Севги (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin]

Севги (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin]
Севги (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin]
Мен сизга ачинмайман, вафосиз севгиларда, Беҳуда оқиб ўтган баҳоримнинг йиллари!Пушкин.
У қўшни мактабда, ўнинчи синфда ўқиркан. Исми — Ойгул. Ўзиям худди ўша ойдек тўлин, гул каби жуда-жуда гўзал эди. Лўппи юзи ловиллаб турарди. Бодом қовоқлари хуморланиб боқгувчи кўзларини ҳар замон-ҳар замонда яширмоқчи бўлиб, силкинганларида янада чиройли бўлиб кетарди. Айниқса, кулганда ҳар қандай одамнинг завқини келтирар даражада очиларди. Овози ҳам шунчалар ёқимли эдики, гапирганида худди эркаланаётгандек туюлар ва шу маҳал эшитувчини-да, эрка бир туйғулар оғушига солиб қўярди. Аввалига айнан ана шу овози мени ўзига асир этди. Бўлмаса, у мендан бир ёш катта бўлиб, ошналаримнинг ичида уни опа, деб чақиргувчилар ҳам бор эди.
Ойгул билан пахтазорда танишдик. Ёнма-ён эгатга тушиб қолдик. Қизлару болалар бир-бирларига навбат бермай жаврашиб, ўртада турли гаплар айланди. Ниҳоят, ошналаримдан кимдир мени кўрсатиб, «шоир» дея таърифлай кетди. Ўшанда Ойгул менга бошқачароқ қара-ди, кўзлари чақнаб, хиёл тикилиб ҳам қолдими-эй. Мен¬га бу хуш ёқар, аммо ҳаяжонданми, юз-кўзларим лов-лов ёнарди.
— Шеърлариздан ўқиб беринг! — деди у ҳам эрка, ҳам ялинчоқ бир оҳангда.
Мен энди чинакамига хижолат тортдим, ҳали менинг таърифимни келтирган шеригимни ичимда сўкиб ҳам қўйдим. Ахир мен қанақасига шоир бўлай, уч-тўрт қатор қофия тизган шунчаки ҳаваскор эдим, холос-да. Агар шеърларим унга ёқмаса-чи, шарманда бўламан-ку. Шунинг учун машҳур шоирларнинг шеърларидан ўқиб бердим. Ишқий шеърларидан. Аввалига ийманиб, кейин эса ҳаяжон билан ўқидим. Шу-шу ҳар куни эрталаб далага келибоқ бир-биримизни излайдиган, то кечгача бирга пах¬та терадиган бўлдик. Фақат тушлик маҳали ажралишардик — у қизлар, мен эса ўғил болалар билан овқатланардик.
Бир куни тушликни эртароқ тугаллаб, пахтазорга кириб ўтирганча Ойгулни кута бошладим. Бу орада қизлару болалар ҳам қайтишди, лекин Ойгул кўринмасди.
— Ойгулни кўрмадингми? — дея сўрадим болаларнинг биридан. У тиржайди:
— Ойгулингни эгаси келди. Ҳов, ана тутқаторда туришибди.
Қайрилиб, шеригим кўрсатган томонга қарадим. Ростданам, қарта бошидаги тутқаторда новча бир йигит Ойгулнинг йўлини тўсиб турарди.
— У ким? — саволга тутдим яна шеригимни.
— Ҳодий. Яқинда армиядан келган... Энангди эмгур жуда ёмон солишади-да. — Шу билан шеригимнинг киройи таърифию, менинг саволларимга ҳам нуқта қўйилди.
Шундан сўнг мен улар тарафга тикилиб қолибман, ҳатто шеригимнинг нарига жўнаворганию, пахта теришга тушиб кетганини ҳам сезмабман.
Ҳодий деганлари менга орқа қилиб турар, қўлларини силкиб, Ойгулга ҳадеб бир нарсаларни тушунтирарди. Ичимда нимадир ғимирлай бошлади, рашким келарди, шекилли-да. Ҳодийни ёмон кўриб кетдим, уни шу лаҳзанинг ўзида бўғиб ташлашга тайёр эдим. Бироқ унинг ёши катталигию новчалигини ўйлаб, қолаверса, бояги шеригимнинг «ёмон солишади-да», деганини эслаб, кўнглимнинг бир четида ундан ҳайиқардим ҳам.
Ана, Ойгул унинг ёнидан айланиб ўтиб кетмоқчи бўлди. Лекин Ҳодий ўтказмади. Қизнинг қўлидан маҳкам тутиб, ўзига торта бошлади. У бу орада биров кўриб қолмаяптими, дегандай атрофга аланглаб ҳам қўярди. Шу пайт унинг кўзи менга тушдими, ҳар ҳолда мен томонга қараб, бир оз тикилиб қолди. Юрагим «шув» этиб кетди, қандай қилиб ўтириб олганимни сезмабман. Дўқиллаб ураётган юрагимни хийла босиб, ярим ўтирганча ҳалиги ёққа мўралаганимда Ойгул югургидай бўлиб шу томонга келарди. Ҳодий эса кўринмасди. Негадир ўрнимдан тургани уялдим. Ерга астойдил ўтирволдим-да, бармоқларим билан кесақларни майдалай бошладим. хаёлим эса Ойгулда эди. Юрагим яна қинидан чиқиб кетгудай дўқилларди. Ана, ғўзалар баралла шитирлай бошлади, қадам товушлари ҳам аниқ эшитилмоқда. Ҳозир у рўпарамга етиб келади... Қиз тўхтади. Мен унинг кўзларига қарашга ботинолмай, бошимни кўтардим, холос. Ундан садо чиқмади. Ана шунда кўзларим беихтиёр унинг кўзларига тушди. Кўзлари жиққа ёш эди. Ҳадеб ўнг қўли билан чап қўлининг билагини силарди. Билаги қип-қизил эди, қонталаш бўлиб қолганди. Мен яна кўзимни олиб қочдим, нафасим ичимга тушиб кетди. У эса қизлар томонга қайрилди.
Бу маҳал мен энди ўзимни ўзим ёмон кўра бошлагандим. Қўрқоқлик қилганимдан уялардим ва менинг мурғак орим оҳига бу кенг далалар ҳам торлик қилаётгандек эди. Умуман ҳозир бу ерлардан бошимни олиб кетгим келар ва ҳеч қурса мана шу жойда бошимни кўтар-май ўтиришни, мени ҳеч ким кўрмаслигини истардим, жуда-жуда истардим... Кимдир чақиргандай бўлди. Ҳа-ҳа, бу Ойгулнинг овози эди, у мени чақирарди. Аста ўрнимдан турдим, минг бир андиша билан унга қара¬дим.
— Кўрмадингиз шекилли-да, а, шерик? Бўлмаса, ёрдамга борардингиз. — У бир оз жилмайиб, кинояли боқиб турарди. Унинг бу туришидан бояги воқеани кўрганимни пайқагани маълум эди. — Нима қиламиз, пахта терамизми энди?..
Очиғи, мен унинг овозидаги ўзгаришдан лол эдим. Унинг овози қанақадир дағаллашганмиди-эй, йўқ-йўқ, тўғрироғи, фармонраво эшитиларди. ҳўллас, энди у негадир жуда дадил гапирарди. Бу менга алам қилди. Агар ўша Ҳодий деганлари яна келадиган бўлса, муштлашишни дилимга тугиб қўйдим. Аслида бу аламим ҳам ҳолва экан. Кечга яқин ҳамма терган пахталарини йиғиштириб қолади. Мен ҳар куни бунақа маҳалда Ойгулнинг ўз пахтасини тезроқ тугиб бўлишини ва нажот кутиб, ийманиб туришини кўришни истардим. Сўнг эса «пахтасини тарозигача кўтариб олиб чиқиб берардим. Аммо бугун... Энди у ийманиб ўтирмади, мени чақирди-да, пахтасини кўтаргизиб қўйишимни сўради. Буни қарангки, мен ҳам «йўқ, ўзим олиб чиқиб бераман», деёлмадим, унинг айтганини қилиб қўя қолдим. Ана шунда бутун вужудимни алам ёндирди, киприкларимнинг ости ачишиб, кўзларимга ёш сизди.
Ҳодийнинг боплаб адабини бериш ниятида туни билан турли режалар тузиб чиқдим. Ўзимча унинг адабини беришга қодир эдим.
Эртасига Ҳодий тушдан олдин келди. Ёнида иккита шериги ҳам бор эди. Шериклари тутқаторда қолишди. У эса тўғри бизнинг олдимизга кела бошлади. Ростданам унинг қомати келишган эди. Бўйнию қўлларидаги пайлари бўртиб-бўртиб турарди. Калта қилиб олинган сочи уни гўё спортчилардек расида этиб кўрсатарди.
— Ҳорманглар-ҳорманглар! — деди у олдимизга етиб келиб, мардона овоз билан ва пастроқ овозда қўшиб қўйди, — Ойгулой, сизда озгина гапим борийди-да. — Бу билан у қизга четроққа чиқайлик, демоқчи бўлди.
Ойгул бош кўтармади, индамай пахта тераверди. Ҳодий фаҳмладики, қиз бу ердан жилмоқчи эмас. Шун¬да у яқинроқда тераётган болаларга бир ёвқараш қилганди, ҳаммалари нари кетишди. Қизлар эса қиқир-қиқир, шивир-шивир қилишиб, тезроқ пахта териш баҳона уларни ёлғиз қолдиришга уринишарди. Биргина мен ўрнимдан жилмадим. Энгашган кўйи индамай пахта теравердим. Қулоғим эса Ҳодийда эди.
Аввалига у мени пайқамадими ёки назарига илмадими, ҳар тутул менга парво қилмай, қизга гапираверди:
— Кечаги гапимни ўйлаб кўрдингизми, Ойгул? — сўради у бутунлай бегона, тўғрироғи, бир оз дағалроғу, лекин меҳрибон овозда.
Қиз индамади.
— Нега индамайсиз, Ой?
Шу гапини эшитдиму, негадир унга ҳавас қила бошладим, унинг ўрнида бўлишни истаб кетдим. Нега энди мен ўзим ёқтирган қизни, яъни Ойгулни Ой, деб атолмаганимдан ўкиндим. Ахир мен ҳам шундай дея чақиришим мумкин эди-ку. Лекин Ҳодийдек эрка, шу билан бирга мағрур бир оҳангда чақира олармидим? Ҳа, у Ой сўзини жуда-жуда ёқимли айтарди. Мен ҳозир Ойгулнинг юзини кўришни, унга Ҳодийнинг гаплари ёққан ёки ёқмаганлигини билишни истардим. Шу ниятда бошимни кўтардим. Ойгул энди пахта термас, эгатга чўнқайиб олганди. Унинг кўзи ғўза шохлари орасидан менга тушди. Унга тикилиб турган Ҳодий ўшанда мени пайқади. Пайқадию ғазаб билан мен томонга ўгирилди, қўпол овозда тўнғиллади:
— Сен нима қиляпсан бу ерда?
Мен «нима ишинг бор», демоқчи бўлдиму, аммо айтолмадим. Негадир овозим чиқмади, оғир бир ютина олдим, холос.
— Қорангни ўчир бетдан! — дея ўдағайлади у энди мен томонга бир-икки қадам ташлаб.
Мен ўрнимдан жилмадим, унга нафрат билан тикилиб туравердим.
— Вой, сен манқа-эй!,. — У машараомуз тиржайиб, менга яқинлашди. Урмоқчидай ўнг қўлини кескин кўтарганди, мен икки қўлим билан юзимни тўсиб, чап бериш ниятида гавдамни ҳам қайирдим. Шунда у кетимга тепиб юборди. Шу лаҳзада Ойгулнинг «Ҳодий ака, урманг!» дегани эшитилди. Мен эса ғўзага қоқилиб, ерда ағанаб ётардим.
Ҳодий қизнинг гапи таъсир қилганиданми:
— Тур, йўқол энди, бўмаса калтак ейсан! — деди-да, Ойгулнинг олдига кетди. Иккаласи ёнма-ён йўл тарафга юришди.
Мен эса алам билан ерни муштлардим, хўрлигим ке¬либ, чийиллардим. Кўзларимдан аччиқ ёш сизарди. Энди мен Ойгулни ҳам, Ҳодийни ҳам ва умуман ҳеч кимни кўришни истамасдим. Шаҳд ўрнимдан турдим-да, йиғлаганча қишлоқ томонга югура кетдим.
Теримга эртаси куни чиқдим. Ойгулдан ўзимни олиб қочганим сари у олдимга келиб олар, турли гапларни гапирар, чамамда, кўнглимни кўтармоқчи бўларди. Қанийди, шу лаҳзада у ўзининг бу гаплари менга нақадар оғир ботаётганлигини ва энди мен ўзимни унга муносиб кўрмаслигимни билса эди. Афсуски, билмасди, билмаганлиги учун ҳам ўзи сезмай, мени машараларди. Мен эса Ҳодийни кутардим ва бугун, албатта, ўч олишимга, унинг бошига ҳам кеча ўзимнипг бошимга тушган хўрликни солишимга ишонардим. Шунинг учун тез-тез йўл тараф¬га қараб қўярдим. Кейинроқ билдимки, йўл пойлаётган биргина мен эмас эканман. Ойгул ҳам менга гапираркан, гоҳ-гоҳ бошини кўтариб, йўл томонга кўз ташлаб қўярди. Кўзларидаги маъно у ҳам Ҳодийни кутаётганлигини англатиб турарди. Демак, иккаламиз ҳам ўшани кутардик, фақат икки хил мақсад билан. Аммо бахтга қарши ўша куни Ҳодий келмади.
Кечга томон пахтамни кўтариб, тарозига чиқиб кетаётсам, пахтасини тугаётган Ойгул гина қилгандай деди:
— Менинг пахтамни обчиқиб бермайсизми?
Рости, мен энди унинг пахтасини кўтаришни истамасдим ва айниқса, менга бемалол иш буюраётгани ёқмасди, ёқмай қолганди. Лекин иложсизликдан ўзимнинг пах¬тамни қўйиб, уникини кўтардим. Ўзимникига қайтиб келдим.
Ҳодий эртасига ҳам кўринмади...
Ва ниҳоят у эртасига тушлик маҳали шийпонда пайдо бўлди. Ўтган кунлар мобайнида ғазабим анча сўниб қолганди. Шунданми, уни кўришим билан яна юрагим шувиллаб кетди, қўрқа бошладим, шекилли-да.
Ойгул унинг имоси билан қизлар даврасидан ажралиб чиқиб, ортидан шийпоннинг орқасига ўтиб кетди. Тавба, яна менинг ичимда нимадир ғимирлай бошлади — рашкмиди у, аламмиди, билмадим! Ўрнимдан туриб, аста шийпоннинг ёнбошига бордим. Деворга суяниб, бинонинг ортига мўраладим. Ҳа, катта тол тагида Ҳодий билан Ойгул рўбарў туришарди. Ҳодий нималарнидир гапирар, Ойгул эса ерга қараган кўйи жимгина тингларди. Ўзимни яна ёнбошга олдим. Юрагим дукиллаб, энтика бошладим. Орқам билан деворга қаттиқ суяндим, кўзларимни юмдим. Тағин қасос ўти вужудимни қиздира бошлади. Назаримда, ҳозир айни пайти эди. Мендан Ҳодийнинг олдигача ўн қадамча бор. Бор кучим билан югураман-да, қорнига калла соламан. Шу хаёлда рақибим томонга яна бир бор мўраладим. Улар ҳамон ўшандай туришарди... Демак, қорнига калла соламан. Йигитиб олсам бас, у ёғига тепкилаб ташлайман. Бу пайт юрагим қинидан чиқиб кетгудай урар, энтикиб-энтикиб ҳансирардим. Қўлларимни силкиб, панжаларимни тез-тез қимирлатиб, пайларимни кучли зўриқишга тайёрлаган бўлардим. Гўё ҳозир менга керақли кучни девор берадигандек унга янада каттиқроқ суянардим. Чопишга шайланаётган от мисол оёқларимни кўтариб-кўтариб, депсиниб қўярдим. Ниҳоят тайёр бўлдим шекилли, юрак уришим меъёрга кела бошлади, муштларим маҳкам ту¬гилди. Шу кўйи бошимни хиёл эгиб, зарб беришга тайёрланганимдан елкаларимни бир оз қисиб, наъра тортганча рақибим томонга югурдим. Ҳа-ҳа, ҳайқирганча югурдим. Кўзларимни эса маҳкам юмиб олгандим, ҳозир гўё бутун вужудим кўзга айлангану, унга Ҳодийнинг сурати муҳрланиб қолганди.
Назаримда, анча югурдим, лекин ҳамон рақабимга етмасдим. Демак, кўзимни очишим керак. Очдим. Очдиму, таққа тўхтадим. Чунки уч-тўрт қадам нарида Ойгул билан Ҳодий қўл ушлашганча тутзор тарафга боришарди. Мен сизга айтаётган бу гаплар бир неча лаҳзалар ичида рўй бермоқда эди. Менинг ҳайқирганимгами ёки бошқа сабабданми, иккиси ҳам бараварига ортига ўгирилишди-да, аввалига ҳайрат билан менга тикилишди. Сўнг эса ёш боланинг қилиғидан завқланган катталар каби бирданига жилмайишиб, яна аста йўлларига кетаверишди. Улар бир-бирларига боғланган қўлларини худди беланчак мисол силкиб боришарди.
Мен ўз ҳолатимни шундагина англадим — икки қўлимни мушт қилганча икки биқинимга қисиб, хиёл энкайиб, елкаларимни қимтиган кўйи қотиб қолгандим. Ҳозир бутун танам битта муштга айлангандек эди. Лекин Ойгул ва Ҳодийнипг бояги табассумларидан кейин дами чиқиб кетган пуфакдек шалвираб, кўзларим тинди-да, елкам билан ҳалигина икки севишганнинг сирларига гувоҳ бўлган толга суяниб қолдим.
Шийпоннинг нариги тарафидан гўдакнинг йиғлагани эшитилди...
Юрагим оқиб борарди, унга қўшилиб мен ҳам оқардим...

1997
Mualifning boshqa asaralari
1 Ayo, ishq! (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 973
2 Ayol (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 997
3 Ayriliq (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 796
4 Айрилиқ (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 467
5 Аё, ишқ! (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 468
6 Аёл (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 477
7 Bayroq (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 3895
8 Байроқ (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 517
9 Doʻppi (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 648
10 Дўппи (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 434
11 Erkagi bor uy (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 1424
12 Эркаги бор уй (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 452
13 Intiboh (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 830
14 Интибоҳ (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 437
15 Majnun (qissa) [Nabi Jaloliddin] 664
16 Mustaqillik (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 866
17 Мажнун (қисса) [Nabi Jaloliddin] 489
18 Мустақиллик (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 516
19 Ochiq qolgan koʻzlar (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 1021
20 Ogʻriq (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 687
21 Ota (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 6467
22 Ота (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 710
23 Очиқ қолган кўзлар (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 463
24 Оғриқ (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 403
25 Sevgi (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 686
26 Tuproq (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 626
27 Тупроқ (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 488
28 Umar Xayyom - Oralik (roman, I- qism) [Nabi Jaloliddin] 1718
29 Umar Xayyom - Oralik (roman, II- qism) [Nabi Jaloliddin] 1558
30 Umar Xayyom - Oralik (roman, III- qism) [Nabi Jaloliddin] 1259
31 Umr (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 1294
32 Urush (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 508
33 Умар Xайём - Оралик (роман, I- қисм) [Nabi Jaloliddin] 607
34 Умар Xайём - Оралик (роман, II- қисм) [Nabi Jaloliddin] 704
35 Умар Xайём - Оралик (роман, III- қисм) [Nabi Jaloliddin] 572
36 Умр (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 483
37 Уруш (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 417
38 Vatan (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 3017
39 Vokzal (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 475
40 Ватан (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 452
41 Вокзал (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 379
42 Xudobexabar (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 501
43 Худобехабар (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 494
44 Yurak (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 742
45 Юрак (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 455
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика