Умар Xайём - Оралик (роман, III- қисм) [Nabi Jaloliddin]

Умар Xайём - Оралик (роман, III- қисм) [Nabi Jaloliddin]
Умар Xайём - Оралик (роман, III- қисм) [Nabi Jaloliddin]
Учинчи Қисм
Биринчи боб
1
Маҳмуд саҳармардонда ғала-ғовур ва туяю отларни пишқиришидан уйғониб кетди. Чоғи, карвонсаройга янги қўноқлар келган эди. У қайтиб ухлолмади. Анчагача ташқаридан келаётган бақир-чақиру тўполонларга беихтиёр қулоқ тутиб, шифтга термулганча ётди. Ётаркан, кўз қорачиғлари кенгайди ва карвонсарой ҳужрасининг тўртбурчак болорлари ўрнида аста-секин сабзаранг оғочзор ҳамда унинг устида нилий (оч кўк) осмон пайдо бўлди. Уларнинг, яъни Райҳона иккисининг кўзлари ана ўша гўзал маъвога тикилганди. Иккиси расадхона ортидаги тоғнинг оғочзори адоғида ўлтирардилар.
-Нечук кеча тунда чиқмадинг? Ой сени сўроқлади, Райҳон! -Маҳмуд қизнинг нигоҳини тутишга уриниб, кўзларини унинг юзи узра югуртирди. Эти қизиб, бўғзида олов ёнди. Аммо бу ҳузурбахш олов эди.
Қизга йигитнинг сўзлари хуш ёқди. Ой мени сўроқлаган эмиш, деди ичида, юзига табассум ёйилиб. Ўзи илмсиз, хат-савобсиз эса-да, қалби зиёлиғ кўринадур. Тузук, шундайин чиройли гапларни топадур. Воҳ, қизгина-я, билмасмисанки, муҳаббат тилларни бийрон этадур.
-Отамдан истиҳола этдим.-деди Райҳона сўз оҳанги ила йигит кўнглини сийлашга уриниб,- Қиз нимарса тунда дайдиб юрса бўлмас. Маъқули, мана шундоқ пешин ҳордиғи маҳали йўлиқувимиздир. Теваракда кимса йўқ.
-Менинг сенинг васлингни сўрмоққа зорим бор холос, Райҳон. -Маҳмуд елкаси ила қизгинанинг елкасига беозор туртди-да, сўзини мутойибага қориштирди. -Тағинки сен соҳиби матбаҳнинг, яъники борки емакларнинг жожаси-бош таббоҳнинг танҳо қизи бўлсанг. Мен эса бор-йўғи нўноқ бир сангтарошмен.
Қиз зўраки араз қилди.
-Тақи куладурсизми? Мазхара ҳам эви билан-да, оға! Сиз ҳам кам эмассиз-кимсан, Умар Хайём ҳазратларининг суюкли инисисиз, оғойи.
Йигитга унинг «оғойи» дегани ёқиб тушди-бунчаям тили ширин бўлмаса-я
-Ҳазиллашдим, Райҳон.-деди у шошиб, қизни хафа қилиб қўйишдан қўрқиб.
Жим қолдилар. Иккисининг ҳам хаёлларини бир умид олиб қочди.
-Нечук жим қолдингиз? -дея сўради қиз кутгани ўшал мужда илинжида.
-Иккимизни ўйлайдурмен, жоним! -Йигит буни ўртаниб айтди.
Қиз эса мутаассир бўлиб, олланди.
-Ҳадемай хожам Хайём ҳазратларига айтурмен. Отангдан мен учун сенинг изнингни сўрайдур. -Маҳмуд қизнинг титроқ илкини тутди.-Ул зотнинг раъйини қайтармас отанг?..
-Иншооллоҳ!.. -деб юборди қиз беихтиёр ва баттар қизарди.
Йигит уни қучиб олмоқни истади.
-Кейин биз... -Райҳон шодон кайфиятда Маҳмудга ўгрилди. -Кейин ҳам расадхонада ящайверамиз. Бу ерда яхши кишилар кўп.
-Ҳа!..
-Мен сизга ўқиб-ёзмоқни ўргатамен.
-Кейин арслондай ўғил туғиб берурсен!..
Қиз юзини яширди.
-Айнимайгина қолинг!..
Нариги томонда тарақ-туруқ бошланди -қурувчилар ишга тушдилар...
Маҳмуд ташқаридаги қаттиқ тақирлашдан ўзига келди ва кўз олдида тақи тўртбурчак болорлар пайдо бўлди. Қандайин шодумон эдилар-а ўшанда! Қайлардасен шўрликкинам, Райҳон?! Энди бу каби сўнгсиз, ададсиз учрашувлар қачон насиб этадур, жоним?! Йигитнинг кўзларига ёш сизди...
Маҳмуд Райҳоннинг ғойиб бўлганидан хабар топган куни кечаси то тонггача мижжа қоқмади. Маъсума суюклисининг ноаён тақдирини ўйлаб, етдим деганда терс ўгирилиб олган бахтининг ғанимат эканлигини энди-энди пайқаганидан чинакамига оромсиз бўлди. Аввалига бу кўргиликни шунчаки англашилмовчиликка, қўпол бир мутойибага йўймоқни истаб, Райҳонанинг «Мен буёқдамен», дея кулиб кириб келмоғини кутди. Бироқ ҳадеганда ёри кириб келавермади. Кейин хожаси Умар Хайёмнинг меҳридан ва ўша меҳр туфайли қизни тезликда топиб бермоғидан, лозим бўлса, бу йўлда вазири аъзаму султон ҳазратларини ҳам ишга сола олмоғидан умидланди. Филҳақиқат, хожасининг илки дароз эди. Аммо бу ҳам кўмак беролмади, жароҳатига малҳам бўлолмади. Хайём вазири аъзам ҳузуридан ноумид қайтди. Йўқ- йўқ, ундан илгарироқ бошқа бир воқеа рўй берди. Райҳона йўқолган куннинг эртасига қурилиш майдонида улкан харсангтошга суянганча паришон аҳволда ўлтирган сангтарош Маҳмуднинг ёнига жандапўш кийган бир дарвиш-қаландар келди. Бу каби жаҳрий зикр соҳибларининг «ҳувво-ҳув»ларига кўп бора йўлиқиб турилгани боис биров унга эътибор қилмади. У Маҳмуднинг қаршисига келди-ю нигоҳини ўсиқ сочлари остига яшириб, пичирлади:
-Маҳмуд отлиғ сангтарош сенмусен?
Не бўлаётганлигини англамаган йигит «ҳа» деди секингина.
-Суйганингни кўрмоқликни истармусен?
Маҳмуд ирғиб ўрнидан туриб, дарвишнинг ёқасидан олмоқ истади.
-Ақлсизлик қилма!-деди дарвиш кескин. -Акс ҳолда ёрингдан айрилиб қолурсен. Маъқули қулоқ тут: Қазвинга борурсен ва энг катта карвонсаройнинг хожасига йўлиқурсен. Унга «Оллоҳ ярлақаган Алидан салом» дерсен. Билиб қўй, бу гапни сўзма-сўз айтурсен. Бу дўстларнинг дил қулфига калитдур. У муродингга етказур.
Маҳмуд ихтиёрсиз равишда дарвишга итоат эта бошлаганди:
-Бировга сас чиқара кўрма, ёринг завол топур!.. Ё Оллоҳ-ҳу-ё Оллоҳ!..-Дарвиш оҳиста қадамлар ила нари кетди.
Маҳмуд Райҳонанинг ҳаёти хатарда эканлигини, Қазвин сари сафарга чиқмоқдан ўзга чора йўқлигини фаҳмлади. Бирон кимсадан нажот йўқ эди. Оллоҳга таваккул айлаб, йўлга отланмоқ лозим. Унинг дарди ичида қолди, икки кундан сўнг расадхонани пинҳона тарк этди...
Йўл азобини гўр азобига қиёс этиб хўб айтмишлар. Минг бир заҳмату хўрланишлар исканжасида озиб-тўзғиган, соч-соқоли ўсган кир-чир Маҳмуд ваниҳоят Қазвинга етиб келди. Ўзга ҳеч бир гўшага қайрилмай тўппа-тўғри дарвиш айтган карвонсаройга борди. Соқоли паҳмоқ, сўл кўзига оқ тушган новча соҳиби карвонсарой уни хушламай, писандсиз тарзда қарши олди. Ҳаттоки «Оллоҳ ярлақаган Алидан салом» дегач ҳам тунд башараси очилмади. Бироқ индамай ортига қайрилди-да, уни ҳам ичкарига бошлади. Бир ҳужранинг эшигини очиб, «кир» дея имлади ва қўшиб қўйди:
-Ҳордиқ ол. Ҳозир емак келтирурлар. Аввали сартарошга кириб, сўнг ювиниб ол. У шундай дея ҳужра ўртасидаги хонтахта устига бир неча кумуш танга ташлади.
Карвонсарой соҳибининг хафсалсиз ҳаракатлари унинг бу каби юмушларни кўп бора адо этганлигидан дарак берарди. Маҳмуд эса олдинига уни дарров сўроққа тутмоқликка ва тезроқ Райҳона ҳақида билмоқликка хезланди. Аммо соҳибнинг совуқ муомаласи ниятидан қайтарди. Ҳали фурсати етмаганлигини тушунди. Тушунди-ю дарознинг амрига итоат этиб, карвонсарой сартарошхонасини изламоққа тушди.

2
Қазвин қадим, аммо бошкентга нисбатан анча чоғроқ шаҳар эди. Аҳли-фуқароси ҳам озчилик бўлиб, кўпчиликларини ҳунармандлар, ёлланма деҳқонлар ташкил этардилар. Кишиларининг асосий қисми шиа мазҳабига, янада тўғрироғи, исмоилийликка эътиқод қилардилар. Бу ерда қашшоғу камбағаллар ва ўрта ҳол ҳунарпешаларнинг адади устувор эди. Эҳтимол шунинг учунми, шаҳар бесаранжом, кўча-кўйлари ифлос эди. Бозорларида, қўйингки, одам мўл бўлгувчи жойларида ҳам бақир-чақиру тўполонлар авжлироқдек туюларди. Аҳлининг кўйида бир ажиб жазавами, ваҳмми зоҳирдек туюларди. Хулласки, янги келмиш одамга кент осмонида таҳлика отлиғ бир кучнинг қовоқ уйиб, муаллақ тургани сезиларди.
Исмоилийлар салжуқийлар салтанатининг бошқа шаҳарларига нисбатан Қазвинда кўпчилик эдилар ва улар, дейлик, Исфаҳон ёхуд Нишопур каби кентлардаги маслакдошларига қараганда эмин-эркин ҳаёт кечирардилар. Ҳатто мамлакат пойтахтида кезинган исмоилий ҳуфиялар ҳам, таъбир жоиз бўлса, мана шу Қазвиндан «учирма» қилинардилар. Уларнинг раҳнамолари асли қашшоқ ва юпун бўлмиш ҳунармандлар, майда тужжорлар ва ҳатто девоналардан осонгина ўз тарафдорларини вужудга келтирардилар. Бу масканда уларнинг ўз жамоатлари ҳуфия вақфлари мавжуд эди. Исмоилийлар ўзларини имомийлар ёки Алийлар (яъни Алига эргшганлар) деб ҳам атардилар. Айни кунларда улар тобора куч йиғиб, қудрат касб этиб борардиларки, энди исмоилийлар давлатини барпо қилишдан умидланардилар. Уларнинг чин ва хавфли ғанимлари, ўз назарларида, суннийлар, аниқроғи, салжуқий турклар эдилар. Айтишларича, Қазвин ҳокими ҳам уларга, яъни исмоилийларга майлу хайрихоҳлик билдирар эди.
Қазвиннинг тор ва ифлос кўчалари киши кўзига, айниқса, Исфаҳондек гўзал шаҳардан келган одамга хунук ҳамда ёқимсиз кўринади. Меҳнат кишиси ҳеч қачон, ҳеч бир замонда ёмонликка эш бўлмаган, унинг ўз заҳмати ила топган луқмаси ҳамиша ҳалол ва ҳар қандай қонунга мувофиқ бўлган. Шу каби бу кентда йўлнинг икки четида ўлтирволиб, ризқ илинжида тинимсиз меҳнат қилаётган аҳли ҳунарманд ҳам ўз нону насибаларини пешона терлари ила ҳалоллаб топмоқда эдилар. Уларнинг бундайин ҳалол юмушларига зиғирча иштибоҳ билдирмоқлик гуноҳ бўлур эди. Бироқ кимларнингдир шум ниятлари ва уринишлари эвазига уларнинг шуурларида бир ғалат эврилиш кечарди. Бу эврилиш юқорида зикр этилмиш гуноҳдан ҳам улканроқ гуноҳга элтмоғини кўплари фаҳмламасдилар. Дунё аҳли Оллоҳнинг инояти ила ақл топгандан бери унга не-не зотлар, не-не жамоатлар келмадилар. Уларнинг ҳаммалари ҳақиқатпешалик даъво қилдилар ва ўзларининг ортидан минглаб одамларни эргаштирдилар. Эргашувчиларнинг баъзилари тутган йўллари хатолиғ эканлигини бир нав фаҳмлаган бўлсалар-да, аксарлари ўшал улкан гуноҳу хатокорлиғлари ила жаннат умрида рост дунё сари равона бўлдилар. Бу не синоат? Демакки, одамнинг нечоғлик гуноҳкор ёки гуноҳсизлиги унинг ўз вужудида, тўғрироғи, қалбида экан-да. Банданинг мақоми унинг оламни англамоғи даражотига ҳамришта экан-да! Акси ўлса, бул башар фарзанди тошни Худо, оловни Тангри ёхуд бир маҳлуқни Илоҳ дермиди? У ўшал яратилмиш нимарсаларга яратувчи дея топинди, илтижолар қилди. Ниҳоят одам шуурини, қалбини Қуръон файзи нурафшон этди, ҳаётини илоҳий шариат безади. Пайғамбар алайҳиссалом Оллоҳ ихтиёри ва қудрати ила бутун оламга иймон нурини, бандалик зиёсини таратди. Дунё саодат ичра қолди, кишилар қалби Ҳақ ишқидан ҳапқирди. Кейин эса, яъни Ҳазрати Рисолат вафотидан сўнгра, Ислом аҳкомларига аста-секин дарз туша бошлади. Кечагина илоҳий саодат нурига йўғрилиб дунёга келган авлодлар қирпичоқ бўлмоққа тутиндилар. Оға-инилар, жигаржондошлар бир-бирларининг бошларига қилич солдилар. Атиги юз-икки юз йил кечмай буюк Ислом неча мазҳабу фирқаларига бўлиниб кетди. Бўлиниб ҳамки, улар ичра жоҳил, қонхўр ва тажовузкорлари кўпайди. Энди эса, саодат замонидан ҳозиргача беш юз йил ўтиб, Ислом халифалигидан, аҳкомларидан путур кетди. Қарангки, энди нафақат юрт талош, жон талош, бойлик талош, балки иймон талош бўлмоқда. Ваҳолангки уларнинг ҳам барчалари жаннат умидидалар...
Исмоилийлик тарафдорлари ҳам оддий ва хатокор банда эдилар. Аммо уларнинг хатокорлиғлари бошқаларникидан анчагина ошиб тушардики, буни уларнинг дарғалари-ю фидойилари англаб етмасдилар. Англагувчилари четда ва ёхуд йироқда бўлиб, уларга таъсир этмоққа ожиз эдилар. Аслида исмоилийлар бу каби гапларни, яъни ўзгалар фикрини тинглагувчи ҳам эмасдилар. Вазири аъзам Низом ул Мулк таъбири билан айтганда, бу қавм ҳеч бир одамизотга ўхшамайди, аларни кўппак демоқлик ҳам оздек туюлур. Янаки алар вужудига алайҳилаъна ин қуриб олган. Бу сўзларда нафрат эҳтироси мужассам эди, бироқ бутунлай нотўғри ҳам эмасди.
Исмоилийлар Ҳазрати Алига ортиқ даражада эътиқод қўярдилар ва гоҳо уни илоҳлик мақомига ҳам кўтариб, шаккоклик этмоққача борардилар. Улар Ҳазрати Алидан бошлаб етти нафар имом борлигига ва еттинчи имом Исмоил олтинчи имом Жаъфар ас Содиқнинг ўғли бўлиб, ҳозирча ғайб мулкида пинҳон эканлигига ишонардилар. Улар фотимийлар раҳнамолигида Мисрни босиб олдилар ва Ҳабашистонда фотимийлар давлатини барқарор этдилар. Ул жойдан туриб исмоилимия таълимотини Эрон, Хуросон ва бошқа ўлкаларга ёймоққа уриндилар. Қазвин ва Рай каби шаҳарлар исмоилийлар кўп бўлганлиги боис аста-секин уларнинг илкига ўтиб бормоқда эди.
Улкан савдо шаҳри бўлган Рай бир пайтлар исмоилийларнинг макон, таъбир жоиз эса, Эрон мулкидаги бошкенти эди. Қудратли турк султони Маҳмуд Ғазнавийнинг салтанати барпо бўлгач, у бутун шаҳарларни ишғол этиб, суннийлик мазҳабининг музаффарияти учун от сурди. Ана ўша йиллаир Султон Маҳмуд Райга ҳам етиб келди ва рофизийлару исмоилийлар ҳамда дунёвий илм аҳлини қирғинбарот қилди. Уларнинг сон-саноқсиз китобларини тўплаб, ўз наздида, кофир билгани ҳалиги тоифали кишиларни қатор-қатор дор оғочларига осди ва уларнинг остига уюм-уюм китоб қалаб, ёқиб ташлади. Маҳмуд Ғазнавий томонидан исмоилийларнинг қирғин қилиниши уларнинг нуфузини бир неча ўн йилликларга тушириб юборди. Улар пана-паналарда жон сақладилар.
Энди эса улар аста-секин оёққа туриб, имом Жаъфарнинг суннийларга, Ислом халифалаги ўшаларнинг илкида эканлигига бефарқ қараётганлигидан норози бўла бошладилар. Айни шу кунларда унинг ўғли Исмоил майдонга чиқди ва чорвадору заминкорларни ўз атрофига жамлаб, шиаларнинг қудратини оширмоққа саъй этди. Кўп ўтмай Исмоил оламдан ўтди. Жаъфар ас Содиқ ўз ўғлини ҳурмат ила дафн этган бўлса-да, ўғлининг тарафдорлари кўпайиб кетганликлари боис унинг йўриғига юрмай қўйдилар. Шу-шу исмоилийлар тақи ўз таълимотларини кенг ёймоққа тушдилар. Ҳабашистон, Шому Ажам, Мовароуннаҳр ва Эронда ҳуфия жамоатлар тузиб, улар аро мустаҳкам робита ўрнатдилар.
Айни кунларда исмоилийлар орасида тақи бир қавм пайдо бўлиб, ўзларини ботинийлар дея атай бошлагандилар. Булар ҳам Ҳазрати Алини эътироф этгувчи, унга эътиқод қўйгувчи бўлсалар-да, бошқа исмоилийлик тарафдорларидан кескин фарқланардилар. Ботинийлар Қазвин ичра тобора кўпайиб, куч йиғиб борардилар. Улар орасида ёшлар кўпчилик бўлиб, ўн саккиз-йигирма беш ёшнинг нари-берисида эдилар. Айтишларича, бу қавм жуда тажовузкор, ўз раҳнамоларига бағоят итоатгўй эдилар. Уларнинг зарбдор бир гуруҳи мавжуд эдики, ўзларини «фидойилар» деб атардилар. Бу хос жамоат бўлиб, уларга алоҳида эътибор ила сабоқ бериларди.
Миш-мишларга қараганда, шаҳарда Ҳасан исмли бир одам пайдо бўлганмиш. У Мисрдан ташриф буюрибди. Шу пайтгача ҳали бирон киши уни ўз кўзи ила кўрганлигини айтолмайди. Балки шунинг учунми, кўпчилик исмоилийлар уни ўша кутилган ғойибона имом, дея фараз қилардилар. Аслида улар, яъни исмоилийлар бу гапга ишонмоқни дил-дилларидан истар эдилар. Боиси салжуқий туркларни тезроқ тор-мор этиб, исмоилийлар ҳукмронлигини тикламоқни орзулардилар. Шу орзу етовида улар тобора кўпайиб, жипслашиб, ғойибона имом олиб боргувчи музаффар кунларни интиқиб кутардилар. Бу интиқлик ортидан пинҳоний имом, яъни ўша сирли Ҳасан ҳақидаги миш-мишлар, уни улуғловчи ривояту афсоналар кун сайин ортиб борарди. Исмоилийларнинг бошлиқлари учун айни шу нарса зарур эди-авом билиб-билмай бу қавмнинг нуфузини ошириб борарди.
Маҳмуд эса ҳали бу гаплардан бехабар эди, аниқроғи, бундайин ишларга унинг ақли ҳам етмасди. У тоза ишқ кўйида сарсон кезган оддий бир сангтарош эди. Йигит шўрликнинг кўз ўнгидан Райҳонаси кетмасди...

3
Орадан уч кун ўтди ҳамки Маҳмудга на биров бирон иш айтди, на муроду мақсадини суриштирди. У соч-соқолини қиртишлатиб, ювиниб- тараниб, янги либослар кийди, сўнг тўйиб овқат еди ва мириқиб ухлади. Шундан кейингина юзига қон югуриб, киртайган қабоқлари бўртди, чеҳраси очилгандай бўлди. Аммо уйқудан уйғонди дегунча дарров кўз олдига Райҳона келарди. Мудом ундан дарак йўқ. Энди карвонсарой соҳиби ҳам ўзини кўрсатмай қўйди-ю унга ўша ердаги югурдак ўсмир хизмат қила бошлади. У Маҳмудга емак келтирар, гоҳо эшикни қия очиб қараб кетар ёки худди хожаси каби кумуш тангалар олиб кирар эди.Аёнки, бу юмушларнинг барчасини хўжайиннинг амри ила бажараётганлиги очиқ-ошкора сезилиб турарди. Бироқ қарийб бир сўз демас, соқов каби кириб, гунг менгиз чиқиб кетарди. Маҳмуд ҳам уни ортиқча саволга тутмас, бу бечорада не айб, унинг тирикчилиги шу-да, дея қўя қоларди. Киши ихтиёрсиз бўлса, шу кўйга тушиши аниқ-буни у ҳам тушуниб етган. Лекин Хайём ҳазратларининг хожалиги ўзгача эди. У киши бировни унчалар беихтиёр этмасди. Мабодо зарурат бўлмаса, ортиқча амр ҳам бермасди. Барча ўз юмушини бажарса бас, ҳеч кимнинг инон-ихтиёрига асло даҳл этмасди. Энди ўйлаб кўрса, расадхона даргоҳида ана шундай ҳаёт, муомала ўз-ўзидан, бировнинг ихтиёрисиз яратилган экан. Фақат бу нимарсаларнинг бари Хайём ҳазратларининг таъсири ва бағри кенглиги туфайли бўлганлиги аниқ. Маҳмуд шуларни ўйларкан, хожаи оғойисини, аҳли расадхонани соғинганлигини ҳис этди. Ҳис этди-ю ўтрусида тақи суюклиси намоён бўлди.
Қандайин бахтиёр эдилар-а! Ошиёнлари тайиш, егуликлари бисёр ва энг қувончли-ю ҳузурлиси-ҳамиша бирга эдилар. Ҳеч йўқ олисроқдан бўлса-да ҳар куни бир бор дийдорлашмоқлари, нигоҳлари сўзлашмоғи имконли эди. Ана ўшал бахтли онларини улардан тортиб олдилар. Энди Райҳонаси йўқ. Қаерларда, не кўйда эканлиги ҳам ноаён. Неча кунлардан буён қалбида яшаган, Қазвинга келиб, карвонсаройга қўнгач, янада куч олган умиди ҳозирги ўйларидан сўнг туйқусдан сўна бошлади. У Райҳонани топмоғига айни дамгача қаттиқ ишонарди. Уч кунлик ҳордиқ кор қилиб, шуури тиниқлашгач, ўзини алдангандай сезди. Айниқса, бу ердагиларнинг мудом жимлиги уни иштибоҳу гумон чангалига етакламоқда эди. Юрагини ваҳм босди. Бу сукутнинг адоғи борми ўзи? Нега уни ташлаб қўйдилар? Ҳозир чиқади-ю карвонсарой хожасини топади. Не муддаони кўзлайдур бу найнов, билсинчи. У шаҳд ўрнидан қўпди.
Карвонсарой соҳиби ўз ҳужрасида эди. Буни Маҳмуд хизматкорлардан сўраб билди. Мудом шаштидан тушмаганлиги боис хўжайиннинг хонасига шиддат билан кириб борди. Кирди-ю рўбарўсида бошини эгганча не иладир машғул бўлган соҳибни кўриб, таққа тўхтади ва беихтиёр бўшашди. Чунки дароз на эшикнинг тарақлашига ва на унинг безовта шарпасига парво қилмади, парво қилиш тугул қайрилиб қарамади ҳам. Унинг худди шу кўйи Маҳмудни довдиратиб қўйди. Соҳиб то унга қайрилиб қарамагунча карахтланиб анча турди. Ниҳоят хўжайин бошини кўтарди ва уни эндигина пайқаган менгиз боқди-да, деди:
-Ҳмм, келдингму?..
Бу йигитни баттар довдиратди, наҳотки унинг келишини билган ёхуд кутган бўлса?
-Мен... -Маҳмуд нимадир демоқчи бўлганди, дароз унинг гапини бўлди:
-Пичадан сўнг жўнаймиз, ҳозирлигингни кўр!..
Маҳмуд итоаткорона бош эгиб, ҳужрасига қайтди. Кесакдан садо чиқди, дея ўйлади сўнг, ҳар тугул энди нимадир рўй беради-ку. Эҳтимол Райҳона ила юз кўришар? Қанийди!.. Балки... Йигитнинг юраги тақи баттар ғашланди, наздида, қандайдир офат-фалокат унга ёвуқлашаётгандек туюлди...
Улар карвонсарой хўжайини ила кўчага чиққанларида вақт асрдан оғган эди. Иккалови сўл ёққа қайрилишиб, яёв йўлга тушдилар. Маҳмуд учун-ку фарқсиз эди, бироқ анчагина давлатманд бўлган хўжайиннинг ўз футларига шафқат этмай, пиёда йўлга чиққанлигига ҳайрон бўларди.
Айни дамда кўчада одам сийрак эди. От-уловлар ҳам кам кўринарди. Кўча тор бўлганлиги боис чеккада ёнма-ён кетаётган икки киши йўл устига чиқиб қолгандек туюларди. Бунинг устига бирон аробами ёхуд отлиқ ўтиб қолса борми, йўловчилар тўхтаб, ўзларини четга олишларига тўғри келарди. Тақи шуниси ҳам бор эдики, ё қазвинликлар чиндан ҳам баланд овозда гапирардилар ва ёки ҳақиқатан бу шаҳар шовқинли эди. Бу шаҳар кишилари бошқа мусулмон ўлкаларидагига аксил ўлароқ кам саломлашардилар, чоғи. Ё Маҳмудга шундай туюлдими? У тағин шуни ҳам пайқадики, четда турган ёхуд рўбарў келган аксарият кишилар карвонсарой соҳибига ғалати боқардилар. Улар ё дароз соҳибдан қўрқардилар, ё унинг ўзларига ҳам эътибор қилмоғини истардилар. Шунингдек, ана ўша боқишлари асносида Маҳмудга «Сен ҳам ўзимизданмисан?» дегандек қараб қўярдилар. Аслида бу ердагиларнинг барчалари бир-бирларини танийдигандек туюларди.
Улар секин, аммо узоқ юрдилар. Қуёш чети қизара бошлаганда шаҳарнинг кунботиш тарафдаги адоғига етдилар. Баланд деворли қўрғоннинг улкан дарвозаси олдида тўхтадилар. Дарвоза олдида ҳеч ким йўқ эди. Дароз соҳиб ўз уйига кираётгандек остона хатларкан, Маҳмудни ҳам ичкарига имлади. Йигит дарвозадан кирди-ю анграйиб қолди-қўрғон ҳақиқатан ҳам бениҳоя улкан эди. Унда одам бағоят кўп ва ҳамма нарса мавжуд эди: ўнг томонда баланд гумбазли бино бўлиб, у Оллоҳнинг уйи-масжид эканлиги шундоққина билиниб турарди. Гумбаздан ҳам юксакроққа бўй чўзган ёнидаги минора эса масжидга янада салобат бахш этганди. Масжиднинг нариги ёнидаги пастакроқ хоналар тамаддихона эди чамаси, чунки анча узоқда бўлишига қарамай, у ердан осмонга ўрлаётган буғ элас-элас кўзга ташланар ва пиширилаётган таом ва оловнинг ҳиди димоққа уриларди. Ундан сўнг, яъни рўбарўда эса узунасига бостирма жойлашганди. Унинг остида алланималар терилиб ётар, диққат ила тикилинса, турли қурол-яроғ, эгар-жабдуқ, аробалар каби нимарсаларни илғаш мумкин. Ана ўша бостирманинг қаршисида тизилиб турган, сакраётган, чопаётган эран турфа жисмоний машқларни бажаришар, гоҳо-гоҳо ва ўшат солиб ҳайқириб ҳам қолишарди.
Сўл ёқда узунасига қилиб қурилган икки қаватли бино турар, у мана бу жазавали жамоатнинг хобгоҳи эди чоғи. Қўрғон саҳнига ялпи тош ётқизилмаганди. Фақатгина ҳар томонига эмин-эркин элтувчи сангли йўлаклар қилинганди. Қолган жойларида эса офтоб тафтида оқшайган туфроғ яққол кўзга ташланарди.
Дароз соҳиб уни сўл томонга бошлади. Ҳар хил юмушлар ила банд бўлган, у ёқдан-бу ёққа чопгудай ўтаётган одамлар орасидан юрдилар. Ҳамма бир юмуш, ҳеч йўқ юрмоқ ила машғул, биров бировга эътибор бермасди ҳам... Айвондан ўтиб, бир эшикдан кирдилар. Бу анча катта хона бўлиб, кўрпа-тўшаклар девор ости бўйлаб қатор тахланиб ётарди. У ерда ҳам бир неча кишилар бор эди, лекин улар бу икковига эътибор ҳам қилмадилар. Карвонсарой хўжайини Маҳмудга, хоҳлаган жойингга жойлашавер, дегандай бир қараш қилди-да, кўздан ғойиб бўлди. Йигит бирон сўз айтишга ҳам улгурмади. Унинг тақи хафсаласи пир бўлиб, беихтиёр ёнбошидаги жойга чўкди. Ё тавба. Энди буниси не сир бўлди? Бу мавҳумотларнинг, пис-писларнинг адоғи борми ўзи, хаёлидан ўтказди у...
Шом намозига азон айтилди. Барча таҳорат олмоққа ва ундан сўнг масжидга шошилди. Дарвоқе, бу ердаги таҳорат жойлари ҳам бағоят ораста эди. Маҳмуд омий эди. Намоз ўқишни билгани билан Исломдаги мазҳабларни фарқлай олмасди. Ўзи сунний бўла туриб, шиалар аро намоз ўқиркан, намоздаги фарқларни ҳам сезмасди. Намоздан сўнг тановвул қилинди. Шуниси қизиқки, бу амалларнинг барчаси бирон бир ортиқча сўзсиз, тўқнашувсиз ўз ўрнида бажариларди. Ундан кейин эса то хуфтонгача ҳордиқ олинди. Маҳмуд мудом ёлғиз эди. Биров унга қайрилиб қарамасди ҳам. Барча аста-аста сўзлар, бироқ бу товушларнинг умумлашуви йигитнинг қулоқларини қоматга келтиргудай бўларди. Чамаси, унгагина шундай туюларди, негаки бошқалар атрофдаги овозларга парво ҳам қилмасдилар. Ора-сира «Имом Маҳдий», «Ғойибона имом», «Ҳасан Саббоҳ», «Шу ерда» дея кўп такрорланаётган сўзлар Маҳмуднинг қулоғига чалиниб қоларди. Унга қадар йигитнинг диққати ошар, юрагини эса ваҳм босарди.
Ҳуфтон намозидан кейин уйқуга ётдилар. Тақи бояги жойга ётиб олди, аммо биров унга «жойимни бўшат» ҳам демади. Ичкарида бир пас димиқиб, юраги сиқилди. Шаҳд ўрнидан туриб, айвонга чиқди. Бўш жойга чалқанча ётиб, айвон «қабоғи» остидан кўринаётган юлдуз тўла осмонга тикилди. Кўзларига чироқ нури тушиб, учқун отган каби кўрингувчи кўз чўғидай милтираган юлдузлар жумласи унинг қайғусидан бехабар эдилар. Улар тўлишиб бораётган ойнинг назарига тушмоқчи бўлаётгандай басма-басига жимирлайдилар холос. Йўқ, нега энди бехабар бўларкан? Бир пайтлар, у яна Исфаҳонни, қадрдон расадхонани эслади. Хайём ҳазратлари нужумга тикилиб ўлтираркан, «юлдузлар Оллоҳ таолонинг тасбеҳ доналари» деганди. Яратган ўз бандаларини ва уларнинг ёзиқларини ўшалар орқали ҳисоб-китоб қилармиш. Астағфуриллоҳ! Шу шоиру олим аҳли ҳам хўп ажойиб-да, қизиқ гапларни топиб айтишади. Бу-ку омий бир банда, анча-мунча нимарсаларни кўпам фаҳмлайвермайди. Лекин хожасининг айтишича, одам боласининг қисмати юлдузлар дунёсига неси иладур даҳлдор эмиш. Тағин ким билади... Бирдан ёнида Райҳон пайдо бўлди. У жилмайиб турарди, кўзлари, тишлари юлдузлардайин шуълали жимирларди.
-Сиз китоб ўқимайдурсиз, оғойи.-деди у таъкид оҳангида. -Мутолаа этганингизда эди, юлдузлар кўзингизга бундин-да ўзгача кўринган бўлурди.
Уни хаёл олиб қочдими ёхуд пинакка кетдими, кимдир елкасига оҳиста турта бошлади, лекин овоз Райҳонники эди:
-Эй, сизга не бўлди? Кўзингизни очинг... Кўзингни оч, биродар...
Маҳмуд кўзини очганда, тепасида бўзараётган осмонни девдай гавдаси ила тўсиб, бир кимса қорайиб турарди. Йигитнинг юраги бир қур безовталанди. Ўзини ўнглаб олгунича ҳам пича фурсат ўтди.
-Қани, ортимдан юр! -деди ҳалиги одам Маҳмудни илки ила ҳам чорлаб.
Йигит индамай унга эргашди.
Улар масжид тарафга қараб юрдилар. Масжиднинг ёнбошида тақи яна бир эшик бўлиб, Маҳмуд кеча уни пайқамаган экан. Аслида айни дамда ҳам теварагидаги нимарсаларни тузукроқ илғамаётган эди. Йўлбошловчига эргашиб бояги эшикдан кирди. Хона тағин иккига айрилди-улар сўлдаги эшикка юрдилар. Бу хона анча кенг ва кўзга парда тортгудек хира ёруғ оғушида эди. Рўбарўда кўкиш парда, унинг ортидан, аниқроғи, шифтининг бурчагидан қизғиш нур ёғилади. Парданинг нариги ёғида кимдир ўлтирар, унинг кўланкаси шундоққина қорайиб кўриниб турарди. Соя негадир қилт этмаётгандек кўринади.
Маҳмуд ҳамроҳининг амри ила олдидаги ўриндиққа сояга юз тутган ҳолда ўлтирди.
-Сени не муддао бу даргоҳга етаклаб келди, эй, йигит?-дея сўради парда ортидан келган мулойим, бироқ хиёл хириллагувчи овоз.
Маҳмуд бироз тараддудланиб қолди, сўнг:
-Бир ожизани излаб келдим.-деди.
-Хасмингму?-сўради тақи овоз.
-Йўқ. Бироқ ул қизгинага кўнгил бериб эдим. -Йигитнинг овозидан ўз сўзидан андишада эканлигини ошкора пайқаш мумкин эди.
-Уни кўрмоқни чин дилдан истармусен?
-Ҳа!.. -деди Маҳмуд қатъийлик ила.
-Унда бизга садоқат ила хизмат қилгайсен. Биз эса ёринг васлига Оллоҳнинг беҳиштида мушарраф этгаймиз.
Маҳмуд бу сўзларни тушунмаган бўлса-да, деди:
-Не шарт бўлса, розимен. Фақат...
Унинг сўзини ҳалиги овоз бўлди:
-Бизга садоқат ила хизмат этмоққа онт ич-да, анови табаррук сувни ихлос ила сипқор.
Маҳмудни бу ерга бошлаб келган одам унга пиёла тутди. У ўз садоқатини ифода этиб, қасам ичаркан., «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм», дея пиёладаги чучмал суюқликни сипқорди.
-Боравер!-дея амр этди овоз.
У ўрнидан туриб, ҳамроҳи етовида кириб келган эшигига эмас, унга қарама-қарши жойлашган чоғроқ эшикка қараб юрди. Эшикка яқинлашаркан, бошида, бутун вужудида бир эврилиш уйғонаётганлигини пайқади. Остонада тўхтаб, ўнг илки ила эшик кесакисини тутди, чунки боши айлана бошлаганди. Кейин оёқлари остидан замин қочиб бораётганлигини элас-элас илғади. Ожизона хоҳиш ила таваккал деди-да, бир қадам ташлади. Ташлади-ю учиб кетди. Кўзларига кўрмоқ ҳам малол келганидан уларни юмиб олди. Узоқ учди...
Ниҳоят қай бир маъвода кўзларини очди. Кўрдики қаршисида мислсиз нуру зиёлар жилваланаётир. Осмон тўла нур, ҳар ёнда минг турфа тажаллий. У билган-билмаган сонсиз қушларнинг ўтлиғ хониши қулоқларини сийпалаб, кўнгулларга ором бахш этади. Гўё киши мажлиси тайр (қушлар суҳбати)га кириб қолгандай сезади ўзини. Атроф-теварак гулу чечакларга бурканган. Беадад ранглар обрў талашган беқиёс макон эди бу. Бир ёнда тўлин қизнинг бармоғидай ариқчаларда сувлар шалдираб оқаётган бўлса, иккинчи ёқда фавворалар анжуман тузган... Бир замон рўбарўсида қийғос гуллар мисол жамоат тузган қизлар кўриндилар. Улар шодон кулардилар. Оқ, нилий, пушти тусли ҳарир либосларини хилпиратиб, ҳар ёна сакрарканлар, капалаклар парвозини ёдга солардилар. Уларнинг оппоқ баданлари ҳарир матолар остида дилларга-ю вужудларга ўт ёқгудай кўринарди. Он қадар сулув эдилар бу қизлар-жаннат ҳурлари.
Қизлар унга ёвуқ келдилар ва ҳаммалари бирваракай боқдилар. Шунда... Райҳон!.. Анов пушти либосга бурканган наҳотки Райҳона бўлса?! Ҳа, ўша. Фақат у ҳозир аввалгидек ийманиб боқмасди, юз-кўзида эр кўнглига ғулу солгувчи олов балқиб турарди. Бироқ йигит айни дамда булар ҳақида ўйлагулик аҳволда эмасди. Шул боис ҳам титраб-қақшаганча ҳайқирди:
-Райҳон!..
Пушти либосли ҳур тек қотди-ю унга тикилди.
-Оғойи!.. -дея у ҳам йигит томон талпинди. Ёвуқ келдилар. Бир лаҳза нигоҳлар сўзлашдилар. Сўнг қовушдилар. Йигит олов ичра тўлғона-тўлғона бўсалар ола кетди.
Қиз эса уни баттарроқ жунбушга солиб, оҳ урарди. Икки қонли шамшир- лаблар бир-бирларига тиғ урганларида, энтикишлар юз чандон ортди. Гуллар, нурлар, қушлар, сувлар, ранглар-барча-барчаси уларни мадҳ этардилар...
Кўзларини очганда тақи ўшал парда олдида ўлтирарди. Тепада қизғиш нур ўйнарди.
-Онтингни унутмадингми?-дея сўради таниш хириллоқ овоз.
-Йўқ.-деди йигит итоаткорона.
-Унда сенинг борар манзилинг, иншооллоҳ, ўшал гўзал маъводур. Боравер!..
Йигит ҳамроҳи етовида дастлаб кириб келган эшиги томон йўналди. Унинг хаёли, наҳотки бир лаҳзада шунча воқеот зоҳир бўлса, шунча ҳузур-ҳаловат кўрсам, деган савол айланарди. Бунинг ортидан ҳалиги овоз соҳибининг кароматгўй эканлигига ишониб борарди.
Бу маҳал бомдод намозига азон айтилиб, барча сўзсиз бир тарзда ғимирлаб таҳорат олмоққа шошиларди. Ҳовлига чиққач, Маҳмуд ҳам беихтиёр уларга қўшилиб кетди.
Йигит кўрганларини бир неча лаҳзаларда рўй берди дея янглиш хаёл қилди. Аслида у бир кеча-кундуз сархуш ётиб, эртаси тонгда тақи ўшал парда қошига олиб келинганди...

Иккинчи боб
1
Қазвин бутунлай исмоилийлар илкига ўтган бўлса-да, бироқ энди бу кент уларга торлик қилиб қолаётганди. Торлик қилаётгани бир жиҳати бўлса, иккинчи томони-шаҳарда қолмоқ хатарли ҳам эди. Салжуқлар етти иқлоимни ўз тасарруфига олган айни маҳалди қалъаси унчалар мустаҳкам бўлмаган шаҳарда макон тутмоқлик, асосий кучларни унда жам этмоқлик ақлсизликдан бошқа нимарса эмасди. Буни исмоилийларнинг сардоридан тортиб, оддий фидойисигача яхши билардилар. Шул боис ҳар томонлама қулай, мустаҳкам бир ошённи кўзлаб турардилар ва ўшандай жойни топмоқ умидида ҳуфиялар тинмай изғирдилар. Аммо уларнинг сардори ўшандай жойни аллақачон мўлжалга олиб қўйганди-бу Аламит тоғидаги Аламит («Лочин ини») қалъаси эди.
Аламит жуда қадим қалъа бўлиб, айни дамда ҳам унда анчагина одамлар ҳаёт кечирардилар. Қалъа аҳлини унинг қутволи (коменданти) идора этарди. Аламит улкан тик қоя устига қурилганди. Бир ёни тоғнинг забардаст кўкрагига туташиб кетган бўлса, икки тарафи гўё шамшир урилгандайин текис тош деворли ўпқон ёхуд жарлик эди. У қирлар узра ястанган водийга туташиб кетган, тепадан ҳаммаёқ мисоли кафтдагидек яққол кўриниб турарди. Қалъага элтгувчи фақатгина битта йўл бор эдики, унинг ҳам бир ёни тик қояларга туташган бўлса, бошқа томони ҳали айтилган менгиз жарлик эди.
Қалъанинг ичкариси Оллоҳнинг ажиб мўъжизаси, у бу маъвони недир бир тадбирни режалаб яратгандир, деган хаёлга солгувчи сирли макон эди. Ҳамма нарса ўз ўрнида-қалин қилиб қурилган тош деворлари бағоят мустаҳкам, бинолари ҳам икки-уч қаватли, кўркам. Ундаги хоналар тархи пухта ҳисоб-китоб ила тузилганлиги сабабли биронта дарича ёхуд бурчаги кўзга нобоп, хунук ташланмайди. Унда учта йирик хосхоналар ҳам бўлиб, уларнинг бири масжид, қолганлари эса тақи бошқа маросимлар учун мўлжалланган эди. Уларнинг ўртасидан кўтарилган баланд минора осмонга сир айтаётгандек кўринади. Аниқки, қалъа ҳовлисининг сатҳи тош эди. (Тоғ устида жойлашган ахир.) Лекин тартиб ила ўтқазилган турфа оғочлар қад ростлаб, кўм-кўк бўлиб турарди. Уларга диққат қилиб қаралса, ости тупроқли эканлиги кўринади, яъни тошнинг маълум қисми ўйилиб, пастдан туфроғ олиб чиқиб, тўлдирилган ва ўшал туфроғ бағрига ниҳол қадалган эди. Шу усулда гуллар ҳам экилганди.
Қалъа узра тоғнинг кўкси тургани билан унинг ҳовлисига қуёш нурлари баралла ёғиларди. Мунтазам эсиб тургувчи ел унинг иқлимини ниҳоятда баҳаво тутарди. Аламит тағин шу сифати ила ҳам мўъжизакор эдики, унинг бағрида шитоб сизиб тургувчи булоқ, шифобахш чашма бор эди. Тошлар кўксини ёриб чиққан ана ўша булоқ туфайли қалъа аҳли водийдан сув ташиб келтирмас, ундаги ҳаёт барқарор бўлиб, гулу оғочлар яшнаб турарди. Булоқ суви қишин-ёзин тўхтамас, эҳтимол шунинг учунми, одамлар уни муқаддас билиб, ихлос ила топинардилар, турли ирим-сирим маросимларини ҳам ўтказиб турардилар. Аламит куч ила йиқиб ёхуд олиб бўлмас пойдор макон, метин янглиғ қалъа эди. Исмоилийлар ҳам уни пухта бир тадбир ёхуд ҳийла ила эгалламоқ мумкин эканлигини яхши фаҳмлардилар...
Ниҳоят бир куни Аламит пойидаги водийнинг қишлоққа ёвуқ четида омонат коза (қамиш чайла) ва унда жанда кийган дарвеш пайдо бўлди. Дарвеш хиёл букчайиб юрганидан елкасида гўё букри бордек туюларди. Эҳтимол хокисору афтодаҳол кўриниш учун шундай қилармиди. Соқол-мўйолаби сийракроқ, оқ аралаш-кулрангмонанд. Ичида хасталиги борлигиданми, юз кўзи сарғимтил, синиқ. Аммо нигоҳи ўткир, кишига қаттиқ тикилади. Уни яқин атрофдаги қишлоқлар аҳлига кароматгўй валий қилиб кўрсатган ҳам энг аввало ўшал нигоҳи бўлса ажабмас. Чунки кўзларида кучли тафаккур, теран шуур балқиб турганга ўхшарди.
Дарвеш эл кўзига таркидунё қилгандай кўриниб, туну кун чиндан ҳам зикру ибодат ила машғул бўлгани билан тақи ўзга муддаоси-ю кўздан пинҳон сурати-да бордек эди. Боиси гоҳо, айниқса, кечалари унинг ёнига бир неча одамлар келиб турардилар ва алланимарсалар ташлаб ҳам кетардилар. Аёнки, бу ташрифлар ўзгалар назаридан яширин тарзда бўларди.
Аста-секин бу парҳезкор банда-дарвешга ихлос қилиб, назр-ниёз келтиргувчилар, дардини айтиб нажот сўрагувчилар, дуо тилагувчилар пайдо бўла бошлади. Кишиларнинг бундайин муносабати дарвеш учун айни муддао эди-чиндан ҳам эл наздида авлиёга айланиб борарди. У аллақанча дониш китобларни хатм қилган, Каломуллоҳдан баҳра олган соҳиби илм бўлганлиги боис ихлосмандларга муносиб сўз айтмоқликни ҳам моҳирона уҳдаларди. Ҳар лафзидан ҳикмат, ҳаракатидан каромат ёғиларди. Зиёратчилар ҳузурида мақсадсиз ёхуд маъносиз бирон саъай этмасди.
Бу орада у Аламитга элтгувчи йўлдан огоҳ турар, унга ким чиқиб, ким тушаётганлигини зимдан кузатарди. Бунинг устига, исмоилийларнинг тарафдорлари қалъа ичра ҳам тобора зиёдлашиб борарди. Улар аҳли қалъани усталик ила ўз мазҳабларига ташвиқ этардилар, ғойибона имом ҳақида оғизларини тўлдириб сўзлардилар. Буларнинг бари қалъада исмоилийларнинг мавқеини ошириб, илкини баланд қила бошлаганди. Водийдаги дарвеш эса жами воқеотлардан воқиф турарди. Воқифлик унинг ўзига бўлган ишончини зиёда қилар, кучига куч қўшарди. Унга сари қалъа қутволини тобора ваҳму таҳлика исканжага олар, у қалъада ўзининг инон-ихтиёридан ташқари нелардир содир бўлаётганлигини сезар, соҳиблик мақоми таназзулга юз тутаётганлигини ҳис қаларди. Бироқ чорасиз, янада аниқроғи, журъатсиз эди.
Муддат етиб, водийдаги дарвешдан қалъа қутволига киши келди ва уни чорлаётганлигидан хабар берди. Қутвол эл аро кароматгўй номи ила танилган авлиё дарвеш ҳақида эшитган ва гоҳо руҳан толиққан маҳаллари унга ғойибона ихлос ила талпинарди ҳам. Қалбини ваҳму қўрқув қамраган айни дамда уни дарвешнинг ўзи чорлаётгани кароматдай, бир нимарсаларга ишоратдай туюлди. Ўшал ишорат қанот бўлиб, жандапўшли авлиё ҳузурига учиб келди. Ундан бир мужда умидвор бўлди.
-Қалъани тарк этурсен.-деди даб-дурустдан дарвеш унга қаттиқ тикилиб. -Эвазига уч минг динор олурсен.
Қутвол унчалар ҳайратга ҳам тушмади, чунки не ҳодисадир содир бўлмоғини, қалъадан ризқу насибаси узилиб бораётганлигини сезганди. Лекин воқеалар бунчалар шошилинч ривож топмоғини кутмаганди. У авлиёга ишонқирамай боқди.
-Катта карвонсаройнинг ғилай соҳибига йўлиқурсен ва у муродингни ҳосил қилур.-деди дарвеш унинг нигоҳидаги саволни уқиб.
Қутволнинг итоат этмоқдан ўзга иложи қолмади. Шитоб қалъага қайтиб, кўч-кўронини йиғди-ю, шаҳарга йўл олди. Дарвеш алдамаганди-карвонсарой хожаси унга уч минг динорни сўзсиз тутқазди. Шу-шу қутвол ғойиб бўлди.
Эртасига дарвеш қалъага кўчиб ўтди ва хожаликни ўз илкига олди. Эл аро эса сирли дарвешнинг донолигини, ғойиб бўлган қутволнинг тентаклигини ифода этгувчи ривоят тарқалди: эмишки, авлиё дарвеш қалъа қутволига «менга қалъангдан бир эчки терисининг орасича жой берсанг бас, дуои жонингни қилиб яшардим», дебди. Қутвол унинг бу гапига рози бўлибди. Дарвеш эса битта эчки терисини олиб, ингичка қилиб қийибди-да, пайдо бўлган қайиш ипларни бир-бирига боғлаб чиқибди ва тун бўйи ҳалиги ип билан қалъа деворини ўраб, қалъани гўё халқа ичига олибди. Эртасига қутволни чорлаб, «Менинг эчкимнинг териси орасига бутун қалъа сиғди, холос», дебди ва икки учи қалъа дарвозасида тугилган қайиш ипни кўрсатибди. Тилидан тутилган қутвол бир кечада ғойиб бўлибди.
Бу уйдирма эди, албатта. Бироқ исмоилийларнинг Аламит қалъасини эгаллаганликлари рост эди. Энди улар ўзларига мустаҳкам бошпана, макон топган эдилар. Шу-шу сирли Аламит қалъасининг довруғи етти иқлимга ёйила бошлади...

2
Исмоилийлар ичра тузилган айру бир жамоат-фидойиларнинг чиниқмоқ ва жанговорлик борасидаги турфа машғулотлари Аламитга кўчиб ўтилгач янада куч олди. Улар тинимсиз жисмоний тайёргарлик, емакхўрлик ва ибодат ила банд бўлардилар. Гоҳо эса «Жаннат» ҳурларининг эҳтирослари оловида қоврилардилар ва узоқ-узоқ вақт мобайнида, айниқса, оғирдан-оғир машқлардан хорганларида ўша ҳурлар хаёли ила яшардилар, уларни соғинардилар. Ана шундай дамларда уларнинг нигоҳлари даррандалар янглиғ бир ваҳшатли тус касб этардики, уларга рисоладаги кимсанинг кўзи тушса юраги ёрилмоғи тайин эди. Шул каби улар бундай кезларда ҳар қандай фидоликка, таъбир жоиз бўлса, ваҳшийликка ҳозиру қодир турардилар. Чунки жонларидан жудо бўлсалар албатта бир неча бор кўрганлари ўшал «жаннат»га тушмоқликларига ишонардилар ҳеч кўрса шунга умид қилардилар.
Маҳмуд ҳам «фидойилар» орасида эди. Унинг куч ёғилган билаклари бир неча норғул йигитларни йиқмоққа қодир эди. Бу исмоилийлар пешволарининг назаридан пинҳон қолмади ва уни хос навкарлар сафига олдилар. Ҳар бир «фидойи»нинг ўзига муносиб лақаби бор эди. Шу одатга биноан Маҳмудга калтакесак дея ном бердилар. Унга бу номни исмоилийлар сардорининг айнан ўзи ҳадя этди.
Уни сардор ҳузурига олиб кирдилар. Нимқоронғи хонанинг тўрида қалъага илк бора кириб келаётганида кўргани, водийдаги кўпчиликнинг тилига тушган ўшал дарвешмиз (олти оёқли столчага) суяниб ўлтирар, фақат энди унинг эгнида жандапўш йўқ эди. Аммо барибир жуда хокисор кийинганди. Унинг икки ёнида икки баҳайбат қўриқчиси тик турардилар.
Маҳмуд рўпарасидаги хожанинг илк сўзиданоқ уни тақи бир карра таниди-бу ахир Қазвиндаги қўрғонда, парда ортидан келган овоз-ку. Ҳа, айнан ўзи! Демак, ўшал овоз соҳиби-ю водийдаги дарвеш ва мана бу сардор бир одам экан-да. Бироқ Маҳмуд энди бутунлай ўзини йўқотмади, чунки у сўнгги воқеалар ва кўргиликлардан кейин анча совуққон бўлиб қолганди.
-Исфаҳон расадхонасидан келмиш сангтарош турк-ўғиз сенмусен?-дея сўради хириллоқ овоз.
-Ҳа. -деди Маҳмуд ҳиссиз сас ила.
Хожа Маҳмудга қаттиқ тикилиди. Унинг қиёфасидан нимарсаларнидир уқмоққа уринди чоғи. Эҳтимол шу туришида бул саводсиз сунний туркдан исмоилийларга бирон наф келиш ёки келмаслиги ҳақида, турклдар феълидаги жангарилик, тик сўзлаш ёмон оқибатларга рўбарў этмоғи мумкинлиги хусусида ўйлагандир. Аслида-ку ҳар бир «фидойи»нинг феъл-атвори борасида махфий кишилар хожага мунтазам хабар етказиб турардилар-куя. Демакки, хожа Маҳмуднинг хўйидаги бангихаёллилик ўй ила узоқ-узоқ қимир этмай ўтиришларидан ҳам бохабар эди. Ҳозир ҳам кўзлари ичига ботиб, қабоқларида қоронғулик пайдо бўлган йигит бошини елкасига хиёл тортган кўйи тек турарди.
-Сен ўлжасини узоқ-узоқ пойлаб, унга бехато ҳамла қилгувчи калтакесакни ёдга солдинг. Демак, сенинг номинг Калтакесак бўлғай. -деди хожа ниҳоят ундан кўзини олиб.
Маҳмуд бирон сўз демади, ҳатто қиёфасида ҳам ҳеч бир ўзгариш сезилмади...
«Фидойилар» чиндан ҳам ўз хожалари, маслаклари учун жонларини фидо этмоққа ҳамиша ҳозир эдилар. Хожа эса... У бағоят сирли ва қаттиқ интизом соҳиби эди. Ўша кезлари бир куни Аламитга ажнабий сайёҳни келтирдилар. Соч-соқоли ўсган бу одам ғайридин эди, ўзини Андалусиялик (Испания) деб таништирди. (Бу машҳур саёҳатчи Марко Поло эди.) Уни хожанинг ҳузурига олиб кирдилар. Иккиси анчагача суҳбатлашдилар. Сайёҳ қалъада бир неча кун қолиб кетди, хожанинг ижозати ила ундан ҳеч нимарсани пинҳон тутмадилар, қалъада мавжудки не бўлса, кўрсатдилар. Ким билади, сирли хожа номи оламга достон бўлишини, тарих қатларида собит ўрин топмоғини истаб шундай қилгандир. Ҳар тугул бирон сабаб ила қалъага кириб қолган бегона киши ё бир умр ўша ерда қолиб кетарди, ё... Тирик чиқмоғи эса маҳол эди. Бу сайёҳ Аламит хожасинин саховатидан баҳраманд бўла-бўла, ниҳоят қалъани тарк этмоқликка ижозат олди. Хожа уни кузатаркан, ўз кучини, «фидойилар»нинг садоқатини намойиш этмоқни истади: у сайёҳга кўрсатиб, қалъа девори устида турган соқчига «ўзингни ташла», дея ишорат қилди. Соқчи бир силтанди-да, «Оллоҳу акбар» хитоби ила ўзини жарга отди...
Бу сирли дарвеш, энди эса Аламит хожаси, исмоилийларнинг сардори Ҳасан Саббоҳ эди...

Учинчи боб
1
Тўла исми Ҳасан ибн Али ибн Муҳаммад ибн Жаъфар ибн ал Ҳусайн ибн Муҳаммад ибн ас Саббоҳ азим Рай шаҳрида таваллуд топган эди. Унинг наслу насаби, Яман подшоҳларидан бўлмиш хамморийлар қавмига бориб тақаларди. Ўзининг сершовқин катта борзрлари ва уста ҳунармандлари ила машҳур тужжорлар маскани бўлмиш Рай бағоят улкан шаҳар эди. Шу билан бирга у исмоилийларнинг асосий макони саналарди. Сунний султон Маҳмуд Ғазнавий Райни тиз чўктириб, ғорат қилгач, бу шаҳри қадим хароб бир аҳволга келди. Исмоилийлар ҳам бир неча йиллар яширинишга, ҳаракатларини сусайтиришга мажбур бўлдилар. Мовароуннаҳру Хуросон ва Эрон заминлари Ғазнали Султон маҳмуд измида қолди. Бу воқеотлардан сўнгроқ, Исмоил қавми тақи бош кўтара бошлаган дамларда дунёга келган Ҳасан гўдаклигиданоқ илм талабида бўлди. У барча илмларга қизиқувчан ва ҳавасга сазовор ғайрат-ишижоат соҳиби эди. Аввалига диний илмларга кўнгил бериб, Қуръону ҳадис ва шариату суннатни ўрганмоқ пайида бўлди. Ўша кезлари қалбида Оллоҳ ишқи жо эди шекилли, муштдай боши ила китобдан айорилмас, тоат-ибодатда ҳам собит эди. Токи ўн етти ёшга кириб, Амир Зарроб отлиғ одамга рўбарў бўлмагунча ҳаёти шу тақлид кечди. Амир Зарроб оддий ҳунарманд эди. Бироқ ўзича улуғ бир илмлар соҳиби бўлиб, Миср халифаларининг масҳаби хусусида оғзини тўлдириб сўзларди. Аввалига ёш Ҳасаннинг қалбини ваҳм босди ва Амир Зарробнинг баъзи файласуфона фикрларини гоҳо инкор ҳам этиб қўярди. Аммо юрагининг аллақаерларида устувор бўлмиш ўсмирларга хос янгиликка ташналик, қизиқувчанлик уни Миср файласуфларининг ўзгача назарларига тобора банди қилиб борарди.
Ўша кунлари у оғир ҳасталикка чалинди, бутун танасини яра-чақа қоплади. Тунлари уйқуси бузилиб, алаҳсираб чиқар, кўзига не балолар кўриниб, дод соларди. Буни у ўзича тушунди: куним битган кўринадур, энди мен чин ҳақиқатни англамай, Ҳаққа етишмай, ҳалокатга маҳкумман, дея ўйлади. Кечалари тинимсиз истиғфор айтаркан, Амир Зарробнинг йўли энг тўғри, Оллоҳга, улуғ ажрларга олиб боргувчи йўл эканлигига иймон келтириб борарди... Ниҳоят кун келиб, ҳасталикдан фориғ бўлди, бироқ юзидаги ва бутун танасидаги яраларнинг ўрни билинар-билинмас доғга менгзаб, юзи заҳиллашиб, ёқимсиз аҳволга келди. У буни ҳам ўзича тушуниб, ўзга маънолар берди. Шу тариқа исмоилийлар сафига кириб, Қуръон тутиб, шу йўлда содиқ қолишликка қасам ичди. У суннийликнинг барча сифатларини, ўз мазҳабидан фарқланувчи тафовутларини инкор этмоққа одатланди ва бу борада далиллар қидирмоққа тушди. Айни шу йўлда маслакдош кишиларни қидирди. Унга сайин исмоилийлар орасида Ҳасан Саббоҳнинг нуфузи ортгандан ортиб бораверди. Бироқ у ҳамиша йўлда эди ва энг тўғри йўлни излашдан толиқмади. Ўзини пинҳона йўлчи деб атаган бу одам олис манзилларни кўзлаб турар, ўз наздида, етишмоғи муқаррар бўлган ўшал манзиллар уни шон-шуҳратга буркаб, улуғ хожалик мақомига соҳиб этмоғидан умидвор эди. У бунга ишонарди ва қалбидаги бу ишонч унга кучу ирода, ўз мақсади йўлида собитликни ҳадя этарди. Ўзининг бошқалардан фарқли эканлигини ҳам сезар, толе юлдузи юксак маъволарда туриб, ҳозирча пинҳона, фақат ўзигагина нур сочаётганлигини пайқарди. Ҳаммасини сезарди, биларди, шуурида улуғ режа, кўнглида барқарор умид яшарди, аммо ҳали ўзининг аниқ йўлини топа олмасди. Бунинг учун унга недир, фавқулодда бир нимарса, оғочлар бошини тебратган шамол, ҳеч қурса, шаббода менгиз турки- сабаб лозим эди.
Ҳасан Саббоҳнинг исмоилийлар орасидаги обрў-мартабаси кун сайин ортиб борарди. У энди ўз юртидаги қавмдошларининг пешволари қаторига кириб қолганди. Аммо йўлчи бундан қониқмасди, ҳали ўзи забт этмаган, қачондир забт этмоқни орзулаган манзилларга интиларди. Шу тариқа Миср сафарига отланди. У ерда аввало билим изламоқни, дунё тафаккурининг қаймоғи йиғилган бу қадим юртда сабоқ олмоқни ва қолаверса, исмоилийларнинг энг бообрў сардорлари ила танишувни ният қилди.
Исмоилийлар ғойибона имом Маҳдийнинг келишини ҳамиша орзиқиб кутардилар. Бу ҳол, айниқса, Мисрда, шиа мазҳабидаги кишилар паноҳ топган маконда яққолроқ намоён бўларди. Гоҳо ўзини Маҳдий дея овоза қилган савдойилар ҳам учраб турардилар. Шу янглиғ васвасалар асносида у ерда Фотимийлар ҳалифалиги бунёд этилганди ва уларнинг Исломга, оламга муносабатлари исмоилийларнинг муносабатларига уйқаш эди. Айни дамда фотимийлар даргоҳида исмоилийликнинг куч олмоғи ва обрў топмоғи учун жуда қулай шароит вужудга келганди. Чунки фотимийлар ҳам исмоилийликни шиа мазҳабидаги энг оқилона ва тўғри йўл, деб билардилар, шу каби, уларнинг шиаликни тараққий эттириб, оламга кенгроқ ёйилишига кўпроқ ҳисса қўшмоқликларига умид қилардилар.
Бироқ Ҳасан Саббоҳ Мисрга етиб келган вақтда фотимийлар ўзларининг аввалги куч-қудратларидан маҳрум бўлиб бормоқда эдилар. Шундай бўлса-да, у илм талабида Мисрдаги энг машҳур мадраса ва масжидларда ваъзлар тинглади, сабоқлар олди. Олиму файласуфларнинг Қуръон, ҳадису фикҳ, суннату шариат ҳақидаги, шиалик тарихи хусусидаги ва умуман Яратувчини англаш борасидаги ғоят таъсирчан фикрларини жон қулоғи ила эшитди. Эҳтимол ана ўша кунлари у ўзининг бутунлай янги таълимотига асос солгандир. Балки кейинчалик Ҳасан Саббоҳга куч-қудрат ва шон-шуҳрат бахш этган сирли бошқурув тизимининг ибтидоси ўшанда хаёлига келгандир. Ҳар қалай у кундан-кун ўзгариб, қатъиятлилик сари эврилиб, бир фикрга келиб борарди.
Бундан ташқари, фотимийлар давлати ҳам тобора емирилиб, ўз қудратини йўқотиб бораётганлигини, унинг илкида бўлган кўплаб кентлар ўзга ҳукмдорлар тасарруфига ўтиб кетаётганлигини англамоқда эди. Айниқса, салжуқий туркларнинг шашти баланд эдики, улар дунёга соҳиблик даъвосини қилардилар. Фотимийлар ихтиёрида бўлган Шом ва Фаластин ўлкалари аллақачон салжуқийлар илкига ўтиб кетганди. Энди бу башар қавмидан бўлмаган галалар ўзга манзилларни ҳам кўзлаб турардилар. Ҳа, Ҳасан Саббоҳ туркларни одам эмас, жин, иблис қавмидан, деб биларди. Зеро жинлар ва иблис Одам алайҳиссаломдан илгари ҳам бу дунёда мавжуд эдилар. Уларнинг мислсиз қудрати, устомон ва ботадбир эканликларини шундан деб биларди. Саббоҳ тақи шуни ҳам англамоқда эдики, унинг қавми, яъни Эрон исмоилийлари пайти келганида фотимийларга таянишлари мушкул эди. У Мисрда бир ярим йил яшаб, шуни тушуниб етди. Демак, энди умид фақат ва фақат ўзларидан. Оламни ларзага, бани башарни қўрқувга солиши мумкин бўлган барқарор ва мустаҳкам бир идора усулини яратмоғи лозим. У бунга қурбли, илло ўшал сирли салтанатнинг дастлабки биноларини хаёлан бунёд этаётганлиги ҳам рост.
У шу йўлчилиги асносида ниҳоят Мифни тарк этди. Бир муддат сарсонликлардан сўнг салжуқийларнинг етти иқлимнинг бош кенти бўлмоққа даъво қилиб турган доруссалтанати Исфаҳонга етиб келди. Унда султон Маликшоҳ эндигина тахтга ўлтирган пайтлар эди. Давлатни машҳур донишманд вазир Низом ул Мулк идора этарди. Саббоҳ вазири аъзам кўмагида авон (девон хизматчиси) бўлиб хизматга кирди, салжуқийлар давлатининг идора усулини ўрганмоққа жаҳд этди.
Бу ҳам зиён қилмас, чунки бу қудратли давлатнинг идора усули-девон бошқаруви ҳам ниҳоятда мукаммал эди. Уни вазири аъзам барпо этганди. Қалбида ўзга орзулари бўлган Ҳасан Саббоҳ ҳавас ва гоҳо ҳасад ила давлат юмушларини ўргана бошлади. Вазири аъзам ила ораларида хийла оқибат, тўғрироғи, илиққа мойил муносабат пайдо бўлганда ҳам кўнглидаги қора нияти йўқолмади, билакс собитлашиб бораверди. У тобора улғайиб, Низом ул Мулкнинг таъсири туфайли чинакам ҳукмдор нуқсига кираётган Маликшоҳнинг феъли-хўйини тафтиш этаркан, унинг шону шавкатига боқаркан, кун келиб, исмоилийлар салтанати ҳам шундайин нуфузга эга бўлиб, барқарор ҳукумат ўрнатишларини дил-дилидан истарди. Филҳақиқат, буларнинг идора усулига ва уни бунёд этган вазири аъзамнинг ақлига тан бермай илож йўқ. Ҳар бир девон мустақил иш юритгани ва султонга, вазири аъзамга итоат этиб, уларгагина ҳисоб бергани каби бир-бирларини назорат ҳам қилардилар. Айни шу тартиб вазири аъзамнинг устуворлигини таъмин этарди... Ҳасан Саббоҳ бу нимарсаларни тездагина фаҳмлади. Шундан сўнг, фавқулодда тафаккур соҳиби бўлмиш серғайрат ва хийлакор бу одамнинг дилини ўзга бир режа банд этди: у султон ва вазири аъзам ўртасидаги ишончу дўстликка зарба бериб, буюк салтанатни ичидан емирмоқликни ният қилди. Бунинг учун аввало султон Маликшоҳнинг ишончига кирмоқ даркор эди. Бироқ вазири аъзамни маҳв этмай, бунга мушарраф бўлмоқ душвор эди.
Ҳасад! Башарият бошига не-не шўришларни ёғдирган, улуғ режаларни саробга айлантириб, гўзал тадбирларни абас этган, буюк тафаккур соҳибларини сарсону саргардон, очу ночор қилиб, охир оқибат жунунлар юртига фуқаро тутган, бир сўз ила айтганда, жамики ёвузликларга доя, эзгуликларга кушанда бўлган мана шу ҳасад отлиғ балои кабир эди. Саббоҳ ҳам ўшал балога мубтало эди. У қулай фурсатни пойлар ва фурсат етди дегунча вазири аъзамнинг оёғига болта урмоққа шай турарди.
Ниҳоят ўшал фурсат етди. Ҳасан Саббоҳ бир куни султон қошида бош эгиб, хушомад ила деди:
-Салтанатингиз бағоят сарҳадсиз, олампаноҳ. Анинг тасарруфини олмоқ, ҳисоб-китобини тартибга солмоқ мушкул. Бунинг учун давлатнинг сарфу харажатларини бир бошдан тафтиш қилиб, ҳисоб этмоқ зарур. Ана ундан сўнгра, яъни барча кирим-чиқимлардан бохабар бўлингач, кейинги ишлардан ҳамиша огоҳ туриб, тадбир ила назорат этмоқ мумкин бўлур.
Султон аввалига унинг сўзларини хушламайроқ тинглаётган эди, сўнгроқ эса маънили гап айтаётгандек туюлди.
-Хўш, не қилмоқ лозим деб ўйлайсен?- деди у «қани, гапирчи» оҳангида.
Ҳасан Саббоҳ бир қур тараддудланиб олди-да, мутеона деди:
-Вазири аъзам ҳазратларига амр этилса, токим ул зот пешволигида буюк давлатингизнинг жамики сарф-харажатлари ҳисоб-китоб қилинса. Андин сўнгра қолган юмушлар тадоригини кўрса бўлур.
Ёш султоннинг кўнглида эврилиш пайдо бўлди-ю, Ҳасан Саббоҳнинг муддаосига қизиқиб, ўзида унга нисбатан ожизона майл сезди. Шул боис зудлик ила вазири аъзамни ҳузурига чорлади.
-Салтанатингиз мислсиз буюк ва улкандир, султон ҳазратлари. -дея гап бошлади вазири аъзам ўктамлик ила. -Анинг ҳисобини олмоқ, янаки тафтиш қилмоқ учун кам деганда бир йиллик фурсат зарур, олампаноҳ. Менимча, бу борада вилоятлар ҳокимларининг лафзу иймонига инонмоқ кифоядур.
Султон ҳали ғўр ва шул каби, тожу тахт сурурининг сархушлигидан мосуво бўлиб улгурмаганди. Шунинг учун донишманд вазирининг сўзидан ҳам қаноатланмай, «Хўш, сен не дейсан?» дегандай Ҳасан Саббоҳга боқди.
Ҳасан ўз муддаосига етмоқ учун пайт ғанимат эканлигини фаҳмлади-ю хушомад отини жадаллатиб, сўз айтмоққа тушди:
-Агар муслимлар ҳалоскори, оламлар ҳукмдори султон ҳазратлари ижозат берсалар, мен бу юмушни қирқ кунда уҳдалагум.
Вазири аъзам бир султонга, бир Ҳасанга боқди-ю, индамади.
-Ижозат!-деди Султон тантанавор оҳангда.
Ҳукмдорнинг амри вожиб- шу кундан бошлаб Ҳасан Саббоҳ ишга киришиб кетди. Юрагида эса Низом ул Мулкни тезроқ маҳф этиб, унинг ўрнини эгалламоқ, султон ишончини қозонмоқ режаси бор эди. Айни шу нияти унга кучу ғайрат бағишлар, аслида ҳам у ўткир ақл соҳиби бўлиб, ўз мақсади йўлида ҳар не заҳматдан қайтмагувчи эди.
Албатта, вазири аъзам ҳам ғабий (аҳмоқ) эмасди. Ўша куниёқ Ҳасан Саббоҳнинг шум ниятини пайқади. Пайқади-ю аксил тадбир тузмоққа тушди...
Низом ул Мулк ўзининг ишончли чуҳрасини чорлаб, унинг илкига бир миқдор ақча берди-да, Саббоҳнинг чуҳраси ила дўст тутинмоқни буюрди. Ачқани эса ҳам ўзи учун ва ҳам дўст тутиниши лозим бўлган чуҳра учун сарфланиши. Зарурат туғилса, тақи ақча бермоғини айтди. Камбағал кишилар тез тил топишадилар ва улар ақчага ҳамиша муҳтожлик сезадилар, янаки ақча деганларининг ўз сеҳру жодуси ҳам бор.
Ҳасан Саббоҳ чиндан ҳам кучли шуур ва салоҳият соҳиби эди-у ўшал мушкул юмушни айтилган муддатда ниҳоясига етказди. Бироқ вазири аъзамнинг тадбиридан бехабарлиги боис ғафлатда қолди: ўз чуҳраси вазири аъзам чуҳрасининг сўзи ила унинг ҳисоб-китоб қоғозлари орасидан энг зарур бир неча саҳифасини ўғирлаб қўйди. Турган гапки, бу нимарса султон ҳузурида ошкор бўлди-да, ишдаги чалалик тождорга адабсизлик бўлиб туюлди. Шу ондаёқ Ҳасанни қувиб солди. Қаттиқ ҳақоратланган, иззат-нафси поймол этилган Ҳасан Саббоҳ шу-шу аввало Низом ул Мулкнинг, ундан сўнг султон Маликшоҳнинг ашаддий ғанимига айланди, қалбида сўнмас қасос оташи аланга олди.
У чуҳрасининг хиёнатини пайқади-ю, уни бўғиб ўлдирди-да, ўша куниёқ Исфаҳонни тарк этди...

2
Ҳасан Саббоҳ шаҳар теварагидаги қишлоқларда қачонлардир танишган кишиларининг хонадонларида бир қанча фурсат яшириниб юрди. У кутилмаган зарба туфайли эндигина ўнгланиб бораётган тақдири йўлидан туйқус оғиб кетганлиги боис ўзини йўқотиб, анчагина довдираб қолди. Ойлаб, йиллаб тузган режалари, музаффарият илинжида қилган ўйлари даб-дурустдан абас бўлгандай, энди бу поймоллик умидларига ва ҳатто умрига интиҳодай туюлиб, васвасага тушди. Ана ўша васваса, таҳлика оғушида ўзи қўним топган хонадон соҳибларининг ҳам юракларини ёргулик гапларни алжираб юрди. Ҳуфия бир тариқат, фирқа тузиб, жин қавмидан бўлмиш анови салжуқ Маликшоҳни ва унинг ювуқсиз муршиди Низом ул Мулкни маҳв этмоқ хусусида ваҳимали сўзларни айтаверди. У ўз сўзида қатъиятли эди ва айтаётган гапларининг уҳдасидан чиқа олмоғига жону жаҳону ила ишонарди, зеро у бунга чиндан-да қурбли эди. Бироқ айни дамда қоқилгани, ҳамёни ақчасиз ва ёлғиз бўлгани, дилидаги улуғ режаларини васваса ичра тилига чиқариб юборганлиги боис танишлари наздида савдойидек кўринарди. Шунинг учун ўшал бир-икки таниши ҳам ундан ўзларини олиб қочиб, тезроқ қутулмоқ пайида бўлиб қолдилар. Қолаверса, улар буюк салжуқлар ҳукмдорининг ҳуфияларидан, унинг ғазабидан хавотирга тушмоқда эдилар.
Шундан сўнг Саббоҳ Қазвин сари, исмоилийлар макони сари йўл олди. У олис йўлда кечган кеча ва кундузларда, Қазвинга бориб ҳам то ўзини руҳан ўнглаб олгунча султон Маликшоҳ, айниқса, вазири аъзам ила хаёлан кўп бор баҳс этди. Ўзининг улардан устун эканлигини такрор ва такрор исботлади. Гоҳо хаёлан Низом ул Мулкни банди қилиб, сўроққа тутди, минг бир қийноқлар ила азоблади, уни ўлдиришнинг турфа усулларини кашф этди. Шу асно чиндан ҳам ақлдан оғишига бир баҳя қолди. Уни бу офатдан исмоилийлар аро тутган мавқе-нуфузи сақлаб қолди...
Ана шундай васвасага тушган кунларининг бирида... Мана, ювиндихўр Низом ул Мулкни кишанбанд қилинган ҳолда унинг ҳузурига олиб кирдилар.
-Нечуксан энди, қари сак? -дея сўради у ғалаба нашидасидан боши кўкка етиб.
Билади-ҳа, бу вазир деганлари ўта мутакаббур кимса, анча-мунчага бўйин эгмайди, илло унинг ўз мақомига ярашиқли ҳайбати бор.
-Мен-ку ҳеч йўқ одамларнинг илкидан нон егувчи сак эканмен,-деди мийиғида кулиб, мағрур вазир. -Сенчи сен?! Тоғ-тошларда изғиган ўлаксахўр, юзи кулранг шоқолмасмусен?
Ҳа, у шундай дея олади, ишончи комил.
-Тилингни тий, туркийларнинг ювиндихўри! Акс ҳолда кесиб, ўшал шоқолларга емиш этгум.
Вазир баралла кулиб юборди.
-Сен адашган сунний ўзинг эроний бўла туриб нечукки салжуқларга ходимлик этурсен? -дея ғадаблади Саббоҳ.
-Исломга қувват бериб, илму урфонга ҳомийлик қилган буюк салжуқий султон қолиб, сен шоқолга ходим бўлайинму?! -Вазир қаҳқаҳа отди.
-Мен исмоилийларнинг улуғ бир салтанатини барпо этмоқликни ният қилганмен, илло ўшал саодатли кун яқин.
-Тушларингни Жайҳун суволарига оқиз, шўринг қурғур! Сен ўзинг ким бўлдингу салтанатинг не бўлур?! Ўлаксахўр асло лочин бўлолмас, билиб қўй!
-Ҳаммасига сен!.. Сен айбдорсен, қари сак!.. Агар сен бўлмаганингда, Маликшоҳ менинг илкимда эди, ўз йўриғимга солмоғим тайин эди. Афсуски сенинг ҳийланг тадбиримга дом солди!..
Вазир янада баландроқ товушда қаҳқаҳ уриб кулаверди.
-Териси шилинсин бу нобакорнинг. Туз сепилсин! Сўнг қорни ёрилиб, бўғзига қўрғошин қуйилсин!..
Бу унинг Низолм ул Мулк ила нечанчи бор тўқнашуви эди.
Энди у Қазвиндаги исмоилийлар қароргоҳида бош экан, уларнинг бирикувини тезлаштириб, қатъий бир изнга солгувчи, сўзсиз итоатга ўргатгувчи сирли тариқа хусусида ўйларди. Бу сирлиликка янада куч бермоқ ниятида кишилар назаридан ўзини ола бошлади. Ботинийлар деб аталмиш унинг қавми ўзларини исмоилийлардан айру кўрмасалар-да, улар ичра хосликка эга эдилар.
Ҳасан Саббоҳ ботинийликни жорий этиб, измидаги кишиларга таълим бераркан (садоқатли кишилари орқали), шуни уқдирарди:
-Оллоҳ таолони англамоқ, унга ёвуқ келмоқ, ниҳоят етишмоқ учун шуур ва қалбнинг ўзигина кифоя эмас. Бунинг учун покдомон ва тақволи устоз, имом-пир даркор. Токи жаннатий бўлмоқликни ихтиёр этган одам таваккул қилиб, инону қарорини ана ўшал пирга топширмоғи, унинг ҳар бир амрини сўзсиз бажармоғи лозим. Шунда, иншооллоҳ, имом уни кўзланган манзилга элтмоғи тайин. Бусиз олий мақсадга етмоқ душвор.
Ҳасан изнидагиларнинг ихтиёрини илкида қаттиқроқ тутмоқлик учун тақи бир сирли хийлани кашф этиб, жорий қилди. Унга биноан таррорликка кираётган ҳар бир эр парда ортидаги суҳбатга рўбарў этиларди. У ерда байъат этган эран жаннат, ундаги ҳуру ғилмонлар ҳақида ва имомга садоқат ила хизмат қилсагина ўшал ҳузурбахш маъвога етишмоғи хусусида мароқли ҳикоятлар тинглардилар. Сўнгра эса уларга пинҳона равишда афюн ичкизилиб, ақлдан мосуво этиларди. Сархуш бўлгач, ҳозирланган «Жаннат»га элтилар ва турфа ҳузур-ҳаловатларга ошно этиларди. Бир бора «Жаннат»га тушган киши уни қайта-қайта қўмсайверарди. Унга тақи қайтмоқлик эса фақатгина имомнинг ихтиёри ила бўлар ва буни фидоийлар жуда яхши билардилар. Маккор Ҳасан Саббоҳ учун айни шу нимарса лозим эдики, изнидагиларнинг сидқу садоқатларини шу тариқа тоблайверарди. Гўзал «Жаннат» хиёли, афюну нашанинг таъсири уларни забонсиз, фикрсиз ва итоатгўй жонзотларга эврилтирарди.
Саббоҳ Қазвиндаги исмоилийлар маҳалласи ва ундаги қўрғон аҳлининг сардорига айланиб, қисқа фурсатда ўз «Жаннати»ни ҳам барпо этди. Маҳмуд илк бор ана ўша чоғроқ «Жаннат»да бўлганди. Лекин исмоилийларнинг чор атрофини сирларга тўлдириб ташлаган Ҳасан Саббоҳ ўзини қавмини тўфон балосидан сақлаб қолган Нуҳ алайҳиссаломдан кам билмасди. Шунинг учун у туну кун халоскор бир кема- мустаҳкам қароргоҳ ҳақида ўйларди. Бу орзу-ўй уни Аламит қалъаси сари элтди. Узоқ ва пухта ўйланган тадбир туфайли қалъани ишғол қилгач, зудликда мукаммал «Жаннат» тарҳини ҳозирлади. Кўп ўтмай Аламит қалъасига туташ тақи бир қаср менгиз бино бунёд этила бошланди. Энди бу пайтга келиб Аламит сардори мағрибу машриққа ва ҳатто қудратли салжуқийлар салтанатига ҳам даҳл қилмоқда эди. Айниқса, атроф мамлакатларнинг ҳукмдорлари, давлат арбоблари исмоилийларнинг тадоригидан таҳликага тушиб бормоқда эдилар.
Ўша кунлари ожизроқ бир хавотир етовида ва эҳтимолки бу авбош- (бебош)ларга қудратли ҳукмдорнинг қаҳрини кўрсатиб қўймоқ режасида султон Маликшоҳ ўзининг хос амири Арслон Тош итоатидаги лашкарини Аламитга йўллади. Яхши қуролланган салжуқий қўшин қалъани икки ойдан ортиқ қамалда тутиб турди. Унга хужум қилмоқ, айниқса, мустаҳкам дарвоза ва деворини бузиб кирмоқ имконсиз эди. Буни Арслон Тош яхши билганидан ўзгача йўл танлади: қамалда тутиб турилган исмоилийларнинг озиқ-овқатлари тугаб, оч-наҳор қоладилар ва таслимликни ихтиёр этадилар, деб ўйлади. Филҳақиқат, қалъада саксон чоғли кишига узоқ муддатга етгулик емиш йўқ эди. Шунинг учун аҳли қалъа мардона туриб, ўлмаслик учунгина овқат едилар ва кўпинча ихтиёрларидаги шифобахш тоғ сувидан ичиб, нафсларига ором бериб турдилар. Бироқ таслим бўлмоқ ҳақида хаёл ҳам қилмадилар. Ниҳоят очлик ўз ҳукмини ўтказа бошлагач, ҳийлакор сардор яна бир тадбирни ўйлаб топди. Бир содиқ «фидойи»сининг илкига нома тутқазиб, тунда қалъадан пинҳона чиқарди-да, Қазвиндаги исмоилийлар ҳузурига жўнатди. Кўп ўтмай қазвинлик ва атроф-жавониб кентларидаги исмоилийлар салжуқий қўшинга шиддатли ҳужум уюштирдилар. Натижада Арслон Тошдек моҳир лашкарбоши бош бўлган лашкар ҳам чекинмоққа мажбур бўлди...
Шундай қилиб, Аламит исмоилийларнинг ишончли ва барқарор паноҳига айланди...
Муҳаммад Такаш хиёнати бостирилгандан сўнг Низом ул Мулк зиндондан халос этилиб, Арслон Тош қўшинининг мағлуб қайтганини эшитгач, фурсат топилганда Хайёмга шундай деганди:
-Масиҳ Дажжол ҳақида эшитган чиқарсен. Расулиллоҳ саллалолоҳу алайҳи васалламдан хабар беришларича, у ўшал саодат замонида (пайғамбаримиз даврида) дунёга келган ва айни дамда Яман ҳамда Шом уммонининг оролларидан бирида занжирбанд турармиш. -Вазири аъзам ўшанда аянчли жилмайганди ҳам, -Вақти келиб, Исфаҳондан чиқади дейдилар. Бу баттол Ҳасан Саббоҳнинг аждодлари асли Яманлик, бир замон ўзи Исфаҳонда ҳам пайдо бўлди. Эҳтимолки, шу Ибн Саббоҳ деганлари Масиҳ Дажжолми дейман-да! Фақат унинг бир кўзи кўр эмас холос...
(Масиҳ Дажжол -қиёмат бўлишидан олдин одамлар орасида пайдо бўлгувчи, буюк муҳаддислар Пайғамбар алайҳиссаломдан деб хабар берган ривоятларда келтирилган ёвузлик тимсоли. У пайдо бўлгач, дунё ёмонликка тўлиб кетармиш. Асли у расулиллоҳ замонасида туғилган Ибн Сайёд отлиғ кимса эмиш. Кейинчалик ғойиб бўлиб, Яман ва Шом денгизи оролларидан бирида занжирбанд қилинганмиш.
Муслим ҳазратларининг ривоят қилишича: «Дажжолнинг бир кўзи кўр (чап кўзининг устини қалин тери қоплаган). Сочи қалин, бир-бирига буралиб, ёпишиб кетган. Унинг жаннати ва дўзахи бўлади. Унинг дўзахи жаннат, жаннати эса дўзахдир».
Абу Нуайм Исфаҳоний шундай ривоят келтиради: «Биз (отасининг ҳикояси) Исфаҳонда ўзимизга зарур нимарсаларни сотиб олардик. Бир куни яҳудийлар ўз қишлоғида доиралар чалиб, хурсандчилик қилаётган эканини кўрдик. Мен ўша ердаги танишимдан нима гаплигини суриштирдим.
-Шоҳимиз ташриф буюрди. -дейди у. -Биз унинг етакчилигида араблар устига юриш қиламиз, уларни фатҳ этамиз.
Сўнг танишимнинг айвонида тунаб қолдим. Тонгда туриб, бомдод намозини ўқидим. Қуёш чиққанида улар томонда яна чанг-тўзон кўтарилди. Қарасам, боши устида райҳон қуббаси ўрнатилган бир киши атрофида яҳудийлар даф чалиб, ўйинга тушмоқдалар. Мен ҳалиги одамнинг Ибн Сайёд эканини кўриб қолдим. У шаҳарга кирди ва қайтиб чиқмади».)
Вазири аъзам мутойиба ила айтган бу гапга ўшанда Хайём кулиб қўя қолганди. Бироқ Ҳасан Саббоҳ чиндан ҳам ёвуз салтанат барпо этиб, Аламитни унинг марказига айлантирган эди. У ҳеч қандайин Исломий қоидаларни, шариат ҳукмларини, мусулмончиликнинг асоси бўлган ҳалиймлик, беозорликни мутлақо тан олмасди. Ёвузлик ҳукмида тобланган ният ила бутун туркий элга, аслида бани башарга қонли, ҳуфийона уруш эълон қилганди. Айни замонга келиб, бу уста мутадбирнинг илки исталган маъвога етарди. Фавқулодда ақл ва ният соҳиби бўлган бу одам фавқулодда сирли ҳамда шундайин қудратли салтанат бунёд этиб улгурганди.

Тўртинчи боб
1
Қазвиний ёлғизланиб қолди. Доруссалтанатда кечган сўнгги воқеалар, саройдаги баҳсу мунозара ва висир-висирлар уни тобора четга сураверди. Бирон кимса келиб, унинг елкасидан туртмагани билан атрофидаги ғаюр нигоҳлар, орқаваротдан айтилган пайкон янглиғ сўзлар ва айниқса, ўз кўнглидаги ваҳм уни чеккагир этиб бораётганди. Танасидаги жароҳатлар аллақачон битиб, соғайиб кетган бўлса-да, ўзини лохас сезаверарди. Қўрқинчли тушлар кўрар, уларда гоҳо унга султон ваҳшат ила қаҳр қилар, ҳаммасидан ҳам, тушига зиндондаги дарранда менгиз маҳлуқ-барзанги кирганида чўчиб тушар, сўнг алламаҳалгача ухлолмай васваса ичра тўлғониб ётарди. Бу тўлғонишлар, улар сабаб бўлган уйқусизлик унинг зоҳирини афтода бир аҳволга келтириб, феълида ҳам ихтиёрсиз инжиқлик пайдо қилганди. Ҳар сафар султонга рўбарў келганида титраб-қақшаб турар, наздида, уни ҳозир-ҳозир жаллод илкига топширадигандек туюлаверарди. Султон унинг хиёнатини сезганди чоғи, бироқ нечукдир ўз ҳолига қўйиб, Оллоҳнинг ёзиғини кутаётгандек эди. Шул боис у гоҳо уйқусиз тунларида ибодатга зўр бериб, султоннинг қаҳридан паноҳ тиларди. Аммо бу ғофил банда Оллоҳнинг қаҳридан қўрқиб, истиғфор айтиш лозимлигини, фақатгина тавба-истиғфоргина кишини поклаб, Яратганга ёвуқ қилишини билмасди. Эҳтимолки шунданми, шунчалик ибодат қилгани билан қалбида мутлақо ҳаловат сезмас, ҳатто бирон марта намоз ва таҳорат ҳузурини ҳис этмасди. Васвасаси ортгандан ортиб бораверарди.
Вазири аъзам ёхуд Хайёмга йўлиққанида эса фарёд уриб, уларнинг ёқасидан олмоқни, сенларга не гуноҳ қилдим, дея (бундай пайтда банданинг ўз гуноҳи ёдига келармиди) хўнг-хўнг йиғламоқни истарди. Аммо бу кўргиликларнинг сабабчиси ўзи, манови алпозига боис эса ўз вужудида кечаётган ваҳм эканлигини тан олмасди. Ҳар сафар Хайём билан учрашганида, ҳой, номард, расадхонага хожасен, фалонча динор маош оласен, султон ҳазратларининг ҳам, баттол вазирнинг ҳам эркатойисен, сенга тағин не керак, ҳеч йўқ назм пешволигини менга қўй, мени ҳадеб таъқиб этаверма, дея ҳаммасини айтиб солгиси келарди. Лекин бунга ичидаги нимарсадир монелик қилар, бу нимарса ҳақиқатнинг ғайбий кучи ва қолаверса, ўз қалбидаги қўрқув ўшал монелик асоси эканлигини англамасди. Ҳеч йўқ Хайём менга не ёмонлик қилди-ю қачон таъқиб этди, деб хаёлига ҳам келтирмасди. Адоват, ҳасад ҳаддан ошганида, киши кўнглидаги ғараз, қаролик унга соҳиблик даъво қилганида мана шундай кўргуликлар келиб чиқишини, вужудида савдо ортишининг ва охир-оқибат мисилсиз ёвузликларга ёхуд ўзини аянчли ҳалокатига элтишини у қаёқданам билсин!..
Бошимга тушган бу балои-офатларнинг асосий сабабчиси ўшал калтафаҳм кабутарбоз Такашдур, дея яниб қоларди у гоҳо. Агар у бўлмаганида, тахтга даъвогарлик қилмаганида ва ёки ҳеч қурса, довюракроқ, журъатлироқ бўлганида бу шўришлар бошимга тушмасди. Чоғинг келмас экан, не қилардинг султонлик даъвосини тутиб, эй, хотунмижоз. Ибн Баҳманёрни-ку ўлдириб, фалокатни аритдик, султоннинг қаҳоридан омон қолдик. Энди сендан қандай халос бўлай? Бошингга тушган азобларга чидай олмай, тождор оғангга мени ҳам сотиб қўйсанг не қилурмен? Ёки аллақачон сотиб улгурдимикин-а? Ахир султон менга бежо қарайдир-ку!.. Сени бир ёқлик қилмоқликнинг мутлақо иложи йўқ. Оғанг сени ҳамиша назоратда тутмоқликни амр этган. У ҳам анойи эмас-сенинг узоқ-узоқ азобланишингни, бу дунёга келганингга минг пушаймон ейишингни истайдур. Айтишларича, сенга савдойилик хуруж қила бошлаган эмиш... Қазвиний шуни эслайди-ю бироз енгил тортади. Савдойининг сўзига ким ҳам қулоқ турарди...
Филҳақиқат, зиндонбанд этилган ва ҳамиша бир ёки икки назоратчининг қаровида бўлган шўрлик Муҳаммад Такашнинг аҳволи анча ёмонлашган эди. Унинг сочлари оппоқ оқариб, ўзи эса озиб-тўзиб кетганлагини ҳисобга олмаганда ҳам баъзан гўё кабутарларини олқишлаётгандай ҳайқириб қолиши, гоҳида эса қуп-қуруқ кафтини олдинга тутиб, гўё суюкли жонзотларига дон бераётгандай ҳаракат қлиши юракка ваҳм соларди. Баъзан бўлса, бармоғидаги забаржад узугини бошқа бармоқлари ила ўйнаганча сўзсиз хаёлчан ўлтирар ва туйқус «Кабутарларим, қани менинг кабутарларим?!», деб ҳўнграб йиғлаб юборарди. Йиғлай-йиғлай бирдан тўхтарди-да, «Мени ўлдиринглар? Ўлдиринглар мени!», дея нола қилиб қоларди. Бироқ ҳеч ким уни ўлдирмасди, чунки оғаси султон Маликшоҳнинг амри шундай эди.
Тутқунликдаги шаҳзоданинг бундайин аҳволи ҳақидаги миш-мишлар қулоқма-қулоқ бўлиб Қазвинийга етиб келган эди. Шунинг учун у энди Такашнинг сотиб қўймоғидан унчалик хавотирланмасди.
Қазвинийнинг феъли азали шундай эди: рақибига ёхуд бирон мушкулотга ҳеч қачон юзма-юз бормасди, ҳамиша орқаваротдан иш тутмоққа, барча юмушларини бировлар орқали битирмоққа одатланганди. У рақибининг оёғига йиқилиши, унга ялиниши, йиғлаши мумкин эди, бироқ ҳеч қачон тикка бормасди, ёнбош йўлларни ахтарарди. Бу назмпараст болаликда ҳам шундай эди.
Қазвинийнинг болалиги кейинчалик исмоилийлар шаҳрига айланиб қолган Қазвинда кечганди. Асли суннийлардан чиққан падари жуда меҳнаткаш одам бўлиб, уста кулол эди. Уни шаҳарда кўпчилик билар ва ҳурмат қиларди. У ўз тақдиридан рози ва тирикчилигига қаноат ҳосил қилганлиги боис ёлғиз ўғлининг ҳам кулол бўлмоғини истарди. Бироқ фарзандини минг баъд устахонага тортмоққа уринмасин, у бир кор этиб, кўчага қочиб кетарди. Кўчада ҳам ҳеч нени қойиллатмас, ҳатто маҳалладаги болаларнинг ўйинига-да юракдан қўшилиб кетолмасди. Маҳалласида девсифат бир чилангар бўлгувчи эди. У асил паҳлавон бўлганидан курашни бағоят яхши кўрар, маҳаллаларнинг болаларини бир-бирлари ила олишувга солиб, ҳузурланарди. Бу беллашувларда барча болалар ўзларини чинакам муборизлардек тутсалар-да, Қазвиний ҳамиша четда турар, бирон бақувватроқ боланинг ёнига тушиб, уни мақтар, хуллас, болаларни бир-бирларига гиж-гижлашга уста эди. Буни паҳлавон чилангар ҳам сезарди, чоғи, «Сен нарироқ тур, сендан мубориз эмас, тилполвон чиқадур», дея куларди. Оқибат шундай ҳам бўлди-ундан на кулол ва на полвон чиқди. Кулолчиликдан қутилмоқ ниятида отасига ўқиймен, деб туриб олди. Аввалига маҳалладаги мактабга, сўнгроқ мадрасага қатнаб юрди. Аммо илм бобида ҳам шашти ҳаминқадар чиқди. Бу орада бир-икки назмпарастларга рўбарў бўлди-ю шоирликка ишқибозлиги ортди. Шоир бўлиб, номи оламга кетмаса-да, бирон давлатманд ёхуд амалдорларни мадҳ этиб, тирикчилик ўтказиш мумкинлигини англаб қолди. Мана шу «ҳунари», яъни маддоҳлик санъати ортидан Қазвинни тарк этиб, фалакнинг гардишини қарангки, дунёдаги энг улуғ ҳукмдор султон Маликшоҳнинг саройида турибди. Кимсан шуаронинг пешвоси-амирул шуаро эди, токи анови юлдузпараст Хайём келмагунча. Ҳозир ҳам аслида амирул шуародир, вале Султон ҳамиша ўшал нобакор Хайёмнинг оғзига қарайдур-да. Бироқ қудратли салжуқийлар саройида хизмат қилиш унинг етти ухлаб тушига ҳам кирмаганди.
У азали ғаюр кўнгилли бўлганидан, Хайём тимсолида фақат ва фақат ўз ғанимини кўрарди. Амирул фузалонинг айтар сўзини-ку қўйинг, унинг битган, атрофидаги мухлису шогирдлари туфайли тилга тушган ҳар бир шеъридан ҳам хавфсирар, пинҳоний, гўёки ўзига аксил маънолар ахтарарди. Хайём дунёнинг бебақолиги, умрнинг бевафолиги хусусида хўб ва кўп битадур. Ана ўшал битикларида кулол ва гил тамсилини мўл ишлатганидан бадгумон Қазвиний ҳар бир кулолда падарини-ю гилда ўзини кўрарди. Дили қинғир эмасми, бироз диққат ила ўқиб, шеърда шеърни кўрмоққа жаҳд этса, тўғри англамоғи мумкин бўлган сатрлардан ўзича турфа маънолар чиқариб оларди. Яна тағин бу шубҳаларини Хайёмга шартта-шартта айтиб солмай, ўз ичини еб, минғирлаб юраверарди. Бир сафар ушбу рубоийни саройдаги ёш шоирлардан бирининг лафзидан эшитиб қолди-ю оромини йўқотди, туни билан ухлолмади.
Бозорда бир кулол кўрсатиб ҳунар,
Бир бўлак хом лойни тепиб пишитар.
Лой инграб айтади: «Ҳой, секинроқ теп,
Мен ҳам кулол эдим сендек, биродар.»
Бу шеърни эшитгач, шоир номи бору шоирлик завқидан мосуво Қазвиний Хайёмдан ўч олмоқ қасдида неларни ўйламади, не режалар тузмади дейсиз. Бироқ сўнгги воқеалар...
Мана, энди энг ками вазирлик даъвосида бўлган Қазвиний ёлғизланиб, ўз наздида, ҳатто султоннинг гумони остига ҳам тушиб турибди. У ҳар ёқларга интизор ва шул каби хуркак боқиб, бир иттифоқдош, дарддош излайдур. Айни кунларда ана шундай одам пайдо бўлгандек эди. Бу малика Туркон Хотуннинг вазири Тож ал Мулк эди. Маликанинг барча юмушларини шу одам юритар, демакки, у Туркон Хотуннинг энг ишончли кишиларидан эди. Қолаверса, шаҳзода Маҳмуднинг тарбияси ила ҳам энди шу одам машғул эди. Маликанинг хоҳиши-ю султоннинг амри ила бечора Муҳаммад Такашнинг саройи ҳам вақтинча унга берилганди. Аслида эса бу сарой шаҳзода Маҳмудга тортиқ қилинганди.

2
Қазвиний Тож ал Мулк ила малика Туркон Хотуннинг ҳузурида танишганди. Буюк Буғрохоннинг авлодидан бўлмиш олийнасаб малика бу шеърпарастни ўзига жуда унақа яқинлаштирмаса-да, у қадар олислатиб ҳам юбормасди. Шоирлар амири унинг йўлидаги бир кесак ёхуд нажас мисолидадур, лекин ҳар тугул кун келиб уни бировга отмоғи ёки ўшал бировни булғамоғи мумкин бўлар. Буни Туркон Хотун жуда яхши тушунар ва шунингдек, Қазвинийнинг енгил табиат, хиёнатга мойил эканлигини ҳам фаҳмларди. Шунга қарамай, ўша куни уни ўз вазири Тож ал Мулкга «садоқатли дўстимиз» дея таништирди. Мана, ўшал «садоқатли дўст» ҳозир аввал Муҳаммад Такаш, айни дамда эса Тож ал Мулк соҳиб бўлган қаср остонасида турибди.
Қаср ичи анча гавжум эди. Такашнинг даврида бундай эмасди, у дабдабасиз, камтарона яшарди. Кўнглини кабутарлар ишқи забт этганидан турли ҳашаматларга хуши йўқ эди. Энди эса қасрда хизматкор канизаклар бисёр, Тож ал Мулк бу саройга ҳали чин хожа бўлмасиданоқ, давлантмандлик ва амалдорликнинг суратига эътибор бериб, барча икир-чикирларигача ўрнига қўймоқ азмида эди. Буни хизматдагиларнинг биронтаси юмушсиз турмаганлигидан ҳам пайқаш мумкин эди. Аммо гавжум ва муҳташам қасрнинг томи, айниқса, шаҳзода Такаш буткул меҳрини берган кабутарларнинг чексиз кишвари (мамлакати) бўлган осмон ҳувиллаб ётарди. Бу авваллари ҳам мазкур қасрда бўлган киши учун яққол сезиларди. Энди кабутарлар ҳам, уларнинг қўноғи ҳам йўқ эди. Айтишларича, Муҳаммад Такаш зиндонбанд этилганидан сўнг кабутарлар мутлақо парвоз қилмай қўйибдилар. То Тож ал Мулк макон тутгунча қасрдаги хизматкору сарбозлар уларни учирмоққа кўп саъй этибдилар, вале уринишлари зое кетибди. Маълум фурсат ўтиб, кабутарларнинг ярми ўлибди, бир қисми қочиб кетибди, баъзиларини эса хизматкорлар ишқибозларга сотиб юборибдилар. Ҳатто қўноғини ҳам қўпориб ташлабдилар.
Қасрдаги бу ўзгаришлар ва айниқса, унинггина қулоғига урилган бояги ҳувиллаш Қазвинийни хиёл эсанкиратиб қўйди. Бироқ сир бой бермасликка ҳаракат қилди.
Тож ал Мулк тип-тиниқ сувнинг сўлим таровати уфуриб турган фаввора ёнидаги супада алвон матолардан тикилган кўрпа-ю ёстиқларга бурканиб ўлтирарди. Ғужанак бўлиб олганидан унинг чорпахил миқти гавдаси айни дамда дум-думалоқ бўлиб кўринар, лекин бу сурати уни бачкана ёхуд кўримсиз қилмас, катта салласи остида чимирилиб турган йўғон қошлари, текис тарошланган соқол-мўйлаби ва айниқса, ҳаволи (кибрли) табассуми унга салобат бахш этиб турарди. У Қазвинийни кўриб, қаддини ростлади-ю бироқ ўрнидан қўзғолмади.
-Марҳабо, шоири замон, марҳабо!-деди у овозини тантанаворлик оҳангига йўғириб.
Тож ал Мулкнинг ўрнидан турмагани Қазвинийнинг кўнглига ғашлик солиб, иззат-нафси бир қалқиб қўйди: ахир у ҳам анча-мунча одам эмас, султон Маликшоҳ саройида амирул шуаро бўлса. Бу эса бор- йўғи бир ожизаи нотавоннинг вазири холос! Манманлик ҳам шунчалар бўлурми?! Ҳа, майли, унга ҳам гал келиб қолар... Қазвиний шу гапларни хаёлидан ўтказаркан, аламли бир ҳўрсиниб қўйди. Лекин шўринг қурғур ғофил банда, малика Туркон Хотун Тож ал Мулкни чорлаб, бу шеърпарастдан эҳтиёт бўлмоқ лозимлигини, ҳозир у султоннинг назаридан четда эканлигини айтганидан ва шунинг учун уни ўзидан олислатиб ҳам ёхуд муруввати ила талтайтириб ҳам юбормаслигини тайинлаганидан бехабар эди. Аммо, деганди ўшанда малика, Қазвиний ҳали бизга асқотади, зеро ғанимнинг ғаними бизлар учун дўстдир.
Қазвиний супага кўтарилаётганда вазир сохтакорона бирров тараддудланиб қўйди:
-Афу этгайсиз, жаноб. Футларим зирқирайдур, шул боис сизга пешвоз чиқолмадим.-деди у узрнамо оҳангда.
Сохта бўлса-да, бу мулозамат Қазвинийнинг қоронғу дилига озгина нур солди.
-Баҳузур, вазир жаноблари. Қўзғолмангиз!
Юзларига фотиҳа тортдилар. Канизаклардан бири дарҳол икки аёқда гулоб келтирди.
Вазирнинг юз-кўзида ҳар бир нимарсадан ҳузур-ҳаловат изламоққа уриниши шундоққина балқиб турарди.
-Нечук камнамосиз, шоир? -деди Тож ал Мулк мўйлаби остидаги садафдек тишларини намойиш қиларкан.
-Хиёл тобим бўлмади, жаноб.
-Ғаним калтагининг заҳри узоққа татийдур чоғи?
Қазвиний беихтиёр «ялт» этиб вазирга қаради-сиримдан воқиф эмасму бу нокас? Аммо Тож ал Мулк бу гапни шунчаки айтгандики, буни унинг бепарво ангоридан ҳам сезмоқ мумкин эди.
-Маликамиз омонмилар? Сихатлари яхшими? Олампаноҳимизу валиаҳдларимизнинг дуои жонларини қилиб юрибдиларми? -Унинг наздида, гапи чўзилиб кетгандай туюлди-ю ҳадик ила вазирга бир назар ташлаб қўйди.
-Шукур, маликамиз соғ-омонлар.-деди вазир гапни қисқа қилиб. -Ўзингиз нечуксиз? Ғанимингиз-у бу сўзни сирли оҳангда айтди. -дилингизга озор етказмаётирми?
Қазвиний суҳбатдошининг кимни назарда тутиб, бундай деяётганлигини тўғри англади.
-Аларнинг найранглари ҳаддан ошадур, жаноб.
-Хўш-хўш?.. -рағбат берди унга Тож ал Мулк.
-Пушти паноҳимизга мени ёмонотлиғ қилгани етмагандай, бу кетишда энди саройдан ҳам бадарға эттирадур чоғи.
-Сизчи сиз? Нима, бирон тадбир қўлламоққа ожизмисиз? -Вазир унга синовчан тикилди.
Қазвиний бироз каловланиб қолди, сўнг:
-Тадбир қўлламоққа-ку имконлимен, лекин... -Энди овозига сирли тус берди. -Лекин сиз ва маликамизнинг изнларингизсиз...
Бир муддат ўйчан турган Тож ал Мулк сўради:
-Хўш, не тадбир қўлламоқчисиз?
Қазвиний жонланди:
-Агар анови Низом ул Мулку унинг ҳалиги нужумпарасти бўлмаса, салтанат қанчалар гуллаб-яшнамоғи барчага аён. Аслида ўшал қари кўппакнинг ўрни сизга ярашиқли. -У беихтиёр марҳум Жаъфарак чучукнинг таъбири ила вазири аъзамни «қари кўппак» дея аташга атади-ю унинг ўрнини (яъни кўппакнинг ўрнини) Тож ал Мулкга раво кўришини айтиб юборганидан бир чўчиб тушди. Яхшики, суҳбатдоши бу сўзга эътибор қилмади. Балки у ҳозир вазири аъзамнинг ўрнини эгалламоқ орзусидан сармастмиди.
-Демакки, Хайёмнинг саройда тутган мавқеи сизга ярашиқли, шундайми? -дея сўради Тож ал Мулк унинг ниятини фаҳмлаб.
Бу Қазвинийга ёқиб тушди.
-Фақат сизнинг ихтиёрингиз ила, жаноб.-деди камтаринлик ила.
-Ундай бўлса, тезроқ режангизни сўзланг.
Қазвиний шошиб вазир томон яқинроқ сурилди ва бир нимарсаларни пичирлай бошлади...

3
Лайли саройбеканинг амрига биноан малика Туркон Хотун ва унинг вазири Тож ал Мулкга кечки танаввулдан кейинги салқин шарбатни тутиб, бўшаган идишларни илкидаги патнисга солиб, олиб чиқиб кетаркан, хосхонанинг ҳашаматли эшигига етганда маликанинг сирлилик қоришган овози туйқус қулоғига чалинди:
-Қазвин сари чопар қачон йўлга чиқади? -Малика мунтазам кириб-чиқиб тургувчи канизакни ё буткул пайқамай қолганди, ёки у шунчаки хизматкор бўлганлигидан бирон гапни эшитиб, нучукдир зиён етказмоғи мумкинлигига шубҳа ҳам қилмасди.
Лайли беихтиёр эшикдан чиқиб кетмоғини пайсаллади.
-Ижозат берсангиз,-деди Тож ал Мулк маликанинг овозига ҳамоҳанг тарзда, -тонг саҳардаёқ йўлламоқчи. У нужумпараст Хайёмдан тезроқ халос бўлмоқни ихтиёр этмиш.
Канизакнинг илкидаги идишлар эшикга тегиб, туйқус жаранглаб кетди.
Малика «ялт» этиб унга қаради ва гумонли нигоҳ ила бир пас тикилиб тураркан, пастроқ овозда деди:
-Ижозат. Фақат бу юмушга мени аралаштирманг, барча гапни ўз номингиздан айта қолинг...
Лайли бу маҳал эшикдан чиқиб бўлганди, бутун вужуди титраб, идишларни тезроқ жойига етказиб, ўзига келиб олмоқ учун бирон хилватга ошиқарди. Унинг ҳар недан жуда тез мутаассир бўлгувчи ўксик кўнгли бир фалокат яқинлашаётганлигини сезганди. Бунинг зидди эса, Хайём ҳазратларидан нечук халос бўлмоқликни истайдилар? Ким ул зотдан халос бўлмоқчи? Ё Оллоҳ!.. Қўрқиб кетаётирмен, дея қақшарди канизаклар хонасида ўлтирган Лайли. Хайём ҳазратларининг бу даргоҳда камнамо бўлиб қолганликларидан ҳам билувдим-а. Шаҳзодамизнинг тарбияси ила ҳам энди маликамнинг вазири машғул. Ҳа, аслида Хайём ҳазратлари ҳақидаги совуқ гапларни маликанинг лафзидан илк бора эшитиши эмас бу. Илло тунов куни ҳам Хайём ҳазратлари ва вазири аъзам хусусида бир нимарсаларни шу иккиси сўзлаб ўлтирган эдилар...
Ё қодири Худо!.. Энди нима бўлади?! Ким кимга чопар йўлламоқчи? Буни тезроқ Микоилга етказмоғи лозим. У шу хаёл ила даричадан ташқарига қаради-аллақачон қоронғи тушган эди. Унинг ўзи бир қарорга келар... Шаҳар дарвозасидан қандоқ чиқурмен?.. Бу зимистонда расадхонага қандоқ етурмен?.. Ё Тангрим, ўзинг мадад бер! Тонгни кутсам, фурсатни бой бериб қўймоғим мумкин. Йўқ, ҳозироқ йўлга чиқурмен. Худога шукурки, дарвозабонларнинг ҳам нафси бор. Озгина ақча олсам... У шу ўйда атрофига аланглай-аланглай малика қасридан шитоб чиқиб кетди.
Шаҳар дарвозасининг қоровуллари Лайлини анча таниб қолишганди. Унинг расадхона томонга, айниқса, кечалари, тез-тез қатнаб туриши дарвозабонларга маълум эди. Шул боис унга пешвоз чиққан қоровуллардан бирининг кафтига бир неча тангани ташлади-да, шаҳарни тарк этди. Нарироқда ўлтирган бошқа қоровулларнинг бирови суюлиб, «Йўл бўлсин, жонон?» деганча қолаверди.
Тун бағоят зимистон эди. Ой коинотнинг ўзга буржларида кезарди чоғи, юлдузларнинг нури қаролик қошида ожизлик қилардилар. Бу қиз кўнглини баттар ваҳимага солди. Қаъри тундан ҳам қоронғи бўлган ҳандақ устидаги кўприкдан ўтди-ю ожиз бир кўйда туриб қолди. Қўрқувга тўлган юраги шўрлик қаттиқ-қаттиқ ура бошлади. Шу ҳолда жовдираб, рўбарўсидаги осмоннинг четига тикилди. Унинг адоғида, ана, расадхонанинг гумбаз ва минораси қорайиб турибди. Олис эмас-ку ахир, анови қирдан ошса бас, уёғи оз қолади. Қиз «ё бисмилло» деди-ю туртина-суртина йўлга тушди, бироқ қани энди йўли уна қолса. Наздида, вақт тез ўтарди-ю йўл сира-сира камаймасди...
Бу бемаҳал ташрифдан ҳайратини яширолмаса-да, расадхона қоровули Лайлини танигани боис Микоилни дарҳол чақириб берди. Микоилнинг шарпасини сезганиданми ўз жойида ётган Полвон ҳам ғалати товушда ўкириб қўйди.
-Нечук бул бемаҳалда келибсен, Лайли?-дея Микоил қизга хавотирли боқаркан, уни қоровулхона ёнбошидаги супачага бошлади.
Ўлтирдилар. Лайли ҳамон титрар, ҳансирарди.
-Билмадим, мен беҳуда ваҳм қиладурменми... -Қиз гапни нимадан, қандай бошлашини билмай, каловланди.
-Шошилма, аввал нафасингни ростлаб ол. -далда берди унга Микоил.-Сўнг аста бир бошдан сўзлаб берурсен.
Лайли дунёда танҳо суянчиғи бўлмиш йигитнинг сўзи таъсир этиб, бироз тин олди. Ниҳоят тилга кирди:
-Ҳалиги саройнинг каттакон шоири бор-ку...
-Қазвинийми?
-Ҳа, ўша киши Хайём ҳазратларидан халос бўлмоқчи эмиш.
-Ким айтди буни сенга?-дея сўради шошиб Микоил.
-Маликамнинг вазири айтди.
-Сенга айтдими?
Қиз «ялт» этиб йигитга қаради. Мутойиба этурми, нечук бундай савол қиладур, дея, деворда ловуллаб турган машъалаларнинг хира ёруғида унинг кўзларига тикилди. Йигит ҳазиллашмасди, фақат шошиб қолганидан шундай деб юборганди.
-Маликамга айтаётганини эшитдим.-деди Лайли, энди у ўзини анча тутиб олганди. -Тонгда Қазвин томон чопар йўлга чиқармиш.
-Қазвинга?
-Ҳа...
Микоил ўйланиб қолди: не фалокатни бошлайдур булар? Нечун Қазвинга? Наҳотки Саббоҳнинг таррорларини ёлламоқчи бўлса?! Ё Оллоҳ, бу не кўргулик?..
-Нега индамайсиз? Эҳтимол мен янглишаётгандурмен, бироқ шу гапларни ўз қулоғим ила эшитдим. -деди қиз хижолат тортиб.
-Йўқ, сўзларингда жон бор, жоним. -Йигит севиклисини оҳиста қучиб, юзидан ўпиб қўйди. -Ул кўнгли сиёҳлар бир балои офатни азм этган кўринадур. Буни ҳозирча хожамга айтмаганимиз маъқул. Аввал нима гаплигини аниқлаб олайлик. Сени эса кузатиб қўяй, юр! -Микоил қизни ташқарига етаклади.
-Бизнинг тақдиримиз не бўлғай?-деди Лайли дарвозадан чиқа туриб, ўртаниб.
-Хожамга арз этдим. Иншооллоҳ, султон ҳазратлари ила сўзлашмоқни ва сенинг изнингни олиб бермоқликни ваъда қилди.
Микоил қизни шаҳар дарвозасидан киритиб юбораркан, «бировга сўз айтма», дея тайинлади. Ўзи эса расадхонага қайтди.
У то тун ярмидан оғгунича минг бир ўйлар гирдобида тўлғониб ётди. Фурсат етганда ташқарига чиқиб, ўтинхона томонга ўтди. У ерда тимирскиланиб юриб, икки қулочча келадиган хода топди ва ортига қайта туриб, унинг шарпасини сезиб безовталанган Полвоннинг ҳужрасига бирров кўз ташлаб, «Ҳали тонг отгани йўқ, ётавер», деб қўйди. Қоровулга эса дарёга дом ташлаганлигини, ҳозир ундан хабар олгани кетаётганлигини айтди.
Тўлин ой кўкда баркаш янглиғ ярқираб тургани боис энди тун бағоят ойдин эди. Микоил ҳали тузиб қўйган режасига биноан шаҳарнинг ғарбий дарвозаси томон юрди -агар чопар Қазвинни кўзлаган бўлса, албатта ўша дарвозадан чиқади. У ғарбий дарвоза ёққа ўтиб, ўзича панароқ жой ахтарди. Дарвозага туташ йўл ҳандақ устидаги кўприкдан бошланиб, бир чақиримча масофадан сўнг икки тик дўнглик орасидан ўтиб, сўлга бурилиб кетарди. Йигит ана ўша дўнглик ортига яшириниб олди. Шу туришда бақувват қўллари ила айни дамда ягона қуроли бўлмиш ходани гўё бировни ураётгандай ҳар ёнга бир-икки силкитиб қўйди. Микоил баҳодир келбатли, паҳлавон йигит эди, икки-уч ўртамиёна одам ила олишмоққа бемалол кучи етарди. Бир маҳал, кўзи уйқуга илинай-илинай деганда, нисбатан сергак турган қулоқларига от туёқларининг товуши келиб урилди. Дарҳол хушёр тортди. Филҳақиқат, кўприкдан ўтган суворий маркабини тобора тезлатиб, у томонга ёвуқлашиб келарди. У яроғини маҳкам тутиб, ҳамлага шайланди. Қисматидан бехабар бўлган чопар учқур отини ниқтаб, икки дўнглик орасидан ўтаётганда, соғ ёқда беркиниб турган Микоил бир сакраб олдинга чиқди-да, бор кучи ила чопарнинг кўксига таёқ солди. Шу лаҳза шуурида «ишқилиб бошқа одам бўлмасин-да» деган ўй бир чақнаб ўтди.
Чопар зарбдан ортига қуларкан, от ҳам оёқларини кўтарганча баланд овозда кишнаб юборди ва ваҳима ичида қочмоқчи бўлдими, олдинга ташланди, бироқ ерда ётган соҳибининг сўл оёғи узангига илашиб қолганлиги боис, бир неча қадамдан ортиқ юролмади. Микоил бағоят чапдастлик ила чопарга ташланди. Чопар эса аллақачон ўлиб ётарди-ерга ағдарилганида бўйни синиб тил тортмай жон берганди. Йигит шошиб унинг қўйнини ковлади ва катта бир ҳамёнда ақча ҳамда думалоқланган мактуб топди. Мўлжални тўғри олган шекилли, Лайли айтган чопар шу чиқар. Аммо қоронғида номани ўқий олмади. Чопарнинг жасадини отга ўнгариб, расадхона сари йўл олди. Расадхона дарвозасига етганда минора устидан муаззиннинг бомдод намозига чорловчи овози эшитилди.
У дарвозахонадан кираётганида кўзлари ола-кула бўлган қоровул от устидаги жасадга ишора қилиб,деди:
-Ов бароридан келган кўринадур, домингга наҳанг тушибдур.
Намоз фурсати ғанимат бўлганлиги боис таҳорат олмоққа шошилаётган аҳли расадхона ва Хайём ҳам Микоилга бирон савол қилмадилар. У ҳам тезликда таҳорат олиб, намозни жамоат бирла адо этди.
Ибодатдан сўнг ташқарига чиқишгач, Микоил Хайёмга рўбарў бўлди.
-Не гап? -дея сўради шоир хавотир ила.
Йигит бўлган воқеани сўзлаб бераркан, қўйнидан мактубни олиб, Хайёмга узатди ва хамённи ҳам кўрсатди.
Хайём тонгнинг кўкимтир ҳамда машъалаларнинг қизғиш туслари қоришган хира ёруғида чиройли ҳуснихат ила битилган номани овоз чиқариб ўқий бошлади. Мактубнинг аввалини ўқиганидаёқ шоирнинг овози ўзгарди, чунки у Ҳасан Саббоҳ номига битилганди. Унда исмоилий таррорлар хожаси роса таъриф-тавсиф этилиб, унинг номига гўзал сўзлар ила ҳамду санолар битилганди, сўнгра муддаога ўтилганди, яъни «бани башарнинг, айниқса, исмоилийларнинг душмани, шариатга зид шеърлар битувчи кофир Умар Хайём»га ўлим фариштасининг йўлланмоғи ўтиниб сўралганди. Бундан ташқари, буюк салжуқийлар шаънини таҳқирловчи сўзлар ҳам ёзилганди ва нома охирига «ҳамиша Ҳасан Саббоҳ жанобларининг ва бутун исмоилийларнинг дуои жонини қилгувчи ҳамда жумла оламда исмоилийлар ҳукмронлигини орзиқиб кутгувчи» Қазвиний имзо қўйганди. Хайём нечукдир ғазабланмади, аксинча, жилмайди.
-Бунчалар ҳам маккорсен-а, эй ҳасад балоси!- деди сўнг ўйчан. -Бир шўринг қурғур кўнгли сиёҳнинг манглайига ажал тамғасини босибсен-а!..
Агар шоир бу мактубни султонга етказса, Қазвинийнинг қатл этилмоғи аниқ эди. Аммо у амирул шуарога ўлим тиламасди. Ёхуд бу номани пинҳон қолдирса, ўзининг, нафақат ўзининг, балки бутун олиму фузало, уламои киром ва шул каби дини Исломнинг буюк ҳомийси султон Маликшоҳга хиёнат қилган бўларди. Демакки, мактубни сир тутмоқлик салтанатга хиёнатдир. Шул боис у аввало вазири аъзам ила кенгашмоққа азм этди. Нонушта ҳам қилмай, жасад ортилган отнинг юганини Микоилга тутқазиб, мактуб ва тилло тўла хамённи ўзи олиб, зудлик ила вазири аъзам қароргоҳи томон йўлга тушди...
Вазири аъзам номанинг аввалини ўқибоқ оташин бўлди.
-О, бадкирдор Қазвиний! Ул малъун хиёнаткордан ҳар нени кутмоқлик мумкин эди, вале бунчалар тубанликка бормоқлиги!..
У мактубни охиригача ўқиб бўлгач, Хайём олдига сурган хамёнга бирров кўз ташлаб қўйди-да, деди:
-Бу шум хабарни олампаноҳга етказмоққа бурчлимиз. Акс ҳолда у зоти олийларига хиёнат қилган бўлурмиз ва жазога тортилурмиз. Бироқ султонимизнинг сиҳатлари кечадан бери бироз носоғ эди. Шу ҳолига... -Низом ул Мулк тегишли кишиларни чорлаб, амирул шуаро Қазвинийни ҳибсга олмоқликни ва зиндонбанд қилмоқликни амр этди.
-Кунинг битди бахти қаро назмпараст!-деб қўйди сўнг.

Бешинчи боб
1
Қазвиний ўша кечанинг адоғида чопарни жўнатди-ю қайтиб ўз хобгоҳига кирди. Юрагини ҳадик ва ваҳм кемираётган бўлса-да, кейинги кунларда ҳасад домидаги ташвишлари ила жонсарак юриб, толиққанмиди, намози бомдодни ҳам фаромуш қилиб, пинакка кетди. Уфқнинг сўнгги ол ранглари ҳам нилий осмон тусига қоришиб бораётганда чўчиб уйғонди. Намозни қазо қилгани етмагандай даҳшатли туш ҳам кўрибди. Улкан қора илон унинг бутун танасини ўраб олганмиш-да, бошини томоғига қўйиб зўр бериб бўғармиш. Қазвинийнинг нафаси тобора қисилиб борар, нарироқда илоннинг думини ушлаганча турган ҳалигина ўзи Аламитга йўллаган чопар «Бу Хайёмнинг илони, Хайёмнинг илони», дея қичқирармиш. У нафас ололмай қолганда энтикиб уйғониб кетди. Кўрганлари туш эканлигини билгач, «астағфуриллоҳ-астағфуриллоҳ», деб кўксини силади. Ётган кўйи тушини ўзича таъбир қила бошлади: ҳойнаҳой бу қора илон Хайём эди, у мени бўғиб ўлдирмоққа уринди. Аслида ҳам шундай- у мени йўқ қилмоқ учун қулай фурсатни кутадур. Мана, энди чопар унинг думидан тутиб олди, демакки, ҳадемай ундан халос бўлурмен. Ишқилиб чопар эсон-омон ўз манзилига етиб олса бас. Қазвиний хушнуд кайфиятда ҳузур ила керишди. Кунинг битди, эй, шўрлик юлдуз жинниси, деб қўйди шивирлаб. Аммо бу ақли ноқис ўз тушини бутунлай нотўғри таъбир этганини, кўрганлари балодан халослик эмас, унга гирифторлик ишорати эканлигини билмасди. Билмагани, сезмагани учун ҳам шодон ўрнидан туриб, ювинмоққа ҳозирланди. Намозни қазо қилгани учун кўнгли бироз хижил ҳам бўлмади.
У хушхўр нонуштадан сўнг эндигина саройга-хизматга отланиб турганида, ваҳима ичида хожам-хожам», дея югуриб кирган хизматкори ортидан шиддат ила бир неча яроғ тутган сарбозлар кириб келдилар. Улар ўз бошлиқларининг «Ол буни!» деган кескин амрига ҳамоҳанг тарзда ваҳшат солиб Қазвинийга ёпишдилар ва унинг қўлларини қайирдилар. Хуштаъм емакнинг мазаси ҳали оғзидан кетмаган шоирлар амири бақувват билаклар измида букчайди, кучаниб «не гап, не гап?» деркан, ўқчиб ҳам кетди, томоғи қирилиб, ярим йўталди. Аммо унинг сўроғи жавобсиз қолди, сарбозлар писандсиз равишда уни ташқарига судрадилар...
Ранги-қути ўчган, қўрқувдан дир-дир титраётган Қазвинийни зиндонда ўзининг эски таниши бўлмиш зиндонбон қарши олди. Унинг асли турқи совуқ бўлиб, шоирлар амири авваллари эътибор бермаганмиди ёки офтобдан пана зах зиндонда ўтиравериб туси шунақа заҳиллашганмиди ва ёки ҳастамиди, ноаён, фақат ҳозир бу ҳиссиз, қабр оғзини эслатгувчи башара Қазвинийнинг юрагига баттар ғулғула солди. Ана шу ғулғула таъсирида букчайганча зиндонбонга мўлтираб, ғўлдиради:
-Сиз мени танийсиз-а? Ай... Айтинг!.. -Аммо зиёдан буткул ғофил зиндонбон кимга нимани айтмоғи лозим эди ўзи ҳам билмасди.
-Танийман.-деди совуқ тиржайиб. Турфа қисматли маҳбусларга йўлиқавериб, кимнинг ҳоли нечук эканлигини бир қарашдаёқ билгувчи бу одам рўбарўсидаги маҳкумнинг куни битганлигини фаҳмладими, унинг қийшайиб қолган мударра салласи-ю зарбоф чопонига ҳам парво қилмай, кибрли боқиб турарди.
Сарбозлар уни халос этдилар-да, зиндонбон томон итардилар.
-Буни кишанбанд эт!-деди бири дағал овозда.
Қазвиний чопон ва салласини тузатаркан, зиндонбонга илтижоли боқиб, аянчли жилмайди. Шу пайт зиндон соҳибининг ортида дарранда менгиз исқирт пайдо бўлди. У ё тиржайди, ёки тишларини ғижирлатди, чунки қоп-қора патнисдек башарасига жо бўлган катта оғзининг икки чети тортишиб, сап-сариқ ойболтадай тишлари кўринди-да, ғалати овоз чиқарди. Қазвиний унга бақрайганча тек қотди, ҳатто нафас ҳам олмади чоғи. Аъзои бадани айни шу исқирт аввалги сафар дўппослаганидек зирқирай бошлади, елкалари сўнгаксиздай осилиб қолди. У ҳеч бир малолсиз шоирлар амирининг аввал салласини, сўнгра чопонини ечиб олди-да, уларни сўл қўлтиғига қисиб, соғ илки ила бўйи унинг қўлтиғидан келган Қазвинийнинг гирбонидан тутиб, олдинга сурди. Бир нафасда маҳбусга айланган амирул шуаро унга сўзсиз итоат этишга мажбур бўлди.
Исқирт уни чуқур ва қоронғи хонага олиб кирди-да, футу илкига кишан урди, бир оғиз сўз айтмай, ортига қайтаётганда, унинг дўппослашидан хавфсираб турган Қазвиний дадилланиб,
-Чопон ва салламни бермайсизми?-деди чийиллаб.
Исқирт ортига қайрилиб, ваҳшатли ириллади-да, маҳбусга гурзидай муштини кўрсатди.
Қазвиний қўрқиб кетди, мажолсиз оёқлари миқти гавдасини ҳам кўтаролмай, ўтириб қолди. Кичкина пачоқ башараси баттар кичрайди.
-Ҳали маликам мени халос этурлар.-дея олди исқиртнинг ортидан ожизона овозда шивирлаб. -Маликам, у кишининг вазирлари Тож ал Мулк жаноблари мени бу аҳволда ташлаб қўймаслар... -Шуларни хаёлидан ўтказаркан, ўзининг айбсиз эканлигини қайта-қайта такрорлайверди. Бирдан Ҳасан Саббоҳга йўллаган мактуби ёдига тушди-ю сесканиб кетди. Наҳотки чопарни тутиб олишган бўлса? Унда бу сирни ким сезиб қолди-ю ким кимга ошкор этдийкин? Ахир бу сирни малика, Тож ал Мулк ва мендан ўзга ҳеч ким билмасди-ку... Бу шубҳа-гумонлардан наф йўқ, бироз сабр этгани маъқул. Ҳадемай Тож ал Мулк келиб уни озод қилади, ана шундан сўнгра ҳаммаси аён бўлади...
Филҳақиқат, Тож ал Мулк Қазвинийнинг ҳибсга олинганлиги ҳақида ўз ҳуфиялари орқали ўша пайтдаёқ хабар топди. Аммо у дарҳол шоирлар амирини озод этмоқ учун чопмади, аксинча, маликанинг ҳузурига югурди. Малика вазирининг сўзларини эшитибоқ фитна барбод бўлганлигини фаҳмлади. Фаҳмлади-ю кимнинг чақиву туфайли бўлди бу, деган ўй шуурига урилди. Сўнг бу сирдан воқифлиги эҳтимоли бўлган кишиларни бир-бир хаёлидан ўтказди. Вазирдан кўнгли тўқ, Қазвиний эса ўзи куйиб турибди. Ким бўлиши мумкин?.. Ўйининг охирига етолмади.
-Унда амирул шуаронинг ҳолидан хабар олмоқ зарур. -деди малика вазирга сирли тикилиб.
Вазир ненидир англагандек бўлди, бироқ маликанинг мақсадини тўла фаҳмламаганлиги боис унга савол назари ила боқди.
-Ҳа!-деди малика муддаомни тўғри тушундингиз деган оҳангда. -Илло шоиримиз шоирлигига бориб ортиқ сўз айтиб қўймасинлар тақи.
Тож ал Мулк маликанинг амрини тушуниб, таъзим қилди-да, хосхонани тарк этди.
Зиндон сирли бир маъво эди. Унинг қаъридан гоҳида тан азобларига дош беролмаган маҳкумларнинг оҳу нолалари эшитилса, гоҳ Оллоҳга фидолик ила қилинаётган илтижолар қулоққа чалинарди. Аммо бу овозлар бағоят самимий бўлиб, сидқу вафо ҳисларига йўғрилган эди. Бу ердаги зулумот ўз бағрида жон талош бўлаётган ҳаётни бутун борича ютиб юборишга уринарди. Мазкур уриниш банди танлар ичра ураётган қалбларда милтираган умид учқунлари туфайли кўпинча зое кетарди. Бунда садоқатлар бўзларди, хиёнатлар қаҳқаҳа отарди. Зиндонда баъзан эшитилгувчи ақчалар жарангидан қайсидир шўрликнинг умрига интиҳо ясалса, яна кимнингдир умрига умр қўшиларди ёхуд уни озодликка чиқариларди. Узоқ йиллар шунда қўним топиб, дийдаси тошга менгзагулик алпозга келган зиндонбон ана шу тартиботга ўрганганди, кўникканди. Шунинг учун бу ерга келган Тож ал Мулк ҳам зиндонбон ила узоқ сўзлашиб ўтирмади-да, муддаога кўчиб қўя қолди-унга нималарнидир шивирлаб тушунтирди ва Қазвиний ётган хонани сўради.
Оғир эшикнинг шақир-шуқуридан мудом қунишиб, хаёлчан ўлтирган Қазвинийнинг юраги ёрилаёзди. У тақи ҳалиги исқирт кираётир, деб ўйлаганди, бироқ қоронғуликка ўрганиб улгурган даҳшатга тўла кўзлари Тож ал Мулкни дарҳол таниди. Таниди-ю шаҳд ўрнидан туриб, ўзини унинг кўксига отди.
-Келишингизни билардим, жанобим, билардим! Маликам мени ташлаб қўймаслигига ишонардим? -дея у ростмона йиғлаб юборди.
Вазир унинг елкасидан тутди.
-Ўзингизни босинг, шоир.-деди мулойим овозда, меҳрибон боқиб. -Сиз маликамизнинг садоқатли кишисисиз, илло сизни бу аҳволда ташлаб қўймоғимиздин маъни йўқдур.
-Қуллуқ, тақсир, қуллуқ!-дея бидиллади Қазвиний. -Мени бу ердан тезроқ олиб чиқиб кетинг, ҳазратим.
-Хўп-хўп, ўзингизни босинг. Ҳозир мен вазири аъзам ҳузурига бориб, сизни озод қилиш хусусида ижозат олиб келурмен. Маликам шундай амр этдилар. Унгача сизни хотиржам қилиб қўяй дедим-да, эй, шуаро амири.
-Ташаккур, жаноб!
-Сизни банди этаётганларида бирон ножўя...-Тож ал Мулк овозига сирли тус берди.-сўз айтиб қўймадингизми, мабодо?
Қазвиний унинг овозига ҳамоҳанг тарзда деди:
-Хотиржам бўлинг, жанобим, сиримиздан кимса воқиф эмас.
-Офарин, шоир, матонатингизга қойил. Энди гап мундоқ, мен вазири аъзам ҳузурига бориб қайтгунимча шу ерда хотиржам дам ола туринг, хўпми!
Қазвиний вазирнинг сўзларига ишонқирамай, унинг кўзларига қараб мўлтиради.
-Тезроқ қайтурмисиз?
-Албатта.-деди вазир унинг елкасига оҳиста қоқиб, меҳрибонлик ила. -Асло хавотир олманг.
-Хўп. -Қазвиний ёш гўдак мисол араз қилди. -Зарбоф чопоним ва салламни ҳам олиб қўйдилар. Айтинг, жаноб, қайтарсинлар.
-Ҳозир қайтарурлар. -Тож ал Мулк чарпахил гавдасини ўзига ярашиқсиз чаққонлик ила пилдиратиб зумда ғойиб бўлди.
Қазвиний ҳаловатли хуш кайфиятда енгил хўрсинди-да, деворга туташ супачага ўлтирди. Хонанинг чоққина даричасидан тушиб турган нурга интиқ тикилди. Эрталабдан то ҳозирги фурсатгача вужудида кечган қўрқув, таҳлика ва умуман руҳий зўриқув уни толиқтириб улгурганди. Шунинг учун Тож ал Мулкнинг ташрифи ҳамда меҳрибонлик ила қилган муомаласи туфайли юрагида тақи ёна бошлаган умид учқуни унинг борлиғини ҳузурбахш, бироқ ожиз бир оромга йўғирмоққа тушди ва бу ҳаловатли онлар ортидан қорни очганлигини сезди. Азали шундай- эрталаб яхши нонушта қилса-да, чошгоҳга бориб қорни очади ва дарров енгил тамадди қилиб олади. Ҳозир ҳам нимарсадир егиси келиб, оғзи сўлакка тўлди, қорни ғўлдиради. Тож ал Мулк тезроқ қайта қолсайди, дея бетоқатланди. Аммо кўнглида пайдо бўлган ҳаловатга бу бетоқатлик асло таъсир этмади. Аксинча, янада фориғлик ила супачага чўзилди, шифтга термуларкан, тонгги тушини эслади. Ё тавба! Шунчалар ҳам баҳайбат илон бўладими-я?!..
Шу пайт шақир-шуқир қилиб тақи хона эшиги очилди. Қазвиний хайрятей, дея сапчиб ўрнидан қўзғолиб, ўлтирди ва эшик томон тикилди. Хира қоронғулик ичра исқиртнинг баҳайбат гавдаси кўринди. Бироқ энди Қазвиний ундан қўқмади, ҳатто анча дадилланиб, барзангига дўқ урди:
-Ҳа, келдингми, сен зулумот хожаси? Чопону саллам қани? Исқирт ҳеч сўз демади, тебраниб унга яқинлашаркан, кир-чир тишларини кўрсатиб маъносиз тиржайди ва ғалати овоз чиқарди. Шу юришида келиб, Қазвинийнинг ёнига ўлтирди. Шоирлар амири ҳайрат ичра супачанинг нарироғига сурилди. Исқирт эса унинг кўксига кафтини қўйиб, оҳиста сурди, ётмоққа ундади. Бу манзара ҳудди онанинг ўз боласини эркалаб, уйқуга ётқизаётгани янглиғ эди. Қазвиний мудом ҳайрат оғушида ихтиёрсиз равишда чалқанча чўзилди. Рўбарўсидаги йиртқич маҳлуқнинг бақувват бармоқлари унинг бўғзидан аста тутиб, тобора-тобора сиқа бошлаганида, кўксида ҳаво танқислашиб, кўзлари ярқ этиб очилиб кетди. Исқиртнинг муддаосини пайқади, лекин энди кеч бўлганди-кучли панжалар уни қимирлагани қўймас, мажолсиз илки филнинг футини тутган янглиғ унинг билакларига даҳл қилолмасди, фақатгина оёқлари жон талошида типирчиларди. Аммо бу бенаф эди. Унинг кичкинагина юзи баттар ғижимланиб кетди. Шу бир неча лаҳза муддат ичида бутун ҳаёти кўз ўнгидан ўтди, охирида Тож ал Мулк сурати лип этди-ю, шуурида «Хиёнат!» деган нидо яралди ва энг сўнгида тушидаги баҳайбат мори сиёҳ (қора илон) кўринди. Энди илон унинг танасига ўралиб, бўғзидан бўға бошлади. Бўғаверди-бўғаверди, кўзлари олдида турган улкан илон катталашаверди-катталашаверди... Ниҳоят бутун олам зим-зиё бўлиб қолди...

2
Вазири аъзам Низом ул Мулк амирул шуаронинг хиёнати ҳақида ўйларкан, ҳасад балосининг илки бағоят дароз, янаки қамрови чексиз эканлигидан ҳайратга тушарди. Қазвинийнинг нега муҳтожлиги бор эди-ю бу қадар тубанликка илкини бериб, хиёнатга юз тутди. Не қилса ҳам қудратли салжуқийлар салтанатининг бош шоири, буюк султон Маликшоҳнинг назари тушган, катта маош олгувчи амалдор эди. Хонадони қаср бўлмаса-да, қай бировлар орзулаган, ҳавас қилган ҳашаматли бинода жойлашганди, ўзи эса бир неча ожизага соҳиб эди. Шундай бўлгач, унинг бу қилмиши кўрнамакликдан ўзга нимарса эмасди. Демак, унинг дили сиёҳига ин қурган ҳасад балоси шу қадар кучли бўлганки, ўзи туз еган тузлуғига туфлаган. О, хом сут эмган банда-я, бу ғаддор дунёнинг чолғусига қачонгача хиром этасен?! Вазири аъзам шундан доғда эди. Энди бу шум хабарни ҳукмдорга етказмоғи лозим эди, тағинки ҳаста ҳукмдорга. Оламдаги энг оғир ва мушкул юмушлардан бири ҳам шу-тождорларга салтанатда рўй берган мудҳиш ҳадисотдан хабар бермоқ. Хабардор қилинмаса, тақи бир бало, айтилса, оқибати ноаён. Низом ул Мулк шу андиша ила кунни қаритди. Намози асрдан сўнг саройнинг ҳаста султон ётган хонасига кирди. Олампаноҳнинг дарди оғир эмасди, эҳтиётсизлик туфайли рўй берган одатдаги шамоллаш эди. Унинг бўғриқиб турган юзи мудом иссиғи борлигидан далолат берарди. Саройнинг бош табиби унинг ёнида қўл қовуштириб тик турар, бир чуҳра эса эшик томонда тек қотганди. Бу ерда бошқа парвона кишиларнинг йўқлиги ҳам султоннинг ҳаловат истаганлигидан эди.
Вазири аъзам султонга яқинлашаркан, хаёлидан шу ўй ўтди: агар олампаноҳнинг аҳволи жиддий бўлганида, албатта Хайёмни ҳузурига чорларди, сарой табибининг ўзи билангина кифояланибдими, демак, дарди оғир эмас... Низом ул Мулк ожиз, бироқ мулойим товуш ила салом берди.
-Хуш келибсиз, вазири аъзам!-деди султон бошини у томонга буриб, хиёл энтикаркан. -Узр, ўрнимдан туролмадим. -Бу гап шунчаки айтилган бўлса-да, султоннинг кекса вазири аъзамни ниҳоятда ҳурмат қилмоғига далил эди. -Иситма тож тутса, ҳар не тождор ҳам ўсал қоларкан. -Султон ўз мутойибаси ила вазири аъзамга эркинроқ сўзламоққа изн берди.
Соҳиб девон таомилга биноан аввало ҳол-аҳвол сўради:
-Сихатингиз дурустми, олампаноҳ? Оллоҳ таборака таоло фуқаро ғамини еб, дардингизга шифо ато этгай, иншооллоҳ. Илло аҳли Исломнинг танҳо халоскори бўлмиш сиз олампаноҳ ҳазратларининг азиз жонин омондалиги жумла мўминларнинг бирламчи муддаоси ҳамда бахтидир.
Вазири аъзамнинг меҳрибонлик ва самимият ила айтган бу гаплари султонга хуш ёқди, шунинг учун у то сўзини адо этгунча жим турди. Ниҳоят Низом ул Мулк сўзини тугатиб, таъзим қилгач, уни ўз ёнидаги юмшоқ ўриндиққа ўтирмоққа таклиф этди.
-Не мужда келтирдингиз, ҳазрат? -дея сўради султон жилмайиб ва шунинг ортидан бир ишорат ила ёнида турган табибга ижозат берди.
-Биз учун сиз соғ-омон бўлсангиз бас, олампаноҳ.-деди вазири аъзам шум хабарни тилига келтирмоққа безиллаб.
-Қуллуқ, жаноб... -Султон ўқчиб бир-икки йўталди. -Муддаога кўчинг!
Вазири аъзам тараддудланди.
-Сизнинг азиз жонингиз ҳаста бўлган бир пайтда, дардингиз устига бу гапни айтгандан кўра тилим кесилгани маъқул эди, олампаноҳ.
Султоннинг юзи жиддий тус олиб, кўзлари вазирга қаттиқ қадалди.
-Сўзланғ!-деди туркий лаҳжада ва бу унинг ғазабга ҳозирлигидан далолат эди.
Вазири аъзам қўйнидан Қазвинийнинг ҳуфия мактубини чиқариб, не қилай, дегандай султонга қаради. Султон нигоҳи ила ўқимоққа ижозат бергач, аста томоқ қириб қўйди-да, хиёнаткорнинг номасини дона-дона қилиб ўқий бошлади. У мактубни ўқиркан, бир вақтнинг ўзида, уни битган кимсага бўлган нафратини ҳам сўз оҳанги ила ифодалашга уринарди ва бунинг таъсирини билмоқ учун султонга тез-тез назар ташлаб қўярди. Ҳасан Саббоҳ таърифу тавсиф қилиниб, унинг шаънига ҳамду санолар битилган сатрларни эшитгандаёқ ҳаста ҳукмдорнинг юзи баттар бўғриқиб кетганди. Аммо мактуб соҳибининг салжуқийлардан нолиб, ҳасрат қилгани ва вазири аъзам ҳамда Умар Хайёмга ўлим тилагани барчасидан ошиб тушди.
-О-оо, кўрнамак!.. -дея ғазаб қилди султон вазири аъзам номани тугатиши биланоқ. -Итнинғ боласи! Мен унинг ичи сиёҳлиғини сезардим, бироқ бунчалиқға борар деб ўйламаған эдим. -Сўнг вазири аъзамдан сўради. -Не чора кўрдунғиз?
-Банди этмоқликни буюрдим, олампаноҳ. Не жазо қўлламоқликни амр этурсиз?
-Юзи қурсин ут итнинғ! Ўлим ҳам хайф унга, токи шаҳар четидаги савдойихонага ташласинлар. Қаттиқ назорат остига олиб, ҳар куни қамчиласинлар. Аммо ўлиб қолмоғига имкон бермасинлар. -Султон тақи ўқчиб, кетма-кет йўталди.
Низом ул Мулк султонни уринтириб қўйганлигидан баттар хижолат тортди, лекин ўзини оқламоққа уриниб, бирон сўз айтолмади.
-Энди мени ҳоли қўйинғ! -деди султон гапни кесиб.
Вазири аъзам ўрнидан туриб, таъзим қилди-да, эшик томон йўналди. Шу пайт ортидан тақи султоннинг овози эшитилди:
-Умар Хайём не дейди?
Вазири аъзам қайрилиб жавоб берди:
-Ул ҳам сизнинг амрингизга мунтазир, султоним.
Султон индамади-да, толиқди шекилли, хорғинлик ила кўзларини юмди.
Низом ул Мулк ўз манзили сари бораркан, ўйларди: шўринг қурғур Қазвиний! Шайтони лаъин кўйига кирмоқликнинг оқибати шу эрур. Сен кўнгли сиёҳга не камлиғ бор эди-я?!..
Вазири аъзам хонасига қайтиб, Қазвинийни зиндондан олиб, савдойихонага элтмоқликни ўз кишиларига амр этди. Бунинг ортидан уни назорат қилгувчи кишини ҳам тайинлади. Шундан сўнг ўз юмушлари ила машғул турганида, зиндондан хабар келди: Қазвиний юраги ёрилиб ўлган эмиш. Суриштириб билдики, йўллаган кишилари унинг жасадини ўз кўзлари ила кўрибдилар.
Ё Оллоҳ! Бундан ҳам хиёнатнинг иси келадурми? Ёхуд ул нобакорнинг куни чиндан-да битганмиди? Қисмати не ила тугамоғига фаҳми етиб... Энди бу хабарни султон ҳазратларига қандай етказурмен, ё Тангрим?!.. Вазири аъзам ўйининг охирига етолмасди. Қазвинийнинг мудҳиш қисмати-ю хиёнат ҳақида ўйларкан, кўз ўнгидан кўплаб кишиларнинг сурати бир-бир ўтарди. Ана ўша ўтишлар асноси кўз олдида ниҳоят малика Туркон Хотун сиймоси намоён бўлганида нечундир вужудида ожиз, вале сезимли эврилиш кечганлигини пайқади. Наҳотки, деган фикр урилди шуурига шунинг ортидан. У маликанинг Хайём иккисини унчалар хушламаслигини биларди, аммо султонга қарши бормоғи мумкинлигига ишонолмасди. Ҳудди шу каби, нега энди айнан ҳозир бу фикр хаёлига келиб қолганлигини англолмасди. Бу шайтон васвасаси эмасми, ўйларди вазири аъзам хаёлларига тўзим илинжида, ахир не бўлганда ҳам ул аёл султон ҳазратларининг завжаси-ку!..
Донишманд вазирнинг шубҳаси, тўғрироғи, у кишининг қувваи ҳофизаси қилган башорат асосли эди. Чунки бу пайтда малика Туркон Хотун кутилган хабар ила остонасига бош уриб турган ўз вазири Тож ал Мулкни интиқлик ва хавотир оғушида қаршилаётир эди. Вазирнинг алпозини, юзидаги ифодани кўриб, истаги бажо келтирилганлигини тушунганди, аммо дилидаги хавотир дарров тарқамади. Таомили ҳам шу-да-сирли ва мудҳиш юмушларнинг аввало режаси тузилади ҳамда унинг ортидан кўнгил салтанати осмонида таҳлика-ю қўрқувнинг илк нимтатир абрлари зоҳир бўлади, ундан кейин режани амалга оширмоқликка амр этилади ёхуд бу борадаги маслакдошлар изланади ва тақи хавотир, сўнг режа амалга оширилади-да, шубҳа-ю ваҳм ичида атрофдагиларнинг унга муносабати кутилади, кузатилади, сирдан воқифми-йўқлигини билмоққа уринилади, хуллас, ваҳм узоқ давом этаверади. Айни шу менгиз, малика ҳам бир хавф бартараф этилганлигини билиб турган бўлса-да, вужудидаги хавотир кучаймоқда эди.
-Хўш?!.. -деди у вазирга қаттиқ тикилиб, бир пайтнинг ўзида ҳам ичидаги таҳликани босмоққа, ҳам шу бир оғиз сўз ила борки фикру ҳисларини ифода этмоққа уринаркан.
Тож ал Мулкнинг кўзлари ёнди:
-Амрингиз бажо этилди, маликам.-деди у таъзим қилиб, -Шоирлар амири жаъми асрорни елкалаб, соҳибининг ҳузурига равона бўлди.
Вазирнинг мутойиба аралаш сўзи маликага хуш ёқди ва вужудидаги ваҳм тафти аста-секин пасая бошлади.
-Биров пайқамадими?
-Йўқ. Ҳатто шўрлик Қазвинийнинг ўзи ҳам сезмай қолди чоғи. -Вазир кулди.
Маликанинг ҳам лабида билинар-билинмас табассум жилва қиларкан, бир вақтнинг ўзида нигоҳига ўйчанлик инди. Хаёл ила ортига қайрилиб, ўрнига ўтирди ва вазирни ҳам ўтрусидаги ўриндиққа ўтирмоққа ишорат этди. Шуурида тақи эрталабдан буён уни тарк этмаётган савол пайдо бўлди: бу сирдан ким воқиф бўлди-ю ким уни анови қари шофеъинга етказди? Ахир чопар ҳақидаги гап мана шу ерда, мана шу вазири Тож ал Мулк билан, у зимдан вазирга қараб қўйди, бошқа бирон бир кимсанинг иштирокисиз бўлиб ўтган эди-ку. Унда чақув этган ким?! Қазвинийнинг ўзи бу борада бировга сўз айтмоқлиги айни маънисизлик. Чопар тасодиф туфайли нобуд бўлган дея ўйланса, ахир у тил тортмай ўлган эмишки, бировга гап айтса. Мактубни излаш бехабар кишининг хаёлига келармиди...
Шу пайт бир канизак кириб келди-да, патнисда икки аёқ гулоб келтириб, таъзим ила малика ва вазир ўртасидаги мизга қўйди, сўнг таъзим ила ортига қайтиб, чиқиб кетди. Уни беихтиёр кузатиб тураркан, малика туйқус кеча хизмат қилган канизак-Лайлини эслади. Ҳа- ҳа, у бўсағада бир нафас тўхталиб қолган эди. Аниқ-равшан ёдида, ҳатто илкидаги патнис тушиб кетаёзганди. Ҳойна-ҳой у вазирнинг гапларини ҳам, менинг гапларимни ҳам эшитган, эшитгану расадхона сари чопган. Унинг қилмишларини, Умар Хайёмнинг надими бўлмиш сангтарош ила тузган ишқ ўйинларини саройбекадан бир неча бор эшитган. Шундай экан, чақув ўшал мочағар канизакдан бўлганлиги аниқ. Бирон зарурат туғилса, ғанимга аксил зарба бермакда ёйга пайкон этмоқ умиди эҳтиётида унга бир сўз демай, ўз ҳолига ташлаб қўйганди. Мана, энди келди ўшал зарурат, ўшал он. Асли олов қонли бўлган маликанинг кўзлари ўч илинжида ёвуз чақнаб, юзи ёнди. Ул юлдузпарастнинг жони метин бўлса, энди унинг халоскорлари завол топгай.
Малика икки бора қарс урди. Остонада бир канизак пайдо бўлиб, амрингизга мунтазирман, дегандай таъзим қилди. Туркон Хотун унга саройбекани чорламоқликни буюрди.
Кўп ўтмай, ҳуснини аллақачон бой берган ўрта ёшлардаги саройбека кириб келди. Унинг юз-кўзидан ғоят тасқаралик ёғиларди. Бу малика учун айни муддао эди шекилли, ҳеч қачон унинг юз-кўзига, юриш-туришига эътибор қилмасди.
-Ҳалиги жазман тутган қулвачча қаерда?-дея сўради у дағал овозда.
Саройбека илкини кўксига қўйиб, таъзим ила деди:
-Хизматда эди, маликам.
-Чорла!
Саройбека чиқиб кетгач, вазирга юзланди.
-Бу зинокор канизакнинг қилмишини қаранг.-деркан, қўшиб қўйди. -Покиза даргоҳимизни булғаб!..
Вазир бош силкиб унинг гапини маъқуллади, аммо бир ажиб сирдан воқиф кишидай билинар-билинмас жилмайиб ҳам қўйди.
Ниҳоят саройбека ва Лайли малика ҳузурида қойим бўлдилар. Лайли бош эгиб турар, унинг одми, аммо ранглари ёрқин либоси ўзига жуда-жуда ярашиқли эди, бели ва кўкси кўзга ёқимли тарзда сирилиб кўринарди. Бу Туркон Хотуннинг ҳасадини келтирди, канизакнинг айни дамдаги хуш суратини ишқ туфайли дея кўнглидан ўтказди. Қизни бир лаҳза девқоматли, қоя янглиғ сангтарошнинг қучоғида тасаввур этиб, тани жимирлади. У бир умр ана шундай мардни орзулаб келарди ва зарур бўлса, бутун бойлигини ўшал марднинг оёқлари остига ташламоққа рози эди. Умар Хайёмга ҳам вужудидаги шу ўт, шу ташналик боис талпинарди. Надоматким, осмонга термулган нужумпараст заминдаги юлдузни кўрмади, пайқамади ёхуд пайқамоқни истамади. Энди эса дунёнинг ярмини эгаллаган буюк салтанатнинг маликаси бир зоти паст канизакнинг бахтига ҳам ҳавас, ҳам ҳасадда турибди. Бу ҳам бўлса башар феълининг ечилмас жумбоғи...
-Кеча оқшом қаерда эдинг?-дея сўради малика уни нигоҳи ила таъқиб этаркан.
-Шунда эдим, маликам. -деди Лайли бошини кўтармай.
-Ёлғон айтурсен!-Маликанинг овозига қаҳр оҳанги қўшилди ва сўзла дегандай саройбекага қаради.
-Кеча оқшом аллақаерга бориб қайтди. Назаримда, тақи расадхонага борди.-деди саройбека тез-тез сўзлаб.
-Бунга не жавоб қилурсен?
Лайли сўзсиз тураверди.
-Сўзла!..-дея ўшқирди малика.
Лайли бир қалқиб тушди, лекин индамади. У, чамаси, ўзини оқламоққа уринмоғи нафсиз эканлигини, қаҳри қаттиқ малика аллақачон ўз ҳукмини чиқариб бўлганлигини фаҳмлаб турарди.
-Сен зинокор табаррук даргоҳимизни булғадинг, илло ўшал хушторинг ила сангбўрон этилмоққа лойиқсен! -Малика энди Тож ал Мулкга ўгирилди. -Вазир жаноблари, буни банди этиб, ўз ҳибсхонамизга элтинг. Унинг тақдирини султон ҳазратларига ҳавола этурмен.
Вазир саройбека ва Лайлиниг ортидан эшик томон юрганда уни малика тўхтатди.
-Эрта чошгоҳ маҳали амирул фузало Умар Хайём жанобларини саройимизга таклиф этсангиз.
Вазир «хўп бўлади», дея таъзим бажо келтириб, чиқиб кетди.

Олтинчи боб
1
Малика Туркон Хотун Хайём хонани тарк этгач, бутун вужуди титрай бошлаганини сезди. Миз устидаги май тўла қадаҳни илкига олиб, «Лаънати эроний!» деди-ю бир нафасда сипқорди ва лабларини қимтиб, кўзларини юмганча туриб қолди. Энди бас, дея ўйлади шу кўйи, ҳаммаларингнинг кунинг битди! Сенлар қорахонийлар наслини ҳали билмас экансанлар. Сен ҳам, анови шофеъин ҳам ва ҳатто... Фикрини давом эттира олмади, у айни дамда бу ҳақда ўйламоқдан ҳам қўрқди. Менинг сўзимни рад этди-я бу нужумпараст!
Хайём айтилган пайтда маликанинг ҳузурига кирди. Малика уни яхши кутиб олди, бироқ шоирнинг кўнгли ғаш эди, чопардан топилган мактубга Туркон Хотуннинг ҳам доҳиллиги бордек туюларди, наздида. У хонага кирибоқ маликанинг юзига эътибор берди: ҳа, султоннинг суюкли хотини мудом гўзалдай туюлса-да, аслида йиллар ўз ҳукмини ўтказаётганлиги унинг чеҳрасида яққол кўриниб турарди. Фақат асли эҳтирос бандиси бўлган малика бул ҳақиқатга ён бермасликка уринарди холос. Филҳақиқат, унинг юзида ошкора сўлиш зоҳир эди. Аммо кўзлари!.. Унинг нигоҳида, либоси остидан ҳам балқиб турган танасида бир олов яшардики, у ҳар қандайин эрни куйдирмоғи тайин эди. Унинг кўзларига дош бермоқ бағоят мушкул эди.
Юзма-юз ўлтирдилар. Малика унинг ҳол-аҳволини, илм борасидаги ва расадхонадаги юмушларини сўради. Хайём ҳам одоб ва босиқлик ила жавоб қайтарди.
Малика суҳбат аввалида зимдан Хайёмнинг юзига эътибор қилди. Шоирнинг чеҳрасида ҳамиша собит бўлган шиддат ҳозир сезилмасди, унинг ўрнида ёқимли бир нур, мулойимлик зоҳир эди. Ё тавба, бу не эврилиш? Аввал-ку бу нужумпарастнинг шиддатли юзидан, эҳтирос ёғилган нигоҳидан умидвор эди. Энди эса...
-Амирул шуаро Қазвинийнинг хиёнатидан бохабар бўлсангиз керак? -дея сўради маккора малика суҳбат қаловини авжлантирмоқ ниятида.
-Албатта. -деди Хайём унинг кўзларига бепарво боқиб. Негадир энди у ўтрусидаги қудрат ва макр соҳибаси бўлмиш маликага ортиқ илтифот кўрсатмасди. Малика эса унинг нигоҳидаги маънони уқмоқ ниятида ва ёки уққан бўлса-да, ундаги кутилмаган бу дадилликдан лол қолибми, бир муддат тикилиб қолди. Шоир буни ўзича тушуниб, тақи нимадир демоғи лозимлигини хаёлидан ўтказди ва:
-Иншооллоҳ, ул хиёнаткор банди этилмиш.-деб қўйди.
Ана шундан сўнг малика Туркон Хотун хотиржам тортгандай бўлди.
-Ҳа, Оллоҳга шукур. -Энди маликанинг овози хиёл майинлашди ва ҳатто илтижоли тус олгандай туюлди. -Яхшики, онҳазрат султонимизнинг сиздек садоқатли хешлари, надимлари бор. Акси ўлса, ул ножинс нобакорлар олампаноҳнинг азиз жонларига ҳам даҳл қилган бўлурмидилар. Оллоҳ сақласин!-Малика қўрқув ила ёқа тутган бўлди.
Айни дамда Хайёмнинг шуури бағоят ойдинлик касб этганди. У маликанинг шум ниятини, манов айёрона тадбирини аниқ-равшан фаҳмлаб турарди. Аммо сезгисини ташига чиқармади-да, «хўш, не дейсан?» маъносида боққанча ўлтираверди.
Яна тағин малика тилга кирди:
-Султонимизнинг дўстлари бизнинг дўстларимиздир. Шундоғ экан, бизнинг саройимизда ҳам дўсту ёрларимиз жам бўлмоғини ихтиёр этурмиз.-малика шоирнинг юзидаги ўзгаришни кутди, бироқ муддаосига етолмади. -Қолаверса, валиаҳдимиз ҳам сиздек донишманд зотнинг тарбиясига мудом муҳтож. Эрта ўтиб индинга тахтга ўлтирса... -У гапининг давомини айтмади, лекин оҳангидан султоннинг куни битиб қолди, ҳадемай тахтга менинг ўғлим ўлтиради, жонингдан умидинг бўлса, тадоригингни кўр, деган таҳдидли фикрни уқиш мумкин эди.
Хайём бошини хиёл қуйи эгиб, деди:
-Шавкатли шаҳзодамизнинг биз каби ожиз илмпарастларнинг тарбиятига асло муҳтожлиги йўқдур. Улуғликда биз ул зотга муриддурмиз. Янаки олампаноҳимизнинг сояи давлатларида барпо этилган расадхонада ҳам бағоят юмушлар кўпаймоқда. Ниҳоят маликамизнинг илтифотлари ва рағбатлари кўмагида фақатгина илм ила машғул бўлмоқлик ниятидамен.
Малика тағин унга қаттиқ тикилиб қолди. Тикилиб тураркан, сен қайси сирдан воқифсанки, бу қадар мағрурсан, деган маъно зоҳир бўлган нигоҳи аста-секин аслига қайтиб, ёвузона тусга кира бошлади. Аммо Хайём бундан хабарсиз эди, чунки унинг кўзлари ҳамон қуйида эди.
-Ихтиёрингиз йўқ экан, начора!.. -Бу сўзлар тишлар орасидан айтилди гўё. Малика ўрнидан турди, Хайём ҳам унга эргашди. -Илоҳи, омон бўлғайсиз. -Малика шу сўз ила хайрлашаркан, дўстлигимиз тамом, дегандай ҳам бўлди.
Аслида улар ҳеч қачон дўст бўлмаганлар ва буни иккиси ҳам жуда яхши билардилар. Маликанинг узоқ йиллик бу уринишлари эса шоирни аёлларга хос бир эҳтирос ила хушлагани, кейинчалик бўлса, ундаги тоқат қилиб бўлмас ғурур туфайли юзага келганди. У энди не амал ила бўлса-да Хайёмнинг тик бошини эгмоққа, мағрур ва ўткир нигоҳини синдирмоққа саъй этарди. Ҳар сафар унинг кўзларига кўзи тушаркан, ўзини айбдордай ҳис этар, фарёд уриб, рўбарўсидаги шеърпарастнинг оёқлари остига ўзини ташламоқликка тайёр эканлигини сезиб қоларди. Унга алам қиладигани ҳам шу эди -у шоир қошида ўзини ожиз ҳис қиларди. Аслида чинакам аёл учун бу янглиғ ожизлик фазилат ва бахт эканлигини у билмасди...
Қасос ўтида жизғанак бўла бошлаган малика шоир чиқиб кетгач, бир шумликнинг режасини тузиб, ичида уни амалга оширмоққа қаттиқ аҳд қилди-ю нозик бармоқлари мушт бўлиб тугилди...
Султоннинг сихати анча яхшиланиб қолганди. Йўтали камайиб, иситмаси бутунлай тушганди. Энди юзи-кўзи бўғриқмас, хийла мадорсиз бўлса-да, кайфи дуруст эди. Бош тарафида қойим турган қул хўтон (елпувчи) уни оҳиста елпир, нарироқда эса сарой табиби одатдагидек қўл қовуштириб турарди. Бутун хонада кўнгилни аллаловчи осудалик ҳукмрон эди.
Малика тавозе ила салом бериб кириб келганида султон бир қўзғолиб, рафиқасига мулозамат кўрсатган бўлди. Агар тани носоғ бўлмаганида маликани албатта тик туриб қаршиларди. Буни малика ҳам сезди, шунинг учун султон томон шитоб талпиниб, эрка бир овозда деди:
-Қўзғолмангиз, султоним!-У ҳукмдорнинг оёқ тарафига омонат ўлтирди. -Тузукмисиз, олампаноҳ?
-Шукур, маликам.-деди султон хотинига бироз ҳайрат ва меҳр ила тикиларкан. Чунки унинг суюкли хотини айни дамда гул-гул очилиб кетганди. Эгнидаги ҳарир либоси эр зотининг вужудига ўт солгулик даражада унинг гўзал қоматини намойиш этарди, пуштига мойил юзи ловуллар, гилос менгиз лабларидан эса шаҳват ёғиларди. Ҳа, малика чиндан ҳам гўзал эди, акси бўлса, не-не навниҳол соҳибжамол канизакларни кўрган соҳиби тожнинг қонини бу қадар кўпиртира олмасди. Филҳақиқат, султон ҳар сафар маликанинг жодусига рўбарў келганида илон авраган жонзот ҳолига тушарди, бироқ бу кўйи ўзига жуда-жуда хуш ёқарди.
Малика тилла-ю ёқут узуклар оғушидаги оппоқ, нафис бармоқлари ила султоннинг оёғини уқалай бошлади.
-Оллоҳ шифо берсин, соҳиби олам, соғинтирдингиз-ку!
Султоннинг жони ўртаниб, осуда қонига олов инди. У билинар-билинмас ишорат ила мудом ҳозир турган табибга ижозат берди, сўнг хотинига ҳирс ила тикилди. Ё тавба, бу беҳиштнинг қай гўшасидан чиқмиш ҳурки, он қадар малоҳатлидир!
-Сизга шундайин бир кечани ҳозир этурменки... -деди малика овозига сирли тус бериб, кафти ила султоннинг қорни ва ёнбошларини силаркан.
Султон сапчиб ўрнидан қўпмоққа уринди:
-Ҳозир, жоним!..
Бироқ малика унинг кўксидан босди.
-Йўқ, олампаноҳим, ҳали камқувватсиз. Сиз менга фақат бугунгина керак эмассиз-ку, жоним. Аввал дарддан фориғ бўлинг, мен эса ул дамни интизорлик ила кутармен.
Султон маликага итоат этиб, бошини ёстиққа қўяркан, бир ҳўрсиниб, ичидаги ўтнинг тафтини босди. Малика эса унинг юз-кўзини силай бошлади. Юзи эрининг юзига яқин келгач кўзида туйқус маъюслик зоҳир бўлиб, билинар-билинмас ҳўрсиниб қўйди. Султон буни дарров пайқади.
-Нечук ғамгин тортдингиз?
-Шунчаки ўзим... Парво қилманг, султоним!
-Йўқ, сўзланг. Нега бунча тез ўзгардингиз?
-Сизнинг бу дардингиз устига тағин... -Малика эрига андиша ила нозли боқди.
-Мен соппа-соғмен. Сўзланг, жоним!
-Сизнинг азиз бошингиз хиёнатчилар қуршовида қолганидек, менинг ҳам даргоҳимга нопоклик оралабдур. -Маликанинг кўзлари ёшланди. -Бундан хабар топганимдан буён сира-сира ўзимга келолмаётирмен. Ниҳоят бу мудҳиш ҳодисотдан сизни бохабар этмасам бўлмаслигини тушундим.-Бу сўзлагувчи мушфиқ аёл ҳозир доимги қаҳри қаттиқ, шиддаткор маликага асло ўхшамасди.
Султон хушёр тортиб, деди:
-Йиғламанг! Хўш, не ҳодисот рўй берди?
Малика кўз ёшларини артиб, жиддий тус олди.
-Канизакларимдан бири расадхонадаги бир сангтарош ила бузуқлик қилибдур. -Маккора Туркон Хотун қаддини ростлаб, гўё уялгандай кўзларини олиб қочди.
-Не чора кўрдингиз?
-Ўз ҳибсхонамда банди этдим. Лекин...
-Хўш?-деди султон уни тезроқ гапиришга ундаб.
-Агар ул бетавфиққа оғирроқ жазо қўлламасак, ўзга қуллар ҳам кўнгиллари кўйига юра бошларлар.
-Дарра урдирайликми?
-Бу кам, олампаноҳ. Ул нобакор бузуқини сангсор (тошбўрон) этмоқликни сўрармен.
Султон бироз жим қолди.
-Шариатнинг ҳукмини билмоқ керак.
-Ахир сизнинг шону шавкатингиз қошида шариат не, олампаноҳ. -Малика тақи Султоннинг кўксига суйкалди. -Бу тадбиримиз ила ўзгаларга ибрат кўрсатмоғимиз лозим. Акс ҳолда... Кейинги кезларда жудаям кўнглингиз юмшаб бораётир, султоним. Авом бу яхшилигингизни ўзгача тушунмоғи ҳам мумкин.
Ҳа, тобора кўнгилчан бўлиб бораётганлигини унинг ўзи ҳам жуда яхши билиб турибди. Мана шу қиличидан қон томган қаҳри қаттиқ султон Алп Арслон зурриёди эканлигига биров ишонмайди. Падари бузруквори жинояткорлар қошида ўй суриб ўлтирмасди, дарҳол ё бошини узарди, ё осдирарди, ё бошқа жазо қўлларди. Бу эса, мана, бир неча йил бўлибдики, ҳали бирон марта бирон кишини ўлимга ҳукм этмабди. Шу дурустми? Йўқ, оламнинг ярмини забт этган ҳукмдор учун асло дуруст эмас. Эҳтимол хиёнаткорларнинг зиёда бўлиб бораётганлигига ҳам айни шу шафқатлилиги боисдир.
-Бош майдонда авом кўз ўнгида сангсор этмоқ лозим, султоним. -Маликанинг шивирлагудай айтган бу сўзлари унинг хаёлидан ўтаётган фикрларга ҳамоҳанг келди.
Султон бир нуқтага тикилиб қолди.
-Ҳукмингиз не, олампаноҳ? -малика бу сўрови ила унга тақи рағбат берди.
-Буюринг, -деди султон ҳамон ўша нуқтага тикилганча. -қатлга ҳозирлик кўрсинлар.
Малика яшнаб кетди.
-Хўп бўлади, султоним!..

2
Умар Хайём эртаси субҳи содиқда вазири аъзам ҳузурида бўлди. У кишидан Микоил ва Лайлининг никоҳ тузмоқлари учун ҳукмдордан ижозат олиб бермоқлигини ўтинди. Вале кекса вазирнинг шашти паст, боши хам эканлигини кейинроқ фаҳмлади. Билсаки, зиндонбанд этилган Қазвиний туйқусдан жон берибди. Унинг ўлими тақи бир хиёнат туфайли рўй берганлигини, бу хиёнат эса ҳар икки хиёнатни яширганлигини фикр этган вазири аъзам мазкур шум хабарни султонга етказишга етказибди-ю, аммо ўйлаганларини ташига чиқармабди. У ана шундан дилгир бўлиб турган экан. Шул боис шоирнинг ўтинчи ўтинчлигича қолаверди, чунки Низом ул Мулк ҳозир султон ҳазратлари иккисининг орасига ўзга ҳеч бир гап жо бўла олмаслигини айтди. Аслида султон ҳам кетма-кет юзага келган бу ҳодисотлар ортида адоват морининг ёвуз боши пинҳон турганлигини жуда яхши англаган эди.
Лекин Хайём чекинмоқни истамасди, чунки забардаст келбатли сангтароши, янаки маҳрами Микоилнинг илтижоли ва мунглиғ нигоҳи кўз ўнгидан кетмас, агарки шу бугун олампаноҳга рўбарў келмаса, шўрлик саҳройи кўзли йигитнинг арзи ҳолини ул зотга етказмаса, улар бошига бир шўриш ёғиладигандек туюлаверарди. Шунданми, вазири аъзамнинг таъқиқига қарамай, надимлик мавқеидан фойдаланиб, султон Маликшоҳнинг ҳузурига кирди. Бироқ ҳукмдор аллақачон дарддан фориғ бўлган эса-да, уни хушламай, ҳаста киши янглиғ қовоқ уйиб қарши олди. Шоир бунга ҳам сабр қилди-да, арзи ҳол этди. Салжуқий майлига умид боғлади. Лекин Маликшоҳ ўзгармади, унинг гапини қўрс бир овоз ила бўлди:
-Салтанатнинг шунча муҳим юмушлари турганида икки қулнинг тақдири хусусида бош қотирмоққа менда на тоқат бор, на истак.
-Олампаноҳ!.. -деди Хайём илтижоли овозда неча бор яқин суҳбатларда орттирган ҳаддига суяниб.
-Янаки ул бузуқи канизак ҳукм этилган!- Султоннинг сўз оҳанги тобора ваҳшатга йўғрилиб борарди.
Хайёмнинг кўзлари олайиб кетди, аллақачон тез-тез ура бошлаган юраги қафасини ёрмоққа чоғланди.
-Не ҳукм?!-деб юборди у беихтиёр.
Султон унга ғазабкор боқди:
-Бу не адабсизлик, амирул фузало?!-деди ва юзини терс бураркан, қўшиб қўйди, -Сўзим тамом!..
Энди ҳеч бир гапга ўрин қолмаганди. Шоир мунғайган кўйи ортига қайрилиб, эшикка йўналди, футлари унинг жисмини зўр-базўр кўтариб тургандек оғир-оғир қадам босаркан, тождорларга чин ёронлик бегонадир, деган қадим ҳикматга тақи бир бора иймон келтириб борарди. Қани, шунча йиллик дўстлик ҳурмати?! Қани, қилган меҳнатлари ҳурмати !? Қани?!.. Қани?.. Энди бечора Микоилга не сўз айтади? Суйганинг ҳукм этилибди дейдими?.. Ҳукм?! Бу не ҳукм бўлди? Ё Оллоҳ, ҳукмдорлар қаҳридан хешларимни ўзинг асрагайсен. Ахир улар учун авом тақдирининг бир заррачалик эътибори йўқ экан-ку! Демак... Демак, оҳ уриб, исёнда осий бўлган не-не мардларнинг шаккоклиги, исёни Яратувчига эмас экан-да. Улар бу ғаддор дунёга, унда тангрилик даъво қилган шоҳу султонларга исён қилибдилар-да. Наҳотки шу оддийгина ҳақиқатни англамоқ учун бир инсон умрини яшамоқ лозим бўлса?.. Наҳотки шунинг учунгина яшаб ўтилса?!.. Хайём расадхона дарвозасига яқинлашаркан, ичкаридан келаётган саросимали ғала-ғовур ва ожиз йиғи-сиғи овози қулоғига чалиниб, қадамини жадаллатди.
Расадхона саҳнининг рўбарўдаги бурчагида-ўтинхона ва Полвоннинг ҳужраси олдида бир қанча кишилар жам турардилар. Биринчи бўлиб Хайёмга кўзи тушган Исфазарий йиғламсираб унга пешвоз чиқди:
-Фалокат, устоз!..
Хайёмнинг келганлигини сезган аҳли расадхона икки ёққа айрилиб, ўртада «йўлак» пайдо бўлди. Ҳамон ўрнидан жилмай, хавотирдан карахтланган шоирнинг кўзлари лаҳзаларда вужудга келган «йўлак» адоғидаги қонга беланган жасадга тушди. Тушди-ю бутун жисмини титроқ қамраб олди. Ихтиёрсиз одимлар ила жасадга яқинлашуви асносида, нигоҳига кетма-кет урилаётган таниш нимарсалар-жасаднинг этиги, чакмони, катта боши-ю ва ниҳоят йирик гавдаси туфайли шуурида унинг ким эканлиги ойдинлашиб борарди. Бу Микоил эди. Унинг юзи, бўйни-ю кўкраги титилиб кетганди. Хайём ўзини тутиб қололмади, аввало кетма-кет ўқчиркан, сўнг ошкора йиғлаб юборди. Жасаднинг ёнига тиз чўкди ва бармоқлари ила садоқатли биродарининг юзиними ёки бошини силамоқчи бўлди. Бироқ бу нияти ниятлигича қолди, чунки ихтиёрсиз равишда ўнг илкини кўтарди-ю Микоилнинг на юзида ва на бошида қон тегмаган жой тополмади. Қонга кафт босмоқликка эса журъати етмади.
-Бу не кўргилик?-дея олди аранг йиғи аралаш.
-Полвон...-деди унинг ёнбошига аста чўк тушган Риндоний ҳам ўртаниб.
Шундагина ёпиқ эшик ортида ваҳшиёна ириллаётган айиқнинг овози шоирнинг қулоғига кирди. У жуда ҳам безовта эди.
-Қутирибдурми?-дея сўради Хайём бунга ўзи ҳам ишонмаётган бўлса-да.
-Аломати кўринмайдур.-деди тақи Риндоний жавоб бериб.-Аммо қариб қолгани рост эди. Ахир... -гапининг уёғини айтмади.
Хайём эса унинг не демоқчи эканлигини дарров пайқади. Ҳа, эл оғзида ҳарки айиқбоз ниҳоят ўз айиғи чангалида жон таслим этмоғи ҳақида турфа ривоятлар юрарди. Ўргатилган айиқ борки, ўз хожасини албатта ўлдиради дердилар, демак, рост экан-да. Бечора Микоил! Уни шундайин мудҳиш ўлимга гирифтор бўлур, деб ким ҳам ўйлабди. Ғажиб ташлабди-я ул маҳлуқ ўз хожасини. Янаки Микоил шўрлик унга емиш олиб кирган экан...
Хайёмнинг амри ила Полвонга заҳар бердилар. Микоилга эса ҳурмату эҳтиром кўрсатиб, сўнгги манзилга кузатдилар. Хайём бош бўлган аҳли расадхона аза очди.
-Эҳтимол бу яхшиликкадур. -дея ўйларди юрак-бағри ёнаётган шоир. -Агар Микоил тирик бўлса-ю ўз Лайлисининг бошига ёғилган шўришдан хабар топса, янаки иккисининг қовушмоқлари учун ижозат берилмаганлигини эшитса не кўйга тушарди?! Бу унинг учун ўлимдан ҳам оғир бўлмасмиди. Бунда ҳам Оллоҳнинг бир ҳикмати бўлса не тонг!..

3
Микоилнинг қазосидан ўн кунча ўтиб, чаҳоршанбанинг чошгоҳ маҳали аҳли Исфаҳон шоҳмайдонга чорланди. Юракларга ваҳм солгулик даражада басма-бас чалинаётган довулноғоралар овози мудҳиш қатлдан дарак берарди. Анчадан бери бунақа маросимлар ўтказилмаганлигиданми ёхуд одамлар чиндан ҳам томошага шу қадар ўчмиди, ҳар ҳолда оломон шоҳмайдон сари ёпирилиб кела бошлади. Қатл этилгувчи ким эканлигидан хабарсиз бўлган Хайём ҳам султон ва вазири аъзамнинг истагига биноан шогирдларини эргаштириб қатлгоҳ сари йўл олди...
Ниҳоят азадор шоир вазири аъзамнинг соғида турарди. Низом ул Мулкнинг нариги ёнидаги супада тахт узра султон Маликшоҳ ва малика Туркон Хотун ҳамда уларнинг икки тарафида шаҳзодалар ўлтирардилар. Супа атрофидан эса сарой аъёнлари жой олгандилар.
Майдон тевараги одамга лиқ тўлганди. Ўртада бир одам сиғгулик ҳандақ ковланиб, тупроғи ёнига уйиб қўйилганди. У ерда икки жаллод тош янглиғ қотиб турардилар. Майдон -доира четида қисилгудек ғуж-ғуж бўлиб тизилган оломоннинг рўбарўсига-уч-тўрт жойга тухумдек, муштдек тошлар уюб қўйилганди. Хайём англадики, маҳкум сангбўрон қилинур, демак, у зинокорлар аҳлидан.
Халойиқнинг ғала-ғовурини туйқус авж олган довулноғораларнинг дунёни ларзага солгулик овози босиб кетди. Барча банди олиб келинадиган томонга қаради. Ҳадемай авомнинг нигоҳи қадалган ёқда маҳкумнинг шарпаси кўринди. У-Лайли эди. Унинг олдида зиндонбон ва ортида зиндондаги ўша дарранда менгиз исқирт келардилар. Лайлининг футу илкига оғир кишанлар қадалган, эгнида аслида оқ бўлган, айни замонда эса кир-чир, доғ-дуғ ва ғижим ичкўйлак. Сочлари паришон тўзғиган, ифлос. Юзу бўйни моматалоқ бўлиб кетганди. Ортидаги исқиртнинг кетма-кет «тезроқ юр» дегандай турткилашидан ва қизнинг ҳуркиб-ҳуркиб қўйишидан зиндонда уни роса азоблаб, хўрлаганлигини сезиш мумкин эди. Нозик қад қиз шўрликка илинган зил-замбил кишанларнинг шақирлаши ноғоралар овозига жўр бўлади ва бу жўрлик юракларга батарроқ ваҳму ғулғула солади. Лайли то майдон ўртасига-ҳандақ ёқасига келмагунча ҳеч қаёққа алангламади. Ғоз турган жаллодлар ёнида тўхтагач, бошини тик кўтарди ва паҳмайган сочлари икки ёққа сурилиб, сўлғин нигоҳи ила атрофга назар солди. Четлари кўкарган, тақдирга тан бериб, бефарқлик чўккан кўзлари кимнидир изларди.
Ҳали довулноғоралар авж олиб, ўша томонга қараган Хайём зиндонбон етовидаги маҳкумани кўрибоқ, унинг ким эканлигини гумонлаган, сўнгроқ таниган эди. Лайлини таниган заҳоти бўғзига нимарсадир тиқилиб, киприкларининг ости ачишди. Не қиларини билмай, безовталанди, Микоил ила Лайлининг қаро қисмати олдида ўзининг нақадар ожизу имконсиз эканлигини ҳис қилгани ва ҳатто тан олгани сари ихтиёрсиз бўлиб, типирчилади. Ё ғаддор дунё! Энди буниси не кўргилик, не шўриш?! Кечагина Микоил қазо қилган эди. У бечора Лайлини ўйлаб қанча оҳ урди, тақдирларини боғламоқликка уриниб, қанча саъй этди ва охири ўлимдан ғофил қолиб, армонда кетди.
Лайли эса унинг аччиқ қисматидан хабарсиз эди. Эҳтимол ўтган шунча кунлар мобайнида ёрини кўзлари тўрт бўлиб кутгандир, унинг айни замонда чорасиз турган хожаси кўмагида ўзини озод этмоқларига умид қилгандир. Аммо умиди бу фоний дунёни аввалроқ тарк этиб кетганлигини, гўё соҳиби имкондай туюлган унинг хожаси эса ҳозир кўз ёшларидан нажот кутаётганлигини қайдан ҳам билсин ул шўрлик! Ана, лайли бошини кўтарди. Ё тавба, унинг сўлғин нигоҳини, орадаги анчайин масофага қарамай, Хайём аниқ-тиниқ кўрди. Бу нигоҳлар кимнидир изларди. Балки Микоилнидир? Ва ёки... Наҳотки маликани қидираётган бўлса?!..
Султоннинг ижозати ва муҳтасибнинг ишорати ила ҳалитдан буён ҳозир турган жарчи бирдан тилга кирди. Унинг жарангдор, шунинг баробарида қулоқларни тешиб юборгудай баланд овози уламолар жамоаси чиқарган мудҳиш ҳукм ҳақида хабар берди. Лайлига зинокорлик тамғаси босилиб, султон Маликшоҳ хонадони шаънини булғаганлик айби қўйилганди ва сангпор этилмоққа ҳукм қилинганди. Аслида эса шариат бундайин ҳукмга йўл бермасди, илло зинокор эркак ҳам, аёл ҳам ўзга бир инсон ила никоҳ қилинмаган бўлса, дарра урилиши лозим эди. Лайлининг ихтиёрсиз қул-канизак эканлиги эса, ҳар қанча гуноҳкор бўлмасин, Ислом шариатида янада енгиллик берурди. Ҳозирги ҳукм малика Туркон Хотуннинг хоҳиш-иродасига биноан чиқарилганди.
Ҳукм ўқиб бўлинди ҳамки, икки жаллод ҳаракатга тушиб қолдилар: аввало Лайлининг футу илкидаги кишанларни ечиб ташладилар, сўнгра унинг икки елкасидан тутишиб, ҳандаққа туширдилар. Ҳандақ қизнинг кўкрагидан юқорироққача келарди. Лайли жаллодлар елкасидан тутгани ҳамоно ожиз бир талвасага тушгандай бўлди, энтикиб йиғлади ҳам шекилли. Бунгача ўзини ғоят бепарво тутган эди, энди эса аёллигига борди ва ёхуд жони кўзига кўриниб кетди чоғи. Жаллодлар ҳандақ ёнидаги тупроқни тортишиб, Лайлини кўма бошладилар.
Бу дам Хайём адойи тамом бўлган эди. Юраги кўкрак қафасини ёриб юборгудай алпозда урар, бутун вужуди сим-сим оқиб, мадорсизланиб борарди. Кўзлари жиққа ёшга тўлган, тинмай энтика-энтика «Ё Оллоҳ! Ё Оллоҳ!» дерди, ўзининг иложсиз эканлигидан, суюкли биродарининг ёрига, ҳеч йўқ вафотидан кейин бўлса-да кўмак беролмаганидан эзиларди. Ана, ҳар қанча эҳтиёт бўлмасин, жаллодларнинг бири кескинроқ ҳаракат қилиб юборди ва чуқурга сурилаётган тупроқнинг навбатдаги бир қисми қизнинг бошига келиб тушди, унинг сочлари буткул тупроқ бўлди. Нафақат Хайём, балки халойиқ аро ҳам кўпчилик оҳ уриб юборди. Ўша жаллоднинг бир тўхталиб олиб, атрофга хижолатли назар ташлаб қўйганидан у жаллодлик ва ёки қатл одоби-қоидасини бузганлигини фаҳмлаш мумкин эди. Филҳақиқат, жаллодлар бояги исқиртга аксил ўлароқ, маҳкума ила ғоят эҳтиёткорлик ила муносабатда бўлмоқда эдилар.
Хайём ўша он ўртаниб оҳ ураркан, бир замон Ғаззолий ила суҳбатда не сабабдандир эслаганлари Ҳазрати Умар воқеаси ёдига тушди: жоҳилият даврида араб қабилалари хонадонларида қиз фарзанд туғилса, уни тириклайин кўмиб юборар эдилар. Ҳали Исломга кирмасидан аввал Ҳазрати Умар ҳам ўз қизини ана шундай қисматга гирифтор этган эди. Ўшанда жажжи қизалоғи ўзи кўмилажак чуқурни ковлашда падарига ёрдамлашаркан, унинг соқолига тупроқ сачраганини кўриб, «вой, отажон, соқолингиз тупроқ бўлди-ку», дея эркаланиб, кичкинагина бармоқлари ила уни қоқиб ташларди. Кейин эса жоҳил ота... Бу воқеа ҳар сафар Ҳазрати Умарнинг ёдига тушганида додлаб юборар эди. Хайём шуларни хаёлидан ўтказаркан, ўзи ҳам фарёд уриб, беихтиёр қиз томон ташланмоқчи бўлди. Яхшики, вазири аъзам уни кузатиб турган экан, силтангани ҳамоно билагидан маҳкам тутиб, анчагача қўйиб юбормади.
Лайли сочларини бир-икки силкиб, тупроқни қоқиб юборган бўлди ва бўйнини қийинчилик ила буриб, аллақачон нафрату ғазаб чўкиб улгурган нигоҳини ҳукмдорлар ўлтирган супа томон қаратди. Жаллодлар эса ҳамон тупроқ тортишар ва унинг бирон зарраси маҳкуманинг кўзларига кириб кетишидан эҳтиёт бўлаётганликлари ҳаракатларидан яққол сезилиб турарди. Унга сайин Лайли бошини буриб, маликани, тўғрироғи, унинг нигоҳини қидирарди. Наҳотки орада шунча масофа бўла туриб, янаки, қарийб тупроқ остидан бировнинг нигоҳини, кўзларини кўрмоқ мумкин бўлса? Бунинг устига малика юзига ҳарир парда ҳам тортиб олган эди. Ҳа, агар кўнгил истаса, ўртадаги масофа ҳеч экан. Чунки бағри нафрату аламга тўлган Лайли ҳам Туркон Хотуннинг кўзларини топди. Ана, улар доимгидай ёвузлик ва макрга йўғрилиб боқиб турибдилар. Елкасигача тупроққа ботган Лайли бу кўзларга боқиб, уларнинг соҳибаси ўз музаффариятини тантана қилаётганлигини пайқади. Бу нимарса унинг унинг вужудидаги оловни батарроқ авжлантирди.
-Илоҳи, менинг ёш бошимга ёғдирган балоларинг ўз бошингга ўн ҳисса бўлиб ёғилсин!-дерди унинг нигоҳи. -Илоҳи, бутун танинг ириб, болаларинг ҳам хазар қилгулик аҳволга келиб, хор бўлғайсен! -Энди унинг бўғзига йиғи тиқилиб, кўзларига ёш тўлди. -Ё Оллоҳ! Гуноҳларимни ўзинг кечир!.. Микоил, қанисиз, Микоил?! -Ёш туфайли хиралашган кўзлари жовдираб, одамлар орасидан севиклисини ахтарди. -Микоил!..
Бу пайт маҳкумани қатлга ҳозирлаб бўлган жаллодлар тақи ғоз туриб, муҳтасибнинг фатвосини кутмоқда эдилар.
Муҳтасиб султоннинг рухсати ила қатлга фатво берди, халойиқ «Омин!» дея наъра тортди. Сўнг у илкидаги кичкинагина тошни маҳкумага томон оҳиста отди. Тош кичкиналиги боис қаергадир тушиб, кўздан ғойиб бўлди. Бу ишорат эди. Икки жаллод ҳам муштдек-муштдек тошларни қўлларига олишиб, нари бордилар ва маҳкуманинг тупроқдан чиқиб турган бошига қарата отдилар. Улар бу юмушнинг ҳадисини олган эдилар ва уларнинг моҳирликлари маҳкумларни мислсиз азоблардан халос этмоғи ҳам аниқ эди. Мана, Оллоҳнинг меҳрибончилигиданми ёхуд қўрқувданми, аста ҳуши оғиб, шуури хиралашаётган Лайлининг оғзидан ихтиёрсиз учган «Оллоҳ!» каломидан сўнг жаллод отган тош келиб, унинг чаккасига тегди. Тегди-ю боши бир томонга оғиб қолди. Икки жаллодга бояги исқирт ва оломон ичидан ажралиб чиққан баъзи жоҳиллар ҳам эргашдилар. Улар ўлик бош узра тош ёғдирдилар.
Кўзлари жиққа ёшга тўлган Хайём бир силтаниб ортига бурилди-да, майдонни тарк этди. У ё тождорлар даврасидан, ёки қатлгоҳдан ва ёхуд ўзидан қочиб борарди.

Еттинчи боб
Елкасигача тупроққа кўмилган Лайли ва жаҳолат туфайли норасида қизини тириклайин кўмиб юборганлигини эслаб, оҳ ураётган Ҳазрати Умарнинг сувратлари Хайёмнинг хаёлидан кетмай қолди. Энди унинг ўзи ҳам оҳ урардики, оҳининг оташи етти осмонни куйдиргулик эди. У Лайлининг қатлидан сўнг ҳукмдорлар ва тож-тахт ила раият, яъники халқ ўртасида ҳеч қачон яқинлик, иттифоқлик қарор топмаслигига тақи бир бора иймон келтирди. Тожу тахт мислсиз куч-қудрат ва ҳадсиз ихтиёру чексиз имконлар манбаи бўлса, авомлик-бу фақирлик, ночорлик ва маҳкумлик экан. Бу икки ҳилқат аро ҳеч қачон адолат чизиғи тортилмас-Хайём шуни англаб етди. Зеро ҳисобсиз мол-дунё ва ҳадсиз ихтиёрга эга бўлган одамдан, яъни бандадан адолат кутмоқлик шубҳали. Банда-барибир банда, одам-барибир одам, чунки унинг аввали-отаси (Одам Ато назарда тутилмоқда) хатокор. Бул хатокорнинг қони ила озиқланган гуноҳ мори ҳар дафъа хуружга шай. Ана шунинг учун ҳам унинг феълидаги собитлик омонат...
Агар адолат қилса, не-не олиму фозилларнинг, қанчалаб аҳли зиёнинг манглайини силаган, улкан расадхона, мадраса-ю масжидлар қурган, мўминлар халоскори бўлмиш султон Маликшоҳ адолат қиларди. Лекин уни ҳам ҳадсиз соҳиб ихтиёрлилик маҳв этди. Йўқ, эҳтимол у ҳам ҳар кишида бўлгувчи лаҳзалик инсоний ожизлик туфайли хотинига-малика Туркон Хотунга ён бериб қўйди. Маккора малика эса ғанимат фурсатни бой бермади ва қасос шамширини шўрлик Лайлининг боши узра сермади.
Донишманд вазири аъзам султонни аёллар таъсиридан сақлашга кўп саъй этарди. Бу ҳақда ҳукмдорга гоҳо пинҳона, гоҳо ошкора ишоратлар қилиб, танбеҳ- (насиҳат)лар берарди. Ҳатто ўзининг шоҳ рисоласи «Сиёсатнома»да ҳам бу мавзуга алоҳида фасллар киритган эди. Хайём уларни ўқиган ва гап ким ҳақида кетаётганлигини ҳам биларди. Мана, не деб битганди у «Сиёсатнома»нинг «Хотинлар хусусида» бобида: «Ҳукмдорнинг измидаги кишилар зинҳор-базинҳор хожалик мартабасига кўтарилмасликлари лозим, илло мана шу туфайлди улкан исёнлар туғилиб, у, яъни соҳиби тож қудрат ва шавкатидан мосуво бўлур. Бу, айниқса, шуури ноқис, «тўшак аҳли» бўлмиш хотинларга тааллуқлидир. Уларнинг мавжудлиги наслнинг бардавомлигига боисдир. Улар қанча мўл туғсалар, шунча ҳурматли, нечоғли камсуқум бўлсалар, онча шарафга лойиқдурлар. Агар ҳукмдорнинг хотинлари фармонбардорлик қила бошласалар, улар ўзларича эмас, ҳасадгўй кимсаларнинг фикрига биноан амр этадилар. Чунки улар эран мисол барча ташқи юмушларни ўз кўзлари ила кўра олмайдилар ва амру фармонлари ҳуфиялари ҳамда чақимчиларнинг келтирган хабарларига асосланади. Шунинг учун ҳам уларнинг ҳукми аксар ҳолларда ҳақиқатга зид бўлади. Зиён шундан туғилур ва ҳукмдорнинг шону шавкатига путур етур.
Қадимда ҳам ҳукмдорларнинг хотинлари устун келган пайтларда исёну нафрат, зулм ва ёвузликдан ўзга нимарса вужудга келмаган...»
Хайём вазири аъзамнинг машҳур рисоласидаги бу гапларни яхши эслайди. Низом ул Мулк ҳатто фармонбардорликка ўтган хотинлар келтиргувчи зиёнлар ҳақида битаркан, бир неча ҳикоятларни ҳам баён этганди. Шоирга, айниқса, ушбу ривоят ёқарди: эмишки Искандари Румий Ажам мулкининг ҳукмдори Доро ибн Дорони енгиб, унинг мамлакатини ишғол этибди. Доро эса қочиб қолибди... Доронинг бағоят соҳибжамол қизи бор эди. Умуман унинг жамики аҳли аёли ҳуснда тенгсиз эдилар. Музаффар Искандарга дедилар:
-Доронинг ҳарамига бир кўз ташласанг бўларди. У ерда ой юзли, ҳури парийларга қиёс гўзаллар бор. Айниқса, Доронинг қизи ҳуснда танҳоки, оламда тенги топилмас.
Сўзлагувчилар Искандарнинг ўшал гўзални кўришини ва беқиёс ҳуснига ошиқ бўлиб, унга уйланишини истардилар.
Искандар эса уларга жавобан шундай дебди:
-Мен уларнинг эрларини енгдим, зеро энди уларнинг хотинлари бизларни маҳв этишларини истамасмен.
Ҳа, тождорнинг ўз хотинининг ҳукумат юмушларига аралашувига изн бермоғи ўзига ўзи қабр қазимоғи ила баробардир. Хайём шуни ўйларкан, султон Маликшоҳдек қудратли ҳукмдор ҳам хотинига ён бериб қўйганлигидан надомат чекди. Оқибатда эса бир навниҳол аёл нобуд бўлди.
Кейинги кунларда Хайёмнинг юрагидаги аввалги туғёнлар тақи авж олди, у яна оромини йўқотди. Бироқ энди бу туғёнлар пароканда ва ёхуд хира эмас, аксинча, шуурига ажиб фикрларни солгувчи ёлқинли ва ёрқин эдилар. Энди у барча рангларни аниқ-тиниқ кўра оларди ва ҳатто уларни ҳис қиларди. Унинг ҳислари ҳам ранггин эди. Унинг айни дамдаги туғёнлари ҳаловатли эди, гўёки қувваи ҳофизасининг иккинчи ҳаёти бошлангандек туюларди. Қалбида шеър завқи жўш ургани сарийн ўзини, дунёни англашга уринарди.
У туну кун тоат-ибодат ва ижод ила машғул бўларди. Фикрлар тўлқини бағрини ёргудай жаҳд этардилар. Айни пайтда у «Борлиқ ҳақида рисола» отлиғ фалсафий асарини ёзарди. Аслида ҳозир фалсафага унча хуши йўқ эди, фикрларнинг мантиқлидай кўринган мантиқсиз чайналишларидан зерикканди. Бунга эҳтимол ёшининг улғайгани сабаб бўлдими ёхуд кўнглидаги кейинги эврилишлар боис равон ва жимжимасиз сўзлашга ихтиёр сездими, ҳар тугул фалсафадан толиқди. Балки бисёр тоат-ибодат туфайли қалбида пайдо бўлган нур бунга монелик қилармиди. Лекин не қилиб бўлса-да бу юмушини ниҳоясига етказмоққа саъй этарди. Ҳозир ҳам бармоқлари орасида хома (қалам) тутганча нимарсаларнинг ўзаро муносбатлари хусусида бош қотириб ўтираркан, беихтиёр чалғиди. Кўз олдида кекса вазири аъзамнинг сўлғин чеҳраси намоён бўлди. У ила ўша мудҳиш қатл кунидан буён кўришмаган эди. Лабларида билинар-билинмас табассум зоҳир бўлиб, илкидаги хомага меҳр ила тикилди. Бу хома эмас, вазири аъзамнинг худди ўзидек эди гўё. Чунки бу қимматбаҳо хомани вазири аъзам инъом қилганди. Низом ул Мулк ҳам Хайём мисол хомага айру меҳр ва ҳурмат ила қарарди. Бу башариятнинг буюк кашфиёти дердилар иккиси ҳам. Зеро қаламсиз сўз бадансиз жонга ўхшайди ва сўз қалам ила бирлашганидан сўнг жон ила бадан иттифоқи янглиғ абадиятга доҳил бўлади. У худди чақмоқ тош ва пўлатдан осонликча чиқмайдиган ҳамки учқундан дарҳол нурга айланмайдиган оловга қиёсдир.
Бир куни вазири аъзам Хайёмнинг арзон хомада қийнала-қийнала хат битаётганини кўриб қолди. Шоир жуда босиб ёзар эдики, қоғоз қаттиқ қитирлаб, хома учи букилиб ҳам кетарди. Шундан сўнг вазири аъзам суюкли шогирдига бир неча шамсулмаъолий дея аталувчи хома тортиқ қилди. Хайём ҳам хомаларни жуда яхши фарқлар ва улар тарихига оид хўп қизиқ ва ҳикматли ҳикоятларни биларди. Яъники шамсулмаъолий хомасининг сифатларидан ҳам яхши бохабар эди-у Бағдод ёхуд Миср қамишидан ясаларди. Аслида ҳам қаламнинг хос хиллари Ироқ заминида тайёрланарди ва турфа номлари бор эди... Хайёмнинг лабларидаги табассум янада чуқурлашди.
Ё Оллоҳ! Ҳикматинг нақадар чексиз-чегарасизки, мана шу кичкинагина буюм боис бир неча лаҳзада хаёлан дунёни кезиб чиқмоққа тўғри келди-я. Ана сенга нимарсаларнинг ўзаро муносабати-ю айру ҳамда узвийлиги. У тақи фалсафий мушоҳадага шўнғиб кетишдан бездими, шаҳд ўрнидан турди-да, ошёнасидан ташқари чиқди. Тун бағоят осуда эди. Кўксини тўлдириб нафас оларкан, доимгидек юлдузларга интиқ тикилди. Шу он қулоғига таниш шарпа урилди. Ҳойнаҳой Абул Музаффар бўлса керак, дея ўйлади у ва ўша томонга юрди. Сўнгги кунларда бу шум шогирди ҳам кам уйқу бўлиб қолганлигини, тунлари устурлоб ёнидан кетмаётганлигини сезиб юрарди. Филҳақиқат, ҳозир ҳам Абул Музаффар устурлоб ёнида не иладир машғул, тўғрироғи, ўз юмушига ғарқ бўлиб турарди. Дам бир муддат устурлобдан самога тикилар, дам шитоб буриларди-да, олдидаги чизмаларга неларнидир белгиларди. У Хайёмнинг келганини ҳам сезмади.
Шоир уни ҳавас ила бироз кузатаркан, аввалига индамай қайтиб кетмоқчи ҳам бўлди. Бироқ сўнг тақи ўз ҳужрасига қамалишини ўйлаб, нияти ўзгарди. Жонсарак шогирдининг илҳомини бузганидан хижолат бўлибми, ожиз томоқ қирди.
Исфазарий «ялт» этиб унга қаради.
-Ие, устоз... Ассалому алайкум...-деди шошиб унга пешвоз чиқаркан.
Хайём ёқимли жилмайди. Устурлоб ёнидаги кенг хонтахтага яқин келиб, унинг устидаги чизмаларга кўз ташлади. Уларнинг барида эуёш ва унинг атрофига поргор (циркул) ила қават-қават бир неча доиралар чизилган, доираларнинг беш жойига эса думалоқ белгилар қўйилганди Бу Қуёш теграсида ҳаракатланувчи сайёралар эди. (У замонларда фанга Қуёш системасидаги бешта сайёра маълум эди холос.) Само ҳақида гап кетгудай ёки унга доҳил недир рўй берса, шоирнинг бағрида хуш, валекин ҳаловатсиз этгувчи бир олов пайдо бўларди. Ҳозир ҳам қалбида ўша оловга уйқаш таниш завқ жунбушга келди. Шу асно қизиқиш ила кезинган нигоҳи тақи бир ўзгача чизмада тўхтади. Ундаги белгиларга қараб, бу юлдузларнинг Сомон Йўли туркуми эканлигини тушунди. Бироқ Сомон Йўлининг қоқ марказига чизилган доираларнинг не эканлигини англолмади. Қатма-қат чизилган узлуксиз ва тобора кичрайиб боргувчи доиралар (худди пружина каби), гўё коинотнинг қаър-қаърига сингиб кетаётган нигоҳнинг тасаввурий ҳаракатига ўхшайди. Шоир дарҳол ўзини буткул унутиб, чизмага қаттиқ тикилиб қолди. Устозининг бу кўйидан Исфазарий не учундир билинар-билинмас безовталанди. Шоирнинг бир янгиликка ташна ва ёхуд ҳайрат илинжида «бу не?», дея айтган сўроғидан сўнг ҳатто ошкора ўнғайсизланди. Ҳадеганда жавоб қайтаравермагач, у Абул Музаффарга синчков боқиб, тақи саволини қайтарди:
-Бу ненинг белгиси эрур?
Исфазарий дудуқланди:
-Афу этгайсиз, устоз. Мен... То ўзим буткул аёнлаштириб олмагунимча буни сизга ошкор этмоқни истамагандим. Бундан ҳаттоки Воситий ҳам воқиф эмас.
Азали тезоб Хайёмнинг тоқати тоқ бўлиб, зардаси қайнади:
-Тафсилотин мухтасар қилсангчи!
Шогирди сергак тортиб, бир сесканди-да, аниқ-равшан деди:
-Мен бир нур кўрдим, устоз.
-Қаерда?
-Сомон Йўлининг қоқ марказида. -У шундай дея кўрсаткич бармоғи ила бояги чизманинг қоқ ўртасига ишора қилди. -Бағоят олисдан келмоқда у, наздимда, бизнинг фалакдан ташқаридан... Аввал икки бор кўрган эдим, аммо кўзларимга ишонмадим. Бугун эса учинчи бор...
Хайём шошиб устурлобга ёпишди.
-Қани, кўрсат менга! -Лекин ҳарчанд тикилмасин бегона нурни кўролмади. -Қани у?
Энди Исфазарий устурлоб орқали самога термулди, бироқ ўз кашфиётини тополмади.
-Ҳозиргина кўрган эдим...
-Нега аввалроқ хабардор этмадинг. -Хайём чинакамига хафа бўлди. -Шундайин нимарсадан мени... У не деб тахмин этдинг?
Исфазарий тортиниброқ деди:
-Фикримча, бизнинг коинот-фалакдан ташқари тақи бир фалак бордек.
Шоирнинг кўзлари чақнаб кетди.
-Билардим!-деди у бир ўт оғушида ва паришон тортди. -Билардим!..-деди энди гўё ўзига ўзи гапираётгандай ва Исфазарийни ҳам унутиб, ошиёнаси томон оҳиста йўл олди.
Во ажаб, дея ўйларди у бутун вужуди жимирлаб, ахир Оллоҳ таборака таоло ўн саккиз минг олам ҳақида хабар берганида биз кўриб турган сайёра-ю юлдузларни назарда тутмаган-ку. Субҳоноллоҳ!
Қудратинг бунчалар беқиёс, Тангрим!.. Ҳа, Абу Ҳомид (Ғаззолий), сиз табиийунчи олимлар Оллоҳ таоло аллақачон мукаммал қилиб яратиб қўйган борлиқнинг бир унсурини оз-моз англагач, уни кашфиёт атайсизлар ва ўз билимингизга бино қўясизлар, олимлик даъво қиласизлар, деганида минг чандон ҳақ эди. Аслида ҳақиқий Олим ёлғиз ўзи эмасми?! Ғаззолийни эслаб унинг соғинч тўла кўнглига илиқлик инди, кейинги кунларда уни тез-тез хотирлайдиган бўлиб қолганди. Ё Абу Ҳомид, қайларда, сиз? Тақи унинг сўзлари шуурига урилди: «Ибодатдан совиш шайтоннинг тузоғига илиниш, шайтоннинг ҳийласига алданишдир. Бу тузоққа мағрурлар илинади...» Яъни мен каби ақлига, илмига бино қўйганлар. Хайём дўстининг сўзларини эсларкан, уларда ўз сувратини кўраётгандек бўлди ва тақи хотиротига зўр берди: «Улар ўзларини басират соҳиби, сир-синоатдан бохабар фатонат аҳлидан деб билишади. Истиғфорга ўрганган тилга истеҳзо билан «қалб ғафлатда экан, тинимсиз истиғфор айтгандан не фойда», дейишади. Бул хийлага муносабат жиҳатидан халқ уч қисмга бўлинади: нафсига зулм қилганлар, муқтасидлар (ўртача, меъёрида ҳаракат қилганлар) ва яхши ишларда пешқадам бўлганлар.
Яхшиликларда пешқадам бўлганларнинг ким эканлиги шундоқ ҳам кўпчиликка аён. Нафсига зулм қилган мағрур кишига келсак, у ўзини қалбга хос нозик жиҳатларни илғайдиган закий санаб, манмансирайди. Натижада унинг қалбида холислик йўқолади, тили зикрни тарк этади. Бу қилмишлари ила шайтонга кўмак беради, ғурур арқонига осилиб, тубан кетади. Шу билан шайтон ва у кишининг орасида тўла шериклик ҳосил бўлади»... Мен айни шу тоифага мансуб эмасманми? Гўё ўзимни қалб оламини англагувчи одам билиб, турфа ишорату ғайбга хосликларни кашф этгандек билмаганмидим ўзимни? Айни шундай! Ҳатто бир нимарсалар кўзимга кўриниб, башоратлар қилганим ва ўзимни барчадан айру сезганим ҳам рост-ку... Аслида эса ҳақиқат ва чин бандалик оддийгина ибодатдаги собитликда, ихлосу кўнгилни асрамоқда экан. Ҳар банда хатокордир. Мен эса хатокорларнинг хатокоримен... У илкига хомани олиб, ҳалигина безиб, тарк этгани фалсафий рисоласининг ҳошиясига ушбу сатрларни битди:


Афсус, умр беҳуда бўлмишдир барбод,
Бўлмадик ҳаромдан бир нафас озод.
Буюрганинг қилмай юзим қародир,
Амрингдан ташқари ишларимдан дод!

Шоир охирги сўзни ёзиб бўлиб, беихтиёр қайрилиб, рўбарўсидаги мойчироқнинг билинар-билинмас тўлғанаётган тилига тикилиб қолди. Кўзлари катта-катта очилиб, лаблари ҳозиргина битган шеърининг охирги икки сатрини пичирлади:


-Буюрганинг қилмай юзим қародир,
Амрингдан ташқари ишларимдан дод!

Бу унинг бир неча фурсатдан буён зимистон оғушида қолган қалбидан отилаётган оташ хитоби эди. Ўзи ҳам буни мана энди ҳис қилди. Ахир шеър битмай қўйганига қанча бўлган эди-ю! У маломат аҳлининг унинг шаънига турфа тамғалар ичра шаккоклик отлиғ номни ҳам тиркаётганликларини орқаваротдан эшитиб юрарди ва гоҳо ўзи ҳам кўнглидаги, шууридаги бу исённи наҳотки Яратувчига бўлса, дея иштибоҳга бориб қоларди. Наҳотки мен Оллоҳга исёнда бўлсам?! Ҳозир билдики, унинг бу исёни Тангри таолога эмас, ўзига, ўзининг ношудлигига нисбатан экан. У ўз амалсизлиги ила ато этилган ҳаёт аталмиш неъматни, илоҳий тақдирни ҳам булғаётганлигини, чинликни ёлғонларга тўлдираётганлигини пайқаб қолди. Йиллар ўтиб, кейинги одамлар буни тушунармикинлар?..
Кимдир томоқ қирди. Шоир чироқ нуридан хиралашган нигоҳини эшик томон бурди. Остонада Риндоний турарди.
-Бирон егулик келтирайми, хожам? -деди у Хайёмнинг паришон кўзларидаги хаёл андишасида.
Шоир олислардан қайтгандек бўлди. Дарвоқе, кечки тановвулни ҳам истамаганди, бечора кекса Ринд оч қолди, деб ўйлаган-да.
-Зарурати йўқдур, Ринд.-деди у табассум қилишга уриниб.
Риндоний «хўп бўлади» деган маънода бош ирғаб, остонадан ғойиб бўларкан,
-Афу этгайсиз. -деб ҳам қўйди.
Хайём беихтиёр қорни очган ёки очмаганлигини ўйларкан, тақи Ғаззолий ёдига тушди: бу Худонинг суюкли қули ҳамиша рўзадор юрарди. Ранги синиқ кўринар, озғин ҳам эди. Бир сафар Микоил раҳматли, ўша Хайём ила Ғаззолий узлуксиз мулоқотда бўлган кезлари, ҳайратини яширолмай шундай деганди:
-Хожам, бу одамнинг ҳеч йўқ бир қултум сув ичганини ҳам бирон марта кўрмадим. Қачон қараманг, рўзадорман дейди. Ҳойнаҳой фаришта эмасмикин?
Хайём бу гапга кулиб қўя қолганди. Энди билса, Оллоҳнинг ошиғи, илмпеша бўлган бандага емак-ичмак унчалик ҳам муҳим эмас экан. Кўнглини уйғотмоқ илинжида бўлган кишилар учун емакдан тийилмоқликда гўзал муждалар, ҳузурбахш файзлар мавжуд экан. Буни энди-энди фаҳмлаяпти.
Бир куни, Мансур Ҳалложнинг мақоми ҳақида суҳбатлашганларида, Абу Ҳомид айтган эди: Ҳаллож ҳар кеча-кундузда минг ракат намоз ўқирди ва ҳамиша рўзадор бўлардики, икки кунда бир ифторлик қиларди. Унинг вужуди шу даражотда нурга йўғрилиб, мисоли ҳарирлашиб кетган эдики, Қуёшга орқа қилиб турган бўлса, олдида унинг нурларини кўрмоқ мумкиндек эди. Яъни унда вужуд йўқ эди. Ё Оллоҳ, бу не мақом?!..
Ўша иккиси шаҳар томошасига чиқишган куни Шокир Талхнинг дўконида тўхташганида ҳам Ғаззолий шарбат ичмаганди. Шоир кейин билдики, у халқ назарида танаввул қилмоқдан ҳам тийилар экан. Аммо Хайём кишини мутаассир этгувчи тақи бир воқеотдан хабарсиз қолганди. Яъни Ғаззолий ўша кеч хонасига қайтиб, бир кунни ибодатсиз, зикруллоҳсиз ва илмпешаликсиз ўтказганлигидан бўзлаб, туни билан истиғфор айтиб чиққанди. Буниси не мақому асрор, ё Оллоҳ?!..
Ғаззолий бағоят танқис сўзларди ва гоҳо сўзламоққа ҳар қанча зарурат бўлмасин, сукут сақлай оларди. Ўша куни ҳам тақдир ва охират хусусида сўз кетди. У пайтлар Хайёмнинг ақлига бино қўйган даврлари эди. Ўшанда берган саволини энди ўйласа, хижолатга йўғрилади.
-Хўп, жаннат яхшилар учун буюк ажр экан,-деганди у ўша суҳбатда, -жаннатий бандалар мангу ҳузур-ҳаловатга сазовор бўлар эканлар. Хўш, ўша мангуликдан кейинчи, ахир унинг ҳам чек-чегараси бордир? Абадий ҳузур-ҳаловат зериктирмайдими?
Ғаззолий индамади. Бу қалтис ва шаккокона саволга жавоб тополмаганидан эмас, суҳбатдошининг шайтон домида эканлигини пайқаганлиги боис сукут сақлади.
Ҳа, Оллоҳ таоло одамни ўз муаккиллари-фаришталари (фаришталарнинг тоифалари жуда хилма-хил бўлиб, ҳар бир ҳаракат ва ҳар бир иш учун алоҳида-алоҳида фаришталар «масъул» бўладилар.) орқали идора этади, тасарруф қилади. Яъники ҳеч бир юмуш ёхуд ҳодиса тақдирдан айру ҳолда рўй бермайди. Агар одам ўз тақдиридан (фаришталар таъсиридан, Оллоҳ изнидан) чалғиса, уни Оллоҳнинг ўзга кўринмас мавжудотлари ўз изнига ола бошлайдилар. Мана шуниси ўта хатарли. Унда одамнинг шайтоний сифатлари кўпайиб бораверади.
Шоир бу ҳақда кўп ўйлади ва ниҳоят тақдир ҳақ эканлигига иймон келтирди. Ҳа, инсон умрининг ҳар бир лаҳзаси, они ва ҳатто унинг ҳар бир ҳаракати битиб қўйилган, у ўша битикдан ташқарига чиқолмайди. Уни Оллоҳнинг кўзга кўринмас «вакиллари» бошқариб туради, чунки бу олам ва ундаги ҳаёт буюк режа асосида яратилганки, одам умри унга чамбарчарс боғлиқдир. Акс ҳолда ер юзидаги ҳаёт, башар умри айқаш-уйқаш бўлиб кетарди. Ақл кишилари буни бир куни албатта тушуниб етадилар. Худди Хайём каби. Ахир Ойу Қуёш, юлдузлар ва умуман буларнинг ҳамма-ҳаммаси мужассам бўлган коинот ягона қоида итоатида белгиланган вақтда ҳаракат қилмасалар бутун олам таназзулга юз тутиб, бузилиб кетмасмиди. Унда вақт, кеча ва кундуз, фасллар тизими издан чиқарди, натижада... Ё қодири Эгам, ғафлат оғушида бўлган бандаларингни ўзинг ярлақагайсен!
Ваҳоланки инсон умри ҳам айни шундай-агар ёлғиз соҳиби Қаламнинг битиги бўлмаганида, қалб тарбиятидан ғофил қолган одам боласи аксар ҳолларда ўз ақлига бино қўйиб, унинг изнида саъй этган бўларди. У ҳолда одам ҳеч кимарса ёхуд ҳеч нимарса ила ҳисоблашмайдиган, андишага бегона ва ўзгалар ҳаётини издан чиқарувчи таърифсиз маҳлуққа айланарди. (Шундоқ ҳам у бу сифатлардан мосуво эмас.) Шу дам Хайёмнинг шуурига гўзал бир фикр урилди: филҳақиқат, ҳаётда барқарор узвийлик мавжуд, яъни осуда умр кечираётган, ҳеч қандай амалсиз ўтирган икки қўшнининг ҳаёти ҳам бир-бирларига муқаррар боғлиқ. Бундан келиб чиқадики, ҳаракатсизликда ҳам ҳаракат бор ва у аввал ҳам мавжуд эди. Ҳаётда мантиқ-маъно борлиги ҳам шундан. Уларнинг ҳаракатсиз ўлтиришлари тақдирга сабаб, оқибат эса ўшал тақдирларидаги ҳаётлари, яъни тақдирларининг айнан ўзидир... Хайём фалсафий мушоҳадага шўнғий бошлаганлигини пайқаб, бошини чангаллади, бу ила бошида ғалаён қилаётган ўйларини ҳайдамоқчи бўлди. Лекин бунинг уҳдасидан чиқолмади, чунки унинг боши аксарият ҳолларда фикрсизликдан толиқарди. Айни пайтда эса кетма-кет туғилаётган гўзал ва асосли фикрлар, мушоҳадалар унга завқу ҳузур бағишларди... Ҳа, тақдир, қисмат Ҳақдан. Ҳақ, Ҳақиқат эса қаерда? Хайём айни шу ҳақда кўп бош қотирарди.. Ҳақиқат мавжуд нимарсаларнинг оралиғида, яъни оралиқда эмасми? Қиёски, тун ила кун оралиғида. Яъники уларнинг бир-бирларига эврилишлари чоғида ҳар иккисининг ҳам бутун маъноси, моҳияти пинҳон. Бунинг учун тонг чоғини тасаввур этиш кифоя: кўнгил торлари ўзгача некбинлик ила тортилади, созланади, олам тиниқ бир ҳикматга йўғрилади, гўё ҳамма нимарсани кўриш, англаш, тушуниш мумкиндек туюлади. Ёхуд уйқу ила уйғоқлик оралиғини эслайлик-не-не улуғларни олий мақомларга элтган улуғ башоратлар айни шу оралиқда ошкор бўлмайдими ахир! Ўлим ила ҳаёт оралиғини илғай олган киши эса валийуллоҳга айланади. Босиқлик-ҳалиймлик ила оташинлик оралиғи ҳам худди шундай-ўшал жойда бутун маънолар-дўстлик ва ғанимликнинг чек-чегараси, моҳияти очилади. Бу оралиқ уч қисмга тақсим этилади ва ўртадаги иккинчи қисмда собит қолишга саъй қилинади. Мабодо учинчи қисмга ўтиб кетилса ҳам мувозанат бузилиб, киши ғазаб сари одимлайди. Агар биринчи қисмга ўтиб кетилса ҳам айни шу янглиғ-киши аста-секин босиқлик номи остидаги лоқайдлик, бепарволик, ғурурсизлик каби сифатларга бурканиб бораверади... Хайём қанча фурсатлардан бери ўйлаб юрган фикрларига энди-энди таъриф бериб, ундаги сифатларни номламоққа эришмоқда эди.
Ҳозир ўйлаганлари ҳов ўша англаб етгани меъёр тушунчасига уйқаш эмасми... Ҳа!.. Шул каби мастлик ва ростлик оралиғи ҳам уч қисмга бўлинади. Кутилган ҳақиқат эса тақи ўшал иккинчи қисмда аён бўлади. Ҳарир пардани кўтармоқ ва фикрда тиниқликка эришмоқ учун бу қисм тақи учга тақсимланадики, унинг иккинчи бўлагида собит қолмоққа ҳаракат қилинади. Бунда изланган ҳақиқатнинг юзи янада ойдинлашади ва авлиёлик касб этилади. Бу ҳодисот чексиз-чегарасиздир... Ё чодирдўзнинг ўғли, қанотларсиз парвоз эта бошламадингми? Тақи ақлингга бино қўйиб, кибр ҳавосида шишмаяпсанми? Донишмандлик даъвоинг шунчаликмики, авлиёлик хусусида бош қотирурсен?.. Бу оралиқ ҳаётнинг ўзагидир. Унда баҳоли қудрат қўним топмоқлик кишини камолот сари элтади. Ҳа, одамзотнинг оралиқ ҳикматини англамаган аксарият жамоаси шунчаки тентираб умр ўтказади ва ёхуд охир оқибат ҳалокатга юз тутади.
Янаки ғолибу мағлублар абас бўлгувчи оралиқ маъводир ул. Унда киши дунёга ўзгача боқиб, ҳар неки манфаат, таъма ва адоватдан юксакликка кўтарила олади. Тирикликни, бани одамни инсоф ила тушуна бошлайди. Бу ўша «Қурбинг етганича инсоф қил», деган улуғ мақом маъвосидир.
Хайём гоҳо ҳов ўшанда шаккок сабоқдошининг муаллимга берган уч ака-ука ҳақидаги саволини ҳам эслаб туради ва муаллимнинг мот бўлганлигини, ҳаттоки Оллоҳнинг «юмуши»дан қусур топмоққа уринганлигини ўйлаганда ўз-ўзидан хижолатга йўғрилади. Ахир ўшал ривоятдаги ака-укалар тақдирига муносиб ажр топа олмаганлар уч-тўрт ўспирин ва нари борса, мадраса мударриси эди-ку. Наинки Оллоҳнинг пайғамбари, ҳатто саҳоба, ҳеч йўқ валий ҳам эмасдику улар бу саволга лойиқ жавоб топсалар!
Осони «айбни Оллоҳга юкламоқ» эмасми. Уларнинг сўзларидан шунга амин бўлмоқ мумкин эди. Бу ҳар куни неча бор зарурий ҳожатларимизга яраган суюқ сувимизни озгина совуқни сабаб қилиб, музлатиб, тошга менгзатиб қўйган ва ёки ҳалигина Исфазарий устурлобда кўргани бизнинг кўзларимиз илғаган, лекин шууримиз етмаган коинотдан ўзга коинотни ҳам яратиб, шундайин улуғликни ҳам назаримиздан пинҳон эта олган қудратли Зотнинг беададдан бир улуш ижоди ва сири эканлигини англамоқдан ожиз эдилар улар. Ахир не-не асрорга, ҳикматларга ҳар лаҳза рўбарў келиб ҳам уларнинг моҳиятини ўйламаган, уларга оддий нимарсадек қараган бизлар эмасми? Шу ҳолимизга бандаларнинг охиратдаги тақдирларидан, ажрларидан адолатли сўз айта оламизми?! Ё Оллоҳ!.. Хайём шу гапларни хаёлидан ўтказаркан, ажиб кайфиятда, ажиб бир эҳтирос ила битилган баъзи шеърларидан истиҳолага боради. Келгуси авлод ўзини бир худосиз (астағфуриллоҳ), шаккок одам сифатида ёд этишларидан хавотирга тушади. Йўқ, у шаккок ҳам, осий ҳам эмас, бироқ шеърларидаги ҳалигиндай туйғуларни, фикрларни ўзи ҳам изоҳлаб беролмайди. Кекса Ринд унинг шеърларига гўзал таъриф берганини ва буни аҳли расадхонага бир неча бор айтганлигини эса у билмасди. Риндоний шундай таъриф берганди:
-Хожамнинг назмидаги Оллоҳга таъна қилмоқдек туюлгувчи маъно асло шаккоклик эмас. Аксинча, тақдирнинг Ҳақдан эканлигини бутун вужуди ила ҳис этган банданинг ўз ожизлигидан, забунлигидан, барибир Яратувчининг шафқатига, меҳрига муҳтожлигидан ўртанмоғи, мумдек эримоғи ва охир оқибат тақдирга тан бермоқлиги эҳтиросидир.
Воҳ, бул мухтасар ифодани Абул Фатҳ Умар эшитсами эди, бир тушунгувчи одам топилганидан кўзларига ёш тўлармиди! Дариғоким, бу гапдан у буткул бехабар эди. Не бўлганда ҳам Тангрининг ишқдан девона қули Риндоний мазкур гапни топиб айтган эди.
Хайём тақи илкига хомани олди ва давотнинг ҳошиясига яна мисралар тиза бошлади:


Гул баргила кунни тўса олмаймен,
Қисмат сирларини еча олмаймен,
Фикр денгизидан дур топди ақл,
Қўрқувдан бу дурни теша олмаймен.

У сўнгги сўзни ёзди-ю тағин ўз ҳолидан ҳайратга тушди. Ахир қачонлардан буён шеър битмай қўйганди. Бу кунги дарёлиги, кўнгил селлиги недан? Аёнки, у энди ўзидаги қалб ҳаловатини, тафаккур тиниқлигини, фикр теранлигини тан олмоқни хоҳламаса-да, сеза бошлаганди. Шу он беихтиёр Адам Шайхни эслади. Нечундир бағри ўртаниб, киприклари остида олов уйғонгандек бўлди.
Ўшанда Адам Шайх шундай деганди:
-Сенга бир гапни айтай, ё Умар! Мадомики ўзлигинг сари одимламоқни ният қилган экансен, аввало ўзингдаги буюк, бироқ шунинг баробарида, ўзинг учун тушунарсиз бўлган нимарсани топ.
-Хўш кейинчи?-деганди шошиб Хайём.
-Биласанми, шундайин соликлар борки, улар фано ва уқбо аро нур бўлмоққа интиладилар. Иккинчи тоифа эса, ўлим ва ҳаёт ўртасида таранг тортилган расандан бағоят эҳтиёткорлик ила ўтиб борадилар. Ваниҳоят охиргилари эса ўз ҳовлиси саҳнига ташлаб қўйилган арқонда қадам ташлайдилар.
Бу фикрлар уммони, ҳикматлар уммони Хайёмни сархуш этганди ўшанда. Бундайин залворли ва либосли сўзламоқ фақат ва фақат Адам Шайхга хосу ярашиқли эди.
Хўш, ундаги буюк ва шунингдек, тушунарсиз нимарса не? Қалбими? Албатта-да, ахир жону жаҳонини оловларга солган шу қалби эмасми?! Унда у Адам Шайх айтган уч тоифанинг қай бирига мансуб? Қай бирига?!.. Буни аниқламоқ унинг зиммасида эмасдир...
Шу кунларда султон Маликшоҳ шаҳзода Маҳмудни тахт вориси дея эълон қилди. Бу хабардан сўнг Хайём султоннинг Туркон Хотун макри домига буткул банди бўлганлигига амин бўлди. Янаки ташвишли кунлар ёвуқлашаётганлигини ҳам қалбан ҳис этди...

Саккизинчи боб
1
Яна кеч кирди. Маҳмуд тақи ўз ҳужрасига қамалди. Ҳатто мойчироқни ҳам ёқмай, жойига чўзилди. Кўзлари беихтиёр даричадан мўралаётган юлдузли оқиш осмонга тикилди. Йўқ, унинг юраги ана шу бепаён самога сингиб кетмоқни, ҳурлик оғушида сархуш бўлмоқни истамади. Йўқ! Энди у бурунги Маҳмуд эмасди. Унинг кўзлари ҳатто мана шу бағрни ёриб юборгудек улуғворлик ва ҳайбат ила боқаётган осмонга ҳам нописанду лоқайд тикилиб турарди. У атрофидаги борки нимарсаларга ана шундай алпозда қарар, нигоҳи ичи қорайиб турган ғор оғзини эслатарди. Сал таъсирчан одамнинг унинг нигоҳидан қўрқувга тушмоғи ҳам тайин. Ҳатто гўзал Райҳонининг ёди ҳам унинг хотирасидан қарийб ўчиб улгурганди. У фақат беҳишт ҳақида, ундаги қиёссиз боғу чаманлар, ҳурлар ва улар туфайли сазовор бўлгувчи орому ҳузур ҳақида ўйлардики, гоҳо-гоҳо шуурида юз кўрсатувчи Райҳоннинг сиймоси ҳам ўшал таърифсиз ҳилқатлар жамолига уйқашиб кетарди. Унинг юзини элас-элас эсларди. Аслида ҳам орадан кўплаб йиллар ўтганди. Маҳмуднинг истарали чеҳраси ҳам анча тундлашиб, жуссаси дағаллашиб кетганди. Энди у ёр ишқидан илҳом олиб, хат-саводга ва умуман зиёга интилган ёш йигит эмасди. У иродасини, инон-ихтиёрини Оллоҳга ҳам эмас, ёвуз бир кимсанинг илкига топшириб, унинг мақсади йўлида қадам ташлаётган ва бу қадамларида қатъий собитлик бўлган нокас маҳлуқ янглиғ эди. Тинимсиз жисмоний тайёргарлик, яроғ санъати ила машғуллик, ғалати суюқликни мунтазам истеъмол қилмоқ ва емоққа ўчлик-унинг бор-йўқ давлатига айланганди. У ҳеч нени истамасди, яъни истамасликни истарди. Унинг бутун дунё, борки борлиқ деб билгани мана шу Аламит эди. На туғилиб ўсган юртини, на қачонлардир уни еру кўкка ишонмай, не-не орзу-умидлар ила катта қилган ота-онасини, на расадхона ва на ундаги дўстлари-ю хожаси Умар Хайёмни эсларди. Ҳа, бор-йўқ жаҳони шу Аламит эди. Ёдини тарк этаётган яқинлари эса ҳов анови жимит юлдузлар ва умуман оқиш нигоҳини лўқ қилиб қараб турган осмон каби тобора-тобора олислаб борардилар...
Эшик мулозаматсиз тарзда очилиб, қоронғуда базўр кўринаётган одам шарпаси уни сардор -Аламит хожаси ўз ҳузурига чорлаётганлигидан хабар берди.
Атроф жавониб мамлакатларнинг ҳукмдорларига даҳл этиб, бўғзидан олаётган Аламит хожаси- Ҳасан Саббоҳ турли ҳашаматларни унчалар ҳам хушлайвермасди. У бағоят фақирона ҳаёт кечирмоққа кўникканди. Ҳатто аҳли қалъани идора этгувчи кўринишхонаси ҳам ниҳоятда камтарона жиҳозланганди, бирон бир ортиқча дабдаба сезилмасди.
Маҳмуд кириб борганида Ҳасан Саббоҳ одмигина эски хонтахта ортидаги анчагина уринган тўшакда букчайиб ўлтирарди. Хона нимқоронғу бўлганлиги боис унинг юзидаги одатий рангпарлик қарийб билинмасди ва ҳатто туси бир қадар важоҳатли кўринарди. Эҳтимол нурсизликнинг мана шу «фазилати» сабабли ҳам хонасини қоронғуликда тутишга уринар. Хира мойчироқ бу зимистонни ёритмоққа ожизлик қиларди ва ҳатто бу хона даричасини ой ҳам тарк этганди. Унинг ортида- хонанинг янада зулматли бўлган бурчагида икки барзанги қўриқчиси қимир этмай турибдилар. Бир қараганда, уларни илғамоқ ҳам мушкул эди.
Маҳмуд эшик олдида тек қотди. Хожа уни кўрса-да ҳеч сўз айтмай, жим ўтираверди. Шунда ҳам Маҳмуднинг ҳолатида бирон бир ўзгариш бўлмади. Нимқоронғуликда гўё қоя янглиғ тураверди, қизғиш чироқ нурининг акси тушган маъносиз кўзлари совуқ йилтираб кетди. Аммо «бажар» деган амрдан ўзга ҳеч нимарса бўлмаган шуурида на манови бенаф туришидан, на анови хожанинг беписанд ўтираверишидан ва на уйқу онида уни безовта қилганликларидан норизолик аломати милтираб ҳам қўймади...
Ниҳоят маълум фурсат ўтиб хонага тақи тўрт фидойи кириб келдилар ва хожанинг рўбарўсида қатор тизилдилдар. Ўшандагина Ҳасан Саббоҳ уларга юзланди ва ўзининг хириллаган овози ила сўзламоққа тушди:
-Фурсат етди, ё Алининг лашкари! Сиз Оллоҳ ризолиги йўлида фидоларнинг улуғ ажрга мушарраф бўлгулик қутлуғ они келди. Сизнинг пойингизга беҳиштлар мунтазир!
Фидойилар бир тебраниб қўйдилар.
Ҳасан Саббоҳ эса тақи давом этди:
-Сизларга ўғиз ўғли Калтакесак пешво бўлғай. Эрта тонгда Исфаҳон сари отланғайсиз. У ерда бизнинг кишилар ила топишиб, фурсат кутгайсиз. Фурсати етгач, жин қавмидан бўлмиш салжуқларнинг ялақихўри, бизнинг бош ғанимимизни қатл этгайсиз. -У хонтахта остидан бир нимарсани олиб, Маҳмудга қаради. Маҳмуд-Калтакесак унга ёвуқ келди. Унинг илкидаги ҳилол шаклли ханжар эди. У ханжарни қинидан чиқариб, бирров намойиш этди-да, яна қайта қинига жойлаб, Маҳмудга узатди.
-Буни ўшал қари таканинг сийнасига қадагайсен.-деди йигитга қаттиқ тикилиб. Сўнг фидойиларнинг барчаларига бир-бир кўз ташлади-да, қўшиб қўйди. -Сизларга Оллоҳ мададкор бўлсин. Барчаларингизни беҳишт боғлари-ю ҳурлари кутаётир!..
Шу гапдан сўнг фидойилар Аламит хожаси ҳузурини тарк этдилар...
Қазвинга етишгач, ўша таниш карвонсаройда қўним топдилар. Дарвеш кийимидаги бу беш фидойининг мақсади-Исфаҳон сари боргувчи карвон сафига кириб олмоқ эди. Аслида соҳиби карвонлар аҳли дарвишдан ҳақ ҳам олмасдилар. Аммо бу бешов дарвеш учун карвон хўжайинининг ҳақ олиш ёки олмаслиги фарқсиз эди. Чунки исмоилийлар ўз режалари йўлида ақчани аяб ўтирмасдилар. Аламитдан тушган беш фидойи Қазвинга келибоқ карвонсаройнинг букри хожасига рўбарў бўлдилар. Соҳиби карвонсарой анча қариб қолганди, букриси баттарроқ бўртиб, соч-соқоли буткул оқариб кетганди. У дарвешларни алоҳида ҳужрага жойлаб, то Исфаҳон сари боргувчи карвон йўлга тушгунча, яъни бир ҳафтача уларнинг емоқ-ичмоғидан бохабар бўлиб турди. Ниҳоят чаҳоршанба куни саҳарда уларга тегишли ҳамёнларни бериб, олис йўлга узатиб қолди.

2
Исфаҳон нотинч эди. Салтанат аҳкомида ҳам, авом ичра ҳам парокандалик устувор эди. Фақатгина расадхона аҳли бундан мустасно. Уларнинг кўнгилларида ҳам бутун бошкент раияти қалбида бўлгани каби таҳлика хиёл сезилиб турса-да, барчалари илм ёхуд кунлик юмушлари ила банд эдилар. Улар асли илмпарвар, фузалопарвар бўлган султон Маликшоҳга ва унинг донишманд вазири Низом ул Мулкга ҳамон ихлос қалардилар, ишонардилар. Бу ишонч эса Умар Хайём боис қарор топган эди. Дилларида пайдо бўлган бироз таҳликага боис-султоннинг тобора лоқайдлашиб, малика Туркон Хотуннинг тобора нуфуз топиб бораётганлиги эди.
Филҳақиқат, қудратли салжуқлар салтанатининг пойтахтида парокандалик авж ола бошлаганди. Бу айниқса, шаҳзода Маҳмуд тожу тахт вориси этиб овоза қилинганидан сўнг яна-да яққол сезилиб қолди. Энди давлат ишларининг асосий қисми Маҳмуднинг илкига, аниқроғи, Туркон Хотуннинг ихтиёрига ўта бошлаганди, Унинг вазири Тож ал Мулк ҳам ҳукумату девон юмушларига даҳл қилмоқда эдики, бу ақли расо кишиларни хавотирга соларди. Султоннинг сурату ҳаракатларида эса аввалги шиддат, соҳиби тадбирлик кўринмас, у ўзини гўё зоҳид янглиғ, хонанишиндек тутарди. Эҳтимол айни дамда куч-қудратга тўлиб, ғанимларининг ихтиёрини олаётган Ҳасан Саббоҳ ҳам ўзининг сон-саноқсиз ҳуфиялари орқали султон Маликшоҳ ва салжуқийлар салтанатининг бундайин аҳволидан хабар топгандир ҳамда мана энди қасос учун фурсат етганлигига амин бўлиб, Калтакесак бошлиқ одамкушларини бошкент томон йўллагандир. Бусиз ҳам ҳозир Исфаҳонда исмоилийлар бағоят кўпчилик эдилар. Авваллари уларнинг аксарияти шаҳар теграсидаги қишлоқларда жон сақлаган бўлсалар, энди шаҳар қалъаси ичра турфа қиёфаларда эмин-эркин кезардилар. Фақатгина ўзларининг исмоилийлар эканликларини ошкора овоза қилмоқликдан тийилардилар холос. Уларнинг асосий қисми Исфаҳон ҳунармандлари аро тирикчилик қилиб, кун кўраётган бўлсалар, тақи ўзга бир бўлаги дарвешу қаландарлар либосида дайдиб, хонақоҳларда, гоҳо карвонсаройларда ётиб юрардилар ва шу тақлид кўзлаган режаларининг амалга ошмоғини интиқ кутардилар. Исмоилийлар ҳам салжуқийларнинг улуғворлигига путур ета бошлаганлигини аниқ-равшан пайқаб турардилар.
Дарвеш либосидаги Маҳмуд-Калтакесак Исфаҳон бўсағасида карвондан узилиб, ортда қолди. Унинг сўник нигоҳи расадхонанинг қир ортидан бўйлаган минорасига ва у жойлашган Бўйра қишлоғидаги сервиқор оғочларнинг девор оша мўралаётган одамнинг бошидек кўринган учларига қадалганди. Йўқ, унинг қалби ҳапқирмади, мижжаларидан ёш қалқмади. Чунки узоқ йиллик ёвуз тарбият таъсирида унинг юрагидаги башарий ўт сўниб улгурган, мижжалари эса қуриб-қақшаб, тошга менгзаб бўлганди. Энди балки зўр берилса, анови харсангдан нам чиқса-чиқардики, аммо Маҳмуднинг кўзларидан ҳеч қачон ёш чиқмаслиги аниқ.
У расадхона ёққа анчагача тикилиб турди. Шуурида ожизона хаёллар учқунлаб, ўз хизматини буткул унутаёзган хотиротининг қатларида алланечук воқеотлар ғимирлагандай бўлди. Танишдек туюлган бир неча кишиларнинг элас-элас сувратлари кўз олдига келди. Кимлар эди улар? Ним табассум ила ҳумор боқиб турган анови чиройли қиз ким? Таниш шекилли?! Йўқ-йўқ, ҳатто... Ахир у беҳиштдаги ҳур-ку! Бу ерда нима қилиб юрибди у?.. Йўқ, бу қиз ҳур эмас, Райхон-ку ахир! Райҳона-ку!.. Наҳот унутди?! Ахир уни бир замонлар жону жаҳонидан ортиқ севмаганмиди! Бу ўша Райҳони-ку... Бу киши ким бўлди? Дарвоқе, хожаси Умар Хайём ҳазратлари эмасми? Ҳудди ўзи-ку. Мен қаерга келиб қолдим? Бу ерда не қилиб турибмен?.. Райҳон!.. Рай... Унинг боши айланиб, кўзлари жимирлади ва ўнгидаги ҳалиги кишиларнинг сиймолари ҳам бир зумда ғойиб бўлди. Ҳаттоки ҳов ўша олисдаги минора-ю оғочлар ҳам кўринмай қолдилар. Энди кўз олди қоронғилашиб кетди. Шошиб қўйнини тимирскилаб, кичкинагина халтачадан ненидир олиб, дарҳол оғзига солди-да, белбоғига осилган идишдаги сувдан бир-икки хўплам ичди. Сўнг ғужанак бўлиб қунишиб олди. Бироз вақт ўтиб бутун вужуди титрашга тушди. Тақи маълум фурсатдан сўнг титроғи тиниб, қаддини тиклади, нигоҳида хиёл мамнунлик зоҳир бўлди. Яна ўша лоқайд ва совуққон алпозга кириб, шаҳар дарвозаси томон юрди.
Ҳамроҳлари уни дарвоза олдида кутиб турардилар. Ҳаммалари жам бўлишгач, бу соҳта дарвешлар жазава ила зикр тушиб, шаҳарга кирдилар.
-Ё ҳу, ё Оллоҳ!
Ё ҳу, ё Оллоҳ!
Ё ҳу, ё ҳу!..
Энди бу исмоилий айғоқчиларнинг, таъбир жоиз бўлса, қотилларнинг вужудлари буткул қулоққа ва кўзга айланган эди. Ҳеч нимарсага парво қилмаётгандек туюлсалар-да, аслида ҳар нени эшитиб, кўриб турардилар. Шаҳарни шу янглиғ кезишлари асносида улар бошкентдаги исмоилий жамоат ила ҳам топишиб олдилар. Бироқ ўзларининг зиммаларига юклатилган юмушни бирон кимсага сездирмадилар. Ҳар куни бу беш дарвеш шаҳарнинг ҳар тарафига тарқалиб, авом ичра сингиб кетардилар. Сарой атрофини, бозор ва расталарни кезишиб, вазири аъзамнинг юриши тахмин қилинган манзилларни ахтарардилар ҳамда ўша жойлардаги аҳволни, ҳуфия жойларни ўрганиб, хотираларига жо этардилар. Кечалари эса барчалари йиғилишиб, кўргану билган, эшитганларини ўртага солишар, умумфикрларини жам қилардилар. Хуллас, маккор Ҳасан Саббоҳнинг қасос ўти қанот бўлган исмоилий «фидойилар» ўз хожалари илкидаги яланғоч шамшир монанд жаҳд ила сермалмоққа қулай фурсатни интизор кутардилар.

3
Ҳижрий 471 (мил.1092) йилнинг ражаб (мезон) ойи кирди. Куз ўрталаб, пишиқчилик авжига келди.
Хайём ўзгача ҳузур ила бомдод намозини ўқигач, ташқарига чиқди. Бир кун бурун шовуллаб ёққан ёмғир ва тонг таровати боис олам бағоят чиройли ҳамда тиниқ, ҳаво эса мусаффо ва хушбўй эди. Бу хушбўйликни расадхона ортидаги тоғдан елаётган майин шабода олиб келарди. Бундайин ҳузурбахшликдан ёқимли таъсирланган шоир оромла энтикиб, бутун вужудини хуш кайфият қамраб олди. Аммо қалбининг бир буржига ғашлик соя ташлаб турарди. Бу ғашлик тунда кўрган тушини эслагач пайдо бўлганди. Орадан шунча йиллар ўтиб, турк-ўғиз сангтарош Маҳмуд тушига кирибди: кенг саҳнли расадхона биттагина ҳужрадан иборат эмиш. Саҳннинг ҳаммаёғини оппоқ қор қоплаганмиш. Хайём ана ўша қорни босиб, ёлғиз ҳужранинг эшиги сари борибди. Эшикни очиб қарасаки, ҳужра ичидаги улкан хумда Маҳмуд ўлтирган экан. Хум ичи тўла қип-қизил қон эмиш. Маҳмуд унга қараб қаҳ-қаҳ отиб кулар ва кўкраги қадар қалқиб турган қонни тинмай шопирармиш... Шоир бомдоддан сўнг шу туш ҳаққи учун ҳам икки ракат намоз ўқиди. Шундан кейин бу мудҳиш туш ваҳми бироз чекингандай бўлди, лекин кўп ўтмай, тақи кўз олдига келди. Кейин ўзича бу бор-йўғи бир туш-да, деб ҳам қўйди. Шунда ҳам ором топмади. Янаки Адам Шайх ила йўлиқувидан сўнг ва руҳониятидаги эврилишлар боис кўрган тушларига эътибор қиладиган, уларни ўзича таъбирлайдиган бўлиб қолганди. Мантиқий таъбирлари гоҳо истиқболдан башоратли муждалар берарди. Шунинг учун бу кеча кўрган тушини ҳам таъбир этишга уринарди. Ҳар тугул қонли ҳужрага қорли саҳнни босиб ўтиб боргани уни ўйга толдирарди. Кўнгли бир фалокатни сезаётгандек бўлаверарди. Устига-устак вазири аъзамнинг кечаги чорловига биноан у билан учрашиб қайтганидан кейин бу тушни кўргани уни баттарроқ хавотирга солмоқда эди. Чунки шоир ила анча вақт ҳамсуҳбат бўлган кекса вазири аъзам бу гал унинг кўзига ўзгачароқ кўринди. У Хайёмдан айрилмоқни ҳечам истамаётгандек туюлди...
Хайём кириб борганида вазири аъзам катта миз ортида ўйга ботиб ўлтирарди. Олдида бир талай қоғоз. Ё бирон нимарса битмоққа ҳозирланарди, ёки давлат ишларига тааллуқли қоғозларни титкилаб, нелар хусусидадир бош қотирарди. У шоирнинг саломидан сўнг ўрнидан қўпиб, унга пешвоз юрди ва қучоқ очиб кўришди. Бу Низом ул Мулкдек машҳур ҳамда қатъиятли вазир учун ноёб ҳол эди.
Ўлтирдилар.
-Чорлаган экансиз?-деди Хайём унга зимдан синовчан тикилиб.
Вазири аъзамнинг соч-соқоли ва ҳатто қошлари ҳам буткул оқариб кетганди. Бу эса унинг азали нурли юзига янада нуронийлик бахш этарди.
-Сени кўргим келди-да, болам.-деди вазир бағоят ҳалийм ва таъсирли товушда. -Тунда ёмғир роса қуйдими?-деб қўйди кейин гапни бошқа ёққа бурмоқчи бўлибми, гўё ўзига ўзи гапираётгандай.
Хайёмнинг меҳри ийди. Бир лаҳза вазири аъзамнинг сафари қариётганлигини ҳис этгандай бўлди-ю дарҳол бу мудҳиш фикрни бошидан қувмоққа уринди. Шундай одам-а?!..
-Иккимизни зиндонбанд этганлари ёдингдами?-дея сўради бирдан Низом ул Мулк билинар-билинмас жилмайиб.
-Такаш исёни куними? -деди Хайём ҳайртини яширолмай.
Вазири аъзам тасдиқ ишорасини қилгач, у ҳам «ҳа» деди.
-Ўшанда иккимизни алоҳида хоналарга ҳибс этдилар. Агар иккимизни бир хонада тутганларида бул хиёнатга албатта бирон чора топур эдик, шундай эмасми?
Хайём устозининг хотиралар оғушида сузаётганлигини ва бу унга ҳузур бағишлаётганлигини сезиб, хайрихоҳона жилмайди. Унинг сўзларига қўшимча қилиб, деди:
-Сиздайин буюк тафаккур соҳиби ила, албатта, ҳазратим.
Вазир уни кескин рад этди:
-Йўқ! Янглиш айтурсен, ё Умар. Сенинг тафаккуринг ва қувваи ҳофизанг қошида меники ҳечдир.
Хайём суҳбатдошининг гапини бўлмоқликдан сақланиб, бирон сўз демади.
-Сен бағоят тиниқ оинасен.-сўзида давом этди вазири аъзам. -Мен унда ўз сувратимни кўрурмен. Илло оина ўзида оламни акс эттирар экан, оинанинг олам, яъни акс этувчи сари бормоғи жоиз эмас, билакс, акс этувчи оина сари борур. Мен эса сенда ўзимни кўрдим ва сен томон бордим.
-Устоз муболаға этурлар.-деди хижолатга тушган Хайём.
-Асло! -Вазири аъзам шоирга меҳрли боқаркан, надоматли оҳангда деди: -Мен эса хато қилдим. Оламни мукаммал кўрмоқчи бўлдим, мукаммал давлат барпо этмоққа уриндим. Вале одамнинг номукаммал эканлигини унутдим. Барча саъй-ҳаракатларим биргина зидди тадбир ва пича хиёнат боис парокандаликка юз тутди... Мен ёш ҳукмдоримизга, султонимизга улкан умидлар ила назар қилгандим ва бу умидлар ижроси йўлидаги ўз тадбиру режаларимга қаттиқ ишонардим. Бироқ бундайин туйқус эврилишларни кутмаган эдим!..-Низом ул Мулкнинг қадди тобора букилиб борарди.
-Ҳазратим!..-деди шоир унга далда беришга уриниб.
Лекин вазири аъзамнинг аҳволида ўзгариш бўлмади.
-Исфаҳон парокандаликка юз тутмоқда. Султоннинг айни кунлардаги ҳолидан бохабар бўлган ғанимлар фурсатдан наъф топмоқдалар. Авомнинг кўзларида умид учқунлари сўнмоқда. -Вазири аъзам жим қолди.
Хайём ҳам унинг дилига озор етказмоғидан ҳайқиб, индамай ўлтираверди. Анчадан сўнг кекса вазир яна тилга кириб, унга боқди.
-Эртага шаҳар айланмоқчимен. Юртдан кўтарилаётган файз ва барокотни қайтармоқ, авом кўзларига тақи умид учқунларини жоламоқ ниятида шундай қилмоқчимен. Элнинг адолатпеша ва авомпеша бўлган салжуқийлар қудратига бўлган аввалги ишончини тақи тикламоққа уриниб, уларнинг орзу нолаларига қулоқ тутмоқчимен...
Вазири аъзам Хайём ила жуда ғамгин хўшлашди. Уни бу кеча кўрган туши каби валинеъматининг аҳволи ҳам хавотирга солмоқда эди. Ё Оллоҳ, дея ўйларди у, наҳотки шундайин улуғвор салтанатдан путур кетган бўлса?!..
Субҳи содиқ сайридан қайтаркан, шоир расадхона дарвозаси олдида Марям ила тўқнаш келди. Аёл ожиз бир овозда салом берди. Унинг кўзлари қизарган, қароқлари сўлғин эди. Йиғлагани шундоққина сезилиб турарди.
-Нечуксен, Биби?-дея сўради Хайём меҳрибон оҳангда.
-Қуллуқ, устоз. -Марям нигоҳини ердан узмасди ва овозидаги аразланиш яққол балқиб турарди.
Шоир унинг арази боисини биларди: қачонлардан бери Марямдан узилиб, ўзини олиб қочадиган бўлиб қолганди. Не қилсин, кўнгил-да. Унинг юрагидаги эврилишларни бу аёл қаёқданам билсин. Ундан ҳеч ёмонлик кўрмади ва унга ҳам ёмонликни раво билмайди. Фақат бағрида унга бўлган аввалгидек талпиниш энди йўқ.
Марям мудом гўзал эди. Бироқ бурунги дуркунлиги йўқолиб, чеҳрасида улғайиш пайдо бўлганди.
Хайём не дейишини билмай, сўзсиз қолди.
-Отамнинг мозорини зиёрат қилдим. -деди Марям шоирни ноқулайликдан қутқариб. -Падаримнинг хокидан ҳам Ватаннинг бўйи келадир. Тўйиб-тўйиб ҳидладим...
-Ва тўйиб-тўйиб йиғладинг.-дея қўшиб қўйди Хайём.
Марям ерга қараб, эркалангандай бош силкиди.
-Ўзингни қийнамагин-да, Биби!.. Ёлғиз эмассен, ахир мен бор...
-Йўқ, сиз бизни аллақачон тарк этгансиз, устоз!- Марям кўзларида ёш ила шоирга илтижоли боқди.
Шоир эса тақи кўзларини яширди.
-Ана шундоқ!.. -дея афсус ила оғир хўрсинган Марям ўз ошёнаси томон кетди.
Дилхиралик бир келса, басма-бас келади-я, деган фикр ўтди Хайёмнинг хаёлидан. Не кун бўладир ўзи бу кун, ё Раббим?!
У нонуштадан сўнг бозорга тушмоқни ихтиёр этди. Азали бозорни хуш кўрсама-да, янги китобларни сотиб олмоқ, шул баҳона кўнглидаги хижилликни унутмоқ ниятида шундай қилмоқчи бўлди. Ахир Исфаҳон айни замонда қарийб дунёнинг пойтахтига айланиб қолган эди. Шундай бўлгач, унинг бозорларида турфа элларнинг тафаккур маҳсуллари бўлмиш турфа нодир китоблар учрамоғи оддий ҳол. Хайём кўп бор бунга гувоҳ бўлган. Бу кун ҳам китоб расталарини бир айланса, ажабмас янги китобларга рўбарў келса. Айниқса, Қашқардан чиққан туркий олимларнинг олам, замин ва коинотнинг тузилиши ҳақидаги китобларини кўрмоқни анчадан буён орзулайди. Улар ҳақида кўп бор эшитган. Эҳтимол шу бугун ўша нодир рисолаларни топмоққа мушарраф бўлар. Балки серкалом Шокир Талхга рўбарў келиб, бироз кўнгли ёзилар... У на Риндоний, на Исфазарийга ҳам бир сўз демай, ёлғиз ўзи шаҳарга йўл олди.
Энди шоирни шаҳри азим Исфаҳонда қарийб ҳамма танирди. Шунинг учун шаҳар ичра бораётган Хайёмнинг йўли унмасди: баъзилар саломлашибгина ўтиб кетсалар, бошқалар у ила астойдил кўришмоқ ва ҳатто қучоқлашмоқ ниятида беихтиёр йўлини тўсиб олардилар. Гоҳо гапга ҳам тутиб қолардилар. Аслида ҳам умрининг ўн саккиз йилини бошкентда ўтказган шоир бу ерда кўплаб дўстлар, мухлислар орттирган эди. Аҳли Исфаҳон уни бағоят қадрларди, севарди. Буни билганлиги боис Хайём ўзини ўша эҳтирому ҳурматга лойиқ тутмоқликка саъй этарди.
Мудом оҳиста одимлар ила бораркан, қулоқларига кетма-кет шундайин сўзлар эшитиларди:
-Ассалому алайкум, ҳазрат!
-Омонмисиз, ё шоири замон?!
-Юлдузлар шоҳининг суҳбатига муштоқмиз.
-Кулбамизга қадам ранжида қилсинлар!..
У мазкур мулозаматларнинг барчасига муносиб жавоб қилмоққа уринарди ва бу анчайин мушкул юмуш эдики, дангалу ҳур феълли шоирни тез толиқтирарди. Шунданми, қадамини тезлатди ва тезроқ катта бозорга кириб олмоқчи бўлди. Чунки олағовур бозорда барча ўзи ила овора бўлади ва у ортиқча эътибордан қутилади.
Китобдорлар растаси бозорнинг нариги четида эди, унгача бозор ичра хийлагина юрмоққа тўғри келади. Майли-да, озгина айланиб, сўнг қайтади. Шокир талхни ҳам қайтишда кўриб ўтмоқни ният қилди.
Бозор чиндан ҳам шовқин-сурон оғушида эди. Ҳамма ўза молини мақтайди. Ана, бир қоп-қора ажнабий маймун ўйнатмоқда. Дарвоқе, мардикорлар, саққо (мешкобчи)лар ҳам шу ерда турардилар чоғи. Маймунни кўриб, раҳматли Микоилни, унинг Полвонини эслади. Риндоний икковини илк бор шу ерда учратган эди. Энди эса содиқ надими Микоил бу фоний дунёни тарк этган. Микоилни ва Лайлини эслаб, тақи унинг юраги сиқилди-да, бу ерни тезроқ тарк этмоққа ошиқди. Турфа матофурушлар растасидан ўтиб, мева-чева растасидан чиқди. Ана, қаторасига ҳурмофурушлар турибдилар. Ва улар ҳам тинмай харидор чорлайдилар.
-Ҳурмодан олинг, оғойи, бағоят ширага тўлганидан бу. -деди рўбарўсидаги афтидан ўғизга ўхшаган ҳурмофурушлардан бири.
«Оғойи» деган сўз Хайёмнинг қулоғига жуда таниш эшитилди ва хотиротининг аллақайси бурчакларига урилиб, кимнингдир олис сувратини кўз олдига элас-элас олиб келди. Ана ўша ихтиёрсиз тарзда кечган олис ўтмишга хаёлан қайтиши асносида ёғоч растанинг бир четида эзилиб ётган қип-қизил ҳурмога кўзи тушди. Қонга ўхшайди-я, деган гап ўтди ўйидан. Қон!.. Дарвоқе... Кечқурунги тушини эслади. Шу он соғидан кўз четига бир таниш чеҳра «лип» этиб урилди ва у кескин ўша ёққа бурилди. Ҳалиги таниш чеҳра ҳам у билан баб-баробар терс ўгирилиб, нари кета бошлади. У қандайдир дарвеш эди. Ким бўлди у? Юзи ниҳоятда таниш. Ахир!.. Ҳа-ҳа, бу ахир Маҳмуд-ку. У бу ерда нима қилиб юрибди ва нега ундан ўзини олиб қочади? Балки танимагандир, дея ўзини овутмоқчи бўлди шоир. Балки...
Бозорнинг катта дарвозаси томонда жарчининг жарангдор овози эшитилди:
-Вазири аъзам Низом ул Мулк ҳазратларига йўл беринг!.. -Бу овоз басма-бас бир маромда такрорланарди.
Хайём ўша томонга бўйлаганча қолди...
Маҳмуд Хайёмни таниди ва ўзини танитмаслик учун кескин ўгрилиб, икки дарвеш ҳамроҳи ила оломон ичига сингиб кетди. Лекин унинг на хиралашган хотирасида, на ҳис-туйғулардан мосуво бўлган қалбида бирон бир соғинч ёхуд изтироб сезилмади. Унинг боши биргина ўй ила банд эди. Яъни у вазири аъзамни кутарди. Ҳа, исмоилийлар бугун соҳиби девоннинг шаҳарга чиқмоғидан, авом ҳолидан хабардор бўлмоқликни ихтиёр этганлигидан воқиф эдилар. Шул боис ҳам улуғ қасос учун қулай фурсатни бой бермаслик тадбирини тузган эдилар. Бу тадбирни ижро этувчиларнинг бошида Маҳмуд-Калтакесак турарди.
-Вазири аъзам Низом ул Мулк ҳазрати олийларига йўл беринг! -От устида ўлтирган жарчи тинмай ҳайқирар ва бозор ичидаги халойиқ унинг амрига ҳамоҳанг тарзда икки томон сурилиб, икки чети жонли девор бўлган йўлни вужудга келтирарди. Жарчининг ортидан яроғли соқчилар келардилар. Қўриқчи сарбозларнинг бир қисми ярим яланғоч ҳабаш қуллар кўтарган тахтиравоннинг икки ёнидан ҳам жой олгандилар. Усти соябонли тахтиравонда кекса вазири аъзам ўлтирарди ва ҳар нечук сезгир нигоҳ унинг бағоят маҳзун қиёфада бораётганлигини пайқаши мумкин эди.
Хайём вазири аъзамга айни пайтда кўриниб, ноқулай аҳволда қолмаслик учун ўзини четга олиб, оломон ичра сингди. Бироқ юраги нотинч урар, тушуниксиз бир мудҳиш хавотир вужудини қамраб, титроққа сола бошлаганди.
-Вазири аъзам жанобларига йўл беринг!..
Халойиқ энди тахтиравон узра бораётган вазири аъзамга эътибор қила бошлаганди. Филҳақиқат, донишманд вазир ҳозир ўз муддаосига эришиб, турли миш-мишлар оғушида кучсизланиб бораётган бошкент-шаҳри азим Исфаҳон аҳлининг салжуқийларга бўлган ишончи тақи тикланаётганлигини уларнинг нигоҳларида кўрмоқда эди. Халқ қудратли давлат идора усулининг асосчиси, етти иқлимга донғи кетган, турфа илмлар соҳиби бўлмиш улуғ вазирга умид ва ҳурмат ила боқиб турарди. Одамлар тилидан кетма-кет,
-Хайрият, ҳали бардам эканлар!..
-Осойишталигимиз омонат дегувчиларга хайф!..
-Салжуқлар пири ҳали омон!..
-Исфаҳон ҳали омон тургай!.. -каби умидбахш сўзлар учарди.
Уч дарвеш бир-бирларига пинҳона қулоқ тутишиб, висир-висир ила неларнидир маслаҳатлашишди ва учови уч ёққа айрилишди. Бири вазири аъзамга очилган йўл четида тизилган оломоннинг аввалги қаторига ўтиб, нечукдир қаддини ғоз тутиб олди. Иккинчиси эса ундан икки қадамча орқароқда бетартиб ғимирлаётган одамлар орасида гўё ердан нимарсанидир олмоқчи бўлгандай энгашди. Маҳмуд бўлса ундан ҳам уч-тўрт қадам орқароққа ўтиб кетди.
Вазири аъзам ўлтирган тахтиравон саф аввалида турган дарвешнинг рўбарўсига келиб қолганди. Бир замон оломон ичра «Оллоҳу акбар! Ё Али!» деган ҳайқириқ эшитилди. Ҳали одамлар не бўлганлигини англаб улгурмай, Маҳмуднинг гавдаси халойиқ боши узра кўринди. У бир сакраб энгашиб турган дарвешнинг устига чиқди, ундан эса олдинги сафдаги дарвешнинг елкасига оёқ қўйди. Кўз очиб юмгунча вақт ўтмай Маҳмуд қуллар елкасидаги тахтиравон устида-вазири аъзамнинг рўбарўсида пайдо бўлди. Кекса вазир ҳеч бир ортиқча ҳаракат қилмай, Маҳмуд- Калтакесакнинг кўзига хотиржам боқиб турарди. Маҳмуд бағоят тезликда қўйнидан Ҳасан Саббоҳ берган ҳилол менгиз ханжарни чиқарди-да, вазири аъзамнинг кўксига урди ва шўрлик чолнинг оҳ уришига қарамай, ханжарни бир неча бор бураб юборди. Бу пайт Маҳмуднинг белига ҳам ёнбошдаги соқчилардан бирининг узун найзаси санчилди ва у қаттиқ инграниб, ортига қулади. Ана шундан сўнг соқчилар уни тепкилаб, танини найза-ю шамширлари ила илма-тешик қилиб ташладилар. Ҳаммаёқ қип-қизил қон бўлди.
Бўрондай гувиллаётган халқ ичра қолган Хайём тезроқ вазири аъзамнинг ёнига ўтмоққа интилди. Аллақачон ерга қўйилган тахтиравонда боши бир томонга қийшайиб, кўзлари юмилган кўйи ўлтирган буюк вазир гўё пинакка кетгандай туюларди.
Маҳмуднинг жасади эса оёқлар остида қолди. Қон тегмаган бир кўзи очиқ бўлиб, унда мамнунлик акс этиб турарди. У бу аянчли дунёдан кетаётганлигидан мамнунмиди ёки хаёлидаги беҳиштга етмоқ умидидан хушнудмиди-номаълум...
Хайём вазири аъзамнинг билагидан тутди...

Тўққизинчи боб
1
Вазири аъзамнинг қазоси бутун мамлакатни ларзага солди. Унинг бардамлигидан бир қадар умидланган халойиқ тақи хавотир ва саросима ичра қолди. Аҳли Исфаҳоннинг юраги, айниқса, аста-аста қимирлай бошлаган фитначилар, яъни тожу тахт талабида юрганлар вужудга келтирмоғи мумкин бўлган нотинчликлардан юраги безилларди. Биргина нажот Оллоҳдан, умид эса султон Маликшоҳдан. Бироқ султон...
Низом ул Мулк раиятнинг меҳрини ва ишончини қозониб улгурган эди. Шул боис ҳам бутун халқ-ҳунарманду савдогар, олиму шоир, соҳибкору мардикор-ҳамма-ҳаммаси вазири аъзам учун аза тутди. Бошкент мотам оғушида қолди. Бу жудоликдан қаттиқ мутаассир бўлган султоннинг ўзи эл ичра кам кўринса-да, вазири аъзам ҳурмати ҳар куни қурбонликлар сўйдириб, худойилар бермоқликни амр этди. Бундан Исфаҳонда у қадар ҳам кўп бўлмаган бева-бечоралар, гадо ва камбағалларнинг куни туғди-тишлари эт, ичаклари мой кўрди. Аммо тахт ворисининг тарафдорлари эса бу улуғ мусибатдан ҳам бир манфаат топмоқ илинжида ҳаракатга тушиб қолдилар.
Аввало Низом ул Мулкнинг вафотига ҳали ўн кун бўлмаёқ малика Туркон Хотуннинг зўри ила унинг вазири Тож ал Мулк вазири аъзам этиб тайинланди Бу фармони олийни султон не хаёлда тасдиқлаганлигини биров тушунолмади. Бироқ аҳли расо кишилар, жумладан, Хайём ҳам, бу қорахоний маликанинг навбатдаги мудҳиш қадами эканлигини фаҳмлаб турардилар. Энди қудратли салжуқлар салтанатининг тақдири ҳал этилганлиги ва чиндан ҳам унинг аввалги улуғворлигига путур етганлиги маълум эди. Энди тахт вориси бўлмиш шаҳзода Маҳмуд, аниқроғи, унинг волидаси Туркон Хотун ҳал қилувчи қадамини қўйса бас, хуршиди оламнинг ғарбдан чиқмоқлиги аниқ.
Ҳали донишманд Низом ул Мулк тириклигида, шаҳзода Маҳмуд тожу тахт вориси дея овоза қилинганидаёқ султоннинг салжуқий хотини Зубайда Хотун ва унинг ўғли Беркёруқ ҳамда канизакдан туғилган Муҳаммад ила Санжар ҳам жазавага тушиб қолган эдилар. Бунинг устига, шаҳзодаларнинг ёшлари қарийб бир хил эдики, айни шу нимарса ҳам Маҳмуддан ўзга султонзодаларнинг орини қўзғарди. Шунинг учун ҳам маликалар ва шаҳзодалар гоҳо ошкора, кўпинча эса пинҳона ўзаро кураш бошладилар. Буни сезган кишилар шунча йиллар мобайнида буюк мамлакатни вазири аъзам Низом ул Мулкнинг ақлу фаросати, беқиёс тафаккури омонда сақлаб келганлигига амин бўлардилар. Ҳатто султон Маликшоҳга дилдан ихлос қўйган Хайём ҳам мазкур ҳақиқатни тушуниб етгач, ҳайратдан ёқа тутди. Сиёсату давлат юритиш юмушларининг мақтовларга лойиқ билимдони бўлган жаннатмакон вазири аъзамнинг ҳукмдорларнинг хотинлари ҳақида айтган, битган гаплари ҳам бағоят адолатли чиқди ва унинг ихтиёрсиз тарзда қилган башоратлари Исфаҳоннинг ҳозирги кунларидан хабар берган эди. Шоир айрилиқ изтиробига ботган қалби ила бу нимарсани ҳам ҳис қилиб турарди. Фақат у тожу тахт, бойлик илинжида на падарини ва на туғишган оға-инисини аямайдиган, уларни бўғизлаб ташламоққа ҳозир шаҳзодаларнинг тутумларини, муддаоларини тушунолмасди. Тушунишни истагани сари бутун борлиғини даҳшату нафрат қамраб оларди.
Барча шаҳзодалар ва уларнинг оналари султон Маликшоҳ ҳузурига ҳамда унинг кўнглига йўл излардилар. Фурсат ғанимат эди, чунки султон меросхўр номини ошкор қилган ва ўшал шаҳзоданинг тахтни эгалламоғига фақатгина Маликшоҳнинг ўзи ҳалақит берарди. Демак, имкон борида султоннинг фикрини ўзгартирмоқ учун саъй этмоқ лозим. Чунки ҳадемай кеч бўлади. Ана унда султонзодалар аро қатлиом бошланур ва уларнинг кўплари жон қайғусида ҳар тарафга тирқирагайлар. Лекин ҳозирча Туркон Хотундан ўзга маликаларнинг ёхуд шаҳзодаларнинг биронтаси султон томон йўл тополмасдилар. Туркон Хотун эса ҳал қилувчи одимни қўймоққа, тўғрироғи, сўнгги зарбани бермоққа шайланарди чоғи, чунки у султон атрофида кўп парвона бўлмоқда эди.
Бу кун Исфаҳон осмони ҳам, аҳли Исфаҳоннинг диллари ҳам рутубатли эди. Бу ҳуддики кўкламнинг чароғон қуёшини туйқус булут қоплаган мисоли эди...

2
Вазири аъзамнинг вафот этганига роппа-роса бир ой бўлган куни Хайёмни туйқусдан Маликшоҳ ўз ҳузурига чорлаб қолди. Буюк қалб ва мурувват соҳиби бўлмиш Низом ул Мулкнинг бевақт мудҳиш қазосидан сўнг нечукдир ҳувиллаб, ўз файзини йўқотиб бораётган янглиғ туюлган расадхонада султон чопарининг овози янграгач, тош деворлар орасига жон киргандай бўлди. Зеро бу улуғ айрилиқ расадхона аҳли учун бағоят катта йўқотиш бўлган эди. Ундаги кишиларнинг ҳар бирлари ўзича аза тутардилар, нафақат марҳум ҳурмати учун, балки расадхона ва илмлар истиқболи, қолаверса, ўзларининг бундан кейинги тақдирлари учун ҳам қайғурардилар. Шоирнинг айни кунлардаги кечмишлари ҳам бундан мустасно эмасди. У ҳам устози, валинеъмати бўлмиш вазири аъзамдан жудолик оловида бир куйса, расадхона юмушларининг, илмлар ривожи хусусидаги улкан режаларнинг барбод бўлмоғи мумкинлигини ўйлаб ўн куярди. Ҳа, шоир бу изтироблар исканжасида жизғанак эдики, ҳатто илки юмуш тутмоқни ихтиёр этмасди. Расадхонадаги сокин, бироқ бир қадар зимистонлик оғушига тушган ҳаёт шу зайл давом этаётган айни дамда султон ҳазратларининг Умар Хайёмни йўқлаб қолмоғи расадхона аҳлини хавотирга солгандан ҳам кўра мўлроқ умидлантирарди. Аммо шоир қалбининг бир четида унинг ўзигагина аён бўлган шубҳа-ю ҳадик ўйларига соя ташлаб турарди. У кўнглидаги бу хавотирни дўсту ёрларига сездирмасликка уринди, шундоқ ҳам эртанги кунга бўлган ишончини тобора йўқотиб бораётган қисматдошларини аяди.
Хайём кун чошгоҳга етганда султон саройи сари йўл олди. Унинг феълида азалдан мавжуд бўлган хиёл бадгумонлик ҳозир фикру ўйларига хуруж қилиб бораётган эса-да, кейинги йиллар мобайнида руҳиятида қарор топган сокинлик ҳамма-ҳаммасида Оллоҳга таваккул қилмоқликка ундарди. Қадамларини оҳиста босар, шуурида эса саройга ёвуқлашиб боргани сари, нажот менга ёхуд аҳли расадхона-ю илму ирфонга эмас, аввало султон ҳазратларига лозимдир балки, деган ўй тобора ёлқинланаверарди. Унинг бедор қалби ҳукмдорнинг оғир аҳволини, айни кунлардаги кечмишини жуда яхши ҳис қилмоқда эди...
Султон шоирни ўз боғида қарши олди. У бағоят енгил ва одми кийинганди- бошида тақя, эгнида юпқа гуллик чакмон, аммо оёғидаги этикгина шоҳона эди. Шоирни энг аввало мана шу ҳол, яъни фасли хазоннинг сарғимтир ожиз офтоби борлиқни илитолмай қолган, туну саҳарларда танни жунжуктиргувчи изғиринлар эса бошлаган бир пайтда олампаноҳнинг бу қадар енгил кийиниб олгани ҳайрон қолдирди. Бироқ султон мутлақо совуқни сезмаётгандай қаддини тик ва мардона тутиб турарди. У боғнинг либосларини ечмоққа ошиқаётган маҳзун оғочларига тикилганча хаёл оғушида ғарқ эди. Вале ушбу дамда боғни боғ дегулик ангори йўқ эди. Аввали куз ўз юмушини бажарган бўлса, қолаверса, бу ошёнда меҳрибон ва завқли бир назарнинг файзи сезилмасди. Яқинларда ҳам қийғос очилиб турган гулларнинг қуруқ шохларигина қолган, мевали ва мевасиз оғочлар эса ҳалиги аҳволда эди. Боғда на бирон бир чечакнинг ранг-туси кўринмас, на бирон бир сайрагувчи қушнинг товуши эшитилмасди. Ҳозир чор атроф, яъники гулзору боғнинг кўриниши султоннинг аҳвол руҳиясига, дил кечинмаларига уйқаш эди. Ҳаттоки бир замонлар Хайём султон ила ширин суҳбатлар қуриб, назмий лутфлардан завқланган шийпон ҳам буткул забун кўринар, унинг теграсидаги гуллардан-да нишона йўқ ва томидан ипакдай жилдираб оқиб тургувчи сувлар ҳам кўзга ташланмасди. Коризлардан келгувчи тип-тиниқ сувлар оқиб турганида ҳам бу масканга ҳозир олдингидай файз бағишламаслиги аён эди. Чунки, бир томони, кун совуқ бўлганидан сувнинг муздек таровати кишига хуш ёқмаса, яна бир ёғи, ҳар иккисининг ҳам, айниқса, султон Маликшоҳнинг бунга эҳтиёжи йўқ эди...
Ҳозир бутун олам забун, боғ забун, ўйлар маҳзун, кўнгиллар изтиробли, хотиралар азобли эди.
Султон Хайёмнинг келганлиги ҳақидаги хабарни мулозимдан эшитганидан сўнгра ҳам тақи беихтиёр ўйга чўмган эди. Шоирнинг саломини эшитгач, хаёлларидан айро тушди ва содиқ надимига ўгрилиб, унга пешвоз юрди.
-Омонда бормисиз, ё юлдузлар ошиғи?!-деди султон ва негадир ҳозир илк бора Хайём ила қучоқлашиб кўришди.
Ё алҳазар! Султон анча қариган ва бу ёвқур туркий тождорнинг саҳройи юзида бурунги шиддат ҳамда анча-мунча кишининг иродасини синдиргувчи сирли улуғворлик кўринмасди. Мана, ўша хотунлар макрининг улуғ донишманд вазири аъзам неча бор огоҳ этган мудҳиш оқибати, дея ўйларди Хайём султонга дил-дилидан ачиниб. Оламни титратган ва унинг ярмини фатҳ этган соҳиби қудратни ҳам шу аҳволга солибди-я бу аёл зоти.
-Бир замонлар чаманзор бўлган бу макон кўп файзсиз кўринадур, шоир. Маъқули, менинг сайисхонаму ажойибхонамни томоша қила қолайлик.-деди султон ва ўша ёққа бошлади.
Лекин Хайём ҳукмдорнинг муддаоси не эканлигини англаёлмасди. Шундай бўлса-да, сўзсиз итоат ила султонга эргашди.
-Чорловимнинг боисини тушунолмай ҳайронсиз, биламен.-деди султон бораркан. -Аммо мен ҳам оддий банда эканлигимни ва гоҳо кимларнидир соғинмоғим мумкинлигини унутмағайсиз. -У тўхтаб, шоирга юзланди, -Ҳа, Абулфатҳ Умар, мен сизни ва сизнинг суҳбатингизни соғиндим. -Султон тақи йўлга юзланди.
-Қуллуқ, олампаноҳ.-деди Хайём ҳукмдорнинг ортидан бўлса-да, хиёл таъзим қилиб. -Сизнинг бу қутлуғ сўзларингиз менинг забун бошимни арш қадар юксалтирди.
Сайисхона дарвозасидан киришлари ҳамоно мирохур (отбоқарлар бошлиғи) султонга таъзим ила пешвоз чиқди. Аммо димоғи сўлғин бир кўйда бўлган ҳукмдор бу мулозаматга эътибор ҳам, майл ҳам билдирмади-да, ўзининг суюкли отлари томон юрди.
Бу жойда киши кўп эди. Бири отларни ювган, бири емиш берган, тақи бошқаси эса хос қўраларда отларнинг машқи ила банд. Отхонанинг бостирмасида бўлса бир неча синчилар бир-биридан гўзал арғумоқларни кўздан кечирадилар. Хуллас, барча хизматчилар ўз юмушлари ила банд.
Султон тўппа-тўғри соғ ёқдаги бостирма томон юрди. У ерда бўйдор, ёллари ўсиқ оппоқ икки от турарди. Уларнинг адл қомати, ердан кўпчиётган янглиғ кўриниши ёз осмонида яхлит-яхлит бўлиб, турфа хил шакллар пайдо қилиб сузиб юрган улкан булутларни ёдга солади. Султон ўшал булутменгиз отлар ёнига борди. Одми ва енгил кийинганлиги ҳамда ўзгага ноаён бўлган зил-замбил кечмишлар туфайли ҳалигина жуссаси кичрайиб қолгандай туюлган султон энди бирданига ўсиб кетди, қомати алпларга қиёс қилгулик даражада улканлашди. От азал-азалдан эр кишининг, айниқса, тождорларнинг шавкати ҳисобланганки, у тағин ҳар эрга улуғворлик ҳам бахш этади. Бу олам не-не шоҳлару соҳиби давлатларни кўрмаган ва улар орасида шундайлари ҳам бўлганки, отга бўлган муҳаббатлари қошида ўзга кўнгил майллари ҳеч эди.
Султон бармоқлари ила от ёлини тараркан, беихтиёр пичирлади:
-Ҳа, жонивор, мени соғингдингму? Улуғ юришларни, биёбонда елдек учишларни қўмсадингму?.. -Сўнг бир пас жим қолиб, юзини от юзига босди. -Мен ҳам ул ёвқур дамларни соғиндим, дўстим!. Унинг кўзлари мунглиғ-мунглиғ бўлиб кетди. Негадир ушбу дам от ҳам бағоят ғамгин боқмоқда эди. Ҳукмдор соғ илки ила отни қучоқлаб, юзини юзига босиб анча турди ва сўнг Хайёмга ўгрилди.
-Бир гап айтсам инонурмисиз, шоир?-деди-ю ҳамроҳининг хижолатли нигоҳига боқиб, жавобни ҳам кутмай, тилида туйқус пайдо бўлган турк-ўғиз лаҳжасида давом этди. -Менинғ энғ бахтиёр онларим от устида кечган кунларимда қолмиш!.. -Ҳа, у ҳукмдор, бўлиб ҳамки, қудратли ҳукмдор эди. Бироқ унинг томирларида ёвқур ва ҳур саҳройи паҳлавонларнинг қони оқардики, мана бу саройлару қўрғонли шаҳарлар унинг эркка ташна қалбига торлик қиларди. Фақат унинг ўзи буни тўла англай олмасди.
-Олампаноҳ Оллоҳнинг бу гўзал маҳлуқига бағоят муҳаббат қўймишлар, шул боис... -Хайём айни пайт учун муносиб сўз тополмасди.
Маликшоҳ шоирнинг сўзини гўё эшитмагандай, сўзсиз бурилиб, отлардан йироқлашди. Йироқлашаркан, қадам босгани сари жуссаси яна кичрайиб бораверди. Энди у турфа жониворлар сақлангувчи ажойибхонаси томон йўл тутганди.
Бу ерда хизматкорлар озчилик эдилар. Ажойибхонанинг тош ётқизилган узун йўлагининг ҳар икки тарафига катта-кичик қафаслар қурилганди. Уларда ҳар турли дарранда-ю паррандалар сақланарди ва бу жониворларнинг қоришиқ овозлари паст-баланд бўлиб оламни тутганди. Ана йўлакнинг ўнг томонидаги қафасларда макон топган бўри, шоқол, қоплон, йўлбарс, тулки, шер ва яна ўзга маҳлуқлар кетма-кет ириллайдилар, хириллайдилар. Сўл ёқдаги қафаслар эса ихчамроқ бўлиб, икки қаватли эди. Уларда турли паррандалар-сайроқи-ю сайрамайдиган қушлар сақланарди. Қушлар орасида тўтидан тортиб қумригача, кўзлари чақчайган бойўғлидан тортиб лочингача бор эди. Дарвоқе, лочинлар!.. Султон уларни бағоят севарди ва у ҳар сафар бу ёвқур соҳиби қанотларга боқаркан, ўзида ҳам мислсиз куч-қудратни ҳис этарди. Ахир улар қушларнинг шоҳи эмасми? Бу эса башар ҳукмдори. Бу уйқашлик бежиз эмаски, лочинлардаги улуғворлик, ғурур ва шиддат султонларга ярашиқли эди. Лочинлардан бири-энг улкани қафас ичидаги қўноқда бошини тик тутганча тек қотган. У султонни танидими ёхуд рўбарўсида турган инсон ҳам ҳукмдор эканлигини билганиданми, думалоқ кўзларини унга қадади. Султон ҳам тизгинсиз ички бир хоҳиш ила лочинга тикилди. Қаттиқ тикилди. Шу қадар тикилдики, унинг кўз олдида қушнинг яхлитлашган бир жуфт кўзи қолди. Во дариғ! Йўқ, энди у улуғликка тимсол бўлмиш бу қушдан куч олмади, аксинча, елкалари баттар осилиб, жисми буткул шалвираб қолди ва лочиннинг ўткир нигоҳига ортиқ дош беролмай, кўзларини яширди. Ичдан хўрлиги келди ва совуққотганидан тани титраётганини сезди. Яхшики, нарироқда илкида қалин тўн тутганча турган, Хайём шу маҳалгача сезмаган мулозим, султоннинг аҳволини пайқаб, унга яқинлашди. Ҳукмдор сўзсиз итоаткорлик ила қайрилиб, мулозим ҳозирлаган либосни кийди ва ҳатто унга бир муддат бурканиб ҳам олди.
-Тождорлик сенга ярашур, ё соҳиби қанотлар султони! -деди Маликшоҳ ва Хайёмга ўгрилиб, аянчли жилмайди.-Тўғри эмасми, эй, назм султони?
Хайём ҳозир ҳар не сўз ўринсиз эканлигини тушунди ва султоннинг алпозига боқаркан, буюк салжуқийлар ҳукмронлиги ҳам интиҳо топаётганлигини фаҳмлади. Чунки, султон Маликшоҳнинг забун аҳволи шунга ишорат эди. Бу шоирни ҳам бағоят мутаассир этди ва унинг бўғзига нимарсадир тиқилгандай бўлиб, энтикиб кетди. Бағрида бир улуғ наъра жунбушга келди. Қачонлардан бери сокинлик касб этган вужудида тақи иккига айрилиш пайдо бўлиб, ичидан яна бир Хайём сидрилиб чиқа бошлади. Аммо у буни истамасди, ўзидаги кўп саъйлар ила топган буюк ҳаловатни бой бермоқликка ихтиёрсиз эди. Унинг бўғзидаги отилмоққа ҳозир наърага ва иккинчи Хайёмнинг зоҳир бўлмоғига эса илму маърифат улуғ вазири аъзам вафоти туфайли кўп азиятларга рўбарў келаётганлигини, энди бутун аҳли зиёнинг ҳомийси, паноҳи бўлмиш султон Маликшоҳнинг инқирози эса фузалою шуаронинг буткул ҳалокати муқаррарлигини исбот этаётганлигини англаб етганлиги боис эди. Бу чин маънода ҳалокат эди ва оқибат шоир бағрида улуғ наърага сингган исён бино бўлганди. Бироқ у ҳар не оғир бўлмасин шайтонга хайр бериб, аламини ичига ютди ва Султонга далда бермоққа уринди.
-Мен бу жониворларни бир умр жам этдим. Оллоҳнинг ҳур маҳлуқларини тутиб, бандиликка маҳкум этдим. -дерди султон олдга қараб юраркан. -Мен бу маҳкумликдан қувондим, уни ўзимга эрмак қилдим! Энди эса... -У нечукдир сўздан тўхтади.
Одам табиати азалдан шундай-бир тушкунлик чоҳига рўбарў келдими, тамом, ўзини ўнглаб олмоғи мушкул. Бу ҳам бўлса балки шайтони лаъиннинг найранги чиқар. Султон ҳам ўшал чоҳ оғзида бир оёғи муаллақ, бир ёғи эса титраган ҳолда қолган эди. Бир замонлар, ҳатто кеча яқинда ҳам унга завқу шавқ, билакларига куч, юрагига мадор бахш этган манови турфа жониворлар энди ўз қисматлари боис унинг бағрини эзиб, жонини ўртай бошлаганди.
Султон тақи олдга юрди. Анчагача бирон сўз демади. Сўнг тўхтади ва Хайём сари ўгрилди.
-Шеър айтинг, шоир, ўтинамен.-деди бағоят мулойим овозда.
Хайём чиндан-да шеър хаёли ила бандмиди ёхуд бул рубоийни аввал битиб, ҳозир шуурида айланаётганмиди, султонни узоқ куттирмай, дарҳол унинг ўтинчини ижобат этмоққа тушди:


Жаҳон ишин алвон-алвон кўрамен,
Оламни тез ўтар бир он кўрамен.
Худо ҳаққи, қайга назар ташламай,
Шунда бахтсизлигим аён кўрамен.

Султон олис-олисларга тикилиб тураркан, шеърнинг охирги икки бандини пичирлаб такрорлади:
-«Худо ҳаққи, қайга назар ташламай, шунда бахтсизлигим аён кўрамен». сиз, шоир, валийсиз. Баайни топиб айтдингиз!.. -деди ва яна йўлида давом этди.
Ана, ёнма-ён икки қавасда икки баҳайбат шер турибди. Маликшоҳ уларга яқин келди ва қаттиқ тикиларкан, Хайёмдан сўради:
-Буларни танидингизму, шоир?
Хайём шошиб Султонга бақамти келаркан, деди:
-Афу этгайсиз, олампаноҳ, танимадим.
-Сўнгги шикори кабирни эсланг. -Султон бироз сукутда турди. -Булар ўша онасиз қолган икки шерваччалардур.
-Ҳа-ҳа, эсладим, олампаноҳ. Ё Оллоҳ! Улар шу қадар улғайдилурму?-деб юборди Хайём ҳайратини яширолмай.
-Ҳа, улар улғайдилар.-деди султон мудом ўйчан ва тили яна турк-ўғиз ла0_жасига кўчаверди. -Онаси эса болалари учун ўзини қурбон қилди. Бу даррандалар шоҳи бўлмиш шер модасининғ тутими. У манов шерваччалар учун ўз жонидан кечди. Одамийзот онаси эса ўз фарзандининғ омонлиғи йўлида мени қурбон этмоқчи. -Султон бу гапларни гўё ўзига ўзи айтаётгандек сўзларди.
Хайём аввалига унинг бу гапларидан лол қолди. Тушунмади. Сўнг Султоннинг бу кунги аҳволини ўйлаб, гап не хусусда бораётганлигини тушунгандек бўлди. Асли унинг хавфи ҳам шундан эди.
Султон етовида ортга қа йтдилар. Ҳукмдор энди ўктам бир овозда сўзламоққа киришди:
-Одам ўзидан ортиқ яшолмас экан, ё Абул Фатҳ Умар, яшолмас экан. Қанча куйиб- ёнмасин ёзуқ ҳақ ва у ўзгармасдир. Бу ҳукм шоҳу гадога баробар эканлигини англадим, ё дўст! Оллоҳ таборака таоло шу қадар раҳим ва шафқат соҳиби эканки, у ҳар банда бошига келгувчи балони, қазоси сабабини унинг ўзига аввалдан аён қилиб қўюр экан. Аммо ғофил одамийзот буни ҳамиша ҳам англайвермас экан. Билакс, минг бир ишоратга қарамай, ўша бало ёғдиргувчи кимарса ёхуд нимарсага меҳр қўйиб, унга интилиб яшайвераркан... -Султон бир пас ўйчан борди, сўнг, -Худо менга ҳам ишоратлар берган эди.-деди ожиз товушда.
Унга ошно бораётган шоир эса ушбуни хаёллаб борарди: инсон вужудидаги ихтиёрсиз қўрқув кўп ҳолларда уни алдамас экан. Ахир одам ҳамиша қўрқув ва умид пинжида яшайди-ку. Башар фарзандини соҳиби қудрат қилган ҳам шу икки туйғу эмасми? Ҳукмдор эса энди на қўрқув ва на умидга ошнодир...
Саройга етишгач, султон Хайёмни бирга танаввул этмоқликка таклиф қилди. Бу ҳам амр, ҳам истак эди ва у ҳукмдорга доҳил эди. Уни рад этмоққа шоир имконсиз ва ҳам ихтиёрсиз эди. Чунки у султонга далда бермоқни, кўнглини кўтармоқни ва айни дамда таназзулга юз тутаётган исломпарвар буюк бир салтанатни омонда сақламоқни истарди. Бунинг учун сўниб бораётган султоннинг юрагида тақи олов ёқмоқ лозим эди.
Султоннинг ҳордиқхонасига кирдилар. Ҳукмдор анчагина совуқ еганди. Шунинг учун у ўтиргани ҳамоно икки қул келиб, пойабзалини ечдилар. Бири идишда сув келтириб, унга қандайдир гиёҳнинг толқонини аралаштириб, султоннинг оёғига тутди. Оёғини иссиқ сувга солгач, у ҳузурланиб кўзларини юмди. Қул султоннинг сув ичида турган оёқларини бармоқларига қўшиб уқалади. Маълум фурсат ўтгач, унинг оёқларини сувдан олдилар ва иккинчи қул юмшоқ сочиқ ила уларни обдон артди. Ниҳоят жун мато ила оёқлари ўраб қўйилган султон ўнг ёнига ёнбошлади. Аёқларга қуйилган илиқ майнинг бирини ўзи олиб, иккинчисини Хайёмга ишорат этди. Ичдилар. Бироздан сўнг иккаловлари танаввулга киришдилар. Бироқ султон май ичганига қарамай, иштаҳасиз эди. Шоирнинг наздида, номигагина тотиниб ўтиргандай туюлди. Унинг май оташи таъсир этган юзида баттарроқ забунлик зоҳир бўлди. Бундан шоирнинг юрак-бағри эзилиб кетди. Султоним, сизга не бўлди? Қаддингизни кўтаринг, олам эли сизнинг шижоат ва ҳимматингизга муҳтож турурки, бу ҳолингиз нечун?! Сиз шерзодасиз, олампаноҳ, илло шерлик қилинг, дея ҳайқиргиси келарди унинг. Бироқ рўбарўсидаги зотнинг тождорлик мақоми бунга изн бермасди.
-Яхшики сиз борсиз, шоир.-дея ниҳоят тилга кирди Султон, -Анча енгил тортдим. Оллоҳимнинг назаргоҳида (қалбимда) бир ком (умид, орзу) кўрингандай бўлди. -Сўнг сузилган кўзларида ва лабларида билинар-билинмас табассум жилва қилди-да, деди. -Энди шатранжга қалайсиз, дўстим?
Хайём тараддудланди.
-Олампаноҳниг шер панжасида сайд янглиғ ожиз қолмоқликдан қўрқадурмен.-деди лутф қилиб.
-Бундайин муболағага ҳожат йўқ, илло сизнинг панжангиз заҳрини ҳам унутмаганмиз.
Кулишдилар.
Шу асно бошқа хонага кўчиб, шатранж сурмоққа киришдилар. Султоннинг хаёли паришонлигиданми ёхуд чиндан ҳам шатранж майдонидаунинг омад тулпори чопмай қолганмиди, Хайём уни ҳарчанд танг аҳволга солмасликка уринмасин барибир имконини бой бериб қўяверарди. Аслида шоир ҳозир султоннинг ғалаба қозониб, шодланмоғини дил-дилдан истарди, бироқ бу истаги сира-сира амалга ошмасди. Султон эса буни ҳам ўзича тушунди, яъни ўз тақдирига ишорат деб билди. Эҳтимол шул боисданми ёки бошқа сабаби бормиди, нечукдир у Хайёмни қўйиб юбормоқликни асло истамасди.
Рўбарўда мулозим пайдо бўлиб, малика Туркон Хотун султон ҳазратларининг ҳузурига кирмоққа изн сўраётганлигини маълум қилди. Маликшоҳ туйқус шоирга ўгирилди. Шоир эса фурсат етганлигини англаб, ўрнидан қўпди ва таъзим ила кетишга ижозат сўради. Султон ноилож ижозат беришга берди-ю аммо хонани тарк этаётган суюкли надимига шундайин нигоҳ ила боқдики... Унинг кўзлари гўё қассоб илкидаги жонлиқнинг кўзларига ўхшарди. Султон Маликшоҳнинг кўзлари-я! Бу нигоҳни Хайём бир умр эслаб ўтади ҳали.
У бўсағада малика Туркон Хотун ила тўқнаш келди. Малика унга мағрур ва таънали боқди, ҳатто саломлашмади ҳам. Нигоҳи унинг кўзларини тарк этаётган сўнгги лаҳзаларда эса юзида кинояли, шунингдек, тантанавор бир табассум пайдо бўлди.

Ўнинчи боб
1
Султоннинг кўнглини овлаб, унга бетакрор бир кечани ваъда қилиб қайтган Туркон Хотун ўзининг ишончли кишиси бўлмиш, айни дамда унинг инон-ихтиёри ила вазири аъзамлик мақомида бутун салтанатни сўраб турган Тож ал Мулкни ҳузурига чорлади. Бағрида буюк бир қасос олови ёнаётганлигини энди унинг ўзи ҳам тан оларди. Бу олов бутун салжуқийлар сулоласини, биринчи галда, султон Маликшоҳ куйдирмоққа тайёр эди. Ахир шу саҳройи қавм эмасми, қорахонийлардек олий насаб ҳукмдорлар сулоласининг илдизига болта уриб, уларнинг сарҳадларига даҳл қилиб, ожизлашувига сабаб бўлган? Албатта шулар. Зеро Бухородек азим ва шавкатли шаҳар уларга тобе бўлди, қорахонийлар яратган илму маърифат ҳамда гўзал меъморий иншоотлар ўшал ёввойиларнинг соясида қолиб кетди. Оқибатда Қорахонийлар сулоласининг қудратига путур етди. Ҳадемай улардан ном-нишон қолмаслиги ҳам мумкинки, илло бу кўргуликларнинг барчасига мана шу салжуқийлар сабабчидир. Унинг чексиз орзу-умидларига, гўзал ёшлигига раҳна солганлар ҳам ана шулар. Уни файзли ошёни бўлмиш Бухородан айру этиб, Исфаҳон зиндонида банди қилганлар ҳам ўшалар. Бухоронинг асир олиниб, Исфаҳон сари жўнатилган ҳукмдори, Туркон Хотуннинг жияни Аҳмадхоннинг қисмати ҳам мудом ноаён. Агар тирик бўлса, қаерларда хору зор юрибди экан ул манглайи шўр?.. Мана энди қасос они келди. Мана энди қудратли Маликшоҳ ибн Алп Арслоннинг аҳволи танг бўлғай. Энди унинг раҳнамоси, уни ҳамиша раият ила яқин тутиб келган устози, борингки, ҳимоячиси Низом ул Мулк йўқ. Эҳтимол у ҳам султонини кутиб ётгандир. Анови шоирвачча эса нажотга муҳтож, зеро эртага малика қўптиргувчи тўфон улкан тевани, яъни султонни осмонга учирмоққа қодир экан, бир кичкина така-Хайёмни ердан узолмасми? Ҳа, узади, учиради. Учирганда ҳам чирпирак қилиб учиради. Унинг расадхонаси-ю фузалосига, назму илмига ва ҳатто юлдузларига ғорат солади. Ҳар куни султон Маликшоҳга ҳамду сано ўқиган аркони давлатлару амирларнинг бир таҳдидли ҳоли борки, эртага тахт вориси шаҳзода Маҳмудга-унинг ўғлига тиз букадилар. Агар бундан бош тортсалар жаллод шамшири бу кераксиз бошларни чопиб ташлагувсидир. Энди у қасос шамширини яланғочлаб, буларнинг барчасини уҳдалайди. Исфаҳон тахтига ўғлини ўтқазиб, бутун оламга даҳл қилгувчи маликага айланади.
Вазири аъзам Тож ал Мулк ҳузурига кириб келганида малика Туркон Хотун чуқур ўйга ботиб ўлтирар эди. У вазирни кўриб, ўрнидан турди ва
-Фурсат етди, ё вазири аъзам!-деди кўзлари ёвуз чақнаб.
-Оллоҳга шукур!-дея Тож ал Мулк хушомадгўйларча таъзим қилди. -Мана энди шавкатли шаҳзодамизнинг қутлуғ манглайида музаффарият қуёши балқгай, иншооллоҳ!
Малика содиқ кишисининг бу ёқимли гапларига мулойим табассум ила жавоб берди-да, муддаога кўчди:
-Бу кеч бошкентимиз Исфаҳон сизнинг инон-ихтиёрингизда бўлғай. Шом кириши ила барча дарвозаларни беркитиб, соқчиларни кўпайтиргайсиз. Биронта тирик жон шаҳарга на кирмасин ва на ундан чиқмасин.-Малика неларнингдир мулоҳазасида бироз жим қолди ва сўнг деди: -Жамики шаҳзодаларни, малика отлиғ насл-насабсиз ожизаларни ўз қароргоҳларида ҳибсда тутғайсиз, токи мендан бир фармон бўлмагунча. Бизларга ғаним бўлмиш амирларни эса ўзингиз яхши билурсиз. Уларни ҳам банди зиндон этурсиз, итоатсизларини эса қатл этмоғингизга ижозат берурмен.
-Арслон Тошни ҳамми?-бетоқатларча маликанинг сўзини бўлди вазири аъзам. Чунки у султон Маликшоҳнинг садоқатли лашкарбошиси бўлмиш амир Асрлон Тошдан ҳам қўрқарди, ҳам ана ўша қўрқув ортидан туғилган ўч алангасида ёнарди. Шунинг учун ҳам имкон туғилди дегунча амирлар амири Арслон Тошни бўғизлаб ташламоққа ҳозир эди.
-Энг аввало ана ўша тўнғиз мижозни даф қилғайсиз.-деди малика таъкидлаб. -Лашкарнинг асосий қисмини ҳам ўз итоатингизга олмоққа саъй этинг. Аммо барча уринишларингиз авомга асло зиён-заҳмат етказмасин.
-Расадхонани, унинг аҳлини не қилурмиз, маликам?
-Ул нужумпарасту китобпарастларнинг илкидан не ҳам келарди, вазири аъзам.-деди Туркон Хотун ва Хайёмнинг суякдор юзи ҳамда жуссаси кўз олдига келди. -Аммо уларни ҳам назарингиздан қочирмағайсиз. Қани, омин! -Малика кафтларини очди,-Оллоҳнинг ўзи бизларга мададкор бўлсин, Оллоҳу акбар!
Тож ал Мулк хонани тарк этди. Малика у чиқиб кетгани ҳамоно саройбекани ҳузурига чорлади. Унга бу кеч султон ҳазратлари ташриф буюришини айтиб, хобхонани энг қимматбаҳо матолар ила безатмоқни, энг танқис мушку анбарлар ила бўйлатмоқни буюрди. Токи ҳукмдор бугунгидек ҳузур-ҳаловатни, орому лаззатни ҳеч қачон бошидан кечирмаган бўлсин, дея уқдирди.
-Энг ҳалийм ва лаззатли майлардан, таомлардан ҳозирлагайсен. Илло султонимизнинг қалбида ҳеч қандайин шубҳа-ю гумонларга ўрин қолмай, бизнинг оғушимизга сингиб кетсин.-деди Туркон Хотун сўзларини тугатаркан.
Филҳақиқат, шундай ҳам бўлди-малика султон Маликшоҳга бетакрор бир кечани, висол лаззатини ҳадя этди. Ниҳоят султон барча шубҳа-ю гумонлардан мосуво бўлиб, ҳузур оғушида қолди. Сўнгги лаҳзаларда ҳамма-ҳаммасини унутди...

2
Хайём тун бўйи Исфаҳонда мудҳиш бир безовталик ҳукм сурганлигини сезиб ётди. Султоннинг хайрлашув онидаги нигоҳи, ундаги маъно сира-сира кўз ўнгидан кетмади.
Чиндан ҳам Исфаҳон бу тунни ғоят бедор ўтказди. Энг олдин шаҳзодалару маликаларнинг ва сарой аъёнларининг, амирларнинг товонларига чўғ тушди. Сон-саноқсиз, бунинг устига, тез-тез хожасини ўзгартириб тургувчи ҳуфияларнинг, айғоқчиларнинг оёқлари-ю тиллари тиним билмайди. Бир пасда уни бунга, оқни қорага ёхуд қорани оққа сотиб ташлашади. Кечагина оёқларини ўпиб, илкидан емиш егани хожасининг нон-тузи ҳурматини ҳам унутиб, уни нажасга қориб юборадилар. Бу кеч бунда ҳар тилда чақув, маломат, ҳар дилда нонкўрлигу хиёнат соҳиблик қилади, садоқат, фидолик отлиғ башарий туйғулар бўзлаб-бўзлаб қоладилар.
Султоннинг салжуқий малика Зубайда Хотундан бўлган ўғли Беркёруқ бир неча содиқ кишиларини, волидасини олиб, биринчилар қатори Исфаҳонни тарк этди. У омонлик истаб ва ҳаммаслакларини излаб кўҳна Балх сари юз тутди. Амирларнинг бир қисми у билан кетган бўлсалар, бир қисми султоннинг канизак хотинидан туғилган ўғиллари бўлмиш шаҳзодалар-Муҳаммад ва Санжар ила қолдилар. Бироқ бу икки шаҳзодани бир фурсат ғафлат босди. Улар ё падари бузрукворларининг қорахоний хотинидан бўлган ўғлини валиаҳд қилиб кўтарганлигидан аразлашиб, султоннинг ўлимини кутдилар ва ё салжуқий бўлганликлари боис ҳар қандай ҳолатда ҳам Маҳмудга бас келиб, уни янчиб ташламоқликларига ишондилар. Не бўлганда ҳам улар ўз қасрларида банди этилдилар. Амир Арслон Тош ва тақи бир қанча амирлар, сарой ҳамда девоннинг нуфузли мансабдорлари зиндонбанд этилдилар. Халқ эса не қиларини билмай ва бу фитналарнинг кўпидан ғофил ҳолда ўз кулбасида ўз қора қозонига арзи ҳол айтарди. Ҳатто айни дамда эҳтирос оғушида ғарқ бўлган султон ҳам бу воқеотлардан бехабар эди.
Умар Хайём ўз ошёнасида нотинч тунга қулоқ тутиб, ўй суриб ётаркан, беихтиёр раҳматли падари бузруквори сўзлаб берган савдогар ва қул ҳақидаги ривоятни эслади. Ҳа, бу оламда ҳамма нарса фоний, мана шу фонийликни англаб етган одамгина улуғликка етишгай, мақоми юксалгай. Шоҳлик, кучу қудрат, бойлигу шон-шуҳрат ҳам бу илоҳий ёзиқ қошида ҳеч экан. Ҳуддики Уқлидуснинг икки ёндош чизиғи ҳеч қачон бир-бири ила туташмаслиги каби оламнинг мангу ва ўзгармас ақоиди бу ҳам. Акс ҳолда подшоҳликка эришган ҳов ўша қул ва ёки дунёнинг ярмига соҳиблик қилган султон Маликшоҳ бирон нимарсага сазовор бўлардилар. Аммо уларнинг бор-йўқ топганлари адамлик бўлмадими? Дариғоким, айни шундай. Магарам султон Маликшоҳ чексиз-чегарасиз салтанатига ва ёки беадад бойликларига инонганмиди? Энди улар кимларнинг илкида қолур ва ёхуд ўшал нимарсалар унинг бир бора тортган надоматли оҳига малҳам бўла оладиларми? Балки у ўз пушти камаридан туғилган фарзандларига умид боғлаганмиди? Ахир улар бу кун бир-бирининг бўғзини пойлаган даррандалар мисоли эмасми?! Улар ҳатто падари бузруквори бўлмиш султонни ҳам ғажиб ташламоққа ҳозир турурлар-ку! Бу не кўргулик?! Бу не шўриш?! Ахир у отаси султон Алп Арслонга хиёнат қилмоқ тугул кўзига тик боқмаганди-ку? Буни Хайём Низом ул Мулкнинг тилидан неча бор эшитган. Унда Маликшоҳнинг бошига тушаётган бу кунги хорликларга боис не? Қайси гуноҳлари учун бундайин забунликка юз тутди?.. Хайём бунинг сабабини тушунгандай бўлади. Яъни султон Маликшоҳ ҳам ўша сирли оралиқни унутиб қўйди, чоғи. Ўз мамлакати-ю халқи ва олам ўртасидаги оралиқни. Чунки ҳарки ҳукмдор агар халқидан оғча, уни унутади ва ҳаволаниб, шон-шуҳратга берилади. Мабодо бу ёруғ оламдан оғса, унинг фикри тораяди ва майда ташвишлар ила ўралашиб қолади. Ҳа, султон муқаррар оралиқни унутди ёхуд уни пайқай олмай қолди...
Ниҳоят тонг отди. Бироқ у қаро-қаро бўлиб отди. Не-не давру давронларни бошидан ўтказган кўҳна Исфаҳон осмонини сим-сиё булутлар қоплаб олгандай бўлди. Энди бошкентни осойишта ҳаёт бутунлай тарк айлагани аён эди.
Бомдод намозидан бир соатча фурсат ўтиб, яъни ишрок маҳали расадхонага ҳам ўша совуқ хабар етиб келди. Уни бу ерга ким олиб келганлигини ҳам биров пайқамай қолди. Аҳли расадхона бу хабарни ваҳима ичра оҳ-воҳ ила кутиб олган бўлса-да, Хайёмнинг ҳолатида ҳеч қандай ўзгариш рўй бермади. У гўё бу воқеа содир бўлишини билгандек эди...
Султон Муҳаммад Жалолиддин Маликшоҳ ибн Алп Арслон оламдан ўтибди...
Хайём ўйчан ва хомуш ўлтираркан, султоннинг хайрлашув онидаги нигоҳи кўз ўнгидан нари кетмасди. Шунчалар тенгсиз қудрат соҳиби бўлмиш бир ҳукмдорнинг бу қадар ожизу нотавон аҳволда қолганлигидан надомат чекарди. Шу билан бирга энди Исфаҳонда илму маърифат ва тинчликнинг ҳам куни битганлигини сезиб турарди. Энди унинг ҳам Исфаҳондан ризқ-насибаси узилади чоғи.
Ҳали султоннинг жанозаси ўқилмаёқ шаҳарда миш-миш тарқалди: ҳукмдорни кимдир заҳарлабди. Барча ул кимсанинг ким эканлигини яхши билса-да, исмини овоз чиқариб айтолмасди... Жанозада султоннинг ўғилларидан валиаҳд Маҳмуд қатнашди холос. Орадан бир неча кун ўтиб, ҳали султоннинг тупроғи совумай пойтахтда талотўп ва ҳатто қатлиом бошланди. Ака-ука шаҳзодалар ўз тарафдорларини йиғмоққа тушдилар ва шу тариқа ўзларига ғаним билганларини қиличдан ўтказардилар. Шаҳзода Маҳмуд Исфаҳон тахтини эгаллаган бўлса, Муҳаммад ва Санжар ҳам лашкарнинг бир қисмини олиб, бошкентни тарк этдилар. Энди султонзода оға-иниларнинг ҳаммалари ўзаро жангга ҳозирлик кўрардилар. Бир томонда гоҳо-гоҳо исмоилийларнинг фитналари ҳам сезилиб қоларди. Расадхона юмушлари, мадрасалар, хусусан, Низомиядаги сабоқлар ҳам аста-секин тўхтатилди. Исфаҳонга қиш совуғи кириб келиши билан бирга уни мудҳиш бир рутубат ҳам эгаллаб борарди.
Бу орада шаҳар бўйлаб Туркон Хотун оғир дардга чалиниб, тўшакка михланиб қолганлиги ҳақидаги гаплар тарқалди. У бир неча бора Хайёмни ўз ҳузурига чорлади, бироқ шоир уни кўрмоқни истамади. Барча ёвузликлари учун тақдир маликадан бешафқат қасос олмоғини Хайём яхши биларди...
Хайём буюк салтанатдаги бу кунги эврилишлар ҳақида ва одам боласининг гуноҳга нақадар ўчлигини ўйларкан, тақи беихтиёр Ғаззолийни эслади. Илло алкимёгарлар кибратул аҳмарни кашф этиб, мисни олтинга айлантирмоқнинг ҳадисини олганликлари аён. Аммо Хайём чинакам кибратул аҳмар авлиёлар, аҳли дониш суҳбати деб билади. Ахир ҳар одамнинг гўзал суҳбатлар туфайли топган кўнгил дурлари қайси олтину жавоҳирлардан кам? Зеро бечора султон Маликшоҳ учун донишманд Низом ул Мулкнинг суҳбатлари чинакам кибратул аҳмар эди. (Эҳтимол Хайёмнинг суҳбатлари ҳам султон учун айни шундайин маънога эга бўлгандир.) Хайём эса ҳали шу вақтгача Абу Ҳомид каби ҳамсуҳбатни учратмади. Энди эса у туфайли қалби нечоғли зийнатланганлигини англаб турибди. У аҳли замона ҳақида ҳам хўп гапларни айтгувчи эди. Эҳтимол унинг ўшал гаплари малика Туркон Хотунга ҳам тааллуқли чиқар...
Гуноҳларнинг оқибати қалбнинг ўлими ила натижаланади, дерди Ғаззолий суҳбатлар асносида, лекин бу ўлимни бу дунёда бу кўзлар ила кўриб бўлмайди. Қилмишларининг гуноҳ эканини билсалар-да, камдан-кам инсон гуноҳдан тийилади. Шунинг учун уларнинг қалб хасталигини Оллоҳга ҳавола этиб, ўзлари фақат баданий ҳасталиклар муолажаси ила банд бўлиб қолаётганини кўрасан. Зеро қалб хасталигининг муолажаси оғирдир. Бу ҳасталикни табибсиз даволаб бўлмайди. Табиблар ким? Албатта, олимлардир. Афсуски, асримиз олимларининг ўзлари хасталикка чалиниб, ўзлари давога муҳтож бўлдилар. Олимларнинг бу нуқсони умум тус олган қалб хасталиги орасида кўринмай қолди. Ҳатто бу уларга тасалли бўлди. Натижада олимлар халқни чалғитдилар, уларга дардни зиёда қиладиган дориларни буюрдилар. Чунки ўта ҳалокатли бўлган « ҳуббуд-дунё» (дунёни яхши кўриш) деб аталган ўлат чор тарафни эгаллаган эди. Бу дард табибларни ҳам тўла мағлуб қилди. Энди улар халқни бу касалликдан огоҳ этмоққа қодир эмас эдилар. Нега? Чунки ўзларига нисбатан ҳақли равишда шундай гаплар айтилмоғидан чўчирдилар: «Сизга не бўлди?* Ўзингиз бу дарддан қутулолмай туриб, яна бизга ундан қандай халос бўлмоқ йўлини ўргатмоқчимисиз?» Қачонки табиб нодон ва хоин бўлса, беморни ҳалокатга судрайди. Чунки унинг дориси заҳар, даволаш йўли ундан ҳам баттар... Нақадар топиб айтарди бу Абу Ҳомид. Унинг бу гапларида ўз аксимиз худди кўзгудаги каби аниқ-равшан намоён эмасми, ахир?!..
Ўша кеч шоирнинг хомасидан ушбу сатрлар тўкилди:


Жаҳон сири бўлсин дил дафтарида,
Очсанг, бошга бало эл назарида.
Дилдаги ҳар гапни айтиб бўлмайди,
Сен бу нодонлардан турғил, нарида.
Кошки тинч жой топиб, кетиб бўлсайди,
Ё бу узоқ йўлни ўтиб бўлсайди.
Юз минг йилдан кейин орзу-умидлар
Тупроқдан кўкатдек униб, кулсайди.

Ниҳоят Абул Фатҳ Умар ибн Иброҳим Исфаҳонни тарк этмоққa аҳд қилди.

Ўн биринчи боб
Хайём Нишопурга боргувчи карвоннинг йўлга чиқмоғини кутарди. Жамики анжомларини йиғиштириб, сафарга тахт қилиб қўйди. Аслида унинг юк бўлгулик нимаси ҳам бор эди: бир неча сандиққа жо бўлган китоблари-ю қўлёзмалари бор холос. Ҳаммаси йиғилиб икки туя ва бир отга юк бўлар. Буёғи энди Нишопур карвони йўлга тушса бас.
Бу кун ҳам бомдод намозини ўқиб бўлгандан бери вақти кутмоқ ила ўтаётган Хайём чошгоҳга бориб зерикди. Ҳаво совуқлигига қарамай, бир пас сайр қилиб, расадхона атрофини сўнгги бор айлангиси келди. Яна қайта бу ерларни кўрмоқ насиб этадими-йўқми, номаълум. Ҳар тугул бу гўзал маъвода, тоғнинг сўлим бағридаги бу жаннатий ошёнда умрининг салкам йигирма йилини ўтказди. Бу айтишгагина осон. Эҳтимол тақдиридаги энг баракотли йиллар ҳам ана ўша йигирма йил ичра қолгандир. Ахир бу йиллар давомида не-не яхши-ю ёмон кунларни бошидан ўтказмади, не-не одамлар ила йўлиқмади. Айниқса, бу ерда топганидек азиз дўстларни эҳтимолки умр бўйи қидириб ҳам қайтиб тополмас: вазири аъзам Низом ул Мулк ҳазратлари ўз падари янглиғ қадрдон ва меҳрибон эмасмиди. Бундайин донишманд зотни олам қайта кўрадими-йўқми, Яратганга аён холос. Ул мўътабар инсон энди бу дунёнинг армонига айланди...
Хайём расадхона дарвозасидан чиқиб, ўнгга қайрилди. Девор бўйлаб то расадхона қалъасининг адоғигача юрди. Муюлишда тўхтаб, нарироқдаги қир пойида бир ҳовуч бўлиб кўринган Бўйра қишлоғига тикилди. Қиш бўлганлиги боис қишлоқ ўз кўркини анча йўқотган эди. У баҳорда, айниқса, бағоят гўзал бўлиб кетарди. Бўйранинг соддадил ва сахий одамлари Абу Ҳомидга ҳам кўп манзур бўлган эди. Дарвоқе, Ғаззолий!.. Шоир Исфаҳонга келиб топган азиз кишиларидан яна бири эди у. Нақадар дилбар ва парҳезкор зот! Ғаззолий дини Исломнинг истиқболи эканлигини Хайём жуда яхши англаб турарди. Мусулмон олами ҳали ундан фахру ифтихор қилмоғи шубҳасиз. Абу Ҳомидни тақи кўрмоқ унга насиб этармикин?!..
Ҳа, Оллоҳ таборака таоло Ғаззолийга беқиёс ақлу тафаккур инъом этган эди. Уни аввалига унча хушламаган ва ҳатто турфа фикрларидан кўнглида ғашлик ҳам сезган Хайём буни кейинчалик фаҳмлади. Ғаззолийнинг фавқулодда ақл ва истеъдод соҳиби эканлигини тушунди, тушунди-ю унинг суҳбатларига маҳлиё бўлди. Унинг дил сезгиси ниҳоятда теран эди. Хайём, айниқса, Абу Ҳомиднинг уч олам ҳақидаги фикрларидан мутаассир бўлган эди. У илоҳётга хос барча талқинларини ҳам ишонарли қилиб асослай оларди. Қаранг, уч олам мавжуд, дерди у, қуйи-жисмоний олам, ўрта-нимарсалар маъно касб этувчи руҳий олам ва юқори олам-Илоҳнинг макони. Оламни аниқ-равшан қилиб бундан ортиқ таркиблаб бўлмас. Унда Абу Ҳомиднинг ўзи қайси оламга мансуб эди? Албатта Илоҳ оламига-да. Чунки унинг ўзи, тоза руҳли кишилар Илоҳ оламига мансубдирлар, дегувчи эди. Зеро улар Илоҳдан яралганлар ва унга қайтадилар. Хайёмнинг бағри ҳапқирди, соғинч ила ҳўрсиниб қўйди.
У ўнг ёққа қайрилиб, расадхонанинг орқа томонига юрди. У ер тоғнинг пойи, айни дамда либосларини буткул ечган қип-яланғоч оғочзор. Оғочзор ичра Марям иккиси яхши кўрган ва бўйида нечалаб висол онларини ўтказган булоқ ҳам бор. Марямни эслаб, Хайёмнинг қалбида уят ҳисси пайдо бўлиб, ўзини айбдордай туйди. Мен уни бахтсиз қилдим, дея ўйлади у юраги ўртаниб. Ахир у гўзал бир тақдирга лойиқ эди ва уни, яъни шоирни жону жаҳону ила яхши кўрарди, эҳтимол ҳозир ҳам севар. Аммо бунинг девона кўнглига эр-хотинлик можароси деймизми, кишанларими, асло сиғмасди. Шунинг учун ҳам Марямни икки ҳисса бахтсиз қилмоқни истамади. Ҳозир Марямнинг ёши улғайган, падаридан айрилмоқ изтироби, Ватан соғинчи ва йиллар солган излар туфайли юзи салқиган, ҳаттоки сочларига бир-иккита оқ ҳам оралаган эди. Мана, ўша қадрдон булоқ, қишда ҳам тўхтамай, илиққина бўлиб оқиб ётибди. Аммо бу ер анча совуқ, изғирин елиб тургувчи эди. Шундай бўлса-да, шоир тошга ўтирди... Ҳа, гўзал Марям анча улғайди. Унинг кўзига кўзи тушганда ҳар сафар Хайёмнинг юрак-бағри эзилиб кетади. Шул боисми, Нишопурни ихтиёр этганидаёқ Марямни ўзи билан бирга олиб кетмоқчи бўлди. Бироқ фурсат етиб, бу ниятини Марямга айтганида, у рад этди. Кўзлари жиққа ёшга тўлиб, падарининг қабри шу ердалигини, уни ёлғиз ташлаб кетолмаслигини билдирди. Шундан сўнг шоир шаҳардаги ҳовлисини Марям ила ҳозирда ўша ерда яшаётган канизаги Пармудага инъом қилди.
Филҳақиқат, у Исфаҳонда кечган йилларида кўплаб яхши одамларга ошно бўлди. Суюкли Марямнинг отаси донишманд Артур, соҳиби ғайб пир Адам Шайх, садоқатли хизматчиси Микоил, унинг шўрлик суюклиси Лайли, забони талх, вале ёқимли бўлган Шокир Талх, Воситий ҳамда Исфазарий ва айниқса, девона дил қария Юсуф Риндоний, эҳҳе-е, буларнинг ҳар бирлари ўзи бир олам инсонлардир. Агар улар бўлмаганларида Умар Хайём отлиғ шуҳратли шоир ва олим ҳам бўлмаслиги аён эди. Маан энди бу азиз дўстлари ила видолашув онлари ҳам яқинлашмоқда. Энди у Исфаҳонни бутунлай тарк этади.
Хайём хаёлчан нигоҳини расадхона деворларига тикди. Ана, расадхонанинг баланд ва ҳайбатли минораси, улуғвор гумбазлари ҳам энди мунглиғдай кўринадилар. Балки улар ҳам шоирнинг кетаётганлигини сезганликлари боис шундайин турарлар. Донғи узоқларга кетган «Фахрий судси»нинг тоқи ҳам гумбазлар ила бўйлашгудек. Эҳҳе-е, бу иншоотни қанчалар завқу шавқ ила бунёд этгандилар ва бу атрофда унга қиёсли судс ҳам қурилмаганидан фахру ифтихорга тўлгандилар. Буларнинг барига Хайём бош-қош бўлганди. Ҳатто султон Маликшоҳ ҳам бу судсни кўриб, ўз ҳайрату ифтихорини яширолмаганди ва аҳли расадхонага кўплаб инъомлар берганди. Ул бахтиёр дамлар шамолдай ўтди-кетди. Вазири аъзаму султон Маликшоҳ ҳам қаро ерга кетдилар, буюк мамлакат эса торожга маҳкум бўлди. Азим бошкенту расадхона ҳам бағрида қанча одам бўлмасин буткул ҳувиллаб қолгандай. Улуғ инсонларнинг қазосидан сўнг илму маърифат ҳам етим қолди, таназзулга юз тутди. Энди ул давру давронлар қайтадими-йўқми, ёлғиз Яратгувчига аён.
Хайём бу одамлар ичра яшаб, илм излаб, тақи бир мангу ҳақиқатни англаб етди. Яъни аввалига насроний бўлган ўшал роҳиб Артур ҳам, ҳов саҳродаги вайрона аро ҳаёт кечирган зардуштий мубод ҳам, Исломга бахшида Ғаззолий ҳам ёлғиз Худо деб, Ҳақ дея ёнган эдилар. Уларнинг ҳаммалари эзгулик, яхшилик дея яшайдилар ва бани одамга ҳам шуни соғинадилар. Улар яхши одам деган номга сазовор эдилар. Лекин динлари турфа, эллари турфа эди, ҳар ёқдан келардилар ва ҳар ёққа тортардилар. Бир-бирларини тушунмоқни истаганлари ҳамоно гўё бир тилда сўзлай бошлардилар, муродлари ҳам бир эканлиги аён бўларди. Демакки, Ҳақ одамлар бир-бирларига инсоф қилган, бир-бирларини аяган жойда экан, яъни оралиқда экан. Шоир шуурига урилган бу фикрдан ҳузурланиб, ўрнидан турди ва йўлда давом этаркан, дилидан шу сўзлар ўтди:
-Хайр энди, қадрдон макон! Шаҳри азим Исфаҳон, алвидо! Донғи оламга достон расадхонам, хуш энди! Сенинг ҳар бир ғиштингда, ҳар қарич ерингда менинг қалб қўрим, кўзларим нури ва азиз хотираларим бор. Хайр энди, хайр!..
У расадхонанинг ҳали битиб улгурмаган биносини айланиб ўтаркан, кўнгли баттар изтиробга тўлди. Қанча орзулар, тузилган режалар, илмга оид юмушлар армон бўлдилар энди...
Хайём дарвозадан кириб, совуқни ҳам писанд этмай, расадхона ҳовлисида жам турган ўз кишиларига рўбарў бўлди. Шокир Талх ва унинг ҳов ўша ҳамроҳи ҳам шу ерда эдилар. Улар бирин-кетин шоир ила саломлашдилар.
-Карвон эрта тонгда йўлга чиқаркан, устоз. деди Исфазарий хомуш.
Барча айрилиқ онининг яқинлашаётганлигидан аламда эди.
-Ким айтди буни?-дея сўради шоир беихтиёр.
Аҳли расадхона бирваракай ўртада турган йигитга ишора қилди. Филҳақиқат, орада бир бегона одам бор эди. У Хайёмга ёвуқ келиб, тавозе ила бағоят самимий кўришди. Шоир унга бир муддат тикилиб қолди. Унинг бу ҳолатини кўриб, йигит ёқимли жилмайди.
-Ҳазратим кимгадир ўхшатдилар, чоғи?
-Ҳа-ҳа, чеҳрангиз танишдек кўринадур.-деди Хайём ҳамон ундан кўзларини олмай.
-Янглишмадингиз, ҳазрат. Камина сизни Исфаҳонга олиб келган ва сиз ўлимдан сақлаб қолган карвон хожасининг ўғлидурмен.
-Ё фалак!-деб юборди шоир эҳтирос ила,-Кўзларингиз бағоят таниш кўринди. Отангизга жуда-жуда ўхшар экансиз, иним. Қалай, падарингиз омонми?
Йигит ғамгин тортди.
-Отам қазо қилганлар.-деди сўнг хазин овозда.
-Оллоҳ раҳмат қилсин. -Хайём юзига фотиҳа тортди. -Қачон?
-Уч йил бўлди. Саҳрода шерлар ҳамласига рўбарў келиб...
-Ҳе, аттанг!.. -Шоир не дейишини билмай, жим қолди.
-Отам сиз ҳақингизда жуда кўп гапирардилар. Шул боис сизнинг Нишопурга кетаётганингизни эшитиб, бу томон елдим. Хизматингизда бўлиб, дуоингизни олсам дея орзулаймен, ҳазрат.
-Оллоҳ рози бўлсин, иним.-Хайём қирқ тўрт ёшда эди, аммо айни дамда унинг юзи, сўзлари ниҳоятда улуғворлик касб этганди.
Энди у ўзига ўкинчли термулаётган дўстлари томон қайрилди. Ҳадемай кеч киради ва жуда тез фурсатда тонг отади. Шу билан шоирнинг Исфаҳондаги сафари қарийди. У Исфаҳонда топган барча дўстларини қаттиқ қучиб, хайрлашади. Эҳтимол кўз ёшлар ҳам бўлар, Хайём шунисига чидолмайди. Кейин уни карвон ила Нишопурга узатиб қолишади. Яхшики, Ринд унинг ила кетмоққа аҳд қилди, ҳар тугул дўстларнинг тафти унга ҳамроҳ бўлади-ку. Аммо Ринд анча кексайиб қолган, сафар риёзатларига бардош қила олармикин?
Бир замон индамайгина турган Шокир Талх тилга кириб қолди:
-Ҳазрат, узоқ йўлда оёқларингиз малоллантирмагувчи этик ҳозирлаб қўйган эдим... - У этикни Хайёмга узатди.-Оёқларингиз мудом елкамда қолсин, дедим-да.- У ҳазил ила хазинли жилмайди.
Шоир мутаассир бўлди.
-Мендайин вафосиз бир дўст учун бунчалар заҳмат не даркор, аё Талх?!-деди кўзлари ёшлангудай боқиб.
-Агар Исфаҳонда қолсангиз ҳар куни бир этик тикиб бермоққа тайёрмен!-дея лутф қилди сўзамол косиб ўртаниб.
Улар қучоқлашдилар.
Карвонбошининг хизматчиларига корфармо бош бўлиб, Хайёмнинг ҳозирлаб қўйган юкларини икки туя ва бир отга юклашиб, олиб кетишди. Ҳувиллаган, шип-шийдон ошёнада шоирнинг танҳо ўзи қолди. Ташқаридан най овози эшитилди-Ринд мунглиғ бир куй чаларди.
Шоир сархуш янглиғ куй оҳангига ҳамоҳанг тарзда тебраниб, кўзларини юмди. Хаёлан Исфаҳонда кечган кунларини ўзича сарҳисоб қила бошлади: бу маконда анчайин баракотли юмушларни адо этди. Энг аввало дунёда қиёси бўлмаган, бағоят аниқ ҳисоб-китобли тақвимни яратди. У иншооллоҳ, асрлар оша одамларга хизмат қилғай. «Судси фахрий»ни барпо этди, расадхонани кенгайтирди. Энг асосийси, иккита фалсафий рисоласини ёзди. Илми ҳисобга оид ва ҳандасавий бир неча кашфиётлар қилди. Улар ҳам ҳали илм оламида кўп эътирофу шарафларга сазовор бўлғай. Устоз Уқлидуснинг мураккаб асарларига шарҳлар ёзди ва ҳакозо... Ваниҳоят кўнгил мулки бўлмиш назм азмида ҳам кўп ва хўп саъйлар қилди. Аммо нечукким ҳали ҳануз шоирлик даъвоси йўқ... Унинг юраги батарроқ изтиробга тўлиб, хазинлашди. Бу хазинлик ортидан бир таърифсиз исёнми ва ё жўшқинликми пайдо бўлди. У ўзининг ҳасратли аҳволидан жунбушга келди. Ахир мен не кўргиликларга рўбарўрў бўлибманки, бу янглиғ ҳасратга ботсам. Мени қай тождор қувғин қилди, зиндонбанд этди ва ё жонимни сўраб турибди ахир? Ғазнали Маҳмуд Берунийни зиндонга банди этиб, қай аҳволда тутмиш, Ибн Сино не қувғинларни кўрмиш? Аммо уларнинг илм бобидаги заҳматлари мислсиз-ку! Мен не кўрибмен?! Бор-йўғи бир қадрдон маконни-ю дўстларимни тарк этмоқдамен холос. Бундайин ожизу нотавон кўйда қолмоқ эр кишига ярашиқлими ахир?!..
Хайём кечқурун ҳам алламаҳалгача турфа ўйлар гирдобида ўлтирди. Энди у ўзида руҳий бир яхлитлик касб этган эди, яъни вақти келганда икки ёхуд уч одамга айланиб қолмасди. Шунданми, бутун борлиғидан руҳий ҳаловат, таваккул уфуриб турарди. Ҳозирга келиб, шуури шу қадар тиниқлашдики, жумла нимарсалар худди кўзгудагидек унда акс этарди. У доимгидек дунё ва одам ҳақида фикр этаркан, тақи бир муҳим ҳақиқатни кащф этди: одам ҳайвон ва фаришта ўртасидаги маҳлуқдир, яъни оралиқдадир. У ҳайвонга ҳам, фариштага ҳам айланиши мумкин, бироқ унинг жойи ўша оралиқда, одамликда. Одамнинг ёзиғи одамлик экан, шу мақомда собит қолмоғи Азал ва Абад ҳукмига муносибдир... Хайёмнинг мийиғида кинояли табассум жилва қилди. Ўзини донишманд санаб, фалсафа сўқий бошлагани унинг кулгисини қистатди. Бу дунёнинг сирини ким ҳам охиригача англабдики, сен ошкор этолсанг ё Абул Фатҳ Умар! Сўнг шуурида сатрлар айланди:


Масжиду бутхона, Каъбада ёҳу,
Жаннатдан умиду, дўзахдан қўрқув.
Фақат дунё сирин англаган қалбдан
Абадий қувилмиш бу ташвиш, қайғу.

Хайём хонада димиқди, ташқарига чиқгиси келди. Тоғдан эсгувчи тунги изғирин баданни жунжиктирарди. Аммо ҳаво ниҳоятда мусаффо эдики, чуқурроқ нафас олинса, бўғизлар ачишиб кетарди. Шоир сўлга қайрилиб, минора томон юрди. Қишнинг тиниқ ва юлдузли осмони уни ўзига чорлади, чоғи. Минора тарафга буриларкан, хонтахта устидаги қоғозлар ва устурлоб атрофида уймалашаётган Абулмузаффарга кўзи тушди. Унинг ҳаракатларидан завқлана-завқлана минорага кўтарилди. Минора даричасига етганда аввалига осмонга боши тегиб қолаётгандек туюлди гўё. Бағрини тўлатиб нафас олди. Изғирин бурни-ю кўзларини ачиштирди. У эса бунга парво қилмай осмонга интиқ тикилди. Бунчалар чарақламаса бу юлдузлар. Ана «Банат ан-наъш» (Катта Айиқ юлдузлар туркуми), яъни «Тобут қизлари» шуъла тушган кўз ёши томчиси сингари ёқимли жимирлайди. Энг ёрқин юлдузлар булар. Яна шоирнинг кўнглида эврилиш пайдо бўлди. Аё, юлдузлар, юлдузлар! Сиз ҳамиша ошкорасиз. Дилингизу тилингиз бир, дилингиздаги тилингизда акс этади. Сизда мунофиқлик, риё йўқ. Эҳтимол шунинг учун ҳам сизни севарлар ва ўз тақдирларини сизга боғларлар!.. Аммо одамлар эса!.. Улар Раҳмондан сўзлаб, Шайтоннинг юмушини қиладилар, меҳр-шафқатлар уриб, қон ичадилар, кўзларингни турфа зиёлар ҳақида ҳикоятлар тўқийдилар. Мен одамизотнинг феълини асло тушунолмадим ва балки тушунолмасман ҳам. Ў, Одам! Одам-а! Ёвузлигу эзгулик, яхшилигу ёмонлик, савобу гуноҳ хусусида сенчалик мўл аҳкомлар тўқиган мавжудот бўлмаса керак. Аммо ҳали ҳануз уларни ўзинг ҳам фарқлай олмай ҳалаксен. Эзгулик қуёши балқиб, унинг тафтида бир муддат оламни илму урфонга тўлдирасен. Кейин эса узоқ бир фурсат жаҳолат тулпорига минасан-да, барча тузганларингга ғорат соласен. Бу не ёзиқ, бу не феъл?! Ўзинг ҳам билмассен? Мен ҳам билмасмен!..


Шоирнинг тилида яна шеър айланди:
Кўплар донишманд деб билдилар ўзни,
Худонинг зотидан очдилар сўзни.
Ҳеч бири билолмай азал сирларин,
Алжираб-валжираб юмдилар кўзни.

Мен ҳам ўшаларнинг биримен, дея хаёлидан ўтказди Хайём. Сўнг тобора пастлаб бораётган осмонга тикиларкан, эски бир фикри тақи миясига урилди: ахир одам тушида уча олади. Баланд-баланд учиб, коинотни қуча олади. Наҳотки бу бахт унинг ўнгида имконли эмас? Наҳотки?!..
Шу пайт қуйидан Исфазарийнинг хитоби эшитилди:
-Устоз!.. Устоз, қанисиз? Кўрдим!.. Кўрдим яна ўшал нурни!..
Хайём билинар-билинмас жилмайди. Одам уча олади, деган гап ўтди яна хаёлидан ва олдидаги дарича кенгайгандек бўлди. У ўнг оёғини олдинга босди, кейин сўл оёғини... Хайём гўё зинадан кўтарилаётган янглиғ муаллақ ҳолда юксалиб, коинот бағрига сингиб борарди. Ҳадемай у ҳам фалак тоқида милтирай бошлайди. Иштибоҳ шулки-унга бани башарнинг нигоҳи етадими-йўқми, шуури уни англай оладими-йўқми, номаълум. Янаки бу юлдуз-сайёра ичра ниҳон бўлган борлиқ вужудият Раҳмонийми ёхуд Шайтоний-бунга ажр бергувчи ҳам ёлғиз Оллоҳ таборака таолодур...

Интиҳо
-Мен буларнинг барчаси ила биргаман, - дея сўзини тугатди нуроний зот ва ғойиб бўлди.
У эса мудом йўл бошида турар ва нигоҳи ҳар томонда тентирарди. Йўллар жуда кўп эди. Бирининг аввалида масжид, бирида черков, бошқасида калисо қад ростлаганди. Йўллар бағоят узун эди, адоғи кўринмасди. Лекин барчаларининг нурли бир манзилда туташганлигини илғаш мумкин эди. Ҳа, ул манзилнинг шамширдек тиғли зиёлари коинотнинг ҳар буржи томон тараларди.
-Наҳотки ул манзилга етмоқ учун бу йўлларнинг ҳаммасини босиб ўтмоқ лозим бўлса?!-дерди у кўзлари чақнаб. -Наҳотки?!..

ТАМОМ
IХ. 2001-VIII. 2004
Муаллифдан
Умар Хайём ҳақида дунё миқёсида жуда кўплаб илмий ва бадиий асарлар яратилган. Уларнинг муаллифлари шоирни турлича талқин қилишган ва кўпчилиги уни даҳрий, осий инсон сифатида тасвирлашган. Бунинг исботи учун эса унинг рубоийларини асос қилиб олишган. Айниқса, «Ҳужжатул Ислом» номини олган буюк илоҳиётчи олим Абу Ҳомид Ғаззолий, Умар Хайёмдек бетакрор шоир ва олимга қарама-қарши қўйганликлари мени кўп изтиробга соларди. Бу икки зотнинг адоватга бориб, майда-чуйда нарсаларга ўралашиб қолганликларига мутлақо ишонгим келмасди.
Ушбу машқимдаги менинг асосий «янгилигим»-Хайём ила Ғаззолийни дўстлаштирдим, шоирнинг шеърларини янгича талқин этишга уриндим. Чунки бу менинг Хайёмим, менинг тасаввуримдаги Хайём! Уни қандай қабул қилиш эса ўзингизга ҳавола.
Шуниси аниқки, дунёда буюк бир сирли оралиқ мавжуд. Бу оралиқни ҳамма ҳам пайқайвермайди. Умар Хайём ана ўша оралиқни топа олган. У осмон ва замин оралиғида эди. Аср ва минг йиллик оралиғида эди. У халқлар-миллатларнинг, динлар ва ниҳоят оламларнинг оралиғида эди. Ақл ва Қалб оралиғида эди.
Аммо ишонаманки, Хайём худобехабар даҳрий ва майпараст бўлмаган (маълум муддат ичганлиги эса ҳақиқатга яқин). У Худога етишган валиюллоҳ эди. Қолаверса, у ҳам сизу биз каби оддийгина инсон бўлган ва шундай яшаган. Акс ҳолда, ёши саксонга етиб, Хуфтон намозини ўқиётиб, сажда устида омонатини топширмасди. Бу унга Оллоҳнинг сийлови ва бизларга эса улуғ ишорати эди.


AvvalgiIII- qism Keyingi
Mualifning boshqa asaralari
1 Ayo, ishq! (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 973
2 Ayol (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 997
3 Ayriliq (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 796
4 Айрилиқ (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 467
5 Аё, ишқ! (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 468
6 Аёл (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 477
7 Bayroq (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 3895
8 Байроқ (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 517
9 Doʻppi (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 648
10 Дўппи (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 434
11 Erkagi bor uy (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 1424
12 Эркаги бор уй (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 452
13 Intiboh (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 830
14 Интибоҳ (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 437
15 Majnun (qissa) [Nabi Jaloliddin] 664
16 Mustaqillik (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 866
17 Мажнун (қисса) [Nabi Jaloliddin] 489
18 Мустақиллик (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 516
19 Ochiq qolgan koʻzlar (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 1021
20 Ogʻriq (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 687
21 Ota (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 6467
22 Ота (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 710
23 Очиқ қолган кўзлар (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 463
24 Оғриқ (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 403
25 Sevgi (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 686
26 Севги (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 469
27 Tuproq (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 626
28 Тупроқ (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 488
29 Umar Xayyom - Oralik (roman, I- qism) [Nabi Jaloliddin] 1718
30 Umar Xayyom - Oralik (roman, II- qism) [Nabi Jaloliddin] 1558
31 Umar Xayyom - Oralik (roman, III- qism) [Nabi Jaloliddin] 1259
32 Umr (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 1294
33 Urush (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 508
34 Умар Xайём - Оралик (роман, I- қисм) [Nabi Jaloliddin] 607
35 Умар Xайём - Оралик (роман, II- қисм) [Nabi Jaloliddin] 704
36 Умр (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 483
37 Уруш (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 417
38 Vatan (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 3017
39 Vokzal (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 475
40 Ватан (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 452
41 Вокзал (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 379
42 Xudobexabar (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 501
43 Худобехабар (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 494
44 Yurak (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 742
45 Юрак (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 455
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика