Вокзал (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin]

Вокзал (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin]
Вокзал (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin]
-Эҳтиёт бўлинг, биринчи йўлдан «Нукус-Тошкент» поезди кириб келмоқда!
У чўчиб уйғонди ва кўзларини хиёл очди. Нигоҳига энг аввало урилган нарса шу бўлди: олдинги қаторда бозорчи хотинлар кўтариб юрадиган катта-катта иккита юк сумкасига бошини қўйиб, ёнбошлаганча ўтирган одамнинг, аслида унга кўринмаган, (ёнбош ўтиргани учун очилиб қолган) ички чўнтагидан чарм курткали қора кепка кийган бир одам ниманидир оларди. Унинг ниҳоятда эҳтиёт бўлиб ҳаракат қилаётганлигини уйқу элтган кўзлари ҳам сезди. Сезди-ю, барибир уйқу зўр келиб, яна кўзларини юмди. Қулоқларидаги шовқин аввалига бир маромга тушиб, уйғун товушга, кейин эса бўшлиқ қаъридаги жимжитликка айланди.
Бир пайт қулоқларини яна шовқин, аниқроғи, ўшқириқ овозлари тутди.
— Пулим қани?.. Пулим йўқ!.. - дея саросимада типирчиларди олдинги қаторда ўтирган ҳалиги одам. Қора (балки кулранг, вокзалнинг нимқоронғусида сезилмасди) шляпасини бошига апил-тапил қўндириб. Шўрлик эс-хушини йўқотиб, дам шиму кастимининг чўнтакларини қайта-қайта ковлаштирар, дам ўрнидан туриб, юкларини тимирскилаб қоларди, гоҳо энгашиб ўриндиқларнинг остига ҳам такрор-такрор кўз ташларди. Ёнида ўтирган эллик ёшлар чамасидаги эркак билан аёл (ер-хотин шекилли) гоҳ унга, гоҳ кўзлари олазарак бир-бирларига қарашиб, «нима гап», дегандай елка қисишади. Кастим-шим кийиб, уринганроқ бўйинбоғ таққан берироқдаги зиёлинамо киши эса чўнтагидан хотиржам носқовоқ чиқариб, бармоқларида бироз айлантириб турди.
— Одамларам!.. - деб қўйди ёнидаги қиз билан йигитга бир қараб, сўнг кафтига нос солиб, тилининг остига ташлади.
— Бирон нарсасини ўғирлаб кетишди шекилли, - деди орқа ўриндиққа ўтираркан, гулдастамонанд чиройли дўппи кийган ўттиз ёшлардаги мўйловли қоринамо йигит. - Мол аччиғи - жон аччиғи-да.
— Ўзига эҳтиёт бўлса бўлмайдими, - дея кўкракларининг остини икки кафти билан беихтиёр кўтариб қўйди яна бир ўриндиқдаги сатанг аёл. - Бу ерни Тошкан дейдилар ахир!..
Шляпали одам кетма-кет «вой... эх... ах» каби товушлар чиқариб, ҳамон тимирскиланарди.
— Қанчайди ўзи? - дея сўради зиёлинамо, «шунча ваҳимага арзийдими ўзи» қабилида носли оғзини чўччайтириб, шунинг ортидан негадир кўкракларини кериб.
— Қанча бўлсаям пулдаа? - шипшиди ёнбошдаги аёл эрини оҳиста туртиб. - Пул топиш осонми ҳозир.
Шляпали бир қўли кастимининг ички чўнтагида кўзлари олайиб, жим қолди.
— Икки юз минг... Чиптаям кетибди... - дея ўзига ўзи гапираётгандай ғўлдиради. - Ҳе, онангни... - Бошидан шляпасини олиб, гўё пул ичидадай бир-икки пайпаслади-да, қайта кийди.
— Войбў-ў, кўп экан-а? - яна эрини туртди аёл. - Бечора-я!..
Эр эса кўзларини лўқ қилиб, аввал хотинига, сўнг шляпалига қаради, лекин бирон сўз демади.
Зиёлинамо чўнтагидан шапалоқдай қоғоз чиқариб (махсус олиб юради шекилли), хафсала билан карнайча ясади. Унга эринмай носни туфлади, оғзи тоза бўлди, чоғи, карнайчанинг четларини қайириб, беркитди. Чап қўлида лабларини артаркан, ўнг қўлида карнайчани ўриндиқ остига ташлади. Оғзини чапиллатиб ютинди.
— Юк-пукларингизни ичини қарангчи, балки бир хаёлда солиб қўйгандирсиз, - деди кейин яна кўкрак кериб, ўриндиққа ястанаркан.
Сатанг зиёлинамонинг қилиғидан хазар қилгандай бурнини жийирди.
— Кўпликка кўп эмасу, барибир жалка-да. - дея қўлларидаги тилла узук ва билакузукларини бир-икки силтади. Шунинг ортидан бўлиқ кўкраклари ҳам титраб кетди, хафсала билан терилиб, бўялган қошу киприклари тепага қайрилиб, жўҳудий кўзлари катта-катта очилди. Бу одати қош-кўзлари атрофидаги ажинларни билинтирмасликка, ёш кўринишга, балки ҳаттоки эркак-перкакларга маъноли қарашга уринишлар туфайли пайдо бўлган бўлса ажабмас.
Шу пайт қўлида резина таёқ ушлаган милитсионер кўринди.
— Ҳов, ака, - деди баланд овозда қизнинг ёнида ўтирган йигит бўйнини чўзиб. - Анови одамни пулини ўғирлаб кетишибди.
Милитсионер-сержант кимга гапирди дегандай у ёқ-бу ёққа аланглади.
— Ҳа-ҳа, сизга айтяпмиз, ука. - Бу зиёлинамонинг овози эди.
Сержант уларга яқинлашди. Бояги йигитнинг овозидан нимадир бўлганини сезган бир неча томошаталаблар атрофга тизилдилар.
Шляпали ранги оқариб, шалвираганча ўтириб қолганди.
— Нима бўлди, ака? - сўради сержант унинг олдига келиб, бироз энгашаркан. Унинг милитсионерга унчалик ўхшамаслигини, ўзбекнамороқ ходим эканлигини илк гап-сўзидан, ўзини тутишиданоқ пайқаш мумкин эди.
— Нима бўларди, ўмариб кетишибди, - дея тўнғиллади хотин эрининг елкасига яхшироқ суяниб.
Эри хотинига бир қараб олгач, сенржантга қайрилиб, бошини сарак-сарак қилди.
— Қанчайди? Ким ўмарди? - Сержант кейинги саволи мантиқсизроқ чиққанини дарров сезиб, тузатишга уринди. - Ўғрини кўрдингизми?
— Икки юз минг... - дея олди аранг шляпали чийиллаб.
— Мен кўрдим, - деди ҳалидан бери индамай ўтирган, оҳорли оқ кўйлак устидан кўркам кастим-шим кийган ўттиз беш - қирқ ёшлар чамасидаги келишган йигит. - Ўғрини мен кўрдим, - деб қўйди у яна бир бор таъкидлаб ва гувоҳга айланганини ҳам сезмади.
— Ўғрини кўрган бўлсангиз, нега индамадингиз? - қошларини баттарроқ кериб, кўзларини чақчайтирди сатанг. - Ҳеч йўқ бақирмайсизми!..
Зиёлинамо нима деркин дегандай гувоҳга тикилиб қолди.
— Қўрққандир-да, - шипшиди хотин эрини билинар-билинмас туртиб, бирров сержантга кўз ташлаб қўяркан.
— Кўрган бўлсангиз, қани, буёққа келингчи, - деди сержант уни қўли билан ҳам имлаб, буйруқнамо оҳангда.
Гувоҳ қаддини керди, ўзини бепарво тутишга уринди.
— Аввало сиз мен билан бунақа оҳангда гаплашманг, ука. Мен сиз ўйлаган одам эмасман.
Унинг дадиллигидан ҳайиқдими, энди сатанг милитсионерга «ташланди».
— Ўзи сизлар яхшироқ ишлаб, кўпчилик бўлиб у ёқ-бу ёққа юриб турсанглар мана шунақа ишлар бўлмайди!
— Тўғри айтасиз, - деди зиёлинамо ўнг чиғаноғини ўриндиқ суянчиғига тираб, кўкрак кераркан. - Булар бошқа жойда ҳар қадамда туришади, лекин вокзалда озчилик...
Сержант зиёлинамонинг гапига парво қилмай, деди:
— Узр, ака, илтимос, буёққа ўтинг. - Сўнг шляпалига юзланди. - Сиз паспортингизни беринг.
Гувоҳ «гап мана бундай бўпти», қабилида юриб, сержантнинг ёнига ўтди.
Шляпали титроқ қўллари билан сумкасини тимирскилаб бир ааллаб паспортини топиб, узатди.
— Сиз ҳам, ака...
— Нима мен ҳам? - деди Гувоҳ кўзларини лўқ қилиб.
— Паспортингизни беринг.
— Паспортимни нима қиласиз?
— Э, қизиқ экансизу, аввал сизлар билан танишишим керакми, - дея тушунтирди сержант хотиржамлик билан. - Пулни топиш учун пул йўқотган одамнинг, гувоҳнинг кимлигини билишим керакми ахир?
Гувоҳ ички чўнтагидан паспортини чиқариб, сержантга тутди.
— Мен жуда унақа гувоҳмасдирману, лекин кўргандай бўлдим...
— Энди бунақа дейди, - гап қўшди сатанг.
— Тушунтиргунимча бир пас жим туринг, опа, - бироз асабийлашди у. - Ухлаб қолган эканман. Анови карнай қайсидир поезд кириб келаётганини эълон қилувди, чўчиб уйғониб кетдим...
Сержант қўл телефонининг соатига бир қараб, ўзига гапираётгандай деди:
— Охирги келган поезд «Нукус-Тошкент» эди, демак, соат еттилар экан.
— Ҳа-ҳа, тўғри, «Нукус-Тошкент» поездийди, - деди Гувоҳ сержантнинг топқирлигига бироз қойил қолиб.
— Хўш, кейинчи? - дея унга бепарво қаради сержант.
— Кейинми?.. - Гувоҳ хиёл каловланди. - Кейин карнайнинг овозидан чўчиб кетдим. Кўзимни очсам, қора кепка билан калта кожа кийган бир одам бияғди чўнтагини ковлаётган экан. Уйқу зўр келиб, яна пинакка кетиб қоппан-да... - Кейин кўзлари паришон тортди. - Курткаси кожамиди, билмайман. Лекин қорайди.
— Кўрсангиз танийсизми? - сўради сержант қўлидаги паспортларни бирин-кетин кўздан кечираркан.
— Танисам керак... Танийман-э...
— Сиз, ука, буларни сўроққа тутгунча пулни топинг, ўғрини топинг, - деди зиёлинамо кесатиб.
— Сиз кўрмадингизми ўғрини? - сўради сержант.
— Йўқ, лекин, - зиёлинамо ўзини мард кўрсатишга уринарди. - Мен ҳам шулар тарафман, - деди боши билан Гувоҳ ва шляпали томон имлаб.
— Унда сиз ҳам паспортингизни беринг.
— Марҳамат, - зиёлинамо паспортини узатаркан атрофдагиларга бир-бир кўз ташлади. - Буларга индамасанг... Ҳаммамиз бир бўлсак, ўғриниям, пулниям топади.
— Тўппа-тўғри, - деди сатанг салкам ўшқириб ва у ҳам паспортини берди. - Жуда-а... мелисаман, деб, а...
— Мен ўшанда шом ўқиб, - дея туйқус гапга қўшилган қоринамо бир тўхталиб, у ёқ-бу ёғига қараб олди, - қайтётувдим. Мен ҳам бу акам айтган одамни кўргандай бўлдим. Агар адашсам, Оллоҳ кечирсину...
— Сиз ҳам паспортингизни беринг.
Хотин қориндор эрининг бақбақали улкан бошига бир қараб оларкан, туртиб, деди:
— Ҳамманинг паспортини йиғяпти, биз ҳам берайлик.
Эр бошини сарак-сарак қилиб,
— Тўғри, - деркан, бир сержантга, бир хотинига қараб қўйди. Аммо бошидан бошқа бирон жойи қимирламагандай туюлди.
Хотин иккита паспортни сержантга узатди.
— Манг, ука...
— Қолган гапни хонада гаплашамиз, қани, юринглар-чи. - Сержант ортига бурилиб, бир-икки қадам ташлади.
— Қаёққа? - деди Гувоҳ ҳайрон бўлиб. Бошқаларнинг нигоҳида ҳам шу савол зоҳир эди.
— Қаёққа бўларди, хонага. - Сержант яна бир-икки қадам ташлади. - Ишни расмийлаштириб, кейин ўғрини қидирамизми, ахир?
Атрофдаги томошабинлар бирин-сирин нари кета бошладилар.
— Ё қўрқяпсизларми? - сержант бу гапни атайлаб айтганини сездирмасликка уринди.
— Ким қўрқади-эй... - Сатанг ўрнидан туриб, сержантга эргашди. - Сиздан ҳам қўрқаверсак энди, ука.
— Топасиз-а - топасиз... - деркан дипломатини олиб Гувоҳ ҳам юрди. - Кўрамиз ҳали топганингизни.
— Ҳай, туринг, ҳамма кетяпти, - дея хотин эрини туришга ундади. - Паспортимизни олволди-ю ахир...
— Тўғри... - Эри кучаниб ўрнидан қўзғалди.
Ҳамма сержантнинг ортидан кетса ҳам шляпали меровсираб ўтираверди.
— Сизчи, ҳов, ака. Ўғрини топайликми, ахир? - деди ўгирилиб сержант.
— Юкларим... юкларимизчи?
— Ҳая - ҳая... - дейишди барчалари ўринларига қайтмоқчи бўлишиб.
— Биз қараб турамиз. - Бу йигитнинг пинжига тиқилгудай ўтирган қизнинг овози эди.
— Яхши... - Сержант улар томон юрди. - Қани, сизлар ҳам паспортингларни беринглар-чи.
— Бизда паспорт йўқ, - деди йигит бироз қўпол овозда. - «Студенчский билет» бор.
— Уям бўлаверади, - Сержант улар томон қўл чўзди. - Ҳамманинг юкларини пойлаб турасизлар, хўпми. - Бир гувоҳномага, бир йигит билан қизга қараркан, қўшиб қўйди: - Суратингларга ўхшамайсизлару?..
— У биринчи курсдаги расм-да, ака, ҳозир тўртинчи курсмиз, - дея изоҳ берди йигит.
— Унда, майли. - Сержант барчани ортидан эргаштириб, жўнади.
Шу пайт «карнай»дан эшитилган овоз чор атрофни тутди:
— Эҳтиёт бўлинг, иккинчи йўлдан «Тошкент-Бухоро» поезди жўнаб кетмоқда!
— Ие, бизнинг поезд-ку, - дея типирчилади хотин эрининг дам уёғига - дам буёғига ўтиб турткиларкан. - Ҳей, ука, паспортимизни беринг, бизнинг поезд кетяпти.
— Улгурасиз, аввал ишни расмийлаштирволайлик. - Сержант юришдан тўхтамади, улар томон қайрилмади ҳам.
— Поезд кетиб қолади, ахир!.. - чийиллади хотин яна эрини туртиб.
— Тўғри, - қорнини ушлаб харсиллаётган эр на юришини ва на туришини билмасди.
— Улгурасиз, дедим-ку! - ўзбекнамо сержант энди жиддий тортди. - Керак бўлса, поездни тўхтатиб турамиз.
Хотин жим қолиб, бир ўзига мўлтираётган эрига, бир сержантнинг ортидан серрайиб қараб, яна ҳаммага эргашди.
Хонада тахтадан ясалган ярим деворнинг нарёғида столга энкайиб ялангбош капитан ўтирарди.
Сержант одамлар хонага кириб бўлгач, девор ёнидаги тўртта стулга тўрт кишини ўтқазди, бошқалар тик қолдилар. Сержант капитан томон қайрилганда, охирги стулга ўтирган Гувоҳ шошиб ўрнидан турди-да, сатангга жой берди:
— Сиз ўтиринг, опа.
— Вой, сизни овора қилиб-а, - киприкларини маъноли қоқди сатанг.
— Баҳодир ака, мановиларнинг пулини ўғирлаб кетишибди, - деди сержант ярим деворга чиғаноқларини тираб, паспортларни стол устига қўяркан.
Капитан бошини кўтармади, ҳатто ҳолатини пича бўлса-да ўзгартирмади-да, ер остидан хижжалаб деди:
— Аввало аканг онагинангни қучоғида! Қолаверса, доложит қилишни билинг, ўртоқ сержант.
— Кечирас, ўртоқ началник, айбдорман, - сержант ғоз туриб, ўнг қўлини чаккасига қўйди. - Жабрланувчи ва гувоҳларни олиб келдим.
Капитан бошини кўтарди.
— Ўғрини-чи?
— Белгиларини айтишди, ҳозир қидиришга тушаман. Рухсат этинг, - сержант яна қўлини чаккасига тиради.
— Мана бу бошқа гап. Рухсат, - деди капитан тағин столга энкайиб.
Сержант шошиб эшикка йўналди.
— Ҳой, ука, ҳой, ука!.. - деганча қолди хотин эрини туртиб.
— Тўғри, - деди нима гаплигини тушунмаган эр дам хотинига, дам эшикка мўлтираб.
Гувоҳ ярим деворга кафтларини қўйиб, жиддий қиёфада мурожаат қилди:
— Ўртоқ капитан, аввало бизни жиноятчилардай бу ерга олиб келишинглар энг камида қонунга зид. Қолаверса, сизлар...
— Аввало, ўртоқ гражданин, - дея қошларини кериб, пастдан ўқрайди капитан. - Сизни бу ерга мен олиб келганим йўқ. Сиз билан энди танишаман. Фамилиянгиз нимайди? - деб олдидаги паспортларни қўлига олди.
— Ҳамма гапирсаям, сиз жим ўтиринг, бўптими! - деган хотин эрини ростакамига бир туртиб ўрнидан турди. - Қани, бундайроқ турингчи, - ярим деворга тираниб, чап чиғаноғи билан гувоҳни сурди. - Ҳамма бало сиздан бошланди! Нега кўрдим, дейсиз-а?! Ҳамма қатори индамай ўтирсангиз бўлмасмиди. Энди қисинг!.. Сизни шарофатингизга биззи поезд кетиб қолади. - У эрига бир қараб олди.
— Эҳтиёт бўлинг, иккинчи йўлдан «Тошкент-Бухоро» поезхди жўнаб кетмоқда! - деган овоз эшитилди ташқаридан.
— Ҳай, укажон, - ялинчоқ оҳангда капитанга юзланди хотин. - Бизларга жавоб беринг, поезд кетиб қолади.
— Фамилиянгиз?.. - Пинагини бузмай сўради капитан.
Айтди.
— Мана, паспортингиз!..
Хотин паспортларни чангаллаб, эрининг қўлтиғидан оларкан, Гувоҳга олайиб қаради:
— Ана, кўрдингизми, булар инсофли, сиз бўлса!..
Гувоҳ ҳайрат ила елка қисди.
— Мен нима қилдим?.. - дея стулда паришон ўтирган шляпалига қаради. - Сиз айтинг, ака, мен нима қилдим?!..
— Э-э!.. - дея шляпали ўрнидан турди. - Менга қаранг, ҳов, ука, мен энди уйимга қандай етволаман?
Капитан шляпалига пастдан ўқрайди.
— Укайиз, ака, уйингизда - бу бир, тушундингизми? Фамилиянгиз нима?
Айтди.
— Сиз кимсиз?
— Жабрланувчи.
— Ие, ҳали сизни ўмаришдими? Қанчайди?
— Икки юз минг... Чиптаниям...
— Ҳа-а, тузуккина тунашибди. - Капитан шляпалига ҳамдардона қаради. - Паспортний даннийларингизни ёзволиб, сизга чипта олиб берамиз. Пулини уйингизга боргач жўнатиб юборасиз.
— Раҳмату, аммолекин менинг пулим-чи?
— Топсак, сизга жўнатамиз. - Капитан тасқараларча жилмайди. - Агар рози бўлсангиз-да...
Ташқаридан «карнай»нинг овози эшитилди:
— Эҳтиёт бўлинг, тўртинчи йўлдан «Москва-Тошкент» поезди кириб келмоқда!
— Ҳаммаси сизни деб бўлди! - дея ўдағайлади шляпали гувоҳга қараб. - Пулни йўқотган мен, сизга нима ғамийди? Индамай ўтирмайсизми!..
— Нима бўляпти ўзи?! - асабийлашди Гувоҳ капитан томонга интилиб.
— Сизгаям навбат берилади, - капитан унга қайрилиб ҳам қўймади. - Сиз, ака, - деди шляпалига, - қачон, қаерда, неча пул йўқотганингизни ёзиб беринг.
— Поездимга улгураманми, соат тўққизда?
— Энди саккиз ярим бўляпти, улгурасиз.
Шляпали стулини кўтариб, сўл томондаги кичикроқ стол ёнига қўйди ва капитан узатган ручкани олиб, ёзишга киришди.
Капитан кимгадир телефон қилиб, буйруқ оҳангида деди:
— Тўққиздаги поездга битта чипта берворинг. Пулини кейин тўлашади.
Энди сатанг ўрнидан туриб, қоши, лаби, кўкрагини керди-да, ярим деворга яқинлашиб, Гувоҳни сал туртди.
— Ҳамма гап сизда! - дея гезарди ва капитанга қаради. - Ук... Ўртоқ капитан, мен нима қилай? Мен ҳеч нарсани эшитганимам, кўрганимам, даъвоимам, гапимам йўқ.
— Ундай бўлса, жуда яхши, - деди капитан мудом пастдан қараб. Биззиям сизга даъвоимиз йўқ. Фамилиянгиз?..
Айтди.
— Мана, паспортингиз...
Сатанг гувоҳга қайрилиб, яна бир бор қаттиқ гезараркан, «еркакнинг иши мана бунақа бўлади», дегандай зарда билан эшикка йўналди.
Гувоҳ тутоқди:
— Нима бўляпти ўзи, ўртоқ капитан? Менинг айбим нима?!
Капитан ҳамон ўшандай ўтирарди.
— Сиз кимсиз?
— Менми?.. Мен фермерман.
— Фермерлигингизни сўрамаяпман, гувоҳмисиз, жабрланувчими, айбдорми - ким?
— Мен... Гувоҳ... Гувоҳман...
— Сиз бундайроқ туринг, - деди уни қўли билан суриб, зиёлинамо. - Ўзи фермерлар қутириб кетишган. Пули кўп-да, пули. Бориб пахтангни тер... - Энди капитанга қайрилди.
— Мен нима қилай, ук... ўртоқ началник?
— Сиз кимсиз?
— Менми?.. Мен нос чекишим керак...
— Нос чекиш умуман мумкин эмас, у мутлақо ноқонуний нарса. Мен кимсиз, деб сўраяпман.
Айтди. Бу орада саросимада қизариб ҳам кетди. Чунки носнинг ноқонуний нарса эканлигини ҳеч қачон эшитмаганди-да.
— Мана, паспортингиз. Даъвоингиз йўқ бўлса... - Капитан бошини столга эгиб, ўнг қўлини силтади. - Хайр!..
Зиёлинамо аввал қўли қалтираб, чўнтагидан носқовоғини олди, кейин яғир бўйинбоғининг тугунини бўш қўли бармоқлари билан бир чимдиб қўйди-да, «раҳмат» деганча эшикка йўналди. Остонада тўхтаб, нос отди ва кўздан ғойиб бўлди.
— Эҳтиёт бўлинг, учинчи йўлдан «Тошкент-Самарқанд» поезди жўнаб кетмоқда, - деган таниш овоз эшитилди «карнай»дан.
— Менга қаранг, ўр... - Гувоҳнинг гапи оғзида қолди.
Шляпали ярим девор ёнига келиб, ёзган нарсасини капитанга узатди ва дам ўзига, дам капитанга умидвор қарай бошлаган Гувоҳга «бўлди-да энди», дегандай қараш қилди.
Бу орада бир бола кириб, капитанга чипта бериб кетди. Капитан чиптани шляпалига тутди:
— Оқ йўл, ака, тоест, гражданин, - деди ва яна бир бор таъкидлади: - Чиптанинг пулини мана бу счётга банк орқали йўлланг. Агар пулингизни топсак, сизга жўнатамиз.
Шляпали «раҳмат-раҳмат» деганча Гувоҳга бир олайиб қўйиб, ташқарига югурди.
— Менга қаранг, ҳов... - Гувоҳнинг гапи яна оғзида қолди.
Мулойимгина бўлиб ёнбошига суқилган қоринамо мункайиб капитанга мўлтиради:
— Мениям паспортимни берасизми, ака?
Капитан аввалига унга ҳам ер остидан ўқрайди.
— Ака?.. - Сўнг юзи ёришиб, нигоҳи майинлашди. - Сиз кимсиз, қори ака?
Айтди.
— Даъвоингиз йўқми?
— Йўқ.
— Мана, паспортингиз. Оқ йўл...
Қоринамо ташқарига йўналаркан, Гувоҳга қараб, «узр, биродар», деди-ю ташқарига чиқиб кетди.
Капитан Гувоҳга ручка ва қоғоз узатди.
— Ёзинг!
— Нимани? - Гувоҳ хонада ёлғиз ўзи қолганидан бўшашди.
— Кўрганларингизни.
У ёзиш учун столга ўтирганда, сержант бир-бирига жуда-жуда ўхшаган икки одамни етаклаб кирди.
— Шубҳали шахсларни ушлаб, келдим, ўртоқ капитан, - дея қўлини чаккасига қўйди.
— Қанақа шахс-эй, ака?.. - дея силтанди қора чарм куртка кийгани.
— Ака онангизнинг қуч... уйида бўлади, гражданин, - деди сержант дона-дона қилиб.
Чарм курткали жим қолиб, бошидан қора кепкасини олди.
Оддий қора куртка ва кепка кийгани эса хонадагиларнинг ҳар бирига қараб-қараб қўярди.
— Мана, ҳужжатлари, - дея сержант капитанга битта қоғоз билан паспорт узатди.
Эшик олдида бирин-кетин бўлиб, хиёл энгашган, кўзлари журъатсизларча мўлтираган йигит билан қиз пайдо бўлди.
— Гувоҳномамизни беринг, ака, - деди йигит эшикдан ичкарига киришга қўрққандай, кесакини ушлаб. - Юкларнинг ҳаммасини олиб кетишди.
Сержант уларни аввалига эслолмади, кейин ёдига тушиб, капитанга қаради:
— Ўртоқ началник...
Гапи оғзида қолди, капитан иккита гувоҳномани узатиб турарди.
— Яхши! - деди капитан қўлидаги ҳужжатларни кўздан кечириб. - Қани, икковингиз бир четда ёнма-ён туринглар-чи... Хў-ўш... Ие, биримиз яқинда озод бўпмиз-да, а? Биримиз эса... Гувоҳ!
Гувоҳ ёзишдан тўхтаб, капитанга ўгирилди.
— Қани, диққат билан қарангчи, буларнинг қайси бири сиз айтган одам?
У ўрнидан туриб, икковига тикилди.
Шу пайт чарм курткали капитан билан сержантга бирров кўз ташлаб олди-да, ўнг қўлини бўғзига олиб бориб, кўзларини олайтирганча «каллангни оламан», дегандай ишора қилди.
Гувоҳ чўчиб кетди, кўзлари аянчли тусга кириб, мағрур елкалари шалвиради.
Бу орада оддий курткали ёнидаги одамга ҳайрон бўлиб бир қараб қўйди.
— Билмадим-у... Менимча... - Гувоҳ ер остидан оддий курткалига ишора қилди.
— Сиз ёзаверинг! - деди капитан уни ўтиришга ундаб.
Гувоҳ жойига ўтирди. Вужудини тер босди. Дипломатини очиб, каттакон дастрўмол олди-да, юз ва бўйнини артди.
— Сизга рухсат, - деди, капитан чарм курткалига паспортини узатиб. - Кетишингиз мумкин.
Чарм курткали аввал капитанга эгилиб раҳмат айтди, кейин Гувоҳга қайрилиб:
— Раҳмат-эй, ака, ўғил бола одамакансиз, - деди-ю ғойиб бўлди.
— Бунисини эса керакли жойга олиб чиқинг! - буюрди капитан сержантга.
Оддий курткали сержант етовида эшикка юраркан, ёш тўлган нафратли кўзларини Гувоҳга тикди, тишлари орасидан деди:
— Ҳали болаларимни кўрмовдим... Инсофсиз одам экансиз?
Гувоҳнинг овози ҳам титрай бошлаганди:
— Нима бўляпти, ўзи, ўр?..
Капитан унга парво ҳам қилмай, стул суянчиғига ястаниб, қўлларини тепага қилди ва бармоқларини бир-бирига қовуштирди-да, қисирлатди, астойдил керишгач, кескин нафас чиқариб, шунинг асносида қўлларини силтади, сўнг стол четига тиради.
— Ёзиб бўлдингизми?
— Ҳмм... - У бўшашиб қоғоз ва ручкани капитанга берди.
Ташқаридан таниш овоз эшитилди:
— Эҳтиёт бўлинг, биринчи йўлдан «Тошкент-Андижон» поезди жўнаб кетмоқда.
У капитанга қараб илтижоли мўлтиради. Капитан паспортини кўздан кечирарди.
— Сизнинг поездингизми?
— Ҳмм... - Унинг юзи баттарроқ аянчли тус олди, ҳатто оппоқ оҳорли кўйлагининг қиррали ёқалари ҳам шалвираб қолгандай туюлди.
— Жим юрсангиз бўлмайдими, ака, - деди настиҳатомуз хўрсиниб капитан. - Бугун энди шу ерда қоласиз...
Гувоҳнинг кўзлари ростмона ёшланди.
— Ундай деманг, ака... ўртоқ капитан! - дея ёлворди.
Бир хўрсиниб қўйган капитан «инсофга келди»:
— Ҳозир фермерларни ҳурмат қилмасак, кимни ҳурмат қиламиз. Майли, сизга ҳам рухсат. Фақат керак бўлиб қолсангиз, чақирамиз, тушундингизми? - деди паспортини узатиб.
— Тушундим-тушундим... - У паспортини оларкан, капитаннинг қўлини ўпиб олишига сал қолди. - Раҳмат... Раҳмат, ўртоқ кап...
— Оқ йўл, ака... - Капитан бошини кўтариб, жилмайди. - Оқ йўл!..
Гувоҳ дипломатини кўтариб, эшик томон чопди.
— Эҳтиёт бўлинг, биринчи йўлдан «Тошкент-Андижон» поезди жўнаб кетмоқда...

25.09.2010 - 01.11.2010.
Mualifning boshqa asaralari
1 Ayo, ishq! (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 973
2 Ayol (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 997
3 Ayriliq (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 796
4 Айрилиқ (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 467
5 Аё, ишқ! (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 468
6 Аёл (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 477
7 Bayroq (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 3895
8 Байроқ (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 517
9 Doʻppi (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 648
10 Дўппи (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 434
11 Erkagi bor uy (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 1424
12 Эркаги бор уй (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 452
13 Intiboh (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 830
14 Интибоҳ (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 437
15 Majnun (qissa) [Nabi Jaloliddin] 664
16 Mustaqillik (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 866
17 Мажнун (қисса) [Nabi Jaloliddin] 489
18 Мустақиллик (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 516
19 Ochiq qolgan koʻzlar (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 1021
20 Ogʻriq (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 687
21 Ota (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 6467
22 Ота (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 710
23 Очиқ қолган кўзлар (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 463
24 Оғриқ (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 403
25 Sevgi (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 686
26 Севги (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 469
27 Tuproq (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 626
28 Тупроқ (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 488
29 Umar Xayyom - Oralik (roman, I- qism) [Nabi Jaloliddin] 1718
30 Umar Xayyom - Oralik (roman, II- qism) [Nabi Jaloliddin] 1558
31 Umar Xayyom - Oralik (roman, III- qism) [Nabi Jaloliddin] 1259
32 Umr (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 1294
33 Urush (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 508
34 Умар Xайём - Оралик (роман, I- қисм) [Nabi Jaloliddin] 607
35 Умар Xайём - Оралик (роман, II- қисм) [Nabi Jaloliddin] 704
36 Умар Xайём - Оралик (роман, III- қисм) [Nabi Jaloliddin] 572
37 Умр (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 483
38 Уруш (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 417
39 Vatan (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 3017
40 Vokzal (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 475
41 Ватан (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 452
42 Xudobexabar (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 501
43 Худобехабар (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 494
44 Yurak (hikoya) [Nabi Jaloliddin] 742
45 Юрак (ҳикоя) [Nabi Jaloliddin] 455
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика