайман, лекин танирдим. Бунга кўнглим гувоҳ. Фарҳод — мен, Отабек — мен, ўзим Анвар. Хаёлингиз умримга сочмиш мушку анбар. Самолардан келмишмидингиз? Мени оламда бир маҳваш гирифтор эттию кетди, Бошимга солди савдони, харидор эттию кетди. (Суханвар шеъри) Девона гуноҳимдан ўтинг! Яшашга изн беринг, бу мовий оламда яшамоққа изн беринг! Шамсиддин.» Бир неча бор ўчириб-ёзиб, қанча қоғозларни йиртиб, киприкларим силкинишидан сиёҳлар чаплашиб битган мактубим эди... Орадан бир ҳафта зтди. Бу кунлар мобайнида мактубимга орзиқиб жавоб кутдим, деёлмайман, йўқ, очиғи, жавоб олишимга умидвор ҳам эмасдим. Фақатгина бир таскин менинг яшашимга, умримнинг давомига умид билан қарашга имкон берарди ва шунинг учун ҳам доимий ташвишларимдан айро тушолмасдим. Бу таскин шундан иборат эдики, нима бўлганда ҳам, ҳар тугул қалбимдагини кимгадир, тўғрироғи, айнан ўша одамга тўка олгандим ва у дардимдан огоҳлигидан бир мунча ҳузурланардим. Кунларимни санамасдим, мен уларга шўнғиб кетгандим, ҳар нарсадан, воқеа-ҳодисадан бир маъно ахтарардим ва бу маъно мени фақат ва фақат ўшал мовий тўлқинларга элтарди. Гўзал курсдошларим энди хаёлимни ўғирлашолмасди, уларнинг қиқир-қиқирлари ҳам чалғитолмасди. Ҳеч ким билан гаплашишни истамасдим, ўзим билан ўзим эдим, дунё эса бу ҳолатимдан ҳайрону лол ҳар ерда кузатиб турарди. Аудиторияда дарс тинглаб ўтирарканман, куюниб гапираётган шўрлик домланинг овози узоқ-узоқларга сочилиб кетарди. Бу дарсхона эмас, гўё кенг дала эди, қулоқларимга сўзлар эмас, уларнинг шовқинларигина келиб уриларди. Домла эса кичрайиб-кичрайиб кетарди... Ўшанда кампир қўлимга қоғозни тутқаздию таниш табассумини ҳам ҳадя этди. Бу маҳал юрагим дукурлаб, қинидан чиқиб кетгудай бўлар, бўғзим қуриб, ичимдан олов чиқаётгандек туюларди. Шу алпозда кулбамга кириб, мактубни очдим, очдиму лол қотдим. Унда ажи-бужи ёзувлар турарди. Аввалига ҳаяжонланганимдан шундай кўриняптими, деб ўйладим ва кўзларимни бир пас юмиб олдим. Қайта очганимда ҳам ҳамон ўша ёзувлар жилва қиларди, бироқ энди ўзимни ҳийла босиб олгандим. Шундагина мактуб араб ёзувида битилганини илғадим. Бу жумбоққа жавоб излаш асносида ёзувга тикилдим, лекин бирорта сўзни ҳам ўқий олмадим, йиғлагим келди, хатни хонтахтанинг бир четига суриб, пешонамни ушлаганча тўзонда қолган туйғуларимга тўзим истадим. Шунда юмуқ кўзларим ичра раҳматли опоқдадамнинг сиймоси оқариб кўринди ва ҳозирги мушкулимни осон қилгувчи умидбахш болалигимни эсладим: опоқдадам «мен бу боламга сочи узун, отинча қизлардан олиб бераман», дея менга «ескича» дуоларни, араб имлосини ўргатарди. «Муаллими соний»ни тугатиб, «Ҳафтияк»ни яримлатганимда у киши оламдан ўтганди ва шундан кейин мен «янгича» илмларга «шўнғиб» кетгандим. Наҳотки унутган бўлсам, наҳотки шу ўтган беш-ўн йил опоқдадамнинг орзуларини хотиримдан ўчириб ташлаган?! Қароғимда оқариб турган сиймо — бобом хотираси, хонтахтанинг бир бурчагида турган ва менинг ҳаёт-мамотимни ҳал қилиши мумкиндек туюлган сирли мактубни ўқиш иштиёқи миямнинг ковак-ковакларини кавлай бошлади-да, қўлимга қоғоз-қалам олиб, арабий ҳарфларни ёза кетдим. Ёзавердим, номларини эслайвердим. Йўқ, унутмаган эканман, орадан қанча вақт ўтди, билмайман, ўқий олишимга ишонч ҳосил қилгач, мактубни қўлимга олиб, очдим. Ўшанда унинг гўзал ҳуснихат билан ёзилганини фаҳмладим. Жимжимадор ҳарфлар бир-бирларига осонгина қўшилавердилар: «Ассалому алайкум! Мен Сизни эсладим. Балки гуноҳ иш қилгандирман, лекин ўз энамдек бўлиб қолган меҳрибон қўшнимизнинг кўнглидан ўтолмай, мактубингизни олдим. Жавоб ёзайми-ёзмайми деб, бир ҳафтани ўтказдим. Ахир бу мактубнинг ортида инсон кўнгли турибди-ку, деб ўйладим сўнг. Аллоҳнинг ўзи кечирсин! Ўша куни оламнинг ранги бошқача эди дебсиз ва бу гўзалликнинг ижодкорини хато айтибсиз. Ҳамма нарсага қодир фақат Аллоҳдир. Аллоҳ таоло беадад ва бетимсол ҳусн соҳибидир. Ул зоти мукаррам ўзининг беадад жамолининг беададдан бир улушини биз бандаларига ҳам ато этмиш. Бизлар бундан ифтихор этмоғимиз ва Яратганга шукроналар айтмоғимиз лозим. Биз барчамиз гўзалмиз. Ҳозирги айтадиган гапимни нокамтарликка йўймагайсиз. Илло унинг маъносини кейинроқ тушунгайсиз, иншооллоҳ. Сиз Фарҳод бўлолмассиз, мен эса Ширин. Сиз Отабек эмассиз, лекин мен Кумушликка қодирман. Сиз Анвар эмассиз, аммо мен Раъно бўла оламан. Мен ҳам заминийман, эмас осмонлиқ, Вале шаккари шўр, билинг, осонлиқ. Намозларингизда дуо қилиб туринг. Илоҳи, гуноҳларимизни авф этсин! Илтимосим — энди хат ёзманг. Аллоҳнинг ўзи бир йўлга бошлагай. Мумтозмаҳал.» Бу сирли мактуб мени хаёл гирдобига ғарқ этди, унинг ҳар бир сўзидан маънолар ахтара бошладим. Энг аввало, у ўз мактубини нега энди арабий имлода ёзганини тушундим ва биринчи имтиҳондан ўта олганимдан ёш боладай қувониб кетдим. Бу қизнинг зукколигини қарангки, у мени ўзининг шу биргина мактуби билан неча-неча синовларга рўбарў этмиш. «Сиз Отабек эмассиз, лекин мен Кумушликка қодирман». Бу билан нима демоқчи? Мен-ку мўмин-мусулмон бир кишининг имон-эътиқодли, шарм-ҳаёли бир фарзандиман, сиз эса Отабек каби фозил, Ислом кишиси эмассиз, демоқчими? Ҳа-ҳа, айнан шундай ва унинг Кумушликка қодирлиги ҳам рост. Мен эса нари борса, бир институтнинг талабасиман, холос. «Намозларингизда дуо қилиб туринг...» Қаранг, «намоз ўқийсизми?» ёки «намоз ўқинг» эмас, «намозларингизда дуо қилиб туринг», деб ёзган. Бу одоб, бу ҳаё, бу бир неча маъноларда жилваланган сўзлар — менинг ушалмасдек туюлган орзуйим эмасмиди? Демак, унинг васлига етмоғим учун намоз ўқимоғим, имонга қайтмоғим шарт. Ҳаммасидан ҳам унинг таъби назми борлиги мени беҳад қувонтирди, адабиётга ошно ярим кўнглим бут бўлгандек туюлди. «Вале шаккари шўр, билинг, осонлиқ» деган сатри менга «мақсад сари шошилманг» мазмунида эшитилгандек бўлди. Мактубдаги бу тагдор жумлалар, ундаги сирли жозиба, сўзлардаги ҳалиймлик ва аёнки, умидбахшлик Мумтозмаҳалга бўлган меҳримни юз чандон ошириб юборди. Тун бўйи мактубни қайта-қайта ўқидим... Эртасигаёқ бозордан намознинг тартиб-қоидаларини ўргатувчи китоб олиб келдим. Аввалдан ёд билган дуои сураларни қайта-қайта ўқиб, намоз тартиби бўйича жой-жойига қўйиб, ўргандим. Кечқурун кампирдан тоза мато олиб, хуфтон намозини ўқиш учун жойнамоз қилдим. Таҳоратдан сўнг ёруғ дил билан намозни бошладим. Илк бор пешонам саждага текканда вужудим жимирлаб, кўнглим шу қадар юмшаб кетдики, гўё танамдаги ҳар бир мўй остидан бир нималар суғурилиб, чиқиб кетаётгандек туюлди. Кўзларимга ёш сизди, томоғим ачишди, остимдаги жойнамоз худди эртаклардаги учар гилам сингари юксакларга кўтарилаётгандек бўлди. Одатда бир ёки икки ҳафтадан сўнг уйга борганимда ва онажоним мени бағрига босиб, юз-кўзларимдан силаганида шунга ўхшаш ҳузурни ҳис қилиб, эриб-эриб кетардим. Ҳозир ана ўшандай туйғу қўйнида эдим. Илк бор юзимга фотиҳа тортганимда бармоқларим, кафтларим мулойимлашиб, хушбўй бўлиб қолганини ҳис қилдим ва улуғ оғушдаги мислсиз ҳузурдан мастона-мастона тебрандим. Ниҳоят умрим учун яна бир зийнат кашф этдим. Кунлар ўтаверди, ҳар намозимни тугатганимда, вужудим енгиллашиб, ҳаво томоғимга ширин-ширин урилган пайтларда кўз олдимда ўша мовий тўлқин, оқ пушти атиргулмонанд чеҳра намоён бўладиган бўлди ва мен бу лаҳзаларнинг такрорланишини орзиқиб кутардим, ҳар намоз ортидан кўрингувчи сувратни соғинардим. * * * Кунларнинг бирида шомга яқин кампир чорлаб қолди. Сўрига бориб, қаршисига ўтирдим. — Болам, сен келиб, уйимга файз тўлгандек бўлди, илоҳи, умринг узоқ бўлсин! — деди кампир овози титраб. — Раҳмат, эна, сиз ҳам менга онамдек бўлиб қолдингиз, — дея кўнглимдаги гапни айта қолдим мен. — Барака топ, болам! Шу-у... Бу уйдан биров маҳалла мачитига чиқмаганига ҳам анча йиллар бўлди. Вақтинг бўлганида кечқурунлари мачитга чиқиб тургин. — Хўп, эна, ўзимам шуни ўйлаб юрувдим. Дўппи олволай, кейин, албатта, чиқаман. Мачитга ялангбош чиқсам бўлмас... — Умрингдан барака топ, болам!.. Уйдан пул олиб келгач, якшанба куни дўппи харид қилиш учун бозорга бордим. Дўппи бозорнинг қайси томонида сотилишини билмасдим, шунинг учун бировдан сўраб ҳам ўтирмай, шу баҳона бир бозор айлангим келди. Бозорда одам тирбанд, бемалол юролмайсан, гоҳ у елканг, гоҳ бу елканг билан кимларгадир туртинасан. Бу ерда биров бировдан узр сўраб ўтирмайди, ҳамма ўзи билан ўзи овора, қаёққадир шошилади. Латта-путта бозори чўзилгандан-чўзилган, пастак қўлбола пештахталарда дунёнинг анвойи матолари, атиру упалари, совуну тиш тозалагичлари. Бу нарсаларнинг қоришиқ қўланса ҳиди димоғингга урилади, гўё ҳаво эмас, ана ўша нарсаларни ютаётгандек бўласан. Ҳамма ёқда бақир-чақир, шовқин авжида, борлиқда «бозор симфонияси» ҳукмрон... Сотувчиларнинг аксарияти аёллар эди. Ориқ, семиз, гўзал, хунук, новчаю пакана аёллар. Улар бор вужудлари билан ўз матоларига қоришиб кетгандек, уларнинг ранг-рўйини олдиларидаги нарсаларнинг тусидан ажратиб бўлмайдигандек. Барчаси куйиб-пишиб савдолашишади, она тилидаги энг жарангдор бозорбоп сўзларни топиб гапиришади, харидор чорлашади. Кўзларининг қорачўғлари ғалати ялтирайди, гўё улар кўз эмас, чуқурдан-чуқур ўра, уларга қанча нарса ташламанг, барибир тушмайдигандек кўринади. Юз, қош, лабларнинг барча-барчаси фақат бир нарсага — нима қилиб бўлса-да, молини ўтказишга хизмат қилади. Ана, қип-қизил юзидан ҳаёт ва нафс уфурган бўла аёл ўтирибди. У бемалолроқ ўтириш учун кўйлагининг этагини белигача тортиб, оёқларини икки томонга кериб олганидан кўз тушиши лозим бўлмаган жойларигача кўриниб турибди. Алвон лозимининг чоки бироз сўкилганини ҳам ё сезмайди, ёки атайлаб парво қилмайди. Лозимининг йиртиғидан лорсиллаган сонининг бир қисми оппоқ бўлиб кўзга ташланади... Бўғзимда нимадир қалқиди, бир тебраниб қўйиб, одамларга туртина-туртина нари кетдим. Ўнг томондаги пештахтада аёлларнинг катта-кичик ва турли рангдаги сийнабандалари гўё қишлоқ хотинларининг супрасидаги хамиртурушлардек қатор қилиб териб қўйилган. У ерда эркак зотининг сирли жуфти ичидан киядиган яна алламбало нарсалар ҳам бор. Пастак пештахта ортида эса ўттиз ёшлардаги йигит сақич чайнаб ўтирибди. Ёшгина икки харидор жувон битта сийнабандни обдон кўздан кечиришди-да, бири йигитдан сўради: — Мановининг размери неччи? Ҳафсала билан сақич чайнаётган сотувчининг жағи бир лаҳза тинди-да, «икки» деди ва яна «кавш қайтаришга» тушиб кетди. Не ажабки, на бу йигит, на улар пинагини буздилар, гўё мазкур савдо улар учун оддий саломлашишдек бир гап эди. Менинг бошим айланди. Ўгирилиб, бир муддат кўзларимни юмиб олдим, кўнглим беҳузур бўлди. Энди истар-истамас, юришда давом этдим, тезроқ бу ердан чиқиб кетишни истардим. Шу пайт қулоғимга аёл кишининг андишасизларча шанқигани эшитилди. Беихтиёр ўша томонга қайрилдим, аслида у тарафга қараган бир мен эмасдим, ҳамманинг нигоҳи ўша ёққа қадалганди: чиройли сотувчи жувон титраб, ҳадеб олдинга силтанарди. — Уялмайсизми алдагани!.. — дерди унинг рўпарасида турган норғул бир эркак. — Ким алдабди, ҳей? Оғзингга қараб гапир! — дея шанғиллади жувон. — Нега уяларканман? Нима, мен сенга ... сотяпманми уялгани! — У энг шармандали гапни шармандаларча бақириб айтиб юборди. — Тирикчилик деб ўтирибман бу ерда!.. Менинг кўнглим айниди, бир ўқчидим-да, одамларга туртина-туртина холироқ жойга югуриб кетдим... Нима бўлганда ҳам ўша куни дўппи сотиб олдим, қайтишда сочимни дўппибоп қилиб кичрайтирдим. Кечқурун маҳалла масжидига чиқдим. Турли ёшдаги одамларнинг баъзилари ташқаридаги сўриларда, бир қисми ичкарида такбирни кутиб, паст овозда гаплашиб ўтиришарди. Уларга салом бериб, ичкарига кирдим-да, бир бурчакка ўтирдим. Масжиднинг ичи жуда салқин, ҳузурбахш, ҳавоси хушбўй, кўнгилни ёритар даражада ёқимли эди. Тепадаги чироқлар сарғимтир-қизғиш нур сочади, бу балки деворларнинг сарғиш қилиб бўялганидан шундай кўринар. Атрофда ҳузурбахш сукунат ҳукмрон, у одамларнинг паст овозларига қоришиб, дилга ажиб бир ҳаловат олиб киради. Мана, мовий тўлқинлар ниҳоят мени масжидга олиб келди... Бир сафар намоз тугагач, катталар чиқиб олсин дея одатдагидек одоб юзасидан ўзимни четга олиб, чиқгувчиларга йўл бериб турдим. Намозхонлар оқими охирлаб қолганда бир киши мен томонга бурилди. — Омонмисиз, қўшни? — Бу — Мумтозмаҳалнинг дадаси эди. Мен уни ўша илк марта дарвозаси олдида кўрганимдаёқ эслаб қолгандим. Масжидга чиқа бошлаганимдан сўнг эса ҳар куни кўрадиган бўлдим, у киши намоз маҳали олдироқда ўтиргани учун ҳамиша охирида чиқарди. Қўшним сўрашиш учун икки қўлини узатиб турарди. — Саломатмисиз? Биз кўришдик ва биргалашиб ташқарига чиқдик. Мен бу кутилмаган дийдордан эсанкираб қолдим, ҳаяжонланганимдан бирон сўз тилимга келмасди. Одамлар ҳар томонга тарқалишгач, биз томонга юрувчилар ҳам сийраклашди ва ниҳоят, кўчада иккимизгина қолдик. У киши суҳбат орасида менинг қайси қишлоқдан эканимни, қаерда ўқишимни, ота-онам ҳақида суриштирди. Мен одоб билан жавоб бериб боравердим. Мана, уларнинг чироқ ёритиб турган ҳашаматли дарвозасига ҳам етдик. — Қани, қўшни, бир пиёладан чой ичайлик, — дея таклиф қилди у. — Раҳмат, дарсларим бор, — дедим мулойимлик билан таклифни рад этиб. — Унда, майли. Мабодо бирор нарса керак бўлса, тортинмай, бизникидан сўрайверинг, бўптими... — Унинг овози жуда самимий ва мулойим эди. Биз хайрлашдик. Мен бу муомаладан ўзимча маънолар кашф этиб, қанот бойлаганча кулбамга — қоғозимга ошиқдим... * * * Ўшанда шанба куни эди. Ўқишдан қайтиб, дарвозахонадан ўтиб, уйга бурилаётганимда ажиб бир хилқатга рўбарў келдим — бу Мумтозмаҳал эди. Уларнинг оиласи кампирнинг иссиқ-совуғидан хабар олиб туришарди, Мумтозмаҳал бу уйга қарийб ҳар куни чиқиб, кампир билан гаплашиб ўтиришини орқаваротдан яхши билардим. Лекин ҳамиша мен йўқлигимда чиқарди, шунинг учун уни учратишдан кўпам умидвор бўла олмасдим. Бугун эса... Не бахтки, менинг орзу-умидларим, армонларим, хаёлларим ўғриси ва аёнки, тақдирим қаршимда турарди. Ва бу учрашув ҳам бежиз эмаслигини тушунгандек бўлардим. Ўша мовий кўйлак, ўша оппоқ рўмол, ўша юз, ўша киприклар — мени орзиқтирган ўша мовий олам бутун бўй-басти билан қаршимда турарди. Ичимда бир нарса узилгандек, бошим ҳузурбахш айланар, остимда ер йўқдек туюларди. — Ассалому алайкум! Нега қотиб қолдингиз? — Бу овоз узоқ-узоқлардан эшитилди. Мен нимадир демоқчи бўлдим: — Мум... — Лекин тилим айланмади. — Мум тишладингизми? — деди у хиёл жилмайиб ва лабларини рўмоли билан тўсиб олди. Бу табассум мен билган табассумларга ўхшамасди. Бомдод маҳали уфқнинг оқаришини кўрганмисиз — ҳижоб ортидан маъсум табассум ила иболи бир чеҳра мўралаётгандек туюлади, унинг жилмайиши ана ўша тонг жамолига ўхшарди. Энди мен ўзимни бироз ўнглаб олдим ва унинг сўзларидаги зариф тагмаънони англадим. — Келинг!.. Мен... — Минг чиранмай, барибир гапира олмадим. — Энамни кўргани чиқувдим... Хайр!.. — Киприклар бир силкинди, қоп-қора кўзлар нигоҳимни жодули сийпаб ўтди. Мен карахт эдим, кўзларимда мовий тўлқинлар чайқаларди, холос. Шу кўйи анча турдим ва чуқур бир хўрсиниб, айвонга ўтдим. — Ассалому алайкум, эна! — Ваалайкум ассалом. Ҳа, келдингми, болам? — деди ёнбошлаб ётган кампир ва майин жилмайиб, буклоғлиқ қоғоз узатди. Бу мактуб эди. Шошиб уйга кирдим-да, юрагим қинидан чиққудай бўлиб, арабий имлода ёзилган мактубни ўқий бошладим. «Ассалому алайкум! Омонмисиз? Отабеклардек иродангизга Аллоҳ улуғ ажрлар берсин. Кўтарилган самоларингиз муборак бўлсин! Кеча дадам аямга сиз ҳақингизда яхши гапларни айтибди. Танишиб олибсизлар шекилли?.. Энамиздан меҳрингизни аяманг!.. Гуноҳларимизни Аллоҳнинг ўзи кечирсин. Хайр...» Бағримдан мислсиз бир қувонч бўғзимга отилди, ҳозир гўё бутун жону жаҳоним қаҳқаҳа отарди. Ютоқиб, хатни яна қайта ўқишга тушдим. Шу пайт ташқаридан кампирнинг овози эшитилди: — Шамсиддин! — Бу илк бор исмимни айтиб чақириши эди. — Лаббай, эна, — дедим остонада тўхтаб. Не тонгки, кампир ҳам менинг қувончимдан бохабардек кўзлари чарақлаб боқиб турарди. — Бу сафар уйингга борасанми, юолам? — Ҳа, эна. — Онангни олдимга олдиб келгин, болам. Онанг билан би-ир танишиб, гаплашгим келди. Кампирнинг қўлидаги тасбеҳга кўзим тушди, унинг шодалари чўғдек ялтираб кетди. Шу пайт азон овози эшитилди. — Хўп, эна, — дедиму азоннинг ёқимли оҳанги оғушида тебрана-тебрана юксакларга кўтарила бошладим. Кўз ўнгимда мовий тўлқинлар мавжланди, жуда-жуда намоз ўқигим келди, мен саждани соғинганмдим... |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62385 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57604 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40481 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36529 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23274 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23158 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21570 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19505 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18632 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14452 |