Эркаги бор уй (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin]

Эркаги бор уй (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin]
Эркаги бор уй (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin]
Дарвозахонадан ирғишлаб кириб келган болакай уй ёнида тарвақайлаб ўсиб, том устигача шохлаб кетган каттакон ўрикнинг остида эринчоқлик билан тимирскиланиб юрган тарғил мушукни кўриб, бир тўхталиб олди. Кейин қўлидаги сумкасини гўё мушукнинг устига ирғитаётгандек қаттиқ силтади ва шу силташ асносида оғзидан ваҳимали бир товуш чиқардики, мушук ҳам ўша товушга ҳамоҳанг равишда «дод»лаб, ўрикнинг икки одам бўйи келадиган шохига сакраб, болага «ҳазилинг қурсин», дегандай қараш қилди-да, бойвучча юриш билан қинғир-қийшиқ шохлар орқали томга ўтиб кетди. Бола ўз қилиғидан завқланди. Аслида бу мушук уларники эмас, қаёқдандир пайдо бўлиб қолгану, бировнинг эътиборидан озор топмагач, томда макон топиб, бола туққан ва шу хонадоннинг салкам аъзосига айланган.
Уйдан чиқиб келган аяси айвонда тўхтаб, унга дакки берган бўлди:
—Мишиғни қийнамагин-да, ўғлим!
Болакай сумкасини эркалаш билан у ёқдан-бу ёқка силтаб, сакраганча айвонга — аяси ва сўрида ўтирган холасининг олдига кўтарилди.
— Ассаломалайким! Келинг, холажон! — деди овози жаранглаб,
— Ваалейкимассалом. Одобиям бор бу шумтакани, — деб қўйди аяси завқи келиб.
— Келдийми, полвон? Қани!.. — холаси ўтирган жойида сўрашиш учун кафтини очди.
Бола ўз одатича эркалик билан холасининг кафтига «чарс» эткизиб кафтини урди-да, «қалайсиз?» деб қўйди,
— Аяжон, — у сумкасини сўри четига қўйиб, чақнаган думалоқ кўзларини аясига тикканча бидиллашга тушди. — Бадал бувага салом берувдим, «Баракалла, ота ўғил, илоҳим, отангга ўхшаган йигит бўгин», деб дуо қилди.
Аясининг меҳри ийди, маъюс кўзлари ёшлангандай йилтираб кетди.
— Баракалла, ўғлим! — болакайнинг бошини бағрига тортди. — Илойим, Бадал буванинг айтгани келсин! У киши даданг раҳматлини жа яхши кўрарди-да... — дея кўнгли бузилди.
Бадал бува уларнинг уч-тўртта эшик наридаги қўшниси бўлиб, ҳамиша дарвозаси олдидаги ихчам супада қўлидаги беҳи шохидан ясалган қўлбола ҳассасига тираниб, гоҳ нималарнидир пичирлаб, гоҳ ўтган-кетганга гап ташлаб ўтиргувчи, соқоли қордай оппоқ нуроний чол эди. Чол ҳамма нарсани билгувчи, қишлоқдаги ҳар бир ишдан бохабар эди. Барча ўз қилмиши учун у кишидан ҳайиқар, чунки чол айтадигаи гапини ҳаспўшлаб, эзғилаб ўтирмас, дангал айтарди-қўярди. Шунданми, қишлоқ аҳли ҳар бир воқеа-ҳодиса учун орқаворотдан бўлса-да, Бадал буванинг ҳукмини кутарди. Унинг ҳукми эса доимо адолатли бўларди шекилли, барчалари ҳамиша ҳар бир иш учун шу оқсоқолнинг муносабатини билишга уринишарди. Ҳозир қишлоқдошлари наздида оқилу доно бўлган отахонни боланинг отаси ҳақида айтган гапларидан аёлнинг ҳам кўнгли юмшаганди.
Болакай холасининг доимгидай олқашлари остида кийимларини алмаштириш учун уйиға кириб кетди. Сумка¬сини қўйиб, қўйлагини ечаркан, холасининг хавотирли бир овозда ғўнғираб гапиргани беихтиёр қулоғига тушди.
— Айвонгача чиқдими, шихтинг қурғур? — сўради холаси аясидан.
Шундагина бола дераза орқали онасининг ҳолатига эътибор берди — у анчагина ғамгин ўтирарди.
— Бўйнинг узулгир, қўли билан имлаб ташқарига чақирдиям. Кўзларини йилтирашидан тузуккина мосийдиям (маст эдиям) шекилли, итдан бўлган!
Болакай энди деразага яқинроқ келиб, аяси билан холасининг гапларини диққат билан эшита бошлади. Унинг мурғак қалби онаси билан боғлиқ бирон кўнгилсизлик бўлганини сезганди.
Аяси хижолатли овозда секин-секин гапирарди:
— Ер ютгур, бир-икки марта ишдан қайтаётганимда-ям сузилиб қаровди. Саломлашиб ўтганимни ўзича тушунган шекилли-да...
— Кечқурун чиқиб бирга ётайми? — сўради холаси далда берувчи оҳангда.
— Қўй, эрийни ғаши кемасин тағин.
— У итвачча яна чиқар ҳали?..
— Билмадим. Худо сақласин. Кечқурун дод солмоқчиям бўлдим, лекин маҳалла-кўйдан номус қилдим. Барибир, ҳаммаям тўғри тушунмайди, қайтага миш-миш кўпаяди. Ахир болларим бор!.. Ҳаммасига сабаб — уйим-да эркагим йўқлиги. Эркагим бўлса-ю... — аясининг овози чийиллаб кетди, чамаси, у йиғлаб юборди.
Болакайнинг ҳам кўнгли бузилди, аясига жуда-жуда раҳми келиб кетди, дадасини эслаб ўксинди. Шу ҳиссиётлар орқасидан «ким бўлдийкин у одам?», дея ўйлаб қолди. «Кечаси бизникига кирадиган қайси харамийкин? Ҳали у эркаги йўқ уйга кирарканми? Бизи уйни эркаги йўқми?.. Мен-чи?!.. Йўқ, аяжон, бизникидаям эркак бор, ҳа, бор, аяжон!» Болакай эндигина бешинчи синфда ўқирди, айни дамда эса худди катталардай фикр юритар, айниқса, аясини хафа қилганлардан ўч олиш истаги унинг томирларидаги қонни чинакам йигитларникидай оловлантирмоқда эди. «Фақат ким бўлдийкин у ит?! Ҳа, майли, кечқурун билиб оларман. Кўрсатиб қўяман мен унга бировникига кириш қанақа бўлишини!» У уйларига кирган одам ким эканлигини аясидан сўрашга уялди. Ўзича қатъий бир қарорга келди-да, шаҳд билан ташқарига чиқди.
Аяси товуқ боқамиз деганидан кейин катак қилиш учун бир талай гувала қуйиб ташлаганди. Ҳозир ана ўша яқиндагина қуйилган гувалалардан иккитасини олиб, ўрик остига келтирди. Бу орада холаси чиқиб кетаркан, «ҳой, гувалачи, бизникигаям ўтгин», деб қўйди эрка бир овозда. Унинг қилаётган ишига эътиборсиз назар ташлаб қўйган холаси тугул аяси ҳам «ёш бола ўйнаяпти-да», дея ўйлаганди, холос. У эса ўйнамаётганди, ўз наздида, кечқурун бўлажак «жангга» ҳозирлик кўраётганди. Унинг болалик шўхликларию шумликлари тўлган миясига айни дамда тунда уларникига кирган ўша одам ким эканлигини билишу, у харамининг боплаб адабини бериб қўйиш хаёли ўрнашиб қолганди, Шу ниятда ўрик остига иккита гувала олиб келгач, яна аллақаерларни тимирскиланиб, аяси бозордан пиёзу картошка ташигувчи сунъий ипдан тўқилган халта ва арқон топиб келди. Гувалаларни халтага солиб, арқонни белига ўради-да, тирмашиб, ўрик устига чиқа бошлади.
Ўрикнинг йирик шохлари ҳам бир нечта бўлиб, улар қинғир-қийшиқ бесўнақай, ғадир-будир танаси қорайган ва дағаллигидан болакайнинг нозик танасини, ҳатто, кийими устидан-да, шилиб юборгудай эди. Одатда, қари ўрикларнинг майда шохлари худди чакалакзор бўтала-рига ўхшаб, бир-бирларига чирмашиб кетади. Шунинг учун ўрикнинг барглари ҳам кўп, яъники ғуж-ғуж бўлади. Болакай қўлидаги халтани қуриган кичикроқ бутоққа иларкан, ўша қалин барглар орасидан ҳовли этагидаги деворни кўриш учун бирон туйнук ахтарди. Бироқ ростдан ҳам барглар шу қадар қалин эдики, қани энди де¬ворни кўриб бўлса. Барибир ҳовли томондаги девордан ошиб киради, дея ўйлади бола, дарвоза тарафдан ўлсаям ўтолмайди. Шуларни ўйларкан, халтани яна қўлига олиб, эҳтиёткорлик билан уйнинг томи устига эгилган йўғон шох тепасига ўтди. Аслида бу кекса ўрикнинг ҳар бир шохи таниш бўлганидан бола учун унинг устида юриш унчалик қийин эмасди. Ҳар йили ўрик пишиғида бу ўрикнинг устига неча бор чиқиб-тушган ва шунинг учун қайси шохда оёқни қаерга қўйишни яхши биларди. Ҳозирги эҳтиёткорлиги эса қўлида юки борлигидан эди. У ўша шохнннг ўртасида, яъни ҳовлининг этагидан келувчи одамнинг айнан устини мўлжаллаб тўхтади ва халтани яна бутоққа илди. Белидаги арқонни ечиб, тахлади-да, учи синган калта шохга бир бор айлантириб осиб қўйди. Ўрикдан тушиб, ҳовли томонга ўтди ва деворнинг одам ошиши мумкин бўлган жойини чамалади-да, ўз фикрига яна бир бор ишонч ҳосил қилгач, ортига қайтди. Энди унинг бирдан-бир ташвиши тунги уйқуни енгиш эди. Уларникига кирадиган ҳалиги номаълум одам барибир ярим кечасидан аввал келмаса керак. Чунки у ҳам худди ўғрилар каби бехатарроқ пайтни пойлаши аниқ Унгача эса болакай донг қотади. Энг алам қиладиганиям шу. Кўпинча телевизорда бериладиган кечки киноларни роса пойлай-пойлай, эндигина бошланай деганда, ҳатто, синглисидан олдин ухлаб қолади. Бу тирмизак синглиси кичкина бўлгани билан китоб ўқишни, айниқса, эртақларни шунақаям яхши кўрардики, катта уйга кириб олиб ўқигани-ўқиган. «Ухлайсанми-йўқми», дея ҳатто, аяси ҳам пинакка кетиб қолади. Айтгандай, эртакни эсладими? Қайсидир эртакда ўқиганмиди ёки синглисидан эшит-ганмиди, ҳўллас, ундаги қаҳрамонлардан бири кечаси ухлаб қолмасликнипг чорасини топади. Бола ўз топқирлигидан қувониб, жилмайди. Оғриса-чи?! — ўйлади кейин, ҳа нима, ухлаб қолмаса бўлди-да. Оғриқка чидайди, ахир у эркак киши-ку! Бу уйнинг эркаги борлигига аясини ишонтириши учун ҳам чидаши шарт.
Ётар пайти аяси синглиси иккаловининг рангли қаламларини тарошлаб берадиган пискани доимги жойи бўлмиш токчага ёзилган газета тагидан олди-да, кўрпасига кирди. Аясн чироқни ўчириши билан ёнбошлаб, чап оёғининг товонини айвондан тушиб турган чироқ ёруғига тутди. Тишларини бир-бирига қаттиқ босиб, писка билан товонининг икки энлик чамаси жойини тилиб юборди. У кутганча оғримади. Қон чиқишини бирпас кутиб турди, ҳатто, кесилган-кесилмаганлигини тезроқ аниқлаш учун бармоқлари билан бир-икки уқалади ҳам. Қон чиқиши ҳамоно боя ошхонадан олиб кириб қўйган тузни жароҳатига босди-да, лабини тишлаб, кўзларини юмди. Бир лаҳза ўтар-ўтмас, жароҳати жазиллаб ачиша бошлади. Бола эмасми, бир муддат ўз мақсадипи ҳам унутиб, тўлғанди, билинар-билинмас ингранди. Бир оз бўлса-да, оғриқни қолдириш учун кўрпа остида туриб жароҳатини пуфлай бошлади. Аяси ҳали ухламаганди, шу боис ўғлининг безовталигини пайқади.
— Нима қиляпсан, болам? — дея сўради у ўртадаги синглиси оша бўйларкан.
Бола ўшандагина сергак тортди, шошиб ўзини ўнглади-да, «ҳеч нарса», деди хотиржам овозда.
Лекин барибир уйқу зўр келди. Оёғининг ачишиши пасайдими ёки шунчалар толиққанмиди, тез орада донг қотиб ухлаб қолди.
Эрталаб аясининг овозидан уйғонди. У одатдагидек «мактабга кеч қоласан», дея кетма-кет такрорлар ва бу орада ўз юмушларини ҳам бажарарди. Болакай ўрнидан туриб, эшик томонга дастлабки қадамини қўйиши ҳамоно чап оёғининг товони зирқираб кетди ва шундагина тундаги уринишларини эслади. Оғриқни унутиш учун жароҳатли товонини кўтарганча тек тураркан, ҳалиги одам кирмадимикин ишқилиб, деган ўй урилди миясига ва ухлаб қолгани алам қилиб, афти тиришди. Бир нималар дея сўкинганча, ухлаб қолганига гўё оёғи айбдордай товонини полга кетма-кет қаттиқ босди. Энди оғриқ унчалик сезилмасди. Уй эшигидан чиқаркан, сўрида ўтирган холасига кўзи тушди, ювуқсиз ҳолда у билан кўришишга уялди-да: «Келинг, хола» деганча шошиб ҳовли томонга юрди. Холаси бепарвогина: «Ҳа, турдингми, полвон?» деркан, шу ондаёқ жиянини унутиб, опасига айтмоқчи бўлиб турган гапида давом этди:
— Яхши, бугун чиқмабди, ер ютгур! — деди у овозига бир оз сирли тус бериб. — Ажабмас, инсоф бериб, қайтиб қадам босмаса.
Болакай холасининг бу гапларини уйнинг муюлишига етганда эшитди. «Хайрият, бу кеча чиқмабди, харами!» — дея хурсанд бўлиб, енгил нафас олди.
Бола кун бўйи кечқурун ухлаб қолмаслик чорасини қидирди. Ҳатто, мактабда ҳам хаёлидан шу нарса кетмай юрди. Ухлаб қолмаслик чорасини излаб бош қотиргани сайин ҳалиги одамнинг кимлигини билиш иштиёқи кучайгандан-кучаяверди. Барибир адабини беради у ифлосни!..
Одатда, аяси кун бўйи майда-чуйда ишлар билан тиним билмаганиданми, кечқурун тўққиз бўлмаёқ мудрай бошларди. Бу кеч аясининг айнан шу одати болакайга қўл келди. Аясининг чарчаганини баҳона қилиб, китобга мук тушган синглисини ҳам тезроқ ётишга қистай бошлади. Нияти нима қилиб бўлса ҳам аясига сездирмай эртароқ ташқарига чиқиб олиш эди. Бўлмаса, яна ухлаб қолади. Синглисини китобдан айириб ухлатгунча, соат ҳам ундан ўтиб кетди. Ўрнидан туриб, ёнбошлаб олиб пинакка кетган онасини уйғотди.
— Чироқни ўчирворайми, ая?
Бола чироқни доимо аясининг ўзи ўчиришини ва ун¬дан олдин катта уйга кириб, кўйлагини алмаштириб чиқишини жуда яхши биларди. Ҳозирги сўрови эса унинг шунчаки болаларча хийласи эди.
Аёл уйқусираб ўрнидан тураркан, «ётавер, ўғлим, ўзим ўчираман», деб қўйди. Бола эса аясининг кўзи тушишини мўлжаллаб ўз кўрпасига кирди. Аяси катта уйга ўтиши билан ўрнидан туриб, ҳали ўрамоқлаб қўйган тўшакни ўз кўрпасига худди одам ётгандай қилиб жойлади-да, аста юриб ташқарига чиқиб кетди. Аяси катта уйдан қайтиб, у томонга бирров кўз ташлади-да, ётганлигига ишонч ҳосил қилгач, эшикни ичкаридан занжирлади ва чироқни ўчириб, жойига ётди.
Бола иложи борича товуш чиқармасликка уриниб, ўрикка тирмашди. Бизга таниш йирик шохнинг арқон ва гувала солинган халта илинган қисмига етиб, арқонни олди. Бир қўли билан шохни қучоқлаб ётаркан, иккинчи қўли билан арқонни бели ва елкаси оша ўрик шохига қўшиб ўрай бошлади. Унинг бу эҳтиёткорлиги мабодо ухлаб қолса, пастга қулаб тушмаслик учун эди. Арқонни ўраб бўлгач, иккинчи қўли билан ҳам ўрик шохини қучоқ¬лаб, қулайроқ жойлашиб олди-да, ўнг юзини шохнинг ғадир-будир танасига қўйди...
Орадан қанча вақт ўтди, билмайди, бир маҳал елкасига алланарсанинг енгил урилишидан чўчиб, уйгониб кетди. Бу тунги санқишларидан қайтаётган томда яшовчи дайди мушукнинг оёқлари эди. У ҳар куни неча бор ўтгувчи, ўзи учун йўлак вазифасини ўтагувчи шох устида ётган одамни пайқаб-пайқамай сакраб юборганди. Бола уйғондию, қаерда ётганлигини илғай олмай, атрофидаги қоронғилиқдан юрагини бир лаҳза ваҳм босди. Ўзининг қаерда эканлигини эслагач эса дағал ўрик шохи ботиб, юзи, елкасию кўкраги ва қўл-оёқлари увишиб қолганлигини сезди. Улар шу қадар зирқираб оғрирдики, бола эмасми, уйқуси қаттиқлигидан бу азобларни аввалроқ ҳис қилмаганди. У қўлларининг увишганини ёзишга уринаркан, туйқус пастдаги одам шарпасини пайқади. Пайқадию, сергак тортиб, ўзини бу ёқларга элтган мақсадини эслади. Пастдаги одам айвонга яқинлашаркан, бола уни танишга уриниб, қаттиқроқ тикилди. Ие, бу синфидаги Шоди манқанинг дадаси-ку! Ўйлари буларникидап уч-тўртта эшик нарида. Вой, тракторчи алкаш-эй! Ўзи ўғлини ҳамма манқа, деб эрмақлаб юрсаю, сен бировни уйига кирасанми! Ҳу, аблаҳ алкаш! Бу унинг болаларча тўпори ғазаб билан ғўлдирашлари эди. Бу орада Шоди манқанинг дадаси айвон четига етиб, қўлидаги майда тошми-кесакними эҳтиёткорлик билан дераза ойнасига отарди. Деразанинг бир-икки тиқирлашидаёқ ичкаридан аясининг саросимали юзи хира кўринди. «Тунги меҳмон» тузуккина ичиб олган шекилли, тебраниб, қўли билан аясини ташқарига имлай бошлади.
Бола шу ерда туриб ҳам аясининг уй ичида нима қилишини билмай, безовта типирчилаётганини сезиб турарди. Шу билан бирга анови алкаш бировнинг уйида худди ўз уйида юргандай бемалол санқишидан ғазабланар, қанийди каттароқ бўлсаю, уни бўғиб ташлашга ҳам тайёр эди. Барибир унга кўрсатиб қўяди бировнинг уйига кириш қанақа бўлишини. У эҳтиёткорлик билан ёнидаги халтага қўлинн тиқиб, гувалалардан бирини олди. Уии қўлида маҳкам ушлаб олгач, ҳамон айвон четида ғимирлаётган Шоди манқанинг дадасига бирпас қараб турди. Сўнг кескин бир томоқ қирди. Шоди манқанинг дадаси бир сесканиб тушди-да, шошиб ўзини қоронғига олиб, у ёқ-бу ёққа олазарак аланглади. Бу бола учун айни муддао бўлди, чунки у боланинг шундоққина остида турарди. Бола қўлидаги гувалани роса мўлжаллаб олгач, «тунги меҳмон»нинг бошига отди. Ҳали яхши қуримаган гувала «гурс» этиб унинг бошига тегди ва бўлиниб ҳам кетди. У «их», дедию ерга ўтириб қолди. Ўша аҳволда бирпас пишиллаб тургач, олдинига бир неча қадам эмақлади, кейин эса букчайиб гандирақлаганча ҳовлинииг этагига югуриб кетди.
Болакай ўзини шоша-пиша арқондан бўшатаркан, бир пайтнинг ўзида аясини ўйлар, шўрлик онаизори ташқаридаги гурсо-гурсларни эшитиб, юраги ёрилгудай бўлиб турганлигини ҳам қалбан, ҳам ақлан ҳис этарди. Шу боис ҳам тезроқ пастга тушишга, тезроқ аясининг кўзига кўринишга уринарди. Чунки ўзининг ташқарида, янаки ўрик устида эканлиги аясининг, ҳатто, тушига ҳам кирмаслигини яхши билар, илло кўрпа остидаги думалоқланган тўшак бу дунёдан бехабар пишиллаб ухлаётган ўғилчаси мисолида эди.
Ростдан ҳам айни замонда уй ичида ўтакаси ёрилгу¬дай бўлиб титраганча дераза ортига олазарак боқаётган аяси ташқарида нима бўлаётганлигини тушунмас, ўғлининг ўрнига қараш эса хаёлига ҳам келмасди. Қўрқув ичида ҳамон дераза олдида тураркан, ташқаридаги қоронғилиқ қаъридан ёруғ сари чиқиб келаётган ўғлини кўриб турса ҳам, аввалига пайқамади, лаҳза ўтар-ўтмас, жилмайганча айвонга кўтарилаётган болакай ўз ўғли эканлигини билдию «вой, ўлай! вой, ўлай!» дея боласининг кўрпаси томон ташланди. Кўрпани қайириб, ўғлининг ўрнида ўралган тўшакни кўргач: «Болам!..» деб салкам қичқириб юборди. Энтикиб эшик сари отилди, занжирини тушираркан, тилидан фақатгина «ўғлим, болам», деган сўзлар учар ва шу билан бирга қўрқувдан карахтланган мияси бўлиб ўтган воқеани тушуниб борарди.
Улар айвон ўртасида учрашдилар. Болакай ҳамон жилмайиб турар, аяси эса уни қучоқлаб юз-кўзидан ўпаркан, йиғлар ва ҳансирай-ҳансирай сўзларди:
— Айланай қўриқчи боламдан! Уйими эркаги бўп қоган боламдан ўргилай! Уйимга дарвоза бўп қоган ўғлим мени!.. — аёл бу гапларни дил-дилидан ўртаниб айтар ва ҳозирги кўз ёшларию ўртанишлари ила бева аёлларга хос бир неча йиллик аламлари, ҳатто, кўргиликлари бағридан сидирилиб чиқиб кетаётгандек эди. Борки армонлари, ўксинишлари мана шу кичкинагина ўғилчасининг бир неча дақиқалик журъати туфайли бутунлай йўқ бўлиб бораётгандек эди...
Ўша кунларнинг бирида болакай яна мактабдан қайтарди. Ўз супасида одатдагидек жилмайгандай ўтирган Бадал буванинг рўпарасига келганда қойиллатиб салом берди.
— Ваалейкимассалом, — деди отахон овозига қойил қолаётгандек тус бериб. — Баракалла ота ўғил! Ҳақиқий эркак!..
Бола яйрагандан-яйради.
Шу пайт нарироқдаги дарвозадан боши боғланган Шоди манқанинг дадаси тамаки тутатганча чиқнб келди. Беихтиёр Бадал бувага кўзи тушдию, бир ғалати бўлиб олди. Чамаси отахонга рўпара келиши унинг хаёлида ҳам йўқ эди.
— Бошинг тузукми ишқилиб? — деди Бадал бува кинояомуз оҳангда.
Тракторчи индамади. Чолга норози қиёфада бир қаради-да, «қайданам чиқдим», дегандай силтаниб ортига қайтди.
— Эркаги бор уйни деволидан ошмагин-да!.. — деб қўйди отахон зарда билан.
Бу маҳалда бола ўз дарвозасидан кириб бормоқда эди. У ичкари кириб дарвозани ёпди-да, елкаси билан ҳам итариб, зичлаб қўйди.
Шу пайт рўпарасида ўйнаётган синглисининг оёғи остида ўралашиб юрган мушукка кўзи тушди. Лекин бола одатдагидек уни қўрқитмади, унга қараб билинар-билинмас жилмайиб, синглисининг пахмоқ сочларини бармоқлари билан енгил тўзғитиб қўйди. Сўнг елкаларини кўтариб у ёқ-бу ёққа қаради. Айвондаги сўрида унга кулимсираб боқиб турган аяси ва холасини кўриб, маъноли томоқ қирди-да, мардона юриш билан улар томонга йўналди.

2001
Mualifning boshqa asaralari
1 Ayo, ishq! (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 973
2 Ayol (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 997
3 Ayriliq (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 796
4 Айрилиқ (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 467
5 Аё, ишқ! (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 468
6 Аёл (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 477
7 Bayroq (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 3895
8 Байроқ (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 517
9 Doʻppi (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 648
10 Дўппи (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 434
11 Erkagi bor uy (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 1424
12 Intiboh (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 830
13 Интибоҳ (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 437
14 Majnun (qissa) [Nabi Jaloliddin] 664
15 Mustaqillik (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 866
16 Мажнун (қисса) [Nabi Jaloliddin] 489
17 Мустақиллик (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 516
18 Ochiq qolgan koʻzlar (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 1021
19 Ogʻriq (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 687
20 Ota (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 6467
21 Ота (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 710
22 Очиқ қолган кўзлар (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 463
23 Оғриқ (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 403
24 Sevgi (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 686
25 Севги (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 469
26 Tuproq (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 626
27 Тупроқ (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 488
28 Umar Xayyom - Oralik (roman, I- qism) [Nabi Jaloliddin] 1718
29 Umar Xayyom - Oralik (roman, II- qism) [Nabi Jaloliddin] 1558
30 Umar Xayyom - Oralik (roman, III- qism) [Nabi Jaloliddin] 1259
31 Umr (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 1294
32 Urush (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 508
33 Умар Xайём - Оралик (роман, I- қисм) [Nabi Jaloliddin] 607
34 Умар Xайём - Оралик (роман, II- қисм) [Nabi Jaloliddin] 704
35 Умар Xайём - Оралик (роман, III- қисм) [Nabi Jaloliddin] 572
36 Умр (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 483
37 Уруш (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 417
38 Vatan (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 3017
39 Vokzal (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 475
40 Ватан (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 452
41 Вокзал (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 379
42 Xudobexabar (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 501
43 Худобехабар (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 494
44 Yurak (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 742
45 Юрак (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 455
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика